UzbekAI

← Qonunlar

📅 2023-yil 21-iyul · Vazirlar Mahkamasi qarorlari

Rasmiy matn. Rasmiy hujjat. Tahririy izohlar kiritilmagan.

Yordam | Arxiv | Atamalar | Statistika | API | Havola yuborish | Sayt haqida | Shartlar

← Қонунлар

📅 2023 йил 21 июль · Вазирлар Маҳкамаси қарорлари

Расмий матн. Расмий ҳужжат. Таҳририй изоҳлар киритилмаган.

Ёрдам | Архив | Атамалар | Статистика | API | Ҳавола юбориш | Сайт ҳақида | Шартлар

← Законы

📅 21 июля 2023 г. · Постановления Кабинета Министров

Официальный текст. Официальный документ. Редакционные примечания не включены.

Помощь | Архив | Термины | Статистика | API | Предложить ссылку | О сайте | Условия

← Laws

📅 21 July 2023 · Cabinet of Ministers resolutions

Official text. Official document. Editorial notes are not included.

Help | Archive | Glossary | Stats | API | Submit | About | Terms

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг

қарори

НИЗОМ

Давлат муассасалари тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида

Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Давлат муассасаларини ислоҳ қилишни жадаллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида» 2022 йил 8 февралдаги ПҚ-123-сон қарори ижросини таъминлаш ҳамда давлат муассасалари фаолиятида замонавий бошқарув усуллари, очиқлик ва ошкоралик тамойилларини жорий этиш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:

1. Қуйидагиларни назарда тутувчи Давлат муассасалари тўғрисидаги низом 1-иловага мувофиқ тасдиқлансин:

давлат муассасасининг ҳуқуқий мақоми;

давлат муассасасининг ҳуқуқлари, мажбуриятлари ва жавобгарлиги;

давлат муассасасини ташкил этиш, қайта ташкил этиш ва тугатиш тартиби;

давлат муассасаси филиаллари ва ваколатхоналарини ташкил этиш тартиби;

давлат муассасаси фаолиятининг очиқлиги ва ошкоралигини таъминлаш тамойиллари;

давлат муассасаси фаолиятини назорат қилиш тартиби.

2. Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 8 майдаги 273-сон қарори билан тасдиқланган Давлат мулки объектларининг ҳисобини юритиш тартиби тўғрисидаги низомга 2-иловага мувофиқ ўзгартириш ва қўшимчалар киритилсин.

3. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Давлат активларини бошқариш агентлиги директори А.Ж. Ортиқов зиммасига юклансин.

Вазирлар Маҳкамасининг 2023 йил 21 июлдаги 302-сон қарорига 1-ИЛОВА

Давлат муассасалари тўғрисидаги

1-боб. Умумий қоидалар

1. Мазкур Низом давлат муассасасининг ҳуқуқий мақоми, ҳуқуқлари, мажбуриятлари ва жавобгарлиги, давлат муассасасини, унинг филиаллари ва ваколатхоналарини ташкил этиш ҳамда фаолиятини назорат қилиш тартибини белгилайди.

2. Давлат муассасаси бошқарув, ижтимоий-маданий ёки бошқа нотижорат тусдаги вазифаларни амалга ошириш учун давлат органи ёки ташкилоти томонидан ташкил этилган ҳамда тўлиқ ёхуд қисман у томонидан молиялаштириладиган юридик шахс ҳисобланади.

Давлат муассасаси Ўзбекистон Республикаси Давлат герби тасвири туширилган ва ўз номи давлат тилида ёзилган муҳрга ва бланкаларга, мустақил балансга, Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ғазначилигида шахсий ғазна ҳисобварақларига, банк ҳисобварақларига, шу жумладан, хорижий валютадаги шахсий ғазна ҳисобварақларига эга бўлади.

Давлат муассасаси белгиланган тартибда ўз номидан мулкий ва шахсий номулкий ҳуқуқларни олиши ва амалга ошириши, шунингдек, зиммасига мажбуриятлар олиши, судда даъвогар ва жавобгар бўлиши мумкин.

3. Ўзбекистон Республикаси Президенти ёки Вазирлар Маҳкамасининг ҳужжатлари билан ташкил этилган давлат муассасалари, башарти, мазкур ҳужжатларда фаолиятнинг лицензияланадиган турларини амалга ошириш назарда тутилган бўлса, фаолиятнинг ушбу турларини лицензия олмасдан амалга оширишга ҳақлидир. Мазкур қоида кўрсатилган давлат муассасаларини лицензия талаблари ва шартларини бажаришдан озод этмайди.

2-боб. Давлат муассасасини ташкил этиш ва қайта ташкил этиш

4. Давлат муассасасининг муассислари давлат органлари ва бошқа давлат муассасалари бўлиши мумкин.

Давлат муассасасининг муассиси ўзининг қарори, Ўзбекистон Республикаси Президенти ёки Вазирлар Маҳкамасининг қарори билан ташкил этилади (қайта ташкил этилади). Ушбу қарорда унинг муассиси кўрсатилади. Бунда:

бир товар бозорида бешта ва ундан ортиқ хусусий тадбиркорлик субъектлари фаолият юритиб келаётган, рақобат ривожланган ва хўжалик фаолиятини амалга ошириш ваколатлари берилган соҳаларда (мудофаа қобилияти ва миллий хавфсизликни таъминлаш фаолияти бундан мустасно);

давлат органлари томонидан ўзларига лицензиялаш, рухсат бериш, рўйхатга олиш ва аккредитациядан ўтказиш ваколати берилган соҳаларда давлат муассасалари ташкил этилмайди.

Давлат муассасаси нодавлат юридик шахслар ва жисмоний шахслар томонидан ёки улар билан биргаликда тузилиши мумкин эмас.

5. Тадбиркорлик фаолиятини амалга ошириш ваколатини бериш кўзда тутилган давлат муассасаси монополияга қарши органнинг дастлабки розилиги олингандан сўнг ташкил этилади ёки қайта ташкил этилади.

Монополияга қарши орган томонидан тадбиркорлик фаолиятини амалга ошириш ваколатини бериш кўзда тутилган давлат муассасасини ташкил этиш (қайта ташкил этиш) рад этилганда, давлат муассасаси рўйхатдан ўтказилмайди.

6. Давлат муассасаси Вазирлар Маҳкамаси билан келишган ҳолда фаолият соҳасига тегишли бўлмаган уюшмалар (иттифоқлар) шаклидаги бирлашмалар тузиши ва уларга аъзо бўлиши мумкин.

7. Давлат муассасаси қонунларга, қонунчилик ҳужжатларига, ушбу Низомга ва ўзининг устави (низоми)га мувофиқ фаолият юритадиган ўз органлари орқали фуқаролик ҳуқуқлари ва мажбуриятларига эга бўлади.

8. Давлат муассасасини ташкил этиш тўғрисидаги қарорда ҳамда унинг устави (низоми)да ташкилий-ҳуқуқий шакли давлат муассасаси эканлиги кўрсатилади.

Давлат муассасаси, агар уни ташкил этиш тўғрисидаги ҳужжатда бошқача қоида белгиланмаган бўлса, фаолият кўрсатиш муддати чекланмаган бўлади.

9. Давлат муассасаси Давлат активларини бошқариш агентлигининг (кейинги ўринларда — Давактив агентлиги) давлат муассасасини давлат рўйхатидан ўтказиш тўғрисидаги буйруғи мавжуд бўлганда, давлат хизматлари марказида белгиланган тартибда давлат рўйхатидан ўтказилади.

Давлат муассасаси давлат хизматлари марказида уни давлат рўйхатидан ўтказиш ва қайта рўйхатдан ўтказиш чоғида бир вақтнинг ўзида солиқ ва статистика органларида ҳисобга қўйилади.

Давлат муассасаси давлат рўйхатидан ўтказилган пайтдан бошлаб ташкил этилган ҳисобланади.

10. Давлат муассасасини ташкил этишнинг белгиланган тартибини бузиш ёки давлат муассасаси устави (низоми)нинг қонунчиликка мос келмаслиги уни давлат рўйхатидан ўтказишнинг рад этилишига сабаб бўлади.

Давлат муассасасини давлат рўйхатидан ўтказиш бошқа асосларга кўра рад этилишига йўл қўйилмайди.

11. Давлат муассасасининг устави (низоми) ҳамда ташкилий тузилмаси муассис томонидан, марказий аппарат ва ҳудудий бўлинмалари тузилмалари муассис билан келишган ҳолда унинг раҳбари томонидан тасдиқланади (Ўзбекистон Республикаси Президенти ва Ҳукумат қарорларида белгиланган ҳоллар бундан мустасно).

Давлат муассасасининг марказий аппарати ва ҳудудий бўлинмалари тузилмаларига, агар Ўзбекистон Республикаси Президенти ёки Вазирлар Маҳкамаси ҳужжатларида бошқача қоида назарда тутилмаган бўлса, зарур ҳолларда, унинг раҳбари томонидан бошқарув ходимларининг белгиланган умумий сони доирасида ўзгартириш киритилиши мумкин.

Бунда Ўзбекистон Республикасининг Давлат бюджетидан молиялаштириладиган давлат муассасасининг марказий аппарат ва ҳудудий бўлинмаларининг штатлар жадвали белгиланган тартибда Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ёки унинг ҳудудий бўлинмасида рўйхатдан ўтказилади.

Агар давлат муассасаси тўғрисидаги низом ёки устав норматив-ҳуқуқий ҳужжат билан тасдиқланиши белгиланган бўлса, низом ёки устав муассис томонидан тасдиқланиши талаб этилмайди.

12. Давлат муассасаси устави (низоми)да қуйидаги маълумотлар кўрсатилиши лозим:

давлат муассасаси ва унинг муассиси номи (давлат, инглиз ва рус тилида), жойлашган ери (почта манзили);

идоравий мансублиги, ҳудудий ва идоравий тузилмалари;

давлат муассасасининг асосий вазифалари, функциялари, фаолият йўналишлари, ҳуқуқлари ва мажбуриятлари;

давлат муассасаси раҳбариятини шакллантириш тартиби;

давлат муассасасининг ҳайъати, бошқа кенгаш, маслаҳат, эксперт органлари (мавжуд бўлганда);

давлат муассасаси ва унинг ҳудудий тузилмалари раҳбарларининг функционал вазифалари, ҳуқуқлари ва мажбуриятлари;

давлат муассасасининг давлат органлари ва бошқа ташкилотлар билан ўзаро ҳамкорлиги;

давлат муассасаси фаолиятининг самарадорлиги ва натижадорлигини баҳолаш мезонлари ҳамда индикаторларини белгилаш тартиби;

давлат муассасасига бириктирилган ва ўз фаолияти давомида вужудга келган мулкларидан фойдаланиш шартлари;

давлат муассасаси ҳисобдорлиги;

давлат муассасасини молиялаштириш ва моддий-техник таъминлаш, унинг ходимлари меҳнатига ҳақ тўлаш ва уларни моддий рағбатлантириш тартиби;

давлат муассасасини қайта ташкил этиш ва тугатиш тартиби;

қонунчилик ҳужжатларига зид бўлмаган бошқа қоидалар ҳам бўлиши мумкин.

Мазкур банднинг саккизинчи , тўққизинчи ва ўнинчи хатбошилари фақатгина Ўзбекистон Республикаси Президенти ва Вазирлар Маҳкамасининг ҳужжатлари билан ташкил этилган республика даражасидаги давлат муассасаларининг устави (низоми)да кўрсатилади.

13. Давлат муассасасининг устави (низоми)га ўзгартириш ва қўшимчалар уни тасдиқлаган ташкилот ёки унинг ҳуқуқий вориси қарорига кўра киритилади.

14. Давлат муассасаси:

қайта ташкил этилганда ёки қайта ташкил этиш йўли билан бошқа юридик шахсга қўшиб юборилганда ёхуд ташкилий-ҳуқуқий шакли ўзгарганда унинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари янги ташкил этилаётган давлат муассасасига ўтади, мол-мулки ҳамда молия-хўжалик фаолияти билан боғлиқ ҳужжатлари топшириш ва қабул қилиш далолатномасига асосан янги ташкил этилган давлат муассасасига топширилади;

бўлинганда эса, молиявий мажбуриятлари тақсимлаш балансига мувофиқ тақсимланади, бошқа ҳуқуқ ва мажбуриятлари янги вазифалардан келиб чиқиб белгиланади.

Бунда солиқ органлари томонидан тугатилаётган давлат муассасасининг молия-хўжалик фаолиятини текшириш талаб этилмайди.

3-боб. Давлат муассасасининг ҳуқуқлари, мажбуриятлари ва жавобгарлиги

15. Давлат муассасаси қуйидаги ҳуқуқларга эга:

ваколатига кирадиган масалалар ҳамда унга юкланган вазифалар ва функцияларни бажариш билан боғлиқ бўлган қарорлар, буйруқлар, кўрсатмалар қабул қилиш, зарур бўлганда, бошқа давлат ташкилотлари билан биргаликда тегишли қарорлар қабул қилиш;

қонунчилик ҳужжатларида назарда тутилган ҳолларда ваколатига кирадиган масалаларда давлат органлари ва тегишли ташкилотлар фаолиятини мувофиқлаштириш;

давлат муассасаси ваколатига кирадиган масалаларда белгиланган тартибда судларга аризалар ва даъволар киритиш;

агар қонунда белгиланган бўлса, маъмурий ҳуқуқбузарликлар тўғрисидаги ишларни белгиланган тартибда кўриб чиқиш ва жарималар солиш;

қонунчиликда белгиланган тартибда бюджетдан ташқари жамғармаларга эга бўлиш;

давлат муассасаси номидан белгиланган тартибда шартномалар тузиш;

давлат органлари ва манфаатдор шахслардан ўз ваколати доирасида зарур ахборотларни сўраш ва олиш;

қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ бошқа ҳуқуқларга ҳам эга бўлиши мумкин.

16. Давлат муассасаси:

ўзига юкланган вазифа ва функцияларни самарали бажариши;

ўзи қабул қилган қарорлар ҳамда буйруқларни ўз вақтида, сифати ва тўлиқ бажариши;

фаолиятини ривожлантириш бўйича тасдиқланган дастурлар, чора-тадбирлар режаси, «йўл хариталари» ва бошқа дастурий ҳужжатлар ижросини самарали ташкил этиши ва бажариши;

ўзига бириктириб берилган мулклар, шу жумладан, кўчмас мулклардан мақсадли фойдаланиши;

ўзига юкланган вазифа ва функциялар доирасида фуқаролар ҳамда тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиши шарт.

Давлат муассасасига қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ бошқа мажбуриятлар ҳам юкланиши мумкин.

17. Давлат муассасаси ўз мажбуриятлари бўйича ихтиёридаги маблағлар билан жавоб беради. Бу маблағлар етарли бўлмаса, агар Ўзбекистон Республикаси Президенти ёки Вазирлар Маҳкамаси ҳужжатларида бошқача қоида назарда тутилмаган бўлса, муассис давлат муассасасининг мажбуриятлари юзасидан субсидиар жавобгар бўлади.

18. Давлат муассасаси муассиснинг мажбуриятлари бўйича жавоб бермайди.

19. Давлат муассасасининг филиали ва ваколатхонаси мажбуриятлари бўйича уларни ташкил этган муассис жавоб беради.

20. Давлат муассасаси давлат активларини, шу жумладан, уларнинг товар-моддий бойликлари ва бошқа мол-мулкларининг бут сақланиши бўйича моддий жавобгар ҳисобланади.

4-боб. Давлат муассасаси раҳбарининг ҳуқуқлари ва мажбуриятлари

21. Давлат муассасасининг раҳбари қуйидаги ҳуқуқларга эга:

давлат муассасаси фаолиятига умумий раҳбарлик қилиш;

давлат муассасаси ходимлари билан қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда меҳнат шартномаларини тузиш ва бекор қилиш;

давлат муассасаси ходимлари бажариши шарт бўлган буйруқларни қабул қилиш ҳамда кўрсатмалар бериш;

давлат муассасаси номидан ишончномасиз фаолият кўрсатиш.

Давлат муассасасининг раҳбари қонунчилик ҳужжатларида назарда тутилган бошқа ҳуқуқларга ҳам эга бўлиши мумкин.

22. Давлат муассасасининг раҳбари:

Ўзбекистон Республикаси Конституцияси ва қонунлари, шунингдек, бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар талабларига риоя қилиши;

Ўзбекистон Республикаси Президентининг тегишли ҳужжатлари, Вазирлар Маҳкамасининг қарорлари ва бошқа қонунчилик ҳужжатлари билан давлат муассасасига юкланган вазифа ва функциялар бажарилишини ташкил этиши;

давлат муассасаси олдига қўйилган вазифаларнинг бажарилишини ташкил этиши ва назорат қилиши;

давлат сирига оид маълумотлар ва махфий ахборот билан ишлашда қонунчилик ҳужжатлари талабларига риоя қилиши;

ўз фаолияти билан боғлиқ прогноз кўрсаткичлари, даврий иш режалари ва фаолияти самарадорлигини баҳолаш кўрсаткичлари ҳамда мезонларига сўзсиз эришилишини таъминлаши;

фаолиятини ривожлантириш бўйича тасдиқланган дастурлар, чора-тадбирлар режаси, «йўл хариталари» ва бошқа дастурий ҳужжатларни самарали амалга ошириши;

фуқаролар ва тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ҳамда қонуний манфаатларини ҳимоя қилиши шарт.

Давлат муассасасининг раҳбари қонунчилик ҳужжатларида назарда тутилган бошқа мажбуриятларни ҳам бажаради.

5-боб. Муассиснинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари

23. Муассис қуйидаги ҳуқуқларга эга:

давлат муассасаси ваколатига кирадиган масалалар бўйича қарорлар, буйруқлар ва кўрсатмалар чиқариш, зарур бўлганда, бошқа давлат ташкилотлари билан биргаликда тегишли қарорлар қабул қилиш;

давлат муассасасининг фаолияти билан боғлиқ бўлган прогноз кўрсаткичлари, даврий иш режаларини ва фаолияти самарадорлигини баҳолаш кўрсаткичлари ва мезонларини тасдиқлаш, уларнинг натижадорлигини мунтазам танқидий таҳлил қилиш, мажлисларда уларнинг шахсий ҳисоботларини эшитиш, ҳисобот якунлари бўйича зарур чоралар кўриш, бажарилиши юзасидан назоратни таъминлаш;

агар қонунчилик ҳужжатларида бошқача тартиб белгиланмаган бўлса, давлат муассасасининг раҳбари билан меҳнат шартномасини тузиш ёки тузилган меҳнат шартномасини меҳнат тўғрисидаги қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда муддатидан олдин тўхтатиш;

давлат муассасасининг раҳбарини тайинлаш, жумладан, қонунчиликка асосан танлов натижалари бўйича тайинлаш, меҳнат қонунчилигига мувофиқ у билан меҳнат шартномасини тузиш;

давлат муассасасининг ортиқча, фойдаланилмаётган ёхуд белгиланган мақсадда фойдаланилмаётган мулкини олиб қўйиш ва белгиланган тартибда тасарруф этиш;

ўз таркибига кирадиган ташкилотларга тегишли давлат кўчмас мулки объектларини бир давлат ташкилотидан бошқа бир давлат ташкилотига оператив бошқарув ҳуқуқи асосида ўтказиш тўғрисида Давактив агентлиги билан келишувга кўра қарор қабул қилиш;

Ўзбекистон Республикаси Президенти ёки Вазирлар Маҳкамаси ҳужжатларида бошқача қоида назарда тутилмаган бўлса, қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ давлат муассасасини қайта ташкил этиш ёки тугатиш тўғрисида қарор қабул қилиш;

тугатилаётган давлат муассасаси кредиторларининг талаблари қондирилганидан кейин қолган мол-мулкларини олиш;

давлат муассасасининг мулкига оид битимларни ҳақиқий эмас деб эътироф этиш, шунингдек, давлат муассасасига етказилган зарарларни ундириш тўғрисида ушбу давлат муассасаси раҳбарига нисбатан судга даъво аризаси киритиш.

Муассис қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ бошқа ҳуқуқларга ҳам эга бўлиши мумкин.

24. Муассис:

давлат муассасасининг фаолияти билан боғлиқ бўлган прогноз кўрсаткичлари, даврий иш режаларини ва фаолияти самарадорлигини баҳолаш кўрсаткичлари ва мезонлари бажарилиши бўйича ҳисоботини эшитиши ва уларнинг бажарилишини доимий назорат қилиши;

давлат муассасасига берилган давлат мулкидан мақсадли фойдаланилишини ва сақланишини, шунингдек, унинг бегоналаштирилишини назорат қилиши;

давлат мулки объектларини сақлаш ва бўш турган қисмидан самарали фойдаланишни ташкил қилиши;

давлат муассасасининг ўз мажбуриятлари ҳамда тугатилаётган давлат муассасасининг мажбуриятлари бўйича ихтиёридаги маблағлари етарли бўлмаган тақдирда, унинг харажатлари қонунчилик ҳужжатларида тақиқланмаган маблағлар, шу жумладан, бюджетдан ташқари маблағлар ҳисобидан қоплаб берилиши шарт.

Муассисга қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ бошқа мажбуриятлар ҳам юклатилиши мумкин.

6-боб. Давлат муассасасининг мулки

25. Қуйидагилар давлат муассасасининг мулки ҳисобланади:

муассис томонидан давлат муассасасига оператив бошқарув ҳуқуқи билан бириктирилган мулк;

қонунчилик ҳужжатларида назарда тутилган бўлса, бюджет ва бюджетдан ташқари маблағлари ҳамда ўз маблағлари;

қонунчилик ҳужжатларига зид бўлмаган бошқа манбалар ҳисобидан шакллантирилган мулклар.

Агар таъсис ҳужжатларига мувофиқ муассасага даромад келтирадиган фаолият билан шуғулланиш ҳуқуқи берилган бўлса, бундай фаолиятдан олинган даромад ва бу даромад ҳисобидан сотиб олинган мол-мулк муассасанинг мустақил тасарруфига ўтади ва алоҳида балансда ҳисобга олинади.

26. Ташкил этилган давлат муассасасида давлат мулкини оператив бошқариш ҳуқуқи топшириш ва қабул қилиш далолатномаси давлат муассасаси раҳбари ва муассис томонидан имзоланган вақтдан бошлаб юзага келади, қонунчилик ҳужжатларида белгиланган холлар бундан мустасно.

27. Давлат муассасасининг мулки давлат муассасаси ходимлари ўртасида тақсимланиши мумкин эмас.

28. Давлат муассасасининг мулки қуйидаги ҳолларда қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ белгиланган тартибда муассис билан келишган ҳолда тасарруф этилади:

асосий воситаларни сотиш, ҳисобдан чиқариш (бинолари ва иншоотлари, шу жумладан, қурилиши тугалланмаган бинолари ва иншоотларидан ташқари);

Ўзбекистон Республикаси Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазирлиги ҳузуридаги Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги соҳасида назорат қилиш инспекциясининг ҳудудий бўлинмалари, қурилиш соҳасидаги лойиҳалаштириш ташкилотлари, махсус лицензияга эга бўлган ташкилотлар ҳамда илмий-тадқиқот муассасаларининг хулосасига мувофиқ яроқсиз деб топилган ҳамда ваколатли органлар томонидан бузиш тўғрисида қарор қабул қилинган кўчмас мулк объектларини бузиш;

Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ёки унинг ҳудудий бўлинмалари розилиги билан автотранспорт воситаларини харид қилиш, бино ва иншоотларни сотиб олиш ва/ёки қуриш;

мулкни давлат муассасаси фаолияти мақсадларига мувофиқ бўлмаган бошқача тарзда тасарруф этиш.

Бино ва иншоотлар (шу жумладан, қурилиши тугалланмаган бино ва иншоотлар), шунингдек, давлат муассасасига тегишли акциялар (улушлар) Давактив агентлиги томонидан сотилади, Тикланиш ва тараққиёт жамғармасига тегишли мол-мулклар (бино ва иншоотлар, акциялар, улушлар ва бошқалар) ҳамда қонунчиликда назарда тутилган ҳолатлар бундан мустасно.

Бунда бино ва иншоотларни (шу жумладан, қурилиши тугалланмаган бинолари ва иншоотларни), шунингдек, давлат муассасасига тегишли акцияларни (улушларни) сотишдан тушган маблағлар уларни сотиб олиш манбаларидан қатъи назар, қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда тақсимланади, Ўзбекистон Республикаси Президенти ва Вазирлар Маҳкамаси ҳужжатларида белгиланган ҳоллар бундан мустасно.

29. Ўзбекистон Республикаси Президенти ва Вазирлар Маҳкамасининг ҳужжатларида назарда тутилган ҳоллардан ташқари давлат муассасаларига хўжалик жамиятларини таъсис этиш ҳамда уларнинг устав фонди (устав капитали)да иштирок этиш тақиқланади.

30. Давлат муассасасининг бино ва иншоотлари (шу жумладан, қурилиши тугалланмаган бино ва иншоотлари), автомототранспорт воситалари ҳамда бошқа асосий воситаларини сотиш ва ижарага бериш, шунингдек, уларга тегишли акцияларни (улушларни) сотиш қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда «E-auksion» электрон савдо платформасида аукцион савдолари орқали амалга оширилади.

31. Давлат муассасасининг асосий воситаларини ҳамда қурилиши тугалланмаган объектларини сотиш ёки бузиш қуйидаги шартлардан бири мавжуд бўлган тақдирда амалга оширилади, Ўзбекистон Республикаси Президенти ва Вазирлар Маҳкамасининг ҳужжатларига мувофиқ сотиладиганлари бундан мустасно:

белгиланган хизмат муддатининг тамом бўлиши (тўлиқ яроқсиз деб топилиши);

уларнинг жисмоний эскириши, авариялар, табиий офатлар, фойдаланишнинг нормал шароитлари бузилиши оқибатида яроқсиз ҳолга келиши;

маънавий эскириши;

давлат муассасалари бинолари қурилиши, кенгайтирилиши, реконструкция қилиниши, модернизация қилиниши ва қайта ташкил этилиши муносабати билан бўшаб қолиши;

фойдаланиш зарурати бўлмаганда.

32. Давлат муассасасининг оператив бошқарувида бўлган мол-мулкдан фойдаланишдан олинган ҳосил, маҳсулот ва даромадлар, шунингдек, давлат муассасасининг шартнома бўйича ёхуд бошқа асосларда вужудга келган мол-мулки ҳам унинг оператив бошқарувига ўтади.

33. Давлат муассасасининг мол-мулки Вазирлар Маҳкамасининг қарорига асосан гаровга қўйилади. Бунда қонунчилик ҳужжатларида белгиланган хусусийлаштирилмайдиган давлат мулклари, шунингдек, хўжалик жамиятларига ўзгартирилаётган давлат муассасалари мулкларини гаровга қўйишга йўл қўйилмайди.

34. Давлат муассасаси ўз таркибига кирадиган ташкилотларга тегишли кўчмас мулкни бир ташкилотдан бошқа бирига оператив бошқарув ҳуқуқи асосида ўтказиш тўғрисидаги қарорни Давактив агентлиги билан келишувга кўра қабул қилади.

35. Давлат муассасасининг кўчмас мулк объекти ва бўш ер участкалари негизида амалга ошириладиган давлат-хусусий шериклик лойиҳалари тўғрисидаги маълумотлар давлат шериги томонидан тегишли битим тузилгандан сўнг ўн кун муддатда «Давлат мулки» ахборот тизимига киритилади.

36. Вазирлик ва идоралар, маҳаллий давлат ҳокимият органларининг давлат кўчмас мулки негизида инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш ва уларнинг тизимидаги корхоналарга учинчи шахслар томонидан инвестиция киритилишига оид келишувлари (битим, шартнома, меморандумлар) бўйича мажбурий тартибда Давактив агентлигининг хулосаси олинади.

37. Шаҳарсозлик нормалари ва қоидаларига асосан давлат муассасаси ходимлари сонига давлат кўчмас мулки объектларининг ишчи хоналари майдони ҳисоб кўрсаткичлари мос келиши лозим.

38. Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратура ҳузуридаги Мажбурий ижро бюроси ва унинг ҳудудий органлари давлат муассасасининг оператив бошқарув ҳуқуқидаги кўчмас мулкни хатлаши ва мажбурий реализация қилиши мумкин эмас, қонунчилик ҳужжатларида назарда тутилган ҳоллар бундан мустасно.

7-боб. Давлат муассасасининг филиаллари ва ваколатхоналари

39. Давлат муассасаси муассис билан келишган ҳолда қонунчилик ҳужжатлари талабларига мувофиқ юридик шахс ташкил этмасдан филиаллар ташкил этиши ва ваколатхоналар очиши ҳамда уларни белгиланган тартибда ёпиши мумкин.

40. Давлат муассасасининг филиаллари ва ваколатхоналари уларнинг муассиси номидан тасдиқланган устав (низом)лари асосида фаолият кўрсатади ва уни ташкил этган муассис томонидан мол-мулк билан таъминланади.

41. Давлат муассасасининг филиали ёки ваколатхонаси раҳбари давлат муассасасининг раҳбари томонидан муассис билан келишган ҳолда тайинланади ва унинг ишончномаси асосида фаолият кўрсатади, қонунчилик ҳужжатларида белгиланган ҳоллар бундан мустасно.

Қонунчилик ҳужжатларида бошқача тартиб белгиланмаган бўлса, филиал ёки ваколатхона раҳбари билан тузилган меҳнат шартномаси тўхтатилган тақдирда, ишончнома давлат муассасасининг муассиси раҳбари томонидан бекор қилинади.

8-боб. Давлат муассасаси фаолиятининг очиқлиги ва ошкоралиги

42. Давлат муассасаси фуқароларнинг ахборотни эркин излаш ва олишга доир ҳуқуқларини амалга оширишлари учун қонунчиликда белгиланган тартибда ўз фаолиятининг очиқлиги, ошкоралиги ва ҳисобдорлигини таъминлаши шарт.

43. Давлат муассасаси ўз расмий веб-сайтида ўзининг номи, фаолият тури, функция ва ваколатлари ҳамда раҳбарлари тўғрисидаги маълумотларни жойлаштиради ҳамда уларнинг доимий равишда янгилаб борилишини таъминлайди.

Очиқ маълумотлар порталида фойдаланувчилар учун қулай форматларда кўриш имкониятини яратган ҳолда муассасанинг юқори турувчи ташкилоти, кўчмас мулк объектлари, қурилиши тугалланмаган объектлари ва автотранспорт воситалари, режалаштирилган ва амалга оширилган харажатлар таркиби ҳақидаги ва бошқа маълумотларни (тижорат сири мавжуд ёки чекланган ҳолда тарқатиладиган маълумотлар бундан мустасно) эълон қилиб боради.

Давактив агентлигининг «property.davaktiv.uz» ахборот тизимига ҳар чорак якунлари бўйича ҳисобот даврининг кейинги ойи 25-санасига, йил якунлари бўйича эса кейинги молия йилининг 25 февралига қадар ҳисоб объектларининг жорий ҳолати, шунингдек, молиявий кўрсаткичлари, жумладан, маҳсулотларни (ишларни, хизматларни) реализация қилишдан олинган тушумлар тўғрисидаги маълумотларни киритиб боради.

9-боб. Давлат муассасасининг фаолиятини назорат қилиш

44. Давлат муассасаси қонунчилик ҳужжатларида назарда тутилган ҳолларда ҳар йили ҳисобот даври тугагач, муассисга ва бошқа ваколатли органларга давлат муассасаси фаолияти тўғрисида ҳисобот тақдим этади.

45. Бюджетдан молиялаштириладиган давлат муассасаларида бюджет тўғрисидаги қонунчилик талабларига риоя этилиши Давлат молиявий назорати инспекцияси томонидан назорат қилинади.

Даромад келтириладиган фаолият тури билан шуғулланадиган давлат муассасаларида қонунчиликда белгиланган тартибда ички аудит хизмати жорий этилади ва ташқи аудит ўтказилади.

46. Қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда муассис ва бошқа ваколатли органлар давлат муассасаси раҳбари зиммасига юкланган вазифалар самарали бажарилиши юзасидан уларнинг фаолияти устидан мунтазам мониторинг олиб боради, мониторинг натижаларига кўра давлат муассасаси фаолияти самарадорлигига холисона баҳо беради.

47. Мониторинг ва баҳолаш якунлари бўйича юқори кўрсаткичга эришган давлат муассасасининг раҳбарияти ва ходимлари рағбатлантирилади ёхуд йўл қўйилган камчиликлари учун интизомий жавобгарликка тортилади.

48. Ҳужжатларнинг сақланиши ва белгиланган тартибда сақлашга берилиши учун давлат муассасаси раҳбари жавоб беради.

10-боб. Давлат муассасасини тугатиш

49. Давлат муассасаси қуйидаги ҳолларда тугатилиши мумкин:

фаолият кўрсатиш муддати тугаганда;

уни ташкил этишдан кўзланган мақсадга эришилганда;

ташкил қилиш вақтида қонунчилик ҳужжатлари талаблари бузилишига йўл қўйилганлиги аниқланганда;

суд давлат муассасасини давлат рўйхатидан ўтказишни ҳақиқий эмас деб топганда;

агар қонунчилик ҳужжатларида бошқача қоида назарда тутилмаган бўлса, фаолият рухсатномасиз (лицензиясиз) амалга оширилган ёки қонунда тақиқланган фаолият амалга оширилган тақдирда, суднинг қарорига кўра;

охирги олти ой мобайнида фаолият кўрсатмаётган бўлса;

қонунчиликда белгиланган бошқа ҳолларда.

50. Агар қонунчилик ҳужжатларида бошқача тартиб белгиланмаган бўлса, муассис ёки давлат муассасасини ташкил қилиш тўғрисида қарор қабул қилган орган давлат муассасасини тугатиш ҳамда тугатувчини (вакилни) тайинлаш тўғрисида қарор қабул қилади.

Давлат муассасаси қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда уни тугатиш тўғрисида қарор қабул қилингандан кейин олти ойдан ошмаган муддатда тугатилиши зарур.

51. Тугатилаётган давлат муассасаси давлат рўйхатидан ўтказилган ҳудуддаги солиқ органи томонидан унинг молия-хўжалик фаолияти текширилади, унинг муддати ўн календарь кундан ошмаслиги керак.

Текширишда давлат муассасасининг охирги текшириш ўтказилган санадан бошлаб (агар давлат муассасасини текшириш давлат рўйхатидан ўтказилган санадан бошлаб амалга оширилмаган бўлса, давлат рўйхатидан ўтказилган санадан бошлаб) давлат муассасасини тугатиш тўғрисида қарор қабул қилинганлиги ҳақида давлат хизматлари маркази хабардор қилинган санагача бўлган давр мобайнидаги молия-хўжалик фаолияти қамраб олинади, бироқ ушбу давр уч йилдан ошмаслиги зарур.

52. Давлат муассасасини тугатиш тўғрисидаги қарор суд томонидан қабул қилинган тақдирда, тугатувчи (вакил) юридик шахсларни давлат рўйхатидан ўтказувчи орган билан келишилган ҳолда тайинланади.

53. Давлат муассасаси ўз мажбуриятларини ихтиёридаги маблағлар ҳисобига бажаради, бу маблағлар етарли бўлмаса, унинг муассиси томонидан бюджетдан ташқари маблағлари ҳисобидан белгиланган тартибда қоплаб берилади.

Бу маблағлар етарли бўлмаса, унинг муассиси тугатилаётган давлат муассасасининг мажбуриятлари ва ҳуқуқларини қабул қилади.

54. Тугатилаётган давлат муассасасининг маблағлари кредиторлар талабларини қондириш учун етарли бўлмаса, кредиторлар ўз талабларининг қолган қисмини ушбу давлат муассасасининг муассиси ҳисобидан қондириш тўғрисида судга даъво билан мурожаат қилиш ҳуқуқига эгадирлар.

55. Тугатилиши белгиланган давлат муассасасининг мол-мулклари кредиторлар талаблари қондирилгандан кейин топшириш ва қабул қилиш далолатномасига асосан муассисга ўтказилади.

56. Давлат муассасасини тугатиш ишларининг сифатли, тўлиқ ва ўз муддатида амалга оширилиши юзасидан шахсий масъулият ушбу давлат муассасасининг муассисига юкланади.

57. Давлат муассасаси тугатилганда, давлат хизматлари марказларида белгиланган тартибда давлат рўйхатидан чиқарилади.

11-боб. Якунловчи қоидалар

58. Ушбу Низом қоидалари қўлланиши билан боғлиқ низолар қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда ҳал этилади.

59. Ушбу Низом талаблари бузилишида айбдор бўлган шахслар қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда жавобгар бўладилар.

60. Ўзбекистон Республикаси Президенти ва Вазирлар Маҳкамасининг ҳужжатлари билан айрим турдаги давлат муассасаларининг алоҳида ўзига хос хусусиятлари ва ҳуқуқлари белгиланиши мумкин.

Вазирлар Маҳкамасининг 2023 йил 21 июлдаги 302-сон қарорига 2-ИЛОВА

Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 8 майдаги 273-сон қарори билан тасдиқланган Давлат мулки объектларининг ҳисобини юритиш тартиби тўғрисидаги низомга киритилаётган ўзгартириш ва қўшимчалар

1. 3-бандда :

а) «е» кичик банддан «киритади» сўзи чиқариб ташлансин;

б) қуйидаги мазмундаги «ж» ва «з» кичик бандлар билан тўлдирилсин:

«ж) Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт ва молия вазирлиги бюджетдан молиялаштириладиган давлат ташкилотларининг молиявий кўрсаткичлари, жумладан, маҳсулотларни (ишларни, хизматларни) реализация қилишдан олинган тушумлар тўғрисидаги маълумотларни;

з) Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ҳузуридаги Солиқ қўмитаси давлат ташкилотларининг молиявий кўрсаткичлари, жумладан, маҳсулотлар (ишлар, хизматлар)ни реализация қилишдан олинган тушумлар тўғрисидаги маълумотларни киритади».

2. 7-банд қуйидаги таҳрирда баён этилсин:

«7. Давлат ташкилотлари томонидан ҳисоб объектларининг жорий ҳолати, шунингдек, молиявий кўрсаткичлари, жумладан, маҳсулотларни (ишларни, хизматларни) реализация қилишдан олинган тушумлар тўғрисидаги маълумотлар ахборот тизимига ҳар чорак якунлари бўйича ҳисобот давридан кейинги ойининг 25-санасига, йил якунлари бўйича эса кейинги молия йилининг 25 февралига қадар киритиб борилади».

3. 9-банд қуйидаги мазмундаги «д» кичик банд билан тўлдирилсин:

«д) молиявий ҳисоботлари:

молиявий кўрсаткичлари, жумладан, маҳсулотларни (ишларни, хизматларни) реализация қилишдан олинган тушумлар».

Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А. АРИПОВ

Тошкент ш.,

2023 йил 21 июль,

302-сон

(Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 21.07.2023 й., 09/23/302/0508-сон; 11.07.2024 й., 09/24/405/0495-сон; 03.03.2025 й., 09/25/135/0208-сон)

lex.uz

Oʻzbekiston Respublikasi Vazirlar Mahkamasining

qarori

NIZOM

Davlat muassasalari toʻgʻrisidagi nizomni tasdiqlash haqida

Oʻzbekiston Respublikasi Prezidentining “Davlat muassasalarini isloh qilishni jadallashtirish chora-tadbirlari toʻgʻrisida” 2022-yil 8-fevraldagi PQ-123-son qarori ijrosini taʼminlash hamda davlat muassasalari faoliyatida zamonaviy boshqaruv usullari, ochiqlik va oshkoralik tamoyillarini joriy etish maqsadida Vazirlar Mahkamasi qaror qiladi:

1. Quyidagilarni nazarda tutuvchi Davlat muassasalari toʻgʻrisidagi nizom 1-ilovaga muvofiq tasdiqlansin:

davlat muassasasining huquqiy maqomi;

davlat muassasasining huquqlari, majburiyatlari va javobgarligi;

davlat muassasasini tashkil etish, qayta tashkil etish va tugatish tartibi;

davlat muassasasi filiallari va vakolatxonalarini tashkil etish tartibi;

davlat muassasasi faoliyatining ochiqligi va oshkoraligini taʼminlash tamoyillari;

davlat muassasasi faoliyatini nazorat qilish tartibi.

2. Vazirlar Mahkamasining 2020-yil 8-maydagi 273-son qarori bilan tasdiqlangan Davlat mulki obyektlarining hisobini yuritish tartibi toʻgʻrisidagi nizomga 2-ilovaga muvofiq oʻzgartirish va qoʻshimchalar kiritilsin.

3. Mazkur qarorning bajarilishini nazorat qilish Oʻzbekiston Respublikasi Davlat aktivlarini boshqarish agentligi direktori A.J. Ortiqov zimmasiga yuklansin.

Vazirlar Mahkamasining 2023-yil 21-iyuldagi 302-son qaroriga 1-ILOVA

Davlat muassasalari toʻgʻrisidagi

1-bob. Umumiy qoidalar

1. Mazkur Nizom davlat muassasasining huquqiy maqomi, huquqlari, majburiyatlari va javobgarligi, davlat muassasasini, uning filiallari va vakolatxonalarini tashkil etish hamda faoliyatini nazorat qilish tartibini belgilaydi.

2. Davlat muassasasi boshqaruv, ijtimoiy-madaniy yoki boshqa notijorat tusdagi vazifalarni amalga oshirish uchun davlat organi yoki tashkiloti tomonidan tashkil etilgan hamda toʻliq yoxud qisman u tomonidan moliyalashtiriladigan yuridik shaxs hisoblanadi.

Davlat muassasasi Oʻzbekiston Respublikasi Davlat gerbi tasviri tushirilgan va oʻz nomi davlat tilida yozilgan muhrga va blankalarga, mustaqil balansga, Oʻzbekiston Respublikasi Iqtisodiyot va moliya vazirligi gʻaznachiligida shaxsiy gʻazna hisobvaraqlariga, bank hisobvaraqlariga, shu jumladan, xorijiy valyutadagi shaxsiy gʻazna hisobvaraqlariga ega boʻladi.

Davlat muassasasi belgilangan tartibda oʻz nomidan mulkiy va shaxsiy nomulkiy huquqlarni olishi va amalga oshirishi, shuningdek, zimmasiga majburiyatlar olishi, sudda daʼvogar va javobgar boʻlishi mumkin.

3. Oʻzbekiston Respublikasi Prezidenti yoki Vazirlar Mahkamasining hujjatlari bilan tashkil etilgan davlat muassasalari, basharti, mazkur hujjatlarda faoliyatning litsenziyalanadigan turlarini amalga oshirish nazarda tutilgan boʻlsa, faoliyatning ushbu turlarini litsenziya olmasdan amalga oshirishga haqlidir. Mazkur qoida koʻrsatilgan davlat muassasalarini litsenziya talablari va shartlarini bajarishdan ozod etmaydi.

2-bob. Davlat muassasasini tashkil etish va qayta tashkil etish

4. Davlat muassasasining muassislari davlat organlari va boshqa davlat muassasalari boʻlishi mumkin.

Davlat muassasasining muassisi oʻzining qarori, Oʻzbekiston Respublikasi Prezidenti yoki Vazirlar Mahkamasining qarori bilan tashkil etiladi (qayta tashkil etiladi). Ushbu qarorda uning muassisi koʻrsatiladi. Bunda:

bir tovar bozorida beshta va undan ortiq xususiy tadbirkorlik subyektlari faoliyat yuritib kelayotgan, raqobat rivojlangan va xoʻjalik faoliyatini amalga oshirish vakolatlari berilgan sohalarda (mudofaa qobiliyati va milliy xavfsizlikni taʼminlash faoliyati bundan mustasno);

davlat organlari tomonidan oʻzlariga litsenziyalash, ruxsat berish, roʻyxatga olish va akkreditatsiyadan oʻtkazish vakolati berilgan sohalarda davlat muassasalari tashkil etilmaydi.

Davlat muassasasi nodavlat yuridik shaxslar va jismoniy shaxslar tomonidan yoki ular bilan birgalikda tuzilishi mumkin emas.

5. Tadbirkorlik faoliyatini amalga oshirish vakolatini berish koʻzda tutilgan davlat muassasasi monopoliyaga qarshi organning dastlabki roziligi olingandan soʻng tashkil etiladi yoki qayta tashkil etiladi.

Monopoliyaga qarshi organ tomonidan tadbirkorlik faoliyatini amalga oshirish vakolatini berish koʻzda tutilgan davlat muassasasini tashkil etish (qayta tashkil etish) rad etilganda, davlat muassasasi roʻyxatdan oʻtkazilmaydi.

6. Davlat muassasasi Vazirlar Mahkamasi bilan kelishgan holda faoliyat sohasiga tegishli boʻlmagan uyushmalar (ittifoqlar) shaklidagi birlashmalar tuzishi va ularga aʼzo boʻlishi mumkin.

7. Davlat muassasasi qonunlarga, qonunchilik hujjatlariga, ushbu Nizomga va oʻzining ustavi (nizomi)ga muvofiq faoliyat yuritadigan oʻz organlari orqali fuqarolik huquqlari va majburiyatlariga ega boʻladi.

8. Davlat muassasasini tashkil etish toʻgʻrisidagi qarorda hamda uning ustavi (nizomi)da tashkiliy-huquqiy shakli davlat muassasasi ekanligi koʻrsatiladi.

Davlat muassasasi, agar uni tashkil etish toʻgʻrisidagi hujjatda boshqacha qoida belgilanmagan boʻlsa, faoliyat koʻrsatish muddati cheklanmagan boʻladi.

9. Davlat muassasasi Davlat aktivlarini boshqarish agentligining (keyingi oʻrinlarda — Davaktiv agentligi) davlat muassasasini davlat roʻyxatidan oʻtkazish toʻgʻrisidagi buyrugʻi mavjud boʻlganda, davlat xizmatlari markazida belgilangan tartibda davlat roʻyxatidan oʻtkaziladi.

Davlat muassasasi davlat xizmatlari markazida uni davlat roʻyxatidan oʻtkazish va qayta roʻyxatdan oʻtkazish chogʻida bir vaqtning oʻzida soliq va statistika organlarida hisobga qoʻyiladi.

Davlat muassasasi davlat roʻyxatidan oʻtkazilgan paytdan boshlab tashkil etilgan hisoblanadi.

10. Davlat muassasasini tashkil etishning belgilangan tartibini buzish yoki davlat muassasasi ustavi (nizomi)ning qonunchilikka mos kelmasligi uni davlat roʻyxatidan oʻtkazishning rad etilishiga sabab boʻladi.

Davlat muassasasini davlat roʻyxatidan oʻtkazish boshqa asoslarga koʻra rad etilishiga yoʻl qoʻyilmaydi.

11. Davlat muassasasining ustavi (nizomi) hamda tashkiliy tuzilmasi muassis tomonidan, markaziy apparat va hududiy boʻlinmalari tuzilmalari muassis bilan kelishgan holda uning rahbari tomonidan tasdiqlanadi (Oʻzbekiston Respublikasi Prezidenti va Hukumat qarorlarida belgilangan hollar bundan mustasno).

Davlat muassasasining markaziy apparati va hududiy boʻlinmalari tuzilmalariga, agar Oʻzbekiston Respublikasi Prezidenti yoki Vazirlar Mahkamasi hujjatlarida boshqacha qoida nazarda tutilmagan boʻlsa, zarur hollarda, uning rahbari tomonidan boshqaruv xodimlarining belgilangan umumiy soni doirasida oʻzgartirish kiritilishi mumkin.

Bunda Oʻzbekiston Respublikasining Davlat budjetidan moliyalashtiriladigan davlat muassasasining markaziy apparat va hududiy boʻlinmalarining shtatlar jadvali belgilangan tartibda Oʻzbekiston Respublikasi Iqtisodiyot va moliya vazirligi yoki uning hududiy boʻlinmasida roʻyxatdan oʻtkaziladi.

Agar davlat muassasasi toʻgʻrisidagi nizom yoki ustav normativ-huquqiy hujjat bilan tasdiqlanishi belgilangan boʻlsa, nizom yoki ustav muassis tomonidan tasdiqlanishi talab etilmaydi.

12. Davlat muassasasi ustavi (nizomi)da quyidagi maʼlumotlar koʻrsatilishi lozim:

davlat muassasasi va uning muassisi nomi (davlat, ingliz va rus tilida), joylashgan yeri (pochta manzili);

idoraviy mansubligi, hududiy va idoraviy tuzilmalari;

davlat muassasasining asosiy vazifalari, funksiyalari, faoliyat yoʻnalishlari, huquqlari va majburiyatlari;

davlat muassasasi rahbariyatini shakllantirish tartibi;

davlat muassasasining hayʼati, boshqa kengash, maslahat, ekspert organlari (mavjud boʻlganda);

davlat muassasasi va uning hududiy tuzilmalari rahbarlarining funksional vazifalari, huquqlari va majburiyatlari;

davlat muassasasining davlat organlari va boshqa tashkilotlar bilan oʻzaro hamkorligi;

davlat muassasasi faoliyatining samaradorligi va natijadorligini baholash mezonlari hamda indikatorlarini belgilash tartibi;

davlat muassasasiga biriktirilgan va oʻz faoliyati davomida vujudga kelgan mulklaridan foydalanish shartlari;

davlat muassasasi hisobdorligi;

davlat muassasasini moliyalashtirish va moddiy-texnik taʼminlash, uning xodimlari mehnatiga haq toʻlash va ularni moddiy ragʻbatlantirish tartibi;

davlat muassasasini qayta tashkil etish va tugatish tartibi;

qonunchilik hujjatlariga zid boʻlmagan boshqa qoidalar ham boʻlishi mumkin.

Mazkur bandning sakkizinchi , toʻqqizinchi va oʻninchi xatboshilari faqatgina Oʻzbekiston Respublikasi Prezidenti va Vazirlar Mahkamasining hujjatlari bilan tashkil etilgan respublika darajasidagi davlat muassasalarining ustavi (nizomi)da koʻrsatiladi.

13. Davlat muassasasining ustavi (nizomi)ga oʻzgartirish va qoʻshimchalar uni tasdiqlagan tashkilot yoki uning huquqiy vorisi qaroriga koʻra kiritiladi.

14. Davlat muassasasi:

qayta tashkil etilganda yoki qayta tashkil etish yoʻli bilan boshqa yuridik shaxsga qoʻshib yuborilganda yoxud tashkiliy-huquqiy shakli oʻzgarganda uning huquq va majburiyatlari yangi tashkil etilayotgan davlat muassasasiga oʻtadi, mol-mulki hamda moliya-xoʻjalik faoliyati bilan bogʻliq hujjatlari topshirish va qabul qilish dalolatnomasiga asosan yangi tashkil etilgan davlat muassasasiga topshiriladi;

boʻlinganda esa, moliyaviy majburiyatlari taqsimlash balansiga muvofiq taqsimlanadi, boshqa huquq va majburiyatlari yangi vazifalardan kelib chiqib belgilanadi.

Bunda soliq organlari tomonidan tugatilayotgan davlat muassasasining moliya-xoʻjalik faoliyatini tekshirish talab etilmaydi.

3-bob. Davlat muassasasining huquqlari, majburiyatlari va javobgarligi

15. Davlat muassasasi quyidagi huquqlarga ega:

vakolatiga kiradigan masalalar hamda unga yuklangan vazifalar va funksiyalarni bajarish bilan bogʻliq boʻlgan qarorlar, buyruqlar, koʻrsatmalar qabul qilish, zarur boʻlganda, boshqa davlat tashkilotlari bilan birgalikda tegishli qarorlar qabul qilish;

qonunchilik hujjatlarida nazarda tutilgan hollarda vakolatiga kiradigan masalalarda davlat organlari va tegishli tashkilotlar faoliyatini muvofiqlashtirish;

davlat muassasasi vakolatiga kiradigan masalalarda belgilangan tartibda sudlarga arizalar va daʼvolar kiritish;

agar qonunda belgilangan boʻlsa, maʼmuriy huquqbuzarliklar toʻgʻrisidagi ishlarni belgilangan tartibda koʻrib chiqish va jarimalar solish;

qonunchilikda belgilangan tartibda budjetdan tashqari jamgʻarmalarga ega boʻlish;

davlat muassasasi nomidan belgilangan tartibda shartnomalar tuzish;

davlat organlari va manfaatdor shaxslardan oʻz vakolati doirasida zarur axborotlarni soʻrash va olish;

qonunchilik hujjatlariga muvofiq boshqa huquqlarga ham ega boʻlishi mumkin.

16. Davlat muassasasi:

oʻziga yuklangan vazifa va funksiyalarni samarali bajarishi;

oʻzi qabul qilgan qarorlar hamda buyruqlarni oʻz vaqtida, sifati va toʻliq bajarishi;

faoliyatini rivojlantirish boʻyicha tasdiqlangan dasturlar, chora-tadbirlar rejasi, “yoʻl xaritalari” va boshqa dasturiy hujjatlar ijrosini samarali tashkil etishi va bajarishi;

oʻziga biriktirib berilgan mulklar, shu jumladan, koʻchmas mulklardan maqsadli foydalanishi;

oʻziga yuklangan vazifa va funksiyalar doirasida fuqarolar hamda tadbirkorlik subyektlarining huquqlari va qonuniy manfaatlarini himoya qilishi shart.

Davlat muassasasiga qonunchilik hujjatlariga muvofiq boshqa majburiyatlar ham yuklanishi mumkin.

17. Davlat muassasasi oʻz majburiyatlari boʻyicha ixtiyoridagi mablagʻlar bilan javob beradi. Bu mablagʻlar yetarli boʻlmasa, agar Oʻzbekiston Respublikasi Prezidenti yoki Vazirlar Mahkamasi hujjatlarida boshqacha qoida nazarda tutilmagan boʻlsa, muassis davlat muassasasining majburiyatlari yuzasidan subsidiar javobgar boʻladi.

18. Davlat muassasasi muassisning majburiyatlari boʻyicha javob bermaydi.

19. Davlat muassasasining filiali va vakolatxonasi majburiyatlari boʻyicha ularni tashkil etgan muassis javob beradi.

20. Davlat muassasasi davlat aktivlarini, shu jumladan, ularning tovar-moddiy boyliklari va boshqa mol-mulklarining but saqlanishi boʻyicha moddiy javobgar hisoblanadi.

4-bob. Davlat muassasasi rahbarining huquqlari va majburiyatlari

21. Davlat muassasasining rahbari quyidagi huquqlarga ega:

davlat muassasasi faoliyatiga umumiy rahbarlik qilish;

davlat muassasasi xodimlari bilan qonunchilik hujjatlarida belgilangan tartibda mehnat shartnomalarini tuzish va bekor qilish;

davlat muassasasi xodimlari bajarishi shart boʻlgan buyruqlarni qabul qilish hamda koʻrsatmalar berish;

davlat muassasasi nomidan ishonchnomasiz faoliyat koʻrsatish.

Davlat muassasasining rahbari qonunchilik hujjatlarida nazarda tutilgan boshqa huquqlarga ham ega boʻlishi mumkin.

22. Davlat muassasasining rahbari:

Oʻzbekiston Respublikasi Konstitutsiyasi va qonunlari, shuningdek, boshqa normativ-huquqiy hujjatlar talablariga rioya qilishi;

Oʻzbekiston Respublikasi Prezidentining tegishli hujjatlari, Vazirlar Mahkamasining qarorlari va boshqa qonunchilik hujjatlari bilan davlat muassasasiga yuklangan vazifa va funksiyalar bajarilishini tashkil etishi;

davlat muassasasi oldiga qoʻyilgan vazifalarning bajarilishini tashkil etishi va nazorat qilishi;

davlat siriga oid maʼlumotlar va maxfiy axborot bilan ishlashda qonunchilik hujjatlari talablariga rioya qilishi;

oʻz faoliyati bilan bogʻliq prognoz koʻrsatkichlari, davriy ish rejalari va faoliyati samaradorligini baholash koʻrsatkichlari hamda mezonlariga soʻzsiz erishilishini taʼminlashi;

faoliyatini rivojlantirish boʻyicha tasdiqlangan dasturlar, chora-tadbirlar rejasi, “yoʻl xaritalari” va boshqa dasturiy hujjatlarni samarali amalga oshirishi;

fuqarolar va tadbirkorlik subyektlarining huquqlari hamda qonuniy manfaatlarini himoya qilishi shart.

Davlat muassasasining rahbari qonunchilik hujjatlarida nazarda tutilgan boshqa majburiyatlarni ham bajaradi.

5-bob. Muassisning huquq va majburiyatlari

23. Muassis quyidagi huquqlarga ega:

davlat muassasasi vakolatiga kiradigan masalalar boʻyicha qarorlar, buyruqlar va koʻrsatmalar chiqarish, zarur boʻlganda, boshqa davlat tashkilotlari bilan birgalikda tegishli qarorlar qabul qilish;

davlat muassasasining faoliyati bilan bogʻliq boʻlgan prognoz koʻrsatkichlari, davriy ish rejalarini va faoliyati samaradorligini baholash koʻrsatkichlari va mezonlarini tasdiqlash, ularning natijadorligini muntazam tanqidiy tahlil qilish, majlislarda ularning shaxsiy hisobotlarini eshitish, hisobot yakunlari boʻyicha zarur choralar koʻrish, bajarilishi yuzasidan nazoratni taʼminlash;

agar qonunchilik hujjatlarida boshqacha tartib belgilanmagan boʻlsa, davlat muassasasining rahbari bilan mehnat shartnomasini tuzish yoki tuzilgan mehnat shartnomasini mehnat toʻgʻrisidagi qonunchilik hujjatlarida belgilangan tartibda muddatidan oldin toʻxtatish;

davlat muassasasining rahbarini tayinlash, jumladan, qonunchilikka asosan tanlov natijalari boʻyicha tayinlash, mehnat qonunchiligiga muvofiq u bilan mehnat shartnomasini tuzish;

davlat muassasasining ortiqcha, foydalanilmayotgan yoxud belgilangan maqsadda foydalanilmayotgan mulkini olib qoʻyish va belgilangan tartibda tasarruf etish;

oʻz tarkibiga kiradigan tashkilotlarga tegishli davlat koʻchmas mulki obyektlarini bir davlat tashkilotidan boshqa bir davlat tashkilotiga operativ boshqaruv huquqi asosida oʻtkazish toʻgʻrisida Davaktiv agentligi bilan kelishuvga koʻra qaror qabul qilish;

Oʻzbekiston Respublikasi Prezidenti yoki Vazirlar Mahkamasi hujjatlarida boshqacha qoida nazarda tutilmagan boʻlsa, qonunchilik hujjatlariga muvofiq davlat muassasasini qayta tashkil etish yoki tugatish toʻgʻrisida qaror qabul qilish;

tugatilayotgan davlat muassasasi kreditorlarining talablari qondirilganidan keyin qolgan mol-mulklarini olish;

davlat muassasasining mulkiga oid bitimlarni haqiqiy emas deb eʼtirof etish, shuningdek, davlat muassasasiga yetkazilgan zararlarni undirish toʻgʻrisida ushbu davlat muassasasi rahbariga nisbatan sudga daʼvo arizasi kiritish.

Muassis qonunchilik hujjatlariga muvofiq boshqa huquqlarga ham ega boʻlishi mumkin.

24. Muassis:

davlat muassasasining faoliyati bilan bogʻliq boʻlgan prognoz koʻrsatkichlari, davriy ish rejalarini va faoliyati samaradorligini baholash koʻrsatkichlari va mezonlari bajarilishi boʻyicha hisobotini eshitishi va ularning bajarilishini doimiy nazorat qilishi;

davlat muassasasiga berilgan davlat mulkidan maqsadli foydalanilishini va saqlanishini, shuningdek, uning begonalashtirilishini nazorat qilishi;

davlat mulki obyektlarini saqlash va boʻsh turgan qismidan samarali foydalanishni tashkil qilishi;

davlat muassasasining oʻz majburiyatlari hamda tugatilayotgan davlat muassasasining majburiyatlari boʻyicha ixtiyoridagi mablagʻlari yetarli boʻlmagan taqdirda, uning xarajatlari qonunchilik hujjatlarida taqiqlanmagan mablagʻlar, shu jumladan, budjetdan tashqari mablagʻlar hisobidan qoplab berilishi shart.

Muassisga qonunchilik hujjatlariga muvofiq boshqa majburiyatlar ham yuklatilishi mumkin.

6-bob. Davlat muassasasining mulki

25. Quyidagilar davlat muassasasining mulki hisoblanadi:

muassis tomonidan davlat muassasasiga operativ boshqaruv huquqi bilan biriktirilgan mulk;

qonunchilik hujjatlarida nazarda tutilgan boʻlsa, budjet va budjetdan tashqari mablagʻlari hamda oʻz mablagʻlari;

qonunchilik hujjatlariga zid boʻlmagan boshqa manbalar hisobidan shakllantirilgan mulklar.

Agar taʼsis hujjatlariga muvofiq muassasaga daromad keltiradigan faoliyat bilan shugʻullanish huquqi berilgan boʻlsa, bunday faoliyatdan olingan daromad va bu daromad hisobidan sotib olingan mol-mulk muassasaning mustaqil tasarrufiga oʻtadi va alohida balansda hisobga olinadi.

26. Tashkil etilgan davlat muassasasida davlat mulkini operativ boshqarish huquqi topshirish va qabul qilish dalolatnomasi davlat muassasasi rahbari va muassis tomonidan imzolangan vaqtdan boshlab yuzaga keladi, qonunchilik hujjatlarida belgilangan xollar bundan mustasno.

27. Davlat muassasasining mulki davlat muassasasi xodimlari oʻrtasida taqsimlanishi mumkin emas.

28. Davlat muassasasining mulki quyidagi hollarda qonunchilik hujjatlariga muvofiq belgilangan tartibda muassis bilan kelishgan holda tasarruf etiladi:

asosiy vositalarni sotish, hisobdan chiqarish (binolari va inshootlari, shu jumladan, qurilishi tugallanmagan binolari va inshootlaridan tashqari);

Oʻzbekiston Respublikasi Qurilish va uy-joy kommunal xoʻjaligi vazirligi huzuridagi Qurilish va uy-joy kommunal xoʻjaligi sohasida nazorat qilish inspeksiyasining hududiy boʻlinmalari, qurilish sohasidagi loyihalashtirish tashkilotlari, maxsus litsenziyaga ega boʻlgan tashkilotlar hamda ilmiy-tadqiqot muassasalarining xulosasiga muvofiq yaroqsiz deb topilgan hamda vakolatli organlar tomonidan buzish toʻgʻrisida qaror qabul qilingan koʻchmas mulk obyektlarini buzish;

Oʻzbekiston Respublikasi Iqtisodiyot va moliya vazirligi yoki uning hududiy boʻlinmalari roziligi bilan avtotransport vositalarini xarid qilish, bino va inshootlarni sotib olish va/yoki qurish;

mulkni davlat muassasasi faoliyati maqsadlariga muvofiq boʻlmagan boshqacha tarzda tasarruf etish.

Bino va inshootlar (shu jumladan, qurilishi tugallanmagan bino va inshootlar), shuningdek, davlat muassasasiga tegishli aksiyalar (ulushlar) Davaktiv agentligi tomonidan sotiladi, Tiklanish va taraqqiyot jamgʻarmasiga tegishli mol-mulklar (bino va inshootlar, aksiyalar, ulushlar va boshqalar) hamda qonunchilikda nazarda tutilgan holatlar bundan mustasno.

Bunda bino va inshootlarni (shu jumladan, qurilishi tugallanmagan binolari va inshootlarni), shuningdek, davlat muassasasiga tegishli aksiyalarni (ulushlarni) sotishdan tushgan mablagʻlar ularni sotib olish manbalaridan qatʼi nazar, qonunchilik hujjatlarida belgilangan tartibda taqsimlanadi, Oʻzbekiston Respublikasi Prezidenti va Vazirlar Mahkamasi hujjatlarida belgilangan hollar bundan mustasno.

29. Oʻzbekiston Respublikasi Prezidenti va Vazirlar Mahkamasining hujjatlarida nazarda tutilgan hollardan tashqari davlat muassasalariga xoʻjalik jamiyatlarini taʼsis etish hamda ularning ustav fondi (ustav kapitali)da ishtirok etish taqiqlanadi.

30. Davlat muassasasining bino va inshootlari (shu jumladan, qurilishi tugallanmagan bino va inshootlari), avtomototransport vositalari hamda boshqa asosiy vositalarini sotish va ijaraga berish, shuningdek, ularga tegishli aksiyalarni (ulushlarni) sotish qonunchilik hujjatlarida belgilangan tartibda “E-auksion” elektron savdo platformasida auksion savdolari orqali amalga oshiriladi.

31. Davlat muassasasining asosiy vositalarini hamda qurilishi tugallanmagan obyektlarini sotish yoki buzish quyidagi shartlardan biri mavjud boʻlgan taqdirda amalga oshiriladi, Oʻzbekiston Respublikasi Prezidenti va Vazirlar Mahkamasining hujjatlariga muvofiq sotiladiganlari bundan mustasno:

belgilangan xizmat muddatining tamom boʻlishi (toʻliq yaroqsiz deb topilishi);

ularning jismoniy eskirishi, avariyalar, tabiiy ofatlar, foydalanishning normal sharoitlari buzilishi oqibatida yaroqsiz holga kelishi;

maʼnaviy eskirishi;

davlat muassasalari binolari qurilishi, kengaytirilishi, rekonstruksiya qilinishi, modernizatsiya qilinishi va qayta tashkil etilishi munosabati bilan boʻshab qolishi;

foydalanish zarurati boʻlmaganda.

32. Davlat muassasasining operativ boshqaruvida boʻlgan mol-mulkdan foydalanishdan olingan hosil, mahsulot va daromadlar, shuningdek, davlat muassasasining shartnoma boʻyicha yoxud boshqa asoslarda vujudga kelgan mol-mulki ham uning operativ boshqaruviga oʻtadi.

33. Davlat muassasasining mol-mulki Vazirlar Mahkamasining qaroriga asosan garovga qoʻyiladi. Bunda qonunchilik hujjatlarida belgilangan xususiylashtirilmaydigan davlat mulklari, shuningdek, xoʻjalik jamiyatlariga oʻzgartirilayotgan davlat muassasalari mulklarini garovga qoʻyishga yoʻl qoʻyilmaydi.

34. Davlat muassasasi oʻz tarkibiga kiradigan tashkilotlarga tegishli koʻchmas mulkni bir tashkilotdan boshqa biriga operativ boshqaruv huquqi asosida oʻtkazish toʻgʻrisidagi qarorni Davaktiv agentligi bilan kelishuvga koʻra qabul qiladi.

35. Davlat muassasasining koʻchmas mulk obyekti va boʻsh yer uchastkalari negizida amalga oshiriladigan davlat-xususiy sheriklik loyihalari toʻgʻrisidagi maʼlumotlar davlat sherigi tomonidan tegishli bitim tuzilgandan soʻng oʻn kun muddatda “Davlat mulki” axborot tizimiga kiritiladi.

36. Vazirlik va idoralar, mahalliy davlat hokimiyat organlarining davlat koʻchmas mulki negizida investitsiya loyihalarini amalga oshirish va ularning tizimidagi korxonalarga uchinchi shaxslar tomonidan investitsiya kiritilishiga oid kelishuvlari (bitim, shartnoma, memorandumlar) boʻyicha majburiy tartibda Davaktiv agentligining xulosasi olinadi.

37. Shaharsozlik normalari va qoidalariga asosan davlat muassasasi xodimlari soniga davlat koʻchmas mulki obyektlarining ishchi xonalari maydoni hisob koʻrsatkichlari mos kelishi lozim.

38. Oʻzbekiston Respublikasi Bosh prokuratura huzuridagi Majburiy ijro byurosi va uning hududiy organlari davlat muassasasining operativ boshqaruv huquqidagi koʻchmas mulkni xatlashi va majburiy realizatsiya qilishi mumkin emas, qonunchilik hujjatlarida nazarda tutilgan hollar bundan mustasno.

7-bob. Davlat muassasasining filiallari va vakolatxonalari

39. Davlat muassasasi muassis bilan kelishgan holda qonunchilik hujjatlari talablariga muvofiq yuridik shaxs tashkil etmasdan filiallar tashkil etishi va vakolatxonalar ochishi hamda ularni belgilangan tartibda yopishi mumkin.

40. Davlat muassasasining filiallari va vakolatxonalari ularning muassisi nomidan tasdiqlangan ustav (nizom)lari asosida faoliyat koʻrsatadi va uni tashkil etgan muassis tomonidan mol-mulk bilan taʼminlanadi.

41. Davlat muassasasining filiali yoki vakolatxonasi rahbari davlat muassasasining rahbari tomonidan muassis bilan kelishgan holda tayinlanadi va uning ishonchnomasi asosida faoliyat koʻrsatadi, qonunchilik hujjatlarida belgilangan hollar bundan mustasno.

Qonunchilik hujjatlarida boshqacha tartib belgilanmagan boʻlsa, filial yoki vakolatxona rahbari bilan tuzilgan mehnat shartnomasi toʻxtatilgan taqdirda, ishonchnoma davlat muassasasining muassisi rahbari tomonidan bekor qilinadi.

8-bob. Davlat muassasasi faoliyatining ochiqligi va oshkoraligi

42. Davlat muassasasi fuqarolarning axborotni erkin izlash va olishga doir huquqlarini amalga oshirishlari uchun qonunchilikda belgilangan tartibda oʻz faoliyatining ochiqligi, oshkoraligi va hisobdorligini taʼminlashi shart.

43. Davlat muassasasi oʻz rasmiy veb-saytida oʻzining nomi, faoliyat turi, funksiya va vakolatlari hamda rahbarlari toʻgʻrisidagi maʼlumotlarni joylashtiradi hamda ularning doimiy ravishda yangilab borilishini taʼminlaydi.

Ochiq maʼlumotlar portalida foydalanuvchilar uchun qulay formatlarda koʻrish imkoniyatini yaratgan holda muassasaning yuqori turuvchi tashkiloti, koʻchmas mulk obyektlari, qurilishi tugallanmagan obyektlari va avtotransport vositalari, rejalashtirilgan va amalga oshirilgan xarajatlar tarkibi haqidagi va boshqa maʼlumotlarni (tijorat siri mavjud yoki cheklangan holda tarqatiladigan maʼlumotlar bundan mustasno) eʼlon qilib boradi.

Davaktiv agentligining “property.davaktiv.uz” axborot tizimiga har chorak yakunlari boʻyicha hisobot davrining keyingi oyi 25-sanasiga, yil yakunlari boʻyicha esa keyingi moliya yilining 25-fevraliga qadar hisob obyektlarining joriy holati, shuningdek, moliyaviy koʻrsatkichlari, jumladan, mahsulotlarni (ishlarni, xizmatlarni) realizatsiya qilishdan olingan tushumlar toʻgʻrisidagi maʼlumotlarni kiritib boradi.

9-bob. Davlat muassasasining faoliyatini nazorat qilish

44. Davlat muassasasi qonunchilik hujjatlarida nazarda tutilgan hollarda har yili hisobot davri tugagach, muassisga va boshqa vakolatli organlarga davlat muassasasi faoliyati toʻgʻrisida hisobot taqdim etadi.

45. Budjetdan moliyalashtiriladigan davlat muassasalarida budjet toʻgʻrisidagi qonunchilik talablariga rioya etilishi Davlat moliyaviy nazorati inspeksiyasi tomonidan nazorat qilinadi.

Daromad keltiriladigan faoliyat turi bilan shugʻullanadigan davlat muassasalarida qonunchilikda belgilangan tartibda ichki audit xizmati joriy etiladi va tashqi audit oʻtkaziladi.

46. Qonunchilik hujjatlarida belgilangan tartibda muassis va boshqa vakolatli organlar davlat muassasasi rahbari zimmasiga yuklangan vazifalar samarali bajarilishi yuzasidan ularning faoliyati ustidan muntazam monitoring olib boradi, monitoring natijalariga koʻra davlat muassasasi faoliyati samaradorligiga xolisona baho beradi.

47. Monitoring va baholash yakunlari boʻyicha yuqori koʻrsatkichga erishgan davlat muassasasining rahbariyati va xodimlari ragʻbatlantiriladi yoxud yoʻl qoʻyilgan kamchiliklari uchun intizomiy javobgarlikka tortiladi.

48. Hujjatlarning saqlanishi va belgilangan tartibda saqlashga berilishi uchun davlat muassasasi rahbari javob beradi.

10-bob. Davlat muassasasini tugatish

49. Davlat muassasasi quyidagi hollarda tugatilishi mumkin:

faoliyat koʻrsatish muddati tugaganda;

uni tashkil etishdan koʻzlangan maqsadga erishilganda;

tashkil qilish vaqtida qonunchilik hujjatlari talablari buzilishiga yoʻl qoʻyilganligi aniqlanganda;

sud davlat muassasasini davlat roʻyxatidan oʻtkazishni haqiqiy emas deb topganda;

agar qonunchilik hujjatlarida boshqacha qoida nazarda tutilmagan boʻlsa, faoliyat ruxsatnomasiz (litsenziyasiz) amalga oshirilgan yoki qonunda taqiqlangan faoliyat amalga oshirilgan taqdirda, sudning qaroriga koʻra;

oxirgi olti oy mobaynida faoliyat koʻrsatmayotgan boʻlsa;

qonunchilikda belgilangan boshqa hollarda.

50. Agar qonunchilik hujjatlarida boshqacha tartib belgilanmagan boʻlsa, muassis yoki davlat muassasasini tashkil qilish toʻgʻrisida qaror qabul qilgan organ davlat muassasasini tugatish hamda tugatuvchini (vakilni) tayinlash toʻgʻrisida qaror qabul qiladi.

Davlat muassasasi qonunchilik hujjatlarida belgilangan tartibda uni tugatish toʻgʻrisida qaror qabul qilingandan keyin olti oydan oshmagan muddatda tugatilishi zarur.

51. Tugatilayotgan davlat muassasasi davlat roʻyxatidan oʻtkazilgan hududdagi soliq organi tomonidan uning moliya-xoʻjalik faoliyati tekshiriladi, uning muddati oʻn kalendar kundan oshmasligi kerak.

Tekshirishda davlat muassasasining oxirgi tekshirish oʻtkazilgan sanadan boshlab (agar davlat muassasasini tekshirish davlat roʻyxatidan oʻtkazilgan sanadan boshlab amalga oshirilmagan boʻlsa, davlat roʻyxatidan oʻtkazilgan sanadan boshlab) davlat muassasasini tugatish toʻgʻrisida qaror qabul qilinganligi haqida davlat xizmatlari markazi xabardor qilingan sanagacha boʻlgan davr mobaynidagi moliya-xoʻjalik faoliyati qamrab olinadi, biroq ushbu davr uch yildan oshmasligi zarur.

52. Davlat muassasasini tugatish toʻgʻrisidagi qaror sud tomonidan qabul qilingan taqdirda, tugatuvchi (vakil) yuridik shaxslarni davlat roʻyxatidan oʻtkazuvchi organ bilan kelishilgan holda tayinlanadi.

53. Davlat muassasasi oʻz majburiyatlarini ixtiyoridagi mablagʻlar hisobiga bajaradi, bu mablagʻlar yetarli boʻlmasa, uning muassisi tomonidan budjetdan tashqari mablagʻlari hisobidan belgilangan tartibda qoplab beriladi.

Bu mablagʻlar yetarli boʻlmasa, uning muassisi tugatilayotgan davlat muassasasining majburiyatlari va huquqlarini qabul qiladi.

54. Tugatilayotgan davlat muassasasining mablagʻlari kreditorlar talablarini qondirish uchun yetarli boʻlmasa, kreditorlar oʻz talablarining qolgan qismini ushbu davlat muassasasining muassisi hisobidan qondirish toʻgʻrisida sudga daʼvo bilan murojaat qilish huquqiga egadirlar.

55. Tugatilishi belgilangan davlat muassasasining mol-mulklari kreditorlar talablari qondirilgandan keyin topshirish va qabul qilish dalolatnomasiga asosan muassisga oʻtkaziladi.

56. Davlat muassasasini tugatish ishlarining sifatli, toʻliq va oʻz muddatida amalga oshirilishi yuzasidan shaxsiy masʼuliyat ushbu davlat muassasasining muassisiga yuklanadi.

57. Davlat muassasasi tugatilganda, davlat xizmatlari markazlarida belgilangan tartibda davlat roʻyxatidan chiqariladi.

11-bob. Yakunlovchi qoidalar

58. Ushbu Nizom qoidalari qoʻllanishi bilan bogʻliq nizolar qonunchilik hujjatlarida belgilangan tartibda hal etiladi.

59. Ushbu Nizom talablari buzilishida aybdor boʻlgan shaxslar qonunchilik hujjatlarida belgilangan tartibda javobgar boʻladilar.

60. Oʻzbekiston Respublikasi Prezidenti va Vazirlar Mahkamasining hujjatlari bilan ayrim turdagi davlat muassasalarining alohida oʻziga xos xususiyatlari va huquqlari belgilanishi mumkin.

Vazirlar Mahkamasining 2023-yil 21-iyuldagi 302-son qaroriga 2-ILOVA

Vazirlar Mahkamasining 2020-yil 8-maydagi 273-son qarori bilan tasdiqlangan Davlat mulki obyektlarining hisobini yuritish tartibi toʻgʻrisidagi nizomga kiritilayotgan oʻzgartirish va qoʻshimchalar

1. 3-bandda :

a) “e” kichik banddan “kiritadi” soʻzi chiqarib tashlansin;

b) quyidagi mazmundagi “j” va “z” kichik bandlar bilan toʻldirilsin:

“j) Oʻzbekiston Respublikasi Iqtisodiyot va moliya vazirligi budjetdan moliyalashtiriladigan davlat tashkilotlarining moliyaviy koʻrsatkichlari, jumladan, mahsulotlarni (ishlarni, xizmatlarni) realizatsiya qilishdan olingan tushumlar toʻgʻrisidagi maʼlumotlarni;

z) Oʻzbekiston Respublikasi Iqtisodiyot va moliya vazirligi huzuridagi Soliq qoʻmitasi davlat tashkilotlarining moliyaviy koʻrsatkichlari, jumladan, mahsulotlar (ishlar, xizmatlar)ni realizatsiya qilishdan olingan tushumlar toʻgʻrisidagi maʼlumotlarni kiritadi”.

2. 7-band quyidagi tahrirda bayon etilsin:

“7. Davlat tashkilotlari tomonidan hisob obyektlarining joriy holati, shuningdek, moliyaviy koʻrsatkichlari, jumladan, mahsulotlarni (ishlarni, xizmatlarni) realizatsiya qilishdan olingan tushumlar toʻgʻrisidagi maʼlumotlar axborot tizimiga har chorak yakunlari boʻyicha hisobot davridan keyingi oyining 25-sanasiga, yil yakunlari boʻyicha esa keyingi moliya yilining 25-fevraliga qadar kiritib boriladi”.

3. 9-band quyidagi mazmundagi “d” kichik band bilan toʻldirilsin:

“d) moliyaviy hisobotlari:

moliyaviy koʻrsatkichlari, jumladan, mahsulotlarni (ishlarni, xizmatlarni) realizatsiya qilishdan olingan tushumlar”.

Oʻzbekiston Respublikasining Bosh vaziri A. ARIPOV

Toshkent sh.,

2023-yil 21-iyul,

302-son

(Qonunchilik maʼlumotlari milliy bazasi, 21.07.2023-y., 09/23/302/0508-son; 11.07.2024-y., 09/24/405/0495-son; 03.03.2025-y., 09/25/135/0208-son)

lex.uz