📅 2023-yil 31-iyul · Vazirlar Mahkamasi qarorlari
Rasmiy matn. Rasmiy hujjat. Tahririy izohlar kiritilmagan.
📅 2023-yil 31-iyul · Vazirlar Mahkamasi qarorlari
Rasmiy matn. Rasmiy hujjat. Tahririy izohlar kiritilmagan.
📅 2023 йил 31 июль · Вазирлар Маҳкамаси қарорлари
Расмий матн. Расмий ҳужжат. Таҳририй изоҳлар киритилмаган.
📅 31 июля 2023 г. · Постановления Кабинета Министров
Официальный текст. Официальный документ. Редакционные примечания не включены.
📅 31 July 2023 · Cabinet of Ministers resolutions
Official text. Official document. Editorial notes are not included.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг
қарори
МАЪМУРИЙ РЕГЛАМЕНТИ
СХЕМАСИ
РЎЙХАТИ
МАЪМУРИЙ РЕГЛАМЕНТИ
СХЕМАСИ
РЎЙХАТИ
Миграция ва фуқароликни расмийлаштириш, шунингдек, автомототранспорт воситаларини давлат рўйхатидан ўтказиш ва рўйхатдан ўтказиш давлат рақами белгиларини бериш бўйича давлат хизматларини кўрсатиш тартибини такомиллаштириш тўғрисида
Ўзбекистон Республикаси Президентининг «2022-2023 йилларда ахборот-коммуникация технологиялари соҳасини янги босқичга олиб чиқиш чора-тадбирлари тўғрисида» 2022 йил 22 августдаги ПҚ-357-сон қарори ижросини таъминлаш, шунингдек, ички ишлар органларининг миграция ва фуқароликни расмийлаштириш ҳамда автомототранспорт воситаларини давлат рўйхатидан ўтказиш соҳасидаги фаолияти шаффофлигини таъминлаш, мазкур соҳага замонавий ахборот-коммуникация технологияларини жорий этган ҳолда, аҳолига қулайликлар яратиш ҳамда аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламларини янада қўллаб-қувватлаш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:
1. Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлигининг қуйидаги таклифлари маъқуллансин:
аҳолининг ижтимоий эҳтиёжманд тоифасига миграция ва фуқароликни расмийлаштириш бўйича Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги Миграция ва фуқароликни расмийлаштириш бош бошқармаси (кейинги ўринларда — МваФРББ) ва унинг ҳудудий бўлинмаларига мурожаат келиб тушган кундан бошлаб ўн иш куни мобайнида мурожаат этувчининг яшаш жойига бориб, сайёр давлат хизматларини қўшимча тўлов ундирилмаган ҳолда кўрсатиш;
Ўзбекистон Республикаси фуқаролари, чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахсларга уларнинг яшаш жойига бориб, Давлат хизматлари ягона реестрида белгиланган миграция ва фуқароликни расмийлаштириш бўйича давлат хизматларини қўшимча тўлов асосида планшет ёки компьютерга ўрнатилган техник қурилмалар ёрдамида кўрсатиш;
фуқароларнинг яшаш жойига бориб, қўшимча тўлов асосида уларга тегишли бўлган автомототранспорт воситаларини кўрикдан ўтказиш, автомототранспорт воситаларининг ҳужжатларини ахборот технологиялари ёрдамида кўриб чиқиш, автомототранспорт воситаси рўйхатдан ўтказилганлиги тўғрисидаги гувоҳнома ва рўйхатдан ўтказиш давлат рақами белгиларини фуқаронинг яшаш жойига етказиб бериш.
2. Қуйидагиларни назарда тутувчи:
а) Ўзбекистон Республикаси фуқаролари, чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахсларнинг яшаш жойига бориб, миграция ва фуқароликни расмийлаштириш бўйича давлат хизматларини кўрсатишнинг маъмурий регламенти 1-иловага мувофиқ:
Ўзбекистон Республикаси фуқаролари, чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахсларнинг яшаш жойига бориб, миграция ва фуқароликни расмийлаштириш бўйича давлат хизматлари кўрсатилиши учун мурожаат қилиш тартиби;
Ўзбекистон Республикаси фуқаролари, чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахсларнинг яшаш жойига бориб, миграция ва фуқароликни расмийлаштириш бўйича давлат хизматлари кўрсатилишида МваФРББ ва унинг ҳудудий бўлинмалари масъул ходимларининг ҳамда мурожаат этувчиларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари;
Ўзбекистон Республикаси фуқаролари, чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахсларнинг яшаш жойига бориб, миграция ва фуқароликни расмийлаштириш бўйича давлат хизматларини кўрсатиш тартиби;
б) Фуқароларнинг яшаш жойига бориб, автомототранспорт воситаларини давлат рўйхатидан ўтказиш ва рўйхатдан ўтказиш давлат рақами белгиларини бериш бўйича давлат хизматларини кўрсатишнинг маъмурий регламенти 2-иловага мувофиқ тасдиқлансин:
фуқароларнинг яшаш жойига бориб, автомототранспорт воситаларини давлат рўйхатидан ўтказиш ва рўйхатдан ўтказиш давлат рақами белгиларини бериш бўйича давлат хизматлари (кейинги ўринларда — транспортни рўйхатга олиш бўйича давлат хизматлари) кўрсатилиши учун мурожаат қилиш тартиби;
фуқароларнинг яшаш жойига бориб, транспортни рўйхатга олиш бўйича давлат хизматларини кўрсатиш муддатлари ва тўланадиган қўшимча тўловлар миқдорлари;
фуқароларнинг яшаш жойига бориб, транспортни рўйхатга олиш бўйича давлат хизматларини кўрсатиш тартиби.
3. Белгилансинки:
2024 йил 1 декабрдан бошлаб, миграция ва фуқароликни расмийлаштириш ҳамда транспортни рўйхатга олиш бўйича давлат хизматлари (кейинги ўринларда — миграция ва транспортни рўйхатга олиш бўйича давлат хизматлари) хизмат кўрсатувчи ходим томонидан мурожаат этувчининг яшаш жойига бориб, планшет ёки компьютерга ўрнатилган техник қурилмалар ёрдамида қўшимча тўлов асосида кўрсатилади;
миграция ва транспортни рўйхатга олиш бўйича давлат хизматларини қўшимча тўлов асосида кўрсатишда тегишлича Ўзбекистон Республикаси Ягона интерактив давлат хизматлари портали (кейинги ўринларда — ЯИДХП), «Call-марказ», расмий веб-сайт ҳамда дастурий таъминотдан (мобил иловадан) фойдаланилади;
фуқароларнинг хоҳишига кўра тайёр идентификацияловчи ID-карта ва хорижга чиқиш биометрик паспортини почта орқали ёки қўшимча тўлов асосида, шунингдек, автотранспорт воситаси рўйхатдан ўтказилганлиги тўғрисидаги гувоҳнома ва давлат рақами белгиларини уларнинг яшаш жойига қўшимча тўлов асосида етказиб бериш хизмати жорий этилади;
аҳолининг ижтимоий эҳтиёжманд тоифаларига миграция ва фуқароликни расмийлаштириш бўйича давлат хизматлари уларнинг яшаш жойига бориб, қўшимча тўлов ундирилмаган ҳолда кўрсатилади.
4. Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги:
а) 2024 йил 1 октябрга қадар «Ўзбекистон почтаси» АЖ билан биргаликда идентификацияловчи ID-карта ва хорижга чиқиш биометрик паспортини фуқароларнинг яшаш жойига почта жўнатмаси сифатида жўнатиш тизимини йўлга қўйсин;
б) 2024 йил 1 ноябрга қадар Рақамли технологиялар вазирлиги билан биргаликда:
миграция ва транспортни рўйхатга олиш бўйича давлат хизматларини кўрсатишда, республика ҳудудини доимий хизмат билан қамраб оладиган «Call-марказ» ташкил қилсин;
ЯИДХП ва «Автомототранспорт ҳисоби» ахборот тизимини интеграция қилиш бўйича технологик йўриқномани ишлаб чиқсин ва белгиланган тартибда тасдиқласин;
миграция ва транспортни рўйхатга олиш бўйича давлат хизматларидан фойдаланиш учун электрон аризани (транспортни рўйхатга олиш бўйича ишончнома орқали ариза) юбориш ёки қўшимча тўлов асосида хизмат кўрсатувчи ходимни яшаш жойига чақириш имконини берадиган дастурий таъминот (мобил илова) ишга туширилишини таъминласин;
юридик шахслар томонидан ЯИДХП, Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги Жамоат хавфсизлиги департаменти Йўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати (кейинги ўринларда — ЙҲХХ)нинг расмий веб-сайти ҳамда дастурий таъминоти (мобил иловаси) орқали янги автотранспорт воситаларини рўйхатдан ўтказиш учун ишончнома, ариза юбориш ҳамда тўловларни электрон шаклда тўлашни йўлга қўйсин;
в) 2024 йил 1 декабрга қадар МваФРББнинг ҳудудий бўлинмалари учун 27 та ва ЙҲХХ бўлинмалари учун 100 та автомототранспорт воситаларини қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда харид қилсин ҳамда уларни ҳаракат йўналишини назорат қилиш имконини берадиган GPS қурилмалари билан жиҳозласин;
фуқароларнинг яшаш жойига бориб, миграция ва транспортни рўйхатга олиш бўйича давлат хизматлари кўрсатилишини ташкил этишни таъминлаш мақсадида МваФРББга 27 та планшет ёки компьютерга ўрнатилган техник қурилмалар, ЙҲХХга 135 та планшетни қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда харид қилсин;
МваФРББга Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлигининг амалдаги штат бирликлари доирасида 27 та қўшимча штат бирлигини, ЙҲХХга Давлат йўл ҳаракати хавфсизлиги хизматининг моддий-техника базасини ривожлантириш, ходимларини рағбатлантириш ва мукофотлаш жамғармаси ҳисобидан ЙҲХХнинг амалдаги штат бирликлари доирасида 135 та қўшимча штат бирлигини ажратсин;
миграция ва фуқароликни расмийлаштириш бўйича давлат хизматлари кўрсатилишини самарали ташкил этиш, қўшимча тўлов асосида сайёр давлат хизматини кўрсатишдан тушган тушумларни кирим қилиш ҳамда улардан фойдаланиш тартибини жорий этиш мақсадида МваФРББнинг сайёр давлат хизматлари кўрсатишни ташкил этиш жамғармасини ташкил этсин;
г) Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси ва Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги билан биргаликда ушбу қарорнинг мазмун-моҳияти оммавий ахборот воситаларида кенг ёритилишини таъминласин.
5. Белгилаб қўйилсинки, мазкур қарордаги чора-тадбирлар дастлаб Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлигининг бюджетдан ташқари жамғармаси маблағлари ҳисобидан, 2023 йил 1 декабрдан бошлаб қўшимча тўлов асосида кўрсатилган миграция ва фуқароликни расмийлаштириш бўйича сайёр давлат хизматларини кўрсатишдан тушган маблағлар ҳисобидан, ЙҲХХ фаолиятига оид чора-тадбирлар Давлат йўл ҳаракати хавфсизлиги хизматининг моддий-техника базасини ривожлантириш, ходимларини рағбатлантириш ва мукофотлаш жамғармаси маблағлари ҳисобидан амалга оширилади.
6. Ушбу қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси ички ишлар вазири П.Р. Бобожонов зиммасига юклансин.
Вазирлар Маҳкамасининг 2023 йил 31 июлдаги 321-сон қарорига 1-ИЛОВА
Ўзбекистон Республикаси фуқаролари, чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахсларнинг яшаш жойига бориб, миграция ва фуқароликни расмийлаштириш бўйича давлат хизматларини кўрсатишнинг
1-боб. Умумий қоидалар
1. Мазкур Регламент Ўзбекистон Республикаси фуқаролари, чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахсларга уларнинг хоҳишига кўра қўшимча тўлов асосида, шунингдек, аҳолининг ижтимоий эҳтиёжманд тоифасига қўшимча тўлов ундирилмаган ҳолда, Давлат хизматлари ягона реестрида белгиланган миграция ва фуқароликни расмийлаштириш соҳасида давлат хизматларини (кейинги ўринларда — давлат хизматлари) уларнинг яшаш жойига бориб, планшет ёки компьютерга ўрнатилган техник қурилмалар ёрдамида кўрсатиш ҳамда миграция ва фуқароликни расмийлаштиришга оид расмий ҳужжатларни қўшимча тўлов асосида етказиб бериш тартибини белгилайди.
2. Ушбу Регламентда қуйидаги асосий тушунчалардан фойдаланилади:
аҳолининг ижтимоий эҳтиёжманд тоифаси — ўзгаларнинг парваришига муҳтож бўлган ёлғиз кексалар ва ёлғиз яшовчи кексалар, I ва II гуруҳ ногиронлиги бўлган шахслар, ногиронлиги бўлган болалар, муомалага лаёқатсиз ва муомала лаёқати чекланган фуқаролар, ижтимоий аҳамиятга эга касалликларга чалинган шахслар, етим болалар ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болалар ҳамда қонунчиликда белгиланган тартибда ижтимоий хизматларга муҳтож деб топилган шахслар;
ваколатли орган — Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлигининг Миграция ва фуқароликни расмийлаштириш бош бошқармаси;
калькуляция — қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ ҳамда кўрсатилган хизмат таннархини аниқлаш асосида белгиланадиган давлат хизматлари учун тўлов миқдорини аниқлаш жараёни;
мурожаат этувчилар — давлат хизматлари яшаш жойига бориб кўрсатилиши истагини билдирган Ўзбекистон Республикаси фуқаролари, чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахслар ва уларнинг қонуний вакиллари;
сайёр давлат хизматлари — мурожаат этувчининг яшаш жойига бориб, миграция ва фуқароликни расмийлаштириш, шунингдек, тайёр ҳужжатларни етказиб бериш бўйича кўрсатиладиган давлат хизматлари;
сайёр давлат хизматларини кўрсатиш ҳудуди — ваколатли орган ва унинг ҳудудий бўлинмалари томонидан давлат хизматлари кўрсатиладиган маъмурий ҳудуд;
тайёр ҳужжатлар — давлат хизматларини кўрсатиш натижасида ваколатли орган ва унинг ҳудудий бўлинмалари томонидан қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ расмийлаштириладиган миграция ва фуқароликни расмийлаштиришга оид расмий ҳужжатлар.
3. Сайёр давлат хизматлари ваколатли органнинг расмий веб-сайти, мобил иловаси ёки «Call-марказ»ига мурожаат қилиш, шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Ягона интерактив давлат хизматлари портали (кейинги ўринларда — ЯИДХП) орқали 1-иловага мувофиқ схемага асосан кўрсатилади.
4. Сайёр давлат хизматлари мурожаат этувчиларнинг хоҳишига кўра қўшимча тўлов асосида, аҳолининг ижтимоий эҳтиёжманд тоифасига эса қўшимча тўлов ундирилмаган ҳолда кўрсатилади.
Сайёр давлат хизматлари орқали кўрсатилган давлат хизматлари учун давлат божи ва йиғимлар қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ ундирилади.
Давлат хизматларини қўшимча тўлов асосида кўрсатишда йўл харажатлари давлат хизматини кўрсатиш ҳудуди хусусиятидан келиб чиққан ҳолда, калькуляция натижаларига асосан ушбу Регламентга 2-иловага мувофиқ белгиланади.
Мурожаат этувчи сайёр давлат хизматлари кўрсатилиши учун тўловларни ушбу хизмат кўрсатилишидан аввал амалга оширади.
Сайёр давлат хизматларини кўрсатиш учун тўлов тўланганлиги ахборот тизимлари орқали тасдиқланади.
5. Тўловлар суммаси қуйидаги тартибда тақсимланади:
а) ваколатли органнинг расмий веб-сайти, мобил иловаси ёки «Call-марказ»ига мурожаат қилинганда:
Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлигининг бюджетдан ташқари жамғармасига;
б) ЯИДХП орқали мурожаат қилинганда:
10 фоизи — Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигининг Давлат хизматларини ривожлантириш жамғармасининг шахсий ҳисобварағига;
11,75 фоизи (шундан 0,5 фоизи — ягона биллинг тизими орқали давлат хизмати кўрсатилганда) — Ўзбекистон Республикаси Рақамли технологиялар вазирлиги ҳузуридаги «Рақамли ҳукумат лойиҳаларини бошқариш маркази» давлат муассасасининг Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт ва молия вазирлиги Ғазначилигидаги махсус ҳисобварағига;
қолган маблағлар — Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлигининг бюджетдан ташқари жамғармасига ўтказилади.
6. Сайёр давлат хизматлари кўрсатишни ташкил этиш ваколатли орган ва унинг ҳудудий бўлинмаларининг асосий фаолияти сифатига ва қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартиб ва муддатларга таъсир қилмаслиги лозим.
7. Сайёр давлат хизматларини кўрсатиш соҳасида, шу жумладан, тегишли ахборот тизимлари, ресурслар ва маълумотлар базаларини жорий этиш бўйича назорат Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги томонидан Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги билан келишилган ҳолда амалга оширилади.
2-боб. Мурожаат этувчиларга сайёр давлат хизматларини кўрсатиш учун сўровларни қабул қилиш ва кўриб чиқиш тартиби
8. Сайёр давлат хизматлари кўрсатилиши истагини билдирган мурожаат этувчилар ваколатли органнинг расмий веб-сайти, «Call-марказ», мобил иловаси ёки ЯИДХП орқали мурожаат этиши мумкин.
Мурожаат этувчилар томонидан ваколатли органнинг расмий веб-сайти, мобил иловаси ёки ЯИДХП орқали мурожаат этилганда, ушбу Регламентга 3-иловага мувофиқ сўровнома тўлдирилади.
Бунда ваколатли орган ва унинг ҳудудий бўлинмасининг масъул ходими томонидан сўровномага киритилган маълумотларнинг ҳаққонийлиги «Паспорт-виза» автоматлаштирилган ахборот тизими орқали текширилади.
9. Мурожаат этувчилар «Call-марказ» орқали мурожаат этганда, ваколатли органнинг масъул ходими томонидан қабул қилинади ва мурожаат этувчига қуйидаги маълумотлар тақдим этилади:
кўрсатиладиган сайёр давлат хизматларининг турлари;
сайёр давлат хизматларининг турига қараб зарур ҳужжатлар рўйхати;
сайёр давлат хизматлари учун тўлов миқдори;
сайёр давлат хизматларини кўрсатиш ҳудуди.
10. Мурожаат этувчилар муайян сайёр давлат хизматини танлагандан сўнг мурожаат этган куннинг кейинги ҳафтасидан ушбу хизмат кўрсатилиши лозим бўлган кунни «Call-марказ»нинг масъул ходими билан келишади.
Агар мурожаат этувчилар хоҳлаган кунда сайёр давлат хизматларини кўрсатиш имконияти мавжуд бўлмаса, бу ҳақда мурожаат этувчилар огоҳлантирилади ва унга бошқа кунни танлаш таклиф этилади.
Сайёр давлат хизматларини кўрсатиш вақти ваколатли орган ва унинг ҳудудий бўлинмаларининг иш вақти доирасида белгиланади.
11. «Call-марказ»нинг масъул ходими мурожаат этувчилардан аҳолининг ижтимоий эҳтиёжманд тоифасига кириши юзасидан тегишли маълумотларни сўраб олади ва улар асосида «Ягона миллий ижтимоий ҳимоя» ахборот тизими орқали текширади.
Текшириш натижаларига асосан мурожаат этувчилар ҳақиқатдан ҳам аҳолининг ижтимоий эҳтиёжманд тоифасида эканлиги тасдиқланса, «Call-марказ»нинг масъул ходими ушбу маълумотларни тизимда қайд этади.
Мурожаат этувчилар «Ягона миллий ижтимоий ҳимоя» ахборот тизимида аниқланмаган ҳолларда, яшаш жойига сайёр давлат хизматларини кўрсатиш учун келган ваколатли орган ёки унинг ҳудудий бўлинмаси масъул ходимига аҳолининг ижтимоий эҳтиёжманд тоифасида эканлиги тўғрисида тегишли маълумотларни тақдим этади.
12. «Call-марказ»нинг масъул ходими томонидан мурожаат этувчиларнинг мурожаати электрон шаклдаги рўйхатга олиш китобида (кейинги ўринларда — электрон китоб) қайд этилади.
Электрон китобга мурожаат этувчиларнинг шахсига оид маълумотлар, яшаш жойи ва сайёр давлат хизматлари кўрсатилиши лозим бўлган кун киритилади.
Электрон китоб ҳимояланган алоқа каналлари орқали ваколатли орган ва унинг ҳудудий бўлинмалари ўртасида интеграция қилинади.
13. «Call-марказ»нинг масъул ходими мурожаатни қабул қилгандан сўнг ваколатли орган ва унинг тегишли ҳудудий бўлинмасини сайёр давлат хизматларини кўрсатиш ҳақида хабардор қилади.
Ваколатли орган ёки унинг ҳудудий бўлинмаси сайёр давлат хизматлари кўрсатилиши тўғрисидаги хабарни олгач, ушбу хизматларни кўрсатишга тайёргарлик кўради.
14. Мурожаат этувчилар ваколатли органнинг расмий веб-сайти, мобил иловаси ёки ЯИДХП орқали мурожаат этганда, кўрсатиладиган тегишли сайёр давлат хизматини танлайди ва хизмат турига кўра тегишли йўриқнома билан танишиб чиқади ҳамда мурожаат этилган куннинг кейинги ҳафтасидан ушбу хизмат кўрсатилиши лозим бўлган бўш кунни белгилайди.
Мурожаат этувчилар расмий веб-сайт, мобил илова ёки ЯИДХПдаги йўриқнома орқали қуйидаги маълумотларга эга бўлади:
кўрсатиладиган сайёр давлат хизматининг турлари;
сайёр хизматнинг турига қараб зарур ҳужжатлар рўйхати;
сайёр давлат хизмати учун тўлов миқдори;
сайёр давлат хизматини кўрсатиш ҳудуди.
Аҳолининг ижтимоий эҳтиёжманд тоифасидаги шахслар ушбу тоифада эканлигини тасдиқловчи маълумотларни ваколатли органнинг расмий веб-сайти, мобил иловаси ёки ЯИДХПга PDF шаклида киритади.
15. Расмий веб-сайт, мобил илова ёки ЯИДХП орқали юборилган мурожаат сайёр давлат хизматларини кўрсатиш ҳудудлараро онлайн навбатида автоматик равишда рўйхатга олинади.
16. Ваколатли орган ва унинг ҳудудий бўлинмалари расмий веб-сайт, мобил илова ва ЯИДХПдаги онлайн навбатларни кунлик мониторинг қилиб боради ҳамда тегишли сайёр давлат хизматларини кўрсатишга тайёргарлик кўради.
3-боб. Сайёр давлат хизматларини кўрсатиш тартиби
17. Ваколатли орган ва унинг ҳудудий бўлинмаларининг масъул ходимлари мурожаат этувчиларнинг яшаш жойига хизмат автотранспорт воситасида етиб боради ва планшет ёки компьютерга ўрнатилган техник қурилмалар ёрдамида давлат хизматларини кўрсатади.
18. Ваколатли орган ва унинг ҳудудий бўлинмаларининг масъул ходимлари кўрсатилган сайёр давлат хизматлари тўғрисида далолатнома тузади.
Далолатномада кўрсатилган давлат хизматларининг тури, давлат хизматлари кўрсатилган жой ва сана қайд этилади.
19. Агар мурожаат этувчилар ваколатли орган ва унинг ҳудудий бўлинмаларининг масъул ходимлари етиб келгандан сўнг мурожаатда кўрсатилган манзилда бўлмаса, масъул ходимга муайян сайёр давлат хизматини кўрсатиш учун зарур шароит яратмаса, мастлик ҳолатида бўлса ва ўзининг хатти-ҳаракатлари билан сайёр давлат хизмати кўрсатилишига тўсқинлик қилса ёки масъул ходимнинг талабига биноан сўралган ҳужжатларни тақдим этмаса, бу сайёр давлат хизматларини кўрсатмасликка асос бўлади ва далолатномада тегишли ёзув билан қайд этилади.
Бундай ҳолатларда сайёр давлат хизматлари кўрсатилган деб ҳисобланади ва тўланган тўловлар қайтарилмайди.
4-боб. Кўрсатилган сайёр давлат хизматлари натижаларига кўра расмийлаштириладиган расмий ҳужжатларни қўшимча тўлов асосида етказиб бериш хизматини ташкил этиш тартиби
20. Сайёр давлат хизматлари кўрсатилиб бўлгандан сўнг ваколатли орган ва унинг ҳудудий бўлинмаларининг масъул ходимлари мурожаат этувчиларни тайёр ҳужжатни қўшимча тўлов асосида етказиб бериш хизмати (кейинги ўринларда — етказиб бериш хизмати) ёки тайёр ҳужжатни почта хизмати орқали юбориш имконияти мавжудлиги тўғрисида хабардор қилади.
Мурожаат этувчилар тайёр ҳужжатнинг почта хизмати орқали юборилиши истагини билдирганда, ваколатли орган ва унинг ҳудудий бўлинмаларининг масъул ходимлари тайёр ҳужжатни мурожаат этувчилар яшаш жойига етказилиши учун «Ўзбекистон почтаси» АЖни электрон тизим орқали хабардор қилади.
«Ўзбекистон почтаси» АЖ тайёр ҳужжатни мурожаат этувчиларнинг яшаш жойига беш иш куни мобайнида етказиб беради.
21. Почта хизмати орқали етказиб бериш хизмати натижаси учун амалга ошириладиган тўловлар мурожаат этувчилар томонидан қопланади.
22. Мурожаат этувчилар етказиб бериш хизмати қўшимча тўлов асосида кўрсатилиши истагини билдирса, ваколатли орган ва унинг ҳудудий бўлинмаларининг масъул ходимлари мурожаат этувчиларнинг мурожаатини шу ернинг ўзида қатъий ҳисобда турадиган рўйхатга олиш журналида қайд этади ва мурожаат этувчилар билан етказиб бериш кунини келишади.
23. Агар мурожаат этувчилар тайёр ҳужжатни етказиб бериш хизматидан фойдаланишдан бош тортса, масъул ходим унга ҳужжат тайёр бўлиш муддатини ва ушбу тайёр ҳужжатни қаердан олиб кетиши мумкинлигини тушунтиради.
24. Масъул ходим шу куннинг ўзида рўйхатга олиш журналида мурожаат этувчиларнинг шахсига доир маълумотлар, етказиб бериш манзили ва тайёр бўладиган ҳужжатнинг тури, етказиб бериш санасини акс эттиради, агар мурожаат этувчи почта хизматини танлаган бўлса, бу ҳақда тегишли ёзувни қайд этади.
5-боб. Ваколатли орган ва унинг ҳудудий бўлинмалари масъул ходимларининг ҳуқуқ ва мажбуриятлари
25. Ваколатли орган ва унинг ҳудудий бўлинмаларининг масъул ходимлари қуйидаги ҳуқуқларга эга:
мурожаат этувчилардан сайёр давлат хизматлари кўрсатилиши учун зарур бўлган барча ҳужжатларни сўраб олиш;
сайёр давлат хизматларини кўрсатиш учун зарур бўлган шароитлар билан таъминланишини сўраш;
мурожаат этувчиларнинг ҳужжатларини текшириш мақсадида электрон маълумотлар базасидан фойдаланиш.
26. Ваколатли орган ва унинг ҳудудий бўлинмаларининг масъул ходимлари:
давлат хизматларини, шу жумладан, сайёр давлат хизматларини кўрсатиш учун етарли малакага эга бўлиши;
сайёр давлат хизматлари кўрсатилишидан камида 1 соат олдин мурожаат этувчилар билан боғланиб, ушбу хизматлар кўрсатилиши зарурати мавжудлиги, мурожаатда кўрсатилган манзил ва соатлар ўзгармаганлигини сўраши, давлат хизматлари кўрсатилиши учун зарур бўладиган ва тайёрлаб қўйилиши лозим бўлган ҳужжатлар ҳақида батафсил тушунтириш бериши;
сайёр давлат хизматларини кўрсатиш муддатларига қатъий риоя қилиши;
сайёр давлат хизматлари кўрсатилишидан олдин хизмат автотранспорт воситаси ҳамда планшет ёки компьютерга ўрнатилган техник қурилмалар соз эканлигини текшириши;
сайёр давлат хизматлари кўрсатилаётган ҳар қандай вазиятда вазмин, хушмуомала, одобли ва эътиборли бўлиш, мурожаат этувчиларга ҳурмат билан ҳамда «Сиз» деб мурожаат қилиш, улар билан ўзаро муносабатларда муомала маданияти ва қонунийликка қатъий риоя қилиши;
сайёр давлат хизматлари кўрсатилганлиги тўғрисида ҳамда мурожаат этувчилар билан юзага келган ҳолатлар тўғрисида далолатнома тузиши;
мурожаат этувчиларга тайёр ҳужжатларни етказиб бериш хизматидан фойдаланиш ҳуқуқига эга эканлигини ва ушбу турдаги хизматни кўрсатиш тартиби тўғрисида тушунтиришлар бериши шарт.
Сайёр давлат хизматлари ваколатли орган ва унинг ҳудудий бўлинмалари масъул ходимларининг айби билан белгиланган муддатларда ва тартибда кўрсатилмаган тақдирда, уларга нисбатан қонунчилик ҳужжатларга мувофиқ чора кўрилади.
6-боб. Мурожаат этувчиларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари
27. Мурожаат этувчилар қўйидаги ҳуқуқларга эга:
ваколатли орган ва унинг ҳудудий бўлинмаларининг масъул ходимларидан ўзини таништиришини, шахсини ёки иш жойини тасдиқловчи ҳужжатни кўрсатишини талаб қилиш;
кўрсатилаётган сайёр давлат хизматлари жараёни билан батафсил танишиш;
ваколатли орган ва унинг ҳудудий бўлинмаларининг масъул ходимлари мурожаат этувчиларнинг яшаш жойига етиб боришгача бўлган жараёнда сайёр давлат хизматлари кўрсатилишини рад этиш;
ваколатли орган ва унинг ҳудудий бўлинмаларининг масъул ходимлари устидан юқори турувчи органга шикоят билан мурожаат қилиш.
28. Мурожаат этувчилар:
ваколатли орган ва унинг ҳудудий бўлинмаларининг масъул ходимлари томонидан сўралган барча зарур ҳужжатларни ўз вақтида тақдим этиши;
мурожаатда кўрсатилган манзилда сайёр давлат хизматлари кўрсатилиши лозим бўлган кунда ва белгиланган вақтда ҳозир бўлиши;
ваколатли орган ва унинг ҳудудий бўлинмаларининг масъул ходимлари фаолиятига сайёр давлат хизматлари кўрсатилаётган жараёнда тўсқинлик қилмаслиги;
ваколатли орган ва унинг ҳудудий бўлинмаларининг масъул ходимларига сайёр давлат хизматлари кўрсатилиши учун зарур шароитларни яратиши шарт.
7-боб. Якунловчи қоидалар
29. Мурожаат этувчилар сайёр давлат хизматлари кўрсатилишини қуйидаги ҳолларда рад этиши мумкин:
сайёр давлат хизматларини кўрсатиш зарурати қолмаганда;
сайёр давлат хизматлари ваколатли орган ва унинг ҳудудий бўлинмаларининг масъул ходимлари айби билан белгиланган муддатларда ва тартибда кўрсатилмаган ҳолатларда.
30. Мурожаат этувчилар томонидан сайёр давлат хизматлари кўрсатилиши рад этилганда, мазкур хизматлар учун тўланган тўловлар қайтарилади, бундан ушбу Регламентнинг 19-бандида кўрсатилган ҳолатлар мустасно.
31. Ушбу Регламент талаблари бузилишида айбдор бўлган шахслар қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ жавоб берадилар.
Ўзбекистон Республикаси фуқаролари, чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахсларнинг яшаш жойига бориб, миграция ва фуқароликни расмийлаштириш бўйича давлат хизматларини кўрсатишнинг маъмурий регламентига 1-ИЛОВА
Миграция ва фуқароликни расмийлаштириш бўйича давлат хизматлари кўрсатилиши учун «Call-марказ», веб-сайт, мобил илова ёки Ягона интерактив давлат хизматлари портали орқали мурожаат қилиш юзасидан сайёр давлат хизматларидан фойдаланиш
Босқичлар Субъектлар Тадбирлар Бажариш муддатлари 1-босқич Мурожаат этувчи 1. Сайёр давлат хизматлари кўрсатилиши бўйича «Call-марказ», расмий веб-сайт, мобил илова ёки ЯИДХП орқали мурожаат қилади. 2. Сайёр давлат хизматларини танлайди ва хизмат турига кўра тегишли йўриқнома билан танишиб чиқиб, мурожаат этган куннинг кейинги ҳафтадан ушбу хизматлар кўрсатилиши лозим бўлган бўш кунни танлайди. 3. Сайёр давлат хизматлари кўрсатилиши учун белгиланган тўловларни ушбу хизматлар кўрсатилишидан аввал тўлайди. Заруратга қараб 2-босқич Миграция ва фуқароликни расмийлаштириш бўлинмалари 1. Сўровномага киритилган маълумотларнинг ҳаққонийлигини «Паспорт-виза» автоматлаштирилган ахборот тизими орқали текширади. 2. Мурожаат этувчи аҳолининг ижтимоий эҳтиёжманд тоифасида эканлигини тасдиқлаш учун унинг маълумотларини «Ягона миллий ижтимоий ҳимоя» ахборот тизими орқали текширади. 3. «Call-марказ», расмий веб-сайт, мобил илова ёки ЯИДХП орқали мурожаат қабул қилингандан сўнг ваколатли орган тегишли сайёр давлат хизматларини кўрсатиш ҳудудидаги бўлинмасига мурожаатда белгиланган хизматларни кўрсатиш тўғрисида хабардор қилади. 4. «Call-марказ», расмий веб-сайт ва мобил иловадаги онлайн навбатни кунлик мониторинг қилиб боради ва ҳудудлари кесимида онлайн навбатда автоматик равишда олинган рўйхат бўйича сайёр давлат хизматлари кўрсатилишини таъминлайди. Бир иш куни ичида 3-босқич Миграция ва фуқароликни расмийлаштириш бўлинмалари Мурожаат этувчининг яшаш жойига хизмат автотранспорт воситасида етиб боради ва планшет ёки компьютерга ўрнатилган техник қурилмалар ёрдамида сайёр давлат хизматларини кўрсатади. Мурожаат этувчи танлаган санада
Ўзбекистон Республикаси фуқаролари, чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахсларнинг яшаш жойига бориб, миграция ва фуқароликни расмийлаштириш бўйича давлат хизматларини кўрсатишнинг маъмурий регламентига 2-ИЛОВА
Миграция ва фуқароликни расмийлаштириш бўйича қўшимча тўлов асосида сайёр давлат хизматларини кўрсатишида йўл харажатлари нархларининг
( Базавий ҳисоблаш миқдорига нисбатан фоизда ) Бўлинмадан давлат хизматларини кўрсатиш манзилига қадар бўлган масофа (км) Транспорт харажатлари (масофага нисбатан фоизда) Ходимнинг битта хизмат кўрсатишга кетадиган вақти учун (фоизда) Фойда (25 фоиз) Умумий нарх (фоизда) 10 5,5 12 4,4 21,9 20 10,9 5,7 28,6 30 16,4 7,1 35,5 40 21,8 8,5 42,3 50 27,3 9,8 49,1 60 32,7 11,2 55,9 70 38,2 12,6 62,8 80 43,7 13,9 69,6 90 49,1 15,3 76,4 100 54,6 16,6 83,2
Ўзбекистон Республикаси фуқаролари, чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахсларнинг яшаш жойига бориб, миграция ва фуқароликни расмийлаштириш бўйича давлат хизматларини кўрсатишнинг маъмурий регламентига 3-ИЛОВА
____-сон сўровнома 20___ йил «____» _________ Сайёр давлат хизматларини кўрсатиш тўғрисида Мурожаат этувчи ҳақида маълумот Ф.И.О. Телефон рақами Электрон почта манзили (мавжуд бўлса) Хизмат тури □ ҳужжатларни қабул қилиш □ тайёр ҳужжатларни етказиб бериш Давлат хизмати номи Хизмат кўрсатиш жойи (манзили) сана вақти Мурожаатни қабул қилган ходим : ___________________________________________. Сайёр давлат хизматлари кўрсатилганлиги ҳақида маълумот Қабул қилинган ҳужжатлар Сайёр давлат хизматларини кўрсатган мутахассис Ф.И.О. Изоҳ Сўровнома бажарилишининг назорати 20__ йил «___» ___________да амалга оширилди. Тегишли ички ишлар органи МваФРБ бошлиғи _________________ /__________________________.
Вазирлар Маҳкамасининг 2023 йил 31 июлдаги 321-сон қарорига 2-ИЛОВА
Фуқароларнинг яшаш жойига бориб, автомототранспорт воситаларини давлат рўйхатидан ўтказиш ва рўйхатдан ўтказиш давлат рақами белгиларини бериш бўйича давлат хизматларини кўрсатишнинг
1-боб. Умумий қоидалар
1. Мазкур Регламент фуқароларнинг яшаш жойига бориб, автомототранспорт воситаларини давлат рўйхатидан ўтказиш ва рўйхатдан ўтказиш давлат рақами белгиларини бериш бўйича давлат хизматларини кўрсатиш (кейинги ўринларда — транспортни рўйхатга олиш бўйича сайёр давлат хизматлари) тартибини белгилайди.
2. Ушбу Регламентда қуйидаги асосий тушунчалардан фойдаланилади:
ваколатли орган — Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги Жамоат хавфсизлиги департаменти Йўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати;
калькуляция — қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ ҳамда кўрсатилган хизмат таннархини аниқлаш асосида белгиланадиган давлат хизматлари учун тўлов миқдорини аниқлаш жараёни;
мурожаат этувчилар — давлат хизматлари яшаш жойига бориб кўрсатилиши истагини билдирган жисмоний ва юридик шахслар ёки уларнинг қонуний вакиллари;
сайёр давлат хизматлари — мурожаат этувчиларнинг яшаш жойига бориб транспортни рўйхатга олиш бўйича кўрсатиладиган давлат хизматлари, шунингдек, тайёр ҳужжатларни етказиб бериш;
сайёр давлат хизматларини кўрсатиш ҳудуди — ваколатли орган ва унинг ҳудудий бўлинмалари томонидан транспортни рўйхатга олиш бўйича давлат хизматлари кўрсатиладиган маъмурий ҳудуд;
тайёр ҳужжатлар — транспортни рўйхатга олиш бўйича сайёр давлат хизматларини кўрсатиш натижасида ваколатли орган ва унинг ҳудудий бўлинмалари томонидан қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ расмийлаштириладиган автомототранспорт воситаси рўйхатдан ўтказилганлиги тўғрисидаги гувоҳнома ва рўйхатдан ўтказиш давлат рақами белгилари.
3. Сайёр давлат хизматлари ваколатли органнинг расмий веб-сайти, мобил иловаси ёки «Call-марказ»ига мурожаат қилиш орқали ушбу Регламентга 1-иловага мувофиқ схемага асосан кўрсатилади.
Транспортни рўйхатга олиш бўйича сайёр давлат хизматлари қўшимча тўлов асосида бир, уч ва беш кунда (кейинги ўринларда — сайёр давлат хизматлари кўрсатиладиган кунлар) кўрсатилади.
Транспортни рўйхатга олиш бўйича сайёр давлат хизматлари бир кунда кўрсатилганда — қўшимча тўлов базавий ҳисоблаш миқдорининг 4 баравари, уч кунда кўрсатилганда — 3 баравари, беш кунда кўрсатилганда — 2 баравари миқдорида тўланади.
Хизмат кўрсатиш масофаси 10 километрдан ошганда, ҳар бир километр учун қўшимча тўлов базавий ҳисоблаш миқдорининг 5 фоизи миқдорида тўланади.
4. Транспортни рўйхатга олиш бўйича сайёр давлат хизматлари кўрсатилганлиги учун давлат божи ва йиғимлар қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ тўланади.
Транспортни рўйхатга олиш бўйича қўшимча тўлов асосида сайёр давлат хизматларини кўрсатишда йўл харажатлари давлат хизматларини кўрсатиш ҳудуди хусусиятидан келиб чиққан ҳолда, калькуляция натижаларига асосан ушбу Регламентга 2-иловага мувофиқ белгиланади.
Мурожаат этувчилар сайёр давлат хизматлари кўрсатилиши учун тўловларни ушбу хизматлар кўрсатилишидан аввал тўлайди.
Сайёр давлат хизматларини кўрсатиш учун тўлов тўланганлиги ахборот-коммуникация тизимлари орқали аниқланади.
5. Ваколатли органнинг расмий веб-сайти, мобил иловаси ёки «Call-марказ»и орқали мурожаат этилганда, тўловлар суммаси қуйидаги тартибда тақсимланади:
90 фоизи — Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги Жамоат хавфсизлиги департаменти Давлат йўл ҳаракати хавфсизлиги хизматининг моддий-техника базасини ривожлантириш, ходимларини рағбатлантириш ва мукофотлаш жамғармасига;
10 фоизи — Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлигининг бюджетдан ташқари жамғармасининг шахсий ҳисобварағига ўтказилади.
6. Сайёр давлат хизматлари кўрсатишни ташкил этиш ваколатли орган ва унинг ҳудудий бўлинмаларининг асосий фаолияти сифатига ҳамда қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартиб ва муддатларга таъсир қилмаслиги шарт.
7. Транспорт воситасини рўйхатга олиш бўйича сайёр давлат хизматларини кўрсатиш соҳасида, шу жумладан, тегишли ахборот тизимлари, ресурслар ва маълумотлар базаларини жорий этиш бўйича фаолият Ўзбекистон Республикаси ички ишлар вазирининг тегишли ўринбосари томонидан назорат қилинади.
2-боб. Мурожаат этувчиларнинг сайёр давлат хизматлари кўрсатилиши учун сўровларини қабул қилиш ва кўриб чиқиш тартиби
8. Транспорт воситасини рўйхатга олиш бўйича сайёр давлат хизматларидан фойдаланиш истагини билдирган мурожаат этувчилар ваколатли органнинг расмий веб-сайти, мобил иловаси ёки «Call-марказ»и орқали мурожаат этиши мумкин.
9. Мурожаат этувчилар ваколатли органнинг расмий веб-сайти, мобил иловаси ёки «Call-марказ»и орқали мурожаат этганда, унга қуйидаги маълумотлар тақдим этилади:
сайёр давлат хизматлари кўрсатиладиган кунлар ва муддатлар;
сайёр давлат хизматларини кўрсатиш учун зарур бўлган ҳужжатлар рўйхати;
сайёр давлат хизматлари учун тўлов миқдори;
сайёр давлат хизматларини кўрсатиш ҳудуди.
10. Мурожаат этувчилар сайёр давлат хизматларини кўрсатиш кунини танлагандан сўнг ушбу хизматлар кўрсатилиши лозим бўлган кунни «Call-марказ»нинг масъул ходими билан келишади.
Агар мурожаат этувчилар хоҳлаган кунда сайёр давлат хизматларини кўрсатиш имконияти мавжуд бўлмаса, бу ҳақда мурожаат этувчилар огоҳлантирилади ва уларга бошқа кунни танлаш таклиф этилади.
Сайёр давлат хизматларини кўрсатиш куни ваколатли орган ва унинг ҳудудий бўлинмаларининг иш вақти доирасида белгиланади.
«Call-марказ»нинг масъул ходими томонидан мурожаат этувчиларнинг мурожаати электрон шаклдаги рўйхатга олиш китобида (кейинги ўринларда — электрон китоб) қайд этилади.
Электрон китобга мурожаат этувчиларнинг шахсига ва яшаш жойига оид маълумотлар киритилади.
Электрон китоб ҳимояланган алоқа каналлари орқали ваколатли орган ва унинг ҳудудий бўлинмалари ўртасида интеграция қилинади.
«Call-марказ»нинг масъул ходими мурожаатни қабул қилиб олгандан сўнг ваколатли орган ва унинг ҳудудий бўлинмаларини сайёр давлат хизматларини кўрсатиш тўғрисида хабар келиб тушганлиги ҳақида хабардор қилади.
Ваколатли орган ва унинг ҳудудий бўлинмалари сайёр давлат хизматлари кўрсатилиши тўғрисидаги хабарни олгач, ушбу хизматларни кўрсатишга тайёргарлик кўради.
11. Мурожаат этувчилар ваколатли органнинг расмий веб-сайти ёки мобил иловаси орқали мурожаат этганда, расмий веб-сайтда ва мобил иловада акс эттирилган сайёр давлат хизматлари кўрсатиладиган кунларни танлайди.
Расмий веб-сайт ёки мобил илова орқали юборилган мурожаат сайёр давлат хизматларини кўрсатиш ҳудуди кесимида онлайн навбатда автоматик равишда рўйхатга олинади.
Ваколатли орган ва унинг ҳудудий бўлинмалари расмий веб-сайт ёки мобил иловадаги онлайн навбатларни кунлик мониторинг қилиб боради ҳамда тегишли сайёр давлат хизматларини кўрсатишга тайёргарлик кўради.
3-боб. Сайёр давлат хизматларини кўрсатиш тартиби
12. Ваколатли органнинг расмий веб-сайти, мобил иловаси ёки «Call-марказ»и орқали келиб тушган мурожаатни масъул ходим қабул қилгандан сўнг уни тизим орқали шу кунинг ўзида тегишли ваколатли орган ва унинг ҳудудий бўлинмаларига жўнатади.
Ваколатли орган ёки унинг ҳудудий бўлинмалари масъул ходимлари тақдим этилган барча ҳужжатларни ўрганиб чиқиб, камчиликлар аниқланмаган тақдирда, автомототранспорт воситаси рўйхатдан ўтказилганлиги тўғрисидаги гувоҳномани (кейинги ўринларда — гувоҳнома) чоп этади ва бириктирилган давлат рақами белгисини тайёрлайди.
Тайёр бўлган гувоҳнома ҳамда давлат рақами белгисини ваколатли орган ёки унинг ҳудудий бўлинмаси масъул ходимига топширади.
13. Масъул ходим ҳужжатларни олгач, мурожаат этувчиларнинг мурожаатида кўрсатилган манзилга етиб боради, рўйхатдан ўтказилиши лозим бўлган автотранспорт воситасини кўздан кечиради ҳамда автотранспорт воситасининг рақам агрегатлари ва бошқа техник параметрларининг рўйхатдан ўтказиш маълумотларига мос келишини текширади.
14. Ҳужжатлар мос бўлган тақдирда, гувоҳнома ва давлат рақами белгиси ваколатли орган ва унинг ҳудудий бўлинмасининг масъул ходими томонидан мурожаат этувчига тақдим қилинади.
Мурожаат этувчилар гувоҳнома ва давлат рақами белгисини қабул қилиб олганлиги ҳамда ундаги маълумотларнинг тўғрилигини идентификация қилишнинг замонавий воситалари (электрон рақамли имзо, мобил-ID ва бошқалар) орқали тасдиқлайди.
15. Гувоҳномани расмийлаштиришда ваколатли орган ва унинг ҳудудий бўлинмасининг масъул ходими томонидан техник тусдаги хатоликларга йўл қўйилганда, мурожаат этувчиларга тегишли гувоҳнома қайта расмийлаштирилиб, тақдим этилади.
Техник тусдаги хатоликларга йўл қўйилган гувоҳнома тегишли далолатнома асосида хизмат кўрсатувчи бўлинма томонидан олиб қўйилади ва белгиланган тартибда йўқ қилинади.
16. Ваколатли орган ва унинг ҳудудий бўлинмасининг масъул ходими томонидан техник тусдаги хатоликларга йўл қўйилганлиги муносабати билан гувоҳномани қайта расмийлаштириш учун мурожаат этувчилардан тўлов ундирилмайди.
17. Агар мурожаат этувчилар ваколатли орган ва унинг ҳудудий бўлинмаларининг масъул ходимлари етиб келгандан сўнг нотўғри маълумотлар тақдим этган бўлса, мурожаатда кўрсатилган манзилда бўлмаса, масъул ходимга сайёр давлат хизматларини кўрсатиш учун зарур шароит яратмаса, мастлик ҳолатида бўлса ва ўз хатти-ҳаракатлари билан сайёр давлат хизматлари кўрсатилишига тўсқинлик қилса ёки масъул ходимнинг талабига биноан сўралган ҳужжатларни тақдим қилмаса, сайёр давлат хизматлари кўрсатилмайди ва бу ҳақда далолатнома тузилади.
Бундай ҳолатларда сайёр давлат хизматлари кўрсатилган деб ҳисобланади ва тўланган тўловлар қайтарилмайди.
4-боб. Ваколатли орган ва унинг ҳудудий бўлинмалари масъул ходимларининг ҳуқуқ ва мажбуриятлари
18. Ваколатли орган ва унинг ҳудудий бўлинмаларининг масъул ходимлари қуйидаги ҳуқуқларга эга:
мурожаат этувчилардан сайёр давлат хизматлари кўрсатилиши учун зарур бўлган барча ҳужжатларни сўраб олиш;
сайёр давлат хизматларини кўрсатиш учун зарур бўлган шароитлар билан таъминланишини сўраш;
мурожаат этувчиларнинг ҳужжатларини текшириш мақсадида электрон маълумотлар базасидан фойдаланиш.
19. Ваколатли орган ва унинг ҳудудий бўлинмаларининг масъул ходимлари қуйидагиларга мажбур:
давлат хизматларини, шу жумладан, сайёр давлат хизматларини кўрсатиш учун етарли малакага эга бўлиш;
сайёр давлат хизматлари кўрсатилишидан камида 1 соат олдин мурожаат этувчилар билан боғланиб, ушбу хизматлар кўрсатилиши зарурати мавжудлиги, мурожаатда кўрсатилган манзил ва хизмат кўрсатиш соатлари ўзгармаганлигини сўраш, давлат хизматлари кўрсатилиши учун зарур бўладиган ва тайёрланиб, қўшилиши лозим бўлган ҳужжатлар ҳақида батафсил тушунтириш бериш;
сайёр давлат хизматларини кўрсатиш муддатларига қатъий риоя қилиш;
сайёр давлат хизматлари кўрсатилишидан олдин хизмат автотранспорт воситаси ҳамда планшет соз эканлигини текшириш;
сайёр давлат хизматлари кўрсатилаётганда ҳар қандай вазиятда вазмин, хушмуомала, одобли ва эътиборли бўлиш, мурожаат этувчиларга ҳурмат билан ҳамда «Сиз» деб мурожаат қилиш, улар билан ўзаро муносабатларда муомала маданияти ва қонунийликка қатъий риоя этиш;
сайёр давлат хизматларини кўрсатиш жараёнида мурожаат этувчилар билан юзага келган салбий ҳолатлар тўғрисида тегишли далолатнома тузиш.
Сайёр давлат хизматлари ваколатли орган ва унинг ҳудудий бўлинмасининг масъул ходими айби билан белгиланган муддатларда ва тартибда кўрсатилмаган тақдирда, мазкур ходимга нисбатан қонунчиликка мувофиқ чора кўрилади.
5-боб. Мурожаат этувчиларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари
20. Мурожаат этувчилар қўйидаги ҳуқуқларга эга:
ваколатли орган ва унинг ҳудудий бўлинмасининг масъул ходимидан ўзини таништиришини, шахсини ёки иш жойини тасдиқловчи ҳужжатни кўрсатишини талаб қилиш;
сайёр давлат хизматларини кўрсатиш жараёни билан батафсил танишиш;
сайёр давлат хизматлари кўрсатилишини рад этиш;
ваколатли орган ва унинг ҳудудий бўлинмаларининг масъул ходимлари устидан юқори турувчи органга шикоят билан мурожаат қилиш.
21. Мурожаат этувчилар:
ваколатли орган ва унинг ҳудудий бўлинмаларининг масъул ходимлари томонидан сўралган барча зарур ҳужжатларни ўз вақтида тақдим этиши;
мурожаатда кўрсатилган манзилда сайёр давлат хизматлари кўрсатилиши лозим бўлган кунда ва белгиланган вақтда ҳозир бўлиши;
ваколатли орган ва унинг ҳудудий бўлинмаларининг масъул ходимларига сайёр давлат хизматлари кўрсатилаётган жараёнда тўсқинлик қилмаслиги;
ваколатли орган ва унинг ҳудудий бўлинмаларининг масъул ходимларига сайёр давлат хизматлари кўрсатилиши учун зарур бўлган шароитларни яратиши шарт.
6-боб. Якунловчи қоидалар
22. Мурожаат этувчилар сайёр давлат хизматлари кўрсатилишини қуйидаги ҳолатларда рад этиши мумкин:
сайёр давлат хизматларини кўрсатиш зарурати қолмаганда;
сайёр давлат хизматлари ваколатли орган ва унинг ҳудудий бўлинмаларининг масъул ходимлари айби билан белгиланган муддатларда ва тартибда кўрсатилмаган ҳолатларда.
23. Мурожаат этувчилар томонидан сайёр давлат хизматлари кўрсатилиши рад этилганда, мазкур хизматлар учун тўланган тўловлар қайтарилади, бундан ушбу Регламентнинг 17-бандида кўрсатилган ҳолатлар мустасно.
24. Ушбу Регламент талаблари бузилишида айбдор бўлган шахслар қонунчиликка мувофиқ жавоб берадилар.
Фуқароларнинг яшаш жойига бориб, автомототранспорт воситаларини давлат рўйхатидан ўтказиш ва рўйхатдан ўтказиш давлат рақами белгиларини бериш бўйича давлат хизматларини кўрсатишнинг маъмурий регламентига 1-ИЛОВА
Автомототранспорт воситаларини давлат рўйхатидан ўтказиш ва рўйхатдан ўтказиш давлат рақами белгиларини бериш бўйича давлат хизматлари кўрсатилиши учун расмий веб-сайт, мобил илова ёки «Call-марказ» орқали мурожаат қилиш
Босқичлар Субъектлар Тадбирлар Бажариш муддатлари 1-босқич Мурожаат этувчи 1. Сайёр давлат хизматлари кўрсатилиши бўйича «Call-марказ»и, расмий веб-сайт ёки мобил илова орқали мурожаат қилади. 2. Транспортни рўйхатга олиш бўйича сайёр давлат хизматларини хоҳишига кўра бир, уч ва беш кунда кўрсатилишини танлайди. 3. Сайёр давлат хизматлари кўрсатилиши учун белгиланган тўловларни ушбу хизмат кўрсатилишидан аввал тўлайди. Заруратга қараб 2-босқич Йўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати бўлинмалари 1. «Call-марказ», расмий веб-сайт ёки мобил илова орқали келиб тушган мурожаатни қабул қилгандан сўнг электрон китобга мурожаат этувчининг шахсига оид маълумотлар, яшаш жойи тўғрисида маълумотларни киритади ва ахборот тизими орқали тегишли хизмат кўрсатувчи ҳудудга жўнатади. 2. Веб-сайт ва мобил иловадаги онлайн навбатни кунлик мониторинг қилиб боради ва ҳудудлари кесимида онлайн навбатда автоматик равишда олинган рўйхат бўйича сайёр давлат хизматлари кўрсатилишига тайёргарлик кўради. Бир иш куни ичида 3-босқич Йўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати бўлинмалари 1. Тақдим этилган барча ҳужжатларни ўрганиб чиқиб, камчиликлар аниқланмаган тақдирда, автомототранспорт воситалари рўйхатдан ўтказилганлиги тўғрисидаги гувоҳномани чоп этади ва бириктирилган давлат рақами белгисини тайёрлайди. 2. Тайёр бўлган автомототранспорт воситалари рўйхатдан ўтказилганлиги тўғрисидаги гувоҳнома ҳамда давлат рақами белгисини ваколатли орган ва унинг ҳудудий бўлинмасининг масъул ходимига топширади. Бир, уч ва беш кунда (мурожаат этувчининг танловига мувофиқ) 4-босқич Масъул ходим Мурожаат этувчининг мурожаатида кўрсатилган манзилга етиб боради, рўйхатдан ўтказилиши лозим бўлган автотранспорт воситасини кўздан кечиради ҳамда автотранспорт воситасининг рақам агрегатлари ва бошқа техник параметрларининг рўйхатдан ўтказиш маълумотларига мос келишини текширади ва ҳужжатлар мос бўлган тақдирда, гувоҳнома ва давлат рақами белгисини мурожаат этувчига тақдим қилади. Бир, уч ва беш кунда (мурожаат этувчининг танловига мувофиқ)
Фуқароларнинг яшаш жойига бориб, автомототранспорт воситаларини давлат рўйхатидан ўтказиш ва рўйхатдан ўтказиш давлат рақами белгиларини бериш бўйича давлат хизматларини кўрсатишнинг маъмурий регламентига 2-ИЛОВА
Транспортни рўйхатга олиш бўйича қўшимча тўлов асосида сайёр давлат хизматларини кўрсатишда йўл харажатлари нархларининг
( Базавий ҳисоблаш миқдорига нисбатан фоизда ) Бўлинмадан давлат хизматини кўрсатиш манзилига қадар бўлган масофа (км) Транспорт харажатлари (масофага нисбатан фоизда) Ходимнинг битта хизмат кўрсатишга кетадиган вақти учун (фоизда) Фойда (25 фоиз) Умумий нарх (фоизда) 10 5,5 12 4,4 21,9 20 10,9 5,7 28,6 30 16,4 7,1 35,5 40 21,8 8,5 42,3 50 27,3 9,8 49,1 60 32,7 11,2 55,9 70 38,2 12,6 62,8 80 43,7 13,9 69,6 90 49,1 15,3 76,4 100 54,6 16,6 83,2
Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А. АРИПОВ
Тошкент ш.,
2023 йил 31 июль,
321-сон
Oʻzbekiston Respublikasi Vazirlar Mahkamasining
qarori
MAʼMURIY REGLAMENTI
SXEMASI
ROʻYXATI
MAʼMURIY REGLAMENTI
SXEMASI
ROʻYXATI
Migratsiya va fuqarolikni rasmiylashtirish, shuningdek, avtomototransport vositalarini davlat roʻyxatidan oʻtkazish va roʻyxatdan oʻtkazish davlat raqami belgilarini berish boʻyicha davlat xizmatlarini koʻrsatish tartibini takomillashtirish toʻgʻrisida
Oʻzbekiston Respublikasi Prezidentining “2022-2023-yillarda axborot-kommunikatsiya texnologiyalari sohasini yangi bosqichga olib chiqish chora-tadbirlari toʻgʻrisida” 2022-yil 22-avgustdagi PQ-357-son qarori ijrosini taʼminlash, shuningdek, ichki ishlar organlarining migratsiya va fuqarolikni rasmiylashtirish hamda avtomototransport vositalarini davlat roʻyxatidan oʻtkazish sohasidagi faoliyati shaffofligini taʼminlash, mazkur sohaga zamonaviy axborot-kommunikatsiya texnologiyalarini joriy etgan holda, aholiga qulayliklar yaratish hamda aholining ijtimoiy himoyaga muhtoj qatlamlarini yanada qoʻllab-quvvatlash maqsadida Vazirlar Mahkamasi qaror qiladi:
1. Oʻzbekiston Respublikasi Ichki ishlar vazirligining quyidagi takliflari maʼqullansin:
aholining ijtimoiy ehtiyojmand toifasiga migratsiya va fuqarolikni rasmiylashtirish boʻyicha Oʻzbekiston Respublikasi Ichki ishlar vazirligi Migratsiya va fuqarolikni rasmiylashtirish bosh boshqarmasi (keyingi oʻrinlarda — MvaFRBB) va uning hududiy boʻlinmalariga murojaat kelib tushgan kundan boshlab oʻn ish kuni mobaynida murojaat etuvchining yashash joyiga borib, sayyor davlat xizmatlarini qoʻshimcha toʻlov undirilmagan holda koʻrsatish;
Oʻzbekiston Respublikasi fuqarolari, chet el fuqarolari va fuqaroligi boʻlmagan shaxslarga ularning yashash joyiga borib, Davlat xizmatlari yagona reyestrida belgilangan migratsiya va fuqarolikni rasmiylashtirish boʻyicha davlat xizmatlarini qoʻshimcha toʻlov asosida planshet yoki kompyuterga oʻrnatilgan texnik qurilmalar yordamida koʻrsatish;
fuqarolarning yashash joyiga borib, qoʻshimcha toʻlov asosida ularga tegishli boʻlgan avtomototransport vositalarini koʻrikdan oʻtkazish, avtomototransport vositalarining hujjatlarini axborot texnologiyalari yordamida koʻrib chiqish, avtomototransport vositasi roʻyxatdan oʻtkazilganligi toʻgʻrisidagi guvohnoma va roʻyxatdan oʻtkazish davlat raqami belgilarini fuqaroning yashash joyiga yetkazib berish.
2. Quyidagilarni nazarda tutuvchi:
a) Oʻzbekiston Respublikasi fuqarolari, chet el fuqarolari va fuqaroligi boʻlmagan shaxslarning yashash joyiga borib, migratsiya va fuqarolikni rasmiylashtirish boʻyicha davlat xizmatlarini koʻrsatishning maʼmuriy reglamenti 1-ilovaga muvofiq:
Oʻzbekiston Respublikasi fuqarolari, chet el fuqarolari va fuqaroligi boʻlmagan shaxslarning yashash joyiga borib, migratsiya va fuqarolikni rasmiylashtirish boʻyicha davlat xizmatlari koʻrsatilishi uchun murojaat qilish tartibi;
Oʻzbekiston Respublikasi fuqarolari, chet el fuqarolari va fuqaroligi boʻlmagan shaxslarning yashash joyiga borib, migratsiya va fuqarolikni rasmiylashtirish boʻyicha davlat xizmatlari koʻrsatilishida MvaFRBB va uning hududiy boʻlinmalari masʼul xodimlarining hamda murojaat etuvchilarning huquq va majburiyatlari;
Oʻzbekiston Respublikasi fuqarolari, chet el fuqarolari va fuqaroligi boʻlmagan shaxslarning yashash joyiga borib, migratsiya va fuqarolikni rasmiylashtirish boʻyicha davlat xizmatlarini koʻrsatish tartibi;
b) Fuqarolarning yashash joyiga borib, avtomototransport vositalarini davlat roʻyxatidan oʻtkazish va roʻyxatdan oʻtkazish davlat raqami belgilarini berish boʻyicha davlat xizmatlarini koʻrsatishning maʼmuriy reglamenti 2-ilovaga muvofiq tasdiqlansin:
fuqarolarning yashash joyiga borib, avtomototransport vositalarini davlat roʻyxatidan oʻtkazish va roʻyxatdan oʻtkazish davlat raqami belgilarini berish boʻyicha davlat xizmatlari (keyingi oʻrinlarda — transportni roʻyxatga olish boʻyicha davlat xizmatlari) koʻrsatilishi uchun murojaat qilish tartibi;
fuqarolarning yashash joyiga borib, transportni roʻyxatga olish boʻyicha davlat xizmatlarini koʻrsatish muddatlari va toʻlanadigan qoʻshimcha toʻlovlar miqdorlari;
fuqarolarning yashash joyiga borib, transportni roʻyxatga olish boʻyicha davlat xizmatlarini koʻrsatish tartibi.
3. Belgilansinki:
2024-yil 1-dekabrdan boshlab, migratsiya va fuqarolikni rasmiylashtirish hamda transportni roʻyxatga olish boʻyicha davlat xizmatlari (keyingi oʻrinlarda — migratsiya va transportni roʻyxatga olish boʻyicha davlat xizmatlari) xizmat koʻrsatuvchi xodim tomonidan murojaat etuvchining yashash joyiga borib, planshet yoki kompyuterga oʻrnatilgan texnik qurilmalar yordamida qoʻshimcha toʻlov asosida koʻrsatiladi;
migratsiya va transportni roʻyxatga olish boʻyicha davlat xizmatlarini qoʻshimcha toʻlov asosida koʻrsatishda tegishlicha Oʻzbekiston Respublikasi Yagona interaktiv davlat xizmatlari portali (keyingi oʻrinlarda — YIDXP), “Call-markaz”, rasmiy veb-sayt hamda dasturiy taʼminotdan (mobil ilovadan) foydalaniladi;
fuqarolarning xohishiga koʻra tayyor identifikatsiyalovchi ID-karta va xorijga chiqish biometrik pasportini pochta orqali yoki qoʻshimcha toʻlov asosida, shuningdek, avtotransport vositasi roʻyxatdan oʻtkazilganligi toʻgʻrisidagi guvohnoma va davlat raqami belgilarini ularning yashash joyiga qoʻshimcha toʻlov asosida yetkazib berish xizmati joriy etiladi;
aholining ijtimoiy ehtiyojmand toifalariga migratsiya va fuqarolikni rasmiylashtirish boʻyicha davlat xizmatlari ularning yashash joyiga borib, qoʻshimcha toʻlov undirilmagan holda koʻrsatiladi.
4. Oʻzbekiston Respublikasi Ichki ishlar vazirligi:
a) 2024-yil 1-oktabrga qadar “Oʻzbekiston pochtasi” AJ bilan birgalikda identifikatsiyalovchi ID-karta va xorijga chiqish biometrik pasportini fuqarolarning yashash joyiga pochta joʻnatmasi sifatida joʻnatish tizimini yoʻlga qoʻysin;
b) 2024-yil 1-noyabrga qadar Raqamli texnologiyalar vazirligi bilan birgalikda:
migratsiya va transportni roʻyxatga olish boʻyicha davlat xizmatlarini koʻrsatishda, respublika hududini doimiy xizmat bilan qamrab oladigan “Call-markaz” tashkil qilsin;
YIDXP va “Avtomototransport hisobi” axborot tizimini integratsiya qilish boʻyicha texnologik yoʻriqnomani ishlab chiqsin va belgilangan tartibda tasdiqlasin;
migratsiya va transportni roʻyxatga olish boʻyicha davlat xizmatlaridan foydalanish uchun elektron arizani (transportni roʻyxatga olish boʻyicha ishonchnoma orqali ariza) yuborish yoki qoʻshimcha toʻlov asosida xizmat koʻrsatuvchi xodimni yashash joyiga chaqirish imkonini beradigan dasturiy taʼminot (mobil ilova) ishga tushirilishini taʼminlasin;
yuridik shaxslar tomonidan YIDXP, Oʻzbekiston Respublikasi Ichki ishlar vazirligi Jamoat xavfsizligi departamenti Yoʻl harakati xavfsizligi xizmati (keyingi oʻrinlarda — YHXX)ning rasmiy veb-sayti hamda dasturiy taʼminoti (mobil ilovasi) orqali yangi avtotransport vositalarini roʻyxatdan oʻtkazish uchun ishonchnoma, ariza yuborish hamda toʻlovlarni elektron shaklda toʻlashni yoʻlga qoʻysin;
v) 2024-yil 1-dekabrga qadar MvaFRBBning hududiy boʻlinmalari uchun 27 ta va YHXX boʻlinmalari uchun 100 ta avtomototransport vositalarini qonunchilik hujjatlarida belgilangan tartibda xarid qilsin hamda ularni harakat yoʻnalishini nazorat qilish imkonini beradigan GPS qurilmalari bilan jihozlasin;
fuqarolarning yashash joyiga borib, migratsiya va transportni roʻyxatga olish boʻyicha davlat xizmatlari koʻrsatilishini tashkil etishni taʼminlash maqsadida MvaFRBBga 27 ta planshet yoki kompyuterga oʻrnatilgan texnik qurilmalar, YHXXga 135 ta planshetni qonunchilik hujjatlarida belgilangan tartibda xarid qilsin;
MvaFRBBga Oʻzbekiston Respublikasi Ichki ishlar vazirligining amaldagi shtat birliklari doirasida 27 ta qoʻshimcha shtat birligini, YHXXga Davlat yoʻl harakati xavfsizligi xizmatining moddiy-texnika bazasini rivojlantirish, xodimlarini ragʻbatlantirish va mukofotlash jamgʻarmasi hisobidan YHXXning amaldagi shtat birliklari doirasida 135 ta qoʻshimcha shtat birligini ajratsin;
migratsiya va fuqarolikni rasmiylashtirish boʻyicha davlat xizmatlari koʻrsatilishini samarali tashkil etish, qŭshimcha tŭlov asosida saĭër davlat xizmatini koʻrsatishdan tushgan tushumlarni kirim qilish hamda ulardan foydalanish tartibini joriy etish maqsadida MvaFRBBning sayyor davlat xizmatlari koʻrsatishni tashkil etish jamgʻarmasini tashkil etsin;
g) Oʻzbekiston Milliy teleradiokompaniyasi va Oʻzbekiston Milliy axborot agentligi bilan birgalikda ushbu qarorning mazmun-mohiyati ommaviy axborot vositalarida keng yoritilishini taʼminlasin.
5. Belgilab qoʻyilsinki, mazkur qarordagi chora-tadbirlar dastlab Oʻzbekiston Respublikasi Ichki ishlar vazirligining budjetdan tashqari jamgʻarmasi mablagʻlari hisobidan, 2023-yil 1-dekabrdan boshlab qoʻshimcha toʻlov asosida koʻrsatilgan migratsiya va fuqarolikni rasmiylashtirish boʻyicha sayyor davlat xizmatlarini koʻrsatishdan tushgan mablagʻlar hisobidan, YHXX faoliyatiga oid chora-tadbirlar Davlat yoʻl harakati xavfsizligi xizmatining moddiy-texnika bazasini rivojlantirish, xodimlarini ragʻbatlantirish va mukofotlash jamgʻarmasi mablagʻlari hisobidan amalga oshiriladi.
6. Ushbu qarorning bajarilishini nazorat qilish Oʻzbekiston Respublikasi ichki ishlar vaziri P.R. Bobojonov zimmasiga yuklansin.
Vazirlar Mahkamasining 2023-yil 31-iyuldagi 321-son qaroriga 1-ILOVA
Oʻzbekiston Respublikasi fuqarolari, chet el fuqarolari va fuqaroligi boʻlmagan shaxslarning yashash joyiga borib, migratsiya va fuqarolikni rasmiylashtirish boʻyicha davlat xizmatlarini koʻrsatishning
1-bob. Umumiy qoidalar
1. Mazkur Reglament Oʻzbekiston Respublikasi fuqarolari, chet el fuqarolari va fuqaroligi boʻlmagan shaxslarga ularning xohishiga koʻra qoʻshimcha toʻlov asosida, shuningdek, aholining ijtimoiy ehtiyojmand toifasiga qoʻshimcha toʻlov undirilmagan holda, Davlat xizmatlari yagona reyestrida belgilangan migratsiya va fuqarolikni rasmiylashtirish sohasida davlat xizmatlarini (keyingi oʻrinlarda — davlat xizmatlari) ularning yashash joyiga borib, planshet yoki kompyuterga oʻrnatilgan texnik qurilmalar yordamida koʻrsatish hamda migratsiya va fuqarolikni rasmiylashtirishga oid rasmiy hujjatlarni qoʻshimcha toʻlov asosida yetkazib berish tartibini belgilaydi.
2. Ushbu Reglamentda quyidagi asosiy tushunchalardan foydalaniladi:
aholining ijtimoiy ehtiyojmand toifasi — oʻzgalarning parvarishiga muhtoj boʻlgan yolgʻiz keksalar va yolgʻiz yashovchi keksalar, I va II guruh nogironligi boʻlgan shaxslar, nogironligi boʻlgan bolalar, muomalaga layoqatsiz va muomala layoqati cheklangan fuqarolar, ijtimoiy ahamiyatga ega kasalliklarga chalingan shaxslar, yetim bolalar va ota-ona qaramogʻidan mahrum boʻlgan bolalar hamda qonunchilikda belgilangan tartibda ijtimoiy xizmatlarga muhtoj deb topilgan shaxslar;
vakolatli organ — Oʻzbekiston Respublikasi Ichki ishlar vazirligining Migratsiya va fuqarolikni rasmiylashtirish bosh boshqarmasi;
kalkulyatsiya — qonunchilik hujjatlariga muvofiq hamda koʻrsatilgan xizmat tannarxini aniqlash asosida belgilanadigan davlat xizmatlari uchun toʻlov miqdorini aniqlash jarayoni;
murojaat etuvchilar — davlat xizmatlari yashash joyiga borib koʻrsatilishi istagini bildirgan Oʻzbekiston Respublikasi fuqarolari, chet el fuqarolari va fuqaroligi boʻlmagan shaxslar va ularning qonuniy vakillari;
sayyor davlat xizmatlari — murojaat etuvchining yashash joyiga borib, migratsiya va fuqarolikni rasmiylashtirish, shuningdek, tayyor hujjatlarni yetkazib berish boʻyicha koʻrsatiladigan davlat xizmatlari;
sayyor davlat xizmatlarini koʻrsatish hududi — vakolatli organ va uning hududiy boʻlinmalari tomonidan davlat xizmatlari koʻrsatiladigan maʼmuriy hudud;
tayyor hujjatlar — davlat xizmatlarini koʻrsatish natijasida vakolatli organ va uning hududiy boʻlinmalari tomonidan qonunchilik hujjatlariga muvofiq rasmiylashtiriladigan migratsiya va fuqarolikni rasmiylashtirishga oid rasmiy hujjatlar.
3. Sayyor davlat xizmatlari vakolatli organning rasmiy veb-sayti, mobil ilovasi yoki “Call-markaz”iga murojaat qilish, shuningdek, Oʻzbekiston Respublikasi Yagona interaktiv davlat xizmatlari portali (keyingi oʻrinlarda — YIDXP) orqali 1-ilovaga muvofiq sxemaga asosan koʻrsatiladi.
4. Sayyor davlat xizmatlari murojaat etuvchilarning xohishiga koʻra qoʻshimcha toʻlov asosida, aholining ijtimoiy ehtiyojmand toifasiga esa qoʻshimcha toʻlov undirilmagan holda koʻrsatiladi.
Sayyor davlat xizmatlari orqali koʻrsatilgan davlat xizmatlari uchun davlat boji va yigʻimlar qonunchilik hujjatlariga muvofiq undiriladi.
Davlat xizmatlarini qoʻshimcha toʻlov asosida koʻrsatishda yoʻl xarajatlari davlat xizmatini koʻrsatish hududi xususiyatidan kelib chiqqan holda, kalkulyatsiya natijalariga asosan ushbu Reglamentga 2-ilovaga muvofiq belgilanadi.
Murojaat etuvchi sayyor davlat xizmatlari koʻrsatilishi uchun toʻlovlarni ushbu xizmat koʻrsatilishidan avval amalga oshiradi.
Sayyor davlat xizmatlarini koʻrsatish uchun toʻlov toʻlanganligi axborot tizimlari orqali tasdiqlanadi.
5. Toʻlovlar summasi quyidagi tartibda taqsimlanadi:
a) vakolatli organning rasmiy veb-sayti, mobil ilovasi yoki “Call-markaz”iga murojaat qilinganda:
Oʻzbekiston Respublikasi Ichki ishlar vazirligining budjetdan tashqari jamgʻarmasiga;
b) YIDXP orqali murojaat qilinganda:
10 foizi — Oʻzbekiston Respublikasi Adliya vazirligining Davlat xizmatlarini rivojlantirish jamgʻarmasining shaxsiy hisobvaragʻiga;
11,75 foizi (shundan 0,5 foizi — yagona billing tizimi orqali davlat xizmati koʻrsatilganda) — Oʻzbekiston Respublikasi Raqamli texnologiyalar vazirligi huzuridagi “Raqamli hukumat loyihalarini boshqarish markazi” davlat muassasasining Oʻzbekiston Respublikasi Iqtisodiyot va moliya vazirligi Gʻaznachiligidagi maxsus hisobvaragʻiga;
qolgan mablagʻlar — Oʻzbekiston Respublikasi Ichki ishlar vazirligining budjetdan tashqari jamgʻarmasiga oʻtkaziladi.
6. Sayyor davlat xizmatlari koʻrsatishni tashkil etish vakolatli organ va uning hududiy boʻlinmalarining asosiy faoliyati sifatiga va qonunchilik hujjatlarida belgilangan tartib va muddatlarga taʼsir qilmasligi lozim.
7. Sayyor davlat xizmatlarini koʻrsatish sohasida, shu jumladan, tegishli axborot tizimlari, resurslar va maʼlumotlar bazalarini joriy etish boʻyicha nazorat Oʻzbekiston Respublikasi Adliya vazirligi tomonidan Oʻzbekiston Respublikasi Ichki ishlar vazirligi bilan kelishilgan holda amalga oshiriladi.
2-bob. Murojaat etuvchilarga sayyor davlat xizmatlarini koʻrsatish uchun soʻrovlarni qabul qilish va koʻrib chiqish tartibi
8. Sayyor davlat xizmatlari koʻrsatilishi istagini bildirgan murojaat etuvchilar vakolatli organning rasmiy veb-sayti, “Call-markaz”, mobil ilovasi yoki YIDXP orqali murojaat etishi mumkin.
Murojaat etuvchilar tomonidan vakolatli organning rasmiy veb-sayti, mobil ilovasi yoki YIDXP orqali murojaat etilganda, ushbu Reglamentga 3-ilovaga muvofiq soʻrovnoma toʻldiriladi.
Bunda vakolatli organ va uning hududiy boʻlinmasining masʼul xodimi tomonidan soʻrovnomaga kiritilgan maʼlumotlarning haqqoniyligi “Pasport-viza” avtomatlashtirilgan axborot tizimi orqali tekshiriladi.
9. Murojaat etuvchilar “Call-markaz” orqali murojaat etganda, vakolatli organning masʼul xodimi tomonidan qabul qilinadi va murojaat etuvchiga quyidagi maʼlumotlar taqdim etiladi:
koʻrsatiladigan sayyor davlat xizmatlarining turlari;
sayyor davlat xizmatlarining turiga qarab zarur hujjatlar roʻyxati;
sayyor davlat xizmatlari uchun toʻlov miqdori;
sayyor davlat xizmatlarini koʻrsatish hududi.
10. Murojaat etuvchilar muayyan sayyor davlat xizmatini tanlagandan soʻng murojaat etgan kunning keyingi haftasidan ushbu xizmat koʻrsatilishi lozim boʻlgan kunni “Call-markaz”ning masʼul xodimi bilan kelishadi.
Agar murojaat etuvchilar xohlagan kunda sayyor davlat xizmatlarini koʻrsatish imkoniyati mavjud boʻlmasa, bu haqda murojaat etuvchilar ogohlantiriladi va unga boshqa kunni tanlash taklif etiladi.
Sayyor davlat xizmatlarini koʻrsatish vaqti vakolatli organ va uning hududiy boʻlinmalarining ish vaqti doirasida belgilanadi.
11. “Call-markaz”ning masʼul xodimi murojaat etuvchilardan aholining ijtimoiy ehtiyojmand toifasiga kirishi yuzasidan tegishli maʼlumotlarni soʻrab oladi va ular asosida “Yagona milliy ijtimoiy himoya” axborot tizimi orqali tekshiradi.
Tekshirish natijalariga asosan murojaat etuvchilar haqiqatdan ham aholining ijtimoiy ehtiyojmand toifasida ekanligi tasdiqlansa, “Call-markaz”ning masʼul xodimi ushbu maʼlumotlarni tizimda qayd etadi.
Murojaat etuvchilar “Yagona milliy ijtimoiy himoya” axborot tizimida aniqlanmagan hollarda, yashash joyiga sayyor davlat xizmatlarini koʻrsatish uchun kelgan vakolatli organ yoki uning hududiy boʻlinmasi masʼul xodimiga aholining ijtimoiy ehtiyojmand toifasida ekanligi toʻgʻrisida tegishli maʼlumotlarni taqdim etadi.
12. “Call-markaz”ning masʼul xodimi tomonidan murojaat etuvchilarning murojaati elektron shakldagi roʻyxatga olish kitobida (keyingi oʻrinlarda — elektron kitob) qayd etiladi.
Elektron kitobga murojaat etuvchilarning shaxsiga oid maʼlumotlar, yashash joyi va sayyor davlat xizmatlari koʻrsatilishi lozim boʻlgan kun kiritiladi.
Elektron kitob himoyalangan aloqa kanallari orqali vakolatli organ va uning hududiy boʻlinmalari oʻrtasida integratsiya qilinadi.
13. “Call-markaz”ning masʼul xodimi murojaatni qabul qilgandan soʻng vakolatli organ va uning tegishli hududiy boʻlinmasini sayyor davlat xizmatlarini koʻrsatish haqida xabardor qiladi.
Vakolatli organ yoki uning hududiy boʻlinmasi sayyor davlat xizmatlari koʻrsatilishi toʻgʻrisidagi xabarni olgach, ushbu xizmatlarni koʻrsatishga tayyorgarlik koʻradi.
14. Murojaat etuvchilar vakolatli organning rasmiy veb-sayti, mobil ilovasi yoki YIDXP orqali murojaat etganda, koʻrsatiladigan tegishli sayyor davlat xizmatini tanlaydi va xizmat turiga koʻra tegishli yoʻriqnoma bilan tanishib chiqadi hamda murojaat etilgan kunning keyingi haftasidan ushbu xizmat koʻrsatilishi lozim boʻlgan boʻsh kunni belgilaydi.
Murojaat etuvchilar rasmiy veb-sayt, mobil ilova yoki YIDXPdagi yoʻriqnoma orqali quyidagi maʼlumotlarga ega boʻladi:
koʻrsatiladigan sayyor davlat xizmatining turlari;
sayyor xizmatning turiga qarab zarur hujjatlar roʻyxati;
sayyor davlat xizmati uchun toʻlov miqdori;
sayyor davlat xizmatini koʻrsatish hududi.
Aholining ijtimoiy ehtiyojmand toifasidagi shaxslar ushbu toifada ekanligini tasdiqlovchi maʼlumotlarni vakolatli organning rasmiy veb-sayti, mobil ilovasi yoki YIDXPga PDF shaklida kiritadi.
15. Rasmiy veb-sayt, mobil ilova yoki YIDXP orqali yuborilgan murojaat sayyor davlat xizmatlarini koʻrsatish hududlararo onlayn navbatida avtomatik ravishda roʻyxatga olinadi.
16. Vakolatli organ va uning hududiy boʻlinmalari rasmiy veb-sayt, mobil ilova va YIDXPdagi onlayn navbatlarni kunlik monitoring qilib boradi hamda tegishli sayyor davlat xizmatlarini koʻrsatishga tayyorgarlik koʻradi.
3-bob. Sayyor davlat xizmatlarini koʻrsatish tartibi
17. Vakolatli organ va uning hududiy boʻlinmalarining masʼul xodimlari murojaat etuvchilarning yashash joyiga xizmat avtotransport vositasida yetib boradi va planshet yoki kompyuterga oʻrnatilgan texnik qurilmalar yordamida davlat xizmatlarini koʻrsatadi.
18. Vakolatli organ va uning hududiy boʻlinmalarining masʼul xodimlari koʻrsatilgan sayyor davlat xizmatlari toʻgʻrisida dalolatnoma tuzadi.
Dalolatnomada koʻrsatilgan davlat xizmatlarining turi, davlat xizmatlari koʻrsatilgan joy va sana qayd etiladi.
19. Agar murojaat etuvchilar vakolatli organ va uning hududiy boʻlinmalarining masʼul xodimlari yetib kelgandan soʻng murojaatda koʻrsatilgan manzilda boʻlmasa, masʼul xodimga muayyan sayyor davlat xizmatini koʻrsatish uchun zarur sharoit yaratmasa, mastlik holatida boʻlsa va oʻzining xatti-harakatlari bilan sayyor davlat xizmati koʻrsatilishiga toʻsqinlik qilsa yoki masʼul xodimning talabiga binoan soʻralgan hujjatlarni taqdim etmasa, bu sayyor davlat xizmatlarini koʻrsatmaslikka asos boʻladi va dalolatnomada tegishli yozuv bilan qayd etiladi.
Bunday holatlarda sayyor davlat xizmatlari koʻrsatilgan deb hisoblanadi va toʻlangan toʻlovlar qaytarilmaydi.
4-bob. Koʻrsatilgan sayyor davlat xizmatlari natijalariga koʻra rasmiylashtiriladigan rasmiy hujjatlarni qoʻshimcha toʻlov asosida yetkazib berish xizmatini tashkil etish tartibi
20. Sayyor davlat xizmatlari koʻrsatilib boʻlgandan soʻng vakolatli organ va uning hududiy boʻlinmalarining masʼul xodimlari murojaat etuvchilarni tayyor hujjatni qoʻshimcha toʻlov asosida yetkazib berish xizmati (keyingi oʻrinlarda — yetkazib berish xizmati) yoki tayyor hujjatni pochta xizmati orqali yuborish imkoniyati mavjudligi toʻgʻrisida xabardor qiladi.
Murojaat etuvchilar tayyor hujjatning pochta xizmati orqali yuborilishi istagini bildirganda, vakolatli organ va uning hududiy boʻlinmalarining masʼul xodimlari tayyor hujjatni murojaat etuvchilar yashash joyiga yetkazilishi uchun “Oʻzbekiston pochtasi” AJni elektron tizim orqali xabardor qiladi.
“Oʻzbekiston pochtasi” AJ tayyor hujjatni murojaat etuvchilarning yashash joyiga besh ish kuni mobaynida yetkazib beradi.
21. Pochta xizmati orqali yetkazib berish xizmati natijasi uchun amalga oshiriladigan toʻlovlar murojaat etuvchilar tomonidan qoplanadi.
22. Murojaat etuvchilar yetkazib berish xizmati qoʻshimcha toʻlov asosida koʻrsatilishi istagini bildirsa, vakolatli organ va uning hududiy boʻlinmalarining masʼul xodimlari murojaat etuvchilarning murojaatini shu yerning oʻzida qatʼiy hisobda turadigan roʻyxatga olish jurnalida qayd etadi va murojaat etuvchilar bilan yetkazib berish kunini kelishadi.
23. Agar murojaat etuvchilar tayyor hujjatni yetkazib berish xizmatidan foydalanishdan bosh tortsa, masʼul xodim unga hujjat tayyor boʻlish muddatini va ushbu tayyor hujjatni qayerdan olib ketishi mumkinligini tushuntiradi.
24. Masʼul xodim shu kunning oʻzida roʻyxatga olish jurnalida murojaat etuvchilarning shaxsiga doir maʼlumotlar, yetkazib berish manzili va tayyor boʻladigan hujjatning turi, yetkazib berish sanasini aks ettiradi, agar murojaat etuvchi pochta xizmatini tanlagan boʻlsa, bu haqda tegishli yozuvni qayd etadi.
5-bob. Vakolatli organ va uning hududiy boʻlinmalari masʼul xodimlarining huquq va majburiyatlari
25. Vakolatli organ va uning hududiy boʻlinmalarining masʼul xodimlari quyidagi huquqlarga ega:
murojaat etuvchilardan sayyor davlat xizmatlari koʻrsatilishi uchun zarur boʻlgan barcha hujjatlarni soʻrab olish;
sayyor davlat xizmatlarini koʻrsatish uchun zarur boʻlgan sharoitlar bilan taʼminlanishini soʻrash;
murojaat etuvchilarning hujjatlarini tekshirish maqsadida elektron maʼlumotlar bazasidan foydalanish.
26. Vakolatli organ va uning hududiy boʻlinmalarining masʼul xodimlari:
davlat xizmatlarini, shu jumladan, sayyor davlat xizmatlarini koʻrsatish uchun yetarli malakaga ega boʻlishi;
sayyor davlat xizmatlari koʻrsatilishidan kamida 1 soat oldin murojaat etuvchilar bilan bogʻlanib, ushbu xizmatlar koʻrsatilishi zarurati mavjudligi, murojaatda koʻrsatilgan manzil va soatlar oʻzgarmaganligini soʻrashi, davlat xizmatlari koʻrsatilishi uchun zarur boʻladigan va tayyorlab qoʻyilishi lozim boʻlgan hujjatlar haqida batafsil tushuntirish berishi;
sayyor davlat xizmatlarini koʻrsatish muddatlariga qatʼiy rioya qilishi;
sayyor davlat xizmatlari koʻrsatilishidan oldin xizmat avtotransport vositasi hamda planshet yoki kompyuterga oʻrnatilgan texnik qurilmalar soz ekanligini tekshirishi;
sayyor davlat xizmatlari koʻrsatilayotgan har qanday vaziyatda vazmin, xushmuomala, odobli va eʼtiborli boʻlish, murojaat etuvchilarga hurmat bilan hamda “Siz” deb murojaat qilish, ular bilan oʻzaro munosabatlarda muomala madaniyati va qonuniylikka qatʼiy rioya qilishi;
sayyor davlat xizmatlari koʻrsatilganligi toʻgʻrisida hamda murojaat etuvchilar bilan yuzaga kelgan holatlar toʻgʻrisida dalolatnoma tuzishi;
murojaat etuvchilarga tayyor hujjatlarni yetkazib berish xizmatidan foydalanish huquqiga ega ekanligini va ushbu turdagi xizmatni koʻrsatish tartibi toʻgʻrisida tushuntirishlar berishi shart.
Sayyor davlat xizmatlari vakolatli organ va uning hududiy boʻlinmalari masʼul xodimlarining aybi bilan belgilangan muddatlarda va tartibda koʻrsatilmagan taqdirda, ularga nisbatan qonunchilik hujjatlarga muvofiq chora koʻriladi.
6-bob. Murojaat etuvchilarning huquq va majburiyatlari
27. Murojaat etuvchilar qoʻyidagi huquqlarga ega:
vakolatli organ va uning hududiy boʻlinmalarining masʼul xodimlaridan oʻzini tanishtirishini, shaxsini yoki ish joyini tasdiqlovchi hujjatni koʻrsatishini talab qilish;
koʻrsatilayotgan sayyor davlat xizmatlari jarayoni bilan batafsil tanishish;
vakolatli organ va uning hududiy boʻlinmalarining masʼul xodimlari murojaat etuvchilarning yashash joyiga yetib borishgacha boʻlgan jarayonda sayyor davlat xizmatlari koʻrsatilishini rad etish;
vakolatli organ va uning hududiy boʻlinmalarining masʼul xodimlari ustidan yuqori turuvchi organga shikoyat bilan murojaat qilish.
28. Murojaat etuvchilar:
vakolatli organ va uning hududiy boʻlinmalarining masʼul xodimlari tomonidan soʻralgan barcha zarur hujjatlarni oʻz vaqtida taqdim etishi;
murojaatda koʻrsatilgan manzilda sayyor davlat xizmatlari koʻrsatilishi lozim boʻlgan kunda va belgilangan vaqtda hozir boʻlishi;
vakolatli organ va uning hududiy boʻlinmalarining masʼul xodimlari faoliyatiga sayyor davlat xizmatlari koʻrsatilayotgan jarayonda toʻsqinlik qilmasligi;
vakolatli organ va uning hududiy boʻlinmalarining masʼul xodimlariga sayyor davlat xizmatlari koʻrsatilishi uchun zarur sharoitlarni yaratishi shart.
7-bob. Yakunlovchi qoidalar
29. Murojaat etuvchilar sayyor davlat xizmatlari koʻrsatilishini quyidagi hollarda rad etishi mumkin:
sayyor davlat xizmatlarini koʻrsatish zarurati qolmaganda;
sayyor davlat xizmatlari vakolatli organ va uning hududiy boʻlinmalarining masʼul xodimlari aybi bilan belgilangan muddatlarda va tartibda koʻrsatilmagan holatlarda.
30. Murojaat etuvchilar tomonidan sayyor davlat xizmatlari koʻrsatilishi rad etilganda, mazkur xizmatlar uchun toʻlangan toʻlovlar qaytariladi, bundan ushbu Reglamentning 19-bandida koʻrsatilgan holatlar mustasno.
31. Ushbu Reglament talablari buzilishida aybdor boʻlgan shaxslar qonunchilik hujjatlariga muvofiq javob beradilar.
Oʻzbekiston Respublikasi fuqarolari, chet el fuqarolari va fuqaroligi boʻlmagan shaxslarning yashash joyiga borib, migratsiya va fuqarolikni rasmiylashtirish boʻyicha davlat xizmatlarini koʻrsatishning maʼmuriy reglamentiga 1-ILOVA
Migratsiya va fuqarolikni rasmiylashtirish boʻyicha davlat xizmatlari koʻrsatilishi uchun “Call-markaz”, veb-sayt, mobil ilova yoki Yagona interaktiv davlat xizmatlari portali orqali murojaat qilish yuzasidan sayyor davlat xizmatlaridan foydalanish
Bosqichlar Subyektlar Tadbirlar Bajarish muddatlari 1-bosqich Murojaat etuvchi 1. Sayyor davlat xizmatlari koʻrsatilishi boʻyicha “Call-markaz”, rasmiy veb-sayt, mobil ilova yoki YIDXP orqali murojaat qiladi. 2. Sayyor davlat xizmatlarini tanlaydi va xizmat turiga koʻra tegishli yoʻriqnoma bilan tanishib chiqib, murojaat etgan kunning keyingi haftadan ushbu xizmatlar koʻrsatilishi lozim boʻlgan boʻsh kunni tanlaydi. 3. Sayyor davlat xizmatlari koʻrsatilishi uchun belgilangan toʻlovlarni ushbu xizmatlar koʻrsatilishidan avval toʻlaydi. Zaruratga qarab 2-bosqich Migratsiya va fuqarolikni rasmiylashtirish boʻlinmalari 1. Soʻrovnomaga kiritilgan maʼlumotlarning haqqoniyligini “Pasport-viza” avtomatlashtirilgan axborot tizimi orqali tekshiradi. 2. Murojaat etuvchi aholining ijtimoiy ehtiyojmand toifasida ekanligini tasdiqlash uchun uning maʼlumotlarini “Yagona milliy ijtimoiy himoya” axborot tizimi orqali tekshiradi. 3. “Call-markaz”, rasmiy veb-sayt, mobil ilova yoki YIDXP orqali murojaat qabul qilingandan soʻng vakolatli organ tegishli sayyor davlat xizmatlarini koʻrsatish hududidagi boʻlinmasiga murojaatda belgilangan xizmatlarni koʻrsatish toʻgʻrisida xabardor qiladi. 4. “Call-markaz”, rasmiy veb-sayt va mobil ilovadagi onlayn navbatni kunlik monitoring qilib boradi va hududlari kesimida onlayn navbatda avtomatik ravishda olingan roʻyxat boʻyicha sayyor davlat xizmatlari koʻrsatilishini taʼminlaydi. Bir ish kuni ichida 3-bosqich Migratsiya va fuqarolikni rasmiylashtirish boʻlinmalari Murojaat etuvchining yashash joyiga xizmat avtotransport vositasida yetib boradi va planshet yoki kompyuterga oʻrnatilgan texnik qurilmalar yordamida sayyor davlat xizmatlarini koʻrsatadi. Murojaat etuvchi tanlagan sanada
Oʻzbekiston Respublikasi fuqarolari, chet el fuqarolari va fuqaroligi boʻlmagan shaxslarning yashash joyiga borib, migratsiya va fuqarolikni rasmiylashtirish boʻyicha davlat xizmatlarini koʻrsatishning maʼmuriy reglamentiga 2-ILOVA
Migratsiya va fuqarolikni rasmiylashtirish boʻyicha qoʻshimcha toʻlov asosida sayyor davlat xizmatlarini koʻrsatishida yoʻl xarajatlari narxlarining
( Bazaviy hisoblash miqdoriga nisbatan foizda ) Boʻlinmadan davlat xizmatlarini koʻrsatish manziliga qadar boʻlgan masofa (km) Transport xarajatlari (masofaga nisbatan foizda) Xodimning bitta xizmat koʻrsatishga ketadigan vaqti uchun (foizda) Foyda (25 foiz) Umumiy narx (foizda) 10 5,5 12 4,4 21,9 20 10,9 5,7 28,6 30 16,4 7,1 35,5 40 21,8 8,5 42,3 50 27,3 9,8 49,1 60 32,7 11,2 55,9 70 38,2 12,6 62,8 80 43,7 13,9 69,6 90 49,1 15,3 76,4 100 54,6 16,6 83,2
Oʻzbekiston Respublikasi fuqarolari, chet el fuqarolari va fuqaroligi boʻlmagan shaxslarning yashash joyiga borib, migratsiya va fuqarolikni rasmiylashtirish boʻyicha davlat xizmatlarini koʻrsatishning maʼmuriy reglamentiga 3-ILOVA
____-son soʻrovnoma 20___ yil “____” _________ Sayyor davlat xizmatlarini koʻrsatish toʻgʻrisida Murojaat etuvchi haqida maʼlumot F.I.O. Telefon raqami Elektron pochta manzili (mavjud boʻlsa) Xizmat turi □ hujjatlarni qabul qilish □ tayyor hujjatlarni yetkazib berish Davlat xizmati nomi Xizmat koʻrsatish joyi (manzili) sana vaqti Murojaatni qabul qilgan xodim : ___________________________________________. Sayyor davlat xizmatlari koʻrsatilganligi haqida maʼlumot Qabul qilingan hujjatlar Sayyor davlat xizmatlarini koʻrsatgan mutaxassis F.I.O. Izoh Soʻrovnoma bajarilishining nazorati 20__ yil “___” ___________da amalga oshirildi. Tegishli ichki ishlar organi MvaFRB boshligʻi _________________ /__________________________.
Vazirlar Mahkamasining 2023-yil 31-iyuldagi 321-son qaroriga 2-ILOVA
Fuqarolarning yashash joyiga borib, avtomototransport vositalarini davlat roʻyxatidan oʻtkazish va roʻyxatdan oʻtkazish davlat raqami belgilarini berish boʻyicha davlat xizmatlarini koʻrsatishning
1-bob. Umumiy qoidalar
1. Mazkur Reglament fuqarolarning yashash joyiga borib, avtomototransport vositalarini davlat roʻyxatidan oʻtkazish va roʻyxatdan oʻtkazish davlat raqami belgilarini berish boʻyicha davlat xizmatlarini koʻrsatish (keyingi oʻrinlarda — transportni roʻyxatga olish boʻyicha sayyor davlat xizmatlari) tartibini belgilaydi.
2. Ushbu Reglamentda quyidagi asosiy tushunchalardan foydalaniladi:
vakolatli organ — Oʻzbekiston Respublikasi Ichki ishlar vazirligi Jamoat xavfsizligi departamenti Yoʻl harakati xavfsizligi xizmati;
kalkulyatsiya — qonunchilik hujjatlariga muvofiq hamda koʻrsatilgan xizmat tannarxini aniqlash asosida belgilanadigan davlat xizmatlari uchun toʻlov miqdorini aniqlash jarayoni;
murojaat etuvchilar — davlat xizmatlari yashash joyiga borib koʻrsatilishi istagini bildirgan jismoniy va yuridik shaxslar yoki ularning qonuniy vakillari;
sayyor davlat xizmatlari — murojaat etuvchilarning yashash joyiga borib transportni roʻyxatga olish boʻyicha koʻrsatiladigan davlat xizmatlari, shuningdek, tayyor hujjatlarni yetkazib berish;
sayyor davlat xizmatlarini koʻrsatish hududi — vakolatli organ va uning hududiy boʻlinmalari tomonidan transportni roʻyxatga olish boʻyicha davlat xizmatlari koʻrsatiladigan maʼmuriy hudud;
tayyor hujjatlar — transportni roʻyxatga olish boʻyicha sayyor davlat xizmatlarini koʻrsatish natijasida vakolatli organ va uning hududiy boʻlinmalari tomonidan qonunchilik hujjatlariga muvofiq rasmiylashtiriladigan avtomototransport vositasi roʻyxatdan oʻtkazilganligi toʻgʻrisidagi guvohnoma va roʻyxatdan oʻtkazish davlat raqami belgilari.
3. Sayyor davlat xizmatlari vakolatli organning rasmiy veb-sayti, mobil ilovasi yoki “Call-markaz”iga murojaat qilish orqali ushbu Reglamentga 1-ilovaga muvofiq sxemaga asosan koʻrsatiladi.
Transportni roʻyxatga olish boʻyicha sayyor davlat xizmatlari qoʻshimcha toʻlov asosida bir, uch va besh kunda (keyingi oʻrinlarda — sayyor davlat xizmatlari koʻrsatiladigan kunlar) koʻrsatiladi.
Transportni roʻyxatga olish boʻyicha sayyor davlat xizmatlari bir kunda koʻrsatilganda — qoʻshimcha toʻlov bazaviy hisoblash miqdorining 4 baravari, uch kunda koʻrsatilganda — 3 baravari, besh kunda koʻrsatilganda — 2 baravari miqdorida toʻlanadi.
Xizmat koʻrsatish masofasi 10 kilometrdan oshganda, har bir kilometr uchun qoʻshimcha toʻlov bazaviy hisoblash miqdorining 5 foizi miqdorida toʻlanadi.
4. Transportni roʻyxatga olish boʻyicha sayyor davlat xizmatlari koʻrsatilganligi uchun davlat boji va yigʻimlar qonunchilik hujjatlariga muvofiq toʻlanadi.
Transportni roʻyxatga olish boʻyicha qoʻshimcha toʻlov asosida sayyor davlat xizmatlarini koʻrsatishda yoʻl xarajatlari davlat xizmatlarini koʻrsatish hududi xususiyatidan kelib chiqqan holda, kalkulyatsiya natijalariga asosan ushbu Reglamentga 2-ilovaga muvofiq belgilanadi.
Murojaat etuvchilar sayyor davlat xizmatlari koʻrsatilishi uchun toʻlovlarni ushbu xizmatlar koʻrsatilishidan avval toʻlaydi.
Sayyor davlat xizmatlarini koʻrsatish uchun toʻlov toʻlanganligi axborot-kommunikatsiya tizimlari orqali aniqlanadi.
5. Vakolatli organning rasmiy veb-sayti, mobil ilovasi yoki “Call-markaz”i orqali murojaat etilganda, toʻlovlar summasi quyidagi tartibda taqsimlanadi:
90 foizi — Oʻzbekiston Respublikasi Ichki ishlar vazirligi Jamoat xavfsizligi departamenti Davlat yoʻl harakati xavfsizligi xizmatining moddiy-texnika bazasini rivojlantirish, xodimlarini ragʻbatlantirish va mukofotlash jamgʻarmasiga;
10 foizi — Oʻzbekiston Respublikasi Ichki ishlar vazirligining budjetdan tashqari jamgʻarmasining shaxsiy hisobvaragʻiga oʻtkaziladi.
6. Sayyor davlat xizmatlari koʻrsatishni tashkil etish vakolatli organ va uning hududiy boʻlinmalarining asosiy faoliyati sifatiga hamda qonunchilik hujjatlarida belgilangan tartib va muddatlarga taʼsir qilmasligi shart.
7. Transport vositasini roʻyxatga olish boʻyicha sayyor davlat xizmatlarini koʻrsatish sohasida, shu jumladan, tegishli axborot tizimlari, resurslar va maʼlumotlar bazalarini joriy etish boʻyicha faoliyat Oʻzbekiston Respublikasi ichki ishlar vazirining tegishli oʻrinbosari tomonidan nazorat qilinadi.
2-bob. Murojaat etuvchilarning sayyor davlat xizmatlari koʻrsatilishi uchun soʻrovlarini qabul qilish va koʻrib chiqish tartibi
8. Transport vositasini roʻyxatga olish boʻyicha sayyor davlat xizmatlaridan foydalanish istagini bildirgan murojaat etuvchilar vakolatli organning rasmiy veb-sayti, mobil ilovasi yoki “Call-markaz”i orqali murojaat etishi mumkin.
9. Murojaat etuvchilar vakolatli organning rasmiy veb-sayti, mobil ilovasi yoki “Call-markaz”i orqali murojaat etganda, unga quyidagi maʼlumotlar taqdim etiladi:
sayyor davlat xizmatlari koʻrsatiladigan kunlar va muddatlar;
sayyor davlat xizmatlarini koʻrsatish uchun zarur boʻlgan hujjatlar roʻyxati;
sayyor davlat xizmatlari uchun toʻlov miqdori;
sayyor davlat xizmatlarini koʻrsatish hududi.
10. Murojaat etuvchilar sayyor davlat xizmatlarini koʻrsatish kunini tanlagandan soʻng ushbu xizmatlar koʻrsatilishi lozim boʻlgan kunni “Call-markaz”ning masʼul xodimi bilan kelishadi.
Agar murojaat etuvchilar xohlagan kunda sayyor davlat xizmatlarini koʻrsatish imkoniyati mavjud boʻlmasa, bu haqda murojaat etuvchilar ogohlantiriladi va ularga boshqa kunni tanlash taklif etiladi.
Sayyor davlat xizmatlarini koʻrsatish kuni vakolatli organ va uning hududiy boʻlinmalarining ish vaqti doirasida belgilanadi.
“Call-markaz”ning masʼul xodimi tomonidan murojaat etuvchilarning murojaati elektron shakldagi roʻyxatga olish kitobida (keyingi oʻrinlarda — elektron kitob) qayd etiladi.
Elektron kitobga murojaat etuvchilarning shaxsiga va yashash joyiga oid maʼlumotlar kiritiladi.
Elektron kitob himoyalangan aloqa kanallari orqali vakolatli organ va uning hududiy boʻlinmalari oʻrtasida integratsiya qilinadi.
“Call-markaz”ning masʼul xodimi murojaatni qabul qilib olgandan soʻng vakolatli organ va uning hududiy boʻlinmalarini sayyor davlat xizmatlarini koʻrsatish toʻgʻrisida xabar kelib tushganligi haqida xabardor qiladi.
Vakolatli organ va uning hududiy boʻlinmalari sayyor davlat xizmatlari koʻrsatilishi toʻgʻrisidagi xabarni olgach, ushbu xizmatlarni koʻrsatishga tayyorgarlik koʻradi.
11. Murojaat etuvchilar vakolatli organning rasmiy veb-sayti yoki mobil ilovasi orqali murojaat etganda, rasmiy veb-saytda va mobil ilovada aks ettirilgan sayyor davlat xizmatlari koʻrsatiladigan kunlarni tanlaydi.
Rasmiy veb-sayt yoki mobil ilova orqali yuborilgan murojaat sayyor davlat xizmatlarini koʻrsatish hududi kesimida onlayn navbatda avtomatik ravishda roʻyxatga olinadi.
Vakolatli organ va uning hududiy boʻlinmalari rasmiy veb-sayt yoki mobil ilovadagi onlayn navbatlarni kunlik monitoring qilib boradi hamda tegishli sayyor davlat xizmatlarini koʻrsatishga tayyorgarlik koʻradi.
3-bob. Sayyor davlat xizmatlarini koʻrsatish tartibi
12. Vakolatli organning rasmiy veb-sayti, mobil ilovasi yoki “Call-markaz”i orqali kelib tushgan murojaatni masʼul xodim qabul qilgandan soʻng uni tizim orqali shu kuning oʻzida tegishli vakolatli organ va uning hududiy boʻlinmalariga joʻnatadi.
Vakolatli organ yoki uning hududiy boʻlinmalari masʼul xodimlari taqdim etilgan barcha hujjatlarni oʻrganib chiqib, kamchiliklar aniqlanmagan taqdirda, avtomototransport vositasi roʻyxatdan oʻtkazilganligi toʻgʻrisidagi guvohnomani (keyingi oʻrinlarda — guvohnoma) chop etadi va biriktirilgan davlat raqami belgisini tayyorlaydi.
Tayyor boʻlgan guvohnoma hamda davlat raqami belgisini vakolatli organ yoki uning hududiy boʻlinmasi masʼul xodimiga topshiradi.
13. Masʼul xodim hujjatlarni olgach, murojaat etuvchilarning murojaatida koʻrsatilgan manzilga yetib boradi, roʻyxatdan oʻtkazilishi lozim boʻlgan avtotransport vositasini koʻzdan kechiradi hamda avtotransport vositasining raqam agregatlari va boshqa texnik parametrlarining roʻyxatdan oʻtkazish maʼlumotlariga mos kelishini tekshiradi.
14. Hujjatlar mos boʻlgan taqdirda, guvohnoma va davlat raqami belgisi vakolatli organ va uning hududiy boʻlinmasining masʼul xodimi tomonidan murojaat etuvchiga taqdim qilinadi.
Murojaat etuvchilar guvohnoma va davlat raqami belgisini qabul qilib olganligi hamda undagi maʼlumotlarning toʻgʻriligini identifikatsiya qilishning zamonaviy vositalari (elektron raqamli imzo, mobil-ID va boshqalar) orqali tasdiqlaydi.
15. Guvohnomani rasmiylashtirishda vakolatli organ va uning hududiy boʻlinmasining masʼul xodimi tomonidan texnik tusdagi xatoliklarga yoʻl qoʻyilganda, murojaat etuvchilarga tegishli guvohnoma qayta rasmiylashtirilib, taqdim etiladi.
Texnik tusdagi xatoliklarga yoʻl qoʻyilgan guvohnoma tegishli dalolatnoma asosida xizmat koʻrsatuvchi boʻlinma tomonidan olib qoʻyiladi va belgilangan tartibda yoʻq qilinadi.
16. Vakolatli organ va uning hududiy boʻlinmasining masʼul xodimi tomonidan texnik tusdagi xatoliklarga yoʻl qoʻyilganligi munosabati bilan guvohnomani qayta rasmiylashtirish uchun murojaat etuvchilardan toʻlov undirilmaydi.
17. Agar murojaat etuvchilar vakolatli organ va uning hududiy boʻlinmalarining masʼul xodimlari yetib kelgandan soʻng notoʻgʻri maʼlumotlar taqdim etgan boʻlsa, murojaatda koʻrsatilgan manzilda boʻlmasa, masʼul xodimga sayyor davlat xizmatlarini koʻrsatish uchun zarur sharoit yaratmasa, mastlik holatida boʻlsa va oʻz xatti-harakatlari bilan sayyor davlat xizmatlari koʻrsatilishiga toʻsqinlik qilsa yoki masʼul xodimning talabiga binoan soʻralgan hujjatlarni taqdim qilmasa, sayyor davlat xizmatlari koʻrsatilmaydi va bu haqda dalolatnoma tuziladi.
Bunday holatlarda sayyor davlat xizmatlari koʻrsatilgan deb hisoblanadi va toʻlangan toʻlovlar qaytarilmaydi.
4-bob. Vakolatli organ va uning hududiy boʻlinmalari masʼul xodimlarining huquq va majburiyatlari
18. Vakolatli organ va uning hududiy boʻlinmalarining masʼul xodimlari quyidagi huquqlarga ega:
murojaat etuvchilardan sayyor davlat xizmatlari koʻrsatilishi uchun zarur boʻlgan barcha hujjatlarni soʻrab olish;
sayyor davlat xizmatlarini koʻrsatish uchun zarur boʻlgan sharoitlar bilan taʼminlanishini soʻrash;
murojaat etuvchilarning hujjatlarini tekshirish maqsadida elektron maʼlumotlar bazasidan foydalanish.
19. Vakolatli organ va uning hududiy boʻlinmalarining masʼul xodimlari quyidagilarga majbur:
davlat xizmatlarini, shu jumladan, sayyor davlat xizmatlarini koʻrsatish uchun yetarli malakaga ega boʻlish;
sayyor davlat xizmatlari koʻrsatilishidan kamida 1 soat oldin murojaat etuvchilar bilan bogʻlanib, ushbu xizmatlar koʻrsatilishi zarurati mavjudligi, murojaatda koʻrsatilgan manzil va xizmat koʻrsatish soatlari oʻzgarmaganligini soʻrash, davlat xizmatlari koʻrsatilishi uchun zarur boʻladigan va tayyorlanib, qoʻshilishi lozim boʻlgan hujjatlar haqida batafsil tushuntirish berish;
sayyor davlat xizmatlarini koʻrsatish muddatlariga qatʼiy rioya qilish;
sayyor davlat xizmatlari koʻrsatilishidan oldin xizmat avtotransport vositasi hamda planshet soz ekanligini tekshirish;
sayyor davlat xizmatlari koʻrsatilayotganda har qanday vaziyatda vazmin, xushmuomala, odobli va eʼtiborli boʻlish, murojaat etuvchilarga hurmat bilan hamda “Siz” deb murojaat qilish, ular bilan oʻzaro munosabatlarda muomala madaniyati va qonuniylikka qatʼiy rioya etish;
sayyor davlat xizmatlarini koʻrsatish jarayonida murojaat etuvchilar bilan yuzaga kelgan salbiy holatlar toʻgʻrisida tegishli dalolatnoma tuzish.
Sayyor davlat xizmatlari vakolatli organ va uning hududiy boʻlinmasining masʼul xodimi aybi bilan belgilangan muddatlarda va tartibda koʻrsatilmagan taqdirda, mazkur xodimga nisbatan qonunchilikka muvofiq chora koʻriladi.
5-bob. Murojaat etuvchilarning huquq va majburiyatlari
20. Murojaat etuvchilar qoʻyidagi huquqlarga ega:
vakolatli organ va uning hududiy boʻlinmasining masʼul xodimidan oʻzini tanishtirishini, shaxsini yoki ish joyini tasdiqlovchi hujjatni koʻrsatishini talab qilish;
sayyor davlat xizmatlarini koʻrsatish jarayoni bilan batafsil tanishish;
sayyor davlat xizmatlari koʻrsatilishini rad etish;
vakolatli organ va uning hududiy boʻlinmalarining masʼul xodimlari ustidan yuqori turuvchi organga shikoyat bilan murojaat qilish.
21. Murojaat etuvchilar:
vakolatli organ va uning hududiy boʻlinmalarining masʼul xodimlari tomonidan soʻralgan barcha zarur hujjatlarni oʻz vaqtida taqdim etishi;
murojaatda koʻrsatilgan manzilda sayyor davlat xizmatlari koʻrsatilishi lozim boʻlgan kunda va belgilangan vaqtda hozir boʻlishi;
vakolatli organ va uning hududiy boʻlinmalarining masʼul xodimlariga sayyor davlat xizmatlari koʻrsatilayotgan jarayonda toʻsqinlik qilmasligi;
vakolatli organ va uning hududiy boʻlinmalarining masʼul xodimlariga sayyor davlat xizmatlari koʻrsatilishi uchun zarur boʻlgan sharoitlarni yaratishi shart.
6-bob. Yakunlovchi qoidalar
22. Murojaat etuvchilar sayyor davlat xizmatlari koʻrsatilishini quyidagi holatlarda rad etishi mumkin:
sayyor davlat xizmatlarini koʻrsatish zarurati qolmaganda;
sayyor davlat xizmatlari vakolatli organ va uning hududiy boʻlinmalarining masʼul xodimlari aybi bilan belgilangan muddatlarda va tartibda koʻrsatilmagan holatlarda.
23. Murojaat etuvchilar tomonidan sayyor davlat xizmatlari koʻrsatilishi rad etilganda, mazkur xizmatlar uchun toʻlangan toʻlovlar qaytariladi, bundan ushbu Reglamentning 17-bandida koʻrsatilgan holatlar mustasno.
24. Ushbu Reglament talablari buzilishida aybdor boʻlgan shaxslar qonunchilikka muvofiq javob beradilar.
Fuqarolarning yashash joyiga borib, avtomototransport vositalarini davlat roʻyxatidan oʻtkazish va roʻyxatdan oʻtkazish davlat raqami belgilarini berish boʻyicha davlat xizmatlarini koʻrsatishning maʼmuriy reglamentiga 1-ILOVA
Avtomototransport vositalarini davlat roʻyxatidan oʻtkazish va roʻyxatdan oʻtkazish davlat raqami belgilarini berish boʻyicha davlat xizmatlari koʻrsatilishi uchun rasmiy veb-sayt, mobil ilova yoki “Call-markaz” orqali murojaat qilish
Bosqichlar Subyektlar Tadbirlar Bajarish muddatlari 1-bosqich Murojaat etuvchi 1. Sayyor davlat xizmatlari koʻrsatilishi boʻyicha “Call-markaz”i, rasmiy veb-sayt yoki mobil ilova orqali murojaat qiladi. 2. Transportni roʻyxatga olish boʻyicha sayyor davlat xizmatlarini xohishiga koʻra bir, uch va besh kunda koʻrsatilishini tanlaydi. 3. Sayyor davlat xizmatlari koʻrsatilishi uchun belgilangan toʻlovlarni ushbu xizmat koʻrsatilishidan avval toʻlaydi. Zaruratga qarab 2-bosqich Yoʻl harakati xavfsizligi xizmati boʻlinmalari 1. “Call-markaz”, rasmiy veb-sayt yoki mobil ilova orqali kelib tushgan murojaatni qabul qilgandan soʻng elektron kitobga murojaat etuvchining shaxsiga oid maʼlumotlar, yashash joyi toʻgʻrisida maʼlumotlarni kiritadi va axborot tizimi orqali tegishli xizmat koʻrsatuvchi hududga joʻnatadi. 2. Veb-sayt va mobil ilovadagi onlayn navbatni kunlik monitoring qilib boradi va hududlari kesimida onlayn navbatda avtomatik ravishda olingan roʻyxat boʻyicha sayyor davlat xizmatlari koʻrsatilishiga tayyorgarlik koʻradi. Bir ish kuni ichida 3-bosqich Yoʻl harakati xavfsizligi xizmati boʻlinmalari 1. Taqdim etilgan barcha hujjatlarni oʻrganib chiqib, kamchiliklar aniqlanmagan taqdirda, avtomototransport vositalari roʻyxatdan oʻtkazilganligi toʻgʻrisidagi guvohnomani chop etadi va biriktirilgan davlat raqami belgisini tayyorlaydi. 2. Tayyor boʻlgan avtomototransport vositalari roʻyxatdan oʻtkazilganligi toʻgʻrisidagi guvohnoma hamda davlat raqami belgisini vakolatli organ va uning hududiy boʻlinmasining masʼul xodimiga topshiradi. Bir, uch va besh kunda (murojaat etuvchining tanloviga muvofiq) 4-bosqich Masʼul xodim Murojaat etuvchining murojaatida koʻrsatilgan manzilga yetib boradi, roʻyxatdan oʻtkazilishi lozim boʻlgan avtotransport vositasini koʻzdan kechiradi hamda avtotransport vositasining raqam agregatlari va boshqa texnik parametrlarining roʻyxatdan oʻtkazish maʼlumotlariga mos kelishini tekshiradi va hujjatlar mos boʻlgan taqdirda, guvohnoma va davlat raqami belgisini murojaat etuvchiga taqdim qiladi. Bir, uch va besh kunda (murojaat etuvchining tanloviga muvofiq)
Fuqarolarning yashash joyiga borib, avtomototransport vositalarini davlat roʻyxatidan oʻtkazish va roʻyxatdan oʻtkazish davlat raqami belgilarini berish boʻyicha davlat xizmatlarini koʻrsatishning maʼmuriy reglamentiga 2-ILOVA
Transportni roʻyxatga olish boʻyicha qoʻshimcha toʻlov asosida sayyor davlat xizmatlarini koʻrsatishda yoʻl xarajatlari narxlarining
( Bazaviy hisoblash miqdoriga nisbatan foizda ) Boʻlinmadan davlat xizmatini koʻrsatish manziliga qadar boʻlgan masofa (km) Transport xarajatlari (masofaga nisbatan foizda) Xodimning bitta xizmat koʻrsatishga ketadigan vaqti uchun (foizda) Foyda (25 foiz) Umumiy narx (foizda) 10 5,5 12 4,4 21,9 20 10,9 5,7 28,6 30 16,4 7,1 35,5 40 21,8 8,5 42,3 50 27,3 9,8 49,1 60 32,7 11,2 55,9 70 38,2 12,6 62,8 80 43,7 13,9 69,6 90 49,1 15,3 76,4 100 54,6 16,6 83,2
Oʻzbekiston Respublikasining Bosh vaziri A. ARIPOV
Toshkent sh.,
2023-yil 31-iyul,
321-son