UzbekAI

← Qonunlar

📅 2023-yil 4-avgust · Vazirlar Mahkamasi qarorlari

Rasmiy matn. Rasmiy hujjat. Tahririy izohlar kiritilmagan.

Yordam | Arxiv | Atamalar | Statistika | API | Havola yuborish | Sayt haqida | Shartlar

← Қонунлар

📅 2023 йил 4 август · Вазирлар Маҳкамаси қарорлари

Расмий матн. Расмий ҳужжат. Таҳририй изоҳлар киритилмаган.

Ёрдам | Архив | Атамалар | Статистика | API | Ҳавола юбориш | Сайт ҳақида | Шартлар

← Законы

📅 4 августа 2023 г. · Постановления Кабинета Министров

Официальный текст. Официальный документ. Редакционные примечания не включены.

Помощь | Архив | Термины | Статистика | API | Предложить ссылку | О сайте | Условия

← Laws

📅 4 August 2023 · Cabinet of Ministers resolutions

Official text. Official document. Editorial notes are not included.

Help | Archive | Glossary | Stats | API | Submit | About | Terms

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг

қарори

«ЙЎЛ ХАРИТАСИ»

Ёнғинлар профилактикаси самарадорлигини ошириш ва ёнғин хавфсизлиги соҳасида давлат назоратини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида

Сўнгги йилларда аҳоли ҳаёти ва соғлиғи, жисмоний ва юридик шахслар мулкининг ишончли ҳимоясини таъминлайдиган яхлит ёнғин хавфсизлиги тизими шакллантирилди.

Ҳафтанинг ҳар чоршанба куни «Фавқулодда вазиятлар ва ёнғинлар профилактикаси куни» этиб белгиланиб, бу борада Ўзбекистон Республикаси Фавқулодда вазиятлар вазирлигига бир қатор вазифалар юклатилди.

Шу билан бирга, ёнғинлар профилактикаси соҳасида тизимли чора-тадбирлар амалга оширилаётганлигига қарамасдан, аҳолининг маиший ҳаётида ва тадбиркорлик субъектлари фаолиятида ёнғинлар билан боғлиқ нохуш ҳодисалар рўй бермоқда.

Республикамизда 2022 йилда 10 260 та ёнғин ҳодисаси юз бериб, унда 284 нафар фуқаро жабрланган, шундан 107 таси вафот этган, шунингдек, жисмоний ва юридик шахсларга 214,6 млрд сўмлик зарар етказилган.

Жумладан, 2023 йилда Қўқон шаҳридаги «Ризқ барака» ва «Истиқлол» бозорларида, Хива шаҳридаги буюм бозорида, шунингдек, Фарғона шаҳрининг Сайилгоҳ кўчаси 24-уй манзилидаги бинода содир бўлган ёнғин оқибатида фуқароларнинг ҳаёти ва соғлиғига ҳамда жисмоний ва юридик шахсларнинг мол-мулкига жиддий зиён етган.

Юқоридаги нохуш ҳодисаларнинг юзага келиши давлат ёнғин назорати бўйича қонунчиликда белгиланган механизмларни қайта кўриб чиқиш ҳамда аҳоли ва тадбиркорлик субъектларининг ёнғин хавфсизлиги маданиятини оширишга қаратилган қатъий чора-тадбирларни амалга ошириш заруратини кўрсатмоқда.

Хусусан, 2023 йил 29 июль куни Фарғона вилояти, Фарғона шаҳар, Сайилгоҳ кўчаси 24-уй манзилида жойлашган бинонинг ертўласида содир бўлган бахтсиз ҳодиса сабабларини текшириш ҳамда жабрланганларга ёрдам кўрсатиш бўйича Ҳукумат комиссияси (кейинги ўринларда — Ҳукумат комиссияси) ташкил этилди.

Ҳукумат комиссияси томонидан содир бўлган ёнғиннинг техник ва ташкилий сабаблари ўрганилганда, бино ёнғин хавфсизлиги соҳасидаги техник регламентлар, стандартлар, нормалар ва қоидаларга умуман жавоб бермаслиги, шу жумладан, бинода ҳаво айланиш тизими ва қўшимча чиқиш жойлари мавжуд эмаслиги аниқланган.

Шунингдек, Ҳукумат комиссияси хулосасида давлат ёнғин назорати органларининг ваколатлари етарли эмаслиги сабабли, улар томонидан ёнғинларнинг олдини олиш бўйича таъсирчан чоралар кўрилмасдан қолаётганлиги, ёнғин натижасида жисмоний ва юридик шахсларга етказилган зарарни мажбурий суғурталаш орқали қоплашнинг самарали механизмлари мавжуд эмаслиги кўрсатиб ўтилган.

Ҳукумат комиссияси томонидан бахтсиз ҳодиса сабабларини ўрганиш бўйича тақдим қилинган дастлабки хулоса ва таклифлардан келиб чиқиб, шунингдек, аҳоли ҳаёти ва соғлиғи, жисмоний ва юридик шахслар мулкини ёнғин хавфидан асраш, ёнғинларнинг келиб чиқиш хавфи юқори бўлган, биринчи навбатда, аҳоли оммавий йиғиладиган объектларда ёнғинларнинг олдини олиш самарадорлигини тубдан ошириш ҳамда ушбу йўналишда таъсирчан назорат механизмларини жорий этиш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:

1. Қуйидагилар ёнғин хавфсизлиги соҳасидаги давлат назоратининг асосий йўналишлари этиб белгилансин:

аҳоли ва тадбиркорлик субъектларининг ёнғиндан огоҳлигини ошириш, ёнғин хавфсизлиги талабларига амал қилишни рағбатлантириш механизмларини жорий этиш, шунингдек, самарали идоравий ёнғин назоратини таъминлаш;

ёнғинларнинг олдини олиш ва келиб чиқиш сабаблари ҳамда омилларини барвақт аниқлаш ва бартараф этиш, бу борада давлат назоратини янада кучайтириш орқали қонунчилик талабларини бузган шахсларга нисбатан жавобгарликнинг муқаррарлигини таъминлаш;

ёнғин хавфсизлигини таъминлаш бўйича манзилли чора-тадбирларни ишлаб чиқиш, амалга ошириш ҳамда уларнинг ўз вақтида ва сўзсиз бажарилиши устидан тизимли мониторинг тизимини жорий этиш;

давлат ёнғин назорати органлари фаолиятига замонавий рақамли технологияларни кенг жорий этиш орқали юзага келиши мумкин бўлган ёнғинларнинг барвақт олдини олиш.

2. Ўзбекистон Республикаси Фавқулодда вазиятлар вазирлиги Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари билан биргаликда 2023 йил 1 сентябрдан бошлаб мунтазам равишда жамоатчиликни кенг жалб қилган ҳолда, қуйидагиларни назарда тутувчи «Ёнғиндан огоҳлик» умуммиллий кампаниясини амалга оширсин:

таълим ташкилотларида ёнғинларнинг олдини олиш ва ёнғин содир бўлган вазиятда ҳаракат қилиш бўйича батафсил услубий машғулотлар ўтказиш;

давлат ташкилотлари, тадбиркорлик субъектлари ва бошқа ташкилотларда иш жойларида ёнғин хавфсизлиги бўйича ўқитишни ташкил этиш, шу жумладан, эвакуация режалари, ўт ўчириш воситаларидан фойдаланиш қоидалари билан таништириш ва ёнғин келиб чиқиш хавфи бўлган ҳоллардан огоҳ бўлиш;

ёнғин хавфсизлиги мавзусида семинарлар, маърузалар, маҳорат дарслари, танловлар ва тақдимотлар ўтказиш, аҳолини тарқатма материаллар билан таъминлаш;

Интернет жаҳон ахборот тармоғи ва ижтимоий тармоқларда ёнғинларнинг олдини олиш ва ёнғин содир бўлган вазиятда ҳаракат қилиш бўйича батафсил қўлланмаларни тарқатиш, шунингдек, мавзу бўйича махсус саҳифаларни ташкил этиш;

оммавий ахборот воситаларида ушбу мавзудаги мақолалар, интервьюлар ва махсус кўрсатувларни йўлга қўйиш;

жамоат жойларида, таълим ташкилотларида, иш жойларида ва турар жой комплексларида ўт ўчириш бўйича амалий машғулотлар ўтказиш.

3. 2024 йилдан бошлаб «Ёнғиндан огоҳлик» умуммиллий кампанияси доирасида ҳар бир ҳудудда тадбиркорлик субъектлари ўртасида ўтказиладиган «Ёнғин хавфсизлиги аълочиси» йиллик танлови (кейинги ўринларда — танлов) ўтказиб борилсин.

Шундай тартиб ўрнатилсинки, унга мувофиқ:

танловда иштирок этиш учун аризалар Фавқулодда вазиятлар вазирлигининг ахборот тизими орқали қабул қилинади;

танлов ғолиби талабгорларнинг ёнғин хавфсизлиги талабларига жавоб беришини ўрганиш орқали аниқланади;

танлов ғолибига 100 миллион сўм миқдорида бир марталик пул мукофоти берилади ҳамда унинг фаолияти икки йил давомида давлат ёнғин назорати органлари томонидан текширилмайди;

танловни ўтказиш билан боғлиқ харажатлар Фавқулодда вазиятлар вазирлигининг бюджетдан ташқари маблағлари ҳамда тегишлича Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар маҳаллий бюджетлари маблағлари ҳисобидан молиялаштирилади.

4. 2024 йил 1 январдан бошлаб жисмоний ва юридик шахсларга тегишли бўлган бино ва иншоотларнинг ёнғин хавфсизлиги талабларига мувофиқлигини мустақил баҳолаш тартиби (ёнғин аудити) жорий этилсин.

5. Белгилансинки:

ёнғин аудити Ўзбекистон Республикаси Фавқулодда вазиятлар вазирлигида аккредитациядан ўтган ташкилотлар томонидан ўтказилади ҳамда бино ва иншоотлари ёнғин хавфсизлиги талабларига тўлиқ мувофиқ бўлган жисмоний ва юридик шахсларга бир йил муддатга ёнғин аудити хулосаси берилади;

ёнғин аудити бўйича ижобий хулосасини олган, ёнғин ва бошқа хатарлардан ўзига тегишли бино ҳамда иншоотларни суғурталаган тадбиркорлик субъектларига нисбатан бир йил давомида давлат ёнғин назорати органлари томонидан текширувлар ўтказилмайди.

6. Фавқулодда вазиятлар вазирлигининг 2023 йил 1 сентябрдан бошлаб давлат ёнғин назорати органларига қуйидаги ваколатларни бериш тўғрисидаги таклифи маъқуллансин:

а) ташкилий-ҳуқуқий шаклидан қатъи назар, юридик ва жисмоний шахсларга тегишли бўлган объектларда:

бир йилда кўпи билан бир мартадан батафсил (дастлабки) текширув ва назорат текширувини ўтказиш;

жисмоний ва юридик шахслар мурожаатлари, шунингдек, оммавий ахборот воситалари ва бошқа манбалардан олинган маълумотлар асосида тезкор текширувлар ўтказиш;

б) бир вақтнинг ўзида 50 нафардан кўп одам тўпланадиган объектларда (бозорлар, савдо-кўнгилочар мажмуалари, умумий овқатланиш корхоналари ва бошқалар) давлат ёнғин назорати органлари томонидан Фавқулодда вазиятлар вазирлиги тасдиқлаган режа-график асосида ҳар чоракда камида бир маротаба мониторинг ва профилактика тадбирларини ўтказиш.

7. Шундай тартиб ўрнатилсинки, унга мувофиқ 2023 йил 1 ноябрдан:

а) давлат ёнғин назорати органларининг ижобий хулосасини олмасдан, қишлоқ хўжалигига мўлжалланмаган ер участкаларини аукционга чиқариш, қурилиш объектлари лойиҳа-смета ҳужжатларини келишиш ҳамда қурилиш-монтаж ишлари тугалланган объектлардан фойдаланиш учун рухсатнома бериш тақиқланади. Бунда:

давлат ёнғин назорати органлари томонидан хулоса бериш муддати етти кун этиб белгиланади;

давлат ёнғин назорати органларига лойиҳа-смета ҳужжатларини келишиш учун мазкур ҳужжатларнинг барча қисмлари тақдим этилади;

б) давлат ёнғин назорати органлари қурилиш объектларида қурилиш-монтаж ишларини амалга ошириш жараёнида шаҳарсозлик нормалари ва қоидаларининг ёнғин хавфсизлиги талабларига риоя этилишини назорат қилади;

в) аҳоли гавжум бўладиган объектларда қонунчиликка мувофиқ ёнғин хавфсизлиги талабларига риоя этилиши устидан мажбурий тартибда идоравий ёнғин назорати ўрнатилади.

9. Ўзбекистон Республикаси Фавқулодда вазиятлар вазирлиги:

2023 йил 1 ноябрга қадар текширувлар жараёнларини тўлиқ рақамлаштириш ва тезкор ахборот алмашинувини йўлга қўйиш ҳисобидан давлат ёнғин назорати инспекторларининг фаолиятини такомиллаштириш имконини берувчи «E-inspektor» аппарат-дастурий мажмуасини жорий этсин;

Коррупцияга қарши курашиш агентлиги билан биргаликда ҳар йили тасдиқланадиган дастур асосида давлат ёнғин назорати инспекторлари фаолиятида коррупция ҳолатларининг олдини олиш ва уларнинг жавобгарлигини кучайтириш бўйича қатъий чораларни кўрсин;

Вазирликнинг белгиланган умумий штат бирликлари доирасида Вазирлик марказий аппарати тузилмасида ёнғинларнинг олдини олиш йўналишида тарғибот ишларини олиб боришга масъул бўлган махсус таркибий бўлинма ташкил қилсин.

10. Ёнғинлар профилактикаси самарадорлигини ошириш ва ёнғин хавфсизлиги соҳасида давлат назоратини такомиллаштириш бўйича «йўл харитаси» иловага мувофиқ тасдиқлансин.

11. Ўзбекистон Республикаси Фавқулодда вазиятлар вазирлиги манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда икки ой муддатда ўзлари қабул қилган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни ушбу қарорга мувофиқлаштирсин.

12. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси фавқулодда вазиятлар вазири А.Х. Кулдашев зиммасига юклансин.

Вазирлар Маҳкамасининг 2023 йил 4 августдаги 332-сон қарорига ИЛОВА

Ёнғинлар профилактикаси самарадорлигини ошириш ва ёнғин хавфсизлиги соҳасида давлат назоратини такомиллаштириш бўйича

Т/р Чора-тадбирлар номи Амалга ошириш шакли Ижро муддати Масъул ижрочилар 1. «Ёнғиндан ҳушёрлик» умуммиллий кампаниясини амалга ошириш бўйича «йўл харитаси»ни тасдиқлаш учун Вазирлар Маҳкамасига киритиш. Чора-тадбирлар режаси 2023 йил 1 сентябрь Фавқулодда вазиятлар вазирлиги (Кулдашев) , Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳри ҳокимликлари 2. «Ёнғин хавфсизлиги аълочиси» йиллик танловини ўтказиш тартиби тўғрисидаги низом лойиҳасини тасдиқлаш учун Вазирлар Маҳкамасига киритиш. Ҳукумат қарори лойиҳаси 2023 йил 1 октябрь Фавқулодда вазиятлар вазирлиги (Кулдашев) , Иқтисодиёт ва молия вазирлиги (Норқулов), Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳри ҳокимликлари 3. «Ёнғин хавфсизлиги аълочиси» йиллик танловини ўтказиш жараёнларини рақамлаштириш имкониятига эга ахборот тизимини ишга тушириш. Амалий чора-тадбирлар 2023 йил 1 декабрь Фавқулодда вазиятлар вазирлиги (Кулдашев) , Рақамли технологиялар вазирлиги (Пекось) 4. Жисмоний ва юридик шахсларга тегишли бўлган бино ва иншоотларнинг ёнғин хавфсизлиги талабларига мувофиқлигини мустақил баҳолаш (ёнғин аудити) ўтказиш тартиби тўғрисидаги низом лойиҳасини тасдиқлаш учун Вазирлар Маҳкамасига киритиш. Ҳукумат қарори лойиҳаси 2023 йил 1 октябрь Фавқулодда вазиятлар вазирлиги (Кулдашев) , Адлия вазирлиги (Ташкулов) , Иқтисодиёт ва молия вазирлиги (Норқулов) 5. Бир вақтнинг ўзида 50 нафардан кўп одамлар бўладиган объектларда давлат ёнғин назорати органлари томонидан ҳар чоракда камида бир маротаба профилактика тадбирларини ўтказиш бўйича режа-график тасдиқлаш. Чора-тадбирлар режаси 2023 йил 1 сентябрь Фавқулодда вазиятлар вазирлиги (Кулдашев) 6. Қуйидагиларни назарда тутувчи қонун лойиҳасини Вазирлар Маҳкамасига киритиш: тадбиркорлик субъектларига тегишли объектларда ўтказилган текширишлар натижасида аниқланган маъмурий ҳуқуқбузарликлар юзасидан давлат ёнғин назорати органларига маъмурий жазо чораларини тўғридан-тўғри қўллаш ваколатини бериш; ёнғин хавфсизлиги қоидаларини бузганлик учун маъмурий жавобгарлик чораларини кучайтириш. Қонун лойиҳаси 2023 йил 1 октябрь Фавқулодда вазиятлар вазирлиги (Кулдашев) 7. Давлат ёнғин назорати органларининг ижобий хулосаси асосида қишлоқ хўжалигига мўлжалланмаган ер участкаларини аукционга чиқариш, қурилиш объектлари лойиҳа-смета ҳужжатларини келишиш ҳамда қурилиш-монтаж ишлари тугалланган объектларни фойдаланиш учун рухсатнома бериш тартибини белгилаш. Бунда: давлат ёнғин назорати органлари томонидан хулоса бериш муддати етти кун этиб белгилаш; давлат ёнғин назорати органларига лойиҳа-смета ҳужжатларини келишиш учун мазкур ҳужжатларнинг барча қисмлари тақдим этиш; давлат ёнғин назорати органлари қурилиш объектларида қурилиш-монтаж ишларини амалга ошириш жараёнида шаҳарсозлик нормалари ва қоидаларининг ёнғин хавфсизлиги талабларига риоя этилишини назорат қилишини назарда тутиш. Ҳукумат қарори лойиҳаси 2023 йил 1 октябрь Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазирлиги (Закиров) , Фавқулодда вазиятлар вазирлиги (Кулдашев) 8. Одамлар оммавий бўладиган объектларда қонунчиликка мувофиқ ёнғин хавфсизлиги талабларига риоя қилиниши устидан мажбурий тартибда идоравий ёнғин назоратини ўрнатиш тартибини белгилаш. Норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳаси 2023 йил 1 октябрь Фавқулодда вазиятлар вазирлиги (Кулдашев) 10. Давлат ёнғин назорати инспекторларининг фаолиятига «E-inspektor» аппарат-дастурий мажмуасини жорий этиш. Бунда, давлат ёнғин назорати инспекторларини махсус планшетлар билан таъминлашни назарда тутиш. Амалий чора-тадбирлар 2023 йил 1 ноябрь Фавқулодда вазиятлар вазирлиги (Кулдашев) , Рақамли технологиялар вазирлиги (Пекось) 11. Давлат ёнғин назорати инспекторлари фаолиятида коррупциявий ҳолатларнинг олдини олиш ва уларнинг жавобгарлигини кучайтириш бўйича қатъий чораларни белгилаш ва амалга ошириш. Чора-тадбирлар режаси 2023 йил 1 октябрь Фавқулодда вазиятлар вазирлиги (Кулдашев) , Коррупцияга қарши курашиш агентлиги (Бурханов) 12. Ҳудудларда давлат ёнғин назоратини кучайтириш мақсадида ҳар бир туман (шаҳар) фавқулодда вазиятлар бўлимига қўшимча давлат ёнғин назорати инспектори штат бирликларини ажратиш юзасидан таклифларни Вазирлар Маҳкамасига киритиш. Таҳлилий маълумот 2023 йил 1 сентябрь Фавқулодда вазиятлар вазирлиги (Кулдашев) , Иқтисодиёт ва молия вазирлиги (Норқулов) 13. Ёнғинни автоматик тарзда ўчириш ва ёнғин сигнализацияси қурилмаларини монтаж қилиш, созлаш, таъмирлаш ҳамда уларга техник хизмат кўрсатиш фаолиятини лицензияланадиган фаолият турига ўтказиш. Қонун лойиҳаси 2023 йил 1 декабрь Фавқулодда вазиятлар вазирлиги (Кулдашев) , Адлия вазирлиги (Ташкулов) 14. Шаҳарсозлик нормалари ва қоидаларида назарда тутилган ёнғин хавфсизлиги талабларини халқаро стандартларга мувофиқлаштириш бўйича дастурни Вазирлар Маҳкамасига киритиш. Чора-тадбирлар режаси 2023 йил 1 декабрь Фавқулодда вазиятлар вазирлиги (Кулдашев) , Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазирлиги (Закиров) 15. Илғор хорижий тажриба ва халқаро стандартлар асосида ёнғинлар профилактикаси тизимини тубдан такомиллаштириш бўйича таклифларни Вазирлар Маҳкмасига киритиш. Норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳаси 2023 йил 1 октябрь Фавқулодда вазиятлар вазирлиги (Кулдашев) , Адлия вазирлиги (Ташкулов)

Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А. АРИПОВ

Тошкент ш.,

2023 йил 4 август,

332-сон

(Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 04.08.2023 й., 09/23/332/0561-сон; 04.03.2024 й., 07/24/108/0171-сон)

lex.uz

Oʻzbekiston Respublikasi Vazirlar Mahkamasining

qarori

“YOʻL XARITASI”

Yongʻinlar profilaktikasi samaradorligini oshirish va yongʻin xavfsizligi sohasida davlat nazoratini takomillashtirish chora-tadbirlari toʻgʻrisida

Soʻnggi yillarda aholi hayoti va sogʻligʻi, jismoniy va yuridik shaxslar mulkining ishonchli himoyasini taʼminlaydigan yaxlit yongʻin xavfsizligi tizimi shakllantirildi.

Haftaning har chorshanba kuni “Favqulodda vaziyatlar va yongʻinlar profilaktikasi kuni” etib belgilanib, bu borada Oʻzbekiston Respublikasi Favqulodda vaziyatlar vazirligiga bir qator vazifalar yuklatildi.

Shu bilan birga, yongʻinlar profilaktikasi sohasida tizimli chora-tadbirlar amalga oshirilayotganligiga qaramasdan, aholining maishiy hayotida va tadbirkorlik subyektlari faoliyatida yongʻinlar bilan bogʻliq noxush hodisalar roʻy bermoqda.

Respublikamizda 2022-yilda 10 260 ta yongʻin hodisasi yuz berib, unda 284 nafar fuqaro jabrlangan, shundan 107 tasi vafot etgan, shuningdek, jismoniy va yuridik shaxslarga 214,6 mlrd soʻmlik zarar yetkazilgan.

Jumladan, 2023-yilda Qoʻqon shahridagi “Rizq baraka” va “Istiqlol” bozorlarida, Xiva shahridagi buyum bozorida, shuningdek, Fargʻona shahrining Sayilgoh koʻchasi 24-uy manzilidagi binoda sodir boʻlgan yongʻin oqibatida fuqarolarning hayoti va sogʻligʻiga hamda jismoniy va yuridik shaxslarning mol-mulkiga jiddiy ziyon yetgan.

Yuqoridagi noxush hodisalarning yuzaga kelishi davlat yongʻin nazorati boʻyicha qonunchilikda belgilangan mexanizmlarni qayta koʻrib chiqish hamda aholi va tadbirkorlik subyektlarining yongʻin xavfsizligi madaniyatini oshirishga qaratilgan qatʼiy chora-tadbirlarni amalga oshirish zaruratini koʻrsatmoqda.

Xususan, 2023-yil 29-iyul kuni Fargʻona viloyati, Fargʻona shahar, Sayilgoh koʻchasi 24-uy manzilida joylashgan binoning yertoʻlasida sodir boʻlgan baxtsiz hodisa sabablarini tekshirish hamda jabrlanganlarga yordam koʻrsatish boʻyicha Hukumat komissiyasi (keyingi oʻrinlarda — Hukumat komissiyasi) tashkil etildi.

Hukumat komissiyasi tomonidan sodir boʻlgan yongʻinning texnik va tashkiliy sabablari oʻrganilganda, bino yongʻin xavfsizligi sohasidagi texnik reglamentlar, standartlar, normalar va qoidalarga umuman javob bermasligi, shu jumladan, binoda havo aylanish tizimi va qoʻshimcha chiqish joylari mavjud emasligi aniqlangan.

Shuningdek, Hukumat komissiyasi xulosasida davlat yongʻin nazorati organlarining vakolatlari yetarli emasligi sababli, ular tomonidan yongʻinlarning oldini olish boʻyicha taʼsirchan choralar koʻrilmasdan qolayotganligi, yongʻin natijasida jismoniy va yuridik shaxslarga yetkazilgan zararni majburiy sugʻurtalash orqali qoplashning samarali mexanizmlari mavjud emasligi koʻrsatib oʻtilgan.

Hukumat komissiyasi tomonidan baxtsiz hodisa sabablarini oʻrganish boʻyicha taqdim qilingan dastlabki xulosa va takliflardan kelib chiqib, shuningdek, aholi hayoti va sogʻligʻi, jismoniy va yuridik shaxslar mulkini yongʻin xavfidan asrash, yongʻinlarning kelib chiqish xavfi yuqori boʻlgan, birinchi navbatda, aholi ommaviy yigʻiladigan obyektlarda yongʻinlarning oldini olish samaradorligini tubdan oshirish hamda ushbu yoʻnalishda taʼsirchan nazorat mexanizmlarini joriy etish maqsadida Vazirlar Mahkamasi qaror qiladi:

1. Quyidagilar yongʻin xavfsizligi sohasidagi davlat nazoratining asosiy yoʻnalishlari etib belgilansin:

aholi va tadbirkorlik subyektlarining yongʻindan ogohligini oshirish, yongʻin xavfsizligi talablariga amal qilishni ragʻbatlantirish mexanizmlarini joriy etish, shuningdek, samarali idoraviy yongʻin nazoratini taʼminlash;

yongʻinlarning oldini olish va kelib chiqish sabablari hamda omillarini barvaqt aniqlash va bartaraf etish, bu borada davlat nazoratini yanada kuchaytirish orqali qonunchilik talablarini buzgan shaxslarga nisbatan javobgarlikning muqarrarligini taʼminlash;

yongʻin xavfsizligini taʼminlash boʻyicha manzilli chora-tadbirlarni ishlab chiqish, amalga oshirish hamda ularning oʻz vaqtida va soʻzsiz bajarilishi ustidan tizimli monitoring tizimini joriy etish;

davlat yongʻin nazorati organlari faoliyatiga zamonaviy raqamli texnologiyalarni keng joriy etish orqali yuzaga kelishi mumkin boʻlgan yongʻinlarning barvaqt oldini olish.

2. Oʻzbekiston Respublikasi Favqulodda vaziyatlar vazirligi Qoraqalpogʻiston Respublikasi Vazirlar Kengashi, viloyatlar va Toshkent shahar hokimliklari bilan birgalikda 2023-yil 1-sentabrdan boshlab muntazam ravishda jamoatchilikni keng jalb qilgan holda, quyidagilarni nazarda tutuvchi “Yongʻindan ogohlik” umummilliy kampaniyasini amalga oshirsin:

taʼlim tashkilotlarida yongʻinlarning oldini olish va yongʻin sodir boʻlgan vaziyatda harakat qilish boʻyicha batafsil uslubiy mashgʻulotlar oʻtkazish;

davlat tashkilotlari, tadbirkorlik subyektlari va boshqa tashkilotlarda ish joylarida yongʻin xavfsizligi boʻyicha oʻqitishni tashkil etish, shu jumladan, evakuatsiya rejalari, oʻt oʻchirish vositalaridan foydalanish qoidalari bilan tanishtirish va yongʻin kelib chiqish xavfi boʻlgan hollardan ogoh boʻlish;

yongʻin xavfsizligi mavzusida seminarlar, maʼruzalar, mahorat darslari, tanlovlar va taqdimotlar oʻtkazish, aholini tarqatma materiallar bilan taʼminlash;

Internet jahon axborot tarmogʻi va ijtimoiy tarmoqlarda yongʻinlarning oldini olish va yongʻin sodir boʻlgan vaziyatda harakat qilish boʻyicha batafsil qoʻllanmalarni tarqatish, shuningdek, mavzu boʻyicha maxsus sahifalarni tashkil etish;

ommaviy axborot vositalarida ushbu mavzudagi maqolalar, intervyular va maxsus koʻrsatuvlarni yoʻlga qoʻyish;

jamoat joylarida, taʼlim tashkilotlarida, ish joylarida va turar joy komplekslarida oʻt oʻchirish boʻyicha amaliy mashgʻulotlar oʻtkazish.

3. 2024-yildan boshlab “Yongʻindan ogohlik” umummilliy kampaniyasi doirasida har bir hududda tadbirkorlik subyektlari oʻrtasida oʻtkaziladigan “Yongʻin xavfsizligi aʼlochisi” yillik tanlovi (keyingi oʻrinlarda — tanlov) oʻtkazib borilsin.

Shunday tartib oʻrnatilsinki, unga muvofiq:

tanlovda ishtirok etish uchun arizalar Favqulodda vaziyatlar vazirligining axborot tizimi orqali qabul qilinadi;

tanlov gʻolibi talabgorlarning yongʻin xavfsizligi talablariga javob berishini oʻrganish orqali aniqlanadi;

tanlov gʻolibiga 100 million soʻm miqdorida bir martalik pul mukofoti beriladi hamda uning faoliyati ikki yil davomida davlat yongʻin nazorati organlari tomonidan tekshirilmaydi;

tanlovni oʻtkazish bilan bogʻliq xarajatlar Favqulodda vaziyatlar vazirligining budjetdan tashqari mablagʻlari hamda tegishlicha Qoraqalpogʻiston Respublikasi, viloyatlar va Toshkent shahar mahalliy budjetlari mablagʻlari hisobidan moliyalashtiriladi.

4. 2024-yil 1-yanvardan boshlab jismoniy va yuridik shaxslarga tegishli boʻlgan bino va inshootlarning yongʻin xavfsizligi talablariga muvofiqligini mustaqil baholash tartibi (yongʻin auditi) joriy etilsin.

5. Belgilansinki:

yongʻin auditi Oʻzbekiston Respublikasi Favqulodda vaziyatlar vazirligida akkreditatsiyadan oʻtgan tashkilotlar tomonidan oʻtkaziladi hamda bino va inshootlari yongʻin xavfsizligi talablariga toʻliq muvofiq boʻlgan jismoniy va yuridik shaxslarga bir yil muddatga yongʻin auditi xulosasi beriladi;

yongʻin auditi boʻyicha ijobiy xulosasini olgan, yongʻin va boshqa xatarlardan oʻziga tegishli bino hamda inshootlarni sugʻurtalagan tadbirkorlik subyektlariga nisbatan bir yil davomida davlat yongʻin nazorati organlari tomonidan tekshiruvlar oʻtkazilmaydi.

6. Favqulodda vaziyatlar vazirligining 2023-yil 1-sentabrdan boshlab davlat yongʻin nazorati organlariga quyidagi vakolatlarni berish toʻgʻrisidagi taklifi maʼqullansin:

a) tashkiliy-huquqiy shaklidan qatʼi nazar, yuridik va jismoniy shaxslarga tegishli boʻlgan obyektlarda:

bir yilda koʻpi bilan bir martadan batafsil (dastlabki) tekshiruv va nazorat tekshiruvini oʻtkazish;

jismoniy va yuridik shaxslar murojaatlari, shuningdek, ommaviy axborot vositalari va boshqa manbalardan olingan maʼlumotlar asosida tezkor tekshiruvlar oʻtkazish;

b) bir vaqtning oʻzida 50 nafardan koʻp odam toʻplanadigan obyektlarda (bozorlar, savdo-koʻngilochar majmualari, umumiy ovqatlanish korxonalari va boshqalar) davlat yongʻin nazorati organlari tomonidan Favqulodda vaziyatlar vazirligi tasdiqlagan reja-grafik asosida har chorakda kamida bir marotaba monitoring va profilaktika tadbirlarini oʻtkazish.

7. Shunday tartib oʻrnatilsinki, unga muvofiq 2023-yil 1-noyabrdan:

a) davlat yongʻin nazorati organlarining ijobiy xulosasini olmasdan, qishloq xoʻjaligiga moʻljallanmagan yer uchastkalarini auksionga chiqarish, qurilish obyektlari loyiha-smeta hujjatlarini kelishish hamda qurilish-montaj ishlari tugallangan obyektlardan foydalanish uchun ruxsatnoma berish taqiqlanadi. Bunda:

davlat yongʻin nazorati organlari tomonidan xulosa berish muddati yetti kun etib belgilanadi;

davlat yongʻin nazorati organlariga loyiha-smeta hujjatlarini kelishish uchun mazkur hujjatlarning barcha qismlari taqdim etiladi;

b) davlat yongʻin nazorati organlari qurilish obyektlarida qurilish-montaj ishlarini amalga oshirish jarayonida shaharsozlik normalari va qoidalarining yongʻin xavfsizligi talablariga rioya etilishini nazorat qiladi;

v) aholi gavjum boʻladigan obyektlarda qonunchilikka muvofiq yongʻin xavfsizligi talablariga rioya etilishi ustidan majburiy tartibda idoraviy yongʻin nazorati oʻrnatiladi.

9. Oʻzbekiston Respublikasi Favqulodda vaziyatlar vazirligi:

2023-yil 1-noyabrga qadar tekshiruvlar jarayonlarini toʻliq raqamlashtirish va tezkor axborot almashinuvini yoʻlga qoʻyish hisobidan davlat yongʻin nazorati inspektorlarining faoliyatini takomillashtirish imkonini beruvchi “E-inspektor” apparat-dasturiy majmuasini joriy etsin;

Korrupsiyaga qarshi kurashish agentligi bilan birgalikda har yili tasdiqlanadigan dastur asosida davlat yongʻin nazorati inspektorlari faoliyatida korrupsiya holatlarining oldini olish va ularning javobgarligini kuchaytirish boʻyicha qatʼiy choralarni koʻrsin;

Vazirlikning belgilangan umumiy shtat birliklari doirasida Vazirlik markaziy apparati tuzilmasida yongʻinlarning oldini olish yoʻnalishida targʻibot ishlarini olib borishga masʼul boʻlgan maxsus tarkibiy boʻlinma tashkil qilsin.

10. Yongʻinlar profilaktikasi samaradorligini oshirish va yongʻin xavfsizligi sohasida davlat nazoratini takomillashtirish boʻyicha “yoʻl xaritasi” ilovaga muvofiq tasdiqlansin.

11. Oʻzbekiston Respublikasi Favqulodda vaziyatlar vazirligi manfaatdor vazirlik va idoralar bilan birgalikda ikki oy muddatda oʻzlari qabul qilgan normativ-huquqiy hujjatlarni ushbu qarorga muvofiqlashtirsin.

12. Mazkur qarorning bajarilishini nazorat qilish Oʻzbekiston Respublikasi favqulodda vaziyatlar vaziri A.X. Kuldashev zimmasiga yuklansin.

Vazirlar Mahkamasining 2023-yil 4-avgustdagi 332-son qaroriga ILOVA

Yongʻinlar profilaktikasi samaradorligini oshirish va yongʻin xavfsizligi sohasida davlat nazoratini takomillashtirish boʻyicha

T/r Chora-tadbirlar nomi Amalga oshirish shakli Ijro muddati Masʼul ijrochilar 1. “Yongʻindan hushyorlik” umummilliy kampaniyasini amalga oshirish boʻyicha “yoʻl xaritasi”ni tasdiqlash uchun Vazirlar Mahkamasiga kiritish. Chora-tadbirlar rejasi 2023-yil 1-sentabr Favqulodda vaziyatlar vazirligi (Kuldashev) , Qoraqalpogʻiston Respublikasi Vazirlar Kengashi, viloyatlar va Toshkent shahri hokimliklari 2. “Yongʻin xavfsizligi aʼlochisi” yillik tanlovini oʻtkazish tartibi toʻgʻrisidagi nizom loyihasini tasdiqlash uchun Vazirlar Mahkamasiga kiritish. Hukumat qarori loyihasi 2023-yil 1-oktabr Favqulodda vaziyatlar vazirligi (Kuldashev) , Iqtisodiyot va moliya vazirligi (Norqulov), Qoraqalpogʻiston Respublikasi Vazirlar Kengashi, viloyatlar va Toshkent shahri hokimliklari 3. “Yongʻin xavfsizligi aʼlochisi” yillik tanlovini oʻtkazish jarayonlarini raqamlashtirish imkoniyatiga ega axborot tizimini ishga tushirish. Amaliy chora-tadbirlar 2023-yil 1-dekabr Favqulodda vaziyatlar vazirligi (Kuldashev) , Raqamli texnologiyalar vazirligi (Pekos) 4. Jismoniy va yuridik shaxslarga tegishli boʻlgan bino va inshootlarning yongʻin xavfsizligi talablariga muvofiqligini mustaqil baholash (yongʻin auditi) oʻtkazish tartibi toʻgʻrisidagi nizom loyihasini tasdiqlash uchun Vazirlar Mahkamasiga kiritish. Hukumat qarori loyihasi 2023-yil 1-oktabr Favqulodda vaziyatlar vazirligi (Kuldashev) , Adliya vazirligi (Tashkulov) , Iqtisodiyot va moliya vazirligi (Norqulov) 5. Bir vaqtning oʻzida 50 nafardan koʻp odamlar boʻladigan obyektlarda davlat yongʻin nazorati organlari tomonidan har chorakda kamida bir marotaba profilaktika tadbirlarini oʻtkazish boʻyicha reja-grafik tasdiqlash. Chora-tadbirlar rejasi 2023-yil 1-sentabr Favqulodda vaziyatlar vazirligi (Kuldashev) 6. Quyidagilarni nazarda tutuvchi qonun loyihasini Vazirlar Mahkamasiga kiritish: tadbirkorlik subyektlariga tegishli obyektlarda oʻtkazilgan tekshirishlar natijasida aniqlangan maʼmuriy huquqbuzarliklar yuzasidan davlat yongʻin nazorati organlariga maʼmuriy jazo choralarini toʻgʻridan-toʻgʻri qoʻllash vakolatini berish; yongʻin xavfsizligi qoidalarini buzganlik uchun maʼmuriy javobgarlik choralarini kuchaytirish. Qonun loyihasi 2023-yil 1-oktabr Favqulodda vaziyatlar vazirligi (Kuldashev) 7. Davlat yongʻin nazorati organlarining ijobiy xulosasi asosida qishloq xoʻjaligiga moʻljallanmagan yer uchastkalarini auksionga chiqarish, qurilish obyektlari loyiha-smeta hujjatlarini kelishish hamda qurilish-montaj ishlari tugallangan obyektlarni foydalanish uchun ruxsatnoma berish tartibini belgilash. Bunda: davlat yongʻin nazorati organlari tomonidan xulosa berish muddati yetti kun etib belgilash; davlat yongʻin nazorati organlariga loyiha-smeta hujjatlarini kelishish uchun mazkur hujjatlarning barcha qismlari taqdim etish; davlat yongʻin nazorati organlari qurilish obyektlarida qurilish-montaj ishlarini amalga oshirish jarayonida shaharsozlik normalari va qoidalarining yongʻin xavfsizligi talablariga rioya etilishini nazorat qilishini nazarda tutish. Hukumat qarori loyihasi 2023-yil 1-oktabr Qurilish va uy-joy kommunal xoʻjaligi vazirligi (Zakirov) , Favqulodda vaziyatlar vazirligi (Kuldashev) 8. Odamlar ommaviy boʻladigan obyektlarda qonunchilikka muvofiq yongʻin xavfsizligi talablariga rioya qilinishi ustidan majburiy tartibda idoraviy yongʻin nazoratini oʻrnatish tartibini belgilash. Normativ-huquqiy hujjat loyihasi 2023-yil 1-oktabr Favqulodda vaziyatlar vazirligi (Kuldashev) 10. Davlat yongʻin nazorati inspektorlarining faoliyatiga “E-inspektor” apparat-dasturiy majmuasini joriy etish. Bunda, davlat yongʻin nazorati inspektorlarini maxsus planshetlar bilan taʼminlashni nazarda tutish. Amaliy chora-tadbirlar 2023-yil 1-noyabr Favqulodda vaziyatlar vazirligi (Kuldashev) , Raqamli texnologiyalar vazirligi (Pekos) 11. Davlat yongʻin nazorati inspektorlari faoliyatida korrupsiyaviy holatlarning oldini olish va ularning javobgarligini kuchaytirish boʻyicha qatʼiy choralarni belgilash va amalga oshirish. Chora-tadbirlar rejasi 2023-yil 1-oktabr Favqulodda vaziyatlar vazirligi (Kuldashev) , Korrupsiyaga qarshi kurashish agentligi (Burxanov) 12. Hududlarda davlat yongʻin nazoratini kuchaytirish maqsadida har bir tuman (shahar) favqulodda vaziyatlar boʻlimiga qoʻshimcha davlat yongʻin nazorati inspektori shtat birliklarini ajratish yuzasidan takliflarni Vazirlar Mahkamasiga kiritish. Tahliliy maʼlumot 2023-yil 1-sentabr Favqulodda vaziyatlar vazirligi (Kuldashev) , Iqtisodiyot va moliya vazirligi (Norqulov) 13. Yongʻinni avtomatik tarzda oʻchirish va yongʻin signalizatsiyasi qurilmalarini montaj qilish, sozlash, taʼmirlash hamda ularga texnik xizmat koʻrsatish faoliyatini litsenziyalanadigan faoliyat turiga oʻtkazish. Qonun loyihasi 2023-yil 1-dekabr Favqulodda vaziyatlar vazirligi (Kuldashev) , Adliya vazirligi (Tashkulov) 14. Shaharsozlik normalari va qoidalarida nazarda tutilgan yongʻin xavfsizligi talablarini xalqaro standartlarga muvofiqlashtirish boʻyicha dasturni Vazirlar Mahkamasiga kiritish. Chora-tadbirlar rejasi 2023-yil 1-dekabr Favqulodda vaziyatlar vazirligi (Kuldashev) , Qurilish va uy-joy kommunal xoʻjaligi vazirligi (Zakirov) 15. Ilgʻor xorijiy tajriba va xalqaro standartlar asosida yongʻinlar profilaktikasi tizimini tubdan takomillashtirish boʻyicha takliflarni Vazirlar Mahkmasiga kiritish. Normativ-huquqiy hujjat loyihasi 2023-yil 1-oktabr Favqulodda vaziyatlar vazirligi (Kuldashev) , Adliya vazirligi (Tashkulov)

Oʻzbekiston Respublikasining Bosh vaziri A. ARIPOV

Toshkent sh.,

2023-yil 4-avgust,

332-son

(Qonunchilik maʼlumotlari milliy bazasi, 04.08.2023-y., 09/23/332/0561-son; 04.03.2024-y., 07/24/108/0171-son)

lex.uz