📅 2023-yil 26-iyun · Vazirlik va idoralar hujjatlari · Kambagʻallikni qisqartirish va bandlik vaziri
Rasmiy matn. Rasmiy hujjat. Tahririy izohlar kiritilmagan.
📅 2023-yil 26-iyun · Vazirlik va idoralar hujjatlari · Kambagʻallikni qisqartirish va bandlik vaziri
Rasmiy matn. Rasmiy hujjat. Tahririy izohlar kiritilmagan.
📅 2023 йил 26 июнь · Вазирлик ва идоралар ҳужжатлари · Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазири
Расмий матн. Расмий ҳужжат. Таҳририй изоҳлар киритилмаган.
📅 26 июня 2023 г. · Документы министерств и ведомств · Министр занятости и сокращения бедности
Официальный текст. Официальный документ. Редакционные примечания не включены.
📅 26 June 2023 · Ministry and agency documents · Kambagʻallikni qisqartirish va bandlik vaziri
Official text. Official document. Editorial notes are not included.
Ўзбекистон Республикаси Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирининг
буйруғи
НАМУНАВИЙ НИЗОМ
НАМУНАВИЙ ШАКЛИ
Ишга қабул қилиш чоғида танлов ўтказиш тўғрисидаги намунавий низомни тасдиқлаш ҳақида
Ўзбекистон Республикаси Меҳнат кодексининг 123-моддасига мувофиқ буюраман:
1. Ишга қабул қилиш чоғида танлов ўтказиш тўғрисидаги намунавий низом иловага мувофиқ тасдиқлансин.
2. Мазкур буйруқ Ўзбекистон Республикаси Коррупцияга қарши курашиш агентлиги, Ўзбекистон Касаба уюшмалари Федерацияси ва Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси билан келишилган.
3. Ушбу буйруқ расмий эълон қилинган кундан эътиборан кучга киради.
Келишилди:
Ўзбекистон Республикаси камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирининг 2023 йил 26 июндаги 52-2023/Б-сон буйруғига ИЛОВА
Ишга қабул қилиш чоғида танлов ўтказиш тўғрисидаги
Мазкур Намунавий низом мулкчилик шаклидан ва идоравий мансублигидан қатъи назар, ташкилотларга (бундан буён матнда ташкилотлар деб юритилади) ишга қабул қилиш чоғида танлов ўтказиш тартибини белгилайди.
Ушбу Намунавий низом талаблари ишга қабул қилиш учун танлов ўтказиш тартиби алоҳида қонунчилик ҳужжатлари билан белгиланган ташкилотларга нисбатан татбиқ этилмайди.
1-боб. Умумий қоидалар
1. Мазкур Намунавий низомда қуйидаги асосий тушунчалардан фойдаланилади:
номзод — ташкилотдаги бўш (вакант) бўлган муайян иш ўрнини (лавозимни) эгаллаш учун танловда иштирок этиш истагини билдирган шахс;
малака талаблари — номзодларга нисбатан иш берувчи томонидан белгиланадиган, иш тажрибасига ва касбий компетенциясига доир талаблар.
2. Ишга қабул қилиш бўйича танловни ўтказиш вақтида номзодларга жинси, ёши, ирқи, миллати, тили, ижтимоий келиб чиқиши, қариндошларида судланганликнинг мавжудлиги, мулкий ҳолати ва мансаб мавқейи, яшаш жойи, динга бўлган муносабати, эътиқоди, жамоат бирлашмаларига мансублиги, шунингдек уларнинг ишчанлик сифатлари ва меҳнати натижалари билан боғлиқ бўлмаган бошқа жиҳатларига қараб меҳнат ва машғулотлар соҳасида бирор-бир тўғридан тўғри ёки билвосита чекловлар белгилаш, худди шунингдек имтиёзлар бериш камситиш деб ҳисобланади ва бунга йўл қўйилмайди.
2-боб. Ишга қабул қилиш чоғида танловни ташкил этиш ва ўтказиш
3. Иш берувчи танловни ташкилотдаги бўш (вакант) иш ўрни учун муносиб номзодларни танлаш мақсадида ташкил этади ва ўтказади.
4. Ишга қабул қилиш чоғида танловнинг ўз вақтида ва сифатли ташкил этилиши ва ўтказилишини таъминлаш учун ташкилот раҳбарининг буйруғи билан доимий фаолият юритадиган танлов комиссияси (бундан буён матнда Танлов комиссияси деб юритилади) ташкил этилади.
5. Ишга қабул қилиш чоғида танлов ташкилот тизимида мавжуд бўш (вакант) иш ўринларидан келиб чиққан ҳолда йилнинг ҳар чорагида камида бир марта ўтказилади.
6. Танлов комиссияси таркиби ташкилотнинг ходимлари орасидан камида беш кишидан иборат ва тоқ сонли таркибда шакллантирилади.
Бунда, ташкилот раҳбари ёки унинг ўринбосари Танлов комиссияси раиси ҳамда ташкилотнинг инсон ресурсларини ривожлантириш ва бошқариш бўйича таркибий бўлинмаси раҳбари ёки бунга масъул ходими Танлов комиссияси котиби ҳисобланади.
Танлов комиссияси таркибига келишув асосида тегишли соҳанинг малакали мутахассислари, фуқаролик жамияти институтлари, олий таълим ташкилотлари ёки давлат органи ва ташкилоти ҳузуридаги жамоатчилик кенгашларининг вакиллари ҳам киритилиши мумкин.
7. Танлов комиссияси унинг аъзолари умумий сонининг камида учдан икки қисми иштирок этганда ваколатли ҳисобланади. Танлов комиссиясининг қарори оддий кўпчилик овоз билан қабул қилинади ва мажлисда иштирок этган барча аъзолар томонидан тасдиқланадиган баённома билан расмийлаштирилади.
Берилган овозлар сони тенг бўлиб қолган тақдирда, Танлов комиссияси раисининг овози ҳал қилувчи ҳисобланади.
8. Танлов комиссияси таркибига номзоднинг яқин қариндоши ёки танловнинг натижасидан бевосита ёки билвосита манфаатдор бўлган ёхуд танловнинг холис ўтказилишига таъсир кўрсатадиган шахслар киритилиши мумкин эмас.
9. Танлов комиссияси қуйидаги ҳуқуқларга эга ҳисобланади:
танлов ўтказиш вақтини белгилаш;
танловнинг сифатли ўтказилишини таъминлаш мақсадида комиссия таркибига профессионал ва малакали мутахассисларни жалб қилиш;
малакали кадрларнинг танлаб олинишини таъминлаш мақсадида танлов тадбирлари ўтказилиш жараёнини назорат қилиш.
10. Танлов комиссияси қуйидагиларга мажбур ҳисобланади:
номзоднинг ҳужжатларини қабул қилиш ва уларни ўрганиб чиқиш;
номзоднинг шахсга доир маълумотларини унинг розилигисиз ошкор қилмаслик;
танловни ўтказиш вақтида номзодларга бериладиган саволларни сифатли ва бўш (вакант) иш ўрни учун белгиланган малака талабларига мувофиқ ишлаб чиқиш.
11. Танлов қуйидаги босқичлардан иборат ҳисобланади:
танловнинг ўтказилиши тўғрисида эълон бериш;
номзоднинг ҳужжатларини қабул қилиш ва уларни ўрганиб чиқиш;
номзодни тест, суҳбат ва (ёки) амалий машғулот синовларидан ўтказиш (бундан буён матнда танлов тадбирлари деб юритилади);
танлов натижаларини эълон қилиш.
12. Танлов комиссияси котиби томонидан танлов тадбирлари ўтказилишидан камида бир ой олдин ташкилотнинг расмий веб-сайтида бўш (вакант) иш ўринлари бўйича маълумотлар (бўш (вакант) иш ўрни ва унга қўйиладиган малака талаблари, лавозим мажбуриятлари, иш ҳақи) ҳамда танлов ўтказиш жойи ва кунлари, танлов тадбирларида берилиши мумкин бўлган саволларнинг намунавий рўйхати жойлаштирилади.
13. Номзодларга қулайлик яратиш мақсадида ташкилотга кириш жойларида номзодларни саралаш тартиби, уларга қўйиладиган талаблар ҳақидаги маълумотлар қайд этилган ахборот стендлари мажбурий тартибда жойлаштирилиши лозим.
14. Номзодлар Танлов комиссиясига мазкур Намунавий низомнинг иловасига мувофиқ шаклдаги ариза билан ёзма ёки электрон шаклда мурожаат қилади.
15. Танлов комиссияси томонидан номзоднинг аризаси келиб тушган кундан эътиборан беш иш куни ичида унда кўрсатилган маълумотлар ўрганиб чиқилади.
16. Номзод томонидан ариза ва маълумотлар мазкур Низомнинг иловасига мувофиқ тақдим этилмаган бўлса ёки аризада тегишли маълумотлар тўлиқ кўрсатилмаган ёхуд нотўғри кўрсатилган бўлса, Танлов комиссияси томонидан номзодга камчиликларни бартараф этиб, қайта мурожаат қилиш мумкинлиги тўғрисида ушбу ариза келиб тушган кундан эътиборан беш иш куни ичида ёзма ёки электрон шаклда маълум қилинади.
17. Танлов тадбирлари бошланишига беш иш кунидан кам муддат қолганда мурожаат қилган номзодлар ушбу танловда эмас, балки кейинги танловда иштирок этишлари мумкин бўлади.
18. Номзодга бир вақтнинг ўзида ташкилотдаги бир неча бўш (вакант) иш ўринлари учун танловда иштирок этиш ҳуқуқи берилади.
19. Танловда қатнашиш тўғрисидаги ариза билан мурожаат қилган номзодларга танлов тадбирлари бошланишидан камида бир ҳафта олдин танлов тадбирларининг бошланиш вақти ва жойи ҳақида Танлов комиссияси томонидан хабар берилади.
20. Танлов давлат тилида , шунингдек номзоднинг сўровига кўра у танлаган хорижий тилда ўтказилиши мумкин.
21. Номзоднинг бўш (вакант) иш ўрни учун белгиланган малака талабларига мувофиқлигини, шунингдек унинг иш тажрибаси ва касбий компетенциясини аниқлаш учун Танлов комиссияси томонидан тест, суҳбат ва амалий машғулот синов тадбирларининг барчаси ёки улардан бири ўтказилиши мумкин.
22. Танлов тадбирлари ўтказилаётган хонага номзодлар томонидан мобил алоқа воситаси, компьютер ёки бошқа алоқа ва телекоммуникация воситалари, китоб, луғат, шпаргалка ва бошқа материаллар олиб кириш ҳамда фойдаланиш, шунингдек бошқа номзодлар билан суҳбатлашиш тақиқланади.
Бунда, ушбу тақиқланган материалларни олиб кирган ёки фойдаланган, шунингдек танлов тадбирлари вақтида бошқа номзодлар билан суҳбатлашган номзод танлов тадбирларини ўтказиш тартибини бузган деб ҳисобланади ҳамда далолатнома асосида танлов тадбирларидан четлаштирилади.
23. Танлов тадбирларини ўтказиш вақтида номзоднинг натижалари (танлов натижалари) баллик тизимда баҳоланади.
24. Танлов тадбирлари фақат тест синовлари бўйича ўтказилган тақдирда номзоднинг натижалари 100 баллик тизимда баҳоланади. Бунда, тест саволлари 50 тани ва ҳар бир тўғри жавоб 2 баллни ташкил қилади.
25. Танлов тадбирлари фақат суҳбат шаклида ўтказилган тақдирда номзоднинг натижалари 5 баллик тизимда баҳоланади. Бунда, Танлов комиссиянинг ҳар бир аъзоси номзодни қуйидаги мезонларга асосан баҳолайди:
берилган саволларга тўлиқ ва аниқ жавоб бериши, фаолият соҳаси билан боғлиқ тизимли билимларга эга бўлиши, улардан ўз касб фаолиятида мустақил фойдаланишни билиши, ижтимоий муаммолар ва жараёнларни мустақил таҳлил қила олиши — 5 балл;
берилган саволларга аниқ, бироқ тўлиқ жавоб беролмаслиги, фаолият соҳаси билан боғлиқ билимларга эга бўлиши, улардан ўз касб фаолиятида фойдаланишни билиши, ижтимоий муаммолар ва жараёнларни таҳлил қила олиши — 4 балл;
берилган саволларга тўлиқ жавоб беролмаслиги, фаолият соҳаси билан боғлиқ билимларга етарли даражада эга бўлиши, улардан ўз касб фаолиятида фойдаланишни билиши — 3 балл;
берилган саволларга ноаниқ жавоб бериши, фаолият соҳаси билан боғлиқ билимларга эга бўлиши, улардан ўз касб фаолиятида фойдаланишни билмаслиги — 2 балл;
берилган саволларга ноаниқ жавоб бериши, фаолият соҳаси билан боғлиқ билимларга етарли даражада эга эмаслиги — 1 балл;
берилган саволларга умуман жавоб бера олмаслиги — 0 балл.
26. Танлов тадбирлари фақат амалий машғулотларни бажариш шаклида ўтказилган тақдирда номзоднинг натижалари 5 баллик тизимда баҳоланади. Бунда, Танлов комиссиясининг ҳар бир аъзоси номзодни қуйидаги мезонларга асосан баҳолайди:
машғулотни сифатли, меҳнатни муҳофаза қилиш, техника, ёнғин хавфсизлиги ва машғулотни бажаришда риоя этилиши керак бўлган бошқа қоидаларга риоя қилган ҳолда ҳамда белгиланган вақтда бажариши — 5 балл;
машғулотни сифатсиз, меҳнатни муҳофаза қилиш, техника, ёнғин хавфсизлиги ва машғулотни бажаришда риоя этилиши керак бўлган бошқа қоидаларга риоя қилган ҳолда ҳамда белгиланган вақтда бажариши — 4 балл;
машғулотни сифатсиз, меҳнатни муҳофаза қилиш, техника, ёнғин хавфсизлиги ва машғулотни бажаришда риоя этилиши керак бўлган бошқа қоидаларга риоя қилмасдан, белгиланган вақтда бажариши — 3 балл;
машғулотни сифатсиз, меҳнатни муҳофаза қилиш, техника, ёнғин хавфсизлиги ва машғулотни бажаришда риоя этилиши керак бўлган бошқа қоидаларга риоя қилмасдан ҳамда белгиланган вақтдан ўтиб бажариши — 2 балл;
машғулотни умуман бажара олмаслиги — 0 балл.
27. Танлов тест, суҳбат ва амалий машғулот синов тадбирларининг барча шаклларида ўтказилган тақдирда умумий 100 баллик тизимда баҳоланади. Бунда, тест синовларига 30 балл, суҳбат шаклига 40 балл ва амалий машғулотлар учун 30 балл бериш тавсия этилади.
28. Танловнинг ошкора ва холис ўтказилишини таъминлаш мақсадида Танлов комиссияси танлов тадбирларини онлайн режимда овозли видеотранслация қилиши керак.
29. Танлов натижасига кўра энг юқори балл тўплаган номзод танлов ғолиби ҳисобланади ва у бўш (вакант) иш ўрни мавжуд бўлган тақдирда ишга қабул қилинади.
30. Танлов ғолиби ўз аризасига кўра меҳнат шартномаси ни тузишдан бош тортган тақдирда, Танлов комиссияси қарорига асосан энг юқори баллдан кейинги ўринни эгаллаган номзод танлов ғолиби деб топилади.
31. Танлов натижалари у ўтказилган куннинг ўзида эълон қилинади ва Танлов комиссиясининг барча аъзолари томонидан имзоланадиган, комиссия раиси томонидан тасдиқланадиган баённомада қайд этилади.
Бунда, баённомада қуйидагилар кўрсатилади:
баённома рақами ва қабул қилинган санаси;
танловда иштирок этган комиссия аъзолари рўйхати;
номзодга тушган саволлар ва уларга берилган жавобларнинг мазмуни;
танлов натижалари;
танловда ғолиб деб топилган, шунингдек танловдан ўта олмаган номзодлар рўйхати;
комиссия қарори устидан шикоят қилиш тартиби.
32. Танловда ғолиб бўлмаган номзодлар бўш (вакант) иш ўрни учун кейинги танловда номзод сифатида иштирок этиши мумкин.
3-боб. Номзодларнинг апелляция шикоятларини кўриб чиқиш
33. Номзодларнинг апелляция шикоятларини кўриб чиқиш учун ташкилот раҳбарининг буйруғи билан ташкилотнинг камида беш нафар мутахассисларидан иборат таркибда Апелляция комиссияси ташкил этилади.
Бунда, Апелляция комиссияси таркибига бошқа давлат органлари ва ташкилотларидан ҳам мутахассислар келишув асосида жалб этилиши мумкин.
Танлов тадбирларини ўтказишга масъул бўлган шахсларнинг Апелляция комиссияси таркибига киритилишига йўл қўйилмайди.
34. Танлов комиссияси қароридан норози бўлган номзодлар танлов натижалари эълон қилинган кундан бошлаб бир ой ичида Апелляция комиссиясига ёзма ёки электрон шаклда апелляция шикояти беришлари мумкин.
Бунда, Апелляция комиссияси апелляция шикояти билан мурожаат қилган номзодни шикоят кўриб чиқилишидан икки кун олдин уни кўриб чиқиш вақти ва жойи ҳақида огоҳлантиради.
35. Апелляция комиссияси апелляция шикоятини, у келиб тушган кундан бошлаб беш кун муддат ичида кўриб чиқади. Бунда, апелляция шикояти билан мурожаат қилган номзод мазкур шикоятни кўриб чиқишда иштирок этиш ҳуқуқига эга.
36. Апелляция комиссияси унда аъзоларнинг камида учдан икки қисми иштирок этганда ваколатли ҳисобланади. Апелляция комиссиясининг қарори оддий кўпчилик овоз билан қабул қилинади ва мажлисда иштирок этган барча аъзолар томонидан тасдиқланадиган баённома билан расмийлаштирилади.
Берилган овозлар сони тенг бўлиб қолган тақдирда, Апелляция комиссияси раисининг овози ҳал қилувчи ҳисобланади.
37. Апелляция комиссияси танлов жараёнида номзоднинг берган жавоблари ва бажарган амалий машғулотларини улар акс этган видеотасвирларни кўриш орқали текширувдан ўтказади. Апелляция комиссияси томонидан апелляция шикоятини кўриб чиқиш давомида номзодга уни қайта баҳолашга қаратилган саволлар берилишига йўл қўйилмайди.
38. Шикоятни кўриб чиқиш натижалари бўйича Апелляция комиссияси томонидан қуйидаги қарорлардан бири қабул қилинади:
танлов натижаларини ўзгаришсиз қолдириш;
танлов натижаларига ўзгартириш киритиш ва номзод танловни муваффақиятли топширган деб топиш.
Апелляция шикоятини кўришда номзоднинг танловда олган натижасини пасайтиришга йўл қўйилмайди.
39. Апелляция комиссияси апелляция шикояти билан мурожаат қилган номзодга ўз қарорини у қабул қилинган куннинг ўзида маълум қилиши керак.
40. Апелляция комиссиясининг танлов натижаларига ўзгартириш киритиш ва номзод танловни муваффақиятли топширган деб топиш тўғрисидаги қарори асосида у бўш (вакант) иш ўрни учун ишга тавсия этилган деб ҳисобланади.
41. Апелляция комиссияси қарори устидан номзод юқори турувчи органга ёки судга шикоят қилиши мумкин.
4-боб. Якуний қоида
42. Ушбу Намунавий низом талаблари бузилишида айбдор бўлган шахслар қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда жавоб берадилар.
Ишга қабул қилиш чоғида танлов ўтказиш тўғрисидаги намунавий низомга ИЛОВА
Ишга қабул қилиш бўйича танловни ўтказишда ташкилотга номзод томонидан тақдим этиладиган аризанинг
Танлов комиссиясига 1. Ариза берувчи номзоднинг Ф.И.О: 2. Яшаш манзили (республика, вилоят, шаҳар, туман, қишлоқ, овул, кўча хонадон рақами) тўлиқ кўрсатилади): 3. ЖШИР рақами: 4. Паспорт ёки ИД-карта маълумотлари: (серияси, рақами, ким томонидан ва қачон берилган) 5. Боғланиш учун телефон: 6. Маълумоти: (умумий ўрта, ўрта махсус, профессионал ва олий) 7. Тугатган таълим ташкилотининг номи: 8. Диплом (шаҳодатнома) бўйича мутахассислиги, унинг серияси, рақами, берилган санаси ва берган таълим ташкилотининг номи: 9. Малака оширганлик тўғрисидаги маълумотлар (қачон ва қайси ташкилот томонидан берилгани, серияси ва рақами, қайси мавзу бўйича малака оширганлиги) (агар мавжуд бўлса): 10. Малака тоифасига эга эканлиги тўғрисидаги маълумотлар (қачон ва қайси ташкилот томонидан берилгани, серияси ва рақами, қайси ихтисослик бўйича тоифа берилгани) (агар мавжуд бўлса): 11. Умумий иш стажи (агар мавжуд бўлса), шундан бўш (вакант) иш ўрни учун талаб этиладиган мутахассислик бўйича: 12. Ариза тўлдирилган сана: 13. Шахсга доир маълумотлардан фойдаланишга розилиги (ариза берувчи шахснинг имзоси):
Вазир Б. МУСАЕВ
Ўзбекистон Касаба уюшмалари Федерацияси раиси К. РАФИКОВ
Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси Раиси Д. ВАХАБОВ
Коррупцияга қарши курашиш агентлиги директори А. БУРХАНОВ
Тошкент ш.,
2023 йил 26 июнь,
2023 йил 7 июнь
2023 йил 9 июнь
2023 йил 26 июнь
52-2023/Б-сон
Oʻzbekiston Respublikasi Kambagʻallikni qisqartirish va bandlik vazirining
buyrugʻi
NAMUNAVIY NIZOM
NAMUNAVIY SHAKLI
Ishga qabul qilish chogʻida tanlov oʻtkazish toʻgʻrisidagi namunaviy nizomni tasdiqlash haqida
Oʻzbekiston Respublikasi Mehnat kodeksining 123-moddasiga muvofiq buyuraman:
1. Ishga qabul qilish chogʻida tanlov oʻtkazish toʻgʻrisidagi namunaviy nizom ilovaga muvofiq tasdiqlansin.
2. Mazkur buyruq Oʻzbekiston Respublikasi Korrupsiyaga qarshi kurashish agentligi, Oʻzbekiston Kasaba uyushmalari Federatsiyasi va Oʻzbekiston Savdo-sanoat palatasi bilan kelishilgan.
3. Ushbu buyruq rasmiy eʼlon qilingan kundan eʼtiboran kuchga kiradi.
Kelishildi:
Oʻzbekiston Respublikasi kambagʻallikni qisqartirish va bandlik vazirining 2023-yil 26-iyundagi 52-2023/B-son buyrugʻiga ILOVA
Ishga qabul qilish chogʻida tanlov oʻtkazish toʻgʻrisidagi
Mazkur Namunaviy nizom mulkchilik shaklidan va idoraviy mansubligidan qatʼi nazar, tashkilotlarga (bundan buyon matnda tashkilotlar deb yuritiladi) ishga qabul qilish chogʻida tanlov oʻtkazish tartibini belgilaydi.
Ushbu Namunaviy nizom talablari ishga qabul qilish uchun tanlov oʻtkazish tartibi alohida qonunchilik hujjatlari bilan belgilangan tashkilotlarga nisbatan tatbiq etilmaydi.
1-bob. Umumiy qoidalar
1. Mazkur Namunaviy nizomda quyidagi asosiy tushunchalardan foydalaniladi:
nomzod — tashkilotdagi boʻsh (vakant) boʻlgan muayyan ish oʻrnini (lavozimni) egallash uchun tanlovda ishtirok etish istagini bildirgan shaxs;
malaka talablari — nomzodlarga nisbatan ish beruvchi tomonidan belgilanadigan, ish tajribasiga va kasbiy kompetensiyasiga doir talablar.
2. Ishga qabul qilish boʻyicha tanlovni oʻtkazish vaqtida nomzodlarga jinsi, yoshi, irqi, millati, tili, ijtimoiy kelib chiqishi, qarindoshlarida sudlanganlikning mavjudligi, mulkiy holati va mansab mavqeyi, yashash joyi, dinga boʻlgan munosabati, eʼtiqodi, jamoat birlashmalariga mansubligi, shuningdek ularning ishchanlik sifatlari va mehnati natijalari bilan bogʻliq boʻlmagan boshqa jihatlariga qarab mehnat va mashgʻulotlar sohasida biror-bir toʻgʻridan toʻgʻri yoki bilvosita cheklovlar belgilash, xuddi shuningdek imtiyozlar berish kamsitish deb hisoblanadi va bunga yoʻl qoʻyilmaydi.
2-bob. Ishga qabul qilish chogʻida tanlovni tashkil etish va oʻtkazish
3. Ish beruvchi tanlovni tashkilotdagi boʻsh (vakant) ish oʻrni uchun munosib nomzodlarni tanlash maqsadida tashkil etadi va oʻtkazadi.
4. Ishga qabul qilish chogʻida tanlovning oʻz vaqtida va sifatli tashkil etilishi va oʻtkazilishini taʼminlash uchun tashkilot rahbarining buyrugʻi bilan doimiy faoliyat yuritadigan tanlov komissiyasi (bundan buyon matnda Tanlov komissiyasi deb yuritiladi) tashkil etiladi.
5. Ishga qabul qilish chogʻida tanlov tashkilot tizimida mavjud boʻsh (vakant) ish oʻrinlaridan kelib chiqqan holda yilning har choragida kamida bir marta oʻtkaziladi.
6. Tanlov komissiyasi tarkibi tashkilotning xodimlari orasidan kamida besh kishidan iborat va toq sonli tarkibda shakllantiriladi.
Bunda, tashkilot rahbari yoki uning oʻrinbosari Tanlov komissiyasi raisi hamda tashkilotning inson resurslarini rivojlantirish va boshqarish boʻyicha tarkibiy boʻlinmasi rahbari yoki bunga masʼul xodimi Tanlov komissiyasi kotibi hisoblanadi.
Tanlov komissiyasi tarkibiga kelishuv asosida tegishli sohaning malakali mutaxassislari, fuqarolik jamiyati institutlari, oliy taʼlim tashkilotlari yoki davlat organi va tashkiloti huzuridagi jamoatchilik kengashlarining vakillari ham kiritilishi mumkin.
7. Tanlov komissiyasi uning aʼzolari umumiy sonining kamida uchdan ikki qismi ishtirok etganda vakolatli hisoblanadi. Tanlov komissiyasining qarori oddiy koʻpchilik ovoz bilan qabul qilinadi va majlisda ishtirok etgan barcha aʼzolar tomonidan tasdiqlanadigan bayonnoma bilan rasmiylashtiriladi.
Berilgan ovozlar soni teng boʻlib qolgan taqdirda, Tanlov komissiyasi raisining ovozi hal qiluvchi hisoblanadi.
8. Tanlov komissiyasi tarkibiga nomzodning yaqin qarindoshi yoki tanlovning natijasidan bevosita yoki bilvosita manfaatdor boʻlgan yoxud tanlovning xolis oʻtkazilishiga taʼsir koʻrsatadigan shaxslar kiritilishi mumkin emas.
9. Tanlov komissiyasi quyidagi huquqlarga ega hisoblanadi:
tanlov oʻtkazish vaqtini belgilash;
tanlovning sifatli oʻtkazilishini taʼminlash maqsadida komissiya tarkibiga professional va malakali mutaxassislarni jalb qilish;
malakali kadrlarning tanlab olinishini taʼminlash maqsadida tanlov tadbirlari oʻtkazilish jarayonini nazorat qilish.
10. Tanlov komissiyasi quyidagilarga majbur hisoblanadi:
nomzodning hujjatlarini qabul qilish va ularni oʻrganib chiqish;
nomzodning shaxsga doir maʼlumotlarini uning roziligisiz oshkor qilmaslik;
tanlovni oʻtkazish vaqtida nomzodlarga beriladigan savollarni sifatli va boʻsh (vakant) ish oʻrni uchun belgilangan malaka talablariga muvofiq ishlab chiqish.
11. Tanlov quyidagi bosqichlardan iborat hisoblanadi:
tanlovning oʻtkazilishi toʻgʻrisida eʼlon berish;
nomzodning hujjatlarini qabul qilish va ularni oʻrganib chiqish;
nomzodni test, suhbat va (yoki) amaliy mashgʻulot sinovlaridan oʻtkazish (bundan buyon matnda tanlov tadbirlari deb yuritiladi);
tanlov natijalarini eʼlon qilish.
12. Tanlov komissiyasi kotibi tomonidan tanlov tadbirlari oʻtkazilishidan kamida bir oy oldin tashkilotning rasmiy veb-saytida boʻsh (vakant) ish oʻrinlari boʻyicha maʼlumotlar (boʻsh (vakant) ish oʻrni va unga qoʻyiladigan malaka talablari, lavozim majburiyatlari, ish haqi) hamda tanlov oʻtkazish joyi va kunlari, tanlov tadbirlarida berilishi mumkin boʻlgan savollarning namunaviy roʻyxati joylashtiriladi.
13. Nomzodlarga qulaylik yaratish maqsadida tashkilotga kirish joylarida nomzodlarni saralash tartibi, ularga qoʻyiladigan talablar haqidagi maʼlumotlar qayd etilgan axborot stendlari majburiy tartibda joylashtirilishi lozim.
14. Nomzodlar Tanlov komissiyasiga mazkur Namunaviy nizomning ilovasiga muvofiq shakldagi ariza bilan yozma yoki elektron shaklda murojaat qiladi.
15. Tanlov komissiyasi tomonidan nomzodning arizasi kelib tushgan kundan eʼtiboran besh ish kuni ichida unda koʻrsatilgan maʼlumotlar oʻrganib chiqiladi.
16. Nomzod tomonidan ariza va maʼlumotlar mazkur Nizomning ilovasiga muvofiq taqdim etilmagan boʻlsa yoki arizada tegishli maʼlumotlar toʻliq koʻrsatilmagan yoxud notoʻgʻri koʻrsatilgan boʻlsa, Tanlov komissiyasi tomonidan nomzodga kamchiliklarni bartaraf etib, qayta murojaat qilish mumkinligi toʻgʻrisida ushbu ariza kelib tushgan kundan eʼtiboran besh ish kuni ichida yozma yoki elektron shaklda maʼlum qilinadi.
17. Tanlov tadbirlari boshlanishiga besh ish kunidan kam muddat qolganda murojaat qilgan nomzodlar ushbu tanlovda emas, balki keyingi tanlovda ishtirok etishlari mumkin boʻladi.
18. Nomzodga bir vaqtning oʻzida tashkilotdagi bir necha boʻsh (vakant) ish oʻrinlari uchun tanlovda ishtirok etish huquqi beriladi.
19. Tanlovda qatnashish toʻgʻrisidagi ariza bilan murojaat qilgan nomzodlarga tanlov tadbirlari boshlanishidan kamida bir hafta oldin tanlov tadbirlarining boshlanish vaqti va joyi haqida Tanlov komissiyasi tomonidan xabar beriladi.
20. Tanlov davlat tilida , shuningdek nomzodning soʻroviga koʻra u tanlagan xorijiy tilda oʻtkazilishi mumkin.
21. Nomzodning boʻsh (vakant) ish oʻrni uchun belgilangan malaka talablariga muvofiqligini, shuningdek uning ish tajribasi va kasbiy kompetensiyasini aniqlash uchun Tanlov komissiyasi tomonidan test, suhbat va amaliy mashgʻulot sinov tadbirlarining barchasi yoki ulardan biri oʻtkazilishi mumkin.
22. Tanlov tadbirlari oʻtkazilayotgan xonaga nomzodlar tomonidan mobil aloqa vositasi, kompyuter yoki boshqa aloqa va telekommunikatsiya vositalari, kitob, lugʻat, shpargalka va boshqa materiallar olib kirish hamda foydalanish, shuningdek boshqa nomzodlar bilan suhbatlashish taqiqlanadi.
Bunda, ushbu taqiqlangan materiallarni olib kirgan yoki foydalangan, shuningdek tanlov tadbirlari vaqtida boshqa nomzodlar bilan suhbatlashgan nomzod tanlov tadbirlarini oʻtkazish tartibini buzgan deb hisoblanadi hamda dalolatnoma asosida tanlov tadbirlaridan chetlashtiriladi.
23. Tanlov tadbirlarini oʻtkazish vaqtida nomzodning natijalari (tanlov natijalari) ballik tizimda baholanadi.
24. Tanlov tadbirlari faqat test sinovlari boʻyicha oʻtkazilgan taqdirda nomzodning natijalari 100 ballik tizimda baholanadi. Bunda, test savollari 50 tani va har bir toʻgʻri javob 2 ballni tashkil qiladi.
25. Tanlov tadbirlari faqat suhbat shaklida oʻtkazilgan taqdirda nomzodning natijalari 5 ballik tizimda baholanadi. Bunda, Tanlov komissiyaning har bir aʼzosi nomzodni quyidagi mezonlarga asosan baholaydi:
berilgan savollarga toʻliq va aniq javob berishi, faoliyat sohasi bilan bogʻliq tizimli bilimlarga ega boʻlishi, ulardan oʻz kasb faoliyatida mustaqil foydalanishni bilishi, ijtimoiy muammolar va jarayonlarni mustaqil tahlil qila olishi — 5 ball;
berilgan savollarga aniq, biroq toʻliq javob berolmasligi, faoliyat sohasi bilan bogʻliq bilimlarga ega boʻlishi, ulardan oʻz kasb faoliyatida foydalanishni bilishi, ijtimoiy muammolar va jarayonlarni tahlil qila olishi — 4 ball;
berilgan savollarga toʻliq javob berolmasligi, faoliyat sohasi bilan bogʻliq bilimlarga yetarli darajada ega boʻlishi, ulardan oʻz kasb faoliyatida foydalanishni bilishi — 3 ball;
berilgan savollarga noaniq javob berishi, faoliyat sohasi bilan bogʻliq bilimlarga ega boʻlishi, ulardan oʻz kasb faoliyatida foydalanishni bilmasligi — 2 ball;
berilgan savollarga noaniq javob berishi, faoliyat sohasi bilan bogʻliq bilimlarga yetarli darajada ega emasligi — 1 ball;
berilgan savollarga umuman javob bera olmasligi — 0 ball.
26. Tanlov tadbirlari faqat amaliy mashgʻulotlarni bajarish shaklida oʻtkazilgan taqdirda nomzodning natijalari 5 ballik tizimda baholanadi. Bunda, Tanlov komissiyasining har bir aʼzosi nomzodni quyidagi mezonlarga asosan baholaydi:
mashgʻulotni sifatli, mehnatni muhofaza qilish, texnika, yongʻin xavfsizligi va mashgʻulotni bajarishda rioya etilishi kerak boʻlgan boshqa qoidalarga rioya qilgan holda hamda belgilangan vaqtda bajarishi — 5 ball;
mashgʻulotni sifatsiz, mehnatni muhofaza qilish, texnika, yongʻin xavfsizligi va mashgʻulotni bajarishda rioya etilishi kerak boʻlgan boshqa qoidalarga rioya qilgan holda hamda belgilangan vaqtda bajarishi — 4 ball;
mashgʻulotni sifatsiz, mehnatni muhofaza qilish, texnika, yongʻin xavfsizligi va mashgʻulotni bajarishda rioya etilishi kerak boʻlgan boshqa qoidalarga rioya qilmasdan, belgilangan vaqtda bajarishi — 3 ball;
mashgʻulotni sifatsiz, mehnatni muhofaza qilish, texnika, yongʻin xavfsizligi va mashgʻulotni bajarishda rioya etilishi kerak boʻlgan boshqa qoidalarga rioya qilmasdan hamda belgilangan vaqtdan oʻtib bajarishi — 2 ball;
mashgʻulotni umuman bajara olmasligi — 0 ball.
27. Tanlov test, suhbat va amaliy mashgʻulot sinov tadbirlarining barcha shakllarida oʻtkazilgan taqdirda umumiy 100 ballik tizimda baholanadi. Bunda, test sinovlariga 30 ball, suhbat shakliga 40 ball va amaliy mashgʻulotlar uchun 30 ball berish tavsiya etiladi.
28. Tanlovning oshkora va xolis oʻtkazilishini taʼminlash maqsadida Tanlov komissiyasi tanlov tadbirlarini onlayn rejimda ovozli videotranslatsiya qilishi kerak.
29. Tanlov natijasiga koʻra eng yuqori ball toʻplagan nomzod tanlov gʻolibi hisoblanadi va u boʻsh (vakant) ish oʻrni mavjud boʻlgan taqdirda ishga qabul qilinadi.
30. Tanlov gʻolibi oʻz arizasiga koʻra mehnat shartnomasi ni tuzishdan bosh tortgan taqdirda, Tanlov komissiyasi qaroriga asosan eng yuqori balldan keyingi oʻrinni egallagan nomzod tanlov gʻolibi deb topiladi.
31. Tanlov natijalari u oʻtkazilgan kunning oʻzida eʼlon qilinadi va Tanlov komissiyasining barcha aʼzolari tomonidan imzolanadigan, komissiya raisi tomonidan tasdiqlanadigan bayonnomada qayd etiladi.
Bunda, bayonnomada quyidagilar koʻrsatiladi:
bayonnoma raqami va qabul qilingan sanasi;
tanlovda ishtirok etgan komissiya aʼzolari roʻyxati;
nomzodga tushgan savollar va ularga berilgan javoblarning mazmuni;
tanlov natijalari;
tanlovda gʻolib deb topilgan, shuningdek tanlovdan oʻta olmagan nomzodlar roʻyxati;
komissiya qarori ustidan shikoyat qilish tartibi.
32. Tanlovda gʻolib boʻlmagan nomzodlar boʻsh (vakant) ish oʻrni uchun keyingi tanlovda nomzod sifatida ishtirok etishi mumkin.
3-bob. Nomzodlarning apellyatsiya shikoyatlarini koʻrib chiqish
33. Nomzodlarning apellyatsiya shikoyatlarini koʻrib chiqish uchun tashkilot rahbarining buyrugʻi bilan tashkilotning kamida besh nafar mutaxassislaridan iborat tarkibda Apellyatsiya komissiyasi tashkil etiladi.
Bunda, Apellyatsiya komissiyasi tarkibiga boshqa davlat organlari va tashkilotlaridan ham mutaxassislar kelishuv asosida jalb etilishi mumkin.
Tanlov tadbirlarini oʻtkazishga masʼul boʻlgan shaxslarning Apellyatsiya komissiyasi tarkibiga kiritilishiga yoʻl qoʻyilmaydi.
34. Tanlov komissiyasi qaroridan norozi boʻlgan nomzodlar tanlov natijalari eʼlon qilingan kundan boshlab bir oy ichida Apellyatsiya komissiyasiga yozma yoki elektron shaklda apellyatsiya shikoyati berishlari mumkin.
Bunda, Apellyatsiya komissiyasi apellyatsiya shikoyati bilan murojaat qilgan nomzodni shikoyat koʻrib chiqilishidan ikki kun oldin uni koʻrib chiqish vaqti va joyi haqida ogohlantiradi.
35. Apellyatsiya komissiyasi apellyatsiya shikoyatini, u kelib tushgan kundan boshlab besh kun muddat ichida koʻrib chiqadi. Bunda, apellyatsiya shikoyati bilan murojaat qilgan nomzod mazkur shikoyatni koʻrib chiqishda ishtirok etish huquqiga ega.
36. Apellyatsiya komissiyasi unda aʼzolarning kamida uchdan ikki qismi ishtirok etganda vakolatli hisoblanadi. Apellyatsiya komissiyasining qarori oddiy koʻpchilik ovoz bilan qabul qilinadi va majlisda ishtirok etgan barcha aʼzolar tomonidan tasdiqlanadigan bayonnoma bilan rasmiylashtiriladi.
Berilgan ovozlar soni teng boʻlib qolgan taqdirda, Apellyatsiya komissiyasi raisining ovozi hal qiluvchi hisoblanadi.
37. Apellyatsiya komissiyasi tanlov jarayonida nomzodning bergan javoblari va bajargan amaliy mashgʻulotlarini ular aks etgan videotasvirlarni koʻrish orqali tekshiruvdan oʻtkazadi. Apellyatsiya komissiyasi tomonidan apellyatsiya shikoyatini koʻrib chiqish davomida nomzodga uni qayta baholashga qaratilgan savollar berilishiga yoʻl qoʻyilmaydi.
38. Shikoyatni koʻrib chiqish natijalari boʻyicha Apellyatsiya komissiyasi tomonidan quyidagi qarorlardan biri qabul qilinadi:
tanlov natijalarini oʻzgarishsiz qoldirish;
tanlov natijalariga oʻzgartirish kiritish va nomzod tanlovni muvaffaqiyatli topshirgan deb topish.
Apellyatsiya shikoyatini koʻrishda nomzodning tanlovda olgan natijasini pasaytirishga yoʻl qoʻyilmaydi.
39. Apellyatsiya komissiyasi apellyatsiya shikoyati bilan murojaat qilgan nomzodga oʻz qarorini u qabul qilingan kunning oʻzida maʼlum qilishi kerak.
40. Apellyatsiya komissiyasining tanlov natijalariga oʻzgartirish kiritish va nomzod tanlovni muvaffaqiyatli topshirgan deb topish toʻgʻrisidagi qarori asosida u boʻsh (vakant) ish oʻrni uchun ishga tavsiya etilgan deb hisoblanadi.
41. Apellyatsiya komissiyasi qarori ustidan nomzod yuqori turuvchi organga yoki sudga shikoyat qilishi mumkin.
4-bob. Yakuniy qoida
42. Ushbu Namunaviy nizom talablari buzilishida aybdor boʻlgan shaxslar qonunchilik hujjatlarida belgilangan tartibda javob beradilar.
Ishga qabul qilish chogʻida tanlov oʻtkazish toʻgʻrisidagi namunaviy nizomga ILOVA
Ishga qabul qilish boʻyicha tanlovni oʻtkazishda tashkilotga nomzod tomonidan taqdim etiladigan arizaning
Tanlov komissiyasiga 1. Ariza beruvchi nomzodning F.I.O: 2. Yashash manzili (respublika, viloyat, shahar, tuman, qishloq, ovul, koʻcha xonadon raqami) toʻliq koʻrsatiladi): 3. JSHIR raqami: 4. Pasport yoki ID-karta maʼlumotlari: (seriyasi, raqami, kim tomonidan va qachon berilgan) 5. Bogʻlanish uchun telefon: 6. Maʼlumoti: (umumiy oʻrta, oʻrta maxsus, professional va oliy) 7. Tugatgan taʼlim tashkilotining nomi: 8. Diplom (shahodatnoma) boʻyicha mutaxassisligi, uning seriyasi, raqami, berilgan sanasi va bergan taʼlim tashkilotining nomi: 9. Malaka oshirganlik toʻgʻrisidagi maʼlumotlar (qachon va qaysi tashkilot tomonidan berilgani, seriyasi va raqami, qaysi mavzu boʻyicha malaka oshirganligi) (agar mavjud boʻlsa): 10. Malaka toifasiga ega ekanligi toʻgʻrisidagi maʼlumotlar (qachon va qaysi tashkilot tomonidan berilgani, seriyasi va raqami, qaysi ixtisoslik boʻyicha toifa berilgani) (agar mavjud boʻlsa): 11. Umumiy ish staji (agar mavjud boʻlsa), shundan boʻsh (vakant) ish oʻrni uchun talab etiladigan mutaxassislik boʻyicha: 12. Ariza toʻldirilgan sana: 13. Shaxsga doir maʼlumotlardan foydalanishga roziligi (ariza beruvchi shaxsning imzosi):
Vazir B. MUSAYEV
Oʻzbekiston Kasaba uyushmalari Federatsiyasi raisi K. RAFIKOV
Oʻzbekiston Savdo-sanoat palatasi Raisi D. VAXABOV
Korrupsiyaga qarshi kurashish agentligi direktori A. BURXANOV
Toshkent sh.,
2023-yil 26-iyun,
2023-yil 7-iyun
2023-yil 9-iyun
2023-yil 26-iyun
52-2023/B-son