UzbekAI

← Qonunlar

📅 2023-yil 14-avgust · Vazirlar Mahkamasi qarorlari

Rasmiy matn. Rasmiy hujjat. Tahririy izohlar kiritilmagan.

Yordam | Arxiv | Atamalar | Statistika | API | Havola yuborish | Sayt haqida | Shartlar

← Қонунлар

📅 2023 йил 14 август · Вазирлар Маҳкамаси қарорлари

Расмий матн. Расмий ҳужжат. Таҳририй изоҳлар киритилмаган.

Ёрдам | Архив | Атамалар | Статистика | API | Ҳавола юбориш | Сайт ҳақида | Шартлар

← Законы

📅 14 августа 2023 г. · Постановления Кабинета Министров

Официальный текст. Официальный документ. Редакционные примечания не включены.

Помощь | Архив | Термины | Статистика | API | Предложить ссылку | О сайте | Условия

← Laws

📅 14 August 2023 · Cabinet of Ministers resolutions

Official text. Official document. Editorial notes are not included.

Help | Archive | Glossary | Stats | API | Submit | About | Terms

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг

қарори

Қашқадарё вилоятининг Касби туманида қишлоқ хўжалигида сув ҳисобини юритиш тизимини рақамлаштириш чора-тадбирлари тўғрисида

Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Сув ресурсларидан фойдаланиш самарадорлигини ошириш бўйича кечиктириб бўлмайдиган чора-тадбирлар тўғрисида» 2023 йил 1 апрелдаги ПҚ-107-сон қарори ижросини таъминлаш, шунингдек, қишлоқ хўжалиги ерларини суғоришда фойдаланилган сув ресурсларини автоматлаштирилган ахборот тизими орқали ҳисобга олиш ва сувдан оқилона фойдаланиш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:

1. Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Сув ресурсларидан фойдаланиш самарадорлигини ошириш бўйича кечиктириб бўлмайдиган чора тадбирлар тўғрисида» 2023 йил 1 апрелдаги ПҚ-107-сон қарори 5-бандида 2028 йил 1 мартга қадар Қашқадарё вилоятининг Касби туманидаги барча сув кириш нуқталари бошқарувини рақамлаштириш ва сувни фойдаланувчиларга етказиб бериш бўйича тажриба-синов лойиҳаси (кейинги ўринларда — лойиҳа) амалга оширилиши белгиланганлиги маълумот учун қабул қилинсин.

2. Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт ва молия вазирлиги, Сув хўжалиги вазирлиги ҳамда Қашқадарё вилояти ҳокимлигининг Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Солиқ қўмитаси тизимида Қашқадарё вилоятининг Касби туманида сув кириш нуқталари бошқарувини рақамлаштириш ва сувни фойдаланувчиларга етказиб бериш бўйича тажриба-синов лойиҳасини амалга ошириш гуруҳини (кейинги ўринларда — лойиҳа гуруҳи) ташкил этиш тўғрисидаги таклифи маъқуллансин.

3. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Солиқ қўмитаси (кейинги ўринларда — Солиқ қўмитаси):

а) икки ҳафта муддатда Қашқадарё вилояти ҳокимлиги билан биргаликда лойиҳа гуруҳи фаолиятини йўлга қўйиш, шу жумладан, уни Касби тумани солиқ инспекцияси маъмурий биносида жойлаштириш, малакали мутахассисларни жалб этиш, белгиланган лимит доирасида хизмат автомобили, телефон ва интернет алоқаси билан таъминлаш, заруратга кўра мутахассислар учун вақтинча яшаш шароитларини яратиш чораларини кўрсин;

б) 2026 йил 1 июлга қадар қуйидагиларни назарда тутадиган Лойиҳа гуруҳи тўғрисидаги низомни тасдиқласин:

лойиҳа гуруҳининг вазифалари ва функциялари, шунингдек, унинг фаолиятини доимий равишда мувофиқлаштириб бориш;

Касби туманидаги сув кириш ва чиқиш нуқталари ҳамда қишлоқ хўжалиги корхоналарининг сув олиш жойларини тўлиқ рақамлаштириш;

Ўзбекистон Республикаси Сув хўжалиги вазирлиги томонидан ўтказилган хатлов маълумотлари асосида сув олиш жойларида гидроиншоотлар қурилишини, ўрнатиладиган рақамли қурилмалар ва бажариладиган иш ҳажмларини аниқлаш;

лойиҳа-смета ҳужжатларини ишлаб чиқиш ҳамда зарур маблағларни ажратиш юзасидан Солиқ қўмитасига таклифлар киритиш;

ажратилган маблағлардан мақсадли фойдаланиш юзасидан доимий равишда мониторинг олиб бориш ва бошқалар;

в) 2026 йил 1 октябрга қадар маҳаллий ҳамда хорижий ишлаб чиқарувчилардан лойиҳани амалга ошириш учун зарур бўлган қурилмалар ва уларнинг эҳтиёт қисмларини харид қилиш, ўрнатиш ҳамда уларга сервис хизматларини кўрсатиш учун бош лойиҳа ва бош пудрат ташкилоти Ўзбекистон Республикасининг «Давлат харидлари тўғрисида»ги Қонуни талабларига мувофиқ танлов (тендер) орқали аниқланиши ва шартномалар тузилишини таъминласин.

4. Белгилансинки:

лойиҳа гуруҳи аъзоларининг таркиби солиқ органларининг умумий штат бирликлари доирасида ҳамда фуқаролик-ҳуқуқий тусдаги шартнома асосида жалб этиш орқали шакллантирилади;

лойиҳани амалга ошириш билан боғлиқ барча харажатлар, шу жумладан, лойиҳа гуруҳини сақлаш харажатлари Солиқ қўмитасининг бюджетдан ташқари жамғармаси ҳисобидан молиялаштирилади;

лойиҳа гуруҳини сақлаб туриш, фуқаролик-ҳуқуқий тусдаги шартномалар асосида ишга жалб этиладиган ходимларга иш ҳақи ва унга қўшимча тўловлар, шунингдек, лойиҳа гуруҳи ходимларига қўшимча тўловлар миқдорларини белгилаш харажатлари Солиқ қўмитаси раиси томонидан белгиланади;

лойиҳани амалга ошириш якунларига кўра сув кириш ва чиқиш нуқталарида ўрнатилган қурилмалар тегишлилиги бўйича сув хўжалиги ташкилотларига ўтказилади.

5. Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт ва молия вазирлиги, Сув хўжалиги вазирлиги ҳамда Солиқ қўмитасининг лойиҳанинг дастлабки қийматини 71 млрд сўм миқдорида белгилаш ҳамда унга белгиланган тартибда ўтказиладиган танлов (тендер) савдолари якунидан келиб чиқиб, аниқлик киритиш тўғрисидаги таклифига розилик берилсин.

Бунда Касби тумани қишлоқ хўжалигида сув ҳисобини юритиш тизимини рақамлаштириш мақсадида ҳар бир сув кириш ва чиқиш нуқталари сув ҳисобини реал вақт режимида аниқлаб берадиган қурилмалар билан жиҳозланиши инобатга олинсин.

6. Ўзбекистон Республикаси Сув хўжалиги вазирлиги:

бир ой муддатда Қашқадарё вилояти ҳокимлиги билан биргаликда Касби туманидаги барча сув кириш ва чиқиш нуқталари ҳамда қишлоқ хўжалиги корхоналарининг сув олиш жойларини тўлиқ хатловдан ўтказиб, уларнинг техник параметрларини шакллантирган ҳолда лойиҳа гуруҳига тақдим этилишини;

2028 йил 1 мартга қадар сув ресурсларини онлайн мониторинг қилиш имконини берувчи «Smartwater.uz» ахборот тизимининг электрон харитасида Касби туманидаги барча суғориш тармоқлари ва иншоотлари, шунингдек, улардаги сув олиш нуқталари акс эттирилишини таъминласин.

7. Солиқ қўмитаси Ўзбекистон Республикаси Сув хўжалиги вазирлиги, Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ҳамда Рақамли технологиялар вазирлиги билан биргаликда:

а) 2026 йил 1 августга қадар сув хўжалиги объектларида ўрнатиладиган рақамли қурилмаларга қўйиладиган талаблар бўйича техник шартларни ишлаб чиқсин ва тасдиқласин;

б) 2028 йил 1 мартга қадар рақамлаштириш натижасида шаклланган маълумотларни «Сув ҳисоби» автоматлаштирилган ахборот тизимига интеграция қилсин;

в) 2028 йил 1 апрелга қадар Касби туманида амалга оширилган тажриба-синов натижаларидан келиб чиқиб, қуйидагиларни назарда тутувчи Сув ресурслари ҳисобини юритиш концепцияси лойиҳасини ишлаб чиқиб, Вазирлар Маҳкамасига киритсин:

фойдаланилган сув ресурсларининг истеъмолчилар кесимида аниқ ҳисобини юритиш тизимини шакллантириш;

қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқарувчиларининг сув етказиб бериш бўйича тўловларини мақбуллаштириш ҳамда сув ресурсларидан фойдаланганлик учун солиқ ставкаларини қайта кўриб чиқиш;

сув хўжалиги махсус хизматларини молиялаштириш тизимини такомиллаштириш;

барча туманлар ва шаҳарлар ҳудудига кирувчи сув нуқталарини рақамлаштирган ҳолда, «Сув ҳисоби» автоматлаштирилган ахборот тизимига интеграция қилиш;

махсус қурилмаларни ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштириш асосида уларнинг таннархини камайтириш;

туманлар ҳудудига етказилган сув ҳажми балансини шакллантириш ва истеъмолчилар ўртасида тақсимлаш;

сув ресурсларини етказиб бериш харажатларини босқичма-босқич истеъмолчилар ўртасида тақсимлаш ва ундириш тизимини жорий этиш;

сув истеъмоли нормативлари асосида солиқ ҳисоблаш механизмини такомиллаштириш;

сув ресурсларидан фойдаланиш ҳажми, даврий кетма-кетлиги ҳамда экилган экин турлари асосида таснифлаган ҳолда ўсиб борувчи солиқ ставкаларини жорий этиш.

8. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси сув хўжалиги вазири Ш.Р. Хамраев, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Солиқ қўмитаси раиси Ш.Д. Кудбиев ҳамда Қашқадарё вилояти ҳокими М.Б. Азимов зиммасига юклансин.

Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А. АРИПОВ

Тошкент ш.,

2023 йил 14 август,

371-сон

(Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 14.08.2023 й., 09/23/371/0598-сон; 08.01.2024 й., 07/24/5/0010-сон)

lex.uz

Oʻzbekiston Respublikasi Vazirlar Mahkamasining

qarori

Qashqadaryo viloyatining Kasbi tumanida qishloq xoʻjaligida suv hisobini yuritish tizimini raqamlashtirish chora-tadbirlari toʻgʻrisida

Oʻzbekiston Respublikasi Prezidentining “Suv resurslaridan foydalanish samaradorligini oshirish boʻyicha kechiktirib boʻlmaydigan chora-tadbirlar toʻgʻrisida” 2023-yil 1-apreldagi PQ-107-son qarori ijrosini taʼminlash, shuningdek, qishloq xoʻjaligi yerlarini sugʻorishda foydalanilgan suv resurslarini avtomatlashtirilgan axborot tizimi orqali hisobga olish va suvdan oqilona foydalanish maqsadida Vazirlar Mahkamasi qaror qiladi:

1. Oʻzbekiston Respublikasi Prezidentining “Suv resurslaridan foydalanish samaradorligini oshirish boʻyicha kechiktirib boʻlmaydigan chora tadbirlar toʻgʻrisida” 2023-yil 1-apreldagi PQ-107-son qarori 5-bandida 2028-yil 1-martga qadar Qashqadaryo viloyatining Kasbi tumanidagi barcha suv kirish nuqtalari boshqaruvini raqamlashtirish va suvni foydalanuvchilarga yetkazib berish boʻyicha tajriba-sinov loyihasi (keyingi oʻrinlarda — loyiha) amalga oshirilishi belgilanganligi maʼlumot uchun qabul qilinsin.

2. Oʻzbekiston Respublikasi Iqtisodiyot va moliya vazirligi, Suv xoʻjaligi vazirligi hamda Qashqadaryo viloyati hokimligining Vazirlar Mahkamasi huzuridagi Soliq qoʻmitasi tizimida Qashqadaryo viloyatining Kasbi tumanida suv kirish nuqtalari boshqaruvini raqamlashtirish va suvni foydalanuvchilarga yetkazib berish boʻyicha tajriba-sinov loyihasini amalga oshirish guruhini (keyingi oʻrinlarda — loyiha guruhi) tashkil etish toʻgʻrisidagi taklifi maʼqullansin.

3. Oʻzbekiston Respublikasi Vazirlar Mahkamasi huzuridagi Soliq qoʻmitasi (keyingi oʻrinlarda — Soliq qoʻmitasi):

a) ikki hafta muddatda Qashqadaryo viloyati hokimligi bilan birgalikda loyiha guruhi faoliyatini yoʻlga qoʻyish, shu jumladan, uni Kasbi tumani soliq inspeksiyasi maʼmuriy binosida joylashtirish, malakali mutaxassislarni jalb etish, belgilangan limit doirasida xizmat avtomobili, telefon va internet aloqasi bilan taʼminlash, zaruratga koʻra mutaxassislar uchun vaqtincha yashash sharoitlarini yaratish choralarini koʻrsin;

b) 2026-yil 1-iyulga qadar quyidagilarni nazarda tutadigan Loyiha guruhi toʻgʻrisidagi nizomni tasdiqlasin:

loyiha guruhining vazifalari va funksiyalari, shuningdek, uning faoliyatini doimiy ravishda muvofiqlashtirib borish;

Kasbi tumanidagi suv kirish va chiqish nuqtalari hamda qishloq xoʻjaligi korxonalarining suv olish joylarini toʻliq raqamlashtirish;

Oʻzbekiston Respublikasi Suv xoʻjaligi vazirligi tomonidan oʻtkazilgan xatlov maʼlumotlari asosida suv olish joylarida gidroinshootlar qurilishini, oʻrnatiladigan raqamli qurilmalar va bajariladigan ish hajmlarini aniqlash;

loyiha-smeta hujjatlarini ishlab chiqish hamda zarur mablagʻlarni ajratish yuzasidan Soliq qoʻmitasiga takliflar kiritish;

ajratilgan mablagʻlardan maqsadli foydalanish yuzasidan doimiy ravishda monitoring olib borish va boshqalar;

v) 2026-yil 1-oktabrga qadar mahalliy hamda xorijiy ishlab chiqaruvchilardan loyihani amalga oshirish uchun zarur boʻlgan qurilmalar va ularning ehtiyot qismlarini xarid qilish, oʻrnatish hamda ularga servis xizmatlarini koʻrsatish uchun bosh loyiha va bosh pudrat tashkiloti Oʻzbekiston Respublikasining “Davlat xaridlari toʻgʻrisida”gi Qonuni talablariga muvofiq tanlov (tender) orqali aniqlanishi va shartnomalar tuzilishini taʼminlasin.

4. Belgilansinki:

loyiha guruhi aʼzolarining tarkibi soliq organlarining umumiy shtat birliklari doirasida hamda fuqarolik-huquqiy tusdagi shartnoma asosida jalb etish orqali shakllantiriladi;

loyihani amalga oshirish bilan bogʻliq barcha xarajatlar, shu jumladan, loyiha guruhini saqlash xarajatlari Soliq qoʻmitasining budjetdan tashqari jamgʻarmasi hisobidan moliyalashtiriladi;

loyiha guruhini saqlab turish, fuqarolik-huquqiy tusdagi shartnomalar asosida ishga jalb etiladigan xodimlarga ish haqi va unga qoʻshimcha toʻlovlar, shuningdek, loyiha guruhi xodimlariga qoʻshimcha toʻlovlar miqdorlarini belgilash xarajatlari Soliq qoʻmitasi raisi tomonidan belgilanadi;

loyihani amalga oshirish yakunlariga koʻra suv kirish va chiqish nuqtalarida oʻrnatilgan qurilmalar tegishliligi boʻyicha suv xoʻjaligi tashkilotlariga oʻtkaziladi.

5. Oʻzbekiston Respublikasi Iqtisodiyot va moliya vazirligi, Suv xoʻjaligi vazirligi hamda Soliq qoʻmitasining loyihaning dastlabki qiymatini 71 mlrd soʻm miqdorida belgilash hamda unga belgilangan tartibda oʻtkaziladigan tanlov (tender) savdolari yakunidan kelib chiqib, aniqlik kiritish toʻgʻrisidagi taklifiga rozilik berilsin.

Bunda Kasbi tumani qishloq xoʻjaligida suv hisobini yuritish tizimini raqamlashtirish maqsadida har bir suv kirish va chiqish nuqtalari suv hisobini real vaqt rejimida aniqlab beradigan qurilmalar bilan jihozlanishi inobatga olinsin.

6. Oʻzbekiston Respublikasi Suv xoʻjaligi vazirligi:

bir oy muddatda Qashqadaryo viloyati hokimligi bilan birgalikda Kasbi tumanidagi barcha suv kirish va chiqish nuqtalari hamda qishloq xoʻjaligi korxonalarining suv olish joylarini toʻliq xatlovdan oʻtkazib, ularning texnik parametrlarini shakllantirgan holda loyiha guruhiga taqdim etilishini;

2028-yil 1-martga qadar suv resurslarini onlayn monitoring qilish imkonini beruvchi “Smartwater.uz” axborot tizimining elektron xaritasida Kasbi tumanidagi barcha sugʻorish tarmoqlari va inshootlari, shuningdek, ulardagi suv olish nuqtalari aks ettirilishini taʼminlasin.

7. Soliq qoʻmitasi Oʻzbekiston Respublikasi Suv xoʻjaligi vazirligi, Iqtisodiyot va moliya vazirligi hamda Raqamli texnologiyalar vazirligi bilan birgalikda:

a) 2026-yil 1-avgustga qadar suv xoʻjaligi obyektlarida oʻrnatiladigan raqamli qurilmalarga qoʻyiladigan talablar boʻyicha texnik shartlarni ishlab chiqsin va tasdiqlasin;

b) 2028-yil 1-martga qadar raqamlashtirish natijasida shakllangan maʼlumotlarni “Suv hisobi” avtomatlashtirilgan axborot tizimiga integratsiya qilsin;

v) 2028-yil 1-aprelga qadar Kasbi tumanida amalga oshirilgan tajriba-sinov natijalaridan kelib chiqib, quyidagilarni nazarda tutuvchi Suv resurslari hisobini yuritish konsepsiyasi loyihasini ishlab chiqib, Vazirlar Mahkamasiga kiritsin:

foydalanilgan suv resurslarining isteʼmolchilar kesimida aniq hisobini yuritish tizimini shakllantirish;

qishloq xoʻjaligi ishlab chiqaruvchilarining suv yetkazib berish boʻyicha toʻlovlarini maqbullashtirish hamda suv resurslaridan foydalanganlik uchun soliq stavkalarini qayta koʻrib chiqish;

suv xoʻjaligi maxsus xizmatlarini moliyalashtirish tizimini takomillashtirish;

barcha tumanlar va shaharlar hududiga kiruvchi suv nuqtalarini raqamlashtirgan holda, “Suv hisobi” avtomatlashtirilgan axborot tizimiga integratsiya qilish;

maxsus qurilmalarni ishlab chiqarishni mahalliylashtirish asosida ularning tannarxini kamaytirish;

tumanlar hududiga yetkazilgan suv hajmi balansini shakllantirish va isteʼmolchilar oʻrtasida taqsimlash;

suv resurslarini yetkazib berish xarajatlarini bosqichma-bosqich isteʼmolchilar oʻrtasida taqsimlash va undirish tizimini joriy etish;

suv isteʼmoli normativlari asosida soliq hisoblash mexanizmini takomillashtirish;

suv resurslaridan foydalanish hajmi, davriy ketma-ketligi hamda ekilgan ekin turlari asosida tasniflagan holda oʻsib boruvchi soliq stavkalarini joriy etish.

8. Mazkur qarorning bajarilishini nazorat qilish Oʻzbekiston Respublikasi suv xoʻjaligi vaziri Sh.R. Xamrayev, Oʻzbekiston Respublikasi Vazirlar Mahkamasi huzuridagi Soliq qoʻmitasi raisi Sh.D. Kudbiyev hamda Qashqadaryo viloyati hokimi M.B. Azimov zimmasiga yuklansin.

Oʻzbekiston Respublikasining Bosh vaziri A. ARIPOV

Toshkent sh.,

2023-yil 14-avgust,

371-son

(Qonunchilik maʼlumotlari milliy bazasi, 14.08.2023-y., 09/23/371/0598-son; 08.01.2024-y., 07/24/5/0010-son)

lex.uz