📅 2023-yil 14-avgust · Vazirlar Mahkamasi qarorlari
Rasmiy matn. Rasmiy hujjat. Tahririy izohlar kiritilmagan.
📅 2023-yil 14-avgust · Vazirlar Mahkamasi qarorlari
Rasmiy matn. Rasmiy hujjat. Tahririy izohlar kiritilmagan.
📅 2023 йил 14 август · Вазирлар Маҳкамаси қарорлари
Расмий матн. Расмий ҳужжат. Таҳририй изоҳлар киритилмаган.
📅 14 августа 2023 г. · Постановления Кабинета Министров
Официальный текст. Официальный документ. Редакционные примечания не включены.
📅 14 August 2023 · Cabinet of Ministers resolutions
Official text. Official document. Editorial notes are not included.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг
қарори
НИЗОМ
СХЕМАСИ
НАМУНАВИЙ САВОЛНОМА
Давлат органлари ва ташкилотларининг ички аудит хизматлари фаолиятини баҳолаш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида
Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Ўзбекистон Республикасининг «2023 йил учун Ўзбекистон Республикасининг Давлат бюджети тўғрисида»ги Қонуни ижросини таъминлаш чора-тадбирлари тўғрисида» 2022 йил 30 декабрдаги ПҚ-471-сон қарорига мувофиқ, шунингдек, давлат органлари ва ташкилотларининг ички аудит хизматлари фаолиятини янада такомиллаштириш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:
1. Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Ўзбекистон Республикасининг «2023 йил учун Ўзбекистон Республикасининг Давлат бюджети тўғрисида»ги Қонуни ижросини таъминлаш чора-тадбирлари тўғрисида» 2022 йил 30 декабрдаги ПҚ-471-сон қарори 14-бандида давлат органлари ва ташкилотларининг ички аудит хизмати фаолияти самарадорлигини ошириш орқали уларга ажратилган бюджет маблағларидан оқилона фойдаланишни таъминлаш мақсадида давлат органлари ва ташкилотларининг ички аудит хизматлари фаолиятини баҳолаш тартибини ишлаб чиқиш белгиланганлиги маълумот учун қабул қилинсин.
2. Қуйидагиларни назарда тутувчи давлат органлари ва ташкилотларининг ички аудит хизматлари фаолиятини баҳолаш тартиби тўғрисидаги низом иловага мувофиқ тасдиқлансин:
ички аудит хизматлари фаолиятини баҳолаш тартиби, шу жумладан, баҳолашни режалаштириш ва амалга ошириш;
баҳолашни амалга оширишда томонларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари;
баҳолаш натижалари ҳисоботларини расмийлаштириш ҳамда ички аудит хизмати фаолиятини такомиллаштириш чораларини кўриш;
баҳолаш натижалари мониторингини юритиш ҳамда уларни жамоатчиликка эълон қилиш.
3. Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт ва молия вазирлиги:
хавф таҳлили асосида танлаб олинган давлат органлари ва ташкилотларида ички аудит хизматлари фаолиятини баҳолаш ва уларнинг фаолиятини такомиллаштириш чораларини кўрсин;
ҳар ярим йил якунлари бўйича давлат органлари ва ташкилотларининг ички аудит хизматлари фаолиятини баҳолаш натижалари ва уларнинг фаолиятини такомиллаштириш юзасидан амалга оширилган ишлар тўғрисидаги маълумотлар жамоатчиликка эълон қилиб борилишини таъминласин.
4. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари — иқтисодиёт ва молия вазири Ж.А. Қўчқоров зиммасига юклансин.
Вазирлар Маҳкамасининг 2023 йил 14 августдаги 377-сон қарорига ИЛОВА
Давлат органлари ва ташкилотларининг ички аудит хизматлари фаолиятини баҳолаш тартиби тўғрисида
1-боб. Умумий қоидалар
1. Мазкур Низом давлат органлари ва ташкилотларининг ички аудит хизматлари (кейинги ўринларда — ички аудит хизматлари) фаолиятини баҳолаш тартибини белгилайди.
Бунда давлат органлари ва ташкилотлари деганда ички аудит хизматлари ташкил этилган республика ижро этувчи ҳокимият органлари, давлат мақсадли жамғармалари, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳри ҳокимликлари ҳамда бошқа бюджет ташкилотлари тушунилади.
2. Ички аудит хизматлари фаолияти ички аудит хизмати фаолиятининг ички аудитга оид қонунчилик ҳужжатларига риоя этилишини таъминлаш ҳамда фаолиятни такомиллаштириб бориш мақсадида баҳоланади.
3. Ички аудит хизматлари фаолияти Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт ва молия вазирлиги (кейинги ўринларда — баҳоловчи ташкилот) томонидан баҳоланади.
Бунда баҳоловчи ташкилот ички аудит хизматлари фаолияти, шу жумладан, ўтказилган ички аудит тадбирлари натижаларига жавобгар ҳисобланмайди.
4. Ички аудит хизматлари ушбу Низомга 1-иловада келтирилган схемага мувофиқ баҳоланади.
2-боб. Баҳолашни амалга оширишда томонларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари
5. Баҳолашни амалга оширишда баҳоловчи ташкилот қуйидаги ҳуқуқларга эга:
ички аудит хизматларидан баҳолаш билан боғлиқ бўлган ҳужжатларнинг нусхаларини ва маълумотларни электрон, оғзаки ва ёзма шаклда сўраш ва олиш;
ички аудит хизматлари ходимларидан юзага келаётган масалалар бўйича тушунтириш олиш;
ички аудит хизматларининг тегишли ходимларидан ички аудит фаолиятини баҳолаш натижалари бўйича ҳужжатларни имзолашни сўраш;
баҳолашни амалга оширишда баҳоловчи ташкилот тузилмасидаги ички аудит миллий малака сертификатига эга ходимларни жалб этиш.
6. Баҳолашни амалга оширишда баҳоловчи ташкилот:
баҳолаш бошланишидан олдин белгиланган муддатда давлат органи ва ташкилотини бу ҳақида хабардор қилиши;
ички аудит фаолиятини баҳолашга оид норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар талабларига риоя этиши, ўз ваколати доирасидан четга чиқмаслиги;
баҳолаш натижаларига оид ҳужжатларда кўрсатилган маълумотларнинг ишончлилиги, асослилиги, холислиги ва тўлиқлигини таъминлаши;
баҳолаш натижаларини белгиланган тартибда расмийлаштириши лозим.
7. Ички аудит хизматлари қуйидаги ҳуқуқларга эга:
баҳолаш жараёнида бевосита қатнашиш ва баҳолашга тегишли масалалар бўйича тушунтиришлар бериш;
баҳолашнинг мақсади, бошланиш санаси ва давомийлиги тўғрисида маълумот олиш;
баҳоловчи ташкилотнинг баҳолаш билан боғлиқ масалаларга алоқаси бўлмаган талабларини бажармаслик.
8. Ички аудит хизматлари:
баҳоловчи ташкилотнинг масъул ходимлари баҳолашни амалга ошириши учун зарур шароитлар яратиши;
баҳоловчи ташкилотнинг масъул ходимларининг қонуний талабларини бажариши, шунингдек, уларнинг қонуний фаолиятига тўсқинлик қилмаслиги;
баҳолаш вақтида баҳоловчи ташкилотга баҳолашни амалга ошириш учун зарур бўлган ҳужжатлар нусхалари ва маълумотларни тақдим этиши;
баҳолаш натижасида аниқланган қонунчилик ҳужжатларига риоя этилмаган ҳолатларни бартараф этиши ва олдини олишга қаратилган чора-тадбирларни амалга ошириши лозим.
3-боб. Ички аудит хизматлари фаолиятини баҳолаш тартиби
9. Баҳолаш режали ва режадан ташқари тартибда амалга оширилади.
Бунда, баҳолаш баҳоловчи ташкилот раҳбарининг қарори асосида амалга оширилади.
10. Режали баҳолаш хавф таҳлили асосида ишлаб чиқилган йиллик режага мувофиқ амалга оширилади.
Бунда йиллик режа баҳоловчи ташкилот томонидан ҳар йили 1 мартга қадар ишлаб чиқилади, тасдиқланади ҳамда тасдиқлангандан сўнг бир иш кунида баҳоловчи ташкилот томонидан унинг расмий веб-сайтида эълон қилинади.
11. Баҳолаш амалга ошириладиган давлат органлари ва ташкилотларининг ички аудит хизматлари хавф таҳлили асосида танлаб олинади.
12. Режадан ташқари баҳолаш қуйидаги асосларда амалга оширилади:
давлат органи ва ташкилотининг баҳолашни амалга ошириш бўйича мурожаати келиб тушганда;
тақдим этилган ички аудит хизматлари фаолияти тўғрисидаги ҳисоботлар таҳлили натижасида қўшимча хавфлар аниқланганда.
Бунда қўшимча хавфлар ички аудит хизматлари томонидан ҳар чоракда белгиланган тартибда тақдим этиладиган ички аудит хизматлари фаолияти тўғрисидаги ҳисоботлар таҳлили асосида аниқланади.
13. Режали ўтказиладиган баҳолашда ички аудит хизматларининг хавф даражаси қуйидаги хавф омиллари асосида аниқланади:
ички аудит йиллик режасининг бажарилиши;
ички аудит объектлари томонидан чора-тадбирлар режасининг бажарилиши;
аввалги ўтказилган баҳолаш натижаларига кўра ички аудит хизмати фаолиятини ривожлантириш бўйича берилган таклиф ва тавсиялар бажарилиши;
ички аудит хизматлари томонидан давлат органи ва ташкилоти тизимидаги хавф даражаси юқори бўлган ички аудит объектларининг қамров даражаси;
ички аудит хизматлари томонидан ўтказилган профилактика тадбирлари ва олди олинган қонун бузилишлар;
давлат молиявий назорати органлари томонидан давлат органлари ва ташкилотларида аниқланган молиявий хато ва камчиликлар.
Бунда баҳоловчи ташкилот томонидан ички аудит хизматлари хавф даражасини баҳолашда қўшимча хавф омилларидан ҳам фойдаланилиши мумкин.
14. Ички аудит хизматларининг хавф даражаси ушбу Низомнинг 13-бандида белгиланган омилларга бутун сонлардаги 1 — 3 балл бериш орқали баҳоланади.
Бунда 3 балл тегишли хавф омилининг энг юқори даражасини ва 1 балл тегишли хавф омилининг энг паст даражасини билдиради.
15. Хавф омилларига балл беришда баҳоловчи ташкилот томонидан ҳар бир хавф омилига мезонлар ишлаб чиқилади ҳамда хавф омилларининг муҳимлик даражасидан келиб чиқиб, уларга хавф омили вазни белгиланади.
Бунда белгиланган хавф омили вазнининг умумий миқдори 1 га (100 фоизга) тенг бўлиши керак.
16. Ички аудит хизматларининг хавф даражаси қуйидаги формула асосида аниқланади:
бунда:
Хд — хавф даражаси;
Бхо — хавф омилига берилган балл;
Вхо — тегишли хавф омилига белгиланган вазн;
i — хавф омилининг тегишли тартиб рақами;
n — хавф даражасини аниқлаш учун қўлланиладиган омиллар сони.
17. Ички аудит хизматининг хавф омиллари таҳлили бўйича хавф даражаси қуйидагича баҳоланади:
2 ва ундан юқори — юқори хавф даражаси;
1,5 дан (1,5 ҳам киради) 2 гача — ўрта хавф даражаси;
1 дан 1,5 гача — паст хавф даражаси.
18. Баҳолаш хавф таҳлили асосида танлаб олинган юқори хавф даражасига эга ички аудит хизматларида амалга оширилади.
19. Баҳолаш ички аудит фаолиятига халақит қилмаган ҳолда мазкур Низом ҳамда ички аудит фаолиятига оид қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ ўн иш кунидан ошмаган муддатда амалга оширилади.
20. Баҳоловчи ташкилот баҳолаш бошланишидан камида ўн кун олдин давлат органи ва ташкилотини бу ҳақда хабардор қилади.
21. Баҳоловчи ташкилот томонидан баҳолаш жараёнида қуйидаги йўналишлар қамраб олинади:
ички аудит хизмати фаолиятининг белгиланган тартибда ташкил этилиши, мустақиллиги ҳамда ресурслар билан таъминланиши;
давлат органлари ва ташкилотларида ички аудит фаолиятини амалга ошириш бўйича тегишли ҳужжатлар ишлаб чиқилиши ва расмийлаштирилиши (ички аудит хизмати тўғрисидаги низом, ички аудит хизмати ходимларининг лавозим йўриқномалари ва бошқалар);
ички аудит йиллик режасининг хавф таҳлили асосида ишлаб чиқилиши ва расмийлаштирилиши;
ички аудит тадбирларининг ички аудит фаолиятига оид қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ ўтказилиши ва натижалари расмийлаштирилиши;
ўтказилган ички аудит тадбирларининг самарадорлиги, таклиф ва тавсияларни бажариш бўйича чора-тадбирлар режасининг ички аудит объектлари томонидан бажарилиши;
ички аудит хизматлари ходимларининг малака даражаси;
ички аудит хизмати фаолиятига оид бошқа масалалар.
22. Баҳолаш мазкур Низомга 2-иловада келтирилган Ички аудит хизматлари фаолиятини баҳолаш бўйича намунавий саволномага тегишли мезонлар асосида бутун сонлардаги 0 — 2 балл бериш орқали амалга оширилади.
Бунда саволнома мазкур Низомнинг 21-бандида келтирилган йўналишлар бўйича шакллантирилади.
23. Баҳоловчи ташкилот томонидан саволномада келтирилган йўналишларнинг муҳимлик даражасидан келиб чиқиб, уларга вазн белгиланади.
Бунда йўналишларга белгиланган вазннинг умумий миқдори 1 га (100 фоизга) тенг бўлиши керак.
24. Баҳолашни амалга оширишда ички аудит хизмати фаолиятининг сифат даражаси қуйидаги формула асосида аниқланади:
бунда:
Сд — сифат даражаси;
Бҳ — саволномада ҳар бир йўналишдаги саволларга берилган баллар йиғиндиси;
Бм — саволномада ҳар бир йўналишдаги саволларга берилиши мумкин бўлган энг юқори баллар йиғиндиси;
Бв — саволномада келтирилган баҳолаш йўналишларига белгиланадиган вазн;
i — саволномада келтирилган йўналишларнинг тегишли тартиб рақами;
n — саволномадаги йўналишлар сони.
25. Ички аудит хизмати фаолиятининг баҳолаш бўйича сифат даражаси қуйидагича баҳоланади:
90 фоиз ва ундан юқори — юқори;
70 фоиздан (шу жумладан, 70 фоиз) 90 фоизгача — ўрта;
70 фоиздан кам — паст.
26. Баҳоловчи ташкилот томонидан баҳолаш жараёнида ички аудит хизмати фаолияти тўғрисида батафсил маълумот олиш мақсадида давлат органи ва ташкилотининг бошқа тузилмалари, ички аудит хизмати ходимлари ҳамда ички аудит объектлари билан учрашувлар ҳамда ички аудит тадбири ўтказилган ички аудит объектларида мазкур Низомга 3-иловада келтирилган намунавий шаклга мувофиқ сўровнома ўтказилиши мумкин.
27. Баҳолаш натижалари баҳоловчи ташкилот томонидан қуйидагиларни назарда тутувчи маълумотнома кўринишида расмийлаштирилади:
баҳолаш натижалари, шу жумладан, баҳолаш асосида аниқланган ички аудит хизматининг сифат даражаси бўйича маълумотлар;
ички аудит объектлари ўртасида ўтказилган сўровнома натижалари (агар мавжуд бўлса);
баҳолаш ўтказилган ички аудит хизмати фаолияти ҳолати, шу жумладан ички аудит фаолиятига оид қонунчиликка риоя этилмаган ҳолатлар (агар мавжуд бўлса);
ички аудит хизмати фаолиятини такомиллаштириш бўйича таклиф ва тавсиялар.
28. Баҳолаш натижалари бўйича маълумотнома лойиҳаси ички аудит хизмати раҳбари томонидан икки иш куни ичида кўриб чиқилади.
Бунда ички аудит хизмати раҳбари маълумотнома лойиҳаси юзасидан ўз фикр-мулоҳазалари ва эътирозларини билдиришга ҳақли.
29. Ички аудит хизмати раҳбари томонидан билдирилган фикр-мулоҳазалар ва эътирозлар асосли деб топилган тақдирда, баҳоловчи ташкилот томонидан маълумотнома лойиҳасига тегишли тузатишлар киритилади.
30. Маълумотнома икки нусхада расмийлаштирилади ҳамда ички аудит хизмати раҳбари ва баҳоловчи ташкилотнинг масъул ходими томонидан имзоланади.
31. Ички аудит хизмати раҳбари томонидан баҳоловчи ташкилот билан биргаликда ички аудит хизмати фаолиятини такомиллаштириш бўйича берилган таклиф ва тавсиялар асосида чора-тадбирлар режаси ишлаб чиқилади ҳамда маълумотномага илова қилинади.
32. Чора-тадбирлар режаси ички аудит хизмати раҳбари томонидан имзоланади ҳамда давлат органи ва ташкилоти раҳбари томонидан беш иш куни ичида тасдиқланади.
33. Давлат органи ва ташкилоти раҳбари томонидан тасдиқланган чора-тадбирлар режасининг нусхаси уч иш куни ичида баҳоловчи ташкилотга тақдим этилади.
34. Ички аудит хизмати ҳар чоракда ички аудит хизмати фаолияти тўғрисидаги ҳисоботда чора-тадбирлар режасида келтирилган таклиф ва тавсиялар бажарилиши бўйича маълумотларни баҳоловчи ташкилотга тақдим этади.
35. Давлат органлари ва ташкилотларида ўтказилган баҳолаш ва унинг натижалари тўғрисида маълумотлар давлат органлари ва ташкилотларининг расмий веб-сайтига жойлаштирилади.
36. Баҳоловчи ташкилот ички аудит хизмати томонидан чора-тадбирлар режасининг бажарилиш мониторингини ички аудит хизмати фаолияти тўғрисидаги ҳисоботда келтирилган чора-тадбирлар режасининг бажарилиши бўйича маълумотларни таҳлил қилиш орқали амалга оширади.
37. Ички аудит хизмати томонидан таклиф ва тавсиялар асосида ишлаб чиқилган чора-тадбирлар режаси бажарилмаган тақдирда, баҳоловчи ташкилот томонидан бу ҳақида тегишли давлат органи ва ташкилоти раҳбарига кўрсатма хат юборилади, шунингдек, ушбу маълумотлар Ўзбекистон Республикаси Ҳисоб палатасига тақдим этилади.
4-боб. Давлат органлари ва ташкилотлари ички аудит хизматлари фаолиятини баҳолаш ва такомиллаштириш бўйича ҳисобот
38. Баҳоловчи ташкилот томонидан ички аудит хизматлари фаолиятини баҳолаш натижалари бўйича ярим йиллик ва йиллик ҳисобот (кейинги ўринларда — ҳисобот) тайёрланади.
39. Ҳисобот қуйидагиларни ўз ичига олади:
ҳисобот даврида ички аудит хизматлари фаолиятини баҳолаш натижалари;
давлат органлари ва ташкилотлари томонидан ички аудит хизматлари фаолиятининг сифатини таъминлаш ва самарадорлигини ошириб бориш юзасидан амалга оширилган ишлар;
келгусида ички аудит хизматлари фаолиятини такомиллаштириш йўналишлари.
40. Ҳисобот ярим йил якуни бўйича июль ойининг 20-санасига қадар ва йил якуни бўйича январь ойининг 25-санасига қадар Вазирлар Маҳкамасига тақдим этилади.
Ҳисобот Ўзбекистон Республикаси Ҳисоб палатасига унинг сўровига асосан тақдим этилиши мумкин.
41. Ҳисобот юзасидан маълумотлар баҳоловчи ташкилот томонидан жамоатчиликка эълон қилиб борилади.
5-боб. Якунловчи қоида
42. Ушбу Низом талабларини бузганликда айбдор бўлган шахслар қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда жавоб берадилар.
Давлат органлари ва ташкилотларининг ички аудит хизматлари фаолиятини баҳолаш тартиби тўғрисидаги низомга 1-ИЛОВА
Давлат органлари ва ташкилотларининг ички аудит хизматлари фаолиятини баҳолаш
Босқичлар Субъектлар Тадбирлар Ижро муддати 1-босқич Иқтисодиёт ва молия вазирлиги Хавф таҳлили асосида ички аудит хизматларини танлаб олади ва баҳолаш йиллик режасини тасдиқлайди. Ҳар йили 1 мартга қадар 2-босқич Иқтисодиёт ва молия вазирлиги Баҳолашни ўтказиш муддати кўрсатилган ҳолда давлат органлари ва ташкилотларини хабардор қилади. Баҳолаш бошланиш санасидан камида ўн кун олдин 3-босқич Иқтисодиёт ва молия вазирлиги 1. Ички аудит хизматида баҳолашни амалга оширади. 2. Баҳолаш натижаларини расмийлаштиради ҳамда ички аудит хизмати фаолиятини такомиллаштириш бўйича чора-тадбирлар режасини ишлаб чиқади. Ўн иш куни ичида 4-босқич Давлат органлари ва ташкилотлар Ички аудит хизмати фаолиятини такомиллаштириш бўйича чора-тадбирлар режасини кўриб чиқади ва тасдиқлайди. Баҳолаш якунлангандан сўнг беш иш куни ичида 5-босқич Иқтисодиёт ва молия вазирлиги 1. Ички аудит хизматлари фаолиятини баҳолаш ва такомиллаштириш бўйича ҳисоботни Вазирлар Маҳкамасига тақдим этади. 2. Ҳисобот тўғрисидаги маълумотларни жамоатчиликка эълон қилади. Ярим йил якунлари бўйича июль ойининг 20-санасига ва йил якунлари бўйича январь ойининг 25-санасига қадар
Давлат органлари ва ташкилотларининг ички аудит хизматлари фаолиятини баҳолаш тартиби тўғрисидаги низомга 2-ИЛОВА
Ички аудит хизматлари фаолиятини баҳолаш бўйича
Т/р Назорат саволлари Баҳолаш мезони Балл Вазн 1. Ички аудит хизмати фаолиятининг белгиланган тартибда ташкил этилиши, мустақиллиги ҳамда ресурслар билан таъминланиши 1.1. Ички аудит хизмати давлат органи ва ташкилотининг тегишинча марказий аппарати ва бошқарув аппаратида мустақил таркибий тузилма сифатида ташкил этилганми? Ҳа, мустақил таркибий тузилма сифатида ташкил этилган — 2 балл. Йўқ, мустақил таркибий тузилма сифатида ташкил этилмаган — 0 балл. 1.2. Ички аудит хизматининг давлат органи ва ташкилотининг биринчи раҳбарига бўйсунуви белгиланганми? Ҳа, биринчи раҳбарга бўйсунуви белгиланган — 2 балл. Йўқ, биринчи раҳбарга бўйсунуви белгиланмаган — 0 балл. 1.3. Ички аудит хизмати ходимларининг мустақиллиги қабул қилинган ички ҳужжатлар билан белгиланганми? Ҳа, мустақиллик ички ҳужжатлар билан белгиланган — 2 балл. Йўқ, мустақиллик ички ҳужжатлар билан белгиланмаган — 0 балл. 1.4. Ички аудит хизматига ўз фаолиятидан ташқари бошқа фаолиятга оид вазифалар юкланишига чеклов(лар) ички аудит хизмати тўғрисидаги (ички) низомда белгиланганми? Ҳа, белгиланган — 2 балл. Йўқ, белгиланмаган — 0 балл. 1.5. Ички аудит хизмати ходимларининг фаолиятига аралашувларга йўл қўймаслик бўйича бандлар қабул қилинган ички ҳужжатлар билан белгиланганми? Ҳа, қабул қилинган — 2 балл. Йўқ, қабул қилинмаган — 0 балл. 1.6. Ички аудит хизмати ходимининг асосий фаолият натижаларига жавобгар ҳисобланмаслиги қабул қилинган ички ҳужжатлар билан белгиланганми? Ҳа, тегишли нормалар белгиланган — 2 балл. Йўқ, тегишли нормалар белгиланмаган — 0 балл. 1.7. Ички аудит хизмати ўз фаолиятини амалга ошириш учун ходимлар билан тўлдирилганми? Ходимлар билан тўлдирилганлик даражаси 90 фоиз ва ундан юқори — 2 балл. Ходимлар билан тўлдирилганлик даражаси 80 фоиздан (80 фоиз ҳам киради) 90 фоизгача — 1 балл. 80 фоиздан паст — 0 балл. 1.8. Ички аудит хизмати ўз фаолиятини амалга ошириш учун етарли моддий-техник база билан таъминланганми? Ҳа, етарли моддий-техник база билан таъминланган — 2 балл. Йўқ, моддий-техник база билан таъминланмаган — 0 балл. 1.9. Ички аудит хизмати ходимларининг қўнимсизлиги қандай? (охирги 12 ойда) Ички аудит хизмати ходимлари таркиби алмашмаган — 2 балл. Ички аудит хизмати ходимлари таркиби 30 фоизгача алмашган — 1 балл. Ички аудит хизмати ходимлари таркиби 30 фоиздан юқори алмашган — 0 балл. 2. Ички аудит хизмати фаолиятига оид тегишли ички ҳужжатларнинг қабул қилиниши 2.1. Давлат органи ва ташкилотининг ички аудит хизмати тўғрисидаги (ички) низоми Ички аудит хизмати тўғрисидаги намунавий низомга мувофиқ ишлаб чиқилганми? Ҳа, мувофиқ ишлаб чиқилган — 2 балл. Йўқ, мувофиқ ишлаб чиқилмаган — 0 балл. 2.2. Ички аудит хизмати ходимларининг лавозим йўриқномалари мавжудми (тасдиқланганми)? Ҳа, ишлаб чиқилган — 2 балл. Йўқ, ишлаб чиқилмаган — 0 балл. 2.3. Ички аудит хизмати ходимларининг лавозим йўриқномалари Ички аудит хизмати тўғрисидаги намунавий низомга мувофиқми? Ички аудит хизмати тўғрисидаги низомга тўлиқ мувофиқ — 2 балл. Ички аудит хизмати тўғрисидаги низомга мувофиқ бўлмаган қисмлар мавжуд — 0 балл. 2.4. Лавозим йўриқномаларида ички аудит хизмати ходимларининг вазифа ва функциялари, ҳуқуқ ва мажбуриятлари, жавобгарлиги кўрсатилганми? Кўрсатилган — 2 балл. Тўлиқ кўрсатилмаган — 0 балл. 2.5. Ички аудит хизмати ҳисобдорлиги ички ҳужжатлар билан белгиланганми ҳамда ички аудитга оид қонунчилик ҳужжатларига мувофиқми? Ҳа, белгиланган ҳамда ички аудитга оид қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ — 2 балл. Йўқ, ички аудитга оид қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ эмас (Ички аудит хизмати ҳисобдорлиги белгиланмаган) — 0 балл. 2.6. Ички аудит хизматига ички аудит тадбирларида иштирок этишга ёки ушбу тадбирларни ўтказишга йўл қўйилмаслик ҳолатлари қабул қилинган ички ҳужжатлар билан белгиланганми? Ҳа, қабул қилинган ва амал қилинади — 2 балл. Қабул қилинган, лекин амал қилинмайди — 1 балл. Қабул қилинмаган — 0 балл. 3. Ички аудит йиллик режасининг хавф таҳлили асосида ишлаб чиқилиши 3.1. Ички аудит йиллик режаси хавф таҳлили асосида ишлаб чиқилганми? Ҳа, хавф таҳлили асосида ишлаб чиқилган — 2 балл. Ички аудит йиллик режаси ишлаб чиқилган, лекин уни ишлаб чиқишда хавф таҳлили ўтказилмаган — 1 балл. Йўқ, йиллик режа ишлаб чиқилмаган — 0 балл. 3.2. Хавф таҳлилини амалга оширишда барча ички аудит объектлари қамраб олинганми? Барча ички аудит объектлари қамраб олинган — 2 балл. Айрим ички аудит объектлари қамраб олинмаган — 0 балл. 3.3. Ички аудит йиллик режасини ишлаб чиқишда хавф даражаси юқори бўлган ички аудит объектлари тўлиқ қамраб олинганми? Тўлиқ қамраб олинган — 2 балл. Мавжуд вақт ва инсон ресурслари етарли бўлмаганлиги сабабли тўлиқ қамраб олинмаган — 1 балл. Тўлиқ қамраб олинмаган (бошқа сабабларга кўра) — 0 балл. 3.4. Хавф даражаси юқори бўлган ички аудит объектларини тўлиқ қамраб олиш учун ресурслар етарлими (ёки етарли бўлмаган тақдирда, бу тўғрисида биринчи раҳбар хабардор қилинганми)? Ҳа, ресурслар етарли (ёки ресурслар етарли бўлмаганлиги тўғрисида хабардор қилинган) — 2 балл. Йўқ, ресурслар етарли бўлмаганлиги тўғрисида хабардор қилинмаган — 0 балл. 3.5. Ички аудит йиллик режасини ишлаб чиқишда режадан ташқари ички аудит тадбирларига ажратиладиган вақт ресурслари жами вақт ресурсларининг қанча қисмини ташкил қилади? 20 фоизгача бўлган қисмини ташкил қилади — 2 балл. 20 фоиздан кўпроқ қисмини ташкил қилади — 0 балл. 3.6. Ички аудит йиллик режаси мавжуд вақт ресурсларини ҳисобга олган ҳолда ишлаб чиқилганми? Ҳа, мавжуд вақт ресурсларини ҳисобга олган ҳолда ишлаб чиқилган — 2 балл. Йўқ, мавжуд вақт ресурсларини ҳисобга олмаган ҳолда ишлаб чиқилган — 0 балл. 3.7. Барча ўтказилган ички аудит тадбирлари таркибида режадан ташқари аудит тадбирлари улуши қанча қисмни ташкил этади? 20 фоиздан кам — 2 балл. 20 фоиздан кўп — 0 балл. 3.8. Ички аудит хизматининг ички аудит йиллик режаси давлат органи ва ташкилоти раҳбари томонидан ўз вақтида тасдиқланадими? Ҳа, ўз вақтида тасдиқланади — 2 балл. Тасдиқланади, лекин ўз вақтида эмас — 1 балл. Йўқ, ўз вақтида тасдиқланмайди — 0 балл. 4. Ички аудит тадбирларининг қонунчиликка мувофиқ ўтказилиши ва натижаларининг расмийлаштирилиши (танлама тартибда ўрганилади) 4.1. Ички аудит тадбирлари учун белгиланган тартибда дастур ишлаб чиқилганми? Ҳа, ишлаб чиқилган — 2 балл. Йўқ, ишлаб чиқилмаган — 0 балл. 4.2. Ички аудит тадбирлари натижалари белгиланган тартибда расмийлаштирилганми? Ҳа, белгиланган тартибда расмийлаштирилган — 2 балл. Йўқ, белгиланган тартибда расмийлаштирилмаган — 0 балл. 4.3. Ички аудит тадбири ҳисоботида таклиф ва тавсиялар мавжудми? Ҳа, таклиф ва тавсиялар мавжуд — 2 балл. Йўқ, таклиф ва тавсиялар мавжуд эмас — 0 балл. 4.4. Ички аудит хизмати фаолияти натижалари юзасидан ҳисобот Иқтисодиёт ва молия вазирлигига мунтазам равишда ва ўз вақтида тақдим этиладими? Ҳисобот белгиланган муддатларда тақдим этилади — 2 балл. Ички аудит хизмати фаолияти тўғрисида ҳисобот тақдим этилади, лекин белгиланган муддатларда эмас — 1 балл. Ички аудит хизмати фаолияти тўғрисида ҳисобот тақдим этилмайди — 0 балл. 4.5. Ички аудит тадбирлари белгиланган муддатларда ўтказилганми? Ҳа, белгиланган муддатларда ўтказилган — 2 балл. Йўқ, белгиланган муддатларда ўтказилмаган — 0 балл. 4.6. Ички аудит тадбири давомида аниқланган қонунбузилиш ҳолатларида жиноят аломати мавжуд бўлган тақдирда давлат органи ва ташкилоти раҳбари ёзма равишда хабардор қилинганми? Хабардор қилинган — 2 балл. Хабардор қилинмаган — 0 балл. 4.7. Ички аудит тадбирлари натижалари белгиланган муддатларда «Давлат аудити» дастурий комплексига киритилганми? Ҳа, белгиланган муддатларда киритилган — 2 балл. Киритилган, лекин белгиланган муддатларда эмас — 1 балл. Йўқ, киритилмаган — 0 балл. 4.8. Ҳисоб палатаси томонидан тақдим этилган хавф-таҳлиллар бўйича белгиланган муддатларда аудит тадбирларини ўтказиш тўғрисида тегишли чоралар кўрилганми? Ҳа, белгиланган муддатларда чоралар кўрилган — 2 балл. Чоралар кўрилган, лекин муддатида эмас — 1 балл. Йўқ, чоралар кўрилмаган — 0 балл. 4.9. Ҳисоб палатаси томонидан тақдим этилган хавф-таҳлиллар бўйича ўтказилган ўрганиш натижалари белгиланган муддатларда «Масофавий аудит» ахборот тизими орқали Ҳисоб палатасига тақдим этилганми? Ҳа, белгиланган муддатларда тақдим этилган — 2 балл. Тақдим этилган, лекин муддатида эмас — 1 балл. Йўқ, тақдим этилмаган — 0 балл. 4.10. Бюджет дастурларининг ижроси ички аудит хизмати томонидан белгиланган йўналишларда баҳоланганми? Ҳа, белгиланган йўналишларда баҳоланган — 2 балл. Баҳоланган, лекин белгиланган барча йўналишларда эмас — 1 балл. Йўқ, баҳоланмаган — 0 балл. 4.11. Бюджет маблағлари тақсимловчиларнинг бюджет дастурларининг ижроси бўйича ҳисоботлари ички аудит хизмати томонидан белгиланган муддатларда баҳоланганми? Ҳа, белгиланган муддатларда баҳоланган — 2 балл. Баҳоланган, лекин муддатида эмас — 1 балл. Йўқ, баҳоланмаган — 0 балл. 4.12. Ички аудит хизмати томонидан бюджет дастурларининг ижросини баҳолаш натижалари бўйича таклиф ва тавсиялар ишлаб чиқилганми? Ҳа, таклиф ва тавсиялар ишлаб чиқилган — 2 балл. Йўқ, таклиф ва тавсиялар ишлаб чиқилмаган — 0 балл. 4.13. Ички аудит хизмати фаолияти бўйича давлат органи ва ташкилоти раҳбарига ҳисоботлар тақдим этиб борилганми? Ҳа, тақдим этиб борилган — 2 балл. Йўқ, тақдим этиб борилмаган — 0 балл. 4.14. Ички аудит хизмати фаолияти бўйича ҳар чоракда оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирокида ҳисоботлар жамоатчиликка эълон қилиб борилганми? Ҳа, эълон қилиб борилган — 2 балл. Эълон қилиб борилган, лекин ҳар чоракда эмас — 1 балл. Йўқ, эълон қилиб борилмаган — 0 балл. 5. Чора-тадбирлар режасининг бажарилиши 5.1. Ички аудит тадбирида ишлаб чиқилган таклиф ва тавсияларнинг барчаси чора-тадбирлар режасига киритилганми? Барча таклиф ва тавсиялар чора-тадбирлар режасига киритилган — 2 балл. Айрим таклиф ва тавсиялар чора-тадбирлар режасига киритилмаган — 1 балл. Таклиф ва тавсиялар чора-тадбирлар режасига киритилмаган — 0 балл. 5.2. Ички аудит объектлари томонидан чора-тадбирлар режасининг бажарилиш кўрсаткичи қандай? Чора-тадбирлар режасининг бажарилиш кўрсаткичи 90 фоиз ва ундан юқори — 2 балл. Чора-тадбирлар режасининг бажарилиш кўрсаткичи 80 фоиздан (80 фоиз ҳам киради) 90 фоизгача — 1 балл. 80 фоиздан паст — 0 балл. 5.3. Ички аудит хизмати томонидан чора-тадбирлар режасининг бажарилиши бўйича мониторинг йўлга қўйилганми? Ҳа, мониторинг йўлга қўйилган — 2 балл. Йўқ, мониторинг йўлга қўйилмаган — 0 балл. 5.4. Ички аудит тадбири натижалари якунига кўра чора-тадбирлар режаси белгиланган тартибда тузилганми? Ҳа, белгиланган тартибда тузилган — 2 балл. Йўқ, белгиланган тартибдан фарқ қилади — 0 балл. 5.5. Ички аудит хизмати томонидан қонунчилик ҳужжатларининг бузилиши ҳолатларининг олдини олиш (профилактика) амалга оширилганми? Ҳа, профилактика амалга оширилган — 2 балл. Йўқ, профилактика амалга оширилмаган — 0 балл. 5.6. Ички аудит хизмати томонидан ахборот технологияларидан фойдаланган ҳолда масофавий аудит амалга оширилганми? Ҳа, амалга оширилган — 2 балл. Йўқ, амалга оширилмаган — 0 балл. 5.7. Ички аудит хизматининг барча ходимлари масофавий аудит ўтказиш учун «ЎзАСБО» дастурий мажмуасидан фойдаланадими? Ҳа, барчаси фойдаланади — 2 балл. Айрим ходимлар фойдаланади — 1 балл. Йўқ, фойдаланмайди — 0 балл. 5.8. Ички аудит хизмати томонидан йиллик иш режасининг бажарилиши кўрсаткичи қандай? 90 фоиз ва ундан юқори — 2 балл. 80 фоиздан (80 фоиз ҳам киради) 90 фоизгача — 1 балл. 80 фоиздан паст — 0 балл. 6. Ички аудит хизмати ходимларининг малака даражаси ҳамда фаолияти самарадорлигининг Давлат органлари ва ташкилотларининг ички аудит хизмати ходимларининг фаолияти самарадорлигини баҳолаш тартиби тўғрисидаги низом асосида баҳоланиши 6.1. Ички аудит хизмати ходимлари малакасини ошириш, шунингдек, ички аудит хизмати ходимларини касбий ривожлантириш бўйича ишлар амалга оширилганми? Ходимлар салоҳиятини ривожлантириш бўйича чоралар кўрилган — 2 балл. Ходимлар салоҳиятини ривожлантириш бўйича чоралар кўрилмаган — 0 балл. 6.2. Ички аудит хизмати ходимлари ички аудит фаолиятига оид семинар, тренингларда, шу жумладан, хорижий давлатларда ташкил этилган семинар, тренингларда иштирок этадими? Ҳа, семинар, тренингларда мунтазам равишда иштирок этади — 2 балл. Семинар, тренингларда иштирок этади, лекин мунтазам эмас — 1 балл. Семинар, тренингларда иштирок этмайди — 0 балл. 6.3. Ички аудит хизмати раҳбари ва ходимларининг фаолияти самарадорлигини баҳолаш амалга оширилганми? Ҳа, баҳолаш амалга оширилган — 2 балл. Йўқ, баҳолаш амалга оширилмаган — 0 балл. 6.4. Ички аудит хизмати ходимларининг фаолияти самарадорлигини баҳолашда энг муҳим самарадорлик кўрсаткичларидан тўлиқ фойдаланилганми? Ҳа, энг муҳим самарадорлик кўрсаткичларидан тўлиқ фойдаланилган — 2 балл. Йўқ, энг муҳим самарадорлик кўрсаткичларидан тўлиқ фойдаланилмаган — 0 балл. 6.5. Ички аудит хизмати ходимларининг фаолияти самарадорлигини баҳолашда энг муҳим самарадорлик кўрсаткичларини ҳисоблаш тўғри амалга оширилганми? Ҳа, энг муҳим самарадорлик кўрсаткичлари тўғри ҳисобланган — 2 балл. Йўқ, энг муҳим самарадорлик кўрсаткичлари тўғри ҳисобланмаган — 0 балл. 6.6. Ички аудит хизматининг фаолияти самарадорлик кўрсаткичи қандай? 86 фоиз ва ундан юқори — 2 балл. 71 фоиздан (71 фоиз ҳам киради) 86 фоизгача — 1 балл. 71 фоиздан паст — 0 балл. 7. Ички аудит хизмати фаолиятига оид бошқа саволлар 7.1. Ички аудит фаолиятига оид мурожаатлар ижроси кўрсаткичи қандай? 100 фоиз — 2 балл. 90 фоиздан (90 фоиз ҳам киради) 100 фоизгача — 1 балл. 90 фоиздан паст — 0 балл. 7.2. Ички аудит хизмати ўз фаолиятини амалга ошириш учун ички ва ташқи ахборот тизимларидан фойдаланиш имконияти мавжудми? Ҳа, барча ички ва ташқи ахборот тизимларидан фойдаланиш имконияти мавжуд — 2 балл. Ички ва ташқи ахборот тизимларидан қисман фойдаланиш имконияти мавжуд — 1 балл. Йўқ, фойдаланиш имконияти мавжуд эмас — 0 балл. 7.3. Ички аудит хизмати ходимларининг одоб-ахлоқ қоидаларига риоя этилганлик ҳолати? Одоб-ахлоқ қоидаларига риоя этилган — 2 балл. Одоб-ахлоқ қоидаларига риоя этилмаганлик ҳолатлари мавжуд — 0 балл. 7.4. Ички аудит хизмати томонидан фуқаролар иштирокидаги аудит тизими бўйича назорат объектлари «Давлат аудити» дастурий комплексига тўлиқ киритилганми? Тўлиқ киритилган — 2 балл. Киритилган, лекин тўлиқ эмас — 1 балл. Киритилмаган — 0 балл. 7.5. Ички аудит хизмати давлат органи ва ташкилоти тизимидаги бюджет ҳисобидан молиялаштирилмайдиган нобюджет муассаса ҳамда ташкилотларда молиявий-хўжалик фаолияти бўйича ўтказилган аудит (назорат) ишларига оид ҳужжатлар мониторингини юритганми? Ҳа, мониторинг юритилган — 2 балл. Йўқ, мониторинг юритилмаган — 0 балл. 7.6. Ички аудит хизматининг давлат органи ва ташкилотида «Хавфларни бошқариш» қўмитасининг ишчи органи сифатида фаолияти йўлга қўйилганми? Ҳа, тўлиқ йўлга қўйилган — 2 балл. Қисман йўлга қўйилган — 1 балл. Йўқ, йўлга қўйилмаган — 0 балл. 7.7. Ички аудит хизмати фаолияти бўйича Иқтисодиёт ва молия вазирлиги томонидан олдинги баҳолашда берилган таклиф ва тавсиялар бажарилганми? Ҳа, бажарилган — 2 балл. Йўқ, бажарилмаган (ёки қисман бажарилган) — 0 балл. Баҳолаш натижаси (фоизда)
Ички аудит хизматлари фаолиятини баҳолаш натижаси ___________ (давлат органи ва ташкилоти номи) ___________ (ички аудит тузилмаси номи) томонидан ички аудит фаолиятига оид қонунчилик ҳужжатларига мувофиқлик ва сифат даражаси «__» фоиз кўрсаткич билан ________ (бири танланади: юқори, ўрта, паст ) деб баҳоланди. Маълумот учун. Баҳолаш натижасига кўра ички аудит хизмати фаолиятининг сифат даражаси қуйидагича баҳоланади: юқори — 90 фоиз ва ундан юқори, ўрта — 70 фоиздан (70 фоиз ҳам киради) 90 фоизгача, паст — 70 фоиздан кам. ____________________________ ____________ ____________ Иқтисодиёт ва молия вазирлиги масъул ходими (имзо) (кун, ой, йил)
Давлат органлари ва ташкилотларининг ички аудит хизматлари фаолиятини баҳолаш тартиби тўғрисидаги низомга 3-ИЛОВА
Ички аудит объекти фикр-мулоҳазаларининг НАМУНАВИЙ САВОЛНОМАСИ Ички аудит объекти номи Сўровномани тўлдирувчининг Ф.И.О. Сана Т/р Саволлар Билдирилган фикр — мулоҳазалар яхши (ҳа) қониқарли қониқарсиз (йўқ) I. Умумий саволлар 1. Ички аудит хизмати фаолиятини қандай баҳолайсиз? 2. Ички аудит хизмати ходимларининг билим ва тажрибасини қандай баҳолайсиз? 3. Ички аудит хизмати ходимлари томонидан фаолиятингиз юзасидан бериладиган маслаҳатларни қандай баҳолайсиз? II. Ички аудит тадбирларига оид саволлар 4. Ички аудит тадбири бошланишидан аввал Сизга бу ҳақида хабарнома юборилганми? 5. Ички аудит хизмати ходимларининг ички аудит тадбири бўйича билим ва кўникмаларини қандай баҳолайсиз? 6. Ички аудит хизмати ходимлари ички аудит тадбири давомида одоб-ахлоқ қоидаларига мувофиқ фаолият олиб бордими? 7. Ички аудит тадбири дастурда кўрсатиб ўтилган йўналишларда ўтказилдими? 8. Ички аудит тадбири белгиланган муддат давомида ўтказилдими? 9. Ички аудит тадбири давомида аниқланган хато ва камчиликларга ички аудит хизмати томонидан берилган таклиф ва тавсиялардан қай даражада қониқиш ҳосил қилдингиз? 10. Ички аудит хизмати томонидан берилган таклиф ва тавсиялар амалийми, улар ташкилот фаолиятини яхшилашга хизмат қиладими? 11. Ички аудит тадбири ҳисоботи ички аудит хизмати томонидан холис тайёрландими, манфаатлар тўқнашувига йўл қўйилмадими? 12. Ички аудит тадбири ҳисоботига ўз фикр-мулоҳазаларингизни билдирдингизми ҳамда улар инобатга олиндими? Қўшимча: а) келгусида ички аудит хизмати фаолиятини ривожлантириш бўйича нима ишлар қилиниши керак деб ўйлайсиз? _________________________________________________________________________________________________ _________________________________________________________________________________________________ б) бошқа фикр-мулоҳазалар, таклифлар (давлат органи ва ташкилоти молиявий фаолиятини яхшилаш ёки ички аудит хизмати фаолияти билан боғлиқ): _________________________________________________________________________________________________ _________________________________________________________________________________________________ Изоҳ. а) сўровномани тўлдириш давомида ички аудит объекти ўз фикр-мулоҳазаларини холис баён этиши лозим. б) агар ички аудит объекти томонидан билдирилган фикрлар «қониқарсиз (йўқ)» бўлса, тегишли асослантиришлар кўрсатилиши лозим. в) ушбу сўровномага баҳоловчи ташкилот томонидан Вазирлар Маҳкамаси билан келишилган ҳолда ўзгартириш ва қўшимчалар киритилиши мумкин. _________________________________ ____________ ____________ Сўровномани тўлдирувчи (Ф.И.О., лавозими) (имзо) (кун, ой, йил)
Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А. АРИПОВ
Тошкент ш.,
2023 йил 14 август,
377-сон
Oʻzbekiston Respublikasi Vazirlar Mahkamasining
qarori
NIZOM
SXEMASI
NAMUNAVIY SAVOLNOMA
Davlat organlari va tashkilotlarining ichki audit xizmatlari faoliyatini baholash tartibi toʻgʻrisidagi nizomni tasdiqlash haqida
Oʻzbekiston Respublikasi Prezidentining “Oʻzbekiston Respublikasining “2023-yil uchun Oʻzbekiston Respublikasining Davlat budjeti toʻgʻrisida”gi Qonuni ijrosini taʼminlash chora-tadbirlari toʻgʻrisida” 2022-yil 30-dekabrdagi PQ-471-son qaroriga muvofiq, shuningdek, davlat organlari va tashkilotlarining ichki audit xizmatlari faoliyatini yanada takomillashtirish maqsadida Vazirlar Mahkamasi qaror qiladi:
1. Oʻzbekiston Respublikasi Prezidentining “Oʻzbekiston Respublikasining “2023-yil uchun Oʻzbekiston Respublikasining Davlat budjeti toʻgʻrisida”gi Qonuni ijrosini taʼminlash chora-tadbirlari toʻgʻrisida” 2022-yil 30-dekabrdagi PQ-471-son qarori 14-bandida davlat organlari va tashkilotlarining ichki audit xizmati faoliyati samaradorligini oshirish orqali ularga ajratilgan budjet mablagʻlaridan oqilona foydalanishni taʼminlash maqsadida davlat organlari va tashkilotlarining ichki audit xizmatlari faoliyatini baholash tartibini ishlab chiqish belgilanganligi maʼlumot uchun qabul qilinsin.
2. Quyidagilarni nazarda tutuvchi davlat organlari va tashkilotlarining ichki audit xizmatlari faoliyatini baholash tartibi toʻgʻrisidagi nizom ilovaga muvofiq tasdiqlansin:
ichki audit xizmatlari faoliyatini baholash tartibi, shu jumladan, baholashni rejalashtirish va amalga oshirish;
baholashni amalga oshirishda tomonlarning huquq va majburiyatlari;
baholash natijalari hisobotlarini rasmiylashtirish hamda ichki audit xizmati faoliyatini takomillashtirish choralarini koʻrish;
baholash natijalari monitoringini yuritish hamda ularni jamoatchilikka eʼlon qilish.
3. Oʻzbekiston Respublikasi Iqtisodiyot va moliya vazirligi:
xavf tahlili asosida tanlab olingan davlat organlari va tashkilotlarida ichki audit xizmatlari faoliyatini baholash va ularning faoliyatini takomillashtirish choralarini koʻrsin;
har yarim yil yakunlari boʻyicha davlat organlari va tashkilotlarining ichki audit xizmatlari faoliyatini baholash natijalari va ularning faoliyatini takomillashtirish yuzasidan amalga oshirilgan ishlar toʻgʻrisidagi maʼlumotlar jamoatchilikka eʼlon qilib borilishini taʼminlasin.
4. Mazkur qarorning bajarilishini nazorat qilish Oʻzbekiston Respublikasi Bosh vazirining oʻrinbosari — iqtisodiyot va moliya vaziri J.A. Qoʻchqorov zimmasiga yuklansin.
Vazirlar Mahkamasining 2023-yil 14-avgustdagi 377-son qaroriga ILOVA
Davlat organlari va tashkilotlarining ichki audit xizmatlari faoliyatini baholash tartibi toʻgʻrisida
1-bob. Umumiy qoidalar
1. Mazkur Nizom davlat organlari va tashkilotlarining ichki audit xizmatlari (keyingi oʻrinlarda — ichki audit xizmatlari) faoliyatini baholash tartibini belgilaydi.
Bunda davlat organlari va tashkilotlari deganda ichki audit xizmatlari tashkil etilgan respublika ijro etuvchi hokimiyat organlari, davlat maqsadli jamgʻarmalari, Qoraqalpogʻiston Respublikasi Vazirlar Kengashi, viloyatlar va Toshkent shahri hokimliklari hamda boshqa budjet tashkilotlari tushuniladi.
2. Ichki audit xizmatlari faoliyati ichki audit xizmati faoliyatining ichki auditga oid qonunchilik hujjatlariga rioya etilishini taʼminlash hamda faoliyatni takomillashtirib borish maqsadida baholanadi.
3. Ichki audit xizmatlari faoliyati Oʻzbekiston Respublikasi Iqtisodiyot va moliya vazirligi (keyingi oʻrinlarda — baholovchi tashkilot) tomonidan baholanadi.
Bunda baholovchi tashkilot ichki audit xizmatlari faoliyati, shu jumladan, oʻtkazilgan ichki audit tadbirlari natijalariga javobgar hisoblanmaydi.
4. Ichki audit xizmatlari ushbu Nizomga 1-ilovada keltirilgan sxemaga muvofiq baholanadi.
2-bob. Baholashni amalga oshirishda tomonlarning huquq va majburiyatlari
5. Baholashni amalga oshirishda baholovchi tashkilot quyidagi huquqlarga ega:
ichki audit xizmatlaridan baholash bilan bogʻliq boʻlgan hujjatlarning nusxalarini va maʼlumotlarni elektron, ogʻzaki va yozma shaklda soʻrash va olish;
ichki audit xizmatlari xodimlaridan yuzaga kelayotgan masalalar boʻyicha tushuntirish olish;
ichki audit xizmatlarining tegishli xodimlaridan ichki audit faoliyatini baholash natijalari boʻyicha hujjatlarni imzolashni soʻrash;
baholashni amalga oshirishda baholovchi tashkilot tuzilmasidagi ichki audit milliy malaka sertifikatiga ega xodimlarni jalb etish.
6. Baholashni amalga oshirishda baholovchi tashkilot:
baholash boshlanishidan oldin belgilangan muddatda davlat organi va tashkilotini bu haqida xabardor qilishi;
ichki audit faoliyatini baholashga oid normativ-huquqiy hujjatlar talablariga rioya etishi, oʻz vakolati doirasidan chetga chiqmasligi;
baholash natijalariga oid hujjatlarda koʻrsatilgan maʼlumotlarning ishonchliligi, asosliligi, xolisligi va toʻliqligini taʼminlashi;
baholash natijalarini belgilangan tartibda rasmiylashtirishi lozim.
7. Ichki audit xizmatlari quyidagi huquqlarga ega:
baholash jarayonida bevosita qatnashish va baholashga tegishli masalalar boʻyicha tushuntirishlar berish;
baholashning maqsadi, boshlanish sanasi va davomiyligi toʻgʻrisida maʼlumot olish;
baholovchi tashkilotning baholash bilan bogʻliq masalalarga aloqasi boʻlmagan talablarini bajarmaslik.
8. Ichki audit xizmatlari:
baholovchi tashkilotning masʼul xodimlari baholashni amalga oshirishi uchun zarur sharoitlar yaratishi;
baholovchi tashkilotning masʼul xodimlarining qonuniy talablarini bajarishi, shuningdek, ularning qonuniy faoliyatiga toʻsqinlik qilmasligi;
baholash vaqtida baholovchi tashkilotga baholashni amalga oshirish uchun zarur boʻlgan hujjatlar nusxalari va maʼlumotlarni taqdim etishi;
baholash natijasida aniqlangan qonunchilik hujjatlariga rioya etilmagan holatlarni bartaraf etishi va oldini olishga qaratilgan chora-tadbirlarni amalga oshirishi lozim.
3-bob. Ichki audit xizmatlari faoliyatini baholash tartibi
9. Baholash rejali va rejadan tashqari tartibda amalga oshiriladi.
Bunda, baholash baholovchi tashkilot rahbarining qarori asosida amalga oshiriladi.
10. Rejali baholash xavf tahlili asosida ishlab chiqilgan yillik rejaga muvofiq amalga oshiriladi.
Bunda yillik reja baholovchi tashkilot tomonidan har yili 1-martga qadar ishlab chiqiladi, tasdiqlanadi hamda tasdiqlangandan soʻng bir ish kunida baholovchi tashkilot tomonidan uning rasmiy veb-saytida eʼlon qilinadi.
11. Baholash amalga oshiriladigan davlat organlari va tashkilotlarining ichki audit xizmatlari xavf tahlili asosida tanlab olinadi.
12. Rejadan tashqari baholash quyidagi asoslarda amalga oshiriladi:
davlat organi va tashkilotining baholashni amalga oshirish boʻyicha murojaati kelib tushganda;
taqdim etilgan ichki audit xizmatlari faoliyati toʻgʻrisidagi hisobotlar tahlili natijasida qoʻshimcha xavflar aniqlanganda.
Bunda qoʻshimcha xavflar ichki audit xizmatlari tomonidan har chorakda belgilangan tartibda taqdim etiladigan ichki audit xizmatlari faoliyati toʻgʻrisidagi hisobotlar tahlili asosida aniqlanadi.
13. Rejali oʻtkaziladigan baholashda ichki audit xizmatlarining xavf darajasi quyidagi xavf omillari asosida aniqlanadi:
ichki audit yillik rejasining bajarilishi;
ichki audit obyektlari tomonidan chora-tadbirlar rejasining bajarilishi;
avvalgi oʻtkazilgan baholash natijalariga koʻra ichki audit xizmati faoliyatini rivojlantirish boʻyicha berilgan taklif va tavsiyalar bajarilishi;
ichki audit xizmatlari tomonidan davlat organi va tashkiloti tizimidagi xavf darajasi yuqori boʻlgan ichki audit obyektlarining qamrov darajasi;
ichki audit xizmatlari tomonidan oʻtkazilgan profilaktika tadbirlari va oldi olingan qonun buzilishlar;
davlat moliyaviy nazorati organlari tomonidan davlat organlari va tashkilotlarida aniqlangan moliyaviy xato va kamchiliklar.
Bunda baholovchi tashkilot tomonidan ichki audit xizmatlari xavf darajasini baholashda qoʻshimcha xavf omillaridan ham foydalanilishi mumkin.
14. Ichki audit xizmatlarining xavf darajasi ushbu Nizomning 13-bandida belgilangan omillarga butun sonlardagi 1 — 3 ball berish orqali baholanadi.
Bunda 3 ball tegishli xavf omilining eng yuqori darajasini va 1 ball tegishli xavf omilining eng past darajasini bildiradi.
15. Xavf omillariga ball berishda baholovchi tashkilot tomonidan har bir xavf omiliga mezonlar ishlab chiqiladi hamda xavf omillarining muhimlik darajasidan kelib chiqib, ularga xavf omili vazni belgilanadi.
Bunda belgilangan xavf omili vaznining umumiy miqdori 1 ga (100 foizga) teng boʻlishi kerak.
16. Ichki audit xizmatlarining xavf darajasi quyidagi formula asosida aniqlanadi:
bunda:
Xd — xavf darajasi;
Bxo — xavf omiliga berilgan ball;
Vxo — tegishli xavf omiliga belgilangan vazn;
i — xavf omilining tegishli tartib raqami;
n — xavf darajasini aniqlash uchun qoʻllaniladigan omillar soni.
17. Ichki audit xizmatining xavf omillari tahlili boʻyicha xavf darajasi quyidagicha baholanadi:
2 va undan yuqori — yuqori xavf darajasi;
1,5 dan (1,5 ham kiradi) 2 gacha — oʻrta xavf darajasi;
1 dan 1,5 gacha — past xavf darajasi.
18. Baholash xavf tahlili asosida tanlab olingan yuqori xavf darajasiga ega ichki audit xizmatlarida amalga oshiriladi.
19. Baholash ichki audit faoliyatiga xalaqit qilmagan holda mazkur Nizom hamda ichki audit faoliyatiga oid qonunchilik hujjatlariga muvofiq oʻn ish kunidan oshmagan muddatda amalga oshiriladi.
20. Baholovchi tashkilot baholash boshlanishidan kamida oʻn kun oldin davlat organi va tashkilotini bu haqda xabardor qiladi.
21. Baholovchi tashkilot tomonidan baholash jarayonida quyidagi yoʻnalishlar qamrab olinadi:
ichki audit xizmati faoliyatining belgilangan tartibda tashkil etilishi, mustaqilligi hamda resurslar bilan taʼminlanishi;
davlat organlari va tashkilotlarida ichki audit faoliyatini amalga oshirish boʻyicha tegishli hujjatlar ishlab chiqilishi va rasmiylashtirilishi (ichki audit xizmati toʻgʻrisidagi nizom, ichki audit xizmati xodimlarining lavozim yoʻriqnomalari va boshqalar);
ichki audit yillik rejasining xavf tahlili asosida ishlab chiqilishi va rasmiylashtirilishi;
ichki audit tadbirlarining ichki audit faoliyatiga oid qonunchilik hujjatlariga muvofiq oʻtkazilishi va natijalari rasmiylashtirilishi;
oʻtkazilgan ichki audit tadbirlarining samaradorligi, taklif va tavsiyalarni bajarish boʻyicha chora-tadbirlar rejasining ichki audit obyektlari tomonidan bajarilishi;
ichki audit xizmatlari xodimlarining malaka darajasi;
ichki audit xizmati faoliyatiga oid boshqa masalalar.
22. Baholash mazkur Nizomga 2-ilovada keltirilgan Ichki audit xizmatlari faoliyatini baholash boʻyicha namunaviy savolnomaga tegishli mezonlar asosida butun sonlardagi 0 — 2 ball berish orqali amalga oshiriladi.
Bunda savolnoma mazkur Nizomning 21-bandida keltirilgan yoʻnalishlar boʻyicha shakllantiriladi.
23. Baholovchi tashkilot tomonidan savolnomada keltirilgan yoʻnalishlarning muhimlik darajasidan kelib chiqib, ularga vazn belgilanadi.
Bunda yoʻnalishlarga belgilangan vaznning umumiy miqdori 1 ga (100 foizga) teng boʻlishi kerak.
24. Baholashni amalga oshirishda ichki audit xizmati faoliyatining sifat darajasi quyidagi formula asosida aniqlanadi:
bunda:
Sd — sifat darajasi;
Bh — savolnomada har bir yoʻnalishdagi savollarga berilgan ballar yigʻindisi;
Bm — savolnomada har bir yoʻnalishdagi savollarga berilishi mumkin boʻlgan eng yuqori ballar yigʻindisi;
Bv — savolnomada keltirilgan baholash yoʻnalishlariga belgilanadigan vazn;
i — savolnomada keltirilgan yoʻnalishlarning tegishli tartib raqami;
n — savolnomadagi yoʻnalishlar soni.
25. Ichki audit xizmati faoliyatining baholash boʻyicha sifat darajasi quyidagicha baholanadi:
90 foiz va undan yuqori — yuqori;
70 foizdan (shu jumladan, 70 foiz) 90 foizgacha — oʻrta;
70 foizdan kam — past.
26. Baholovchi tashkilot tomonidan baholash jarayonida ichki audit xizmati faoliyati toʻgʻrisida batafsil maʼlumot olish maqsadida davlat organi va tashkilotining boshqa tuzilmalari, ichki audit xizmati xodimlari hamda ichki audit obyektlari bilan uchrashuvlar hamda ichki audit tadbiri oʻtkazilgan ichki audit obyektlarida mazkur Nizomga 3-ilovada keltirilgan namunaviy shaklga muvofiq soʻrovnoma oʻtkazilishi mumkin.
27. Baholash natijalari baholovchi tashkilot tomonidan quyidagilarni nazarda tutuvchi maʼlumotnoma koʻrinishida rasmiylashtiriladi:
baholash natijalari, shu jumladan, baholash asosida aniqlangan ichki audit xizmatining sifat darajasi boʻyicha maʼlumotlar;
ichki audit obyektlari oʻrtasida oʻtkazilgan soʻrovnoma natijalari (agar mavjud boʻlsa);
baholash oʻtkazilgan ichki audit xizmati faoliyati holati, shu jumladan ichki audit faoliyatiga oid qonunchilikka rioya etilmagan holatlar (agar mavjud boʻlsa);
ichki audit xizmati faoliyatini takomillashtirish boʻyicha taklif va tavsiyalar.
28. Baholash natijalari boʻyicha maʼlumotnoma loyihasi ichki audit xizmati rahbari tomonidan ikki ish kuni ichida koʻrib chiqiladi.
Bunda ichki audit xizmati rahbari maʼlumotnoma loyihasi yuzasidan oʻz fikr-mulohazalari va eʼtirozlarini bildirishga haqli.
29. Ichki audit xizmati rahbari tomonidan bildirilgan fikr-mulohazalar va eʼtirozlar asosli deb topilgan taqdirda, baholovchi tashkilot tomonidan maʼlumotnoma loyihasiga tegishli tuzatishlar kiritiladi.
30. Maʼlumotnoma ikki nusxada rasmiylashtiriladi hamda ichki audit xizmati rahbari va baholovchi tashkilotning masʼul xodimi tomonidan imzolanadi.
31. Ichki audit xizmati rahbari tomonidan baholovchi tashkilot bilan birgalikda ichki audit xizmati faoliyatini takomillashtirish boʻyicha berilgan taklif va tavsiyalar asosida chora-tadbirlar rejasi ishlab chiqiladi hamda maʼlumotnomaga ilova qilinadi.
32. Chora-tadbirlar rejasi ichki audit xizmati rahbari tomonidan imzolanadi hamda davlat organi va tashkiloti rahbari tomonidan besh ish kuni ichida tasdiqlanadi.
33. Davlat organi va tashkiloti rahbari tomonidan tasdiqlangan chora-tadbirlar rejasining nusxasi uch ish kuni ichida baholovchi tashkilotga taqdim etiladi.
34. Ichki audit xizmati har chorakda ichki audit xizmati faoliyati toʻgʻrisidagi hisobotda chora-tadbirlar rejasida keltirilgan taklif va tavsiyalar bajarilishi boʻyicha maʼlumotlarni baholovchi tashkilotga taqdim etadi.
35. Davlat organlari va tashkilotlarida oʻtkazilgan baholash va uning natijalari toʻgʻrisida maʼlumotlar davlat organlari va tashkilotlarining rasmiy veb-saytiga joylashtiriladi.
36. Baholovchi tashkilot ichki audit xizmati tomonidan chora-tadbirlar rejasining bajarilish monitoringini ichki audit xizmati faoliyati toʻgʻrisidagi hisobotda keltirilgan chora-tadbirlar rejasining bajarilishi boʻyicha maʼlumotlarni tahlil qilish orqali amalga oshiradi.
37. Ichki audit xizmati tomonidan taklif va tavsiyalar asosida ishlab chiqilgan chora-tadbirlar rejasi bajarilmagan taqdirda, baholovchi tashkilot tomonidan bu haqida tegishli davlat organi va tashkiloti rahbariga koʻrsatma xat yuboriladi, shuningdek, ushbu maʼlumotlar Oʻzbekiston Respublikasi Hisob palatasiga taqdim etiladi.
4-bob. Davlat organlari va tashkilotlari ichki audit xizmatlari faoliyatini baholash va takomillashtirish boʻyicha hisobot
38. Baholovchi tashkilot tomonidan ichki audit xizmatlari faoliyatini baholash natijalari boʻyicha yarim yillik va yillik hisobot (keyingi oʻrinlarda — hisobot) tayyorlanadi.
39. Hisobot quyidagilarni oʻz ichiga oladi:
hisobot davrida ichki audit xizmatlari faoliyatini baholash natijalari;
davlat organlari va tashkilotlari tomonidan ichki audit xizmatlari faoliyatining sifatini taʼminlash va samaradorligini oshirib borish yuzasidan amalga oshirilgan ishlar;
kelgusida ichki audit xizmatlari faoliyatini takomillashtirish yoʻnalishlari.
40. Hisobot yarim yil yakuni boʻyicha iyul oyining 20-sanasiga qadar va yil yakuni boʻyicha yanvar oyining 25-sanasiga qadar Vazirlar Mahkamasiga taqdim etiladi.
Hisobot Oʻzbekiston Respublikasi Hisob palatasiga uning soʻroviga asosan taqdim etilishi mumkin.
41. Hisobot yuzasidan maʼlumotlar baholovchi tashkilot tomonidan jamoatchilikka eʼlon qilib boriladi.
5-bob. Yakunlovchi qoida
42. Ushbu Nizom talablarini buzganlikda aybdor boʻlgan shaxslar qonunchilik hujjatlarida belgilangan tartibda javob beradilar.
Davlat organlari va tashkilotlarining ichki audit xizmatlari faoliyatini baholash tartibi toʻgʻrisidagi nizomga 1-ILOVA
Davlat organlari va tashkilotlarining ichki audit xizmatlari faoliyatini baholash
Bosqichlar Subyektlar Tadbirlar Ijro muddati 1-bosqich Iqtisodiyot va moliya vazirligi Xavf tahlili asosida ichki audit xizmatlarini tanlab oladi va baholash yillik rejasini tasdiqlaydi. Har yili 1-martga qadar 2-bosqich Iqtisodiyot va moliya vazirligi Baholashni oʻtkazish muddati koʻrsatilgan holda davlat organlari va tashkilotlarini xabardor qiladi. Baholash boshlanish sanasidan kamida oʻn kun oldin 3-bosqich Iqtisodiyot va moliya vazirligi 1. Ichki audit xizmatida baholashni amalga oshiradi. 2. Baholash natijalarini rasmiylashtiradi hamda ichki audit xizmati faoliyatini takomillashtirish boʻyicha chora-tadbirlar rejasini ishlab chiqadi. Oʻn ish kuni ichida 4-bosqich Davlat organlari va tashkilotlar Ichki audit xizmati faoliyatini takomillashtirish boʻyicha chora-tadbirlar rejasini koʻrib chiqadi va tasdiqlaydi. Baholash yakunlangandan soʻng besh ish kuni ichida 5-bosqich Iqtisodiyot va moliya vazirligi 1. Ichki audit xizmatlari faoliyatini baholash va takomillashtirish boʻyicha hisobotni Vazirlar Mahkamasiga taqdim etadi. 2. Hisobot toʻgʻrisidagi maʼlumotlarni jamoatchilikka eʼlon qiladi. Yarim yil yakunlari boʻyicha iyul oyining 20-sanasiga va yil yakunlari boʻyicha yanvar oyining 25-sanasiga qadar
Davlat organlari va tashkilotlarining ichki audit xizmatlari faoliyatini baholash tartibi toʻgʻrisidagi nizomga 2-ILOVA
Ichki audit xizmatlari faoliyatini baholash boʻyicha
T/r Nazorat savollari Baholash mezoni Ball Vazn 1. Ichki audit xizmati faoliyatining belgilangan tartibda tashkil etilishi, mustaqilligi hamda resurslar bilan taʼminlanishi 1.1. Ichki audit xizmati davlat organi va tashkilotining tegishincha markaziy apparati va boshqaruv apparatida mustaqil tarkibiy tuzilma sifatida tashkil etilganmi? Ha, mustaqil tarkibiy tuzilma sifatida tashkil etilgan — 2 ball. Yoʻq, mustaqil tarkibiy tuzilma sifatida tashkil etilmagan — 0 ball. 1.2. Ichki audit xizmatining davlat organi va tashkilotining birinchi rahbariga boʻysunuvi belgilanganmi? Ha, birinchi rahbarga boʻysunuvi belgilangan — 2 ball. Yoʻq, birinchi rahbarga boʻysunuvi belgilanmagan — 0 ball. 1.3. Ichki audit xizmati xodimlarining mustaqilligi qabul qilingan ichki hujjatlar bilan belgilanganmi? Ha, mustaqillik ichki hujjatlar bilan belgilangan — 2 ball. Yoʻq, mustaqillik ichki hujjatlar bilan belgilanmagan — 0 ball. 1.4. Ichki audit xizmatiga oʻz faoliyatidan tashqari boshqa faoliyatga oid vazifalar yuklanishiga cheklov(lar) ichki audit xizmati toʻgʻrisidagi (ichki) nizomda belgilanganmi? Ha, belgilangan — 2 ball. Yoʻq, belgilanmagan — 0 ball. 1.5. Ichki audit xizmati xodimlarining faoliyatiga aralashuvlarga yoʻl qoʻymaslik boʻyicha bandlar qabul qilingan ichki hujjatlar bilan belgilanganmi? Ha, qabul qilingan — 2 ball. Yoʻq, qabul qilinmagan — 0 ball. 1.6. Ichki audit xizmati xodimining asosiy faoliyat natijalariga javobgar hisoblanmasligi qabul qilingan ichki hujjatlar bilan belgilanganmi? Ha, tegishli normalar belgilangan — 2 ball. Yoʻq, tegishli normalar belgilanmagan — 0 ball. 1.7. Ichki audit xizmati oʻz faoliyatini amalga oshirish uchun xodimlar bilan toʻldirilganmi? Xodimlar bilan toʻldirilganlik darajasi 90 foiz va undan yuqori — 2 ball. Xodimlar bilan toʻldirilganlik darajasi 80 foizdan (80 foiz ham kiradi) 90 foizgacha — 1 ball. 80 foizdan past — 0 ball. 1.8. Ichki audit xizmati oʻz faoliyatini amalga oshirish uchun yetarli moddiy-texnik baza bilan taʼminlanganmi? Ha, yetarli moddiy-texnik baza bilan taʼminlangan — 2 ball. Yoʻq, moddiy-texnik baza bilan taʼminlanmagan — 0 ball. 1.9. Ichki audit xizmati xodimlarining qoʻnimsizligi qanday? (oxirgi 12 oyda) Ichki audit xizmati xodimlari tarkibi almashmagan — 2 ball. Ichki audit xizmati xodimlari tarkibi 30 foizgacha almashgan — 1 ball. Ichki audit xizmati xodimlari tarkibi 30 foizdan yuqori almashgan — 0 ball. 2. Ichki audit xizmati faoliyatiga oid tegishli ichki hujjatlarning qabul qilinishi 2.1. Davlat organi va tashkilotining ichki audit xizmati toʻgʻrisidagi (ichki) nizomi Ichki audit xizmati toʻgʻrisidagi namunaviy nizomga muvofiq ishlab chiqilganmi? Ha, muvofiq ishlab chiqilgan — 2 ball. Yoʻq, muvofiq ishlab chiqilmagan — 0 ball. 2.2. Ichki audit xizmati xodimlarining lavozim yoʻriqnomalari mavjudmi (tasdiqlanganmi)? Ha, ishlab chiqilgan — 2 ball. Yoʻq, ishlab chiqilmagan — 0 ball. 2.3. Ichki audit xizmati xodimlarining lavozim yoʻriqnomalari Ichki audit xizmati toʻgʻrisidagi namunaviy nizomga muvofiqmi? Ichki audit xizmati toʻgʻrisidagi nizomga toʻliq muvofiq — 2 ball. Ichki audit xizmati toʻgʻrisidagi nizomga muvofiq boʻlmagan qismlar mavjud — 0 ball. 2.4. Lavozim yoʻriqnomalarida ichki audit xizmati xodimlarining vazifa va funksiyalari, huquq va majburiyatlari, javobgarligi koʻrsatilganmi? Koʻrsatilgan — 2 ball. Toʻliq koʻrsatilmagan — 0 ball. 2.5. Ichki audit xizmati hisobdorligi ichki hujjatlar bilan belgilanganmi hamda ichki auditga oid qonunchilik hujjatlariga muvofiqmi? Ha, belgilangan hamda ichki auditga oid qonunchilik hujjatlariga muvofiq — 2 ball. Yoʻq, ichki auditga oid qonunchilik hujjatlariga muvofiq emas (Ichki audit xizmati hisobdorligi belgilanmagan) — 0 ball. 2.6. Ichki audit xizmatiga ichki audit tadbirlarida ishtirok etishga yoki ushbu tadbirlarni oʻtkazishga yoʻl qoʻyilmaslik holatlari qabul qilingan ichki hujjatlar bilan belgilanganmi? Ha, qabul qilingan va amal qilinadi — 2 ball. Qabul qilingan, lekin amal qilinmaydi — 1 ball. Qabul qilinmagan — 0 ball. 3. Ichki audit yillik rejasining xavf tahlili asosida ishlab chiqilishi 3.1. Ichki audit yillik rejasi xavf tahlili asosida ishlab chiqilganmi? Ha, xavf tahlili asosida ishlab chiqilgan — 2 ball. Ichki audit yillik rejasi ishlab chiqilgan, lekin uni ishlab chiqishda xavf tahlili oʻtkazilmagan — 1 ball. Yoʻq, yillik reja ishlab chiqilmagan — 0 ball. 3.2. Xavf tahlilini amalga oshirishda barcha ichki audit obyektlari qamrab olinganmi? Barcha ichki audit obyektlari qamrab olingan — 2 ball. Ayrim ichki audit obyektlari qamrab olinmagan — 0 ball. 3.3. Ichki audit yillik rejasini ishlab chiqishda xavf darajasi yuqori boʻlgan ichki audit obyektlari toʻliq qamrab olinganmi? Toʻliq qamrab olingan — 2 ball. Mavjud vaqt va inson resurslari yetarli boʻlmaganligi sababli toʻliq qamrab olinmagan — 1 ball. Toʻliq qamrab olinmagan (boshqa sabablarga koʻra) — 0 ball. 3.4. Xavf darajasi yuqori boʻlgan ichki audit obyektlarini toʻliq qamrab olish uchun resurslar yetarlimi (yoki yetarli boʻlmagan taqdirda, bu toʻgʻrisida birinchi rahbar xabardor qilinganmi)? Ha, resurslar yetarli (yoki resurslar yetarli boʻlmaganligi toʻgʻrisida xabardor qilingan) — 2 ball. Yoʻq, resurslar yetarli boʻlmaganligi toʻgʻrisida xabardor qilinmagan — 0 ball. 3.5. Ichki audit yillik rejasini ishlab chiqishda rejadan tashqari ichki audit tadbirlariga ajratiladigan vaqt resurslari jami vaqt resurslarining qancha qismini tashkil qiladi? 20 foizgacha boʻlgan qismini tashkil qiladi — 2 ball. 20 foizdan koʻproq qismini tashkil qiladi — 0 ball. 3.6. Ichki audit yillik rejasi mavjud vaqt resurslarini hisobga olgan holda ishlab chiqilganmi? Ha, mavjud vaqt resurslarini hisobga olgan holda ishlab chiqilgan — 2 ball. Yoʻq, mavjud vaqt resurslarini hisobga olmagan holda ishlab chiqilgan — 0 ball. 3.7. Barcha oʻtkazilgan ichki audit tadbirlari tarkibida rejadan tashqari audit tadbirlari ulushi qancha qismni tashkil etadi? 20 foizdan kam — 2 ball. 20 foizdan koʻp — 0 ball. 3.8. Ichki audit xizmatining ichki audit yillik rejasi davlat organi va tashkiloti rahbari tomonidan oʻz vaqtida tasdiqlanadimi? Ha, oʻz vaqtida tasdiqlanadi — 2 ball. Tasdiqlanadi, lekin oʻz vaqtida emas — 1 ball. Yoʻq, oʻz vaqtida tasdiqlanmaydi — 0 ball. 4. Ichki audit tadbirlarining qonunchilikka muvofiq oʻtkazilishi va natijalarining rasmiylashtirilishi (tanlama tartibda oʻrganiladi) 4.1. Ichki audit tadbirlari uchun belgilangan tartibda dastur ishlab chiqilganmi? Ha, ishlab chiqilgan — 2 ball. Yoʻq, ishlab chiqilmagan — 0 ball. 4.2. Ichki audit tadbirlari natijalari belgilangan tartibda rasmiylashtirilganmi? Ha, belgilangan tartibda rasmiylashtirilgan — 2 ball. Yoʻq, belgilangan tartibda rasmiylashtirilmagan — 0 ball. 4.3. Ichki audit tadbiri hisobotida taklif va tavsiyalar mavjudmi? Ha, taklif va tavsiyalar mavjud — 2 ball. Yoʻq, taklif va tavsiyalar mavjud emas — 0 ball. 4.4. Ichki audit xizmati faoliyati natijalari yuzasidan hisobot Iqtisodiyot va moliya vazirligiga muntazam ravishda va oʻz vaqtida taqdim etiladimi? Hisobot belgilangan muddatlarda taqdim etiladi — 2 ball. Ichki audit xizmati faoliyati toʻgʻrisida hisobot taqdim etiladi, lekin belgilangan muddatlarda emas — 1 ball. Ichki audit xizmati faoliyati toʻgʻrisida hisobot taqdim etilmaydi — 0 ball. 4.5. Ichki audit tadbirlari belgilangan muddatlarda oʻtkazilganmi? Ha, belgilangan muddatlarda oʻtkazilgan — 2 ball. Yoʻq, belgilangan muddatlarda oʻtkazilmagan — 0 ball. 4.6. Ichki audit tadbiri davomida aniqlangan qonunbuzilish holatlarida jinoyat alomati mavjud boʻlgan taqdirda davlat organi va tashkiloti rahbari yozma ravishda xabardor qilinganmi? Xabardor qilingan — 2 ball. Xabardor qilinmagan — 0 ball. 4.7. Ichki audit tadbirlari natijalari belgilangan muddatlarda “Davlat auditi” dasturiy kompleksiga kiritilganmi? Ha, belgilangan muddatlarda kiritilgan — 2 ball. Kiritilgan, lekin belgilangan muddatlarda emas — 1 ball. Yoʻq, kiritilmagan — 0 ball. 4.8. Hisob palatasi tomonidan taqdim etilgan xavf-tahlillar boʻyicha belgilangan muddatlarda audit tadbirlarini oʻtkazish toʻgʻrisida tegishli choralar koʻrilganmi? Ha, belgilangan muddatlarda choralar koʻrilgan — 2 ball. Choralar koʻrilgan, lekin muddatida emas — 1 ball. Yoʻq, choralar koʻrilmagan — 0 ball. 4.9. Hisob palatasi tomonidan taqdim etilgan xavf-tahlillar boʻyicha oʻtkazilgan oʻrganish natijalari belgilangan muddatlarda “Masofaviy audit” axborot tizimi orqali Hisob palatasiga taqdim etilganmi? Ha, belgilangan muddatlarda taqdim etilgan — 2 ball. Taqdim etilgan, lekin muddatida emas — 1 ball. Yoʻq, taqdim etilmagan — 0 ball. 4.10. Budjet dasturlarining ijrosi ichki audit xizmati tomonidan belgilangan yoʻnalishlarda baholanganmi? Ha, belgilangan yoʻnalishlarda baholangan — 2 ball. Baholangan, lekin belgilangan barcha yoʻnalishlarda emas — 1 ball. Yoʻq, baholanmagan — 0 ball. 4.11. Budjet mablagʻlari taqsimlovchilarning budjet dasturlarining ijrosi boʻyicha hisobotlari ichki audit xizmati tomonidan belgilangan muddatlarda baholanganmi? Ha, belgilangan muddatlarda baholangan — 2 ball. Baholangan, lekin muddatida emas — 1 ball. Yoʻq, baholanmagan — 0 ball. 4.12. Ichki audit xizmati tomonidan budjet dasturlarining ijrosini baholash natijalari boʻyicha taklif va tavsiyalar ishlab chiqilganmi? Ha, taklif va tavsiyalar ishlab chiqilgan — 2 ball. Yoʻq, taklif va tavsiyalar ishlab chiqilmagan — 0 ball. 4.13. Ichki audit xizmati faoliyati boʻyicha davlat organi va tashkiloti rahbariga hisobotlar taqdim etib borilganmi? Ha, taqdim etib borilgan — 2 ball. Yoʻq, taqdim etib borilmagan — 0 ball. 4.14. Ichki audit xizmati faoliyati boʻyicha har chorakda ommaviy axborot vositalari vakillari ishtirokida hisobotlar jamoatchilikka eʼlon qilib borilganmi? Ha, eʼlon qilib borilgan — 2 ball. Eʼlon qilib borilgan, lekin har chorakda emas — 1 ball. Yoʻq, eʼlon qilib borilmagan — 0 ball. 5. Chora-tadbirlar rejasining bajarilishi 5.1. Ichki audit tadbirida ishlab chiqilgan taklif va tavsiyalarning barchasi chora-tadbirlar rejasiga kiritilganmi? Barcha taklif va tavsiyalar chora-tadbirlar rejasiga kiritilgan — 2 ball. Ayrim taklif va tavsiyalar chora-tadbirlar rejasiga kiritilmagan — 1 ball. Taklif va tavsiyalar chora-tadbirlar rejasiga kiritilmagan — 0 ball. 5.2. Ichki audit obyektlari tomonidan chora-tadbirlar rejasining bajarilish koʻrsatkichi qanday? Chora-tadbirlar rejasining bajarilish koʻrsatkichi 90 foiz va undan yuqori — 2 ball. Chora-tadbirlar rejasining bajarilish koʻrsatkichi 80 foizdan (80 foiz ham kiradi) 90 foizgacha — 1 ball. 80 foizdan past — 0 ball. 5.3. Ichki audit xizmati tomonidan chora-tadbirlar rejasining bajarilishi boʻyicha monitoring yoʻlga qoʻyilganmi? Ha, monitoring yoʻlga qoʻyilgan — 2 ball. Yoʻq, monitoring yoʻlga qoʻyilmagan — 0 ball. 5.4. Ichki audit tadbiri natijalari yakuniga koʻra chora-tadbirlar rejasi belgilangan tartibda tuzilganmi? Ha, belgilangan tartibda tuzilgan — 2 ball. Yoʻq, belgilangan tartibdan farq qiladi — 0 ball. 5.5. Ichki audit xizmati tomonidan qonunchilik hujjatlarining buzilishi holatlarining oldini olish (profilaktika) amalga oshirilganmi? Ha, profilaktika amalga oshirilgan — 2 ball. Yoʻq, profilaktika amalga oshirilmagan — 0 ball. 5.6. Ichki audit xizmati tomonidan axborot texnologiyalaridan foydalangan holda masofaviy audit amalga oshirilganmi? Ha, amalga oshirilgan — 2 ball. Yoʻq, amalga oshirilmagan — 0 ball. 5.7. Ichki audit xizmatining barcha xodimlari masofaviy audit oʻtkazish uchun “OʻzASBO” dasturiy majmuasidan foydalanadimi? Ha, barchasi foydalanadi — 2 ball. Ayrim xodimlar foydalanadi — 1 ball. Yoʻq, foydalanmaydi — 0 ball. 5.8. Ichki audit xizmati tomonidan yillik ish rejasining bajarilishi koʻrsatkichi qanday? 90 foiz va undan yuqori — 2 ball. 80 foizdan (80 foiz ham kiradi) 90 foizgacha — 1 ball. 80 foizdan past — 0 ball. 6. Ichki audit xizmati xodimlarining malaka darajasi hamda faoliyati samaradorligining Davlat organlari va tashkilotlarining ichki audit xizmati xodimlarining faoliyati samaradorligini baholash tartibi toʻgʻrisidagi nizom asosida baholanishi 6.1. Ichki audit xizmati xodimlari malakasini oshirish, shuningdek, ichki audit xizmati xodimlarini kasbiy rivojlantirish boʻyicha ishlar amalga oshirilganmi? Xodimlar salohiyatini rivojlantirish boʻyicha choralar koʻrilgan — 2 ball. Xodimlar salohiyatini rivojlantirish boʻyicha choralar koʻrilmagan — 0 ball. 6.2. Ichki audit xizmati xodimlari ichki audit faoliyatiga oid seminar, treninglarda, shu jumladan, xorijiy davlatlarda tashkil etilgan seminar, treninglarda ishtirok etadimi? Ha, seminar, treninglarda muntazam ravishda ishtirok etadi — 2 ball. Seminar, treninglarda ishtirok etadi, lekin muntazam emas — 1 ball. Seminar, treninglarda ishtirok etmaydi — 0 ball. 6.3. Ichki audit xizmati rahbari va xodimlarining faoliyati samaradorligini baholash amalga oshirilganmi? Ha, baholash amalga oshirilgan — 2 ball. Yoʻq, baholash amalga oshirilmagan — 0 ball. 6.4. Ichki audit xizmati xodimlarining faoliyati samaradorligini baholashda eng muhim samaradorlik koʻrsatkichlaridan toʻliq foydalanilganmi? Ha, eng muhim samaradorlik koʻrsatkichlaridan toʻliq foydalanilgan — 2 ball. Yoʻq, eng muhim samaradorlik koʻrsatkichlaridan toʻliq foydalanilmagan — 0 ball. 6.5. Ichki audit xizmati xodimlarining faoliyati samaradorligini baholashda eng muhim samaradorlik koʻrsatkichlarini hisoblash toʻgʻri amalga oshirilganmi? Ha, eng muhim samaradorlik koʻrsatkichlari toʻgʻri hisoblangan — 2 ball. Yoʻq, eng muhim samaradorlik koʻrsatkichlari toʻgʻri hisoblanmagan — 0 ball. 6.6. Ichki audit xizmatining faoliyati samaradorlik koʻrsatkichi qanday? 86 foiz va undan yuqori — 2 ball. 71 foizdan (71 foiz ham kiradi) 86 foizgacha — 1 ball. 71 foizdan past — 0 ball. 7. Ichki audit xizmati faoliyatiga oid boshqa savollar 7.1. Ichki audit faoliyatiga oid murojaatlar ijrosi koʻrsatkichi qanday? 100 foiz — 2 ball. 90 foizdan (90 foiz ham kiradi) 100 foizgacha — 1 ball. 90 foizdan past — 0 ball. 7.2. Ichki audit xizmati oʻz faoliyatini amalga oshirish uchun ichki va tashqi axborot tizimlaridan foydalanish imkoniyati mavjudmi? Ha, barcha ichki va tashqi axborot tizimlaridan foydalanish imkoniyati mavjud — 2 ball. Ichki va tashqi axborot tizimlaridan qisman foydalanish imkoniyati mavjud — 1 ball. Yoʻq, foydalanish imkoniyati mavjud emas — 0 ball. 7.3. Ichki audit xizmati xodimlarining odob-axloq qoidalariga rioya etilganlik holati? Odob-axloq qoidalariga rioya etilgan — 2 ball. Odob-axloq qoidalariga rioya etilmaganlik holatlari mavjud — 0 ball. 7.4. Ichki audit xizmati tomonidan fuqarolar ishtirokidagi audit tizimi boʻyicha nazorat obyektlari “Davlat auditi” dasturiy kompleksiga toʻliq kiritilganmi? Toʻliq kiritilgan — 2 ball. Kiritilgan, lekin toʻliq emas — 1 ball. Kiritilmagan — 0 ball. 7.5. Ichki audit xizmati davlat organi va tashkiloti tizimidagi budjet hisobidan moliyalashtirilmaydigan nobudjet muassasa hamda tashkilotlarda moliyaviy-xoʻjalik faoliyati boʻyicha oʻtkazilgan audit (nazorat) ishlariga oid hujjatlar monitoringini yuritganmi? Ha, monitoring yuritilgan — 2 ball. Yoʻq, monitoring yuritilmagan — 0 ball. 7.6. Ichki audit xizmatining davlat organi va tashkilotida “Xavflarni boshqarish” qoʻmitasining ishchi organi sifatida faoliyati yoʻlga qoʻyilganmi? Ha, toʻliq yoʻlga qoʻyilgan — 2 ball. Qisman yoʻlga qoʻyilgan — 1 ball. Yoʻq, yoʻlga qoʻyilmagan — 0 ball. 7.7. Ichki audit xizmati faoliyati boʻyicha Iqtisodiyot va moliya vazirligi tomonidan oldingi baholashda berilgan taklif va tavsiyalar bajarilganmi? Ha, bajarilgan — 2 ball. Yoʻq, bajarilmagan (yoki qisman bajarilgan) — 0 ball. Baholash natijasi (foizda)
Ichki audit xizmatlari faoliyatini baholash natijasi ___________ (davlat organi va tashkiloti nomi) ___________ (ichki audit tuzilmasi nomi) tomonidan ichki audit faoliyatiga oid qonunchilik hujjatlariga muvofiqlik va sifat darajasi “__” foiz koʻrsatkich bilan ________ (biri tanlanadi: yuqori, oʻrta, past ) deb baholandi. Maʼlumot uchun. Baholash natijasiga koʻra ichki audit xizmati faoliyatining sifat darajasi quyidagicha baholanadi: yuqori — 90 foiz va undan yuqori, oʻrta — 70 foizdan (70 foiz ham kiradi) 90 foizgacha, past — 70 foizdan kam. ____________________________ ____________ ____________ Iqtisodiyot va moliya vazirligi masʼul xodimi (imzo) (kun, oy, yil)
Davlat organlari va tashkilotlarining ichki audit xizmatlari faoliyatini baholash tartibi toʻgʻrisidagi nizomga 3-ILOVA
Ichki audit obyekti fikr-mulohazalarining NAMUNAVIY SAVOLNOMASI Ichki audit obyekti nomi Soʻrovnomani toʻldiruvchining F.I.O. Sana T/r Savollar Bildirilgan fikr — mulohazalar yaxshi (ha) qoniqarli qoniqarsiz (yoʻq) I. Umumiy savollar 1. Ichki audit xizmati faoliyatini qanday baholaysiz? 2. Ichki audit xizmati xodimlarining bilim va tajribasini qanday baholaysiz? 3. Ichki audit xizmati xodimlari tomonidan faoliyatingiz yuzasidan beriladigan maslahatlarni qanday baholaysiz? II. Ichki audit tadbirlariga oid savollar 4. Ichki audit tadbiri boshlanishidan avval Sizga bu haqida xabarnoma yuborilganmi? 5. Ichki audit xizmati xodimlarining ichki audit tadbiri boʻyicha bilim va koʻnikmalarini qanday baholaysiz? 6. Ichki audit xizmati xodimlari ichki audit tadbiri davomida odob-axloq qoidalariga muvofiq faoliyat olib bordimi? 7. Ichki audit tadbiri dasturda koʻrsatib oʻtilgan yoʻnalishlarda oʻtkazildimi? 8. Ichki audit tadbiri belgilangan muddat davomida oʻtkazildimi? 9. Ichki audit tadbiri davomida aniqlangan xato va kamchiliklarga ichki audit xizmati tomonidan berilgan taklif va tavsiyalardan qay darajada qoniqish hosil qildingiz? 10. Ichki audit xizmati tomonidan berilgan taklif va tavsiyalar amaliymi, ular tashkilot faoliyatini yaxshilashga xizmat qiladimi? 11. Ichki audit tadbiri hisoboti ichki audit xizmati tomonidan xolis tayyorlandimi, manfaatlar toʻqnashuviga yoʻl qoʻyilmadimi? 12. Ichki audit tadbiri hisobotiga oʻz fikr-mulohazalaringizni bildirdingizmi hamda ular inobatga olindimi? Qoʻshimcha: a) kelgusida ichki audit xizmati faoliyatini rivojlantirish boʻyicha nima ishlar qilinishi kerak deb oʻylaysiz? _________________________________________________________________________________________________ _________________________________________________________________________________________________ b) boshqa fikr-mulohazalar, takliflar (davlat organi va tashkiloti moliyaviy faoliyatini yaxshilash yoki ichki audit xizmati faoliyati bilan bogʻliq): _________________________________________________________________________________________________ _________________________________________________________________________________________________ Izoh. a) soʻrovnomani toʻldirish davomida ichki audit obyekti oʻz fikr-mulohazalarini xolis bayon etishi lozim. b) agar ichki audit obyekti tomonidan bildirilgan fikrlar “qoniqarsiz (yoʻq)” boʻlsa, tegishli asoslantirishlar koʻrsatilishi lozim. v) ushbu soʻrovnomaga baholovchi tashkilot tomonidan Vazirlar Mahkamasi bilan kelishilgan holda oʻzgartirish va qoʻshimchalar kiritilishi mumkin. _________________________________ ____________ ____________ Soʻrovnomani toʻldiruvchi (F.I.O., lavozimi) (imzo) (kun, oy, yil)
Oʻzbekiston Respublikasining Bosh vaziri A. ARIPOV
Toshkent sh.,
2023-yil 14-avgust,
377-son