UzbekAI

← Qonunlar

📅 2023-yil 14-avgust · Vazirlar Mahkamasi qarorlari

Rasmiy matn. Rasmiy hujjat. Tahririy izohlar kiritilmagan.

Yordam | Arxiv | Atamalar | Statistika | API | Havola yuborish | Sayt haqida | Shartlar

← Қонунлар

📅 2023 йил 14 август · Вазирлар Маҳкамаси қарорлари

Расмий матн. Расмий ҳужжат. Таҳририй изоҳлар киритилмаган.

Ёрдам | Архив | Атамалар | Статистика | API | Ҳавола юбориш | Сайт ҳақида | Шартлар

← Законы

📅 14 августа 2023 г. · Постановления Кабинета Министров

Официальный текст. Официальный документ. Редакционные примечания не включены.

Помощь | Архив | Термины | Статистика | API | Предложить ссылку | О сайте | Условия

← Laws

📅 14 August 2023 · Cabinet of Ministers resolutions

Official text. Official document. Editorial notes are not included.

Help | Archive | Glossary | Stats | API | Submit | About | Terms

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг

қарори

НИЗОМ

СХЕМАСИ

РЎЙХАТИ

Тадбиркорлик соҳасидаги мажбурий талаблар ягона электрон реестрини шакллантириш ва юритиш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида

Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Тадбиркорлик фаолиятини давлат томонидан тартибга солишни соддалаштириш чора-тадбирлари тўғрисида» 2022 йил 9 ноябрдаги ПФ-244-сон Фармони ижросини таъминлаш, шунингдек, тадбиркорлик субъектлари учун тартибга солиш юкини камайтириш ҳамда мамлакатда қулай ишбилармонлик муҳитини янада яхшилаш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:

1. Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Тадбиркорлик фаолиятини давлат томонидан тартибга солишни соддалаштириш чора-тадбирлари тўғрисида» 2022 йил 9 ноябрдаги ПФ-244-сон Фармонига асосан:

Тадбиркорлик соҳасидаги мажбурий талаблар ягона электрон реестрига (кейинги ўринларда — Ягона реестр) тадбиркорлик фаолиятини тартибга солиш воситалари бўйича белгиланган барча талаблар, уларнинг муддатлари, улар билан боғлиқ молиявий харажатлар, талабларга мувофиқликни тасдиқловчи ҳужжатлар, назорат қилувчи органлар, текширув шакллари ҳамда жавобгарлик чоралари тўғрисидаги маълумотлар киритилиши;

Ягона реестрга маълумотлар тегишли соҳани тартибга солувчи ваколатли давлат органлари ва ташкилотлари томонидан киритилиши;

Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги Ягона реестрнинг оператори ҳисобланиши, унинг юритилишини услубий таъминлаши, шунингдек, давлат органлари ва ташкилотларининг ушбу соҳадаги фаолиятини мувофиқлаштириб бориши белгиланганлиги маълумот учун қабул қилинсин.

2. Қуйидагиларни назарда тутувчи Тадбиркорлик соҳасидаги мажбурий талаблар ягона электрон реестрини шакллантириш ва юритиш тартиби тўғрисидаги низом иловага мувофиқ тасдиқлансин:

Ягона реестрни шакллантириш ва юритиш мақсади ҳамда принциплари;

Ягона реестрда ҳар бир мажбурий талаб бўйича киритиладиган маълумотларнинг турлари;

Ягона реестрни шакллантириш ва юритиш бўйича ваколатли давлат органлари ҳамда ташкилотларининг функциялари;

тадбиркорлик фаолиятини тартибга соладиган амалдаги мажбурий талаблар тўғрисидаги маълумотларни шакллантириш тартиби;

янги жорий этиладиган мажбурий талаблар тўғрисидаги маълумотларни шакллантириш тартиби;

Ягона реестрда жойлаштирилган маълумотларни янгилаб бориш тартиби.

3. Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги Рақамли технологиялар вазирлиги билан биргаликда:

2023 йил 1 декабрга қадар Ягона реестр электрон тизимининг ишлаб чиқилишини ва синов тариқасида ишга туширилишини;

Ягона реестрнинг Ўзбекистон Республикаси қонунчилик маълумотлари миллий базаси ва заруратга кўра бошқа ахборот тизимлари билан интеграция қилинишини таъминласин.

4. Белгилаб қўйилсинки:

Ягона реестрни ишлаб чиқиш ва ишга тушириш, унга техник хизмат кўрсатиш ва қўллаб-қувватлаш, шунингдек, унинг функционал имкониятларини янада такомиллаштириш билан боғлиқ харажатлар Адлия органлари ва муассасаларини ривожлантириш бюджетдан ташқари жамғармаси маблағлари ҳисобидан молиялаштирилади;

мажбурий талаблар тўғрисидаги маълумотлар ваколатли давлат органлари ва ташкилотлари томонидан шакллантирилади, бунда маълумотларнинг асосланганлиги, ишончлилиги ва белгиланган муддатда тақдим этилиши учун маълумотни киритаётган идораларнинг биринчи раҳбарларига шахсий масъулият юкланади;

Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги ваколатли давлат органлари ва ташкилотлари томонидан мажбурий талаблар тўғрисидаги маълумотлар белгиланган тартибда шакллантирилиши ва тақдим этилишини назорат қилади ҳамда аниқланган қоидабузарликларни бартараф этиш бўйича таъсир чораларини кўради.

5. Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги манфаатдор вазирликлар ва идоралар билан биргаликда ўзлари қабул қилган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни бир ой муддатда ушбу қарорга мувофиқлаштирсин.

6. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари Ж.А. Ходжаев ҳамда адлия вазири А.Д. Ташкулов зиммасига юклансин.

Вазирлар Маҳкамасининг 2023 йил 14 августдаги 385-сон қарорига ИЛОВА

Тадбиркорлик соҳасидаги мажбурий талаблар ягона электрон реестрини шакллантириш ва юритиш тартиби тўғрисида

1-боб. Умумий қоидалар

1. Мазкур Низом Тадбиркорлик соҳасидаги мажбурий талаблар ягона электрон реестрини (кейинги ўринларда — Ягона реестр) шакллантириш, юритиш ва маълумотларни янгилаб бориш тартибини белгилайди.

2. Ушбу Низомда қуйидаги асосий тушунчалар қўлланилади:

ваколатли органлар — мажбурий талабларни ишлаб чиқиш ва қабул қилишга ваколатли бўлган, ушбу талабларга риоя этилишини назорат қилувчи давлат органлари ва ташкилотлари;

ишчи гуруҳ — Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2022 йил 9 ноябрдаги ПФ-244-сон Фармони билан тасдиқланган Тадбиркорлик субъектлари учун тартибга солиш юкини камайтириш бўйича ишчи гуруҳ;

кичик ишчи гуруҳлар — мажбурий талабларни таҳлил қилиш ва уларни қисқартириш мақсадида масъул вазирлик ва идоралар, нодавлат нотижорат ташкилотлари, йирик давлат корхоналарининг малакали мутахассислари, шунингдек, тадбиркорлик субъектлари ва халқаро ташкилотлар вакилларидан иборат таркибда ишчи гуруҳ томонидан тузиладиган гуруҳлар;

мажбурий талаблар — норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар ва техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасидаги норматив ҳужжатларда белгиланган тадбиркорлик фаолияти субъектлари бажариши шарт бўлган талаблар.

3. Ягона реестрда тадбиркорлик фаолияти соҳасидаги мажбурий талаблар тўғрисидаги маълумотлар Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги томонидан очиқ ва умумий фойдаланиш учун жойлаштирилади.

4. Мажбурий талабларни қисқартириш ва уларнинг Ягона реестрини шакллантириш ишларини ташкил этиш ишчи гуруҳ томонидан амалга оширилади.

5. Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги вазирлик ва идораларнинг Ягона реестрни шакллантириш билан боғлиқ фаолиятини услубий таъминлайди, шунингдек уларнинг ушбу соҳадаги фаолиятини мувофиқлаштиради.

2-боб. Ягона реестрни шакллантириш ва юритиш

6. Ягона реестрни шакллантириш амалдаги мажбурий талаблар рўйхатини тузиш, уларни қайта кўриб чиқиш, тартибга солиш таъсирини баҳолаш, такрорланувчи ва долзарблигини йўқотган талабларни бекор қилиш ҳамда уларни тизимли шакллантириш, юритиш, янгилаб бориш ва тадбиркорлик фаолияти субъектларига мажбурий талаблар ҳақида ахборот бериш жараёнларини ўз ичига олади.

7. Ягона реестрни шакллантириш ҳамда унда жойлаштирилган маълумотларни янгилаб бориш ушбу Низомга 1-иловадаги схемага мувофиқ амалга оширилади.

8. Ваколатли органлар ҳар йили 1 мартга қадар ўз соҳасидаги мажбурий талаблар ўрнатилган барча норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар ва техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасидаги норматив ҳужжатларни хатловдан ўтказади ҳамда уларнинг рўйхатини шакллантиради.

9. Рўйхатга киритилган ҳужжатлардаги ҳар бир мажбурий талабнинг зарурати, асослилиги ва долзарблиги ваколатли орган томонидан таҳлил қилинади, таҳлил натижалари бўйича қуйидагиларни назарда тутувчи маълумотнома тайёрланади ва ушбу Низомнинг 2-иловасида белгиланган шаклда Ишчи гуруҳга киритилади:

мажбурий талабнинг мазмуни;

мажбурий талаб белгиланган норматив-ҳуқуқий ҳужжат (техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасидаги норматив ҳужжат) номи, реквизитлари, таркибий бирлиги ва унинг матнига ҳавола;

мажбурий талабнинг зарурати, асослилиги ва долзарблиги;

мажбурий талабнинг амал қилиш муддати;

мажбурий талабга риоя қилиши лозим бўлган тадбиркорлик соҳасининг Ўзбекистон Республикаси Иқтисодий фаолият турларининг умумдавлат таснифлагичи бўйича иқтисодий фаолияти тури;

мажбурий талабга риоя этилишини назорат қилиш (текшируви)нинг шакли, назорат қилинадиган (лицензиялаш, рухсат бериш ва хабардор қилиш) фаолият турининг номи (агар мавжуд бўлса);

мажбурий талабларга риоя этилиши устидан давлат назоратини (текширувини) амалга оширувчи ваколатли органлар;

мажбурий талабга мувофиқликни тасдиқловчи ҳужжатлар тўғрисидаги маълумотлар ва тасдиқловчи ҳужжатларни тақдим этадиган ваколатли орган (агар мавжуд бўлса);

мажбурий талабга риоя қилмаганлик учун белгиланган жавобгарлик чоралари, уни қўлловчи органлар, шунингдек, жавобгарликни белгиловчи норматив-ҳуқуқий ҳужжатнинг номи, реквизитлари, таркибий бирлиги ва унинг матнига ҳавола;

мажбурий талабга риоя қилиш бўйича қўлланмалар, улар бўйича ваколатли органларнинг расмий тушунтиришлари, назорат қилинадиган шахсларни хабардор қилиш доирасида ишлаб чиқилган норматив тусга эга бўлмаган бошқа ҳужжатлар тўғрисидаги маълумотлар (реквизитлар, қабул қилган ваколатли органнинг номи, ҳужжатларга ҳаволалар) (агар мавжуд бўлса);

мажбурий талабнинг қайта кўриб чиқилиши муддати;

мажбурий талаб натижасида тадбиркорлик субъекти учун юзага келадиган молиявий харажатлар.

10. Ишчи гуруҳ ваколатли органлар томонидан киритилган мажбурий талабларни зарурати, асослилиги ва долзарблигини танқидий таҳлил қилган ҳолда, уларни тартибга солиш таъсирини баҳолаш ва қисқартириш тўғрисида таклифлар тайёрлаш учун ҳар йили 15 мартга қадар тегишли кичик ишчи гуруҳларга юборади.

11. Кичик ишчи гуруҳлар ваколатли органлар томонидан киритилган мажбурий талабларнинг кўриб чиққан ҳолда мажбурий талабларнинг тартибга солиш таъсирини баҳолайди ва ҳисоботини ҳамда ушбу талабларни қисқартириш тўғрисидаги таклифларни ва бошқа таҳлилий материалларни ҳар йили 1 июлга қадар ишчи гуруҳга киритади.

12. Ишчи гуруҳ мажбурий талабларни қисқартириш тўғрисидаги таклифларни кўриб чиқади ва ҳар йили 15 июлга қадар кичик ишчи гуруҳларга уларни амалга ошириш бўйича тегишли топшириқлар беради.

13. Кичик ишчи гуруҳлар тегишли соҳага оид мажбурий талабларни қисқартиришни назарда тутувчи норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларини ишлаб чиқади ва бир ой муддатда белгиланган тартибда ишчи гуруҳга киритади.

14. Ишчи гуруҳ Ягона реестрни шакллантириш доирасидаги чора-тадбирларни амалга ошириш ҳолати ҳақида ахборот ҳамда мажбурий талабларни қисқартиришни назарда тутувчи норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларини бир ой муддатда белгиланган тартибда Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ва Вазирлар Маҳкамасига киритади.

15. Ваколатли органлар қайта кўриб чиқилган ҳамда қисқартирилган мажбурий талаблар асосида соҳалар бўйича мажбурий талаблар тўғрисидаги маълумотларни шакллантиради ва қайта кўриб чиқилгандан кейин дарҳол Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигига киритади.

16. Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги ваколатли органлар томонидан мажбурий талаблар тўғрисидаги шакллантирилган маълумотларни уч иш куни ичида Ягона реестрга жойлаштиради.

17. Ягона реестрни шакллантириш ва юритиш бўйича давлат органлари ва ташкилотлари қуйидагиларни амалга оширади:

а) ваколатли органлар:

Ягона реестрга жойлаштириш учун мажбурий талаблар тўғрисидаги маълумотларни мазкур Низом талабларига мувофиқ шакллантиради;

мажбурий талаблар тўғрисидаги маълумотларни Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигига белгиланган тартибида ва муддатларда киритади;

мажбурий талаблар тўғрисидаги маълумотларни шакллантиришга масъул бўлган ходимларнинг рўйхатини тасдиқлайди;

мажбурий талабларнинг зарурати, асослилиги ва долзарблигини доимий таҳлил қилиб боради;

б) Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги:

Ягона реестрнинг оператори ҳисобланади ҳамда унинг юритилишини услубий таъминлайди, шунингдек, ваколатли органларнинг ушбу соҳадаги фаолиятини мувофиқлаштиради;

Ягона реестрнинг ишга туширилишини, унинг узлуксиз фаолият кўрсатишини, унга техник хизмат кўрсатиш ва қўллаб-қувватлашни ташкил қилади;

Ягона реестрдан тадбиркорлик фаолияти субъектларининг узлуксиз фойдаланиши учун имконият яратади;

Ягона реестрда жойлаштирилган маълумотнинг хавфсизлигини таъминлайди;

мажбурий талаблар тўғрисидаги маълумотларни шакллантириш ва уларни янгилаб боришда ваколатли органларга услубий ёрдам кўрсатади ҳамда тавсиялар ишлаб чиқади;

ваколатли органлар томонидан шакллантирилган мажбурий талаблар тўғрисидаги маълумотларнинг Ягона реестрда жойлаштирилишини таъминлайди;

мажбурий талаблар тўғрисидаги маълумотларни ўз вақтида ва белгиланган тартибда тақдим этмаган, шунингдек, Ягона реестрни шакллантириш билан боғлиқ қонунчилик ҳужжатлари талабларини бузган ваколатли органларга нисбатан таъсир чораларини қўллайди.

18. Янги жорий этилган мажбурий талаблар тўғрисидаги маълумотлар ваколатли органлар томонидан улар қабул қилинган кундан бошлаб уч иш куни ичида мазкур Низомнинг 9-банди талабларига мувофиқ шакллантирилади ва Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигига тақдим этилади.

19. Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги мажбурий талаблар тўғрисидаги маълумотлар келиб тушган кундан бошлаб уч иш куни ичида уларни Ягона реестрга киритади.

3-боб. Ягона реестрга жойлаштирилган маълумотларни янгилаб бориш

20. Мажбурий талаблар белгиланган норматив-ҳуқуқий ва техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасидаги норматив ҳужжатларга ўзгартириш ва қўшимчалар киритилганда, шунингдек, улар ўз кучини йўқотган деб топилганда ваколатли орган уч иш куни давомида мажбурий талаблар тўғрисидаги маълумотларни янгилайди ва Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигига тақдим этади.

Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги уч иш куни давомида Ягона реестрда жойлаштирилган мажбурий талаблар тўғрисидаги маълумотларга тегишли ўзгартиришлар киритилишини таъминлайди.

21. Ягона реестрга жойлаштирилган мажбурий талаблар уларнинг долзарблиги ва зарурати ҳамда жорий этилишидан кўзланган мақсадларга эришилганлиги юзасидан ҳар беш йилда бир марта ваколатли органлар томонидан тартибга солиш таъсирини баҳолаган ҳолда қайта кўриб чиқилади.

22. Ваколатли орган томонидан мажбурий талабни қайта кўриб чиқиш натижалари бўйича таклифлар норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар бўйича уларни қабул қилувчи органга, техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасидаги норматив ҳужжатлар бўйича эса Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги ҳузуридаги Ўзбекистон техник жиҳатдан тартибга солиш агентлигига белгиланган тартибда киритилади.

23. Норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни қабул қилувчи орган ёки Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги ҳузуридаги Ўзбекистон техник жиҳатдан тартибга солиш агентлиги мажбурий талабни қайта кўриб чиқиш натижалари бўйича уни ўз кучида қолдириш, ўзгартириш ёки бекор қилиш тўғрисида бир ой ичида қарор қабул қилади.

24. Мажбурий талабни ўзгартириш ёки бекор қилиш тўғрисида қарор қабул қилинган тақдирда, ваколатли орган белгиланган тартибда норматив-ҳуқуқий ҳужжат ёхуд техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасидаги норматив ҳужжат лойиҳасини қарорда назарда тутилган муддатларда ишлаб чиқиш ва қабул қилиш чораларини кўради.

4-боб. Якунловчи қоидалар

25. Ягона реестрга киритилмаган мажбурий талабларни бажармаганлик учун жавобгарлик белгиланмайди, шунингдек, ваколатли органлар томонидан Ягона реестрга киритилмаган мажбурий талабларнинг бажарилишини текшириш тақиқланади.

26. Мазкур Низом талаблари бузилишида айбдор бўлган шахслар қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда жавоб берадилар.

Тадбиркорлик соҳасидаги мажбурий талаблар ягона реестрини шакллантириш ва юритиш тартиби тўғрисидаги низомга 1-ИЛОВА

Тадбиркорлик соҳасидаги мажбурий талаблар Ягона реестрини шакллантириш, унда жойлаштирилган маълумотларни янгилаб бориш

Босқичлар Масъуллар Тадбирлар Бажариш муддатлари 1-босқич Ваколатли органлар 1. Ўз соҳасидаги норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар ва техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасидаги норматив ҳужжатларда белгиланган барча мажбурий талабларни хатловдан ўтказади ҳамда уларнинг рўйхатини шакллантиради. 2. Рўйхатга киритилган мажбурий талабларни таҳлил қилади, таҳлил натижалари бўйича маълумотнома тайёрлайди ва белгиланган шаклда Тадбиркорлик субъектлари учун тартибга солиш юкини камайтириш бўйича ишчи гуруҳга киритади. Ҳар йили 1 мартга қадар 2-босқич Ишчи гуруҳ 1. Ишчи гуруҳ ваколатли органлар томонидан тайёрланган маълумотномаларни кичик ишчи гуруҳларга тегишли тадбиркорлик фаолияти соҳалари бўйича тақсимлайди. Ҳар йили 15 мартга қадар Кичик ишчи гуруҳлар 2. Кичик ишчи гуруҳлар мажбурий талабларнинг тартибга солиш таъсирини баҳолайди ва ушбу талабларни қисқартириш тўғрисидаги таклифларни ишчи гуруҳга киритади. Ҳар йили 1 июлга қадар 3-босқич Ишчи гуруҳ Мажбурий талабларни қисқартириш ҳақидаги таклифларни кўриб чиқади ва кичик ишчи гуруҳларга уларни амалга ошириш бўйича топшириқ беради. Ҳар йили 15 июлга қадар 4-босқич Кичик ишчи гуруҳлар Тегишли соҳага оид мажбурий талабларни қисқартиришни назарда тутувчи норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларини ишлаб чиқади ва ишчи гуруҳга киритади. Бир ой мобайнида 5-босқич Ишчи гуруҳ Ягона реестрни шакллантириш ҳолати ҳақида ахборот ҳамда мажбурий талабларни қисқартиришни назарда тутувчи норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларини Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ва Вазирлар Маҳкамасига киритади. Бир ой мобайнида 6-босқич Ваколатли органлар Қайта кўриб чиқилган ва қисқартирилган мажбурий талаблар асосида соҳалар бўйича мажбурий талаблар тўғрисидаги маълумотларни шакллантиради ва Адлия вазирлигига киритади. Қайта кўриб чиқилгандан кейин дарҳол 7-босқич Адлия вазирлиги Ваколатли органлар томонидан мажбурий талаблар тўғрисида шакллантирилган маълумотларни Ягона реестрга жойлаштиради. Уч иш куни мобайнида 8-босқич Ваколатли органлар Мажбурий талаблар белгиланган ҳужжатларга ўзгартириш ва қўшимчалар киритилганда, шунингдек, улар ўз кучини йўқотган деб топилганда, мажбурий талаблар тўғрисидаги маълумотларни янгилайди ҳамда Адлия вазирлигига тақдим этади. Уч иш куни мобайнида 9-босқич Адлия вазирлиги Ягона реестрда жойлаштирилган мажбурий талаблар тўғрисидаги маълумотларга тегишли ўзгартиришлар киритилишини таъминлайди. Уч иш куни мобайнида 10-босқич Ваколатли органлар 1. Ягона реестрга жойлаштирилган мажбурий талабларни уларнинг долзарблиги ва зарурати ҳамда жорий этилишидан кўзланган мақсадларга эришилганлиги юзасидан қайта кўриб чиқади. 2. Қайта кўриб чиқиш натижалари бўйича таклифларни норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар бўйича уларни қабул қилувчи органга, техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасидаги норматив ҳужжатлар бўйича эса Ўзбекистон техник жиҳатдан тартибга солиш агентлигига белгиланган тартибда киритилади. Ҳар беш йилда бир марта 11-босқич Норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни қабул қилувчи орган ёки Ўзбекистон техник жиҳатдан тартибга солиш агентлиги Мажбурий талабларни қайта кўриб чиқиш натижалари бўйича уни ўз кучида қолдириш, ўзгартириш ёки бекор қилиш тўғрисида қарор қабул қилади. Бир ой мобайнида 12-босқич Ваколатли органлар Мажбурий талабларни ўзгартириш ёки бекор қилиш тўғрисида қарор қабул қилинган тақдирда, белгиланган тартибда тегишли норматив ҳужжат лойиҳасини ишлаб чиқиш ва қабул қилиш чораларини кўради. Қарорда назарда тутилган муддатда

Тадбиркорлик соҳасидаги мажбурий талаблар ягона реестрини шакллантириш ва юритиш тартиби тўғрисидаги низомга 2-ИЛОВА

Тадбиркорлик соҳасидаги мажбурий талаблар ягона электрон реестрига мажбурий талаблар бўйича киритиладиган маълумотлар

Т/р Мажбурий талабнинг мазмуни Мажбурий талаб белгиланган норматив ҳуқуқий ҳужжат (техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасидаги норматив ҳужжат) номи, реквизитлари, таркибий бирлиги ва унга ҳавола Мажбурий талабнинг зарурати, асослилиги, долзарблиги Мажбурий талабнинг амал қилиш муддати Мажбурий талабга риоя қилиши лозим бўлган субъектларнинг ИФУТ бўйича фаолият тури Назорат (текширув)нинг тури, назорат қилинадиган (лицензиялаш, рухсат бериш ва хабардор қилиш) фаолият турининг номи (агар мавжуд бўлса) Назорат (текширув)ни амалга оширувчи ваколатли орган Мажбурий талабга мувофиқлик тўғрисидаги маълумотлар ва ҳужжатларни тақдим этадиган ваколатли орган (агар мавжуд бўлса) Мажбурий талабга риоя қилмаганлик учун белгиланган жавобгарлик чоралари, уни қўлловчи орган, жавобгарлик белгиланган норматив-ҳуқуқий ҳужжатнинг реквизитлари, унга ҳавола Мажбурий талабга риоя қилиш бўйича қўлланма (тушунтириш), назорат қилинадиган шахсларни хабардор қилиш бўйича ишлаб чиқилган бошқа ҳужжатлар тўғрисидаги маълумотлар (реквизитлари ва унга ҳавола) Мажбурий талабнинг қайта кўриб чиқилиши муддати Мажбурий талаб натижасида тадбиркорлик субъекти учун юзага келадиган молиявий харажатлар 1. 2. 3. ...

Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А. АРИПОВ

Тошкент ш.,

2023 йил 14 август,

385-сон

(Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 15.08.2023 й., 09/23/385/0614-сон)

lex.uz

Oʻzbekiston Respublikasi Vazirlar Mahkamasining

qarori

NIZOM

SXEMASI

ROʻYXATI

Tadbirkorlik sohasidagi majburiy talablar yagona elektron reyestrini shakllantirish va yuritish tartibi toʻgʻrisidagi nizomni tasdiqlash haqida

Oʻzbekiston Respublikasi Prezidentining “Tadbirkorlik faoliyatini davlat tomonidan tartibga solishni soddalashtirish chora-tadbirlari toʻgʻrisida” 2022-yil 9-noyabrdagi PF-244-son Farmoni ijrosini taʼminlash, shuningdek, tadbirkorlik subyektlari uchun tartibga solish yukini kamaytirish hamda mamlakatda qulay ishbilarmonlik muhitini yanada yaxshilash maqsadida Vazirlar Mahkamasi qaror qiladi:

1. Oʻzbekiston Respublikasi Prezidentining “Tadbirkorlik faoliyatini davlat tomonidan tartibga solishni soddalashtirish chora-tadbirlari toʻgʻrisida” 2022-yil 9-noyabrdagi PF-244-son Farmoniga asosan:

Tadbirkorlik sohasidagi majburiy talablar yagona elektron reyestriga (keyingi oʻrinlarda — Yagona reyestr) tadbirkorlik faoliyatini tartibga solish vositalari boʻyicha belgilangan barcha talablar, ularning muddatlari, ular bilan bogʻliq moliyaviy xarajatlar, talablarga muvofiqlikni tasdiqlovchi hujjatlar, nazorat qiluvchi organlar, tekshiruv shakllari hamda javobgarlik choralari toʻgʻrisidagi maʼlumotlar kiritilishi;

Yagona reyestrga maʼlumotlar tegishli sohani tartibga soluvchi vakolatli davlat organlari va tashkilotlari tomonidan kiritilishi;

Oʻzbekiston Respublikasi Adliya vazirligi Yagona reyestrning operatori hisoblanishi, uning yuritilishini uslubiy taʼminlashi, shuningdek, davlat organlari va tashkilotlarining ushbu sohadagi faoliyatini muvofiqlashtirib borishi belgilanganligi maʼlumot uchun qabul qilinsin.

2. Quyidagilarni nazarda tutuvchi Tadbirkorlik sohasidagi majburiy talablar yagona elektron reyestrini shakllantirish va yuritish tartibi toʻgʻrisidagi nizom ilovaga muvofiq tasdiqlansin:

Yagona reyestrni shakllantirish va yuritish maqsadi hamda prinsiplari;

Yagona reyestrda har bir majburiy talab boʻyicha kiritiladigan maʼlumotlarning turlari;

Yagona reyestrni shakllantirish va yuritish boʻyicha vakolatli davlat organlari hamda tashkilotlarining funksiyalari;

tadbirkorlik faoliyatini tartibga soladigan amaldagi majburiy talablar toʻgʻrisidagi maʼlumotlarni shakllantirish tartibi;

yangi joriy etiladigan majburiy talablar toʻgʻrisidagi maʼlumotlarni shakllantirish tartibi;

Yagona reyestrda joylashtirilgan maʼlumotlarni yangilab borish tartibi.

3. Oʻzbekiston Respublikasi Adliya vazirligi Raqamli texnologiyalar vazirligi bilan birgalikda:

2023-yil 1-dekabrga qadar Yagona reyestr elektron tizimining ishlab chiqilishini va sinov tariqasida ishga tushirilishini;

Yagona reyestrning Oʻzbekiston Respublikasi qonunchilik maʼlumotlari milliy bazasi va zaruratga koʻra boshqa axborot tizimlari bilan integratsiya qilinishini taʼminlasin.

4. Belgilab qoʻyilsinki:

Yagona reyestrni ishlab chiqish va ishga tushirish, unga texnik xizmat koʻrsatish va qoʻllab-quvvatlash, shuningdek, uning funksional imkoniyatlarini yanada takomillashtirish bilan bogʻliq xarajatlar Adliya organlari va muassasalarini rivojlantirish budjetdan tashqari jamgʻarmasi mablagʻlari hisobidan moliyalashtiriladi;

majburiy talablar toʻgʻrisidagi maʼlumotlar vakolatli davlat organlari va tashkilotlari tomonidan shakllantiriladi, bunda maʼlumotlarning asoslanganligi, ishonchliligi va belgilangan muddatda taqdim etilishi uchun maʼlumotni kiritayotgan idoralarning birinchi rahbarlariga shaxsiy masʼuliyat yuklanadi;

Oʻzbekiston Respublikasi Adliya vazirligi vakolatli davlat organlari va tashkilotlari tomonidan majburiy talablar toʻgʻrisidagi maʼlumotlar belgilangan tartibda shakllantirilishi va taqdim etilishini nazorat qiladi hamda aniqlangan qoidabuzarliklarni bartaraf etish boʻyicha taʼsir choralarini koʻradi.

5. Oʻzbekiston Respublikasi Adliya vazirligi manfaatdor vazirliklar va idoralar bilan birgalikda oʻzlari qabul qilgan normativ-huquqiy hujjatlarni bir oy muddatda ushbu qarorga muvofiqlashtirsin.

6. Mazkur qarorning bajarilishini nazorat qilish Oʻzbekiston Respublikasi Bosh vazirining oʻrinbosari J.A. Xodjayev hamda adliya vaziri A.D. Tashkulov zimmasiga yuklansin.

Vazirlar Mahkamasining 2023-yil 14-avgustdagi 385-son qaroriga ILOVA

Tadbirkorlik sohasidagi majburiy talablar yagona elektron reyestrini shakllantirish va yuritish tartibi toʻgʻrisida

1-bob. Umumiy qoidalar

1. Mazkur Nizom Tadbirkorlik sohasidagi majburiy talablar yagona elektron reyestrini (keyingi oʻrinlarda — Yagona reyestr) shakllantirish, yuritish va maʼlumotlarni yangilab borish tartibini belgilaydi.

2. Ushbu Nizomda quyidagi asosiy tushunchalar qoʻllaniladi:

vakolatli organlar — majburiy talablarni ishlab chiqish va qabul qilishga vakolatli boʻlgan, ushbu talablarga rioya etilishini nazorat qiluvchi davlat organlari va tashkilotlari;

ishchi guruh — Oʻzbekiston Respublikasi Prezidentining 2022-yil 9-noyabrdagi PF-244-son Farmoni bilan tasdiqlangan Tadbirkorlik subyektlari uchun tartibga solish yukini kamaytirish boʻyicha ishchi guruh;

kichik ishchi guruhlar — majburiy talablarni tahlil qilish va ularni qisqartirish maqsadida masʼul vazirlik va idoralar, nodavlat notijorat tashkilotlari, yirik davlat korxonalarining malakali mutaxassislari, shuningdek, tadbirkorlik subyektlari va xalqaro tashkilotlar vakillaridan iborat tarkibda ishchi guruh tomonidan tuziladigan guruhlar;

majburiy talablar — normativ-huquqiy hujjatlar va texnik jihatdan tartibga solish sohasidagi normativ hujjatlarda belgilangan tadbirkorlik faoliyati subyektlari bajarishi shart boʻlgan talablar.

3. Yagona reyestrda tadbirkorlik faoliyati sohasidagi majburiy talablar toʻgʻrisidagi maʼlumotlar Oʻzbekiston Respublikasi Adliya vazirligi tomonidan ochiq va umumiy foydalanish uchun joylashtiriladi.

4. Majburiy talablarni qisqartirish va ularning Yagona reyestrini shakllantirish ishlarini tashkil etish ishchi guruh tomonidan amalga oshiriladi.

5. Oʻzbekiston Respublikasi Adliya vazirligi vazirlik va idoralarning Yagona reyestrni shakllantirish bilan bogʻliq faoliyatini uslubiy taʼminlaydi, shuningdek ularning ushbu sohadagi faoliyatini muvofiqlashtiradi.

2-bob. Yagona reyestrni shakllantirish va yuritish

6. Yagona reyestrni shakllantirish amaldagi majburiy talablar roʻyxatini tuzish, ularni qayta koʻrib chiqish, tartibga solish taʼsirini baholash, takrorlanuvchi va dolzarbligini yoʻqotgan talablarni bekor qilish hamda ularni tizimli shakllantirish, yuritish, yangilab borish va tadbirkorlik faoliyati subyektlariga majburiy talablar haqida axborot berish jarayonlarini oʻz ichiga oladi.

7. Yagona reyestrni shakllantirish hamda unda joylashtirilgan maʼlumotlarni yangilab borish ushbu Nizomga 1-ilovadagi sxemaga muvofiq amalga oshiriladi.

8. Vakolatli organlar har yili 1-martga qadar oʻz sohasidagi majburiy talablar oʻrnatilgan barcha normativ-huquqiy hujjatlar va texnik jihatdan tartibga solish sohasidagi normativ hujjatlarni xatlovdan oʻtkazadi hamda ularning roʻyxatini shakllantiradi.

9. Roʻyxatga kiritilgan hujjatlardagi har bir majburiy talabning zarurati, asosliligi va dolzarbligi vakolatli organ tomonidan tahlil qilinadi, tahlil natijalari boʻyicha quyidagilarni nazarda tutuvchi maʼlumotnoma tayyorlanadi va ushbu Nizomning 2-ilovasida belgilangan shaklda Ishchi guruhga kiritiladi:

majburiy talabning mazmuni;

majburiy talab belgilangan normativ-huquqiy hujjat (texnik jihatdan tartibga solish sohasidagi normativ hujjat) nomi, rekvizitlari, tarkibiy birligi va uning matniga havola;

majburiy talabning zarurati, asosliligi va dolzarbligi;

majburiy talabning amal qilish muddati;

majburiy talabga rioya qilishi lozim boʻlgan tadbirkorlik sohasining Oʻzbekiston Respublikasi Iqtisodiy faoliyat turlarining umumdavlat tasniflagichi boʻyicha iqtisodiy faoliyati turi;

majburiy talabga rioya etilishini nazorat qilish (tekshiruvi)ning shakli, nazorat qilinadigan (litsenziyalash, ruxsat berish va xabardor qilish) faoliyat turining nomi (agar mavjud boʻlsa);

majburiy talablarga rioya etilishi ustidan davlat nazoratini (tekshiruvini) amalga oshiruvchi vakolatli organlar;

majburiy talabga muvofiqlikni tasdiqlovchi hujjatlar toʻgʻrisidagi maʼlumotlar va tasdiqlovchi hujjatlarni taqdim etadigan vakolatli organ (agar mavjud boʻlsa);

majburiy talabga rioya qilmaganlik uchun belgilangan javobgarlik choralari, uni qoʻllovchi organlar, shuningdek, javobgarlikni belgilovchi normativ-huquqiy hujjatning nomi, rekvizitlari, tarkibiy birligi va uning matniga havola;

majburiy talabga rioya qilish boʻyicha qoʻllanmalar, ular boʻyicha vakolatli organlarning rasmiy tushuntirishlari, nazorat qilinadigan shaxslarni xabardor qilish doirasida ishlab chiqilgan normativ tusga ega boʻlmagan boshqa hujjatlar toʻgʻrisidagi maʼlumotlar (rekvizitlar, qabul qilgan vakolatli organning nomi, hujjatlarga havolalar) (agar mavjud boʻlsa);

majburiy talabning qayta koʻrib chiqilishi muddati;

majburiy talab natijasida tadbirkorlik subyekti uchun yuzaga keladigan moliyaviy xarajatlar.

10. Ishchi guruh vakolatli organlar tomonidan kiritilgan majburiy talablarni zarurati, asosliligi va dolzarbligini tanqidiy tahlil qilgan holda, ularni tartibga solish taʼsirini baholash va qisqartirish toʻgʻrisida takliflar tayyorlash uchun har yili 15-martga qadar tegishli kichik ishchi guruhlarga yuboradi.

11. Kichik ishchi guruhlar vakolatli organlar tomonidan kiritilgan majburiy talablarning koʻrib chiqqan holda majburiy talablarning tartibga solish taʼsirini baholaydi va hisobotini hamda ushbu talablarni qisqartirish toʻgʻrisidagi takliflarni va boshqa tahliliy materiallarni har yili 1-iyulga qadar ishchi guruhga kiritadi.

12. Ishchi guruh majburiy talablarni qisqartirish toʻgʻrisidagi takliflarni koʻrib chiqadi va har yili 15-iyulga qadar kichik ishchi guruhlarga ularni amalga oshirish boʻyicha tegishli topshiriqlar beradi.

13. Kichik ishchi guruhlar tegishli sohaga oid majburiy talablarni qisqartirishni nazarda tutuvchi normativ-huquqiy hujjatlar loyihalarini ishlab chiqadi va bir oy muddatda belgilangan tartibda ishchi guruhga kiritadi.

14. Ishchi guruh Yagona reyestrni shakllantirish doirasidagi chora-tadbirlarni amalga oshirish holati haqida axborot hamda majburiy talablarni qisqartirishni nazarda tutuvchi normativ-huquqiy hujjatlar loyihalarini bir oy muddatda belgilangan tartibda Oʻzbekiston Respublikasi Prezidenti Administratsiyasi va Vazirlar Mahkamasiga kiritadi.

15. Vakolatli organlar qayta koʻrib chiqilgan hamda qisqartirilgan majburiy talablar asosida sohalar boʻyicha majburiy talablar toʻgʻrisidagi maʼlumotlarni shakllantiradi va qayta koʻrib chiqilgandan keyin darhol Oʻzbekiston Respublikasi Adliya vazirligiga kiritadi.

16. Oʻzbekiston Respublikasi Adliya vazirligi vakolatli organlar tomonidan majburiy talablar toʻgʻrisidagi shakllantirilgan maʼlumotlarni uch ish kuni ichida Yagona reyestrga joylashtiradi.

17. Yagona reyestrni shakllantirish va yuritish boʻyicha davlat organlari va tashkilotlari quyidagilarni amalga oshiradi:

a) vakolatli organlar:

Yagona reyestrga joylashtirish uchun majburiy talablar toʻgʻrisidagi maʼlumotlarni mazkur Nizom talablariga muvofiq shakllantiradi;

majburiy talablar toʻgʻrisidagi maʼlumotlarni Oʻzbekiston Respublikasi Adliya vazirligiga belgilangan tartibida va muddatlarda kiritadi;

majburiy talablar toʻgʻrisidagi maʼlumotlarni shakllantirishga masʼul boʻlgan xodimlarning roʻyxatini tasdiqlaydi;

majburiy talablarning zarurati, asosliligi va dolzarbligini doimiy tahlil qilib boradi;

b) Oʻzbekiston Respublikasi Adliya vazirligi:

Yagona reyestrning operatori hisoblanadi hamda uning yuritilishini uslubiy taʼminlaydi, shuningdek, vakolatli organlarning ushbu sohadagi faoliyatini muvofiqlashtiradi;

Yagona reyestrning ishga tushirilishini, uning uzluksiz faoliyat koʻrsatishini, unga texnik xizmat koʻrsatish va qoʻllab-quvvatlashni tashkil qiladi;

Yagona reyestrdan tadbirkorlik faoliyati subyektlarining uzluksiz foydalanishi uchun imkoniyat yaratadi;

Yagona reyestrda joylashtirilgan maʼlumotning xavfsizligini taʼminlaydi;

majburiy talablar toʻgʻrisidagi maʼlumotlarni shakllantirish va ularni yangilab borishda vakolatli organlarga uslubiy yordam koʻrsatadi hamda tavsiyalar ishlab chiqadi;

vakolatli organlar tomonidan shakllantirilgan majburiy talablar toʻgʻrisidagi maʼlumotlarning Yagona reyestrda joylashtirilishini taʼminlaydi;

majburiy talablar toʻgʻrisidagi maʼlumotlarni oʻz vaqtida va belgilangan tartibda taqdim etmagan, shuningdek, Yagona reyestrni shakllantirish bilan bogʻliq qonunchilik hujjatlari talablarini buzgan vakolatli organlarga nisbatan taʼsir choralarini qoʻllaydi.

18. Yangi joriy etilgan majburiy talablar toʻgʻrisidagi maʼlumotlar vakolatli organlar tomonidan ular qabul qilingan kundan boshlab uch ish kuni ichida mazkur Nizomning 9-bandi talablariga muvofiq shakllantiriladi va Oʻzbekiston Respublikasi Adliya vazirligiga taqdim etiladi.

19. Oʻzbekiston Respublikasi Adliya vazirligi majburiy talablar toʻgʻrisidagi maʼlumotlar kelib tushgan kundan boshlab uch ish kuni ichida ularni Yagona reyestrga kiritadi.

3-bob. Yagona reyestrga joylashtirilgan maʼlumotlarni yangilab borish

20. Majburiy talablar belgilangan normativ-huquqiy va texnik jihatdan tartibga solish sohasidagi normativ hujjatlarga oʻzgartirish va qoʻshimchalar kiritilganda, shuningdek, ular oʻz kuchini yoʻqotgan deb topilganda vakolatli organ uch ish kuni davomida majburiy talablar toʻgʻrisidagi maʼlumotlarni yangilaydi va Oʻzbekiston Respublikasi Adliya vazirligiga taqdim etadi.

Oʻzbekiston Respublikasi Adliya vazirligi uch ish kuni davomida Yagona reyestrda joylashtirilgan majburiy talablar toʻgʻrisidagi maʼlumotlarga tegishli oʻzgartirishlar kiritilishini taʼminlaydi.

21. Yagona reyestrga joylashtirilgan majburiy talablar ularning dolzarbligi va zarurati hamda joriy etilishidan koʻzlangan maqsadlarga erishilganligi yuzasidan har besh yilda bir marta vakolatli organlar tomonidan tartibga solish taʼsirini baholagan holda qayta koʻrib chiqiladi.

22. Vakolatli organ tomonidan majburiy talabni qayta koʻrib chiqish natijalari boʻyicha takliflar normativ-huquqiy hujjatlar boʻyicha ularni qabul qiluvchi organga, texnik jihatdan tartibga solish sohasidagi normativ hujjatlar boʻyicha esa Oʻzbekiston Respublikasi Investitsiyalar, sanoat va savdo vazirligi huzuridagi Oʻzbekiston texnik jihatdan tartibga solish agentligiga belgilangan tartibda kiritiladi.

23. Normativ-huquqiy hujjatlarni qabul qiluvchi organ yoki Oʻzbekiston Respublikasi Investitsiyalar, sanoat va savdo vazirligi huzuridagi Oʻzbekiston texnik jihatdan tartibga solish agentligi majburiy talabni qayta koʻrib chiqish natijalari boʻyicha uni oʻz kuchida qoldirish, oʻzgartirish yoki bekor qilish toʻgʻrisida bir oy ichida qaror qabul qiladi.

24. Majburiy talabni oʻzgartirish yoki bekor qilish toʻgʻrisida qaror qabul qilingan taqdirda, vakolatli organ belgilangan tartibda normativ-huquqiy hujjat yoxud texnik jihatdan tartibga solish sohasidagi normativ hujjat loyihasini qarorda nazarda tutilgan muddatlarda ishlab chiqish va qabul qilish choralarini koʻradi.

4-bob. Yakunlovchi qoidalar

25. Yagona reyestrga kiritilmagan majburiy talablarni bajarmaganlik uchun javobgarlik belgilanmaydi, shuningdek, vakolatli organlar tomonidan Yagona reyestrga kiritilmagan majburiy talablarning bajarilishini tekshirish taqiqlanadi.

26. Mazkur Nizom talablari buzilishida aybdor boʻlgan shaxslar qonunchilik hujjatlarida belgilangan tartibda javob beradilar.

Tadbirkorlik sohasidagi majburiy talablar yagona reyestrini shakllantirish va yuritish tartibi toʻgʻrisidagi nizomga 1-ILOVA

Tadbirkorlik sohasidagi majburiy talablar Yagona reyestrini shakllantirish, unda joylashtirilgan maʼlumotlarni yangilab borish

Bosqichlar Masʼullar Tadbirlar Bajarish muddatlari 1-bosqich Vakolatli organlar 1. Oʻz sohasidagi normativ-huquqiy hujjatlar va texnik jihatdan tartibga solish sohasidagi normativ hujjatlarda belgilangan barcha majburiy talablarni xatlovdan oʻtkazadi hamda ularning roʻyxatini shakllantiradi. 2. Roʻyxatga kiritilgan majburiy talablarni tahlil qiladi, tahlil natijalari boʻyicha maʼlumotnoma tayyorlaydi va belgilangan shaklda Tadbirkorlik subyektlari uchun tartibga solish yukini kamaytirish boʻyicha ishchi guruhga kiritadi. Har yili 1-martga qadar 2-bosqich Ishchi guruh 1. Ishchi guruh vakolatli organlar tomonidan tayyorlangan maʼlumotnomalarni kichik ishchi guruhlarga tegishli tadbirkorlik faoliyati sohalari boʻyicha taqsimlaydi. Har yili 15-martga qadar Kichik ishchi guruhlar 2. Kichik ishchi guruhlar majburiy talablarning tartibga solish taʼsirini baholaydi va ushbu talablarni qisqartirish toʻgʻrisidagi takliflarni ishchi guruhga kiritadi. Har yili 1-iyulga qadar 3-bosqich Ishchi guruh Majburiy talablarni qisqartirish haqidagi takliflarni koʻrib chiqadi va kichik ishchi guruhlarga ularni amalga oshirish boʻyicha topshiriq beradi. Har yili 15-iyulga qadar 4-bosqich Kichik ishchi guruhlar Tegishli sohaga oid majburiy talablarni qisqartirishni nazarda tutuvchi normativ-huquqiy hujjatlar loyihalarini ishlab chiqadi va ishchi guruhga kiritadi. Bir oy mobaynida 5-bosqich Ishchi guruh Yagona reyestrni shakllantirish holati haqida axborot hamda majburiy talablarni qisqartirishni nazarda tutuvchi normativ-huquqiy hujjatlar loyihalarini Oʻzbekiston Respublikasi Prezidenti Administratsiyasi va Vazirlar Mahkamasiga kiritadi. Bir oy mobaynida 6-bosqich Vakolatli organlar Qayta koʻrib chiqilgan va qisqartirilgan majburiy talablar asosida sohalar boʻyicha majburiy talablar toʻgʻrisidagi maʼlumotlarni shakllantiradi va Adliya vazirligiga kiritadi. Qayta koʻrib chiqilgandan keyin darhol 7-bosqich Adliya vazirligi Vakolatli organlar tomonidan majburiy talablar toʻgʻrisida shakllantirilgan maʼlumotlarni Yagona reyestrga joylashtiradi. Uch ish kuni mobaynida 8-bosqich Vakolatli organlar Majburiy talablar belgilangan hujjatlarga oʻzgartirish va qoʻshimchalar kiritilganda, shuningdek, ular oʻz kuchini yoʻqotgan deb topilganda, majburiy talablar toʻgʻrisidagi maʼlumotlarni yangilaydi hamda Adliya vazirligiga taqdim etadi. Uch ish kuni mobaynida 9-bosqich Adliya vazirligi Yagona reyestrda joylashtirilgan majburiy talablar toʻgʻrisidagi maʼlumotlarga tegishli oʻzgartirishlar kiritilishini taʼminlaydi. Uch ish kuni mobaynida 10-bosqich Vakolatli organlar 1. Yagona reyestrga joylashtirilgan majburiy talablarni ularning dolzarbligi va zarurati hamda joriy etilishidan koʻzlangan maqsadlarga erishilganligi yuzasidan qayta koʻrib chiqadi. 2. Qayta koʻrib chiqish natijalari boʻyicha takliflarni normativ-huquqiy hujjatlar boʻyicha ularni qabul qiluvchi organga, texnik jihatdan tartibga solish sohasidagi normativ hujjatlar boʻyicha esa Oʻzbekiston texnik jihatdan tartibga solish agentligiga belgilangan tartibda kiritiladi. Har besh yilda bir marta 11-bosqich Normativ-huquqiy hujjatlarni qabul qiluvchi organ yoki Oʻzbekiston texnik jihatdan tartibga solish agentligi Majburiy talablarni qayta koʻrib chiqish natijalari boʻyicha uni oʻz kuchida qoldirish, oʻzgartirish yoki bekor qilish toʻgʻrisida qaror qabul qiladi. Bir oy mobaynida 12-bosqich Vakolatli organlar Majburiy talablarni oʻzgartirish yoki bekor qilish toʻgʻrisida qaror qabul qilingan taqdirda, belgilangan tartibda tegishli normativ hujjat loyihasini ishlab chiqish va qabul qilish choralarini koʻradi. Qarorda nazarda tutilgan muddatda

Tadbirkorlik sohasidagi majburiy talablar yagona reyestrini shakllantirish va yuritish tartibi toʻgʻrisidagi nizomga 2-ILOVA

Tadbirkorlik sohasidagi majburiy talablar yagona elektron reyestriga majburiy talablar boʻyicha kiritiladigan maʼlumotlar

T/r Majburiy talabning mazmuni Majburiy talab belgilangan normativ huquqiy hujjat (texnik jihatdan tartibga solish sohasidagi normativ hujjat) nomi, rekvizitlari, tarkibiy birligi va unga havola Majburiy talabning zarurati, asosliligi, dolzarbligi Majburiy talabning amal qilish muddati Majburiy talabga rioya qilishi lozim boʻlgan subyektlarning IFUT boʻyicha faoliyat turi Nazorat (tekshiruv)ning turi, nazorat qilinadigan (litsenziyalash, ruxsat berish va xabardor qilish) faoliyat turining nomi (agar mavjud boʻlsa) Nazorat (tekshiruv)ni amalga oshiruvchi vakolatli organ Majburiy talabga muvofiqlik toʻgʻrisidagi maʼlumotlar va hujjatlarni taqdim etadigan vakolatli organ (agar mavjud boʻlsa) Majburiy talabga rioya qilmaganlik uchun belgilangan javobgarlik choralari, uni qoʻllovchi organ, javobgarlik belgilangan normativ-huquqiy hujjatning rekvizitlari, unga havola Majburiy talabga rioya qilish boʻyicha qoʻllanma (tushuntirish), nazorat qilinadigan shaxslarni xabardor qilish boʻyicha ishlab chiqilgan boshqa hujjatlar toʻgʻrisidagi maʼlumotlar (rekvizitlari va unga havola) Majburiy talabning qayta koʻrib chiqilishi muddati Majburiy talab natijasida tadbirkorlik subyekti uchun yuzaga keladigan moliyaviy xarajatlar 1. 2. 3. ...

Oʻzbekiston Respublikasining Bosh vaziri A. ARIPOV

Toshkent sh.,

2023-yil 14-avgust,

385-son

(Qonunchilik maʼlumotlari milliy bazasi, 15.08.2023-y., 09/23/385/0614-son)

lex.uz