📅 2023-yil 11-avgust · Vazirlar Mahkamasi qarorlari
Rasmiy matn. Rasmiy hujjat. Tahririy izohlar kiritilmagan.
📅 2023-yil 11-avgust · Vazirlar Mahkamasi qarorlari
Rasmiy matn. Rasmiy hujjat. Tahririy izohlar kiritilmagan.
📅 2023 йил 11 август · Вазирлар Маҳкамаси қарорлари
Расмий матн. Расмий ҳужжат. Таҳририй изоҳлар киритилмаган.
📅 11 августа 2023 г. · Постановления Кабинета Министров
Официальный текст. Официальный документ. Редакционные примечания не включены.
📅 11 August 2023 · Cabinet of Ministers resolutions
Official text. Official document. Editorial notes are not included.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг
қарори
НИЗОМ
СХЕМАСИ
Вазирлар Маҳкамасининг «Қонун ҳужжатлари бузилганлиги учун ушланган транспорт воситаларини тўхташ жойларига олиб келиш, жойлаштириш ва сақлаш тартибини такомиллаштириш тўғрисида» 2011 йил 25 майдаги 149-сон қарорига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш ҳақида
Мамлакатимизда ўтган давр мобайнида қонун ҳужжатлари бузилганлиги учун ушланган транспорт воситаларини тўхташ жойларига олиб келиш, жойлаштириш ва сақлашда қонунийликни таъминлаш, шунингдек, сақлаш жойларига қўйиладиган талабларни белгилаган ҳолда ушбу соҳада хизматлар кўрсатувчи юридик шахслар фаолиятини тартибга солиш бўйича қатор ишлар амалга оширилди.
Шу билан бирга, бугунги кунда соҳага замонавий ахборот-коммуникация технологияларининг жорий этилмаганлиги қонун ҳужжатлари бузилганлиги учун ушланган транспорт воситаларини сақлаш хизматларини кўрсатувчи юридик шахсларни очиқ танлов асосида танлашнинг шаффоф тизими яратилишига салбий таъсир кўрсатмоқда.
Қонун ҳужжатлари бузилганлиги учун ушланган транспорт воситаларини тўхташ жойларига олиб келиш ва жойлаштириш, шунингдек, ушбу транспорт воситаларини сақлаш хизматларини кўрсатувчи юридик шахсларни танлаш жараёнларига электрон ахборот тизимларини кенг жорий этиш ҳамда очиқлик ва шаффофликни таъминлаш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:
1. Шундай тартиб ўрнатилсинки, унга мувофиқ 2024 йил 1 январдан бошлаб:
қонун ҳужжатлари бузилганлиги учун ваколатли давлат органлари томонидан ушланган транспорт воситаларини сақлаш хизматларини кўрсатувчи юридик шахслар Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги Жамоат хавфсизлиги департаменти Йўл ҳаракати хавфсизлиги хизматининг Ягона автоматлаштирилган ахборот тизими (кейинги ўринларда — ЙҲХХнинг ягона ахборот тизими) орқали очиқ танлов асосида танлаб олинади;
қонун ҳужжатлари бузилганлиги учун ваколатли давлат органлари томонидан ушланган транспорт воситаларини тўхташ жойларига олиб келиш, жойлаштириш, сақлаш, ҳисобини юритиш ва олиб чиқиб кетишга рухсат бериш ЙҲХХнинг ягона ахборот тизимига ҳамда ушлаш ваколатига эга бўлган давлат органларига интеграция қилинган «Жарима майдончаси» ахборот тизими орқали амалга оширилади;
транспорт воситаларини тўхташ жойларига олиб келиш (ташиш) ҳамда сақлаш бўйича кўрсатиладиган хизматлар учун тўловларнинг чекланган миқдорлари Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт ва молия вазирлиги билан келишилган ҳолда, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари томонидан белгиланади.
2. Белгилансинки, «Жарима майдончаси» ахборот тизимининг сифатли ва узлуксиз фаолият кўрсатиши, маълумотлар базасининг шакллантирилиши, бошқа тизимлар билан интеграция қилиниши ҳамда техник жиҳатдан қўллаб-қувватлаш ишларининг доимий равишда ўтказиб борилиши Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги томонидан амалга оширилади.
3. Қуйидагилар «Жарима майдончаси» ахборот тизимининг асосий вазифалари этиб белгилансин:
қонун ҳужжатлари бузилганлиги учун ваколатли давлат органлари томонидан ушланган, тўхташ жойларига жойлаштирилган ва олиб чиқишга рухсат берилган транспорт воситаларининг рўйхатини юритиш;
транспорт воситаларини тўхташ жойларидан олиб чиқиш учун барча тўловларни (жарима майдончаси ва ҳуқуқбузарлик учун жарималар) электрон шаклда амалга ошириш;
қонун ҳужжатлари бузилганлиги учун ваколатли давлат органлари томонидан ушланган транспорт воситаларини тўхташ жойларидан олиб чиқишга рухсатномани сақлаш хизматларини кўрсатувчи юридик шахсларга электрон шаклда тақдим этиш.
4. Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги:
2023 йил 1 ноябрга қадар Рақамли технологиялар вазирлиги, маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари ва бошқа манфаатдор вазирлик ҳамда идоралар билан биргаликда Ички ишлар вазирлигига ажратилган бюджет маблағлари ва бюджетдан ташқари маблағлар ҳисобидан «Жарима майдончаси» ахборот тизимини ишлаб чиқсин;
2023 йил 1 декабрга қадар ЙҲХХнинг ягона ахборот тизимини қонун ҳужжатлари бузилганлиги учун ушланган транспорт воситаларини сақлаш хизматларини кўрсатувчи юридик шахсларни очиқ танлов асосида электрон тарзда танлаб олиш имкониятини яратиш мақсадида такомиллаштирсин;
2024 йил 1 январга қадар манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда «Жарима майдончаси» ахборот тизимини ЙҲХХнинг ягона ахборот тизимига ва қонунчиликка мувофиқ транспорт воситаларини ушлаш ваколатига эга бўлган давлат органларининг ахборот тизимларига интеграция қилинишини ҳамда ишга туширилишини таъминласин.
5. Вазирлар Маҳкамасининг «Қонун ҳужжатлари бузилганлиги учун ушланган транспорт воситаларини тўхташ жойларига олиб келиш, жойлаштириш ва сақлаш тартибини такомиллаштириш тўғрисида» 2011 йил 25 майдаги 149-сон қарорига иловага мувофиқ ўзгартириш ва қўшимчалар киритилсин.
6. Белгилансинки, мазкур қарор қабул қилингунга қадар қонун ҳужжатлари бузилганлиги учун ушланган транспорт воситаларини сақлаш хизматларини кўрсатувчи юридик шахслар билан тузилган шартномалар 2024 йил 1 январга қадар ўз кучини сақлаб қолади, қонунчиликка мувофиқ транспорт воситаларини сақлаш хизматларини кўрсатиш ҳуқуқини бекор қилиш учун асослар юзага келган ҳоллар бундан мустасно.
7. Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги:
2024 йил 1 январга қадар маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари билан биргаликда ушланган транспорт воситаларини сақлаш бўйича фаолият юритаётган жойларни белгиланган талабларга мувофиқлаштириш чораларини кўрсин;
манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда ўзлари қабул қилган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни икки ой муддатда ушбу қарорга мувофиқлаштирсин.
8. Ушбу қарор расмий эълон қилинган кундан эътиборан уч ой ўтгач кучга киради.
9. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси ички ишлар вазири П.Р. Бобожонов зиммасига юклансин.
Вазирлар Маҳкамасининг 2023 йил 11 августдаги 358-сон қарорига ИЛОВА
Вазирлар Маҳкамасининг «Қонун ҳужжатлари бузилганлиги учун ушланган транспорт воситаларини тўхташ жойларига олиб келиш, жойлаштириш ва сақлаш тартибини такомиллаштириш тўғрисида» 2011 йил 25 майдаги 149-сон қарорига киритилаётган ўзгартириш ва қўшимчалар
1. 1-банд ўз кучини йўқотган деб ҳисоблансин.
2. 2-банднинг учинчи хатбошиси қуйидаги таҳрирда баён этилсин:
«Қонун ҳужжатлари бузилганлиги учун ушланган транспорт воситаларини сақлаш хизматларини кўрсатувчи юридик шахсларни очиқ танлов асосида электрон тарзда танлаб олиш тартиби тўғрисидаги низом 2-иловага мувофиқ».
3. 1-иловада :
2-банд қуйидаги таҳрирда баён этилсин:
«2. Транспорт воситаларини тўхташ жойига жойлаштириш тўғрисида давлат органининг транспорт воситаларини ушлаш ҳуқуқига эга бўлган ваколатли ходими томонидан қарор қабул қилинганда, бу тўғрисида «Жарима майдончаси» ахборот тизими орқали транспорт воситаларини олиб келиш ва сақлаш хизматларини кўрсатувчи юридик шахсларга ҳамда тегишли давлат органларининг навбатчилик қисмларига хабар юборилади.
Транспорт воситаларини тўхташ жойларига олиб келиш, жойлаштириш ва сақлашнинг электрон ҳисоби «Жарима майдончаси» ахборот тизимида юритилади»;
3-банд «навбатчилик қисмига» сўзларидан кейин «Жарима майдончаси» ахборот тизими орқали» сўзлари билан тўлдирилсин;
4-банд қуйидаги таҳрирда баён этилсин:
«4. Транспорт воситаси ушланган жойга энг яқин бўлган ҳудуддаги транспорт воситаларини олиб келиш ва сақлаш хизматларини кўрсатувчи юридик шахсга «Жарима майдончаси» ахборот тизими орқали транспорт воситасини тўхташ жойига жойлаштириш тўғрисида хабар келиб тушган ҳолларда, ушбу юридик шахснинг вакили зарур махсус техник восита (эвакуатор)ни ушлаш жойига дарҳол юбориш чораларини кўради»;
5-банднинг биринчи хатбошисидаги «ҳуқуқни бузиш» сўзлари «ҳуқуқбузарлик» сўзи билан алмаштирилсин;
6-банд қуйидаги таҳрирда баён этилсин:
«6. Ушлаш жойига келган юридик шахснинг вакили:
транспорт воситасини тўхташ жойига жойлаштириш мақсадида уни қабул қилиш учун ёнида хизмат гувоҳномасига ҳамда юридик шахс томонидан берилган транспорт воситаларини ташиш (эвакуация қилиш) ҳуқуқини берувчи ишончномага эга бўлиши керак;
маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги баённома ёки транспорт воситасини ушлаш тўғрисидаги қарор асосида қабул қилиш-топшириш далолатномасини тузган ва конструкцияда кириш назарда тутилган жойларни (эшиклар, юкхона, капот, бензин баки қопқоғи ва бошқалар) сурғучлаган ҳолда ушланган транспорт воситасини кўздан кечиради ва уни давлат органининг транспорт воситаларини ушлаш ҳуқуқига эга бўлган ваколатли ходимидан қабул қилиб олади;
транспорт воситасини тўхташ жойига олиб келиш (ташиш) ва унга жойлаштириш чораларини кўради.
Қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ транспорт воситаларини бошқаришдан четлаштириш назарда тутилган ҳуқуқбузарликни содир этган шахсларга тегишли транспорт воситалари давлат органининг транспорт воситаларини ушлаш ҳуқуқига эга бўлган ваколатли ходими томонидан транспорт воситаларини тўхташ жойларига олиб борилиши мумкин»;
9-банднинг биринчи хатбошисидаги «ҳуқуқни бузиш» сўзлари «ҳуқуқбузарлик» сўзи билан алмаштирилсин;
10 — 12-бандлар қуйидаги таҳрирда баён этилсин:
«10. Транспорт воситасини ушлаб туриш сабаблари бартараф этилгандан кейин транспорт воситасини тўхташ жойидан олиб чиқишга «Жарима майдончаси» ахборот тизими орқали рухсат берилади.
Транспорт воситасини тўхташ жойидан олиб чиқишга рухсат бериш тўғрисидаги хабар тегишли ваколатли давлат органининг мансабдор шахси томонидан транспорт воситаси ҳайдовчисига ахборот тизимлари орқали электрон ёки мобиль телефонга қисқа хабар (SMS) тарзида, шунингдек, транспорт воситаларини олиб келиш ва сақлаш хизматларини кўрсатувчи юридик шахсга «Жарима майдончаси» ахборот тизими орқали юборилади.
11. Транспорт воситаси ҳайдовчига (эгасига, эгасининг вакилига) транспорт воситаларини олиб келиш ва сақлаш хизматларини кўрсатувчи юридик шахсга кўрсатилган хизматлар учун ҳақ тўлангандан кейин тегишли ваколатли давлат органининг мансабдор шахси томонидан «Жарима майдончаси» ахборот тизими орқали берилган рухсатнома асосида берилади.
Транспорт воситаларини тўхташ жойларидан бериш куну-тун амалга оширилади.
12. Ушланган транспорт воситалари ҳисоби, транспорт воситаларини олиб келиш ва сақлаш бўйича кўрсатилган хизматлар сони ва амалга оширилган тўловлар миқдори «Жарима майдончаси» ахборот тизими орқали юритилади»;
17-банддаги «бош бошқармаси» сўзлари «хизмати» сўзи билан алмаштирилсин.
4. 2-илова қуйидаги таҳрирда баён этилсин:
«Вазирлар Маҳкамасининг 2011 йил 25 майдаги 149-сон қарорига 2-ИЛОВА
Қонун ҳужжатлари бузилганлиги учун ушланган транспорт воситаларини сақлаш хизматларини кўрсатувчи юридик шахсларни очиқ танлов асосида электрон тарзда танлаб олиш тартиби тўғрисида
1-боб. Умумий қоидалар
1. Ушбу Низом қонун ҳужжатлари бузилганлиги учун ушланган транспорт воситаларини (кейинги ўринларда — транспорт воситалари) сақлаш хизматларини кўрсатувчи юридик шахсларни очиқ танлов асосида (кейинги ўринларда — танлов) электрон тарзда танлаб олиш тартибини белгилайди.
2. Транспорт воситаларини сақлаш бўйича пулли хизматлар кўрсатиш фаолиятини амалга оширишда қонунчилик ҳужжатлари талабларига тўлиқ риоя этилишини таъминлашга қодир бўлган юридик шахсларни аниқлаш танлов ўтказишнинг мақсади ҳисобланади.
Танлов Ўзбекистон Республикасининг ҳар бир ҳудуди (Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳри) бўйича алоҳида ўтказилади.
Ҳар бир ҳудудда танлов асосида ҳудуднинг маъмурий-ҳудудий бўлинишининг жойлашишидан келиб чиққан ҳолда, транспорт воситаларини сақлаш хизматларини кўрсатувчи бир неча юридик шахслар аниқланиши мумкин.
3. Ушбу Низомда қуйидаги тушунчалардан фойдаланилади:
аффилланганлик хусусиятига эга алоқалар — тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланувчи юридик ёки жисмоний шахсларнинг бир-бирлари фаолиятига таъсир кўрсатиши;
ваколатли вакил — танловда қатнашиш учун талабгор — ташкилот раҳбари ёки у томонидан ишончнома асосида вакил қилинган жисмоний шахс;
ваколатли орган — Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги ва унинг ҳудудий бўлинмалари;
танлов таклифлари — танлов қатнашчисининг транспорт воситаларини сақлаш бўйича пулли хизматлар кўрсатиш фаолиятини амалга оширишда қонунчилик ҳужжатлари талабларига мувофиқлигини тасдиқловчи ҳужжатлари;
танлов предмети — транспорт воситаларини сақлаш бўйича хизматлар кўрсатишга бўлган ҳуқуқ;
талабгор — таклиф этилган шартларда танловда қатнашиш ниятини маълум қилган юридик шахс;
танлов қатнашчиси — танловда қатнашишга қўйилган талабгор;
танлов ғолиби — танлов якунларига кўра таклифи энг мақбул деб топилган қатнашчи.
4. Танлов Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги Жамоат хавфсизлиги департаменти Йўл ҳаракати хавфсизлиги хизматининг (кейинги ўринларда — ЙҲХХ) Ягона автоматлаштирилган ахборот тизими (кейинги ўринларда — ахборот тизими) орқали ўтказилади.
ЙҲХХ ва унинг тегишли ҳудудий бўлинмалари танловни ташкил этиш ва ўтказиш бўйича масъул ҳисобланади.
5. Танловни ўтказиш қуйидаги тамойилларга асосланади:
транспорт воситаларини сақлаш хизматларини кўрсатиш соҳасида рақобат муҳитини яратиш;
қонунийлик, очиқлик, шаффофлик ва баҳолашнинг холислиги;
хизмат кўрсатувчиларнинг танлов ҳужжатларида қайд этилган ягона талаблар асосида рақобатлашиши;
соғлом рақобат учун шарт-шароитларнинг тенглиги;
танловларни фақат ахборот тизими орқали электрон тарзда ўтказиш;
танловда белгиланган талабларга энг тўлиқ жавоб берадиган хизмат кўрсатувчини ғолиб деб топиш.
6. Танлов очиқ ҳисобланади ва унда Ўзбекистон Республикасида белгиланган тартибда рўйхатдан ўтказилган ҳар қандай юридик шахс қатнашиши мумкин.
Банкрот деб эълон қилинган ёки тугатиш босқичида бўлган ёхуд мол-мулки хатланган талабгорлар танловда иштирок этишга қўйилмайди.
7. Ваколатли органнинг танловни ташкил этиш ва ўтказиш доирасидаги асосий ваколатлари қуйидагилар ҳисобланади:
тегишлилиги бўйича ҳудуднинг маъмурий-ҳудудий бўлинишининг жойлашишидан келиб чиққан ҳолда транспорт воситаларини сақлаш хизматларини кўрсатувчилар сонини аниқлаш бўйича қарорлар қабул қилиш;
ўтказиладиган танлов тўғрисидаги эълонларни ахборот тизимига ҳамда оммавий ахборот воситаларига жойлаштириш;
танлов ғолибининг танлов таклифларида кўрсатилган маълумотларининг ҳақиқийлигини ўрганиш;
танлов ғолибига транспорт воситаларини сақлаш хизматларини кўрсатиш ҳуқуқини тасдиқловчи QR-код (матрик штрихли код) қўйилган электрон гувоҳномалар бериш;
танлов ғолиби билан шартнома тузиш;
транспорт воситаларини сақлаш хизматлари кўрсатилишини назорат қилиш;
шартнома шартларига амал қилинмаслик ҳолатлари юзасидан далолатномаларни расмийлаштириш ва белгиланган тартибда шартномани бекор қилиш чораларини кўриш.
8. Ҳудуд транспорт воситаларини сақлаш хизматларини кўрсатувчисиз қолган ҳолатда навбатдаги танлов натижалари эълон қилингунга қадар ушланган транспорт воситалари ЙҲХХ бўлинмаларига тегишли жойларда вақтинча сақланади.
9. Ҳудуд қуйидаги ҳолларда транспорт воситаларини сақлаш хизматларини кўрсатувчисиз қолган деб ҳисобланади:
тузилган шартнома муддатидан аввал бекор қилинса;
танловда талабгорлардан бирорта ҳам таклиф келиб тушмаса.
2-боб. Танловни ташкил этиш
10. Транспорт воситаларини сақлаш хизматларини кўрсатиш юзасидан танлов ташкил этиш ва ҳужжатларни расмийлаштириш жараёни ушбу Низомга иловага мувофиқ схема бўйича амалга оширилади.
11. Ваколатли орган танловга қўйиладиган ҳудудлар рўйхатини тайёрлайди, танлов предметини ва вақтини танлов ўтказилишидан камида ўттиз кун олдин ахборот тизимига киритади ва бу ҳақда оммавий ахборот воситалари орқали эълон қилади.
12. Танловда қатнашиш учун таклифлар танлов қатнашчилари томонидан ахборот тизими орқали тақдим этилади ва бу маълумотлар танлов қатнашчилари ҳақидаги маълумотлар бўлиб, улар очиқ ҳисобланади.
13. Танлов қатнашчилари томонидан танлов таклифларини тақдим этиш муддати танлов эълон қилинган кундан бошланиб, ўн беш иш кунини ташкил этади ва ахборот тизимида кўрсатилади.
Танлов таклифлари белгиланган муддат якунлангандан кейин қабул қилинмайди.
14. Танлов қатнашчиси танлов таклифларини бериш муддати тугагунига қадар берилган танлов таклифини қайтариб олишга ёки унга ўзгартиришлар киритишга ҳақли.
15. Танлов қатнашчилари танлов бўйича белгиланган талабларни ахборот тизими орқали электрон тарзда юклаб олишлари мумкин.
16. Ахборот тизимида танлов ўтказилгунга қадар танлов қатнашчилари томонидан юборилган таклифларни кўриш имконияти бўлмаслиги лозим.
17. Транспорт воситаларини сақлаш хизматларини кўрсатувчи юридик шахслар тўғрисидаги маълумотлар очиқ маълумот ҳисобланади.
3-боб. Танлов бўйича таклифлар мазмуни
18. Танлов таклифларида қуйидаги талаблар ва маълумотлар бўлиши керак:
битта транспорт воситасининг тўхташ жойи учун тавсия этилаётган майдон;
хизматлар кўрсатиш вақтида транспорт воситаларини сақлаш ва ёнғин хавфсизлигини таъминлаш бўйича тадбирлар;
хизматлар кўрсатиш қиймати;
транспорт воситасининг сақлаш жойига ўз вақтида етказиб берилишини таъминлаш учун махсус техника воситаларининг (эвакуаторлар, тиркаш тросларининг) мавжудлиги;
тўхташ жойининг шакли (ёпиқ бинода, очиқ ҳолда);
транспорт воситаларини сақлаш хизматларини кўрсатиш фаолиятига қўйиладиган талабларга риоя этиш учун талабгорда имкониятлар мавжудлиги тўғрисида далолат берувчи бошқа қўшимча маълумотлар.
19. Танлов қатнашчилари танлов бўйича таклифларнинг барча бандларига доир ҳаққоний, тўлиқ ва батафсил ахборотларни юборишлари шарт.
4-боб. Танлов таклифларини баҳолаш ва ғолибни аниқлаш
20. Танлов қатнашчилари томонидан танлов бўйича келиб тушган таклифлар ахборот тизими орқали баҳоланади.
21. Танлов таклифларини баҳолаш ва ғолибни аниқлаш қуйидаги тартибда амалга оширилади:
а) битта транспорт воситасининг тўхташ жойи учун тавсия этилаётган майдон учун — ҳисобланган даражадагидан (25 кв метр) ортиқ бўлган ҳар бир пункт учун ортиб борувчи коэффициент қўлланган ҳолда, беш балли тизим бўйича;
б) сақлаш ва ёнғин хавфсизлигини таъминлаш бўйича тадбирлар учун — ўн балли тизим бўйича. Баҳолаш қуйидаги тарзда амалга оширилади:
бинолар билан тўхтаб туришга қўйилган транспорт воситаси оралиғидаги норматив бўйича ёнғин хавфсизлиги масофасини (6 м) таъминлаганлик учун — 5 балл. Ёнғинга қарши нормативдан ортиқ масофа (6 метрдан ортиқ) таъминланган тақдирда, ёнғинга қарши масофанинг оширилган ҳар бир метри учун ортиб борувчи коэффициент қўлланади;
тўхташ жойидан ёнғин гидрантигача 150 метр масофада ташқи ёнғинга қарши сув таъминоти тизими таъминлаганлиги учун — 5 балл. Тўхташ жойидан ёнғин гидрантигача бўлган масофа камайтирилган тақдирда масофанинг ҳар бир метри учун ортиб борувчи коэффициент қўлланади;
в) транспорт воситаларини олиб келиш ва сақлаш хизматларини кўрсатиш қиймати учун — Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт ва молия вазирлиги билан келишган ҳолда Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари томонидан белгиланадиган чекланган миқдор даражасига нисбатан камайтирилган ҳар бир пункт учун ортиб борувчи коэффициент қўлланган ҳолда, ўн балли тизим бўйича;
г) махсус техника воситаларининг (эвакуаторлар, тиркаш тросларининг) мавжудлиги учун — табақалаштирилган баллар бўйича (ҳар бир эвакуатор учун — 5 баллдан ва ҳар бир тиркаш троси учун — 3 баллдан);
д) ёпиқ бинодаги тўхташ жойи учун — 15 балл, очиқ жойдаги тўхташ жойи учун — 5 балл.
Қатнашчи танлов таклифларининг якуний баҳоси юқорида санаб ўтилган кўрсаткичлар бўйича балларни қўшиш йўли билан аниқланади.
Таклифлари энг юқори баллар сонини олган қатнашчи танлов ғолиби деб эътироф этилади.
Баҳолаш натижаларига кўра бир нечта қатнашчи тенг баллар олган бўлса, у ҳолда ғолиб тенг баллар олган қатнашчиларнинг танлов таклифларидаги қуйидаги мезонлардан келиб чиқиб аниқланади:
белгиланган талаблардан қўшимча жиҳозлар ва транспорт воситаларини сақлаш учун шароитлар (транспорт воситаларини қуёш, ёмғир-қордан сақлаш учун шароит яратилган ҳолатига қараб) яратилганлигига қараб;
ушланган транспорт воситаларини сақлаш жойларида махсус транспорт воситаларининг (эвакуаторнинг) ишлаб чиқарилган йилига қараб;
ушланган транспорт воситаларини сақлаш жойларининг сиғимига қараб;
катта габаритли транспорт воситаларини сақлаш учун имкониятнинг мавжудлигига қараб таклифлар қайта кўриб чиқилиб, ғолиб аниқланади.
22. Танлов якунлари, хусусан, қатнашчилардан келиб тушган таклифлар мазмуни, ҳисобланган баллар, қатнашчилар тўғрисидаги маълумотлар, таклифларда кўрсатилган маълумотларнинг ҳақиқийлигини ўрганиш натижалари ахборот тизимида сақланади.
23. Агар танлов давомида фақат бир нафар қатнашчидан таклиф келиб тушса, унинг танлов таклифлари қўйилаётган талабларга мувофиқ бўлганда мазкур қатнашчи ғолиб деб ҳисобланади.
Агар қатнашчининг таклифлари қўйилаётган талабларга мувофиқ бўлмаса, ахборот тизими томонидан рад этилади ва такрорий танлов ташкил этилади.
24. Танлов натижалари бўйича маълумотлар ваколатли органнинг расмий веб-сайтига танлов ўтказилиб, баҳолангандан кейин дарҳол жойлаштирилади.
5-боб. Танлов ғолибининг таклифларида кўрсатилган маълумотларнинг ҳақиқийлигини ўрганиш
25. Танлов ғолибининг таклифлари ваколатли орган ҳамда Ўзбекистон Республикаси Транспорт вазирлиги ҳамда Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ҳузуридаги Кадастр агентлигининг масъул ходимлари томонидан транспорт воситаларини сақлаш учун ташкил этилган жойга чиққан ҳолда ўрганилади.
Зарурат бўлганда, таклифлардаги маълумотларнинг ҳақиқийлигини ўрганиш жараёнига бошқа манфаатдор вазирлик ва идоралар вакиллари жалб этилади.
26. Таклифлардаги маълумотларнинг ҳақиқийлигини ўрганиш вақти ва манзили олдиндан келишилади ҳамда танлов ғолиби аниқлангандан кейин беш кун ичида амалга оширилади.
Таклифлардаги маълумотларнинг ҳақиқийлигини ўрганиш жараёнини очиқ ва шаффоф ташкил этиш мақсадида ушбу хизматларни кўрсатувчилар кузатувчи сифатида иштирок этишлари мумкин.
27. Ваколатли органнинг масъул ходими маълумотларнинг ҳақиқийлигини ўрганишдан олдин танловнинг барча иштирокчилари билан аффилланганлик хусусиятига эга алоқалари мавжудлиги тўғрисидаги маълумотни ахборот тизимига киритиши керак.
Иштирокчи ва унинг аффилланган шахси танлов бўйича айни битта лотда иштирок этиш ҳуқуқига эга эмас.
28. Танлов иштирокчилари билан аффилланганлик хусусиятга эга алоқалари бўлган ваколатли органнинг масъул ходимлари келтирилган маълумотларнинг ҳақиқийлигини ўрганишда иштирок этмаслиги лозим.
Унинг ўрнига бошқа ходим келтирилган маълумотларнинг ҳақиқийлигини ўрганиш учун тайинланади. Масъул ходим томонидан аффилланганлик тўғрисида киритилган маълумотлар ахборот тизимида ёпиқ сақланади.
29. Ваколатли орган танлов ғолибининг ахборот тизими орқали юборган таклифлардаги маълумотларнинг ҳақиқийлигига шубҳа юзага келса, уларни тасдиқловчи ҳужжатларни сўраб олишга ҳақли.
30. Ўрганиш натижалари ва тегишли фототасвирлар ваколатли орган томонидан ахборот тизимига юкланади. Юкланган маълумотлар шартноманинг амал қилиш муддати якунланишига қадар сақланади.
31. Ваколатли орган томонидан ўтказилган ўрганиш натижалари юзасидан танлов қатнашчиларига тушунтиришлар берилади.
6-боб. Танлов ғолиби билан ҳужжатларни расмийлаштириш ва бекор қилиш
32. Ваколатли орган билан танлов ғолиби ўртасидаги ўзаро ҳуқуқ ва мажбуриятларни белгиловчи шартнома оммавий оферта шаклида ахборот тизимига танлов эълон қилинган пайтда жойлаштирилади.
Танлов ғолиби аниқлангандан сўнг беш кун ичида жойлаштирилган шартномани акцептлайди (таклифни қабул қилади).
33. Қуйидаги ҳолларда танлов қатнашчисининг ғолиблиги бекор қилинади:
таклиф қилинган маълумотлар ваколатли органга (олдиндан келишилган вақт ва манзилга) уларнинг ҳақиқатда мавжудлигини ўрганиш учун тақдим қилинмаса;
ахборот тизимига жойлаштирилган шартнома белгиланган муддатда сабабсиз акцептланмаса;
таклифлардаги маълумотларнинг ҳақиқийлиги тасдиқланмаганлиги оқибатида тўпланган баллар кейинги қатнашчи тўплаган баллардан камайиб кетса.
Танлов қатнашчисининг ғолиблиги бекор қилинган тақдирда, энг кўп баллар миқдори бўйича кейинги қатнашчи танлов ғолиби деб эътироф этилади. Кейинги қатнашчининг танлов таклифларидаги маълумотларнинг ҳақиқийлиги белгиланган тартибда ўрганилади.
34. Қуйидагилар транспорт воситаларини сақлаш хизматларини кўрсатиш ҳуқуқини бекор қилиш учун асослар ҳисобланади:
юридик шахснинг транспорт воситаларини сақлаш бўйича фаолиятни амалга ошириш имкони йўқлиги тўғрисида комиссияга юборган ёзма билдиришномаси;
транспорт воситаларини сақлаш хизматларини кўрсатиш юзасидан шартноманинг унда кўрсатилган асослар бўйича бекор қилиниши ёки амал қилиш муддатининг тугаши;
юридик шахснинг банкрот деб эълон қилиниши ёки уни тугатиш амалиётининг бошланиши.
35. Таклиф юборган ягона қатнашчининг ёки барча қатнашчиларнинг танлов ғолиблиги бекор қилинган тақдирда, мазкур ҳудуд бўйича дарҳол қайта танлов эълон қилинади.
36. Электрон ахборот тизимидаги танлов якунлари асосида танлов ғолиби билан шартномалар тузиш ҳамда уларнинг талаб ва шартларига риоя этилиши устидан назорат қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ амалга оширилади.
37. Танлов ғолиби билан ваколатли орган ўртасида 10 йил муддатга транспорт воситаларини сақлаш хизматларини кўрсатиш юзасидан шартнома тузилади.
38. Шартноманинг амал қилиш муддати тугашидан камида олтмиш кун аввал ҳудуд бўйича қайта эълон берилади.
39. Транспорт воситаларини сақлаш хизматларини кўрсатувчи томонидан шартнома талаб ва шартларига риоя қилмаслик ҳолати аниқланса, ваколатли органнинг масъул ходимлари томонидан далолатнома расмийлаштирилади.
40. Танлов ғолиби таклиф этган таъриф даражаси бўйича камида икки йил транспорт воситаларини сақлаш бўйича хизматларни кўрсатиш мажбуриятини олади.
41. Шартнома шартларига қўшимча ёки ўзгартиришлар томонларнинг қўшимча келишувига асосан киритилади.
7-боб. Якунловчи қоидалар
42. Танлов иштирокчилари танлов натижаларидан норози бўлган ҳолларда, белгиланган тартибда судга ёки юқори турувчи органларга мурожаат қилишга ҳақли.
43. Ушбу Низом талабларининг бузилишида айбдор бўлган шахслар қонунчиликда белгиланган тартибда жавоб берадилар.
Қонун ҳужжатлари бузилганлиги учун ушланган транспорт воситаларини сақлаш хизматларини кўрсатувчи юридик шахслар танловини очиқ танлов жараёнлари орқали электрон тарзда ташкил этиш ва ўтказиш тартиби тўғрисидаги низомга ИЛОВА
Қонун ҳужжатлари бузилганлиги учун ушланган транспорт воситаларини сақлаш хизматларини кўрсатувчи юридик шахслар учун танлов ташкил этиш ва ҳужжатларни расмийлаштириш жараёни
Босқичлар Субъектлар Тадбирлар Муддатлар 1-босқич Йўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати бўлинмалари Танловга қўйиладиган ҳудудлар рўйхатини шакллантиради, лот талаблари, танлов предметини ахборот тизимига киритади ва бу ҳақда оммавий ахборот воситалари орқали эълон беради. Танлов ўтказилишидан камида 30 кун олдин 2-босқич Ариза берувчи 1. Йўл ҳаракати хавфсизлиги хизматининг Ягона автоматлаштирилган ахборот тизими орқали рўйхатдан ўтади. 2. Электрон шаклдаги сўровномани тўлдиради (зарур ҳужжатларнинг электрон шаклини илова қилган ҳолда) ҳамда ўз электрон рақамли имзоси билан тасдиқлайди. Танлов эълон қилингандан сўнг 15 кун ичида 3-босқич Ягона автоматлаштирилган ахборот тизими Сўровномани тегишли Йўл ҳаракати хавфсизлиги хизматига жўнатилади. Автоматик равишда 4-босқич Ягона автоматлаштирилган ахборот тизими 1. Танлов қатнашчилари томонидан танлов бўйича келиб тушган таклифлар ахборот тизими орқали баҳоланади. 2. Танлов бўйича таклифларни баҳолаш ҳар бир қатнашчи бўйича аниқланади. Энг кўп балл тўплаган қатнашчи танлов ғолиби деб эътироф этилади. 15 кун ичида 5-босқич Ягона автоматлаштирилган ахборот тизими Танлов натижалари бўйича маълумотлар танлов ўтказилган куниёқ ваколатли органнинг расмий веб-сайтида эълон қилинади. Дарҳол 6-босқич Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги Танлов ғолиби билан транспорт воситаларини сақлаш хизматларини кўрсатиш юзасидан шартнома тузади. 10 йил муддатга Шартноманинг амал қилиш муддати тугашидан камида олтмиш кун олдин ҳудуд бўйича қайта эълон беради. 60 кун олдин ».
5. 3-илова 5-бандининг «а» кичик банди «қаттиқ қоплама,» сўзларидан кейин «кузатув камералари,» сўзлари билан тўлдирилсин.
Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А. АРИПОВ
Тошкент ш.,
2023 йил 11 август,
358-сон
Oʻzbekiston Respublikasi Vazirlar Mahkamasining
qarori
NIZOM
SXEMASI
Vazirlar Mahkamasining “Qonun hujjatlari buzilganligi uchun ushlangan transport vositalarini toʻxtash joylariga olib kelish, joylashtirish va saqlash tartibini takomillashtirish toʻgʻrisida” 2011-yil 25-maydagi 149-son qaroriga oʻzgartirish va qoʻshimchalar kiritish haqida
Mamlakatimizda oʻtgan davr mobaynida qonun hujjatlari buzilganligi uchun ushlangan transport vositalarini toʻxtash joylariga olib kelish, joylashtirish va saqlashda qonuniylikni taʼminlash, shuningdek, saqlash joylariga qoʻyiladigan talablarni belgilagan holda ushbu sohada xizmatlar koʻrsatuvchi yuridik shaxslar faoliyatini tartibga solish boʻyicha qator ishlar amalga oshirildi.
Shu bilan birga, bugungi kunda sohaga zamonaviy axborot-kommunikatsiya texnologiyalarining joriy etilmaganligi qonun hujjatlari buzilganligi uchun ushlangan transport vositalarini saqlash xizmatlarini koʻrsatuvchi yuridik shaxslarni ochiq tanlov asosida tanlashning shaffof tizimi yaratilishiga salbiy taʼsir koʻrsatmoqda.
Qonun hujjatlari buzilganligi uchun ushlangan transport vositalarini toʻxtash joylariga olib kelish va joylashtirish, shuningdek, ushbu transport vositalarini saqlash xizmatlarini koʻrsatuvchi yuridik shaxslarni tanlash jarayonlariga elektron axborot tizimlarini keng joriy etish hamda ochiqlik va shaffoflikni taʼminlash maqsadida Vazirlar Mahkamasi qaror qiladi:
1. Shunday tartib oʻrnatilsinki, unga muvofiq 2024-yil 1-yanvardan boshlab:
qonun hujjatlari buzilganligi uchun vakolatli davlat organlari tomonidan ushlangan transport vositalarini saqlash xizmatlarini koʻrsatuvchi yuridik shaxslar Oʻzbekiston Respublikasi Ichki ishlar vazirligi Jamoat xavfsizligi departamenti Yoʻl harakati xavfsizligi xizmatining Yagona avtomatlashtirilgan axborot tizimi (keyingi oʻrinlarda — YHXXning yagona axborot tizimi) orqali ochiq tanlov asosida tanlab olinadi;
qonun hujjatlari buzilganligi uchun vakolatli davlat organlari tomonidan ushlangan transport vositalarini toʻxtash joylariga olib kelish, joylashtirish, saqlash, hisobini yuritish va olib chiqib ketishga ruxsat berish YHXXning yagona axborot tizimiga hamda ushlash vakolatiga ega boʻlgan davlat organlariga integratsiya qilingan “Jarima maydonchasi” axborot tizimi orqali amalga oshiriladi;
transport vositalarini toʻxtash joylariga olib kelish (tashish) hamda saqlash boʻyicha koʻrsatiladigan xizmatlar uchun toʻlovlarning cheklangan miqdorlari Oʻzbekiston Respublikasi Iqtisodiyot va moliya vazirligi bilan kelishilgan holda, Qoraqalpogʻiston Respublikasi Vazirlar Kengashi, viloyatlar va Toshkent shahar hokimliklari tomonidan belgilanadi.
2. Belgilansinki, “Jarima maydonchasi” axborot tizimining sifatli va uzluksiz faoliyat koʻrsatishi, maʼlumotlar bazasining shakllantirilishi, boshqa tizimlar bilan integratsiya qilinishi hamda texnik jihatdan qoʻllab-quvvatlash ishlarining doimiy ravishda oʻtkazib borilishi Oʻzbekiston Respublikasi Ichki ishlar vazirligi tomonidan amalga oshiriladi.
3. Quyidagilar “Jarima maydonchasi” axborot tizimining asosiy vazifalari etib belgilansin:
qonun hujjatlari buzilganligi uchun vakolatli davlat organlari tomonidan ushlangan, toʻxtash joylariga joylashtirilgan va olib chiqishga ruxsat berilgan transport vositalarining roʻyxatini yuritish;
transport vositalarini toʻxtash joylaridan olib chiqish uchun barcha toʻlovlarni (jarima maydonchasi va huquqbuzarlik uchun jarimalar) elektron shaklda amalga oshirish;
qonun hujjatlari buzilganligi uchun vakolatli davlat organlari tomonidan ushlangan transport vositalarini toʻxtash joylaridan olib chiqishga ruxsatnomani saqlash xizmatlarini koʻrsatuvchi yuridik shaxslarga elektron shaklda taqdim etish.
4. Oʻzbekiston Respublikasi Ichki ishlar vazirligi:
2023-yil 1-noyabrga qadar Raqamli texnologiyalar vazirligi, mahalliy ijro etuvchi hokimiyat organlari va boshqa manfaatdor vazirlik hamda idoralar bilan birgalikda Ichki ishlar vazirligiga ajratilgan budjet mablagʻlari va budjetdan tashqari mablagʻlar hisobidan “Jarima maydonchasi” axborot tizimini ishlab chiqsin;
2023-yil 1-dekabrga qadar YHXXning yagona axborot tizimini qonun hujjatlari buzilganligi uchun ushlangan transport vositalarini saqlash xizmatlarini koʻrsatuvchi yuridik shaxslarni ochiq tanlov asosida elektron tarzda tanlab olish imkoniyatini yaratish maqsadida takomillashtirsin;
2024-yil 1-yanvarga qadar manfaatdor vazirlik va idoralar bilan birgalikda “Jarima maydonchasi” axborot tizimini YHXXning yagona axborot tizimiga va qonunchilikka muvofiq transport vositalarini ushlash vakolatiga ega boʻlgan davlat organlarining axborot tizimlariga integratsiya qilinishini hamda ishga tushirilishini taʼminlasin.
5. Vazirlar Mahkamasining “Qonun hujjatlari buzilganligi uchun ushlangan transport vositalarini toʻxtash joylariga olib kelish, joylashtirish va saqlash tartibini takomillashtirish toʻgʻrisida” 2011-yil 25-maydagi 149-son qaroriga ilovaga muvofiq oʻzgartirish va qoʻshimchalar kiritilsin.
6. Belgilansinki, mazkur qaror qabul qilingunga qadar qonun hujjatlari buzilganligi uchun ushlangan transport vositalarini saqlash xizmatlarini koʻrsatuvchi yuridik shaxslar bilan tuzilgan shartnomalar 2024-yil 1-yanvarga qadar oʻz kuchini saqlab qoladi, qonunchilikka muvofiq transport vositalarini saqlash xizmatlarini koʻrsatish huquqini bekor qilish uchun asoslar yuzaga kelgan hollar bundan mustasno.
7. Oʻzbekiston Respublikasi Ichki ishlar vazirligi:
2024-yil 1-yanvarga qadar mahalliy ijro etuvchi hokimiyat organlari bilan birgalikda ushlangan transport vositalarini saqlash boʻyicha faoliyat yuritayotgan joylarni belgilangan talablarga muvofiqlashtirish choralarini koʻrsin;
manfaatdor vazirlik va idoralar bilan birgalikda oʻzlari qabul qilgan normativ-huquqiy hujjatlarni ikki oy muddatda ushbu qarorga muvofiqlashtirsin.
8. Ushbu qaror rasmiy eʼlon qilingan kundan eʼtiboran uch oy oʻtgach kuchga kiradi.
9. Mazkur qarorning bajarilishini nazorat qilish Oʻzbekiston Respublikasi ichki ishlar vaziri P.R. Bobojonov zimmasiga yuklansin.
Vazirlar Mahkamasining 2023-yil 11-avgustdagi 358-son qaroriga ILOVA
Vazirlar Mahkamasining “Qonun hujjatlari buzilganligi uchun ushlangan transport vositalarini toʻxtash joylariga olib kelish, joylashtirish va saqlash tartibini takomillashtirish toʻgʻrisida” 2011-yil 25-maydagi 149-son qaroriga kiritilayotgan oʻzgartirish va qoʻshimchalar
1. 1-band oʻz kuchini yoʻqotgan deb hisoblansin.
2. 2-bandning uchinchi xatboshisi quyidagi tahrirda bayon etilsin:
“Qonun hujjatlari buzilganligi uchun ushlangan transport vositalarini saqlash xizmatlarini koʻrsatuvchi yuridik shaxslarni ochiq tanlov asosida elektron tarzda tanlab olish tartibi toʻgʻrisidagi nizom 2-ilovaga muvofiq”.
3. 1-ilovada :
2-band quyidagi tahrirda bayon etilsin:
“2. Transport vositalarini toʻxtash joyiga joylashtirish toʻgʻrisida davlat organining transport vositalarini ushlash huquqiga ega boʻlgan vakolatli xodimi tomonidan qaror qabul qilinganda, bu toʻgʻrisida “Jarima maydonchasi” axborot tizimi orqali transport vositalarini olib kelish va saqlash xizmatlarini koʻrsatuvchi yuridik shaxslarga hamda tegishli davlat organlarining navbatchilik qismlariga xabar yuboriladi.
Transport vositalarini toʻxtash joylariga olib kelish, joylashtirish va saqlashning elektron hisobi “Jarima maydonchasi” axborot tizimida yuritiladi”;
3-band “navbatchilik qismiga” soʻzlaridan keyin “Jarima maydonchasi” axborot tizimi orqali” soʻzlari bilan toʻldirilsin;
4-band quyidagi tahrirda bayon etilsin:
“4. Transport vositasi ushlangan joyga eng yaqin boʻlgan hududdagi transport vositalarini olib kelish va saqlash xizmatlarini koʻrsatuvchi yuridik shaxsga “Jarima maydonchasi” axborot tizimi orqali transport vositasini toʻxtash joyiga joylashtirish toʻgʻrisida xabar kelib tushgan hollarda, ushbu yuridik shaxsning vakili zarur maxsus texnik vosita (evakuator)ni ushlash joyiga darhol yuborish choralarini koʻradi”;
5-bandning birinchi xatboshisidagi “huquqni buzish” soʻzlari “huquqbuzarlik” soʻzi bilan almashtirilsin;
6-band quyidagi tahrirda bayon etilsin:
“6. Ushlash joyiga kelgan yuridik shaxsning vakili:
transport vositasini toʻxtash joyiga joylashtirish maqsadida uni qabul qilish uchun yonida xizmat guvohnomasiga hamda yuridik shaxs tomonidan berilgan transport vositalarini tashish (evakuatsiya qilish) huquqini beruvchi ishonchnomaga ega boʻlishi kerak;
maʼmuriy huquqbuzarlik toʻgʻrisidagi bayonnoma yoki transport vositasini ushlash toʻgʻrisidagi qaror asosida qabul qilish-topshirish dalolatnomasini tuzgan va konstruksiyada kirish nazarda tutilgan joylarni (eshiklar, yukxona, kapot, benzin baki qopqogʻi va boshqalar) surgʻuchlagan holda ushlangan transport vositasini koʻzdan kechiradi va uni davlat organining transport vositalarini ushlash huquqiga ega boʻlgan vakolatli xodimidan qabul qilib oladi;
transport vositasini toʻxtash joyiga olib kelish (tashish) va unga joylashtirish choralarini koʻradi.
Qonunchilik hujjatlariga muvofiq transport vositalarini boshqarishdan chetlashtirish nazarda tutilgan huquqbuzarlikni sodir etgan shaxslarga tegishli transport vositalari davlat organining transport vositalarini ushlash huquqiga ega boʻlgan vakolatli xodimi tomonidan transport vositalarini toʻxtash joylariga olib borilishi mumkin”;
9-bandning birinchi xatboshisidagi “huquqni buzish” soʻzlari “huquqbuzarlik” soʻzi bilan almashtirilsin;
10 — 12-bandlar quyidagi tahrirda bayon etilsin:
“10. Transport vositasini ushlab turish sabablari bartaraf etilgandan keyin transport vositasini toʻxtash joyidan olib chiqishga “Jarima maydonchasi” axborot tizimi orqali ruxsat beriladi.
Transport vositasini toʻxtash joyidan olib chiqishga ruxsat berish toʻgʻrisidagi xabar tegishli vakolatli davlat organining mansabdor shaxsi tomonidan transport vositasi haydovchisiga axborot tizimlari orqali elektron yoki mobil telefonga qisqa xabar (SMS) tarzida, shuningdek, transport vositalarini olib kelish va saqlash xizmatlarini koʻrsatuvchi yuridik shaxsga “Jarima maydonchasi” axborot tizimi orqali yuboriladi.
11. Transport vositasi haydovchiga (egasiga, egasining vakiliga) transport vositalarini olib kelish va saqlash xizmatlarini koʻrsatuvchi yuridik shaxsga koʻrsatilgan xizmatlar uchun haq toʻlangandan keyin tegishli vakolatli davlat organining mansabdor shaxsi tomonidan “Jarima maydonchasi” axborot tizimi orqali berilgan ruxsatnoma asosida beriladi.
Transport vositalarini toʻxtash joylaridan berish kunu-tun amalga oshiriladi.
12. Ushlangan transport vositalari hisobi, transport vositalarini olib kelish va saqlash boʻyicha koʻrsatilgan xizmatlar soni va amalga oshirilgan toʻlovlar miqdori “Jarima maydonchasi” axborot tizimi orqali yuritiladi”;
17-banddagi “bosh boshqarmasi” soʻzlari “xizmati” soʻzi bilan almashtirilsin.
4. 2-ilova quyidagi tahrirda bayon etilsin:
“Vazirlar Mahkamasining 2011-yil 25-maydagi 149-son qaroriga 2-ILOVA
Qonun hujjatlari buzilganligi uchun ushlangan transport vositalarini saqlash xizmatlarini koʻrsatuvchi yuridik shaxslarni ochiq tanlov asosida elektron tarzda tanlab olish tartibi toʻgʻrisida
1-bob. Umumiy qoidalar
1. Ushbu Nizom qonun hujjatlari buzilganligi uchun ushlangan transport vositalarini (keyingi oʻrinlarda — transport vositalari) saqlash xizmatlarini koʻrsatuvchi yuridik shaxslarni ochiq tanlov asosida (keyingi oʻrinlarda — tanlov) elektron tarzda tanlab olish tartibini belgilaydi.
2. Transport vositalarini saqlash boʻyicha pulli xizmatlar koʻrsatish faoliyatini amalga oshirishda qonunchilik hujjatlari talablariga toʻliq rioya etilishini taʼminlashga qodir boʻlgan yuridik shaxslarni aniqlash tanlov oʻtkazishning maqsadi hisoblanadi.
Tanlov Oʻzbekiston Respublikasining har bir hududi (Qoraqalpogʻiston Respublikasi, viloyatlar va Toshkent shahri) boʻyicha alohida oʻtkaziladi.
Har bir hududda tanlov asosida hududning maʼmuriy-hududiy boʻlinishining joylashishidan kelib chiqqan holda, transport vositalarini saqlash xizmatlarini koʻrsatuvchi bir necha yuridik shaxslar aniqlanishi mumkin.
3. Ushbu Nizomda quyidagi tushunchalardan foydalaniladi:
affillanganlik xususiyatiga ega aloqalar — tadbirkorlik faoliyati bilan shugʻullanuvchi yuridik yoki jismoniy shaxslarning bir-birlari faoliyatiga taʼsir koʻrsatishi;
vakolatli vakil — tanlovda qatnashish uchun talabgor — tashkilot rahbari yoki u tomonidan ishonchnoma asosida vakil qilingan jismoniy shaxs;
vakolatli organ — Oʻzbekiston Respublikasi Ichki ishlar vazirligi va uning hududiy boʻlinmalari;
tanlov takliflari — tanlov qatnashchisining transport vositalarini saqlash boʻyicha pulli xizmatlar koʻrsatish faoliyatini amalga oshirishda qonunchilik hujjatlari talablariga muvofiqligini tasdiqlovchi hujjatlari;
tanlov predmeti — transport vositalarini saqlash boʻyicha xizmatlar koʻrsatishga boʻlgan huquq;
talabgor — taklif etilgan shartlarda tanlovda qatnashish niyatini maʼlum qilgan yuridik shaxs;
tanlov qatnashchisi — tanlovda qatnashishga qoʻyilgan talabgor;
tanlov gʻolibi — tanlov yakunlariga koʻra taklifi eng maqbul deb topilgan qatnashchi.
4. Tanlov Oʻzbekiston Respublikasi Ichki ishlar vazirligi Jamoat xavfsizligi departamenti Yoʻl harakati xavfsizligi xizmatining (keyingi oʻrinlarda — YHXX) Yagona avtomatlashtirilgan axborot tizimi (keyingi oʻrinlarda — axborot tizimi) orqali oʻtkaziladi.
YHXX va uning tegishli hududiy boʻlinmalari tanlovni tashkil etish va oʻtkazish boʻyicha masʼul hisoblanadi.
5. Tanlovni oʻtkazish quyidagi tamoyillarga asoslanadi:
transport vositalarini saqlash xizmatlarini koʻrsatish sohasida raqobat muhitini yaratish;
qonuniylik, ochiqlik, shaffoflik va baholashning xolisligi;
xizmat koʻrsatuvchilarning tanlov hujjatlarida qayd etilgan yagona talablar asosida raqobatlashishi;
sogʻlom raqobat uchun shart-sharoitlarning tengligi;
tanlovlarni faqat axborot tizimi orqali elektron tarzda oʻtkazish;
tanlovda belgilangan talablarga eng toʻliq javob beradigan xizmat koʻrsatuvchini gʻolib deb topish.
6. Tanlov ochiq hisoblanadi va unda Oʻzbekiston Respublikasida belgilangan tartibda roʻyxatdan oʻtkazilgan har qanday yuridik shaxs qatnashishi mumkin.
Bankrot deb eʼlon qilingan yoki tugatish bosqichida boʻlgan yoxud mol-mulki xatlangan talabgorlar tanlovda ishtirok etishga qoʻyilmaydi.
7. Vakolatli organning tanlovni tashkil etish va oʻtkazish doirasidagi asosiy vakolatlari quyidagilar hisoblanadi:
tegishliligi boʻyicha hududning maʼmuriy-hududiy boʻlinishining joylashishidan kelib chiqqan holda transport vositalarini saqlash xizmatlarini koʻrsatuvchilar sonini aniqlash boʻyicha qarorlar qabul qilish;
oʻtkaziladigan tanlov toʻgʻrisidagi eʼlonlarni axborot tizimiga hamda ommaviy axborot vositalariga joylashtirish;
tanlov gʻolibining tanlov takliflarida koʻrsatilgan maʼlumotlarining haqiqiyligini oʻrganish;
tanlov gʻolibiga transport vositalarini saqlash xizmatlarini koʻrsatish huquqini tasdiqlovchi QR-kod (matrik shtrixli kod) qoʻyilgan elektron guvohnomalar berish;
tanlov gʻolibi bilan shartnoma tuzish;
transport vositalarini saqlash xizmatlari koʻrsatilishini nazorat qilish;
shartnoma shartlariga amal qilinmaslik holatlari yuzasidan dalolatnomalarni rasmiylashtirish va belgilangan tartibda shartnomani bekor qilish choralarini koʻrish.
8. Hudud transport vositalarini saqlash xizmatlarini koʻrsatuvchisiz qolgan holatda navbatdagi tanlov natijalari eʼlon qilingunga qadar ushlangan transport vositalari YHXX boʻlinmalariga tegishli joylarda vaqtincha saqlanadi.
9. Hudud quyidagi hollarda transport vositalarini saqlash xizmatlarini koʻrsatuvchisiz qolgan deb hisoblanadi:
tuzilgan shartnoma muddatidan avval bekor qilinsa;
tanlovda talabgorlardan birorta ham taklif kelib tushmasa.
2-bob. Tanlovni tashkil etish
10. Transport vositalarini saqlash xizmatlarini koʻrsatish yuzasidan tanlov tashkil etish va hujjatlarni rasmiylashtirish jarayoni ushbu Nizomga ilovaga muvofiq sxema boʻyicha amalga oshiriladi.
11. Vakolatli organ tanlovga qoʻyiladigan hududlar roʻyxatini tayyorlaydi, tanlov predmetini va vaqtini tanlov oʻtkazilishidan kamida oʻttiz kun oldin axborot tizimiga kiritadi va bu haqda ommaviy axborot vositalari orqali eʼlon qiladi.
12. Tanlovda qatnashish uchun takliflar tanlov qatnashchilari tomonidan axborot tizimi orqali taqdim etiladi va bu maʼlumotlar tanlov qatnashchilari haqidagi maʼlumotlar boʻlib, ular ochiq hisoblanadi.
13. Tanlov qatnashchilari tomonidan tanlov takliflarini taqdim etish muddati tanlov eʼlon qilingan kundan boshlanib, oʻn besh ish kunini tashkil etadi va axborot tizimida koʻrsatiladi.
Tanlov takliflari belgilangan muddat yakunlangandan keyin qabul qilinmaydi.
14. Tanlov qatnashchisi tanlov takliflarini berish muddati tugaguniga qadar berilgan tanlov taklifini qaytarib olishga yoki unga oʻzgartirishlar kiritishga haqli.
15. Tanlov qatnashchilari tanlov boʻyicha belgilangan talablarni axborot tizimi orqali elektron tarzda yuklab olishlari mumkin.
16. Axborot tizimida tanlov oʻtkazilgunga qadar tanlov qatnashchilari tomonidan yuborilgan takliflarni koʻrish imkoniyati boʻlmasligi lozim.
17. Transport vositalarini saqlash xizmatlarini koʻrsatuvchi yuridik shaxslar toʻgʻrisidagi maʼlumotlar ochiq maʼlumot hisoblanadi.
3-bob. Tanlov boʻyicha takliflar mazmuni
18. Tanlov takliflarida quyidagi talablar va maʼlumotlar boʻlishi kerak:
bitta transport vositasining toʻxtash joyi uchun tavsiya etilayotgan maydon;
xizmatlar koʻrsatish vaqtida transport vositalarini saqlash va yongʻin xavfsizligini taʼminlash boʻyicha tadbirlar;
xizmatlar koʻrsatish qiymati;
transport vositasining saqlash joyiga oʻz vaqtida yetkazib berilishini taʼminlash uchun maxsus texnika vositalarining (evakuatorlar, tirkash troslarining) mavjudligi;
toʻxtash joyining shakli (yopiq binoda, ochiq holda);
transport vositalarini saqlash xizmatlarini koʻrsatish faoliyatiga qoʻyiladigan talablarga rioya etish uchun talabgorda imkoniyatlar mavjudligi toʻgʻrisida dalolat beruvchi boshqa qoʻshimcha maʼlumotlar.
19. Tanlov qatnashchilari tanlov boʻyicha takliflarning barcha bandlariga doir haqqoniy, toʻliq va batafsil axborotlarni yuborishlari shart.
4-bob. Tanlov takliflarini baholash va gʻolibni aniqlash
20. Tanlov qatnashchilari tomonidan tanlov boʻyicha kelib tushgan takliflar axborot tizimi orqali baholanadi.
21. Tanlov takliflarini baholash va gʻolibni aniqlash quyidagi tartibda amalga oshiriladi:
a) bitta transport vositasining toʻxtash joyi uchun tavsiya etilayotgan maydon uchun — hisoblangan darajadagidan (25 kv metr) ortiq boʻlgan har bir punkt uchun ortib boruvchi koeffitsiyent qoʻllangan holda, besh balli tizim boʻyicha;
b) saqlash va yongʻin xavfsizligini taʼminlash boʻyicha tadbirlar uchun — oʻn balli tizim boʻyicha. Baholash quyidagi tarzda amalga oshiriladi:
binolar bilan toʻxtab turishga qoʻyilgan transport vositasi oraligʻidagi normativ boʻyicha yongʻin xavfsizligi masofasini (6 m) taʼminlaganlik uchun — 5 ball. Yongʻinga qarshi normativdan ortiq masofa (6 metrdan ortiq) taʼminlangan taqdirda, yongʻinga qarshi masofaning oshirilgan har bir metri uchun ortib boruvchi koeffitsiyent qoʻllanadi;
toʻxtash joyidan yongʻin gidrantigacha 150 metr masofada tashqi yongʻinga qarshi suv taʼminoti tizimi taʼminlaganligi uchun — 5 ball. Toʻxtash joyidan yongʻin gidrantigacha boʻlgan masofa kamaytirilgan taqdirda masofaning har bir metri uchun ortib boruvchi koeffitsiyent qoʻllanadi;
v) transport vositalarini olib kelish va saqlash xizmatlarini koʻrsatish qiymati uchun — Oʻzbekiston Respublikasi Iqtisodiyot va moliya vazirligi bilan kelishgan holda Qoraqalpogʻiston Respublikasi Vazirlar Kengashi, viloyatlar va Toshkent shahar hokimliklari tomonidan belgilanadigan cheklangan miqdor darajasiga nisbatan kamaytirilgan har bir punkt uchun ortib boruvchi koeffitsiyent qoʻllangan holda, oʻn balli tizim boʻyicha;
g) maxsus texnika vositalarining (evakuatorlar, tirkash troslarining) mavjudligi uchun — tabaqalashtirilgan ballar boʻyicha (har bir evakuator uchun — 5 balldan va har bir tirkash trosi uchun — 3 balldan);
d) yopiq binodagi toʻxtash joyi uchun — 15 ball, ochiq joydagi toʻxtash joyi uchun — 5 ball.
Qatnashchi tanlov takliflarining yakuniy bahosi yuqorida sanab oʻtilgan koʻrsatkichlar boʻyicha ballarni qoʻshish yoʻli bilan aniqlanadi.
Takliflari eng yuqori ballar sonini olgan qatnashchi tanlov gʻolibi deb eʼtirof etiladi.
Baholash natijalariga koʻra bir nechta qatnashchi teng ballar olgan boʻlsa, u holda gʻolib teng ballar olgan qatnashchilarning tanlov takliflaridagi quyidagi mezonlardan kelib chiqib aniqlanadi:
belgilangan talablardan qoʻshimcha jihozlar va transport vositalarini saqlash uchun sharoitlar (transport vositalarini quyosh, yomgʻir-qordan saqlash uchun sharoit yaratilgan holatiga qarab) yaratilganligiga qarab;
ushlangan transport vositalarini saqlash joylarida maxsus transport vositalarining (evakuatorning) ishlab chiqarilgan yiliga qarab;
ushlangan transport vositalarini saqlash joylarining sigʻimiga qarab;
katta gabaritli transport vositalarini saqlash uchun imkoniyatning mavjudligiga qarab takliflar qayta koʻrib chiqilib, gʻolib aniqlanadi.
22. Tanlov yakunlari, xususan, qatnashchilardan kelib tushgan takliflar mazmuni, hisoblangan ballar, qatnashchilar toʻgʻrisidagi maʼlumotlar, takliflarda koʻrsatilgan maʼlumotlarning haqiqiyligini oʻrganish natijalari axborot tizimida saqlanadi.
23. Agar tanlov davomida faqat bir nafar qatnashchidan taklif kelib tushsa, uning tanlov takliflari qoʻyilayotgan talablarga muvofiq boʻlganda mazkur qatnashchi gʻolib deb hisoblanadi.
Agar qatnashchining takliflari qoʻyilayotgan talablarga muvofiq boʻlmasa, axborot tizimi tomonidan rad etiladi va takroriy tanlov tashkil etiladi.
24. Tanlov natijalari boʻyicha maʼlumotlar vakolatli organning rasmiy veb-saytiga tanlov oʻtkazilib, baholangandan keyin darhol joylashtiriladi.
5-bob. Tanlov gʻolibining takliflarida koʻrsatilgan maʼlumotlarning haqiqiyligini oʻrganish
25. Tanlov gʻolibining takliflari vakolatli organ hamda Oʻzbekiston Respublikasi Transport vazirligi hamda Iqtisodiyot va moliya vazirligi huzuridagi Kadastr agentligining masʼul xodimlari tomonidan transport vositalarini saqlash uchun tashkil etilgan joyga chiqqan holda oʻrganiladi.
Zarurat boʻlganda, takliflardagi maʼlumotlarning haqiqiyligini oʻrganish jarayoniga boshqa manfaatdor vazirlik va idoralar vakillari jalb etiladi.
26. Takliflardagi maʼlumotlarning haqiqiyligini oʻrganish vaqti va manzili oldindan kelishiladi hamda tanlov gʻolibi aniqlangandan keyin besh kun ichida amalga oshiriladi.
Takliflardagi maʼlumotlarning haqiqiyligini oʻrganish jarayonini ochiq va shaffof tashkil etish maqsadida ushbu xizmatlarni koʻrsatuvchilar kuzatuvchi sifatida ishtirok etishlari mumkin.
27. Vakolatli organning masʼul xodimi maʼlumotlarning haqiqiyligini oʻrganishdan oldin tanlovning barcha ishtirokchilari bilan affillanganlik xususiyatiga ega aloqalari mavjudligi toʻgʻrisidagi maʼlumotni axborot tizimiga kiritishi kerak.
Ishtirokchi va uning affillangan shaxsi tanlov boʻyicha ayni bitta lotda ishtirok etish huquqiga ega emas.
28. Tanlov ishtirokchilari bilan affillanganlik xususiyatga ega aloqalari boʻlgan vakolatli organning masʼul xodimlari keltirilgan maʼlumotlarning haqiqiyligini oʻrganishda ishtirok etmasligi lozim.
Uning oʻrniga boshqa xodim keltirilgan maʼlumotlarning haqiqiyligini oʻrganish uchun tayinlanadi. Masʼul xodim tomonidan affillanganlik toʻgʻrisida kiritilgan maʼlumotlar axborot tizimida yopiq saqlanadi.
29. Vakolatli organ tanlov gʻolibining axborot tizimi orqali yuborgan takliflardagi maʼlumotlarning haqiqiyligiga shubha yuzaga kelsa, ularni tasdiqlovchi hujjatlarni soʻrab olishga haqli.
30. Oʻrganish natijalari va tegishli fototasvirlar vakolatli organ tomonidan axborot tizimiga yuklanadi. Yuklangan maʼlumotlar shartnomaning amal qilish muddati yakunlanishiga qadar saqlanadi.
31. Vakolatli organ tomonidan oʻtkazilgan oʻrganish natijalari yuzasidan tanlov qatnashchilariga tushuntirishlar beriladi.
6-bob. Tanlov gʻolibi bilan hujjatlarni rasmiylashtirish va bekor qilish
32. Vakolatli organ bilan tanlov gʻolibi oʻrtasidagi oʻzaro huquq va majburiyatlarni belgilovchi shartnoma ommaviy oferta shaklida axborot tizimiga tanlov eʼlon qilingan paytda joylashtiriladi.
Tanlov gʻolibi aniqlangandan soʻng besh kun ichida joylashtirilgan shartnomani akseptlaydi (taklifni qabul qiladi).
33. Quyidagi hollarda tanlov qatnashchisining gʻolibligi bekor qilinadi:
taklif qilingan maʼlumotlar vakolatli organga (oldindan kelishilgan vaqt va manzilga) ularning haqiqatda mavjudligini oʻrganish uchun taqdim qilinmasa;
axborot tizimiga joylashtirilgan shartnoma belgilangan muddatda sababsiz akseptlanmasa;
takliflardagi maʼlumotlarning haqiqiyligi tasdiqlanmaganligi oqibatida toʻplangan ballar keyingi qatnashchi toʻplagan ballardan kamayib ketsa.
Tanlov qatnashchisining gʻolibligi bekor qilingan taqdirda, eng koʻp ballar miqdori boʻyicha keyingi qatnashchi tanlov gʻolibi deb eʼtirof etiladi. Keyingi qatnashchining tanlov takliflaridagi maʼlumotlarning haqiqiyligi belgilangan tartibda oʻrganiladi.
34. Quyidagilar transport vositalarini saqlash xizmatlarini koʻrsatish huquqini bekor qilish uchun asoslar hisoblanadi:
yuridik shaxsning transport vositalarini saqlash boʻyicha faoliyatni amalga oshirish imkoni yoʻqligi toʻgʻrisida komissiyaga yuborgan yozma bildirishnomasi;
transport vositalarini saqlash xizmatlarini koʻrsatish yuzasidan shartnomaning unda koʻrsatilgan asoslar boʻyicha bekor qilinishi yoki amal qilish muddatining tugashi;
yuridik shaxsning bankrot deb eʼlon qilinishi yoki uni tugatish amaliyotining boshlanishi.
35. Taklif yuborgan yagona qatnashchining yoki barcha qatnashchilarning tanlov gʻolibligi bekor qilingan taqdirda, mazkur hudud boʻyicha darhol qayta tanlov eʼlon qilinadi.
36. Elektron axborot tizimidagi tanlov yakunlari asosida tanlov gʻolibi bilan shartnomalar tuzish hamda ularning talab va shartlariga rioya etilishi ustidan nazorat qonunchilik hujjatlariga muvofiq amalga oshiriladi.
37. Tanlov gʻolibi bilan vakolatli organ oʻrtasida 10 yil muddatga transport vositalarini saqlash xizmatlarini koʻrsatish yuzasidan shartnoma tuziladi.
38. Shartnomaning amal qilish muddati tugashidan kamida oltmish kun avval hudud boʻyicha qayta eʼlon beriladi.
39. Transport vositalarini saqlash xizmatlarini koʻrsatuvchi tomonidan shartnoma talab va shartlariga rioya qilmaslik holati aniqlansa, vakolatli organning masʼul xodimlari tomonidan dalolatnoma rasmiylashtiriladi.
40. Tanlov gʻolibi taklif etgan taʼrif darajasi boʻyicha kamida ikki yil transport vositalarini saqlash boʻyicha xizmatlarni koʻrsatish majburiyatini oladi.
41. Shartnoma shartlariga qoʻshimcha yoki oʻzgartirishlar tomonlarning qoʻshimcha kelishuviga asosan kiritiladi.
7-bob. Yakunlovchi qoidalar
42. Tanlov ishtirokchilari tanlov natijalaridan norozi boʻlgan hollarda, belgilangan tartibda sudga yoki yuqori turuvchi organlarga murojaat qilishga haqli.
43. Ushbu Nizom talablarining buzilishida aybdor boʻlgan shaxslar qonunchilikda belgilangan tartibda javob beradilar.
Qonun hujjatlari buzilganligi uchun ushlangan transport vositalarini saqlash xizmatlarini koʻrsatuvchi yuridik shaxslar tanlovini ochiq tanlov jarayonlari orqali elektron tarzda tashkil etish va oʻtkazish tartibi toʻgʻrisidagi nizomga ILOVA
Qonun hujjatlari buzilganligi uchun ushlangan transport vositalarini saqlash xizmatlarini koʻrsatuvchi yuridik shaxslar uchun tanlov tashkil etish va hujjatlarni rasmiylashtirish jarayoni
Bosqichlar Subyektlar Tadbirlar Muddatlar 1-bosqich Yoʻl harakati xavfsizligi xizmati boʻlinmalari Tanlovga qoʻyiladigan hududlar roʻyxatini shakllantiradi, lot talablari, tanlov predmetini axborot tizimiga kiritadi va bu haqda ommaviy axborot vositalari orqali eʼlon beradi. Tanlov oʻtkazilishidan kamida 30 kun oldin 2-bosqich Ariza beruvchi 1. Yoʻl harakati xavfsizligi xizmatining Yagona avtomatlashtirilgan axborot tizimi orqali roʻyxatdan oʻtadi. 2. Elektron shakldagi soʻrovnomani toʻldiradi (zarur hujjatlarning elektron shaklini ilova qilgan holda) hamda oʻz elektron raqamli imzosi bilan tasdiqlaydi. Tanlov eʼlon qilingandan soʻng 15 kun ichida 3-bosqich Yagona avtomatlashtirilgan axborot tizimi Soʻrovnomani tegishli Yoʻl harakati xavfsizligi xizmatiga joʻnatiladi. Avtomatik ravishda 4-bosqich Yagona avtomatlashtirilgan axborot tizimi 1. Tanlov qatnashchilari tomonidan tanlov boʻyicha kelib tushgan takliflar axborot tizimi orqali baholanadi. 2. Tanlov boʻyicha takliflarni baholash har bir qatnashchi boʻyicha aniqlanadi. Eng koʻp ball toʻplagan qatnashchi tanlov gʻolibi deb eʼtirof etiladi. 15 kun ichida 5-bosqich Yagona avtomatlashtirilgan axborot tizimi Tanlov natijalari boʻyicha maʼlumotlar tanlov oʻtkazilgan kuniyoq vakolatli organning rasmiy veb-saytida eʼlon qilinadi. Darhol 6-bosqich Oʻzbekiston Respublikasi Ichki ishlar vazirligi Tanlov gʻolibi bilan transport vositalarini saqlash xizmatlarini koʻrsatish yuzasidan shartnoma tuzadi. 10 yil muddatga Shartnomaning amal qilish muddati tugashidan kamida oltmish kun oldin hudud boʻyicha qayta eʼlon beradi. 60 kun oldin ”.
5. 3-ilova 5-bandining “a” kichik bandi “qattiq qoplama,” soʻzlaridan keyin “kuzatuv kameralari,” soʻzlari bilan toʻldirilsin.
Oʻzbekiston Respublikasining Bosh vaziri A. ARIPOV
Toshkent sh.,
2023-yil 11-avgust,
358-son