📅 2023-yil 21-avgust · Vazirlar Mahkamasi qarorlari
Rasmiy matn. Rasmiy hujjat. Tahririy izohlar kiritilmagan.
📅 2023-yil 21-avgust · Vazirlar Mahkamasi qarorlari
Rasmiy matn. Rasmiy hujjat. Tahririy izohlar kiritilmagan.
📅 2023 йил 21 август · Вазирлар Маҳкамаси қарорлари
Расмий матн. Расмий ҳужжат. Таҳририй изоҳлар киритилмаган.
📅 21 августа 2023 г. · Постановления Кабинета Министров
Официальный текст. Официальный документ. Редакционные примечания не включены.
📅 21 August 2023 · Cabinet of Ministers resolutions
Official text. Official document. Editorial notes are not included.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг
қарори
Транспорт воситаларида ташишда ҳаракат хавфсизлигини таъминлашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида
Транспорт воситаларида ташишда ҳаракат хавфсизлигини таъминлаш, автобусда йўловчи ташиш жозибадорлигини ошириш, автомобиль ва темир йўл транспортида юк ташишда атроф-муҳитга зарар етказилишининг олдини олиш ва бу борада назоратни кучайтириш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:
1. Ўзбекистон Республикаси Транспорт вазирлиги ва Ички ишлар вазирлигининг автобус ҳайдовчиларининг меҳнат ва дам олиш режимини назорат қилиш қурилмалари (тахограф) билан жиҳозланган ҳамда йўналишда фаолият кўрсатиш учун тегишли ҳужжатлари мавжуд бўлган (автомобиль транспортида йўловчиларни мунтазам йўналишларда ташиш ҳуқуқини тасдиқловчи гувоҳнома ва лицензия) автобусларда шаҳарлараро, вилоятлараро ва халқаро мунтазам йўналишларда йўловчиларни тунги вақтларда ички ишлар органлари ҳамроҳлигисиз ташиш тўғрисидаги таклифига розилик берилсин.
2. Шундай тартиб ўрнатилсинки, унга кўра 2024 йил 1 январдан бошлаб шаҳарлараро, вилоятлараро ва халқаро йўналишларда йўловчи ташувчи автотранспорт воситалари ҳайдовчиларининг иш вақти табеллар, йўл варақлари, чиптани ҳисобга олиш варақлари тахограф кўрсаткичига асосан ҳисобга олинади.
3. Ўзбекистон Республикаси Транспорт вазирлиги:
икки ой муддатда тахографларни ўрнатиш, қиёслаш, уларга техник хизмат кўрсатиш, таъмирлаш ва тамғалаш бўйича фаолият юритадиган юридик шахсларнинг онлайн реестрини шакллантириб, Транспорт вазирлиги ягона интерактив ахборот порталига жойлаштирсин;
уч ой муддатда Ички ишлар вазирлиги билан биргаликда мунтазам йўналишларда йўловчи ташиш қоидаларини бузиш, йўловчиларни ташувчи автотранспорт воситалари ҳайдовчиларининг меҳнат ва дам олиш режимига риоя этмаслик ҳолатлари юзасидан Транспорт вазирлиги ҳузуридаги Транспорт назорати инспекцияси ходимлари томонидан баённома тузиш ва маъмурий жавобгарликни белгилашни назарда тутувчи Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга тегишли ўзгартириш ва қўшимчаларни киритишни тўғрисидаги Қонун лойиҳасини белгиланган тартибда Вазирлар Маҳкамасига киритсин;
меҳнат ва дам олиш режимига риоя этилишини назорат қилиш учун зарур қурилмаларни Транспорт вазирлиги ҳузуридаги Транспорт ва логистикани ривожлантириш жамғармаси маблағлари ҳисобидан белгиланган тартибда харид қилсин ҳамда 2024 йил 1 январдан бошлаб инспекторларни ушбу қурилмалар билан таъминласин.
4. Ўзбекистон Республикаси Транспорт вазирлиги:
а) Ички ишлар вазирлиги, Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги ҳузуридаги Ўзбекистон техник жиҳатдан тартибга солиш агентлигининг сочилувчан (қадоқланмаган) қурилиш материаллари, қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари, саноат ва озиқ-овқат товарларини, қурилиш ва маиший чиқиндиларни, шунингдек, бошқа тўкиладиган (иссиқ асфальт, йирик габаритли ва оғир юклардан ташқари) юкларни (кейинги ўринларда — сочилувчан юклар) N, O3 ва О4 тоифадаги бортли ва ўзи ағдарувчи автотранспорт воситаларида мажбурий тартибда амалдаги стандартлар асосида брезент (зичлиги 660 г/м 2 дан кам бўлмаган) ёки поливинилхлорид қопламали (зичлиги 900 г/м 2 дан кам бўлмаган) материаллардан тайёрланган тент билан борт сатҳидан оширмасдан ва бортга мустаҳкам қотирилиб, юза қисми тўлиқ ёпилган тарзда ташиш;
б) «Ўзбекистон темир йўллари» АЖнинг 2023 йил 10 сентябрдан бошлаб темир йўл транспортида маҳаллий юкларни (тош кўмир, қўнғир кўмир, кокс, маъдан ва маъдан концентратлари) ички йўналишларда очиқ турдаги вагонларда бортидан ошириб юкланганда, юкни ташишда амалдаги стандартлар асосида брезент (зичлиги 660 г/м 2 дан кам бўлмаган) ёки поливинилхлорид қопламали (зичлиги 900 г/м 2 дан кам бўлмаган) материаллардан тайёрланган тент билан қопланган ҳолда ташиш тартибини жорий этиш тўғрисидаги таклифлари маъқуллансин.
5. Ўзбекистон Республикаси Транспорт вазирлиги ва «Ўзбекистон темир йўллари» АЖ Адлия вазирлиги билан биргаликда бир ой муддатда қуйидагиларни назарда тутувчи Ўзбекистон Республикаси темир йўл транспортида юк ташиш қоидаларини ишлаб чиқиб, белгиланган тартибда давлат рўйхатидан ўтказилишини таъминласин:
темир йўл транспортида юкларнинг хусусиятларини инобатга олган ҳолда юк ташишни ташкил этиш тартиби ва шартлари;
темир йўл транспортида ҳаракат хавфсизлигини, юклар ва ҳаракатдаги темир йўл таркибининг бутлигини, шунингдек, экологик хавфсизликни таъминлаш талаблари;
очиқ ҳаракатдаги таркибда юкларни ташишга қуйиладиган талаблар ҳамда очиқ ҳаракатдаги таркибда ташиладиган юкларнинг турлари;
юкларни ташиш учун қабул қилиш ва топшириш тартиби.
6. Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги автотранспорт воситаларининг очиқ турдаги бортларида сочилувчан юкларни амалдаги стандартлар асосида брезент ёки поливинилхлорид қопламали материаллар билан тўлиқ ёпилган ҳолда ташилишини қатъий назоратга олсин ҳамда ҳуқуқбузарларга нисбатан қонунчиликда белгиланган тартибда жавобгарлик чоралари қўлланилишини таъминласин.
7. Белгилансинки, темир йўл транспортида юк ташиш қоидалари талабларига риоя этилиши Транспорт вазирлиги ҳузуридаги Транспорт назорати инспекцияси томонидан назорат қилинади.
8. Ўзбекистон Республикаси Транспорт вазирлиги Ички ишлар вазирлиги, Ўзбекистон техник жиҳатдан тартибга солиш агентлиги ва «Ўзбекистон темир йўллари» АЖ билан биргаликда 2024 йил 1 мартга қадар ушбу қарор асосида транспорт воситаларида ташиш қоидаларига киритилган ўзгартиришлар амалиётда қўлланилишини таҳлил қилсин, заруратга кўра уларни такомиллаштириш юзасидан Вазирлар Маҳкамасига таклиф киритсин.
9. Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг иловага мувофиқ айрим қарорларига ўзгартиришлар киритилсин.
10. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари А.Ж. Раматов, транспорт вазири И.Р. Махкамов ҳамда ички ишлар вазири П.Р. Бобожонов зиммасига юклансин.
Вазирлар Маҳкамасининг 2023 йил 21 августдаги 406-сон қарорига ИЛОВА
Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг айрим қарорларига киритилаётган ўзгартиришлар
1. Вазирлар Маҳкамасининг «Ўзбекистон Республикасида автомобиль транспортида йўловчилар ва багаж ташиш қоидаларини ҳамда автобусларда йўловчилар ташиш хавфсизлигини таъминлашга доир талабларни тасдиқлаш ҳақида» 2003 йил 4 ноябрдаги 482-сон қарорида :
а) 1-илованинг 19-банди саккизинчи хатбошиси чиқариб ташлансин;
б) 2-илованинг 30-банди учинчи хатбошиси қуйидаги таҳрирда баён қилинсин:
«Туристлар автобуслари хавфсизлик талабларига (тахограф ва навигация қурилмалари, мажбурий ва (ёки) ихтиёрий суғурта полислари, ёруғлик қайтарувчи махсус мослама (линия), икки нафар ҳайдовчи ва уларда мобил алоқа мавжудлиги) жавоб берган тақдирда кузатиб борилмайди».
2. Вазирлар Маҳкамасининг 2014 йил 1 августдаги 213-сон қарори билан тасдиқланган Ўзбекистон Республикасида автомобиль транспортида юкларни ташиш қоидаларининг 88 1 -банди қуйидаги таҳрирда баён этилсин:
«88 1 . Сочилувчан (қадоқланмаган) қурилиш материаллари, қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари, саноат ва озиқ-овқат товарларини, қурилиш ва маиший чиқиндиларни, шунингдек, бошқа тўкиладиган (иссиқ асфальт, йирик габаритли ва оғир юклардан ташқари) юкларни N, O3 ва О4 тоифадаги бортли ва ўзи ағдарувчи автотранспорт воситаларида мажбурий тартибда амалдаги стандартлар асосида брезент (зичлиги 660 г/м 2 дан кам бўлмаган) ёки поливинилхлорид қопламали (зичлиги 900 г/м 2 дан кам бўлмаган) материаллардан тайёрланган тент билан борт сатҳидан оширмасдан ва бортга мустаҳкам қотирилиб, юза қисми тўлиқ ёпилган тарзда ташилади.
Бунда тент бортни ҳар томонидан 200±50 мм дан кам бўлмаган ҳолда ёпилиши ва маҳкамловчи мосламалар билан қотирилиши лозим.».
3. Вазирлар Маҳкамасининг «Йўловчиларни автобусда ташиш хавфсизлигини таъминлашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида» 2019 йил 22 майдаги 424-сон қарорининг 1-банди иккинчи хатбошиси қуйидаги таҳрирда баён этилсин:
«тунги вақтларда вилоятлараро, шаҳарлараро, халқаро ва туристик йўналишлар (кейинги ўринларда — йўналишлар) бўйича автобусларда йўловчиларни, шунингдек, болалар гуруҳларини, умумтаълим мактаблари ва ўрта махсус таълим муассасалари ўқувчилари фақат махсус жиҳозланган хизмат автомобилларидан фойдаланган ҳолда, ички ишлар органлари ҳамроҳлигида ташилади. Бунда автобуслар ҳайдовчиларининг меҳнат ва дам олиш режимини назорат қилиш қурилмалари (тахограф) билан жиҳозланган ҳамда йўналишда фаолият кўрсатиш учун тегишли ҳужжатлари мавжуд бўлган (автомобиль транспортида йўловчиларни мунтазам йўналишларда ташиш ҳуқуқини тасдиқловчи гувоҳнома ва лицензия) автобусларда шаҳарлараро, вилоятлараро ва халқаро мунтазам йўналишларда йўловчиларни тунги вақтларда ички ишлар органлари ҳамроҳлигисиз ташишга рухсат этилади.»
4. Вазирлар Маҳкамасининг 2022 йил 12 апрелдаги 172-сон қарори билан тасдиқланган Йўл ҳаракати қоидаларининг 162-бандида :
а) бешинчи хатбоши қуйидаги таҳрирда баён этилсин:
«сочилувчан (қадоқланмаган) қурилиш материаллари, қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари, саноат ва озиқ-овқат товарларини, қурилиш ва маиший чиқиндиларни, шунингдек, бошқа тўкиладиган (иссиқ асфальт, йирик габаритли ва оғир юклардан ташқари) юкларни N, O3 ва О4 тоифадаги бортли ва ўзи ағдарувчи автотранспорт воситаларида мажбурий тартибда амалдаги стандартлар асосида брезент (зичлиги 660 г/м 2 дан кам бўлмаган) ёки поливинилхлорид қопламали (зичлиги 900 г/м 2 дан кам бўлмаган) материаллардан тайёрланган тент билан борт сатҳидан оширмасдан ва бортга мустаҳкам қотирилиб, юза қисми тўлиқ ёпилган бўлса. Бунда тент бортни ҳар томондан 200±50 мм дан кам бўлмаган ҳолда ёпиши ва маҳкамловчи мосламалар билан қотирилиши лозим.»;
б) олтинчи-саккизинчи хатбошлар тегишлича еттинчи-тўққизинчи хатбошилар деб ҳисоблансин.
Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А. АРИПОВ
Тошкент ш.,
2023 йил 21 август,
406-сон
Oʻzbekiston Respublikasi Vazirlar Mahkamasining
qarori
Transport vositalarida tashishda harakat xavfsizligini taʼminlashga doir qoʻshimcha chora-tadbirlar toʻgʻrisida
Transport vositalarida tashishda harakat xavfsizligini taʼminlash, avtobusda yoʻlovchi tashish jozibadorligini oshirish, avtomobil va temir yoʻl transportida yuk tashishda atrof-muhitga zarar yetkazilishining oldini olish va bu borada nazoratni kuchaytirish maqsadida Vazirlar Mahkamasi qaror qiladi:
1. Oʻzbekiston Respublikasi Transport vazirligi va Ichki ishlar vazirligining avtobus haydovchilarining mehnat va dam olish rejimini nazorat qilish qurilmalari (taxograf) bilan jihozlangan hamda yoʻnalishda faoliyat koʻrsatish uchun tegishli hujjatlari mavjud boʻlgan (avtomobil transportida yoʻlovchilarni muntazam yoʻnalishlarda tashish huquqini tasdiqlovchi guvohnoma va litsenziya) avtobuslarda shaharlararo, viloyatlararo va xalqaro muntazam yoʻnalishlarda yoʻlovchilarni tungi vaqtlarda ichki ishlar organlari hamrohligisiz tashish toʻgʻrisidagi taklifiga rozilik berilsin.
2. Shunday tartib oʻrnatilsinki, unga koʻra 2024-yil 1-yanvardan boshlab shaharlararo, viloyatlararo va xalqaro yoʻnalishlarda yoʻlovchi tashuvchi avtotransport vositalari haydovchilarining ish vaqti tabellar, yoʻl varaqlari, chiptani hisobga olish varaqlari taxograf koʻrsatkichiga asosan hisobga olinadi.
3. Oʻzbekiston Respublikasi Transport vazirligi:
ikki oy muddatda taxograflarni oʻrnatish, qiyoslash, ularga texnik xizmat koʻrsatish, taʼmirlash va tamgʻalash boʻyicha faoliyat yuritadigan yuridik shaxslarning onlayn reyestrini shakllantirib, Transport vazirligi yagona interaktiv axborot portaliga joylashtirsin;
uch oy muddatda Ichki ishlar vazirligi bilan birgalikda muntazam yoʻnalishlarda yoʻlovchi tashish qoidalarini buzish, yoʻlovchilarni tashuvchi avtotransport vositalari haydovchilarining mehnat va dam olish rejimiga rioya etmaslik holatlari yuzasidan Transport vazirligi huzuridagi Transport nazorati inspeksiyasi xodimlari tomonidan bayonnoma tuzish va maʼmuriy javobgarlikni belgilashni nazarda tutuvchi Maʼmuriy javobgarlik toʻgʻrisidagi kodeksga tegishli oʻzgartirish va qoʻshimchalarni kiritishni toʻgʻrisidagi Qonun loyihasini belgilangan tartibda Vazirlar Mahkamasiga kiritsin;
mehnat va dam olish rejimiga rioya etilishini nazorat qilish uchun zarur qurilmalarni Transport vazirligi huzuridagi Transport va logistikani rivojlantirish jamgʻarmasi mablagʻlari hisobidan belgilangan tartibda xarid qilsin hamda 2024-yil 1-yanvardan boshlab inspektorlarni ushbu qurilmalar bilan taʼminlasin.
4. Oʻzbekiston Respublikasi Transport vazirligi:
a) Ichki ishlar vazirligi, Investitsiyalar, sanoat va savdo vazirligi huzuridagi Oʻzbekiston texnik jihatdan tartibga solish agentligining sochiluvchan (qadoqlanmagan) qurilish materiallari, qishloq xoʻjaligi mahsulotlari, sanoat va oziq-ovqat tovarlarini, qurilish va maishiy chiqindilarni, shuningdek, boshqa toʻkiladigan (issiq asfalt, yirik gabaritli va ogʻir yuklardan tashqari) yuklarni (keyingi oʻrinlarda — sochiluvchan yuklar) N, O3 va O4 toifadagi bortli va oʻzi agʻdaruvchi avtotransport vositalarida majburiy tartibda amaldagi standartlar asosida brezent (zichligi 660 g/m 2 dan kam boʻlmagan) yoki polivinilxlorid qoplamali (zichligi 900 g/m 2 dan kam boʻlmagan) materiallardan tayyorlangan tent bilan bort sathidan oshirmasdan va bortga mustahkam qotirilib, yuza qismi toʻliq yopilgan tarzda tashish;
b) “Oʻzbekiston temir yoʻllari” AJning 2023-yil 10-sentabrdan boshlab temir yoʻl transportida mahalliy yuklarni (tosh koʻmir, qoʻngʻir koʻmir, koks, maʼdan va maʼdan konsentratlari) ichki yoʻnalishlarda ochiq turdagi vagonlarda bortidan oshirib yuklanganda, yukni tashishda amaldagi standartlar asosida brezent (zichligi 660 g/m 2 dan kam boʻlmagan) yoki polivinilxlorid qoplamali (zichligi 900 g/m 2 dan kam boʻlmagan) materiallardan tayyorlangan tent bilan qoplangan holda tashish tartibini joriy etish toʻgʻrisidagi takliflari maʼqullansin.
5. Oʻzbekiston Respublikasi Transport vazirligi va “Oʻzbekiston temir yoʻllari” AJ Adliya vazirligi bilan birgalikda bir oy muddatda quyidagilarni nazarda tutuvchi Oʻzbekiston Respublikasi temir yoʻl transportida yuk tashish qoidalarini ishlab chiqib, belgilangan tartibda davlat roʻyxatidan oʻtkazilishini taʼminlasin:
temir yoʻl transportida yuklarning xususiyatlarini inobatga olgan holda yuk tashishni tashkil etish tartibi va shartlari;
temir yoʻl transportida harakat xavfsizligini, yuklar va harakatdagi temir yoʻl tarkibining butligini, shuningdek, ekologik xavfsizlikni taʼminlash talablari;
ochiq harakatdagi tarkibda yuklarni tashishga quyiladigan talablar hamda ochiq harakatdagi tarkibda tashiladigan yuklarning turlari;
yuklarni tashish uchun qabul qilish va topshirish tartibi.
6. Oʻzbekiston Respublikasi Ichki ishlar vazirligi avtotransport vositalarining ochiq turdagi bortlarida sochiluvchan yuklarni amaldagi standartlar asosida brezent yoki polivinilxlorid qoplamali materiallar bilan toʻliq yopilgan holda tashilishini qatʼiy nazoratga olsin hamda huquqbuzarlarga nisbatan qonunchilikda belgilangan tartibda javobgarlik choralari qoʻllanilishini taʼminlasin.
7. Belgilansinki, temir yoʻl transportida yuk tashish qoidalari talablariga rioya etilishi Transport vazirligi huzuridagi Transport nazorati inspeksiyasi tomonidan nazorat qilinadi.
8. Oʻzbekiston Respublikasi Transport vazirligi Ichki ishlar vazirligi, Oʻzbekiston texnik jihatdan tartibga solish agentligi va “Oʻzbekiston temir yoʻllari” AJ bilan birgalikda 2024-yil 1-martga qadar ushbu qaror asosida transport vositalarida tashish qoidalariga kiritilgan oʻzgartirishlar amaliyotda qoʻllanilishini tahlil qilsin, zaruratga koʻra ularni takomillashtirish yuzasidan Vazirlar Mahkamasiga taklif kiritsin.
9. Oʻzbekiston Respublikasi Hukumatining ilovaga muvofiq ayrim qarorlariga oʻzgartirishlar kiritilsin.
10. Mazkur qarorning bajarilishini nazorat qilish Oʻzbekiston Respublikasi Bosh vazirining oʻrinbosari A.J. Ramatov, transport vaziri I.R. Maxkamov hamda ichki ishlar vaziri P.R. Bobojonov zimmasiga yuklansin.
Vazirlar Mahkamasining 2023-yil 21-avgustdagi 406-son qaroriga ILOVA
Oʻzbekiston Respublikasi Hukumatining ayrim qarorlariga kiritilayotgan oʻzgartirishlar
1. Vazirlar Mahkamasining “Oʻzbekiston Respublikasida avtomobil transportida yoʻlovchilar va bagaj tashish qoidalarini hamda avtobuslarda yoʻlovchilar tashish xavfsizligini taʼminlashga doir talablarni tasdiqlash haqida” 2003-yil 4-noyabrdagi 482-son qarorida :
a) 1-ilovaning 19-bandi sakkizinchi xatboshisi chiqarib tashlansin;
b) 2-ilovaning 30-bandi uchinchi xatboshisi quyidagi tahrirda bayon qilinsin:
“Turistlar avtobuslari xavfsizlik talablariga (taxograf va navigatsiya qurilmalari, majburiy va (yoki) ixtiyoriy sugʻurta polislari, yorugʻlik qaytaruvchi maxsus moslama (liniya), ikki nafar haydovchi va ularda mobil aloqa mavjudligi) javob bergan taqdirda kuzatib borilmaydi”.
2. Vazirlar Mahkamasining 2014-yil 1-avgustdagi 213-son qarori bilan tasdiqlangan Oʻzbekiston Respublikasida avtomobil transportida yuklarni tashish qoidalarining 88 1 -bandi quyidagi tahrirda bayon etilsin:
“88 1 . Sochiluvchan (qadoqlanmagan) qurilish materiallari, qishloq xoʻjaligi mahsulotlari, sanoat va oziq-ovqat tovarlarini, qurilish va maishiy chiqindilarni, shuningdek, boshqa toʻkiladigan (issiq asfalt, yirik gabaritli va ogʻir yuklardan tashqari) yuklarni N, O3 va O4 toifadagi bortli va oʻzi agʻdaruvchi avtotransport vositalarida majburiy tartibda amaldagi standartlar asosida brezent (zichligi 660 g/m 2 dan kam boʻlmagan) yoki polivinilxlorid qoplamali (zichligi 900 g/m 2 dan kam boʻlmagan) materiallardan tayyorlangan tent bilan bort sathidan oshirmasdan va bortga mustahkam qotirilib, yuza qismi toʻliq yopilgan tarzda tashiladi.
Bunda tent bortni har tomonidan 200±50 mm dan kam boʻlmagan holda yopilishi va mahkamlovchi moslamalar bilan qotirilishi lozim.”.
3. Vazirlar Mahkamasining “Yoʻlovchilarni avtobusda tashish xavfsizligini taʼminlashga doir qoʻshimcha chora-tadbirlar toʻgʻrisida” 2019-yil 22-maydagi 424-son qarorining 1-bandi ikkinchi xatboshisi quyidagi tahrirda bayon etilsin:
“tungi vaqtlarda viloyatlararo, shaharlararo, xalqaro va turistik yoʻnalishlar (keyingi oʻrinlarda — yoʻnalishlar) boʻyicha avtobuslarda yoʻlovchilarni, shuningdek, bolalar guruhlarini, umumtaʼlim maktablari va oʻrta maxsus taʼlim muassasalari oʻquvchilari faqat maxsus jihozlangan xizmat avtomobillaridan foydalangan holda, ichki ishlar organlari hamrohligida tashiladi. Bunda avtobuslar haydovchilarining mehnat va dam olish rejimini nazorat qilish qurilmalari (taxograf) bilan jihozlangan hamda yoʻnalishda faoliyat koʻrsatish uchun tegishli hujjatlari mavjud boʻlgan (avtomobil transportida yoʻlovchilarni muntazam yoʻnalishlarda tashish huquqini tasdiqlovchi guvohnoma va litsenziya) avtobuslarda shaharlararo, viloyatlararo va xalqaro muntazam yoʻnalishlarda yoʻlovchilarni tungi vaqtlarda ichki ishlar organlari hamrohligisiz tashishga ruxsat etiladi.”
4. Vazirlar Mahkamasining 2022-yil 12-apreldagi 172-son qarori bilan tasdiqlangan Yoʻl harakati qoidalarining 162-bandida :
a) beshinchi xatboshi quyidagi tahrirda bayon etilsin:
“sochiluvchan (qadoqlanmagan) qurilish materiallari, qishloq xoʻjaligi mahsulotlari, sanoat va oziq-ovqat tovarlarini, qurilish va maishiy chiqindilarni, shuningdek, boshqa toʻkiladigan (issiq asfalt, yirik gabaritli va ogʻir yuklardan tashqari) yuklarni N, O3 va O4 toifadagi bortli va oʻzi agʻdaruvchi avtotransport vositalarida majburiy tartibda amaldagi standartlar asosida brezent (zichligi 660 g/m 2 dan kam boʻlmagan) yoki polivinilxlorid qoplamali (zichligi 900 g/m 2 dan kam boʻlmagan) materiallardan tayyorlangan tent bilan bort sathidan oshirmasdan va bortga mustahkam qotirilib, yuza qismi toʻliq yopilgan boʻlsa. Bunda tent bortni har tomondan 200±50 mm dan kam boʻlmagan holda yopishi va mahkamlovchi moslamalar bilan qotirilishi lozim.”;
b) oltinchi-sakkizinchi xatboshlar tegishlicha yettinchi-toʻqqizinchi xatboshilar deb hisoblansin.
Oʻzbekiston Respublikasining Bosh vaziri A. ARIPOV
Toshkent sh.,
2023-yil 21-avgust,
406-son