UzbekAI

← Qonunlar

📅 2023-yil 2-sentabr · Vazirlar Mahkamasi qarorlari

Rasmiy matn. Rasmiy hujjat. Tahririy izohlar kiritilmagan.

Yordam | Arxiv | Atamalar | Statistika | API | Havola yuborish | Sayt haqida | Shartlar

← Қонунлар

📅 2023 йил 2 сентябрь · Вазирлар Маҳкамаси қарорлари

Расмий матн. Расмий ҳужжат. Таҳририй изоҳлар киритилмаган.

Ёрдам | Архив | Атамалар | Статистика | API | Ҳавола юбориш | Сайт ҳақида | Шартлар

← Законы

📅 2 сентября 2023 г. · Постановления Кабинета Министров

Официальный текст. Официальный документ. Редакционные примечания не включены.

Помощь | Архив | Термины | Статистика | API | Предложить ссылку | О сайте | Условия

← Laws

📅 2 September 2023 · Cabinet of Ministers resolutions

Official text. Official document. Editorial notes are not included.

Help | Archive | Glossary | Stats | API | Submit | About | Terms

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг

қарори

НИЗОМ

СХЕМАСИ

МИҚДОРИ

РЎЙХАТИ

Сув фонди ер участкаларини тадбиркорлик субъектларига «E-auksion» электрон савдо платформаси орқали ижарага бериш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида

Ўзбекистон Республикаси Президентининг тегишли фармонлари ижросини таъминлаш, шунингдек, сув фонди ерларидан самарали фойдаланишни ташкил этиш ижросини таъминлаш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:

2. Қуйидагиларни назарда тутувчи Сув фонди ер участкаларини тадбиркорлик субъектларига «E-auksion» электрон савдо платформаси орқали ижарага бериш тартиби тўғрисидаги низом 1-иловага мувофиқ тасдиқлансин:

сув фонди ер участкасини ижарага бериш юзасидан ташаббус кўрсатиш;

сув фонди ер участкасини ижарага бериш ва ижара шартномасини тузиш тартиби;

сув фонди ер участкасини ижарага беришда ижарага берувчи, балансда сақловчи ва ижарага олувчининг ҳуқуқ ва мажбуриятлари;

сув фонди ер участкаларини ижарага бериш муддати ва уни узайтириш шартлари, ижара тўловларини ҳисоблаш ва ундириш тартиби.

3. Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг 2-иловага мувофиқ айрим қарорлари ўз кучини йўқотган деб ҳисоблансин.

4. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари — иқтисодиёт ва молия вазири Ж.А. Қўчқоров ва Давлат активларини бошқариш агентлиги директори А.Ж. Ортиқов зиммасига юклансин.

Вазирлар Маҳкамасининг 2023 йил 2 сентябрдаги 441-сон қарорига 1-ИЛОВА

Сув фонди ер участкаларини тадбиркорлик субъектларига «E-auksion» электрон савдо платформаси орқали ижарага бериш тартиби тўғрисида

1-боб. Умумий қоидалар

1. Ушбу Низом сув фонди ер участкаларини тадбиркорлик субъектларига «E-auksion» электрон савдо платформасида (кейинги ўринларда — электрон савдо платформаси) электрон онлайн-аукцион савдолари орқали ижарага бериш тартибини белгилайди.

2. Сув фонди ер участкалари Ўзбекистон Республикасининг Сув кодексига ҳамда « Гидротехника иншоотларининг хавфсизлиги тўғрисида »ги ва « Муҳофаза этиладиган табиий ҳудудлар тўғрисида »ги қонунларига риоя қилган ҳолда фойдаланиш шарти билан қуйидаги фаолият турларини ташкил этиш учун электрон савдо платформасида электрон онлайн-аукцион савдолари орқали ижарага берилади:

сув объектлари фойдаланишидаги сув фонди ер участкалари — балиқни саноат усулида етиштириш ва овлаш учун;

туризм хизматлари, сув бўйида пляж зоналарини ташкил этиш, спорт-ишқибозлик туридаги балиқ овлаш, балиқ ови, сувда сузувчи ускуналар ва сув саёҳати хизматларини кўрсатиш;

қишлоқ хўжалиги, чорвачилик ва паррандачиликда фойдаланиш;

енгил конструкцияли қурилмаларни (ўтовлар, контейнерлар, тапчанлар, умумий овқатланиш хизматларини ташкил этиш, савдо шохобчалари, автомобилларни ювиш мажмуаси ва бошқа маиший хизмат кўрсатиш марказларини) жойлаштириш учун.

Бунда сув фонди ер участкаларига енгил конструкцияли қурилмалар (ўтовлар, контейнерлар, тапчанлар, савдо шохобчалари, автомобилларни ювиш мажмуаси, умумий овқатланиш ва бошқа маиший хизматлар кўрсатиш марказлари) қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда жойлаштирилади.

Сув фонди ер участкалари тадбиркорлик субъектларига «E-auksion» электрон савдо платформаси орқали ушбу Низомга 1-иловага мувофиқ схема бўйича ижарага берилади.

3. Мазкур Низом:

хусусий мулкда бўлган сув хўжалиги объектларига;

Айдар-Арнасой кўллар тизимига;

Ўзбекистон Республикаси Президенти ёки Вазирлар Маҳкамасининг қарорлари асосида ижарага бериш белгиланган бошқа давлат мулкларига нисбатан татбиқ этилмайди.

4. Ушбу Низомда қуйидаги асосий тушунчалардан фойдаланилади:

сув объекти — сувлар доимий равишда ёки вақтинча тўпланадиган ва сув режимининг ўзига хос шакллари ва белгилари бўлган табиий (жилғалар, сойлар, дарёлар ва бошқалар) ҳамда сунъий (очиқ ва ёпиқ каналлар, шунингдек, коллектор-дренаж тармоқлари) сув оқимлари, табиий (кўллар, денгизлар, ерости сувли қатламлар) ва сунъий (сув омборлари, сел сувлари тўпланадиган жойлар, ҳовузлар ва бошқалар) сув ҳавзалари, шунингдек, булоқлар ва бошқа объектлар;

сув фонди ер участкаси — сув ҳавзалари (дарёлар, кўллар, сув омборлари ва шу кабилар), гидротехника ва бошқа сув хўжалиги иншоотлари эгаллаб турган, шунингдек, сув ҳавзаларининг ва бошқа сув объектларининг қирғоқлари бўйлаб ажратилган минтақадаги сув хўжалиги эҳтиёжлари учун ваколатли ташкилотларга белгиланган тартибда берилган ерлар;

тадбиркорлик субъекти — белгиланган тартибда давлат рўйхатидан ўтган ҳамда тадбиркорлик фаолиятини амалга ошираётган жисмоний ва юридик шахслар;

ижарага берувчи — Сув хўжалиги вазирлиги ҳузуридаги «Сув хўжалигида бозор механизмларини жорий қилиш» давлат муассасаси;

балансда сақловчи-сув объекти фойдаланишидаги сув фонди ер участкалари қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ бириктирилган давлат ташкилоти, давлат иштирокидаги корхона ҳамда «Ўзбекбалиқсаноат» уюшмаси;

ижарага олувчи — ушбу Низомда белгиланган тартиб ва шартларда сув объектлари фойдаланишидаги сув фонди ер участкаларини электрон савдо платформаси орқали ижарага оладиган тадбиркорлик субъекти.

5. Сув фонди ер участкаси ушбу Низомнинг 2-бандида келтирилган фаолият турларини ташкил этиш учун камида 10 йилгача муддатга ушбу Низомнинг 37-бандига мувофиқ қўшимча яна 10 йилгача муддатга узайтириш ҳуқуқи билан очиқ электрон онлайн-аукцион савдоси орқали ижарага берувчи, балансда сақловчи ва ижарага олувчи ўртасида тузиладиган ижара шартномаси асосида ижарага берилади.

Ижарага берилаётган сув фонди ер участкаларида сув объектларига салбий таъсир кўрсатадиган хўжалик фаолиятини юритиш ва капитал қурилиш ишларини амалга ошириш тақиқланади ҳамда оқим йўналиши, ҳажми ва тезлиги ўзгариши, экологик вазият ёмонлашиши, биохилма-хиллик, ноёб ҳайвонот ва ўсимлик дунёсига зарар етказмаслиги керак.

2-боб. Сув фонди ер участкасини ижарага бериш юзасидан ташаббус кўрсатиш

6. Сув фонди ер участкасини ижарага бериш юзасидан тадбиркорлик субъектлари томонидан ижарага берувчига тегишли таклифлар бериш йўли билан ташаббус кўрсатилиши мумкин.

7. Ижарага берувчи тадбиркорлик субъектининг таклифи асосида икки кун муддатда балансда сақловчига сув фонди ер участкасини ижарага бериш бўйича муносабат билдириш юзасидан сўров юборади.

Ижарага берувчи фойдаланилмаётган сув фонди ер участкасини аниқлаган тақдирда, ушбу ер участкасини ижарага бериш бўйича ўз ташаббуси билан балансда сақловчига сўров юбориши мумкин.

Қуйидаги ҳолларда балансда сақловчи сув фонди ер участкасини ижарага бериш таклифини рад этади:

сув фонди ер участкаси стратегик аҳамиятга эга бўлган объектлар тоифасига киритилган тақдирда;

сув фонди ер участкаси амалда ижарага берилган бўлса.

8. Сув фонди ер участкасини ижарага беришни рад этишга ушбу Низомнинг 7-бандида келтирилган асослар мавжуд бўлмаган тақдирда, балансда сақловчи сув фонди ер участкасини ижарага бериш учун қуйидаги маълумотларни кўрсатиб, беш кун ичида ижарага берувчига ариза тақдим этади:

ижарага берилаётган сув фонди ер участкасининг номи, тавсифи, жойлашган жойи (манзили);

сув фонди ер участкасининг умумий майдони, чегаралари кўрсатилган чизмаси ва фотосурати;

ижарага бериладиган сув фонди ер участкаси бўйича ушбу Низомнинг 35 ва 36-бандларида келтирилган формула асосида ҳисобланган йиллик ижара ҳақи миқдори;

сув фонди ер участкасидан фойдаланиш мақсади ва қўшимча шартлари.

9. Балансда сақловчи томонидан бир ер участкаси унинг аниқ чегаралари кўрсатилган қисмларга (лотларга) ажратилган ҳолда, бир неча тадбиркорлик субъектларига ижарага бериш бўйича ариза берилиши мумкин.

10. Балансда сақловчининг аризасида ушбу Низомнинг 8-бандидаги маълумотлар тўлиқ кўрсатилмаган бўлса, ижарага берувчи аризани бир кун муддатда маълумотларни тўлиқ кўрсатган ҳолда тақдим этиш учун балансда сақловчига қайтаради.

11. Ижарага берувчи тадбиркорлик субъектининг таклифини кўриб чиқиш натижаси бўйича ва қабул қилинган қарор ҳақида таклиф олинган пайтдан бошлаб бир ҳафта муддатда тадбиркорлик субъектига хабар юборади.

12. Балансда сақловчи томонидан сув фонди ер участкасини ижарага бериш юзасидан ташаббус ижарага берувчига ушбу Низомнинг 8-бандида белгиланган маълумотларни кўрсатган ҳолда ариза тақдим этиш орқали кўрсатилади.

3-боб. Сув фонди ер участкасини ижарага бериш тартиби

13. Сув фонди ер участкаси балансда сақловчининг аризасига асосан ижарага берувчи томонидан ишлаб чиқилган лойиҳа ҳужжатларига мувофиқ электрон савдо платформасида электрон онлайн-аукцион савдолари орқали ижарага берилади.

14. Сув фонди ер участкасини ижарага бериш бўйича электрон савдо платформасида электрон онлайн-аукцион савдоларини ўтказиш Вазирлар Маҳкамасининг 2022 йил 12 январдаги 18-сон қарори билан тасдиқланган «E-auksion» электрон савдо платформасида электрон онлайн-аукцион ва танловларни ташкил этиш ҳамда ўтказиш тартиби тўғрисидаги низомга мувофиқ амалга оширилади.

Бунда электрон онлайн-аукцион савдолари орқали ижарага олинадиган сув фонди ер участкалари учун тўловлар 15 иш куни ичида тўлиқ тўланиши шарт.

Сотилмаган лотлар ҳар беш кунда лотнинг нархини 10 фоиздан бошланғич нархнинг 20 фоизигача босқичма-босқич пасайтирган ҳолда такроран электрон онлайн-аукцион савдоларига чиқарилади.

15. Ижарага берувчи сув фонди ер участкаси ижарага берилишини ташкил этишда:

ижара шартномаси лойиҳасини Ўзбекистон Республикасининг Сув кодекси ҳамда « Гидротехника иншоотларининг хавфсизлиги тўғрисида »ги ва « Муҳофаза этиладиган табиий ҳудудлар тўғрисида »ги қонунлари талабларини ҳисобга олган ҳолда тайёрлайди;

балансда сақловчининг аризасига асосан ижарага бериладиган сув фонди ер участкаси тўғрисидаги (лойиҳа) маълумотларни ва ижара шартномаси лойиҳасини электрон савдо платформасига жойлаштиради;

ижарага бериладиган сув фонди ер участкасининг номи, тавсифи, жойлашган жойи (манзили), майдони, чегаралари кўрсатилган чизмаси ва фотосурати, йиллик ижара ҳақи миқдори, улардан фойдаланиш мақсади ва қўшимча шартларини Сув хўжалиги вазирлигининг ҳамда «Электрон онлайн-аукционларни ташкил этиш» АЖнинг расмий веб-сайтлари орқали тадбиркорларга етказади;

аукцион савдоси натижасига кўра ғолиб бўлган ижарага олувчи билан белгиланган тартибда ижара шартномасини расмийлаштиради;

ижарага олувчи томонидан ижара ҳақи белгиланган миқдор, тартиб ва муддатларда тўланишини мониторинг қилиб боради.

16. Соҳилбўйи сув фонди ер участкалари ушбу сув объектида ижара шартномаси асосида фаолият юритиб келаётган тадбиркорлик субъектларининг балиқни саноат усулида етиштириш ва овлаш бўйича фаолиятига тўсқинлик қилмаган ҳолда ижарага берилади.

4-боб. Ижара шартномасини тузиш

17. Электрон онлайн-аукцион савдолари натижалари тўғрисидаги электрон баённома ижарага берувчи, балансда сақловчи ва аукцион ғолиби ўртасида ижара шартномаси тузиш учун асос ҳисобланади.

18. Электрон онлайн-аукцион савдолари натижалари тўғрисидаги электрон баённома расмийлаштирилгандан сўнг ўн иш кунидан кечиктирмай, ижарага берувчи, балансда сақловчи ва аукцион ғолиби ўртасида баённома асосида ижара шартномаси тузилади.

19. Ижара шартномасини расмийлаштириш ижарага берувчининг ахборот тизими орқали электрон шаклда амалга оширилади.

20. Ижара шартномасида қуйидагилар кўрсатилади:

ижарага берилаётган сув фонди ер участкасининг жойлашган жойи, майдони;

ижара муддати;

ижара тўловининг миқдори, уни тўлаш тартиби ва муддатлари;

ижара тўлови миқдорини ўзгартириш тартиби;

сув фонди ер участкасини ижарага олувчига топшириш муддати;

ижарага олувчининг шартнома муддати тугаганда, муддатидан аввал бекор қилинганда ёки ҳақиқий эмас деб топилганда сув фонди ер участкасини балансда сақловчига қайтариш шартлари;

сув фонди ер участкасининг санитария-гигиеник ҳолатини тиклаш шартлари;

томонларнинг ҳуқуқлари, мажбуриятлари ва жавобгарлиги;

ижарага олувчининг балиқ ресурсларини ва сув объектини сақлаш бўйича тадбирларни ўтказиши, шунингдек, овланадиган балиқнинг мунтазам ҳисобини юритиш (турлари бўйича), сув объектини ҳар йили балиқ чавоқлари билан балиқлантириб бориш, маҳсулотни сотиш ва етиштириш бўйича шартномалар тузиш, ҳайвонот оламини муҳофаза қилиш ва ундан фойдаланишга оид қонунчилик ҳужжатларига қатъий риоя этиш мажбуриятлари;

ижарага берилган сув ҳавзасида балиқ захираларини кўпайтириш, балиқ (турлари бўйича) чавоқлари билан балиқлантириб бориш ишлари амалга оширилишини мониторинг қилиш шартлари;

қонунчилик ҳужжатларида белгиланган бошқа шартлар.

21. Сув фонди ер участкасини ижарага бериш шартномаси расмийлаштирилгандан сўнг беш иш куни ичида ижарага берувчи томонидан қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда давлат рўйхатидан ўтказилади.

22. Ижара шартномаси томонларнинг келишувига асосан ёки қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда бекор қилинади ва ўзгартирилади.

23. Балансда сақловчи томонидан сув объектини ривожлантириш бўйича талабгорларга қўйиладиган инвестиция ва бошқа мажбуриятлар (шартлар) ҳар бир фонди ер участкасининг хусусияти, жойлашган жойи ва майдонининг ҳажмини инобатга олган ҳолда қуйидагича белгиланиши мумкин:

сув объектида балиқчиликни ривожлантириш учун киритиладиган инвестициянинг энг кам миқдори;

сув объектини балиқ (турлари ва миқдори бўйича) чавоқлари билан ҳар йили балиқлантиришнинг энг кам миқдори;

балиқ овлашнинг йиллик энг кам ва/ёки энг кўп миқдори;

сув объектига ўрнатилиши шарт бўлган қафас (садок)ларнинг энг кам ва/ёки энг кўп миқдори.

Балансда сақловчи томонидан сув объектини ривожлантириш имкониятларига кўра қўшимча мажбуриятлар белгиланиши мумкин.

5-боб. Ижарага берувчининг ҳуқуқ ва мажбуриятлари

24. Ижарага берувчи қуйидаги ҳуқуқларга эга:

Балансда сақловчининг аризасига асосан ижарага бериладиган сув объектлари фойдаланишидаги ижарага берилиши таклиф этилаётган сув фонди ер участкалари лойиҳасини ишлаб чиқиш ва электрон савдо платформасига жойлаштириш;

ижарага олувчининг сув фонди ер участкасидан белгиланган йўналишда мақсадли фойдаланиши, ижара ҳақини белгиланган миқдор, тартиб ва муддатларда тўлашини мониторинг қилиш;

шартноманинг амал қилиш муддати узайтирилишида ижарага олувчи кейинги муддатга белгиланаётган ижара ҳақи тўлов ставкасидан норози бўлган тақдирда, шартноманинг амал қилиш муддатини узайтириш ҳақидаги шартномани (келишувни) имзолашни рад этиш;

ижарага олувчи томонидан сув фонди ер участкасидан фойдаланиш даврида табиатни муҳофаза қилиш ва ундан фойдаланиш тўғрисидаги қонунчилик ҳужжатлари талабларига риоя этилишини назорат қилиш учун тегишли давлат органлари билан ҳамкорлик қилиш;

ижарага олувчидан шартнома муносабатларига оид маълумотлар ва ахборотларни сўраб олиш;

зарурат туғилганда, ижарага олувчига шартномани муддатидан олдин ўзаро келишиб бекор қилиш ёки уни ўзгартириш ҳақида таклиф киритиш;

ижарага олувчи томонидан балансда сақловчининг сув фонди ер участкасига нисбатан эгалик ҳуқуқи бузилмаслигини таъминлаш.

25. Ижарага берувчи қуйидаги мажбуриятларни ўз зиммасига олади:

балансда сақловчининг сув фонди ер участкасини шартномада белгиланган муддат ва тартибда ижарага олувчига топширишини, шартнома муддати тугаганда, муддатидан аввал бекор қилинганда, ўз кучини йўқотганда ёки ҳақиқий эмас деб топилганда, ижарага олувчи сув фонди ер участкасини балансда сақловчига муддатида қайтариб топширишини ташкил этиш ва амалга ошириш;

ижарага олувчи томонидан сув фонди ер участкасига ҳамда ўсимлик ва ҳайвонот дунёсига зарар етказилганда, чора кўриш мақсадида ваколатли давлат органларини хабардор қилиш;

ижарага олувчидан транзит ҳисобрақамига тушган ижара тўлови маблағларини белгиланган муддат ва тартибларда тақсимлаш;

ижарага олувчининг шартнома амал қилиш муддати тугаши муносабати билан унинг амал қилиш муддатини узайтириш ҳақидаги сўровини балансда сақловчи билан биргаликда ушбу Низомнинг 37-банди талабига мувофиқ кўриб чиқиш;

балансда сақловчи билан биргаликда ижарага олувчи томонидан шартнома шартлари, жумладан, ижара тўлови муддатлари бузилганда қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда шартномани муддатидан олдин бекор қилиш, ижарага олувчини сув фонди ер участкасидан мажбурий чиқариш ва қарздорликни ҳамда ҳисобланган пеня суммаларини мажбурий ундириш чораларини кўриш.

6-боб. Балансда сақловчининг ҳуқуқлари ва мажбуриятлари

26. Балансда сақловчи қуйидаги ҳуқуқларга эга:

ижарага олувчидан ижара шартномасида кўрсатилган муддатларда ва миқдорда ижарага берувчининг транзит ҳисобварағига ижара тўловини амалга оширишни талаб қилиш;

сув фонди ер участкаси ҳолатини ижарага олувчининг молиявий-хўжалик фаолиятига аралашмаган ҳолда кўздан кечириш;

ижарага олувчи билан коммунал ва фойдаланиш хизматларини кўрсатиш бўйича битимлар тузиш ҳамда унга мувофиқ ижарага олувчи томонидан унга кўрсатилган коммунал ва фойдаланиш хизматлари ҳақини, шу жумладан, амортизация ажратмалари (мавжуд бўлганда) ўз вақтида тўланишини талаб қилиш;

ижарага олувчи томонидан ижара шартномаси шартлари лозим даражада бажарилмасдан келинаётганлиги аниқланган тақдирда, ижарага берувчи билан биргаликда тузилган ижара шартномасини бекор қилиш чораларини кўриш.

27. Балансда сақловчининг мажбуриятлари қуйидагилардан иборат:

ижарага беришга таклиф этилаётган сув фонди ер участкаси бўйича ушбу Низомда кўрсатилган маълумотларни ижарага берувчига тўлиқ тақдим этиш;

ижарага берувчи иштирокида сув фонди ер участкасини ижарага олувчига шартнома имзоланган кундан бошлаб беш кун ичида топшириш;

сув фонди ер участкасини ижарага олувчига топшириш-қабул қилиш далолатномаси имзоланиб, тасдиқланган санадан ижарага олувчини ижара объектига ҳеч қандай тўсиқсиз кириб чиқишига (фойдаланишига) рухсат бериш;

сув ҳавзасида балиқ захираларини кўпайтириш, ҳар йили сув ҳавзаларини балиқ (турлари бўйича) чавоқлари билан балиқлантириб бориш ишлари амалга оширилиши, шартномавий мажбуриятлар бажарилишини мониторинг қилиш;

шартнома муддати тугаганда, амал қилиши муддатидан олдин бекор қилинганда ёки шартнома ҳақиқий эмас деб топилганда ўн кун муддат ичида ижарага берилган сув фонди ер участкаси ижарага олувчи томонидан топширилишини таъминлаш.

28. Томонлар шартномада белгиланган мажбуриятлар бажарилмагани оқибатида шартноманинг бошқа томонларига етказган зарарларни ихтиёрийлик асосида қоплайди. Ўзаро келишувга эришилмаган тақдирда, зарар қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда иқтисодий судларда кўриб чиқилади.

29. Балансда сақловчи доимий равишда ижарага берувчига фойдаланилмасдан бўш турган сув фонди ер участкасининг жойлашган жойи, майдони ва бошқа умумий тавсифлари кўрсатилган маълумотларни тақдим этиб боради.

Балансда сақловчининг юқори турувчи ташкилотлари (агар мавжуд бўлса) ушбу маълумотлар ижарага берувчига тақдим этилиши устидан идоравий назоратни таъминлайди.

30. Сув фонди ер участкасини белгиланган тартибда ижара шартномаси тузилмасдан ижарага бериш ҳолати аниқланганда, ижарага берувчи 10 кун муддатда ушбу ер участкаси қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда ижарага берилишини ташкил этади.

7-боб. Ижарага олувчининг ҳуқуқ ва мажбуриятлари

31. Ижарага олувчи қуйидаги ҳуқуқларга эга:

сув фонди ер участкасини муддатида қабул қилиб олиш ва ундан ҳеч қандай аралашув ва тўсиқларсиз фойдаланиш;

шартнома тузишдан, сув фонди ер участкасини қабул қилиб олишдан, шартноманинг амал қилиш муддатини имтиёзли узайтиришдан воз кечиш;

шартномани муддатидан олдин бекор қилиш ташаббуси билан чиқиш;

шартнома шартларига мувофиқ сув фонди ер участкасини балансда сақловчидан қабул қилиб олиш;

ушбу Низомнинг 37-бандига мувофиқ шартноманинг амал қилиш муддатини узайтириш ҳуқуқидан фойдаланиш;

ижарага олинган сув фонди ер участкасининг майдонида ўзгариш бўлганда, шу жумладан, сув объектида сув ҳажми камайган ёки кўпайган тақдирда, тегишли ваколатли ташкилотлар қайта ўлчаш ишларини ўтказиши ва ушбу ташкилотларнинг хулосалари (далолатномалари) асосида календарь йил учун белгиланган ижара ҳақи ва чора-тадбирлар режасига ўзгартиришлар киритиш ташаббуси билан чиқиш.

32. Қайта ўлчов ишларини ўтказиш харажатлари ижарага олувчи ҳисобидан амалга оширилади.

33. Ижарага олувчининг мажбуриятлари қуйидагилардан иборат:

электрон-онлайн аукцион баённомаси расмийлаштирилган кундан бошлаб 10 иш куни мобайнида ижара шартномасини электрон рақамли имзоси билан тасдиқлаш;

ижара шартномасида белгиланган мажбуриятлар тўлиқ бажарилишини таъминлаш;

сув фонди ер участкасидан фойдаланишда амалдаги санитария-гигиена, техника ва ёнгин хавфсизлиги қоидаларига амал қилган ҳолда ишни ташкил этиш;

сув фонди ер участкасининг ифлосланишига йўл қўймаслик, уларда экология мувозанатини сақлаш ва сув ҳавзасига ландшафт элементи сифатида зиён етказмаслик;

сув фонди ер участкасидан фақат белгиланган мақсадларда фойдаланиш;

сув фонди ер участкаси гаровга қўйилмаслигини ва улардан бошқача тарзда учинчи шахслар томонидан фойдаланилмаслигини таъминлаш;

шартномада белгиланган тартиб ва муддатларда ижара тўловини бевосита ижарага берувчининг транзит ҳисобварағига 100 фоиз олдиндан тўлаш тартибида амалга ошириш;

шартномани муддатидан олдин бекор қилиш истаги ҳақида камида 10 кун олдин ижарага берувчи ва балансда сақловчини ёзма равишда огоҳлантириш;

ижара муддати тугагач, узоғи билан 10 кун ичида сув фонди ер участкасини балансда сақловчига қайтариб топшириш;

Ўзбекистон Республикаси Сув кодексининг 9, 27, 75, 77, 98, 99, 100 ва 101-моддалари талабларига, шунингдек, «Муҳофаза этиладиган табиий ҳудудлар тўғрисида»ги Қонунининг 41-моддасида белгиланган режимга қатъий риоя этиш;

ҳайвонот ҳамда ўсимлик дунёсини муҳофаза қилиш ва ундан фойдаланиш соҳасида белгиланган қоидалар, нормалар ва нормативларга риоя этиш;

ҳайвонот ҳамда ўсимлик дунёсини муҳофаза қилиш ва ундан фойдаланиш тўғрисидаги қонунчилик талаблари бузилган ҳолда етказилган зарарнинг ўрнини тўлиқ ҳажмда қоплаш;

сув объектида балиқ ресурсларини қайта тиклашга доир тадбирларни амалга ошириб бориш;

сув объектларида балиқ ресурсларини овлаш ва балиқ чавоқлари билан балиқлантириш бўйича маълумотларни ҳар чорак якуни бўйича кейинги ойнинг 5-кунига қадар умумлаштириб, балансда сақловчига тақдим этиш;

банк ҳисоб реквизитлари, почта (яшаш) манзили, телефон рақамлари ва фаолияти турлари ўзгарганда, бу ҳақда дарҳол ижарага берувчини хабардор қилиш;

шартнома муддати тугаганда, бекор қилинганда, ўз кучини йўқотган ёки ҳақиқий эмас деб топилганда, 10 кун муддат ичида сув фонди ер участкасини балансда сақловчига топшириш;

ҳар йили 15 январга қадар ўтган йилда бир гектар сув объектида овланган (сотилган) балиқнинг (турлари бўйича) ўртача миқдори ва балиқ овлаш хўжалиги томонидан ўтган йилда бир гектар сув объектини ўртача балиқ (турлари бўйича) чавоқлари билан балиқлантириш миқдори тўғрисидаги маълумотларни балансда сақловчи ва ижарага берувчига тақдим этиш (тақдим этилган маълумотлар ҳаққонийлигига ижарага олувчи шахсан жавобгар ҳисобланади).

8-боб. Сув фонди ер участкасидан фойдаланганлик учун ижара тўловини ҳисоблаш ҳамда ундириш тартиби

34. Ижарага берилган сув фонди ер участкаси учун бир йиллик ижара ҳақи тўловининг бошланғич нархи ижарага берувчи томонидан ушбу Низомда белгиланган тартибда ҳисобланади.

Сув омборлари ва сел-сув омборларининг сувдан бўшаган сув фонди ер участкаларини иккинчи йилдан бошлаб йиллик ижара ҳақини белгилаш ишлари бўйича мониторинг далолатномаси расмийлаштирилиб, ердан фойдаланилган ойлар бўйича ҳисобланади.

35. Балиқ ва уни овлаш учун ижарага бериладиган сув фонди ер участкаси учун бир йиллик ижара ҳақи тўловининг бошланғич нархи (аукционга чиқариш) қуйидаги формула ва унга берилган шарҳ қуйидаги формула бўйича белгиланади:

Иҳ = Ҳ1 * Мс * Бс/10, бунда:

Иҳ — ижара ҳақи;

Ҳ1 — бир гектарнинг ўртача балиқ маҳсулдорлиги (10 кг белгиланган ўзгармас коэффициент);

Мс — сув объектининг сувли майдони, га;

Бс — ушбу Низомга 2-иловага мувофиқ амалдаги базавий ҳисоблаш миқдорининг фоиз ставкаси, сўмда; (бошланғич нархни шакллантириш учун БҲМнинг 100% миқдори олинади);

10 — ўзгармас коэффициент.

Бунда сув ҳавзасини ижарага беришда ҳисобланадиган ижара ҳақининг энг кам миқдори базавий ҳисоблаш миқдорининг 10 бараваридан кам бўлмаслиги керак.

Ижара муддатининг иккинчи календарь йилидан бошлаб ҳар бир календарь йил учун ижара ҳақи тўловининг миқдори сув ҳавзасининг бир гектари учун ўртача балиқ маҳсулдорлигидан келиб чиққан ҳолда қуйидагича белгиланади:

Ўртача балиқ маҳсулдорлиги, га/кг Бир календарь йил учун ижара ҳақи тўловининг миқдори 10 гача Аукцион натижаси бўйича белгиланган ижара тўлови миқдори ўзгартирилмайди 10,1-30 гача Аукцион натижаси бўйича белгиланган ижара тўлови миқдорининг 90 фоизи 30,1-70 гача Аукцион натижаси бўйича белгиланган ижара тўлови миқдорининг 80 фоизи 70 дан юқори Аукцион натижаси бўйича белгиланган ижара тўлови миқдорининг 70 фоизи

Бунда ижарага берилган сув ҳавзаси бўйича ижара ҳақи миқдорини ҳисоблаш учун ижарага олувчи томонидан 15 январга қадар қуйидаги маълумотлар тақдим этилади:

а) ўтган йилда бир гектар табиий сув ҳавзасидан овланган (сотилган) балиқнинг (турлари бўйича) миқдори.

б) ижарага олувчи томонидан ўтган йилда бир гектар сув ҳавзасини балиқ (турлари бўйича) чавоқлари билан балиқлантириш миқдори.

Жорий календарь йилининг 15 февралига қадар ушбу календарь йил учун ижара ҳақи тўловининг миқдори балансда сақловчи томонидан аниқланади ва ижара шартномасига қўшимча шартнома (келишув) тузиш орқали ижара ҳақи тўловининг миқдори, балиқлантириш ва балиқ овлаш режаларига ўзгартириш киритилади.

36. Ижарага бериладиган соҳилбўйи минтақа зоналаридаги сув фонди ер участкаси учун бир йиллик ижара ҳақи тўловининг бошланғич нархи (аукционга чиқариш) қуйидаги формула бўйича белгиланади:

Тс = Эс * Кз * (Кҳ + Ко), бунда:

Тс — бир йилга бир кв. метр учун ижара тўловининг таянч ставкаси;

Эс — бир йилга бир кв. метр учун энг кам ставка;

Кз — ҳудудий зоналар коэффициенти;

Кҳ — туташиб кетган ҳудуддан фойдаланиш коэффициенти;

Ко — тижорат мақсадларида фойдаланишда қулайлик коэффициенти (асосий автотранспорт йўллари бўйлаб жойлашиш, иккинчи даражали автотранспорт йўлларига чиқишда жойлашиш ва бошқалар).

Бунда:

ижара тўловининг энг кам ставкалари Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, халқ депутатлари вилоятлар ва Тошкент шаҳар Кенгашлари томонидан қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда давлат кўчмас мулки ижараси тўловининг энг кам ставкалари билан биргаликда ҳар йили 31 декабргача тасдиқланади;

амал қилиш муддати келгуси йил даврига ўтадиган ёки узайтириладиган ижара шартномаси бўйича келгуси йил даври учун ижара тўловининг миқдори қўшимча шартнома (келишув) билан келгуси йилга тасдиқланган ижара тўловининг энг кам ставкаларига мутаносиб тарзда ўзгартирилиб, қуйидаги тартибда ҳисобланади:

Тс 2 = (Эс 2 /Эс 1 ) * (Ас/Им), бунда:

Тс 2 — келгуси бир йилга бир кв. метр учун ижара тўловининг таянч ставкаси;

Эс 1 — аввалги йилга бир кв. метр учун энг кам ставка;

Эс 2 — келгуси йилга бир кв. метр учун энг кам ставка;

Ас — аукцион натижалари бўйича белгиланган йиллик ижара тўлови;

Им — шартнома бўйича ижарага олинган майдон;

сув фонди ер участкалари бўйича тадбиркорлик субъектлари билан вақтинча фойдаланиш мақсадида тузилган ижара шартномалари шартнома муддати якунлангунга қадар йиллик ижара тўлови ушбу Низомда кўрсатиб ўтилган сув фонди ер участкаси учун бир йиллик ижара ҳақи тўловининг ҳисоблаш формуласи (Тс = Эс * Кз * (Кҳ + Ко) бўйича ҳисобланади.

37. Ижара шартномасининг муддатини келгуси давр учун узайтиришга ижарага олувчи ижара шартномаси бўйича ўз мажбуриятларини лозим даражада бажарганда ва ижара тўловидан қарздорлиги мавжуд бўлмаган ҳолатда йўл қўйилади.

38. Ижара ҳақи ижарага олувчи томонидан ижара тўловининг охирги белгиланган миқдори ва ижаранинг қолган муддатидан келиб чиққан ҳолда ҳисобланган даврлар (ҳар чоракда, ҳар ойда ва шу каби) бўйича тенг миқдордаги тўловлар билан ҳисобланади.

Ижара ҳақи тўлови шартномада кўрсатилган муддатларда навбатдаги давр (чорак, ой ва шу кабилар) учун 100 фоиз олдиндан тўлаш шаклида амалга оширилади.

39. Сув ҳавзасини (ер участкасини) ижарага беришдан ижарага берувчининг белгиланган транзит ҳисобварағига тушган маблағлар электрон савдо платформасида савдоларни ташкил этиш харажатларини чегирган ҳолда қуйидагича тақсимланади:

«Ўзбекбалиқсаноат» уюшмасига танҳо фойдаланишга берилган табиий сув ҳавзаларини ижарага беришдан тушган маблағларнинг 50 фоизи Экология жамғармасига, 40 фоизи Балиқчиликни ривожлантириш жамғармасига, 10 фоизи Давлат активларини бошқариш агентлиги ҳузуридаги Давлат мулки объектларидан самарали фойдаланиш марказига;

«Ўзбекбалиқсаноат» уюшмасига танҳо фойдаланишга берилган сунъий сув ҳавзаларини (сув омборларини) ижарага беришдан тушган маблағларнинг 90 фоизи Балиқчиликни ривожлантириш жамғармасига, 10 фоизи Давлат активларини бошқариш агентлиги ҳузуридаги Давлат мулки объектларидан самарали фойдаланиш марказига;

балиқни саноат усулида етиштириш ва овлаш мақсадларидан бошқа мақсадларда табиий сув ҳавзаларини ижарага беришдан тушган маблағларнинг 90 фоизи Экология жамғармасига, 10 фоизи Давлат активларини бошқариш агентлиги ҳузуридаги Давлат мулки объектларидан самарали фойдаланиш марказига йўналтирилади.

40. Ижарага олувчининг ижара асосида фойдаланишдаги сув фонди ер участкасини ёки унинг бир қисмини ўзга шахсларга фойдаланишга бериши, гаровга қўйиши ёки бошқача тарзда (вақтинча) учинчи шахсга ўтказиши тақиқланади.

9-боб. Сув ҳавзасида балиқ ресурсларини қайта тиклашга доир тадбирларни ўтказиш

41. Сув ҳавзасида балиқ ресурсларини қайта тиклашга доир тадбирлар ижарага бериладиган сув ҳавзасида балиқ ресурсларини қайта тиклаш ҳамда унда балиқ захираларини кўпайтириш мақсадида ўтказилади.

Сув ҳавзасида балиқ ресурсларини қайта тиклашга доир тадбирлар қуйидагилардан иборат:

сув ҳавзасини балиқ чавоқлари билан ҳар йили балиқлантириш ишларини амалга ошириш;

овланадиган балиқлар захирасини аниқлаш бўйича янги технологияларни ишлаб чиқиш ва илмий-тадқиқот ишларини ташкил этиш;

сув ҳавзасида балиқларни қафас усулида етиштириш технологияларини татбиқ қилиш ишларини амалга ошириш;

сув ҳавзасида балиқ захираларини кўпайтириш мақсадида балиқ чавоқлари етиштириш, инкубация цехлари, балиқ парваришхоналари, балиқ озиқасини ишлаб чиқариш корхоналари, қайта ишлаш цехларини, балиқ ва балиқ маҳсулотларини сақлаш учун совитиш ускуналарини барпо этиш.

42. Сув ҳавзаларини балиқлантириш меъёри бир йилга сув ҳавзасининг бир гектарига камида 50 дона балиқ чавоқлари — бир ёзги ёки бир йиллик балиқлар ҳисобида белгиланади.

Сув ҳавзаларида балиқларни кўпайтириш тадбирлари Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги ҳамда сув хўжалиги бошқармалари ходимлари ва ижарага олувчиларнинг вакиллари иштирокида ўтказилади ва бу ҳақда тегишли далолатнома тузилади.

10-боб. Сув фонди ер участкасини ижарага бериш ва қайтариб олиш

43. Ижара шартномасига мувофиқ балансда сақловчи ижарага берувчи орқали сув фонди ер участкасини шартнома шартларига мувофиқ ижарага олувчига белгиланган муддат ва тартибда топшириши, ижарага олувчи эса ижара муддати тугаган ёки ижара шартномаси муддатидан олдин бекор қилинган ёхуд суд қарори билан ҳақиқий эмас деб топилганда, балансда сақловчига 10 кун муддат ичида қайтариб топшириши шарт.

44. Сув фонди ер участкасини топшириш — қабул қилиш ва қайтариш — қабул қилиш ижарага берувчи, ижарага олувчи ва балансда сақловчиларнинг ваколатли вакиллари иштирокида уч томонлама тузилган далолатнома асосида амалга оширилади.

Далолатномада қуйидагилар кўрсатилади:

далолатнома тузилган жой ва сана;

ижара шартномасининг реквизитлари (тузилган санаси, тартиб рақами);

сув фонди ер участкаси жойлашган жойи (манзили) ва майдони.

Топшириш — қабул, қайтариш — қабул қилиш далолатномалари томонларнинг ваколатли вакиллари томонидан имзоланади ва муҳр (мавжуд бўлса) билан тасдиқланади.

45. Ижара мулки балансда сақловчига қайтарилаётганда, унда камчиликлар аниқланган тақдирда, қайтариш — қабул қилиш далолатномаси ижарага олувчи томонидан сув фонди ер участкасини шартномада белгиланган муддатларда ижара шартномаси шартларига мувофиқ ҳолатга келтирганидан ёки етказилган зарар тўлиқ қоплаганидан сўнг тузилади. Бунда ижарага олувчи билан тузилган ижара шартномаси амалда бўлади ва ижарага олинган мулкдаги камчиликлар бартараф этилиб, сув фонди ер участкаси балансда сақловчи томонидан қабул қилиб олингунига қадар ижара ҳақи ҳисоблаб борилади.

11-боб. Якунловчи қоидалар

46. Ижарага берувчи ижара шартномаси қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ бўлишини таъминлашга масъул ҳисобланади.

47. Мазкур Низом талаблари бузилишида айбдор бўлган шахслар қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда жавоб берадилар.

48. Сув фонди ер участкаси ижарага берилишида юзага келган низолар қонунчилик ҳужжатларида ва ижара шартномасида белгиланган тартибда кўриб чиқилади.

Сув фонди ер участкаларини тадбиркорлик субъектларига «E-auksion» электрон савдо платформаси орқали ижарага бериш тартиби тўғрисидаги низомга 1-ИЛОВА

Сув фонди ер участкаларини тадбиркорлик субъектларига «E-auksion» электрон савдо платформаси орқали ижарага бериш

Босқичлар Субъектлар Тадбирлар Муддатлар 1-босқич Ижарага берувчи (Сув хўжалигида бозор механизмларини жорий қилиш давлат муассасаси) Балансда сақловчининг аризасига асосан ижарага бериладиган сув объектларининг фойдаланилмасдан бўш турган сув фонди ер участкаларини аниқлайди. Доимий 2-босқич Тадбиркорлик субъекти Ижарага берувчига: сув объектлари фойдаланишидаги ижарага берилиши таклиф этилаётган сув фонди ерларининг тавсифи ва жойлашган жойини; сув объектлари фойдаланишидаги ижарага берилиши таклиф этилаётган сув фонди ер участкаларининг балансда сақловчисини (бундай маълумотлар мавжуд бўлган тақдирда) кўрсатган ҳолда ўз таклифини тақдим этади. Ўз хоҳишига кўра 3-босқич Ижарага берувчи (Сув хўжалигида бозор механизмларини жорий қилиш давлат муассасаси) Тадбиркорлик субъектининг таклифи асосида сув объектининг балансда сақловчисига сув объекти фойдаланишидаги сув фонди ер участкаларини ижарага бериш бўйича муносабат билдириш юзасидан сўровнома юборади. 2 кун муддатда 4-босқич Балансда сақловчи, ижарага берувчи (Сув хўжалигида бозор механизмларини жорий қилиш давлат муассасаси) Сув объектини ижарага беришни рад этишга асослар бўлмаса, сув ҳавзасини ижарага бериш учун ижарага берувчига қуйидаги маълумотларни кўрсатиб, ариза тақдим этади: ижарага берилаётган сув объектининг номи, тавсифи, жойлашган жойи (манзили); сув объектининг умумий майдони, чегаралари кўрсатилган чизмаси ва фотосурати; ижарага бериладиган сув объекти бўйича ушбу Низомнинг 35 ва 36-бандларида келтирилган формула асосида ҳисобланган йиллик ижара ҳақи миқдори; сув объектидан фойдаланиш мақсади ва қўшимча шартлари. 5 кун муддатда 5-босқич Ижарага берувчи (Сув хўжалигида бозор механизмларини жорий қилиш давлат муассасаси) Тадбиркорлик субъектининг таклифини кўриб чиқиш натижаси бўйича ва қабул қилинган қарор ҳақида тадбиркорлик субъектига хабар юборади. Таклиф олинган пайтдан бошлаб бир ҳафта муддатда 6-босқич Ижарага берувчи (Сув хўжалигида бозор механизмларини жорий қилиш давлат муассасаси)) Балансда сақловчининг аризасига асосан ижарага бериладиган сув объектлари фойдаланишидаги ижарага берилиши таклиф этилаётган сув фонди ер участкаларининг лойиҳасини ишлаб чиқади ва электрон савдо платформасига жойлаштиради. 2 иш куни ичида 7-босқич Ижарага берувчи (Сув хўжалигида бозор механизмларини жорий қилиш давлат муассасаси) тадбиркорлик субъекти Аукцион савдоси натижасига кўра ғолиб бўлган ижарага олувчи билан электрон ижара шартномасини имзолайди. Электрон онлайн-аукцион савдолари натижалари тўғрисидаги электрон баённома имзолангандан сўнг 10 иш куни ичида 8-босқич Балансда сақловчи, ижарага берувчи (Сув хўжалигида бозор механизмларини жорий қилиш давлат муассасаси) тадбиркорлик субъекти Ижара шартномаси имзолангандан сўнг сув объектлари фойдаланишидаги ижарага берилиши таклиф этилаётган сув фонди ер участкаларини ижарага олувчига топшириш ва қабул қилиш далолатномаси асосида топширилади ва ижарага олувчи томонидан қабул қилиб олинади. Ижара шартномаси имзолангандан сўнг 5 кун ичида

Сув фонди ер участкаларини тадбиркорлик субъектларига «E-auksion» электрон савдо платформаси орқали ижарага бериш тартиби тўғрисидаги низомга 2-ИЛОВА

Сув объектлари бўйича ижара ҳақи тўловини ҳисоблашда сув объекти маҳсулдорлигига боғлиқ ҳолда қўлланадиган ставкалар

Маҳсулдорлик, га/кг Базавий ҳисоблаш миқдори, фоиз Ижара ҳақини ҳисоблаш формуласи 10 гача 100 (10 х 1 х 100 фоиз БҲМ/10) 10,1 — 30 гача 90 (10 х 1 х 90 фоиз БҲМ/10) 30,1 — 70 гача 80 (10 х 1 х 80 фоиз БҲМ/10) 70 дан юқори 70 (10 х 1 х 70 фоиз БҲМ/10)

Бунда юқоридаги формулага асосан 1 гектар сув объектидаги маҳсулдорликдан келиб чиқиб, бир йиллик энг кам ижара ҳақининг миқдори қуйидаги тартибда ҳисобланади:

1) 10 х 1 х 100 фоиз х 412 000/10 — 412 000 сўм — 10 кг;

2) 10 х 1 х 90 фоиз х 412 000/10 — 370 800 сўм — 30 кг;

3) 10 х 1 х 80 фоиз х 412 000/10 — 329 600 сўм — 70 кг;

4) 10 х 1 х 70 фоиз х 412 000/10 — 288 400 сўм — 70,1 кг дан юқори.

1 гектар сув фонди ер участкасининг энг паст 70 фоизли ставка бўйича ҳисобланган бир ойлик ижара ҳақининг миқдори — (10 х 1 х 70 фоиз БҲМ) — 24 033,33 сўм.

Базавий ҳисоблаш миқдори ўзгариши билан бирга ижара ҳақи суммасининг миқдори ҳам ўзгаради ва тузилган шартномаларга тегишли ўзгартиришлар киритилади.

Вазирлар Маҳкамасининг 2023 йил 2 сентябрдаги 441-сон қарорига 2-ИЛОВА

Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг ўз кучини йўқотган деб эътироф этилаётган қарорлари

1. Вазирлар Маҳкамасининг «Табиий сув ҳавза участкаларини балиқ овлаш хўжаликларига ижарага бериш ва Балиқчиликни ривожлантириш жамғармасини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида» 2017 йил 7 августдаги 593-сон қарорининг 1-банди иккинчи хатбошиси ва унга 1-илова .

2. Вазирлар Маҳкамасининг «Балиқ овлаш хўжаликларига табиий сув ҳавзалари участкаларини ажратиш, балиқни саноат йўли билан овлаш, балиқ овлаш хўжаликларининг табиий сув ҳавзаларидан фойдаланганлиги учун ижара тўловини ҳисоблаш ва ундириш тартиби тўғрисидаги низомга ўзгартиришлар киритиш ҳақида» 2019 йил 15 майдаги 403-сон қарори .

3. Вазирлар Маҳкамасининг «Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг айрим қарорларига ўзгартиришлар киритиш тўғрисида (Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Меҳнатга ҳақ тўлаш, пенсиялар ва бошқа тўловлар миқдорларини аниқлаш тартибини такомиллаштириш тўғрисида» 2019 йил 21 майдаги ПФ-5723-сон Фармони)» 2019 йил 28 декабрдаги 1046-сон қарорига илованинг 173-банди .

Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А. АРИПОВ

Тошкент ш.,

2023 йил 2 сентябрь,

441-сон

(Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 04.09.2023 й., 09/23/441/0674-сон; 22.10.2025 й., 09/25/662/0964-сон; 15.07.2026 й., 09/26/362/0737-сон)

lex.uz

Oʻzbekiston Respublikasi Vazirlar Mahkamasining

qarori

NIZOM

SXEMASI

MIQDORI

ROʻYXATI

Suv fondi yer uchastkalarini tadbirkorlik subyektlariga “E-auksion” elektron savdo platformasi orqali ijaraga berish tartibi toʻgʻrisidagi nizomni tasdiqlash haqida

Oʻzbekiston Respublikasi Prezidentining tegishli farmonlari ijrosini taʼminlash, shuningdek, suv fondi yerlaridan samarali foydalanishni tashkil etish ijrosini taʼminlash maqsadida Vazirlar Mahkamasi qaror qiladi:

2. Quyidagilarni nazarda tutuvchi Suv fondi yer uchastkalarini tadbirkorlik subyektlariga “E-auksion” elektron savdo platformasi orqali ijaraga berish tartibi toʻgʻrisidagi nizom 1-ilovaga muvofiq tasdiqlansin:

suv fondi yer uchastkasini ijaraga berish yuzasidan tashabbus koʻrsatish;

suv fondi yer uchastkasini ijaraga berish va ijara shartnomasini tuzish tartibi;

suv fondi yer uchastkasini ijaraga berishda ijaraga beruvchi, balansda saqlovchi va ijaraga oluvchining huquq va majburiyatlari;

suv fondi yer uchastkalarini ijaraga berish muddati va uni uzaytirish shartlari, ijara toʻlovlarini hisoblash va undirish tartibi.

3. Oʻzbekiston Respublikasi Hukumatining 2-ilovaga muvofiq ayrim qarorlari oʻz kuchini yoʻqotgan deb hisoblansin.

4. Mazkur qarorning bajarilishini nazorat qilish Oʻzbekiston Respublikasi Bosh vazirining oʻrinbosari — iqtisodiyot va moliya vaziri J.A. Qoʻchqorov va Davlat aktivlarini boshqarish agentligi direktori A.J. Ortiqov zimmasiga yuklansin.

Vazirlar Mahkamasining 2023-yil 2-sentabrdagi 441-son qaroriga 1-ILOVA

Suv fondi yer uchastkalarini tadbirkorlik subyektlariga “E-auksion” elektron savdo platformasi orqali ijaraga berish tartibi toʻgʻrisida

1-bob. Umumiy qoidalar

1. Ushbu Nizom suv fondi yer uchastkalarini tadbirkorlik subyektlariga “E-auksion” elektron savdo platformasida (keyingi oʻrinlarda — elektron savdo platformasi) elektron onlayn-auksion savdolari orqali ijaraga berish tartibini belgilaydi.

2. Suv fondi yer uchastkalari Oʻzbekiston Respublikasining Suv kodeksiga hamda “ Gidrotexnika inshootlarining xavfsizligi toʻgʻrisida ”gi va “ Muhofaza etiladigan tabiiy hududlar toʻgʻrisida ”gi qonunlariga rioya qilgan holda foydalanish sharti bilan quyidagi faoliyat turlarini tashkil etish uchun elektron savdo platformasida elektron onlayn-auksion savdolari orqali ijaraga beriladi:

suv obyektlari foydalanishidagi suv fondi yer uchastkalari — baliqni sanoat usulida yetishtirish va ovlash uchun;

turizm xizmatlari, suv boʻyida plyaj zonalarini tashkil etish, sport-ishqibozlik turidagi baliq ovlash, baliq ovi, suvda suzuvchi uskunalar va suv sayohati xizmatlarini koʻrsatish;

qishloq xoʻjaligi, chorvachilik va parrandachilikda foydalanish;

yengil konstruksiyali qurilmalarni (oʻtovlar, konteynerlar, tapchanlar, umumiy ovqatlanish xizmatlarini tashkil etish, savdo shoxobchalari, avtomobillarni yuvish majmuasi va boshqa maishiy xizmat koʻrsatish markazlarini) joylashtirish uchun.

Bunda suv fondi yer uchastkalariga yengil konstruksiyali qurilmalar (oʻtovlar, konteynerlar, tapchanlar, savdo shoxobchalari, avtomobillarni yuvish majmuasi, umumiy ovqatlanish va boshqa maishiy xizmatlar koʻrsatish markazlari) qonunchilik hujjatlarida belgilangan tartibda joylashtiriladi.

Suv fondi yer uchastkalari tadbirkorlik subyektlariga “E-auksion” elektron savdo platformasi orqali ushbu Nizomga 1-ilovaga muvofiq sxema boʻyicha ijaraga beriladi.

3. Mazkur Nizom:

xususiy mulkda boʻlgan suv xoʻjaligi obyektlariga;

Aydar-Arnasoy koʻllar tizimiga;

Oʻzbekiston Respublikasi Prezidenti yoki Vazirlar Mahkamasining qarorlari asosida ijaraga berish belgilangan boshqa davlat mulklariga nisbatan tatbiq etilmaydi.

4. Ushbu Nizomda quyidagi asosiy tushunchalardan foydalaniladi:

suv obyekti — suvlar doimiy ravishda yoki vaqtincha toʻplanadigan va suv rejimining oʻziga xos shakllari va belgilari boʻlgan tabiiy (jilgʻalar, soylar, daryolar va boshqalar) hamda sunʼiy (ochiq va yopiq kanallar, shuningdek, kollektor-drenaj tarmoqlari) suv oqimlari, tabiiy (koʻllar, dengizlar, yerosti suvli qatlamlar) va sunʼiy (suv omborlari, sel suvlari toʻplanadigan joylar, hovuzlar va boshqalar) suv havzalari, shuningdek, buloqlar va boshqa obyektlar;

suv fondi yer uchastkasi — suv havzalari (daryolar, koʻllar, suv omborlari va shu kabilar), gidrotexnika va boshqa suv xoʻjaligi inshootlari egallab turgan, shuningdek, suv havzalarining va boshqa suv obyektlarining qirgʻoqlari boʻylab ajratilgan mintaqadagi suv xoʻjaligi ehtiyojlari uchun vakolatli tashkilotlarga belgilangan tartibda berilgan yerlar;

tadbirkorlik subyekti — belgilangan tartibda davlat roʻyxatidan oʻtgan hamda tadbirkorlik faoliyatini amalga oshirayotgan jismoniy va yuridik shaxslar;

ijaraga beruvchi — Suv xoʻjaligi vazirligi huzuridagi “Suv xoʻjaligida bozor mexanizmlarini joriy qilish” davlat muassasasi;

balansda saqlovchi-suv obyekti foydalanishidagi suv fondi yer uchastkalari qonunchilik hujjatlariga muvofiq biriktirilgan davlat tashkiloti, davlat ishtirokidagi korxona hamda “Oʻzbekbaliqsanoat” uyushmasi;

ijaraga oluvchi — ushbu Nizomda belgilangan tartib va shartlarda suv obyektlari foydalanishidagi suv fondi yer uchastkalarini elektron savdo platformasi orqali ijaraga oladigan tadbirkorlik subyekti.

5. Suv fondi yer uchastkasi ushbu Nizomning 2-bandida keltirilgan faoliyat turlarini tashkil etish uchun kamida 10 yilgacha muddatga ushbu Nizomning 37-bandiga muvofiq qoʻshimcha yana 10 yilgacha muddatga uzaytirish huquqi bilan ochiq elektron onlayn-auksion savdosi orqali ijaraga beruvchi, balansda saqlovchi va ijaraga oluvchi oʻrtasida tuziladigan ijara shartnomasi asosida ijaraga beriladi.

Ijaraga berilayotgan suv fondi yer uchastkalarida suv obyektlariga salbiy taʼsir koʻrsatadigan xoʻjalik faoliyatini yuritish va kapital qurilish ishlarini amalga oshirish taqiqlanadi hamda oqim yoʻnalishi, hajmi va tezligi oʻzgarishi, ekologik vaziyat yomonlashishi, bioxilma-xillik, noyob hayvonot va oʻsimlik dunyosiga zarar yetkazmasligi kerak.

2-bob. Suv fondi yer uchastkasini ijaraga berish yuzasidan tashabbus koʻrsatish

6. Suv fondi yer uchastkasini ijaraga berish yuzasidan tadbirkorlik subyektlari tomonidan ijaraga beruvchiga tegishli takliflar berish yoʻli bilan tashabbus koʻrsatilishi mumkin.

7. Ijaraga beruvchi tadbirkorlik subyektining taklifi asosida ikki kun muddatda balansda saqlovchiga suv fondi yer uchastkasini ijaraga berish boʻyicha munosabat bildirish yuzasidan soʻrov yuboradi.

Ijaraga beruvchi foydalanilmayotgan suv fondi yer uchastkasini aniqlagan taqdirda, ushbu yer uchastkasini ijaraga berish boʻyicha oʻz tashabbusi bilan balansda saqlovchiga soʻrov yuborishi mumkin.

Quyidagi hollarda balansda saqlovchi suv fondi yer uchastkasini ijaraga berish taklifini rad etadi:

suv fondi yer uchastkasi strategik ahamiyatga ega boʻlgan obyektlar toifasiga kiritilgan taqdirda;

suv fondi yer uchastkasi amalda ijaraga berilgan boʻlsa.

8. Suv fondi yer uchastkasini ijaraga berishni rad etishga ushbu Nizomning 7-bandida keltirilgan asoslar mavjud boʻlmagan taqdirda, balansda saqlovchi suv fondi yer uchastkasini ijaraga berish uchun quyidagi maʼlumotlarni koʻrsatib, besh kun ichida ijaraga beruvchiga ariza taqdim etadi:

ijaraga berilayotgan suv fondi yer uchastkasining nomi, tavsifi, joylashgan joyi (manzili);

suv fondi yer uchastkasining umumiy maydoni, chegaralari koʻrsatilgan chizmasi va fotosurati;

ijaraga beriladigan suv fondi yer uchastkasi boʻyicha ushbu Nizomning 35 va 36-bandlarida keltirilgan formula asosida hisoblangan yillik ijara haqi miqdori;

suv fondi yer uchastkasidan foydalanish maqsadi va qoʻshimcha shartlari.

9. Balansda saqlovchi tomonidan bir yer uchastkasi uning aniq chegaralari koʻrsatilgan qismlarga (lotlarga) ajratilgan holda, bir necha tadbirkorlik subyektlariga ijaraga berish boʻyicha ariza berilishi mumkin.

10. Balansda saqlovchining arizasida ushbu Nizomning 8-bandidagi maʼlumotlar toʻliq koʻrsatilmagan boʻlsa, ijaraga beruvchi arizani bir kun muddatda maʼlumotlarni toʻliq koʻrsatgan holda taqdim etish uchun balansda saqlovchiga qaytaradi.

11. Ijaraga beruvchi tadbirkorlik subyektining taklifini koʻrib chiqish natijasi boʻyicha va qabul qilingan qaror haqida taklif olingan paytdan boshlab bir hafta muddatda tadbirkorlik subyektiga xabar yuboradi.

12. Balansda saqlovchi tomonidan suv fondi yer uchastkasini ijaraga berish yuzasidan tashabbus ijaraga beruvchiga ushbu Nizomning 8-bandida belgilangan maʼlumotlarni koʻrsatgan holda ariza taqdim etish orqali koʻrsatiladi.

3-bob. Suv fondi yer uchastkasini ijaraga berish tartibi

13. Suv fondi yer uchastkasi balansda saqlovchining arizasiga asosan ijaraga beruvchi tomonidan ishlab chiqilgan loyiha hujjatlariga muvofiq elektron savdo platformasida elektron onlayn-auksion savdolari orqali ijaraga beriladi.

14. Suv fondi yer uchastkasini ijaraga berish boʻyicha elektron savdo platformasida elektron onlayn-auksion savdolarini oʻtkazish Vazirlar Mahkamasining 2022-yil 12-yanvardagi 18-son qarori bilan tasdiqlangan “E-auksion” elektron savdo platformasida elektron onlayn-auksion va tanlovlarni tashkil etish hamda oʻtkazish tartibi toʻgʻrisidagi nizomga muvofiq amalga oshiriladi.

Bunda elektron onlayn-auksion savdolari orqali ijaraga olinadigan suv fondi yer uchastkalari uchun toʻlovlar 15 ish kuni ichida toʻliq toʻlanishi shart.

Sotilmagan lotlar har besh kunda lotning narxini 10 foizdan boshlangʻich narxning 20 foizigacha bosqichma-bosqich pasaytirgan holda takroran elektron onlayn-auksion savdolariga chiqariladi.

15. Ijaraga beruvchi suv fondi yer uchastkasi ijaraga berilishini tashkil etishda:

ijara shartnomasi loyihasini Oʻzbekiston Respublikasining Suv kodeksi hamda “ Gidrotexnika inshootlarining xavfsizligi toʻgʻrisida ”gi va “ Muhofaza etiladigan tabiiy hududlar toʻgʻrisida ”gi qonunlari talablarini hisobga olgan holda tayyorlaydi;

balansda saqlovchining arizasiga asosan ijaraga beriladigan suv fondi yer uchastkasi toʻgʻrisidagi (loyiha) maʼlumotlarni va ijara shartnomasi loyihasini elektron savdo platformasiga joylashtiradi;

ijaraga beriladigan suv fondi yer uchastkasining nomi, tavsifi, joylashgan joyi (manzili), maydoni, chegaralari koʻrsatilgan chizmasi va fotosurati, yillik ijara haqi miqdori, ulardan foydalanish maqsadi va qoʻshimcha shartlarini Suv xoʻjaligi vazirligining hamda “Elektron onlayn-auksionlarni tashkil etish” AJning rasmiy veb-saytlari orqali tadbirkorlarga yetkazadi;

auksion savdosi natijasiga koʻra gʻolib boʻlgan ijaraga oluvchi bilan belgilangan tartibda ijara shartnomasini rasmiylashtiradi;

ijaraga oluvchi tomonidan ijara haqi belgilangan miqdor, tartib va muddatlarda toʻlanishini monitoring qilib boradi.

16. Sohilboʻyi suv fondi yer uchastkalari ushbu suv obyektida ijara shartnomasi asosida faoliyat yuritib kelayotgan tadbirkorlik subyektlarining baliqni sanoat usulida yetishtirish va ovlash boʻyicha faoliyatiga toʻsqinlik qilmagan holda ijaraga beriladi.

4-bob. Ijara shartnomasini tuzish

17. Elektron onlayn-auksion savdolari natijalari toʻgʻrisidagi elektron bayonnoma ijaraga beruvchi, balansda saqlovchi va auksion gʻolibi oʻrtasida ijara shartnomasi tuzish uchun asos hisoblanadi.

18. Elektron onlayn-auksion savdolari natijalari toʻgʻrisidagi elektron bayonnoma rasmiylashtirilgandan soʻng oʻn ish kunidan kechiktirmay, ijaraga beruvchi, balansda saqlovchi va auksion gʻolibi oʻrtasida bayonnoma asosida ijara shartnomasi tuziladi.

19. Ijara shartnomasini rasmiylashtirish ijaraga beruvchining axborot tizimi orqali elektron shaklda amalga oshiriladi.

20. Ijara shartnomasida quyidagilar koʻrsatiladi:

ijaraga berilayotgan suv fondi yer uchastkasining joylashgan joyi, maydoni;

ijara muddati;

ijara toʻlovining miqdori, uni toʻlash tartibi va muddatlari;

ijara toʻlovi miqdorini oʻzgartirish tartibi;

suv fondi yer uchastkasini ijaraga oluvchiga topshirish muddati;

ijaraga oluvchining shartnoma muddati tugaganda, muddatidan avval bekor qilinganda yoki haqiqiy emas deb topilganda suv fondi yer uchastkasini balansda saqlovchiga qaytarish shartlari;

suv fondi yer uchastkasining sanitariya-gigiyenik holatini tiklash shartlari;

tomonlarning huquqlari, majburiyatlari va javobgarligi;

ijaraga oluvchining baliq resurslarini va suv obyektini saqlash boʻyicha tadbirlarni oʻtkazishi, shuningdek, ovlanadigan baliqning muntazam hisobini yuritish (turlari boʻyicha), suv obyektini har yili baliq chavoqlari bilan baliqlantirib borish, mahsulotni sotish va yetishtirish boʻyicha shartnomalar tuzish, hayvonot olamini muhofaza qilish va undan foydalanishga oid qonunchilik hujjatlariga qatʼiy rioya etish majburiyatlari;

ijaraga berilgan suv havzasida baliq zaxiralarini koʻpaytirish, baliq (turlari boʻyicha) chavoqlari bilan baliqlantirib borish ishlari amalga oshirilishini monitoring qilish shartlari;

qonunchilik hujjatlarida belgilangan boshqa shartlar.

21. Suv fondi yer uchastkasini ijaraga berish shartnomasi rasmiylashtirilgandan soʻng besh ish kuni ichida ijaraga beruvchi tomonidan qonunchilik hujjatlarida belgilangan tartibda davlat roʻyxatidan oʻtkaziladi.

22. Ijara shartnomasi tomonlarning kelishuviga asosan yoki qonunchilik hujjatlarida belgilangan tartibda bekor qilinadi va oʻzgartiriladi.

23. Balansda saqlovchi tomonidan suv obyektini rivojlantirish boʻyicha talabgorlarga qoʻyiladigan investitsiya va boshqa majburiyatlar (shartlar) har bir fondi yer uchastkasining xususiyati, joylashgan joyi va maydonining hajmini inobatga olgan holda quyidagicha belgilanishi mumkin:

suv obyektida baliqchilikni rivojlantirish uchun kiritiladigan investitsiyaning eng kam miqdori;

suv obyektini baliq (turlari va miqdori boʻyicha) chavoqlari bilan har yili baliqlantirishning eng kam miqdori;

baliq ovlashning yillik eng kam va/yoki eng koʻp miqdori;

suv obyektiga oʻrnatilishi shart boʻlgan qafas (sadok)larning eng kam va/yoki eng koʻp miqdori.

Balansda saqlovchi tomonidan suv obyektini rivojlantirish imkoniyatlariga koʻra qoʻshimcha majburiyatlar belgilanishi mumkin.

5-bob. Ijaraga beruvchining huquq va majburiyatlari

24. Ijaraga beruvchi quyidagi huquqlarga ega:

Balansda saqlovchining arizasiga asosan ijaraga beriladigan suv obyektlari foydalanishidagi ijaraga berilishi taklif etilayotgan suv fondi yer uchastkalari loyihasini ishlab chiqish va elektron savdo platformasiga joylashtirish;

ijaraga oluvchining suv fondi yer uchastkasidan belgilangan yoʻnalishda maqsadli foydalanishi, ijara haqini belgilangan miqdor, tartib va muddatlarda toʻlashini monitoring qilish;

shartnomaning amal qilish muddati uzaytirilishida ijaraga oluvchi keyingi muddatga belgilanayotgan ijara haqi toʻlov stavkasidan norozi boʻlgan taqdirda, shartnomaning amal qilish muddatini uzaytirish haqidagi shartnomani (kelishuvni) imzolashni rad etish;

ijaraga oluvchi tomonidan suv fondi yer uchastkasidan foydalanish davrida tabiatni muhofaza qilish va undan foydalanish toʻgʻrisidagi qonunchilik hujjatlari talablariga rioya etilishini nazorat qilish uchun tegishli davlat organlari bilan hamkorlik qilish;

ijaraga oluvchidan shartnoma munosabatlariga oid maʼlumotlar va axborotlarni soʻrab olish;

zarurat tugʻilganda, ijaraga oluvchiga shartnomani muddatidan oldin oʻzaro kelishib bekor qilish yoki uni oʻzgartirish haqida taklif kiritish;

ijaraga oluvchi tomonidan balansda saqlovchining suv fondi yer uchastkasiga nisbatan egalik huquqi buzilmasligini taʼminlash.

25. Ijaraga beruvchi quyidagi majburiyatlarni oʻz zimmasiga oladi:

balansda saqlovchining suv fondi yer uchastkasini shartnomada belgilangan muddat va tartibda ijaraga oluvchiga topshirishini, shartnoma muddati tugaganda, muddatidan avval bekor qilinganda, oʻz kuchini yoʻqotganda yoki haqiqiy emas deb topilganda, ijaraga oluvchi suv fondi yer uchastkasini balansda saqlovchiga muddatida qaytarib topshirishini tashkil etish va amalga oshirish;

ijaraga oluvchi tomonidan suv fondi yer uchastkasiga hamda oʻsimlik va hayvonot dunyosiga zarar yetkazilganda, chora koʻrish maqsadida vakolatli davlat organlarini xabardor qilish;

ijaraga oluvchidan tranzit hisobraqamiga tushgan ijara toʻlovi mablagʻlarini belgilangan muddat va tartiblarda taqsimlash;

ijaraga oluvchining shartnoma amal qilish muddati tugashi munosabati bilan uning amal qilish muddatini uzaytirish haqidagi soʻrovini balansda saqlovchi bilan birgalikda ushbu Nizomning 37-bandi talabiga muvofiq koʻrib chiqish;

balansda saqlovchi bilan birgalikda ijaraga oluvchi tomonidan shartnoma shartlari, jumladan, ijara toʻlovi muddatlari buzilganda qonunchilik hujjatlarida belgilangan tartibda shartnomani muddatidan oldin bekor qilish, ijaraga oluvchini suv fondi yer uchastkasidan majburiy chiqarish va qarzdorlikni hamda hisoblangan penya summalarini majburiy undirish choralarini koʻrish.

6-bob. Balansda saqlovchining huquqlari va majburiyatlari

26. Balansda saqlovchi quyidagi huquqlarga ega:

ijaraga oluvchidan ijara shartnomasida koʻrsatilgan muddatlarda va miqdorda ijaraga beruvchining tranzit hisobvaragʻiga ijara toʻlovini amalga oshirishni talab qilish;

suv fondi yer uchastkasi holatini ijaraga oluvchining moliyaviy-xoʻjalik faoliyatiga aralashmagan holda koʻzdan kechirish;

ijaraga oluvchi bilan kommunal va foydalanish xizmatlarini koʻrsatish boʻyicha bitimlar tuzish hamda unga muvofiq ijaraga oluvchi tomonidan unga koʻrsatilgan kommunal va foydalanish xizmatlari haqini, shu jumladan, amortizatsiya ajratmalari (mavjud boʻlganda) oʻz vaqtida toʻlanishini talab qilish;

ijaraga oluvchi tomonidan ijara shartnomasi shartlari lozim darajada bajarilmasdan kelinayotganligi aniqlangan taqdirda, ijaraga beruvchi bilan birgalikda tuzilgan ijara shartnomasini bekor qilish choralarini koʻrish.

27. Balansda saqlovchining majburiyatlari quyidagilardan iborat:

ijaraga berishga taklif etilayotgan suv fondi yer uchastkasi boʻyicha ushbu Nizomda koʻrsatilgan maʼlumotlarni ijaraga beruvchiga toʻliq taqdim etish;

ijaraga beruvchi ishtirokida suv fondi yer uchastkasini ijaraga oluvchiga shartnoma imzolangan kundan boshlab besh kun ichida topshirish;

suv fondi yer uchastkasini ijaraga oluvchiga topshirish-qabul qilish dalolatnomasi imzolanib, tasdiqlangan sanadan ijaraga oluvchini ijara obyektiga hech qanday toʻsiqsiz kirib chiqishiga (foydalanishiga) ruxsat berish;

suv havzasida baliq zaxiralarini koʻpaytirish, har yili suv havzalarini baliq (turlari boʻyicha) chavoqlari bilan baliqlantirib borish ishlari amalga oshirilishi, shartnomaviy majburiyatlar bajarilishini monitoring qilish;

shartnoma muddati tugaganda, amal qilishi muddatidan oldin bekor qilinganda yoki shartnoma haqiqiy emas deb topilganda oʻn kun muddat ichida ijaraga berilgan suv fondi yer uchastkasi ijaraga oluvchi tomonidan topshirilishini taʼminlash.

28. Tomonlar shartnomada belgilangan majburiyatlar bajarilmagani oqibatida shartnomaning boshqa tomonlariga yetkazgan zararlarni ixtiyoriylik asosida qoplaydi. Oʻzaro kelishuvga erishilmagan taqdirda, zarar qonunchilik hujjatlarida belgilangan tartibda iqtisodiy sudlarda koʻrib chiqiladi.

29. Balansda saqlovchi doimiy ravishda ijaraga beruvchiga foydalanilmasdan boʻsh turgan suv fondi yer uchastkasining joylashgan joyi, maydoni va boshqa umumiy tavsiflari koʻrsatilgan maʼlumotlarni taqdim etib boradi.

Balansda saqlovchining yuqori turuvchi tashkilotlari (agar mavjud boʻlsa) ushbu maʼlumotlar ijaraga beruvchiga taqdim etilishi ustidan idoraviy nazoratni taʼminlaydi.

30. Suv fondi yer uchastkasini belgilangan tartibda ijara shartnomasi tuzilmasdan ijaraga berish holati aniqlanganda, ijaraga beruvchi 10 kun muddatda ushbu yer uchastkasi qonunchilik hujjatlarida belgilangan tartibda ijaraga berilishini tashkil etadi.

7-bob. Ijaraga oluvchining huquq va majburiyatlari

31. Ijaraga oluvchi quyidagi huquqlarga ega:

suv fondi yer uchastkasini muddatida qabul qilib olish va undan hech qanday aralashuv va toʻsiqlarsiz foydalanish;

shartnoma tuzishdan, suv fondi yer uchastkasini qabul qilib olishdan, shartnomaning amal qilish muddatini imtiyozli uzaytirishdan voz kechish;

shartnomani muddatidan oldin bekor qilish tashabbusi bilan chiqish;

shartnoma shartlariga muvofiq suv fondi yer uchastkasini balansda saqlovchidan qabul qilib olish;

ushbu Nizomning 37-bandiga muvofiq shartnomaning amal qilish muddatini uzaytirish huquqidan foydalanish;

ijaraga olingan suv fondi yer uchastkasining maydonida oʻzgarish boʻlganda, shu jumladan, suv obyektida suv hajmi kamaygan yoki koʻpaygan taqdirda, tegishli vakolatli tashkilotlar qayta oʻlchash ishlarini oʻtkazishi va ushbu tashkilotlarning xulosalari (dalolatnomalari) asosida kalendar yil uchun belgilangan ijara haqi va chora-tadbirlar rejasiga oʻzgartirishlar kiritish tashabbusi bilan chiqish.

32. Qayta oʻlchov ishlarini oʻtkazish xarajatlari ijaraga oluvchi hisobidan amalga oshiriladi.

33. Ijaraga oluvchining majburiyatlari quyidagilardan iborat:

elektron-onlayn auksion bayonnomasi rasmiylashtirilgan kundan boshlab 10 ish kuni mobaynida ijara shartnomasini elektron raqamli imzosi bilan tasdiqlash;

ijara shartnomasida belgilangan majburiyatlar toʻliq bajarilishini taʼminlash;

suv fondi yer uchastkasidan foydalanishda amaldagi sanitariya-gigiyena, texnika va yongin xavfsizligi qoidalariga amal qilgan holda ishni tashkil etish;

suv fondi yer uchastkasining ifloslanishiga yoʻl qoʻymaslik, ularda ekologiya muvozanatini saqlash va suv havzasiga landshaft elementi sifatida ziyon yetkazmaslik;

suv fondi yer uchastkasidan faqat belgilangan maqsadlarda foydalanish;

suv fondi yer uchastkasi garovga qoʻyilmasligini va ulardan boshqacha tarzda uchinchi shaxslar tomonidan foydalanilmasligini taʼminlash;

shartnomada belgilangan tartib va muddatlarda ijara toʻlovini bevosita ijaraga beruvchining tranzit hisobvaragʻiga 100 foiz oldindan toʻlash tartibida amalga oshirish;

shartnomani muddatidan oldin bekor qilish istagi haqida kamida 10 kun oldin ijaraga beruvchi va balansda saqlovchini yozma ravishda ogohlantirish;

ijara muddati tugagach, uzogʻi bilan 10 kun ichida suv fondi yer uchastkasini balansda saqlovchiga qaytarib topshirish;

Oʻzbekiston Respublikasi Suv kodeksining 9, 27, 75, 77, 98, 99, 100 va 101-moddalari talablariga, shuningdek, “Muhofaza etiladigan tabiiy hududlar toʻgʻrisida”gi Qonunining 41-moddasida belgilangan rejimga qatʼiy rioya etish;

hayvonot hamda oʻsimlik dunyosini muhofaza qilish va undan foydalanish sohasida belgilangan qoidalar, normalar va normativlarga rioya etish;

hayvonot hamda oʻsimlik dunyosini muhofaza qilish va undan foydalanish toʻgʻrisidagi qonunchilik talablari buzilgan holda yetkazilgan zararning oʻrnini toʻliq hajmda qoplash;

suv obyektida baliq resurslarini qayta tiklashga doir tadbirlarni amalga oshirib borish;

suv obyektlarida baliq resurslarini ovlash va baliq chavoqlari bilan baliqlantirish boʻyicha maʼlumotlarni har chorak yakuni boʻyicha keyingi oyning 5-kuniga qadar umumlashtirib, balansda saqlovchiga taqdim etish;

bank hisob rekvizitlari, pochta (yashash) manzili, telefon raqamlari va faoliyati turlari oʻzgarganda, bu haqda darhol ijaraga beruvchini xabardor qilish;

shartnoma muddati tugaganda, bekor qilinganda, oʻz kuchini yoʻqotgan yoki haqiqiy emas deb topilganda, 10 kun muddat ichida suv fondi yer uchastkasini balansda saqlovchiga topshirish;

har yili 15-yanvarga qadar oʻtgan yilda bir gektar suv obyektida ovlangan (sotilgan) baliqning (turlari boʻyicha) oʻrtacha miqdori va baliq ovlash xoʻjaligi tomonidan oʻtgan yilda bir gektar suv obyektini oʻrtacha baliq (turlari boʻyicha) chavoqlari bilan baliqlantirish miqdori toʻgʻrisidagi maʼlumotlarni balansda saqlovchi va ijaraga beruvchiga taqdim etish (taqdim etilgan maʼlumotlar haqqoniyligiga ijaraga oluvchi shaxsan javobgar hisoblanadi).

8-bob. Suv fondi yer uchastkasidan foydalanganlik uchun ijara toʻlovini hisoblash hamda undirish tartibi

34. Ijaraga berilgan suv fondi yer uchastkasi uchun bir yillik ijara haqi toʻlovining boshlangʻich narxi ijaraga beruvchi tomonidan ushbu Nizomda belgilangan tartibda hisoblanadi.

Suv omborlari va sel-suv omborlarining suvdan boʻshagan suv fondi yer uchastkalarini ikkinchi yildan boshlab yillik ijara haqini belgilash ishlari boʻyicha monitoring dalolatnomasi rasmiylashtirilib, yerdan foydalanilgan oylar boʻyicha hisoblanadi.

35. Baliq va uni ovlash uchun ijaraga beriladigan suv fondi yer uchastkasi uchun bir yillik ijara haqi toʻlovining boshlangʻich narxi (auksionga chiqarish) quyidagi formula va unga berilgan sharh quyidagi formula boʻyicha belgilanadi:

Ih = H1 * Ms * Bs/10, bunda:

Ih — ijara haqi;

H1 — bir gektarning oʻrtacha baliq mahsuldorligi (10 kg belgilangan oʻzgarmas koeffitsiyent);

Ms — suv obyektining suvli maydoni, ga;

Bs — ushbu Nizomga 2-ilovaga muvofiq amaldagi bazaviy hisoblash miqdorining foiz stavkasi, soʻmda; (boshlangʻich narxni shakllantirish uchun BHMning 100% miqdori olinadi);

10 — oʻzgarmas koeffitsiyent.

Bunda suv havzasini ijaraga berishda hisoblanadigan ijara haqining eng kam miqdori bazaviy hisoblash miqdorining 10 baravaridan kam boʻlmasligi kerak.

Ijara muddatining ikkinchi kalendar yilidan boshlab har bir kalendar yil uchun ijara haqi toʻlovining miqdori suv havzasining bir gektari uchun oʻrtacha baliq mahsuldorligidan kelib chiqqan holda quyidagicha belgilanadi:

Oʻrtacha baliq mahsuldorligi, ga/kg Bir kalendar yil uchun ijara haqi toʻlovining miqdori 10 gacha Auksion natijasi boʻyicha belgilangan ijara toʻlovi miqdori oʻzgartirilmaydi 10,1-30 gacha Auksion natijasi boʻyicha belgilangan ijara toʻlovi miqdorining 90 foizi 30,1-70 gacha Auksion natijasi boʻyicha belgilangan ijara toʻlovi miqdorining 80 foizi 70 dan yuqori Auksion natijasi boʻyicha belgilangan ijara toʻlovi miqdorining 70 foizi

Bunda ijaraga berilgan suv havzasi boʻyicha ijara haqi miqdorini hisoblash uchun ijaraga oluvchi tomonidan 15-yanvarga qadar quyidagi maʼlumotlar taqdim etiladi:

a) oʻtgan yilda bir gektar tabiiy suv havzasidan ovlangan (sotilgan) baliqning (turlari boʻyicha) miqdori.

b) ijaraga oluvchi tomonidan oʻtgan yilda bir gektar suv havzasini baliq (turlari boʻyicha) chavoqlari bilan baliqlantirish miqdori.

Joriy kalendar yilining 15-fevraliga qadar ushbu kalendar yil uchun ijara haqi toʻlovining miqdori balansda saqlovchi tomonidan aniqlanadi va ijara shartnomasiga qoʻshimcha shartnoma (kelishuv) tuzish orqali ijara haqi toʻlovining miqdori, baliqlantirish va baliq ovlash rejalariga oʻzgartirish kiritiladi.

36. Ijaraga beriladigan sohilboʻyi mintaqa zonalaridagi suv fondi yer uchastkasi uchun bir yillik ijara haqi toʻlovining boshlangʻich narxi (auksionga chiqarish) quyidagi formula boʻyicha belgilanadi:

Ts = Es * Kz * (Kh + Ko), bunda:

Ts — bir yilga bir kv. metr uchun ijara toʻlovining tayanch stavkasi;

Es — bir yilga bir kv. metr uchun eng kam stavka;

Kz — hududiy zonalar koeffitsiyenti;

Kh — tutashib ketgan hududdan foydalanish koeffitsiyenti;

Ko — tijorat maqsadlarida foydalanishda qulaylik koeffitsiyenti (asosiy avtotransport yoʻllari boʻylab joylashish, ikkinchi darajali avtotransport yoʻllariga chiqishda joylashish va boshqalar).

Bunda:

ijara toʻlovining eng kam stavkalari Qoraqalpogʻiston Respublikasi Joʻqorgʻi Kengesi, xalq deputatlari viloyatlar va Toshkent shahar Kengashlari tomonidan qonunchilik hujjatlarida belgilangan tartibda davlat koʻchmas mulki ijarasi toʻlovining eng kam stavkalari bilan birgalikda har yili 31-dekabrgacha tasdiqlanadi;

amal qilish muddati kelgusi yil davriga oʻtadigan yoki uzaytiriladigan ijara shartnomasi boʻyicha kelgusi yil davri uchun ijara toʻlovining miqdori qoʻshimcha shartnoma (kelishuv) bilan kelgusi yilga tasdiqlangan ijara toʻlovining eng kam stavkalariga mutanosib tarzda oʻzgartirilib, quyidagi tartibda hisoblanadi:

Ts 2 = (Es 2 /Es 1 ) * (As/Im), bunda:

Ts 2 — kelgusi bir yilga bir kv. metr uchun ijara toʻlovining tayanch stavkasi;

Es 1 — avvalgi yilga bir kv. metr uchun eng kam stavka;

Es 2 — kelgusi yilga bir kv. metr uchun eng kam stavka;

As — auksion natijalari boʻyicha belgilangan yillik ijara toʻlovi;

Im — shartnoma boʻyicha ijaraga olingan maydon;

suv fondi yer uchastkalari boʻyicha tadbirkorlik subyektlari bilan vaqtincha foydalanish maqsadida tuzilgan ijara shartnomalari shartnoma muddati yakunlangunga qadar yillik ijara toʻlovi ushbu Nizomda koʻrsatib oʻtilgan suv fondi yer uchastkasi uchun bir yillik ijara haqi toʻlovining hisoblash formulasi (Ts = Es * Kz * (Kh + Ko) boʻyicha hisoblanadi.

37. Ijara shartnomasining muddatini kelgusi davr uchun uzaytirishga ijaraga oluvchi ijara shartnomasi boʻyicha oʻz majburiyatlarini lozim darajada bajarganda va ijara toʻlovidan qarzdorligi mavjud boʻlmagan holatda yoʻl qoʻyiladi.

38. Ijara haqi ijaraga oluvchi tomonidan ijara toʻlovining oxirgi belgilangan miqdori va ijaraning qolgan muddatidan kelib chiqqan holda hisoblangan davrlar (har chorakda, har oyda va shu kabi) boʻyicha teng miqdordagi toʻlovlar bilan hisoblanadi.

Ijara haqi toʻlovi shartnomada koʻrsatilgan muddatlarda navbatdagi davr (chorak, oy va shu kabilar) uchun 100 foiz oldindan toʻlash shaklida amalga oshiriladi.

39. Suv havzasini (yer uchastkasini) ijaraga berishdan ijaraga beruvchining belgilangan tranzit hisobvaragʻiga tushgan mablagʻlar elektron savdo platformasida savdolarni tashkil etish xarajatlarini chegirgan holda quyidagicha taqsimlanadi:

“Oʻzbekbaliqsanoat” uyushmasiga tanho foydalanishga berilgan tabiiy suv havzalarini ijaraga berishdan tushgan mablagʻlarning 50 foizi Ekologiya jamgʻarmasiga, 40 foizi Baliqchilikni rivojlantirish jamgʻarmasiga, 10 foizi Davlat aktivlarini boshqarish agentligi huzuridagi Davlat mulki obyektlaridan samarali foydalanish markaziga;

“Oʻzbekbaliqsanoat” uyushmasiga tanho foydalanishga berilgan sunʼiy suv havzalarini (suv omborlarini) ijaraga berishdan tushgan mablagʻlarning 90 foizi Baliqchilikni rivojlantirish jamgʻarmasiga, 10 foizi Davlat aktivlarini boshqarish agentligi huzuridagi Davlat mulki obyektlaridan samarali foydalanish markaziga;

baliqni sanoat usulida yetishtirish va ovlash maqsadlaridan boshqa maqsadlarda tabiiy suv havzalarini ijaraga berishdan tushgan mablagʻlarning 90 foizi Ekologiya jamgʻarmasiga, 10 foizi Davlat aktivlarini boshqarish agentligi huzuridagi Davlat mulki obyektlaridan samarali foydalanish markaziga yoʻnaltiriladi.

40. Ijaraga oluvchining ijara asosida foydalanishdagi suv fondi yer uchastkasini yoki uning bir qismini oʻzga shaxslarga foydalanishga berishi, garovga qoʻyishi yoki boshqacha tarzda (vaqtincha) uchinchi shaxsga oʻtkazishi taqiqlanadi.

9-bob. Suv havzasida baliq resurslarini qayta tiklashga doir tadbirlarni oʻtkazish

41. Suv havzasida baliq resurslarini qayta tiklashga doir tadbirlar ijaraga beriladigan suv havzasida baliq resurslarini qayta tiklash hamda unda baliq zaxiralarini koʻpaytirish maqsadida oʻtkaziladi.

Suv havzasida baliq resurslarini qayta tiklashga doir tadbirlar quyidagilardan iborat:

suv havzasini baliq chavoqlari bilan har yili baliqlantirish ishlarini amalga oshirish;

ovlanadigan baliqlar zaxirasini aniqlash boʻyicha yangi texnologiyalarni ishlab chiqish va ilmiy-tadqiqot ishlarini tashkil etish;

suv havzasida baliqlarni qafas usulida yetishtirish texnologiyalarini tatbiq qilish ishlarini amalga oshirish;

suv havzasida baliq zaxiralarini koʻpaytirish maqsadida baliq chavoqlari yetishtirish, inkubatsiya sexlari, baliq parvarishxonalari, baliq oziqasini ishlab chiqarish korxonalari, qayta ishlash sexlarini, baliq va baliq mahsulotlarini saqlash uchun sovitish uskunalarini barpo etish.

42. Suv havzalarini baliqlantirish meʼyori bir yilga suv havzasining bir gektariga kamida 50 dona baliq chavoqlari — bir yozgi yoki bir yillik baliqlar hisobida belgilanadi.

Suv havzalarida baliqlarni koʻpaytirish tadbirlari Ekologiya, atrof-muhitni muhofaza qilish va iqlim oʻzgarishi vazirligi hamda suv xoʻjaligi boshqarmalari xodimlari va ijaraga oluvchilarning vakillari ishtirokida oʻtkaziladi va bu haqda tegishli dalolatnoma tuziladi.

10-bob. Suv fondi yer uchastkasini ijaraga berish va qaytarib olish

43. Ijara shartnomasiga muvofiq balansda saqlovchi ijaraga beruvchi orqali suv fondi yer uchastkasini shartnoma shartlariga muvofiq ijaraga oluvchiga belgilangan muddat va tartibda topshirishi, ijaraga oluvchi esa ijara muddati tugagan yoki ijara shartnomasi muddatidan oldin bekor qilingan yoxud sud qarori bilan haqiqiy emas deb topilganda, balansda saqlovchiga 10 kun muddat ichida qaytarib topshirishi shart.

44. Suv fondi yer uchastkasini topshirish — qabul qilish va qaytarish — qabul qilish ijaraga beruvchi, ijaraga oluvchi va balansda saqlovchilarning vakolatli vakillari ishtirokida uch tomonlama tuzilgan dalolatnoma asosida amalga oshiriladi.

Dalolatnomada quyidagilar koʻrsatiladi:

dalolatnoma tuzilgan joy va sana;

ijara shartnomasining rekvizitlari (tuzilgan sanasi, tartib raqami);

suv fondi yer uchastkasi joylashgan joyi (manzili) va maydoni.

Topshirish — qabul, qaytarish — qabul qilish dalolatnomalari tomonlarning vakolatli vakillari tomonidan imzolanadi va muhr (mavjud boʻlsa) bilan tasdiqlanadi.

45. Ijara mulki balansda saqlovchiga qaytarilayotganda, unda kamchiliklar aniqlangan taqdirda, qaytarish — qabul qilish dalolatnomasi ijaraga oluvchi tomonidan suv fondi yer uchastkasini shartnomada belgilangan muddatlarda ijara shartnomasi shartlariga muvofiq holatga keltirganidan yoki yetkazilgan zarar toʻliq qoplaganidan soʻng tuziladi. Bunda ijaraga oluvchi bilan tuzilgan ijara shartnomasi amalda boʻladi va ijaraga olingan mulkdagi kamchiliklar bartaraf etilib, suv fondi yer uchastkasi balansda saqlovchi tomonidan qabul qilib olinguniga qadar ijara haqi hisoblab boriladi.

11-bob. Yakunlovchi qoidalar

46. Ijaraga beruvchi ijara shartnomasi qonunchilik hujjatlariga muvofiq boʻlishini taʼminlashga masʼul hisoblanadi.

47. Mazkur Nizom talablari buzilishida aybdor boʻlgan shaxslar qonunchilik hujjatlarida belgilangan tartibda javob beradilar.

48. Suv fondi yer uchastkasi ijaraga berilishida yuzaga kelgan nizolar qonunchilik hujjatlarida va ijara shartnomasida belgilangan tartibda koʻrib chiqiladi.

Suv fondi yer uchastkalarini tadbirkorlik subyektlariga “E-auksion” elektron savdo platformasi orqali ijaraga berish tartibi toʻgʻrisidagi nizomga 1-ILOVA

Suv fondi yer uchastkalarini tadbirkorlik subyektlariga “E-auksion” elektron savdo platformasi orqali ijaraga berish

Bosqichlar Subyektlar Tadbirlar Muddatlar 1-bosqich Ijaraga beruvchi (Suv xoʻjaligida bozor mexanizmlarini joriy qilish davlat muassasasi) Balansda saqlovchining arizasiga asosan ijaraga beriladigan suv obyektlarining foydalanilmasdan boʻsh turgan suv fondi yer uchastkalarini aniqlaydi. Doimiy 2-bosqich Tadbirkorlik subyekti Ijaraga beruvchiga: suv obyektlari foydalanishidagi ijaraga berilishi taklif etilayotgan suv fondi yerlarining tavsifi va joylashgan joyini; suv obyektlari foydalanishidagi ijaraga berilishi taklif etilayotgan suv fondi yer uchastkalarining balansda saqlovchisini (bunday maʼlumotlar mavjud boʻlgan taqdirda) koʻrsatgan holda oʻz taklifini taqdim etadi. Oʻz xohishiga koʻra 3-bosqich Ijaraga beruvchi (Suv xoʻjaligida bozor mexanizmlarini joriy qilish davlat muassasasi) Tadbirkorlik subyektining taklifi asosida suv obyektining balansda saqlovchisiga suv obyekti foydalanishidagi suv fondi yer uchastkalarini ijaraga berish boʻyicha munosabat bildirish yuzasidan soʻrovnoma yuboradi. 2 kun muddatda 4-bosqich Balansda saqlovchi, ijaraga beruvchi (Suv xoʻjaligida bozor mexanizmlarini joriy qilish davlat muassasasi) Suv obyektini ijaraga berishni rad etishga asoslar boʻlmasa, suv havzasini ijaraga berish uchun ijaraga beruvchiga quyidagi maʼlumotlarni koʻrsatib, ariza taqdim etadi: ijaraga berilayotgan suv obyektining nomi, tavsifi, joylashgan joyi (manzili); suv obyektining umumiy maydoni, chegaralari koʻrsatilgan chizmasi va fotosurati; ijaraga beriladigan suv obyekti boʻyicha ushbu Nizomning 35 va 36-bandlarida keltirilgan formula asosida hisoblangan yillik ijara haqi miqdori; suv obyektidan foydalanish maqsadi va qoʻshimcha shartlari. 5 kun muddatda 5-bosqich Ijaraga beruvchi (Suv xoʻjaligida bozor mexanizmlarini joriy qilish davlat muassasasi) Tadbirkorlik subyektining taklifini koʻrib chiqish natijasi boʻyicha va qabul qilingan qaror haqida tadbirkorlik subyektiga xabar yuboradi. Taklif olingan paytdan boshlab bir hafta muddatda 6-bosqich Ijaraga beruvchi (Suv xoʻjaligida bozor mexanizmlarini joriy qilish davlat muassasasi)) Balansda saqlovchining arizasiga asosan ijaraga beriladigan suv obyektlari foydalanishidagi ijaraga berilishi taklif etilayotgan suv fondi yer uchastkalarining loyihasini ishlab chiqadi va elektron savdo platformasiga joylashtiradi. 2 ish kuni ichida 7-bosqich Ijaraga beruvchi (Suv xoʻjaligida bozor mexanizmlarini joriy qilish davlat muassasasi) tadbirkorlik subyekti Auksion savdosi natijasiga koʻra gʻolib boʻlgan ijaraga oluvchi bilan elektron ijara shartnomasini imzolaydi. Elektron onlayn-auksion savdolari natijalari toʻgʻrisidagi elektron bayonnoma imzolangandan soʻng 10 ish kuni ichida 8-bosqich Balansda saqlovchi, ijaraga beruvchi (Suv xoʻjaligida bozor mexanizmlarini joriy qilish davlat muassasasi) tadbirkorlik subyekti Ijara shartnomasi imzolangandan soʻng suv obyektlari foydalanishidagi ijaraga berilishi taklif etilayotgan suv fondi yer uchastkalarini ijaraga oluvchiga topshirish va qabul qilish dalolatnomasi asosida topshiriladi va ijaraga oluvchi tomonidan qabul qilib olinadi. Ijara shartnomasi imzolangandan soʻng 5 kun ichida

Suv fondi yer uchastkalarini tadbirkorlik subyektlariga “E-auksion” elektron savdo platformasi orqali ijaraga berish tartibi toʻgʻrisidagi nizomga 2-ILOVA

Suv obyektlari boʻyicha ijara haqi toʻlovini hisoblashda suv obyekti mahsuldorligiga bogʻliq holda qoʻllanadigan stavkalar

Mahsuldorlik, ga/kg Bazaviy hisoblash miqdori, foiz Ijara haqini hisoblash formulasi 10 gacha 100 (10 x 1 x 100 foiz BHM/10) 10,1 — 30 gacha 90 (10 x 1 x 90 foiz BHM/10) 30,1 — 70 gacha 80 (10 x 1 x 80 foiz BHM/10) 70 dan yuqori 70 (10 x 1 x 70 foiz BHM/10)

Bunda yuqoridagi formulaga asosan 1 gektar suv obyektidagi mahsuldorlikdan kelib chiqib, bir yillik eng kam ijara haqining miqdori quyidagi tartibda hisoblanadi:

1) 10 x 1 x 100 foiz x 412 000/10 — 412 000 soʻm — 10 kg;

2) 10 x 1 x 90 foiz x 412 000/10 — 370 800 soʻm — 30 kg;

3) 10 x 1 x 80 foiz x 412 000/10 — 329 600 soʻm — 70 kg;

4) 10 x 1 x 70 foiz x 412 000/10 — 288 400 soʻm — 70,1 kg dan yuqori.

1 gektar suv fondi yer uchastkasining eng past 70 foizli stavka boʻyicha hisoblangan bir oylik ijara haqining miqdori — (10 x 1 x 70 foiz BHM) — 24 033,33 soʻm.

Bazaviy hisoblash miqdori oʻzgarishi bilan birga ijara haqi summasining miqdori ham oʻzgaradi va tuzilgan shartnomalarga tegishli oʻzgartirishlar kiritiladi.

Vazirlar Mahkamasining 2023-yil 2-sentabrdagi 441-son qaroriga 2-ILOVA

Oʻzbekiston Respublikasi Hukumatining oʻz kuchini yoʻqotgan deb eʼtirof etilayotgan qarorlari

1. Vazirlar Mahkamasining “Tabiiy suv havza uchastkalarini baliq ovlash xoʻjaliklariga ijaraga berish va Baliqchilikni rivojlantirish jamgʻarmasini tashkil etish chora-tadbirlari toʻgʻrisida” 2017-yil 7-avgustdagi 593-son qarorining 1-bandi ikkinchi xatboshisi va unga 1-ilova .

2. Vazirlar Mahkamasining “Baliq ovlash xoʻjaliklariga tabiiy suv havzalari uchastkalarini ajratish, baliqni sanoat yoʻli bilan ovlash, baliq ovlash xoʻjaliklarining tabiiy suv havzalaridan foydalanganligi uchun ijara toʻlovini hisoblash va undirish tartibi toʻgʻrisidagi nizomga oʻzgartirishlar kiritish haqida” 2019-yil 15-maydagi 403-son qarori .

3. Vazirlar Mahkamasining “Oʻzbekiston Respublikasi Hukumatining ayrim qarorlariga oʻzgartirishlar kiritish toʻgʻrisida (Oʻzbekiston Respublikasi Prezidentining “Mehnatga haq toʻlash, pensiyalar va boshqa toʻlovlar miqdorlarini aniqlash tartibini takomillashtirish toʻgʻrisida” 2019-yil 21-maydagi PF-5723-son Farmoni)” 2019-yil 28-dekabrdagi 1046-son qaroriga ilovaning 173-bandi .

Oʻzbekiston Respublikasining Bosh vaziri A. ARIPOV

Toshkent sh.,

2023-yil 2-sentabr,

441-son

(Qonunchilik maʼlumotlari milliy bazasi, 04.09.2023-y., 09/23/441/0674-son; 22.10.2025-y., 09/25/662/0964-son; 15.07.2026-y., 09/26/362/0737-son)

lex.uz