📅 2023-yil 11-sentabr · Vazirlar Mahkamasi qarorlari
Rasmiy matn. Rasmiy hujjat. Tahririy izohlar kiritilmagan.
📅 2023-yil 11-sentabr · Vazirlar Mahkamasi qarorlari
Rasmiy matn. Rasmiy hujjat. Tahririy izohlar kiritilmagan.
📅 2023 йил 11 сентябрь · Вазирлар Маҳкамаси қарорлари
Расмий матн. Расмий ҳужжат. Таҳририй изоҳлар киритилмаган.
📅 11 сентября 2023 г. · Постановления Кабинета Министров
Официальный текст. Официальный документ. Редакционные примечания не включены.
📅 11 September 2023 · Cabinet of Ministers resolutions
Official text. Official document. Editorial notes are not included.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг
қарори
Шаҳарсозлик ва уй-жой коммунал хўжалиги соҳалари мутахассисларини сертификатлаш тизимини жорий этиш тўғрисида
Шаҳарсозлик ва уй-жой коммунал хўжалиги соҳалари мутахассисларини мақсадли тайёрлаш, қайта тайёрлаш, уларнинг малакасини оширишда амалиётга татбиқ этилган янгича ёндашувларни ўргатиш ҳамда уларни сертификатлаш тизимини жорий этиш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:
1. Ўзбекистон Республикаси Президентининг:
а) «Ўзбекистон Республикаси аҳолиси ва ҳудудининг сейсмик хавфсизлигини таъминлаш тизимини янада такомиллаштиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида» 2023 йил 16 майдаги ПҚ-158-сон қарори билан:
2023 йил 1 октябрдан бошлаб сейсмик хавфсизлиги II, III ва IV тоифадаги бино ва иншоотларнинг лойиҳа ҳужжатларини ишлаб чиқиш ва экспертизадан ўтказиш, қурилиш-монтаж ишларини бажариш ва назорат функцияларини амалга ошириш йўналишларида фаолият юритувчи мутахассисларни сертификатлаш тартиби жорий этилганлиги;
Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазирлиги мутахассисларни сертификатлаш доирасида ўқув курсларини сифатли ташкил этиш, таълим ташкилотларини аккредитациядан ўтказиш ва бунинг учун миллий тренерлар корпусини шакллантиришга масъул давлат бошқаруви органи этиб белгиланганлиги;
б) «Маъмурий ислоҳотлар доирасида қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги соҳасида давлат бошқарувини самарали ташкил қилиш чора-тадбирлари тўғрисида» 2023 йил 28 августдаги ПФ-151-сон Фармони билан:
Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазирлиги ҳузурида Архитектура, қурилиш, муҳандислик ва коммунал хўжалик соҳаларида кадрлар тайёрлаш (жумладан, махсус мақсадли), қайта тайёрлаш, малакасини ошириш ва уларнинг малакасини баҳолаш бўйича ихтисослашган давлат олий таълим муассасаси шаклидаги Компетенцияни ривожлантириш институти (кейинги ўринларда — институт), шунингдек, унинг асосий функцияларини амалга оширувчи таркибий бўлинмалари — Архитекторлар ва муҳандислар олий мактаби, Қайта тайёрлаш ва малака ошириш маркази, Малакани баҳолаш маркази ҳамда уларнинг ҳудудий филиаллари (юридик шахс мақомига эга бўлмаган) ташкил этилганлиги;
2023 йил 1 октябрдан бошлаб шаҳарсозлик ва уй-жой коммунал хўжалиги соҳаларидаги мутахассисларни (кейинги ўринларда — мутахассислар) уларнинг фаолият йўналишлари бўйича ҳар уч йилда бир марта сертификатлаш тизими жорий этилганлиги;
мутахассисларни сертификатлаш ишларини ташкил этиш бўйича ишчи орган функцияси институтга юкланганлиги маълумот ва ижро учун қабул қилинсин.
3. Белгилансинки, 2026 йил 1 январдан бошлаб сертификатга эга бўлмаган:
мутахассисларга хавфлилик даражаси II, III ва IV тоифали қурилиш объектларининг, шунингдек, бюджет тизими бюджетлари ҳисобидан молиялаштириладиган I тоифали қурилиш объектларининг архитектура-шаҳарсозлик ҳужжатларини ишлаб чиқиш, шаҳарсозлик ҳужжатларини экспертизадан ўтказиш, техник назоратни амалга ошириш, қурилиш-монтаж ишлари сифатини назорат қилиш ва назорат ўлчовини амалга ошириш;
жисмоний шахсларга кўп квартирали уйларнинг бошқарув органларига раҳбарлик қилиш тақиқланади.
4. Мутахассисларни даврий сертификатлашни жорий этишда устувор йўналишлар сифатида қуйидагилар белгилансин:
шаҳарсозлик ҳужжатлари шаҳарсозлик тўғрисидаги қонунчилик ҳужжатлари талабларига, шаҳарсозлик, зилзилабардошлик, муҳандислик изланишлар, ёнғинга қарши ҳамда экологик нормалар ва қоидаларга, санитария қоидалари ва нормаларига, гигиена нормативларига мувофиқлиги юзасидан экспертизадан ўтказиш;
қурилиш-монтаж ишларида пудратчи, буюртмачи, лойиҳачи ва қурилиш органлари томонидан шаҳарсозлик тўғрисидаги қонунчилик ҳужжатлари, тасдиқланган лойиҳа ҳужжатлари талаблари бузилишининг олдини олиш, шунингдек, қурилиш-монтаж ишларининг хавфга учраши мумкинлиги юқори бўлган босқичларида давлат қурилиш назоратини олиб бориш;
объектда қурилиш-монтаж ишларини амалга ошириш учун зарур шарт-шароитлар яратиш, объектни ўз муддатида фойдаланишга топшириш юзасидан шартнома мажбуриятини бажариш, бирламчи рухсат берувчи, лойиҳаолди ва лойиҳа ҳужжатларини сифатли тайёрлаш бўйича техник назоратни олиб бориш;
қурилиш объектининг мураккаблик, хавфлилик даражалари ва объектга бориш мунтазамлигидан келиб чиқиб, объектнинг технологик, меъморий-қурилиш ва бошқа техник ечимлари, техник-иқтисодий кўрсаткичлари тасдиқланган лойиҳа ҳужжатларида кўзда тутилган ечимлар ҳамда кўрсаткичларга мувофиқлиги юзасидан муаллифлик назоратини амалга ошириш;
қурилиш объектида ҳақиқатда бажарилган физик иш ҳажмларни лойиҳа ҳужжатлари, оферта ва бажарилган ишлар тўғрисидаги ҳисоб-фактура асосида ўлчовдан ўтказиш, лойиҳадан четга чиқиш ҳолатларини аниқлаш, ҳақиқатда бажарилиб, ҳисоботларда акс эттирилган асбоб-ускуналар ва коммуникация тизимларининг синовдан ўтказилганлигини ҳамда ҳисоботларда арифметик хатоларнинг мавжудлиги ва бошқа ҳисоб-китобларни назорат ўлчовини ўтказган ҳолда текшириш;
мутахассисларнинг белгиланган малака талабларига мослигини таъминлаш орқали улар бажараётган ишлар сифатини ошириш, соҳада шаффофлик ва рақобатбардошликни таъминлаш, халқаро стандартларга мос иш юритиш механизмларини босқичма-босқич жорий этиб бориш ҳамда аҳолининг ҳаёти, саломатлиги ва хавфсизлигини таъминлаш, мулкдорлар ҳуқуқини ҳимоя қилишда мутахассислар масъулиятини ошириш.
5. Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазирлиги Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги билан биргаликда шаҳарсозлик ва уй-жой коммунал хўжалиги соҳаларида ривожланган давлатларда қўлланадиган таълим стандартлари асосида сертификатланадиган мутахассисларнинг малакасини ошириш бўйича қуйидаги йўналишлардаги ўқув дастурларини (кейинги ўринларда — дастур) ишлаб чиқсин ва тасдиқласин:
а) 2023 йил 1 октябрга қадар:
лойиҳа бошқарувини ва техник назоратни, шу жумладан йўналишлар бўйича назоратни олиб борувчи мутахассислар;
лойиҳа ташкилотларининг муаллифлик назоратини олиб борувчи мутахассислар, шунингдек, лойиҳа бош муҳандислари ва бош архитекторлари;
пудрат ташкилотларининг ички назоратини амалга оширувчи мутахассислар бўйича;
б) 2024 йил 1 январга қадар:
назорат ўлчовини амалга оширувчи мутахассислар;
эксперт ташкилотлари экспертлари;
кўп квартирали уйларни бошқариш органлари раҳбари ва сертификатлаш талаб этиладиган ходимлари бўйича;
в) 2024 йил 1 апрелга қадар:
туман (шаҳар) ва вилоят архитекторлари;
қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги соҳасида назорат қилиш ҳудудий инспекциялари инспекторлари бўйича.
6. Иқтисодиёт ва молия вазирлиги Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазирлиги томонидан тақдим этилган асосланган ҳисоб-китобларга мувофиқ юқори малакали хорижий экспертларни жалб қилган ҳолда, илғор хорижий стандартлар асосида дастурларни ва ўқув контентлари (ўқув методик материаллар, жумладан, ўқув маъруза матнлари, видеодарслар, интерфаол дастурлар, тақдимотлар, топшириқлар, имтиҳон материаллари, ўқув адабиётлари, инфографикалар)ни ишлаб чиқиш учун зарур миқдордаги маблағларни республика бюджети ҳисобидан ажратсин.
7. Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазирлиги Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги билан биргаликда институтда ва унинг ҳудудий филиалларида (кейинги ўринларда — таълим муассасаси) қурилиш соҳаси мутахассисларини ўқитишни ташкил этсин.
8. Билим ва малакаларни баҳолаш агентлиги Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги ҳамда Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазирлиги билан биргаликда 2023 йил 1 ноябрдан бошлаб дастур асосида таълим олган мутахассисларнинг соҳавий билимларини тест синовидан ўтказиб бориш тизимини жорий этсин.
9. Рақамли технологиялар вазирлиги Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги, Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазирлиги, Билим ва малакаларни баҳолаш агентлиги, бошқа мутасадди вазирлик ва идоралар билан биргаликда бир ой муддатда:
Ягона интерактив давлат хизматлари портали орқали «Шаффоф қурилиш» миллий ахборот тизимида таълим муассасасида ўқиб, тест синовларидан ўтган мутахассисларнинг сертификат олишларини;
тест натижалари тўғрисидаги ахборотларнинг «Шаффоф қурилиш» миллий ахборот тизимида шакллантирилишини;
QR-код қўйиладиган электрон тарзда шакллантириладиган сертификат тестдан ўтган мутахассислар томонидан юклаб олинишини;
«Шаффоф қурилиш» миллий ахборот тизимида автоматик тарзда сертификатланган мутахассислар реестри шакллантирилишини назарда тутувчи, Билим ва малакаларни баҳолаш агентлигининг маълумотлар базаси билан интеграция қилинишини таъминловчи дастурий таъминот ишлаб чиқилишини ҳамда жорий этилишини таъминласин.
10. Белгилаб қўйилсинки:
Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазирлиги, унинг тизимидаги ва соҳа ташкилотларининг буюртманомалари асосида Архитекторлар ва муҳандислар олий мактабида кадрлар тўлов-контракт асосида мақсадли тайёрланади (турли шаклларда, қисқартирилган муддатларда) ҳамда унинг битирувчиларига белгиланган тартибда давлат намунасидаги институт дипломи берилади;
институтда мутахассислик бўйича турдош йўналишларда қайта тайёрлаш кундузги таълим шакли бўйича олий маълумотга ҳамда мутахассислиги бўйича 3 йил ва ундан ортиқ иш стажига эга бўлган кадрларни тўлов-контракт асосида камида олти ой муддат давомида ўқитиш ва имтиҳон натижалари бўйича тегишли диплом берган ҳолда амалга оширилади;
институтда малака ошириш жараёнлари Вазирлар Маҳкамасининг «Лойиҳалаш ва қурилиш соҳасидаги мутахассислар малакасини ошириш тизимини янада такомиллаштириш тўғрисида» 2019 йил 31 майдаги 451-сон қарори асосида ташкил этилади;
институт биносини унинг фаолиятига мослаб реконструкция қилиш ва жиҳозлаш ишлари Ўзбекистон Республикасининг 2023 — 2025 йилларга мўлжалланган ижтимоий ва ишлаб чиқариш инфратузилмасини ривожлантириш дастури доирасида марказлашган капитал қўйилмалар ҳисобидан амалга оширилади.
11. Қуйидагилар институтнинг асосий вазифалари этиб белгилансин:
шаҳарсозлик ва уй-жой коммунал хўжалиги соҳаларига (кейинги ўринларда — соҳалар) оид тегишли йўналишларда кадрларни мақсадли махсус тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш;
касбий фаолиятни амалга ошириш учун зарур бўлган компетенция тасдиғини олишни хоҳловчи жисмоний шахсларнинг касбий билим, кўникма ва маҳоратини баҳолаш;
ўқитишнинг замонавий шакллари, илғор педагогик ва ахборот технологиялари асосида назарий тайёргарликнинг амалиёт билан узвий боғлиқлигини таъминлашга қаратилган ўқув жараёнини ташкил этиш;
талабалар ва тингловчиларнинг амалиётини нуфузли маҳаллий ҳамда хорижий корхона ва ташкилотларда ташкил этиш;
кафедралар ва бўлинмаларни тармоқ корхоналари, ташкилотлари ва илмий-тадқиқот муассасаларига бириктириш ҳамда ҳамкорликда профессор-ўқитувчилар, ходимлар, талабалар ва тингловчиларнинг амалий кўникмаларини ошириш, тадқиқот натижаларини синовдан ўтказиш ва илмий лойиҳалардаги иштирокини йўлга қўйиш;
талабалар ва тингловчиларга соҳалардаги янгиликларни, шаҳарсозликка оид қонунчилик ҳамда техник тартибга солишга оид норматив ҳужжатларни мазмун-моҳиятини етказиш;
соҳаларда долзарб масалалар бўйича фундаментал, амалий ва инновацион тадқиқотлар лойиҳаларини миллий, хорижий ва халқаро грантларни жалб қилган ҳолда амалга ошириш;
таълим ва илмий жараёнга маҳаллий ва хорижий мутахассисларни кенг жалб этиш, илғор педагогик тажриба алмашиш борасида халқаро ҳамкорликни амалга ошириш;
ташкилот ва корхоналар буюртмалари асосида таълим хизматларини кўрсатиш ҳамда илмий-тадқиқотлар натижаларини тижоратлаштириш;
Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазирлиги билан келишган ҳолда махсус мақсадли тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва малака ошириш дастурлари бўйича ўқитиш харажатлари ҳамда мутахассислар малакасини баҳолаш бўйича тўловлар миқдорларини белгилаш.
12. Қуйидагилар институт фаолиятини молиялаштириш манбалари этиб белгилансин:
тўлов-шартнома асосида ўқитишдан тушадиган маблағлар;
талабгорларнинг малакасини баҳолаш хизматлари учун амалга ошириладиган тўлов маблағлари;
жисмоний ва юридик шахсларнинг ҳомийлик хайриялари;
халқаро молия институтлари, хорижий ва донор ташкилотларнинг грантлари;
таълим хизматлари кўрсатишдан, илмий-ўқув, ўқув-методик, илмий ва ахборот-таҳлилий маҳсулотларни ишлаб чиқаришдан ва бошқа фаолият турларидан олинган даромадлар;
Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазирлиги фаолиятини қўллаб-қувватлаш жамғармаси маблағлари;
қонунчилик ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа манбалар.
13. Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазирлиги:
бир ой муддатда институт таъсис ҳужжатларининг тасдиқланиши ва белгиланган тартибда давлат рўйхатидан ўтказилишини таъминласин;
институтни малакали кадрлар билан таъминлаш ва унинг моддий-техника базасини шакллантириш чораларини кўрсин;
институтда ўқув платформаларини замонавий ахборот-коммуникация технологиялари ва хорижий тажриба асосида ташкил этиш чораларини кўрсин;
ўқув курслари бўйича ўқув контентларини яратиш учун малакали маҳаллий ва хорижий мутахассисларни жалб қилсин ҳамда уларни маъруза матнлари, видеодарслар, интерфаол дастурлар, тақдимотлар, топшириқлар, имтиҳон материаллари, ўқув адабиётлари, инфографикалар билан бойитиш чораларини кўрсин;
институт ва унинг ҳудудий филиалларида мутахассисларни ўқитишни ташкил этсин;
ўқув жараёнлари учун миллий тренерлар тайёрлаш мақсадида илғор хорижий мамлакатлардан соҳалар бўйича юқори малакали мутахассисларни жалб этсин;
«Шаффоф қурилиш» миллий ахборот тизими орқали мутахассисларга сертификатлар берилишини таъминласин.
14. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари А.Ж. Раматов ҳамда қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазири Б.И. Закиров зиммасига юклансин.
Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А. АРИПОВ
Тошкент ш.,
2023 йил 11 сентябрь,
460-сон
Oʻzbekiston Respublikasi Vazirlar Mahkamasining
qarori
Shaharsozlik va uy-joy kommunal xoʻjaligi sohalari mutaxassislarini sertifikatlash tizimini joriy etish toʻgʻrisida
Shaharsozlik va uy-joy kommunal xoʻjaligi sohalari mutaxassislarini maqsadli tayyorlash, qayta tayyorlash, ularning malakasini oshirishda amaliyotga tatbiq etilgan yangicha yondashuvlarni oʻrgatish hamda ularni sertifikatlash tizimini joriy etish maqsadida Vazirlar Mahkamasi qaror qiladi:
1. Oʻzbekiston Respublikasi Prezidentining:
a) “Oʻzbekiston Respublikasi aholisi va hududining seysmik xavfsizligini taʼminlash tizimini yanada takomillashtirishga oid qoʻshimcha chora-tadbirlar toʻgʻrisida” 2023-yil 16-maydagi PQ-158-son qarori bilan:
2023-yil 1-oktabrdan boshlab seysmik xavfsizligi II, III va IV toifadagi bino va inshootlarning loyiha hujjatlarini ishlab chiqish va ekspertizadan oʻtkazish, qurilish-montaj ishlarini bajarish va nazorat funksiyalarini amalga oshirish yoʻnalishlarida faoliyat yurituvchi mutaxassislarni sertifikatlash tartibi joriy etilganligi;
Qurilish va uy-joy kommunal xoʻjaligi vazirligi mutaxassislarni sertifikatlash doirasida oʻquv kurslarini sifatli tashkil etish, taʼlim tashkilotlarini akkreditatsiyadan oʻtkazish va buning uchun milliy trenerlar korpusini shakllantirishga masʼul davlat boshqaruvi organi etib belgilanganligi;
b) “Maʼmuriy islohotlar doirasida qurilish va uy-joy kommunal xoʻjaligi sohasida davlat boshqaruvini samarali tashkil qilish chora-tadbirlari toʻgʻrisida” 2023-yil 28-avgustdagi PF-151-son Farmoni bilan:
Qurilish va uy-joy kommunal xoʻjaligi vazirligi huzurida Arxitektura, qurilish, muhandislik va kommunal xoʻjalik sohalarida kadrlar tayyorlash (jumladan, maxsus maqsadli), qayta tayyorlash, malakasini oshirish va ularning malakasini baholash boʻyicha ixtisoslashgan davlat oliy taʼlim muassasasi shaklidagi Kompetensiyani rivojlantirish instituti (keyingi oʻrinlarda — institut), shuningdek, uning asosiy funksiyalarini amalga oshiruvchi tarkibiy boʻlinmalari — Arxitektorlar va muhandislar oliy maktabi, Qayta tayyorlash va malaka oshirish markazi, Malakani baholash markazi hamda ularning hududiy filiallari (yuridik shaxs maqomiga ega boʻlmagan) tashkil etilganligi;
2023-yil 1-oktabrdan boshlab shaharsozlik va uy-joy kommunal xoʻjaligi sohalaridagi mutaxassislarni (keyingi oʻrinlarda — mutaxassislar) ularning faoliyat yoʻnalishlari boʻyicha har uch yilda bir marta sertifikatlash tizimi joriy etilganligi;
mutaxassislarni sertifikatlash ishlarini tashkil etish boʻyicha ishchi organ funksiyasi institutga yuklanganligi maʼlumot va ijro uchun qabul qilinsin.
3. Belgilansinki, 2026-yil 1-yanvardan boshlab sertifikatga ega boʻlmagan:
mutaxassislarga xavflilik darajasi II, III va IV toifali qurilish obyektlarining, shuningdek, budjet tizimi budjetlari hisobidan moliyalashtiriladigan I toifali qurilish obyektlarining arxitektura-shaharsozlik hujjatlarini ishlab chiqish, shaharsozlik hujjatlarini ekspertizadan oʻtkazish, texnik nazoratni amalga oshirish, qurilish-montaj ishlari sifatini nazorat qilish va nazorat oʻlchovini amalga oshirish;
jismoniy shaxslarga koʻp kvartirali uylarning boshqaruv organlariga rahbarlik qilish taqiqlanadi.
4. Mutaxassislarni davriy sertifikatlashni joriy etishda ustuvor yoʻnalishlar sifatida quyidagilar belgilansin:
shaharsozlik hujjatlari shaharsozlik toʻgʻrisidagi qonunchilik hujjatlari talablariga, shaharsozlik, zilzilabardoshlik, muhandislik izlanishlar, yongʻinga qarshi hamda ekologik normalar va qoidalarga, sanitariya qoidalari va normalariga, gigiyena normativlariga muvofiqligi yuzasidan ekspertizadan oʻtkazish;
qurilish-montaj ishlarida pudratchi, buyurtmachi, loyihachi va qurilish organlari tomonidan shaharsozlik toʻgʻrisidagi qonunchilik hujjatlari, tasdiqlangan loyiha hujjatlari talablari buzilishining oldini olish, shuningdek, qurilish-montaj ishlarining xavfga uchrashi mumkinligi yuqori boʻlgan bosqichlarida davlat qurilish nazoratini olib borish;
obyektda qurilish-montaj ishlarini amalga oshirish uchun zarur shart-sharoitlar yaratish, obyektni oʻz muddatida foydalanishga topshirish yuzasidan shartnoma majburiyatini bajarish, birlamchi ruxsat beruvchi, loyihaoldi va loyiha hujjatlarini sifatli tayyorlash boʻyicha texnik nazoratni olib borish;
qurilish obyektining murakkablik, xavflilik darajalari va obyektga borish muntazamligidan kelib chiqib, obyektning texnologik, meʼmoriy-qurilish va boshqa texnik yechimlari, texnik-iqtisodiy koʻrsatkichlari tasdiqlangan loyiha hujjatlarida koʻzda tutilgan yechimlar hamda koʻrsatkichlarga muvofiqligi yuzasidan mualliflik nazoratini amalga oshirish;
qurilish obyektida haqiqatda bajarilgan fizik ish hajmlarni loyiha hujjatlari, oferta va bajarilgan ishlar toʻgʻrisidagi hisob-faktura asosida oʻlchovdan oʻtkazish, loyihadan chetga chiqish holatlarini aniqlash, haqiqatda bajarilib, hisobotlarda aks ettirilgan asbob-uskunalar va kommunikatsiya tizimlarining sinovdan oʻtkazilganligini hamda hisobotlarda arifmetik xatolarning mavjudligi va boshqa hisob-kitoblarni nazorat oʻlchovini oʻtkazgan holda tekshirish;
mutaxassislarning belgilangan malaka talablariga mosligini taʼminlash orqali ular bajarayotgan ishlar sifatini oshirish, sohada shaffoflik va raqobatbardoshlikni taʼminlash, xalqaro standartlarga mos ish yuritish mexanizmlarini bosqichma-bosqich joriy etib borish hamda aholining hayoti, salomatligi va xavfsizligini taʼminlash, mulkdorlar huquqini himoya qilishda mutaxassislar masʼuliyatini oshirish.
5. Qurilish va uy-joy kommunal xoʻjaligi vazirligi Oliy taʼlim, fan va innovatsiyalar vazirligi bilan birgalikda shaharsozlik va uy-joy kommunal xoʻjaligi sohalarida rivojlangan davlatlarda qoʻllanadigan taʼlim standartlari asosida sertifikatlanadigan mutaxassislarning malakasini oshirish boʻyicha quyidagi yoʻnalishlardagi oʻquv dasturlarini (keyingi oʻrinlarda — dastur) ishlab chiqsin va tasdiqlasin:
a) 2023-yil 1-oktabrga qadar:
loyiha boshqaruvini va texnik nazoratni, shu jumladan yoʻnalishlar boʻyicha nazoratni olib boruvchi mutaxassislar;
loyiha tashkilotlarining mualliflik nazoratini olib boruvchi mutaxassislar, shuningdek, loyiha bosh muhandislari va bosh arxitektorlari;
pudrat tashkilotlarining ichki nazoratini amalga oshiruvchi mutaxassislar boʻyicha;
b) 2024-yil 1-yanvarga qadar:
nazorat oʻlchovini amalga oshiruvchi mutaxassislar;
ekspert tashkilotlari ekspertlari;
koʻp kvartirali uylarni boshqarish organlari rahbari va sertifikatlash talab etiladigan xodimlari boʻyicha;
v) 2024-yil 1-aprelga qadar:
tuman (shahar) va viloyat arxitektorlari;
qurilish va uy-joy kommunal xoʻjaligi sohasida nazorat qilish hududiy inspeksiyalari inspektorlari boʻyicha.
6. Iqtisodiyot va moliya vazirligi Qurilish va uy-joy kommunal xoʻjaligi vazirligi tomonidan taqdim etilgan asoslangan hisob-kitoblarga muvofiq yuqori malakali xorijiy ekspertlarni jalb qilgan holda, ilgʻor xorijiy standartlar asosida dasturlarni va oʻquv kontentlari (oʻquv metodik materiallar, jumladan, oʻquv maʼruza matnlari, videodarslar, interfaol dasturlar, taqdimotlar, topshiriqlar, imtihon materiallari, oʻquv adabiyotlari, infografikalar)ni ishlab chiqish uchun zarur miqdordagi mablagʻlarni respublika budjeti hisobidan ajratsin.
7. Qurilish va uy-joy kommunal xoʻjaligi vazirligi Oliy taʼlim, fan va innovatsiyalar vazirligi bilan birgalikda institutda va uning hududiy filiallarida (keyingi oʻrinlarda — taʼlim muassasasi) qurilish sohasi mutaxassislarini oʻqitishni tashkil etsin.
8. Bilim va malakalarni baholash agentligi Oliy taʼlim, fan va innovatsiyalar vazirligi hamda Qurilish va uy-joy kommunal xoʻjaligi vazirligi bilan birgalikda 2023-yil 1-noyabrdan boshlab dastur asosida taʼlim olgan mutaxassislarning sohaviy bilimlarini test sinovidan oʻtkazib borish tizimini joriy etsin.
9. Raqamli texnologiyalar vazirligi Oliy taʼlim, fan va innovatsiyalar vazirligi, Qurilish va uy-joy kommunal xoʻjaligi vazirligi, Bilim va malakalarni baholash agentligi, boshqa mutasaddi vazirlik va idoralar bilan birgalikda bir oy muddatda:
Yagona interaktiv davlat xizmatlari portali orqali “Shaffof qurilish” milliy axborot tizimida taʼlim muassasasida oʻqib, test sinovlaridan oʻtgan mutaxassislarning sertifikat olishlarini;
test natijalari toʻgʻrisidagi axborotlarning “Shaffof qurilish” milliy axborot tizimida shakllantirilishini;
QR-kod qoʻyiladigan elektron tarzda shakllantiriladigan sertifikat testdan oʻtgan mutaxassislar tomonidan yuklab olinishini;
“Shaffof qurilish” milliy axborot tizimida avtomatik tarzda sertifikatlangan mutaxassislar reyestri shakllantirilishini nazarda tutuvchi, Bilim va malakalarni baholash agentligining maʼlumotlar bazasi bilan integratsiya qilinishini taʼminlovchi dasturiy taʼminot ishlab chiqilishini hamda joriy etilishini taʼminlasin.
10. Belgilab qoʻyilsinki:
Qurilish va uy-joy kommunal xoʻjaligi vazirligi, uning tizimidagi va soha tashkilotlarining buyurtmanomalari asosida Arxitektorlar va muhandislar oliy maktabida kadrlar toʻlov-kontrakt asosida maqsadli tayyorlanadi (turli shakllarda, qisqartirilgan muddatlarda) hamda uning bitiruvchilariga belgilangan tartibda davlat namunasidagi institut diplomi beriladi;
institutda mutaxassislik boʻyicha turdosh yoʻnalishlarda qayta tayyorlash kunduzgi taʼlim shakli boʻyicha oliy maʼlumotga hamda mutaxassisligi boʻyicha 3 yil va undan ortiq ish stajiga ega boʻlgan kadrlarni toʻlov-kontrakt asosida kamida olti oy muddat davomida oʻqitish va imtihon natijalari boʻyicha tegishli diplom bergan holda amalga oshiriladi;
institutda malaka oshirish jarayonlari Vazirlar Mahkamasining “Loyihalash va qurilish sohasidagi mutaxassislar malakasini oshirish tizimini yanada takomillashtirish toʻgʻrisida” 2019-yil 31-maydagi 451-son qarori asosida tashkil etiladi;
institut binosini uning faoliyatiga moslab rekonstruksiya qilish va jihozlash ishlari Oʻzbekiston Respublikasining 2023 — 2025-yillarga moʻljallangan ijtimoiy va ishlab chiqarish infratuzilmasini rivojlantirish dasturi doirasida markazlashgan kapital qoʻyilmalar hisobidan amalga oshiriladi.
11. Quyidagilar institutning asosiy vazifalari etib belgilansin:
shaharsozlik va uy-joy kommunal xoʻjaligi sohalariga (keyingi oʻrinlarda — sohalar) oid tegishli yoʻnalishlarda kadrlarni maqsadli maxsus tayyorlash, qayta tayyorlash va ularning malakasini oshirish;
kasbiy faoliyatni amalga oshirish uchun zarur boʻlgan kompetensiya tasdigʻini olishni xohlovchi jismoniy shaxslarning kasbiy bilim, koʻnikma va mahoratini baholash;
oʻqitishning zamonaviy shakllari, ilgʻor pedagogik va axborot texnologiyalari asosida nazariy tayyorgarlikning amaliyot bilan uzviy bogʻliqligini taʼminlashga qaratilgan oʻquv jarayonini tashkil etish;
talabalar va tinglovchilarning amaliyotini nufuzli mahalliy hamda xorijiy korxona va tashkilotlarda tashkil etish;
kafedralar va boʻlinmalarni tarmoq korxonalari, tashkilotlari va ilmiy-tadqiqot muassasalariga biriktirish hamda hamkorlikda professor-oʻqituvchilar, xodimlar, talabalar va tinglovchilarning amaliy koʻnikmalarini oshirish, tadqiqot natijalarini sinovdan oʻtkazish va ilmiy loyihalardagi ishtirokini yoʻlga qoʻyish;
talabalar va tinglovchilarga sohalardagi yangiliklarni, shaharsozlikka oid qonunchilik hamda texnik tartibga solishga oid normativ hujjatlarni mazmun-mohiyatini yetkazish;
sohalarda dolzarb masalalar boʻyicha fundamental, amaliy va innovatsion tadqiqotlar loyihalarini milliy, xorijiy va xalqaro grantlarni jalb qilgan holda amalga oshirish;
taʼlim va ilmiy jarayonga mahalliy va xorijiy mutaxassislarni keng jalb etish, ilgʻor pedagogik tajriba almashish borasida xalqaro hamkorlikni amalga oshirish;
tashkilot va korxonalar buyurtmalari asosida taʼlim xizmatlarini koʻrsatish hamda ilmiy-tadqiqotlar natijalarini tijoratlashtirish;
Qurilish va uy-joy kommunal xoʻjaligi vazirligi bilan kelishgan holda maxsus maqsadli tayyorlash, qayta tayyorlash va malaka oshirish dasturlari boʻyicha oʻqitish xarajatlari hamda mutaxassislar malakasini baholash boʻyicha toʻlovlar miqdorlarini belgilash.
12. Quyidagilar institut faoliyatini moliyalashtirish manbalari etib belgilansin:
toʻlov-shartnoma asosida oʻqitishdan tushadigan mablagʻlar;
talabgorlarning malakasini baholash xizmatlari uchun amalga oshiriladigan toʻlov mablagʻlari;
jismoniy va yuridik shaxslarning homiylik xayriyalari;
xalqaro moliya institutlari, xorijiy va donor tashkilotlarning grantlari;
taʼlim xizmatlari koʻrsatishdan, ilmiy-oʻquv, oʻquv-metodik, ilmiy va axborot-tahliliy mahsulotlarni ishlab chiqarishdan va boshqa faoliyat turlaridan olingan daromadlar;
Qurilish va uy-joy kommunal xoʻjaligi vazirligi faoliyatini qoʻllab-quvvatlash jamgʻarmasi mablagʻlari;
qonunchilik hujjatlarida taqiqlanmagan boshqa manbalar.
13. Qurilish va uy-joy kommunal xoʻjaligi vazirligi:
bir oy muddatda institut taʼsis hujjatlarining tasdiqlanishi va belgilangan tartibda davlat roʻyxatidan oʻtkazilishini taʼminlasin;
institutni malakali kadrlar bilan taʼminlash va uning moddiy-texnika bazasini shakllantirish choralarini koʻrsin;
institutda oʻquv platformalarini zamonaviy axborot-kommunikatsiya texnologiyalari va xorijiy tajriba asosida tashkil etish choralarini koʻrsin;
oʻquv kurslari boʻyicha oʻquv kontentlarini yaratish uchun malakali mahalliy va xorijiy mutaxassislarni jalb qilsin hamda ularni maʼruza matnlari, videodarslar, interfaol dasturlar, taqdimotlar, topshiriqlar, imtihon materiallari, oʻquv adabiyotlari, infografikalar bilan boyitish choralarini koʻrsin;
institut va uning hududiy filiallarida mutaxassislarni oʻqitishni tashkil etsin;
oʻquv jarayonlari uchun milliy trenerlar tayyorlash maqsadida ilgʻor xorijiy mamlakatlardan sohalar boʻyicha yuqori malakali mutaxassislarni jalb etsin;
“Shaffof qurilish” milliy axborot tizimi orqali mutaxassislarga sertifikatlar berilishini taʼminlasin.
14. Mazkur qarorning bajarilishini nazorat qilish Oʻzbekiston Respublikasi Bosh vazirining oʻrinbosari A.J. Ramatov hamda qurilish va uy-joy kommunal xoʻjaligi vaziri B.I. Zakirov zimmasiga yuklansin.
Oʻzbekiston Respublikasining Bosh vaziri A. ARIPOV
Toshkent sh.,
2023-yil 11-sentabr,
460-son