📅 2023-yil 11-sentabr · Vazirlar Mahkamasi qarorlari
Rasmiy matn. Rasmiy hujjat. Tahririy izohlar kiritilmagan.
📅 2023-yil 11-sentabr · Vazirlar Mahkamasi qarorlari
Rasmiy matn. Rasmiy hujjat. Tahririy izohlar kiritilmagan.
📅 2023 йил 11 сентябрь · Вазирлар Маҳкамаси қарорлари
Расмий матн. Расмий ҳужжат. Таҳририй изоҳлар киритилмаган.
📅 11 сентября 2023 г. · Постановления Кабинета Министров
Официальный текст. Официальный документ. Редакционные примечания не включены.
📅 11 September 2023 · Cabinet of Ministers resolutions
Official text. Official document. Editorial notes are not included.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг
қарори
қоидалари
ҚОИДАЛАРИ
ҚОИДАЛАРИ
Ўзбекистон Республикаси кемачилиги соҳасида хавфсизликни таъминлашга оид чора-тадбирлар тўғрисида
Ўзбекистон Республикасининг кема қатнайдиган ички сув йўлларида, табиий ва сунъий барпо этилган сув ҳавзаларида сузиш хавфсизлигини ва юкларнинг ишончли ташилишини таъминлаш, инсон ҳаётини муҳофаза қилиш ҳамда кемачилик фаолиятини такомиллаштириш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:
1. Қуйидагиларни назарда тутувчи:
а) Ўзбекистон Республикасининг ички кема йўлларида сузиш қоидалари 1-иловага мувофиқ тасдиқлансин:
сув йўллари, табиий ва сунъий барпо этилган сув ҳавзаларида кемаларнинг ҳаракатланиш тартиби;
кемаларнинг жиҳозлари, қурилмалари ва тизимларидан фойдаланишга доир талаблар;
кемалар, таркиблар габаритлари ва сув йўлларининг ҳолатига умумий талаблар;
кемада сузиш хавфсизлигини таъминлаш ва ёрдам кўрсатиш чоралари;
б) Дарё транспортини техник ишлатиш қоидалари 2-иловага мувофиқ тасдиқлансин:
кемаларни техник ишлатиш бўйича асосий талаблар;
кемаларга техник хизмат кўрсатиш ва уларни таъмирлаш қоидалари;
кемаларни техник назоратдан ўтказиш ва уларни текшириш тартиби;
кемаларни таъмирлаш ва узоқ муддатга сақлаш учун фойдаланишдан чиқаришга доир талаблар ва шартлар;
в) Дарё транспортида юк ташиш қоидалари 3-иловага мувофиқ тасдиқлансин:
кемаларда юкларни ташишни ташкил этишга оид талаб ва шартлар;
юк ташишни давлат томонидан назорат қилиш тартиби;
юкларни қабул қилиш, жўнатиш, топшириш, кемаларга юклаш ва ҳужжатларни расмийлаштириш тартиби;
юк ташиш муносабатлари иштирокчиларининг жавобгарлиги.
2. Транспорт вазирлиги манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда ўзлари қабул қилган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни бир ой муддатда ушбу қарорга мувофиқлаштирсин.
3. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари А.Ж. Раматов ва транспорт вазири И.Р. Махкамов зиммасига юклансин.
Вазирлар Маҳкамасининг 2023 йил 11 сентябрдаги 462-сон қарорига 1-ИЛОВА
Ўзбекистон Республикасининг ички кема йўлларида сузиш
1-боб. Умумий қоидалар
1. Ушбу Ўзбекистон Республикасининг ички кема йўлларида сузиш қоидалари (кейинги ўринларда — Қоидалар) Ўзбекистон Республикасининг кема қатнайдиган сув йўлларида ҳамда табиий ва сунъий барпо этилган сув ҳавзаларида кемалар ҳаракатланишининг ягона тартибини белгилайди.
2. Қоидаларда қуйидаги асосий тушунча ва атамалардан фойдаланилади:
айланиб олиш — кеманинг тескари курсга бурилиб олиши;
айрилиш — қарама-қарши ҳаракатланиш ёки ўзиб кетиш даврида кеманинг бошқа кемага нисбатан манёвр қилиб ўтиши;
давлат назорат органлари мансабдор шахслари — Ўзбекистон Республикаси Транспорт вазирлиги ҳузуридаги Транспорт назорати инспекциясининг кемаларни, Фавқулодда вазиятлар вазирлигининг кичик ҳажмли кемаларни назорат қилиш ваколати берилган мансабдор шахслари;
елканли кема — шамол кучининг елканларга таъсири натижасида ҳаракатга келувчи кема. Двигателга эга бўлган елканли кемада двигателдан фойдаланмасдан, елкан ёрдамида ҳаракатланувчи кема;
кемачилик — ички кема йўлларида кемалардан фойдаланган ҳолда юк, йўловчи ва багаж, почта жўнатмаларини ташиш, кема ва бошқа сузувчи воситаларни шатакка олиш, қидирув ишларини амалга ошириш, фойдали қазилмаларни қидириш ва қазиш, қурилиш, йўл, гидротехник, сув ости техник ишларини бажариш, қутқарув ишлари, сув объектларини муҳофаза қилиш, уларни ифлослантиришнинг олдини олиш бўйича тадбирларни амалга ошириш, чўккан мулкни кўтариб олиш, балиқ овлаш, назорат, илмий изланиш, ўқув, спорт, маданий ва бошқа мақсадлар учун тадбирлар ўтказиш билан боғлиқ бўлган фаолият;
кема — кемачилик мақсадида фойдаланиладиган, асосий двигателининг қуввати 55 кВт (75 от кучи) ва ундан ортиқ, йўловчи сиғими 12 киши ва ундан ортиқ бўлган ўзиюрар, юк кўтариш қобилияти 80 регистр тонна ва ундан ортиқ бўлган ўзиюрмас сузиш воситалари;
кичик ҳажмли кема — асосий двигателининг қуввати 55 кВт (75 от кучи) ва йўловчи сиғими 12 кишидан ортиқ бўлмаган ўзиюрар кемалар, моторларнинг қуввати ва сонидан қатъи назар, осма моторли кемалар, сув мотоцикллари (гидроцикллар), юк кўтариш қобилияти 80 регистр тоннадан ортиқ бўлмаган ўзиюрмас кемалар (эшкакли қайиқлар ва сув велосипедлари (катамаранлар)), елканли кемалар, ҳаво босими билан тўлдириладиган ёки шишириладиган моторсиз эшкакли қайиқлар;
кема гувоҳномаси — кемага мулк ҳуқуқини белгиловчи ва кемада мавжуд бўлиши шарт ҳисобланган ҳужжат;
кема ҳайдовчиси гувоҳномаси — кема ёки кичик ҳажмли кемаларни бошқариш ҳуқуқига эга эканлигини тасдиқловчи ҳужжат;
кема юрадиган йўл — кемаларнинг ҳаракатланиши учун мўлжалланган ва жойларда ҳамда (ёки) харитада белгилаб қўйилган ички кема йўллари;
кема юрадиган йўл чизиғи — кема юрадиган йўлнинг кенглиги бўйича чегараловчи шартли чизиқ;
кема юрадиган асосий йўл — сув ҳавзаларининг кемалар юрадиган бошқа йўлларига нисбатан асосий ҳисобланган йўл;
кечув — одамларни, юкларни, автомашиналарни, ҳайвонларни дарёнинг ёки каналнинг бир қирғоғидан бошқа қирғоғига ўтказиш учун мўлжалланган сузиш воситалари (эшкакли, моторли қайиқлар, паромлар, баржалар, понтонлар, катерлар);
Кемачилик регистри инспектори — Ўзбекистон Республикаси Транспорт вазирлиги ҳузуридаги Транспорт назорати инспекцияси ва унинг ҳудудий бўлинмаларидаги сув транспорти бўйича мансабдор шахслар;
Кичик ҳажмли кемалар инспекциясининг инспектори — Ўзбекистон Республикаси Фавқулодда вазиятлар вазирлиги Кичик ҳажмли кемалар инспекциясининг бошлиғи, катта офицери ва бош мутахассиси, шунингдек, фавқулодда вазиятлар ҳудудий бошқармаларининг бош инспекторлари, Кичик ҳажмли кемалар инспекциясининг мансабдор шахси;
навигация чироқлари — кемаларнинг ҳаракатланиш даврида барча ҳаракат қатнашчиларини турли рангдаги нур таратиш орқали бўлиб турган вазият тўғрисида ахборот етказувчи махсус ёритиш чироқлари;
Регистр қоидалари — кемалардан фойдаланиш, уларни таъмирлаш ва қуриш даврида техник талаблар белгиланган норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар;
сол — ёғочлардан, қувурлардан ёки уларни сув бўйича ташиш учун бир-бири билан ўзаро боғланган буюмлардан ташкил этилган сузиш воситаси;
тезюрар кема — соатига 30 км ва ундан ортиқ тезликка эриша оладиган кема;
траверз — кема курсига ёки унинг диаметрал текислигига перпендикуляр бўлган йўналиш. Бирор-бир объектнинг траверзида бўлиш — бу объектга йўналтирилган чизиқда бўлиш ва кема курси билан тўғри бурчак ҳосил қилиш;
фарватер — сув ҳавзасидаги қатнов (навигация) жиҳатдан хавфсиз бўлган кема ўтиш йўли;
хавфсиз тезлик — манёвр қилиш ва вазият талабларидан келиб чиқиб, белгиланган масофа чегарасида кемани тўхтатиш имконини бериш учун танланган тезлик;
хос рақам — кема реестрига киритилган ва ҳар бир кема учун бериладиган рақам;
шатакланувчи таркиб — арқон ёрдамида шатакка олинувчи, шатакка олиш учун банд бўлган шатакловчи кема (кемалар) қўшилган ҳолда бир ёки бир нечта бир-бирига ўзаро боғланган кемалар, соллар, баржалар ва бошқа сузиш воситалари;
энг кичик тезлик — кеманинг мавжуд шароитларда ва вазиятларда бошқаришни сақлайдиган тезликда ҳаракатланиши;
юқорига ҳаракатланаётган кема — сув оқимига қарши ҳаракатни амалга ошираётган кема:
дарёларда — этагидан бошига қараб;
сув омборларида — кема юрадиган асосий йўлда ва тўғондан сув қуйилиш жойига қараб, бошқа қўшимча йўлларда — кема юрадиган асосий йўлдан қирғоққа қараб;
канал ва кўлларда — шартли оқимга қарши ҳаракатланаётган кема;
ўзиюрар кема — механик қурилма ёрдамида ҳаракатга келтирилувчи кема;
ўзиюрмас кема — мустақил ҳаракатланиш учун механик қурилмага эга бўлмаган кема;
ўтказиб юбориш — кемалардан бирортаси айрилиш учун тўхташи ёки тезликни энг кичик тезликкача камайтириш ва хавфсиз айрилиш учун турли манёврларни бажариш;
қуйига ҳаракатланаётган кема — оқим бўйлаб ҳаракатланаётган кема;
ҳаракатланиш чизиғи — кема юрадиган йўлнинг ўқи ва ўнг ёки чап томон чеккаси орасидаги қисми;
ҳаракатдаги кема — лангарда турмаган, қирғоққа, причалга боғлаб қўйилмаган ва саёзликка ўтириб қолмаган кема;
чегара наряди — Давлат чегарасини қўриқлаш ва ҳимоя қилиш вазифасини бажарувчи бир ёки бир нечта ҳарбий хизматчи.
3. Ички кема йўлларида ҳаракатланувчи кемалар бошқа ҳаракатланувчи сув транспорти воситаларининг ҳаракатланишига хавф туғдирмаслиги керак.
Тегишли ваколатга эга бўлмаган юридик ва жисмоний шахсларнинг навигация белгиларини ва хавфсиз ҳаракатланишни ташкил этишнинг техник воситаларини ўзбошимчалик билан олиб ташлаши, ўрнатиши, тўсиб қўйиши ва шикастлантиришига йўл қўйилмайди.
4. Кемаларнинг ва таркибларнинг габаритлари йўл габаритларига мос бўлиши керак. Ушбу талабларни бажармаганлик учун қуйидаги мансабдор шахслар жавобгар ҳисобланадилар:
диспетчер — габарити мос бўлмаган кема ва таркибни қатновга чиқариш тўғрисида берган буйруғи учун;
рейд капитани — таркибга кемаларни нотўғри жойлаштиргани ва габарити мос бўлмаган таркибни шакллантиргани учун;
кема капитани — габарити мос бўлмаган таркибни шатакка қабул қилгани ва қатновга чиққани учун.
5. Кемаларнинг механизмлари, жиҳозлари, қурилмалари, тизимлари ва таъминоти техник лойиҳа ҳужжатларига мувофиқ бўлиши, техник ҳолати сузишнинг турли шароитларида хавфсиз ишлатилишини таъминлаши, фойдаланиш шартларига мувофиқ малакали ва етарли экипаж билан бутланган бўлиши шарт.
6. Кема реестрига киритилган кемалардан ички кема йўлларида фойдаланишга белгиланган тартибда рухсат этилади.
7. Ички кема йўлларида фақат Ўзбекистон Республикаси байроғи остида сузишга йўл қўйилади.
8. Кемалар сузиш даврида Кемачилик регистри инспектори томонидан берилган сузишга яроқли эканлиги тўғрисида гувоҳнома, классификация гувоҳномаси ва кема журналлари (штатлар жадвали, кема экипажининг рўйхати (кема рўйхати), кемани кўрикдан ўтказиш китоби, вахта журнали, текширувчи шахсларнинг таклиф-тавсия журнали, ёнғин-назорат формуляри ёки формулярни алмаштирувчи бошқа ҳужжат, радиожурнал — агар кемада радиостанция ўрнатилган бўлса, мазкур Қоидалар, кемани хавфсиз бошқариш бўйича йўриқномалар, тревогалар жадвалига (ёнғин, сув, бортдан ташқарида одам) эга бўлиши керак.
2-боб. Кемачилик жиҳозлари, навигация чироқлари, кўриш ва товуш сигналлари
1-§. Умумий қоидалар
9. Кема эгалари қуёш ботишидан чиққунга қадар (тунда) ҳамда кўриниш чекланган вақтда (туман, чанг-тўзон, кучли ёғингарчилик) навигация чироқларидан фойдаланишлари шарт.
Навигация чироқлари каби қабул қилиниши мумкин бўлган ёки уларнинг кўринишини қийинлаштирадиган, назорат қилишга халақит берадиган бошқа чироқлар ўрнатилишига йўл қўйилмайди.
10. Навигация белгиларидан қуёш чиққандан ботгунга қадар (кундуз куни) фойдаланилади.
11. Кема таъмирлаш корхоналарининг сув йўлларида ёки тўхтаб туриш жойларида кема юрадиган сув йўллари чегарасидан ташқарида, таъмирга ёки узоқ муддатга тўхтаб турган кемалар, агар улар бошқа кемаларнинг ҳаракатланишига тўсқинлик қилмаса, белгиланган навигация чироқлари ва белгилари билан жиҳозланмаслиги мумкин.
12. Кичик ҳажмли ва елканли кемалар ўзларининг техник паспортларига мувофиқ белгиланган навигация чироқлари ва белгиларига эга бўлиши шарт.
2-§. Навигация чироқлари
13. Ички кема йўлларида сузувчи кемалар қуйидаги навигация чироқларига эга бўлиши шарт:
а) «тепа чироғи» — кеманинг диаметрал текислиги бўйича жойлашган, олд томонидан ўнг ва чап бортлардаги траверзнинг орқасига 22.5 градусгача горизонтни камида 8 км масофада узлуксиз нур билан 225 градус ёритадиган оқ чироқ.
«Тепа чироғи» қуйидагича ўрнатилади:
узунлиги 30 метрдан ортиқ бўлган кемаларда — юқори саҳнадан камида 6 метр баландликда ёки саҳнадаги юклардан 4 метр баландликда;
узунлиги 30 метрдан кам бўлган кемаларда — устқурмадан камида 2 метр баландликда;
«Тепа чироғи» (агар улар бир нечта бўлса, улардан пастдагиси), ҳар қандай ҳолатда ҳам борт чироқларидан камида 1 метр баландликда ва улардан олдин ўрнатилган бўлиши шарт.
Кема кўприклар, ҳаво ўтказгичлар (қувурлар, алоқа ва электр кабеллари) тагидан ўтиш учун тепа чироқлари ўрнатилган мачтани ётқизишга мажбур бўлганда, кема олд қисмида захира «тепа чироғи»ни олиб юриши мумкин.
Агар мачтада бир нечта сигнал чироқлари кўтарилса, унда вертикал бўйича уларнинг ораси 1 метрдан кам бўлмаслиги шарт;
б) «Борт чироқлари» — ўнг бортдаги яшил ва чап бортдаги қизил чироқлар; олд томонидан ҳар қайси бортдаги траверзнинг орқасига 22.5 градусгача горизонтни камида 4 км масофада узлуксиз нур билан 112.5 градус ёритади;
в) «Орқа чироқ» (гак чироғи) — кеманинг орқа қисмига жойлаштирилган, узлуксиз айланма нур билан горизонтни 135 градус ёритувчи, тўғри йўналтирилган ва орқани ҳар қайси борт бўйлаб камида 4 км масофада узлуксиз нур билан ёритувчи оқ чироқ;
г) «Гакаборт чироқлари» (кўндаланг қисми) горизонтни камида 4 км масофада 180 градус узлуксиз айланма нур билан ёритувчи чироқ. Бу чироқлар траверзнинг олдидан кўринмаслиги ва гак чироқларидан камида 0.5 метр пастда, имкон даражада бортларга яқин ўрнатилиши шарт;
д) «Айланма (клотик) чироғи» — горизонтни 360 градусда камида 4 км масофада айланма нур билан ёритадиган чироқ;
е) «Чақнайдиган ёғдули (импульсли ёғду)» — кема траверзидан унинг олдига томон тунда 4 кмдан кам бўлмаган, кундузи 2 кмдан кам бўлмаган масофани 112.5 градусда (диаметрал текисликни 22.5 градус ёпиб) айланма нур билан ёритадиган чақнайдиган оқ чироқ.
Чақнайдиган импульсли ёғду кечаси ҳам, кундузи ҳам қўлланилади, ёки чақнайдиган ёғду кундузи катталиги 0.6 м 2 бўлган тўртбурчак оқ байроқ билан алмаштирилади.
14. Ўзиюрмас кемалар, земснарядлар ва дебаркадерларнинг мачтасидаги навигация чироқлари айланма нур билан камида 4 км масофани 360 градус ёритиб туриши шарт.
15. Навигация чироқлари ва товушли сигналлар қурилмаларининг конструкцияси, техник характеристикаси ва кемаларга жойлаштирилиши техник лойиҳа ҳужжатларига мувофиқ бўлиши шарт.
3-§. Ҳаракатдаги ва тўхтаб турган ўзиюрар якка кемаларнинг навигация чироқлари ва белгилари
16. Ҳаракатдаги ўзиюрар якка кема қуйидаги навигация чироқлари билан жиҳозланган бўлиши шарт:
олдинги мачтада кўтариладиган оқ тепа чироғи;
борт чироқлари — махсус қалқонлар билан олдинга 1 метр чиқариб ва кеманинг бошқа бортидан бу чироқларнинг бирортасини кўриш мумкин бўлмайдиган қилиб ўрнатилган ўнг бортида яшил, чап бортида қизил чироқлар. Узунлиги 30 метрдан кам бўлган кемалар учун қалқонлар 0.5 метрга қисқартирилиши мумкин.
17. Кеманинг диаметрал текислигида ёки устқурмасига орқа томондан ўрнатиладиган гак оқ чироғи, эни 5 метрдан ортиқ бўлган кемаларнинг орқа томон устқурмалари деворларига иккита оқ гакаборт чироғи ўрнатилиши шарт.
18. 1-класс нефть маҳсулотлари, портлашга хавфли ёки заҳарли воситалар, ёнғинга хавфли маҳсулотлар билан юкланган ўзиюрар кема (қуруқ юк ташийдиган ёки танкер) ҳаракат даврида борт, гак, гакаборт ва мачтада вертикал бўйича бир-бирининг тагида жойлашган учта тепа чироғини ёқиб юриши ва уларнинг юқоридагиси оқ, иккита пастдагиси эса қизил бўлиши шарт.
Кундуз куни кемада вертикаль жойлашган, ҳар бирининг катталиги 1 м 2 бўлган иккита тўртбурчак қизил байроқ бўлиши шарт.
19. 2, 3, 4-класс нефть маҳсулотлари юкланган (ёки уларнинг қолдиғи бўлган) юк кемаси ҳаракат даврида борт, гак ва гакаборт чироқларини ва мачтада бир-бирига вертикал ўрнатилган иккита тепа чироқларини ёқиб юради.
Чироқларнинг баланддагиси оқ — пастдагиси қизил бўлиши, кундуз куни бундай кема мачтасида катталиги 1 м 2 бўлган тўртбурчак қизил байроқ бўлиши шарт.
20. Ёнғин ўчирувчи кема ёнғинни ўчириш ёки ҳалокатга учраган кемага ёрдам бериш учун бораётган вақтда унда борт, гак ва гакаборт чироқлари, ундан ташқари мачтада 1 та қизил «тепа чироғи» бўлиши, кундуз куни олдинги мачтасида катталиги 1 м 2 бўлган 1 та тўртбурчак қизил байроқ кўтарилган бўлиши шарт.
Ички кема йўлларида ҳаракатланаётган барча кемалар ёнғин ўчирувчи кеманинг эркин ва тўсқинликсиз ўтиб кетишини таъминлаши шарт.
21. Бир қирғоқдан бошқа қирғоққа кечув ишларини амалга оширувчи ўзиюрар кемалар ҳаракатланиш ва тўхтаб туриш даврида ўзиюрар кемалар каби навигация чироқлари ва белгиларига эга бўлиши шарт.
22. Арқонли кечув паромининг мачтасида ёки устунида 4 метр масофадан горизонт бўйлаб 360 градусда кўриниб турадиган оқ рангли чироқ бўлиши шарт.
Қирғоқнинг икки томонида арқоннинг учига яқин жойда арқоннинг ҳолатини кўрсатиб турувчи оқ ёрқин чироқ ёқиб қўйилган, чироқнинг нурлари ўтиб кетаётган бошқа кемаларни бошқаришга халақит бермаслиги учун чироқлар тепасидан ҳимоя қалпоқлари билан тўсиб қўйилган бўлиши шарт.
Кечув паромига хизмат кўрсатувчи ходимлар доимо кемаларнинг ҳаракатини назорат қилиб туриши ва уларнинг ўтиб кетиши учун йўлни ўз вақтида бўшатиши, қирғоқда тўхтаб турган вақтда эса арқонни сувнинг тубига тушириб қўйиши шарт.
23. Ўзиюрар кемалар тўхтаб туриш вақтида қуйидаги чироқларга эга бўлиши шарт:
узунлиги 30 метр ва эни 5 метрдан ортиқ бўлган юк кемалари — олдинги мачтада горизонт бўйлаб 360 градусда кўринадиган битта оқ клотик чироғи, юриш кўприкчасининг четида юриш томонидан битта 180 градус атрофида кўринадиган оқ чироқ ва гакаборт чироқлари;
узунлиги 30 метр ва эни 5 метрдан кам бўлган юк кемалари тўхтаб турганда, мачтада горизонт бўйлаб 360 градусда кўринадиган битта айланма оқ чироқ;
кундуз куни лангарда тўхтаб турганда — олд қисмининг яхши кўринадиган жойда қора шар.
24. 1-класс нефть маҳсулотлари ҳамда ёнғинга хавфли, портловчи ёки заҳарли воситалар юкланган ўзиюрар кемаларнинг олдинги мачтасида иккита қизил чироқ, 2, 3 ва 4-класс нефть маҳсулотлари юкланган кемаларда — горизонт бўйлаб 360 градусда кўринадиган битта қизил чироқ ва қўшимча олд устунда фальшбортдан 2 метр баландликда оқ чироқ, юриш кўприкчасининг юриш томонидан битта оқ чироқ ва гакаборт чироқлари, кундуз куни эса тўртбурчак қизил байроқ бўлиши шарт.
25. Саёзликка ўтириб қолган ўзиюрар кема ўзи учун белгиланган тўхтаб туриш чироқларини, бундан ташқари унинг ёнидан бошқа кемаларнинг ўтиш имкони бўлса, сузувчан навигация белгиси баландлигидаги кема қисмида, кема юрадиган йўлга чиқиб турган — айланма оқ чироқ, агар ўтишнинг имкони бўлмаса — 3 та айланма қизил чироқ, кундуз куни — кўринадиган жойга вертикал жойлашган 3 та қора шар ёки шунга ўхшаш буюм ўрнатиши лозим.
26. 1-класс нефть маҳсулотлари юкланган кемаларнинг ёнида навбатчилик қилувчи теплоходларда ҳаракатланиш давридаги каби тепа чироқлари бўлиши шарт.
4-§. Арқонда ва борт ёнида шатакка олиш
27. Бошқа кемани арқонда шатакка олган кемада борт, гак ва гакаборт чироқлари ва ундан ташқари қуйидагилар бўлиши шарт:
қуруқ юк ташувчи кемаларни шатакка олиш даврида — олдинги мачтада вертикал жойлашган иккита оқ тепа чироғи;
1-класс нефть юклари ҳамда ёнғинга хавфли, портловчи ёки заҳарли воситалар юкланган ўзиюрар кемалар 3 та вертикал жойлашган тепа чироқ — битта оқ ва ундан юқорида иккита қизил чироқ, кундуз куни шатакка олган ва шатакланувчи кеманинг олдинги мачтасида иккитадан вертикал жойлашган, катталиги 1 м 2 бўлган тўртбурчак қизил байроқ бўлиши шарт;
2, 3, 4-класс нефть маҳсулотлари юкланган (ёки уларнинг қолдиғи бўлган) кемаларни шатакка олганда, мачтада иккита вертикал жойлашган тепа чироқлари — битта оқ ва ундан юқорида қизил чироқ, кундуз куни шатакловчи ва шатакка олинувчи кемаларнинг олдинги мачталарида катталиги 1 м 2 бўлган биттадан тўртбурчак қизил байроқ бўлиши шарт.
28. Таркибларни иккита шатакловчи билан шатакка олган кемаларда қуйидаги чироқлар бўлиши шарт:
шатакка олган кемалар изма-из (кильватерда) бораётган бўлса, олдингисида мазкур Қоидаларда кўзда тутилган борт, гак ва гакаборт чироқлари ва ундан ташқари мачтада шатакка олинган таркибдаги юкнинг турига қараб тепа чироқлари, шатакланувчи кемада борт чироқларидан ташқари олдинга юраётган кема каби чироқлар ва сигналлар бўлиши, айрилиш ва ўзиб кетиш вақтида ҳеч қандай товушли сигналларни бермаслиги ва байроқчани силтамаслиги шарт.
Олдинда ҳаракатланаётган шатакловчи кеманинг вахта бошлиғи таркиб ҳаракатини бошқариш, кўриш ва товушли сигналларни бериш учун жавобгар ҳисобланади.
Ёрдам кўрсатиш даврида (саёзликдан чиқариб олиш) ҳар бир шатакловчи ўзи учун мумкин бўлган сигнал чироқларини мустақил ёқиб боради.
Таркибни бошқариш учун жавобгар ёрдам кўрсатиш бўйича ишларга раҳбарлик қилаётган шахс ҳисобланади.
29. Бортлари билан ўзаро боғланган кемаларда ички борт чироқларидан ташқари уларнинг ҳар бири учун мумкин бўлган фарқловчи чироқлар ёқилган бўлиши шарт.
Товушли ва ёғдули сигналларни бериш, таркиб ҳаракатини хавфсиз бошқариш учун жавобгарлик шатакка олган кема экипажига юкланади.
30. Шатакка олган кемалардан бирининг борти ёнига боғланган ўзиюрар кеманинг мачтасида битта оқ «тепа чироқ», юриш кўприкчасининг юрадиган томонининг чекка қисмидан битта оқ чироқ, гак ва гакаборт чироқлари ёқилган бўлиши шарт.
31. Бошқа кемани борти ёнида шатакка олиб бораётган кемада гак ва гакаборт чироқлари, мачтада вертикал жойлашган учта тепа — иккита оқ ва уларнинг орасида битта яшил чироқ, шатакка олинган кеманинг мачтасида горизонт бўйлаб 360 градусда кўринадиган битта оқ ва борт ташқарисида битта оқ чироқ бўлиши шарт.
2, 3 ва 4-класс нефть маҳсулотлари юкланган бошқа кеманинг борти ёнида шатакка олган кемада яшил «тепа чироғи» қизил чироққа, шатакка олинган кеманинг мачтасидаги оқ чироқ эса қизил чироққа алмаштирилиши шарт.
32. Кичик шатакка олувчи, шатакка олиш усулидан қатъи назар ва ўзиюрар кичик кемада ҳаракатланиш даврида борт, гак ва гакаборт чироқлари, мачтасида иккита вертикал жойлашган — битта оқ ва ундан юқорида яшил «тепа чироқ» ёқилган бўлиши шарт.
33. Шатаклаш билан банд бўлган механик двигателга эга бўлган кемада қуйидаги чироқлар ёқилган бўлиши шарт:
асоси пастга йўналтирилган учбурчак шаклида жойлашган учта тепа чироқ, улардан юқоридагиси диаметрал текисликда жойлашган бўлиши шарт;
борт чироқларининг асоси пастга йўналтирилган учбурчак шаклида жойлашган учта орқадаги чироқлар бўлиши, кеманинг эни 5 метр ва ундан кам бўлса — фақат битта гак чироғи бўлиши шарт.
34. Нефть маҳсулотлари юкланган ёки уларнинг қолдиғи бўлган, портловчи ва заҳарли воситалар юкланган кемаларни шатаклаш билан банд бўлган механик двигателга эга кемада айрилиш ва ўзиб кетиш даврида мазкур Қоидаларнинг 33-бандида кўрсатилган чироқлардан ташқари битта доирасимон қизил чироқ бўлиши шарт.
5-§. Ўзиюрмас кемаларни шатакка олиш ва тўхтаб туриш
35. Ўзиюрмас кемалар изма-из ёки борт ёнида шатакка олинганда ҳамда тўхтаб турган даврида (шатакка олувчи билан ёки уларсиз) қуйидаги чироқларга эга бўлиши шарт:
узунлиги 50 метргача бўлган кемалар — саҳнадаги юкдан камида 2 метр баландликда, горизонт бўйлаб 360 градусда кўриниб турадиган битта оқ чироққа;
узунлиги 50 метрдан ортиқ бўлган кемалар — саҳнадаги юкдан камида 2 метр баландликда, олд ва орқа қисмида горизонт бўйлаб 360 градусда кўриниб турадиган биттадан оқ чироққа;
умумий узунлиги 50 метрдан ортиқ, бир нечта кемадан иборат бўлган таркибни шатакка олиш даврида ҳар бир кеманинг олд қисмида биттадан оқ чироқ ва орқадаги кеманинг орқа қисмида горизонт бўйлаб 360 градусда кўриниб турадиган оқ чироққа;
1-класс нефть маҳсулотлари ҳамда портловчи ёки заҳарли воситалар юкланган кемаларда, уларнинг узунлиги ва таркибдаги кемалар сонидан қатъи назар, мачтада вертикал жойлашган иккита қизил чироқ, олд ва орқа флагштокларда биттадан оқ чироқ, кундуз куни эса мачтада катталиги 1 м 2 бўлган иккита тўртбурчак қизил байроқ бўлиши шарт. Барча чироқлар горизонт бўйлаб 360 градусда кўриниб турадиган бўлиши шарт;
2, 3, 4-класс ёнғиндан хавфли маҳсулотлар юкланган кемаларда, уларнинг узунлиги ва таркибдаги кемалар сонидан қатъи назар мачтада битта қизил чироқ, олд ва орқа устунларда биттадан оқ чироқ, кундуз куни эса мачтада катталиги 1 м 2 бўлган битта тўртбурчак қизил байроқ, барча чироқлар горизонт бўйлаб 360 градусда кўриниб турадиган бўлиши шарт.
36. Ўзиюрмас кемалар тўхтаб турган даврда улар арқонда шатакка олиниб ҳаракатланиш давридаги каби чироқларга эга бўлиши шарт.
37. Қирғоқ ёнида бир-бирига бирлаштириб боғлаб қўйилган кемалар гуруҳининг сигнал чироқлари кема йўли томонига турган барча олдиндаги кемаларнинг олд қисмида, орқада турганларининг орқа қисмида биттадан оқ чироқ бўлиши шарт.
38. Нефтни бир жойдан бошқа жойга ташувчи, нефть бункер кемалари ва тозалаш станциялари, нефть маҳсулотлари юкланадиган тегишли катталикдаги ўзиюрмас кемалар каби чироқ ва белгиларга эга бўлиши шарт.
39. Дебаркадернинг мачтасида битта доирасимон оқ чироқ ва кема юрадиган йўл томонидан кўринадиган устқурма деворида битта оқ чироқ бўлиши шарт.
40. Арқонли кечув паромида у тўхтаб турганида ва бир қирғоқдан бошқа қирғоққа ҳаракат қилиш даврида доирасимон битта оқ чироқ бўлиши, арқоннинг ҳар икки томонидан, устки қисми ҳимояловчи соябон билан ёпилган ва чироқлар ёрдамида ёритиб кўрсатилган бўлиши шарт.
41. Узунлиги 50 метрдан кам бўлган сузувчи понтонлар, насос станциялари, чўмилиш учун мўлжалланган жойларда кема юрадиган йўл томонга битта айланма оқ чироқ, узунлиги 50 метр ва ундан ортиқ бўлганда — ҳар 50 метрга айланма оқ чироқлар ўрнатилган бўлиши шарт.
42. Солларнинг узунлиги 60 метрдан кам бўлганда — солнинг юриш қисмига айланма битта оқ чироқ: агар солнинг узунлиги 60 метрдан ортиқ бўлса — солнинг узунлиги бўйлаб, ҳар 60 метрга айланма чироқлар бўлиши шарт.
43. Соллар таркибига яқинлашаётган бошқа соллар кемалари ва шатак арқонлари солларни шатакка олган кеманинг прожектори ёрдамида ёритилиши шарт.
44. Соллар кемалар юриш йўлида тўхтаб турган вақтда ҳаракатланувчи кемалар каби чироқларни ёқиши шарт.
6-§. Техник флот кемалари
45. Сув тубини чуқурлаштирувчи ва тозаловчи ҳар қандай конструкцияга эга земснарядларда қуйидаги чироқлар бўлиши шарт:
мачтада горизонт бўйлаб 360 градусда кўриниб турадиган битта яшил чироқ;
тупроқни ўнг соҳилга ташлайдиган рефулерли земснарядларда кема йўли томонидан кеманинг олд ва орқа қисмларида жойлашган тент баландлигида иккита доирасимон қизил чироқ, чап қирғоқда ташлаш даврида худди шу жойларда иккита оқ чироқ;
ўнг қирғоққа ишлаган даврда биттадан қизил ёки чап қирғоққа ишлаган даврда қувурлар (понтонлар) узунлигида ҳар 50 метр масофада биттадан оқ чироқ;
земснарядни ушлаб туриш учун стан занжирлари ёки мотозавозня қўлланилса унда занжир қайси қирғоққа узатилганлигига қараб, битта қизил ёки оқ чироқ бўлиши шарт.
46. Лотокли земснарядларда, қувурлардаги (понтонлардаги) чироқлардан ташқари худди рефулерли земснарядлар каби чироқлар бўлиши шарт, бундан ташқари, лоток агар у узоқлаштирилган ва бортдан кема йўли томонга чиқиб турган бўлса, тупроқ ташланадиган томонга тегишли чироқ, ўнг қирғоққа ишлаганда — қизил, чап қирғоққа ишлаганда — оқ чироқ, кема йўли чегарасидан ташқарида тўхтаб турган ва шатакка олинган вақтда чироқлар ўзиюрар кемаларнинг чироқлари каби қувурларда (понтонларда) ҳар 60 метр орасида — оқ чироқлар билан жиҳозланган бўлиши шарт.
47. Ғаввослик ишлари билан банд бўлган ботлар, кўтаргич кранлар ва сув тубини тозаловчи земснарядларда сув ости ишларини бажариш даврида тунда — мачтада горизонт бўйлаб 360 градусда кўринадиган вертикал жойлашган иккита яшил чироқ, кундуз куни — мачтада ҳар бири 1 м 2 , вертикал бўйича масофа оралиғи 0,5 метр бўлган иккита тўртбурчак яшил байроқ бўлиши шарт.
48. Земснарядларда сув ости ишлари бажарилмаётганда ва улар тўхтаб турганда, шунингдек, улар шатакка олинган вақтда ўзиюрмас кемалардаги каби сигнал чироқлари бўлиши шарт.
7-§. Балиқ овлашга мўлжалланган кемалар
49. Сув ҳавзаларида балиқ овлаш анжомлари билан турган, тўрларни ўрнатаётган ёхуд ташланган тўрлар билан оқим бўйича ҳаракатланувчи кемаларда тунда ўнг қирғоқда ишлаш вақтида горизонт бўйлаб 360 градусда кўринадиган вертикал жойлашган иккита қизил, чап қирғоқда — иккита оқ чироқ, кундуз куни тегишли иккита қизил ва иккита оқ байроқ бўлиши шарт.
Ташланган тўрларнинг узунлиги бўйича ҳар 100 метрда қайиқлар ёки бошқа мосламаларнинг устида тунда айланма чироқлар, кундуз куни эса — навигация белгиларига мос келадиган чироқлар каби рангдаги байроқлар ўрнатилиши шарт.
50. Балиқ овлаш билан банд бўлган кемалар ўзларининг ёнидан ўтиб кетувчи кемаларни қуйидаги сигналларни бериш орқали олдиндан огоҳлантириши шарт:
тунда — ўнг қирғоқда ишлаш даврида ёниб ўчувчи қизил чироқни, чап қирғоқда эса — ёниб ўчувчи оқ чироқни ёқиб;
кундуз куни — тегишли қизил ёки оқ байроқни силтаб.
Ўтиб кетувчи кема тегишли бортдан силташ орқали ўтиб кетиш томонини тасдиқлаши шарт.
51. Тўрлар ва ҳалқаларни ўрнатиш жойлари, сув йўллари техник участкалари, гидроиншоот эгалари билан келишилган ҳолда белгиланиши ва улар кемачилик фаолиятига халақит бермаслиги шарт.
52. Балиқ овлаш кемаларига қуйидагилар тақиқланади:
балиқ овлаш анжомларини кема йўлининг ярмидан ортиғига ташлаш;
балиқ овлаш анжомларини кема йўлига ташлаш ва ҳалқаларни ҳар қандай турдаги кўприкларда юқоридан ёки қуйидан 1 км масофадан кам масофага ўрнатиш;
чекланган кўриниш 1 км дан кам бўлганда кема йўлига чиқиш;
балиқ овлаш анжомларини яқинлашиб келаётган кемалар олдидан ташлашни бошлаш;
кемачилик жиҳозлари билан уйғун бўлган пўкакли балиқ овлаш анжомларини ўрнатиш.
53. Кўлларда ва сув омборларида тўр ва ёйма тўрда балиқ овлаш вақтида қуйидаги чироқ ва сигналлар бўлиши шарт:
тунда — мачтада 225 градусда ёйма нур билан ёритадиган уч хил рангли чироқ:
горизонт бўйлаб ёй бўйича 45 градусда (олди бўйича 22.5 градусдан ўнгга ва чапга) оқ чироқ;
ўнгдан горизонт бўйлаб 90 градусда (22.5 градусдан ўнг томон олди бўйича 22.5 градусгача траверз орқасигача) нур билан ёритадиган яшил чироқ;
чапдан шакли яшил чироққа ўхшаган қизил чироқ;
улардан пастда 135 градус нур билан ёритадиган оқ чироқ.
Агар кема сувга нисбатан ҳаракатда бўлса, мазкур бандда кўрсатилган чироқларга қўшимча яна борт ва орқа чироқлар бўлиши шарт.
Кундуз куни мачтада диаметри 0,5 метр, баландлиги 0,75 метр бўлган қора цилиндр ўрнатилади.
54. Балиқ овлаш билан банд бўлмаган, бироқ балиқ овловчи кемалар таркибига кирувчи кемалар тегишли ҳажмдаги ўзиюрар ёки ўзиюрмас кемалар каби чироқларга эга бўлиши шарт.
8-§. Товуш сигналларига умумий талаблар
55. Узунлиги 7 метр ва ундан ортиқ бўлган механик двигателга эга кемалар ҳамда сув тубини чуқурлаштирувчи земснарядлар давомли ва қисқа товушли сигналлар берувчи қурилмаларга эга бўлиши шарт.
Қурилмалар ёрдамида бериладиган товушли сигналлар — узунлиги 20 метр ва ундан ортиқ бўлган кемалардан берилганда 2 км дан кам бўлмаган масофада, узунлиги 20 метрдан кам бўлган кемалардан берилганда — 1.0 км масофада эшитилиши шарт.
56. Экипажга эга ўзиюрмас кема товушли сигнал бериши учун қўнғироқ ёки металл буюмга эга бўлиши шарт.
57. Товушли сигналлар қуйидагича берилади:
«Қисқа сигнал» — давомийлиги 1 сониягача бўлган товушли сигнал;
«Давомли сигнал» — давомийлиги 4 сониядан 6 сониягача бўлган товушли сигнал.
58. Мазкур Қоидалар билан кўзда тутилмаган товушли сигналлардан фойдаланиш тақиқланади.
59. Товушли сигналларидан вилоят марказлари ва катта шаҳарларда (ҳалокат сигнали ва авария ҳолатларининг олдини олиш сигналларидан ташқари) фойдаланиш маҳаллий сузиш қоидалари билан белгиланади.
60. Кема бошқа кемани хавф тўғрисида огоҳлантирмоқчи бўлса ва ундан бундай ҳолатдан келиб чиқиб (ҳаракатни тўхтатишга қадар) чора кўриш талаб этилса, камида бешта қисқа товушли сигнал бериши шарт.
Ўзиюрмас кемада тегишли товушли сигналлар бериш қурилмаси мавжуд бўлмаса, бу сигналларни қўнғироққа ёки металл буюмга тез-тез уриб бериши шарт.
61. Манёвр кўрсатиш ва огоҳлантириш сигналлари кемалар бир-бирига кўриниб турганда қуйидагича берилади:
«Мен ўз курсимни ўнг томонга ўзгартираман» — битта қисқа товушли сигнал;
«Мен ўз курсимни чап томонга ўзгартираман» — иккита қисқа товушли сигнал;
«Мен орқага ҳаракатланаман» — учта қисқа товушли сигнал;
«Мен бурилиб оламан» ёки «Мен тўхтайман» — тўртта қисқа товушли сигнал;
«Тезликни оширишни сўрайман» — битта қисқа ва битта давомли товушли сигнал;
«Тезликни пасайтиришни сўрайман» — битта давомли ва битта қисқа товушли сигнал.
Ўзиюрмас кема бу сигналларни қўнғироққа тез-тез уриб беради.
«Тўхтатишни сўрайман» — байроқни горизонт бўйлаб силташ — кундуз куни, оқ чироқ — тунда;
«Эътибор бераман» — битта давомли, учта қисқа ва битта давомли сигнал ўзига эътиборни қаратиш учун берилади. Бу сигнал арқонли кечувга яқинлашганда, агар шатакка олувчи кемалардан лангар боғланган занжир ва судралма занжир ташланган бўлса берилади.
Бу сигнални бергандан сўнг паромли кечувнинг ишчилари зудлик билан кечув арқонининг бир учини (маҳкамланган жойидан ечиши) ечиб сув тубига тушириши шарт;
«Мен Сизни тушундим» — битта давомли, битта қисқа, битта давомли, битта қисқа товушли сигнал;
«Радиоалоқага чиқишингизни сўрайман» — битта қисқа, битта давомли, битта қисқа товушли сигнал;
«Қайиқни туширишингизни ва менинг кемам борти ёнига келишингизни сўрайман» — битта давомли, битта қисқа, битта давомли товушли сигнал.
Бундай сигнал қирғоқдан бошқа кемадан, жиҳозлаш постидан қайиқни чақириш ҳамда бошқа кемадан борти ёнига келишини сўраш учун берилади;
«Бортдан ташқарида одам» — учта давомли товушли сигнал, бортдан одам йиқилиб тушганда ёки чўкаётган одамни қутқариш учун берилади;
битта давомли товушли сигнал — кема портга, шлюзга, кечувларга, сузувчан понтонларга яқинлашганда берилади;
битта давомли, учта қисқа товушли сигнал — кема портдан жўнаб кетаётганда берилади.
9-§. Кўриниш чекланган даврдаги сигналлар
62. 1 км дан узоқ кўришни чеклайдиган туман, чанг-тўзон, қор ёғиши, кучли ёмғир, қумли бўрон ва бошқа ноқулай шароитларда кема қуйидаги сигналларни бериши шарт:
юраётган ўзиюрар кема — ҳар 2 дақиқадан кўп бўлмаган оралиқда битта давомли товушли сигнал;
бошқа кемаларни ёки солларни шатакка олган кема — ҳар 2 дақиқадан кўп бўлмаган оралиқда битта давомли ва иккита қисқа товушли сигнал;
кема юрадиган йўлда лангарда ёки саёзликда тўхтаб қолган ўзиюрар якка кема кўриниш чекланган даврда яқинлашаётган кемаларни огоҳлантириш учун битта қисқа, битта давомли, битта қисқа товушли сигнал бериши шарт. Ўзиюрмас кема бундай ҳолатда қўнғироққа ёки металл буюмга тез-тез уриш билан товушли сигнал бериши шарт;
паромли кечувлар ва сузувчан понтонларда 2-3 дақиқалик танаффус билан қўнғироққа уриб товушли сигнал берилиши шарт.
10-§. Шатакка олинган кемалар билан алоқа сигналлари
63. Шатакка олувчининг сигналлари асосий товушли сигнал қурилмалари билан қуйидаги тартибда берилиши шарт:
«Шатакни бўшат» — битта давомли ва битта қисқа товушли сигнал;
«Шатакни йиғиштир» — битта давомли ва иккита қисқа товушли сигнал;
«Шатакни ташла» — битта давомли ва учта қисқа товушли сигнал;
«Шатакни боғла» — битта давомли ва иккита қисқа ва битта давомли товушли сигнал;
«Лангарни тушир» — битта давомли, иккита қисқа ва битта давомли товушли сигнал;
«Лангарни кўтар» — иккита давомли ва битта қисқа товушли сигнал;
«Рулда тур ва изимга туш» — тўртта қисқа товушли сигнал.
Бу сигналларнинг рўйхати юриш кўприкчасига осиб қўйилган бўлиши шарт.
64. Ўзиюрмас кемалардан сигналлар кундуз куни — байроқни силташ, тунда эса — оқ чироқ билан қуйидаги тартибда берилиши шарт:
«Сигнал тушунарли, бажарилмоқда» — кундуз куни — байроқчани горизонт бўйлаб кеманинг бакидан ҳаракатлантириш: тунда эса руль рубкасига оқ чироқни ёқиш;
«Тўхта» — кундуз куни — байроқни тик силтаб ҳаракатлантириб: тунда эса — кема орқа қисмидан оқ чироқни тик ҳаракатлантириш.
Сигналларнинг рўйхати руль рубкасига осиб қўйилган бўлиши шарт.
11-§. Ҳалокат сигнали
65. Кема ҳалокатга учраган тақдирда ва бошқа кемадан ёки қирғоқдан ёрдам берилиши талаб этилса, қуйидаги сигналлардан фойдаланиши шарт:
ўзиюрар кема — бирваракай ёки алоҳида-алоҳида қатор давомли товуш сигнали ёхуд тифон билан узлуксиз сирена чалиш ва бу сигнални қўнғироққа ёки металл буюмга тез-тез уриш билан такрорлаш;
ўзиюрмас кема — қўнғироқ ёки металл буюмга тез-тез уриш;
тунда барча кемалар — айланма чироқ ёки прожекторни тез-тез ёқиб-ўчириш, кундуз куни мачтада байроқни тик ҳаракатлантириш;
туман даврида сигнал беришга мўлжалланган ҳар қандай аппарат орқали узлуксиз сигнал бериш;
қисқа вақт оралиғида (1 дақиқага яқин) қизил юлдузлар ёғдуси пайдо қилувчи ракеталар ва гранаталар отиш;
парашютли қизил рангли ракета ёки қизил рангли фальшфейер;
кемада олов ёқиш (ёнадиган битум ёки ёқилғи мой бочкасидан);
тўртбурчак байроқ ва унинг усти ёки остида турган шар ёки шарга ўхшаган шаклдан иборат сигнал;
тўқ сариқ ранг чиқарувчи тутунли сигнал;
қўлларни икки томон ёйиб, аста ва такрорий кўтариш ва тушириш;
ҳалокатнинг радио-телефон сигналлари.
66. Мазкур Қоидаларнинг 65-бандида кўрсатилган ҳалокат ёки ёрдам зарурлиги тўғрисидаги сигналларни бошқа мақсадларда қўллаш ёки ўрнатиш тақиқланади.
Ҳалокат ва ёрдам зарурлиги тўғрисидаги бирор-бир сигнал каби қабул қилиниши мумкин бўлган чалғитувчи сигналлардан фойдаланишга йўл қўйилмайди.
3-боб. Кемалар, таркиблар габаритлари ва йўлларнинг ҳолатига умумий талаблар
67. Каналлар бўйлаб ҳаракатланувчи кемалар ва таркиблар эни бўйича қуйидагича захирага эга бўлиши шарт (кемаларнинг ёки таркибларнинг бортлари орасидаги масофа ҳамда кемалар ва каналлар қияси орасидаги масофа):
икки йўлак бўйлаб ҳаракатланиш даврида — барча айрилаётган кемалар ва таркибларнинг 0.3 эни;
бир йўлак бўйлаб ҳаракатланиш даврида — кема ёки таркибнинг 0.5 эни (туб бўйича);
икки томон йўналиши бўйлаб ҳаракатланаётган якка кемаларнинг узунлиги уларнинг белгиланган бурилиш радиусидан 3 баравар кичик;
қуйи томон ҳаракатланаётган, қаттиқ боғланган таркибнинг узунлиги белгиланган бурилиш радиусидан 3.5 баравар, юқори томон ҳаракатланаётганда — 2 баравар кичик.
68. Ички кема йўлларида кемачилик жиҳозларини ўрнатиш, сақлаб туриш, кемаларнинг хавфсиз ва узлуксиз ҳаракатланиши учун шароитлар яратиш сув йўллари техник участкалари томонидан амалга оширилади ҳамда улар кема эгаларини сув йўлларининг ҳақиқий ва кутилаётган ҳолати тўғрисидаги ахборотлар билан таъминлайди.
69. Сув йўллари техник участкалари ички кема йўлларида қуйидаги ишларни амалга ошириши шарт:
кемачилик жиҳозлари, сузувчи навигация чироқларининг узоқдан кўринишини таъминлаш: оқ чироқлар — камида 2.5 км, рангли чироқлар — камида 1.5 км;
сув омборларида қирғоқ жиҳозлари, сузувчан навигация чироқларининг кўриниш узунлигини уларнинг фаолияти чегарасида таъминлаш;
ички кема йўлларида ҳаво ўтиш жойлари, кўприкларнинг кема юрадиган устунлари ораси, қийин участкалардан ўтиш шароитларини белгиланган талаблар ва кемачилик хавфсизлиги қоидаларига мувофиқлигини таъминлаган ҳолда, даврий назорат қилиш ва кема эгаларини белгиланган тартибда хабардор қилиш;
ички кема йўлларида жойлашган иншоотлар (кўприклар, кечувлар, ҳаво ва сув ости ўтиш йўллари, гаванлар, причаллар, рейдлар) эгаларидан мазкур Қоидаларнинг талабларига мувофиқ уларнинг соз ҳолатда сақлаб турилиши ва кемачилик жиҳозлари билан таъминланишини талаб қилиш.
70. Ички кема йўлларида иншоотлар (кўприклар, дамбалар, ҳаво ва сув ости ўтиш жойлари, рейдлар, причаллар) барпо этишга сув йўллари техник участкалари билан келишган ҳолда йўл қўйилади.
71. Ички кема йўлларида жойлашган иншоотларнинг эгалари қуйидагиларни амалга ошириши шарт:
иншоотларда доимий назорат олиб бориш, флот ишининг ва иншоотларнинг хавфсизлигини таъминлаган ҳолда уларни соз ҳолатда сақлаб туриш;
кемачилик жиҳозларининг барча белгиларини ўрнатиш ва яроқли ҳолда сақлаб туриш;
вақти-вақти билан ва навигация даврида ҳамда иш тугагандан сўнг акватория, рейдлар, затонлар ва причалларни чиқиндилардан, такелаж ва бегона буюмлардан тозалаш;
сув йўллари техник участкалари томонидан белгиланган баландлик ва ўтиш жойининг чуқурлиги ҳамда кўтарма ва сузувчан кўприкларнинг кема юрадиган устунлар оралиғи габаритларини таъминлаш;
юклаш-тушириш ишларини амалга ошириш учун вақтинча причалларни ташкил этишга, иш тугагандан сўнг уни ташкил этган эгаси акваторияни кемачиликка халақит берадиган буюмлардан тозалаш ишларини амалга оширган ҳолда, тегишли сув йўллари техник участкасига далолатнома асосида топширганда йўл қўйилади.
72. Причал, рейд ва пана жойда сақланаётган кемаларда сув сатҳининг ҳолати бўйича доимий назорат олиб борилиши шарт.
Кемалар саёзликка ўтириб қолишининг олдини олиш учун қозиқ оёққа ва лангарда туришга шай бўлиши шарт.
Кемаларни кран таги йўллари, ёритиш устунлари ва бу мақсад учун мўлжалланмаган бошқа қурилмаларга боғлаб қўйиш тақиқланади.
73. Кемаларнинг ва бошқа сузиш воситаларининг рейдларда ва портларнинг причал олдиларида хавфсиз ҳаракатланишини назорат қилиш порт бошлиқлари ва бунга масъул этиб тайинланган шахсларга юкланади.
74. Портга келган кемалар дарё флоти диспетчери ёки рейд капитани кўрсатган жойга жойлаштирилади. Кема капитанлари дарё флоти диспетчери ёки рейд капитанидан хавфсиз ҳаракатланиш шароитлари, тўхтаб туриш, сув чуқурлиги ва бошқа зарур маълумотларни олиши шарт.
75. Кемаларнинг ҳаракатланиш ва тўхтаб туриш даврида қуйидагилар тақиқланади:
кран қулочи, шлюп-балка ва трапларни бортдан ташқарига томон ағдариб қўйиш;
шлак, чиқинди, нефть маҳсулотларининг қолдиғи, мойланган латталарни бортдан ташқарига ташлаш.
4-боб. Кемаларнинг ҳаракати, манёвр қилиши ва тўхтаб туриши
76. Ультра-қисқа тўлқинли (УКВ) радиостанциялар билан жиҳозланган барча кемалар ўзаро ҳаракатларни олдиндан келишиб олиш учун уларни ишлатиб кўришлари, ҳаракатланиш, манёвр қилиш ёки лангарда тўхтаб туриш даврида тегишли каналга доимо ишлаб турган бўлиши шарт.
77. Хавфли юклар билан юкланган кемалар бошқа кемалар билан УКВ-радиостанцияси орқали ўзаро ҳаракатларни келишиш даврида кемалари бортида бундай юклар мавжудлиги тўғрисида уларни хабардор қилиши шарт.
78. Кемалар билан мазкур Қоидаларга мувофиқ товуш ёки чироқ сигналлари билан алмашиш талаб этилса, бу сигналларни беришдан олдин ҳаракатларни УКВ-радиостанцияси орқали ўзаро келишгандан сўнг амалга ошириши шарт.
79. Кема тартибга келтирилмайдиган, яхши кўринмайдиган ва мураккаб участкаларга яқин келганда ва улар бўйича ҳаракатланаётган даврда кўриниш чекланган шароитларда кўришнинг ва сузишнинг қийинлашиши УКВ-радиостанцияси бўйича бошқа кемаларни ўзининг жойлашган жойи ва ҳаракати тўғрисида вақти-вақти билан хабардор қилиб туриши ва бошқа кемадан ҳам бундай ҳолатлар тўғрисида белгиланган товушли ва чироқ сигналларини олиб туриши шарт.
80. УКВ-радиостанцияси бўйича амалга оширилган чақириққа жавоб олмаган кема бошқа кемага УКВ-радиостанция йўқ деб ҳисоблаши ва шу вазиятдан келиб чиқиб ҳаракат қилиши шарт.
5-боб. Назорат ва хавфсиз тезлик
81. Кема ҳайдовчиси доимий равишда кўриш ва эшитиш орқали етарли даражада назоратни олиб бориши ҳамда вазият ва шароитларга қараб ўзи бўлиб турган вазиятни тўлиқ баҳолаши учун ўзида мавжуд бўлган воситалар ёрдамида назоратни олиб бориши шарт (тўқнашиш хавфи, урилиб кетиш, устига чиқиб кетиш, саёзликка ўтириб қолиш, курсдан оғиш).
82. Ҳар бир кема мавжуд ҳолат ва шароитларда хавфсиз сузишни таъминлаш учун зарур ва самарали ҳаракатни амалга ошириш имконини берадиган хавфсиз тезлик билан ҳаракатланиши шарт.
83. Кема ҳайдовчиси хавфсиз тезликни танлаш даврида бошқа омиллар ичида қуйидагиларга эътибор бериши шарт:
сув йўли ва кема габаритларининг нисбийлиги;
ушбу ҳудудда кемалар ҳаракатининг мавжудлиги ва интенсивлиги;
ўз кемасининг манёвр қилиш қобилияти, кеманинг тўлиқ тўхташи учун етарли бўлган масофа ва бу шароитларда бурилиш қобилияти;
оқим, шамол йўналиши тезлиги ва сувнинг тўлқинланиши;
қирғоқдаги ҳамда ўзида мавжуд чироқларининг кўриниш ҳолати, ёрқинлиги, навигация белгилари ва чироқларининг мавжудлиги.
6-боб. Кемаларнинг айрилиши
84. Кемалар кема юрадиган йўл чегарасида — фарватернинг ўнг томонидан ҳаракатланиши, айрилишлари учун барча хавфсиз чораларни кўриши шарт.
Белгиланган кема юрадиган йўл чегарасида махсус кемалардан ташқари бошқа кемаларнинг сузишига йўл қўйилмайди.
85. Кемалар ва таркиблар қарама-қарши ҳаракатланиш даврида чап бортлари билан айрилишлари шарт.
86. Қуйидан ҳаракатланаётган кема барча ҳолатларда кўриш масофасида юқоридан келаётган кемадан (кечаси — унинг фарқловчи чироқлари билан) чап бортлари билан хавфсиз айрилиш чораларини кўриши шарт.
Агар йўл шароити бўйича кемаларнинг айрилиши қийинчилик туғдирса, кемаларнинг учрашиши ва айрилиши энг қулай ва хавфсиз жойда амалга оширилиши шарт.
87. Қуйидан ҳаракатланаётган кема биринчи бўлиб, қарама-қарши келаётган кемага 1.5 км қолганда давомли товушли сигнал беради ва чап бортдан байроқчани силтайди.
Юқоридан келаётган кема айрилиш учун зудлик билан кўрсатилган томонга ўтиши, битта давомли товушли сигнал бериши ва чап томондан байроқчани силташи шарт. Бу ҳолатда ҳар бир кема тезликни етарлича камайтиради ва қарама-қарши кема ортга қолгунга қадар эҳтиёткорлик билан ҳаракатланади.
88. Сув йўлларининг маҳаллий шароити туфайли қарама-қарши келаётган кемани чап бортлар билан ўтказиб юборишнинг имкони бўлмаса, қуйидан ҳаракатланаётган кема, истисно тариқасида, олдиндан ҳаракат бўйлаб чап томондан юриши ва юришни энг паст тезликка камайтириши, ҳаракатни тўхтатиши ва юқоридан ҳаракатланаётган кемани тўсиқларсиз ўзининг ўнг борти томонидан ўтказиш учун камида 1.5 км масофада иккита қисқа товушли сигнал бериши ва ўнг томондан байроқчани силташи шарт.
Юқоридан ҳаракатланаётган кема зудлик билан иккита қисқа товушли сигнал бериши ва ўнг томондан байроқчани силташи билан сигнални қабул қилганлигини тасдиқлаши, ўтказиб юбораётган кемага яқинлашганда олдиндан тезликни пасайтириши (энг кичик тезликкача), тегишли томонга бурилиши ва қанча бу зарур ва хавфсиз ҳисобланса, ўтказиб юбораётган кема ортда қолгунга қадар ҳаракатни шундай давом эттириши шарт.
89. Орқага юраётган кема борт томонидан унинг ўқига йўналтирилган, кема юрадиган йўлдан ҳаракатланаётган кемани ўтказиб юбориши, бунинг учун у биринчи бўлиб уч маротаба қисқа товушли сигнал ва тегишли борт томонидан байроқчани силташи шарт.
90. Агар сув омборининг бошқа-бошқа трассаларидан ҳаракатланаётган иккита кема ёки таркиб бир-биридан етарли масофада эркин ўтиши мумкин бўлса, улар қирғоқ бўйича ўзларини тутиши ва курс бўйича йўналишларини сигналлар алмаштирмасдан давом эттиришлари мумкин.
92. Айрилиш, кемалар ва таркибларнинг қарама-қарши ҳаракатланиши ёки ўзиб кетиши даврида бортлари ораларидаги интервал имкон қадар катта бўлиши шарт.
91. Агар қуйи томондан ҳаракатланаётган кемага бир-бирининг орқасидан бошқа кемалар ёки таркиблар қарама-қарши ҳаракатланиб келаётган бўлса, айрилиш учун сигналлар уларнинг ҳар бирига алоҳида берилади.
7-боб. Кемалардан ўзиб кетиш тартиби
93. Кемалардан ўзиб кетиш маневрлари ўзиб кетилаётган кеманинг (таркибнинг) чап борти томонидан амалга оширилиши шарт.
Ўнг борт томондан ўзиб кетишга, истисно тариқасида, агар йўл, об-ҳаво ва бошқа шароитлар туфайли чап борт томондан ўзиб кетишнинг имкони бўлмаган ёки қийинчилик туғдирган ҳолларда йўл қўйилади.
94. Бошқа кемадан (таркибдан) ўзиб кетишни кўзлаган кема ўзиб кетиладиган кеманинг ёки охирги боғланган таркибнинг орт қисмига камида 500 метр қолганда, иккита қисқа товушли ва битта давомли товушли сигнал бериш йўли билан ўзиб кетилаётган кемадан (таркибдан) рухсат сўраши шарт.
Ўзиб кетилувчи кема сўровни олгандан сўнг зудлик билан иккита қисқа товушли ва битта давомли товушли сигнал бериши ва қайси борт томондан ўтишга рухсатни байроқчани силташи, тезликни пасайтириши, қарама-қарши томонга ўтиши ва бу қанча зарур ва хавфсиз бўлса, ўзиб кетиш тугагунга қадар ҳаракатни шундай давом эттириши шарт.
Ўзиб кетишнинг имкони бўлмаганда, ўзиб кетилувчи кема «Огоҳлантириш» (камида беш марта қисқа) товушли сигнал бериши шарт. Бундай ҳолатда ўзиб кетишга сўров такрорланмасдан берилиши шарт бўлган рухсатни олгунга қадар йўл қўйилмайди.
Ўзиб кетишга рухсат олган ўзиб кетувчи кема байроқчани тегишли борт томонидан силташи ва тўлиқ ўтиб кетгунга ва кема ортда қолгунга қадар ўзиб кетилувчи кемадан ўзини хавфсиз масофада тутиши шарт.
95. Тезюрар кемалар қарама-қарши ҳаракатланиш даврида фақат чап бортлари томонидан айрилишлари шарт, бу ҳолда байроқчани биринчи бўлиб юқоридан келаётган кема силтайди.
96. Тезюрар ўзиб кетилувчи кема сўровни олгандан ва ўзиб кетишга рухсат бергандан сўнг зудлик билан тезликни пасайтириши ва ўзиб кетиш тугагунга қадар сувга ботган ҳолда ҳаракатланиши шарт.
97. Бошқа кемалар билан қайси томондан ўзиб кетиш ва айрилишни тезюрар кема кўрсатади.
Қарама-қарши ҳаракатланувчи ва ўзиб кетилувчи кемалар кўрсатилган томондан айрилиш ёки ўзиб кетишни тасдиқлаши ва айрилиш ёки ўзиб кетиш тугагунга қадар ўз йўлидан бурилмаслиги шарт.
98. Кема ҳайдовчиларига қуйидагилар тақиқланади:
бир вақтнинг ўзида уч ёки ундан ортиқ кема ён томонидан перпендикуляр жойлашганда ўзиб кетиш ва айрилиш. Кемаларнинг айрилиши даврида бир вақтнинг ўзида ўзиб кетиш учун рухсат берганлик учун ўзиб кетилувчи кеманинг вахта бошлиғи жавобгар ҳисобланади;
авария-таъмирлаш тўсиқлари, кечув паромлари, кўприк оралиқ устунларида ва бир томонлама ҳаракат участкаларида айрилиш ва кемалардан ўзиб кетиш.
8-боб. Кўприклар, яхши кўринмайдиган ва мураккаб участкалар, арқонли кечувлар, сув тубини чуқурлаштирувчи земснарядлардан ўтиб кетиш
99. Кемаларнинг кўприк остидан фақат бу мақсад учун мўлжалланган, тегишли навигация белгилари ва чироқлари билан жиҳозланган устунлар оралиғидан ўтишига рухсат берилади.
100. Битта кема юрадиган устунли кўприкка бир вақтнинг ўзида юқоридан ва қуйидан кемалар яқинлашганда, ундан биринчи бўлиб оқим бўйича ҳаракатланаётган кема ёки ҳаракат йўналишидан қатъи назар тезюрар кема ўтиши шарт.
Кемалар тўпланиб қолганда, авария ҳодисаларини бартараф этиш учун бораётган ва ёнғинга қарши кемалар навбатсиз ўтказилади.
101. Сузувчан кўприкларнинг кемаларни ўтказиш учун мўлжалланган секциялари уларнинг эгалари ва кемага эга корхоналар билан келишилган ҳолда, жадвал бўйича белгиланган кунлар ва соатларда куннинг ёруғ вақтларида ажратилиши шарт.
102. Темир йўл кўприкларининг устунлари уларнинг ўртасида жойлашган битта яшил чироқ билан ёритилади, кема йўли эгри бўлганда устунда биринчи чироқдан бир метр пастда эгри кема йўли йўналиши бўйича иккинчи яшил чироқ ўрнатилиши шарт.
103. Кема юрадиган йўлнинг ҳолатига, кўприклардаги, кўприк олди участкаларидаги турғун ва сузувчан белгиларга қараб туриш ҳамда чуқурликлар, баландликлар ва оқим характери тўғрисидаги ахборотларни бериб туриш, ҳар куни эрталаб ва кечқурун кўприк таги фарватерини текшириб туриш, зарур ҳолларда кейинги ўзгаришларга қараб белгиларни ўзгартириб туриш ва булар ҳақида кема эгаларини хабардор қилиб туриш сув йўллари техник участкаларига юкланади.
Кўприк олди участкаларидаги кема йўлининг чуқурлиги етарли бўлмаса, устун оралари тор ва эгри бўлса, оқим ёки шамол йўналиши устунларга уриладиган, кўриниш чекланган бўлса (туман, чанг ҳаво) сув йўллари техник участкаси кемаларнинг кўприк тагидан ҳаракатланишини тўхтатади ва бу тўғрисида кема эгаларини хабардор қилади.
104. Кема ёки таркибнинг габаритлари кўприкнинг кема юрадиган устунлари оралиғи габаритларига ва шатакка олувчининг қувватига мос бўлиши шарт.
Кўприк фермасининг энг паст қисми ва кеманинг энг баланд нуқтаси орасидаги захира 0.5 метрдан кам бўлмаслиги шарт.
Оқим бўйича кўприк тагидан юк кўтариш қобилияти 500 тоннагача бўлган иккита баржадан иборат таркибни шатакка олиб ўтказишда, улар изма-из боғланган ҳолда олд қисми қуйи томон йўналтирилган, орқа томондан занжирлар сувга туширилган бўлиши шарт.
105. Понтон кўприкларининг ажратилган секциялари орқали таркибларни ўтказиш фақат тегишли сув йўлларининг техник участкалари ва кўприк эгалари билан келишилган жадвал бўйича белгиланган вақтларда, кундуз куни амалга оширилиши шарт.
106. Понтон кўприкларнинг ажратилган қисмидан кемаларни ва таркибларни ўтказиш унга яқин жойларда ва кема юрадиган устунлар оралиғида кема тубидаги сув захираси 10 см дан кам бўлганда тақиқланади.
Саёз бўлиб қолган кема юрадиган йўлларни кеманинг ҳаракатлантириш механизмлари билан чуқурлаштиришга йўл қўйилмайди.
107. Понтон кўпригининг ажратиладиган қисмининг эни таркиб энининг уч бараваридан кам бўлмаслиги шарт.
Понтон кўприкнинг ажратилган секциялари шундай ўрнатилиши керакки, кема юрадиган оралиқ масофа қисқармаслиги шарт.
Лангарли понтонлар кема йўлининг четига олиб қўйилиши шарт.
108. Барча турдаги кўприклардан ва кечувлардан ўтиш даврида кемани капитаннинг ўзи бошқариши шарт.
Лоцманнинг хизматидан фойдаланган даврда капитандан жавобгарлик олиб қўйилмайди.
Кўприкнинг кемалар тўхташ пунктлари ва кўприк устунлари орқали ўтказиш учун таркибларни шакллантириш кўприк эгаси билан келишилади.
109. Қуйидаги ҳолларда кемалар ва таркибларни кўприкнинг ажратилган қисмидан ўтказишга рухсат этилади:
ўзиюрар кемаларнинг двигатели, ҳаракатлантирувчилари, руль ва лангар қурилмалари ҳамда масофадан автоматик бошқариш тизими соз ҳолда бўлганда;
кема техник соз ва бошқариладиган бўлганда;
ўзиюрмас кемаларнинг лангар ва шатакка олиш қурилмалари соз бўлганда;
изма-из ёки ёнма-ён боғланган ва 15 метрдан кам бўлмаган шатакка олинган 500 ва 300 тонна бўлган иккита баржа ёки 500 тоннадан бўлган иккита баржадан иборат бўлган таркибни оқим бўйлаб шатакка олганда, ҳалқасининг диаметри 17 миллиметрдан кам бўлмаган ҳар бир охирги баржадан 75 метр судралма занжир ташланиб ҳаракат қилганда;
орқа томони билан сув оқими бўйлаб битта баржадан занжир ташламасдан туширилганда;
оқимга қарши ҳаракат қилганда, кеманинг қувватига ёки таркибнинг вазнига қараб 15-20 метргача шатак арқони билан учтагача баржа шатакка олинганда, охирги баржадан узунлиги 50-75 метр судралма занжир ташланганда.
110. Боғлаш, шатакка олиш, лангар ва руль қурилмалари носоз кемаларни понтон кўприкларнинг ажратилган қисмидан ўтказишга, агар бу кемалар таъмирлаш учун бораётган ёки йўл-йўлакай юкланган бўлса, фақат капитан мураббий ёки рейд капитани раҳбарлигида йўл қўйилади.
Капитан мураббий ёки рейд капитани муайян вазият ва шароитларга қараб, авария ҳолатларининг олдини олиш чораларини кўради ва кемаларни хавфсиз ўтказиб юбориш учун тўлиқ жавобгар ҳисобланади. Унинг ихтиёрига двигателининг қуввати бу ишларни бажаришга мўлжалланган ўзиюрар кема ажратилиши шарт.
111. Оқим бўйича ҳаракатланувчи таркибларнинг оралиқ масофаси 1 км дан, оқимга қарши ҳаракатланувчиларнинг оралиқ масофаси эса 600 метрдан кам бўлмаслиги шарт.
112. Кўприкка яқин жойларда кема юрадиган йўл эгри ва понтон кўпригига сув оқими ён томондан бўлса, капитан баржани шатакка олувчининг изига йўналтириш учун ёрдамчи ўзиюрар кема талаб қилиши мумкин.
113. Кўприкка яқин жойларда ва кўприкнинг кема юрадиган устунлари орасидаги кема тубидаги сув захираси 10 сантиметрдан кам бўлса, кемалар ва таркибларни ўтказишга йўл қўйилмайди.
114. Кема капитанлари кўприк устунлари орасидан кемаларнинг хавфсиз ўтишини таъминлаш учун кема бошқариш амалиётида ёки алоҳида вазиятларда қўлланиладиган барча чораларни кўришлари шарт.
115. Арқонли кечув паромлари келаётган кемаларга ўз вақтида кема юрадиган йўлни бўшатиши ва улар яқинлашганда қирғоқдан ҳаракатни бошламаслиги шарт.
116. Семафорлар юқори томондан кўприк устунларигача камида 2.5 км масофада, қуйидан — кўприкдан камида 500 метр олдин ўрнатилади.
Навигация белгилари айрилиш ва ўзиб кетиш мураккаб бўлган йўл участкаларига яқин жойларга ўрнатилади.
Понтон кўприкларга кириш жойида кема юрадиган йўлнинг габаритларини кўрсатиш учун сигнал мачталари бўлиши шарт.
Кўприкдаги сигналларга қараб туриш, семафор ва навигация белгиларига хизмат кўрсатиш сув йўллари техник участкалари томонидан амалга оширилади.
117. Кемалар қарама-қарши келаётган кемаларни олдиндан кўриб бўлмайдиган, тартибга келтирилмайдиган яққол кўринмайдиган, ёйилиб оқадиган, эгри ва тор жойга кириш даврида тезликни пасайтириши ва битта давомли товушли сигнал бериши шарт.
Кечки вақт бу сигнал юқорига йўналтирилган прожектор чироқлари нури билан такрорланиши шарт.
Кемалар бундай участкаларга киргандан сўнг иккита давомли товушли сигнал бериши, бундай участка катта масофада бўлса иккита давомли товушли сигнални ҳар 2-3 дақиқада такрорлаши шарт.
118. Қарама-қарши ҳаракатланаётган кема участканинг бандлигига ишонч ҳосил қилгандан сўнг хавфсиз айрилишни (ўтказиб юбориш) таъминлаш учун чоралар кўриши, агар участка бир томонлама бўлса, қарама-қарши кемани ўтказиб юбориш учун тўхташи шарт.
119. Ҳаракат бир томонлама бўлган участкага кириш учун оқимга қарши ҳаракатланаётган кема хавфсиз жойга тўхташи ва оқим бўйича ҳаракатланаётган кемани ўтказиб юбориши шарт.
120. Кема юрадиган йўлда ишлаётган земснарядга яқинлашган кема камида 1 км масофадан битта давомли товушли сигнал бериши шарт.
121. Земснаряд кемани ўтказиб юбориш учун унга етарли бўлган кема йўли қисмини бўшатиши, битта давомли товушли сигнал бериши ва ўтиш томонини байроқча ёки импульсли чироқни силтаб кўрсатиши, қоронғи вақтда эса тент чироқларини ёқиб-ўчириб — агар земснаряд чап қирғоққа ўтган бўлса — оқ, ўнг қирғоққа ўтган бўлса — қизил чироқларни ёқиб-ўчириб сигнал бериши шарт.
122. Қоронғи вақтда кема юрадиган йўлнинг чап томони чеккасида ишлаётган земснаряд битта айланма оқ, ўнг томон чеккасида — битта айланма қизил чироқни ёқиб-ўчириб сигнал бериши шарт.
123. Земснаряд ёнидан ўтиб кетишга рухсат берувчи сигнални олган кема товушли сигнал бермасдан байроқчани силтаб жавоб қайтариши ва эҳтиёт чораларини кўриб ўтиши шарт.
124. Бир вақтнинг ўзида земснарядга оқим бўйича ва оқимга қарши кемалар яқинлашганда, оқим бўйича ҳаракатланаётган ёки йўналишидан қатъи назар, тезюрар кема биринчи навбатда ўтказиб юборилиши шарт.
125. Ўтказиб юборишнинг имкони бўлмаганда, земснаряд яқинлашиб келаётган кемага камида 1 км қолганда 5 марта қисқа товушли сигнал ёки тез-тез қўнғироқ уриб огоҳлантириш сигналини бериши шарт.
Бундай сигнални олган кема зудлик билан такроран сўров бермасдан рухсат олгунга қадар ҳаракатни тўхтатиши шарт.
126. Кема юрадиган йўлларда сув ости ёки ғаввослик ишлари билан банд бўлган кемалар ёнидан ўтиш земснарядларнинг ёнидан ўтиш каби сигналлар алмашиш орқали амалга оширилади.
9-боб. Амударё дарёсида сузиш
127. Кема йўлининг чуқурлиги, кенглиги, бурилиш радиуси, кемаларнинг туби бўйича ўрнатилган сув захираси бўлган кема йўли габаритлари орасидаги нисбийлик мувофиқ келмаганда, дарёда қуйидаги ишлар амалга оширилгандан сўнг кемалар ва таркибларнинг ҳаракатланишига рухсат берилади:
барча кемалар сувга ботиши бўйича кема ёки таркибни кўп сувли участкага ўтиш имконини бермайдиган чуқурликни кўрсатувчи сигнал мачтасига ёки қирғоқ белгисига яқинлашганда тўхташлари ва вахта бошлиқлари сув йўллари техник участкаси ходимларидан сув йўлининг ҳолати тўғрисида ахборот олишлари, агар сув йўллари хизматининг ходимлари бўлмаса, йўлнинг саёз участкасини текшириши;
сув йўллари техник участкалари ходимлари томонидан саёз участкадан ўтишга қаршилик бўлмаса, сувнинг ёйилиб оқиш участкаси бошқа кема билан банд эмаслигини, сув тубидаги ер юмшоқ ва осон ювиш мумкин эканлигини текшириши;
кема тубида захира сув бўлмаган саёз участкага киришдан олдин шатакка олинган кемаларнинг командасини олдиндан саёзлик орқали ҳаракатланиши тўғрисида огоҳлантириши;
саёз участкага киришдан олдин вахта бошлиғининг рухсати билан таркибни ечиш, боғланган занжирларни йиғиб олиш, лангарларни кўтариш ҳамда хавфсиз сузишни таъминловчи бошқа чораларни кўриш.
Сув ёйилиб оққан участкада бир нечта таркиб йиғилиб қолганда, уларни ёйиқ жойдан ўтказиш учун сув йўллари техник участкаси ходими раҳбарлик қилади.
128. Кема тубида захира сув бўлмаган ва сув тубида тош борлигини билдирувчи белги билан белгиланган ва сув йўллари техник участкаларининг радио бюллетенларида эълон қилинган қаттиқ ерли участкада (тош, шағал) ҳаракатланиш тақиқланади.
Бундай ҳолатларда кемаларнинг тубидаги сув захираси қуйидаги жадвалда кўрсатилганидан кам бўлмаслиги шарт:
Чуқурлиги, метрда Ўзиюрар кемалар ва шатакланувчи таркиблар, мм да Эркин йўлларда сантиметрда Каналларда барчаси, мм да Нефть маҳсулотлари ва портловчи воситаларни ташувчи кемалар Шатакка олинган ўзиюрмас кемалар қумли ва шағалли ерда, мм да тошли ерда қумли ва шағалли ерда, мм да тошли ерда, мм да 1.5 гача 100 100 150 50 100 150 1.5 — 3.0 150 150 200 100 150 200 3 дан ортиқ 200 200 250 150 200 300
129. Таркиблар ва сув йўлларининг габаритлари орасидаги энг кам етарли номувофиқлик тегишли сув йўллари техник участкалари томонидан дарёнинг тўлқинланиши, навигация даври, шатакловчиларнинг тортиш қуввати ва ҳаракат йўналишига қараб белгиланиши шарт.
Сув йўлларининг шароитлари ва дарё бўйлаб ҳаракатланиш йўналишига қараб, навигациянинг турли даврларида таркибларнинг узунлиги ва сувга ботиши қисқариши мумкин.
130. Сув йўллари техник участкалари дарёнинг назорат гидропостида сув сатҳининг 1 метрдан ортиқ пасайганлигини аниқласалар, бу участкани мураккаб жойининг юқори ёки қуйи қисмида ҳақиқий чуқурлик кўрсатилган сигнал мачтаси ёки қирғоқ белгиси ўрнатиб, эркин ҳаракатланиш учун ёпиб қўйишлари шарт.
Эркин ҳаракатланиш учун огоҳлантирувчи чораларни кўрмасдан кемаларнинг хавфсиз ҳаракатланишига таҳдид солувчи, етарли чуқурликка эга бўлган, бироқ тор ёки айланма йўл, сув усти ёки сув ости тўсиқларига эга бўлган участкалар ҳам ёпилиши шарт.
131. Агар кемаларнинг эркин ҳаракатланишига чекланишлар ўрнатилган бўлса, у ҳолда сув йўллари техник участкаларининг масъул ходимлари чекланишлар ўрнатилган участкада ўзан шаклининг ўзгариши ва флот ҳаракати устидан доимий назорат ўрнатиши ва сув сатҳини тез-тез ўлчаб туриши, энг чуқур жойларни ишора қозиғи ва бакенлар билан ўраб қўйиши, ўтиб кетаётган кемаларни кузатиб қўйиши ва кема бошқарувчиларини сув йўллари ҳолати тўғрисида хабардор қилиши шарт.
132. Кема йўлларида ҳаракатланиш учун чекланиш жорий этилганлиги тўғрисида сув йўллари техник участкаларининг бошлиқлари ва бу участкаларда ҳаракатланаётган кема эгалари хабардор қилиниши шарт.
133. Кема капитанлари ички кема йўллари бўйича кемачилик жиҳозларининг мавжудлиги ва бу жиҳозларнинг тўғри ўрнатилганлигини кузатиб бориши ва кема йўлларининг ўзгариб туришига қараб, кема ҳаракатини вазият бўйича мувофиқлаштириб бориши шарт.
134. Ички кема йўлларини белгилашда номутаносиблик ёки кемачилик жиҳозлари белгиларини стандарт ва туридан четга оғишганлиги аниқланганда, кема капитани сув йўллари техника участкасига мавжуд ҳолат бўйича хабар бериши ва бу участкада сузадиган барча кемалар учун огоҳлантириш юбориш йўли билан авария ҳолатларини бартараф этишни таъминлайдиган чоралар кўриши шарт.
Сув йўлларининг техник участкалари бу ҳақда кемачилик регистри инспектори ва кема эгаларини хабардор қилиши шарт.
135. Ички кема йўлларида кузатилган носозликлар ва кўрилган чоралар тўғрисида капитан вахта журналига қайд этиши шарт.
Ички кема йўлининг саёз, ёйиқ ва тўлқинли ёйиқ участкаларида тезлик пасайтирилиши шарт.
136. Вахтани олиб бориш вақтидан қатъи назар, қуйидаги участкаларда кемани капитаннинг ўзи бошқариши шарт:
Айважнинг қуйи қисми, Качигузар, Олтин ороли, Хатиробод ирмоғи, Ҳайратон темир йўл кўприги, Айритом, Оқ тоғ, Ғиштепа, Эски Термиз, Туямўйин, Тахиатош, Тўрткўл кўприги, Беруний кўприги, Қипчоқ кўприги, Қипчоқ буруни, 152-постнинг сув ости тошли йўли, Тахиатош шлюзининг юқори бьеф йўли, Хўжайли — Нукус автомобиль йўли, Бегаб, Қизил жар.
10-боб. Таркибларни шакллантириш
137. Таркибларни шакллантириш ишлари ички кема йўлларининг габаритлари, кемаларнинг техник ҳолати, уларнинг юк кўтариш қобилияти ва сувга ботиши, ҳар бир кеманинг алоҳида ишлатиш сифатлари ва ташилаётган юкнинг турини инобатга олиб амалга оширилади.
Таркибнинг бошида биринчи бўлиб боғланадиган энг узун, энли ва сувга кўпроқ ботишга эга бўлган кема қўйилади.
Юкланган кемалар билан бирга бўш кемалар ҳам таркибга киритилса, улар таркибнинг охирига жойлаштирилади.
138. Кемаларни таркибга сиртмоқ ёки бошқа узун боғламлар билан боғлаш ҳамда саҳнадан очилган тешик, комингс, карлингс, шпил, клюз ва кемаларнинг бу мақсадга мўлжалланмаган қурилмаларига боғлаш қатъиян тақиқланади.
Ҳар бир боғланган арқон исталган вақтда алоҳида эркин ечилиш ёки бўшатиш имконини бериши шарт. Таркибни боғлаш учун баржа шкипери жавобгар ҳисобланади.
139. Шатакка олувчи теплоходнинг капитани теплоходнинг қувватидан юқори даражада фойдаланиши, шатакка олишнинг энг самарали услубларини қўллаши, таркибга кемаларни қулай жойлаштириши, шатак, боғлаш арқонларининг узунлиги ва қалинлигини тўғри танлаши ҳамда ҳаракат тезлигига риоя этиши, оқимга қарши ҳаракатланганда тинч оқимли участкадан фойдаланиши шарт.
140. Таркибларнинг оқим бўйича ҳаракатланиш даврида сув йўлининг тўсатдан ўзгариши натижасида шатакка олувчи саёзликка ўтириб қолган вақтда, шатакка олинган кемалар ўз инерцияларини камайтириш ва шатакка олувчига урилишнинг олдини олиш мақсадида таркибнинг барча кемалари орқа томонидан судралма занжирлар ёки махсус тайёрланган лот ташлаши шарт.
Қуввати 300 — 400 от кучига эга бўлган ҳар бир шатакка олувчи кемада 200 метрдан кам бўлмаган, қуввати 100 — 180 от кучига эга бўлган кемада 75 метрдан кам бўлмаган занжирлар бўлиши шарт.
141. Кемаларни лотсиз бошқаришда қисқа участкаларда, қачонки шатакка олувчи шатакка олинувчи кемаларга нисбатан камроқ сувга ботишга эга бўлса, сузишга рухсат этилади.
11-боб. Чегара ҳудудларида сузиш
142 Чегара ҳудудларида сузиш Халқаро битимлар ва Ўзбекистон Республикасининг чегара ҳудудларида фаолият юритишни тартибга солувчи қонунчилик ҳужжатлари ҳамда мазкур Қоидалар билан тартибга келтирилади.
143. Ёритувчи кемачилик жиҳозлари мавжуд бўлмаган участкаларда кемаларнинг сузишига кеча-кундуз рухсат этилади ва ушбу участкаларда қоронғилик ва кундуз куни ҳавонинг ўзгариши туфайли ҳаракатланиш мураккаблашса, кема лангарда ёки белгиланган қирғоқда тўхтаб туриши шарт.
Тўхтаб туриш жойлари Давлат хавфсизлик хизмати Чегара қўшинлари чегара назорати бўлинмалари томонидан сув йўллари техник участкаси билан келишилган ҳолда белгиланади.
Фарватерда тўхтаб турган вақтда ов, чўмилиш ҳамда одамларни бортга олиш ва тушириш, юкларни юклаш ва тушириш тақиқланади.
Кемаларни чегарадош давлат қирғоғига яқин жойларда лангарда тўхтаб туришига йўл қўйилмайди.
144. Чет элга сузадиган кемаларга чегарани кесиб ўтиш ҳуқуқини берувчи ҳужжатлар мавжуд бўлганда, хориж давлат портлари ёки пристанларига тўхтаб туришга рухсат берилади.
Кемада авария ҳолати ёки табиий офат сабабли махсус тўхтаб туриш жойида тўхташнинг имкони бўлмаса, ўнг қирғоқнинг бирор-бир жойида лангарда туриши ёки боғлашга йўл қўйилади, бу ҳолда кема капитанлари Чегара назорати бўлинмаларига чақирув сигнали беришлари шарт.
145. Ўнг қирғоқда боғлаш даврида кема командасига боғлаш арқони узунлигидан ортиқ узоқликка бориши тақиқланади.
Қирғоқда олов ёқиш, ўтин тайёрлаш, ҳар хил буюмларни қолдириш ҳамда зарурат бўлмасдан қирғоқ ва саёзликка чиқиш тақиқланади.
Тўхтаб туриш жойидан жўнаб кетганда, вахта бошлиғи ва баржа шкипери кемада команданинг тўлиқлиги ва қирғоқнинг ҳолатини текшириши шарт.
146. Кемадан қайиқларни сувга туширишга «Борт ортида одам» тревогаси бўйича саёз жойларни ўлчаш ишларини амалга оширишда белгиларга хизмат кўрсатиш, уларни бошқа жойга кўчиришда ва авария ҳолатларида рухсат берилади.
Қайиқда камида икки киши бўлиши, кема қайиқларида баландлиги 10 сантиметрдан кам бўлмаган ҳарфлар билан кеманинг борт рақами, номи ва кема эгасининг номи ёзилган бўлиши, тунда қайиқлар оқ чироқ олиб юришлари шарт.
147. Кемаларнинг Чегара назорати бўлинмалари билан алоқалари қуйидаги сигналлар ёрдамида ўрнатилади:
«тўхташни талаб этаман» — тунда битта қизил ракета отиш, кундуз куни — оқ байроқни силташ;
«Чегара назорати бўлинмалари вакилларини чақириш» — иккита давомли товушли сигнал, битта қисқа ва битта давомли товушли сигнал бериш;
кўриш сигнали — кундуз куни — мачтада қизил байроқни тушириш ва кўтариш, тунда — мачта чироқларини ёқиб ўчириш.
148. Чегара ҳудудларида кемачилик жиҳозлари ва белгиларини ўрнатиш сув йўллари техник участкаси томонидан Чегара назорати бўлинмалари билан келишилган ҳолда амалга оширилади.
149. Кемалар ва уларнинг экипаж аъзоларини чегара ҳудудларида сузишга ўрнатилган тартибда расмийлаштирилган кема хизматига асосан рухсат берилади. Кема капитани чегара нарядининг биринчи талаби бўйича кема хизмати ҳамда тегишли ҳужжатларни тақдим этиши шарт.
150. Ўзбекистон Республикаси Давлат чегараси ҳудудидаги дарё флоти диспетчерлари ва кема капитанлари кема эгасига ва чегара назорати бўлинмаларига қуйидаги маълумотларни етказишлари шарт:
чегарадош давлат ҳудуди томонидан кемаларни ёки объектларни эгаллаб олишга уринишлар;
қирғоққа чегара бузувчиларни тушириши ёки тушириш аломатлари сезилганда ёки чегара бузувчиларнинг қирғоқдан жўнаб кетиши;
одамларнинг сузиш воситалари ёки уларсиз дарёдан сузиб ўтиши;
кема бортидан одамларнинг ёки сузиш воситаларининг йўқолиши;
қирғоқдан кемани олиб қочиш ёки ўғирлаш, шунингдек, белгиланган вақтда причалга қайтмаганлиги ёки ҳужжатларни расмийлаштирмасдан жўнаб кетиши;
сузиш воситаси ёки уларсиз сузаётган одамларни бортга олишнинг барча ҳолатлари.
Кўрсатилган маълумотлар алоқа каналлари бўйича Чегара назорати бўлинмалари билан келишилган пароль бўйича узатилиши шарт.
151. Кемаларга эга корхоналарнинг маъмурияти ва дарё флоти диспетчерлари канал орқали хабарномани олгандан сўнг зудлик билан Чегара назорати бўлинмаларининг тезкор хизматларини ҳамда ўтказиш пункти назорат бўлимини хабардор қилишлари шарт.
152. Кема капитанлари дарёда қўлбола воситаларда ёки уларсиз, сузувчи воситаларда сузувчиларни аниқласа — сузувчиларни бортга олиши, сузувчи воситаларини эса ушлаб қолиши ва зудлик билан кема эгалари ва Чегара назорати бўлинмаларига келишилган пароль орқали хабар бериши ва кейин уларнинг кўрсатмалари бўйича ҳаракат қилиши шарт.
153. Кема эгаларининг дарё флоти диспетчерлари хабарни олгандан сўнг зудлик билан Чегара назорати бўлинмалари ва ўтказиш пункти назорат бўлими тезкор хизматини хабардор қилиши ҳамда ҳар куни соат 08:00 ва 20:00 да хориж давлати портларида турган кемаларни қўшган ҳолда ўтиш жойларида турган кемаларнинг жойлашганлиги тўғрисида маълумот беради. Барча маълумотлар лоцман харитаси (километр билан) ёки манзил (аҳоли пункти, тоғлар, қирғоқ белгилари) бўйича берилади.
154. Кема капитанлари «Генерал Мўмин» ва Айваж портлари кўприкларидан ўтиш даврида Чегара назорати бўлинмалари талабларига қатъий амал қилиши шарт.
12-боб. Кемаларда хавфли юклар ва зарарли газ ажратиб чиқарувчи юкларни ташиш
155. Хавфли юкларга нефть маҳсулотлари, портловчи ва тез аланга оладиган воситалар ҳамда сув билан қўшилганда реакцияга киришиб, юқори температура ажратиб чиқарадиган ёки аланга оладиган кимёвий юклар киради. Зарарли газ ажратиб чиқарадиган кимёвий юкларга сув ёки ҳаво билан қўшилганда, зарарли газ ёки кимёвий юкнинг ўзи чангланиб кетадиган юклар киради.
156. Мазкур Қоидаларнинг 155-бандида кўрсатилган юклар билан юкланган ёки туширгандан сўнг уларнинг қолдиғи бўлган кемалар портда ёки рейдларда бошқа кемалардан алоҳида қўйилиши шарт. Бундай кемаларни рейдда икки ёки ундан кўп ёнма-ён боғлаш ёки қўйиш қатъиян тақиқланади.
157. Хавфли юклар юкланган кемалар тўхтаб турганда мачтасида: кундуз куни — қизил тўртбурчак байроқ, тунда — аккумулятор батареяси манбасидан ёритиладиган, бутун горизонт бўйича кўринадиган битта қизил чироқ, шатакка олинган даврда эса бутун горизонт бўйича кўринадиган битта оқ чироқ бўлиши шарт.
13-боб. Кўриниш чекланган шароитларда кемаларнинг сузиши
158. Горизонт бўйлаб кўриниш масофаси 1 кмдан кам бўлганда кемаларнинг ҳаракатланиши тақиқланади.
159. Кўриниш чекланган даврда кема ёки таркиб фақат лангарда тўхтаб туриш учун жойни танлаш учун ўзининг ҳаракатини давом эттириши мумкин. Бу ҳолатда кема мунтазам кўриш ва эшитиш орқали вазиятни назорат қилиб бориши, тегишли товушли сигналларни бериши ҳамда радиоалоқа бўйича эфирда, ўзи бўлиб турган вазият ва жойлашуви тўғрисида хабар бериши шарт.
160. Кейинги ҳаракат тўғрисида қарор қабул қилишда ҳақиқий кўриш масофаси, ҳаракат интенсивлиги, кемалар (таркиблар) габаритларининг сув йўли габаритларига нисбийлигига алоҳида эътибор қаратиши шарт.
161. Радиоалоқа бўйича мулоқот олиб бориш даврида ўзаро ҳаракатлар айнан шу кема билан келишиб олаётганлигини аниқ билиши шарт.
162. Ҳаракатланувчи ва тўхтаб турган кемалар кўриниш чекланган даврда қуйидаги сигналларни бериш орқали атрофдаги кемаларни огоҳлантириши шарт:
ҳаракатдаги кемалар ҳар 2 дақиқадан кўп бўлмаган оралиқда — битта давомли товушли сигнал;
кемаларни ёки солларни шатакка олган кема ҳар 2 дақиқадан кўп бўлмаган оралиқда — битта давомли ва иккита қисқа товушли сигнал;
кўриниш чекланган даврда кема юрадиган йўл чегарасида лангарда ёки саёзликда турган ўзиюрар кема яқинлашаётган кемаларни огоҳлантириш учун битта қисқа, битта давомли ва битта қисқа товушли сигнал бериши шарт. Экипажга эга бўлган ўзиюрмас кема бундай ҳолда қўнғироққа ёки металл предметга тез-тез уриш билан сигнал беради.
14-боб. Кемалардан айрилиш (ўтказиб юбориш) ва ўзиб кетиш
163. Кўриш масофаси 1 кмдан кам бўлган даврда қарама-қарши ҳаракатланаётган кемалар бир-бирларидан айрилиш вақтида улар олдиндан радиоалоқа бўйича қулайроқ жойни келишиб олишлари ва фақат чап бортлари билан айрилишлари шарт.
164. Оқимга қарши ҳаракат қилувчи кема келишилган жойга етиб келганда, қанча зарур ва хавфсиз бўлса ўнг томонга ўтиши, тўхташи ёки тезликни энг кам тезликкача пасайтириши ва қарама-қарши келаётган кемани (таркибни) чап борти томонидан ўтказиб юбориши шарт.
165. Оқим бўйича ҳаракат қилувчи кема келишилган жойга етиб келганда, олдиндан тезликни энг кам тезликкача пасайтириши, қанча зарур ва хавфсиз бўлса ўнг томонга ўтиши ва қарама-қарши кема ортга қолгунга қадар шундай тезликда ҳаракат қилиши шарт.
166. Кўриш масофаси чекланган даврда кемаларнинг бир-биридан ўзиб кетишига йўл қўйилмайди.
15-боб. Кемаларнинг тўхтаб туриши Лангарда тўхтаб турган кемаларга қўйиладиган талаблар
167. Кемалар, таркиблар ва соллар махсус ажратилган рейдларда жойлашиш ва тўхтаб туриш тартибига риоя этган ҳолда лангарда туришлари шарт.
168. Рейдларда кемалар, таркиблар ва солларнинг жойлаштирилиши ва тўхтаб туриши маҳаллий сузиш шароитлардан келиб чиқиб ишлаб чиқилган маҳаллий қоидалар ва мазкур Қоидалар билан ўрнатилган тартибда белгиланади. Рейдлар навигация хариталарида кўрсатилган бўлиши шарт.
169. Кемалар, таркиблар ва солларнинг ҳаракатланиш йўлида ёки рейдлар бўлмаган жойларда лангарда туриш учун зарурат пайдо бўлганда, улар кема юрадиган йўлга яқинроқ бўлган, бошқа кемаларнинг ҳаракатланишига ва манёвр қилишига халақит бермайдиган хавфсиз жойда лангарда тўхтаб туриш жойини танлаши шарт.
170. Кемалар, соллар, дебаркадер, земснаряд, сузувчан кўприк ва бошқа сузувчи воситалардан ташланган лангарлар ҳаракатланаётган кемаларга хавф туғдирмаслиги шарт.
Кемалардан ташланган тўрт шохли ва адмиралти лангарлар оқ ва қизил ҳошия билан бўялган буйлар (қалқович) билан белгиланган бўлиши шарт.
Буйнинг узунлиги шундай бўлиши лозимки, лангар ташлангандан сўнг буй ортиқча захирасиз сувнинг юзида бўлиши шарт.
Лангар ва боғлаш занжирларини буйсиз ташлаш тақиқланади. Ҳар бир лангарда, унинг вазни ва мансублиги кўрсатилган тамға бўлиши шарт.
171. Барча кемалар тўхташ зарур бўлганда фарватердан ташқарида, устун ва кема йўли ўзгаришини кўрсатиб турадиган белгилардан 100 метрдан кам бўлмаган масофада ва бошқа кемаларнинг ҳаракатланишига халақит бермайдиган жойда тўхташи шарт.
Кўприк, сув иншоотлари олдидаги саёз, бурилиш ва тор жойлар, дебаркадер ҳудуди, йўловчи ва юк причалларига кириш жойлари, кечув жойлари, навигация белгилари, сув ости кабеллари ётқизилган жойлар, сув ости ўтиш жойлари, сув олинадиган жойлар, сув қисилиб оқадиган қирғоқлар ва сув йўллари техник участкаси томонидан алоҳида эълон қилинган жойларда тўхтаб туриш тақиқланади.
Кемачиликни сиқиб қўяётган кемалар ва бошқа сузувчи иншоотлар ушбу кемалар ва сузувчи иншоотлар эгалари томонидан бошқа жойга ўтказиб қўйилиши шарт.
Худди шундай причал ёнида турган, юклаш операциялари билан банд бўлмаган ёки юклаш операцияларини бажаришга ёки бошқа кемаларнинг ҳаракатланишига халақит бераётган кемалар ҳам бошқа жойга ўтказилади.
Кемалар йўловчи дебаркадерлари ва доклардан 200 метрдан кам бўлмаган масофада лангарда тўхтаб туриши ёки причалга боғланиши шарт.
172. Нефть маҳсулотлари (ёки уларнинг қолдиғи бўлган), портловчи, заҳарловчи воситалар ва тез аланга оладиган юклар билан юкланган кемалар портлар ва рейдларда, кемаларга ишлов бериш бўйича маҳаллий қоидалар билан белгиланган махсус жойларда алоҳида туради. Бошқа кемалар бу кемалардан 300 метрдан кам бўлмаган масофада жойлаштирилади.
173. Кемалар фарватерда ёки унга яқин жойда тўхтаб турганда, қирғоққа боғланган ёки лангарда тўхтаб турганда доимо назорат остида бўлиши, вахтадагилар эса мазкур Қоидалар билан белгиланган сигналларни бериб бориши шарт.
174. Шатакка олувчи кема шатакка олинган кемани боғлаш ёки уни лангарга қўйиш даврида у кема юрадиган йўлни озод этмагунга қадар қолдириши мумкин эмас ва шатакка олувчининг вахта бошлиғи шатакка олинган кеманинг ишончли ва хавфсиз тўхтаб туришига ишонч ҳосил қилиши шарт.
16-боб. Амударё дарёсида командаси бўлмаган баржалар ва бошқа кемаларнинг тўхтаб туриши
175. Командаси бўлмаган баржалар ва бошқа кемаларнинг уларда сигнал чироқлари бўлмаганда, тўхтаб туришига кема юрадиган сув йўлларидан ташқарида, ишончли боғлаш қурилмалари билан жиҳозланган тўхтаб туриш учун махсус ажратилган жойларда рухсат этилади.
176. Командаси бўлмаган баржалар ва бошқа кемаларнинг уларда сигнал чироқлари бўлмаганда, кема юрадиган сув йўллари чегарасида тўхтаб туришига фақат шатакка олувчи билан қуйидагилар мавжуд бўлганда рухсат этилади:
узунлиги 50 метрдан кам бўлган кемалар билан тўхтаб турганда — сигнал чироқлари мазкур Қоидаларга мувофиқ;
узунлиги 50 метрдан ортиқ бўлган кемалар билан тўхтаб турганда — сигнал чироқлари мазкур Қоидаларга мувофиқ ва унга қўшимча шатакка олган кема яқинлашаётган ва ўтиб кетаётган кемаларга тўхтаб турган кемалар ёки таркибнинг жойлашганлигини кўрсатувчи кема прожектори ёки бошқа нур таратувчи қурилмалар.
Командаси бўлмаган баржалар ва бошқа кемаларни назоратсиз қолдиришга йўл қўйилмайди.
17-боб. Хавфсизлик ва ёрдам кўрсатиш чоралари
1-§. Ёрдам кўрсатиш чоралари
177. Кема бошқарувчилари ва шкиперлари кемачилик жиҳозлари ва белгиларининг шикастланганлиги ҳамда ички кема йўлларида лангар, боғловчи занжир, судралма занжир ва бошқа буюмларнинг йўқотилганлиги сабабли бошқа кемаларнинг хавфсиз сузишига таҳдид пайдо бўлганлиги тўғрисидаги барча ҳолатларни пост ва қарама-қарши келаётган кемаларга буюм йўқотилган жойни аниқ кўрсатиб хабар бериши, зудлик билан чўккан буюмни кўтариши ёки огоҳлантирувчи белгилар билан тўсиб қўйиши ва бу ҳақда сув йўллари техник участкаси ҳамда кема эгаларини хабардор қилиши шарт.
178. Кемада чўкиш хавфи туғилганда, кема капитани ёки шкипери ҳамда уни шатакка олган кема фарватерни бўшатиш ва аварияга учраган кемани бирор қирғоққа ёки саёз жойга олиб бориш учун барча чораларни кўриши шарт.
179. Сувда бахтсиз ҳодиса юз бериб, одамлар ҳаёти хавф остида бўлганда, унинг яқин атрофида жойлашган барча кемалар зудлик билан ўзларида мавжуд воситалар билан ёрдам беришлари шарт.
180. Агар кеманинг ҳалокати муқаррар бўлса, капитан йўловчиларни қутқариш бўйича барча чораларни кўргандан сўнг экипажга кемани тарк этишга рухсат беради. Капитаннинг ўзи кемани охирида тарк этиши шарт.
181. Авария ҳолати бўйича кема капитани ёки бошқа сузиш воситасидаги масъул шахслар схематик чизмалар, айбдорлар ва жабрланганларнинг ҳамда гувоҳларнинг (агар улар бўлса) тушунтириш хатлари билан уч нусхада мазкур Қоидаларга иловага мувофиқ шаклда Кемада содир этилган авария тўғрисида далолатнома тузади ва вахта журналидан ҳодиса тўғрисидаги ёзувдан кўчирма олади.
Далолатноманинг бир нусхаси ҳужжатларни қайд этиб яқин жойлашган кемачилик регистри инспекторига, иккинчи нусхаси қайд этилган ҳужжатларни илова этиб кема эгасига берилади, учинчи нусхаси эса ўзида қолдирилади.
Ҳужжат тузиш даврида капитан бу ишга флот бошлиғи ёки капитан-мураббийнинг иштирок этишини таъминлаши шарт.
182. Техник носозликлар натижасида юзага келган авария ҳодисалари тўғрисида кема капитани яқин жойлашган Кемачилик регистри инспекторини хабардор қилиши ва зудлик билан унинг талабларини бажариш чораларини кўриши шарт.
183. Мазкур Қоидаларда кўзда тутилмаган барча ҳолатларда кема бошқарувчиси кемани бошқариш амалиётидан келиб чиққан ёки бу ҳолатнинг алоҳида вазиятларини ҳисобга олган ҳолда, сузиш хавфсизлигини таъминлаш бўйича чораларни кўриши шарт.
184. Экипаж аъзолари қуйидаги тревогалар бўйича ўз вазифаларини билиши ва аниқ бажариши шарт:
ёнғин тревогаси;
сув тревогаси;
«Бортдан ташқарида одам» тревогаси.
Кемада тревогалар бўйича умумий жадваллар қуйидаги жойларда осилган бўлиши шарт:
кўприкчада;
ошхона ёки коридорда, барча экипаж кўриши мумкин бўлган жойда.
Алоҳида жадваллар варақаси каюталар бўйича осиб қўйилган бўлиши шарт.
Вахта жойлашган жойда телефонлар рўйхати, порт маъмурияти ва ёнғин командасини хабардор қилиш учун кўрсатиб қўйилган тревогалар бўйича жадвал осиб қўйилган бўлиши шарт.
2-§. Командаси бўлмаган баржани шатакка қабул қилиш даврида хавфсизликни таъминлаш
185. Кема бошқарувчиси баржани шатакка қабул қилишдан олдин ўзиюрмас флот бўйича қирғоқ инспектори билан биргаликда ҳар бир баржанинг техник ҳолатини аниқлаш учун уларни кўрикдан ўтказади.
Кўрик даврида қуйидагилар аниқланиши шарт:
қобиқнинг сув ўтказмаслиги;
боғлаш, шатакка олиш ва лангар қурилмаларининг созлиги;
тўхтаб туриш учун ўрта қисм бруслари ва кринолин бутунлиги;
бириктирилган инвентарнинг мавжудлиги;
кемани сақлаб қолиш учун курашга мўлжалланган ва қўл остида доим бўлиши керак бўладиган материаллар ва авария инвентарининг мавжудлиги;
сувга ботиши, крен, дифферент ва юкнинг тўғри жойлашганлиги.
186. Баржалардан иборат таркибни шакллантиришдан ва шатакка олишдан олдин капитан (вахта бошлиғи) уларнинг техник ҳолатини текшириши ва «Кема журнали»га қайд этиши шарт.
187. Шатакка олувчининг экипажи баржаларни қабул қилиб олганлиги тўғрисидаги далолатнома расмийлаштирилган вақтдан бошлаб, командаси бўлмаган баржаларнинг техник ҳолати, сақланиши ва уларга хизмат кўрсатилиши учун жавобгар ҳисобланади.
Командаси бўлмаган баржаларни назоратсиз қолдириш тақиқланади.
188. Шатакка олувчининг капитани (вахта бошлиғи) командасиз баржаларни доим назорат қилиб туриши ва бундай кемалар қандай ҳолатда бўлмасин, улардан ҳалокат сигнали келмаслигини эътиборга олиши шарт.
Шатакка олувчининг экипажи доимо юқори сафарбарликка тайёр туриши ва кемани сақлаб қолиш учун курашиш инвентари, аслаҳа ҳамда бошқа воситалар тўлиқ ва штат жойларида бўлишини таъминлаши шарт.
189. Йўлнинг мураккаб участкасини ўтиш даврида кемалар сув ости тўсиқларига дуч келганда, унга чиқиб кетганда ёки саёзликка ўтириб қолган ҳолатларда вахта бошлиғи зудлик билан ҳаракатни тўхтатиши ва кемаларнинг ҳолатини текшириши шарт.
190. Белгиланган пунктга келгандан сўнг капитан (вахта бошлиғи) кемалар билан содир этилган ҳолатлар тўғрисида тузилган далолатномаларни илова этган ҳолда (агар қатнов давомида содир этилган бўлса), кема эгасига бажарилган қатнов бўйича билдирги тақдим этади.
3-§. Қайиқларни теплоход борти ёнига қабул қилишда хавфсизлик чоралари
191. Ҳаракатланаётган теплоход борти ёнига қайиқларнинг келишига йўл ҳолати ва бошқа сабаблар бўйича хабардор қилиш зарур бўлганда йўл қўйилади.
Ҳаракатланаётган ғилдиракли теплоход ёнига қайиқларнинг келишига йўл қўйилмайди.
192. Қайиқ бошқарувчиси теплоход борти ёнига келишдан олдин кема олдидан камида 1 км масофада «Қайиқни қабул қилишингизни сўрайман» сигналини қуйидаги тартибда беради:
Кундуз куни — оқ чироқ ёки оқ байроқни боши тепасига кўтариб;
тунда — оқ чироқни доира қилиб айлантириб.
193. Вахта бошлиғи қайиқни қабул қилишга розилигини ёки рад этишни қуйидаги товушли сигналлар билан беради:
қайиқни ўнг борт томондан қабул қилишда — битта қисқа товушли сигнал;
қайиқни чап борт томондан қабул қилишда — иккита қисқа товушли сигнал;
қайиқни қабул қилишга рад этиш — бешта тез-тез қисқа товушли сигнал.
194. Бортига қабул қилиш учун теплоходнинг розилигини олган қайиқ теплоходнинг бортига узатиш учун махсус лангар ёки арқонни тайёрлаб теплоходнинг ҳаракат йўналиши бўйлаб бурилиши шарт.
Қайиқни кема бортига қуйидаги жойлардан қабул қилиб олишга йўл қўйилади:
ғилдиракли теплоходда — олд борт кнехтлари жойлашган олд қисмидан;
ғилдиракли паст бортли теплоходларда — вахта бошлиғининг қарори бўйича олд қисми ёки ғилдиракнинг орқа қисмидан. Бунда қайиқ қабул қилинаётган шу бортнинг ғилдираги тўхтатиб қўйилган бўлиши шарт;
винтли теплоходларда — бортнинг ўртасидан.
195. Борт ёнига қайиқни қабул қилиш даврида вахта бошлиғи хавфсиз қабул қилишни таъминлаш бўйича қуйидаги чораларни кўриши шарт:
махсус лангарни ёки арқонни қабул қилиб олиш учун чангак билан одам юбориши, оқимга қарши бурилиши ёки тинч оқар сувга ўтиши;
машина бўлимининг вахта бўйича раҳбарини машиналар иш режимини ўзгартиришга тайёр туриши ҳақида огоҳлантириши.
4-§. Кечувларга қўйилган талаблар
196. Кечувлардан фойдаланиш ва уларга қараб туриш мазкур Қоидалар талабларига мувофиқ бўлиши шарт.
197. Дарё ва бошқа сув ҳавзаларида кечувларни ташкил этишда қуйидаги ишларни амалга оширгандан кейин йўл қўйилади:
дарё суви оқимининг тезлиги энг кам ва оқим йўналиши қирғоққа параллель бўлган ҳамда кема йўли томонидан қулай ва хавфсиз келиш учун етарли узунликдаги сув йўли участкаси бўлиши;
одамларни ва автомобилларни кемага келиши учун қаттиқ қопламага эга бўлган текис ер майдони ва унга кириш йўллари бўлиши;
кемаларнинг турига қараб, қирғоқда швартов қурилмаларининг тўғри ва мустаҳкам ўрнатилган бўлиши.
Кемаларни дарахтларга, юқори кучланишдаги электр устунларига ва қирғоқдаги бошқа тасодифий нарсаларга боғлаш тақиқланади;
одамларни қирғоқдан кемага қулай ва хавфсиз ўтишини таъминлайдиган, баландлиги 1 метрдан, эни 0.6 метрдан кам бўлмаган, ҳар бир метрда 80 кг юк кўтариш қобилиятига эга, узунлиги бўйлаб ёй бўйича 0.04 метрдан ортиқ эгилмайдиган, тутқич ва леерлар билан жиҳозланган, мустаҳкам конструкцияга эга бўлган кўприкчалар мавжуд бўлиши;
қия ўрнатиладиган кўприкчаларда, уларнинг узунлиги бўйлаб ҳар 300 — 400 мм оралиғида ўлчамлари 300 — 500 мм х 50 х 30 мм бўлган кўндаланг ёғоч рейка ўрнатилган бўлиши;
кундуз куни аниқ кўринадиган ва тунда ёритадиган огоҳлантирувчи белгиларнинг (сув чуқурлиги, кечув учун фойдаланишда бўлган кеманинг юк кўтариш қобилияти) мавжуд бўлиши;
кечув ишларини хавфсиз амалга ошириш бўйича йўриқномалар мавжуд бўлиши, кемага чиқишдан олдин ва кема бортида одамларга йўриқнома ўтказилиши.
198. Кечув учун фойдаланиладиган кемалар қуйидаги талабларга жавоб бериши шарт:
кемалар Кемачилик регистри инспекторлари томонидан техник кўриклардан ўтказилган ва Регистрнинг кема ҳужжатларига эга бўлиши;
кечув ишларини амалга ошираётган шахс кема ҳайдовчиси гувоҳномасига эга бўлиши ва кема экипажининг барча аъзолари сузишни, чўкаётган одамни қутқариш усулларини ва биринчи ёрдам беришни билиши;
кечув ишларига жалб этилган кемалар қутқарув воситалари, автомашина ва ҳайвонларни маҳкамлаш воситалари билан жиҳозланган бўлиши;
борт ҳимоя тўсиқлари техник лойиҳа ҳужжатларига мувофиқ бўлиши ва одамларни бортдан ташқарига тушиб кетишини истисно этиши;
эшкакли ва моторли қайиқлар юк ватерлиниясидан 10 сантиметрдан баланд бўлган қутқарув ҳимоя тўсиғи билан жиҳозланган бўлиши;
кема бортига кириш жойи яқинида қутқарув доираси, шунингдек, узунлиги 25 метрдан кам бўлмаган ташланадиган арқон боғланган битта қутқарув доираси бўлиши;
кеманинг кўринадиган жойида йўловчи сиғими ва юк кўтариш қобилияти тўғрисидаги ахборот осиб қўйилган ҳамда қуйидаги маълумотлар бўлиши:
«Ҳайдовчилар! Машиналарни тормозга ва биринчи узатмага қўйинглар, боғичларни текширинг»;
«Бортга яқинлашманг, ҳимоя тўсиқларига суянманг!»;
«Силкинишдан эҳтиёт бўлинг!».
199. Хавфсизлик талабларига жавоб бермаган кечувларнинг ишлатилиши Кемачилик регистри инспектори томонидан тақиқланади.
Кечувлар фаолиятини тиклашга фақат камчиликларни бартараф этгандан ва Кемачилик регистри инспектори томонидан тегишли ҳужжатлар расмийлаштирилгандан сўнг йўл қўйилади.
200. Йўловчи ва юклар хавфсиз ва ишончли ташилиши учун кечув ишларини ташкил этган корхона раҳбари ва уни амалга ошираётган кема капитани жавобгар ҳисобланади.
17-боб. Якунловчи қоида
201. Мазкур Қоидалар талабларининг бузилишида айбдор бўлган шахслар қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда жавоб берадилар.
Ўзбекистон Республикасининг ички кема йўлларида сузиш қоидаларига ИЛОВА
Кема билан содир этилган авария тўғрисида ДАЛОЛАТНОМА 20___ йил __________ ойи _____ куни __________________________________ (тузилган жойи) Биз, қуйида имзо чекувчилар___________________________________________ (лавозими, фамилияси, исми, отасининг исми) _________________________________________________________________________________________________ (бошқа гувоҳлар учун — ҳар бирининг яшаш манзили) қуйидагилар тўғрисида далолатнома туздик: Теплоход _______________________________________________________________________________________________________ қуввати _____________________________________ от кучи, сувга ботиши _____________________________________________ см, тегишлилиги____________________________________________________________________________________________________ ҳаракатланиши _____________________ бўш ёки ______________ кемадан иборат таркиб билан. (дарё бўйича юқори, қуйи) таркиб узунлиги ____________________________ метр, эни _________________________ метр, (ҳар бир кеманинг сувга ботиши кўрсатилсин) таркиб кемаларининг сувга ботиши ________ метр Таркибни боғлаш усули қуйидагича _________________________________________________________________________________ (баён этилсин) Агар соллар таркиби шатакка олинган бўлса, унинг рақами ва эгаси ҳамда габарит ўлчамлари (узунлиги, эни, сувга ботиши, бириктириш усули кўрсатилсин) ______________________________________________________________________________________________ Олиб бораётган кеманинг палуба бўйича вахтадагилари _______________________________________________________________________________________________________________ (лавозими, фамилияси, исми, отасининг исми, диплом бўйича мутахассислиги) машина бўйича командаси ________________________________________________________________________________________ (лавозими, фамилияси, исми, отасининг исми, диплом бўйича мутахассислиги) Об-ҳаво ҳолати: шамол йўналиши ва кучи, кўриниши, фарватердаги кемачилик жиҳозларининг ҳолати: лозим бўлган қирғоқ ва сузувчи белгиларнинг мавжудлиги, уларнинг жойлашиши ва ёритиши, навигация белгисида кўрсатилган чуқурликнинг ҳақиқий чуқурлик билан мослиги. Авария қуйидаги шароитларда содир этилди (авария содир этилган жойнинг аниқ манзили, вақти, бажарилган барча манёврлар, авариягача ва авария вақтида юриш тезлиги, шатакка олган кеманинг вахта бошлиғи томонидан авария содир этилишидан олдин ва авария вақтида кема шкипери ёки сол бригадирига берилган барча кўрсатмалар батафсил кўрсатиб баён этилсин). Аварияни зудлик билан бартараф этиш бўйича кўрилган чоралар кўрсатилсин. Агар кемалар ва солларнинг тўқнашуви содир этилган бўлса, қарама-қарши ёки ўзиб кетаётган кемалар (соллар) тегишли товуш ва кўриш сигналлари билан жиҳозланганлиги, уларнинг тўғри қўлланилганлиги, сигналлар билан ўзаро алмашиш вақтлари баён этилсин. Агар авария кема ёки сол тўхтаб турган жойда содир этилган бўлса (сув сатҳининг тушиб кетиши, сув кирганлигидан чўкиб қолиши, ёнғин ва бошқалар), у содир этилган барча шароит ва вазиятлар баён этилсин. Механизм ёки уларнинг деталлари, ҳаракатлантирувчи ва кеманинг бошқа қурилмалари синганда ёки шикастланганда, шикастланиш нимадан иборатлиги, механизмлар ва деталларнинг авариягача тўғри ишлаганлиги, охирги қишки тўхтаб туриш даврида ва қайси кема таъмирлаш устахонаси ёки заводда шикастланган детал таъмирга жалб этилганлиги баён этилсин. Сол шикастланганда унинг бириктирилиши. Бириктириш, шакллантириш ва жиҳозлаш қоидалари талабларига мувофиқлиги кўрсатилсин (шатакка олинган сол билан авария содир бўлганда авария тўғрисидаги далолатнома сол бригадири иштирокида тузилади). Далолатноманинг хулоса қисмида қуйидагилар кўрсатилсин: а) одамлар билан бахтсиз ҳолатлар бўлганми, агар юз берган бўлса, бахтсиз ҳодисаларнинг олдини олиш ва одамларни қутқариш учун қандай чоралар кўрилганлиги қайд этилсин; Ҳалок бўлганларнинг ёки жароҳатланганларнинг фамилияси, исми, отасининг исми ва яшаш манзили; б) юклар йўқотилиши ёки ишдан чиқиши, хусусан, қайсилари ва қанча миқдорда; в) аварияда иштирок этган кемаларнинг тўхтаб қолганлиги вақти (соатларда); г) аварияни бартараф этиш бўйича ёрдам кўрсатиш учун бошқа кемаларнинг сарфлаган вақти (соатларда). Далолатномани тузган шахслар ва уни тузишда иштирок этган шахсларнинг (авария ҳолати гувоҳларининг) имзолари. Далолатномага авария жойининг қуйидагилар кўрсатилган схематик чизмаси илова қилинади: Оқим йўналиши, кемаларнинг авариягача, авария вақтида ва авариядан кейинги жойлашуви, фарватер жиҳозлари белгиларининг жойлашуви.
Вазирлар Маҳкамасининг 2023 йил 11 сентябрдаги 462-сон қарорига 2-ИЛОВА
Дарё транспортини техник ишлатиш
1-боб. Умумий қоидалар
1. Мазкур Дарё транспортини техник ишлатиш қоидалари (кейинги ўринларда — Қоидалар) Ўзбекистон Республикасининг кема қатнайдиган ички сув йўлларида, табиий ва сунъий барпо этилган сув ҳавзаларида дарё транспорти воситаларидан (кейинги ўринларда — кема) фойдаланиш даврида сузиш хавфсизлигини таъминлаш, сувда инсон ҳаётини муҳофаза қилиш, атроф-муҳит ифлосланишининг олдини олиш ва юкларни ишончли ташишга қаратилган техник ишлатиш асосларини белгилайди.
2. Мазкур Қоидаларда қуйидаги асосий тушунчалардан фойдаланилади:
давлат назорат органларининг мансабдор шахслари — Ўзбекистон Республикаси Транспорт вазирлиги ҳузуридаги Транспорт назорати инспекциясининг кемаларни, Фавқулодда вазиятлар вазирлигининг кичик ҳажмли кемаларни назорат қилиш ваколати берилган мансабдор шахслари;
техник ишлатиш — кемалардан техник лойиҳа ҳужжатларига ёки ўрнатилган техник-иқтисодий кўрсаткичларга мувофиқ белгиланган вазифалари бўйича хавфсиз ва самарали фойдаланишни таъминлаш мақсадида уларни техник соз ҳолда сақлаш бўйича кема экипажи, корхона ва ташкилот ишчи-ходимлари томонидан амалга ошириладиган фаолият;
техник хизмат кўрсатиш — кемани, кема техник қурилмалари, корпус конструкциялари, механизмлари ва тизимларини (кейинги ўринларда кема қурилмалари ва механизмлари) техник соз ҳолда сақлаш ва улардан белгиланган техник ишлатиш кўрсаткичларига риоя этиш;
техник фойдаланиш — кема қурилмалари ва механизмларининг белгиланган вазифа ва техник ишлатиш кўрсаткичларига мувофиқ ишлашини таъминлаш;
таъмирлаш — кема қурилмалари ва механизмларининг техник ҳолати ҳамда белгиланган техник ишлатиш кўрсаткичларини тиклаш.
3. Қоидалар кемалардан белгиланган мақсад ва техник кўрсаткичларига мувофиқ авариясиз ва самарали фойдаланиш учун уларнинг яроқли ҳолатда сақланишини таъминлаш бўйича кема экипажи аъзоларининг, корхона ва ташкилот ишчи-ходимларининг кемаларга техник хизмат кўрсатиш бўйича вазифаларини белгилайди.
4. Қоидалар талаблари фойдаланишда, лойиҳалашда, қуришда, таъмирлашда ва қайта жиҳозлашда бўлган кемаларга татбиқ этилади.
5. Кемаларда техник ишлатиш бўйича қоидалар ва йўриқномалар мавжуд бўлмаса, уларни ишлатишга йўл қўйилмайди.
2-боб. Кемаларни техник ишлатиш бўйича асосий талаблар
1-§. Кема эгаси бўлган жисмоний ва юридик шахслар ҳамда кема экипажига талаблар
6. Мазкур Қоидалар мулкчилик шаклидан қатъи назар, кема эгаси бўлган жисмоний ва юридик шахсларга (кейинги ўринларда — кема эгаси), белгиланган тартибда Ўзбекистон Республикаси давлат байроғи остида сузадиган ва кема реестрига киритилган кемаларга татбиқ этилади.
7. Кема эгаси кемани фойдаланишга қабул қилиб олган вақтдан бошлаб, уни техник ишлатиш учун тўлиқ жавобгар ҳисобланади.
8. Кемалардан фойдаланишга уларда кема ҳужжатлари ва амалда бўлган Регистр ҳужжатлари мавжуд бўлганда йўл қўйилади.
9. Белгиланган вазифасидан қатъи назар, фойдаланишда бўлган кема қуйидаги талабларга жавоб бериши шарт:
лозим даражада техник соз ҳолатда бўлиши;
белгиланган вазифасига мувофиқ экипаж аъзолари билан таъминланиши;
бортида аниқлаш белгилари — кема номи, рўйхатга олинган порти ва белгиси, борт рақами мавжуд бўлиши;
кемада унинг техник ҳолати яроқли эканлигини тасдиқловчи кема ва Регистр ҳужжатларининг мавжуд бўлиши;
техник қисмлари, радиоалоқа ва навигация бўйича зарур ҳужжатлар ва қўлланмаларнинг мавжуд бўлиши;
белгиланган вазифа ва сузиш ҳудудига қараб етарли даражада моддий-техник таъминоти, захира қисмлари, ёнилғи-мойлаш материаллари, авария-қутқарув ва ёнғинга қарши воситалари, кемани сақлаб қолиш учун кураш воситалари ва асбоб ускуналарга эга бўлиши.
10. Кемаларни техник ишлатиш даврида қуйидагилар таъминланган бўлиши шарт:
кема қурилмалари ва механизмларининг конструктив, техник, санитария, экология талабларига мувофиқ ишончли, хавфсиз ва авариясиз ишлатилиши;
сувда йўловчи, кема экипажи ҳаётини муҳофаза қилиш ва атроф-муҳит ифлосланишининг олдини олиши;
ташилаётган юкларнинг сақланиши;
меҳнат хавфсизлиги, кема экипажининг дам олиш шароитлари яратилиши;
бошқа кемаларнинг сузишига хавф туғдирмаслик, канал, порт иншоотлари, навигация тизимларига шикаст етказмаслик;
кема қурилмалари ва механизмлари, авария-қутқарув воситаларининг фавқулодда вазиятларда доимий шай ҳолда бўлиши;
кема экипажи кемани сақлаб қолиш учун курашиш ва сувда ҳалокатга учраган шахсларга ёрдам бериш учун доимий шай бўлиши;
кема қурилмалари ва механизмларининг белгиланган техник-иқтисодий кўрсаткичларга мувофиқ ишлатишга шай бўлиши;
кема қурилмалари ва механизмларининг техник ҳолати қонунчилик ҳужжатлари талабларига мувофиқ бўлиши.
11. Кема қурилмалари ва механизмларида сузиш сифатини йўқотишга олиб келган авария ҳолатлари содир бўлганда, кема капитани уни авария содир этилган портда ёки биринчи кирган портда кемачилик регистри инспекторига техник кўрикдан ўтказиш учун тақдим этиши шарт.
12. Кема эгаси давлат назорати органлари мансабдор шахсларига уларнинг ўз хизмат вазифаларини бажариш учун тўсқинликларсиз кемаларда бўлишини таъминлаши шарт.
13. Кеманинг бошқарув таркиби — капитан, механик ва уларнинг ёрдамчилари ҳамда шкипер лавозимларини эгаллаши учун улар кема ҳайдовчиси гувоҳномасига эга бўлиши шарт.
14. Кема экипажи аъзолари ҳар йили бир марта хавфсизлик техникаси ва малака билимларини текширишдан ўтказишлари шарт.
15. Фаолияти кемачилик билан боғлиқ бўлган ишга қабул қилинувчи шахслар ушбу ишни бажаришга яроқли эканлигини тасдиқловчи тиббий кўрикдан ўтишга жалб этилиши ва кейинчалик бу ходимларни тиббий кўрикдан ўтказиш даврийлиги кема эгалари томонидан белгиланган тартибда амалга оширилиши шарт.
2-§. Кемаларни техник ишлатиш
16. Кема эгаси томонидан кемаларни техник ишлатиш бўйича амалга ошириладиган ишлар ўз ичига қуйидагиларни олиши шарт:
кемаларда техник ишлатиш ишларини бошқариш ва ташкил этиш;
корхона маъмурий бошқарув таркибидан кемаларни техник ишлатиш бўйича масъул шахсни тайинлаш;
кема қурилмалари ва механизмларини техник яроқли ҳолатда сақлаш учун кема бошқарув таркибига бириктириш;
кемаларда дарё транспорти соҳасига оид қонунчилик ҳужжатлари, мазкур Қоидалар талабларининг бажарилиши ва кема ҳужжатларининг амал қилиш муддатини назорат қилиш;
кемаларни техник кўриклардан ўтказишни ташкил этиш;
кема экипажи аъзоларининг меҳнат ва дам олиши режимини ташкил этиш;
кемани хавфсиз техник ишлатиш учун зарур бўлган жиҳозлар билан таъминлаш;
фавқулодда вазиятлар даврида кема эгаси ва кема билан алоқаларни ташкил этиш;
кемаларни таъмирлаш сифати ва муддатини назорат қилиш;
кемалар таркиби ва техник ҳолатининг ҳисобини юритиш ва назорат қилиш;
авария ҳолатларини аниқлаш, таҳлил қилиш ва ҳисобини юритиш ва уларни бартараф этиш бўйича тадбирлар ишлаб чиқиш;
кемаларга техник хизмат кўрсатиш, уларни таъмирлаш ва жиҳозлаш, фойдаланишда бўлган кемани таъмирга чиқариш учун сарфланадиган маблағни режалаштириш.
17. Кема экипажи томонидан кемани техник ишлатиш бўйича амалга ошириладиган ишлар ўз ичига қуйидагиларни олиши шарт:
кемаларда вахта хизмати таркиби ва жойлашуви бўйича вахта жадвалини ишлаб чиқиш, бунда вахта хизмати бўйича жадвал кема капитани томонидан тасдиқланади;
кема қурилмалари ва механизмларини техник яроқли ва тоза ҳолатда сақлаш;
кемалардан техник-иқтисодий кўрсаткичларига мувофиқ белгиланган вазифалари бўйича хавфсиз ва самарали фойдаланиш;
кема қурилмалари ва механизмларини техник ишлатиш бўйича кема эгаси томонидан белгиланган ёқилғи, ёқилғи-мойлаш материаллари сарфи, ёқилғи ва мой турлари режимига риоя этиш, бунда уларнинг ҳисоби ҳар куни мувофиқ равишда кема ва машина вахта журналларида қайд этилади;
техник ўқув машғулотлари ўтказиш, бунда техник ўқув машғулотлари, гуруҳ раҳбарлари ва таркиби, машғулот ўтказиш таркиби кема капитани томонидан тасдиқланади;
кема эгасига белгиланган шаклда ҳисобот ҳужжатларини тақдим этиш.
18. Кемани техник ишлатиш бўйича кема экипажи аъзоларининг жавобгарлиги қуйидагича белгиланади:
кемани техник ишлатиш бўйича умумий жавобгарлик кема капитани зиммасида бўлади;
кема техник қурилмалари, тизимлари, узатмалари ва палуба усти механизмларини техник ишлатиш бўйича жавобгарлик кема механиги зиммасида бўлади;
кема корпуси конструкциялари, ёпқичлар (қопқоқлар), хоналар ва палуба қурилмаларини техник ишлатиш бўйича жавобгарлик кема капитанининг катта ёрдамчиси зиммасида бўлади;
кеманинг алоҳида қурилма ва механизмларини техник ишлатиш бўйича шу қурилма ва механизмларига бириктирилган бошқарув таркибидаги шахс (кема экипаж аъзолари) жавобгар ҳисобланади;
белгиланган вазифаларни бажариш даврида кема тизимлари ва корпуси конструкцияларидан техник фойдаланиш учун жавобгар вахта хизмати ходимлари ҳисобланади.
Кема капитани кемани техник ишлатишни ташкил этиш бўйича умумий раҳбарликни кеманинг катта механигига топшириши мумкин.
19. Кема бошқарув таркиби (кема экипажи аъзолари) кема қурилмаларининг ишлаш тамойили, техник ишлатиш тавсифи, конструкция элементлари ва ўзларига бириктирилган механизмларнинг хусусиятини етарли даражада билиши ва уларни ишлатиш учун доимий шай ҳолда сақлаши, ўз вақтида назорат органларига техник кўрикдан ўтказишга тақдим этиши ва техник ҳужжатларни тўғри юритилишини таъминлаши шарт.
20. Кеманинг барча қурилмалари ва механизмларидан белгиланган вазифаларига мувофиқ фойдаланиш шарт.
Қурилмалар ва механизмларнинг олдида уларни ишга тайёрлаш, ишга тушириш, иш режимини назорат қилиш ва тўхтатиш бўйича кема механиги ёки капитаннинг катта ёрдамчиси томонидан тасдиқланган йўриқномалар осиб қўйилган бўлиши шарт.
21. Кема бошқарув таркиби шахслари (экипаж аъзолари) кемага тайинлангандан кейин қуйидаги ишларни амалга оширишлари шарт:
ўзларига бириктирилган кема қурилмалари, корпус конструкциялари ва тизимларини текшириш, кемани қабул қилиш даврида эса уларни ишлатиб кўриш;
ўзларига бириктирилган бўлинма бўйича кема ҳужжатларининг амал қилиш муддати, тўлиқлиги ва уларни юритиш;
қўл остидаги таркиб билан шахсан танишиш;
кема таъминоти, ҳужжатлари ва норматив ҳужжатлар мавжудлигини текшириш;
бўлинмани қабул қилганлиги тўғрисида далолатнома билан расмийлаштириш ва кема механиги ёки капитан катта ёрдамчисини хабардор қилиш ва ўз навбатида, бу ҳақда кема капитанини хабардор қилиш.
22. Кема капитани, катта механиги ёки капитан катта ёрдамчиси (кема экипажи аъзолари) ўзгарганда, ўз бўлинмаларининг техник ҳолати бўйича тегишли равишда қабул қилиб олаётган кема катта механиги ёки капитан катта ёрдамчисини хабардор қилади ва бу ҳақда кема капитанига ахборот берилади.
23. Кемалар белгиланган вазифалари бўйича маҳаллий сузиш шароитларига мувофиқ белгиланган меъёрдаги таъминот билан бутланган бўлиши шарт.
Кема таъминотининг тўлиқлиги учун жавобгар кема эгаси ҳисобланади.
Кема таъминоти учун буюртма кема капитани томонидан берилади, бунда буюртма меъёр ва режа асосида ҳамда уни кемада мавжуд бўлган қолдиқ қисмига қараб тузилади.
24. Кемага техник хизмат кўрсатиш ва таъмирлаш даврида қўлланиладиган таъминот, жиҳозлар, захира қисмлар ва материаллар уларнинг сифатини тасдиқловчи сертификатларга эга, стандартлар ва техник шартларга мувофиқ бўлиши шарт.
3-§. Кемалардан техник фойдаланиш
25. Кема, кема қурилмалари ва механизмларидан фойдаланиш кема экипажи томонидан амалга оширилади.
Техник фойдаланиш қурилма ва механизмларни ишга тайёрлаш, ишга тушириш ва иш режимини ўзгартириш, белгиланган ва ҳақиқий техник тавсифини солиштириш, четга оғишларни баҳолаш ва қайд этиш, техник ҳолатини назорат қилиш ва ҳисобини юритишни ўз ичига олади.
26. Кема, кема қурилмалари ва механизмларидан фойдаланиш бошқарув постидан амалга оширилади.
Кемалардаги бошқарув постлари вахта ва навбатчи постларга ажратилади.
Вахта пости — унда доим вахта ходими бўлишини талаб этади.
Навбатчи пост — унда вахта ходими доим бўлишини талаб этмайди.
27. Кемада вахта ва навбатчи постларни белгилаш кемани автоматлаштирилганидан келиб чиқиб, кемасозлик корхонасининг йўриқномалари, ўрнатилган техник воситалари ва тизимлари, лойиҳа ҳужжатлари ва модернизациясига қараб, кема эгаси томонидан белгиланади.
28. Вахта ва навбатчи постлардан кема қурилмалари ва механизмларидан техник фойдаланиш фақат вахта хизмати ходимлари ёки кема капитани, кема капитанининг катта ёрдамчиси ёки кема механиги томонидан тайинланган кема экипажининг бошқа аъзолари томонидан амалга оширилади ва бу ҳақда кема ёки машина журналида қайд этилади.
29. Кема қурилмалари ва механизмларидан техник фойдаланиш қатъий равишда қонунчилик ҳужжатлари, ишлаб чиқарувчи завод йўриқномалари, мазкур Қоидалар ва кема эгаси томонидан тасдиқланган йўриқномалар талаблари асосида амалга оширилиши шарт.
Кўрсатилган ҳужжатлар талабидан четга чиқишга фақат кема капитани ёки механиги рухсати билан, агар кемада инсон ҳаёти, кема хавфсизлигига таҳдид пайдо бўлганда ёки авария ҳолатларида кечиктириб бўлмайдиган вазиятларда эса кема капитанининг вахта ёрдамчиси ёки вахта механиги рухсати билан йўл қўйилади ва бундай ҳолатлар бўйича кема ва машина журналларида тегишли ёзувлар қайд қилиниши ҳамда кема капитани ва кема эгаси хабардор қилиниши шарт.
30. Кеманинг асосий двигателларини бошқариш бевосита вахта механиги, масофадан туриб бошқариш эса кема капитанининг вахта ёрдамчиси томонидан амалга оширилади.
Кема капитани ва вахтада бўлган унинг ёрдамчилари асосий двигателлар ва мувофиқлаштирилувчи винтни масофадан бошқариш ҳамда уларнинг ишлаш режими бўйича йўриқноманинг тегишли қисмларини яхши билиши шарт.
31. Кема, кема қурилмалари ва механизмларнинг ҳолати ва ишлаш режимини назорат қилиш махсус ўлчов асбоблари ёрдамида узатиладиган назорат-ўлчов приборлари ва авария-огоҳлантириш сигналлари кўрсаткичлари бўйича ишлаш муҳитининг таҳлили ҳамда кема қурилмалари ва механизмларининг умумий ҳолатини кўриш, шовқин ва тебранишларни кузатиш орқали амалга оширилади.
Носозликлар аниқланиши керак бўлган бошқариладиган параметрлар рўйхати ишлаб чиқарувчи завод ва кема эгаси йўриқномалари билан белгиланади.
32. Барча авария-огоҳлантириш ва ҳимоя сигналлари доим иш ҳолатида ва ишлаб чиқарувчи завод йўриқномалари, кема қурилмалари ва механизмларини техник ишлатиш қоидалари, кема эгаси томонидан тасдиқланган режа-жадвал асосида даврий текшириб турилиши шарт.
Назорат тариқасида текшириш ва эҳтиётдан таъмирлаш даврида ўчириш фақат кема капитани ёки механиги рухсати билан амалга оширилади ва бу ҳақда кема ва машина журналларига қайд этилади ҳамда вахта хизмати ходимлари хабардор қилинади.
33. Маневрларни қайд қилиш прибори кемани маневр қилиш ва унинг ҳаракатланиш режимида ҳам доим ишлаш ҳолатида бўлиши, уни ўчиришга фақат носозликларни бартараф этиш даврида кема капитанининг вахта ёрдамчиси рухсати билан йўл қўйилади ва бу ҳақда кема ва машина журналларида қайд этилади.
Маневрларни қайд этиш приборининг ўрнатилган жойига қараб, вахта давомида камида бир марта вахта механиги ёки кема капитанининг вахта ёрдамчиси томонидан кўрсаткичларнинг тўғри эканлиги текширилиши шарт.
Маневрларни қайд этиш приборининг тасмаси камида бир йил кема механигида сақланиши ва ундан кейин сақлаш учун кема эгасига топширилиши шарт.
34. Авария ҳимоя қурилмалари мувофиқлаштирилган ва зарур ҳолларда ваколатли органлар томонидан тамғаланган бўлиши ва кемадан фойдаланиш даврида тамғаларни ечиш ҳолатлари машина журналларида қайд этилиши шарт.
Авария ҳимоя қурилмаларининг тамғаси кема кирган биринчи портда тегишли мувофиқлаштирилгандан ва текшириб кўрилгандан сўнг тикланиши шарт.
35. Кеманинг барча ўлчов воситалари яроқли ҳолда бўлиши ва амалдаги гувоҳнома ёки ўрнатилган тартибда текширилганлиги тўғрисида тамғага эга бўлиши шарт.
36. Авария-огоҳлантириш сигналлари ва авария ҳимоя воситалари ишлаб кетганда, вахта механиги бу ҳақда кема капитанининг вахта ёрдамчисини ва кема механигини хабардор қилиши, кема қурилмалари ва механизмларидаги носозликларнинг келиб чиқиш сабабларини аниқлаши ва бартараф этиш чораларини кўриши шарт.
Авария-огоҳлантириш сигналлари ва авария ҳимоя воситалари мунтазам хато ишлаб турса, вахта механиги кема капитанининг вахта ёрдамчисини хабардор қилган ҳолда уларни ўчиришга ва кема қурилмалари ва механизмлари иш режимини тиклашга ҳақли. Кема ва машина журналларида бу ҳақда тегишли ёзувлар қайд этилиши шарт.
Вахта механиги томонидан авария-огоҳлантириш сигналлари ва авария ҳимоя воситалари ишдан чиққан ёки ўчирилган кема қурилмалари ва механизмларининг ишлаш кўрсаткичлари устидан назоратни кучайтириш бўйича чоралар кўрилиши шарт.
37. Кема шикастланиши туфайли ташилаётган юк ёки одамлар ҳаётига таҳдид пайдо бўлганда, кема капитанининг вахта ёрдамчиси авария-огоҳлантириш сигналлари ва авария ҳимоя воситаларини ўчириш тўғрисида мустақил қарор қабул қилади.
Авария-огоҳлантириш сигналлари ва авария ҳимоя воситалари ўчирилишининг ҳар қандай ҳолати бўйича кема капитанининг вахта ёрдамчиси зудлик билан бу ҳақда вахта механигига хабар беради ва кема капитанига ахборот беради ҳамда бу ҳақда кема ва машина журналларида қайд этади.
38. Машина бўлимининг марказий бошқарув пости ва юриш кўприкчасидаги асосий бошқарув постида машина телеграфида кўзда тутилган, кема энергетик қурилмасининг олд ва орқага ишлайдиган барча режимида эшкак винти ёки қадами мувофиқлаштирилувчи винтнинг айланиш частотаси кўрсатилган жадвал бўлиши шарт.
39. Фойдаланиш даврида кема қурилмалари ва механизмларида аниқланган носозликлар улар ишдан тўхтатилгандан кейин бартараф этилиши, вазият бунга йўл қўймаганда эса, вахта хизмати ходимлари одамларнинг хавфсизлигини ва кема қурилмалари, механизмлари шикастланишининг олдини олиши шарт.
40. Кема қурилмалари ва механизмларидаги носозликларни бартараф этиш учун уларни тўхтатиш ва ишга тушириш кема механиги рухсати билан амалга оширилади ва кема капитани ҳамда унинг вахта ёрдамчиси хабардор қилинади.
41. Кеманинг асосий двигателлари кутилмаган вазиятда ишдан тўхтаб қолганда (мажбурий, ўз-ўзидан ёки автоматик ҳимоянинг ишга тушиши натижасида), вахта механиги бу ҳақда зудлик билан юриш кўприкчасидаги кема капитанининг вахта ёрдамчисини ва катта механикни хабардор қилиши шарт.
Кеманинг асосий техник қурилмалари кутилмаган вазиятда ишдан тўхтаб қолганда, вахта хизмати ходимлари захирада бўлган техник қурилмаларни (агар улар мавжуд бўлса) ишга туширишга ва бу ҳақда кема капитани, унинг вахта ёрдамчиси ва механигини хабардор қилиши шарт.
Ҳар қандай ҳолатда ҳам кема техник қурилмаларини ишдан тўхтатишга сабаб бўлган носозликларни зудлик билан аниқлаш ва бартараф этиш чоралари кўрилиши шарт.
Кема техник қурилмаларининг ишдан тўхтатишга сабаб бўлган носозликларни бартараф этмасдан уларни ишлатишга йўл қўйилмайди.
42. Кема, кема қурилмалари ва механизмларининг иш режими, уларни ишлатиш шароитлари, кема маъмуриятининг кема қурилмалари ва механизмларини ишлатиш бўйича берган кўрсатмалари, уларни бартараф этиш чоралари кеманинг ҳисобот ҳужжатларида акс эттирилиши шарт.
43. Кеманинг ҳаракатланиш режими капитан томонидан белгиланади. Оддий ва алоҳида сузиш шароитларида кема, кема қурилмалари ва механизмларининг иш режимини белгилаш, сақлаб туриш ва ўзгартириш тартиби ҳамда инсон ҳаётига, кема ва юкнинг хавфсизлигига таҳдид пайдо бўлган даврда экипаж таркибининг ҳаракати ишлаб чиқарувчи завод йўриқномалари ва мазкур Қоидалар билан белгиланади.
Кема сузишининг алоҳида шароитлари, унинг маневр режимида ишлаш (швартов жараёнлари, каналлардан ва тор йўллардан ўтиш, портга кириш ва ундан чиқиш, кемаларнинг айрилиши, муз ва туман даврида сузиш) жараёнлари ҳисобланади.
44. Алоҳида сузиш шароитларида қўшимча ишлатиш талаб этиладиган кеманинг барча техник воситалари вахта хизмати ходимлари томонидан олдиндан ишлатишга шай ҳолга тайёрлаб қўйилган бўлиши шарт.
45. Кема капитанининг вахта ёрдамчиси маневрлар бошланишидан камида 1 соат, портга киришдан олдин эса 1.5-2 соат олдин, бироқ асосий двигателларни ишлаб чиқарган завод йўриқномасида кўрсатилганидан кам бўлмаган вақт ичида двигателлардаги юклама аста-секин камайтириб борилиши тўғрисида вахта механигини хабардор қилиши шарт, авария ҳолатларининг олдини олиш ва қутқариш жараёнлари бундан мустасно.
Маневрлар тугагандан сўнг капитаннинг вахта ёрдамчиси бу ҳақда вахта механигини хабардор қилади.
46. Вахта механиги кутилаётган маневрлар тўғрисида хабарни олгандан кейин зудлик билан машина бўлимидаги марказий бошқарув постига етиб келиши ва бу ҳақида катта механикни огоҳлантириши ва кеманинг техник воситаларини маневр қилиш режимига тайёрлаши шарт.
Асосий двигателлар ва қадами мувофиқлаштирилувчи винтни юриш кўприкчасидан масофадан бошқариш даврида уларни маневрларга ва орқага юришга тайёрлашни капитаннинг вахта ёрдамчиси амалга оширади ва бу ҳақда у олдиндан вахта механигини огоҳлантиради.
Вахта механиги юриш кўприкчасидан берилган кўрсатма бўйича асосий двигателлар ва қадами мувофиқлаштирилувчи винтни бошқаришни ўзига олиш учун доим шай туриши шарт.
47. Сузишнинг алоҳида шароитларида кеманинг электр станцияси кемадаги электр энергиясини истеъмол қилувчи асосий воситаларини шундай таъминлаган бўлиши керакки, электр энергияси манбаидан бирининг ишдан чиқиши кеманинг энергиясиз қолишига олиб келмаслиги шарт.
48. Кеманинг захира ва авария техник воситаларини ишлатишга тайёр эканлиги даврий текшириб турилиши, агар қонунчилик ҳужжатларида бошқача назарда тутилган бўлмаса, уларни текшириш икки ҳафтада камида бир марта амалга оширилиши шарт.
49. Кемаларнинг тайёргарлик ҳолати тўхтаб туриш шароити ва режимига қараб, кема эгаси томонидан доимий ёки маълум муддатга белгиланади.
Кеманинг доимий тайёргарлигига кема эгаси томонидан белгиланган, имкон қадар энг қисқа вақт ичида унинг энергетик қурилмаси ва бошқа зарур техник воситалари ишга туширилишини таъминлаш киради.
Кема маълум муддатда ишга тайёрланганда, вахта хизмати кеманинг энергетик қурилмаси ва бошқа техник воситаларини белгиланган вақтда ишга туширилишини таъминлаши шарт.
50. Тўхтаб туриш даврида кемани ишга тайёргарлик даражаси кема капитани томонидан белгиланади, бунда капитан кеманинг тайёргарлик даражасидан доим хабардор бўлиб туриши шарт.
4-§. Кемаларга техник хизмат кўрсатиш
51. Кемаларнинг техник воситалари, корпус конструкциялари ва тизимларига техник хизмат кўрсатиш кема эгаси томонидан тасдиқланган кемаларга техник хизмат кўрсатиш режа жадвали асосида амалга оширилади.
Кемаларга техник хизмат кўрсатиш кемани техник соз ҳолатда сақлаш, техник ҳолатини назорат қилиб туриш, носозликларни аниқлаш ва бартараф этиш, ейилган ва ишдан чиққан детал ва узелларни алмаштиришга йўналтирилган ишлар мажмуасини ўз ичига олиши шарт.
52. Техник хизмат кўрсатиш бўйича ишлар механизмлар ишлашдан тўхтатилгандан кейин кема капитанини хабардор қилган ҳолда, механик (катта механик) ёки кема капитанининг биринчи ёрдамчиси рухсати билан амалга оширилади.
53. Кема техник воситалари, корпус конструкциялари ва тизимларига техник хизмат кўрсатиш режали-эҳтиётдан техник хизмат кўрсатиш тизими асосида режа-жадвал, уларнинг ҳақиқий техник ҳолатини тавсифлайдиган назорат-ўлчаш асбоблари ёки диагностика ва путур етказмайдиган ўлчаш натижалари таҳлили асосида амалга оширилади.
54. Техник хизмат кўрсатишни белгиланган ҳажмда ва муддатда бажариш, техник қурилмаларига қараб туриш ишлари кема бошқарув ва оддий таркиб ишчиларига бириктирилади.
Кема механиги техник хизмат кўрсатиш бўйича бажарилган ишларни доим назорат қилиб туриши шарт.
55. Кемаларга ҳар кунлик техник хизмат кўрсатиш кема экипажи томонидан амалга оширилади.
Кема техник қурилмаларига режали даврий техник хизмат кўрсатиш ишлаб чиқарувчи заводнинг йўриқномаларига мувофиқ кема экипажи ёки кемасозлик корхоналари ишчилари томонидан амалга оширилади.
56. Техник хизмат кўрсатиш бўйича ишларни бажариш даврида аниқланган барча носозликлар ва нуқсонлар бартараф этилиши шарт.
Агар носозликлар ва нуқсонларни бартараф этиш имкони бўлмаса ва бу носозликлар хавф туғдирмаса, Кемачилик регистри инспектори фойдаланиш бўйича чеклов белгилаган ҳолда кемадан вақтинча фойдаланишга рухсат беради.
57. Кеманинг барча асосий механизмлари ва тизимлари, уларни ечиш ва йиғиш учун зарур бўлган махсус асбоб-ускуналар билан жиҳозланган бўлиши шарт.
Захира қисмлар, махсус асбоб-ускуналар ва мосламалар доим яроқли ҳолда, уларнинг сифатли сақланишини таъминлайдиган, кўрик учун қулай бўлган осон олинадиган махсус жойларда ўрнатилган бўлиши шарт.
5-§. Кемаларни таъмирлаш
58. Кемаларни таъмирлаш ишлари ихтисослаштирилган кема таъмирлаш корхоналарида амалга оширилади.
Кемаларни таъмирлаш учун фойдаланишдан чиқариш кема эгасининг буйруғи билан расмийлаштирилади.
59. Кемаларни таъмирлаш қуйидаги турларга ажратилади:
кема эгаси томонидан тасдиқланган кемаларни таъмирлаш режасига асосан бажариладиган ишларни назарда тутувчи — режали таъмирлаш;
кема қурилмалари ва механизмларининг авария даврида олган шикастланишларини бартараф этиш билан боғлиқ бўлган — режадан ташқари таъмирлаш.
60. Кемани таъмирлаш бўйича шартнома, таъмирлаш ишлари рўйхати, носозликлар далолатномаси ва бажариладиган таъмирлаш ишлари рўйхати кемани таъмирлаш учун асосий ҳужжатлар ҳисобланади.
Белгиланган таъмирлаш ишлари рўйхатини тузиш учун дастлабки материаллар бўлиб қуйидагилар ҳисобланади:
кема техник воситалари ва конструкцияларининг техник ҳолати қайд этилган формуляр ва журналлар;
назорат қилувчи органларнинг далолатномалари, тақдимномалари ва талаблари;
рухсат этилган емирилиш меъёрлари;
таъмирлаш олдидан аниқланган носозликлар, фойдаланиш жараёнида амалга оширилган кузатишлар ва кўриклар натижалари;
норматив ҳужжатлар бўйича белгиланган талаблар;
кема бўйича конструкторлик ва техник лойиҳа ҳужжатлар.
61. Кема эгаси кемани таъмирга қўйишдан олдин қуйидаги ишларни амалга ошириши шарт:
зарур бўлганда кемасозлик корхонаси вакилларини таъмирлаш ҳужжатлари, белгиланган таъмирлаш ишларининг хусусиятлари ва ҳажмини аниқлаш мақсадида кемада бўлишини таъминлаш;
белгиланган таъмирлаш ишлари рўйхатини Кемачилик регистри инспектори билан келишиш;
шартнома шартларига мувофиқ кемани таъмирлашга тайёрлаш;
кемасозлик корхонасига белгиланган таъмирлаш ишларининг рўйхати, кемани модернизация қилиш ва қайта жиҳозлаш бўйича техник лойиҳа бўйича иш чизмаларини топшириш;
таъмирлаш даврида кеманинг хавфсиз тўхтаб туришини таъминлаш учун экипаж аъзолари таркиби ва сонини тасдиқлаш.
62. Кемани таъмирлашга тайёрлаш бўйича ишларнинг ўз вақтида амалга оширилиши бўйича кема капитани жавобгар ҳисобланади.
Кемани таъмирлашга тайёрлаш бўйича ишларга кема механиги ва капитан ёрдамчиси раҳбарлик қилади.
63. Таъмирлашга тайёр кемани кемасозлик корхонасига топшириш далолатнома билан расмийлаштирилади. Далолатнома имзоланган сана таъмирлаш ишлари бошланган сана ҳисобланади.
Таъмирлашга жалб этилган кемани таъмирлаш жараёнида иш чизмалари, эскизлар ва технологик жараёнларни ишлаб чиқиш эҳтиёжи пайдо бўлганда, уларни кемасозлик корхонаси ишлаб чиқади.
64. Кемани таъмирлаш даврида кема эгаси ва кемасозлик корхонаси томонидан жавобгар шахслар тайинланади ва бир-бирини хабардор қилади.
65. Кемани таъмирлаш даврида Кемачилик регистри инспектори ва кема эгаси томонидан техник назорат олиб борилади.
Таъмирлаш даврида фойдаланиладиган кеманинг техник қурилмалари ва конструкциялари бўйича конструкторлик, техник лойиҳа ва технологик жараёнлар ҳужжатлари кема эгаси ва Кемачилик регистри инспектори билан келишилиши шарт.
Кемачилик регистри назорати остида бўлган механизмлар ва жиҳозлар ҳамда кемага ўрнатиладиган буюмлар ва материаллар тегишли ҳужжатларга (сертификатларга) эга бўлиши шарт.
66. Кемасозлик корхонасига таъмирлаш учун топширилган кеманинг техник воситалари, конструкциялари ва кеманинг ўзини тўлиқ техник кўрикдан ўтказиш, таъмирлаш бўйича ишлаб чиқилган конструкторлик ва таъмирлаш ҳужжатларини кўриб чиқиш ҳамда нуқсонларни аниқлаш, оралиқ, швартов ва юриш синовларида Кемачилик регистри инспекторининг иштирок этиш тартиби кемасозлик корхонаси ва Кемачилик регистри билан тузиладиган шартнома билан белгиланади.
67. Кемани (докка) таъмирлашга қўйгандан сўнг кемасозлик корхонаси ва кема эгасининг вакиллари кеманинг таг қисмини текширишдан ўтказади, зарурат бўлганда таъмирлаш ишлари ва муддатини аниқлаш учун кема техник воситалари ва конструкцияларининг алоҳида қисмларидаги нуқсонларни аниқлайди.
Кеманинг техник қурилмалари ва конструкцияларини таъмирлаш хусусиятларини аниқлаш учун таъмир олди синовлардан ўтказиш талаб этилса, кема эгаси синовлар ўтказилишини таъминлаши шарт.
68. Таъмирлаш даврида техник назорат олиб бориш учун зарур бўлган конструкторлик, техник лойиҳа ва технологик жараёнлар ҳужжатлари Кемачилик регистри инспекторининг талаби бўйича унга тақдим этилиши шарт.
69. Кемасозлик корхонаси томонидан ишлаб чиқилган техник қурилмалар ва конструкцияларда аниқланган нуқсонлар бўйича таъмирлаш ишлари рўйхатининг тўлиқлиги ва сифати учун кемасозлик корхонаси жавоб беради. Кемасозлик корхонаси нуқсонларни аниқлаш учун кема эгаси вакилини ва зарур ҳолларда Кемачилик регистри инспекторини таклиф этиши мумкин.
70. Кемани докдан тушириш кема капитанининг кема сувга туширишга тайёр эканлиги тўғрисидаги ёзма кўрсатмаси билан амалга оширилади.
Кемасозлик корхонаси томонидан кеманинг чўкмаслиги учун корпус ва унинг ёпқичларида сув ўтказмаслик таъминланган бўлиши шарт.
71. Капитан, механик ва уларнинг ёрдамчилари ёки кема бошқарув таркиби аъзолари кемада таъмирлаш ишларини бажариш даврида ўз бўлинмаларида қуйидаги ишларни амалга ошириш шарт:
кемасозлик корхонаси томонидан нуқсонларни аниқлаш ишларини амалга оширишда иштирок этиш;
таъмирлаш ишлари рўйхати, конструкторлик, техник лойиҳа ва технологик жараёнлар ҳужжатлари бўйича ишлар тўлиқ ва сифатли бажарилишини назорат қилиш;
таъмирлаш ишларининг ўз муддатида бажарилишини назорат қилиш ва белгиланган вақтда кемани таъмирлашдан чиқариш чораларини кўриш;
кема техник қурилмалари ва корпус конструкцияларининг асосий қисмларини оралиқ қабул қилиш ҳамда кемада таъмирлаш ишлари тугагандан сўнг якуний қабул қилиш.
72. Кемасозлик корхонаси томонидан кема эгасига топшириладиган техник қурилмалар ва корпус конструкциялари олдиндан текширилган бўлиши ва далолатнома билан расмийлаштирилган бўлиши шарт.
Кема эгаси кемани капитал таъмирдан қабул қилиб олиш даврида Кемачилик регистри инспекторларини жалб этади.
73. Кемада таъмирлаш ишлари якунлангандан сўнг кемасозлик корхонаси томонидан ишлаб чиқарилган, кема эгаси ва Кемачилик регистри инспектори билан келишилган дастур бўйича кема тегишли синовлардан ўтказилади.
Синов даврида бажарилган ишларнинг сифати, барча тизимлар, механизмлар ва жиҳозларнинг белгиланган кўрсаткичлари бўйича ўзаро ишлаши текширилади.
Синов даврида кема тизимлари ва конструкцияларига хизмат кўрсатишни кема экипажи таъминлайди.
Таъмирдан кейин ўтказиладиган синов ишлари кемасозлик корхонаси томонидан амалга оширилади.
Агар синов даврида кемачилик хавфсизлигига таҳдид соладиган нуқсонлар пайдо бўлса, улар бартараф этилгандан кейин кема эгаси ёки Кемачилик регистри инспектори талаби бўйича синов ишлари қайтадан ўтказилади.
74. Таъмирга жалб этилган кеманинг кемасозлик корхонаси акваториясида хавфсиз тўхтаб туриши учун кемасозлик корхонаси маъмурияти жавобгар ҳисобланади.
Кемасозлик корхонаси маъмурияти қуйидагиларга риоя этиши шарт:
қирғоқ иншоотлари ва швартов қурилмаларини яроқли ҳолатда сақлаш;
кема капитани билан кеманинг тўхтаб туриш жойи, шартлари, швартов қилиш тартибини келишиш ва уларга зарур ёрдамларни кўрсатиш;
об-ҳаво шароитидан қатъи назар, кемасозлик корхонаси акваториясида кемаларни таъмирлаш даврида хавфсиз тўхтаб туришини таъминлаш;
кема капитанлари билан биргаликда ҳар куни назоратни амалга ошириш ва кемаларнинг хавфсиз туришини таъминлаш бўйича тезкор чораларни кўриш;
кутилаётган об-ҳаво ўзгариши ва авария ҳолатлари пайдо бўлганда, кема хавфсизлигини таъминлаш бўйича кўриладиган чоралар тўғрисида кема капитанларини хабардор қилиш.
75. Таъмирга жалб этиладиган кемаларни қишки мавсумга тайёрлаш, швартов, кингстонлар, кема тизимлари ва хоналарни иситиш, агар шартномада бошқача белгилаб қўйилмаган бўлса, кема экипажи томонидан амалга оширилади.
76. Кеманинг умумий мустаҳкамлиги, барқарорлиги ва сузувчанлигига таъсир қилувчи барча ишлар (оғир вазнли юкларнинг жойини ўзгартириш, балласт ва ёқилғини насослар ёрдамида бошқа жойга ўтказиш, қобиқни ва сув ўтказмайдиган переборкаларни тешиш, борт орти ва кесиб ўтувчи арматураларни ечиш) фақат кема капитани билан келишилган ҳолда амалга оширилади.
77. Таъмирда бўлган кеманинг ёнғин хавфсизлиги бўйича кема капитани жавобгар ҳисобланади.
Кемадаги иш жойларида ёнғин хавфсизлигини таъминлаш, иш вақтида ёнғин хавфсизлиги қоидаларига риоя этиш, кемасозлик корхонаси акваторияси ва тўхтаб туриш ҳудудида ёнғинга қарши воситаларининг ишга шайлиги учун кемасозлик корхонаси маъмурияти жавобгар ҳисобланади.
Кемадаги ёнғинга қарши ва сув чиқариб ташлаш тизимини таъмирлаш даврида уларнинг вазифасини бажарувчи воситалар кемасозлик корхонаси томонидан тақдим этилади.
78. Метеорология шароитлари сабабли докдаги ишлар мажбуран тўхтатилганда, кемасозлик корхонаси ва кема эгаси вакиллари иштирокида далолатнома тузилади.
Далолатномага ишларни давом эттиришга таъсир қилувчи гидрометеорология шароитлари тўғрисида Гидрометеорология хизмати агентлиги маълумотномаси илова қилиниши мумкин.
79. Таъмирлаш ишлари тугагандан сўнг:
кемасозлик корхонаси ёки Кемачилик регистри инспекторига топширилган барча ҳужжатлар кемага қайтарилиши;
кемасозлик корхонаси томонидан кема эгаси вакилига таъмирлаш бўйича ҳужжатлар ва бажарилган ишларнинг ҳақиқий баҳоси кўрсатилган ҳолда амалга оширилган таъмирлаш ишларининг рўйхати тақдим этилиши;
кема эгаси ва капитани кемани қабул қилиб олиш тўғрисидаги далолатномани имзолаши шарт.
Кемани қабул қилиб олиш тўғрисидаги далолатнома имзоланган сана таъмирлаш ишлари тугаган сана ҳисобланади.
80. Кафолат муддати ичида бажарилган таъмирлаш ишларининг сифатсизлиги билан боғлиқ бўлган нуқсонлар аниқланганда, кема эгаси томонидан эътироз далолатномаси тузилади ва кемасозлик корхонасига тақдим этилади.
Аниқланган нуқсонлар кемасозлик корхонаси томонидан шартномада қайд этилган муддатда бартараф этилади.
3-боб. Кемаларнинг техник назорати ва уларни текшириш
1-§. Умумий қоидалар
81. Барча кемалар лойиҳалаштириш, қуриш, қайта жиҳозлаш, таъмирлаш даврида кема эгалари билан тузилган шартномаларда белгилаб қўйилган муддатларда, фойдаланиш даврида эса кема ҳужжатларида белгилаб қўйилган муддатларда қуйидаги талаблар бўйича мажбурий давлат ва идоравий текширишга, техник назорат ва техник кўрикларга жалб қилинади:
кемачилик хавфсизлиги;
техник ҳолати;
санитария-эпидемиология хавфсизлиги;
ёнғин хавфсизлиги;
экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш;
меҳнатни муҳофаза қилиш.
82. Давлат ва идоравий текшириш, техник назорат ва техник кўриклар кемада қонунчилик ҳужжатлари талаблари бажарилганлигини тасдиқлаш мақсадида амалга оширилади.
Техник назорат, текшириш ва техник кўриклар кемаларнинг хусусиятлари, белгиланган вазифаси ва маҳаллий сузиш шароитини ҳисобга олган ҳолда амалга оширилади.
83. Давлат техник назорати, текшириш ва техник кўрик Кемачилик регистри инспектори томонидан амалга оширилади.
Назорат натижалари бўйича Кемачилик регистри инспектори кемага қонунчилик ҳужжатлари билан белгиланган шаклдаги гувоҳномалар беради.
2-§. Техник назорат
84. Кема, унинг тизимлари, корпус конструкциялари ва таъминотининг техник ҳолати, сузиш хавфсизлигини таъминлаш бўйича қонунчилик ҳужжатлари талабларининг бажарилганлиги Кемачилик регистри инспектори томонидан бериладиган кема ҳужжатларида қайд этилади.
85. Кема капитани қуйидаги ҳолларда кема, унинг тизимлари, корпус конструкцияларини навбатдан ташқари техник кўрикка тақдим этиши шарт:
содир этилган авария сабабли кемада сузиш сифатларидан бири йўқолганда ёки фойдаланишда чеклашлар пайдо бўлганда;
олдин берилган классни тиклашда;
техник экспертиза ўтказишда;
техник ҳолати бўйича эътирозлар тасдиқланганда;
Кемачилик регистри инспектори талаби бўйича;
рухсат этилмаган сузиш ҳудудидан бир марталик ўтиш учун.
Кемада ўтказилган навбатдан ташқари техник кўрик даврий техник кўрик сифатида қабул қилинади.
86. Кема, тизимлари, корпус конструкцияси, ёнғиндан конструктив ҳимоя, ўт ўчириш тизимлари, ёнғин сигнализацияси, ёнғинга қарши жиҳозлар ва таъминотига ўрнатилган талабларнинг бажарилганлигини текшириш натижалари бўйича Кемачилик регистри инспектори томонидан кема ҳужжатлари берилади, тикланади, тасдиқланади ёки амал қилиш муддати узайтирилади.
87. Кеманинг ёнғинга қарши жиҳозларининг ҳолати ва мувофиқлиги устидан идоравий назоратни кема эгаси томонидан ваколат берилган бўлинма амалга оширади.
Кемадаги ёнғинга қарши жиҳозларнинг техник ҳолатини текшириш кемага юкни юклашдан, йўловчи кемаларида эса йўловчиларни чиқаришдан олдин амалга оширилади.
88. Кемада меҳнатни муҳофаза қилиш талабларининг бажарилганлиги устидан назорат Кемачилик регистри инспектори ва Ўзбекистон Республикаси Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлигининг Давлат меҳнат инспекциясининг ҳудудий инспекциялари томонидан амалга оширилади.
89. Ишчи-ходимларнинг меҳнатни муҳофаза қилиш бўйича қонуний ҳуқуқ ва манфаатларининг давлат назоратини Ўзбекистон Республикаси Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлиги Давлат меҳнат инспекцияси ҳамда унинг ҳудудий инспекциялари, жамоатчилик назоратини тегишли касаба уюшмалари органлари ёки меҳнат жамоасининг ваколатли вакиллари амалга оширади.
90. Кема, унинг тизимлари, корпус конструкцияларининг техник ҳолатини даврий текшириш кема механиги ёки у ваколат берган кема экипажининг бошқарув таркиби аъзоси томонидан, кемани техник яроқли сақлаш бўйича инспекторлик текшируви ишлари эса кема эгаси томонидан амалга оширилади.
Инспекторлик текширувидан ўтказиш тартиби, текшириш ҳажми ва комиссия таркиби кема эгаси томонидан белгиланади.
Инспекторлик текширувларидан қатъи назар, флотнинг масъул шахслари кеманинг техник ҳолатини доимий назорат қилиб турадилар.
4-боб. Кемани қатновга тайёрлаш
91. Кема экипажи кемани ўз вақтида қатновга чиқиш учун тайёрлаши шарт.
Тайёрлаш ишларига умумий раҳбарликни кема капитани амалга оширади.
Жўнаб кетишдан олдин кемада барча юк операциялари тугатилган, барча турдаги таъминотлар қабул қилиб олинган, техник хизмат кўрсатиш ва таъмирлаш ишлари якунланган ва кема тизимлари ишга шай ҳолга келтирилган бўлиши шарт.
92. Кема жўнаб кетиш учун шай ҳолга келтирилганлиги тўғрисида кема механиги ва капитан ёрдамчиси кема капитанига ахборот берадилар.
Кема, унинг тизимлари, корпус конструкцияларининг техник ҳолати сузиш хавфсизлиги, инсон ҳаёти ва атроф-муҳит муҳофаза қилинишига ҳамда юкларнинг ишончли ташилишига шубҳа уйғотганда, капитан қатновга чиқишни бекор қилади.
Кемада қатновга чиқишдан олдин аниқланган камчиликлар кема капитани тақдимномаси асосида, зарур ҳолларда Кемачилик регистри инспекторининг техник назорати остида кема эгаси томонидан бартараф этилади.
93. Кемада белгиланган кема ҳужжатлари мавжуд бўлмаганда ҳамда унинг амал қилиш муддатлари кўзда тутилган қатнов даврида тугаса, кеманинг қатновга чиқишига йўл қўйилмайди.
Белгиланган кема ҳужжатлари мавжуд бўлмасдан ёки амал қилиш муддати ўтган ҳужжатлар билан қатновга чиққанлик учун кема капитани ва порт маъмурияти жавобгар ҳисобланади.
94. Кема капитани қатновга чиқишдан олдин кемада юклаш, барқарорлик ва чўкмаслик бўйича йўриқнома талаблари бажарилганлиги ва бутун қатнов давомида сақланишига ишонч ҳосил қилиши, кемани юклашдан олдин барқарорлик, мустаҳкамлик ва чўкмаслик, шунингдек, битта ёки бир нечта бўлинмалар сув билан тўлганда юкларнинг жойлашиши ва маҳкамланиши бўйича кеманинг сузувчанлик ва чўкмаслик қобилияти ҳисоб-китоб қилган бўлиши шарт.
95. Кемага юкланиши керак бўлган юклар рўйхатини тузиш ва уларни юклаш даврида кеманинг сувга ботиши ҳисобга олиниши, сузиш даврида ҳар қандай ҳолатда ҳам сув усти борти белгиланган сузиш ҳудуди учун кеманинг юк маркасида кўрсатилган қийматидан кам бўлмаслиги шарт.
Кемада юклаш жараёнларини амалга ошириш даврида белгиланган меъёрлардан ортиқ бўлишига йўл қўймаслик, кема корпусидаги юклама ва пайдо бўлаётган кучланишлар назорат қилиб турилиши шарт.
96. Кемани қатновга тайёрлаш даврида унинг барча тизимлари ва корпус конструкциялари қонунчилик ҳужжатлари, ишлаб чиқарувчи завод йўриқномалари ва мазкур Қоидаларга мувофиқ талаб этилган режимларда ишлатиш имкониятини таъминлайдиган ҳолатга келтирилиши шарт.
Носозликларни аниқлаш, техник кўрикдан ўтказиш ва техник хизмат кўрсатиш ёки таъмирлаш ишлари ҳамда узоқ муддат ишлатилмаганлиги сабабли ечиб олинган ва йиғилгандан кейин кема тизимлари ва корпус конструкцияларини ишга тайёрлаш уларга бириктирилган бошқарув таркиб иштирокида, асосий двигателлар эса бевосита кема механиги иштирокида амалга оширилиши шарт.
97. Кема тизимлари ва корпус конструкцияларини ишга тушириш учун тайёрлаш даврида белгиланган вақтда уларни шикастланиш ва носозликларсиз ишга тушириш ҳамда талаб этилган иш режимига келтириш имконини берадиган ҳолати таъминланиши шарт.
Ишга тушириш учун тайёрлаш барча элементларни пухта текшириш, зарур ҳолларда уларнинг таркибий элементларини мувофиқлаштириш ишга тушириш ва орқага қайтариш қурилмаларни, бошқаришни назорат қилиш, сигнализация, ҳимоя тизимлари ва агар зарур бўлса — иситиш, бураш ва синов тариқасида ишга туширишни ўз ичига олиши шарт.
Синов тариқасида ишга тушириш барча бошқарув постларидан амалга оширилиши шарт.
98. Кема капитани кеманинг белгиланган вақтда жўнаб кетиши бўйича фармойиш берилгандан кейин капитан ёрдамчиси ва кема механиги вахта бўйича капитан ёрдамчиси ва вахта механигига тегишли равишда белгиланган вақтда ва тартибда кема, кема тизимлари ва корпус конструкцияларини ишга туширишга ҳамда жўнаб кетишга тайёрлашга кўрсатма беради.
Кўрсатма олдиндан кема тизимлари ва корпус конструкцияларини ишга тушириш учун сарфланадиган вақтни ҳисобга олган ҳолда берилади.
99. Вахта механиги капитаннинг вахта ёрдамчиси билан биргаликда энергетик қурилмани ишга туширишга тайёрлашдан олдин марказий бошқарув постларидаги барча алоқа воситаларини ва бошқа бошқарув постларидаги алоқа воситаларини марказий пост билан боғланганлигини ҳамда кўрсаткичларнинг ҳолати, зарур ҳолларда уларни талаб этилган ҳолатга келтирилиши, авариявий ёритиш, ёнғинга қарши, сув чиқариб ташлаш ва қуритиш воситаларининг ишлашини текшириши шарт.
100. Кема энергетик қурилмасини ишга туширишга тайёрлаш даврида вахта механиги юриш кўприкчасидан капитаннинг вахта ёрдамчиси берган буйруқларини ва кема механиги топшириқларини, асосий жараёнларнинг бажарилган вақти, текшириш, ўлчаш ишларини машина журналига ёзиб бориши шарт.
Масофадан бошқаришга жиҳозланган асосий двигателларни ишга туширишга тайёрлаш даврида улар қўлда бошқаришга ўтказилади.
101. Асосий двигателлар эшкак вали билан турлича бириктирилган бўлса ҳам уни айлантириш вахта механиги раҳбарлигида амалга оширилади. Агар улар қаттиқ боғланган бўлса (шунингдек, редуктор орқали), уни айлантиришга капитаннинг вахта ёрдамчиси рухсат бериши ва олдиндан кема швартовда ишончли турганлигига ва ҳаракатланувчилар олдида одамлар, сузиш воситалари ва бошқа нарсалар йўқлигига ишонч ҳосил қилиниши шарт.
Эшкак вали билан қаттиқ боғланган асосий двигателларни синаш тариқасида ишга тушириш капитаннинг вахта ёрдамчиси ва механик рухсати билан катта механик назорати остида амалга оширилиши шарт.
Эшкак вали қувурида ажратувчи қурилма мавжуд бўлганда, капитаннинг вахта ёрдамчиси рухсати талаб этилмайди.
102. Асосий двигателларни тайёрлаш ишлари тугагандан кейин вахта механиги кема механигига бу ҳақда хабар беради ва унинг рухсати билан юриш кўприкчасида бўлган капитаннинг вахта ёрдамчисини хабардор қилади.
Асосий двигателларни масофадан бошқариш тизими мавжуд бўлганда, вахта механиги электромеханик билан биргаликда двигателлар тўхтаб турган вақтда тизимни текшириши, синов тариқасида двигателларни ишлатиб кўриши ва асосий двигателларни бошқарадиган бошқарув постини белгилаши ва машина журналига бу ҳақда қайд этиши зарур.
103. Кемани қатновга чиқишга тайёрлаш даврида капитаннинг вахта ёрдамчиси капитан ва унинг катта ёрдамчисидан кема тизимлари ва корпус конструкцияларини ишга тушириш бўйича олган буйруқ ва кўрсатмаларни, бажаришга сарфланган вақт ва тугаган вақт, ўтказилган текшириш ва ўлчаш ишлари тўғрисида кема журналига қайд этиб бориши шарт.
104. Кема қатновга чиқишидан олдин капитаннинг катта ёрдамчиси ва кема механиги кеманинг сузишга тайёр эканлигини, кема тизимлари ва корпус конструкцияларининг шайлигини текшириши ва шайлиги тўғрисида кема капитанини хабардор қилиши шарт.
Текшириш даврида қуйидагиларга алоҳида эътибор берилиши шарт:
рул, лангар ва дейдвуд қурилмалари;
авария механизмлари, қурилмалари, ёритиш жиҳозлари;
қутқариш, ёнғиндан ҳимоя, алоқа, товуш ва ёруғлик сигналлари воситалари;
машина телеграфи;
қуритиш тизими, ташқи тешикларнинг ёпқичлари (корпус, устқурма, рубка ва тушиш жойлари);
сув ўтказмайдиган ва ёнғинга қарши ёпқичлар ва уларни бошқариш қурилмалари;
авария жиҳозлари;
палубадаги юк ва бошқа буюмларни юриш бўйича маҳкамланиши.
Текшириш натижалари кема ва машина журналларига тегишлигича қайд этилиши шарт.
105. Асосий двигателларни бошқарув постидан масофадан бошқаришда уларни ишга тушириш кема капитани ёки капитаннинг вахта ёрдамчиси томонидан амалга оширилади.
Вахта механиги ишга тушириш даврида марказий бошқарув постида бўлиши ва зарур ҳолларда юриш кўприкчасидан берилган буйруқ бўйича асосий двигателларни бошқаришни ўз зиммасига олиши шарт.
Асосий двигателларнинг хавфсиз ишлашига таҳдид пайдо бўлганда, масофадан бошқариш тизими ишдан чиққанда ва бошқа фавқулодда вазиятларда вахта механиги асосий двигателларни бошқаришни ўз зиммасига олиши ва бир вақтнинг ўзида бу ҳақда капитаннинг вахта ёрдамчисини хабардор қилиши шарт.
5-боб. Кемаларни узоқ муддатга сақлаш учун фойдаланишдан чиқариш
106. Кемаларни узоқ муддатга сақлаш учун фойдаланишдан чиқариш (кейинги ўринларда — сақлаш) тўғрисидаги қарор кема эгаси томонидан қабул қилинади ва буйруқ билан расмийлаштирилади.
107. Кемаларни сақлаш кема тизимлари ва корпус конструкцияларини (совуқ ҳолда сақлаш) сақлаш ёки кема тизимлари ва корпус конструкцияларини эксплуатация қилишга тайёр ҳолда сақлаш (эксплуатация захираси) йўли билан амалга оширилади.
108. Кемани эксплуатация захирасида сақлаш даврида кема, кема тизимлари ва корпус конструкцияларининг ишлаш ҳолати кема экипажи томонидан таъминланади ва кемани фойдаланишда бўлган флот таркибига киритиш учун қўшимча вақт талаб этмайди.
109. Совуқ ҳолда сақлаш даврида кеманинг барча тизимлари ва корпус конструкциялари фойдаланишдан чиқарилади, сақланиши учун тўлиқ консервация қилинади ҳамда уларга қараб туриш учун қисқартирилган экипаж бириктирилади.
Кемани сақлашдан чиқаргандан кейин уни ҳаракатдаги флот таркибига киритиш учун экипаж билан бутлаш, кема тизимлари ва корпус конструкцияларини консервациядан чиқариш, иш жараёнида текшириш, швартов ҳамда юриш синовлари ўтказиш ишлари амалга оширилади.
110. Кема эгаси иқтисодий жиҳатларни ҳисобга олган ҳолда, кемани сақлашнинг бирор-бир турини танлаши, кемани хавфсиз сақланишини таъминлаш учун экипаж билан тўлиқ бутлаши мумкин.
111. Кемалар хар қандай турдаги сақлаш даврида барқарорлиги, чўкмаслиги, хавфсиз сақланишини таъминлаш учун кема эгаси кеманинг хавфсиз сақлаш чоралари бўйича режа ишлаб чиқади ва порт маъмурияти билан келишади.
Режада қуйидагилар кўрсатилади:
кема номи ва унинг асосий ўлчамлари;
режалаштирилаётган сақлаш муддати;
сақлаш тури;
сақлаш жойи;
сақлаш даврида фойдаланишдан чиқариш, консервация қилиш ёки таъмирлашга жалб қилинадиган техник восита ва конструкциялар рўйхати;
кемани сақлаш даврида сув, буғ ва электр энергияси, шунингдек, қуритиш ва ёнғинни ўчириш воситалари ва тизимлари билан таъминлаш;
сақлаш даврида экипаж таркиби бўлиши ва вахта хизматини ташкил қилиш;
корпус, сув ўтказмайдиган ёпқичлар, кингстонлар, дейдвуд қурилмаси, ёнғинга қарши воситалар ва ёнғин ўчириш тизимларининг ҳолати;
ёқилғи ва мой захираларининг мавжуд бўлиши, уларнинг кемада жойлашув чизмаси;
сақлашнинг бутун даври учун кема корпусининг сув ўтказмаслиги, чўкиб кетмаслиги, барқарорлиги, ёнғин хавфсизлиги ва кеманинг хавфсиз сақланишини таъминлаш бўйича чора-тадбирлар ишлаб чиқиш;
экипаж ёки вахта таркиби учун санитария ва бошқа зарур тизимларнинг ишлашини таъминлаш;
экипаж ёки вахта таркиби учун озиқ-овқатни ташкил этиш;
фавқулодда вазиятларда, шунингдек, ёнғин содир бўлганда, кемада барқарорлик ва чўкмаслик хусусиятлари йўқолганда, экипаж ёки вахта таркибининг ҳаракатлари.
112. Кемани сақлаш даврида кема эгасининг рухсати ва порт маъмуриятининг розилиги билан унда алоҳида техник воситалар ва конструкцияларни таъмирлаш ёки модернизация қилиш ишларини бажаришга рухсат берилади. Кема эгаси кемани сақлаш ва таъмирлаш ёки модернизация ишлари хавфсиз бажарилиши учун барча зарур қўшимча чора-тадбирларни таъминлайди.
113. Кемалардан мавсумий фойдаланиш ва кемалар гуруҳларининг совуқ ҳолда сақлаш хусусиятига (сақлаш ҳудуди ва шароитига) қараб, кема эгаси қуйидаги тадбирларни амалга ошириши шарт:
кемаларда вахта хизмати тўғрисида низом, штатлар жадвали ва лавозим йўриқномаларини ишлаб чиқиш ва тасдиқлаш;
кемаларнинг хавфсиз ва авариясиз тўхтаб туришини таъминлаш учун масъул шахсни тайинлаш;
кемаларни жойлаштириш режасини ишлаб чиқиш ва порт маъмурияти томонидан тасдиқлаш;
кемани сақлашга топшириш (қабул қилиш), сақлашдан чиқариш тартиби тўғрисида низомни ишлаб чиқиш, порт маъмурияти билан келишиш ва тасдиқлаш;
кемаларни хавфсиз ва авариясиз сақлашни таъминлаш бўйича тадбирлар режасини ишлаб чиқиш, порт маъмурияти билан келишиш ва тасдиқлаш.
114. Порт маъмурияти кемаларни хавфсиз ва авариясиз сақлашни таъминлаш учун қуйидаги ишларни амалга оширади:
кемаларни сақлашнинг бутун даври учун портнинг алоҳида акваториясини ажратиш;
кемаларни жойлаштириш режасини тасдиқлаш;
кемаларни лозим даражада сақлашга топшириш учун тайёр эканлигини текшириш;
кемаларни сақлаш даврида улар устидан назоратни амалга ошириш.
115. Порт маъмурияти томонидан кеманинг тайёр эканлиги текширилгандан кейин кема эгаси кемани сақлаш учун ажратилган акваторияга жойлаштиради.
Текширув натижалари бўйича далолатнома тузилади, унда қуйидагилар кўрсатилади:
кеманинг номи;
режалаштирилган сақлаш муддати;
сақлаш тури;
сақлаш жойи;
сақлаш даврида кеманинг хавфсиз ва авариясиз туриши учун масъул шахс;
тамғаланган хоналар, цистерналар ва тизимлар рўйхати;
порт маъмурияти ваколатли шахсларининг имзоси ва тузилган санаси.
Далолатномага кеманинг хавфсиз ва авариясиз сақланишини таъминлаш бўйича чора-тадбирлар режа нусхаси, вахта хизмати тўғрисида низом, штатлар жадвали ва лавозим йўриқномалари илова қилинади.
6-боб. Кема ва унинг эгаларига талаблар
1-§. Кемаларга талаблар
116. Барча кемалар сув ҳавзаларини ифлослантиришга қарши махсус қурилмалар билан жиҳозланган бўлиши шарт.
117. Чиқиндилар, оқова сувлар, шу жумладан, тозаланган ва зарарсизлантирилган оқова сувларни кемалардан сув ҳавзаларига ҳамда сувдан фойдаланиш ҳудуди чегарасига чиқариб ташлаш тақиқланади.
118. Кемачилик регистри инспекторининг сув ҳавзаларини кемалардан ифлослантиришнинг олдини олиш бўйича техник назорати қуйидагиларни ўз ичига олади:
кема ва унинг ускуналарини ифлослантиришнинг олдини олишга мўлжалланган қисмининг техник ҳужжатларини кўриб чиқиш ва келишиш;
кемадаги қуйидаги ускуналарнинг тайёрланиши ва уларнинг ўрнатилишини назорат қилиш:
тозалаш ускуналарини;
таркибида нефть бўлган ва оқова сувларни сўриб чиқариш, узатиш ва чиқариб ташлаш тизимларини, шунингдек, йиғувчи цистерналар ва стандарт тўкиш бирикмаларини;
нефть қуювчи кемалар юк тизимининг кемалардан ифлослантиришнинг олдини олишга мўлжалланган ускуналарини;
чиқиндиларни йиғиш учун мўлжалланган ускуналарни.
Кемачилик регистри инспекторининг назорати остида қурилган ёки ўрнатилган ускуналар, жиҳозлар ва тизимлар кўрикдан ўтказилади.
119. Ускуна, жиҳоз ва тизим элементларини ҳамда огоҳлантирувчи приборларни кемаларга ўрнатиш кемани лойиҳалаштириш даврида Кемачилик регистри инспектори билан келишилиши шарт.
Лойиҳалаштириш даврида оқова сувлар, чиқиндиларни (озиқ-овқат, маиший ва фойдаланилган маҳсулотлар қолдиғи) йиғиш учун алоҳида ускуналарни (цистерналарни) ўрнатиш кўзда тутилиши шарт.
120. Йиғиш ускуналарининг (цистерналарининг) сиғими кемани бутун ишлатилиши даврида йиғиладиган чиқиндиларни ва оқова сувларни сақлаш учун етарли бўлиши шарт.
121. Кемаларни дастлабки ва навбатдаги техник кўриклардан ўтказиш даврида ҳудудий Кемачилик регистри инспектори томонидан кемага ички сузиш кемаларидан ифлослантиришнинг олдини олиш тўғрисида гувоҳнома берилади.
Гувоҳнома 4 йил муддатга берилади ва ҳар йиллик техник кўрикдан ўтказиш даврида тасдиқланади.
2-§. Кемаларни техник ишлатиш билан банд бўлган ходимларнинг мажбуриятлари ва жавобгарлиги
122. Кемаларни техник ишлатиш билан банд бўлган ходимлар қуйидаги ишларни амалга оширишлари шарт:
а) кема механизмларининг ишончли ишлаши ва улардан самарали фойдаланишни узлуксиз таъминлаш;
б) двигатель ва механизмларнинг оптимал режимда ишлашини таъминлаш;
в) таъмирлаш ишлари, техник қаровлар ва бошқа профилактика тадбирларини ўз вақтида бажариш;
г) назарий ва амалий билимларини мунтазам ошириб бориш, бир-бирига яқин касбларни ўзлаштириб бориш;
д) кема механизмларини самарали ишлатиш бўйича аниқ тадбирлар ишлаб чиқиш ва жорий этиш, иш услубларини такомиллаштириш;
е) белгиланган муддатларда кема ва унинг асосий элементларини Регистрга техник кўрикдан ўтказиш учун тақдим этиш.
123. Кемаларда доимий техник назорат кема эгаси томонидан амалга оширилади.
Кемаларда махсус назоратни ҳудудий Кемачилик регистри инспектори ва порт махсус бўлинмасининг мансабдор шахслари амалга оширади.
Кема эгаси ўз вақтида назорат қилувчи идораларнинг вакилларини кемани кўрикка ёки техник кўрикка тақдим этиладиган жойи ва вақти тўғрисида хабардор қилиши ва назорат остида бўлган объектларни техник кўрикка шайлаши лозим.
124. Кемаларни техник ишлатишни ташкил этиш, транспорт, техника ва ёрдамчи флотнинг соз ҳолатда сақланиши учун жавобгарлик кемадан фойдаланаётган корхонанинг кема хўжалиги хизмати (бундай хизмат мавжуд бўлмаганда — бош муҳандис) зиммасида бўлади.
Кема хўжалиги хизматининг асосий вазифалари, функциялари, ҳуқуқлари, мажбуриятлари ва жавобгарлиги кема эгаси томонидан маҳаллий сузиш шароитларини ҳисобга олган ҳолда белгиланади ва тасдиқланади.
125. Кемани техник соз ҳолатда сақлаш, кемада ишларни, шу жумладан, юклаш ва тушириш ишларини тўғри ташкил этиш, техник кўрикларни ўз вақтида ўтказиш учун капитан ёки шкипер, земснаряд ва унинг таркибидаги кемаларда (мотозавозня, ўзиюрар шаланда) — командир, бир-бирига яқин касбни эгаллаганда — капитан-механик (командир — механик) жавобгар ҳисобланади.
126. Кема механиги кема механизмлари ва қурилмаларининг созлиги ва узлуксиз ишлаши учун жавобгар ҳисобланади. Кема механигига унинг ёрдамчилари ва машина командаси бўйсунади.
Механик кема механизмлари бўйича техник ҳужжатларнинг ўз вақтида ва тўғри тўлдирилиши, белгиланган тартибда ва вақтда ҳисоботлар тақдим этилиши, режалаштирилган техник кўриклар ўз вақтида ўтказилишини назорат қилиб туриши шарт.
127. Командасиз ишлатилаётган кеманинг ёнғинга қарши курашиш жиҳозларининг ҳолати учун шу кема бириктирилган кеманинг капитани; юклаш-тушириш ишлари даврида — участка, причал бошлиқлари, рейдда турган даврида — рейд капитанлари ва дарё флоти диспетчерлари жавобгар ҳисобланади.
128. Капитан (командир, шкипер) кема ва экипаж хавфсизлиги учун жавобгар ҳисобланади.
Таркибни шатакка олишдан бошлаб охирги пунктга тўхташига қадар шатакланувчи таркибнинг экипажи шатакловчи кеманинг капитанига, земснаряд командирига эса — земснаряд карвонидаги ёрдамчи кемаларнинг экипажи бўйсунади.
Қатнов давомида экипажсиз ўзиюрмас кемаларнинг техник ҳолати, улардаги юкларнинг сақланиши ва уларга хизмат кўрсатиш учун жавобгар, кемани қабул қилиб олиш далолатномаси тузилгандан ёки кема журналига (хабарнома) имзо қўйилган вақтдан бошлаб шатакловчи кемалар ва юк кемаларининг экипажи ҳисобланади.
129. Кемада капитан-механик (командир-механик) раҳбарлиги остида қуйидаги ишлар амалга оширилиши шарт:
кема экипаж аъзоларини вахта бўйича тақсимлаш ва вахта жадвалини тузиш;
экипажга механизмлар, тизимлар, қурилмалар, жиҳозларни бириктирган ҳолда жадвал, ҳамда тревогалар: ёнғин, сув, «борт ортида одам» жадвалларини тузиш;
техник ўқувлар ўтказиш;
хавфсизлик техникаси, меҳнатни муҳофаза қилиш ва ишлаб чиқариш санитарияси қоидалари ва нормаларининг бажарилиши ҳамда меҳнат ва дам олиш режимларига риоя этилишини назорат қилиш;
ёнғин хавфсизлиги қоидалари талабларининг бажарилишини таъминлаш;
техник кўриклар ўтказилиши ва кўриклар жадвалларининг бажарилишини назорат қилиш.
130. Кема экипажининг ҳар бир аъзоси бўлинмалар бўйича махсус жадвал билан ўзларига бириктириб қўйилган механизмлар, тизимлар, қурилмалар, жиҳозларнинг техник ҳолати, сақланиши ва ўз вақтида хизмат кўрсатилиши учун ҳамда кема бўйича умумий ташкилий-техник тадбирлар режасининг бажарилиши учун шахсан жавобгар ҳисобланади.
131. Кеманинг сақланиши ҳамда юқори муҳандислик даражасида техник ишлатиш учун шахсий жавобгарлик:
кема бўйича — капитан (командир) ва механикка;
кемалар гуруҳи бўйича — рейд капитани ва рейд механигига;
флот бўйича — уларнинг бошлиқлари, флот бўйича бошлиқ ўринбосарлари ва бош муҳандисларга юкланади.
132. Портларда юклаш ёки тушириш даврида кема ва юкларнинг сақланиши учун порт маъмурияти билан бир қаторда кема капитани ҳам жавобгар ҳисобланади.
133. Кемада ва унинг элементларида ўтказилган техник кўриклар сифати учун техник кўрик ўтказган ҳамда унда иштирок этган шахслар жавобгар ҳисобланади.
134. Мазкур Қоидаларнинг талабларига жавоб бермайдиган кеманинг сузишга чиққанлиги учун кема капитани ёки шкипери ҳамда кемани сузишга чиқариш тўғрисида кўрсатма берган шахс жавобгар ҳисобланади.
135. Корхонанинг кемаларни техник ишлатиш бўйича жавобгар шахслари кема хўжалиги хизмати ва бошқа ходимлари навигация даври тугагандан сўнг кемаларни техник ишлатиш даврида аниқланган нуқсонлар, носозликлар ва уларни бартараф этиш бўйича кўрилган чораларни умумлаштириши, флот ишини таҳлил қилиши ва аниқланган камчиликларни бартараф этиш бўйича чора-тадбирлар ишлаб чиқиши шарт.
7-боб. Кемаларни қуриш, қайта жиҳозлаш ва таъмирлаш бўйича ишларни ташкил этиш
1-§. Кемаларни қуриш, таъмирлаш ва қайта жиҳозлаш ишларини амалга ошириш даврида корхоналарга талаблар
136. Кемаларни қуриш, қайта жиҳозлаш ва таъмирлаш (кейинги ўринларда — кемасозлик) ишларини амалга оширувчи корхоналарнинг мажбуриятлари, функциялари, ҳуқуқлари ва жавобгарлиги уларнинг низомларида белгилаб қўйилган бўлиши шарт.
137. Кемасозлик ишлари ҳудудий Кемачилик регистри инспектори назорати остида амалга оширилади.
Корхоналар томонидан кемасозлик даврида бажариладиган ишларнинг техник лойиҳа ҳужжатлари ва техник топшириққа мувофиқлиги устидан техник назорат олиб бориш бўйича масалалар корхона ва Кемачилик регистри инспектори билан тузилган ўзаро шартномалар билан тартибга келтирилади.
138. Кемасозлик корхоналарнинг ҳудудлари қурилиш нормалари талаблари, ишлаб чиқариш бинолари ва иншоотлари, санитария-маиший ва хизмат кўрсатиш биноларини жойлаштириш технологиялари талабларига жавоб бериши, жиҳозланган причалга эга бўлиши, сув, буғ, сиқилган ҳаво, электр энергияси ва баланд овозда хабар қилиш воситалари билан жиҳозланган бўлиши шарт.
139. Кемасозлик корхоналарининг акваториялари қуйидаги талабларга жавоб бериши шарт:
кемаларни қишки сақлаш даврида тўғри жойлаштириш ва таъмирлаш ишларини кемалардан цехларга ўтказиш ва таъмирланаётган кемаларга ишчиларни ўтказиш, материаллар, узел ва деталларни етказиб бериш имконига эга бўлиши;
двигателлар, агрегатлар, механизмлар ва материалларни тушириш ва юклаш кўзда тутилган кемаларни бошқа жойга кўчириш ҳамда уларни қиш шароитларида (акваторияни иситиш) кема кўтариш иншоотларига кўчириш имкони таъминланган бўлиши;
тўсувчи ва причал қурилмалари ва кемаларни швартов синовларидан ўтказиш учун зарур қурилмалар мавжуд бўлиши;
кема габаритларига мос келадиган эркин кема йўлининг мавжуд бўлиши;
дарё ёки сув омборларининг барча ҳолатларида (сув тошқини, муз оқиши, шамол, сув сатҳининг ўзгариб туриши) ҳамда ёнғин даврида кемаларнинг хавфсиз тўхтаб туриши кафолатланган бўлиши;
кемалар карвонини қирғоқ билан боғловчи ишончли алоқа воситалари, электр ёритгичлар, ёнғинга қарши механизациялаштирилган сув етказувчи қурилма ва дастлабки ўт ўчириш воситалари, кемаларнинг сув етказиб берувчи коммуникацияларга бориш йўллари ҳамда корхонанинг акватория базаларининг маҳаллий хусусиятларидан келиб чиқиб, ёнғин хавфсизлиги хизматининг кўрсатмалари бўлиши;
таъмирлашда ёки сақлашда бўлган кемаларнинг сувга ботишидан келиб чиқиб, кафолатланган чуқурликка эга бўлиши;
қўриқлаш постлари томонидан барча карвонга ёки унинг алоҳида кемаларини назорат қилиш имконини таъминлаши.
Кемаларни сақлашга қўйишдан олдин база акваторияси синчиклаб текширилган, сув туби тозаланган, сув ости тўсиқларидан тозаланган ва зарурат бўлганда чуқурлаштириш ишлари амалга оширилган бўлиши шарт.
140. Кемасозлик корхонасининг акваторияси ва унга кириш йўлларини чуқурлаштириш ва чўкиндилардан тозалаш ишлари сув йўллари техник участкалари томонидан бажарилади.
141. Кемасозлик корхонаси ўзига бириктирилган кеманинг қуввати, ўлчами, тури ва сонига мувофиқ келадиган кема кўтариш иншоотларининг бирор-бир турига эга бўлиши шарт.
2-§. Кемасозлик корхоналари ходимларининг мажбуриятлари ва жавобгарликлари
142. Кемасозлик корхоналарига бириктирилган флотнинг бут сақланиши ва сифатли таъмирланиши учун кемасозлик корхонаси раҳбари жавобгар ҳисобланади.
143. Кемасозлик корхоналарининг ишлаб чиқариш билан банд бўлган ходимлари кема тизимлари ва корпус конструкцияларини техник ишлатиш бўйича қоидалар ва йўриқномаларни, меҳнатни муҳофаза қилиш, хавфсизлик техникаси ва ишлаб чиқариш санитарияси қоидалари ҳамда мазкур Қоидалар талабларини яхши билишлари ва уларга риоя этишлари шарт.
144. Кемасозлик ишларини амалга оширувчи ходимларнинг билимларини текшириш корхона раҳбари томонидан тасдиқланган режа-жадвалга асосан Кемачилик регистри инспектори иштирокида ўтказилади.
Кема қобиғини пайвандлаш ишларини амалга оширувчи ходимларнинг пайвандлаш бўйича ишларининг намуналари тегишли синовлардан ўтказилиши ва бу ҳақда билимини текширишдан ўтказиш варақасига тегишли ёзув қайд этилиши шарт.
145. Мазкур Қоидаларга мувофиқ сув ҳавзаларининг кема сақлаш пунктларида кемаларни жойлаштириш ва сақлаш, навигация даврида ҳамда кузги ва баҳорги муз оқиши даврида кемаларни хавфсиз сақлашни таъминлаш бўйича корхоналар томонидан махсус йўриқномалар ишлаб чиқилиши шарт.
8-боб. Портлар
1-§. Умумий қоидалар
146. Портлар юк тоифалари, уларга ишлов бериш ва амалга оширилаётган ташишларга қараб махсус техника ва механизмлар билан жиҳозланган бўлиши шарт.
147. Портларнинг асосий вазифалари қуйидагилар ҳисобланади:
юкларни ва йўловчилар ишончли ташилишини таъминлаш;
барча турдаги кемаларга техник ва навигация хизматларини кўрсатиш бўйича комплекс ишларни амалга ошириш;
юклаш-тушириш ишлари, порт орқали жўнатиладиган юкларни бошқа транспортга юклаш ишларини ташкил этиш ва амалга ошириш;
кемаларга ва вагонларга ўрнатилган меъёрларга мувофиқ ўз вақтида ишлов берилишини таъминлаш;
порт фаолиятини ривожлантириш бўйича тадбирлар режасини ишлаб чиқиш;
комплекс механизациялаштириш, автоматлаштириш комплексини ва илғор технологик жараёнлар ҳамда меҳнатни ташкил этишнинг замонавий шаклларини жорий этиш;
ихтиёрида бўлган порт иншоотлари, ёрдамчи хўжаликлар, алоқа воситалари, флот ва бошқа воситаларни таъмирлаш;
объектларда ва кемаларда ёнғинга қарши тадбирларни амалга ошириш;
рейдларда, причал ёнларида кемаларнинг сузиши ва тўхтаб туриши учун хавфсиз шароитларни яратиш, юклаш-тушириш ва бошқа ишларнинг хавфсиз бажарилишини таъминлаш
2-§. Акваториялар, ички кема йўллари ва рейдлар
148. Акваториялар, ички кема йўллари, рейдлар, причал олдининг чуқурлиги ва бошқа техник тавсифининг нисбийлиги ушбу участкаларда фойдаланилаётган кемаларнинг тавсифига ва юкларга ишлов бериш ҳажмига мувофиқ бўлиши ҳамда кемаларнинг хавфсиз сузишини таъминлаши шарт.
149. Порт акваторияси сув йўллари техник участкалари томонидан навигация жиҳозлари ва белгилари билан жиҳозланиши шарт.
150. Порт акваториясида қуйидагилар мавжуд бўлиши шарт:
кемалар ва шатакка олинувчи таркибларнинг эркин ўтиши учун зарур ўлчамларга эга бўлган кема юрадиган йўл ва причалга кириш йўлаги;
кемалар таркибларини шакллантириш ва тақсимлаш, сув юзида ишларни бажариш ва дарё транспорти тўхтаб туриши учун рейдлар.
151. Рейд ва причал чуқурликлари, ушбу рейд ва причалнинг вазифалари, хизмат кўрсатилаётган кемаларнинг ўлчамлари, сув йўлларининг тавсифи, сув тубидаги ернинг қаттиқлиги, кема дифференти учун захира чуқурлик, тўлқинланиш, ушбу рейд ва причалга чўкинди кириб қолиши ва улардан тозаланиши сув йўллари техник участкалари ва порт томонидан белгиланади ҳамда таъминланади.
152. Порт маъмурияти ички кема йўлларидаги тўсиқлар ва йўлларнинг ҳақиқий чуқурлиги тўғрисида йўл ахборот варақалари ёки бошқа восита ёрдамида кема бошқарувчиларини хабардор қилиши шарт.
153. Рейдлар етарли миқдорда тўғри жойлаштирилган мустаҳкам қирғоқ мосламаларига ҳамда рейд чегарасини кўрсатиб турувчи — кундуз куни яхши кўринадиган белгилар ва тунда ёритиладиган чироқларга эга бўлиши шарт.
Экипажсиз бўлган баржаларнинг тўхтаб туриши учун рейдлар баржа-буй ёки рейд понтонлари билан жиҳозланган бўлиши шарт.
154. Юкларнинг турига қараб рейдлар қуруқ юк ташийдиган, нефть қуйиладиган, тез аланга оладиган, ёнғинга хавфли ва портловчи юкларга мўлжалланган махсус рейдларга бўлинади.
Нефть қуйиладиган ва махсус рейдлар оқим бўйича барча рейдлардан қуйида жойлашган бўлиши шарт.
Бажариладиган ишларнинг ҳажми ва тавсифига қараб рейдларда участкалар ташкил этилади:
келиш участкалари — келган кемалар таркибини тақсимлаш ва кемаларни тўхтаб туриши учун;
жўнатиш участкалари — кемаларни жўнаб кетишга тайёрлаш ва таркибни шакллантириш учун;
юклаш-тушириш участкалари — сузувчи ҳолатда танаффус қилиш ва юклаш-тушириш ишларини амалга ошириш учун;
экипажсиз бўлган баржани лангарсиз тўхтаб туриши учун;
қуруқ юк ташийдиган кемаларни тозалаш ва ювиш учун.
Рейдлар ва сув йўли участкаларининг ораси ёнғин хавфсизлиги қоидалари талабларига мувофиқ бўлиши шарт.
155. Кемалар ва причалларни тўлқинлардан ва муз оқимидан ҳамда акваторияни чўкинди кириб қолишидан ҳимоя қилиш учун ташкил этиладиган тўсувчи ва ҳимоя қилувчи қурилмалар ва сув иншоотлари соз ҳолда сақланиши, ўз вақтида таъмирланиши шарт.
156. Баҳорги сув тошқини даврида кўмилиб қоладиган тўсувчи ва ҳимоя қурилмалари ва иншоотларининг олдида кемачилик жиҳозлари ўрнатилиши шарт.
157. Портларда сув иншоотларини барпо этиш ва реконструкция қилиш, причалларга ва рейдларга кириш жойларида сув тубини чуқурлаштириш бўйича барча ишлар сув йўллари техник участкалари билан келишилган ҳолда иншоот эгалари томонидан амалга оширилади.
3-§. Навигация жиҳозлари
158. Навигация жиҳозлари ички кема йўлларида кемаларнинг хавфсиз ва эркин сузишини таъминлаши шарт.
Кемаларнинг қатнови ва тавсифига қараб қуйидаги навигация жиҳозлари қўлланилиши шарт:
кеча-кундуз ҳаракатни таъминловчи — ёритувчи;
куннинг фақат ёруғ вақтларида кемаларнинг ҳаракатини таъминловчи — ёритмайдиган;
куннинг қоронғу вақтида кема прожектори ишлатилганда сузиш имконини берувчи — нур қайтарувчи.
159. Навигация жиҳозлари ички кема йўлларида ҳаракат бошланганда (навигация бошланиши) кемаларни қишки тўхтаб туриш учун жойлаштириш тугагунга қадар ишлаши шарт.
Сузувчи белгилар (бакенлар, буйлар) ички кема йўллари муздан тоза бўлгандан сўнг 3 кун ичида ўрнатилиши ва ички кема йўлларида муз қопламаси (кичик муз парчалари) пайдо бўлгунга қадар ишлаши шарт.
160. Навигация жиҳозлари ва белгиларини ўрнатиш бўйича ишларни ташкил этиш, уларни сақлаб туриш сув йўллари техник участкалари томонидан амалга оширилади.
Сув йўллари техник участкалари навигация жиҳозларига хизмат кўрсатиш даврида хавфсизлик техникаси бўйича йўриқномалар ишлаб чиқиши шарт.
Кема қатнайдиган йўллардан фойдаланувчи корхоналарнинг талаблари асосида навигация жиҳозларини ўрнатиш сув йўллари техник участкалари томонидан шартнома асосида амалга оширилади.
161. Ички кема йўлларидаги навигация жиҳозлари ва белгиларининг шакли, ўлчамлари ва тавсифи стандарт ва нормаларга мувофиқ бўлиши шарт.
4-§. Рейд, ёрдамчи ва транспорт флоти
162. Транспорт кемаларига хизмат кўрсатиш, таркибларни шакллантириш ва тақсимлаш, юклаш-тушириш ишлари ва хўжалик фаолияти билан боғлиқ ишларни бажариш учун портлар рейд ва ёрдамчи хизмат кўрсатувчи флотга эга бўлишлари шарт.
163. Рейд флотининг таркибидан ёнғиннинг олдини олиш учун кеча-кундуз узлуксиз навбатчилик қилишга мўлжалланган, яхши фойдаланиш ва шатакка олиш хусусиятига, кучли сув тортадиган ёнғин насослари, кўпик билан ўчириш қурилмалари, ўт ўчириш қувурлари ва радио алоқа воситалари билан жиҳозланган ва махсус тайёргарликдан ўтган экипажга эга кема ажратилган бўлиши шарт.
Рейд ишларини бажарувчи рейд навбатчи кемаси ёнғинни бартараф этиш учун доимо шай ҳолда туриши шарт.
164. Флотга комплекс навигация хизмати кўрсатиш йўлга қўйилган портлар пол тагидаги тозаланмаган сувларни ва оқова тизимидан ишлов берилмаган сувларни тортиб олишга, акваториядан оқиб келган ёғочларни ва нефть маҳсулотлари қолдиқларини йиғиб олишга мўлжалланган махсус кемалар билан жиҳозланган бўлиши шарт.
5-§. Порт ҳудудларига белгиланадиган талаблар
165. Порт ҳудудида жойлашган иншоотлар, қурилмалар ва жиҳозлар қуйидагиларга эга бўлиши шарт:
порт ишлари тез ва хавфсиз бажарилишини таъминловчи майдонларга;
портга кириш йўллари, шу жумладан, порт ичи автомобиль йўллари, юкларни портга киритиш ва чиқариб кетиш учун темир йўлларга;
қувурлар тизими, ёмғир сувлари, ер ости ва ифлос сувларни қайтариш учун сув чиқариб ташлайдиган ва сув канализацияси қурилмаларига;
порт туташиб турган қўшни ҳудуддан ажратувчи тўсиқларга;
портда мавжуд бўлган барча турдаги транспортлар ва юклаш-тушириш машиналарининг эркин ишлашини таъминловчи ва юкларни қулай тахлаш имконини берувчи порт ички йўллари ва майдонларининг мустаҳкам қопламаларига;
кемалардан ахлатларни, озиқ-овқат қолдиқларини, чиқиндиларни ва қуруқ маҳсулотларни қабул қилиш участкасига.
166. Порт причаллари юк турлари ва айланмаси бўйича ихтисослашган бўлиши шарт.
Юклаш-тушириш ишларини жадаллаштириш ва кемаларнинг туриб қолиш вақтини қисқартириш мақсадида портларда кемага тез ишлов бериш учун махсус причаллар ташкил этилиши мумкин.
167. Ишларнинг ҳажми ва тавсифига қараб, причалларда қуйидагилар мавжуд бўлиши шарт:
кириш сув йўллари, зарур акватория майдони, причал, юклаш-тушириш механизмлари, ишлаб чиқариш хоналари, кириб бориш йўллари, устахоналар ва маиший-хизмат бинолари;
кемалар билан алоқада бўлиш учун тушиш жойлари ҳамда кемадан қирғоққа ва қирғоқдан кемага ўтиш учун хавфсиз ўтиш мосламалари;
юклаш-тушириш ишлари учун зарур мосламалар ва инвентарлар мажмуаси ва захирасига эга бўлган жиҳозлар ва қурилмалар;
қулай кириш йўлларига эга юк омборхоналари ва очиқ омборхона майдонлари;
зарур электр таъминоти, ёритиш ва ишончли алоқа воситалари;
тўғри жойлаштирилган ва мустаҳкам ўрнатилган швартов қурилмалари;
қирғоққа кеманинг урилишини сўндирувчи мосламалар (римлар, бруслар, кранцлар);
белгиланган меъёр бўйича ёнғинга қарши курашиш ва қутқарув жиҳозлари;
кундуз куни аниқ кўринадиган ва тунда ёритиладиган рейд белгилари;
огоҳлантирувчи белгилар;
муҳандислик коммуникацияси (сув қувурлари, канализация), ёнғинга қарши ҳовузларга бориш йўллари, ёнғинга қарши автомашиналарни жойлаштириш учун пирслар;
қуруқ ахлатларни йиғиш учун контейнерлар, шаҳар сув қувуридан истеъмол сувини кемага узатиш гидрантлари, причал олдида турган кемаларга зарур кучланишдаги электр энергияси бериш учун трансформатор колонкалари;
кемаларнинг порт телефон тармоғига уланиши учун розеткалар.
168. Причал ва сузувчи дебаркадерлар оқим тезлиги кам бўлган йўл участкасида, тўлқин ва муз оқими таъсиридан ҳимояланган ҳудудда жойлаштирилган бўлиши шарт.
169. Причал узунлиги ва кемалар орасидаги интерваллар технологик ва ёнғин хавфсизлиги қоидалари меъёрларига мувофиқ бўлиши шарт.
170. Юк-йўловчи причалларида йўловчиларни чиқариш ва тушириш жойлари ва уларга хизмат кўрсатиш юкларга ишлов бериш жойларидан тўсиқлар билан ажратилган бўлиши шарт.
171. Ҳар бир причал олди майдонларида ҳамда юк омборхоналарида ва дебаркадерларда, лойиҳа ёки изланиш маълумотларига мувофиқ юкларни тахлаш учун жойларда рухсат этилган босим катталиги ва чегараси кўрсатилган ҳолда махсус белгилар қўйилиши шарт.
172. Сузувчи причаллар ва дебаркадерлар қирғоқ билан мустаҳкам боғланган, ишончли ва хавфсиз тутқичлар ва ҳимоя тўсиқлар билан жиҳозланган, хавфсизлик техникаси талабларига мувофиқ синовдан ўтказилган ўтиш йўлагига эга бўлиши шарт.
Причаллар орасидаги узилиш масофаси маҳаллий сузиш шароитларига мувофиқ қабул қилиниши, бироқ ёнғин хавфсизлиги қоидаларида белгиланган меъёрдан кам бўлмаслиги шарт.
173. Юк ортиш механизмлари ёрдамида кемалар, вагонлар ва автотранспорт воситаларини юклаш ва тушириш даврида юклар ва тара ҳамда транспорт воситаларининг сақланиши ва хавфсиз иш шароитлари таъминланган бўлиши шарт.
174. Юк ортиш ва тушириш механизмларини бошқарувчи шахслар ваколатли органлар томонидан бериладиган махсус гувоҳномаларга эга бўлишлари шарт.
175. Қирғоқ ва сузувчи юк кўтариш кранлари ваколатли органлар томонидан белгиланган муддатларда текширувдан ўтказилган бўлиши шарт.
176. Сузувчан юк ортиш кранлари понтонларининг техник ҳолати Кемачилик регистри инспектори томонидан кўрикдан ўтказилган бўлиши шарт.
Сузувчан юк ортиш кранларидан техник фойдаланиш ва уларга техник хизмат кўрсатиш тартиби, уларни ишлаб чиқарган завод йўриқномалари ва махсус йўриқномалар билан белгиланади.
6-§. Порт ходимларининг мажбуриятлари ва жавобгарлиги
177. Порт бинолари, иншоотлари, юк ортиш механизмлари, рейд кемаларини ишлатиш, уларни соз ҳолатда сақлаш, портнинг ҳудуди ва акваторияларида ишларни тўғри ташкил этиш учун жавобгар порт бошлиғи ҳисобланади.
Портнинг айрим объектларини ишлатиш ва соз ҳолатда сақлаб туриш учун ушбу объектларнинг раҳбарлари жавобгар ҳисобланадилар.
Ҳаракат хавфсизлиги, кемаларнинг рейдда тўхтаб туриши ва уларга ишлов бериш учун жавобгар порт бошлиғи, бош мухандис, дарё флоти диспетчери ва рейд капитани ҳисобланади.
178. Порт бошлиғи портга кириш йўллари габарит ўлчамларини сақлаб туриш, сув йўллари тубини чуқурлаштириш ва тозалаш ишлари ўтказилишини назорат қилиб туриши шарт.
179. Портнинг акваториясидаги белгиланган габарит ўлчамларни сақлаб туриш ҳамда сув тубини тозалаш, қирғоқ ва сузувчи кемачилик жиҳозларини ўрнатиш ва уларни сақлаб туриш, сув иншоотларининг ҳимоя қурилмалари ҳамда портнинг рейд чегараларида ўрнатилган тўсувчи белгиларни ўрнатиш ва сақлаб туриш учун шу порт чегарасида жойлашган сув йўллари техник участкаси бошлиғи жавобгар ҳисобланади.
9-боб. Порт ва флот ишини ташкил этиш
1-§. Таркибни шакллантириш ва қатновга жўнатиш
180. Белгиланган йўналишлар бўйича кемалар ва таркибни қатновга жўнатиш тартиби флотнинг ҳаракат жадвали билан белгиланади.
Таркибни шакллантириш корхона томонидан тасдиқланган жадвалларга мувофиқ амалга оширилади.
181. Рейдларда таркибни шакллантириш дарё флоти диспетчери, рейд капитани ва шатакка олувчи кема капитани кўрсатмаси бўйича амалга оширилиши шарт.
182. Таркибни шакллантириш учун режа тузиш даврида дарё флоти диспетчери қуйидагиларга риоя этиши шарт:
ҳаракат жадвали билан белгиланган таркибнинг вазн меъёрлари ва унинг ҳаракат тезлигига амал қилиши;
кема тагида етарли сув чуқурлиги захираси бўлиши;
таркибни шакллантириш даврида белгиланган сузиш ҳудуди бўйича ҳаракат хавфсизлигининг таъминланиши;
таркиб габарит ўлчамларининг сув йўллари, шлюзлар ва бошқа сув усти иншоотлари габаритларига мувофиқ бўлиши;
маневр ишларининг қулай бажарилиши.
183. Таркибни шакллантириш даврида рейд капитани ёки шатакловчи кема капитани белгиланган меъёрларга мувофиқ таркиб бошида сув кам қаршилик кўрсатадиган ва бошқариладиган кемани танлаши шарт.
184. Кемаларни қатновга жўнатишга фақат дарё флоти диспетчерининг рухсати билан йўл қўйилади.
Рухсат қуйидагиларга мувофиқ берилиши шарт:
белгиланган шаклдаги диспетчерлик рухсатномаси;
радио-телефон билан қабул қилинган ва кеманинг вахта журналида қайд этилган кўрсатма.
Кемани қатновга жўнатиш учун кўрсатма беришда дарё флоти диспетчери қуйидагиларни ҳисобга олиши шарт:
кеманинг қатновга жўнатишга шайлиги;
йўналиш ва участкалар бўйича кемаларнинг тақсимланиши жадвалда белгиланганлиги;
об-ҳаво маълумоти, сув сатҳи, муз оқими ва йўл ҳолати.
185. Қуйидаги кемаларни қатновга жўнатиш тақиқланади:
таркиб ва юкларнинг хавфсизлигига таҳдид солувчи носоз кемалар;
тегишли сигналлар тизими ва алоқа воситалари, сув чиқариб ташлайдиган ва ёнғинга қарши воситалари мавжуд бўлмаган кемалар;
габарит ўлчамлари сув йўллари габарит ўлчамларига мос келмайдиган кемалар.
186. Кемаларнинг капитанлари ва шкиперларига қуйидагилар тақиқланади:
дарё флоти диспетчерининг рухсати бўлмаганда, сузиш ҳуқуқини берувчи ҳужжатларнинг амал қилиш муддати тугаганда ва кема габарит ўлчамлари кема юрадиган сув йўллари габарит ўлчамларига мос келмаганда қатновга жўнаб кетиш;
жадвалда ва диспетчерлик фармойишида кўзда тутилмаган юклар ва йўловчиларни ташиш бўйича ишларни бажариш;
Кемачилик регистри инспектори томонидан техник кўрикдан ўтказилмаган кемаларда кўл ва сув омборларига чиқиш.
187. Қатновга жўнаб кетишдан олдин кема капитанлари кемаларнинг созлиги, таркибни тўғри ва ишончли боғланганлиги, такелаж мавжудлиги, алоқа ва сигналлар тизимининг нуқсонсиз ишлаши ва ташиш ҳужжатлари мавжудлигини текшириши шарт.
188. Капитан ва механиклар кемаларнинг ўз вақтида қатновга жўнатилишини таъминлаши, диспетчер фармойишида белгиланган кемалар ва таркибларнинг ҳаракат тезлиги жадвалига риоя этиши шарт.
189. Экипажсиз баржалар шатакка олувчиларга бириктирилганда уларнинг техник ҳолати, сақланиши, кемачилик жиҳозлари, ташилаётган юклар ва кемада бўлган инвентарнинг сақланишини шатакка олган кеманинг капитани таъминлаши шарт.
190. Кемани шлюздан ўтказиш даврида капитан ва вахта бошлиғи шлюз диспетчери кўрсатмаларидан ташқари кема ўтадиган шлюзлардан кемаларни ва таркибларни ўтказиш қоидалари талабларини ҳам бажариши шарт.
Кеманинг вахта бошлиғи шлюз диспетчери кўрсатмаларини бажарган ҳолда, ўзи шахсан кема ва таркибнинг кўтарилиши ва туширилишини назорат қилиши шарт.
191. Ҳаракат даврида шатакка олиш ва швартов арқонларини кесиш ва ечиб ташлашга инсонлар ҳаётига шубҳасиз таҳдид пайдо бўлганда, кема ва таркиб билан содир этилиши муқаррар бўлган авариянинг оғир оқибатларининг олдини олиш ва камайтириш мақсадида рухсат этилади.
Шатакка олиш ва швартов арқонларини кесиш ва ечиб ташлаш тўғрисидаги кўрсатмани бериш ҳуқуқига фақат кема капитани ёки унинг лавозимини эгаллаган шахс эга ҳисобланади.
192. Кемани ёки таркибни тўхтатиш зарурати пайдо бўлганда, вахта бошлиғи капитанни хабардор қилиши шарт.
Агар кейинчалик ҳаракатланишнинг имкони бўлмаса, капитан қуйидагиларни бажариши шарт:
кема ёки таркибни хавфсиз жойга ўтказиши ва уни ишончли боғлаш;
кема ёки таркибни тўсиб турувчи белгилар ўрнатиш;
қатновни давом эттириш чораларини кўриш;
дарё флоти диспетчерига тўхтаб қолганлиги сабаби, керак бўладиган ёрдам ва ҳаракатни давом эттириш учун мўлжалланган вақт тўғрисида хабар бериш.
193. Ўзиюрмас кемаларнинг шкиперлари ўз кемаларининг йўл давомида олган шикастланишлари тўғрисида шатакка олган кеманинг вахта бошлиғини хабардор қилиши ва бу шикастланишларни экипаж кучи ва мавжуд воситалар билан бартараф этиш чораларини кўриши шарт.
2-§. Порт ишини ташкил этиш
194. Порт ишини ташкил этиш учун портнинг суткалик иш режаси ишлаб чиқилади ва порт раҳбари томонидан тасдиқланади.
Портнинг суткалик иш режасида кемаларга ишлов бериш ва хизмат кўрсатиш технологик жараёнлари акс эттирилади.
195. Портнинг технологик жараёнлари қуйидаги ҳужжатлар билан расмийлаштирилади:
кемаларга ишлов бериш жадвали;
кемаларни юклаш ишлари технологик хариталари;
юклаш режаси.
Технологик хариталарда юклаш-тушириш ишларини максимал механизациялаштириш ва хавфсиз иш шароитлари кўзда тутилган бўлиши шарт.
Кемалардан темир йўл транспортига ёки аксинча, юклаш ишлари амалга оширилаётган портда алоҳида шартномага мувофиқ порт ва темир йўл станцияси ишининг ягона технологик жараёни тузилиши мумкин.
196. Портда рейд ишлари белгиланган технологик жараён ва суткалик иш режими асосида бажарилиши шарт.
197. Таркибни лангарга, тўхтаб турган кемаларга, понтон ёки сузувчи буйларга боғлаб қўйиш дарё флоти диспетчерининг кўрсатмаси бўйича таркибни олиб келган шатакловчи томонидан амалга оширилиши шарт.
Кемаларни юклаш-тушириш причалларига жойлаштириш, причалнинг у жойидан бу жойига олиб қўйиш, баржаларни олиб кетиш, таркибни шакллантириш рейд кемалари томонидан рейд капитани раҳбарлигида амалга оширилиши шарт.
Рейд кемаларига эга бўлмаган юклаш-тушириш пунктларига келган кемаларни причалларга қўйиш бу кемаларни олиб келган шатакловчи томонидан амалга оширилади.
198. Портга ишлов беришга жалб этиш учун келган кемалар қатновга жўнаб кетгунга қадар порт ихтиёрида бўлади.
199. Рейдларга қўйилган кемалар сув сатҳининг тебраниши, оқимнинг кучайиши, шторм (пўртана) пайдо бўлиши ва бошқа кемаларнинг рейд бўйича ҳаракатини ҳисобга олган ҳолда ишончли боғланган бўлиши шарт.
Порт ва порт чегарасидаги оралиқ пунктларда бўлган бутун вақт давомида кемаларнинг хавфсиз тўхтаб туриши ва юкларнинг сақланишини ташкил этиш учун порт маъмурияти жавобгар ҳисобланади.
200. Шатакка олувчиларга қуйидагилар тақиқланади:
кема ва таркибни фарватер (кема юрадиган асосий йўл) чегарасида қўйиш, уларни кемачилик жиҳозлари белгилари ва боғлаш учун мўлжалланмаган предметларга боғлаш;
таркибни тарқатиш даврида кемаларни ушбу юкни қабул қилиб олишга мўлжалланмаган причалга қўйиш;
кема ёки таркибдан уни тўлиқ тўхтамасдан ёки боғламасдан узоқлашиш.
201. Рейд капитани барча технологик жараёнларга бевосита раҳбарлик қилади ва рейдда турган кемаларнинг хавфсиз сақланиши учун жавобгар ҳисобланади.
3-§. Портда кемаларга комплекс хизмат кўрсатиш
202. Портга келган кемалар кема эгаларининг буюртмалари бўйича ушбу порт томонидан комплекс хизмат кўрсатилиши таъминланади.
Кемаларга кўрсатган хизмат учун тўловлар кема эгаси томонидан хизмат кўрсатилган даврдаги тариф бўйича портнинг тақдим этган ҳисоб варақаси асосида амалга оширилади.
Барча турдаги хизмат учун буюртмалар кема капитани томонидан кема портга келишидан бир кун олдин, ўтиш давомийлиги бир кундан кам бўлганда эса кема келишидан 2 соат олдин кечикмай дарё флоти диспетчерига берилиши шарт.
203. Транспорт кемаларига комплекс хизмат кўрсатиш порт томонидан, техник флот кемаларига хизмат кўрсатишни ташкил этиш эса сув йўллари техник участкалари томонидан амалга оширилади.
204. Портларда комплекс хизмат кўрсатиш даврида қуйидаги ишлар амалга оширилади:
порт ишлатиш хизмати: юклаш ишларини бажариш, юклаш ишлари тугагандан сўнг кемаларни юк қолдиқларидан тозалаш, сувларни кемадан чиқариб ташлаш, командасиз баржани қабул қилиш ва хизмат кўрсатиш, кемаларнинг поли тагидаги сувларни ва ишлатилган мойларни, чиқинди ва озиқ-овқат қолдиқларини қабул қилиш, йўл ахборотномасини бериш, лоцман хизмати, экипажни истеъмол суви, озиқ-овқат, тиббий воситалар билан таъминлаш;
режадан ташқари ва авария таъмирлаш бўйича ишларни яқин орадаги корхоналар ва сузувчи техник ёрдам станциялари кучлари билан ташкил этиш.
205. Портда кемаларга комплекс хизмат кўрсатишни ташкил этиш дарё флоти диспетчерига юкланади.
Кемаларга хизмат кўрсатиш бўйича буюртмаларнинг бажарилиши бўйича назоратни порт маъмурияти амалга оширади.
10-боб. Дарё транспорти воситаларини назорат қилиш
206. Барча кемаларда лойиҳалаштириш, қуриш, қайта жиҳозлаш, таъмирлаш ва фойдаланиш даврида ваколатли давлат органлари томонидан уларнинг техник ҳолати, хавфсиз сузиш шароитлари, санитария, ёнғин, экология ва меҳнатни муҳофаза қилиш қоидаларига риоя этилиши устидан назорат олиб борилиши ва улар техник кўрикларга жалб этилиши шарт.
207. Кемаларнинг техник ҳолати бўйича белгиланган қонунчилик ҳужжатлари талабларининг бажарилиши устидан назоратни Ўзбекистон Республикаси Транспорт вазирлиги ҳузуридаги Транспорт назорати инспекциясининг Кемачилик регистри инспекторлари ва Фавқулодда вазиятлар вазирлигининг Кичик ҳажмли кемалар инспекцияси инспекторлари амалга оширади.
Кемачилик регистри ва Кичик ҳажмли кемалар инспекцияси инспекторлари кемаларни техник кўриклардан ўтказади, техник ҳолати яроқли эканлигини тасдиқловчи ҳужжатларни беради, тиклайди, тасдиқлайди ёки амал қилиш муддатини узайтиради.
208. Дарё транспортида назоратни амалга оширувчи давлат органларининг мансабдор шахслари кемалардан белгиланган вазифаларига мувофиқ тўғри фойдаланишни назорат қилиш бўйича қуйидагиларга ҳақли:
кемалардан тўғри фойдаланилиши, уларнинг табелда қайд этилган таъминот ва инвентар билан бутланганлиги, улар томонидан сузиш ва фойдаланиш хавфсизлиги таъминланиши бўйича қоидалар ва талаблар бажарилиши, кемалар сузадиган йўллар ва кемалар сузадиган вазиятнинг ҳолати устидан назорат қилиш, экипаж аъзоларининг билимларини текшириш;
кема ҳужжатларининг амал қилиш муддати тамом бўлганда, кемалар малакали экипаж билан бутланмаганда, бортда авария-қутқарув, ёнғинга қарши инвентар мавжуд бўлмаганда, сузиб юрувчи қурилмаларда одамларнинг хавфсизлигига таҳдид солувчи нуқсонлар бўлганда, кемалардан фойдаланиш, ёнғинга қарши ва санитария хавфсизлиги қоидалари талаблари бузилганда кемалардан фойдаланишни тақиқлаш;
агар сузиш воситаларининг техник ҳолати сузишнинг ва фойдаланишнинг хавфсизлигини ёки сузиш воситаларининг хавфсиз тўхтаб туришини таъминламаса, улардан фойдаланишни тақиқлаш;
хавфсиз сузиш шароитларини, одамларнинг ҳаёти муҳофаза қилинишини, ички кема йўлларида юкларнинг ишончли ташилишини, кемалардан ифлослантиришнинг олдини олишни таъминловчи сузиш воситаларига қўйиладиган талаблар бажарилишини техник назорат қилиш.
11-боб. Якунловчи қоида
209. Мазкур Қоидалар талабларининг бузилишида айбдор бўлган шахслар қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда жавоб берадилар.
Вазирлар Маҳкамасининг 2023 йил 11 сентябрдаги 462-сон қарорига 3-ИЛОВА
Дарё транспортида юк ташиш
1-боб. Умумий қоидалар
1. Мазкур Қоидалар Ўзбекистон Республикасининг ички кема йўлларида дарё транспортида юк ташиш тартибини белгилайди.
2. Мазкур Қоидаларда қуйидаги асосий тушунчалардан фойдаланилади:
дарё флоти бўйича навбатчи диспетчер — портда юклаш ва тушириш ишларини ташкил этувчи ва уларга раҳбарлик қилувчи мансабдор шахс;
давлат назорати органлари — шахсларни, транспорт воситаларини ва товарларни Давлат чегараси орқали ўтказишда иштирок этувчи чегара, божхона, санитария-эпидемиология, фитосанитария ва ветеринария назорати органлари;
жўнаб кетиш порти — кеманинг ҳаракатланиши бошланадиган порт;
жўнатиш порти — божхона назорати остида юкларни тушириш, қабул қилиш, сақлаш, кемага юклаш ва жўнатиш бошланадиган порт;
жўнатиш божхона пости — божхона назорати остида юкларни ташиш бошланадиган ҳудудда жойлашган божхона хизмати органи;
кема капитани — кемани бошқариш, унга раҳбарлик қилиш ҳамда сузиш хавфсизлигини таъминлаш, кемада тартиб-интизомни сақлаш, кемадаги одамларнинг ҳаёти ва соғлиғини муҳофаза қилиш, кеманинг ҳамда унда ташиладиган юкларнинг бутлиги учун зарур бўлган чораларни кўриш учун кема эгаси томонидан тайинланган мансабдор шахс;
коносамент — дарё транспортида юк ташиш шартномаси тузилганлиги, юкнинг юк ташувчи томонидан қабул қилинганлиги ва юк етказиб берилганлигини тасдиқловчи транспорт (ташиш) ҳужжати;
манзил порти — божхона назорати остида юкларни ташиш, тушириш, қабул қилиш, сақлаш ва топшириш тугалланадиган порт;
манзил божхона пости — божхона назорати остида юкларни ташиш тугалланадиган ҳудудда жойлашган божхона хизмати органи;
порт — қирғоқ бўйи ер участкаси ва ички сув акваториясида жойлашган, йўловчи ва кемаларга хизмат кўрсатиш, юкларни қабул қилиш, тушириш, ортиш, қисқа муддатли сақлаш ва топшириш, бошқа транспорт турлари билан биргаликда ҳаракат қилиш мақсадида махсус жиҳозланган иншоотлар мажмуи;
тара — ташиш, юклаш, жойлаштириш, тушириш ва омборда сақлаш жараёнида ичидаги юкларга шикаст етказилишидан ҳимоя қилиш имкониятига эга бўлган буюм;
тарали дона юклар — алоҳида юк ўринлари билан тақдим этиладиган, тарага жойлаштирилган, ўзининг шакли, вазни ва ўлчамлари билан тавсифланадиган юк бирлиги;
транспорт (ташиш) ҳужжати — транспорт юк хати, коносамент ёки ташиш шартномаси ёхуд товарларни ташиш бўйича шартнома тузилганлигини тасдиқловчи бошқа ҳужжат;
шкипер — юкларни бир ёки бир нечта ўзиюрмас юк кемаларига юклаш, юкларни кемага тўғри жойлаштириш, маҳкамлаш ва тушириш ишларига жавобгар шахс (ўзиюрмас кема капитани);
юк жўнатувчи — ўзи ёки юк эгаси номидан ҳаракат қилувчи ва транспорт (ташиш) ҳужжатларига мувофиқ жўнатиш портидан юкни жўнатиш ваколатига эга шахс;
юк ташувчи — юк ташиш шартномасига мувофиқ юкни жўнатиш портида юк жўнатувчидан қабул қилиш, дарё транспортида манзил портига етказиб бериш ва юк олувчига топшириш, шунингдек, қонунчилик ҳужжатларида ва юк ташиш шартномасида назарда тутилган бошқа мажбуриятларни бажарувчи шахс;
юк олувчи — юк ташиш шартномасига мувофиқ манзил портида юкни олиш ваколатига эга шахс;
юк қабул қилувчи-топширувчи — юкларни қабул қилиш, топшириш ва уларнинг ҳисобини юритиш учун порт томонидан тайинланган жавобгар шахс;
қўшма наряд — Ўзбекистон Республикасининг Давлат чегараси орқали шахсларни, транспорт воситаларини ва юкларни ўтказиш бўйича биргаликдаги назоратни амалга оширувчи Ўзбекистон Республикаси Давлат хавфсизлик хизмати Чегара қўшинларининг чегара назорати бўлинмалари (кейинги ўринларда — чегара назорати бўлинмалари) (чегара наряди) ва божхона хизмати органи (божхона наряди), санитария-эпидемиология хизмати, фитосанитария ва ветеринария назорати органлари ходимларидан иборат бўлган наряд.
3. Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномасида мазкур Қоидаларда назарда тутилганидан бошқача қоидалар белгиланган бўлса, халқаро шартнома қоидалари қўлланилади.
2-боб. Юк ташишни ташкил этиш
1-§. Юк ташиш шартномаси ва унинг шартлари
4. Юклар юк ташиш шартномасига асосан ташилади. Юк ташиш шартномаси бўйича юк ташувчи юк жўнатувчи томонидан ўзига ишониб топширилган юкни белгиланган манзилга етказиб бериш ва юк олувчига топшириш, юк жўнатувчи эса юкни ташиб берганлик учун белгиланган ҳақни тўлаш мажбуриятини олади.
5. Дарё транспортида юк ташиш даврида юк жўнатувчининг талабига мувофиқ товарларни тақсимловчи ҳужжат сифатида унга коносамент берилади.
Коносамент бир вақтнинг ўзида юк ташувчи томонидан юклар қабул қилиб олинганлиги ва ташиш шартномаси тузилганлигини тасдиқловчи ҳужжат ҳисобланади.
6. Ташишнинг умумий шартлари Ўзбекистон Республикасининг Фуқаролик кодекси , «Транспорт тўғрисида»ги Қонуни ва бошқа қонунчилик ҳужжатлари билан белгиланади.
7. Юк ташиш шартномасида юкларни юк ташувчига топшириш, жўнатиш портида сақлаш, етказиб бериш муддати, юкларнинг миқдори ва вазни ҳамда томонларнинг келишуви бўйича бошқа шартлар кўрсатилади.
8. Жўнатиш ва манзил порт орасида кеманинг бошқа портга кириши юк ташиш шартномасида кўрсатилади.
9. Юк ташиш ҳамда ташиш билан боғлиқ бўлган бошқа ишларни бажариш учун ҳақ тўлаш юк ташиш шартномасига мувофиқ амалга оширилади.
Агар юк ташиш шартномасида бошқача тартиб белгиланган бўлмаса, юкларни кемага юклаш ва уларни кемадан портга тушириш порт томонидан юк жўнатувчи ёки юк олувчининг ҳисобидан амалга оширилади.
10. Юк ташувчи ташишга қабул қилинган юкларнинг жўнатиш ва манзил портини қонунчилик ҳужжатлари талабларига риоя қилган ҳолда ўзгартириши, юк тўғрисидаги декларацияда кўрсатилган бир юкни бошқа турдош юк билан алмаштириши юк жўнатувчи ёки юк олувчининг ёзма талабига мувофиқ амалга оширилади.
11. Юк жўнатувчи манзил портини ўзгартирмасдан юк олувчини ўзгартириши мумкин.
Юк олувчини ўзгартириш тўғрисидаги талабнома коносаментларга илова қилинган ҳолда, жўнатиш божхона органи ва жўнатиш портига тақдим этилади.
12. Манзил портини ўзгартиришни талаб қилган юк жўнатувчи мазкур ўзгартириш натижасида вужудга келадиган харажатлар бўйича юк ташувчи ва биринчи кўрсатилган манзилдаги юк олувчи олдида жавобгар ҳисобланади.
13. Енгиб бўлмайдиган куч, яъни фавқулодда ва муайян шароитларда олдини олиб бўлмайдиган вазиятлар (форс-мажор) оқибатида ташишга қабул қилинган, лекин ҳали жўнатилмаган юкларнинг манзил портини ўзгартириш юк ташувчи томонидан юк жўнатувчи билан келишилган ҳолда амалга оширилади, бунда юк жўнатувчи ҳақиқий босиб ўтилган масофа бўйича ҳақ тўлайди.
14. Юкларнинг манзил портини ўзгартиришга уларнинг яроқлилик (сақлаш) муддати доирасида йўл қўйилади.
15. Мазкур Қоидаларнинг 13-бандида назарда тутилган ҳолатлар юз берганлиги сабабли кеманинг манзил портига келишининг имкони бўлмаса, юк ташувчи бу ҳақда юк жўнатувчи ёки юк олувчини хабардор қилиши лозим.
16. Томонларнинг келишувига мувофиқ юклар юк жўнатувчининг кузатувчиси иштирокида ташилади.
17. Юкни кемага юклаш кечикканлиги учун айбдор бўлган тараф қонунчилик ҳужжатларида ёки юк ташиш шартномасида белгиланган тартибда ва миқдорда жарима тўлайди.
18. Юкни юк жўнатувчининг айби билан жўнатиш портига қайтариб олиб келиш, тушириш ва сақлаш харажатлари юк жўнатувчи томонидан қопланади.
2-§. Кемага қўйиладиган талаблар
19. Юк ташувчи томонидан юк ташиш учун жалб қилинаётган кема Дарё транспортини техник ишлатиш қоидалари ва бошқа қонунчилик ҳужжатлари талабларига мувофиқ бўлиши ҳамда юкларни манзил портига хавфсиз ва ишончли етказиш имкониятига эга бўлиши керак.
20. Режалаштирилган юкнинг юк жўнатувчи ёки юк олувчи томонидан ўзгартирилиши кемани қайта жиҳозлашни талаб қилса, юк ташувчи қўшимча тузилган шартнома асосида юк жўнатувчи ёки юк олувчининг ҳисобидан кемани қайта жиҳозлайди.
3-§. Юк ва тарага қўйиладиган талаблар§
21. Юклар юк жўнатувчи томонидан техник шартларга мувофиқ келадиган миллий стандартлар, халқаро (минтақавий) стандартларга мувофиқ, техник шартларда назарда тутилмаган юклар эса юк ташувчи билан келишилган ва уларнинг тўлиқ сақланишини таъминлайдиган соз таралар ва ўрамларда тақдим этилиши шарт.
22. Юкларни ташишга тайёрлашда кеманинг юк сиғими, юк турлари ва уларнинг вазнига қараб кемага жойлаштирилиши ҳисобга олиниши шарт.
23. Юкларни кемага жойлаштириш ва ташиш тартиби юк ташиш шартномаси билан белгиланади.
Битта юк жўнатувчи томонидан битта манзилга, битта кемада бир хил ўрамлар ва тараларда ташиладиган юклар битта коносамент билан жўнатилиши шарт.
24. Ўзининг физик-кимёвий хусусиятларига ва ташиш шартларига кўра ўрамланган ҳолда ташиладиган тарали дона юклар юк ташувчига худди шундай ҳолатда тақдим этилади.
25. Юк жўнатувчи юкни ўрамлаш учун зарур материалларни юк билан биргаликда портга тақдим этади. Кўп марта фойдаланиладиган, юкларни кема бортига маҳкамлаш учун мўлжалланган кема мосламалари юк ташувчи томонидан тақдим этилади.
26. Тара ва ўрамларда ташилаётган юкларни порт омборларига киритиш ва кемага юклаш даврида улар юк қабул қилувчи-топширувчи ва шкипер томонидан ташқи текширувдан ўтказилади. Бунда тара ва ўрамларнинг созлиги, юкнинг ташишга яроқлилиги, зарур реквизитларнинг мавжудлиги, пломбаларнинг бузилмаганлиги ва уларнинг ҳужжатларда кўрсатилган маълумотларга мувофиқлиги текширилади.
27. Ташувга қабул қилинадиган ўрамли ва тарали дона юкларнинг ўрни маркировкалаш белгисига, махсус ишлов бериш талаб этиладиган юклар эса махсус белгига эга бўлиши лозим.
3-боб. Юк ташишни давлат томонидан назорат қилиш.
1-§. Божхона назорати ва расмийлаштируви
28. Ўзбекистон Республикасига олиб кирилаётган ва олиб чиқилаётган кемадаги товарлар ва экипаж аъзолари ва йўловчиларнинг шахсий буюмлари, валюта бойликлари божхона назорати ва расмийлаштирувидан ўтказилиши шарт.
29. Божхона расмийлаштируви ва назорати Божхона кодекси ва бошқа қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ амалга оширилади.
30. Кемаларнинг Ўзбекистон Республикасига кириб келиши ва Ўзбекистон Республикасидан чиқиб кетишини расмийлаштириш қуйидаги таркибдаги давлат назорати органлари томонидан амалга оширилади:
чегара назорати бўлинмалари ходимлари;
божхона хизмати органлари ходимлари;
санитария-эпидемиология хизмати ходимлари;
ўсимликлар карантини ва ҳимояси бўйича давлат хизмати ходимлари, (уруғлар, ўсимликлар ва ўсимлик маҳсулотлари олиб кириладиган чегара пунктлари ёки ҳудудларида);
манзил ёки жўнатиш порти вакиллари.
Зарур ҳолларда, давлат назорати органлари таркибига бошқа хизматлар ходимлари ҳам киритилиши мумкин.
31. Кемаларнинг божхона расмийлаштируви учун буюртма дарё флоти бўйича навбатчи диспетчер томонидан берилади.
Божхона назорати ва расмийлаштируви санитария назорати ўтказилгандан кейин амалга оширилади.
Санитария назорати тугагунга қадар кемага бирор-бир шахснинг кириши ва чиқиши тақиқланади.
32. Чет элга жўнаб кетувчи кемалар портда турган вақтда чегара назорати бўлинмалари ва божхона органларининг назорати остида бўлади.
Кемаларнинг турар жойини ўзгартириш (бошқа жойга боғлаш) чегара назорати бўлинмалари ва божхона органларини хабардор қилган ҳолда амалга оширилиши шарт.
33. Чегара назорати бўлинмалари ва божхона органлари томонидан чегара ва божхона назорати амалга оширилаётган кемаларнинг ёнига тўхташ, шунингдек, бортдан қирғоққа ёки қирғоқдан бортга бирор-бир буюмларни узатишга йўл қўйилмайди.
34. Божхона органларининг мансабдор шахслари ўз хизмат вазифаларини бажариш учун кема бортига исталган вақтда чиқиши мумкин.
Кема капитани ёки шкипер мазкур Қоидаларнинг 35-бандида назарда тутилган ҳужжатларни божхона назоратидан ўтказиш учун тақдим этиши, зарур ҳолларда, божхона органининг мансабдор шахсларига ўз хизмат вазифаларини бажаришлари учун маиший ва хизмат хоналарини ажратиб бериши шарт.
2-§. Кемалар ва юкларнинг божхона расмийлаштируви учун зарур ҳужжатлар
35. Дарё транспортида ташишларни божхона расмийлаштирувида қуйидаги ҳужжатлардан фойдаланилади:
умумий декларация — кема ва унинг келиши ёки жўнаб кетиши тўғрисидаги маълумотлар кўрсатилган ҳужжат;
юк тўғрисидаги декларация — кема анжомлари тўғрисидаги декларация ва кема экипажининг шахсий буюмлари тўғрисидаги декларацияга киритилмаган, кема бортида мавжуд бўлган юклар (товарлар) тўғрисидаги маълумотлар кўрсатилган ҳужжат;
кема анжомлари тўғрисидаги декларация — кема ва экипаж аъзоларининг эҳтиёжи учун мўлжалланган товарлар (озиқ-овқат маҳсулотлари, ёнилғи-мойлаш маҳсулотлари, кеманинг материал-техник таъминотлари) тўғрисидаги маълумотлар кўрсатилган ҳужжат;
кема экипажининг шахсий буюмлари тўғрисидаги декларация — экипаж аъзоларига тегишли шахсий буюмлар тўғрисидаги маълумотлар кўрсатилган ҳужжат;
кема хизмати — кеманинг номи ва эгаси, кема рўйхатдан ўтказилган порт, кема тури, кема экипажи аъзоларининг фамилияси, исми, отасининг исми, туғилган йили, фуқаролиги, лавозими, шахсини тасдиқловчи ҳужжатларининг тури, серияси ва тартиб рақами ҳамда гувоҳнома рақами тўғрисидаги маълумотлар кўрсатилган ҳужжат;
йўловчилар рўйхати;
транспорт ҳужжатлари;
ташилаётган товарларга тижорат ҳужжатлари;
халқаро почта жўнатмаларини кузатиб бориш учун Умумжаҳон почта иттифоқи ҳужжатларида белгиланган ҳужжатлар.
Умумий, юк, кема анжомлари, ва кема экипажининг шахсий буюмлари тўғрисидаги декларациялар кема капитани ёки бошқа ваколатли шахс томонидан имзоланади.
Кема хизмати порт раҳбари ёки ваколат берилган бошқа шахс ҳамда ходимлар бўлими бошлиғи томонидан имзоланади.
36. Транспорт (ташиш) ҳужжатларида Умумжаҳон божхона ташкилотининг Товарларни тавсифлаш ва кодлаштиришнинг уйғунлаштирилган тизимига мувофиқ товарларнинг номи ва камида олтита белги даражасидаги кодлари (халқаро почта ва курьерлик жўнатмалари бундан мустасно), юк ўринлари сони, брутто ва нетто оғирлиги (килограммда), жойлаштириш тавсифи ва фактура қиймати кўрсатилиши шарт.
37. Кема бортида бўлган хавфли юклар (хавфли хусусиятларга эга бўлган, ташиш ва сақлаш даврида алоҳида эҳтиёт чораларини кўришни талаб қилувчи моддалар ва товарлар) тўғрисида маълумотлар алоҳида кўрсатилиши шарт.
3-§. Ўзбекистон Республикасига киришда божхона назорати ва расмийлаштируви
38. Кема Ўзбекистон Республикасининг божхона чегарасига кирганлиги тўғрисида дарё флоти бўйича навбатчи диспетчер томонидан манзил божхона постига камида 1 соат олдин онлайн режимда электрон шаклда хабар берилади.
Хабарда қуйидаги электрон маълумотлар бўлади:
манзил порт ва кеманинг номи;
юк тўғрисидаги маълумотлар (Умумжаҳон божхона ташкилотининг Товарларни тавсифлаш ва кодлаштиришнинг уйғунлаштирилган тизимига мувофиқ товарларнинг номи ва камида олтита белги даражасидаги кодлари (халқаро почта ва курьерлик жўнатмалари бундан мустасно), юк ўринлари сони, брутто ва нетто оғирлиги (килограммда), жойлаштириш тавсифи ва фактура қийматининг) номи ва миқдори ёки кеманинг юксиз эканлиги тўғрисида маълумот;
кеманинг портга келиш вақти.
39. Давлат назорати органлари ходимлари кема бортига келгандан сўнг шкипер божхона расмийлаштируви учун манзил божхона пости ходимига мазкур Қоидаларнинг 35-бандида назарда тутилган ҳужжатларни тақдим этиши шарт.
40. Манзил божхона пости ходими тақдим этилган ҳужжатларни текшириб чиққандан сўнг тушириладиган юклар коносаментлари ва юк кузатув ҳужжатларини белгиланган тартибда расмийлаштирувини амалга оширади.
41. Ҳужжатлар расмийлаштирилгандан сўнг кемада манзил божхона пости ходими томонидан божхона назорати ўтказилади.
Кема божхона назоратидан кема капитани ёки шкипери томонидан тайинланган кузатувчи иштирокида ўтказилади.
Кема капитани ёки шкипери кеманинг барча хоналарида божхона назорати ўтказилишини таъминлайди.
Трюмлар, шкафлар, қутилар ва бошқа ёпиқ объектларнинг божхона назоратидан ўтказиш учун зарур шароит кузатувчи томонидан таъминланади.
Йўловчиларнинг ва кема экипажи аъзоларининг шахсий буюмлари Божхона кодекси ва бошқа қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ уларнинг эгалари ёки уларнинг ишончли вакиллари иштирокида божхона расмийлаштируви ва назоратидан ўтказилади.
Божхона расмийлаштируви тугагандан сўнг манзил божхона органи томонидан юкларни тегишли божхона (порт) омборига туширишга рухсат берилади.
42. Кемада товар ва ашёларни ноқонуний олиб кириш ҳамда олиб чиқиш билан боғлиқ ҳуқуқбузарликлар аниқланган тақдирда, хоналар, трюмлар, шкафлар, қутилар ва бошқа ёпиқ объектлар манзил божхона пости ходими томонидан муҳрланади ва бу ҳолат маъмурий иш ёки жиноят ишини қўзғатишга асос бўлади.
43. Давлат назорати органларининг фаолияти кема портга келган вақтдан бошлаб 3 соат ичида тугалланиши шарт.
4-§. Ўзбекистон Республикасидан чиқишда божхона назорати ва расмийлаштируви
44. Ўзбекистон Республикасидан чиқиб кетадиган кеманинг жўнаб кетиши даврида коносаментлар ва юклаш топшириқномаси портнинг тижорат бўлими томонидан жўнатиш божхона хизмати органига онлайн режимда электрон шаклда тақдим этилади.
Жўнатиш божхона пости ходими ҳужжатларнинг қонунчилик ҳужжатлари талабларига мувофиқлигини текшириб, коносаментлар ва юк билан бирга жўнатиладиган барча юк кузатув ҳужжатларини белгиланган тартибда расмийлаштирувини амалга оширади.
45. Портнинг тижорат бўлими томонидан жўнатиш божхона пости ходимидан ҳужжатлар қабул қилиб олингандан сўнг дарё флоти бўйича навбатчи диспетчерга кема ва юкларнинг жўнатишга тайёр эканлиги ҳақида хабар берилади.
Коносаментлар ва юк билан бирга жўнатиладиган бошқа ҳужжатлар шкиперга топширилади.
46. Ўзбекистон Республикасидан чиқиб кетадиган кеманинг жўнаб кетиши даврида дарё флоти бўйича навбатчи диспетчер томонидан жўнатиш божхона хизмати органига товарлар ва транспорт воситаларининг Ўзбекистон Республикасининг божхона чегарасидан олиб чиқилиши кутилаётганлиги тўғрисида хабар берилади.
Жўнатиш божхона пости ходими давлат назорати ходимлари билан биргаликда божхона назоратини ўтказишга киришади.
Юклаш ва кемада бажариладиган бошқа ишлар божхона назорати бошланишидан олдин тугатилган бўлиши, шунингдек, кема яқинида бошқа сузувчи восита ва бегона шахслар бўлмаслиги лозим.
47. Давлат назорати органлари ходимлари кема бортига келгандан сўнг мазкур Қоидаларнинг 35-бандида назарда тутилган ҳужжатлар шкипер томонидан жўнатиш божхона пости ходимига тақдим этилади.
48. Транспорт (ташиш) ҳужжатларидаги маълумотлар ҳужжатларни қабул қилган жўнатиш божхона пости ходими томонидан кема ва юк божхона назоратидан ўтказилади ҳамда юклаш топшириқномасида кўрсатилган маълумотлар билан солиштирилади ва барча ҳужжатлар белгиланган тартибда расмийлаштирилади.
49. Кема экипажи аъзолари томонидан божхона иши тўғрисидаги қонунчилик ҳужжатлари талаблари бажарилмаган тақдирда, жўнатиш божхона пости ходими назоратни тўхтатишга ҳақли.
5-§. Чегара назорати
50. Юк ташиш даврида Ўзбекистон Республикасининг Давлат чегарасини ноқонуний кесиб ўтишларнинг олдини олиш мақсадида чегара назорати бўлинмалари томонидан чегара назорати амалга оширилади.
51. Чет элдан Ўзбекистон Республикаси портларига кириб келаётган ёки чет элга чиқиб кетаётган барча кемалар чегара назоратидан ўтказилади.
52. Ўзбекистон Республикасидан чиқиб кетадиган, шу жумладан, чет эл портларига кирмасдан сузадиган кемалар Ўзбекистон Республикаси портларига келганда, портда тўхтаб турганда ва портдан жўнаб кетаётганда чегара назоратидан ўтказилади.
53. Чет элга чиқиб кетадиган кемаларнинг улар тўхтаб турган жойдаги ўтказиш пункти режимига риоя қилишлари, шунингдек, кемада вахта хизматининг олиб борилиши чегара назорати бўлинмалари томонидан назорат қилинади.
54. Чет элга чиқиб кетадиган кемаларда ташилаётган транспорт воситалари, контейнерлар ва бошқа катта ҳажмли юклар кемага юклашдан олдин ёки ундан туширилгандан кейин текширилади.
55. Чегара назорати бўлинмаларига дарё флотининг диспетчер хизмати томонидан ҳар куни Ўзбекистон Республикаси портига кириб келаётган ва ундан чиқиб кетадиган кемалар тўғрисида хабар берилади.
56. Кемаларни назорат қилиш даврида божхона хизмати органи ва кемаларга хизмат кўрсатувчи бошқа хизматлар билан ўзаро ҳаракатлар чегара назорати бўлинмалари командири томонидан технологик схема ва жадвалга мувофиқ ташкил этилади.
57. Чегара назорати даврида кема капитани ёки шкипери томонидан тайинланган кузатувчи барча хоналарга биринчи бўлиб кириши ва охирида чиқиши шарт.
Юкларни текшириш даврида махсус хизмат итлари ва техник воситалардан фойдаланилиши мумкин.
Давлат назорати органлари ўз ишини тугатгандан кейин чегара назорати бўлинмаси командирининг ва божхона хизмати органи раҳбарининг рухсати билан кема тарк этилади.
6-§. Ўзбекистон Республикасига кириб келиш даврида чегара назорати
58. Қўшма наряднинг кемада чегара ва божхона назоратини ўтказишдаги вазифалари кема портга келишидан 30 дақиқа олдин чегара назорати бўлинмалари ва манзил божхона хизмати органи раҳбарлари томонидан белгилаб олинади.
59. Қўшма наряд ўз фаолиятини кема бортида санитария-эпидемиология, ўсимликлар карантини ва ҳимояси бўйича давлат хизматлари ҳамда бошқа давлат назорати органлари ходимлари билан биргаликда амалга оширади.
60. Чегара назорати бўлинмалари кема экипажи, кема экипажининг кема хизматига киритилмаган аъзолари ва йўловчилар сонини кема капитанидан аниқлайди ҳамда кема экипажи аъзолари ва кема бортида бўлган бошқа шахсларни паспорт назоратидан ўтказади.
61. Қўшма наряд томонидан кема капитани ёки шкипери томонидан тайинланган кузатувчи иштирокида кеманинг барча бўлинмалари, трюмлари, шкипер хонаси ва кемадаги товарлар текширилади.
Кема экипажининг ва кема бортида бўлган бошқа шахсларнинг шахсий буюмлари уларнинг иштирокида текширилади.
62. Давлат назорати органларининг ходимлари ўз фаолиятини тугатганидан сўнг чегара назорати бўлинмаси командири ва божхона пости ходимининг рухсати билан юклар кемадан туширилади.
63. Ўзбекистон Республикасига кемани шатакка олиб келган ва дарҳол Ўзбекистон Республикасидан чиқиб кетадиган кема текширувдан ўтказилмайди, бироқ унинг портга кириши ва портдан чиқиб кетиши чегара назорати бўлинмалари томонидан кузатиб турилади.
7 §. Ўзбекистон Республикасидан чиқиб кетиш даврида чегара назорати
64. Чегара назорати бўлинмалари кеманинг Ўзбекистон Республикасидан чиқиб кетиш вақти тўғрисидаги ахборотни дарё флоти бўйича навбатчи диспетчердан қўшма наряд тўпланишидан 30 дақиқа олдин олади.
65. Қўшма наряд кема турадиган жойга келиб, причал ва унга туташ жойларни кўздан кечиради, барча бегона шахсларни чиқариб юборади ва кема ҳамда атроф кузатилишини ташкил қилади.
66. Қўшма наряд ўз фаолиятини мазкур Қоидаларнинг 59-бандида кўрсатиб ўтилган давлат назорати органлари ходимлари билан биргаликда амалга оширади.
67. Чегара назорати бўлинмалари кема экипажи, кема экипажининг кема хизматига киритилмаган аъзолари ва йўловчилар сонини кема капитанидан аниқлайди ҳамда кема экипажи аъзолари ва кема бортида бўлган бошқа шахсларни паспорт назоратидан ўтказади.
68. Қўшма наряд томонидан кема капитани ёки шкипери томонидан тайинланган кузатувчи иштирокида кеманинг барча бўлинмалари, трюмлари, шкипер хонаси ва кемадаги товарлар текширувдан ўтказилади.
Кема экипажининг ва кема бортида бўлган бошқа шахсларнинг шахсий буюмлари уларнинг иштирокида текширилади.
69. Давлат назорати органларининг ходимлари ўз фаолиятини тугатганидан сўнг кема чегара назорати бўлинмаси командири ва божхона хизмати органи раҳбарининг рухсати билан чет элга жўнаб кетади.
4-боб. Юкларни қабул қилиш ва жўнатиш
1-§. Жўнатиш портида юкларни қабул қилиш
70. Юклар жўнатиш портида юк ташиш шартномасига мувофиқ тўғридан-тўғри кемага юклаш ёки порт омборларида вақтинча сақлаш учун қабул қилинади.
71. Юкларни қабул қилиш транспорт (ташиш) ҳужжати асосида амалга оширилади ва юкни тушириш, юклаш ва сақлашга қабул қилиш далолатномаси билан расмийлаштирилади.
Далолатномага киритилган тузатишлар «Тузатилган» деган ёзув билан қайд қилинади ҳамда юк қабул қилувчи-топширувчи ва шкипернинг имзоси билан тасдиқланади.
72. Юк жўнатувчи томонидан юклаш топшириқномаси олингандан сўнг юкни тушириш, юклаш ва сақлашга қабул қилиш далолатномаси тузилади ва юк божхона назорати остида кемага юкланади.
73. Юклаш топшириқномасида кема номи, жўнатиш ва манзил порти, юкнинг тури ва миқдори, унинг алоҳида хусусиятлари, ўрам тури, юк ўринларининг белгиси ва рақами, портга келиб тушган юкнинг юкни тушириш, юклаш ва сақлашга қабул қилиш далолатномаси ва транспорт (ташиш) ҳужжатининг рақами кўрсатилиши шарт.
74. Экспорт, импорт ва транзит юкларни юклаш ёки тушириш юклаш топшириқномаси асосида икки иш куни ичида амалга оширилади.
75. Юклаш топшириқномаси юк жўнатувчи томонидан кемага юк ортиш бошланишидан 48 соат олдин, порт омборларида сақланаётган юклар бўйича эса юк ташиш шартномасида кўрсатилган муддатларда уч нусхада тақдим этилиши шарт.
76. Юклаш топшириқномаси жўнатиш портининг муҳри ва жўнатиш божхона органининг тегишли белгиси билан тасдиқланган бўлиши ҳамда унга юк билан биргаликда юбориладиган барча ҳужжатлар илова қилиниши шарт.
77. Юклаш топшириқномасининг бир нусхаси жўнатиш божхона органи ходимига, иккинчи нусхаси юк олувчига бериш учун шкиперга берилади, учинчи нусхаси жўнатиш портида қолдирилади.
78. Юк ташишни амалга ошириш учун юк жўнатувчи томонидан саккиз нусхада коносамент тузилади ва имзоланган ҳолда юк жўнатувчига тақдим этилади.
79. Коносаментга унда кўрсатилган юк кема бортига ортилган вақт бўйича сана қўйилади ва шкипер томонидан имзоланади.
Коносаментни юклаш тугашидан олдин имзолашга ёки унга бошқа санани кўрсатишга йўл қўйилмайди.
80. Коносаментнинг икки нусхаси жўнатиш божхона органига, олти нусхаси манзил портга етказиш учун шкиперга берилади, шундан икки нусхаси юк олувчининг юкни олганлиги тўғрисидаги имзоси билан жўнатиш портига қайтариш учун шкиперга тақдим этилади.
2-§. Юкларни кемага қабул қилиш ва жойлаштириш
81. Юкларни кемага юклашдан олдин жўнатиш порти томонидан юклар рўйхати тузилади ва порт раҳбари томонидан тасдиқланади.
82. Жўнатиш порти омборхоналаридаги юкларнинг ҳолати шкипер томонидан улар кемага юкланишидан олдин текширилиши шарт.
83. Назорат тасмалари ёки тамғалари бузилган, белгилари тўлиқ ва аниқ бўлмаган, шикаст етказилган тарали дона юклар мазкур камчиликлар бартараф этилгандан кейин юклашга қабул қилинади, юкларни мавжуд камчиликлар билан қабул қилиб олишга юк олувчининг ёзма розилиги бўлган ҳоллар бундан мустасно.
84. Юкларнинг камчиликлари транспорт(ташиш) ҳужжатида қайд этилиши шарт.
85. Кемани юклаш режаси шкипер томонидан юклар рўйхатига асосан ишлаб чиқилади.
86. Шкипер юкларни кемага қабул қилишдан олдин юклаш топшириқномаси тўғри тўлдирилганлиги ва юклар тўғрисида зарур маълумотлар мавжудлигини текширади ҳамда уларни жўнатиш порти томонидан тузилган юклар рўйхати билан солиштиради.
87. Юкларни кемага юклашдан олдин улар коносаментга асосан тури бўйича партияларга ажратилиши шарт.
88. Шкипер юкларни кемага қабул қилиш олдидан юкларнинг ташиш учун яроқлилигини текшириши, текшириш натижасида бирор-бир камчилик аниқланган тақдирда, уларнинг бартараф этилишини юк жўнатувчидан талаб қилиши шарт.
89. Юклар жўнатиш божхона пости ходими, омбор мудири, шкипер ва юк жўнатувчи иштирокида кемага юкланади.
90. Иш технологиясида камчиликлар юзага келган тақдирда, юклаш ёки тушириш ишлари мазкур камчиликлар бартараф этилгунга қадар шкипер томонидан тўхтатиб турилади.
91. Юклаш ёки тушириш даврида юкларнинг ҳисоби омбор мудири, юк қабул қилувчи-топширувчи, шкипер, жўнатиш ёхуд манзил божхона пости ходими ва юк жўнатувчи ёки юк олувчи томонидан олиб борилади.
92. Юкларнинг ҳисоби юкни тушириш, юклаш ва сақлашга қабул қилиш далолатномасида қайд этиб борилади.
93. Қуйидаги юкларни битта коносамент билан қабул қилишга ва қўшиб ташишга йўл қўйилмайди:
тез бузиладиган юкларни тез бузилмайдиган юклар билан;
ташиш даврида алоҳида режимни талаб қилувчи юкларни бундай режимни талаб қилмайдиган юклар билан;
божхона ва санитария назорати остида, шунингдек, бошқа махсус тартибда ташиладиган юкларни бундай тартиб татбиқ этилмайдиган юклар билан;
яроқлилик (сақлаш) муддати турли хил бўлган юклар билан.
94. Юкларнинг бир партиясини тўлиқ юклаб ёки тушириб бўлмасдан, бошқа юк партиясини юклаш ёки тушириш тақиқланади.
95. Манзил портга тушириш даврида аралашган ҳолда келганлиги аниқланган юклар бир вақтнинг ўзида партиялар бўйича ажратилган ҳолда туширилиши, мазкур ҳолат манзил порти ва юк олувчи томонидан шкипер иштирокида эркин шаклда тузиладиган далолатнома билан расмийлаштирилиши ҳамда далолатнома нусхаси жўнатиш портига юборилиши шарт.
96. Юклар транспорт (ташиш) ҳужжати асосида кема бортида топширилади ва қабул қилинади.
Зарур ҳолларда, юклаш ёки тушириш ишлари хавфсизлигини таъминлаш учун юк қабул қилувчи-топширувчи ва шкипернинг кема бортида бўлишига йўл қўйилмаса, юкларни қабул қилиш ёки топшириш қирғоқда — краннинг қулочи доирасида амалга оширилади.
97. Юкнинг умумий вазни ўлчаш ёки юк ўринларида кўрсатилган умумий вазнни ҳисоблаш йўли билан аниқланади.
98. Юкнинг вазни, агар юк ташиш шартномасида бошқача усул кўрсатилмаган бўлса, ташувчи томонидан белгиланган тартибда аниқланади.
Юк ташиш шартномасида юкнинг вазнини шартли равишда ёки кеманинг сувга ботишини ҳисоблаш йўли билан аниқлаш назарда тутилади.
99. Юкларни бошқарув таркибисиз кемага юклаш ва ундан туширишда ҳужжатлар таркибсиз кема бириктирилган кеманинг бошқарув таркиби томонидан расмийлаштирилади.
3-§. Шикаст етказилган (бузилган), сақланмаган ёки бузилганлик аломатлари бўлган юкларни қабул қилиш ва топшириш
100. Манзил портга шикаст етказилган (бузилган), сақланмаган ёки бузилганлик аломатлари бўлган юклар шкипер иштирокида манзил божхона пости ходими, юк қабул қилувчи-топширувчи ва юк олувчи томонидан қабул қилинади.
101. Қуйидаги ҳолларда юк қабул қилувчи-топширувчи томонидан тижорат далолатномаси тузилади:
юкнинг номи, оғирлиги ёки ўринлар сони транспорт (ташиш) ҳужжатида кўрсатилган маълумотларга мувофиқ бўлмаса;
юкка шикаст етказилган (бузилган) бўлса;
ҳужжатларсиз юк ёки юксиз ҳужжатлар аниқланса.
102. Юк олувчи юкни олиш учун шартномада кўрсатилган муддатда келмаган тақдирда, тижорат далолатномаси тузилади ва ушбу далолатнома камида учта шахс — порт бошлиғи ёки унинг ўрнини босувчи шахс, юк қабул қилувчи-топширувчи ва омборхона мудири томонидан имзоланади.
Тижорат далолатномасининг бир нусхаси юк олувчига берилиши, иккинчи нусхаси эса беш кун ичида жўнатиш портига юборилиши шарт.
103. Юкни қабул қилиш юкни тушириш, юклаш ва сақлашга қабул қилиш далолатномаси билан расмийлаштирилган бўлса, соз тарадаги шикаст етказилган юк учун жўнатиш порти жавобгар ҳисобланади.
Шикаст етказилган (бузилган) ҳолда келтирилган юклар тўғрисида коносаментнинг орқа томонига тегишли ёзув киритилади.
104. Экспорт ёки импорт юкларни ташишда аниқланган камчиликлар юзасидан хабар-далолатнома расмийлаштирилади.
105. Тараси ёки ўрамларига, шунингдек, назорат тасмалари ёки пломбаларига шикаст етказилган юклар очиб текширилади, зарур ҳолларда бундай юклар шкипер, омбор мудири ва манзил ёки жўнатиш божхона пости ходими иштирокида тегишли порт омборида қайта ўлчанади ва текшириш далолатномаси билан расмийлаштирилади.
106. Ичидаги юкни олиш имкониятини истисно этадиган, лекин шикаст етказилганлик (бузилганлик) аломатлари мавжуд бўлган тарали дона юклар очиб текширилмасдан юкни тушириш, юклаш ва сақлашга қабул қилиш далолатномасида қайд этилади.
107. Тушириш ишлари тугагандан кейин шикаст етказилганлик (бузилганлик) аломатлари билан қабул қилинган юклар бўйича тижорат далолатномаси тузилади ва юк олувчининг аризасига кўра тегишли божхона режими жорий этилади.
108. Юклар туширилгандан сўнг манзил порт томонидан юкларни қабул қилинганлиги тўғрисида коносаментларга белги қўйилади ва улар шартномада белгиланган муддатда жўнатиш портига қайтарилади.
4-§. Контейнерларни қабул қилиш ва топшириш
109. Контейнерлар контейнер терминали мудири томонидан жўнатиш ёки манзил божхона пости ходими иштирокида сони, рақамлари, тамғалари ва кузовларининг бутлиги кўздан кечирилиб қабул қилинади ёки топширилади.
110. Кузов ичидаги юкни олиш имконини берадиган даражада шикаст етказилган ёки тамғаларининг изи аниқ бўлмаган контейнерлар кемага қабул қилинмайди.
111. Техник соз ва соз тамғада етказилган контейнер ичидаги юкнинг сақланиши учун юк ташувчи жавобгар ҳисобланмайди.
112. Кузов ичидаги юкни олиш имконини берадиган даражада шикаст етказилган ёки тамғаларининг изи аниқ бўлмаган ёхуд тамғаси бузилган контейнерлар юк қабул қилувчи-топширувчи ва контейнер терминали мудири иштирокида қўшма наряд томонидан манзил портида очилади ва текширилади.
113. Текшириш натижаси бўйича тижорат далолатномаси тузилгандан, тегишли ёзувлар коносаментга киритилгандан сўнг юк техник соз контейнерга юкланади ва божхона пости ходими ҳамда контейнер терминали мудири томонидан тамғаланади.
Кузов ичидаги юкни олиш имконини бермайдиган шикаст етказилган контейнерлар очилмайди, лекин шикастланиш тавсифи ва ўлчамлари кўрсатилган ҳолда тижорат далолатномаси тузилади.
114. Тамғаларининг изи аниқ бўлмаган ёки тамғаси бузилган контейнерлардаги юкларни текшириш ишлари бошқа юкларга ишлов бериш жараёнининг пасайишига олиб келса, контейнерлар божхона пости ходими томонидан юк қабул қилувчи-топширувчи ва контейнер терминали мудири иштирокида вақтинча муддатга тамғаланади.
Қўшма наряд вақтинча муддатга тамғаланган контейнерлардаги юкларни уч кун ичида юк қабул қилувчи-топширувчи, контейнер терминали мудири ва юк олувчи иштирокида текширади ва тижорат далолатномаси расмийлаштирилгандан сўнг контейнерлар божхона органи ходими ҳамда контейнер терминали мудири томонидан тамғаланади ҳамда тижорат далолатномасининг нусхаси юк олувчига берилади.
5-§. Юкларни манзил порт томонидан қабул қилиш, сақлаш ва топшириш
115. Манзил портга келган юклар порт омборларида божхона назорати остида сақланади ва юк ташиш шартномасига мувофиқ юк олувчига топширилади.
116. Манзил порт томонидан юк олувчига юк келган куни, юк белгиланган муддатдан олдин келган бўлса, кейинги куни соат 12:00 гача хабарнома юборилади.
117. Юклар юк кузатув ҳужжатларига асосан транзит ёки эркин муомалага чиқариш (импорт) божхона режимига жойлаштирилгандан кейин юк олувчига топширилади.
118. Юк олувчи юкни порт омборидан юк ташиш шартномасида кўрсатилган муддатдан кечиктирмай олиб кетиши шарт.
Хавфли ва тез бузиладиган юклар кема бортидан тўғридан-тўғри юк олувчининг транспортига юкланади ва зудлик билан божхона назорати остида олиб кетилади.
119. Юк олувчилар томонидан ўз вақтида олиб кетилмаганлиги оқибатида манзил портда юклар йиғилиб қолганда, юклар сақлаш учун божхона органи билан келишилган ҳолда бошқа божхона омборларига жойлаштирилиши мумкин, бунда юкларни бошқа божхона омборига жойлаштириш юк олувчининг ҳисобидан амалга оширилади.
120. Юклар юк олувчига манзил порт томонидан уларнинг сони ва тараларнинг ҳолати текшириб топширилади.
121. Юкнинг вазни стандарт ёки юк жўнатувчи кўрсатган вазнга ёки ҳақиқий вазни юк ўринларида кўрсатилган вазнга мос келмаса, шикаст етказилган юк ўринларининг вазни текширилади.
122. Сочма ва тўкиб солинадиган юкларнинг вазни юк қабул қилувчи-топширувчи, омбор мудири, манзил божхона пости ходими томонидан юк олувчи иштирокида текширилади.
Тарози кўрсаткичларидаги юкнинг ҳақиқий вазнининг тафовути ҳужжатда кўрсатилган вазндан кам бўлмаса, шунингдек, табиий йўқотиш меъёрларидан ошмаса, юк тўлиқ деб ҳисобланади.
123. Юк олувчи томонидан коносамент бўйича ташилаётган юкнинг камомади ёки унга шикаст етказилганлиги тўғрисида юк ташувчига ўз вақтида хабар берилмаган тақдирда, юк коносамент шартларига мувофиқ тўлиқ олинган ҳисобланади.
Юк олувчи томонидан юк ташувчи иштирокида кўриб чиқилган ва текширилган юк бўйича юк ташувчига хабар бериш талаб қилинмайди.
124. Манзил порт юк олувчи томонидан юк ташиш шартномасида белгиланган муддатда қабул қилинмаган ёки олиб кетилмаган юк тўғрисида юк жўнатувчига хабар бериши, юк жўнатувчи эса талаб қилинмаган юклар бўйича зарур чоралар кўриши шарт.
125. Юк олувчи шикаст етказилган (бузилган) ёки яроқлилик (сақлаш) муддати ўтган юкларни олишдан бош тортса, агар юк ташувчи бунда ўзининг айбсизлигини исботлаб берса, юкни қайтариб олиб кетиш билан боғлиқ харажатлар юк жўнатувчи ҳисобидан қопланади.
5-боб. Юк ташиш муносабатлари иштирокчиларининг жавобгарлиги
1-§. Юк ташувчининг жавобгарлиги
126. Юк ташувчи юкларни ташиш даврида етказилган зарар учун қонунчилик ҳужжатлари, мазкур Қоидалар ва юк ташиш шартномаси талабларига мувофиқ жавобгар ҳисобланади.
Юк ташувчининг қонунчилик ҳужжатлари ва мазкур Қоидаларда белгилаб қўйилган жавобгарлигини чеклаш ёки бартараф этиш ҳақидаги келишувларига йўл қўйилмайди.
127. Агар юк ташувчи юкнинг йўқолиши, кам чиқиши ёки шикастланишида (бузилишида) ўзининг айби йўқлигини исботлай олмаса, ташиш учун қабул қилиб олган юкнинг йўқолганлиги, кам чиққанлиги ёки унга шикаст етказилганлиги (бузилганлиги) учун жавобгар бўлади.
128. Қуйидаги ҳолларда юк ташувчи айни шу ҳолат натижасида етказилган зарар учун жавобгар ҳисобланмайди:
юк жўнатувчи юкларни носоз ва нозик тараларда топширганлиги тўғрисида ёзма равишда кўрсатган бўлса;
йўқотиш кема палубасида ташишга рухсат берилган юкларда ташиш натижасида вужудга келган табиий йўқотиш меъёрлари доирасида бўлса ёки юк йўлда қайтадан тушириб юкланмаган, тегишли белгилари мавжуд соз тараларда ва техник соз кемада келган ёки юкларнинг сифатли ташилганлигини тасдиқловчи бошқа аломатлар мавжуд бўлса;
тез бузиладиган юкларни белгиланган режимни таъминламайдиган кемаларда ташишга юк жўнатувчи томонидан ёзма розилик берилган бўлса;
юк жўнатувчи сақлаш ёки ташиш даврида сақланиши алоҳида шартлар ва хавфсизлик чораларини талаб қиладиган юкларнинг алоҳида хусусиятларини транспорт (ташиш) ҳужжатида кўрсатмаган ҳолда ташишга топширган бўлса.
129. Юк ташиш шартномасида бошқача тартиб белгиланган бўлмаса, кеманинг ҳалокати ёки бошқа бахтсиз ҳодиса туфайли ташиш даврида йўқотилган юк учун ташиш ҳақи ундирилмайди, тўланган бўнак юк жўнатувчига қайтарилади.
Агар кема ҳалокатидан кейин юк сақлаб қолинган бўлса, юк ташувчига сақлаб қолинган юкни ташиганлик ва ҳақиқий босиб ўтилган масофа учун ҳақ тўланади.
130. Юк ташиш шартномасида бошқача тартиб белгиланган бўлмаса, юк ташиш вақтида етказилган зарар юк ташувчи томонидан қуйидаги миқдорда тўланади:
юк йўқолган ёхуд кам чиққан тақдирда — йўқолган ёки кам чиққан юкнинг қиймати миқдорида;
юкка шикаст етказилган (бузилган) тақдирда — унинг қиймати қанча пасайган бўлса, шунча сумма миқдорида, шикастланган (бузилган) юкни тиклаш мумкин бўлмаганида эса унинг қиймати миқдорида;
баҳосини транспорт (ташиш) ҳужжатида кўрсатган ҳолда ташишга топширилган юк йўқолган тақдирда — юкнинг транспорт (ташиш) ҳужжатида кўрсатилган қиймати миқдорида.
131. Юк ташувчи ҳақиқий зарарни тўлаш билан бирга йўқолган, кам чиққан ёки шикастланган (бузилган) юкни ташиш учун олган ташиш ҳақини, агар у юкнинг баҳосига кирмаса, қайтариб беради.
132. Кема экипажи ва кемада бўлган бошқа шахслар томонидан кемадаги юклардан, истисно тариқасида, инсон ҳаётини, кемани ёки бошқа юкларни сақлаб қолиш мақсадида фойдаланишга йўл қўйилади.
133. Юкларни етказиб бериш муддати кечикканлиги учун юк ташувчи юк олувчи олдида қонунчилик ҳужжатларида ёки юк ташиш шартномасида белгиланган тартибда жавобгар ҳисобланади.
2-§. Юк жўнатувчи ва юк олувчининг жавобгарлиги
134. Юк жўнатувчи юк тўғрисидаги маълумотларнинг етарли эмаслиги ёки нотўғрилиги, муомалада бўлиши ёхуд дарё транспортида ташилиши чекланган ёки тақиқланган юкни тақдим этганлиги, ташиш даврида сақланиши алоҳида шартлар ва хавфсизлик чораларини талаб қиладиган юклар тўғрисида юк ташувчини хабардор қилмаганлиги учун қонунчилик ҳужжатларида ва юк ташиш шартномасида белгиланган тартибда жавобгар ҳисобланади.
Мазкур банднинг биринчи хатбошисида назарда тутилган ҳолатлар натижасида юзага келган оқибатларни бартараф этиш билан боғлиқ ишлар учун юк жўнатувчи томонидан ҳақ тўланади.
135. Юк жўнатувчи қуйидаги ҳолларда кеманинг туриб қолиши, шунингдек, бошқа зарарлар учун юк ташувчи ва учинчи шахслар олдида жавобгар ҳисобланади:
қонунчилик ҳужжатларида белгиланган ҳужжатлар ўз вақтида топширилмаган, лозим даражада расмийлаштирилмаган ёки етарли бўлмаса;
транспорт (ташиш) ҳужжатидаги, юкни юклаш топшириқномасидаги маълумотлар нотўғри ёки тўлиқ бўлмаса;
юклар юк ташувчига ўз вақтида тақдим қилинмаса;
юк жўнатувчининг воситалари билан бажариладиган юклаш ишлари кечикса.
136. Кеманинг туриб қолганлиги учун айбдор бўлган юк жўнатувчи ёки юк олувчи юк ташувчига етказилган зарарни қоплаши шарт.
137. Ташиш ҳақи ўзининг табиий хусусиятлари, хусусан, ички бузилиши, қуриб қолиши, сочилиши, тўкилиши натижасида камайиши ёки бошқа физик-кимёвий хусусиятлари билан фарқланадиган юклар юк жўнатувчи томонидан яширилган, сифатсиз тараларга жойлаштирилган ёки юк жўнатувчига боғлиқ бошқа сабаблар оқибатида шикаст етказилган (бузилган) ва сақланмаган бўлса юк ташувчига тўлиқ тўланади.
6-боб. Якунловчи қоида
138. Мазкур Қоидаларнинг талаблари бузилишида айбдор бўлган шахслар қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда жавоб берадилар.
Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А. АРИПОВ
Тошкент ш.,
2023 йил 11 сентябрь,
462-сон
Oʻzbekiston Respublikasi Vazirlar Mahkamasining
qarori
qoidalari
QOIDALARI
QOIDALARI
Oʻzbekiston Respublikasi kemachiligi sohasida xavfsizlikni taʼminlashga oid chora-tadbirlar toʻgʻrisida
Oʻzbekiston Respublikasining kema qatnaydigan ichki suv yoʻllarida, tabiiy va sunʼiy barpo etilgan suv havzalarida suzish xavfsizligini va yuklarning ishonchli tashilishini taʼminlash, inson hayotini muhofaza qilish hamda kemachilik faoliyatini takomillashtirish maqsadida Vazirlar Mahkamasi qaror qiladi:
1. Quyidagilarni nazarda tutuvchi:
a) Oʻzbekiston Respublikasining ichki kema yoʻllarida suzish qoidalari 1-ilovaga muvofiq tasdiqlansin:
suv yoʻllari, tabiiy va sunʼiy barpo etilgan suv havzalarida kemalarning harakatlanish tartibi;
kemalarning jihozlari, qurilmalari va tizimlaridan foydalanishga doir talablar;
kemalar, tarkiblar gabaritlari va suv yoʻllarining holatiga umumiy talablar;
kemada suzish xavfsizligini taʼminlash va yordam koʻrsatish choralari;
b) Daryo transportini texnik ishlatish qoidalari 2-ilovaga muvofiq tasdiqlansin:
kemalarni texnik ishlatish boʻyicha asosiy talablar;
kemalarga texnik xizmat koʻrsatish va ularni taʼmirlash qoidalari;
kemalarni texnik nazoratdan oʻtkazish va ularni tekshirish tartibi;
kemalarni taʼmirlash va uzoq muddatga saqlash uchun foydalanishdan chiqarishga doir talablar va shartlar;
v) Daryo transportida yuk tashish qoidalari 3-ilovaga muvofiq tasdiqlansin:
kemalarda yuklarni tashishni tashkil etishga oid talab va shartlar;
yuk tashishni davlat tomonidan nazorat qilish tartibi;
yuklarni qabul qilish, joʻnatish, topshirish, kemalarga yuklash va hujjatlarni rasmiylashtirish tartibi;
yuk tashish munosabatlari ishtirokchilarining javobgarligi.
2. Transport vazirligi manfaatdor vazirlik va idoralar bilan birgalikda oʻzlari qabul qilgan normativ-huquqiy hujjatlarni bir oy muddatda ushbu qarorga muvofiqlashtirsin.
3. Mazkur qarorning bajarilishini nazorat qilish Oʻzbekiston Respublikasi Bosh vazirining oʻrinbosari A.J. Ramatov va transport vaziri I.R. Maxkamov zimmasiga yuklansin.
Vazirlar Mahkamasining 2023-yil 11-sentabrdagi 462-son qaroriga 1-ILOVA
Oʻzbekiston Respublikasining ichki kema yoʻllarida suzish
1-bob. Umumiy qoidalar
1. Ushbu Oʻzbekiston Respublikasining ichki kema yoʻllarida suzish qoidalari (keyingi oʻrinlarda — Qoidalar) Oʻzbekiston Respublikasining kema qatnaydigan suv yoʻllarida hamda tabiiy va sunʼiy barpo etilgan suv havzalarida kemalar harakatlanishining yagona tartibini belgilaydi.
2. Qoidalarda quyidagi asosiy tushuncha va atamalardan foydalaniladi:
aylanib olish — kemaning teskari kursga burilib olishi;
ayrilish — qarama-qarshi harakatlanish yoki oʻzib ketish davrida kemaning boshqa kemaga nisbatan manyovr qilib oʻtishi;
davlat nazorat organlari mansabdor shaxslari — Oʻzbekiston Respublikasi Transport vazirligi huzuridagi Transport nazorati inspeksiyasining kemalarni, Favqulodda vaziyatlar vazirligining kichik hajmli kemalarni nazorat qilish vakolati berilgan mansabdor shaxslari;
yelkanli kema — shamol kuchining yelkanlarga taʼsiri natijasida harakatga keluvchi kema. Dvigatelga ega boʻlgan yelkanli kemada dvigateldan foydalanmasdan, yelkan yordamida harakatlanuvchi kema;
kemachilik — ichki kema yoʻllarida kemalardan foydalangan holda yuk, yoʻlovchi va bagaj, pochta joʻnatmalarini tashish, kema va boshqa suzuvchi vositalarni shatakka olish, qidiruv ishlarini amalga oshirish, foydali qazilmalarni qidirish va qazish, qurilish, yoʻl, gidrotexnik, suv osti texnik ishlarini bajarish, qutqaruv ishlari, suv obyektlarini muhofaza qilish, ularni ifloslantirishning oldini olish boʻyicha tadbirlarni amalga oshirish, choʻkkan mulkni koʻtarib olish, baliq ovlash, nazorat, ilmiy izlanish, oʻquv, sport, madaniy va boshqa maqsadlar uchun tadbirlar oʻtkazish bilan bogʻliq boʻlgan faoliyat;
kema — kemachilik maqsadida foydalaniladigan, asosiy dvigatelining quvvati 55 kVt (75 ot kuchi) va undan ortiq, yoʻlovchi sigʻimi 12 kishi va undan ortiq boʻlgan oʻziyurar, yuk koʻtarish qobiliyati 80 registr tonna va undan ortiq boʻlgan oʻziyurmas suzish vositalari;
kichik hajmli kema — asosiy dvigatelining quvvati 55 kVt (75 ot kuchi) va yoʻlovchi sigʻimi 12 kishidan ortiq boʻlmagan oʻziyurar kemalar, motorlarning quvvati va sonidan qatʼi nazar, osma motorli kemalar, suv mototsikllari (gidrotsikllar), yuk koʻtarish qobiliyati 80 registr tonnadan ortiq boʻlmagan oʻziyurmas kemalar (eshkakli qayiqlar va suv velosipedlari (katamaranlar)), yelkanli kemalar, havo bosimi bilan toʻldiriladigan yoki shishiriladigan motorsiz eshkakli qayiqlar;
kema guvohnomasi — kemaga mulk huquqini belgilovchi va kemada mavjud boʻlishi shart hisoblangan hujjat;
kema haydovchisi guvohnomasi — kema yoki kichik hajmli kemalarni boshqarish huquqiga ega ekanligini tasdiqlovchi hujjat;
kema yuradigan yoʻl — kemalarning harakatlanishi uchun moʻljallangan va joylarda hamda (yoki) xaritada belgilab qoʻyilgan ichki kema yoʻllari;
kema yuradigan yoʻl chizigʻi — kema yuradigan yoʻlning kengligi boʻyicha chegaralovchi shartli chiziq;
kema yuradigan asosiy yoʻl — suv havzalarining kemalar yuradigan boshqa yoʻllariga nisbatan asosiy hisoblangan yoʻl;
kechuv — odamlarni, yuklarni, avtomashinalarni, hayvonlarni daryoning yoki kanalning bir qirgʻogʻidan boshqa qirgʻogʻiga oʻtkazish uchun moʻljallangan suzish vositalari (eshkakli, motorli qayiqlar, paromlar, barjalar, pontonlar, katerlar);
Kemachilik registri inspektori — Oʻzbekiston Respublikasi Transport vazirligi huzuridagi Transport nazorati inspeksiyasi va uning hududiy boʻlinmalaridagi suv transporti boʻyicha mansabdor shaxslar;
Kichik hajmli kemalar inspeksiyasining inspektori — Oʻzbekiston Respublikasi Favqulodda vaziyatlar vazirligi Kichik hajmli kemalar inspeksiyasining boshligʻi, katta ofitseri va bosh mutaxassisi, shuningdek, favqulodda vaziyatlar hududiy boshqarmalarining bosh inspektorlari, Kichik hajmli kemalar inspeksiyasining mansabdor shaxsi;
navigatsiya chiroqlari — kemalarning harakatlanish davrida barcha harakat qatnashchilarini turli rangdagi nur taratish orqali boʻlib turgan vaziyat toʻgʻrisida axborot yetkazuvchi maxsus yoritish chiroqlari;
Registr qoidalari — kemalardan foydalanish, ularni taʼmirlash va qurish davrida texnik talablar belgilangan normativ-huquqiy hujjatlar;
sol — yogʻochlardan, quvurlardan yoki ularni suv boʻyicha tashish uchun bir-biri bilan oʻzaro bogʻlangan buyumlardan tashkil etilgan suzish vositasi;
tezyurar kema — soatiga 30 km va undan ortiq tezlikka erisha oladigan kema;
traverz — kema kursiga yoki uning diametral tekisligiga perpendikulyar boʻlgan yoʻnalish. Biror-bir obyektning traverzida boʻlish — bu obyektga yoʻnaltirilgan chiziqda boʻlish va kema kursi bilan toʻgʻri burchak hosil qilish;
farvater — suv havzasidagi qatnov (navigatsiya) jihatdan xavfsiz boʻlgan kema oʻtish yoʻli;
xavfsiz tezlik — manyovr qilish va vaziyat talablaridan kelib chiqib, belgilangan masofa chegarasida kemani toʻxtatish imkonini berish uchun tanlangan tezlik;
xos raqam — kema reyestriga kiritilgan va har bir kema uchun beriladigan raqam;
shataklanuvchi tarkib — arqon yordamida shatakka olinuvchi, shatakka olish uchun band boʻlgan shataklovchi kema (kemalar) qoʻshilgan holda bir yoki bir nechta bir-biriga oʻzaro bogʻlangan kemalar, sollar, barjalar va boshqa suzish vositalari;
eng kichik tezlik — kemaning mavjud sharoitlarda va vaziyatlarda boshqarishni saqlaydigan tezlikda harakatlanishi;
yuqoriga harakatlanayotgan kema — suv oqimiga qarshi harakatni amalga oshirayotgan kema:
daryolarda — etagidan boshiga qarab;
suv omborlarida — kema yuradigan asosiy yoʻlda va toʻgʻondan suv quyilish joyiga qarab, boshqa qoʻshimcha yoʻllarda — kema yuradigan asosiy yoʻldan qirgʻoqqa qarab;
kanal va koʻllarda — shartli oqimga qarshi harakatlanayotgan kema;
oʻziyurar kema — mexanik qurilma yordamida harakatga keltiriluvchi kema;
oʻziyurmas kema — mustaqil harakatlanish uchun mexanik qurilmaga ega boʻlmagan kema;
oʻtkazib yuborish — kemalardan birortasi ayrilish uchun toʻxtashi yoki tezlikni eng kichik tezlikkacha kamaytirish va xavfsiz ayrilish uchun turli manyovrlarni bajarish;
quyiga harakatlanayotgan kema — oqim boʻylab harakatlanayotgan kema;
harakatlanish chizigʻi — kema yuradigan yoʻlning oʻqi va oʻng yoki chap tomon chekkasi orasidagi qismi;
harakatdagi kema — langarda turmagan, qirgʻoqqa, prichalga bogʻlab qoʻyilmagan va sayozlikka oʻtirib qolmagan kema;
chegara naryadi — Davlat chegarasini qoʻriqlash va himoya qilish vazifasini bajaruvchi bir yoki bir nechta harbiy xizmatchi.
3. Ichki kema yoʻllarida harakatlanuvchi kemalar boshqa harakatlanuvchi suv transporti vositalarining harakatlanishiga xavf tugʻdirmasligi kerak.
Tegishli vakolatga ega boʻlmagan yuridik va jismoniy shaxslarning navigatsiya belgilarini va xavfsiz harakatlanishni tashkil etishning texnik vositalarini oʻzboshimchalik bilan olib tashlashi, oʻrnatishi, toʻsib qoʻyishi va shikastlantirishiga yoʻl qoʻyilmaydi.
4. Kemalarning va tarkiblarning gabaritlari yoʻl gabaritlariga mos boʻlishi kerak. Ushbu talablarni bajarmaganlik uchun quyidagi mansabdor shaxslar javobgar hisoblanadilar:
dispetcher — gabariti mos boʻlmagan kema va tarkibni qatnovga chiqarish toʻgʻrisida bergan buyrugʻi uchun;
reyd kapitani — tarkibga kemalarni notoʻgʻri joylashtirgani va gabariti mos boʻlmagan tarkibni shakllantirgani uchun;
kema kapitani — gabariti mos boʻlmagan tarkibni shatakka qabul qilgani va qatnovga chiqqani uchun.
5. Kemalarning mexanizmlari, jihozlari, qurilmalari, tizimlari va taʼminoti texnik loyiha hujjatlariga muvofiq boʻlishi, texnik holati suzishning turli sharoitlarida xavfsiz ishlatilishini taʼminlashi, foydalanish shartlariga muvofiq malakali va yetarli ekipaj bilan butlangan boʻlishi shart.
6. Kema reyestriga kiritilgan kemalardan ichki kema yoʻllarida foydalanishga belgilangan tartibda ruxsat etiladi.
7. Ichki kema yoʻllarida faqat Oʻzbekiston Respublikasi bayrogʻi ostida suzishga yoʻl qoʻyiladi.
8. Kemalar suzish davrida Kemachilik registri inspektori tomonidan berilgan suzishga yaroqli ekanligi toʻgʻrisida guvohnoma, klassifikatsiya guvohnomasi va kema jurnallari (shtatlar jadvali, kema ekipajining roʻyxati (kema roʻyxati), kemani koʻrikdan oʻtkazish kitobi, vaxta jurnali, tekshiruvchi shaxslarning taklif-tavsiya jurnali, yongʻin-nazorat formulyari yoki formulyarni almashtiruvchi boshqa hujjat, radiojurnal — agar kemada radiostansiya oʻrnatilgan boʻlsa, mazkur Qoidalar, kemani xavfsiz boshqarish boʻyicha yoʻriqnomalar, trevogalar jadvaliga (yongʻin, suv, bortdan tashqarida odam) ega boʻlishi kerak.
2-bob. Kemachilik jihozlari, navigatsiya chiroqlari, koʻrish va tovush signallari
1-§. Umumiy qoidalar
9. Kema egalari quyosh botishidan chiqqunga qadar (tunda) hamda koʻrinish cheklangan vaqtda (tuman, chang-toʻzon, kuchli yogʻingarchilik) navigatsiya chiroqlaridan foydalanishlari shart.
Navigatsiya chiroqlari kabi qabul qilinishi mumkin boʻlgan yoki ularning koʻrinishini qiyinlashtiradigan, nazorat qilishga xalaqit beradigan boshqa chiroqlar oʻrnatilishiga yoʻl qoʻyilmaydi.
10. Navigatsiya belgilaridan quyosh chiqqandan botgunga qadar (kunduz kuni) foydalaniladi.
11. Kema taʼmirlash korxonalarining suv yoʻllarida yoki toʻxtab turish joylarida kema yuradigan suv yoʻllari chegarasidan tashqarida, taʼmirga yoki uzoq muddatga toʻxtab turgan kemalar, agar ular boshqa kemalarning harakatlanishiga toʻsqinlik qilmasa, belgilangan navigatsiya chiroqlari va belgilari bilan jihozlanmasligi mumkin.
12. Kichik hajmli va yelkanli kemalar oʻzlarining texnik pasportlariga muvofiq belgilangan navigatsiya chiroqlari va belgilariga ega boʻlishi shart.
2-§. Navigatsiya chiroqlari
13. Ichki kema yoʻllarida suzuvchi kemalar quyidagi navigatsiya chiroqlariga ega boʻlishi shart:
a) “tepa chirogʻi” — kemaning diametral tekisligi boʻyicha joylashgan, old tomonidan oʻng va chap bortlardagi traverzning orqasiga 22.5 gradusgacha gorizontni kamida 8 km masofada uzluksiz nur bilan 225 gradus yoritadigan oq chiroq.
“Tepa chirogʻi” quyidagicha oʻrnatiladi:
uzunligi 30 metrdan ortiq boʻlgan kemalarda — yuqori sahnadan kamida 6 metr balandlikda yoki sahnadagi yuklardan 4 metr balandlikda;
uzunligi 30 metrdan kam boʻlgan kemalarda — ustqurmadan kamida 2 metr balandlikda;
“Tepa chirogʻi” (agar ular bir nechta boʻlsa, ulardan pastdagisi), har qanday holatda ham bort chiroqlaridan kamida 1 metr balandlikda va ulardan oldin oʻrnatilgan boʻlishi shart.
Kema koʻpriklar, havo oʻtkazgichlar (quvurlar, aloqa va elektr kabellari) tagidan oʻtish uchun tepa chiroqlari oʻrnatilgan machtani yotqizishga majbur boʻlganda, kema old qismida zaxira “tepa chirogʻi”ni olib yurishi mumkin.
Agar machtada bir nechta signal chiroqlari koʻtarilsa, unda vertikal boʻyicha ularning orasi 1 metrdan kam boʻlmasligi shart;
b) “Bort chiroqlari” — oʻng bortdagi yashil va chap bortdagi qizil chiroqlar; old tomonidan har qaysi bortdagi traverzning orqasiga 22.5 gradusgacha gorizontni kamida 4 km masofada uzluksiz nur bilan 112.5 gradus yoritadi;
v) “Orqa chiroq” (gak chirogʻi) — kemaning orqa qismiga joylashtirilgan, uzluksiz aylanma nur bilan gorizontni 135 gradus yorituvchi, toʻgʻri yoʻnaltirilgan va orqani har qaysi bort boʻylab kamida 4 km masofada uzluksiz nur bilan yorituvchi oq chiroq;
g) “Gakabort chiroqlari” (koʻndalang qismi) gorizontni kamida 4 km masofada 180 gradus uzluksiz aylanma nur bilan yorituvchi chiroq. Bu chiroqlar traverzning oldidan koʻrinmasligi va gak chiroqlaridan kamida 0.5 metr pastda, imkon darajada bortlarga yaqin oʻrnatilishi shart;
d) “Aylanma (klotik) chirogʻi” — gorizontni 360 gradusda kamida 4 km masofada aylanma nur bilan yoritadigan chiroq;
e) “Chaqnaydigan yogʻduli (impulsli yogʻdu)” — kema traverzidan uning oldiga tomon tunda 4 kmdan kam boʻlmagan, kunduzi 2 kmdan kam boʻlmagan masofani 112.5 gradusda (diametral tekislikni 22.5 gradus yopib) aylanma nur bilan yoritadigan chaqnaydigan oq chiroq.
Chaqnaydigan impulsli yogʻdu kechasi ham, kunduzi ham qoʻllaniladi, yoki chaqnaydigan yogʻdu kunduzi kattaligi 0.6 m 2 boʻlgan toʻrtburchak oq bayroq bilan almashtiriladi.
14. Oʻziyurmas kemalar, zemsnaryadlar va debarkaderlarning machtasidagi navigatsiya chiroqlari aylanma nur bilan kamida 4 km masofani 360 gradus yoritib turishi shart.
15. Navigatsiya chiroqlari va tovushli signallar qurilmalarining konstruksiyasi, texnik xarakteristikasi va kemalarga joylashtirilishi texnik loyiha hujjatlariga muvofiq boʻlishi shart.
3-§. Harakatdagi va toʻxtab turgan oʻziyurar yakka kemalarning navigatsiya chiroqlari va belgilari
16. Harakatdagi oʻziyurar yakka kema quyidagi navigatsiya chiroqlari bilan jihozlangan boʻlishi shart:
oldingi machtada koʻtariladigan oq tepa chirogʻi;
bort chiroqlari — maxsus qalqonlar bilan oldinga 1 metr chiqarib va kemaning boshqa bortidan bu chiroqlarning birortasini koʻrish mumkin boʻlmaydigan qilib oʻrnatilgan oʻng bortida yashil, chap bortida qizil chiroqlar. Uzunligi 30 metrdan kam boʻlgan kemalar uchun qalqonlar 0.5 metrga qisqartirilishi mumkin.
17. Kemaning diametral tekisligida yoki ustqurmasiga orqa tomondan oʻrnatiladigan gak oq chirogʻi, eni 5 metrdan ortiq boʻlgan kemalarning orqa tomon ustqurmalari devorlariga ikkita oq gakabort chirogʻi oʻrnatilishi shart.
18. 1-klass neft mahsulotlari, portlashga xavfli yoki zaharli vositalar, yongʻinga xavfli mahsulotlar bilan yuklangan oʻziyurar kema (quruq yuk tashiydigan yoki tanker) harakat davrida bort, gak, gakabort va machtada vertikal boʻyicha bir-birining tagida joylashgan uchta tepa chirogʻini yoqib yurishi va ularning yuqoridagisi oq, ikkita pastdagisi esa qizil boʻlishi shart.
Kunduz kuni kemada vertikal joylashgan, har birining kattaligi 1 m 2 boʻlgan ikkita toʻrtburchak qizil bayroq boʻlishi shart.
19. 2, 3, 4-klass neft mahsulotlari yuklangan (yoki ularning qoldigʻi boʻlgan) yuk kemasi harakat davrida bort, gak va gakabort chiroqlarini va machtada bir-biriga vertikal oʻrnatilgan ikkita tepa chiroqlarini yoqib yuradi.
Chiroqlarning balanddagisi oq — pastdagisi qizil boʻlishi, kunduz kuni bunday kema machtasida kattaligi 1 m 2 boʻlgan toʻrtburchak qizil bayroq boʻlishi shart.
20. Yongʻin oʻchiruvchi kema yongʻinni oʻchirish yoki halokatga uchragan kemaga yordam berish uchun borayotgan vaqtda unda bort, gak va gakabort chiroqlari, undan tashqari machtada 1 ta qizil “tepa chirogʻi” boʻlishi, kunduz kuni oldingi machtasida kattaligi 1 m 2 boʻlgan 1 ta toʻrtburchak qizil bayroq koʻtarilgan boʻlishi shart.
Ichki kema yoʻllarida harakatlanayotgan barcha kemalar yongʻin oʻchiruvchi kemaning erkin va toʻsqinliksiz oʻtib ketishini taʼminlashi shart.
21. Bir qirgʻoqdan boshqa qirgʻoqqa kechuv ishlarini amalga oshiruvchi oʻziyurar kemalar harakatlanish va toʻxtab turish davrida oʻziyurar kemalar kabi navigatsiya chiroqlari va belgilariga ega boʻlishi shart.
22. Arqonli kechuv paromining machtasida yoki ustunida 4 metr masofadan gorizont boʻylab 360 gradusda koʻrinib turadigan oq rangli chiroq boʻlishi shart.
Qirgʻoqning ikki tomonida arqonning uchiga yaqin joyda arqonning holatini koʻrsatib turuvchi oq yorqin chiroq yoqib qoʻyilgan, chiroqning nurlari oʻtib ketayotgan boshqa kemalarni boshqarishga xalaqit bermasligi uchun chiroqlar tepasidan himoya qalpoqlari bilan toʻsib qoʻyilgan boʻlishi shart.
Kechuv paromiga xizmat koʻrsatuvchi xodimlar doimo kemalarning harakatini nazorat qilib turishi va ularning oʻtib ketishi uchun yoʻlni oʻz vaqtida boʻshatishi, qirgʻoqda toʻxtab turgan vaqtda esa arqonni suvning tubiga tushirib qoʻyishi shart.
23. Oʻziyurar kemalar toʻxtab turish vaqtida quyidagi chiroqlarga ega boʻlishi shart:
uzunligi 30 metr va eni 5 metrdan ortiq boʻlgan yuk kemalari — oldingi machtada gorizont boʻylab 360 gradusda koʻrinadigan bitta oq klotik chirogʻi, yurish koʻprikchasining chetida yurish tomonidan bitta 180 gradus atrofida koʻrinadigan oq chiroq va gakabort chiroqlari;
uzunligi 30 metr va eni 5 metrdan kam boʻlgan yuk kemalari toʻxtab turganda, machtada gorizont boʻylab 360 gradusda koʻrinadigan bitta aylanma oq chiroq;
kunduz kuni langarda toʻxtab turganda — old qismining yaxshi koʻrinadigan joyda qora shar.
24. 1-klass neft mahsulotlari hamda yongʻinga xavfli, portlovchi yoki zaharli vositalar yuklangan oʻziyurar kemalarning oldingi machtasida ikkita qizil chiroq, 2, 3 va 4-klass neft mahsulotlari yuklangan kemalarda — gorizont boʻylab 360 gradusda koʻrinadigan bitta qizil chiroq va qoʻshimcha old ustunda falshbortdan 2 metr balandlikda oq chiroq, yurish koʻprikchasining yurish tomonidan bitta oq chiroq va gakabort chiroqlari, kunduz kuni esa toʻrtburchak qizil bayroq boʻlishi shart.
25. Sayozlikka oʻtirib qolgan oʻziyurar kema oʻzi uchun belgilangan toʻxtab turish chiroqlarini, bundan tashqari uning yonidan boshqa kemalarning oʻtish imkoni boʻlsa, suzuvchan navigatsiya belgisi balandligidagi kema qismida, kema yuradigan yoʻlga chiqib turgan — aylanma oq chiroq, agar oʻtishning imkoni boʻlmasa — 3 ta aylanma qizil chiroq, kunduz kuni — koʻrinadigan joyga vertikal joylashgan 3 ta qora shar yoki shunga oʻxshash buyum oʻrnatishi lozim.
26. 1-klass neft mahsulotlari yuklangan kemalarning yonida navbatchilik qiluvchi teploxodlarda harakatlanish davridagi kabi tepa chiroqlari boʻlishi shart.
4-§. Arqonda va bort yonida shatakka olish
27. Boshqa kemani arqonda shatakka olgan kemada bort, gak va gakabort chiroqlari va undan tashqari quyidagilar boʻlishi shart:
quruq yuk tashuvchi kemalarni shatakka olish davrida — oldingi machtada vertikal joylashgan ikkita oq tepa chirogʻi;
1-klass neft yuklari hamda yongʻinga xavfli, portlovchi yoki zaharli vositalar yuklangan oʻziyurar kemalar 3 ta vertikal joylashgan tepa chiroq — bitta oq va undan yuqorida ikkita qizil chiroq, kunduz kuni shatakka olgan va shataklanuvchi kemaning oldingi machtasida ikkitadan vertikal joylashgan, kattaligi 1 m 2 boʻlgan toʻrtburchak qizil bayroq boʻlishi shart;
2, 3, 4-klass neft mahsulotlari yuklangan (yoki ularning qoldigʻi boʻlgan) kemalarni shatakka olganda, machtada ikkita vertikal joylashgan tepa chiroqlari — bitta oq va undan yuqorida qizil chiroq, kunduz kuni shataklovchi va shatakka olinuvchi kemalarning oldingi machtalarida kattaligi 1 m 2 boʻlgan bittadan toʻrtburchak qizil bayroq boʻlishi shart.
28. Tarkiblarni ikkita shataklovchi bilan shatakka olgan kemalarda quyidagi chiroqlar boʻlishi shart:
shatakka olgan kemalar izma-iz (kilvaterda) borayotgan boʻlsa, oldingisida mazkur Qoidalarda koʻzda tutilgan bort, gak va gakabort chiroqlari va undan tashqari machtada shatakka olingan tarkibdagi yukning turiga qarab tepa chiroqlari, shataklanuvchi kemada bort chiroqlaridan tashqari oldinga yurayotgan kema kabi chiroqlar va signallar boʻlishi, ayrilish va oʻzib ketish vaqtida hech qanday tovushli signallarni bermasligi va bayroqchani siltamasligi shart.
Oldinda harakatlanayotgan shataklovchi kemaning vaxta boshligʻi tarkib harakatini boshqarish, koʻrish va tovushli signallarni berish uchun javobgar hisoblanadi.
Yordam koʻrsatish davrida (sayozlikdan chiqarib olish) har bir shataklovchi oʻzi uchun mumkin boʻlgan signal chiroqlarini mustaqil yoqib boradi.
Tarkibni boshqarish uchun javobgar yordam koʻrsatish boʻyicha ishlarga rahbarlik qilayotgan shaxs hisoblanadi.
29. Bortlari bilan oʻzaro bogʻlangan kemalarda ichki bort chiroqlaridan tashqari ularning har biri uchun mumkin boʻlgan farqlovchi chiroqlar yoqilgan boʻlishi shart.
Tovushli va yogʻduli signallarni berish, tarkib harakatini xavfsiz boshqarish uchun javobgarlik shatakka olgan kema ekipajiga yuklanadi.
30. Shatakka olgan kemalardan birining borti yoniga bogʻlangan oʻziyurar kemaning machtasida bitta oq “tepa chiroq”, yurish koʻprikchasining yuradigan tomonining chekka qismidan bitta oq chiroq, gak va gakabort chiroqlari yoqilgan boʻlishi shart.
31. Boshqa kemani borti yonida shatakka olib borayotgan kemada gak va gakabort chiroqlari, machtada vertikal joylashgan uchta tepa — ikkita oq va ularning orasida bitta yashil chiroq, shatakka olingan kemaning machtasida gorizont boʻylab 360 gradusda koʻrinadigan bitta oq va bort tashqarisida bitta oq chiroq boʻlishi shart.
2, 3 va 4-klass neft mahsulotlari yuklangan boshqa kemaning borti yonida shatakka olgan kemada yashil “tepa chirogʻi” qizil chiroqqa, shatakka olingan kemaning machtasidagi oq chiroq esa qizil chiroqqa almashtirilishi shart.
32. Kichik shatakka oluvchi, shatakka olish usulidan qatʼi nazar va oʻziyurar kichik kemada harakatlanish davrida bort, gak va gakabort chiroqlari, machtasida ikkita vertikal joylashgan — bitta oq va undan yuqorida yashil “tepa chiroq” yoqilgan boʻlishi shart.
33. Shataklash bilan band boʻlgan mexanik dvigatelga ega boʻlgan kemada quyidagi chiroqlar yoqilgan boʻlishi shart:
asosi pastga yoʻnaltirilgan uchburchak shaklida joylashgan uchta tepa chiroq, ulardan yuqoridagisi diametral tekislikda joylashgan boʻlishi shart;
bort chiroqlarining asosi pastga yoʻnaltirilgan uchburchak shaklida joylashgan uchta orqadagi chiroqlar boʻlishi, kemaning eni 5 metr va undan kam boʻlsa — faqat bitta gak chirogʻi boʻlishi shart.
34. Neft mahsulotlari yuklangan yoki ularning qoldigʻi boʻlgan, portlovchi va zaharli vositalar yuklangan kemalarni shataklash bilan band boʻlgan mexanik dvigatelga ega kemada ayrilish va oʻzib ketish davrida mazkur Qoidalarning 33-bandida koʻrsatilgan chiroqlardan tashqari bitta doirasimon qizil chiroq boʻlishi shart.
5-§. Oʻziyurmas kemalarni shatakka olish va toʻxtab turish
35. Oʻziyurmas kemalar izma-iz yoki bort yonida shatakka olinganda hamda toʻxtab turgan davrida (shatakka oluvchi bilan yoki ularsiz) quyidagi chiroqlarga ega boʻlishi shart:
uzunligi 50 metrgacha boʻlgan kemalar — sahnadagi yukdan kamida 2 metr balandlikda, gorizont boʻylab 360 gradusda koʻrinib turadigan bitta oq chiroqqa;
uzunligi 50 metrdan ortiq boʻlgan kemalar — sahnadagi yukdan kamida 2 metr balandlikda, old va orqa qismida gorizont boʻylab 360 gradusda koʻrinib turadigan bittadan oq chiroqqa;
umumiy uzunligi 50 metrdan ortiq, bir nechta kemadan iborat boʻlgan tarkibni shatakka olish davrida har bir kemaning old qismida bittadan oq chiroq va orqadagi kemaning orqa qismida gorizont boʻylab 360 gradusda koʻrinib turadigan oq chiroqqa;
1-klass neft mahsulotlari hamda portlovchi yoki zaharli vositalar yuklangan kemalarda, ularning uzunligi va tarkibdagi kemalar sonidan qatʼi nazar, machtada vertikal joylashgan ikkita qizil chiroq, old va orqa flagshtoklarda bittadan oq chiroq, kunduz kuni esa machtada kattaligi 1 m 2 boʻlgan ikkita toʻrtburchak qizil bayroq boʻlishi shart. Barcha chiroqlar gorizont boʻylab 360 gradusda koʻrinib turadigan boʻlishi shart;
2, 3, 4-klass yongʻindan xavfli mahsulotlar yuklangan kemalarda, ularning uzunligi va tarkibdagi kemalar sonidan qatʼi nazar machtada bitta qizil chiroq, old va orqa ustunlarda bittadan oq chiroq, kunduz kuni esa machtada kattaligi 1 m 2 boʻlgan bitta toʻrtburchak qizil bayroq, barcha chiroqlar gorizont boʻylab 360 gradusda koʻrinib turadigan boʻlishi shart.
36. Oʻziyurmas kemalar toʻxtab turgan davrda ular arqonda shatakka olinib harakatlanish davridagi kabi chiroqlarga ega boʻlishi shart.
37. Qirgʻoq yonida bir-biriga birlashtirib bogʻlab qoʻyilgan kemalar guruhining signal chiroqlari kema yoʻli tomoniga turgan barcha oldindagi kemalarning old qismida, orqada turganlarining orqa qismida bittadan oq chiroq boʻlishi shart.
38. Neftni bir joydan boshqa joyga tashuvchi, neft bunker kemalari va tozalash stansiyalari, neft mahsulotlari yuklanadigan tegishli kattalikdagi oʻziyurmas kemalar kabi chiroq va belgilarga ega boʻlishi shart.
39. Debarkaderning machtasida bitta doirasimon oq chiroq va kema yuradigan yoʻl tomonidan koʻrinadigan ustqurma devorida bitta oq chiroq boʻlishi shart.
40. Arqonli kechuv paromida u toʻxtab turganida va bir qirgʻoqdan boshqa qirgʻoqqa harakat qilish davrida doirasimon bitta oq chiroq boʻlishi, arqonning har ikki tomonidan, ustki qismi himoyalovchi soyabon bilan yopilgan va chiroqlar yordamida yoritib koʻrsatilgan boʻlishi shart.
41. Uzunligi 50 metrdan kam boʻlgan suzuvchi pontonlar, nasos stansiyalari, choʻmilish uchun moʻljallangan joylarda kema yuradigan yoʻl tomonga bitta aylanma oq chiroq, uzunligi 50 metr va undan ortiq boʻlganda — har 50 metrga aylanma oq chiroqlar oʻrnatilgan boʻlishi shart.
42. Sollarning uzunligi 60 metrdan kam boʻlganda — solning yurish qismiga aylanma bitta oq chiroq: agar solning uzunligi 60 metrdan ortiq boʻlsa — solning uzunligi boʻylab, har 60 metrga aylanma chiroqlar boʻlishi shart.
43. Sollar tarkibiga yaqinlashayotgan boshqa sollar kemalari va shatak arqonlari sollarni shatakka olgan kemaning projektori yordamida yoritilishi shart.
44. Sollar kemalar yurish yoʻlida toʻxtab turgan vaqtda harakatlanuvchi kemalar kabi chiroqlarni yoqishi shart.
6-§. Texnik flot kemalari
45. Suv tubini chuqurlashtiruvchi va tozalovchi har qanday konstruksiyaga ega zemsnaryadlarda quyidagi chiroqlar boʻlishi shart:
machtada gorizont boʻylab 360 gradusda koʻrinib turadigan bitta yashil chiroq;
tuproqni oʻng sohilga tashlaydigan refulerli zemsnaryadlarda kema yoʻli tomonidan kemaning old va orqa qismlarida joylashgan tent balandligida ikkita doirasimon qizil chiroq, chap qirgʻoqda tashlash davrida xuddi shu joylarda ikkita oq chiroq;
oʻng qirgʻoqqa ishlagan davrda bittadan qizil yoki chap qirgʻoqqa ishlagan davrda quvurlar (pontonlar) uzunligida har 50 metr masofada bittadan oq chiroq;
zemsnaryadni ushlab turish uchun stan zanjirlari yoki motozavoznya qoʻllanilsa unda zanjir qaysi qirgʻoqqa uzatilganligiga qarab, bitta qizil yoki oq chiroq boʻlishi shart.
46. Lotokli zemsnaryadlarda, quvurlardagi (pontonlardagi) chiroqlardan tashqari xuddi refulerli zemsnaryadlar kabi chiroqlar boʻlishi shart, bundan tashqari, lotok agar u uzoqlashtirilgan va bortdan kema yoʻli tomonga chiqib turgan boʻlsa, tuproq tashlanadigan tomonga tegishli chiroq, oʻng qirgʻoqqa ishlaganda — qizil, chap qirgʻoqqa ishlaganda — oq chiroq, kema yoʻli chegarasidan tashqarida toʻxtab turgan va shatakka olingan vaqtda chiroqlar oʻziyurar kemalarning chiroqlari kabi quvurlarda (pontonlarda) har 60 metr orasida — oq chiroqlar bilan jihozlangan boʻlishi shart.
47. Gʻavvoslik ishlari bilan band boʻlgan botlar, koʻtargich kranlar va suv tubini tozalovchi zemsnaryadlarda suv osti ishlarini bajarish davrida tunda — machtada gorizont boʻylab 360 gradusda koʻrinadigan vertikal joylashgan ikkita yashil chiroq, kunduz kuni — machtada har biri 1 m 2 , vertikal boʻyicha masofa oraligʻi 0,5 metr boʻlgan ikkita toʻrtburchak yashil bayroq boʻlishi shart.
48. Zemsnaryadlarda suv osti ishlari bajarilmayotganda va ular toʻxtab turganda, shuningdek, ular shatakka olingan vaqtda oʻziyurmas kemalardagi kabi signal chiroqlari boʻlishi shart.
7-§. Baliq ovlashga moʻljallangan kemalar
49. Suv havzalarida baliq ovlash anjomlari bilan turgan, toʻrlarni oʻrnatayotgan yoxud tashlangan toʻrlar bilan oqim boʻyicha harakatlanuvchi kemalarda tunda oʻng qirgʻoqda ishlash vaqtida gorizont boʻylab 360 gradusda koʻrinadigan vertikal joylashgan ikkita qizil, chap qirgʻoqda — ikkita oq chiroq, kunduz kuni tegishli ikkita qizil va ikkita oq bayroq boʻlishi shart.
Tashlangan toʻrlarning uzunligi boʻyicha har 100 metrda qayiqlar yoki boshqa moslamalarning ustida tunda aylanma chiroqlar, kunduz kuni esa — navigatsiya belgilariga mos keladigan chiroqlar kabi rangdagi bayroqlar oʻrnatilishi shart.
50. Baliq ovlash bilan band boʻlgan kemalar oʻzlarining yonidan oʻtib ketuvchi kemalarni quyidagi signallarni berish orqali oldindan ogohlantirishi shart:
tunda — oʻng qirgʻoqda ishlash davrida yonib oʻchuvchi qizil chiroqni, chap qirgʻoqda esa — yonib oʻchuvchi oq chiroqni yoqib;
kunduz kuni — tegishli qizil yoki oq bayroqni siltab.
Oʻtib ketuvchi kema tegishli bortdan siltash orqali oʻtib ketish tomonini tasdiqlashi shart.
51. Toʻrlar va halqalarni oʻrnatish joylari, suv yoʻllari texnik uchastkalari, gidroinshoot egalari bilan kelishilgan holda belgilanishi va ular kemachilik faoliyatiga xalaqit bermasligi shart.
52. Baliq ovlash kemalariga quyidagilar taqiqlanadi:
baliq ovlash anjomlarini kema yoʻlining yarmidan ortigʻiga tashlash;
baliq ovlash anjomlarini kema yoʻliga tashlash va halqalarni har qanday turdagi koʻpriklarda yuqoridan yoki quyidan 1 km masofadan kam masofaga oʻrnatish;
cheklangan koʻrinish 1 km dan kam boʻlganda kema yoʻliga chiqish;
baliq ovlash anjomlarini yaqinlashib kelayotgan kemalar oldidan tashlashni boshlash;
kemachilik jihozlari bilan uygʻun boʻlgan poʻkakli baliq ovlash anjomlarini oʻrnatish.
53. Koʻllarda va suv omborlarida toʻr va yoyma toʻrda baliq ovlash vaqtida quyidagi chiroq va signallar boʻlishi shart:
tunda — machtada 225 gradusda yoyma nur bilan yoritadigan uch xil rangli chiroq:
gorizont boʻylab yoy boʻyicha 45 gradusda (oldi boʻyicha 22.5 gradusdan oʻngga va chapga) oq chiroq;
oʻngdan gorizont boʻylab 90 gradusda (22.5 gradusdan oʻng tomon oldi boʻyicha 22.5 gradusgacha traverz orqasigacha) nur bilan yoritadigan yashil chiroq;
chapdan shakli yashil chiroqqa oʻxshagan qizil chiroq;
ulardan pastda 135 gradus nur bilan yoritadigan oq chiroq.
Agar kema suvga nisbatan harakatda boʻlsa, mazkur bandda koʻrsatilgan chiroqlarga qoʻshimcha yana bort va orqa chiroqlar boʻlishi shart.
Kunduz kuni machtada diametri 0,5 metr, balandligi 0,75 metr boʻlgan qora silindr oʻrnatiladi.
54. Baliq ovlash bilan band boʻlmagan, biroq baliq ovlovchi kemalar tarkibiga kiruvchi kemalar tegishli hajmdagi oʻziyurar yoki oʻziyurmas kemalar kabi chiroqlarga ega boʻlishi shart.
8-§. Tovush signallariga umumiy talablar
55. Uzunligi 7 metr va undan ortiq boʻlgan mexanik dvigatelga ega kemalar hamda suv tubini chuqurlashtiruvchi zemsnaryadlar davomli va qisqa tovushli signallar beruvchi qurilmalarga ega boʻlishi shart.
Qurilmalar yordamida beriladigan tovushli signallar — uzunligi 20 metr va undan ortiq boʻlgan kemalardan berilganda 2 km dan kam boʻlmagan masofada, uzunligi 20 metrdan kam boʻlgan kemalardan berilganda — 1.0 km masofada eshitilishi shart.
56. Ekipajga ega oʻziyurmas kema tovushli signal berishi uchun qoʻngʻiroq yoki metall buyumga ega boʻlishi shart.
57. Tovushli signallar quyidagicha beriladi:
“Qisqa signal” — davomiyligi 1 soniyagacha boʻlgan tovushli signal;
“Davomli signal” — davomiyligi 4 soniyadan 6 soniyagacha boʻlgan tovushli signal.
58. Mazkur Qoidalar bilan koʻzda tutilmagan tovushli signallardan foydalanish taqiqlanadi.
59. Tovushli signallaridan viloyat markazlari va katta shaharlarda (halokat signali va avariya holatlarining oldini olish signallaridan tashqari) foydalanish mahalliy suzish qoidalari bilan belgilanadi.
60. Kema boshqa kemani xavf toʻgʻrisida ogohlantirmoqchi boʻlsa va undan bunday holatdan kelib chiqib (harakatni toʻxtatishga qadar) chora koʻrish talab etilsa, kamida beshta qisqa tovushli signal berishi shart.
Oʻziyurmas kemada tegishli tovushli signallar berish qurilmasi mavjud boʻlmasa, bu signallarni qoʻngʻiroqqa yoki metall buyumga tez-tez urib berishi shart.
61. Manyovr koʻrsatish va ogohlantirish signallari kemalar bir-biriga koʻrinib turganda quyidagicha beriladi:
“Men oʻz kursimni oʻng tomonga oʻzgartiraman” — bitta qisqa tovushli signal;
“Men oʻz kursimni chap tomonga oʻzgartiraman” — ikkita qisqa tovushli signal;
“Men orqaga harakatlanaman” — uchta qisqa tovushli signal;
“Men burilib olaman” yoki “Men toʻxtayman” — toʻrtta qisqa tovushli signal;
“Tezlikni oshirishni soʻrayman” — bitta qisqa va bitta davomli tovushli signal;
“Tezlikni pasaytirishni soʻrayman” — bitta davomli va bitta qisqa tovushli signal.
Oʻziyurmas kema bu signallarni qoʻngʻiroqqa tez-tez urib beradi.
“Toʻxtatishni soʻrayman” — bayroqni gorizont boʻylab siltash — kunduz kuni, oq chiroq — tunda;
“Eʼtibor beraman” — bitta davomli, uchta qisqa va bitta davomli signal oʻziga eʼtiborni qaratish uchun beriladi. Bu signal arqonli kechuvga yaqinlashganda, agar shatakka oluvchi kemalardan langar bogʻlangan zanjir va sudralma zanjir tashlangan boʻlsa beriladi.
Bu signalni bergandan soʻng paromli kechuvning ishchilari zudlik bilan kechuv arqonining bir uchini (mahkamlangan joyidan yechishi) yechib suv tubiga tushirishi shart;
“Men Sizni tushundim” — bitta davomli, bitta qisqa, bitta davomli, bitta qisqa tovushli signal;
“Radioaloqaga chiqishingizni soʻrayman” — bitta qisqa, bitta davomli, bitta qisqa tovushli signal;
“Qayiqni tushirishingizni va mening kemam borti yoniga kelishingizni soʻrayman” — bitta davomli, bitta qisqa, bitta davomli tovushli signal.
Bunday signal qirgʻoqdan boshqa kemadan, jihozlash postidan qayiqni chaqirish hamda boshqa kemadan borti yoniga kelishini soʻrash uchun beriladi;
“Bortdan tashqarida odam” — uchta davomli tovushli signal, bortdan odam yiqilib tushganda yoki choʻkayotgan odamni qutqarish uchun beriladi;
bitta davomli tovushli signal — kema portga, shlyuzga, kechuvlarga, suzuvchan pontonlarga yaqinlashganda beriladi;
bitta davomli, uchta qisqa tovushli signal — kema portdan joʻnab ketayotganda beriladi.
9-§. Koʻrinish cheklangan davrdagi signallar
62. 1 km dan uzoq koʻrishni cheklaydigan tuman, chang-toʻzon, qor yogʻishi, kuchli yomgʻir, qumli boʻron va boshqa noqulay sharoitlarda kema quyidagi signallarni berishi shart:
yurayotgan oʻziyurar kema — har 2 daqiqadan koʻp boʻlmagan oraliqda bitta davomli tovushli signal;
boshqa kemalarni yoki sollarni shatakka olgan kema — har 2 daqiqadan koʻp boʻlmagan oraliqda bitta davomli va ikkita qisqa tovushli signal;
kema yuradigan yoʻlda langarda yoki sayozlikda toʻxtab qolgan oʻziyurar yakka kema koʻrinish cheklangan davrda yaqinlashayotgan kemalarni ogohlantirish uchun bitta qisqa, bitta davomli, bitta qisqa tovushli signal berishi shart. Oʻziyurmas kema bunday holatda qoʻngʻiroqqa yoki metall buyumga tez-tez urish bilan tovushli signal berishi shart;
paromli kechuvlar va suzuvchan pontonlarda 2-3 daqiqalik tanaffus bilan qoʻngʻiroqqa urib tovushli signal berilishi shart.
10-§. Shatakka olingan kemalar bilan aloqa signallari
63. Shatakka oluvchining signallari asosiy tovushli signal qurilmalari bilan quyidagi tartibda berilishi shart:
“Shatakni boʻshat” — bitta davomli va bitta qisqa tovushli signal;
“Shatakni yigʻishtir” — bitta davomli va ikkita qisqa tovushli signal;
“Shatakni tashla” — bitta davomli va uchta qisqa tovushli signal;
“Shatakni bogʻla” — bitta davomli va ikkita qisqa va bitta davomli tovushli signal;
“Langarni tushir” — bitta davomli, ikkita qisqa va bitta davomli tovushli signal;
“Langarni koʻtar” — ikkita davomli va bitta qisqa tovushli signal;
“Rulda tur va izimga tush” — toʻrtta qisqa tovushli signal.
Bu signallarning roʻyxati yurish koʻprikchasiga osib qoʻyilgan boʻlishi shart.
64. Oʻziyurmas kemalardan signallar kunduz kuni — bayroqni siltash, tunda esa — oq chiroq bilan quyidagi tartibda berilishi shart:
“Signal tushunarli, bajarilmoqda” — kunduz kuni — bayroqchani gorizont boʻylab kemaning bakidan harakatlantirish: tunda esa rul rubkasiga oq chiroqni yoqish;
“Toʻxta” — kunduz kuni — bayroqni tik siltab harakatlantirib: tunda esa — kema orqa qismidan oq chiroqni tik harakatlantirish.
Signallarning roʻyxati rul rubkasiga osib qoʻyilgan boʻlishi shart.
11-§. Halokat signali
65. Kema halokatga uchragan taqdirda va boshqa kemadan yoki qirgʻoqdan yordam berilishi talab etilsa, quyidagi signallardan foydalanishi shart:
oʻziyurar kema — birvarakay yoki alohida-alohida qator davomli tovush signali yoxud tifon bilan uzluksiz sirena chalish va bu signalni qoʻngʻiroqqa yoki metall buyumga tez-tez urish bilan takrorlash;
oʻziyurmas kema — qoʻngʻiroq yoki metall buyumga tez-tez urish;
tunda barcha kemalar — aylanma chiroq yoki projektorni tez-tez yoqib-oʻchirish, kunduz kuni machtada bayroqni tik harakatlantirish;
tuman davrida signal berishga moʻljallangan har qanday apparat orqali uzluksiz signal berish;
qisqa vaqt oraligʻida (1 daqiqaga yaqin) qizil yulduzlar yogʻdusi paydo qiluvchi raketalar va granatalar otish;
parashyutli qizil rangli raketa yoki qizil rangli falshfeyer;
kemada olov yoqish (yonadigan bitum yoki yoqilgʻi moy bochkasidan);
toʻrtburchak bayroq va uning usti yoki ostida turgan shar yoki sharga oʻxshagan shakldan iborat signal;
toʻq sariq rang chiqaruvchi tutunli signal;
qoʻllarni ikki tomon yoyib, asta va takroriy koʻtarish va tushirish;
halokatning radio-telefon signallari.
66. Mazkur Qoidalarning 65-bandida koʻrsatilgan halokat yoki yordam zarurligi toʻgʻrisidagi signallarni boshqa maqsadlarda qoʻllash yoki oʻrnatish taqiqlanadi.
Halokat va yordam zarurligi toʻgʻrisidagi biror-bir signal kabi qabul qilinishi mumkin boʻlgan chalgʻituvchi signallardan foydalanishga yoʻl qoʻyilmaydi.
3-bob. Kemalar, tarkiblar gabaritlari va yoʻllarning holatiga umumiy talablar
67. Kanallar boʻylab harakatlanuvchi kemalar va tarkiblar eni boʻyicha quyidagicha zaxiraga ega boʻlishi shart (kemalarning yoki tarkiblarning bortlari orasidagi masofa hamda kemalar va kanallar qiyasi orasidagi masofa):
ikki yoʻlak boʻylab harakatlanish davrida — barcha ayrilayotgan kemalar va tarkiblarning 0.3 eni;
bir yoʻlak boʻylab harakatlanish davrida — kema yoki tarkibning 0.5 eni (tub boʻyicha);
ikki tomon yoʻnalishi boʻylab harakatlanayotgan yakka kemalarning uzunligi ularning belgilangan burilish radiusidan 3 baravar kichik;
quyi tomon harakatlanayotgan, qattiq bogʻlangan tarkibning uzunligi belgilangan burilish radiusidan 3.5 baravar, yuqori tomon harakatlanayotganda — 2 baravar kichik.
68. Ichki kema yoʻllarida kemachilik jihozlarini oʻrnatish, saqlab turish, kemalarning xavfsiz va uzluksiz harakatlanishi uchun sharoitlar yaratish suv yoʻllari texnik uchastkalari tomonidan amalga oshiriladi hamda ular kema egalarini suv yoʻllarining haqiqiy va kutilayotgan holati toʻgʻrisidagi axborotlar bilan taʼminlaydi.
69. Suv yoʻllari texnik uchastkalari ichki kema yoʻllarida quyidagi ishlarni amalga oshirishi shart:
kemachilik jihozlari, suzuvchi navigatsiya chiroqlarining uzoqdan koʻrinishini taʼminlash: oq chiroqlar — kamida 2.5 km, rangli chiroqlar — kamida 1.5 km;
suv omborlarida qirgʻoq jihozlari, suzuvchan navigatsiya chiroqlarining koʻrinish uzunligini ularning faoliyati chegarasida taʼminlash;
ichki kema yoʻllarida havo oʻtish joylari, koʻpriklarning kema yuradigan ustunlari orasi, qiyin uchastkalardan oʻtish sharoitlarini belgilangan talablar va kemachilik xavfsizligi qoidalariga muvofiqligini taʼminlagan holda, davriy nazorat qilish va kema egalarini belgilangan tartibda xabardor qilish;
ichki kema yoʻllarida joylashgan inshootlar (koʻpriklar, kechuvlar, havo va suv osti oʻtish yoʻllari, gavanlar, prichallar, reydlar) egalaridan mazkur Qoidalarning talablariga muvofiq ularning soz holatda saqlab turilishi va kemachilik jihozlari bilan taʼminlanishini talab qilish.
70. Ichki kema yoʻllarida inshootlar (koʻpriklar, dambalar, havo va suv osti oʻtish joylari, reydlar, prichallar) barpo etishga suv yoʻllari texnik uchastkalari bilan kelishgan holda yoʻl qoʻyiladi.
71. Ichki kema yoʻllarida joylashgan inshootlarning egalari quyidagilarni amalga oshirishi shart:
inshootlarda doimiy nazorat olib borish, flot ishining va inshootlarning xavfsizligini taʼminlagan holda ularni soz holatda saqlab turish;
kemachilik jihozlarining barcha belgilarini oʻrnatish va yaroqli holda saqlab turish;
vaqti-vaqti bilan va navigatsiya davrida hamda ish tugagandan soʻng akvatoriya, reydlar, zatonlar va prichallarni chiqindilardan, takelaj va begona buyumlardan tozalash;
suv yoʻllari texnik uchastkalari tomonidan belgilangan balandlik va oʻtish joyining chuqurligi hamda koʻtarma va suzuvchan koʻpriklarning kema yuradigan ustunlar oraligʻi gabaritlarini taʼminlash;
yuklash-tushirish ishlarini amalga oshirish uchun vaqtincha prichallarni tashkil etishga, ish tugagandan soʻng uni tashkil etgan egasi akvatoriyani kemachilikka xalaqit beradigan buyumlardan tozalash ishlarini amalga oshirgan holda, tegishli suv yoʻllari texnik uchastkasiga dalolatnoma asosida topshirganda yoʻl qoʻyiladi.
72. Prichal, reyd va pana joyda saqlanayotgan kemalarda suv sathining holati boʻyicha doimiy nazorat olib borilishi shart.
Kemalar sayozlikka oʻtirib qolishining oldini olish uchun qoziq oyoqqa va langarda turishga shay boʻlishi shart.
Kemalarni kran tagi yoʻllari, yoritish ustunlari va bu maqsad uchun moʻljallanmagan boshqa qurilmalarga bogʻlab qoʻyish taqiqlanadi.
73. Kemalarning va boshqa suzish vositalarining reydlarda va portlarning prichal oldilarida xavfsiz harakatlanishini nazorat qilish port boshliqlari va bunga masʼul etib tayinlangan shaxslarga yuklanadi.
74. Portga kelgan kemalar daryo floti dispetcheri yoki reyd kapitani koʻrsatgan joyga joylashtiriladi. Kema kapitanlari daryo floti dispetcheri yoki reyd kapitanidan xavfsiz harakatlanish sharoitlari, toʻxtab turish, suv chuqurligi va boshqa zarur maʼlumotlarni olishi shart.
75. Kemalarning harakatlanish va toʻxtab turish davrida quyidagilar taqiqlanadi:
kran qulochi, shlyup-balka va traplarni bortdan tashqariga tomon agʻdarib qoʻyish;
shlak, chiqindi, neft mahsulotlarining qoldigʻi, moylangan lattalarni bortdan tashqariga tashlash.
4-bob. Kemalarning harakati, manyovr qilishi va toʻxtab turishi
76. Ultra-qisqa toʻlqinli (UKV) radiostansiyalar bilan jihozlangan barcha kemalar oʻzaro harakatlarni oldindan kelishib olish uchun ularni ishlatib koʻrishlari, harakatlanish, manyovr qilish yoki langarda toʻxtab turish davrida tegishli kanalga doimo ishlab turgan boʻlishi shart.
77. Xavfli yuklar bilan yuklangan kemalar boshqa kemalar bilan UKV-radiostansiyasi orqali oʻzaro harakatlarni kelishish davrida kemalari bortida bunday yuklar mavjudligi toʻgʻrisida ularni xabardor qilishi shart.
78. Kemalar bilan mazkur Qoidalarga muvofiq tovush yoki chiroq signallari bilan almashish talab etilsa, bu signallarni berishdan oldin harakatlarni UKV-radiostansiyasi orqali oʻzaro kelishgandan soʻng amalga oshirishi shart.
79. Kema tartibga keltirilmaydigan, yaxshi koʻrinmaydigan va murakkab uchastkalarga yaqin kelganda va ular boʻyicha harakatlanayotgan davrda koʻrinish cheklangan sharoitlarda koʻrishning va suzishning qiyinlashishi UKV-radiostansiyasi boʻyicha boshqa kemalarni oʻzining joylashgan joyi va harakati toʻgʻrisida vaqti-vaqti bilan xabardor qilib turishi va boshqa kemadan ham bunday holatlar toʻgʻrisida belgilangan tovushli va chiroq signallarini olib turishi shart.
80. UKV-radiostansiyasi boʻyicha amalga oshirilgan chaqiriqqa javob olmagan kema boshqa kemaga UKV-radiostansiya yoʻq deb hisoblashi va shu vaziyatdan kelib chiqib harakat qilishi shart.
5-bob. Nazorat va xavfsiz tezlik
81. Kema haydovchisi doimiy ravishda koʻrish va eshitish orqali yetarli darajada nazoratni olib borishi hamda vaziyat va sharoitlarga qarab oʻzi boʻlib turgan vaziyatni toʻliq baholashi uchun oʻzida mavjud boʻlgan vositalar yordamida nazoratni olib borishi shart (toʻqnashish xavfi, urilib ketish, ustiga chiqib ketish, sayozlikka oʻtirib qolish, kursdan ogʻish).
82. Har bir kema mavjud holat va sharoitlarda xavfsiz suzishni taʼminlash uchun zarur va samarali harakatni amalga oshirish imkonini beradigan xavfsiz tezlik bilan harakatlanishi shart.
83. Kema haydovchisi xavfsiz tezlikni tanlash davrida boshqa omillar ichida quyidagilarga eʼtibor berishi shart:
suv yoʻli va kema gabaritlarining nisbiyligi;
ushbu hududda kemalar harakatining mavjudligi va intensivligi;
oʻz kemasining manyovr qilish qobiliyati, kemaning toʻliq toʻxtashi uchun yetarli boʻlgan masofa va bu sharoitlarda burilish qobiliyati;
oqim, shamol yoʻnalishi tezligi va suvning toʻlqinlanishi;
qirgʻoqdagi hamda oʻzida mavjud chiroqlarining koʻrinish holati, yorqinligi, navigatsiya belgilari va chiroqlarining mavjudligi.
6-bob. Kemalarning ayrilishi
84. Kemalar kema yuradigan yoʻl chegarasida — farvaterning oʻng tomonidan harakatlanishi, ayrilishlari uchun barcha xavfsiz choralarni koʻrishi shart.
Belgilangan kema yuradigan yoʻl chegarasida maxsus kemalardan tashqari boshqa kemalarning suzishiga yoʻl qoʻyilmaydi.
85. Kemalar va tarkiblar qarama-qarshi harakatlanish davrida chap bortlari bilan ayrilishlari shart.
86. Quyidan harakatlanayotgan kema barcha holatlarda koʻrish masofasida yuqoridan kelayotgan kemadan (kechasi — uning farqlovchi chiroqlari bilan) chap bortlari bilan xavfsiz ayrilish choralarini koʻrishi shart.
Agar yoʻl sharoiti boʻyicha kemalarning ayrilishi qiyinchilik tugʻdirsa, kemalarning uchrashishi va ayrilishi eng qulay va xavfsiz joyda amalga oshirilishi shart.
87. Quyidan harakatlanayotgan kema birinchi boʻlib, qarama-qarshi kelayotgan kemaga 1.5 km qolganda davomli tovushli signal beradi va chap bortdan bayroqchani siltaydi.
Yuqoridan kelayotgan kema ayrilish uchun zudlik bilan koʻrsatilgan tomonga oʻtishi, bitta davomli tovushli signal berishi va chap tomondan bayroqchani siltashi shart. Bu holatda har bir kema tezlikni yetarlicha kamaytiradi va qarama-qarshi kema ortga qolgunga qadar ehtiyotkorlik bilan harakatlanadi.
88. Suv yoʻllarining mahalliy sharoiti tufayli qarama-qarshi kelayotgan kemani chap bortlar bilan oʻtkazib yuborishning imkoni boʻlmasa, quyidan harakatlanayotgan kema, istisno tariqasida, oldindan harakat boʻylab chap tomondan yurishi va yurishni eng past tezlikka kamaytirishi, harakatni toʻxtatishi va yuqoridan harakatlanayotgan kemani toʻsiqlarsiz oʻzining oʻng borti tomonidan oʻtkazish uchun kamida 1.5 km masofada ikkita qisqa tovushli signal berishi va oʻng tomondan bayroqchani siltashi shart.
Yuqoridan harakatlanayotgan kema zudlik bilan ikkita qisqa tovushli signal berishi va oʻng tomondan bayroqchani siltashi bilan signalni qabul qilganligini tasdiqlashi, oʻtkazib yuborayotgan kemaga yaqinlashganda oldindan tezlikni pasaytirishi (eng kichik tezlikkacha), tegishli tomonga burilishi va qancha bu zarur va xavfsiz hisoblansa, oʻtkazib yuborayotgan kema ortda qolgunga qadar harakatni shunday davom ettirishi shart.
89. Orqaga yurayotgan kema bort tomonidan uning oʻqiga yoʻnaltirilgan, kema yuradigan yoʻldan harakatlanayotgan kemani oʻtkazib yuborishi, buning uchun u birinchi boʻlib uch marotaba qisqa tovushli signal va tegishli bort tomonidan bayroqchani siltashi shart.
90. Agar suv omborining boshqa-boshqa trassalaridan harakatlanayotgan ikkita kema yoki tarkib bir-biridan yetarli masofada erkin oʻtishi mumkin boʻlsa, ular qirgʻoq boʻyicha oʻzlarini tutishi va kurs boʻyicha yoʻnalishlarini signallar almashtirmasdan davom ettirishlari mumkin.
92. Ayrilish, kemalar va tarkiblarning qarama-qarshi harakatlanishi yoki oʻzib ketishi davrida bortlari oralaridagi interval imkon qadar katta boʻlishi shart.
91. Agar quyi tomondan harakatlanayotgan kemaga bir-birining orqasidan boshqa kemalar yoki tarkiblar qarama-qarshi harakatlanib kelayotgan boʻlsa, ayrilish uchun signallar ularning har biriga alohida beriladi.
7-bob. Kemalardan oʻzib ketish tartibi
93. Kemalardan oʻzib ketish manevrlari oʻzib ketilayotgan kemaning (tarkibning) chap borti tomonidan amalga oshirilishi shart.
Oʻng bort tomondan oʻzib ketishga, istisno tariqasida, agar yoʻl, ob-havo va boshqa sharoitlar tufayli chap bort tomondan oʻzib ketishning imkoni boʻlmagan yoki qiyinchilik tugʻdirgan hollarda yoʻl qoʻyiladi.
94. Boshqa kemadan (tarkibdan) oʻzib ketishni koʻzlagan kema oʻzib ketiladigan kemaning yoki oxirgi bogʻlangan tarkibning ort qismiga kamida 500 metr qolganda, ikkita qisqa tovushli va bitta davomli tovushli signal berish yoʻli bilan oʻzib ketilayotgan kemadan (tarkibdan) ruxsat soʻrashi shart.
Oʻzib ketiluvchi kema soʻrovni olgandan soʻng zudlik bilan ikkita qisqa tovushli va bitta davomli tovushli signal berishi va qaysi bort tomondan oʻtishga ruxsatni bayroqchani siltashi, tezlikni pasaytirishi, qarama-qarshi tomonga oʻtishi va bu qancha zarur va xavfsiz boʻlsa, oʻzib ketish tugagunga qadar harakatni shunday davom ettirishi shart.
Oʻzib ketishning imkoni boʻlmaganda, oʻzib ketiluvchi kema “Ogohlantirish” (kamida besh marta qisqa) tovushli signal berishi shart. Bunday holatda oʻzib ketishga soʻrov takrorlanmasdan berilishi shart boʻlgan ruxsatni olgunga qadar yoʻl qoʻyilmaydi.
Oʻzib ketishga ruxsat olgan oʻzib ketuvchi kema bayroqchani tegishli bort tomonidan siltashi va toʻliq oʻtib ketgunga va kema ortda qolgunga qadar oʻzib ketiluvchi kemadan oʻzini xavfsiz masofada tutishi shart.
95. Tezyurar kemalar qarama-qarshi harakatlanish davrida faqat chap bortlari tomonidan ayrilishlari shart, bu holda bayroqchani birinchi boʻlib yuqoridan kelayotgan kema siltaydi.
96. Tezyurar oʻzib ketiluvchi kema soʻrovni olgandan va oʻzib ketishga ruxsat bergandan soʻng zudlik bilan tezlikni pasaytirishi va oʻzib ketish tugagunga qadar suvga botgan holda harakatlanishi shart.
97. Boshqa kemalar bilan qaysi tomondan oʻzib ketish va ayrilishni tezyurar kema koʻrsatadi.
Qarama-qarshi harakatlanuvchi va oʻzib ketiluvchi kemalar koʻrsatilgan tomondan ayrilish yoki oʻzib ketishni tasdiqlashi va ayrilish yoki oʻzib ketish tugagunga qadar oʻz yoʻlidan burilmasligi shart.
98. Kema haydovchilariga quyidagilar taqiqlanadi:
bir vaqtning oʻzida uch yoki undan ortiq kema yon tomonidan perpendikulyar joylashganda oʻzib ketish va ayrilish. Kemalarning ayrilishi davrida bir vaqtning oʻzida oʻzib ketish uchun ruxsat berganlik uchun oʻzib ketiluvchi kemaning vaxta boshligʻi javobgar hisoblanadi;
avariya-taʼmirlash toʻsiqlari, kechuv paromlari, koʻprik oraliq ustunlarida va bir tomonlama harakat uchastkalarida ayrilish va kemalardan oʻzib ketish.
8-bob. Koʻpriklar, yaxshi koʻrinmaydigan va murakkab uchastkalar, arqonli kechuvlar, suv tubini chuqurlashtiruvchi zemsnaryadlardan oʻtib ketish
99. Kemalarning koʻprik ostidan faqat bu maqsad uchun moʻljallangan, tegishli navigatsiya belgilari va chiroqlari bilan jihozlangan ustunlar oraligʻidan oʻtishiga ruxsat beriladi.
100. Bitta kema yuradigan ustunli koʻprikka bir vaqtning oʻzida yuqoridan va quyidan kemalar yaqinlashganda, undan birinchi boʻlib oqim boʻyicha harakatlanayotgan kema yoki harakat yoʻnalishidan qatʼi nazar tezyurar kema oʻtishi shart.
Kemalar toʻplanib qolganda, avariya hodisalarini bartaraf etish uchun borayotgan va yongʻinga qarshi kemalar navbatsiz oʻtkaziladi.
101. Suzuvchan koʻpriklarning kemalarni oʻtkazish uchun moʻljallangan seksiyalari ularning egalari va kemaga ega korxonalar bilan kelishilgan holda, jadval boʻyicha belgilangan kunlar va soatlarda kunning yorugʻ vaqtlarida ajratilishi shart.
102. Temir yoʻl koʻpriklarining ustunlari ularning oʻrtasida joylashgan bitta yashil chiroq bilan yoritiladi, kema yoʻli egri boʻlganda ustunda birinchi chiroqdan bir metr pastda egri kema yoʻli yoʻnalishi boʻyicha ikkinchi yashil chiroq oʻrnatilishi shart.
103. Kema yuradigan yoʻlning holatiga, koʻpriklardagi, koʻprik oldi uchastkalaridagi turgʻun va suzuvchan belgilarga qarab turish hamda chuqurliklar, balandliklar va oqim xarakteri toʻgʻrisidagi axborotlarni berib turish, har kuni ertalab va kechqurun koʻprik tagi farvaterini tekshirib turish, zarur hollarda keyingi oʻzgarishlarga qarab belgilarni oʻzgartirib turish va bular haqida kema egalarini xabardor qilib turish suv yoʻllari texnik uchastkalariga yuklanadi.
Koʻprik oldi uchastkalaridagi kema yoʻlining chuqurligi yetarli boʻlmasa, ustun oralari tor va egri boʻlsa, oqim yoki shamol yoʻnalishi ustunlarga uriladigan, koʻrinish cheklangan boʻlsa (tuman, chang havo) suv yoʻllari texnik uchastkasi kemalarning koʻprik tagidan harakatlanishini toʻxtatadi va bu toʻgʻrisida kema egalarini xabardor qiladi.
104. Kema yoki tarkibning gabaritlari koʻprikning kema yuradigan ustunlari oraligʻi gabaritlariga va shatakka oluvchining quvvatiga mos boʻlishi shart.
Koʻprik fermasining eng past qismi va kemaning eng baland nuqtasi orasidagi zaxira 0.5 metrdan kam boʻlmasligi shart.
Oqim boʻyicha koʻprik tagidan yuk koʻtarish qobiliyati 500 tonnagacha boʻlgan ikkita barjadan iborat tarkibni shatakka olib oʻtkazishda, ular izma-iz bogʻlangan holda old qismi quyi tomon yoʻnaltirilgan, orqa tomondan zanjirlar suvga tushirilgan boʻlishi shart.
105. Ponton koʻpriklarining ajratilgan seksiyalari orqali tarkiblarni oʻtkazish faqat tegishli suv yoʻllarining texnik uchastkalari va koʻprik egalari bilan kelishilgan jadval boʻyicha belgilangan vaqtlarda, kunduz kuni amalga oshirilishi shart.
106. Ponton koʻpriklarning ajratilgan qismidan kemalarni va tarkiblarni oʻtkazish unga yaqin joylarda va kema yuradigan ustunlar oraligʻida kema tubidagi suv zaxirasi 10 sm dan kam boʻlganda taqiqlanadi.
Sayoz boʻlib qolgan kema yuradigan yoʻllarni kemaning harakatlantirish mexanizmlari bilan chuqurlashtirishga yoʻl qoʻyilmaydi.
107. Ponton koʻprigining ajratiladigan qismining eni tarkib enining uch baravaridan kam boʻlmasligi shart.
Ponton koʻprikning ajratilgan seksiyalari shunday oʻrnatilishi kerakki, kema yuradigan oraliq masofa qisqarmasligi shart.
Langarli pontonlar kema yoʻlining chetiga olib qoʻyilishi shart.
108. Barcha turdagi koʻpriklardan va kechuvlardan oʻtish davrida kemani kapitanning oʻzi boshqarishi shart.
Lotsmanning xizmatidan foydalangan davrda kapitandan javobgarlik olib qoʻyilmaydi.
Koʻprikning kemalar toʻxtash punktlari va koʻprik ustunlari orqali oʻtkazish uchun tarkiblarni shakllantirish koʻprik egasi bilan kelishiladi.
109. Quyidagi hollarda kemalar va tarkiblarni koʻprikning ajratilgan qismidan oʻtkazishga ruxsat etiladi:
oʻziyurar kemalarning dvigateli, harakatlantiruvchilari, rul va langar qurilmalari hamda masofadan avtomatik boshqarish tizimi soz holda boʻlganda;
kema texnik soz va boshqariladigan boʻlganda;
oʻziyurmas kemalarning langar va shatakka olish qurilmalari soz boʻlganda;
izma-iz yoki yonma-yon bogʻlangan va 15 metrdan kam boʻlmagan shatakka olingan 500 va 300 tonna boʻlgan ikkita barja yoki 500 tonnadan boʻlgan ikkita barjadan iborat boʻlgan tarkibni oqim boʻylab shatakka olganda, halqasining diametri 17 millimetrdan kam boʻlmagan har bir oxirgi barjadan 75 metr sudralma zanjir tashlanib harakat qilganda;
orqa tomoni bilan suv oqimi boʻylab bitta barjadan zanjir tashlamasdan tushirilganda;
oqimga qarshi harakat qilganda, kemaning quvvatiga yoki tarkibning vazniga qarab 15-20 metrgacha shatak arqoni bilan uchtagacha barja shatakka olinganda, oxirgi barjadan uzunligi 50-75 metr sudralma zanjir tashlanganda.
110. Bogʻlash, shatakka olish, langar va rul qurilmalari nosoz kemalarni ponton koʻpriklarning ajratilgan qismidan oʻtkazishga, agar bu kemalar taʼmirlash uchun borayotgan yoki yoʻl-yoʻlakay yuklangan boʻlsa, faqat kapitan murabbiy yoki reyd kapitani rahbarligida yoʻl qoʻyiladi.
Kapitan murabbiy yoki reyd kapitani muayyan vaziyat va sharoitlarga qarab, avariya holatlarining oldini olish choralarini koʻradi va kemalarni xavfsiz oʻtkazib yuborish uchun toʻliq javobgar hisoblanadi. Uning ixtiyoriga dvigatelining quvvati bu ishlarni bajarishga moʻljallangan oʻziyurar kema ajratilishi shart.
111. Oqim boʻyicha harakatlanuvchi tarkiblarning oraliq masofasi 1 km dan, oqimga qarshi harakatlanuvchilarning oraliq masofasi esa 600 metrdan kam boʻlmasligi shart.
112. Koʻprikka yaqin joylarda kema yuradigan yoʻl egri va ponton koʻprigiga suv oqimi yon tomondan boʻlsa, kapitan barjani shatakka oluvchining iziga yoʻnaltirish uchun yordamchi oʻziyurar kema talab qilishi mumkin.
113. Koʻprikka yaqin joylarda va koʻprikning kema yuradigan ustunlari orasidagi kema tubidagi suv zaxirasi 10 santimetrdan kam boʻlsa, kemalar va tarkiblarni oʻtkazishga yoʻl qoʻyilmaydi.
114. Kema kapitanlari koʻprik ustunlari orasidan kemalarning xavfsiz oʻtishini taʼminlash uchun kema boshqarish amaliyotida yoki alohida vaziyatlarda qoʻllaniladigan barcha choralarni koʻrishlari shart.
115. Arqonli kechuv paromlari kelayotgan kemalarga oʻz vaqtida kema yuradigan yoʻlni boʻshatishi va ular yaqinlashganda qirgʻoqdan harakatni boshlamasligi shart.
116. Semaforlar yuqori tomondan koʻprik ustunlarigacha kamida 2.5 km masofada, quyidan — koʻprikdan kamida 500 metr oldin oʻrnatiladi.
Navigatsiya belgilari ayrilish va oʻzib ketish murakkab boʻlgan yoʻl uchastkalariga yaqin joylarga oʻrnatiladi.
Ponton koʻpriklarga kirish joyida kema yuradigan yoʻlning gabaritlarini koʻrsatish uchun signal machtalari boʻlishi shart.
Koʻprikdagi signallarga qarab turish, semafor va navigatsiya belgilariga xizmat koʻrsatish suv yoʻllari texnik uchastkalari tomonidan amalga oshiriladi.
117. Kemalar qarama-qarshi kelayotgan kemalarni oldindan koʻrib boʻlmaydigan, tartibga keltirilmaydigan yaqqol koʻrinmaydigan, yoyilib oqadigan, egri va tor joyga kirish davrida tezlikni pasaytirishi va bitta davomli tovushli signal berishi shart.
Kechki vaqt bu signal yuqoriga yoʻnaltirilgan projektor chiroqlari nuri bilan takrorlanishi shart.
Kemalar bunday uchastkalarga kirgandan soʻng ikkita davomli tovushli signal berishi, bunday uchastka katta masofada boʻlsa ikkita davomli tovushli signalni har 2-3 daqiqada takrorlashi shart.
118. Qarama-qarshi harakatlanayotgan kema uchastkaning bandligiga ishonch hosil qilgandan soʻng xavfsiz ayrilishni (oʻtkazib yuborish) taʼminlash uchun choralar koʻrishi, agar uchastka bir tomonlama boʻlsa, qarama-qarshi kemani oʻtkazib yuborish uchun toʻxtashi shart.
119. Harakat bir tomonlama boʻlgan uchastkaga kirish uchun oqimga qarshi harakatlanayotgan kema xavfsiz joyga toʻxtashi va oqim boʻyicha harakatlanayotgan kemani oʻtkazib yuborishi shart.
120. Kema yuradigan yoʻlda ishlayotgan zemsnaryadga yaqinlashgan kema kamida 1 km masofadan bitta davomli tovushli signal berishi shart.
121. Zemsnaryad kemani oʻtkazib yuborish uchun unga yetarli boʻlgan kema yoʻli qismini boʻshatishi, bitta davomli tovushli signal berishi va oʻtish tomonini bayroqcha yoki impulsli chiroqni siltab koʻrsatishi, qorongʻi vaqtda esa tent chiroqlarini yoqib-oʻchirib — agar zemsnaryad chap qirgʻoqqa oʻtgan boʻlsa — oq, oʻng qirgʻoqqa oʻtgan boʻlsa — qizil chiroqlarni yoqib-oʻchirib signal berishi shart.
122. Qorongʻi vaqtda kema yuradigan yoʻlning chap tomoni chekkasida ishlayotgan zemsnaryad bitta aylanma oq, oʻng tomon chekkasida — bitta aylanma qizil chiroqni yoqib-oʻchirib signal berishi shart.
123. Zemsnaryad yonidan oʻtib ketishga ruxsat beruvchi signalni olgan kema tovushli signal bermasdan bayroqchani siltab javob qaytarishi va ehtiyot choralarini koʻrib oʻtishi shart.
124. Bir vaqtning oʻzida zemsnaryadga oqim boʻyicha va oqimga qarshi kemalar yaqinlashganda, oqim boʻyicha harakatlanayotgan yoki yoʻnalishidan qatʼi nazar, tezyurar kema birinchi navbatda oʻtkazib yuborilishi shart.
125. Oʻtkazib yuborishning imkoni boʻlmaganda, zemsnaryad yaqinlashib kelayotgan kemaga kamida 1 km qolganda 5-marta qisqa tovushli signal yoki tez-tez qoʻngʻiroq urib ogohlantirish signalini berishi shart.
Bunday signalni olgan kema zudlik bilan takroran soʻrov bermasdan ruxsat olgunga qadar harakatni toʻxtatishi shart.
126. Kema yuradigan yoʻllarda suv osti yoki gʻavvoslik ishlari bilan band boʻlgan kemalar yonidan oʻtish zemsnaryadlarning yonidan oʻtish kabi signallar almashish orqali amalga oshiriladi.
9-bob. Amudaryo daryosida suzish
127. Kema yoʻlining chuqurligi, kengligi, burilish radiusi, kemalarning tubi boʻyicha oʻrnatilgan suv zaxirasi boʻlgan kema yoʻli gabaritlari orasidagi nisbiylik muvofiq kelmaganda, daryoda quyidagi ishlar amalga oshirilgandan soʻng kemalar va tarkiblarning harakatlanishiga ruxsat beriladi:
barcha kemalar suvga botishi boʻyicha kema yoki tarkibni koʻp suvli uchastkaga oʻtish imkonini bermaydigan chuqurlikni koʻrsatuvchi signal machtasiga yoki qirgʻoq belgisiga yaqinlashganda toʻxtashlari va vaxta boshliqlari suv yoʻllari texnik uchastkasi xodimlaridan suv yoʻlining holati toʻgʻrisida axborot olishlari, agar suv yoʻllari xizmatining xodimlari boʻlmasa, yoʻlning sayoz uchastkasini tekshirishi;
suv yoʻllari texnik uchastkalari xodimlari tomonidan sayoz uchastkadan oʻtishga qarshilik boʻlmasa, suvning yoyilib oqish uchastkasi boshqa kema bilan band emasligini, suv tubidagi yer yumshoq va oson yuvish mumkin ekanligini tekshirishi;
kema tubida zaxira suv boʻlmagan sayoz uchastkaga kirishdan oldin shatakka olingan kemalarning komandasini oldindan sayozlik orqali harakatlanishi toʻgʻrisida ogohlantirishi;
sayoz uchastkaga kirishdan oldin vaxta boshligʻining ruxsati bilan tarkibni yechish, bogʻlangan zanjirlarni yigʻib olish, langarlarni koʻtarish hamda xavfsiz suzishni taʼminlovchi boshqa choralarni koʻrish.
Suv yoyilib oqqan uchastkada bir nechta tarkib yigʻilib qolganda, ularni yoyiq joydan oʻtkazish uchun suv yoʻllari texnik uchastkasi xodimi rahbarlik qiladi.
128. Kema tubida zaxira suv boʻlmagan va suv tubida tosh borligini bildiruvchi belgi bilan belgilangan va suv yoʻllari texnik uchastkalarining radio byulletenlarida eʼlon qilingan qattiq yerli uchastkada (tosh, shagʻal) harakatlanish taqiqlanadi.
Bunday holatlarda kemalarning tubidagi suv zaxirasi quyidagi jadvalda koʻrsatilganidan kam boʻlmasligi shart:
Chuqurligi, metrda Oʻziyurar kemalar va shataklanuvchi tarkiblar, mm da Erkin yoʻllarda santimetrda Kanallarda barchasi, mm da Neft mahsulotlari va portlovchi vositalarni tashuvchi kemalar Shatakka olingan oʻziyurmas kemalar qumli va shagʻalli yerda, mm da toshli yerda qumli va shagʻalli yerda, mm da toshli yerda, mm da 1.5 gacha 100 100 150 50 100 150 1.5 — 3.0 150 150 200 100 150 200 3 dan ortiq 200 200 250 150 200 300
129. Tarkiblar va suv yoʻllarining gabaritlari orasidagi eng kam yetarli nomuvofiqlik tegishli suv yoʻllari texnik uchastkalari tomonidan daryoning toʻlqinlanishi, navigatsiya davri, shataklovchilarning tortish quvvati va harakat yoʻnalishiga qarab belgilanishi shart.
Suv yoʻllarining sharoitlari va daryo boʻylab harakatlanish yoʻnalishiga qarab, navigatsiyaning turli davrlarida tarkiblarning uzunligi va suvga botishi qisqarishi mumkin.
130. Suv yoʻllari texnik uchastkalari daryoning nazorat gidropostida suv sathining 1 metrdan ortiq pasayganligini aniqlasalar, bu uchastkani murakkab joyining yuqori yoki quyi qismida haqiqiy chuqurlik koʻrsatilgan signal machtasi yoki qirgʻoq belgisi oʻrnatib, erkin harakatlanish uchun yopib qoʻyishlari shart.
Erkin harakatlanish uchun ogohlantiruvchi choralarni koʻrmasdan kemalarning xavfsiz harakatlanishiga tahdid soluvchi, yetarli chuqurlikka ega boʻlgan, biroq tor yoki aylanma yoʻl, suv usti yoki suv osti toʻsiqlariga ega boʻlgan uchastkalar ham yopilishi shart.
131. Agar kemalarning erkin harakatlanishiga cheklanishlar oʻrnatilgan boʻlsa, u holda suv yoʻllari texnik uchastkalarining masʼul xodimlari cheklanishlar oʻrnatilgan uchastkada oʻzan shaklining oʻzgarishi va flot harakati ustidan doimiy nazorat oʻrnatishi va suv sathini tez-tez oʻlchab turishi, eng chuqur joylarni ishora qozigʻi va bakenlar bilan oʻrab qoʻyishi, oʻtib ketayotgan kemalarni kuzatib qoʻyishi va kema boshqaruvchilarini suv yoʻllari holati toʻgʻrisida xabardor qilishi shart.
132. Kema yoʻllarida harakatlanish uchun cheklanish joriy etilganligi toʻgʻrisida suv yoʻllari texnik uchastkalarining boshliqlari va bu uchastkalarda harakatlanayotgan kema egalari xabardor qilinishi shart.
133. Kema kapitanlari ichki kema yoʻllari boʻyicha kemachilik jihozlarining mavjudligi va bu jihozlarning toʻgʻri oʻrnatilganligini kuzatib borishi va kema yoʻllarining oʻzgarib turishiga qarab, kema harakatini vaziyat boʻyicha muvofiqlashtirib borishi shart.
134. Ichki kema yoʻllarini belgilashda nomutanosiblik yoki kemachilik jihozlari belgilarini standart va turidan chetga ogʻishganligi aniqlanganda, kema kapitani suv yoʻllari texnika uchastkasiga mavjud holat boʻyicha xabar berishi va bu uchastkada suzadigan barcha kemalar uchun ogohlantirish yuborish yoʻli bilan avariya holatlarini bartaraf etishni taʼminlaydigan choralar koʻrishi shart.
Suv yoʻllarining texnik uchastkalari bu haqda kemachilik registri inspektori va kema egalarini xabardor qilishi shart.
135. Ichki kema yoʻllarida kuzatilgan nosozliklar va koʻrilgan choralar toʻgʻrisida kapitan vaxta jurnaliga qayd etishi shart.
Ichki kema yoʻlining sayoz, yoyiq va toʻlqinli yoyiq uchastkalarida tezlik pasaytirilishi shart.
136. Vaxtani olib borish vaqtidan qatʼi nazar, quyidagi uchastkalarda kemani kapitanning oʻzi boshqarishi shart:
Ayvajning quyi qismi, Kachiguzar, Oltin oroli, Xatirobod irmogʻi, Hayraton temir yoʻl koʻprigi, Ayritom, Oq togʻ, Gʻishtepa, Eski Termiz, Tuyamoʻyin, Taxiatosh, Toʻrtkoʻl koʻprigi, Beruniy koʻprigi, Qipchoq koʻprigi, Qipchoq buruni, 152-postning suv osti toshli yoʻli, Taxiatosh shlyuzining yuqori byef yoʻli, Xoʻjayli — Nukus avtomobil yoʻli, Begab, Qizil jar.
10-bob. Tarkiblarni shakllantirish
137. Tarkiblarni shakllantirish ishlari ichki kema yoʻllarining gabaritlari, kemalarning texnik holati, ularning yuk koʻtarish qobiliyati va suvga botishi, har bir kemaning alohida ishlatish sifatlari va tashilayotgan yukning turini inobatga olib amalga oshiriladi.
Tarkibning boshida birinchi boʻlib bogʻlanadigan eng uzun, enli va suvga koʻproq botishga ega boʻlgan kema qoʻyiladi.
Yuklangan kemalar bilan birga boʻsh kemalar ham tarkibga kiritilsa, ular tarkibning oxiriga joylashtiriladi.
138. Kemalarni tarkibga sirtmoq yoki boshqa uzun bogʻlamlar bilan bogʻlash hamda sahnadan ochilgan teshik, komings, karlings, shpil, klyuz va kemalarning bu maqsadga moʻljallanmagan qurilmalariga bogʻlash qatʼiyan taqiqlanadi.
Har bir bogʻlangan arqon istalgan vaqtda alohida erkin yechilish yoki boʻshatish imkonini berishi shart. Tarkibni bogʻlash uchun barja shkiperi javobgar hisoblanadi.
139. Shatakka oluvchi teploxodning kapitani teploxodning quvvatidan yuqori darajada foydalanishi, shatakka olishning eng samarali uslublarini qoʻllashi, tarkibga kemalarni qulay joylashtirishi, shatak, bogʻlash arqonlarining uzunligi va qalinligini toʻgʻri tanlashi hamda harakat tezligiga rioya etishi, oqimga qarshi harakatlanganda tinch oqimli uchastkadan foydalanishi shart.
140. Tarkiblarning oqim boʻyicha harakatlanish davrida suv yoʻlining toʻsatdan oʻzgarishi natijasida shatakka oluvchi sayozlikka oʻtirib qolgan vaqtda, shatakka olingan kemalar oʻz inersiyalarini kamaytirish va shatakka oluvchiga urilishning oldini olish maqsadida tarkibning barcha kemalari orqa tomonidan sudralma zanjirlar yoki maxsus tayyorlangan lot tashlashi shart.
Quvvati 300 — 400 ot kuchiga ega boʻlgan har bir shatakka oluvchi kemada 200 metrdan kam boʻlmagan, quvvati 100 — 180 ot kuchiga ega boʻlgan kemada 75 metrdan kam boʻlmagan zanjirlar boʻlishi shart.
141. Kemalarni lotsiz boshqarishda qisqa uchastkalarda, qachonki shatakka oluvchi shatakka olinuvchi kemalarga nisbatan kamroq suvga botishga ega boʻlsa, suzishga ruxsat etiladi.
11-bob. Chegara hududlarida suzish
142 Chegara hududlarida suzish Xalqaro bitimlar va Oʻzbekiston Respublikasining chegara hududlarida faoliyat yuritishni tartibga soluvchi qonunchilik hujjatlari hamda mazkur Qoidalar bilan tartibga keltiriladi.
143. Yorituvchi kemachilik jihozlari mavjud boʻlmagan uchastkalarda kemalarning suzishiga kecha-kunduz ruxsat etiladi va ushbu uchastkalarda qorongʻilik va kunduz kuni havoning oʻzgarishi tufayli harakatlanish murakkablashsa, kema langarda yoki belgilangan qirgʻoqda toʻxtab turishi shart.
Toʻxtab turish joylari Davlat xavfsizlik xizmati Chegara qoʻshinlari chegara nazorati boʻlinmalari tomonidan suv yoʻllari texnik uchastkasi bilan kelishilgan holda belgilanadi.
Farvaterda toʻxtab turgan vaqtda ov, choʻmilish hamda odamlarni bortga olish va tushirish, yuklarni yuklash va tushirish taqiqlanadi.
Kemalarni chegaradosh davlat qirgʻogʻiga yaqin joylarda langarda toʻxtab turishiga yoʻl qoʻyilmaydi.
144. Chet elga suzadigan kemalarga chegarani kesib oʻtish huquqini beruvchi hujjatlar mavjud boʻlganda, xorij davlat portlari yoki pristanlariga toʻxtab turishga ruxsat beriladi.
Kemada avariya holati yoki tabiiy ofat sababli maxsus toʻxtab turish joyida toʻxtashning imkoni boʻlmasa, oʻng qirgʻoqning biror-bir joyida langarda turishi yoki bogʻlashga yoʻl qoʻyiladi, bu holda kema kapitanlari Chegara nazorati boʻlinmalariga chaqiruv signali berishlari shart.
145. Oʻng qirgʻoqda bogʻlash davrida kema komandasiga bogʻlash arqoni uzunligidan ortiq uzoqlikka borishi taqiqlanadi.
Qirgʻoqda olov yoqish, oʻtin tayyorlash, har xil buyumlarni qoldirish hamda zarurat boʻlmasdan qirgʻoq va sayozlikka chiqish taqiqlanadi.
Toʻxtab turish joyidan joʻnab ketganda, vaxta boshligʻi va barja shkiperi kemada komandaning toʻliqligi va qirgʻoqning holatini tekshirishi shart.
146. Kemadan qayiqlarni suvga tushirishga “Bort ortida odam” trevogasi boʻyicha sayoz joylarni oʻlchash ishlarini amalga oshirishda belgilarga xizmat koʻrsatish, ularni boshqa joyga koʻchirishda va avariya holatlarida ruxsat beriladi.
Qayiqda kamida ikki kishi boʻlishi, kema qayiqlarida balandligi 10 santimetrdan kam boʻlmagan harflar bilan kemaning bort raqami, nomi va kema egasining nomi yozilgan boʻlishi, tunda qayiqlar oq chiroq olib yurishlari shart.
147. Kemalarning Chegara nazorati boʻlinmalari bilan aloqalari quyidagi signallar yordamida oʻrnatiladi:
“toʻxtashni talab etaman” — tunda bitta qizil raketa otish, kunduz kuni — oq bayroqni siltash;
“Chegara nazorati boʻlinmalari vakillarini chaqirish” — ikkita davomli tovushli signal, bitta qisqa va bitta davomli tovushli signal berish;
koʻrish signali — kunduz kuni — machtada qizil bayroqni tushirish va koʻtarish, tunda — machta chiroqlarini yoqib oʻchirish.
148. Chegara hududlarida kemachilik jihozlari va belgilarini oʻrnatish suv yoʻllari texnik uchastkasi tomonidan Chegara nazorati boʻlinmalari bilan kelishilgan holda amalga oshiriladi.
149. Kemalar va ularning ekipaj aʼzolarini chegara hududlarida suzishga oʻrnatilgan tartibda rasmiylashtirilgan kema xizmatiga asosan ruxsat beriladi. Kema kapitani chegara naryadining birinchi talabi boʻyicha kema xizmati hamda tegishli hujjatlarni taqdim etishi shart.
150. Oʻzbekiston Respublikasi Davlat chegarasi hududidagi daryo floti dispetcherlari va kema kapitanlari kema egasiga va chegara nazorati boʻlinmalariga quyidagi maʼlumotlarni yetkazishlari shart:
chegaradosh davlat hududi tomonidan kemalarni yoki obyektlarni egallab olishga urinishlar;
qirgʻoqqa chegara buzuvchilarni tushirishi yoki tushirish alomatlari sezilganda yoki chegara buzuvchilarning qirgʻoqdan joʻnab ketishi;
odamlarning suzish vositalari yoki ularsiz daryodan suzib oʻtishi;
kema bortidan odamlarning yoki suzish vositalarining yoʻqolishi;
qirgʻoqdan kemani olib qochish yoki oʻgʻirlash, shuningdek, belgilangan vaqtda prichalga qaytmaganligi yoki hujjatlarni rasmiylashtirmasdan joʻnab ketishi;
suzish vositasi yoki ularsiz suzayotgan odamlarni bortga olishning barcha holatlari.
Koʻrsatilgan maʼlumotlar aloqa kanallari boʻyicha Chegara nazorati boʻlinmalari bilan kelishilgan parol boʻyicha uzatilishi shart.
151. Kemalarga ega korxonalarning maʼmuriyati va daryo floti dispetcherlari kanal orqali xabarnomani olgandan soʻng zudlik bilan Chegara nazorati boʻlinmalarining tezkor xizmatlarini hamda oʻtkazish punkti nazorat boʻlimini xabardor qilishlari shart.
152. Kema kapitanlari daryoda qoʻlbola vositalarda yoki ularsiz, suzuvchi vositalarda suzuvchilarni aniqlasa — suzuvchilarni bortga olishi, suzuvchi vositalarini esa ushlab qolishi va zudlik bilan kema egalari va Chegara nazorati boʻlinmalariga kelishilgan parol orqali xabar berishi va keyin ularning koʻrsatmalari boʻyicha harakat qilishi shart.
153. Kema egalarining daryo floti dispetcherlari xabarni olgandan soʻng zudlik bilan Chegara nazorati boʻlinmalari va oʻtkazish punkti nazorat boʻlimi tezkor xizmatini xabardor qilishi hamda har kuni soat 08:00 va 20:00 da xorij davlati portlarida turgan kemalarni qoʻshgan holda oʻtish joylarida turgan kemalarning joylashganligi toʻgʻrisida maʼlumot beradi. Barcha maʼlumotlar lotsman xaritasi (kilometr bilan) yoki manzil (aholi punkti, togʻlar, qirgʻoq belgilari) boʻyicha beriladi.
154. Kema kapitanlari “General Moʻmin” va Ayvaj portlari koʻpriklaridan oʻtish davrida Chegara nazorati boʻlinmalari talablariga qatʼiy amal qilishi shart.
12-bob. Kemalarda xavfli yuklar va zararli gaz ajratib chiqaruvchi yuklarni tashish
155. Xavfli yuklarga neft mahsulotlari, portlovchi va tez alanga oladigan vositalar hamda suv bilan qoʻshilganda reaksiyaga kirishib, yuqori temperatura ajratib chiqaradigan yoki alanga oladigan kimyoviy yuklar kiradi. Zararli gaz ajratib chiqaradigan kimyoviy yuklarga suv yoki havo bilan qoʻshilganda, zararli gaz yoki kimyoviy yukning oʻzi changlanib ketadigan yuklar kiradi.
156. Mazkur Qoidalarning 155-bandida koʻrsatilgan yuklar bilan yuklangan yoki tushirgandan soʻng ularning qoldigʻi boʻlgan kemalar portda yoki reydlarda boshqa kemalardan alohida qoʻyilishi shart. Bunday kemalarni reydda ikki yoki undan koʻp yonma-yon bogʻlash yoki qoʻyish qatʼiyan taqiqlanadi.
157. Xavfli yuklar yuklangan kemalar toʻxtab turganda machtasida: kunduz kuni — qizil toʻrtburchak bayroq, tunda — akkumulyator batareyasi manbasidan yoritiladigan, butun gorizont boʻyicha koʻrinadigan bitta qizil chiroq, shatakka olingan davrda esa butun gorizont boʻyicha koʻrinadigan bitta oq chiroq boʻlishi shart.
13-bob. Koʻrinish cheklangan sharoitlarda kemalarning suzishi
158. Gorizont boʻylab koʻrinish masofasi 1 kmdan kam boʻlganda kemalarning harakatlanishi taqiqlanadi.
159. Koʻrinish cheklangan davrda kema yoki tarkib faqat langarda toʻxtab turish uchun joyni tanlash uchun oʻzining harakatini davom ettirishi mumkin. Bu holatda kema muntazam koʻrish va eshitish orqali vaziyatni nazorat qilib borishi, tegishli tovushli signallarni berishi hamda radioaloqa boʻyicha efirda, oʻzi boʻlib turgan vaziyat va joylashuvi toʻgʻrisida xabar berishi shart.
160. Keyingi harakat toʻgʻrisida qaror qabul qilishda haqiqiy koʻrish masofasi, harakat intensivligi, kemalar (tarkiblar) gabaritlarining suv yoʻli gabaritlariga nisbiyligiga alohida eʼtibor qaratishi shart.
161. Radioaloqa boʻyicha muloqot olib borish davrida oʻzaro harakatlar aynan shu kema bilan kelishib olayotganligini aniq bilishi shart.
162. Harakatlanuvchi va toʻxtab turgan kemalar koʻrinish cheklangan davrda quyidagi signallarni berish orqali atrofdagi kemalarni ogohlantirishi shart:
harakatdagi kemalar har 2 daqiqadan koʻp boʻlmagan oraliqda — bitta davomli tovushli signal;
kemalarni yoki sollarni shatakka olgan kema har 2 daqiqadan koʻp boʻlmagan oraliqda — bitta davomli va ikkita qisqa tovushli signal;
koʻrinish cheklangan davrda kema yuradigan yoʻl chegarasida langarda yoki sayozlikda turgan oʻziyurar kema yaqinlashayotgan kemalarni ogohlantirish uchun bitta qisqa, bitta davomli va bitta qisqa tovushli signal berishi shart. Ekipajga ega boʻlgan oʻziyurmas kema bunday holda qoʻngʻiroqqa yoki metall predmetga tez-tez urish bilan signal beradi.
14-bob. Kemalardan ayrilish (oʻtkazib yuborish) va oʻzib ketish
163. Koʻrish masofasi 1 kmdan kam boʻlgan davrda qarama-qarshi harakatlanayotgan kemalar bir-birlaridan ayrilish vaqtida ular oldindan radioaloqa boʻyicha qulayroq joyni kelishib olishlari va faqat chap bortlari bilan ayrilishlari shart.
164. Oqimga qarshi harakat qiluvchi kema kelishilgan joyga yetib kelganda, qancha zarur va xavfsiz boʻlsa oʻng tomonga oʻtishi, toʻxtashi yoki tezlikni eng kam tezlikkacha pasaytirishi va qarama-qarshi kelayotgan kemani (tarkibni) chap borti tomonidan oʻtkazib yuborishi shart.
165. Oqim boʻyicha harakat qiluvchi kema kelishilgan joyga yetib kelganda, oldindan tezlikni eng kam tezlikkacha pasaytirishi, qancha zarur va xavfsiz boʻlsa oʻng tomonga oʻtishi va qarama-qarshi kema ortga qolgunga qadar shunday tezlikda harakat qilishi shart.
166. Koʻrish masofasi cheklangan davrda kemalarning bir-biridan oʻzib ketishiga yoʻl qoʻyilmaydi.
15-bob. Kemalarning toʻxtab turishi Langarda toʻxtab turgan kemalarga qoʻyiladigan talablar
167. Kemalar, tarkiblar va sollar maxsus ajratilgan reydlarda joylashish va toʻxtab turish tartibiga rioya etgan holda langarda turishlari shart.
168. Reydlarda kemalar, tarkiblar va sollarning joylashtirilishi va toʻxtab turishi mahalliy suzish sharoitlardan kelib chiqib ishlab chiqilgan mahalliy qoidalar va mazkur Qoidalar bilan oʻrnatilgan tartibda belgilanadi. Reydlar navigatsiya xaritalarida koʻrsatilgan boʻlishi shart.
169. Kemalar, tarkiblar va sollarning harakatlanish yoʻlida yoki reydlar boʻlmagan joylarda langarda turish uchun zarurat paydo boʻlganda, ular kema yuradigan yoʻlga yaqinroq boʻlgan, boshqa kemalarning harakatlanishiga va manyovr qilishiga xalaqit bermaydigan xavfsiz joyda langarda toʻxtab turish joyini tanlashi shart.
170. Kemalar, sollar, debarkader, zemsnaryad, suzuvchan koʻprik va boshqa suzuvchi vositalardan tashlangan langarlar harakatlanayotgan kemalarga xavf tugʻdirmasligi shart.
Kemalardan tashlangan toʻrt shoxli va admiralti langarlar oq va qizil hoshiya bilan boʻyalgan buylar (qalqovich) bilan belgilangan boʻlishi shart.
Buyning uzunligi shunday boʻlishi lozimki, langar tashlangandan soʻng buy ortiqcha zaxirasiz suvning yuzida boʻlishi shart.
Langar va bogʻlash zanjirlarini buysiz tashlash taqiqlanadi. Har bir langarda, uning vazni va mansubligi koʻrsatilgan tamgʻa boʻlishi shart.
171. Barcha kemalar toʻxtash zarur boʻlganda farvaterdan tashqarida, ustun va kema yoʻli oʻzgarishini koʻrsatib turadigan belgilardan 100 metrdan kam boʻlmagan masofada va boshqa kemalarning harakatlanishiga xalaqit bermaydigan joyda toʻxtashi shart.
Koʻprik, suv inshootlari oldidagi sayoz, burilish va tor joylar, debarkader hududi, yoʻlovchi va yuk prichallariga kirish joylari, kechuv joylari, navigatsiya belgilari, suv osti kabellari yotqizilgan joylar, suv osti oʻtish joylari, suv olinadigan joylar, suv qisilib oqadigan qirgʻoqlar va suv yoʻllari texnik uchastkasi tomonidan alohida eʼlon qilingan joylarda toʻxtab turish taqiqlanadi.
Kemachilikni siqib qoʻyayotgan kemalar va boshqa suzuvchi inshootlar ushbu kemalar va suzuvchi inshootlar egalari tomonidan boshqa joyga oʻtkazib qoʻyilishi shart.
Xuddi shunday prichal yonida turgan, yuklash operatsiyalari bilan band boʻlmagan yoki yuklash operatsiyalarini bajarishga yoki boshqa kemalarning harakatlanishiga xalaqit berayotgan kemalar ham boshqa joyga oʻtkaziladi.
Kemalar yoʻlovchi debarkaderlari va doklardan 200 metrdan kam boʻlmagan masofada langarda toʻxtab turishi yoki prichalga bogʻlanishi shart.
172. Neft mahsulotlari (yoki ularning qoldigʻi boʻlgan), portlovchi, zaharlovchi vositalar va tez alanga oladigan yuklar bilan yuklangan kemalar portlar va reydlarda, kemalarga ishlov berish boʻyicha mahalliy qoidalar bilan belgilangan maxsus joylarda alohida turadi. Boshqa kemalar bu kemalardan 300 metrdan kam boʻlmagan masofada joylashtiriladi.
173. Kemalar farvaterda yoki unga yaqin joyda toʻxtab turganda, qirgʻoqqa bogʻlangan yoki langarda toʻxtab turganda doimo nazorat ostida boʻlishi, vaxtadagilar esa mazkur Qoidalar bilan belgilangan signallarni berib borishi shart.
174. Shatakka oluvchi kema shatakka olingan kemani bogʻlash yoki uni langarga qoʻyish davrida u kema yuradigan yoʻlni ozod etmagunga qadar qoldirishi mumkin emas va shatakka oluvchining vaxta boshligʻi shatakka olingan kemaning ishonchli va xavfsiz toʻxtab turishiga ishonch hosil qilishi shart.
16-bob. Amudaryo daryosida komandasi boʻlmagan barjalar va boshqa kemalarning toʻxtab turishi
175. Komandasi boʻlmagan barjalar va boshqa kemalarning ularda signal chiroqlari boʻlmaganda, toʻxtab turishiga kema yuradigan suv yoʻllaridan tashqarida, ishonchli bogʻlash qurilmalari bilan jihozlangan toʻxtab turish uchun maxsus ajratilgan joylarda ruxsat etiladi.
176. Komandasi boʻlmagan barjalar va boshqa kemalarning ularda signal chiroqlari boʻlmaganda, kema yuradigan suv yoʻllari chegarasida toʻxtab turishiga faqat shatakka oluvchi bilan quyidagilar mavjud boʻlganda ruxsat etiladi:
uzunligi 50 metrdan kam boʻlgan kemalar bilan toʻxtab turganda — signal chiroqlari mazkur Qoidalarga muvofiq;
uzunligi 50 metrdan ortiq boʻlgan kemalar bilan toʻxtab turganda — signal chiroqlari mazkur Qoidalarga muvofiq va unga qoʻshimcha shatakka olgan kema yaqinlashayotgan va oʻtib ketayotgan kemalarga toʻxtab turgan kemalar yoki tarkibning joylashganligini koʻrsatuvchi kema projektori yoki boshqa nur taratuvchi qurilmalar.
Komandasi boʻlmagan barjalar va boshqa kemalarni nazoratsiz qoldirishga yoʻl qoʻyilmaydi.
17-bob. Xavfsizlik va yordam koʻrsatish choralari
1-§. Yordam koʻrsatish choralari
177. Kema boshqaruvchilari va shkiperlari kemachilik jihozlari va belgilarining shikastlanganligi hamda ichki kema yoʻllarida langar, bogʻlovchi zanjir, sudralma zanjir va boshqa buyumlarning yoʻqotilganligi sababli boshqa kemalarning xavfsiz suzishiga tahdid paydo boʻlganligi toʻgʻrisidagi barcha holatlarni post va qarama-qarshi kelayotgan kemalarga buyum yoʻqotilgan joyni aniq koʻrsatib xabar berishi, zudlik bilan choʻkkan buyumni koʻtarishi yoki ogohlantiruvchi belgilar bilan toʻsib qoʻyishi va bu haqda suv yoʻllari texnik uchastkasi hamda kema egalarini xabardor qilishi shart.
178. Kemada choʻkish xavfi tugʻilganda, kema kapitani yoki shkiperi hamda uni shatakka olgan kema farvaterni boʻshatish va avariyaga uchragan kemani biror qirgʻoqqa yoki sayoz joyga olib borish uchun barcha choralarni koʻrishi shart.
179. Suvda baxtsiz hodisa yuz berib, odamlar hayoti xavf ostida boʻlganda, uning yaqin atrofida joylashgan barcha kemalar zudlik bilan oʻzlarida mavjud vositalar bilan yordam berishlari shart.
180. Agar kemaning halokati muqarrar boʻlsa, kapitan yoʻlovchilarni qutqarish boʻyicha barcha choralarni koʻrgandan soʻng ekipajga kemani tark etishga ruxsat beradi. Kapitanning oʻzi kemani oxirida tark etishi shart.
181. Avariya holati boʻyicha kema kapitani yoki boshqa suzish vositasidagi masʼul shaxslar sxematik chizmalar, aybdorlar va jabrlanganlarning hamda guvohlarning (agar ular boʻlsa) tushuntirish xatlari bilan uch nusxada mazkur Qoidalarga ilovaga muvofiq shaklda Kemada sodir etilgan avariya toʻgʻrisida dalolatnoma tuzadi va vaxta jurnalidan hodisa toʻgʻrisidagi yozuvdan koʻchirma oladi.
Dalolatnomaning bir nusxasi hujjatlarni qayd etib yaqin joylashgan kemachilik registri inspektoriga, ikkinchi nusxasi qayd etilgan hujjatlarni ilova etib kema egasiga beriladi, uchinchi nusxasi esa oʻzida qoldiriladi.
Hujjat tuzish davrida kapitan bu ishga flot boshligʻi yoki kapitan-murabbiyning ishtirok etishini taʼminlashi shart.
182. Texnik nosozliklar natijasida yuzaga kelgan avariya hodisalari toʻgʻrisida kema kapitani yaqin joylashgan Kemachilik registri inspektorini xabardor qilishi va zudlik bilan uning talablarini bajarish choralarini koʻrishi shart.
183. Mazkur Qoidalarda koʻzda tutilmagan barcha holatlarda kema boshqaruvchisi kemani boshqarish amaliyotidan kelib chiqqan yoki bu holatning alohida vaziyatlarini hisobga olgan holda, suzish xavfsizligini taʼminlash boʻyicha choralarni koʻrishi shart.
184. Ekipaj aʼzolari quyidagi trevogalar boʻyicha oʻz vazifalarini bilishi va aniq bajarishi shart:
yongʻin trevogasi;
suv trevogasi;
“Bortdan tashqarida odam” trevogasi.
Kemada trevogalar boʻyicha umumiy jadvallar quyidagi joylarda osilgan boʻlishi shart:
koʻprikchada;
oshxona yoki koridorda, barcha ekipaj koʻrishi mumkin boʻlgan joyda.
Alohida jadvallar varaqasi kayutalar boʻyicha osib qoʻyilgan boʻlishi shart.
Vaxta joylashgan joyda telefonlar roʻyxati, port maʼmuriyati va yongʻin komandasini xabardor qilish uchun koʻrsatib qoʻyilgan trevogalar boʻyicha jadval osib qoʻyilgan boʻlishi shart.
2-§. Komandasi boʻlmagan barjani shatakka qabul qilish davrida xavfsizlikni taʼminlash
185. Kema boshqaruvchisi barjani shatakka qabul qilishdan oldin oʻziyurmas flot boʻyicha qirgʻoq inspektori bilan birgalikda har bir barjaning texnik holatini aniqlash uchun ularni koʻrikdan oʻtkazadi.
Koʻrik davrida quyidagilar aniqlanishi shart:
qobiqning suv oʻtkazmasligi;
bogʻlash, shatakka olish va langar qurilmalarining sozligi;
toʻxtab turish uchun oʻrta qism bruslari va krinolin butunligi;
biriktirilgan inventarning mavjudligi;
kemani saqlab qolish uchun kurashga moʻljallangan va qoʻl ostida doim boʻlishi kerak boʻladigan materiallar va avariya inventarining mavjudligi;
suvga botishi, kren, different va yukning toʻgʻri joylashganligi.
186. Barjalardan iborat tarkibni shakllantirishdan va shatakka olishdan oldin kapitan (vaxta boshligʻi) ularning texnik holatini tekshirishi va “Kema jurnali”ga qayd etishi shart.
187. Shatakka oluvchining ekipaji barjalarni qabul qilib olganligi toʻgʻrisidagi dalolatnoma rasmiylashtirilgan vaqtdan boshlab, komandasi boʻlmagan barjalarning texnik holati, saqlanishi va ularga xizmat koʻrsatilishi uchun javobgar hisoblanadi.
Komandasi boʻlmagan barjalarni nazoratsiz qoldirish taqiqlanadi.
188. Shatakka oluvchining kapitani (vaxta boshligʻi) komandasiz barjalarni doim nazorat qilib turishi va bunday kemalar qanday holatda boʻlmasin, ulardan halokat signali kelmasligini eʼtiborga olishi shart.
Shatakka oluvchining ekipaji doimo yuqori safarbarlikka tayyor turishi va kemani saqlab qolish uchun kurashish inventari, aslaha hamda boshqa vositalar toʻliq va shtat joylarida boʻlishini taʼminlashi shart.
189. Yoʻlning murakkab uchastkasini oʻtish davrida kemalar suv osti toʻsiqlariga duch kelganda, unga chiqib ketganda yoki sayozlikka oʻtirib qolgan holatlarda vaxta boshligʻi zudlik bilan harakatni toʻxtatishi va kemalarning holatini tekshirishi shart.
190. Belgilangan punktga kelgandan soʻng kapitan (vaxta boshligʻi) kemalar bilan sodir etilgan holatlar toʻgʻrisida tuzilgan dalolatnomalarni ilova etgan holda (agar qatnov davomida sodir etilgan boʻlsa), kema egasiga bajarilgan qatnov boʻyicha bildirgi taqdim etadi.
3-§. Qayiqlarni teploxod borti yoniga qabul qilishda xavfsizlik choralari
191. Harakatlanayotgan teploxod borti yoniga qayiqlarning kelishiga yoʻl holati va boshqa sabablar boʻyicha xabardor qilish zarur boʻlganda yoʻl qoʻyiladi.
Harakatlanayotgan gʻildirakli teploxod yoniga qayiqlarning kelishiga yoʻl qoʻyilmaydi.
192. Qayiq boshqaruvchisi teploxod borti yoniga kelishdan oldin kema oldidan kamida 1 km masofada “Qayiqni qabul qilishingizni soʻrayman” signalini quyidagi tartibda beradi:
Kunduz kuni — oq chiroq yoki oq bayroqni boshi tepasiga koʻtarib;
tunda — oq chiroqni doira qilib aylantirib.
193. Vaxta boshligʻi qayiqni qabul qilishga roziligini yoki rad etishni quyidagi tovushli signallar bilan beradi:
qayiqni oʻng bort tomondan qabul qilishda — bitta qisqa tovushli signal;
qayiqni chap bort tomondan qabul qilishda — ikkita qisqa tovushli signal;
qayiqni qabul qilishga rad etish — beshta tez-tez qisqa tovushli signal.
194. Bortiga qabul qilish uchun teploxodning roziligini olgan qayiq teploxodning bortiga uzatish uchun maxsus langar yoki arqonni tayyorlab teploxodning harakat yoʻnalishi boʻylab burilishi shart.
Qayiqni kema bortiga quyidagi joylardan qabul qilib olishga yoʻl qoʻyiladi:
gʻildirakli teploxodda — old bort knextlari joylashgan old qismidan;
gʻildirakli past bortli teploxodlarda — vaxta boshligʻining qarori boʻyicha old qismi yoki gʻildirakning orqa qismidan. Bunda qayiq qabul qilinayotgan shu bortning gʻildiragi toʻxtatib qoʻyilgan boʻlishi shart;
vintli teploxodlarda — bortning oʻrtasidan.
195. Bort yoniga qayiqni qabul qilish davrida vaxta boshligʻi xavfsiz qabul qilishni taʼminlash boʻyicha quyidagi choralarni koʻrishi shart:
maxsus langarni yoki arqonni qabul qilib olish uchun changak bilan odam yuborishi, oqimga qarshi burilishi yoki tinch oqar suvga oʻtishi;
mashina boʻlimining vaxta boʻyicha rahbarini mashinalar ish rejimini oʻzgartirishga tayyor turishi haqida ogohlantirishi.
4-§. Kechuvlarga qoʻyilgan talablar
196. Kechuvlardan foydalanish va ularga qarab turish mazkur Qoidalar talablariga muvofiq boʻlishi shart.
197. Daryo va boshqa suv havzalarida kechuvlarni tashkil etishda quyidagi ishlarni amalga oshirgandan keyin yoʻl qoʻyiladi:
daryo suvi oqimining tezligi eng kam va oqim yoʻnalishi qirgʻoqqa parallel boʻlgan hamda kema yoʻli tomonidan qulay va xavfsiz kelish uchun yetarli uzunlikdagi suv yoʻli uchastkasi boʻlishi;
odamlarni va avtomobillarni kemaga kelishi uchun qattiq qoplamaga ega boʻlgan tekis yer maydoni va unga kirish yoʻllari boʻlishi;
kemalarning turiga qarab, qirgʻoqda shvartov qurilmalarining toʻgʻri va mustahkam oʻrnatilgan boʻlishi.
Kemalarni daraxtlarga, yuqori kuchlanishdagi elektr ustunlariga va qirgʻoqdagi boshqa tasodifiy narsalarga bogʻlash taqiqlanadi;
odamlarni qirgʻoqdan kemaga qulay va xavfsiz oʻtishini taʼminlaydigan, balandligi 1 metrdan, eni 0.6 metrdan kam boʻlmagan, har bir metrda 80 kg yuk koʻtarish qobiliyatiga ega, uzunligi boʻylab yoy boʻyicha 0.04 metrdan ortiq egilmaydigan, tutqich va leyerlar bilan jihozlangan, mustahkam konstruksiyaga ega boʻlgan koʻprikchalar mavjud boʻlishi;
qiya oʻrnatiladigan koʻprikchalarda, ularning uzunligi boʻylab har 300 — 400 mm oraligʻida oʻlchamlari 300 — 500 mm x 50 x 30 mm boʻlgan koʻndalang yogʻoch reyka oʻrnatilgan boʻlishi;
kunduz kuni aniq koʻrinadigan va tunda yoritadigan ogohlantiruvchi belgilarning (suv chuqurligi, kechuv uchun foydalanishda boʻlgan kemaning yuk koʻtarish qobiliyati) mavjud boʻlishi;
kechuv ishlarini xavfsiz amalga oshirish boʻyicha yoʻriqnomalar mavjud boʻlishi, kemaga chiqishdan oldin va kema bortida odamlarga yoʻriqnoma oʻtkazilishi.
198. Kechuv uchun foydalaniladigan kemalar quyidagi talablarga javob berishi shart:
kemalar Kemachilik registri inspektorlari tomonidan texnik koʻriklardan oʻtkazilgan va Registrning kema hujjatlariga ega boʻlishi;
kechuv ishlarini amalga oshirayotgan shaxs kema haydovchisi guvohnomasiga ega boʻlishi va kema ekipajining barcha aʼzolari suzishni, choʻkayotgan odamni qutqarish usullarini va birinchi yordam berishni bilishi;
kechuv ishlariga jalb etilgan kemalar qutqaruv vositalari, avtomashina va hayvonlarni mahkamlash vositalari bilan jihozlangan boʻlishi;
bort himoya toʻsiqlari texnik loyiha hujjatlariga muvofiq boʻlishi va odamlarni bortdan tashqariga tushib ketishini istisno etishi;
eshkakli va motorli qayiqlar yuk vaterliniyasidan 10 santimetrdan baland boʻlgan qutqaruv himoya toʻsigʻi bilan jihozlangan boʻlishi;
kema bortiga kirish joyi yaqinida qutqaruv doirasi, shuningdek, uzunligi 25 metrdan kam boʻlmagan tashlanadigan arqon bogʻlangan bitta qutqaruv doirasi boʻlishi;
kemaning koʻrinadigan joyida yoʻlovchi sigʻimi va yuk koʻtarish qobiliyati toʻgʻrisidagi axborot osib qoʻyilgan hamda quyidagi maʼlumotlar boʻlishi:
“Haydovchilar! Mashinalarni tormozga va birinchi uzatmaga qoʻyinglar, bogʻichlarni tekshiring”;
“Bortga yaqinlashmang, himoya toʻsiqlariga suyanmang!”;
“Silkinishdan ehtiyot boʻling!”.
199. Xavfsizlik talablariga javob bermagan kechuvlarning ishlatilishi Kemachilik registri inspektori tomonidan taqiqlanadi.
Kechuvlar faoliyatini tiklashga faqat kamchiliklarni bartaraf etgandan va Kemachilik registri inspektori tomonidan tegishli hujjatlar rasmiylashtirilgandan soʻng yoʻl qoʻyiladi.
200. Yoʻlovchi va yuklar xavfsiz va ishonchli tashilishi uchun kechuv ishlarini tashkil etgan korxona rahbari va uni amalga oshirayotgan kema kapitani javobgar hisoblanadi.
17-bob. Yakunlovchi qoida
201. Mazkur Qoidalar talablarining buzilishida aybdor boʻlgan shaxslar qonunchilik hujjatlarida belgilangan tartibda javob beradilar.
Oʻzbekiston Respublikasining ichki kema yoʻllarida suzish qoidalariga ILOVA
Kema bilan sodir etilgan avariya toʻgʻrisida DALOLATNOMA 20___ yil __________ oyi _____ kuni __________________________________ (tuzilgan joyi) Biz, quyida imzo chekuvchilar___________________________________________ (lavozimi, familiyasi, ismi, otasining ismi) _________________________________________________________________________________________________ (boshqa guvohlar uchun — har birining yashash manzili) quyidagilar toʻgʻrisida dalolatnoma tuzdik: Teploxod _______________________________________________________________________________________________________ quvvati _____________________________________ ot kuchi, suvga botishi _____________________________________________ sm, tegishliligi____________________________________________________________________________________________________ harakatlanishi _____________________ boʻsh yoki ______________ kemadan iborat tarkib bilan. (daryo boʻyicha yuqori, quyi) tarkib uzunligi ____________________________ metr, eni _________________________ metr, (har bir kemaning suvga botishi koʻrsatilsin) tarkib kemalarining suvga botishi ________ metr Tarkibni bogʻlash usuli quyidagicha _________________________________________________________________________________ (bayon etilsin) Agar sollar tarkibi shatakka olingan boʻlsa, uning raqami va egasi hamda gabarit oʻlchamlari (uzunligi, eni, suvga botishi, biriktirish usuli koʻrsatilsin) ______________________________________________________________________________________________ Olib borayotgan kemaning paluba boʻyicha vaxtadagilari _______________________________________________________________________________________________________________ (lavozimi, familiyasi, ismi, otasining ismi, diplom boʻyicha mutaxassisligi) mashina boʻyicha komandasi ________________________________________________________________________________________ (lavozimi, familiyasi, ismi, otasining ismi, diplom boʻyicha mutaxassisligi) Ob-havo holati: shamol yoʻnalishi va kuchi, koʻrinishi, farvaterdagi kemachilik jihozlarining holati: lozim boʻlgan qirgʻoq va suzuvchi belgilarning mavjudligi, ularning joylashishi va yoritishi, navigatsiya belgisida koʻrsatilgan chuqurlikning haqiqiy chuqurlik bilan mosligi. Avariya quyidagi sharoitlarda sodir etildi (avariya sodir etilgan joyning aniq manzili, vaqti, bajarilgan barcha manyovrlar, avariyagacha va avariya vaqtida yurish tezligi, shatakka olgan kemaning vaxta boshligʻi tomonidan avariya sodir etilishidan oldin va avariya vaqtida kema shkiperi yoki sol brigadiriga berilgan barcha koʻrsatmalar batafsil koʻrsatib bayon etilsin). Avariyani zudlik bilan bartaraf etish boʻyicha koʻrilgan choralar koʻrsatilsin. Agar kemalar va sollarning toʻqnashuvi sodir etilgan boʻlsa, qarama-qarshi yoki oʻzib ketayotgan kemalar (sollar) tegishli tovush va koʻrish signallari bilan jihozlanganligi, ularning toʻgʻri qoʻllanilganligi, signallar bilan oʻzaro almashish vaqtlari bayon etilsin. Agar avariya kema yoki sol toʻxtab turgan joyda sodir etilgan boʻlsa (suv sathining tushib ketishi, suv kirganligidan choʻkib qolishi, yongʻin va boshqalar), u sodir etilgan barcha sharoit va vaziyatlar bayon etilsin. Mexanizm yoki ularning detallari, harakatlantiruvchi va kemaning boshqa qurilmalari singanda yoki shikastlanganda, shikastlanish nimadan iboratligi, mexanizmlar va detallarning avariyagacha toʻgʻri ishlaganligi, oxirgi qishki toʻxtab turish davrida va qaysi kema taʼmirlash ustaxonasi yoki zavodda shikastlangan detal taʼmirga jalb etilganligi bayon etilsin. Sol shikastlanganda uning biriktirilishi. Biriktirish, shakllantirish va jihozlash qoidalari talablariga muvofiqligi koʻrsatilsin (shatakka olingan sol bilan avariya sodir boʻlganda avariya toʻgʻrisidagi dalolatnoma sol brigadiri ishtirokida tuziladi). Dalolatnomaning xulosa qismida quyidagilar koʻrsatilsin: a) odamlar bilan baxtsiz holatlar boʻlganmi, agar yuz bergan boʻlsa, baxtsiz hodisalarning oldini olish va odamlarni qutqarish uchun qanday choralar koʻrilganligi qayd etilsin; Halok boʻlganlarning yoki jarohatlanganlarning familiyasi, ismi, otasining ismi va yashash manzili; b) yuklar yoʻqotilishi yoki ishdan chiqishi, xususan, qaysilari va qancha miqdorda; v) avariyada ishtirok etgan kemalarning toʻxtab qolganligi vaqti (soatlarda); g) avariyani bartaraf etish boʻyicha yordam koʻrsatish uchun boshqa kemalarning sarflagan vaqti (soatlarda). Dalolatnomani tuzgan shaxslar va uni tuzishda ishtirok etgan shaxslarning (avariya holati guvohlarining) imzolari. Dalolatnomaga avariya joyining quyidagilar koʻrsatilgan sxematik chizmasi ilova qilinadi: Oqim yoʻnalishi, kemalarning avariyagacha, avariya vaqtida va avariyadan keyingi joylashuvi, farvater jihozlari belgilarining joylashuvi.
Vazirlar Mahkamasining 2023-yil 11-sentabrdagi 462-son qaroriga 2-ILOVA
Daryo transportini texnik ishlatish
1-bob. Umumiy qoidalar
1. Mazkur Daryo transportini texnik ishlatish qoidalari (keyingi oʻrinlarda — Qoidalar) Oʻzbekiston Respublikasining kema qatnaydigan ichki suv yoʻllarida, tabiiy va sunʼiy barpo etilgan suv havzalarida daryo transporti vositalaridan (keyingi oʻrinlarda — kema) foydalanish davrida suzish xavfsizligini taʼminlash, suvda inson hayotini muhofaza qilish, atrof-muhit ifloslanishining oldini olish va yuklarni ishonchli tashishga qaratilgan texnik ishlatish asoslarini belgilaydi.
2. Mazkur Qoidalarda quyidagi asosiy tushunchalardan foydalaniladi:
davlat nazorat organlarining mansabdor shaxslari — Oʻzbekiston Respublikasi Transport vazirligi huzuridagi Transport nazorati inspeksiyasining kemalarni, Favqulodda vaziyatlar vazirligining kichik hajmli kemalarni nazorat qilish vakolati berilgan mansabdor shaxslari;
texnik ishlatish — kemalardan texnik loyiha hujjatlariga yoki oʻrnatilgan texnik-iqtisodiy koʻrsatkichlarga muvofiq belgilangan vazifalari boʻyicha xavfsiz va samarali foydalanishni taʼminlash maqsadida ularni texnik soz holda saqlash boʻyicha kema ekipaji, korxona va tashkilot ishchi-xodimlari tomonidan amalga oshiriladigan faoliyat;
texnik xizmat koʻrsatish — kemani, kema texnik qurilmalari, korpus konstruksiyalari, mexanizmlari va tizimlarini (keyingi oʻrinlarda kema qurilmalari va mexanizmlari) texnik soz holda saqlash va ulardan belgilangan texnik ishlatish koʻrsatkichlariga rioya etish;
texnik foydalanish — kema qurilmalari va mexanizmlarining belgilangan vazifa va texnik ishlatish koʻrsatkichlariga muvofiq ishlashini taʼminlash;
taʼmirlash — kema qurilmalari va mexanizmlarining texnik holati hamda belgilangan texnik ishlatish koʻrsatkichlarini tiklash.
3. Qoidalar kemalardan belgilangan maqsad va texnik koʻrsatkichlariga muvofiq avariyasiz va samarali foydalanish uchun ularning yaroqli holatda saqlanishini taʼminlash boʻyicha kema ekipaji aʼzolarining, korxona va tashkilot ishchi-xodimlarining kemalarga texnik xizmat koʻrsatish boʻyicha vazifalarini belgilaydi.
4. Qoidalar talablari foydalanishda, loyihalashda, qurishda, taʼmirlashda va qayta jihozlashda boʻlgan kemalarga tatbiq etiladi.
5. Kemalarda texnik ishlatish boʻyicha qoidalar va yoʻriqnomalar mavjud boʻlmasa, ularni ishlatishga yoʻl qoʻyilmaydi.
2-bob. Kemalarni texnik ishlatish boʻyicha asosiy talablar
1-§. Kema egasi boʻlgan jismoniy va yuridik shaxslar hamda kema ekipajiga talablar
6. Mazkur Qoidalar mulkchilik shaklidan qatʼi nazar, kema egasi boʻlgan jismoniy va yuridik shaxslarga (keyingi oʻrinlarda — kema egasi), belgilangan tartibda Oʻzbekiston Respublikasi davlat bayrogʻi ostida suzadigan va kema reyestriga kiritilgan kemalarga tatbiq etiladi.
7. Kema egasi kemani foydalanishga qabul qilib olgan vaqtdan boshlab, uni texnik ishlatish uchun toʻliq javobgar hisoblanadi.
8. Kemalardan foydalanishga ularda kema hujjatlari va amalda boʻlgan Registr hujjatlari mavjud boʻlganda yoʻl qoʻyiladi.
9. Belgilangan vazifasidan qatʼi nazar, foydalanishda boʻlgan kema quyidagi talablarga javob berishi shart:
lozim darajada texnik soz holatda boʻlishi;
belgilangan vazifasiga muvofiq ekipaj aʼzolari bilan taʼminlanishi;
bortida aniqlash belgilari — kema nomi, roʻyxatga olingan porti va belgisi, bort raqami mavjud boʻlishi;
kemada uning texnik holati yaroqli ekanligini tasdiqlovchi kema va Registr hujjatlarining mavjud boʻlishi;
texnik qismlari, radioaloqa va navigatsiya boʻyicha zarur hujjatlar va qoʻllanmalarning mavjud boʻlishi;
belgilangan vazifa va suzish hududiga qarab yetarli darajada moddiy-texnik taʼminoti, zaxira qismlari, yonilgʻi-moylash materiallari, avariya-qutqaruv va yongʻinga qarshi vositalari, kemani saqlab qolish uchun kurash vositalari va asbob uskunalarga ega boʻlishi.
10. Kemalarni texnik ishlatish davrida quyidagilar taʼminlangan boʻlishi shart:
kema qurilmalari va mexanizmlarining konstruktiv, texnik, sanitariya, ekologiya talablariga muvofiq ishonchli, xavfsiz va avariyasiz ishlatilishi;
suvda yoʻlovchi, kema ekipaji hayotini muhofaza qilish va atrof-muhit ifloslanishining oldini olishi;
tashilayotgan yuklarning saqlanishi;
mehnat xavfsizligi, kema ekipajining dam olish sharoitlari yaratilishi;
boshqa kemalarning suzishiga xavf tugʻdirmaslik, kanal, port inshootlari, navigatsiya tizimlariga shikast yetkazmaslik;
kema qurilmalari va mexanizmlari, avariya-qutqaruv vositalarining favqulodda vaziyatlarda doimiy shay holda boʻlishi;
kema ekipaji kemani saqlab qolish uchun kurashish va suvda halokatga uchragan shaxslarga yordam berish uchun doimiy shay boʻlishi;
kema qurilmalari va mexanizmlarining belgilangan texnik-iqtisodiy koʻrsatkichlarga muvofiq ishlatishga shay boʻlishi;
kema qurilmalari va mexanizmlarining texnik holati qonunchilik hujjatlari talablariga muvofiq boʻlishi.
11. Kema qurilmalari va mexanizmlarida suzish sifatini yoʻqotishga olib kelgan avariya holatlari sodir boʻlganda, kema kapitani uni avariya sodir etilgan portda yoki birinchi kirgan portda kemachilik registri inspektoriga texnik koʻrikdan oʻtkazish uchun taqdim etishi shart.
12. Kema egasi davlat nazorati organlari mansabdor shaxslariga ularning oʻz xizmat vazifalarini bajarish uchun toʻsqinliklarsiz kemalarda boʻlishini taʼminlashi shart.
13. Kemaning boshqaruv tarkibi — kapitan, mexanik va ularning yordamchilari hamda shkiper lavozimlarini egallashi uchun ular kema haydovchisi guvohnomasiga ega boʻlishi shart.
14. Kema ekipaji aʼzolari har yili bir marta xavfsizlik texnikasi va malaka bilimlarini tekshirishdan oʻtkazishlari shart.
15. Faoliyati kemachilik bilan bogʻliq boʻlgan ishga qabul qilinuvchi shaxslar ushbu ishni bajarishga yaroqli ekanligini tasdiqlovchi tibbiy koʻrikdan oʻtishga jalb etilishi va keyinchalik bu xodimlarni tibbiy koʻrikdan oʻtkazish davriyligi kema egalari tomonidan belgilangan tartibda amalga oshirilishi shart.
2-§. Kemalarni texnik ishlatish
16. Kema egasi tomonidan kemalarni texnik ishlatish boʻyicha amalga oshiriladigan ishlar oʻz ichiga quyidagilarni olishi shart:
kemalarda texnik ishlatish ishlarini boshqarish va tashkil etish;
korxona maʼmuriy boshqaruv tarkibidan kemalarni texnik ishlatish boʻyicha masʼul shaxsni tayinlash;
kema qurilmalari va mexanizmlarini texnik yaroqli holatda saqlash uchun kema boshqaruv tarkibiga biriktirish;
kemalarda daryo transporti sohasiga oid qonunchilik hujjatlari, mazkur Qoidalar talablarining bajarilishi va kema hujjatlarining amal qilish muddatini nazorat qilish;
kemalarni texnik koʻriklardan oʻtkazishni tashkil etish;
kema ekipaji aʼzolarining mehnat va dam olishi rejimini tashkil etish;
kemani xavfsiz texnik ishlatish uchun zarur boʻlgan jihozlar bilan taʼminlash;
favqulodda vaziyatlar davrida kema egasi va kema bilan aloqalarni tashkil etish;
kemalarni taʼmirlash sifati va muddatini nazorat qilish;
kemalar tarkibi va texnik holatining hisobini yuritish va nazorat qilish;
avariya holatlarini aniqlash, tahlil qilish va hisobini yuritish va ularni bartaraf etish boʻyicha tadbirlar ishlab chiqish;
kemalarga texnik xizmat koʻrsatish, ularni taʼmirlash va jihozlash, foydalanishda boʻlgan kemani taʼmirga chiqarish uchun sarflanadigan mablagʻni rejalashtirish.
17. Kema ekipaji tomonidan kemani texnik ishlatish boʻyicha amalga oshiriladigan ishlar oʻz ichiga quyidagilarni olishi shart:
kemalarda vaxta xizmati tarkibi va joylashuvi boʻyicha vaxta jadvalini ishlab chiqish, bunda vaxta xizmati boʻyicha jadval kema kapitani tomonidan tasdiqlanadi;
kema qurilmalari va mexanizmlarini texnik yaroqli va toza holatda saqlash;
kemalardan texnik-iqtisodiy koʻrsatkichlariga muvofiq belgilangan vazifalari boʻyicha xavfsiz va samarali foydalanish;
kema qurilmalari va mexanizmlarini texnik ishlatish boʻyicha kema egasi tomonidan belgilangan yoqilgʻi, yoqilgʻi-moylash materiallari sarfi, yoqilgʻi va moy turlari rejimiga rioya etish, bunda ularning hisobi har kuni muvofiq ravishda kema va mashina vaxta jurnallarida qayd etiladi;
texnik oʻquv mashgʻulotlari oʻtkazish, bunda texnik oʻquv mashgʻulotlari, guruh rahbarlari va tarkibi, mashgʻulot oʻtkazish tarkibi kema kapitani tomonidan tasdiqlanadi;
kema egasiga belgilangan shaklda hisobot hujjatlarini taqdim etish.
18. Kemani texnik ishlatish boʻyicha kema ekipaji aʼzolarining javobgarligi quyidagicha belgilanadi:
kemani texnik ishlatish boʻyicha umumiy javobgarlik kema kapitani zimmasida boʻladi;
kema texnik qurilmalari, tizimlari, uzatmalari va paluba usti mexanizmlarini texnik ishlatish boʻyicha javobgarlik kema mexanigi zimmasida boʻladi;
kema korpusi konstruksiyalari, yopqichlar (qopqoqlar), xonalar va paluba qurilmalarini texnik ishlatish boʻyicha javobgarlik kema kapitanining katta yordamchisi zimmasida boʻladi;
kemaning alohida qurilma va mexanizmlarini texnik ishlatish boʻyicha shu qurilma va mexanizmlariga biriktirilgan boshqaruv tarkibidagi shaxs (kema ekipaj aʼzolari) javobgar hisoblanadi;
belgilangan vazifalarni bajarish davrida kema tizimlari va korpusi konstruksiyalaridan texnik foydalanish uchun javobgar vaxta xizmati xodimlari hisoblanadi.
Kema kapitani kemani texnik ishlatishni tashkil etish boʻyicha umumiy rahbarlikni kemaning katta mexanigiga topshirishi mumkin.
19. Kema boshqaruv tarkibi (kema ekipaji aʼzolari) kema qurilmalarining ishlash tamoyili, texnik ishlatish tavsifi, konstruksiya elementlari va oʻzlariga biriktirilgan mexanizmlarning xususiyatini yetarli darajada bilishi va ularni ishlatish uchun doimiy shay holda saqlashi, oʻz vaqtida nazorat organlariga texnik koʻrikdan oʻtkazishga taqdim etishi va texnik hujjatlarni toʻgʻri yuritilishini taʼminlashi shart.
20. Kemaning barcha qurilmalari va mexanizmlaridan belgilangan vazifalariga muvofiq foydalanish shart.
Qurilmalar va mexanizmlarning oldida ularni ishga tayyorlash, ishga tushirish, ish rejimini nazorat qilish va toʻxtatish boʻyicha kema mexanigi yoki kapitanning katta yordamchisi tomonidan tasdiqlangan yoʻriqnomalar osib qoʻyilgan boʻlishi shart.
21. Kema boshqaruv tarkibi shaxslari (ekipaj aʼzolari) kemaga tayinlangandan keyin quyidagi ishlarni amalga oshirishlari shart:
oʻzlariga biriktirilgan kema qurilmalari, korpus konstruksiyalari va tizimlarini tekshirish, kemani qabul qilish davrida esa ularni ishlatib koʻrish;
oʻzlariga biriktirilgan boʻlinma boʻyicha kema hujjatlarining amal qilish muddati, toʻliqligi va ularni yuritish;
qoʻl ostidagi tarkib bilan shaxsan tanishish;
kema taʼminoti, hujjatlari va normativ hujjatlar mavjudligini tekshirish;
boʻlinmani qabul qilganligi toʻgʻrisida dalolatnoma bilan rasmiylashtirish va kema mexanigi yoki kapitan katta yordamchisini xabardor qilish va oʻz navbatida, bu haqda kema kapitanini xabardor qilish.
22. Kema kapitani, katta mexanigi yoki kapitan katta yordamchisi (kema ekipaji aʼzolari) oʻzgarganda, oʻz boʻlinmalarining texnik holati boʻyicha tegishli ravishda qabul qilib olayotgan kema katta mexanigi yoki kapitan katta yordamchisini xabardor qiladi va bu haqda kema kapitaniga axborot beriladi.
23. Kemalar belgilangan vazifalari boʻyicha mahalliy suzish sharoitlariga muvofiq belgilangan meʼyordagi taʼminot bilan butlangan boʻlishi shart.
Kema taʼminotining toʻliqligi uchun javobgar kema egasi hisoblanadi.
Kema taʼminoti uchun buyurtma kema kapitani tomonidan beriladi, bunda buyurtma meʼyor va reja asosida hamda uni kemada mavjud boʻlgan qoldiq qismiga qarab tuziladi.
24. Kemaga texnik xizmat koʻrsatish va taʼmirlash davrida qoʻllaniladigan taʼminot, jihozlar, zaxira qismlar va materiallar ularning sifatini tasdiqlovchi sertifikatlarga ega, standartlar va texnik shartlarga muvofiq boʻlishi shart.
3-§. Kemalardan texnik foydalanish
25. Kema, kema qurilmalari va mexanizmlaridan foydalanish kema ekipaji tomonidan amalga oshiriladi.
Texnik foydalanish qurilma va mexanizmlarni ishga tayyorlash, ishga tushirish va ish rejimini oʻzgartirish, belgilangan va haqiqiy texnik tavsifini solishtirish, chetga ogʻishlarni baholash va qayd etish, texnik holatini nazorat qilish va hisobini yuritishni oʻz ichiga oladi.
26. Kema, kema qurilmalari va mexanizmlaridan foydalanish boshqaruv postidan amalga oshiriladi.
Kemalardagi boshqaruv postlari vaxta va navbatchi postlarga ajratiladi.
Vaxta posti — unda doim vaxta xodimi boʻlishini talab etadi.
Navbatchi post — unda vaxta xodimi doim boʻlishini talab etmaydi.
27. Kemada vaxta va navbatchi postlarni belgilash kemani avtomatlashtirilganidan kelib chiqib, kemasozlik korxonasining yoʻriqnomalari, oʻrnatilgan texnik vositalari va tizimlari, loyiha hujjatlari va modernizatsiyasiga qarab, kema egasi tomonidan belgilanadi.
28. Vaxta va navbatchi postlardan kema qurilmalari va mexanizmlaridan texnik foydalanish faqat vaxta xizmati xodimlari yoki kema kapitani, kema kapitanining katta yordamchisi yoki kema mexanigi tomonidan tayinlangan kema ekipajining boshqa aʼzolari tomonidan amalga oshiriladi va bu haqda kema yoki mashina jurnalida qayd etiladi.
29. Kema qurilmalari va mexanizmlaridan texnik foydalanish qatʼiy ravishda qonunchilik hujjatlari, ishlab chiqaruvchi zavod yoʻriqnomalari, mazkur Qoidalar va kema egasi tomonidan tasdiqlangan yoʻriqnomalar talablari asosida amalga oshirilishi shart.
Koʻrsatilgan hujjatlar talabidan chetga chiqishga faqat kema kapitani yoki mexanigi ruxsati bilan, agar kemada inson hayoti, kema xavfsizligiga tahdid paydo boʻlganda yoki avariya holatlarida kechiktirib boʻlmaydigan vaziyatlarda esa kema kapitanining vaxta yordamchisi yoki vaxta mexanigi ruxsati bilan yoʻl qoʻyiladi va bunday holatlar boʻyicha kema va mashina jurnallarida tegishli yozuvlar qayd qilinishi hamda kema kapitani va kema egasi xabardor qilinishi shart.
30. Kemaning asosiy dvigatellarini boshqarish bevosita vaxta mexanigi, masofadan turib boshqarish esa kema kapitanining vaxta yordamchisi tomonidan amalga oshiriladi.
Kema kapitani va vaxtada boʻlgan uning yordamchilari asosiy dvigatellar va muvofiqlashtiriluvchi vintni masofadan boshqarish hamda ularning ishlash rejimi boʻyicha yoʻriqnomaning tegishli qismlarini yaxshi bilishi shart.
31. Kema, kema qurilmalari va mexanizmlarning holati va ishlash rejimini nazorat qilish maxsus oʻlchov asboblari yordamida uzatiladigan nazorat-oʻlchov priborlari va avariya-ogohlantirish signallari koʻrsatkichlari boʻyicha ishlash muhitining tahlili hamda kema qurilmalari va mexanizmlarining umumiy holatini koʻrish, shovqin va tebranishlarni kuzatish orqali amalga oshiriladi.
Nosozliklar aniqlanishi kerak boʻlgan boshqariladigan parametrlar roʻyxati ishlab chiqaruvchi zavod va kema egasi yoʻriqnomalari bilan belgilanadi.
32. Barcha avariya-ogohlantirish va himoya signallari doim ish holatida va ishlab chiqaruvchi zavod yoʻriqnomalari, kema qurilmalari va mexanizmlarini texnik ishlatish qoidalari, kema egasi tomonidan tasdiqlangan reja-jadval asosida davriy tekshirib turilishi shart.
Nazorat tariqasida tekshirish va ehtiyotdan taʼmirlash davrida oʻchirish faqat kema kapitani yoki mexanigi ruxsati bilan amalga oshiriladi va bu haqda kema va mashina jurnallariga qayd etiladi hamda vaxta xizmati xodimlari xabardor qilinadi.
33. Manevrlarni qayd qilish pribori kemani manevr qilish va uning harakatlanish rejimida ham doim ishlash holatida boʻlishi, uni oʻchirishga faqat nosozliklarni bartaraf etish davrida kema kapitanining vaxta yordamchisi ruxsati bilan yoʻl qoʻyiladi va bu haqda kema va mashina jurnallarida qayd etiladi.
Manevrlarni qayd etish priborining oʻrnatilgan joyiga qarab, vaxta davomida kamida bir marta vaxta mexanigi yoki kema kapitanining vaxta yordamchisi tomonidan koʻrsatkichlarning toʻgʻri ekanligi tekshirilishi shart.
Manevrlarni qayd etish priborining tasmasi kamida bir yil kema mexanigida saqlanishi va undan keyin saqlash uchun kema egasiga topshirilishi shart.
34. Avariya himoya qurilmalari muvofiqlashtirilgan va zarur hollarda vakolatli organlar tomonidan tamgʻalangan boʻlishi va kemadan foydalanish davrida tamgʻalarni yechish holatlari mashina jurnallarida qayd etilishi shart.
Avariya himoya qurilmalarining tamgʻasi kema kirgan birinchi portda tegishli muvofiqlashtirilgandan va tekshirib koʻrilgandan soʻng tiklanishi shart.
35. Kemaning barcha oʻlchov vositalari yaroqli holda boʻlishi va amaldagi guvohnoma yoki oʻrnatilgan tartibda tekshirilganligi toʻgʻrisida tamgʻaga ega boʻlishi shart.
36. Avariya-ogohlantirish signallari va avariya himoya vositalari ishlab ketganda, vaxta mexanigi bu haqda kema kapitanining vaxta yordamchisini va kema mexanigini xabardor qilishi, kema qurilmalari va mexanizmlaridagi nosozliklarning kelib chiqish sabablarini aniqlashi va bartaraf etish choralarini koʻrishi shart.
Avariya-ogohlantirish signallari va avariya himoya vositalari muntazam xato ishlab tursa, vaxta mexanigi kema kapitanining vaxta yordamchisini xabardor qilgan holda ularni oʻchirishga va kema qurilmalari va mexanizmlari ish rejimini tiklashga haqli. Kema va mashina jurnallarida bu haqda tegishli yozuvlar qayd etilishi shart.
Vaxta mexanigi tomonidan avariya-ogohlantirish signallari va avariya himoya vositalari ishdan chiqqan yoki oʻchirilgan kema qurilmalari va mexanizmlarining ishlash koʻrsatkichlari ustidan nazoratni kuchaytirish boʻyicha choralar koʻrilishi shart.
37. Kema shikastlanishi tufayli tashilayotgan yuk yoki odamlar hayotiga tahdid paydo boʻlganda, kema kapitanining vaxta yordamchisi avariya-ogohlantirish signallari va avariya himoya vositalarini oʻchirish toʻgʻrisida mustaqil qaror qabul qiladi.
Avariya-ogohlantirish signallari va avariya himoya vositalari oʻchirilishining har qanday holati boʻyicha kema kapitanining vaxta yordamchisi zudlik bilan bu haqda vaxta mexanigiga xabar beradi va kema kapitaniga axborot beradi hamda bu haqda kema va mashina jurnallarida qayd etadi.
38. Mashina boʻlimining markaziy boshqaruv posti va yurish koʻprikchasidagi asosiy boshqaruv postida mashina telegrafida koʻzda tutilgan, kema energetik qurilmasining old va orqaga ishlaydigan barcha rejimida eshkak vinti yoki qadami muvofiqlashtiriluvchi vintning aylanish chastotasi koʻrsatilgan jadval boʻlishi shart.
39. Foydalanish davrida kema qurilmalari va mexanizmlarida aniqlangan nosozliklar ular ishdan toʻxtatilgandan keyin bartaraf etilishi, vaziyat bunga yoʻl qoʻymaganda esa, vaxta xizmati xodimlari odamlarning xavfsizligini va kema qurilmalari, mexanizmlari shikastlanishining oldini olishi shart.
40. Kema qurilmalari va mexanizmlaridagi nosozliklarni bartaraf etish uchun ularni toʻxtatish va ishga tushirish kema mexanigi ruxsati bilan amalga oshiriladi va kema kapitani hamda uning vaxta yordamchisi xabardor qilinadi.
41. Kemaning asosiy dvigatellari kutilmagan vaziyatda ishdan toʻxtab qolganda (majburiy, oʻz-oʻzidan yoki avtomatik himoyaning ishga tushishi natijasida), vaxta mexanigi bu haqda zudlik bilan yurish koʻprikchasidagi kema kapitanining vaxta yordamchisini va katta mexanikni xabardor qilishi shart.
Kemaning asosiy texnik qurilmalari kutilmagan vaziyatda ishdan toʻxtab qolganda, vaxta xizmati xodimlari zaxirada boʻlgan texnik qurilmalarni (agar ular mavjud boʻlsa) ishga tushirishga va bu haqda kema kapitani, uning vaxta yordamchisi va mexanigini xabardor qilishi shart.
Har qanday holatda ham kema texnik qurilmalarini ishdan toʻxtatishga sabab boʻlgan nosozliklarni zudlik bilan aniqlash va bartaraf etish choralari koʻrilishi shart.
Kema texnik qurilmalarining ishdan toʻxtatishga sabab boʻlgan nosozliklarni bartaraf etmasdan ularni ishlatishga yoʻl qoʻyilmaydi.
42. Kema, kema qurilmalari va mexanizmlarining ish rejimi, ularni ishlatish sharoitlari, kema maʼmuriyatining kema qurilmalari va mexanizmlarini ishlatish boʻyicha bergan koʻrsatmalari, ularni bartaraf etish choralari kemaning hisobot hujjatlarida aks ettirilishi shart.
43. Kemaning harakatlanish rejimi kapitan tomonidan belgilanadi. Oddiy va alohida suzish sharoitlarida kema, kema qurilmalari va mexanizmlarining ish rejimini belgilash, saqlab turish va oʻzgartirish tartibi hamda inson hayotiga, kema va yukning xavfsizligiga tahdid paydo boʻlgan davrda ekipaj tarkibining harakati ishlab chiqaruvchi zavod yoʻriqnomalari va mazkur Qoidalar bilan belgilanadi.
Kema suzishining alohida sharoitlari, uning manevr rejimida ishlash (shvartov jarayonlari, kanallardan va tor yoʻllardan oʻtish, portga kirish va undan chiqish, kemalarning ayrilishi, muz va tuman davrida suzish) jarayonlari hisoblanadi.
44. Alohida suzish sharoitlarida qoʻshimcha ishlatish talab etiladigan kemaning barcha texnik vositalari vaxta xizmati xodimlari tomonidan oldindan ishlatishga shay holga tayyorlab qoʻyilgan boʻlishi shart.
45. Kema kapitanining vaxta yordamchisi manevrlar boshlanishidan kamida 1 soat, portga kirishdan oldin esa 1.5-2 soat oldin, biroq asosiy dvigatellarni ishlab chiqargan zavod yoʻriqnomasida koʻrsatilganidan kam boʻlmagan vaqt ichida dvigatellardagi yuklama asta-sekin kamaytirib borilishi toʻgʻrisida vaxta mexanigini xabardor qilishi shart, avariya holatlarining oldini olish va qutqarish jarayonlari bundan mustasno.
Manevrlar tugagandan soʻng kapitanning vaxta yordamchisi bu haqda vaxta mexanigini xabardor qiladi.
46. Vaxta mexanigi kutilayotgan manevrlar toʻgʻrisida xabarni olgandan keyin zudlik bilan mashina boʻlimidagi markaziy boshqaruv postiga yetib kelishi va bu haqida katta mexanikni ogohlantirishi va kemaning texnik vositalarini manevr qilish rejimiga tayyorlashi shart.
Asosiy dvigatellar va qadami muvofiqlashtiriluvchi vintni yurish koʻprikchasidan masofadan boshqarish davrida ularni manevrlarga va orqaga yurishga tayyorlashni kapitanning vaxta yordamchisi amalga oshiradi va bu haqda u oldindan vaxta mexanigini ogohlantiradi.
Vaxta mexanigi yurish koʻprikchasidan berilgan koʻrsatma boʻyicha asosiy dvigatellar va qadami muvofiqlashtiriluvchi vintni boshqarishni oʻziga olish uchun doim shay turishi shart.
47. Suzishning alohida sharoitlarida kemaning elektr stansiyasi kemadagi elektr energiyasini isteʼmol qiluvchi asosiy vositalarini shunday taʼminlagan boʻlishi kerakki, elektr energiyasi manbaidan birining ishdan chiqishi kemaning energiyasiz qolishiga olib kelmasligi shart.
48. Kemaning zaxira va avariya texnik vositalarini ishlatishga tayyor ekanligi davriy tekshirib turilishi, agar qonunchilik hujjatlarida boshqacha nazarda tutilgan boʻlmasa, ularni tekshirish ikki haftada kamida bir marta amalga oshirilishi shart.
49. Kemalarning tayyorgarlik holati toʻxtab turish sharoiti va rejimiga qarab, kema egasi tomonidan doimiy yoki maʼlum muddatga belgilanadi.
Kemaning doimiy tayyorgarligiga kema egasi tomonidan belgilangan, imkon qadar eng qisqa vaqt ichida uning energetik qurilmasi va boshqa zarur texnik vositalari ishga tushirilishini taʼminlash kiradi.
Kema maʼlum muddatda ishga tayyorlanganda, vaxta xizmati kemaning energetik qurilmasi va boshqa texnik vositalarini belgilangan vaqtda ishga tushirilishini taʼminlashi shart.
50. Toʻxtab turish davrida kemani ishga tayyorgarlik darajasi kema kapitani tomonidan belgilanadi, bunda kapitan kemaning tayyorgarlik darajasidan doim xabardor boʻlib turishi shart.
4-§. Kemalarga texnik xizmat koʻrsatish
51. Kemalarning texnik vositalari, korpus konstruksiyalari va tizimlariga texnik xizmat koʻrsatish kema egasi tomonidan tasdiqlangan kemalarga texnik xizmat koʻrsatish reja jadvali asosida amalga oshiriladi.
Kemalarga texnik xizmat koʻrsatish kemani texnik soz holatda saqlash, texnik holatini nazorat qilib turish, nosozliklarni aniqlash va bartaraf etish, yeyilgan va ishdan chiqqan detal va uzellarni almashtirishga yoʻnaltirilgan ishlar majmuasini oʻz ichiga olishi shart.
52. Texnik xizmat koʻrsatish boʻyicha ishlar mexanizmlar ishlashdan toʻxtatilgandan keyin kema kapitanini xabardor qilgan holda, mexanik (katta mexanik) yoki kema kapitanining birinchi yordamchisi ruxsati bilan amalga oshiriladi.
53. Kema texnik vositalari, korpus konstruksiyalari va tizimlariga texnik xizmat koʻrsatish rejali-ehtiyotdan texnik xizmat koʻrsatish tizimi asosida reja-jadval, ularning haqiqiy texnik holatini tavsiflaydigan nazorat-oʻlchash asboblari yoki diagnostika va putur yetkazmaydigan oʻlchash natijalari tahlili asosida amalga oshiriladi.
54. Texnik xizmat koʻrsatishni belgilangan hajmda va muddatda bajarish, texnik qurilmalariga qarab turish ishlari kema boshqaruv va oddiy tarkib ishchilariga biriktiriladi.
Kema mexanigi texnik xizmat koʻrsatish boʻyicha bajarilgan ishlarni doim nazorat qilib turishi shart.
55. Kemalarga har kunlik texnik xizmat koʻrsatish kema ekipaji tomonidan amalga oshiriladi.
Kema texnik qurilmalariga rejali davriy texnik xizmat koʻrsatish ishlab chiqaruvchi zavodning yoʻriqnomalariga muvofiq kema ekipaji yoki kemasozlik korxonalari ishchilari tomonidan amalga oshiriladi.
56. Texnik xizmat koʻrsatish boʻyicha ishlarni bajarish davrida aniqlangan barcha nosozliklar va nuqsonlar bartaraf etilishi shart.
Agar nosozliklar va nuqsonlarni bartaraf etish imkoni boʻlmasa va bu nosozliklar xavf tugʻdirmasa, Kemachilik registri inspektori foydalanish boʻyicha cheklov belgilagan holda kemadan vaqtincha foydalanishga ruxsat beradi.
57. Kemaning barcha asosiy mexanizmlari va tizimlari, ularni yechish va yigʻish uchun zarur boʻlgan maxsus asbob-uskunalar bilan jihozlangan boʻlishi shart.
Zaxira qismlar, maxsus asbob-uskunalar va moslamalar doim yaroqli holda, ularning sifatli saqlanishini taʼminlaydigan, koʻrik uchun qulay boʻlgan oson olinadigan maxsus joylarda oʻrnatilgan boʻlishi shart.
5-§. Kemalarni taʼmirlash
58. Kemalarni taʼmirlash ishlari ixtisoslashtirilgan kema taʼmirlash korxonalarida amalga oshiriladi.
Kemalarni taʼmirlash uchun foydalanishdan chiqarish kema egasining buyrugʻi bilan rasmiylashtiriladi.
59. Kemalarni taʼmirlash quyidagi turlarga ajratiladi:
kema egasi tomonidan tasdiqlangan kemalarni taʼmirlash rejasiga asosan bajariladigan ishlarni nazarda tutuvchi — rejali taʼmirlash;
kema qurilmalari va mexanizmlarining avariya davrida olgan shikastlanishlarini bartaraf etish bilan bogʻliq boʻlgan — rejadan tashqari taʼmirlash.
60. Kemani taʼmirlash boʻyicha shartnoma, taʼmirlash ishlari roʻyxati, nosozliklar dalolatnomasi va bajariladigan taʼmirlash ishlari roʻyxati kemani taʼmirlash uchun asosiy hujjatlar hisoblanadi.
Belgilangan taʼmirlash ishlari roʻyxatini tuzish uchun dastlabki materiallar boʻlib quyidagilar hisoblanadi:
kema texnik vositalari va konstruksiyalarining texnik holati qayd etilgan formulyar va jurnallar;
nazorat qiluvchi organlarning dalolatnomalari, taqdimnomalari va talablari;
ruxsat etilgan yemirilish meʼyorlari;
taʼmirlash oldidan aniqlangan nosozliklar, foydalanish jarayonida amalga oshirilgan kuzatishlar va koʻriklar natijalari;
normativ hujjatlar boʻyicha belgilangan talablar;
kema boʻyicha konstruktorlik va texnik loyiha hujjatlar.
61. Kema egasi kemani taʼmirga qoʻyishdan oldin quyidagi ishlarni amalga oshirishi shart:
zarur boʻlganda kemasozlik korxonasi vakillarini taʼmirlash hujjatlari, belgilangan taʼmirlash ishlarining xususiyatlari va hajmini aniqlash maqsadida kemada boʻlishini taʼminlash;
belgilangan taʼmirlash ishlari roʻyxatini Kemachilik registri inspektori bilan kelishish;
shartnoma shartlariga muvofiq kemani taʼmirlashga tayyorlash;
kemasozlik korxonasiga belgilangan taʼmirlash ishlarining roʻyxati, kemani modernizatsiya qilish va qayta jihozlash boʻyicha texnik loyiha boʻyicha ish chizmalarini topshirish;
taʼmirlash davrida kemaning xavfsiz toʻxtab turishini taʼminlash uchun ekipaj aʼzolari tarkibi va sonini tasdiqlash.
62. Kemani taʼmirlashga tayyorlash boʻyicha ishlarning oʻz vaqtida amalga oshirilishi boʻyicha kema kapitani javobgar hisoblanadi.
Kemani taʼmirlashga tayyorlash boʻyicha ishlarga kema mexanigi va kapitan yordamchisi rahbarlik qiladi.
63. Taʼmirlashga tayyor kemani kemasozlik korxonasiga topshirish dalolatnoma bilan rasmiylashtiriladi. Dalolatnoma imzolangan sana taʼmirlash ishlari boshlangan sana hisoblanadi.
Taʼmirlashga jalb etilgan kemani taʼmirlash jarayonida ish chizmalari, eskizlar va texnologik jarayonlarni ishlab chiqish ehtiyoji paydo boʻlganda, ularni kemasozlik korxonasi ishlab chiqadi.
64. Kemani taʼmirlash davrida kema egasi va kemasozlik korxonasi tomonidan javobgar shaxslar tayinlanadi va bir-birini xabardor qiladi.
65. Kemani taʼmirlash davrida Kemachilik registri inspektori va kema egasi tomonidan texnik nazorat olib boriladi.
Taʼmirlash davrida foydalaniladigan kemaning texnik qurilmalari va konstruksiyalari boʻyicha konstruktorlik, texnik loyiha va texnologik jarayonlar hujjatlari kema egasi va Kemachilik registri inspektori bilan kelishilishi shart.
Kemachilik registri nazorati ostida boʻlgan mexanizmlar va jihozlar hamda kemaga oʻrnatiladigan buyumlar va materiallar tegishli hujjatlarga (sertifikatlarga) ega boʻlishi shart.
66. Kemasozlik korxonasiga taʼmirlash uchun topshirilgan kemaning texnik vositalari, konstruksiyalari va kemaning oʻzini toʻliq texnik koʻrikdan oʻtkazish, taʼmirlash boʻyicha ishlab chiqilgan konstruktorlik va taʼmirlash hujjatlarini koʻrib chiqish hamda nuqsonlarni aniqlash, oraliq, shvartov va yurish sinovlarida Kemachilik registri inspektorining ishtirok etish tartibi kemasozlik korxonasi va Kemachilik registri bilan tuziladigan shartnoma bilan belgilanadi.
67. Kemani (dokka) taʼmirlashga qoʻygandan soʻng kemasozlik korxonasi va kema egasining vakillari kemaning tag qismini tekshirishdan oʻtkazadi, zarurat boʻlganda taʼmirlash ishlari va muddatini aniqlash uchun kema texnik vositalari va konstruksiyalarining alohida qismlaridagi nuqsonlarni aniqlaydi.
Kemaning texnik qurilmalari va konstruksiyalarini taʼmirlash xususiyatlarini aniqlash uchun taʼmir oldi sinovlardan oʻtkazish talab etilsa, kema egasi sinovlar oʻtkazilishini taʼminlashi shart.
68. Taʼmirlash davrida texnik nazorat olib borish uchun zarur boʻlgan konstruktorlik, texnik loyiha va texnologik jarayonlar hujjatlari Kemachilik registri inspektorining talabi boʻyicha unga taqdim etilishi shart.
69. Kemasozlik korxonasi tomonidan ishlab chiqilgan texnik qurilmalar va konstruksiyalarda aniqlangan nuqsonlar boʻyicha taʼmirlash ishlari roʻyxatining toʻliqligi va sifati uchun kemasozlik korxonasi javob beradi. Kemasozlik korxonasi nuqsonlarni aniqlash uchun kema egasi vakilini va zarur hollarda Kemachilik registri inspektorini taklif etishi mumkin.
70. Kemani dokdan tushirish kema kapitanining kema suvga tushirishga tayyor ekanligi toʻgʻrisidagi yozma koʻrsatmasi bilan amalga oshiriladi.
Kemasozlik korxonasi tomonidan kemaning choʻkmasligi uchun korpus va uning yopqichlarida suv oʻtkazmaslik taʼminlangan boʻlishi shart.
71. Kapitan, mexanik va ularning yordamchilari yoki kema boshqaruv tarkibi aʼzolari kemada taʼmirlash ishlarini bajarish davrida oʻz boʻlinmalarida quyidagi ishlarni amalga oshirish shart:
kemasozlik korxonasi tomonidan nuqsonlarni aniqlash ishlarini amalga oshirishda ishtirok etish;
taʼmirlash ishlari roʻyxati, konstruktorlik, texnik loyiha va texnologik jarayonlar hujjatlari boʻyicha ishlar toʻliq va sifatli bajarilishini nazorat qilish;
taʼmirlash ishlarining oʻz muddatida bajarilishini nazorat qilish va belgilangan vaqtda kemani taʼmirlashdan chiqarish choralarini koʻrish;
kema texnik qurilmalari va korpus konstruksiyalarining asosiy qismlarini oraliq qabul qilish hamda kemada taʼmirlash ishlari tugagandan soʻng yakuniy qabul qilish.
72. Kemasozlik korxonasi tomonidan kema egasiga topshiriladigan texnik qurilmalar va korpus konstruksiyalari oldindan tekshirilgan boʻlishi va dalolatnoma bilan rasmiylashtirilgan boʻlishi shart.
Kema egasi kemani kapital taʼmirdan qabul qilib olish davrida Kemachilik registri inspektorlarini jalb etadi.
73. Kemada taʼmirlash ishlari yakunlangandan soʻng kemasozlik korxonasi tomonidan ishlab chiqarilgan, kema egasi va Kemachilik registri inspektori bilan kelishilgan dastur boʻyicha kema tegishli sinovlardan oʻtkaziladi.
Sinov davrida bajarilgan ishlarning sifati, barcha tizimlar, mexanizmlar va jihozlarning belgilangan koʻrsatkichlari boʻyicha oʻzaro ishlashi tekshiriladi.
Sinov davrida kema tizimlari va konstruksiyalariga xizmat koʻrsatishni kema ekipaji taʼminlaydi.
Taʼmirdan keyin oʻtkaziladigan sinov ishlari kemasozlik korxonasi tomonidan amalga oshiriladi.
Agar sinov davrida kemachilik xavfsizligiga tahdid soladigan nuqsonlar paydo boʻlsa, ular bartaraf etilgandan keyin kema egasi yoki Kemachilik registri inspektori talabi boʻyicha sinov ishlari qaytadan oʻtkaziladi.
74. Taʼmirga jalb etilgan kemaning kemasozlik korxonasi akvatoriyasida xavfsiz toʻxtab turishi uchun kemasozlik korxonasi maʼmuriyati javobgar hisoblanadi.
Kemasozlik korxonasi maʼmuriyati quyidagilarga rioya etishi shart:
qirgʻoq inshootlari va shvartov qurilmalarini yaroqli holatda saqlash;
kema kapitani bilan kemaning toʻxtab turish joyi, shartlari, shvartov qilish tartibini kelishish va ularga zarur yordamlarni koʻrsatish;
ob-havo sharoitidan qatʼi nazar, kemasozlik korxonasi akvatoriyasida kemalarni taʼmirlash davrida xavfsiz toʻxtab turishini taʼminlash;
kema kapitanlari bilan birgalikda har kuni nazoratni amalga oshirish va kemalarning xavfsiz turishini taʼminlash boʻyicha tezkor choralarni koʻrish;
kutilayotgan ob-havo oʻzgarishi va avariya holatlari paydo boʻlganda, kema xavfsizligini taʼminlash boʻyicha koʻriladigan choralar toʻgʻrisida kema kapitanlarini xabardor qilish.
75. Taʼmirga jalb etiladigan kemalarni qishki mavsumga tayyorlash, shvartov, kingstonlar, kema tizimlari va xonalarni isitish, agar shartnomada boshqacha belgilab qoʻyilmagan boʻlsa, kema ekipaji tomonidan amalga oshiriladi.
76. Kemaning umumiy mustahkamligi, barqarorligi va suzuvchanligiga taʼsir qiluvchi barcha ishlar (ogʻir vaznli yuklarning joyini oʻzgartirish, ballast va yoqilgʻini nasoslar yordamida boshqa joyga oʻtkazish, qobiqni va suv oʻtkazmaydigan pereborkalarni teshish, bort orti va kesib oʻtuvchi armaturalarni yechish) faqat kema kapitani bilan kelishilgan holda amalga oshiriladi.
77. Taʼmirda boʻlgan kemaning yongʻin xavfsizligi boʻyicha kema kapitani javobgar hisoblanadi.
Kemadagi ish joylarida yongʻin xavfsizligini taʼminlash, ish vaqtida yongʻin xavfsizligi qoidalariga rioya etish, kemasozlik korxonasi akvatoriyasi va toʻxtab turish hududida yongʻinga qarshi vositalarining ishga shayligi uchun kemasozlik korxonasi maʼmuriyati javobgar hisoblanadi.
Kemadagi yongʻinga qarshi va suv chiqarib tashlash tizimini taʼmirlash davrida ularning vazifasini bajaruvchi vositalar kemasozlik korxonasi tomonidan taqdim etiladi.
78. Meteorologiya sharoitlari sababli dokdagi ishlar majburan toʻxtatilganda, kemasozlik korxonasi va kema egasi vakillari ishtirokida dalolatnoma tuziladi.
Dalolatnomaga ishlarni davom ettirishga taʼsir qiluvchi gidrometeorologiya sharoitlari toʻgʻrisida Gidrometeorologiya xizmati agentligi maʼlumotnomasi ilova qilinishi mumkin.
79. Taʼmirlash ishlari tugagandan soʻng:
kemasozlik korxonasi yoki Kemachilik registri inspektoriga topshirilgan barcha hujjatlar kemaga qaytarilishi;
kemasozlik korxonasi tomonidan kema egasi vakiliga taʼmirlash boʻyicha hujjatlar va bajarilgan ishlarning haqiqiy bahosi koʻrsatilgan holda amalga oshirilgan taʼmirlash ishlarining roʻyxati taqdim etilishi;
kema egasi va kapitani kemani qabul qilib olish toʻgʻrisidagi dalolatnomani imzolashi shart.
Kemani qabul qilib olish toʻgʻrisidagi dalolatnoma imzolangan sana taʼmirlash ishlari tugagan sana hisoblanadi.
80. Kafolat muddati ichida bajarilgan taʼmirlash ishlarining sifatsizligi bilan bogʻliq boʻlgan nuqsonlar aniqlanganda, kema egasi tomonidan eʼtiroz dalolatnomasi tuziladi va kemasozlik korxonasiga taqdim etiladi.
Aniqlangan nuqsonlar kemasozlik korxonasi tomonidan shartnomada qayd etilgan muddatda bartaraf etiladi.
3-bob. Kemalarning texnik nazorati va ularni tekshirish
1-§. Umumiy qoidalar
81. Barcha kemalar loyihalashtirish, qurish, qayta jihozlash, taʼmirlash davrida kema egalari bilan tuzilgan shartnomalarda belgilab qoʻyilgan muddatlarda, foydalanish davrida esa kema hujjatlarida belgilab qoʻyilgan muddatlarda quyidagi talablar boʻyicha majburiy davlat va idoraviy tekshirishga, texnik nazorat va texnik koʻriklarga jalb qilinadi:
kemachilik xavfsizligi;
texnik holati;
sanitariya-epidemiologiya xavfsizligi;
yongʻin xavfsizligi;
ekologiya va atrof-muhitni muhofaza qilish;
mehnatni muhofaza qilish.
82. Davlat va idoraviy tekshirish, texnik nazorat va texnik koʻriklar kemada qonunchilik hujjatlari talablari bajarilganligini tasdiqlash maqsadida amalga oshiriladi.
Texnik nazorat, tekshirish va texnik koʻriklar kemalarning xususiyatlari, belgilangan vazifasi va mahalliy suzish sharoitini hisobga olgan holda amalga oshiriladi.
83. Davlat texnik nazorati, tekshirish va texnik koʻrik Kemachilik registri inspektori tomonidan amalga oshiriladi.
Nazorat natijalari boʻyicha Kemachilik registri inspektori kemaga qonunchilik hujjatlari bilan belgilangan shakldagi guvohnomalar beradi.
2-§. Texnik nazorat
84. Kema, uning tizimlari, korpus konstruksiyalari va taʼminotining texnik holati, suzish xavfsizligini taʼminlash boʻyicha qonunchilik hujjatlari talablarining bajarilganligi Kemachilik registri inspektori tomonidan beriladigan kema hujjatlarida qayd etiladi.
85. Kema kapitani quyidagi hollarda kema, uning tizimlari, korpus konstruksiyalarini navbatdan tashqari texnik koʻrikka taqdim etishi shart:
sodir etilgan avariya sababli kemada suzish sifatlaridan biri yoʻqolganda yoki foydalanishda cheklashlar paydo boʻlganda;
oldin berilgan klassni tiklashda;
texnik ekspertiza oʻtkazishda;
texnik holati boʻyicha eʼtirozlar tasdiqlanganda;
Kemachilik registri inspektori talabi boʻyicha;
ruxsat etilmagan suzish hududidan bir martalik oʻtish uchun.
Kemada oʻtkazilgan navbatdan tashqari texnik koʻrik davriy texnik koʻrik sifatida qabul qilinadi.
86. Kema, tizimlari, korpus konstruksiyasi, yongʻindan konstruktiv himoya, oʻt oʻchirish tizimlari, yongʻin signalizatsiyasi, yongʻinga qarshi jihozlar va taʼminotiga oʻrnatilgan talablarning bajarilganligini tekshirish natijalari boʻyicha Kemachilik registri inspektori tomonidan kema hujjatlari beriladi, tiklanadi, tasdiqlanadi yoki amal qilish muddati uzaytiriladi.
87. Kemaning yongʻinga qarshi jihozlarining holati va muvofiqligi ustidan idoraviy nazoratni kema egasi tomonidan vakolat berilgan boʻlinma amalga oshiradi.
Kemadagi yongʻinga qarshi jihozlarning texnik holatini tekshirish kemaga yukni yuklashdan, yoʻlovchi kemalarida esa yoʻlovchilarni chiqarishdan oldin amalga oshiriladi.
88. Kemada mehnatni muhofaza qilish talablarining bajarilganligi ustidan nazorat Kemachilik registri inspektori va Oʻzbekiston Respublikasi Kambagʻallikni qisqartirish va bandlik vazirligining Davlat mehnat inspeksiyasining hududiy inspeksiyalari tomonidan amalga oshiriladi.
89. Ishchi-xodimlarning mehnatni muhofaza qilish boʻyicha qonuniy huquq va manfaatlarining davlat nazoratini Oʻzbekiston Respublikasi Kambagʻallikni qisqartirish va bandlik vazirligi Davlat mehnat inspeksiyasi hamda uning hududiy inspeksiyalari, jamoatchilik nazoratini tegishli kasaba uyushmalari organlari yoki mehnat jamoasining vakolatli vakillari amalga oshiradi.
90. Kema, uning tizimlari, korpus konstruksiyalarining texnik holatini davriy tekshirish kema mexanigi yoki u vakolat bergan kema ekipajining boshqaruv tarkibi aʼzosi tomonidan, kemani texnik yaroqli saqlash boʻyicha inspektorlik tekshiruvi ishlari esa kema egasi tomonidan amalga oshiriladi.
Inspektorlik tekshiruvidan oʻtkazish tartibi, tekshirish hajmi va komissiya tarkibi kema egasi tomonidan belgilanadi.
Inspektorlik tekshiruvlaridan qatʼi nazar, flotning masʼul shaxslari kemaning texnik holatini doimiy nazorat qilib turadilar.
4-bob. Kemani qatnovga tayyorlash
91. Kema ekipaji kemani oʻz vaqtida qatnovga chiqish uchun tayyorlashi shart.
Tayyorlash ishlariga umumiy rahbarlikni kema kapitani amalga oshiradi.
Joʻnab ketishdan oldin kemada barcha yuk operatsiyalari tugatilgan, barcha turdagi taʼminotlar qabul qilib olingan, texnik xizmat koʻrsatish va taʼmirlash ishlari yakunlangan va kema tizimlari ishga shay holga keltirilgan boʻlishi shart.
92. Kema joʻnab ketish uchun shay holga keltirilganligi toʻgʻrisida kema mexanigi va kapitan yordamchisi kema kapitaniga axborot beradilar.
Kema, uning tizimlari, korpus konstruksiyalarining texnik holati suzish xavfsizligi, inson hayoti va atrof-muhit muhofaza qilinishiga hamda yuklarning ishonchli tashilishiga shubha uygʻotganda, kapitan qatnovga chiqishni bekor qiladi.
Kemada qatnovga chiqishdan oldin aniqlangan kamchiliklar kema kapitani taqdimnomasi asosida, zarur hollarda Kemachilik registri inspektorining texnik nazorati ostida kema egasi tomonidan bartaraf etiladi.
93. Kemada belgilangan kema hujjatlari mavjud boʻlmaganda hamda uning amal qilish muddatlari koʻzda tutilgan qatnov davrida tugasa, kemaning qatnovga chiqishiga yoʻl qoʻyilmaydi.
Belgilangan kema hujjatlari mavjud boʻlmasdan yoki amal qilish muddati oʻtgan hujjatlar bilan qatnovga chiqqanlik uchun kema kapitani va port maʼmuriyati javobgar hisoblanadi.
94. Kema kapitani qatnovga chiqishdan oldin kemada yuklash, barqarorlik va choʻkmaslik boʻyicha yoʻriqnoma talablari bajarilganligi va butun qatnov davomida saqlanishiga ishonch hosil qilishi, kemani yuklashdan oldin barqarorlik, mustahkamlik va choʻkmaslik, shuningdek, bitta yoki bir nechta boʻlinmalar suv bilan toʻlganda yuklarning joylashishi va mahkamlanishi boʻyicha kemaning suzuvchanlik va choʻkmaslik qobiliyati hisob-kitob qilgan boʻlishi shart.
95. Kemaga yuklanishi kerak boʻlgan yuklar roʻyxatini tuzish va ularni yuklash davrida kemaning suvga botishi hisobga olinishi, suzish davrida har qanday holatda ham suv usti borti belgilangan suzish hududi uchun kemaning yuk markasida koʻrsatilgan qiymatidan kam boʻlmasligi shart.
Kemada yuklash jarayonlarini amalga oshirish davrida belgilangan meʼyorlardan ortiq boʻlishiga yoʻl qoʻymaslik, kema korpusidagi yuklama va paydo boʻlayotgan kuchlanishlar nazorat qilib turilishi shart.
96. Kemani qatnovga tayyorlash davrida uning barcha tizimlari va korpus konstruksiyalari qonunchilik hujjatlari, ishlab chiqaruvchi zavod yoʻriqnomalari va mazkur Qoidalarga muvofiq talab etilgan rejimlarda ishlatish imkoniyatini taʼminlaydigan holatga keltirilishi shart.
Nosozliklarni aniqlash, texnik koʻrikdan oʻtkazish va texnik xizmat koʻrsatish yoki taʼmirlash ishlari hamda uzoq muddat ishlatilmaganligi sababli yechib olingan va yigʻilgandan keyin kema tizimlari va korpus konstruksiyalarini ishga tayyorlash ularga biriktirilgan boshqaruv tarkib ishtirokida, asosiy dvigatellar esa bevosita kema mexanigi ishtirokida amalga oshirilishi shart.
97. Kema tizimlari va korpus konstruksiyalarini ishga tushirish uchun tayyorlash davrida belgilangan vaqtda ularni shikastlanish va nosozliklarsiz ishga tushirish hamda talab etilgan ish rejimiga keltirish imkonini beradigan holati taʼminlanishi shart.
Ishga tushirish uchun tayyorlash barcha elementlarni puxta tekshirish, zarur hollarda ularning tarkibiy elementlarini muvofiqlashtirish ishga tushirish va orqaga qaytarish qurilmalarni, boshqarishni nazorat qilish, signalizatsiya, himoya tizimlari va agar zarur boʻlsa — isitish, burash va sinov tariqasida ishga tushirishni oʻz ichiga olishi shart.
Sinov tariqasida ishga tushirish barcha boshqaruv postlaridan amalga oshirilishi shart.
98. Kema kapitani kemaning belgilangan vaqtda joʻnab ketishi boʻyicha farmoyish berilgandan keyin kapitan yordamchisi va kema mexanigi vaxta boʻyicha kapitan yordamchisi va vaxta mexanigiga tegishli ravishda belgilangan vaqtda va tartibda kema, kema tizimlari va korpus konstruksiyalarini ishga tushirishga hamda joʻnab ketishga tayyorlashga koʻrsatma beradi.
Koʻrsatma oldindan kema tizimlari va korpus konstruksiyalarini ishga tushirish uchun sarflanadigan vaqtni hisobga olgan holda beriladi.
99. Vaxta mexanigi kapitanning vaxta yordamchisi bilan birgalikda energetik qurilmani ishga tushirishga tayyorlashdan oldin markaziy boshqaruv postlaridagi barcha aloqa vositalarini va boshqa boshqaruv postlaridagi aloqa vositalarini markaziy post bilan bogʻlanganligini hamda koʻrsatkichlarning holati, zarur hollarda ularni talab etilgan holatga keltirilishi, avariyaviy yoritish, yongʻinga qarshi, suv chiqarib tashlash va quritish vositalarining ishlashini tekshirishi shart.
100. Kema energetik qurilmasini ishga tushirishga tayyorlash davrida vaxta mexanigi yurish koʻprikchasidan kapitanning vaxta yordamchisi bergan buyruqlarini va kema mexanigi topshiriqlarini, asosiy jarayonlarning bajarilgan vaqti, tekshirish, oʻlchash ishlarini mashina jurnaliga yozib borishi shart.
Masofadan boshqarishga jihozlangan asosiy dvigatellarni ishga tushirishga tayyorlash davrida ular qoʻlda boshqarishga oʻtkaziladi.
101. Asosiy dvigatellar eshkak vali bilan turlicha biriktirilgan boʻlsa ham uni aylantirish vaxta mexanigi rahbarligida amalga oshiriladi. Agar ular qattiq bogʻlangan boʻlsa (shuningdek, reduktor orqali), uni aylantirishga kapitanning vaxta yordamchisi ruxsat berishi va oldindan kema shvartovda ishonchli turganligiga va harakatlanuvchilar oldida odamlar, suzish vositalari va boshqa narsalar yoʻqligiga ishonch hosil qilinishi shart.
Eshkak vali bilan qattiq bogʻlangan asosiy dvigatellarni sinash tariqasida ishga tushirish kapitanning vaxta yordamchisi va mexanik ruxsati bilan katta mexanik nazorati ostida amalga oshirilishi shart.
Eshkak vali quvurida ajratuvchi qurilma mavjud boʻlganda, kapitanning vaxta yordamchisi ruxsati talab etilmaydi.
102. Asosiy dvigatellarni tayyorlash ishlari tugagandan keyin vaxta mexanigi kema mexanigiga bu haqda xabar beradi va uning ruxsati bilan yurish koʻprikchasida boʻlgan kapitanning vaxta yordamchisini xabardor qiladi.
Asosiy dvigatellarni masofadan boshqarish tizimi mavjud boʻlganda, vaxta mexanigi elektromexanik bilan birgalikda dvigatellar toʻxtab turgan vaqtda tizimni tekshirishi, sinov tariqasida dvigatellarni ishlatib koʻrishi va asosiy dvigatellarni boshqaradigan boshqaruv postini belgilashi va mashina jurnaliga bu haqda qayd etishi zarur.
103. Kemani qatnovga chiqishga tayyorlash davrida kapitanning vaxta yordamchisi kapitan va uning katta yordamchisidan kema tizimlari va korpus konstruksiyalarini ishga tushirish boʻyicha olgan buyruq va koʻrsatmalarni, bajarishga sarflangan vaqt va tugagan vaqt, oʻtkazilgan tekshirish va oʻlchash ishlari toʻgʻrisida kema jurnaliga qayd etib borishi shart.
104. Kema qatnovga chiqishidan oldin kapitanning katta yordamchisi va kema mexanigi kemaning suzishga tayyor ekanligini, kema tizimlari va korpus konstruksiyalarining shayligini tekshirishi va shayligi toʻgʻrisida kema kapitanini xabardor qilishi shart.
Tekshirish davrida quyidagilarga alohida eʼtibor berilishi shart:
rul, langar va deydvud qurilmalari;
avariya mexanizmlari, qurilmalari, yoritish jihozlari;
qutqarish, yongʻindan himoya, aloqa, tovush va yorugʻlik signallari vositalari;
mashina telegrafi;
quritish tizimi, tashqi teshiklarning yopqichlari (korpus, ustqurma, rubka va tushish joylari);
suv oʻtkazmaydigan va yongʻinga qarshi yopqichlar va ularni boshqarish qurilmalari;
avariya jihozlari;
palubadagi yuk va boshqa buyumlarni yurish boʻyicha mahkamlanishi.
Tekshirish natijalari kema va mashina jurnallariga tegishligicha qayd etilishi shart.
105. Asosiy dvigatellarni boshqaruv postidan masofadan boshqarishda ularni ishga tushirish kema kapitani yoki kapitanning vaxta yordamchisi tomonidan amalga oshiriladi.
Vaxta mexanigi ishga tushirish davrida markaziy boshqaruv postida boʻlishi va zarur hollarda yurish koʻprikchasidan berilgan buyruq boʻyicha asosiy dvigatellarni boshqarishni oʻz zimmasiga olishi shart.
Asosiy dvigatellarning xavfsiz ishlashiga tahdid paydo boʻlganda, masofadan boshqarish tizimi ishdan chiqqanda va boshqa favqulodda vaziyatlarda vaxta mexanigi asosiy dvigatellarni boshqarishni oʻz zimmasiga olishi va bir vaqtning oʻzida bu haqda kapitanning vaxta yordamchisini xabardor qilishi shart.
5-bob. Kemalarni uzoq muddatga saqlash uchun foydalanishdan chiqarish
106. Kemalarni uzoq muddatga saqlash uchun foydalanishdan chiqarish (keyingi oʻrinlarda — saqlash) toʻgʻrisidagi qaror kema egasi tomonidan qabul qilinadi va buyruq bilan rasmiylashtiriladi.
107. Kemalarni saqlash kema tizimlari va korpus konstruksiyalarini (sovuq holda saqlash) saqlash yoki kema tizimlari va korpus konstruksiyalarini ekspluatatsiya qilishga tayyor holda saqlash (ekspluatatsiya zaxirasi) yoʻli bilan amalga oshiriladi.
108. Kemani ekspluatatsiya zaxirasida saqlash davrida kema, kema tizimlari va korpus konstruksiyalarining ishlash holati kema ekipaji tomonidan taʼminlanadi va kemani foydalanishda boʻlgan flot tarkibiga kiritish uchun qoʻshimcha vaqt talab etmaydi.
109. Sovuq holda saqlash davrida kemaning barcha tizimlari va korpus konstruksiyalari foydalanishdan chiqariladi, saqlanishi uchun toʻliq konservatsiya qilinadi hamda ularga qarab turish uchun qisqartirilgan ekipaj biriktiriladi.
Kemani saqlashdan chiqargandan keyin uni harakatdagi flot tarkibiga kiritish uchun ekipaj bilan butlash, kema tizimlari va korpus konstruksiyalarini konservatsiyadan chiqarish, ish jarayonida tekshirish, shvartov hamda yurish sinovlari oʻtkazish ishlari amalga oshiriladi.
110. Kema egasi iqtisodiy jihatlarni hisobga olgan holda, kemani saqlashning biror-bir turini tanlashi, kemani xavfsiz saqlanishini taʼminlash uchun ekipaj bilan toʻliq butlashi mumkin.
111. Kemalar xar qanday turdagi saqlash davrida barqarorligi, choʻkmasligi, xavfsiz saqlanishini taʼminlash uchun kema egasi kemaning xavfsiz saqlash choralari boʻyicha reja ishlab chiqadi va port maʼmuriyati bilan kelishadi.
Rejada quyidagilar koʻrsatiladi:
kema nomi va uning asosiy oʻlchamlari;
rejalashtirilayotgan saqlash muddati;
saqlash turi;
saqlash joyi;
saqlash davrida foydalanishdan chiqarish, konservatsiya qilish yoki taʼmirlashga jalb qilinadigan texnik vosita va konstruksiyalar roʻyxati;
kemani saqlash davrida suv, bugʻ va elektr energiyasi, shuningdek, quritish va yongʻinni oʻchirish vositalari va tizimlari bilan taʼminlash;
saqlash davrida ekipaj tarkibi boʻlishi va vaxta xizmatini tashkil qilish;
korpus, suv oʻtkazmaydigan yopqichlar, kingstonlar, deydvud qurilmasi, yongʻinga qarshi vositalar va yongʻin oʻchirish tizimlarining holati;
yoqilgʻi va moy zaxiralarining mavjud boʻlishi, ularning kemada joylashuv chizmasi;
saqlashning butun davri uchun kema korpusining suv oʻtkazmasligi, choʻkib ketmasligi, barqarorligi, yongʻin xavfsizligi va kemaning xavfsiz saqlanishini taʼminlash boʻyicha chora-tadbirlar ishlab chiqish;
ekipaj yoki vaxta tarkibi uchun sanitariya va boshqa zarur tizimlarning ishlashini taʼminlash;
ekipaj yoki vaxta tarkibi uchun oziq-ovqatni tashkil etish;
favqulodda vaziyatlarda, shuningdek, yongʻin sodir boʻlganda, kemada barqarorlik va choʻkmaslik xususiyatlari yoʻqolganda, ekipaj yoki vaxta tarkibining harakatlari.
112. Kemani saqlash davrida kema egasining ruxsati va port maʼmuriyatining roziligi bilan unda alohida texnik vositalar va konstruksiyalarni taʼmirlash yoki modernizatsiya qilish ishlarini bajarishga ruxsat beriladi. Kema egasi kemani saqlash va taʼmirlash yoki modernizatsiya ishlari xavfsiz bajarilishi uchun barcha zarur qoʻshimcha chora-tadbirlarni taʼminlaydi.
113. Kemalardan mavsumiy foydalanish va kemalar guruhlarining sovuq holda saqlash xususiyatiga (saqlash hududi va sharoitiga) qarab, kema egasi quyidagi tadbirlarni amalga oshirishi shart:
kemalarda vaxta xizmati toʻgʻrisida nizom, shtatlar jadvali va lavozim yoʻriqnomalarini ishlab chiqish va tasdiqlash;
kemalarning xavfsiz va avariyasiz toʻxtab turishini taʼminlash uchun masʼul shaxsni tayinlash;
kemalarni joylashtirish rejasini ishlab chiqish va port maʼmuriyati tomonidan tasdiqlash;
kemani saqlashga topshirish (qabul qilish), saqlashdan chiqarish tartibi toʻgʻrisida nizomni ishlab chiqish, port maʼmuriyati bilan kelishish va tasdiqlash;
kemalarni xavfsiz va avariyasiz saqlashni taʼminlash boʻyicha tadbirlar rejasini ishlab chiqish, port maʼmuriyati bilan kelishish va tasdiqlash.
114. Port maʼmuriyati kemalarni xavfsiz va avariyasiz saqlashni taʼminlash uchun quyidagi ishlarni amalga oshiradi:
kemalarni saqlashning butun davri uchun portning alohida akvatoriyasini ajratish;
kemalarni joylashtirish rejasini tasdiqlash;
kemalarni lozim darajada saqlashga topshirish uchun tayyor ekanligini tekshirish;
kemalarni saqlash davrida ular ustidan nazoratni amalga oshirish.
115. Port maʼmuriyati tomonidan kemaning tayyor ekanligi tekshirilgandan keyin kema egasi kemani saqlash uchun ajratilgan akvatoriyaga joylashtiradi.
Tekshiruv natijalari boʻyicha dalolatnoma tuziladi, unda quyidagilar koʻrsatiladi:
kemaning nomi;
rejalashtirilgan saqlash muddati;
saqlash turi;
saqlash joyi;
saqlash davrida kemaning xavfsiz va avariyasiz turishi uchun masʼul shaxs;
tamgʻalangan xonalar, sisternalar va tizimlar roʻyxati;
port maʼmuriyati vakolatli shaxslarining imzosi va tuzilgan sanasi.
Dalolatnomaga kemaning xavfsiz va avariyasiz saqlanishini taʼminlash boʻyicha chora-tadbirlar reja nusxasi, vaxta xizmati toʻgʻrisida nizom, shtatlar jadvali va lavozim yoʻriqnomalari ilova qilinadi.
6-bob. Kema va uning egalariga talablar
1-§. Kemalarga talablar
116. Barcha kemalar suv havzalarini ifloslantirishga qarshi maxsus qurilmalar bilan jihozlangan boʻlishi shart.
117. Chiqindilar, oqova suvlar, shu jumladan, tozalangan va zararsizlantirilgan oqova suvlarni kemalardan suv havzalariga hamda suvdan foydalanish hududi chegarasiga chiqarib tashlash taqiqlanadi.
118. Kemachilik registri inspektorining suv havzalarini kemalardan ifloslantirishning oldini olish boʻyicha texnik nazorati quyidagilarni oʻz ichiga oladi:
kema va uning uskunalarini ifloslantirishning oldini olishga moʻljallangan qismining texnik hujjatlarini koʻrib chiqish va kelishish;
kemadagi quyidagi uskunalarning tayyorlanishi va ularning oʻrnatilishini nazorat qilish:
tozalash uskunalarini;
tarkibida neft boʻlgan va oqova suvlarni soʻrib chiqarish, uzatish va chiqarib tashlash tizimlarini, shuningdek, yigʻuvchi sisternalar va standart toʻkish birikmalarini;
neft quyuvchi kemalar yuk tizimining kemalardan ifloslantirishning oldini olishga moʻljallangan uskunalarini;
chiqindilarni yigʻish uchun moʻljallangan uskunalarni.
Kemachilik registri inspektorining nazorati ostida qurilgan yoki oʻrnatilgan uskunalar, jihozlar va tizimlar koʻrikdan oʻtkaziladi.
119. Uskuna, jihoz va tizim elementlarini hamda ogohlantiruvchi priborlarni kemalarga oʻrnatish kemani loyihalashtirish davrida Kemachilik registri inspektori bilan kelishilishi shart.
Loyihalashtirish davrida oqova suvlar, chiqindilarni (oziq-ovqat, maishiy va foydalanilgan mahsulotlar qoldigʻi) yigʻish uchun alohida uskunalarni (sisternalarni) oʻrnatish koʻzda tutilishi shart.
120. Yigʻish uskunalarining (sisternalarining) sigʻimi kemani butun ishlatilishi davrida yigʻiladigan chiqindilarni va oqova suvlarni saqlash uchun yetarli boʻlishi shart.
121. Kemalarni dastlabki va navbatdagi texnik koʻriklardan oʻtkazish davrida hududiy Kemachilik registri inspektori tomonidan kemaga ichki suzish kemalaridan ifloslantirishning oldini olish toʻgʻrisida guvohnoma beriladi.
Guvohnoma 4 yil muddatga beriladi va har yillik texnik koʻrikdan oʻtkazish davrida tasdiqlanadi.
2-§. Kemalarni texnik ishlatish bilan band boʻlgan xodimlarning majburiyatlari va javobgarligi
122. Kemalarni texnik ishlatish bilan band boʻlgan xodimlar quyidagi ishlarni amalga oshirishlari shart:
a) kema mexanizmlarining ishonchli ishlashi va ulardan samarali foydalanishni uzluksiz taʼminlash;
b) dvigatel va mexanizmlarning optimal rejimda ishlashini taʼminlash;
v) taʼmirlash ishlari, texnik qarovlar va boshqa profilaktika tadbirlarini oʻz vaqtida bajarish;
g) nazariy va amaliy bilimlarini muntazam oshirib borish, bir-biriga yaqin kasblarni oʻzlashtirib borish;
d) kema mexanizmlarini samarali ishlatish boʻyicha aniq tadbirlar ishlab chiqish va joriy etish, ish uslublarini takomillashtirish;
e) belgilangan muddatlarda kema va uning asosiy elementlarini Registrga texnik koʻrikdan oʻtkazish uchun taqdim etish.
123. Kemalarda doimiy texnik nazorat kema egasi tomonidan amalga oshiriladi.
Kemalarda maxsus nazoratni hududiy Kemachilik registri inspektori va port maxsus boʻlinmasining mansabdor shaxslari amalga oshiradi.
Kema egasi oʻz vaqtida nazorat qiluvchi idoralarning vakillarini kemani koʻrikka yoki texnik koʻrikka taqdim etiladigan joyi va vaqti toʻgʻrisida xabardor qilishi va nazorat ostida boʻlgan obyektlarni texnik koʻrikka shaylashi lozim.
124. Kemalarni texnik ishlatishni tashkil etish, transport, texnika va yordamchi flotning soz holatda saqlanishi uchun javobgarlik kemadan foydalanayotgan korxonaning kema xoʻjaligi xizmati (bunday xizmat mavjud boʻlmaganda — bosh muhandis) zimmasida boʻladi.
Kema xoʻjaligi xizmatining asosiy vazifalari, funksiyalari, huquqlari, majburiyatlari va javobgarligi kema egasi tomonidan mahalliy suzish sharoitlarini hisobga olgan holda belgilanadi va tasdiqlanadi.
125. Kemani texnik soz holatda saqlash, kemada ishlarni, shu jumladan, yuklash va tushirish ishlarini toʻgʻri tashkil etish, texnik koʻriklarni oʻz vaqtida oʻtkazish uchun kapitan yoki shkiper, zemsnaryad va uning tarkibidagi kemalarda (motozavoznya, oʻziyurar shalanda) — komandir, bir-biriga yaqin kasbni egallaganda — kapitan-mexanik (komandir — mexanik) javobgar hisoblanadi.
126. Kema mexanigi kema mexanizmlari va qurilmalarining sozligi va uzluksiz ishlashi uchun javobgar hisoblanadi. Kema mexanigiga uning yordamchilari va mashina komandasi boʻysunadi.
Mexanik kema mexanizmlari boʻyicha texnik hujjatlarning oʻz vaqtida va toʻgʻri toʻldirilishi, belgilangan tartibda va vaqtda hisobotlar taqdim etilishi, rejalashtirilgan texnik koʻriklar oʻz vaqtida oʻtkazilishini nazorat qilib turishi shart.
127. Komandasiz ishlatilayotgan kemaning yongʻinga qarshi kurashish jihozlarining holati uchun shu kema biriktirilgan kemaning kapitani; yuklash-tushirish ishlari davrida — uchastka, prichal boshliqlari, reydda turgan davrida — reyd kapitanlari va daryo floti dispetcherlari javobgar hisoblanadi.
128. Kapitan (komandir, shkiper) kema va ekipaj xavfsizligi uchun javobgar hisoblanadi.
Tarkibni shatakka olishdan boshlab oxirgi punktga toʻxtashiga qadar shataklanuvchi tarkibning ekipaji shataklovchi kemaning kapitaniga, zemsnaryad komandiriga esa — zemsnaryad karvonidagi yordamchi kemalarning ekipaji boʻysunadi.
Qatnov davomida ekipajsiz oʻziyurmas kemalarning texnik holati, ulardagi yuklarning saqlanishi va ularga xizmat koʻrsatish uchun javobgar, kemani qabul qilib olish dalolatnomasi tuzilgandan yoki kema jurnaliga (xabarnoma) imzo qoʻyilgan vaqtdan boshlab shataklovchi kemalar va yuk kemalarining ekipaji hisoblanadi.
129. Kemada kapitan-mexanik (komandir-mexanik) rahbarligi ostida quyidagi ishlar amalga oshirilishi shart:
kema ekipaj aʼzolarini vaxta boʻyicha taqsimlash va vaxta jadvalini tuzish;
ekipajga mexanizmlar, tizimlar, qurilmalar, jihozlarni biriktirgan holda jadval, hamda trevogalar: yongʻin, suv, “bort ortida odam” jadvallarini tuzish;
texnik oʻquvlar oʻtkazish;
xavfsizlik texnikasi, mehnatni muhofaza qilish va ishlab chiqarish sanitariyasi qoidalari va normalarining bajarilishi hamda mehnat va dam olish rejimlariga rioya etilishini nazorat qilish;
yongʻin xavfsizligi qoidalari talablarining bajarilishini taʼminlash;
texnik koʻriklar oʻtkazilishi va koʻriklar jadvallarining bajarilishini nazorat qilish.
130. Kema ekipajining har bir aʼzosi boʻlinmalar boʻyicha maxsus jadval bilan oʻzlariga biriktirib qoʻyilgan mexanizmlar, tizimlar, qurilmalar, jihozlarning texnik holati, saqlanishi va oʻz vaqtida xizmat koʻrsatilishi uchun hamda kema boʻyicha umumiy tashkiliy-texnik tadbirlar rejasining bajarilishi uchun shaxsan javobgar hisoblanadi.
131. Kemaning saqlanishi hamda yuqori muhandislik darajasida texnik ishlatish uchun shaxsiy javobgarlik:
kema boʻyicha — kapitan (komandir) va mexanikka;
kemalar guruhi boʻyicha — reyd kapitani va reyd mexanigiga;
flot boʻyicha — ularning boshliqlari, flot boʻyicha boshliq oʻrinbosarlari va bosh muhandislarga yuklanadi.
132. Portlarda yuklash yoki tushirish davrida kema va yuklarning saqlanishi uchun port maʼmuriyati bilan bir qatorda kema kapitani ham javobgar hisoblanadi.
133. Kemada va uning elementlarida oʻtkazilgan texnik koʻriklar sifati uchun texnik koʻrik oʻtkazgan hamda unda ishtirok etgan shaxslar javobgar hisoblanadi.
134. Mazkur Qoidalarning talablariga javob bermaydigan kemaning suzishga chiqqanligi uchun kema kapitani yoki shkiperi hamda kemani suzishga chiqarish toʻgʻrisida koʻrsatma bergan shaxs javobgar hisoblanadi.
135. Korxonaning kemalarni texnik ishlatish boʻyicha javobgar shaxslari kema xoʻjaligi xizmati va boshqa xodimlari navigatsiya davri tugagandan soʻng kemalarni texnik ishlatish davrida aniqlangan nuqsonlar, nosozliklar va ularni bartaraf etish boʻyicha koʻrilgan choralarni umumlashtirishi, flot ishini tahlil qilishi va aniqlangan kamchiliklarni bartaraf etish boʻyicha chora-tadbirlar ishlab chiqishi shart.
7-bob. Kemalarni qurish, qayta jihozlash va taʼmirlash boʻyicha ishlarni tashkil etish
1-§. Kemalarni qurish, taʼmirlash va qayta jihozlash ishlarini amalga oshirish davrida korxonalarga talablar
136. Kemalarni qurish, qayta jihozlash va taʼmirlash (keyingi oʻrinlarda — kemasozlik) ishlarini amalga oshiruvchi korxonalarning majburiyatlari, funksiyalari, huquqlari va javobgarligi ularning nizomlarida belgilab qoʻyilgan boʻlishi shart.
137. Kemasozlik ishlari hududiy Kemachilik registri inspektori nazorati ostida amalga oshiriladi.
Korxonalar tomonidan kemasozlik davrida bajariladigan ishlarning texnik loyiha hujjatlari va texnik topshiriqqa muvofiqligi ustidan texnik nazorat olib borish boʻyicha masalalar korxona va Kemachilik registri inspektori bilan tuzilgan oʻzaro shartnomalar bilan tartibga keltiriladi.
138. Kemasozlik korxonalarning hududlari qurilish normalari talablari, ishlab chiqarish binolari va inshootlari, sanitariya-maishiy va xizmat koʻrsatish binolarini joylashtirish texnologiyalari talablariga javob berishi, jihozlangan prichalga ega boʻlishi, suv, bugʻ, siqilgan havo, elektr energiyasi va baland ovozda xabar qilish vositalari bilan jihozlangan boʻlishi shart.
139. Kemasozlik korxonalarining akvatoriyalari quyidagi talablarga javob berishi shart:
kemalarni qishki saqlash davrida toʻgʻri joylashtirish va taʼmirlash ishlarini kemalardan sexlarga oʻtkazish va taʼmirlanayotgan kemalarga ishchilarni oʻtkazish, materiallar, uzel va detallarni yetkazib berish imkoniga ega boʻlishi;
dvigatellar, agregatlar, mexanizmlar va materiallarni tushirish va yuklash koʻzda tutilgan kemalarni boshqa joyga koʻchirish hamda ularni qish sharoitlarida (akvatoriyani isitish) kema koʻtarish inshootlariga koʻchirish imkoni taʼminlangan boʻlishi;
toʻsuvchi va prichal qurilmalari va kemalarni shvartov sinovlaridan oʻtkazish uchun zarur qurilmalar mavjud boʻlishi;
kema gabaritlariga mos keladigan erkin kema yoʻlining mavjud boʻlishi;
daryo yoki suv omborlarining barcha holatlarida (suv toshqini, muz oqishi, shamol, suv sathining oʻzgarib turishi) hamda yongʻin davrida kemalarning xavfsiz toʻxtab turishi kafolatlangan boʻlishi;
kemalar karvonini qirgʻoq bilan bogʻlovchi ishonchli aloqa vositalari, elektr yoritgichlar, yongʻinga qarshi mexanizatsiyalashtirilgan suv yetkazuvchi qurilma va dastlabki oʻt oʻchirish vositalari, kemalarning suv yetkazib beruvchi kommunikatsiyalarga borish yoʻllari hamda korxonaning akvatoriya bazalarining mahalliy xususiyatlaridan kelib chiqib, yongʻin xavfsizligi xizmatining koʻrsatmalari boʻlishi;
taʼmirlashda yoki saqlashda boʻlgan kemalarning suvga botishidan kelib chiqib, kafolatlangan chuqurlikka ega boʻlishi;
qoʻriqlash postlari tomonidan barcha karvonga yoki uning alohida kemalarini nazorat qilish imkonini taʼminlashi.
Kemalarni saqlashga qoʻyishdan oldin baza akvatoriyasi sinchiklab tekshirilgan, suv tubi tozalangan, suv osti toʻsiqlaridan tozalangan va zarurat boʻlganda chuqurlashtirish ishlari amalga oshirilgan boʻlishi shart.
140. Kemasozlik korxonasining akvatoriyasi va unga kirish yoʻllarini chuqurlashtirish va choʻkindilardan tozalash ishlari suv yoʻllari texnik uchastkalari tomonidan bajariladi.
141. Kemasozlik korxonasi oʻziga biriktirilgan kemaning quvvati, oʻlchami, turi va soniga muvofiq keladigan kema koʻtarish inshootlarining biror-bir turiga ega boʻlishi shart.
2-§. Kemasozlik korxonalari xodimlarining majburiyatlari va javobgarliklari
142. Kemasozlik korxonalariga biriktirilgan flotning but saqlanishi va sifatli taʼmirlanishi uchun kemasozlik korxonasi rahbari javobgar hisoblanadi.
143. Kemasozlik korxonalarining ishlab chiqarish bilan band boʻlgan xodimlari kema tizimlari va korpus konstruksiyalarini texnik ishlatish boʻyicha qoidalar va yoʻriqnomalarni, mehnatni muhofaza qilish, xavfsizlik texnikasi va ishlab chiqarish sanitariyasi qoidalari hamda mazkur Qoidalar talablarini yaxshi bilishlari va ularga rioya etishlari shart.
144. Kemasozlik ishlarini amalga oshiruvchi xodimlarning bilimlarini tekshirish korxona rahbari tomonidan tasdiqlangan reja-jadvalga asosan Kemachilik registri inspektori ishtirokida oʻtkaziladi.
Kema qobigʻini payvandlash ishlarini amalga oshiruvchi xodimlarning payvandlash boʻyicha ishlarining namunalari tegishli sinovlardan oʻtkazilishi va bu haqda bilimini tekshirishdan oʻtkazish varaqasiga tegishli yozuv qayd etilishi shart.
145. Mazkur Qoidalarga muvofiq suv havzalarining kema saqlash punktlarida kemalarni joylashtirish va saqlash, navigatsiya davrida hamda kuzgi va bahorgi muz oqishi davrida kemalarni xavfsiz saqlashni taʼminlash boʻyicha korxonalar tomonidan maxsus yoʻriqnomalar ishlab chiqilishi shart.
8-bob. Portlar
1-§. Umumiy qoidalar
146. Portlar yuk toifalari, ularga ishlov berish va amalga oshirilayotgan tashishlarga qarab maxsus texnika va mexanizmlar bilan jihozlangan boʻlishi shart.
147. Portlarning asosiy vazifalari quyidagilar hisoblanadi:
yuklarni va yoʻlovchilar ishonchli tashilishini taʼminlash;
barcha turdagi kemalarga texnik va navigatsiya xizmatlarini koʻrsatish boʻyicha kompleks ishlarni amalga oshirish;
yuklash-tushirish ishlari, port orqali joʻnatiladigan yuklarni boshqa transportga yuklash ishlarini tashkil etish va amalga oshirish;
kemalarga va vagonlarga oʻrnatilgan meʼyorlarga muvofiq oʻz vaqtida ishlov berilishini taʼminlash;
port faoliyatini rivojlantirish boʻyicha tadbirlar rejasini ishlab chiqish;
kompleks mexanizatsiyalashtirish, avtomatlashtirish kompleksini va ilgʻor texnologik jarayonlar hamda mehnatni tashkil etishning zamonaviy shakllarini joriy etish;
ixtiyorida boʻlgan port inshootlari, yordamchi xoʻjaliklar, aloqa vositalari, flot va boshqa vositalarni taʼmirlash;
obyektlarda va kemalarda yongʻinga qarshi tadbirlarni amalga oshirish;
reydlarda, prichal yonlarida kemalarning suzishi va toʻxtab turishi uchun xavfsiz sharoitlarni yaratish, yuklash-tushirish va boshqa ishlarning xavfsiz bajarilishini taʼminlash
2-§. Akvatoriyalar, ichki kema yoʻllari va reydlar
148. Akvatoriyalar, ichki kema yoʻllari, reydlar, prichal oldining chuqurligi va boshqa texnik tavsifining nisbiyligi ushbu uchastkalarda foydalanilayotgan kemalarning tavsifiga va yuklarga ishlov berish hajmiga muvofiq boʻlishi hamda kemalarning xavfsiz suzishini taʼminlashi shart.
149. Port akvatoriyasi suv yoʻllari texnik uchastkalari tomonidan navigatsiya jihozlari va belgilari bilan jihozlanishi shart.
150. Port akvatoriyasida quyidagilar mavjud boʻlishi shart:
kemalar va shatakka olinuvchi tarkiblarning erkin oʻtishi uchun zarur oʻlchamlarga ega boʻlgan kema yuradigan yoʻl va prichalga kirish yoʻlagi;
kemalar tarkiblarini shakllantirish va taqsimlash, suv yuzida ishlarni bajarish va daryo transporti toʻxtab turishi uchun reydlar.
151. Reyd va prichal chuqurliklari, ushbu reyd va prichalning vazifalari, xizmat koʻrsatilayotgan kemalarning oʻlchamlari, suv yoʻllarining tavsifi, suv tubidagi yerning qattiqligi, kema differenti uchun zaxira chuqurlik, toʻlqinlanish, ushbu reyd va prichalga choʻkindi kirib qolishi va ulardan tozalanishi suv yoʻllari texnik uchastkalari va port tomonidan belgilanadi hamda taʼminlanadi.
152. Port maʼmuriyati ichki kema yoʻllaridagi toʻsiqlar va yoʻllarning haqiqiy chuqurligi toʻgʻrisida yoʻl axborot varaqalari yoki boshqa vosita yordamida kema boshqaruvchilarini xabardor qilishi shart.
153. Reydlar yetarli miqdorda toʻgʻri joylashtirilgan mustahkam qirgʻoq moslamalariga hamda reyd chegarasini koʻrsatib turuvchi — kunduz kuni yaxshi koʻrinadigan belgilar va tunda yoritiladigan chiroqlarga ega boʻlishi shart.
Ekipajsiz boʻlgan barjalarning toʻxtab turishi uchun reydlar barja-buy yoki reyd pontonlari bilan jihozlangan boʻlishi shart.
154. Yuklarning turiga qarab reydlar quruq yuk tashiydigan, neft quyiladigan, tez alanga oladigan, yongʻinga xavfli va portlovchi yuklarga moʻljallangan maxsus reydlarga boʻlinadi.
Neft quyiladigan va maxsus reydlar oqim boʻyicha barcha reydlardan quyida joylashgan boʻlishi shart.
Bajariladigan ishlarning hajmi va tavsifiga qarab reydlarda uchastkalar tashkil etiladi:
kelish uchastkalari — kelgan kemalar tarkibini taqsimlash va kemalarni toʻxtab turishi uchun;
joʻnatish uchastkalari — kemalarni joʻnab ketishga tayyorlash va tarkibni shakllantirish uchun;
yuklash-tushirish uchastkalari — suzuvchi holatda tanaffus qilish va yuklash-tushirish ishlarini amalga oshirish uchun;
ekipajsiz boʻlgan barjani langarsiz toʻxtab turishi uchun;
quruq yuk tashiydigan kemalarni tozalash va yuvish uchun.
Reydlar va suv yoʻli uchastkalarining orasi yongʻin xavfsizligi qoidalari talablariga muvofiq boʻlishi shart.
155. Kemalar va prichallarni toʻlqinlardan va muz oqimidan hamda akvatoriyani choʻkindi kirib qolishidan himoya qilish uchun tashkil etiladigan toʻsuvchi va himoya qiluvchi qurilmalar va suv inshootlari soz holda saqlanishi, oʻz vaqtida taʼmirlanishi shart.
156. Bahorgi suv toshqini davrida koʻmilib qoladigan toʻsuvchi va himoya qurilmalari va inshootlarining oldida kemachilik jihozlari oʻrnatilishi shart.
157. Portlarda suv inshootlarini barpo etish va rekonstruksiya qilish, prichallarga va reydlarga kirish joylarida suv tubini chuqurlashtirish boʻyicha barcha ishlar suv yoʻllari texnik uchastkalari bilan kelishilgan holda inshoot egalari tomonidan amalga oshiriladi.
3-§. Navigatsiya jihozlari
158. Navigatsiya jihozlari ichki kema yoʻllarida kemalarning xavfsiz va erkin suzishini taʼminlashi shart.
Kemalarning qatnovi va tavsifiga qarab quyidagi navigatsiya jihozlari qoʻllanilishi shart:
kecha-kunduz harakatni taʼminlovchi — yorituvchi;
kunning faqat yorugʻ vaqtlarida kemalarning harakatini taʼminlovchi — yoritmaydigan;
kunning qorongʻu vaqtida kema projektori ishlatilganda suzish imkonini beruvchi — nur qaytaruvchi.
159. Navigatsiya jihozlari ichki kema yoʻllarida harakat boshlanganda (navigatsiya boshlanishi) kemalarni qishki toʻxtab turish uchun joylashtirish tugagunga qadar ishlashi shart.
Suzuvchi belgilar (bakenlar, buylar) ichki kema yoʻllari muzdan toza boʻlgandan soʻng 3 kun ichida oʻrnatilishi va ichki kema yoʻllarida muz qoplamasi (kichik muz parchalari) paydo boʻlgunga qadar ishlashi shart.
160. Navigatsiya jihozlari va belgilarini oʻrnatish boʻyicha ishlarni tashkil etish, ularni saqlab turish suv yoʻllari texnik uchastkalari tomonidan amalga oshiriladi.
Suv yoʻllari texnik uchastkalari navigatsiya jihozlariga xizmat koʻrsatish davrida xavfsizlik texnikasi boʻyicha yoʻriqnomalar ishlab chiqishi shart.
Kema qatnaydigan yoʻllardan foydalanuvchi korxonalarning talablari asosida navigatsiya jihozlarini oʻrnatish suv yoʻllari texnik uchastkalari tomonidan shartnoma asosida amalga oshiriladi.
161. Ichki kema yoʻllaridagi navigatsiya jihozlari va belgilarining shakli, oʻlchamlari va tavsifi standart va normalarga muvofiq boʻlishi shart.
4-§. Reyd, yordamchi va transport floti
162. Transport kemalariga xizmat koʻrsatish, tarkiblarni shakllantirish va taqsimlash, yuklash-tushirish ishlari va xoʻjalik faoliyati bilan bogʻliq ishlarni bajarish uchun portlar reyd va yordamchi xizmat koʻrsatuvchi flotga ega boʻlishlari shart.
163. Reyd flotining tarkibidan yongʻinning oldini olish uchun kecha-kunduz uzluksiz navbatchilik qilishga moʻljallangan, yaxshi foydalanish va shatakka olish xususiyatiga, kuchli suv tortadigan yongʻin nasoslari, koʻpik bilan oʻchirish qurilmalari, oʻt oʻchirish quvurlari va radio aloqa vositalari bilan jihozlangan va maxsus tayyorgarlikdan oʻtgan ekipajga ega kema ajratilgan boʻlishi shart.
Reyd ishlarini bajaruvchi reyd navbatchi kemasi yongʻinni bartaraf etish uchun doimo shay holda turishi shart.
164. Flotga kompleks navigatsiya xizmati koʻrsatish yoʻlga qoʻyilgan portlar pol tagidagi tozalanmagan suvlarni va oqova tizimidan ishlov berilmagan suvlarni tortib olishga, akvatoriyadan oqib kelgan yogʻochlarni va neft mahsulotlari qoldiqlarini yigʻib olishga moʻljallangan maxsus kemalar bilan jihozlangan boʻlishi shart.
5-§. Port hududlariga belgilanadigan talablar
165. Port hududida joylashgan inshootlar, qurilmalar va jihozlar quyidagilarga ega boʻlishi shart:
port ishlari tez va xavfsiz bajarilishini taʼminlovchi maydonlarga;
portga kirish yoʻllari, shu jumladan, port ichi avtomobil yoʻllari, yuklarni portga kiritish va chiqarib ketish uchun temir yoʻllarga;
quvurlar tizimi, yomgʻir suvlari, yer osti va iflos suvlarni qaytarish uchun suv chiqarib tashlaydigan va suv kanalizatsiyasi qurilmalariga;
port tutashib turgan qoʻshni hududdan ajratuvchi toʻsiqlarga;
portda mavjud boʻlgan barcha turdagi transportlar va yuklash-tushirish mashinalarining erkin ishlashini taʼminlovchi va yuklarni qulay taxlash imkonini beruvchi port ichki yoʻllari va maydonlarining mustahkam qoplamalariga;
kemalardan axlatlarni, oziq-ovqat qoldiqlarini, chiqindilarni va quruq mahsulotlarni qabul qilish uchastkasiga.
166. Port prichallari yuk turlari va aylanmasi boʻyicha ixtisoslashgan boʻlishi shart.
Yuklash-tushirish ishlarini jadallashtirish va kemalarning turib qolish vaqtini qisqartirish maqsadida portlarda kemaga tez ishlov berish uchun maxsus prichallar tashkil etilishi mumkin.
167. Ishlarning hajmi va tavsifiga qarab, prichallarda quyidagilar mavjud boʻlishi shart:
kirish suv yoʻllari, zarur akvatoriya maydoni, prichal, yuklash-tushirish mexanizmlari, ishlab chiqarish xonalari, kirib borish yoʻllari, ustaxonalar va maishiy-xizmat binolari;
kemalar bilan aloqada boʻlish uchun tushish joylari hamda kemadan qirgʻoqqa va qirgʻoqdan kemaga oʻtish uchun xavfsiz oʻtish moslamalari;
yuklash-tushirish ishlari uchun zarur moslamalar va inventarlar majmuasi va zaxirasiga ega boʻlgan jihozlar va qurilmalar;
qulay kirish yoʻllariga ega yuk omborxonalari va ochiq omborxona maydonlari;
zarur elektr taʼminoti, yoritish va ishonchli aloqa vositalari;
toʻgʻri joylashtirilgan va mustahkam oʻrnatilgan shvartov qurilmalari;
qirgʻoqqa kemaning urilishini soʻndiruvchi moslamalar (rimlar, bruslar, kranslar);
belgilangan meʼyor boʻyicha yongʻinga qarshi kurashish va qutqaruv jihozlari;
kunduz kuni aniq koʻrinadigan va tunda yoritiladigan reyd belgilari;
ogohlantiruvchi belgilar;
muhandislik kommunikatsiyasi (suv quvurlari, kanalizatsiya), yongʻinga qarshi hovuzlarga borish yoʻllari, yongʻinga qarshi avtomashinalarni joylashtirish uchun pirslar;
quruq axlatlarni yigʻish uchun konteynerlar, shahar suv quvuridan isteʼmol suvini kemaga uzatish gidrantlari, prichal oldida turgan kemalarga zarur kuchlanishdagi elektr energiyasi berish uchun transformator kolonkalari;
kemalarning port telefon tarmogʻiga ulanishi uchun rozetkalar.
168. Prichal va suzuvchi debarkaderlar oqim tezligi kam boʻlgan yoʻl uchastkasida, toʻlqin va muz oqimi taʼsiridan himoyalangan hududda joylashtirilgan boʻlishi shart.
169. Prichal uzunligi va kemalar orasidagi intervallar texnologik va yongʻin xavfsizligi qoidalari meʼyorlariga muvofiq boʻlishi shart.
170. Yuk-yoʻlovchi prichallarida yoʻlovchilarni chiqarish va tushirish joylari va ularga xizmat koʻrsatish yuklarga ishlov berish joylaridan toʻsiqlar bilan ajratilgan boʻlishi shart.
171. Har bir prichal oldi maydonlarida hamda yuk omborxonalarida va debarkaderlarda, loyiha yoki izlanish maʼlumotlariga muvofiq yuklarni taxlash uchun joylarda ruxsat etilgan bosim kattaligi va chegarasi koʻrsatilgan holda maxsus belgilar qoʻyilishi shart.
172. Suzuvchi prichallar va debarkaderlar qirgʻoq bilan mustahkam bogʻlangan, ishonchli va xavfsiz tutqichlar va himoya toʻsiqlar bilan jihozlangan, xavfsizlik texnikasi talablariga muvofiq sinovdan oʻtkazilgan oʻtish yoʻlagiga ega boʻlishi shart.
Prichallar orasidagi uzilish masofasi mahalliy suzish sharoitlariga muvofiq qabul qilinishi, biroq yongʻin xavfsizligi qoidalarida belgilangan meʼyordan kam boʻlmasligi shart.
173. Yuk ortish mexanizmlari yordamida kemalar, vagonlar va avtotransport vositalarini yuklash va tushirish davrida yuklar va tara hamda transport vositalarining saqlanishi va xavfsiz ish sharoitlari taʼminlangan boʻlishi shart.
174. Yuk ortish va tushirish mexanizmlarini boshqaruvchi shaxslar vakolatli organlar tomonidan beriladigan maxsus guvohnomalarga ega boʻlishlari shart.
175. Qirgʻoq va suzuvchi yuk koʻtarish kranlari vakolatli organlar tomonidan belgilangan muddatlarda tekshiruvdan oʻtkazilgan boʻlishi shart.
176. Suzuvchan yuk ortish kranlari pontonlarining texnik holati Kemachilik registri inspektori tomonidan koʻrikdan oʻtkazilgan boʻlishi shart.
Suzuvchan yuk ortish kranlaridan texnik foydalanish va ularga texnik xizmat koʻrsatish tartibi, ularni ishlab chiqargan zavod yoʻriqnomalari va maxsus yoʻriqnomalar bilan belgilanadi.
6-§. Port xodimlarining majburiyatlari va javobgarligi
177. Port binolari, inshootlari, yuk ortish mexanizmlari, reyd kemalarini ishlatish, ularni soz holatda saqlash, portning hududi va akvatoriyalarida ishlarni toʻgʻri tashkil etish uchun javobgar port boshligʻi hisoblanadi.
Portning ayrim obyektlarini ishlatish va soz holatda saqlab turish uchun ushbu obyektlarning rahbarlari javobgar hisoblanadilar.
Harakat xavfsizligi, kemalarning reydda toʻxtab turishi va ularga ishlov berish uchun javobgar port boshligʻi, bosh muxandis, daryo floti dispetcheri va reyd kapitani hisoblanadi.
178. Port boshligʻi portga kirish yoʻllari gabarit oʻlchamlarini saqlab turish, suv yoʻllari tubini chuqurlashtirish va tozalash ishlari oʻtkazilishini nazorat qilib turishi shart.
179. Portning akvatoriyasidagi belgilangan gabarit oʻlchamlarni saqlab turish hamda suv tubini tozalash, qirgʻoq va suzuvchi kemachilik jihozlarini oʻrnatish va ularni saqlab turish, suv inshootlarining himoya qurilmalari hamda portning reyd chegaralarida oʻrnatilgan toʻsuvchi belgilarni oʻrnatish va saqlab turish uchun shu port chegarasida joylashgan suv yoʻllari texnik uchastkasi boshligʻi javobgar hisoblanadi.
9-bob. Port va flot ishini tashkil etish
1-§. Tarkibni shakllantirish va qatnovga joʻnatish
180. Belgilangan yoʻnalishlar boʻyicha kemalar va tarkibni qatnovga joʻnatish tartibi flotning harakat jadvali bilan belgilanadi.
Tarkibni shakllantirish korxona tomonidan tasdiqlangan jadvallarga muvofiq amalga oshiriladi.
181. Reydlarda tarkibni shakllantirish daryo floti dispetcheri, reyd kapitani va shatakka oluvchi kema kapitani koʻrsatmasi boʻyicha amalga oshirilishi shart.
182. Tarkibni shakllantirish uchun reja tuzish davrida daryo floti dispetcheri quyidagilarga rioya etishi shart:
harakat jadvali bilan belgilangan tarkibning vazn meʼyorlari va uning harakat tezligiga amal qilishi;
kema tagida yetarli suv chuqurligi zaxirasi boʻlishi;
tarkibni shakllantirish davrida belgilangan suzish hududi boʻyicha harakat xavfsizligining taʼminlanishi;
tarkib gabarit oʻlchamlarining suv yoʻllari, shlyuzlar va boshqa suv usti inshootlari gabaritlariga muvofiq boʻlishi;
manevr ishlarining qulay bajarilishi.
183. Tarkibni shakllantirish davrida reyd kapitani yoki shataklovchi kema kapitani belgilangan meʼyorlarga muvofiq tarkib boshida suv kam qarshilik koʻrsatadigan va boshqariladigan kemani tanlashi shart.
184. Kemalarni qatnovga joʻnatishga faqat daryo floti dispetcherining ruxsati bilan yoʻl qoʻyiladi.
Ruxsat quyidagilarga muvofiq berilishi shart:
belgilangan shakldagi dispetcherlik ruxsatnomasi;
radio-telefon bilan qabul qilingan va kemaning vaxta jurnalida qayd etilgan koʻrsatma.
Kemani qatnovga joʻnatish uchun koʻrsatma berishda daryo floti dispetcheri quyidagilarni hisobga olishi shart:
kemaning qatnovga joʻnatishga shayligi;
yoʻnalish va uchastkalar boʻyicha kemalarning taqsimlanishi jadvalda belgilanganligi;
ob-havo maʼlumoti, suv sathi, muz oqimi va yoʻl holati.
185. Quyidagi kemalarni qatnovga joʻnatish taqiqlanadi:
tarkib va yuklarning xavfsizligiga tahdid soluvchi nosoz kemalar;
tegishli signallar tizimi va aloqa vositalari, suv chiqarib tashlaydigan va yongʻinga qarshi vositalari mavjud boʻlmagan kemalar;
gabarit oʻlchamlari suv yoʻllari gabarit oʻlchamlariga mos kelmaydigan kemalar.
186. Kemalarning kapitanlari va shkiperlariga quyidagilar taqiqlanadi:
daryo floti dispetcherining ruxsati boʻlmaganda, suzish huquqini beruvchi hujjatlarning amal qilish muddati tugaganda va kema gabarit oʻlchamlari kema yuradigan suv yoʻllari gabarit oʻlchamlariga mos kelmaganda qatnovga joʻnab ketish;
jadvalda va dispetcherlik farmoyishida koʻzda tutilmagan yuklar va yoʻlovchilarni tashish boʻyicha ishlarni bajarish;
Kemachilik registri inspektori tomonidan texnik koʻrikdan oʻtkazilmagan kemalarda koʻl va suv omborlariga chiqish.
187. Qatnovga joʻnab ketishdan oldin kema kapitanlari kemalarning sozligi, tarkibni toʻgʻri va ishonchli bogʻlanganligi, takelaj mavjudligi, aloqa va signallar tizimining nuqsonsiz ishlashi va tashish hujjatlari mavjudligini tekshirishi shart.
188. Kapitan va mexaniklar kemalarning oʻz vaqtida qatnovga joʻnatilishini taʼminlashi, dispetcher farmoyishida belgilangan kemalar va tarkiblarning harakat tezligi jadvaliga rioya etishi shart.
189. Ekipajsiz barjalar shatakka oluvchilarga biriktirilganda ularning texnik holati, saqlanishi, kemachilik jihozlari, tashilayotgan yuklar va kemada boʻlgan inventarning saqlanishini shatakka olgan kemaning kapitani taʼminlashi shart.
190. Kemani shlyuzdan oʻtkazish davrida kapitan va vaxta boshligʻi shlyuz dispetcheri koʻrsatmalaridan tashqari kema oʻtadigan shlyuzlardan kemalarni va tarkiblarni oʻtkazish qoidalari talablarini ham bajarishi shart.
Kemaning vaxta boshligʻi shlyuz dispetcheri koʻrsatmalarini bajargan holda, oʻzi shaxsan kema va tarkibning koʻtarilishi va tushirilishini nazorat qilishi shart.
191. Harakat davrida shatakka olish va shvartov arqonlarini kesish va yechib tashlashga insonlar hayotiga shubhasiz tahdid paydo boʻlganda, kema va tarkib bilan sodir etilishi muqarrar boʻlgan avariyaning ogʻir oqibatlarining oldini olish va kamaytirish maqsadida ruxsat etiladi.
Shatakka olish va shvartov arqonlarini kesish va yechib tashlash toʻgʻrisidagi koʻrsatmani berish huquqiga faqat kema kapitani yoki uning lavozimini egallagan shaxs ega hisoblanadi.
192. Kemani yoki tarkibni toʻxtatish zarurati paydo boʻlganda, vaxta boshligʻi kapitanni xabardor qilishi shart.
Agar keyinchalik harakatlanishning imkoni boʻlmasa, kapitan quyidagilarni bajarishi shart:
kema yoki tarkibni xavfsiz joyga oʻtkazishi va uni ishonchli bogʻlash;
kema yoki tarkibni toʻsib turuvchi belgilar oʻrnatish;
qatnovni davom ettirish choralarini koʻrish;
daryo floti dispetcheriga toʻxtab qolganligi sababi, kerak boʻladigan yordam va harakatni davom ettirish uchun moʻljallangan vaqt toʻgʻrisida xabar berish.
193. Oʻziyurmas kemalarning shkiperlari oʻz kemalarining yoʻl davomida olgan shikastlanishlari toʻgʻrisida shatakka olgan kemaning vaxta boshligʻini xabardor qilishi va bu shikastlanishlarni ekipaj kuchi va mavjud vositalar bilan bartaraf etish choralarini koʻrishi shart.
2-§. Port ishini tashkil etish
194. Port ishini tashkil etish uchun portning sutkalik ish rejasi ishlab chiqiladi va port rahbari tomonidan tasdiqlanadi.
Portning sutkalik ish rejasida kemalarga ishlov berish va xizmat koʻrsatish texnologik jarayonlari aks ettiriladi.
195. Portning texnologik jarayonlari quyidagi hujjatlar bilan rasmiylashtiriladi:
kemalarga ishlov berish jadvali;
kemalarni yuklash ishlari texnologik xaritalari;
yuklash rejasi.
Texnologik xaritalarda yuklash-tushirish ishlarini maksimal mexanizatsiyalashtirish va xavfsiz ish sharoitlari koʻzda tutilgan boʻlishi shart.
Kemalardan temir yoʻl transportiga yoki aksincha, yuklash ishlari amalga oshirilayotgan portda alohida shartnomaga muvofiq port va temir yoʻl stansiyasi ishining yagona texnologik jarayoni tuzilishi mumkin.
196. Portda reyd ishlari belgilangan texnologik jarayon va sutkalik ish rejimi asosida bajarilishi shart.
197. Tarkibni langarga, toʻxtab turgan kemalarga, ponton yoki suzuvchi buylarga bogʻlab qoʻyish daryo floti dispetcherining koʻrsatmasi boʻyicha tarkibni olib kelgan shataklovchi tomonidan amalga oshirilishi shart.
Kemalarni yuklash-tushirish prichallariga joylashtirish, prichalning u joyidan bu joyiga olib qoʻyish, barjalarni olib ketish, tarkibni shakllantirish reyd kemalari tomonidan reyd kapitani rahbarligida amalga oshirilishi shart.
Reyd kemalariga ega boʻlmagan yuklash-tushirish punktlariga kelgan kemalarni prichallarga qoʻyish bu kemalarni olib kelgan shataklovchi tomonidan amalga oshiriladi.
198. Portga ishlov berishga jalb etish uchun kelgan kemalar qatnovga joʻnab ketgunga qadar port ixtiyorida boʻladi.
199. Reydlarga qoʻyilgan kemalar suv sathining tebranishi, oqimning kuchayishi, shtorm (poʻrtana) paydo boʻlishi va boshqa kemalarning reyd boʻyicha harakatini hisobga olgan holda ishonchli bogʻlangan boʻlishi shart.
Port va port chegarasidagi oraliq punktlarda boʻlgan butun vaqt davomida kemalarning xavfsiz toʻxtab turishi va yuklarning saqlanishini tashkil etish uchun port maʼmuriyati javobgar hisoblanadi.
200. Shatakka oluvchilarga quyidagilar taqiqlanadi:
kema va tarkibni farvater (kema yuradigan asosiy yoʻl) chegarasida qoʻyish, ularni kemachilik jihozlari belgilari va bogʻlash uchun moʻljallanmagan predmetlarga bogʻlash;
tarkibni tarqatish davrida kemalarni ushbu yukni qabul qilib olishga moʻljallanmagan prichalga qoʻyish;
kema yoki tarkibdan uni toʻliq toʻxtamasdan yoki bogʻlamasdan uzoqlashish.
201. Reyd kapitani barcha texnologik jarayonlarga bevosita rahbarlik qiladi va reydda turgan kemalarning xavfsiz saqlanishi uchun javobgar hisoblanadi.
3-§. Portda kemalarga kompleks xizmat koʻrsatish
202. Portga kelgan kemalar kema egalarining buyurtmalari boʻyicha ushbu port tomonidan kompleks xizmat koʻrsatilishi taʼminlanadi.
Kemalarga koʻrsatgan xizmat uchun toʻlovlar kema egasi tomonidan xizmat koʻrsatilgan davrdagi tarif boʻyicha portning taqdim etgan hisob varaqasi asosida amalga oshiriladi.
Barcha turdagi xizmat uchun buyurtmalar kema kapitani tomonidan kema portga kelishidan bir kun oldin, oʻtish davomiyligi bir kundan kam boʻlganda esa kema kelishidan 2 soat oldin kechikmay daryo floti dispetcheriga berilishi shart.
203. Transport kemalariga kompleks xizmat koʻrsatish port tomonidan, texnik flot kemalariga xizmat koʻrsatishni tashkil etish esa suv yoʻllari texnik uchastkalari tomonidan amalga oshiriladi.
204. Portlarda kompleks xizmat koʻrsatish davrida quyidagi ishlar amalga oshiriladi:
port ishlatish xizmati: yuklash ishlarini bajarish, yuklash ishlari tugagandan soʻng kemalarni yuk qoldiqlaridan tozalash, suvlarni kemadan chiqarib tashlash, komandasiz barjani qabul qilish va xizmat koʻrsatish, kemalarning poli tagidagi suvlarni va ishlatilgan moylarni, chiqindi va oziq-ovqat qoldiqlarini qabul qilish, yoʻl axborotnomasini berish, lotsman xizmati, ekipajni isteʼmol suvi, oziq-ovqat, tibbiy vositalar bilan taʼminlash;
rejadan tashqari va avariya taʼmirlash boʻyicha ishlarni yaqin oradagi korxonalar va suzuvchi texnik yordam stansiyalari kuchlari bilan tashkil etish.
205. Portda kemalarga kompleks xizmat koʻrsatishni tashkil etish daryo floti dispetcheriga yuklanadi.
Kemalarga xizmat koʻrsatish boʻyicha buyurtmalarning bajarilishi boʻyicha nazoratni port maʼmuriyati amalga oshiradi.
10-bob. Daryo transporti vositalarini nazorat qilish
206. Barcha kemalarda loyihalashtirish, qurish, qayta jihozlash, taʼmirlash va foydalanish davrida vakolatli davlat organlari tomonidan ularning texnik holati, xavfsiz suzish sharoitlari, sanitariya, yongʻin, ekologiya va mehnatni muhofaza qilish qoidalariga rioya etilishi ustidan nazorat olib borilishi va ular texnik koʻriklarga jalb etilishi shart.
207. Kemalarning texnik holati boʻyicha belgilangan qonunchilik hujjatlari talablarining bajarilishi ustidan nazoratni Oʻzbekiston Respublikasi Transport vazirligi huzuridagi Transport nazorati inspeksiyasining Kemachilik registri inspektorlari va Favqulodda vaziyatlar vazirligining Kichik hajmli kemalar inspeksiyasi inspektorlari amalga oshiradi.
Kemachilik registri va Kichik hajmli kemalar inspeksiyasi inspektorlari kemalarni texnik koʻriklardan oʻtkazadi, texnik holati yaroqli ekanligini tasdiqlovchi hujjatlarni beradi, tiklaydi, tasdiqlaydi yoki amal qilish muddatini uzaytiradi.
208. Daryo transportida nazoratni amalga oshiruvchi davlat organlarining mansabdor shaxslari kemalardan belgilangan vazifalariga muvofiq toʻgʻri foydalanishni nazorat qilish boʻyicha quyidagilarga haqli:
kemalardan toʻgʻri foydalanilishi, ularning tabelda qayd etilgan taʼminot va inventar bilan butlanganligi, ular tomonidan suzish va foydalanish xavfsizligi taʼminlanishi boʻyicha qoidalar va talablar bajarilishi, kemalar suzadigan yoʻllar va kemalar suzadigan vaziyatning holati ustidan nazorat qilish, ekipaj aʼzolarining bilimlarini tekshirish;
kema hujjatlarining amal qilish muddati tamom boʻlganda, kemalar malakali ekipaj bilan butlanmaganda, bortda avariya-qutqaruv, yongʻinga qarshi inventar mavjud boʻlmaganda, suzib yuruvchi qurilmalarda odamlarning xavfsizligiga tahdid soluvchi nuqsonlar boʻlganda, kemalardan foydalanish, yongʻinga qarshi va sanitariya xavfsizligi qoidalari talablari buzilganda kemalardan foydalanishni taqiqlash;
agar suzish vositalarining texnik holati suzishning va foydalanishning xavfsizligini yoki suzish vositalarining xavfsiz toʻxtab turishini taʼminlamasa, ulardan foydalanishni taqiqlash;
xavfsiz suzish sharoitlarini, odamlarning hayoti muhofaza qilinishini, ichki kema yoʻllarida yuklarning ishonchli tashilishini, kemalardan ifloslantirishning oldini olishni taʼminlovchi suzish vositalariga qoʻyiladigan talablar bajarilishini texnik nazorat qilish.
11-bob. Yakunlovchi qoida
209. Mazkur Qoidalar talablarining buzilishida aybdor boʻlgan shaxslar qonunchilik hujjatlarida belgilangan tartibda javob beradilar.
Vazirlar Mahkamasining 2023-yil 11-sentabrdagi 462-son qaroriga 3-ILOVA
Daryo transportida yuk tashish
1-bob. Umumiy qoidalar
1. Mazkur Qoidalar Oʻzbekiston Respublikasining ichki kema yoʻllarida daryo transportida yuk tashish tartibini belgilaydi.
2. Mazkur Qoidalarda quyidagi asosiy tushunchalardan foydalaniladi:
daryo floti boʻyicha navbatchi dispetcher — portda yuklash va tushirish ishlarini tashkil etuvchi va ularga rahbarlik qiluvchi mansabdor shaxs;
davlat nazorati organlari — shaxslarni, transport vositalarini va tovarlarni Davlat chegarasi orqali oʻtkazishda ishtirok etuvchi chegara, bojxona, sanitariya-epidemiologiya, fitosanitariya va veterinariya nazorati organlari;
joʻnab ketish porti — kemaning harakatlanishi boshlanadigan port;
joʻnatish porti — bojxona nazorati ostida yuklarni tushirish, qabul qilish, saqlash, kemaga yuklash va joʻnatish boshlanadigan port;
joʻnatish bojxona posti — bojxona nazorati ostida yuklarni tashish boshlanadigan hududda joylashgan bojxona xizmati organi;
kema kapitani — kemani boshqarish, unga rahbarlik qilish hamda suzish xavfsizligini taʼminlash, kemada tartib-intizomni saqlash, kemadagi odamlarning hayoti va sogʻligʻini muhofaza qilish, kemaning hamda unda tashiladigan yuklarning butligi uchun zarur boʻlgan choralarni koʻrish uchun kema egasi tomonidan tayinlangan mansabdor shaxs;
konosament — daryo transportida yuk tashish shartnomasi tuzilganligi, yukning yuk tashuvchi tomonidan qabul qilinganligi va yuk yetkazib berilganligini tasdiqlovchi transport (tashish) hujjati;
manzil porti — bojxona nazorati ostida yuklarni tashish, tushirish, qabul qilish, saqlash va topshirish tugallanadigan port;
manzil bojxona posti — bojxona nazorati ostida yuklarni tashish tugallanadigan hududda joylashgan bojxona xizmati organi;
port — qirgʻoq boʻyi yer uchastkasi va ichki suv akvatoriyasida joylashgan, yoʻlovchi va kemalarga xizmat koʻrsatish, yuklarni qabul qilish, tushirish, ortish, qisqa muddatli saqlash va topshirish, boshqa transport turlari bilan birgalikda harakat qilish maqsadida maxsus jihozlangan inshootlar majmui;
tara — tashish, yuklash, joylashtirish, tushirish va omborda saqlash jarayonida ichidagi yuklarga shikast yetkazilishidan himoya qilish imkoniyatiga ega boʻlgan buyum;
tarali dona yuklar — alohida yuk oʻrinlari bilan taqdim etiladigan, taraga joylashtirilgan, oʻzining shakli, vazni va oʻlchamlari bilan tavsiflanadigan yuk birligi;
transport (tashish) hujjati — transport yuk xati, konosament yoki tashish shartnomasi yoxud tovarlarni tashish boʻyicha shartnoma tuzilganligini tasdiqlovchi boshqa hujjat;
shkiper — yuklarni bir yoki bir nechta oʻziyurmas yuk kemalariga yuklash, yuklarni kemaga toʻgʻri joylashtirish, mahkamlash va tushirish ishlariga javobgar shaxs (oʻziyurmas kema kapitani);
yuk joʻnatuvchi — oʻzi yoki yuk egasi nomidan harakat qiluvchi va transport (tashish) hujjatlariga muvofiq joʻnatish portidan yukni joʻnatish vakolatiga ega shaxs;
yuk tashuvchi — yuk tashish shartnomasiga muvofiq yukni joʻnatish portida yuk joʻnatuvchidan qabul qilish, daryo transportida manzil portiga yetkazib berish va yuk oluvchiga topshirish, shuningdek, qonunchilik hujjatlarida va yuk tashish shartnomasida nazarda tutilgan boshqa majburiyatlarni bajaruvchi shaxs;
yuk oluvchi — yuk tashish shartnomasiga muvofiq manzil portida yukni olish vakolatiga ega shaxs;
yuk qabul qiluvchi-topshiruvchi — yuklarni qabul qilish, topshirish va ularning hisobini yuritish uchun port tomonidan tayinlangan javobgar shaxs;
qoʻshma naryad — Oʻzbekiston Respublikasining Davlat chegarasi orqali shaxslarni, transport vositalarini va yuklarni oʻtkazish boʻyicha birgalikdagi nazoratni amalga oshiruvchi Oʻzbekiston Respublikasi Davlat xavfsizlik xizmati Chegara qoʻshinlarining chegara nazorati boʻlinmalari (keyingi oʻrinlarda — chegara nazorati boʻlinmalari) (chegara naryadi) va bojxona xizmati organi (bojxona naryadi), sanitariya-epidemiologiya xizmati, fitosanitariya va veterinariya nazorati organlari xodimlaridan iborat boʻlgan naryad.
3. Oʻzbekiston Respublikasining xalqaro shartnomasida mazkur Qoidalarda nazarda tutilganidan boshqacha qoidalar belgilangan boʻlsa, xalqaro shartnoma qoidalari qoʻllaniladi.
2-bob. Yuk tashishni tashkil etish
1-§. Yuk tashish shartnomasi va uning shartlari
4. Yuklar yuk tashish shartnomasiga asosan tashiladi. Yuk tashish shartnomasi boʻyicha yuk tashuvchi yuk joʻnatuvchi tomonidan oʻziga ishonib topshirilgan yukni belgilangan manzilga yetkazib berish va yuk oluvchiga topshirish, yuk joʻnatuvchi esa yukni tashib berganlik uchun belgilangan haqni toʻlash majburiyatini oladi.
5. Daryo transportida yuk tashish davrida yuk joʻnatuvchining talabiga muvofiq tovarlarni taqsimlovchi hujjat sifatida unga konosament beriladi.
Konosament bir vaqtning oʻzida yuk tashuvchi tomonidan yuklar qabul qilib olinganligi va tashish shartnomasi tuzilganligini tasdiqlovchi hujjat hisoblanadi.
6. Tashishning umumiy shartlari Oʻzbekiston Respublikasining Fuqarolik kodeksi , “Transport toʻgʻrisida”gi Qonuni va boshqa qonunchilik hujjatlari bilan belgilanadi.
7. Yuk tashish shartnomasida yuklarni yuk tashuvchiga topshirish, joʻnatish portida saqlash, yetkazib berish muddati, yuklarning miqdori va vazni hamda tomonlarning kelishuvi boʻyicha boshqa shartlar koʻrsatiladi.
8. Joʻnatish va manzil port orasida kemaning boshqa portga kirishi yuk tashish shartnomasida koʻrsatiladi.
9. Yuk tashish hamda tashish bilan bogʻliq boʻlgan boshqa ishlarni bajarish uchun haq toʻlash yuk tashish shartnomasiga muvofiq amalga oshiriladi.
Agar yuk tashish shartnomasida boshqacha tartib belgilangan boʻlmasa, yuklarni kemaga yuklash va ularni kemadan portga tushirish port tomonidan yuk joʻnatuvchi yoki yuk oluvchining hisobidan amalga oshiriladi.
10. Yuk tashuvchi tashishga qabul qilingan yuklarning joʻnatish va manzil portini qonunchilik hujjatlari talablariga rioya qilgan holda oʻzgartirishi, yuk toʻgʻrisidagi deklaratsiyada koʻrsatilgan bir yukni boshqa turdosh yuk bilan almashtirishi yuk joʻnatuvchi yoki yuk oluvchining yozma talabiga muvofiq amalga oshiriladi.
11. Yuk joʻnatuvchi manzil portini oʻzgartirmasdan yuk oluvchini oʻzgartirishi mumkin.
Yuk oluvchini oʻzgartirish toʻgʻrisidagi talabnoma konosamentlarga ilova qilingan holda, joʻnatish bojxona organi va joʻnatish portiga taqdim etiladi.
12. Manzil portini oʻzgartirishni talab qilgan yuk joʻnatuvchi mazkur oʻzgartirish natijasida vujudga keladigan xarajatlar boʻyicha yuk tashuvchi va birinchi koʻrsatilgan manzildagi yuk oluvchi oldida javobgar hisoblanadi.
13. Yengib boʻlmaydigan kuch, yaʼni favqulodda va muayyan sharoitlarda oldini olib boʻlmaydigan vaziyatlar (fors-major) oqibatida tashishga qabul qilingan, lekin hali joʻnatilmagan yuklarning manzil portini oʻzgartirish yuk tashuvchi tomonidan yuk joʻnatuvchi bilan kelishilgan holda amalga oshiriladi, bunda yuk joʻnatuvchi haqiqiy bosib oʻtilgan masofa boʻyicha haq toʻlaydi.
14. Yuklarning manzil portini oʻzgartirishga ularning yaroqlilik (saqlash) muddati doirasida yoʻl qoʻyiladi.
15. Mazkur Qoidalarning 13-bandida nazarda tutilgan holatlar yuz berganligi sababli kemaning manzil portiga kelishining imkoni boʻlmasa, yuk tashuvchi bu haqda yuk joʻnatuvchi yoki yuk oluvchini xabardor qilishi lozim.
16. Tomonlarning kelishuviga muvofiq yuklar yuk joʻnatuvchining kuzatuvchisi ishtirokida tashiladi.
17. Yukni kemaga yuklash kechikkanligi uchun aybdor boʻlgan taraf qonunchilik hujjatlarida yoki yuk tashish shartnomasida belgilangan tartibda va miqdorda jarima toʻlaydi.
18. Yukni yuk joʻnatuvchining aybi bilan joʻnatish portiga qaytarib olib kelish, tushirish va saqlash xarajatlari yuk joʻnatuvchi tomonidan qoplanadi.
2-§. Kemaga qoʻyiladigan talablar
19. Yuk tashuvchi tomonidan yuk tashish uchun jalb qilinayotgan kema Daryo transportini texnik ishlatish qoidalari va boshqa qonunchilik hujjatlari talablariga muvofiq boʻlishi hamda yuklarni manzil portiga xavfsiz va ishonchli yetkazish imkoniyatiga ega boʻlishi kerak.
20. Rejalashtirilgan yukning yuk joʻnatuvchi yoki yuk oluvchi tomonidan oʻzgartirilishi kemani qayta jihozlashni talab qilsa, yuk tashuvchi qoʻshimcha tuzilgan shartnoma asosida yuk joʻnatuvchi yoki yuk oluvchining hisobidan kemani qayta jihozlaydi.
3-§. Yuk va taraga qoʻyiladigan talablar§
21. Yuklar yuk joʻnatuvchi tomonidan texnik shartlarga muvofiq keladigan milliy standartlar, xalqaro (mintaqaviy) standartlarga muvofiq, texnik shartlarda nazarda tutilmagan yuklar esa yuk tashuvchi bilan kelishilgan va ularning toʻliq saqlanishini taʼminlaydigan soz taralar va oʻramlarda taqdim etilishi shart.
22. Yuklarni tashishga tayyorlashda kemaning yuk sigʻimi, yuk turlari va ularning vazniga qarab kemaga joylashtirilishi hisobga olinishi shart.
23. Yuklarni kemaga joylashtirish va tashish tartibi yuk tashish shartnomasi bilan belgilanadi.
Bitta yuk joʻnatuvchi tomonidan bitta manzilga, bitta kemada bir xil oʻramlar va taralarda tashiladigan yuklar bitta konosament bilan joʻnatilishi shart.
24. Oʻzining fizik-kimyoviy xususiyatlariga va tashish shartlariga koʻra oʻramlangan holda tashiladigan tarali dona yuklar yuk tashuvchiga xuddi shunday holatda taqdim etiladi.
25. Yuk joʻnatuvchi yukni oʻramlash uchun zarur materiallarni yuk bilan birgalikda portga taqdim etadi. Koʻp marta foydalaniladigan, yuklarni kema bortiga mahkamlash uchun moʻljallangan kema moslamalari yuk tashuvchi tomonidan taqdim etiladi.
26. Tara va oʻramlarda tashilayotgan yuklarni port omborlariga kiritish va kemaga yuklash davrida ular yuk qabul qiluvchi-topshiruvchi va shkiper tomonidan tashqi tekshiruvdan oʻtkaziladi. Bunda tara va oʻramlarning sozligi, yukning tashishga yaroqliligi, zarur rekvizitlarning mavjudligi, plombalarning buzilmaganligi va ularning hujjatlarda koʻrsatilgan maʼlumotlarga muvofiqligi tekshiriladi.
27. Tashuvga qabul qilinadigan oʻramli va tarali dona yuklarning oʻrni markirovkalash belgisiga, maxsus ishlov berish talab etiladigan yuklar esa maxsus belgiga ega boʻlishi lozim.
3-bob. Yuk tashishni davlat tomonidan nazorat qilish.
1-§. Bojxona nazorati va rasmiylashtiruvi
28. Oʻzbekiston Respublikasiga olib kirilayotgan va olib chiqilayotgan kemadagi tovarlar va ekipaj aʼzolari va yoʻlovchilarning shaxsiy buyumlari, valyuta boyliklari bojxona nazorati va rasmiylashtiruvidan oʻtkazilishi shart.
29. Bojxona rasmiylashtiruvi va nazorati Bojxona kodeksi va boshqa qonunchilik hujjatlariga muvofiq amalga oshiriladi.
30. Kemalarning Oʻzbekiston Respublikasiga kirib kelishi va Oʻzbekiston Respublikasidan chiqib ketishini rasmiylashtirish quyidagi tarkibdagi davlat nazorati organlari tomonidan amalga oshiriladi:
chegara nazorati boʻlinmalari xodimlari;
bojxona xizmati organlari xodimlari;
sanitariya-epidemiologiya xizmati xodimlari;
oʻsimliklar karantini va himoyasi boʻyicha davlat xizmati xodimlari, (urugʻlar, oʻsimliklar va oʻsimlik mahsulotlari olib kiriladigan chegara punktlari yoki hududlarida);
manzil yoki joʻnatish porti vakillari.
Zarur hollarda, davlat nazorati organlari tarkibiga boshqa xizmatlar xodimlari ham kiritilishi mumkin.
31. Kemalarning bojxona rasmiylashtiruvi uchun buyurtma daryo floti boʻyicha navbatchi dispetcher tomonidan beriladi.
Bojxona nazorati va rasmiylashtiruvi sanitariya nazorati oʻtkazilgandan keyin amalga oshiriladi.
Sanitariya nazorati tugagunga qadar kemaga biror-bir shaxsning kirishi va chiqishi taqiqlanadi.
32. Chet elga joʻnab ketuvchi kemalar portda turgan vaqtda chegara nazorati boʻlinmalari va bojxona organlarining nazorati ostida boʻladi.
Kemalarning turar joyini oʻzgartirish (boshqa joyga bogʻlash) chegara nazorati boʻlinmalari va bojxona organlarini xabardor qilgan holda amalga oshirilishi shart.
33. Chegara nazorati boʻlinmalari va bojxona organlari tomonidan chegara va bojxona nazorati amalga oshirilayotgan kemalarning yoniga toʻxtash, shuningdek, bortdan qirgʻoqqa yoki qirgʻoqdan bortga biror-bir buyumlarni uzatishga yoʻl qoʻyilmaydi.
34. Bojxona organlarining mansabdor shaxslari oʻz xizmat vazifalarini bajarish uchun kema bortiga istalgan vaqtda chiqishi mumkin.
Kema kapitani yoki shkiper mazkur Qoidalarning 35-bandida nazarda tutilgan hujjatlarni bojxona nazoratidan oʻtkazish uchun taqdim etishi, zarur hollarda, bojxona organining mansabdor shaxslariga oʻz xizmat vazifalarini bajarishlari uchun maishiy va xizmat xonalarini ajratib berishi shart.
2-§. Kemalar va yuklarning bojxona rasmiylashtiruvi uchun zarur hujjatlar
35. Daryo transportida tashishlarni bojxona rasmiylashtiruvida quyidagi hujjatlardan foydalaniladi:
umumiy deklaratsiya — kema va uning kelishi yoki joʻnab ketishi toʻgʻrisidagi maʼlumotlar koʻrsatilgan hujjat;
yuk toʻgʻrisidagi deklaratsiya — kema anjomlari toʻgʻrisidagi deklaratsiya va kema ekipajining shaxsiy buyumlari toʻgʻrisidagi deklaratsiyaga kiritilmagan, kema bortida mavjud boʻlgan yuklar (tovarlar) toʻgʻrisidagi maʼlumotlar koʻrsatilgan hujjat;
kema anjomlari toʻgʻrisidagi deklaratsiya — kema va ekipaj aʼzolarining ehtiyoji uchun moʻljallangan tovarlar (oziq-ovqat mahsulotlari, yonilgʻi-moylash mahsulotlari, kemaning material-texnik taʼminotlari) toʻgʻrisidagi maʼlumotlar koʻrsatilgan hujjat;
kema ekipajining shaxsiy buyumlari toʻgʻrisidagi deklaratsiya — ekipaj aʼzolariga tegishli shaxsiy buyumlar toʻgʻrisidagi maʼlumotlar koʻrsatilgan hujjat;
kema xizmati — kemaning nomi va egasi, kema roʻyxatdan oʻtkazilgan port, kema turi, kema ekipaji aʼzolarining familiyasi, ismi, otasining ismi, tugʻilgan yili, fuqaroligi, lavozimi, shaxsini tasdiqlovchi hujjatlarining turi, seriyasi va tartib raqami hamda guvohnoma raqami toʻgʻrisidagi maʼlumotlar koʻrsatilgan hujjat;
yoʻlovchilar roʻyxati;
transport hujjatlari;
tashilayotgan tovarlarga tijorat hujjatlari;
xalqaro pochta joʻnatmalarini kuzatib borish uchun Umumjahon pochta ittifoqi hujjatlarida belgilangan hujjatlar.
Umumiy, yuk, kema anjomlari, va kema ekipajining shaxsiy buyumlari toʻgʻrisidagi deklaratsiyalar kema kapitani yoki boshqa vakolatli shaxs tomonidan imzolanadi.
Kema xizmati port rahbari yoki vakolat berilgan boshqa shaxs hamda xodimlar boʻlimi boshligʻi tomonidan imzolanadi.
36. Transport (tashish) hujjatlarida Umumjahon bojxona tashkilotining Tovarlarni tavsiflash va kodlashtirishning uygʻunlashtirilgan tizimiga muvofiq tovarlarning nomi va kamida oltita belgi darajasidagi kodlari (xalqaro pochta va kuryerlik joʻnatmalari bundan mustasno), yuk oʻrinlari soni, brutto va netto ogʻirligi (kilogrammda), joylashtirish tavsifi va faktura qiymati koʻrsatilishi shart.
37. Kema bortida boʻlgan xavfli yuklar (xavfli xususiyatlarga ega boʻlgan, tashish va saqlash davrida alohida ehtiyot choralarini koʻrishni talab qiluvchi moddalar va tovarlar) toʻgʻrisida maʼlumotlar alohida koʻrsatilishi shart.
3-§. Oʻzbekiston Respublikasiga kirishda bojxona nazorati va rasmiylashtiruvi
38. Kema Oʻzbekiston Respublikasining bojxona chegarasiga kirganligi toʻgʻrisida daryo floti boʻyicha navbatchi dispetcher tomonidan manzil bojxona postiga kamida 1 soat oldin onlayn rejimda elektron shaklda xabar beriladi.
Xabarda quyidagi elektron maʼlumotlar boʻladi:
manzil port va kemaning nomi;
yuk toʻgʻrisidagi maʼlumotlar (Umumjahon bojxona tashkilotining Tovarlarni tavsiflash va kodlashtirishning uygʻunlashtirilgan tizimiga muvofiq tovarlarning nomi va kamida oltita belgi darajasidagi kodlari (xalqaro pochta va kuryerlik joʻnatmalari bundan mustasno), yuk oʻrinlari soni, brutto va netto ogʻirligi (kilogrammda), joylashtirish tavsifi va faktura qiymatining) nomi va miqdori yoki kemaning yuksiz ekanligi toʻgʻrisida maʼlumot;
kemaning portga kelish vaqti.
39. Davlat nazorati organlari xodimlari kema bortiga kelgandan soʻng shkiper bojxona rasmiylashtiruvi uchun manzil bojxona posti xodimiga mazkur Qoidalarning 35-bandida nazarda tutilgan hujjatlarni taqdim etishi shart.
40. Manzil bojxona posti xodimi taqdim etilgan hujjatlarni tekshirib chiqqandan soʻng tushiriladigan yuklar konosamentlari va yuk kuzatuv hujjatlarini belgilangan tartibda rasmiylashtiruvini amalga oshiradi.
41. Hujjatlar rasmiylashtirilgandan soʻng kemada manzil bojxona posti xodimi tomonidan bojxona nazorati oʻtkaziladi.
Kema bojxona nazoratidan kema kapitani yoki shkiperi tomonidan tayinlangan kuzatuvchi ishtirokida oʻtkaziladi.
Kema kapitani yoki shkiperi kemaning barcha xonalarida bojxona nazorati oʻtkazilishini taʼminlaydi.
Tryumlar, shkaflar, qutilar va boshqa yopiq obyektlarning bojxona nazoratidan oʻtkazish uchun zarur sharoit kuzatuvchi tomonidan taʼminlanadi.
Yoʻlovchilarning va kema ekipaji aʼzolarining shaxsiy buyumlari Bojxona kodeksi va boshqa qonunchilik hujjatlariga muvofiq ularning egalari yoki ularning ishonchli vakillari ishtirokida bojxona rasmiylashtiruvi va nazoratidan oʻtkaziladi.
Bojxona rasmiylashtiruvi tugagandan soʻng manzil bojxona organi tomonidan yuklarni tegishli bojxona (port) omboriga tushirishga ruxsat beriladi.
42. Kemada tovar va ashyolarni noqonuniy olib kirish hamda olib chiqish bilan bogʻliq huquqbuzarliklar aniqlangan taqdirda, xonalar, tryumlar, shkaflar, qutilar va boshqa yopiq obyektlar manzil bojxona posti xodimi tomonidan muhrlanadi va bu holat maʼmuriy ish yoki jinoyat ishini qoʻzgʻatishga asos boʻladi.
43. Davlat nazorati organlarining faoliyati kema portga kelgan vaqtdan boshlab 3 soat ichida tugallanishi shart.
4-§. Oʻzbekiston Respublikasidan chiqishda bojxona nazorati va rasmiylashtiruvi
44. Oʻzbekiston Respublikasidan chiqib ketadigan kemaning joʻnab ketishi davrida konosamentlar va yuklash topshiriqnomasi portning tijorat boʻlimi tomonidan joʻnatish bojxona xizmati organiga onlayn rejimda elektron shaklda taqdim etiladi.
Joʻnatish bojxona posti xodimi hujjatlarning qonunchilik hujjatlari talablariga muvofiqligini tekshirib, konosamentlar va yuk bilan birga joʻnatiladigan barcha yuk kuzatuv hujjatlarini belgilangan tartibda rasmiylashtiruvini amalga oshiradi.
45. Portning tijorat boʻlimi tomonidan joʻnatish bojxona posti xodimidan hujjatlar qabul qilib olingandan soʻng daryo floti boʻyicha navbatchi dispetcherga kema va yuklarning joʻnatishga tayyor ekanligi haqida xabar beriladi.
Konosamentlar va yuk bilan birga joʻnatiladigan boshqa hujjatlar shkiperga topshiriladi.
46. Oʻzbekiston Respublikasidan chiqib ketadigan kemaning joʻnab ketishi davrida daryo floti boʻyicha navbatchi dispetcher tomonidan joʻnatish bojxona xizmati organiga tovarlar va transport vositalarining Oʻzbekiston Respublikasining bojxona chegarasidan olib chiqilishi kutilayotganligi toʻgʻrisida xabar beriladi.
Joʻnatish bojxona posti xodimi davlat nazorati xodimlari bilan birgalikda bojxona nazoratini oʻtkazishga kirishadi.
Yuklash va kemada bajariladigan boshqa ishlar bojxona nazorati boshlanishidan oldin tugatilgan boʻlishi, shuningdek, kema yaqinida boshqa suzuvchi vosita va begona shaxslar boʻlmasligi lozim.
47. Davlat nazorati organlari xodimlari kema bortiga kelgandan soʻng mazkur Qoidalarning 35-bandida nazarda tutilgan hujjatlar shkiper tomonidan joʻnatish bojxona posti xodimiga taqdim etiladi.
48. Transport (tashish) hujjatlaridagi maʼlumotlar hujjatlarni qabul qilgan joʻnatish bojxona posti xodimi tomonidan kema va yuk bojxona nazoratidan oʻtkaziladi hamda yuklash topshiriqnomasida koʻrsatilgan maʼlumotlar bilan solishtiriladi va barcha hujjatlar belgilangan tartibda rasmiylashtiriladi.
49. Kema ekipaji aʼzolari tomonidan bojxona ishi toʻgʻrisidagi qonunchilik hujjatlari talablari bajarilmagan taqdirda, joʻnatish bojxona posti xodimi nazoratni toʻxtatishga haqli.
5-§. Chegara nazorati
50. Yuk tashish davrida Oʻzbekiston Respublikasining Davlat chegarasini noqonuniy kesib oʻtishlarning oldini olish maqsadida chegara nazorati boʻlinmalari tomonidan chegara nazorati amalga oshiriladi.
51. Chet eldan Oʻzbekiston Respublikasi portlariga kirib kelayotgan yoki chet elga chiqib ketayotgan barcha kemalar chegara nazoratidan oʻtkaziladi.
52. Oʻzbekiston Respublikasidan chiqib ketadigan, shu jumladan, chet el portlariga kirmasdan suzadigan kemalar Oʻzbekiston Respublikasi portlariga kelganda, portda toʻxtab turganda va portdan joʻnab ketayotganda chegara nazoratidan oʻtkaziladi.
53. Chet elga chiqib ketadigan kemalarning ular toʻxtab turgan joydagi oʻtkazish punkti rejimiga rioya qilishlari, shuningdek, kemada vaxta xizmatining olib borilishi chegara nazorati boʻlinmalari tomonidan nazorat qilinadi.
54. Chet elga chiqib ketadigan kemalarda tashilayotgan transport vositalari, konteynerlar va boshqa katta hajmli yuklar kemaga yuklashdan oldin yoki undan tushirilgandan keyin tekshiriladi.
55. Chegara nazorati boʻlinmalariga daryo flotining dispetcher xizmati tomonidan har kuni Oʻzbekiston Respublikasi portiga kirib kelayotgan va undan chiqib ketadigan kemalar toʻgʻrisida xabar beriladi.
56. Kemalarni nazorat qilish davrida bojxona xizmati organi va kemalarga xizmat koʻrsatuvchi boshqa xizmatlar bilan oʻzaro harakatlar chegara nazorati boʻlinmalari komandiri tomonidan texnologik sxema va jadvalga muvofiq tashkil etiladi.
57. Chegara nazorati davrida kema kapitani yoki shkiperi tomonidan tayinlangan kuzatuvchi barcha xonalarga birinchi boʻlib kirishi va oxirida chiqishi shart.
Yuklarni tekshirish davrida maxsus xizmat itlari va texnik vositalardan foydalanilishi mumkin.
Davlat nazorati organlari oʻz ishini tugatgandan keyin chegara nazorati boʻlinmasi komandirining va bojxona xizmati organi rahbarining ruxsati bilan kema tark etiladi.
6-§. Oʻzbekiston Respublikasiga kirib kelish davrida chegara nazorati
58. Qoʻshma naryadning kemada chegara va bojxona nazoratini oʻtkazishdagi vazifalari kema portga kelishidan 30 daqiqa oldin chegara nazorati boʻlinmalari va manzil bojxona xizmati organi rahbarlari tomonidan belgilab olinadi.
59. Qoʻshma naryad oʻz faoliyatini kema bortida sanitariya-epidemiologiya, oʻsimliklar karantini va himoyasi boʻyicha davlat xizmatlari hamda boshqa davlat nazorati organlari xodimlari bilan birgalikda amalga oshiradi.
60. Chegara nazorati boʻlinmalari kema ekipaji, kema ekipajining kema xizmatiga kiritilmagan aʼzolari va yoʻlovchilar sonini kema kapitanidan aniqlaydi hamda kema ekipaji aʼzolari va kema bortida boʻlgan boshqa shaxslarni pasport nazoratidan oʻtkazadi.
61. Qoʻshma naryad tomonidan kema kapitani yoki shkiperi tomonidan tayinlangan kuzatuvchi ishtirokida kemaning barcha boʻlinmalari, tryumlari, shkiper xonasi va kemadagi tovarlar tekshiriladi.
Kema ekipajining va kema bortida boʻlgan boshqa shaxslarning shaxsiy buyumlari ularning ishtirokida tekshiriladi.
62. Davlat nazorati organlarining xodimlari oʻz faoliyatini tugatganidan soʻng chegara nazorati boʻlinmasi komandiri va bojxona posti xodimining ruxsati bilan yuklar kemadan tushiriladi.
63. Oʻzbekiston Respublikasiga kemani shatakka olib kelgan va darhol Oʻzbekiston Respublikasidan chiqib ketadigan kema tekshiruvdan oʻtkazilmaydi, biroq uning portga kirishi va portdan chiqib ketishi chegara nazorati boʻlinmalari tomonidan kuzatib turiladi.
7 §. Oʻzbekiston Respublikasidan chiqib ketish davrida chegara nazorati
64. Chegara nazorati boʻlinmalari kemaning Oʻzbekiston Respublikasidan chiqib ketish vaqti toʻgʻrisidagi axborotni daryo floti boʻyicha navbatchi dispetcherdan qoʻshma naryad toʻplanishidan 30 daqiqa oldin oladi.
65. Qoʻshma naryad kema turadigan joyga kelib, prichal va unga tutash joylarni koʻzdan kechiradi, barcha begona shaxslarni chiqarib yuboradi va kema hamda atrof kuzatilishini tashkil qiladi.
66. Qoʻshma naryad oʻz faoliyatini mazkur Qoidalarning 59-bandida koʻrsatib oʻtilgan davlat nazorati organlari xodimlari bilan birgalikda amalga oshiradi.
67. Chegara nazorati boʻlinmalari kema ekipaji, kema ekipajining kema xizmatiga kiritilmagan aʼzolari va yoʻlovchilar sonini kema kapitanidan aniqlaydi hamda kema ekipaji aʼzolari va kema bortida boʻlgan boshqa shaxslarni pasport nazoratidan oʻtkazadi.
68. Qoʻshma naryad tomonidan kema kapitani yoki shkiperi tomonidan tayinlangan kuzatuvchi ishtirokida kemaning barcha boʻlinmalari, tryumlari, shkiper xonasi va kemadagi tovarlar tekshiruvdan oʻtkaziladi.
Kema ekipajining va kema bortida boʻlgan boshqa shaxslarning shaxsiy buyumlari ularning ishtirokida tekshiriladi.
69. Davlat nazorati organlarining xodimlari oʻz faoliyatini tugatganidan soʻng kema chegara nazorati boʻlinmasi komandiri va bojxona xizmati organi rahbarining ruxsati bilan chet elga joʻnab ketadi.
4-bob. Yuklarni qabul qilish va joʻnatish
1-§. Joʻnatish portida yuklarni qabul qilish
70. Yuklar joʻnatish portida yuk tashish shartnomasiga muvofiq toʻgʻridan-toʻgʻri kemaga yuklash yoki port omborlarida vaqtincha saqlash uchun qabul qilinadi.
71. Yuklarni qabul qilish transport (tashish) hujjati asosida amalga oshiriladi va yukni tushirish, yuklash va saqlashga qabul qilish dalolatnomasi bilan rasmiylashtiriladi.
Dalolatnomaga kiritilgan tuzatishlar “Tuzatilgan” degan yozuv bilan qayd qilinadi hamda yuk qabul qiluvchi-topshiruvchi va shkiperning imzosi bilan tasdiqlanadi.
72. Yuk joʻnatuvchi tomonidan yuklash topshiriqnomasi olingandan soʻng yukni tushirish, yuklash va saqlashga qabul qilish dalolatnomasi tuziladi va yuk bojxona nazorati ostida kemaga yuklanadi.
73. Yuklash topshiriqnomasida kema nomi, joʻnatish va manzil porti, yukning turi va miqdori, uning alohida xususiyatlari, oʻram turi, yuk oʻrinlarining belgisi va raqami, portga kelib tushgan yukning yukni tushirish, yuklash va saqlashga qabul qilish dalolatnomasi va transport (tashish) hujjatining raqami koʻrsatilishi shart.
74. Eksport, import va tranzit yuklarni yuklash yoki tushirish yuklash topshiriqnomasi asosida ikki ish kuni ichida amalga oshiriladi.
75. Yuklash topshiriqnomasi yuk joʻnatuvchi tomonidan kemaga yuk ortish boshlanishidan 48 soat oldin, port omborlarida saqlanayotgan yuklar boʻyicha esa yuk tashish shartnomasida koʻrsatilgan muddatlarda uch nusxada taqdim etilishi shart.
76. Yuklash topshiriqnomasi joʻnatish portining muhri va joʻnatish bojxona organining tegishli belgisi bilan tasdiqlangan boʻlishi hamda unga yuk bilan birgalikda yuboriladigan barcha hujjatlar ilova qilinishi shart.
77. Yuklash topshiriqnomasining bir nusxasi joʻnatish bojxona organi xodimiga, ikkinchi nusxasi yuk oluvchiga berish uchun shkiperga beriladi, uchinchi nusxasi joʻnatish portida qoldiriladi.
78. Yuk tashishni amalga oshirish uchun yuk joʻnatuvchi tomonidan sakkiz nusxada konosament tuziladi va imzolangan holda yuk joʻnatuvchiga taqdim etiladi.
79. Konosamentga unda koʻrsatilgan yuk kema bortiga ortilgan vaqt boʻyicha sana qoʻyiladi va shkiper tomonidan imzolanadi.
Konosamentni yuklash tugashidan oldin imzolashga yoki unga boshqa sanani koʻrsatishga yoʻl qoʻyilmaydi.
80. Konosamentning ikki nusxasi joʻnatish bojxona organiga, olti nusxasi manzil portga yetkazish uchun shkiperga beriladi, shundan ikki nusxasi yuk oluvchining yukni olganligi toʻgʻrisidagi imzosi bilan joʻnatish portiga qaytarish uchun shkiperga taqdim etiladi.
2-§. Yuklarni kemaga qabul qilish va joylashtirish
81. Yuklarni kemaga yuklashdan oldin joʻnatish porti tomonidan yuklar roʻyxati tuziladi va port rahbari tomonidan tasdiqlanadi.
82. Joʻnatish porti omborxonalaridagi yuklarning holati shkiper tomonidan ular kemaga yuklanishidan oldin tekshirilishi shart.
83. Nazorat tasmalari yoki tamgʻalari buzilgan, belgilari toʻliq va aniq boʻlmagan, shikast yetkazilgan tarali dona yuklar mazkur kamchiliklar bartaraf etilgandan keyin yuklashga qabul qilinadi, yuklarni mavjud kamchiliklar bilan qabul qilib olishga yuk oluvchining yozma roziligi boʻlgan hollar bundan mustasno.
84. Yuklarning kamchiliklari transport(tashish) hujjatida qayd etilishi shart.
85. Kemani yuklash rejasi shkiper tomonidan yuklar roʻyxatiga asosan ishlab chiqiladi.
86. Shkiper yuklarni kemaga qabul qilishdan oldin yuklash topshiriqnomasi toʻgʻri toʻldirilganligi va yuklar toʻgʻrisida zarur maʼlumotlar mavjudligini tekshiradi hamda ularni joʻnatish porti tomonidan tuzilgan yuklar roʻyxati bilan solishtiradi.
87. Yuklarni kemaga yuklashdan oldin ular konosamentga asosan turi boʻyicha partiyalarga ajratilishi shart.
88. Shkiper yuklarni kemaga qabul qilish oldidan yuklarning tashish uchun yaroqliligini tekshirishi, tekshirish natijasida biror-bir kamchilik aniqlangan taqdirda, ularning bartaraf etilishini yuk joʻnatuvchidan talab qilishi shart.
89. Yuklar joʻnatish bojxona posti xodimi, ombor mudiri, shkiper va yuk joʻnatuvchi ishtirokida kemaga yuklanadi.
90. Ish texnologiyasida kamchiliklar yuzaga kelgan taqdirda, yuklash yoki tushirish ishlari mazkur kamchiliklar bartaraf etilgunga qadar shkiper tomonidan toʻxtatib turiladi.
91. Yuklash yoki tushirish davrida yuklarning hisobi ombor mudiri, yuk qabul qiluvchi-topshiruvchi, shkiper, joʻnatish yoxud manzil bojxona posti xodimi va yuk joʻnatuvchi yoki yuk oluvchi tomonidan olib boriladi.
92. Yuklarning hisobi yukni tushirish, yuklash va saqlashga qabul qilish dalolatnomasida qayd etib boriladi.
93. Quyidagi yuklarni bitta konosament bilan qabul qilishga va qoʻshib tashishga yoʻl qoʻyilmaydi:
tez buziladigan yuklarni tez buzilmaydigan yuklar bilan;
tashish davrida alohida rejimni talab qiluvchi yuklarni bunday rejimni talab qilmaydigan yuklar bilan;
bojxona va sanitariya nazorati ostida, shuningdek, boshqa maxsus tartibda tashiladigan yuklarni bunday tartib tatbiq etilmaydigan yuklar bilan;
yaroqlilik (saqlash) muddati turli xil boʻlgan yuklar bilan.
94. Yuklarning bir partiyasini toʻliq yuklab yoki tushirib boʻlmasdan, boshqa yuk partiyasini yuklash yoki tushirish taqiqlanadi.
95. Manzil portga tushirish davrida aralashgan holda kelganligi aniqlangan yuklar bir vaqtning oʻzida partiyalar boʻyicha ajratilgan holda tushirilishi, mazkur holat manzil porti va yuk oluvchi tomonidan shkiper ishtirokida erkin shaklda tuziladigan dalolatnoma bilan rasmiylashtirilishi hamda dalolatnoma nusxasi joʻnatish portiga yuborilishi shart.
96. Yuklar transport (tashish) hujjati asosida kema bortida topshiriladi va qabul qilinadi.
Zarur hollarda, yuklash yoki tushirish ishlari xavfsizligini taʼminlash uchun yuk qabul qiluvchi-topshiruvchi va shkiperning kema bortida boʻlishiga yoʻl qoʻyilmasa, yuklarni qabul qilish yoki topshirish qirgʻoqda — kranning qulochi doirasida amalga oshiriladi.
97. Yukning umumiy vazni oʻlchash yoki yuk oʻrinlarida koʻrsatilgan umumiy vaznni hisoblash yoʻli bilan aniqlanadi.
98. Yukning vazni, agar yuk tashish shartnomasida boshqacha usul koʻrsatilmagan boʻlsa, tashuvchi tomonidan belgilangan tartibda aniqlanadi.
Yuk tashish shartnomasida yukning vaznini shartli ravishda yoki kemaning suvga botishini hisoblash yoʻli bilan aniqlash nazarda tutiladi.
99. Yuklarni boshqaruv tarkibisiz kemaga yuklash va undan tushirishda hujjatlar tarkibsiz kema biriktirilgan kemaning boshqaruv tarkibi tomonidan rasmiylashtiriladi.
3-§. Shikast yetkazilgan (buzilgan), saqlanmagan yoki buzilganlik alomatlari boʻlgan yuklarni qabul qilish va topshirish
100. Manzil portga shikast yetkazilgan (buzilgan), saqlanmagan yoki buzilganlik alomatlari boʻlgan yuklar shkiper ishtirokida manzil bojxona posti xodimi, yuk qabul qiluvchi-topshiruvchi va yuk oluvchi tomonidan qabul qilinadi.
101. Quyidagi hollarda yuk qabul qiluvchi-topshiruvchi tomonidan tijorat dalolatnomasi tuziladi:
yukning nomi, ogʻirligi yoki oʻrinlar soni transport (tashish) hujjatida koʻrsatilgan maʼlumotlarga muvofiq boʻlmasa;
yukka shikast yetkazilgan (buzilgan) boʻlsa;
hujjatlarsiz yuk yoki yuksiz hujjatlar aniqlansa.
102. Yuk oluvchi yukni olish uchun shartnomada koʻrsatilgan muddatda kelmagan taqdirda, tijorat dalolatnomasi tuziladi va ushbu dalolatnoma kamida uchta shaxs — port boshligʻi yoki uning oʻrnini bosuvchi shaxs, yuk qabul qiluvchi-topshiruvchi va omborxona mudiri tomonidan imzolanadi.
Tijorat dalolatnomasining bir nusxasi yuk oluvchiga berilishi, ikkinchi nusxasi esa besh kun ichida joʻnatish portiga yuborilishi shart.
103. Yukni qabul qilish yukni tushirish, yuklash va saqlashga qabul qilish dalolatnomasi bilan rasmiylashtirilgan boʻlsa, soz taradagi shikast yetkazilgan yuk uchun joʻnatish porti javobgar hisoblanadi.
Shikast yetkazilgan (buzilgan) holda keltirilgan yuklar toʻgʻrisida konosamentning orqa tomoniga tegishli yozuv kiritiladi.
104. Eksport yoki import yuklarni tashishda aniqlangan kamchiliklar yuzasidan xabar-dalolatnoma rasmiylashtiriladi.
105. Tarasi yoki oʻramlariga, shuningdek, nazorat tasmalari yoki plombalariga shikast yetkazilgan yuklar ochib tekshiriladi, zarur hollarda bunday yuklar shkiper, ombor mudiri va manzil yoki joʻnatish bojxona posti xodimi ishtirokida tegishli port omborida qayta oʻlchanadi va tekshirish dalolatnomasi bilan rasmiylashtiriladi.
106. Ichidagi yukni olish imkoniyatini istisno etadigan, lekin shikast yetkazilganlik (buzilganlik) alomatlari mavjud boʻlgan tarali dona yuklar ochib tekshirilmasdan yukni tushirish, yuklash va saqlashga qabul qilish dalolatnomasida qayd etiladi.
107. Tushirish ishlari tugagandan keyin shikast yetkazilganlik (buzilganlik) alomatlari bilan qabul qilingan yuklar boʻyicha tijorat dalolatnomasi tuziladi va yuk oluvchining arizasiga koʻra tegishli bojxona rejimi joriy etiladi.
108. Yuklar tushirilgandan soʻng manzil port tomonidan yuklarni qabul qilinganligi toʻgʻrisida konosamentlarga belgi qoʻyiladi va ular shartnomada belgilangan muddatda joʻnatish portiga qaytariladi.
4-§. Konteynerlarni qabul qilish va topshirish
109. Konteynerlar konteyner terminali mudiri tomonidan joʻnatish yoki manzil bojxona posti xodimi ishtirokida soni, raqamlari, tamgʻalari va kuzovlarining butligi koʻzdan kechirilib qabul qilinadi yoki topshiriladi.
110. Kuzov ichidagi yukni olish imkonini beradigan darajada shikast yetkazilgan yoki tamgʻalarining izi aniq boʻlmagan konteynerlar kemaga qabul qilinmaydi.
111. Texnik soz va soz tamgʻada yetkazilgan konteyner ichidagi yukning saqlanishi uchun yuk tashuvchi javobgar hisoblanmaydi.
112. Kuzov ichidagi yukni olish imkonini beradigan darajada shikast yetkazilgan yoki tamgʻalarining izi aniq boʻlmagan yoxud tamgʻasi buzilgan konteynerlar yuk qabul qiluvchi-topshiruvchi va konteyner terminali mudiri ishtirokida qoʻshma naryad tomonidan manzil portida ochiladi va tekshiriladi.
113. Tekshirish natijasi boʻyicha tijorat dalolatnomasi tuzilgandan, tegishli yozuvlar konosamentga kiritilgandan soʻng yuk texnik soz konteynerga yuklanadi va bojxona posti xodimi hamda konteyner terminali mudiri tomonidan tamgʻalanadi.
Kuzov ichidagi yukni olish imkonini bermaydigan shikast yetkazilgan konteynerlar ochilmaydi, lekin shikastlanish tavsifi va oʻlchamlari koʻrsatilgan holda tijorat dalolatnomasi tuziladi.
114. Tamgʻalarining izi aniq boʻlmagan yoki tamgʻasi buzilgan konteynerlardagi yuklarni tekshirish ishlari boshqa yuklarga ishlov berish jarayonining pasayishiga olib kelsa, konteynerlar bojxona posti xodimi tomonidan yuk qabul qiluvchi-topshiruvchi va konteyner terminali mudiri ishtirokida vaqtincha muddatga tamgʻalanadi.
Qoʻshma naryad vaqtincha muddatga tamgʻalangan konteynerlardagi yuklarni uch kun ichida yuk qabul qiluvchi-topshiruvchi, konteyner terminali mudiri va yuk oluvchi ishtirokida tekshiradi va tijorat dalolatnomasi rasmiylashtirilgandan soʻng konteynerlar bojxona organi xodimi hamda konteyner terminali mudiri tomonidan tamgʻalanadi hamda tijorat dalolatnomasining nusxasi yuk oluvchiga beriladi.
5-§. Yuklarni manzil port tomonidan qabul qilish, saqlash va topshirish
115. Manzil portga kelgan yuklar port omborlarida bojxona nazorati ostida saqlanadi va yuk tashish shartnomasiga muvofiq yuk oluvchiga topshiriladi.
116. Manzil port tomonidan yuk oluvchiga yuk kelgan kuni, yuk belgilangan muddatdan oldin kelgan boʻlsa, keyingi kuni soat 12:00 gacha xabarnoma yuboriladi.
117. Yuklar yuk kuzatuv hujjatlariga asosan tranzit yoki erkin muomalaga chiqarish (import) bojxona rejimiga joylashtirilgandan keyin yuk oluvchiga topshiriladi.
118. Yuk oluvchi yukni port omboridan yuk tashish shartnomasida koʻrsatilgan muddatdan kechiktirmay olib ketishi shart.
Xavfli va tez buziladigan yuklar kema bortidan toʻgʻridan-toʻgʻri yuk oluvchining transportiga yuklanadi va zudlik bilan bojxona nazorati ostida olib ketiladi.
119. Yuk oluvchilar tomonidan oʻz vaqtida olib ketilmaganligi oqibatida manzil portda yuklar yigʻilib qolganda, yuklar saqlash uchun bojxona organi bilan kelishilgan holda boshqa bojxona omborlariga joylashtirilishi mumkin, bunda yuklarni boshqa bojxona omboriga joylashtirish yuk oluvchining hisobidan amalga oshiriladi.
120. Yuklar yuk oluvchiga manzil port tomonidan ularning soni va taralarning holati tekshirib topshiriladi.
121. Yukning vazni standart yoki yuk joʻnatuvchi koʻrsatgan vaznga yoki haqiqiy vazni yuk oʻrinlarida koʻrsatilgan vaznga mos kelmasa, shikast yetkazilgan yuk oʻrinlarining vazni tekshiriladi.
122. Sochma va toʻkib solinadigan yuklarning vazni yuk qabul qiluvchi-topshiruvchi, ombor mudiri, manzil bojxona posti xodimi tomonidan yuk oluvchi ishtirokida tekshiriladi.
Tarozi koʻrsatkichlaridagi yukning haqiqiy vaznining tafovuti hujjatda koʻrsatilgan vazndan kam boʻlmasa, shuningdek, tabiiy yoʻqotish meʼyorlaridan oshmasa, yuk toʻliq deb hisoblanadi.
123. Yuk oluvchi tomonidan konosament boʻyicha tashilayotgan yukning kamomadi yoki unga shikast yetkazilganligi toʻgʻrisida yuk tashuvchiga oʻz vaqtida xabar berilmagan taqdirda, yuk konosament shartlariga muvofiq toʻliq olingan hisoblanadi.
Yuk oluvchi tomonidan yuk tashuvchi ishtirokida koʻrib chiqilgan va tekshirilgan yuk boʻyicha yuk tashuvchiga xabar berish talab qilinmaydi.
124. Manzil port yuk oluvchi tomonidan yuk tashish shartnomasida belgilangan muddatda qabul qilinmagan yoki olib ketilmagan yuk toʻgʻrisida yuk joʻnatuvchiga xabar berishi, yuk joʻnatuvchi esa talab qilinmagan yuklar boʻyicha zarur choralar koʻrishi shart.
125. Yuk oluvchi shikast yetkazilgan (buzilgan) yoki yaroqlilik (saqlash) muddati oʻtgan yuklarni olishdan bosh tortsa, agar yuk tashuvchi bunda oʻzining aybsizligini isbotlab bersa, yukni qaytarib olib ketish bilan bogʻliq xarajatlar yuk joʻnatuvchi hisobidan qoplanadi.
5-bob. Yuk tashish munosabatlari ishtirokchilarining javobgarligi
1-§. Yuk tashuvchining javobgarligi
126. Yuk tashuvchi yuklarni tashish davrida yetkazilgan zarar uchun qonunchilik hujjatlari, mazkur Qoidalar va yuk tashish shartnomasi talablariga muvofiq javobgar hisoblanadi.
Yuk tashuvchining qonunchilik hujjatlari va mazkur Qoidalarda belgilab qoʻyilgan javobgarligini cheklash yoki bartaraf etish haqidagi kelishuvlariga yoʻl qoʻyilmaydi.
127. Agar yuk tashuvchi yukning yoʻqolishi, kam chiqishi yoki shikastlanishida (buzilishida) oʻzining aybi yoʻqligini isbotlay olmasa, tashish uchun qabul qilib olgan yukning yoʻqolganligi, kam chiqqanligi yoki unga shikast yetkazilganligi (buzilganligi) uchun javobgar boʻladi.
128. Quyidagi hollarda yuk tashuvchi ayni shu holat natijasida yetkazilgan zarar uchun javobgar hisoblanmaydi:
yuk joʻnatuvchi yuklarni nosoz va nozik taralarda topshirganligi toʻgʻrisida yozma ravishda koʻrsatgan boʻlsa;
yoʻqotish kema palubasida tashishga ruxsat berilgan yuklarda tashish natijasida vujudga kelgan tabiiy yoʻqotish meʼyorlari doirasida boʻlsa yoki yuk yoʻlda qaytadan tushirib yuklanmagan, tegishli belgilari mavjud soz taralarda va texnik soz kemada kelgan yoki yuklarning sifatli tashilganligini tasdiqlovchi boshqa alomatlar mavjud boʻlsa;
tez buziladigan yuklarni belgilangan rejimni taʼminlamaydigan kemalarda tashishga yuk joʻnatuvchi tomonidan yozma rozilik berilgan boʻlsa;
yuk joʻnatuvchi saqlash yoki tashish davrida saqlanishi alohida shartlar va xavfsizlik choralarini talab qiladigan yuklarning alohida xususiyatlarini transport (tashish) hujjatida koʻrsatmagan holda tashishga topshirgan boʻlsa.
129. Yuk tashish shartnomasida boshqacha tartib belgilangan boʻlmasa, kemaning halokati yoki boshqa baxtsiz hodisa tufayli tashish davrida yoʻqotilgan yuk uchun tashish haqi undirilmaydi, toʻlangan boʻnak yuk joʻnatuvchiga qaytariladi.
Agar kema halokatidan keyin yuk saqlab qolingan boʻlsa, yuk tashuvchiga saqlab qolingan yukni tashiganlik va haqiqiy bosib oʻtilgan masofa uchun haq toʻlanadi.
130. Yuk tashish shartnomasida boshqacha tartib belgilangan boʻlmasa, yuk tashish vaqtida yetkazilgan zarar yuk tashuvchi tomonidan quyidagi miqdorda toʻlanadi:
yuk yoʻqolgan yoxud kam chiqqan taqdirda — yoʻqolgan yoki kam chiqqan yukning qiymati miqdorida;
yukka shikast yetkazilgan (buzilgan) taqdirda — uning qiymati qancha pasaygan boʻlsa, shuncha summa miqdorida, shikastlangan (buzilgan) yukni tiklash mumkin boʻlmaganida esa uning qiymati miqdorida;
bahosini transport (tashish) hujjatida koʻrsatgan holda tashishga topshirilgan yuk yoʻqolgan taqdirda — yukning transport (tashish) hujjatida koʻrsatilgan qiymati miqdorida.
131. Yuk tashuvchi haqiqiy zararni toʻlash bilan birga yoʻqolgan, kam chiqqan yoki shikastlangan (buzilgan) yukni tashish uchun olgan tashish haqini, agar u yukning bahosiga kirmasa, qaytarib beradi.
132. Kema ekipaji va kemada boʻlgan boshqa shaxslar tomonidan kemadagi yuklardan, istisno tariqasida, inson hayotini, kemani yoki boshqa yuklarni saqlab qolish maqsadida foydalanishga yoʻl qoʻyiladi.
133. Yuklarni yetkazib berish muddati kechikkanligi uchun yuk tashuvchi yuk oluvchi oldida qonunchilik hujjatlarida yoki yuk tashish shartnomasida belgilangan tartibda javobgar hisoblanadi.
2-§. Yuk joʻnatuvchi va yuk oluvchining javobgarligi
134. Yuk joʻnatuvchi yuk toʻgʻrisidagi maʼlumotlarning yetarli emasligi yoki notoʻgʻriligi, muomalada boʻlishi yoxud daryo transportida tashilishi cheklangan yoki taqiqlangan yukni taqdim etganligi, tashish davrida saqlanishi alohida shartlar va xavfsizlik choralarini talab qiladigan yuklar toʻgʻrisida yuk tashuvchini xabardor qilmaganligi uchun qonunchilik hujjatlarida va yuk tashish shartnomasida belgilangan tartibda javobgar hisoblanadi.
Mazkur bandning birinchi xatboshisida nazarda tutilgan holatlar natijasida yuzaga kelgan oqibatlarni bartaraf etish bilan bogʻliq ishlar uchun yuk joʻnatuvchi tomonidan haq toʻlanadi.
135. Yuk joʻnatuvchi quyidagi hollarda kemaning turib qolishi, shuningdek, boshqa zararlar uchun yuk tashuvchi va uchinchi shaxslar oldida javobgar hisoblanadi:
qonunchilik hujjatlarida belgilangan hujjatlar oʻz vaqtida topshirilmagan, lozim darajada rasmiylashtirilmagan yoki yetarli boʻlmasa;
transport (tashish) hujjatidagi, yukni yuklash topshiriqnomasidagi maʼlumotlar notoʻgʻri yoki toʻliq boʻlmasa;
yuklar yuk tashuvchiga oʻz vaqtida taqdim qilinmasa;
yuk joʻnatuvchining vositalari bilan bajariladigan yuklash ishlari kechiksa.
136. Kemaning turib qolganligi uchun aybdor boʻlgan yuk joʻnatuvchi yoki yuk oluvchi yuk tashuvchiga yetkazilgan zararni qoplashi shart.
137. Tashish haqi oʻzining tabiiy xususiyatlari, xususan, ichki buzilishi, qurib qolishi, sochilishi, toʻkilishi natijasida kamayishi yoki boshqa fizik-kimyoviy xususiyatlari bilan farqlanadigan yuklar yuk joʻnatuvchi tomonidan yashirilgan, sifatsiz taralarga joylashtirilgan yoki yuk joʻnatuvchiga bogʻliq boshqa sabablar oqibatida shikast yetkazilgan (buzilgan) va saqlanmagan boʻlsa yuk tashuvchiga toʻliq toʻlanadi.
6-bob. Yakunlovchi qoida
138. Mazkur Qoidalarning talablari buzilishida aybdor boʻlgan shaxslar qonunchilik hujjatlarida belgilangan tartibda javob beradilar.
Oʻzbekiston Respublikasining Bosh vaziri A. ARIPOV
Toshkent sh.,
2023-yil 11-sentabr,
462-son