📅 2023-yil 13-sentabr · Vazirlar Mahkamasi qarorlari
Rasmiy matn. Rasmiy hujjat. Tahririy izohlar kiritilmagan.
📅 2023-yil 13-sentabr · Vazirlar Mahkamasi qarorlari
Rasmiy matn. Rasmiy hujjat. Tahririy izohlar kiritilmagan.
📅 2023 йил 13 сентябрь · Вазирлар Маҳкамаси қарорлари
Расмий матн. Расмий ҳужжат. Таҳририй изоҳлар киритилмаган.
📅 13 сентября 2023 г. · Постановления Кабинета Министров
Официальный текст. Официальный документ. Редакционные примечания не включены.
📅 13 September 2023 · Cabinet of Ministers resolutions
Official text. Official document. Editorial notes are not included.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг
қарори
НИЗОМ
СХЕМАСИ
СХЕМАСИ
ТАВСИФИ
ТАВСИФИ
«Сейсмик хавфсизлик соҳаси аълочиси» кўкрак нишонини таъсис этиш тўғрисида
Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Ўзбекистон Республикасининг сейсмик хавфсизлигини таъминлаш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида» 2022 йил 30 майдаги ПФ-144-сон Фармони ижросини таъминлаш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:
1. «Сейсмик хавфсизлик соҳаси аълочиси» кўкрак нишони таъсис этилсин.
2. Қуйидагилар:
«Сейсмик хавфсизлик соҳаси аълочиси» кўкрак нишони тўғрисидаги низом 1-иловага мувофиқ;
«Сейсмик хавфсизлик соҳаси аълочиси» кўкрак нишони ва унинг гувоҳномаси тавсифлари 2 ва 3-иловаларга мувофиқ тасдиқлансин.
3. Ўзбекистон Республикаси Марказий банкининг «Давлат белгиси» давлат унитар корхонаси Ўзбекистон Республикаси Фанлар академиясининг буюртмасига мувофиқ «Сейсмик хавфсизлик соҳаси аълочиси» кўкрак нишони ва унинг гувоҳномаси тайёрланишини белгиланган тартибда таъминласин.
4. «Сейсмик хавфсизлик соҳаси аълочиси» кўкрак нишони ва унинг гувоҳномасини тайёрлаш ҳамда мукофотланганларни тақдирлаш билан боғлиқ харажатлар Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Сейсмология, иншоотларнинг сейсмик мустаҳкамлигини ва сейсмик хавфсизликни таъминлаш соҳасини қўллаб-қувватлаш жамғармаси маблағлари ҳисобидан қопланиши инобатга олинсин.
5. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари А.Ж. Раматов ва Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси президенти Б.С. Юлдашев зиммасига юклансин.
Вазирлар Маҳкамасининг 2023 йил 13 сентябрдаги 467-сон қарорига 1-ИЛОВА
«Сейсмик хавфсизлик соҳаси аълочиси» кўкрак нишони тўғрисида
1-боб. Умумий қоидалар
1. Ушбу Низом «Сейсмик хавфсизлик соҳаси аълочиси» кўкрак нишони (кейинги ўринларда — кўкрак нишони) билан тақдирлаш тартибини белгилайди.
2. Кўкрак нишони билан сейсмология, иншоотларнинг сейсмик мустаҳкамлиги, аҳоли ва ҳудудларнинг сейсмик хавфсизлигини таъминлаш соҳасини ривожлантиришга муносиб ҳисса қўшган фуқаролар тақдирланади.
Кўкрак нишони билан чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахслар ҳам мазкур Низом талаблари асосида тақдирланиши мумкин.
2-боб. Кўкрак нишони билан тақдирлаш учун ҳужжатларни тақдим этиш ва кўриб чиқиш тартиби
3. Кўкрак нишони билан тақдирлаш тартиби ушбу Низомга 1-иловада кўрсатилган схемага мувофиқ амалга оширилади.
4. Сейсмик хавфсизлик соҳасида фаолият юритаётган ёки тизимида ушбу фаолиятни амалга оширувчи ташкилотлар мавжуд бўлган вазирлик ва идоралар, хўжалик бирлашмалари, шунингдек, маҳаллий ижроия ҳокимияти органлари кўкрак нишони билан тақдирлаш бўйича таклифларни ҳар йили 15 сентябрга қадар Ўзбекистон Республикаси Фанлар академиясига (кейинги ўринларда — Фанлар академияси) тақдим этади.
Фанлар академиясининг ходимларини тақдирлаш бўйича таклифлар тегишли таркибий бўлинмалари томонидан Фанлар академиясининг физика-математика ва техника фанлари бўйича вице-президенти билан келишилган ҳолда Комиссияга киритилади.
Номзодлар бўйича тақдим этилган таклифларга илова сифатида номзод ҳақида маълумотнома, унинг сўнгги уч йил давомида сейсмология, иншоотларнинг сейсмик мустаҳкамлиги ва сейсмик хавфсизлик соҳасида амалга оширган ишлари акс эттирилган тавсифнома ҳамда номзоднинг шахсини тасдиқловчи ҳужжат нусхаси тақдим этилади.
5. Фанлар академияси президенти томонидан кўкрак нишони билан тақдирлашга оид таклифларни кўриб чиқиш бўйича комиссия (кейинги ўринларда — Комиссия) таркиби тасдиқланади.
Комиссия Фанлар академияси, Ўзбекистон Республикаси Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазирлиги, Фавқулодда вазиятлар вазирлиги, Сув хўжалиги вазирлиги, Энергетика вазирлиги, Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлигининг сейсмик хавфсизлик соҳасида фаолият юритувчи вакилларидан 11 кишилик таркибда ташкил этилади.
6. Комиссия томонидан номзодларни кўкрак нишони билан тақдирлашда қуйидагилар инобатга олинади:
сейсмик хавфсизликни таъминлаш соҳасидаги давлат сиёсатининг асосий йўналишларини ва давлат дастурларини ишлаб чиқишда иштирок этганлиги;
сейсмология, иншоотларнинг сейсмик мустаҳкамлиги, аҳоли ва ҳудудларнинг сейсмик хавфсизлигини таъминлаш соҳасини ривожлантиришга ҳисса қўшганлиги ҳамда мазкур соҳа бўйича чет элда тан олинган илмий-амалий натижаларга эришганлиги;
сейсмик хавфсизлик соҳасида замонавий ахборот технологиялари ва инновацион технологияларни кенг жорий этишда иштирок этганлиги;
кучли зилзилалар юз бериши хавфи пайдо бўлганда уларнинг оқибатларини бартараф этишга доир зарур чора-тадбирларни ишлаб чиқишда иштирок этганлиги;
бино ва иншоотларнинг сейсмик мустаҳкамлигини тадқиқ қилиш, уларнинг сейсмик заифлигини баҳолаш ҳамда тегишли хулосалар беришда иштирок этганлиги;
сейсмик хавфсизликни таъминлаш соҳасида монография, дарслик ва ўқув қўлланмалар чоп этганлиги;
сув омборлари тўғонлари, эксплуатация қилинаётган нефть ва газ конлари ҳудудларида сейсмикликнинг намоён бўлишини мунтазам баҳолаб бориш ва уларнинг сейсмиклиги бўйича илмий асосланган хулосаларни беришда иштирок этганлиги;
республика ҳудудидаги сейсмологик станцияларда сейсмик ҳолатни мониторинг қилишда фаоллик кўрсатганлиги;
сейсмик хавфсизликни таъминлаш соҳасида ёш мутахассис кадрларни тайёрлаш борасида самарали меҳнат қилганлиги;
сейсмология, иншоотларнинг сейсмик мустаҳкамлиги, аҳоли ва ҳудудларнинг сейсмик хавфсизлигини таъминлаш бўйича замонавий ва илмий жиҳатдан асосланган илғор тажрибаларни ўрганиб, амалиётга татбиқ этганлиги.
Кўкрак нишони билан тақдирлаш учун тақдим этилган номзодларни баҳолаш ушбу Низомга 2-иловада кўрсатилган схемага мувофиқ амалга оширилади.
7. Комиссия йиғилишида номзодларнинг тегишли ҳужжатлари ўрганилиб, ушбу Низомга 2-иловада кўрсатилган мезонларга мувофиқ баҳоланади ва ҳар йили 1 октябрга қадар энг муносиб номзодлар бўйича якуний хулоса қабул қилинади.
8. Комиссия хулосаси асосида ҳар йили 5 октябрга қадар Фанлар академияси президентининг кўкрак нишони билан тақдирлаш тўғрисидаги буйруғи қабул қилинади.
3-боб. Кўкрак нишони билан тақдирлаш тартиби
9. Кўкрак нишони ва унинг гувоҳномаси ҳар йили 13 октябрь — Табиий офатлар хатарини камайтириш халқаро куни арафасида Фанлар академияси президенти (ёки унинг топшириғига мувофиқ бошқа масъул шахслар) томонидан тантанали тарзда топширилади.
10. Кўкрак нишони билан тақдирланганлар рўйхати Фанлар академиясининг Интернет жаҳон ахборот тармоғидаги расмий веб-сайтида, ижтимоий тармоқлардаги расмий каналларида ва бошқа оммавий ахборот воситаларида эълон қилинади.
11. Кўкрак нишони билан тақдирланганларга базавий ҳисоблаш миқдорининг тўрт баравари миқдорида бир йўла тўланадиган пул мукофоти берилади.
12. Бир шахс кўкрак нишони билан бир марта мукофотланади.
13. Кўкрак нишони давлат мукофотларидан кейин кўкракнинг чап томонига тақилади.
4-боб. Якунловчи қоидалар
14. Фанлар академияси ушбу Низомга мувофиқ кўкрак нишонига тавсия этилган номзодлар ҳужжатларининг холисона кўриб чиқилиши учун бевосита масъулдир.
15. Ушбу Низом талаблари бузилишида айбдор бўлган шахслар қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда жавобгар бўлади.
«Сейсмик хавфсизлик соҳаси аълочиси» кўкрак нишони тўғрисидаги низомга 1-ИЛОВА
«Сейсмик хавфсизлик соҳаси аълочиси» кўкрак нишони билан тақдирлаш
Босқичлар Субъектлар Тадбирлар Бажариш муддатлари 1-босқич Сейсмик хавфсизлик соҳасида фаолият юритаётган ёки тизимида ушбу фаолиятни амалга оширувчи ташкилотлар мавжуд бўлган вазирлик ва идоралар, хўжалик бирлашмалари, шунингдек, маҳаллий ижроия ҳокимияти органлари Кўкрак нишони билан тақдирлаш бўйича таклифларни Ўзбекистон Республикаси Фанлар академиясига тақдим этади. Ҳар йили 15 сентябрга қадар 2-босқич Кўкрак нишони билан тақдирлашга оид таклифларни кўриб чиқиш бўйича комиссия Кўкрак нишони билан тақдирлаш бўйича номзодлар ҳақидаги тегишли ҳужжатларни ўрганиб чиқади ва якуний хулосани қабул қилади. Ҳар йили 1 октябрга қадар 3-босқич Ўзбекистон Республикаси Фанлар академиясининг президенти Кўкрак нишони билан тақдирлаш тўғрисида буйруқ қабул қилади. Ҳар йили 5 октябрга қадар 4-босқич Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси президенти (ёки унинг топшириғига мувофиқ бошқа масъул шахслар) «Сейсмик хавфсизлик соҳаси аълочиси» кўкрак нишони билан тақдирлайди. Ҳар йили 13 октябрь — Табиий офатлар хатарини камайтириш халқаро куни арафасида
«Сейсмик хавфсизлик соҳаси аълочиси» кўкрак нишони тўғрисидаги низомга 2-ИЛОВА
«Сейсмик хавфсизлик соҳаси аълочиси» кўкрак нишонига номзодларни баҳолаш мезонлари
Т/р Кўрсаткичларнинг номланиши Балл тизими 1. Сейсмик хавфсизликни таъминлаш соҳасидаги давлат сиёсатининг асосий йўналишларини ва давлат дастурларини ишлаб чиқишда иштирок этганлиги 1 баллдан 10 баллгача 2. Сейсмология, иншоотларнинг сейсмик мустаҳкамлиги, аҳоли ва ҳудудларнинг сейсмик хавфсизлигини таъминлаш соҳасини ривожлантиришга ҳисса қўшганлиги ҳамда мазкур соҳа бўйича чет элда тан олинган илмий-амалий натижаларга эришганлиги 1 баллдан 10 баллгача 3. Сейсмик хавфсизлик соҳасида замонавий ахборот технологиялари ва инновацион технологияларни кенг жорий этишда иштирок этганлиги 1 баллдан 10 баллгача 4. Кучли зилзилалар юз бериши хавфи пайдо бўлганда уларнинг оқибатларини бартараф этишга доир зарур чора-тадбирларни ишлаб чиқишда иштирок этганлиги 1 баллдан 10 баллгача 5. Бино ва иншоотларнинг сейсмик мустаҳкамлигини тадқиқ қилиш, уларнинг сейсмик заифлигини баҳолаш ҳамда тегишли хулосалар беришда иштирок этганлиги 1 баллдан 10 баллгача 6. Сейсмик хавфсизликни таъминлаш соҳасида монография, дарслик ва ўқув қўлланмалар чоп этганлиги 1 баллдан 10 баллгача 7. Сув омборлари тўғонлари, эксплуатация қилинаётган нефть ва газ конлари ҳудудларида сейсмикликнинг намоён бўлишини мунтазам баҳолаб бориш ва уларнинг сейсмиклиги бўйича илмий асосланган хулосаларни беришда иштирок этганлиги 1 баллдан 10 баллгача 8. Республика ҳудудидаги сейсмологик станцияларда сейсмик ҳолатни мониторинг қилишда фаоллик кўрсатганлиги 1 баллдан 10 баллгача 9. Сейсмик хавфсизликни таъминлаш соҳасида ёш мутахассис кадрларни тайёрлаш борасида самарали меҳнат қилганлиги 1 баллдан 10 баллгача 10. Сейсмология, иншоотларнинг сейсмик мустаҳкамлиги, аҳоли ва ҳудудларнинг сейсмик хавфсизлигини таъминлаш бўйича соҳага замонавий ва илмий жиҳатдан асосланган илғор тажрибаларни ўрганиб, амалиётга татбиқ этганлиги 1 баллдан 10 баллгача
Вазирлар Маҳкамасининг 2023 йил 13 сентябрдаги 467-сон қарорига 2-ИЛОВА
«Сейсмик хавфсизлик соҳаси аълочиси» кўкрак нишонининг
«Сейсмик хавфсизлик соҳаси аълочиси» кўкрак нишони диаметри 34 миллиметрли доира шаклида бўлиб, мис қотишмасидан тайёрланади.
Кўкрак нишонининг қалинлиги 2,5 миллиметр.
Кўкрак нишонининг олд томони марказий қисмида Ер шари, унинг меридианлари ва параллеллари фонида Ўзбекистон Республикасининг харитаси ҳамда унинг пастида ер қимирлашини автоматик равишда ёзиб оладиган асбоб — сейсмограф акс эттирилган.
Кўкрак нишонининг айланаси бўйлаб тўқ қизил эмаль фонида «SEYSMIK XAVFSIZLIK SOНASI AʼLOCНISI» ёзуви, қуйи қисмида эса бир-бирига туташган иккита дафна новдаси жойлашган. Ҳарфлар баландлиги 2 миллиметр.
Кўкрак нишонининг орқа томонида қавариқ айлана марказида тўрт қаторда ҳарфларнинг баландлиги 2 миллиметр бўлган «SEYSMIK XAVFSIZLIK», «SOНASI RIVOJIGA», «QOʻSНGAN НISSASI», «UCНUN» сўзлари ёзилган.
Барча ёзувлар ва тасвирлар зарҳал рангда бўлиб, қавариқдир.
Кўкрак нишони илгакчалар ва ҳалқача ёрдамида тўртбурчак шаклидаги қадағичга уланган.
Қадағичнинг эни — 26 миллиметр, бўйи — 17 миллиметр. Қадағич эни 22 миллиметрли тўқ қизил рангдаги шойи лента билан қопланган. Лентанинг ўртасидан эни 0,3 миллиметрли иккита оқ рангли йўл вертикал ҳолатда ўтган.
Қадағичнинг орқа томонига кўкрак нишонини кийимга тақиб қўйиш учун тўғноғич кўринишидаги мослама ўрнатилган.
Вазирлар Маҳкамасининг 2023 йил 13 сентябрдаги 467-сон қарорига 3-ИЛОВА
«Сейсмик хавфсизлик соҳаси аълочиси» кўкрак нишони гувоҳномасининг
«Сейсмик хавфсизлик соҳаси аълочиси» кўкрак нишони гувоҳномаси (кейинги ўринларда — гувоҳнома) 160х110 миллиметр ўлчамдаги китобча шаклида бўлиб, 240 г/кв.м. қалинликдаги офсет қоғоздан тайёрланади.
Гувоҳноманинг ташқи томони (биринчи ва тўртинчи бетлари) оч сариқ рангда бўлиб, плёнка билан қопланган.
Гувоҳноманинг биринчи бети эни 7,5 миллиметрли, ички бурчаклари айлана шаклида бўлган тўқ қизил рангли ҳошия билан ўралган.
Гувоҳноманинг юқори чеккасидан (биринчи бети) 35 миллиметр пастда, марказда, оралиғи 3,5 миллиметрли уч сатрдан иборат матн жойлашган. Биринчи сатрда «SEYSMIK XAVFSIZLIK», иккинчи сатрда «SOНASI AʼLOCНISI» (катта ҳарфларда, «Times new Roman Bolt» шрифти, 14 кегль), учинчи сатрда «koʻkrak nishoni» («Times new Roman Bolt» шрифти, 14 кегль) сўзлари ёзилган.
Ундан 6 миллиметр пастда «GUVOНNOMASI» (катта ҳарфларда, «Times new Roman Bolt» шрифти, 17 кегль) сўзи ёзилган.
Гувоҳноманинг ички томони (иккинчи ва учинчи бетлари) «Тангир» тасвири туширилган оч сариқ рангда бўлиб, офсет усулида чоп этилган.
Ички томонининг чап қисмида (иккинчи бети), марказда кўкрак нишонининг аслига тенг ўлчамдаги рангли тасвири акс эттирилган.
Гувоҳноманинг ички ўнг томони (учинчи бети) юқори чеккасидан 8 миллиметр пастда, марказда «GUVOНNOMA» (катта ҳарфларда, «Times new Roman Bolt» шрифти, 10 кегль) сўзи ҳамда гувоҳноманинг тартиб рақами учун «№» белгиси ва 17 миллиметрли чизиқ жойлашган.
Ундан 10 миллиметр пастда мукофотланган шахснинг фамилияси, исми ва отасининг исмини қайд этиш учун оралиғи 8 миллиметрли учта чизиқ тортилган.
Пастки чизиқдан 6 миллиметр қуйида, марказда, оралиғи 2 миллиметрли икки сатрдан иборат матн жойлашган. Биринчи сатрда «Oʻzbekiston Respublikasi», иккинчи сатрда «Fanlar akademiyasi» («Times new Roman Bolt» шрифти, 10 кегль) сўзлари ёзилган.
Ундан 5 миллиметр пастда оралиғи 4 миллиметр бўлган икки сатрдан иборат матн жойлашган. Биринчи сатрда «20__ y. «___» ___________dagi», иккинчи сатрда «____-sonli buyrugʻiga asosan» («Times new Roman Bolt» шрифти, 10 кегль) сўзлари ёзилган.
Ундан 5 миллиметр пастда, марказда, оралиғи 5 миллиметрли уч сатрдан иборат матн жойлашган. Биринчи сатрда «SEYSMIK XAVFSIZLIK», иккинчи сатрда «SOНASI AʼLOCНISI» (катта ҳарфларда, «Times new Roman Bolt» шрифти, 12 кегль), учинчи сатрда «koʻkrak nishoni bilan taqdirlandi» («Times new Roman Bolt» шрифти, 10 кегль) сўзлари ёзилган.
Сўнгги сўзлардан 9 миллиметр пастда, чап томонда «OʻzR FA prezidenti» («Times new Roman Bolt» шрифти, 10 кегль) сўзи ёзилган.
Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А. АРИПОВ
Тошкент ш.,
2023 йил 13 сентябрь,
467-сон
Oʻzbekiston Respublikasi Vazirlar Mahkamasining
qarori
NIZOM
SXEMASI
SXEMASI
TAVSIFI
TAVSIFI
“Seysmik xavfsizlik sohasi aʼlochisi” koʻkrak nishonini taʼsis etish toʻgʻrisida
Oʻzbekiston Respublikasi Prezidentining “Oʻzbekiston Respublikasining seysmik xavfsizligini taʼminlash tizimini yanada takomillashtirish chora-tadbirlari toʻgʻrisida” 2022-yil 30-maydagi PF-144-son Farmoni ijrosini taʼminlash maqsadida Vazirlar Mahkamasi qaror qiladi:
1. “Seysmik xavfsizlik sohasi aʼlochisi” koʻkrak nishoni taʼsis etilsin.
2. Quyidagilar:
“Seysmik xavfsizlik sohasi aʼlochisi” koʻkrak nishoni toʻgʻrisidagi nizom 1-ilovaga muvofiq;
“Seysmik xavfsizlik sohasi aʼlochisi” koʻkrak nishoni va uning guvohnomasi tavsiflari 2 va 3-ilovalarga muvofiq tasdiqlansin.
3. Oʻzbekiston Respublikasi Markaziy bankining “Davlat belgisi” davlat unitar korxonasi Oʻzbekiston Respublikasi Fanlar akademiyasining buyurtmasiga muvofiq “Seysmik xavfsizlik sohasi aʼlochisi” koʻkrak nishoni va uning guvohnomasi tayyorlanishini belgilangan tartibda taʼminlasin.
4. “Seysmik xavfsizlik sohasi aʼlochisi” koʻkrak nishoni va uning guvohnomasini tayyorlash hamda mukofotlanganlarni taqdirlash bilan bogʻliq xarajatlar Vazirlar Mahkamasi huzuridagi Seysmologiya, inshootlarning seysmik mustahkamligini va seysmik xavfsizlikni taʼminlash sohasini qoʻllab-quvvatlash jamgʻarmasi mablagʻlari hisobidan qoplanishi inobatga olinsin.
5. Mazkur qarorning bajarilishini nazorat qilish Oʻzbekiston Respublikasi Bosh vazirining oʻrinbosari A.J. Ramatov va Oʻzbekiston Respublikasi Fanlar akademiyasi prezidenti B.S. Yuldashev zimmasiga yuklansin.
Vazirlar Mahkamasining 2023-yil 13-sentabrdagi 467-son qaroriga 1-ILOVA
“Seysmik xavfsizlik sohasi aʼlochisi” koʻkrak nishoni toʻgʻrisida
1-bob. Umumiy qoidalar
1. Ushbu Nizom “Seysmik xavfsizlik sohasi aʼlochisi” koʻkrak nishoni (keyingi oʻrinlarda — koʻkrak nishoni) bilan taqdirlash tartibini belgilaydi.
2. Koʻkrak nishoni bilan seysmologiya, inshootlarning seysmik mustahkamligi, aholi va hududlarning seysmik xavfsizligini taʼminlash sohasini rivojlantirishga munosib hissa qoʻshgan fuqarolar taqdirlanadi.
Koʻkrak nishoni bilan chet el fuqarolari va fuqaroligi boʻlmagan shaxslar ham mazkur Nizom talablari asosida taqdirlanishi mumkin.
2-bob. Koʻkrak nishoni bilan taqdirlash uchun hujjatlarni taqdim etish va koʻrib chiqish tartibi
3. Koʻkrak nishoni bilan taqdirlash tartibi ushbu Nizomga 1-ilovada koʻrsatilgan sxemaga muvofiq amalga oshiriladi.
4. Seysmik xavfsizlik sohasida faoliyat yuritayotgan yoki tizimida ushbu faoliyatni amalga oshiruvchi tashkilotlar mavjud boʻlgan vazirlik va idoralar, xoʻjalik birlashmalari, shuningdek, mahalliy ijroiya hokimiyati organlari koʻkrak nishoni bilan taqdirlash boʻyicha takliflarni har yili 15-sentabrga qadar Oʻzbekiston Respublikasi Fanlar akademiyasiga (keyingi oʻrinlarda — Fanlar akademiyasi) taqdim etadi.
Fanlar akademiyasining xodimlarini taqdirlash boʻyicha takliflar tegishli tarkibiy boʻlinmalari tomonidan Fanlar akademiyasining fizika-matematika va texnika fanlari boʻyicha vitse-prezidenti bilan kelishilgan holda Komissiyaga kiritiladi.
Nomzodlar boʻyicha taqdim etilgan takliflarga ilova sifatida nomzod haqida maʼlumotnoma, uning soʻnggi uch yil davomida seysmologiya, inshootlarning seysmik mustahkamligi va seysmik xavfsizlik sohasida amalga oshirgan ishlari aks ettirilgan tavsifnoma hamda nomzodning shaxsini tasdiqlovchi hujjat nusxasi taqdim etiladi.
5. Fanlar akademiyasi prezidenti tomonidan koʻkrak nishoni bilan taqdirlashga oid takliflarni koʻrib chiqish boʻyicha komissiya (keyingi oʻrinlarda — Komissiya) tarkibi tasdiqlanadi.
Komissiya Fanlar akademiyasi, Oʻzbekiston Respublikasi Qurilish va uy-joy kommunal xoʻjaligi vazirligi, Favqulodda vaziyatlar vazirligi, Suv xoʻjaligi vazirligi, Energetika vazirligi, Oliy taʼlim, fan va innovatsiyalar vazirligining seysmik xavfsizlik sohasida faoliyat yurituvchi vakillaridan 11 kishilik tarkibda tashkil etiladi.
6. Komissiya tomonidan nomzodlarni koʻkrak nishoni bilan taqdirlashda quyidagilar inobatga olinadi:
seysmik xavfsizlikni taʼminlash sohasidagi davlat siyosatining asosiy yoʻnalishlarini va davlat dasturlarini ishlab chiqishda ishtirok etganligi;
seysmologiya, inshootlarning seysmik mustahkamligi, aholi va hududlarning seysmik xavfsizligini taʼminlash sohasini rivojlantirishga hissa qoʻshganligi hamda mazkur soha boʻyicha chet elda tan olingan ilmiy-amaliy natijalarga erishganligi;
seysmik xavfsizlik sohasida zamonaviy axborot texnologiyalari va innovatsion texnologiyalarni keng joriy etishda ishtirok etganligi;
kuchli zilzilalar yuz berishi xavfi paydo boʻlganda ularning oqibatlarini bartaraf etishga doir zarur chora-tadbirlarni ishlab chiqishda ishtirok etganligi;
bino va inshootlarning seysmik mustahkamligini tadqiq qilish, ularning seysmik zaifligini baholash hamda tegishli xulosalar berishda ishtirok etganligi;
seysmik xavfsizlikni taʼminlash sohasida monografiya, darslik va oʻquv qoʻllanmalar chop etganligi;
suv omborlari toʻgʻonlari, ekspluatatsiya qilinayotgan neft va gaz konlari hududlarida seysmiklikning namoyon boʻlishini muntazam baholab borish va ularning seysmikligi boʻyicha ilmiy asoslangan xulosalarni berishda ishtirok etganligi;
respublika hududidagi seysmologik stansiyalarda seysmik holatni monitoring qilishda faollik koʻrsatganligi;
seysmik xavfsizlikni taʼminlash sohasida yosh mutaxassis kadrlarni tayyorlash borasida samarali mehnat qilganligi;
seysmologiya, inshootlarning seysmik mustahkamligi, aholi va hududlarning seysmik xavfsizligini taʼminlash boʻyicha zamonaviy va ilmiy jihatdan asoslangan ilgʻor tajribalarni oʻrganib, amaliyotga tatbiq etganligi.
Koʻkrak nishoni bilan taqdirlash uchun taqdim etilgan nomzodlarni baholash ushbu Nizomga 2-ilovada koʻrsatilgan sxemaga muvofiq amalga oshiriladi.
7. Komissiya yigʻilishida nomzodlarning tegishli hujjatlari oʻrganilib, ushbu Nizomga 2-ilovada koʻrsatilgan mezonlarga muvofiq baholanadi va har yili 1-oktabrga qadar eng munosib nomzodlar boʻyicha yakuniy xulosa qabul qilinadi.
8. Komissiya xulosasi asosida har yili 5-oktabrga qadar Fanlar akademiyasi prezidentining koʻkrak nishoni bilan taqdirlash toʻgʻrisidagi buyrugʻi qabul qilinadi.
3-bob. Koʻkrak nishoni bilan taqdirlash tartibi
9. Koʻkrak nishoni va uning guvohnomasi har yili 13-oktabr — Tabiiy ofatlar xatarini kamaytirish xalqaro kuni arafasida Fanlar akademiyasi prezidenti (yoki uning topshirigʻiga muvofiq boshqa masʼul shaxslar) tomonidan tantanali tarzda topshiriladi.
10. Koʻkrak nishoni bilan taqdirlanganlar roʻyxati Fanlar akademiyasining Internet jahon axborot tarmogʻidagi rasmiy veb-saytida, ijtimoiy tarmoqlardagi rasmiy kanallarida va boshqa ommaviy axborot vositalarida eʼlon qilinadi.
11. Koʻkrak nishoni bilan taqdirlanganlarga bazaviy hisoblash miqdorining toʻrt baravari miqdorida bir yoʻla toʻlanadigan pul mukofoti beriladi.
12. Bir shaxs koʻkrak nishoni bilan bir marta mukofotlanadi.
13. Koʻkrak nishoni davlat mukofotlaridan keyin koʻkrakning chap tomoniga taqiladi.
4-bob. Yakunlovchi qoidalar
14. Fanlar akademiyasi ushbu Nizomga muvofiq koʻkrak nishoniga tavsiya etilgan nomzodlar hujjatlarining xolisona koʻrib chiqilishi uchun bevosita masʼuldir.
15. Ushbu Nizom talablari buzilishida aybdor boʻlgan shaxslar qonunchilik hujjatlarida belgilangan tartibda javobgar boʻladi.
“Seysmik xavfsizlik sohasi aʼlochisi” koʻkrak nishoni toʻgʻrisidagi nizomga 1-ILOVA
“Seysmik xavfsizlik sohasi aʼlochisi” koʻkrak nishoni bilan taqdirlash
Bosqichlar Subyektlar Tadbirlar Bajarish muddatlari 1-bosqich Seysmik xavfsizlik sohasida faoliyat yuritayotgan yoki tizimida ushbu faoliyatni amalga oshiruvchi tashkilotlar mavjud boʻlgan vazirlik va idoralar, xoʻjalik birlashmalari, shuningdek, mahalliy ijroiya hokimiyati organlari Koʻkrak nishoni bilan taqdirlash boʻyicha takliflarni Oʻzbekiston Respublikasi Fanlar akademiyasiga taqdim etadi. Har yili 15-sentabrga qadar 2-bosqich Koʻkrak nishoni bilan taqdirlashga oid takliflarni koʻrib chiqish boʻyicha komissiya Koʻkrak nishoni bilan taqdirlash boʻyicha nomzodlar haqidagi tegishli hujjatlarni oʻrganib chiqadi va yakuniy xulosani qabul qiladi. Har yili 1-oktabrga qadar 3-bosqich Oʻzbekiston Respublikasi Fanlar akademiyasining prezidenti Koʻkrak nishoni bilan taqdirlash toʻgʻrisida buyruq qabul qiladi. Har yili 5-oktabrga qadar 4-bosqich Oʻzbekiston Respublikasi Fanlar akademiyasi prezidenti (yoki uning topshirigʻiga muvofiq boshqa masʼul shaxslar) “Seysmik xavfsizlik sohasi aʼlochisi” koʻkrak nishoni bilan taqdirlaydi. Har yili 13-oktabr — Tabiiy ofatlar xatarini kamaytirish xalqaro kuni arafasida
“Seysmik xavfsizlik sohasi aʼlochisi” koʻkrak nishoni toʻgʻrisidagi nizomga 2-ILOVA
“Seysmik xavfsizlik sohasi aʼlochisi” koʻkrak nishoniga nomzodlarni baholash mezonlari
T/r Koʻrsatkichlarning nomlanishi Ball tizimi 1. Seysmik xavfsizlikni taʼminlash sohasidagi davlat siyosatining asosiy yoʻnalishlarini va davlat dasturlarini ishlab chiqishda ishtirok etganligi 1 balldan 10 ballgacha 2. Seysmologiya, inshootlarning seysmik mustahkamligi, aholi va hududlarning seysmik xavfsizligini taʼminlash sohasini rivojlantirishga hissa qoʻshganligi hamda mazkur soha boʻyicha chet elda tan olingan ilmiy-amaliy natijalarga erishganligi 1 balldan 10 ballgacha 3. Seysmik xavfsizlik sohasida zamonaviy axborot texnologiyalari va innovatsion texnologiyalarni keng joriy etishda ishtirok etganligi 1 balldan 10 ballgacha 4. Kuchli zilzilalar yuz berishi xavfi paydo boʻlganda ularning oqibatlarini bartaraf etishga doir zarur chora-tadbirlarni ishlab chiqishda ishtirok etganligi 1 balldan 10 ballgacha 5. Bino va inshootlarning seysmik mustahkamligini tadqiq qilish, ularning seysmik zaifligini baholash hamda tegishli xulosalar berishda ishtirok etganligi 1 balldan 10 ballgacha 6. Seysmik xavfsizlikni taʼminlash sohasida monografiya, darslik va oʻquv qoʻllanmalar chop etganligi 1 balldan 10 ballgacha 7. Suv omborlari toʻgʻonlari, ekspluatatsiya qilinayotgan neft va gaz konlari hududlarida seysmiklikning namoyon boʻlishini muntazam baholab borish va ularning seysmikligi boʻyicha ilmiy asoslangan xulosalarni berishda ishtirok etganligi 1 balldan 10 ballgacha 8. Respublika hududidagi seysmologik stansiyalarda seysmik holatni monitoring qilishda faollik koʻrsatganligi 1 balldan 10 ballgacha 9. Seysmik xavfsizlikni taʼminlash sohasida yosh mutaxassis kadrlarni tayyorlash borasida samarali mehnat qilganligi 1 balldan 10 ballgacha 10. Seysmolog�ya, inshootlarning seysmik mustahkamligi, aholi va hududlarning seysmik xavfsizligini taʼminlash boʻyicha sohaga zamonaviy va ilmiy jihatdan asoslangan ilgʻor tajribalarni oʻrganib, amaliyotga tatbiq etganligi 1 balldan 10 ballgacha
Vazirlar Mahkamasining 2023-yil 13-sentabrdagi 467-son qaroriga 2-ILOVA
“Seysmik xavfsizlik sohasi aʼlochisi” koʻkrak nishonining
“Seysmik xavfsizlik sohasi aʼlochisi” koʻkrak nishoni diametri 34 millimetrli doira shaklida boʻlib, mis qotishmasidan tayyorlanadi.
Koʻkrak nishonining qalinligi 2,5 millimetr.
Koʻkrak nishonining old tomoni markaziy qismida Yer shari, uning meridianlari va parallellari fonida Oʻzbekiston Respublikasining xaritasi hamda uning pastida yer qimirlashini avtomatik ravishda yozib oladigan asbob — seysmograf aks ettirilgan.
Koʻkrak nishonining aylanasi boʻylab toʻq qizil emal fonida “SEYSMIK XAVFSIZLIK SONASI AʼLOCNISI” yozuvi, quyi qismida esa bir-biriga tutashgan ikkita dafna novdasi joylashgan. Harflar balandligi 2 millimetr.
Koʻkrak nishonining orqa tomonida qavariq aylana markazida toʻrt qatorda harflarning balandligi 2 millimetr boʻlgan “SEYSMIK XAVFSIZLIK”, “SONASI RIVOJIGA”, “QOʻSNGAN NISSASI”, “UCNUN” soʻzlari yozilgan.
Barcha yozuvlar va tasvirlar zarhal rangda boʻlib, qavariqdir.
Koʻkrak nishoni ilgakchalar va halqacha yordamida toʻrtburchak shaklidagi qadagʻichga ulangan.
Qadagʻichning eni — 26 millimetr, boʻyi — 17 millimetr. Qadagʻich eni 22 millimetrli toʻq qizil rangdagi shoyi lenta bilan qoplangan. Lentaning oʻrtasidan eni 0,3 millimetrli ikkita oq rangli yoʻl vertikal holatda oʻtgan.
Qadagʻichning orqa tomoniga koʻkrak nishonini kiyimga taqib qoʻyish uchun toʻgʻnogʻich koʻrinishidagi moslama oʻrnatilgan.
Vazirlar Mahkamasining 2023-yil 13-sentabrdagi 467-son qaroriga 3-ILOVA
“Seysmik xavfsizlik sohasi aʼlochisi” koʻkrak nishoni guvohnomasining
“Seysmik xavfsizlik sohasi aʼlochisi” koʻkrak nishoni guvohnomasi (keyingi oʻrinlarda — guvohnoma) 160x110 millimetr oʻlchamdagi kitobcha shaklida boʻlib, 240 g/kv.m. qalinlikdagi ofset qogʻozdan tayyorlanadi.
Guvohnomaning tashqi tomoni (birinchi va toʻrtinchi betlari) och sariq rangda boʻlib, plyonka bilan qoplangan.
Guvohnomaning birinchi beti eni 7,5 millimetrli, ichki burchaklari aylana shaklida boʻlgan toʻq qizil rangli hoshiya bilan oʻralgan.
Guvohnomaning yuqori chekkasidan (birinchi beti) 35 millimetr pastda, markazda, oraligʻi 3,5 millimetrli uch satrdan iborat matn joylashgan. Birinchi satrda “SEYSMIK XAVFSIZLIK”, ikkinchi satrda “SONASI AʼLOCNISI” (katta harflarda, “Times new Roman Bolt” shrifti, 14 kegl), uchinchi satrda “koʻkrak nishoni” (“Times new Roman Bolt” shrifti, 14 kegl) soʻzlari yozilgan.
Undan 6 millimetr pastda “GUVONNOMASI” (katta harflarda, “Times new Roman Bolt” shrifti, 17 kegl) soʻzi yozilgan.
Guvohnomaning ichki tomoni (ikkinchi va uchinchi betlari) “Tangir” tasviri tushirilgan och sariq rangda boʻlib, ofset usulida chop etilgan.
Ichki tomonining chap qismida (ikkinchi beti), markazda koʻkrak nishonining asliga teng oʻlchamdagi rangli tasviri aks ettirilgan.
Guvohnomaning ichki oʻng tomoni (uchinchi beti) yuqori chekkasidan 8 millimetr pastda, markazda “GUVONNOMA” (katta harflarda, “Times new Roman Bolt” shrifti, 10 kegl) soʻzi hamda guvohnomaning tartib raqami uchun “№” belgisi va 17 millimetrli chiziq joylashgan.
Undan 10 millimetr pastda mukofotlangan shaxsning familiyasi, ismi va otasining ismini qayd etish uchun oraligʻi 8 millimetrli uchta chiziq tortilgan.
Pastki chiziqdan 6 millimetr quyida, markazda, oraligʻi 2 millimetrli ikki satrdan iborat matn joylashgan. Birinchi satrda “Oʻzbekiston Respublikasi”, ikkinchi satrda “Fanlar akademiyasi” (“Times new Roman Bolt” shrifti, 10 kegl) soʻzlari yozilgan.
Undan 5 millimetr pastda oraligʻi 4 millimetr boʻlgan ikki satrdan iborat matn joylashgan. Birinchi satrda “20__ y. “___” ___________dagi”, ikkinchi satrda “____-sonli buyrugʻiga asosan” (“Times new Roman Bolt” shrifti, 10 kegl) soʻzlari yozilgan.
Undan 5 millimetr pastda, markazda, oraligʻi 5 millimetrli uch satrdan iborat matn joylashgan. Birinchi satrda “SEYSMIK XAVFSIZLIK”, ikkinchi satrda “SONASI AʼLOCNISI” (katta harflarda, “Times new Roman Bolt” shrifti, 12 kegl), uchinchi satrda “koʻkrak nishoni bilan taqdirlandi” (“Times new Roman Bolt” shrifti, 10 kegl) soʻzlari yozilgan.
Soʻnggi soʻzlardan 9 millimetr pastda, chap tomonda “OʻzR FA prezidenti” (“Times new Roman Bolt” shrifti, 10 kegl) soʻzi yozilgan.
Oʻzbekiston Respublikasining Bosh vaziri A. ARIPOV
Toshkent sh.,
2023-yil 13-sentabr,
467-son