📅 2023-yil 19-sentabr · Vazirlar Mahkamasi qarorlari
Rasmiy matn. Rasmiy hujjat. Tahririy izohlar kiritilmagan.
📅 2023-yil 19-sentabr · Vazirlar Mahkamasi qarorlari
Rasmiy matn. Rasmiy hujjat. Tahririy izohlar kiritilmagan.
📅 2023 йил 19 сентябрь · Вазирлар Маҳкамаси қарорлари
Расмий матн. Расмий ҳужжат. Таҳририй изоҳлар киритилмаган.
📅 19 сентября 2023 г. · Постановления Кабинета Министров
Официальный текст. Официальный документ. Редакционные примечания не включены.
📅 19 September 2023 · Cabinet of Ministers resolutions
Official text. Official document. Editorial notes are not included.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг
қарори
Сув омборларида сейсмологик ва сейсмометрик кузатувлар тизими такомиллаштирилганлиги муносабати билан Вазирлар Маҳкамасининг «Республиканинг сейсмик фаол ҳудудларида жойлашган сув омборларида инструментал сейсмологик кузатувларни доимий амалга ошириш тизимини жорий этиш тўғрисида» 2020 йил 17 декабрдаги 792-сон қарорига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш ҳақида
Сўнгги йилларда мамлакатимизда аҳоли ва ҳудудларнинг сейсмик хавфсизлигини таъминлаш борасида амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар натижадорлигини ошириш, сейсмик хавфнинг олдини олиш, аҳоли ва ҳудудларни сейсмик хавфдан ҳимоя қилишга қаратилган изчил чора-тадбирлар ўз самарасини бермоқда.
Хусусан, сўнгги икки йилда республиканинг сейсмик фаол ҳудудларида жойлашган сув омборларида сейсмологик ва сейсмометрик кузатувларни жорий қилиш мақсадида замонавий турдаги илмий асбоб-ускуналар харид қилиниб, фойдаланишга топширилди ва бу ислоҳотлар тизимли равишда давом эттирилмоқда.
Шу билан бирга, аҳоли ва ҳудудларни сейсмик хавфдан ҳимоя қилиш мақсадида сув омборларида сейсмологик кузатувларни амалга оширишнинг яхлит тизимини шакллантириш ҳамда сув омборлари тўғонларининг сейсмик мустаҳкамлигини доимий назорат қилиб бориш зарурати юзага келмоқда.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Ўзбекистон Республикаси аҳолиси ва ҳудудининг сейсмик хавфсизлигини таъминлаш тизимини янада такомиллаштиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида» 2023 йил 16 майдаги ПҚ-158-сон қарори ижросини таъминлаш, шунингдек, республиканинг сейсмик фаол ҳудудларида жойлашган сув омборларида сейсмологик ва сейсмометрик кузатувлар тизимини янада такомиллаштириш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:
1. Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Ўзбекистон Республикаси аҳолиси ва ҳудудининг сейсмик хавфсизлигини таъминлаш тизимини янада такомиллаштиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида» 2023 йил 16 майдаги ПҚ-158-сон қарорига мувофиқ:
«Сув омборларида сейсмологик кузатувларни амалга ошириш электрон платформаси»ни (кейинги ўринларда — электрон платформа) ишга тушириш ва юритиш учун Ўзбекистон Республикаси Фавқулодда вазиятлар вазирлигининг Сейсмопрогностик мониторинг республика маркази масъул этиб белгиланлиги;
республика ҳудудидаги сув омборларида сейсмологик кузатувларни амалга оширишнинг яхлит тизимини шакллантириш доирасида сув омборлари тўғонларида сейсмологик ва сейсмометрик кузатувларни амалга ошириш, сув омборларини тўлдириш билан боғлиқ зилзилаларни мониторинг қилиш, сув омборларини сув билан тўлдириш ва сувдан фойдаланиш жараёнида сейсмик режимнинг ўзгаришини баҳолаш Фавқулодда вазиятлар вазирлигининг Сейсмопрогностик мониторинг республика маркази томонидан амалга оширилиши;
сув омборларида фаолият юритувчи масъул ходимларнинг сейсмологик ва сейсмометрик кузатувларни амалга ошириш ва бирламчи таҳлил қилиш бўйича ҳар икки йилда малакасини ошириш амалиётини йўлга қўйиш ҳамда малака ошириш курсларини ташкил этиш ва ўтказиш учун масъул этиб Фавқулодда вазиятлар вазирлиги ва Фанлар академияси белгиланганлиги маълумот учун қабул қилинсин.
2. Вазирлар Маҳкамасининг «Республиканинг сейсмик фаол ҳудудларида жойлашган сув омборларида инструментал сейсмологик кузатувларни доимий амалга ошириш тизимини жорий этиш тўғрисида» 2020 йил 17 декабрдаги 792-сон қарорига иловага мувофиқ қуйидагиларни назарда тутувчи ўзгартириш ва қўшимчалар киритилсин:
сув омборларида сейсмологик кузатувларни амалга ошириш электрон платформаси Фавқулодда вазиятлар вазирлигининг Сейсмопрогностик мониторинг республика маркази томонидан ишга туширилиши ва юритилиши;
сув омборларида сейсмологик кузатувларни амалга оширишнинг яхлит тизимини шакллантириш доирасида сув омборлари тўғонларида сейсмологик ва сейсмометрик кузатувларни амалга ошириш;
сейсмологик ва сейсмометрик кузатувлар йўлга қўйилган сув омборлари тўғонларида МСК-64 шкаласи бўйича 5 ва ундан юқори балли зилзила қайд этилганда, сув омборларида сейсмик режимнинг ўзгариши ва тўғонларнинг кучланганлик-деформацияланганлик ҳолати бўйича маълумотлар ва хулосаларни электрон платформага киритиб бориш;
электрон платформага киритилган маълумотлар ва хулосаларда фавқулодда вазиятларнинг келиб чиқиш ҳолатлари кўрсатилганда, зудлик билан тегишли чора-тадбирлар ишлаб чиқиш ва амалга ошириш.
3. Ўзбекистон Республикаси Фавқулодда вазиятлар вазирлиги манфаатдор вазирлик ҳамда идоралар билан биргаликда ўзлари қабул қилган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни икки ой муддатда ушбу қарорга мувофиқлаштирсин.
4. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси фавқулодда вазиятлар вазири А.Х. Қўлдошев зиммасига юклансин.
Вазирлар Маҳкамасининг 2023 йил 19 сентябрдаги 479-сон қарорига ИЛОВА
Вазирлар Маҳкамасининг «Республиканинг сейсмик фаол ҳудудларида жойлашган сув омборларида инструментал сейсмологик кузатувларни доимий амалга ошириш тизимини жорий этиш тўғрисида» 2020 йил 17 декабрдаги 792-сон қарорига киритилаётган ўзгартириш ва қўшимчалар
1. 2-банд қуйидаги таҳрирда баён этилсин:
«2. Республиканинг сейсмик фаол ҳудудларида жойлашган сув омборларида инструментал сейсмологик кузатувларни доимий амалга ошириш тартиби тўғрисидаги низом иловага мувофиқ тасдиқлансин.»
2. 3-бандда :
«а)» кичик банднинг биринчи хатбошиси қуйидаги таҳрирда баён қилинсин:
«а) Ўзбекистон Республикаси Фавқулодда вазиятлар вазирлигининг Сейсмопрогностик мониторинг республика маркази билан биргаликда 2023 йил 1 августдан бошлаб:»;
«б)» кичик банддаги «Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш» сўзлари «Рақамли технологиялар» сўзлари билан алмаштирилсин.
3. 5-банд ўз кучини йўқотган деб ҳисоблансин.
4. 6-банддаги «Ўзбекистон Республикаси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги» сўзлари «Ўзбекистон Республикаси Рақамли технологиялар вазирлиги» сўзлари билан алмаштирилсин.
5. 1-иловада :
а) илова белгисидаги «1-илова» сўзлари «илова» сўзи билан алмаштирилсин;
б) қуйидаги мазмундаги 6 1 -банд билан тўлдирилсин:
«6 1 . Сейсмологик ва сейсмометрик кузатувлар йўлга қўйилган сув омборлари тўғонларида МСК-64 шкаласи бўйича 5 ва ундан юқори балли зилзила қайд этилганда қуйидаги маълумотлар «Сув омборларида сейсмологик кузатувларни амалга ошириш электрон платформаси»га (кейинги ўринларда — электрон платформаси) киритиб борилади:
сейсмологик ва сейсмометрик кузатув маълумотлар;
чўкиш, силжиш, ёриқлар пайдо бўлиши, фильтрация режими ўзгариши каби зилзиланинг салбий оқибатлари бўйича маълумотлар;
сув омборлари тўғонларининг динамик хоссалари, уларнинг кучланганлик-деформацияланганлик ҳолати бўйича маълумотлар ва хулосалар»;
в) 14 ва 15-бандлар қуйидаги таҳрирда баён этилсин:
«14. Ўзбекистон Республикаси Сув хўжалиги вазирлиги ва «Ўзбекгидроэнерго» АЖ Фавқулодда вазиятлар вазирлигининг Сейсмопрогностик мониторинг республика маркази ҳамда Фанлар академиясининг Механика ва иншоотлар сейсмик мустаҳкамлиги институти билан келишган ҳолда, сув омборларида олиб бориладиган доимий сейсмологик кузатув натижалари ва сув омборлари тўғонларининг динамик хоссалари, уларнинг кучланганлик-деформацияланганлик ҳолатини баҳолаш натижалари тўғрисидаги маълумотларни мунтазам олиш мақсадида ҳар йили 10 январга қадар шартнома тузади.
15. Ўзбекистон Республикаси Фавқулодда вазиятлар вазирлигининг Сейсмопрогностик мониторинг республика маркази томонидан сув омборларида олиб бориладиган доимий кузатув натижалари ва сув омборлари тўғонларининг динамик хоссалари, уларнинг кучланганлик-деформацияланганлик ҳолатини баҳолаш тўғрисидаги маълумотлар мунтазам равишда Вазирлар Маҳкамасига киритиб борилади»;
г) 16 — 19-бандлар ўз кучини йўқотган деб ҳисоблансин;
д) 23-банд қуйидаги таҳрирда баён этилсин:
«23. Ўзбекистон Республикаси Сув хўжалиги вазирлиги ва «Ўзбекгидроэнерго» АЖ белгиланган ҳудудларда доимий сейсмологик кузатув тизими Фавқулодда вазиятлар вазирлигининг Сейсмопрогностик мониторинг республика маркази ходимлари томонидан амалга оширилади»;
е) 24-банддаги «сув омборларини тўлдириш билан боғлиқ зилзилаларни мониторинг қилиш мақсадида доимий сейсмометрик кузатувлар олиб боради» сўзлари «сув омборлари тўғонларида сейсмологик ва сейсмометрик кузатувларни амалга оширади ва сейсмик режимнинг ўзгаришини баҳолаб боради» сўзлари билан алмаштирилсин;
ж) 25 — 27-бандлар қуйидаги таҳрирда баён этилсин:
«25. Ўзбекистон Республикаси Фанлар академиясининг Механика ва иншоотлар сейсмик мустаҳкамлиги институти электрон платформага киритилган маълумотлар асосида сув омборлари тўғонларининг динамик хоссаларини ўрганиб, уларнинг кучланганлик-деформацияланганлик ҳолатини баҳолайди ҳамда сейсмологик ва сейсмометрик кузатувлар ҳақида берилган маълумотларда сейсмик режимнинг ўзгаришларини ҳисобга олган ҳолда сув омборлари тўғонларининг динамик ҳолати тўғрисидаги маълумотлар ҳамда тегишли чоралар кўриш учун хулосалар тайёрлайди ва электрон платформага киритади.
26. Ўзбекистон Республикаси Фанлар академиясининг Механика ва иншоотлар сейсмик мустаҳкамлиги институти тўғонларнинг сейсмик мустаҳкамлигини доимий назорат қилиш услубларини ишлаб чиқади.
27. Электрон платформага киритилган хулосаларда фавқулодда вазиятларнинг келиб чиқиш ҳолатлари кўрсатилганда, сув омборларига масъул бўлган ташкилотлар Фавқулодда вазиятлар вазирлиги, Фанлар академияси ва маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари билан биргаликда зудлик билан тегишли чора-тадбирлар ва ҳаракатлар дастурини ишлаб чиқиб, амалга оширади»;
з) қуйидаги мазмундаги 27 1 -банд билан тўлдирилсин:
«27 1 . Фавқулодда вазиятлар вазирлиги ва Фанлар академияси томонидан сув омборларида фаолият юритувчи масъул ходимларнинг сейсмологик ва сейсмометрик кузатувларни амалга ошириш ва бирламчи таҳлил қилиш бўйича ҳар икки йилда малакасини ошириб боради»;
и) илованинг матни қуйидаги таҳрирда баён этилсин:
«Республиканинг сейсмик фаол ҳудудларида жойлашган сув омборларида инструментал сейсмологик кузатувларни амалга ошириш СХЕМАСИ
Босқичлар Масъуллар Тадбирлар Муддатлар 1-босқич Сув хўжалиги вазирлиги, «Ўзбекгидроэнерго» АЖ Фавқулодда вазиятлар вазирлигининг Сейсмопрогностик мониторинг республика маркази ҳамда Фанлар академиясининг Механика ва иншоотлар сейсмик мустаҳкамлиги институти билан келишган ҳолда, сув омборларида доимий сейсмологик кузатувларни олиб бориш, асбоб-ускуналарни созлаш (калибровка), маълумотларни қайта ишлаш ва таҳлил қилиш, электрон платформага киритилган маълумотлар асосида сув омборлари тўғонларининг динамик хоссаларини ўрганиб, уларнинг кучланганлик-деформацияланганлик ҳолатини баҳолаш натижалари тўғрисидаги маълумотларни олиш мақсадида шартнома тузиш. Ҳар йили 10 январга қадар 2-босқич Фавқулодда вазиятлар вазирлигининг Сейсмопрогностик мониторинг республика маркази 1. Сув омборлари тўғонларида сейсмологик ва сейсмометрик кузатувларни олиб бориш. 2. Сув омборлари тўғонларида сейсмик режимнинг ўзгаришини баҳолаб бориш. Доимий 3-босқич Фанлар академияси 1. Электрон платформага киритилган маълумотлар асосида сув омборлари тўғонларининг динамик хоссаларини ўрганиб, уларнинг кучланганлик-деформацияланганлик ҳолатини баҳолаш. Доимий, 2. Сейсмологик ва сейсмометрик кузатувлар ҳақида берилган маълумотларда сейсмик режимнинг ўзгаришларини ҳисобга олган ҳолда, сув омборлари тўғонларининг динамик ҳолати тўғрисидаги маълумотлар ҳамда тегишли чоралар кўриш учун хулосалар тайёрлаш ва электрон платформага киритиш. МСК-64 шкаласи бўйича 5 ва ундан юқори балли зилзила қайд этилганда зудлик билан 4-босқич Сув хўжалиги вазирлиги, «Ўзбекгидроэнерго» АЖ Чўкиш, силжиш, ёриқлар пайдо бўлиши, фильтрация режими ўзгариши каби зилзиланинг салбий оқибатларини аниқлаб, маълумотларни электрон платформага киритиб бориш. Доимий, МСК-64 шкаласи бўйича 5 ва ундан юқори балли зилзила қайд этилганда зудлик билан 5-босқич Сув хўжалиги вазирлиги, «Ўзбекгидроэнерго» АЖ, Фавқулодда вазиятлар вазирлиги, Фанлар академияси ва маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари Электрон платформага киритилган хулосаларда фавқулодда вазиятларнинг келиб чиқиш ҳолатлари кўрсатилганда, тегишли чора-тадбирлар ва ҳаракатлар дастурини ишлаб чиқиш ва амалга ошириш. Зудлик билан 6-босқич Фавқулодда вазиятлар вазирлиги, Фанлар академияси Сув омборларида фаолият юритувчи масъул ходимларнинг сейсмологик ва сейсмометрик кузатувларни олиб бориш ва бирламчи таҳлил қилиш бўйича малакасини ошириш. Ҳар икки йилда »;
6. 2-илова ўз кучини йўқотган деб ҳисоблансин.
Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А. АРИПОВ
Тошкент ш.,
2023 йил 19 сентябрь,
479-сон
Oʻzbekiston Respublikasi Vazirlar Mahkamasining
qarori
Suv omborlarida seysmologik va seysmometrik kuzatuvlar tizimi takomillashtirilganligi munosabati bilan Vazirlar Mahkamasining “Respublikaning seysmik faol hududlarida joylashgan suv omborlarida instrumental seysmologik kuzatuvlarni doimiy amalga oshirish tizimini joriy etish toʻgʻrisida” 2020-yil 17-dekabrdagi 792-son qaroriga oʻzgartirish va qoʻshimchalar kiritish haqida
Soʻnggi yillarda mamlakatimizda aholi va hududlarning seysmik xavfsizligini taʼminlash borasida amalga oshirilayotgan keng koʻlamli islohotlar natijadorligini oshirish, seysmik xavfning oldini olish, aholi va hududlarni seysmik xavfdan himoya qilishga qaratilgan izchil chora-tadbirlar oʻz samarasini bermoqda.
Xususan, soʻnggi ikki yilda respublikaning seysmik faol hududlarida joylashgan suv omborlarida seysmologik va seysmometrik kuzatuvlarni joriy qilish maqsadida zamonaviy turdagi ilmiy asbob-uskunalar xarid qilinib, foydalanishga topshirildi va bu islohotlar tizimli ravishda davom ettirilmoqda.
Shu bilan birga, aholi va hududlarni seysmik xavfdan himoya qilish maqsadida suv omborlarida seysmologik kuzatuvlarni amalga oshirishning yaxlit tizimini shakllantirish hamda suv omborlari toʻgʻonlarining seysmik mustahkamligini doimiy nazorat qilib borish zarurati yuzaga kelmoqda.
Oʻzbekiston Respublikasi Prezidentining “Oʻzbekiston Respublikasi aholisi va hududining seysmik xavfsizligini taʼminlash tizimini yanada takomillashtirishga oid qoʻshimcha chora-tadbirlar toʻgʻrisida” 2023-yil 16-maydagi PQ-158-son qarori ijrosini taʼminlash, shuningdek, respublikaning seysmik faol hududlarida joylashgan suv omborlarida seysmologik va seysmometrik kuzatuvlar tizimini yanada takomillashtirish maqsadida Vazirlar Mahkamasi qaror qiladi:
1. Oʻzbekiston Respublikasi Prezidentining “Oʻzbekiston Respublikasi aholisi va hududining seysmik xavfsizligini taʼminlash tizimini yanada takomillashtirishga oid qoʻshimcha chora-tadbirlar toʻgʻrisida” 2023-yil 16-maydagi PQ-158-son qaroriga muvofiq:
“Suv omborlarida seysmologik kuzatuvlarni amalga oshirish elektron platformasi”ni (keyingi oʻrinlarda — elektron platforma) ishga tushirish va yuritish uchun Oʻzbekiston Respublikasi Favqulodda vaziyatlar vazirligining Seysmoprognostik monitoring respublika markazi masʼul etib belgilanligi;
respublika hududidagi suv omborlarida seysmologik kuzatuvlarni amalga oshirishning yaxlit tizimini shakllantirish doirasida suv omborlari toʻgʻonlarida seysmologik va seysmometrik kuzatuvlarni amalga oshirish, suv omborlarini toʻldirish bilan bogʻliq zilzilalarni monitoring qilish, suv omborlarini suv bilan toʻldirish va suvdan foydalanish jarayonida seysmik rejimning oʻzgarishini baholash Favqulodda vaziyatlar vazirligining Seysmoprognostik monitoring respublika markazi tomonidan amalga oshirilishi;
suv omborlarida faoliyat yurituvchi masʼul xodimlarning seysmologik va seysmometrik kuzatuvlarni amalga oshirish va birlamchi tahlil qilish boʻyicha har ikki yilda malakasini oshirish amaliyotini yoʻlga qoʻyish hamda malaka oshirish kurslarini tashkil etish va oʻtkazish uchun masʼul etib Favqulodda vaziyatlar vazirligi va Fanlar akademiyasi belgilanganligi maʼlumot uchun qabul qilinsin.
2. Vazirlar Mahkamasining “Respublikaning seysmik faol hududlarida joylashgan suv omborlarida instrumental seysmologik kuzatuvlarni doimiy amalga oshirish tizimini joriy etish toʻgʻrisida” 2020-yil 17-dekabrdagi 792-son qaroriga ilovaga muvofiq quyidagilarni nazarda tutuvchi oʻzgartirish va qoʻshimchalar kiritilsin:
suv omborlarida seysmologik kuzatuvlarni amalga oshirish elektron platformasi Favqulodda vaziyatlar vazirligining Seysmoprognostik monitoring respublika markazi tomonidan ishga tushirilishi va yuritilishi;
suv omborlarida seysmologik kuzatuvlarni amalga oshirishning yaxlit tizimini shakllantirish doirasida suv omborlari toʻgʻonlarida seysmologik va seysmometrik kuzatuvlarni amalga oshirish;
seysmologik va seysmometrik kuzatuvlar yoʻlga qoʻyilgan suv omborlari toʻgʻonlarida MSK-64 shkalasi boʻyicha 5 va undan yuqori balli zilzila qayd etilganda, suv omborlarida seysmik rejimning oʻzgarishi va toʻgʻonlarning kuchlanganlik-deformatsiyalanganlik holati boʻyicha maʼlumotlar va xulosalarni elektron platformaga kiritib borish;
elektron platformaga kiritilgan maʼlumotlar va xulosalarda favqulodda vaziyatlarning kelib chiqish holatlari koʻrsatilganda, zudlik bilan tegishli chora-tadbirlar ishlab chiqish va amalga oshirish.
3. Oʻzbekiston Respublikasi Favqulodda vaziyatlar vazirligi manfaatdor vazirlik hamda idoralar bilan birgalikda oʻzlari qabul qilgan normativ-huquqiy hujjatlarni ikki oy muddatda ushbu qarorga muvofiqlashtirsin.
4. Mazkur qarorning bajarilishini nazorat qilish Oʻzbekiston Respublikasi favqulodda vaziyatlar vaziri A.X. Qoʻldoshev zimmasiga yuklansin.
Vazirlar Mahkamasining 2023-yil 19-sentabrdagi 479-son qaroriga ILOVA
Vazirlar Mahkamasining “Respublikaning seysmik faol hududlarida joylashgan suv omborlarida instrumental seysmologik kuzatuvlarni doimiy amalga oshirish tizimini joriy etish toʻgʻrisida” 2020-yil 17-dekabrdagi 792-son qaroriga kiritilayotgan oʻzgartirish va qoʻshimchalar
1. 2-band quyidagi tahrirda bayon etilsin:
“2. Respublikaning seysmik faol hududlarida joylashgan suv omborlarida instrumental seysmologik kuzatuvlarni doimiy amalga oshirish tartibi toʻgʻrisidagi nizom ilovaga muvofiq tasdiqlansin.”
2. 3-bandda :
“a)” kichik bandning birinchi xatboshisi quyidagi tahrirda bayon qilinsin:
“a) Oʻzbekiston Respublikasi Favqulodda vaziyatlar vazirligining Seysmoprognostik monitoring respublika markazi bilan birgalikda 2023-yil 1-avgustdan boshlab:”;
“b)” kichik banddagi “Axborot texnologiyalari va kommunikatsiyalarini rivojlantirish” soʻzlari “Raqamli texnologiyalar” soʻzlari bilan almashtirilsin.
3. 5-band oʻz kuchini yoʻqotgan deb hisoblansin.
4. 6-banddagi “Oʻzbekiston Respublikasi Axborot texnologiyalari va kommunikatsiyalarini rivojlantirish vazirligi” soʻzlari “Oʻzbekiston Respublikasi Raqamli texnologiyalar vazirligi” soʻzlari bilan almashtirilsin.
5. 1-ilovada :
a) ilova belgisidagi “1-ilova” soʻzlari “ilova” soʻzi bilan almashtirilsin;
b) quyidagi mazmundagi 6 1 -band bilan toʻldirilsin:
“6 1 . Seysmologik va seysmometrik kuzatuvlar yoʻlga qoʻyilgan suv omborlari toʻgʻonlarida MSK-64 shkalasi boʻyicha 5 va undan yuqori balli zilzila qayd etilganda quyidagi maʼlumotlar “Suv omborlarida seysmologik kuzatuvlarni amalga oshirish elektron platformasi”ga (keyingi oʻrinlarda — elektron platformasi) kiritib boriladi:
seysmologik va seysmometrik kuzatuv maʼlumotlar;
choʻkish, siljish, yoriqlar paydo boʻlishi, filtratsiya rejimi oʻzgarishi kabi zilzilaning salbiy oqibatlari boʻyicha maʼlumotlar;
suv omborlari toʻgʻonlarining dinamik xossalari, ularning kuchlanganlik-deformatsiyalanganlik holati boʻyicha maʼlumotlar va xulosalar”;
v) 14 va 15-bandlar quyidagi tahrirda bayon etilsin:
“14. Oʻzbekiston Respublikasi Suv xoʻjaligi vazirligi va “Oʻzbekgidroenergo” AJ Favqulodda vaziyatlar vazirligining Seysmoprognostik monitoring respublika markazi hamda Fanlar akademiyasining Mexanika va inshootlar seysmik mustahkamligi instituti bilan kelishgan holda, suv omborlarida olib boriladigan doimiy seysmologik kuzatuv natijalari va suv omborlari toʻgʻonlarining dinamik xossalari, ularning kuchlanganlik-deformatsiyalanganlik holatini baholash natijalari toʻgʻrisidagi maʼlumotlarni muntazam olish maqsadida har yili 10-yanvarga qadar shartnoma tuzadi.
15. Oʻzbekiston Respublikasi Favqulodda vaziyatlar vazirligining Seysmoprognostik monitoring respublika markazi tomonidan suv omborlarida olib boriladigan doimiy kuzatuv natijalari va suv omborlari toʻgʻonlarining dinamik xossalari, ularning kuchlanganlik-deformatsiyalanganlik holatini baholash toʻgʻrisidagi maʼlumotlar muntazam ravishda Vazirlar Mahkamasiga kiritib boriladi”;
g) 16 — 19-bandlar oʻz kuchini yoʻqotgan deb hisoblansin;
d) 23-band quyidagi tahrirda bayon etilsin:
“23. Oʻzbekiston Respublikasi Suv xoʻjaligi vazirligi va “Oʻzbekgidroenergo” AJ belgilangan hududlarda doimiy seysmologik kuzatuv tizimi Favqulodda vaziyatlar vazirligining Seysmoprognostik monitoring respublika markazi xodimlari tomonidan amalga oshiriladi”;
e) 24-banddagi “suv omborlarini toʻldirish bilan bogʻliq zilzilalarni monitoring qilish maqsadida doimiy seysmometrik kuzatuvlar olib boradi” soʻzlari “suv omborlari toʻgʻonlarida seysmologik va seysmometrik kuzatuvlarni amalga oshiradi va seysmik rejimning oʻzgarishini baholab boradi” soʻzlari bilan almashtirilsin;
j) 25 — 27-bandlar quyidagi tahrirda bayon etilsin:
“25. Oʻzbekiston Respublikasi Fanlar akademiyasining Mexanika va inshootlar seysmik mustahkamligi instituti elektron platformaga kiritilgan maʼlumotlar asosida suv omborlari toʻgʻonlarining dinamik xossalarini oʻrganib, ularning kuchlanganlik-deformatsiyalanganlik holatini baholaydi hamda seysmologik va seysmometrik kuzatuvlar haqida berilgan maʼlumotlarda seysmik rejimning oʻzgarishlarini hisobga olgan holda suv omborlari toʻgʻonlarining dinamik holati toʻgʻrisidagi maʼlumotlar hamda tegishli choralar koʻrish uchun xulosalar tayyorlaydi va elektron platformaga kiritadi.
26. Oʻzbekiston Respublikasi Fanlar akademiyasining Mexanika va inshootlar seysmik mustahkamligi instituti toʻgʻonlarning seysmik mustahkamligini doimiy nazorat qilish uslublarini ishlab chiqadi.
27. Elektron platformaga kiritilgan xulosalarda favqulodda vaziyatlarning kelib chiqish holatlari koʻrsatilganda, suv omborlariga masʼul boʻlgan tashkilotlar Favqulodda vaziyatlar vazirligi, Fanlar akademiyasi va mahalliy ijro etuvchi hokimiyat organlari bilan birgalikda zudlik bilan tegishli chora-tadbirlar va harakatlar dasturini ishlab chiqib, amalga oshiradi”;
z) quyidagi mazmundagi 27 1 -band bilan toʻldirilsin:
“27 1 . Favqulodda vaziyatlar vazirligi va Fanlar akademiyasi tomonidan suv omborlarida faoliyat yurituvchi masʼul xodimlarning seysmologik va seysmometrik kuzatuvlarni amalga oshirish va birlamchi tahlil qilish boʻyicha har ikki yilda malakasini oshirib boradi”;
i) ilovaning matni quyidagi tahrirda bayon etilsin:
“Respublikaning seysmik faol hududlarida joylashgan suv omborlarida instrumental seysmologik kuzatuvlarni amalga oshirish SXEMASI
Bosqichlar Masʼullar Tadbirlar Muddatlar 1-bosqich Suv xoʻjaligi vazirligi, “Oʻzbekgidroenergo” AJ Favqulodda vaziyatlar vazirligining Seysmoprognostik monitoring respublika markazi hamda Fanlar akademiyasining Mexanika va inshootlar seysmik mustahkamligi instituti bilan kelishgan holda, suv omborlarida doimiy seysmologik kuzatuvlarni olib borish, asbob-uskunalarni sozlash (kalibrovka), maʼlumotlarni qayta ishlash va tahlil qilish, elektron platformaga kiritilgan maʼlumotlar asosida suv omborlari toʻgʻonlarining dinamik xossalarini oʻrganib, ularning kuchlanganlik-deformatsiyalanganlik holatini baholash natijalari toʻgʻrisidagi maʼlumotlarni olish maqsadida shartnoma tuzish. Har yili 10-yanvarga qadar 2-bosqich Favqulodda vaziyatlar vazirligining Seysmoprognostik monitoring respublika markazi 1. Suv omborlari toʻgʻonlarida seysmologik va seysmometrik kuzatuvlarni olib borish. 2. Suv omborlari toʻgʻonlarida seysmik rejimning oʻzgarishini baholab borish. Doimiy 3-bosqich Fanlar akademiyasi 1. Elektron platformaga kiritilgan maʼlumotlar asosida suv omborlari toʻgʻonlarining dinamik xossalarini oʻrganib, ularning kuchlanganlik-deformatsiyalanganlik holatini baholash. Doimiy, 2. Seysmologik va seysmometrik kuzatuvlar haqida berilgan maʼlumotlarda seysmik rejimning oʻzgarishlarini hisobga olgan holda, suv omborlari toʻgʻonlarining dinamik holati toʻgʻrisidagi maʼlumotlar hamda tegishli choralar koʻrish uchun xulosalar tayyorlash va elektron platformaga kiritish. MSK-64 shkalasi boʻyicha 5 va undan yuqori balli zilzila qayd etilganda zudlik bilan 4-bosqich Suv xoʻjaligi vazirligi, “Oʻzbekgidroenergo” AJ Choʻkish, siljish, yoriqlar paydo boʻlishi, filtratsiya rejimi oʻzgarishi kabi zilzilaning salbiy oqibatlarini aniqlab, maʼlumotlarni elektron platformaga kiritib borish. Doimiy, MSK-64 shkalasi boʻyicha 5 va undan yuqori balli zilzila qayd etilganda zudlik bilan 5-bosqich Suv xoʻjaligi vazirligi, “Oʻzbekgidroenergo” AJ, Favqulodda vaziyatlar vazirligi, Fanlar akademiyasi va mahalliy ijro etuvchi hokimiyat organlari Elektron platformaga kiritilgan xulosalarda favqulodda vaziyatlarning kelib chiqish holatlari koʻrsatilganda, tegishli chora-tadbirlar va harakatlar dasturini ishlab chiqish va amalga oshirish. Zudlik bilan 6-bosqich Favqulodda vaziyatlar vazirligi, Fanlar akademiyasi Suv omborlarida faoliyat yurituvchi masʼul xodimlarning seysmologik va seysmometrik kuzatuvlarni olib borish va birlamchi tahlil qilish boʻyicha malakasini oshirish. Har ikki yilda ”;
6. 2-ilova oʻz kuchini yoʻqotgan deb hisoblansin.
Oʻzbekiston Respublikasining Bosh vaziri A. ARIPOV
Toshkent sh.,
2023-yil 19-sentabr,
479-son