📅 2023-yil 22-sentabr · Vazirlar Mahkamasi qarorlari
Rasmiy matn. Rasmiy hujjat. Tahririy izohlar kiritilmagan.
📅 2023-yil 22-sentabr · Vazirlar Mahkamasi qarorlari
Rasmiy matn. Rasmiy hujjat. Tahririy izohlar kiritilmagan.
📅 2023 йил 22 сентябрь · Вазирлар Маҳкамаси қарорлари
Расмий матн. Расмий ҳужжат. Таҳририй изоҳлар киритилмаган.
📅 22 сентября 2023 г. · Постановления Кабинета Министров
Официальный текст. Официальный документ. Редакционные примечания не включены.
📅 22 September 2023 · Cabinet of Ministers resolutions
Official text. Official document. Editorial notes are not included.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг
қарори
НАМУНАВИЙ ТУЗИЛМАСИ
Давлат органлари устидан жамоатчилик назоратини ўрнатишнинг замонавий шакллари жорий этилиши муносабати билан Вазирлар Маҳкамасининг «Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятини янада такомиллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида» 2021 йил 18 июндаги 380-сон қарорига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш ҳақида
Ўтган давр мобайнида мамлакатимизда фуқаролик жамиятини ривожлантириш, маҳалла институтини жамоатчилик бошқаруви ва назоратининг таянч бўғинига айлантириш, давлат органларининг фуқаролар билан яқин ҳамкорлигини йўлга қўйиш, уларнинг очиқ ва ошкора фаолият кўрсатишини таъминлаш, аҳолини жамият ва давлат ишларини бошқаришга фаол жалб этиш, давлат органлари фаолияти устидан таъсирчан жамоатчилик назоратини ўрнатиш юзасидан комплекс чора-тадбирлар амалга оширилди.
Шу билан бирга, мамлакатни ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришнинг жадал суръатлари жамият ва давлат ишларини бошқаришда фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари ҳамда фуқаролик жамиятининг бошқа институтлари ролини янада ошириш, давлат органлари устидан самарали жамоатчилик назоратини ўрнатиш йўналишида уларнинг фаолиятини кучайтириш учун қўшимча шарт-шароитлар яратиш зарурлигини тақозо этмоқда.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг «2022 — 2026-йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегиясини «Инсонга эътибор ва сифатли таълим йили»да амалга оширишга оид давлат дастури тўғрисида» 2023 йил 28 февралдаги ПФ-27-сон Фармонига мувофиқ Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:
1. Вазирлар Маҳкамасининг «Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятини янада такомиллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида» 2021 йил 18 июндаги 380-сон қарорига иловага мувофиқ қуйидагиларни назарда тутувчи ўзгартириш ва қўшимчалар киритилсин:
«маҳалла назорати» ва «маҳалла раиси сўрови» институтларини жорий этиш;
ҳар бир фуқаролар йиғини ҳузурида маҳалла раиси раҳбарлигида маҳалла назорати гуруҳини ташкил этиш;
маҳалла назорати гуруҳини фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларининг намунавий тузилмасига киритиш;
маҳалла назорати гуруҳи томонидан аҳоли эътирозларига энг кўп сабаб бўлаётган муаммоларни аниқлаш мақсадида мунтазам равишда муҳокамалар ўтказиш;
маҳалла фуқаролар йиғини кенгашида тегишли давлат органлари ва ташкилотлари раҳбарлари ҳамда масъул ходимларининг амалга оширилган ишлар бўйича ахборотларини мунтазам равишда эшитиб бориш.
2. Ўзбекистон Республикаси Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлиги Рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитаси, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари ҳамда манфаатдор вазирликлар ва идоралар билан биргаликда икки ой муддатда Фуқаролар йиғини ҳузуридаги маҳалла назорати гуруҳи тўғрисидаги намунавий низом асосида фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари томонидан тегишли низомларнинг ишлаб чиқилиши ва тасдиқланишига ҳамда уларнинг фаолияти самарали ташкил этилишига ҳар томонлама кўмаклашсин.
3. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазири Б.А. Мусаев зиммасига юклансин.
Вазирлар Маҳкамасининг 2023 йил 22 сентябрдаги 489-сон қарорига ИЛОВА
Вазирлар Маҳкамасининг «Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятини янада такомиллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида» 2021 йил 18 июндаги 380-сон қарорига киритилаётган ўзгартириш ва қўшимчалар
1. 1-илова билан тасдиқланган Фуқаролар йиғини тўғрисидаги намунавий низомга илованинг матни қуйидаги таҳрирда баён этилсин:
«Фуқаролар ўзини ўзи бошқариш органларининг
Фуқаролар йиғини мажлиси (фуқаролар вакилларининг йиғилиши) Тафтиш комиссияси Фуқаролар йиғинининг Кенгаши Фуқаролар йиғинининг раиси Маҳалладаги хотин-қизлар фаоли Ҳуқуқ-тартибот масалалари бўйича ўринбосар — профилактика инспектори Оилавий қадриятларни мустаҳкамлаш комиссияси Кексалар ва фахрийлар ишлари бўйича маслаҳатчи Хотин-қизлар билан ишлаш бўйича комиссия Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш бўйича комиссия «Кексалар маслаҳати» гуруҳи Ёшлар масалалари бўйича маслаҳатчи «Ота-оналар университети» жамоатчилик тузилмаси Маҳалла назорати гуруҳи «Фидокор ёшлар» жамоатчилик патруль гуруҳи «Аёллар маслаҳат Кенгаши» Ижтимоий қўллаб-қувватлаш ва жамоатчилик назорати бўйича комиссия » .
2. 3-иловада :
а) 3-банднинг тўртинчи хатбошиси қуйидаги мазмундаги тўртинчи ва бешинчи хатбошилар билан алмаштирилсин:
««Кексалар маслаҳати» гуруҳи;
«Маҳалла назорати» гуруҳи»;
б) қуйидаги мазмундаги 4 1 -боб билан тўлдирилсин:
«4 1 -боб. Маҳалла назорати гуруҳининг фаолиятини ташкил этиш
1-§. Маҳалла назорати гуруҳининг асосий мақсад ва вазифалари, ҳуқуқ ва мажбуриятлари
58 1 . Маҳалла назорати гуруҳининг мақсади аҳолининг давлат ва жамият ишларини бошқаришда иштирокини кенгайтириш орқали давлат органлари ва ташкилотлари фаолияти устидан жамоатчилик назоратини ўрнатишдан иборат.
58 2 . Қуйидагилар Маҳалла назорати гуруҳининг асосий вазифалари ҳисобланади:
қабул қилинаётган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларда, қарорларда, шунингдек, давлат, тармоқ ва ҳудудий ривожлантириш дастурларида жамоатчилик манфаатлари ва жамоатчилик фикри ҳисобга олиниши устидан жамоатчилик назоратини амалга ошириш;
фуқароларнинг, юридик шахсларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини, жамият манфаатларини ҳимоя қилиш соҳасидаги қонунчилик талабларининг таъминланиши устидан жамоатчилик назоратини амалга ошириш;
давлат органлари ва ташкилотларига, уларнинг мансабдор шахслари зиммасига юкланган, ижтимоий ва жамоатчилик манфаатларига дахлдор бўлган вазифалар ва функциялар бажарилиши устидан жамоатчилик назоратини амалга ошириш;
давлат хизматларини кўрсатиш бўйича давлат органлари ва ташкилотлари, уларнинг мансабдор шахсларининг фаолияти устидан жамоатчилик назоратини амалга ошириш;
давлат органлари ва ташкилотлари, уларнинг мансабдор шахсларининг ижтимоий шериклик доирасида амалга ошириладиган битимлар, шартномалар, лойиҳалар ва дастурларни бажаришга доир фаолияти устидан жамоатчилик назоратини амалга ошириш;
маҳаллада тадбиркорликни ривожлантириш, аҳоли бандлигини таъминлаш ва камбағалликни қисқартириш масалалари бўйича туман (шаҳар) ҳокимининг ёрдамчиси, маҳалладаги ёшлар етакчиси ва хотин-қизлар фаоли, ички ишлар органлари таянч пункти профилактика (катта) инспекторлари фаолияти устидан жамоатчилик назоратини амалга ошириш.
58 3 . Маҳалла назорати гуруҳи ўзига юкланган вазифаларга мувофиқ қуйидаги функцияларни амалга оширади:
тегишли ҳудудда қонунлар ва бошқа қонунчилик ҳужжатларининг бажарилиш ҳолатини ўрганади;
давлат органлари ва ташкилотлари фаолиятига доир масалалар юзасидан фуқароларнинг мурожаатларини кўриб чиқишда иштирок этади, шунингдек, уларни кўриб чиқиш натижалари бўйича давлат органлари ва ташкилотларига тегишли таклифлар киритади;
давлат органлари ва ташкилотларининг маҳаллага бириктирилган ходимлари томонидан бажарилаётган ишларнинг натижаларини таҳлил қилади;
давлат органлари ва ташкилотлари фаолиятида мавжуд камчиликларни бартараф этиш бўйича таклифлар ишлаб чиқади, шунингдек, киритилган таклифларни мазкур давлат органлари ва ташкилотлари ходимлари ўртасида муҳокама қилишга бағишланган тадбирларда иштирок этади;
қабул қилинган дастурлар асосида амалга оширилган ишларнинг самарадорлигини таҳлил қилади, шунингдек, йўл қўйилган камчиликларни бартараф этиш юзасидан таклифлар тайёрлайди;
ижтимоий аҳамиятга эга норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар ва давлат органлари ва ташкилотларининг бошқа қарорлари лойиҳаларини кўриб чиқишда иштирок этади;
атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва табиий ресурслардан оқилона фойдаланиш соҳасидаги қонунчилик талаблари бузилганлиги аниқланган ҳолатлар юзасидан чоралар кўриш тўғрисида тегишли давлат органлари ва ташкилотларига таклифлар киритади;
жамоатчилик назорати натижаларига кўра таклиф ва тавсиялар ишлаб чиқиш ҳамда уларни тегишли давлат органлари ва ташкилотларига кўриб чиқиш учун юбориш;
жамоатчилик назорати натижалари асосида аниқланган муаммо ва камчиликларни бартараф қилиш юзасидан таклифлар ишлаб чиқади.
58 4 . Маҳалла назорати гуруҳи ўз вазифаларини амалга оширишда оммавий ахборот воситалари, нодавлат нотижорат ташкилотлар, шунингдек, фуқаролар йиғини кенгаши, фуқаролар йиғинининг ижтимоий қўллаб-қувватлаш ва жамоатчилик назорати бўйича комиссияси ҳамда бошқа комиссиялари, ҳамда фуқаролар йиғини фаолиятига кўмаклашувчи жамоатчилик тузилмалари билан ҳамкорлик қилади.
58 5 . Маҳалла назорати гуруҳи ўзининг асосий вазифа ва функцияларини бажариш учун қуйидаги ҳуқуқларга эга:
давлат органлари ва ташкилотларига мурожаатлар ва сўровлар юбориш;
давлат органлари ва ташкилотларининг очиқ ҳайъат мажлисларида иштирок этиш;
давлат органлари ва ташкилотларидан уларнинг фаолияти самарадорлигини ошириш бўйича таклиф ва тавсиялар ишлаб чиқиш учун зарур бўлган ахборотлар, статистика ва бошқа материалларни белгиланган тартибда олиш;
ижтимоий аҳамиятга эга масалалар, шунингдек, норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар, давлат органлари ва ташкилотларининг бошқа қарорлари лойиҳалари юзасидан жамоатчилик муҳокамасини ташкил этиш;
давлат органлари ва ташкилотлари, уларнинг мансабдор шахсларининг фаолиятига тааллуқли ва ижтимоий аҳамиятга эга бўлган ёхуд фуқароларнинг, юридик шахсларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларига, жамият манфаатларига дахлдор масалалар юзасидан жамоатчилик эшитувини ўтказиш;
давлат органлари ва ташкилотлари, уларнинг мансабдор шахсларининг фаолияти бўйича жамоатчилик манфаатига дахлдор ахборотни тўплаш, умумлаштириш ва таҳлил этиш орқали жамоатчилик мониторингини амалга ошириш;
норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларини жамоатчилик экспертизасидан ўтказиш;
ҳар ойда маҳалла кенгашида тегишли давлат органлари ва ташкилотлари раҳбарларининг амалга оширилган ишлар бўйича ахборотларини эшитиш;
аҳоли эътирозларига энг кўп сабаб бўлаётган муаммоларни аниқлаш мақсадида мунтазам равишда муҳокамаларни, шу жумладан, ахборот-коммуникация технологияларидан фойдаланган ҳолда ўтказиш;
фуқароларнинг, юридик шахсларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатлари, жамият манфаатлари бузилганлиги аниқланганда, материалларни ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга юбориш;
юкланган вазифаларни бажариш учун нодавлат нотижорат ташкилотлар, оммавий ахборот воситалари, шунингдек, фуқаролар йиғинининг бошқа жамоатчилик комиссиялари ва тузилмалари ҳамда фуқаролар билан ҳамкорлик қилиш, семинарлар, давра суҳбатлари ва бошқа тадбирларни ташкил этиш.
Маҳалла назорати гуруҳи қонунчиликка мувофиқ бошқа ҳуқуқларга ҳам эга бўлиши мумкин.
58 6 . Маҳалла назорати гуруҳи ўз фаолиятини амалга оширишда:
жамоатчилик назорати тўғрисидаги қонунчилик ҳужжатлари ва мазкур Низом талабларига риоя қилиши;
давлат органлари ва ташкилотлари фаолияти билан боғлиқ қонунчиликда белгиланган чекловларга амал қилиши;
давлат органлари ва ташкилотлари, уларнинг мансабдор шахсларининг ўз ваколатлари доирасида амалга оширадиган фаолиятига аралашмаслиги;
давлат органлари ва ташкилотлари, уларнинг мансабдор шахсларининг фаолият кўрсатиши учун тўсқинлик қилмаслиги;
фуқароларнинг шаъни ва қадр-қимматини таҳқирлашга, уларнинг шахсий ҳаётига аралашишга йўл қўймаслиги;
жамоатчилик назоратини амалга ошириш жараёнида олинган ахборотнинг, агар бундай ахборотни тарқатиш қонун билан чекланган бўлса, ошкор этмаслиги шарт.
2-§. Маҳалла назорати гуруҳи таркибини шакллантириш ва унинг фаолиятини ташкил этиш
58 7 . Маҳалла назорати гуруҳи унинг раҳбари, раҳбар ўринбосари, котиби ва аъзоларидан иборат.
58 8 . Маҳалла назорати гуруҳи аъзолигига маҳаллада обрў-эътиборли, ижтимоий фаол, бошқаларга ибрат бўладиган, катта ҳаётий тажрибага эга фуқаролар (давлат органлари ва ташкилотларининг мансабдор шахслари бундан мустасно), шунингдек, нодавлат нотижорат ташкилотлар, оммавий ахборот воситалари ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтлари вакиллари қабул қилинади.
Маҳалла назорати гуруҳи таркибини шакллантиришда гендер тенглик тамойилига риоя қилинади, шунингдек, унинг таркибига ногиронлиги бўлган шахслар ҳам киритилади.
Маҳалла назорати гуруҳи аъзоларининг сони чекланмаган.
58 9 . Маҳалла назорати гуруҳи аъзолари фуқаролар йиғини (фуқаролар вакилларининг йиғилиши) томонидан ҳар 5 йилда сайланади.
Маҳалла назорати гуруҳига фуқаролар йиғини раиси раҳбарлик қилади.
Маҳалла назорати гуруҳи таркибига киритиладиган номзодга фуқаролар йиғинида (фуқаролар вакилларининг йиғилиши) ҳозир бўлганларнинг ярмидан кўпи ёқлаб овоз берган тақдирда, у сайланган ҳисобланади.
Маҳалла назорати гуруҳи аъзоси муддатидан аввал гуруҳ таркибидан чиқарилганда, гуруҳнинг янги аъзоси бир ой муддат ичида фуқаролар йиғини (фуқаролар вакилларининг йиғилиши) томонидан сайланади.
58 10 . Маҳалла назорати гуруҳи ўзининг биринчи ташкилий йиғилишида аъзолар ичидан гуруҳ раҳбарининг ўринбосарини ва гуруҳ котибини сайлайди.
58 11 . Маҳалла назорати гуруҳи аъзолари ҳақидаги маълумотлар, шунингдек, уларнинг боғланиш маълумотлари (телефон, почта ва электрон манзиллари) ва уларга киритилган ўзгартиришлар улар сайланган пайтдан бошлаб 5 кун ичида туман (шаҳар) ҳокимликлар ҳамда Ўзбекистон Республикаси Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлиги расмий веб-сайтларида (кейинги ўринларда — веб-сайт) алоҳида бўлимда эълон қилиниши шарт.
58 12 . Қуйидаги ҳолатларда Маҳалла назорати гуруҳи раҳбарининг ўринбосари, котиби ва аъзолари гуруҳ таркибидан чиқарилиши мумкин:
уларнинг Маҳалла назорати гуруҳи таркибидан чиқиш тўғрисидаги аризасига мувофиқ;
узрли сабабларсиз Маҳалла назорати гуруҳи йиғилишларида иштирок этмаганда, шунингдек, мазкур Низомнинг 58 5 -бандида назарда тутилган мажбуриятларни бажармаганда;
уларга нисбатан суднинг айблов ҳукми қонуний кучга кирганда;
вафот этганда, шунингдек, суднинг қонуний кучга кирган ҳал қилув қарори асосида улар муомалага лаёқатсиз, бедарак йўқолган ёки вафот этган деб топилганда.
58 13 . Маҳалла назорати гуруҳи раҳбари:
Маҳалла назорати гуруҳи фаолиятига раҳбарлик қилади ва ташкил этади;
Маҳалла назорати гуруҳи йиғилишларини чақиради ва кун тартибини белгилайди;
Маҳалла назорати гуруҳи йиғилишларида раислик қилади;
Маҳалла назорати гуруҳининг ҳужжатларини имзолайди;
Маҳалла назорати гуруҳи аъзоларининг зиммасига юкланган вазифалар бажарилишини таъминлайди;
веб-сайтда Маҳалла назорати гуруҳи фаолияти билан боғлиқ очиқ эълон қилиниши лозим бўлган маълумотларнинг жойлаштирилиши ҳамда янгиланиб борилишини таъминлайди;
Маҳалла назорати гуруҳининг самарали ишини таъминлаш бўйича бошқа функцияларни амалга оширади.
58 14 . Маҳалла назорати гуруҳи раҳбари узрли сабабларга кўра бўлмаган ҳолларда, унинг вазифасини раҳбар ўринбосари бажаради.
58 15 . Маҳалла назорати гуруҳининг котиби:
Маҳалла назорати гуруҳи йиғилишларига барча зарур материаллар ўз вақтида тайёрланишини таъминлайди, давлат органлари ва ташкилотларидан зарур ҳужжатлар ва маълумотларни сўраб олади;
кун тартибига мувофиқ Маҳалла назорати гуруҳи йиғилишлари ўтказилишини ташкил этади;
Маҳалла назорати гуруҳи йиғилиши ўтказиладиган сана, жой ва таклиф этиладиган шахслар рўйхатини гуруҳ раҳбари билан келишади;
Маҳалла назорати гуруҳи аъзоларини ва таклиф этилган шахсларни гуруҳ йиғилиши ўтказиладиган жой, сана ва вақт ҳақида хабардор қилади;
жамоатчилик назорати натижаларига кўра тайёрланган таклиф ҳамда тавсиялар тегишли давлат органлари ва ташкилотларига жўнатилишини таъминлайди.
58 16 . Вазифалар тақсимоти ҳамда унга асосан тузилган Маҳалла назорати гуруҳининг йиллик, чораклик иш режалари гуруҳнинг йиғилишида муҳокама этилади ва фуқаролар йиғини кенгаши томонидан тасдиқланади.
Маҳалла назорати гуруҳи иш режасининг ижроси юзасидан гуруҳ аъзоларининг амалга оширилган ишлар бўйича ҳисоботлари ҳар ойда гуруҳ йиғилишларида эшитилиб, тегишли қарорлар қабул қилиб борилади.
58 17 . Маҳалла назорати гуруҳининг йиғилиши, агар унда гуруҳ аъзоларининг камида учдан икки қисми (кворум) иштирок этган тақдирда, ваколатли ҳисобланади.
Йиғилишни ўтказиш учун кворум шаклланмаган тақдирда, Маҳалла назорати гуруҳининг янги йиғилиши ўтказиладиган сана эълон қилинади.
58 18 . Маҳалла назорати гуруҳи йиғилишининг қарори йиғилишда иштирок этадиган гуруҳ аъзоларининг оддий кўпчилик овози билан қабул қилинади.
Овозлар тенг бўлиб қолган тақдирда, Маҳалла назорати гуруҳи раҳбарининг овози ҳал қилувчи овоз ҳисобланади.
58 19 . Маҳалла назорати гуруҳининг якуний ҳужжатида баён этилган ахборот, тавсия ва таклифлар давлат органлари ва ташкилотлари томонидан мажбурий тартибда кўриб чиқилади ҳамда улар юзасидан қонуний қарорлар қабул қилинади.
58 20 . Маҳалла назорати гуруҳи ўз фаолияти юзасидан ҳар ойда фуқаролар йиғини кенгашига, йилнинг ҳар чорагида фуқаролар йиғинига (фуқаролар вакилларининг йиғилишига) ҳисобот бериб боради.
3-§. Маҳалла раиси сўровини амалга ошириш тартиби
58 21 . Маҳалла раиси тегишли ҳудудда жойлашган давлат органлари ва ташкилотлари мансабдор шахсларига уларнинг ваколатларига кирадиган масалалар юзасидан асослантирилган тушунтириш бериш ёки ўз нуқтаи назарини баён қилиш талаби билан сўров юборишга ҳақли.
58 22 . Давлат сирлари ёки қонун билан қўриқланадиган бошқа сирни ташкил этувчи маълумотлар бўлган ҳужжатлар фуқаролар йиғини раиси сўрови орқали талаб қилиб олиниши мумкин эмас.
58 23 . Маҳалла раиси сўрови фуқаролар йиғини фаолияти билан боғлиқ масалалар юзасидангина юборилиши лозим. Фуқаролар йиғини фаолияти билан боғлиқ бўлмаган шахсий манфаатларни кўзлаб маҳалла раиси сўровини юбориш тақиқланади.
58 24 . Маҳалла назорати гуруҳи йиғилишида маҳалла раиси сўрови мазмуни бўйича муҳокама ўтказилади, зарур бўлган ҳолларда эса, фуқаролар йиғини кенгашининг муҳокамасига киритиш тавсия этилади.
Муҳокама натижалари бўйича мазкур сўровни маъқуллаш ёки рад этиш тўғрисида тегишли қарор қабул қилинади.
58 25 . Маҳалла назорати гуруҳи ёки фуқаролар йиғини кенгаши томонидан ижобий қарор қабул қилинган тақдирда, ушбу қарор қабул қилинган кундан эътиборан уч кундан кечиктирмай маҳалла раиси сўрови давлат органлари ва ташкилотларининг тегишли мансабдор шахсига юборилади.
58 26 . Маҳалла раиси сўрови давлат органлари ва ташкилотларининг битта мансабдор шахси номига ҳам, бир неча мансабдор шахси номига ҳам юборилиши мумкин.
58 27 . Маҳалла раиси сўрови қисқа, лўнда ва тушунарли тарзда фуқаролар йиғинининг расмий бланкасида расмийлаштирилади ва маҳалла раиси томонидан имзоланади.
58 28 . Маҳалла раиси сўровида қуйидагилар:
маҳалла раиси сўрови юборилиши сабабларининг қисқача асоси;
маҳалла раиси сўрови кимга юборилаётган бўлса, ўша шахснинг исми, фамилияси, отасининг исми;
ахборот (ҳужжатлар) тақдим этиш тўғрисидаги ёки тегишли маълумотларни текшириш ҳақидаги талаблар;
маҳалла раиси сўровига ўн беш кун муддат ичида жавоб тақдим этиш кўрсатилган бўлиши лозим.
58 29 . Маҳалла раиси сўрови қайси мансабдор шахс номига юборилган бўлса, жавоб хати ўша мансабдор шахс ёки унинг вазифасини бажарувчи томонидан имзоланади ва сўров олинган кундан бошлаб ўн беш кундан кечиктирмай, сўралган барча ҳужжатларни илова қилган ҳолда фуқаролар йиғини раисига юборилади.
58 30 . Маҳалла раиси сўровига жавоб хати Маҳалла назорати гуруҳи йиғилишида, зарур бўлган ҳолларда эса, фуқаролар йиғини кенгаши мажлисида маҳалла раиси томонидан ўқиб эшиттирилади.
58 31 . Маҳалла назорати гуруҳининг йиғилиши ёки фуқаролар йиғини кенгаши мажлисида маҳалла раиси сўровига жавоб хати муҳокама қилиниб, тегишли қарор қабул қилинади».
Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А. АРИПОВ
Тошкент ш.,
2023 йил 22 сентябрь,
489-сон
Oʻzbekiston Respublikasi Vazirlar Mahkamasining
qarori
NAMUNAVIY TUZILMASI
Davlat organlari ustidan jamoatchilik nazoratini oʻrnatishning zamonaviy shakllari joriy etilishi munosabati bilan Vazirlar Mahkamasining “Fuqarolarning oʻzini oʻzi boshqarish organlari faoliyatini yanada takomillashtirish boʻyicha qoʻshimcha chora-tadbirlar toʻgʻrisida” 2021-yil 18-iyundagi 380-son qaroriga oʻzgartirish va qoʻshimchalar kiritish haqida
Oʻtgan davr mobaynida mamlakatimizda fuqarolik jamiyatini rivojlantirish, mahalla institutini jamoatchilik boshqaruvi va nazoratining tayanch boʻgʻiniga aylantirish, davlat organlarining fuqarolar bilan yaqin hamkorligini yoʻlga qoʻyish, ularning ochiq va oshkora faoliyat koʻrsatishini taʼminlash, aholini jamiyat va davlat ishlarini boshqarishga faol jalb etish, davlat organlari faoliyati ustidan taʼsirchan jamoatchilik nazoratini oʻrnatish yuzasidan kompleks chora-tadbirlar amalga oshirildi.
Shu bilan birga, mamlakatni ijtimoiy-iqtisodiy rivojlantirishning jadal surʼatlari jamiyat va davlat ishlarini boshqarishda fuqarolarning oʻzini oʻzi boshqarish organlari hamda fuqarolik jamiyatining boshqa institutlari rolini yanada oshirish, davlat organlari ustidan samarali jamoatchilik nazoratini oʻrnatish yoʻnalishida ularning faoliyatini kuchaytirish uchun qoʻshimcha shart-sharoitlar yaratish zarurligini taqozo etmoqda.
Oʻzbekiston Respublikasi Prezidentining “2022 — 2026-yillarga moʻljallangan Yangi Oʻzbekistonning taraqqiyot strategiyasini “Insonga eʼtibor va sifatli taʼlim yili”da amalga oshirishga oid davlat dasturi toʻgʻrisida” 2023-yil 28-fevraldagi PF-27-son Farmoniga muvofiq Vazirlar Mahkamasi qaror qiladi:
1. Vazirlar Mahkamasining “Fuqarolarning oʻzini oʻzi boshqarish organlari faoliyatini yanada takomillashtirish boʻyicha qoʻshimcha chora-tadbirlar toʻgʻrisida” 2021-yil 18-iyundagi 380-son qaroriga ilovaga muvofiq quyidagilarni nazarda tutuvchi oʻzgartirish va qoʻshimchalar kiritilsin:
“mahalla nazorati” va “mahalla raisi soʻrovi” institutlarini joriy etish;
har bir fuqarolar yigʻini huzurida mahalla raisi rahbarligida mahalla nazorati guruhini tashkil etish;
mahalla nazorati guruhini fuqarolarning oʻzini oʻzi boshqarish organlarining namunaviy tuzilmasiga kiritish;
mahalla nazorati guruhi tomonidan aholi eʼtirozlariga eng koʻp sabab boʻlayotgan muammolarni aniqlash maqsadida muntazam ravishda muhokamalar oʻtkazish;
mahalla fuqarolar yigʻini kengashida tegishli davlat organlari va tashkilotlari rahbarlari hamda masʼul xodimlarining amalga oshirilgan ishlar boʻyicha axborotlarini muntazam ravishda eshitib borish.
2. Oʻzbekiston Respublikasi Kambagʻallikni qisqartirish va bandlik vazirligi Raqobatni rivojlantirish va isteʼmolchilar huquqlarini himoya qilish qoʻmitasi, Qoraqalpogʻiston Respublikasi Vazirlar Kengashi, viloyatlar va Toshkent shahar hokimliklari hamda manfaatdor vazirliklar va idoralar bilan birgalikda ikki oy muddatda Fuqarolar yigʻini huzuridagi mahalla nazorati guruhi toʻgʻrisidagi namunaviy nizom asosida fuqarolarning oʻzini oʻzi boshqarish organlari tomonidan tegishli nizomlarning ishlab chiqilishi va tasdiqlanishiga hamda ularning faoliyati samarali tashkil etilishiga har tomonlama koʻmaklashsin.
3. Mazkur qarorning bajarilishini nazorat qilish Oʻzbekiston Respublikasi kambagʻallikni qisqartirish va bandlik vaziri B.A. Musayev zimmasiga yuklansin.
Vazirlar Mahkamasining 2023-yil 22-sentabrdagi 489-son qaroriga ILOVA
Vazirlar Mahkamasining “Fuqarolarning oʻzini oʻzi boshqarish organlari faoliyatini yanada takomillashtirish boʻyicha qoʻshimcha chora-tadbirlar toʻgʻrisida” 2021-yil 18-iyundagi 380-son qaroriga kiritilayotgan oʻzgartirish va qoʻshimchalar
1. 1-ilova bilan tasdiqlangan Fuqarolar yigʻini toʻgʻrisidagi namunaviy nizomga ilovaning matni quyidagi tahrirda bayon etilsin:
“Fuqarolar oʻzini oʻzi boshqarish organlarining
Fuqarolar yigʻini majlisi (fuqarolar vakillarining yigʻilishi) Taftish komissiyasi Fuqarolar yigʻinining Kengashi Fuqarolar yigʻinining raisi Mahalladagi xotin-qizlar faoli Huquq-tartibot masalalari boʻyicha oʻrinbosar — profilaktika inspektori Oilaviy qadriyatlarni mustahkamlash komissiyasi Keksalar va faxriylar ishlari boʻyicha maslahatchi Xotin-qizlar bilan ishlash boʻyicha komissiya Ekologiya va atrof-muhitni muhofaza qilish, obodonlashtirish va koʻkalamzorlashtirish boʻyicha komissiya “Keksalar maslahati” guruhi Yoshlar masalalari boʻyicha maslahatchi “Ota-onalar universiteti” jamoatchilik tuzilmasi Mahalla nazorati guruhi “Fidokor yoshlar” jamoatchilik patrul guruhi “Ayollar maslahat Kengashi” Ijtimoiy qoʻllab-quvvatlash va jamoatchilik nazorati boʻyicha komissiya ” .
2. 3-ilovada :
a) 3-bandning toʻrtinchi xatboshisi quyidagi mazmundagi toʻrtinchi va beshinchi xatboshilar bilan almashtirilsin:
““Keksalar maslahati” guruhi;
“Mahalla nazorati” guruhi”;
b) quyidagi mazmundagi 4 1 -bob bilan toʻldirilsin:
“4 1 -bob. Mahalla nazorati guruhining faoliyatini tashkil etish
1-§. Mahalla nazorati guruhining asosiy maqsad va vazifalari, huquq va majburiyatlari
58 1 . Mahalla nazorati guruhining maqsadi aholining davlat va jamiyat ishlarini boshqarishda ishtirokini kengaytirish orqali davlat organlari va tashkilotlari faoliyati ustidan jamoatchilik nazoratini oʻrnatishdan iborat.
58 2 . Quyidagilar Mahalla nazorati guruhining asosiy vazifalari hisoblanadi:
qabul qilinayotgan normativ-huquqiy hujjatlarda, qarorlarda, shuningdek, davlat, tarmoq va hududiy rivojlantirish dasturlarida jamoatchilik manfaatlari va jamoatchilik fikri hisobga olinishi ustidan jamoatchilik nazoratini amalga oshirish;
fuqarolarning, yuridik shaxslarning huquqlari va qonuniy manfaatlarini, jamiyat manfaatlarini himoya qilish sohasidagi qonunchilik talablarining taʼminlanishi ustidan jamoatchilik nazoratini amalga oshirish;
davlat organlari va tashkilotlariga, ularning mansabdor shaxslari zimmasiga yuklangan, ijtimoiy va jamoatchilik manfaatlariga daxldor boʻlgan vazifalar va funksiyalar bajarilishi ustidan jamoatchilik nazoratini amalga oshirish;
davlat xizmatlarini koʻrsatish boʻyicha davlat organlari va tashkilotlari, ularning mansabdor shaxslarining faoliyati ustidan jamoatchilik nazoratini amalga oshirish;
davlat organlari va tashkilotlari, ularning mansabdor shaxslarining ijtimoiy sheriklik doirasida amalga oshiriladigan bitimlar, shartnomalar, loyihalar va dasturlarni bajarishga doir faoliyati ustidan jamoatchilik nazoratini amalga oshirish;
mahallada tadbirkorlikni rivojlantirish, aholi bandligini taʼminlash va kambagʻallikni qisqartirish masalalari boʻyicha tuman (shahar) hokimining yordamchisi, mahalladagi yoshlar yetakchisi va xotin-qizlar faoli, ichki ishlar organlari tayanch punkti profilaktika (katta) inspektorlari faoliyati ustidan jamoatchilik nazoratini amalga oshirish.
58 3 . Mahalla nazorati guruhi oʻziga yuklangan vazifalarga muvofiq quyidagi funksiyalarni amalga oshiradi:
tegishli hududda qonunlar va boshqa qonunchilik hujjatlarining bajarilish holatini oʻrganadi;
davlat organlari va tashkilotlari faoliyatiga doir masalalar yuzasidan fuqarolarning murojaatlarini koʻrib chiqishda ishtirok etadi, shuningdek, ularni koʻrib chiqish natijalari boʻyicha davlat organlari va tashkilotlariga tegishli takliflar kiritadi;
davlat organlari va tashkilotlarining mahallaga biriktirilgan xodimlari tomonidan bajarilayotgan ishlarning natijalarini tahlil qiladi;
davlat organlari va tashkilotlari faoliyatida mavjud kamchiliklarni bartaraf etish boʻyicha takliflar ishlab chiqadi, shuningdek, kiritilgan takliflarni mazkur davlat organlari va tashkilotlari xodimlari oʻrtasida muhokama qilishga bagʻishlangan tadbirlarda ishtirok etadi;
qabul qilingan dasturlar asosida amalga oshirilgan ishlarning samaradorligini tahlil qiladi, shuningdek, yoʻl qoʻyilgan kamchiliklarni bartaraf etish yuzasidan takliflar tayyorlaydi;
ijtimoiy ahamiyatga ega normativ-huquqiy hujjatlar va davlat organlari va tashkilotlarining boshqa qarorlari loyihalarini koʻrib chiqishda ishtirok etadi;
atrof-muhitni muhofaza qilish va tabiiy resurslardan oqilona foydalanish sohasidagi qonunchilik talablari buzilganligi aniqlangan holatlar yuzasidan choralar koʻrish toʻgʻrisida tegishli davlat organlari va tashkilotlariga takliflar kiritadi;
jamoatchilik nazorati natijalariga koʻra taklif va tavsiyalar ishlab chiqish hamda ularni tegishli davlat organlari va tashkilotlariga koʻrib chiqish uchun yuborish;
jamoatchilik nazorati natijalari asosida aniqlangan muammo va kamchiliklarni bartaraf qilish yuzasidan takliflar ishlab chiqadi.
58 4 . Mahalla nazorati guruhi oʻz vazifalarini amalga oshirishda ommaviy axborot vositalari, nodavlat notijorat tashkilotlar, shuningdek, fuqarolar yigʻini kengashi, fuqarolar yigʻinining ijtimoiy qoʻllab-quvvatlash va jamoatchilik nazorati boʻyicha komissiyasi hamda boshqa komissiyalari, hamda fuqarolar yigʻini faoliyatiga koʻmaklashuvchi jamoatchilik tuzilmalari bilan hamkorlik qiladi.
58 5 . Mahalla nazorati guruhi oʻzining asosiy vazifa va funksiyalarini bajarish uchun quyidagi huquqlarga ega:
davlat organlari va tashkilotlariga murojaatlar va soʻrovlar yuborish;
davlat organlari va tashkilotlarining ochiq hayʼat majlislarida ishtirok etish;
davlat organlari va tashkilotlaridan ularning faoliyati samaradorligini oshirish boʻyicha taklif va tavsiyalar ishlab chiqish uchun zarur boʻlgan axborotlar, statistika va boshqa materiallarni belgilangan tartibda olish;
ijtimoiy ahamiyatga ega masalalar, shuningdek, normativ-huquqiy hujjatlar, davlat organlari va tashkilotlarining boshqa qarorlari loyihalari yuzasidan jamoatchilik muhokamasini tashkil etish;
davlat organlari va tashkilotlari, ularning mansabdor shaxslarining faoliyatiga taalluqli va ijtimoiy ahamiyatga ega boʻlgan yoxud fuqarolarning, yuridik shaxslarning huquqlari va qonuniy manfaatlariga, jamiyat manfaatlariga daxldor masalalar yuzasidan jamoatchilik eshituvini oʻtkazish;
davlat organlari va tashkilotlari, ularning mansabdor shaxslarining faoliyati boʻyicha jamoatchilik manfaatiga daxldor axborotni toʻplash, umumlashtirish va tahlil etish orqali jamoatchilik monitoringini amalga oshirish;
normativ-huquqiy hujjatlar loyihalarini jamoatchilik ekspertizasidan oʻtkazish;
har oyda mahalla kengashida tegishli davlat organlari va tashkilotlari rahbarlarining amalga oshirilgan ishlar boʻyicha axborotlarini eshitish;
aholi eʼtirozlariga eng koʻp sabab boʻlayotgan muammolarni aniqlash maqsadida muntazam ravishda muhokamalarni, shu jumladan, axborot-kommunikatsiya texnologiyalaridan foydalangan holda oʻtkazish;
fuqarolarning, yuridik shaxslarning huquqlari va qonuniy manfaatlari, jamiyat manfaatlari buzilganligi aniqlanganda, materiallarni huquqni muhofaza qiluvchi organlarga yuborish;
yuklangan vazifalarni bajarish uchun nodavlat notijorat tashkilotlar, ommaviy axborot vositalari, shuningdek, fuqarolar yigʻinining boshqa jamoatchilik komissiyalari va tuzilmalari hamda fuqarolar bilan hamkorlik qilish, seminarlar, davra suhbatlari va boshqa tadbirlarni tashkil etish.
Mahalla nazorati guruhi qonunchilikka muvofiq boshqa huquqlarga ham ega boʻlishi mumkin.
58 6 . Mahalla nazorati guruhi oʻz faoliyatini amalga oshirishda:
jamoatchilik nazorati toʻgʻrisidagi qonunchilik hujjatlari va mazkur Nizom talablariga rioya qilishi;
davlat organlari va tashkilotlari faoliyati bilan bogʻliq qonunchilikda belgilangan cheklovlarga amal qilishi;
davlat organlari va tashkilotlari, ularning mansabdor shaxslarining oʻz vakolatlari doirasida amalga oshiradigan faoliyatiga aralashmasligi;
davlat organlari va tashkilotlari, ularning mansabdor shaxslarining faoliyat koʻrsatishi uchun toʻsqinlik qilmasligi;
fuqarolarning shaʼni va qadr-qimmatini tahqirlashga, ularning shaxsiy hayotiga aralashishga yoʻl qoʻymasligi;
jamoatchilik nazoratini amalga oshirish jarayonida olingan axborotning, agar bunday axborotni tarqatish qonun bilan cheklangan boʻlsa, oshkor etmasligi shart.
2-§. Mahalla nazorati guruhi tarkibini shakllantirish va uning faoliyatini tashkil etish
58 7 . Mahalla nazorati guruhi uning rahbari, rahbar oʻrinbosari, kotibi va aʼzolaridan iborat.
58 8 . Mahalla nazorati guruhi aʼzoligiga mahallada obroʻ-eʼtiborli, ijtimoiy faol, boshqalarga ibrat boʻladigan, katta hayotiy tajribaga ega fuqarolar (davlat organlari va tashkilotlarining mansabdor shaxslari bundan mustasno), shuningdek, nodavlat notijorat tashkilotlar, ommaviy axborot vositalari va fuqarolik jamiyatining boshqa institutlari vakillari qabul qilinadi.
Mahalla nazorati guruhi tarkibini shakllantirishda gender tenglik tamoyiliga rioya qilinadi, shuningdek, uning tarkibiga nogironligi boʻlgan shaxslar ham kiritiladi.
Mahalla nazorati guruhi aʼzolarining soni cheklanmagan.
58 9 . Mahalla nazorati guruhi aʼzolari fuqarolar yigʻini (fuqarolar vakillarining yigʻilishi) tomonidan har 5 yilda saylanadi.
Mahalla nazorati guruhiga fuqarolar yigʻini raisi rahbarlik qiladi.
Mahalla nazorati guruhi tarkibiga kiritiladigan nomzodga fuqarolar yigʻinida (fuqarolar vakillarining yigʻilishi) hozir boʻlganlarning yarmidan koʻpi yoqlab ovoz bergan taqdirda, u saylangan hisoblanadi.
Mahalla nazorati guruhi aʼzosi muddatidan avval guruh tarkibidan chiqarilganda, guruhning yangi aʼzosi bir oy muddat ichida fuqarolar yigʻini (fuqarolar vakillarining yigʻilishi) tomonidan saylanadi.
58 10 . Mahalla nazorati guruhi oʻzining birinchi tashkiliy yigʻilishida aʼzolar ichidan guruh rahbarining oʻrinbosarini va guruh kotibini saylaydi.
58 11 . Mahalla nazorati guruhi aʼzolari haqidagi maʼlumotlar, shuningdek, ularning bogʻlanish maʼlumotlari (telefon, pochta va elektron manzillari) va ularga kiritilgan oʻzgartirishlar ular saylangan paytdan boshlab 5 kun ichida tuman (shahar) hokimliklar hamda Oʻzbekiston Respublikasi Kambagʻallikni qisqartirish va bandlik vazirligi rasmiy veb-saytlarida (keyingi oʻrinlarda — veb-sayt) alohida boʻlimda eʼlon qilinishi shart.
58 12 . Quyidagi holatlarda Mahalla nazorati guruhi rahbarining oʻrinbosari, kotibi va aʼzolari guruh tarkibidan chiqarilishi mumkin:
ularning Mahalla nazorati guruhi tarkibidan chiqish toʻgʻrisidagi arizasiga muvofiq;
uzrli sabablarsiz Mahalla nazorati guruhi yigʻilishlarida ishtirok etmaganda, shuningdek, mazkur Nizomning 58 5 -bandida nazarda tutilgan majburiyatlarni bajarmaganda;
ularga nisbatan sudning ayblov hukmi qonuniy kuchga kirganda;
vafot etganda, shuningdek, sudning qonuniy kuchga kirgan hal qiluv qarori asosida ular muomalaga layoqatsiz, bedarak yoʻqolgan yoki vafot etgan deb topilganda.
58 13 . Mahalla nazorati guruhi rahbari:
Mahalla nazorati guruhi faoliyatiga rahbarlik qiladi va tashkil etadi;
Mahalla nazorati guruhi yigʻilishlarini chaqiradi va kun tartibini belgilaydi;
Mahalla nazorati guruhi yigʻilishlarida raislik qiladi;
Mahalla nazorati guruhining hujjatlarini imzolaydi;
Mahalla nazorati guruhi aʼzolarining zimmasiga yuklangan vazifalar bajarilishini taʼminlaydi;
veb-saytda Mahalla nazorati guruhi faoliyati bilan bogʻliq ochiq eʼlon qilinishi lozim boʻlgan maʼlumotlarning joylashtirilishi hamda yangilanib borilishini taʼminlaydi;
Mahalla nazorati guruhining samarali ishini taʼminlash boʻyicha boshqa funksiyalarni amalga oshiradi.
58 14 . Mahalla nazorati guruhi rahbari uzrli sabablarga koʻra boʻlmagan hollarda, uning vazifasini rahbar oʻrinbosari bajaradi.
58 15 . Mahalla nazorati guruhining kotibi:
Mahalla nazorati guruhi yigʻilishlariga barcha zarur materiallar oʻz vaqtida tayyorlanishini taʼminlaydi, davlat organlari va tashkilotlaridan zarur hujjatlar va maʼlumotlarni soʻrab oladi;
kun tartibiga muvofiq Mahalla nazorati guruhi yigʻilishlari oʻtkazilishini tashkil etadi;
Mahalla nazorati guruhi yigʻilishi oʻtkaziladigan sana, joy va taklif etiladigan shaxslar roʻyxatini guruh rahbari bilan kelishadi;
Mahalla nazorati guruhi aʼzolarini va taklif etilgan shaxslarni guruh yigʻilishi oʻtkaziladigan joy, sana va vaqt haqida xabardor qiladi;
jamoatchilik nazorati natijalariga koʻra tayyorlangan taklif hamda tavsiyalar tegishli davlat organlari va tashkilotlariga joʻnatilishini taʼminlaydi.
58 16 . Vazifalar taqsimoti hamda unga asosan tuzilgan Mahalla nazorati guruhining yillik, choraklik ish rejalari guruhning yigʻilishida muhokama etiladi va fuqarolar yigʻini kengashi tomonidan tasdiqlanadi.
Mahalla nazorati guruhi ish rejasining ijrosi yuzasidan guruh aʼzolarining amalga oshirilgan ishlar boʻyicha hisobotlari har oyda guruh yigʻilishlarida eshitilib, tegishli qarorlar qabul qilib boriladi.
58 17 . Mahalla nazorati guruhining yigʻilishi, agar unda guruh aʼzolarining kamida uchdan ikki qismi (kvorum) ishtirok etgan taqdirda, vakolatli hisoblanadi.
Yigʻilishni oʻtkazish uchun kvorum shakllanmagan taqdirda, Mahalla nazorati guruhining yangi yigʻilishi oʻtkaziladigan sana eʼlon qilinadi.
58 18 . Mahalla nazorati guruhi yigʻilishining qarori yigʻilishda ishtirok etadigan guruh aʼzolarining oddiy koʻpchilik ovozi bilan qabul qilinadi.
Ovozlar teng boʻlib qolgan taqdirda, Mahalla nazorati guruhi rahbarining ovozi hal qiluvchi ovoz hisoblanadi.
58 19 . Mahalla nazorati guruhining yakuniy hujjatida bayon etilgan axborot, tavsiya va takliflar davlat organlari va tashkilotlari tomonidan majburiy tartibda koʻrib chiqiladi hamda ular yuzasidan qonuniy qarorlar qabul qilinadi.
58 20 . Mahalla nazorati guruhi oʻz faoliyati yuzasidan har oyda fuqarolar yigʻini kengashiga, yilning har choragida fuqarolar yigʻiniga (fuqarolar vakillarining yigʻilishiga) hisobot berib boradi.
3-§. Mahalla raisi soʻrovini amalga oshirish tartibi
58 21 . Mahalla raisi tegishli hududda joylashgan davlat organlari va tashkilotlari mansabdor shaxslariga ularning vakolatlariga kiradigan masalalar yuzasidan asoslantirilgan tushuntirish berish yoki oʻz nuqtai nazarini bayon qilish talabi bilan soʻrov yuborishga haqli.
58 22 . Davlat sirlari yoki qonun bilan qoʻriqlanadigan boshqa sirni tashkil etuvchi maʼlumotlar boʻlgan hujjatlar fuqarolar yigʻini raisi soʻrovi orqali talab qilib olinishi mumkin emas.
58 23 . Mahalla raisi soʻrovi fuqarolar yigʻini faoliyati bilan bogʻliq masalalar yuzasidangina yuborilishi lozim. Fuqarolar yigʻini faoliyati bilan bogʻliq boʻlmagan shaxsiy manfaatlarni koʻzlab mahalla raisi soʻrovini yuborish taqiqlanadi.
58 24 . Mahalla nazorati guruhi yigʻilishida mahalla raisi soʻrovi mazmuni boʻyicha muhokama oʻtkaziladi, zarur boʻlgan hollarda esa, fuqarolar yigʻini kengashining muhokamasiga kiritish tavsiya etiladi.
Muhokama natijalari boʻyicha mazkur soʻrovni maʼqullash yoki rad etish toʻgʻrisida tegishli qaror qabul qilinadi.
58 25 . Mahalla nazorati guruhi yoki fuqarolar yigʻini kengashi tomonidan ijobiy qaror qabul qilingan taqdirda, ushbu qaror qabul qilingan kundan eʼtiboran uch kundan kechiktirmay mahalla raisi soʻrovi davlat organlari va tashkilotlarining tegishli mansabdor shaxsiga yuboriladi.
58 26 . Mahalla raisi soʻrovi davlat organlari va tashkilotlarining bitta mansabdor shaxsi nomiga ham, bir necha mansabdor shaxsi nomiga ham yuborilishi mumkin.
58 27 . Mahalla raisi soʻrovi qisqa, loʻnda va tushunarli tarzda fuqarolar yigʻinining rasmiy blankasida rasmiylashtiriladi va mahalla raisi tomonidan imzolanadi.
58 28 . Mahalla raisi soʻrovida quyidagilar:
mahalla raisi soʻrovi yuborilishi sabablarining qisqacha asosi;
mahalla raisi soʻrovi kimga yuborilayotgan boʻlsa, oʻsha shaxsning ismi, familiyasi, otasining ismi;
axborot (hujjatlar) taqdim etish toʻgʻrisidagi yoki tegishli maʼlumotlarni tekshirish haqidagi talablar;
mahalla raisi soʻroviga oʻn besh kun muddat ichida javob taqdim etish koʻrsatilgan boʻlishi lozim.
58 29 . Mahalla raisi soʻrovi qaysi mansabdor shaxs nomiga yuborilgan boʻlsa, javob xati oʻsha mansabdor shaxs yoki uning vazifasini bajaruvchi tomonidan imzolanadi va soʻrov olingan kundan boshlab oʻn besh kundan kechiktirmay, soʻralgan barcha hujjatlarni ilova qilgan holda fuqarolar yigʻini raisiga yuboriladi.
58 30 . Mahalla raisi soʻroviga javob xati Mahalla nazorati guruhi yigʻilishida, zarur boʻlgan hollarda esa, fuqarolar yigʻini kengashi majlisida mahalla raisi tomonidan oʻqib eshittiriladi.
58 31 . Mahalla nazorati guruhining yigʻilishi yoki fuqarolar yigʻini kengashi majlisida mahalla raisi soʻroviga javob xati muhokama qilinib, tegishli qaror qabul qilinadi”.
Oʻzbekiston Respublikasining Bosh vaziri A. ARIPOV
Toshkent sh.,
2023-yil 22-sentabr,
489-son