📅 2023-yil 22-sentabr · Vazirlar Mahkamasi qarorlari
Rasmiy matn. Rasmiy hujjat. Tahririy izohlar kiritilmagan.
📅 2023-yil 22-sentabr · Vazirlar Mahkamasi qarorlari
Rasmiy matn. Rasmiy hujjat. Tahririy izohlar kiritilmagan.
📅 2023 йил 22 сентябрь · Вазирлар Маҳкамаси қарорлари
Расмий матн. Расмий ҳужжат. Таҳририй изоҳлар киритилмаган.
📅 22 сентября 2023 г. · Постановления Кабинета Министров
Официальный текст. Официальный документ. Редакционные примечания не включены.
📅 22 September 2023 · Cabinet of Ministers resolutions
Official text. Official document. Editorial notes are not included.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг
қарори
НИЗОМ
СХЕМАСИ
«ЙЎЛ ХАРИТАСИ»
Республика ва маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органларида инсон ресурсларини бошқариш тизимини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида
Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Маъмурий ислоҳотлар доирасида рақамли технологиялар соҳасида давлат бошқарувини самарали ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида» 2023 йил 24 майдаги ПФ-76-сон Фармони ижросини таъминлаш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:
1. Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Маъмурий ислоҳотлар доирасида рақамли технологиялар соҳасида давлат бошқарувини самарали ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида» 2023 йил 24 майдаги ПФ-76-сон Фармонига мувофиқ давлат органларида инсон ресурсларини бошқаришга оид маълумотлар ва ҳужжатларни «hrm.argos.uz» электрон платформасида (кейинги ўринларда — электрон платформа) юритиш тартибини назарда тутувчи ҳужжат лойиҳасини Вазирлар Маҳкамасига киритиш белгиланганлиги маълумот учун қабул қилинсин.
2. Белгилансинки:
2023 йил 1 ноябрдан бошлаб республика ва маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органларида (кейинги ўринларда — давлат органлари) инсон ресурсларини бошқаришга оид барча маълумотлар ва ҳужжатлар электрон платформада шакллантирилади ва юритилади (ҳарбийлаштирилган тузилмалар ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар бундан мустасно);
давлат органлари электрон платформани жорий қилиш ва юритиш бўйича сарф-харажатларни ўзларининг бюджетдан ташқари маблағлари ҳамда қонунчилик ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа манбалар, шунингдек, юқоридаги манбалар мавжуд бўлмаган ҳолларда бюджет маблағлари ҳисобидан амалга оширади.
3. Қуйидагилар:
Республика ва маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органларида инсон ресурсларини бошқаришга оид маълумотлар ва ҳужжатларни «hrm.argos.uz» электрон платформасида шакллантириш ва юритиш тартиби тўғрисидаги низом 1-иловага мувофиқ;
«hrm.argos.uz» электрон платформасини республика ва маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органларида жорий этиш бўйича «йўл харитаси» 2-иловага мувофиқ тасдиқлансин.
4. Инсон ресурсларини бошқаришга оид маълумот ва ҳужжатлар электрон платформа орқали қуйидаги электрон тизимларга автоматик тарзда юборилади:
давлат органи тузилмаси, ходимлар билан тузилган меҳнат шартномалари ва уларга қўшимча битимлар, меҳнат шартномаларининг бекор қилиниши ҳамда вакант иш ўринлари тўғрисидаги маълумотлар «Ягона миллий меҳнат тизими» идоралараро дастурий-аппарат комплексига;
қабул қилинган ички идоравий ҳужжат (буйруқ, қарор ва фармойиш)ларни ижрога қаратиш учун «edo.ijro.uz» ахборот тизимига;
ходимларга ойлик иш ҳақи ва унга тенглаштирилган тўловларни тўлаш учун зарур бўлган маълумотлар «UzASBO» дастурий мажмуасига.
5. Ўзбекистон Республикаси Рақамли технологиялар вазирлиги 2023 йил 1 ноябрга қадар:
Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги билан биргаликда электрон платформа доирасида Давлат фуқаролик хизмати вакант лавозимларининг ягона очиқ (vacancy.argos.uz) порталининг янги талқинини ишлаб чиқиш;
Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлиги билан биргаликда электрон платформага киритилган маълумотлар автоматик тарзда «Ягона миллий меҳнат тизими» идоралараро дастурий-аппарат комплексига юборилишини таъминлаш учун тизимларни ўзаро интеграция қилиш;
Иқтисодиёт ва молия вазирлиги билан биргаликда давлат органлари ходимларининг иш ҳақини автоматик тарзда ҳисоблашни таъминлаш учун электрон платформани «UzASBO» дастурий мажмуасига интеграция қилиш чораларини кўрсин.
6. Давлат органлари раҳбарлари:
2023 йил 1 октябрга қадар давлат органларининг марказий аппарати, ҳудудий ва туман (шаҳар) бўлинмаларини электрон платформага улаш;
2023 йил 1 декабрга қадар давлат органлари электрон платформага уланиш ва хизмат кўрсатиш бўйича «Uzinfocom» давлат ахборот тизимларини яратиш ва қўллаб-қувватлаш бўйича ягона интегратор» МЧЖ — электрон платформа оператори билан шартномалар тузиш чораларини кўрсин.
Бунда бирламчи тиббий-санитария ёрдами муассасаларига инсон ресурсларини бошқаришга оид барча маълумотлар ва ҳужжатларни электрон платформа орқали шакллантириш ҳамда юритиш хизмати бепул кўрсатилади.
Электрон платформа оператори ва Бошқарув самарадорлиги агентлигининг ўзаро келишувига асосан электрон платформага уланиш ва хизмат кўрсатиш бўйича шартнома асосида келиб тушган маблағларнинг бир қисми Давлат хизматини ривожлантиришни қўллаб-қувватлаш жамғармасига ўтказиб берилиши мумкин.
7. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси рақамли технологиялар вазири Ш.Х. Шерматов ҳамда Ўзбекистон Республикаси камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазири Б.А. Мусаев зиммасига юклансин.
Вазирлар Маҳкамасининг 2023 йил 22 сентябрдаги 492-сон қарорига 1-ИЛОВА
Республика ва маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органларида инсон ресурсларини бошқаришга оид маълумотлар ва ҳужжатларни «hrm.argos.uz» электрон платформасида шакллантириш ва юритиш тартиби тўғрисида
1-боб. Умумий қоидалар
1. Мазкур Низом республика ва маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органларида (кейинги ўринларда — давлат органлари) инсон ресурсларини бошқаришга оид маълумотлар ва ҳужжатларни «hrm.argos.uz» электрон платформасида (кейинги ўринларда — электрон платформа) шакллантириш ва юритиш тартибини белгилайди.
Давлат органларида инсон ресурсларини бошқаришга мўлжалланган мавжуд электрон дастурлар электрон платформа билан интеграция қилинган ҳолда юритилиши мумкин.
2. Мазкур Низомда қуйидаги асосий тушунчалар қўлланилади:
«Ягона миллий меҳнат тизими» идоралараро дастурий-аппарат комплекси (кейинги ўринларда — «ЯММТ» ИДАК) — ахборот ресурслари, технологиялар ва алоқа воситаларининг ташкилий жиҳатдан тартибга солинган мажмуи бўлиб, меҳнат шартномалари ва ходимларнинг иш стажига оид маълумотларни тўплаш, сақлаш ва қайта ишлаш бўйича ахборот тизими;
Давлат фуқаролик хизмати вакант лавозимларининг ягона очиқ портали (кейинги ўринларда — «vacancy.argos.uz») — давлат органларидаги вакант лавозимларни эгаллаш бўйича танловларни амалга ошириш бўйича марказлашган ягона электрон тизими;
«samaradorlik.uz» автоматлаштирилган ахборот тизими (кейинги ўринларда — samaradorlik.uz) — бошқарувнинг турли даражадаги раҳбарлари фаолиятининг самарадорлигини баҳолашнинг ягона автоматлаштирилган ахборот тизими;
ташкилот кабинети — давлат органларининг инсон ресурсларини бошқаришга оид маълумотлар ва ҳужжатларни шакллантириш ва юритиш учун электрон платформадаги саҳифаси.
3. Давлат органларининг ишга қабул қилиш натижалари бўйича ҳужжатларни расмийлаштириш, таркибий тузилма, штатлар, лавозимлар ва ходимлар тўғрисидаги маълумотларни тўплаш ва уларга ишлов бериш, ходимлар фаолиятининг самарадорлигини автоматик тарзда баҳолаш, кадрлар бўйича маълумотларнинг электрон архивини юритиш, раҳбар кадрлар учун белгиланган захираларни шакллантириш ҳамда инсон ресурсларини бошқаришга оид бошқа фаолияти электрон платформада амалга оширилади.
Давлат органларининг инсон ресурсларини бошқаришга оид маълумотлари ва ҳужжатларини электрон платформада шакллантириш ва юритиш ушбу Низомга иловадаги схемага мувофиқ амалга оширилади.
Давлат органи ҳисобланмайдиган ташкилотлар Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Бошқарув самарадорлиги агентлиги (кейинги ўринларда — Агентлик) билан келишилган ҳолда электрон платформадан фойдаланиши мумкин.
4. Электрон платформага белгиланган тартибда уланган давлат органларига инсон ресурсларини бошқаришга оид маълумотлар ва ҳужжатларни шакллантириш ва юритиш имконини берувчи ёпиқ бўлим ҳисобланган ташкилот кабинети яратилади.
5. Электрон платформадан фойдаланиш ва уни юритиш электрон рақамли имзо калити (кейинги ўринларда — ЭРИ калити) орқали, ахборот алмашинувлари эса Электрон ҳукуматнинг идоралараро маълумотлар узатиш тармоғи орқали амалга оширилади.
6. Давлат органларининг ходимлари тўғрисидаги статистика маълумотлари электрон платформа орқали шакллантирилади ва юритилади.
2-боб. Электрон платформада рўйхатдан ўтиш ва ундан фойдаланиш
7. Инсон ресурсларини бошқаришга оид маълумотлар ва ҳужжатларни шакллантириш ва юритиш учун юридик шахс мақомидаги давлат органлари электрон платформадан фойдаланувчи ҳисобланади.
8. Барча фойдаланувчилар электрон платформада шахсий ЭРИ калити орқали рўйхатдан ўтади, бунда:
давлат органи раҳбари шахсий ЭРИ калити ёрдамида давлат органининг инсон ресурсларини ривожлантириш ва бошқариш бўлинмаси масъул ходимини белгилаб, унга электрон платформадан фойдаланиш имкониятини беради;
инсон ресурсларини ривожлантириш ва бошқариш бўлинмаси ходими шахсий ЭРИ калити ёрдамида электрон платформада маълумотлар ва ҳужжатларни шакллантиради ҳамда юритади.
9. Давлат органининг ташкилот кабинетидаги маълумотлари электрон ҳукуматнинг идоралараро интеграцион платформаси орқали автоматик тарзда шакллантирилади.
10. Электрон ҳукуматнинг идоралараро интеграцион платформаси орқали шакллантирилган маълумотларга қўшимча киритиш, уларни таҳрир қилиш ва тўлдириш инсон ресурсларини ривожлантириш ва бошқариш бўлинмалари томонидан амалга оширилади.
11. Агентлик давлат органларининг инсон ресурсларини бошқаришга оид маълумотлари ва ҳужжатларини шакллантириш ва юритиш, шу жумладан, ички идоравий ҳужжатлар (буйруқ, қарор ва фармойиш) лойиҳаларини электрон платформада ишлаб чиқиш, келишиш, қабул қилиш (чиқариш), рўйхатга олиш жараёнларининг доимий мониторингини юритади.
12. «Uzinfocom» давлат ахборот тизимларини яратиш ва қўллаб-қувватлаш бўйича ягона интегратор» МЧЖ (кейинги ўринларда — оператор) электрон платформани жорий этиш, унга техник хизмат кўрсатиш, уни янада такомиллаштириш, шунингдек, унинг узлуксиз ва хавфсиз ишлаши учун масъул ҳисобланади.
3-боб. Электрон платформада таркибий тузилма, штатлар ва лавозимлар тўғрисидаги маълумотларни шакллантириш ва таҳрир қилиш
13. Электрон платформада давлат органи тузилмасини унинг штат жадвалига мувофиқ бўлинмалар ва иш ўринлари ҳақидаги маълумотларни киритиш орқали шакллантирилади. Бунда ҳар бир лавозим алоҳида яратилади.
14. Давлат органининг тузилмасида:
давлат органининг барча бўлинмалари тўғрисидаги маълумотлар (алоҳида юридик шахслар бундан мустасно);
давлат органининг тасдиқланган штат жадвали (давлат сири ёки қонун ҳужжатлари билан муҳофаза қилинадиган маълумотлар ҳисобланган штат жадвали бундан мустасно);
сиёсий, бошқарув, ёрдамчи, ишлаб чиқариш ва техник ходимлар билан биргаликда давлат органидаги барча иш ўринлари, шу жумладан, бўш иш ўринлари ҳақидаги маълумотлар бўлиши керак.
15. Давлат органининг бўлинмалари ҳақидаги маълумотлар бўлинма номи ёзилган махсус шаклни тўлдириш орқали киритилади.
16. Иш жойи ҳақидаги маълумотлар штат жадвалига мувофиқ лавозим номи ёзилган махсус шаклни тўлдириш орқали ва ходимларнинг иш ҳақи, ставка ҳажми ва лавозимга қўйилган малака талаблари, малака даражаси, лавозим гуруҳи ва тоифаси, шу жумладан, меҳнат шароитлари ва лавозим вазифаларини кўрсатган ҳолда киритилади.
4-боб. Электрон платформада давлат органларининг ички идоравий ҳужжатларини юритиш
17. Электрон платформада давлат органларининг ички идоравий ҳужжатлари (буйруқ, қарор ва фармойиш) ЭРИ билан тасдиқланган ҳолда фақат электрон платформада шакллантирилади ва қабул қилинади.
18. Ички идоравий ҳужжат лойиҳаси инсон ресурсларини ривожлантириш ва бошқариш бўлинмаси томонидан электрон платформада ишлаб чиқилади ҳамда тегишли таркибий тузилма раҳбарлари билан келишилади.
Электрон платформа орқали қабул қилинган ички идоравий ҳужжатлар ижрога қаратиш учун «edo.ijro.uz» ахборот тизимига автоматик тарзда юборилади.
19. Қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ давлат сири ҳисобланган маълумотларни ўз ичига олган ички идоравий ҳужжатларни электрон платформа орқали қабул қилиш (чиқариш)га йўл қўйилмайди ҳамда шахсга доир маълумотларга ходимларнинг розилиги билан ишлов берилади.
Қонунчилик ҳужжатларида назарда тутилган ҳоллардан ташқари махфий тоифага кирмайдиган ҳужжатлар лойиҳаларини мустақил равишда ушбу тоифага киритиш тақиқланади.
5-боб. Электрон платформани бошқа электрон ахборот тизимлари билан ўзаро интеграция қилиш
20. Электрон платформада давлат органларининг ахборот тизимлари билан ахборот алмашинуви Агентлик томонидан тасдиқланган технологик йўриқнома асосида оператор томонидан амалга оширилади.
21. Давлат органларининг вакант лавозимларини эълон қилишдан тортиб, танлов ўтказиш ва ишга қабул қилиш натижалари бўйича ҳужжатларни расмийлаштиришгача бўлган жараёнлар электрон платформа ва «vacancy.argos.uz» ахборот тизимининг ўзаро интеграциялашуви асосида амалга оширилади.
22. Давлат органи ходимининг фаолияти самарадорлигини автоматик тарзда баҳолаш жараёнлари электрон платформа ва «samaradorlik.uz» ахборот тизимларни ўзаро интеграция қилиш асосида амалга оширилади.
23. Давлат органининг инсон ресурсларини ривожлантириш ва бошқариш бўлинмалари томонидан электрон платформага киритилган:
давлат органи тузилмаси, ходимлар билан тузилган меҳнат шартномалари ва уларга қўшимча битимлар, меҳнат шартномаларининг бекор қилиниши ҳамда вакант иш ўринлар тўғрисидаги маълумотлар «ЯММТ ИДАК» электрон тизимига,
ходимларга ойлик иш ҳақи ва унга тенглаштирилган тўловларни тўлаш учун зарур бўлган маълумотлар «UzASBO» дастурий мажмуасига автоматик тарзда юборилади.
24. Давлат органларининг белгиланган раҳбарлик лавозимлари учун кадрлар захирасини шакллантириш ва юритиш жараёни электрон платформа орқали амалга оширилади.
Кадрлар захирасига киритилган ходимларнинг шахсий маълумотлари электрон платформа ва «zaxira.argos.uz» платформасининг ўзаро интеграциялашуви асосида юритилади.
25. Электрон платформага маълумотларнинг ўз вақтида киритилиши, тўғрилиги ҳамда тўлиқлиги бўйича давлат органининг инсон ресурсларини ривожлантириш ва бошқариш бўлинмаларининг масъул ходимлари жавобгар ҳисобланади.
6-боб. Якунловчи қоидалар
26. Оператор электрон платформанинг ишлаши, ахборот хавфсизлигининг таъминланиши, тизимдаги шахсга доир маълумотларга рухсатсиз киришнинг олдини олиш учун масъул ҳисобланади.
Шахсга доир маълумотлар шахсга доир маълумотлар тўғрисида қонунчиликка мувофиқ ҳимоя қилинади.
27. Давлат органлари раҳбарлари давлат органларининг инсон ресурсларини бошқаришга оид фаолиятини электрон платформада юритиш бўйича ушбу Низом талабларига риоя қилиниши учун шахсан масъулдирлар.
28. Ушбу Низом талаблари бузилишида айбдор бўлган шахслар қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда жавоб берадилар.
Республика ва маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органларида инсон ресурсларини бошқаришга оид маълумотлар ва ҳужжатларни «hrm.argos.uz» электрон платформасида шакллантириш ва юритиш тартиби тўғрисидаги низомга ИЛОВА
Республика ва маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органларида инсон ресурсларини бошқаришга оид маълумотлар ва ҳужжатларни «hrm.argos.uz» электрон платформасида шакллантириш ва юритиш
Босқичлар Масъуллар Чора-тадбирлар Муддатлар 1-босқич Тизим оператори 1. Республика ва маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органларини (кейинги ўринларда — давлат органлари) «hrm.argos.uz» электрон тизимидан рўйхатдан ўтказиш. 2. Давлат органи раҳбарларини «hrm.argos.uz» электрон тизимида авторизациядан ўтказиш. 3. «hrm.argos.uz» электрон тизимида ҳар бир давлат органига Ташкилот кабинетини яратиш. Заруратга кўра 2-босқич Давлат органи раҳбари 1. Янги технологиялар илмий-ахборот маркази томонидан белгиланган тартибда бериладиган электрон рақамли имзони (ЭРИ) олиш. 2. ЭРИ орқали «hrm.argos.uz» электрон тизимида рўйхатдан ўтиш. 3. Давлат органининг инсон ресурсларини ривожлантириш ва бошқариш бўлинмаси масъул ходимини белгилаб, унга электрон платформадан фойдаланиш имкониятини бериш. 1 кун муддатда 3-босқич Инсон ресурсларини ривожлантириш ва бошқариш бўлинмаси раҳбари 1. Янги технологиялар илмий-ахборот маркази томонидан белгиланган тартибда бериладиган электрон рақамли имзони (ЭРИ) олиш. 2. ЭРИ орқали «hrm.argos.uz» электрон тизимида рўйхатдан ўтиш. 3. Давлат органининг таркибий тузилма, штатлар ва лавозимлар тўғрисидаги маълумотларни электрон тизимда шакллантириш ва юритиш. 3 кун муддатда 4-босқич Инсон ресурсларини ривожлантириш ва бошқариш бўлинмаси раҳбари 1. Давлат органининг ташкилот кабинетидаги ходимлар тўғрисидаги маълумотларни электрон ҳукуматнинг идоралараро интеграцион платформаси орқали шакллантириш. 2. «hrm.argos.uz» электрон тизимидаги электрон ҳукуматнинг идоралараро интеграцион платформаси орқали шакллантирилган маълумотларга қўшимча киритиш, уларни таҳрир қилиш ва тўлдириш. 5 кун муддатда
Вазирлар Маҳкамасининг 2023 йил 22 сентябрдаги 492-сон қарорига 2-ИЛОВА
«hrm.argos.uz» электрон платформасини республика ва маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органларида жорий этиш бўйича
Т/р Чора-тадбирлар номи Амалга ошириш механизми Ижро муддати Ижро учун масъуллар 1. «hrm.argos.uz» электрон платформасини ишга тушириш билан боғлиқ қуйидаги тадбирларни амалга ошириш: республика ва маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органларини «hrm.argos.uz»да рўйхатдан ўтказиш; масъул шахсларни «hrm.argos.uz»да авторизациядан ўтказиш; республика ва маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари томонидан «hrm.argos.uz»да ташкилот кабинетини очиш бўйича «UZI N FOCOM» давлат ахборот хизматларини яратиш ва қўллаб-қувватлаш бўйича ягона интегратор» МЧЖга мурожаат қилиш ҳамда кабинетга киришни таъминлаш; Ташкилий чора-тадбирлар 2023 йил сентябрь Вазирлик ва идоралар, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари, Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги, «Uzinfocom» давлат ахборот тизимларини яратиш ва қўллаб-қувватлаш бўйича ягона интегратор» МЧЖ 2. Республика ва маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари томонидан «hrm.argos.uz» электрон платформасида ишлаш бўйича ўзларининг масъул ходимларини расмий ҳужжат (қарор, фармойиш, буйруқ ёки бошқа ҳужжат) билан бириктирилишини таъминлаш. Ташкилий чора-тадбирлар 2023 йил сентябрь Вазирлик ва идоралар, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари 3. Республика ва маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органларини электрон рақамли имзо билан таъминлаш. Ташкилий чора-тадбирлар 2023 йил октябрь Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Солиқ қўмитаси, вазирлик ва идоралар, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари 4. «hrm.argos.uz» электрон платформасида қабул қилинаётган инсон ресурсларини бошқаришга оид ички идоравий ҳужжатларни интеграциялашув натижасида «edo.ijro.uz» ахборот тизими орқали ижрочи ва манфаатдор ташкилотларга етказиш имкониятини яратиш. Ташкилий чора-тадбирлар 2023 йил ноябрь «Uzinfocom» давлат ахборот тизимларини яратиш ва қўллаб-қувватлаш бўйича ягона интегратор» МЧЖ, вазирлик ва идоралар, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари, Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги 5. «hrm.argos.uz» электрон платформасида қабул қилинаётган инсон ресурсларини бошқаришга оид ички идоравий ҳужжатлар билан ходимларни электрон тарзда таништириш имкониятини яратиш. Ташкилий чора-тадбирлар 2023 йил ноябрь «Uzinfocom» давлат ахборот тизимларини яратиш ва қўллаб-қувватлаш бўйича ягона интегратор» МЧЖ, вазирлик ва идоралар, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари, Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги 6. Республика ва маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органларининг инсон ресурсини ривожлантириш ва бошқариш бўлинмаси ходимларини «hrm.argos.uz» электрон тизимида ишлаш бўйича ўқитиш юзасидан семинарлар ташкил этиш. Ташкилий чора-тадбирлар 2023 йил октябрь-ноябрь Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги, «Uzinfocom» давлат ахборот тизимларини яратиш ва қўллаб-қувватлаш бўйича ягона интегратор» МЧЖ, вазирлик ва идоралар, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари 7. «hrm.argos.uz» электрон платформасида ишлаш юзасидан видеодарслар ва қўлланмалар тайёрлаш. Ташкилий чора-тадбирлар 2023 йил октябрь «Uzinfocom» давлат ахборот тизимларини яратиш ва қўллаб-қувватлаш бўйича ягона интегратор» МЧЖ, Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги 8. Тизимда электрон рақамли имзо билан тасдиқланиб, қабул қилинган ички идоравий ҳужжатларда йўл қўйилган техник хатоликларни, ушбу хатоликларга йўл қўйган ташкилот раҳбарларининг хатига асосан ички идоравий ҳужжатлар мазмунини ўзгартирмаган ҳолда уларни бартараф этиш чорасини кўриб бориш. Ташкилий чора-тадбирлар Доимий «Uzinfocom» давлат ахборот тизимларини яратиш ва қўллаб-қувватлаш бўйича ягона интегратор» МЧЖ, Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги
Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А. АРИПОВ
Тошкент ш.,
2023 йил 22 сентябрь,
492-сон
Oʻzbekiston Respublikasi Vazirlar Mahkamasining
qarori
NIZOM
SXEMASI
“YOʻL XARITASI”
Respublika va mahalliy ijro etuvchi hokimiyat organlarida inson resurslarini boshqarish tizimini takomillashtirish chora-tadbirlari toʻgʻrisida
Oʻzbekiston Respublikasi Prezidentining “Maʼmuriy islohotlar doirasida raqamli texnologiyalar sohasida davlat boshqaruvini samarali tashkil etish chora-tadbirlari toʻgʻrisida” 2023-yil 24-maydagi PF-76-son Farmoni ijrosini taʼminlash maqsadida Vazirlar Mahkamasi qaror qiladi:
1. Oʻzbekiston Respublikasi Prezidentining “Maʼmuriy islohotlar doirasida raqamli texnologiyalar sohasida davlat boshqaruvini samarali tashkil etish chora-tadbirlari toʻgʻrisida” 2023-yil 24-maydagi PF-76-son Farmoniga muvofiq davlat organlarida inson resurslarini boshqarishga oid maʼlumotlar va hujjatlarni “hrm.argos.uz” elektron platformasida (keyingi oʻrinlarda — elektron platforma) yuritish tartibini nazarda tutuvchi hujjat loyihasini Vazirlar Mahkamasiga kiritish belgilanganligi maʼlumot uchun qabul qilinsin.
2. Belgilansinki:
2023-yil 1-noyabrdan boshlab respublika va mahalliy ijro etuvchi hokimiyat organlarida (keyingi oʻrinlarda — davlat organlari) inson resurslarini boshqarishga oid barcha maʼlumotlar va hujjatlar elektron platformada shakllantiriladi va yuritiladi (harbiylashtirilgan tuzilmalar va huquqni muhofaza qiluvchi organlar bundan mustasno);
davlat organlari elektron platformani joriy qilish va yuritish boʻyicha sarf-xarajatlarni oʻzlarining budjetdan tashqari mablagʻlari hamda qonunchilik hujjatlarida taqiqlanmagan boshqa manbalar, shuningdek, yuqoridagi manbalar mavjud boʻlmagan hollarda budjet mablagʻlari hisobidan amalga oshiradi.
3. Quyidagilar:
Respublika va mahalliy ijro etuvchi hokimiyat organlarida inson resurslarini boshqarishga oid maʼlumotlar va hujjatlarni “hrm.argos.uz” elektron platformasida shakllantirish va yuritish tartibi toʻgʻrisidagi nizom 1-ilovaga muvofiq;
“hrm.argos.uz” elektron platformasini respublika va mahalliy ijro etuvchi hokimiyat organlarida joriy etish boʻyicha “yoʻl xaritasi” 2-ilovaga muvofiq tasdiqlansin.
4. Inson resurslarini boshqarishga oid maʼlumot va hujjatlar elektron platforma orqali quyidagi elektron tizimlarga avtomatik tarzda yuboriladi:
davlat organi tuzilmasi, xodimlar bilan tuzilgan mehnat shartnomalari va ularga qoʻshimcha bitimlar, mehnat shartnomalarining bekor qilinishi hamda vakant ish oʻrinlari toʻgʻrisidagi maʼlumotlar “Yagona milliy mehnat tizimi” idoralararo dasturiy-apparat kompleksiga;
qabul qilingan ichki idoraviy hujjat (buyruq, qaror va farmoyish)larni ijroga qaratish uchun “edo.ijro.uz” axborot tizimiga;
xodimlarga oylik ish haqi va unga tenglashtirilgan toʻlovlarni toʻlash uchun zarur boʻlgan maʼlumotlar “UzASBO” dasturiy majmuasiga.
5. Oʻzbekiston Respublikasi Raqamli texnologiyalar vazirligi 2023-yil 1-noyabrga qadar:
Oʻzbekiston Respublikasi Prezidenti huzuridagi Davlat xizmatini rivojlantirish agentligi bilan birgalikda elektron platforma doirasida Davlat fuqarolik xizmati vakant lavozimlarining yagona ochiq (vacancy.argos.uz) portalining yangi talqinini ishlab chiqish;
Kambagʻallikni qisqartirish va bandlik vazirligi bilan birgalikda elektron platformaga kiritilgan maʼlumotlar avtomatik tarzda “Yagona milliy mehnat tizimi” idoralararo dasturiy-apparat kompleksiga yuborilishini taʼminlash uchun tizimlarni oʻzaro integratsiya qilish;
Iqtisodiyot va moliya vazirligi bilan birgalikda davlat organlari xodimlarining ish haqini avtomatik tarzda hisoblashni taʼminlash uchun elektron platformani “UzASBO” dasturiy majmuasiga integratsiya qilish choralarini koʻrsin.
6. Davlat organlari rahbarlari:
2023-yil 1-oktabrga qadar davlat organlarining markaziy apparati, hududiy va tuman (shahar) boʻlinmalarini elektron platformaga ulash;
2023-yil 1-dekabrga qadar davlat organlari elektron platformaga ulanish va xizmat koʻrsatish boʻyicha “Uzinfocom” davlat axborot tizimlarini yaratish va qoʻllab-quvvatlash boʻyicha yagona integrator” MCHJ — elektron platforma operatori bilan shartnomalar tuzish choralarini koʻrsin.
Bunda birlamchi tibbiy-sanitariya yordami muassasalariga inson resurslarini boshqarishga oid barcha maʼlumotlar va hujjatlarni elektron platforma orqali shakllantirish hamda yuritish xizmati bepul koʻrsatiladi.
Elektron platforma operatori va Boshqaruv samaradorligi agentligining oʻzaro kelishuviga asosan elektron platformaga ulanish va xizmat koʻrsatish boʻyicha shartnoma asosida kelib tushgan mablagʻlarning bir qismi Davlat xizmatini rivojlantirishni qoʻllab-quvvatlash jamgʻarmasiga oʻtkazib berilishi mumkin.
7. Mazkur qarorning bajarilishini nazorat qilish Oʻzbekiston Respublikasi raqamli texnologiyalar vaziri Sh.X. Shermatov hamda Oʻzbekiston Respublikasi kambagʻallikni qisqartirish va bandlik vaziri B.A. Musayev zimmasiga yuklansin.
Vazirlar Mahkamasining 2023-yil 22-sentabrdagi 492-son qaroriga 1-ILOVA
Respublika va mahalliy ijro etuvchi hokimiyat organlarida inson resurslarini boshqarishga oid maʼlumotlar va hujjatlarni “hrm.argos.uz” elektron platformasida shakllantirish va yuritish tartibi toʻgʻrisida
1-bob. Umumiy qoidalar
1. Mazkur Nizom respublika va mahalliy ijro etuvchi hokimiyat organlarida (keyingi oʻrinlarda — davlat organlari) inson resurslarini boshqarishga oid maʼlumotlar va hujjatlarni “hrm.argos.uz” elektron platformasida (keyingi oʻrinlarda — elektron platforma) shakllantirish va yuritish tartibini belgilaydi.
Davlat organlarida inson resurslarini boshqarishga moʻljallangan mavjud elektron dasturlar elektron platforma bilan integratsiya qilingan holda yuritilishi mumkin.
2. Mazkur Nizomda quyidagi asosiy tushunchalar qoʻllaniladi:
“Yagona milliy mehnat tizimi” idoralararo dasturiy-apparat kompleksi (keyingi oʻrinlarda — “YAMMT” IDAK) — axborot resurslari, texnologiyalar va aloqa vositalarining tashkiliy jihatdan tartibga solingan majmui boʻlib, mehnat shartnomalari va xodimlarning ish stajiga oid maʼlumotlarni toʻplash, saqlash va qayta ishlash boʻyicha axborot tizimi;
Davlat fuqarolik xizmati vakant lavozimlarining yagona ochiq portali (keyingi oʻrinlarda — “vacancy.argos.uz”) — davlat organlaridagi vakant lavozimlarni egallash boʻyicha tanlovlarni amalga oshirish boʻyicha markazlashgan yagona elektron tizimi;
“samaradorlik.uz” avtomatlashtirilgan axborot tizimi (keyingi oʻrinlarda — samaradorlik.uz) — boshqaruvning turli darajadagi rahbarlari faoliyatining samaradorligini baholashning yagona avtomatlashtirilgan axborot tizimi;
tashkilot kabineti — davlat organlarining inson resurslarini boshqarishga oid maʼlumotlar va hujjatlarni shakllantirish va yuritish uchun elektron platformadagi sahifasi.
3. Davlat organlarining ishga qabul qilish natijalari boʻyicha hujjatlarni rasmiylashtirish, tarkibiy tuzilma, shtatlar, lavozimlar va xodimlar toʻgʻrisidagi maʼlumotlarni toʻplash va ularga ishlov berish, xodimlar faoliyatining samaradorligini avtomatik tarzda baholash, kadrlar boʻyicha maʼlumotlarning elektron arxivini yuritish, rahbar kadrlar uchun belgilangan zaxiralarni shakllantirish hamda inson resurslarini boshqarishga oid boshqa faoliyati elektron platformada amalga oshiriladi.
Davlat organlarining inson resurslarini boshqarishga oid maʼlumotlari va hujjatlarini elektron platformada shakllantirish va yuritish ushbu Nizomga ilovadagi sxemaga muvofiq amalga oshiriladi.
Davlat organi hisoblanmaydigan tashkilotlar Oʻzbekiston Respublikasi Prezidenti huzuridagi Boshqaruv samaradorligi agentligi (keyingi oʻrinlarda — Agentlik) bilan kelishilgan holda elektron platformadan foydalanishi mumkin.
4. Elektron platformaga belgilangan tartibda ulangan davlat organlariga inson resurslarini boshqarishga oid maʼlumotlar va hujjatlarni shakllantirish va yuritish imkonini beruvchi yopiq boʻlim hisoblangan tashkilot kabineti yaratiladi.
5. Elektron platformadan foydalanish va uni yuritish elektron raqamli imzo kaliti (keyingi oʻrinlarda — ERI kaliti) orqali, axborot almashinuvlari esa Elektron hukumatning idoralararo maʼlumotlar uzatish tarmogʻi orqali amalga oshiriladi.
6. Davlat organlarining xodimlari toʻgʻrisidagi statistika maʼlumotlari elektron platforma orqali shakllantiriladi va yuritiladi.
2-bob. Elektron platformada roʻyxatdan oʻtish va undan foydalanish
7. Inson resurslarini boshqarishga oid maʼlumotlar va hujjatlarni shakllantirish va yuritish uchun yuridik shaxs maqomidagi davlat organlari elektron platformadan foydalanuvchi hisoblanadi.
8. Barcha foydalanuvchilar elektron platformada shaxsiy ERI kaliti orqali roʻyxatdan oʻtadi, bunda:
davlat organi rahbari shaxsiy ERI kaliti yordamida davlat organining inson resurslarini rivojlantirish va boshqarish boʻlinmasi masʼul xodimini belgilab, unga elektron platformadan foydalanish imkoniyatini beradi;
inson resurslarini rivojlantirish va boshqarish boʻlinmasi xodimi shaxsiy ERI kaliti yordamida elektron platformada maʼlumotlar va hujjatlarni shakllantiradi hamda yuritadi.
9. Davlat organining tashkilot kabinetidagi maʼlumotlari elektron hukumatning idoralararo integratsion platformasi orqali avtomatik tarzda shakllantiriladi.
10. Elektron hukumatning idoralararo integratsion platformasi orqali shakllantirilgan maʼlumotlarga qoʻshimcha kiritish, ularni tahrir qilish va toʻldirish inson resurslarini rivojlantirish va boshqarish boʻlinmalari tomonidan amalga oshiriladi.
11. Agentlik davlat organlarining inson resurslarini boshqarishga oid maʼlumotlari va hujjatlarini shakllantirish va yuritish, shu jumladan, ichki idoraviy hujjatlar (buyruq, qaror va farmoyish) loyihalarini elektron platformada ishlab chiqish, kelishish, qabul qilish (chiqarish), roʻyxatga olish jarayonlarining doimiy monitoringini yuritadi.
12. “Uzinfocom” davlat axborot tizimlarini yaratish va qoʻllab-quvvatlash boʻyicha yagona integrator” MCHJ (keyingi oʻrinlarda — operator) elektron platformani joriy etish, unga texnik xizmat koʻrsatish, uni yanada takomillashtirish, shuningdek, uning uzluksiz va xavfsiz ishlashi uchun masʼul hisoblanadi.
3-bob. Elektron platformada tarkibiy tuzilma, shtatlar va lavozimlar toʻgʻrisidagi maʼlumotlarni shakllantirish va tahrir qilish
13. Elektron platformada davlat organi tuzilmasini uning shtat jadvaliga muvofiq boʻlinmalar va ish oʻrinlari haqidagi maʼlumotlarni kiritish orqali shakllantiriladi. Bunda har bir lavozim alohida yaratiladi.
14. Davlat organining tuzilmasida:
davlat organining barcha boʻlinmalari toʻgʻrisidagi maʼlumotlar (alohida yuridik shaxslar bundan mustasno);
davlat organining tasdiqlangan shtat jadvali (davlat siri yoki qonun hujjatlari bilan muhofaza qilinadigan maʼlumotlar hisoblangan shtat jadvali bundan mustasno);
siyosiy, boshqaruv, yordamchi, ishlab chiqarish va texnik xodimlar bilan birgalikda davlat organidagi barcha ish oʻrinlari, shu jumladan, boʻsh ish oʻrinlari haqidagi maʼlumotlar boʻlishi kerak.
15. Davlat organining boʻlinmalari haqidagi maʼlumotlar boʻlinma nomi yozilgan maxsus shaklni toʻldirish orqali kiritiladi.
16. Ish joyi haqidagi maʼlumotlar shtat jadvaliga muvofiq lavozim nomi yozilgan maxsus shaklni toʻldirish orqali va xodimlarning ish haqi, stavka hajmi va lavozimga qoʻyilgan malaka talablari, malaka darajasi, lavozim guruhi va toifasi, shu jumladan, mehnat sharoitlari va lavozim vazifalarini koʻrsatgan holda kiritiladi.
4-bob. Elektron platformada davlat organlarining ichki idoraviy hujjatlarini yuritish
17. Elektron platformada davlat organlarining ichki idoraviy hujjatlari (buyruq, qaror va farmoyish) ERI bilan tasdiqlangan holda faqat elektron platformada shakllantiriladi va qabul qilinadi.
18. Ichki idoraviy hujjat loyihasi inson resurslarini rivojlantirish va boshqarish boʻlinmasi tomonidan elektron platformada ishlab chiqiladi hamda tegishli tarkibiy tuzilma rahbarlari bilan kelishiladi.
Elektron platforma orqali qabul qilingan ichki idoraviy hujjatlar ijroga qaratish uchun “edo.ijro.uz” axborot tizimiga avtomatik tarzda yuboriladi.
19. Qonunchilik hujjatlariga muvofiq davlat siri hisoblangan maʼlumotlarni oʻz ichiga olgan ichki idoraviy hujjatlarni elektron platforma orqali qabul qilish (chiqarish)ga yoʻl qoʻyilmaydi hamda shaxsga doir maʼlumotlarga xodimlarning roziligi bilan ishlov beriladi.
Qonunchilik hujjatlarida nazarda tutilgan hollardan tashqari maxfiy toifaga kirmaydigan hujjatlar loyihalarini mustaqil ravishda ushbu toifaga kiritish taqiqlanadi.
5-bob. Elektron platformani boshqa elektron axborot tizimlari bilan oʻzaro integratsiya qilish
20. Elektron platformada davlat organlarining axborot tizimlari bilan axborot almashinuvi Agentlik tomonidan tasdiqlangan texnologik yoʻriqnoma asosida operator tomonidan amalga oshiriladi.
21. Davlat organlarining vakant lavozimlarini eʼlon qilishdan tortib, tanlov oʻtkazish va ishga qabul qilish natijalari boʻyicha hujjatlarni rasmiylashtirishgacha boʻlgan jarayonlar elektron platforma va “vacancy.argos.uz” axborot tizimining oʻzaro integratsiyalashuvi asosida amalga oshiriladi.
22. Davlat organi xodimining faoliyati samaradorligini avtomatik tarzda baholash jarayonlari elektron platforma va “samaradorlik.uz” axborot tizimlarni oʻzaro integratsiya qilish asosida amalga oshiriladi.
23. Davlat organining inson resurslarini rivojlantirish va boshqarish boʻlinmalari tomonidan elektron platformaga kiritilgan:
davlat organi tuzilmasi, xodimlar bilan tuzilgan mehnat shartnomalari va ularga qoʻshimcha bitimlar, mehnat shartnomalarining bekor qilinishi hamda vakant ish oʻrinlar toʻgʻrisidagi maʼlumotlar “YAMMT IDAK” elektron tizimiga,
xodimlarga oylik ish haqi va unga tenglashtirilgan toʻlovlarni toʻlash uchun zarur boʻlgan maʼlumotlar “UzASBO” dasturiy majmuasiga avtomatik tarzda yuboriladi.
24. Davlat organlarining belgilangan rahbarlik lavozimlari uchun kadrlar zaxirasini shakllantirish va yuritish jarayoni elektron platforma orqali amalga oshiriladi.
Kadrlar zaxirasiga kiritilgan xodimlarning shaxsiy maʼlumotlari elektron platforma va “zaxira.argos.uz” platformasining oʻzaro integratsiyalashuvi asosida yuritiladi.
25. Elektron platformaga maʼlumotlarning oʻz vaqtida kiritilishi, toʻgʻriligi hamda toʻliqligi boʻyicha davlat organining inson resurslarini rivojlantirish va boshqarish boʻlinmalarining masʼul xodimlari javobgar hisoblanadi.
6-bob. Yakunlovchi qoidalar
26. Operator elektron platformaning ishlashi, axborot xavfsizligining taʼminlanishi, tizimdagi shaxsga doir maʼlumotlarga ruxsatsiz kirishning oldini olish uchun masʼul hisoblanadi.
Shaxsga doir maʼlumotlar shaxsga doir maʼlumotlar toʻgʻrisida qonunchilikka muvofiq himoya qilinadi.
27. Davlat organlari rahbarlari davlat organlarining inson resurslarini boshqarishga oid faoliyatini elektron platformada yuritish boʻyicha ushbu Nizom talablariga rioya qilinishi uchun shaxsan masʼuldirlar.
28. Ushbu Nizom talablari buzilishida aybdor boʻlgan shaxslar qonunchilik hujjatlarida belgilangan tartibda javob beradilar.
Respublika va mahalliy ijro etuvchi hokimiyat organlarida inson resurslarini boshqarishga oid maʼlumotlar va hujjatlarni “hrm.argos.uz” elektron platformasida shakllantirish va yuritish tartibi toʻgʻrisidagi nizomga ILOVA
Respublika va mahalliy ijro etuvchi hokimiyat organlarida inson resurslarini boshqarishga oid maʼlumotlar va hujjatlarni “hrm.argos.uz” elektron platformasida shakllantirish va yuritish
Bosqichlar Masʼullar Chora-tadbirlar Muddatlar 1-bosqich Tizim operatori 1. Respublika va mahalliy ijro etuvchi hokimiyat organlarini (keyingi oʻrinlarda — davlat organlari) “hrm.argos.uz” elektron tizimidan roʻyxatdan oʻtkazish. 2. Davlat organi rahbarlarini “hrm.argos.uz” elektron tizimida avtorizatsiyadan oʻtkazish. 3. “hrm.argos.uz” elektron tizimida har bir davlat organiga Tashkilot kabinetini yaratish. Zaruratga koʻra 2-bosqich Davlat organi rahbari 1. Yangi texnologiyalar ilmiy-axborot markazi tomonidan belgilangan tartibda beriladigan elektron raqamli imzoni (ERI) olish. 2. ERI orqali “hrm.argos.uz” elektron tizimida roʻyxatdan oʻtish. 3. Davlat organining inson resurslarini rivojlantirish va boshqarish boʻlinmasi masʼul xodimini belgilab, unga elektron platformadan foydalanish imkoniyatini berish. 1 kun muddatda 3-bosqich Inson resurslarini rivojlantirish va boshqarish boʻlinmasi rahbari 1. Yangi texnologiyalar ilmiy-axborot markazi tomonidan belgilangan tartibda beriladigan elektron raqamli imzoni (ERI) olish. 2. ERI orqali “hrm.argos.uz” elektron tizimida roʻyxatdan oʻtish. 3. Davlat organining tarkibiy tuzilma, shtatlar va lavozimlar toʻgʻrisidagi maʼlumotlarni elektron tizimda shakllantirish va yuritish. 3 kun muddatda 4-bosqich Inson resurslarini rivojlantirish va boshqarish boʻlinmasi rahbari 1. Davlat organining tashkilot kabinetidagi xodimlar toʻgʻrisidagi maʼlumotlarni elektron hukumatning idoralararo integratsion platformasi orqali shakllantirish. 2. “hrm.argos.uz” elektron tizimidagi elektron hukumatning idoralararo integratsion platformasi orqali shakllantirilgan maʼlumotlarga qoʻshimcha kiritish, ularni tahrir qilish va toʻldirish. 5 kun muddatda
Vazirlar Mahkamasining 2023-yil 22-sentabrdagi 492-son qaroriga 2-ILOVA
“hrm.argos.uz” elektron platformasini respublika va mahalliy ijro etuvchi hokimiyat organlarida joriy etish boʻyicha
T/r Chora-tadbirlar nomi Amalga oshirish mexanizmi Ijro muddati Ijro uchun masʼullar 1. “hrm.argos.uz” elektron platformasini ishga tushirish bilan bogʻliq quyidagi tadbirlarni amalga oshirish: respublika va mahalliy ijro etuvchi hokimiyat organlarini “hrm.argos.uz”da roʻyxatdan oʻtkazish; masʼul shaxslarni “hrm.argos.uz”da avtorizatsiyadan oʻtkazish; respublika va mahalliy ijro etuvchi hokimiyat organlari tomonidan “hrm.argos.uz”da tashkilot kabinetini ochish boʻyicha “UZI N FOCOM” davlat axborot xizmatlarini yaratish va qoʻllab-quvvatlash boʻyicha yagona integrator” MCHJga murojaat qilish hamda kabinetga kirishni taʼminlash; Tashkiliy chora-tadbirlar 2023-yil sentabr Vazirlik va idoralar, Qoraqalpogʻiston Respublikasi Vazirlar Kengashi, viloyatlar va Toshkent shahar hokimliklari, Davlat xizmatini rivojlantirish agentligi, “Uzinfocom” davlat axborot tizimlarini yaratish va qoʻllab-quvvatlash boʻyicha yagona integrator” MCHJ 2. Respublika va mahalliy ijro etuvchi hokimiyat organlari tomonidan “hrm.argos.uz” elektron platformasida ishlash boʻyicha oʻzlarining masʼul xodimlarini rasmiy hujjat (qaror, farmoyish, buyruq yoki boshqa hujjat) bilan biriktirilishini taʼminlash. Tashkiliy chora-tadbirlar 2023-yil sentabr Vazirlik va idoralar, Qoraqalpogʻiston Respublikasi Vazirlar Kengashi, viloyatlar va Toshkent shahar hokimliklari 3. Respublika va mahalliy ijro etuvchi hokimiyat organlarini elektron raqamli imzo bilan taʼminlash. Tashkiliy chora-tadbirlar 2023-yil oktabr Vazirlar Mahkamasi huzuridagi Soliq qoʻmitasi, vazirlik va idoralar, Qoraqalpogʻiston Respublikasi Vazirlar Kengashi, viloyatlar va Toshkent shahar hokimliklari 4. “hrm.argos.uz” elektron platformasida qabul qilinayotgan inson resurslarini boshqarishga oid ichki idoraviy hujjatlarni integratsiyalashuv natijasida “edo.ijro.uz” axborot tizimi orqali ijrochi va manfaatdor tashkilotlarga yetkazish imkoniyatini yaratish. Tashkiliy chora-tadbirlar 2023-yil noyabr “Uzinfocom” davlat axborot tizimlarini yaratish va qoʻllab-quvvatlash boʻyicha yagona integrator” MCHJ, vazirlik va idoralar, Qoraqalpogʻiston Respublikasi Vazirlar Kengashi, viloyatlar va Toshkent shahar hokimliklari, Davlat xizmatini rivojlantirish agentligi 5. “hrm.argos.uz” elektron platformasida qabul qilinayotgan inson resurslarini boshqarishga oid ichki idoraviy hujjatlar bilan xodimlarni elektron tarzda tanishtirish imkoniyatini yaratish. Tashkiliy chora-tadbirlar 2023-yil noyabr “Uzinfocom” davlat axborot tizimlarini yaratish va qoʻllab-quvvatlash boʻyicha yagona integrator” MCHJ, vazirlik va idoralar, Qoraqalpogʻiston Respublikasi Vazirlar Kengashi, viloyatlar va Toshkent shahar hokimliklari, Davlat xizmatini rivojlantirish agentligi 6. Respublika va mahalliy ijro etuvchi hokimiyat organlarining inson resursini rivojlantirish va boshqarish boʻlinmasi xodimlarini “hrm.argos.uz” elektron tizimida ishlash boʻyicha oʻqitish yuzasidan seminarlar tashkil etish. Tashkiliy chora-tadbirlar 2023-yil oktabr-noyabr Davlat xizmatini rivojlantirish agentligi, “Uzinfocom” davlat axborot tizimlarini yaratish va qoʻllab-quvvatlash boʻyicha yagona integrator” MCHJ, vazirlik va idoralar, Qoraqalpogʻiston Respublikasi Vazirlar Kengashi, viloyatlar va Toshkent shahar hokimliklari 7. “hrm.argos.uz” elektron platformasida ishlash yuzasidan videodarslar va qoʻllanmalar tayyorlash. Tashkiliy chora-tadbirlar 2023-yil oktabr “Uzinfocom” davlat axborot tizimlarini yaratish va qoʻllab-quvvatlash boʻyicha yagona integrator” MCHJ, Davlat xizmatini rivojlantirish agentligi 8. Tizimda elektron raqamli imzo bilan tasdiqlanib, qabul qilingan ichki idoraviy hujjatlarda yoʻl qoʻyilgan texnik xatoliklarni, ushbu xatoliklarga yoʻl qoʻygan tashkilot rahbarlarining xatiga asosan ichki idoraviy hujjatlar mazmunini oʻzgartirmagan holda ularni bartaraf etish chorasini koʻrib borish. Tashkiliy chora-tadbirlar Doimiy “Uzinfocom” davlat axborot tizimlarini yaratish va qoʻllab-quvvatlash boʻyicha yagona integrator” MCHJ, Davlat xizmatini rivojlantirish agentligi
Oʻzbekiston Respublikasining Bosh vaziri A. ARIPOV
Toshkent sh.,
2023-yil 22-sentabr,
492-son