UzbekAI

← Qonunlar

📅 2023-yil 25-sentabr · Vazirlar Mahkamasi qarorlari

Rasmiy matn. Rasmiy hujjat. Tahririy izohlar kiritilmagan.

Yordam | Arxiv | Atamalar | Statistika | API | Havola yuborish | Sayt haqida | Shartlar

← Қонунлар

📅 2023 йил 25 сентябрь · Вазирлар Маҳкамаси қарорлари

Расмий матн. Расмий ҳужжат. Таҳририй изоҳлар киритилмаган.

Ёрдам | Архив | Атамалар | Статистика | API | Ҳавола юбориш | Сайт ҳақида | Шартлар

← Законы

📅 25 сентября 2023 г. · Постановления Кабинета Министров

Официальный текст. Официальный документ. Редакционные примечания не включены.

Помощь | Архив | Термины | Статистика | API | Предложить ссылку | О сайте | Условия

← Laws

📅 25 September 2023 · Cabinet of Ministers resolutions

Official text. Official document. Editorial notes are not included.

Help | Archive | Glossary | Stats | API | Submit | About | Terms

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг

қарори

НИЗОМ

СХЕМАСИ

МЕЗОНЛАРИ

ТАВСИФИ

ТАВСИФИ

«Диний бағрикенглик» кўкрак нишонини таъсис этиш тўғрисида

Ўзбекистон Республикаси Президентининг «2022 — 2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегиясини «Инсонга эътибор ва сифатли таълим йили»да амалга оширишга оид давлат дастури тўғрисида» 2023 йил 28 февралдаги ПФ-27-сон Фармони ижросини таъминлаш, шунингдек, диний-маърифий соҳанинг самарадорлигини оширишга муносиб ҳисса қўшган давлат ва жамоат ташкилотлари ходимларини рағбатлантириш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:

1. «Диний бағрикенглик» кўкрак нишони таъсис этилсин.

2. Қуйидагилар:

«Диний бағрикенглик» кўкрак нишони тўғрисидаги низом 1-иловага мувофиқ;

«Диний бағрикенглик» кўкрак нишони ва унинг гувоҳномаси тавсифлари 2 ва 3-иловаларга мувофиқ тасдиқлансин.

3. Ўзбекистон Республикаси Марказий банкининг «Давлат белгиси» давлат унитар корхонаси Ўзбекистон Республикаси Дин ишлари бўйича қўмитасининг буюртмасига асосан «Диний бағрикенглик» кўкрак нишони ва унинг гувоҳномаси тайёрланишини белгиланган тартибда таъминласин.

4. «Диний бағрикенглик» кўкрак нишони ва унинг гувоҳномасини тайёрлаш ҳамда мукофотланганларни тақдирлаш билан боғлиқ харажатлар Ўзбекистон Республикасининг республика бюджети маблағлари ҳисобидан қопланиши инобатга олинсин.

5. Ўзбекистон Республикаси Дин ишлари бўйича қўмитаси кўкрак нишонини ҳар йили 16 ноябрь — Халқаро бағрикенглик куни арафасида тантанали равишда топширилишини таъминласин.

6. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Дин ишлари бўйича қўмитаси раиси С.Д. Тошбоев зиммасига юклансин.

Вазирлар Маҳкамасининг 2023 йил 25 сентябрдаги 495-сон қарорига 1-ИЛОВА

«Диний бағрикенглик» кўкрак нишони тўғрисида

1-боб. Умумий қоидалар

1. Мазкур Низом «Диний бағрикенглик» кўкрак нишони (кейинги ўринларда — кўкрак нишони) билан тақдирлаш тартибини белгилайди.

2. Кўкрак нишони билан Ўзбекистон Республикаси фуқароларининг виждон эркинлиги кафолатларини таъминлаш борасидаги катта хизматлари, аҳоли ўртасида динлараро ва конфессиялараро ҳамжиҳатлик, тотувлик ва бағрикенгликни мустаҳкамлаш, диний-маърифий соҳадаги ислоҳотларни тарғиб этиш, жамиятда ижтимоий-маънавий муҳит барқарорлигини сақлаш йўлидаги кўп йиллик самарали меҳнати учун атоқли давлат ва жамоат арбоблари, диний-ижтимоий соҳадаги раҳбарлар ва етук уламолар, давлат ташкилотлари ва нодавлат нотижорат ташкилотлар ходимлари, халқаро ташкилотлар, дипломатик ваколатхоналарнинг вакиллари, хорижий арбоблар ва олимлар тақдирланади.

Кўкрак нишони билан чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахслар ҳам мазкур Низом талаблари асосида тақдирланиши мумкин.

2-боб. Кўкрак нишони билан тақдирлаш учун ҳужжатларни тақдим этиш ва кўриб чиқиш

3. Кўкрак нишони билан тақдирлаш тартиби ушбу Низомга 1-иловада келтирилган схемага мувофиқ амалга оширилади.

4. Вазирлик ва идоралар, маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари, шунингдек, диний-маърифий, ижтимоий-маънавий соҳадаги ташкилотлар кўкрак нишони билан тақдирлаш учун номзодлар бўйича таклифларни Ўзбекистон Республикаси Дин ишлари бўйича қўмитасига (кейинги ўринларда — Қўмита) ҳар йили 1 октябрга қадар тақдим этади.

5. Кўкрак нишони билан тақдирлаш бўйича таклифларга номзод ҳақида қуйидаги ҳужжатлар илова қилинади:

номзод ҳақида маълумотнома;

номзоднинг шахсини тасдиқловчи ҳужжат нусхаси (фуқаролик паспорти ёки ID-карта);

номзоднинг сўнгги уч йил давомида диний-маърифий соҳанинг самарадорлигини ошириш, фуқароларнинг виждон эркинлиги кафолатларини таъминлаш, динлараро ва конфессиялараро тотувлик ва бағрикенгликни мустаҳкамлаш борасида амалга оширган ишлари акс эттирилган тавсифнома.

6. Кўкрак нишони билан тақдирлашга оид таклифларни кўриб чиқиш учун Қўмита раиси томонидан диний-маърифий соҳада кўп йиллик тажрибага эга бўлган 9 кишидан иборат таркибда комиссия (кейинги ўринларда — Комиссия) ташкил этилади.

Қўмитанинг Диний-маърифий ташкилотлар ва илмий марказлар фаолиятини мувофиқлаштириш бошқармаси Комиссиянинг ишчи органи ҳисобланади.

7. Комиссия таркиби ва Комиссия тўғрисидаги низом Қўмита раиси томонидан тасдиқланади.

Комиссия таркибига Қўмита ҳузуридаги Конфессиялар ишлари кенгаши, диний-маърифий соҳадаги ташкилотлар ва бошқа фуқаролик жамияти институтлари вакиллари киритилиши мумкин.

8. Комиссиянинг асосий вазифаси кўкрак нишонига номзодларни танлашда юзаки ёндашувларга йўл қўймасдан, адолат ва холислик мезонларига кўра комиссия йиғилишларининг ҳақиқий муҳокамалар асосида ўтказилишини таъминлаган ҳолда, кўкрак нишонига номзодлар бўйича ҳужжатларни Низомда белгиланган муддатларда сифатли ва тўлиқ тайёрлаб, тақдим этишдан иборат.

9. Комиссия йиғилишида номзодларга оид ҳужжатлар белгиланган тартибда ўрганилиб, мазкур Низомга 2-иловада белгиланган мезонларга мувофиқ баҳоланади ва ўз таклифларини билдирган ҳолда, ҳар йили 1 ноябрга қадар энг муносиб номзодлар бўйича якуний хулоса қабул қилинади.

10. Комиссия хулосаси асосида Қўмита раисининг кўкрак нишони билан тақдирлаш тўғрисидаги буйруғи ҳар йили 10 ноябрга қадар чиқарилади.

3-боб. Кўкрак нишони билан тақдирлаш тартиби

11. Кўкрак нишони ҳар йили 16 ноябрь — Халқаро бағрикенглик куни арафасида Қўмита раиси (ёки унинг топшириғига мувофиқ бошқа масъул шахслар) томонидан тантанали тарзда топширилади.

12. Юридик ва жисмоний шахслар кўкрак нишони билан Қўмита раисининг ташаббусига асосан алоҳида ҳолатларда ҳам тақдирланиши мумкин.

13. Кўкрак нишони билан тақдирланганлар рўйхати Қўмитанинг расмий веб-сайтида ва бошқа оммавий ахборот воситаларида эълон қилинади.

14. Кўкрак нишони билан тақдирланганларга базавий ҳисоблаш миқдорининг тўрт баравари миқдорида бир йўла тўланадиган пул мукофоти берилади.

15. Бир шахс кўкрак нишони билан бир марта мукофотланади.

16. Кўкрак нишони давлат мукофотларидан кейин кўкракнинг чап томонига тақилади.

4-боб. Якунловчи қоидалар

17. Қўмита ушбу Низомга мувофиқ кўкрак нишонига тавсия этилган номзодлар ҳужжатларининг холис кўриб чиқилиши учун бевосита масъулдир.

18. Ушбу Низом талаблари бузилишида айбдор шахслар қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда жавобгар бўлади.

«Диний бағрикенглик» кўкрак нишони тўғрисидаги низомга 1-ИЛОВА

«Диний бағрикенглик» кўкрак нишони билан тақдирлаш

Босқичлар Субъектлар Тадбирлар Бажариш муддатлари 1-босқич Вазирликлар ва идоралар, маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари, диний-маърифий, ижтимоий-маънавий соҳадаги ташкилотлар Кўкрак нишони билан тақдирлаш бўйича таклифларни Дин ишлари бўйича қўмитага тақдим этади. Ҳар йили 1 октябрга қадар 2-босқич Кўкрак нишони билан тақдирлашга оид таклифларни кўриб чиқиш бўйича комиссия Кўкрак нишони билан тақдирлаш бўйича номзодлар ҳақидаги тегишли ҳужжатларни ўрганиб чиқади ва якуний хулоса қабул қилади. Ҳар йили 1 ноябрга қадар 3-босқич Дин ишлари бўйича қўмита Комиссия хулосаси асосида кўкрак нишони билан тақдирлаш тўғрисида Дин ишлари бўйича қўмита раисининг буйруғини чиқаради. Ҳар йили 10 ноябрга қадар 4-босқич Дин ишлари бўйича қўмита раиси (ёки унинг топшириғига мувофиқ бошқа масъул шахслар) «Диний бағрикенглик» кўкрак нишони билан тақдирлайди. Ҳар йили 16 ноябрь — Халқаро бағрикенглик куни арафасида

«Диний бағрикенглик» кўкрак нишони тўғрисидаги низомга 2-ИЛОВА

«Диний бағрикенглик» кўкрак нишонига номзодларни баҳолаш

Т/р Кўрсаткичларнинг номланиши Балл тизими 1. Бағрикенглик ва динлараро тотувлик, жамиятда барқарор ижтимоий-маънавий муҳитни таъминлашдаги кўп йиллик ибратли фаолияти 1 баллдан 10 баллгача 2. Аҳоли ўртасида диний-маърифий соҳадаги ислоҳотларнинг тарғиботи ва ташвиқотини амалга оширишга ҳисса қўшиб келаётгани 1 баллдан 10 баллгача 3. Бағрикенглик ва динлараро тотувликни шакллантиришга қаратилган рисола, китоб, қўлланмалар яратгани, конференция, семинар, давра суҳбатлари ва фуқаролар билан учрашувларда тарғибот-ташвиқот ишларини кенг олиб бораётгани 1 баллдан 10 баллгача 4. Ёшларнинг маънавий-ахлоқий камол топишида, уларни Ватанга садоқат, азалий анъаналарга ҳамда оилавий қадриятларга ҳурмат руҳида тарбиялашда ўзининг бой ҳаётий тажрибаси билан ўрнак бўлаётгани ва фаол қатнашаётгани 1 баллдан 10 баллгача 5. «Жаҳолатга қарши маърифат» улуғвор ғояси асосида диннинг асл инсонпарварлик моҳиятини, эзгулик, тинчлик ва инсонийлик каби фазилатлар азалий қадриятларимиз ифодаси эканлигини кенг ёритиши ва бу соҳадаги илмий-маърифий фаолият олиб бораётгани 1 баллдан 10 баллгача 6. Ёшлар ўртасида миллий ва диний қадриятларга нисбатан ҳурматни ошириш борасидаги фаолияти 1 баллдан 10 баллгача 7. Урф-одат, миллий-диний қадриятлар асосида юрт тинчлиги, халқ фаровонлиги ва соғлом маънавий муҳитни таъминлаш йўлида шахсий намуна кўрсатгани 1 баллдан 10 баллгача 8. Диний ва дунёвий билимлар уйғунлигини ривожлантириш асосида таълим сифатини ошириш, диний-маърифий соҳада малакали кадрлар тайёрлашга қўшган ҳиссаси 1 баллдан 10 баллгача 9. Жамиятда миллий ва диний қадриятларимизга ёт бўлган ғояларга нисбатан тоқатсизлик муҳитини шакллантиришдаги ибратли меҳнати 1 баллдан 10 баллгача 10. Оммавий ахборот воситалари ва ижтимоий тармоқларда амалга ошираётган ибратли ишларининг кенг ёритилиш даражаси 1 баллдан 10 баллгача

Вазирлар Маҳкамасининг 2023 йил 25 сентябрдаги 495-сон қарорига 2-ИЛОВА

«Диний бағрикенглик» кўкрак нишонининг

«Диний бағрикенглик» кўкрак нишонининг диаметри 34 миллиметрли доира шаклида бўлиб, мис қотишмасидан тайёрланади.

Кўкрак нишонининг марказида оқ эмаль билан қопланган доира ичида Ер шари ва Ўзбекистон Республикасининг харитаси, унинг юқори қисмида қуёш нурлари фонида эркинлик рамзи бўлган парвоз этаётган қалдирғочлар, қуйи қисмида эса бағрикенг инсоннинг очиқ кафтлари тимсоли акс эттирилган.

Кўкрак нишони айланаси бўйлаб юқори қисмида яшил эмаль фонида зарҳалланган «DINIY BAGʻRIKENGLIK» ёзуви, қуйи қисмида эса нақшинкор парчага туташган иккита дафна новдаси жойлашган. Ҳарфлар баландлиги 3 миллиметр.

Кўкрак нишонининг орқа томонида Ўзбекистон Республикасининг Давлат герби тасвирланган.

Кўкрак нишонининг қалинлиги — 2,5 миллиметр. Тасвирлар ва ёзувлар қабариқдир.

Кўкрак нишони олд ва орқа томонларининг четлари қавариқ доира билан ўралган.

Кўкрак нишони ҳалқа ва илмоқчалар ёрдамида тўғри тўртбурчак шаклидаги қадағичга уланган. Қадағичнинг эни — 26 миллиметр, бўйи — 24 миллиметрдан иборат.

Қадағич эни 22 миллиметрли шойи лента билан қопланган бўлиб, лентанинг марказидан эни 4,4 миллиметрли оқ кўк йўл ўтган. Унинг ҳар икки тарафидан эни 4,4 миллиметрли оқ ва яшил рангдаги йўллар туширилган.

Қадағичнинг орқа томонига кўкрак нишонини кийимга тақиб қўйиш учун тўғноғич кўринишидаги мослама ўрнатилган.

«Диний бағрикенглик» кўкрак нишони

Вазирлар Маҳкамасининг 2023 йил 25 сентябрдаги 495-сон қарорига 3-ИЛОВА

«Диний бағрикенглик»кўкрак нишони гувоҳномасининг

«Диний бағрикенглик» кўкрак нишони гувоҳномаси 160х110 миллиметр ўлчамдаги китобча шаклида бўлиб, 240 г/кв.м. қалинликдаги офсет қоғоздан тайёрланади.

Гувоҳноманинг ташқи томони (биринчи ва тўртинчи бетлари) кўк рангда бўлиб, плёнка билан қопланган.

Гувоҳноманинг биринчи бети эни 7,5 миллиметрли, тўғри тўртбурчак шаклида бўлган кўк рангли ҳошия билан ўралган.

Гувоҳноманинг юқори чеккасидан (биринчи бети) 35 миллиметр пастда, марказда, оралиғи 5 миллиметрли икки сатрдан иборат матн жойлашган. Биринчи сатрда «DINIY BAGʻRIKENGLIK» (катта ҳарфларда, «Times new Roman Bolt» шрифти, 14 кегль), иккинчи сатрда «koʻkrak nishoni» («Times new Roman Bolt» шрифти, 14 кегль) сўзлари ёзилган. Ундан 7 миллиметр пастда «GUVOHNOMASI» (катта ҳарфларда, «Times new Roman Bolt» шрифти, 17 кегль) сўзи ёзилган.

Ёзувлар кўк рангда акс эттирилган.

Гувоҳноманинг ички томони (иккинчи ва учинчи бетлари) оч кўк рангда бўлиб, офсет усулида чоп этилган.

Ички томонининг чап қисмида (иккинчи бети), марказда, кўкрак нишонининг аслига тенг ўлчамдаги рангли тасвири акс эттирилган.

Гувоҳноманинг ички ўнг томони (учинчи бети) юқори чеккасидан 8 миллиметр пастда, марказда «GUVOHNOMA №» сўзи (катта ҳарфларда, «Times new Roman Bolt» шрифти, 10 кегль) ва 16 миллиметрли чизиқ жойлашган.

Ундан 11 миллиметр пастда мукофотланган шахснинг фамилияси, исми ва отасининг исмини қайд этиш учун оралиғи 9 миллиметрли учта чизиқ тортилган.

Пастки чизиқдан 8 миллиметр қуйида, марказда, оралиғи 3 миллиметрли икки сатрдан иборат матн жойлашган. Биринчи сатрда «Oʻzbekiston Respublikasi», иккинчи сатрда «Din ishlari boʻyicha qoʻmitasi raisining» («Times new Roman Bolt» шрифти, 10 кегль) сўзлари ёзилган.

Ундан 7 миллиметр пастда оралиғи 5 миллиметр бўлган икки сатрдан иборат матн жойлашган. Биринчи сатрда «20____-yil «____»-___________dagi», иккинчи сатрда «____-sonli buyrugʻiga asosan» («Times new Roman Bolt» шрифти, 10 кегль) сўзлари ёзилган.

Ундан 5 миллиметр пастда, марказда, оралиғи 5 миллиметрли уч сатрдан иборат матн жойлашган. Биринчи сатрда «DINIY BAGʻRIKENGLIK» (катта ҳарфларда, «Times new Roman Bolt» шрифти, 12 кегль), иккинчи сатрда «koʻkrak nishoni bilan», учинчи сатрда «taqdirlandi» («Times new Roman Bolt» шрифти, 10 кегль) сўзлари ёзилган.

Сўнгги сўзлардан 10 миллиметр пастда, чап томонда «Rais» («Times new Roman Bolt» шрифти, 10 кегль) сўзи ёзилган.

«Диний бағрикенглик» кўкрак нишони

ГУВОҲНОМАСИ

Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А. АРИПОВ

Тошкент ш.,

2023 йил 25 сентябрь,

495-сон

(Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 25.09.2023 й., 09/23/495/0726-сон)

lex.uz

Oʻzbekiston Respublikasi Vazirlar Mahkamasining

qarori

NIZOM

SXEMASI

MEZONLARI

TAVSIFI

TAVSIFI

“Diniy bagʻrikenglik” koʻkrak nishonini taʼsis etish toʻgʻrisida

Oʻzbekiston Respublikasi Prezidentining “2022 — 2026-yillarga moʻljallangan Yangi Oʻzbekistonning taraqqiyot strategiyasini “Insonga eʼtibor va sifatli taʼlim yili”da amalga oshirishga oid davlat dasturi toʻgʻrisida” 2023-yil 28-fevraldagi PF-27-son Farmoni ijrosini taʼminlash, shuningdek, diniy-maʼrifiy sohaning samaradorligini oshirishga munosib hissa qoʻshgan davlat va jamoat tashkilotlari xodimlarini ragʻbatlantirish maqsadida Vazirlar Mahkamasi qaror qiladi:

1. “Diniy bagʻrikenglik” koʻkrak nishoni taʼsis etilsin.

2. Quyidagilar:

“Diniy bagʻrikenglik” koʻkrak nishoni toʻgʻrisidagi nizom 1-ilovaga muvofiq;

“Diniy bagʻrikenglik” koʻkrak nishoni va uning guvohnomasi tavsiflari 2 va 3-ilovalarga muvofiq tasdiqlansin.

3. Oʻzbekiston Respublikasi Markaziy bankining “Davlat belgisi” davlat unitar korxonasi Oʻzbekiston Respublikasi Din ishlari boʻyicha qoʻmitasining buyurtmasiga asosan “Diniy bagʻrikenglik” koʻkrak nishoni va uning guvohnomasi tayyorlanishini belgilangan tartibda taʼminlasin.

4. “Diniy bagʻrikenglik” koʻkrak nishoni va uning guvohnomasini tayyorlash hamda mukofotlanganlarni taqdirlash bilan bogʻliq xarajatlar Oʻzbekiston Respublikasining respublika budjeti mablagʻlari hisobidan qoplanishi inobatga olinsin.

5. Oʻzbekiston Respublikasi Din ishlari boʻyicha qoʻmitasi koʻkrak nishonini har yili 16-noyabr — Xalqaro bagʻrikenglik kuni arafasida tantanali ravishda topshirilishini taʼminlasin.

6. Mazkur qarorning bajarilishini nazorat qilish Oʻzbekiston Respublikasi Din ishlari boʻyicha qoʻmitasi raisi S.D. Toshboyev zimmasiga yuklansin.

Vazirlar Mahkamasining 2023-yil 25-sentabrdagi 495-son qaroriga 1-ILOVA

“Diniy bagʻrikenglik” koʻkrak nishoni toʻgʻrisida

1-bob. Umumiy qoidalar

1. Mazkur Nizom “Diniy bagʻrikenglik” koʻkrak nishoni (keyingi oʻrinlarda — koʻkrak nishoni) bilan taqdirlash tartibini belgilaydi.

2. Koʻkrak nishoni bilan Oʻzbekiston Respublikasi fuqarolarining vijdon erkinligi kafolatlarini taʼminlash borasidagi katta xizmatlari, aholi oʻrtasida dinlararo va konfessiyalararo hamjihatlik, totuvlik va bagʻrikenglikni mustahkamlash, diniy-maʼrifiy sohadagi islohotlarni targʻib etish, jamiyatda ijtimoiy-maʼnaviy muhit barqarorligini saqlash yoʻlidagi koʻp yillik samarali mehnati uchun atoqli davlat va jamoat arboblari, diniy-ijtimoiy sohadagi rahbarlar va yetuk ulamolar, davlat tashkilotlari va nodavlat notijorat tashkilotlar xodimlari, xalqaro tashkilotlar, diplomatik vakolatxonalarning vakillari, xorijiy arboblar va olimlar taqdirlanadi.

Koʻkrak nishoni bilan chet el fuqarolari va fuqaroligi boʻlmagan shaxslar ham mazkur Nizom talablari asosida taqdirlanishi mumkin.

2-bob. Koʻkrak nishoni bilan taqdirlash uchun hujjatlarni taqdim etish va koʻrib chiqish

3. Koʻkrak nishoni bilan taqdirlash tartibi ushbu Nizomga 1-ilovada keltirilgan sxemaga muvofiq amalga oshiriladi.

4. Vazirlik va idoralar, mahalliy ijro etuvchi hokimiyat organlari, shuningdek, diniy-maʼrifiy, ijtimoiy-maʼnaviy sohadagi tashkilotlar koʻkrak nishoni bilan taqdirlash uchun nomzodlar boʻyicha takliflarni Oʻzbekiston Respublikasi Din ishlari boʻyicha qoʻmitasiga (keyingi oʻrinlarda — Qoʻmita) har yili 1-oktabrga qadar taqdim etadi.

5. Koʻkrak nishoni bilan taqdirlash boʻyicha takliflarga nomzod haqida quyidagi hujjatlar ilova qilinadi:

nomzod haqida maʼlumotnoma;

nomzodning shaxsini tasdiqlovchi hujjat nusxasi (fuqarolik pasporti yoki ID-karta);

nomzodning soʻnggi uch yil davomida diniy-maʼrifiy sohaning samaradorligini oshirish, fuqarolarning vijdon erkinligi kafolatlarini taʼminlash, dinlararo va konfessiyalararo totuvlik va bagʻrikenglikni mustahkamlash borasida amalga oshirgan ishlari aks ettirilgan tavsifnoma.

6. Koʻkrak nishoni bilan taqdirlashga oid takliflarni koʻrib chiqish uchun Qoʻmita raisi tomonidan diniy-maʼrifiy sohada koʻp yillik tajribaga ega boʻlgan 9 kishidan iborat tarkibda komissiya (keyingi oʻrinlarda — Komissiya) tashkil etiladi.

Qoʻmitaning Diniy-maʼrifiy tashkilotlar va ilmiy markazlar faoliyatini muvofiqlashtirish boshqarmasi Komissiyaning ishchi organi hisoblanadi.

7. Komissiya tarkibi va Komissiya toʻgʻrisidagi nizom Qoʻmita raisi tomonidan tasdiqlanadi.

Komissiya tarkibiga Qoʻmita huzuridagi Konfessiyalar ishlari kengashi, diniy-maʼrifiy sohadagi tashkilotlar va boshqa fuqarolik jamiyati institutlari vakillari kiritilishi mumkin.

8. Komissiyaning asosiy vazifasi koʻkrak nishoniga nomzodlarni tanlashda yuzaki yondashuvlarga yoʻl qoʻymasdan, adolat va xolislik mezonlariga koʻra komissiya yigʻilishlarining haqiqiy muhokamalar asosida oʻtkazilishini taʼminlagan holda, koʻkrak nishoniga nomzodlar boʻyicha hujjatlarni Nizomda belgilangan muddatlarda sifatli va toʻliq tayyorlab, taqdim etishdan iborat.

9. Komissiya yigʻilishida nomzodlarga oid hujjatlar belgilangan tartibda oʻrganilib, mazkur Nizomga 2-ilovada belgilangan mezonlarga muvofiq baholanadi va oʻz takliflarini bildirgan holda, har yili 1-noyabrga qadar eng munosib nomzodlar boʻyicha yakuniy xulosa qabul qilinadi.

10. Komissiya xulosasi asosida Qoʻmita raisining koʻkrak nishoni bilan taqdirlash toʻgʻrisidagi buyrugʻi har yili 10-noyabrga qadar chiqariladi.

3-bob. Koʻkrak nishoni bilan taqdirlash tartibi

11. Koʻkrak nishoni har yili 16-noyabr — Xalqaro bagʻrikenglik kuni arafasida Qoʻmita raisi (yoki uning topshirigʻiga muvofiq boshqa masʼul shaxslar) tomonidan tantanali tarzda topshiriladi.

12. Yuridik va jismoniy shaxslar koʻkrak nishoni bilan Qoʻmita raisining tashabbusiga asosan alohida holatlarda ham taqdirlanishi mumkin.

13. Koʻkrak nishoni bilan taqdirlanganlar roʻyxati Qoʻmitaning rasmiy veb-saytida va boshqa ommaviy axborot vositalarida eʼlon qilinadi.

14. Koʻkrak nishoni bilan taqdirlanganlarga bazaviy hisoblash miqdorining toʻrt baravari miqdorida bir yoʻla toʻlanadigan pul mukofoti beriladi.

15. Bir shaxs koʻkrak nishoni bilan bir marta mukofotlanadi.

16. Koʻkrak nishoni davlat mukofotlaridan keyin koʻkrakning chap tomoniga taqiladi.

4-bob. Yakunlovchi qoidalar

17. Qoʻmita ushbu Nizomga muvofiq koʻkrak nishoniga tavsiya etilgan nomzodlar hujjatlarining xolis koʻrib chiqilishi uchun bevosita masʼuldir.

18. Ushbu Nizom talablari buzilishida aybdor shaxslar qonunchilik hujjatlarida belgilangan tartibda javobgar boʻladi.

“Diniy bagʻrikenglik” koʻkrak nishoni toʻgʻrisidagi nizomga 1-ILOVA

“Diniy bagʻrikenglik” koʻkrak nishoni bilan taqdirlash

Bosqichlar Subyektlar Tadbirlar Bajarish muddatlari 1-bosqich Vazirliklar va idoralar, mahalliy ijro etuvchi hokimiyat organlari, diniy-maʼrifiy, ijtimoiy-maʼnaviy sohadagi tashkilotlar Koʻkrak nishoni bilan taqdirlash boʻyicha takliflarni Din ishlari boʻyicha qoʻmitaga taqdim etadi. Har yili 1-oktabrga qadar 2-bosqich Koʻkrak nishoni bilan taqdirlashga oid takliflarni koʻrib chiqish boʻyicha komissiya Koʻkrak nishoni bilan taqdirlash boʻyicha nomzodlar haqidagi tegishli hujjatlarni oʻrganib chiqadi va yakuniy xulosa qabul qiladi. Har yili 1-noyabrga qadar 3-bosqich Din ishlari boʻyicha qoʻmita Komissiya xulosasi asosida koʻkrak nishoni bilan taqdirlash toʻgʻrisida Din ishlari boʻyicha qoʻmita raisining buyrugʻini chiqaradi. Har yili 10-noyabrga qadar 4-bosqich Din ishlari boʻyicha qoʻmita raisi (yoki uning topshirigʻiga muvofiq boshqa masʼul shaxslar) “Diniy bagʻrikenglik” koʻkrak nishoni bilan taqdirlaydi. Har yili 16-noyabr — Xalqaro bagʻrikenglik kuni arafasida

“Diniy bagʻrikenglik” koʻkrak nishoni toʻgʻrisidagi nizomga 2-ILOVA

“Diniy bagʻrikenglik” koʻkrak nishoniga nomzodlarni baholash

T/r Koʻrsatkichlarning nomlanishi Ball tizimi 1. Bagʻrikenglik va dinlararo totuvlik, jamiyatda barqaror ijtimoiy-maʼnaviy muhitni taʼminlashdagi koʻp yillik ibratli faoliyati 1 balldan 10 ballgacha 2. Aholi oʻrtasida diniy-maʼrifiy sohadagi islohotlarning targʻiboti va tashviqotini amalga oshirishga hissa qoʻshib kelayotgani 1 balldan 10 ballgacha 3. Bagʻrikenglik va dinlararo totuvlikni shakllantirishga qaratilgan risola, kitob, qoʻllanmalar yaratgani, konferensiya, seminar, davra suhbatlari va fuqarolar bilan uchrashuvlarda targʻibot-tashviqot ishlarini keng olib borayotgani 1 balldan 10 ballgacha 4. Yoshlarning maʼnaviy-axloqiy kamol topishida, ularni Vatanga sadoqat, azaliy anʼanalarga hamda oilaviy qadriyatlarga hurmat ruhida tarbiyalashda oʻzining boy hayotiy tajribasi bilan oʻrnak boʻlayotgani va faol qatnashayotgani 1 balldan 10 ballgacha 5. “Jaholatga qarshi maʼrifat” ulugʻvor gʻoyasi asosida dinning asl insonparvarlik mohiyatini, ezgulik, tinchlik va insoniylik kabi fazilatlar azaliy qadriyatlarimiz ifodasi ekanligini keng yoritishi va bu sohadagi ilmiy-maʼrifiy faoliyat olib borayotgani 1 balldan 10 ballgacha 6. Yoshlar oʻrtasida milliy va diniy qadriyatlarga nisbatan hurmatni oshirish borasidagi faoliyati 1 balldan 10 ballgacha 7. Urf-odat, milliy-diniy qadriyatlar asosida yurt tinchligi, xalq farovonligi va sogʻlom maʼnaviy muhitni taʼminlash yoʻlida shaxsiy namuna koʻrsatgani 1 balldan 10 ballgacha 8. Diniy va dunyoviy bilimlar uygʻunligini rivojlantirish asosida taʼlim sifatini oshirish, diniy-maʼrifiy sohada malakali kadrlar tayyorlashga qoʻshgan hissasi 1 balldan 10 ballgacha 9. Jamiyatda milliy va diniy qadriyatlarimizga yot boʻlgan gʻoyalarga nisbatan toqatsizlik muhitini shakllantirishdagi ibratli mehnati 1 balldan 10 ballgacha 10. Ommaviy axborot vositalari va ijtimoiy tarmoqlarda amalga oshirayotgan ibratli ishlarining keng yoritilish darajasi 1 balldan 10 ballgacha

Vazirlar Mahkamasining 2023-yil 25-sentabrdagi 495-son qaroriga 2-ILOVA

“Diniy bagʻrikenglik” koʻkrak nishonining

“Diniy bagʻrikenglik” koʻkrak nishonining diametri 34 millimetrli doira shaklida boʻlib, mis qotishmasidan tayyorlanadi.

Koʻkrak nishonining markazida oq emal bilan qoplangan doira ichida Yer shari va Oʻzbekiston Respublikasining xaritasi, uning yuqori qismida quyosh nurlari fonida erkinlik ramzi boʻlgan parvoz etayotgan qaldirgʻochlar, quyi qismida esa bagʻrikeng insonning ochiq kaftlari timsoli aks ettirilgan.

Koʻkrak nishoni aylanasi boʻylab yuqori qismida yashil emal fonida zarhallangan “DINIY BAGʻRIKENGLIK” yozuvi, quyi qismida esa naqshinkor parchaga tutashgan ikkita dafna novdasi joylashgan. Harflar balandligi 3 millimetr.

Koʻkrak nishonining orqa tomonida Oʻzbekiston Respublikasining Davlat gerbi tasvirlangan.

Koʻkrak nishonining qalinligi — 2,5 millimetr. Tasvirlar va yozuvlar qabariqdir.

Koʻkrak nishoni old va orqa tomonlarining chetlari qavariq doira bilan oʻralgan.

Koʻkrak nishoni halqa va ilmoqchalar yordamida toʻgʻri toʻrtburchak shaklidagi qadagʻichga ulangan. Qadagʻichning eni — 26 millimetr, boʻyi — 24 millimetrdan iborat.

Qadagʻich eni 22 millimetrli shoyi lenta bilan qoplangan boʻlib, lentaning markazidan eni 4,4 millimetrli oq koʻk yoʻl oʻtgan. Uning har ikki tarafidan eni 4,4 millimetrli oq va yashil rangdagi yoʻllar tushirilgan.

Qadagʻichning orqa tomoniga koʻkrak nishonini kiyimga taqib qoʻyish uchun toʻgʻnogʻich koʻrinishidagi moslama oʻrnatilgan.

“Diniy bagʻrikenglik” koʻkrak nishoni

Vazirlar Mahkamasining 2023-yil 25-sentabrdagi 495-son qaroriga 3-ILOVA

“Diniy bagʻrikenglik”koʻkrak nishoni guvohnomasining

“Diniy bagʻrikenglik” koʻkrak nishoni guvohnomasi 160x110 millimetr oʻlchamdagi kitobcha shaklida boʻlib, 240 g/kv.m. qalinlikdagi ofset qogʻozdan tayyorlanadi.

Guvohnomaning tashqi tomoni (birinchi va toʻrtinchi betlari) koʻk rangda boʻlib, plyonka bilan qoplangan.

Guvohnomaning birinchi beti eni 7,5 millimetrli, toʻgʻri toʻrtburchak shaklida boʻlgan koʻk rangli hoshiya bilan oʻralgan.

Guvohnomaning yuqori chekkasidan (birinchi beti) 35 millimetr pastda, markazda, oraligʻi 5 millimetrli ikki satrdan iborat matn joylashgan. Birinchi satrda “DINIY BAGʻRIKENGLIK” (katta harflarda, “Times new Roman Bolt” shrifti, 14 kegl), ikkinchi satrda “koʻkrak nishoni” (“Times new Roman Bolt” shrifti, 14 kegl) soʻzlari yozilgan. Undan 7 millimetr pastda “GUVOHNOMASI” (katta harflarda, “Times new Roman Bolt” shrifti, 17 kegl) soʻzi yozilgan.

Yozuvlar koʻk rangda aks ettirilgan.

Guvohnomaning ichki tomoni (ikkinchi va uchinchi betlari) och koʻk rangda boʻlib, ofset usulida chop etilgan.

Ichki tomonining chap qismida (ikkinchi beti), markazda, koʻkrak nishonining asliga teng oʻlchamdagi rangli tasviri aks ettirilgan.

Guvohnomaning ichki oʻng tomoni (uchinchi beti) yuqori chekkasidan 8 millimetr pastda, markazda “GUVOHNOMA №” soʻzi (katta harflarda, “Times new Roman Bolt” shrifti, 10 kegl) va 16 millimetrli chiziq joylashgan.

Undan 11 millimetr pastda mukofotlangan shaxsning familiyasi, ismi va otasining ismini qayd etish uchun oraligʻi 9 millimetrli uchta chiziq tortilgan.

Pastki chiziqdan 8 millimetr quyida, markazda, oraligʻi 3 millimetrli ikki satrdan iborat matn joylashgan. Birinchi satrda “Oʻzbekiston Respublikasi”, ikkinchi satrda “Din ishlari boʻyicha qoʻmitasi raisining” (“Times new Roman Bolt” shrifti, 10 kegl) soʻzlari yozilgan.

Undan 7 millimetr pastda oraligʻi 5 millimetr boʻlgan ikki satrdan iborat matn joylashgan. Birinchi satrda “20____-yil “____”-___________dagi”, ikkinchi satrda “____-sonli buyrugʻiga asosan” (“Times new Roman Bolt” shrifti, 10 kegl) soʻzlari yozilgan.

Undan 5 millimetr pastda, markazda, oraligʻi 5 millimetrli uch satrdan iborat matn joylashgan. Birinchi satrda “DINIY BAGʻRIKENGLIK” (katta harflarda, “Times new Roman Bolt” shrifti, 12 kegl), ikkinchi satrda “koʻkrak nishoni bilan”, uchinchi satrda “taqdirlandi” (“Times new Roman Bolt” shrifti, 10 kegl) soʻzlari yozilgan.

Soʻnggi soʻzlardan 10 millimetr pastda, chap tomonda “Rais” (“Times new Roman Bolt” shrifti, 10 kegl) soʻzi yozilgan.

“Diniy bagʻrikenglik” koʻkrak nishoni

GUVOHNOMASI

Oʻzbekiston Respublikasining Bosh vaziri A. ARIPOV

Toshkent sh.,

2023-yil 25-sentabr,

495-son

(Qonunchilik maʼlumotlari milliy bazasi, 25.09.2023-y., 09/23/495/0726-son)

lex.uz