📅 2023-yil 29-sentabr · Vazirlar Mahkamasi qarorlari
Rasmiy matn. Rasmiy hujjat. Tahririy izohlar kiritilmagan.
📅 2023-yil 29-sentabr · Vazirlar Mahkamasi qarorlari
Rasmiy matn. Rasmiy hujjat. Tahririy izohlar kiritilmagan.
📅 2023 йил 29 сентябрь · Вазирлар Маҳкамаси қарорлари
Расмий матн. Расмий ҳужжат. Таҳририй изоҳлар киритилмаган.
📅 29 сентября 2023 г. · Постановления Кабинета Министров
Официальный текст. Официальный документ. Редакционные примечания не включены.
📅 29 September 2023 · Cabinet of Ministers resolutions
Official text. Official document. Editorial notes are not included.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг
қарори
НИЗОМ
СХЕМАСИ
Аҳолини зилзилада ҳаракатланишга тайёрлаш тизимини ташкил этиш тўғрисида
Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Ўзбекистон Республикасининг сейсмик хавфсизлигини таъминлаш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида» 2022 йил 30 майдаги ПФ-144-сон Фармони ҳамда «Ўзбекистон Республикаси аҳолиси ва ҳудудининг сейсмик хавфсизлигини таъминлаш тизимини янада такомиллаштиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида» 2023 йил 16 майдаги ПҚ-158-сон қарори ижросини таъминлаш, шунингдек, аҳолини зилзилада ҳаракатланишга олдиндан тайёрлаш, кучли зилзила билан боғлиқ фавқулодда вазиятларнинг олдини олиш ва оқибатларини камайтириш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:
1. Қуйидагилар:
Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Ўзбекистон Республикасининг сейсмик хавфсизлигини таъминлаш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида» 2022 йил 30 майдаги ПФ-144-сон Фармонига мувофиқ сейсмик хавфсизликни таъминлаш бўйича давлат органлари раҳбар кадрлари ва ходимларининг «Аҳолининг барча қатламларини зилзилага тайёрлашга мўлжалланган миллий электрон платформа» (кейинги ўринларда — миллий электрон платформа) орқали малакасини ошириш ва қайта тайёрлаш курслари ўтказиб борилиши белгиланганлиги;
Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Ўзбекистон Республикаси аҳолиси ва ҳудудининг сейсмик хавфсизлигини таъминлаш тизимини янада такомиллаштиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида» 2023 йил 16 майдаги ПҚ-158-сон қарорида «Аҳолини зилзилага тайёрлаш ҳафталиги» доирасида ҳар йили режа-график асосида республиканинг барча ҳудудларидаги маҳаллаларда аҳоли иштирокида зилзила билан боғлиқ фавқулодда вазиятларда аҳоли хавфсизлигини таъминлаш бўйича қўмондонлик-штаб, махсус-тактик ва объект ўқув машқлари ўтказиб борилиши назарда тутилганлиги маълумот учун қабул қилинсин.
2. Қуйидагиларни назарда тутувчи Аҳолини зилзилада ҳаракатланишга тайёрлаш тартиби тўғрисидаги низом иловага мувофиқ тасдиқлансин:
мактабгача таълим ташкилотлари тарбияланувчилари, умумий ўрта ва ўрта махсус таълим ташкилотлари, профессионал таълим ташкилотлари ўқувчилари ҳамда олий таълим ташкилотлари талабаларини муаммоли-вазиятли ўйинлар ва машғулотларда, миллий электрон платформа орқали, шунингдек, аҳолини зилзила шароитида ҳаракатланишга тайёрлашга мўлжалланган машғулотлари орқали тайёргарликдан ўтказиш;
ишлаб чиқариш ва хизмат кўрсатиш соҳасида банд бўлган аҳоли, шунингдек, республика ижро этувчи ва маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари ҳамда бошқа ташкилотларнинг раҳбарлари, масъул мутахассислари, қутқарув хизматлари, қутқарув ва фуқаро муҳофазаси тузилмалари ишчи-хизматчиларини йиғинлар ва ўқув машқларида тайёргарликдан ўтказиш;
республика ижро этувчи ва маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари ҳамда бошқа ташкилотларнинг раҳбарлари ва ходимлари билан йиллик жамлаш режаси асосида, шунингдек, фуқаролар билан ихтиёрий равишда миллий электрон платформа орқали аҳолини зилзилада ҳаракатланишга тайёрлашга мўлжалланган масофавий ўқув курсларини ташкил этиш;
ишлаб чиқариш ва хизмат кўрсатиш соҳасида банд бўлмаган аҳоли, шу жумладан, жисмоний имконияти чекланган шахслар ҳамда Ўзбекистон Республикасига ташриф буюрган туристларга тегишли қўлланмалар тарқатиш, махсус радио ва теледастурларни эфирга узатиш, буклет ва эслатмаларни тарқатиш орқали, шунингдек, миллий электрон платформа ва махсус мобил иловалардан фойдаланган ҳолда тайёргарликдан ўтказиш;
миллий электрон платформанинг ўқув режа ва дастурларига ҳар уч йилда бир маротаба, соҳадаги инновацион ёндашувларни инобатга олган ҳолда ўзгартиришлар киритиб бориш;
республика ижро этувчи ва маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари ҳамда бошқа ташкилотларнинг аҳолини зилзила шароитида ҳаракатланишга тайёрлаш соҳасидаги ваколатлари;
фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари, нодавлат нотижорат ташкилотлари ҳамда оммавий ахборот воситаларининг аҳолини зилзила шароитида ҳаракатланишга тайёрлаш соҳасидаги иштироки.
3. Фавқулодда вазиятлар вазирлиги вазирлик ва идоралар, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари билан биргаликда:
аҳолини зилзила шароитида ҳаракатланишга тайёрлаш бўйича миллий электрон платформа орқали малака ошириш ва қайта тайёрлаш ўқув курслари фаолиятини назоратга олиб, доимий мониторинг юритилишини;
миллий электрон платформа орқали тайёргарликдан ўтган фуқароларнинг жойларда ўтказиладиган қўмондонлик-штаб ва махсус-тактик ўқув машқларига жалб этиб борилишини таъминлансин.
4. Белгилансинки, аҳолини зилзила шароитида ҳаракатланишга тайёрлаш тадбирлари республика ижро этувчи ва маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари ҳамда бошқа ташкилотларга ҳар йили ажратиладиган бюджет маблағлари доирасида, шунингдек, бюджетдан ташқари маблағлари ҳамда қонунчилик ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа манбалар ҳисобидан амалга оширилади.
5. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари А.Ж. Раматов ва фавқулодда вазиятлар вазири А.Х. Қўлдошев зиммасига юклансин.
Вазирлар Маҳкамасининг 2023 йил 29 сентябрдаги 513-сон қарорига ИЛОВА
Аҳолини зилзилада ҳаракатланишга тайёрлаш тартиби тўғрисида
1-боб. Умумий қоидалар
1. Мазкур низом аҳолини зилзила шароитида ҳаракатланишга тайёрлаш тартибини белгилайди.
2. Ушбу Низомда қуйидаги асосий тушунчалар қўлланилади:
зилзила — ер қобиғининг ёки ер устки қатламининг тўсатдан рўй берган силжиши, емирилиши ёки ўпирилиши оқибатида вужудга келган, узоқ масофаларга тарқаладиган тўлқинсимон тебранишлар тарзидаги ер ости силкинишлари ва тебранишлари;
комплекс ўқув машқлари — объектлар раҳбарларини, қутқарув тузилмалари ва фуқаро муҳофазаси тузилмалари аъзоларини, улар таркибига кирмаган ишчи ва хизматчиларини, ишлаб чиқариш фаолиятини тўхтатмаган ҳолда фавқулодда вазиятларнинг олдини олиш ва оқибатларини бартараф этиш ҳамда фуқаро муҳофазаси бўйича комплекс тадбирларни бажаришга тайёрлашнинг асосий шакли;
кучли зилзила — магнитудаси (зилзила қуввати) Рихтер ўлчови бўйича 5,0 ва ундан юқори бўлган зилзила;
махсус-тактик ўқув машқлари — қутқарув тузилмалари ва фуқаро муҳофазаси тузилмаларини қутқарув ишлари ва кечиктириб бўлмайдиган бошқа ишларни бажаришга ҳамда фуқаро муҳофазаси соҳасида тайёрлашнинг асосий ва самарали шакли;
миллий электрон платформа — масофавий таълим технологияси асосида, мустақил тарзда зилзилада тўғри ҳаракат қилишни ўрганишга мўлжалланган, махсус ўқув дастурий таъминот тизими;
мобил илова — маълум бир платформа (iOS, Android, Windows Phone ва бошқалар) учун ишлаб чиқилган смартфонлар, планшетлар ва бошқа мобил қурилмаларда ишлашга мўлжалланган дастур;
сейсмик хавф — муайян ҳудудда муайян вақт оралиғида аҳолининг ҳаётига таҳдид солувчи ҳамда бинолар ва иншоотларга зарар етказувчи зилзилалар юз бериши эҳтимоли;
сейсмик хавфсизлик — сейсмик хавфсизликни таъминлаш соҳасидаги давлат органлари ва ташкилотлари томонидан аҳоли ҳаётини ва инфратузилма объектларини зилзилалар натижасида келиб чиқадиган хавфлардан ҳимояланганлик ҳолати;
қўмондонлик-штаб ўқув машқлари — Ўзбекистон Республикаси Фавқулодда вазиятларнинг олдини олиш ва бундай вазиятларда ҳаракат қилиш давлат тизимининг (кейинги ўринларда — ФВДТ) барча даражалардаги раҳбарларини ва бошқарув органларини фавқулодда вазиятларнинг олдини олиш ва улар содир бўлганда бартараф этиш ишларига раҳбарлик қилишга ҳамда фуқаро муҳофазаси соҳасида тайёрлаш;
ФВДТнинг функционал қуйи тизими — аҳолини ва ҳудудларни фавқулодда вазиятлардан муҳофаза қилиш бўйича белгиланган функцияларни бажарувчи вазирликлар ва идоралар ҳамда бошқа ташкилотларни ўз ичига олган қуйи тизим;
ФВДТнинг ҳудудий қуйи тизими — тегишли ҳудудда аҳолини ва ҳудудларни фавқулодда вазиятлардан муҳофаза қилиш тадбирларини ташкил этиш ва амалга ошириш бўйича белгиланган функцияларни бажарувчи маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органларини ўз ичига олган қуйи тизим;
экстернат тартибидаги таълим — ўқув дастурларини мустақил равишда ўзлаштиришни ўз ичига олиб, унинг якунлари бўйича таълим олувчилардан давлат таълим муассасаларида якуний ва давлат аттестацияларидан ўтишни талаб этадиган таълим тури.
3. Қуйидагилар аҳолини зилзила шароитида ҳаракатланишга тайёрлашнинг асосий вазифалари ҳисобланади:
республика ижро этувчи ва маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари ҳамда бошқа ташкилотларнинг раҳбарлари, масъул мутахассислари, қутқарув хизматлари, қутқарув ва фуқаро муҳофазаси тузилмалари, ишчи ҳамда хизматчиларини зилзиладан олдин, зилзила вақтида ва зилзиладан кейин ўзини тутиш қоидалари, кучли зилзилаларга олдиндан тайёргарлик кўриш ҳамда улардан талафотларсиз чиқиш бўйича билимларини изчил ошириб бориш ва кўникмаларини ҳосил қилиш бўйича тегишли чора-тадбир комплексини амалга ошириш;
мактабгача таълим ташкилотлари тарбияланувчилари, умумий ўрта ва ўрта махсус таълим ташкилотлари ва профессионал таълим ташкилотлари ўқувчилари ҳамда олий таълим ташкилотлари талабаларининг зилзиладан олдин, зилзила вақтида ва зилзиладан кейин ўзини тутиш қоидалари, шунингдек, кучли зилзила билан боғлиқ фавқулодда вазиятлардан жабрланганларга биринчи ёрдам кўрсатиш қоидалари ва усулларига ўргатиш;
қутқарув хизматлари ва қутқарув тузилмалари ҳамда фуқаро муҳофазаси тузилмаларини кучли зилзила билан боғлиқ фавқулодда вазиятлар оқибатларини бартараф этишга олдиндан тайёрлаш;
ишлаб чиқариш ва хизмат кўрсатиш соҳасида банд бўлмаган, жисмоний имконияти чекланган, шунингдек, фаолият туридан қатъи назар, барча фуқароларни зилзиладан олдин, зилзила вақтида ва зилзиладан кейин тўғри ҳаракатланишга ўргатиш.
2-боб. Аҳолини зилзила шароитида ҳаракатланишга тайёрлаш тартиби
4. Аҳолини зилзилада ҳаракатланишга тайёрлаш қуйидаги тартибда амалга оширилади:
а) ишлаб чиқариш ва хизмат кўрсатиш соҳасида банд бўлган аҳоли, шунингдек, республика ижро этувчи ва маҳаллий ижро этувчи ҳокимияти органлари ҳамда бошқа ташкилотларнинг раҳбарлари, масъул мутахассислари, қутқарув хизматлари, қутқарув ва фуқаро муҳофазаси тузилмалари, ишчи ва хизматчилари:
республика ижро этувчи ҳокимият органлари раҳбарлари, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Раиси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимлари — ФВДТнинг аҳолини ва ҳудудларни табиий ҳамда техноген хусусиятли фавқулодда вазиятлардан муҳофаза қилиш бўйича йиллик режага мувофиқ ҳар йили ўтказиладиган кучли зилзила ва унинг оқибатларидан муҳофазаланишга оид йиғинлар ва ўқув машқлари доирасида;
республика ва вилоят миқёсидаги ташкилотларнинг раҳбарлари ва масъул мутахассислари, шунингдек, туманлар ва шаҳарлар ҳокимлари ҳамда уларнинг ўринбосарлари — уч йилда бир маротаба аҳолининг барча қатламларини зилзилага тайёрлашга мўлжалланган миллий электрон платформа (кейинги ўринларда — миллий электрон платформа) орқали малака ошириш ва қайта тайёрлаш ўқув курсларида;
туманлар ва шаҳарлар миқёсидаги ташкилотларнинг раҳбарлари, масъул мутахассислари, қутқарув хизматлари, қутқарув тузилмалари, фуқаро муҳофазаси тузилмалари бошлиқлари ҳамда фуқаролар ўзини ўзи бошқариш органлари раислари — уч йилда бир маротаба миллий электрон платформа орқали малака ошириш ва қайта тайёрлаш ўқув курсларида;
ташкилотларнинг ишчи ҳамда хизматчилари — доимий равишда иш ва хизматдан ажралмаган ҳолда, иш ва хизмат жойларида ташкил этиладиган ўқув машғулотларида, Интернет ахборот тармоғида кучли зилзила ва унинг оқибатларидан муҳофазаланишга оид маълумотлардан фойдаланган ҳолда, шунингдек, мобил иловалар ҳамда миллий электрон платформа орқали малака ошириш ва қайта тайёрлаш курсларида тайёргарликдан ўтказилади;
б) мактабгача таълим ташкилотлари тарбияланувчилари, умумий ўрта ва ўрта махсус таълим ташкилотлари, профессионал таълим ташкилотлари ўқувчилари ҳамда олий таълим ташкилотлари талабалари Фавқулодда вазиятлар вазирлиги ва унинг ҳудудий бошқармалари ташаббусларига асосан:
мактабгача таълим ташкилотлари тарбияланувчилари — ҳар йили таълим-тарбия жараёнида кучли зилзила ва унинг оқибатларига оид муаммоли-вазиятли ўйинлар ва машғулотларда;
умумий ўрта ва ўрта махсус таълим ташкилотлари, профессионал таълим ташкилотлари ўқувчилари — ҳар ўқув йили давомида, дарслардан ташқари вақтда ташкиллаштириладиган кучли зилзила ва ундан муҳофазаланиш бўйича машғулотлар доирасида, шунингдек, ҳудудий Фавқулодда вазиятлар бошқармалари Ҳаёт фаолияти хавфсизлиги ўқув марказлари (кейинги ўринларда — ҳудудий ўқув марказлари) ходимлари иштирокида;
олий таълим ташкилотлари талабалари — ҳар ўқув йили давомида, дарслардан ташқари вақтда ташкиллаштириладиган кучли зилзила ва ундан муҳофазаланиш бўйича машғулотлар доирасида, Интернет ахборот тармоғида зилзила ва унинг оқибатларидан муҳофазаланишга оид маълумотлардан фойдаланган ҳолда, шунингдек, мобил иловалар ҳамда миллий электрон платформа орқали, шунингдек, ҳудудий ўқув марказларининг аҳолини зилзилада ҳаракат қилишга тайёрлашга мўлжалланган машғулотларида тайёргарликдан ўтказилади.
Таълим ташкилотларида зилзила вақтида тўғри ҳаракатланиш қоидаларини ўргатишга мўлжалланган дарсдан ташқари машғулотлар Ўзбекистон Республикаси Фавқулодда вазиятлар вазирлигининг (кейинги ўринларда — Фавқулодда вазиятлар вазирлиги) ҳудудий бўлинмалари билан биргаликда олиб борилади;
в) ишлаб чиқариш ва хизмат кўрсатиш соҳасида банд бўлмаган аҳоли, шу жумладан, жисмоний имконияти чекланган шахслар ҳамда Ўзбекистон Республикасига ташриф буюрган туристлар:
ишлаб чиқариш ва хизмат кўрсатиш соҳасида банд бўлмаган аҳоли, шу жумладан жисмоний имконияти чекланган шахслар — мунтазам равишда фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларида ташкил этилган ўқув-маслаҳат пунктларида маърузалар ўқиш, ўқув фильмларини намойиш этиш, ўқув машқлари ва машғулотларга жалб этиш, шунингдек, қўлланмалар ва эслатмалар тарқатиш, махсус радио ва теледастурларни эфирга узатиш мобил иловалар ва миллий электрон платформа орқали малака ошириш ҳамда қайта тайёрлаш курсларида;
«Аҳолини зилзилага тайёрлаш ҳафталиги» доирасида ҳар йили режа-график асосида зилзила билан боғлиқ фавқулодда вазиятларда аҳоли хавфсизлигини таъминлаш бўйича ўтказиладиган қўмондонлик-штаб, махсус-тактик ва объект ўқув машқларида;
Ўзбекистон Республикасига ташриф буюрган туристлар — ташриф давомида, уларга хизмат кўрсатувчи жисмоний ва юридик шахслар томонидан зилзилада тўғри ҳаракат қилиш бўйича суҳбатлар, йўриқнома ўтказиш, буклет ва эслатмаларни тарқатиш, махсус мобил иловалардан фойдаланиш орқали тайёргарликдан ўтказилади.
5. Аҳолини зилзилада ҳаракатланишга тайёрлашда назарий билимларни ўзлаштириш, инновацион технологияларни уйғунлаштирган ҳолда масофадан ўқитиш услублари ҳамда замонавий педагогик ва рақамли технологиялар асосида яратилган махсус электрон таълим платформаси, шунингдек, мобил иловадан мустақил ўрганиш орқали амалга оширилади.
6. Аҳолини зилзилада ҳаракатланишга тайёрлаш бўйича амалий кўникмаларини мустаҳкамлаш, ФВДТ функционал ва ҳудудий қуйи тизими хизматларини кучли зилзиланинг муддатли прогнозларига мувофиқ ҳаракатланишга тайёрлаш, куч ва воситаларнинг кучли зилзила оқибатларини камайтиришга қаратилган ҳамкорликдаги ҳаракатларини такомиллаштириш, шунингдек, уларнинг кучли зилзилада ҳаракатланишга тайёргарлик даражасини баҳолаш жойларда ўтказиладиган қўмондонлик-штаб, махсус-тактик ва комплекс ўқув машқлари орқали амалга оширилади.
7. Аҳолини зилзилада ҳаракатланишга тайёрлаш ушбу Низомга иловада келтирилган схемага мувофиқ амалга оширилади.
3-боб. Аҳолини зилзила шароитида ҳаракатланишга тайёрлашга мўлжалланган миллий электрон платформа орқали малака ошириш ва қайта тайёрлаш масофавий курсларини ташкил этиш
8. Аҳолини зилзила шароитида ҳаракатланишга тайёрлашга мўлжалланган масофавий ўқув курслари республика ижро этувчи ва маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари ҳамда бошқа ташкилотларнинг раҳбарлари ва ходимлари билан йиллик жамлаш режаси асосида, шунингдек, фуқаролар билан ихтиёрий равишда миллий электрон платформа орқали ташкил этилади.
9. Миллий электрон платформа дастурий таъминотини серверда сақлаш, тизимнинг ахборот хавфсизлигини таъминлаш ва унга техник хизмат кўрсатиш Фавқулодда вазиятлар вазирлиги томонидан тегишли вазирлик ва идоралар билан ҳамкорликда амалга оширилади.
10. Миллий электрон платформага маълумотларни киритиш, тўлдириш ва янгилаб бориш Фавқулодда вазиятлар вазирлиги ҳузуридаги Фуқаро муҳофазаси институти (кейинги ўринларда — Фуқаро муҳофазаси институти) томонидан Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси Сейсмология институти билан ҳамкорликда амалга оширилади.
11. Миллий электрон платформа ўқув режа ва дастурларига ҳар уч йилда бир маротаба, соҳадаги инновацион ёндашувларни инобатга олган ҳолда ўзгартиришлар киритиб борилади.
12. Амалдаги ўқув режа ва дастурларни янгилаш зарурати пайдо бўлганда ўқув курслари кўпи билан 15 кун муддатга вақтинчалик тўхтатилади ва ушбу муддатда ўқув курси ўқув ҳужжатларига тегишли ўзгартиришлар киритилади.
13. Миллий электрон платформа орқали малака ошириш ва қайта тайёргарлик ўқув курсларида тайёргарликдан ўтиш кетма-кетлиги қуйидаги тартибда амалга оширилади:
1) республика ижро этувчи ва маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари ҳамда бошқа ташкилотларнинг раҳбарлари, масъул мутахассислари ва ходимлари учун:
Фуқаро муҳофазаси институти, Фавқулодда вазиятлар вазирлиги, ҳудудий ўқув марказлари томонидан тегишли республика ижро этувчи ва маҳаллий давлат ҳокимияти органлари ҳамда бошқа ташкилотларни тайёргарликдан ўтиш бўйича автоматик равишда хабардор қилиш;
миллий электрон платформадан фойдаланиш учун логин ва паролни тақдим этиш;
белгиланган ўқув гуруҳига қўшилиш;
ўқув модуллари бўйича тақдим этилган мавзуларни мустақил ўзлаштириш;
ўқув курси якуний назорат синовида иштирок этиш;
2) ишлаб чиқариш ва хизмат кўрсатиш соҳасида банд бўлмаган, жисмоний имконияти чекланган, шунингдек, фаолият туридан қатъи назар, барча фуқаролар:
миллий электрон платформадан фойдаланиш учун мустақил тарзда рўйхатдан ўтиш ҳамда логин ва парол олиш;
белгиланган ўқув гуруҳига қўшилиш;
ўқув модуллари бўйича тақдим этилган мавзуларни мустақил ўзлаштириш;
ўқув курсининг якуний назорат синовида иштирок этиш.
14. Республика ижро этувчи ва маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари ҳамда бошқа ташкилотларнинг раҳбарларини, масъул мутахассислари ва ходимларини миллий электрон платформа орқали малака ошириш ҳамда қайта тайёрлаш учун рўйхатга олиш Фуқаро муҳофазаси институти ва ҳудудий ўқув марказлари томонидан амалга оширилади.
Ишлаб чиқариш ва хизмат кўрсатиш соҳасида банд бўлмаган, жисмоний имконияти чекланган, шунингдек, фаолият туридан қатъи назар, барча фуқаролар миллий электрон платформада мустақил тарзда рўйхатдан ўтиш учун шахсга доир қуйидаги маълумотларни киритади:
фамилияси, исми ва отасининг исми;
туғилган йил, ой ва куни;
телефон рақами;
яшаш жойи (ҳудуд номи).
Бунда, аҳолини зилзилада ҳаракатланишга тайёрлашга мўлжалланган малака ошириш ва қайта тайёрлаш курсларига ишлаб чиқариш ва хизмат кўрсатиш соҳасида банд бўлмаган, жисмоний имконияти чекланган фуқароларни жалб қилиш мақсадида Фуқаро муҳофазаси институти, Фавқулодда вазиятлар вазирлиги ҳудудий бошқармалари, ҳудудий ўқув марказлари фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларига (барчасига) аниқ режа-график асосида ҳар уч йилда таклиф киритади.
15. Миллий электрон платформа орқали ўқув курсларига жалб этилган ҳар бир тингловчи учун алоҳида логин ва парол берилади.
Логин ва парол орқали миллий электрон платформага боғланган тингловчи учун унинг тоифаси бўйича виртуал аудитория фаоллашади ва дастур бўйича мавзулар тақдим этилади.
Тингловчи экстернат тартибидаги таълим шаклида ҳар бир мавзуни мустақил ўзлаштириб боради, мавзу бўйича билимларини «Кутубхона» бўлими ёрдамида янада мустаҳкамлайди ва ўқув курси якуни бўйича 20 та саволдан иборат тест синовини топширади.
Тест синови натижалари 5 баллик тизимда баҳоланади:
18 — 20 тўғри жавоб — «5» — аъло;
14 — 17 тўғри жавоб — «4» — яхши;
11 — 13 тўғри жавоб — «3» — қониқарли;
10 та ва ундан кам бўлган тўғри жавоб — «2» — қониқарсиз.
16. Тест синови натижалари дастурий таъминот орқали автоматик тарзда баҳоланади.
17. Тест синовини қониқарсиз баҳога топширган тингловчиларга қайта синовдан ўтиш учун бир кун муддат берилади.
Қайта синов натижаларига кўра қониқарсиз баҳо олган тингловчилар тўғрисидаги маълумотлар администраторга автоматик тарзда юборилади ва тингловчи ўқув курсидан ўтмаган ҳисобланади.
18. Ўқув курсини муваффақиятли якунлаган тингловчиларга электрон шаклдаги гувоҳнома тақдим этилади.
19. Ўқув курсини муваффақиятли тамомлаган тингловчининг қайта тайёргарликдан ўтиш муддати уч йилни ташкил этади.
20. Миллий электрон платформа орқали малака ошириш ва қайта тайёргарлик ўқув курсларига қўйиладиган талаблар:
малака ошириш ва қайта тайёргарлик ўқув курслари материаллари тингловчиларнинг қуйидаги билим ва малакаларга эга бўлишини таъминлаши лозим:
зилзила ва уни юзага келтирувчи омиллар;
зилзилага қадар амалга ошириладиган чора-тадбирлар;
зилзила вақтида амалга ошириладиган чора-тадбирлар;
зилзиладан сўнг амалга ошириладиган чора-тадбирлар.
Миллий электрон платформада малака ошириш ва қайта тайёргарлик ўқув курслари материаллари орқали тингловчиларда қуйидаги кўникмалар шаклланиши керак:
кучли зилзила вақтида тўғри ҳаракатланиш, ўз хавфсизлигини таъминлаш;
ўзига ва жабрланганларга биринчи ёрдам кўрсатиш;
объектлар ва аҳоли турар жойларида зилзилага қадар амалга ошириладиган чора-тадбирларни бажариш.
21. Миллий электрон платформа орқали малака ошириш ва қайта тайёргарлик ўқув курслари дастурлари Фуқаро муҳофазаси институти томонидан Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси Сейсмология институти билан ҳамкорликда ишлаб чиқилади ҳамда Ўзбекистон Республикаси Фавқулодда вазиятлар вазири томонидан тасдиқланади.
Ўқув дастурлари тингловчилар билим ва кўникмаларига қўйилган малака талаблари асосида тингловчиларнинг тоифаларига мувофиқ алоҳида-алоҳида ишлаб чиқилади.
22. Миллий электрон платформадаги ўқув курсларини режалаштириш, ташкил этиш ва юритиш учун Фуқаро муҳофазаси институти ва ҳудудий ўқув марказлари ходимлари таркибидан администратор ва ҳар бир ташкил этилган гуруҳга алоҳида тютор (мувофиқлаштирувчи) тайинланади.
Администраторнинг вазифалари:
йиллик тасдиқланган тингловчилар жамлаш режасига мувофиқ ўқув курси гуруҳларини ташкил этиш;
тингловчиларга миллий электрон платформа гуруҳларига кириш учун логин ва парол берилишини ташкил этиш;
ўқув курси тингловчилари фаолияти бўйича ташкилий ва ўқув-услубий ҳужжатларини ишлаб чиқиш ҳамда ўқув жараёнига татбиқ этиш;
тингловчиларнинг ўқув материалларини ўзлаштириш кўрсаткичларини мониторинг қилиш;
тайёргарликдан ўтган фуқаролар рўйхатини юритишдан иборат.
Тютор (мувофиқлаштирувчи)нинг вазифалари:
гуруҳларга жамланган тингловчиларнинг ўқув модулларини ўзлаштириши, синовларни топширишини назорат қилади;
тингловчиларга ташкилий, услубий ва техник жиҳатдан ёрдам беради;
ўқув курси якуний назорат синовларини ўтказиш ва ҳужжатларини расмийлаштиришда иштирок этади.
4-боб. Республика ижро этувчи ва маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари ҳамда бошқа ташкилотларнинг аҳолини зилзила шароитида ҳаракатланишга тайёрлаш соҳасидаги мажбуриятлари
23. Республика ижро этувчи ва маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари ҳамда бошқа ташкилотлар аҳолини зилзила шароитида ҳаракатланишга тайёрлаш соҳасида:
раҳбарлар, масъул мутахассислар, қутқарув тузилмалари ва фуқаро муҳофазаси тузилмалари бошлиқларини белгиланган тартибда кучли зилзила билан боғлиқ фавқулодда вазиятлардан муҳофазаланиш бўйича тайёргарликдан ўтишини таъминлайди;
ўқув машқлари ва машғулотларга жалб этилган раҳбарлар, масъул мутахассислар, қутқарув ва фуқаро муҳофазаси тузилмалари ходимлари, ишчи ва хизматчиларнинг ўртача иш ҳақи сақланишини таъминлайди;
белгиланган дастурлар асосида қутқарув ва фуқаро муҳофазаси тузилмалари масъул мутахассислар, ходимлар, ишчи ҳамда хизматчиларни ўқитилишини, шунингдек, кучли зилзила билан боғлиқ фавқулодда вазиятларда ҳаракат қилишга шайлигини таъминлайди;
ўқув жараёнини ташкил этишда кучли зилзиланинг бирламчи ва иккиламчи оқибатларидан муҳофазаланиш, кучли зилзила ҳамда унинг оқибатларига оид замонавий ўқув-моддий база (ўқув хонаси, зарур кўргазмали ўқув қуроллари ва дарсликлар) билан таъминлайди;
қайта тайёргарлик ва малака ошириш ўқув курсларида тайёргарликдан ўтиши лозим бўлган раҳбарлар, масъул мутахассислар, қутқарув ва фуқаро муҳофазаси тузилмалари бошлиқлари рўйхатини Фавқулодда вазиятлар вазирлигига тақдим этади.
24. Фавқулодда вазиятлар вазирлиги аҳолини зилзила шароитида ҳаракатланишга тайёрлаш соҳасида:
ташкилий-методик раҳбарликни амалга оширади, тадбирларни мувофиқлаштиради ва назорат қилади;
ташкилий кўрсатмалар ва ўқув дастурларини ишлаб чиқади;
тингловчилар билан жамлаш режаларини тегишли давр учун шакллантиради ва тасдиқлаш учун Ўзбекистон Республикаси Бош вазири — Фуқаро муҳофазаси бошлиғига киритади;
ўқув машқлари, машғулотлар, семинарлар ва бошқа тадбирларни ташкил этади ҳамда ўтказади;
аҳолини зилзилада ҳаракатланишга тайёрлаш соҳасига замонавий рақамли технологияларни жорий қилади ва ундан кенг фойдаланишни ташкил этади;
аҳолини зилзилалар вақтида ўзини тутиш қоидалари билан таништиради, уларга тайёргарлик кўришга доир тегишли услубий қўлланмалар ва тавсиялар ишлаб чиқилиши ҳамда тарқатилишини таъминлайди.
Фавқулодда вазиятлар вазирлиги аҳолини зилзила шароитида ҳаракатланишга тайёрлаш соҳасида қонунчиликка мувофиқ бошқа ваколатларни ҳам амалга ошириши мумкин.
25. Маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари аҳолини зилзила шароитида ҳаракатланишга тайёрлаш соҳасида:
ишлаб чиқариш ва хизмат кўрсатиш соҳасида банд бўлмаган аҳолини, жисмоний имконияти чекланган шахсларни, шунингдек, ўз тизимидаги ташкилотларнинг раҳбарлари, ишчи ва хизматчиларини зилзиладан олдин, зилзила вақтида ва зилзиладан кейин ҳаракатланишга тайёрлаш тадбирларини ташкил этади ҳамда назорат қилади;
зилзила шароитида ҳаракатланишга тайёрлаш бўйича ўқув-амалий тадбирларни ташкил этади ва ўтказади, уларга маҳаллий аҳоли жалб этилишига кўмаклашади;
аҳолини кучли зилзилалар вақтида тегишли ҳаракатларни бажаришга ва тадбирларни амалга оширишга тайёрлаш бўйича сейсмик фаол зоналарда семинар, тренинг ва ўқув машқлари ташкил этилишига бевосита кўмаклашади;
аҳолини зилзила шароитида ҳаракатланишга тайёрлаш соҳасида ўқув-услубий ва тарғибот материаллари чоп этилишини ҳамда аҳолига тарқатилишини ташкил этади;
аҳолини кучли зилзила билан боғлиқ фавқулодда вазиятлар хавфи тўғрисидаги тегишли ахборот ва маълумотлар билан таъминлайди.
5-боб. Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари, нодавлат нотижорат ташкилотлари ҳамда оммавий ахборот воситаларининг аҳолини зилзила шароитида ҳаракатланишга тайёрлаш соҳасидаги иштироки
26. Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари аҳолини зилзила шароитида ҳаракатланишга тайёрлаш соҳасида:
ишлаб чиқариш ва хизмат кўрсатиш соҳаларида банд бўлмаган аҳоли, шу жумладан жисмоний имконияти чекланган шахсларни зилзила шароитида ҳаракатланишга тайёрлаш бўйича махсус электрон платформадаги курсларда ихтиёрий равишда ўқишлари юзасидан тарғибот ва ташвиқотларни ташкил этади;
Фавқулодда вазиятлар вазирлиги ва унинг ташкилий тузилмасига кирувчи ташкилотлар томонидан кучли зилзила ва унинг оқибатларидан муҳофазаланишга оид тайёрланган методик қўлланмалар ва бошқа тарғибот материалларини тарқатади;
зилзила шароитида ҳаракатланишга тайёрлаш бўйича ўқув машқлари ва машғулотларга маҳаллий аҳолини жалб этишга кўмаклашади.
27. Нодавлат нотижорат ташкилотлари республика ижро этувчи ва маҳаллий давлат ҳокимияти органлари ҳамда бошқа ташкилотлар билан биргаликда аҳолини зилзила шароитида ҳаракатланишга тайёрлаш бўйича ўқув-амалий тадбирларни ташкил этиш ва ўтказишга, уларга маҳаллий аҳоли жалб этилишини таъминлашга кўмаклашади.
Нодавлат нотижорат ташкилотлари қонунчиликка мувофиқ аҳолини зилзила шароитида ҳаракатланишга тайёрлашга оид бошқа тадбирларда ҳам иштирок этиши мумкин.
28. Оммавий ахборот воситалари ваколатлари:
зилзила шароитида ҳаракатланишга доир тадбирларни ёритади;
зилзила шароитида ҳаракатланишга доир тадбирларда иштирок этади;
зилзила шароитида ҳаракатланиш соҳасидаги билимларни тарғиб қилишда иштирок этади.
6-боб. Фуқароларнинг зилзила шароитида ҳаракатланишга тайёргарлик кўриш соҳасидаги ҳуқуқ ва мажбуриятлари
29. Фуқаролар зилзила шароитида ҳаракатланишга тайёргарлик кўриш соҳасида қуйидаги ҳуқуқларга эга:
кучли зилзила билан боғлиқ фавқулодда вазиятлардан муҳофазаланиш бўйича билим олиш ҳамда ўқув машқларида иштирок этиш;
ўқув машқлари ва машғулотлар давомида ўзлари дуч келиши мумкин бўлган сейсмик хавф тўғрисида хабардор бўлиш.
30. Фуқароларнинг зилзила шароитида ҳаракатланишга тайёргарлик кўриш соҳасидаги мажбуриятлари қуйидагилардан иборат:
зилзиладан муҳофазаланишнинг асосий усулларини билиш, кучли зилзила оқибатида жабрланганларга биринчи ёрдам кўрсата олиш ҳамда ўз билим ва амалий кўникмаларини ошириб бориш;
кучли зилзилалар билан боғлиқ фавқулодда вазиятлар хавфи туғилганда ёки содир бўлганда огоҳлантириш сигналларини, ҳаракат қилиш тартибини билиш.
31. Фуқаролар зилзила шароитида ҳаракатланишга тайёргарлик кўриш соҳасида қонунчиликка мувофиқ бошқа ҳуқуқ ва мажбуриятларга ҳам эга бўлиши мумкин.
7-боб. Аҳолини зилзила шароитида ҳаракатланишга тайёрлаш тадбирларини молиялаштириш
32. Аҳолини зилзила шароитида ҳаракатланишга тайёрлаш тадбирлари республика ижро этувчи ва маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари ҳамда бошқа ташкилотларга ҳар йили ажратиладиган бюджет маблағлари доирасида, шунингдек, бюджетдан ташқари маблағлари ҳамда қонунчилик ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа манбалар ҳисобидан амалга оширилади.
33. Фуқаро муҳофазаси институти ва ҳудудий ўқув марказлари томонидан давлат ва нодавлат нотижорат ташкилотлар талабномаларига мувофиқ, шартнома асосида зилзила шароитида ҳаракатланишга тайёрлаш бўйича қўшимча машғулотлар ташкил этилиши мумкин.
8-боб. Якунловчи қоидалар
34. Аҳолини зилзила шароитида ҳаракатланишга тайёрлаш бўйича тегишли маълумотлар республика ижро этувчи ва маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари ҳамда бошқа ташкилотларнинг сўровлари асосида Фавқулодда вазиятлар вазирлиги томонидан тақдим этилиши тақиқланмайди, давлат сирлари билан боғлиқ бўлган маълумотлар бундан мустасно.
Давлат сирларига оид маълумотларни умумлаштириш ва бериш тартиби ҳамда шартлари қонунчиликда белгиланган тартибда амалга оширилади.
35. Ушбу Низом талаблари бузилишида айбдор бўлган шахслар қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда жавобгар бўладилар.
Аҳолини зилзилада ҳаракатланишга тайёрлаш тартиби тўғрисидаги низомга ИЛОВА
Аҳолини зилзилада ҳаракатланишга тайёрлаш
Субъектлар Масъуллар Тадбирлар Бажариш муддатлари Ишлаб чиқариш ва хизмат кўрсатиш соҳасида банд бўлган аҳоли, раҳбарлар, масъул мутахассислар, қутқарув хизматлари, қутқарув ва фуқаро муҳофазаси тузилмалари, ишчи ва хизматчилар Фавқулодда вазиятлар вазирлиги, Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлиги, республика ижро этувчи ва маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари ҳамда бошқа ташкилотлар 1. Кучли зилзила ва унинг оқибатларидан муҳофазаланишга оид йиғинлар ва ўқув машқлари ўтказиш. Режага мувофиқ ҳар йили 2. Миллий электрон платформа орқали малака ошириш ва қайта тайёрлаш ўқув курсларини ташкил этиш. Уч йилда бир маротаба 3. Иш ва хизматдан ажралмаган ҳолда, иш ва хизмат жойларида ташкил этиладиган ўқув машғулотларида, шунингдек, мобил иловалар ҳамда миллий электрон платформа орқали малака ошириш ва қайта тайёрлаш курсларида тайёргарликдан ўтказиш. Доимий Таълим ташкилотлари Мактабгача ва мактаб таълими, Олий таълим, фан ва инновациялар, Фавқулодда вазиятлар ҳамда Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирликлари 1. Таълим-тарбия жараёнида кучли зилзила ва унинг оқибатларига оид муаммоли-вазиятли ўйинлар ва машғулотларни ўтказиш. Ҳар йили 2. Дарслардан ташқари вақтда ташкиллаштириладиган кучли зилзила ва ундан муҳофазаланиш бўйича машғулотлар доирасида, шунингдек, ҳудудий ФВБлар Ҳаёт фаолияти хавфсизлиги ўқув марказлари ходимлари иштирокида тайёргарликдан ўтказиш. Ўқув йили давомида 3. Мобил иловалар ва миллий электрон платформа орқали, шунингдек, ҳудудий ўқув марказларининг аҳолини зилзилада ҳаракат қилишга тайёрлашга мўлжалланган машғулотларида тайёргарликдан ўтказиш. Ўқув йили давомида Ишлаб чиқариш, хизмат кўрсатиш соҳасида банд бўлмаган аҳоли, жисмоний имконияти чекланган шахслар ва туристлар Маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари, Фавқулодда вазиятлар вазирлиги, Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлиги, Туризм қўмитаси, нодавлат нотижорат ташкилотлар, туристларга хизмат кўрсатувчи жисмоний ва юридик шахслар 1. Ўқув-маслаҳат пунктларида маърузалар ўқиш, ўқув фильмларини намойиш этиш, ўқув машқлари ва машғулотларга жалб этиш, шунингдек, қўлланмалар ва эслатмалар тарқатиш, махсус радио ва теледастурларни эфирга узатиш мобил иловалар ва миллий электрон платформа орқали малака ошириш ҳамда қайта тайёрлаш курсларини ташкил этиш. Мунтазам равишда 2. «Аҳолини зилзилага тайёрлаш ҳафталиги» доирасида қўмондонлик-штаб, махсус-тактик ва объект ўқув машқларини ўтказиш. Ҳар йили режа-график асосида 3. Зилзилада тўғри ҳаракат қилиш бўйича суҳбатлар, йўриқнома ўтказиш, буклет ва эслатмаларни тарқатиш, махсус мобил иловалардан фойдаланиш орқали тайёргарликдан ўтказиш. Доимий
Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А. АРИПОВ
Тошкент ш.,
2023 йил 29 сентябрь,
513-сон
Oʻzbekiston Respublikasi Vazirlar Mahkamasining
qarori
NIZOM
SXEMASI
Aholini zilzilada harakatlanishga tayyorlash tizimini tashkil etish toʻgʻrisida
Oʻzbekiston Respublikasi Prezidentining “Oʻzbekiston Respublikasining seysmik xavfsizligini taʼminlash tizimini yanada takomillashtirish chora-tadbirlari toʻgʻrisida” 2022-yil 30-maydagi PF-144-son Farmoni hamda “Oʻzbekiston Respublikasi aholisi va hududining seysmik xavfsizligini taʼminlash tizimini yanada takomillashtirishga oid qoʻshimcha chora-tadbirlar toʻgʻrisida” 2023-yil 16-maydagi PQ-158-son qarori ijrosini taʼminlash, shuningdek, aholini zilzilada harakatlanishga oldindan tayyorlash, kuchli zilzila bilan bogʻliq favqulodda vaziyatlarning oldini olish va oqibatlarini kamaytirish maqsadida Vazirlar Mahkamasi qaror qiladi:
1. Quyidagilar:
Oʻzbekiston Respublikasi Prezidentining “Oʻzbekiston Respublikasining seysmik xavfsizligini taʼminlash tizimini yanada takomillashtirish chora-tadbirlari toʻgʻrisida” 2022-yil 30-maydagi PF-144-son Farmoniga muvofiq seysmik xavfsizlikni taʼminlash boʻyicha davlat organlari rahbar kadrlari va xodimlarining “Aholining barcha qatlamlarini zilzilaga tayyorlashga moʻljallangan milliy elektron platforma” (keyingi oʻrinlarda — milliy elektron platforma) orqali malakasini oshirish va qayta tayyorlash kurslari oʻtkazib borilishi belgilanganligi;
Oʻzbekiston Respublikasi Prezidentining “Oʻzbekiston Respublikasi aholisi va hududining seysmik xavfsizligini taʼminlash tizimini yanada takomillashtirishga oid qoʻshimcha chora-tadbirlar toʻgʻrisida” 2023-yil 16-maydagi PQ-158-son qarorida “Aholini zilzilaga tayyorlash haftaligi” doirasida har yili reja-grafik asosida respublikaning barcha hududlaridagi mahallalarda aholi ishtirokida zilzila bilan bogʻliq favqulodda vaziyatlarda aholi xavfsizligini taʼminlash boʻyicha qoʻmondonlik-shtab, maxsus-taktik va obyekt oʻquv mashqlari oʻtkazib borilishi nazarda tutilganligi maʼlumot uchun qabul qilinsin.
2. Quyidagilarni nazarda tutuvchi Aholini zilzilada harakatlanishga tayyorlash tartibi toʻgʻrisidagi nizom ilovaga muvofiq tasdiqlansin:
maktabgacha taʼlim tashkilotlari tarbiyalanuvchilari, umumiy oʻrta va oʻrta maxsus taʼlim tashkilotlari, professional taʼlim tashkilotlari oʻquvchilari hamda oliy taʼlim tashkilotlari talabalarini muammoli-vaziyatli oʻyinlar va mashgʻulotlarda, milliy elektron platforma orqali, shuningdek, aholini zilzila sharoitida harakatlanishga tayyorlashga moʻljallangan mashgʻulotlari orqali tayyorgarlikdan oʻtkazish;
ishlab chiqarish va xizmat koʻrsatish sohasida band boʻlgan aholi, shuningdek, respublika ijro etuvchi va mahalliy ijro etuvchi hokimiyat organlari hamda boshqa tashkilotlarning rahbarlari, masʼul mutaxassislari, qutqaruv xizmatlari, qutqaruv va fuqaro muhofazasi tuzilmalari ishchi-xizmatchilarini yigʻinlar va oʻquv mashqlarida tayyorgarlikdan oʻtkazish;
respublika ijro etuvchi va mahalliy ijro etuvchi hokimiyat organlari hamda boshqa tashkilotlarning rahbarlari va xodimlari bilan yillik jamlash rejasi asosida, shuningdek, fuqarolar bilan ixtiyoriy ravishda milliy elektron platforma orqali aholini zilzilada harakatlanishga tayyorlashga moʻljallangan masofaviy oʻquv kurslarini tashkil etish;
ishlab chiqarish va xizmat koʻrsatish sohasida band boʻlmagan aholi, shu jumladan, jismoniy imkoniyati cheklangan shaxslar hamda Oʻzbekiston Respublikasiga tashrif buyurgan turistlarga tegishli qoʻllanmalar tarqatish, maxsus radio va teledasturlarni efirga uzatish, buklet va eslatmalarni tarqatish orqali, shuningdek, milliy elektron platforma va maxsus mobil ilovalardan foydalangan holda tayyorgarlikdan oʻtkazish;
milliy elektron platformaning oʻquv reja va dasturlariga har uch yilda bir marotaba, sohadagi innovatsion yondashuvlarni inobatga olgan holda oʻzgartirishlar kiritib borish;
respublika ijro etuvchi va mahalliy ijro etuvchi hokimiyat organlari hamda boshqa tashkilotlarning aholini zilzila sharoitida harakatlanishga tayyorlash sohasidagi vakolatlari;
fuqarolarning oʻzini oʻzi boshqarish organlari, nodavlat notijorat tashkilotlari hamda ommaviy axborot vositalarining aholini zilzila sharoitida harakatlanishga tayyorlash sohasidagi ishtiroki.
3. Favqulodda vaziyatlar vazirligi vazirlik va idoralar, Qoraqalpogʻiston Respublikasi Vazirlar Kengashi, viloyatlar va Toshkent shahar hokimliklari bilan birgalikda:
aholini zilzila sharoitida harakatlanishga tayyorlash boʻyicha milliy elektron platforma orqali malaka oshirish va qayta tayyorlash oʻquv kurslari faoliyatini nazoratga olib, doimiy monitoring yuritilishini;
milliy elektron platforma orqali tayyorgarlikdan oʻtgan fuqarolarning joylarda oʻtkaziladigan qoʻmondonlik-shtab va maxsus-taktik oʻquv mashqlariga jalb etib borilishini taʼminlansin.
4. Belgilansinki, aholini zilzila sharoitida harakatlanishga tayyorlash tadbirlari respublika ijro etuvchi va mahalliy ijro etuvchi hokimiyat organlari hamda boshqa tashkilotlarga har yili ajratiladigan budjet mablagʻlari doirasida, shuningdek, budjetdan tashqari mablagʻlari hamda qonunchilik hujjatlarida taqiqlanmagan boshqa manbalar hisobidan amalga oshiriladi.
5. Mazkur qarorning bajarilishini nazorat qilish Oʻzbekiston Respublikasi Bosh vazirining oʻrinbosari A.J. Ramatov va favqulodda vaziyatlar vaziri A.X. Qoʻldoshev zimmasiga yuklansin.
Vazirlar Mahkamasining 2023-yil 29-sentabrdagi 513-son qaroriga ILOVA
Aholini zilzilada harakatlanishga tayyorlash tartibi toʻgʻrisida
1-bob. Umumiy qoidalar
1. Mazkur nizom aholini zilzila sharoitida harakatlanishga tayyorlash tartibini belgilaydi.
2. Ushbu Nizomda quyidagi asosiy tushunchalar qoʻllaniladi:
zilzila — yer qobigʻining yoki yer ustki qatlamining toʻsatdan roʻy bergan siljishi, yemirilishi yoki oʻpirilishi oqibatida vujudga kelgan, uzoq masofalarga tarqaladigan toʻlqinsimon tebranishlar tarzidagi yer osti silkinishlari va tebranishlari;
kompleks oʻquv mashqlari — obyektlar rahbarlarini, qutqaruv tuzilmalari va fuqaro muhofazasi tuzilmalari aʼzolarini, ular tarkibiga kirmagan ishchi va xizmatchilarini, ishlab chiqarish faoliyatini toʻxtatmagan holda favqulodda vaziyatlarning oldini olish va oqibatlarini bartaraf etish hamda fuqaro muhofazasi boʻyicha kompleks tadbirlarni bajarishga tayyorlashning asosiy shakli;
kuchli zilzila — magnitudasi (zilzila quvvati) Rixter oʻlchovi boʻyicha 5,0 va undan yuqori boʻlgan zilzila;
maxsus-taktik oʻquv mashqlari — qutqaruv tuzilmalari va fuqaro muhofazasi tuzilmalarini qutqaruv ishlari va kechiktirib boʻlmaydigan boshqa ishlarni bajarishga hamda fuqaro muhofazasi sohasida tayyorlashning asosiy va samarali shakli;
milliy elektron platforma — masofaviy taʼlim texnologiyasi asosida, mustaqil tarzda zilzilada toʻgʻri harakat qilishni oʻrganishga moʻljallangan, maxsus oʻquv dasturiy taʼminot tizimi;
mobil ilova — maʼlum bir platforma (iOS, Android, Windows Phone va boshqalar) uchun ishlab chiqilgan smartfonlar, planshetlar va boshqa mobil qurilmalarda ishlashga moʻljallangan dastur;
seysmik xavf — muayyan hududda muayyan vaqt oraligʻida aholining hayotiga tahdid soluvchi hamda binolar va inshootlarga zarar yetkazuvchi zilzilalar yuz berishi ehtimoli;
seysmik xavfsizlik — seysmik xavfsizlikni taʼminlash sohasidagi davlat organlari va tashkilotlari tomonidan aholi hayotini va infratuzilma obyektlarini zilzilalar natijasida kelib chiqadigan xavflardan himoyalanganlik holati;
qoʻmondonlik-shtab oʻquv mashqlari — Oʻzbekiston Respublikasi Favqulodda vaziyatlarning oldini olish va bunday vaziyatlarda harakat qilish davlat tizimining (keyingi oʻrinlarda — FVDT) barcha darajalardagi rahbarlarini va boshqaruv organlarini favqulodda vaziyatlarning oldini olish va ular sodir boʻlganda bartaraf etish ishlariga rahbarlik qilishga hamda fuqaro muhofazasi sohasida tayyorlash;
FVDTning funksional quyi tizimi — aholini va hududlarni favqulodda vaziyatlardan muhofaza qilish boʻyicha belgilangan funksiyalarni bajaruvchi vazirliklar va idoralar hamda boshqa tashkilotlarni oʻz ichiga olgan quyi tizim;
FVDTning hududiy quyi tizimi — tegishli hududda aholini va hududlarni favqulodda vaziyatlardan muhofaza qilish tadbirlarini tashkil etish va amalga oshirish boʻyicha belgilangan funksiyalarni bajaruvchi mahalliy ijro etuvchi hokimiyat organlarini oʻz ichiga olgan quyi tizim;
eksternat tartibidagi taʼlim — oʻquv dasturlarini mustaqil ravishda oʻzlashtirishni oʻz ichiga olib, uning yakunlari boʻyicha taʼlim oluvchilardan davlat taʼlim muassasalarida yakuniy va davlat attestatsiyalaridan oʻtishni talab etadigan taʼlim turi.
3. Quyidagilar aholini zilzila sharoitida harakatlanishga tayyorlashning asosiy vazifalari hisoblanadi:
respublika ijro etuvchi va mahalliy ijro etuvchi hokimiyat organlari hamda boshqa tashkilotlarning rahbarlari, masʼul mutaxassislari, qutqaruv xizmatlari, qutqaruv va fuqaro muhofazasi tuzilmalari, ishchi hamda xizmatchilarini zilziladan oldin, zilzila vaqtida va zilziladan keyin oʻzini tutish qoidalari, kuchli zilzilalarga oldindan tayyorgarlik koʻrish hamda ulardan talafotlarsiz chiqish boʻyicha bilimlarini izchil oshirib borish va koʻnikmalarini hosil qilish boʻyicha tegishli chora-tadbir kompleksini amalga oshirish;
maktabgacha taʼlim tashkilotlari tarbiyalanuvchilari, umumiy oʻrta va oʻrta maxsus taʼlim tashkilotlari va professional taʼlim tashkilotlari oʻquvchilari hamda oliy taʼlim tashkilotlari talabalarining zilziladan oldin, zilzila vaqtida va zilziladan keyin oʻzini tutish qoidalari, shuningdek, kuchli zilzila bilan bogʻliq favqulodda vaziyatlardan jabrlanganlarga birinchi yordam koʻrsatish qoidalari va usullariga oʻrgatish;
qutqaruv xizmatlari va qutqaruv tuzilmalari hamda fuqaro muhofazasi tuzilmalarini kuchli zilzila bilan bogʻliq favqulodda vaziyatlar oqibatlarini bartaraf etishga oldindan tayyorlash;
ishlab chiqarish va xizmat koʻrsatish sohasida band boʻlmagan, jismoniy imkoniyati cheklangan, shuningdek, faoliyat turidan qatʼi nazar, barcha fuqarolarni zilziladan oldin, zilzila vaqtida va zilziladan keyin toʻgʻri harakatlanishga oʻrgatish.
2-bob. Aholini zilzila sharoitida harakatlanishga tayyorlash tartibi
4. Aholini zilzilada harakatlanishga tayyorlash quyidagi tartibda amalga oshiriladi:
a) ishlab chiqarish va xizmat koʻrsatish sohasida band boʻlgan aholi, shuningdek, respublika ijro etuvchi va mahalliy ijro etuvchi hokimiyati organlari hamda boshqa tashkilotlarning rahbarlari, masʼul mutaxassislari, qutqaruv xizmatlari, qutqaruv va fuqaro muhofazasi tuzilmalari, ishchi va xizmatchilari:
respublika ijro etuvchi hokimiyat organlari rahbarlari, Qoraqalpogʻiston Respublikasi Vazirlar Kengashi Raisi, viloyatlar va Toshkent shahar hokimlari — FVDTning aholini va hududlarni tabiiy hamda texnogen xususiyatli favqulodda vaziyatlardan muhofaza qilish boʻyicha yillik rejaga muvofiq har yili oʻtkaziladigan kuchli zilzila va uning oqibatlaridan muhofazalanishga oid yigʻinlar va oʻquv mashqlari doirasida;
respublika va viloyat miqyosidagi tashkilotlarning rahbarlari va masʼul mutaxassislari, shuningdek, tumanlar va shaharlar hokimlari hamda ularning oʻrinbosarlari — uch yilda bir marotaba aholining barcha qatlamlarini zilzilaga tayyorlashga moʻljallangan milliy elektron platforma (keyingi oʻrinlarda — milliy elektron platforma) orqali malaka oshirish va qayta tayyorlash oʻquv kurslarida;
tumanlar va shaharlar miqyosidagi tashkilotlarning rahbarlari, masʼul mutaxassislari, qutqaruv xizmatlari, qutqaruv tuzilmalari, fuqaro muhofazasi tuzilmalari boshliqlari hamda fuqarolar oʻzini oʻzi boshqarish organlari raislari — uch yilda bir marotaba milliy elektron platforma orqali malaka oshirish va qayta tayyorlash oʻquv kurslarida;
tashkilotlarning ishchi hamda xizmatchilari — doimiy ravishda ish va xizmatdan ajralmagan holda, ish va xizmat joylarida tashkil etiladigan oʻquv mashgʻulotlarida, Internet axborot tarmogʻida kuchli zilzila va uning oqibatlaridan muhofazalanishga oid maʼlumotlardan foydalangan holda, shuningdek, mobil ilovalar hamda milliy elektron platforma orqali malaka oshirish va qayta tayyorlash kurslarida tayyorgarlikdan oʻtkaziladi;
b) maktabgacha taʼlim tashkilotlari tarbiyalanuvchilari, umumiy oʻrta va oʻrta maxsus taʼlim tashkilotlari, professional taʼlim tashkilotlari oʻquvchilari hamda oliy taʼlim tashkilotlari talabalari Favqulodda vaziyatlar vazirligi va uning hududiy boshqarmalari tashabbuslariga asosan:
maktabgacha taʼlim tashkilotlari tarbiyalanuvchilari — har yili taʼlim-tarbiya jarayonida kuchli zilzila va uning oqibatlariga oid muammoli-vaziyatli oʻyinlar va mashgʻulotlarda;
umumiy oʻrta va oʻrta maxsus taʼlim tashkilotlari, professional taʼlim tashkilotlari oʻquvchilari — har oʻquv yili davomida, darslardan tashqari vaqtda tashkillashtiriladigan kuchli zilzila va undan muhofazalanish boʻyicha mashgʻulotlar doirasida, shuningdek, hududiy Favqulodda vaziyatlar boshqarmalari Hayot faoliyati xavfsizligi oʻquv markazlari (keyingi oʻrinlarda — hududiy oʻquv markazlari) xodimlari ishtirokida;
oliy taʼlim tashkilotlari talabalari — har oʻquv yili davomida, darslardan tashqari vaqtda tashkillashtiriladigan kuchli zilzila va undan muhofazalanish boʻyicha mashgʻulotlar doirasida, Internet axborot tarmogʻida zilzila va uning oqibatlaridan muhofazalanishga oid maʼlumotlardan foydalangan holda, shuningdek, mobil ilovalar hamda milliy elektron platforma orqali, shuningdek, hududiy oʻquv markazlarining aholini zilzilada harakat qilishga tayyorlashga moʻljallangan mashgʻulotlarida tayyorgarlikdan oʻtkaziladi.
Taʼlim tashkilotlarida zilzila vaqtida toʻgʻri harakatlanish qoidalarini oʻrgatishga moʻljallangan darsdan tashqari mashgʻulotlar Oʻzbekiston Respublikasi Favqulodda vaziyatlar vazirligining (keyingi oʻrinlarda — Favqulodda vaziyatlar vazirligi) hududiy boʻlinmalari bilan birgalikda olib boriladi;
v) ishlab chiqarish va xizmat koʻrsatish sohasida band boʻlmagan aholi, shu jumladan, jismoniy imkoniyati cheklangan shaxslar hamda Oʻzbekiston Respublikasiga tashrif buyurgan turistlar:
ishlab chiqarish va xizmat koʻrsatish sohasida band boʻlmagan aholi, shu jumladan jismoniy imkoniyati cheklangan shaxslar — muntazam ravishda fuqarolarning oʻzini oʻzi boshqarish organlarida tashkil etilgan oʻquv-maslahat punktlarida maʼruzalar oʻqish, oʻquv filmlarini namoyish etish, oʻquv mashqlari va mashgʻulotlarga jalb etish, shuningdek, qoʻllanmalar va eslatmalar tarqatish, maxsus radio va teledasturlarni efirga uzatish mobil ilovalar va milliy elektron platforma orqali malaka oshirish hamda qayta tayyorlash kurslarida;
“Aholini zilzilaga tayyorlash haftaligi” doirasida har yili reja-grafik asosida zilzila bilan bogʻliq favqulodda vaziyatlarda aholi xavfsizligini taʼminlash boʻyicha oʻtkaziladigan qoʻmondonlik-shtab, maxsus-taktik va obyekt oʻquv mashqlarida;
Oʻzbekiston Respublikasiga tashrif buyurgan turistlar — tashrif davomida, ularga xizmat koʻrsatuvchi jismoniy va yuridik shaxslar tomonidan zilzilada toʻgʻri harakat qilish boʻyicha suhbatlar, yoʻriqnoma oʻtkazish, buklet va eslatmalarni tarqatish, maxsus mobil ilovalardan foydalanish orqali tayyorgarlikdan oʻtkaziladi.
5. Aholini zilzilada harakatlanishga tayyorlashda nazariy bilimlarni oʻzlashtirish, innovatsion texnologiyalarni uygʻunlashtirgan holda masofadan oʻqitish uslublari hamda zamonaviy pedagogik va raqamli texnologiyalar asosida yaratilgan maxsus elektron taʼlim platformasi, shuningdek, mobil ilovadan mustaqil oʻrganish orqali amalga oshiriladi.
6. Aholini zilzilada harakatlanishga tayyorlash boʻyicha amaliy koʻnikmalarini mustahkamlash, FVDT funksional va hududiy quyi tizimi xizmatlarini kuchli zilzilaning muddatli prognozlariga muvofiq harakatlanishga tayyorlash, kuch va vositalarning kuchli zilzila oqibatlarini kamaytirishga qaratilgan hamkorlikdagi harakatlarini takomillashtirish, shuningdek, ularning kuchli zilzilada harakatlanishga tayyorgarlik darajasini baholash joylarda oʻtkaziladigan qoʻmondonlik-shtab, maxsus-taktik va kompleks oʻquv mashqlari orqali amalga oshiriladi.
7. Aholini zilzilada harakatlanishga tayyorlash ushbu Nizomga ilovada keltirilgan sxemaga muvofiq amalga oshiriladi.
3-bob. Aholini zilzila sharoitida harakatlanishga tayyorlashga moʻljallangan milliy elektron platforma orqali malaka oshirish va qayta tayyorlash masofaviy kurslarini tashkil etish
8. Aholini zilzila sharoitida harakatlanishga tayyorlashga moʻljallangan masofaviy oʻquv kurslari respublika ijro etuvchi va mahalliy ijro etuvchi hokimiyat organlari hamda boshqa tashkilotlarning rahbarlari va xodimlari bilan yillik jamlash rejasi asosida, shuningdek, fuqarolar bilan ixtiyoriy ravishda milliy elektron platforma orqali tashkil etiladi.
9. Milliy elektron platforma dasturiy taʼminotini serverda saqlash, tizimning axborot xavfsizligini taʼminlash va unga texnik xizmat koʻrsatish Favqulodda vaziyatlar vazirligi tomonidan tegishli vazirlik va idoralar bilan hamkorlikda amalga oshiriladi.
10. Milliy elektron platformaga maʼlumotlarni kiritish, toʻldirish va yangilab borish Favqulodda vaziyatlar vazirligi huzuridagi Fuqaro muhofazasi instituti (keyingi oʻrinlarda — Fuqaro muhofazasi instituti) tomonidan Oʻzbekiston Respublikasi Fanlar akademiyasi Seysmologiya instituti bilan hamkorlikda amalga oshiriladi.
11. Milliy elektron platforma oʻquv reja va dasturlariga har uch yilda bir marotaba, sohadagi innovatsion yondashuvlarni inobatga olgan holda oʻzgartirishlar kiritib boriladi.
12. Amaldagi oʻquv reja va dasturlarni yangilash zarurati paydo boʻlganda oʻquv kurslari koʻpi bilan 15 kun muddatga vaqtinchalik toʻxtatiladi va ushbu muddatda oʻquv kursi oʻquv hujjatlariga tegishli oʻzgartirishlar kiritiladi.
13. Milliy elektron platforma orqali malaka oshirish va qayta tayyorgarlik oʻquv kurslarida tayyorgarlikdan oʻtish ketma-ketligi quyidagi tartibda amalga oshiriladi:
1) respublika ijro etuvchi va mahalliy ijro etuvchi hokimiyat organlari hamda boshqa tashkilotlarning rahbarlari, masʼul mutaxassislari va xodimlari uchun:
Fuqaro muhofazasi instituti, Favqulodda vaziyatlar vazirligi, hududiy oʻquv markazlari tomonidan tegishli respublika ijro etuvchi va mahalliy davlat hokimiyati organlari hamda boshqa tashkilotlarni tayyorgarlikdan oʻtish boʻyicha avtomatik ravishda xabardor qilish;
milliy elektron platformadan foydalanish uchun login va parolni taqdim etish;
belgilangan oʻquv guruhiga qoʻshilish;
oʻquv modullari boʻyicha taqdim etilgan mavzularni mustaqil oʻzlashtirish;
oʻquv kursi yakuniy nazorat sinovida ishtirok etish;
2) ishlab chiqarish va xizmat koʻrsatish sohasida band boʻlmagan, jismoniy imkoniyati cheklangan, shuningdek, faoliyat turidan qatʼi nazar, barcha fuqarolar:
milliy elektron platformadan foydalanish uchun mustaqil tarzda roʻyxatdan oʻtish hamda login va parol olish;
belgilangan oʻquv guruhiga qoʻshilish;
oʻquv modullari boʻyicha taqdim etilgan mavzularni mustaqil oʻzlashtirish;
oʻquv kursining yakuniy nazorat sinovida ishtirok etish.
14. Respublika ijro etuvchi va mahalliy ijro etuvchi hokimiyat organlari hamda boshqa tashkilotlarning rahbarlarini, masʼul mutaxassislari va xodimlarini milliy elektron platforma orqali malaka oshirish hamda qayta tayyorlash uchun roʻyxatga olish Fuqaro muhofazasi instituti va hududiy oʻquv markazlari tomonidan amalga oshiriladi.
Ishlab chiqarish va xizmat koʻrsatish sohasida band boʻlmagan, jismoniy imkoniyati cheklangan, shuningdek, faoliyat turidan qatʼi nazar, barcha fuqarolar milliy elektron platformada mustaqil tarzda roʻyxatdan oʻtish uchun shaxsga doir quyidagi maʼlumotlarni kiritadi:
familiyasi, ismi va otasining ismi;
tugʻilgan yil, oy va kuni;
telefon raqami;
yashash joyi (hudud nomi).
Bunda, aholini zilzilada harakatlanishga tayyorlashga moʻljallangan malaka oshirish va qayta tayyorlash kurslariga ishlab chiqarish va xizmat koʻrsatish sohasida band boʻlmagan, jismoniy imkoniyati cheklangan fuqarolarni jalb qilish maqsadida Fuqaro muhofazasi instituti, Favqulodda vaziyatlar vazirligi hududiy boshqarmalari, hududiy oʻquv markazlari fuqarolarning oʻzini oʻzi boshqarish organlariga (barchasiga) aniq reja-grafik asosida har uch yilda taklif kiritadi.
15. Milliy elektron platforma orqali oʻquv kurslariga jalb etilgan har bir tinglovchi uchun alohida login va parol beriladi.
Login va parol orqali milliy elektron platformaga bogʻlangan tinglovchi uchun uning toifasi boʻyicha virtual auditoriya faollashadi va dastur boʻyicha mavzular taqdim etiladi.
Tinglovchi eksternat tartibidagi taʼlim shaklida har bir mavzuni mustaqil oʻzlashtirib boradi, mavzu boʻyicha bilimlarini “Kutubxona” boʻlimi yordamida yanada mustahkamlaydi va oʻquv kursi yakuni boʻyicha 20 ta savoldan iborat test sinovini topshiradi.
Test sinovi natijalari 5 ballik tizimda baholanadi:
18 — 20 toʻgʻri javob — “5” — aʼlo;
14 — 17 toʻgʻri javob — “4” — yaxshi;
11 — 13 toʻgʻri javob — “3” — qoniqarli;
10 ta va undan kam boʻlgan toʻgʻri javob — “2” — qoniqarsiz.
16. Test sinovi natijalari dasturiy taʼminot orqali avtomatik tarzda baholanadi.
17. Test sinovini qoniqarsiz bahoga topshirgan tinglovchilarga qayta sinovdan oʻtish uchun bir kun muddat beriladi.
Qayta sinov natijalariga koʻra qoniqarsiz baho olgan tinglovchilar toʻgʻrisidagi maʼlumotlar administratorga avtomatik tarzda yuboriladi va tinglovchi oʻquv kursidan oʻtmagan hisoblanadi.
18. Oʻquv kursini muvaffaqiyatli yakunlagan tinglovchilarga elektron shakldagi guvohnoma taqdim etiladi.
19. Oʻquv kursini muvaffaqiyatli tamomlagan tinglovchining qayta tayyorgarlikdan oʻtish muddati uch yilni tashkil etadi.
20. Milliy elektron platforma orqali malaka oshirish va qayta tayyorgarlik oʻquv kurslariga qoʻyiladigan talablar:
malaka oshirish va qayta tayyorgarlik oʻquv kurslari materiallari tinglovchilarning quyidagi bilim va malakalarga ega boʻlishini taʼminlashi lozim:
zilzila va uni yuzaga keltiruvchi omillar;
zilzilaga qadar amalga oshiriladigan chora-tadbirlar;
zilzila vaqtida amalga oshiriladigan chora-tadbirlar;
zilziladan soʻng amalga oshiriladigan chora-tadbirlar.
Milliy elektron platformada malaka oshirish va qayta tayyorgarlik oʻquv kurslari materiallari orqali tinglovchilarda quyidagi koʻnikmalar shakllanishi kerak:
kuchli zilzila vaqtida toʻgʻri harakatlanish, oʻz xavfsizligini taʼminlash;
oʻziga va jabrlanganlarga birinchi yordam koʻrsatish;
obyektlar va aholi turar joylarida zilzilaga qadar amalga oshiriladigan chora-tadbirlarni bajarish.
21. Milliy elektron platforma orqali malaka oshirish va qayta tayyorgarlik oʻquv kurslari dasturlari Fuqaro muhofazasi instituti tomonidan Oʻzbekiston Respublikasi Fanlar akademiyasi Seysmologiya instituti bilan hamkorlikda ishlab chiqiladi hamda Oʻzbekiston Respublikasi Favqulodda vaziyatlar vaziri tomonidan tasdiqlanadi.
Oʻquv dasturlari tinglovchilar bilim va koʻnikmalariga qoʻyilgan malaka talablari asosida tinglovchilarning toifalariga muvofiq alohida-alohida ishlab chiqiladi.
22. Milliy elektron platformadagi oʻquv kurslarini rejalashtirish, tashkil etish va yuritish uchun Fuqaro muhofazasi instituti va hududiy oʻquv markazlari xodimlari tarkibidan administrator va har bir tashkil etilgan guruhga alohida tyutor (muvofiqlashtiruvchi) tayinlanadi.
Administratorning vazifalari:
yillik tasdiqlangan tinglovchilar jamlash rejasiga muvofiq oʻquv kursi guruhlarini tashkil etish;
tinglovchilarga milliy elektron platforma guruhlariga kirish uchun login va parol berilishini tashkil etish;
oʻquv kursi tinglovchilari faoliyati boʻyicha tashkiliy va oʻquv-uslubiy hujjatlarini ishlab chiqish hamda oʻquv jarayoniga tatbiq etish;
tinglovchilarning oʻquv materiallarini oʻzlashtirish koʻrsatkichlarini monitoring qilish;
tayyorgarlikdan oʻtgan fuqarolar roʻyxatini yuritishdan iborat.
Tyutor (muvofiqlashtiruvchi)ning vazifalari:
guruhlarga jamlangan tinglovchilarning oʻquv modullarini oʻzlashtirishi, sinovlarni topshirishini nazorat qiladi;
tinglovchilarga tashkiliy, uslubiy va texnik jihatdan yordam beradi;
oʻquv kursi yakuniy nazorat sinovlarini oʻtkazish va hujjatlarini rasmiylashtirishda ishtirok etadi.
4-bob. Respublika ijro etuvchi va mahalliy ijro etuvchi hokimiyat organlari hamda boshqa tashkilotlarning aholini zilzila sharoitida harakatlanishga tayyorlash sohasidagi majburiyatlari
23. Respublika ijro etuvchi va mahalliy ijro etuvchi hokimiyat organlari hamda boshqa tashkilotlar aholini zilzila sharoitida harakatlanishga tayyorlash sohasida:
rahbarlar, masʼul mutaxassislar, qutqaruv tuzilmalari va fuqaro muhofazasi tuzilmalari boshliqlarini belgilangan tartibda kuchli zilzila bilan bogʻliq favqulodda vaziyatlardan muhofazalanish boʻyicha tayyorgarlikdan oʻtishini taʼminlaydi;
oʻquv mashqlari va mashgʻulotlarga jalb etilgan rahbarlar, masʼul mutaxassislar, qutqaruv va fuqaro muhofazasi tuzilmalari xodimlari, ishchi va xizmatchilarning oʻrtacha ish haqi saqlanishini taʼminlaydi;
belgilangan dasturlar asosida qutqaruv va fuqaro muhofazasi tuzilmalari masʼul mutaxassislar, xodimlar, ishchi hamda xizmatchilarni oʻqitilishini, shuningdek, kuchli zilzila bilan bogʻliq favqulodda vaziyatlarda harakat qilishga shayligini taʼminlaydi;
oʻquv jarayonini tashkil etishda kuchli zilzilaning birlamchi va ikkilamchi oqibatlaridan muhofazalanish, kuchli zilzila hamda uning oqibatlariga oid zamonaviy oʻquv-moddiy baza (oʻquv xonasi, zarur koʻrgazmali oʻquv qurollari va darsliklar) bilan taʼminlaydi;
qayta tayyorgarlik va malaka oshirish oʻquv kurslarida tayyorgarlikdan oʻtishi lozim boʻlgan rahbarlar, masʼul mutaxassislar, qutqaruv va fuqaro muhofazasi tuzilmalari boshliqlari roʻyxatini Favqulodda vaziyatlar vazirligiga taqdim etadi.
24. Favqulodda vaziyatlar vazirligi aholini zilzila sharoitida harakatlanishga tayyorlash sohasida:
tashkiliy-metodik rahbarlikni amalga oshiradi, tadbirlarni muvofiqlashtiradi va nazorat qiladi;
tashkiliy koʻrsatmalar va oʻquv dasturlarini ishlab chiqadi;
tinglovchilar bilan jamlash rejalarini tegishli davr uchun shakllantiradi va tasdiqlash uchun Oʻzbekiston Respublikasi Bosh vaziri — Fuqaro muhofazasi boshligʻiga kiritadi;
oʻquv mashqlari, mashgʻulotlar, seminarlar va boshqa tadbirlarni tashkil etadi hamda oʻtkazadi;
aholini zilzilada harakatlanishga tayyorlash sohasiga zamonaviy raqamli texnologiyalarni joriy qiladi va undan keng foydalanishni tashkil etadi;
aholini zilzilalar vaqtida oʻzini tutish qoidalari bilan tanishtiradi, ularga tayyorgarlik koʻrishga doir tegishli uslubiy qoʻllanmalar va tavsiyalar ishlab chiqilishi hamda tarqatilishini taʼminlaydi.
Favqulodda vaziyatlar vazirligi aholini zilzila sharoitida harakatlanishga tayyorlash sohasida qonunchilikka muvofiq boshqa vakolatlarni ham amalga oshirishi mumkin.
25. Mahalliy ijro etuvchi hokimiyat organlari aholini zilzila sharoitida harakatlanishga tayyorlash sohasida:
ishlab chiqarish va xizmat koʻrsatish sohasida band boʻlmagan aholini, jismoniy imkoniyati cheklangan shaxslarni, shuningdek, oʻz tizimidagi tashkilotlarning rahbarlari, ishchi va xizmatchilarini zilziladan oldin, zilzila vaqtida va zilziladan keyin harakatlanishga tayyorlash tadbirlarini tashkil etadi hamda nazorat qiladi;
zilzila sharoitida harakatlanishga tayyorlash boʻyicha oʻquv-amaliy tadbirlarni tashkil etadi va oʻtkazadi, ularga mahalliy aholi jalb etilishiga koʻmaklashadi;
aholini kuchli zilzilalar vaqtida tegishli harakatlarni bajarishga va tadbirlarni amalga oshirishga tayyorlash boʻyicha seysmik faol zonalarda seminar, trening va oʻquv mashqlari tashkil etilishiga bevosita koʻmaklashadi;
aholini zilzila sharoitida harakatlanishga tayyorlash sohasida oʻquv-uslubiy va targʻibot materiallari chop etilishini hamda aholiga tarqatilishini tashkil etadi;
aholini kuchli zilzila bilan bogʻliq favqulodda vaziyatlar xavfi toʻgʻrisidagi tegishli axborot va maʼlumotlar bilan taʼminlaydi.
5-bob. Fuqarolarning oʻzini oʻzi boshqarish organlari, nodavlat notijorat tashkilotlari hamda ommaviy axborot vositalarining aholini zilzila sharoitida harakatlanishga tayyorlash sohasidagi ishtiroki
26. Fuqarolarning oʻzini oʻzi boshqarish organlari aholini zilzila sharoitida harakatlanishga tayyorlash sohasida:
ishlab chiqarish va xizmat koʻrsatish sohalarida band boʻlmagan aholi, shu jumladan jismoniy imkoniyati cheklangan shaxslarni zilzila sharoitida harakatlanishga tayyorlash boʻyicha maxsus elektron platformadagi kurslarda ixtiyoriy ravishda oʻqishlari yuzasidan targʻibot va tashviqotlarni tashkil etadi;
Favqulodda vaziyatlar vazirligi va uning tashkiliy tuzilmasiga kiruvchi tashkilotlar tomonidan kuchli zilzila va uning oqibatlaridan muhofazalanishga oid tayyorlangan metodik qoʻllanmalar va boshqa targʻibot materiallarini tarqatadi;
zilzila sharoitida harakatlanishga tayyorlash boʻyicha oʻquv mashqlari va mashgʻulotlarga mahalliy aholini jalb etishga koʻmaklashadi.
27. Nodavlat notijorat tashkilotlari respublika ijro etuvchi va mahalliy davlat hokimiyati organlari hamda boshqa tashkilotlar bilan birgalikda aholini zilzila sharoitida harakatlanishga tayyorlash boʻyicha oʻquv-amaliy tadbirlarni tashkil etish va oʻtkazishga, ularga mahalliy aholi jalb etilishini taʼminlashga koʻmaklashadi.
Nodavlat notijorat tashkilotlari qonunchilikka muvofiq aholini zilzila sharoitida harakatlanishga tayyorlashga oid boshqa tadbirlarda ham ishtirok etishi mumkin.
28. Ommaviy axborot vositalari vakolatlari:
zilzila sharoitida harakatlanishga doir tadbirlarni yoritadi;
zilzila sharoitida harakatlanishga doir tadbirlarda ishtirok etadi;
zilzila sharoitida harakatlanish sohasidagi bilimlarni targʻib qilishda ishtirok etadi.
6-bob. Fuqarolarning zilzila sharoitida harakatlanishga tayyorgarlik koʻrish sohasidagi huquq va majburiyatlari
29. Fuqarolar zilzila sharoitida harakatlanishga tayyorgarlik koʻrish sohasida quyidagi huquqlarga ega:
kuchli zilzila bilan bogʻliq favqulodda vaziyatlardan muhofazalanish boʻyicha bilim olish hamda oʻquv mashqlarida ishtirok etish;
oʻquv mashqlari va mashgʻulotlar davomida oʻzlari duch kelishi mumkin boʻlgan seysmik xavf toʻgʻrisida xabardor boʻlish.
30. Fuqarolarning zilzila sharoitida harakatlanishga tayyorgarlik koʻrish sohasidagi majburiyatlari quyidagilardan iborat:
zilziladan muhofazalanishning asosiy usullarini bilish, kuchli zilzila oqibatida jabrlanganlarga birinchi yordam koʻrsata olish hamda oʻz bilim va amaliy koʻnikmalarini oshirib borish;
kuchli zilzilalar bilan bogʻliq favqulodda vaziyatlar xavfi tugʻilganda yoki sodir boʻlganda ogohlantirish signallarini, harakat qilish tartibini bilish.
31. Fuqarolar zilzila sharoitida harakatlanishga tayyorgarlik koʻrish sohasida qonunchilikka muvofiq boshqa huquq va majburiyatlarga ham ega boʻlishi mumkin.
7-bob. Aholini zilzila sharoitida harakatlanishga tayyorlash tadbirlarini moliyalashtirish
32. Aholini zilzila sharoitida harakatlanishga tayyorlash tadbirlari respublika ijro etuvchi va mahalliy ijro etuvchi hokimiyat organlari hamda boshqa tashkilotlarga har yili ajratiladigan budjet mablagʻlari doirasida, shuningdek, budjetdan tashqari mablagʻlari hamda qonunchilik hujjatlarida taqiqlanmagan boshqa manbalar hisobidan amalga oshiriladi.
33. Fuqaro muhofazasi instituti va hududiy oʻquv markazlari tomonidan davlat va nodavlat notijorat tashkilotlar talabnomalariga muvofiq, shartnoma asosida zilzila sharoitida harakatlanishga tayyorlash boʻyicha qoʻshimcha mashgʻulotlar tashkil etilishi mumkin.
8-bob. Yakunlovchi qoidalar
34. Aholini zilzila sharoitida harakatlanishga tayyorlash boʻyicha tegishli maʼlumotlar respublika ijro etuvchi va mahalliy ijro etuvchi hokimiyat organlari hamda boshqa tashkilotlarning soʻrovlari asosida Favqulodda vaziyatlar vazirligi tomonidan taqdim etilishi taqiqlanmaydi, davlat sirlari bilan bogʻliq boʻlgan maʼlumotlar bundan mustasno.
Davlat sirlariga oid maʼlumotlarni umumlashtirish va berish tartibi hamda shartlari qonunchilikda belgilangan tartibda amalga oshiriladi.
35. Ushbu Nizom talablari buzilishida aybdor boʻlgan shaxslar qonunchilik hujjatlarida belgilangan tartibda javobgar boʻladilar.
Aholini zilzilada harakatlanishga tayyorlash tartibi toʻgʻrisidagi nizomga ILOVA
Aholini zilzilada harakatlanishga tayyorlash
Subyektlar Masʼullar Tadbirlar Bajarish muddatlari Ishlab chiqarish va xizmat koʻrsatish sohasida band boʻlgan aholi, rahbarlar, masʼul mutaxassislar, qutqaruv xizmatlari, qutqaruv va fuqaro muhofazasi tuzilmalari, ishchi va xizmatchilar Favqulodda vaziyatlar vazirligi, Kambagʻallikni qisqartirish va bandlik vazirligi, respublika ijro etuvchi va mahalliy ijro etuvchi hokimiyat organlari hamda boshqa tashkilotlar 1. Kuchli zilzila va uning oqibatlaridan muhofazalanishga oid yigʻinlar va oʻquv mashqlari oʻtkazish. Rejaga muvofiq har yili 2. Milliy elektron platforma orqali malaka oshirish va qayta tayyorlash oʻquv kurslarini tashkil etish. Uch yilda bir marotaba 3. Ish va xizmatdan ajralmagan holda, ish va xizmat joylarida tashkil etiladigan oʻquv mashgʻulotlarida, shuningdek, mobil ilovalar hamda milliy elektron platforma orqali malaka oshirish va qayta tayyorlash kurslarida tayyorgarlikdan oʻtkazish. Doimiy Taʼlim tashkilotlari Maktabgacha va maktab taʼlimi, Oliy taʼlim, fan va innovatsiyalar, Favqulodda vaziyatlar hamda Kambagʻallikni qisqartirish va bandlik vazirliklari 1. Taʼlim-tarbiya jarayonida kuchli zilzila va uning oqibatlariga oid muammoli-vaziyatli oʻyinlar va mashgʻulotlarni oʻtkazish. Har yili 2. Darslardan tashqari vaqtda tashkillashtiriladigan kuchli zilzila va undan muhofazalanish boʻyicha mashgʻulotlar doirasida, shuningdek, hududiy FVBlar Hayot faoliyati xavfsizligi oʻquv markazlari xodimlari ishtirokida tayyorgarlikdan oʻtkazish. Oʻquv yili davomida 3. Mobil ilovalar va milliy elektron platforma orqali, shuningdek, hududiy oʻquv markazlarining aholini zilzilada harakat qilishga tayyorlashga moʻljallangan mashgʻulotlarida tayyorgarlikdan oʻtkazish. Oʻquv yili davomida Ishlab chiqarish, xizmat koʻrsatish sohasida band boʻlmagan aholi, jismoniy imkoniyati cheklangan shaxslar va turistlar Mahalliy ijro etuvchi hokimiyat organlari, Favqulodda vaziyatlar vazirligi, Kambagʻallikni qisqartirish va bandlik vazirligi, Turizm qoʻmitasi, nodavlat notijorat tashkilotlar, turistlarga xizmat koʻrsatuvchi jismoniy va yuridik shaxslar 1. Oʻquv-maslahat punktlarida maʼruzalar oʻqish, oʻquv filmlarini namoyish etish, oʻquv mashqlari va mashgʻulotlarga jalb etish, shuningdek, qoʻllanmalar va eslatmalar tarqatish, maxsus radio va teledasturlarni efirga uzatish mobil ilovalar va milliy elektron platforma orqali malaka oshirish hamda qayta tayyorlash kurslarini tashkil etish. Muntazam ravishda 2. “Aholini zilzilaga tayyorlash haftaligi” doirasida qoʻmondonlik-shtab, maxsus-taktik va obyekt oʻquv mashqlarini oʻtkazish. Har yili reja-grafik asosida 3. Zilzilada toʻgʻri harakat qilish boʻyicha suhbatlar, yoʻriqnoma oʻtkazish, buklet va eslatmalarni tarqatish, maxsus mobil ilovalardan foydalanish orqali tayyorgarlikdan oʻtkazish. Doimiy
Oʻzbekiston Respublikasining Bosh vaziri A. ARIPOV
Toshkent sh.,
2023-yil 29-sentabr,
513-son