UzbekAI

← Qonunlar

📅 2023-yil 28-sentabr · Vazirlar Mahkamasi qarorlari

Rasmiy matn. Rasmiy hujjat. Tahririy izohlar kiritilmagan.

Yordam | Arxiv | Atamalar | Statistika | API | Havola yuborish | Sayt haqida | Shartlar

← Қонунлар

📅 2023 йил 28 сентябрь · Вазирлар Маҳкамаси қарорлари

Расмий матн. Расмий ҳужжат. Таҳририй изоҳлар киритилмаган.

Ёрдам | Архив | Атамалар | Статистика | API | Ҳавола юбориш | Сайт ҳақида | Шартлар

← Законы

📅 28 сентября 2023 г. · Постановления Кабинета Министров

Официальный текст. Официальный документ. Редакционные примечания не включены.

Помощь | Архив | Термины | Статистика | API | Предложить ссылку | О сайте | Условия

← Laws

📅 28 September 2023 · Cabinet of Ministers resolutions

Official text. Official document. Editorial notes are not included.

Help | Archive | Glossary | Stats | API | Submit | About | Terms

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг

қарори

НИЗОМ

РЎЙХАТИ

Транспорт соҳасида кадрларни қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш ҳамда илмий ва инновацион фаолият тизимини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида

Мамлакатимизда транспорт ва йўл хўжалиги соҳасида ходимларни тайёрлаш, қайта тайёрлаш, уларнинг малакасини ошириш тизимини тубдан ислоҳ қилиш мақсадида илғор хорижий тажрибани қўллаган ҳолда ўқув жараёнига янги таълим услубларини, замонавий ахборот технологияларини кенг жорий этиш борасида тизимли ишлар амалга оширилмоқда.

Шу билан бирга, бугунги кунда транспорт соҳасида таълим олувчиларга кенг имкониятлар ва қулай шароитлар яратиш, соҳа кадрларининг билим ва кўникмаларини ошириш, шунингдек, кадрларни қайта тайёрлаш ҳамда уларнинг малакасини ошириш жараёнларини ишлаб чиқариш билан узвий боғлиқ ҳолда амалга ошириш талаб этилмоқда.

Ўзбекистон Республикасининг «Транспорт тўғрисида»ги Қонуни ҳамда Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Маъмурий ислоҳотлар доирасида транспорт соҳасида давлат бошқарувини самарали ташкил қилиш чора-тадбирлари тўғрисида» 2023 йил 14 июндаги ПФ-94-сон Фармонига мувофиқ, шунингдек, автомобиль, темир йўл, ҳаво, сув, электр транспорти, метрополитен ва йўл хўжалиги соҳасида кадрларни қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш тизимини такомиллаштириш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:

1. Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Маъмурий ислоҳотлар доирасида транспорт соҳасида давлат бошқарувини самарали ташкил қилиш чора-тадбирлари тўғрисида» 2023 йил 14 июндаги ПФ-94-сон Фармонига мувофиқ Ўзбекистон Республикаси Транспорт вазирлиги ҳузуридаги Автомобиль транспорти ходимларининг малакасини ошириш ва қайта тайёрлаш институти ҳамда Ўзининг темир йўлларига эга бўлган юридик шахсларнинг темир йўл транспорти ходимлари малакасини ошириш ва уларни қайта тайёрлаш маркази негизида таълим муассасаси шаклида Транспорт вазирлиги ҳузурида Транспорт соҳаси кадрларини қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш институти (кейинги ўринларда — Институт) ташкил этилганлиги маълумот учун қабул қилинсин.

2. Белгилаб қўйилсинки:

Институт автомобиль, темир йўл, ҳаво, сув ва электр транспорти, метрополитен ҳамда йўл хўжалиги соҳалари (кейинги ўринларда — транспорт соҳаси) кадрларини қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш бўйича таълим муассасаси ҳисобланади;

Институтнинг тузилмаси ва устави Ўзбекистон Республикаси Транспорт вазирлиги томонидан тасдиқланади;

Тошкент давлат транспорт университетининг Малака ошириш ва қайта тайёрлаш маркази фаолияти тугатилади;

Институт Автомобиль транспорти ходимларининг малакасини ошириш ва қайта тайёрлаш институти ҳамда Ўзининг темир йўлларига эга бўлган юридик шахсларнинг темир йўл транспорти ходимлари малакасини ошириш ва уларни қайта тайёрлаш марказининг ҳуқуқ ва мажбуриятлари бўйича ҳуқуқий вориси ҳисобланади;

Институт транспорт соҳасига оид илмий-тадқиқот, инновацион лойиҳалар, шунингдек, лойиҳалаштириш, лаборатория синовларини ўтказиш, сертификатлаштириш, экспертиза, диагностика ва назорат ўлчовларидан ўтказиш фаолиятлари билан шуғулланади.

3. Шундай тартиб ўрнатилсинки, унга мувофиқ:

транспорт соҳаси кадрлари Ўзбекистон Республикаси Транспорт вазирлиги томонидан тасдиқланган ўқув режаси ва дастурлари асосида ҳар уч йилда камида бир марта малака оширади;

Институтда автомототранспорт (электротранспорт) воситаларини бошқарувчи шахслар (ҳайдовчилар)нинг малака ошириш ўқув курслари дастурлари бўйича мустақил тайёргарлик кўрган ва имтиҳондан муваффақиятли ўтган шахсларга таълим олганлик тўғрисидаги ҳужжатни бериш амалиёти жорий қилинади;

Транспорт вазирлиги томонидан транспорт соҳаси кадрларини қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш ўқув курсларини ташкил этиш ҳамда якуний имтиҳонларни ўтказишга мўлжалланган махсус платформа яратилади;

давлат ва нодавлат таълим ташкилотлари томонидан транспорт соҳаси кадрларини қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш ўқув курслари бўйича якуний имтиҳонлар Транспорт вазирлиги томонидан яратилган махсус электрон платформада топширилади;

ўқув курсларининг якунида олинадиган имтиҳонларда автопрокторингдан фойдаланилади, яъни таълим олувчиларнинг шахсини автоматик тарзда аутентификациялаш, уларнинг хатти-ҳаракатлари ва нигоҳи йўналишини назорат қилиш, хонадаги товушларни таҳлил этиш, видеодаги бузилишларни тузатиш ҳамда ҳисоботлар тайёрлашга йўналтирилган бўлиши назарда тутилади;

якуний имтиҳон ўтказиш учун ўқув дастурларининг ҳар бир соати учун камида бештадан назорат материаллари (саволлар, тестлар ва бошқалар) махсус платформага жойлаштирилади;

Ўзбекистон Республикаси Марказий банки ҳузуридаги «Давлат белгиси» давлат унитар корхонаси Институтнинг буюртмасига асосан транспорт соҳаси кадрларини қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш бўйича таълим олганлик тўғрисида давлат намунасидаги ҳужжатлар бланкаларини белгиланган тартибда тайёрлайди. Ушбу бланкалар Институт томонидан бошқа давлат ва нодавлат таълим ташкилотларига уларнинг буюртмасига мувофиқ шартнома асосида етказиб берилади;

транспорт соҳаси кадрларини қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш ўқув курси битирувчиларига таълим тўғрисидаги ҳужжатларни (диплом, сертификат, гувоҳнома) электрон шаклда бериш амалиётини жорий этиш мақсадида идентификация рақами ва QR-код (матрик-штрихли код) ҳамда ҳимоя элементларини назарда тутувчи «Электрон репозиторий» тизими ва дастурий таъминоти яратилади ҳамда жорий қилинади.

4. Қуйидагилар Институтнинг асосий вазифалари этиб белгилансин:

транспорт соҳаси кадрларини, шу жумладан, педагог кадрларни қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш;

транспорт соҳасида инновацион, фундаментал ва амалий тадқиқот ишларини йўлга қўйиш ҳамда натижаларини амалиётга жорий этиш;

транспорт соҳасида ўқув-услубий методик мажмуалар ишлаб чиқилишини ва жорий этилишини ташкил этиш;

транспорт соҳаси кадрларининг малакасини баҳолаш фаолиятини ташкил этиш;

соҳа мутахассислари учун узлуксиз ва касбий ривожлантириш тизимини ташкил қилиш, қайта тайёрлаш ва малака ошириш жараёнларини мониторинг қилувчи ягона электрон платформани яратиш ва амалиётга жорий этиш;

касбий эҳтиёжлардан келиб чиққан ҳолда, буюртмачиларга (таълим олувчиларга) малака ошириш шаклларини мустақил танлаш имкониятини яратиш;

транспорт соҳаси кадрларини қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини оширишнинг бевосита ва билвосита бир-бирини тўлдирувчи тамойилларини қўллаш ҳамда масофавий ва бошқа таълим шаклларини жорий қилиш.

5. Ўзбекистон Республикаси Транспорт вазирлиги Ички ишлар вазирлиги билан биргаликда жамоат транспортидаги автобус ҳайдовчиларига бўлган мавжуд талабдан келиб чиққан ҳолда, Институтда «D» тоифали ҳайдовчиларни тайёрлаш бўйича махсус курсларни ташкил этиб, ушбу курсларни тамомлаган ҳайдовчиларни белгиланган тартибда иш билан таъминлаш чораларини кўрсин.

6. Қуйидагиларни назарда тутувчи Транспорт соҳаси кадрларини қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш тартиби тўғрисидаги низом 1-иловага мувофиқ тасдиқлансин:

транспорт соҳаси кадрларини қайта тайёрлаш ва уларнинг малака ошириш тизими ҳамда уни бошқариш;

транспорт соҳаси кадрларини қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш ўқув курсларининг ўқув режаси ва дастурларини ишлаб чиқиш ҳамда белгиланган тартибда тасдиқлаш;

транспорт соҳаси кадрларини қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш ўқув курсларини ташкил қилиш ҳамда ўтказиш;

таълим тўғрисидаги ҳужжатлар намуналарини тасдиқлаш;

ўқув режаси ва дастурига мувофиқ синов имтиҳонларидан муваффақиятли ўтган битирувчиларга белгиланган намунадаги таълим ҳужжатларни бериш;

транспорт соҳаси кадрларини қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш сифатини назорат қилиш ҳамда баҳолаш.

7. Қуйидагилар Институт фаолиятини молиялаштириш манбалари этиб белгилансин:

шартнома асосида таълим хизматларини кўрсатишдан тушадиган маблағлар;

транспорт соҳасига оид илмий-тадқиқот, диагностика ва лаборатория ишларидан олинган маблағлар;

жисмоний ва юридик шахсларнинг ҳомийлик хайриялари;

халқаро молия ташкилотларининг грантлари;

қонунчилик ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа манбалар.

8. Транспорт соҳаси кадрларини қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш институтига оператив бошқарув ҳуқуқи асосида бепул берилаётган объектлар рўйхати 2-иловага мувофиқ тасдиқлансин.

9. Тошкент шаҳар ҳокимлиги, Ўзбекистон Республикаси Транспорт вазирлиги, Ички ишлар вазирлиги ва Давлат активларини бошқариш агентлиги икки ой муддатда автодром қуриш учун зарур бўлган қўшимча ер участкаси Институтга доимий фойдаланиш ҳуқуқи асосида ажратилиши бўйича Вазирлар Маҳкамасига таклиф киритсин.

10. Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг 3-иловага мувофиқ айрим қарорларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритилсин.

11. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари А.Ж. Раматов ва Ўзбекистон Республикаси транспорт вазири И.Р. Махкамов зиммасига юклансин.

Вазирлар Маҳкамасининг 2023 йил 28 сентябрдаги 504-сон қарорига 1-ИЛОВА

Транспорт соҳаси кадрларини қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш тартиби тўғрисида

1-боб. Умумий қоидалар

1. Ушбу Низом автомобиль, темир йўл, ҳаво, сув, электр транспорти, метрополитен ҳамда йўл хўжалиги кадрларини қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш тартибини белгилайди.

2. Мазкур Низомда қуйидаги асосий тушунчалар қўлланилади:

кадрлар малакасини ошириш — автомобиль, темир йўл, ҳаво, сув, электр транспорти, метрополитен ҳамда йўл хўжалиги соҳасида (кейинги ўринларда — транспорт соҳаси) талаблар асосида тегишли фаолият турлари бўйича касбий билим, маҳорат ва кўникмаларни мунтазам янгилаб бориш, шунингдек, мутахассислик ёки касбий фаолиятни юритиш учун билим даражасини ошириш;

кадрларни қайта тайёрлаш — таянч мутахассисликлар ва касбларга мувофиқ бўлган йўналишлар бўйича фаолиятни амалга ошириш учун қўшимча касбий билим, малака ва кўникмаларнинг зарур ҳажми эгалланишини таъминлаш;

қайта тайёрлаш ва малака ошириш ўқув курслари (кейинги ўринларда — ўқув курслари) — тасдиқланган ўқув режаси ва дастурларига мувофиқ транспорт соҳаси кадрларининг билим, маҳорат ва кўникмаларини ошириш мақсадида ташкил қилинадиган ўқув курслари;

транспорт соҳаси кадрлари — транспорт соҳасида фаолият юритувчи ташкилотларнинг ушбу Низомнинг 4-бандига мувофиқ лавозим ва мутахассисликлар номенклатурасига кирувчи ходимлари.

3. Транспорт соҳаси кадрларини қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш Ўзбекистон Республикаси Транспорт вазирлиги (кейинги ўринларда — Вазирлик) ҳузуридаги Транспорт соҳаси кадрларини қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш институти (кейинги ўринларда — Институт) ва нодавлат таълим ташкилотлари томонидан амалга оширилади.

4. Транспорт соҳасида кадрларни қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш бўйича лавозимлар ҳамда мутахассисликлар номенклатураси Вазирлик томонидан шакллантирилади ва тасдиқланади.

5. Транспорт соҳаси кадрларининг тайёргарлиги, малакасига қўйиладиган талабларга мувофиқлиги Вазирлик томонидан тасдиқланадиган дастур бўйича уларнинг камида ҳар уч йилда бир марта ўз малакасини оширганлиги тўғрисида Институт томонидан бериладиган малака сертификатига мувофиқ аниқланади.

6. Қайта тайёрлаш натижасида бериладиган таълим тўғрисидаги ҳужжат (диплом) фақат муайян лавозимда фаолият кўрсатиш ҳуқуқини беради.

2-боб. Транспорт соҳасида қайта тайёрлаш ва малака оширишнинг мақсади ҳамда вазифалари

7. Транспорт соҳаси ходимларини ва педагог кадрларни қайта тайёрлаш ҳамда уларнинг малакаси оширишнинг мақсади таянч мутахассисликлар ва касбларга мувофиқ бўлган йўналишлар бўйича фаолиятни амалга ошириш учун қўшимча касбий билим, малака ва кўникмаларнинг зарур ҳажми эгалланишини, шунингдек, чуқурлаштирилиши ҳамда доимий янгилаб борилишини таъминлайди.

8. Қуйидагилар транспорт соҳасида қайта тайёрлаш ва малака оширишнинг вазифалари ҳисобланади:

транспорт соҳаси ходимларининг касбий билими, кўникмаси ва маҳоратини узлуксиз янгилаб бориш, замонавий талабларга мувофиқ касб фаолияти сифатини таъминлаш учун зарур даражада касбий тайёргарликни ошириш;

транспорт соҳаси кадрларини, шунингдек, педагог кадрларни қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини оширишни ташкил қилиш;

транспорт воситаларини (автомототранспорт, темир йўл, ҳаво, сув, электр транспорти, метрополитен) бошқариш (тоифалар) бўйича тайёрлаш;

оммавий касб мутахассисларини тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш;

транспорт соҳасига инновацион технологияларни жорий этиш орқали касбий тайёргарликни самарали ташкил этишни таъминлаш;

транспорт соҳаси ходимларининг вазифа ва мажбуриятлари самарали бажарилишини таъминлаш учун зарур бўлган даражада касбий тайёргарлигини ошириш, билим, кўникма ва маҳоратини узлуксиз янгилаш механизмларини жорий қилиш.

3-боб. Транспорт соҳаси кадрларини қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш тизимини бошқариш

9. Транспорт соҳаси кадрларини қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш тизимига Вазирлик, Институт ва нодавлат таълим ташкилотлари (кейинги ўринларда  таълим ташкилотлари) ҳамда буюртмачилар (давлат органлари ва ташкилотлари, юридик ва жисмоний шахслар) киради.

10. Вазирлик:

транспорт соҳаси кадрларини қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш бўйича Институтга ҳамда таълим ташкилотларига умумий раҳбарлик қилади;

транспорт соҳаси кадрларини қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш соҳасида таълим жараёни механизмлари ва усулларини белгилайди;

транспорт соҳаси кадрларини қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш бўйича ҳужжатларни ишлаб чиқади ва белгиланган тартибда тасдиқлайди;

транспорт соҳаси кадрлари малакасини баҳолаш тартибини белгилайди ва жорий қилади;

давлат таълим талабларини ишлаб чиқади ва белгиланган тартибда тасдиқланишини таъминлайди;

ўқув курсларига қабул қилиш тартибини белгилайди;

таълим олувчиларнинг билим, малака ва кўникмаларини баҳолаш тартибини белгилайди ҳамда тасдиқлайди;

фаолияти транспорт воситаларидан фойдаланиш билан боғлиқ бўлган юридик шахсларнинг йўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати ходимлари учун ўқув курсларининг махсус дастурларини тасдиқлайди, малака имтиҳонларини ташкил қилиш, ўтказиш ва малакани баҳолаш тартибларини белгилайди;

ўқув адабиётларини чоп этишни таъминлайди ва молиялаштиради;

ўқув курсларида таълим шакллари жорий этилишини таъминлайди;

ўқув курслари битирувчилари тайёргарлигига қўйиладиган талабларни тасдиқлайди;

таянч ўқув режаси ва фан (модуль) дастурларини белгиланган тартибда тасдиқлайди;

транспорт соҳасининг ривожланиш тенденцияларини инобатга олган ҳолда, қайта тайёрлаш ва малака ошириш тизимини ўқув-услубий, ахборот ҳамда моддий-техник жиҳатдан таъминлайди ва такомиллаштиради;

қайта тайёрлаш ва малака ошириш тизимининг янада ривожланишини ва модернизация қилинишини таъминлайди;

кадрларни қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш бўйича халқаро ҳамкорликни кенгайтиради;

ўқув курслари йўналишларининг транспорт соҳасидаги касб стандартлари, мутахассисликлар классификаторига мувофиқлигини таъминлайди;

халқаро тоифадаги ҳайдовчиларни тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш тартибини ишлаб чиқади ҳамда белгиланган тартибда тасдиқлайди;

таълим ташкилотларида ўқув курслари битирувчиларига таълим тўғрисидаги ҳужжатларни (диплом, сертификат, гувоҳнома) электрон шаклда бериш амалиётини жорий этиш мақсадида идентификация рақами ва QR-код ҳамда ҳимоя элементларини назарда тутувчи «Электрон репозиторий» тизими ва дастурий таъминотини яратади ва жорий қилади;

транспорт соҳаси кадрларини қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш фаолияти билан шуғулланувчи таълим ташкилотларининг реестрини юритади;

транспорт соҳаси кадрларини қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш сифати бўйича мониторинг юритилишини ташкил қилади.

11. Институт:

транспорт соҳаси кадрларини қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш фаолиятини амалга оширади;

автомототранспорт воситалари ҳайдовчиларини маҳаллий ва халқаро тоифаларга тайёрлаш, қайта тайёрлаш ҳамда уларнинг малакасини ошириш фаолиятини амалга оширади;

кема ҳайдовчиларини тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш фаолиятини амалга оширади;

транспорт воситаларини (автомототранспорт, темир йўл, ҳаво, сув, электр транспорти, метрополитен) бошқаришга (тоифалар) тайёрлаш фаолиятини амалга оширади;

темир йўл транспортида локомотив, дрезина ва метрополитен транспортида электропоезд машинисти касбига тайёрлайди;

метрополитен, шунингдек, умумий фойдаланишдаги темир йўл транспорти корхоналари ва ўзининг умумий фойдаланишда бўлмаган темир йўлларига эга юридик шахслар кадрларини қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш фаолиятини амалга оширади;

транспорт соҳасида педагог кадрларни қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш фаолиятини амалга оширади;

оммавий касб мутахассисларини қайта тайёрлаш фаолиятини амалга оширади;

таянч ўқув режаси ва фан (модуль) дастурларини ишлаб чиқади;

ўқув жараёнига тингловчиларнинг ижодий фикрлашини ривожлантиришга йўналтирилган ўқитишнинг илғор шакллари ва усулларини татбиқ қилади;

замонавий педагогик ва ахборот-коммуникация технологиялари, интерфаол усулларни жорий қилади;

ўқув курслари машғулотларини ўтказиш учун малакали профессор-ўқитувчилар ва амалиётчи мутахассисларни жалб қилади;

қайта тайёрлаш ва малака ошириш бўйича таълим жараёнининг илмий-услубий асосларини ишлаб чиқади;

қайта тайёрлаш ва малака ошириш соҳасида илғор халқаро амалиётни ўрганади ва жорий қилади;

ўқув курсларида таълим олишнинг электрон базасини юритади;

транспорт соҳасида кадрларни қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш бўйича норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларини ишлаб чиқишда иштирок этади ва таълим жараёнини услубий жиҳатдан мувофиқлаштиради;

Вазирликка таълим жараёнини тартибга солувчи ҳужжатларни ишлаб чиқиш бўйича таклифлар киритади ҳамда таълим тизимини такомиллаштириш бўйича илмий-тадқиқот ишлари ва инновацион ғояларни амалга оширади;

фаолияти транспорт воситаларидан фойдаланиш билан боғлиқ бўлган юридик шахсларнинг йўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати ходимлари учун ўқув курсларининг махсус дастурларига мувофиқ малакасини оширади ва таълим олган шахсларга давлат томонидан тасдиқланган намунадаги таълим тўғрисидаги ҳужжат беради, шунингдек, малакани баҳолаш фаолияти билан шуғулланади;

ривожланган хорижий давлатларнинг тажрибасини ўрганади ва ўзаро тажриба алмашишни ташкил қилади.

12. Буюртмачилар:

ўз эҳтиёжидан келиб чиқиб, транспорт соҳаси кадрларини қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш бўйича таълим олувчилар рўйхатини шакллантиради;

ўқув курсларининг тасдиқланган жадвали асосида таълим олувчиларнинг ўқув курсларида қатнашишини таъминлайди;

ўқув курсларини муваффақиятли тамомлаган мутахассисларнинг илғор тажрибаси, янги билимлари ва кўникмалари оммалашишини ташкил этади, уларнинг ижобий тажрибасини тарғиб қилиш бўйича чоралар кўради;

ўқув курсларининг ички мониторингини юритади, ўқув курслари якуний натижаларида юқори кўрсаткичларга эга бўлган мутахассисларни моддий рағбатлантириш механизмларини ишлаб чиқади ва амалга оширади, шунингдек, бўш лавозимларни тўлдириш учун танловлар ўтказиш жараёнида уларни асосий мезон сифатида эътиборга олади.

4-боб. Транспорт соҳаси кадрларини қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини оширишни ташкил қилиш тартиби

13. Транспорт соҳаси кадрлари уч йилда камида бир марта малакасини ошириши шарт.

14. Транспорт соҳаси кадрлари олий таълим ташкилотларининг бакалавриат таълим йўналишлари ёки магистратура мутахассисликларини тамомлаганидан сўнг уларнинг икки йил давомида малака ошириши талаб этилмайди, қонунчилик ҳужжатларида назарда тутилган ҳоллар ҳамда соҳа кадрларини мутахассисликка тайёрлаш вақтида, ишлаб чиқариш амалиётида танишмаган, шунингдек, ишлаб чиқаришда янги жорий қилинган технологиялар, усуллар ва услубларни ўрганиш талаб этиладиган ҳоллар бундан мустасно.

15. Олий маълумот талаб этилмайдиган касблар бўйича талаб ва эҳтиёжлардан келиб чиқиб, ўқув курсларида таълим олиш мумкин.

16. Ўқув курслари буюртмачилардан келиб тушган буюртма асосида ташкил этилади.

17. Ўқув курсларида кўрсатиладиган таълим хизматлари шакли буюртмачи билан келишган ҳолда танланади.

18. Ўқув курсларида ўқиганлик учун тўлов миқдори Институт томонидан белгиланади.

19. Ўқув курслари Вазирлик томонидан тасдиқланган таянч ўқув режаси ва дастурларига ҳамда Институт томонидан тасдиқланган ишчи ўқув режаси ва дастурларига мувофиқ ташкил қилинади.

20. Институт ўқув курсларини анъанавий, масофадан ва бошқа таълим шаклларини жорий қилган ҳолда ташкил қилади.

21. Барча турдаги аудитория машғулотларининг жуфт соати давомийлиги 80 дақиқани, ўқув машғулотлари орасидаги танаффус камида 10 дақиқани ташкил этади.

22. Ўқув курсларида таълим жараёнлари 30 нафар таълим олувчидан ошмаган академик гуруҳларда ташкил этилади. Амалий, лаборатория ва аудиториядан ташқари машғулотлар алоҳида гуруҳлар бўйича, назарий машғулотлар эса 3 тадан кўп бўлмаган гуруҳни бирлаштирган ҳолда маъруза шаклида ўтказилади.

23. Институтда ўқув курслари қуйидаги шакллар орқали ўтказилади:

ишлаб чиқаришдан ажралган ҳолда таълим олиш (анъанавий) — ўқув курслари дастурларини Институтга келиб, тўлиқ дарс жараёнларига қатнашган ҳолда ўзлаштириш;

ишлаб чиқаришдан ажралмаган ҳолда кечки таълим олиш — ўқув курслари дастурларини иш вақтига халақит бермаган ҳолда тузилган жадвалга мувофиқ ўзлаштириш;

масофавий таълим олиш — онлайн (видеомаърузалар, маслаҳатлар, назорат турларини масофадан туриб реал вақт режимида ўтказиш) ва офлайн (масофавий таълим тизимидаги тегишли ўқув-методик ресурсларни мустақил равишда ўзлаштириш) шаклда амалга ошириш;

ишлаб чиқаришдан қисман ажралган ҳолда (аралаш усул) таълим олиш — 3+1 тизими бўйича (75 фоиз бевосита Институтда, 25 фоиз иш жойида мустақил таълим олиш йўли билан) ёки 2+2 тизими бўйича (50 фоиз бевосита Институтда, 50 фоиз иш жойида мустақил таълим олиш йўли билан) ва/ёки 1+3 тизими бўйича (25 фоиз бевосита Институтда, 75 фоиз иш жойида мустақил таълим олиш йўли билан) таълим олиш.

24. Аудитория ўқув юкламасининг энг юқори ҳажми ҳафтасига 36 соатдан (бир кунлик 6 соатдан) ошмаслиги лозим.

25. Масофадан (видеоконференцалоқа орқали) онлайн шаклда ташкил қилинганда, аудитория ўқув юкламасининг энг юқори ҳажми ҳафтасига 24 соатдан (бир кунлик 4 соатдан) ошмаслиги лозим.

26. Масофадан онлайн ва офлайн шаклда ўқув курслари ташкил қилинганда, ўқув юкламаларнинг ҳажмини мазкур Низомда белгиланган меъёрларга мувофиқ Институт мустақил белгилайди.

27. Қайта тайёрлаш ва малака ошириш курслари ўқув юкламаларининг энг кам меъёри давлат таълим талаблари билан белгиланади.

28. Ўқув курсларининг йўналишлари, давомийлиги, ўқув юкламалари ҳажми, таълим бериш шакли, шунингдек, ўқитиладиган кадрлар тоифалари (контингенти), таянч ўқув режаси ва дастурларида кўрсатилади.

29. Қайта тайёрлаш ўқув курсларида таълим олувчи мутахассислар қайси мутахассисликдан қайси лавозимга қайта тайёрланиши ўқув режаси ва дастурларида ёки Вазирликнинг буйруғи билан белгиланади.

30. Малака ошириш ўқув курсларида таълим олувчилар билимлари якуний назорат турлари натижалари асосида баҳоланади.

31. Қайта тайёрлаш ўқув курсларида таълим олувчилар билимлари жорий, оралиқ ва якуний назорат турлари ҳамда битирув иши натижалари асосида баҳоланади.

32. Ўқув курслари бўйича таълим олувчиларнинг назарий билим ва амалий кўникмаларини ўзлаштириш даражаси тест синовлари, оғзаки ва ёзма шакларидан бирида баҳоланади. Назорат шакли ва баҳолаш мезонлари Вазирлик томонидан белгиланади.

33. Назорат турлари қуйидагича баҳоланади:

86 фоиздан 100 фоизгача ўзлаштирган — «аъло»;

71 фоиздан 85 фоизгача ўзлаштирган — «яхши»;

56 фоиздан 71 фоизгача ўзлаштирган — «қониқарли»;

56 фоизгача ўзлаштирмаган ҳисобланади — «қониқарсиз».

34. Касбий фаолиятни юқори даражада ўзлаштириш талаб этиладиган (ёки тор доирадаги) айрим турдаги касбларга қайта тайёрлаш ва малака ошириш ўқув курсларининг натижалари бўйича ўзлаштириш даражаси Вазирлик томонидан мазкур Низомда келтирилган ўзлаштиришнинг энг паст ва энг юқори даражаларидан чиқмаган ҳолда белгиланиши мумкин.

35. Қайта тайёрлаш ва малака ошириш ўқув дастурларини мустақил ёки масофавий ўқитиш технологиялари орқали ўзлаштираётган таълим олувчилар якуний имтиҳондан ўтади.

36. Асоссиз сабаблар билан машғулотларни ўтказиб юборганлиги учун қайта тайёрлаш ва малака ошириш курсининг таълим олувчилари сафидан четлатилганлар қайта тўлов асосда ўқув курсларида таълим олишлари, шунингдек, қайта тайёрлаш ва малака оширишнинг навбатдаги курсларида тегишли йўналиш (мутахассислик) бўйича якуний имтиҳондан ўтишлари лозим.

37. Якуний имтиҳон бўйича «қониқарсиз» баҳо олган таълим олувчиларга яна икки марта имтиҳон топшириш имконияти берилади.

38. Таълим олувчилар қуйидаги ҳолларда тингловчилар сафидан четлаштирилиши мумкин:

ўз хоҳишига биноан;

ўқув интизомини ва Институтнинг ички тартиб-қоидаларини бузганлиги учун;

битта ўқув курси дастурида белгиланган ўқув юкламаси умумий соатининг (мустақил тайёргарлик бундан мустасно) узрли сабабларсиз 10 фоизидан ортиқ қолдирганлиги сабабли;

таълим дастурларини ўзлаштирмаганлиги учун;

саломатлиги туфайли (тиббий комиссия маълумотномаси асосида);

суд ҳукми асосида озодликдан маҳрум этилганлиги муносабати билан;

вафот этганлиги сабабли.

5-боб. Таълим тўғрисидаги ҳужжатлар

39. Ўқув курслари битирувчиларига қуйидаги ҳужжатлар берилади:

ўқув курслари дастурларини муваффақиятли тугатган (ўзлаштирган) шахслар учун ушбу Низомга 1 ёки 1а-иловаларда келтирилган шаклларга ва тавсифга мувофиқ транспорт соҳаси кадрларининг малака оширганлиги ҳақида сертификат;

ўқув курслари дастурларини муваффақиятли тугатган (ўзлаштирган) шахслар учун ушбу Низомга 1б ёки 1в-иловаларда келтирилган шаклларга ва тавсифга мувофиқ халқаро йўналишда йўловчи ва юк ташувчининг касбий маҳорат сертификати;

ўқув курслари дастурларини муваффақиятли тугатган (ўзлаштирган) шахслар учун ушбу Низомга 2-иловада келтирилган шакл ва тавсифга мувофиқ транспорт соҳасида тайёрлаш ва қайта тайёрлаш ўқув курсларини тугатганлик ҳақида гувоҳнома;

қайта тайёрлаш ўқув курслари дастурларини муваффақиятли тугатган (ўзлаштирган) шахслар учун ушбу Низомга 3-иловада келтирилган шакл ва тавсифга мувофиқ транспорт соҳасида кадрларни қайта тайёрлаш ҳақида диплом.

40. Ўқув курслари бўйича имтиҳон натижаларига кўра етарли балл тўплай олмаган таълим олувчига ўқув жараёнига қатнашганлиги тўғрисида маълумотнома берилади.

41. Мазкур таълим тўғрисидаги ҳужжатлар қоғоз ёки электрон ва/ёки пластик шаклда берилиши мумкин ҳамда учаласи ҳам тенг юридик кучга эга.

42. Таълим тўғрисидаги ҳужжатлар электрон шаклда QR-код (матрик штрихли код) туширилган ҳолда берилганда, қайд рақами қўйиш талаб этилмайди.

43. Малака ошириш ўқув курслари такрорланмас бўлган тақдирда, амал қилиш муддатига «-» чизиқча белгисини қўйиш тавсия этилади.

44. Таълим тўғрисидаги ҳужжат бланкаларига QR-код (матрик штрихли код) туширилганда, таълим муассасаси (ташкилот) муҳри ва раҳбарининг имзоси талаб қилинмайди. QR-код (матрик штрихли код) туширилмасдан берилганда, таълим муассасаси (ташкилот) муҳри ва раҳбарининг имзоси қўйилади.

45. Малака оширганлик ҳақидаги сертификатга туширилган QR-код (матрик штрихли код) текширилганда, таълим ташкилотининг сайтида таълим олувчининг фамилияси, исми, отасининг исми, таълим олган йўналиши, ўқув юкламаси ҳажми, даври ва расмийлаштирилган санаси бўйича маълумотлар бўлиши шарт.

6-боб.Транспорт соҳаси кадрларини қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш сифатини назорат қилиш ҳамда баҳолаш

46. Транспорт соҳаси кадрларини қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш сифатини назорат қилиш ҳамда баҳолаш қуйидагиларни ўз ичига олади:

ташқи назорат — транспорт соҳаси кадрларини қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш бўйича ваколатли органлар томонидан амалга оширилади;

жамоатчилик назорати — белгиланган тартибда нодавлат нотижорат ташкилотлар ва буюртмачилар томонидан амалга оширилади;

ички назорат — белгиланган тартиб асосида таълим ташкилоти томонидан амалга оширилади;

якуний назорат — якуний аттестация ва (ёки) бошқа назорат усуллари асосида баҳоланади.

47. Қайта тайёрлаш ва малака ошириш бўйича Институт фаолияти қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ баҳоланади.

7-боб. Транспорт соҳаси кадрларини қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш бўйича ўқув дастурларига қўйиладиган талаблар

48. Ўқув курслари ўқув режаси ва дастурлари асосида ўтказилади.

49. Ўқув дастурлари заруратга қараб янгиланади.

50. Ўқув дастурлари таълим олувчиларнинг амалдаги эҳтиёжлари ва уларнинг тайёргарлик даражасини эътиборга олган ҳолда шакллантирилади. Ўқув дастурлари ишлаб чиқариш хусусиятини ҳисобга олган ҳолда, турли фаолият соҳалари учун алоҳида ишлаб чиқилиши мумкин.

51. Ўқув дастурлари асосий ва қўшимча ўқув модулларига ажратилган ҳолда алоҳида ўқув модулларига бўлинади.

52. Ўқув дастурларининг мазмунига бўлган асосий талаблар қайта тайёрлаш ва малака оширишга қўйилган талаблар асосида белгиланади.

53. Ўқув дастури фан, техника, технология ва транспорт бозори ривожланишининг илғор ютуқларига мувофиқ ҳолда яратилиши, транспорт таълими тизимида узлуксизлик, изчиллик ва кетма-кетликни таъминлашга доир талабларга жавоб бериши лозим.

54. Ўқув дастури таълим олувчилар томонидан билимларни мустақил излаш ва уларни ўзлаштириш учун имкониятларини назарда тутиши керак.

8-боб. Якунловчи қоида

55. Мазкур Низом талаблари бузилишида айбдор бўлган шахслар қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ жавобгар бўлади.

Транспорт соҳаси кадрларини қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш тартиби тўғрисидаги низомга 1-ИЛОВА

Транспорт соҳаси кадрларининг малака оширганлиги ҳақидаги сертификат шакли Ташқи томони

Ташқи томони

Ички томони

‎‎Транспорт соҳаси кадрларининг малака оширганлиги ҳақидаги сертификат ‎тавсифи ‎ ‎‎Транспорт соҳаси кадрларининг малака оширганлиги ҳақидаги сертификат (кейинги ўринларда — сертификат) бланкаси А5 форматда 14,85 см х 21 см ўлчамдаги китобча шаклда бўлиб, 240 г/кв.м. қалинликдаги юқори сифатли махсус ҳимояга эга офсет қоғоздан тайёрланади. ‎I. Сертификат ташқи томонида: ‎Варақнинг ўнг юқори қисмида Ўзбекистон Республикаси Давлат герби тасвири (20 — 40 мм оралиғида) ва давлат тилида (лотин ёзувида) қуйидагилар жойлаштирилади: ‎OʻZBEKISTON RESPUBLIKASI TRANSPORT VAZIRLIGI. пастига кўк чизиқ жойлаштирилади. ‎MALAKA OSHIRGANLIK HAQIDA SERTIFIKAT. ‎II. Сертификат ички томонида: ‎Варақнинг чап юқори қисмида давлат тилида (лотин ёзувида) қуйидагилар кетма — кетликда жойлаштирилади: ‎Taʼlim muassasasining (tashkilotining) nomi; ‎Malaka oshirganlik haqida sertifikat; ‎MO № 000000 ‎Berilgan sana: 20___-yil «___» _________ ‎Amal qilish muddati: 20___-yil «___» _________ gacha ‎Qayd raqami: ____________. ‎Таълим муассасаси (ташкилот) раҳбарининг имзоси ва фамилияси, исми, отасининг исми; ‎QR-код ёки муҳр жойи. ‎Сертификатнинг ўнг қисмида давлат тилида (лотин ёзувида) қуйидагилар кетма — кетликда жойлаштирилади: ‎Mazkur sertifikat egasi ‎taʼlim oluvchining familiyasi, ismi, otasining ismi; ‎Oʻqish davri: 20___-yil ____________ dan, 20___-yil ____________ gacha; ‎malaka oshirish kursining nomi va umumiy soati; ‎Berilgan joy nomi ( Misol uchun: Toshkent shahar yoki Samarqand viloyati ). ‎III. Сертификатни чоп этиш шартлари: ‎Ёруғлик воситасида нусха кўчирилишини мураккаблаштириш учун бўёқнинг оч рангларидан фойдаланилади. ‎Турли рангларни ҳосил қилиш учун турли рангдаги растрдан фойдаланилади. ‎Расмлар тасвири учун яшил, кўк, оч сариқ, сиёҳ, пушти ва қизил ранглардан, шунингдек, фон нақшли растри учун оч кўк ёки оч сариқ ва (ёки) оч қизил рангдан фойдаланган ҳолда босиб чиқарилиши мумкин. ‎Сертификат бланкасининг четки қисмларига нақшли растр рамка қўйилади. ‎Матнларда қора рангдан фойдаланилади. ‎Сертификатда тартиб рақамлар иккита лотин ҳарфи «MO» ва олтита такрорланмайдиган ҳамда кетма-кет ўзгарувчи рақамлардан иборат бўлади. ‎QR-код сертификатнинг ички томонининг чап пастки қисмига жойлаштирилади.

Транспорт соҳаси кадрларини қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш тартиби тўғрисидаги низомга 1а-ИЛОВА

Транспорт соҳаси кадрларининг малака оширганлиги ҳақидаги сертификат шакли

Олди томони

Орқа томони

Транспорт соҳаси кадрларининг малака оширганлиги ҳақида сертификат ‎тавсифи ‎ I. Сертификат олд томонида: ‎Чап юқори қисмида таълим муассасасининг (ташкилотининг) логотипи ва ёнида OʻZBEKISTON RESPUBLIKASI TRANSPORT VAZIRLIGI. пастида ‎MALAKA OSHIRGANLIK HAQIDA SERTIFIKAT. ‎Кетма-кетликда: ‎1. Sertifikat tartib raqami. МО № 0000001 ‎2. Taʼlim muassasasining (tashkilotining) nomi: ( Misol uchun Transport sohasi kadrlarini qayta tayyorlash va malakasini oshirish instituti ). ‎3. Malaka oshirish kursining nomi va oʻquv yuklamasi hajmi. ( Misol uchun: «Avtomobil transportida tashishni tashkil etish» ). ‎4. Oʻqish davri: 20___-yil «___» ____________dan, 20___-yil «___» ____________ gacha. ( Misol uchun: 2023-yil 10-yanvardan, 2023-yil 30-yanvargacha ). ‎5. Taʼlim oluvchining familiyasi, ismi, otasining ismi. ( Misol uchun: Toxirjonov Tohir Tolib oʻgʻli ) ‎6. Berilgan joy nomi ( Misol uchun: Toshkent shahri ) ‎7. Berilgan sana: 20___-yil «___» _________ ( Misol uchun: 2023-yil 30-yanvar ). ‎8. Amal qilish muddati: 20___-yil «___» __________ ( Misol uchun: 2026-yil 29-yanvar ). ‎II. Сертификат орқа томонида: ‎Ўнг юқори қисмида таълим муассасаси (ташкилоти) логотипи жойлаштирилади ва ён томонидан: ‎МИНИСТЕРСТВО ТРАНСПОРТА РЕСПУБЛИКИ УЗБЕКИСТАН ‎СЕРТИФИКАТ О ПОВЫШЕНИИ КВАЛИФИКАЦИИ ‎MINISTRY OF TRANSPORT OF TНE REPUBLIC OF UZBEKISTAN ‎PROFESSIONAL DEVELOPMENT CERTIFICATE ‎Кетма-кетликда: ‎1. Серийный номер сертификата/Certificate serial number MO № 0000001 ‎2. Образовательное учреждение/The name of the educational organization ‎3. Название курса повышения квалификации и объём учебной нагрузки/ Names of the advanced training course and volume of study load ‎4. Период обучения: от «___» ________ 20___г. до «___» ________ 20___ г./ Period of study: from «___» _______ 20___ year till «___» ___ 20___year. ‎5. Фамилия, имя, отчество обучающего/Surname, name, patronymic students. ‎6. Место выдачи/ Place of issue. ‎7. Дата выдачи:»___» ________ 20___г./date of issue: «___» _______ 20___ yеar. ‎8. Действителен до: «___» _______ 20___г./Valid till: «___» _______ 20___ yеar. ‎III. Сертификатни чоп этиш шартлари: ‎Транспорт соҳаси кадрларининг малака оширганлиги ҳақидаги сертификат (кейинги ўринларда — сертификат) пластикдан тайёрланади, 54х86 миллиметр ўлчамда бўлиб, ранги оч кўк, давлат тилида (лотин ёзувида) расмийлаштирилади, матнларда қора рангдан фойдаланилади. ‎Ёруғлик воситасида нусха кўчирилишини мураккаблаштириш учун бўёқнинг оч рангларидан фойдаланилади. ‎Турли рангларни ҳосил қилиш учун турли рангдаги растрдан фойдаланилади. ‎Сертификат бланкасининг четки қисмларига нақшли растр рамка қўйилиши мумкин. ‎Сертификатда тартиб рақамлар иккита лотин ҳарфи «MO» ва олтита такрорланмайдиган ҳамда кетма-кет ўзгарувчи рақамлардан иборат бўлади. ‎QR-код сертификат олди томонининг ўнг пастки қисмига жойлаштирилади.

Транспорт соҳаси кадрларини қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш тартиби тўғрисидаги низомга 1б-ИЛОВА

Халқаро йўналишда йўловчи ва юк ташувчининг касбий маҳорат сертификати шакли

Ташқи томони

Ички томони

Халқаро йўналишда йўловчи ва юк ташувчининг касбий маҳорат сертификати ‎ тавсифи Халқаро йўналишда йўловчи ва юк ташувчининг касбий маҳорат сертификати (кейинги ўринларда — сертификат) бланкаси А5 форматда 14,85 см х 21 см ўлчамдаги китобча шаклда бўлиб, 240 г/кв.м. қалинликдаги юқори сифатли махсус ҳимояга эга офсет қоғоздан тайёрланади. ‎Сертификатнинг олд қисми ўнг томонида Ўзбекистон Республикаси Давлат герби (20 — 40 мм оралиғида) тасвири ва қуйидагилар кетма — кетликда жойлаштирилади: ‎ўзбек, рус ва инглиз тилларида «Oʻzbekiston Respublikasi Transport vazirligi», «Министерство транспорта Республики Узбекистан», Ministry of transport of the Republic of Uzbekistan сўзлари пастига кўк чизиқ жойлаштирилади; ‎ўзбек, рус ва инглиз тилларида «Xalqaro tashuvchining kasbiy mahorat sertifikati», «Сертификат профессиональной компетентности международного перевозчика», «Certificate of Professional Competence for international road transport» сўзлари. ‎Сертификатнинг олд қисми чап томонида давлат тилида (лотин ёзувида) кетма — кетликда қуйидагилар ёзилади: ‎Taʼlim muassasasining (tashkilot) nomi, berildi, taʼlim oluvchining familiyasi, ismi va otasining ismi, tugʻilgan sanasi. ‎Malaka oshirish oʻquv kursi dasturi boʻyicha imtihonni topshirdi (sana, yilda) va mutaxassisligi ( misol uchun: haydovchi, tashuvlar boʻyicha menejer, boshqaruvchi, direktor va boshqa ) sifatida kasbiy faoliyat uchun malakali deb eʼtirof etildi; ‎Berilgan sanasi (kun, oy va yil), amal qilish muddati(kun, oy va yil), sertifikat seriya va raqami hamda taʼlim muassasasi (tashkiloti) rahbarining imzosi, QR-kod yoki muhr oʻrni. ‎Сертификатнинг орқа қисми чап томонида рус тилида кетма — кетликда қуйидагилар ёзилади: ‎Наименование Образовательного учреждения (организации), Выдано фамилия, имя и отчество обучающегося, дата рождения. ‎Сдал(а) квалификационный экзамен (дата: день, месяц и год) на профессиональную компетентность и признан(а) квалифицированным(ой) для профессиональной работы в качестве ‎Дата выдачи, срок действия, серия и номер сертификата. ‎Наименование место выдачи (например: город Ташкент, Джизакская область). ‎Сертификатнинг орқа қисми ўнг томонида инглиз тилида кетма — кетликда қуйидагилар ёзилади: ‎Name Educational institution (organizations), last name, first name and patronymic of the student, date of birth. ‎Passed qualifying examination (date: day, month and year) for professional competence and recognized as qualified for professional work as a, on program. ‎Date of issue, validity period, series and number of the certificate. ‎The name of the given place (for example: Tashkent city, Jizzakh region). ‎Сертификатни чоп этиш шартлари: ‎Ёруғлик воситасида нусха кўчирилишини мураккаблаштириш учун бўёқнинг оч рангларидан фойдаланилади. ‎Турли рангларни ҳосил қилиш учун турли рангдаги растрдан фойдаланилади. ‎Расмлар тасвири учун яшил, кўк, оч сариқ, сиёҳ, пушти ва қизил ранглардан, шунингдек, фон нақшли растр учун оч кўк ёки оч сариқ ва (ёки) оч қизил рангдан фойдаланган ҳолда босиб чиқарилиши мумкин. ‎Сертификат бланкасини чекка қисмларига нақшли растр рамка қўйилади. ‎Матн учун тўқ кўк рангдан фойдаланилади. ‎Серияси «KMS» ҳамда такрорланмайдиган рақамлардан, олти карралик ҳимояга эга ва кетма-кет ўзгарувчи рақамлардан иборат бўлади. ‎QR-код сертификат ташқи чап томонининг пастки ўнг қисмига жойлаштирилади.

Транспорт соҳаси кадрларини қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш тартиби тўғрисидаги низомга 1в-ИЛОВА

Транспорт соҳаси кадрларининг малака оширганлиги ҳақидаги сертификат шакли

Олди томони

Орқа томони

Транспорт соҳаси кадрларининг малака оширганлиги ҳақидаги сертификат ‎тавсифи I. Сертификат олди томонида: ‎Чап юқори қисмида таълим муассасасининг (ташкилотининг) логотипи ва ёнида инглиз тилида MINISTRY OF TRANSPORT OF TНE REPUBLIC OF UZBEKISTAN . пастида ‎PROFESSIONAL DEVELOPMENT CERTIFICATE. ‎Кетма-кетликда: ‎1. Certificate serial number ‎2. The name of the educational organization ‎3. Names of the advanced training course and volume of study load ‎4. Period of study: from «___» ________ 20___year ‎till «___» ________ 20___year. ‎5. Surname, name, patronymic students ‎6. Place of issue ‎7. date of issue: «___» ________ 20___yеar ‎8. Valid till: «___» _________ 20___yеar ‎II. Сертификат орқа томонида: ‎Ўнг юқори қисмида таълим муассасасининг (ташкилотининг) логотипи жойлаштирилади ва ён томонидан: ‎OʻZBEKISTON RESPUBLIKASI TRANSPORT VAZIRLIGI ‎MALAKA OSНIRGANLIK‎ НAQIDA SERTIFIKAT ‎МИНИСТЕРСТВО ТРАНСПОРТА РЕСПУБЛИКИ УЗБЕКИСТАН ‎СЕРТИФИКАТ О ПОВЫШЕНИИ КВАЛИФИКАЦИИ ‎Кетма кетликда: ‎1. Sertifikat tartib raqami/Серийный номер сертификата MO № 0000001 ‎2. Taʼlim muassasasining (tashkilotining) nomi/Образовательное учреждение ‎3. Malaka oshirish kursining nomi va oʻquv yuklamasi hajmi/Название курса повышения квалификации и объём учебной нагрузки ‎4. Oʻqish davri: 20___-yil «___» ________dan, 20___-yil «___» ________gacha/ Период обучения: от «___» ________ 20___г. до «___» ________20___г. ‎5. Taʼlim oluvchining familiyasi, ismi, otasining ismi/Фамилия, имя, отчество обучающиеся ‎6. Berilgan joy nomi/Место выдачи ‎7. Berilgan sana: 20___-yil «___» _________/Дата выдачи: «___» _________ 20___г. ‎8. Amal qilish muddati: 20___-yil «___» ________/Действителен до: «___» ________ 20___г. ‎III. Сертификатни чоп этиш шартлари: ‎Транспорт соҳаси кадрларининг малака оширганлиги ҳақидаги сертификат (кейинги ўринларда — сертификат) пластикдан тайёрланади, 54х86 миллиметр ўлчамда бўлиб, ранги оч кўк, давлат тилида (лотин ёзувида) расмийлаштирилади., ‎Матнларда қора рангдан фойдаланилади. ‎Ёруғлик воситасида нусха кўчирилишини мураккаблаштириш учун бўёқнинг оч рангларидан фойдаланилади. ‎Турли рангларни ҳосил қилиш учун турли рангдаги растрдан фойдаланилади. ‎Сертификат бланкасининг четки қисмларига нақшли растр рамка қўйиш мумкин. ‎Сертификатда тартиб рақамлар иккита лотин ҳарфи «MO» ва олтита такрорланмайдиган ҳамда кетма-кет ўзгарувчи рақамлардан иборат бўлади. ‎QR-код сертификат олди томонининг ўнг пастки қисмига жойлаштирилади.

Транспорт соҳаси кадрларини қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш тартиби тўғрисидаги низомга 2-ИЛОВА

Транспорт соҳасида тайёрлаш ва қайта тайёрлаш ўқув курсини тугатганлик ҳақидаги гувоҳнома шакли

Ташқи томони

Ички томони

Транспорт соҳасида тайёрлаш ва қайта тайёрлаш ўқув курсини тугатганлик ҳақидаги гувоҳнома ‎тавсифи Транспорт соҳасида тайёрлаш ва қайта тайёрлаш ( базавий маълумоти умумий ўрта ва ўрта махсус таълим, профессионал ва олий таълимидан ташқари ) ўқув курсларини тугатганлик ҳақидаги гувоҳнома (кейинги ўринларда — гувоҳнома) бланкаси А5 форматда 14,85 см х 21 см ўлчамдаги китобча шаклда бўлиб, 240 г/кв.м. қалинликдаги юқори сифатли махсус ҳимояга эга офсет қоғоздан тайёрланади. ‎I. Гувоҳнома ташқи томонида: ‎Варақнинг ўнг юқори қисмида Ўзбекистон Республикаси Давлат герби тасвири (20 — 40 мм оралиғида) ва давлат тилида (лотин ёзувида) қуйидагилар жойлаштирилади: ‎OʻZBEKISTON RESPUBLIKASI TRANSPORT VAZIRLIGI пастига кўк чизиқ жойлаштирилади. ‎GUVOHNOMA ‎II. Гувоҳнома ички томонида: ‎Варақнинг чап юқори қисмида давлат тилида (лотин ёзувида) кетма –кетликда қуйидагилар жойлаштирилади: ‎Taʼlim muassasasining (tashkilotining) nomi; ‎Tayyorlash va qayta tayyorlash oʻquv kursini tugatganlik haqida guvohnoma; ‎Серия ва тартиб рақами (G № 000000); ‎Berilgan sana: 20__-yil «___» _________; ‎Berilgan joy: ___________________________; ‎Taʼlim muassasasi (tashkilot) rahbarining imzosi va familiyasi, ismi, otasining ismi; ‎qayd raqami; ‎QR-код ёки муҳр жойи. ‎Гувоҳноманинг ўнг қисмида давлат тилида (лотин ёзувида) кетма — кетликда қуйидагилар жойлаштирилади: ‎taʼlim oluvchining familiyasi, ismi, otasining ismi; ‎oʻqish davri, oʻquv kursining nomi va umumiy soati; ‎Davlat attestatsiya komissiyasining qarori sanasi va raqami. ‎III. Гувоҳномани чоп этиш шартлари: ‎Ёруғлик воситасида нусха кўчирилишини мураккаблаштириш учун бўёқнинг оч рангларидан фойдаланилади. ‎Турли рангларни ҳосил қилиш учун турли рангдаги растрдан фойдаланилади. ‎Расмлар тасвири учун яшил, кўк, оч сариқ, сиёҳ, пушти ва қизил ранглардан, шунингдек, фон нақшли растри учун оч кўк ёки оч сариқ ва (ёки) оч қизил рангдан фойдаланган ҳолда босиб чиқарилиши мумкин. ‎Гувоҳнома бланкасининг чекка қисмларига нақшли растр рамка қўйилади. ‎Матнларда қора рангдан фойдаланилади. ‎Гувоҳномада тартиб рақамлар лотин ҳарфи «G» ва олтита такрорланмайдиган ҳамда кетма-кет ўзгарувчи рақамлардан иборат бўлади. ‎QR-код гувоҳнома ички томонининг чап пастки қисмига жойлаштирилади.

Транспорт соҳаси кадрларини қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш тартиби тўғрисидаги низомга 3-ИЛОВА

Транспорт соҳаси кадрларини қайта тайёрлаш ҳақидаги диплом шакли

Ташқи томони

Ички томони

Транспорт соҳаси кадрларини қайта тайёрлаш ҳақидаги диплом ‎тавсифи Транспорт соҳаси кадрларини қайта тайёрлаш ҳақида давлат намунасидаги диплом (кейинги ўринларда — диплом) бланкаси А5 форматда 14,85 см х 21 см ўлчамдаги китобча шаклда бўлиб, 240 г/кв.м. қалинликдаги юқори сифатли махсус ҳимояга эга офсет қоғоздан тайёрланади. ‎Диплом ташқи томонида: ‎Варақнинг ўнг юқори қисмида Ўзбекистон Республикаси Давлат герби тасвири ( 20 — 40 мм оралиғида ) ва давлат тилида (лотин ёзувида) ҳамда инглиз тилида қуйидагилар жойлаштирилади: ‎OʻZBEKISTON RESPUBLIKASI TRANSPORT VAZIRLIGI пастига кўк чизиқ жойлаштирилади. ‎QAYTA TAYYORLASH HAQIDA DIPLOM. ‎Диплом ички томонида: ‎Варақнинг чап юқори қисмида давлат тилида (лотин ёзувида) қуйидагилар жойлаштирилади: ‎Taʼlim muassasasining (tashkilotining) nomi; ‎Qayta tayyorlash haqida DIPLOM; ‎QT № 000000 ‎Berilgan sana: 20___-yil «___» _________ ‎Qayd raqami: ____________ ‎Taʼlim muassasasi (tashkiloti) rahbarining imzosi va familiyasi, ismi, otasining ismi; ‎QR-код ёки муҳр жойи; ‎Berilgan joy: ____________. ‎Дипломнинг ўнг қисмида давлат тилида (лотин ёзувида) кетма — кетликда қуйидагилар жойлаштирилади: ‎taʼlim oluvchining familiyasi, ismi, otasining ismi; ‎oʻqish davri: 20___-yil «___» _______ dan 20___-yil «___» _______ gacha; ‎oʻquv kursi umumiy soati; ‎qayta tayyorlash oʻquv kursi yoʻnalishi nomi; ‎Davlat attestatsiya komissiyasining qarori raqami va sanasi. ‎Дипломни чоп этиш шартлари: ‎Ёруғлик воситасида нусха кўчирилишини мураккаблаштириш учун бўёқнинг оч рангларидан фойдаланилади. ‎Турли рангларни ҳосил қилиш учун турли рангдаги растрдан фойдаланилади. ‎Расмлар тасвири учун яшил, кўк, оч сариқ, сиёҳ, пушти ва қизил ранглардан, шунингдек, фон нақшли растри учун оч кўк ёки оч сариқ ва (ёки) оч қизил рангдан фойдаланган ҳолда босиб чиқарилиши мумкин. ‎Диплом бланкасининг четки томонларига нақшли растр рамка қўйиш тавсия этилади. ‎Матнларда қора рангдан фойдаланилади. ‎Дипломда тартиб рақамлар иккита лотин ҳарфи «QТ» ва олтита такрорланмайдиган ҳамда кетма-кет ўзгарувчи рақамлардан иборат бўлади. ‎QR-код дипломни ички чап томонининг пастки қисмига жойлаштирилади.

Вазирлар Маҳкамасининг 2023 йил 28 сентябрдаги 504-сон қарорига 2-ИЛОВА

Транспорт соҳаси кадрларини қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш институтига оператив бошқарув ҳуқуқи асосида бепул берилаётган объектлар

Т/р Объект номи Жойлашган жойи 1. Автомобиль транспорти ходимларининг малакасини ошириш ва қайта тайёрлаш институтининг маъмурий ва тиббий ёрдам биноси Тошкент шаҳар, Яшнобод тумани, Мумтоз кўчаси, 5А-уй 2. Ўзининг темир йўлларига эга бўлган юридик шахсларнинг темир йўл транспорти ходимлари малакасини ошириш ва уларни қайта тайёрлаш марказининг маъмурий ўқув биноси Тошкент шаҳар, Учтепа тумани, 31-мавзе, Диёробод маҳалласи

Вазирлар Маҳкамасининг 2023 йил 28 сентябрдаги 504-сон қарорига 3-ИЛОВА

Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг айрим қарорларига киритилаётган ўзгартиришлар ва қўшимча

1. Вазирлар Маҳкамасининг «Автомототранспорт воситалари ҳайдовчиларини тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш тизимини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида» 2018 йил 23 февралдаги 139-сон қарорининг 4-банди ва унга 1-илова ўз кучини йўқотган деб ҳисоблансин.

2. Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 24 декабрдаги 1028-сон қарори билан тасдиқланган Кадрларни қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш бўйича нодавлат таълим олганлик тўғрисида давлат намунасидаги ҳужжатларни бериш тартиби ҳақидаги низом қуйидаги мазмундаги 3 1 -банд билан тўлдирилсин:

«3 1 . Ушбу Низом Транспорт соҳаси кадрларини қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш бўйича нодавлат таълим олганлик тўғрисида давлат намунасидаги ҳужжатларга нисбатан татбиқ этилмайди».

3. Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 4 июлдаги 421-сон қарори билан тасдиқланган Кема ҳайдовчиларини тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш ҳамда кема ҳайдовчиси гувоҳномаларини бериш тартиби тўғрисидаги низомнинг 5-банди иккинчи хатбошисидаги «Автомобиль транспорти ходимларини малакасини ошириш ва қайта тайёрлаш институти» сўзлари «ҳузуридаги Транспорт соҳаси кадрларини қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш институти» сўзлари билан алмаштирилсин.

4. Вазирлар Маҳкамасининг «Автомобиль транспорти соҳасида кадрлар малакасини ошириш ва уларни қайта тайёрлаш тизимини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида» 2021 йил 29 июндаги 399-сон қарорида :

а) 2-банднинг тўртинчи ва бешинчи хатбошиларидаги «автомобиль ёки техник йўналишда» сўзлари чиқариб ташлансин;

б) 3 ва 4-бандлар ҳамда 1-2-иловалар ўз кучини йўқотган деб ҳисоблансин.

Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А. АРИПОВ

Тошкент ш.,

2023 йил 28 сентябрь,

504-сон

(Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 30.09.2023 й., 09/23/504/0736-сон; 23.06.2026 й., 09/26/317/0617-сон)

lex.uz

Oʻzbekiston Respublikasi Vazirlar Mahkamasining

qarori

NIZOM

ROʻYXATI

Transport sohasida kadrlarni qayta tayyorlash va ularning malakasini oshirish hamda ilmiy va innovatsion faoliyat tizimini tashkil etish chora-tadbirlari toʻgʻrisida

Mamlakatimizda transport va yoʻl xoʻjaligi sohasida xodimlarni tayyorlash, qayta tayyorlash, ularning malakasini oshirish tizimini tubdan isloh qilish maqsadida ilgʻor xorijiy tajribani qoʻllagan holda oʻquv jarayoniga yangi taʼlim uslublarini, zamonaviy axborot texnologiyalarini keng joriy etish borasida tizimli ishlar amalga oshirilmoqda.

Shu bilan birga, bugungi kunda transport sohasida taʼlim oluvchilarga keng imkoniyatlar va qulay sharoitlar yaratish, soha kadrlarining bilim va koʻnikmalarini oshirish, shuningdek, kadrlarni qayta tayyorlash hamda ularning malakasini oshirish jarayonlarini ishlab chiqarish bilan uzviy bogʻliq holda amalga oshirish talab etilmoqda.

Oʻzbekiston Respublikasining “Transport toʻgʻrisida”gi Qonuni hamda Oʻzbekiston Respublikasi Prezidentining “Maʼmuriy islohotlar doirasida transport sohasida davlat boshqaruvini samarali tashkil qilish chora-tadbirlari toʻgʻrisida” 2023-yil 14-iyundagi PF-94-son Farmoniga muvofiq, shuningdek, avtomobil, temir yoʻl, havo, suv, elektr transporti, metropoliten va yoʻl xoʻjaligi sohasida kadrlarni qayta tayyorlash va ularning malakasini oshirish tizimini takomillashtirish maqsadida Vazirlar Mahkamasi qaror qiladi:

1. Oʻzbekiston Respublikasi Prezidentining “Maʼmuriy islohotlar doirasida transport sohasida davlat boshqaruvini samarali tashkil qilish chora-tadbirlari toʻgʻrisida” 2023-yil 14-iyundagi PF-94-son Farmoniga muvofiq Oʻzbekiston Respublikasi Transport vazirligi huzuridagi Avtomobil transporti xodimlarining malakasini oshirish va qayta tayyorlash instituti hamda Oʻzining temir yoʻllariga ega boʻlgan yuridik shaxslarning temir yoʻl transporti xodimlari malakasini oshirish va ularni qayta tayyorlash markazi negizida taʼlim muassasasi shaklida Transport vazirligi huzurida Transport sohasi kadrlarini qayta tayyorlash va malakasini oshirish instituti (keyingi oʻrinlarda — Institut) tashkil etilganligi maʼlumot uchun qabul qilinsin.

2. Belgilab qoʻyilsinki:

Institut avtomobil, temir yoʻl, havo, suv va elektr transporti, metropoliten hamda yoʻl xoʻjaligi sohalari (keyingi oʻrinlarda — transport sohasi) kadrlarini qayta tayyorlash va ularning malakasini oshirish boʻyicha taʼlim muassasasi hisoblanadi;

Institutning tuzilmasi va ustavi Oʻzbekiston Respublikasi Transport vazirligi tomonidan tasdiqlanadi;

Toshkent davlat transport universitetining Malaka oshirish va qayta tayyorlash markazi faoliyati tugatiladi;

Institut Avtomobil transporti xodimlarining malakasini oshirish va qayta tayyorlash instituti hamda Oʻzining temir yoʻllariga ega boʻlgan yuridik shaxslarning temir yoʻl transporti xodimlari malakasini oshirish va ularni qayta tayyorlash markazining huquq va majburiyatlari boʻyicha huquqiy vorisi hisoblanadi;

Institut transport sohasiga oid ilmiy-tadqiqot, innovatsion loyihalar, shuningdek, loyihalashtirish, laboratoriya sinovlarini oʻtkazish, sertifikatlashtirish, ekspertiza, diagnostika va nazorat oʻlchovlaridan oʻtkazish faoliyatlari bilan shugʻullanadi.

3. Shunday tartib oʻrnatilsinki, unga muvofiq:

transport sohasi kadrlari Oʻzbekiston Respublikasi Transport vazirligi tomonidan tasdiqlangan oʻquv rejasi va dasturlari asosida har uch yilda kamida bir marta malaka oshiradi;

Institutda avtomototransport (elektrotransport) vositalarini boshqaruvchi shaxslar (haydovchilar)ning malaka oshirish oʻquv kurslari dasturlari boʻyicha mustaqil tayyorgarlik koʻrgan va imtihondan muvaffaqiyatli oʻtgan shaxslarga taʼlim olganlik toʻgʻrisidagi hujjatni berish amaliyoti joriy qilinadi;

Transport vazirligi tomonidan transport sohasi kadrlarini qayta tayyorlash va ularning malakasini oshirish oʻquv kurslarini tashkil etish hamda yakuniy imtihonlarni oʻtkazishga moʻljallangan maxsus platforma yaratiladi;

davlat va nodavlat taʼlim tashkilotlari tomonidan transport sohasi kadrlarini qayta tayyorlash va ularning malakasini oshirish oʻquv kurslari boʻyicha yakuniy imtihonlar Transport vazirligi tomonidan yaratilgan maxsus elektron platformada topshiriladi;

oʻquv kurslarining yakunida olinadigan imtihonlarda avtoproktoringdan foydalaniladi, yaʼni taʼlim oluvchilarning shaxsini avtomatik tarzda autentifikatsiyalash, ularning xatti-harakatlari va nigohi yoʻnalishini nazorat qilish, xonadagi tovushlarni tahlil etish, videodagi buzilishlarni tuzatish hamda hisobotlar tayyorlashga yoʻnaltirilgan boʻlishi nazarda tutiladi;

yakuniy imtihon oʻtkazish uchun oʻquv dasturlarining har bir soati uchun kamida beshtadan nazorat materiallari (savollar, testlar va boshqalar) maxsus platformaga joylashtiriladi;

Oʻzbekiston Respublikasi Markaziy banki huzuridagi “Davlat belgisi” davlat unitar korxonasi Institutning buyurtmasiga asosan transport sohasi kadrlarini qayta tayyorlash va ularning malakasini oshirish boʻyicha taʼlim olganlik toʻgʻrisida davlat namunasidagi hujjatlar blankalarini belgilangan tartibda tayyorlaydi. Ushbu blankalar Institut tomonidan boshqa davlat va nodavlat taʼlim tashkilotlariga ularning buyurtmasiga muvofiq shartnoma asosida yetkazib beriladi;

transport sohasi kadrlarini qayta tayyorlash va ularning malakasini oshirish oʻquv kursi bitiruvchilariga taʼlim toʻgʻrisidagi hujjatlarni (diplom, sertifikat, guvohnoma) elektron shaklda berish amaliyotini joriy etish maqsadida identifikatsiya raqami va QR-kod (matrik-shtrixli kod) hamda himoya elementlarini nazarda tutuvchi “Elektron repozitoriy” tizimi va dasturiy taʼminoti yaratiladi hamda joriy qilinadi.

4. Quyidagilar Institutning asosiy vazifalari etib belgilansin:

transport sohasi kadrlarini, shu jumladan, pedagog kadrlarni qayta tayyorlash va ularning malakasini oshirish;

transport sohasida innovatsion, fundamental va amaliy tadqiqot ishlarini yoʻlga qoʻyish hamda natijalarini amaliyotga joriy etish;

transport sohasida oʻquv-uslubiy metodik majmualar ishlab chiqilishini va joriy etilishini tashkil etish;

transport sohasi kadrlarining malakasini baholash faoliyatini tashkil etish;

soha mutaxassislari uchun uzluksiz va kasbiy rivojlantirish tizimini tashkil qilish, qayta tayyorlash va malaka oshirish jarayonlarini monitoring qiluvchi yagona elektron platformani yaratish va amaliyotga joriy etish;

kasbiy ehtiyojlardan kelib chiqqan holda, buyurtmachilarga (taʼlim oluvchilarga) malaka oshirish shakllarini mustaqil tanlash imkoniyatini yaratish;

transport sohasi kadrlarini qayta tayyorlash va ularning malakasini oshirishning bevosita va bilvosita bir-birini toʻldiruvchi tamoyillarini qoʻllash hamda masofaviy va boshqa taʼlim shakllarini joriy qilish.

5. Oʻzbekiston Respublikasi Transport vazirligi Ichki ishlar vazirligi bilan birgalikda jamoat transportidagi avtobus haydovchilariga boʻlgan mavjud talabdan kelib chiqqan holda, Institutda “D” toifali haydovchilarni tayyorlash boʻyicha maxsus kurslarni tashkil etib, ushbu kurslarni tamomlagan haydovchilarni belgilangan tartibda ish bilan taʼminlash choralarini koʻrsin.

6. Quyidagilarni nazarda tutuvchi Transport sohasi kadrlarini qayta tayyorlash va ularning malakasini oshirish tartibi toʻgʻrisidagi nizom 1-ilovaga muvofiq tasdiqlansin:

transport sohasi kadrlarini qayta tayyorlash va ularning malaka oshirish tizimi hamda uni boshqarish;

transport sohasi kadrlarini qayta tayyorlash va ularning malakasini oshirish oʻquv kurslarining oʻquv rejasi va dasturlarini ishlab chiqish hamda belgilangan tartibda tasdiqlash;

transport sohasi kadrlarini qayta tayyorlash va ularning malakasini oshirish oʻquv kurslarini tashkil qilish hamda oʻtkazish;

taʼlim toʻgʻrisidagi hujjatlar namunalarini tasdiqlash;

oʻquv rejasi va dasturiga muvofiq sinov imtihonlaridan muvaffaqiyatli oʻtgan bitiruvchilarga belgilangan namunadagi taʼlim hujjatlarni berish;

transport sohasi kadrlarini qayta tayyorlash va ularning malakasini oshirish sifatini nazorat qilish hamda baholash.

7. Quyidagilar Institut faoliyatini moliyalashtirish manbalari etib belgilansin:

shartnoma asosida taʼlim xizmatlarini koʻrsatishdan tushadigan mablagʻlar;

transport sohasiga oid ilmiy-tadqiqot, diagnostika va laboratoriya ishlaridan olingan mablagʻlar;

jismoniy va yuridik shaxslarning homiylik xayriyalari;

xalqaro moliya tashkilotlarining grantlari;

qonunchilik hujjatlarida taqiqlanmagan boshqa manbalar.

8. Transport sohasi kadrlarini qayta tayyorlash va malakasini oshirish institutiga operativ boshqaruv huquqi asosida bepul berilayotgan obyektlar roʻyxati 2-ilovaga muvofiq tasdiqlansin.

9. Toshkent shahar hokimligi, Oʻzbekiston Respublikasi Transport vazirligi, Ichki ishlar vazirligi va Davlat aktivlarini boshqarish agentligi ikki oy muddatda avtodrom qurish uchun zarur boʻlgan qoʻshimcha yer uchastkasi Institutga doimiy foydalanish huquqi asosida ajratilishi boʻyicha Vazirlar Mahkamasiga taklif kiritsin.

10. Oʻzbekiston Respublikasi Hukumatining 3-ilovaga muvofiq ayrim qarorlariga oʻzgartirish va qoʻshimchalar kiritilsin.

11. Mazkur qarorning bajarilishini nazorat qilish Oʻzbekiston Respublikasi Bosh vazirining oʻrinbosari A.J. Ramatov va Oʻzbekiston Respublikasi transport vaziri I.R. Maxkamov zimmasiga yuklansin.

Vazirlar Mahkamasining 2023-yil 28-sentabrdagi 504-son qaroriga 1-ILOVA

Transport sohasi kadrlarini qayta tayyorlash va ularning malakasini oshirish tartibi toʻgʻrisida

1-bob. Umumiy qoidalar

1. Ushbu Nizom avtomobil, temir yoʻl, havo, suv, elektr transporti, metropoliten hamda yoʻl xoʻjaligi kadrlarini qayta tayyorlash va ularning malakasini oshirish tartibini belgilaydi.

2. Mazkur Nizomda quyidagi asosiy tushunchalar qoʻllaniladi:

kadrlar malakasini oshirish — avtomobil, temir yoʻl, havo, suv, elektr transporti, metropoliten hamda yoʻl xoʻjaligi sohasida (keyingi oʻrinlarda — transport sohasi) talablar asosida tegishli faoliyat turlari boʻyicha kasbiy bilim, mahorat va koʻnikmalarni muntazam yangilab borish, shuningdek, mutaxassislik yoki kasbiy faoliyatni yuritish uchun bilim darajasini oshirish;

kadrlarni qayta tayyorlash — tayanch mutaxassisliklar va kasblarga muvofiq boʻlgan yoʻnalishlar boʻyicha faoliyatni amalga oshirish uchun qoʻshimcha kasbiy bilim, malaka va koʻnikmalarning zarur hajmi egallanishini taʼminlash;

qayta tayyorlash va malaka oshirish oʻquv kurslari (keyingi oʻrinlarda — oʻquv kurslari) — tasdiqlangan oʻquv rejasi va dasturlariga muvofiq transport sohasi kadrlarining bilim, mahorat va koʻnikmalarini oshirish maqsadida tashkil qilinadigan oʻquv kurslari;

transport sohasi kadrlari — transport sohasida faoliyat yurituvchi tashkilotlarning ushbu Nizomning 4-bandiga muvofiq lavozim va mutaxassisliklar nomenklaturasiga kiruvchi xodimlari.

3. Transport sohasi kadrlarini qayta tayyorlash va ularning malakasini oshirish Oʻzbekiston Respublikasi Transport vazirligi (keyingi oʻrinlarda — Vazirlik) huzuridagi Transport sohasi kadrlarini qayta tayyorlash va malakasini oshirish instituti (keyingi oʻrinlarda — Institut) va nodavlat taʼlim tashkilotlari tomonidan amalga oshiriladi.

4. Transport sohasida kadrlarni qayta tayyorlash va ularning malakasini oshirish boʻyicha lavozimlar hamda mutaxassisliklar nomenklaturasi Vazirlik tomonidan shakllantiriladi va tasdiqlanadi.

5. Transport sohasi kadrlarining tayyorgarligi, malakasiga qoʻyiladigan talablarga muvofiqligi Vazirlik tomonidan tasdiqlanadigan dastur boʻyicha ularning kamida har uch yilda bir marta oʻz malakasini oshirganligi toʻgʻrisida Institut tomonidan beriladigan malaka sertifikatiga muvofiq aniqlanadi.

6. Qayta tayyorlash natijasida beriladigan taʼlim toʻgʻrisidagi hujjat (diplom) faqat muayyan lavozimda faoliyat koʻrsatish huquqini beradi.

2-bob. Transport sohasida qayta tayyorlash va malaka oshirishning maqsadi hamda vazifalari

7. Transport sohasi xodimlarini va pedagog kadrlarni qayta tayyorlash hamda ularning malakasi oshirishning maqsadi tayanch mutaxassisliklar va kasblarga muvofiq boʻlgan yoʻnalishlar boʻyicha faoliyatni amalga oshirish uchun qoʻshimcha kasbiy bilim, malaka va koʻnikmalarning zarur hajmi egallanishini, shuningdek, chuqurlashtirilishi hamda doimiy yangilab borilishini taʼminlaydi.

8. Quyidagilar transport sohasida qayta tayyorlash va malaka oshirishning vazifalari hisoblanadi:

transport sohasi xodimlarining kasbiy bilimi, koʻnikmasi va mahoratini uzluksiz yangilab borish, zamonaviy talablarga muvofiq kasb faoliyati sifatini taʼminlash uchun zarur darajada kasbiy tayyorgarlikni oshirish;

transport sohasi kadrlarini, shuningdek, pedagog kadrlarni qayta tayyorlash va ularning malakasini oshirishni tashkil qilish;

transport vositalarini (avtomototransport, temir yoʻl, havo, suv, elektr transporti, metropoliten) boshqarish (toifalar) boʻyicha tayyorlash;

ommaviy kasb mutaxassislarini tayyorlash, qayta tayyorlash va ularning malakasini oshirish;

transport sohasiga innovatsion texnologiyalarni joriy etish orqali kasbiy tayyorgarlikni samarali tashkil etishni taʼminlash;

transport sohasi xodimlarining vazifa va majburiyatlari samarali bajarilishini taʼminlash uchun zarur boʻlgan darajada kasbiy tayyorgarligini oshirish, bilim, koʻnikma va mahoratini uzluksiz yangilash mexanizmlarini joriy qilish.

3-bob. Transport sohasi kadrlarini qayta tayyorlash va ularning malakasini oshirish tizimini boshqarish

9. Transport sohasi kadrlarini qayta tayyorlash va ularning malakasini oshirish tizimiga Vazirlik, Institut va nodavlat taʼlim tashkilotlari (keyingi oʻrinlarda  taʼlim tashkilotlari) hamda buyurtmachilar (davlat organlari va tashkilotlari, yuridik va jismoniy shaxslar) kiradi.

10. Vazirlik:

transport sohasi kadrlarini qayta tayyorlash va ularning malakasini oshirish boʻyicha Institutga hamda taʼlim tashkilotlariga umumiy rahbarlik qiladi;

transport sohasi kadrlarini qayta tayyorlash va ularning malakasini oshirish sohasida taʼlim jarayoni mexanizmlari va usullarini belgilaydi;

transport sohasi kadrlarini qayta tayyorlash va ularning malakasini oshirish boʻyicha hujjatlarni ishlab chiqadi va belgilangan tartibda tasdiqlaydi;

transport sohasi kadrlari malakasini baholash tartibini belgilaydi va joriy qiladi;

davlat taʼlim talablarini ishlab chiqadi va belgilangan tartibda tasdiqlanishini taʼminlaydi;

oʻquv kurslariga qabul qilish tartibini belgilaydi;

taʼlim oluvchilarning bilim, malaka va koʻnikmalarini baholash tartibini belgilaydi hamda tasdiqlaydi;

faoliyati transport vositalaridan foydalanish bilan bogʻliq boʻlgan yuridik shaxslarning yoʻl harakati xavfsizligi xizmati xodimlari uchun oʻquv kurslarining maxsus dasturlarini tasdiqlaydi, malaka imtihonlarini tashkil qilish, oʻtkazish va malakani baholash tartiblarini belgilaydi;

oʻquv adabiyotlarini chop etishni taʼminlaydi va moliyalashtiradi;

oʻquv kurslarida taʼlim shakllari joriy etilishini taʼminlaydi;

oʻquv kurslari bitiruvchilari tayyorgarligiga qoʻyiladigan talablarni tasdiqlaydi;

tayanch oʻquv rejasi va fan (modul) dasturlarini belgilangan tartibda tasdiqlaydi;

transport sohasining rivojlanish tendensiyalarini inobatga olgan holda, qayta tayyorlash va malaka oshirish tizimini oʻquv-uslubiy, axborot hamda moddiy-texnik jihatdan taʼminlaydi va takomillashtiradi;

qayta tayyorlash va malaka oshirish tizimining yanada rivojlanishini va modernizatsiya qilinishini taʼminlaydi;

kadrlarni qayta tayyorlash va ularning malakasini oshirish boʻyicha xalqaro hamkorlikni kengaytiradi;

oʻquv kurslari yoʻnalishlarining transport sohasidagi kasb standartlari, mutaxassisliklar klassifikatoriga muvofiqligini taʼminlaydi;

xalqaro toifadagi haydovchilarni tayyorlash, qayta tayyorlash va ularning malakasini oshirish tartibini ishlab chiqadi hamda belgilangan tartibda tasdiqlaydi;

taʼlim tashkilotlarida oʻquv kurslari bitiruvchilariga taʼlim toʻgʻrisidagi hujjatlarni (diplom, sertifikat, guvohnoma) elektron shaklda berish amaliyotini joriy etish maqsadida identifikatsiya raqami va QR-kod hamda himoya elementlarini nazarda tutuvchi “Elektron repozitoriy” tizimi va dasturiy taʼminotini yaratadi va joriy qiladi;

transport sohasi kadrlarini qayta tayyorlash va ularning malakasini oshirish faoliyati bilan shugʻullanuvchi taʼlim tashkilotlarining reyestrini yuritadi;

transport sohasi kadrlarini qayta tayyorlash va ularning malakasini oshirish sifati boʻyicha monitoring yuritilishini tashkil qiladi.

11. Institut:

transport sohasi kadrlarini qayta tayyorlash va ularning malakasini oshirish faoliyatini amalga oshiradi;

avtomototransport vositalari haydovchilarini mahalliy va xalqaro toifalarga tayyorlash, qayta tayyorlash hamda ularning malakasini oshirish faoliyatini amalga oshiradi;

kema haydovchilarini tayyorlash, qayta tayyorlash va ularning malakasini oshirish faoliyatini amalga oshiradi;

transport vositalarini (avtomototransport, temir yoʻl, havo, suv, elektr transporti, metropoliten) boshqarishga (toifalar) tayyorlash faoliyatini amalga oshiradi;

temir yoʻl transportida lokomotiv, drezina va metropoliten transportida elektropoyezd mashinisti kasbiga tayyorlaydi;

metropoliten, shuningdek, umumiy foydalanishdagi temir yoʻl transporti korxonalari va oʻzining umumiy foydalanishda boʻlmagan temir yoʻllariga ega yuridik shaxslar kadrlarini qayta tayyorlash va ularning malakasini oshirish faoliyatini amalga oshiradi;

transport sohasida pedagog kadrlarni qayta tayyorlash va ularning malakasini oshirish faoliyatini amalga oshiradi;

ommaviy kasb mutaxassislarini qayta tayyorlash faoliyatini amalga oshiradi;

tayanch oʻquv rejasi va fan (modul) dasturlarini ishlab chiqadi;

oʻquv jarayoniga tinglovchilarning ijodiy fikrlashini rivojlantirishga yoʻnaltirilgan oʻqitishning ilgʻor shakllari va usullarini tatbiq qiladi;

zamonaviy pedagogik va axborot-kommunikatsiya texnologiyalari, interfaol usullarni joriy qiladi;

oʻquv kurslari mashgʻulotlarini oʻtkazish uchun malakali professor-oʻqituvchilar va amaliyotchi mutaxassislarni jalb qiladi;

qayta tayyorlash va malaka oshirish boʻyicha taʼlim jarayonining ilmiy-uslubiy asoslarini ishlab chiqadi;

qayta tayyorlash va malaka oshirish sohasida ilgʻor xalqaro amaliyotni oʻrganadi va joriy qiladi;

oʻquv kurslarida taʼlim olishning elektron bazasini yuritadi;

transport sohasida kadrlarni qayta tayyorlash va ularning malakasini oshirish boʻyicha normativ-huquqiy hujjatlar loyihalarini ishlab chiqishda ishtirok etadi va taʼlim jarayonini uslubiy jihatdan muvofiqlashtiradi;

Vazirlikka taʼlim jarayonini tartibga soluvchi hujjatlarni ishlab chiqish boʻyicha takliflar kiritadi hamda taʼlim tizimini takomillashtirish boʻyicha ilmiy-tadqiqot ishlari va innovatsion gʻoyalarni amalga oshiradi;

faoliyati transport vositalaridan foydalanish bilan bogʻliq boʻlgan yuridik shaxslarning yoʻl harakati xavfsizligi xizmati xodimlari uchun oʻquv kurslarining maxsus dasturlariga muvofiq malakasini oshiradi va taʼlim olgan shaxslarga davlat tomonidan tasdiqlangan namunadagi taʼlim toʻgʻrisidagi hujjat beradi, shuningdek, malakani baholash faoliyati bilan shugʻullanadi;

rivojlangan xorijiy davlatlarning tajribasini oʻrganadi va oʻzaro tajriba almashishni tashkil qiladi.

12. Buyurtmachilar:

oʻz ehtiyojidan kelib chiqib, transport sohasi kadrlarini qayta tayyorlash va ularning malakasini oshirish boʻyicha taʼlim oluvchilar roʻyxatini shakllantiradi;

oʻquv kurslarining tasdiqlangan jadvali asosida taʼlim oluvchilarning oʻquv kurslarida qatnashishini taʼminlaydi;

oʻquv kurslarini muvaffaqiyatli tamomlagan mutaxassislarning ilgʻor tajribasi, yangi bilimlari va koʻnikmalari ommalashishini tashkil etadi, ularning ijobiy tajribasini targʻib qilish boʻyicha choralar koʻradi;

oʻquv kurslarining ichki monitoringini yuritadi, oʻquv kurslari yakuniy natijalarida yuqori koʻrsatkichlarga ega boʻlgan mutaxassislarni moddiy ragʻbatlantirish mexanizmlarini ishlab chiqadi va amalga oshiradi, shuningdek, boʻsh lavozimlarni toʻldirish uchun tanlovlar oʻtkazish jarayonida ularni asosiy mezon sifatida eʼtiborga oladi.

4-bob. Transport sohasi kadrlarini qayta tayyorlash va ularning malakasini oshirishni tashkil qilish tartibi

13. Transport sohasi kadrlari uch yilda kamida bir marta malakasini oshirishi shart.

14. Transport sohasi kadrlari oliy taʼlim tashkilotlarining bakalavriat taʼlim yoʻnalishlari yoki magistratura mutaxassisliklarini tamomlaganidan soʻng ularning ikki yil davomida malaka oshirishi talab etilmaydi, qonunchilik hujjatlarida nazarda tutilgan hollar hamda soha kadrlarini mutaxassislikka tayyorlash vaqtida, ishlab chiqarish amaliyotida tanishmagan, shuningdek, ishlab chiqarishda yangi joriy qilingan texnologiyalar, usullar va uslublarni oʻrganish talab etiladigan hollar bundan mustasno.

15. Oliy maʼlumot talab etilmaydigan kasblar boʻyicha talab va ehtiyojlardan kelib chiqib, oʻquv kurslarida taʼlim olish mumkin.

16. Oʻquv kurslari buyurtmachilardan kelib tushgan buyurtma asosida tashkil etiladi.

17. Oʻquv kurslarida koʻrsatiladigan taʼlim xizmatlari shakli buyurtmachi bilan kelishgan holda tanlanadi.

18. Oʻquv kurslarida oʻqiganlik uchun toʻlov miqdori Institut tomonidan belgilanadi.

19. Oʻquv kurslari Vazirlik tomonidan tasdiqlangan tayanch oʻquv rejasi va dasturlariga hamda Institut tomonidan tasdiqlangan ishchi oʻquv rejasi va dasturlariga muvofiq tashkil qilinadi.

20. Institut oʻquv kurslarini anʼanaviy, masofadan va boshqa taʼlim shakllarini joriy qilgan holda tashkil qiladi.

21. Barcha turdagi auditoriya mashgʻulotlarining juft soati davomiyligi 80 daqiqani, oʻquv mashgʻulotlari orasidagi tanaffus kamida 10 daqiqani tashkil etadi.

22. Oʻquv kurslarida taʼlim jarayonlari 30 nafar taʼlim oluvchidan oshmagan akademik guruhlarda tashkil etiladi. Amaliy, laboratoriya va auditoriyadan tashqari mashgʻulotlar alohida guruhlar boʻyicha, nazariy mashgʻulotlar esa 3 tadan koʻp boʻlmagan guruhni birlashtirgan holda maʼruza shaklida oʻtkaziladi.

23. Institutda oʻquv kurslari quyidagi shakllar orqali oʻtkaziladi:

ishlab chiqarishdan ajralgan holda taʼlim olish (anʼanaviy) — oʻquv kurslari dasturlarini Institutga kelib, toʻliq dars jarayonlariga qatnashgan holda oʻzlashtirish;

ishlab chiqarishdan ajralmagan holda kechki taʼlim olish — oʻquv kurslari dasturlarini ish vaqtiga xalaqit bermagan holda tuzilgan jadvalga muvofiq oʻzlashtirish;

masofaviy taʼlim olish — onlayn (videomaʼruzalar, maslahatlar, nazorat turlarini masofadan turib real vaqt rejimida oʻtkazish) va oflayn (masofaviy taʼlim tizimidagi tegishli oʻquv-metodik resurslarni mustaqil ravishda oʻzlashtirish) shaklda amalga oshirish;

ishlab chiqarishdan qisman ajralgan holda (aralash usul) taʼlim olish — 3+1 tizimi boʻyicha (75 foiz bevosita Institutda, 25 foiz ish joyida mustaqil taʼlim olish yoʻli bilan) yoki 2+2 tizimi boʻyicha (50 foiz bevosita Institutda, 50 foiz ish joyida mustaqil taʼlim olish yoʻli bilan) va/yoki 1+3 tizimi boʻyicha (25 foiz bevosita Institutda, 75 foiz ish joyida mustaqil taʼlim olish yoʻli bilan) taʼlim olish.

24. Auditoriya oʻquv yuklamasining eng yuqori hajmi haftasiga 36 soatdan (bir kunlik 6 soatdan) oshmasligi lozim.

25. Masofadan (videokonferensaloqa orqali) onlayn shaklda tashkil qilinganda, auditoriya oʻquv yuklamasining eng yuqori hajmi haftasiga 24 soatdan (bir kunlik 4 soatdan) oshmasligi lozim.

26. Masofadan onlayn va oflayn shaklda oʻquv kurslari tashkil qilinganda, oʻquv yuklamalarning hajmini mazkur Nizomda belgilangan meʼyorlarga muvofiq Institut mustaqil belgilaydi.

27. Qayta tayyorlash va malaka oshirish kurslari oʻquv yuklamalarining eng kam meʼyori davlat taʼlim talablari bilan belgilanadi.

28. Oʻquv kurslarining yoʻnalishlari, davomiyligi, oʻquv yuklamalari hajmi, taʼlim berish shakli, shuningdek, oʻqitiladigan kadrlar toifalari (kontingenti), tayanch oʻquv rejasi va dasturlarida koʻrsatiladi.

29. Qayta tayyorlash oʻquv kurslarida taʼlim oluvchi mutaxassislar qaysi mutaxassislikdan qaysi lavozimga qayta tayyorlanishi oʻquv rejasi va dasturlarida yoki Vazirlikning buyrugʻi bilan belgilanadi.

30. Malaka oshirish oʻquv kurslarida taʼlim oluvchilar bilimlari yakuniy nazorat turlari natijalari asosida baholanadi.

31. Qayta tayyorlash oʻquv kurslarida taʼlim oluvchilar bilimlari joriy, oraliq va yakuniy nazorat turlari hamda bitiruv ishi natijalari asosida baholanadi.

32. Oʻquv kurslari boʻyicha taʼlim oluvchilarning nazariy bilim va amaliy koʻnikmalarini oʻzlashtirish darajasi test sinovlari, ogʻzaki va yozma shaklaridan birida baholanadi. Nazorat shakli va baholash mezonlari Vazirlik tomonidan belgilanadi.

33. Nazorat turlari quyidagicha baholanadi:

86 foizdan 100 foizgacha oʻzlashtirgan — “aʼlo”;

71 foizdan 85 foizgacha oʻzlashtirgan — “yaxshi”;

56 foizdan 71 foizgacha oʻzlashtirgan — “qoniqarli”;

56 foizgacha oʻzlashtirmagan hisoblanadi — “qoniqarsiz”.

34. Kasbiy faoliyatni yuqori darajada oʻzlashtirish talab etiladigan (yoki tor doiradagi) ayrim turdagi kasblarga qayta tayyorlash va malaka oshirish oʻquv kurslarining natijalari boʻyicha oʻzlashtirish darajasi Vazirlik tomonidan mazkur Nizomda keltirilgan oʻzlashtirishning eng past va eng yuqori darajalaridan chiqmagan holda belgilanishi mumkin.

35. Qayta tayyorlash va malaka oshirish oʻquv dasturlarini mustaqil yoki masofaviy oʻqitish texnologiyalari orqali oʻzlashtirayotgan taʼlim oluvchilar yakuniy imtihondan oʻtadi.

36. Asossiz sabablar bilan mashgʻulotlarni oʻtkazib yuborganligi uchun qayta tayyorlash va malaka oshirish kursining taʼlim oluvchilari safidan chetlatilganlar qayta toʻlov asosda oʻquv kurslarida taʼlim olishlari, shuningdek, qayta tayyorlash va malaka oshirishning navbatdagi kurslarida tegishli yoʻnalish (mutaxassislik) boʻyicha yakuniy imtihondan oʻtishlari lozim.

37. Yakuniy imtihon boʻyicha “qoniqarsiz” baho olgan taʼlim oluvchilarga yana ikki marta imtihon topshirish imkoniyati beriladi.

38. Taʼlim oluvchilar quyidagi hollarda tinglovchilar safidan chetlashtirilishi mumkin:

oʻz xohishiga binoan;

oʻquv intizomini va Institutning ichki tartib-qoidalarini buzganligi uchun;

bitta oʻquv kursi dasturida belgilangan oʻquv yuklamasi umumiy soatining (mustaqil tayyorgarlik bundan mustasno) uzrli sabablarsiz 10 foizidan ortiq qoldirganligi sababli;

taʼlim dasturlarini oʻzlashtirmaganligi uchun;

salomatligi tufayli (tibbiy komissiya maʼlumotnomasi asosida);

sud hukmi asosida ozodlikdan mahrum etilganligi munosabati bilan;

vafot etganligi sababli.

5-bob. Taʼlim toʻgʻrisidagi hujjatlar

39. Oʻquv kurslari bitiruvchilariga quyidagi hujjatlar beriladi:

oʻquv kurslari dasturlarini muvaffaqiyatli tugatgan (oʻzlashtirgan) shaxslar uchun ushbu Nizomga 1 yoki 1a-ilovalarda keltirilgan shakllarga va tavsifga muvofiq transport sohasi kadrlarining malaka oshirganligi haqida sertifikat;

oʻquv kurslari dasturlarini muvaffaqiyatli tugatgan (oʻzlashtirgan) shaxslar uchun ushbu Nizomga 1b yoki 1v-ilovalarda keltirilgan shakllarga va tavsifga muvofiq xalqaro yoʻnalishda yoʻlovchi va yuk tashuvchining kasbiy mahorat sertifikati;

oʻquv kurslari dasturlarini muvaffaqiyatli tugatgan (oʻzlashtirgan) shaxslar uchun ushbu Nizomga 2-ilovada keltirilgan shakl va tavsifga muvofiq transport sohasida tayyorlash va qayta tayyorlash oʻquv kurslarini tugatganlik haqida guvohnoma;

qayta tayyorlash oʻquv kurslari dasturlarini muvaffaqiyatli tugatgan (oʻzlashtirgan) shaxslar uchun ushbu Nizomga 3-ilovada keltirilgan shakl va tavsifga muvofiq transport sohasida kadrlarni qayta tayyorlash haqida diplom.

40. Oʻquv kurslari boʻyicha imtihon natijalariga koʻra yetarli ball toʻplay olmagan taʼlim oluvchiga oʻquv jarayoniga qatnashganligi toʻgʻrisida maʼlumotnoma beriladi.

41. Mazkur taʼlim toʻgʻrisidagi hujjatlar qogʻoz yoki elektron va/yoki plastik shaklda berilishi mumkin hamda uchalasi ham teng yuridik kuchga ega.

42. Taʼlim toʻgʻrisidagi hujjatlar elektron shaklda QR-kod (matrik shtrixli kod) tushirilgan holda berilganda, qayd raqami qoʻyish talab etilmaydi.

43. Malaka oshirish oʻquv kurslari takrorlanmas boʻlgan taqdirda, amal qilish muddatiga “-” chiziqcha belgisini qoʻyish tavsiya etiladi.

44. Taʼlim toʻgʻrisidagi hujjat blankalariga QR-kod (matrik shtrixli kod) tushirilganda, taʼlim muassasasi (tashkilot) muhri va rahbarining imzosi talab qilinmaydi. QR-kod (matrik shtrixli kod) tushirilmasdan berilganda, taʼlim muassasasi (tashkilot) muhri va rahbarining imzosi qoʻyiladi.

45. Malaka oshirganlik haqidagi sertifikatga tushirilgan QR-kod (matrik shtrixli kod) tekshirilganda, taʼlim tashkilotining saytida taʼlim oluvchining familiyasi, ismi, otasining ismi, taʼlim olgan yoʻnalishi, oʻquv yuklamasi hajmi, davri va rasmiylashtirilgan sanasi boʻyicha maʼlumotlar boʻlishi shart.

6-bob.Transport sohasi kadrlarini qayta tayyorlash va ularning malakasini oshirish sifatini nazorat qilish hamda baholash

46. Transport sohasi kadrlarini qayta tayyorlash va ularning malakasini oshirish sifatini nazorat qilish hamda baholash quyidagilarni oʻz ichiga oladi:

tashqi nazorat — transport sohasi kadrlarini qayta tayyorlash va ularning malakasini oshirish boʻyicha vakolatli organlar tomonidan amalga oshiriladi;

jamoatchilik nazorati — belgilangan tartibda nodavlat notijorat tashkilotlar va buyurtmachilar tomonidan amalga oshiriladi;

ichki nazorat — belgilangan tartib asosida taʼlim tashkiloti tomonidan amalga oshiriladi;

yakuniy nazorat — yakuniy attestatsiya va (yoki) boshqa nazorat usullari asosida baholanadi.

47. Qayta tayyorlash va malaka oshirish boʻyicha Institut faoliyati qonunchilik hujjatlariga muvofiq baholanadi.

7-bob. Transport sohasi kadrlarini qayta tayyorlash va ularning malakasini oshirish boʻyicha oʻquv dasturlariga qoʻyiladigan talablar

48. Oʻquv kurslari oʻquv rejasi va dasturlari asosida oʻtkaziladi.

49. Oʻquv dasturlari zaruratga qarab yangilanadi.

50. Oʻquv dasturlari taʼlim oluvchilarning amaldagi ehtiyojlari va ularning tayyorgarlik darajasini eʼtiborga olgan holda shakllantiriladi. Oʻquv dasturlari ishlab chiqarish xususiyatini hisobga olgan holda, turli faoliyat sohalari uchun alohida ishlab chiqilishi mumkin.

51. Oʻquv dasturlari asosiy va qoʻshimcha oʻquv modullariga ajratilgan holda alohida oʻquv modullariga boʻlinadi.

52. Oʻquv dasturlarining mazmuniga boʻlgan asosiy talablar qayta tayyorlash va malaka oshirishga qoʻyilgan talablar asosida belgilanadi.

53. Oʻquv dasturi fan, texnika, texnologiya va transport bozori rivojlanishining ilgʻor yutuqlariga muvofiq holda yaratilishi, transport taʼlimi tizimida uzluksizlik, izchillik va ketma-ketlikni taʼminlashga doir talablarga javob berishi lozim.

54. Oʻquv dasturi taʼlim oluvchilar tomonidan bilimlarni mustaqil izlash va ularni oʻzlashtirish uchun imkoniyatlarini nazarda tutishi kerak.

8-bob. Yakunlovchi qoida

55. Mazkur Nizom talablari buzilishida aybdor boʻlgan shaxslar qonunchilik hujjatlariga muvofiq javobgar boʻladi.

Transport sohasi kadrlarini qayta tayyorlash va ularning malakasini oshirish tartibi toʻgʻrisidagi nizomga 1-ILOVA

Transport sohasi kadrlarining malaka oshirganligi haqidagi sertifikat shakli Tashqi tomoni

Tashqi tomoni

Ichki tomoni

‎‎Transport sohasi kadrlarining malaka oshirganligi haqidagi sertifikat ‎tavsifi ‎ ‎‎Transport sohasi kadrlarining malaka oshirganligi haqidagi sertifikat (keyingi oʻrinlarda — sertifikat) blankasi A5 formatda 14,85 sm x 21 sm oʻlchamdagi kitobcha shaklda boʻlib, 240 g/kv.m. qalinlikdagi yuqori sifatli maxsus himoyaga ega ofset qogʻozdan tayyorlanadi. ‎I. Sertifikat tashqi tomonida: ‎Varaqning oʻng yuqori qismida Oʻzbekiston Respublikasi Davlat gerbi tasviri (20 — 40 mm oraligʻida) va davlat tilida (lotin yozuvida) quyidagilar joylashtiriladi: ‎OʻZBEKISTON RESPUBLIKASI TRANSPORT VAZIRLIGI. pastiga koʻk chiziq joylashtiriladi. ‎MALAKA OSHIRGANLIK HAQIDA SERTIFIKAT. ‎II. Sertifikat ichki tomonida: ‎Varaqning chap yuqori qismida davlat tilida (lotin yozuvida) quyidagilar ketma — ketlikda joylashtiriladi: ‎Taʼlim muassasasining (tashkilotining) nomi; ‎Malaka oshirganlik haqida sertifikat; ‎MO № 000000 ‎Berilgan sana: 20___-yil “___” _________ ‎Amal qilish muddati: 20___-yil “___” _________ gacha ‎Qayd raqami: ____________. ‎Taʼlim muassasasi (tashkilot) rahbarining imzosi va familiyasi, ismi, otasining ismi; ‎QR-kod yoki muhr joyi. ‎Sertifikatning oʻng qismida davlat tilida (lotin yozuvida) quyidagilar ketma — ketlikda joylashtiriladi: ‎Mazkur sertifikat egasi ‎taʼlim oluvchining familiyasi, ismi, otasining ismi; ‎Oʻqish davri: 20___-yil ____________ dan, 20___-yil ____________ gacha; ‎malaka oshirish kursining nomi va umumiy soati; ‎Berilgan joy nomi ( Misol uchun: Toshkent shahar yoki Samarqand viloyati ). ‎III. Sertifikatni chop etish shartlari: ‎Yorugʻlik vositasida nusxa koʻchirilishini murakkablashtirish uchun boʻyoqning och ranglaridan foydalaniladi. ‎Turli ranglarni hosil qilish uchun turli rangdagi rastrdan foydalaniladi. ‎Rasmlar tasviri uchun yashil, koʻk, och sariq, siyoh, pushti va qizil ranglardan, shuningdek, fon naqshli rastri uchun och koʻk yoki och sariq va (yoki) och qizil rangdan foydalangan holda bosib chiqarilishi mumkin. ‎Sertifikat blankasining chetki qismlariga naqshli rastr ramka qoʻyiladi. ‎Matnlarda qora rangdan foydalaniladi. ‎Sertifikatda tartib raqamlar ikkita lotin harfi “MO” va oltita takrorlanmaydigan hamda ketma-ket oʻzgaruvchi raqamlardan iborat boʻladi. ‎QR-kod sertifikatning ichki tomonining chap pastki qismiga joylashtiriladi.

Transport sohasi kadrlarini qayta tayyorlash va ularning malakasini oshirish tartibi toʻgʻrisidagi nizomga 1a-ILOVA

Transport sohasi kadrlarining malaka oshirganligi haqidagi sertifikat shakli

Oldi tomoni

Orqa tomoni

Transport sohasi kadrlarining malaka oshirganligi haqida sertifikat ‎tavsifi ‎ I. Sertifikat old tomonida: ‎Chap yuqori qismida taʼlim muassasasining (tashkilotining) logotipi va yonida OʻZBEKISTON RESPUBLIKASI TRANSPORT VAZIRLIGI. pastida ‎MALAKA OSHIRGANLIK HAQIDA SERTIFIKAT. ‎Ketma-ketlikda: ‎1. Sertifikat tartib raqami. MO № 0000001 ‎2. Taʼlim muassasasining (tashkilotining) nomi: ( Misol uchun Transport sohasi kadrlarini qayta tayyorlash va malakasini oshirish instituti ). ‎3. Malaka oshirish kursining nomi va oʻquv yuklamasi hajmi. ( Misol uchun: “Avtomobil transportida tashishni tashkil etish” ). ‎4. Oʻqish davri: 20___-yil “___” ____________dan, 20___-yil “___” ____________ gacha. ( Misol uchun: 2023-yil 10-yanvardan, 2023-yil 30-yanvargacha ). ‎5. Taʼlim oluvchining familiyasi, ismi, otasining ismi. ( Misol uchun: Toxirjonov Tohir Tolib oʻgʻli ) ‎6. Berilgan joy nomi ( Misol uchun: Toshkent shahri ) ‎7. Berilgan sana: 20___-yil “___” _________ ( Misol uchun: 2023-yil 30-yanvar ). ‎8. Amal qilish muddati: 20___-yil “___” __________ ( Misol uchun: 2026-yil 29-yanvar ). ‎II. Sertifikat orqa tomonida: ‎Oʻng yuqori qismida taʼlim muassasasi (tashkiloti) logotipi joylashtiriladi va yon tomonidan: ‎MINISTERSTVO TRANSPORTA RESPUBLIKI UZBEKISTAN ‎SERTIFIKAT O POVISHENII KVALIFIKATSII ‎MINISTRY OF TRANSPORT OF TNE REPUBLIC OF UZBEKISTAN ‎PROFESSIONAL DEVELOPMENT CERTIFICATE ‎Ketma-ketlikda: ‎1. Seriyniy nomer sertifikata/Certificate serial number MO № 0000001 ‎2. Obrazovatelnoye uchrejdeniye/The name of the educational organization ‎3. Nazvaniye kursa povisheniya kvalifikatsii i obʼyom uchebnoy nagruzki/ Names of the advanced training course and volume of study load ‎4. Period obucheniya: ot “___” ________ 20___g. do “___” ________ 20___ g./ Period of study: from “___” _______ 20___ year till “___” ___ 20___year. ‎5. Familiya, imya, otchestvo obuchayushego/Surname, name, patronymic students. ‎6. Mesto vidachi/ Place of issue. ‎7. Data vidachi:”___” ________ 20___g./date of issue: “___” _______ 20___ year. ‎8. Deystvitelen do: “___” _______ 20___g./Valid till: “___” _______ 20___ year. ‎III. Sertifikatni chop etish shartlari: ‎Transport sohasi kadrlarining malaka oshirganligi haqidagi sertifikat (keyingi oʻrinlarda — sertifikat) plastikdan tayyorlanadi, 54x86 millimetr oʻlchamda boʻlib, rangi och koʻk, davlat tilida (lotin yozuvida) rasmiylashtiriladi, matnlarda qora rangdan foydalaniladi. ‎Yorugʻlik vositasida nusxa koʻchirilishini murakkablashtirish uchun boʻyoqning och ranglaridan foydalaniladi. ‎Turli ranglarni hosil qilish uchun turli rangdagi rastrdan foydalaniladi. ‎Sertifikat blankasining chetki qismlariga naqshli rastr ramka qoʻyilishi mumkin. ‎Sertifikatda tartib raqamlar ikkita lotin harfi “MO” va oltita takrorlanmaydigan hamda ketma-ket oʻzgaruvchi raqamlardan iborat boʻladi. ‎QR-kod sertifikat oldi tomonining oʻng pastki qismiga joylashtiriladi.

Transport sohasi kadrlarini qayta tayyorlash va ularning malakasini oshirish tartibi toʻgʻrisidagi nizomga 1b-ILOVA

Xalqaro yoʻnalishda yoʻlovchi va yuk tashuvchining kasbiy mahorat sertifikati shakli

Tashqi tomoni

Ichki tomoni

Xalqaro yoʻnalishda yoʻlovchi va yuk tashuvchining kasbiy mahorat sertifikati ‎ tavsifi Xalqaro yoʻnalishda yoʻlovchi va yuk tashuvchining kasbiy mahorat sertifikati (keyingi oʻrinlarda — sertifikat) blankasi A5 formatda 14,85 sm x 21 sm oʻlchamdagi kitobcha shaklda boʻlib, 240 g/kv.m. qalinlikdagi yuqori sifatli maxsus himoyaga ega ofset qogʻozdan tayyorlanadi. ‎Sertifikatning old qismi oʻng tomonida Oʻzbekiston Respublikasi Davlat gerbi (20 — 40 mm oraligʻida) tasviri va quyidagilar ketma — ketlikda joylashtiriladi: ‎oʻzbek, rus va ingliz tillarida “Oʻzbekiston Respublikasi Transport vazirligi”, “Ministerstvo transporta Respubliki Uzbekistan”, Ministry of transport of the Republic of Uzbekistan soʻzlari pastiga koʻk chiziq joylashtiriladi; ‎oʻzbek, rus va ingliz tillarida “Xalqaro tashuvchining kasbiy mahorat sertifikati”, “Sertifikat professionalnoy kompetentnosti mejdunarodnogo perevozchika”, “Certificate of Professional Competence for international road transport” soʻzlari. ‎Sertifikatning old qismi chap tomonida davlat tilida (lotin yozuvida) ketma — ketlikda quyidagilar yoziladi: ‎Taʼlim muassasasining (tashkilot) nomi, berildi, taʼlim oluvchining familiyasi, ismi va otasining ismi, tugʻilgan sanasi. ‎Malaka oshirish oʻquv kursi dasturi boʻyicha imtihonni topshirdi (sana, yilda) va mutaxassisligi ( misol uchun: haydovchi, tashuvlar boʻyicha menejer, boshqaruvchi, direktor va boshqa ) sifatida kasbiy faoliyat uchun malakali deb eʼtirof etildi; ‎Berilgan sanasi (kun, oy va yil), amal qilish muddati(kun, oy va yil), sertifikat seriya va raqami hamda taʼlim muassasasi (tashkiloti) rahbarining imzosi, QR-kod yoki muhr oʻrni. ‎Sertifikatning orqa qismi chap tomonida rus tilida ketma — ketlikda quyidagilar yoziladi: ‎Naimenovaniye Obrazovatelnogo uchrejdeniya (organizatsii), Vidano familiya, imya i otchestvo obuchayushegosya, data rojdeniya. ‎Sdal(a) kvalifikatsionniy ekzamen (data: den, mesyats i god) na professionalnuyu kompetentnost i priznan(a) kvalifitsirovannim(oy) dlya professionalnoy raboti v kachestve ‎Data vidachi, srok deystviya, seriya i nomer sertifikata. ‎Naimenovaniye mesto vidachi (naprimer: gorod Tashkent, Djizakskaya oblast). ‎Sertifikatning orqa qismi oʻng tomonida ingliz tilida ketma — ketlikda quyidagilar yoziladi: ‎Name Educational institution (organizations), last name, first name and patronymic of the student, date of birth. ‎Passed qualifying examination (date: day, month and year) for professional competence and recognized as qualified for professional work as a, on program. ‎Date of issue, validity period, series and number of the certificate. ‎The name of the given place (for example: Tashkent city, Jizzakh region). ‎Sertifikatni chop etish shartlari: ‎Yorugʻlik vositasida nusxa koʻchirilishini murakkablashtirish uchun boʻyoqning och ranglaridan foydalaniladi. ‎Turli ranglarni hosil qilish uchun turli rangdagi rastrdan foydalaniladi. ‎Rasmlar tasviri uchun yashil, koʻk, och sariq, siyoh, pushti va qizil ranglardan, shuningdek, fon naqshli rastr uchun och koʻk yoki och sariq va (yoki) och qizil rangdan foydalangan holda bosib chiqarilishi mumkin. ‎Sertifikat blankasini chekka qismlariga naqshli rastr ramka qoʻyiladi. ‎Matn uchun toʻq koʻk rangdan foydalaniladi. ‎Seriyasi “KMS” hamda takrorlanmaydigan raqamlardan, olti karralik himoyaga ega va ketma-ket oʻzgaruvchi raqamlardan iborat boʻladi. ‎QR-kod sertifikat tashqi chap tomonining pastki oʻng qismiga joylashtiriladi.

Transport sohasi kadrlarini qayta tayyorlash va ularning malakasini oshirish tartibi toʻgʻrisidagi nizomga 1v-ILOVA

Transport sohasi kadrlarining malaka oshirganligi haqidagi sertifikat shakli

Oldi tomoni

Orqa tomoni

Transport sohasi kadrlarining malaka oshirganligi haqidagi sertifikat ‎tavsifi I. Sertifikat oldi tomonida: ‎Chap yuqori qismida taʼlim muassasasining (tashkilotining) logotipi va yonida ingliz tilida MINISTRY OF TRANSPORT OF TNE REPUBLIC OF UZBEKISTAN . pastida ‎PROFESSIONAL DEVELOPMENT CERTIFICATE. ‎Ketma-ketlikda: ‎1. Certificate serial number ‎2. The name of the educational organization ‎3. Names of the advanced training course and volume of study load ‎4. Period of study: from “___” ________ 20___year ‎till “___” ________ 20___year. ‎5. Surname, name, patronymic students ‎6. Place of issue ‎7. date of issue: “___” ________ 20___year ‎8. Valid till: “___” _________ 20___year ‎II. Sertifikat orqa tomonida: ‎Oʻng yuqori qismida taʼlim muassasasining (tashkilotining) logotipi joylashtiriladi va yon tomonidan: ‎OʻZBEKISTON RESPUBLIKASI TRANSPORT VAZIRLIGI ‎MALAKA OSNIRGANLIK‎ NAQIDA SERTIFIKAT ‎MINISTERSTVO TRANSPORTA RESPUBLIKI UZBEKISTAN ‎SERTIFIKAT O POVISHENII KVALIFIKATSII ‎Ketma ketlikda: ‎1. Sertifikat tartib raqami/Seriyniy nomer sertifikata MO № 0000001 ‎2. Taʼlim muassasasining (tashkilotining) nomi/Obrazovatelnoye uchrejdeniye ‎3. Malaka oshirish kursining nomi va oʻquv yuklamasi hajmi/Nazvaniye kursa povisheniya kvalifikatsii i obʼyom uchebnoy nagruzki ‎4. Oʻqish davri: 20___-yil “___” ________dan, 20___-yil “___” ________gacha/ Period obucheniya: ot “___” ________ 20___g. do “___” ________20___g. ‎5. Taʼlim oluvchining familiyasi, ismi, otasining ismi/Familiya, imya, otchestvo obuchayushiyesya ‎6. Berilgan joy nomi/Mesto vidachi ‎7. Berilgan sana: 20___-yil “___” _________/Data vidachi: “___” _________ 20___g. ‎8. Amal qilish muddati: 20___-yil “___” ________/Deystvitelen do: “___” ________ 20___g. ‎III. Sertifikatni chop etish shartlari: ‎Transport sohasi kadrlarining malaka oshirganligi haqidagi sertifikat (keyingi oʻrinlarda — sertifikat) plastikdan tayyorlanadi, 54x86 millimetr oʻlchamda boʻlib, rangi och koʻk, davlat tilida (lotin yozuvida) rasmiylashtiriladi., ‎Matnlarda qora rangdan foydalaniladi. ‎Yorugʻlik vositasida nusxa koʻchirilishini murakkablashtirish uchun boʻyoqning och ranglaridan foydalaniladi. ‎Turli ranglarni hosil qilish uchun turli rangdagi rastrdan foydalaniladi. ‎Sertifikat blankasining chetki qismlariga naqshli rastr ramka qoʻyish mumkin. ‎Sertifikatda tartib raqamlar ikkita lotin harfi “MO” va oltita takrorlanmaydigan hamda ketma-ket oʻzgaruvchi raqamlardan iborat boʻladi. ‎QR-kod sertifikat oldi tomonining oʻng pastki qismiga joylashtiriladi.

Transport sohasi kadrlarini qayta tayyorlash va ularning malakasini oshirish tartibi toʻgʻrisidagi nizomga 2-ILOVA

Transport sohasida tayyorlash va qayta tayyorlash oʻquv kursini tugatganlik haqidagi guvohnoma shakli

Tashqi tomoni

Ichki tomoni

Transport sohasida tayyorlash va qayta tayyorlash oʻquv kursini tugatganlik haqidagi guvohnoma ‎tavsifi Transport sohasida tayyorlash va qayta tayyorlash ( bazaviy maʼlumoti umumiy oʻrta va oʻrta maxsus taʼlim, professional va oliy taʼlimidan tashqari ) oʻquv kurslarini tugatganlik haqidagi guvohnoma (keyingi oʻrinlarda — guvohnoma) blankasi A5 formatda 14,85 sm x 21 sm oʻlchamdagi kitobcha shaklda boʻlib, 240 g/kv.m. qalinlikdagi yuqori sifatli maxsus himoyaga ega ofset qogʻozdan tayyorlanadi. ‎I. Guvohnoma tashqi tomonida: ‎Varaqning oʻng yuqori qismida Oʻzbekiston Respublikasi Davlat gerbi tasviri (20 — 40 mm oraligʻida) va davlat tilida (lotin yozuvida) quyidagilar joylashtiriladi: ‎OʻZBEKISTON RESPUBLIKASI TRANSPORT VAZIRLIGI pastiga koʻk chiziq joylashtiriladi. ‎GUVOHNOMA ‎II. Guvohnoma ichki tomonida: ‎Varaqning chap yuqori qismida davlat tilida (lotin yozuvida) ketma –ketlikda quyidagilar joylashtiriladi: ‎Taʼlim muassasasining (tashkilotining) nomi; ‎Tayyorlash va qayta tayyorlash oʻquv kursini tugatganlik haqida guvohnoma; ‎Seriya va tartib raqami (G № 000000); ‎Berilgan sana: 20__-yil “___” _________; ‎Berilgan joy: ___________________________; ‎Taʼlim muassasasi (tashkilot) rahbarining imzosi va familiyasi, ismi, otasining ismi; ‎qayd raqami; ‎QR-kod yoki muhr joyi. ‎Guvohnomaning oʻng qismida davlat tilida (lotin yozuvida) ketma — ketlikda quyidagilar joylashtiriladi: ‎taʼlim oluvchining familiyasi, ismi, otasining ismi; ‎oʻqish davri, oʻquv kursining nomi va umumiy soati; ‎Davlat attestatsiya komissiyasining qarori sanasi va raqami. ‎III. Guvohnomani chop etish shartlari: ‎Yorugʻlik vositasida nusxa koʻchirilishini murakkablashtirish uchun boʻyoqning och ranglaridan foydalaniladi. ‎Turli ranglarni hosil qilish uchun turli rangdagi rastrdan foydalaniladi. ‎Rasmlar tasviri uchun yashil, koʻk, och sariq, siyoh, pushti va qizil ranglardan, shuningdek, fon naqshli rastri uchun och koʻk yoki och sariq va (yoki) och qizil rangdan foydalangan holda bosib chiqarilishi mumkin. ‎Guvohnoma blankasining chekka qismlariga naqshli rastr ramka qoʻyiladi. ‎Matnlarda qora rangdan foydalaniladi. ‎Guvohnomada tartib raqamlar lotin harfi “G” va oltita takrorlanmaydigan hamda ketma-ket oʻzgaruvchi raqamlardan iborat boʻladi. ‎QR-kod guvohnoma ichki tomonining chap pastki qismiga joylashtiriladi.

Transport sohasi kadrlarini qayta tayyorlash va ularning malakasini oshirish tartibi toʻgʻrisidagi nizomga 3-ILOVA

Transport sohasi kadrlarini qayta tayyorlash haqidagi diplom shakli

Tashqi tomoni

Ichki tomoni

Transport sohasi kadrlarini qayta tayyorlash haqidagi diplom ‎tavsifi Transport sohasi kadrlarini qayta tayyorlash haqida davlat namunasidagi diplom (keyingi oʻrinlarda — diplom) blankasi A5 formatda 14,85 sm x 21 sm oʻlchamdagi kitobcha shaklda boʻlib, 240 g/kv.m. qalinlikdagi yuqori sifatli maxsus himoyaga ega ofset qogʻozdan tayyorlanadi. ‎Diplom tashqi tomonida: ‎Varaqning oʻng yuqori qismida Oʻzbekiston Respublikasi Davlat gerbi tasviri ( 20 — 40 mm oraligʻida ) va davlat tilida (lotin yozuvida) hamda ingliz tilida quyidagilar joylashtiriladi: ‎OʻZBEKISTON RESPUBLIKASI TRANSPORT VAZIRLIGI pastiga koʻk chiziq joylashtiriladi. ‎QAYTA TAYYORLASH HAQIDA DIPLOM. ‎Diplom ichki tomonida: ‎Varaqning chap yuqori qismida davlat tilida (lotin yozuvida) quyidagilar joylashtiriladi: ‎Taʼlim muassasasining (tashkilotining) nomi; ‎Qayta tayyorlash haqida DIPLOM; ‎QT № 000000 ‎Berilgan sana: 20___-yil “___” _________ ‎Qayd raqami: ____________ ‎Taʼlim muassasasi (tashkiloti) rahbarining imzosi va familiyasi, ismi, otasining ismi; ‎QR-kod yoki muhr joyi; ‎Berilgan joy: ____________. ‎Diplomning oʻng qismida davlat tilida (lotin yozuvida) ketma — ketlikda quyidagilar joylashtiriladi: ‎taʼlim oluvchining familiyasi, ismi, otasining ismi; ‎oʻqish davri: 20___-yil “___” _______ dan 20___-yil “___” _______ gacha; ‎oʻquv kursi umumiy soati; ‎qayta tayyorlash oʻquv kursi yoʻnalishi nomi; ‎Davlat attestatsiya komissiyasining qarori raqami va sanasi. ‎Diplomni chop etish shartlari: ‎Yorugʻlik vositasida nusxa koʻchirilishini murakkablashtirish uchun boʻyoqning och ranglaridan foydalaniladi. ‎Turli ranglarni hosil qilish uchun turli rangdagi rastrdan foydalaniladi. ‎Rasmlar tasviri uchun yashil, koʻk, och sariq, siyoh, pushti va qizil ranglardan, shuningdek, fon naqshli rastri uchun och koʻk yoki och sariq va (yoki) och qizil rangdan foydalangan holda bosib chiqarilishi mumkin. ‎Diplom blankasining chetki tomonlariga naqshli rastr ramka qoʻyish tavsiya etiladi. ‎Matnlarda qora rangdan foydalaniladi. ‎Diplomda tartib raqamlar ikkita lotin harfi “QT” va oltita takrorlanmaydigan hamda ketma-ket oʻzgaruvchi raqamlardan iborat boʻladi. ‎QR-kod diplomni ichki chap tomonining pastki qismiga joylashtiriladi.

Vazirlar Mahkamasining 2023-yil 28-sentabrdagi 504-son qaroriga 2-ILOVA

Transport sohasi kadrlarini qayta tayyorlash va malakasini oshirish institutiga operativ boshqaruv huquqi asosida bepul berilayotgan obyektlar

T/r Obyekt nomi Joylashgan joyi 1. Avtomobil transporti xodimlarining malakasini oshirish va qayta tayyorlash institutining maʼmuriy va tibbiy yordam binosi Toshkent shahar, Yashnobod tumani, Mumtoz koʻchasi, 5A-uy 2. Oʻzining temir yoʻllariga ega boʻlgan yuridik shaxslarning temir yoʻl transporti xodimlari malakasini oshirish va ularni qayta tayyorlash markazining maʼmuriy oʻquv binosi Toshkent shahar, Uchtepa tumani, 31-mavze, Diyorobod mahallasi

Vazirlar Mahkamasining 2023-yil 28-sentabrdagi 504-son qaroriga 3-ILOVA

Oʻzbekiston Respublikasi Hukumatining ayrim qarorlariga kiritilayotgan oʻzgartirishlar va qoʻshimcha

1. Vazirlar Mahkamasining “Avtomototransport vositalari haydovchilarini tayyorlash, qayta tayyorlash va ularning malakasini oshirish tizimini takomillashtirish chora-tadbirlari toʻgʻrisida” 2018-yil 23-fevraldagi 139-son qarorining 4-bandi va unga 1-ilova oʻz kuchini yoʻqotgan deb hisoblansin.

2. Vazirlar Mahkamasining 2019-yil 24-dekabrdagi 1028-son qarori bilan tasdiqlangan Kadrlarni qayta tayyorlash va ularning malakasini oshirish boʻyicha nodavlat taʼlim olganlik toʻgʻrisida davlat namunasidagi hujjatlarni berish tartibi haqidagi nizom quyidagi mazmundagi 3 1 -band bilan toʻldirilsin:

“3 1 . Ushbu Nizom Transport sohasi kadrlarini qayta tayyorlash va ularning malakasini oshirish boʻyicha nodavlat taʼlim olganlik toʻgʻrisida davlat namunasidagi hujjatlarga nisbatan tatbiq etilmaydi”.

3. Vazirlar Mahkamasining 2020-yil 4-iyuldagi 421-son qarori bilan tasdiqlangan Kema haydovchilarini tayyorlash, qayta tayyorlash va ularning malakasini oshirish hamda kema haydovchisi guvohnomalarini berish tartibi toʻgʻrisidagi nizomning 5-bandi ikkinchi xatboshisidagi “Avtomobil transporti xodimlarini malakasini oshirish va qayta tayyorlash instituti” soʻzlari “huzuridagi Transport sohasi kadrlarini qayta tayyorlash va malakasini oshirish instituti” soʻzlari bilan almashtirilsin.

4. Vazirlar Mahkamasining “Avtomobil transporti sohasida kadrlar malakasini oshirish va ularni qayta tayyorlash tizimini takomillashtirish chora-tadbirlari toʻgʻrisida” 2021-yil 29-iyundagi 399-son qarorida :

a) 2-bandning toʻrtinchi va beshinchi xatboshilaridagi “avtomobil yoki texnik yoʻnalishda” soʻzlari chiqarib tashlansin;

b) 3 va 4-bandlar hamda 1-2-ilovalar oʻz kuchini yoʻqotgan deb hisoblansin.

Oʻzbekiston Respublikasining Bosh vaziri A. ARIPOV

Toshkent sh.,

2023-yil 28-sentabr,

504-son

(Qonunchilik maʼlumotlari milliy bazasi, 30.09.2023-y., 09/23/504/0736-son; 23.06.2026-y., 09/26/317/0617-son)

lex.uz