UzbekAI

← Qonunlar

📅 2023-yil 6-sentabr · Vazirlik va idoralar hujjatlari · Transport vazirligi raqamli texnologiyalar vazirligi

Rasmiy matn. Rasmiy hujjat. Tahririy izohlar kiritilmagan.

Yordam | Arxiv | Atamalar | Statistika | API | Havola yuborish | Sayt haqida | Shartlar

← Қонунлар

📅 2023 йил 6 сентябрь · Вазирлик ва идоралар ҳужжатлари · Транспорт вазирлиги рақамли технологиялар вазирлиги

Расмий матн. Расмий ҳужжат. Таҳририй изоҳлар киритилмаган.

Ёрдам | Архив | Атамалар | Статистика | API | Ҳавола юбориш | Сайт ҳақида | Шартлар

← Законы

📅 6 сентября 2023 г. · Документы министерств и ведомств · Министерства транспорта Министерства цифровых технологий

Официальный текст. Официальный документ. Редакционные примечания не включены.

Помощь | Архив | Термины | Статистика | API | Предложить ссылку | О сайте | Условия

← Laws

📅 6 September 2023 · Ministry and agency documents · Transport vazirligi raqamli texnologiyalar vazirligi

Official text. Official document. Editorial notes are not included.

Help | Archive | Glossary | Stats | API | Submit | About | Terms

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ТРАНСПОРТ ВАЗИРЛИГИ ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ РАҚАМЛИ ТЕХНОЛОГИЯЛАР ВАЗИРЛИГИНИНГ

Қарори

ҚОИДАЛАРИ

Темир йўлларда почтани ташиш ва почта вагонларидан фойдаланиш қоидаларини тасдиқлаш тўғрисида

Почтани темир йўлларда ташиш ва почта вагонларидан фойдаланиш хавфсизлигини таъминлаш мақсадида ҳамда Ўзбекистон Республикаси « Транспорт тўғрисида »ги ва « Почта алоқаси тўғрисида »ги қонунларига мувофиқ Ўзбекистон Республикаси Транспорт вазирлиги ва Ўзбекистон Республикаси Рақамли технологиялар вазирлиги қарор қилади:

1. Темир йўлларда почтани ташиш ва почта вагонларидан фойдаланиш қоидалари иловага мувофиқ тасдиқлансин.

2. Мазкур қарор Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси билан келишилган.

3. Мазкур қарор расмий эълон қилинган кундан эътиборан кучга киради.

Келишилди:

Ўзбекистон Республикаси Транспорт вазирлигининг 2023 йил 6 сентябрдаги 23-сон ва Рақамли технологиялар вазирлигининг 2023 йил 5 сентябрдаги 255-мҳ-сон қарорига ИЛОВА

Темир йўлларда почтани ташиш ва почта вагонларидан фойдаланиш

Мазкур қоидалар Ўзбекистон Республикаси ҳудудида почтани темир йўлларда ташиш ҳамда почта вагонларидан фойдаланиш, шунингдек уларга техник хизмат кўрсатишнинг ягона тартибини белгилайди.

1-боб. Умумий қоидалар

1. Мазкур қоидаларда қуйидаги асосий тушунчалардан фойдаланилади:

халқаро почтамт — халқаро почта алмашинуви жойи бўлиб ҳисобланган, халқаро почтани жўнатиш, топшириш, почтани бириктирилган магистрал йўналишлар бўйича ташиш, транзит, чиқувчи ва келувчи почта алмашинувига ишлов бериш, шунингдек фойдаланувчиларга почта алоқаси хизматларини тақдим этишни амалга оширувчи почта алоқаси миллий операторининг таркибий бўлинмаси;

почта алоқасининг миллий оператори (бундан буён матнда миллий оператор деб юритилади) — Ўзбекистон Республикаси доирасида почта алоқаси хизматлари бозоридаги талабни қаноатлантириш, мажбурий равишда универсал почта хизматлари кўрсатиш бўйича вазифаларни ва Умумжаҳон почта иттифоқининг ҳужжатларидан келиб чиқадиган мажбуриятларни бажариш вазифалари Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан ўз зиммасига юклатилган почта алоқаси оператори;

почта алоқаси объектлари — почта алоқаси операторларининг алоҳида бўлинмалари (почтамтлар, почта алоқаси боғламалари, бўлимлари, пунктлари, шунингдек бошқа бўлинмалар);

почта — почта жўнатмалари ва почта буюмларининг мажмуи;

почта-багаж поезди — почта ва багажни ташиш учун ўз таркибида асосан почта ҳамда багаж вагонларига эга бўлган махсус тузилган поезд;

почта вагони — поезд ҳаракатланаётган йўлда почтани ташиш, ишлов бериш ва почта алмашинуви учун мўлжалланган махсус конструкциядаги темир йўл вагони;

почта йўналиши — транспорт воситаларининг почта ва куръерлик жўнатмалари алмашинувини амалга ошириш учун почта алоқаси объектлари ўртасида, шунингдек почта ва куръерлик жўнатмаларини қабул қилиш ва (ёки) етказиб бериш учун почта алоқаси объектлари ва фойдаланувчилар ўртасида белгиланган тартибда тасдиқланган ҳаракатланиш йўли;

почта алмашинуви пункти — почта алоқаси объекти ва транспорт ўртасида почтани вақтинчалик сақлаш, ишлов бериш ва почта алмашинуви мақсадида ташкил этилган почта алоқаси объекти;

почта алоқаси филиали — почта алоқаси объектларига бириктирилган ҳудудда ишлаб чиқариш фаолиятини ташкил қилувчи миллий операторнинг ҳудудий таркибий бўлинмаси;

ташувчи — мулк ҳуқуқи асосида ёки бошқа қонуний асосларда транспорт воситасига эга бўлган, йўловчиларни, багажни, юк багажини, юкларни, почта ва куръерлик жўнатмаларини ташиш бўйича тижорат асосида хизматлар кўрсатадиган, шунингдек ташиш учун тегишли лицензияга, сертификатга ёхуд рухсат этиш хусусиятига эга ҳужжати бўлган юридик ёки жисмоний шахс.

2. Темир йўлларда почта ташиш, почта вагонларидан фойдаланиш миллий оператор билан ташувчи ўртасида тузилган шартнома асосида амалга оширилади.

Халқаро почта алмашинуви пунктлари томонидан почтани ташиш ва почта алмашинуви тартиби Умумжаҳон почта иттифоқининг ҳужжатлари ва Ўзбекистон Республикасининг амалдаги қонунчилик ҳужжатлари билан тартибга солинади.

3. Почта миллий операторнинг почта вагонларида, шунингдек ташувчининг йўловчи, тезюрар ва почта-багаж поездларига қўшиладиган вагонларида ташилади.

4. Почтани почта вагонларида ташиш Ўзбекистон Республикаси темир йўлларининг барча линиялари бўйлаб амалга оширилади.

5. Почта вагонларида ва бошқа вагонларнинг махсус мослаштирилган жойларида ташилаётган почта алоқа ходимлари томонидан кузатиб борилади. Почта оддий багаж вагонларида почта алоқаси ходимларининг кузатувида ҳам, уларнинг кузатувисиз ҳам ташилади.

6. Таркибига почта вагонлари уланадиган поездларнинг рўйхати миллий оператор томонидан ташувчи билан келишилган ҳолда белгиланади.

7. Таркибига почта вагонлари уланган поездларнинг қатнов жадвали ўзгаргани тўғрисида ташувчи янги жадвални амалга киритиш муддатидан камида беш кун олдин миллий операторни хабардор қилади.

8. Почта алмашинуви кўзда тутилган темир йўл станцияларида таркибида почта вагонлари бўлган поездлар почтани юклаш ва тушириш имконияти мавжуд бўлган махсус йўлга қабул қилинади.

9. Поездлар бошқа йўлга қабул қилинган ҳолатларда, шунингдек таркиб станция ўқига нисбатан белгиланмаган жойда тўхтатилганида станция бўйича навбатчи бу тўғрисида почта вагонлари билан почта алмашинувини амалга ошираётган почта алоқаси ходимларини олдиндан хабардор қилади ва почта вагонининг тўхташ жойини кўрсатади.

Почта алмашинуви жадвалда белгиланган тўхташ вақтида амалга оширилиши керак. Почтанинг тайёр эмаслик сабабларига кўра поездларнинг ушланиб қолишига йўл қўйилмайди.

10. Кечикиб келган почта ташиладиган поездларнинг тўхтаб туриш вақти қисқартирилганида бу тўғрисида поезд бошлиғи почта вагони бошлиғини, станция навбатчиси эса — станцияда почта алмашинувини амалга оширувчи шахсни хабардор қилиши шарт. Бунда кечикишни (ушланиб қолишни) бартараф қилиш мақсадида станция навбатчиси ушбу поезднинг қисқарган тўхтаб туриш вақтини кўрсатиши керак. Поездларнинг тўхтаб туриш вақтининг давомийлигини беш дақиқадан кам вақтга, шунингдек, график бўйича белгиланган тўхтаб туриш вақти беш дақиқадан кам вақтни ташкил этувчи ҳар қандай тўхтаб туришларни қисқартирилишига йўл қўйилмайди.

Миллий оператор ва ташувчи ўртасидаги шартномага мувофиқ, станция навбатчилари почта алоқаси объектлари ходимларини уларнинг сўровларига кўра почта ташувчи поездларнинг қатнов вақтлари тўғрисидаги маълумот билан таъминлайди.

11. Ташувчига тегишли бўлган бино ва иншоотларни ижарага олиш, почта вагонларини таъмирлаш, уларни юк ортиш ва тушириш учун бериш муддатлари ҳамда темир йўлларда почта вагонларига техник хизмат кўрсатиш бўйича бошқа масалалар қўшимча шартномаларга мувофиқ амалга оширилади.

2-боб. Почта вагонларида почта ташиш

12. Почта вагонларида тарқатиш учун қабул қилинган почта Умумжаҳон почта иттифоқининг ҳужжатларига ва почта алоқаси соҳаси амалдаги норматив ҳужжатларига мувофиқ ташилади.

Почта вагонларида почта алоқасининг объектлари фаолиятига тааллуқли бўлмаган юкни фақат миллий оператор рухсати билан ташишга йўл қўйилади.

13. Почта, поезд бекатга келгунига қадар камида ўн дақиқа олдин, почта алоқаси ходимлари томонидан почта вагонининг тўхташ жойига етказиб берилиши керак.

14. Почта вагонида жўнатиш учун тайёрлаб қўйилган почта, ҳужжатлар ва учта нусхадан иборат бўлган 16-шаклдаги юкхати (мазкур Қоидаларнинг 1-иловаси ) билан бирга кузатувчи почта алоқаси ходимига, юкхатининг учинчи нусхасига почтани қабул қилганлиги тўғрисида имзо қўйдирилган ҳолда топширилади.

15. Почта вагонида ишлов берилиши лозим бўлган ёпиқ почта буюмлари ва постпакетлар саралаш залида очилади ҳамда уларнинг ичидаги почта жўнатмалари ҳужжатлар бўйича номма-ном текширилади. Биринчи навбатда йўналишнинг энг яқин участкаларига тегишли бўлган ёпиқ почта буюмлари ва постпакетлар, кейин эса қолганлари очилади. Очиш тугаллангач, почта вагони бошлиғи манзил ёрлиқларини юкхатидаги ёзувлар билан солиштиради.

16. Почтани саралаш, унга ишлов бериш ва беркитиш тартиби тегишли норматив ҳужжатлар билан тартибга солинади.

17. Посилкалар почта алоқаси ходимлари томонидан йўналиш режасига мувофиқ почта вагонига:

гуруҳлар билан — йўналиш бўйича омборхоналарга;

алоҳида — транзит омборхоналарга топширилади.

18. Почта вагонида ишлов берилиши лозим бўлган посилкалар вагоннинг омборхонасида сараланади. Илова қилинган манзил бланкалари 16-шаклдаги юкхатидаги ёзувлар билан номма-ном солиштирилади.

Поезд навбатдаги алмашиш пунктига етиб келиш вақтига қадар почта вагони бригадаси почтани топшириш учун тўлиқ тайёрлаб қўйиши ва унга тегишли ҳужжатларни расмийлаштириши керак.

19. Поездлар ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш учун почта ва хизмат юкининг умумий массаси вагоннинг белгиланган юк кўтариш қобилиятидан ошмаслиги керак. Шубҳа туғилган ҳолларда, темир йўл ходимлари почтанинг массасини вагон тарозларида текшириш ва белгиланган меъёрдан ортиқча почтани вагондан тушириш мажбуриятини юклаш ҳуқуқига эга.

20. Почта вагонларини жўнатиш темир йўл ходимлари томонидан белгиланган тартибда расмийлаштирилади.

3-боб. Почтани багаж вагонларида ташиш

21. Почтани поездларнинг багаж вагонларида ташиш миллий оператор ҳамда ташувчи ўртасида тузилган шартномаларга мувофиқ ташувчининг поездларида амалга оширилиши мумкин.

22. Юк-багажда жўнатилаётган почтага ҳар бир топшириш пункти учун 16-шаклдаги юкхати икки нусхада тузилади. Бундан ташқари, 35-шаклдаги тарқатиш қайдномаси (мазкур Қоидаларнинг 2-иловаси ) учта нусхада тузилади. Тарқатиш қайдномасига 16-шаклдаги юкхатига қайд қилинган қоплар (боғламалар) почтани топшириш пунктларининг кетма-кетликда келиш тартибида ёзилади. Тарқатиш қайдномаларини рақамлаш ойма-ой олиб борилади.

Юк-багажда жўнатилаётган почтали қоплар тарқатиш қайдномасининг иккинчи нусхасига имзо қўйилган ҳолда, дастлабки пунктда поезднинг жўнаш вақтидан 30 дақиқа олдин ва поезднинг оралиқ бекатларга етиб келишидан камида 50 дақиқа олдин багаж омборхоналарига топширилади.

23. Почта алоқаси ходимларининг кузатувисиз почта ташилаётган багаж вагонининг носозлиги ёки йўлда поезддан ажратилиши ҳолатларида, почта носоз вагон ўрнига уланган бошқа вагонга йўловчилар багажи каби юкланиши керак. Багаж қисман носоз багаж вагонидан бошқа вагонга юкланганда, почта биринчи навбатда юкланади.

Бундай ҳолларда почтани юклаш ва тушириш ишлари темир йўл ходимларининг кучи билан бажарилади.

4-боб. Почтани йўловчи вагонларида ташиш

24. Иш ҳажми катта бўлмаган почта йўналишларида почта йўловчи вагонларида почта алоқасининг иккита ходими кузатувида ташилиши мумкин. Купеда тегишли ускуналар мавжуд бўлганда, йўловчилардан ажралганда ҳамда почта ва қимматликларнинг бутлигини таъминлаганда, почта жўнатмаларига йўлда почта вагонлари учун кўзда тутилган тартибда ишлов берилади. Бундай шароитлар бўлмаганда, фақат босма нашрлар ва ёзма хат-хабарлар ёпиқ буюмларда, йўлда ишлов берилмасдан ташилади.

25. Почтанинг йўловчи вагонларида ташилиши миллий оператор билан ташувчи ўртасида тузилган шартномага мувофиқ амалга оширилади.

Почта йўловчи вагонларида ташилганда, почта жўнатмалари поезднинг жўнашидан ва етиб келишидан камида 30 дақиқа олдин юклаш-тушириш ишларига тақдим этилади (топширилади).

26. Ичида ёзма хат-хабарлар мавжуд қопларнинг, шунингдек, босма нашрлар мавжуд қоп ва боғламаларнинг манзил ёрлиқларида қуйидагилар кўрсатилади: қоп (боғлама) қайси бекатда топширилиши керак, манзилланган жойи, қоп (боғлама)нинг қайердан келаётганлиги, уларнинг массаси ва рақами, жойланмасининг номи, поезд рақами. Ушбу маълумотлар 16-шаклдаги юкхатида ҳам кўрсатилади.

27. Почтани жўнатаётган почта алоқаси филиаллари 35-шаклдаги тарқатиш қайдномасининг рақами ва почта жўнатмаларининг массасини кўрсатган ҳолда, ташиш ҳужжатларини тузади.

5-боб. Почта алоқаси ходимларининг почта вагонларида юриши ва бекатлар ҳудудида бўлиши

28. Йўлда почтани кузатиб бориш, қўриқлаш, унга ишлов бериш ва почта алмашинуви учун почта вагонларида ва йўловчи вагонларининг махсус мослаштирилган жойларида сайёр бригада ходимларининг юришига миллий оператор томонидан берилган гувоҳномалар бўйича рухсат этилади.

29. Сайёр бригада ходимларининг таркибига қуйидагилар киради:

а) почта вагони бошлиғи;

б) почта вагони бошлиғининг ёрдамчилари;

д) кузатувчи-электромонтёр;

э) сараловчилар.

Бригададаги ходимларнинг сони иш ҳажмига, алмашишларнинг мунтазамлигига ва бошқа шароитларга боғлиқ ҳолда белгиланади, лекин кузатувчи-электромонтёрни қўшиб ҳисоблаганда, иккитадан кам бўлмаслиги керак. Бригада аъзолари ўртасида мажбуриятлар почта вагони бошлиғи томонидан тақсимланади.

30. Йўл давомида почта вагонининг сайёр бригадаси ходимлари ўз ваколатлари доирасида, таркибига почта вагони қўшилган поезд бошлиғига (бригадирига) бўйсунади.

31. Почта вагонларида гувоҳномалар билан юриш ҳуқуқидан гувоҳномада кўрсатилган линияларда қатнайдиган почта вагонларини кузатиш бўйича хизмат сафаридан қайтаётган почта алоқаси ходимлари ҳам фойдаланади.

Почта вагонининг бошлиғи рейсга чиқишдан олдин халқаро почтамтдан бригаданинг барча аъзолари учун гувоҳномаларни ва тўғридан тўғри йўналишда юриш ҳамда алоҳида орқага қайтиш учун сайёр бригада ходимлари номма-ном қайд қилинган 14-шаклдаги йўл варақларини (мазкур Қоидаларнинг 3-иловаси ) тилхат билан олади. 14-шаклдаги йўл варақлари халқаро почтамтнинг директори (ўринбосари), сайёр хизматнинг цех бошлиғи томонидан имзоланади ва «Йўл варақалари учун» махсус юмалоқ муҳр билан тасдиқланади.

32. Почтани кузатиб борувчи сайёр ходимлардан ташқари почта вагонларида юриш ҳуқуқи қуйидагиларга тақдим этилади:

а) захирада кетаётган сайёр ходимларга, гувоҳнома ва 14-шаклдаги йўл варақасида ёзув мавжуд бўлса;

б) миллий оператор томонидан берилган махсус гувоҳномалар бўйича почта вагонларининг сайёр бригадалари ишини назорат қилиш ва бошқа хизматга оид мақсадлар учун хизмат сафарига юборилган мансабдор шахсларга;

д) сайёр ходимлар, кузатувчи — электромонтёрлар бўйича кадрларни тайёрлаш курсларига қабул қилинган шахсларга, таништириш сафари пайтида сафарнинг бошидан охиригача бўлган даврга;

э) сайёр ходимлар, кузатувчи — электромонтёрлар бўйича кадрларни тайёрлаш курсларини тугатган шахсларга, шунингдек, «бригада усули»да ўқиётганларга, малака ўзлаштирилгунига қадар бўлган даврга.

33. Почта вагонида юриш ҳуқуқига эга бўлган шахслар ўзлари билан қўлда олиб юриладиган юкни йўловчилар учун белгиланган меъёр чегарасида бепул олиб ўтиши мумкин.

34. Почта вагонида, бригада ишини назорат қилувчи ходимлардан ташқари, бир вақтнинг ўзида гувоҳнома бўйича кўпи билан иккита кишининг юришига рухсат этилади.

Почта вагонларида гувоҳномалар бўйича кетаётган шахслар 14-шаклдаги йўл варақасига ёзилган бўлиши керак.

35. Белгиланмаган шаклдаги гувоҳномани кўрсатган, шунингдек зарурий ҳужжатларга эга бўлмаган шахсларнинг почта вагонида юриши тақиқланади. Улар томонидан кўрсатилган гувоҳнома олиб қўйилади ва почта алмашинуви (дастлабки ёки охирги) пунктининг бошлиғига билдирги билан бирга тақдим этилади, почта алмашинуви пунктининг бошлиғи чора кўриш учун халқаро почтамтга йўллайди.

6-боб.Почта вагонларидан фойдаланиш ва таъмирлаш тартиби

36. Миллий оператор почта вагонларини Ўзбекистон Республикаси темир йўлларидан техник фойдаланиш қоидаларининг техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасидаги ҳужжатлар талабларига мувофиқ соз ҳолатда сақлаши шарт.

Поезд вагонлари поездларнинг белгиланган схемаларига мос равишда поездларга уланади. Почта-багаж поездларини шакллантириш схемаларини ўзгартириш миллий операторнинг розилиги билан амалга оширилади.

7-боб. Почтани йўлда ушланиб қолишини бартараф қилиш бўйича чора-тадбирлар

37. Поездда почта вагонининг ўрни ўзгартирилган ҳолларда, жўнаб кетиш бекати бошлиғи поезд йўналиши бўйича навбатдаги бекатларга, почта алмашувчи ходимларни огоҳлантириш учун хабар бериши шарт.

38. Почта вагонларини таъмирлаш ишлари, миллий оператор билан таъмирлаш ишларини олиб бориш ҳуқуқига эга ташкилот ўртасидаги шартномага мувофиқ, темир йўлларининг йўловчи вагонлар парки учун белгиланган муддатларда амалга оширилади.

39. Почтани юклашдан олдин, почта вагони бошлиғи билан кузатувчи-электромонтёр, техник назоратчи (масъул навбатчи ёки смена бошлиғи) иштирокида почта вагонини қабул қиладилар. Бунда қуйидагилар текширилади:

иситиш ва ёритиш тизимларининг, ички қулфлар ва тиргакларнинг созлиги;

ускуналарнинг ишончли маҳкамланганлиги;

ёнғинга қарши воситаларнинг ҳамда вагон инвентарининг (соат, чойшаб, ёстиқ жилдлари, идиш-товоқ, аптечкадаги дори-дармонлар ва ҳоказолар) мавжудлиги;

тизимларда сувнинг мавжудлиги;

махсус идишларнинг кўмир билан (қишда тўлиқ қилиб) тўлдирилганлиги ва орқа қисмдаги сигналларнинг мавжудлиги.

Почта вагонининг кузатувчи-электромонтёри йўл давомида орқа қисмдаги сигналларнинг ёниб туришини таъминлаши лозим. Поезднинг ҳаракатланишига хавф соладиган ҳолларда, у поездни зудлик билан тўхтатиш чораларини кўриши керак.

40. Почта вагонининг сайёр бригада ходимлари халқаро почтамт маблағи ҳисобидан таъминланади ва ишлаб чиқариш бўйича йўл-йўриқдан ўтказилганидан, шунингдек, Ўзбекистон Республикаси темир йўллардан техникавий фойдаланиш қоидалари техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасидаги ҳужжатлар талаблари билан танишганидан сўнг ишлашга рухсат берилади. Сайёр бригада ходимларининг темир йўл ходимлари томонидан, халқаро почтамтнинг вакили иштирокида, темир йўллардаги сайёр ходимлар учун белгиланган муддатларда билимлар текшируви ўтказилади.

41. Автоном электростанцияга эга бўлмаган почта вагонини ёритиш таъминоти, темир йўл томонидан поездга қўшилган вақтдан бошлаб ва белгиланган бекатгача етиб келганидан кейин поезддан ажратишгача бўлган вақтга қадар бошқа вагонлар билан умумий асосда таъминланади.

Тўхташ жойларида поезддан ажратилган ва захирада бўлган почта вагонларининг ёритиш таъминоти миллий оператор ҳисобидан таъминланади.

Поездда почта вагони йўловчи вагон билан ёнма-ён жойлашмаган ҳолларда, унинг электр билан ёритилиши ёнидаги почта вагонининг электр станциясидан таъминланади (бир вақтнинг ўзида иккита почта вагонидан ошмаслиги керак).

42. Келишилган йўналишлар давомида ёқилғи қуйиш жойи ва тартиби ташувчи билан миллий оператор ўртасида тузилган шартнома асосида белгиланади.

43. Бекатда ва йўлда почта вагонларининг иситилиши миллий оператор ҳисобидан таъминланади.

Поездлар ҳаракати билан боғлиқ сабабларга кўра йўлда ушланиб қолган почта вагонлари, ушланиб қолган вақт давомида темир йўл ҳисобидан иситилади.

44. Почта вагонларининг иситиш қурилмалари ва баклари учун сув билан таъминланиши темир йўл воситалари ва маблағи ҳисобидан қуйидагича амалга оширилади:

ҳаракатланиш йўли давомида — эҳтиёжга қараб белгиланган пунктларда;

рейсга чиқишдан олдин бир марта — дастлабки ва охирги бекатларда.

45. Почта вагонларининг ташқи қисмини ювиш поездларни шакллантириш ва қайтариб бериш пунктларида миллий оператор билан ташувчи ўртасида тузилган шартномага мувофиқ амалга оширилади.

46. Почта вагонларини дезинфекция қилиш темир йўл воситалари билан миллий оператор маблағлари ҳисобидан йўловчи вагонлари парки учун белгиланган қоидалар бўйича амалга оширилади.

47. Поездни тузиш схемасида назарда тутилган почта вагонини таркибга қўшмаслик ёки йўлда ажратиш тақиқланади.

48. Почта ташилаётган почта вагонларида йўлда техник носозликлар аниқланганида, почта вагони бошлиғи ёки авария содир бўлган жойдаги бекат бошлиғи, ёхуд авария тўғрисида хабарнома олган бекат бошлиғи бу тўғрида мавжуд бўлган алоқа воситаларидан фойдаланиб зудлик билан яқинроқ бўлган почта алмашинуви пунктининг ёки халқаро почтамтнинг бошлиғини хабардор қилиши шарт.

49. Поезднинг ҳаракатланиш йўлида почта вагонини ажратишдан бошқа илож қолмаса темир йўл ходимлари дарҳол бу тўғрида почта вагони бошлиғини, почтани бошқа — захира, почта ёки багаж вагонга қайта юклашга тайёрлаш учун хабардор қиладилар. Бунда биринчи навбатда ҳукуматга оид ва халқаро почта ҳамда имкони бор миқдорда босма нашр маҳсулотлари юкланиши керак. Захира ёки багаж вагон йўқ бўлган тақдирда, ажратилган вагондаги почта қуйидагиларга юкланиши керак:

а) ҳукуматга оид ва халқаро почта ёзма хат-хабарлар ҳамда газеталар — ушбу поезднинг багаж ёки йўловчи вагонига;

б) почтанинг қолган қисми — изма-из келаётган поездларнинг почта ёки багаж вагонларига.

50. Почта йўловчи вагонга қайта юкланганида белгиланган манзилга почта вагони сайёр бригадасининг бир ёки икки аъзоси кузатувида жўнатилади.

Почтани вагонларда жўнатишда ёзма хат-хабарлар солинган қоплар сурғучли муҳр билан муҳрланади ва пломбаланади.

51. Ажратилган носоз вагондаги почтани бошқасига қайта юклаш имконияти бўлмаса, темир йўл ходимлари почта бор бўлган бундай вагонни зудлик билан таъмирлаш учун энг яқин жойлашган таъмирлаш пунктига юбориш чораларини кўрадилар. Таъмирлашдан сўнг вагон биринчи жўнаб кетаётган йўловчи поездга уланади.

52. Техник носоз бўлган почта вагонидан почтани тушириб бошқасига юклаш учун бекат бошлиқлари почта вагони ажратилишига сабабчи бўлган темир йўлнинг ҳисобидан почтани қўриқлаш ва тушириб бошқасига юклаш учун ишчи кучини ҳамда бошқа воситаларни тақдим этиши шарт.

53. Почта алмашинуви пунктининг ёки халқаро почтамтнинг масъул ходими авария жойига таъмирлаш поезди таркибида бориш ҳуқуқига эга.

54. Бекат бошлиғи почта вагони поезддан ажратилгани тўғрисида ажратиш сабабини кўрсатган ҳолда далолатнома тузади, почта вагони бошлиғи билан бирга уни имзолайди ва далолатноманинг нусхасини почта вагони бошлиғига беради. Бекат бошлиғи почта вагони ажратилгани тўғрисида мавжуд бўлган ҳар қандай алоқа воситалари орқали почта йўналиши бўйича яқинроқда жойлашган почта алмашинуви пунктининг бошлиғига ва ушбу пунктгача бўлган йўлдаги барча бекат бошлиқларига почта алмашувчи почта алоқаси ходимларини хабардор қилиш учун зудлик билан хабар бериши шарт.

55. Почтага шикаст етказилиши ёки почта йўқ қилиш ҳолатлари тўғрисида тўрт нусхада далолатнома тузилади, йўқ қилинган ёки шикаст етказилган почтанинг рўйхати ва йўқ қилиш сабаблари кўрсатилиб темир йўл ва почта алоқаси филиаллари ходимлари томонидан имзоланади. Далолатнома нусхаси зудлик билан халқаро почтамтга жўнатилади.

Темир йўлларда почта ташиш ва почта вагонларидан фойдаланиш қоидаларини бузганлик учун жавобгарлик амалдаги қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ миллий оператор билан ташувчи ўртасида тузилган шартномада кўрсатилади.

8-боб. Темир йўл бекатларида почта операциялари учун хоналар, платформалар, темир йўл тупиклари

56. Ташувчи темир йўлнинг йирик тармоқларида почта алмашинуви пунктларини ташкиллаштириш учун мўлжалланган бино (хона)ларни зарурий мосламалар билан ижара шартномаси асосида ажратиб беради (темир йўл тупиклари, тунеллар, платформалар ва ҳоказо).

Бекатларда ва омборларда миллий операторга тақдим этилган хоналарга ва платформаларга ҳар қандай механик мосламаларни ўрнатиш, ташувчи билан миллий оператор ўртасида тузилган шартномага мувофиқ миллий оператор ҳисобидан амалга оширилади.

Юқорида кўрсатилган бино ва иншоотларни ўрнатиш ва сақлаш ташувчи билан миллий оператор ўртасида тузилган шартномага мувофиқ амалга оширилади.

57. Ташувчи махсус хоналарни қуйидаги мақсадлар учун ижарага беради:

а) почта алмашинуви пунктини жойлаштириш;

б) почтага ишлов бериш ва уни сақлаш;

д) почта алоқаси ва телекоммуникация хизматларини кўрсатиш.

58. Хоналарнинг ижараси учун тўлов миллий оператор ва ташувчи ўртасида тузилган шартномаларда белгиланган миқдорда амалга оширилади. Ижарага берилган хоналарнинг ўлчами, уларни таъмирлаш ва коммунал хизматлардан фойдаланиш тартиби шартномада белгиланади.

59. Почтани почта вагонларига юклаш учун ташишда ва вагонлардан туширгандан сўнг ташишда почта алмашинуви пунктлари ўзига тегишли бўлган қўлда бошқариладиган ва механик аравалардан фойдаланади. Платформаларда аравалардан фойдаланиш тартиби бекат бошлиғи билан келишилган бўлиши лозим. Аравалар почта алмашинуви пунктларининг биноларида ёки бекат бошлиғининг кўрсатмаси бўйича улар учун махсус ажратилган жойларда сақланиши лозим.

9-боб. Почта вагонларининг сайёр бригадалари ишини назорат қилиш

60. Почта вагонларининг сайёр бригадалари ишини назорат қилиш мақсади йўналишларга сифатли хизмат кўрсатиш, почта ўз вақтида ва бут ҳолда етказилишини таъминлашдан иборат.

Ҳар бир сайёр бригада ишини йўналишда текшириш чоракда бир марта амалга оширилади. Халқаро почтамт раҳбари (ўринбосари) томонидан почта вагонларининг сайёр бригадалари ишини назорат қилиш режаси миллий оператор томонидан тасдиқланади.

61. Почта вагонларининг сайёр бригадалари ишини текшириш ҳуқуқи қуйидагиларга берилган:

а) Ўзбекистон Республикаси Рақамли технологиялар вазирлиги ҳузуридаги Ахборотлаштириш ва телекоммуникациялар соҳасида назорат инспекциясининг ходимларига — қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда халқаро почтамт текширилганда;

б) миллий оператор раҳбарига (ўринбосарларига), бўлимлари бошлиқларига;

д) халқаро почтамт раҳбарига (ўринбосарларига), сифат хизмати бошлиғи ва ходимларига, сайёр хизмат цехи бошлиғига;

э) миллий оператор томонидан ваколат берилган бошқа шахсларига.

62. Юқорида кўрсатилган шахслар миллий оператор томонидан тақдим этилган, почта вагонида юриш ҳуқуқини берадиган гувоҳнома, шунингдек, лавозим гувоҳномалари ёки текшириш ҳуқуқини берувчи махсус гувоҳномалар мавжудлигида почта вагонларининг сайёр бригадалари ишини текшириши мумкин.

63. Почта вагонларининг сайёр бригадалари ишини текширувчи шахслар қуйидагиларни текшириши шарт:

а) бригада ишининг ташкил этилиши;

б) почта алмашинувини амалга ошириш, почтага ишлов бериш ва уни ташиш масалаларига оид буйруқлар, йўриқномалар ва бошқа ҳужжатларнинг бажарилиши;

д) почта буюмларининг сараланиши, йўлланиши, беркитилиши ҳамда ёзма хат-хабарлар, суғурта ва посилкага оид почта ҳамда босма нашрлар бўйича ҳужжатлар юритилиши тўғрилиги;

э) ёзма хат-хабарларни саралаш учун ёрлиқларнинг мавжудлиги ва почтани вагонларнинг омборларига тақсимлаш тартиби, ушбу тартибга амал қилиниши;

ф) 14-шаклдаги йўл варақасининг тўғри юритилиши;

г) вагондаги шахсларда почта вагонида юриш ҳуқуқини берувчи зарурий ҳужжатларнинг мавжудлиги;

ҳ) почта вагонида почтани ташишга тегишли бўлган норматив ҳужжатларнинг мавжудлиги;

и) омборлар ва сейфлардаги почта, қимматликлар бут сақланиши таъминланганлиги, шунингдек, почта алмашинувида, хусусан тунги вақтларда;

ж) почта алмашинуви учун ўз вақтида тайёрланиши;

к) почта алоқаси объектлари томонидан почтага ишлов бериш ва почта алмашинуви қоидаларининг бажарилиши, алмашувчиларда почта алмашинуви ҳуқуқини берувчи гувоҳномаларнинг мавжудлиги;

л) бригада аъзолари томонидан почтага сифатли ишлов беришда ўз иши устидан назорат ва ўзаро текширувлар ўтказилиши, почта вагони бошлиғи томонидан йўриқнома ва эксплуатация назорати амалга оширилиши, шунингдек, ишда нуқсонларни олдини олиш бўйича чора-тадбирлар кўрилиши;

м) сайёр ходимлар улар томонидан хизмат кўрсатиладиган вагонларда доимий равишда бўлиши борасидаги талабларнинг бажарилиши;

н) бригада муҳрлар, штамплар, тақвим тамғалари, қоплар ва бошқа турдаги эксплуатацион материаллар билан таъминланганлиги;

о) йўловчиларга алоқа хизматлари кўрсатилиши, почта тўловларининг давлат белгилари, почта конвертлари ва почта карталари билан таъминланганлиги;

п) почта алмашинуви пунктлари ва почта вагонлари ходимлари томонидан техника хавфсизлиги ва почта хавфсизлиги қоидаларига риоя қилиниши, хусусан поездлар бекатларда қисқа вақтга тўхтаганда;

қ) меҳнат интизоми ҳолати;

р) почта вагонлари рейсга тайёрланиши ҳамда йўлда ва дам олиш пунктларида санитария ҳолати таъминланганлиги (вагонлар хоналари ўз вақтида тозаланиши, тегишли ҳарорат сақланиши, ёзма хат-хабарли қопларни очишда чанг тозалайдиган столлардан фойдаланилиши, усти ёпиқ идишларда қайнатилган сув, тиббиёт қутичаси, чойшаб, ёстиқ жилдлари, идиш-товоқлар ва бошқа инвентар ҳамда мулклар билан таъминланганлиги);

с) вагонларнинг техник ҳолати (музлатгичлар, иситиш, сув билан таъминлаш тизимлари, электр ускуналар, эшиклар, омбор эшикларининг қулф ва фиксаторлари, орқа қисм сигнал чироқлари, сигнализация қўнғироқлари, зинапоя ёритгичлари, вагоннинг остки магистрали ва буксалар қизиш сигнализацияларининг ишга яроқлилиги, панжараларнинг маҳкамланиши, аккумуляторли сигнал чироқлари, калит комплектларининг мавжудлиги, электролитнинг зарурий зичлиги ва сатҳининг сақланиши, калибрланмаган сақлагичлар ва бошқалардан фойдаланиш ҳолатларининг мавжудлиги).

64. Почта вагонларининг сайёр бригадалари ишини текширувчи шахслар текшириш натижалари тўғрисида 14-шаклдаги йўл варақасига тегишли ёзув қайд этиши, текширишлар дафтарига аниқ таклифларни киритиши лозим.

Зарур ҳолларда, текширишлар дафтарига қайд этилган ёзувдан ташқари, тўрт нусхада далолатнома тузилади. Далолатноманинг биринчи нусхаси миллий операторга юборилади, иккинчиси почта вагонининг сайёр бригадаси бўйсунадиган халқаро почтамтга, учинчиси — почта вагони бошлиғига топширилади, тўртинчиси эса текширувчи шахсда қолади.

10-боб. Почта ва почта вагонларининг хавфсизлигини таъминлаш

65. Илова қилинган ҳужжатларга почта хавфсизлиги бўйича масъул ходимнинг имзоси қўйилган, почта хавфсизлиги бўйича назоратдан ўтказилган почта вагонларда жўнатиш учун қабул қилиниши керак.

66. Почта вагонларида ҳамда йўловчи ва багаж вагонларининг махсус мослаштирилган жойларида, шунингдек, бекат ҳудудида ва бекат биноларида жойлашган почтанинг қўриқланиши миллий оператор мажбуриятига киради.

67. Юк ортилмаган почта вагонларининг қўриқланиши почта алоқаси ходимлари томонидан амалга оширилади.

68. Техник бекатлар ва оралиқдаги бекатларда носоз почта вагонларининг қўриқланиши, бундай вагонларда почта алоқаси ходимлари, шу жумладан, кузатувчи-электромонтёрлар бўлмаса, почта вагонларини далолатнома бўйича, ички ускуналарни эса рўйхат бўйича қабул қилувчи темир йўл томонидан амалга оширилади.

11-боб. Якуний қоида

69. Мазкур Қоидалар талабларининг бузилишида айбдор бўлган шахслар қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ жавобгар бўлади.

Темир йўлларда почтани ташиш ва почта вагонларидан фойдаланиш қоидаларига 1-ИЛОВА

16-шакл юкхати 16-ш. Почта, куръерлик жўнатмалари ва буюмларининг номи Миқдор Почта жўнатилди соат да кузатувида Контейнерлар ............................................ (фамилия) «ҲУКУМАТГА ОИД» белгили қоплар .... ______________ -сон гувоҳнома Устувор почта жўнатмалари жойланган қоплар…………..………………………. Куръерлик жўнатмалари жойланган қоплар Алмашилиши керак ____________________ __________ қоп Тезкор почта жўнатмалари жойланган қоплар………………………………….. Жўнатилган почта учун ЮКХАТИ Суғурта қоплар...………………………. Халқаро жўнатмалар жойланган қоплар….. дан Ёзма хат-хабарлар жойланган қоплар….. манзилига Даврий босма нашрлар жойланган қоп ва боғламлар.…………………………….. _______-сон қопда Қиймати эълон қилинган хатлар ва қиймати эълон қилинган бандероллар……………… Контейнерда Майда пакетлар ...…………………….… «Эҳтиёт қилинг» белгили посилкалар ……... Эълон қилинган қиймати базавий ҳисоблаш миқдорининг беш баробаридан ортиқ баҳоланган посилкалар ….……….……… (жўнатиш жойининг тақвим штемпели) Одатдаги ва эълон қилинган қиймати энг кам иш ҳақининг беш баробаригача баҳоланган посилкалар ………………….. Бўш буюмлар........................................ Жами……………………........................... Тартиб рақами Почта, куръерлик жўнатмалари ва буюмларининг номи 1-шаклдаги дафтар ёки штрихли почта идентификатори бўйича рақами Эълон қилинган қиймати, сўм Устама тўлов суммаси, сўм Қаерга, қаердан Алоҳида белгилар Почта, куръерлик жўнатмаларининг кирувчи тартиб рақамлари

16-шакл юкхатининг орқа томони Тартиб рақами Почта, куръерлик жўнатмалари ва буюмлари номи 1-шаклдаги дафтар ёки штрихли почта идентификатори бўйича рақам Эълон қилинган қиймати, сўм Устама тўлов суммаси, сўм Қаерга, қаердан Алоҳида белгилар Почта,куръерлик жўнатмаларининг кирувчи тартиб рақамлари Жами: ____________________________________________________________________________ _____________________________ ______________________________ (лавозим, имзо) (лавозим, имзо) Почта номма-ном текширилди ва қабул қилинди _____________________________ _____________________________ (лавозим ва имзо) (лавозим ва имзо) № _______дан № ________гача № ________ дан № _______гача(олиш жойиизи) тақвим штемпели _______________ қиймати эълон қилинган __________________ посилкалар, хат (бандерол)лар Қабул қилди _____________________ Қабул қилди _______________________ ________ (лавозим, имзо) ________ (лавозим, имзо)

Темир йўлларда почтани ташиш ва почта вагонларидан фойдаланиш қоидаларига 2-ИЛОВА

35-шакл 35-ш. Станцияда топширилган ёзма хат-хабарлар жойланган қопларнинг _____-сон ТАРҚАТИШ ҚАЙДНОМАСИ _____________________________________ т.й.билан жўнатиш учун ________ (жўнатиш пункти номи) _________________________________________________________ ________ (жўнатиш санаси, поезд ёки автотранспорт йўналиши рақами) ________________________________________________ ҳисобидан Белгиланган станция номи Белгиланган жой почта алоқаси объектининг номи Буюмлар сони Буюмлар массаси, кг Олинганлиги тўғрисида имзо Жами …..... ____________________________ ________ (лавозим, имзо) ____________________________ ____ (лавозим, имзо)(тақвим штемпели)

Темир йўлларда почтани ташиш ва почта вагонларидан фойдаланиш қоидаларига 3-ИЛОВА

Транспорт вазири И. МАХКАМОВ

Рақамли технологиялар вазири Ш. ШЕРМАТОВ

Савдо-саноат палатаси раиси Д. ВАХАБОВ

Тошкент ш.,

2023 йил 6 сентябрь,

Тошкент ш.,

2023 йил 5 сентябрь,

2023 йил 16 август

23-сон

255-мҳ-сон

(Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 03.10.2023 й., 10/23/3462/0747-сон)

lex.uz

OʻZBEKISTON RESPUBLIKASI TRANSPORT VAZIRLIGI OʻZBEKISTON RESPUBLIKASI RAQAMLI TEXNOLOGIYALAR VAZIRLIGINING

Qarori

QOIDALARI

Temir yoʻllarda pochtani tashish va pochta vagonlaridan foydalanish qoidalarini tasdiqlash toʻgʻrisida

Pochtani temir yoʻllarda tashish va pochta vagonlaridan foydalanish xavfsizligini taʼminlash maqsadida hamda Oʻzbekiston Respublikasi “ Transport toʻgʻrisida ”gi va “ Pochta aloqasi toʻgʻrisida ”gi qonunlariga muvofiq Oʻzbekiston Respublikasi Transport vazirligi va Oʻzbekiston Respublikasi Raqamli texnologiyalar vazirligi qaror qiladi:

1. Temir yoʻllarda pochtani tashish va pochta vagonlaridan foydalanish qoidalari ilovaga muvofiq tasdiqlansin.

2. Mazkur qaror Oʻzbekiston Savdo-sanoat palatasi bilan kelishilgan.

3. Mazkur qaror rasmiy eʼlon qilingan kundan eʼtiboran kuchga kiradi.

Kelishildi:

Oʻzbekiston Respublikasi Transport vazirligining 2023-yil 6-sentabrdagi 23-son va Raqamli texnologiyalar vazirligining 2023-yil 5-sentabrdagi 255-mh-son qaroriga ILOVA

Temir yoʻllarda pochtani tashish va pochta vagonlaridan foydalanish

Mazkur qoidalar Oʻzbekiston Respublikasi hududida pochtani temir yoʻllarda tashish hamda pochta vagonlaridan foydalanish, shuningdek ularga texnik xizmat koʻrsatishning yagona tartibini belgilaydi.

1-bob. Umumiy qoidalar

1. Mazkur qoidalarda quyidagi asosiy tushunchalardan foydalaniladi:

xalqaro pochtamt — xalqaro pochta almashinuvi joyi boʻlib hisoblangan, xalqaro pochtani joʻnatish, topshirish, pochtani biriktirilgan magistral yoʻnalishlar boʻyicha tashish, tranzit, chiquvchi va keluvchi pochta almashinuviga ishlov berish, shuningdek foydalanuvchilarga pochta aloqasi xizmatlarini taqdim etishni amalga oshiruvchi pochta aloqasi milliy operatorining tarkibiy boʻlinmasi;

pochta aloqasining milliy operatori (bundan buyon matnda milliy operator deb yuritiladi) — Oʻzbekiston Respublikasi doirasida pochta aloqasi xizmatlari bozoridagi talabni qanoatlantirish, majburiy ravishda universal pochta xizmatlari koʻrsatish boʻyicha vazifalarni va Umumjahon pochta ittifoqining hujjatlaridan kelib chiqadigan majburiyatlarni bajarish vazifalari Oʻzbekiston Respublikasi Vazirlar Mahkamasi tomonidan oʻz zimmasiga yuklatilgan pochta aloqasi operatori;

pochta aloqasi obyektlari — pochta aloqasi operatorlarining alohida boʻlinmalari (pochtamtlar, pochta aloqasi bogʻlamalari, boʻlimlari, punktlari, shuningdek boshqa boʻlinmalar);

pochta — pochta joʻnatmalari va pochta buyumlarining majmui;

pochta-bagaj poyezdi — pochta va bagajni tashish uchun oʻz tarkibida asosan pochta hamda bagaj vagonlariga ega boʻlgan maxsus tuzilgan poyezd;

pochta vagoni — poyezd harakatlanayotgan yoʻlda pochtani tashish, ishlov berish va pochta almashinuvi uchun moʻljallangan maxsus konstruksiyadagi temir yoʻl vagoni;

pochta yoʻnalishi — transport vositalarining pochta va kuryerlik joʻnatmalari almashinuvini amalga oshirish uchun pochta aloqasi obyektlari oʻrtasida, shuningdek pochta va kuryerlik joʻnatmalarini qabul qilish va (yoki) yetkazib berish uchun pochta aloqasi obyektlari va foydalanuvchilar oʻrtasida belgilangan tartibda tasdiqlangan harakatlanish yoʻli;

pochta almashinuvi punkti — pochta aloqasi obyekti va transport oʻrtasida pochtani vaqtinchalik saqlash, ishlov berish va pochta almashinuvi maqsadida tashkil etilgan pochta aloqasi obyekti;

pochta aloqasi filiali — pochta aloqasi obyektlariga biriktirilgan hududda ishlab chiqarish faoliyatini tashkil qiluvchi milliy operatorning hududiy tarkibiy boʻlinmasi;

tashuvchi — mulk huquqi asosida yoki boshqa qonuniy asoslarda transport vositasiga ega boʻlgan, yoʻlovchilarni, bagajni, yuk bagajini, yuklarni, pochta va kuryerlik joʻnatmalarini tashish boʻyicha tijorat asosida xizmatlar koʻrsatadigan, shuningdek tashish uchun tegishli litsenziyaga, sertifikatga yoxud ruxsat etish xususiyatiga ega hujjati boʻlgan yuridik yoki jismoniy shaxs.

2. Temir yoʻllarda pochta tashish, pochta vagonlaridan foydalanish milliy operator bilan tashuvchi oʻrtasida tuzilgan shartnoma asosida amalga oshiriladi.

Xalqaro pochta almashinuvi punktlari tomonidan pochtani tashish va pochta almashinuvi tartibi Umumjahon pochta ittifoqining hujjatlari va Oʻzbekiston Respublikasining amaldagi qonunchilik hujjatlari bilan tartibga solinadi.

3. Pochta milliy operatorning pochta vagonlarida, shuningdek tashuvchining yoʻlovchi, tezyurar va pochta-bagaj poyezdlariga qoʻshiladigan vagonlarida tashiladi.

4. Pochtani pochta vagonlarida tashish Oʻzbekiston Respublikasi temir yoʻllarining barcha liniyalari boʻylab amalga oshiriladi.

5. Pochta vagonlarida va boshqa vagonlarning maxsus moslashtirilgan joylarida tashilayotgan pochta aloqa xodimlari tomonidan kuzatib boriladi. Pochta oddiy bagaj vagonlarida pochta aloqasi xodimlarining kuzatuvida ham, ularning kuzatuvisiz ham tashiladi.

6. Tarkibiga pochta vagonlari ulanadigan poyezdlarning roʻyxati milliy operator tomonidan tashuvchi bilan kelishilgan holda belgilanadi.

7. Tarkibiga pochta vagonlari ulangan poyezdlarning qatnov jadvali oʻzgargani toʻgʻrisida tashuvchi yangi jadvalni amalga kiritish muddatidan kamida besh kun oldin milliy operatorni xabardor qiladi.

8. Pochta almashinuvi koʻzda tutilgan temir yoʻl stansiyalarida tarkibida pochta vagonlari boʻlgan poyezdlar pochtani yuklash va tushirish imkoniyati mavjud boʻlgan maxsus yoʻlga qabul qilinadi.

9. Poyezdlar boshqa yoʻlga qabul qilingan holatlarda, shuningdek tarkib stansiya oʻqiga nisbatan belgilanmagan joyda toʻxtatilganida stansiya boʻyicha navbatchi bu toʻgʻrisida pochta vagonlari bilan pochta almashinuvini amalga oshirayotgan pochta aloqasi xodimlarini oldindan xabardor qiladi va pochta vagonining toʻxtash joyini koʻrsatadi.

Pochta almashinuvi jadvalda belgilangan toʻxtash vaqtida amalga oshirilishi kerak. Pochtaning tayyor emaslik sabablariga koʻra poyezdlarning ushlanib qolishiga yoʻl qoʻyilmaydi.

10. Kechikib kelgan pochta tashiladigan poyezdlarning toʻxtab turish vaqti qisqartirilganida bu toʻgʻrisida poyezd boshligʻi pochta vagoni boshligʻini, stansiya navbatchisi esa — stansiyada pochta almashinuvini amalga oshiruvchi shaxsni xabardor qilishi shart. Bunda kechikishni (ushlanib qolishni) bartaraf qilish maqsadida stansiya navbatchisi ushbu poyezdning qisqargan toʻxtab turish vaqtini koʻrsatishi kerak. Poyezdlarning toʻxtab turish vaqtining davomiyligini besh daqiqadan kam vaqtga, shuningdek, grafik boʻyicha belgilangan toʻxtab turish vaqti besh daqiqadan kam vaqtni tashkil etuvchi har qanday toʻxtab turishlarni qisqartirilishiga yoʻl qoʻyilmaydi.

Milliy operator va tashuvchi oʻrtasidagi shartnomaga muvofiq, stansiya navbatchilari pochta aloqasi obyektlari xodimlarini ularning soʻrovlariga koʻra pochta tashuvchi poyezdlarning qatnov vaqtlari toʻgʻrisidagi maʼlumot bilan taʼminlaydi.

11. Tashuvchiga tegishli boʻlgan bino va inshootlarni ijaraga olish, pochta vagonlarini taʼmirlash, ularni yuk ortish va tushirish uchun berish muddatlari hamda temir yoʻllarda pochta vagonlariga texnik xizmat koʻrsatish boʻyicha boshqa masalalar qoʻshimcha shartnomalarga muvofiq amalga oshiriladi.

2-bob. Pochta vagonlarida pochta tashish

12. Pochta vagonlarida tarqatish uchun qabul qilingan pochta Umumjahon pochta ittifoqining hujjatlariga va pochta aloqasi sohasi amaldagi normativ hujjatlariga muvofiq tashiladi.

Pochta vagonlarida pochta aloqasining obyektlari faoliyatiga taalluqli boʻlmagan yukni faqat milliy operator ruxsati bilan tashishga yoʻl qoʻyiladi.

13. Pochta, poyezd bekatga kelguniga qadar kamida oʻn daqiqa oldin, pochta aloqasi xodimlari tomonidan pochta vagonining toʻxtash joyiga yetkazib berilishi kerak.

14. Pochta vagonida joʻnatish uchun tayyorlab qoʻyilgan pochta, hujjatlar va uchta nusxadan iborat boʻlgan 16-shakldagi yukxati (mazkur Qoidalarning 1-ilovasi ) bilan birga kuzatuvchi pochta aloqasi xodimiga, yukxatining uchinchi nusxasiga pochtani qabul qilganligi toʻgʻrisida imzo qoʻydirilgan holda topshiriladi.

15. Pochta vagonida ishlov berilishi lozim boʻlgan yopiq pochta buyumlari va postpaketlar saralash zalida ochiladi hamda ularning ichidagi pochta joʻnatmalari hujjatlar boʻyicha nomma-nom tekshiriladi. Birinchi navbatda yoʻnalishning eng yaqin uchastkalariga tegishli boʻlgan yopiq pochta buyumlari va postpaketlar, keyin esa qolganlari ochiladi. Ochish tugallangach, pochta vagoni boshligʻi manzil yorliqlarini yukxatidagi yozuvlar bilan solishtiradi.

16. Pochtani saralash, unga ishlov berish va berkitish tartibi tegishli normativ hujjatlar bilan tartibga solinadi.

17. Posilkalar pochta aloqasi xodimlari tomonidan yoʻnalish rejasiga muvofiq pochta vagoniga:

guruhlar bilan — yoʻnalish boʻyicha omborxonalarga;

alohida — tranzit omborxonalarga topshiriladi.

18. Pochta vagonida ishlov berilishi lozim boʻlgan posilkalar vagonning omborxonasida saralanadi. Ilova qilingan manzil blankalari 16-shakldagi yukxatidagi yozuvlar bilan nomma-nom solishtiriladi.

Poyezd navbatdagi almashish punktiga yetib kelish vaqtiga qadar pochta vagoni brigadasi pochtani topshirish uchun toʻliq tayyorlab qoʻyishi va unga tegishli hujjatlarni rasmiylashtirishi kerak.

19. Poyezdlar harakati xavfsizligini taʼminlash uchun pochta va xizmat yukining umumiy massasi vagonning belgilangan yuk koʻtarish qobiliyatidan oshmasligi kerak. Shubha tugʻilgan hollarda, temir yoʻl xodimlari pochtaning massasini vagon tarozlarida tekshirish va belgilangan meʼyordan ortiqcha pochtani vagondan tushirish majburiyatini yuklash huquqiga ega.

20. Pochta vagonlarini joʻnatish temir yoʻl xodimlari tomonidan belgilangan tartibda rasmiylashtiriladi.

3-bob. Pochtani bagaj vagonlarida tashish

21. Pochtani poyezdlarning bagaj vagonlarida tashish milliy operator hamda tashuvchi oʻrtasida tuzilgan shartnomalarga muvofiq tashuvchining poyezdlarida amalga oshirilishi mumkin.

22. Yuk-bagajda joʻnatilayotgan pochtaga har bir topshirish punkti uchun 16-shakldagi yukxati ikki nusxada tuziladi. Bundan tashqari, 35-shakldagi tarqatish qaydnomasi (mazkur Qoidalarning 2-ilovasi ) uchta nusxada tuziladi. Tarqatish qaydnomasiga 16-shakldagi yukxatiga qayd qilingan qoplar (bogʻlamalar) pochtani topshirish punktlarining ketma-ketlikda kelish tartibida yoziladi. Tarqatish qaydnomalarini raqamlash oyma-oy olib boriladi.

Yuk-bagajda joʻnatilayotgan pochtali qoplar tarqatish qaydnomasining ikkinchi nusxasiga imzo qoʻyilgan holda, dastlabki punktda poyezdning joʻnash vaqtidan 30 daqiqa oldin va poyezdning oraliq bekatlarga yetib kelishidan kamida 50 daqiqa oldin bagaj omborxonalariga topshiriladi.

23. Pochta aloqasi xodimlarining kuzatuvisiz pochta tashilayotgan bagaj vagonining nosozligi yoki yoʻlda poyezddan ajratilishi holatlarida, pochta nosoz vagon oʻrniga ulangan boshqa vagonga yoʻlovchilar bagaji kabi yuklanishi kerak. Bagaj qisman nosoz bagaj vagonidan boshqa vagonga yuklanganda, pochta birinchi navbatda yuklanadi.

Bunday hollarda pochtani yuklash va tushirish ishlari temir yoʻl xodimlarining kuchi bilan bajariladi.

4-bob. Pochtani yoʻlovchi vagonlarida tashish

24. Ish hajmi katta boʻlmagan pochta yoʻnalishlarida pochta yoʻlovchi vagonlarida pochta aloqasining ikkita xodimi kuzatuvida tashilishi mumkin. Kupeda tegishli uskunalar mavjud boʻlganda, yoʻlovchilardan ajralganda hamda pochta va qimmatliklarning butligini taʼminlaganda, pochta joʻnatmalariga yoʻlda pochta vagonlari uchun koʻzda tutilgan tartibda ishlov beriladi. Bunday sharoitlar boʻlmaganda, faqat bosma nashrlar va yozma xat-xabarlar yopiq buyumlarda, yoʻlda ishlov berilmasdan tashiladi.

25. Pochtaning yoʻlovchi vagonlarida tashilishi milliy operator bilan tashuvchi oʻrtasida tuzilgan shartnomaga muvofiq amalga oshiriladi.

Pochta yoʻlovchi vagonlarida tashilganda, pochta joʻnatmalari poyezdning joʻnashidan va yetib kelishidan kamida 30 daqiqa oldin yuklash-tushirish ishlariga taqdim etiladi (topshiriladi).

26. Ichida yozma xat-xabarlar mavjud qoplarning, shuningdek, bosma nashrlar mavjud qop va bogʻlamalarning manzil yorliqlarida quyidagilar koʻrsatiladi: qop (bogʻlama) qaysi bekatda topshirilishi kerak, manzillangan joyi, qop (bogʻlama)ning qayerdan kelayotganligi, ularning massasi va raqami, joylanmasining nomi, poyezd raqami. Ushbu maʼlumotlar 16-shakldagi yukxatida ham koʻrsatiladi.

27. Pochtani joʻnatayotgan pochta aloqasi filiallari 35-shakldagi tarqatish qaydnomasining raqami va pochta joʻnatmalarining massasini koʻrsatgan holda, tashish hujjatlarini tuzadi.

5-bob. Pochta aloqasi xodimlarining pochta vagonlarida yurishi va bekatlar hududida boʻlishi

28. Yoʻlda pochtani kuzatib borish, qoʻriqlash, unga ishlov berish va pochta almashinuvi uchun pochta vagonlarida va yoʻlovchi vagonlarining maxsus moslashtirilgan joylarida sayyor brigada xodimlarining yurishiga milliy operator tomonidan berilgan guvohnomalar boʻyicha ruxsat etiladi.

29. Sayyor brigada xodimlarining tarkibiga quyidagilar kiradi:

a) pochta vagoni boshligʻi;

b) pochta vagoni boshligʻining yordamchilari;

d) kuzatuvchi-elektromontyor;

e) saralovchilar.

Brigadadagi xodimlarning soni ish hajmiga, almashishlarning muntazamligiga va boshqa sharoitlarga bogʻliq holda belgilanadi, lekin kuzatuvchi-elektromontyorni qoʻshib hisoblaganda, ikkitadan kam boʻlmasligi kerak. Brigada aʼzolari oʻrtasida majburiyatlar pochta vagoni boshligʻi tomonidan taqsimlanadi.

30. Yoʻl davomida pochta vagonining sayyor brigadasi xodimlari oʻz vakolatlari doirasida, tarkibiga pochta vagoni qoʻshilgan poyezd boshligʻiga (brigadiriga) boʻysunadi.

31. Pochta vagonlarida guvohnomalar bilan yurish huquqidan guvohnomada koʻrsatilgan liniyalarda qatnaydigan pochta vagonlarini kuzatish boʻyicha xizmat safaridan qaytayotgan pochta aloqasi xodimlari ham foydalanadi.

Pochta vagonining boshligʻi reysga chiqishdan oldin xalqaro pochtamtdan brigadaning barcha aʼzolari uchun guvohnomalarni va toʻgʻridan toʻgʻri yoʻnalishda yurish hamda alohida orqaga qaytish uchun sayyor brigada xodimlari nomma-nom qayd qilingan 14-shakldagi yoʻl varaqlarini (mazkur Qoidalarning 3-ilovasi ) tilxat bilan oladi. 14-shakldagi yoʻl varaqlari xalqaro pochtamtning direktori (oʻrinbosari), sayyor xizmatning sex boshligʻi tomonidan imzolanadi va “Yoʻl varaqalari uchun” maxsus yumaloq muhr bilan tasdiqlanadi.

32. Pochtani kuzatib boruvchi sayyor xodimlardan tashqari pochta vagonlarida yurish huquqi quyidagilarga taqdim etiladi:

a) zaxirada ketayotgan sayyor xodimlarga, guvohnoma va 14-shakldagi yoʻl varaqasida yozuv mavjud boʻlsa;

b) milliy operator tomonidan berilgan maxsus guvohnomalar boʻyicha pochta vagonlarining sayyor brigadalari ishini nazorat qilish va boshqa xizmatga oid maqsadlar uchun xizmat safariga yuborilgan mansabdor shaxslarga;

d) sayyor xodimlar, kuzatuvchi — elektromontyorlar boʻyicha kadrlarni tayyorlash kurslariga qabul qilingan shaxslarga, tanishtirish safari paytida safarning boshidan oxirigacha boʻlgan davrga;

e) sayyor xodimlar, kuzatuvchi — elektromontyorlar boʻyicha kadrlarni tayyorlash kurslarini tugatgan shaxslarga, shuningdek, “brigada usuli”da oʻqiyotganlarga, malaka oʻzlashtirilguniga qadar boʻlgan davrga.

33. Pochta vagonida yurish huquqiga ega boʻlgan shaxslar oʻzlari bilan qoʻlda olib yuriladigan yukni yoʻlovchilar uchun belgilangan meʼyor chegarasida bepul olib oʻtishi mumkin.

34. Pochta vagonida, brigada ishini nazorat qiluvchi xodimlardan tashqari, bir vaqtning oʻzida guvohnoma boʻyicha koʻpi bilan ikkita kishining yurishiga ruxsat etiladi.

Pochta vagonlarida guvohnomalar boʻyicha ketayotgan shaxslar 14-shakldagi yoʻl varaqasiga yozilgan boʻlishi kerak.

35. Belgilanmagan shakldagi guvohnomani koʻrsatgan, shuningdek zaruriy hujjatlarga ega boʻlmagan shaxslarning pochta vagonida yurishi taqiqlanadi. Ular tomonidan koʻrsatilgan guvohnoma olib qoʻyiladi va pochta almashinuvi (dastlabki yoki oxirgi) punktining boshligʻiga bildirgi bilan birga taqdim etiladi, pochta almashinuvi punktining boshligʻi chora koʻrish uchun xalqaro pochtamtga yoʻllaydi.

6-bob.Pochta vagonlaridan foydalanish va taʼmirlash tartibi

36. Milliy operator pochta vagonlarini Oʻzbekiston Respublikasi temir yoʻllaridan texnik foydalanish qoidalarining texnik jihatdan tartibga solish sohasidagi hujjatlar talablariga muvofiq soz holatda saqlashi shart.

Poyezd vagonlari poyezdlarning belgilangan sxemalariga mos ravishda poyezdlarga ulanadi. Pochta-bagaj poyezdlarini shakllantirish sxemalarini oʻzgartirish milliy operatorning roziligi bilan amalga oshiriladi.

7-bob. Pochtani yoʻlda ushlanib qolishini bartaraf qilish boʻyicha chora-tadbirlar

37. Poyezdda pochta vagonining oʻrni oʻzgartirilgan hollarda, joʻnab ketish bekati boshligʻi poyezd yoʻnalishi boʻyicha navbatdagi bekatlarga, pochta almashuvchi xodimlarni ogohlantirish uchun xabar berishi shart.

38. Pochta vagonlarini taʼmirlash ishlari, milliy operator bilan taʼmirlash ishlarini olib borish huquqiga ega tashkilot oʻrtasidagi shartnomaga muvofiq, temir yoʻllarining yoʻlovchi vagonlar parki uchun belgilangan muddatlarda amalga oshiriladi.

39. Pochtani yuklashdan oldin, pochta vagoni boshligʻi bilan kuzatuvchi-elektromontyor, texnik nazoratchi (masʼul navbatchi yoki smena boshligʻi) ishtirokida pochta vagonini qabul qiladilar. Bunda quyidagilar tekshiriladi:

isitish va yoritish tizimlarining, ichki qulflar va tirgaklarning sozligi;

uskunalarning ishonchli mahkamlanganligi;

yongʻinga qarshi vositalarning hamda vagon inventarining (soat, choyshab, yostiq jildlari, idish-tovoq, aptechkadagi dori-darmonlar va hokazolar) mavjudligi;

tizimlarda suvning mavjudligi;

maxsus idishlarning koʻmir bilan (qishda toʻliq qilib) toʻldirilganligi va orqa qismdagi signallarning mavjudligi.

Pochta vagonining kuzatuvchi-elektromontyori yoʻl davomida orqa qismdagi signallarning yonib turishini taʼminlashi lozim. Poyezdning harakatlanishiga xavf soladigan hollarda, u poyezdni zudlik bilan toʻxtatish choralarini koʻrishi kerak.

40. Pochta vagonining sayyor brigada xodimlari xalqaro pochtamt mablagʻi hisobidan taʼminlanadi va ishlab chiqarish boʻyicha yoʻl-yoʻriqdan oʻtkazilganidan, shuningdek, Oʻzbekiston Respublikasi temir yoʻllardan texnikaviy foydalanish qoidalari texnik jihatdan tartibga solish sohasidagi hujjatlar talablari bilan tanishganidan soʻng ishlashga ruxsat beriladi. Sayyor brigada xodimlarining temir yoʻl xodimlari tomonidan, xalqaro pochtamtning vakili ishtirokida, temir yoʻllardagi sayyor xodimlar uchun belgilangan muddatlarda bilimlar tekshiruvi oʻtkaziladi.

41. Avtonom elektrostansiyaga ega boʻlmagan pochta vagonini yoritish taʼminoti, temir yoʻl tomonidan poyezdga qoʻshilgan vaqtdan boshlab va belgilangan bekatgacha yetib kelganidan keyin poyezddan ajratishgacha boʻlgan vaqtga qadar boshqa vagonlar bilan umumiy asosda taʼminlanadi.

Toʻxtash joylarida poyezddan ajratilgan va zaxirada boʻlgan pochta vagonlarining yoritish taʼminoti milliy operator hisobidan taʼminlanadi.

Poyezdda pochta vagoni yoʻlovchi vagon bilan yonma-yon joylashmagan hollarda, uning elektr bilan yoritilishi yonidagi pochta vagonining elektr stansiyasidan taʼminlanadi (bir vaqtning oʻzida ikkita pochta vagonidan oshmasligi kerak).

42. Kelishilgan yoʻnalishlar davomida yoqilgʻi quyish joyi va tartibi tashuvchi bilan milliy operator oʻrtasida tuzilgan shartnoma asosida belgilanadi.

43. Bekatda va yoʻlda pochta vagonlarining isitilishi milliy operator hisobidan taʼminlanadi.

Poyezdlar harakati bilan bogʻliq sabablarga koʻra yoʻlda ushlanib qolgan pochta vagonlari, ushlanib qolgan vaqt davomida temir yoʻl hisobidan isitiladi.

44. Pochta vagonlarining isitish qurilmalari va baklari uchun suv bilan taʼminlanishi temir yoʻl vositalari va mablagʻi hisobidan quyidagicha amalga oshiriladi:

harakatlanish yoʻli davomida — ehtiyojga qarab belgilangan punktlarda;

reysga chiqishdan oldin bir marta — dastlabki va oxirgi bekatlarda.

45. Pochta vagonlarining tashqi qismini yuvish poyezdlarni shakllantirish va qaytarib berish punktlarida milliy operator bilan tashuvchi oʻrtasida tuzilgan shartnomaga muvofiq amalga oshiriladi.

46. Pochta vagonlarini dezinfeksiya qilish temir yoʻl vositalari bilan milliy operator mablagʻlari hisobidan yoʻlovchi vagonlari parki uchun belgilangan qoidalar boʻyicha amalga oshiriladi.

47. Poyezdni tuzish sxemasida nazarda tutilgan pochta vagonini tarkibga qoʻshmaslik yoki yoʻlda ajratish taqiqlanadi.

48. Pochta tashilayotgan pochta vagonlarida yoʻlda texnik nosozliklar aniqlanganida, pochta vagoni boshligʻi yoki avariya sodir boʻlgan joydagi bekat boshligʻi, yoxud avariya toʻgʻrisida xabarnoma olgan bekat boshligʻi bu toʻgʻrida mavjud boʻlgan aloqa vositalaridan foydalanib zudlik bilan yaqinroq boʻlgan pochta almashinuvi punktining yoki xalqaro pochtamtning boshligʻini xabardor qilishi shart.

49. Poyezdning harakatlanish yoʻlida pochta vagonini ajratishdan boshqa iloj qolmasa temir yoʻl xodimlari darhol bu toʻgʻrida pochta vagoni boshligʻini, pochtani boshqa — zaxira, pochta yoki bagaj vagonga qayta yuklashga tayyorlash uchun xabardor qiladilar. Bunda birinchi navbatda hukumatga oid va xalqaro pochta hamda imkoni bor miqdorda bosma nashr mahsulotlari yuklanishi kerak. Zaxira yoki bagaj vagon yoʻq boʻlgan taqdirda, ajratilgan vagondagi pochta quyidagilarga yuklanishi kerak:

a) hukumatga oid va xalqaro pochta yozma xat-xabarlar hamda gazetalar — ushbu poyezdning bagaj yoki yoʻlovchi vagoniga;

b) pochtaning qolgan qismi — izma-iz kelayotgan poyezdlarning pochta yoki bagaj vagonlariga.

50. Pochta yoʻlovchi vagonga qayta yuklanganida belgilangan manzilga pochta vagoni sayyor brigadasining bir yoki ikki aʼzosi kuzatuvida joʻnatiladi.

Pochtani vagonlarda joʻnatishda yozma xat-xabarlar solingan qoplar surgʻuchli muhr bilan muhrlanadi va plombalanadi.

51. Ajratilgan nosoz vagondagi pochtani boshqasiga qayta yuklash imkoniyati boʻlmasa, temir yoʻl xodimlari pochta bor boʻlgan bunday vagonni zudlik bilan taʼmirlash uchun eng yaqin joylashgan taʼmirlash punktiga yuborish choralarini koʻradilar. Taʼmirlashdan soʻng vagon birinchi joʻnab ketayotgan yoʻlovchi poyezdga ulanadi.

52. Texnik nosoz boʻlgan pochta vagonidan pochtani tushirib boshqasiga yuklash uchun bekat boshliqlari pochta vagoni ajratilishiga sababchi boʻlgan temir yoʻlning hisobidan pochtani qoʻriqlash va tushirib boshqasiga yuklash uchun ishchi kuchini hamda boshqa vositalarni taqdim etishi shart.

53. Pochta almashinuvi punktining yoki xalqaro pochtamtning masʼul xodimi avariya joyiga taʼmirlash poyezdi tarkibida borish huquqiga ega.

54. Bekat boshligʻi pochta vagoni poyezddan ajratilgani toʻgʻrisida ajratish sababini koʻrsatgan holda dalolatnoma tuzadi, pochta vagoni boshligʻi bilan birga uni imzolaydi va dalolatnomaning nusxasini pochta vagoni boshligʻiga beradi. Bekat boshligʻi pochta vagoni ajratilgani toʻgʻrisida mavjud boʻlgan har qanday aloqa vositalari orqali pochta yoʻnalishi boʻyicha yaqinroqda joylashgan pochta almashinuvi punktining boshligʻiga va ushbu punktgacha boʻlgan yoʻldagi barcha bekat boshliqlariga pochta almashuvchi pochta aloqasi xodimlarini xabardor qilish uchun zudlik bilan xabar berishi shart.

55. Pochtaga shikast yetkazilishi yoki pochta yoʻq qilish holatlari toʻgʻrisida toʻrt nusxada dalolatnoma tuziladi, yoʻq qilingan yoki shikast yetkazilgan pochtaning roʻyxati va yoʻq qilish sabablari koʻrsatilib temir yoʻl va pochta aloqasi filiallari xodimlari tomonidan imzolanadi. Dalolatnoma nusxasi zudlik bilan xalqaro pochtamtga joʻnatiladi.

Temir yoʻllarda pochta tashish va pochta vagonlaridan foydalanish qoidalarini buzganlik uchun javobgarlik amaldagi qonunchilik hujjatlariga muvofiq milliy operator bilan tashuvchi oʻrtasida tuzilgan shartnomada koʻrsatiladi.

8-bob. Temir yoʻl bekatlarida pochta operatsiyalari uchun xonalar, platformalar, temir yoʻl tupiklari

56. Tashuvchi temir yoʻlning yirik tarmoqlarida pochta almashinuvi punktlarini tashkillashtirish uchun moʻljallangan bino (xona)larni zaruriy moslamalar bilan ijara shartnomasi asosida ajratib beradi (temir yoʻl tupiklari, tunellar, platformalar va hokazo).

Bekatlarda va omborlarda milliy operatorga taqdim etilgan xonalarga va platformalarga har qanday mexanik moslamalarni oʻrnatish, tashuvchi bilan milliy operator oʻrtasida tuzilgan shartnomaga muvofiq milliy operator hisobidan amalga oshiriladi.

Yuqorida koʻrsatilgan bino va inshootlarni oʻrnatish va saqlash tashuvchi bilan milliy operator oʻrtasida tuzilgan shartnomaga muvofiq amalga oshiriladi.

57. Tashuvchi maxsus xonalarni quyidagi maqsadlar uchun ijaraga beradi:

a) pochta almashinuvi punktini joylashtirish;

b) pochtaga ishlov berish va uni saqlash;

d) pochta aloqasi va telekommunikatsiya xizmatlarini koʻrsatish.

58. Xonalarning ijarasi uchun toʻlov milliy operator va tashuvchi oʻrtasida tuzilgan shartnomalarda belgilangan miqdorda amalga oshiriladi. Ijaraga berilgan xonalarning oʻlchami, ularni taʼmirlash va kommunal xizmatlardan foydalanish tartibi shartnomada belgilanadi.

59. Pochtani pochta vagonlariga yuklash uchun tashishda va vagonlardan tushirgandan soʻng tashishda pochta almashinuvi punktlari oʻziga tegishli boʻlgan qoʻlda boshqariladigan va mexanik aravalardan foydalanadi. Platformalarda aravalardan foydalanish tartibi bekat boshligʻi bilan kelishilgan boʻlishi lozim. Aravalar pochta almashinuvi punktlarining binolarida yoki bekat boshligʻining koʻrsatmasi boʻyicha ular uchun maxsus ajratilgan joylarda saqlanishi lozim.

9-bob. Pochta vagonlarining sayyor brigadalari ishini nazorat qilish

60. Pochta vagonlarining sayyor brigadalari ishini nazorat qilish maqsadi yoʻnalishlarga sifatli xizmat koʻrsatish, pochta oʻz vaqtida va but holda yetkazilishini taʼminlashdan iborat.

Har bir sayyor brigada ishini yoʻnalishda tekshirish chorakda bir marta amalga oshiriladi. Xalqaro pochtamt rahbari (oʻrinbosari) tomonidan pochta vagonlarining sayyor brigadalari ishini nazorat qilish rejasi milliy operator tomonidan tasdiqlanadi.

61. Pochta vagonlarining sayyor brigadalari ishini tekshirish huquqi quyidagilarga berilgan:

a) Oʻzbekiston Respublikasi Raqamli texnologiyalar vazirligi huzuridagi Axborotlashtirish va telekommunikatsiyalar sohasida nazorat inspeksiyasining xodimlariga — qonunchilik hujjatlarida belgilangan tartibda xalqaro pochtamt tekshirilganda;

b) milliy operator rahbariga (oʻrinbosarlariga), boʻlimlari boshliqlariga;

d) xalqaro pochtamt rahbariga (oʻrinbosarlariga), sifat xizmati boshligʻi va xodimlariga, sayyor xizmat sexi boshligʻiga;

e) milliy operator tomonidan vakolat berilgan boshqa shaxslariga.

62. Yuqorida koʻrsatilgan shaxslar milliy operator tomonidan taqdim etilgan, pochta vagonida yurish huquqini beradigan guvohnoma, shuningdek, lavozim guvohnomalari yoki tekshirish huquqini beruvchi maxsus guvohnomalar mavjudligida pochta vagonlarining sayyor brigadalari ishini tekshirishi mumkin.

63. Pochta vagonlarining sayyor brigadalari ishini tekshiruvchi shaxslar quyidagilarni tekshirishi shart:

a) brigada ishining tashkil etilishi;

b) pochta almashinuvini amalga oshirish, pochtaga ishlov berish va uni tashish masalalariga oid buyruqlar, yoʻriqnomalar va boshqa hujjatlarning bajarilishi;

d) pochta buyumlarining saralanishi, yoʻllanishi, berkitilishi hamda yozma xat-xabarlar, sugʻurta va posilkaga oid pochta hamda bosma nashrlar boʻyicha hujjatlar yuritilishi toʻgʻriligi;

e) yozma xat-xabarlarni saralash uchun yorliqlarning mavjudligi va pochtani vagonlarning omborlariga taqsimlash tartibi, ushbu tartibga amal qilinishi;

f) 14-shakldagi yoʻl varaqasining toʻgʻri yuritilishi;

g) vagondagi shaxslarda pochta vagonida yurish huquqini beruvchi zaruriy hujjatlarning mavjudligi;

h) pochta vagonida pochtani tashishga tegishli boʻlgan normativ hujjatlarning mavjudligi;

i) omborlar va seyflardagi pochta, qimmatliklar but saqlanishi taʼminlanganligi, shuningdek, pochta almashinuvida, xususan tungi vaqtlarda;

j) pochta almashinuvi uchun oʻz vaqtida tayyorlanishi;

k) pochta aloqasi obyektlari tomonidan pochtaga ishlov berish va pochta almashinuvi qoidalarining bajarilishi, almashuvchilarda pochta almashinuvi huquqini beruvchi guvohnomalarning mavjudligi;

l) brigada aʼzolari tomonidan pochtaga sifatli ishlov berishda oʻz ishi ustidan nazorat va oʻzaro tekshiruvlar oʻtkazilishi, pochta vagoni boshligʻi tomonidan yoʻriqnoma va ekspluatatsiya nazorati amalga oshirilishi, shuningdek, ishda nuqsonlarni oldini olish boʻyicha chora-tadbirlar koʻrilishi;

m) sayyor xodimlar ular tomonidan xizmat koʻrsatiladigan vagonlarda doimiy ravishda boʻlishi borasidagi talablarning bajarilishi;

n) brigada muhrlar, shtamplar, taqvim tamgʻalari, qoplar va boshqa turdagi ekspluatatsion materiallar bilan taʼminlanganligi;

o) yoʻlovchilarga aloqa xizmatlari koʻrsatilishi, pochta toʻlovlarining davlat belgilari, pochta konvertlari va pochta kartalari bilan taʼminlanganligi;

p) pochta almashinuvi punktlari va pochta vagonlari xodimlari tomonidan texnika xavfsizligi va pochta xavfsizligi qoidalariga rioya qilinishi, xususan poyezdlar bekatlarda qisqa vaqtga toʻxtaganda;

q) mehnat intizomi holati;

r) pochta vagonlari reysga tayyorlanishi hamda yoʻlda va dam olish punktlarida sanitariya holati taʼminlanganligi (vagonlar xonalari oʻz vaqtida tozalanishi, tegishli harorat saqlanishi, yozma xat-xabarli qoplarni ochishda chang tozalaydigan stollardan foydalanilishi, usti yopiq idishlarda qaynatilgan suv, tibbiyot qutichasi, choyshab, yostiq jildlari, idish-tovoqlar va boshqa inventar hamda mulklar bilan taʼminlanganligi);

s) vagonlarning texnik holati (muzlatgichlar, isitish, suv bilan taʼminlash tizimlari, elektr uskunalar, eshiklar, ombor eshiklarining qulf va fiksatorlari, orqa qism signal chiroqlari, signalizatsiya qoʻngʻiroqlari, zinapoya yoritgichlari, vagonning ostki magistrali va buksalar qizish signalizatsiyalarining ishga yaroqliligi, panjaralarning mahkamlanishi, akkumulyatorli signal chiroqlari, kalit komplektlarining mavjudligi, elektrolitning zaruriy zichligi va sathining saqlanishi, kalibrlanmagan saqlagichlar va boshqalardan foydalanish holatlarining mavjudligi).

64. Pochta vagonlarining sayyor brigadalari ishini tekshiruvchi shaxslar tekshirish natijalari toʻgʻrisida 14-shakldagi yoʻl varaqasiga tegishli yozuv qayd etishi, tekshirishlar daftariga aniq takliflarni kiritishi lozim.

Zarur hollarda, tekshirishlar daftariga qayd etilgan yozuvdan tashqari, toʻrt nusxada dalolatnoma tuziladi. Dalolatnomaning birinchi nusxasi milliy operatorga yuboriladi, ikkinchisi pochta vagonining sayyor brigadasi boʻysunadigan xalqaro pochtamtga, uchinchisi — pochta vagoni boshligʻiga topshiriladi, toʻrtinchisi esa tekshiruvchi shaxsda qoladi.

10-bob. Pochta va pochta vagonlarining xavfsizligini taʼminlash

65. Ilova qilingan hujjatlarga pochta xavfsizligi boʻyicha masʼul xodimning imzosi qoʻyilgan, pochta xavfsizligi boʻyicha nazoratdan oʻtkazilgan pochta vagonlarda joʻnatish uchun qabul qilinishi kerak.

66. Pochta vagonlarida hamda yoʻlovchi va bagaj vagonlarining maxsus moslashtirilgan joylarida, shuningdek, bekat hududida va bekat binolarida joylashgan pochtaning qoʻriqlanishi milliy operator majburiyatiga kiradi.

67. Yuk ortilmagan pochta vagonlarining qoʻriqlanishi pochta aloqasi xodimlari tomonidan amalga oshiriladi.

68. Texnik bekatlar va oraliqdagi bekatlarda nosoz pochta vagonlarining qoʻriqlanishi, bunday vagonlarda pochta aloqasi xodimlari, shu jumladan, kuzatuvchi-elektromontyorlar boʻlmasa, pochta vagonlarini dalolatnoma boʻyicha, ichki uskunalarni esa roʻyxat boʻyicha qabul qiluvchi temir yoʻl tomonidan amalga oshiriladi.

11-bob. Yakuniy qoida

69. Mazkur Qoidalar talablarining buzilishida aybdor boʻlgan shaxslar qonunchilik hujjatlariga muvofiq javobgar boʻladi.

Temir yoʻllarda pochtani tashish va pochta vagonlaridan foydalanish qoidalariga 1-ILOVA

16-shakl yukxati 16-sh. Pochta, kuryerlik joʻnatmalari va buyumlarining nomi Miqdor Pochta joʻnatildi soat da kuzatuvida Konteynerlar ............................................ (familiya) “HUKUMATGA OID” belgili qoplar .... ______________ -son guvohnoma Ustuvor pochta joʻnatmalari joylangan qoplar…………..………………………. Kuryerlik joʻnatmalari joylangan qoplar Almashilishi kerak ____________________ __________ qop Tezkor pochta joʻnatmalari joylangan qoplar………………………………….. Joʻnatilgan pochta uchun YUKXATI Sugʻurta qoplar...………………………. Xalqaro joʻnatmalar joylangan qoplar….. dan Yozma xat-xabarlar joylangan qoplar….. manziliga Davriy bosma nashrlar joylangan qop va bogʻlamlar.…………………………….. _______-son qopda Qiymati eʼlon qilingan xatlar va qiymati eʼlon qilingan banderollar……………… Konteynerda Mayda paketlar ...…………………….… “Ehtiyot qiling” belgili posilkalar ……... Eʼlon qilingan qiymati bazaviy hisoblash miqdorining besh barobaridan ortiq baholangan posilkalar ….……….……… (joʻnatish joyining taqvim shtempeli) Odatdagi va eʼlon qilingan qiymati eng kam ish haqining besh barobarigacha baholangan posilkalar ………………….. Boʻsh buyumlar........................................ Jami……………………........................... Tartib raqami Pochta, kuryerlik joʻnatmalari va buyumlarining nomi 1-shakldagi daftar yoki shtrixli pochta identifikatori boʻyicha raqami Eʼlon qilingan qiymati, soʻm Ustama toʻlov summasi, soʻm Qayerga, qayerdan Alohida belgilar Pochta, kuryerlik joʻnatmalarining kiruvchi tartib raqamlari

16-shakl yukxatining orqa tomoni Tartib raqami Pochta, kuryerlik joʻnatmalari va buyumlari nomi 1-shakldagi daftar yoki shtrixli pochta identifikatori boʻyicha raqam Eʼlon qilingan qiymati, soʻm Ustama toʻlov summasi, soʻm Qayerga, qayerdan Alohida belgilar Pochta,kuryerlik joʻnatmalarining kiruvchi tartib raqamlari Jami: ____________________________________________________________________________ _____________________________ ______________________________ (lavozim, imzo) (lavozim, imzo) Pochta nomma-nom tekshirildi va qabul qilindi _____________________________ _____________________________ (lavozim va imzo) (lavozim va imzo) № _______dan № ________gacha № ________ dan № _______gacha(olish joyiizi) taqvim shtempeli _______________ qiymati eʼlon qilingan __________________ posilkalar, xat (banderol)lar Qabul qildi _____________________ Qabul qildi _______________________ ________ (lavozim, imzo) ________ (lavozim, imzo)

Temir yoʻllarda pochtani tashish va pochta vagonlaridan foydalanish qoidalariga 2-ILOVA

35-shakl 35-sh. Stansiyada topshirilgan yozma xat-xabarlar joylangan qoplarning _____-son TARQATISH QAYDNOMASI _____________________________________ t.y.bilan joʻnatish uchun ________ (joʻnatish punkti nomi) _________________________________________________________ ________ (joʻnatish sanasi, poyezd yoki avtotransport yoʻnalishi raqami) ________________________________________________ hisobidan Belgilangan stansiya nomi Belgilangan joy pochta aloqasi obyektining nomi Buyumlar soni Buyumlar massasi, kg Olinganligi toʻgʻrisida imzo Jami …..... ____________________________ ________ (lavozim, imzo) ____________________________ ____ (lavozim, imzo)(taqvim shtempeli)

Temir yoʻllarda pochtani tashish va pochta vagonlaridan foydalanish qoidalariga 3-ILOVA

Transport vaziri I. MAXKAMOV

Raqamli texnologiyalar vaziri Sh. SHERMATOV

Savdo-sanoat palatasi raisi D. VAXABOV

Toshkent sh.,

2023-yil 6-sentabr,

Toshkent sh.,

2023-yil 5-sentabr,

2023-yil 16-avgust

23-son

255-mh-son

(Qonunchilik maʼlumotlari milliy bazasi, 03.10.2023-y., 10/23/3462/0747-son)

lex.uz