📅 2023-yil 3-oktabr · Vazirlar Mahkamasi qarorlari
Rasmiy matn. Rasmiy hujjat. Tahririy izohlar kiritilmagan.
📅 2023-yil 3-oktabr · Vazirlar Mahkamasi qarorlari
Rasmiy matn. Rasmiy hujjat. Tahririy izohlar kiritilmagan.
📅 2023 йил 3 октябрь · Вазирлар Маҳкамаси қарорлари
Расмий матн. Расмий ҳужжат. Таҳририй изоҳлар киритилмаган.
📅 3 октября 2023 г. · Постановления Кабинета Министров
Официальный текст. Официальный документ. Редакционные примечания не включены.
📅 3 October 2023 · Cabinet of Ministers resolutions
Official text. Official document. Editorial notes are not included.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг
қарори
Ўзбекистон Республикаси Давлат чегараси орқали ўтказиш пунктларида автотранспорт воситалари ҳаракатини янада тартибли ташкил этиш ҳамда назорат тартиботларини соддалаштириш тўғрисида
Ўзбекистон Республикаси Давлат чегара ўтказиш пунктлари орқали ҳаракатланаётган автотранспорт воситаларини давлат назоратидан ўтказиш тартиботларини соддалаштириш, республиканинг транзит салоҳияти ва жозибадорлигини ошириш, шунингдек, сайёҳларга қўшимча қулайликлар яратиш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:
1. Шундай тартиб ўрнатилсинки, унга мувофиқ 2024 йил 1 январдан бошлаб республикага кириб келаётган ва транзит ҳаракатланаётган автотранспорт воситаларини давлат назоратидан ўтказишда, чегара ўтказиш пунктларида ундирилиши белгиланган йиғимларни (кейинги ўринларда — йиғимлар) божхона ҳудудида тўлаш имконияти яратилади.
2. Белгилансинки:
а) чегара ўтказиш пунктлари орқали ҳаракатланаётган автотранспорт воситалари учун тўланиши лозим бўлган йиғимлар «E-tranzit» автоматлаштирилган ахборот тизимидаги ягона ҳисобварақ асосида шакллантирилади ҳамда уларни QR-код (матрик штрихли кодли) асосида тўлаш имконияти яратилади;
б) тўловларни онлайн шаклда ҳисоблаш бўйича дастурий таъминотлар ва серверлар фаолиятини лозим даражада таъминлаш мақсадида ветеринария хизматлари учун ундирилган йиғимлар суммасидан Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ҳузуридаги Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш қўмитасининг Давлат чегараси ва транспортда давлат ветеринария назорати бошқармаси ҳисобварағига ўтказилиши белгиланган маблағларнинг 5 фоизи Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ҳузуридаги Божхона қўмитасининг Моддий ёрдам, ижтимоий ҳимоя, божхона органларини ривожлантириш ва кўзда тутилмаган харажатлар махсус жамғармасига ўтказилади;
в) йиғимлар автотранспорт воситалари Ўзбекистон Республикаси Давлат чегараси орқали ўтказиш пунктини (кейинги ўринларда — ўтказиш пункти) кесиб ўтганлиги тасдиқланган кундан бошлаб қуйидаги муддатлар ичида тўланиши лозим:
божхона назоратидаги товарлар юкланган автотранспорт воситалари учун — божхона органлари томонидан белгиланган етказиб бериш муддати доирасида;
қолган барча ҳолатларда 10 календарь кун давомида;
г) йиғимлар улар ҳисобланган куни Ўзбекистон Республикаси Марказий банки томонидан белгиланган валюталарнинг расмий айирбошлаш курси ва (ёки) ушбу кундаги базавий ҳисоблаш миқдори бўйича Ўзбекистон Республикасининг миллий валютасида тўланади;
д) йиғимларни тўлаш муддатлари бузилган тақдирда, уларни тўлаш бўйича мажбурият бажарилмаган ҳар бир кечиктирилган кун учун пенялар тўланмаган йиғимлар суммасидан келиб чиқиб фоизларда белгиланади. Пенянинг фоиз ставкаси Ўзбекистон Республикаси Марказий банкининг шу даврда амалда бўлган қайта молиялаштириш ставкасининг уч юздан бирига тенг этиб қабул қилинади;
е) тўланмаган йиғимлари ҳамда уларга ҳисобланган пенялари мавжуд автотранспорт воситаларининг республика ҳудудидан олиб чиқилиши ва ҳаракатланиши тақиқланади;
ж) йиғимларни тўлаш муддатини бир календарь йил давомида бир маротаба бузган шахсларга йиғимларни божхона ҳудудида (чегара божхона постларидан ташқари) тўлаш имконияти тақдим этилмайди.
3. Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги ҳамда Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги билан биргаликда ушбу қарор талаблари оммавий ахборот воситалари, шу жумладан, Интернет жаҳон ахборот тармоғи орқали кенг ёритилишини таъминласин.
4. Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ҳузуридаги Божхона қўмитаси:
2024 йил 1 январга қадар тўланиши лозим бўлган йиғимларни «E-tranzit» автоматлаштирилган ахборот тизимидаги ягона ҳисобварақ асосида, шу жумладан, QR-код (матрик штрихли кодли) асосида тўлаш ва тўланмай қолган йиғимлар бўйича электрон маълумотларни олиш имкониятини яратсин;
мазкур қарорда кўзда тутилган тартибларни амалга оширишда бошқа манфаатдор вазирлик ва идоралар билан электрон ахборот алмашинуви йўлга қўйилишини ва ахборот тизимларининг доимий ишлаб туришини таъминласин;
йиғимлар бўйича қарздорлиги мавжуд автотранспорт воситалари республика ҳудудидан олиб чиқилаётганда, қарздорлик суммалари тўлиқ ундириб олингандан сўнг уларнинг чиқариб юборилишини таъминласин.
5. Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг иловага мувофиқ айрим қарорларига ўзгартиришлар киритилсин.
6. Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт ва молия вазирлиги манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда ўзлари қабул қилган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни уч ой муддатда ушбу қарорга мувофиқлаштирсин.
7. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ҳузуридаги Божхона қўмитаси раиси А.Ю. Мавлонов зиммасига юклансин.
Вазирлар Маҳкамасининг 2023 йил 3 октябрдаги 522-сон қарорига ИЛОВА
Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг айрим қарорларига киритилаётган ўзгартиришлар
1. Вазирлар Маҳкамасининг «Автомобилда хорижий юк ташувчиларнинг Ўзбекистон Республикаси ҳудудига киришлари, бўлишлари, юк олиб ўтишлари ва ундан чиқиб кетишлари тартиби тўғрисида» 1995 йил 11 январдаги 11-сон қарорида :
а) 5-банднинг иккинчи хатбошиси қуйидаги таҳрирда баён этилсин:
«Йиғимлар миллий валюта «сўм»да нақд ёки нақд пулсиз шаклда тижорат банкларида йиғимлар ҳисобланган кундаги Ўзбекистон Республикаси Марказий банкининг курси бўйича ундирилади. Бунда чет давлатлар автотранспорт воситаларининг Ўзбекистон Республикаси ҳудудига кирганлиги ва унинг ҳудуди орқали транзити учун олинган маблағларнинг 70 фоизи Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджетига, 20 фоизи Ўзбекистон Республикаси Транспорт вазирлиги ҳузуридаги Автомобиль йўллари қўмитаси фаолиятини ривожлантириш ва қўллаб-қувватлаш жамғармасига, 10 фоизи божхона органларининг бюджетдан ташқари жамғармасига қонунчиликда белгиланган тартибда ўтказилади»;
б) 7-банднинг иккинчи ва тўртинчи хатбошиларидаги «Давлат божхона қўмитасига» сўзлари «Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ҳузуридаги Божхона қўмитасига» сўзлари билан алмаштирилсин;
в) 6-илованинг 9-банди қуйидаги таҳрирда баён этилсин:
«9. Мазкур Низомда назарда тутилган тўловлар миллий валюта «сўм»да тижорат банклари томонидан йиғимлар ҳисобланган кундаги Ўзбекистон Республикаси Марказий банкининг курси бўйича ундирилади».
2. Вазирлар Маҳкамасининг 2022 йил 31 декабрдаги 737-сон қарори билан тасдиқланган Товар ва транспорт воситалари билан транзит операцияларини амалга ошириш тартиби тўғрисидаги низомда :
а) 18-банднинг учинчи хатбошисидаги «Молия вазирлиги» сўзлари «Иқтисодиёт ва молия вазирлиги» сўзлари билан алмаштирилсин;
б) 21-банд қуйидаги таҳрирда баён этилсин:
«21. Ташувчи томонидан товар ва транспорт воситаси белгиланган манзилга етказиб берилгандан ҳамда чегара божхона постида ҳисобланган йиғимлар тўлангандан сўнг божхона органи ахборот тизимида товар ва транспорт воситаси етказиб берилганлиги ҳамда йиғимлар тўланганлиги тасдиқланади».
Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А. АРИПОВ
Тошкент ш.,
2023 йил 3 октябрь,
522-сон
Oʻzbekiston Respublikasi Vazirlar Mahkamasining
qarori
Oʻzbekiston Respublikasi Davlat chegarasi orqali oʻtkazish punktlarida avtotransport vositalari harakatini yanada tartibli tashkil etish hamda nazorat tartibotlarini soddalashtirish toʻgʻrisida
Oʻzbekiston Respublikasi Davlat chegara oʻtkazish punktlari orqali harakatlanayotgan avtotransport vositalarini davlat nazoratidan oʻtkazish tartibotlarini soddalashtirish, respublikaning tranzit salohiyati va jozibadorligini oshirish, shuningdek, sayyohlarga qoʻshimcha qulayliklar yaratish maqsadida Vazirlar Mahkamasi qaror qiladi:
1. Shunday tartib oʻrnatilsinki, unga muvofiq 2024-yil 1-yanvardan boshlab respublikaga kirib kelayotgan va tranzit harakatlanayotgan avtotransport vositalarini davlat nazoratidan oʻtkazishda, chegara oʻtkazish punktlarida undirilishi belgilangan yigʻimlarni (keyingi oʻrinlarda — yigʻimlar) bojxona hududida toʻlash imkoniyati yaratiladi.
2. Belgilansinki:
a) chegara oʻtkazish punktlari orqali harakatlanayotgan avtotransport vositalari uchun toʻlanishi lozim boʻlgan yigʻimlar “E-tranzit” avtomatlashtirilgan axborot tizimidagi yagona hisobvaraq asosida shakllantiriladi hamda ularni QR-kod (matrik shtrixli kodli) asosida toʻlash imkoniyati yaratiladi;
b) toʻlovlarni onlayn shaklda hisoblash boʻyicha dasturiy taʼminotlar va serverlar faoliyatini lozim darajada taʼminlash maqsadida veterinariya xizmatlari uchun undirilgan yigʻimlar summasidan Oʻzbekiston Respublikasi Qishloq xoʻjaligi vazirligi huzuridagi Veterinariya va chorvachilikni rivojlantirish qoʻmitasining Davlat chegarasi va transportda davlat veterinariya nazorati boshqarmasi hisobvaragʻiga oʻtkazilishi belgilangan mablagʻlarning 5 foizi Oʻzbekiston Respublikasi Iqtisodiyot va moliya vazirligi huzuridagi Bojxona qoʻmitasining Moddiy yordam, ijtimoiy himoya, bojxona organlarini rivojlantirish va koʻzda tutilmagan xarajatlar maxsus jamgʻarmasiga oʻtkaziladi;
v) yigʻimlar avtotransport vositalari Oʻzbekiston Respublikasi Davlat chegarasi orqali oʻtkazish punktini (keyingi oʻrinlarda — oʻtkazish punkti) kesib oʻtganligi tasdiqlangan kundan boshlab quyidagi muddatlar ichida toʻlanishi lozim:
bojxona nazoratidagi tovarlar yuklangan avtotransport vositalari uchun — bojxona organlari tomonidan belgilangan yetkazib berish muddati doirasida;
qolgan barcha holatlarda 10 kalendar kun davomida;
g) yigʻimlar ular hisoblangan kuni Oʻzbekiston Respublikasi Markaziy banki tomonidan belgilangan valyutalarning rasmiy ayirboshlash kursi va (yoki) ushbu kundagi bazaviy hisoblash miqdori boʻyicha Oʻzbekiston Respublikasining milliy valyutasida toʻlanadi;
d) yigʻimlarni toʻlash muddatlari buzilgan taqdirda, ularni toʻlash boʻyicha majburiyat bajarilmagan har bir kechiktirilgan kun uchun penyalar toʻlanmagan yigʻimlar summasidan kelib chiqib foizlarda belgilanadi. Penyaning foiz stavkasi Oʻzbekiston Respublikasi Markaziy bankining shu davrda amalda boʻlgan qayta moliyalashtirish stavkasining uch yuzdan biriga teng etib qabul qilinadi;
e) toʻlanmagan yigʻimlari hamda ularga hisoblangan penyalari mavjud avtotransport vositalarining respublika hududidan olib chiqilishi va harakatlanishi taqiqlanadi;
j) yigʻimlarni toʻlash muddatini bir kalendar yil davomida bir marotaba buzgan shaxslarga yigʻimlarni bojxona hududida (chegara bojxona postlaridan tashqari) toʻlash imkoniyati taqdim etilmaydi.
3. Oʻzbekiston Milliy teleradiokompaniyasi Oʻzbekiston Milliy axborot agentligi hamda Oʻzbekiston Respublikasi Prezidenti huzuridagi Axborot va ommaviy kommunikatsiyalar agentligi bilan birgalikda ushbu qaror talablari ommaviy axborot vositalari, shu jumladan, Internet jahon axborot tarmogʻi orqali keng yoritilishini taʼminlasin.
4. Oʻzbekiston Respublikasi Iqtisodiyot va moliya vazirligi huzuridagi Bojxona qoʻmitasi:
2024-yil 1-yanvarga qadar toʻlanishi lozim boʻlgan yigʻimlarni “E-tranzit” avtomatlashtirilgan axborot tizimidagi yagona hisobvaraq asosida, shu jumladan, QR-kod (matrik shtrixli kodli) asosida toʻlash va toʻlanmay qolgan yigʻimlar boʻyicha elektron maʼlumotlarni olish imkoniyatini yaratsin;
mazkur qarorda koʻzda tutilgan tartiblarni amalga oshirishda boshqa manfaatdor vazirlik va idoralar bilan elektron axborot almashinuvi yoʻlga qoʻyilishini va axborot tizimlarining doimiy ishlab turishini taʼminlasin;
yigʻimlar boʻyicha qarzdorligi mavjud avtotransport vositalari respublika hududidan olib chiqilayotganda, qarzdorlik summalari toʻliq undirib olingandan soʻng ularning chiqarib yuborilishini taʼminlasin.
5. Oʻzbekiston Respublikasi Hukumatining ilovaga muvofiq ayrim qarorlariga oʻzgartirishlar kiritilsin.
6. Oʻzbekiston Respublikasi Iqtisodiyot va moliya vazirligi manfaatdor vazirlik va idoralar bilan birgalikda oʻzlari qabul qilgan normativ-huquqiy hujjatlarni uch oy muddatda ushbu qarorga muvofiqlashtirsin.
7. Mazkur qarorning bajarilishini nazorat qilish Oʻzbekiston Respublikasi Iqtisodiyot va moliya vazirligi huzuridagi Bojxona qoʻmitasi raisi A.Yu. Mavlonov zimmasiga yuklansin.
Vazirlar Mahkamasining 2023-yil 3-oktabrdagi 522-son qaroriga ILOVA
Oʻzbekiston Respublikasi Hukumatining ayrim qarorlariga kiritilayotgan oʻzgartirishlar
1. Vazirlar Mahkamasining “Avtomobilda xorijiy yuk tashuvchilarning Oʻzbekiston Respublikasi hududiga kirishlari, boʻlishlari, yuk olib oʻtishlari va undan chiqib ketishlari tartibi toʻgʻrisida” 1995-yil 11-yanvardagi 11-son qarorida :
a) 5-bandning ikkinchi xatboshisi quyidagi tahrirda bayon etilsin:
“Yigʻimlar milliy valyuta “soʻm”da naqd yoki naqd pulsiz shaklda tijorat banklarida yigʻimlar hisoblangan kundagi Oʻzbekiston Respublikasi Markaziy bankining kursi boʻyicha undiriladi. Bunda chet davlatlar avtotransport vositalarining Oʻzbekiston Respublikasi hududiga kirganligi va uning hududi orqali tranziti uchun olingan mablagʻlarning 70 foizi Oʻzbekiston Respublikasi Davlat budjetiga, 20 foizi Oʻzbekiston Respublikasi Transport vazirligi huzuridagi Avtomobil yoʻllari qoʻmitasi faoliyatini rivojlantirish va qoʻllab-quvvatlash jamgʻarmasiga, 10 foizi bojxona organlarining budjetdan tashqari jamgʻarmasiga qonunchilikda belgilangan tartibda oʻtkaziladi”;
b) 7-bandning ikkinchi va toʻrtinchi xatboshilaridagi “Davlat bojxona qoʻmitasiga” soʻzlari “Iqtisodiyot va moliya vazirligi huzuridagi Bojxona qoʻmitasiga” soʻzlari bilan almashtirilsin;
v) 6-ilovaning 9-bandi quyidagi tahrirda bayon etilsin:
“9. Mazkur Nizomda nazarda tutilgan toʻlovlar milliy valyuta “soʻm”da tijorat banklari tomonidan yigʻimlar hisoblangan kundagi Oʻzbekiston Respublikasi Markaziy bankining kursi boʻyicha undiriladi”.
2. Vazirlar Mahkamasining 2022-yil 31-dekabrdagi 737-son qarori bilan tasdiqlangan Tovar va transport vositalari bilan tranzit operatsiyalarini amalga oshirish tartibi toʻgʻrisidagi nizomda :
a) 18-bandning uchinchi xatboshisidagi “Moliya vazirligi” soʻzlari “Iqtisodiyot va moliya vazirligi” soʻzlari bilan almashtirilsin;
b) 21-band quyidagi tahrirda bayon etilsin:
“21. Tashuvchi tomonidan tovar va transport vositasi belgilangan manzilga yetkazib berilgandan hamda chegara bojxona postida hisoblangan yigʻimlar toʻlangandan soʻng bojxona organi axborot tizimida tovar va transport vositasi yetkazib berilganligi hamda yigʻimlar toʻlanganligi tasdiqlanadi”.
Oʻzbekiston Respublikasining Bosh vaziri A. ARIPOV
Toshkent sh.,
2023-yil 3-oktabr,
522-son