UzbekAI

← Qonunlar

📅 2023-yil 4-oktabr · Vazirlar Mahkamasi qarorlari

Rasmiy matn. Rasmiy hujjat. Tahririy izohlar kiritilmagan.

Yordam | Arxiv | Atamalar | Statistika | API | Havola yuborish | Sayt haqida | Shartlar

← Қонунлар

📅 2023 йил 4 октябрь · Вазирлар Маҳкамаси қарорлари

Расмий матн. Расмий ҳужжат. Таҳририй изоҳлар киритилмаган.

Ёрдам | Архив | Атамалар | Статистика | API | Ҳавола юбориш | Сайт ҳақида | Шартлар

← Законы

📅 4 октября 2023 г. · Постановления Кабинета Министров

Официальный текст. Официальный документ. Редакционные примечания не включены.

Помощь | Архив | Термины | Статистика | API | Предложить ссылку | О сайте | Условия

← Laws

📅 4 October 2023 · Cabinet of Ministers resolutions

Official text. Official document. Editorial notes are not included.

Help | Archive | Glossary | Stats | API | Submit | About | Terms

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг

қарори

НИЗОМ

СХЕМАСИ

Давлат даромадига олинган мол-мулкларни соддалаштирилган аукцион тамойиллари асосида «E-auksion shop» электрон савдо дўкони орқали сотиш тартиби тўғрисида

Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Давлат активларини бошқариш агентлиги фаолиятини самарали ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида» 2023 йил 24 мартдаги ПҚ-101-сон қарори ижросини таъминлаш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:

1. Давлат активларини бошқариш агентлигининг давлат даромадига олинган мол-мулкларни (озиқ-овқат маҳсулотлари, автомототранспорт, кўчмас мулк ва қонунчилик ҳужжатларида белгиланган бошқа мулкий ҳуқуқлар бундан мустасно) соддалаштирилган аукцион тамойиллари асосида сотиш мақсадида «E-auksion» электрон савдо платформасида «E-auksion shop» электрон савдо дўкони фаолиятини йўлга қўйиш тўғрисидаги таклифига розилик берилсин.

2. Қуйидагиларни назарда тутувчи Давлат даромадига олинган мол-мулкларни соддалаштирилган аукцион тамойиллари асосида «E-auksion shop» электрон савдо дўкони орқали сотиш тартиби тўғрисидаги низом иловага мувофиқ тасдиқлансин:

«E-auksion» электрон савдо платформасида рўйхатдан ўтиш, буюртма яратиш ва савдо ўтказилиши тўғрисидаги хабарномани жойлаштириш;

«E-auksion shop» электрон савдо дўконида соддалаштирилган аукцион тамойиллари асосида савдоларни ташкил этиш ва ўтказиш;

«E-auksion shop» электрон савдо дўконида такрорий савдоларни ўтказиш;

савдо ғолиби (захирадаги ғолиб) билан ҳисоб-китоб қилиш ва закалат пулини қайтариш.

3. Давлат активларини бошқариш агентлиги манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда ўзлари қабул қилган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни бир ой муддатда ушбу қарорга мувофиқлаштирсин.

4. Рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитаси Рақамли технологиялар вазирлиги, Давлат активларини бошқариш агентлиги билан биргаликда 2024 йил 1 сентябрга қадар давлат даромадига олинган мол-мулкларни соддалаштирилган аукцион тамойиллари асосида сотишнинг хусусий операторлар томонидан ташкил этилиши мақсадга мувофиқлиги юзасидан Вазирлар Маҳкамасига таклиф киритсин.

5. Ушбу қарор расмий эълон қилинган кундан эътиборан уч ой ўтгач кучга киради.

6. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Давлат активларини бошқариш агентлиги директори А.Ж. Ортиқов зиммасига юклансин.

Вазирлар Маҳкамасининг 2023 йил 4 октябрдаги 526-сон қарорига ИЛОВА

Давлат даромадига олинган мол-мулкларни соддалаштирилган аукцион тамойиллари асосида «E-auksion shop» электрон савдо дўкони орқали сотиш тартиби тўғрисидаги

1-боб. Умумий қоидалар

1. Ушбу Низом давлат даромадига олинган мол-мулкларни (озиқ-овқат маҳсулотлари, автомототранспорт, кўчмас мулк ва қонунчилик ҳужжатларида белгиланган бошқа мулкий ҳуқуқлар бундан мустасно) соддалаштирилган аукцион тамойиллари асосида «E-auksion shop» электрон савдо дўкони орқали сотиш тартибини белгилайди.

2. Ушбу Низомда қуйидаги асосий тушунчалардан фойдаланилади:

«E-auksion shop» электрон савдо дўкони (кейинги ўринларда — электрон дўкон) — давлат даромадига олинган мол-мулкларни сотиш бўйича электрон савдоларни ташкил этиш ва ўтказишни таъминловчи «E-auksion» электрон савдо платформасидаги (кейинги ўринларда — савдо платформаси) электрон дўкон;

буюртмачи — Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ҳузуридаги Мажбурий ижро бюроси ва унинг ҳудудий тузилмалари (кейинги ўринларда — Бюро) томонидан белгиланган тартибда танлаб олинган савдо ташкилотлари ҳамда «Божхона-сервис» давлат муассасаси ва (ёки) унинг ҳудудий бўлимлари;

лот — буюртмачи томонидан сотиш учун электрон дўконга қўйилган савдо объекти;

оператор — электрон дўконда электрон онлайн-савдони ташкил этиш ва ўтказишга ваколатли бўлган «Электрон онлайн-аукционларни ташкил этиш» АЖ;

савдо иштирокчиси (кейинги ўринларда — иштирокчи) — электрон дўкон орқали электрон онлайн-савдода иштирок этиш учун электрон ариза берган юридик ёки жисмоний шахс;

савдо объекти — электрон дўкон орқали сотиладиган давлат даромадига олинган мол-мулклар (озиқ-овқат маҳсулотлари, автомототранспорт, кўчмас мулк ва қонунчилик ҳужжатларида белгиланган бошқа мулкий ҳуқуқлар бундан мустасно);

савдо қадами — савдо объекти бошланғич нархига нисбатан белгиланадиган фоиз;

савдо платформасидаги техник узилиш — электрон онлайн-савдо савдо жараёнида бир ёки бир нечта иштирокчининг қатнашишини ёки мазкур Низом талаблари асосида операторнинг хизмат кўрсатиш имкониятини чеклайдиган савдо платформасидаги, шу жумладан, электрон дўкондаги техник носозликлар;

хабарнома — электрон дўконда муайян лот бўйича электрон онлайн-савдо ўтказилиши тўғрисидаги маълумот;

шахсий кабинет — буюртмачи ёки иштирокчига савдо платформасидаги электрон онлайн-савдода буюртма бериш, қатнашиш, шахсий ҳисобварақни бошқариш, унинг ҳолати ва бошқа статистик маълумотларни кўриш ҳамда оператор томонидан юборилаётган хабарлар билан танишиб бориш имконини берувчи савдо платформасининг махсус бўлими;

электрон онлайн-савдо (кейинги ўринларда — савдо) — электрон дўкон орқали савдо объекти нархини ошириб бориш тамойили асосида ўтказиладиган электрон савдо усули.

3. Давлат даромадига олинган мол-мулкларнинг электрон савдоларини ташкил этиш ва ўтказиш мазкур Низомга иловада келтирилган схемага мувофиқ амалга оширилади.

4. Савдони ташкил этиш ҳамда ўтказиш доирасида операторнинг мажбуриятлари қуйидагилардан иборат:

савдони белгиланган вақтда ташкил этиш ва ўтказиш;

электрон дўконда савдоларни инсон омили аралашувисиз ўтказилишини таъминлаш.

5. Савдода иштирок этиш учун буюртмачи ва иштирокчи савдо платформасида рўйхатдан ўтади.

Савдо платформасида рўйхатдан ўтишда буюртмачи ва иштирокчининг паспорт ёки ID-карта маълумотлари, СТИРи, юридик манзили, банк реквизитлари, буюртмачи ва иштирокчи раҳбари (ёки ваколатли шахс)нинг паспорт ёки ID-карта ҳамда алоқа маълумотлари кўрсатилади.

Рўйхатдан ўтиш ва шахсни идентификация қилиш тегишли маълумотлар тўлдирилиб, электрон рақамли имзо (кейинги ўринларда — ЭРИ) ёки савдо платформасида яратилган махсус идентификациялаш (Ягона идентификация тизими (OneID), Mobile-ID, MyID) орқали тасдиқлангандан сўнг амалга оширилади.

6. Рўйхатдан ўтиш жараёнида буюртмачи ва иштирокчи савдони ўтказиш тартиби билан танишгани, савдо платформасининг, шу жумладан, электрон дўконнинг ўзига хос жиҳатлари ва тартиб-таомилларини қабул қилганлиги юзасидан оператор билан электрон савдоларни ташкил этиш ва ўтказиш бўйича электрон шартнома (оферта)ни ЭРИ ёки махсус идентификациялаш (Ягона идентификация тизими (OneID), Mobile-ID, MyID) орқали имзолайди.

Савдо платформасида рўйхатдан ўтмаган шахс савдони ўтказиш учун буюртма бера олмайди ва савдоларда иштирок эта олмайди.

Рўйхатдан ўтган буюртмачи ва иштирокчига савдо платформасида шахсий кабинет очилади.

7. Савдода иштирок этиш учун закалат пули мол-мулк бошланғич нархининг 5 фоизи миқдорида белгиланади ва тегишли миқдордаги маблағ операторнинг банк ҳисобварағига ўтказилади.

8. Божхона органлари, Бюро ва бошқа органлар томонидан савдо объекти бир вақтнинг ўзида сотиш учун бир нечта буюртмачиларга берилиши мумкин эмас.

9. Божхона органлари, Бюро ва бошқа органлар билан буюртмачи ўртасида тузиладиган шартномада томонларнинг савдо объектини икки иш кунида савдога чиқариш ва иштирокчиларга кўрсатиш учун шароитлар яратиш, тўлиқ ва бут ҳолатда сақлаш, бир кундан ошмаган муддатда савдо ғолибига топширилишини таъминлаш бўйича мажбуриятлари назарда тутилади.

10. Буюртмачи оператор билан электрон дўконда савдолар ўтказиш бўйича хизматлар кўрсатиш юзасидан савдо платформаси орқали шартнома тузади.

2-боб. Буюртмани яратиш ва жойлаштириш тартиби

11. Савдо объекти савдога буюртмачи томонидан савдо платформаси орқали юборилган буюртмага асосан чиқарилади.

12. Буюртмага қуйидаги маълумотлар ва ҳужжатлар илова қилинади:

савдо объекти номи;

савдо объектининг бошланғич нархи;

савдо объектини тавсифловчи маълумотлар;

буюртмачининг манзили ва телефон (мавжуд бўлганда мобил) рақами;

савдо объекти жойлашган манзил, фотосурат (камида 3 та) ва геолокацияси;

ижро ҳужжатининг нусхаси;

мол-мулкни хатлаш (рўйхатга олиш) далолатномасининг нусхаси;

мол-мулкни тавсифловчи ҳужжатлар ва (ёки) баҳолаш тўғрисидаги хулоса нусхалари;

сертификатланиши шарт бўлган товарлар бўйича мувофиқлик сертификатлари;

буюртмачи томонидан тақдим этилган қўшимча маълумотлар (агар мавжуд бўлса).

13. Агар буюртмага ушбу Низомнинг 12-бандида назарда тутилган маълумотлар киритилмаган ва/ёки тегишли ҳужжатлар илова қилинмаган бўлса, оператор буюртмани олган кунидан кейинги икки иш кунидан кечиктирмай буюртмани савдо платформаси орқали буюртмачига қайтаради.

Буюртмачи оператор томонидан кўрсатилган камчиликларни бир ҳафта муддат ичида бартараф этиб, буюртмани қайта юборишга ҳақли.

14. Буюртмачи буюртмани иштирокчи томонидан нарх тасдиқлангунга қадар савдо платформаси орқали электрон сўров бериш йўли билан савдодан олиши мумкин. Бунда савдодан олиш автоматик тарзда амалга оширилади. Савдода нарх тасдиқлангандан сўнг электрон сўров қабул қилинмайди ва савдони ўтказиш тартиб-таомиллари давом эттирилади.

3-боб. Савдо ўтказилиши тўғрисидаги хабарномани жойлаштириш

15. Буюртмачи томонидан тақдим этилган буюртма ва унга илова қилинган маълумот ҳамда ҳужжатлар белгиланган талабларга мувофиқ бўлган тақдирда, оператор буюртмани олган кундан кейинги икки иш кунидан кечиктирмай савдо ўтказилиши тўғрисидаги хабарномани электрон дўконда эълон қилади.

Оператор буюртмада кўрсатилган маълумотларнинг ва унга илова қилинган ҳужжатларнинг ҳаққонийлиги учун жавобгар ҳисобланмайди.

16. Савдо хабарнома электрон дўконда эълон қилинган кундан кейинги иш куни соат 10:00 да бошланади ва беш иш куни давомида, охирги иш куни соат 18:00 га қадар ўтказилади.

Тегишли лот бўйича савдо бошланганидан сўнг, электрон дўконда савдо бошланганлиги ҳақидаги маълумотлар автоматик равишда эълон қилинади.

Электрон дўконда савдо якунлангандан сўнг савдонинг якунланган вақти ва унинг натижалари тўғрисидаги маълумотлар автоматик равишда эълон қилинади.

17. Хабарнома қуйидагиларни ўз ичига олиши зарур:

савдо ўтказиладиган охирги иш куни;

лот рақами ва савдо объекти номи;

лотнинг бошланғич нархи;

бошланғич нархга нисбатан фоиз кўринишида ифодаланган савдо қадами;

закалат пулининг бошланғич нархга нисбатан фоиз кўринишида ва қатъий суммада ифодаланган миқдори;

буюртмачининг манзили ва телефон (мавжуд бўлганда мобил) рақами;

савдо объектини тавсифловчи маълумотлар;

буюртмачи томонидан тақдим этилган қўшимча маълумотлар (агар мавжуд бўлса);

савдо объекти жойлашган манзил, фотосурат ва геолокацияси.

Оператор томонидан электрон дўконда савдо ўтказилиши тўғрисида хабарнома эълон қилингандан кейин савдо ўтказиш шартларини ўзгартиришга йўл қўйилмайди. Буюртмачи томонидан буюртмани савдодан олиш ҳамда савдо ўтказиш шартларини ўзгартирилган ҳолда буюртмани қайта юбориш ҳолатлари бундан мустасно.

18. Оператор томонидан савдо платформасида савдо ўтказиш қоидалари билан танишиш имконияти таъминланади.

4-боб. Савдони ўтказиш тартиби

19. Иштирокчиларнинг савдода иштирок этиш бўйича аризалари электрон дўконда хабарнома жойлаштирилган кундан бошлаб савдо якунлангунга қадар автоматик тарзда қабул қилинади.

Иштирокчи ўз аризасини савдо якунлангунга қадар чақириб олишга ва такроран юборишга ҳақли, савдо жараёнида охирги ва охиргидан олдинги нархни тасдиқлаган иштирокчилар бундан мустасно.

20. Оператор барча иштирокчилар учун савдога кириш ва қатнашишда тенг имкониятлар таъминлайди.

Иштирокчиларга савдода иштирок этиш учун шахсий рақамлар берилади.

21. Савдо жараёнида иштирокчилар тўғрисида маълумотлар электрон дўконда акс эттирилишига йўл қўйилмайди.

22. Савдо хабарномада келтирилган кун ва вақтда бошланади.

23. Савдо ҳар битта лот учун алоҳида ўтказилади.

24. Савдо камида икки нафар иштирокчи мавжуд бўлганда ўтказилади.

25. Бошланғич нарх буюртмачининг буюртмасига асосан белгиланади.

26. Савдо қадами:

биринчи тўртта қадамда — савдо объекти бошланғич нархининг 5 фоизи миқдорида;

бешинчи ва ундан кейинги қадамларда — савдо объекти бошланғич нархининг 3 фоизи миқдорида белгиланади.

Бошланғич нархи хабарнома жойлаштириш пайтида базавий ҳисоблаш миқдорининг икки минг бараваридан юқори бўлган савдо объекти реализация қилинган тақдирда, савдонинг барча қадами, савдо объекти бошланғич нархининг 2 фоизи миқдорида белгиланади.

27. Савдо хабарнома жойлаштирилган кундан кейинги иш куни соат 10:00 дан бешинчи (охирги) иш куни соат 18:00 га қадар ўтказилади.

28. Савдо иштирокчилардан лотни бошланғич нархдан битта савдо қадамига оширилган нархда сотиб олиш бўйича таклифни тасдиқлашни сўрашдан бошланади.

29. Агар лот нархини ошириш бўйича таклифни охирги тасдиқлаган иштирокчи буни савдони ўтказиш вақти якунланишига ўн дақиқадан кам қолганда амалга оширган бўлса, савдони ўтказиш вақти охирги таклиф тасдиқланган пайтдан бошлаб кейинги ўн дақиқага узайтирилади. Кейинги ҳар бир таклиф савдони ўтказиш вақтини ўн дақиқадан узайтириб боради.

Агар охирги тасдиқланган таклифдан сўнг ўн дақиқа давомида кейинги оширилган лот нархи бўйича таклиф иштирокчиларнинг биронтаси томонидан тасдиқланмаса, савдо якунланади.

30. Охирги таклифни тасдиқлаган иштирокчи савдо ғолиби деб топилади ва унга тасдиқланган лот қиймати тўлагандан сўнг кейинги иш кунидан кечиктирмай савдо натижалари тўғрисидаги QR-кодли (матрик штрихли код) баённома расмийлаштирилади.

31. Баённома савдо ғолиби ва буюртмачининг шахсий кабинетларига электрон шаклда юборилади.

32. Савдо ғолибидан бир қадам паст нарх таклифини тасдиқлаган иштирокчи захирадаги ғолиб деб эътироф этилади.

33. Савдо ғолиби белгиланган муддатда лотни сотиб олишдан бош тортса ёки лот қийматини муддатида тўлиқ тўламаса, оператор кейинги иш кунидан кечиктирмай захирадаги ғолибга у тасдиқлаган нархда лотни сотиб олишни таклиф қилади.

34. Лот қийматини тўлаган захирадаги ғолиб савдо ғолиби деб топилади ва унга савдо натижаси тўғрисида баённома тақдим этилади.

35. Савдо платформасида техник узилиш содир бўлган ҳолларда савдо вақтинча тўхтатилади ҳамда бу ҳақда иштирокчининг шахсий кабинети, электрон почта манзили ва/ёки мобил телефон рақамига хабар юборилади ҳамда ушбу савдо техник узилиш бартараф қилинган кундан кейинги иш куни соат 10:00 да охирги тасдиқланган нархдан бир қадам оширилган нархни таклиф этишдан давом эттирилади.

Тўхтатилган лот бўйича савдо иштирокчиси давом эттириладиган савдо иштирокчиси сифатида унинг шахсий кабинети, электрон почта манзили ва/ёки мобил телефон рақами орқали хабардор қилинади. Иштирокчи хабар билан ўз вақтида танишмаганлиги учун оператор жавобгар ҳисобланмайди.

Техник узилишни бартараф этиш даврида иштирокчи томонидан ўзи тасдиқлаган таклифлари қайтариб олинишига йўл қўйилмайди.

Иштирокчининг компьютер ва (ёки) телекоммуникация жиҳозларида техник узилиш юз берганда, бу ҳолат савдо платформасидаги техник узилиш деб ҳисобланмайди ва савдо давом эттирилади.

36. Савдо қуйидаги ҳолларда ўтказилмаган деб топилади:

савдода қатнашиш учун биронта ҳам талабгордан ариза келиб тушмаган бўлса;

савдода қатнашиш учун фақат бир нафар иштирокчидан ариза келиб тушган бўлса;

савдо куни иштирокчилар томонидан биронта ҳам таклиф тасдиқланмаса;

мазкур Низомда белгиланган тартибда савдо ғолиби ва захирадаги ғолиб томонидан тасдиқланган лот қиймати белгиланган муддатда тўлиқ тўланмаса.

Савдо ўтказилмаган деб топилган тақдирда, савдо объекти мазкур Низомда белгиланган тартибда такрорий савдога чиқарилади.

5-боб. Такрорий савдо ўтказиш тартиби

37. Такрорий савдо ўтказилиши тўғрисидаги хабарнома савдо ўтказилмаган деб топилгандан сўнг автоматик тарзда электрон дўконга жойлаштирилади.

Бунда такрорий савдо савдо ўтказилмаган деб топилган кундан кейинги иш куни соат 10:00 дан 18:00 га қадар ўтказилади.

Дастлабки савдо ўтказилиши тўғрисидаги хабарнома жойлаштирилган вақтдан бошлаб 30 календарь кун давомида савдо объекти сотилмаса, автоматик тарзда савдо объекти буюртмачига қайтарилади.

Савдо объекти дастлабки савдо ўтказилиши тўғрисидаги хабарнома жойлаштирилган вақтдан бошлаб икки ой мобайнида сотилмаган тақдирда, буюртмачи Бюро билан келишилган ҳолда савдо объектининг бошланғич нархини босқичма-босқич, лекин бошланғич нархининг 50 фоизидан кўп бўлмаган миқдоргача пасайтирган ҳолда такрорий савдоларни ташкил этиши мумкин.

6-боб. Ҳисоб-китоб қилиш ва закалат пулини қайтариш тартиби

38. Савдо ғолиби лот қийматини уч иш кунидан кечиктирмай тўлайди.

Захирадаги ғолибга сотиб олиш бўйича таклиф келиб тушган кундан бошлаб лот қийматини тўлаш учун уч иш кунлик муддат берилади.

39. Белгиланган тўловни амалга оширмаган савдо ғолиби (захирадаги ғолиб)нинг закалат миқдори қайтарилмайди.

Қайтарилмаган закалат миқдори оператор тасарруфида қолади.

40. Оператор савдони ташкил этиш ва ўтказиш хизматлари учун савдо объектининг сотилган қийматидан бир фоиз миқдорида хизмат ҳақи олади.

41. Иштирокчи томонидан савдо платформаси орқали ариза чақириб олинган тақдирда, операторга хабарнома юборилиши ҳамда иштирокчининг сўровига кўра закалат суммаси иштирокчининг банкдаги ҳисобварағи (пластик картаси)га қайтарилиши савдо платформаси орқали автоматик тарзда амалга оширилади.

42. Савдо бошлангандан сўнг охирги ва охиридан олдинги нархни тасдиқлаган иштирокчининг аризаси ва киритган закалати қайтариб олинишига йўл қўйилмайди.

43. Закалат пули иштирокчининг савдо платформасидаги шахсий ҳисобварағига кирим қилинади, бунда унинг сўровига кўра, банкдаги ҳисобварағи (пластик картаси)га савдо якунланган деб топилган кундан сўнг қуйидаги тартибда қайтарилади:

захирадаги ғолибга — савдо якунлангандан сўнг ғолиб томонидан лот қиймати тўлангандан бошлаб уч иш куни ичида;

қолган иштирокчиларга — савдо якунланган ёки ўтказилмаган деб топилган кундан бошлаб уч иш куни ичида.

Иштирокчига закалат пули қайтарилганда, банк ҳисобварағи (пластик карта рақамлари) нотўғри кўрсатилганлиги ёки бошқа сабабларга кўра тўлов операторнинг банк ҳисобварағига қайтиб тушган ҳолларда, оператор иштирокчини бу ҳақда савдо платформаси орқали огоҳлантиради. Бунда закалат пули иштирокчининг шахсий ҳисобварағига бириктирилади. Иштирокчи банк ҳисобварағи (пластик карта рақами) тўғри кўрсатилган ҳолда закалат пулларини қайтариш бўйича сўров юбориши мумкин.

44. Савдо натижалари бўйича пул маблағлари операторнинг махсус ҳисобварағида жамланади ва савдо ғолиби томонидан шахсий кабинети орқали савдо объектини қабул қилиб олганлиги тасдиқлагандан сўнг маблағлар буюртмачи ҳисобварағига (оператор хизмат ҳақи чегирилган ҳолда) ўтказилади.

Савдо ғолиби лот реквизитларида кўрсатилган барча параметрларга тўлиқ мос келувчи савдо объектини қабул қилишдан бош тортган тақдирда, тарафлар (ғолиб, буюртмачи ва оператор)нинг келишувига асосан тўланган пул маблағлари ушбу Низомда белгиланган тартибда (оператор хизмат ҳақи чегирилган ҳолда) савдо ғолибига қайтарилади. Бунда буюртма оператор томонидан буюртмачига автоматик тарзда қайтарилади.

Тарафлар келиша олмаган тақдирда, ушбу низоли масала суд тартибида кўриб чиқилади.

Низоли масала ҳал этилмагунга қадар савдо ғолиби томонидан тўланган пул маблағлари операторнинг махсус ҳисобварағида сақланади.

45. Савдо ғолиби тўловларни тўлашдан бош тортган тақдирда, оператор тегишли шахсларни икки ой муддатга кейинги савдода иштирок этишдан четлаштириш чораларини кўради.

Ушбу чекловлар савдо ғолиби четлаштирилгунга қадар, у томонидан ариза берилган лотлар ва унинг иштирокида савдо бошланган ёки якунланган бошқа лотлар бўйича савдо жараёнларига ҳамда уларнинг натижаларига қўлланилмайди.

46. Буюртмачи савдо объектини ғолибга зарар етказилмаган ҳолда топшириши шарт.

Оператор савдо объектини сақлаш, топшириш-қабул қилиш жараёнида иштирок этмайди ва унинг оқибатлари учун жавобгар ҳисобланмайди.

47. Буюртмачи сотилган савдо объектининг савдо ғолибига топширилгунга қадар хусусиятини йўқотмаган ҳолда сақланишини таъминлаш, мол-мулк буюртмада кўрсатилган фотосуратга мувофиқлиги ва топшириш-қабул қилиш далолатномасининг ўз вақтида расмийлаштирилиши ҳамда мазкур Низомга мувофиқ тақдим этиладиган маълумотларнинг ҳаққонийлиги учун жавобгар ҳисобланади.

7-боб. Якунловчи қоидалар

48. Божхона органлари, Бюро ва бошқа органлар ҳамда оператор ўртасида буюртмачига топширилган мол-мулклар, савдога чиқарилган ва сотилган савдо объектлари, буюртмачига сотишдан тушган пул маблағлари тўғрисидаги маълумотлар ҳар чоракда ҳисобот чорагидан кейинги ойнинг бешинчи санасига қадар интеграциялашган ахборот тизими орқали алмашиниб борилади.

49. Буюртмачи томонидан божхона органлари, Бюро ва бошқа органлар билан тузилган шартнома шартларига, шунингдек мол-мулкни сотиш тартибига риоя этилиши устидан назорат, шартномани тузган тегишли божхона органлари, Бюро ва бошқа органлар томонидан амалга оширилади.

50. Мазкур Низом талабларини бузганликда айбдор шахслар қонунчиликда белгиланган тартибда жавобгар бўладилар.

Давлат даромадига олинган мол-мулкларни соддалаштирилган аукцион тамойиллари асосида «E-auksion shop» электрон савдо дўкони орқали сотиш тартиби тўғрисидаги низомга ИЛОВА

Давлат даромадига олинган мол-мулкларни соддалаштирилган аукцион тамойиллари асосида «E-auksion shop» электрон савдо дўкони орқали сотиш

Босқичлар Субъектлар Тадбирлар Муддатлар 1-босқич Буюртмачи (Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ҳузуридаги Мажбурий ижро бюроси ва унинг ҳудудий тузилмалари томонидан белгиланган тартибда танлаб олинган савдо ташкилотлари ва «Божхона-сервис» давлат муассасаси ва (ёки) унинг ҳудудий бўлимлари) 1. Электрон савдо платформа си да рўйхатдан ўтиш. 1. Электрон буюртма бериш санасига қадар. 2. «Электрон онлайн-аукционларни ташкил этиш »АЖ (кейинги ўринларда — оператор) билан давлат даромадига олинган мол-мулкларни «E-auksion shop» электрон савдо дўкони орқали сотиш бўйича хизмат кўрсатиш тўғрисида шартнома тузиш. 2. Электрон буюртма бериш санасига қадар. 3. Объектни «E-auksion shop» электрон савдо дўкони орқали сотиш учун операторга электрон буюртма бериш. 3. Хабарнома «E-auksion shop» электрон савдо дўкони да жойлаштирилгунга қадар. 2-босқич Оператор 1. «E-auksion shop» электрон савдо дўкони орқали савдо ўтказилиши ҳақида «E-auksion shop» электрон савдо дўконига хабарнома жойлаштириш. 1. Б уюртма ол ин ган кундан кейинги икки иш кунидан кечиктирмай. 2. Талабгорлардан ариза қабул қилиш. 2. Х абарнома «E-auksion shop» электрон савдо дўкон и да эълон қилинган кундан бошлаб савдо якунлангунга қадар . 3-босқич Ариза берувчи (жисмоний ва юридик шахслар) 1. Савдо платформасидан рўйхатдан ўтиш ва аукцион қоидалари, савдо платформасининг тартиб-таомилларини қабул қилгани юзасидан электрон шартнома имзолаш. 1. «E-auksion shop» электрон савдо дўкони орқали савдода иштирок этиш учун ариза бериш санасига қадар. 2. Шахсий ҳисобварақни закалат пулини ўтказишга талаб этиладиган миқдордаги пул маблағлари билан тўлдириш. 2. Хабарнома «E-auksion shop» электрон дўконида эълон қилинган кундан бошлаб савдо якунлангунга қадар. 3. Ариза юбори ш . 3. Хабарнома «E-auksion shop» электрон дўконида эълон қилинган кундан бошлаб савдо якунлангунга қадар. 4. Шахсий кабинет орқали закалат пулини тўлаш. 4. «E-auksion shop» электрон савдо дўкони орқали савдода иштирок этиш учун ариза бергунига қадар. 4-босқич Оператор Савдони «E-auksion shop» электрон савдо дўкони да автоматик тарзда ўтказиш. Хабарнома электрон дўконда эълон қилинган кундан кейинги иш куни соат 10:00 да н бошла б беш иш куни давомида, охирги иш куни соат 18:00 га қадар. 5-босқич Аукцион ғолиби Л от қийматини тўлаш . Уч иш кун и ичида тўлов тўлиқ амалга ошири ш . 6-босқич Оператор 1. Савдо натижалари операторнинг савдо платформасида эълон қилиш. 1. Аукцион якунланиши билан. 2. QR-кодини қўллаш савдо натижалари тўғрисидаги электрон баённомани расмийлаштириш. 2. Лот қиймати (оператор хизмат ҳақига етарли маблағ) тўлангандан сўнг кейинги иш кунидан кечиктирмай. 3. Баённомани савдо ғолибининг ва Буюртмачининг шахсий кабинетига юбориш. 3. Баённома расмийлаштирилгандан сўнг. 4. Келиб тушган пул маблағларини тақсимлаш. 4. Аукцион ғолиби томонидан объект қабул қилинганлиги тасдиқлангандан сўнг уч иш куни ичида.

Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А. АРИПОВ

Тошкент ш.,

2023 йил 4 октябрь,

526-сон

(Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 05.10.2023 й., 09/23/526/0751-сон; 23.04.2025 й., 09/25/247/0383-сон)

lex.uz

Oʻzbekiston Respublikasi Vazirlar Mahkamasining

qarori

NIZOM

SXEMASI

Davlat daromadiga olingan mol-mulklarni soddalashtirilgan auksion tamoyillari asosida “E-auksion shop” elektron savdo doʻkoni orqali sotish tartibi toʻgʻrisida

Oʻzbekiston Respublikasi Prezidentining “Davlat aktivlarini boshqarish agentligi faoliyatini samarali tashkil etish chora-tadbirlari toʻgʻrisida” 2023-yil 24-martdagi PQ-101-son qarori ijrosini taʼminlash maqsadida Vazirlar Mahkamasi qaror qiladi:

1. Davlat aktivlarini boshqarish agentligining davlat daromadiga olingan mol-mulklarni (oziq-ovqat mahsulotlari, avtomototransport, koʻchmas mulk va qonunchilik hujjatlarida belgilangan boshqa mulkiy huquqlar bundan mustasno) soddalashtirilgan auksion tamoyillari asosida sotish maqsadida “E-auksion” elektron savdo platformasida “E-auksion shop” elektron savdo doʻkoni faoliyatini yoʻlga qoʻyish toʻgʻrisidagi taklifiga rozilik berilsin.

2. Quyidagilarni nazarda tutuvchi Davlat daromadiga olingan mol-mulklarni soddalashtirilgan auksion tamoyillari asosida “E-auksion shop” elektron savdo doʻkoni orqali sotish tartibi toʻgʻrisidagi nizom ilovaga muvofiq tasdiqlansin:

“E-auksion” elektron savdo platformasida roʻyxatdan oʻtish, buyurtma yaratish va savdo oʻtkazilishi toʻgʻrisidagi xabarnomani joylashtirish;

“E-auksion shop” elektron savdo doʻkonida soddalashtirilgan auksion tamoyillari asosida savdolarni tashkil etish va oʻtkazish;

“E-auksion shop” elektron savdo doʻkonida takroriy savdolarni oʻtkazish;

savdo gʻolibi (zaxiradagi gʻolib) bilan hisob-kitob qilish va zakalat pulini qaytarish.

3. Davlat aktivlarini boshqarish agentligi manfaatdor vazirlik va idoralar bilan birgalikda oʻzlari qabul qilgan normativ-huquqiy hujjatlarni bir oy muddatda ushbu qarorga muvofiqlashtirsin.

4. Raqobatni rivojlantirish va isteʼmolchilar huquqlarini himoya qilish qoʻmitasi Raqamli texnologiyalar vazirligi, Davlat aktivlarini boshqarish agentligi bilan birgalikda 2024-yil 1-sentabrga qadar davlat daromadiga olingan mol-mulklarni soddalashtirilgan auksion tamoyillari asosida sotishning xususiy operatorlar tomonidan tashkil etilishi maqsadga muvofiqligi yuzasidan Vazirlar Mahkamasiga taklif kiritsin.

5. Ushbu qaror rasmiy eʼlon qilingan kundan eʼtiboran uch oy oʻtgach kuchga kiradi.

6. Mazkur qarorning bajarilishini nazorat qilish Oʻzbekiston Respublikasi Davlat aktivlarini boshqarish agentligi direktori A.J. Ortiqov zimmasiga yuklansin.

Vazirlar Mahkamasining 2023-yil 4-oktabrdagi 526-son qaroriga ILOVA

Davlat daromadiga olingan mol-mulklarni soddalashtirilgan auksion tamoyillari asosida “E-auksion shop” elektron savdo doʻkoni orqali sotish tartibi toʻgʻrisidagi

1-bob. Umumiy qoidalar

1. Ushbu Nizom davlat daromadiga olingan mol-mulklarni (oziq-ovqat mahsulotlari, avtomototransport, koʻchmas mulk va qonunchilik hujjatlarida belgilangan boshqa mulkiy huquqlar bundan mustasno) soddalashtirilgan auksion tamoyillari asosida “E-auksion shop” elektron savdo doʻkoni orqali sotish tartibini belgilaydi.

2. Ushbu Nizomda quyidagi asosiy tushunchalardan foydalaniladi:

“E-auksion shop” elektron savdo doʻkoni (keyingi oʻrinlarda — elektron doʻkon) — davlat daromadiga olingan mol-mulklarni sotish boʻyicha elektron savdolarni tashkil etish va oʻtkazishni taʼminlovchi “E-auksion” elektron savdo platformasidagi (keyingi oʻrinlarda — savdo platformasi) elektron doʻkon;

buyurtmachi — Oʻzbekiston Respublikasi Bosh prokuraturasi huzuridagi Majburiy ijro byurosi va uning hududiy tuzilmalari (keyingi oʻrinlarda — Byuro) tomonidan belgilangan tartibda tanlab olingan savdo tashkilotlari hamda “Bojxona-servis” davlat muassasasi va (yoki) uning hududiy boʻlimlari;

lot — buyurtmachi tomonidan sotish uchun elektron doʻkonga qoʻyilgan savdo obyekti;

operator — elektron doʻkonda elektron onlayn-savdoni tashkil etish va oʻtkazishga vakolatli boʻlgan “Elektron onlayn-auksionlarni tashkil etish” AJ;

savdo ishtirokchisi (keyingi oʻrinlarda — ishtirokchi) — elektron doʻkon orqali elektron onlayn-savdoda ishtirok etish uchun elektron ariza bergan yuridik yoki jismoniy shaxs;

savdo obyekti — elektron doʻkon orqali sotiladigan davlat daromadiga olingan mol-mulklar (oziq-ovqat mahsulotlari, avtomototransport, koʻchmas mulk va qonunchilik hujjatlarida belgilangan boshqa mulkiy huquqlar bundan mustasno);

savdo qadami — savdo obyekti boshlangʻich narxiga nisbatan belgilanadigan foiz;

savdo platformasidagi texnik uzilish — elektron onlayn-savdo savdo jarayonida bir yoki bir nechta ishtirokchining qatnashishini yoki mazkur Nizom talablari asosida operatorning xizmat koʻrsatish imkoniyatini cheklaydigan savdo platformasidagi, shu jumladan, elektron doʻkondagi texnik nosozliklar;

xabarnoma — elektron doʻkonda muayyan lot boʻyicha elektron onlayn-savdo oʻtkazilishi toʻgʻrisidagi maʼlumot;

shaxsiy kabinet — buyurtmachi yoki ishtirokchiga savdo platformasidagi elektron onlayn-savdoda buyurtma berish, qatnashish, shaxsiy hisobvaraqni boshqarish, uning holati va boshqa statistik maʼlumotlarni koʻrish hamda operator tomonidan yuborilayotgan xabarlar bilan tanishib borish imkonini beruvchi savdo platformasining maxsus boʻlimi;

elektron onlayn-savdo (keyingi oʻrinlarda — savdo) — elektron doʻkon orqali savdo obyekti narxini oshirib borish tamoyili asosida oʻtkaziladigan elektron savdo usuli.

3. Davlat daromadiga olingan mol-mulklarning elektron savdolarini tashkil etish va oʻtkazish mazkur Nizomga ilovada keltirilgan sxemaga muvofiq amalga oshiriladi.

4. Savdoni tashkil etish hamda oʻtkazish doirasida operatorning majburiyatlari quyidagilardan iborat:

savdoni belgilangan vaqtda tashkil etish va oʻtkazish;

elektron doʻkonda savdolarni inson omili aralashuvisiz oʻtkazilishini taʼminlash.

5. Savdoda ishtirok etish uchun buyurtmachi va ishtirokchi savdo platformasida roʻyxatdan oʻtadi.

Savdo platformasida roʻyxatdan oʻtishda buyurtmachi va ishtirokchining pasport yoki ID-karta maʼlumotlari, STIRi, yuridik manzili, bank rekvizitlari, buyurtmachi va ishtirokchi rahbari (yoki vakolatli shaxs)ning pasport yoki ID-karta hamda aloqa maʼlumotlari koʻrsatiladi.

Roʻyxatdan oʻtish va shaxsni identifikatsiya qilish tegishli maʼlumotlar toʻldirilib, elektron raqamli imzo (keyingi oʻrinlarda — ERI) yoki savdo platformasida yaratilgan maxsus identifikatsiyalash (Yagona identifikatsiya tizimi (OneID), Mobile-ID, MyID) orqali tasdiqlangandan soʻng amalga oshiriladi.

6. Roʻyxatdan oʻtish jarayonida buyurtmachi va ishtirokchi savdoni oʻtkazish tartibi bilan tanishgani, savdo platformasining, shu jumladan, elektron doʻkonning oʻziga xos jihatlari va tartib-taomillarini qabul qilganligi yuzasidan operator bilan elektron savdolarni tashkil etish va oʻtkazish boʻyicha elektron shartnoma (oferta)ni ERI yoki maxsus identifikatsiyalash (Yagona identifikatsiya tizimi (OneID), Mobile-ID, MyID) orqali imzolaydi.

Savdo platformasida roʻyxatdan oʻtmagan shaxs savdoni oʻtkazish uchun buyurtma bera olmaydi va savdolarda ishtirok eta olmaydi.

Roʻyxatdan oʻtgan buyurtmachi va ishtirokchiga savdo platformasida shaxsiy kabinet ochiladi.

7. Savdoda ishtirok etish uchun zakalat puli mol-mulk boshlangʻich narxining 5 foizi miqdorida belgilanadi va tegishli miqdordagi mablagʻ operatorning bank hisobvaragʻiga oʻtkaziladi.

8. Bojxona organlari, Byuro va boshqa organlar tomonidan savdo obyekti bir vaqtning oʻzida sotish uchun bir nechta buyurtmachilarga berilishi mumkin emas.

9. Bojxona organlari, Byuro va boshqa organlar bilan buyurtmachi oʻrtasida tuziladigan shartnomada tomonlarning savdo obyektini ikki ish kunida savdoga chiqarish va ishtirokchilarga koʻrsatish uchun sharoitlar yaratish, toʻliq va but holatda saqlash, bir kundan oshmagan muddatda savdo gʻolibiga topshirilishini taʼminlash boʻyicha majburiyatlari nazarda tutiladi.

10. Buyurtmachi operator bilan elektron doʻkonda savdolar oʻtkazish boʻyicha xizmatlar koʻrsatish yuzasidan savdo platformasi orqali shartnoma tuzadi.

2-bob. Buyurtmani yaratish va joylashtirish tartibi

11. Savdo obyekti savdoga buyurtmachi tomonidan savdo platformasi orqali yuborilgan buyurtmaga asosan chiqariladi.

12. Buyurtmaga quyidagi maʼlumotlar va hujjatlar ilova qilinadi:

savdo obyekti nomi;

savdo obyektining boshlangʻich narxi;

savdo obyektini tavsiflovchi maʼlumotlar;

buyurtmachining manzili va telefon (mavjud boʻlganda mobil) raqami;

savdo obyekti joylashgan manzil, fotosurat (kamida 3 ta) va geolokatsiyasi;

ijro hujjatining nusxasi;

mol-mulkni xatlash (roʻyxatga olish) dalolatnomasining nusxasi;

mol-mulkni tavsiflovchi hujjatlar va (yoki) baholash toʻgʻrisidagi xulosa nusxalari;

sertifikatlanishi shart boʻlgan tovarlar boʻyicha muvofiqlik sertifikatlari;

buyurtmachi tomonidan taqdim etilgan qoʻshimcha maʼlumotlar (agar mavjud boʻlsa).

13. Agar buyurtmaga ushbu Nizomning 12-bandida nazarda tutilgan maʼlumotlar kiritilmagan va/yoki tegishli hujjatlar ilova qilinmagan boʻlsa, operator buyurtmani olgan kunidan keyingi ikki ish kunidan kechiktirmay buyurtmani savdo platformasi orqali buyurtmachiga qaytaradi.

Buyurtmachi operator tomonidan koʻrsatilgan kamchiliklarni bir hafta muddat ichida bartaraf etib, buyurtmani qayta yuborishga haqli.

14. Buyurtmachi buyurtmani ishtirokchi tomonidan narx tasdiqlangunga qadar savdo platformasi orqali elektron soʻrov berish yoʻli bilan savdodan olishi mumkin. Bunda savdodan olish avtomatik tarzda amalga oshiriladi. Savdoda narx tasdiqlangandan soʻng elektron soʻrov qabul qilinmaydi va savdoni oʻtkazish tartib-taomillari davom ettiriladi.

3-bob. Savdo oʻtkazilishi toʻgʻrisidagi xabarnomani joylashtirish

15. Buyurtmachi tomonidan taqdim etilgan buyurtma va unga ilova qilingan maʼlumot hamda hujjatlar belgilangan talablarga muvofiq boʻlgan taqdirda, operator buyurtmani olgan kundan keyingi ikki ish kunidan kechiktirmay savdo oʻtkazilishi toʻgʻrisidagi xabarnomani elektron doʻkonda eʼlon qiladi.

Operator buyurtmada koʻrsatilgan maʼlumotlarning va unga ilova qilingan hujjatlarning haqqoniyligi uchun javobgar hisoblanmaydi.

16. Savdo xabarnoma elektron doʻkonda eʼlon qilingan kundan keyingi ish kuni soat 10:00 da boshlanadi va besh ish kuni davomida, oxirgi ish kuni soat 18:00 ga qadar oʻtkaziladi.

Tegishli lot boʻyicha savdo boshlanganidan soʻng, elektron doʻkonda savdo boshlanganligi haqidagi maʼlumotlar avtomatik ravishda eʼlon qilinadi.

Elektron doʻkonda savdo yakunlangandan soʻng savdoning yakunlangan vaqti va uning natijalari toʻgʻrisidagi maʼlumotlar avtomatik ravishda eʼlon qilinadi.

17. Xabarnoma quyidagilarni oʻz ichiga olishi zarur:

savdo oʻtkaziladigan oxirgi ish kuni;

lot raqami va savdo obyekti nomi;

lotning boshlangʻich narxi;

boshlangʻich narxga nisbatan foiz koʻrinishida ifodalangan savdo qadami;

zakalat pulining boshlangʻich narxga nisbatan foiz koʻrinishida va qatʼiy summada ifodalangan miqdori;

buyurtmachining manzili va telefon (mavjud boʻlganda mobil) raqami;

savdo obyektini tavsiflovchi maʼlumotlar;

buyurtmachi tomonidan taqdim etilgan qoʻshimcha maʼlumotlar (agar mavjud boʻlsa);

savdo obyekti joylashgan manzil, fotosurat va geolokatsiyasi.

Operator tomonidan elektron doʻkonda savdo oʻtkazilishi toʻgʻrisida xabarnoma eʼlon qilingandan keyin savdo oʻtkazish shartlarini oʻzgartirishga yoʻl qoʻyilmaydi. Buyurtmachi tomonidan buyurtmani savdodan olish hamda savdo oʻtkazish shartlarini oʻzgartirilgan holda buyurtmani qayta yuborish holatlari bundan mustasno.

18. Operator tomonidan savdo platformasida savdo oʻtkazish qoidalari bilan tanishish imkoniyati taʼminlanadi.

4-bob. Savdoni oʻtkazish tartibi

19. Ishtirokchilarning savdoda ishtirok etish boʻyicha arizalari elektron doʻkonda xabarnoma joylashtirilgan kundan boshlab savdo yakunlangunga qadar avtomatik tarzda qabul qilinadi.

Ishtirokchi oʻz arizasini savdo yakunlangunga qadar chaqirib olishga va takroran yuborishga haqli, savdo jarayonida oxirgi va oxirgidan oldingi narxni tasdiqlagan ishtirokchilar bundan mustasno.

20. Operator barcha ishtirokchilar uchun savdoga kirish va qatnashishda teng imkoniyatlar taʼminlaydi.

Ishtirokchilarga savdoda ishtirok etish uchun shaxsiy raqamlar beriladi.

21. Savdo jarayonida ishtirokchilar toʻgʻrisida maʼlumotlar elektron doʻkonda aks ettirilishiga yoʻl qoʻyilmaydi.

22. Savdo xabarnomada keltirilgan kun va vaqtda boshlanadi.

23. Savdo har bitta lot uchun alohida oʻtkaziladi.

24. Savdo kamida ikki nafar ishtirokchi mavjud boʻlganda oʻtkaziladi.

25. Boshlangʻich narx buyurtmachining buyurtmasiga asosan belgilanadi.

26. Savdo qadami:

birinchi toʻrtta qadamda — savdo obyekti boshlangʻich narxining 5 foizi miqdorida;

beshinchi va undan keyingi qadamlarda — savdo obyekti boshlangʻich narxining 3 foizi miqdorida belgilanadi.

Boshlangʻich narxi xabarnoma joylashtirish paytida bazaviy hisoblash miqdorining ikki ming baravaridan yuqori boʻlgan savdo obyekti realizatsiya qilingan taqdirda, savdoning barcha qadami, savdo obyekti boshlangʻich narxining 2 foizi miqdorida belgilanadi.

27. Savdo xabarnoma joylashtirilgan kundan keyingi ish kuni soat 10:00 dan beshinchi (oxirgi) ish kuni soat 18:00 ga qadar oʻtkaziladi.

28. Savdo ishtirokchilardan lotni boshlangʻich narxdan bitta savdo qadamiga oshirilgan narxda sotib olish boʻyicha taklifni tasdiqlashni soʻrashdan boshlanadi.

29. Agar lot narxini oshirish boʻyicha taklifni oxirgi tasdiqlagan ishtirokchi buni savdoni oʻtkazish vaqti yakunlanishiga oʻn daqiqadan kam qolganda amalga oshirgan boʻlsa, savdoni oʻtkazish vaqti oxirgi taklif tasdiqlangan paytdan boshlab keyingi oʻn daqiqaga uzaytiriladi. Keyingi har bir taklif savdoni oʻtkazish vaqtini oʻn daqiqadan uzaytirib boradi.

Agar oxirgi tasdiqlangan taklifdan soʻng oʻn daqiqa davomida keyingi oshirilgan lot narxi boʻyicha taklif ishtirokchilarning birontasi tomonidan tasdiqlanmasa, savdo yakunlanadi.

30. Oxirgi taklifni tasdiqlagan ishtirokchi savdo gʻolibi deb topiladi va unga tasdiqlangan lot qiymati toʻlagandan soʻng keyingi ish kunidan kechiktirmay savdo natijalari toʻgʻrisidagi QR-kodli (matrik shtrixli kod) bayonnoma rasmiylashtiriladi.

31. Bayonnoma savdo gʻolibi va buyurtmachining shaxsiy kabinetlariga elektron shaklda yuboriladi.

32. Savdo gʻolibidan bir qadam past narx taklifini tasdiqlagan ishtirokchi zaxiradagi gʻolib deb eʼtirof etiladi.

33. Savdo gʻolibi belgilangan muddatda lotni sotib olishdan bosh tortsa yoki lot qiymatini muddatida toʻliq toʻlamasa, operator keyingi ish kunidan kechiktirmay zaxiradagi gʻolibga u tasdiqlagan narxda lotni sotib olishni taklif qiladi.

34. Lot qiymatini toʻlagan zaxiradagi gʻolib savdo gʻolibi deb topiladi va unga savdo natijasi toʻgʻrisida bayonnoma taqdim etiladi.

35. Savdo platformasida texnik uzilish sodir boʻlgan hollarda savdo vaqtincha toʻxtatiladi hamda bu haqda ishtirokchining shaxsiy kabineti, elektron pochta manzili va/yoki mobil telefon raqamiga xabar yuboriladi hamda ushbu savdo texnik uzilish bartaraf qilingan kundan keyingi ish kuni soat 10:00 da oxirgi tasdiqlangan narxdan bir qadam oshirilgan narxni taklif etishdan davom ettiriladi.

Toʻxtatilgan lot boʻyicha savdo ishtirokchisi davom ettiriladigan savdo ishtirokchisi sifatida uning shaxsiy kabineti, elektron pochta manzili va/yoki mobil telefon raqami orqali xabardor qilinadi. Ishtirokchi xabar bilan oʻz vaqtida tanishmaganligi uchun operator javobgar hisoblanmaydi.

Texnik uzilishni bartaraf etish davrida ishtirokchi tomonidan oʻzi tasdiqlagan takliflari qaytarib olinishiga yoʻl qoʻyilmaydi.

Ishtirokchining kompyuter va (yoki) telekommunikatsiya jihozlarida texnik uzilish yuz berganda, bu holat savdo platformasidagi texnik uzilish deb hisoblanmaydi va savdo davom ettiriladi.

36. Savdo quyidagi hollarda oʻtkazilmagan deb topiladi:

savdoda qatnashish uchun bironta ham talabgordan ariza kelib tushmagan boʻlsa;

savdoda qatnashish uchun faqat bir nafar ishtirokchidan ariza kelib tushgan boʻlsa;

savdo kuni ishtirokchilar tomonidan bironta ham taklif tasdiqlanmasa;

mazkur Nizomda belgilangan tartibda savdo gʻolibi va zaxiradagi gʻolib tomonidan tasdiqlangan lot qiymati belgilangan muddatda toʻliq toʻlanmasa.

Savdo oʻtkazilmagan deb topilgan taqdirda, savdo obyekti mazkur Nizomda belgilangan tartibda takroriy savdoga chiqariladi.

5-bob. Takroriy savdo oʻtkazish tartibi

37. Takroriy savdo oʻtkazilishi toʻgʻrisidagi xabarnoma savdo oʻtkazilmagan deb topilgandan soʻng avtomatik tarzda elektron doʻkonga joylashtiriladi.

Bunda takroriy savdo savdo oʻtkazilmagan deb topilgan kundan keyingi ish kuni soat 10:00 dan 18:00 ga qadar oʻtkaziladi.

Dastlabki savdo oʻtkazilishi toʻgʻrisidagi xabarnoma joylashtirilgan vaqtdan boshlab 30 kalendar kun davomida savdo obyekti sotilmasa, avtomatik tarzda savdo obyekti buyurtmachiga qaytariladi.

Savdo obyekti dastlabki savdo oʻtkazilishi toʻgʻrisidagi xabarnoma joylashtirilgan vaqtdan boshlab ikki oy mobaynida sotilmagan taqdirda, buyurtmachi Byuro bilan kelishilgan holda savdo obyektining boshlangʻich narxini bosqichma-bosqich, lekin boshlangʻich narxining 50 foizidan koʻp boʻlmagan miqdorgacha pasaytirgan holda takroriy savdolarni tashkil etishi mumkin.

6-bob. Hisob-kitob qilish va zakalat pulini qaytarish tartibi

38. Savdo gʻolibi lot qiymatini uch ish kunidan kechiktirmay toʻlaydi.

Zaxiradagi gʻolibga sotib olish boʻyicha taklif kelib tushgan kundan boshlab lot qiymatini toʻlash uchun uch ish kunlik muddat beriladi.

39. Belgilangan toʻlovni amalga oshirmagan savdo gʻolibi (zaxiradagi gʻolib)ning zakalat miqdori qaytarilmaydi.

Qaytarilmagan zakalat miqdori operator tasarrufida qoladi.

40. Operator savdoni tashkil etish va oʻtkazish xizmatlari uchun savdo obyektining sotilgan qiymatidan bir foiz miqdorida xizmat haqi oladi.

41. Ishtirokchi tomonidan savdo platformasi orqali ariza chaqirib olingan taqdirda, operatorga xabarnoma yuborilishi hamda ishtirokchining soʻroviga koʻra zakalat summasi ishtirokchining bankdagi hisobvaragʻi (plastik kartasi)ga qaytarilishi savdo platformasi orqali avtomatik tarzda amalga oshiriladi.

42. Savdo boshlangandan soʻng oxirgi va oxiridan oldingi narxni tasdiqlagan ishtirokchining arizasi va kiritgan zakalati qaytarib olinishiga yoʻl qoʻyilmaydi.

43. Zakalat puli ishtirokchining savdo platformasidagi shaxsiy hisobvaragʻiga kirim qilinadi, bunda uning soʻroviga koʻra, bankdagi hisobvaragʻi (plastik kartasi)ga savdo yakunlangan deb topilgan kundan soʻng quyidagi tartibda qaytariladi:

zaxiradagi gʻolibga — savdo yakunlangandan soʻng gʻolib tomonidan lot qiymati toʻlangandan boshlab uch ish kuni ichida;

qolgan ishtirokchilarga — savdo yakunlangan yoki oʻtkazilmagan deb topilgan kundan boshlab uch ish kuni ichida.

Ishtirokchiga zakalat puli qaytarilganda, bank hisobvaragʻi (plastik karta raqamlari) notoʻgʻri koʻrsatilganligi yoki boshqa sabablarga koʻra toʻlov operatorning bank hisobvaragʻiga qaytib tushgan hollarda, operator ishtirokchini bu haqda savdo platformasi orqali ogohlantiradi. Bunda zakalat puli ishtirokchining shaxsiy hisobvaragʻiga biriktiriladi. Ishtirokchi bank hisobvaragʻi (plastik karta raqami) toʻgʻri koʻrsatilgan holda zakalat pullarini qaytarish boʻyicha soʻrov yuborishi mumkin.

44. Savdo natijalari boʻyicha pul mablagʻlari operatorning maxsus hisobvaragʻida jamlanadi va savdo gʻolibi tomonidan shaxsiy kabineti orqali savdo obyektini qabul qilib olganligi tasdiqlagandan soʻng mablagʻlar buyurtmachi hisobvaragʻiga (operator xizmat haqi chegirilgan holda) oʻtkaziladi.

Savdo gʻolibi lot rekvizitlarida koʻrsatilgan barcha parametrlarga toʻliq mos keluvchi savdo obyektini qabul qilishdan bosh tortgan taqdirda, taraflar (gʻolib, buyurtmachi va operator)ning kelishuviga asosan toʻlangan pul mablagʻlari ushbu Nizomda belgilangan tartibda (operator xizmat haqi chegirilgan holda) savdo gʻolibiga qaytariladi. Bunda buyurtma operator tomonidan buyurtmachiga avtomatik tarzda qaytariladi.

Taraflar kelisha olmagan taqdirda, ushbu nizoli masala sud tartibida koʻrib chiqiladi.

Nizoli masala hal etilmagunga qadar savdo gʻolibi tomonidan toʻlangan pul mablagʻlari operatorning maxsus hisobvaragʻida saqlanadi.

45. Savdo gʻolibi toʻlovlarni toʻlashdan bosh tortgan taqdirda, operator tegishli shaxslarni ikki oy muddatga keyingi savdoda ishtirok etishdan chetlashtirish choralarini koʻradi.

Ushbu cheklovlar savdo gʻolibi chetlashtirilgunga qadar, u tomonidan ariza berilgan lotlar va uning ishtirokida savdo boshlangan yoki yakunlangan boshqa lotlar boʻyicha savdo jarayonlariga hamda ularning natijalariga qoʻllanilmaydi.

46. Buyurtmachi savdo obyektini gʻolibga zarar yetkazilmagan holda topshirishi shart.

Operator savdo obyektini saqlash, topshirish-qabul qilish jarayonida ishtirok etmaydi va uning oqibatlari uchun javobgar hisoblanmaydi.

47. Buyurtmachi sotilgan savdo obyektining savdo gʻolibiga topshirilgunga qadar xususiyatini yoʻqotmagan holda saqlanishini taʼminlash, mol-mulk buyurtmada koʻrsatilgan fotosuratga muvofiqligi va topshirish-qabul qilish dalolatnomasining oʻz vaqtida rasmiylashtirilishi hamda mazkur Nizomga muvofiq taqdim etiladigan maʼlumotlarning haqqoniyligi uchun javobgar hisoblanadi.

7-bob. Yakunlovchi qoidalar

48. Bojxona organlari, Byuro va boshqa organlar hamda operator oʻrtasida buyurtmachiga topshirilgan mol-mulklar, savdoga chiqarilgan va sotilgan savdo obyektlari, buyurtmachiga sotishdan tushgan pul mablagʻlari toʻgʻrisidagi maʼlumotlar har chorakda hisobot choragidan keyingi oyning beshinchi sanasiga qadar integratsiyalashgan axborot tizimi orqali almashinib boriladi.

49. Buyurtmachi tomonidan bojxona organlari, Byuro va boshqa organlar bilan tuzilgan shartnoma shartlariga, shuningdek mol-mulkni sotish tartibiga rioya etilishi ustidan nazorat, shartnomani tuzgan tegishli bojxona organlari, Byuro va boshqa organlar tomonidan amalga oshiriladi.

50. Mazkur Nizom talablarini buzganlikda aybdor shaxslar qonunchilikda belgilangan tartibda javobgar boʻladilar.

Davlat daromadiga olingan mol-mulklarni soddalashtirilgan auksion tamoyillari asosida “E-auksion shop” elektron savdo doʻkoni orqali sotish tartibi toʻgʻrisidagi nizomga ILOVA

Davlat daromadiga olingan mol-mulklarni soddalashtirilgan auksion tamoyillari asosida “E-auksion shop” elektron savdo doʻkoni orqali sotish

Bosqichlar Subyektlar Tadbirlar Muddatlar 1-bosqich Buyurtmachi (Oʻzbekiston Respublikasi Bosh prokuraturasi huzuridagi Majburiy ijro byurosi va uning hududiy tuzilmalari tomonidan belgilangan tartibda tanlab olingan savdo tashkilotlari va “Bojxona-servis” davlat muassasasi va (yoki) uning hududiy boʻlimlari) 1. Elektron savdo platforma si da roʻyxatdan oʻtish. 1. Elektron buyurtma berish sanasiga qadar. 2. “Elektron onlayn-auksionlarni tashkil etish ”AJ (keyingi oʻrinlarda — operator) bilan davlat daromadiga olingan mol-mulklarni “E-auksion shop” elektron savdo doʻkoni orqali sotish boʻyicha xizmat koʻrsatish toʻgʻrisida shartnoma tuzish. 2. Elektron buyurtma berish sanasiga qadar. 3. Obyektni “E-auksion shop” elektron savdo doʻkoni orqali sotish uchun operatorga elektron buyurtma berish. 3. Xabarnoma “E-auksion shop” elektron savdo doʻkoni da joylashtirilgunga qadar. 2-bosqich Operator 1. “E-auksion shop” elektron savdo doʻkoni orqali savdo oʻtkazilishi haqida “E-auksion shop” elektron savdo doʻkoniga xabarnoma joylashtirish. 1. B uyurtma ol in gan kundan keyingi ikki ish kunidan kechiktirmay. 2. Talabgorlardan ariza qabul qilish. 2. X abarnoma “E-auksion shop” elektron savdo doʻkon i da eʼlon qilingan kundan boshlab savdo yakunlangunga qadar . 3-bosqich Ariza beruvchi (jismoniy va yuridik shaxslar) 1. Savdo platformasidan roʻyxatdan oʻtish va auksion qoidalari, savdo platformasining tartib-taomillarini qabul qilgani yuzasidan elektron shartnoma imzolash. 1. “E-auksion shop” elektron savdo doʻkoni orqali savdoda ishtirok etish uchun ariza berish sanasiga qadar. 2. Shaxsiy hisobvaraqni zakalat pulini oʻtkazishga talab etiladigan miqdordagi pul mablagʻlari bilan toʻldirish. 2. Xabarnoma “E-auksion shop” elektron doʻkonida eʼlon qilingan kundan boshlab savdo yakunlangunga qadar. 3. Ariza yubori sh . 3. Xabarnoma “E-auksion shop” elektron doʻkonida eʼlon qilingan kundan boshlab savdo yakunlangunga qadar. 4. Shaxsiy kabinet orqali zakalat pulini toʻlash. 4. “E-auksion shop” elektron savdo doʻkoni orqali savdoda ishtirok etish uchun ariza berguniga qadar. 4-bosqich Operator Savdoni “E-auksion shop” elektron savdo doʻkoni da avtomatik tarzda oʻtkazish. Xabarnoma elektron doʻkonda eʼlon qilingan kundan keyingi ish kuni soat 10:00 da n boshla b besh ish kuni davomida, oxirgi ish kuni soat 18:00 ga qadar. 5-bosqich Auksion gʻolibi L ot qiymatini toʻlash . Uch ish kun i ichida toʻlov toʻliq amalga oshiri sh . 6-bosqich Operator 1. Savdo natijalari operatorning savdo platformasida eʼlon qilish. 1. Auksion yakunlanishi bilan. 2. QR-kodini qoʻllash savdo natijalari toʻgʻrisidagi elektron bayonnomani rasmiylashtirish. 2. Lot qiymati (operator xizmat haqiga yetarli mablagʻ) toʻlangandan soʻng keyingi ish kunidan kechiktirmay. 3. Bayonnomani savdo gʻolibining va Buyurtmachining shaxsiy kabinetiga yuborish. 3. Bayonnoma rasmiylashtirilgandan soʻng. 4. Kelib tushgan pul mablagʻlarini taqsimlash. 4. Auksion gʻolibi tomonidan obyekt qabul qilinganligi tasdiqlangandan soʻng uch ish kuni ichida.

Oʻzbekiston Respublikasining Bosh vaziri A. ARIPOV

Toshkent sh.,

2023-yil 4-oktabr,

526-son

(Qonunchilik maʼlumotlari milliy bazasi, 05.10.2023-y., 09/23/526/0751-son; 23.04.2025-y., 09/25/247/0383-son)

lex.uz