UzbekAI

← Qonunlar

📅 2023-yil 10-oktabr · Vazirlar Mahkamasi qarorlari

Rasmiy matn. Rasmiy hujjat. Tahririy izohlar kiritilmagan.

Yordam | Arxiv | Atamalar | Statistika | API | Havola yuborish | Sayt haqida | Shartlar

← Қонунлар

📅 2023 йил 10 октябрь · Вазирлар Маҳкамаси қарорлари

Расмий матн. Расмий ҳужжат. Таҳририй изоҳлар киритилмаган.

Ёрдам | Архив | Атамалар | Статистика | API | Ҳавола юбориш | Сайт ҳақида | Шартлар

← Законы

📅 10 октября 2023 г. · Постановления Кабинета Министров

Официальный текст. Официальный документ. Редакционные примечания не включены.

Помощь | Архив | Термины | Статистика | API | Предложить ссылку | О сайте | Условия

← Laws

📅 10 October 2023 · Cabinet of Ministers resolutions

Official text. Official document. Editorial notes are not included.

Help | Archive | Glossary | Stats | API | Submit | About | Terms

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг

қарори

ҚОИДАЛАРИ

Метрополитенда йўловчилар ҳамда бошқа шахсларнинг бўлиш қоидаларини тасдиқлаш тўғрисида

Метрополитенда йўловчиларга хизмат кўрсатиш сифатини янада ошириш, йўловчилар ташишни бошқаришда замонавий ахборот технологияларини жорий этиш, метрополитен инфратузилмасини сақлаш ва ундан фойдаланиш ишларини самарали ташкил этиш ҳамда метрополитен фаолиятини такомиллаштириш, шунингдек, Ўзбекистон Республикасининг «Транспорт тўғрисида»ги Қонуни ижросини таъминлаш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:

1. Ўзбекистон Республикасининг «Транспорт тўғрисида»ги Қонунига асосан метрополитенда йўловчилар ҳамда бошқа шахсларнинг бўлиши қоидалари Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланиши маълумот учун қабул қилинсин.

2. Қуйидагиларни назарда тутувчи Метрополитенда йўловчилар ҳамда бошқа шахсларнинг бўлиши қоидалари иловага мувофиқ тасдиқлансин:

йўловчиларнинг, метрополитен ходимларининг ҳамда бошқа шахсларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари;

метрополитендан фойдаланишда хавфсизликни таъминлаш талаблари;

метрополитен техник воситаларидан фойдаланиш ҳамда уларнинг узлуксиз ишлашини таъминлаш;

метрополитенда фавқулодда вазиятлар юзага келганда, йўловчилар ва бошқа шахсларнинг ҳаракатланиш тартиби.

3. Ўзбекистон Республикаси Транспорт вазирлиги манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда ўзлари қабул қилган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни бир ой муддатда ушбу қарорга мувофиқлаштирсин.

4. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси транспорт вазири И.Р. Махкамов зиммасига юклансин.

Вазирлар Маҳкамасининг 2023 йил 10 октябрдаги 535-сон қарорига ИЛОВА

Метрополитенда йўловчилар ҳамда бошқа шахсларнинг бўлиши

1-боб. Умумий қоидалар

1. Ушбу Қоидалар метрополитенда йўловчилар ҳамда бошқа шахсларнинг (метрополитен ходимлари, метрополитенда ўз хизмат вазифасини бажарувчи ички ишлар органлари ва Ўзбекистон Республикаси Фавқулодда вазиятлар вазирлиги ходимлари ҳамда метрополитен раҳбариятининг рухсати билан ташриф буюрувчи шахслар) бўлиши, уларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятларини, шунингдек, метрополитендан фойдаланиш тартибини белгилайди.

2. Ушбу Қоидаларда қуйидаги асосий тушунчалардан фойдаланилади:

бекат платформаси — бекатдаги поездларни кутиш жойи;

йўл чиптаси — метрополитендан фойдаланиш учун QR-кодли бир марталик йўл ҳақи тўлови амалга оширилганлигини тасдиқловчи ҳужжат;

йўловчи — метрополитендан фойдаланиш учун тўловни амалга оширган ёки имтиёзга ҳамда бепул юриш ҳуқуқига эга бўлган шахс (истеъмолчи);

кўздан кечириш — метрополитенда хавфсизликни таъминлаш мақсадида ташиш ва фойдаланиш тақиқланган моддалар ва буюмларни аниқлаш учун мўлжалланган, махсус техник воситаларни қўллаган ҳолда амалга ошириладиган тадбирлар мажмуи;

метрополитен ходими — метрополитенда фаолият олиб борувчи ва йўловчиларга хизмат кўрсатувчи ходим (бекат навбатчиси, машинист ва бошқалар);

назорат-ўтказиш пунктлари — йўл ҳақи тўловини назорат қилиш пунктлари;

транспорт картаси — йўловчилар фойдаланадиган жамоат транспортида юрганлик учун йўл ҳақини тўлашга мўлжалланган, кўп марталик тўлов картаси;

электрон тўлов тизими — электрон иловалар орқали тўловларни амалга ошириш тизими;

эскалатор — узлуксиз ҳаракатланувчи зинапоялардан иборат бўлган юқорига кўтарувчи ва пастга туширувчи қурилма;

юк — ўз ўлчамлари ва вазнига кўра (учта ўлчови бўйича йиғиндиси 200 см дан ошмайдиган) ўрам тури ва хилидан қатъи назар, енгил кўтариб юриладиган, йўловчи вагонларида қийинчиликсиз жойлаштириладиган юклар ва буюмлар.

3. Метрополитенда йўловчининг бўлиши ва унинг юкини ташиш шартномаси тузилганлиги йўл чиптаси орқали ёки имтиёзга ҳамда бепул юриш ҳуқуқига эга бўлган шахсларнинг тегишли ҳужжатини кўрсатиши билан тасдиқланади.

4. Метрополитенда йўловчиларнинг хавфсиз ва қулай ҳаракатланиши таъминланади.

2-боб. Метрополитендан фойдаланишда хавфсизлик талаблари

5. Метрополитенда ҳаракатланиш давомида метрополитен ходимлари ва йўловчилар огоҳ, ҳушёр ва эътиборли бўлиши лозим.

6. Ўтиш йўллари, вестибюллар, бекат платформаси ва вагонларда шубҳали ва қолдирилган ашёлар (буюмлар) аниқланганда, метрополитеннинг навбатчи ходимларига ёки ички ишлар органлари ходимларига хабар берилиши лозим.

7. Қолдирилган ашёга (буюмга) бирон-бир механик таъсир кўрсатиш (бошқа жойга олиб ўтиш, очиш ва бошқалар), унинг атрофидаги ёруғликни, ҳароратни ва товушни ўзгартириш ҳамда ашё яқинида радиоэлектр ускуналаридан, шунингдек, алоқа воситаларидан фойдаланиш қатъиян ман этилади.

8. Йўловчилар ва бошқа шахслар ички ишлар органлари ходимларининг қонуний талабига асосан юкларини кўздан кечириш учун тақдим этади.

Бунда қидирувдаги шахслар деб гумон қилинган ёки кўздан кечириш жараёнида ўзини шубҳали тутаётган шахслар қонунчиликда белгиланган тартибда шахсий кўздан кечирилиши мумкин.

Йўловчилар ва бошқа шахслар ички ишлар органлари ходимларининг қонуний талабига асосан кўздан кечиришдан ўтишни рад этган тақдирда, метрополитенга киритилмайди.

9. Метрополитен инфратузилмаси объектлари ва хавфсизлик ҳудудларида қуйидагилар тақиқланади:

ёнувчан, портловчи моддалардан ва босим остида ишловчи қурилмалардан фойдаланишни талаб этадиган барча фаолият турлари билан шуғулланиш ва шу билан боғлиқ кўнгилочар шохобчаларни қуриш ҳамда ташкил этиш;

метрополитен иншоотларидан, шу жумладан, ер усти шамоллатиш қурилмаларидан 25 метрдан кам масофада чиқиндиларни тўплаш, ёқиш ва гулханлар ташкил этиш;

газ ёқилғисида ҳаракатланувчи транспорт воситалари (автоматик ёнғин ўчириш тизими билан жиҳозланган, эстакада иншоотлари остидаги махсус очиқ автотураргоҳлар бундан мустасно) ва ёнувчи материаллар ортилган транспорт воситаларини эстакада иншоотлари остига (автотураргоҳларга) жойлаштириш.

10. Метрополитенда қуйидагиларга рухсат этилмайди:

парапетлар, тўсиқлар устига чиқиш, шунингдек, улар устидан сакраб (ошиб) ўтиш;

спиртли ичимликлар, гиёҳвандлик воситалари, психотроп моддалар ва уларнинг аналогларини истеъмол қилиш ёки маст ҳолда кириш;

қиздириладиган тамаки, электрон сигареталар ва носвой чекиш;

метрополитен ҳудудида ва вагонларда очиқ олов, пиротехника воситаларидан (фейерверклар, петардалар ва бошқалар) фойдаланиш;

метрополитен ҳудудида оёқ кийимсиз ва кийимсиз ҳолда бўлиш;

бекатга йўловчиларнинг кийими, метрополитен вагонлари, иншоотлари ва қурилмаларини кир қилиши мумкин бўлган юклар ва буюмлар, шунингдек, велосипед (йиғиладигандан ташқари), мопед, скутер ва бошқа ҳаракатланиш воситалари (ушбу Қоидаларнинг 16-банди иккинчи хатбошисида кўрсатилган буюмлар бундан мустасно) билан кириш;

бекат ва ҳаракат таркиби вагонларида йўловчиларнинг кийимини кир қилиши мумкин бўлган озиқ-овқат маҳсулотларини истеъмол қилиш;

ёнувчан газлар билан тўлдирилган шарларни метрополитенга олиб кириш;

бекат, унинг ҳудудида ва бекатга туташган ер ости ўтиш йўлакларида мотоцикл ва скутерларда ҳаракатланиш, учувчисиз учадиган аппаратлардан фойдаланиш;

бекат ҳудудида, вагонларда акробатик ва спорт машқларини бажариш, ҳар хил турдаги спорт тўпларини ўйнаш;

хизмат кўрсатиш (техник) хоналарида ва махсус объектларда видео ва фото суратга олиш;

йўловчиларга бекатдаги поезд йўлларига тушиш, технологик хоналар ва туннелларга кириш, вагонлар томига чиқиш ва юриш, вагонлар орасига ва поездларнинг бошқа қисмларига чиқиш, машинистлар кабиналарига кириш;

йўловчиларга метрополитен объектларига, девор (панжара) билан ўралган ва ишлаб чиқариш ҳудудларига рухсатсиз кириш;

вагонларнинг ўриндиқларига болаларни кир оёқ кийими билан қўйиш ва ҳажми катта юкларни жойлаштириш;

вагонларнинг ҳаракатланиш ва тўхташ вақтида эшикларини очиш, бекатларда уларнинг очилишига ёки ёпилишига халақит бериш, вагонларнинг деразаларидан тана аъзоларини чиқариш, буюмлар ва чиқиндиларни ташлаш;

метрополитен инфратузилмаси объектларига ва поездларга зарар етказиш;

метрополитен инфратузилмаси объектларида ҳамда ҳаракат таркибининг ташқи (ички) юзаларига ёзувлар, расмлар, ахборот ҳамда реклама материалларини метрополитен раҳбарияти билан келишмаган ҳолда жойлаштириш;

бекат платформалари ва вагонларда савдо-сотиқни амалга ошириш;

метрополитен фаолиятига тўсқинлик қиладиган хатти-ҳаракатларни содир этиш ёки уларни амалга ошириш учун тайёргарлик кўриш, шу жумладан, йўловчиларнинг ҳаёти ва соғлигига хавф соладиган ҳолатлар ёхуд ҳаракатлар тўғрисида била туриб ёлғон хабарларни тарқатиш;

санчилувчи, кесувчи ва осон синувчи буюмларни, чана, чанғи, конькилар ва балиқ ови учун қармоқларни ғилофсиз олиб юриш;

поезд бекатга келиб тўхтаган вақтдан ташқари вақтларда бекатдаги тақиқланган чегара чизиғидан ўтиш;

эскалаторлар ишлашига тўсқинлик қиладиган ҳаракатларни амалга ошириш, уларга ўтириш ва юк қўйиш.

11. Метрополитенда қуйидагиларни ташиш тақиқланади:

тегишли рухсатномасиз барча турдаги ўқотар ва тиғли қуроллар;

тегишли рухсатномасиз барча турдаги заҳарли ва заҳарловчи моддалар;

тез ёнувчан ва портловчи моддалар;

сиқилган ва суюлтирилган газлар;

герметик идишларсиз ва ўрамларсиз ташиладиган ўювчи, бадбўй ва емирувчи моддалар.

12. Метрополитенда қуйидагиларга фақат метрополитен раҳбариятининг ёзма розилиги билан рухсат берилади:

бекат ҳудудида профессионал фото ва видеотасвирга олиш;

вагонларда ва метрополитен инфратузилмаси объектларида мусиқа асбоблари ва овозни кучайтирувчи қурилмалардан фойдаланиш (эшитиш аппаратлари ва қулоқчинлардан фойдаланиш бундан мустасно);

бекатларда шоу-томошалар ўтказиш, шунингдек, театр, эртак қаҳрамонлари кийимларида ва томоша ниқобларида кириш;

маданий, спорт, кўнгилочар, сиёсий ва бошқа тадбирларни ўтказиш.

3-боб. Метрополитенда фавқулодда вазиятлар юзага келганда, йўловчилар ва бошқа шахсларнинг ҳаракатланиш тартиби

13. Йўловчиларнинг ҳаёти ва соғлиғи учун хавф туғдирадиган фавқулодда вазиятлар юз берганда, улар бекатдан ташқарига ёки поездда қўшни бекатга эвакуация қилинадилар, шунингдек, метрополитен ходимларининг кўрсатмалари бўйича ҳаракатланадилар.

14. Поезд ёки бошқа техник қурилмаларда носозлик юз берганда, вазиятдан келиб чиққан ҳолда йўловчилар поездларда бир йўлдан икки томонлама ҳаракатланиш йўли билан бекатларга етказилади.

Агар поездларда ташиш имкони бўлмаганда, йўловчилар мазкур бекат ташқарисига эвакуация қилиниб, транспорт ташкилотларининг автобуслари ёрдамида метрополитен йўналишида параллель равишда бекатларга етказилади.

15. Бекатлар ёки ер усти йўллари оралиғидаги ҳаракат хавфсизлигига таъсир этувчи техник воситаларда носозликлар юз берганда, метрополитен ходимлари томонидан йўловчиларни тоннель ва эстакада орқали хавфсиз эвакуация қилиш чоралари кўрилади.

4-боб. Йўловчиларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари

16. Йўловчилар метрополитендан фойдаланишда қуйидаги ҳуқуқларга эга:

ўзлари билан биргаликда етти ёшгача бўлган болаларини, болалар ва ногиронлиги бўлган шахслар аравачаларини, болалар велосипедларини, мусиқа асбобларини, шунингдек, ғилофга солинган ҳолда санчилувчи, кесувчи ва осон синувчи буюмлар, чана, чанғи ва балиқ ови учун қармоқларни бепул олиб юриш;

ногиронлиги бўлган ва имконияти чекланган шахслар томонидан метрополитеннинг техник воситаларидан (лифтлар, ногиронлиги бўлган шахслар аравачасини кўтарувчи/тушурувчи мосламалар ва бошқа жиҳозлар) фойдаланиш, заруратга кўра тегишли ходимлардан ёрдам олиш;

бекатларни ҳаваскорлик фото ва видеотасвирга олиш (ушбу Қоидаларнинг 10-банди ўн иккинчи хатбошисида кўрсатилган жойлар бундан мустасно);

бекатларда жойлашган тиббий пунктлар ёрдамидан фойдаланиш;

телефон ва алоқа воситаларидан фойдаланиш;

ўлчамларига кўра учта ўлчови йиғиндиси бўйича 200 сантиметр: эни — 60 сантиметр, узунлиги — 70 сантиметр, баландлиги — 70 сантиметр бўлган юкларни бепул олиб юриш;

заруратга кўра метрополитен ходимларининг рухсати билан ҳаракати тўхтаган эскалатордан фойдаланиш.

Йўловчилар қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ бошқа ҳуқуқларга ҳам эга бўлиши мумкин.

17. Йўловчилар метрополитендан фойдаланишда:

жамоат тартиби, санитария-гигиена нормалари ва қоидаларига, хизмат вазифасини бажараётган метрополитен ва ички ишлар органлари ходимларининг қонуний талабларига ҳамда ушбу Қоидаларга риоя қилиши;

қонунчилик ҳужжатларига ва ушбу Қоидаларга мувофиқ йўлкира ҳақини ҳамда юк учун тўловларни амалга ошириши, кириш жойида ўрнатилган автоматлаштирилган назорат пунктлари орқали ўтиши;

ўтиш пунктларига яқинлашганда йўл чиптасини, транспорт картасини (тўлов электрон тўлов тизими орқали тўланганда — электрон қурилмани) олдиндан тайёрлаши, имтиёзли ёки бепул юриш ҳуқуқини берувчи ҳужжатнинг аслини тақдим этиши;

автоматлаштирилган назорат пунктларидан ўтаётганда, йўл чиптасини, транспорт картасини (тўлов электрон тўлов тизими орқали тўланганда — электрон қурилмани) махсус қурилмага яқинлаштириши, рухсат берувчи ишора (автоматлаштирилган назорат пунктининг олд панелидаги яшил кўрсаткич) пайдо бўлишини кутиши ва ўтиши;

автоматлаштирилган назорат пунктларидан ўтаётганда, халақит берувчи ва вагонларда ҳаракатланиш вақтида бошқа йўловчиларга ноқулайлик келтирувчи елкадаги катта ҳажмдаги юкларни (сумка, рюкзак ва бошқалар) тушириши;

узунлиги 150 см дан 220 см гача бўлган юкларнинг ҳар бири учун тўловни амалга ошириши, бунда йўловчининг ўлчамлари белгиланган катталикдан ортиқ бўлган юки учун йўл ҳақи йўловчининг йўл ҳақи қиймати каби тартибда белгиланади;

ҳаракатланаётган эскалаторларнинг тепа ва пастки тароғига тушиб қолишнинг олдини олиш учун узун кийимлар этакларини кўтариб олиши;

эскалаторда ҳаракат йўналиши бўйича ўнг томонда туриши, тутқични ушлаб туриши, турғун қисмларга суянмаслиги, зинапояларда белгиланган чегара чизиқларини босмаслиги ва эскалатордан тушаётганда тўхтаб қолмаслиги;

эскалатор зинапояларида ўтирмаслиги, тутқичларга суянмаслиги ва уларга юкларни қўймаслиги ҳамда эскалатор зинапояларида югурмаслиги;

эскалаторда ёш болаларни қўлидан ушлаб туриши ёки кўтариб олиши, уларнинг эскалаторнинг турғун қисмларига суянишига йўл қўймаслиги, эскалаторда болалар аравачаси билан пастга тушаётганда ва кўтарилаётганда болани қўлга кўтариб олиши;

поезд йўлига тушириб юборилган буюмлар, тутун ёки ёнғин пайдо бўлганлиги, шунингдек, йўловчилар ёки поездлар ҳаракати хавфсизлигига таъсир қилиши мумкин бўлган бошқа ҳолатлар тўғрисида метрополитен ҳамда ички ишлар органлари ходимларига дарҳол хабар бериши;

бекат платформасида поезд тўлиқ тўхтагунига қадар чегара чизиғидан ўтмасдан, узунлиги бўйлаб бир текис жойлашиши;

ёш болаларни қаровсиз қолдирмаслиги, бекатларга кириш ва чиқиш эшикларидан ўтишда тўхтаб қолмаслиги, эътиборли бўлиши ва ортидан келувчи йўловчиларга халақит қилмаслиги;

вагон эшикларига суянмаслиги, йўловчиларнинг кириш ва чиқишига халақит бермаслиги, манзилга яқинлашганда чиқишга олдиндан тайёргарлик кўриши ҳамда охирги бекатда вагонларни тарк этиши;

метрополитен ҳамда ички ишлар органлари ходимлари хизмат вазифаларини бажаришига тўсқинлик қилмаслиги ва уларнинг қонуний талабларини бажариши;

фавқулодда вазият ёки ёнғин содир бўлган вазиятларда зудлик билан 101 ёки 1050 телефон рақамларига хабар бериши шарт.

Йўловчиларга қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ бошқа мажбуриятлар ҳам юкланиши мумкин.

5-боб. Метрополитен ходимларининг ҳуқуқ ва мажбуриятлари

18. Метрополитен ходимлари қуйидаги ҳуқуқларига эга:

метрополитенда бепул юриш ҳуқуқини берувчи барча ҳужжатларни текшириш;

заруратга кўра йўловчиларга ёрдам кўрсатиш;

йўловчилардан ёш болаларни қаровсиз қолдирмаслик ва уларнинг қўлидан ушлаб олишни сўраш;

йўловчилардан метрополитен жиҳозларига зарар етказмасликни талаб қилиш;

метрополитендан фойдаланишда йўловчиларга уларнинг борадиган манзиллари бўйича тушунтиришлар бериш;

йўловчиларни платформадаги огоҳлантирувчи чегара чизиғидан ўтмаслигини талаб қилиш;

хизмат вазифаларини ўтаётган вақтида метрополитендан бепул фойдаланиш.

Метрополитен ходимлари қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ бошқа ҳуқуқларга ҳам эга бўлиши мумкин.

19. Метрополитен ходимлари:

метрополитен поездларини кутиб олиши ва жўнатишни таъминлаши, йўловчиларнинг поездга хавфсиз чиқиши ҳамда тушишини назорат қилиши;

поездлар ҳаракати жадвалига риоя қилинишини ва йўловчиларнинг хавфсизлигини, уларга зарур барча қулайликларни яратиши ва хизмат кўрсатиш маданиятини таъминлаши;

хизмат вақтида жорий қилинган формали кийим-бошда бўлиши, меҳнат муҳофазаси, ёнғин хавфсизлиги ва техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасидаги норматив ҳужжатлар талабларига риоя қилиши;

йўловчиларга бекатлар ва поездларда эҳтиёткор ва эътиборли бўлиш тўғрисида хабар бериши ҳамда уларнинг шаъни ва қадр-қимматини камситувчи ҳаракатларга йўл қўймаслиги;

йўловчилар томонидан эскалатордан фойдаланиш талабини ҳамда охирги бекатда вагонларни тарк этишини назорат қилиши;

ногиронлиги бўлган ва имконияти чекланган шахсларга кўмаклашиши;

вагонлар озодалиги, совитиш ва ёритиш тизимлари ишлашининг сифатли ташкил этилишини таъминлаши;

йўловчиларни ташишда поездлар ҳаракати хавфсизлигини таъминлаши, санитария-гигиена нормалари ва қоидаларига риоя этиши;

метрополитенда бепул юриш ҳуқуқини берувчи барча ҳужжатларни текшириши;

назорат-ўтказиш пунктидан ҳақиқий бўлмаган, яроқсиз ҳолатга келган ёки бепул фойдаланиш ҳуқуқини бермайдиган ҳужжатлар ёрдамида ўтишга ҳаракат қилаётган барча йўловчиларни тўхтатиши;

қалбаки белгиларга эга бўлган, шунингдек, транспортдан имтиёзли фойдаланиш ҳуқуқини берувчи муддати ўтган ҳужжатларни олиб қўйиши ва қонунчиликда белгиланган тартибда тегишли чоралар кўриши;

платформадаги огоҳлантирувчи чегара чизиғидан йўловчилар ўтмаслигини талаб қилиши;

метрополитенда фавқулодда вазиятлар юз берганда, йўловчиларни бекатдан ташқарига ёки поездда қўшни бекатга эвакуация ишларини ташкил этиши шарт.

Метрополитен ходимларига қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ бошқа мажбуриятлар ҳам юкланиши мумкин.

6-боб. Якунловчи қоидалар

20. Мазкур Қоидалар талабларини қўллашда юзага келадиган низолар қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда ҳал этилади.

21. Ушбу Қоидалар талабларининг бузилишида айбдор бўлган шахслар қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда жавобгар бўлади.

Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А. АРИПОВ

Тошкент ш.,

2023 йил 10 октябрь,

535-сон

(Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 11.10.2023 й., 09/23/535/0766-сон)

lex.uz

Oʻzbekiston Respublikasi Vazirlar Mahkamasining

qarori

QOIDALARI

Metropolitenda yoʻlovchilar hamda boshqa shaxslarning boʻlish qoidalarini tasdiqlash toʻgʻrisida

Metropolitenda yoʻlovchilarga xizmat koʻrsatish sifatini yanada oshirish, yoʻlovchilar tashishni boshqarishda zamonaviy axborot texnologiyalarini joriy etish, metropoliten infratuzilmasini saqlash va undan foydalanish ishlarini samarali tashkil etish hamda metropoliten faoliyatini takomillashtirish, shuningdek, Oʻzbekiston Respublikasining “Transport toʻgʻrisida”gi Qonuni ijrosini taʼminlash maqsadida Vazirlar Mahkamasi qaror qiladi:

1. Oʻzbekiston Respublikasining “Transport toʻgʻrisida”gi Qonuniga asosan metropolitenda yoʻlovchilar hamda boshqa shaxslarning boʻlishi qoidalari Vazirlar Mahkamasi tomonidan belgilanishi maʼlumot uchun qabul qilinsin.

2. Quyidagilarni nazarda tutuvchi Metropolitenda yoʻlovchilar hamda boshqa shaxslarning boʻlishi qoidalari ilovaga muvofiq tasdiqlansin:

yoʻlovchilarning, metropoliten xodimlarining hamda boshqa shaxslarning huquq va majburiyatlari;

metropolitendan foydalanishda xavfsizlikni taʼminlash talablari;

metropoliten texnik vositalaridan foydalanish hamda ularning uzluksiz ishlashini taʼminlash;

metropolitenda favqulodda vaziyatlar yuzaga kelganda, yoʻlovchilar va boshqa shaxslarning harakatlanish tartibi.

3. Oʻzbekiston Respublikasi Transport vazirligi manfaatdor vazirlik va idoralar bilan birgalikda oʻzlari qabul qilgan normativ-huquqiy hujjatlarni bir oy muddatda ushbu qarorga muvofiqlashtirsin.

4. Mazkur qarorning bajarilishini nazorat qilish Oʻzbekiston Respublikasi transport vaziri I.R. Maxkamov zimmasiga yuklansin.

Vazirlar Mahkamasining 2023-yil 10-oktabrdagi 535-son qaroriga ILOVA

Metropolitenda yoʻlovchilar hamda boshqa shaxslarning boʻlishi

1-bob. Umumiy qoidalar

1. Ushbu Qoidalar metropolitenda yoʻlovchilar hamda boshqa shaxslarning (metropoliten xodimlari, metropolitenda oʻz xizmat vazifasini bajaruvchi ichki ishlar organlari va Oʻzbekiston Respublikasi Favqulodda vaziyatlar vazirligi xodimlari hamda metropoliten rahbariyatining ruxsati bilan tashrif buyuruvchi shaxslar) boʻlishi, ularning huquq va majburiyatlarini, shuningdek, metropolitendan foydalanish tartibini belgilaydi.

2. Ushbu Qoidalarda quyidagi asosiy tushunchalardan foydalaniladi:

bekat platformasi — bekatdagi poyezdlarni kutish joyi;

yoʻl chiptasi — metropolitendan foydalanish uchun QR-kodli bir martalik yoʻl haqi toʻlovi amalga oshirilganligini tasdiqlovchi hujjat;

yoʻlovchi — metropolitendan foydalanish uchun toʻlovni amalga oshirgan yoki imtiyozga hamda bepul yurish huquqiga ega boʻlgan shaxs (isteʼmolchi);

koʻzdan kechirish — metropolitenda xavfsizlikni taʼminlash maqsadida tashish va foydalanish taqiqlangan moddalar va buyumlarni aniqlash uchun moʻljallangan, maxsus texnik vositalarni qoʻllagan holda amalga oshiriladigan tadbirlar majmui;

metropoliten xodimi — metropolitenda faoliyat olib boruvchi va yoʻlovchilarga xizmat koʻrsatuvchi xodim (bekat navbatchisi, mashinist va boshqalar);

nazorat-oʻtkazish punktlari — yoʻl haqi toʻlovini nazorat qilish punktlari;

transport kartasi — yoʻlovchilar foydalanadigan jamoat transportida yurganlik uchun yoʻl haqini toʻlashga moʻljallangan, koʻp martalik toʻlov kartasi;

elektron toʻlov tizimi — elektron ilovalar orqali toʻlovlarni amalga oshirish tizimi;

eskalator — uzluksiz harakatlanuvchi zinapoyalardan iborat boʻlgan yuqoriga koʻtaruvchi va pastga tushiruvchi qurilma;

yuk — oʻz oʻlchamlari va vazniga koʻra (uchta oʻlchovi boʻyicha yigʻindisi 200 sm dan oshmaydigan) oʻram turi va xilidan qatʼi nazar, yengil koʻtarib yuriladigan, yoʻlovchi vagonlarida qiyinchiliksiz joylashtiriladigan yuklar va buyumlar.

3. Metropolitenda yoʻlovchining boʻlishi va uning yukini tashish shartnomasi tuzilganligi yoʻl chiptasi orqali yoki imtiyozga hamda bepul yurish huquqiga ega boʻlgan shaxslarning tegishli hujjatini koʻrsatishi bilan tasdiqlanadi.

4. Metropolitenda yoʻlovchilarning xavfsiz va qulay harakatlanishi taʼminlanadi.

2-bob. Metropolitendan foydalanishda xavfsizlik talablari

5. Metropolitenda harakatlanish davomida metropoliten xodimlari va yoʻlovchilar ogoh, hushyor va eʼtiborli boʻlishi lozim.

6. Oʻtish yoʻllari, vestibyullar, bekat platformasi va vagonlarda shubhali va qoldirilgan ashyolar (buyumlar) aniqlanganda, metropolitenning navbatchi xodimlariga yoki ichki ishlar organlari xodimlariga xabar berilishi lozim.

7. Qoldirilgan ashyoga (buyumga) biron-bir mexanik taʼsir koʻrsatish (boshqa joyga olib oʻtish, ochish va boshqalar), uning atrofidagi yorugʻlikni, haroratni va tovushni oʻzgartirish hamda ashyo yaqinida radioelektr uskunalaridan, shuningdek, aloqa vositalaridan foydalanish qatʼiyan man etiladi.

8. Yoʻlovchilar va boshqa shaxslar ichki ishlar organlari xodimlarining qonuniy talabiga asosan yuklarini koʻzdan kechirish uchun taqdim etadi.

Bunda qidiruvdagi shaxslar deb gumon qilingan yoki koʻzdan kechirish jarayonida oʻzini shubhali tutayotgan shaxslar qonunchilikda belgilangan tartibda shaxsiy koʻzdan kechirilishi mumkin.

Yoʻlovchilar va boshqa shaxslar ichki ishlar organlari xodimlarining qonuniy talabiga asosan koʻzdan kechirishdan oʻtishni rad etgan taqdirda, metropolitenga kiritilmaydi.

9. Metropoliten infratuzilmasi obyektlari va xavfsizlik hududlarida quyidagilar taqiqlanadi:

yonuvchan, portlovchi moddalardan va bosim ostida ishlovchi qurilmalardan foydalanishni talab etadigan barcha faoliyat turlari bilan shugʻullanish va shu bilan bogʻliq koʻngilochar shoxobchalarni qurish hamda tashkil etish;

metropoliten inshootlaridan, shu jumladan, yer usti shamollatish qurilmalaridan 25 metrdan kam masofada chiqindilarni toʻplash, yoqish va gulxanlar tashkil etish;

gaz yoqilgʻisida harakatlanuvchi transport vositalari (avtomatik yongʻin oʻchirish tizimi bilan jihozlangan, estakada inshootlari ostidagi maxsus ochiq avtoturargohlar bundan mustasno) va yonuvchi materiallar ortilgan transport vositalarini estakada inshootlari ostiga (avtoturargohlarga) joylashtirish.

10. Metropolitenda quyidagilarga ruxsat etilmaydi:

parapetlar, toʻsiqlar ustiga chiqish, shuningdek, ular ustidan sakrab (oshib) oʻtish;

spirtli ichimliklar, giyohvandlik vositalari, psixotrop moddalar va ularning analoglarini isteʼmol qilish yoki mast holda kirish;

qizdiriladigan tamaki, elektron sigaretalar va nosvoy chekish;

metropoliten hududida va vagonlarda ochiq olov, pirotexnika vositalaridan (feyerverklar, petardalar va boshqalar) foydalanish;

metropoliten hududida oyoq kiyimsiz va kiyimsiz holda boʻlish;

bekatga yoʻlovchilarning kiyimi, metropoliten vagonlari, inshootlari va qurilmalarini kir qilishi mumkin boʻlgan yuklar va buyumlar, shuningdek, velosiped (yigʻiladigandan tashqari), moped, skuter va boshqa harakatlanish vositalari (ushbu Qoidalarning 16-bandi ikkinchi xatboshisida koʻrsatilgan buyumlar bundan mustasno) bilan kirish;

bekat va harakat tarkibi vagonlarida yoʻlovchilarning kiyimini kir qilishi mumkin boʻlgan oziq-ovqat mahsulotlarini isteʼmol qilish;

yonuvchan gazlar bilan toʻldirilgan sharlarni metropolitenga olib kirish;

bekat, uning hududida va bekatga tutashgan yer osti oʻtish yoʻlaklarida mototsikl va skuterlarda harakatlanish, uchuvchisiz uchadigan apparatlardan foydalanish;

bekat hududida, vagonlarda akrobatik va sport mashqlarini bajarish, har xil turdagi sport toʻplarini oʻynash;

xizmat koʻrsatish (texnik) xonalarida va maxsus obyektlarda video va foto suratga olish;

yoʻlovchilarga bekatdagi poyezd yoʻllariga tushish, texnologik xonalar va tunnellarga kirish, vagonlar tomiga chiqish va yurish, vagonlar orasiga va poyezdlarning boshqa qismlariga chiqish, mashinistlar kabinalariga kirish;

yoʻlovchilarga metropoliten obyektlariga, devor (panjara) bilan oʻralgan va ishlab chiqarish hududlariga ruxsatsiz kirish;

vagonlarning oʻrindiqlariga bolalarni kir oyoq kiyimi bilan qoʻyish va hajmi katta yuklarni joylashtirish;

vagonlarning harakatlanish va toʻxtash vaqtida eshiklarini ochish, bekatlarda ularning ochilishiga yoki yopilishiga xalaqit berish, vagonlarning derazalaridan tana aʼzolarini chiqarish, buyumlar va chiqindilarni tashlash;

metropoliten infratuzilmasi obyektlariga va poyezdlarga zarar yetkazish;

metropoliten infratuzilmasi obyektlarida hamda harakat tarkibining tashqi (ichki) yuzalariga yozuvlar, rasmlar, axborot hamda reklama materiallarini metropoliten rahbariyati bilan kelishmagan holda joylashtirish;

bekat platformalari va vagonlarda savdo-sotiqni amalga oshirish;

metropoliten faoliyatiga toʻsqinlik qiladigan xatti-harakatlarni sodir etish yoki ularni amalga oshirish uchun tayyorgarlik koʻrish, shu jumladan, yoʻlovchilarning hayoti va sogʻligiga xavf soladigan holatlar yoxud harakatlar toʻgʻrisida bila turib yolgʻon xabarlarni tarqatish;

sanchiluvchi, kesuvchi va oson sinuvchi buyumlarni, chana, changʻi, konkilar va baliq ovi uchun qarmoqlarni gʻilofsiz olib yurish;

poyezd bekatga kelib toʻxtagan vaqtdan tashqari vaqtlarda bekatdagi taqiqlangan chegara chizigʻidan oʻtish;

eskalatorlar ishlashiga toʻsqinlik qiladigan harakatlarni amalga oshirish, ularga oʻtirish va yuk qoʻyish.

11. Metropolitenda quyidagilarni tashish taqiqlanadi:

tegishli ruxsatnomasiz barcha turdagi oʻqotar va tigʻli qurollar;

tegishli ruxsatnomasiz barcha turdagi zaharli va zaharlovchi moddalar;

tez yonuvchan va portlovchi moddalar;

siqilgan va suyultirilgan gazlar;

germetik idishlarsiz va oʻramlarsiz tashiladigan oʻyuvchi, badboʻy va yemiruvchi moddalar.

12. Metropolitenda quyidagilarga faqat metropoliten rahbariyatining yozma roziligi bilan ruxsat beriladi:

bekat hududida professional foto va videotasvirga olish;

vagonlarda va metropoliten infratuzilmasi obyektlarida musiqa asboblari va ovozni kuchaytiruvchi qurilmalardan foydalanish (eshitish apparatlari va quloqchinlardan foydalanish bundan mustasno);

bekatlarda shou-tomoshalar oʻtkazish, shuningdek, teatr, ertak qahramonlari kiyimlarida va tomosha niqoblarida kirish;

madaniy, sport, koʻngilochar, siyosiy va boshqa tadbirlarni oʻtkazish.

3-bob. Metropolitenda favqulodda vaziyatlar yuzaga kelganda, yoʻlovchilar va boshqa shaxslarning harakatlanish tartibi

13. Yoʻlovchilarning hayoti va sogʻligʻi uchun xavf tugʻdiradigan favqulodda vaziyatlar yuz berganda, ular bekatdan tashqariga yoki poyezdda qoʻshni bekatga evakuatsiya qilinadilar, shuningdek, metropoliten xodimlarining koʻrsatmalari boʻyicha harakatlanadilar.

14. Poyezd yoki boshqa texnik qurilmalarda nosozlik yuz berganda, vaziyatdan kelib chiqqan holda yoʻlovchilar poyezdlarda bir yoʻldan ikki tomonlama harakatlanish yoʻli bilan bekatlarga yetkaziladi.

Agar poyezdlarda tashish imkoni boʻlmaganda, yoʻlovchilar mazkur bekat tashqarisiga evakuatsiya qilinib, transport tashkilotlarining avtobuslari yordamida metropoliten yoʻnalishida parallel ravishda bekatlarga yetkaziladi.

15. Bekatlar yoki yer usti yoʻllari oraligʻidagi harakat xavfsizligiga taʼsir etuvchi texnik vositalarda nosozliklar yuz berganda, metropoliten xodimlari tomonidan yoʻlovchilarni tonnel va estakada orqali xavfsiz evakuatsiya qilish choralari koʻriladi.

4-bob. Yoʻlovchilarning huquq va majburiyatlari

16. Yoʻlovchilar metropolitendan foydalanishda quyidagi huquqlarga ega:

oʻzlari bilan birgalikda yetti yoshgacha boʻlgan bolalarini, bolalar va nogironligi boʻlgan shaxslar aravachalarini, bolalar velosipedlarini, musiqa asboblarini, shuningdek, gʻilofga solingan holda sanchiluvchi, kesuvchi va oson sinuvchi buyumlar, chana, changʻi va baliq ovi uchun qarmoqlarni bepul olib yurish;

nogironligi boʻlgan va imkoniyati cheklangan shaxslar tomonidan metropolitenning texnik vositalaridan (liftlar, nogironligi boʻlgan shaxslar aravachasini koʻtaruvchi/tushuruvchi moslamalar va boshqa jihozlar) foydalanish, zaruratga koʻra tegishli xodimlardan yordam olish;

bekatlarni havaskorlik foto va videotasvirga olish (ushbu Qoidalarning 10-bandi oʻn ikkinchi xatboshisida koʻrsatilgan joylar bundan mustasno);

bekatlarda joylashgan tibbiy punktlar yordamidan foydalanish;

telefon va aloqa vositalaridan foydalanish;

oʻlchamlariga koʻra uchta oʻlchovi yigʻindisi boʻyicha 200 santimetr: eni — 60 santimetr, uzunligi — 70 santimetr, balandligi — 70 santimetr boʻlgan yuklarni bepul olib yurish;

zaruratga koʻra metropoliten xodimlarining ruxsati bilan harakati toʻxtagan eskalatordan foydalanish.

Yoʻlovchilar qonunchilik hujjatlariga muvofiq boshqa huquqlarga ham ega boʻlishi mumkin.

17. Yoʻlovchilar metropolitendan foydalanishda:

jamoat tartibi, sanitariya-gigiyena normalari va qoidalariga, xizmat vazifasini bajarayotgan metropoliten va ichki ishlar organlari xodimlarining qonuniy talablariga hamda ushbu Qoidalarga rioya qilishi;

qonunchilik hujjatlariga va ushbu Qoidalarga muvofiq yoʻlkira haqini hamda yuk uchun toʻlovlarni amalga oshirishi, kirish joyida oʻrnatilgan avtomatlashtirilgan nazorat punktlari orqali oʻtishi;

oʻtish punktlariga yaqinlashganda yoʻl chiptasini, transport kartasini (toʻlov elektron toʻlov tizimi orqali toʻlanganda — elektron qurilmani) oldindan tayyorlashi, imtiyozli yoki bepul yurish huquqini beruvchi hujjatning aslini taqdim etishi;

avtomatlashtirilgan nazorat punktlaridan oʻtayotganda, yoʻl chiptasini, transport kartasini (toʻlov elektron toʻlov tizimi orqali toʻlanganda — elektron qurilmani) maxsus qurilmaga yaqinlashtirishi, ruxsat beruvchi ishora (avtomatlashtirilgan nazorat punktining old panelidagi yashil koʻrsatkich) paydo boʻlishini kutishi va oʻtishi;

avtomatlashtirilgan nazorat punktlaridan oʻtayotganda, xalaqit beruvchi va vagonlarda harakatlanish vaqtida boshqa yoʻlovchilarga noqulaylik keltiruvchi yelkadagi katta hajmdagi yuklarni (sumka, ryukzak va boshqalar) tushirishi;

uzunligi 150 sm dan 220 sm gacha boʻlgan yuklarning har biri uchun toʻlovni amalga oshirishi, bunda yoʻlovchining oʻlchamlari belgilangan kattalikdan ortiq boʻlgan yuki uchun yoʻl haqi yoʻlovchining yoʻl haqi qiymati kabi tartibda belgilanadi;

harakatlanayotgan eskalatorlarning tepa va pastki tarogʻiga tushib qolishning oldini olish uchun uzun kiyimlar etaklarini koʻtarib olishi;

eskalatorda harakat yoʻnalishi boʻyicha oʻng tomonda turishi, tutqichni ushlab turishi, turgʻun qismlarga suyanmasligi, zinapoyalarda belgilangan chegara chiziqlarini bosmasligi va eskalatordan tushayotganda toʻxtab qolmasligi;

eskalator zinapoyalarida oʻtirmasligi, tutqichlarga suyanmasligi va ularga yuklarni qoʻymasligi hamda eskalator zinapoyalarida yugurmasligi;

eskalatorda yosh bolalarni qoʻlidan ushlab turishi yoki koʻtarib olishi, ularning eskalatorning turgʻun qismlariga suyanishiga yoʻl qoʻymasligi, eskalatorda bolalar aravachasi bilan pastga tushayotganda va koʻtarilayotganda bolani qoʻlga koʻtarib olishi;

poyezd yoʻliga tushirib yuborilgan buyumlar, tutun yoki yongʻin paydo boʻlganligi, shuningdek, yoʻlovchilar yoki poyezdlar harakati xavfsizligiga taʼsir qilishi mumkin boʻlgan boshqa holatlar toʻgʻrisida metropoliten hamda ichki ishlar organlari xodimlariga darhol xabar berishi;

bekat platformasida poyezd toʻliq toʻxtaguniga qadar chegara chizigʻidan oʻtmasdan, uzunligi boʻylab bir tekis joylashishi;

yosh bolalarni qarovsiz qoldirmasligi, bekatlarga kirish va chiqish eshiklaridan oʻtishda toʻxtab qolmasligi, eʼtiborli boʻlishi va ortidan keluvchi yoʻlovchilarga xalaqit qilmasligi;

vagon eshiklariga suyanmasligi, yoʻlovchilarning kirish va chiqishiga xalaqit bermasligi, manzilga yaqinlashganda chiqishga oldindan tayyorgarlik koʻrishi hamda oxirgi bekatda vagonlarni tark etishi;

metropoliten hamda ichki ishlar organlari xodimlari xizmat vazifalarini bajarishiga toʻsqinlik qilmasligi va ularning qonuniy talablarini bajarishi;

favqulodda vaziyat yoki yongʻin sodir boʻlgan vaziyatlarda zudlik bilan 101 yoki 1050 telefon raqamlariga xabar berishi shart.

Yoʻlovchilarga qonunchilik hujjatlariga muvofiq boshqa majburiyatlar ham yuklanishi mumkin.

5-bob. Metropoliten xodimlarining huquq va majburiyatlari

18. Metropoliten xodimlari quyidagi huquqlariga ega:

metropolitenda bepul yurish huquqini beruvchi barcha hujjatlarni tekshirish;

zaruratga koʻra yoʻlovchilarga yordam koʻrsatish;

yoʻlovchilardan yosh bolalarni qarovsiz qoldirmaslik va ularning qoʻlidan ushlab olishni soʻrash;

yoʻlovchilardan metropoliten jihozlariga zarar yetkazmaslikni talab qilish;

metropolitendan foydalanishda yoʻlovchilarga ularning boradigan manzillari boʻyicha tushuntirishlar berish;

yoʻlovchilarni platformadagi ogohlantiruvchi chegara chizigʻidan oʻtmasligini talab qilish;

xizmat vazifalarini oʻtayotgan vaqtida metropolitendan bepul foydalanish.

Metropoliten xodimlari qonunchilik hujjatlariga muvofiq boshqa huquqlarga ham ega boʻlishi mumkin.

19. Metropoliten xodimlari:

metropoliten poyezdlarini kutib olishi va joʻnatishni taʼminlashi, yoʻlovchilarning poyezdga xavfsiz chiqishi hamda tushishini nazorat qilishi;

poyezdlar harakati jadvaliga rioya qilinishini va yoʻlovchilarning xavfsizligini, ularga zarur barcha qulayliklarni yaratishi va xizmat koʻrsatish madaniyatini taʼminlashi;

xizmat vaqtida joriy qilingan formali kiyim-boshda boʻlishi, mehnat muhofazasi, yongʻin xavfsizligi va texnik jihatdan tartibga solish sohasidagi normativ hujjatlar talablariga rioya qilishi;

yoʻlovchilarga bekatlar va poyezdlarda ehtiyotkor va eʼtiborli boʻlish toʻgʻrisida xabar berishi hamda ularning shaʼni va qadr-qimmatini kamsituvchi harakatlarga yoʻl qoʻymasligi;

yoʻlovchilar tomonidan eskalatordan foydalanish talabini hamda oxirgi bekatda vagonlarni tark etishini nazorat qilishi;

nogironligi boʻlgan va imkoniyati cheklangan shaxslarga koʻmaklashishi;

vagonlar ozodaligi, sovitish va yoritish tizimlari ishlashining sifatli tashkil etilishini taʼminlashi;

yoʻlovchilarni tashishda poyezdlar harakati xavfsizligini taʼminlashi, sanitariya-gigiyena normalari va qoidalariga rioya etishi;

metropolitenda bepul yurish huquqini beruvchi barcha hujjatlarni tekshirishi;

nazorat-oʻtkazish punktidan haqiqiy boʻlmagan, yaroqsiz holatga kelgan yoki bepul foydalanish huquqini bermaydigan hujjatlar yordamida oʻtishga harakat qilayotgan barcha yoʻlovchilarni toʻxtatishi;

qalbaki belgilarga ega boʻlgan, shuningdek, transportdan imtiyozli foydalanish huquqini beruvchi muddati oʻtgan hujjatlarni olib qoʻyishi va qonunchilikda belgilangan tartibda tegishli choralar koʻrishi;

platformadagi ogohlantiruvchi chegara chizigʻidan yoʻlovchilar oʻtmasligini talab qilishi;

metropolitenda favqulodda vaziyatlar yuz berganda, yoʻlovchilarni bekatdan tashqariga yoki poyezdda qoʻshni bekatga evakuatsiya ishlarini tashkil etishi shart.

Metropoliten xodimlariga qonunchilik hujjatlariga muvofiq boshqa majburiyatlar ham yuklanishi mumkin.

6-bob. Yakunlovchi qoidalar

20. Mazkur Qoidalar talablarini qoʻllashda yuzaga keladigan nizolar qonunchilik hujjatlarida belgilangan tartibda hal etiladi.

21. Ushbu Qoidalar talablarining buzilishida aybdor boʻlgan shaxslar qonunchilik hujjatlarida belgilangan tartibda javobgar boʻladi.

Oʻzbekiston Respublikasining Bosh vaziri A. ARIPOV

Toshkent sh.,

2023-yil 10-oktabr,

535-son

(Qonunchilik maʼlumotlari milliy bazasi, 11.10.2023-y., 09/23/535/0766-son)

lex.uz