📅 2023-yil 16-oktabr · Vazirlar Mahkamasi qarorlari
Rasmiy matn. Rasmiy hujjat. Tahririy izohlar kiritilmagan.
📅 2023-yil 16-oktabr · Vazirlar Mahkamasi qarorlari
Rasmiy matn. Rasmiy hujjat. Tahririy izohlar kiritilmagan.
📅 2023 йил 16 октябрь · Вазирлар Маҳкамаси қарорлари
Расмий матн. Расмий ҳужжат. Таҳририй изоҳлар киритилмаган.
📅 16 октября 2023 г. · Постановления Кабинета Министров
Официальный текст. Официальный документ. Редакционные примечания не включены.
📅 16 October 2023 · Cabinet of Ministers resolutions
Official text. Official document. Editorial notes are not included.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг
қарори
НИЗОМ
СХЕМАСИ
Хусусий мулкдорлар буюртмаси асосида уларнинг мулкларини соддалаштирилган тартиб ва муддатларда сотиш ва ижарага бериш бўйича савдоларни ўтказиш чора-тадбирлари тўғрисида
Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Давлат активларини бошқариш агентлиги фаолиятини самарали ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида» 2023 йил 24 мартдаги ПҚ-101-сон қарори ижросини таъминлаш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:
1. Хусусий мулкдорлар буюртмаси асосида уларнинг мулкларини соддалаштирилган тартиб ва муддатларда сотиш мақсадида «E-auksion» электрон савдо платформасида «E-auksion shop» электрон савдо дўкони фаолияти йўлга қўйилганлиги маълумот учун қабул қилинсин.
2. Қуйидагиларни назарда тутувчи Хусусий мулкдорлар буюртмаси асосида уларнинг мулкларини соддалаштирилган тартиб ва муддатларда «E-auksion shop» электрон савдо дўкони орқали сотиш ва ижарага бериш бўйича савдолар ўтказиш тартиби тўғрисидаги низом иловага мувофиқ тасдиқлансин:
буюртмачи ва талабгорнинг (иштирокчининг) ҳуқуқ ва мажбуриятлари, буюртмани яратиш ва жойлаштириш;
нархни ошириб бориш тамойили асосида савдолар ўтказилиши тўғрисидаги хабарномани жойлаштириш, савдоларни ва такрорий савдоларни ўтказиш;
нархни ошириб бориш тамойили асосида ўтказиладиган савдоларда ҳисоб-китоб қилиш;
эълон қилинган нархда сотиш;
савдолар объектини топшириш ва қабул қилиш.
3. Вазирлар Маҳкамасининг 2022 йил 12 январдаги 18-сон қарори билан тасдиқланган «E-auksion» электрон савдо платформасида электрон онлайн-аукцион ва танловларни ташкил этиш ҳамда ўтказиш тартиби тўғрисидаги низом 1-бандининг иккинчи ва учинчи хатбошилари қуйидаги таҳрирда баён этилсин:
«Мазкур Низом талаблари хусусий мулкдорлар буюртмаси асосида уларнинг мулкларини соддалаштирилган тартиб ва муддатларда сотиш ҳамда ижарага беришга, шунингдек, мазкур Низомнинг электрон танлов ўтказиш қисми деҳқон хўжалигини юритиш ва юридик шахсларга қишлоқ хўжалиги мақсадлари учун ер участкаларини электрон танлов орқали ижарага беришга нисбатан татбиқ этилмайди.
Хусусий мулкдорлар буюртмаси асосида уларнинг мулкларини соддалаштирилган тартиб ва муддатларда сотиш ва ижарага бериш, шунингдек, деҳқон хўжалигини юритиш ва юридик шахсларга қишлоқ хўжалиги мақсадлари учун ер участкаларини электрон танлов орқали ижарага бериш тартиби Вазирлар Маҳкамасининг алоҳида қарорлари билан белгиланади».
4. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Давлат активларини бошқариш агентлиги директори А.Ж. Ортиқов зиммасига юклансин.
Вазирлар Маҳкамасининг 2023 йил 16 октябрдаги 540-сон қарорига ИЛОВА
Хусусий мулкдорлар буюртмаси асосида уларнинг мулкларини соддалаштирилган тартиб ва муддатларда «E-auksion shop» электрон савдо дўкони орқали сотиш ва ижарага бериш бўйича савдолар ўтказиш тартиби тўғрисидаги
1-боб. Умумий қоидалар
1. Ушбу Низом хусусий мулкдорлар буюртмасига асосан уларнинг мулкларини соддалаштирилган тартиб ва муддатларда «E-auksion shop» электрон савдо дўкони орқали сотиш ва ижарага бериш бўйича савдолар ўтказиш тартибини белгилайди.
Мазкур Низом талаблари бюджет ташкилотлари ва устав фондида давлат улуши 50 фоиз ва ундан ортиқ бўлган юридик шахслар, шунингдек, устав фондининг 50 фоизи ва ундан ортиғи 50 фоиз ва ундан ортиқ миқдорда давлат улушига эга юридик шахсга тегишли бўлган юридик шахслар, тўловга қобилиятсизлик тартиб-таомиллари қўлланилаётган юридик ва жисмоний шахсларнинг мол-мулкларини, шунингдек, давлатга тегишли бўлган мол-мулкларни сотиш ҳамда ижарага беришга нисбатан татбиқ этилмайди.
2. Ушбу Низомда қуйидаги асосий тушунчалардан фойдаланилади:
«E-auksion shop» электрон савдо дўкони (кейинги ўринларда — электрон дўкон) — хусусий мулкдорлар мулкларининг электрон савдоларини ташкил этиш ва ўтказишни таъминлайдиган «E-auksion» электрон савдо платформасидаги (кейинги ўринларда — савдо платформаси) электрон дўкон;
буюртмачи — ўзига мулк ҳуқуқи асосида тегишли бўлган савдолар объектини электрон дўкон орқали сотиш ёки ижарага бериш учун буюртма юборган жисмоний ёки юридик шахс, шунингдек, мулкдорнинг ишончномаси орқали учинчи шахс (бюджет ташкилотлари ва устав фондида давлат улуши 50 фоиз ва ундан ортиқ бўлган юридик шахслар, шунингдек, устав фондининг 50 фоизи ва ундан ортиғи 50 фоиз ва ундан ортиқ миқдорда давлат улушига эга юридик шахсга тегишли бўлган юридик шахслар, тўловга қобилиятсизлик тартиб-таомиллари қўлланилаётган юридик ва жисмоний шахслар бундан мустасно);
электрон онлайн-савдолар (кейинги ўринларда — савдолар) — электрон дўкон орқали мулкдорнинг хоҳишига кўра савдолар объектининг нархини ошириб бориш тамойилида ёки эълон қилинган нархда сотиш орқали ўтказиладиган электрон савдо усули;
лот — буюртмачи томонидан сотиш ёки ижарага бериш учун электрон дўконга қўйилган савдолар объекти;
оператор — электрон дўконда савдони ташкил этиш ва ўтказиш ваколатига эга юридик шахс — «Электрон онлайн-аукционларни ташкил этиш» АЖ;
савдолар объекти — электрон дўкон орқали сотиладиган хусусий мулкдорларга тегишли мол-мулклар, шу жумладан, ижарага бериладиган кўчмас мулк, махсус техника ва автотранспорт воситалари (озиқ-овқат маҳсулотлари, тез бузиладиган товарлар, енгил алангаланувчи ва ёнувчи суюқликлар, термик ишлов берилмаган, шу жумладан, келиб чиқиши ҳайвонотга мансуб маҳсулот ва хомашёлар, алкогол ва тамаки маҳсулотлари, гиёҳвандлик моддалари, пестицидлар ва агрохимикатлар, кимёвий моддалар ва заҳарлар, дори воситалари ҳамда диний мазмундаги материаллар бундан мустасно);
савдо қадами — савдолар объекти бошланғич нархига нисбатан белгиланадиган фоиз;
савдо иштирокчиси (кейинги ўринларда — иштирокчи) — электрон дўкон орқали савдода иштирок этиш учун электрон ариза берган юридик ёки жисмоний шахс;
савдо платформасидаги техник узилиш — савдо жараёнида бир ёки бир нечта иштирокчининг қатнашишини ёки мазкур Низом талаблари асосида операторнинг хизмат кўрсатиш имкониятини чеклайдиган савдо платформасидаги, шу жумладан, электрон дўкондаги техник носозликлар;
талабгор — савдоларда иштирок этиш истагини билдирган ва операторнинг савдо платформасида ушбу Низом билан белгиланган тартибда рўйхатдан ўтказилган юридик ёки жисмоний шахс;
хабарнома — электрон дўконда муайян лот бўйича савдо ўтказилиши тўғрисидаги маълумот;
харидор — эълон қилинган нарх бўйича савдолар объекти қийматини тўлиқ тўлаган талабгор;
шахсий кабинет — буюртмачи ёки иштирокчига савдо платформасидаги савдоларда буюртма бериш, уларда қатнашиш, шахсий ҳисобварақни бошқариш, унинг ҳолати ва бошқа статистик маълумотларни кўриш ҳамда оператор томонидан юборилаётган хабарлар билан танишиб бориш имконини берувчи савдо платформасининг махсус бўлими.
3. Хусусий мулкдорлар буюртмасига асосан уларнинг мулкларини соддалаштирилган тартиб ва муддатларда сотиш ва ижарага бериш бўйича электрон савдоларни ташкил этиш ҳамда ўтказиш мазкур Низомга иловада келтирилган схемага мувофиқ амалга оширилади.
4. Савдолар ушбу Низом талабларига мувофиқ электрон дўконда буюртмачининг буюртмаси асосида қуйидаги тартибда ўтказилади:
нархни ошириб бориш тамойили асосида ўтказиладиган электрон онлайн-савдо орқали;
эълон қилинган нархда сотиш орқали.
5. Савдоларни ташкил этиш ҳамда ўтказиш доирасида оператор қуйидаги мажбуриятларни зиммасига олади:
савдоларни белгиланган тартибда ва вақтда ташкил этиш ва ўтказиш;
электрон дўконда савдолар инсон омили аралашувисиз ўтказилишини таъминлаш.
6. Савдода иштирок этиш учун буюртмачи ва талабгор савдо платформасида рўйхатдан ўтади.
Савдо платформасидан рўйхатдан ўтишда буюртмачи ва талабгорнинг паспорт ёки ID-карта маълумотлари, СТИРи, юридик манзили, банк реквизитлари, буюртмачи ва талабгор раҳбари (ёки ваколатли шахс)нинг паспорт ёки ID-карта маълумотлари ҳамда алоқа маълумотлари кўрсатилади.
Рўйхатдан ўтиш ва шахсни идентификация қилиш маълумотларни тўлдириб уларни электрон рақамли имзо (кейинги ўринларда — ЭРИ) ёки савдо платформасида яратилган махсус идентификациялаш имконияти ёрдамида тасдиқлангандан сўнг амалга оширилади.
7. Рўйхатдан ўтиш жараёнида буюртмачи ва талабгор савдолар ўтказиш тартиби билан танишгани, савдо платформасининг, шу жумладан, электрон дўконнинг ўзига хос жиҳатлари ва тартиб-таомилларини қабул қилганлиги тўғрисида оператор билан электрон савдоларни ташкил этиш ва ўтказиш бўйича электрон шартнома (оферта)ни ЭРИ ёки махсус идентификациялаш имконияти орқали имзолайди.
Савдо платформасида рўйхатдан ўтмаган шахс савдони ўтказиш учун буюртма бера олмайди ва савдоларда иштирок эта олмайди.
Рўйхатдан ўтган буюртмачи ва талабгорга савдо платформасида шахсий кабинет очилади.
8. Савдоларда иштирок этиш учун закалат пули мол-мулк бошланғич нархининг 5 фоизи миқдорида белгиланади ва операторнинг банк ҳисобварағига ўтказилади (эълон қилинган нархда сотиш бундан мустасно).
2-боб. Буюртмачи ва талабгорнинг (иштирокчининг) ҳуқуқ ва мажбуриятлари
9. Буюртмачи оператор билан электрон дўконда савдолар ўтказиш бўйича хизматлар кўрсатиш юзасидан савдо платформаси орқали шартнома тузишга ҳақли.
10. Буюртмачи қуйидагиларга мажбур:
савдолар объектини электрон дўконга жойлаштирган вақтдан бошлаб мол-мулкнинг бутлиги ва соз ҳолатда сақланишини таъминлаш;
савдолар объектини талабгорга (иштирокчига) кўрсатиш учун шароит яратиш;
савдолар объектини ғолибга (харидорга) зарар етказилмаган ҳолда топшириш;
маълумотларнинг ҳақиқийлигини таъминлаш.
11. Талабгор (иштирокчи) қуйидаги ҳуқуқларга эга:
оператор билан электрон дўконда сотиб (ижарага) олиш бўйича хизматлар кўрсатиш юзасидан савдо платформаси орқали шартнома тузиш;
савдолар объектини сотиб (ижарага) олишдан аввал бориб кўриш ва савдолар объектига оид маълумотлар билан танишиш;
савдолар объектига оид эътирозлар мавжуд бўлганда, сотиб (ижарага) олгунга қадар ушбу эътирозлар юзасидан буюртмачига мурожаат қилиш.
12. Талабгор (иштирокчи) савдо платформаси ва/ёки электрон дўкон орқали ўтказиладиган савдоларда қатнашиш бўйича тузиладиган шартнома шартларини бажаришга мажбур.
13. Оператор савдолар объектини сақлаш, топшириш-қабул қилиш жараёнида иштирок этмайди ва унинг оқибатлари учун жавобгар ҳисобланмайди.
3-боб. Буюртмани яратиш ва жойлаштириш тартиби
14. Савдолар объекти савдоларга буюртмачи томонидан савдо платформаси орқали юборилган буюртма асосида чиқарилади.
15. Буюртмага қуйидаги маълумотлар ва ҳужжатлар илова қилинади:
савдолар ўтказиш шакли (нархни ошириб бориш ёки эълон қилинган нархда);
савдолар объекти номи;
савдолар объектининг бошланғич нархи (эълон қилинган нархда сотишда баҳоланган нархи);
савдолар объектини тавсифловчи (кўчмас мулкда — ер ва қурилиш майдони, махсус техника, автотранспорт ҳамда маиший техника воситаларида — техник хусусиятлари ва бошқалар) маълумотлар ва ҳужжатлар;
буюртмачининг манзили ва телефон (мобил, мавжуд бўлганда — стационар) рақами;
савдолар объекти жойлашган манзил, фотосурат (камида 3 та) ва геолокацияси;
савдолар объектига бўлган эгалик ҳуқуқини белгиловчи ҳужжатлар (кўчмас мулк объектлари бўйича мулк ҳуқуқини тасдиқловчи ҳужжат);
ижарага берилганда — ижарага бериш муддати;
сертификатланиши шарт бўлган товарлар бўйича — мувофиқлик сертификатлари;
ҳисоб-китоб қилиш тартиби;
буюртмачи томонидан тақдим этилган қўшимча маълумотлар (агар мавжуд бўлса);
оператор томонидан тақдим этилиши сўралган савдо объектига тааллуқли бошқа ҳужжатлар.
16. Агар буюртмага ушбу Низомнинг 15-бандида назарда тутилган маълумотлар киритилмаган ва/ёки ҳужжатлар илова қилинмаган, буюртмачи мазкур Низомда буюртмачи учун белгиланган мезонларга номувофиқлиги ҳақида маълумот келиб тушган бўлса, оператор буюртмани олган кунидан кейинги икки иш кунидан кечиктирмай буюртмани савдо платформаси орқали буюртмачига қайтаради. Буюртмачи оператор томонидан кўрсатилган камчиликларни бартараф этиб, буюртмани қайта юборишга ҳақли.
17. Буюртмачи буюртмани иштирокчи томонидан нарх тасдиқлангунга (савдолар объекти сотиб ёки ижарага олингунга) қадар савдо платформаси орқали электрон сўров бериш йўли билан савдодан олиши мумкин. Бунда, савдодан олиш автоматик тарзда амалга оширилади. Савдоларда нарх тасдиқлангандан (савдолар объекти сотиб ёки ижарага олингандан) сўнг электрон сўров қабул қилинмайди ва савдони ўтказиш тартиб-таомиллари давом эттирилади.
Буюртмачи буюртмани иштирокчи томонидан нарх тасдиқлангунга (савдолар объекти сотиб ёки ижарага олингунга) қадар савдо платформаси орқали электрон сўров бериш йўли билан савдодан олиш ҳолатлари 2 марта такрорланган тақдирда, оператор ҳисобига:
3-мартадан бошлаб базавий ҳисоблаш миқдорининг 1 баравари миқдорида;
5-мартадан бошлаб базавий ҳисоблаш миқдорининг 3 баравари миқдорида;
7-мартадан бошлаб базавий ҳисоблаш миқдорининг 10 баравари миқдорида буюртмачидан қўшимча тўлов ундирилади.
Бунда мазкур тўловни ундириш тўғрисидаги огоҳлантириш буюртмачи ўз буюртмасини қайтариб олиш истагини билдирган вақтда унга савдо платформаси орқали маълум қилинади.
4-боб. Нархни ошириб бориш тамойили асосида ўтказиладиган савдолар ўтказилиши тўғрисидаги хабарномани жойлаштириш
18. Буюртмачи томонидан тақдим этилган буюртма ва унга илова қилинган маълумот ҳамда ҳужжатлар белгиланган талабларга мувофиқ деб эътироф этилган тақдирда, оператор буюртмани олган кундан кейинги икки иш кунидан кечиктирмай савдолар ўтказилиши тўғрисидаги хабарномани электрон дўконда эълон қилади.
Оператор буюртмада кўрсатилган маълумотларнинг ва унга илова қилинган ҳужжатларнинг ҳақиқийлиги учун жавобгар ҳисобланмайди.
19. Тегишли лот бўйича савдолар бошланганидан сўнг электрон дўконда савдолар бошланганлиги ҳақидаги маълумотлар автоматик равишда эълон қилинади.
Электрон дўконда савдолар якунлангандан сўнг савдолар якунланган вақт ва унинг натижалари тўғрисидаги маълумотлар автоматик равишда эълон қилинади.
20. Хабарнома қуйидагиларни ўз ичига олиши зарур:
савдолар ўтказиладиган сана;
лот рақами, ундаги савдо объектлари сони ва номланиши;
лотнинг бошланғич нархи;
бошланғич нархга нисбатан фоиз кўринишида ифодаланган савдо қадами;
закалат пулининг бошланғич нархга нисбатан фоиз кўринишида ва қатъий суммада ифодаланган миқдори;
буюртмачининг манзили ва телефон (мавжуд бўлганда мобил) рақами;
савдолар объектини тавсифловчи маълумотлар;
буюртмачи томонидан тақдим этилган қўшимча маълумотлар (агар мавжуд бўлса);
ижарага берилганда ижарага бериш муддати;
савдолар объекти жойлашган манзил, фотосурат ва геолокацияси;
ҳисоб-китоб қилиш тартиби.
Оператор томонидан электрон дўконда савдо ўтказилиши тўғрисида хабарнома эълон қилингандан кейин савдо ўтказиш шартларини ўзгартиришга йўл қўйилмайди. Буюртмачи томонидан буюртмани савдолардан олиш ҳамда савдолар ўтказиш шартлари ўзгартирилган ҳолда буюртмани қайта юбориш ҳолатлари бундан мустасно.
21. Оператор томонидан савдо платформасида савдолар ўтказиш қоидалари билан танишиш имконияти таъминланади.
5-боб. Нархни ошириб бориш тамойили асосида савдолар ўтказиш тартиби
22. Иштирокчиларнинг савдоларда иштирок этиш бўйича аризалари электрон дўконда хабарнома жойлаштирилган кундан бошлаб савдолар якунлангунга қадар автоматик тарзда қабул қилинади.
Иштирокчи ўз аризасини савдолар якунлангунга қадар чақириб олишга ва такроран юборишга ҳақли, савдолар жараёнида охирги ва охиридан олдинги нарх тасдиқлаган иштирокчилар бундан мустасно.
23. Оператор барча иштирокчилар учун савдоларга киришиш ва қатнашишда имкониятлар тенглигини таъминлайди.
Иштирокчиларга савдода иштирок этиш учун шахсий рақамлар берилади.
24. Савдоларда иштирок этиш учун аризалар бериш ва савдолар жараёнида иштирокчилар тўғрисида маълумотлар электрон дўконда акс эттирилишига йўл қўйилмайди.
25. Савдолар хабарномада келтирилган кун ва вақтда бошланади.
26. Савдолар ҳар битта лот учун алоҳида ўтказилади.
27. Савдолар камида икки нафар иштирокчи мавжуд бўлганда ўтказилади.
28. Бошланғич нарх буюртмачининг буюртмасига асосан белгиланади.
29. Савдо қадами:
биринчи тўртта қадамда — савдолар объекти бошланғич нархининг 5 фоизи миқдорида;
бешинчи ва ундан кейинги қадамларда — савдолар объекти бошланғич нархининг 3 фоизи миқдорида белгиланади.
Бошланғич нархи хабарнома жойлаштириш пайтида базавий ҳисоблаш миқдорининг икки минг бараваридан юқори бўлган савдолар объекти реализация қилинган тақдирда, савдонинг барча қадами савдолар объекти бошланғич нархининг 2 фоизи миқдорида белгиланади.
30. Савдолар электрон дўконда хабарнома эълон қилинган кундан кейинги иш куни соат 10:00 да бошланади ва беш иш куни давомида, охирги иш куни соат 18:00 га қадар ўтказилади.
31. Савдолар иштирокчилардан лотни унинг бошланғич нархидан бир савдо қадамига оширилган нархда сотиб олиш (ижарага олиш) бўйича таклифни тасдиқлашни сўрашдан бошланади.
32. Агар лот нархини ошириш бўйича таклифни охирги тасдиқлаган иштирокчи савдони ўтказиш вақти якунланишига ўн дақиқадан кам қолганда амалга оширган бўлса, савдоларни ўтказиш вақти охирги таклиф тасдиқланган пайтдан бошлаб кейинги ўн дақиқага узайтирилади. Кейинги ҳар бир таклиф савдони ўтказиш вақтини ўн дақиқадан узайтириб боради.
Агар охирги тасдиқланган таклифдан сўнг ўн дақиқа давомида кейинги оширилган лот нархи бўйича таклиф иштирокчиларнинг биронтаси томонидан тасдиқланмаса, савдолар якунланади.
33. Охирги таклифни тасдиқлаган иштирокчи савдо ғолиби деб топилади.
Буюртмачи ихтиёрига кўра (буюртма ва хабарномада кўрсатилган тартибда) лот қиймати тўлиқ ёки бўлиб-бўлиб тўланади. Савдо ғолибига тасдиқланган лот қиймати тўлиқ (буюртмачининг ихтиёрига кўра, бўлиб-бўлиб тўлаш назарда тутилган ҳолларда оператор хизмат ҳақига етарли маблағ) у томонидан тўланганидан сўнг кейинги иш кунидан кечиктирмай савдо натижалари тўғрисидаги QR-кодли (матрик штрихли код) баённома автоматик тарзда расмийлаштирилади.
Бўлиб-бўлиб тўлаш механизми орқали сотилган (ижарага берилган) савдолар объектининг тўлиқ қиймати савдо ғолиби ва буюртмачи ўртасида тузиладиган шартномага асосан тўланади.
34. Баённома савдо ғолиби ва буюртмачининг шахсий кабинетларига электрон шаклда юборилади.
Қиймати тўлиқ тўланган савдо объектлари бўйича баённома олди-сотди (ижара) шартномаси кучига эга бўлиб, мулк ва мулкий ҳуқуқни давлат рўйхатидан ўтказиш учун асос ҳисобланади.
Қиймати бўлиб-бўлиб тўлаш назарда тутилган савдо объектлари бўйича баённома олди-сотди (ижара) шартномасини тузиш учун асос ҳисобланади.
Бунда шартномаларни нотариал тасдиқлаш талаб этилмайди.
35. Савдо ғолибидан бир қадам паст нарх таклифини тасдиқлаган иштирокчи захирадаги ғолиб деб эътироф этилади.
36. Савдо ғолиби белгиланган муддатда лотни сотиб (ижарага) олишдан бош тортса ёки лот қийматини муддатида ёхуд бўлиб-бўлиб тўлашда маблағ оператор хизмат ҳақини етарли тўламаса, оператор кейинги иш кунидан кечиктирмай захирадаги ғолибга у тасдиқлаган нархда лотни сотиб олишни (ижарага олишни) таклиф қилади.
37. Лот қийматини тўлиқ (буюртмачининг ихтиёрига кўра бўлиб-бўлиб тўлаш назарда тутилган ҳолларда оператор хизмат ҳақига етарли маблағ) тўлаган захирадаги ғолиб савдо ғолиби деб топилади ва унга кейинги иш кунидан кечиктирмай савдо натижаси тўғрисида баённома тақдим этилади.
38. Савдо платформасида техник узилиш содир бўлган ҳолларда савдолар вақтинча тўхтатилади ҳамда бу ҳақда иштирокчининг шахсий кабинети, электрон почта манзили ва/ёки мобил телефон рақамига хабар юборилади ҳамда ушбу савдо техник узилиш бартараф қилинган кундан кейинги иш куни соат 10:00 да охирги тасдиқланган нархдан бир қадам оширилган нархни таклиф этишдан давом эттирилади.
Тўхтатилган лот бўйича савдо иштирокчиси давом эттириладиган савдо иштирокчиси сифатида унинг шахсий кабинети, электрон почта манзили ва/ёки мобил телефон рақами орқали хабардор қилинади. Иштирокчи хабар билан ўз вақтида танишмаганлиги учун оператор жавобгар ҳисобланмайди.
Техник узилишни бартараф этиш даврида иштирокчи томонидан ўз тасдиқланган таклифлари қайтариб олинишига йўл қўйилмайди.
Иштирокчининг компьютер ва (ёки) телекоммуникация жиҳозларида техник узилиш бўлганда, бу ҳолат савдо платформасидаги техник узилиш деб ҳисобланмайди ва савдо давом эттирилади.
39. Савдолар қуйидаги ҳолларда ўтказилмаган деб топилади:
савдоларда қатнашиш учун биронта ҳам талабгордан ариза келиб тушмаган бўлса;
савдолар куни иштирокчилар томонидан биронта ҳам таклиф тасдиқланмаса;
мазкур Низомнинг 42-бандида белгиланган тартибда савдо ғолиби ва захирадаги ғолиб томонидан тасдиқланган лот қиймати белгиланган муддатда тўланмаса.
Савдолар ўтказилмаган деб топилганда, савдолар объекти мазкур Низомда белгиланган тартибда такрорий савдога чиқарилади.
6-боб. Нархни ошириб бориш тамойили асосида такрорий савдолар ўтказиш тартиби
40. Такрорий савдолар ўтказилиши тўғрисидаги хабарнома савдолар ўтказилмаган деб топилгандан сўнг автоматик тарзда электрон дўконга жойлаштирилади.
Бунда такрорий савдолар савдолар ўтказилмаган деб топилган кундан кейинги иш куни соат 10:00 дан 18:00 га қадар ўтказилади.
Дастлабки савдолар ўтказилиши тўғрисидаги хабарнома жойлаштирилган вақтдан бошлаб 30 календарь кун давомида сотилмаган (ижарага берилмаган) савдо объектлари автоматик тарзда буюртмачига қайтарилади.
Қайтарилган буюртма буюртмачининг қайта савдоларга чиқариш тўғрисидаги сўровига асосан такрорий савдоларга чиқарилиши мумкин.
41. Савдолар объекти буюртмачига қайтарилганда буюртмачининг сўровига кўра савдолар объектини такрорий савдоларга чиқариш мазкур Низомда белгиланган тартибда амалга оширилади.
7-боб. Нархни ошириб бориш тамойили асосида ўтказиладиган савдоларда ҳисоб-китоб қилиш ва закалат пулини қайтариш тартиби
42. Савдо ғолиби лот қийматини қоида тариқасида уч иш кунидан кечиктирмай тўлайди. Буюртмачи ихтиёрига кўра лот қиймати тўлиқ тўланадиган савдоларда ушбу муддат савдоларга қадар хабарномада эълон қилиш орқали узоғи билан ўн иш кунига қадар кечиктириб белгиланиши мумкин.
Захирадаги ғолибга сотиб олиш (ижарага олиш) бўйича таклиф келиб тушган кундан бошлаб лот қийматини тўлаш учун уч иш кунлик (буюртмачи томонидан бошқа муддат белгиланган ҳолатлар бундан мустасно) муддат берилади.
43. Белгиланган муддатларда тўловларни тўламаган савдо ғолиби (захирадаги ғолиб)нинг закалат миқдори қайтарилмайди.
Қайтарилмаган закалат миқдори оператор тасарруфида қолади.
44. Савдоларни ташкил этиш ва ўтказиш хизматлари учун оператор савдолар объектининг сотилган (ижарага берилган) қийматидан 1 фоиз миқдорида хизмат ҳақи олади.
45. Иштирокчи томонидан савдо платформаси орқали ариза чақириб олинган тақдирда, операторга хабарнома юбориш ҳамда иштирокчининг сўровига кўра закалат суммаси иштирокчининг банкдаги ҳисобварағига (пластик картасига) қайтарилиши савдо платформаси орқали автоматик тарзда амалга оширилади.
46. Савдолар бошлангандан сўнг охирги ва охиридан олдинги нархни тасдиқлаган иштирокчининг аризаси ва киритган закалати қайтариб олинишига йўл қўйилмайди.
47. Закалат пули иштирокчининг савдо платформасидаги шахсий ҳисобварағига кирим қилинади, бунда унинг сўровига кўра банкдаги ҳисобварағи (пластик картаси)га савдолар якунланган деб топилган кундан сўнг қуйидаги тартибда қайтарилади:
захирадаги ғолибга — савдолар якунлангандан сўнг ғолиб томонидан лот қиймати тўлангандан бошлаб уч иш куни ичида;
қолган иштирокчиларга — савдолар якунланган ёки ўтказилмаган деб топилган кундан бошлаб уч иш куни ичида.
Иштирокчига закалат пули қайтарилганда банк ҳисобварағи (пластик карта рақамлари) нотўғри кўрсатилганлиги ёки бошқа сабабларга кўра тўлов операторнинг банк ҳисобварағига қайтиб тушган тақдирда, оператор иштирокчини бу ҳақда савдо платформаси орқали огоҳлантиради. Бунда закалат пули иштирокчининг шахсий ҳисобварағига бириктирилади. Иштирокчи банк ҳисобварағи (пластик карта) рақами тўғри кўрсатилган ҳолда закалат пулларини қайтариш юзасидан сўров юбориши мумкин.
8-боб. Эълон қилинган нархда сотиш тартиби
48. Буюртмачи томонидан тақдим этилган буюртма ва унга илова қилинган маълумот ҳамда ҳужжатлар белгиланган талабларга мувофиқ деб эътироф этилган тақдирда, оператор буюртмани олган кундан кейинги икки иш кунидан кечиктирмай савдолар объекти сотилиши (ижарага берилиши) тўғрисидаги эълонни электрон дўконда жойлаштиради.
Бунда, кўчмас мулк, махсус техника ва автотранспорт воситалари, шунингдек, савдолар объектининг эълон қилинган нархи буюртма қабул қилинган кундаги базавий ҳисоблаш миқдорининг 60 бараваридан юқори бўлган савдо объектлари эълон қилинган нархда сотиш тартиби қўлланилмайди.
Оператор буюртмада кўрсатилган маълумотларнинг ва унга илова қилинган ҳужжатларнинг ҳақиқийлиги учун жавобгар ҳисобланмайди.
49. Эълон буюртмачининг ихтиёрига кўра белгиланган муддат ва/ёки сотилгунга (ижарага берилгунга) қадар электрон дўконга жойлаштирилади.
50. Эълон қуйидагиларни ўз ичига олиши зарур:
савдолар объекти номи;
савдолар объектининг эълон қилинган нархи (ижара нархи);
буюртмачининг манзили ва телефон (мавжуд бўлганда мобил) рақами;
савдолар объектини тавсифловчи маълумотлар;
буюртмачи томонидан тақдим этилган қўшимча маълумотлар (агар мавжуд бўлса);
ижарага берилганда ижарага бериш муддати;
савдолар объекти жойлашган манзил, фотосурат ва геолокацияси;
ҳисоб-китоб қилиш тартиби.
51. Талабгор савдолар объектини эълон қилинган (ижара) нархини электрон дўконда операторга тўлиқ (буюртмачининг ихтиёрига кўра бўлиб-бўлиб тўлаш назарда тутилган ҳолларда оператор хизмат ҳақига етарли маблағ) тўлаш орқали сотиб (ижарага) олади.
Бунда талабгорнинг шахсий кабинетида савдолар объектини сотиб (ижарага) олишга етарли пул маблағлари мавжуд бўлиши талаб этилади.
Бўлиб-бўлиб тўлаш механизми орқали сотилган (ижарага берилган) савдолар объектининг тўлиқ қиймати савдо ғолиби ва буюртмачи ўртасида тузиладиган шартномага асосан тўланади.
52. Савдолар объектининг эълон қилинган нархи (ижара нархи) тўлангандан сўнг харидорга оператор томонидан кейинги иш кунидан кечиктирмай баённома автоматик тарзда расмийлаштирилади.
9-боб. Савдолар объектини топшириш-қабул қилиш тартиби
53. Савдолар натижалари бўйича пул маблағлари операторнинг махсус ҳисобварағида йиғилади ва савдо ғолиби (харидор) томонидан шахсий кабинети орқали савдолар объектини қабул қилиб олганлигини тасдиқлаганидан сўнг улар буюртмачи ҳисобварағига (оператор хизмат ҳақи чегирилган ҳолда) ўтказилади.
Савдо ғолиби (харидор) лот реквизитларида кўрсатилган барча параметрларга тўлиқ мос келувчи савдолар объектини қабул қилишдан бош тортган тақдирда, тарафлар (ғолиб, буюртмачи ва оператор)нинг келишувига асосан тўланган пул маблағлари ушбу Низомда белгиланган тартибда (оператор хизмат ҳақи чегирилган ҳолда) савдо ғолибига (харидорга) қайтарилади. Бунда буюртма оператор томонидан буюртмачига автоматик тарзда қайтарилади.
Тарафлар келишувга эришмаган тақдирда, ушбу низоли масала суд тартибида кўриб чиқилади.
Низоли масала ҳал этилмагунга қадар савдо ғолиби (харидор) томонидан тўланган пул маблағлари операторнинг махсус ҳисобварағида сақланади.
10-боб. Якунловчи қоидалар
54. Буюртмачи лотда кўрсатилган савдо объект(лар)ини тўлиқ ва бут ҳолатда сақлаш, савдо жараёни якунлангандан ҳамда харидор томонидан тегишли тўловлар амалга оширилгандан кейин бир иш кунидан ошмаган муддатда харидорга топширилишини таъминлаш учун жавобгар ҳисобланади.
55. Мазкур Низом талаблари бузилишида айбдор бўлган шахслар қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда жавобгар бўладилар.
Хусусий мулкдорлар буюртмаси асосида уларнинг мулкларини соддалаштирилган тартиб ва муддатларда сотиш ва ижарага бериш бўйича савдолар ўтказиш тартиби тўғрисидаги низомга ИЛОВА
Хусусий мулкдорлар буюртмаси асосида уларнинг мулкларини соддалаштирилган тартиб ва муддатларда сотиш ва ижарага бериш бўйича савдолар ўтказиш
Босқичлар Субъектлар Тадбирлар Муддатлар 1-босқич Буюртмачи (ўзига мулк ҳуқуқи асосида тегишли бўлган савдо объектини электрон дўкон орқали сотиш ёки ижарага бериш учун буюртма юборган жисмоний ёки юридик шахс, шунингдек, мулкдорнинг ишончномаси орқали учинчи шахс) 1. Буюртмачи электрон савдо платформасидан рўйхатдан ўтиши. 1. Электрон буюртма бериш санасига қадар. 2. «Электрон онлайн-аукционларни ташкил этиш» АЖ (кейинги ўринларда — оператор) билан хусусий мулкдорларнинг мулклари бўйича «E-auksion shop» электрон савдо дўкони орқали сотиш, ижарага бериш бўйича хизмат кўрсатишга шартнома тузиш. 2. Электрон буюртма бериш санасига қадар. 3. Объектни «E-auksion shop» электрон савдо дўкони орқали сотиш учун операторга электрон буюртма бериш. 3. Хабарнома «E-auksion shop» электрон савдо дўконида жойлаштирилгунга қадар. 2-босқич Оператор («Электрон онлайн-аукционларни ташкил этиш» АЖ) 1. «E-auksion shop» электрон савдо дўкони орқали савдо ўтказилиши ҳақида «E-auksion shop» электрон савдо дўконига хабарнома жойлаштириш. 1. Буюртма олинган кундан кейинги икки иш кунидан кечиктирмай. 2. Талабгорлардан ариза қабул қилиш. 2. Хабарнома «E-auksion shop» электрон савдо дўконида эълон қилинган кундан бошлаб савдо якунлангунга қадар. 3-босқич Талабгор (жисмоний ва юридик шахслар) 1. Савдо платформасидан рўйхатдан ўтиш ва савдо қоидалари, савдо платформасининг тартиб-таомилларини қабул қилгани юзасидан электрон шартнома имзолаш. 1. «E-auksion shop» электрон савдо дўкони орқали савдода иштирок этиш учун ариза бериш санасига қадар. 2. Шахсий ҳисобварақни закалат пулини ўтказишга талаб этиладиган миқдордаги пул маблағлари билан тўлдириш. 2. Хабарнома «E-auksion shop» электрон дўконида эълон қилинган кундан бошлаб савдо якунлангунга қадар. 3. Ариза юбориш. 3. Хабарнома «E-auksion shop» электрон дўконида эълон қилинган кундан бошлаб савдо якунлангунга қадар. 4. Иштирокчи шахсий кабинети орқали закалат пулини тўлаши. 4. «E-auksion shop» электрон савдо дўкони орқали савдода иштирок этиш учун ариза бергунига қадар. 4-босқич Оператор («Электрон онлайн-аукционларни ташкил этиш» АЖ) Савдо «E-auksion shop» электрон савдо дўконида автоматик тарзда ўтказилади. Савдо хабарнома электрон дўконда эълон қилинган кундан кейинги иш куни соат 10:00 да бошлаб, беш иш куни давомида, охирги иш куни соат 18:00 га қадар. 5-босқич Савдо ғолиби Лот қийматини тўлаш. Уч иш куни ичида тўловни тўлиқ амалга ошириш. 6-босқич Оператор («Электрон онлайн-аукционларни ташкил этиш» АЖ) 1. Савдо натижалари операторнинг савдо платформасида эълон қилиш. 1. Савдо якунланиши билан. 2. QR-кодини қўллаш савдо натижалари тўғрисидаги электрон баённомани расмийлаштириш. 2. Лот қиймати (оператор хизмат ҳақига етарли маблағ) тўлангандан сўнг кейинги иш кунидан кечиктирмай. 3. Баённомани савдо ғолибининг ва Буюртмачининг кабинетига юбориш. 3. Баённома расмийлаштирилгандан сўнг. 4. Келиб тушган пул маблағларини тақсимлаш. 4. Савдо ғолиби томонидан объект қабул қилинганлиги тасдиқлангандан сўнг уч иш куни ичида.
Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А. АРИПОВ
Тошкент ш.,
2023 йил 16 октябрь,
540-сон
Oʻzbekiston Respublikasi Vazirlar Mahkamasining
qarori
NIZOM
SXEMASI
Xususiy mulkdorlar buyurtmasi asosida ularning mulklarini soddalashtirilgan tartib va muddatlarda sotish va ijaraga berish boʻyicha savdolarni oʻtkazish chora-tadbirlari toʻgʻrisida
Oʻzbekiston Respublikasi Prezidentining “Davlat aktivlarini boshqarish agentligi faoliyatini samarali tashkil etish chora-tadbirlari toʻgʻrisida” 2023-yil 24-martdagi PQ-101-son qarori ijrosini taʼminlash maqsadida Vazirlar Mahkamasi qaror qiladi:
1. Xususiy mulkdorlar buyurtmasi asosida ularning mulklarini soddalashtirilgan tartib va muddatlarda sotish maqsadida “E-auksion” elektron savdo platformasida “E-auksion shop” elektron savdo doʻkoni faoliyati yoʻlga qoʻyilganligi maʼlumot uchun qabul qilinsin.
2. Quyidagilarni nazarda tutuvchi Xususiy mulkdorlar buyurtmasi asosida ularning mulklarini soddalashtirilgan tartib va muddatlarda “E-auksion shop” elektron savdo doʻkoni orqali sotish va ijaraga berish boʻyicha savdolar oʻtkazish tartibi toʻgʻrisidagi nizom ilovaga muvofiq tasdiqlansin:
buyurtmachi va talabgorning (ishtirokchining) huquq va majburiyatlari, buyurtmani yaratish va joylashtirish;
narxni oshirib borish tamoyili asosida savdolar oʻtkazilishi toʻgʻrisidagi xabarnomani joylashtirish, savdolarni va takroriy savdolarni oʻtkazish;
narxni oshirib borish tamoyili asosida oʻtkaziladigan savdolarda hisob-kitob qilish;
eʼlon qilingan narxda sotish;
savdolar obyektini topshirish va qabul qilish.
3. Vazirlar Mahkamasining 2022-yil 12-yanvardagi 18-son qarori bilan tasdiqlangan “E-auksion” elektron savdo platformasida elektron onlayn-auksion va tanlovlarni tashkil etish hamda oʻtkazish tartibi toʻgʻrisidagi nizom 1-bandining ikkinchi va uchinchi xatboshilari quyidagi tahrirda bayon etilsin:
“Mazkur Nizom talablari xususiy mulkdorlar buyurtmasi asosida ularning mulklarini soddalashtirilgan tartib va muddatlarda sotish hamda ijaraga berishga, shuningdek, mazkur Nizomning elektron tanlov oʻtkazish qismi dehqon xoʻjaligini yuritish va yuridik shaxslarga qishloq xoʻjaligi maqsadlari uchun yer uchastkalarini elektron tanlov orqali ijaraga berishga nisbatan tatbiq etilmaydi.
Xususiy mulkdorlar buyurtmasi asosida ularning mulklarini soddalashtirilgan tartib va muddatlarda sotish va ijaraga berish, shuningdek, dehqon xoʻjaligini yuritish va yuridik shaxslarga qishloq xoʻjaligi maqsadlari uchun yer uchastkalarini elektron tanlov orqali ijaraga berish tartibi Vazirlar Mahkamasining alohida qarorlari bilan belgilanadi”.
4. Mazkur qarorning bajarilishini nazorat qilish Oʻzbekiston Respublikasi Davlat aktivlarini boshqarish agentligi direktori A.J. Ortiqov zimmasiga yuklansin.
Vazirlar Mahkamasining 2023-yil 16-oktabrdagi 540-son qaroriga ILOVA
Xususiy mulkdorlar buyurtmasi asosida ularning mulklarini soddalashtirilgan tartib va muddatlarda “E-auksion shop” elektron savdo doʻkoni orqali sotish va ijaraga berish boʻyicha savdolar oʻtkazish tartibi toʻgʻrisidagi
1-bob. Umumiy qoidalar
1. Ushbu Nizom xususiy mulkdorlar buyurtmasiga asosan ularning mulklarini soddalashtirilgan tartib va muddatlarda “E-auksion shop” elektron savdo doʻkoni orqali sotish va ijaraga berish boʻyicha savdolar oʻtkazish tartibini belgilaydi.
Mazkur Nizom talablari budjet tashkilotlari va ustav fondida davlat ulushi 50 foiz va undan ortiq boʻlgan yuridik shaxslar, shuningdek, ustav fondining 50 foizi va undan ortigʻi 50 foiz va undan ortiq miqdorda davlat ulushiga ega yuridik shaxsga tegishli boʻlgan yuridik shaxslar, toʻlovga qobiliyatsizlik tartib-taomillari qoʻllanilayotgan yuridik va jismoniy shaxslarning mol-mulklarini, shuningdek, davlatga tegishli boʻlgan mol-mulklarni sotish hamda ijaraga berishga nisbatan tatbiq etilmaydi.
2. Ushbu Nizomda quyidagi asosiy tushunchalardan foydalaniladi:
“E-auksion shop” elektron savdo doʻkoni (keyingi oʻrinlarda — elektron doʻkon) — xususiy mulkdorlar mulklarining elektron savdolarini tashkil etish va oʻtkazishni taʼminlaydigan “E-auksion” elektron savdo platformasidagi (keyingi oʻrinlarda — savdo platformasi) elektron doʻkon;
buyurtmachi — oʻziga mulk huquqi asosida tegishli boʻlgan savdolar obyektini elektron doʻkon orqali sotish yoki ijaraga berish uchun buyurtma yuborgan jismoniy yoki yuridik shaxs, shuningdek, mulkdorning ishonchnomasi orqali uchinchi shaxs (budjet tashkilotlari va ustav fondida davlat ulushi 50 foiz va undan ortiq boʻlgan yuridik shaxslar, shuningdek, ustav fondining 50 foizi va undan ortigʻi 50 foiz va undan ortiq miqdorda davlat ulushiga ega yuridik shaxsga tegishli boʻlgan yuridik shaxslar, toʻlovga qobiliyatsizlik tartib-taomillari qoʻllanilayotgan yuridik va jismoniy shaxslar bundan mustasno);
elektron onlayn-savdolar (keyingi oʻrinlarda — savdolar) — elektron doʻkon orqali mulkdorning xohishiga koʻra savdolar obyektining narxini oshirib borish tamoyilida yoki eʼlon qilingan narxda sotish orqali oʻtkaziladigan elektron savdo usuli;
lot — buyurtmachi tomonidan sotish yoki ijaraga berish uchun elektron doʻkonga qoʻyilgan savdolar obyekti;
operator — elektron doʻkonda savdoni tashkil etish va oʻtkazish vakolatiga ega yuridik shaxs — “Elektron onlayn-auksionlarni tashkil etish” AJ;
savdolar obyekti — elektron doʻkon orqali sotiladigan xususiy mulkdorlarga tegishli mol-mulklar, shu jumladan, ijaraga beriladigan koʻchmas mulk, maxsus texnika va avtotransport vositalari (oziq-ovqat mahsulotlari, tez buziladigan tovarlar, yengil alangalanuvchi va yonuvchi suyuqliklar, termik ishlov berilmagan, shu jumladan, kelib chiqishi hayvonotga mansub mahsulot va xomashyolar, alkogol va tamaki mahsulotlari, giyohvandlik moddalari, pestitsidlar va agroximikatlar, kimyoviy moddalar va zaharlar, dori vositalari hamda diniy mazmundagi materiallar bundan mustasno);
savdo qadami — savdolar obyekti boshlangʻich narxiga nisbatan belgilanadigan foiz;
savdo ishtirokchisi (keyingi oʻrinlarda — ishtirokchi) — elektron doʻkon orqali savdoda ishtirok etish uchun elektron ariza bergan yuridik yoki jismoniy shaxs;
savdo platformasidagi texnik uzilish — savdo jarayonida bir yoki bir nechta ishtirokchining qatnashishini yoki mazkur Nizom talablari asosida operatorning xizmat koʻrsatish imkoniyatini cheklaydigan savdo platformasidagi, shu jumladan, elektron doʻkondagi texnik nosozliklar;
talabgor — savdolarda ishtirok etish istagini bildirgan va operatorning savdo platformasida ushbu Nizom bilan belgilangan tartibda roʻyxatdan oʻtkazilgan yuridik yoki jismoniy shaxs;
xabarnoma — elektron doʻkonda muayyan lot boʻyicha savdo oʻtkazilishi toʻgʻrisidagi maʼlumot;
xaridor — eʼlon qilingan narx boʻyicha savdolar obyekti qiymatini toʻliq toʻlagan talabgor;
shaxsiy kabinet — buyurtmachi yoki ishtirokchiga savdo platformasidagi savdolarda buyurtma berish, ularda qatnashish, shaxsiy hisobvaraqni boshqarish, uning holati va boshqa statistik maʼlumotlarni koʻrish hamda operator tomonidan yuborilayotgan xabarlar bilan tanishib borish imkonini beruvchi savdo platformasining maxsus boʻlimi.
3. Xususiy mulkdorlar buyurtmasiga asosan ularning mulklarini soddalashtirilgan tartib va muddatlarda sotish va ijaraga berish boʻyicha elektron savdolarni tashkil etish hamda oʻtkazish mazkur Nizomga ilovada keltirilgan sxemaga muvofiq amalga oshiriladi.
4. Savdolar ushbu Nizom talablariga muvofiq elektron doʻkonda buyurtmachining buyurtmasi asosida quyidagi tartibda oʻtkaziladi:
narxni oshirib borish tamoyili asosida oʻtkaziladigan elektron onlayn-savdo orqali;
eʼlon qilingan narxda sotish orqali.
5. Savdolarni tashkil etish hamda oʻtkazish doirasida operator quyidagi majburiyatlarni zimmasiga oladi:
savdolarni belgilangan tartibda va vaqtda tashkil etish va oʻtkazish;
elektron doʻkonda savdolar inson omili aralashuvisiz oʻtkazilishini taʼminlash.
6. Savdoda ishtirok etish uchun buyurtmachi va talabgor savdo platformasida roʻyxatdan oʻtadi.
Savdo platformasidan roʻyxatdan oʻtishda buyurtmachi va talabgorning pasport yoki ID-karta maʼlumotlari, STIRi, yuridik manzili, bank rekvizitlari, buyurtmachi va talabgor rahbari (yoki vakolatli shaxs)ning pasport yoki ID-karta maʼlumotlari hamda aloqa maʼlumotlari koʻrsatiladi.
Roʻyxatdan oʻtish va shaxsni identifikatsiya qilish maʼlumotlarni toʻldirib ularni elektron raqamli imzo (keyingi oʻrinlarda — ERI) yoki savdo platformasida yaratilgan maxsus identifikatsiyalash imkoniyati yordamida tasdiqlangandan soʻng amalga oshiriladi.
7. Roʻyxatdan oʻtish jarayonida buyurtmachi va talabgor savdolar oʻtkazish tartibi bilan tanishgani, savdo platformasining, shu jumladan, elektron doʻkonning oʻziga xos jihatlari va tartib-taomillarini qabul qilganligi toʻgʻrisida operator bilan elektron savdolarni tashkil etish va oʻtkazish boʻyicha elektron shartnoma (oferta)ni ERI yoki maxsus identifikatsiyalash imkoniyati orqali imzolaydi.
Savdo platformasida roʻyxatdan oʻtmagan shaxs savdoni oʻtkazish uchun buyurtma bera olmaydi va savdolarda ishtirok eta olmaydi.
Roʻyxatdan oʻtgan buyurtmachi va talabgorga savdo platformasida shaxsiy kabinet ochiladi.
8. Savdolarda ishtirok etish uchun zakalat puli mol-mulk boshlangʻich narxining 5 foizi miqdorida belgilanadi va operatorning bank hisobvaragʻiga oʻtkaziladi (eʼlon qilingan narxda sotish bundan mustasno).
2-bob. Buyurtmachi va talabgorning (ishtirokchining) huquq va majburiyatlari
9. Buyurtmachi operator bilan elektron doʻkonda savdolar oʻtkazish boʻyicha xizmatlar koʻrsatish yuzasidan savdo platformasi orqali shartnoma tuzishga haqli.
10. Buyurtmachi quyidagilarga majbur:
savdolar obyektini elektron doʻkonga joylashtirgan vaqtdan boshlab mol-mulkning butligi va soz holatda saqlanishini taʼminlash;
savdolar obyektini talabgorga (ishtirokchiga) koʻrsatish uchun sharoit yaratish;
savdolar obyektini gʻolibga (xaridorga) zarar yetkazilmagan holda topshirish;
maʼlumotlarning haqiqiyligini taʼminlash.
11. Talabgor (ishtirokchi) quyidagi huquqlarga ega:
operator bilan elektron doʻkonda sotib (ijaraga) olish boʻyicha xizmatlar koʻrsatish yuzasidan savdo platformasi orqali shartnoma tuzish;
savdolar obyektini sotib (ijaraga) olishdan avval borib koʻrish va savdolar obyektiga oid maʼlumotlar bilan tanishish;
savdolar obyektiga oid eʼtirozlar mavjud boʻlganda, sotib (ijaraga) olgunga qadar ushbu eʼtirozlar yuzasidan buyurtmachiga murojaat qilish.
12. Talabgor (ishtirokchi) savdo platformasi va/yoki elektron doʻkon orqali oʻtkaziladigan savdolarda qatnashish boʻyicha tuziladigan shartnoma shartlarini bajarishga majbur.
13. Operator savdolar obyektini saqlash, topshirish-qabul qilish jarayonida ishtirok etmaydi va uning oqibatlari uchun javobgar hisoblanmaydi.
3-bob. Buyurtmani yaratish va joylashtirish tartibi
14. Savdolar obyekti savdolarga buyurtmachi tomonidan savdo platformasi orqali yuborilgan buyurtma asosida chiqariladi.
15. Buyurtmaga quyidagi maʼlumotlar va hujjatlar ilova qilinadi:
savdolar oʻtkazish shakli (narxni oshirib borish yoki eʼlon qilingan narxda);
savdolar obyekti nomi;
savdolar obyektining boshlangʻich narxi (eʼlon qilingan narxda sotishda baholangan narxi);
savdolar obyektini tavsiflovchi (koʻchmas mulkda — yer va qurilish maydoni, maxsus texnika, avtotransport hamda maishiy texnika vositalarida — texnik xususiyatlari va boshqalar) maʼlumotlar va hujjatlar;
buyurtmachining manzili va telefon (mobil, mavjud boʻlganda — statsionar) raqami;
savdolar obyekti joylashgan manzil, fotosurat (kamida 3 ta) va geolokatsiyasi;
savdolar obyektiga boʻlgan egalik huquqini belgilovchi hujjatlar (koʻchmas mulk obyektlari boʻyicha mulk huquqini tasdiqlovchi hujjat);
ijaraga berilganda — ijaraga berish muddati;
sertifikatlanishi shart boʻlgan tovarlar boʻyicha — muvofiqlik sertifikatlari;
hisob-kitob qilish tartibi;
buyurtmachi tomonidan taqdim etilgan qoʻshimcha maʼlumotlar (agar mavjud boʻlsa);
operator tomonidan taqdim etilishi soʻralgan savdo obyektiga taalluqli boshqa hujjatlar.
16. Agar buyurtmaga ushbu Nizomning 15-bandida nazarda tutilgan maʼlumotlar kiritilmagan va/yoki hujjatlar ilova qilinmagan, buyurtmachi mazkur Nizomda buyurtmachi uchun belgilangan mezonlarga nomuvofiqligi haqida maʼlumot kelib tushgan boʻlsa, operator buyurtmani olgan kunidan keyingi ikki ish kunidan kechiktirmay buyurtmani savdo platformasi orqali buyurtmachiga qaytaradi. Buyurtmachi operator tomonidan koʻrsatilgan kamchiliklarni bartaraf etib, buyurtmani qayta yuborishga haqli.
17. Buyurtmachi buyurtmani ishtirokchi tomonidan narx tasdiqlangunga (savdolar obyekti sotib yoki ijaraga olingunga) qadar savdo platformasi orqali elektron soʻrov berish yoʻli bilan savdodan olishi mumkin. Bunda, savdodan olish avtomatik tarzda amalga oshiriladi. Savdolarda narx tasdiqlangandan (savdolar obyekti sotib yoki ijaraga olingandan) soʻng elektron soʻrov qabul qilinmaydi va savdoni oʻtkazish tartib-taomillari davom ettiriladi.
Buyurtmachi buyurtmani ishtirokchi tomonidan narx tasdiqlangunga (savdolar obyekti sotib yoki ijaraga olingunga) qadar savdo platformasi orqali elektron soʻrov berish yoʻli bilan savdodan olish holatlari 2-marta takrorlangan taqdirda, operator hisobiga:
3-martadan boshlab bazaviy hisoblash miqdorining 1 baravari miqdorida;
5-martadan boshlab bazaviy hisoblash miqdorining 3 baravari miqdorida;
7-martadan boshlab bazaviy hisoblash miqdorining 10 baravari miqdorida buyurtmachidan qoʻshimcha toʻlov undiriladi.
Bunda mazkur toʻlovni undirish toʻgʻrisidagi ogohlantirish buyurtmachi oʻz buyurtmasini qaytarib olish istagini bildirgan vaqtda unga savdo platformasi orqali maʼlum qilinadi.
4-bob. Narxni oshirib borish tamoyili asosida oʻtkaziladigan savdolar oʻtkazilishi toʻgʻrisidagi xabarnomani joylashtirish
18. Buyurtmachi tomonidan taqdim etilgan buyurtma va unga ilova qilingan maʼlumot hamda hujjatlar belgilangan talablarga muvofiq deb eʼtirof etilgan taqdirda, operator buyurtmani olgan kundan keyingi ikki ish kunidan kechiktirmay savdolar oʻtkazilishi toʻgʻrisidagi xabarnomani elektron doʻkonda eʼlon qiladi.
Operator buyurtmada koʻrsatilgan maʼlumotlarning va unga ilova qilingan hujjatlarning haqiqiyligi uchun javobgar hisoblanmaydi.
19. Tegishli lot boʻyicha savdolar boshlanganidan soʻng elektron doʻkonda savdolar boshlanganligi haqidagi maʼlumotlar avtomatik ravishda eʼlon qilinadi.
Elektron doʻkonda savdolar yakunlangandan soʻng savdolar yakunlangan vaqt va uning natijalari toʻgʻrisidagi maʼlumotlar avtomatik ravishda eʼlon qilinadi.
20. Xabarnoma quyidagilarni oʻz ichiga olishi zarur:
savdolar oʻtkaziladigan sana;
lot raqami, undagi savdo obyektlari soni va nomlanishi;
lotning boshlangʻich narxi;
boshlangʻich narxga nisbatan foiz koʻrinishida ifodalangan savdo qadami;
zakalat pulining boshlangʻich narxga nisbatan foiz koʻrinishida va qatʼiy summada ifodalangan miqdori;
buyurtmachining manzili va telefon (mavjud boʻlganda mobil) raqami;
savdolar obyektini tavsiflovchi maʼlumotlar;
buyurtmachi tomonidan taqdim etilgan qoʻshimcha maʼlumotlar (agar mavjud boʻlsa);
ijaraga berilganda ijaraga berish muddati;
savdolar obyekti joylashgan manzil, fotosurat va geolokatsiyasi;
hisob-kitob qilish tartibi.
Operator tomonidan elektron doʻkonda savdo oʻtkazilishi toʻgʻrisida xabarnoma eʼlon qilingandan keyin savdo oʻtkazish shartlarini oʻzgartirishga yoʻl qoʻyilmaydi. Buyurtmachi tomonidan buyurtmani savdolardan olish hamda savdolar oʻtkazish shartlari oʻzgartirilgan holda buyurtmani qayta yuborish holatlari bundan mustasno.
21. Operator tomonidan savdo platformasida savdolar oʻtkazish qoidalari bilan tanishish imkoniyati taʼminlanadi.
5-bob. Narxni oshirib borish tamoyili asosida savdolar oʻtkazish tartibi
22. Ishtirokchilarning savdolarda ishtirok etish boʻyicha arizalari elektron doʻkonda xabarnoma joylashtirilgan kundan boshlab savdolar yakunlangunga qadar avtomatik tarzda qabul qilinadi.
Ishtirokchi oʻz arizasini savdolar yakunlangunga qadar chaqirib olishga va takroran yuborishga haqli, savdolar jarayonida oxirgi va oxiridan oldingi narx tasdiqlagan ishtirokchilar bundan mustasno.
23. Operator barcha ishtirokchilar uchun savdolarga kirishish va qatnashishda imkoniyatlar tengligini taʼminlaydi.
Ishtirokchilarga savdoda ishtirok etish uchun shaxsiy raqamlar beriladi.
24. Savdolarda ishtirok etish uchun arizalar berish va savdolar jarayonida ishtirokchilar toʻgʻrisida maʼlumotlar elektron doʻkonda aks ettirilishiga yoʻl qoʻyilmaydi.
25. Savdolar xabarnomada keltirilgan kun va vaqtda boshlanadi.
26. Savdolar har bitta lot uchun alohida oʻtkaziladi.
27. Savdolar kamida ikki nafar ishtirokchi mavjud boʻlganda oʻtkaziladi.
28. Boshlangʻich narx buyurtmachining buyurtmasiga asosan belgilanadi.
29. Savdo qadami:
birinchi toʻrtta qadamda — savdolar obyekti boshlangʻich narxining 5 foizi miqdorida;
beshinchi va undan keyingi qadamlarda — savdolar obyekti boshlangʻich narxining 3 foizi miqdorida belgilanadi.
Boshlangʻich narxi xabarnoma joylashtirish paytida bazaviy hisoblash miqdorining ikki ming baravaridan yuqori boʻlgan savdolar obyekti realizatsiya qilingan taqdirda, savdoning barcha qadami savdolar obyekti boshlangʻich narxining 2 foizi miqdorida belgilanadi.
30. Savdolar elektron doʻkonda xabarnoma eʼlon qilingan kundan keyingi ish kuni soat 10:00 da boshlanadi va besh ish kuni davomida, oxirgi ish kuni soat 18:00 ga qadar oʻtkaziladi.
31. Savdolar ishtirokchilardan lotni uning boshlangʻich narxidan bir savdo qadamiga oshirilgan narxda sotib olish (ijaraga olish) boʻyicha taklifni tasdiqlashni soʻrashdan boshlanadi.
32. Agar lot narxini oshirish boʻyicha taklifni oxirgi tasdiqlagan ishtirokchi savdoni oʻtkazish vaqti yakunlanishiga oʻn daqiqadan kam qolganda amalga oshirgan boʻlsa, savdolarni oʻtkazish vaqti oxirgi taklif tasdiqlangan paytdan boshlab keyingi oʻn daqiqaga uzaytiriladi. Keyingi har bir taklif savdoni oʻtkazish vaqtini oʻn daqiqadan uzaytirib boradi.
Agar oxirgi tasdiqlangan taklifdan soʻng oʻn daqiqa davomida keyingi oshirilgan lot narxi boʻyicha taklif ishtirokchilarning birontasi tomonidan tasdiqlanmasa, savdolar yakunlanadi.
33. Oxirgi taklifni tasdiqlagan ishtirokchi savdo gʻolibi deb topiladi.
Buyurtmachi ixtiyoriga koʻra (buyurtma va xabarnomada koʻrsatilgan tartibda) lot qiymati toʻliq yoki boʻlib-boʻlib toʻlanadi. Savdo gʻolibiga tasdiqlangan lot qiymati toʻliq (buyurtmachining ixtiyoriga koʻra, boʻlib-boʻlib toʻlash nazarda tutilgan hollarda operator xizmat haqiga yetarli mablagʻ) u tomonidan toʻlanganidan soʻng keyingi ish kunidan kechiktirmay savdo natijalari toʻgʻrisidagi QR-kodli (matrik shtrixli kod) bayonnoma avtomatik tarzda rasmiylashtiriladi.
Boʻlib-boʻlib toʻlash mexanizmi orqali sotilgan (ijaraga berilgan) savdolar obyektining toʻliq qiymati savdo gʻolibi va buyurtmachi oʻrtasida tuziladigan shartnomaga asosan toʻlanadi.
34. Bayonnoma savdo gʻolibi va buyurtmachining shaxsiy kabinetlariga elektron shaklda yuboriladi.
Qiymati toʻliq toʻlangan savdo obyektlari boʻyicha bayonnoma oldi-sotdi (ijara) shartnomasi kuchiga ega boʻlib, mulk va mulkiy huquqni davlat roʻyxatidan oʻtkazish uchun asos hisoblanadi.
Qiymati boʻlib-boʻlib toʻlash nazarda tutilgan savdo obyektlari boʻyicha bayonnoma oldi-sotdi (ijara) shartnomasini tuzish uchun asos hisoblanadi.
Bunda shartnomalarni notarial tasdiqlash talab etilmaydi.
35. Savdo gʻolibidan bir qadam past narx taklifini tasdiqlagan ishtirokchi zaxiradagi gʻolib deb eʼtirof etiladi.
36. Savdo gʻolibi belgilangan muddatda lotni sotib (ijaraga) olishdan bosh tortsa yoki lot qiymatini muddatida yoxud boʻlib-boʻlib toʻlashda mablagʻ operator xizmat haqini yetarli toʻlamasa, operator keyingi ish kunidan kechiktirmay zaxiradagi gʻolibga u tasdiqlagan narxda lotni sotib olishni (ijaraga olishni) taklif qiladi.
37. Lot qiymatini toʻliq (buyurtmachining ixtiyoriga koʻra boʻlib-boʻlib toʻlash nazarda tutilgan hollarda operator xizmat haqiga yetarli mablagʻ) toʻlagan zaxiradagi gʻolib savdo gʻolibi deb topiladi va unga keyingi ish kunidan kechiktirmay savdo natijasi toʻgʻrisida bayonnoma taqdim etiladi.
38. Savdo platformasida texnik uzilish sodir boʻlgan hollarda savdolar vaqtincha toʻxtatiladi hamda bu haqda ishtirokchining shaxsiy kabineti, elektron pochta manzili va/yoki mobil telefon raqamiga xabar yuboriladi hamda ushbu savdo texnik uzilish bartaraf qilingan kundan keyingi ish kuni soat 10:00 da oxirgi tasdiqlangan narxdan bir qadam oshirilgan narxni taklif etishdan davom ettiriladi.
Toʻxtatilgan lot boʻyicha savdo ishtirokchisi davom ettiriladigan savdo ishtirokchisi sifatida uning shaxsiy kabineti, elektron pochta manzili va/yoki mobil telefon raqami orqali xabardor qilinadi. Ishtirokchi xabar bilan oʻz vaqtida tanishmaganligi uchun operator javobgar hisoblanmaydi.
Texnik uzilishni bartaraf etish davrida ishtirokchi tomonidan oʻz tasdiqlangan takliflari qaytarib olinishiga yoʻl qoʻyilmaydi.
Ishtirokchining kompyuter va (yoki) telekommunikatsiya jihozlarida texnik uzilish boʻlganda, bu holat savdo platformasidagi texnik uzilish deb hisoblanmaydi va savdo davom ettiriladi.
39. Savdolar quyidagi hollarda oʻtkazilmagan deb topiladi:
savdolarda qatnashish uchun bironta ham talabgordan ariza kelib tushmagan boʻlsa;
savdolar kuni ishtirokchilar tomonidan bironta ham taklif tasdiqlanmasa;
mazkur Nizomning 42-bandida belgilangan tartibda savdo gʻolibi va zaxiradagi gʻolib tomonidan tasdiqlangan lot qiymati belgilangan muddatda toʻlanmasa.
Savdolar oʻtkazilmagan deb topilganda, savdolar obyekti mazkur Nizomda belgilangan tartibda takroriy savdoga chiqariladi.
6-bob. Narxni oshirib borish tamoyili asosida takroriy savdolar oʻtkazish tartibi
40. Takroriy savdolar oʻtkazilishi toʻgʻrisidagi xabarnoma savdolar oʻtkazilmagan deb topilgandan soʻng avtomatik tarzda elektron doʻkonga joylashtiriladi.
Bunda takroriy savdolar savdolar oʻtkazilmagan deb topilgan kundan keyingi ish kuni soat 10:00 dan 18:00 ga qadar oʻtkaziladi.
Dastlabki savdolar oʻtkazilishi toʻgʻrisidagi xabarnoma joylashtirilgan vaqtdan boshlab 30 kalendar kun davomida sotilmagan (ijaraga berilmagan) savdo obyektlari avtomatik tarzda buyurtmachiga qaytariladi.
Qaytarilgan buyurtma buyurtmachining qayta savdolarga chiqarish toʻgʻrisidagi soʻroviga asosan takroriy savdolarga chiqarilishi mumkin.
41. Savdolar obyekti buyurtmachiga qaytarilganda buyurtmachining soʻroviga koʻra savdolar obyektini takroriy savdolarga chiqarish mazkur Nizomda belgilangan tartibda amalga oshiriladi.
7-bob. Narxni oshirib borish tamoyili asosida oʻtkaziladigan savdolarda hisob-kitob qilish va zakalat pulini qaytarish tartibi
42. Savdo gʻolibi lot qiymatini qoida tariqasida uch ish kunidan kechiktirmay toʻlaydi. Buyurtmachi ixtiyoriga koʻra lot qiymati toʻliq toʻlanadigan savdolarda ushbu muddat savdolarga qadar xabarnomada eʼlon qilish orqali uzogʻi bilan oʻn ish kuniga qadar kechiktirib belgilanishi mumkin.
Zaxiradagi gʻolibga sotib olish (ijaraga olish) boʻyicha taklif kelib tushgan kundan boshlab lot qiymatini toʻlash uchun uch ish kunlik (buyurtmachi tomonidan boshqa muddat belgilangan holatlar bundan mustasno) muddat beriladi.
43. Belgilangan muddatlarda toʻlovlarni toʻlamagan savdo gʻolibi (zaxiradagi gʻolib)ning zakalat miqdori qaytarilmaydi.
Qaytarilmagan zakalat miqdori operator tasarrufida qoladi.
44. Savdolarni tashkil etish va oʻtkazish xizmatlari uchun operator savdolar obyektining sotilgan (ijaraga berilgan) qiymatidan 1 foiz miqdorida xizmat haqi oladi.
45. Ishtirokchi tomonidan savdo platformasi orqali ariza chaqirib olingan taqdirda, operatorga xabarnoma yuborish hamda ishtirokchining soʻroviga koʻra zakalat summasi ishtirokchining bankdagi hisobvaragʻiga (plastik kartasiga) qaytarilishi savdo platformasi orqali avtomatik tarzda amalga oshiriladi.
46. Savdolar boshlangandan soʻng oxirgi va oxiridan oldingi narxni tasdiqlagan ishtirokchining arizasi va kiritgan zakalati qaytarib olinishiga yoʻl qoʻyilmaydi.
47. Zakalat puli ishtirokchining savdo platformasidagi shaxsiy hisobvaragʻiga kirim qilinadi, bunda uning soʻroviga koʻra bankdagi hisobvaragʻi (plastik kartasi)ga savdolar yakunlangan deb topilgan kundan soʻng quyidagi tartibda qaytariladi:
zaxiradagi gʻolibga — savdolar yakunlangandan soʻng gʻolib tomonidan lot qiymati toʻlangandan boshlab uch ish kuni ichida;
qolgan ishtirokchilarga — savdolar yakunlangan yoki oʻtkazilmagan deb topilgan kundan boshlab uch ish kuni ichida.
Ishtirokchiga zakalat puli qaytarilganda bank hisobvaragʻi (plastik karta raqamlari) notoʻgʻri koʻrsatilganligi yoki boshqa sabablarga koʻra toʻlov operatorning bank hisobvaragʻiga qaytib tushgan taqdirda, operator ishtirokchini bu haqda savdo platformasi orqali ogohlantiradi. Bunda zakalat puli ishtirokchining shaxsiy hisobvaragʻiga biriktiriladi. Ishtirokchi bank hisobvaragʻi (plastik karta) raqami toʻgʻri koʻrsatilgan holda zakalat pullarini qaytarish yuzasidan soʻrov yuborishi mumkin.
8-bob. Eʼlon qilingan narxda sotish tartibi
48. Buyurtmachi tomonidan taqdim etilgan buyurtma va unga ilova qilingan maʼlumot hamda hujjatlar belgilangan talablarga muvofiq deb eʼtirof etilgan taqdirda, operator buyurtmani olgan kundan keyingi ikki ish kunidan kechiktirmay savdolar obyekti sotilishi (ijaraga berilishi) toʻgʻrisidagi eʼlonni elektron doʻkonda joylashtiradi.
Bunda, koʻchmas mulk, maxsus texnika va avtotransport vositalari, shuningdek, savdolar obyektining eʼlon qilingan narxi buyurtma qabul qilingan kundagi bazaviy hisoblash miqdorining 60 baravaridan yuqori boʻlgan savdo obyektlari eʼlon qilingan narxda sotish tartibi qoʻllanilmaydi.
Operator buyurtmada koʻrsatilgan maʼlumotlarning va unga ilova qilingan hujjatlarning haqiqiyligi uchun javobgar hisoblanmaydi.
49. Eʼlon buyurtmachining ixtiyoriga koʻra belgilangan muddat va/yoki sotilgunga (ijaraga berilgunga) qadar elektron doʻkonga joylashtiriladi.
50. Eʼlon quyidagilarni oʻz ichiga olishi zarur:
savdolar obyekti nomi;
savdolar obyektining eʼlon qilingan narxi (ijara narxi);
buyurtmachining manzili va telefon (mavjud boʻlganda mobil) raqami;
savdolar obyektini tavsiflovchi maʼlumotlar;
buyurtmachi tomonidan taqdim etilgan qoʻshimcha maʼlumotlar (agar mavjud boʻlsa);
ijaraga berilganda ijaraga berish muddati;
savdolar obyekti joylashgan manzil, fotosurat va geolokatsiyasi;
hisob-kitob qilish tartibi.
51. Talabgor savdolar obyektini eʼlon qilingan (ijara) narxini elektron doʻkonda operatorga toʻliq (buyurtmachining ixtiyoriga koʻra boʻlib-boʻlib toʻlash nazarda tutilgan hollarda operator xizmat haqiga yetarli mablagʻ) toʻlash orqali sotib (ijaraga) oladi.
Bunda talabgorning shaxsiy kabinetida savdolar obyektini sotib (ijaraga) olishga yetarli pul mablagʻlari mavjud boʻlishi talab etiladi.
Boʻlib-boʻlib toʻlash mexanizmi orqali sotilgan (ijaraga berilgan) savdolar obyektining toʻliq qiymati savdo gʻolibi va buyurtmachi oʻrtasida tuziladigan shartnomaga asosan toʻlanadi.
52. Savdolar obyektining eʼlon qilingan narxi (ijara narxi) toʻlangandan soʻng xaridorga operator tomonidan keyingi ish kunidan kechiktirmay bayonnoma avtomatik tarzda rasmiylashtiriladi.
9-bob. Savdolar obyektini topshirish-qabul qilish tartibi
53. Savdolar natijalari boʻyicha pul mablagʻlari operatorning maxsus hisobvaragʻida yigʻiladi va savdo gʻolibi (xaridor) tomonidan shaxsiy kabineti orqali savdolar obyektini qabul qilib olganligini tasdiqlaganidan soʻng ular buyurtmachi hisobvaragʻiga (operator xizmat haqi chegirilgan holda) oʻtkaziladi.
Savdo gʻolibi (xaridor) lot rekvizitlarida koʻrsatilgan barcha parametrlarga toʻliq mos keluvchi savdolar obyektini qabul qilishdan bosh tortgan taqdirda, taraflar (gʻolib, buyurtmachi va operator)ning kelishuviga asosan toʻlangan pul mablagʻlari ushbu Nizomda belgilangan tartibda (operator xizmat haqi chegirilgan holda) savdo gʻolibiga (xaridorga) qaytariladi. Bunda buyurtma operator tomonidan buyurtmachiga avtomatik tarzda qaytariladi.
Taraflar kelishuvga erishmagan taqdirda, ushbu nizoli masala sud tartibida koʻrib chiqiladi.
Nizoli masala hal etilmagunga qadar savdo gʻolibi (xaridor) tomonidan toʻlangan pul mablagʻlari operatorning maxsus hisobvaragʻida saqlanadi.
10-bob. Yakunlovchi qoidalar
54. Buyurtmachi lotda koʻrsatilgan savdo obyekt(lar)ini toʻliq va but holatda saqlash, savdo jarayoni yakunlangandan hamda xaridor tomonidan tegishli toʻlovlar amalga oshirilgandan keyin bir ish kunidan oshmagan muddatda xaridorga topshirilishini taʼminlash uchun javobgar hisoblanadi.
55. Mazkur Nizom talablari buzilishida aybdor boʻlgan shaxslar qonunchilik hujjatlarida belgilangan tartibda javobgar boʻladilar.
Xususiy mulkdorlar buyurtmasi asosida ularning mulklarini soddalashtirilgan tartib va muddatlarda sotish va ijaraga berish boʻyicha savdolar oʻtkazish tartibi toʻgʻrisidagi nizomga ILOVA
Xususiy mulkdorlar buyurtmasi asosida ularning mulklarini soddalashtirilgan tartib va muddatlarda sotish va ijaraga berish boʻyicha savdolar oʻtkazish
Bosqichlar Subyektlar Tadbirlar Muddatlar 1-bosqich Buyurtmachi (oʻziga mulk huquqi asosida tegishli boʻlgan savdo obyektini elektron doʻkon orqali sotish yoki ijaraga berish uchun buyurtma yuborgan jismoniy yoki yuridik shaxs, shuningdek, mulkdorning ishonchnomasi orqali uchinchi shaxs) 1. Buyurtmachi elektron savdo platformasidan roʻyxatdan oʻtishi. 1. Elektron buyurtma berish sanasiga qadar. 2. “Elektron onlayn-auksionlarni tashkil etish” AJ (keyingi oʻrinlarda — operator) bilan xususiy mulkdorlarning mulklari boʻyicha “E-auksion shop” elektron savdo doʻkoni orqali sotish, ijaraga berish boʻyicha xizmat koʻrsatishga shartnoma tuzish. 2. Elektron buyurtma berish sanasiga qadar. 3. Obyektni “E-auksion shop” elektron savdo doʻkoni orqali sotish uchun operatorga elektron buyurtma berish. 3. Xabarnoma “E-auksion shop” elektron savdo doʻkonida joylashtirilgunga qadar. 2-bosqich Operator (“Elektron onlayn-auksionlarni tashkil etish” AJ) 1. “E-auksion shop” elektron savdo doʻkoni orqali savdo oʻtkazilishi haqida “E-auksion shop” elektron savdo doʻkoniga xabarnoma joylashtirish. 1. Buyurtma olingan kundan keyingi ikki ish kunidan kechiktirmay. 2. Talabgorlardan ariza qabul qilish. 2. Xabarnoma “E-auksion shop” elektron savdo doʻkonida eʼlon qilingan kundan boshlab savdo yakunlangunga qadar. 3-bosqich Talabgor (jismoniy va yuridik shaxslar) 1. Savdo platformasidan roʻyxatdan oʻtish va savdo qoidalari, savdo platformasining tartib-taomillarini qabul qilgani yuzasidan elektron shartnoma imzolash. 1. “E-auksion shop” elektron savdo doʻkoni orqali savdoda ishtirok etish uchun ariza berish sanasiga qadar. 2. Shaxsiy hisobvaraqni zakalat pulini oʻtkazishga talab etiladigan miqdordagi pul mablagʻlari bilan toʻldirish. 2. Xabarnoma “E-auksion shop” elektron doʻkonida eʼlon qilingan kundan boshlab savdo yakunlangunga qadar. 3. Ariza yuborish. 3. Xabarnoma “E-auksion shop” elektron doʻkonida eʼlon qilingan kundan boshlab savdo yakunlangunga qadar. 4. Ishtirokchi shaxsiy kabineti orqali zakalat pulini toʻlashi. 4. “E-auksion shop” elektron savdo doʻkoni orqali savdoda ishtirok etish uchun ariza berguniga qadar. 4-bosqich Operator (“Elektron onlayn-auksionlarni tashkil etish” AJ) Savdo “E-auksion shop” elektron savdo doʻkonida avtomatik tarzda oʻtkaziladi. Savdo xabarnoma elektron doʻkonda eʼlon qilingan kundan keyingi ish kuni soat 10:00 da boshlab, besh ish kuni davomida, oxirgi ish kuni soat 18:00 ga qadar. 5-bosqich Savdo gʻolibi Lot qiymatini toʻlash. Uch ish kuni ichida toʻlovni toʻliq amalga oshirish. 6-bosqich Operator (“Elektron onlayn-auksionlarni tashkil etish” AJ) 1. Savdo natijalari operatorning savdo platformasida eʼlon qilish. 1. Savdo yakunlanishi bilan. 2. QR-kodini qoʻllash savdo natijalari toʻgʻrisidagi elektron bayonnomani rasmiylashtirish. 2. Lot qiymati (operator xizmat haqiga yetarli mablagʻ) toʻlangandan soʻng keyingi ish kunidan kechiktirmay. 3. Bayonnomani savdo gʻolibining va Buyurtmachining kabinetiga yuborish. 3. Bayonnoma rasmiylashtirilgandan soʻng. 4. Kelib tushgan pul mablagʻlarini taqsimlash. 4. Savdo gʻolibi tomonidan obyekt qabul qilinganligi tasdiqlangandan soʻng uch ish kuni ichida.
Oʻzbekiston Respublikasining Bosh vaziri A. ARIPOV
Toshkent sh.,
2023-yil 16-oktabr,
540-son