📅 2023-yil 16-oktabr · Vazirlar Mahkamasi qarorlari
Rasmiy matn. Rasmiy hujjat. Tahririy izohlar kiritilmagan.
📅 2023-yil 16-oktabr · Vazirlar Mahkamasi qarorlari
Rasmiy matn. Rasmiy hujjat. Tahririy izohlar kiritilmagan.
📅 2023 йил 16 октябрь · Вазирлар Маҳкамаси қарорлари
Расмий матн. Расмий ҳужжат. Таҳририй изоҳлар киритилмаган.
📅 16 октября 2023 г. · Постановления Кабинета Министров
Официальный текст. Официальный документ. Редакционные примечания не включены.
📅 16 October 2023 · Cabinet of Ministers resolutions
Official text. Official document. Editorial notes are not included.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг
қарори
НИЗОМ
СХEМАСИ
Электр, иссиқлик энергияси, газдан фойдаланиш қоидаларини бузиш билан боғлиқ ҳуқуқбузарликлар тўғрисидаги фотосуратлар ва (ёки) видеоёзувларни қабул қилиш, кўриб чиқиш ҳамда уларни тақдим этган шахсларни рағбатлантириш тартиби ҳақидаги низомни тасдиқлаш тўғрисида
Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Ёқилғи-энергетика соҳасида давлат назорати механизмларини такомиллаштириш ва «рақамли энергоназорат» тизимини жорий этиш тўғрисида» 2023 йил 24 майдаги ПФ-77-сон Фармони ижросини таъминлаш, шунингдек, ёқилғи-энергетика ресурсларидан оқилона фойдаланишда жамоатчилик назоратини ўрнатиш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:
1. Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Ёқилғи-энергетика соҳасида давлат назорати механизмларини такомиллаштириш ва «рақамли энергоназорат» тизимини жорий этиш тўгрисида» 2023 йил 24 майдаги ПФ-77-сон Фармонига мувофиқ электр, иссиқлик энергияси, газдан фойдаланиш қоидаларини бузиш билан боғлиқ ҳуқуқбузарликлар ҳақида хабар берган шахсларни пул мукофоти билан рағбатлантириш тартибини ишлаб чиқиш белгиланганлиги маълумот учун қабул қилинсин.
2. Энергетика вазирлиги, Рақамли технологиялар вазирлиги ҳамда Иқтисодиёт ва молия вазирлигининг Энергетика вазирлиги ҳузуридаги Электр энергияси, нефть маҳсулотлари ва газдан фойдаланишни назорат қилиш инспекциясида ёқилғи-энергия ресурсларини талон-торож қилишнинг олдини олиш ҳамда улардан оқилона фойдаланиш соҳасида жамоатчилик назоратини ўрнатишга қаратилган «Uzenergo» мобиль иловасини ташкил этиш тўғрисидаги таклифларига розилик берилсин.
3. Электр, иссиқлик энергияси, газдан фойдаланиш қоидаларини бузиш билан боглиқ ҳуқуқбузарликлар тўғрисидаги фотосуратлар ва (ёки) видеоёзувларни қабул қилиш, кўриб чиқиш ҳамда уларни такдим этган шахсларни рағбатлантириш тартиби ҳақидаги низом иловага мувофиқ тасдиқлансин.
4. Белгилансинки:
а) ҳуқуқбузарлик ҳолатлари тўғрисидаги видеоёзувларни тақдим этган шахслар тўғрисидаги маълумотлар ошкор этилишига йўл қўйилмайди;
б) жисмоний шахсларнинг видеокузатув ва тасвирга олиш техника воситалари ҳамда мобиль қурилмалари (кейинги ўринларда — видеотехника воситалари) орқали қайд этилган электр, иссиқлик энергияси, газдан фойдаланиш қоидаларини бузиш билан боғлиқ ҳуқуқбузарликлар (кейинги ўринларда — ҳуқуқбузарликлар) Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексида белгиланган тартибда кўриб чиқилади;
в) жисмоний шахсларнинг видеотехника воситалари орқали қайд этилган ҳуқуқбузарлик ҳолатлари бўйича ҳуқуқбузарлардан ундирилган жарималар тўлиқ миқдорда Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Электр энергияси, нефть маҳсулотлари ва газдан фойдаланишни назорат қилиш инспекциясига (кейинги ўринларда — «Ўзэнергоинспекция») йўналтирилади.
5. Қуйидагилар:
Ўзэнергоинспекция ва Рақамли технологиялар вазирлиги «Uzenergo» мобиль иловасининг самарали ишлашини таъминлаш бўйича масъул органлар ҳисобланади;
«Uzenergo» мобиль иловаси қуйидаги имкониятларни назарда тутади:
ёқилғи-энергия ресурсларидан тўғри фойдаланиш билан боғлиқ ишларни амалга ошириш бўйича самарали жамоатчилик назоратини ўрнатиш;
жисмоний шахслар томонидан аниқланган ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги фотосуратлар ва (ёки) видеоёзувларни «Ўзэнергоинспекция»га манзил (географик жойлашуви) белгилари бўйича юбориш;
ҳуқуқбузарлик ҳолатлари ҳақида хабар берган жисмоний шахсларни пул мукофотлари билан рағбатлантириш;
ҳуқуқбузарликлар, норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар ва статистик маълумотлар базаси билан танишиш;
содир этилган ҳуқуқбузарликлар юзасидан маъмурий ҳуқуқбузарлик ҳужжатларини (баённома ва қарорларни) электрон шаклда тузиш орқали ушбу ҳуқуқбузарликлар ҳақидаги маълумотларни Ички ишлар вазирлигининг «E-maʼmuriy ish» тизимига киритиш;
ҳудудлар ва туманлар (шаҳарлар) бўйича аниқланган соҳага оид ҳуқуқбузарликлар тўғрисидаги маълумотларни жорий этиш ҳамда юритиш.
6. Энергетика вазирлиги:
Рақамли технологиялар вазирлиги, Ички ишлар вазирлиги ҳамда бошқа манфаатдор вазирликлар ва идоралар билан биргаликда 2023 йил 1 ноябрга қадар «Uzenergo» мобиль иловасини мазкур қарорнинг 5-бандида назарда тутилган вазифаларни бажариш учун интеграция қилсин;
Рақамли технологиялар вазирлиги «Ўзбекнефтгаз» АЖ, «UzGasTrade» АЖ, «Ҳудудгазтаъминот» АЖ билан биргаликда 2023 йил 1 декабрга қадар ҳуқуқбузарлик ҳолатлари, шу жумладан, табиий газдан фойдаланиш қоидаларини мунтазам равишда қасддан бузган истеъмолчиларнинг ягона электрон реестрини жорий этсин.
Бунда мазкур реестр Энергетика вазирлиги томонидан юритилишини ҳамда унга киритилган маълумотлардан манфаатдор вазирликлар ва идоралар хавфларни баҳолаш мезони сифатида фойдаланишини назарда тутсин.
7. Белгилансинки, ушбу қарорда назарда тутилган чора-тадбирларни амалга ошириш билан боғлиқ харажатлар «Ўзэнергоинспекция»нинг бюджетдан ташқари маблағлари, халқаро молия институтлари, хорижий ташкилотлар ҳамда донор мамлакатлар кредитлари ва грантлари, шунингдек, қонунчиликда тақиқланмаган бошқа манбалар ҳисобидан амалга оширилади.
«Ўзэнергоинспекция»га ундирилган жарималар ҳисобидан фуқароларга рағбатлантириш тўловларини автомат амалга ошириш учун тегишли лицензияга эга бўлган тўлов ташкилотлари билан тўғридан-тўғри шартнома тузишга рухсат берилади.
8. Энергетика вазирлиги:
«Ўзэнергоинспекция»нинг бюджетдан ташқари маблағлари ҳисобидан 2023 йил 1 декабрга қадар «Ўзэнергоинспекция»нинг масъул ходимларини техник воситалар, зарур ускуналар (планшет ва бошқалар) билан таъминласин ҳамда «Uzenergo» мобиль иловасининг тўлиқ ишлаши учун сервер ускуналарини харид қилсин;
бир ой муддатда «Uzenergo» мобиль иловасида ҳуқуқбузарликлар акс этган фотосуратлар ва (ёки) видеоёзувларни таҳлил қилиш, ҳуқуқбузарлик содир этилган жойни аниқлаш ва ҳуқуқбузарликлар содир этган шахсларнинг ҳаракатига тегишли баҳо бериш билан шуғулланувчи масъул ходимларни амалдаги штат бирликлари доирасида белгиласин;
Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги билан биргаликда ушбу қарорнинг мазмун-моҳияти оммавий ахборот воситаларида кенг ёритилишини таъминласин.
9. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси энергетика вазири Ж.Т. Мирзамаҳмудов зиммасига юклансин.
Вазирлар Маҳкамасининг 2023 йил 16 октябрдаги 541-сон қарорига ИЛОВА
Электр, иссиқлик энергияси, газдан фойдаланиш қоидаларини бузиш билан боғлиқ ҳуқуқбузарликлар тўғрисидаги фотосуратлар ва (ёки) видеоёзувларни қабул қилиш, кўриб чиқиш ҳамда уларни тақдим этган шахсларни рағбатлантириш тартиби ҳақида
1-боб. Умумий қоидалар
1. Мазкур Низом жисмоний шахсларнинг видеокузатув ва тасвирга олиш техника воситалари ҳамда мобиль қурилмалари орқали қайд этилган электр, иссиқлик энергияси, газдан фойдаланиш қоидаларини бузиш билан боглиқ ҳуқуқбузарликлар акс эттирилган фотосуратлар ва (ёки) видеоёзувларни қабул қилиш, кўриб чиқиш ҳамда уларни тақдим этган шахсларни рағбатлантириш тартибини белгилайди.
Рағбатлантириш қонунийлик, адолатлилик, холислик, ошкоралик, фуқароларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларига риоя этиш ҳамда уларнинг шахсий хавфсизлигини таъминлаш ва хоҳиш-истакларини ҳисобга олиш принциплари асосида амалга оширилади.
2. Мазкур Низомда қуйидаги асосий тушунчалардан фойдаланилади:
видеотехника воситалари — жисмоний шахсларнинг видеокузатув ва тасвирга олиш техника воситалари ҳамда мобил қурилмалари;
ҳуқуқбузарлик — видеотехника воситалари орқали қайд этилган электр, иссиқлик энергияси, газдан фойдаланиш қоидаларини бузиш билан боглиқ ҳуқуқбузарликлар;
фото ва видео материаллар — ҳуқуқбузарлик акс эттирилган фотосуратлар ва (ёки) видеоёзувлар;
ахборот тизими — Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Электр энергияси, нефть маҳсулотлари ва газдан фойдаланишни назорат қилиш инспекциясининг интернет ахборот тизимидаги «Uzenergo» мобиль иловаси;
«Ўзэнергоинспекция» — Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Электр энергияси, нефть маҳсулотлари ва газдан фойдаланишни назорат қилиш инспекцияси.
3. Видеотехника воситалари орқали қайд этилган ҳуқуқбузарлик тўгрисидаги фото ва видео материалларни қабул қилиш, кўриб чиқиш ҳамда уларни тақдим этган шахсларни рағбатлантириш ушбу Низомда белгиланган тартиб ва иловада келтирилган схемага асосан амалга оширилади.
2-боб. Ҳуқуқбузарликларни видеотехника воситалари орқали қайд этиш
4. Жисмоний шахслар ҳуқуқбузарликни видеотехника воситалари орқали қайд этиши ҳамда фото ва видео материалларни ахборот тизимига кўриб чиқиш учун юбориши мумкин.
5. Видеотехника воситалари орқали қайд этилган ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги фото ва видео материалларда қуйидагилар аниқ акс эттирилиши лозим:
электр, иссиқлик энергияси, газдан фойдаланиш қоидаларини бузиш билан боғлиқ содир этилган ҳуқуқбузарлик;
ҳуқуқбузарлик содир этган шахс тўғрисидаги маълумотлар (агар мавжуд бўлса);
ҳуқуқбузарлик содир этилган манзил, географик жойлашуви, санаси ва вақти.
6. Ҳуқуқбузарлик ҳолати акс эттирилган фото ва видео материалларни ахборот тизимига юборишда қуйидагилар кўрсатилиши лозим:
фуқаронинг фамилияси, исми, отасининг исми, доимий (вақтинча) яшаш манзили;
уяли телефон рақами, банк пластик картаси рақами ва электрон почта манзили.
7. Ҳуқуқбузарликлар акс эттирилган фото ва видео материалларга ҳар қандай тарзда ўзгартиришлар киритиш тақиқланади. Ўзгартириш киритилган фото ва видео материаллар кўриб чиқилмайди, ҳажмини қисқартириш мақсадида видеоёзувнинг бевосита ҳуқуқбузарлик акс эттирилган қисмини кесиб олиш бундан мустасно (қоида тариқасида, видеоёзувнинг давомийлиги 120 секунддан ошмаслиги лозим).
3-боб. Видеотехника воситалари орқали қайд этилган ҳуқуқбузарликларни кўриб чиқиш
8. Видеотехника воситалари орқали қайд этилган ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги фото ва видео материаллар махсус автоматлаштирилган фото ва видео қайд этиш техника воситалари орқали ҳуқуқбузарликлар қайд этилган фотосурат ва видеоёзувларга тенглаштирилади ҳамда Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексида белгиланган тартибда кўриб чиқилади.
9. Ахборот тизимига юборилган ҳуқуқбузарлик қайд этилган фото ва видео материаллар тегишлилиги бўйича «Ўзэнергоинспекция»нинг ҳудудий бошқармаси масъул ходими томонидан ўн беш иш куни мобайнида кўриб чиқилади, хуқуқбузарлик ҳолатлари ўрганилади ва ҳуқуқбузарнинг шахсини аниқлаш мақсадида фото ва видео материаллар ҳудудийлиги бўйича ички ишлар органларига юборилади.
10. Ҳуқуқбузарлик ҳақидаги фото ва видео материаллар Ички ишлар вазирлиги томонидан қабул қилинади, фото ва видео материаллар сифати ва юборилган материаллар текширилади, шундан сўнг ҳуқуқбузарнинг шахси аниқланади ва тегишлилиги бўйича ўн иш куни мобайнида «Ўзэнергоинспекция» ҳудудий бошқармасига юборилади.
Бунда фото ва видео материалларни қабул қилиш ва ҳуқуқбузарнинг шахси аниқланганлиги натижаларини тегишлилиги бўйича юбориш автоматик ва электрон тарзда амалга оширилиши мумкин.
11. «Ўзэнергоинспекция» ҳудудий бошқармасининг масъул ходими беш иш куни мобайнида:
маъмурий ҳуқуқбузарлик содир этган шахсга нисбатан белгиланган тартибда маъмурий баённома ва жазо чораларини қўллаш юзасидан ҳужжатларни Ички ишлар вазирлиги маъмурий ҳуқуқбузарликлар тўғрисида ягона электрон иш юритув тизими «E-maʻmuriy ish» тизими орқали маъмурий ҳуқуқбузарликлар тўғрисидаги маъмурий баённома тузиш (расмийлаштириш), маъмурий ишларни кўриб чиқиш ҳамда тегишли ваколатли давлат органларига юбориш учун тўлиқ киритади;
жарима солиш тўғрисидаги тегишли қарор ва тайинланган жаримани тўлаш учун тўлов варақасини (квитанцияни) ҳуқуқбузарнинг электрон почта манзилига электрон шаклда, уяли телефон рақамига «CMC» хабарнома шаклида ёки яшаш манзилига почта орқали юборади. Бунда тегишли қарор ва тўлов варақаси (квитанция) ҳуқуқбузарга бевосита тақдим этилиши ҳам мумкин.
Содир этилган ҳуқуқбузарлик бўйича кўриб чиқиш ваколати мавжуд бўлмаса, ҳужжатлар бир иш куни мобайнида қонунчиликда белгиланган тартибда тегишли судга ёки бошқа ваколатли органга юборилади.
12. Агар содир этилган ҳуқуқбузарликда жиноят аломатлари аниқланса, фото ва видео материаллар бир кун ичида ваколатли ҳуқуқни муҳофаза қилиш органига юборилади.
13. Қуйидаги ҳолларда видеотехника воситалари орқали қайд этилган ҳуқуқбузарлик тўгрисидаги фото ва видео материаллар бўйича иш юритиш тугатилади ҳамда бу ҳақда тегишли қарор қабул қилинади:
фото ва видео материаллар мазкур Низомнинг 5-бандида белгиланган талабларга жавоб бермаганда;
фото ва видео материаллар ахборот тизимига мазкур Низомнинг 6-бандида белгиланган талабларга риоя этилмаган ҳолда юкланганда;
фото ва видео материалларга ўзгартиришлар киритилган бўлса, мазкур Низомнинг 7-бандида назарда тутилган ҳоллар бундан мустасно;
ички ишлар органлари томонидан фото ва видео материалларда акс эттирилган ҳуқуқбузарнинг шахсини аниқлаш имкони бўлмаганда;
фото ва видео материалларда қайд этилган ҳуқуқбузарлик бўйича қарор қабул қилинган ёки маъмурий иш (жиноят иши) юритилаётган тақдирда.
14. Видеотехника воситалари орқали қайд этилган ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги фото ва видео материалларни кўриб чиқиш натижаси юзасидан уни юборган шахсга ҳуқуқбузарлик (жиноят) бўйича жарима ундирилган пайтдан эътиборан ўн беш кун муддатда электрон шаклда жавоб юборилади.
4-боб. Ҳуқуқбузарликлар қайд этилган видеоёзувларни юборган шахсларни рағбатлантириш
15. Ҳуқуқбузарлик акс эттирилган фото ва видео материалларни юборган шахслар ҳуқуқбузарлик ҳолати ўз тасдиғини топганда базавий ҳисоблаш миқдорининг қирқ фоизи миқдорида рағбатлантирилади.
16. Ҳуқуқбузарлик акс эттирилган фото ва видео материалларни юборган шахслар уяли телефон рақамини ёки банк пластик картаси рақамини кўрсатиш орқали рағбатлантириш пули қандай усулда қабул қилиб олинишини кўрсатиб ўтади.
17. Рағбатлантириш:
ҳуқуқбузарлик бўйича биринчи хабар берган шахсга нисбатан қўлланилади;
ҳуқуқбузарлик тегишли органлар томонидан бевосита аниқлангандан сўнг тушган хабарлар бўйича амалга оширилмайди;
ҳуқуқбузарлик ҳолати ўз тасдиғини топгандан вақтдан (қарор қабул қилингандан) бошлаб ўн беш кун муддатда ҳуқуқбузарлик юзасидан хабар берган жисмоний шахснинг банк ҳисоб варағига пул ўтказиш йўли билан амалга оширилади.
Бунда рағбатлантириш судлар томонидан ҳуқуқбузарлик юзасидан чиқарилган қарорлар юқори инстанция судида қайта кўриб чиқилишидан қатъий назар, ҳуқуқбузарлик ҳақида хабар берган шахсларга тўлаб берилиши таъминланади.
18. Рағбатлантириш ҳуқуқбузардан жарима ундирилгандан сўнг фуқаронинг уяли телефон рақами ҳисобига ёки банк пластик картасига тегишлилиги бўйича ҳуқуқбузарлик бўйича «Ўзэнергоинспекция» ҳисобварағига ундирилган жарималар ҳисобидан автоматик тарзда пул ўтказиш йўли билан амалга оширилади.
5-боб. Якунловчи қоидалар
19. Ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги фото ва видео материалларни тақдим этган шахслар ҳақидаги маълумотларнинг ошкор этилишига йўл қўйилмайди.
20. Ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги фото ва видео материалларни тақдим этган шахсларга рағбатлантириш берилмаганлиги ҳолатлари бўйича юқори турувчи органга ёки судга шикоят қилиниши мумкин.
Ваколатли давлат органининг хатти-ҳаракати (ҳаракатсизлиги) устидан бўйсунув тартибида юқори турувчи органга шикоят қилиниши судга шикоят қилиш ҳуқуқини истисно этмайди.
21. Ушбу Низомни бажариш жараёнида келиб чиқадиган низолар қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ ҳал этилади.
22. Мазкур Низом талабларининг бузилишида айбдор бўлган шахслар қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ жавоб берадилар.
Электр, иссиқлик энергияси, газдан фойдаланиш қоидаларини бузиш билан боғлиқ ҳуқуқбузарликлар тўғрисидаги фотосуратлар ва (ёки) видеоёзувларни қабул қилиш, кўриб чиқиш ҳамда уларни тақдим этган шахсларни рағбатлантириш тартиби ҳақидаги низомга ИЛОВА
Видеотехника воситалари орқали қайд этилган ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги фото ва видео материалларни қабул қилиш, кўриб чиқиш ҳамда уларни тақдим этган шахсларни рағбатлантириш
Босқичлар Субъектлар Чора-тадбирлар Бажариш муддатлари 1-босқич Жисмоний шахслар Электр, иссиқлик энергияси, газдан фойдаланиш қоидаларини бузиш билан боғлиқ ҳуқуқбузарликлар тўғрисидаги фотосуратлар ва (ёки) видеоёзувларни ахборот тизимига юборади. Ҳуқуқбузарлик аниқланганда ихтиёрий 2-босқич «Ўзэнергоинспекция» ҳудудий бошқармаси 1. Жисмоний шахс томонидан юборилган ҳуқуқбузарлик ҳақидаги фото ва видео материалларни қабул қилиб олади. 2. Ҳуқуқбузарлик ҳолатини ўрганади. 3. Ҳуқуқбузарнинг шахсини аниқлаш мақсадида тегишли ички ишлар органларига фото ва видео материалларни юборади. Ўн беш иш кунида 3-босқич Ички ишлар вазирлиги 1. Ҳуқуқбузарлик ҳақидаги фото ва видео материалларни қабул қилиб олади. 2. Фото ва видео материалларнинг сифатини текширади ва ҳуқуқбузарнинг шахсини аниқлайди. 3. Ҳуқуқбузар шахси тўғрисидаги маълумотларни тегишлилиги бўйича «Ўзэнергоинспекция» ҳудудий бошқармасига тақдим этади. Ўн иш кунида 4-босқич «Ўзэнергоинспекция» 1. Ҳуқуқбузарга нисбатан белгиланган тартибда маъмурий баённома ва жазо чораларини қўллаш юзасидан ҳужжатларни электрон шаклда расмийлаштиради ва Ички ишлар вазирлигининг ягона маълумотлар базасига киритади ёки тегишлилиги бўйича кўриб чиқиш учун тааллуқли судга юборади. 2. Жарима солиш тўғрисидаги тегишли қарор ва тайинланган жаримани тўлаш учун тўлов варақасини (квитанцияни) ҳуқуқбузарнинг электрон почта манзилига электрон шаклда, уяли телефон рақамига «СМС» хабарнома шаклида ёки яшаш манзилига почта орқали юборади. 3. Содир этилган ҳуқуқбузарлик ҳолати бўйича кўриб чиқиш ваколати мавжуд бўлмаган тақдирда, ҳужжатларни тегишли судга ёки бошқа ваколатли органга юборади. Беш иш кунида 5-босқич «Ўзэнергоинспекция» 1. Ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги фотосуратлар ва видеоёзувларни юборган шахсларни пул мукофоти билан рағбатлантиришни ҳуқуқбузарлик бўйича «Ўзенергоинспекция» ҳисобварағига ундирилган жарималар ҳисобидан автоматик тарзда пул ўтказиш йўли билан амалга оширади. 2. Ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги фотосуратлар ва видеоёзувларни юборган шахсга мурожаати натижалари юзасидан маълумотларни юборади. Ҳуқуқбузарлик бўйича жарима ундирилгандан сўнг ўн беш иш кунида
Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А. АРИПОВ
Тошкент ш.,
2023 йил 16 октябрь,
541-сон
Oʻzbekiston Respublikasi Vazirlar Mahkamasining
qarori
NIZOM
SXEMASI
Elektr, issiqlik energiyasi, gazdan foydalanish qoidalarini buzish bilan bogʻliq huquqbuzarliklar toʻgʻrisidagi fotosuratlar va (yoki) videoyozuvlarni qabul qilish, koʻrib chiqish hamda ularni taqdim etgan shaxslarni ragʻbatlantirish tartibi haqidagi nizomni tasdiqlash toʻgʻrisida
Oʻzbekiston Respublikasi Prezidentining “Yoqilgʻi-energetika sohasida davlat nazorati mexanizmlarini takomillashtirish va “raqamli energonazorat” tizimini joriy etish toʻgʻrisida” 2023-yil 24-maydagi PF-77-son Farmoni ijrosini taʼminlash, shuningdek, yoqilgʻi-energetika resurslaridan oqilona foydalanishda jamoatchilik nazoratini oʻrnatish maqsadida Vazirlar Mahkamasi qaror qiladi:
1. Oʻzbekiston Respublikasi Prezidentining “Yoqilgʻi-energetika sohasida davlat nazorati mexanizmlarini takomillashtirish va “raqamli energonazorat” tizimini joriy etish toʻgrisida” 2023-yil 24-maydagi PF-77-son Farmoniga muvofiq elektr, issiqlik energiyasi, gazdan foydalanish qoidalarini buzish bilan bogʻliq huquqbuzarliklar haqida xabar bergan shaxslarni pul mukofoti bilan ragʻbatlantirish tartibini ishlab chiqish belgilanganligi maʼlumot uchun qabul qilinsin.
2. Energetika vazirligi, Raqamli texnologiyalar vazirligi hamda Iqtisodiyot va moliya vazirligining Energetika vazirligi huzuridagi Elektr energiyasi, neft mahsulotlari va gazdan foydalanishni nazorat qilish inspeksiyasida yoqilgʻi-energiya resurslarini talon-toroj qilishning oldini olish hamda ulardan oqilona foydalanish sohasida jamoatchilik nazoratini oʻrnatishga qaratilgan “Uzenergo” mobil ilovasini tashkil etish toʻgʻrisidagi takliflariga rozilik berilsin.
3. Elektr, issiqlik energiyasi, gazdan foydalanish qoidalarini buzish bilan bogliq huquqbuzarliklar toʻgʻrisidagi fotosuratlar va (yoki) videoyozuvlarni qabul qilish, koʻrib chiqish hamda ularni takdim etgan shaxslarni ragʻbatlantirish tartibi haqidagi nizom ilovaga muvofiq tasdiqlansin.
4. Belgilansinki:
a) huquqbuzarlik holatlari toʻgʻrisidagi videoyozuvlarni taqdim etgan shaxslar toʻgʻrisidagi maʼlumotlar oshkor etilishiga yoʻl qoʻyilmaydi;
b) jismoniy shaxslarning videokuzatuv va tasvirga olish texnika vositalari hamda mobil qurilmalari (keyingi oʻrinlarda — videotexnika vositalari) orqali qayd etilgan elektr, issiqlik energiyasi, gazdan foydalanish qoidalarini buzish bilan bogʻliq huquqbuzarliklar (keyingi oʻrinlarda — huquqbuzarliklar) Oʻzbekiston Respublikasining Maʼmuriy javobgarlik toʻgʻrisidagi kodeksida belgilangan tartibda koʻrib chiqiladi;
v) jismoniy shaxslarning videotexnika vositalari orqali qayd etilgan huquqbuzarlik holatlari boʻyicha huquqbuzarlardan undirilgan jarimalar toʻliq miqdorda Vazirlar Mahkamasi huzuridagi Elektr energiyasi, neft mahsulotlari va gazdan foydalanishni nazorat qilish inspeksiyasiga (keyingi oʻrinlarda — “Oʻzenergoinspeksiya”) yoʻnaltiriladi.
5. Quyidagilar:
Oʻzenergoinspeksiya va Raqamli texnologiyalar vazirligi “Uzenergo” mobil ilovasining samarali ishlashini taʼminlash boʻyicha masʼul organlar hisoblanadi;
“Uzenergo” mobil ilovasi quyidagi imkoniyatlarni nazarda tutadi:
yoqilgʻi-energiya resurslaridan toʻgʻri foydalanish bilan bogʻliq ishlarni amalga oshirish boʻyicha samarali jamoatchilik nazoratini oʻrnatish;
jismoniy shaxslar tomonidan aniqlangan huquqbuzarlik toʻgʻrisidagi fotosuratlar va (yoki) videoyozuvlarni “Oʻzenergoinspeksiya”ga manzil (geografik joylashuvi) belgilari boʻyicha yuborish;
huquqbuzarlik holatlari haqida xabar bergan jismoniy shaxslarni pul mukofotlari bilan ragʻbatlantirish;
huquqbuzarliklar, normativ-huquqiy hujjatlar va statistik maʼlumotlar bazasi bilan tanishish;
sodir etilgan huquqbuzarliklar yuzasidan maʼmuriy huquqbuzarlik hujjatlarini (bayonnoma va qarorlarni) elektron shaklda tuzish orqali ushbu huquqbuzarliklar haqidagi maʼlumotlarni Ichki ishlar vazirligining “E-maʼmuriy ish” tizimiga kiritish;
hududlar va tumanlar (shaharlar) boʻyicha aniqlangan sohaga oid huquqbuzarliklar toʻgʻrisidagi maʼlumotlarni joriy etish hamda yuritish.
6. Energetika vazirligi:
Raqamli texnologiyalar vazirligi, Ichki ishlar vazirligi hamda boshqa manfaatdor vazirliklar va idoralar bilan birgalikda 2023-yil 1-noyabrga qadar “Uzenergo” mobil ilovasini mazkur qarorning 5-bandida nazarda tutilgan vazifalarni bajarish uchun integratsiya qilsin;
Raqamli texnologiyalar vazirligi “Oʻzbekneftgaz” AJ, “UzGasTrade” AJ, “Hududgaztaʼminot” AJ bilan birgalikda 2023-yil 1-dekabrga qadar huquqbuzarlik holatlari, shu jumladan, tabiiy gazdan foydalanish qoidalarini muntazam ravishda qasddan buzgan isteʼmolchilarning yagona elektron reyestrini joriy etsin.
Bunda mazkur reyestr Energetika vazirligi tomonidan yuritilishini hamda unga kiritilgan maʼlumotlardan manfaatdor vazirliklar va idoralar xavflarni baholash mezoni sifatida foydalanishini nazarda tutsin.
7. Belgilansinki, ushbu qarorda nazarda tutilgan chora-tadbirlarni amalga oshirish bilan bogʻliq xarajatlar “Oʻzenergoinspeksiya”ning budjetdan tashqari mablagʻlari, xalqaro moliya institutlari, xorijiy tashkilotlar hamda donor mamlakatlar kreditlari va grantlari, shuningdek, qonunchilikda taqiqlanmagan boshqa manbalar hisobidan amalga oshiriladi.
“Oʻzenergoinspeksiya”ga undirilgan jarimalar hisobidan fuqarolarga ragʻbatlantirish toʻlovlarini avtomat amalga oshirish uchun tegishli litsenziyaga ega boʻlgan toʻlov tashkilotlari bilan toʻgʻridan-toʻgʻri shartnoma tuzishga ruxsat beriladi.
8. Energetika vazirligi:
“Oʻzenergoinspeksiya”ning budjetdan tashqari mablagʻlari hisobidan 2023-yil 1-dekabrga qadar “Oʻzenergoinspeksiya”ning masʼul xodimlarini texnik vositalar, zarur uskunalar (planshet va boshqalar) bilan taʼminlasin hamda “Uzenergo” mobil ilovasining toʻliq ishlashi uchun server uskunalarini xarid qilsin;
bir oy muddatda “Uzenergo” mobil ilovasida huquqbuzarliklar aks etgan fotosuratlar va (yoki) videoyozuvlarni tahlil qilish, huquqbuzarlik sodir etilgan joyni aniqlash va huquqbuzarliklar sodir etgan shaxslarning harakatiga tegishli baho berish bilan shugʻullanuvchi masʼul xodimlarni amaldagi shtat birliklari doirasida belgilasin;
Oʻzbekiston Milliy teleradiokompaniyasi Oʻzbekiston Milliy axborot agentligi bilan birgalikda ushbu qarorning mazmun-mohiyati ommaviy axborot vositalarida keng yoritilishini taʼminlasin.
9. Mazkur qarorning bajarilishini nazorat qilish Oʻzbekiston Respublikasi energetika vaziri J.T. Mirzamahmudov zimmasiga yuklansin.
Vazirlar Mahkamasining 2023-yil 16-oktabrdagi 541-son qaroriga ILOVA
Elektr, issiqlik energiyasi, gazdan foydalanish qoidalarini buzish bilan bogʻliq huquqbuzarliklar toʻgʻrisidagi fotosuratlar va (yoki) videoyozuvlarni qabul qilish, koʻrib chiqish hamda ularni taqdim etgan shaxslarni ragʻbatlantirish tartibi haqida
1-bob. Umumiy qoidalar
1. Mazkur Nizom jismoniy shaxslarning videokuzatuv va tasvirga olish texnika vositalari hamda mobil qurilmalari orqali qayd etilgan elektr, issiqlik energiyasi, gazdan foydalanish qoidalarini buzish bilan bogliq huquqbuzarliklar aks ettirilgan fotosuratlar va (yoki) videoyozuvlarni qabul qilish, koʻrib chiqish hamda ularni taqdim etgan shaxslarni ragʻbatlantirish tartibini belgilaydi.
Ragʻbatlantirish qonuniylik, adolatlilik, xolislik, oshkoralik, fuqarolarning huquqlari, erkinliklari va qonuniy manfaatlariga rioya etish hamda ularning shaxsiy xavfsizligini taʼminlash va xohish-istaklarini hisobga olish prinsiplari asosida amalga oshiriladi.
2. Mazkur Nizomda quyidagi asosiy tushunchalardan foydalaniladi:
videotexnika vositalari — jismoniy shaxslarning videokuzatuv va tasvirga olish texnika vositalari hamda mobil qurilmalari;
huquqbuzarlik — videotexnika vositalari orqali qayd etilgan elektr, issiqlik energiyasi, gazdan foydalanish qoidalarini buzish bilan bogliq huquqbuzarliklar;
foto va video materiallar — huquqbuzarlik aks ettirilgan fotosuratlar va (yoki) videoyozuvlar;
axborot tizimi — Vazirlar Mahkamasi huzuridagi Elektr energiyasi, neft mahsulotlari va gazdan foydalanishni nazorat qilish inspeksiyasining internet axborot tizimidagi “Uzenergo” mobil ilovasi;
“Oʻzenergoinspeksiya” — Vazirlar Mahkamasi huzuridagi Elektr energiyasi, neft mahsulotlari va gazdan foydalanishni nazorat qilish inspeksiyasi.
3. Videotexnika vositalari orqali qayd etilgan huquqbuzarlik toʻgrisidagi foto va video materiallarni qabul qilish, koʻrib chiqish hamda ularni taqdim etgan shaxslarni ragʻbatlantirish ushbu Nizomda belgilangan tartib va ilovada keltirilgan sxemaga asosan amalga oshiriladi.
2-bob. Huquqbuzarliklarni videotexnika vositalari orqali qayd etish
4. Jismoniy shaxslar huquqbuzarlikni videotexnika vositalari orqali qayd etishi hamda foto va video materiallarni axborot tizimiga koʻrib chiqish uchun yuborishi mumkin.
5. Videotexnika vositalari orqali qayd etilgan huquqbuzarlik toʻgʻrisidagi foto va video materiallarda quyidagilar aniq aks ettirilishi lozim:
elektr, issiqlik energiyasi, gazdan foydalanish qoidalarini buzish bilan bogʻliq sodir etilgan huquqbuzarlik;
huquqbuzarlik sodir etgan shaxs toʻgʻrisidagi maʼlumotlar (agar mavjud boʻlsa);
huquqbuzarlik sodir etilgan manzil, geografik joylashuvi, sanasi va vaqti.
6. Huquqbuzarlik holati aks ettirilgan foto va video materiallarni axborot tizimiga yuborishda quyidagilar koʻrsatilishi lozim:
fuqaroning familiyasi, ismi, otasining ismi, doimiy (vaqtincha) yashash manzili;
uyali telefon raqami, bank plastik kartasi raqami va elektron pochta manzili.
7. Huquqbuzarliklar aks ettirilgan foto va video materiallarga har qanday tarzda oʻzgartirishlar kiritish taqiqlanadi. Oʻzgartirish kiritilgan foto va video materiallar koʻrib chiqilmaydi, hajmini qisqartirish maqsadida videoyozuvning bevosita huquqbuzarlik aks ettirilgan qismini kesib olish bundan mustasno (qoida tariqasida, videoyozuvning davomiyligi 120 sekunddan oshmasligi lozim).
3-bob. Videotexnika vositalari orqali qayd etilgan huquqbuzarliklarni koʻrib chiqish
8. Videotexnika vositalari orqali qayd etilgan huquqbuzarlik toʻgʻrisidagi foto va video materiallar maxsus avtomatlashtirilgan foto va video qayd etish texnika vositalari orqali huquqbuzarliklar qayd etilgan fotosurat va videoyozuvlarga tenglashtiriladi hamda Oʻzbekiston Respublikasining Maʼmuriy javobgarlik toʻgʻrisidagi kodeksida belgilangan tartibda koʻrib chiqiladi.
9. Axborot tizimiga yuborilgan huquqbuzarlik qayd etilgan foto va video materiallar tegishliligi boʻyicha “Oʻzenergoinspeksiya”ning hududiy boshqarmasi masʼul xodimi tomonidan oʻn besh ish kuni mobaynida koʻrib chiqiladi, xuquqbuzarlik holatlari oʻrganiladi va huquqbuzarning shaxsini aniqlash maqsadida foto va video materiallar hududiyligi boʻyicha ichki ishlar organlariga yuboriladi.
10. Huquqbuzarlik haqidagi foto va video materiallar Ichki ishlar vazirligi tomonidan qabul qilinadi, foto va video materiallar sifati va yuborilgan materiallar tekshiriladi, shundan soʻng huquqbuzarning shaxsi aniqlanadi va tegishliligi boʻyicha oʻn ish kuni mobaynida “Oʻzenergoinspeksiya” hududiy boshqarmasiga yuboriladi.
Bunda foto va video materiallarni qabul qilish va huquqbuzarning shaxsi aniqlanganligi natijalarini tegishliligi boʻyicha yuborish avtomatik va elektron tarzda amalga oshirilishi mumkin.
11. “Oʻzenergoinspeksiya” hududiy boshqarmasining masʼul xodimi besh ish kuni mobaynida:
maʼmuriy huquqbuzarlik sodir etgan shaxsga nisbatan belgilangan tartibda maʼmuriy bayonnoma va jazo choralarini qoʻllash yuzasidan hujjatlarni Ichki ishlar vazirligi maʼmuriy huquqbuzarliklar toʻgʻrisida yagona elektron ish yurituv tizimi “E-maʻmuriy ish” tizimi orqali maʼmuriy huquqbuzarliklar toʻgʻrisidagi maʼmuriy bayonnoma tuzish (rasmiylashtirish), maʼmuriy ishlarni koʻrib chiqish hamda tegishli vakolatli davlat organlariga yuborish uchun toʻliq kiritadi;
jarima solish toʻgʻrisidagi tegishli qaror va tayinlangan jarimani toʻlash uchun toʻlov varaqasini (kvitansiyani) huquqbuzarning elektron pochta manziliga elektron shaklda, uyali telefon raqamiga “CMC” xabarnoma shaklida yoki yashash manziliga pochta orqali yuboradi. Bunda tegishli qaror va toʻlov varaqasi (kvitansiya) huquqbuzarga bevosita taqdim etilishi ham mumkin.
Sodir etilgan huquqbuzarlik boʻyicha koʻrib chiqish vakolati mavjud boʻlmasa, hujjatlar bir ish kuni mobaynida qonunchilikda belgilangan tartibda tegishli sudga yoki boshqa vakolatli organga yuboriladi.
12. Agar sodir etilgan huquqbuzarlikda jinoyat alomatlari aniqlansa, foto va video materiallar bir kun ichida vakolatli huquqni muhofaza qilish organiga yuboriladi.
13. Quyidagi hollarda videotexnika vositalari orqali qayd etilgan huquqbuzarlik toʻgrisidagi foto va video materiallar boʻyicha ish yuritish tugatiladi hamda bu haqda tegishli qaror qabul qilinadi:
foto va video materiallar mazkur Nizomning 5-bandida belgilangan talablarga javob bermaganda;
foto va video materiallar axborot tizimiga mazkur Nizomning 6-bandida belgilangan talablarga rioya etilmagan holda yuklanganda;
foto va video materiallarga oʻzgartirishlar kiritilgan boʻlsa, mazkur Nizomning 7-bandida nazarda tutilgan hollar bundan mustasno;
ichki ishlar organlari tomonidan foto va video materiallarda aks ettirilgan huquqbuzarning shaxsini aniqlash imkoni boʻlmaganda;
foto va video materiallarda qayd etilgan huquqbuzarlik boʻyicha qaror qabul qilingan yoki maʼmuriy ish (jinoyat ishi) yuritilayotgan taqdirda.
14. Videotexnika vositalari orqali qayd etilgan huquqbuzarlik toʻgʻrisidagi foto va video materiallarni koʻrib chiqish natijasi yuzasidan uni yuborgan shaxsga huquqbuzarlik (jinoyat) boʻyicha jarima undirilgan paytdan eʼtiboran oʻn besh kun muddatda elektron shaklda javob yuboriladi.
4-bob. Huquqbuzarliklar qayd etilgan videoyozuvlarni yuborgan shaxslarni ragʻbatlantirish
15. Huquqbuzarlik aks ettirilgan foto va video materiallarni yuborgan shaxslar huquqbuzarlik holati oʻz tasdigʻini topganda bazaviy hisoblash miqdorining qirq foizi miqdorida ragʻbatlantiriladi.
16. Huquqbuzarlik aks ettirilgan foto va video materiallarni yuborgan shaxslar uyali telefon raqamini yoki bank plastik kartasi raqamini koʻrsatish orqali ragʻbatlantirish puli qanday usulda qabul qilib olinishini koʻrsatib oʻtadi.
17. Ragʻbatlantirish:
huquqbuzarlik boʻyicha birinchi xabar bergan shaxsga nisbatan qoʻllaniladi;
huquqbuzarlik tegishli organlar tomonidan bevosita aniqlangandan soʻng tushgan xabarlar boʻyicha amalga oshirilmaydi;
huquqbuzarlik holati oʻz tasdigʻini topgandan vaqtdan (qaror qabul qilingandan) boshlab oʻn besh kun muddatda huquqbuzarlik yuzasidan xabar bergan jismoniy shaxsning bank hisob varagʻiga pul oʻtkazish yoʻli bilan amalga oshiriladi.
Bunda ragʻbatlantirish sudlar tomonidan huquqbuzarlik yuzasidan chiqarilgan qarorlar yuqori instansiya sudida qayta koʻrib chiqilishidan qatʼiy nazar, huquqbuzarlik haqida xabar bergan shaxslarga toʻlab berilishi taʼminlanadi.
18. Ragʻbatlantirish huquqbuzardan jarima undirilgandan soʻng fuqaroning uyali telefon raqami hisobiga yoki bank plastik kartasiga tegishliligi boʻyicha huquqbuzarlik boʻyicha “Oʻzenergoinspeksiya” hisobvaragʻiga undirilgan jarimalar hisobidan avtomatik tarzda pul oʻtkazish yoʻli bilan amalga oshiriladi.
5-bob. Yakunlovchi qoidalar
19. Huquqbuzarlik toʻgʻrisidagi foto va video materiallarni taqdim etgan shaxslar haqidagi maʼlumotlarning oshkor etilishiga yoʻl qoʻyilmaydi.
20. Huquqbuzarlik toʻgʻrisidagi foto va video materiallarni taqdim etgan shaxslarga ragʻbatlantirish berilmaganligi holatlari boʻyicha yuqori turuvchi organga yoki sudga shikoyat qilinishi mumkin.
Vakolatli davlat organining xatti-harakati (harakatsizligi) ustidan boʻysunuv tartibida yuqori turuvchi organga shikoyat qilinishi sudga shikoyat qilish huquqini istisno etmaydi.
21. Ushbu Nizomni bajarish jarayonida kelib chiqadigan nizolar qonunchilik hujjatlariga muvofiq hal etiladi.
22. Mazkur Nizom talablarining buzilishida aybdor boʻlgan shaxslar qonunchilik hujjatlariga muvofiq javob beradilar.
Elektr, issiqlik energiyasi, gazdan foydalanish qoidalarini buzish bilan bogʻliq huquqbuzarliklar toʻgʻrisidagi fotosuratlar va (yoki) videoyozuvlarni qabul qilish, koʻrib chiqish hamda ularni taqdim etgan shaxslarni ragʻbatlantirish tartibi haqidagi nizomga ILOVA
Videotexnika vositalari orqali qayd etilgan huquqbuzarlik toʻgʻrisidagi foto va video materiallarni qabul qilish, koʻrib chiqish hamda ularni taqdim etgan shaxslarni ragʻbatlantirish
Bosqichlar Subyektlar Chora-tadbirlar Bajarish muddatlari 1-bosqich Jismoniy shaxslar Elektr, issiqlik energiyasi, gazdan foydalanish qoidalarini buzish bilan bogʻliq huquqbuzarliklar toʻgʻrisidagi fotosuratlar va (yoki) videoyozuvlarni axborot tizimiga yuboradi. Huquqbuzarlik aniqlanganda ixtiyoriy 2-bosqich “Oʻzenergoinspeksiya” hududiy boshqarmasi 1. Jismoniy shaxs tomonidan yuborilgan huquqbuzarlik haqidagi foto va video materiallarni qabul qilib oladi. 2. Huquqbuzarlik holatini oʻrganadi. 3. Huquqbuzarning shaxsini aniqlash maqsadida tegishli ichki ishlar organlariga foto va video materiallarni yuboradi. Oʻn besh ish kunida 3-bosqich Ichki ishlar vazirligi 1. Huquqbuzarlik haqidagi foto va video materiallarni qabul qilib oladi. 2. Foto va video materiallarning sifatini tekshiradi va huquqbuzarning shaxsini aniqlaydi. 3. Huquqbuzar shaxsi toʻgʻrisidagi maʼlumotlarni tegishliligi boʻyicha “Oʻzenergoinspeksiya” hududiy boshqarmasiga taqdim etadi. Oʻn ish kunida 4-bosqich “Oʻzenergoinspeksiya” 1. Huquqbuzarga nisbatan belgilangan tartibda maʼmuriy bayonnoma va jazo choralarini qoʻllash yuzasidan hujjatlarni elektron shaklda rasmiylashtiradi va Ichki ishlar vazirligining yagona maʼlumotlar bazasiga kiritadi yoki tegishliligi boʻyicha koʻrib chiqish uchun taalluqli sudga yuboradi. 2. Jarima solish toʻgʻrisidagi tegishli qaror va tayinlangan jarimani toʻlash uchun toʻlov varaqasini (kvitansiyani) huquqbuzarning elektron pochta manziliga elektron shaklda, uyali telefon raqamiga “SMS” xabarnoma shaklida yoki yashash manziliga pochta orqali yuboradi. 3. Sodir etilgan huquqbuzarlik holati boʻyicha koʻrib chiqish vakolati mavjud boʻlmagan taqdirda, hujjatlarni tegishli sudga yoki boshqa vakolatli organga yuboradi. Besh ish kunida 5-bosqich “Oʻzenergoinspeksiya” 1. Huquqbuzarlik toʻgʻrisidagi fotosuratlar va videoyozuvlarni yuborgan shaxslarni pul mukofoti bilan ragʻbatlantirishni huquqbuzarlik boʻyicha “Oʻzenergoinspeksiya” hisobvaragʻiga undirilgan jarimalar hisobidan avtomatik tarzda pul oʻtkazish yoʻli bilan amalga oshiradi. 2. Huquqbuzarlik toʻgʻrisidagi fotosuratlar va videoyozuvlarni yuborgan shaxsga murojaati natijalari yuzasidan maʼlumotlarni yuboradi. Huquqbuzarlik boʻyicha jarima undirilgandan soʻng oʻn besh ish kunida
Oʻzbekiston Respublikasining Bosh vaziri A. ARIPOV
Toshkent sh.,
2023-yil 16-oktabr,
541-son