UzbekAI

← Qonunlar

📅 2023-yil 26-oktabr · Vazirlar Mahkamasi qarorlari

Rasmiy matn. Rasmiy hujjat. Tahririy izohlar kiritilmagan.

Yordam | Arxiv | Atamalar | Statistika | API | Havola yuborish | Sayt haqida | Shartlar

← Қонунлар

📅 2023 йил 26 октябрь · Вазирлар Маҳкамаси қарорлари

Расмий матн. Расмий ҳужжат. Таҳририй изоҳлар киритилмаган.

Ёрдам | Архив | Атамалар | Статистика | API | Ҳавола юбориш | Сайт ҳақида | Шартлар

← Законы

📅 26 октября 2023 г. · Постановления Кабинета Министров

Официальный текст. Официальный документ. Редакционные примечания не включены.

Помощь | Архив | Термины | Статистика | API | Предложить ссылку | О сайте | Условия

← Laws

📅 26 October 2023 · Cabinet of Ministers resolutions

Official text. Official document. Editorial notes are not included.

Help | Archive | Glossary | Stats | API | Submit | About | Terms

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг

қарори

Ўзбекистон Республикаси ҳудудида фойдаланилаётган, сотиш ёки шахсий фойдаланиш учун олиб кириладиган мобил қурилмаларни рўйхатга олиш тартиби янада такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг айрим қарорларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида

Ҳозирги кунда мамлакатимизда Вазирлар Маҳкамасининг «Ўзбекистон Республикаси ҳудудида фойдаланилаётган, сотиш ёки шахсий фойдаланиш учун олиб кириладиган ва ишлаб чиқариладиган мобил қурилмаларни рўйхатга олиш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида» 2019 йил 17 сентябрдаги 778-сон қарорига асосан мобил қурилмаларни рўйхатга олиш амалга ошириб келинмоқда.

Мобил қурилмаларни рўйхатга олишда шахсга доир маълумотлардан ноқонуний фойдаланишнинг олдини олиш ва юртимизга ташриф буюрувчи туристлар учун қулай шарт-шароитлар яратиш мақсадида мавжуд тизимни янада такомиллаштириш талаб этилмоқда.

Шу билан бирга, жисмоний шахслар томонидан Ўзбекистон Республикаси Давлат чегарасининг авиация ўтказиш пунктлари орқали божхона тўловлари ундирилмайдиган айрим товарларни олиб ўтишнинг миқдор нормалари белгиланмаганлиги сабабли импорт қилувчилар томонидан республика ҳудудига мобил қурилмаларни тижорат мақсадларида божхона тўловларисиз олиб ўтиш ҳолатлари мавжуд.

Шунга кўра, Вазирлар Маҳкамасининг « Жисмоний шахслар томонидан Ўзбекистон Республикасига товарларни олиб ўтиш тартибини такомиллаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида » 2018 йил 22 июндаги 463-сон ҳамда « Ўзбекистон Республикаси ҳудудида фойдаланилаётган, сотиш ёки шахсий фойдаланиш учун олиб кириладиган ва ишлаб чиқариладиган мобил қурилмаларни рўйхатга олиш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида » 2019 йил 17 сентябрдаги 778-сон қарорларига юқорида қайд этилган талаблардан келиб чиқиб тегишли ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш зарурати юзага келмоқда.

Ўзбекистон Республикаси ҳудудида фойдаланилаётган, сотиш ёки шахсий фойдаланиш учун олиб кириладиган мобил қурилмаларни рўйхатга олиш тартибини янада такомиллаштириш, жисмоний шахслар томонидан мобил қурилмаларни республика ҳудудига олиб кирилишини тартибга солиш, божхона расмийлаштируви шартларини умумэътироф этилган жаҳон стандартларига мувофиқлаштириш ҳамда халқаро ўзига хос идентификация кодлари бўйича рўйхатга олиш тизимини такомиллаштириш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:

1. Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг айрим қарорларига иловага мувофиқ қуйидагиларни назарда тутувчи ўзгартириш ва қўшимчалар киритилсин:

жисмоний шахслар томонидан Ўзбекистон Республикаси Давлат чегарасининг авиация ўтказиш пунктлари орқали божхона тўловлари ундирилмайдиган айрим товарларни олиб ўтишнинг миқдор нормаларини белгилаш;

норезидентларга тегишли мобил қурилмалар IMEI-кодларининг кулранг рўйхатда бўлиш муддатини 30 календарь кунидан 60 календарь кунига узайтириш;

веб-сайт ва мобил иловалар орқали IMEI-кодларини рўйхатга олиш тартибини жорий этиш;

импорт қилувчилар томонидан олиб кирилаётган мобил қурилмаларнинг божхона расмийлаштируви тизимини такомиллаштириш.

2. Ўзбекистон Республикаси Рақамли технологиялар вазирлиги манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда ўзлари қабул қилган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни икки ой муддатда ушбу қарорга мувофиқлаштирсин.

3. Ушбу қарор расман эълон қилинган кундан эътиборан уч ой ўтгач кучга киради.

4. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси рақамли технологиялар вазири Ш.Х. Шерматов зиммасига юклансин.

Вазирлар Маҳкамасининг 2023 йил 26 октябрдаги 563-сон қарорига ИЛОВА

Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг айрим қарорларига киритилаётган ўзгартириш ва қўшимчалар

1. Вазирлар Маҳкамасининг «Жисмоний шахслар томонидан Ўзбекистон Республикасига товарларни олиб ўтиш тартибини такомиллаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида» 2018 йил 22 июндаги 463-сон қарорида :

а) муқаддимадаги «темир йўл ва дарё ўтказиш пунктлари орқали» сўзлари «темир йўл, авиация ва дарё ўтказиш пунктлари орқали» сўзлари билан алмаштирилсин;

б) 1-банд қуйидаги таҳрирда баён этилсин:

«1. Қуйидагилар:

Жисмоний шахслар томонидан Ўзбекистон Республикаси Давлат чегарасининг автойўл (йўловчи), темир йўл ва дарё ўтказиш пунктлари орқали божхона тўловлари ундирилмайдиган айрим товарларни олиб ўтишнинг миқдор нормалари 1-иловага мувофиқ;

Жисмоний шахслар томонидан Ўзбекистон Республикаси Давлат чегарасининг авиация ўтказиш пунктлари орқали божхона тўловлари ундирилмайдиган айрим товарларни олиб ўтишнинг миқдор нормалари 2-иловага мувофиқ тасдиқлансин»;

в) илова 1-илова деб ҳисоблансин;

г) 1-илованинг 15-позицияси «Товарнинг номи» устунидаги «қўл телефони» сўзлари «мобил алоқа модулига эга бўлган мобил телефонлар ва қурилмалар» сўзлари билан алмаштирилсин;

д) қуйидаги мазмундаги 2-илова билан тўлдирилсин:

«Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 22 июндаги 463-сон қарорига 2-ИЛОВА

Жисмоний шахслар томонидан Ўзбекистон Республикаси Давлат чегарасининг авиация ўтказиш пунктлари орқали божхона тўловлари ундирилмайдиган айрим товарларни олиб ўтишнинг миқдор нормалари*

Т/р Товарнинг номи Сони Даврийлик 1. Телефон аппарати, шу жумладан, мобил алоқа модулига эга бўлган мобил телефонлар ва қурилмалар 2 дона чегарани ҳар бир кесиб ўтишда (келишда)

2. Вазирлар Маҳкамасининг «Ўзбекистон Республикаси ҳудудида фойдаланилаётган, сотиш ёки шахсий фойдаланиш учун олиб кириладиган ва ишлаб чиқариладиган мобил қурилмаларни рўйхатга олиш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида» 2019 йил 17 сентябрдаги 778-сон қарорида :

а) 4-банддаги «Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги» сўзлари «Рақамли технологиялар вазирлиги» сўзлари билан алмаштирилсин;

б) иловада :

2-бандда :

ўн саккизинчи хатбоши қуйидаги таҳрирда баён этилсин:

« кул ранг рўйхат — оқ ёки қора рўйхатларга киритилмаган, аммо мобил алоқа операторининг тармоғида биринчи тармоқ ҳодисаси пайтидан бошлаб 30 календарь кунидан кўп бўлмаган муддатга мобил алоқа хизматларидан фойдаланиш имкониятига эга бўладиган мобил қурилмаларнинг IMEI-кодлари рўйхати (норезидентларга тегишли мобил қурилмалар IMEI-кодлари ушбу рўйхатда бўлиши мумкин бўлган муддат 60 календарь кунини ташкил қилади)»;

йигирма бешинчи хатбоши қуйидаги таҳрирда баён этилсин:

« мобил қурилмалар — мобил алоқа модулига эга бўлган мобил телефонлар, қурилмалар ва уларнинг эҳтиёт қисмлари (платалар)»;

йигирма тўққизинчи хатбоши чиқариб ташлансин;

ўттизинчи — ўттиз тўққизинчи хатбошилар тегишлича йигирма тўққизинчи — ўттиз саккизинчи хатбошилар деб ҳисоблансин;

11-банд қуйидаги мазмундаги хатбоши билан тўлдирилсин:

«Импорт қилувчилар томонидан олиб кирилаётган мобил қурилмаларнинг Тизимда рўйхатга олиниши «эркин муомалага чиқариш» (ИМ-40) божхона режимига расмийлаштирилганидан сўнг уч кун муддатда амалга оширилади»;

14-банд қуйидаги мазмундаги хатбоши билан тўлдирилсин:

«Импорт қилувчилар томонидан олиб кирилган қурилмалар партияси «эркин муомалага чиқариш» (ИМ-40) божхона режимига расмийлаштирилмагунча, мазкур қурилмаларнинг IMEI кодлари Тизимда рўйхатдан ўтказилишига йўл қўйилмайди»;

22-банд «тўлов» сўзидан кейин «10 иш куни ичида» сўзлари билан тўлдирилсин;

28-банд қуйидаги таҳрирда баён этилсин:

«28. Ўзбекистон Республикаси фуқароси томонидан мобил қурилмалар IMEI-кодларини рўйхатга олиш:

Тизим оператори ёки Тизим рўйхатга олувчисига шахсан келиб мурожаат қилиш йўли билан, Ўзбекистон Республикаси фуқароси учун ЖШШИР мавжуд шахсни тасдиқловчи ҳужжат ва ушбу Низомнинг 5б-иловасига мувофиқ Ўзбекистон Республикасига олиб кирилган мобил қурилманинг IMEI-кодлари, сони, модели ва маркаси кўрсатилган анкетани тўлдирган ҳолда;

ЯИДХП орқали — жисмоний шахснинг электрон рақамли имзоси ёки Мобил-ID тизими ёрдамида;

Тизим операторининг веб-сайти орқали — рўйхатдан ўтказилаётган мобил қурилманинг IMEI-коди, ЖШШИР ва абонент рақамини киритиш орқали;

Тизим операторининг веб-сайти ва мобил иловалар орқали — шахснинг биометрик маълумотларини идентификация қилиш ва мобил қурилма IMEI кодларини киритиш билан амалга оширилади»;

28 1 -бандда :

қуйидаги мазмундаги саккизинчи хатбоши билан тўлдирилсин:

«мобил иловалар орқали — шахснинг биометрик маълумотларини идентификация қилиш ва мобил қурилма IMEI кодларини киритиш билан амалга оширилади»;

саккизинчи — ўнинчи хатбошилар тегишлича тўққизинчи — ўн биринчи хатбошилар деб ҳисоблансин;

29-банд қуйидаги таҳрирда баён этилсин:

«29. Мобил қурилмаларни рўйхатга олиш учун жисмоний шахс қуйидагиларни тақдим этади:

ушбу Низомга 5-иловага мувофиқ шакл бўйича тўлдирилган Анкетани, шу жумладан Ўзбекистон Республикаси ҳудудига олиб кирилган мобил қурилмаларнинг маркаси, модели, сони ва IMEI-кодлари;

ўзи келиб мурожаат этганда — Тизим оператори ёки Тизим рўйхатга олувчиси учун ЖШШИР мавжуд шахсни тасдиқловчи ҳужжат;

анкета ЯИДХП орқали электрон шаклда тақдим этилганда жисмоний шахсдан фуқаролик паспорти ва электрон рақамли имзоси талаб этилмайди;

Тизим операторининг сайтида — абонент рўйхатдан ўтказиладиган мобил қурилманинг IMEI-коди, ариза берувчининг ЖШШИР ва телефон рақамини кўрсатади.

Веб-сайт ва мобил иловалар орқали шахснинг биометрик маълумотларини идентификация қилиш ва мобил қурилма IMEI-кодларини киритиш билан амалга оширилади»;

қуйидаги мазмундаги 29 1 -банд билан тўлдирилсин:

«29 1 . Жисмоний шахслар томонидан мобил қурилмаларни олиб киришда божхона тўловлари ундирилмайдиган чекланган меъёрларидан қатъи назар, декларация тўлдирилади»;

31-банд қуйидаги таҳрирда баён этилсин:

«31. Жисмоний шахслар томонидан халқаро почта ёки курьерлик жўнатмалари орқали олиб киритилган мобил қурилмалар Тизим оператори ёки Тизим рўйхатга олувчисига шахсан мурожаат этиш йўли билан, шунингдек, тизим операторининг сайти орқали, мос равишда почта идентификаторининг штрих коди, календарь штемпели бўлган конверт ва жўнатма олувчининг ЖШШИР мавжуд шахсни тасдиқловчи ҳужжатини кўрсатган ҳолда амалга оширилади»;

қуйидаги мазмундаги 31 2 -банд билан тўлдирилсин:

«31 2 . Мобил қурилмалар белгиланган меъёрдан ортиқ миқдорда олиб кирилган ҳолатларда ёки уларнинг божхона расмийлаштирувидан ўтганлиги тўғрисида ҳужжатлар тақдим этилмаган тақдирда, Тизим томонидан ушбу мобил қурилмаларнинг моделига мувофиқ умумий божхона тўловлари ҳамда рўйхатдан ўтказиш тўловлари миқдори шакллантирилади.

Божхона тўловлари миқдори Божхона қўмитаси маълумотлар базаси билан йўлга қўйилган электрон ахборот алмашинуви орқали белгиланади.

Бунда жисмоний шахс томонидан тўланган божхона тўловлари Давлат бюджетига, мобил қурилмани рўйхатдан ўтказиш учун тўловлар Тизим операторининг маҳсус ҳисобварағига йўналтирилади»;

қуйидаги мазмундаги 38 1 -банд билан тўлдирилсин:

«38 1 . Рўйхатдан ўтказиш учун тўловлар ариза берилган кундан бошлаб ўн календарь куни ичида амалга оширилади.

Тўловлар Ўзбекистон Республикаси қонунчилигида тақиқланмаган усуллар, шу жумладан, жисмоний шахснинг телефон рақами ҳисобидаги маблағдан амалга оширилиши мумкин»;

43-банд қуйидаги таҳрирда баён этилсин:

«43. Мобил қурилмаларнинг IMEI-кодларини рўйхатга олиш учун тўлов Тизим операторининг махсус ҳисобварағига келиб тушади.

Келиб тушган маблағлар қуйидагиларга йўналтирилади:

тизим оператори ўз фаолиятини юритиш харажатлари ва мажбуриятлари учун;

Ўзбекистон Республикаси Рақамли технологиялар вазирлигининг қарор, буйруқ ва фармойишларига асосан давлат органларида амалга оширилаётган ахборот-коммуникация технологияларини жорий этиш лойиҳаларини мақсадли молиялаштириш учун (ушбу харажатларга Тизим операторининг инвестиция фаолиятидан олинган даромадлари ҳам жалб қилиниши мумкин);

Рақамли технологияларни ривожлантириш жамғармасига — Вазирлар Маҳкамасининг қарорларига мувофиқ давлат органларида амалга оширилаётган ахборот-коммуникация технологияларини жорий этиш лойиҳаларини мақсадли молиялаштириш учун;

республика телекоммуникация инфратузилмасини, шу жумладан, қишлоқ ва чекка аҳоли пунктлари, туристик ва рекреацион ҳудудларда ривожлантириш лойиҳалари учун»;

45-банднинг саккизинчи хатбошиси қуйидаги таҳрирда баён этилсин:

«Тақдим қилинган маълумотлари тўғри келмаган, учинчи шахсларнинг маълумотлари тақдим қилинган ҳолларда IMEI-кодларни рўйхатдан ўтказишни рад этиш»;

46-бандда :

қуйидаги мазмундаги бешинчи хатбоши билан тўлдирилсин:

«тизимда рўйхатга олинган хориждан олиб келинган мобил қурилмалар тўғрисида Божхона қўмитасига ҳар ой якуни бўйича ахборот тақдим этиш»;

бешинчи хатбоши олтинчи хатбоши деб ҳисоблансин;

49 2 -банд қуйидаги таҳрирда баён этилсин:

«49 2 . Ушбу Низомда белгиланган талабларнинг бузилиши аниқланганда ёки шундай ҳолатлар тўғрисида шахслардан келиб тушган мурожаатларга асосан аввал рўйхатдан ўтказилган IMEI-кодлар бекор қилинади ва амалга оширилган хизматлар учун қабул қилинган тўловлар қайтарилмайди».

Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А. АРИПОВ

Тошкент ш.,

2023 йил 26 октябрь,

563-сон

(Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 27.10.2023 й., 09/23/563/0800-сон)

lex.uz

Oʻzbekiston Respublikasi Vazirlar Mahkamasining

qarori

Oʻzbekiston Respublikasi hududida foydalanilayotgan, sotish yoki shaxsiy foydalanish uchun olib kiriladigan mobil qurilmalarni roʻyxatga olish tartibi yanada takomillashtirilishi munosabati bilan Oʻzbekiston Respublikasi Hukumatining ayrim qarorlariga oʻzgartirish va qoʻshimchalar kiritish toʻgʻrisida

Hozirgi kunda mamlakatimizda Vazirlar Mahkamasining “Oʻzbekiston Respublikasi hududida foydalanilayotgan, sotish yoki shaxsiy foydalanish uchun olib kiriladigan va ishlab chiqariladigan mobil qurilmalarni roʻyxatga olish tartibi toʻgʻrisidagi nizomni tasdiqlash haqida” 2019-yil 17-sentabrdagi 778-son qaroriga asosan mobil qurilmalarni roʻyxatga olish amalga oshirib kelinmoqda.

Mobil qurilmalarni roʻyxatga olishda shaxsga doir maʼlumotlardan noqonuniy foydalanishning oldini olish va yurtimizga tashrif buyuruvchi turistlar uchun qulay shart-sharoitlar yaratish maqsadida mavjud tizimni yanada takomillashtirish talab etilmoqda.

Shu bilan birga, jismoniy shaxslar tomonidan Oʻzbekiston Respublikasi Davlat chegarasining aviatsiya oʻtkazish punktlari orqali bojxona toʻlovlari undirilmaydigan ayrim tovarlarni olib oʻtishning miqdor normalari belgilanmaganligi sababli import qiluvchilar tomonidan respublika hududiga mobil qurilmalarni tijorat maqsadlarida bojxona toʻlovlarisiz olib oʻtish holatlari mavjud.

Shunga koʻra, Vazirlar Mahkamasining “ Jismoniy shaxslar tomonidan Oʻzbekiston Respublikasiga tovarlarni olib oʻtish tartibini takomillashtirishga doir qoʻshimcha chora-tadbirlari toʻgʻrisida ” 2018-yil 22-iyundagi 463-son hamda “ Oʻzbekiston Respublikasi hududida foydalanilayotgan, sotish yoki shaxsiy foydalanish uchun olib kiriladigan va ishlab chiqariladigan mobil qurilmalarni roʻyxatga olish tartibi toʻgʻrisidagi nizomni tasdiqlash haqida ” 2019-yil 17-sentabrdagi 778-son qarorlariga yuqorida qayd etilgan talablardan kelib chiqib tegishli oʻzgartirish va qoʻshimchalar kiritish zarurati yuzaga kelmoqda.

Oʻzbekiston Respublikasi hududida foydalanilayotgan, sotish yoki shaxsiy foydalanish uchun olib kiriladigan mobil qurilmalarni roʻyxatga olish tartibini yanada takomillashtirish, jismoniy shaxslar tomonidan mobil qurilmalarni respublika hududiga olib kirilishini tartibga solish, bojxona rasmiylashtiruvi shartlarini umumeʼtirof etilgan jahon standartlariga muvofiqlashtirish hamda xalqaro oʻziga xos identifikatsiya kodlari boʻyicha roʻyxatga olish tizimini takomillashtirish maqsadida Vazirlar Mahkamasi qaror qiladi:

1. Oʻzbekiston Respublikasi Hukumatining ayrim qarorlariga ilovaga muvofiq quyidagilarni nazarda tutuvchi oʻzgartirish va qoʻshimchalar kiritilsin:

jismoniy shaxslar tomonidan Oʻzbekiston Respublikasi Davlat chegarasining aviatsiya oʻtkazish punktlari orqali bojxona toʻlovlari undirilmaydigan ayrim tovarlarni olib oʻtishning miqdor normalarini belgilash;

norezidentlarga tegishli mobil qurilmalar IMEI-kodlarining kulrang roʻyxatda boʻlish muddatini 30 kalendar kunidan 60 kalendar kuniga uzaytirish;

veb-sayt va mobil ilovalar orqali IMEI-kodlarini roʻyxatga olish tartibini joriy etish;

import qiluvchilar tomonidan olib kirilayotgan mobil qurilmalarning bojxona rasmiylashtiruvi tizimini takomillashtirish.

2. Oʻzbekiston Respublikasi Raqamli texnologiyalar vazirligi manfaatdor vazirlik va idoralar bilan birgalikda oʻzlari qabul qilgan normativ-huquqiy hujjatlarni ikki oy muddatda ushbu qarorga muvofiqlashtirsin.

3. Ushbu qaror rasman eʼlon qilingan kundan eʼtiboran uch oy oʻtgach kuchga kiradi.

4. Mazkur qarorning bajarilishini nazorat qilish Oʻzbekiston Respublikasi raqamli texnologiyalar vaziri Sh.X. Shermatov zimmasiga yuklansin.

Vazirlar Mahkamasining 2023-yil 26-oktabrdagi 563-son qaroriga ILOVA

Oʻzbekiston Respublikasi Hukumatining ayrim qarorlariga kiritilayotgan oʻzgartirish va qoʻshimchalar

1. Vazirlar Mahkamasining “Jismoniy shaxslar tomonidan Oʻzbekiston Respublikasiga tovarlarni olib oʻtish tartibini takomillashtirishga doir qoʻshimcha chora-tadbirlari toʻgʻrisida” 2018-yil 22-iyundagi 463-son qarorida :

a) muqaddimadagi “temir yoʻl va daryo oʻtkazish punktlari orqali” soʻzlari “temir yoʻl, aviatsiya va daryo oʻtkazish punktlari orqali” soʻzlari bilan almashtirilsin;

b) 1-band quyidagi tahrirda bayon etilsin:

“1. Quyidagilar:

Jismoniy shaxslar tomonidan Oʻzbekiston Respublikasi Davlat chegarasining avtoyoʻl (yoʻlovchi), temir yoʻl va daryo oʻtkazish punktlari orqali bojxona toʻlovlari undirilmaydigan ayrim tovarlarni olib oʻtishning miqdor normalari 1-ilovaga muvofiq;

Jismoniy shaxslar tomonidan Oʻzbekiston Respublikasi Davlat chegarasining aviatsiya oʻtkazish punktlari orqali bojxona toʻlovlari undirilmaydigan ayrim tovarlarni olib oʻtishning miqdor normalari 2-ilovaga muvofiq tasdiqlansin”;

v) ilova 1-ilova deb hisoblansin;

g) 1-ilovaning 15-pozitsiyasi “Tovarning nomi” ustunidagi “qoʻl telefoni” soʻzlari “mobil aloqa moduliga ega boʻlgan mobil telefonlar va qurilmalar” soʻzlari bilan almashtirilsin;

d) quyidagi mazmundagi 2-ilova bilan toʻldirilsin:

“Vazirlar Mahkamasining 2018-yil 22-iyundagi 463-son qaroriga 2-ILOVA

Jismoniy shaxslar tomonidan Oʻzbekiston Respublikasi Davlat chegarasining aviatsiya oʻtkazish punktlari orqali bojxona toʻlovlari undirilmaydigan ayrim tovarlarni olib oʻtishning miqdor normalari*

T/r Tovarning nomi Soni Davriylik 1. Telefon apparati, shu jumladan, mobil aloqa moduliga ega boʻlgan mobil telefonlar va qurilmalar 2 dona chegarani har bir kesib oʻtishda (kelishda)

2. Vazirlar Mahkamasining “Oʻzbekiston Respublikasi hududida foydalanilayotgan, sotish yoki shaxsiy foydalanish uchun olib kiriladigan va ishlab chiqariladigan mobil qurilmalarni roʻyxatga olish tartibi toʻgʻrisidagi nizomni tasdiqlash haqida” 2019-yil 17-sentabrdagi 778-son qarorida :

a) 4-banddagi “Axborot texnologiyalari va kommunikatsiyalarini rivojlantirish vazirligi” soʻzlari “Raqamli texnologiyalar vazirligi” soʻzlari bilan almashtirilsin;

b) ilovada :

2-bandda :

oʻn sakkizinchi xatboshi quyidagi tahrirda bayon etilsin:

“ kul rang roʻyxat — oq yoki qora roʻyxatlarga kiritilmagan, ammo mobil aloqa operatorining tarmogʻida birinchi tarmoq hodisasi paytidan boshlab 30 kalendar kunidan koʻp boʻlmagan muddatga mobil aloqa xizmatlaridan foydalanish imkoniyatiga ega boʻladigan mobil qurilmalarning IMEI-kodlari roʻyxati (norezidentlarga tegishli mobil qurilmalar IMEI-kodlari ushbu roʻyxatda boʻlishi mumkin boʻlgan muddat 60 kalendar kunini tashkil qiladi)”;

yigirma beshinchi xatboshi quyidagi tahrirda bayon etilsin:

“ mobil qurilmalar — mobil aloqa moduliga ega boʻlgan mobil telefonlar, qurilmalar va ularning ehtiyot qismlari (platalar)”;

yigirma toʻqqizinchi xatboshi chiqarib tashlansin;

oʻttizinchi — oʻttiz toʻqqizinchi xatboshilar tegishlicha yigirma toʻqqizinchi — oʻttiz sakkizinchi xatboshilar deb hisoblansin;

11-band quyidagi mazmundagi xatboshi bilan toʻldirilsin:

“Import qiluvchilar tomonidan olib kirilayotgan mobil qurilmalarning Tizimda roʻyxatga olinishi “erkin muomalaga chiqarish” (IM-40) bojxona rejimiga rasmiylashtirilganidan soʻng uch kun muddatda amalga oshiriladi”;

14-band quyidagi mazmundagi xatboshi bilan toʻldirilsin:

“Import qiluvchilar tomonidan olib kirilgan qurilmalar partiyasi “erkin muomalaga chiqarish” (IM-40) bojxona rejimiga rasmiylashtirilmaguncha, mazkur qurilmalarning IMEI kodlari Tizimda roʻyxatdan oʻtkazilishiga yoʻl qoʻyilmaydi”;

22-band “toʻlov” soʻzidan keyin “10 ish kuni ichida” soʻzlari bilan toʻldirilsin;

28-band quyidagi tahrirda bayon etilsin:

“28. Oʻzbekiston Respublikasi fuqarosi tomonidan mobil qurilmalar IMEI-kodlarini roʻyxatga olish:

Tizim operatori yoki Tizim roʻyxatga oluvchisiga shaxsan kelib murojaat qilish yoʻli bilan, Oʻzbekiston Respublikasi fuqarosi uchun JShShIR mavjud shaxsni tasdiqlovchi hujjat va ushbu Nizomning 5b-ilovasiga muvofiq Oʻzbekiston Respublikasiga olib kirilgan mobil qurilmaning IMEI-kodlari, soni, modeli va markasi koʻrsatilgan anketani toʻldirgan holda;

YIDXP orqali — jismoniy shaxsning elektron raqamli imzosi yoki Mobil-ID tizimi yordamida;

Tizim operatorining veb-sayti orqali — roʻyxatdan oʻtkazilayotgan mobil qurilmaning IMEI-kodi, JShShIR va abonent raqamini kiritish orqali;

Tizim operatorining veb-sayti va mobil ilovalar orqali — shaxsning biometrik maʼlumotlarini identifikatsiya qilish va mobil qurilma IMEI kodlarini kiritish bilan amalga oshiriladi”;

28 1 -bandda :

quyidagi mazmundagi sakkizinchi xatboshi bilan toʻldirilsin:

“mobil ilovalar orqali — shaxsning biometrik maʼlumotlarini identifikatsiya qilish va mobil qurilma IMEI kodlarini kiritish bilan amalga oshiriladi”;

sakkizinchi — oʻninchi xatboshilar tegishlicha toʻqqizinchi — oʻn birinchi xatboshilar deb hisoblansin;

29-band quyidagi tahrirda bayon etilsin:

“29. Mobil qurilmalarni roʻyxatga olish uchun jismoniy shaxs quyidagilarni taqdim etadi:

ushbu Nizomga 5-ilovaga muvofiq shakl boʻyicha toʻldirilgan Anketani, shu jumladan Oʻzbekiston Respublikasi hududiga olib kirilgan mobil qurilmalarning markasi, modeli, soni va IMEI-kodlari;

oʻzi kelib murojaat etganda — Tizim operatori yoki Tizim roʻyxatga oluvchisi uchun JShShIR mavjud shaxsni tasdiqlovchi hujjat;

anketa YIDXP orqali elektron shaklda taqdim etilganda jismoniy shaxsdan fuqarolik pasporti va elektron raqamli imzosi talab etilmaydi;

Tizim operatorining saytida — abonent roʻyxatdan oʻtkaziladigan mobil qurilmaning IMEI-kodi, ariza beruvchining JShShIR va telefon raqamini koʻrsatadi.

Veb-sayt va mobil ilovalar orqali shaxsning biometrik maʼlumotlarini identifikatsiya qilish va mobil qurilma IMEI-kodlarini kiritish bilan amalga oshiriladi”;

quyidagi mazmundagi 29 1 -band bilan toʻldirilsin:

“29 1 . Jismoniy shaxslar tomonidan mobil qurilmalarni olib kirishda bojxona toʻlovlari undirilmaydigan cheklangan meʼyorlaridan qatʼi nazar, deklaratsiya toʻldiriladi”;

31-band quyidagi tahrirda bayon etilsin:

“31. Jismoniy shaxslar tomonidan xalqaro pochta yoki kuryerlik joʻnatmalari orqali olib kiritilgan mobil qurilmalar Tizim operatori yoki Tizim roʻyxatga oluvchisiga shaxsan murojaat etish yoʻli bilan, shuningdek, tizim operatorining sayti orqali, mos ravishda pochta identifikatorining shtrix kodi, kalendar shtempeli boʻlgan konvert va joʻnatma oluvchining JShShIR mavjud shaxsni tasdiqlovchi hujjatini koʻrsatgan holda amalga oshiriladi”;

quyidagi mazmundagi 31 2 -band bilan toʻldirilsin:

“31 2 . Mobil qurilmalar belgilangan meʼyordan ortiq miqdorda olib kirilgan holatlarda yoki ularning bojxona rasmiylashtiruvidan oʻtganligi toʻgʻrisida hujjatlar taqdim etilmagan taqdirda, Tizim tomonidan ushbu mobil qurilmalarning modeliga muvofiq umumiy bojxona toʻlovlari hamda roʻyxatdan oʻtkazish toʻlovlari miqdori shakllantiriladi.

Bojxona toʻlovlari miqdori Bojxona qoʻmitasi maʼlumotlar bazasi bilan yoʻlga qoʻyilgan elektron axborot almashinuvi orqali belgilanadi.

Bunda jismoniy shaxs tomonidan toʻlangan bojxona toʻlovlari Davlat budjetiga, mobil qurilmani roʻyxatdan oʻtkazish uchun toʻlovlar Tizim operatorining mahsus hisobvaragʻiga yoʻnaltiriladi”;

quyidagi mazmundagi 38 1 -band bilan toʻldirilsin:

“38 1 . Roʻyxatdan oʻtkazish uchun toʻlovlar ariza berilgan kundan boshlab oʻn kalendar kuni ichida amalga oshiriladi.

Toʻlovlar Oʻzbekiston Respublikasi qonunchiligida taqiqlanmagan usullar, shu jumladan, jismoniy shaxsning telefon raqami hisobidagi mablagʻdan amalga oshirilishi mumkin”;

43-band quyidagi tahrirda bayon etilsin:

“43. Mobil qurilmalarning IMEI-kodlarini roʻyxatga olish uchun toʻlov Tizim operatorining maxsus hisobvaragʻiga kelib tushadi.

Kelib tushgan mablagʻlar quyidagilarga yoʻnaltiriladi:

tizim operatori oʻz faoliyatini yuritish xarajatlari va majburiyatlari uchun;

Oʻzbekiston Respublikasi Raqamli texnologiyalar vazirligining qaror, buyruq va farmoyishlariga asosan davlat organlarida amalga oshirilayotgan axborot-kommunikatsiya texnologiyalarini joriy etish loyihalarini maqsadli moliyalashtirish uchun (ushbu xarajatlarga Tizim operatorining investitsiya faoliyatidan olingan daromadlari ham jalb qilinishi mumkin);

Raqamli texnologiyalarni rivojlantirish jamgʻarmasiga — Vazirlar Mahkamasining qarorlariga muvofiq davlat organlarida amalga oshirilayotgan axborot-kommunikatsiya texnologiyalarini joriy etish loyihalarini maqsadli moliyalashtirish uchun;

respublika telekommunikatsiya infratuzilmasini, shu jumladan, qishloq va chekka aholi punktlari, turistik va rekreatsion hududlarda rivojlantirish loyihalari uchun”;

45-bandning sakkizinchi xatboshisi quyidagi tahrirda bayon etilsin:

“Taqdim qilingan maʼlumotlari toʻgʻri kelmagan, uchinchi shaxslarning maʼlumotlari taqdim qilingan hollarda IMEI-kodlarni roʻyxatdan oʻtkazishni rad etish”;

46-bandda :

quyidagi mazmundagi beshinchi xatboshi bilan toʻldirilsin:

“tizimda roʻyxatga olingan xorijdan olib kelingan mobil qurilmalar toʻgʻrisida Bojxona qoʻmitasiga har oy yakuni boʻyicha axborot taqdim etish”;

beshinchi xatboshi oltinchi xatboshi deb hisoblansin;

49 2 -band quyidagi tahrirda bayon etilsin:

“49 2 . Ushbu Nizomda belgilangan talablarning buzilishi aniqlanganda yoki shunday holatlar toʻgʻrisida shaxslardan kelib tushgan murojaatlarga asosan avval roʻyxatdan oʻtkazilgan IMEI-kodlar bekor qilinadi va amalga oshirilgan xizmatlar uchun qabul qilingan toʻlovlar qaytarilmaydi”.

Oʻzbekiston Respublikasining Bosh vaziri A. ARIPOV

Toshkent sh.,

2023-yil 26-oktabr,

563-son

(Qonunchilik maʼlumotlari milliy bazasi, 27.10.2023-y., 09/23/563/0800-son)

lex.uz