UzbekAI

← Qonunlar

📅 2023-yil 27-oktabr · Vazirlar Mahkamasi qarorlari

Rasmiy matn. Rasmiy hujjat. Tahririy izohlar kiritilmagan.

Yordam | Arxiv | Atamalar | Statistika | API | Havola yuborish | Sayt haqida | Shartlar

← Қонунлар

📅 2023 йил 27 октябрь · Вазирлар Маҳкамаси қарорлари

Расмий матн. Расмий ҳужжат. Таҳририй изоҳлар киритилмаган.

Ёрдам | Архив | Атамалар | Статистика | API | Ҳавола юбориш | Сайт ҳақида | Шартлар

← Законы

📅 27 октября 2023 г. · Постановления Кабинета Министров

Официальный текст. Официальный документ. Редакционные примечания не включены.

Помощь | Архив | Термины | Статистика | API | Предложить ссылку | О сайте | Условия

← Laws

📅 27 October 2023 · Cabinet of Ministers resolutions

Official text. Official document. Editorial notes are not included.

Help | Archive | Glossary | Stats | API | Submit | About | Terms

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг

қарори

РЎЙХАТИ

Иссиқхона хўжаликлари ва мева-сабзавотларни экспорт қилувчи корхоналарнинг фаолиятини қўллаб-қувватлашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида

Республикада озиқ-овқат хавфсизлигини ва ички бозорларда нархлар барқарорлигини таъминлаш, иссиқхона хўжаликлари томонидан маҳсулот етиштириш ҳажмини ошириш, иссиқхоналарнинг муқобил энергия манбаларидан фойдаланишга ўтишини рағбатлантириш, шунингдек, маҳаллий экспорт қилувчиларни қўллаб-қувватлаш ҳамда уларнинг экспорт салоҳиятини ошириш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:

1. Шундай тартиб жорий этилсинки, унга мувофиқ Ўзбекистон Республикаси Президентининг «2023 йилда қайта тикланувчи энергия манбаларини ва энергия тежовчи технологияларни жорий этишни жадаллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида» 2023 йил 16 февралдаги ПҚ-57-сон қарорига мувофиқ кўмир ёқилғисига ўтказиш белгиланган иссиқхона хўжаликларига 2023/2024 йиллар куз-қиш мавсумида табиий газ қуйидаги талабларга қатъий риоя этган ҳолда етказиб берилади:

иссиқхона хўжалигининг табиий газ ҳисоблагичлари Табиий газ назорати ва ҳисобга олишнинг автоматлаштирилган тизимига (кейинги ўринларда — ГНҲОАТ) уланган ҳамда табиий газ истеъмоли бўйича маълумотлари ГНҲОАТга онлайн равишда узатиладиган бўлиши;

иссиқхона хўжалигининг табиий газдан юзага келган дебитор қарздорлигини сўндириши ҳамда табиий газ учун белгиланган тўловни олдиндан тўлаши;

аҳолининг газ таъминоти тизимида фавқулодда ҳолатлар юзага келганда, иссиқхона хўжалигида етарли миқдорда муқобил ёқилғи захирасининг мавжудлиги.

Электр энергияси, нефть маҳсулотлари ва газдан фойдаланишни назорат қилиш инспекцияси «Ҳудудгазтаъминот» АЖ ва Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси билан биргаликда бир ой муддатда иссиқхона хўжаликларининг ГНҲОАТга уланганлигини мониторинг қилсин ҳамда мониторинг натижаларига кўра ГНҲОАТга уланмаган иссиқхона хўжаликларини «Инсофсиз истеъмолчилар рўйхати»га киритган ҳолда, уларга табиий газ етказиб бериш бўйича шартномаларнинг бекор қилинишини таъминласин.

2. Белгилансинки, 2023/2024 йиллар куз-қиш мавсумидан бошлаб ҳар йили «Ҳудудгазтаъминот» АЖ, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари ҳамда иссиқхона хўжаликлари ўртасида уч томонлама келишувлар тузиш амалиёти жорий этилади. Бунда ушбу келишувларда:

«Ҳудудгазтаъминот» АЖ Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари билан биргаликда иссиқхона хўжаликларига ёқилғи маҳсулотларини (кўмир ва табиий газ) узлуксиз етказиб бериш кафолати;

иссиқхона хўжалигининг табиий газ ҳисоблагичлари ГНҲОАТга уланган ва газ истеъмоли бўйича маълумотлари ГНҲОАТга онлайн равишда узатилган тақдирда, ташкилий-ҳуқуқий шаклидан қатъи назар юридик шахслар учун Вазирлар Маҳкамасининг 2023 йил 15 сентябрдаги 475-сон қарорида белгиланган тарифларда табиий газни етказиб беришнинг йўлга қўйилиши;

иссиқхона хўжаликларининг табиий газ ҳисоблагичлари ГНҲОАТга уланганлигини мониторинг қилиш натижаларига кўра ГНҲОАТга уланмаган иссиқхона хўжалигини «Инсофсиз истеъмолчилар рўйхатига» киритган ҳолда, унга табиий газ етказиб бериш бўйича шартноманинг бекор қилиниши;

иссиқхона хўжалигининг табиий газдан юзага келган дебитор қарздорлигини сўндирилиши ва табиий газ учун белгиланган тўловни олдиндан тўланиши;

аҳолининг газ таъминоти тизимида фавқулодда ҳолатлар юзага келганда, иссиқхона хўжалигида етарли миқдорда муқобил ёқилғи захирасининг мавжудлиги;

ҳар бир иссиқхона хўжалигининг 2023/2024 йиллар куз-қиш мавсумидаги эҳтиёжидан келиб чиққан ҳолда, унга етказиб бериладиган табиий газ ҳажмлари аниқ кўрсатилиши;

иссиқхона хўжалигининг етказиб берилган ёқилги учун тўлиқ ҳисоб-китоб қилиши, қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштириш ҳамда ички ва ташқи бозорга чиқариш бўйича мажбурияти;

янги ташкил этиладиган иссиқхона хўжаликларига табиий газ ёки иссиқлик энергия марказларига уланиш ва техник шартлар бериш тақиқланиши назарда тутилади.

Ўзбекистон Республикаси Энергетика вазирлиги «Ҳудудгазтаъминот» АЖ, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари билан биргаликда икки ҳафта муддатда 2023/2024 йиллар куз-қиш мавсуми учун иссиқхона хўжаликлари билан уч томонлама келишувлар тузиш ишларини якунласин.

3. Табиий газдан кўмир ёқилғисига ўтказиладиган иссиқхона хўжаликларини давлат томонидан рағбатлантиришнинг қуйидаги механизмлари жорий этилсин:

а) 2023 йил 1 ноябрдан бошлаб иссиқхона хўжаликларига кўмир қозонини харид қилиш харажатларининг 20 фоизи Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ҳузуридаги Агросаноатни ривожлантириш агентлигининг Агросаноатни ривожлантириш ва қўллаб-қувватлаш давлат мақсадли жамғармаси маблағи ҳисобидан қоплаб берилади.

Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари Ж.А. Қўчқоров икки ҳафта муддатда Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджета маблағлари ҳисобидан Боғдорчилик ва иссиқхона хўжалигини ривожлантириш жамғармасига 25 млрд сўм ажратилишини таъминласин.

Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги Иқтисодиёт ва молия вазирлиги билан биргаликда икки ҳафта муддатда кўмир ёқилғисига ўтказиладиган иссиқхона хўжаликларига кўмир қозонини харид қилиш харажатларининг 20 фоизини қоплаб бериш тартибини ишлаб чиқиб, тасдиқлаш учун Вазирлар Маҳкамасига киритсин;

б) тижорат банклари томонидан иссиқхона хўжаликларига қуйидаги мақсадлар учун кредитлар ажратилади:

кўмир сақлаш омборларини қуриш харажатлари учун 3 йил муддатга 1 йиллик имтиёзли давр билан;

ёқилғи сотиб олишга айланма маблағ учун 1 йил муддатга 6 ойлик имтиёзли давр билан.

Мазкур банднинг «б» кичик банди учинчи хатбошисида назарда тутилаётган рағбатлантириш чораси табиий газда фаолият юритаётган иссиқхона хўжаликларига ҳам татбиқ этилади.

4. Белгилансинки, ташқи бозорларда мева-сабзавот маҳсулотларини сақлаш ва сотишга мўлжалланган йирик савдо омборларини (кейинги ўринларда — йирик савдо омборлари) ижарага олишни Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги ҳузуридаги Экспортни рағбатлантириш агентлиги (кейинги ўринларда — Агентлик) маблағлари ҳисобидан молиялаштиришнинг қуйидаги янги тартиби жорий этилади:

Қишлоқ хўжалиги вазирлиги Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги ҳамда Ўзбекистоннинг хориждаги элчихоналари билан биргаликда йирик савдо омборларини ижарага олиш ва трейдер компанияларга оператив бошқарув ҳуқуқи асосида текин фойдаланиш учун бериш бўйича таклифларни Инвестицияларни жалб қилиш, саноатни ривожлантириш ва савдони тартибга солиш масалалари бўйича Ҳукумат комиссиясига (кейинги ўринларда — Ҳукумат комиссияси) киритади;

Агентлик Ҳукумат комиссияси томонидан тасдиқланган рўйхатга асосан йирик савдо омборларининг ижарага олинишини таъминлайди ҳамда трейдер компанияларга текин фойдаланиш ҳуқуқи билан топширади;

Агентлик йирик савдо омборларининг рўйхати, улардаги бўш жойлар ҳамда трейдер компанияларнинг контактлари тўғрисидаги маълумотларни ўзининг расмий веб-сайтига доимий жойлаштириб боради;

йирик савдо омборларида экспорт қилувчи корхоналарнинг текин сақланадиган мева-сабзавот маҳсулотлари рўйхати Ҳукумат комиссияси томонидан тасдиқланади;

йирик савдо омборларини ижарага олиш харажатлари Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Пахта-тўқимачилик кластерлари фаолиятини қўллаб-қувватлаш, тўқимачилик ва тикув-трикотаж саноатини тубдан ислоҳ қилиш ҳамда соҳанинг экспорт салоҳиятини янада ошириш чора-тадбирлари тўғрисида» 2023 йил 10 январдаги ПФ-2-сон Фармонининг 3-бандига мувофиқ Агентликка Ўзбекистон Республикасининг республика бюджетидан ажратиладиган маблағлар ҳисобидан амалга оширилади.

Ҳукумат комиссияси бир ой муддатда ташқи бозорларда мева-сабзавот маҳсулотларини сақлаш ва сотишга мўлжалланган йирик савдо омборларини ижарага олиш ҳамда трейдер компанияларга оператив бошқарув ҳуқуқи асосида текин фойдаланиш учун бериш тартибини тасдиқласин.

5. Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари Ж.А. Ходжаев Қишлоқ хўжалиги вазирлиги, Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги ҳамда Ўзбекистоннинг хориждаги элчихоналари таклифларига асосан икки ой муддатда, биринчи навбатда, мева-сабзавот маҳсулотларига талаб юқори бўлган Россия Федерациясининг Москва, Оренбург, Уфа ва Новосибирск шаҳарларида йирик савдо омборларини ижарага олиш ва трейдер компанияларга топшириш чораларини кўрсин.

6. Белгилансинки, сердаромад янги экин турларини етиштириш ҳамда ҳосилдорлик ва даромадни ошириш мақсадида иссиқхона хўжаликларига хориждан малакали агроном, энтомолог ва лаборатория мутахассисларини жалб қилиш харажатларининг 50 фоизи, бироқ бир ойга 1 нафар мутахассис учун 1 минг АҚШ доллари эквивалентидан ошмаган қисми Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджетидан Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ҳузуридаги Агросаноатни ривожлантириш агентлигига ҳар йили ажратиладиган маблағлар доирасида Агросаноатни ривожлантириш ва қўллаб-қувватлаш давлат мақсадли жамғармаси ҳисобидан қоплаб берилади.

Бунда юқори малакали агрономлар «яшил реестр»ини юритиш ҳамда расмий веб-сайтларда эълон қилиб бориш тизими йўлга қўйилади.

7. Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги:

икки ҳафта муддатда иссиқхона хўжаликларига хориждан малакали агроном, энтомолог ва лаборатория мутахассисларини жалб қилиш харажатларининг 50 фоизини қоплаш тартибини ишлаб чиқиб, Вазирлар Маҳкамасига киритсин;

иссиқхона хўжаликларига малакали хорижий агрономларни танлаш, баҳолаш ва жалб қилиш бўйича «Малакали агроном — юқори даромад гарови» дастурини амалга оширсин;

2024 йил 1 августга қадар Қишлоқ хўжалигида хизматлар кўрсатиш агентлиги билан биргаликда салоҳиятли ташаббускорни жалб қилган ҳолда Бухоро вилоятида тажриба тариқасида Италия технологияси асосида қадоқлашга мўлжалланган ва намликка чидамли қоғоз қутиларни ишлаб чиқариш, мева-сабзавот маҳсулотларини саралаш ва қадоқлаш бўйича логистика марказини ташкил этиш лойиҳасини амалга оширсин;

2024 йил якунига қадар Қишлоқ хўжалигида билим ва инновациялар миллий маркази ҳузурида Корея технологияси асосида «ақлли қишлоқ хўжалиги» саноат технологиялари инновацион марказини ҳамда унинг Бухоро, Самарқанд, Тошкент, Фарғона ва Хоразм вилоятлари ўқув-тажриба ақлли иссиқхоналарини ташкил этсин.

Бунда кореялик мутахассислар томонидан дастурий таъминотлар билан ишлаш бўйича IT-мутахассислар ва юқори малакали маҳаллий тренерлар тайёрлашни йўлга қўйсин, шунингдек, иссиқхона қуришда фойдаланиладиган асосий жиҳозларни ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштириш ҳамда Корея Республикасида мутахассисларнинг малакасини ошириш чораларини кўрсин.

Агросаноатни ривожлантириш агентлиги ҳамда Қишлоқ хўжалигида билим ва инновациялар миллий маркази ҳузуридаги Сабзавот, полиз экинлари ва картошкачилик илмий-тадқиқот институти иссиқхона хўжаликларида сердаромад янги экин турлари (гул, брокколи, кўкатлар, резаворлар ва бошқалар) навларини танлаш ҳамда етиштиришни ташкил этишга масъул этиб белгилансин.

8. Ўзбекистон Республикаси Энергетика вазирлиги Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари билан биргаликда:

икки ой муддатда кўмир ёқилғисига ўтказиладиган иссикхона хўжаликларига кўмирни узлуксиз етказиб бериш мақсадида ҳар бир вилоятда камида битта марказлашган кўмир сақлаш омборларини ташкил этсин;

2023/2024 йиллар куз-қиш мавсумида давлат-хусусий шериклик шартлари асосида иссиқхона хўжаликларига туташ ҳудудларда иссиқлик ёки электр энергияси ишлаб чиқарувчи корхоналар жойлаштирилишини ҳамда иссиқхона хўжаликларини узлуксиз иссиқлик ёки электр энергияси билан таъминлаш тажрибасини жорий қилсин;

2024 йил 1 июнга қадар мазкур банднинг учинчи хатбошисидаги тажриба натижаларини таҳлил қилган ҳолда, уни республиканинг бошқа ҳудудларида жорий этиш бўйича таклифларни Вазирлар Маҳкамасига киритсин.

9. Ушбу қарорга иловага мувофиқ тижорат банклари:

кредит маблағлари ҳисобидан иссиқхона хўжалигини ташкил қилган ҳар бир мижознинг молиявий аҳволини инобатга олган ҳолда, уларнинг кредитларини қайтариш муддатларини узайтириш;

ушбу қарорнинг 3-банди «б» кичик бандида назарда тутилган шартларда иссиқхона хўжаликларига кўмир сақлаш омборларини қуриш харажатлари ҳамда ёқилғи сотиб олишга айланма маблағ учун кредитлар ажратиш чораларини кўрсин.

10. Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги Иқтисодиёт ва молия вазирлиги билан биргаликда бир ой муддатда кредит маблағларининг қайтмаслик хатарини суғурта қилиш ва ҳосилни хавф-хатардан суғурта қилиш бўйича суғурта полиси харажатларининг 50 фоизини қоплаш тартибини ишлаб чиқиб, тасдиқлаш учун Вазирлар Маҳкамасига киритсин.

11. Ўзбекистон Республикаси Энергетика вазирлиги икки ҳафта муддатда Вазирлар Маҳкамасининг «Энергия ресурсларидан фойдаланиш самарадорлигини ошириш ва қайта тикланувчи энергия манбаларини жорий қилиш ишларини янада жадаллаштириш тўғрисида» 2023 йил 15 июлдаги 294-сон қарорига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш ҳақидаги таклифларни Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматига киритсин.

12. Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда икки ой муддатда қонунчилик ҳужжатларига ушбу қарордан келиб чиқадиган ўзгартириш ва қўшимчалар тўгрисида Вазирлар Маҳкамасига таклиф киритсин.

13. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари Ж.А. Ходжаев ҳамда Ўзбекистон Республикаси энергетика вазири Ж.Т. Мирзамахмудов зиммасига юклансин.

Вазирлар Маҳкамасининг 2023 йил 27 октябрдаги 567-сон қарорига ИЛОВА

Иссиқхона хўжаликларининг кредитларини қайтариш муддатлари узайтириладиган тижорат банклари

1. «Азия Альянс банк» АТБ 2. «Ҳамкор банк» АТБ 3. «Микрокредитбанк» АТБ 4. «Алоқабанк» АТБ 5. «Турон банк» АТБ 6. АТ «Халқ банки» 7. «Ипак йўли банк» АТБ 8. «Ипотека банк» АТБ 9. «Бизнесни ривожлантириш банки» АТБ 10. «Асака банк» АТБ 11. «Ўзсаноатқурилишбанк» АТБ 12. «Агробанк» АТБ 13. «Миллий банк» АЖ

Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А. АРИПОВ

Тошкент ш.,

2023 йил 27 октябрь,

567-сон

(Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 28.10.2023 й., 09/23/567/0802-сон; 23.04.2025 й., 09/25/255/0376-сон)

lex.uz

Oʻzbekiston Respublikasi Vazirlar Mahkamasining

qarori

ROʻYXATI

Issiqxona xoʻjaliklari va meva-sabzavotlarni eksport qiluvchi korxonalarning faoliyatini qoʻllab-quvvatlashga doir qoʻshimcha chora-tadbirlar toʻgʻrisida

Respublikada oziq-ovqat xavfsizligini va ichki bozorlarda narxlar barqarorligini taʼminlash, issiqxona xoʻjaliklari tomonidan mahsulot yetishtirish hajmini oshirish, issiqxonalarning muqobil energiya manbalaridan foydalanishga oʻtishini ragʻbatlantirish, shuningdek, mahalliy eksport qiluvchilarni qoʻllab-quvvatlash hamda ularning eksport salohiyatini oshirish maqsadida Vazirlar Mahkamasi qaror qiladi:

1. Shunday tartib joriy etilsinki, unga muvofiq Oʻzbekiston Respublikasi Prezidentining “2023-yilda qayta tiklanuvchi energiya manbalarini va energiya tejovchi texnologiyalarni joriy etishni jadallashtirish chora-tadbirlari toʻgʻrisida” 2023-yil 16-fevraldagi PQ-57-son qaroriga muvofiq koʻmir yoqilgʻisiga oʻtkazish belgilangan issiqxona xoʻjaliklariga 2023/2024-yillar kuz-qish mavsumida tabiiy gaz quyidagi talablarga qatʼiy rioya etgan holda yetkazib beriladi:

issiqxona xoʻjaligining tabiiy gaz hisoblagichlari Tabiiy gaz nazorati va hisobga olishning avtomatlashtirilgan tizimiga (keyingi oʻrinlarda — GNHOAT) ulangan hamda tabiiy gaz isteʼmoli boʻyicha maʼlumotlari GNHOATga onlayn ravishda uzatiladigan boʻlishi;

issiqxona xoʻjaligining tabiiy gazdan yuzaga kelgan debitor qarzdorligini soʻndirishi hamda tabiiy gaz uchun belgilangan toʻlovni oldindan toʻlashi;

aholining gaz taʼminoti tizimida favqulodda holatlar yuzaga kelganda, issiqxona xoʻjaligida yetarli miqdorda muqobil yoqilgʻi zaxirasining mavjudligi.

Elektr energiyasi, neft mahsulotlari va gazdan foydalanishni nazorat qilish inspeksiyasi “Hududgaztaʼminot” AJ va Oʻzbekiston Respublikasi Bosh prokuraturasi bilan birgalikda bir oy muddatda issiqxona xoʻjaliklarining GNHOATga ulanganligini monitoring qilsin hamda monitoring natijalariga koʻra GNHOATga ulanmagan issiqxona xoʻjaliklarini “Insofsiz isteʼmolchilar roʻyxati”ga kiritgan holda, ularga tabiiy gaz yetkazib berish boʻyicha shartnomalarning bekor qilinishini taʼminlasin.

2. Belgilansinki, 2023/2024-yillar kuz-qish mavsumidan boshlab har yili “Hududgaztaʼminot” AJ, Qoraqalpogʻiston Respublikasi Vazirlar Kengashi, viloyatlar va Toshkent shahar hokimliklari hamda issiqxona xoʻjaliklari oʻrtasida uch tomonlama kelishuvlar tuzish amaliyoti joriy etiladi. Bunda ushbu kelishuvlarda:

“Hududgaztaʼminot” AJ Qoraqalpogʻiston Respublikasi Vazirlar Kengashi, viloyatlar va Toshkent shahar hokimliklari bilan birgalikda issiqxona xoʻjaliklariga yoqilgʻi mahsulotlarini (koʻmir va tabiiy gaz) uzluksiz yetkazib berish kafolati;

issiqxona xoʻjaligining tabiiy gaz hisoblagichlari GNHOATga ulangan va gaz isteʼmoli boʻyicha maʼlumotlari GNHOATga onlayn ravishda uzatilgan taqdirda, tashkiliy-huquqiy shaklidan qatʼi nazar yuridik shaxslar uchun Vazirlar Mahkamasining 2023-yil 15-sentabrdagi 475-son qarorida belgilangan tariflarda tabiiy gazni yetkazib berishning yoʻlga qoʻyilishi;

issiqxona xoʻjaliklarining tabiiy gaz hisoblagichlari GNHOATga ulanganligini monitoring qilish natijalariga koʻra GNHOATga ulanmagan issiqxona xoʻjaligini “Insofsiz isteʼmolchilar roʻyxatiga” kiritgan holda, unga tabiiy gaz yetkazib berish boʻyicha shartnomaning bekor qilinishi;

issiqxona xoʻjaligining tabiiy gazdan yuzaga kelgan debitor qarzdorligini soʻndirilishi va tabiiy gaz uchun belgilangan toʻlovni oldindan toʻlanishi;

aholining gaz taʼminoti tizimida favqulodda holatlar yuzaga kelganda, issiqxona xoʻjaligida yetarli miqdorda muqobil yoqilgʻi zaxirasining mavjudligi;

har bir issiqxona xoʻjaligining 2023/2024-yillar kuz-qish mavsumidagi ehtiyojidan kelib chiqqan holda, unga yetkazib beriladigan tabiiy gaz hajmlari aniq koʻrsatilishi;

issiqxona xoʻjaligining yetkazib berilgan yoqilgi uchun toʻliq hisob-kitob qilishi, qishloq xoʻjaligi mahsulotlarini yetishtirish hamda ichki va tashqi bozorga chiqarish boʻyicha majburiyati;

yangi tashkil etiladigan issiqxona xoʻjaliklariga tabiiy gaz yoki issiqlik energiya markazlariga ulanish va texnik shartlar berish taqiqlanishi nazarda tutiladi.

Oʻzbekiston Respublikasi Energetika vazirligi “Hududgaztaʼminot” AJ, Qoraqalpogʻiston Respublikasi Vazirlar Kengashi, viloyatlar va Toshkent shahar hokimliklari bilan birgalikda ikki hafta muddatda 2023/2024-yillar kuz-qish mavsumi uchun issiqxona xoʻjaliklari bilan uch tomonlama kelishuvlar tuzish ishlarini yakunlasin.

3. Tabiiy gazdan koʻmir yoqilgʻisiga oʻtkaziladigan issiqxona xoʻjaliklarini davlat tomonidan ragʻbatlantirishning quyidagi mexanizmlari joriy etilsin:

a) 2023-yil 1-noyabrdan boshlab issiqxona xoʻjaliklariga koʻmir qozonini xarid qilish xarajatlarining 20 foizi Oʻzbekiston Respublikasi Qishloq xoʻjaligi vazirligi huzuridagi Agrosanoatni rivojlantirish agentligining Agrosanoatni rivojlantirish va qoʻllab-quvvatlash davlat maqsadli jamgʻarmasi mablagʻi hisobidan qoplab beriladi.

Oʻzbekiston Respublikasi Bosh vazirining oʻrinbosari J.A. Qoʻchqorov ikki hafta muddatda Oʻzbekiston Respublikasi Davlat budjeta mablagʻlari hisobidan Bogʻdorchilik va issiqxona xoʻjaligini rivojlantirish jamgʻarmasiga 25 mlrd soʻm ajratilishini taʼminlasin.

Oʻzbekiston Respublikasi Qishloq xoʻjaligi vazirligi Iqtisodiyot va moliya vazirligi bilan birgalikda ikki hafta muddatda koʻmir yoqilgʻisiga oʻtkaziladigan issiqxona xoʻjaliklariga koʻmir qozonini xarid qilish xarajatlarining 20 foizini qoplab berish tartibini ishlab chiqib, tasdiqlash uchun Vazirlar Mahkamasiga kiritsin;

b) tijorat banklari tomonidan issiqxona xoʻjaliklariga quyidagi maqsadlar uchun kreditlar ajratiladi:

koʻmir saqlash omborlarini qurish xarajatlari uchun 3 yil muddatga 1 yillik imtiyozli davr bilan;

yoqilgʻi sotib olishga aylanma mablagʻ uchun 1 yil muddatga 6 oylik imtiyozli davr bilan.

Mazkur bandning “b” kichik bandi uchinchi xatboshisida nazarda tutilayotgan ragʻbatlantirish chorasi tabiiy gazda faoliyat yuritayotgan issiqxona xoʻjaliklariga ham tatbiq etiladi.

4. Belgilansinki, tashqi bozorlarda meva-sabzavot mahsulotlarini saqlash va sotishga moʻljallangan yirik savdo omborlarini (keyingi oʻrinlarda — yirik savdo omborlari) ijaraga olishni Oʻzbekiston Respublikasi Investitsiyalar, sanoat va savdo vazirligi huzuridagi Eksportni ragʻbatlantirish agentligi (keyingi oʻrinlarda — Agentlik) mablagʻlari hisobidan moliyalashtirishning quyidagi yangi tartibi joriy etiladi:

Qishloq xoʻjaligi vazirligi Investitsiyalar, sanoat va savdo vazirligi hamda Oʻzbekistonning xorijdagi elchixonalari bilan birgalikda yirik savdo omborlarini ijaraga olish va treyder kompaniyalarga operativ boshqaruv huquqi asosida tekin foydalanish uchun berish boʻyicha takliflarni Investitsiyalarni jalb qilish, sanoatni rivojlantirish va savdoni tartibga solish masalalari boʻyicha Hukumat komissiyasiga (keyingi oʻrinlarda — Hukumat komissiyasi) kiritadi;

Agentlik Hukumat komissiyasi tomonidan tasdiqlangan roʻyxatga asosan yirik savdo omborlarining ijaraga olinishini taʼminlaydi hamda treyder kompaniyalarga tekin foydalanish huquqi bilan topshiradi;

Agentlik yirik savdo omborlarining roʻyxati, ulardagi boʻsh joylar hamda treyder kompaniyalarning kontaktlari toʻgʻrisidagi maʼlumotlarni oʻzining rasmiy veb-saytiga doimiy joylashtirib boradi;

yirik savdo omborlarida eksport qiluvchi korxonalarning tekin saqlanadigan meva-sabzavot mahsulotlari roʻyxati Hukumat komissiyasi tomonidan tasdiqlanadi;

yirik savdo omborlarini ijaraga olish xarajatlari Oʻzbekiston Respublikasi Prezidentining “Paxta-toʻqimachilik klasterlari faoliyatini qoʻllab-quvvatlash, toʻqimachilik va tikuv-trikotaj sanoatini tubdan isloh qilish hamda sohaning eksport salohiyatini yanada oshirish chora-tadbirlari toʻgʻrisida” 2023-yil 10-yanvardagi PF-2-son Farmonining 3-bandiga muvofiq Agentlikka Oʻzbekiston Respublikasining respublika budjetidan ajratiladigan mablagʻlar hisobidan amalga oshiriladi.

Hukumat komissiyasi bir oy muddatda tashqi bozorlarda meva-sabzavot mahsulotlarini saqlash va sotishga moʻljallangan yirik savdo omborlarini ijaraga olish hamda treyder kompaniyalarga operativ boshqaruv huquqi asosida tekin foydalanish uchun berish tartibini tasdiqlasin.

5. Oʻzbekiston Respublikasi Bosh vazirining oʻrinbosari J.A. Xodjayev Qishloq xoʻjaligi vazirligi, Investitsiyalar, sanoat va savdo vazirligi hamda Oʻzbekistonning xorijdagi elchixonalari takliflariga asosan ikki oy muddatda, birinchi navbatda, meva-sabzavot mahsulotlariga talab yuqori boʻlgan Rossiya Federatsiyasining Moskva, Orenburg, Ufa va Novosibirsk shaharlarida yirik savdo omborlarini ijaraga olish va treyder kompaniyalarga topshirish choralarini koʻrsin.

6. Belgilansinki, serdaromad yangi ekin turlarini yetishtirish hamda hosildorlik va daromadni oshirish maqsadida issiqxona xoʻjaliklariga xorijdan malakali agronom, entomolog va laboratoriya mutaxassislarini jalb qilish xarajatlarining 50 foizi, biroq bir oyga 1 nafar mutaxassis uchun 1 ming AQSH dollari ekvivalentidan oshmagan qismi Oʻzbekiston Respublikasi Davlat budjetidan Qishloq xoʻjaligi vazirligi huzuridagi Agrosanoatni rivojlantirish agentligiga har yili ajratiladigan mablagʻlar doirasida Agrosanoatni rivojlantirish va qoʻllab-quvvatlash davlat maqsadli jamgʻarmasi hisobidan qoplab beriladi.

Bunda yuqori malakali agronomlar “yashil reyestr”ini yuritish hamda rasmiy veb-saytlarda eʼlon qilib borish tizimi yoʻlga qoʻyiladi.

7. Oʻzbekiston Respublikasi Qishloq xoʻjaligi vazirligi:

ikki hafta muddatda issiqxona xoʻjaliklariga xorijdan malakali agronom, entomolog va laboratoriya mutaxassislarini jalb qilish xarajatlarining 50 foizini qoplash tartibini ishlab chiqib, Vazirlar Mahkamasiga kiritsin;

issiqxona xoʻjaliklariga malakali xorijiy agronomlarni tanlash, baholash va jalb qilish boʻyicha “Malakali agronom — yuqori daromad garovi” dasturini amalga oshirsin;

2024-yil 1-avgustga qadar Qishloq xoʻjaligida xizmatlar koʻrsatish agentligi bilan birgalikda salohiyatli tashabbuskorni jalb qilgan holda Buxoro viloyatida tajriba tariqasida Italiya texnologiyasi asosida qadoqlashga moʻljallangan va namlikka chidamli qogʻoz qutilarni ishlab chiqarish, meva-sabzavot mahsulotlarini saralash va qadoqlash boʻyicha logistika markazini tashkil etish loyihasini amalga oshirsin;

2024-yil yakuniga qadar Qishloq xoʻjaligida bilim va innovatsiyalar milliy markazi huzurida Koreya texnologiyasi asosida “aqlli qishloq xoʻjaligi” sanoat texnologiyalari innovatsion markazini hamda uning Buxoro, Samarqand, Toshkent, Fargʻona va Xorazm viloyatlari oʻquv-tajriba aqlli issiqxonalarini tashkil etsin.

Bunda koreyalik mutaxassislar tomonidan dasturiy taʼminotlar bilan ishlash boʻyicha IT-mutaxassislar va yuqori malakali mahalliy trenerlar tayyorlashni yoʻlga qoʻysin, shuningdek, issiqxona qurishda foydalaniladigan asosiy jihozlarni ishlab chiqarishni mahalliylashtirish hamda Koreya Respublikasida mutaxassislarning malakasini oshirish choralarini koʻrsin.

Agrosanoatni rivojlantirish agentligi hamda Qishloq xoʻjaligida bilim va innovatsiyalar milliy markazi huzuridagi Sabzavot, poliz ekinlari va kartoshkachilik ilmiy-tadqiqot instituti issiqxona xoʻjaliklarida serdaromad yangi ekin turlari (gul, brokkoli, koʻkatlar, rezavorlar va boshqalar) navlarini tanlash hamda yetishtirishni tashkil etishga masʼul etib belgilansin.

8. Oʻzbekiston Respublikasi Energetika vazirligi Qoraqalpogʻiston Respublikasi Vazirlar Kengashi, viloyatlar va Toshkent shahar hokimliklari bilan birgalikda:

ikki oy muddatda koʻmir yoqilgʻisiga oʻtkaziladigan issikxona xoʻjaliklariga koʻmirni uzluksiz yetkazib berish maqsadida har bir viloyatda kamida bitta markazlashgan koʻmir saqlash omborlarini tashkil etsin;

2023/2024-yillar kuz-qish mavsumida davlat-xususiy sheriklik shartlari asosida issiqxona xoʻjaliklariga tutash hududlarda issiqlik yoki elektr energiyasi ishlab chiqaruvchi korxonalar joylashtirilishini hamda issiqxona xoʻjaliklarini uzluksiz issiqlik yoki elektr energiyasi bilan taʼminlash tajribasini joriy qilsin;

2024-yil 1-iyunga qadar mazkur bandning uchinchi xatboshisidagi tajriba natijalarini tahlil qilgan holda, uni respublikaning boshqa hududlarida joriy etish boʻyicha takliflarni Vazirlar Mahkamasiga kiritsin.

9. Ushbu qarorga ilovaga muvofiq tijorat banklari:

kredit mablagʻlari hisobidan issiqxona xoʻjaligini tashkil qilgan har bir mijozning moliyaviy ahvolini inobatga olgan holda, ularning kreditlarini qaytarish muddatlarini uzaytirish;

ushbu qarorning 3-bandi “b” kichik bandida nazarda tutilgan shartlarda issiqxona xoʻjaliklariga koʻmir saqlash omborlarini qurish xarajatlari hamda yoqilgʻi sotib olishga aylanma mablagʻ uchun kreditlar ajratish choralarini koʻrsin.

10. Oʻzbekiston Respublikasi Qishloq xoʻjaligi vazirligi Iqtisodiyot va moliya vazirligi bilan birgalikda bir oy muddatda kredit mablagʻlarining qaytmaslik xatarini sugʻurta qilish va hosilni xavf-xatardan sugʻurta qilish boʻyicha sugʻurta polisi xarajatlarining 50 foizini qoplash tartibini ishlab chiqib, tasdiqlash uchun Vazirlar Mahkamasiga kiritsin.

11. Oʻzbekiston Respublikasi Energetika vazirligi ikki hafta muddatda Vazirlar Mahkamasining “Energiya resurslaridan foydalanish samaradorligini oshirish va qayta tiklanuvchi energiya manbalarini joriy qilish ishlarini yanada jadallashtirish toʻgʻrisida” 2023-yil 15-iyuldagi 294-son qaroriga oʻzgartirish va qoʻshimchalar kiritish haqidagi takliflarni Oʻzbekiston Respublikasi Hukumatiga kiritsin.

12. Oʻzbekiston Respublikasi Qishloq xoʻjaligi vazirligi manfaatdor vazirlik va idoralar bilan birgalikda ikki oy muddatda qonunchilik hujjatlariga ushbu qarordan kelib chiqadigan oʻzgartirish va qoʻshimchalar toʻgrisida Vazirlar Mahkamasiga taklif kiritsin.

13. Mazkur qarorning bajarilishini nazorat qilish Oʻzbekiston Respublikasi Bosh vazirining oʻrinbosari J.A. Xodjayev hamda Oʻzbekiston Respublikasi energetika vaziri J.T. Mirzamaxmudov zimmasiga yuklansin.

Vazirlar Mahkamasining 2023-yil 27-oktabrdagi 567-son qaroriga ILOVA

Issiqxona xoʻjaliklarining kreditlarini qaytarish muddatlari uzaytiriladigan tijorat banklari

1. “Aziya Alyans bank” ATB 2. “Hamkor bank” ATB 3. “Mikrokreditbank” ATB 4. “Aloqabank” ATB 5. “Turon bank” ATB 6. AT “Xalq banki” 7. “Ipak yoʻli bank” ATB 8. “Ipoteka bank” ATB 9. “Biznesni rivojlantirish banki” ATB 10. “Asaka bank” ATB 11. “Oʻzsanoatqurilishbank” ATB 12. “Agrobank” ATB 13. “Milliy bank” AJ

Oʻzbekiston Respublikasining Bosh vaziri A. ARIPOV

Toshkent sh.,

2023-yil 27-oktabr,

567-son

(Qonunchilik maʼlumotlari milliy bazasi, 28.10.2023-y., 09/23/567/0802-son; 23.04.2025-y., 09/25/255/0376-son)

lex.uz