📅 2023-yil 27-oktabr · Vazirlar Mahkamasi qarorlari
Rasmiy matn. Rasmiy hujjat. Tahririy izohlar kiritilmagan.
📅 2023-yil 27-oktabr · Vazirlar Mahkamasi qarorlari
Rasmiy matn. Rasmiy hujjat. Tahririy izohlar kiritilmagan.
📅 2023 йил 27 октябрь · Вазирлар Маҳкамаси қарорлари
Расмий матн. Расмий ҳужжат. Таҳририй изоҳлар киритилмаган.
📅 27 октября 2023 г. · Постановления Кабинета Министров
Официальный текст. Официальный документ. Редакционные примечания не включены.
📅 27 October 2023 · Cabinet of Ministers resolutions
Official text. Official document. Editorial notes are not included.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг
қарори
УСТАВИ
«Янги Тошкент шаҳрини барпо этиш дирекцияси» давлат муассасаси фаолиятини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида
Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Янги Тошкент шаҳрини барпо этиш чора-тадбирлари тўғрисида» 2023 йил 20 июлдаги ПҚ-232-сон қарори ижросини таъминлаш ҳамда «Янги Тошкент шаҳрини барпо этиш дирекцияси» давлат муассасаси фаолиятини самарали ташкил этиш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:
1. Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Янги Тошкент шаҳрини барпо этиш чора-тадбирлари тўғрисида» 2023 йил 20 июлдаги ПҚ-232-сон қарорига мувофиқ:
Вазирлар Маҳкамаси ҳузурида давлат муассасаси шаклида «Янги Тошкент шаҳрини барпо этиш дирекцияси» (кейинги ўринларда — Дирекция) ташкил этилганлиги;
қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазирининг ўринбосари — «Янги Тошкент шаҳрини барпо этиш дирекцияси» директори лавозими жорий этилганлиги;
Янги Тошкент шаҳрини барпо этиш ишларини мувофиқлаштирувчи кенгаш (кейинги ўринларда — мувофиқлаштирувчи Кенгаш) таркиби ва унинг асосий вазифалари белгиланганлиги;
Дирекцияга ўз фаолиятини йўлга қўйиш учун «Маҳалла» хайрия жамоат фондидан 50 млн АҚШ доллари эквивалентидаги маблағ беғараз ажратилиши белгиланганлиги;
Янги Тошкент шаҳри барпо этиладиган Тошкент вилоятининг Юқори Чирчиқ ва Ўрта Чирчиқ туманлари ҳудудидан 19 720,9 га ер майдонларини Дирекцияга ажратиш қайд этилганлиги маълумот учун қабул қилинсин.
2. Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги «Янги Тошкент шаҳрини барпо этиш дирекцияси» устави иловага мувофиқ тасдиқлансин.
3. Белгилансинки, Дирекция:
ўз ходимлари, консультант сифатида жалб этиладиган малакали маҳаллий ва хорижий мутахассисларнинг сони, иш ҳақи ва малака талаблари уларга юкланган вазифаларни бажариш доирасида Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири билан келишилган ҳолда белгиланади;
ўзига юкланган вазифаларни амалга ошириш доирасида жалб этиладиган хорижий мутахассисларга кириш визаларини расмийлаштириш, кўп марталик визалар бериш ва уларнинг муддатини узайтириш, шунингдек, вақтинчалик рўйхатга қўйиш, бўлиш жойида ҳисобга олиш (муддатини узайтириш), Ўзбекистон Республикаси ҳудудида меҳнат фаолиятини амалга ошириш ҳуқуқини берувчи тасдиқномани олиш (муддатини узайтириш) харажатлари Дирекция маблағлари ҳисобидан қопланади.
4. Шундай тартиб ўрнатилсинки, унга мувофиқ Янги Тошкент шаҳри ҳудудида:
марказлашган ва марказлашмаган инвестициялар, тармоқ инвестиция дастурлари, ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш бўйича комплекс дастурлар, ишлаб чиқариш, транспорт-коммуникация ва ижтимоий соҳалардаги инфратузилмаларни ривожлантириш дастурлари ҳамда бошқа мақсадли дастурлар билан боғлиқ лойиҳаларни, шунингдек, тадбиркорлик лойиҳалари Дирекция билан тузилган инвестиция шартномалари асосида амалга оширилади;
шартномаларда назарда тутилган инвестиция шартлари лойиҳа иштирокчилари томонидан бузилган тақдирда, Дирекция томонидан лойиҳани вақтинча тўхтатиш юзасидан зарур чоралар кўрилади;
лойиҳа иштирокчилари томонидан ердан фойдаланиш талаблари бузилган тақдирда, мазкур ер участкалари Дирекцияга қайтарилади ҳамда лойиҳани амалга ошириш учун сарфланган маблағлардан қатъи назар, фақатгина ернинг қиймати инвестиция шартномаси шартларига мувофиқ Дирекция томонидан қоплаб берилади;
ташқи муҳандислик тармоқларига уланиш учун техник шартлар Дирекция томонидан мустақил белгиланади;
«Ақлли шаҳар» концепциясига асосланган замонавий маъмурий бошқарув тизими жорий этилади.
5. Белгилаб қўйилсинки:
Дирекция томонидан муҳим ижтимоий, маданий ва маъмурий объектларда амалга ошириладиган қурилиш-монтаж ишлари Дирекциянинг банк ҳисобварақларида жамланадиган халқаро грантлар, техник кўмаклашиш маблағлари, ҳомийлик хайриялари, хорижий имтиёзли кредитлар ҳамда қонунчилик ҳужжатлари билан тақиқланмаган бошқа манбалар ҳисобидан молиялаштирилади;
Дирекциянинг жорий фаолиятини молиялаштириш, шу жумладан, унга тегишли бино ва иншоотларни сақлаш, улардан фойдаланиш, қуриш ва таъмирлаш, ходимлар меҳнатига ҳақ тўлаш, шунингдек, мебель, алоқа воситалари, компьютер ва бошқа барча зарур инвентарлар билан таъминлаш Дирекция маблағлари ҳисобидан амалга оширилади. Бунда харажатлар сметаси мувофиқлаштирувчи Кенгаш томонидан тасдиқланади;
Янги Тошкент шаҳри барпо этиладиган Тошкент вилоятининг Юқори Чирчиқ ва Ўрта Чирчиқ туманларидаги 19 720,9 га ер майдонлари ва ушбу ер майдонларининг чегараларидан 5 км масофада туташ ҳудудларида жойлашган объектларда Янги Тошкент шаҳри бош режаси тасдиқлангунга қадар мавжуд бино ва иншоотларнинг ихтисослашишини ўзгартириш, қайта қуриш ва реконструкция қилиш, шунингдек, ўз ҳудудида қўшимча бино ва иншоотларни қуриш учун тегишли рухсатнома бериш ва лойиҳа ҳужжатларининг архитектура қисмини келишиш хулосасини бериш қатъиян тақиқланади.
6. Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазирлиги ва Дирекция манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда уч ой муддатда Янги Тошкент шаҳри ҳудудида қурилиш объектларининг бирламчи рухсат бериш ҳужжатларини ва лойиҳа-смета ҳужжатларини ишлаб чиқиш, уларни экспертизадан ўтказиш, давлат қурилиш назоратини амалга ошириш ҳамда фойдаланишга топшириш билан боғлиқ барча жараёнларни назарда тутувчи маъмурий регламентни ишлаб чиқсин ҳамда белгиланган тартибда Вазирлар Маҳкамасига киритсин.
7. Тошкент вилояти ҳамда Тошкент шаҳар ҳокимликлари Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ҳузуридаги Кадастр агентлиги, Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазирлиги, Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги билан биргаликда Янги Тошкент шаҳри барпо этиладиган ҳудудда:
бир ой муддатда ер тоифасидан қатъи назар ер участкалари, бино ва иншоотлар, экинлар, шунингдек, белгиланган тартибда давлат рўйхатидан ўтказилган мулкдорларни тўлиқ хатловдан ўтказиб, улар тўғрисида батафсил маълумотлар тўпламини шакллантирсин;
хатлов натижасида ўзбошимчалик билан эгаллаб олинган ер участкалари аниқланган тақдирда, ер участкасини ўзбошимчалик билан эгаллаб олган шахснинг ўз ҳисобидан бартараф этиш чораларини кўрсин;
уч ой муддатда лойиҳа доирасида жисмоний ва юридик шахсларнинг кўчмас мулкларига етказиладиган зарарларни қоплаш мақсадида амалий чора-тадбирлар режасини Вазирлар Маҳкамасига киритсин.
8. Дирекция «ТошкентбошпланЛИТИ» давлат унитар корхонасига тегишли бўлган Тошкент шаҳрининг Яккасарой тумани Бобур кўчаси 14-уй манзилидаги бино ва иншоотларга текин фойдаланиш ҳуқуқи асосида вақтинча жойлаштирилсин.
9. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари А.Ж. Раматов, қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазири ўринбосари — «Янги Тошкент шаҳрини барпо этиш дирекцияси» директори Д.Қ. Адилов ва Тошкент шаҳар ҳокими вазифасини бажарувчи Ш.Б. Умурзаков зиммасига юклансин.
Вазирлар Маҳкамасининг 2023 йил 27 октябрдаги 568-сон қарорига ИЛОВА
Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги «Янги Тошкент шаҳрини барпо этиш дирекцияси»
1-боб. Умумий қоидалар
1. Мазкур Устав Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги «Янги Тошкент шаҳрини барпо этиш дирекцияси» (кейинги ўринларда — Дирекция) асосий вазифалари, функциялари, ҳуқуқлари, жавобгарлиги ва фаолиятининг ташкилий асосларини белгилайди.
2. Дирекция ўз фаолиятида Ўзбекистон Республикаси Конституцияси ва қонунларига, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталари қарорларига, Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармонлари, қарорлари ва фармойишларига, Вазирлар Маҳкамаси қарорлари ва фармойишларига, ушбу Уставга ҳамда бошқа қонунчилик ҳужжатларига амал қилади.
3. Дирекция давлат муассасаси шаклидаги юридик шахс ҳисобланади, қонунчиликка мувофиқ ўз мустақил балансига, банк ҳисобварағига, Дирекциянинг тўлиқ номи ёзилган муҳрга, штампга ва бланкага эга бўлади.
4. Вазирлар Маҳкамаси Дирекциянинг муассиси ҳисобланади.
5. Дирекциянинг расмий номи:
а) давлат тилида:
тўлиқ номи — Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Янги Тошкент шаҳрини барпо этиш дирекцияси;
қисқача номи — Янги Тошкент дирекцияси;
б) рус тилида:
тўлиқ номи — Дирекция по строительству города Новый Ташкент при Кабинете Министров;
қисқача номи — Дирекция Новый Ташкент;
в) инглиз тилида:
тўлиқ номи — Directorate for the construction of the city of New Tashkent under the Cabinet of Ministers;
қисқача номи — Directorate of New Tashkent.
6. Дирекция жойлашган ер (почта манзили): 100100, Тошкент шаҳри, Яккасарой тумани, Бобур кўчаси, 14-уй.
2-боб. Дирекциянинг асосий вазифалари ва функциялари
7. Қуйидагилар Дирекциянинг асосий вазифалари ҳисобланади:
ривожланган мамлакатларда муваффақиятли синовдан ўтган амалиётлар асосида ҳамда етакчи хорижий ва маҳаллий лойиҳа ташкилотларини жалб қилган ҳолда, Янги Тошкент шаҳри ҳудудини ривожлантириш режаларини (мастер режа), тармоқ режаларини ва манзилли дастурларини ишлаб чиқиш ҳамда тасдиқлаш;
Янги Тошкент шаҳри ҳудудида лойиҳаларни амалга ошириш бўйича инвесторлар билан музокаралар олиб бориш, салоҳиятли инвесторларни танлаш, улар билан инвестиция ва ижтимоий мажбуриятларни белгилаган ҳолда битимлар тузиш ва уларнинг ижросини назорат қилиш;
Дирекция томонидан тасдиқланган ҳудудда лойиҳа-қидирув ва қурилиш-монтаж ишларини амалга ошириш бўйича алоҳида техник шартларга амал қилиш тўғрисида битимлар тузиш ва уларнинг ижроси устидан мониторинг олиб бориш;
Янги Тошкент шаҳри ҳудудидаги ижтимоий соҳа объектлари, шунингдек, муҳандислик-коммуникация тармоқлари, йўл-транспорт инфратузилмаларини барпо этишда буюртмачи функциясини бажариш;
замонавий уй-жойлар қуриш ишларига катта тажрибага эга бўлган маҳаллий ва хорижий компанияларни жалб қилиш, уларга замонавий услублар, энергия тежамкор технологиялар ва қурилиш материалларини қўллаш юзасидан мажбурий кўрсатмалар бериш;
Янги Тошкент шаҳри ҳудудида барпо этиладиган муҳандислик-коммуникация тармоқлари, йўл-транспорт инфратузилмаларидан ягона оператор сифатида фойдаланиш ва истеъмолчилар билан хизмат кўрсатиш бўйича шартномалар тузиш;
қурилишга салоҳиятли инвесторларни, шу жумладан, хорижий инвесторларни жалб этиш мақсадида маҳаллий ва хорижий оммавий ахборот воситаларида, шунингдек, Интернет жаҳон ахборот тармоғи орқали тақдимот тадбирларини ва реклама кампаниясини ташкил этиш.
8. Дирекция ўзига юкланган вазифалар доирасида қуйидаги асосий функцияларни бажаради:
ичимлик сувини оқилона ва самарали ишлаб чиқариш, етказиб бериш ва реализация қилиш, ичимлик сувидан фойдаланиш, оқава сув тармоқларини тозалаш хизматлари кўрсатиш соҳасида техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасидаги норматив ҳужжатлар талабларига риоя қилиниши устидан тизимли назоратни амалга ошириш;
ичимлик ва оқава сув тармоқларига ўзбошимчалик билан уланиб олишга йўл қўймаслик, ичимлик ва оқава сув тармоқларига уланишнинг техник шартлари талабларига риоя этилиши устидан мониторинг олиб бориш;
ичимлик ва оқава сув тармоқлари объектларининг ҳолати ва улардан фойдаланиш шартлари, ичимлик ва оқава сув тармоқларидаги шикастланиш ва аварияларнинг профилактикаси бўйича ишлаб чиқилган тадбирларнинг амалга оширилиши, ичимлик суви йўқотилишининг белгиланган меъёрларига риоя этилиши устидан мониторинг олиб бориш;
суғориш, қурилиш-монтаж, ободонлаштириш ишларига фақатгина марказлаштирилган техник сувлардан фойдаланиш шартларига риоя этилиши устидан мониторинг олиб бориш;
замонавий энергия тежамкор технологияларни жорий этиш, шунингдек, энергия ресурсларидан самарали фойдаланиш мониторингини юритиш;
иссиқлик энергияси ва электр энергияси ишлаб чиқарилиши ва узатилиши, шунингдек, якуний истеъмолчиларга тақсимлаш ва сотишда ягона буюртмачи ҳамда етказиб берувчи функцияларини бажариш;
транспорт воситалари учун тураргоҳлар, қувватлаш инфратузилмасини яратиш ва бошқариш;
йўлларда ҳаракатни бошқариш бўйича ташкилий-техник тадбирлар мажмуини белгилаш;
ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш ишларини амалга ошириш;
чиқиндиларни йиғиш, ташиш, утилизация қилиш, қайта ишлаш, кўмиш ва реализация қилиш тизимини, шу жумладан, тадбиркорлик субъектларини кенг жалб этган ҳолда ривожлантириш ва улар фаолиятини рағбатлантириш;
аҳолида соғлом турмуш тарзига интилишни шакллантириш ва уларнинг бўш вақтларини мазмунли ташкил этиш учун қулай шароитлар яратиш;
муҳим ижтимоий-иқтисодий, маданий ва маъмурий аҳамиятга эга бўлган лойиҳалар рўйхатини шакллантириш ва амалга ошириш.
9. Дирекцияга қонунчилик ҳужжатлари, Ўзбекистон Республикаси Президенти ва Бош вазири топшириқларига мувофиқ бошқа вазифалар ҳам юкланиши мумкин.
3-боб. Дирекция ҳуқуқлари ва мажбуриятлари
10. Дирекция қуйидаги ҳуқуқларга эга:
Янги Тошкент шаҳрини барпо этиш бўйича тармоқ режалари ва манзилли дастурларни ишлаб чиқиш ҳамда тасдиқлаш;
ҳудудларни ривожлантиришни режалаштириш бўйича ҳужжатларга бўлган талабларни мустақил равишда белгилаш ва тасдиқлаш;
ер участкаларини сотишда уларда барпо этиладиган объектларга қўйиладиган асосий талабларни мустақил белгилаш;
қурилиш ишларининг сифат, техник ва муддат назоратини мустақил амалга ошириш;
коммунал бошқариш, инвестиция фаолияти, маркетинг, баҳолаш, геология қидирув, топографик суратга олиш, бино ва иншоотлар техник ҳолатини текшириш хизматларини кўрсатиш;
давлат шериги сифатида давлат-хусусий шериклик тўғрисидаги битим талабларини ваколатли давлат органлари билан келишган ҳолда белгилаш;
Янги Тошкент шаҳри ҳудудида истеъмолчиларга кўрсатиладиган коммунал хизматлар тарифларини Янги Тошкент шаҳрини барпо этиш ишларини мувофиқлаштирувчи кенгаш (кейинги ўринларда — мувофиқлаштирувчи Кенгаш) билан келишган ҳолда белгилаш;
Янги Тошкент шаҳрини барпо этиш даврида инвесторларга шартнома асосида сервис, санитария-гигиена, муҳандислик-коммуникация хизматларини кўрсатиш, уларни транспорт инфратузилмаси объектлари ва ёрдамчи иншоотлар билан таъминлашни ташкил қилиш;
Янги Тошкент шаҳри ҳудудидаги ер участкаларини «E-auksion» электрон савдо платформаси орқали сотиш ёки ижарага бериш тўғрисида (ҳар бир лойиҳага алоҳида техник шарт асосида) мувофиқлаштирувчи Кенгашга таклиф киритиш;
хорижий мамлакатларга хизмат сафарларини амалга ошириш ҳамда ушбу хизмат сафарлари билан боғлиқ барча харажатларни Дирекция маблағларидан тўлаш;
ўзига юкланган вазифаларни амалга ошириш доирасида халқаро ҳамда хорижий ташкилотлар билан тўғридан-тўғри алоқалар ўрнатиш, келишувлар ва меморандумлар имзолаш;
қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда ўз мол-мулкидан фойдаланиш ва ташқи иқтисодий фаолиятни амалга ошириш;
объект фойдаланишга топширилиб, кафолат муддати тугагунга қадар назорат ўлчовини ўтказишни ташкил этиш.
Дирекция ўз вазифаларини амалга ошириш учун қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ бошқа ҳуқуқларга ҳам эга бўлиши мумкин.
11. Дирекциянинг мажбуриятлари:
Ўзбекистон Республикаси Президенти ва Бош вазири топшириқларини белгиланган муддатларда, тўлиқ ва сифатли бажариш, келгусида тизимли мониторинг олиб борилишини таъминлаган ҳолда узоқ ва ўрта муддатли, ҳар йилги ривожланиш дастурлари ишлаб чиқиш;
лойиҳалаштириш жараёнини текшириб боришни, муаллифлик назоратини олиб борилишини таъминлаш, қурилишни техник назорат қилиш, қурилиш жараёнида ва кафолат муддатида аниқланган камчиликлар ва нуқсонларни бартараф этиш чораларини кўриш;
белгиланган тартибда бухгалтерия ҳисоби ва ҳисоботини, солиқ, статистика ҳисоботини ва бошқа ҳисоботларни юритиб бориш.
Дирекцияга қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ бошқа мажбуриятлар ҳам юкланиши мумкин.
12. Дирекция ўз мажбуриятлари бўйича ўзига тегишли барча мол-мулк билан жавоб беради.
13. Дирекция унга юкланган вазифа ва функциялар самарали бажарилиши учун жавобгардир.
4-боб. Дирекциянинг мол-мулки ва унинг фаолиятини молиялаштириш манбалари
14. Дирекция мол-мулки унга давлат томонидан белгиланган тартибда оператив бошқарув ҳуқуқи билан бирикитилган мулкдан иборат бўлиб, Дирекциянинг ўз фаолиятидан олинган даромадлари, шунингдек, қонунчилик ҳужжатларига зид бўлмаган бошқа манбалар ҳисобига шакллантирилади.
Дирекция мол-мулкини сотиш, бериш ёки айирбошлаш қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда амалга оширилади.
Барча солиқлар, бюджет ва бюджетдан ташқари жамғармаларга мажбурий тўловлар тўлангандан кейин қоладиган соф фойда Дирекция ихтиёрида қолдирилади.
Дирекция ўз соф фойдаси ҳисобига захира фондини, шунингдек, бошқа фондларни ташкил этиши мумкин.
Хўжалик фаолиятидан тушадиган даромадлар ва улар ҳисобига сотиб олинган мулк ҳамда воситалар Дирекция мулки ҳисобланади.
15. Қуйидагилар Дирекция фаолиятини молиялаштириш манбалари ҳисобланади:
Дирекцияга «E-auksion» электрон савдо платформаси орқали ер участкалари ва давлат мулки объектларини сотишдан (ижарага беришдан) тушадиган маблағлар;
объектлар қийматидан ажратмалар, шу жумладан, инвестиция битимларига асосан инвесторлар томонидан объектларни қуриш ишлари учун йўналтирилган маблағлардан ажратмалар;
ҳисобварақдаги вақтинча бўш маблағларни тижорат банкларига жойлаштиришдан олинадиган даромадлар;
давлат-хусусий шериклик лойиҳаларини амалга оширишдан олинадиган даромадлар;
юридик ва жисмоний шахслар, шу жумладан, норезидентларнинг ҳомийлик хайриялари;
халқаро молия ташкилотлари ва хорижий ҳукумат молия ташкилотларининг грантлари ҳамда техник кўмак маблағлари;
инвестиция шартномасига мувофиқ марказлашган манбалар ҳисобидан молиялаштириладиган объектларнинг қурилиш-монтаж ишлари қийматидан ажратмалар;
шартнома асосида мажбуриятларни бажармаганлиги учун суд ва судгача ҳал қилиш тартибида ундирилган жарималар (санкциялар) ва пенялардан ажратмалар;
бўш турган мол-мулкни ижарага беришдан келиб тушадиган маблағлар;
шартнома асосида хизмат кўрсатишдан олинадиган даромадлар, шунингдек, қонунчилик ҳужжатлари билан тақиқланмаган бошқа манбалар.
16. Дирекциянинг жорий фаолиятини молиялаштириш, шу жумладан, унга тегишли бино ва иншоотларни сақлаш, улардан фойдаланиш, қуриш ва таъмирлаш, ходимлар меҳнатига ҳақ тўлаш, шунингдек, мебель, алоқа воситалари, компьютер ва бошқа барча зарур инвентарлар билан таъминлаш Дирекция маблағлари ҳисобидан амалга оширилади.
Бунда харажатлар сметаси мувофиқлаштирувчи Кенгаш томонидан тасдиқланади.
5-боб. Дирекция ходимлари меҳнатига ҳақ тўлаш ва уларни моддий рағбатлантириш
17. Дирекция тузилмаси ва штатлар жадвали, ходимлар меҳнатига ҳақ тўлаш ва мукофотлаш миқдори ҳамда тартиби Дирекция директори томонидан мувофиқлаштирувчи Кенгаш билан келишилган ҳолда тасдиқланади.
18. Дирекция директори белгиланган иш ҳақи фондини тежашдан ҳамда бюджетдан ташқари тушган, шунингдек, ходимларнинг тасдиқланган штатлар жадвалида назарда тутилган штат бирликлари етишмаслигидан иқтисод қилинган маблағлардан ходимларни моддий рағбатлантиришда, Дирекциянинг моддий-техник базасини мустаҳкамлашда фойдаланишга ҳақли.
19. Дирекция ходимларининг олдинги иш жойида олган узоқ муддат узлуксиз меҳнати учун қўшимча ҳақлари ва устамалари сақлаб қолинади.
20. Дирекция директори вазифаларини ташаббус кўрсатиб ва виждонан бажарган ходимларни рағбатлантириш мақсадида уларга Дирекциянинг ўз маблағлари ҳисобига меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдорининг 100 баравари миқдорида ойлик устамалар белгилашга, ҳар чоракда мукофотлашга, моддий ёрдам тайинлашга ҳақли.
6-боб. Дирекция фаолиятини ташкил этиш
21. Дирекция директори Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан лавозимга тайинланади ва лавозимдан озод этилади.
Дирекция директорининг ўринбосарлари Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири билан келишилган ҳолда, Дирекция директори томонидан лавозимга тайинланади ва лавозимдан озод этилади.
22. Дирекция директори:
якка тартибдаги ижро органи ҳисобланади ва Дирекция жорий фаолиятига раҳбарлик қилади;
Дирекция фаолиятига умумий раҳбарликни амалга оширади ва Дирекцияга юкланган вазифалар ва функцияларнинг бажарилиши учун шахсан жавоб беради;
Дирекция ходимларининг лавозим мажбуриятларини белгиланган тартибда тасдиқлайди;
Дирекция ходимларини белгиланган тартибда лавозимга тайинлайди ва лавозимдан озод қилади;
ўз ваколати доирасида Дирекция ходимларининг бажариши мажбурий бўлган буйруқлар ва фармойишлар чиқаради, кўрсатмалар беради.
Директор қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ бошқа ваколатларга ҳам эга бўлиши мумкин.
Директор бўлмаган даврда унинг ваколатларини вазифалар тақсимотига мувофиқ директор ўринбосарлари бажаради.
7-боб. Якунловчи қоидалар
23. Дирекция қонунчилик ҳужжатларида белгиланган ҳолларда ва тартибда қайта ташкил этилади ёки тугатилади.
24. Дирекция белгиланган тартибда давлат реестридан чиқарилган вақтдан бошлаб тугатилган ҳисобланади.
Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А. АРИПОВ
Тошкент ш.,
2023 йил 27 октябрь,
568-сон
Oʻzbekiston Respublikasi Vazirlar Mahkamasining
qarori
USTAVI
“Yangi Toshkent shahrini barpo etish direksiyasi” davlat muassasasi faoliyatini tashkil etish chora-tadbirlari toʻgʻrisida
Oʻzbekiston Respublikasi Prezidentining “Yangi Toshkent shahrini barpo etish chora-tadbirlari toʻgʻrisida” 2023-yil 20-iyuldagi PQ-232-son qarori ijrosini taʼminlash hamda “Yangi Toshkent shahrini barpo etish direksiyasi” davlat muassasasi faoliyatini samarali tashkil etish maqsadida Vazirlar Mahkamasi qaror qiladi:
1. Oʻzbekiston Respublikasi Prezidentining “Yangi Toshkent shahrini barpo etish chora-tadbirlari toʻgʻrisida” 2023-yil 20-iyuldagi PQ-232-son qaroriga muvofiq:
Vazirlar Mahkamasi huzurida davlat muassasasi shaklida “Yangi Toshkent shahrini barpo etish direksiyasi” (keyingi oʻrinlarda — Direksiya) tashkil etilganligi;
qurilish va uy-joy kommunal xoʻjaligi vazirining oʻrinbosari — “Yangi Toshkent shahrini barpo etish direksiyasi” direktori lavozimi joriy etilganligi;
Yangi Toshkent shahrini barpo etish ishlarini muvofiqlashtiruvchi kengash (keyingi oʻrinlarda — muvofiqlashtiruvchi Kengash) tarkibi va uning asosiy vazifalari belgilanganligi;
Direksiyaga oʻz faoliyatini yoʻlga qoʻyish uchun “Mahalla” xayriya jamoat fondidan 50 mln AQSh dollari ekvivalentidagi mablagʻ begʻaraz ajratilishi belgilanganligi;
Yangi Toshkent shahri barpo etiladigan Toshkent viloyatining Yuqori Chirchiq va Oʻrta Chirchiq tumanlari hududidan 19 720,9 ga yer maydonlarini Direksiyaga ajratish qayd etilganligi maʼlumot uchun qabul qilinsin.
2. Vazirlar Mahkamasi huzuridagi “Yangi Toshkent shahrini barpo etish direksiyasi” ustavi ilovaga muvofiq tasdiqlansin.
3. Belgilansinki, Direksiya:
oʻz xodimlari, konsultant sifatida jalb etiladigan malakali mahalliy va xorijiy mutaxassislarning soni, ish haqi va malaka talablari ularga yuklangan vazifalarni bajarish doirasida Oʻzbekiston Respublikasining Bosh vaziri bilan kelishilgan holda belgilanadi;
oʻziga yuklangan vazifalarni amalga oshirish doirasida jalb etiladigan xorijiy mutaxassislarga kirish vizalarini rasmiylashtirish, koʻp martalik vizalar berish va ularning muddatini uzaytirish, shuningdek, vaqtinchalik roʻyxatga qoʻyish, boʻlish joyida hisobga olish (muddatini uzaytirish), Oʻzbekiston Respublikasi hududida mehnat faoliyatini amalga oshirish huquqini beruvchi tasdiqnomani olish (muddatini uzaytirish) xarajatlari Direksiya mablagʻlari hisobidan qoplanadi.
4. Shunday tartib oʻrnatilsinki, unga muvofiq Yangi Toshkent shahri hududida:
markazlashgan va markazlashmagan investitsiyalar, tarmoq investitsiya dasturlari, ijtimoiy-iqtisodiy rivojlantirish boʻyicha kompleks dasturlar, ishlab chiqarish, transport-kommunikatsiya va ijtimoiy sohalardagi infratuzilmalarni rivojlantirish dasturlari hamda boshqa maqsadli dasturlar bilan bogʻliq loyihalarni, shuningdek, tadbirkorlik loyihalari Direksiya bilan tuzilgan investitsiya shartnomalari asosida amalga oshiriladi;
shartnomalarda nazarda tutilgan investitsiya shartlari loyiha ishtirokchilari tomonidan buzilgan taqdirda, Direksiya tomonidan loyihani vaqtincha toʻxtatish yuzasidan zarur choralar koʻriladi;
loyiha ishtirokchilari tomonidan yerdan foydalanish talablari buzilgan taqdirda, mazkur yer uchastkalari Direksiyaga qaytariladi hamda loyihani amalga oshirish uchun sarflangan mablagʻlardan qatʼi nazar, faqatgina yerning qiymati investitsiya shartnomasi shartlariga muvofiq Direksiya tomonidan qoplab beriladi;
tashqi muhandislik tarmoqlariga ulanish uchun texnik shartlar Direksiya tomonidan mustaqil belgilanadi;
“Aqlli shahar” konsepsiyasiga asoslangan zamonaviy maʼmuriy boshqaruv tizimi joriy etiladi.
5. Belgilab qoʻyilsinki:
Direksiya tomonidan muhim ijtimoiy, madaniy va maʼmuriy obyektlarda amalga oshiriladigan qurilish-montaj ishlari Direksiyaning bank hisobvaraqlarida jamlanadigan xalqaro grantlar, texnik koʻmaklashish mablagʻlari, homiylik xayriyalari, xorijiy imtiyozli kreditlar hamda qonunchilik hujjatlari bilan taqiqlanmagan boshqa manbalar hisobidan moliyalashtiriladi;
Direksiyaning joriy faoliyatini moliyalashtirish, shu jumladan, unga tegishli bino va inshootlarni saqlash, ulardan foydalanish, qurish va taʼmirlash, xodimlar mehnatiga haq toʻlash, shuningdek, mebel, aloqa vositalari, kompyuter va boshqa barcha zarur inventarlar bilan taʼminlash Direksiya mablagʻlari hisobidan amalga oshiriladi. Bunda xarajatlar smetasi muvofiqlashtiruvchi Kengash tomonidan tasdiqlanadi;
Yangi Toshkent shahri barpo etiladigan Toshkent viloyatining Yuqori Chirchiq va Oʻrta Chirchiq tumanlaridagi 19 720,9 ga yer maydonlari va ushbu yer maydonlarining chegaralaridan 5 km masofada tutash hududlarida joylashgan obyektlarda Yangi Toshkent shahri bosh rejasi tasdiqlangunga qadar mavjud bino va inshootlarning ixtisoslashishini oʻzgartirish, qayta qurish va rekonstruksiya qilish, shuningdek, oʻz hududida qoʻshimcha bino va inshootlarni qurish uchun tegishli ruxsatnoma berish va loyiha hujjatlarining arxitektura qismini kelishish xulosasini berish qatʼiyan taqiqlanadi.
6. Qurilish va uy-joy kommunal xoʻjaligi vazirligi va Direksiya manfaatdor vazirlik va idoralar bilan birgalikda uch oy muddatda Yangi Toshkent shahri hududida qurilish obyektlarining birlamchi ruxsat berish hujjatlarini va loyiha-smeta hujjatlarini ishlab chiqish, ularni ekspertizadan oʻtkazish, davlat qurilish nazoratini amalga oshirish hamda foydalanishga topshirish bilan bogʻliq barcha jarayonlarni nazarda tutuvchi maʼmuriy reglamentni ishlab chiqsin hamda belgilangan tartibda Vazirlar Mahkamasiga kiritsin.
7. Toshkent viloyati hamda Toshkent shahar hokimliklari Iqtisodiyot va moliya vazirligi huzuridagi Kadastr agentligi, Qurilish va uy-joy kommunal xoʻjaligi vazirligi, Ekologiya, atrof-muhitni muhofaza qilish va iqlim oʻzgarishi vazirligi bilan birgalikda Yangi Toshkent shahri barpo etiladigan hududda:
bir oy muddatda yer toifasidan qatʼi nazar yer uchastkalari, bino va inshootlar, ekinlar, shuningdek, belgilangan tartibda davlat roʻyxatidan oʻtkazilgan mulkdorlarni toʻliq xatlovdan oʻtkazib, ular toʻgʻrisida batafsil maʼlumotlar toʻplamini shakllantirsin;
xatlov natijasida oʻzboshimchalik bilan egallab olingan yer uchastkalari aniqlangan taqdirda, yer uchastkasini oʻzboshimchalik bilan egallab olgan shaxsning oʻz hisobidan bartaraf etish choralarini koʻrsin;
uch oy muddatda loyiha doirasida jismoniy va yuridik shaxslarning koʻchmas mulklariga yetkaziladigan zararlarni qoplash maqsadida amaliy chora-tadbirlar rejasini Vazirlar Mahkamasiga kiritsin.
8. Direksiya “ToshkentboshplanLITI” davlat unitar korxonasiga tegishli boʻlgan Toshkent shahrining Yakkasaroy tumani Bobur koʻchasi 14-uy manzilidagi bino va inshootlarga tekin foydalanish huquqi asosida vaqtincha joylashtirilsin.
9. Mazkur qarorning bajarilishini nazorat qilish Oʻzbekiston Respublikasi Bosh vazirining oʻrinbosari A.J. Ramatov, qurilish va uy-joy kommunal xoʻjaligi vaziri oʻrinbosari — “Yangi Toshkent shahrini barpo etish direksiyasi” direktori D.Q. Adilov va Toshkent shahar hokimi vazifasini bajaruvchi Sh.B. Umurzakov zimmasiga yuklansin.
Vazirlar Mahkamasining 2023-yil 27-oktabrdagi 568-son qaroriga ILOVA
Vazirlar Mahkamasi huzuridagi “Yangi Toshkent shahrini barpo etish direksiyasi”
1-bob. Umumiy qoidalar
1. Mazkur Ustav Vazirlar Mahkamasi huzuridagi “Yangi Toshkent shahrini barpo etish direksiyasi” (keyingi oʻrinlarda — Direksiya) asosiy vazifalari, funksiyalari, huquqlari, javobgarligi va faoliyatining tashkiliy asoslarini belgilaydi.
2. Direksiya oʻz faoliyatida Oʻzbekiston Respublikasi Konstitutsiyasi va qonunlariga, Oʻzbekiston Respublikasi Oliy Majlisi palatalari qarorlariga, Oʻzbekiston Respublikasi Prezidentining farmonlari, qarorlari va farmoyishlariga, Vazirlar Mahkamasi qarorlari va farmoyishlariga, ushbu Ustavga hamda boshqa qonunchilik hujjatlariga amal qiladi.
3. Direksiya davlat muassasasi shaklidagi yuridik shaxs hisoblanadi, qonunchilikka muvofiq oʻz mustaqil balansiga, bank hisobvaragʻiga, Direksiyaning toʻliq nomi yozilgan muhrga, shtampga va blankaga ega boʻladi.
4. Vazirlar Mahkamasi Direksiyaning muassisi hisoblanadi.
5. Direksiyaning rasmiy nomi:
a) davlat tilida:
toʻliq nomi — Vazirlar Mahkamasi huzuridagi Yangi Toshkent shahrini barpo etish direksiyasi;
qisqacha nomi — Yangi Toshkent direksiyasi;
b) rus tilida:
toʻliq nomi — Direksiya po stroitelstvu goroda Noviy Tashkent pri Kabinete Ministrov;
qisqacha nomi — Direksiya Noviy Tashkent;
v) ingliz tilida:
toʻliq nomi — Directorate for the construction of the city of New Tashkent under the Cabinet of Ministers;
qisqacha nomi — Directorate of New Tashkent.
6. Direksiya joylashgan yer (pochta manzili): 100100, Toshkent shahri, Yakkasaroy tumani, Bobur koʻchasi, 14-uy.
2-bob. Direksiyaning asosiy vazifalari va funksiyalari
7. Quyidagilar Direksiyaning asosiy vazifalari hisoblanadi:
rivojlangan mamlakatlarda muvaffaqiyatli sinovdan oʻtgan amaliyotlar asosida hamda yetakchi xorijiy va mahalliy loyiha tashkilotlarini jalb qilgan holda, Yangi Toshkent shahri hududini rivojlantirish rejalarini (master reja), tarmoq rejalarini va manzilli dasturlarini ishlab chiqish hamda tasdiqlash;
Yangi Toshkent shahri hududida loyihalarni amalga oshirish boʻyicha investorlar bilan muzokaralar olib borish, salohiyatli investorlarni tanlash, ular bilan investitsiya va ijtimoiy majburiyatlarni belgilagan holda bitimlar tuzish va ularning ijrosini nazorat qilish;
Direksiya tomonidan tasdiqlangan hududda loyiha-qidiruv va qurilish-montaj ishlarini amalga oshirish boʻyicha alohida texnik shartlarga amal qilish toʻgʻrisida bitimlar tuzish va ularning ijrosi ustidan monitoring olib borish;
Yangi Toshkent shahri hududidagi ijtimoiy soha obyektlari, shuningdek, muhandislik-kommunikatsiya tarmoqlari, yoʻl-transport infratuzilmalarini barpo etishda buyurtmachi funksiyasini bajarish;
zamonaviy uy-joylar qurish ishlariga katta tajribaga ega boʻlgan mahalliy va xorijiy kompaniyalarni jalb qilish, ularga zamonaviy uslublar, energiya tejamkor texnologiyalar va qurilish materiallarini qoʻllash yuzasidan majburiy koʻrsatmalar berish;
Yangi Toshkent shahri hududida barpo etiladigan muhandislik-kommunikatsiya tarmoqlari, yoʻl-transport infratuzilmalaridan yagona operator sifatida foydalanish va isteʼmolchilar bilan xizmat koʻrsatish boʻyicha shartnomalar tuzish;
qurilishga salohiyatli investorlarni, shu jumladan, xorijiy investorlarni jalb etish maqsadida mahalliy va xorijiy ommaviy axborot vositalarida, shuningdek, Internet jahon axborot tarmogʻi orqali taqdimot tadbirlarini va reklama kampaniyasini tashkil etish.
8. Direksiya oʻziga yuklangan vazifalar doirasida quyidagi asosiy funksiyalarni bajaradi:
ichimlik suvini oqilona va samarali ishlab chiqarish, yetkazib berish va realizatsiya qilish, ichimlik suvidan foydalanish, oqava suv tarmoqlarini tozalash xizmatlari koʻrsatish sohasida texnik jihatdan tartibga solish sohasidagi normativ hujjatlar talablariga rioya qilinishi ustidan tizimli nazoratni amalga oshirish;
ichimlik va oqava suv tarmoqlariga oʻzboshimchalik bilan ulanib olishga yoʻl qoʻymaslik, ichimlik va oqava suv tarmoqlariga ulanishning texnik shartlari talablariga rioya etilishi ustidan monitoring olib borish;
ichimlik va oqava suv tarmoqlari obyektlarining holati va ulardan foydalanish shartlari, ichimlik va oqava suv tarmoqlaridagi shikastlanish va avariyalarning profilaktikasi boʻyicha ishlab chiqilgan tadbirlarning amalga oshirilishi, ichimlik suvi yoʻqotilishining belgilangan meʼyorlariga rioya etilishi ustidan monitoring olib borish;
sugʻorish, qurilish-montaj, obodonlashtirish ishlariga faqatgina markazlashtirilgan texnik suvlardan foydalanish shartlariga rioya etilishi ustidan monitoring olib borish;
zamonaviy energiya tejamkor texnologiyalarni joriy etish, shuningdek, energiya resurslaridan samarali foydalanish monitoringini yuritish;
issiqlik energiyasi va elektr energiyasi ishlab chiqarilishi va uzatilishi, shuningdek, yakuniy isteʼmolchilarga taqsimlash va sotishda yagona buyurtmachi hamda yetkazib beruvchi funksiyalarini bajarish;
transport vositalari uchun turargohlar, quvvatlash infratuzilmasini yaratish va boshqarish;
yoʻllarda harakatni boshqarish boʻyicha tashkiliy-texnik tadbirlar majmuini belgilash;
obodonlashtirish va koʻkalamzorlashtirish ishlarini amalga oshirish;
chiqindilarni yigʻish, tashish, utilizatsiya qilish, qayta ishlash, koʻmish va realizatsiya qilish tizimini, shu jumladan, tadbirkorlik subyektlarini keng jalb etgan holda rivojlantirish va ular faoliyatini ragʻbatlantirish;
aholida sogʻlom turmush tarziga intilishni shakllantirish va ularning boʻsh vaqtlarini mazmunli tashkil etish uchun qulay sharoitlar yaratish;
muhim ijtimoiy-iqtisodiy, madaniy va maʼmuriy ahamiyatga ega boʻlgan loyihalar roʻyxatini shakllantirish va amalga oshirish.
9. Direksiyaga qonunchilik hujjatlari, Oʻzbekiston Respublikasi Prezidenti va Bosh vaziri topshiriqlariga muvofiq boshqa vazifalar ham yuklanishi mumkin.
3-bob. Direksiya huquqlari va majburiyatlari
10. Direksiya quyidagi huquqlarga ega:
Yangi Toshkent shahrini barpo etish boʻyicha tarmoq rejalari va manzilli dasturlarni ishlab chiqish hamda tasdiqlash;
hududlarni rivojlantirishni rejalashtirish boʻyicha hujjatlarga boʻlgan talablarni mustaqil ravishda belgilash va tasdiqlash;
yer uchastkalarini sotishda ularda barpo etiladigan obyektlarga qoʻyiladigan asosiy talablarni mustaqil belgilash;
qurilish ishlarining sifat, texnik va muddat nazoratini mustaqil amalga oshirish;
kommunal boshqarish, investitsiya faoliyati, marketing, baholash, geologiya qidiruv, topografik suratga olish, bino va inshootlar texnik holatini tekshirish xizmatlarini koʻrsatish;
davlat sherigi sifatida davlat-xususiy sheriklik toʻgʻrisidagi bitim talablarini vakolatli davlat organlari bilan kelishgan holda belgilash;
Yangi Toshkent shahri hududida isteʼmolchilarga koʻrsatiladigan kommunal xizmatlar tariflarini Yangi Toshkent shahrini barpo etish ishlarini muvofiqlashtiruvchi kengash (keyingi oʻrinlarda — muvofiqlashtiruvchi Kengash) bilan kelishgan holda belgilash;
Yangi Toshkent shahrini barpo etish davrida investorlarga shartnoma asosida servis, sanitariya-gigiyena, muhandislik-kommunikatsiya xizmatlarini koʻrsatish, ularni transport infratuzilmasi obyektlari va yordamchi inshootlar bilan taʼminlashni tashkil qilish;
Yangi Toshkent shahri hududidagi yer uchastkalarini “E-auksion” elektron savdo platformasi orqali sotish yoki ijaraga berish toʻgʻrisida (har bir loyihaga alohida texnik shart asosida) muvofiqlashtiruvchi Kengashga taklif kiritish;
xorijiy mamlakatlarga xizmat safarlarini amalga oshirish hamda ushbu xizmat safarlari bilan bogʻliq barcha xarajatlarni Direksiya mablagʻlaridan toʻlash;
oʻziga yuklangan vazifalarni amalga oshirish doirasida xalqaro hamda xorijiy tashkilotlar bilan toʻgʻridan-toʻgʻri aloqalar oʻrnatish, kelishuvlar va memorandumlar imzolash;
qonunchilik hujjatlarida belgilangan tartibda oʻz mol-mulkidan foydalanish va tashqi iqtisodiy faoliyatni amalga oshirish;
obyekt foydalanishga topshirilib, kafolat muddati tugagunga qadar nazorat oʻlchovini oʻtkazishni tashkil etish.
Direksiya oʻz vazifalarini amalga oshirish uchun qonunchilik hujjatlariga muvofiq boshqa huquqlarga ham ega boʻlishi mumkin.
11. Direksiyaning majburiyatlari:
Oʻzbekiston Respublikasi Prezidenti va Bosh vaziri topshiriqlarini belgilangan muddatlarda, toʻliq va sifatli bajarish, kelgusida tizimli monitoring olib borilishini taʼminlagan holda uzoq va oʻrta muddatli, har yilgi rivojlanish dasturlari ishlab chiqish;
loyihalashtirish jarayonini tekshirib borishni, mualliflik nazoratini olib borilishini taʼminlash, qurilishni texnik nazorat qilish, qurilish jarayonida va kafolat muddatida aniqlangan kamchiliklar va nuqsonlarni bartaraf etish choralarini koʻrish;
belgilangan tartibda buxgalteriya hisobi va hisobotini, soliq, statistika hisobotini va boshqa hisobotlarni yuritib borish.
Direksiyaga qonunchilik hujjatlariga muvofiq boshqa majburiyatlar ham yuklanishi mumkin.
12. Direksiya oʻz majburiyatlari boʻyicha oʻziga tegishli barcha mol-mulk bilan javob beradi.
13. Direksiya unga yuklangan vazifa va funksiyalar samarali bajarilishi uchun javobgardir.
4-bob. Direksiyaning mol-mulki va uning faoliyatini moliyalashtirish manbalari
14. Direksiya mol-mulki unga davlat tomonidan belgilangan tartibda operativ boshqaruv huquqi bilan birikitilgan mulkdan iborat boʻlib, Direksiyaning oʻz faoliyatidan olingan daromadlari, shuningdek, qonunchilik hujjatlariga zid boʻlmagan boshqa manbalar hisobiga shakllantiriladi.
Direksiya mol-mulkini sotish, berish yoki ayirboshlash qonunchilik hujjatlarida belgilangan tartibda amalga oshiriladi.
Barcha soliqlar, budjet va budjetdan tashqari jamgʻarmalarga majburiy toʻlovlar toʻlangandan keyin qoladigan sof foyda Direksiya ixtiyorida qoldiriladi.
Direksiya oʻz sof foydasi hisobiga zaxira fondini, shuningdek, boshqa fondlarni tashkil etishi mumkin.
Xoʻjalik faoliyatidan tushadigan daromadlar va ular hisobiga sotib olingan mulk hamda vositalar Direksiya mulki hisoblanadi.
15. Quyidagilar Direksiya faoliyatini moliyalashtirish manbalari hisoblanadi:
Direksiyaga “E-auksion” elektron savdo platformasi orqali yer uchastkalari va davlat mulki obyektlarini sotishdan (ijaraga berishdan) tushadigan mablagʻlar;
obyektlar qiymatidan ajratmalar, shu jumladan, investitsiya bitimlariga asosan investorlar tomonidan obyektlarni qurish ishlari uchun yoʻnaltirilgan mablagʻlardan ajratmalar;
hisobvaraqdagi vaqtincha boʻsh mablagʻlarni tijorat banklariga joylashtirishdan olinadigan daromadlar;
davlat-xususiy sheriklik loyihalarini amalga oshirishdan olinadigan daromadlar;
yuridik va jismoniy shaxslar, shu jumladan, norezidentlarning homiylik xayriyalari;
xalqaro moliya tashkilotlari va xorijiy hukumat moliya tashkilotlarining grantlari hamda texnik koʻmak mablagʻlari;
investitsiya shartnomasiga muvofiq markazlashgan manbalar hisobidan moliyalashtiriladigan obyektlarning qurilish-montaj ishlari qiymatidan ajratmalar;
shartnoma asosida majburiyatlarni bajarmaganligi uchun sud va sudgacha hal qilish tartibida undirilgan jarimalar (sanksiyalar) va penyalardan ajratmalar;
boʻsh turgan mol-mulkni ijaraga berishdan kelib tushadigan mablagʻlar;
shartnoma asosida xizmat koʻrsatishdan olinadigan daromadlar, shuningdek, qonunchilik hujjatlari bilan taqiqlanmagan boshqa manbalar.
16. Direksiyaning joriy faoliyatini moliyalashtirish, shu jumladan, unga tegishli bino va inshootlarni saqlash, ulardan foydalanish, qurish va taʼmirlash, xodimlar mehnatiga haq toʻlash, shuningdek, mebel, aloqa vositalari, kompyuter va boshqa barcha zarur inventarlar bilan taʼminlash Direksiya mablagʻlari hisobidan amalga oshiriladi.
Bunda xarajatlar smetasi muvofiqlashtiruvchi Kengash tomonidan tasdiqlanadi.
5-bob. Direksiya xodimlari mehnatiga haq toʻlash va ularni moddiy ragʻbatlantirish
17. Direksiya tuzilmasi va shtatlar jadvali, xodimlar mehnatiga haq toʻlash va mukofotlash miqdori hamda tartibi Direksiya direktori tomonidan muvofiqlashtiruvchi Kengash bilan kelishilgan holda tasdiqlanadi.
18. Direksiya direktori belgilangan ish haqi fondini tejashdan hamda budjetdan tashqari tushgan, shuningdek, xodimlarning tasdiqlangan shtatlar jadvalida nazarda tutilgan shtat birliklari yetishmasligidan iqtisod qilingan mablagʻlardan xodimlarni moddiy ragʻbatlantirishda, Direksiyaning moddiy-texnik bazasini mustahkamlashda foydalanishga haqli.
19. Direksiya xodimlarining oldingi ish joyida olgan uzoq muddat uzluksiz mehnati uchun qoʻshimcha haqlari va ustamalari saqlab qolinadi.
20. Direksiya direktori vazifalarini tashabbus koʻrsatib va vijdonan bajargan xodimlarni ragʻbatlantirish maqsadida ularga Direksiyaning oʻz mablagʻlari hisobiga mehnatga haq toʻlashning eng kam miqdorining 100 baravari miqdorida oylik ustamalar belgilashga, har chorakda mukofotlashga, moddiy yordam tayinlashga haqli.
6-bob. Direksiya faoliyatini tashkil etish
21. Direksiya direktori Oʻzbekiston Respublikasi Prezidenti tomonidan lavozimga tayinlanadi va lavozimdan ozod etiladi.
Direksiya direktorining oʻrinbosarlari Oʻzbekiston Respublikasining Bosh vaziri bilan kelishilgan holda, Direksiya direktori tomonidan lavozimga tayinlanadi va lavozimdan ozod etiladi.
22. Direksiya direktori:
yakka tartibdagi ijro organi hisoblanadi va Direksiya joriy faoliyatiga rahbarlik qiladi;
Direksiya faoliyatiga umumiy rahbarlikni amalga oshiradi va Direksiyaga yuklangan vazifalar va funksiyalarning bajarilishi uchun shaxsan javob beradi;
Direksiya xodimlarining lavozim majburiyatlarini belgilangan tartibda tasdiqlaydi;
Direksiya xodimlarini belgilangan tartibda lavozimga tayinlaydi va lavozimdan ozod qiladi;
oʻz vakolati doirasida Direksiya xodimlarining bajarishi majburiy boʻlgan buyruqlar va farmoyishlar chiqaradi, koʻrsatmalar beradi.
Direktor qonunchilik hujjatlariga muvofiq boshqa vakolatlarga ham ega boʻlishi mumkin.
Direktor boʻlmagan davrda uning vakolatlarini vazifalar taqsimotiga muvofiq direktor oʻrinbosarlari bajaradi.
7-bob. Yakunlovchi qoidalar
23. Direksiya qonunchilik hujjatlarida belgilangan hollarda va tartibda qayta tashkil etiladi yoki tugatiladi.
24. Direksiya belgilangan tartibda davlat reyestridan chiqarilgan vaqtdan boshlab tugatilgan hisoblanadi.
Oʻzbekiston Respublikasining Bosh vaziri A. ARIPOV
Toshkent sh.,
2023-yil 27-oktabr,
568-son