UzbekAI

← Qonunlar

📅 2023-yil 28-oktabr · Vazirlar Mahkamasi qarorlari

Rasmiy matn. Rasmiy hujjat. Tahririy izohlar kiritilmagan.

Yordam | Arxiv | Atamalar | Statistika | API | Havola yuborish | Sayt haqida | Shartlar

← Қонунлар

📅 2023 йил 28 октябрь · Вазирлар Маҳкамаси қарорлари

Расмий матн. Расмий ҳужжат. Таҳририй изоҳлар киритилмаган.

Ёрдам | Архив | Атамалар | Статистика | API | Ҳавола юбориш | Сайт ҳақида | Шартлар

← Законы

📅 28 октября 2023 г. · Постановления Кабинета Министров

Официальный текст. Официальный документ. Редакционные примечания не включены.

Помощь | Архив | Термины | Статистика | API | Предложить ссылку | О сайте | Условия

← Laws

📅 28 October 2023 · Cabinet of Ministers resolutions

Official text. Official document. Editorial notes are not included.

Help | Archive | Glossary | Stats | API | Submit | About | Terms

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг

қарори

НИЗОМ

Жабрланувчилар, гувоҳлар, экспертлар, мутахассислар, таржимонлар ва холисларга тўланиши лозим бўлган маблағларни ҳисоблаш ва тўлаш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида

Ўзбекистон Республикасининг «Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш, шунингдек айрим қонун ҳужжатларини ўз кучини йўқотган деб топиш тўғрисида» 2022 йил 3 августдаги ЎРҚ-786-сон Қонуни ҳамда Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Суд-экспертлик фаолиятини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида» 2019 йил 17 январдаги ПҚ-4125-сон қарори ижросини таъминлаш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:

1. Ўзбекистон Республикасининг «Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш, шунингдек айрим қонун ҳужжатларини ўз кучини йўқотган деб топиш тўғрисида» 2022 йил 3 августдаги ЎРҚ-786-сон Қонунига мувофиқ Ўзбекистон Республикасининг «Гувоҳлар, жабрланувчилар, экспертлар, мутахассислар, таржимонлар ва холисларнинг қилган харажатларини тўлаш тартиби ва миқдорлари тўғрисида»ги Қонуни ўз кучини йўқотганлиги маълумот учун қабул қилинсин.

2. Қуйидагиларни назарда тутувчи Жабрланувчилар, гувоҳлар, экспертлар, мутахассислар, таржимонлар ва холисларга тўланиши лозим бўлган маблағларни ҳисоблаш ва тўлаш тартиби тўғрисидаги низом иловага мувофиқ тасдиқлансин:

жабрланувчилар, гувоҳлар, экспертлар, мутахассислар, таржимонлар ва холисларга тўланиши лозим бўлган маблағларни ҳисоблаш тартиби;

жабрланувчилар, гувоҳлар, экспертлар, мутахассислар, таржимонлар ва холисларга тўланиши лозим бўлган маблағларни тўлаш учун тасдиқловчи ҳужжатларни тақдим этиш шартлари;

экспертлар, мутахассислар ва таржимонларга тўланадиган ҳақ миқдори;

жабрланувчилар, гувоҳлар, экспертлар, мутахассислар, таржимонлар ва холисларга тўланиши лозим бўлган маблағларни тўлаш тартиби.

3. Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт ва молия вазирлиги 2023 йилда жабрланувчилар, гувоҳлар, экспертлар, мутахассислар, таржимонлар ва холисларга тўланиши лозим бўлган маблағларни суриштирув, тергов ва суд органларига ажратилган маблағлар доирасида ва 2024 йилдан бошлаб эса Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджетида назарда тутилишини таъминласин.

4. Ушбу қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари — иқтисодиёт ва молия вазири Ж.А. Қўчқоров зиммасига юклансин.

Вазирлар Маҳкамасининг 2023 йил 28 октябрдаги 570-сон қарорига ИЛОВА

Жабрланувчилар, гувоҳлар, экспертлар, мутахассислар, таржимонлар ва холисларга тўланиши лозим бўлган маблағларни ҳисоблаш ва тўлаш тартиби тўғрисида

1-боб. Умумий қоидалар

1. Ушбу Низом жабрланувчилар, гувоҳлар, экспертлар, мутахассислар, таржимонлар ва холислар фуқаролик, иқтисодий, жиноят, маъмурий суд ишлари ва маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги ишларда иштирок этишга жалб қилинганда, уларга тўланиши лозим бўлган маблағларни ҳисоблаш ва тўлаш тартибини белгилайди.

Жабрланувчи вояга етмаган ёки белгиланган тартибда муомалага лаёқатсиз деб эътироф этилган шахс бўлса, у билан биргаликда ёки унинг ўрнига ишда иштирок этишга жалб этилган қонуний вакилига ушбу Низомга мувофиқ ҳақ тўлаб берилади.

Мазкур Низом қоидалари процессуал мажбуриятларни хизмат топшириғи сифатида ишда иштирок этишга жалб қилинган эксперт, мутахассис ва таржимонга ўз вазифаларини бажарганлик учун ҳақ тўлашга ҳамда хизмат сафари билан боғлиқ бўлган харажатларни қоплаб беришга нисбатан татбиқ этилмайди.

2. Ушбу Низомда қуйидаги асосий тушунчалардан фойдаланилади:

иш — фуқаролик, иқтисодий, жиноят, маъмурий суд ишлари ва маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги ишлар;

ишга кўмаклашувчи шахслар — масъул органлар (мансабдор шахслар) томонидан ишда иштирок этишга жалб этилган гувоҳлар, экспертлар, мутахассислар, таржимонлар ва холислар;

ишга кўмаклашувчи шахсларга ишда иштирок этишга жалб этилган вақт учун тўланадиган кундалик харажатлар (кейинги ўринларда — кундалик харажатлар) — ишга кўмаклашувчи шахслар ишда иштирок этаётган вақтда кунлик овқатланиш, жалб қилинган пайтидаги вазифаларни бажариш билан боғлиқ бошқа кундалик харажатлар (транспорт воситалари ва тураржой билан боғлиқ харажатлар бундан мустасно);

масъул органлар (мансабдор шахслар) — ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги ишни юритаётган орган (мансабдор шахс), терговга қадар текширувни амалга оширувчи орган, суриштирувчи, терговчи, прокурор ёки суд.

3. Масъул органлар (мансабдор шахслар) томонидан ишда иштирок этишга жалб этилган қуйидаги шахсларга ушбу Низомда белгиланган тартибда ҳақ тўлаб берилади:

а) жабрланувчилар ва ишга кўмаклашувчи шахсларга:

уларнинг доимий яшаш жойларидан ташқаридаги ҳудудларда ўтказиладиган процессуал ҳаракатларни амалга ошириш жойига келиб-кетиш харажатлари;

тураржой билан боғлиқ харажатлари (меҳмонхона ёки тураржой ижараси);

кундалик харажатлари;

б) эксперт, таржимон, мутахассисга ишда иштирок этишда ўз вазифаларини бажарганлиги учун, ушбу вазифалар хизмат топшириғи тартибида бажарилган ҳоллар бундан мустасно;

в) доимий иш ҳақи олмайдиган жабрланувчилар ва уларнинг қонуний вакили, гувоҳлар ва холисларга ишда иштирок этишга уларни одатдаги машғулотидан қолдирилганлик (чалғитганлик) учун.

Агарда қонунчилик ҳужжатларида манфаатдор томонлар ўртасида шартнома тузилиши назарда тутилган бўлса, ишда иштирок этишга жалб этилганлик учун шартномада белгиланган миқдорда ва тартибда ҳақ тўлаб берилади.

4. Ишга кўмаклашувчи шахслар ҳамда жабрланувчиларга тўланиши лозим бўлган харажатлар қуйидаги маблағлар ҳисобидан қопланади:

фуқаролик, иқтисодий ҳамда маъмурий суд ишлари бўйича тегишли илтимоснома билан мурожаат қилган тараф томонидан суднинг депозит ҳисобварағига олдиндан киритилган маблағлар;

жиноят ишлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджетидан махсус ажратиладиган маблағлар;

маъмурий ҳуқуқбузарликлар тўғрисидаги ишлар бўйича масъул органларнинг бюджет маблағлари бўйича харажатлар сметаларида назарда тутилган маблағлар ҳамда уларнинг бюджетдан ташқари маблағлари.

2-боб. Ишга кўмаклашувчи шахслар ҳамда жабрланувчиларга тўланиши лозим бўлган маблағларни ҳисоблаш

5. Масъул органлар (мансабдор шахслар) томонидан ишда иштирок этишга жалб қилинган ишга кўмаклашувчи шахслар ҳамда жабрланувчиларга доимий яшаш ҳудудидан ташқаридаги процессуал ҳаракатлар ўтказиш жойига қуйидаги транспорт воситалари орқали келиб-кетиш бўйича йўл харажатлари қоплаб берилади:

а) умумий фойдаланиладиган транспортнинг барча турларида юриш (таксидан ташқари) қиймати:

умумий фойдаланиладиган транспортнинг ишда кўмаклашувчи шахсга тегишли тасдиқловчи ҳужжатлари асосида.

Бунда «бизнес» (ҳаво йўллари транспорти) ва «VIP» (темир йўл транспорти) тарифидан арзон бўлган барча турлари бўйича чипта қиймати ҳамда «бизнес» (ҳаво йўллари транспорти) ва «VIP» (темир йўл транспорти) тарифи бўйича чипта қийматининг 70 фоизи миқдорида тўлов амалга оширилади;

б) транспортда йўловчиларни давлат томонидан мажбурий суғурталаш бўйича тўловлар;

в) тасдиқловчи ҳужжатлар мавжуд бўлган тақдирда, йўлда юриш ҳужжатларини олдиндан сотиш, самолёт ва поездларда жойларни бронлаш хизматлари бўйича тўловлар;

г) йўл ҳужжатлари мавжуд бўлмаган тақдирда, ҳар бир километрга базавий ҳисоблаш миқдорининг 0,1 фоизи миқдорида.

Бунда транспорт харажатларини тасдиқловчи ҳужжатлар мавжуд бўлмаганда, Интернет жаҳон ахборот тармоғидаги электрон хариталардан фойдаланган ҳолда масофаларни аниқлашга рухсат этилади.

6. Масъул органлар (мансабдор шахслар) томонидан ишда иштирок этишга жалб қилинган ишга кўмаклашувчи шахслар ҳамда жабрланувчиларнинг тураржой билан боғлиқ харажатларини бир кунлик қоплаш (меҳмонхона ёки тураржой ижараси) миқдори базавий ҳисоблаш миқдорининг 1,5 бараваридан ошмаслиги лозим.

Тураржойда яшаганлиги бўйича харажатларни тасдиқловчи ҳужжатлар мавжуд бўлмаган ҳолларда, ҳар бир сутка учун белгиланган базавий ҳисоблаш миқдорининг 20 фоизи миқдорида қопланади.

7. Меҳмонхона хизматидан фойдаланганлик учун харажатлар қуйидаги ҳужжатлар билан тасдиқланади:

меҳмонхонада яшаган шахснинг фамилияси, исми, отасининг исми кўрсатилган яшаш харажатлари учун сарфланган маблағларни тасдиқловчи чек ёки қонунчилик ҳужжатларида белгиланган шаклдаги бошқа ҳужжат;

меҳмонхонада яшаш билан боғлиқ хизматлардан фойдаланганлик учун нақд пул ёки тўлов карталари ёрдамида ҳақ тўланганлигини тасдиқловчи касса чеки, агарда тўловлар касса аппаратисиз тўланган бўлса, тўловнинг бошқа шакллар орқали амалга оширилганлигини тасдиқловчи кирим ордери.

8. Тураржой ижарасидан фойдаланилганда, қонунчилик ҳужжатларида назарда тутилган тартибда давлат солиқ хизмати органларида ҳисобга қўйилган ижара шартномаси тақдим этилади.

9. Ишга кўмаклашувчи шахслар ҳамда жабрланувчиларнинг яшаш жойига ҳар куни қайтиш имконияти мавжуд бўлса, уларга тураржойни ижарага олиш харажатлари ва кундалик харажатлар тўланмайди.

Ишга кўмаклашувчи шахслар ҳамда жабрланувчиларнинг ишга жалб қилинган жойдан ўзининг доимий яшайдиган жойига ҳар куни қайтиши мумкинлиги масаласи масъул органлар (мансабдор шахслар) томонидан масофанинг узоқлиги, транспорт алоқаси шароити, бажариладиган топшириқнинг туси, ходим учун дам олиш шароитларини яратиш каби ҳолатлар ҳисобга олинган ҳолда ҳал этилади.

10. Масъул органлар (мансабдор шахслар) томонидан ишга жалб қилинган ишга кўмаклашувчи шахслар ҳамда жабрланувчиларнинг доимий яшаш жойидан ташқарида яшаш билан боғлиқ кундалик харажатлари учун ҳақ базавий ҳисоблаш миқдорига нисбатан қуйидаги коэффициентларда, жами 0,35 гача миқдорда тўланади:

овқатланиш (алкоголь ва тамаки маҳсулотлари бундан мустасно) харажатларини тасдиқловчи ҳужжатлар (чеклар) тақдим этилганда — 0,25 гача миқдорда тўланади;

бошқа харажатлари учун — 0,10 миқдорида тўланади.

Бунда умумий овқатланиш объектларида харидни амалга оширганлигини тасдиқловчи ҳужжатлар (чеклар) тақдим этилади.

Умумий овқатланиш объектларида харид амалга оширилганлигини тасдиқловчи ҳужжатлар (чеклар) ишга кўмаклашувчи шахслар ҳамда жабрланувчилар жалб қилинган даврнинг ҳар бир куни учун алоҳида-алоҳида расмийлаштирилади.

11. Доимий иш ҳақи олмайдиган жабрланувчилар, гувоҳлар ва холисларга одатдаги машғулотларидан қолдирилганлиги (чалғитганлиги) учун тўлов миқдори амалда уларнинг сарфланган вақти ва белгиланган меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдоридан келиб чиққан ҳолда ҳисобланади.

Бунда тўловнинг аниқ миқдори белгиланган меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдори суммасини мазкур ойда мавжуд иш кунларига нисбатини мажбуриятлар бажарилган иш кунларига кўпайтириш орқали аниқланади.

3-боб. Экспертлар, мутахассислар ва таржимонларга тўланадиган ҳақ миқдори

12. Эксперт, мутахассис, таржимон томонидан бажарилган иш учун ҳақ манфаатдор томонлар ўртасида тузилган шартномалар ёки ушбу Низомда белгиланган миқдорда тўланади.

13. Эксперт ва мутахассисга масъул органлар (мансабдор шахслар) топшириғига кўра бажарган иши учун соатига базавий ҳисоблаш миқдорининг 0,10 коэффициенти миқдорида ҳақ тўланади.

14. Таржимонга масъул органлар (мансабдор шахслар) топшириғига кўра бажарган иши учун тўланадиган ҳақ миқдори мазкур Низомга 1-иловада келтирилган жадвал асосида ҳисобланади.

15. Бир таржимон томонидан ҳар бир кўрсатилган хизмати учун алоҳида тўлов амалга оширилади.

4-боб. Ишга кўмаклашувчи шахслар ҳамда жабрланувчиларга тўланиши лозим бўлган маблағларни тўлаш тартиби

16. Ишга кўмаклашувчи шахслар ҳамда жабрланувчилар томонидан сарфланган харажатларни, бажарилган ишлар учун ҳақни ундириш учун тегишли талабгор шахс (унинг қонуний вакили) мазкур Низомга 2-иловага мувофиқ ариза билан бир ой ичида тегишли масъул органларга (мансабдор шахсларга) мурожаат қилади. Аризага харажатлар амалга оширилганлигини асословчи ҳужжатлар илова қилинади.

17. Мазкур Низомга мувофиқ амалга ошириладиган тўловлар масъул органларнинг (мансабдор шахсларнинг) қарори ёки ажрими асосида 10 кундан кечиктирилмаган муддатда тўланади.

Масъул органларнинг (мансабдор шахсларнинг) қарорига мазкур Низомга 3-иловага мувофиқ намунада ишга кўмаклашувчи шахслар ҳамда жабрланувчиларга тўланиши лозим бўлган маблағлар тўғрисида маълумотнома илова қилинади.

18. Масъул органларнинг (мансабдор шахсларнинг) қарорига (ажримига) ва унинг иловасига гербли муҳр қўйилади.

Масъул органларнинг (мансабдор шахсларнинг) қарори (ажрими) уч кун ичида:

бюджет маблағлари ҳамда масъул органларнинг бюджетдан ташқари маблағлари ҳисобидан тўланиши лозим бўлган ҳолларда — масъул органларнинг молия-иқтисод бўлинмаларига;

суднинг депозит ҳисобварағига олдиндан ўтказилган маблағлар ҳисобидан тўланиши лозим бўлган ҳолларда — суднинг ваколатли молия-иқтисод бўлинмаларига юборилади.

Қарорнинг (ажримнинг) бир нусхаси маблағларни олишга ҳақли бўлган шахсга тақдим этилади.

19. Масъул органларнинг молия-иқтисод бўлинмалари бюджет маблағлари ҳисобидан тўланиши лозим бўлган тўловларни бир иш куни ичида тегишлилигига кўра Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ҳузуридаги Ғазначилик хизмати қўмитасининг ҳудудий бўлинмаларига юборади.

Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ҳузуридаги Ғазначилик хизмати қўмитасининг ҳудудий бўлинмалари ҳамда ваколатли ташкилотларнинг молия-иқтисод бўлинмалари томонидан беш кун муддатда аризада кўрсатилган ҳисобрақамга пул ўтказиб берилади.

5-боб. Якунловчи қоидалар

20. Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт ва молия вазирлиги, тегишли масъул органлар (мансабдор шахслар) мазкур Низомда белгиланган талабларга риоя қилган ҳолда, ишга кўмаклашувчи шахслар учун тўланадиган маблағларнинг ўз вақтида тўланишини ҳамда самарали ва мақсадли ишлатилишини назорат қилади.

21. Ушбу Низом талабларини қўллашда юзага келадиган низолар қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда ҳал этилади.

22. Ушбу Низом талабларини бузишда айбдор бўлган шахслар қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда жавобгар бўлади.

Жабрланувчилар, гувоҳлар, экспертлар, мутахассислар, таржимонлар ва холисларга тўланиши лозим бўлган маблағларни ҳисоблаш ва тўлаш тартиби тўғрисидаги низомга 1-ИЛОВА

Таржимонларга тўланадиган ҳақ миқдорлари

Т/р Таржима тури Таржима тили Тўлов миқдори (белгиланган базавий ҳисоблаш миқдорига нисбатан) 1. Оғзаки таржиманинг бир соати учун ўзбек, қозоқ, қирғиз, тожик, туркман, рус тиллари 0,025 коэффициент турк, форс тиллари 0,05 коэффициент инглиз, француз, немис, испан ва бошқа Европа давлатлари тиллари 0,075 коэффициент япон, корейс, хитой, араб, ҳинд, урду тиллари 0,15 коэффициент 2. Ёзма таржима учун (1 800 босма белги) ўзбек, қозоқ, қирғиз, тожик, туркман, рус тиллари 0,05 коэффициент турк, форс тиллари 0,075 коэффициент инглиз, француз, немис, испан ва бошқа Европа давлатлари тиллари 0,10 коэффициент япон, корейс, хитой, араб, ҳинд, урду тиллари 0,20 коэффициент 3. Оғзаки таржиманинг бир соати ёки ёзма таржима учун (1 800 босма белги) бошқа тиллар 0,25 коэффициент 4. Сурдо (ишора) тили бўйича таржиманинг бир соати учун 0,15 коэффициент

Жабрланувчилар, гувоҳлар, экспертлар, мутахассислар, таржимонлар ва холисларга тўланиши лозим бўлган маблағларни ҳисоблаш ва тўлаш тартиби тўғрисидаги низомга 2-ИЛОВА

______________________________________га (ишни юритаётган ваколатли давлат органи раҳбари) __________________________ сон иш бўйича _______________________________________ (жабрланувчи, гувоҳ, таржимон, мутахассис ва бошқ.) _______________ сифатида иштирок этаётган _______________________________________ ________________________________ яшовчи ____________________________________дан (Ф.И.О.) (тел.: _______________) АРИЗА Мен мазкур иш бўйича_____________________________________________________ сифатида иштирок (жабрланувчи, гувоҳ, таржимон, мутахассис ва бошқ.) этганим муносабати билан зиммамдаги мажбуриятларни амалга ошириш учун: 1. ______________________________________________________________________________________ ( процессуал ҳаракатлар ўтказиладиган жойга келиб-кетиш, турар жойни ижарага олиш, суткалик сарфланган харажат пули; 2. _________________________________________________________________________________ билан одатдаги машғулотдан қолдирганлик (чалғитганлик); эксперт, таржимон, мутахассис сифатида амалга оширилган иш ) боғлиқ жами ___________________________________________________________ сўм тўланиши лозим. (сумма) Шунга кўра мазкур иш бўйича мажбуриятларимни бажаришим муносабати билан тўловларни тўлаб бериш бўйича қарор (ажрим) чиқаришингизни ҳамда тўловни қуйидаги ҳисобварағимга ўтказиб беришингизни сўрайман: ______________________________________________________________ (ҳисобварақ, тўлов карта рақами реквизитлари кўрсатилади) Иловалар: ____________/_______/______/ (Ф.И.О.) ______ (имзо) ___ (сана)

Жабрланувчилар, гувоҳлар, экспертлар, мутахассислар, таржимонлар ва холисларга тўланиши лозим бўлган маблағларни ҳисоблаш ва тўлаш тартиби тўғрисидаги низомга 3-ИЛОВА

Иш кўриб чиқилган орган: __________________________________________ Ишни юритган масъул мансабдор шахснинг Ф.И.О.: ____________________ Иш рақами: ___________________ I. Жабрланувчи, гувоҳ, эксперт, мутахассис, таржимон ва холисга тўланиши лозим бўлган маблағлар миқдори Т/р Ф.И.О. Сана Транспорт харажати учун Тураржой ижараси учун Кундалик харажат учун Жами (минг сўм) 1. 2. II. Эксперт, мутахассис ва таржимон томонидан бажарилган иши учун тўланиши лозим бўлган маблағлар миқдори Т/р Ф.И.О. Сана Таржимонлик учун (соат/босма белги) Эксперт ва мутахассислик учун (соат) Жами (минг сўм) оғзаки ёзма сурдо 1. 2. III. Доимий иш ҳақи олмайдиган жабрланувчи (унинг қонуний вакили), гувоҳ ва холиснинг одатдаги машғулотидан қолдирилганлик (чалғитганлик) учун тўланиши лозим бўлган маблағлар миқдори Т/р Ф.И.О. Жалб қилинган кунлари Жами ҳақ миқдори (минг сўм) 1. 2. ___________________ (муҳр) __________________________ (ишни юритишга масъул шахс) (имзо, Ф.И.О.)

Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А. АРИПОВ

Тошкент ш.,

2023 йил 28 октябрь,

570-сон

(Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 30.10.2023 й., 09/23/570/0804-сон)

lex.uz

Oʻzbekiston Respublikasi Vazirlar Mahkamasining

qarori

NIZOM

Jabrlanuvchilar, guvohlar, ekspertlar, mutaxassislar, tarjimonlar va xolislarga toʻlanishi lozim boʻlgan mablagʻlarni hisoblash va toʻlash tartibi toʻgʻrisidagi nizomni tasdiqlash haqida

Oʻzbekiston Respublikasining “Oʻzbekiston Respublikasining ayrim qonun hujjatlariga oʻzgartish va qoʻshimchalar kiritish, shuningdek ayrim qonun hujjatlarini oʻz kuchini yoʻqotgan deb topish toʻgʻrisida” 2022-yil 3-avgustdagi OʻRQ-786-son Qonuni hamda Oʻzbekiston Respublikasi Prezidentining “Sud-ekspertlik faoliyatini yanada takomillashtirish chora-tadbirlari toʻgʻrisida” 2019-yil 17-yanvardagi PQ-4125-son qarori ijrosini taʼminlash maqsadida Vazirlar Mahkamasi qaror qiladi:

1. Oʻzbekiston Respublikasining “Oʻzbekiston Respublikasining ayrim qonun hujjatlariga oʻzgartish va qoʻshimchalar kiritish, shuningdek ayrim qonun hujjatlarini oʻz kuchini yoʻqotgan deb topish toʻgʻrisida” 2022-yil 3-avgustdagi OʻRQ-786-son Qonuniga muvofiq Oʻzbekiston Respublikasining “Guvohlar, jabrlanuvchilar, ekspertlar, mutaxassislar, tarjimonlar va xolislarning qilgan xarajatlarini toʻlash tartibi va miqdorlari toʻgʻrisida”gi Qonuni oʻz kuchini yoʻqotganligi maʼlumot uchun qabul qilinsin.

2. Quyidagilarni nazarda tutuvchi Jabrlanuvchilar, guvohlar, ekspertlar, mutaxassislar, tarjimonlar va xolislarga toʻlanishi lozim boʻlgan mablagʻlarni hisoblash va toʻlash tartibi toʻgʻrisidagi nizom ilovaga muvofiq tasdiqlansin:

jabrlanuvchilar, guvohlar, ekspertlar, mutaxassislar, tarjimonlar va xolislarga toʻlanishi lozim boʻlgan mablagʻlarni hisoblash tartibi;

jabrlanuvchilar, guvohlar, ekspertlar, mutaxassislar, tarjimonlar va xolislarga toʻlanishi lozim boʻlgan mablagʻlarni toʻlash uchun tasdiqlovchi hujjatlarni taqdim etish shartlari;

ekspertlar, mutaxassislar va tarjimonlarga toʻlanadigan haq miqdori;

jabrlanuvchilar, guvohlar, ekspertlar, mutaxassislar, tarjimonlar va xolislarga toʻlanishi lozim boʻlgan mablagʻlarni toʻlash tartibi.

3. Oʻzbekiston Respublikasi Iqtisodiyot va moliya vazirligi 2023-yilda jabrlanuvchilar, guvohlar, ekspertlar, mutaxassislar, tarjimonlar va xolislarga toʻlanishi lozim boʻlgan mablagʻlarni surishtiruv, tergov va sud organlariga ajratilgan mablagʻlar doirasida va 2024-yildan boshlab esa Oʻzbekiston Respublikasi Davlat budjetida nazarda tutilishini taʼminlasin.

4. Ushbu qarorning bajarilishini nazorat qilish Oʻzbekiston Respublikasi Bosh vazirining oʻrinbosari — iqtisodiyot va moliya vaziri J.A. Qoʻchqorov zimmasiga yuklansin.

Vazirlar Mahkamasining 2023-yil 28-oktabrdagi 570-son qaroriga ILOVA

Jabrlanuvchilar, guvohlar, ekspertlar, mutaxassislar, tarjimonlar va xolislarga toʻlanishi lozim boʻlgan mablagʻlarni hisoblash va toʻlash tartibi toʻgʻrisida

1-bob. Umumiy qoidalar

1. Ushbu Nizom jabrlanuvchilar, guvohlar, ekspertlar, mutaxassislar, tarjimonlar va xolislar fuqarolik, iqtisodiy, jinoyat, maʼmuriy sud ishlari va maʼmuriy huquqbuzarlik toʻgʻrisidagi ishlarda ishtirok etishga jalb qilinganda, ularga toʻlanishi lozim boʻlgan mablagʻlarni hisoblash va toʻlash tartibini belgilaydi.

Jabrlanuvchi voyaga yetmagan yoki belgilangan tartibda muomalaga layoqatsiz deb eʼtirof etilgan shaxs boʻlsa, u bilan birgalikda yoki uning oʻrniga ishda ishtirok etishga jalb etilgan qonuniy vakiliga ushbu Nizomga muvofiq haq toʻlab beriladi.

Mazkur Nizom qoidalari protsessual majburiyatlarni xizmat topshirigʻi sifatida ishda ishtirok etishga jalb qilingan ekspert, mutaxassis va tarjimonga oʻz vazifalarini bajarganlik uchun haq toʻlashga hamda xizmat safari bilan bogʻliq boʻlgan xarajatlarni qoplab berishga nisbatan tatbiq etilmaydi.

2. Ushbu Nizomda quyidagi asosiy tushunchalardan foydalaniladi:

ish — fuqarolik, iqtisodiy, jinoyat, maʼmuriy sud ishlari va maʼmuriy huquqbuzarlik toʻgʻrisidagi ishlar;

ishga koʻmaklashuvchi shaxslar — masʼul organlar (mansabdor shaxslar) tomonidan ishda ishtirok etishga jalb etilgan guvohlar, ekspertlar, mutaxassislar, tarjimonlar va xolislar;

ishga koʻmaklashuvchi shaxslarga ishda ishtirok etishga jalb etilgan vaqt uchun toʻlanadigan kundalik xarajatlar (keyingi oʻrinlarda — kundalik xarajatlar) — ishga koʻmaklashuvchi shaxslar ishda ishtirok etayotgan vaqtda kunlik ovqatlanish, jalb qilingan paytidagi vazifalarni bajarish bilan bogʻliq boshqa kundalik xarajatlar (transport vositalari va turarjoy bilan bogʻliq xarajatlar bundan mustasno);

masʼul organlar (mansabdor shaxslar) — huquqbuzarlik toʻgʻrisidagi ishni yuritayotgan organ (mansabdor shaxs), tergovga qadar tekshiruvni amalga oshiruvchi organ, surishtiruvchi, tergovchi, prokuror yoki sud.

3. Masʼul organlar (mansabdor shaxslar) tomonidan ishda ishtirok etishga jalb etilgan quyidagi shaxslarga ushbu Nizomda belgilangan tartibda haq toʻlab beriladi:

a) jabrlanuvchilar va ishga koʻmaklashuvchi shaxslarga:

ularning doimiy yashash joylaridan tashqaridagi hududlarda oʻtkaziladigan protsessual harakatlarni amalga oshirish joyiga kelib-ketish xarajatlari;

turarjoy bilan bogʻliq xarajatlari (mehmonxona yoki turarjoy ijarasi);

kundalik xarajatlari;

b) ekspert, tarjimon, mutaxassisga ishda ishtirok etishda oʻz vazifalarini bajarganligi uchun, ushbu vazifalar xizmat topshirigʻi tartibida bajarilgan hollar bundan mustasno;

v) doimiy ish haqi olmaydigan jabrlanuvchilar va ularning qonuniy vakili, guvohlar va xolislarga ishda ishtirok etishga ularni odatdagi mashgʻulotidan qoldirilganlik (chalgʻitganlik) uchun.

Agarda qonunchilik hujjatlarida manfaatdor tomonlar oʻrtasida shartnoma tuzilishi nazarda tutilgan boʻlsa, ishda ishtirok etishga jalb etilganlik uchun shartnomada belgilangan miqdorda va tartibda haq toʻlab beriladi.

4. Ishga koʻmaklashuvchi shaxslar hamda jabrlanuvchilarga toʻlanishi lozim boʻlgan xarajatlar quyidagi mablagʻlar hisobidan qoplanadi:

fuqarolik, iqtisodiy hamda maʼmuriy sud ishlari boʻyicha tegishli iltimosnoma bilan murojaat qilgan taraf tomonidan sudning depozit hisobvaragʻiga oldindan kiritilgan mablagʻlar;

jinoyat ishlari boʻyicha Oʻzbekiston Respublikasi Davlat budjetidan maxsus ajratiladigan mablagʻlar;

maʼmuriy huquqbuzarliklar toʻgʻrisidagi ishlar boʻyicha masʼul organlarning budjet mablagʻlari boʻyicha xarajatlar smetalarida nazarda tutilgan mablagʻlar hamda ularning budjetdan tashqari mablagʻlari.

2-bob. Ishga koʻmaklashuvchi shaxslar hamda jabrlanuvchilarga toʻlanishi lozim boʻlgan mablagʻlarni hisoblash

5. Masʼul organlar (mansabdor shaxslar) tomonidan ishda ishtirok etishga jalb qilingan ishga koʻmaklashuvchi shaxslar hamda jabrlanuvchilarga doimiy yashash hududidan tashqaridagi protsessual harakatlar oʻtkazish joyiga quyidagi transport vositalari orqali kelib-ketish boʻyicha yoʻl xarajatlari qoplab beriladi:

a) umumiy foydalaniladigan transportning barcha turlarida yurish (taksidan tashqari) qiymati:

umumiy foydalaniladigan transportning ishda koʻmaklashuvchi shaxsga tegishli tasdiqlovchi hujjatlari asosida.

Bunda “biznes” (havo yoʻllari transporti) va “VIP” (temir yoʻl transporti) tarifidan arzon boʻlgan barcha turlari boʻyicha chipta qiymati hamda “biznes” (havo yoʻllari transporti) va “VIP” (temir yoʻl transporti) tarifi boʻyicha chipta qiymatining 70 foizi miqdorida toʻlov amalga oshiriladi;

b) transportda yoʻlovchilarni davlat tomonidan majburiy sugʻurtalash boʻyicha toʻlovlar;

v) tasdiqlovchi hujjatlar mavjud boʻlgan taqdirda, yoʻlda yurish hujjatlarini oldindan sotish, samolyot va poyezdlarda joylarni bronlash xizmatlari boʻyicha toʻlovlar;

g) yoʻl hujjatlari mavjud boʻlmagan taqdirda, har bir kilometrga bazaviy hisoblash miqdorining 0,1 foizi miqdorida.

Bunda transport xarajatlarini tasdiqlovchi hujjatlar mavjud boʻlmaganda, Internet jahon axborot tarmogʻidagi elektron xaritalardan foydalangan holda masofalarni aniqlashga ruxsat etiladi.

6. Masʼul organlar (mansabdor shaxslar) tomonidan ishda ishtirok etishga jalb qilingan ishga koʻmaklashuvchi shaxslar hamda jabrlanuvchilarning turarjoy bilan bogʻliq xarajatlarini bir kunlik qoplash (mehmonxona yoki turarjoy ijarasi) miqdori bazaviy hisoblash miqdorining 1,5 baravaridan oshmasligi lozim.

Turarjoyda yashaganligi boʻyicha xarajatlarni tasdiqlovchi hujjatlar mavjud boʻlmagan hollarda, har bir sutka uchun belgilangan bazaviy hisoblash miqdorining 20 foizi miqdorida qoplanadi.

7. Mehmonxona xizmatidan foydalanganlik uchun xarajatlar quyidagi hujjatlar bilan tasdiqlanadi:

mehmonxonada yashagan shaxsning familiyasi, ismi, otasining ismi koʻrsatilgan yashash xarajatlari uchun sarflangan mablagʻlarni tasdiqlovchi chek yoki qonunchilik hujjatlarida belgilangan shakldagi boshqa hujjat;

mehmonxonada yashash bilan bogʻliq xizmatlardan foydalanganlik uchun naqd pul yoki toʻlov kartalari yordamida haq toʻlanganligini tasdiqlovchi kassa cheki, agarda toʻlovlar kassa apparatisiz toʻlangan boʻlsa, toʻlovning boshqa shakllar orqali amalga oshirilganligini tasdiqlovchi kirim orderi.

8. Turarjoy ijarasidan foydalanilganda, qonunchilik hujjatlarida nazarda tutilgan tartibda davlat soliq xizmati organlarida hisobga qoʻyilgan ijara shartnomasi taqdim etiladi.

9. Ishga koʻmaklashuvchi shaxslar hamda jabrlanuvchilarning yashash joyiga har kuni qaytish imkoniyati mavjud boʻlsa, ularga turarjoyni ijaraga olish xarajatlari va kundalik xarajatlar toʻlanmaydi.

Ishga koʻmaklashuvchi shaxslar hamda jabrlanuvchilarning ishga jalb qilingan joydan oʻzining doimiy yashaydigan joyiga har kuni qaytishi mumkinligi masalasi masʼul organlar (mansabdor shaxslar) tomonidan masofaning uzoqligi, transport aloqasi sharoiti, bajariladigan topshiriqning tusi, xodim uchun dam olish sharoitlarini yaratish kabi holatlar hisobga olingan holda hal etiladi.

10. Masʼul organlar (mansabdor shaxslar) tomonidan ishga jalb qilingan ishga koʻmaklashuvchi shaxslar hamda jabrlanuvchilarning doimiy yashash joyidan tashqarida yashash bilan bogʻliq kundalik xarajatlari uchun haq bazaviy hisoblash miqdoriga nisbatan quyidagi koeffitsiyentlarda, jami 0,35 gacha miqdorda toʻlanadi:

ovqatlanish (alkogol va tamaki mahsulotlari bundan mustasno) xarajatlarini tasdiqlovchi hujjatlar (cheklar) taqdim etilganda — 0,25 gacha miqdorda toʻlanadi;

boshqa xarajatlari uchun — 0,10 miqdorida toʻlanadi.

Bunda umumiy ovqatlanish obyektlarida xaridni amalga oshirganligini tasdiqlovchi hujjatlar (cheklar) taqdim etiladi.

Umumiy ovqatlanish obyektlarida xarid amalga oshirilganligini tasdiqlovchi hujjatlar (cheklar) ishga koʻmaklashuvchi shaxslar hamda jabrlanuvchilar jalb qilingan davrning har bir kuni uchun alohida-alohida rasmiylashtiriladi.

11. Doimiy ish haqi olmaydigan jabrlanuvchilar, guvohlar va xolislarga odatdagi mashgʻulotlaridan qoldirilganligi (chalgʻitganligi) uchun toʻlov miqdori amalda ularning sarflangan vaqti va belgilangan mehnatga haq toʻlashning eng kam miqdoridan kelib chiqqan holda hisoblanadi.

Bunda toʻlovning aniq miqdori belgilangan mehnatga haq toʻlashning eng kam miqdori summasini mazkur oyda mavjud ish kunlariga nisbatini majburiyatlar bajarilgan ish kunlariga koʻpaytirish orqali aniqlanadi.

3-bob. Ekspertlar, mutaxassislar va tarjimonlarga toʻlanadigan haq miqdori

12. Ekspert, mutaxassis, tarjimon tomonidan bajarilgan ish uchun haq manfaatdor tomonlar oʻrtasida tuzilgan shartnomalar yoki ushbu Nizomda belgilangan miqdorda toʻlanadi.

13. Ekspert va mutaxassisga masʼul organlar (mansabdor shaxslar) topshirigʻiga koʻra bajargan ishi uchun soatiga bazaviy hisoblash miqdorining 0,10 koeffitsiyenti miqdorida haq toʻlanadi.

14. Tarjimonga masʼul organlar (mansabdor shaxslar) topshirigʻiga koʻra bajargan ishi uchun toʻlanadigan haq miqdori mazkur Nizomga 1-ilovada keltirilgan jadval asosida hisoblanadi.

15. Bir tarjimon tomonidan har bir koʻrsatilgan xizmati uchun alohida toʻlov amalga oshiriladi.

4-bob. Ishga koʻmaklashuvchi shaxslar hamda jabrlanuvchilarga toʻlanishi lozim boʻlgan mablagʻlarni toʻlash tartibi

16. Ishga koʻmaklashuvchi shaxslar hamda jabrlanuvchilar tomonidan sarflangan xarajatlarni, bajarilgan ishlar uchun haqni undirish uchun tegishli talabgor shaxs (uning qonuniy vakili) mazkur Nizomga 2-ilovaga muvofiq ariza bilan bir oy ichida tegishli masʼul organlarga (mansabdor shaxslarga) murojaat qiladi. Arizaga xarajatlar amalga oshirilganligini asoslovchi hujjatlar ilova qilinadi.

17. Mazkur Nizomga muvofiq amalga oshiriladigan toʻlovlar masʼul organlarning (mansabdor shaxslarning) qarori yoki ajrimi asosida 10 kundan kechiktirilmagan muddatda toʻlanadi.

Masʼul organlarning (mansabdor shaxslarning) qaroriga mazkur Nizomga 3-ilovaga muvofiq namunada ishga koʻmaklashuvchi shaxslar hamda jabrlanuvchilarga toʻlanishi lozim boʻlgan mablagʻlar toʻgʻrisida maʼlumotnoma ilova qilinadi.

18. Masʼul organlarning (mansabdor shaxslarning) qaroriga (ajrimiga) va uning ilovasiga gerbli muhr qoʻyiladi.

Masʼul organlarning (mansabdor shaxslarning) qarori (ajrimi) uch kun ichida:

budjet mablagʻlari hamda masʼul organlarning budjetdan tashqari mablagʻlari hisobidan toʻlanishi lozim boʻlgan hollarda — masʼul organlarning moliya-iqtisod boʻlinmalariga;

sudning depozit hisobvaragʻiga oldindan oʻtkazilgan mablagʻlar hisobidan toʻlanishi lozim boʻlgan hollarda — sudning vakolatli moliya-iqtisod boʻlinmalariga yuboriladi.

Qarorning (ajrimning) bir nusxasi mablagʻlarni olishga haqli boʻlgan shaxsga taqdim etiladi.

19. Masʼul organlarning moliya-iqtisod boʻlinmalari budjet mablagʻlari hisobidan toʻlanishi lozim boʻlgan toʻlovlarni bir ish kuni ichida tegishliligiga koʻra Oʻzbekiston Respublikasi Iqtisodiyot va moliya vazirligi huzuridagi Gʻaznachilik xizmati qoʻmitasining hududiy boʻlinmalariga yuboradi.

Oʻzbekiston Respublikasi Iqtisodiyot va moliya vazirligi huzuridagi Gʻaznachilik xizmati qoʻmitasining hududiy boʻlinmalari hamda vakolatli tashkilotlarning moliya-iqtisod boʻlinmalari tomonidan besh kun muddatda arizada koʻrsatilgan hisobraqamga pul oʻtkazib beriladi.

5-bob. Yakunlovchi qoidalar

20. Oʻzbekiston Respublikasi Iqtisodiyot va moliya vazirligi, tegishli masʼul organlar (mansabdor shaxslar) mazkur Nizomda belgilangan talablarga rioya qilgan holda, ishga koʻmaklashuvchi shaxslar uchun toʻlanadigan mablagʻlarning oʻz vaqtida toʻlanishini hamda samarali va maqsadli ishlatilishini nazorat qiladi.

21. Ushbu Nizom talablarini qoʻllashda yuzaga keladigan nizolar qonunchilik hujjatlarida belgilangan tartibda hal etiladi.

22. Ushbu Nizom talablarini buzishda aybdor boʻlgan shaxslar qonunchilik hujjatlarida belgilangan tartibda javobgar boʻladi.

Jabrlanuvchilar, guvohlar, ekspertlar, mutaxassislar, tarjimonlar va xolislarga toʻlanishi lozim boʻlgan mablagʻlarni hisoblash va toʻlash tartibi toʻgʻrisidagi nizomga 1-ILOVA

Tarjimonlarga toʻlanadigan haq miqdorlari

T/r Tarjima turi Tarjima tili Toʻlov miqdori (belgilangan bazaviy hisoblash miqdoriga nisbatan) 1. Ogʻzaki tarjimaning bir soati uchun oʻzbek, qozoq, qirgʻiz, tojik, turkman, rus tillari 0,025 koeffitsiyent turk, fors tillari 0,05 koeffitsiyent ingliz, fransuz, nemis, ispan va boshqa Yevropa davlatlari tillari 0,075 koeffitsiyent yapon, koreys, xitoy, arab, hind, urdu tillari 0,15 koeffitsiyent 2. Yozma tarjima uchun (1 800 bosma belgi) oʻzbek, qozoq, qirgʻiz, tojik, turkman, rus tillari 0,05 koeffitsiyent turk, fors tillari 0,075 koeffitsiyent ingliz, fransuz, nemis, ispan va boshqa Yevropa davlatlari tillari 0,10 koeffitsiyent yapon, koreys, xitoy, arab, hind, urdu tillari 0,20 koeffitsiyent 3. Ogʻzaki tarjimaning bir soati yoki yozma tarjima uchun (1 800 bosma belgi) boshqa tillar 0,25 koeffitsiyent 4. Surdo (ishora) tili boʻyicha tarjimaning bir soati uchun 0,15 koeffitsiyent

Jabrlanuvchilar, guvohlar, ekspertlar, mutaxassislar, tarjimonlar va xolislarga toʻlanishi lozim boʻlgan mablagʻlarni hisoblash va toʻlash tartibi toʻgʻrisidagi nizomga 2-ILOVA

______________________________________ga (ishni yuritayotgan vakolatli davlat organi rahbari) __________________________ son ish boʻyicha _______________________________________ (jabrlanuvchi, guvoh, tarjimon, mutaxassis va boshq.) _______________ sifatida ishtirok etayotgan _______________________________________ ________________________________ yashovchi ____________________________________dan (F.I.O.) (tel.: _______________) ARIZA Men mazkur ish boʻyicha_____________________________________________________ sifatida ishtirok (jabrlanuvchi, guvoh, tarjimon, mutaxassis va boshq.) etganim munosabati bilan zimmamdagi majburiyatlarni amalga oshirish uchun: 1. ______________________________________________________________________________________ ( protsessual harakatlar oʻtkaziladigan joyga kelib-ketish, turar joyni ijaraga olish, sutkalik sarflangan xarajat puli; 2. _________________________________________________________________________________ bilan odatdagi mashgʻulotdan qoldirganlik (chalgʻitganlik); ekspert, tarjimon, mutaxassis sifatida amalga oshirilgan ish ) bogʻliq jami ___________________________________________________________ soʻm toʻlanishi lozim. (summa) Shunga koʻra mazkur ish boʻyicha majburiyatlarimni bajarishim munosabati bilan toʻlovlarni toʻlab berish boʻyicha qaror (ajrim) chiqarishingizni hamda toʻlovni quyidagi hisobvaragʻimga oʻtkazib berishingizni soʻrayman: ______________________________________________________________ (hisobvaraq, toʻlov karta raqami rekvizitlari koʻrsatiladi) Ilovalar: ____________/_______/______/ (F.I.O.) ______ (imzo) ___ (sana)

Jabrlanuvchilar, guvohlar, ekspertlar, mutaxassislar, tarjimonlar va xolislarga toʻlanishi lozim boʻlgan mablagʻlarni hisoblash va toʻlash tartibi toʻgʻrisidagi nizomga 3-ILOVA

Ish koʻrib chiqilgan organ: __________________________________________ Ishni yuritgan masʼul mansabdor shaxsning F.I.O.: ____________________ Ish raqami: ___________________ I. Jabrlanuvchi, guvoh, ekspert, mutaxassis, tarjimon va xolisga toʻlanishi lozim boʻlgan mablagʻlar miqdori T/r F.I.O. Sana Transport xarajati uchun Turarjoy ijarasi uchun Kundalik xarajat uchun Jami (ming soʻm) 1. 2. II. Ekspert, mutaxassis va tarjimon tomonidan bajarilgan ishi uchun toʻlanishi lozim boʻlgan mablagʻlar miqdori T/r F.I.O. Sana Tarjimonlik uchun (soat/bosma belgi) Ekspert va mutaxassislik uchun (soat) Jami (ming soʻm) ogʻzaki yozma surdo 1. 2. III. Doimiy ish haqi olmaydigan jabrlanuvchi (uning qonuniy vakili), guvoh va xolisning odatdagi mashgʻulotidan qoldirilganlik (chalgʻitganlik) uchun toʻlanishi lozim boʻlgan mablagʻlar miqdori T/r F.I.O. Jalb qilingan kunlari Jami haq miqdori (ming soʻm) 1. 2. ___________________ (muhr) __________________________ (ishni yuritishga masʼul shaxs) (imzo, F.I.O.)

Oʻzbekiston Respublikasining Bosh vaziri A. ARIPOV

Toshkent sh.,

2023-yil 28-oktabr,

570-son

(Qonunchilik maʼlumotlari milliy bazasi, 30.10.2023-y., 09/23/570/0804-son)

lex.uz