UzbekAI

← Qonunlar

📅 2023-yil 30-oktabr · Vazirlik va idoralar hujjatlari · Adliya vaziri

Rasmiy matn. Rasmiy hujjat. Tahririy izohlar kiritilmagan.

Yordam | Arxiv | Atamalar | Statistika | API | Havola yuborish | Sayt haqida | Shartlar

← Қонунлар

📅 2023 йил 30 октябрь · Вазирлик ва идоралар ҳужжатлари · Адлия вазири

Расмий матн. Расмий ҳужжат. Таҳририй изоҳлар киритилмаган.

Ёрдам | Архив | Атамалар | Статистика | API | Ҳавола юбориш | Сайт ҳақида | Шартлар

← Законы

📅 30 октября 2023 г. · Документы министерств и ведомств · Министр юстиции

Официальный текст. Официальный документ. Редакционные примечания не включены.

Помощь | Архив | Термины | Статистика | API | Предложить ссылку | О сайте | Условия

← Laws

📅 30 October 2023 · Ministry and agency documents · Adliya vaziri

Official text. Official document. Editorial notes are not included.

Help | Archive | Glossary | Stats | API | Submit | About | Terms

Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирининг

буйруғи

УСЛУБИЯТИ

РЎЙХАТИ

Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар ва улар лойиҳаларида коррупцияни келтириб чиқарувчи омилларни аниқлаш услубиётини тасдиқлаш ҳақида

Ўзбекистон Республикасининг «Норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг ва улар лойиҳаларининг коррупцияга қарши экспертизаси тўғрисида»ги Қонуни ва Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 13 апрелдаги ПҚ-3666-сон «Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги фаолиятини янада такомиллаштиришга доир ташкилий чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарорига асосан буюраман:

1. Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар ва улар лойиҳаларида коррупцияни келтириб чиқарувчи омилларни аниқлаш услубияти 1-иловага мувофиқ тасдиқлансин.

2. Айрим идоравий норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар 2-иловага мувофиқ ўз кучини йўқотган деб топилсин.

3. Мазкур буйруқ Ўзбекистон Республикаси Коррупцияга қарши курашиш агентлиги билан келишилган.

4. Мазкур буйруқ расмий эълон қилинган кундан эътиборан кучга киради.

Келишилди:

Ўзбекистон Республикаси адлия вазирининг 2023 йил 30 октябрдаги 17-мҳ-сон буйруғига 1-ИЛОВА

Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар ва улар лойиҳаларида коррупцияни келтириб чиқарувчи омилларни аниқлаш

Йўналиш Коррупцияни келтириб чиқарувчи омиллар Тушунчаси Мисоли Нормаларнинг барқарорлиги ва ҳуқуқий жиҳатдан мувофиқлиги билан боғлиқ бўлган коррупцияни келтириб чиқарувчи омиллар Сўзларнинг нотўғри қўлланилиши Норматив-ҳуқуқий ҳужжат ёки унинг лойиҳасида (бундан буён матнда норматив-ҳуқуқий ҳужжат деб юритилади) қўлланилаётган сўзлар, тушунчалар ва атамалар ҳар хил маъноларни англатиши ёки аниқ бўлмаган талқин қилишга имконият яратиши мумкин. Тушунча ва атамалар нафақат бир норматив-ҳуқуқий ҳужжатнинг ўзида, балки бутун қонунчиликда бир хил қўлланилиши лозим. Агар турли норматив-ҳуқуқий ҳужжатларда тушунча ва атамаларни бир хил қўллаш имкони бўлмаса, уларни фарқлаш аниқ ва осон бўлиши керак. Бирлик ёки кўпликда сўзларнинг нотўғри қўлланиши ҳам ноаниқликларга сабаб бўлади. Шунингдек, олмошни қўллаш орқали олдинги гапда берилган шахс, сон, жой ва ҳодисаларга нисбатан мурожаат қилиш, шунингдек «ва/ёки» сўзларини қўллаш орқали тузилган сўз бирикмаларининг нотўғри қўлланилиши ноаниқликларни юзага келтириши мумкин. Шунинг учун ҳар бир сўз барча учун тушунарли маънони англатиши ёки аниқ ҳуқуқий тавсифга эга бўлиши лозим. 1-мисол: норматив-ҳуқуқий ҳужжат: юрисдикция фуқароларнинг турар жойига қараб белгиланади. Муаммо: «турар жой» сифатида шахснинг яшаб турган жойи назарда тутилганми ёки доимий рўйхатдан ўтган жойими? Ечим: норматив-ҳуқуқий ҳужжат: юрисдикция фуқароларнинг яшаб турган жойига қараб белгиланади. 2-мисол: норматив-ҳуқуқий ҳужжат: вазирлик ушбу моддада кўрсатилган мурожаат турларини тақдим қилиш тартибларини белгилайди. Муаммо: ушбу ҳолатда вазирлик ҳар бир мурожаат тури учун алоҳида тартиб белгилаши ёки барча мурожаат турлари учун ягона тартиб белгилаши лозимлиги ноаниқ. Ечим: норматив-ҳуқуқий ҳужжат: вазирлик ушбу моддада кўрсатилган мурожаат турларини тақдим қилишнинг тартибини белгилайди. 3-мисол: норматив-ҳуқуқий ҳужжат: мансабдор шахс ва аризачи шартнома шартларини келишиши зарур, у келишувни ёзма шаклда тасдиқлаши лозим. Муаммо: «У» деганда ким назарда тутилганлиги ноаниқ. Ечим: норматив-ҳуқуқий ҳужжат: мансабдор шахс ва аризачи шартнома шартларини келишиши зарур, мансабдор шахс келишувни ёзма шаклда тасдиқлаши лозим. 4-мисол: норматив-ҳуқуқий ҳужжат: Таваккалчилик — мижозлар томонидан жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштириш, терроризмни молиялаштириш ва оммавий қирғин қуролини тарқатишни молиялаштириш мақсадида операцияларни амалга ошириш таваккалчилиги. Муаммо: берилган таърифда ва сўзининг ишлатилиши натижасида таваккалчилик «жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштириш», «терроризмни молиялаштириш» ва «оммавий қирғин қуролини тарқатишни молиялаштириш» операцияларини нечтаси бир вақтда амалга оширилганда юзага келиши ноаниқ бўлиб қолмоқда. Ечим: норматив-ҳуқуқий ҳужжат: Таваккалчилик — мижозлар томонидан жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштириш, терроризмни молиялаштириш ва оммавий қирғин қуролини тарқатишни молиялаштириш операцияларидан бирини ёки бир нечтасини амалга ошириш. Ноаниқ ва асоссиз ҳаволаларнинг қўлланилиши Бир норматив-ҳуқуқий ҳужжатдаги ёки бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатдаги нормаларга ҳаволалар аниқ, мантиқий изчил бўлиши ва норматив-ҳуқуқий ҳужжатни ёхуд унинг алоҳида қоидаларини кўрсатиши керак. Шунингдек, тегишли ваколатлар мавжуд бўлмаганда, қонун ҳужжатларидаги бўшлиқларнинг қонун ости ҳужжатлари ёрдамида тўлдирилиши тор идоравий ёндашув ҳолатларини келтириб чиқариши мумкин. Бундан ташқари, ҳуқуқий норманинг чегарасини белгилаш имконини бермайдиган, хусусан «ва бошқалар», «ва ҳоказо» каби нормаларнинг қўлланилиши ҳуқуқни қўлловчиларга асоссиз равишда кўриб чиқиш доирасининг кенгайтириш имконини беради. Шу сабабдан, ноаниқ ва асоссиз ҳаволалар келтирилмаслиги ҳамда норматив-ҳуқуқий ҳужжатни қабул қилиш тегишли давлат органларининг ваколат доирасида амалга оширилиши зарур. 1-мисол: давлат органи томонидан маъмурий жазо Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 10-моддасида белгиланган муддатларда қўлланилади. Муаммо: Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 10-моддасида муддатга оид норма белгиланмаган. Ечим: давлат органи томонидан маъмурий жазо Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 36-моддасида белгиланган муддатларда қўлланилади. 2-мисол: норматив-ҳуқуқий ҳужжат: назорат тадбири режали текшириш давомида, маълум бир ҳудудда (минтақада) зарарланиш ўчоғи аниқланганда, маҳсулот импорт қилинганда ва бошқа ҳолатларда амалга оширилади. Муаммо: назорат тадбири амалга оширилиши мумкин бўлган ҳолатларнинг аниқ чегараси белгилаб берилмаганлиги, хусусан, «ва бошқа ҳолатларда» ибораси қўлланилиши оқибатида текширувчида асоссиз равишда, текшириш объекти ёки предмети доирасига тааллуқли бўлмаган назорат-текширувини амалга ошириш билан боғлиқ дискрецион ваколатлар вужудга келади. Ечим: назорат тадбири режали текшириш давомида, маълум бир ҳудудда (минтақада) зарарланиш ўчоғи аниқланганда, маҳсулот импорт қилинганда амалга оширилади. Норматив-ҳуқуқий ҳужжатларда қарама қаршиликларнинг мавжудлиги Норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг нормалари ўзаро мувофиқ бўлиши лозим. Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар нормаларининг бир бирига зид бўлиши, ҳуқуқни қўллашда турли хил тушунмовчиликларнинг юзага келишига олиб келади. Мисол: Ҳукумат қарори билан тасдиқланган намунавий ҳужжатларга мувофиқ тендер таклифларини очиш тендер эълон қилинган санадан бошлаб 10 — 15 кундан кейин бўлиб ўтади. «Давлат харидлари тўғрисида»ги Қонунда ушбу муддат 30 — 45 кунни ташкил қилади. Муаммо: Вазирлар Маҳкамасининг қарори ва Қонунда икки хил муддат белгиланганлиги, ижрочиларнинг ўзларига қулай бўлган муддатда иш юритишига ҳамда зиддиятли ҳуқуқни қўллаш амалиёти шаклланишига олиб келади. Ечим: Вазирлар Маҳкамасининг қарорида белгиланган муддатларни Қонунга мувофиқлаштириш зарур. Ваколатлар, ҳуқуқ ва мажбуриятлар билан боғлиқ бўлган коррупцияни келтириб чиқарувчи омиллар Дискрецион ваколатларнинг кенглиги Давлат органлари ва бошқа ташкилотларга ёки уларнинг мансабдор шахсларига (бундан буён матнда давлат органлари деб юритилади) ўз ихтиёрига кўра қарорлар қабул қилиш, бир нечта турдаги қарорларни қабул қилишни танлаш ва қарорларни ижро этишнинг усулларини белгилаш имкониятини асоссиз равишда бериш оқибатида коррупциявий ҳолатлар вужудга келишининг хавфи юқори ҳисобланади. Дискрецион ваколатларнинг кенглиги асосан қуйидагиларда кўринади: қарорларни қабул қилишнинг шароитлари ва асосларининг мавжуд эмаслиги; давлат органларига ўз ихтиёрига кўра юридик фактни баҳолашга ҳамда жисмоний ва юридик шахслар томонидан тегишли ҳаракатларни амалга оширишнинг тартибини мустақил равишда белгилашга йўл қўйиш; «қарор қабул қилиши мумкин» шаклидаги қарор қабул қилиш ваколатини бериш; давлат органларига уларнинг ваколатига тегишли бўлмаган вазифа ва ваколатларнинг юклатилиши. Мисол: норматив-ҳуқуқий ҳужжат: лицензияловчи орган лицензия талабгори ҳужжатларини кўриб чиқиш натижаси бўйича лицензия бериш ёки лицензия беришни рад этиш тўғрисида қарор қабул қилиши мумкин. Муаммо: лицензия бериш ёки лицензия беришни рад этиш учун асослар белгиланмаган, шунингдек лицензияловчи органга «қарор қабул қилиши мумкин» шаклидаги қарор қабул қилиш ваколати берилган. Ечим: норматив-ҳуқуқий ҳужжат: лицензияловчи орган талабгорнинг ҳужжатларини кўриб чиқиш натижаси лицензия бериш ёки лицензия беришни рад этиш тўғрисида қарор қабул қилади. Лицензия бериш учун қуйидагилар асос бўлади: ... Лицензия беришни рад этиш учун қуйидагилар асос бўлади: ... Ваколатларнинг ноаниқлиги Айрим ҳолларда норматив-ҳуқуқий ҳужжатнинг матнидан вазифа ёки топшириқ ижроси учун масъул бўлган давлат органини аниқлаш имкони бўлмайди. Бу ҳолат давлат органи томонидан ўзи манфаатдор бўлмаган маълум бир ҳаракат қилинаётганлигини кўрсатиш, амалда эса ушбу ҳаракатни бажарилмаслик учун қилинади. Шу билан бирга, топшириқ ижроси учун масъул этиб бир неча ташкилотлар белгиланади. Ушбу ташкилотларнинг ваколат доираси аниқ белгиланмаганлиги оқибатида улар топшириқнинг бажарилишини бир-бирига юклашига олиб келиши мумкин. Натижада топшириқнинг ижроси етарли даражада таъминланмайди. Мисол: норматив-ҳуқуқий ҳужжат: ушбу Қонуннинг ижроси тегишли вазирлик томонидан таъминланади. Муаммо: ижро учун масъул вазирликни аниқлаш имкони мавжуд эмаслиги оқибатида давлат органлари ўзларининг манфаатлари нуқтаи назардан ҳаракат қилишлари мумкин. 1-ечим: норматив-ҳуқуқий ҳужжат: ушбу Қонуннинг ижроси «Электрон ҳукумат тўғрисида»ги Қонуннинг 15-моддасида белгиланган давлат органи томонидан таъминланади. 2-ечим: норматив-ҳуқуқий ҳужжат: ушбу Қонуннинг ижроси Рақамли технологиялар вазирлиги томонидан таъминланади. Давлат органларининг бир-бирини такрорловчи ваколатлари ва вазифалари мавжудлиги Давлат органига бошқа давлат органи билан такрорланаётган ваколатлар ва вазифалар юклатилиши топшириқ етарли даражада ижро қилинмаслигига, вазифани ижро этиш учун ортиқча ресурслар сарфланишига, шунингдек жисмоний ва юридик шахслар олдида ортиқча бюрократик тўсиқлар вужудга келишига олиб келиши мумкин. Мисол: норматив-ҳуқуқий ҳужжатга мувофиқ ҳокимликларга истеъмолчилар ҳуқуқлари ҳимоясини амалга ошириш бўйича вазифалар юклатилган. Муаммо: мазкур вазифа Рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитаси нинг вазифаларини такрорлайди, шунингдек ҳокимликларнинг тадбиркорлик фаолиятини қўллаб-қувватлаш бўйича функцияси билан боғлиқ манфаатлар тўқнашувига олиб келиши мумкин. Ечим: ҳокимликларнинг истеъмолчилар ҳуқуқлари ҳимоясини амалга ошириш бўйича вазифасини бекор қилиш зарур. Давлат органи томонидан ўз ваколатига кирмайдиган масалалар бўйича норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар қабул қилиниши Норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг мазкур ҳужжатларни қабул қилиш ваколатига эга бўлмаган давлат органлари томонидан қабул қилиниши ушбу ҳужжатларда айрим шахсларнинг манфаатлари мавжудлигини кўрсатади. Мисол: Вазирлар Маҳкамасининг қарори билан муайян бир тадбиркорлик субъектлари гуруҳи қўшилган қиймат солиғини тўлашдан озод қилиниши белгиланмоқда. Муаммо: Солиқ кодексига асосан солиқ имтиёзлари фақат ушбу Кодекс билан берилиши мумкин (Ўзбекистон Республикаси Президентининг қарорлари билан белгиланган солиқ ставкасини камайтириш ҳолатлари бундан мустасно). Ечим: Вазирлар Маҳкамасининг қароридан тадбиркорлик субъектларини қўшилган қиймат солиғини тўлашдан озод қилинишини назарда тутувчи нормалар чиқариб ташланиши зарур. Вазифани ёки топшириқни бажариш учун ижрочида зарур бўлган ваколатлар ва ресурсларнинг мавжуд эмаслиги Давлат органи ўз вазифаларини тўлақонли бажара олиши учун барча зарур ваколатлар ва ресурсларга, шу жумладан уларни бажариш учун етарли муддатга эга бўлиши муҳим ҳисобланади. Шу сабабдан, юклатилаётган вазифаларни амалга ошириш учун талаб қилинадиган ресурслар ва мавжуд имкониятларнинг қиёсий таҳлили натижаси бўйича мазкур вазифалар юклатилишининг мақсадга мувофиқ. 1-мисол: норматив-ҳуқуқий ҳужжат: Давлат активларини бошқариш агентлиги давлат улуши иштирокидаги хўжалик жамиятларининг фаолияти устидан назорат қилиш соҳасида қуйидаги ваколатларга эга: йиллик ҳисоботларни кўриб чиқиш; ташкилот йиғилишларида қатнашиш; муддатдан ташқари йиғилишларни ўтказиш. Муаммо: мазкур Агентликка самарали назорат амалга ошириш учун етарли ваколатлар берилмаган. Ечим: Агентликка юқоридагилардан ташқари қуйидаги ваколатларни бериш: давлат улуши иштирокидаги хўжалик жамиятлари фаолиятига оид ҳар қандай маълумотни олиш; давлат улуши иштирокидаги хўжалик жамиятларида махсус аудит ўтказиш; давлат улуши иштирокидаги хўжалик жамиятларининг раҳбарларини тайинлаш ёки вазифасидан озод этиш масалалари юзасидан умумий йиғилиш кун тартибига таклифлар киритиш. 2-мисол: норматив-ҳуқуқий ҳужжат: Божхона қўмитаси уч ойлик муддатда БМТнинг Савдо тартиб-таомилларини соддалаштириш ва электрон иш амалиётлари бўйича маркази томонидан ишлаб чиқилган «ягона дарча» механизмини яратиш бўйича тавсиялар ва йўл-йўриқ тамойиллари мезонларига жавоб берадиган «Ягона дарча» божхона ахборот тизимини ишлаб чиқсин. Муаммо: мазкур ахборот тизимини ишлаб чиқиш учун уч ойлик муддат етарли эмас. Хусусан, ахборот дастурни ишлаб чиқиш учун: ахборот тизимининг паспорти ва концепцияси ишлаб чиқилади ҳамда Рақамли технологиялар вазирлиги билан келишилади (1-2 ой); ахборот тизимининг техник топшириғи ишлаб чиқилади ҳамда Рақамли технологиялар вазирлиги билан келишилади (2-3 ой); барча ҳужжатлар бўйича ижобий хулосалар олингандан сўнг давлат харидлари соҳасидаги қонунчиликка мувофиқ конкурс (тендер) ўтказилади ва ғолиб билан шартнома тузилади (1 ой). Шунга кўра, ахборот тизимини ишлаб чиқиш ишлари камида 4 ойдан кейин бошланади. Ечим: «Ягона дарча» божхона ахборот тизимини ишлаб чиқиш учун муддатни юқоридаги жараёнларни амалга ошириш учун талаб этиладиган муддатларни инобатга олган ҳолда белгилаш. Ўз вақтида тартибга солинмаслик Норматив-ҳуқуқий ҳужжат билан маълум бир соҳани тартибга солиш, шу жумладан тегишли нормаларни амалга ошириш тартиби (механизмлари) ва шаклларини белгилаш вазифаси маълум бир давлат органига юклатилиши (бевосита ушбу норматив-ҳуқуқий ҳужжатда белгиланмасдан) натижасида: ушбу норма уни амалга ошириш тартиби тасдиқланмагунга қадар ижро қилинмаслигига; тегишли муносабатларни тартибга солишда давлат органи томонидан тор идоравий манфаатларни кўзлаган ҳолда ҳаракат қилинишига олиб келиши мумкин. Мисол: норматив-ҳуқуқий ҳужжат: 2021 йил 1 январдан марказлаштирилган манбалар ҳисобига молиялаштириладиган капитал қурилиш билан боғлиқ товарлар, ишлар ва хизматлар хариди фақат танлов савдолари натижалари бўйича амалга оширилади. Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазирлиги капитал қурилишда танлов савдоларини ўтказишнинг тартиби ва шартларини белгилайди. Муаммо: Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазирлиги томонидан тартиб ва шартлар ишлаб чиқилгунга қадар мазкур норманинг ижроси таъминланмайди. Шунингдек, норматив-ҳуқуқий ҳужжатда танлов савдоларини ўтказиш тартиби ва шартлари юзасидан кўрсатмалар назарда тутилмаган бўлиб, бу ваколат ижро этувчи органга берилган. Натижада танлов савдоларини ўтказишда коррупция ҳолатлари вужудга келиши мумкин. Ечим: норматив-ҳуқуқий ҳужжат: капитал қурилишда танлов савдоларини ўтказиш тартиби ва шартлари қуйидагилардан иборат: ... Манфаатлар тўқнашуви Норматив-ҳуқуқий ҳужжатда шахснинг шахсий (бевосита ёки билвосита) манфаатдорлиги унинг ўз лавозим ёки хизмат мажбуриятларини лозим даражада бажаришига таъсир кўрсатаётган ёхуд таъсир кўрсатиши мумкин бўлган ҳамда шахсий манфаатдорлик билан фуқароларнинг, ташкилотларнинг, жамиятнинг ёки давлатнинг ҳуқуқлари, қонуний манфаатлари ўртасида қарама-қаршилик юзага келаётган (мавжуд манфаатлар тўқнашуви) ёки юзага келиши мумкин бўлган (эҳтимолий манфаатлар тўқнашуви) вазиятларни олдини олиш чоралари кўрилиши лозим. Мисол: товар қиймати бир шартнома бўйича базавий ҳисоблаш миқдорининг беш минг бараваридан йигирма беш минг бараваригача бўлган миқдорни ташкил этган тақдирда давлат хариди энг яхши таклифни танлаш орқали амалга оширилади. Бунда, шартномани бажариш бўйича энг яхши шартларни таклиф қилган иштирокчи ғолиб деб топилади. Муаммо: манфаатлар тўқнашуви юзага келиши мумкинлиги инобатга олинмаган. Ечим: товар қиймати бир шартнома бўйича базавий ҳисоблаш миқдорининг беш минг бараваридан йигирма беш минг бараваригача бўлган миқдорни ташкил этган тақдирда давлат хариди энг яхши таклифни танлаш орқали амалга оширилади. Шартномани бажариш бўйича энг яхши шартларни таклиф қилган иштирокчи ғолиб деб топилади. Бунда, манфаатлар тўқнашуви юзага келиши мумкин бўлган шахслар танлашда қатнашишига йўл қўйилмайди ёки харид қилиш тартиб-таомилларини ташкил этиш ва ўтказиш учун жавобгар бўлган шахс бажариладиган вазифалардан четлаштирилиши лозим. Афзалликларнинг асоссиз равишда белгиланиши Норматив-ҳуқуқий ҳужжатда ҳуқуқий муносабатларнинг бир гуруҳ субъектларига нисбатан бошқаларни тенг бўлмаган, камситувчи аҳволга солувчи афзалликларнинг белгиланишига йўл қўйилмаслиги зарур. Мисол: айрим давлат унитар корхоналари ва нодавлат ташкилотларга лицензия олмасдан фаолиятини амалга ошириш ҳуқуқи берилган. Муаммо: мазкур тоифадаги ташкилотлар томонидан тегишли лицензияни олмасдан фаолиятни амалга ошириши бир қатор салбий ҳолатларга олиб келмоқда, хусусан: рақобатда бошқа тадбиркорларга нисбатан устунлик; лицензия талаб ва шартларини четлаб ўтиш имконияти. Ечим: давлат унитар корхоналари ва нодавлат ташкилотларнинг тегишли лицензияни олмасдан фаолиятини амалга ошириш ҳуқуқини бекор қилиш. Норматив-ҳуқуқий ҳужжатнинг кучга киришини асоссиз равишда кечиктириш Норматив-ҳуқуқий ҳужжатнинг кучга киришини асоссиз равишда кечиктириш мазкур ҳужжатнинг қабул қилиниши мақсадларига эришишни имконини бермайди. Бундай ҳолатда давлат органлари тор идоравий манфаатларини кўзлаган ҳолда ҳужжатни амалга киритилиши кейинга қолдириши мумкин. Мисол: тегишли норматив-ҳуқуқий ҳужжат қабул қилинган бўлиб, у 2020 йил 1 январдан кучга кириши белгиланган. Мазкур норматив-ҳуқуқий ҳужжатга икки марта ўзгартиришлар киритилиб, ушбу ҳужжат 2021 йил 1 январ ва кейинчалик 2022 йил 1 июлдан кучга кириши белгиланган. Муаммо: мазкур ҳужжатнинг кучга кириши икки марта, биринчиси 2021 йил 1 январга қадар, иккинчиси 2022 йил 1 июлга қадар қолдирилган. Ечим: давлат органи томонидан норматив-ҳуқуқий ҳужжатни ишлаб чиқиш жараёнида ҳужжатнинг кучга кириш санасини аниқ таҳлиллар асосида белгилаш ва ҳужжатнинг кучга кириш санасини кейинга қолдирмаслик чораларини кўриш. Ҳуқуқ ва мажбуриятларнинг номутаносиблиги Давлат органларида ҳуқуқлар мавжуд бўлганда мажбуриятларнинг мавжуд эмаслиги уларнинг мансаб ваколатларидан четга чиқишига шароит яратади. Мисол: норматив-ҳуқуқий ҳужжат билан давлат органларига тадбиркорлик субъектларини жойига чиққан ҳолда текшириш ва уни амалга ошириш билан боғлиқ ҳуқуқлар берилган. Бироқ, давлат органининг тадбиркорлик субъектлари олдидаги уларнинг фаолиятини текшириш билан боғлиқ мажбуриятлари назарда тутилмаган. Муаммо: давлат органининг тадбиркорлик субъектини текшириш жараёнидаги мажбуриятлари мавжуд эмаслиги, унинг тегишли ҳуқуқларидан чегарасиз фойдаланиши орқали ваколат доирасидан четга чиқишига шароит яратиб беради. Ечим: норматив-ҳуқуқий ҳужжат: давлат органи тадбиркорлик субъектларининг фаолиятини текшириш жараёнида қуйидаги ҳуқуқ ва мажбуриятларга эга: ... Маъмурий тартиб-таомиллар билан боғлиқ бўлган коррупцияни келтириб чиқарувчи омиллар Маъмурий тартиб-таомилларнинг мавжуд эмаслиги ёки тўлиқ эмаслиги Давлат органлари томонидан тегишли ҳаракатларни бажариш тартибининг мавжуд эмаслиги натижасида зиддиятли ҳуқуқни қўллаш амалиёти шаклланади, давлат органлари томонидан жисмоний ва юридик шахсларга ортиқча бюрократик тўсиқларнинг яратилиши орқали коррупциявий ҳолатлар юзага келади. Маъмурий тартиб-таомилларнинг мавжуд эмаслиги ёки тўлиқ эмаслиги асосан қуйидагиларда кўринади: давлат органининг ҳаракатлари ва ваколатларини амалга ошириш тартибга солинмаганлиги; ваколатларни бажариш процессуал тартибининг белгиланмаганлиги; давлат органлари томонидан маъмурий тартиб-таомилларни бажариш учун асосларнинг мавжуд эмаслиги ёки ноаниқлиги; қабул қилинаётган қарорни асослаб бериш мажбуриятининг мавжуд эмаслиги; ҳуқуқий бўшлиқлар мавжудлиги; жисмоний ва юридик шахсларга тегишли бўлган ҳуқуқларни амалга оширишнинг аниқ тартибга солинмаганлиги; амалга оширилишининг аниқ механизмига эга бўлмаган нормаларнинг мавжудлиги. Мисол: норматив-ҳуқуқий ҳужжат: устав фонди (капитали)да давлат улуши 50 фоиз ва ундан ортиқ бўлган юридик шахслар томонидан ишлаб чиқариладиган юқори ликвидли ва монопол маҳсулотларнинг бир қисми ўрнатилган квоталар бўйича фақат биржа савдолари орқали экспорт қилинади. Муаммо: маҳсулотларнинг турларига аниқлик киритилмаган, шунингдек маҳсулотларнинг «бир қисми»ни шакллантиришнинг механизми белгиланмаган. Ечим: норматив-ҳуқуқий ҳужжат: устав фонди (капитали)да давлат улуши 50 фоиз ва ундан ортиқ бўлган юридик шахслар томонидан ишлаб чиқариладиган ушбу норматив-ҳуқуқий ҳужжатга иловасида келтирилган юқори ликвидли ва монопол маҳсулотларнинг 30% фақат биржа савдолари орқали экспорт қилинади. Белгиланган қоидалардаги истисноларнинг асоссиз равишда қўлланилиши Тегишли соҳада фаолият юритиш учун барча иштирокчиларга ягона тартиб ва қоидалар ўрнатилган бўлиши лозим. Шунингдек, очиқлик (шаффофлик)ни ҳамда ҳаммага тенг имконият яратиш ва рақобат муҳитини таъминлаш мақсадида тегишли ҳуқуқни олишнинг танлов (аукцион) тартибидан фойдаланилади. Ҳуқуқни олишнинг аниқ тартиби, шу жумладан танлов (аукцион) ўтказиш тартиби белгиланган тақдирда ҳам, муайян шахслар ўз манфаатлари асосида ушбу ҳуқуқни тўғридан тўғри олишга ҳаракат қилишлари мумкин. Шу сабабдан, белгиланган қоидалардан чиқувчи истисноларни асоссиз белгиланиши мақсадга мувофиқ эмас ҳисобланади. Мисол: бир норматив-ҳуқуқий ҳужжатда марказлаштирилган манбалар ҳисобига молиялаштириладиган капитал қурилиш билан боғлиқ товарлар, ишлар ва хизматлар хариди фақат тендер натижалари бўйича амалга оширилиши, қонун ҳужжатларида назарда тутилган ҳоллар бундан мустасно эканлиги назарда тутилган. Бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжат билан маълум бир давлат органига тендер ўтказмасдан капитал қурилиш билан боғлиқ товарлар, ишлар ва хизматлар харидини амалга ошириш рухсат берилган. Муаммо: мазкур ҳолат соҳада очиқлик ва рақобат муҳитини таъминлаш имконини бермайди, шунингдек давлат харидларида коррупциявий ҳолатлари ҳамда «картел» келишувларнинг вужудга келишига олиб келади. Ечим: норматив-ҳуқуқий ҳужжат: марказлаштирилган манбалар ҳисобига молиялаштириладиган капитал қурилиш билан боғлиқ товарлар, ишлар ва хизматлар хариди фақат тендер натижалари бўйича амалга оширилади. Тендер ўтказмасдан капитал қурилиш билан боғлиқ товарлар, ишлар ва хизматлар харидини амалга ошириш тақиқлансин. Ортиқча ва асоссиз талаблар белгиланиши Норматив-ҳуқуқий ҳужжатда жисмоний ва юридик шахсларга ноаниқ, бажарилиши қийин бўлган ва (ёки) оғирлаштирилган талабларни ўз ичига олган нормаларнинг белгиланиши оқибатида жисмоний ва юридик шахслар ушбу талабларни жавобгарликсиз бажармаслик чораларини излаши мумкин. Шу сабабдан, жисмоний ва юридик шахсларнинг эркинлигини чеклашга олиб келиши мумкин бўлган, уларнинг хатти-ҳаракатлари ва фаолиятини сабабсиз ва асоссиз тартибга солинишида ифодаланиладиган муносабатларнинг ҳаддан ташқари ортиқча ҳуқуқий тартибга соладиган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг қабул қилиниши мақсадга мувофиқ эмас. Мисол: норматив-ҳуқуқий ҳужжат: автомототранспорт воситалари ҳайдовчиларини малакасини ошириш фаолиятини шуғулланиш учун лицензия шартлари қуйидагилардан иборат: ... бутун ўқув жараёнини қамраб оладиган давлат талабларига мувофиқ уч ўлчамли анимация эффектлари ва видеоконтентга эга автомототранспорт воситалари ҳайдовчиларининг малакасини ошириш учун алоҳида ишлаб чиқилган электрон ўқув-услубий қўлланмалар билан аккредитация муддатига мулкий ёки бошқа ашёвий ҳуқуқ билан таъминланганлиги ҳақидаги ҳужжат; автомототранспорт воситаларини бошқараётган шахслар (ҳайдовчилар)нинг малакасини оширишга қўйиладиган давлат талабларига мувофиқ малака ошириш курсларида билимлар ўзлаштирилишини аниқлаш учун анимация эффектларига эга ягона тест дастурининг аккредитация муддатига мулкий ёки бошқа ашёвий ҳуқуқ билан таъминланганлиги ҳақидаги ҳужжат. Муаммо: амалиётда аксарият лицензия талабгорларида ушбу ҳужжатларни тақдим этиш имконияти мавжуд эмас. Шунга кўра, автомототранспорт воситалари ҳайдовчиларини малакасини ошириш фаолиятини лицензиялаш жараёни жуда мураккаб, лицензия талаб ва шартлари юқори ҳамда мазкур фаолият билан шуғулланмоқчи бўлган тадбиркорлик субъектларини қисқартиришга, соҳада ягона хизмат кўрсатувчи монопол ташкилот статусини сақлаб қолишга қаратилган. Ечим: норматив-ҳуқуқий ҳужжатда ўрнатилган лицензия талаб ва шартлардаги бажарилиши қийин бўлган ва оғирлаштирилган талабларни, шунингдек рақобатни чекловчи қоидаларни чиқариб ташлаш зарур. Вақт чегараларининг ноаниқлиги Муддатларнинг мавжуд эмаслиги ёки ноаниқлиги, асосли сабабларсиз белгиланган муддатни чўзиш ёки қисқартириш имкониятини назарда тутиш коррупция ҳолатларини келтириб чиқариши мумкин. Вақт чегаралари аниқ белгиланмаслиги оқибатида давлат хизматчилари маълум бир ҳаракатни амалга оширишни ўз манфаатлари йўлида кечиктириш ёки тезлаштириш хавфи юзага келади. Мисол: норматив-ҳуқуқий ҳужжат: давлат ижрочиси ижро иши юритишни қўзғатиш тўғрисидаги қарорда ижро ҳужжатидаги талабларни ихтиёрий равишда бажариш учун ижро иши юритиш қўзғатилган кундан эътиборан кўпи билан ўн беш кун муддат белгилайди. Муаммо: ушбу ҳолатда давлат ижрочиси ижро ҳужжатидаги талабларни ихтиёрий равишда бажариш учун муддатни ўз манфаатларидан келиб чиқиб белгилаши мумкин. Ечим: норматив-ҳуқуқий ҳужжатда ижро ҳужжатидаги талабларни ихтиёрий равишда бажариш муддатини аниқ белгилаш зарур. Тўловлар миқдорларининг ноаниқлиги Коррупцияни олдини олиш мақсадида жисмоний ва юридик шахслар томонидан тўланадиган давлат божлари, йиғимлар ва бошқа мажбурий тўловлар миқдорлари аниқ белгиланиши зарур. Мазкур тўловлар миқдорлари қатъий белгиланмаганлиги натижасида давлат органлари ўз манфаатларини кўзлаган ҳолда тўловлар миқдорини камайтириши ёки кўпайтириши мумкин. Мисол: ваколатли орган гувоҳномани кўпи билан 15 кунда базавий ҳисоблаш миқдорининг (бундан буён матнда БҲМ деб юритилади) 1 бараваридан 5 бараваригача бўлган миқдордаги давлат божи тўлангандан сўнг тақдим этади. Муаммо: давлат божи миқдори аниқ кўрсатиб ўтилмаганлиги натижасида мансабдор шахс ушбу миқдорни ўз ихтиёрига кўра белгилайди, бу эса коррупция ҳолатларини вужудга келтириши мумкин. Ечим: ваколатли орган гувоҳномани қуйидаги муддатларда ва тўловларда тақдим этади: 15 кун ичида — БҲМнинг 1 баравари; 5 кун ичида — БҲМнинг 3 баравари; 24 соат ичида — БҲМнинг 5 баравари миқдоридаги давлат божи тўланганда. Санкцияларнинг номутаносиблиги Ноаниқ ва кенг талқин қилиниши мумкин бўлган санкциялар давлат органларига жисмоний ва юридик шахслардан ўз манфаатларини кўзлаган ҳолда (пора эвазига) санкция даражасини белгилаш имкониятини беради. Шунингдек, санкцияларнинг даражаси тегишли ҳуқуқбузарликнинг ижтимоий аҳамияти ва оқибатлари билан мутаносиб бўлиши лозим. Мисол: ҳайдовчиларнинг шовқин даражаси белгиланган нормалардан ортиқ бўлган транспорт воситаларини бошқариши, — базавий ҳисоблаш миқдорининг 5 бараваридан 25 бараваригача жарима солишга сабаб бўлади. Муаммо: биринчидан, жарима миқдори ҳуқуқбузарликнинг ижтимоий аҳамияти ва оқибатларига нисбатан жуда юқори, иккинчидан, санкциянинг минимал ва максимал миқдорлари ўртасидаги фарқ уларни тайинлаш мезонлари мавжуд бўлмай туриб сезиларли даражада юқори қилиб белгиланган. Мазкур ҳолат мансабдор шахсга асоссиз равишда ўз ихтиёрига кўра санкция миқдорини белгилаш ҳуқуқини беради. Ечим: жарима миқдорини ҳуқуқбузарликнинг ижтимоий хавфлилик даражасидан келиб чиққан ҳолда белгилаш. Давлат органлари ва ташкилотлари томонидан Ўзбекистон Республикасининг Давлат бюджети маблағлари ҳамда бюджетдан ташқари маблағлар сарфланишининг аниқ ва шаффоф тартиб-таомиллари мавжуд эмаслиги Аниқ ва шаффоф тартиб-таомилларнинг мавжуд эмаслиги давлат органлари ва идоралари раҳбарларига ҳамда масъул шахсларига давлат бюджети ва бюджетдан ташқари маблағларни оз манфаатлари ёки учинчи шахсларнинг манфаатларидан келиб чиқиб сарфлашга имкон яратиб, ушбу маблағлардан самарасиз фойдаланилишига ёки уларнинг мақсадсиз сарфланишига олиб келиши мумкин. Мисол: норматив-ҳуқуқий ҳужжат: Ҳудудий «Ёшлар дафтари» жамғармаси маблағлари: Ёшлар ишлари агентлиги директори томонидан тасдиқланган календар режада белгиланган маҳалла, сектор, туман (шаҳар) ва ҳудуд даражасидаги лойиҳалар, ёшлар фестиваллари, форумлар, танловлар ва бошқа маданий-маърифий тадбирларни молиялаштиришга; маҳаллалардаги ёшлар етакчилари учун ажратилган хизмат хоналарини моддий-техник жиҳозлар (мебел, планшет, компьютер тўплами, алоқа, интернет ва бошқалар) билан таъминлашга; қонунчилик ҳужжатлари билан белгиланган бошқа харажатларни қоплашга йўналтирилади. Муаммо: ҳудудий «Ёшлар дафтари» жамғармаси маблағларининг қайси мақсадларда сарфланиши мумкинлигининг аниқ белгиланмасдан, бошқа харажатлар шаклидаги умумий тушунчалардан фойдаланилган. Ушбу ҳолат ҳудудий «Ёшлар дафтари» жамғармаси маблағларидан самарасиз фойдаланилишига олиб келиши мумкин. Ечим: ҳудудий «Ёшлар дафтари» жамғармаси маблағларининг қайси мақсадлар учун сарфланиши мумкинлигини аниқ белгилаш. Солиқлар ва йиғимларни ҳисоблаш ҳамда ундириш тартиб-таомилларининг мураккаблиги ёки ноаниқлиги Солиқлар ва йиғимларни ҳисоблаш ва ундириш тартибининг мураккаблиги ҳуқуқни қўллаш амалиётида солиқлар ва йиғимларни ҳисоблашда турли ёндашувларни юзага келтириши ҳамда солиқ тўловчилардан ортиқча миқдорда солиқ ундирилишига ёки солиқ тўлаш жараёнида бюрократик тўсиқлар вужудга келишига сабаб бўлиши мумкин. Мисол: солиқ солиш объекти йўқ қилинган, вайрон бўлган ёки бузиб ташланган тақдирда солиқни ундириш тугатилади. Солиқни ундиришни тугатилиши маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органи ёки фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органи томонидан берилган йўқ қилинганлик, вайрон бўлганлик ёки бузиб ташланганлик фактини тасдиқловчи ҳужжатлар мавжуд бўлган тақдирда, амалга оширилади. Муаммо: солиқ солиш объекти йўқ қилинган, вайрон бўлган ёки бузиб ташланган тақдирда солиқни ундириш қайси муддатдан бошлаб тугатилиши ҳамда маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органи ёки фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органи томонидан йўқ қилинганлик, вайрон бўлганлик ёки бузиб ташланганлик фактини тасдиқловчи ҳужжатларни тақдим қилиш тартиби аниқ белгиланмаган. Ечим: солиқ солиш объекти йўқ қилинган, вайрон бўлган ёки бузиб ташланган тақдирда, солиқни ундириш мол-мулк йўқ қилинган, вайрон бўлган ёки бузиб ташланган кундан эътиборан тугатилишини ҳамда маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органи ёки фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органи томонидан йўқ қилинганлик, вайрон бўлганлик ёки бузиб ташланганлик фактини тасдиқловчи ҳужжатларни тақдим қилиш тартибини белгилаш. Давлат корхоналари ҳамда ўз устав фондида (устав капиталида) давлат улуши 50 фоиз ва ундан ортиқ бўлган юридик шахслар томонидан амалга ошириладиган давлат харидлари билан боғлиқ масалалар бўйича аниқ ва шаффоф тартиб-таомилларнинг мавжуд эмаслиги Давлат харидларини ташкил этиш ва ўтказишда аниқ ва шаффоф тартиб-таомилларнинг мавжуд эмаслиги давлат харидлари соҳасида энг яхши таклифни танлаб олишда манфаатлар тўқнашуви юзага келишига, бундай харидлар шахсий манфаатдорлик асосида амалга оширилишига, ушбу жараёнда коррупцияга оид жиноятлар содир этилишига, давлат бюджети маблағларидан самарасиз фойдаланилишига олиб келиши мумкин. Мисол: давлат корхоналари ҳамда ўз устав фондида (устав капиталида) давлат улуши 50 фоиз ва ундан ортиқ бўлган юридик шахслар томонидан амалга ошириладиган давлат харидлари иштирокчиларининг товарлар (ишлар, хизматлар) бўйича давлат харидларига тааллуқли бўлган таклифлари қуйидаги меъзонлар орқали баҳоланади ҳамда энг яхши таклиф эгаси аниқланади: нарх; етказиб бериш базиси; етказиб бериш муддатлари; тавсифномалар ва сифат кўрсаткичлари; эксплуатация қилиш (фойдаланиш) муддати; тўлов ва кафолатлар шартлари; муайян даврдаги эксплуатация қилишга, шу жумладан фойдаланиш ва таъмирлашга доир харажатлар. Муаммо: давлат харидлари иштирокчиларининг товарлар (ишлар, хизматлар) бўйича давлат харидларига тааллуқли бўлган таклифларини баҳолаш ҳамда энг яхши таклифни танлаб олишда ҳар бир мезоннинг ўрни аниқ белгиланмаган. Ечим: давлат харидлари иштирокчиларининг товарлар (ишлар, хизматлар) бўйича давлат харидларига тааллуқли бўлган таклифларини баҳолаш мезонларининг ҳар бирига балл бериш ва энг юқори балл тўплаган иштирокчини энг яхши таклиф эгаси деб топиш тизимини жорий этиш. Ҳуқуқ ва имтиёзлар берувчи ҳамда маъмурий тартиб-таомилларни белгилайдиган танлов (аукцион) тартиб-таомилларидан бўйин товлаш имкониятини берувчи нормаларнинг мавжудлиги Танлов (аукцион) тартиб-таомилларидан бўйин товлаш имкониятини берувчи нормаларнинг мавжудлиги муайян ҳуқуқ ва имтиёзларни муносиб жисмоний ёки юридик шахсга тақдим этиш имкониятини камайтиради, ушбу жараёнда манфаатлар тўқнашуви юзага келишига сабаб бўлади ҳамда коррупциявий ҳаракатлар содир этилишига имконият яратади. Мисол: битимлар давлат харидлари тўғрисидаги қонунчиликка мувофиқ тузилади. Алоҳида ҳолларда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қарорига биноан битимлар очиқ ким ошди савдоларини ўтказмай туриб, стратегик салоҳиятли инвестор билан тўғридан тўғри музокаралар ўтказиш асосида тузилиши мумкин. Муаммо: алоҳида ҳолатлар доираси аниқлаштирилмаганлиги, инвесторларни стратегик салоҳиятли деб топиш мезонларининг мавжуд эмаслиги туфайли ушбу тартибни қўллаш масаласи мансабдор шахслар томонидан шахсий манфаатдорлик асосида ҳар бир ҳолатда алоҳида кўриб чиқилишига имкон яратади. Ечим: алоҳида ҳолатлар доираси аниқлаштириш, инвесторларни стратегик салоҳиятли деб топиш мезонларини белгилаш ёки ушбу нормани чиқариб ташлаш. Тадбирларни амалга ошириш усулларининг мураккаблиги ва уларни молиялаштириш манбаларининг ноаниқлиги Норматив-ҳуқуқий ҳужжатда давлат органига молиялаштириш манбаси ноаниқ бўлган чора-тадбирни амалга оширишнинг юклатилиши натижасида ушбу чора-тадбир ижроси таъминланмасдан қолиши ёки фуқаролар ёхуд тадбиркорлик субъектларини маълум манфаат йўлида ноқонуний ҳомийликка жалб этишга олиб келиши мумкин. Мисол: норматив-ҳуқуқий ҳужжатда 2023 йил 1 ноябрдан 2024 йил 31 декабрга қадар жойлаштириш бўйича хизматлар (меҳмонхона хизматлари) нархининг 10 фоизи миқдорида жойлаштириш воситаларини субсидиялаш бўйича қўшимча кўмак кўрсатилиши белгиланган. Муаммо: субсидиялаш манбаси, тартиби ва уни амалга оширишга масъул бўлган ташкилот кўрсатилмаган. Ечим: Туризм қўмитаси Туризмни қўллаб-қувватлаш жамғармаси маблағлари ҳисобидан қуйидаги тартибда 2023 йил 1 ноябрдан 2024 йил 31 декабрга қадар жойлаштириш бўйича хизматлар (меҳмонхона хизматлари) нархининг 10 фоизи миқдорида жойлаштириш воситаларини субсидиялаш бўйича қўшимча кўмак кўрсатилишини таъминласин: ... Назорат-текшириш фаолияти билан боғлиқ бўлган коррупцияни келтириб чиқарувчи омиллар Текшириш ва тафтиш ўтказиш тартибининг мавжуд эмаслиги Текшириш ва тафтиш ўтказиш тартибининг мавжуд эмаслиги натижасида ҳуқуқни қўллаш амалиётида зиддиятлар вужудга келиши, ҳуқуқни қўлловчи томонидан текшириш ва ўрганишлар турли шаклларда ўтказилиши, давлат органлари томонидан жисмоний ва юридик шахсларга ортиқча бюрократик тўсиқлар яратилиши орқали коррупциявий ҳолатлар юзага келиши мумкин. Мисол: ваколатли орган текшириш давомида аниқланган хато ва камчиликлар бартараф этилиши устидан назорат тартибида текшириш ўтказиши мумкин. Назорат тартибида текшириш ваколатли орган фармойиши асосида ўтказилади. Муаммо: ваколатли орган томонидан назорат тартибида ўтказиладиган текширув тартиби мавжуд эмас. Хусусан, назорат тартибида ўтказиладиган текширув қанча муддат давомида амалга оширилиши, амалга ошириш шакли (масофавий, жойига чиққан ҳолда) белгиланмаган. Ечим: ваколатли орган томонидан назорат тартибида текширув ўтказиш тартибини белгилаш. Шикоят қилиш тартибининг мавжуд эмаслиги Давлат органларнинг жавобгарлиги тўғрисидаги нормаларнинг, шунингдек уларнинг ҳаракатлари (қарорлари) устидан шикоят қилиш тартибининг мавжуд эмаслиги мансабдор шахсларга ўз ваколатларини суиистеъмол қилишига шароит яратади. Мисол: норматив-ҳуқуқий ҳужжатда ички аудитор сертификатини олиш ёки унинг амал қилиш муддатини узайтириш тартиби белгиланган. Муаммо: ички аудитор сертификатини олишга ёки унинг амал қилиш муддатини узайтиришга даъвогар жисмоний шахс (бундан буён матнда талабгор деб юритилади) ички аудитор сертификатини олиш учун ўтказиладиган малака имтиҳони натижаларидан ҳамда сертификатнинг амал қилиш муддатини узайтириш ва қайта расмийлаштириш ваколатли орган томонидан рад этилганлигидан норози бўлганда шикоят қилиш тартиби белгиланмаган. Ечим: талабгор ички аудитор сертификатини олиш учун ўтказиладиган малака имтиҳони натижаларидан ҳамда сертификатнинг амал қилиш муддатини узайтириш ва қайта расмийлаштириш ваколатли орган томонидан рад этилганлигидан норози бўлганда шикоят қилиш тартибини белгилаш. Шаффофлик ва жамоатчилик назоратини таъминлашдаги бўшлиқлар Жамоатчилик назорати шаффофлик ва қонунийликни таъминлашнинг самарали усулларидан бири ҳисобланади. Шунга кўра, давлат органларининг фаолияти тўғрисидаги ҳамда улар томонидан жисмоний ва юридик шахсларнинг сўровлари юзасидан маълумотларни тақдим қилиш тартиби тўғрисидаги ахборотни (бундан қонун билан қўриқланадиган сирни ташкил этувчи ахборотлар мустасно) ошкор этишни назарда тутувчи нормалар белгиланиши керак. Мисол: норматив-ҳуқуқий ҳужжат: танлов савдоларининг ғолибини аниқлаш ҳудудий танлов комиссиясининг ёпиқ мажлисида ўтказилади. Оферталарни кўриб чиқиш, баҳолаш ва таққослаш натижалари тўғрисидаги ахборот ошкор қилинмайди, қонунчилик назарда тутилган ҳоллар бундан мустасно. Муаммо: бу нормалар шаффофлик ва жамоатчилик назоратини таъминлашга тўсқинлик қилади ҳамда танлов савдоларининг ғолибларини аниқлашда коррупциявий хавф-хатарларнинг вужудга келишига шароит яратади. Ечим: танлов савдоларининг ғолибини комиссиянинг очиқ мажлисида аниқлаш, оферталарни кўриб чиқиш, баҳолаш ва таққослаш натижалари тўғрисидаги ахборотларни мажбурий равишда ошкор қилиш тартибини белгилаш. Молиявий ва бошқа санкцияларни қўллаш ҳамда ундириш билан боғлиқ бўлган масалаларда аниқ ва шаффоф тартиб-таомилларнинг мавжуд эмаслиги Давлат органлари томонидан молиявий ва бошқа санкцияларни қўллаш ҳамда ундириш бўйича аниқ белгиланган ҳамда шаффоф тартибнинг мавжуд эмаслиги натижасида ҳуқуқни қўллаш амалиётида зиддиятлар ҳамда ҳуқуқни қўлловчилар томонидан мавжуд ҳуқуқ нормалари турли шаклда қўлланилиши натижасида коррупциявий ҳолатлар юзага келиши мумкин. Мисол: солиқ ҳисоботини белгиланган муддатларда тақдим этмаслик — базавий ҳисоблаш миқдорининг (бундан буён матнда БҲМ деб юритилади) 2 бараваридан 8 бараваригача бўлган миқдорда жарима солишга сабаб бўлади. Муаммо: солиқ ҳисоботини тақдим этмаганлик учун жариманинг энг кам ва энг юқори миқдорлари белгиланган, бироқ, жарима қўллашнинг мезонлари аниқ белгиланмаган. Мазкур ҳолат ҳуқуқни қўллаш амалиётида мансабдор шахсга ўз ихтиёрига кўра жарима миқдорини белгилаш ҳуқуқини беради. Натижада жарима миқдорини белгилашда коррупциявий ҳолатлар юзага келиши мумкин. 1-ечим: жарима миқдорини қатъий белгилаш (мисол учун, БҲМнинг 2 баравари миқдорида жарима солинишини белгилаш); 2-ечим: жарима тайинлаш мезонларини аниқ белгилаш. Хусусан, қуйидаги тартибни жорий этиш: солиқ ҳисоботи белгиланган муддатлардан 2 иш кунигача кечикиб тақдим этилганда — БҲМнинг 2 баравари; 2 иш кунидан 4 иш кунигача кечикиб тақдим этилганда — БҲМнинг 4 баравари; 4 иш кунидан 6 иш кунигача кечикиб тақдим этилганда — БҲМнинг 6 баравари; 6 иш кунидан кечикиб тақдим этилганда — БҲМнинг 8 баравари миқдорида жарима белгилаш. Давлат органларининг фаолияти устидан назорат қилиш шакллари ва турларининг мавжуд эмаслиги Норматив-ҳуқуқий ҳужжатда давлат органлари томонидан муайян ҳаракатларни амалга ошириш тартиби белгиланган бўлиб, давлат органларининг фаолиятини назорат қилиш тартиби кўрсатилмаган бўлса, давлат органи ушбу фаолиятни ҳужжатда белгиланган тартибга риоя қилмасдан ўз манфаатлари нуқтаи назардан амалга ошириши мумкин. Мисол: норматив-ҳуқуқий ҳужжатда тадбиркорлик ва шаҳарсозлик фаолиятини амалга ошириш учун ер участкалари электрон онлайн-аукцион орқали доимий фойдаланишга берилиши белгиланган. Муаммо: давлат органлари томонидан ер участкаларини бериш тартиб-таомилларига риоя қилиниши устидан назорат қилиш тартиби белгиланмаган. Ечим: норматив-ҳуқуқий ҳужжат: давлат хизматлари марказлари, прокуратура органлари ва адлия органлари давлат органлари ва бошқа ташкилотлар томонидан ер участкалари электрон онлайн-аукцион орқали бериш тартибига сўзсиз риоя этилиши бўйича тизимли назорат ва мониторингни амалга оширади. Тизимли назорат ва мониторинг ер участкаси материалларини тайёрлаш жараёнига аралашмасдан, «YERELEKTRON» ААТ орқали амалга оширилади. …

Ўзбекистон Республикаси адлия вазирининг 2023 йил 30 октябрдаги 17-мҳ-сон буйруғига 2-ИЛОВА

Ўз кучини йўқотган деб топилаётган идоравий норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар

1. Ўзбекистон Республикаси адлия вазирининг 2021 йил 24 февралдаги 2-мҳ-сон «Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар ва улар лойиҳаларининг коррупцияга қарши экспертизасини ўтказиш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида»ги буйруғи (рўйхат рақами 3287, 2021 йил 24 февраль) (Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси, 24.02.2021 й., 10/21/3287/0153-сон).

2. Ўзбекистон Республикаси адлия вазирининг 2022 йил 27 январдаги 1-мҳ-сон «Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар ва улар лойиҳаларининг коррупцияга қарши экспертизасини ўтказиш тартиби тўғрисидаги низомга ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш ҳақида»ги буйруғи (рўйхат рақами 3287-1, 2022 йил 27 январь) (Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 27.01.2022 й., 10/22/3287-1/0075-сон).

3. Ўзбекистон Республикаси адлия вазирининг 2022 йил 14 октябрдаги 23-мҳ-сон буйруғи (рўйхат рақами 3392, 2022 йил 17 октябрь) (Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 17.10.2022 й., 10/22/3392/0951-сон) билан тасдиқланган Вазирликлар, давлат қўмиталари ва идоралар томонидан қабул қилинган айрим идоравий норматив-ҳуқуқий ҳужжатларга киритилаётган ўзгартиришлар ва қўшимчанинг 16-банди .

Вазир А. ТАШКУЛОВ

Ўзбекистон Республикаси Коррупцияга қарши курашиш агентлиги директори А. БУРХАНОВ

Тошкент ш.,

2023 йил 30 октябрь,

2023 йил 24 октябрь

17-мҳ-сон

(Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 01.11.2023 й., 10/23/3470/0816-сон; 26.08.2024 й., 10/24/3470-1/0721-сон; 05.08.2026 й., 10/26/3916/0819-сон)

lex.uz

Oʻzbekiston Respublikasi Adliya vazirining

buyrugʻi

USLUBIYATI

ROʻYXATI

Normativ-huquqiy hujjatlar va ular loyihalarida korrupsiyani keltirib chiqaruvchi omillarni aniqlash uslubiyotini tasdiqlash haqida

Oʻzbekiston Respublikasining “Normativ-huquqiy hujjatlarning va ular loyihalarining korrupsiyaga qarshi ekspertizasi toʻgʻrisida”gi Qonuni va Oʻzbekiston Respublikasi Prezidentining 2018-yil 13-apreldagi PQ-3666-son “Oʻzbekiston Respublikasi Adliya vazirligi faoliyatini yanada takomillashtirishga doir tashkiliy chora-tadbirlar toʻgʻrisida”gi qaroriga asosan buyuraman:

1. Normativ-huquqiy hujjatlar va ular loyihalarida korrupsiyani keltirib chiqaruvchi omillarni aniqlash uslubiyati 1-ilovaga muvofiq tasdiqlansin.

2. Ayrim idoraviy normativ-huquqiy hujjatlar 2-ilovaga muvofiq oʻz kuchini yoʻqotgan deb topilsin.

3. Mazkur buyruq Oʻzbekiston Respublikasi Korrupsiyaga qarshi kurashish agentligi bilan kelishilgan.

4. Mazkur buyruq rasmiy eʼlon qilingan kundan eʼtiboran kuchga kiradi.

Kelishildi:

Oʻzbekiston Respublikasi adliya vazirining 2023-yil 30-oktabrdagi 17-mh-son buyrugʻiga 1-ILOVA

Normativ-huquqiy hujjatlar va ular loyihalarida korrupsiyani keltirib chiqaruvchi omillarni aniqlash

Yoʻnalish Korrupsiyani keltirib chiqaruvchi omillar Tushunchasi Misoli Normalarning barqarorligi va huquqiy jihatdan muvofiqligi bilan bogʻliq boʻlgan korrupsiyani keltirib chiqaruvchi omillar Soʻzlarning notoʻgʻri qoʻllanilishi Normativ-huquqiy hujjat yoki uning loyihasida (bundan buyon matnda normativ-huquqiy hujjat deb yuritiladi) qoʻllanilayotgan soʻzlar, tushunchalar va atamalar har xil maʼnolarni anglatishi yoki aniq boʻlmagan talqin qilishga imkoniyat yaratishi mumkin. Tushuncha va atamalar nafaqat bir normativ-huquqiy hujjatning oʻzida, balki butun qonunchilikda bir xil qoʻllanilishi lozim. Agar turli normativ-huquqiy hujjatlarda tushuncha va atamalarni bir xil qoʻllash imkoni boʻlmasa, ularni farqlash aniq va oson boʻlishi kerak. Birlik yoki koʻplikda soʻzlarning notoʻgʻri qoʻllanishi ham noaniqliklarga sabab boʻladi. Shuningdek, olmoshni qoʻllash orqali oldingi gapda berilgan shaxs, son, joy va hodisalarga nisbatan murojaat qilish, shuningdek “va/yoki” soʻzlarini qoʻllash orqali tuzilgan soʻz birikmalarining notoʻgʻri qoʻllanilishi noaniqliklarni yuzaga keltirishi mumkin. Shuning uchun har bir soʻz barcha uchun tushunarli maʼnoni anglatishi yoki aniq huquqiy tavsifga ega boʻlishi lozim. 1-misol: normativ-huquqiy hujjat: yurisdiksiya fuqarolarning turar joyiga qarab belgilanadi. Muammo: “turar joy” sifatida shaxsning yashab turgan joyi nazarda tutilganmi yoki doimiy roʻyxatdan oʻtgan joyimi? Yechim: normativ-huquqiy hujjat: yurisdiksiya fuqarolarning yashab turgan joyiga qarab belgilanadi. 2-misol: normativ-huquqiy hujjat: vazirlik ushbu moddada koʻrsatilgan murojaat turlarini taqdim qilish tartiblarini belgilaydi. Muammo: ushbu holatda vazirlik har bir murojaat turi uchun alohida tartib belgilashi yoki barcha murojaat turlari uchun yagona tartib belgilashi lozimligi noaniq. Yechim: normativ-huquqiy hujjat: vazirlik ushbu moddada koʻrsatilgan murojaat turlarini taqdim qilishning tartibini belgilaydi. 3-misol: normativ-huquqiy hujjat: mansabdor shaxs va arizachi shartnoma shartlarini kelishishi zarur, u kelishuvni yozma shaklda tasdiqlashi lozim. Muammo: “U” deganda kim nazarda tutilganligi noaniq. Yechim: normativ-huquqiy hujjat: mansabdor shaxs va arizachi shartnoma shartlarini kelishishi zarur, mansabdor shaxs kelishuvni yozma shaklda tasdiqlashi lozim. 4-misol: normativ-huquqiy hujjat: Tavakkalchilik — mijozlar tomonidan jinoiy faoliyatdan olingan daromadlarni legallashtirish, terrorizmni moliyalashtirish va ommaviy qirgʻin qurolini tarqatishni moliyalashtirish maqsadida operatsiyalarni amalga oshirish tavakkalchiligi. Muammo: berilgan taʼrifda va soʻzining ishlatilishi natijasida tavakkalchilik “jinoiy faoliyatdan olingan daromadlarni legallashtirish”, “terrorizmni moliyalashtirish” va “ommaviy qirgʻin qurolini tarqatishni moliyalashtirish” operatsiyalarini nechtasi bir vaqtda amalga oshirilganda yuzaga kelishi noaniq boʻlib qolmoqda. Yechim: normativ-huquqiy hujjat: Tavakkalchilik — mijozlar tomonidan jinoiy faoliyatdan olingan daromadlarni legallashtirish, terrorizmni moliyalashtirish va ommaviy qirgʻin qurolini tarqatishni moliyalashtirish operatsiyalaridan birini yoki bir nechtasini amalga oshirish. Noaniq va asossiz havolalarning qoʻllanilishi Bir normativ-huquqiy hujjatdagi yoki boshqa normativ-huquqiy hujjatdagi normalarga havolalar aniq, mantiqiy izchil boʻlishi va normativ-huquqiy hujjatni yoxud uning alohida qoidalarini koʻrsatishi kerak. Shuningdek, tegishli vakolatlar mavjud boʻlmaganda, qonun hujjatlaridagi boʻshliqlarning qonun osti hujjatlari yordamida toʻldirilishi tor idoraviy yondashuv holatlarini keltirib chiqarishi mumkin. Bundan tashqari, huquqiy normaning chegarasini belgilash imkonini bermaydigan, xususan “va boshqalar”, “va hokazo” kabi normalarning qoʻllanilishi huquqni qoʻllovchilarga asossiz ravishda koʻrib chiqish doirasining kengaytirish imkonini beradi. Shu sababdan, noaniq va asossiz havolalar keltirilmasligi hamda normativ-huquqiy hujjatni qabul qilish tegishli davlat organlarining vakolat doirasida amalga oshirilishi zarur. 1-misol: davlat organi tomonidan maʼmuriy jazo Maʼmuriy javobgarlik toʻgʻrisidagi kodeksning 10-moddasida belgilangan muddatlarda qoʻllaniladi. Muammo: Maʼmuriy javobgarlik toʻgʻrisidagi kodeksning 10-moddasida muddatga oid norma belgilanmagan. Yechim: davlat organi tomonidan maʼmuriy jazo Maʼmuriy javobgarlik toʻgʻrisidagi kodeksning 36-moddasida belgilangan muddatlarda qoʻllaniladi. 2-misol: normativ-huquqiy hujjat: nazorat tadbiri rejali tekshirish davomida, maʼlum bir hududda (mintaqada) zararlanish oʻchogʻi aniqlanganda, mahsulot import qilinganda va boshqa holatlarda amalga oshiriladi. Muammo: nazorat tadbiri amalga oshirilishi mumkin boʻlgan holatlarning aniq chegarasi belgilab berilmaganligi, xususan, “va boshqa holatlarda” iborasi qoʻllanilishi oqibatida tekshiruvchida asossiz ravishda, tekshirish obyekti yoki predmeti doirasiga taalluqli boʻlmagan nazorat-tekshiruvini amalga oshirish bilan bogʻliq diskretsion vakolatlar vujudga keladi. Yechim: nazorat tadbiri rejali tekshirish davomida, maʼlum bir hududda (mintaqada) zararlanish oʻchogʻi aniqlanganda, mahsulot import qilinganda amalga oshiriladi. Normativ-huquqiy hujjatlarda qarama qarshiliklarning mavjudligi Normativ-huquqiy hujjatlarning normalari oʻzaro muvofiq boʻlishi lozim. Normativ-huquqiy hujjatlar normalarining bir biriga zid boʻlishi, huquqni qoʻllashda turli xil tushunmovchiliklarning yuzaga kelishiga olib keladi. Misol: Hukumat qarori bilan tasdiqlangan namunaviy hujjatlarga muvofiq tender takliflarini ochish tender eʼlon qilingan sanadan boshlab 10 — 15 kundan keyin boʻlib oʻtadi. “Davlat xaridlari toʻgʻrisida”gi Qonunda ushbu muddat 30 — 45 kunni tashkil qiladi. Muammo: Vazirlar Mahkamasining qarori va Qonunda ikki xil muddat belgilanganligi, ijrochilarning oʻzlariga qulay boʻlgan muddatda ish yuritishiga hamda ziddiyatli huquqni qoʻllash amaliyoti shakllanishiga olib keladi. Yechim: Vazirlar Mahkamasining qarorida belgilangan muddatlarni Qonunga muvofiqlashtirish zarur. Vakolatlar, huquq va majburiyatlar bilan bogʻliq boʻlgan korrupsiyani keltirib chiqaruvchi omillar Diskretsion vakolatlarning kengligi Davlat organlari va boshqa tashkilotlarga yoki ularning mansabdor shaxslariga (bundan buyon matnda davlat organlari deb yuritiladi) oʻz ixtiyoriga koʻra qarorlar qabul qilish, bir nechta turdagi qarorlarni qabul qilishni tanlash va qarorlarni ijro etishning usullarini belgilash imkoniyatini asossiz ravishda berish oqibatida korrupsiyaviy holatlar vujudga kelishining xavfi yuqori hisoblanadi. Diskretsion vakolatlarning kengligi asosan quyidagilarda koʻrinadi: qarorlarni qabul qilishning sharoitlari va asoslarining mavjud emasligi; davlat organlariga oʻz ixtiyoriga koʻra yuridik faktni baholashga hamda jismoniy va yuridik shaxslar tomonidan tegishli harakatlarni amalga oshirishning tartibini mustaqil ravishda belgilashga yoʻl qoʻyish; “qaror qabul qilishi mumkin” shaklidagi qaror qabul qilish vakolatini berish; davlat organlariga ularning vakolatiga tegishli boʻlmagan vazifa va vakolatlarning yuklatilishi. Misol: normativ-huquqiy hujjat: litsenziyalovchi organ litsenziya talabgori hujjatlarini koʻrib chiqish natijasi boʻyicha litsenziya berish yoki litsenziya berishni rad etish toʻgʻrisida qaror qabul qilishi mumkin. Muammo: litsenziya berish yoki litsenziya berishni rad etish uchun asoslar belgilanmagan, shuningdek litsenziyalovchi organga “qaror qabul qilishi mumkin” shaklidagi qaror qabul qilish vakolati berilgan. Yechim: normativ-huquqiy hujjat: litsenziyalovchi organ talabgorning hujjatlarini koʻrib chiqish natijasi litsenziya berish yoki litsenziya berishni rad etish toʻgʻrisida qaror qabul qiladi. Litsenziya berish uchun quyidagilar asos boʻladi: ... Litsenziya berishni rad etish uchun quyidagilar asos boʻladi: ... Vakolatlarning noaniqligi Ayrim hollarda normativ-huquqiy hujjatning matnidan vazifa yoki topshiriq ijrosi uchun masʼul boʻlgan davlat organini aniqlash imkoni boʻlmaydi. Bu holat davlat organi tomonidan oʻzi manfaatdor boʻlmagan maʼlum bir harakat qilinayotganligini koʻrsatish, amalda esa ushbu harakatni bajarilmaslik uchun qilinadi. Shu bilan birga, topshiriq ijrosi uchun masʼul etib bir necha tashkilotlar belgilanadi. Ushbu tashkilotlarning vakolat doirasi aniq belgilanmaganligi oqibatida ular topshiriqning bajarilishini bir-biriga yuklashiga olib kelishi mumkin. Natijada topshiriqning ijrosi yetarli darajada taʼminlanmaydi. Misol: normativ-huquqiy hujjat: ushbu Qonunning ijrosi tegishli vazirlik tomonidan taʼminlanadi. Muammo: ijro uchun masʼul vazirlikni aniqlash imkoni mavjud emasligi oqibatida davlat organlari oʻzlarining manfaatlari nuqtai nazardan harakat qilishlari mumkin. 1-yechim: normativ-huquqiy hujjat: ushbu Qonunning ijrosi “Elektron hukumat toʻgʻrisida”gi Qonunning 15-moddasida belgilangan davlat organi tomonidan taʼminlanadi. 2-yechim: normativ-huquqiy hujjat: ushbu Qonunning ijrosi Raqamli texnologiyalar vazirligi tomonidan taʼminlanadi. Davlat organlarining bir-birini takrorlovchi vakolatlari va vazifalari mavjudligi Davlat organiga boshqa davlat organi bilan takrorlanayotgan vakolatlar va vazifalar yuklatilishi topshiriq yetarli darajada ijro qilinmasligiga, vazifani ijro etish uchun ortiqcha resurslar sarflanishiga, shuningdek jismoniy va yuridik shaxslar oldida ortiqcha byurokratik toʻsiqlar vujudga kelishiga olib kelishi mumkin. Misol: normativ-huquqiy hujjatga muvofiq hokimliklarga isteʼmolchilar huquqlari himoyasini amalga oshirish boʻyicha vazifalar yuklatilgan. Muammo: mazkur vazifa Raqobatni rivojlantirish va isteʼmolchilar huquqlarini himoya qilish qoʻmitasi ning vazifalarini takrorlaydi, shuningdek hokimliklarning tadbirkorlik faoliyatini qoʻllab-quvvatlash boʻyicha funksiyasi bilan bogʻliq manfaatlar toʻqnashuviga olib kelishi mumkin. Yechim: hokimliklarning isteʼmolchilar huquqlari himoyasini amalga oshirish boʻyicha vazifasini bekor qilish zarur. Davlat organi tomonidan oʻz vakolatiga kirmaydigan masalalar boʻyicha normativ-huquqiy hujjatlar qabul qilinishi Normativ-huquqiy hujjatlarning mazkur hujjatlarni qabul qilish vakolatiga ega boʻlmagan davlat organlari tomonidan qabul qilinishi ushbu hujjatlarda ayrim shaxslarning manfaatlari mavjudligini koʻrsatadi. Misol: Vazirlar Mahkamasining qarori bilan muayyan bir tadbirkorlik subyektlari guruhi qoʻshilgan qiymat soligʻini toʻlashdan ozod qilinishi belgilanmoqda. Muammo: Soliq kodeksiga asosan soliq imtiyozlari faqat ushbu Kodeks bilan berilishi mumkin (Oʻzbekiston Respublikasi Prezidentining qarorlari bilan belgilangan soliq stavkasini kamaytirish holatlari bundan mustasno). Yechim: Vazirlar Mahkamasining qaroridan tadbirkorlik subyektlarini qoʻshilgan qiymat soligʻini toʻlashdan ozod qilinishini nazarda tutuvchi normalar chiqarib tashlanishi zarur. Vazifani yoki topshiriqni bajarish uchun ijrochida zarur boʻlgan vakolatlar va resurslarning mavjud emasligi Davlat organi oʻz vazifalarini toʻlaqonli bajara olishi uchun barcha zarur vakolatlar va resurslarga, shu jumladan ularni bajarish uchun yetarli muddatga ega boʻlishi muhim hisoblanadi. Shu sababdan, yuklatilayotgan vazifalarni amalga oshirish uchun talab qilinadigan resurslar va mavjud imkoniyatlarning qiyosiy tahlili natijasi boʻyicha mazkur vazifalar yuklatilishining maqsadga muvofiq. 1-misol: normativ-huquqiy hujjat: Davlat aktivlarini boshqarish agentligi davlat ulushi ishtirokidagi xoʻjalik jamiyatlarining faoliyati ustidan nazorat qilish sohasida quyidagi vakolatlarga ega: yillik hisobotlarni koʻrib chiqish; tashkilot yigʻilishlarida qatnashish; muddatdan tashqari yigʻilishlarni oʻtkazish. Muammo: mazkur Agentlikka samarali nazorat amalga oshirish uchun yetarli vakolatlar berilmagan. Yechim: Agentlikka yuqoridagilardan tashqari quyidagi vakolatlarni berish: davlat ulushi ishtirokidagi xoʻjalik jamiyatlari faoliyatiga oid har qanday maʼlumotni olish; davlat ulushi ishtirokidagi xoʻjalik jamiyatlarida maxsus audit oʻtkazish; davlat ulushi ishtirokidagi xoʻjalik jamiyatlarining rahbarlarini tayinlash yoki vazifasidan ozod etish masalalari yuzasidan umumiy yigʻilish kun tartibiga takliflar kiritish. 2-misol: normativ-huquqiy hujjat: Bojxona qoʻmitasi uch oylik muddatda BMTning Savdo tartib-taomillarini soddalashtirish va elektron ish amaliyotlari boʻyicha markazi tomonidan ishlab chiqilgan “yagona darcha” mexanizmini yaratish boʻyicha tavsiyalar va yoʻl-yoʻriq tamoyillari mezonlariga javob beradigan “Yagona darcha” bojxona axborot tizimini ishlab chiqsin. Muammo: mazkur axborot tizimini ishlab chiqish uchun uch oylik muddat yetarli emas. Xususan, axborot dasturni ishlab chiqish uchun: axborot tizimining pasporti va konsepsiyasi ishlab chiqiladi hamda Raqamli texnologiyalar vazirligi bilan kelishiladi (1-2 oy); axborot tizimining texnik topshirigʻi ishlab chiqiladi hamda Raqamli texnologiyalar vazirligi bilan kelishiladi (2-3 oy); barcha hujjatlar boʻyicha ijobiy xulosalar olingandan soʻng davlat xaridlari sohasidagi qonunchilikka muvofiq konkurs (tender) oʻtkaziladi va gʻolib bilan shartnoma tuziladi (1 oy). Shunga koʻra, axborot tizimini ishlab chiqish ishlari kamida 4 oydan keyin boshlanadi. Yechim: “Yagona darcha” bojxona axborot tizimini ishlab chiqish uchun muddatni yuqoridagi jarayonlarni amalga oshirish uchun talab etiladigan muddatlarni inobatga olgan holda belgilash. Oʻz vaqtida tartibga solinmaslik Normativ-huquqiy hujjat bilan maʼlum bir sohani tartibga solish, shu jumladan tegishli normalarni amalga oshirish tartibi (mexanizmlari) va shakllarini belgilash vazifasi maʼlum bir davlat organiga yuklatilishi (bevosita ushbu normativ-huquqiy hujjatda belgilanmasdan) natijasida: ushbu norma uni amalga oshirish tartibi tasdiqlanmagunga qadar ijro qilinmasligiga; tegishli munosabatlarni tartibga solishda davlat organi tomonidan tor idoraviy manfaatlarni koʻzlagan holda harakat qilinishiga olib kelishi mumkin. Misol: normativ-huquqiy hujjat: 2021-yil 1-yanvardan markazlashtirilgan manbalar hisobiga moliyalashtiriladigan kapital qurilish bilan bogʻliq tovarlar, ishlar va xizmatlar xaridi faqat tanlov savdolari natijalari boʻyicha amalga oshiriladi. Qurilish va uy-joy kommunal xoʻjaligi vazirligi kapital qurilishda tanlov savdolarini oʻtkazishning tartibi va shartlarini belgilaydi. Muammo: Qurilish va uy-joy kommunal xoʻjaligi vazirligi tomonidan tartib va shartlar ishlab chiqilgunga qadar mazkur normaning ijrosi taʼminlanmaydi. Shuningdek, normativ-huquqiy hujjatda tanlov savdolarini oʻtkazish tartibi va shartlari yuzasidan koʻrsatmalar nazarda tutilmagan boʻlib, bu vakolat ijro etuvchi organga berilgan. Natijada tanlov savdolarini oʻtkazishda korrupsiya holatlari vujudga kelishi mumkin. Yechim: normativ-huquqiy hujjat: kapital qurilishda tanlov savdolarini oʻtkazish tartibi va shartlari quyidagilardan iborat: ... Manfaatlar toʻqnashuvi Normativ-huquqiy hujjatda shaxsning shaxsiy (bevosita yoki bilvosita) manfaatdorligi uning oʻz lavozim yoki xizmat majburiyatlarini lozim darajada bajarishiga taʼsir koʻrsatayotgan yoxud taʼsir koʻrsatishi mumkin boʻlgan hamda shaxsiy manfaatdorlik bilan fuqarolarning, tashkilotlarning, jamiyatning yoki davlatning huquqlari, qonuniy manfaatlari oʻrtasida qarama-qarshilik yuzaga kelayotgan (mavjud manfaatlar toʻqnashuvi) yoki yuzaga kelishi mumkin boʻlgan (ehtimoliy manfaatlar toʻqnashuvi) vaziyatlarni oldini olish choralari koʻrilishi lozim. Misol: tovar qiymati bir shartnoma boʻyicha bazaviy hisoblash miqdorining besh ming baravaridan yigirma besh ming baravarigacha boʻlgan miqdorni tashkil etgan taqdirda davlat xaridi eng yaxshi taklifni tanlash orqali amalga oshiriladi. Bunda, shartnomani bajarish boʻyicha eng yaxshi shartlarni taklif qilgan ishtirokchi gʻolib deb topiladi. Muammo: manfaatlar toʻqnashuvi yuzaga kelishi mumkinligi inobatga olinmagan. Yechim: tovar qiymati bir shartnoma boʻyicha bazaviy hisoblash miqdorining besh ming baravaridan yigirma besh ming baravarigacha boʻlgan miqdorni tashkil etgan taqdirda davlat xaridi eng yaxshi taklifni tanlash orqali amalga oshiriladi. Shartnomani bajarish boʻyicha eng yaxshi shartlarni taklif qilgan ishtirokchi gʻolib deb topiladi. Bunda, manfaatlar toʻqnashuvi yuzaga kelishi mumkin boʻlgan shaxslar tanlashda qatnashishiga yoʻl qoʻyilmaydi yoki xarid qilish tartib-taomillarini tashkil etish va oʻtkazish uchun javobgar boʻlgan shaxs bajariladigan vazifalardan chetlashtirilishi lozim. Afzalliklarning asossiz ravishda belgilanishi Normativ-huquqiy hujjatda huquqiy munosabatlarning bir guruh subyektlariga nisbatan boshqalarni teng boʻlmagan, kamsituvchi ahvolga soluvchi afzalliklarning belgilanishiga yoʻl qoʻyilmasligi zarur. Misol: ayrim davlat unitar korxonalari va nodavlat tashkilotlarga litsenziya olmasdan faoliyatini amalga oshirish huquqi berilgan. Muammo: mazkur toifadagi tashkilotlar tomonidan tegishli litsenziyani olmasdan faoliyatni amalga oshirishi bir qator salbiy holatlarga olib kelmoqda, xususan: raqobatda boshqa tadbirkorlarga nisbatan ustunlik; litsenziya talab va shartlarini chetlab oʻtish imkoniyati. Yechim: davlat unitar korxonalari va nodavlat tashkilotlarning tegishli litsenziyani olmasdan faoliyatini amalga oshirish huquqini bekor qilish. Normativ-huquqiy hujjatning kuchga kirishini asossiz ravishda kechiktirish Normativ-huquqiy hujjatning kuchga kirishini asossiz ravishda kechiktirish mazkur hujjatning qabul qilinishi maqsadlariga erishishni imkonini bermaydi. Bunday holatda davlat organlari tor idoraviy manfaatlarini koʻzlagan holda hujjatni amalga kiritilishi keyinga qoldirishi mumkin. Misol: tegishli normativ-huquqiy hujjat qabul qilingan boʻlib, u 2020-yil 1-yanvardan kuchga kirishi belgilangan. Mazkur normativ-huquqiy hujjatga ikki marta oʻzgartirishlar kiritilib, ushbu hujjat 2021-yil 1-yanvar va keyinchalik 2022-yil 1-iyuldan kuchga kirishi belgilangan. Muammo: mazkur hujjatning kuchga kirishi ikki marta, birinchisi 2021-yil 1-yanvarga qadar, ikkinchisi 2022-yil 1-iyulga qadar qoldirilgan. Yechim: davlat organi tomonidan normativ-huquqiy hujjatni ishlab chiqish jarayonida hujjatning kuchga kirish sanasini aniq tahlillar asosida belgilash va hujjatning kuchga kirish sanasini keyinga qoldirmaslik choralarini koʻrish. Huquq va majburiyatlarning nomutanosibligi Davlat organlarida huquqlar mavjud boʻlganda majburiyatlarning mavjud emasligi ularning mansab vakolatlaridan chetga chiqishiga sharoit yaratadi. Misol: normativ-huquqiy hujjat bilan davlat organlariga tadbirkorlik subyektlarini joyiga chiqqan holda tekshirish va uni amalga oshirish bilan bogʻliq huquqlar berilgan. Biroq, davlat organining tadbirkorlik subyektlari oldidagi ularning faoliyatini tekshirish bilan bogʻliq majburiyatlari nazarda tutilmagan. Muammo: davlat organining tadbirkorlik subyektini tekshirish jarayonidagi majburiyatlari mavjud emasligi, uning tegishli huquqlaridan chegarasiz foydalanishi orqali vakolat doirasidan chetga chiqishiga sharoit yaratib beradi. Yechim: normativ-huquqiy hujjat: davlat organi tadbirkorlik subyektlarining faoliyatini tekshirish jarayonida quyidagi huquq va majburiyatlarga ega: ... Maʼmuriy tartib-taomillar bilan bogʻliq boʻlgan korrupsiyani keltirib chiqaruvchi omillar Maʼmuriy tartib-taomillarning mavjud emasligi yoki toʻliq emasligi Davlat organlari tomonidan tegishli harakatlarni bajarish tartibining mavjud emasligi natijasida ziddiyatli huquqni qoʻllash amaliyoti shakllanadi, davlat organlari tomonidan jismoniy va yuridik shaxslarga ortiqcha byurokratik toʻsiqlarning yaratilishi orqali korrupsiyaviy holatlar yuzaga keladi. Maʼmuriy tartib-taomillarning mavjud emasligi yoki toʻliq emasligi asosan quyidagilarda koʻrinadi: davlat organining harakatlari va vakolatlarini amalga oshirish tartibga solinmaganligi; vakolatlarni bajarish protsessual tartibining belgilanmaganligi; davlat organlari tomonidan maʼmuriy tartib-taomillarni bajarish uchun asoslarning mavjud emasligi yoki noaniqligi; qabul qilinayotgan qarorni asoslab berish majburiyatining mavjud emasligi; huquqiy boʻshliqlar mavjudligi; jismoniy va yuridik shaxslarga tegishli boʻlgan huquqlarni amalga oshirishning aniq tartibga solinmaganligi; amalga oshirilishining aniq mexanizmiga ega boʻlmagan normalarning mavjudligi. Misol: normativ-huquqiy hujjat: ustav fondi (kapitali)da davlat ulushi 50 foiz va undan ortiq boʻlgan yuridik shaxslar tomonidan ishlab chiqariladigan yuqori likvidli va monopol mahsulotlarning bir qismi oʻrnatilgan kvotalar boʻyicha faqat birja savdolari orqali eksport qilinadi. Muammo: mahsulotlarning turlariga aniqlik kiritilmagan, shuningdek mahsulotlarning “bir qismi”ni shakllantirishning mexanizmi belgilanmagan. Yechim: normativ-huquqiy hujjat: ustav fondi (kapitali)da davlat ulushi 50 foiz va undan ortiq boʻlgan yuridik shaxslar tomonidan ishlab chiqariladigan ushbu normativ-huquqiy hujjatga ilovasida keltirilgan yuqori likvidli va monopol mahsulotlarning 30% faqat birja savdolari orqali eksport qilinadi. Belgilangan qoidalardagi istisnolarning asossiz ravishda qoʻllanilishi Tegishli sohada faoliyat yuritish uchun barcha ishtirokchilarga yagona tartib va qoidalar oʻrnatilgan boʻlishi lozim. Shuningdek, ochiqlik (shaffoflik)ni hamda hammaga teng imkoniyat yaratish va raqobat muhitini taʼminlash maqsadida tegishli huquqni olishning tanlov (auksion) tartibidan foydalaniladi. Huquqni olishning aniq tartibi, shu jumladan tanlov (auksion) oʻtkazish tartibi belgilangan taqdirda ham, muayyan shaxslar oʻz manfaatlari asosida ushbu huquqni toʻgʻridan toʻgʻri olishga harakat qilishlari mumkin. Shu sababdan, belgilangan qoidalardan chiquvchi istisnolarni asossiz belgilanishi maqsadga muvofiq emas hisoblanadi. Misol: bir normativ-huquqiy hujjatda markazlashtirilgan manbalar hisobiga moliyalashtiriladigan kapital qurilish bilan bogʻliq tovarlar, ishlar va xizmatlar xaridi faqat tender natijalari boʻyicha amalga oshirilishi, qonun hujjatlarida nazarda tutilgan hollar bundan mustasno ekanligi nazarda tutilgan. Boshqa normativ-huquqiy hujjat bilan maʼlum bir davlat organiga tender oʻtkazmasdan kapital qurilish bilan bogʻliq tovarlar, ishlar va xizmatlar xaridini amalga oshirish ruxsat berilgan. Muammo: mazkur holat sohada ochiqlik va raqobat muhitini taʼminlash imkonini bermaydi, shuningdek davlat xaridlarida korrupsiyaviy holatlari hamda “kartel” kelishuvlarning vujudga kelishiga olib keladi. Yechim: normativ-huquqiy hujjat: markazlashtirilgan manbalar hisobiga moliyalashtiriladigan kapital qurilish bilan bogʻliq tovarlar, ishlar va xizmatlar xaridi faqat tender natijalari boʻyicha amalga oshiriladi. Tender oʻtkazmasdan kapital qurilish bilan bogʻliq tovarlar, ishlar va xizmatlar xaridini amalga oshirish taqiqlansin. Ortiqcha va asossiz talablar belgilanishi Normativ-huquqiy hujjatda jismoniy va yuridik shaxslarga noaniq, bajarilishi qiyin boʻlgan va (yoki) ogʻirlashtirilgan talablarni oʻz ichiga olgan normalarning belgilanishi oqibatida jismoniy va yuridik shaxslar ushbu talablarni javobgarliksiz bajarmaslik choralarini izlashi mumkin. Shu sababdan, jismoniy va yuridik shaxslarning erkinligini cheklashga olib kelishi mumkin boʻlgan, ularning xatti-harakatlari va faoliyatini sababsiz va asossiz tartibga solinishida ifodalaniladigan munosabatlarning haddan tashqari ortiqcha huquqiy tartibga soladigan normativ-huquqiy hujjatlarning qabul qilinishi maqsadga muvofiq emas. Misol: normativ-huquqiy hujjat: avtomototransport vositalari haydovchilarini malakasini oshirish faoliyatini shugʻullanish uchun litsenziya shartlari quyidagilardan iborat: ... butun oʻquv jarayonini qamrab oladigan davlat talablariga muvofiq uch oʻlchamli animatsiya effektlari va videokontentga ega avtomototransport vositalari haydovchilarining malakasini oshirish uchun alohida ishlab chiqilgan elektron oʻquv-uslubiy qoʻllanmalar bilan akkreditatsiya muddatiga mulkiy yoki boshqa ashyoviy huquq bilan taʼminlanganligi haqidagi hujjat; avtomototransport vositalarini boshqarayotgan shaxslar (haydovchilar)ning malakasini oshirishga qoʻyiladigan davlat talablariga muvofiq malaka oshirish kurslarida bilimlar oʻzlashtirilishini aniqlash uchun animatsiya effektlariga ega yagona test dasturining akkreditatsiya muddatiga mulkiy yoki boshqa ashyoviy huquq bilan taʼminlanganligi haqidagi hujjat. Muammo: amaliyotda aksariyat litsenziya talabgorlarida ushbu hujjatlarni taqdim etish imkoniyati mavjud emas. Shunga koʻra, avtomototransport vositalari haydovchilarini malakasini oshirish faoliyatini litsenziyalash jarayoni juda murakkab, litsenziya talab va shartlari yuqori hamda mazkur faoliyat bilan shugʻullanmoqchi boʻlgan tadbirkorlik subyektlarini qisqartirishga, sohada yagona xizmat koʻrsatuvchi monopol tashkilot statusini saqlab qolishga qaratilgan. Yechim: normativ-huquqiy hujjatda oʻrnatilgan litsenziya talab va shartlardagi bajarilishi qiyin boʻlgan va ogʻirlashtirilgan talablarni, shuningdek raqobatni cheklovchi qoidalarni chiqarib tashlash zarur. Vaqt chegaralarining noaniqligi Muddatlarning mavjud emasligi yoki noaniqligi, asosli sabablarsiz belgilangan muddatni choʻzish yoki qisqartirish imkoniyatini nazarda tutish korrupsiya holatlarini keltirib chiqarishi mumkin. Vaqt chegaralari aniq belgilanmasligi oqibatida davlat xizmatchilari maʼlum bir harakatni amalga oshirishni oʻz manfaatlari yoʻlida kechiktirish yoki tezlashtirish xavfi yuzaga keladi. Misol: normativ-huquqiy hujjat: davlat ijrochisi ijro ishi yuritishni qoʻzgʻatish toʻgʻrisidagi qarorda ijro hujjatidagi talablarni ixtiyoriy ravishda bajarish uchun ijro ishi yuritish qoʻzgʻatilgan kundan eʼtiboran koʻpi bilan oʻn besh kun muddat belgilaydi. Muammo: ushbu holatda davlat ijrochisi ijro hujjatidagi talablarni ixtiyoriy ravishda bajarish uchun muddatni oʻz manfaatlaridan kelib chiqib belgilashi mumkin. Yechim: normativ-huquqiy hujjatda ijro hujjatidagi talablarni ixtiyoriy ravishda bajarish muddatini aniq belgilash zarur. Toʻlovlar miqdorlarining noaniqligi Korrupsiyani oldini olish maqsadida jismoniy va yuridik shaxslar tomonidan toʻlanadigan davlat bojlari, yigʻimlar va boshqa majburiy toʻlovlar miqdorlari aniq belgilanishi zarur. Mazkur toʻlovlar miqdorlari qatʼiy belgilanmaganligi natijasida davlat organlari oʻz manfaatlarini koʻzlagan holda toʻlovlar miqdorini kamaytirishi yoki koʻpaytirishi mumkin. Misol: vakolatli organ guvohnomani koʻpi bilan 15 kunda bazaviy hisoblash miqdorining (bundan buyon matnda BHM deb yuritiladi) 1 baravaridan 5 baravarigacha boʻlgan miqdordagi davlat boji toʻlangandan soʻng taqdim etadi. Muammo: davlat boji miqdori aniq koʻrsatib oʻtilmaganligi natijasida mansabdor shaxs ushbu miqdorni oʻz ixtiyoriga koʻra belgilaydi, bu esa korrupsiya holatlarini vujudga keltirishi mumkin. Yechim: vakolatli organ guvohnomani quyidagi muddatlarda va toʻlovlarda taqdim etadi: 15 kun ichida — BHMning 1 baravari; 5 kun ichida — BHMning 3 baravari; 24 soat ichida — BHMning 5 baravari miqdoridagi davlat boji toʻlanganda. Sanksiyalarning nomutanosibligi Noaniq va keng talqin qilinishi mumkin boʻlgan sanksiyalar davlat organlariga jismoniy va yuridik shaxslardan oʻz manfaatlarini koʻzlagan holda (pora evaziga) sanksiya darajasini belgilash imkoniyatini beradi. Shuningdek, sanksiyalarning darajasi tegishli huquqbuzarlikning ijtimoiy ahamiyati va oqibatlari bilan mutanosib boʻlishi lozim. Misol: haydovchilarning shovqin darajasi belgilangan normalardan ortiq boʻlgan transport vositalarini boshqarishi, — bazaviy hisoblash miqdorining 5 baravaridan 25 baravarigacha jarima solishga sabab boʻladi. Muammo: birinchidan, jarima miqdori huquqbuzarlikning ijtimoiy ahamiyati va oqibatlariga nisbatan juda yuqori, ikkinchidan, sanksiyaning minimal va maksimal miqdorlari oʻrtasidagi farq ularni tayinlash mezonlari mavjud boʻlmay turib sezilarli darajada yuqori qilib belgilangan. Mazkur holat mansabdor shaxsga asossiz ravishda oʻz ixtiyoriga koʻra sanksiya miqdorini belgilash huquqini beradi. Yechim: jarima miqdorini huquqbuzarlikning ijtimoiy xavflilik darajasidan kelib chiqqan holda belgilash. Davlat organlari va tashkilotlari tomonidan Oʻzbekiston Respublikasining Davlat budjeti mablagʻlari hamda budjetdan tashqari mablagʻlar sarflanishining aniq va shaffof tartib-taomillari mavjud emasligi Aniq va shaffof tartib-taomillarning mavjud emasligi davlat organlari va idoralari rahbarlariga hamda masʼul shaxslariga davlat budjeti va budjetdan tashqari mablagʻlarni oz manfaatlari yoki uchinchi shaxslarning manfaatlaridan kelib chiqib sarflashga imkon yaratib, ushbu mablagʻlardan samarasiz foydalanilishiga yoki ularning maqsadsiz sarflanishiga olib kelishi mumkin. Misol: normativ-huquqiy hujjat: Hududiy “Yoshlar daftari” jamgʻarmasi mablagʻlari: Yoshlar ishlari agentligi direktori tomonidan tasdiqlangan kalendar rejada belgilangan mahalla, sektor, tuman (shahar) va hudud darajasidagi loyihalar, yoshlar festivallari, forumlar, tanlovlar va boshqa madaniy-maʼrifiy tadbirlarni moliyalashtirishga; mahallalardagi yoshlar yetakchilari uchun ajratilgan xizmat xonalarini moddiy-texnik jihozlar (mebel, planshet, kompyuter toʻplami, aloqa, internet va boshqalar) bilan taʼminlashga; qonunchilik hujjatlari bilan belgilangan boshqa xarajatlarni qoplashga yoʻnaltiriladi. Muammo: hududiy “Yoshlar daftari” jamgʻarmasi mablagʻlarining qaysi maqsadlarda sarflanishi mumkinligining aniq belgilanmasdan, boshqa xarajatlar shaklidagi umumiy tushunchalardan foydalanilgan. Ushbu holat hududiy “Yoshlar daftari” jamgʻarmasi mablagʻlaridan samarasiz foydalanilishiga olib kelishi mumkin. Yechim: hududiy “Yoshlar daftari” jamgʻarmasi mablagʻlarining qaysi maqsadlar uchun sarflanishi mumkinligini aniq belgilash. Soliqlar va yigʻimlarni hisoblash hamda undirish tartib-taomillarining murakkabligi yoki noaniqligi Soliqlar va yigʻimlarni hisoblash va undirish tartibining murakkabligi huquqni qoʻllash amaliyotida soliqlar va yigʻimlarni hisoblashda turli yondashuvlarni yuzaga keltirishi hamda soliq toʻlovchilardan ortiqcha miqdorda soliq undirilishiga yoki soliq toʻlash jarayonida byurokratik toʻsiqlar vujudga kelishiga sabab boʻlishi mumkin. Misol: soliq solish obyekti yoʻq qilingan, vayron boʻlgan yoki buzib tashlangan taqdirda soliqni undirish tugatiladi. Soliqni undirishni tugatilishi mahalliy ijro etuvchi hokimiyat organi yoki fuqarolarning oʻzini oʻzi boshqarish organi tomonidan berilgan yoʻq qilinganlik, vayron boʻlganlik yoki buzib tashlanganlik faktini tasdiqlovchi hujjatlar mavjud boʻlgan taqdirda, amalga oshiriladi. Muammo: soliq solish obyekti yoʻq qilingan, vayron boʻlgan yoki buzib tashlangan taqdirda soliqni undirish qaysi muddatdan boshlab tugatilishi hamda mahalliy ijro etuvchi hokimiyat organi yoki fuqarolarning oʻzini oʻzi boshqarish organi tomonidan yoʻq qilinganlik, vayron boʻlganlik yoki buzib tashlanganlik faktini tasdiqlovchi hujjatlarni taqdim qilish tartibi aniq belgilanmagan. Yechim: soliq solish obyekti yoʻq qilingan, vayron boʻlgan yoki buzib tashlangan taqdirda, soliqni undirish mol-mulk yoʻq qilingan, vayron boʻlgan yoki buzib tashlangan kundan eʼtiboran tugatilishini hamda mahalliy ijro etuvchi hokimiyat organi yoki fuqarolarning oʻzini oʻzi boshqarish organi tomonidan yoʻq qilinganlik, vayron boʻlganlik yoki buzib tashlanganlik faktini tasdiqlovchi hujjatlarni taqdim qilish tartibini belgilash. Davlat korxonalari hamda oʻz ustav fondida (ustav kapitalida) davlat ulushi 50 foiz va undan ortiq boʻlgan yuridik shaxslar tomonidan amalga oshiriladigan davlat xaridlari bilan bogʻliq masalalar boʻyicha aniq va shaffof tartib-taomillarning mavjud emasligi Davlat xaridlarini tashkil etish va oʻtkazishda aniq va shaffof tartib-taomillarning mavjud emasligi davlat xaridlari sohasida eng yaxshi taklifni tanlab olishda manfaatlar toʻqnashuvi yuzaga kelishiga, bunday xaridlar shaxsiy manfaatdorlik asosida amalga oshirilishiga, ushbu jarayonda korrupsiyaga oid jinoyatlar sodir etilishiga, davlat budjeti mablagʻlaridan samarasiz foydalanilishiga olib kelishi mumkin. Misol: davlat korxonalari hamda oʻz ustav fondida (ustav kapitalida) davlat ulushi 50 foiz va undan ortiq boʻlgan yuridik shaxslar tomonidan amalga oshiriladigan davlat xaridlari ishtirokchilarining tovarlar (ishlar, xizmatlar) boʻyicha davlat xaridlariga taalluqli boʻlgan takliflari quyidagi meʼzonlar orqali baholanadi hamda eng yaxshi taklif egasi aniqlanadi: narx; yetkazib berish bazisi; yetkazib berish muddatlari; tavsifnomalar va sifat koʻrsatkichlari; ekspluatatsiya qilish (foydalanish) muddati; toʻlov va kafolatlar shartlari; muayyan davrdagi ekspluatatsiya qilishga, shu jumladan foydalanish va taʼmirlashga doir xarajatlar. Muammo: davlat xaridlari ishtirokchilarining tovarlar (ishlar, xizmatlar) boʻyicha davlat xaridlariga taalluqli boʻlgan takliflarini baholash hamda eng yaxshi taklifni tanlab olishda har bir mezonning oʻrni aniq belgilanmagan. Yechim: davlat xaridlari ishtirokchilarining tovarlar (ishlar, xizmatlar) boʻyicha davlat xaridlariga taalluqli boʻlgan takliflarini baholash mezonlarining har biriga ball berish va eng yuqori ball toʻplagan ishtirokchini eng yaxshi taklif egasi deb topish tizimini joriy etish. Huquq va imtiyozlar beruvchi hamda maʼmuriy tartib-taomillarni belgilaydigan tanlov (auksion) tartib-taomillaridan boʻyin tovlash imkoniyatini beruvchi normalarning mavjudligi Tanlov (auksion) tartib-taomillaridan boʻyin tovlash imkoniyatini beruvchi normalarning mavjudligi muayyan huquq va imtiyozlarni munosib jismoniy yoki yuridik shaxsga taqdim etish imkoniyatini kamaytiradi, ushbu jarayonda manfaatlar toʻqnashuvi yuzaga kelishiga sabab boʻladi hamda korrupsiyaviy harakatlar sodir etilishiga imkoniyat yaratadi. Misol: bitimlar davlat xaridlari toʻgʻrisidagi qonunchilikka muvofiq tuziladi. Alohida hollarda Oʻzbekiston Respublikasi Vazirlar Mahkamasining qaroriga binoan bitimlar ochiq kim oshdi savdolarini oʻtkazmay turib, strategik salohiyatli investor bilan toʻgʻridan toʻgʻri muzokaralar oʻtkazish asosida tuzilishi mumkin. Muammo: alohida holatlar doirasi aniqlashtirilmaganligi, investorlarni strategik salohiyatli deb topish mezonlarining mavjud emasligi tufayli ushbu tartibni qoʻllash masalasi mansabdor shaxslar tomonidan shaxsiy manfaatdorlik asosida har bir holatda alohida koʻrib chiqilishiga imkon yaratadi. Yechim: alohida holatlar doirasi aniqlashtirish, investorlarni strategik salohiyatli deb topish mezonlarini belgilash yoki ushbu normani chiqarib tashlash. Tadbirlarni amalga oshirish usullarining murakkabligi va ularni moliyalashtirish manbalarining noaniqligi Normativ-huquqiy hujjatda davlat organiga moliyalashtirish manbasi noaniq boʻlgan chora-tadbirni amalga oshirishning yuklatilishi natijasida ushbu chora-tadbir ijrosi taʼminlanmasdan qolishi yoki fuqarolar yoxud tadbirkorlik subyektlarini maʼlum manfaat yoʻlida noqonuniy homiylikka jalb etishga olib kelishi mumkin. Misol: normativ-huquqiy hujjatda 2023-yil 1-noyabrdan 2024-yil 31-dekabrga qadar joylashtirish boʻyicha xizmatlar (mehmonxona xizmatlari) narxining 10 foizi miqdorida joylashtirish vositalarini subsidiyalash boʻyicha qoʻshimcha koʻmak koʻrsatilishi belgilangan. Muammo: subsidiyalash manbasi, tartibi va uni amalga oshirishga masʼul boʻlgan tashkilot koʻrsatilmagan. Yechim: Turizm qoʻmitasi Turizmni qoʻllab-quvvatlash jamgʻarmasi mablagʻlari hisobidan quyidagi tartibda 2023-yil 1-noyabrdan 2024-yil 31-dekabrga qadar joylashtirish boʻyicha xizmatlar (mehmonxona xizmatlari) narxining 10 foizi miqdorida joylashtirish vositalarini subsidiyalash boʻyicha qoʻshimcha koʻmak koʻrsatilishini taʼminlasin: ... Nazorat-tekshirish faoliyati bilan bogʻliq boʻlgan korrupsiyani keltirib chiqaruvchi omillar Tekshirish va taftish oʻtkazish tartibining mavjud emasligi Tekshirish va taftish oʻtkazish tartibining mavjud emasligi natijasida huquqni qoʻllash amaliyotida ziddiyatlar vujudga kelishi, huquqni qoʻllovchi tomonidan tekshirish va oʻrganishlar turli shakllarda oʻtkazilishi, davlat organlari tomonidan jismoniy va yuridik shaxslarga ortiqcha byurokratik toʻsiqlar yaratilishi orqali korrupsiyaviy holatlar yuzaga kelishi mumkin. Misol: vakolatli organ tekshirish davomida aniqlangan xato va kamchiliklar bartaraf etilishi ustidan nazorat tartibida tekshirish oʻtkazishi mumkin. Nazorat tartibida tekshirish vakolatli organ farmoyishi asosida oʻtkaziladi. Muammo: vakolatli organ tomonidan nazorat tartibida oʻtkaziladigan tekshiruv tartibi mavjud emas. Xususan, nazorat tartibida oʻtkaziladigan tekshiruv qancha muddat davomida amalga oshirilishi, amalga oshirish shakli (masofaviy, joyiga chiqqan holda) belgilanmagan. Yechim: vakolatli organ tomonidan nazorat tartibida tekshiruv oʻtkazish tartibini belgilash. Shikoyat qilish tartibining mavjud emasligi Davlat organlarning javobgarligi toʻgʻrisidagi normalarning, shuningdek ularning harakatlari (qarorlari) ustidan shikoyat qilish tartibining mavjud emasligi mansabdor shaxslarga oʻz vakolatlarini suiisteʼmol qilishiga sharoit yaratadi. Misol: normativ-huquqiy hujjatda ichki auditor sertifikatini olish yoki uning amal qilish muddatini uzaytirish tartibi belgilangan. Muammo: ichki auditor sertifikatini olishga yoki uning amal qilish muddatini uzaytirishga daʼvogar jismoniy shaxs (bundan buyon matnda talabgor deb yuritiladi) ichki auditor sertifikatini olish uchun oʻtkaziladigan malaka imtihoni natijalaridan hamda sertifikatning amal qilish muddatini uzaytirish va qayta rasmiylashtirish vakolatli organ tomonidan rad etilganligidan norozi boʻlganda shikoyat qilish tartibi belgilanmagan. Yechim: talabgor ichki auditor sertifikatini olish uchun oʻtkaziladigan malaka imtihoni natijalaridan hamda sertifikatning amal qilish muddatini uzaytirish va qayta rasmiylashtirish vakolatli organ tomonidan rad etilganligidan norozi boʻlganda shikoyat qilish tartibini belgilash. Shaffoflik va jamoatchilik nazoratini taʼminlashdagi boʻshliqlar Jamoatchilik nazorati shaffoflik va qonuniylikni taʼminlashning samarali usullaridan biri hisoblanadi. Shunga koʻra, davlat organlarining faoliyati toʻgʻrisidagi hamda ular tomonidan jismoniy va yuridik shaxslarning soʻrovlari yuzasidan maʼlumotlarni taqdim qilish tartibi toʻgʻrisidagi axborotni (bundan qonun bilan qoʻriqlanadigan sirni tashkil etuvchi axborotlar mustasno) oshkor etishni nazarda tutuvchi normalar belgilanishi kerak. Misol: normativ-huquqiy hujjat: tanlov savdolarining gʻolibini aniqlash hududiy tanlov komissiyasining yopiq majlisida oʻtkaziladi. Ofertalarni koʻrib chiqish, baholash va taqqoslash natijalari toʻgʻrisidagi axborot oshkor qilinmaydi, qonunchilik nazarda tutilgan hollar bundan mustasno. Muammo: bu normalar shaffoflik va jamoatchilik nazoratini taʼminlashga toʻsqinlik qiladi hamda tanlov savdolarining gʻoliblarini aniqlashda korrupsiyaviy xavf-xatarlarning vujudga kelishiga sharoit yaratadi. Yechim: tanlov savdolarining gʻolibini komissiyaning ochiq majlisida aniqlash, ofertalarni koʻrib chiqish, baholash va taqqoslash natijalari toʻgʻrisidagi axborotlarni majburiy ravishda oshkor qilish tartibini belgilash. Moliyaviy va boshqa sanksiyalarni qoʻllash hamda undirish bilan bogʻliq boʻlgan masalalarda aniq va shaffof tartib-taomillarning mavjud emasligi Davlat organlari tomonidan moliyaviy va boshqa sanksiyalarni qoʻllash hamda undirish boʻyicha aniq belgilangan hamda shaffof tartibning mavjud emasligi natijasida huquqni qoʻllash amaliyotida ziddiyatlar hamda huquqni qoʻllovchilar tomonidan mavjud huquq normalari turli shaklda qoʻllanilishi natijasida korrupsiyaviy holatlar yuzaga kelishi mumkin. Misol: soliq hisobotini belgilangan muddatlarda taqdim etmaslik — bazaviy hisoblash miqdorining (bundan buyon matnda BHM deb yuritiladi) 2 baravaridan 8 baravarigacha boʻlgan miqdorda jarima solishga sabab boʻladi. Muammo: soliq hisobotini taqdim etmaganlik uchun jarimaning eng kam va eng yuqori miqdorlari belgilangan, biroq, jarima qoʻllashning mezonlari aniq belgilanmagan. Mazkur holat huquqni qoʻllash amaliyotida mansabdor shaxsga oʻz ixtiyoriga koʻra jarima miqdorini belgilash huquqini beradi. Natijada jarima miqdorini belgilashda korrupsiyaviy holatlar yuzaga kelishi mumkin. 1-yechim: jarima miqdorini qatʼiy belgilash (misol uchun, BHMning 2 baravari miqdorida jarima solinishini belgilash); 2-yechim: jarima tayinlash mezonlarini aniq belgilash. Xususan, quyidagi tartibni joriy etish: soliq hisoboti belgilangan muddatlardan 2 ish kunigacha kechikib taqdim etilganda — BHMning 2 baravari; 2 ish kunidan 4 ish kunigacha kechikib taqdim etilganda — BHMning 4 baravari; 4 ish kunidan 6 ish kunigacha kechikib taqdim etilganda — BHMning 6 baravari; 6 ish kunidan kechikib taqdim etilganda — BHMning 8 baravari miqdorida jarima belgilash. Davlat organlarining faoliyati ustidan nazorat qilish shakllari va turlarining mavjud emasligi Normativ-huquqiy hujjatda davlat organlari tomonidan muayyan harakatlarni amalga oshirish tartibi belgilangan boʻlib, davlat organlarining faoliyatini nazorat qilish tartibi koʻrsatilmagan boʻlsa, davlat organi ushbu faoliyatni hujjatda belgilangan tartibga rioya qilmasdan oʻz manfaatlari nuqtai nazardan amalga oshirishi mumkin. Misol: normativ-huquqiy hujjatda tadbirkorlik va shaharsozlik faoliyatini amalga oshirish uchun yer uchastkalari elektron onlayn-auksion orqali doimiy foydalanishga berilishi belgilangan. Muammo: davlat organlari tomonidan yer uchastkalarini berish tartib-taomillariga rioya qilinishi ustidan nazorat qilish tartibi belgilanmagan. Yechim: normativ-huquqiy hujjat: davlat xizmatlari markazlari, prokuratura organlari va adliya organlari davlat organlari va boshqa tashkilotlar tomonidan yer uchastkalari elektron onlayn-auksion orqali berish tartibiga soʻzsiz rioya etilishi boʻyicha tizimli nazorat va monitoringni amalga oshiradi. Tizimli nazorat va monitoring yer uchastkasi materiallarini tayyorlash jarayoniga aralashmasdan, “YERELEKTRON” AAT orqali amalga oshiriladi. …

Oʻzbekiston Respublikasi adliya vazirining 2023-yil 30-oktabrdagi 17-mh-son buyrugʻiga 2-ILOVA

Oʻz kuchini yoʻqotgan deb topilayotgan idoraviy normativ-huquqiy hujjatlar

1. Oʻzbekiston Respublikasi adliya vazirining 2021-yil 24-fevraldagi 2-mh-son “Normativ-huquqiy hujjatlar va ular loyihalarining korrupsiyaga qarshi ekspertizasini oʻtkazish tartibi toʻgʻrisidagi nizomni tasdiqlash haqida”gi buyrugʻi (roʻyxat raqami 3287, 2021-yil 24-fevral) (Qonun hujjatlari maʼlumotlari milliy bazasi, 24.02.2021-y., 10/21/3287/0153-son).

2. Oʻzbekiston Respublikasi adliya vazirining 2022-yil 27-yanvardagi 1-mh-son “Normativ-huquqiy hujjatlar va ular loyihalarining korrupsiyaga qarshi ekspertizasini oʻtkazish tartibi toʻgʻrisidagi nizomga oʻzgartirish va qoʻshimchalar kiritish haqida”gi buyrugʻi (roʻyxat raqami 3287-1, 2022-yil 27-yanvar) (Qonunchilik maʼlumotlari milliy bazasi, 27.01.2022-y., 10/22/3287-1/0075-son).

3. Oʻzbekiston Respublikasi adliya vazirining 2022-yil 14-oktabrdagi 23-mh-son buyrugʻi (roʻyxat raqami 3392, 2022-yil 17-oktabr) (Qonunchilik maʼlumotlari milliy bazasi, 17.10.2022-y., 10/22/3392/0951-son) bilan tasdiqlangan Vazirliklar, davlat qoʻmitalari va idoralar tomonidan qabul qilingan ayrim idoraviy normativ-huquqiy hujjatlarga kiritilayotgan oʻzgartirishlar va qoʻshimchaning 16-bandi .

Vazir A. TASHKULOV

Oʻzbekiston Respublikasi Korrupsiyaga qarshi kurashish agentligi direktori A. BURXANOV

Toshkent sh.,

2023-yil 30-oktabr,

2023-yil 24-oktabr

17-mh-son

(Qonunchilik maʼlumotlari milliy bazasi, 01.11.2023-y., 10/23/3470/0816-son; 26.08.2024-y., 10/24/3470-1/0721-son; 05.08.2026-y., 10/26/3916/0819-son)

lex.uz