📅 2023-yil 6-noyabr · Vazirlar Mahkamasi qarorlari
Rasmiy matn. Rasmiy hujjat. Tahririy izohlar kiritilmagan.
📅 2023-yil 6-noyabr · Vazirlar Mahkamasi qarorlari
Rasmiy matn. Rasmiy hujjat. Tahririy izohlar kiritilmagan.
📅 2023 йил 6 ноябрь · Вазирлар Маҳкамаси қарорлари
Расмий матн. Расмий ҳужжат. Таҳририй изоҳлар киритилмаган.
📅 6 ноября 2023 г. · Постановления Кабинета Министров
Официальный текст. Официальный документ. Редакционные примечания не включены.
📅 6 November 2023 · Cabinet of Ministers resolutions
Official text. Official document. Editorial notes are not included.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг
қарори
МАЪМУРИЙ РЕГЛАМЕНТИ
СХЕМАСИ
СЎРОВНОМА
Чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахсларни Ўзбекистон Республикасига таклиф қилиш бўйича давлат хизматини кўрсатишнинг маъмурий регламентини тасдиқлаш тўғрисида
Ўзбекистон Республикаси Президентининг «2022-2023 йилларда ахборот-коммуникация технологиялари соҳасини янги босқичга олиб чиқиш чора-тадбирлари тўғрисида» 2022 йил 22 августдаги ПҚ-357-сон қарори ижросини таъминлаш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:
1. Ўзбекистон Республикаси Президентининг «2022-2023 йилларда ахборот-коммуникация технологиялари соҳасини янги босқичга олиб чиқиш чора-тадбирлари тўғрисида» 2022 йил 22 августдаги ПҚ-357-сон қарорига мувофиқ Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги томонидан анъанавий тарзда кўрсатилаётган давлат хизматларини электрон кўринишга ўтказиш вазифаси белгиланганлиги маълумот учун қабул қилинсин.
2. Қуйидагиларни назарда тутувчи Чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахсларни Ўзбекистон Республикасига таклиф қилиш бўйича давлат хизматини кўрсатишнинг маъмурий регламенти иловага мувофиқ тасдиқлансин:
чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахсларни Ўзбекистон Республикасига таклиф қилиш учун Ўзбекистон Республикаси ички ишлар органларининг миграция ва фуқароликни расмийлаштириш бўлинмаларига бевосита ёки Давлат хизматлари марказлари ва Ўзбекистон Республикаси Ягона интерактив давлат хизматлари портали (кейинги ўринларда — ЯИДХП) орқали мурожаат қилиш тартиби;
ички ишлар органларининг миграция ва фуқароликни расмийлаштириш бўлинмалари томонидан аризаларни автоматлаштирилган тизим орқали қабул қилиш ва кўриб чиқиш тартиби ҳамда муддатлари;
чет эл фуқароларини таклиф қилиш бўйича QR-код билан ҳимояланган таклифномаларни расмийлаштириш ва ариза берувчига тақдим қилиш.
3. Ўзбекистон Республикаси Рақамли технологиялар вазирлиги Ички ишлар вазирлиги ва Адлия вазирлиги билан биргаликда икки ой муддатда:
ушбу қарор билан тасдиқланган маъмурий регламентга мувофиқ давлат хизматининг ЯИДХП орқали кўрсатилишини таъминласин;
ЯИДХПда давлат хизматлари кўрсатилишининг ҳар бир босқичида мурожаатларнинг кўриб чиқилишини кузатиб бориш тартибини жорий этсин;
давлат хизматлари кўрсатилишининг белгиланган тартибига риоя этилиши юзасидан, жумладан, ЯИДХП орқали доимий назорат ўрнатсин.
4. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси ички ишлар вазири П.Р. Бобожонов ва Ўзбекистон Республикаси рақамли технологиялар вазири Ш.Х. Шерматов зиммасига юклансин.
Вазирлар Маҳкамасининг 2023 йил 6 ноябрдаги 589-сон қарорига ИЛОВА
Чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахсларни Ўзбекистон Республикасига таклиф қилиш бўйича давлат хизматини кўрсатишнинг
1-боб. Умумий қоидалар
1. Мазкур Регламент Ўзбекистон Республикаси фуқаролари, Ўзбекистон Республикасида доимий яшовчи чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахсларнинг (кейинги ўринларда — ариза берувчи) чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахсларни Ўзбекистон Республикасига таклиф қилиш учун мурожаат этиш бўйича давлат хизматини (кейинги ўринларда — давлат хизмати) кўрсатиш тартибини белгилайди.
Хорижда истиқомат қилаётган ватандошлар ва уларнинг оила аъзоларини Ўзбекистон Республикасига таклиф қилишни расмийлаштириш бўйича давлат хизмати Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 17 апрелдаги 326-сон қарори талабларига мувофиқ кўрсатилади.
2. Давлат хизмати Ўзбекистон Республикаси ички ишлар органларининг миграция ва фуқароликни расмийлаштириш бўлинмаларига (кейинги ўринларда — ваколатли орган) бевосита мурожаат этиш ёки Давлат хизматлари маркази ва Ўзбекистон Республикаси Ягона интерактив давлат хизматлари портали (кейинги ўринларда — ЯИДХП) орқали ваколатли орган томонидан кўрсатилади.
3. Давлат хизмати ушбу Регламентга 1-иловага мувофиқ схема бўйича кўрсатилади.
2-боб. Давлат хизматини кўрсатиш тартиби
4. Ариза берувчи чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахсларни Ўзбекистон Республикасига таклиф қилиш учун ўз хоҳишига кўра яшаш жойи ёки турган жойи бўйича рўйхатдан ўтган манзилидан қатъи назар, экстерриториаллик тамойили асосида исталган ваколатли органга ёки Давлат хизматлари марказига ўзи келиб ёхуд давлат хизматидан электрон шаклда фойдаланиш учун ЯИДХП орқали мурожаат этади.
5. Ариза берувчи ўзи келиб мурожаат этган тақдирда, ваколатли орган ёки Давлат хизматлари маркази ходими ариза берувчи номидан, ЯИДХП орқали мурожаат этган тақдирда эса, ариза берувчи мустақил равишда ушбу Регламентга 2-иловага мувофиқ шаклдаги сўровномани электрон тўлдиради.
6. Сўровномага қуйидагилар илова қилинади:
таклиф қилинаётган чет эл фуқароси ёки фуқаролиги бўлмаган шахснинг 1 дона 3,5 х 4,5 см ўлчамдаги расми, чет эл фуқаросининг хорижга чиқиш миллий паспорти ёки хорижий давлатда доимий яшовчи фуқаролиги бўлмаган шахснинг хорижга чиқиш ва ҳаракатланиш ҳужжати нусхаси;
таклиф қилинаётган чет эл фуқароси ёки фуқаролиги бўлмаган шахс билан бирга таклиф этилаётган вояга етмаган шахс(лар)нинг чет эл фуқаросининг хорижга чиқиш миллий паспорти ёки хорижий давлатда доимий яшовчи фуқаролиги бўлмаган шахснинг хорижга чиқиш ва ҳаракатланиш ҳужжати нусхаси (агар бирга келаётган бўлса);
ариза берувчи таклиф қилинаётган чет эл фуқароси ёки фуқаролиги бўлмаган шахс билан қариндош бўлса, у ҳолда қариндошлик даражасини тасдиқловчи ҳужжатлар (ҳужжатлар нусхаси олиниб, асли қайтариб берилади).
Ариза берувчидан ушбу бандда кўрсатилмаган маълумотларни ҳамда бошқа ҳужжатларни талаб қилиш қатъиян тақиқланади.
7. Ариза берувчи Давлат хизматлари маркази ёки ЯИДХП орқали мурожаат этган тақдирда, сўровномага тегишли маълумотлар киритилиб, унга илова қилинадиган ҳужжатлар расмийлаштирилгандан сўнг ариза берувчи уни идентификация қилишнинг замонавий воситалари билан (электрон рақамли имзо, мобил-ID ва бошқалар) тасдиқлайди.
Ариза берувчи ЯИДХП орқали мурожаат этган тақдирда, аризани электрон рақамли имзо билан тасдиқлаш талаб этилмайди.
Ариза берувчи Давлат хизматлари марказига келиб мурожаат этганда, унинг аризаси марказ ходими томонидан тўлдирилиб, ариза берувчи томонидан имзоларни идентификация қилишнинг замонавий воситалари (дактилоскопия, электрон рақамли имзо, Мобил-ID ва бошқалар) билан тасдиқлангандан сўнг барча ҳужжатлар 10 дақиқа мобайнида ваколатли органга электрон шаклда юборилади. ЯИДХП орқали мурожаат қилинганда эса ариза автоматик тарзда ваколатли органга юборилади.
8. Ариза берувчи давлат хизмати кўрсатилганлиги учун Ўзбекистон Республикасининг «Давлат божи тўғрисида»ги Қонунида белгиланган миқдорда (базавий ҳисоблаш миқдорининг 5 фоизи) давлат божини тўлайди.
Ариза берувчи ЯИДХП орқали мурожаат этганда, бож суммасининг 90 фоизи ундирилади.
Давлат божи тўланганлиги Ягона биллинг тизими орқали тасдиқланади.
9. Давлат божи суммаси қуйидаги тартибда тақсимланади:
а) ваколатли органга ўзи келиб мурожаат этганда:
0,5 фоизи — Ўзбекистон Республикаси Рақамли технологиялар вазирлиги ҳузуридаги «Электрон ҳукумат лойиҳаларини бошқариш маркази» давлат муассасасининг Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ҳузуридаги Ғазначилик хизмати қўмитасидаги махсус ҳисобварағига;
50 фоизи — Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлигининг бюджетдан ташқари жамғармасига;
қолган маблағлар — Ўзбекистон Республикасининг Давлат бюджетига;
б) ЯИДХП орқали мурожаат этганда:
10 фоизи — Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигининг давлат хизматларини ривожлантириш жамғармасига;
11,75 фоизи (шундан 0,5 фоизи — ягона биллинг тизими орқали давлат хизмати кўрсатилганда) — Ўзбекистон Республикаси Рақамли технологиялар вазирлиги ҳузуридаги «Электрон ҳукумат лойиҳаларини бошқариш маркази» давлат муассасасининг Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ҳузуридаги Ғазначилик хизмати қўмитасидаги махсус ҳисобварағига;
50 фоизи — Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлигининг бюджетдан ташқари жамғармасига;
қолган маблағлар — Ўзбекистон Республикасининг Давлат бюджетига;
в) Давлат хизматлари марказига келиб мурожаат этганда:
18 фоизи — Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигининг давлат хизматларини ривожлантириш жамғармасига;
0,5 фоизи — Ўзбекистон Республикаси Рақамли технологиялар вазирлиги ҳузуридаги «Рақамли ҳукумат лойиҳаларини бошқариш маркази» давлат муассасасининг Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ҳузуридаги Ғазначилик хизмати қўмитасидаги махсус ҳисобварағига;
50 фоизи — Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлигининг бюджетдан ташқари жамғармасига;
қолган маблағлар — Ўзбекистон Республикасининг Давлат бюджетига ўтказилади.
10. Ариза берувчи давлат хизматидан фойдаланишдан уни кўрсатишнинг ҳар қандай босқичида бош тортиш ҳуқуқига эга. Ариза берувчи давлат хизматларидан фойдаланишдан бош тортганда, унинг сўровномаси кўриб чиқилмасдан қолдирилади. Бунда тўланган давлат божи суммаси қайтарилмайди.
11. Ваколатли орган томонидан сўровномага киритилган маълумотларнинг ҳаққонийлиги автоматлаштирилган ахборот тизими ёрдамида икки иш куни ичида текширилади.
12. Ариза берувчининг сўровномаси ва унга илова қилинган ҳужжатлар тўлиқ эмаслиги ёки уларда хато маълумотлар аниқланса, ушбу ҳужжатлар ариза берувчига камчиликларни бартараф этиш учун қайтарилади.
Сўровнома ва унга илова қилинган ҳужжатлар қайтарилишининг аниқ сабаблари кўрсатилган электрон шаклдаги хабарнома ариза берувчига икки иш кун ичида юборилади.
13. Сўровномаси қайтарилган ариза берувчи рад этиш учун сабаб бўлган камчиликларни бартараф этгандан сўнг ваколатли органга беш иш кунидан кўп бўлмаган муддатда қайта мурожаат этишга ҳақли.
Ариза берувчи томонидан белгиланган муддатда қайта мурожаат этилганда, ундан қўшимча йиғим ундирилмайди.
14. Ариза берувчи беш иш куни муддати ўтгандан кейин такроран мурожаат этган тақдирда, сўровнома янгидан берилган деб ҳисобланади ва умумий асосларда кўриб чиқилади, йиғим суммаси ўрнатилган тартибда ундирилади.
15. Ваколатли орган томонидан киритилган маълумотларнинг ҳаққонийлиги текширилгандан сўнг сўровнома электрон тизим орқали Ўзбекистон Республикаси Давлат хавфсизлик хизмати ҳудудий бошқармасига ҳамда Ташқи ишлар вазирлигига (кейинги ўринларда — махсус ваколатли органлар) юборилади.
Махсус ваколатли органлар етти иш куни ичида чет эл фуқароси ва фуқаролиги бўлмаган шахснинг Ўзбекистон Республикасига таклиф қилиниши мақсадга мувофиқлиги ёки мувофиқ эмаслиги тўғрисида электрон тизим орқали фикрини билдиради ҳамда тасдиқ кодини юборади.
16. Ваколатли орган томонидан ўрганиб чиқиш натижаларига кўра ижобий деб топилган талабнома бир иш куни давомида ушбу Регламентга 3-иловага мувофиқ QR-код (матрик штрихли код) қўйилган таклифнома расмийлаштирилади ҳамда уни ариза берувчига тақдим этилади ёки Давлат хизматлари марказига (ўзи келиб мурожаат этган тақдирда) ёхуд ариза берувчининг ЯИДХПдаги шахсий кабинетига юборади.
Давлат хизматлари маркази таклифнома келиб тушгандан сўнг 10 дақиқа мобайнида уни ариза берувчига юборади ва бу ҳақида ариза берувчини ахборот-коммуникация тизими орқали хабардор қилади. Давлат хизматлари маркази ариза берувчи шахсан келиб мурожаат қилган тақдирда, унга таклифномани ариза берувчининг сўровига кўра электрон шаклда ёки қоғоз шаклда бериши шарт.
17. Таклифнома берилган кундан бошлаб уч ой давомида амал қилади. Чет эл фуқароси ва фуқаролиги бўлмаган шахс ушбу муддат мобайнида Ўзбекистон Республикасининг хориждаги консуллик муассасасига кириш визасини расмийлаштириш юзасидан мурожаат этиши мумкин.
3-боб. Якунловчи қоидалар
18. Ариза берувчи давлат хизматини кўрсатиш асоссиз рад этилганда, шунингдек, ваколатли орган ходимларининг хатти-ҳаракати (ҳаракатсизлиги) устидан қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда шикоят қилиш ҳуқуқига эга.
19. Ушбу Регламент талаблари бузилишида айбдор бўлган шахслар қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда жавоб берадилар.
Чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахсларни Ўзбекистон Республикасига таклиф қилиш бўйича давлат хизматини кўрсатишнинг маъмурий регламентига 1-ИЛОВА
Чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахсларни Ўзбекистон Республикасига таклиф қилиш бўйича давлат хизматини кўрсатиш
Босқичлар Субъектлар Тадбирлар Бажариш муддати 1-босқич Ариза берувчи (Ўзбекистон Республикаси фуқаролари, Ўзбекистон Республикасида доимий яшовчи чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахслар) Чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахсларни Ўзбекистон Республикасига таклиф қилиш учун Ўзбекистон Республикаси ички ишлар органларининг миграция ва фуқароликни расмийлаштириш бўлинмасига ёки Давлат хизматлари марказига мурожаат қилади ёхуд Ўзбекистон Республикаси Ягона интерактив давлат хизматлари порталида (кейинги ўринларда — ЯИДХП) рўйхатдан ўтади. Хоҳишига кўра 2-босқич Ариза берувчи (Ўзбекистон Республикаси фуқаролари, Ўзбекистон Республикасида доимий яшовчи чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахслар) Ўзбекистон Республикасининг «Давлат божи тўғрисида»ги Қонунида белгиланган (базавий ҳисоблаш миқдорининг 5 фоизи) давлат божини тўлайди. Мурожаат қилинганда 3-босқич Ваколатли орган (Ўзбекистон Республикаси ички ишлар органларининг миграция ва фуқароликни расмийлаштириш бўлинмалари) 1. Сўровномага киритилган маълумотларнинг ҳаққонийлигини текширади (Автоматлаштирилган ахборот тизими ёрдамида). 2.1. Сўровномада нотўғри ёки бузиб кўрсатилган маълумотларнинг мавжудлиги аниқланмаса — сўровномани махсус ваколатли органга хулоса олиш учун юборади (идоралараро электрон ҳамкорлик қилиш тизими орқали). 2.2. Сўровномада нотўғри ёки бузиб кўрсатилган маълумотларнинг мавжудлиги аниқланганда — сўровномани ариза берувчига камчиликларни бартараф этиш учун қайтаради. Икки иш кунида 4-босқич Махсус ваколатли органлар (Ўзбекистон Республикаси Давлат хавфсизлик хизмати, Ташқи ишлар вазирлиги) Чет эл фуқароси ва фуқаролиги бўлмаган шахсни Ўзбекистон Республикасига таклиф қилиниши мақсадга мувофиқлиги ёки мувофиқ эмаслиги тўғрисида фикрини билдиради ҳамда тасдиқ кодини юборади (идоралараро электрон ҳамкорлик қилиш тизими орқали). Етти иш кунида 5-босқич Ваколатли орган (Ўзбекистон Республикаси ички ишлар органларининг миграция ва фуқароликни расмийлаштириш бўлинмалари) QR-код (матрик штрихли код) қўйилган таклифномани расмийлаштирилади ҳамда ариза берувчига тақдим қилади (ўзи келиб мурожаат этган тақдирда) Давлат хизматлари марказига (марказ орқали мурожаат этган тақдирда) ёки ариза берувчининг ЯИДХПдаги шахсий кабинетига юборади. Бир иш кунида 6-босқич Давлат хизматлари маркази Давлат хизматлари маркази таклифнома келиб тушгандан сўнг уни ариза берувчига юборади ва бу ҳақида ариза берувчини ахборот-коммуникация тизими орқали хабардор қилади. 10 дақиқа мобайнида
Чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахсларни Ўзбекистон Республикасига таклиф қилиш бўйича давлат хизматини кўрсатишнинг маъмурий регламентига 2-ИЛОВА
Чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахсларни Ўзбекистон Республикасига таклиф қилиш учун
I. Ариза берувчи тўғрисида маълумот: 1. ЖШШИР 2. Ф.И.О. 3. Туғилган санаси 4. Жинси 5. Туғилган жойи 6. Яшаш ёки турган жойи бўйича рўйхатдан ўтказилган манзили 7. Шахсини тасдиқловчи ҳужжат тури 8. Серияси ва рақами 9. Берилган санаси 10. Ким томонидан берилган 11. Телефон рақами II. Ўзбекистон Республикасига таклиф қилинаётган чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахслар ҳақидаги маълумотлар: 1. Ф.И.О. 2. Туғилган санаси 3. Фуқаролиги 4. Жинси 5. Туғилган жойи тўғрисида маълумот 6. Шахсини тасдиқловчи ҳужжат тури 7. Серияси ва рақами 8. Амал қилиш муддати 9. Фотосурати Юкланганда jpeg форматида, 297х382 пиксел 300 кб ошмаган ҳажмда 10. Чет эл фуқаросининг хорижга чиқиш миллий паспорти ёки хорижий давлатда доимий яшовчи фуқаролиги бўлмаган шахснинг хорижга чиқиш ва ҳаракатланиш ҳужжати нусхаси Юкланганда jpeg форматида, 600 кб ошмаган ҳажмда 11. Танишлик даражаси 12. Меҳнат фаолияти ҳамда лавозими ҳақидаги маълумотлар 13 . Ўзбекистон Республикасига кириб келганидан сўнг яшаш жойи (манзили) III. Ўзбекистон Республикасига таклиф қилинаётган чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахслар билан бирга келаётган вояга етмаган шахс(лар) ҳақидаги маълумотлар: 1. Ф.И.О. 2. Туғилган санаси 3. Жинси
Чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахсларни Ўзбекистон Республикасига таклиф қилиш бўйича давлат хизматини кўрсатишнинг маъмурий регламентига 3-ИЛОВА
ТАКЛИФНОМА QR-код (матрик штрихли код) ID-рақами: 1. Таклиф қилаётган шахс ҳақидаги маълумотлар: фамилияси, исми, отасининг исми, туғилган санаси 1.1. Манзили 2. Таклиф қилинаётган шахс ҳақидаги маълумотлар: фамилияси, исми, отасининг исми, туғилган санаси 2.1. Фуқаролиги 2.2. Қайси давлатдан таклиф этилмоқда 2.3. Вояга етмаган фарзандлари 3. Таклифнома берилган сана 4. Таклифноманинг амал қилиш муддати 5.Тасдиқ коди
Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А. АРИПОВ
Тошкент ш.,
2023 йил 6 ноябрь,
589-сон
Oʻzbekiston Respublikasi Vazirlar Mahkamasining
qarori
MAʼMURIY REGLAMENTI
SXEMASI
SOʻROVNOMA
Chet el fuqarolari va fuqaroligi boʻlmagan shaxslarni Oʻzbekiston Respublikasiga taklif qilish boʻyicha davlat xizmatini koʻrsatishning maʼmuriy reglamentini tasdiqlash toʻgʻrisida
Oʻzbekiston Respublikasi Prezidentining “2022-2023-yillarda axborot-kommunikatsiya texnologiyalari sohasini yangi bosqichga olib chiqish chora-tadbirlari toʻgʻrisida” 2022-yil 22-avgustdagi PQ-357-son qarori ijrosini taʼminlash maqsadida Vazirlar Mahkamasi qaror qiladi:
1. Oʻzbekiston Respublikasi Prezidentining “2022-2023-yillarda axborot-kommunikatsiya texnologiyalari sohasini yangi bosqichga olib chiqish chora-tadbirlari toʻgʻrisida” 2022-yil 22-avgustdagi PQ-357-son qaroriga muvofiq Oʻzbekiston Respublikasi Ichki ishlar vazirligi tomonidan anʼanaviy tarzda koʻrsatilayotgan davlat xizmatlarini elektron koʻrinishga oʻtkazish vazifasi belgilanganligi maʼlumot uchun qabul qilinsin.
2. Quyidagilarni nazarda tutuvchi Chet el fuqarolari va fuqaroligi boʻlmagan shaxslarni Oʻzbekiston Respublikasiga taklif qilish boʻyicha davlat xizmatini koʻrsatishning maʼmuriy reglamenti ilovaga muvofiq tasdiqlansin:
chet el fuqarolari va fuqaroligi boʻlmagan shaxslarni Oʻzbekiston Respublikasiga taklif qilish uchun Oʻzbekiston Respublikasi ichki ishlar organlarining migratsiya va fuqarolikni rasmiylashtirish boʻlinmalariga bevosita yoki Davlat xizmatlari markazlari va Oʻzbekiston Respublikasi Yagona interaktiv davlat xizmatlari portali (keyingi oʻrinlarda — YIDXP) orqali murojaat qilish tartibi;
ichki ishlar organlarining migratsiya va fuqarolikni rasmiylashtirish boʻlinmalari tomonidan arizalarni avtomatlashtirilgan tizim orqali qabul qilish va koʻrib chiqish tartibi hamda muddatlari;
chet el fuqarolarini taklif qilish boʻyicha QR-kod bilan himoyalangan taklifnomalarni rasmiylashtirish va ariza beruvchiga taqdim qilish.
3. Oʻzbekiston Respublikasi Raqamli texnologiyalar vazirligi Ichki ishlar vazirligi va Adliya vazirligi bilan birgalikda ikki oy muddatda:
ushbu qaror bilan tasdiqlangan maʼmuriy reglamentga muvofiq davlat xizmatining YIDXP orqali koʻrsatilishini taʼminlasin;
YIDXPda davlat xizmatlari koʻrsatilishining har bir bosqichida murojaatlarning koʻrib chiqilishini kuzatib borish tartibini joriy etsin;
davlat xizmatlari koʻrsatilishining belgilangan tartibiga rioya etilishi yuzasidan, jumladan, YIDXP orqali doimiy nazorat oʻrnatsin.
4. Mazkur qarorning bajarilishini nazorat qilish Oʻzbekiston Respublikasi ichki ishlar vaziri P.R. Bobojonov va Oʻzbekiston Respublikasi raqamli texnologiyalar vaziri Sh.X. Shermatov zimmasiga yuklansin.
Vazirlar Mahkamasining 2023-yil 6-noyabrdagi 589-son qaroriga ILOVA
Chet el fuqarolari va fuqaroligi boʻlmagan shaxslarni Oʻzbekiston Respublikasiga taklif qilish boʻyicha davlat xizmatini koʻrsatishning
1-bob. Umumiy qoidalar
1. Mazkur Reglament Oʻzbekiston Respublikasi fuqarolari, Oʻzbekiston Respublikasida doimiy yashovchi chet el fuqarolari va fuqaroligi boʻlmagan shaxslarning (keyingi oʻrinlarda — ariza beruvchi) chet el fuqarolari va fuqaroligi boʻlmagan shaxslarni Oʻzbekiston Respublikasiga taklif qilish uchun murojaat etish boʻyicha davlat xizmatini (keyingi oʻrinlarda — davlat xizmati) koʻrsatish tartibini belgilaydi.
Xorijda istiqomat qilayotgan vatandoshlar va ularning oila aʼzolarini Oʻzbekiston Respublikasiga taklif qilishni rasmiylashtirish boʻyicha davlat xizmati Vazirlar Mahkamasining 2019-yil 17-apreldagi 326-son qarori talablariga muvofiq koʻrsatiladi.
2. Davlat xizmati Oʻzbekiston Respublikasi ichki ishlar organlarining migratsiya va fuqarolikni rasmiylashtirish boʻlinmalariga (keyingi oʻrinlarda — vakolatli organ) bevosita murojaat etish yoki Davlat xizmatlari markazi va Oʻzbekiston Respublikasi Yagona interaktiv davlat xizmatlari portali (keyingi oʻrinlarda — YIDXP) orqali vakolatli organ tomonidan koʻrsatiladi.
3. Davlat xizmati ushbu Reglamentga 1-ilovaga muvofiq sxema boʻyicha koʻrsatiladi.
2-bob. Davlat xizmatini koʻrsatish tartibi
4. Ariza beruvchi chet el fuqarolari va fuqaroligi boʻlmagan shaxslarni Oʻzbekiston Respublikasiga taklif qilish uchun oʻz xohishiga koʻra yashash joyi yoki turgan joyi boʻyicha roʻyxatdan oʻtgan manzilidan qatʼi nazar, eksterritoriallik tamoyili asosida istalgan vakolatli organga yoki Davlat xizmatlari markaziga oʻzi kelib yoxud davlat xizmatidan elektron shaklda foydalanish uchun YIDXP orqali murojaat etadi.
5. Ariza beruvchi oʻzi kelib murojaat etgan taqdirda, vakolatli organ yoki Davlat xizmatlari markazi xodimi ariza beruvchi nomidan, YIDXP orqali murojaat etgan taqdirda esa, ariza beruvchi mustaqil ravishda ushbu Reglamentga 2-ilovaga muvofiq shakldagi soʻrovnomani elektron toʻldiradi.
6. Soʻrovnomaga quyidagilar ilova qilinadi:
taklif qilinayotgan chet el fuqarosi yoki fuqaroligi boʻlmagan shaxsning 1 dona 3,5 x 4,5 sm oʻlchamdagi rasmi, chet el fuqarosining xorijga chiqish milliy pasporti yoki xorijiy davlatda doimiy yashovchi fuqaroligi boʻlmagan shaxsning xorijga chiqish va harakatlanish hujjati nusxasi;
taklif qilinayotgan chet el fuqarosi yoki fuqaroligi boʻlmagan shaxs bilan birga taklif etilayotgan voyaga yetmagan shaxs(lar)ning chet el fuqarosining xorijga chiqish milliy pasporti yoki xorijiy davlatda doimiy yashovchi fuqaroligi boʻlmagan shaxsning xorijga chiqish va harakatlanish hujjati nusxasi (agar birga kelayotgan boʻlsa);
ariza beruvchi taklif qilinayotgan chet el fuqarosi yoki fuqaroligi boʻlmagan shaxs bilan qarindosh boʻlsa, u holda qarindoshlik darajasini tasdiqlovchi hujjatlar (hujjatlar nusxasi olinib, asli qaytarib beriladi).
Ariza beruvchidan ushbu bandda koʻrsatilmagan maʼlumotlarni hamda boshqa hujjatlarni talab qilish qatʼiyan taqiqlanadi.
7. Ariza beruvchi Davlat xizmatlari markazi yoki YIDXP orqali murojaat etgan taqdirda, soʻrovnomaga tegishli maʼlumotlar kiritilib, unga ilova qilinadigan hujjatlar rasmiylashtirilgandan soʻng ariza beruvchi uni identifikatsiya qilishning zamonaviy vositalari bilan (elektron raqamli imzo, mobil-ID va boshqalar) tasdiqlaydi.
Ariza beruvchi YIDXP orqali murojaat etgan taqdirda, arizani elektron raqamli imzo bilan tasdiqlash talab etilmaydi.
Ariza beruvchi Davlat xizmatlari markaziga kelib murojaat etganda, uning arizasi markaz xodimi tomonidan toʻldirilib, ariza beruvchi tomonidan imzolarni identifikatsiya qilishning zamonaviy vositalari (daktiloskopiya, elektron raqamli imzo, Mobil-ID va boshqalar) bilan tasdiqlangandan soʻng barcha hujjatlar 10 daqiqa mobaynida vakolatli organga elektron shaklda yuboriladi. YIDXP orqali murojaat qilinganda esa ariza avtomatik tarzda vakolatli organga yuboriladi.
8. Ariza beruvchi davlat xizmati koʻrsatilganligi uchun Oʻzbekiston Respublikasining “Davlat boji toʻgʻrisida”gi Qonunida belgilangan miqdorda (bazaviy hisoblash miqdorining 5 foizi) davlat bojini toʻlaydi.
Ariza beruvchi YIDXP orqali murojaat etganda, boj summasining 90 foizi undiriladi.
Davlat boji toʻlanganligi Yagona billing tizimi orqali tasdiqlanadi.
9. Davlat boji summasi quyidagi tartibda taqsimlanadi:
a) vakolatli organga oʻzi kelib murojaat etganda:
0,5 foizi — Oʻzbekiston Respublikasi Raqamli texnologiyalar vazirligi huzuridagi “Elektron hukumat loyihalarini boshqarish markazi” davlat muassasasining Iqtisodiyot va moliya vazirligi huzuridagi Gʻaznachilik xizmati qoʻmitasidagi maxsus hisobvaragʻiga;
50 foizi — Oʻzbekiston Respublikasi Ichki ishlar vazirligining budjetdan tashqari jamgʻarmasiga;
qolgan mablagʻlar — Oʻzbekiston Respublikasining Davlat budjetiga;
b) YIDXP orqali murojaat etganda:
10 foizi — Oʻzbekiston Respublikasi Adliya vazirligining davlat xizmatlarini rivojlantirish jamgʻarmasiga;
11,75 foizi (shundan 0,5 foizi — yagona billing tizimi orqali davlat xizmati koʻrsatilganda) — Oʻzbekiston Respublikasi Raqamli texnologiyalar vazirligi huzuridagi “Elektron hukumat loyihalarini boshqarish markazi” davlat muassasasining Iqtisodiyot va moliya vazirligi huzuridagi Gʻaznachilik xizmati qoʻmitasidagi maxsus hisobvaragʻiga;
50 foizi — Oʻzbekiston Respublikasi Ichki ishlar vazirligining budjetdan tashqari jamgʻarmasiga;
qolgan mablagʻlar — Oʻzbekiston Respublikasining Davlat budjetiga;
v) Davlat xizmatlari markaziga kelib murojaat etganda:
18 foizi — Oʻzbekiston Respublikasi Adliya vazirligining davlat xizmatlarini rivojlantirish jamgʻarmasiga;
0,5 foizi — Oʻzbekiston Respublikasi Raqamli texnologiyalar vazirligi huzuridagi “Raqamli hukumat loyihalarini boshqarish markazi” davlat muassasasining Iqtisodiyot va moliya vazirligi huzuridagi Gʻaznachilik xizmati qoʻmitasidagi maxsus hisobvaragʻiga;
50 foizi — Oʻzbekiston Respublikasi Ichki ishlar vazirligining budjetdan tashqari jamgʻarmasiga;
qolgan mablagʻlar — Oʻzbekiston Respublikasining Davlat budjetiga oʻtkaziladi.
10. Ariza beruvchi davlat xizmatidan foydalanishdan uni koʻrsatishning har qanday bosqichida bosh tortish huquqiga ega. Ariza beruvchi davlat xizmatlaridan foydalanishdan bosh tortganda, uning soʻrovnomasi koʻrib chiqilmasdan qoldiriladi. Bunda toʻlangan davlat boji summasi qaytarilmaydi.
11. Vakolatli organ tomonidan soʻrovnomaga kiritilgan maʼlumotlarning haqqoniyligi avtomatlashtirilgan axborot tizimi yordamida ikki ish kuni ichida tekshiriladi.
12. Ariza beruvchining soʻrovnomasi va unga ilova qilingan hujjatlar toʻliq emasligi yoki ularda xato maʼlumotlar aniqlansa, ushbu hujjatlar ariza beruvchiga kamchiliklarni bartaraf etish uchun qaytariladi.
Soʻrovnoma va unga ilova qilingan hujjatlar qaytarilishining aniq sabablari koʻrsatilgan elektron shakldagi xabarnoma ariza beruvchiga ikki ish kun ichida yuboriladi.
13. Soʻrovnomasi qaytarilgan ariza beruvchi rad etish uchun sabab boʻlgan kamchiliklarni bartaraf etgandan soʻng vakolatli organga besh ish kunidan koʻp boʻlmagan muddatda qayta murojaat etishga haqli.
Ariza beruvchi tomonidan belgilangan muddatda qayta murojaat etilganda, undan qoʻshimcha yigʻim undirilmaydi.
14. Ariza beruvchi besh ish kuni muddati oʻtgandan keyin takroran murojaat etgan taqdirda, soʻrovnoma yangidan berilgan deb hisoblanadi va umumiy asoslarda koʻrib chiqiladi, yigʻim summasi oʻrnatilgan tartibda undiriladi.
15. Vakolatli organ tomonidan kiritilgan maʼlumotlarning haqqoniyligi tekshirilgandan soʻng soʻrovnoma elektron tizim orqali Oʻzbekiston Respublikasi Davlat xavfsizlik xizmati hududiy boshqarmasiga hamda Tashqi ishlar vazirligiga (keyingi oʻrinlarda — maxsus vakolatli organlar) yuboriladi.
Maxsus vakolatli organlar yetti ish kuni ichida chet el fuqarosi va fuqaroligi boʻlmagan shaxsning Oʻzbekiston Respublikasiga taklif qilinishi maqsadga muvofiqligi yoki muvofiq emasligi toʻgʻrisida elektron tizim orqali fikrini bildiradi hamda tasdiq kodini yuboradi.
16. Vakolatli organ tomonidan oʻrganib chiqish natijalariga koʻra ijobiy deb topilgan talabnoma bir ish kuni davomida ushbu Reglamentga 3-ilovaga muvofiq QR-kod (matrik shtrixli kod) qoʻyilgan taklifnoma rasmiylashtiriladi hamda uni ariza beruvchiga taqdim etiladi yoki Davlat xizmatlari markaziga (oʻzi kelib murojaat etgan taqdirda) yoxud ariza beruvchining YIDXPdagi shaxsiy kabinetiga yuboradi.
Davlat xizmatlari markazi taklifnoma kelib tushgandan soʻng 10 daqiqa mobaynida uni ariza beruvchiga yuboradi va bu haqida ariza beruvchini axborot-kommunikatsiya tizimi orqali xabardor qiladi. Davlat xizmatlari markazi ariza beruvchi shaxsan kelib murojaat qilgan taqdirda, unga taklifnomani ariza beruvchining soʻroviga koʻra elektron shaklda yoki qogʻoz shaklda berishi shart.
17. Taklifnoma berilgan kundan boshlab uch oy davomida amal qiladi. Chet el fuqarosi va fuqaroligi boʻlmagan shaxs ushbu muddat mobaynida Oʻzbekiston Respublikasining xorijdagi konsullik muassasasiga kirish vizasini rasmiylashtirish yuzasidan murojaat etishi mumkin.
3-bob. Yakunlovchi qoidalar
18. Ariza beruvchi davlat xizmatini koʻrsatish asossiz rad etilganda, shuningdek, vakolatli organ xodimlarining xatti-harakati (harakatsizligi) ustidan qonunchilik hujjatlarida belgilangan tartibda shikoyat qilish huquqiga ega.
19. Ushbu Reglament talablari buzilishida aybdor boʻlgan shaxslar qonunchilik hujjatlarida belgilangan tartibda javob beradilar.
Chet el fuqarolari va fuqaroligi boʻlmagan shaxslarni Oʻzbekiston Respublikasiga taklif qilish boʻyicha davlat xizmatini koʻrsatishning maʼmuriy reglamentiga 1-ILOVA
Chet el fuqarolari va fuqaroligi boʻlmagan shaxslarni Oʻzbekiston Respublikasiga taklif qilish boʻyicha davlat xizmatini koʻrsatish
Bosqichlar Subyektlar Tadbirlar Bajarish muddati 1-bosqich Ariza beruvchi (Oʻzbekiston Respublikasi fuqarolari, Oʻzbekiston Respublikasida doimiy yashovchi chet el fuqarolari va fuqaroligi boʻlmagan shaxslar) Chet el fuqarolari va fuqaroligi boʻlmagan shaxslarni Oʻzbekiston Respublikasiga taklif qilish uchun Oʻzbekiston Respublikasi ichki ishlar organlarining migratsiya va fuqarolikni rasmiylashtirish boʻlinmasiga yoki Davlat xizmatlari markaziga murojaat qiladi yoxud Oʻzbekiston Respublikasi Yagona interaktiv davlat xizmatlari portalida (keyingi oʻrinlarda — YIDXP) roʻyxatdan oʻtadi. Xohishiga koʻra 2-bosqich Ariza beruvchi (Oʻzbekiston Respublikasi fuqarolari, Oʻzbekiston Respublikasida doimiy yashovchi chet el fuqarolari va fuqaroligi boʻlmagan shaxslar) Oʻzbekiston Respublikasining “Davlat boji toʻgʻrisida”gi Qonunida belgilangan (bazaviy hisoblash miqdorining 5 foizi) davlat bojini toʻlaydi. Murojaat qilinganda 3-bosqich Vakolatli organ (Oʻzbekiston Respublikasi ichki ishlar organlarining migratsiya va fuqarolikni rasmiylashtirish boʻlinmalari) 1. Soʻrovnomaga kiritilgan maʼlumotlarning haqqoniyligini tekshiradi (Avtomatlashtirilgan axborot tizimi yordamida). 2.1. Soʻrovnomada notoʻgʻri yoki buzib koʻrsatilgan maʼlumotlarning mavjudligi aniqlanmasa — soʻrovnomani maxsus vakolatli organga xulosa olish uchun yuboradi (idoralararo elektron hamkorlik qilish tizimi orqali). 2.2. Soʻrovnomada notoʻgʻri yoki buzib koʻrsatilgan maʼlumotlarning mavjudligi aniqlanganda — soʻrovnomani ariza beruvchiga kamchiliklarni bartaraf etish uchun qaytaradi. Ikki ish kunida 4-bosqich Maxsus vakolatli organlar (Oʻzbekiston Respublikasi Davlat xavfsizlik xizmati, Tashqi ishlar vazirligi) Chet el fuqarosi va fuqaroligi boʻlmagan shaxsni Oʻzbekiston Respublikasiga taklif qilinishi maqsadga muvofiqligi yoki muvofiq emasligi toʻgʻrisida fikrini bildiradi hamda tasdiq kodini yuboradi (idoralararo elektron hamkorlik qilish tizimi orqali). Yetti ish kunida 5-bosqich Vakolatli organ (Oʻzbekiston Respublikasi ichki ishlar organlarining migratsiya va fuqarolikni rasmiylashtirish boʻlinmalari) QR-kod (matrik shtrixli kod) qoʻyilgan taklifnomani rasmiylashtiriladi hamda ariza beruvchiga taqdim qiladi (oʻzi kelib murojaat etgan taqdirda) Davlat xizmatlari markaziga (markaz orqali murojaat etgan taqdirda) yoki ariza beruvchining YIDXPdagi shaxsiy kabinetiga yuboradi. Bir ish kunida 6-bosqich Davlat xizmatlari markazi Davlat xizmatlari markazi taklifnoma kelib tushgandan soʻng uni ariza beruvchiga yuboradi va bu haqida ariza beruvchini axborot-kommunikatsiya tizimi orqali xabardor qiladi. 10 daqiqa mobaynida
Chet el fuqarolari va fuqaroligi boʻlmagan shaxslarni Oʻzbekiston Respublikasiga taklif qilish boʻyicha davlat xizmatini koʻrsatishning maʼmuriy reglamentiga 2-ILOVA
Chet el fuqarolari va fuqaroligi boʻlmagan shaxslarni Oʻzbekiston Respublikasiga taklif qilish uchun
I. Ariza beruvchi toʻgʻrisida maʼlumot: 1. JSHSHIR 2. F.I.O. 3. Tugʻilgan sanasi 4. Jinsi 5. Tugʻilgan joyi 6. Yashash yoki turgan joyi boʻyicha roʻyxatdan oʻtkazilgan manzili 7. Shaxsini tasdiqlovchi hujjat turi 8. Seriyasi va raqami 9. Berilgan sanasi 10. Kim tomonidan berilgan 11. Telefon raqami II. Oʻzbekiston Respublikasiga taklif qilinayotgan chet el fuqarolari va fuqaroligi boʻlmagan shaxslar haqidagi maʼlumotlar: 1. F.I.O. 2. Tugʻilgan sanasi 3. Fuqaroligi 4. Jinsi 5. Tugʻilgan joyi toʻgʻrisida maʼlumot 6. Shaxsini tasdiqlovchi hujjat turi 7. Seriyasi va raqami 8. Amal qilish muddati 9. Fotosurati Yuklanganda jpeg formatida, 297x382 piksel 300 kb oshmagan hajmda 10. Chet el fuqarosining xorijga chiqish milliy pasporti yoki xorijiy davlatda doimiy yashovchi fuqaroligi boʻlmagan shaxsning xorijga chiqish va harakatlanish hujjati nusxasi Yuklanganda jpeg formatida, 600 kb oshmagan hajmda 11. Tanishlik darajasi 12. Mehnat faoliyati hamda lavozimi haqidagi maʼlumotlar 13 . Oʻzbekiston Respublikasiga kirib kelganidan soʻng yashash joyi (manzili) III. Oʻzbekiston Respublikasiga taklif qilinayotgan chet el fuqarolari va fuqaroligi boʻlmagan shaxslar bilan birga kelayotgan voyaga yetmagan shaxs(lar) haqidagi maʼlumotlar: 1. F.I.O. 2. Tugʻilgan sanasi 3. Jinsi
Chet el fuqarolari va fuqaroligi boʻlmagan shaxslarni Oʻzbekiston Respublikasiga taklif qilish boʻyicha davlat xizmatini koʻrsatishning maʼmuriy reglamentiga 3-ILOVA
TAKLIFNOMA QR-kod (matrik shtrixli kod) ID-raqami: 1. Taklif qilayotgan shaxs haqidagi maʼlumotlar: familiyasi, ismi, otasining ismi, tugʻilgan sanasi 1.1. Manzili 2. Taklif qilinayotgan shaxs haqidagi maʼlumotlar: familiyasi, ismi, otasining ismi, tugʻilgan sanasi 2.1. Fuqaroligi 2.2. Qaysi davlatdan taklif etilmoqda 2.3. Voyaga yetmagan farzandlari 3. Taklifnoma berilgan sana 4. Taklifnomaning amal qilish muddati 5.Tasdiq kodi
Oʻzbekiston Respublikasining Bosh vaziri A. ARIPOV
Toshkent sh.,
2023-yil 6-noyabr,
589-son