UzbekAI

← Qonunlar

📅 2023-yil 8-noyabr · Prezident qarorlari

Rasmiy matn. Rasmiy hujjat. Tahririy izohlar kiritilmagan.

Yordam | Arxiv | Atamalar | Statistika | API | Havola yuborish | Sayt haqida | Shartlar

← Қонунлар

📅 2023 йил 8 ноябрь · Президент қарорлари

Расмий матн. Расмий ҳужжат. Таҳририй изоҳлар киритилмаган.

Ёрдам | Архив | Атамалар | Статистика | API | Ҳавола юбориш | Сайт ҳақида | Шартлар

← Законы

📅 8 ноября 2023 г. · Постановления Президента

Официальный текст. Официальный документ. Редакционные примечания не включены.

Помощь | Архив | Термины | Статистика | API | Предложить ссылку | О сайте | Условия

← Laws

📅 8 November 2023 · Presidential resolutions

Official text. Official document. Editorial notes are not included.

Help | Archive | Glossary | Stats | API | Submit | About | Terms

Ўзбекистон Республикаси Президентининг

Қарори

«Жиззах вилоятида қуввати 550 МВт бўлган буғ-газ электр станциясини қуриш» инвестиция лойиҳасини амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида

Электр энергетика тармоғига тўғридан-тўғри хорижий инвестицияларни жалб этган ҳолда электр энергиясини ишлаб чиқариш қувватларини ривожлантириш ҳамда иқтисодиёт тармоқлари ва аҳолини энергия ресурслари билан барқарор ва сифатли таъминлаш мақсадида:

1. Қуйидагилар:

а) Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати номидан Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги Туркия Республикасининг «CENGIZ ENERJI SAN.VE TIC A.Ş.» (кейинги ўринларда — Инвестор) ва «Cenergo» МЧЖ (кейинги ўринларда — Лойиҳа компанияси) билан «Жиззах вилоятида қуввати 550 МВт бўлган буғ-газ электр станциясини қуриш» инвестиция лойиҳаси (кейинги ўринларда — Инвестиция лойиҳаси) амалга оширилиши режалаштирилганлиги;

б) Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати номидан Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги, Инвестор ва Лойиҳа компанияси ўртасида 2023 йил 14 сентябрда Инвестиция шартномаси имзоланганлиги ҳамда унга мувофиқ Инвестор ва Лойиҳа компанияси:

Жиззах вилоятида қуввати 550 МВт бўлган буғ-газ электр станциясини лойиҳалаштириши, молиялаштириши, қуриши ҳамда эксплуатация қилиши;

юзага келиши мумкин бўлган хавф-хатарларни ўз зиммасига олган ҳолда, дастлабки баҳолаш бўйича жами 500 млн АҚШ доллари миқдорида тўғридан-тўғри хорижий инвестицияларни жалб этиши;

в) 2023 йил 14 сентябрда «Ўзбекистон миллий электр тармоқлари» АЖ ва Лойиҳа компанияси ўртасида Электр энергиясини сотиб олиш тўғрисидаги битим ҳамда 2024 йил 18 сентябрда «Ўзбекистон миллий электр тармоқлари» АЖнинг ушбу битимда белгиланган ҳуқуқ ва мажбуриятларини «Ўзэнергосотиш» АЖга ўтказиш орқали қайта расмийлаштириш ҳақидаги қўшимча битим (кейинги ўринларда — Электр энергиясини сотиб олиш тўғрисидаги битим) имзоланганлиги ва шунга мувофиқ:

Лойиҳа компанияси қурилиш давридаги ўз мажбуриятлари лозим даражада бажарилишининг таъминоти сифатида 2,0 млн АҚШ доллари миқдорида биринчи даражали хорижий банк кафолатини тақдим этиши;

Лойиҳа компанияси ишлаб чиқарилган электр энергиясини «Ўзэнергосотиш» АЖга кафолатланган тарзда сотиш мажбуриятини олиши;

«Ўзэнергосотиш» АЖ 25 йил давомида электр энергиясини кафолатланган тарзда харид қилиш мажбуриятини олиши ва электр энергияси учун тўловни миллий валютада амалга ошириши маълумот учун қабул қилинсин.

2. Инвестиция лойиҳасини амалга ошириш доирасида:

Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати номидан Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги, Лойиҳа компанияси ҳамда Инвестор ўртасида имзоланган Инвестиция шартномаси тасдиқлансин;

Электр энергиясини сотиб олиш тўғрисидаги битим маъқуллансин.

3. Инвестиция шартномаси ва Электр энергиясини сотиб олиш тўғрисидаги битимга мувофиқ уларнинг амал қилиш муддати давомида электр энергиясини сотиб олиш учун тўловлар чет эл валютасида деноминацияланган ва миллий валютада тўланадиган қатъий тариф бўйича амалга оширилиши белгилаб қўйилсин.

4. Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги, Энергетика вазирлиги ҳамда «Ўзэнергосотиш» АЖга Лойиҳа компанияси томонидан Инвестиция лойиҳасини амалга ошириш доирасида имзоланган битимлар бўйича мажбуриятлар бажарилмаган тақдирда, Лойиҳа компанияси ва Инвестор ҳуқуқини Инвестиция лойиҳасини молиялаштиришда иштирок этадиган бошқа кредиторларга тўғридан-тўғри ўтказиш юзасидан битимлар тузиш ҳуқуқи берилсин.

5. Қуйидагиларга:

«Ўзбекистон миллий электр тармоқлари» АЖ ва «Ўзэнергосотиш» АЖга Лойиҳа компанияси билан биргаликда Электр энергиясини сотиб олиш тўғрисидаги битимда белгиланган тартиб-таомилларга мувофиқ Инвестиция лойиҳасини амалга ошириш учун халқаро мустақил инжиниринг компаниясини ва бошқа маслаҳатчиларни мажбурий экспертиза ўтказмаган ҳолда танлаб олишга ва шартномалар тузишга;

«Ўзэнергосотиш» АЖга Инвестиция лойиҳаси мақсадлари учун табиий газ етказиб берувчи сифатида иштирок этишга;

«Ўзэнергосотиш» АЖга Лойиҳа компанияси томонидан ишлаб чиқариладиган электр энергиясини уч ой мобайнида сотиб олишни қоплаш учун мажбуриятлар бажарилишининг таъминоти сифатида Лойиҳа компанияси фойдасига чет эл банкининг хорижий валютада тасдиқланган ва тикланадиган аккредитивини очишга рухсат берилсин.

6. Сув хўжалиги вазирлиги ва «UzGasTrade» АЖ, «Ўзтрансгаз» АЖ «Ўзэнергосотиш» АЖ билан Электр энергиясини сотиб олиш тўғрисидаги битимда кўзда тутилган ҳажм ва параметрларга мувофиқ, Лойиҳа компанияси эҳтиёжлари учун табиий газ ва техник сув етказиб бериш бўйича шартномалар имзоланишини таъминласин.

Бунда, Сув хўжалиги вазирлиги ва «UzGasTrade» АЖ, «Ўзтрансгаз» АЖнинг шартномалар шартларига мувофиқ табиий газ ва техник сув етказиб бермаслиги натижасида «Ўзэнергосотиш» АЖ томонидан Лойиҳа компаниясига етказилган зарарлар, шу жумладан барча турдаги жарима ва бой берилган фойда суммасини тўлаб бериш мажбурияти юзасидан, агар шартномада бошқа қоидалар назарда тутилмаган бўлса, табиий газ ва техник сув етказиб берувчилар «Ўзэнергосотиш» АЖ олдида қонунчиликка мувофиқ регресс тартибида жавобгар бўлиши белгилаб қўйилсин.

7. Иқтисодиёт ва молия вазирлиги Инвестиция лойиҳаси доирасида барпо этиладиган электр станциясини табиий газ билан ишончли ва узлуксиз таъминлаш мақсадида табиий газ таъминоти инфратузилмасини барпо этиш билан боғлиқ харажатларнинг Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан молиялаштирилишини таъминласин.

8. Лойиҳа компаниясига Инвестиция лойиҳасини молиялаштириш доирасида барча солиқлар ва йиғимлар тўланган ҳолда қуйидаги ҳуқуқлар берилсин:

кредит олиш, чет эл валютасида маблағлар олиш ва улардан фойдаланиш (шу жумладан чет эл валютасида кредит тушумлари) учун чет эл банкларида банк ҳисобварақларини очиш;

Ўзбекистон Республикасидан ташқарида бўлган хорижий пудрат ташкилотлари, етказиб берувчилар ёки хорижий кредиторларга тўловларни Ўзбекистон Республикасидаги банк ҳисобварақлари орқали ўтказмасдан, тўғридан-тўғри амалга ошириш.

9. Инвестиция лойиҳаси доирасида электр станциясини барпо қилиш билан боғлиқ қурилиш ва ер ишларини бажариш, бино ва иншоотларни лойиҳалаштириш нормалари ва қоидалари Электр энергиясини сотиб олиш тўғрисидаги битим қоидаларига мувофиқ халқаро стандартлар билан тартибга солиниши белгилаб қўйилсин.

10. Инвестиция лойиҳасини амалга ошириш учун танлаб олинган Жиззах вилоятининг Шароф Рашидов тумани ҳудудидаги 9,54 гектар ер участкаси Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2023 йил 7 августдаги «Жиззах вилоятида қуввати 450 МВт бўлган буғ-газ электр станциясини қуриш» инвестиция лойиҳасини амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги ПҚ-267-сон қарорига асосан қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ерлар тоифасидан саноат, транспорт, алоқа, мудофаа ва бошқа мақсадларга мўлжалланган ерлар тоифасига ўтказилганлиги маълумот учун қабул қилинсин.

Жиззах вилояти ҳокимлиги бир ой муддатда:

Лойиҳа компанияси билан биргаликда Инвестиция лойиҳаси доирасида буғ-газ электр станцияси ҳамда ҳаво электр узатиш тармоқлари қуриладиган ер участкаларининг аниқ чегарасини аниқласин;

буғ-газ электр станциясини қуриш учун зарур ўлчамдаги ер участкалари жамоат эҳтиёжлари учун олиб қўйилишини таъминласин ҳамда Энергетика вазирлигига доимий фойдаланиш ҳуқуқи билан ажратсин;

ҳаво электр узатиш тармоқлари ўтадиган ер участкаларига, шунингдек, қурилиш даврида вақтинча фойдаланиладиган 2 гектар (9,54 гектардан) ер участкасига Ер кодекси ва Шаҳарсозлик кодекси асосида оммавий сервитут белгиласин.

Энергетика вазирлиги мазкур бандга асосан доимий фойдаланишга берилган ер участкасини буғ-газ электр станциясини қуриш учун Инвестиция лойиҳасини амалга ошириш муддатига тенг даврга Лойиҳа компаниясига ижарага берилишини таъминласин.

Инвестиция лойиҳасини амалга ошириш доирасида:

Лойиҳа компанияси қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ерлардан фойдаланганлик учун қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқариши нобудгарчилиги ўрнини қоплашдан (компенсация тўловидан) озод қилинсин;

Лойиҳа компанияси томонидан ер участкалари учун тўланадиган ижара тўлови миқдори ер солиғи миқдорига тенглаштирилсин.

11. Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазирлиги Инвестиция лойиҳаси доирасида қурилиш ишларининг сифатли бажарилиши устидан белгиланган тартибда назорат ўрнатсин.

12. Инвестиция лойиҳасини амалга ошириш доирасида Лойиҳа компанияси буюртманома (ариза)сига биноан жалб қилинган:

Ташқи ишлар вазирлиги — хорижий мутахассислар учун кириш визалари, зарур ҳолларда, Ислом Каримов номидаги «Тошкент» халқаро аэропортида белгиланган тартибда расмийлаштирилишини;

Ички ишлар вазирлиги — пудрат ташкилотларининг хорижий мутахассислари ҳамда уларнинг оила аъзоларига кўп марталик виза берилишини (муддати узайтирилишини), шунингдек, турган жойи бўйича рўйхатдан ўтказилишини (муддати узайтирилишини);

Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлиги — хорижий мутахассисларга (Ўзбекистон Республикаси фуқаролари орасида бундай мутахассислар бўлмаган тақдирда) Ўзбекистон Республикаси ҳудудида меҳнат фаолиятини амалга ошириш ҳуқуқини берувчи тасдиқномалар берилишини (муддати узайтирилишини) таъминласин.

13. Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги Инвестиция лойиҳаси амалга оширилиши, шунингдек, томонларнинг Инвестиция шартномаси ва Электр энергиясини сотиб олиш тўғрисидаги битим доирасидаги мажбуриятларини бажариши устидан доимий назорат ўрнатсин.

14. Адлия вазирлиги Инвестиция лойиҳасини амалга ошириш доирасида Инвестиция шартномаси ҳамда унинг қоидаларига мувофиқ имзоланган битимлар юзасидан юридик хулосалар берсин.

15. Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги лойиҳа ҳужжатлари белгиланган тартибда экологик экспертизадан ўтказилишини ва Инвестиция лойиҳасини амалга оширишда табиатни муҳофаза қилишга оид қонунчилик ҳужжатларига риоя этилишини таъминласин.

16. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2023 йил 7 августдаги «Жиззах вилоятида қуввати 450 МВт бўлган буғ-газ электр станциясини қуриш» инвестиция лойиҳасини амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги ПҚ-267-сон қарори ўз кучини йўқотган деб ҳисоблансин.

17. Мазкур қарорнинг ижросини самарали ташкил қилишга масъул ва шахсий жавобгар этиб энергетика вазири Ж.Т. Мирзамаҳмудов белгилансин.

Қарор ижроси учун масъул вазирлик ва идоралар фаолиятини мувофиқлаштириш ҳамда назорат қилиш Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А.Н. Арипов зиммасига юклансин.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш. МИРЗИЁЕВ

Тошкент ш.,

2023 йил 8 ноябрь,

ПҚ-361-сон

(Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 09.11.2023 й., 07/23/361/0838-сон; 05.02.2025 й., 07/25/39/0108-сон; 10.06.2026 й., 06/26/109/0580-сон)

lex.uz

Oʻzbekiston Respublikasi Prezidentining

Qarori

“Jizzax viloyatida quvvati 550 MVt boʻlgan bugʻ-gaz elektr stansiyasini qurish” investitsiya loyihasini amalga oshirish chora-tadbirlari toʻgʻrisida

Elektr energetika tarmogʻiga toʻgʻridan-toʻgʻri xorijiy investitsiyalarni jalb etgan holda elektr energiyasini ishlab chiqarish quvvatlarini rivojlantirish hamda iqtisodiyot tarmoqlari va aholini energiya resurslari bilan barqaror va sifatli taʼminlash maqsadida:

1. Quyidagilar:

a) Oʻzbekiston Respublikasi Hukumati nomidan Investitsiyalar, sanoat va savdo vazirligi Turkiya Respublikasining “CENGIZ ENERJI SAN.VE TIC A.Ş.” (keyingi oʻrinlarda — Investor) va “Cenergo” MCHJ (keyingi oʻrinlarda — Loyiha kompaniyasi) bilan “Jizzax viloyatida quvvati 550 MVt boʻlgan bugʻ-gaz elektr stansiyasini qurish” investitsiya loyihasi (keyingi oʻrinlarda — Investitsiya loyihasi) amalga oshirilishi rejalashtirilganligi;

b) Oʻzbekiston Respublikasi Hukumati nomidan Investitsiyalar, sanoat va savdo vazirligi, Investor va Loyiha kompaniyasi oʻrtasida 2023-yil 14-sentabrda Investitsiya shartnomasi imzolanganligi hamda unga muvofiq Investor va Loyiha kompaniyasi:

Jizzax viloyatida quvvati 550 MVt boʻlgan bugʻ-gaz elektr stansiyasini loyihalashtirishi, moliyalashtirishi, qurishi hamda ekspluatatsiya qilishi;

yuzaga kelishi mumkin boʻlgan xavf-xatarlarni oʻz zimmasiga olgan holda, dastlabki baholash boʻyicha jami 500 mln AQSH dollari miqdorida toʻgʻridan-toʻgʻri xorijiy investitsiyalarni jalb etishi;

v) 2023-yil 14-sentabrda “Oʻzbekiston milliy elektr tarmoqlari” AJ va Loyiha kompaniyasi oʻrtasida Elektr energiyasini sotib olish toʻgʻrisidagi bitim hamda 2024-yil 18-sentabrda “Oʻzbekiston milliy elektr tarmoqlari” AJning ushbu bitimda belgilangan huquq va majburiyatlarini “Oʻzenergosotish” AJga oʻtkazish orqali qayta rasmiylashtirish haqidagi qoʻshimcha bitim (keyingi oʻrinlarda — Elektr energiyasini sotib olish toʻgʻrisidagi bitim) imzolanganligi va shunga muvofiq:

Loyiha kompaniyasi qurilish davridagi oʻz majburiyatlari lozim darajada bajarilishining taʼminoti sifatida 2,0 mln AQSH dollari miqdorida birinchi darajali xorijiy bank kafolatini taqdim etishi;

Loyiha kompaniyasi ishlab chiqarilgan elektr energiyasini “Oʻzenergosotish” AJga kafolatlangan tarzda sotish majburiyatini olishi;

“Oʻzenergosotish” AJ 25 yil davomida elektr energiyasini kafolatlangan tarzda xarid qilish majburiyatini olishi va elektr energiyasi uchun toʻlovni milliy valyutada amalga oshirishi maʼlumot uchun qabul qilinsin.

2. Investitsiya loyihasini amalga oshirish doirasida:

Oʻzbekiston Respublikasi Hukumati nomidan Investitsiyalar, sanoat va savdo vazirligi, Loyiha kompaniyasi hamda Investor oʻrtasida imzolangan Investitsiya shartnomasi tasdiqlansin;

Elektr energiyasini sotib olish toʻgʻrisidagi bitim maʼqullansin.

3. Investitsiya shartnomasi va Elektr energiyasini sotib olish toʻgʻrisidagi bitimga muvofiq ularning amal qilish muddati davomida elektr energiyasini sotib olish uchun toʻlovlar chet el valyutasida denominatsiyalangan va milliy valyutada toʻlanadigan qatʼiy tarif boʻyicha amalga oshirilishi belgilab qoʻyilsin.

4. Investitsiyalar, sanoat va savdo vazirligi, Energetika vazirligi hamda “Oʻzenergosotish” AJga Loyiha kompaniyasi tomonidan Investitsiya loyihasini amalga oshirish doirasida imzolangan bitimlar boʻyicha majburiyatlar bajarilmagan taqdirda, Loyiha kompaniyasi va Investor huquqini Investitsiya loyihasini moliyalashtirishda ishtirok etadigan boshqa kreditorlarga toʻgʻridan-toʻgʻri oʻtkazish yuzasidan bitimlar tuzish huquqi berilsin.

5. Quyidagilarga:

“Oʻzbekiston milliy elektr tarmoqlari” AJ va “Oʻzenergosotish” AJga Loyiha kompaniyasi bilan birgalikda Elektr energiyasini sotib olish toʻgʻrisidagi bitimda belgilangan tartib-taomillarga muvofiq Investitsiya loyihasini amalga oshirish uchun xalqaro mustaqil injiniring kompaniyasini va boshqa maslahatchilarni majburiy ekspertiza oʻtkazmagan holda tanlab olishga va shartnomalar tuzishga;

“Oʻzenergosotish” AJga Investitsiya loyihasi maqsadlari uchun tabiiy gaz yetkazib beruvchi sifatida ishtirok etishga;

“Oʻzenergosotish” AJga Loyiha kompaniyasi tomonidan ishlab chiqariladigan elektr energiyasini uch oy mobaynida sotib olishni qoplash uchun majburiyatlar bajarilishining taʼminoti sifatida Loyiha kompaniyasi foydasiga chet el bankining xorijiy valyutada tasdiqlangan va tiklanadigan akkreditivini ochishga ruxsat berilsin.

6. Suv xoʻjaligi vazirligi va “UzGasTrade” AJ, “Oʻztransgaz” AJ “Oʻzenergosotish” AJ bilan Elektr energiyasini sotib olish toʻgʻrisidagi bitimda koʻzda tutilgan hajm va parametrlarga muvofiq, Loyiha kompaniyasi ehtiyojlari uchun tabiiy gaz va texnik suv yetkazib berish boʻyicha shartnomalar imzolanishini taʼminlasin.

Bunda, Suv xoʻjaligi vazirligi va “UzGasTrade” AJ, “Oʻztransgaz” AJning shartnomalar shartlariga muvofiq tabiiy gaz va texnik suv yetkazib bermasligi natijasida “Oʻzenergosotish” AJ tomonidan Loyiha kompaniyasiga yetkazilgan zararlar, shu jumladan barcha turdagi jarima va boy berilgan foyda summasini toʻlab berish majburiyati yuzasidan, agar shartnomada boshqa qoidalar nazarda tutilmagan boʻlsa, tabiiy gaz va texnik suv yetkazib beruvchilar “Oʻzenergosotish” AJ oldida qonunchilikka muvofiq regress tartibida javobgar boʻlishi belgilab qoʻyilsin.

7. Iqtisodiyot va moliya vazirligi Investitsiya loyihasi doirasida barpo etiladigan elektr stansiyasini tabiiy gaz bilan ishonchli va uzluksiz taʼminlash maqsadida tabiiy gaz taʼminoti infratuzilmasini barpo etish bilan bogʻliq xarajatlarning Davlat budjeti mablagʻlari hisobidan moliyalashtirilishini taʼminlasin.

8. Loyiha kompaniyasiga Investitsiya loyihasini moliyalashtirish doirasida barcha soliqlar va yigʻimlar toʻlangan holda quyidagi huquqlar berilsin:

kredit olish, chet el valyutasida mablagʻlar olish va ulardan foydalanish (shu jumladan chet el valyutasida kredit tushumlari) uchun chet el banklarida bank hisobvaraqlarini ochish;

Oʻzbekiston Respublikasidan tashqarida boʻlgan xorijiy pudrat tashkilotlari, yetkazib beruvchilar yoki xorijiy kreditorlarga toʻlovlarni Oʻzbekiston Respublikasidagi bank hisobvaraqlari orqali oʻtkazmasdan, toʻgʻridan-toʻgʻri amalga oshirish.

9. Investitsiya loyihasi doirasida elektr stansiyasini barpo qilish bilan bogʻliq qurilish va yer ishlarini bajarish, bino va inshootlarni loyihalashtirish normalari va qoidalari Elektr energiyasini sotib olish toʻgʻrisidagi bitim qoidalariga muvofiq xalqaro standartlar bilan tartibga solinishi belgilab qoʻyilsin.

10. Investitsiya loyihasini amalga oshirish uchun tanlab olingan Jizzax viloyatining Sharof Rashidov tumani hududidagi 9,54 gektar yer uchastkasi Oʻzbekiston Respublikasi Prezidentining 2023-yil 7-avgustdagi “Jizzax viloyatida quvvati 450 MVt boʻlgan bugʻ-gaz elektr stansiyasini qurish” investitsiya loyihasini amalga oshirish chora-tadbirlari toʻgʻrisida”gi PQ-267-son qaroriga asosan qishloq xoʻjaligiga moʻljallangan yerlar toifasidan sanoat, transport, aloqa, mudofaa va boshqa maqsadlarga moʻljallangan yerlar toifasiga oʻtkazilganligi maʼlumot uchun qabul qilinsin.

Jizzax viloyati hokimligi bir oy muddatda:

Loyiha kompaniyasi bilan birgalikda Investitsiya loyihasi doirasida bugʻ-gaz elektr stansiyasi hamda havo elektr uzatish tarmoqlari quriladigan yer uchastkalarining aniq chegarasini aniqlasin;

bugʻ-gaz elektr stansiyasini qurish uchun zarur oʻlchamdagi yer uchastkalari jamoat ehtiyojlari uchun olib qoʻyilishini taʼminlasin hamda Energetika vazirligiga doimiy foydalanish huquqi bilan ajratsin;

havo elektr uzatish tarmoqlari oʻtadigan yer uchastkalariga, shuningdek, qurilish davrida vaqtincha foydalaniladigan 2 gektar (9,54 gektardan) yer uchastkasiga Yer kodeksi va Shaharsozlik kodeksi asosida ommaviy servitut belgilasin.

Energetika vazirligi mazkur bandga asosan doimiy foydalanishga berilgan yer uchastkasini bugʻ-gaz elektr stansiyasini qurish uchun Investitsiya loyihasini amalga oshirish muddatiga teng davrga Loyiha kompaniyasiga ijaraga berilishini taʼminlasin.

Investitsiya loyihasini amalga oshirish doirasida:

Loyiha kompaniyasi qishloq xoʻjaligiga moʻljallangan yerlardan foydalanganlik uchun qishloq xoʻjaligi ishlab chiqarishi nobudgarchiligi oʻrnini qoplashdan (kompensatsiya toʻlovidan) ozod qilinsin;

Loyiha kompaniyasi tomonidan yer uchastkalari uchun toʻlanadigan ijara toʻlovi miqdori yer soligʻi miqdoriga tenglashtirilsin.

11. Qurilish va uy-joy kommunal xoʻjaligi vazirligi Investitsiya loyihasi doirasida qurilish ishlarining sifatli bajarilishi ustidan belgilangan tartibda nazorat oʻrnatsin.

12. Investitsiya loyihasini amalga oshirish doirasida Loyiha kompaniyasi buyurtmanoma (ariza)siga binoan jalb qilingan:

Tashqi ishlar vazirligi — xorijiy mutaxassislar uchun kirish vizalari, zarur hollarda, Islom Karimov nomidagi “Toshkent” xalqaro aeroportida belgilangan tartibda rasmiylashtirilishini;

Ichki ishlar vazirligi — pudrat tashkilotlarining xorijiy mutaxassislari hamda ularning oila aʼzolariga koʻp martalik viza berilishini (muddati uzaytirilishini), shuningdek, turgan joyi boʻyicha roʻyxatdan oʻtkazilishini (muddati uzaytirilishini);

Kambagʻallikni qisqartirish va bandlik vazirligi — xorijiy mutaxassislarga (Oʻzbekiston Respublikasi fuqarolari orasida bunday mutaxassislar boʻlmagan taqdirda) Oʻzbekiston Respublikasi hududida mehnat faoliyatini amalga oshirish huquqini beruvchi tasdiqnomalar berilishini (muddati uzaytirilishini) taʼminlasin.

13. Investitsiyalar, sanoat va savdo vazirligi Investitsiya loyihasi amalga oshirilishi, shuningdek, tomonlarning Investitsiya shartnomasi va Elektr energiyasini sotib olish toʻgʻrisidagi bitim doirasidagi majburiyatlarini bajarishi ustidan doimiy nazorat oʻrnatsin.

14. Adliya vazirligi Investitsiya loyihasini amalga oshirish doirasida Investitsiya shartnomasi hamda uning qoidalariga muvofiq imzolangan bitimlar yuzasidan yuridik xulosalar bersin.

15. Ekologiya, atrof-muhitni muhofaza qilish va iqlim oʻzgarishi vazirligi loyiha hujjatlari belgilangan tartibda ekologik ekspertizadan oʻtkazilishini va Investitsiya loyihasini amalga oshirishda tabiatni muhofaza qilishga oid qonunchilik hujjatlariga rioya etilishini taʼminlasin.

16. Oʻzbekiston Respublikasi Prezidentining 2023-yil 7-avgustdagi “Jizzax viloyatida quvvati 450 MVt boʻlgan bugʻ-gaz elektr stansiyasini qurish” investitsiya loyihasini amalga oshirish chora-tadbirlari toʻgʻrisida”gi PQ-267-son qarori oʻz kuchini yoʻqotgan deb hisoblansin.

17. Mazkur qarorning ijrosini samarali tashkil qilishga masʼul va shaxsiy javobgar etib energetika vaziri J.T. Mirzamahmudov belgilansin.

Qaror ijrosi uchun masʼul vazirlik va idoralar faoliyatini muvofiqlashtirish hamda nazorat qilish Oʻzbekiston Respublikasining Bosh vaziri A.N. Aripov zimmasiga yuklansin.

Oʻzbekiston Respublikasi Prezidenti Sh. MIRZIYOYEV

Toshkent sh.,

2023-yil 8-noyabr,

PQ-361-son

(Qonunchilik maʼlumotlari milliy bazasi, 09.11.2023-y., 07/23/361/0838-son; 05.02.2025-y., 07/25/39/0108-son; 10.06.2026-y., 06/26/109/0580-son)

lex.uz