📅 2023-yil 14-noyabr · Vazirlik va idoralar hujjatlari · Adliya vaziri
Rasmiy matn. Rasmiy hujjat. Tahririy izohlar kiritilmagan.
📅 2023-yil 14-noyabr · Vazirlik va idoralar hujjatlari · Adliya vaziri
Rasmiy matn. Rasmiy hujjat. Tahririy izohlar kiritilmagan.
📅 2023 йил 14 ноябрь · Вазирлик ва идоралар ҳужжатлари · Адлия вазири
Расмий матн. Расмий ҳужжат. Таҳририй изоҳлар киритилмаган.
📅 14 ноября 2023 г. · Документы министерств и ведомств · Министр юстиции
Официальный текст. Официальный документ. Редакционные примечания не включены.
📅 14 November 2023 · Ministry and agency documents · Adliya vaziri
Official text. Official document. Editorial notes are not included.
Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирининг
буйруғи
НАМУНАВИЙ ТАРТИБИ
Шахсга доир маълумотлар базасининг мулкдори ва (ёки) операторининг шахсга доир маълумотларга ишлов берилишини ҳамда уларнинг ҳимоя қилинишини таъминловчи тузилмавий бўлинмаси ёки ваколатли шахси фаолиятини ташкил этишнинг намунавий тартибини тасдиқлаш ҳақида
Ўзбекистон Республикасининг «Шахсга доир маълумотлар тўғрисида»ги Қонунига мувофиқ буюраман:
1. Шахсга доир маълумотлар базасининг мулкдори ва (ёки) операторининг шахсга доир маълумотларга ишлов берилишини ҳамда уларнинг ҳимоя қилинишини таъминловчи тузилмавий бўлинмаси ёки ваколатли шахси фаолиятини ташкил этишнинг намунавий тартиби иловага мувофиқ тасдиқлансин.
2. Мазкур буйруқ расмий эълон қилинган кундан эътиборан кучга киради.
Ўзбекистон Республикаси адлия вазирининг 2023 йил 14 ноябрдаги 19-мҳ-сон буйруғига ИЛОВА
Шахсга доир маълумотлар базасининг мулкдори ва (ёки) операторининг шахсга доир маълумотларга ишлов берилишини ҳамда уларнинг ҳимоя қилинишини таъминловчи тузилмавий бўлинмаси ёки ваколатли шахси фаолиятини ташкил этишнинг
Ушбу Намунавий тартиб шахсга доир маълумотлар базасининг мулкдори ва (ёки) операторининг шахсга доир маълумотларга ишлов берилишини ҳамда уларнинг ҳимоя қилинишини таъминловчи тузилмавий бўлинмаси (бундан буён матнда бўлинма деб юритилади) ёки ваколатли шахси фаолиятини ташкил этиш тартибини белгилайди.
1-боб. Умумий қоидалар
1. Мазкур Намунавий тартибда қуйидаги асосий тушунчалар қўлланилади:
шахсга доир маълумотлар — муайян жисмоний шахсга тааллуқли бўлган ёки уни идентификация қилиш имконини берадиган, электрон тарзда, қоғозда ва (ёки) бошқа моддий жисмда қайд этилган ахборот;
шахсга доир маълумотлар субъекти (субъект) — шахсга доир маълумотлар ўзига тааллуқли бўлган жисмоний шахс;
шахсга доир маълумотлар базаси — таркибида шахсга доир маълумотлар мавжуд бўлган ахборот тизими тарзидаги маълумотлар базаси;
шахсга доир маълумотларга ишлов бериш — шахсга доир маълумотларни йиғиш, тизимлаштириш, сақлаш, ўзгартириш, тўлдириш, улардан фойдаланиш, уларни бериш, тарқатиш, узатиш, эгасизлантириш ва йўқ қилиш бўйича бир ҳаракатни ёки ҳаракатлар мажмуини амалга ошириш;
шахсга доир маълумотлар базасининг оператори (оператор) — шахсга доир маълумотларга ишлов беришни амалга оширувчи давлат органи, жисмоний ва (ёки) юридик шахс;
шахсга доир маълумотлар базасининг мулкдори (мулкдор) — шахсга доир маълумотлар базасига эгалик қилиш, ундан фойдаланиш ва уни тасарруф этиш ҳуқуқига эга бўлган давлат органи, жисмоний ва (ёки) юридик шахс;
ваколатли шахс — мулкдор ва (ёки) оператор томонидан тайинланган, шахсга доир маълумотларга ишлов берилишини ҳамда уларнинг ҳимоя қилинишини таъминловчи масъул шахс;
бўлинма — мулкдор ва (ёки) оператор томонидан тайинланган, шахсга доир маълумотларга ишлов берилишини ҳамда уларнинг ҳимоя қилинишини таъминлаш учун ташкил этиладиган икки ва ундан ортиқ масъул шахслардан иборат бўлинма;
шахсга доир маълумотларнинг махфийлиги — шахсга доир маълумотлар субъектининг розилигисиз ёки бошқа қонуний асос мавжуд бўлмагани ҳолда шахсга доир маълумотларни ошкор этиш ва тарқатишга йўл қўйилмаслиги бўйича риоя этилиши мажбурий бўлган талаб;
шахсга доир маълумотларни блоклаш (чеклаш) — шахсга доир маълумотларга ишлов беришни вақтинча тўхтатиш (шахсга доир маълумотларни аниқлаштириш учун ишлов бериш зарур бўлган ҳоллар бундан мустасно).
2-боб. Бўлинма ёки ваколатли шахс фаолиятини ташкил этиш
2. Шахсга доир маълумотларга ишлов берилиши ва уларнинг ҳимоя қилинишини таъминлаш учун вазифалар ҳажми, маълумотлар базаларининг сони ҳамда уларнинг автоматлаштирилганлик даражасидан келиб чиқиб, мулкдор ва (ёки) оператор томонидан бўлинма ташкил этилади ёки ваколатли шахс тайинланади.
3. Бўлинма ёки ваколатли шахс фақат мулкдор ва (ёки) операторнинг қонуний топшириқларини бажаради ҳамда бевосита мулкдор ва (ёки) оператор раҳбари олдида жавобгар ҳисобланади.
4. Бўлинма ёки ваколатли шахс ўз фаолиятини Ўзбекистон Республикасининг «Шахсга доир маълумотлар тўғрисида»ги Қонуни , шахсга доир маълумотлар соҳасидаги бошқа қонунчилик ҳужжатлари, ушбу Намунавий тартиб талабларига ҳамда мулкдор ва (ёки) оператор томонидан тасдиқланган ички тартиб қоидаларга мувофиқ амалга оширади.
5. Бўлинма раҳбари ва ходимлари ёки ваколатли шахс бошқа ишга ўтказилганда (бўлинма тугатилганда) ёки улар билан тузилган меҳнат шартномаси бекор қилинганда, уларнинг маълумотлар базасига кириш ҳуқуқи мулкдор ва (ёки) оператор томонидан охирги иш кунидан кечиктирмасдан бекор қилиниши шарт.
3-боб. Бўлинма ёки ваколатли шахснинг вазифалари, ҳуқуқ ва мажбуриятлари
6. Қуйидагилар бўлинма ёки ваколатли шахснинг асосий вазифалари ҳисобланади:
шахсга доир маълумотларга ишлов беришда уларнинг ҳимоя қилинишини, яхлитлигини ва бут сақланишини ҳамда махфийлигига риоя этилишини таъминлаш;
шахсга доир маълумотларга қонунга хилоф равишда ишлов берилишининг олдини олиш, қонунчиликда белгиланган талаблар бузилганлиги аниқланган ҳолларда мулкдор ва (ёки) оператор билан келишган ҳолда шахсга доир маълумотларни блоклаш (чеклаш);
мулкдор ва (ёки) операторнинг шахсга доир маълумотлар базаси хавфсизлигини таъминлаш бўйича ахборот хавфсизлиги сиёсатини ташкил этиш ва мувофиқлаштириш;
шахсга доир маълумотлар билан ишловчи ходимлар учун семинар-тренинглар ташкил этиш;
мулкдор ва (ёки) операторнинг шахсга доир маълумотлар базаси хавфсизлигини таъминлашда уларга таҳдид соладиган сабабларни ўрганиш ҳамда мавжуд камчиликларни бартараф этиш ва уларнинг олдини олиш бўйича таклиф ва тавсиялар ишлаб чиқиш.
Бўлинма ёки ваколатли шахс қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ бошқа вазифаларни ҳам амалга ошириши мумкин. Бунда, мулкдор ва (ёки) оператор бўлинма ёки ваколатли шахс томонидан бажариладиган ҳар қандай вазифаларнинг манфаатлар тўқнашувига олиб келмаслигини таъминлаши керак.
7. Бўлинма ёки ваколатли шахс қуйидаги ҳуқуқларга эга:
шахсга доир маълумотлар базасида аниқланган камчиликлар бартараф этилгунга қадар мулкдор ва (ёки) операторнинг рухсати билан шахсга доир маълумотлар базалари ишини вақтинча тўхтатиш;
шахсга доир маълумотлар билан ишлаш жараёнида келиб чиқадиган ҳар қандай муаммо ва (ёки) тушунмовчиликлар юзасидан Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги ҳузуридаги Персоналлаштириш агентлигидан тегишли тавсияларни олиш учун ушбу Агентликка мурожаат қилиш;
ўз вазифаларини амалга ошириш учун мулкдор ва (ёки) операторда мавжуд шахсга доир маълумотлар базасига чекловларсиз кириш;
шахсга доир маълумотларга ишлов бериш мақсадлари ҳақида мулкдор ва (ёки) оператордан маълумот олиш.
Бўлинма ёки ваколатли шахс қонунчилик ҳужжатлари ва (ёки) мулкдор ёки оператор томонидан тасдиқланган ички тартиб қоидаларига мувофиқ бошқа ҳуқуқларга ҳам эга бўлиши мумкин.
8. Бўлинма ёки ваколатли шахснинг мажбуриятлари қуйидагилардан иборат:
мулкдор ва (ёки) операторнинг ходимлари томонидан шахсга доир маълумотлар тўғрисидаги қонунчилик ҳужжатларига риоя этилиши устидан ички назоратни амалга ошириш;
шахсга доир маълумотлар базаси ва мазкур базада ишловчи ходимларнинг фаолиятини даврий текширувлардан ўтказиш ва шахсга доир маълумотларга ишлов бериш ҳолати ва амалиётини яхшилаш;
шахсга доир маълумотларни сақлаш муддати тугаганида ёки уларни йиғиш ва уларга ишлов бериш мақсадига эришилгандан сўнг шахсга доир маълумотларнинг йўқ қилинишини ташкил этиш;
шахсга доир маълумотларни ҳимоя қилиш бўйича ҳуқуқий, ташкилий ва техник чораларни кўриш;
шахсга доир маълумотлар базаларида ишлаш ҳуқуқи берилган ходимлар рўйхатини шакллантириш, шахсга доир маълумотлар базаларидан фойдаланган мулкдор ва (ёки) оператор ходимининг логини, фойдаланиш вақти, ресурс номи ва бошқа маълумотлар акс эттирилган электрон қайдларни юритиш ва таҳлил қилиб бориш;
шахсга доир маълумотларга рухсатсиз кириш натижасида ўзгартирилган ёки йўқ қилинган шахсга доир маълумотларни қайта тиклаш имкониятини таъминлаш;
шахсга доир маълумотлар базасидаги маълумотларни сақлаш, ўзгартириш, тўлдириш, улардан фойдаланиш, уларни бериш, тарқатиш, узатиш, эгасизлантириш ва йўқ қилиш, блоклаш (чеклаш), рухсатсиз фойдаланишга уринишларни аниқлаш, таҳлил қилиш ҳамда уларни тезкорлик билан бартараф этиш чораларини кўриш;
заруратга кўра, шахсга доир маълумотлар сақланадиган сервер қурилмаларидаги электрон (рақамли) маълумотларни бошқа ҳудудда нусхасининг (репликация) реал вақт режимида сақланишини таъминлаш бўйича ишларни ташкиллаштириш;
меҳнат фаолияти давомида ва ундан кейинги даврда шахсга доир маълумотларнинг махфийлигини таъминлаш.
Бўлинма ёки ваколатли шахс қонунчилик ҳужжатлари ва (ёки) мулкдор ёки оператор томонидан тасдиқланган ички тартиб қоидаларига мувофиқ бошқа мажбуриятларни ҳам амалга ошириши мумкин.
4-боб. Якунловчи қоида
9. Мазкур Намунавий тартиб талабларининг бузилишида айбдор бўлган шахслар қонунчиликда белгиланган тартибда жавобгар бўлади.
Вазир А. ТАШКУЛОВ
Тошкент ш.,
2023 йил 14 ноябрь,
19-мҳ-сон
Oʻzbekiston Respublikasi Adliya vazirining
buyrugʻi
NAMUNAVIY TARTIBI
Shaxsga doir maʼlumotlar bazasining mulkdori va (yoki) operatorining shaxsga doir maʼlumotlarga ishlov berilishini hamda ularning himoya qilinishini taʼminlovchi tuzilmaviy boʻlinmasi yoki vakolatli shaxsi faoliyatini tashkil etishning namunaviy tartibini tasdiqlash haqida
Oʻzbekiston Respublikasining “Shaxsga doir maʼlumotlar toʻgʻrisida”gi Qonuniga muvofiq buyuraman:
1. Shaxsga doir maʼlumotlar bazasining mulkdori va (yoki) operatorining shaxsga doir maʼlumotlarga ishlov berilishini hamda ularning himoya qilinishini taʼminlovchi tuzilmaviy boʻlinmasi yoki vakolatli shaxsi faoliyatini tashkil etishning namunaviy tartibi ilovaga muvofiq tasdiqlansin.
2. Mazkur buyruq rasmiy eʼlon qilingan kundan eʼtiboran kuchga kiradi.
Oʻzbekiston Respublikasi adliya vazirining 2023-yil 14-noyabrdagi 19-mh-son buyrugʻiga ILOVA
Shaxsga doir maʼlumotlar bazasining mulkdori va (yoki) operatorining shaxsga doir maʼlumotlarga ishlov berilishini hamda ularning himoya qilinishini taʼminlovchi tuzilmaviy boʻlinmasi yoki vakolatli shaxsi faoliyatini tashkil etishning
Ushbu Namunaviy tartib shaxsga doir maʼlumotlar bazasining mulkdori va (yoki) operatorining shaxsga doir maʼlumotlarga ishlov berilishini hamda ularning himoya qilinishini taʼminlovchi tuzilmaviy boʻlinmasi (bundan buyon matnda boʻlinma deb yuritiladi) yoki vakolatli shaxsi faoliyatini tashkil etish tartibini belgilaydi.
1-bob. Umumiy qoidalar
1. Mazkur Namunaviy tartibda quyidagi asosiy tushunchalar qoʻllaniladi:
shaxsga doir maʼlumotlar — muayyan jismoniy shaxsga taalluqli boʻlgan yoki uni identifikatsiya qilish imkonini beradigan, elektron tarzda, qogʻozda va (yoki) boshqa moddiy jismda qayd etilgan axborot;
shaxsga doir maʼlumotlar subyekti (subyekt) — shaxsga doir maʼlumotlar oʻziga taalluqli boʻlgan jismoniy shaxs;
shaxsga doir maʼlumotlar bazasi — tarkibida shaxsga doir maʼlumotlar mavjud boʻlgan axborot tizimi tarzidagi maʼlumotlar bazasi;
shaxsga doir maʼlumotlarga ishlov berish — shaxsga doir maʼlumotlarni yigʻish, tizimlashtirish, saqlash, oʻzgartirish, toʻldirish, ulardan foydalanish, ularni berish, tarqatish, uzatish, egasizlantirish va yoʻq qilish boʻyicha bir harakatni yoki harakatlar majmuini amalga oshirish;
shaxsga doir maʼlumotlar bazasining operatori (operator) — shaxsga doir maʼlumotlarga ishlov berishni amalga oshiruvchi davlat organi, jismoniy va (yoki) yuridik shaxs;
shaxsga doir maʼlumotlar bazasining mulkdori (mulkdor) — shaxsga doir maʼlumotlar bazasiga egalik qilish, undan foydalanish va uni tasarruf etish huquqiga ega boʻlgan davlat organi, jismoniy va (yoki) yuridik shaxs;
vakolatli shaxs — mulkdor va (yoki) operator tomonidan tayinlangan, shaxsga doir maʼlumotlarga ishlov berilishini hamda ularning himoya qilinishini taʼminlovchi masʼul shaxs;
boʻlinma — mulkdor va (yoki) operator tomonidan tayinlangan, shaxsga doir maʼlumotlarga ishlov berilishini hamda ularning himoya qilinishini taʼminlash uchun tashkil etiladigan ikki va undan ortiq masʼul shaxslardan iborat boʻlinma;
shaxsga doir maʼlumotlarning maxfiyligi — shaxsga doir maʼlumotlar subyektining roziligisiz yoki boshqa qonuniy asos mavjud boʻlmagani holda shaxsga doir maʼlumotlarni oshkor etish va tarqatishga yoʻl qoʻyilmasligi boʻyicha rioya etilishi majburiy boʻlgan talab;
shaxsga doir maʼlumotlarni bloklash (cheklash) — shaxsga doir maʼlumotlarga ishlov berishni vaqtincha toʻxtatish (shaxsga doir maʼlumotlarni aniqlashtirish uchun ishlov berish zarur boʻlgan hollar bundan mustasno).
2-bob. Boʻlinma yoki vakolatli shaxs faoliyatini tashkil etish
2. Shaxsga doir maʼlumotlarga ishlov berilishi va ularning himoya qilinishini taʼminlash uchun vazifalar hajmi, maʼlumotlar bazalarining soni hamda ularning avtomatlashtirilganlik darajasidan kelib chiqib, mulkdor va (yoki) operator tomonidan boʻlinma tashkil etiladi yoki vakolatli shaxs tayinlanadi.
3. Boʻlinma yoki vakolatli shaxs faqat mulkdor va (yoki) operatorning qonuniy topshiriqlarini bajaradi hamda bevosita mulkdor va (yoki) operator rahbari oldida javobgar hisoblanadi.
4. Boʻlinma yoki vakolatli shaxs oʻz faoliyatini Oʻzbekiston Respublikasining “Shaxsga doir maʼlumotlar toʻgʻrisida”gi Qonuni , shaxsga doir maʼlumotlar sohasidagi boshqa qonunchilik hujjatlari, ushbu Namunaviy tartib talablariga hamda mulkdor va (yoki) operator tomonidan tasdiqlangan ichki tartib qoidalarga muvofiq amalga oshiradi.
5. Boʻlinma rahbari va xodimlari yoki vakolatli shaxs boshqa ishga oʻtkazilganda (boʻlinma tugatilganda) yoki ular bilan tuzilgan mehnat shartnomasi bekor qilinganda, ularning maʼlumotlar bazasiga kirish huquqi mulkdor va (yoki) operator tomonidan oxirgi ish kunidan kechiktirmasdan bekor qilinishi shart.
3-bob. Boʻlinma yoki vakolatli shaxsning vazifalari, huquq va majburiyatlari
6. Quyidagilar boʻlinma yoki vakolatli shaxsning asosiy vazifalari hisoblanadi:
shaxsga doir maʼlumotlarga ishlov berishda ularning himoya qilinishini, yaxlitligini va but saqlanishini hamda maxfiyligiga rioya etilishini taʼminlash;
shaxsga doir maʼlumotlarga qonunga xilof ravishda ishlov berilishining oldini olish, qonunchilikda belgilangan talablar buzilganligi aniqlangan hollarda mulkdor va (yoki) operator bilan kelishgan holda shaxsga doir maʼlumotlarni bloklash (cheklash);
mulkdor va (yoki) operatorning shaxsga doir maʼlumotlar bazasi xavfsizligini taʼminlash boʻyicha axborot xavfsizligi siyosatini tashkil etish va muvofiqlashtirish;
shaxsga doir maʼlumotlar bilan ishlovchi xodimlar uchun seminar-treninglar tashkil etish;
mulkdor va (yoki) operatorning shaxsga doir maʼlumotlar bazasi xavfsizligini taʼminlashda ularga tahdid soladigan sabablarni oʻrganish hamda mavjud kamchiliklarni bartaraf etish va ularning oldini olish boʻyicha taklif va tavsiyalar ishlab chiqish.
Boʻlinma yoki vakolatli shaxs qonunchilik hujjatlariga muvofiq boshqa vazifalarni ham amalga oshirishi mumkin. Bunda, mulkdor va (yoki) operator boʻlinma yoki vakolatli shaxs tomonidan bajariladigan har qanday vazifalarning manfaatlar toʻqnashuviga olib kelmasligini taʼminlashi kerak.
7. Boʻlinma yoki vakolatli shaxs quyidagi huquqlarga ega:
shaxsga doir maʼlumotlar bazasida aniqlangan kamchiliklar bartaraf etilgunga qadar mulkdor va (yoki) operatorning ruxsati bilan shaxsga doir maʼlumotlar bazalari ishini vaqtincha toʻxtatish;
shaxsga doir maʼlumotlar bilan ishlash jarayonida kelib chiqadigan har qanday muammo va (yoki) tushunmovchiliklar yuzasidan Oʻzbekiston Respublikasi Adliya vazirligi huzuridagi Personallashtirish agentligidan tegishli tavsiyalarni olish uchun ushbu Agentlikka murojaat qilish;
oʻz vazifalarini amalga oshirish uchun mulkdor va (yoki) operatorda mavjud shaxsga doir maʼlumotlar bazasiga cheklovlarsiz kirish;
shaxsga doir maʼlumotlarga ishlov berish maqsadlari haqida mulkdor va (yoki) operatordan maʼlumot olish.
Boʻlinma yoki vakolatli shaxs qonunchilik hujjatlari va (yoki) mulkdor yoki operator tomonidan tasdiqlangan ichki tartib qoidalariga muvofiq boshqa huquqlarga ham ega boʻlishi mumkin.
8. Boʻlinma yoki vakolatli shaxsning majburiyatlari quyidagilardan iborat:
mulkdor va (yoki) operatorning xodimlari tomonidan shaxsga doir maʼlumotlar toʻgʻrisidagi qonunchilik hujjatlariga rioya etilishi ustidan ichki nazoratni amalga oshirish;
shaxsga doir maʼlumotlar bazasi va mazkur bazada ishlovchi xodimlarning faoliyatini davriy tekshiruvlardan oʻtkazish va shaxsga doir maʼlumotlarga ishlov berish holati va amaliyotini yaxshilash;
shaxsga doir maʼlumotlarni saqlash muddati tugaganida yoki ularni yigʻish va ularga ishlov berish maqsadiga erishilgandan soʻng shaxsga doir maʼlumotlarning yoʻq qilinishini tashkil etish;
shaxsga doir maʼlumotlarni himoya qilish boʻyicha huquqiy, tashkiliy va texnik choralarni koʻrish;
shaxsga doir maʼlumotlar bazalarida ishlash huquqi berilgan xodimlar roʻyxatini shakllantirish, shaxsga doir maʼlumotlar bazalaridan foydalangan mulkdor va (yoki) operator xodimining logini, foydalanish vaqti, resurs nomi va boshqa maʼlumotlar aks ettirilgan elektron qaydlarni yuritish va tahlil qilib borish;
shaxsga doir maʼlumotlarga ruxsatsiz kirish natijasida oʻzgartirilgan yoki yoʻq qilingan shaxsga doir maʼlumotlarni qayta tiklash imkoniyatini taʼminlash;
shaxsga doir maʼlumotlar bazasidagi maʼlumotlarni saqlash, oʻzgartirish, toʻldirish, ulardan foydalanish, ularni berish, tarqatish, uzatish, egasizlantirish va yoʻq qilish, bloklash (cheklash), ruxsatsiz foydalanishga urinishlarni aniqlash, tahlil qilish hamda ularni tezkorlik bilan bartaraf etish choralarini koʻrish;
zaruratga koʻra, shaxsga doir maʼlumotlar saqlanadigan server qurilmalaridagi elektron (raqamli) maʼlumotlarni boshqa hududda nusxasining (replikatsiya) real vaqt rejimida saqlanishini taʼminlash boʻyicha ishlarni tashkillashtirish;
mehnat faoliyati davomida va undan keyingi davrda shaxsga doir maʼlumotlarning maxfiyligini taʼminlash.
Boʻlinma yoki vakolatli shaxs qonunchilik hujjatlari va (yoki) mulkdor yoki operator tomonidan tasdiqlangan ichki tartib qoidalariga muvofiq boshqa majburiyatlarni ham amalga oshirishi mumkin.
4-bob. Yakunlovchi qoida
9. Mazkur Namunaviy tartib talablarining buzilishida aybdor boʻlgan shaxslar qonunchilikda belgilangan tartibda javobgar boʻladi.
Vazir A. TAShKULOV
Toshkent sh.,
2023-yil 14-noyabr,
19-mh-son