UzbekAI

← Qonunlar

📅 2023-yil 20-noyabr · Vazirlar Mahkamasi qarorlari

Rasmiy matn. Rasmiy hujjat. Tahririy izohlar kiritilmagan.

Yordam | Arxiv | Atamalar | Statistika | API | Havola yuborish | Sayt haqida | Shartlar

← Қонунлар

📅 2023 йил 20 ноябрь · Вазирлар Маҳкамаси қарорлари

Расмий матн. Расмий ҳужжат. Таҳририй изоҳлар киритилмаган.

Ёрдам | Архив | Атамалар | Статистика | API | Ҳавола юбориш | Сайт ҳақида | Шартлар

← Законы

📅 20 ноября 2023 г. · Постановления Кабинета Министров

Официальный текст. Официальный документ. Редакционные примечания не включены.

Помощь | Архив | Термины | Статистика | API | Предложить ссылку | О сайте | Условия

← Laws

📅 20 November 2023 · Cabinet of Ministers resolutions

Official text. Official document. Editorial notes are not included.

Help | Archive | Glossary | Stats | API | Submit | About | Terms

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг

қарори

НИЗОМ

СХЕМАСИ

ТАРКИБИ

НАМУНАВИЙ ТАРКИБИ

НАМУНАВИЙ ТАРКИБИ

«Йилнинг энг намунали маҳалла ёшлар етакчиси» танловини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида

Ўзбекистон Республикаси Президентининг «2022 — 2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегиясини «Инсонга эътибор ва сифатли таълим йили»да амалга оширишга оид давлат дастури тўғрисида» 2023 йил 28 февралдаги ПФ-27-сон Фармони ижросини таъминлаш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:

1. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2023 йил 28 февралдаги ПФ-27-сон Фармони билан тасдиқланган 2022 — 2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегиясини «Инсонга эътибор ва сифатли таълим йили»да амалга оширишга оид давлат дастурининг 219-бандида маҳаллалардаги ёшлар етакчилари ўртасида «Йилнинг энг намунали маҳалла ёшлар етакчиси» танловини (кейинги ўринларда — танлов) ташкил этиш белгиланганлиги маълумот учун қабул қилинсин.

2. Қуйидагилар:

«Йилнинг энг намунали маҳалла ёшлар етакчиси» танловини ташкил этиш ва ўтказиш тартиби тўғрисидаги низом 1-иловага мувофиқ;

«Йилнинг энг намунали маҳалла ёшлар етакчиси» танлови ташкилий қўмитасининг (кейинги ўринларда — Ташкилий қўмита) таркиби 2-иловага мувофиқ;

«Йилнинг энг намунали маҳалла ёшлар етакчиси» танловининг туман (шаҳар) ва ҳудудий босқичларини ташкил этиш ва ўтказиш бўйича комиссияларнинг намунавий таркиблари (кейинги ўринларда — комиссия) тегишлича 3 ва 3а-иловаларга мувофиқ тасдиқлансин.

Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ёшлар ишлари бошқармалари ушбу қарор билан тасдиқланган намунавий таркибларга мувофиқ ўн беш кун муддатда танловнинг туман (шаҳар) ва ҳудудий босқичларини ташкил этиш ва ўтказиш бўйича тегишли комиссиялар таркибларини тасдиқласин.

3. Ташкилий қўмита (Икрамов):

ўн кун муддатда ушбу қарор билан тасдиқланган Низом талаблари асосида маҳалла ёшлар етакчиларини ҳар бир йўналиш бўйича баҳолаш мезонларини ишлаб чиқсин ва тасдиқласин;

танловнинг республика босқичи ғолиблари ва совриндорларини тақдирлаш, шу жумладан, моддий рағбатлантириш масаласини ҳал этсин;

танловни ўтказиш билан боғлиқ тадбирларга вазирликлар ва идоралар, бошқа давлат ташкилотлари вакилларини, оммавий ахборот воситалари ҳамда кенг жамоатчиликни жалб этиш, маҳалладаги ёшлар етакчиларининг танловга бўлган қизиқишини кучайтириш, тадбирни кўтаринки руҳда ўтказиш учун зарур бўлган чора-тадбирларни амалга оширсин.

Ташкилий қўмитага танловнинг адолатли ва шаффоф ўтказилиши, шунингдек, номзодларнинг холисона аниқланиши ва қўйиладиган талабларга мувофиқлиги юзасидан жавобгарлик юклансин.

4. Белгилансинки:

танлов ҳар йили туман (шаҳар), ҳудудий саралаш ва республика финал босқичларида ташкил этилади;

танлов маҳалладаги ёшлар етакчиси лавозимида камида битта маҳаллада олти ой давомида фаолият юритаётган, амалий иш тажрибасига эга маҳалладаги ёшлар етакчилари ўртасида ўтказилади;

танловнинг республика босқичи ғолиблари «Маҳалла ифтихори» кўкрак нишони билан тақдирлашга тавсия этилади.

5. Ёшлар ишлари агентлиги:

танловнинг юқори даражада ташкил этилиши ва ўтказилиши бўйича Ташкилий қўмитанинг ишчи органини ташкил этсин;

танлов ғолиблари ва совриндорларини тақдирлаш, шу жумладан, моддий рағбатлантириш, шунингдек, танловни ташкил этиш ва ўтказиш билан боғлиқ бошқа харажатларни Давлат бюджетидан Ёшлар ишлари агентлигининг Ёшларга оид давлат сиёсатини қўллаб-қувватлаш жамғармасига ажратилган маблағлар ҳисобидан қопланишини таъминласин;

танлов ғолибларининг ўз хизмат вазифаларини бажариш жараёни ва эришган ютуқларини оммавий ахборот воситалари, Интернет жаҳон ахборот тармоғи орқали кенг тарғиб этсин;

6. Ёшлар сиёсати ва спорт вазирлиги Иқтисодиёт ва молия вазирлиги билан биргаликда танлов ғолиблари ва совриндорларини тақдирлаш, уларга тўланадиган моддий рағбатлантириш маблағлари, шунингдек, танловни ташкил этиш ва ўтказиш билан боғлиқ бошқа харажатлар учун зарур маблағларни 2024 йилги Давлат бюджети параметрларида Ёшлар ишлари агентлиги учун назарда тутилган маблағлар доирасида ажратилишини таъминласин.

7. Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси, Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги ва бошқа оммавий ахборот воситаларига ушбу қарорнинг ижроси билан боғлиқ тадбирларни кенг ёритиш тавсия этилсин.

8. Ёшлар сиёсати ва спорт вазирлиги манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда ўзлари қабул қилган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни икки ой муддатда ушбу қарорга мувофиқлаштирсин.

9. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси ёшлар сиёсати ва спорт вазири А.И. Икрамов зиммасига юклансин.

Вазирлар Маҳкамасининг 2023 йил 20 ноябрдаги 608-сон қарорига 1-ИЛОВА

«Йилнинг энг намунали маҳалла ёшлар етакчиси» танловини ташкил этиш ва ўтказиш тартиби тўғрисида

1-боб. Умумий қоидалар

1. Мазкур Низом «Йилнинг энг намунали маҳалла ёшлар етакчиси» танловини (кейинги ўринларда — танлов) ташкил этиш ва ўтказиш тартибини белгилайди.

2. Танлов маҳалладаги ёшлар етакчиси лавозимида камида битта маҳаллада олти ой давомида фаолият юритаётган, амалий иш тажрибасига эга маҳалладаги ёшлар етакчилари (кейинги ўринларда — етакчи) ўртасида ўтказилади.

3. Танлов қуйидаги йўналишлар бўйича ўтказилади:

««Ёшлар баланси» тизими асосида самарали иш ташкил этган энг намунали маҳалла етакчиси» йўналиши;

««Ёшлар дафтари» тизими асосида самарали иш ташкил этган энг намунали маҳалла етакчиси» йўналиши;

«Ёшларнинг бўш вақтини самарали ташкил этган энг намунали маҳалла етакчиси» йўналиши;

«Алоҳида эътиборга муҳтож ёшлар билан самарали ишлаган энг намунали маҳалла етакчиси» йўналиши;

«Ёшларнинг тадбиркорлик ғояларини амалга оширишда ва бандлигини таъминлашда самарали кўмаклашган энг намунали маҳалла етакчиси» йўналиши;

«Ташқи меҳнат миграциясидан қайтган ёшлар билан самарали ишлаган энг намунали маҳалла етакчиси» йўналиши;

«Ҳуқуқбузарлик содир этишга мойиллиги бўлган ва жазони ижро этиш муассасаларидан озод қилинган ёшлар билан тизимли ишлаган энг намунали маҳалла етакчиси» йўналиши;

«Иқтидорли ва интеллектуал фаол ёшлар билан самарали ишлаган энг намунали маҳалла етакчиси» йўналиши;

«Касб-ҳунарлар танловини юқори савияда ташкил этган энг намунали маҳалла етакчиси» йўналиши;

«Ёшларга соғлом турмуш тарзини тарғиб қилган ва спорт мусобақаларини юқори савияда ташкил этган энг намунали маҳалла етакчиси» йўналиши.

«Ҳуқуқбузарлик содир этишга мойиллиги бўлган ва жазони ижро этиш муассасаларидан озод қилинган ёшлар билан тизимли ишлаган энг намунали маҳалла етакчиси» йўналиши бўйича танловда ички ишлар органлари томонидан ёшлар жиноятчилиги ўтган даврдагига нисбатан жорий йилда камайган деб топилган маҳалла етакчилари қатнашади.

4. Танловнинг мақсади қуйидагилардан иборат:

етакчилар онги, қалбида «Ватанга ва халққа садоқат билан хизмат қилиш — олий бурчимиз!» ғоясини мустаҳкамлаш, уларда ватанпарварлик ҳамда юрт тақдирига дахлдорлик туйғусини кучайтириш;

улар ўртасида соғлом рақобат муҳитини шакллантириш, интеллектуал ва профессионал салоҳиятни ошириш ҳамда бу борадаги фаолиятни қўллаб-қувватлаш, шунингдек, ташаббускорлик ва етакчилик фазилатларини ривожлантириш;

ўзининг шахсий фазилатлари билан ёшларга намуна бўлаётган етакчиларни рағбатлантириш;

юксак билимли, профессионал касбий маҳоратга эга бўлган истеъдодли ёш кадрларни аниқлаш ва раҳбарлик лавозимларига тайинлаш ҳамда кадрлар захирасини шакллантириш.

5. Танлов Ёшлар ишлари агентлиги (кейинги ўринларда — Агентлик) томонидан манфаатдор вазирлик ва идоралар билан ҳамкорликда ташкил этилади.

6. Танлов мазкур Низомга иловадаги схемага мувофиқ ўтказилади.

2-боб. Танловни ташкил этиш ва ўтказиш тартиби

1-§. Танловни ташкил этиш ва ўтказишнинг умумий талаблари

7. «Йилнинг энг намунали маҳалла ёшлар етакчиси» танловининг ташкилий қўмитаси (кейинги ўринларда — Ташкилий қўмита) танловни ўтказиш билан боғлиқ чора-тадбирларни амалга оширади ва танлов иштирокчиларини баҳолаш тартибини тасдиқлайди.

Танловнинг:

туман (шаҳар) ва ҳудудий саралаш босқичлари — тегишлича «Йилнинг энг намунали маҳалла ёшлар етакчиси» танловининг туман (шаҳар) ва ҳудудий босқичларини ташкил этиш ва ўтказиш бўйича комиссиялар томонидан;

республика финал босқичи — Ташкилий қўмита томонидан ўтказилади.

«Йилнинг энг намунали маҳалла ёшлар етакчиси» танловининг туман (шаҳар) ва ҳудудий босқичларини ташкил этиш ва ўтказиш бўйича комиссиялар таркиби Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ёшлар ишлари бошқармалари томонидан тасдиқланади.

8. Ташкилий қўмита томонидан ҳар йили 5 сентябрга қадар Агентликнинг расмий веб-сайти ва ижтимоий тармоқлардаги саҳифаларида танлов ўтказилиши тўғрисида эълон берилади.

9. Танловда иштирок этиш учун номзодлар Агентликнинг расмий веб-сайти ёки ижтимоий тармоқлардаги саҳифалари орқали рўйхатдан ўтади.

10. Рўйхатдан ўтиш ҳар йили 5 сентябрда бошланиб, 30 сентябрь куни якунланади ва рўйхатдан ўтган номзодлар ҳақидаги барча маълумотлар Ташкилий қўмита томонидан уч иш кунида Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ёшлар ишлари бошқармаларига танловни ташкил этиш учун юборилади.

11. Танловда иштирок этиш учун етакчиларнинг бошқача тарзда рўйхатдан ўтишига ёки саралаш босқичида иштирок этмасдан кейинги босқичда иштирок этишига йўл қўйилмайди.

12. Танлов ҳар йили октябрь — декабрь ойларида қуйидаги босқичларда ўтказилади:

туман (шаҳар) саралаш босқичи — октябрь ойида етакчилар ўртасида туман (шаҳар) миқёсида;

ҳудудий саралаш босқичи — ноябрь ойида туман (шаҳар) саралаш босқичида ғолиб бўлган етакчилар ўртасида ҳудудий миқёсда;

республика финал босқичи — декабрь ойининг биринчи ўн кунлигида ҳудудий саралаш босқичида ғолиб бўлган етакчилар ўртасида республика миқёсида.

2-§. Танлов йўналишлари ва баҳолаш тартиби

13. Барча йўналишлар бўйича танловда иштирок этувчилар ўз фаолиятини амалга оширган ишларини кўрсатиб берувчи тегишли маълумотлар, альбом ҳамда давомийлиги беш дақиқадан ошмайдиган видеоролик орқали намойиш этади ва изоҳлайди.

Шунингдек, барча йўналишларда иштирок этган етакчилар маҳаллада ёшлар етакчиси бўлиб фаолият бошлагандан кейин ўз устида ишлаб, шахсий ривожланишида кўрсатган натижасига (давлат мукофоти, кўкрак нишони, мақолалари, спорт ютуқлари, танлов ва мусобақалардаги иштироки, тилни билиш сертификати ва бошқалар) қуйидаги тартибда устуворлик берилади:

ҳудудий даражадаги ҳар бир ютуқ учун — 1 балл;

республика даражасидаги ҳар бир ютуқ учун — 2 балл;

халқаро даражадаги ҳар бир ютуқ учун — 3 балл.

Бунда етакчилар эришган ютуқлари акс этган маълумотлар ва ҳужжатларни тақдим этади ҳамда электрон (фото, видео шаклида) шаклда шарҳлаб беради, берилган маълумот ва ҳужжатларнинг ҳақиқийлиги учун уларни тақдим этган талабгор шахсан жавобгар бўлади.

14. Танловнинг туман (шаҳар), ҳудудий саралаш ва республика финал босқичлари иштирокчилари тўплаган баллари тегишли комиссиялар томонидан ҳисобланади.

15. Танлов етакчилари ўзаро тенг ҳуқуқли бўлиб, ушбу Низомдан ташқари бошқа устунлик ёки имтиёзлар белгиланишига йўл қўйилмайди.

16. Танлов оммавий ахборот воситалари ва кенг жамоатчилик вакиллари кузатуви остида ошкоралик тамойили асосида ўтказилади.

3-§. Танловнинг туман (шаҳар), ҳудудий саралаш ва республика финал босқичларини ўтказиш тартиби

17. Танловнинг туман (шаҳар), ҳудудий саралаш ва республика финал босқичларида етакчиларнинг тўплаган баллари қўшилиб, ҳар бир иштирокчининг якуний тўплаган балли эълон қилинади.

Танлов ғолиблари баллар йиғиндиси якуни бўйича аниқланади.

18. Икки ва ундан ортиқ етакчининг тўплаган якуний баллари тенг бўлган ҳолларда, маҳаллада ёшлар етакчиси бўлиб фаолият бошлагандан кейин мазкур Низомнинг 13-бандида кўрсатилган мезонлар бўйича шахсий ривожланишида эришган натижалари асосида қайта кўриб чиқилади.

19. Танловнинг туман (шаҳар) саралаш босқичида ғолиб бўлган етакчилар танловнинг ҳудудий саралаш босқичида иштирок этишга йўлланмани, ҳудудий саралаш босқичида 1-ўринни эгаллаган етакчилар танловнинг республика финал босқичига йўлланмани қўлга киритади.

20. «Йилнинг энг намунали маҳалла ёшлар етакчиси» танловининг ҳудудий босқичларини ташкил этиш ва ўтказиш бўйича комиссиялар умумий йиғилиши баённомасининг қарори билан танловнинг республика финал босқичида иштирок этишга йўлланмани қўлга киритган етакчиларнинг рўйхати расмийлаштирилади ҳамда Ташкилий қўмитага тақдим этилади.

21. Танловнинг республика финал босқичининг якуний натижалари Ташкилий қўмита қарори билан расмийлаштирилади, бунда ғолиблар ва совриндорлар рўйхати илова қилинади.

3-боб. Танлов ғолиблари ва совриндорларини тақдирлаш

23. Барча йўналишлар бўйича танловнинг туман (шаҳар), ҳудудий саралаш ва республика финал босқичларида 1-ўринни эгаллаган етакчилар ғолиб, 2 ва 3-ўринни эгаллаган етакчилар совриндорлар ҳисобланади.

24. Барча йўналишлар бўйича танловнинг ғолиб ва совриндорлари:

а) туман (шаҳар) саралаш босқичида:

1-ўрин учун — Ёшлар ишлари агентлигининг I даражали дипломи ва кейинги босқичда иштирок этиш йўлланмаси билан;

2 ва 3-ўрин учун — Ёшлар ишлари агентлигининг Фахрий ёрлиғи билан;

б) ҳудудий саралаш босқичида:

1-ўрин учун — Ёшлар ишлари агентлигининг I даражали дипломи ва кейинги босқичда иштирок этиш йўлланмаси билан;

2 ва 3-ўрин учун — Ёшлар ишлари агентлигининг Фахрий ёрлиғи билан тақдирланади.

Танловнинг республика финал босқичи ғолиб ва совриндорларини тақдирлаш, шу жумладан, моддий рағбатлантириш тартиби ва миқдорлари Ташкилий қўмита томонидан белгиланади.

25. Танловнинг республика финал босқичи ғолиблари қуйидаги имтиёзларга эга бўладилар:

юқори лавозимга тайинлаш учун кадрлар захирасига киритиш;

ривожланган хорижий давлатларнинг соҳага оид таълим ташкилотларига малака оширишга юбориш;

давлат мукофотларига тавсия қилиш.

4-боб. Шикоятларни кўриб чиқиш тартиби

26. Танлов натижаларидан норози бўлган етакчилар натижалар эълон қилинган кундан бошлаб уч кун давомида апелляция комиссияларига апелляция шикояти бериш ҳуқуқига эга.

Апелляция шикояти беш кун ичида кўриб чиқилади.

27. Танловнинг туман (шаҳар) ва ҳудудий саралаш босқичи апелляция комиссиялари тегишлича маҳаллаларда ёшлар билан ишлаш масалаларини мувофиқлаштириш бўйича маҳаллий ва ҳудудий комиссия раислари, республика финал босқичи апелляция комиссияси — Ёшлар ишлари агентлиги директори томонидан ташкил этилади.

Апелляция комиссиялари таркибига танлов комиссиялари фаолиятида иштирок этмаган шахслар киритилади.

28. Танлов натижаларидан норози бўлган етакчиларнинг апелляция шикоятини кўриб чиқишда уларнинг ўзи ҳам иштирок этиши мумкин.

29. Апелляция комиссиялари етакчиларнинг апелляция шикоятини кўриб чиқиб, натижаси бўйича аризани қаноатлантириш ёки рад этиш тўғрисида қарор қабул қилади.

5-боб. Якунловчи қоидалар

30. Ушбу Низомни қўллашда юзага келадиган низолар қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда ҳал этилади.

31. Мазкур Низом талабларининг бузилишида айбдор бўлган шахслар қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ жавоб берадилар.

«Йилнинг энг намунали маҳалла ёшлар етакчиси» танловини ташкил этиш ва ўтказиш тартиби тўғрисидаги низомга ИЛОВА

«Йилнинг энг намунали маҳалла ёшлар етакчиси» танловини ўтказиш

Босқичлар Субъектлар Тадбирлар Бажариш муддатлари 1-босқич Ташкилий қўмита Танлов ўтказилиши тўғрисида Ёшлар ишлари агентлигининг расмий веб-сайти ва ижтимоий тармоқлардаги саҳифаларида эълон беради. Сентябрь ойи давомида 2-босқич Маҳалладаги ёшлар етакчилари Ёшлар ишлари агентлигининг расмий веб-сайти ёки ижтимоий тармоқлардаги саҳифалари орқали танловда иштирок этиш учун рўйхатдан ўтади. Ҳар йили 5 сентябрдан 30 сентябрга қадар 3-босқич Ҳудудий комиссия (туман (шаҳар) ва ҳудудий саралаш босқичи) 1. Танловнинг туман (шаҳар) ва ҳудудий саралаш босқичини ўтказади. 2. Ҳудудий саралаш босқичи натижалари бўйича етакчиларни танловнинг республика финал босқичида иштирок этишга тавсия этиш тўғрисида қарор қабул қилади. 3. Ҳудудий саралаш босқичи ғолиб ва совриндорларнинг умумлаштирилган рўйхатини тузади ҳамда Ташкилий қўмитага тақдим этади. Ҳар йили октябрь-ноябрь ойларида 4-босқич Ташкилий қўмита (республика финал босқичи) 1. Танловнинг ҳудудий саралаш босқичида ғолиб ва совриндор бўлган етакчилар ўртасида белгиланган шартлар бўйича синовлар ўтказади. 2. Тўпланган балларни қўшиш орқали ҳар бир етакчининг якуний баллари йиғиндисини ҳисоблайди. 3. Баллар йиғиндиси якунига кўра йўналишлар кесимида ғолиб ва совриндорларни аниқлаш. Ҳар йили декабрь ойининг биринчи ўн кунлигида 5-босқич Ташкилий қўмита Танловнинг ғолиб ва совриндорларини тақдирлайди. Ҳар йили декабрь ойида

Вазирлар Маҳкамасининг 2023 йил 20 ноябрдаги 608-сон қарорига 2-ИЛОВА

Йилнинг энг намунали маҳалла ёшлар етакчиси» танлови ташкилий қўмитасининг

1. А.З. Саъдуллаев — Ёшлар ишлари агентлиги директори, Ташкилий қўмита раиси 2. С.М. Бузрукхонов — олий таълим, фан ва инновациялар вазири ўринбосари 3. Ф.Э. Боқиев — мактабгача ва мактаб таълими вазири ўринбосари 4. Б.М. Ахмедов — маданият вазирининг биринчи ўринбосари 5. Р.Э. Турдибоева — камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазири ўринбосари 6. Д.А. Назармухамедов — ички ишлар вазири ўринбосари 7. М.Р. Қурбонов — Бошқарув самарадорлиги агентлиги директорининг биринчи ўринбосари (келишув асосида) 8. А.А. Жалилов — Ёшлар муаммоларини ўрганиш ва истиқболли кадрларни тайёрлаш институти директори 9. Лавозимига кўра — Республика Маънавият ва маърифат маркази раҳбари 10. Д.С. Каттахонова — Ёшлар ишлари агентлиги директорининг биринчи ўринбосари, Ташкилий қўмита масъул котиби

Вазирлар Маҳкамасининг 2023 йил 20 ноябрдаги 608-сон қарорига 3-ИЛОВА

«Йилнинг энг намунали маҳалла ёшлар етакчиси» танловининг туман (шаҳар) босқичларини ташкил этиш ва ўтказиш бўйича комиссияларнинг

1. Лавозимига кўра — туман (шаҳар) ҳокимининг ёшлар сиёсати, ижтимоий ривожлантириш ва маънавий-маърифий ишлар бўйича ўринбосари, Комиссия раиси 2. Лавозимига кўра — туман (шаҳар) ёшлар ишлари бўлими бошлиғи, Комиссия раиси ўринбосари 3. Лавозимига кўра — туман (шаҳар) прокурори (келишув асосида) 4. Лавозимига кўра — туман (шаҳар) ички ишлар бошқармаси (бўлими) бошлиғи 5. Лавозимига кўра — туман (шаҳар) мудофаа бўлими бошлиғи 6. Лавозимига кўра — туман (шаҳар) мактабгача ва мактаб таълими бўлими бошлиғи 7. Лавозимига кўра — туман (шаҳар) маданият бўлими бошлиғи 8. Лавозимига кўра — туман (шаҳар) камбағалликни қисқартириш ва бандликка кўмаклашиш бўлими бошлиғи 9. Лавозимига кўра — туман (шаҳар) солиқ инспекцияси бошлиғи 10. Лавозимига кўра — Республика Маънавият ва маърифат маркази туман (шаҳар) бўлинма раҳбари 11. Лавозимига кўра — Ўзбекистон фахрийларининг ижтимоий фаолиятини қўллаб-қувватлаш «Нуроний» жамғармаси туман (шаҳар) бўлими раҳбари

Вазирлар Маҳкамасининг 2023 йил 20 ноябрдаги 608-сон қарорига 3а-ИЛОВА

«Йилнинг энг намунали маҳалла ёшлар етакчиси» танловининг ҳудудий босқичларини ташкил этиш ва ўтказиш бўйича комиссияларнинг

1. Лавозимига кўра — Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Раисининг, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимларининг ёшлар сиёсати, ижтимоий ривожлантириш ва маънавий-маърифий ишлар бўйича ўринбосарлари, Комиссия раиси 2. Лавозимига кўра — Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ёшлар ишлари бошқармалари бошлиқлари, Комиссия раиси ўринбосари 3. Лавозимига кўра — Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар прокурорлари (келишув асосида) 4. Лавозимига кўра — Қорақалпоғистон Республикаси ички ишлар вазири, Тошкент шаҳар, Тошкент вилояти ички ишлар бош бошқармалари ва вилоятлар ички ишлар бошқармалари бошлиқлари 5. Лавозимига кўра — Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар мудофаа ишлари бошқармалари бошлиқлари 6. Лавозимига кўра — Қорақалпоғистон Республикаси мактабгача ва мактаб таълими вазири, вилоятлар ва Тошкент шаҳар мактабгача ва мактаб таълими бошқармалари бошлиқлари 7. Лавозимига кўра — Қорақалпоғистон Республикаси маданият вазири, вилоятлар ва Тошкент шаҳар маданият бошқармалари бошлиқлари 8. Лавозимига кўра — Қорақалпоғистон Республикаси камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазири, вилоятлар ва Тошкент шаҳар камбағалликни қисқартириш ва бандлик бошқармалари бошлиқлари 9. Лавозимига кўра — Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар солиқ бошқармалари бошлиқлари 10. Лавозимига кўра — Республика Маънавият ва маърифат маркази Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар бўлимлари раҳбарлари 11. Лавозимига кўра — Ўзбекистон фахрийларининг ижтимоий фаолиятини қўллаб-қувватлаш «Нуроний» жамғармасининг Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар бўлимлари раислари

Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А. АРИПОВ

Тошкент ш.,

2023 йил 20 ноябрь,

608-сон

(Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 21.11.2023 й., 09/23/608/0866-сон; 10.05.2024 й., 09/24/272/0337-сон; 19.11.2025 й., 09/25/732/1062-сон)

lex.uz

Oʻzbekiston Respublikasi Vazirlar Mahkamasining

qarori

NIZOM

SXEMASI

TARKIBI

NAMUNAVIY TARKIBI

NAMUNAVIY TARKIBI

“Yilning eng namunali mahalla yoshlar yetakchisi” tanlovini tashkil etish chora-tadbirlari toʻgʻrisida

Oʻzbekiston Respublikasi Prezidentining “2022 — 2026-yillarga moʻljallangan Yangi Oʻzbekistonning taraqqiyot strategiyasini “Insonga eʼtibor va sifatli taʼlim yili”da amalga oshirishga oid davlat dasturi toʻgʻrisida” 2023-yil 28-fevraldagi PF-27-son Farmoni ijrosini taʼminlash maqsadida Vazirlar Mahkamasi qaror qiladi:

1. Oʻzbekiston Respublikasi Prezidentining 2023-yil 28-fevraldagi PF-27-son Farmoni bilan tasdiqlangan 2022 — 2026-yillarga moʻljallangan Yangi Oʻzbekistonning taraqqiyot strategiyasini “Insonga eʼtibor va sifatli taʼlim yili”da amalga oshirishga oid davlat dasturining 219-bandida mahallalardagi yoshlar yetakchilari oʻrtasida “Yilning eng namunali mahalla yoshlar yetakchisi” tanlovini (keyingi oʻrinlarda — tanlov) tashkil etish belgilanganligi maʼlumot uchun qabul qilinsin.

2. Quyidagilar:

“Yilning eng namunali mahalla yoshlar yetakchisi” tanlovini tashkil etish va oʻtkazish tartibi toʻgʻrisidagi nizom 1-ilovaga muvofiq;

“Yilning eng namunali mahalla yoshlar yetakchisi” tanlovi tashkiliy qoʻmitasining (keyingi oʻrinlarda — Tashkiliy qoʻmita) tarkibi 2-ilovaga muvofiq;

“Yilning eng namunali mahalla yoshlar yetakchisi” tanlovining tuman (shahar) va hududiy bosqichlarini tashkil etish va oʻtkazish boʻyicha komissiyalarning namunaviy tarkiblari (keyingi oʻrinlarda — komissiya) tegishlicha 3 va 3a-ilovalarga muvofiq tasdiqlansin.

Qoraqalpogʻiston Respublikasi, viloyatlar va Toshkent shahar yoshlar ishlari boshqarmalari ushbu qaror bilan tasdiqlangan namunaviy tarkiblarga muvofiq oʻn besh kun muddatda tanlovning tuman (shahar) va hududiy bosqichlarini tashkil etish va oʻtkazish boʻyicha tegishli komissiyalar tarkiblarini tasdiqlasin.

3. Tashkiliy qoʻmita (Ikramov):

oʻn kun muddatda ushbu qaror bilan tasdiqlangan Nizom talablari asosida mahalla yoshlar yetakchilarini har bir yoʻnalish boʻyicha baholash mezonlarini ishlab chiqsin va tasdiqlasin;

tanlovning respublika bosqichi gʻoliblari va sovrindorlarini taqdirlash, shu jumladan, moddiy ragʻbatlantirish masalasini hal etsin;

tanlovni oʻtkazish bilan bogʻliq tadbirlarga vazirliklar va idoralar, boshqa davlat tashkilotlari vakillarini, ommaviy axborot vositalari hamda keng jamoatchilikni jalb etish, mahalladagi yoshlar yetakchilarining tanlovga boʻlgan qiziqishini kuchaytirish, tadbirni koʻtarinki ruhda oʻtkazish uchun zarur boʻlgan chora-tadbirlarni amalga oshirsin.

Tashkiliy qoʻmitaga tanlovning adolatli va shaffof oʻtkazilishi, shuningdek, nomzodlarning xolisona aniqlanishi va qoʻyiladigan talablarga muvofiqligi yuzasidan javobgarlik yuklansin.

4. Belgilansinki:

tanlov har yili tuman (shahar), hududiy saralash va respublika final bosqichlarida tashkil etiladi;

tanlov mahalladagi yoshlar yetakchisi lavozimida kamida bitta mahallada olti oy davomida faoliyat yuritayotgan, amaliy ish tajribasiga ega mahalladagi yoshlar yetakchilari oʻrtasida oʻtkaziladi;

tanlovning respublika bosqichi gʻoliblari “Mahalla iftixori” koʻkrak nishoni bilan taqdirlashga tavsiya etiladi.

5. Yoshlar ishlari agentligi:

tanlovning yuqori darajada tashkil etilishi va oʻtkazilishi boʻyicha Tashkiliy qoʻmitaning ishchi organini tashkil etsin;

tanlov gʻoliblari va sovrindorlarini taqdirlash, shu jumladan, moddiy ragʻbatlantirish, shuningdek, tanlovni tashkil etish va oʻtkazish bilan bogʻliq boshqa xarajatlarni Davlat budjetidan Yoshlar ishlari agentligining Yoshlarga oid davlat siyosatini qoʻllab-quvvatlash jamgʻarmasiga ajratilgan mablagʻlar hisobidan qoplanishini taʼminlasin;

tanlov gʻoliblarining oʻz xizmat vazifalarini bajarish jarayoni va erishgan yutuqlarini ommaviy axborot vositalari, Internet jahon axborot tarmogʻi orqali keng targʻib etsin;

6. Yoshlar siyosati va sport vazirligi Iqtisodiyot va moliya vazirligi bilan birgalikda tanlov gʻoliblari va sovrindorlarini taqdirlash, ularga toʻlanadigan moddiy ragʻbatlantirish mablagʻlari, shuningdek, tanlovni tashkil etish va oʻtkazish bilan bogʻliq boshqa xarajatlar uchun zarur mablagʻlarni 2024-yilgi Davlat budjeti parametrlarida Yoshlar ishlari agentligi uchun nazarda tutilgan mablagʻlar doirasida ajratilishini taʼminlasin.

7. Oʻzbekiston Milliy teleradiokompaniyasi, Oʻzbekiston Milliy axborot agentligi va boshqa ommaviy axborot vositalariga ushbu qarorning ijrosi bilan bogʻliq tadbirlarni keng yoritish tavsiya etilsin.

8. Yoshlar siyosati va sport vazirligi manfaatdor vazirlik va idoralar bilan birgalikda oʻzlari qabul qilgan normativ-huquqiy hujjatlarni ikki oy muddatda ushbu qarorga muvofiqlashtirsin.

9. Mazkur qarorning bajarilishini nazorat qilish Oʻzbekiston Respublikasi yoshlar siyosati va sport vaziri A.I. Ikramov zimmasiga yuklansin.

Vazirlar Mahkamasining 2023-yil 20-noyabrdagi 608-son qaroriga 1-ILOVA

“Yilning eng namunali mahalla yoshlar yetakchisi” tanlovini tashkil etish va oʻtkazish tartibi toʻgʻrisida

1-bob. Umumiy qoidalar

1. Mazkur Nizom “Yilning eng namunali mahalla yoshlar yetakchisi” tanlovini (keyingi oʻrinlarda — tanlov) tashkil etish va oʻtkazish tartibini belgilaydi.

2. Tanlov mahalladagi yoshlar yetakchisi lavozimida kamida bitta mahallada olti oy davomida faoliyat yuritayotgan, amaliy ish tajribasiga ega mahalladagi yoshlar yetakchilari (keyingi oʻrinlarda — yetakchi) oʻrtasida oʻtkaziladi.

3. Tanlov quyidagi yoʻnalishlar boʻyicha oʻtkaziladi:

““Yoshlar balansi” tizimi asosida samarali ish tashkil etgan eng namunali mahalla yetakchisi” yoʻnalishi;

““Yoshlar daftari” tizimi asosida samarali ish tashkil etgan eng namunali mahalla yetakchisi” yoʻnalishi;

“Yoshlarning boʻsh vaqtini samarali tashkil etgan eng namunali mahalla yetakchisi” yoʻnalishi;

“Alohida eʼtiborga muhtoj yoshlar bilan samarali ishlagan eng namunali mahalla yetakchisi” yoʻnalishi;

“Yoshlarning tadbirkorlik gʻoyalarini amalga oshirishda va bandligini taʼminlashda samarali koʻmaklashgan eng namunali mahalla yetakchisi” yoʻnalishi;

“Tashqi mehnat migratsiyasidan qaytgan yoshlar bilan samarali ishlagan eng namunali mahalla yetakchisi” yoʻnalishi;

“Huquqbuzarlik sodir etishga moyilligi boʻlgan va jazoni ijro etish muassasalaridan ozod qilingan yoshlar bilan tizimli ishlagan eng namunali mahalla yetakchisi” yoʻnalishi;

“Iqtidorli va intellektual faol yoshlar bilan samarali ishlagan eng namunali mahalla yetakchisi” yoʻnalishi;

“Kasb-hunarlar tanlovini yuqori saviyada tashkil etgan eng namunali mahalla yetakchisi” yoʻnalishi;

“Yoshlarga sogʻlom turmush tarzini targʻib qilgan va sport musobaqalarini yuqori saviyada tashkil etgan eng namunali mahalla yetakchisi” yoʻnalishi.

“Huquqbuzarlik sodir etishga moyilligi boʻlgan va jazoni ijro etish muassasalaridan ozod qilingan yoshlar bilan tizimli ishlagan eng namunali mahalla yetakchisi” yoʻnalishi boʻyicha tanlovda ichki ishlar organlari tomonidan yoshlar jinoyatchiligi oʻtgan davrdagiga nisbatan joriy yilda kamaygan deb topilgan mahalla yetakchilari qatnashadi.

4. Tanlovning maqsadi quyidagilardan iborat:

yetakchilar ongi, qalbida “Vatanga va xalqqa sadoqat bilan xizmat qilish — oliy burchimiz!” gʻoyasini mustahkamlash, ularda vatanparvarlik hamda yurt taqdiriga daxldorlik tuygʻusini kuchaytirish;

ular oʻrtasida sogʻlom raqobat muhitini shakllantirish, intellektual va professional salohiyatni oshirish hamda bu boradagi faoliyatni qoʻllab-quvvatlash, shuningdek, tashabbuskorlik va yetakchilik fazilatlarini rivojlantirish;

oʻzining shaxsiy fazilatlari bilan yoshlarga namuna boʻlayotgan yetakchilarni ragʻbatlantirish;

yuksak bilimli, professional kasbiy mahoratga ega boʻlgan isteʼdodli yosh kadrlarni aniqlash va rahbarlik lavozimlariga tayinlash hamda kadrlar zaxirasini shakllantirish.

5. Tanlov Yoshlar ishlari agentligi (keyingi oʻrinlarda — Agentlik) tomonidan manfaatdor vazirlik va idoralar bilan hamkorlikda tashkil etiladi.

6. Tanlov mazkur Nizomga ilovadagi sxemaga muvofiq oʻtkaziladi.

2-bob. Tanlovni tashkil etish va oʻtkazish tartibi

1-§. Tanlovni tashkil etish va oʻtkazishning umumiy talablari

7. “Yilning eng namunali mahalla yoshlar yetakchisi” tanlovining tashkiliy qoʻmitasi (keyingi oʻrinlarda — Tashkiliy qoʻmita) tanlovni oʻtkazish bilan bogʻliq chora-tadbirlarni amalga oshiradi va tanlov ishtirokchilarini baholash tartibini tasdiqlaydi.

Tanlovning:

tuman (shahar) va hududiy saralash bosqichlari — tegishlicha “Yilning eng namunali mahalla yoshlar yetakchisi” tanlovining tuman (shahar) va hududiy bosqichlarini tashkil etish va oʻtkazish boʻyicha komissiyalar tomonidan;

respublika final bosqichi — Tashkiliy qoʻmita tomonidan oʻtkaziladi.

“Yilning eng namunali mahalla yoshlar yetakchisi” tanlovining tuman (shahar) va hududiy bosqichlarini tashkil etish va oʻtkazish boʻyicha komissiyalar tarkibi Qoraqalpogʻiston Respublikasi, viloyatlar va Toshkent shahar yoshlar ishlari boshqarmalari tomonidan tasdiqlanadi.

8. Tashkiliy qoʻmita tomonidan har yili 5-sentabrga qadar Agentlikning rasmiy veb-sayti va ijtimoiy tarmoqlardagi sahifalarida tanlov oʻtkazilishi toʻgʻrisida eʼlon beriladi.

9. Tanlovda ishtirok etish uchun nomzodlar Agentlikning rasmiy veb-sayti yoki ijtimoiy tarmoqlardagi sahifalari orqali roʻyxatdan oʻtadi.

10. Roʻyxatdan oʻtish har yili 5-sentabrda boshlanib, 30-sentabr kuni yakunlanadi va roʻyxatdan oʻtgan nomzodlar haqidagi barcha maʼlumotlar Tashkiliy qoʻmita tomonidan uch ish kunida Qoraqalpogʻiston Respublikasi, viloyatlar va Toshkent shahar yoshlar ishlari boshqarmalariga tanlovni tashkil etish uchun yuboriladi.

11. Tanlovda ishtirok etish uchun yetakchilarning boshqacha tarzda roʻyxatdan oʻtishiga yoki saralash bosqichida ishtirok etmasdan keyingi bosqichda ishtirok etishiga yoʻl qoʻyilmaydi.

12. Tanlov har yili oktabr — dekabr oylarida quyidagi bosqichlarda oʻtkaziladi:

tuman (shahar) saralash bosqichi — oktabr oyida yetakchilar oʻrtasida tuman (shahar) miqyosida;

hududiy saralash bosqichi — noyabr oyida tuman (shahar) saralash bosqichida gʻolib boʻlgan yetakchilar oʻrtasida hududiy miqyosda;

respublika final bosqichi — dekabr oyining birinchi oʻn kunligida hududiy saralash bosqichida gʻolib boʻlgan yetakchilar oʻrtasida respublika miqyosida.

2-§. Tanlov yoʻnalishlari va baholash tartibi

13. Barcha yoʻnalishlar boʻyicha tanlovda ishtirok etuvchilar oʻz faoliyatini amalga oshirgan ishlarini koʻrsatib beruvchi tegishli maʼlumotlar, albom hamda davomiyligi besh daqiqadan oshmaydigan videorolik orqali namoyish etadi va izohlaydi.

Shuningdek, barcha yoʻnalishlarda ishtirok etgan yetakchilar mahallada yoshlar yetakchisi boʻlib faoliyat boshlagandan keyin oʻz ustida ishlab, shaxsiy rivojlanishida koʻrsatgan natijasiga (davlat mukofoti, koʻkrak nishoni, maqolalari, sport yutuqlari, tanlov va musobaqalardagi ishtiroki, tilni bilish sertifikati va boshqalar) quyidagi tartibda ustuvorlik beriladi:

hududiy darajadagi har bir yutuq uchun — 1 ball;

respublika darajasidagi har bir yutuq uchun — 2 ball;

xalqaro darajadagi har bir yutuq uchun — 3 ball.

Bunda yetakchilar erishgan yutuqlari aks etgan maʼlumotlar va hujjatlarni taqdim etadi hamda elektron (foto, video shaklida) shaklda sharhlab beradi, berilgan maʼlumot va hujjatlarning haqiqiyligi uchun ularni taqdim etgan talabgor shaxsan javobgar boʻladi.

14. Tanlovning tuman (shahar), hududiy saralash va respublika final bosqichlari ishtirokchilari toʻplagan ballari tegishli komissiyalar tomonidan hisoblanadi.

15. Tanlov yetakchilari oʻzaro teng huquqli boʻlib, ushbu Nizomdan tashqari boshqa ustunlik yoki imtiyozlar belgilanishiga yoʻl qoʻyilmaydi.

16. Tanlov ommaviy axborot vositalari va keng jamoatchilik vakillari kuzatuvi ostida oshkoralik tamoyili asosida oʻtkaziladi.

3-§. Tanlovning tuman (shahar), hududiy saralash va respublika final bosqichlarini oʻtkazish tartibi

17. Tanlovning tuman (shahar), hududiy saralash va respublika final bosqichlarida yetakchilarning toʻplagan ballari qoʻshilib, har bir ishtirokchining yakuniy toʻplagan balli eʼlon qilinadi.

Tanlov gʻoliblari ballar yigʻindisi yakuni boʻyicha aniqlanadi.

18. Ikki va undan ortiq yetakchining toʻplagan yakuniy ballari teng boʻlgan hollarda, mahallada yoshlar yetakchisi boʻlib faoliyat boshlagandan keyin mazkur Nizomning 13-bandida koʻrsatilgan mezonlar boʻyicha shaxsiy rivojlanishida erishgan natijalari asosida qayta koʻrib chiqiladi.

19. Tanlovning tuman (shahar) saralash bosqichida gʻolib boʻlgan yetakchilar tanlovning hududiy saralash bosqichida ishtirok etishga yoʻllanmani, hududiy saralash bosqichida 1-oʻrinni egallagan yetakchilar tanlovning respublika final bosqichiga yoʻllanmani qoʻlga kiritadi.

20. “Yilning eng namunali mahalla yoshlar yetakchisi” tanlovining hududiy bosqichlarini tashkil etish va oʻtkazish boʻyicha komissiyalar umumiy yigʻilishi bayonnomasining qarori bilan tanlovning respublika final bosqichida ishtirok etishga yoʻllanmani qoʻlga kiritgan yetakchilarning roʻyxati rasmiylashtiriladi hamda Tashkiliy qoʻmitaga taqdim etiladi.

21. Tanlovning respublika final bosqichining yakuniy natijalari Tashkiliy qoʻmita qarori bilan rasmiylashtiriladi, bunda gʻoliblar va sovrindorlar roʻyxati ilova qilinadi.

3-bob. Tanlov gʻoliblari va sovrindorlarini taqdirlash

23. Barcha yoʻnalishlar boʻyicha tanlovning tuman (shahar), hududiy saralash va respublika final bosqichlarida 1-oʻrinni egallagan yetakchilar gʻolib, 2 va 3-oʻrinni egallagan yetakchilar sovrindorlar hisoblanadi.

24. Barcha yoʻnalishlar boʻyicha tanlovning gʻolib va sovrindorlari:

a) tuman (shahar) saralash bosqichida:

1-oʻrin uchun — Yoshlar ishlari agentligining I darajali diplomi va keyingi bosqichda ishtirok etish yoʻllanmasi bilan;

2 va 3-oʻrin uchun — Yoshlar ishlari agentligining Faxriy yorligʻi bilan;

b) hududiy saralash bosqichida:

1-oʻrin uchun — Yoshlar ishlari agentligining I darajali diplomi va keyingi bosqichda ishtirok etish yoʻllanmasi bilan;

2 va 3-oʻrin uchun — Yoshlar ishlari agentligining Faxriy yorligʻi bilan taqdirlanadi.

Tanlovning respublika final bosqichi gʻolib va sovrindorlarini taqdirlash, shu jumladan, moddiy ragʻbatlantirish tartibi va miqdorlari Tashkiliy qoʻmita tomonidan belgilanadi.

25. Tanlovning respublika final bosqichi gʻoliblari quyidagi imtiyozlarga ega boʻladilar:

yuqori lavozimga tayinlash uchun kadrlar zaxirasiga kiritish;

rivojlangan xorijiy davlatlarning sohaga oid taʼlim tashkilotlariga malaka oshirishga yuborish;

davlat mukofotlariga tavsiya qilish.

4-bob. Shikoyatlarni koʻrib chiqish tartibi

26. Tanlov natijalaridan norozi boʻlgan yetakchilar natijalar eʼlon qilingan kundan boshlab uch kun davomida apellyatsiya komissiyalariga apellyatsiya shikoyati berish huquqiga ega.

Apellyatsiya shikoyati besh kun ichida koʻrib chiqiladi.

27. Tanlovning tuman (shahar) va hududiy saralash bosqichi apellyatsiya komissiyalari tegishlicha mahallalarda yoshlar bilan ishlash masalalarini muvofiqlashtirish boʻyicha mahalliy va hududiy komissiya raislari, respublika final bosqichi apellyatsiya komissiyasi — Yoshlar ishlari agentligi direktori tomonidan tashkil etiladi.

Apellyatsiya komissiyalari tarkibiga tanlov komissiyalari faoliyatida ishtirok etmagan shaxslar kiritiladi.

28. Tanlov natijalaridan norozi boʻlgan yetakchilarning apellyatsiya shikoyatini koʻrib chiqishda ularning oʻzi ham ishtirok etishi mumkin.

29. Apellyatsiya komissiyalari yetakchilarning apellyatsiya shikoyatini koʻrib chiqib, natijasi boʻyicha arizani qanoatlantirish yoki rad etish toʻgʻrisida qaror qabul qiladi.

5-bob. Yakunlovchi qoidalar

30. Ushbu Nizomni qoʻllashda yuzaga keladigan nizolar qonunchilik hujjatlarida belgilangan tartibda hal etiladi.

31. Mazkur Nizom talablarining buzilishida aybdor boʻlgan shaxslar qonunchilik hujjatlariga muvofiq javob beradilar.

“Yilning eng namunali mahalla yoshlar yetakchisi” tanlovini tashkil etish va oʻtkazish tartibi toʻgʻrisidagi nizomga ILOVA

“Yilning eng namunali mahalla yoshlar yetakchisi” tanlovini oʻtkazish

Bosqichlar Subyektlar Tadbirlar Bajarish muddatlari 1-bosqich Tashkiliy qoʻmita Tanlov oʻtkazilishi toʻgʻrisida Yoshlar ishlari agentligining rasmiy veb-sayti va ijtimoiy tarmoqlardagi sahifalarida eʼlon beradi. Sentabr oyi davomida 2-bosqich Mahalladagi yoshlar yetakchilari Yoshlar ishlari agentligining rasmiy veb-sayti yoki ijtimoiy tarmoqlardagi sahifalari orqali tanlovda ishtirok etish uchun roʻyxatdan oʻtadi. Har yili 5-sentabrdan 30-sentabrga qadar 3-bosqich Hududiy komissiya (tuman (shahar) va hududiy saralash bosqichi) 1. Tanlovning tuman (shahar) va hududiy saralash bosqichini oʻtkazadi. 2. Hududiy saralash bosqichi natijalari boʻyicha yetakchilarni tanlovning respublika final bosqichida ishtirok etishga tavsiya etish toʻgʻrisida qaror qabul qiladi. 3. Hududiy saralash bosqichi gʻolib va sovrindorlarning umumlashtirilgan roʻyxatini tuzadi hamda Tashkiliy qoʻmitaga taqdim etadi. Har yili oktabr-noyabr oylarida 4-bosqich Tashkiliy qoʻmita (respublika final bosqichi) 1. Tanlovning hududiy saralash bosqichida gʻolib va sovrindor boʻlgan yetakchilar oʻrtasida belgilangan shartlar boʻyicha sinovlar oʻtkazadi. 2. Toʻplangan ballarni qoʻshish orqali har bir yetakchining yakuniy ballari yigʻindisini hisoblaydi. 3. Ballar yigʻindisi yakuniga koʻra yoʻnalishlar kesimida gʻolib va sovrindorlarni aniqlash. Har yili dekabr oyining birinchi oʻn kunligida 5-bosqich Tashkiliy qoʻmita Tanlovning gʻolib va sovrindorlarini taqdirlaydi. Har yili dekabr oyida

Vazirlar Mahkamasining 2023-yil 20-noyabrdagi 608-son qaroriga 2-ILOVA

Yilning eng namunali mahalla yoshlar yetakchisi” tanlovi tashkiliy qoʻmitasining

1. A.Z. Saʼdullayev — Yoshlar ishlari agentligi direktori, Tashkiliy qoʻmita raisi 2. S.M. Buzrukxonov — oliy taʼlim, fan va innovatsiyalar vaziri oʻrinbosari 3. F.E. Boqiyev — maktabgacha va maktab taʼlimi vaziri oʻrinbosari 4. B.M. Axmedov — madaniyat vazirining birinchi oʻrinbosari 5. R.E. Turdiboyeva — kambagʻallikni qisqartirish va bandlik vaziri oʻrinbosari 6. D.A. Nazarmuxamedov — ichki ishlar vaziri oʻrinbosari 7. M.R. Qurbonov — Boshqaruv samaradorligi agentligi direktorining birinchi oʻrinbosari (kelishuv asosida) 8. A.A. Jalilov — Yoshlar muammolarini oʻrganish va istiqbolli kadrlarni tayyorlash instituti direktori 9. Lavozimiga koʻra — Respublika Maʼnaviyat va maʼrifat markazi rahbari 10. D.S. Kattaxonova — Yoshlar ishlari agentligi direktorining birinchi oʻrinbosari, Tashkiliy qoʻmita masʼul kotibi

Vazirlar Mahkamasining 2023-yil 20-noyabrdagi 608-son qaroriga 3-ILOVA

“Yilning eng namunali mahalla yoshlar yetakchisi” tanlovining tuman (shahar) bosqichlarini tashkil etish va oʻtkazish boʻyicha komissiyalarning

1. Lavozimiga koʻra — tuman (shahar) hokimining yoshlar siyosati, ijtimoiy rivojlantirish va maʼnaviy-maʼrifiy ishlar boʻyicha oʻrinbosari, Komissiya raisi 2. Lavozimiga koʻra — tuman (shahar) yoshlar ishlari boʻlimi boshligʻi, Komissiya raisi oʻrinbosari 3. Lavozimiga koʻra — tuman (shahar) prokurori (kelishuv asosida) 4. Lavozimiga koʻra — tuman (shahar) ichki ishlar boshqarmasi (boʻlimi) boshligʻi 5. Lavozimiga koʻra — tuman (shahar) mudofaa boʻlimi boshligʻi 6. Lavozimiga koʻra — tuman (shahar) maktabgacha va maktab taʼlimi boʻlimi boshligʻi 7. Lavozimiga koʻra — tuman (shahar) madaniyat boʻlimi boshligʻi 8. Lavozimiga koʻra — tuman (shahar) kambagʻallikni qisqartirish va bandlikka koʻmaklashish boʻlimi boshligʻi 9. Lavozimiga koʻra — tuman (shahar) soliq inspeksiyasi boshligʻi 10. Lavozimiga koʻra — Respublika Maʼnaviyat va maʼrifat markazi tuman (shahar) boʻlinma rahbari 11. Lavozimiga koʻra — Oʻzbekiston faxriylarining ijtimoiy faoliyatini qoʻllab-quvvatlash “Nuroniy” jamgʻarmasi tuman (shahar) boʻlimi rahbari

Vazirlar Mahkamasining 2023-yil 20-noyabrdagi 608-son qaroriga 3a-ILOVA

“Yilning eng namunali mahalla yoshlar yetakchisi” tanlovining hududiy bosqichlarini tashkil etish va oʻtkazish boʻyicha komissiyalarning

1. Lavozimiga koʻra — Qoraqalpogʻiston Respublikasi Vazirlar Kengashi Raisining, viloyatlar va Toshkent shahar hokimlarining yoshlar siyosati, ijtimoiy rivojlantirish va maʼnaviy-maʼrifiy ishlar boʻyicha oʻrinbosarlari, Komissiya raisi 2. Lavozimiga koʻra — Qoraqalpogʻiston Respublikasi, viloyatlar va Toshkent shahar yoshlar ishlari boshqarmalari boshliqlari, Komissiya raisi oʻrinbosari 3. Lavozimiga koʻra — Qoraqalpogʻiston Respublikasi, viloyatlar va Toshkent shahar prokurorlari (kelishuv asosida) 4. Lavozimiga koʻra — Qoraqalpogʻiston Respublikasi ichki ishlar vaziri, Toshkent shahar, Toshkent viloyati ichki ishlar bosh boshqarmalari va viloyatlar ichki ishlar boshqarmalari boshliqlari 5. Lavozimiga koʻra — Qoraqalpogʻiston Respublikasi, viloyatlar va Toshkent shahar mudofaa ishlari boshqarmalari boshliqlari 6. Lavozimiga koʻra — Qoraqalpogʻiston Respublikasi maktabgacha va maktab taʼlimi vaziri, viloyatlar va Toshkent shahar maktabgacha va maktab taʼlimi boshqarmalari boshliqlari 7. Lavozimiga koʻra — Qoraqalpogʻiston Respublikasi madaniyat vaziri, viloyatlar va Toshkent shahar madaniyat boshqarmalari boshliqlari 8. Lavozimiga koʻra — Qoraqalpogʻiston Respublikasi kambagʻallikni qisqartirish va bandlik vaziri, viloyatlar va Toshkent shahar kambagʻallikni qisqartirish va bandlik boshqarmalari boshliqlari 9. Lavozimiga koʻra — Qoraqalpogʻiston Respublikasi, viloyatlar va Toshkent shahar soliq boshqarmalari boshliqlari 10. Lavozimiga koʻra — Respublika Maʼnaviyat va maʼrifat markazi Qoraqalpogʻiston Respublikasi, viloyatlar va Toshkent shahar boʻlimlari rahbarlari 11. Lavozimiga koʻra — Oʻzbekiston faxriylarining ijtimoiy faoliyatini qoʻllab-quvvatlash “Nuroniy” jamgʻarmasining Qoraqalpogʻiston Respublikasi, viloyatlar va Toshkent shahar boʻlimlari raislari

Oʻzbekiston Respublikasining Bosh vaziri A. ARIPOV

Toshkent sh.,

2023-yil 20-noyabr,

608-son

(Qonunchilik maʼlumotlari milliy bazasi, 21.11.2023-y., 09/23/608/0866-son; 10.05.2024-y., 09/24/272/0337-son; 19.11.2025-y., 09/25/732/1062-son)

lex.uz