📅 2023-yil 20-noyabr · Vazirlar Mahkamasi qarorlari
Rasmiy matn. Rasmiy hujjat. Tahririy izohlar kiritilmagan.
📅 2023-yil 20-noyabr · Vazirlar Mahkamasi qarorlari
Rasmiy matn. Rasmiy hujjat. Tahririy izohlar kiritilmagan.
📅 2023 йил 20 ноябрь · Вазирлар Маҳкамаси қарорлари
Расмий матн. Расмий ҳужжат. Таҳририй изоҳлар киритилмаган.
📅 20 ноября 2023 г. · Постановления Кабинета Министров
Официальный текст. Официальный документ. Редакционные примечания не включены.
📅 20 November 2023 · Cabinet of Ministers resolutions
Official text. Official document. Editorial notes are not included.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг
қарори
НАМУНАВИЙ НИЗОМ
ШАКЛИ
НИЗОМ
Жамоат хавфсизлигини таъминлаш соҳасида овчилар жамоат бирлашмалари фаолиятини сифат жиҳатидан янги босқичга кўтариш чора-тадбирлари тўғрисида
Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Ўзбекистон Республикаси жамоат хавфсизлиги концепциясини тасдиқлаш ва уни амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида» 2021 йил 29 ноябрдаги ПФ-27-сон Фармонига мувофиқ жамоат хавфсизлигини таъминлашда овчилар жамоат бирлашмаларининг ўрнини кучайтириш, давлат органлари ва ташкилотлари ҳамда фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари билан ҳамкорлик қилишнинг замонавий механизмларини жорий этиш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:
1. Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Ўзбекистон Республикаси жамоат хавфсизлиги концепциясини тасдиқлаш ва уни амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида» 2021 йил 29 ноябрдаги ПФ-27-сон Фармонида жамоат хавфсизлигини таъминлашда овчилар жамоат бирлашмаларининг ролини ошириш ва масъулиятини кучайтириш, шунингдек, уларнинг фаолиятини тубдан такомиллаштириш белгилангани маълумот учун қабул қилинсин.
2. Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги, Миллий гвардияси ҳамда Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги овчилар жамоат бирлашмаларининг жамоат хавфсизлигини таъминлаш соҳасида тегишли давлат органларига кўмаклашиш ва амалий ёрдам кўрсатиш бўйича фаолиятини ташкил этишда замонавий услубларни жорий этсин, бунда қуйидаги асосий йўналишларга алоҳида эътибор қаратсин:
овчилик хўжаликлари ва уларга туташ бошқа ҳудудларда шубҳа уйғотувчи шахсларнинг бўлишини, улар томонидан қурол-аслаҳа, гиёҳвандлик воситалари, бошқа тақиқланган ашёларни олиб ўтиш ёки яшириб қўйиш, жамоат хавфсизлигига таҳдид солувчи бошқа ҳолатларни аниқлаш ҳамда бартараф этиш бўйича ваколатли давлат органларига амалий ёрдам кўрсатиш борасидаги фаолиятни янада кенгайтириш;
фуқароларни ов қуроли билан муомалада бўлиш ва ундан хавфсиз фойдаланиш қоидаларига ўқитиш тизимини янада такомиллаштириш;
спортнинг ҳарбий-амалий турларини (стендга ўқ отиш, овчилик биатлони) ривожлантиришда, ушбу спорт турлари билан шуғулланиш учун зарур моддий-техник база ва инфратузилмани яратишда, шунингдек, овчилик-спорт клублари тизимини шакллантиришда иштирок этиш;
спортнинг ўқ отиш турлари бўйича иқтидорли ёш спортчиларни аниқлаш, тайёрлаш ҳамда ўқув-машқ жараёнини самарали ташкил этишда спорт ташкилотларига яқиндан кўмаклашиш.
3. Қуйидагиларни назарда тутувчи:
овчилик назорати жамоатчи инспектори фаолиятини ташкил этиш тартиби, овчилик назорати жамоатчи инспекторлари таркибини шакллантириш мезонлари ва овчилик назорати жамоатчи инспекторининг ваколатли давлат органларига амалий ёрдам кўрсатиш борасидаги ҳуқуқ ва мажбуриятларини назарда тутувчи Овчилик назоратининг жамоатчи инспектори тўғрисидаги намунавий низом 1-иловага мувофиқ;
қуролдан хавфсиз фойдаланиш қоидаларига ўқитиш бўйича махсус қисқа муддатли ўқув курсларига қабулни ташкил этиш ҳамда ўқув юкламаси ҳажмини белгилаш, ўқув курсларида ўқув жараёнини ташкил этиш ва якуний имтиҳонларни ўтказиш ҳамда ўқув курсларини тамомлагани тўғрисида гувоҳномалар бериш ва уларнинг реестрини юритиш тартибини назарда тутувчи Қуролдан хавфсиз фойдаланиш қоидаларига ўқитиш бўйича қисқа муддатли махсус ўқув курслари тўғрисидаги низом 2-иловага мувофиқ тасдиқлансин.
4. Ўзбекистон Республикаси Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги ҳамда Ички ишлар вазирлиги:
икки ой муддатда ушбу қарорнинг тегишлилиги бўйича талабларини амалга ошириш механизмини белгилайдиган чора-тадбирлар дастурини тасдиқласин ва унинг сифатли бажарилиши устидан доимий назорат ўрнатсин;
Ўзбекистон овчи ва балиқчилар спорт бирлашмаси ҳамда унинг минтақавий тузилмалари билан биргаликда овчилик хўжаликлари ҳудудида қўшма рейдлар ва бошқа профилактика тадбирларини тажрибали ҳаваскор овчиларни жалб этган ҳолда доимий равишда ўтказиш амалиётини йўлга қўйсин.
5. Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги ҳамда Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда икки ой муддатда ўзлари қабул қилган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларини ушбу қарорга мувофиқлаштирсин.
6. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси ички ишлар вазири П.Р. Бобожонов зиммасига юклансин.
Вазирлар Маҳкамасининг 2023 йил 20 ноябрдаги 609-сон қарорига 1-ИЛОВА
Овчилик назоратининг жамоатчи инспектори тўғрисида
1-боб. Умумий қоидалар
1. Ушбу Намунавий низом ҳайвонот дунёсини муҳофаза қилиш ва ундан фойдаланиш соҳасидаги тадбирларни амалга оширишда овчилар жамоат бирлашмаларига аъзо бўлган фуқароларнинг (кейинги ўринларда — жамоатчи инспекторлар) жамоатчилик асосида иштирокини ташкил этиш тартибини, уларнинг вазифалари, ҳуқуқлари ва мажбуриятларини белгилайди.
2. Ушбу Намунавий низом қоидалари овчилар жамоат бирлашмалари бўлмаган нодавлат нотижорат ташкилотлари ва фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларига нисбатан татбиқ этилмайди.
3. Жамоатчи инспекторларнинг фаолияти белгиланган тартибда адлия органларида давлат рўйхатидан ўтказилган овчилар жамоат бирлашмалари таркибида ташкил этилиши мумкин.
4. Жамоатчи инспекторлар сони овчилар жамоат бирлашмалари томонидан юритиладиган овчилик хўжаликлари сони ва уларнинг майдонига, чегараолди минтақасида ва муҳофаза этиладиган табиий ҳудудларда жойлашувидан (агар уларнинг муҳофаза режимида ов қилиш назарда тутилган бўлса) келиб чиққан ҳолда белгиланади.
Мазкур банднинг биринчи хатбошисидаги мезонларга асосан овчилар жамоат бирлашмалари томонидан жамоатчи инспекторлар гуруҳи тузилиши мумкин.
Жамоатчи инспекторлар таркиби, биринчи навбатда, овчилар жамоат бирлашмалари томонидан юритиладиган овчилик хўжаликлари штатида егерлар ёки бошқа штатдаги ов мутахассислари мавжуд бўлмаган ёки етишмайдиган овчилик хўжаликларида шакллантирилади.
Жамоатчи инспектор вазифаларини бажариш фуқарони овчилар жамоат бирлашмасига аъзоликка доир мажбуриятларни бажаришдан озод қилмайди.
Жамоатчи инспекторлар ўз фаолиятини жамоатчилик асосида амалга оширадилар, улар билан меҳнат шартномаси расмийлаштирилмайди ва иш стажи ҳисобланмайди.
Овчилар жамоат бирлашмалари аъзолари жамоатчи инспектор вазифасини бажаришга фақат иш жойидан бўш вақтларида жалб этилиши мумкин.
5. Жамоатчи инспекторлар таркиби ов қилиш қоидаларини, шу жумладан, ёввойи ҳайвонларнинг яшаш муҳитини, бўлиш ва урчиш жойларини, уларнинг кўчиб ўтиш йўлларини муҳофаза қилиш, ов қилиш учун рухсат этилган ҳамда тақиқланган жойларни, ёввойи ҳайвонларнинг турларини ҳамда ов қуроллари ва усулларини, ов қилиш учун белгиланган муддатларни, овланган ёввойи ҳайвонлар ва уларнинг яшаш фаолияти маҳсулотлари ҳисобини юритиш тартибини, ҳайвонот дунёсидан фойдаланиш қоидаларини бузганлик учун жавобгарлик чораларини, шунингдек, овчилик хўжаликлари ва уларга туташган ҳудудларни яхши биладиган, интизомли, ташкилотчилик, кучли ирода, топқирлик, ташаббускорлик қобилиятларига ва аҳоли ўртасида обрў-эътиборга эга овчилар жамоат бирлашмалари аъзоларидан ихтиёрийлик тамойили асосида шакллантирилади.
6. Жамоатчи инспектор бўлиш истагини билдирган овчилар жамоат бирлашмаси аъзоси овчилар жамоат бирлашмаси раҳбарлик органига ариза билан мурожаат қилади.
Ариза овчилар жамоат бирлашмаси раҳбарлик органи томонидан Ўзбекистон Республикаси Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги ва унинг ҳузуридаги Ўрмон хўжалиги агентлиги (ов қилиш жойлари ўрмон фондига кирмайдиган ерларда жойлашган бўлса) ҳамда ҳудудий ички ишлар органларининг вакиллари иштирокидаги йиғилишда ариза келиб тушган кундан эътиборан ўттиз кундан ошмаган муддатда кўриб чиқилади. Бунда аризани кўриб чиқиш натижалари баён шаклида расмийлаштирилади.
Номзоди маъқулланган фуқарога овчилар жамоат бирлашмаси раҳбарлик органи йиғилиши баёнига мувофиқ овчилар жамоат бирлашмаси раҳбарининг буйруғи билан ушбу Намунавий низомга 1-иловага мувофиқ шакл бўйича уч йил муддатга жамоатчи инспектор гувоҳномаси берилади.
7. Жамоатчи инспектор гувоҳномаси тартиб рақамига эга бўлади, овчилар жамоат бирлашмаси томонидан ушбу Намунавий низомга 2-иловага мувофиқ шаклда юритиладиган алоҳида ҳисобга олиш журналида қайд этилади ҳамда гувоҳнома олувчига журналга имзо қўйдирган ҳолда топширилади.
Бунда гувоҳнома рақами ҳисобга олиш журналидаги тартиб рақамга мос келиши керак.
Ҳисобга олиш журнали овчилар жамоат бирлашмаси раҳбарига шахсан бириктирилган махсус сейфда сақланади.
Ҳисобга олиш журнали белгиланган намунага мос, қаттиқ жилд билан муқоваланган ҳамда варақлари рақамланган, тикилган, овчилар жамоат бирлашмаси раҳбари имзоси ва муҳри билан, варақлари ва унинг юритилиши бошланган санаси кўрсатилган ҳолда тасдиқланган бўлиши керак.
2-боб. Жамоатчи инспекторларнинг асосий вазифалари, ҳуқуқлари ва мажбуриятлари
8. Қуйидагилар жамоатчи инспекторларнинг асосий вазифалари ҳисобланади:
овчилик хўжаликларида ҳайвонот дунёсини муҳофаза қилиш ва ундан фойдаланиш соҳасидаги қонунчилик ҳужжатларига юридик ва жисмоний шахслар томонидан риоя этилишини ўрганиб бориш ҳамда аниқланган ҳуқуқбузарликлар юзасидан табиатни муҳофаза қилиш давлат органлари ҳамда овчилар жамоат бирлашмасини хабардор қилиш;
овчилик хўжаликларида ҳайвонот дунёсини муҳофаза қилиш ва ундан фойдаланиш соҳасидаги ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш ва аниқлаш, қонунга хилоф равишда ов қилишга (браконьерликка) қарши курашиш бўйича табиатни муҳофаза қилишга масъул инспекторлар томонидан ўтказилаётган патруллик рейдлари ва бошқа тадбирларда иштирок этиш;
овчилик хўжаликлари, биринчи навбатда, чегараолди минтақаларида ва муҳофаза этиладиган табиий ҳудудларда ҳамда уларга туташ ҳудудларда жойлашган нотаниш, шубҳа уйғотувчи шахсларнинг пайдо бўлиши, қурол-аслаҳани, ўқ-дориларни, гиёҳвандлик воситаларини, бошқа тақиқланган ашёларни олиб ўтиш ёки яшириб қўйиш, жамоат хавфсизлигига таҳдид соладиган ёки таҳдид солиши мумкин бўлган ўзга ҳолатлар юзасидан ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларни хабардор қилиш;
ваколатли давлат органлари, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари ва нодавлат нотижорат ташкилотлари томонидан овчилик хўжаликлари ҳудудида ҳайвонот дунёсини муҳофаза қилиш ва ундан фойдаланиш соҳасидаги давлат дастурларини ҳамда бошқа дастурларнинг амалга оширилишига кўмаклашиш;
овчилик хўжаликлари ҳудудида табиий офатлар, ёнғинлар ва бошқа фавқулодда вазиятлар хавфи туғилганда ваколатли давлат органларини, овчилик хўжаликлари ходимларини ва аҳолини ўз вақтида хабардор қилишда ва ушбу ҳолатларни бартараф этишда қатнашиш;
фуқароларда атроф табиий муҳитга нисбатан эҳтиёткорона муносабатни шакллантиришда, табиат тўғрисидаги билимларни тарғиб қилиш ва оммалаштириш ишларини амалга оширишда, табиатни муҳофаза қилишга доир танловлар, кўргазмалар ва бошқа оммавий тадбирларни ўтказишда иштирок этиш.
9. Жамоатчи инспекторлар ўз зиммасига юкланган вазифаларни бажаришда қуйидаги ҳуқуқларга эга:
овчилик хўжаликлари ҳудудида бўлиб турган шахслар томонидан ҳайвонот дунёсини муҳофаза қилиш ва ундан оқилона фойдаланиш қоидаларига риоя этилишини бевосита кузатиш, аниқланган ҳолатлар бўйича белгиланган тартибда маълумотномалар ва ахборотлар тўплаш ҳамда ваколатли давлат органларига киритиш;
овчилик хўжалиги ҳудудини айланиб чиқиш (патруллик қилиш), ҳуқуқбузарлик ҳолатларини аниқлаш ва расмийлаштириш учун хизмат ҳайвонлари ва транспорт воситаларидан, видеокузатув ҳамда кузатувнинг бошқа техник воситаларидан фойдаланиш, юкланган вазифаларни махсус кийим-бошда (формада) бажариш;
овчилик хўжаликларидан, табиатни муҳофаза қилиш органларидан ҳамда овчилик хўжалиги ҳудудида бўлиб турган шахслардан юкланган вазифаларни бажариш учун зарур бўлган ахборотларни олиш;
табиатни муҳофаза қилиш давлат органлари ва ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари ходимлари томонидан овчилик хўжаликлари ҳудудида ўтказилаётган инспекторлик рейдлари ва бошқа тадбирларда иштирок этиш, ҳуқуқбузарликлар ҳолатларига аниқлик киритишда ва уларни расмийлаштиришда қатнашиш;
овчилик хўжаликлари ҳудудида аниқланган ҳуқуқбузарликлар, шубҳали ҳолатлар ва шубҳа уйғотувчи шахслар хусусида ваколатли давлат органларига ахборот бериш ва маълумотлар киритиш;
аҳолининг табиатни муҳофаза қилишга доир маданияти ва билимини ошириш ишларида иштирок этиш;
ҳайвонот дунёсини муҳофаза қилиш ва ундан оқилона фойдаланишга оид фаолият бўйича қонунчиликни такомиллаштириш ва яхшилаш юзасидан овчилар жамоат бирлашмасига таклифлар киритиш;
муҳим жамоат тадбирларида фаол иштирок этиш ва ҳайвонот дунёсини муҳофаза қилиш ҳамда ундан оқилона фойдаланишга оид талаблар бузилишининг олдини олиш, уни аниқлаш ва унга чек қўйиш, айбдорларни жавобгарликка тортишда кўмаклашгани учун давлат органларидан, овчилар жамоат бирлашмалари ёки бошқа нодавлат нотижорат ташкилотларидан мукофотлар олиш.
Жамоатчи инспекторлари қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ бошқа ҳуқуқларга ҳам эга бўлиши мумкин.
10. Жамоатчи инспекторлар:
ҳайвонот дунёсини муҳофаза қилиш ва ундан оқилона фойдаланишга доир ҳамда бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг, шунингдек, ушбу Низом ва овчилар жамоат бирлашмаси уставининг талабларига амал қилиши;
юкланган вазифалар доирасида табиатни муҳофаза қилиш ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга амалий ёрдам кўрсатиши;
овчилик хўжаликлари фаолиятига аралашмаслиги;
овчилик назорати жамоатчи инспектори гувоҳномасини ўзининг ёнида олиб юриши ва овчилик хўжаликлари ҳудудида бўлаётган шахсларнинг талаби бўйича тақдим этиши;
ўзига ишониб топширилган техник воситаларни, махсус кийим-бош (форма) ва бошқа мол-мулкни эҳтиёт қилиши ҳамда уларни соз ҳолатда сақлаши лозим.
3-боб. Жамоатчи инспекторлар фаолиятини ташкил этиш
11. Ўзбекистон Республикаси Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги ҳамда Ички ишлар вазирлигининг ҳудудий бўлинмалари ҳамда овчилар жамоат бирлашмалари қонунчилик ҳужжатларида белгиланган ваколатлари доирасида жамоатчи инспекторлар фаолиятига услубий раҳбарлик қилади.
12. Жамоатчи инспекторлар ўз фаолиятини овчилар жамоат бирлашмаси раҳбари томонидан тасдиқланган режалар асосида амалга оширади.
Режаларда жамоатчи инспекторларга бириктирилган ҳудудларнинг номи ва аниқ чегаралари, уларни айланиб чиқиш (патруллик қилиш) тартиби ва давомийлиги, юзага келаётган вазиятни кузатиб бориш билан боғлиқ бўлган асосий ҳамда алоҳида вазифалар, овчилар жамоат бирлашмаси, табиатни муҳофаза қилиш давлат органлари ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларнинг мансабдор шахслари билан ахборот алмашинувини таъминлаш қоидалари, амалга оширилаётган ишлар юзасидан ҳисобот бериш тартиби назарда тутилиши мумкин.
13. Жамоатчи инспекторларни ўқитиш, фаолиятини амалга ошириш давомида уларга йўриқнома ўтказиш ва вазифаларни белгилаш овчилар жамоат бирлашмаси раҳбари, заруратга кўра эса Ўзбекистон Республикаси Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги Давлат экологик назорат инспекциясининг ҳамда ҳудудий ички ишлар органлари ходимлари томонидан амалга оширилади.
Жамоатчи инспекторлар зиммасига ушбу Намунавий низомда ва бошқа қонунчилик ҳужжатларида белгиланмаган вазифаларни юклаш ёки топшириқлар бериш, уларни давлат сирларини ташкил этувчи ҳужжатлар билан таништириш тақиқланади.
14. Жамоатчи инспекторлар давлат органлари ва овчилар жамоат бирлашмалари ёки бошқа нодавлат нотижорат ташкилотлари томонидан рағбатлантирилиши мумкин.
15. Жамоатчи инспекторлар фаолият юритиши учун шароитлар яратиш, уларни ўқитиш ва малакасини ошириш билан боғлиқ харажатлар овчилар жамоат бирлашмалари маблағлари ҳисобидан молиялаштирилади.
16. Жамоатчи инспекторлар ўзига юкланган вазифаларни бажариши учун овчилар жамоат бирлашмалари томонидан махсус кийим-бош (форма) билан бепул таъминланади.
Махсус кийим-бош (форма) намуналари овчилар жамоат бирлашмаси раҳбарлик органи томонидан тасдиқланиши мумкин.
17. Жамоатчи инспекторларга юкланган вазифаларнинг хусусиятларидан келиб чиқиб, уларга овчилар жамоат бирлашмалари томонидан хизмат ҳайвонлари, транспорт ва алоқа воситалари, видеокузатув ҳамда кузатувнинг бошқа техник воситалари вақтинча фойдаланиш учун берилиши мумкин.
4-боб. Якунловчи қоидалар
18. Жамоатчи инспектор гувоҳномасининг амал қилиш муддатини узайтириш ёки амал қилишини тугатиш ушбу гувоҳномани беришга доир умумий тартибда амалга оширилади.
19. Жамоатчи инспектор гувоҳномасининг амал қилиш муддати жамоатчи инспекторнинг аризаси асосида узайтирилади.
20. Жамоатчи инспектор гувоҳномаси амал қилишини тугатишга қуйидагилар асос бўлади:
гувоҳноманинг амал қилиш муддати тугаганда;
жамоатчи инспекторнинг аризасига мувофиқ;
жамоатчи инспектор унга юкланган вазифаларни бажармаганда ёки лозим даражада бажармаганда ёки унинг фаолиятида қонунчилик ҳужжатларига зид хатти-ҳаракатлар аниқланганда;
жамоатчи инспектор суд томонидан жиноят ёки маъмурий ҳуқуқбузарлик (ов қилиш ва балиқ овлаш қоидаларини бузганлик) содир этганликда айбдор деб топилганда;
жамоатчи инспектор овчилар жамоат бирлашмасининг устави талабларини қўпол равишда бузганда ёки овчилар жамоат бирлашмаси аъзолигидан чиқарилганда;
жамоатчи инспекторга ов қуролини сақлаш ва олиб юришга доир берилган рухсатноманинг амал қилиши тугатилганда ёки бекор қилинганда, агар унинг жамоатчи инспектор мажбуриятларини бажариши ов қуроли билан бевосита боғлиқ бўлса.
Амал қилиши тугатилган гувоҳнома жамоатчи инспектор томонидан уч кун муддат ичида уни берган овчилар жамоат бирлашмасига қайтарилиши шарт.
21. Ушбу Низом талаблари бузилишида айбдор бўлган шахслар қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда жавоб берадилар.
Овчилик назоратининг жамоатчи инспектори тўғрисидаги намунавий низомга 1-ИЛОВА
Овчилар жамоат бирлашмаси томонидан бериладиган овчилик назоратининг жамоатчи инспектори гувоҳномасининг
Гувоҳноманинг муқоваси
OVCHILIK NAZORATINING JAMOATCHI INSPEKTORI GUVOHNOMA
Гувоҳноманинг ички томони
(maʼmuriy-hududiy birlik va ovchilar jamoat Guvohnomaning amal qilish muddati: birlashmasi nomi) 20___ yil «____» __________ gacha uzaytirildi. ______________________________________ Ovchilar jamoat birlashmasi GUVOHNOMA № 0000 m.oʻ rahbari _______ ____________ ________ (imzo) ______ (F.I.О.) фотосурат 30 х 40 мм (F.I.О.) OVCHILIK NAZORATINING JAMOATCHI INSPEKTORI Guvohnomaning amal qilish muddati: Berildi: 20__ yil «___» _________ da 20___ yil «____»__________ gacha uzaytirildi. Amal qilish muddati: 20__ yil «___» _________ gacha Ovchilar jamoat birlashmasi m.oʻ. Ovchilar jamoat birlashmasi m.oʻ. rahbari _______ ___________ rahbari _______ ____________ ________ (imzo) ______ (F.I.О.) ________ (imzo) ______ (F.I.О.)
Овчилик назоратининг жамоатчи инспектори тўғрисидаги намунавий низомга 2-ИЛОВА
Овчилик назоратининг жамоатчи инспектори гувоҳномасининг берилишини ва қайтарилишини ҳисобга олиш ЖУРНАЛИ (овчилар жамоат бирлашмасининг номи) Т/р Гувоҳноманинг тартиб рақами Гувоҳнома эгасининг ва уни имзолаган шахснинг фамилияси, исми, отасининг исми Амал қилиш муддати Гувоҳнома эгасининг фотосурати Олинган санаси, олганлик тўғрисидаги имзо Қайтариш санаси, қайтарилган гувоҳнома эгасининг имзоси Йўқ қилиниши тўғрисида белги (далолатнома санаси ва тартиб рақами)
Вазирлар Маҳкамасининг 2023 йил 20 ноябрдаги 609-сон қарорига 2-ИЛОВА
Қуролдан хавфсиз фойдаланиш қоидаларига ўқитиш бўйича қисқа муддатли махсус ўқув курслари тўғрисида
1-боб. Умумий қоидалар
1. Ушбу Низом фуқаровий ов қуролини олиш учун биринчи марта рухсатнома олаётган Ўзбекистон Республикаси фуқароларини, Ўзбекистон Республикасида доимий яшовчи чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахсларни (кейинги ўринларда — фуқаролар) қуролдан хавфсиз фойдаланиш қоидаларига ўқитиш бўйича қисқа муддатли махсус ўқув курсларини ташкил этиш ва уларда ўқитиш тартибини белгилайди.
2. Ушбу Низомда қуйидаги асосий тушунчалар қўлланилади:
қурол — тузилишига кўра жонли нишонни ёки бошқа нишонни уриш, сигналлар бериш учун мўлжалланган қурилмалар ва ашёлар. Тузилиши жиҳатидан қуролга ўхшаш бўлган хўжалик-маиший ва ишлаб чиқариш мақсадидаги буюмлар сифатида сертификатланган буюмлар, шунингдек, тузилиши жиҳатидан қуролга ўхшаш бўлган спорт аслаҳалари қурол жумласига кирмайди;
қуролдан хавфсиз фойдаланиш қоидаларига ўқитиш бўйича қисқа муддатли махсус ўқув курслари (кейинги ўринларда — ўқув курслари) — овчилар жамоат бирлашмаси томонидан фуқароларни ҳайвонот дунёсини муҳофаза қилиш ва ов қилиш, қурол билан муомалада бўлиш ва ундан хавфсиз фойдаланиш қоидаларига ўқитиш бўйича ташкил этиладиган ҳуқуқий-назарий ва амалий ўқув машғулотлари мажмуаси;
тингловчи — қурол олишга биринчи марта рухсатнома олаётган, ўқув курсларида ўқиш учун тўлов суммасини тўлаган ва ўқув курсларига қабул қилинган шахслар;
инструктор — ўқув курсларида тингловчиларни ўқитадиган, Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлигининг Малака ошириш институтида тингловчи курсларини муваффақиятли тугатиб, белгиланган намунадаги сертификатни олган, овчилар жамоат бирлашмаси штатидаги ходим, шунингдек, Қорақалпоғистон Республикаси Ички ишлар вазирлигининг, Тошкент шаҳар ва Тошкент вилояти ички ишлар бош бошқармалари ҳамда вилоятлар ички ишлар бошқармаларининг Жамоат хавфсизлиги хизмати, Жамоат тартибини сақлаш бошқармаларининг туман (шаҳар) ички ишлар бўлимларининг назорат-лицензиялаш фаолиятини ташкил этиш бўлинмаси ходими;
гувоҳнома — қуролни олишга рухсатнома расмийлаштириш учун ички ишлар органига мурожаат қилиш ҳуқуқини берувчи, тингловчининг ўқув курсларини муваффақиятли тугатганлигини тасдиқловчи ҳужжат;
ўқ отиш стенди — спорт мусобақалари ва ўқув-машқ йиғинларини ўтказишга, шунингдек, кўнгилочар мақсадларда силлиқ стволли ўқотар ов ҳамда силлиқ стволли ўқотар спорт қуролидан учар нишонларга қарата ўқ отиш учун махсус мўлжалланган (жиҳозланган) муҳандислик-қурилиш иншооти;
тир — спорт мусобақаларини, ўқув-машқ йиғинлари ва ўқув ўқ отиш машқларини ўтказишга, қуролни текширишга, шунингдек, кўнгилочар мақсадларда фуқаровий ва хизмат ўқотар қуролидан, пневматик ов қуролидан, пневматик спорт қуролидан, спорт улоқтириш қуролидан ҳаракатланмайдиган ҳамда ҳаракатланувчи нишонларга қарата ўқ отиш учун махсус мўлжалланган (жиҳозланган) муҳандислик-қурилиш иншооти;
ўқ отиш майдони — бир неча тир ва (ёки) ўқ отиш стендларидан ташкил топган мажмуа.
3. Ушбу Низом қоидалари қуролни олишга биринчи марта рухсатнома олаётган фуқароларга нисбатан татбиқ этилади.
Қуролни иккинчи ва ундан кўп марта олишга, шунингдек, қуролни сақлаш ва олиб юришга, сақлашга доир рухсатномаларни олаётган фуқароларнинг ўқув курсларида ўқиши тавсиявий ҳисобланади.
4. Ушбу Низом қоидалари қуйидагиларга нисбатан татбиқ этилмайди:
тиғли совуқ (ов пичоқлари, ов ханжарчалари ва ханжарлар) қуролни олаётган фуқароларга;
сигнал берувчи ов қуролини, спорт қуролини, ўзини ўзи ҳимоя қилиш қуролини, коллекциялаш ва кўргазмага қўйиш учун мўлжалланган қуролни олишга доир рухсатномаларни олаётган фуқароларга;
мукофот қилинган қуролни сақлаш ва олиб юришга доир рухсатномани олаётган Ўзбекистон Республикаси фуқароларига;
Ўзбекистон Республикаси ҳудудида фуқаровий қуролни олишга доир рухсатномаларини олаётган Ўзбекистон Республикаси ҳудудида вақтинча турган чет эл фуқароларига.
5. Ўқув курслари:
қурол ва унинг ўқ-дорилари муомаласига доир қонунчилик ҳужжатлари талабларини, овчиларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятларини;
ов қилиш қоидаларини, шу жумладан, атроф-муҳитни, ёввойи ҳайвонлар яшаш муҳитини, бўлиш ва урчиш жойларини, уларнинг кўчиб ўтиш йўлларини муҳофаза қилиш, ов қилиш учун рухсат этилган ва тақиқланган жойларни, ёввойи ҳайвонларнинг турларини ҳамда ов қуроллари ва усулларини, ов қилиш учун белгиланган муддатларни, овланган ёввойи ҳайвонлар ва уларнинг яшаш фаолияти маҳсулотларининг ҳисобини юритиш тартибини;
қурол билан муомалада бўлиш, ов қилиш ва балиқ овлаш, ҳайвонот дунёсидан фойдаланишнинг бошқа турларини амалга ошириш қоидаларини бузиш учун жавобгарлик чораларини;
фойдаланиладиган қурол ва унинг ўқ-дорилари асосий турларини, уларнинг тактик ва техник тавсифларини ҳамда баллистик хусусиятларини, уларни сақлаш, ташиш, олиб юриш ва улардан фойдаланиш тартибини;
қуролни ўқлашда, тозалашда, қўллашда, қурол билан бошқа шаклларда муомала қилишда шахсий, атрофдагиларнинг хавфсизлигини ва жамоат тартибини таъминлаш ҳамда ёнғинга қарши чораларни;
ўқдан яраланганда ва бошқа турдаги тан жароҳатларининг асосий турлари бўйича бирламчи шошилинч тиббий ёрдам кўрсатиш асосларини ўзлаштириб олиш учун зарур бўлган мустаҳкам ва етарли ҳажмда билимларни ҳамда амалий кўникмаларни ҳосил қилиш мақсадларида ташкил этилади.
Ўқув курсларида:
ушбу банднинг иккинчи — тўртинчи хатбошиларига доир қисмда — овчилар жамоат бирлашмаси штатидаги ходимлари таркибидан тайёрланган инструкторлар томонидан;
ушбу банднинг бешинчи — еттинчи хатбошиларига доир қисмда — ички ишлар органлари назорат-лицензиялаш фаолиятини ташкил этиш бўлинмаси ходимлари таркибидан тайёрланган инструкторлар томонидан ўқитилади.
6. Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлигининг Малака ошириш институти томонидан инструкторларни тайёрлаш бўйича ўқув жараёни доирасидаги алоҳида ўқув машғулотларини ўтказиш учун Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги, Ички ишлар вазирлиги, шунингдек, овчилар жамоат бирлашмаси, Ўзбекистон ўқ отиш спорти федерацияси, овчилик ва отиш спорти соҳасидаги фаолият билан шуғулланувчи юридик шахслар ва бошқа манфаатдор ташкилотларнинг малакали ходимлари ва тажрибали мутахассислари келишув асосида жалб этилиши мумкин.
7. Ўқув курсларида тингловчилар ишдан ажралган ҳолда ўқитилади.
8. Ўқув курсларида ўқиш билан боғлиқ харажатлар овчилар жамоат бирлашмаси томонидан белгиланади ҳамда овчилар жамоат бирлашмаси ва фуқаро ўртасида тузиладиган шартномага асосан кўрсатилади. Бунда тўлов суммасини курсларда ўқиш давомида бўлиб тўлаш имконияти назарда тутилиши мумкин.
9. Шартномада фуқаро хавфсиз фойдаланиш қоидаларига ўқитилиши лозим бўлган қурол тури (силлиқ стволли ов қуроли, сойли стволли ов қуроли, пневматик ов қуроли) кўрсатилиши лозим.
10. Ўқув курсларида ўқитиш учун шартнома суммасининг 50 фоизи овчилар жамоат бирлашмаси томонидан Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлигининг Жамоат хавфсизлиги департаменти Жамоат тартибини сақлаш хизматининг махсус ҳисобварағиға ўтказилади.
2-боб. Ўқув курсларига қабулни ташкил этиш
11. Ўқув курсларига йигирма беш ёшга тўлган фуқаролар қабул қилинади.
12. Ўқув курсларида ўқишни хоҳловчи фуқаролар йил давомида ўқув курсларига қабул қилиш ҳақидаги аризани ва унга илова қилинган қуйидаги ҳужжатларни овчилар жамоат бирлашмасига бевосита, почта алоқаси воситалари орқали ёки электрон шаклда овчилар жамоат бирлашмасининг электрон манзилига (мавжуд бўлса) улар олинганлиги ҳақида хабардор қилинган ҳолда тақдим этади:
овчилар жамоат бирлашмаси томонидан берилган овчилик гувоҳномаси нусхаси;
фуқаролик паспорти (идентификацияловчи ID-картаси) ёки шахсни тасдиқловчи бошқа ҳужжат (Ўзбекистон Республикаси фуқаролари учун);
Ўзбекистон Республикаси ҳудудида доимий яшайдиган чет эл фуқароси ва фуқаролиги бўлмаган шахснинг Ўзбекистон Республикасида яшаш гувоҳномаси (идентификацияловчи ID-картаси).
13. Ўқув курсларидаги ўқув жараёни тингловчилар сони қоидага кўра гуруҳларнинг тўлдирилишига боғлиқ ҳолда камида 15 — 20 кишидан иборат, бироқ 25 кишидан ортиқ бўлмаган гуруҳларда ташкил қилинади.
14. Ўқув курсларининг гуруҳлар таркиби шакллантирилгандан сўнг овчилар жамоат бирлашмаси томонидан икки иш кунида ўқув курслари муддати (йил, ой, сана, машғулотлар бошланиши ва тугалланиши вақти), фуқароларнинг рўйхати акс эттирилган режа-жадвал тасдиқланиб, шу куннинг ўзида фуқароларга ёзма равишда хабарнома юборилади.
Хабарномада ўқув курслари муддати, ўқиш учун тўлов суммаси, овчилар жамоат бирлашмасининг банк ҳисобварағи реквизитлари ва тўлаш муддати кўрсатилади.
15. Олинган хабарномага асосан ўқув жараёни бошлангунга қадар овчилар жамоат бирлашмасига ўқиш учун мурожаат қилмаган ёки ўқиш учун белгиланган тўловни амалга оширмаган фуқаролар ўқув курсларига қабул қилинмайди ва бу ҳақда овчилар жамоат бирлашмаси томонидан бир иш кунида фуқароларга ёзма равишда хабарнома юборилади.
Мазкур ҳолларда фуқаролар кейинги ташкил этиладиган ўқув курсларида ўқишга қабул қилиниши мумкин.
16. Ўқув курсларида ўқиш учун режа-жадвалда кўрсатилган ҳамда тўлов суммасини тўлаган фуқаролар овчилар жамоат бирлашмаси раҳбари буйруғи билан тингловчи сифатида ўқишга қабул қилинади.
3-боб. Ўқув курсларида ўқув юкламаси ҳажми ва ўқув жараёни
17. Ўқув курслари камида икки нафар инструктор томонидан ташкил этилади.
18. Ўқув курслари овчилар жамоат бирлашмаси томонидан Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги ҳамда Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги билан келишилган ҳолда тасдиқланган ўқув дастурларига мувофиқ ўтказилади.
19. Ўқув машғулотлари инструкторлар томонидан ташкил этилади. Ўқув машғулотларини ўтказиш учун зарур ҳолларда вазирликлар, идоралар ва бошқа ташкилотларнинг малакали ходимлари ҳамда тажрибали мутахассислари келишув асосида жалб этилиши мумкин.
20. Ўқув курсларида ўқув жараёнининг умумий давомийлиги бир ҳафтани (36 (54 академик) соат) ташкил этади.
Умумий ўқув вақти ҳажми қуйидагича тақсимланади:
назарий таълим — 24 (36 академик) соат;
амалий машғулотлар — 12 (18 академик) соат, шу жумладан, қуролдан ўқ отишни ўргатиш машғулотлари (ўқув ўқ отиш машқлари) — 6 (9 академик) соат.
21. Ўқув машғулотлари маъруза, семинар ва амалий машғулот шаклларида ўтказилади. Назарий ўқув машғулотларини ўтказишда интерфаол ўқитиш услублари қўлланилиши тавсия этилади.
Ўқув машғулотлари давомида тингловчиларга назорат топшириқлари (тест, ёзма иш ва бошқалар) берилади.
22. Аудитория машғулотлари давомийлиги 80 дақиқани (танаффуссиз, икки академик соат) ташкил этади, ўқув машғулотлари оралиғидаги танаффус — камида 10 дақиқадан иборат бўлади.
23. Ўқув ўқ отиш машқлари овчилар жамоат бирлашмасига тегишли бўлган ҳамда ички ишлар органларининг рўйхатига олинган қурол ва ўқ-дорилари билан фуқаровий қурол ва унинг ўқ-дориларини сақлашга доир рухсатномаларига эга бўлган ўқ отиш стенди, тир ёки ўқ отиш майдонида ўтказилади.
24. Овчилар жамоат бирлашмаси ўқув курсларини ташкил этиш учун жиҳозланган хоналарга ва (ёки) қурол ва ўқ-дориларни сақлаш хонасига эга бўлмаганда, ўқув машғулотларини ўтказиш ва (ёки) қурол ва ўқ-дориларни сақлаш шартномавий тартибда фуқаровий қурол ва унинг ўқ-дориларини сақлашга доир рухсатномага эга бўлган юридик шахсда ёки ички ишлар органларида амалга оширилиши мумкин.
25. Овчилар жамоат бирлашмаси ўзига тегишли бўлган ўқ отиш стенди, тир ёки ўқ отиш майдонига эга бўлмаганда, ўқув ўқ отиш машқлари шартномавий тартибда фуқаровий қурол ва унинг ўқ-дориларини сақлашга доир рухсатномаларига эга бўлган юридик шахснинг ўқ отиш стенди, тири ёки ўқ отиш майдонида, ёхуд ички ишлар органларининг ўқ отиш полигонларида ўтказилиши мумкин.
26. Силлиқ стволли ўқотар ов қуроли билан ўқув ўқ отиш машқлари ўқ отиш стендида, сойли стволли ўқотар ов қуроли ва пневматик ов қуроли билан ўқув ўқ отиш машқлари эса, тир ёки ўқ отиш майдонида ўтказилади.
Силлиқ стволли ўқотар ов қуроли билан ўқув ўқ отиш машқлари бир неча ўқ отиш стендидан иборат бўлган ўқ отиш майдонида ўтказилиши мумкин.
Сойли стволли ўқотар ов қуроли ва пневматик ов қуроли билан ўқув ўқ отиш машқлари бир неча тирлардан иборат бўлган ўқ отиш майдонида ўтказилиши мумкин.
27. Ўқ отиш тиридаги ўқув ўқ отиш машқларида қатнашишга фақат қуролни ўқлаш, тозалаш, олиб юриш, қўллашда шахсий, атрофдагилар хавфсизлигини ва жамоат тартибини таъминлаш чораларини, шунингдек, ўқув ўқ отиш машқлари шартлари ва хавфсизлик қоидаларига оид билим ва кўникмалар бўйича ўтказилган назорат синовларидан муваффақиятли ўтган тингловчиларга рухсат берилади.
28. Ўқув ўқ отиш машқлари овчилар жамоат бирлашмаси раҳбари томонидан ушбу машқларни ўтказиш учун масъул бўлган инструктор (инструкторлар) тайинлангандан сўнг гуруҳма-гуруҳ ўтказилади.
29. Ўқув ўқ отиш машқларини ўтказиш учун масъул бўлган инструктор (инструкторлар) томонидан машқлар ўтказилишидан олдин тингловчиларга хавфсизлик қоидалари бўйича йўл-йўриқлар берилади, шунингдек, бахтсиз ҳодисаларнинг олдини олишга қаратилган чора-тадбирлар кўрилади.
30. Ўқув курси жараёнида тингловчиларнинг машғулотларда қатнашиш давомати, уларни ўтказиш санаси, мавзуси, дарс соатлари миқдорлари, назорат топшириқлари натижаларининг ҳисоби юритилади.
4-боб. Тингловчиларнинг якуний имтиҳони
31. Тингловчилар ўқув курсларида ўқишни тугатгандан сўнг тест синовлари шаклида якуний имтиҳон топширади.
32. Ўқув курслари тингловчиларининг билимини баҳолашни ташкил этиш ва ўтказиш учун овчилар жамоат бирлашмаси томонидан камида 3 — 5 кишидан иборат имтиҳон комиссияси тузилади. Имтиҳон комиссияси раиси, таркиби ва ишлаш тартиби овчилар жамоат бирлашмаси томонидан тасдиқланади.
Комиссия таркибига бошқа вазирликлар, идоралар ва ташкилотларнинг ходимлари ҳамда мутахассислари келишув асосида жалб этилиши мумкин.
33. Якуний имтиҳон топшириқлари ўқув курси дастурига мувофиқ тузилади. Имтиҳон натижалари 100 балли тизимда баҳоланади.
Якуний имтиҳонда тест синовлари учун ажратилган максимал баллнинг 70 фоизидан кам балл тўплаган тингловчилар ўқув курсларини муваффақиятли ўзлаштирмаган ҳисобланади.
34. Якуний имтиҳонда узрли сабаб туфайли иштирок этмаган тингловчилар навбатдаги гуруҳ тингловчилари билан биргаликда иштирок этишлари мумкин.
35. Тест синовларидан муваффақиятли ўта олмаган тингловчиларга кейинги ўқув курслари якунида имтиҳонни фақат бир марта қайта топширишга имкон берилади.
Қайта топшириш натижаларига кўра имтиҳондан ўта олмаган тингловчилар хоҳишига кўра ушбу Низомда белгиланган тартибда ўқув курсларига такроран қабул қилинади.
36. Имтиҳон натижалари имтиҳон ўтказилган куни комиссиянинг барча аъзолари томонидан имзоланган баённома ва имтиҳон қайдномаси орқали расмийлаштирилади ҳамда тингловчиларга эълон қилинади.
5-боб. Тингловчиларнинг ўқув курсларини тамомлагани тўғрисидаги ҳужжатларни бериш, гувоҳномалар реестрини юритиш
37. Имтиҳон комиссияси баённомасига асосан якуний имтиҳондан муваффақиятли ўтган тингловчиларга бир иш кунида ушбу Низомга иловада белгиланган намунадаги ҳамда QR-код (матрик штрихли код) билан рўйхатдан ўтказиладиган гувоҳнома, имтиҳонлардан ўта олмаган тингловчиларга эса, улар ўқув курсларини тамомлагани тўғрисидаги маълумотнома берилади. Гувоҳнома ва маълумотномалар овчилар жамоат бирлашмаси раҳбари томонидан имзоланади.
Гувоҳнома фуқароларга берилган гувоҳномалар реестрига имзо қўйдирган ҳолда топширилади.
38. Гувоҳномада фуқаро хавфсиз фойдаланиш қоидаларига ўқитилган қурол тури (силлиқ стволли ов қуроли, сойли стволли ов қуроли, пневматик ов қуроли) кўрсатилиши шарт.
39. Гувоҳнома унинг амал қилиши чекланмаган муддатга берилади.
40. Гувоҳнома кимнинг номига берилган бўлса, ўша фуқарога ички ишлар органида силлиқ стволли ов қуролини, сойли стволли ов қуролини ва (ёки) пневматик ов қуролини олишга доир рухсатномани олиш учун асослардан бири ҳисобланади.
41. Овчилар жамоат бирлашмаси томонидан қуйидагилар кўрсатилиши лозим бўлган гувоҳномалар реестри (кейинги ўринларда — реестр) юритилади:
гувоҳнома эгасининг фамилияси, исми, отасининг исми, туғилган санаси, доимий яшаш манзили, телефони;
гувоҳнома эгаси хавфсиз фойдаланиш қоидаларига ўқитилган қурол тури (силлиқ стволли ов қуроли, сойли стволли ов қуроли, пневматик ов қуроли);
гувоҳномани бериш учун асос бўлган комиссия баённомасининг санаси ва рақами;
гувоҳнома берилган сана, унинг серияси ва тартиб рақами;
гувоҳнома дубликатини бериш асоси ва санаси.
42. Реестр қоғоз манбада бир нусхада юритилади.
Қоғоз манбадаги реестр журнали ҳудудий ички ишлар органида ҳисобга қўйилган бўлиши лозим.
Реестр қўшимча равишда электрон манбаларда ҳам юритилиши мумкин.
Қоғоздаги ва электрон манбалардаги ёзувлар ўртасида номувофиқлик мавжуд бўлган тақдирда, қоғоз манбалардаги ёзувлар устувор аҳамиятга эга бўлади.
Ушбу Низомнинг 41-бандида кўрсатилган реестр маълумотлари уларни тасдиқлайдиган ҳужжатлардаги мавжуд маълумотларга мувофиқ бўлмаган тақдирда, ушбу Низомнинг 41-бандида кўрсатилган маълумотлар уларга тегишли ўзгартиришлар киритилгунга қадар ишончли ҳисобланади.
43. Реестр журналига тартиб рақами қўйилади, унинг бетлари изчил кетма-кетликда рақамланади ва ип ўтказиб тикилади.
Реестр журналининг титул варағида овчилар жамоат бирлашмаси номи, шунингдек, у қачон юритилиши бошлангани ва тугатилгани кўрсатилади.
Реестр журналининг охирги бетида унинг нечта бетдан иборат эканлиги кўрсатилади ва ушбу маълумотлар овчилар жамоат бирлашмаси раҳбарининг имзоси, шунингдек, ҳудудий ички ишлар органи масъул ходимининг имзоси ва муҳри билан тасдиқланади.
44. Реестр журналидаги ёзувлар кўк ёки қора рангли шарикли ручка билан аниқ ёзилиши шарт. Ёзувни қайд қилишда ўчириш ва тузатишларга йўл қўйилмайди. Хато ёзилганда, матнни ўқиш имкониятини берадиган ҳолда ушбу хато ингичка чизиқ билан ўчирилиб, унинг тепасидан тўғриланган ёзув киритилади ва тегишли ёзув киритилган сатрнинг изоҳ қисмида «тузатилди» деб ёзиб қўйилади ҳамда матнни тўғрилаган шахснинг имзоси билан тасдиқланади.
45. Реестрнинг тўғри тўлдирилиши ва реестр журналининг бутлиги, шунингдек, гувоҳномалар бланкларининг ҳисоби юритилиши, сақланиши ва мақсадли ишлатилиши учун овчилар жамоат бирлашмаси раҳбари ёки унинг буйруғи билан ушбу вазифалар юкланган масъул шахс жавобгар бўлади.
46. Реестр журнали қулфланадиган сейф ёки металл шкаф (яшик)да сақланади.
47. Реестр журнали тўлиқ тўлдирилгунча юритилади.
Тўлиқ тўлдирилиб, юритилиши тугатилган реестр журнали ҳудудий ички ишлар органига топширилади.
48. Реестрдаги маълумотлар фойдаланилиши чекланган ахборот ҳисобланади ва ошкор қилинмайди, қонунчилик ҳужжатларида назарда тутилган ҳоллар бундан мустасно.
Реестрдаги мавжуд маълумотлар овчилар жамоат бирлашмаси томонидан ички ишлар ёки бошқа ваколатли орган сўровига мувофиқ тегишли сўров олинган кундан бошлаб бир иш кунида тақдим этилади.
49. Йўқолган ёки яроқсиз ҳолга келган гувоҳнома ўрнига фуқаронинг мурожаатига асосан мурожаат келиб тушган кундан эътиборан икки иш куни ичида гувоҳноманинг аввалги ҳисобга олиш серияси ва тартиб рақами кўрсатилган дубликати расмийлаштириб берилади. Гувоҳнома дубликатининг юқори ўнг бурчагига «Дубликат» деган ёзув киритилади.
Гувоҳнома дубликатини беришда фуқаро томонидан овчилар жамоат бирлашмасининг дубликат бланкасини тайёрлаш билан боғлиқ харажатлари қопланади.
6-боб. Якунловчи қоидалар
50. Инструкторлар беш йилда камида бир марта қайта тайёрланади.
51. Тингловчилар қуйидаги ҳолатларда ўқув курсларидан четлаштирилади:
ўз хоҳишига кўра;
ўқув курслари назарий таълим қисмининг 4 академик соатдан кўп ҳажмдаги машғулотларда қатнашмаганда;
ўқув ўқ отиш машқларида тўлиқ қатнашмаганда;
ўқув интизомини ва овчилар жамоат бирлашмасининг ички тартиб-қоидаларини мунтазам равишда ёки бир маротаба қўпол равишда бузганда;
вафот этганда.
52. Тингловчини ўқув курсларидан четлаштириш овчилар жамоат бирлашмаси раҳбарининг буйруғи билан расмийлаштирилади. Буйруқда четлаштириш сабаби ва асослари кўрсатилади.
53. Ўқув курслари тингловчилари ўқишдан четлаштирилганда ёки тест синовларидан муваффақиятли ўта олмаганда, уларга ўқиш учун тўланган тўлов суммаси қайтарилмайди.
54. Гувоҳнома олиниши фуқаро овчилар жамоат бирлашмалари устав ҳужжатларига мувофиқ ҳар йили қурол ва унинг ўқ-дориларни сақлаш, ташиш, олиб юриш ва ундан фойдаланиш, ўқлаш-ўқсизлантириш, тозалаш, улар билан хавфсиз муомалада бўлиш қоидалари бўйича билимларга оид мажбурий нормативларни («овчилик минимуми») топшириш мажбуриятидан озод этмайди.
55. Ички ишлар органларининг қуролни олишга доир рухсатномаси гувоҳномада кўрсатилган қурол турини (силлиқ стволли, сойли стволли, пневматик) олиш учун берилади.
56. Ушбу Низом талаблари бузилишида айбдор бўлган шахслар қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда жавоб берадилар.
Қуролдан хавфсиз фойдаланиш қоидаларига ўқитиш бўйича қисқа муддатли махсус ўқув курслари тўғрисидаги низомга ИЛОВА
Maxsus oʻquv kursi haqida GUVOHNOMA MK № 000000 _________________________________________________________________________________________________ (tinglovchining familiyasi, ismi, otasining ismi) 20 ___-yil __________________ dan 20 ___-yil __________________ gacha ____________________________________________________________________________________________________________ da (yuridik shaxsning nomi) ___________________________________________soatga moʻljallangan ________________________________________dan xavfsiz foydalanish qoidalariga oʻqitish boʻyicha (qurol turi) maxsus qisqa muddatli oʻquv kursida taʼlim olib, yakuniy imtihondan muvaffaqiyatli oʻtdi. Imtihon komissiyasi bayonnomasining sanasi va raqami ___________________________________________________________________. Rahbar (QR-kоd) ______________________________________________________ (familiyasi, ismi va otasining ismi bosh harflari) Sana ____________________ Qayd raqami ___________________
Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А. АРИПОВ
Тошкент ш.,
2023 йил 20 ноябрь,
609-сон
Oʻzbekiston Respublikasi Vazirlar Mahkamasining
qarori
NAMUNAVIY NIZOM
ShAKLI
NIZOM
Jamoat xavfsizligini taʼminlash sohasida ovchilar jamoat birlashmalari faoliyatini sifat jihatidan yangi bosqichga koʻtarish chora-tadbirlari toʻgʻrisida
Oʻzbekiston Respublikasi Prezidentining “Oʻzbekiston Respublikasi jamoat xavfsizligi konsepsiyasini tasdiqlash va uni amalga oshirish chora-tadbirlari toʻgʻrisida” 2021-yil 29-noyabrdagi PF-27-son Farmoniga muvofiq jamoat xavfsizligini taʼminlashda ovchilar jamoat birlashmalarining oʻrnini kuchaytirish, davlat organlari va tashkilotlari hamda fuqarolarning oʻzini oʻzi boshqarish organlari bilan hamkorlik qilishning zamonaviy mexanizmlarini joriy etish maqsadida Vazirlar Mahkamasi qaror qiladi:
1. Oʻzbekiston Respublikasi Prezidentining “Oʻzbekiston Respublikasi jamoat xavfsizligi konsepsiyasini tasdiqlash va uni amalga oshirish chora-tadbirlari toʻgʻrisida” 2021-yil 29-noyabrdagi PF-27-son Farmonida jamoat xavfsizligini taʼminlashda ovchilar jamoat birlashmalarining rolini oshirish va masʼuliyatini kuchaytirish, shuningdek, ularning faoliyatini tubdan takomillashtirish belgilangani maʼlumot uchun qabul qilinsin.
2. Oʻzbekiston Respublikasi Ichki ishlar vazirligi, Milliy gvardiyasi hamda Ekologiya, atrof-muhitni muhofaza qilish va iqlim oʻzgarishi vazirligi ovchilar jamoat birlashmalarining jamoat xavfsizligini taʼminlash sohasida tegishli davlat organlariga koʻmaklashish va amaliy yordam koʻrsatish boʻyicha faoliyatini tashkil etishda zamonaviy uslublarni joriy etsin, bunda quyidagi asosiy yoʻnalishlarga alohida eʼtibor qaratsin:
ovchilik xoʻjaliklari va ularga tutash boshqa hududlarda shubha uygʻotuvchi shaxslarning boʻlishini, ular tomonidan qurol-aslaha, giyohvandlik vositalari, boshqa taqiqlangan ashyolarni olib oʻtish yoki yashirib qoʻyish, jamoat xavfsizligiga tahdid soluvchi boshqa holatlarni aniqlash hamda bartaraf etish boʻyicha vakolatli davlat organlariga amaliy yordam koʻrsatish borasidagi faoliyatni yanada kengaytirish;
fuqarolarni ov quroli bilan muomalada boʻlish va undan xavfsiz foydalanish qoidalariga oʻqitish tizimini yanada takomillashtirish;
sportning harbiy-amaliy turlarini (stendga oʻq otish, ovchilik biatloni) rivojlantirishda, ushbu sport turlari bilan shugʻullanish uchun zarur moddiy-texnik baza va infratuzilmani yaratishda, shuningdek, ovchilik-sport klublari tizimini shakllantirishda ishtirok etish;
sportning oʻq otish turlari boʻyicha iqtidorli yosh sportchilarni aniqlash, tayyorlash hamda oʻquv-mashq jarayonini samarali tashkil etishda sport tashkilotlariga yaqindan koʻmaklashish.
3. Quyidagilarni nazarda tutuvchi:
ovchilik nazorati jamoatchi inspektori faoliyatini tashkil etish tartibi, ovchilik nazorati jamoatchi inspektorlari tarkibini shakllantirish mezonlari va ovchilik nazorati jamoatchi inspektorining vakolatli davlat organlariga amaliy yordam koʻrsatish borasidagi huquq va majburiyatlarini nazarda tutuvchi Ovchilik nazoratining jamoatchi inspektori toʻgʻrisidagi namunaviy nizom 1-ilovaga muvofiq;
quroldan xavfsiz foydalanish qoidalariga oʻqitish boʻyicha maxsus qisqa muddatli oʻquv kurslariga qabulni tashkil etish hamda oʻquv yuklamasi hajmini belgilash, oʻquv kurslarida oʻquv jarayonini tashkil etish va yakuniy imtihonlarni oʻtkazish hamda oʻquv kurslarini tamomlagani toʻgʻrisida guvohnomalar berish va ularning reyestrini yuritish tartibini nazarda tutuvchi Quroldan xavfsiz foydalanish qoidalariga oʻqitish boʻyicha qisqa muddatli maxsus oʻquv kurslari toʻgʻrisidagi nizom 2-ilovaga muvofiq tasdiqlansin.
4. Oʻzbekiston Respublikasi Ekologiya, atrof-muhitni muhofaza qilish va iqlim oʻzgarishi vazirligi hamda Ichki ishlar vazirligi:
ikki oy muddatda ushbu qarorning tegishliligi boʻyicha talablarini amalga oshirish mexanizmini belgilaydigan chora-tadbirlar dasturini tasdiqlasin va uning sifatli bajarilishi ustidan doimiy nazorat oʻrnatsin;
Oʻzbekiston ovchi va baliqchilar sport birlashmasi hamda uning mintaqaviy tuzilmalari bilan birgalikda ovchilik xoʻjaliklari hududida qoʻshma reydlar va boshqa profilaktika tadbirlarini tajribali havaskor ovchilarni jalb etgan holda doimiy ravishda oʻtkazish amaliyotini yoʻlga qoʻysin.
5. Oʻzbekiston Respublikasi Ichki ishlar vazirligi hamda Ekologiya, atrof-muhitni muhofaza qilish va iqlim oʻzgarishi vazirligi manfaatdor vazirlik va idoralar bilan birgalikda ikki oy muddatda oʻzlari qabul qilgan normativ-huquqiy hujjatlarini ushbu qarorga muvofiqlashtirsin.
6. Mazkur qarorning bajarilishini nazorat qilish Oʻzbekiston Respublikasi ichki ishlar vaziri P.R. Bobojonov zimmasiga yuklansin.
Vazirlar Mahkamasining 2023-yil 20-noyabrdagi 609-son qaroriga 1-ILOVA
Ovchilik nazoratining jamoatchi inspektori toʻgʻrisida
1-bob. Umumiy qoidalar
1. Ushbu Namunaviy nizom hayvonot dunyosini muhofaza qilish va undan foydalanish sohasidagi tadbirlarni amalga oshirishda ovchilar jamoat birlashmalariga aʼzo boʻlgan fuqarolarning (keyingi oʻrinlarda — jamoatchi inspektorlar) jamoatchilik asosida ishtirokini tashkil etish tartibini, ularning vazifalari, huquqlari va majburiyatlarini belgilaydi.
2. Ushbu Namunaviy nizom qoidalari ovchilar jamoat birlashmalari boʻlmagan nodavlat notijorat tashkilotlari va fuqarolarning oʻzini oʻzi boshqarish organlariga nisbatan tatbiq etilmaydi.
3. Jamoatchi inspektorlarning faoliyati belgilangan tartibda adliya organlarida davlat roʻyxatidan oʻtkazilgan ovchilar jamoat birlashmalari tarkibida tashkil etilishi mumkin.
4. Jamoatchi inspektorlar soni ovchilar jamoat birlashmalari tomonidan yuritiladigan ovchilik xoʻjaliklari soni va ularning maydoniga, chegaraoldi mintaqasida va muhofaza etiladigan tabiiy hududlarda joylashuvidan (agar ularning muhofaza rejimida ov qilish nazarda tutilgan boʻlsa) kelib chiqqan holda belgilanadi.
Mazkur bandning birinchi xatboshisidagi mezonlarga asosan ovchilar jamoat birlashmalari tomonidan jamoatchi inspektorlar guruhi tuzilishi mumkin.
Jamoatchi inspektorlar tarkibi, birinchi navbatda, ovchilar jamoat birlashmalari tomonidan yuritiladigan ovchilik xoʻjaliklari shtatida egerlar yoki boshqa shtatdagi ov mutaxassislari mavjud boʻlmagan yoki yetishmaydigan ovchilik xoʻjaliklarida shakllantiriladi.
Jamoatchi inspektor vazifalarini bajarish fuqaroni ovchilar jamoat birlashmasiga aʼzolikka doir majburiyatlarni bajarishdan ozod qilmaydi.
Jamoatchi inspektorlar oʻz faoliyatini jamoatchilik asosida amalga oshiradilar, ular bilan mehnat shartnomasi rasmiylashtirilmaydi va ish staji hisoblanmaydi.
Ovchilar jamoat birlashmalari aʼzolari jamoatchi inspektor vazifasini bajarishga faqat ish joyidan boʻsh vaqtlarida jalb etilishi mumkin.
5. Jamoatchi inspektorlar tarkibi ov qilish qoidalarini, shu jumladan, yovvoyi hayvonlarning yashash muhitini, boʻlish va urchish joylarini, ularning koʻchib oʻtish yoʻllarini muhofaza qilish, ov qilish uchun ruxsat etilgan hamda taqiqlangan joylarni, yovvoyi hayvonlarning turlarini hamda ov qurollari va usullarini, ov qilish uchun belgilangan muddatlarni, ovlangan yovvoyi hayvonlar va ularning yashash faoliyati mahsulotlari hisobini yuritish tartibini, hayvonot dunyosidan foydalanish qoidalarini buzganlik uchun javobgarlik choralarini, shuningdek, ovchilik xoʻjaliklari va ularga tutashgan hududlarni yaxshi biladigan, intizomli, tashkilotchilik, kuchli iroda, topqirlik, tashabbuskorlik qobiliyatlariga va aholi oʻrtasida obroʻ-eʼtiborga ega ovchilar jamoat birlashmalari aʼzolaridan ixtiyoriylik tamoyili asosida shakllantiriladi.
6. Jamoatchi inspektor boʻlish istagini bildirgan ovchilar jamoat birlashmasi aʼzosi ovchilar jamoat birlashmasi rahbarlik organiga ariza bilan murojaat qiladi.
Ariza ovchilar jamoat birlashmasi rahbarlik organi tomonidan Oʻzbekiston Respublikasi Ekologiya, atrof-muhitni muhofaza qilish va iqlim oʻzgarishi vazirligi va uning huzuridagi Oʻrmon xoʻjaligi agentligi (ov qilish joylari oʻrmon fondiga kirmaydigan yerlarda joylashgan boʻlsa) hamda hududiy ichki ishlar organlarining vakillari ishtirokidagi yigʻilishda ariza kelib tushgan kundan eʼtiboran oʻttiz kundan oshmagan muddatda koʻrib chiqiladi. Bunda arizani koʻrib chiqish natijalari bayon shaklida rasmiylashtiriladi.
Nomzodi maʼqullangan fuqaroga ovchilar jamoat birlashmasi rahbarlik organi yigʻilishi bayoniga muvofiq ovchilar jamoat birlashmasi rahbarining buyrugʻi bilan ushbu Namunaviy nizomga 1-ilovaga muvofiq shakl boʻyicha uch yil muddatga jamoatchi inspektor guvohnomasi beriladi.
7. Jamoatchi inspektor guvohnomasi tartib raqamiga ega boʻladi, ovchilar jamoat birlashmasi tomonidan ushbu Namunaviy nizomga 2-ilovaga muvofiq shaklda yuritiladigan alohida hisobga olish jurnalida qayd etiladi hamda guvohnoma oluvchiga jurnalga imzo qoʻydirgan holda topshiriladi.
Bunda guvohnoma raqami hisobga olish jurnalidagi tartib raqamga mos kelishi kerak.
Hisobga olish jurnali ovchilar jamoat birlashmasi rahbariga shaxsan biriktirilgan maxsus seyfda saqlanadi.
Hisobga olish jurnali belgilangan namunaga mos, qattiq jild bilan muqovalangan hamda varaqlari raqamlangan, tikilgan, ovchilar jamoat birlashmasi rahbari imzosi va muhri bilan, varaqlari va uning yuritilishi boshlangan sanasi koʻrsatilgan holda tasdiqlangan boʻlishi kerak.
2-bob. Jamoatchi inspektorlarning asosiy vazifalari, huquqlari va majburiyatlari
8. Quyidagilar jamoatchi inspektorlarning asosiy vazifalari hisoblanadi:
ovchilik xoʻjaliklarida hayvonot dunyosini muhofaza qilish va undan foydalanish sohasidagi qonunchilik hujjatlariga yuridik va jismoniy shaxslar tomonidan rioya etilishini oʻrganib borish hamda aniqlangan huquqbuzarliklar yuzasidan tabiatni muhofaza qilish davlat organlari hamda ovchilar jamoat birlashmasini xabardor qilish;
ovchilik xoʻjaliklarida hayvonot dunyosini muhofaza qilish va undan foydalanish sohasidagi huquqbuzarliklarning oldini olish va aniqlash, qonunga xilof ravishda ov qilishga (brakonyerlikka) qarshi kurashish boʻyicha tabiatni muhofaza qilishga masʼul inspektorlar tomonidan oʻtkazilayotgan patrullik reydlari va boshqa tadbirlarda ishtirok etish;
ovchilik xoʻjaliklari, birinchi navbatda, chegaraoldi mintaqalarida va muhofaza etiladigan tabiiy hududlarda hamda ularga tutash hududlarda joylashgan notanish, shubha uygʻotuvchi shaxslarning paydo boʻlishi, qurol-aslahani, oʻq-dorilarni, giyohvandlik vositalarini, boshqa taqiqlangan ashyolarni olib oʻtish yoki yashirib qoʻyish, jamoat xavfsizligiga tahdid soladigan yoki tahdid solishi mumkin boʻlgan oʻzga holatlar yuzasidan huquqni muhofaza qiluvchi organlarni xabardor qilish;
vakolatli davlat organlari, fuqarolarning oʻzini oʻzi boshqarish organlari va nodavlat notijorat tashkilotlari tomonidan ovchilik xoʻjaliklari hududida hayvonot dunyosini muhofaza qilish va undan foydalanish sohasidagi davlat dasturlarini hamda boshqa dasturlarning amalga oshirilishiga koʻmaklashish;
ovchilik xoʻjaliklari hududida tabiiy ofatlar, yongʻinlar va boshqa favqulodda vaziyatlar xavfi tugʻilganda vakolatli davlat organlarini, ovchilik xoʻjaliklari xodimlarini va aholini oʻz vaqtida xabardor qilishda va ushbu holatlarni bartaraf etishda qatnashish;
fuqarolarda atrof tabiiy muhitga nisbatan ehtiyotkorona munosabatni shakllantirishda, tabiat toʻgʻrisidagi bilimlarni targʻib qilish va ommalashtirish ishlarini amalga oshirishda, tabiatni muhofaza qilishga doir tanlovlar, koʻrgazmalar va boshqa ommaviy tadbirlarni oʻtkazishda ishtirok etish.
9. Jamoatchi inspektorlar oʻz zimmasiga yuklangan vazifalarni bajarishda quyidagi huquqlarga ega:
ovchilik xoʻjaliklari hududida boʻlib turgan shaxslar tomonidan hayvonot dunyosini muhofaza qilish va undan oqilona foydalanish qoidalariga rioya etilishini bevosita kuzatish, aniqlangan holatlar boʻyicha belgilangan tartibda maʼlumotnomalar va axborotlar toʻplash hamda vakolatli davlat organlariga kiritish;
ovchilik xoʻjaligi hududini aylanib chiqish (patrullik qilish), huquqbuzarlik holatlarini aniqlash va rasmiylashtirish uchun xizmat hayvonlari va transport vositalaridan, videokuzatuv hamda kuzatuvning boshqa texnik vositalaridan foydalanish, yuklangan vazifalarni maxsus kiyim-boshda (formada) bajarish;
ovchilik xoʻjaliklaridan, tabiatni muhofaza qilish organlaridan hamda ovchilik xoʻjaligi hududida boʻlib turgan shaxslardan yuklangan vazifalarni bajarish uchun zarur boʻlgan axborotlarni olish;
tabiatni muhofaza qilish davlat organlari va huquqni muhofaza qilish organlari xodimlari tomonidan ovchilik xoʻjaliklari hududida oʻtkazilayotgan inspektorlik reydlari va boshqa tadbirlarda ishtirok etish, huquqbuzarliklar holatlariga aniqlik kiritishda va ularni rasmiylashtirishda qatnashish;
ovchilik xoʻjaliklari hududida aniqlangan huquqbuzarliklar, shubhali holatlar va shubha uygʻotuvchi shaxslar xususida vakolatli davlat organlariga axborot berish va maʼlumotlar kiritish;
aholining tabiatni muhofaza qilishga doir madaniyati va bilimini oshirish ishlarida ishtirok etish;
hayvonot dunyosini muhofaza qilish va undan oqilona foydalanishga oid faoliyat boʻyicha qonunchilikni takomillashtirish va yaxshilash yuzasidan ovchilar jamoat birlashmasiga takliflar kiritish;
muhim jamoat tadbirlarida faol ishtirok etish va hayvonot dunyosini muhofaza qilish hamda undan oqilona foydalanishga oid talablar buzilishining oldini olish, uni aniqlash va unga chek qoʻyish, aybdorlarni javobgarlikka tortishda koʻmaklashgani uchun davlat organlaridan, ovchilar jamoat birlashmalari yoki boshqa nodavlat notijorat tashkilotlaridan mukofotlar olish.
Jamoatchi inspektorlari qonunchilik hujjatlariga muvofiq boshqa huquqlarga ham ega boʻlishi mumkin.
10. Jamoatchi inspektorlar:
hayvonot dunyosini muhofaza qilish va undan oqilona foydalanishga doir hamda boshqa normativ-huquqiy hujjatlarning, shuningdek, ushbu Nizom va ovchilar jamoat birlashmasi ustavining talablariga amal qilishi;
yuklangan vazifalar doirasida tabiatni muhofaza qilish va huquqni muhofaza qiluvchi organlarga amaliy yordam koʻrsatishi;
ovchilik xoʻjaliklari faoliyatiga aralashmasligi;
ovchilik nazorati jamoatchi inspektori guvohnomasini oʻzining yonida olib yurishi va ovchilik xoʻjaliklari hududida boʻlayotgan shaxslarning talabi boʻyicha taqdim etishi;
oʻziga ishonib topshirilgan texnik vositalarni, maxsus kiyim-bosh (forma) va boshqa mol-mulkni ehtiyot qilishi hamda ularni soz holatda saqlashi lozim.
3-bob. Jamoatchi inspektorlar faoliyatini tashkil etish
11. Oʻzbekiston Respublikasi Ekologiya, atrof-muhitni muhofaza qilish va iqlim oʻzgarishi vazirligi hamda Ichki ishlar vazirligining hududiy boʻlinmalari hamda ovchilar jamoat birlashmalari qonunchilik hujjatlarida belgilangan vakolatlari doirasida jamoatchi inspektorlar faoliyatiga uslubiy rahbarlik qiladi.
12. Jamoatchi inspektorlar oʻz faoliyatini ovchilar jamoat birlashmasi rahbari tomonidan tasdiqlangan rejalar asosida amalga oshiradi.
Rejalarda jamoatchi inspektorlarga biriktirilgan hududlarning nomi va aniq chegaralari, ularni aylanib chiqish (patrullik qilish) tartibi va davomiyligi, yuzaga kelayotgan vaziyatni kuzatib borish bilan bogʻliq boʻlgan asosiy hamda alohida vazifalar, ovchilar jamoat birlashmasi, tabiatni muhofaza qilish davlat organlari va huquqni muhofaza qiluvchi organlarning mansabdor shaxslari bilan axborot almashinuvini taʼminlash qoidalari, amalga oshirilayotgan ishlar yuzasidan hisobot berish tartibi nazarda tutilishi mumkin.
13. Jamoatchi inspektorlarni oʻqitish, faoliyatini amalga oshirish davomida ularga yoʻriqnoma oʻtkazish va vazifalarni belgilash ovchilar jamoat birlashmasi rahbari, zaruratga koʻra esa Oʻzbekiston Respublikasi Ekologiya, atrof-muhitni muhofaza qilish va iqlim oʻzgarishi vazirligi Davlat ekologik nazorat inspeksiyasining hamda hududiy ichki ishlar organlari xodimlari tomonidan amalga oshiriladi.
Jamoatchi inspektorlar zimmasiga ushbu Namunaviy nizomda va boshqa qonunchilik hujjatlarida belgilanmagan vazifalarni yuklash yoki topshiriqlar berish, ularni davlat sirlarini tashkil etuvchi hujjatlar bilan tanishtirish taqiqlanadi.
14. Jamoatchi inspektorlar davlat organlari va ovchilar jamoat birlashmalari yoki boshqa nodavlat notijorat tashkilotlari tomonidan ragʻbatlantirilishi mumkin.
15. Jamoatchi inspektorlar faoliyat yuritishi uchun sharoitlar yaratish, ularni oʻqitish va malakasini oshirish bilan bogʻliq xarajatlar ovchilar jamoat birlashmalari mablagʻlari hisobidan moliyalashtiriladi.
16. Jamoatchi inspektorlar oʻziga yuklangan vazifalarni bajarishi uchun ovchilar jamoat birlashmalari tomonidan maxsus kiyim-bosh (forma) bilan bepul taʼminlanadi.
Maxsus kiyim-bosh (forma) namunalari ovchilar jamoat birlashmasi rahbarlik organi tomonidan tasdiqlanishi mumkin.
17. Jamoatchi inspektorlarga yuklangan vazifalarning xususiyatlaridan kelib chiqib, ularga ovchilar jamoat birlashmalari tomonidan xizmat hayvonlari, transport va aloqa vositalari, videokuzatuv hamda kuzatuvning boshqa texnik vositalari vaqtincha foydalanish uchun berilishi mumkin.
4-bob. Yakunlovchi qoidalar
18. Jamoatchi inspektor guvohnomasining amal qilish muddatini uzaytirish yoki amal qilishini tugatish ushbu guvohnomani berishga doir umumiy tartibda amalga oshiriladi.
19. Jamoatchi inspektor guvohnomasining amal qilish muddati jamoatchi inspektorning arizasi asosida uzaytiriladi.
20. Jamoatchi inspektor guvohnomasi amal qilishini tugatishga quyidagilar asos boʻladi:
guvohnomaning amal qilish muddati tugaganda;
jamoatchi inspektorning arizasiga muvofiq;
jamoatchi inspektor unga yuklangan vazifalarni bajarmaganda yoki lozim darajada bajarmaganda yoki uning faoliyatida qonunchilik hujjatlariga zid xatti-harakatlar aniqlanganda;
jamoatchi inspektor sud tomonidan jinoyat yoki maʼmuriy huquqbuzarlik (ov qilish va baliq ovlash qoidalarini buzganlik) sodir etganlikda aybdor deb topilganda;
jamoatchi inspektor ovchilar jamoat birlashmasining ustavi talablarini qoʻpol ravishda buzganda yoki ovchilar jamoat birlashmasi aʼzoligidan chiqarilganda;
jamoatchi inspektorga ov qurolini saqlash va olib yurishga doir berilgan ruxsatnomaning amal qilishi tugatilganda yoki bekor qilinganda, agar uning jamoatchi inspektor majburiyatlarini bajarishi ov quroli bilan bevosita bogʻliq boʻlsa.
Amal qilishi tugatilgan guvohnoma jamoatchi inspektor tomonidan uch kun muddat ichida uni bergan ovchilar jamoat birlashmasiga qaytarilishi shart.
21. Ushbu Nizom talablari buzilishida aybdor boʻlgan shaxslar qonunchilik hujjatlarida belgilangan tartibda javob beradilar.
Ovchilik nazoratining jamoatchi inspektori toʻgʻrisidagi namunaviy nizomga 1-ILOVA
Ovchilar jamoat birlashmasi tomonidan beriladigan ovchilik nazoratining jamoatchi inspektori guvohnomasining
Guvohnomaning muqovasi
OVCHILIK NAZORATINING JAMOATCHI INSPEKTORI GUVOHNOMA
Guvohnomaning ichki tomoni
(maʼmuriy-hududiy birlik va ovchilar jamoat Guvohnomaning amal qilish muddati: birlashmasi nomi) 20___ yil “____” __________ gacha uzaytirildi. ______________________________________ Ovchilar jamoat birlashmasi GUVOHNOMA № 0000 m.oʻ rahbari _______ ____________ ________ (imzo) ______ (F.I.O.) fotosurat 30 x 40 mm (F.I.O.) OVCHILIK NAZORATINING JAMOATCHI INSPEKTORI Guvohnomaning amal qilish muddati: Berildi: 20__ yil “___” _________ da 20___ yil “____”__________ gacha uzaytirildi. Amal qilish muddati: 20__ yil “___” _________ gacha Ovchilar jamoat birlashmasi m.oʻ. Ovchilar jamoat birlashmasi m.oʻ. rahbari _______ ___________ rahbari _______ ____________ ________ (imzo) ______ (F.I.O.) ________ (imzo) ______ (F.I.O.)
Ovchilik nazoratining jamoatchi inspektori toʻgʻrisidagi namunaviy nizomga 2-ILOVA
Ovchilik nazoratining jamoatchi inspektori guvohnomasining berilishini va qaytarilishini hisobga olish JURNALI (ovchilar jamoat birlashmasining nomi) T/r Guvohnomaning tartib raqami Guvohnoma egasining va uni imzolagan shaxsning familiyasi, ismi, otasining ismi Amal qilish muddati Guvohnoma egasining fotosurati Olingan sanasi, olganlik toʻgʻrisidagi imzo Qaytarish sanasi, qaytarilgan guvohnoma egasining imzosi Yoʻq qilinishi toʻgʻrisida belgi (dalolatnoma sanasi va tartib raqami)
Vazirlar Mahkamasining 2023-yil 20-noyabrdagi 609-son qaroriga 2-ILOVA
Quroldan xavfsiz foydalanish qoidalariga oʻqitish boʻyicha qisqa muddatli maxsus oʻquv kurslari toʻgʻrisida
1-bob. Umumiy qoidalar
1. Ushbu Nizom fuqaroviy ov qurolini olish uchun birinchi marta ruxsatnoma olayotgan Oʻzbekiston Respublikasi fuqarolarini, Oʻzbekiston Respublikasida doimiy yashovchi chet el fuqarolari va fuqaroligi boʻlmagan shaxslarni (keyingi oʻrinlarda — fuqarolar) quroldan xavfsiz foydalanish qoidalariga oʻqitish boʻyicha qisqa muddatli maxsus oʻquv kurslarini tashkil etish va ularda oʻqitish tartibini belgilaydi.
2. Ushbu Nizomda quyidagi asosiy tushunchalar qoʻllaniladi:
qurol — tuzilishiga koʻra jonli nishonni yoki boshqa nishonni urish, signallar berish uchun moʻljallangan qurilmalar va ashyolar. Tuzilishi jihatidan qurolga oʻxshash boʻlgan xoʻjalik-maishiy va ishlab chiqarish maqsadidagi buyumlar sifatida sertifikatlangan buyumlar, shuningdek, tuzilishi jihatidan qurolga oʻxshash boʻlgan sport aslahalari qurol jumlasiga kirmaydi;
quroldan xavfsiz foydalanish qoidalariga oʻqitish boʻyicha qisqa muddatli maxsus oʻquv kurslari (keyingi oʻrinlarda — oʻquv kurslari) — ovchilar jamoat birlashmasi tomonidan fuqarolarni hayvonot dunyosini muhofaza qilish va ov qilish, qurol bilan muomalada boʻlish va undan xavfsiz foydalanish qoidalariga oʻqitish boʻyicha tashkil etiladigan huquqiy-nazariy va amaliy oʻquv mashgʻulotlari majmuasi;
tinglovchi — qurol olishga birinchi marta ruxsatnoma olayotgan, oʻquv kurslarida oʻqish uchun toʻlov summasini toʻlagan va oʻquv kurslariga qabul qilingan shaxslar;
instruktor — oʻquv kurslarida tinglovchilarni oʻqitadigan, Oʻzbekiston Respublikasi Ichki ishlar vazirligining Malaka oshirish institutida tinglovchi kurslarini muvaffaqiyatli tugatib, belgilangan namunadagi sertifikatni olgan, ovchilar jamoat birlashmasi shtatidagi xodim, shuningdek, Qoraqalpogʻiston Respublikasi Ichki ishlar vazirligining, Toshkent shahar va Toshkent viloyati ichki ishlar bosh boshqarmalari hamda viloyatlar ichki ishlar boshqarmalarining Jamoat xavfsizligi xizmati, Jamoat tartibini saqlash boshqarmalarining tuman (shahar) ichki ishlar boʻlimlarining nazorat-litsenziyalash faoliyatini tashkil etish boʻlinmasi xodimi;
guvohnoma — qurolni olishga ruxsatnoma rasmiylashtirish uchun ichki ishlar organiga murojaat qilish huquqini beruvchi, tinglovchining oʻquv kurslarini muvaffaqiyatli tugatganligini tasdiqlovchi hujjat;
oʻq otish stendi — sport musobaqalari va oʻquv-mashq yigʻinlarini oʻtkazishga, shuningdek, koʻngilochar maqsadlarda silliq stvolli oʻqotar ov hamda silliq stvolli oʻqotar sport qurolidan uchar nishonlarga qarata oʻq otish uchun maxsus moʻljallangan (jihozlangan) muhandislik-qurilish inshooti;
tir — sport musobaqalarini, oʻquv-mashq yigʻinlari va oʻquv oʻq otish mashqlarini oʻtkazishga, qurolni tekshirishga, shuningdek, koʻngilochar maqsadlarda fuqaroviy va xizmat oʻqotar qurolidan, pnevmatik ov qurolidan, pnevmatik sport qurolidan, sport uloqtirish qurolidan harakatlanmaydigan hamda harakatlanuvchi nishonlarga qarata oʻq otish uchun maxsus moʻljallangan (jihozlangan) muhandislik-qurilish inshooti;
oʻq otish maydoni — bir necha tir va (yoki) oʻq otish stendlaridan tashkil topgan majmua.
3. Ushbu Nizom qoidalari qurolni olishga birinchi marta ruxsatnoma olayotgan fuqarolarga nisbatan tatbiq etiladi.
Qurolni ikkinchi va undan koʻp marta olishga, shuningdek, qurolni saqlash va olib yurishga, saqlashga doir ruxsatnomalarni olayotgan fuqarolarning oʻquv kurslarida oʻqishi tavsiyaviy hisoblanadi.
4. Ushbu Nizom qoidalari quyidagilarga nisbatan tatbiq etilmaydi:
tigʻli sovuq (ov pichoqlari, ov xanjarchalari va xanjarlar) qurolni olayotgan fuqarolarga;
signal beruvchi ov qurolini, sport qurolini, oʻzini oʻzi himoya qilish qurolini, kolleksiyalash va koʻrgazmaga qoʻyish uchun moʻljallangan qurolni olishga doir ruxsatnomalarni olayotgan fuqarolarga;
mukofot qilingan qurolni saqlash va olib yurishga doir ruxsatnomani olayotgan Oʻzbekiston Respublikasi fuqarolariga;
Oʻzbekiston Respublikasi hududida fuqaroviy qurolni olishga doir ruxsatnomalarini olayotgan Oʻzbekiston Respublikasi hududida vaqtincha turgan chet el fuqarolariga.
5. Oʻquv kurslari:
qurol va uning oʻq-dorilari muomalasiga doir qonunchilik hujjatlari talablarini, ovchilarning huquq va majburiyatlarini;
ov qilish qoidalarini, shu jumladan, atrof-muhitni, yovvoyi hayvonlar yashash muhitini, boʻlish va urchish joylarini, ularning koʻchib oʻtish yoʻllarini muhofaza qilish, ov qilish uchun ruxsat etilgan va taqiqlangan joylarni, yovvoyi hayvonlarning turlarini hamda ov qurollari va usullarini, ov qilish uchun belgilangan muddatlarni, ovlangan yovvoyi hayvonlar va ularning yashash faoliyati mahsulotlarining hisobini yuritish tartibini;
qurol bilan muomalada boʻlish, ov qilish va baliq ovlash, hayvonot dunyosidan foydalanishning boshqa turlarini amalga oshirish qoidalarini buzish uchun javobgarlik choralarini;
foydalaniladigan qurol va uning oʻq-dorilari asosiy turlarini, ularning taktik va texnik tavsiflarini hamda ballistik xususiyatlarini, ularni saqlash, tashish, olib yurish va ulardan foydalanish tartibini;
qurolni oʻqlashda, tozalashda, qoʻllashda, qurol bilan boshqa shakllarda muomala qilishda shaxsiy, atrofdagilarning xavfsizligini va jamoat tartibini taʼminlash hamda yongʻinga qarshi choralarni;
oʻqdan yaralanganda va boshqa turdagi tan jarohatlarining asosiy turlari boʻyicha birlamchi shoshilinch tibbiy yordam koʻrsatish asoslarini oʻzlashtirib olish uchun zarur boʻlgan mustahkam va yetarli hajmda bilimlarni hamda amaliy koʻnikmalarni hosil qilish maqsadlarida tashkil etiladi.
Oʻquv kurslarida:
ushbu bandning ikkinchi — toʻrtinchi xatboshilariga doir qismda — ovchilar jamoat birlashmasi shtatidagi xodimlari tarkibidan tayyorlangan instruktorlar tomonidan;
ushbu bandning beshinchi — yettinchi xatboshilariga doir qismda — ichki ishlar organlari nazorat-litsenziyalash faoliyatini tashkil etish boʻlinmasi xodimlari tarkibidan tayyorlangan instruktorlar tomonidan oʻqitiladi.
6. Oʻzbekiston Respublikasi Ichki ishlar vazirligining Malaka oshirish instituti tomonidan instruktorlarni tayyorlash boʻyicha oʻquv jarayoni doirasidagi alohida oʻquv mashgʻulotlarini oʻtkazish uchun Ekologiya, atrof-muhitni muhofaza qilish va iqlim oʻzgarishi vazirligi, Ichki ishlar vazirligi, shuningdek, ovchilar jamoat birlashmasi, Oʻzbekiston oʻq otish sporti federatsiyasi, ovchilik va otish sporti sohasidagi faoliyat bilan shugʻullanuvchi yuridik shaxslar va boshqa manfaatdor tashkilotlarning malakali xodimlari va tajribali mutaxassislari kelishuv asosida jalb etilishi mumkin.
7. Oʻquv kurslarida tinglovchilar ishdan ajralgan holda oʻqitiladi.
8. Oʻquv kurslarida oʻqish bilan bogʻliq xarajatlar ovchilar jamoat birlashmasi tomonidan belgilanadi hamda ovchilar jamoat birlashmasi va fuqaro oʻrtasida tuziladigan shartnomaga asosan koʻrsatiladi. Bunda toʻlov summasini kurslarda oʻqish davomida boʻlib toʻlash imkoniyati nazarda tutilishi mumkin.
9. Shartnomada fuqaro xavfsiz foydalanish qoidalariga oʻqitilishi lozim boʻlgan qurol turi (silliq stvolli ov quroli, soyli stvolli ov quroli, pnevmatik ov quroli) koʻrsatilishi lozim.
10. Oʻquv kurslarida oʻqitish uchun shartnoma summasining 50 foizi ovchilar jamoat birlashmasi tomonidan Oʻzbekiston Respublikasi Ichki ishlar vazirligining Jamoat xavfsizligi departamenti Jamoat tartibini saqlash xizmatining maxsus hisobvaragʻigʻa oʻtkaziladi.
2-bob. Oʻquv kurslariga qabulni tashkil etish
11. Oʻquv kurslariga yigirma besh yoshga toʻlgan fuqarolar qabul qilinadi.
12. Oʻquv kurslarida oʻqishni xohlovchi fuqarolar yil davomida oʻquv kurslariga qabul qilish haqidagi arizani va unga ilova qilingan quyidagi hujjatlarni ovchilar jamoat birlashmasiga bevosita, pochta aloqasi vositalari orqali yoki elektron shaklda ovchilar jamoat birlashmasining elektron manziliga (mavjud boʻlsa) ular olinganligi haqida xabardor qilingan holda taqdim etadi:
ovchilar jamoat birlashmasi tomonidan berilgan ovchilik guvohnomasi nusxasi;
fuqarolik pasporti (identifikatsiyalovchi ID-kartasi) yoki shaxsni tasdiqlovchi boshqa hujjat (Oʻzbekiston Respublikasi fuqarolari uchun);
Oʻzbekiston Respublikasi hududida doimiy yashaydigan chet el fuqarosi va fuqaroligi boʻlmagan shaxsning Oʻzbekiston Respublikasida yashash guvohnomasi (identifikatsiyalovchi ID-kartasi).
13. Oʻquv kurslaridagi oʻquv jarayoni tinglovchilar soni qoidaga koʻra guruhlarning toʻldirilishiga bogʻliq holda kamida 15 — 20 kishidan iborat, biroq 25 kishidan ortiq boʻlmagan guruhlarda tashkil qilinadi.
14. Oʻquv kurslarining guruhlar tarkibi shakllantirilgandan soʻng ovchilar jamoat birlashmasi tomonidan ikki ish kunida oʻquv kurslari muddati (yil, oy, sana, mashgʻulotlar boshlanishi va tugallanishi vaqti), fuqarolarning roʻyxati aks ettirilgan reja-jadval tasdiqlanib, shu kunning oʻzida fuqarolarga yozma ravishda xabarnoma yuboriladi.
Xabarnomada oʻquv kurslari muddati, oʻqish uchun toʻlov summasi, ovchilar jamoat birlashmasining bank hisobvaragʻi rekvizitlari va toʻlash muddati koʻrsatiladi.
15. Olingan xabarnomaga asosan oʻquv jarayoni boshlangunga qadar ovchilar jamoat birlashmasiga oʻqish uchun murojaat qilmagan yoki oʻqish uchun belgilangan toʻlovni amalga oshirmagan fuqarolar oʻquv kurslariga qabul qilinmaydi va bu haqda ovchilar jamoat birlashmasi tomonidan bir ish kunida fuqarolarga yozma ravishda xabarnoma yuboriladi.
Mazkur hollarda fuqarolar keyingi tashkil etiladigan oʻquv kurslarida oʻqishga qabul qilinishi mumkin.
16. Oʻquv kurslarida oʻqish uchun reja-jadvalda koʻrsatilgan hamda toʻlov summasini toʻlagan fuqarolar ovchilar jamoat birlashmasi rahbari buyrugʻi bilan tinglovchi sifatida oʻqishga qabul qilinadi.
3-bob. Oʻquv kurslarida oʻquv yuklamasi hajmi va oʻquv jarayoni
17. Oʻquv kurslari kamida ikki nafar instruktor tomonidan tashkil etiladi.
18. Oʻquv kurslari ovchilar jamoat birlashmasi tomonidan Oʻzbekiston Respublikasi Ichki ishlar vazirligi hamda Ekologiya, atrof-muhitni muhofaza qilish va iqlim oʻzgarishi vazirligi bilan kelishilgan holda tasdiqlangan oʻquv dasturlariga muvofiq oʻtkaziladi.
19. Oʻquv mashgʻulotlari instruktorlar tomonidan tashkil etiladi. Oʻquv mashgʻulotlarini oʻtkazish uchun zarur hollarda vazirliklar, idoralar va boshqa tashkilotlarning malakali xodimlari hamda tajribali mutaxassislari kelishuv asosida jalb etilishi mumkin.
20. Oʻquv kurslarida oʻquv jarayonining umumiy davomiyligi bir haftani (36 (54 akademik) soat) tashkil etadi.
Umumiy oʻquv vaqti hajmi quyidagicha taqsimlanadi:
nazariy taʼlim — 24 (36 akademik) soat;
amaliy mashgʻulotlar — 12 (18 akademik) soat, shu jumladan, quroldan oʻq otishni oʻrgatish mashgʻulotlari (oʻquv oʻq otish mashqlari) — 6 (9 akademik) soat.
21. Oʻquv mashgʻulotlari maʼruza, seminar va amaliy mashgʻulot shakllarida oʻtkaziladi. Nazariy oʻquv mashgʻulotlarini oʻtkazishda interfaol oʻqitish uslublari qoʻllanilishi tavsiya etiladi.
Oʻquv mashgʻulotlari davomida tinglovchilarga nazorat topshiriqlari (test, yozma ish va boshqalar) beriladi.
22. Auditoriya mashgʻulotlari davomiyligi 80 daqiqani (tanaffussiz, ikki akademik soat) tashkil etadi, oʻquv mashgʻulotlari oraligʻidagi tanaffus — kamida 10 daqiqadan iborat boʻladi.
23. Oʻquv oʻq otish mashqlari ovchilar jamoat birlashmasiga tegishli boʻlgan hamda ichki ishlar organlarining roʻyxatiga olingan qurol va oʻq-dorilari bilan fuqaroviy qurol va uning oʻq-dorilarini saqlashga doir ruxsatnomalariga ega boʻlgan oʻq otish stendi, tir yoki oʻq otish maydonida oʻtkaziladi.
24. Ovchilar jamoat birlashmasi oʻquv kurslarini tashkil etish uchun jihozlangan xonalarga va (yoki) qurol va oʻq-dorilarni saqlash xonasiga ega boʻlmaganda, oʻquv mashgʻulotlarini oʻtkazish va (yoki) qurol va oʻq-dorilarni saqlash shartnomaviy tartibda fuqaroviy qurol va uning oʻq-dorilarini saqlashga doir ruxsatnomaga ega boʻlgan yuridik shaxsda yoki ichki ishlar organlarida amalga oshirilishi mumkin.
25. Ovchilar jamoat birlashmasi oʻziga tegishli boʻlgan oʻq otish stendi, tir yoki oʻq otish maydoniga ega boʻlmaganda, oʻquv oʻq otish mashqlari shartnomaviy tartibda fuqaroviy qurol va uning oʻq-dorilarini saqlashga doir ruxsatnomalariga ega boʻlgan yuridik shaxsning oʻq otish stendi, tiri yoki oʻq otish maydonida, yoxud ichki ishlar organlarining oʻq otish poligonlarida oʻtkazilishi mumkin.
26. Silliq stvolli oʻqotar ov quroli bilan oʻquv oʻq otish mashqlari oʻq otish stendida, soyli stvolli oʻqotar ov quroli va pnevmatik ov quroli bilan oʻquv oʻq otish mashqlari esa, tir yoki oʻq otish maydonida oʻtkaziladi.
Silliq stvolli oʻqotar ov quroli bilan oʻquv oʻq otish mashqlari bir necha oʻq otish stendidan iborat boʻlgan oʻq otish maydonida oʻtkazilishi mumkin.
Soyli stvolli oʻqotar ov quroli va pnevmatik ov quroli bilan oʻquv oʻq otish mashqlari bir necha tirlardan iborat boʻlgan oʻq otish maydonida oʻtkazilishi mumkin.
27. Oʻq otish tiridagi oʻquv oʻq otish mashqlarida qatnashishga faqat qurolni oʻqlash, tozalash, olib yurish, qoʻllashda shaxsiy, atrofdagilar xavfsizligini va jamoat tartibini taʼminlash choralarini, shuningdek, oʻquv oʻq otish mashqlari shartlari va xavfsizlik qoidalariga oid bilim va koʻnikmalar boʻyicha oʻtkazilgan nazorat sinovlaridan muvaffaqiyatli oʻtgan tinglovchilarga ruxsat beriladi.
28. Oʻquv oʻq otish mashqlari ovchilar jamoat birlashmasi rahbari tomonidan ushbu mashqlarni oʻtkazish uchun masʼul boʻlgan instruktor (instruktorlar) tayinlangandan soʻng guruhma-guruh oʻtkaziladi.
29. Oʻquv oʻq otish mashqlarini oʻtkazish uchun masʼul boʻlgan instruktor (instruktorlar) tomonidan mashqlar oʻtkazilishidan oldin tinglovchilarga xavfsizlik qoidalari boʻyicha yoʻl-yoʻriqlar beriladi, shuningdek, baxtsiz hodisalarning oldini olishga qaratilgan chora-tadbirlar koʻriladi.
30. Oʻquv kursi jarayonida tinglovchilarning mashgʻulotlarda qatnashish davomati, ularni oʻtkazish sanasi, mavzusi, dars soatlari miqdorlari, nazorat topshiriqlari natijalarining hisobi yuritiladi.
4-bob. Tinglovchilarning yakuniy imtihoni
31. Tinglovchilar oʻquv kurslarida oʻqishni tugatgandan soʻng test sinovlari shaklida yakuniy imtihon topshiradi.
32. Oʻquv kurslari tinglovchilarining bilimini baholashni tashkil etish va oʻtkazish uchun ovchilar jamoat birlashmasi tomonidan kamida 3 — 5 kishidan iborat imtihon komissiyasi tuziladi. Imtihon komissiyasi raisi, tarkibi va ishlash tartibi ovchilar jamoat birlashmasi tomonidan tasdiqlanadi.
Komissiya tarkibiga boshqa vazirliklar, idoralar va tashkilotlarning xodimlari hamda mutaxassislari kelishuv asosida jalb etilishi mumkin.
33. Yakuniy imtihon topshiriqlari oʻquv kursi dasturiga muvofiq tuziladi. Imtihon natijalari 100 balli tizimda baholanadi.
Yakuniy imtihonda test sinovlari uchun ajratilgan maksimal ballning 70 foizidan kam ball toʻplagan tinglovchilar oʻquv kurslarini muvaffaqiyatli oʻzlashtirmagan hisoblanadi.
34. Yakuniy imtihonda uzrli sabab tufayli ishtirok etmagan tinglovchilar navbatdagi guruh tinglovchilari bilan birgalikda ishtirok etishlari mumkin.
35. Test sinovlaridan muvaffaqiyatli oʻta olmagan tinglovchilarga keyingi oʻquv kurslari yakunida imtihonni faqat bir marta qayta topshirishga imkon beriladi.
Qayta topshirish natijalariga koʻra imtihondan oʻta olmagan tinglovchilar xohishiga koʻra ushbu Nizomda belgilangan tartibda oʻquv kurslariga takroran qabul qilinadi.
36. Imtihon natijalari imtihon oʻtkazilgan kuni komissiyaning barcha aʼzolari tomonidan imzolangan bayonnoma va imtihon qaydnomasi orqali rasmiylashtiriladi hamda tinglovchilarga eʼlon qilinadi.
5-bob. Tinglovchilarning oʻquv kurslarini tamomlagani toʻgʻrisidagi hujjatlarni berish, guvohnomalar reyestrini yuritish
37. Imtihon komissiyasi bayonnomasiga asosan yakuniy imtihondan muvaffaqiyatli oʻtgan tinglovchilarga bir ish kunida ushbu Nizomga ilovada belgilangan namunadagi hamda QR-kod (matrik shtrixli kod) bilan roʻyxatdan oʻtkaziladigan guvohnoma, imtihonlardan oʻta olmagan tinglovchilarga esa, ular oʻquv kurslarini tamomlagani toʻgʻrisidagi maʼlumotnoma beriladi. Guvohnoma va maʼlumotnomalar ovchilar jamoat birlashmasi rahbari tomonidan imzolanadi.
Guvohnoma fuqarolarga berilgan guvohnomalar reyestriga imzo qoʻydirgan holda topshiriladi.
38. Guvohnomada fuqaro xavfsiz foydalanish qoidalariga oʻqitilgan qurol turi (silliq stvolli ov quroli, soyli stvolli ov quroli, pnevmatik ov quroli) koʻrsatilishi shart.
39. Guvohnoma uning amal qilishi cheklanmagan muddatga beriladi.
40. Guvohnoma kimning nomiga berilgan boʻlsa, oʻsha fuqaroga ichki ishlar organida silliq stvolli ov qurolini, soyli stvolli ov qurolini va (yoki) pnevmatik ov qurolini olishga doir ruxsatnomani olish uchun asoslardan biri hisoblanadi.
41. Ovchilar jamoat birlashmasi tomonidan quyidagilar koʻrsatilishi lozim boʻlgan guvohnomalar reyestri (keyingi oʻrinlarda — reyestr) yuritiladi:
guvohnoma egasining familiyasi, ismi, otasining ismi, tugʻilgan sanasi, doimiy yashash manzili, telefoni;
guvohnoma egasi xavfsiz foydalanish qoidalariga oʻqitilgan qurol turi (silliq stvolli ov quroli, soyli stvolli ov quroli, pnevmatik ov quroli);
guvohnomani berish uchun asos boʻlgan komissiya bayonnomasining sanasi va raqami;
guvohnoma berilgan sana, uning seriyasi va tartib raqami;
guvohnoma dublikatini berish asosi va sanasi.
42. Reyestr qogʻoz manbada bir nusxada yuritiladi.
Qogʻoz manbadagi reyestr jurnali hududiy ichki ishlar organida hisobga qoʻyilgan boʻlishi lozim.
Reyestr qoʻshimcha ravishda elektron manbalarda ham yuritilishi mumkin.
Qogʻozdagi va elektron manbalardagi yozuvlar oʻrtasida nomuvofiqlik mavjud boʻlgan taqdirda, qogʻoz manbalardagi yozuvlar ustuvor ahamiyatga ega boʻladi.
Ushbu Nizomning 41-bandida koʻrsatilgan reyestr maʼlumotlari ularni tasdiqlaydigan hujjatlardagi mavjud maʼlumotlarga muvofiq boʻlmagan taqdirda, ushbu Nizomning 41-bandida koʻrsatilgan maʼlumotlar ularga tegishli oʻzgartirishlar kiritilgunga qadar ishonchli hisoblanadi.
43. Reyestr jurnaliga tartib raqami qoʻyiladi, uning betlari izchil ketma-ketlikda raqamlanadi va ip oʻtkazib tikiladi.
Reyestr jurnalining titul varagʻida ovchilar jamoat birlashmasi nomi, shuningdek, u qachon yuritilishi boshlangani va tugatilgani koʻrsatiladi.
Reyestr jurnalining oxirgi betida uning nechta betdan iborat ekanligi koʻrsatiladi va ushbu maʼlumotlar ovchilar jamoat birlashmasi rahbarining imzosi, shuningdek, hududiy ichki ishlar organi masʼul xodimining imzosi va muhri bilan tasdiqlanadi.
44. Reyestr jurnalidagi yozuvlar koʻk yoki qora rangli sharikli ruchka bilan aniq yozilishi shart. Yozuvni qayd qilishda oʻchirish va tuzatishlarga yoʻl qoʻyilmaydi. Xato yozilganda, matnni oʻqish imkoniyatini beradigan holda ushbu xato ingichka chiziq bilan oʻchirilib, uning tepasidan toʻgʻrilangan yozuv kiritiladi va tegishli yozuv kiritilgan satrning izoh qismida “tuzatildi” deb yozib qoʻyiladi hamda matnni toʻgʻrilagan shaxsning imzosi bilan tasdiqlanadi.
45. Reyestrning toʻgʻri toʻldirilishi va reyestr jurnalining butligi, shuningdek, guvohnomalar blanklarining hisobi yuritilishi, saqlanishi va maqsadli ishlatilishi uchun ovchilar jamoat birlashmasi rahbari yoki uning buyrugʻi bilan ushbu vazifalar yuklangan masʼul shaxs javobgar boʻladi.
46. Reyestr jurnali qulflanadigan seyf yoki metall shkaf (yashik)da saqlanadi.
47. Reyestr jurnali toʻliq toʻldirilguncha yuritiladi.
Toʻliq toʻldirilib, yuritilishi tugatilgan reyestr jurnali hududiy ichki ishlar organiga topshiriladi.
48. Reyestrdagi maʼlumotlar foydalanilishi cheklangan axborot hisoblanadi va oshkor qilinmaydi, qonunchilik hujjatlarida nazarda tutilgan hollar bundan mustasno.
Reyestrdagi mavjud maʼlumotlar ovchilar jamoat birlashmasi tomonidan ichki ishlar yoki boshqa vakolatli organ soʻroviga muvofiq tegishli soʻrov olingan kundan boshlab bir ish kunida taqdim etiladi.
49. Yoʻqolgan yoki yaroqsiz holga kelgan guvohnoma oʻrniga fuqaroning murojaatiga asosan murojaat kelib tushgan kundan eʼtiboran ikki ish kuni ichida guvohnomaning avvalgi hisobga olish seriyasi va tartib raqami koʻrsatilgan dublikati rasmiylashtirib beriladi. Guvohnoma dublikatining yuqori oʻng burchagiga “Dublikat” degan yozuv kiritiladi.
Guvohnoma dublikatini berishda fuqaro tomonidan ovchilar jamoat birlashmasining dublikat blankasini tayyorlash bilan bogʻliq xarajatlari qoplanadi.
6-bob. Yakunlovchi qoidalar
50. Instruktorlar besh yilda kamida bir marta qayta tayyorlanadi.
51. Tinglovchilar quyidagi holatlarda oʻquv kurslaridan chetlashtiriladi:
oʻz xohishiga koʻra;
oʻquv kurslari nazariy taʼlim qismining 4 akademik soatdan koʻp hajmdagi mashgʻulotlarda qatnashmaganda;
oʻquv oʻq otish mashqlarida toʻliq qatnashmaganda;
oʻquv intizomini va ovchilar jamoat birlashmasining ichki tartib-qoidalarini muntazam ravishda yoki bir marotaba qoʻpol ravishda buzganda;
vafot etganda.
52. Tinglovchini oʻquv kurslaridan chetlashtirish ovchilar jamoat birlashmasi rahbarining buyrugʻi bilan rasmiylashtiriladi. Buyruqda chetlashtirish sababi va asoslari koʻrsatiladi.
53. Oʻquv kurslari tinglovchilari oʻqishdan chetlashtirilganda yoki test sinovlaridan muvaffaqiyatli oʻta olmaganda, ularga oʻqish uchun toʻlangan toʻlov summasi qaytarilmaydi.
54. Guvohnoma olinishi fuqaro ovchilar jamoat birlashmalari ustav hujjatlariga muvofiq har yili qurol va uning oʻq-dorilarni saqlash, tashish, olib yurish va undan foydalanish, oʻqlash-oʻqsizlantirish, tozalash, ular bilan xavfsiz muomalada boʻlish qoidalari boʻyicha bilimlarga oid majburiy normativlarni (“ovchilik minimumi”) topshirish majburiyatidan ozod etmaydi.
55. Ichki ishlar organlarining qurolni olishga doir ruxsatnomasi guvohnomada koʻrsatilgan qurol turini (silliq stvolli, soyli stvolli, pnevmatik) olish uchun beriladi.
56. Ushbu Nizom talablari buzilishida aybdor boʻlgan shaxslar qonunchilik hujjatlarida belgilangan tartibda javob beradilar.
Quroldan xavfsiz foydalanish qoidalariga oʻqitish boʻyicha qisqa muddatli maxsus oʻquv kurslari toʻgʻrisidagi nizomga ILOVA
Maxsus oʻquv kursi haqida GUVOHNOMA MK № 000000 _________________________________________________________________________________________________ (tinglovchining familiyasi, ismi, otasining ismi) 20 ___-yil __________________ dan 20 ___-yil __________________ gacha ____________________________________________________________________________________________________________ da (yuridik shaxsning nomi) ___________________________________________soatga moʻljallangan ________________________________________dan xavfsiz foydalanish qoidalariga oʻqitish boʻyicha (qurol turi) maxsus qisqa muddatli oʻquv kursida taʼlim olib, yakuniy imtihondan muvaffaqiyatli oʻtdi. Imtihon komissiyasi bayonnomasining sanasi va raqami ___________________________________________________________________. Rahbar (QR-kod) ______________________________________________________ (familiyasi, ismi va otasining ismi bosh harflari) Sana ____________________ Qayd raqami ___________________
Oʻzbekiston Respublikasining Bosh vaziri A. ARIPOV
Toshkent sh.,
2023-yil 20-noyabr,
609-son