📅 2023-yil 23-noyabr · Vazirlar Mahkamasi qarorlari
Rasmiy matn. Rasmiy hujjat. Tahririy izohlar kiritilmagan.
📅 2023-yil 23-noyabr · Vazirlar Mahkamasi qarorlari
Rasmiy matn. Rasmiy hujjat. Tahririy izohlar kiritilmagan.
📅 2023 йил 23 ноябрь · Вазирлар Маҳкамаси қарорлари
Расмий матн. Расмий ҳужжат. Таҳририй изоҳлар киритилмаган.
📅 23 ноября 2023 г. · Постановления Кабинета Министров
Официальный текст. Официальный документ. Редакционные примечания не включены.
📅 23 November 2023 · Cabinet of Ministers resolutions
Official text. Official document. Editorial notes are not included.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг
қарори
ВАҚТИНЧАЛИК НИЗОМ
СХЕМАСИ
СЎРОВНОМА
МАЪЛУМОТ
ЙЎЛ ХАРИТАСИ
«Тартибга солиш қумдони» махсус ҳуқуқий режимини жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида
Тадбиркорлик субъектлари томонидан янги маҳсулот ва хизматлар турларини жорий этиш учун қулай шарт-шароитлар яратиш орқали улар учун тартибга солиш юкини камайтириш, шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Электрон тижорат маъмурчилигини такомиллаштириш ва уни янада ривожлантириш учун қулай шароитлар яратиш тўғрисида» 2021 йил 17 ноябрдаги ПҚ-14-сон қарори ҳамда «Тадбиркорлик фаолиятини давлат томонидан тартибга солишни соддалаштириш чора-тадбирлари тўғрисида» 2022 йил 9 ноябрдаги ПФ-244-сон Фармони ижросини таъминлаш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:
1. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2022 йил 9 ноябрдаги ПФ-244-сон Фармонига мувофиқ:
тадбиркорлик субъектларига замонавий технологияларга асосланган янги маҳсулот ва хизматларни ёки бошқа интеллектуал фаолият натижаларини назорат қилинадиган чекланган муҳитда синовдан ўтказишни назарда тутувчи «Тартибга солиш қумдони» махсус ҳуқуқий режимини (кейинги ўринларда — махсус ҳуқуқий режим) жорий этишга розилик берилганлиги;
махсус ҳуқуқий режим жорий этиладиган соҳалар бўйича Рақамли технологиялар вазирлиги, Транспорт вазирлиги, Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги, Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ҳамда Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазирлиги ваколатли органлар (кейинги ўринларда — ваколатли органлар) этиб белгиланганлиги маълумот учун қабул қилинсин.
2. Қуйидагиларни назарда тутувчи «Тартибга солиш қумдони» махсус ҳуқуқий режимини жорий этиш тартиби тўғрисидаги вақтинчалик низом 1-иловага мувофиқ тасдиқлансин:
махсус ҳуқуқий режимни жорий этиш тартиби;
махсус ҳуқуқий режимнинг мақсадлари ҳамда талаблари;
ваколатли органлар ҳамда махсус ҳуқуқий режим иштирокчиларининг ҳуқуқлари ва мажбуриятлари;
махсус ҳуқуқий режимни бекор қилиш ва тугатиш асослари.
3. Белгилансинки:
тадбиркорлик субъектларининг махсус ҳуқуқий режим доирасида янги маҳсулот, хизмат ёки ишларни назорат қилинадиган чекланган муҳитда синовдан ўтказиш бўйича сўровномалари Ўзбекистон Республикаси Ягона интерактив давлат хизматлари портали (кейинги ўринларда — ЯИДХП) орқали қабул қилинади;
мазкур қарорнинг 1-иловасига мувофиқ тасдиқланган Вақтинчалик низом Ўзбекистон Республикасининг «Махсус ҳуқуқий режим тўғрисида»ги Қонуни қабул қилингунга қадар амал қилади.
4. Ваколатли органлар Адлия вазирлиги билан биргаликда аризалар ЯИДХП орқали қабул қилиниши ва кўриб чиқилишининг ҳар бир босқичини кузатиб бориш тартибини жорий этсин.
5. «Тартибга солиш қумдони» махсус ҳуқуқий режимини иқтисодиётнинг аниқ йўналишлари кесимида жорий этиш бўйича «йўл харитаси» 2-иловага мувофиқ тасдиқлансин.
6. Адлия вазирлиги махсус ҳуқуқий режимни жорий этишда ваколатли органларга ҳуқуқий-услубий жиҳатдан кўмаклашсин.
7. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари Ж.А. Ходжаев зиммасига юклансин.
Вазирлар Маҳкамасининг 2023 йил 23 ноябрдаги 617-сон қарорига 1-ИЛОВА
«Тартибга солиш қумдони» махсус ҳуқуқий режимини жорий этиш тартиби тўғрисида
1-боб. Умумий қоидалар
1. Мазкур Низом махсус ҳуқуқий режимни жорий этиш тартибини, бекор қилиш ва тугатиш асосларини, шунингдек, ваколатли органлар ҳамда махсус ҳуқуқий режим иштирокчиларининг ҳуқуқлари ва мажбуриятларини белгилайди.
2. Ушбу Низомда қуйидаги тушунчалар қўлланилади:
махсус ҳуқуқий режим — Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Тадбиркорлик фаолиятини давлат томонидан тартибга солишни соддалаштириш чора-тадбирлари тўғрисида» 2022 йил 9 ноябрдаги ПФ-244-сон Фармонининг 1-иловасига мувофиқ соҳалар бўйича юридик шахс бўлган тадбиркорлик субъектларининг замонавий технологияларга асосланган янги маҳсулот, хизмат ёки ишларни назорат қилинадиган чекланган муҳитда синовдан ўтказиш бўйича фаолиятини махсус тартибга солиш;
ариза берувчи — махсус ҳуқуқий режим доирасида янги маҳсулот, хизмат ва ишларни реализация қилиш учун мурожаат қилган юридик шахс бўлган тадбиркорлик субъекти;
махсус ҳуқуқий режим иштирокчиси — махсус ҳуқуқий режим доирасида янги маҳсулот, хизмат ва ишларни реализация қилишга рухсат берилган юридик шахс;
махсус ҳуқуқий режимни жорий этиш тўғрисидаги келишув — ариза берувчи ва ваколатли орган ўртасида тузиладиган махсус ҳуқуқий режим доирасида янги маҳсулот, хизмат ва ишларни реализация қилиш шартлари ҳамда тартиби белгиланган ҳужжат.
3. Махсус ҳуқуқий режим қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ давлат сири ва фойдаланиш чекланган маълумотларни ўз ичига олган йўналишлардаги фаолиятни ташкил этишга татбиқ этилмайди.
Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномалардаги мажбуриятларига зид бўлган, шу жумладан, жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштириш, терроризмни ва оммавий қирғин қуролини тарқатишни молиялаштиришга қарши курашиш тўғрисидаги қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ келмайдиган янги маҳсулот, хизмат ва ишларни махсус ҳуқуқий режим доирасида реализация қилишга йўл қўйилмайди.
4. Махсус ҳуқуқий режим қуйидаги мақсадларда жорий этилади:
иқтисодий фаолиятнинг янги турлари, шакллари ва усулларини шакллантириш;
рақобат муҳитини ривожлантириш;
янги маҳсулот, хизмат ва ишлар таркибини кенгайтириш, уларнинг сифати ҳамда фойдаланиш кўламини яхшилаш;
муайян соҳани тартибга солишнинг самарали усулларини аниқлаш, жорий қилиш ва бу борадаги қонунчилик ҳужжатларини такомиллаштириш;
махсус ҳуқуқий режимни амалга ошириш натижалари бўйича умумий тартибга солишни такомиллаштириш;
янги маҳсулот, хизмат ва ишларни реализация қилиш учун қулай шароитлар яратиш ҳамда ушбу йўналишлар бўйича инвестицияларни кенг жалб қилиш;
қонунчилик ҳужжатларидан фарқ қилувчи ва уларнинг айрим қоидалари қўлланилмайдиган махсус тартибга солиш режимини жорий этиш.
5. Ваколатли орган томонидан янги маҳсулот, хизмат ва ишларни махсус ҳуқуқий режим доирасида реализация қилиш бўйича қарор қабул қилинганда, улар учун лицензия ва рухсат этиш хусусиятига эга ҳужжатлар махсус ҳуқуқий режимни қўллаш тўғрисидаги келишувда кўрсатилган муддатда талаб этилмайди.
6. Махсус ҳуқуқий режим қуйидаги талаблар асосида жорий этилади:
лойиҳанинг янгилиги, замонавий технологияларга асосланганлиги ҳамда амалдаги маҳсулот, хизмат ва ишларга нисбатан такомиллаштирилганлиги;
лойиҳани амалга оширишни тартибга солувчи норматив-ҳуқуқий ҳужжатнинг мавжуд эмаслиги ёки қонунчилик ҳужжатларида лойиҳани амалга ошириш билан боғлиқ тақиқлар мавжудлиги;
махсус ҳуқуқий режим доирасида янги маҳсулот, хизмат ва ишларни реализация қилишда техник имкониятларнинг мавжудлиги;
махсус ҳуқуқий режимни жорий этиш мазкур Низомнинг 4-бандида белгиланган мақсадларга эришишни таъминлаши;
махсус ҳуқуқий режимни жорий этиш шахснинг ҳаёти, соғлиғи ёки мол-мулкига, шунингдек, давлат мудофааси ва хавфсизлигига зарар етказиш хавфи баҳолаганлиги ва бундай хавф-хатарларни юзага келтирмаслиги ёки уларни камайтириш чоралари кўрилганлиги.
2-боб. Ваколатли орган ҳамда махсус ҳуқуқий режим иштирокчисининг ҳуқуқлари ва мажбуриятлари
7. Ваколатли орган махсус ҳуқуқий режимни жорий этишда қуйидаги ҳуқуқларга эга:
янги маҳсулот, хизмат ва ишларни реализация қилиш бўйича махсус ҳуқуқий режимни жорий этишнинг мақсадга мувофиқ ёки мувофиқ эмаслиги, унинг амал қилиш муддатини узайтириш ва уни муддатидан олдин бекор қилиш тўғрисида қарор қабул қилиш;
махсус ҳуқуқий режимни жорий этиш тўғрисидаги келишувни кўриб чиқиш;
махсус ҳуқуқий режим доирасида лойиҳани амалга оширишнинг талаб ва шартлари, шу жумладан, унинг муддати, ҳудуди ва шахслар доираси, ташаббусларга татбиқ этилмайдиган қонунчилик ҳужжатлари рўйхати ҳамда лойиҳа натижаларини баҳолаш мезонлари (индикаторлари)ни белгилаш;
махсус ҳуқуқий режим иштирокчисининг фаолиятини мониторинг қилиб бориш;
янги маҳсулот, хизмат ва ишларни реализация қилиш натижалари тўғрисидаги ҳисоботни кўриб чиқиш ҳамда унинг натижалари муваффақиятли ёки муваффақиятсизлиги тўғрисида қарор қабул қилиш.
8. Ваколатли орган қуйидагиларга мажбур:
махсус ҳуқуқий режим доирасида янги маҳсулот, хизмат ва ишларни реализация қилиш бўйича аризаларни ўз вақтида кўриб чиқиш;
махсус ҳуқуқий режим иштирокчисининг янги маҳсулот, хизмат ва ишларни реализация қилиш натижаларини холисона баҳолаш;
махсус ҳуқуқий режим иштирокчисининг янги маҳсулот, хизмат ва ишларнинг янгилиги ҳамда замонавий технологияларга асосланганлигига доир интеллектуал мулк объектларининг ҳуқуқий муҳофазасини таъминлаш;
ташаббускорларга татбиқ этилмайдиган қонунчилик нормалари рўйхатини белгилаш;
махсус ҳуқуқий режим доирасида ариза берувчининг фаолиятини давлат органлари томонидан текширишлар келишув асосида ўтказилишини таъминлаш.
Ваколатли орган қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ бошқа мажбуриятларга ҳам эга бўлиши мумкин.
9. Махсус ҳуқуқий режим иштирокчиси қуйидаги ҳуқуқларга эга:
янги маҳсулот, хизмат ва ишларни махсус ҳуқуқий режимни жорий этиш тўғрисидаги келишувда белгиланган тартибда реализация қилиш;
ташаббускорларга татбиқ этилмайдиган қонунчилик нормалари рўйхатини белгилаш бўйича таклифлар бериш;
янги маҳсулот, хизмат ва ишларни синовдан ўтказиш ҳамда жорий қилиш йўналишларидаги фаолияти чекланган вақт, ҳудуд ва шахслар доирасида махсус тартибга солиш орқали айрим қонунчилик ҳужжатлари талабларига амал қилмаслик;
махсус ҳуқуқий режим муддатини узайтириш ёки уни муддатидан олдин бекор қилиш бўйича ваколатли органга мурожаат қилиш;
махсус ҳуқуқий режимни жорий этиш тўғрисидаги келишув шартларини ўзгартириш бўйича асослантирилган сабабларни кўрсатган ҳолда ваколатли органга мурожаат қилиш;
махсус ҳуқуқий режим доирасида ваколатли орган томонидан қабул қилинган қарорлар устидан судга шикоят қилиш.
10. Махсус ҳуқуқий режим иштирокчиси қуйидагиларга мажбур:
махсус ҳуқуқий режимни жорий этиш тўғрисидаги келишув шартларига риоя қилиш;
ваколатли органга махсус ҳуқуқий режим иштирокчисининг фаолияти билан боғлиқ бўлган ахборотларни олишда тўсқинлик қилмаслик;
истеъмолчиларни янги маҳсулот, хизмат ва ишлар махсус ҳуқуқий режим доирасида тақдим этилаётганлиги, улардан фойдаланишдаги эҳтимолий таваккалчиликлар тўғрисида хабардор қилиш ва шартномаларни ушбу режим муддатига мос равишда расмийлаштириш, бунда истеъмолчи янги маҳсулот, хизмат ва ишларнинг махсус ҳуқуқий режим доирасида реализация қилинаётганлиги ҳақида огоҳлантирилганлигини шартномада кўрсатиш;
махсус ҳуқуқий режим муддатидан олдин якунланган тақдирда, уч кун муддатда мижозларга хабар бериш;
истеъмолчиларга ўзининг айби натижасида етказилган зарарни сўзсиз қоплаб бериш;
ўз фаолиятини амалга оширишда экология, атроф-муҳит ва инсон саломатлигига зарар етказилишининг олдини олиш чораларини кўриш.
Махсус ҳуқуқий режим иштирокчиси ваколатли орган билан тузиладиган келишувга мувофиқ бошқа мажбуриятларга ҳам эга бўлиши мумкин.
3-боб. Махсус ҳуқуқий режимни жорий этиш тартиби
11. Махсус ҳуқуқий режим мазкур Низомнинг 1-иловасидаги схемага мувофиқ жорий этилади.
12. Ариза берувчи махсус ҳуқуқий режим иштирокчиси бўлиш учун тегишли ваколатли органга ЯИДХП орқали мазкур Низомнинг 2-иловасига мувофиқ сўровнома юборади.
Сўровномага қуйидаги ҳужжатлар илова қилинади:
махсус ҳуқуқий режим доирасида янги ишлаб чиқариладиган маҳсулот, кўрсатиладиган хизмат ёки амалга ошириладиган иш тўғрисида мазкур Низомнинг 3-иловасига мувофиқ маълумот;
махсус ҳуқуқий режимни жорий этиш тўғрисидаги келишув.
Ваколатли орган ариза берувчининг таъсис ҳужжатлари ва молиявий ҳисоботларини «Рақамли ҳукумат» тизими идоралараро интеграциялашув платформаси орқали олади.
Сўровномани кўриб чиққанлик учун йиғим ундирилмайди.
13. Махсус ҳуқуқий режимни жорий этиш тўғрисидаги келишувда қуйидагилар кўрсатилган бўлиши керак:
махсус ҳуқуқий режимнинг давомийлиги (бошланиш ва тугаш саналари);
махсус ҳуқуқий режим жорий этиладиган ҳудуд;
махсус ҳуқуқий режим доирасида амал қилинмайдиган умумий тартибга солишнинг алоҳида қоидалари (талаблар, кўрсатмалар, тақиқлар ва чекловлар);
ташаббускорларга татбиқ этилмайдиган қонунчилик нормалари рўйхати;
янги маҳсулот, хизмат ва ишларни реализация қилиш учун зарур бўладиган жой, техник воситалар ва асбоб-ускуналар ҳақида маълумот;
янги маҳсулот, хизмат ва ишларни реализация қилиш учун сарфланадиган маблағлар ва уларни молиялаштириш манбалари;
махсус ҳуқуқий режим иштирокчилари рўйхати ва улар бажариши лозим бўлган талаблар (агар махсус ҳуқуқий режим бир нечта иштирокчига татбиқ этилса);
махсус ҳуқуқий режимга бошқа субъектларни қўшиш тартиби;
махсус ҳуқуқий режим иштирокчиси мақомини тўхтатиб туриш асослари ва муддатлари;
махсус ҳуқуқий режим шароитида янги ишлаб чиқариладиган маҳсулот, кўрсатиладиган хизмат ёки амалга ошириладиган ишлардан фойдаланиш тартиби;
махсус ҳуқуқий режимни жорий этиш натижадорлигини баҳолаш тартиб-таомиллари, мезонлари ҳамда мақсадли индикаторлари (миқдор ва сифат кўрсаткичлари);
истеъмолчилар ҳуқуқлари ҳимоя қилинишини таъминловчи қоидалар.
14. Ваколатли орган ариза берувчининг махсус ҳуқуқий режим доирасида янги маҳсулот, хизмат ва ишларни реализация қилиш бўйича ЯИДХП орқали қабул қилган сўровномасини келиб тушган кундан бошлаб ўттиз кун ичида кўриб чиқади.
Ариза берувчи махсус ҳуқуқий режим доирасида янги маҳсулот, хизмат ва ишларни реализация қилиш учун етарли ресурс ва имкониятларга эга бўлиши зарур. Бунда махсус ҳуқуқий режим иштирокчисидаги мавжуд шарт-шароитлар тегишли соҳа йўналишидан келиб чиқиб, ваколатли орган томонидан жойига чиққан ҳолда ўрганилади.
Агар махсус ҳуқуқий режим доирасида янги маҳсулот, хизмат ва ишларни реализация қилиш бошқа соҳалар билан ўзаро боғлиқ бўлган тақдирда, ваколатли орган қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ ушбу соҳалардаги ваколатли идоралар билан келишади.
15. Ваколатли орган сўровномани кўриб чиқишда маълумотларнинг тўлиқлигини таъминлаш мақсадида ўзининг тегишли таркибий бўлинмалари, шунингдек, келишувга кўра бошқа давлат органлари ва ташкилотлар мутахассислари иштирокида ишчи гуруҳ ташкил этиши мумкин.
16. Ваколатли орган ариза берувчининг ҳужжатларини кўриб чиқиш жараёнида ариза берувчи иштирокида махсус ҳуқуқий режим жорий этилиши сўралаётган лойиҳанинг тақдимотини ўтказади.
Ваколатли орган тақдимот ўтказиладиган кун ва жой ҳақида ариза берувчини тақдимот ўтказиладиган кундан камида ўн кун олдин ЯИДХП орқали хабардор қилади.
Тақдимот жараёни ариза берувчининг розилиги билан видеотасвирга туширилади ва тақдимот видеоконференцалоқа орқали амалга оширилади.
17. Ваколатли орган ариза берувчининг махсус ҳуқуқий режим доирасида янги маҳсулот, хизмат ва ишларни реализация қилиш тўғрисидаги сўровномасини кўриб чиқиш натижаси бўйича қуйидаги қарорлардан бирини қабул қилади:
янги маҳсулот, хизмат ва ишларни реализация қилиш бўйича махсус ҳуқуқий режимни жорий этишнинг мақсадга мувофиқлиги тўғрисида;
янги маҳсулот, хизмат ва ишларни реализация қилиш бўйича махсус ҳуқуқий режимни жорий этишнинг мақсадга мувофиқ эмаслиги тўғрисида.
Махсус ҳуқуқий режимни жорий этишнинг мақсадга мувофиқ эмаслиги тўғрисида қарор қабул қилинганда, ушбу хулосага келишнинг сабаблари ва асослари қарорда акс эттирилиши лозим.
18. Қуйидаги ҳолларда ваколатли орган томонидан ариза берувчининг махсус ҳуқуқий режим доирасида янги маҳсулот, хизмат ва ишларни реализация қилиш бўйича лойиҳасини амалга ошириш мақсадга мувофиқ эмас деб топилади:
таклиф этилаётган янги ишлаб чиқариладиган маҳсулот, кўрсатиладиган хизмат ёки амалга ошириладиган иш ушбу Низомнинг 3 ва 6-бандларида кўрсатилган талаб ва мезонларга зид бўлса;
таклиф этилаётган маҳсулот, хизмат ёки ишларни махсус ҳуқуқий режимни жорий этмасдан реализация қилиш имконияти мавжуд бўлса;
аризани кўриб чиқиш вақтида ариза берувчи қайта ташкил этиш ва тугатиш жараёнида эканлиги ёки банкрот деб топилган ва унга нисбатан тўловга қобилиятсизлик бўйича иш қўзғатилган бўлса;
ариза берувчи махсус ҳуқуқий режим доирасида таклиф этилаётган фаолият бўйича илгари экология, атроф-муҳит ёки инсон саломатлигига жиддий зарар етказилганлиги аниқланган ва махсус ҳуқуқий режимни жорий этиш тўғрисидаги келишувда ушбу хавф-хатарни камайтириш чоралари кўзда тутилмаган бўлса;
тақдим этилган ҳужжатларда нотўғри ва/ёки бузиб кўрсатилган маълумотлар мавжуд бўлса;
махсус ҳуқуқий режимнинг жорий этилиши иқтисодий ва ижтимоий барқарорликка жиддий хавф туғдирувчи ҳолатларга олиб келиши аниқланса.
19. Ваколатли орган томонидан янги маҳсулот, хизмат ва ишларни реализация қилиш бўйича махсус ҳуқуқий режимни жорий этишнинг мақсадга мувофиқ эмаслиги қарорда кўрсатиб ўтилган тақдирда, ариза берувчи рад қилиш асосларини бартараф қилган ҳолда сўровномани қайта юбориши мумкин.
20. Қабул қилинган қарор тўғрисидаги хабарнома ва қарор нусхаси қабул қилинган кундан эътиборан бир иш куни ичида ЯИДХП орқали ариза берувчига юборилади.
Махсус ҳуқуқий режимни жорий этиш мақсадга мувофиқлиги тўғрисида қарор қабул қилинганда, хабарномага ваколатли орган томонидан тасдиқланган махсус ҳуқуқий режимни жорий этиш тўғрисидаги келишув илова қилинади.
Махсус ҳуқуқий режимни жорий этиш тўғрисидаги келишувда ваколатли орган махсус ҳуқуқий режим жорий этилган йўналишнинг ўзига хос хусусиятлари (хавф-хатарлари)дан келиб чиқиб, махсус ҳуқуқий режим жорий этилган йўналишларда янги маҳсулот, хизмат ва ишларни реализация қилишнинг баҳолаш индикаторларини белгилайди.
21. Ваколатли орган томонидан махсус ҳуқуқий режим доирасида янги маҳсулот, хизмат ва ишларни реализация қилиш муддати узоғи билан уч йил этиб белгиланади.
Махсус ҳуқуқий режим иштирокчиси белгиланган муддат давомида янги маҳсулот, хизмат ва ишларни назорат қилинадиган чекланган муҳитда реализация қилади.
22. Махсус ҳуқуқий режим иштирокчиси ЯИДХП орқали махсус ҳуқуқий режимни жорий этиш тўғрисидаги келишувга ўзгартириш киритиш ҳақида ваколатли органга махсус ҳуқуқий режимнинг амал қилиш муддати тугашидан камида бир ой олдин мурожаат қилиши мумкин.
Мазкур аризада махсус ҳуқуқий режимни жорий этиш тўғрисидаги келишувга ўзгартириш киритиш сабаблари кўрсатилиши лозим.
23. Ариза ваколатли органга келиб тушган кундан бошлаб ўн иш куни ичида кўриб чиқилади ва натижаси бўйича махсус ҳуқуқий режимни жорий этиш тўғрисидаги келишувга ўзгартириш киритиш ёки ўзгартириш киритишни рад этиш ҳақида қарор қабул қилинади.
4-боб. Махсус ҳуқуқий режимни муддатидан олдин бекор қилиш
24. Қуйидаги ҳолларда ваколатли орган томонидан махсус ҳуқуқий режим иштирокчиси билан тузилган келишувни муддатидан олдин бекор қилиш тўғрисида қарор қабул қилиниши мумкин:
янги маҳсулот, хизмат ва ишларни махсус ҳуқуқий режим доирасида реализация қилишни бекор қилишга қаратилган Ўзбекистон Республикасининг Қонуни, Ўзбекистон Республикаси Президенти ёки Вазирлар Маҳкамасининг қарори қабул қилинганда;
янги маҳсулот, хизмат ва ишларни махсус ҳуқуқий режим доирасида реализация қилишда экология, атроф-муҳит ва инсон саломатлигига жиддий зарар етказилаётган ёки етказиш хавфи мавжуд бўлса, башарти ушбу зарарнинг олдини олиш ёки уни камайтиришнинг имконияти мавжуд бўлмаса;
махсус ҳуқуқий режим иштирокчиси томонидан янги маҳсулот, хизмат ва ишларни реализация қилишни муддатидан олдин бекор қилишни сўраб ваколатли органга мурожаат қилганда;
махсус ҳуқуқий режим иштирокчиси томонидан янги маҳсулот, хизмат ва ишларни реализация қилишни бошлаш махсус ҳуқуқий режимни жорий этиш тўғрисидаги келишувда белгиланган санадан олти ой муддатга кечикканда;
махсус ҳуқуқий режим иштирокчиси томонидан махсус ҳуқуқий режимни жорий этиш тўғрисидаги келишув шартлари янги маҳсулот, хизмат ва ишларни реализация қилиш давомида икки ва ундан кўп маротаба бузилганда;
махсус ҳуқуқий режим иштирокчиси томонидан мазкур Низомнинг 12-бандига асосан тақдим этилган ҳужжатларда нотўғри ёки ҳақиқий бўлмаган маълумотлар мавжудлиги аниқланганда;
махсус ҳуқуқий режим иштирокчиси қайта ташкил этилаётганда ёки тугатилаётганда;
махсус ҳуқуқий режим иштирокчисининг тўловга қобилиятсизлик ҳолатида эканлиги аниқланганда.
25. Ваколатли орган махсус ҳуқуқий режим муддатидан олдин бекор қилинганлиги тўғрисида қарор қабул қилинган кундан эътиборан уч иш куни ичида махсус ҳуқуқий режим иштирокчисига хабарнома ва қарор нусхасини юборади.
Махсус ҳуқуқий режим иштирокчиси қарорда кўрсатилган вақтдан бошлаб махсус ҳуқуқий режим доирасида янги маҳсулот, хизмат ва ишларни реализация қилиш бўйича шартномалар тузишни тўхтатиши шарт.
26. Махсус ҳуқуқий режим иштирокчиси махсус ҳуқуқий режим муддатидан олдин бекор қилинганлиги тўғрисидаги қарорни олган кундан бошлаб беш иш куни ичида мижозлар (истеъмолчилар)ни махсус ҳуқуқий режим доирасидаги фаолияти бекор қилинганлиги тўғрисида хабардор қилиши лозим.
Махсус ҳуқуқий режимнинг бекор қилиниши уни амалга ошириш жараёнида тузилган шартномалар бўйича тарафларнинг ўз мажбуриятларини бажаришдан озод этмайди. Бунда шартномавий мажбуриятларнинг бажарилиши юзасидан келиб чиқадиган низолар қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ суд тартибида ҳал этилади.
5-боб. Махсус ҳуқуқий режимни тугатиш
27. Махсус ҳуқуқий режим унинг амал қилиш муддати якунланиши билан тугатилган ҳисобланади. Бунда махсус ҳуқуқий режимнинг амал қилиш муддати якунлангандан сўнг беш иш куни ичида унинг иштирокчиси янги маҳсулот, хизмат ва ишларни реализация қилиш натижалари тўғрисидаги ҳисоботни ваколатли органга тақдим этади.
28. Ваколатли орган махсус ҳуқуқий режим иштирокчиси томонидан тақдим этилган ҳисоботни ва мониторинг давомида тўплаган маълумотларни ўттиз иш куни ичида кўриб чиқиб, махсус ҳуқуқий режим доирасида янги маҳсулот, хизмат ва ишларни реализация қилиш ҳолатини баҳолайди ва қуйидаги қарорлардан бирини қабул қилади:
махсус ҳуқуқий режим доирасида янги маҳсулот, хизмат ва ишларни реализация қилиш натижасини муваффақиятли деб топиш тўғрисида;
махсус ҳуқуқий режим доирасида янги маҳсулот, хизмат ва ишларни реализация қилиш натижасини муваффақиятсиз деб топиш тўғрисида.
29. Ваколатли орган уч иш куни ичида қабул қилинган қарорни махсус ҳуқуқий режим иштирокчисига юборади.
30. Ваколатли орган бир ой муддатда махсус ҳуқуқий режим доирасида янги маҳсулот, хизмат ва ишларни реализация қилиш натижаси бўйича қабул қилинган қарордан келиб чиқиб, Вазирлар Маҳкамасига таклифлар киритади.
6-боб. Якунловчи қоидалар
31. Ваколатли орган Интернет жаҳон ахборот тармоғидаги расмий веб-сайтида ва ЯИДХПда махсус ҳуқуқий режим бўйича очиқ маълумотлар реестрини юритади ва унинг доимий равишда янгиланиб боришини таъминлайди.
Очиқ маълумотлар реестрида махсус ҳуқуқий режим жорий этилган соҳа, махсус ҳуқуқий режим даври ва иштирокчилари, янги маҳсулот, хизмат ва ишларни реализация қилиш натижалари ҳамда уларни баҳолаш индикаторлари тўғрисидаги маълумотлар кўрсатилади.
32. Махсус ҳуқуқий режим иштирокчисининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатлари ушбу Низомда назарда тутилмаган бошқа асосларга кўра чекланишига ва фаолияти тугатилиши йўл қўйилмайди, қонунчилик ҳужжатларида назарда тутилган ҳоллар бундан мустасно.
Муайян соҳани тартибга солувчи норматив-ҳуқуқий ҳужжат қабул қилинганда, махсус ҳуқуқий режим янги маҳсулот, хизмат ва ишларни реализация қилиш муддати тугагунга қадар амалда бўлади.
33. Махсус ҳуқуқий режим доирасида янги маҳсулот, хизмат ва ишларни реализация қилишда солиқ, божхона ва меҳнат муносабатлари амалдаги қонунчилик ҳужжатлари билан тартибга солинади ҳамда ушбу соҳадаги қонунчилик ҳужжатлари нормаларига амал қилмаслик бўйича имтиёзлар берилмайди.
34. Махсус ҳуқуқий режим иштирокчилари ваколатли органларнинг хатти-ҳаракатлари ва қарорлари юзасидан белгиланган тартибда судга шикоят қилишлари мумкин.
35. Мазкур Низом талаблари бузилишида айбдор бўлган шахслар қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда жавобгар бўлади.
«Тартибга солиш қумдони» махсус ҳуқуқий режимини жорий этиш тартиби тўғрисидаги вақтинчалик низомга 1-ИЛОВА
Махсус ҳуқуқий режимни жорий этиш
Босқичлар Субъектлар Амалга ошириладиган тадбирлар Бажариш муддатлари 1-босқич Ариза берувчи Махсус ҳуқуқий режим иштирокчиси бўлиш учун тегишли ваколатли органга ЯИДХП орқали сўровнома юборади. Хоҳишига кўра 2-босқич Ваколатли орган 1. Ариза берувчи томонидан юборилган сўровнома ва унга илова қилинган ҳужжатларни кўриб чиқади ва натижаси бўйича қуйидагича қарор қабул қилади: янги маҳсулот, хизмат ва ишларни реализация қилиш бўйича махсус ҳуқуқий режимни жорий этишнинг мақсадга мувофиқлиги тўғрисида; янги маҳсулот, хизмат ва ишларни реализация қилиш бўйича махсус ҳуқуқий режимни жорий этишнинг мақсадга мувофиқ эмаслиги тўғрисида. Ўттиз кун ичида 2. Қабул қилинган қарорни ариза берувчига юборади. Бир иш куни ичида 3-босқич Махсус ҳуқуқий режим иштирокчиси 1. Янги маҳсулот, хизмат ва ишларни назорат қилинадиган чекланган муҳитда реализация қилади. Белгиланган муддатда 2. Янги маҳсулот, хизмат ва ишларни реализация қилиш натижалари тўғрисидаги ҳисоботни ваколатли органга тақдим этади. Белгиланган муддат якунлангандан сўнг беш иш куни ичида 4-босқич Ваколатли орган 1. Махсус ҳуқуқий режим иштирокчиси томонидан тақдим этилган ҳисоботни ва мониторинг қилиш натижасида тўплаган маълумотларни кўриб чиқиб, махсус ҳуқуқий режим доирасида янги маҳсулот, хизмат ва ишларни реализация қилиш натижасини муваффақиятли ёки муваффақиятсиз деб топиш тўғрисида қарор қабул қилади. Ўттиз иш куни ичида 2. Қабул қилинган қарорни махсус ҳуқуқий режим иштирокчисига юборади. Уч иш куни ичида 3. Махсус ҳуқуқий режим доирасида янги маҳсулот, хизмат ва ишларни реализация қилиш натижаси бўйича қабул қилинган қарордан келиб чиқиб, Вазирлар Маҳкамасига таклифлар киритади. Қарор қабул қилинган кундан бошлаб бир ой муддатда
«Тартибга солиш қумдони» махсус ҳуқуқий режимини жорий этиш тартиби тўғрисидаги вақтинчалик низомга 2-ИЛОВА
Махсус ҳуқуқий режим иштирокчиси бўлиш учун
I. Ариза берувчи тўғрисида маълумот: 1. Юридик шахснинг СТИРи 2. Юридик шахснинг жойлашган жойи (почта манзили) 3. Асосий фаолият тури 4. Телефон рақами 5. Электрон почта манзили, расмий веб-сайти (агар мавжуд бўлса) 6. Махсус ҳуқуқий режим доирасида амалга оширилиши режалаштирилаётган фаолият (маҳсулот, хизмат ва иш) II. Илова қилинадиган ҳужжатлар * : 1 . Махсус ҳуқуқий режим доирасида янги ишлаб чиқариладиган маҳсулот, кўрсатиладиган хизмат ёки амалга ошириладиган иш тўғрисида маълумот. 2. Махсус ҳуқуқий режимни жорий этиш тўғрисидаги келишув.
«Тартибга солиш қумдони» махсус ҳуқуқий режимини жорий этиш тартиби тўғрисидаги вақтинчалик низомга 3-ИЛОВА
Махсус ҳуқуқий режим доирасида янги ишлаб чиқариладиган маҳсулот, кўрсатиладиган хизмат ёки амалга ошириладиган иш тўғрисида
1. Махсус ҳуқуқий режим бўйича масъул таркибий бўлинма номи 2. Махсус ҳуқуқий режим бўйича масъул бўлинма раҳбари (Ф.И.О.) 3. Махсус ҳуқуқий режим бўйича масъул бўлинма раҳбарининг телефон рақами 4. Махсус ҳуқуқий режим шароитида янги маҳсулот, хизмат ва ишлар реализация қилинадиган жой 5. Махсус ҳуқуқий режим доирасида реализация қилинадиган янги маҳсулот, хизмат ва ишлар ҳақида маълумот 6. Янги маҳсулот, хизмат ва ишларни махсус ҳуқуқий режим шароитида реализация қилиш учун асос 7. Янги маҳсулот, хизмат ва ишларни махсус ҳуқуқий режим шароитида реализация қилишда фойдаланиладиган технологиялар 8. Янги маҳсулот, хизмат ва ишларни махсус ҳуқуқий режим шароитида реализация қилишни молиялаштириш манбалари 9. Махсус ҳуқуқий режим шароитида янги маҳсулот, хизмат ва ишларни махсус ҳуқуқий режим шароитида реализация қилишда экология, атроф-муҳит ва инсон саломатлигига зарар етказилишининг олдини олиш бўйича кўрилган чоралар тавсифи 10. Янги маҳсулот, хизмат ва ишларни махсус ҳуқуқий режим шароитида реализация қилишнинг бизнес жараёни тавсифи 11. Янги маҳсулот, хизмат ва ишларни махсус ҳуқуқий режим шароитида реализация қилишда хавф-хатарларни аниқлаш, шунингдек, ахборот хавфсизлигини таъминлашга қаратилган чоралар тавсифи 12. Янги маҳсулот, хизмат ва ишларни махсус ҳуқуқий режим шароитида реализация қилиш муваффақиятсизликка учраганда, истеъмолчилар ва бошқаларга етказилган зарарларни қоплаш ёки мажбуриятларни бажариш механизмлари
Вазирлар Маҳкамасининг 2023 йил 23 ноябрдаги 617-сон қарорига 2-ИЛОВА
«Тартибга солиш қумдони» махсус ҳуқуқий режимини иқтисодиётнинг аниқ йўналишлари кесимида жорий этиш бўйича
Т/р Чора-тадбир номи Амалга ошириш механизми Ижро муддати Масъул ижрочилар I. Электрон тижорат ва унинг «Очиқ рақамли экотизими» ахборот тизимлари мажмуаси 1. Электрон тижорат ва унинг «Очиқ рақамли экотизими» ахборот тизимлари мажмуаси фаолиятини таҳлил қилиш. 1. Электрон тижорат ва унинг «Очиқ рақамли экотизими» ахборот тизимлари мажмуасида «Тартибга солиш қумдони» махсус ҳуқуқий режимини жорий этишда электрон тижорат ва очиқ рақамли экотизим соҳасини тартибга солувчи қонунчилик ҳужжатларини хатловдан ўтказиш ва таҳлил қилиш. 2. Электрон тижорат ва унинг «Очиқ рақамли экотизими» ахборот тизимлари мажмуасида фаолиятни амалга ошириш учун зарур талаблар ва шартлар (лицензия, рухсат этиш хусусиятига эга ҳужжатлар, хабарнома, сертификат, аккредитация) рўйхатини шакллантириш. 3. Электрон тижорат ва унинг «Очиқ рақамли экотизими» ахборот тизимлари мажмуасида фаолиятни амалга оширишда тартибга солинмаган ёки юқори таваккалчилик талаб этиладиган йўналишлар (маҳсулот, хизмат ва ишлар)ни аниқлаш. 2023 йил ноябрь Рақамли технологиялар вазирлиги, Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги 2. Электрон тижорат ва унинг «Очиқ рақамли экотизими» ахборот тизимлари мажмуасида «Тартибга солиш қумдони» махсус ҳуқуқий режимини жорий этиш бўйича сўровномаларни кўриб чиқиш. 1. «Тартибга солиш қумдони» махсус ҳуқуқий режими доирасида фаолиятни амалга ошириш тўғрисидаги сўровномаларни қабул қилиш, кўриб чиқиш ва натижаси бўйича маълумотларни ариза берувчиларга юбориш учун ЯИДХПда зарур имкониятларни яратиш. 2. «Тартибга солиш қумдони» махсус ҳуқуқий режими доирасида фаолиятни амалга ошириш бўйича сўровномаларни кўриб чиқиш натижалари бўйича қабул қилинадиган ҳужжатлар намуналари ҳамда икки томонлама келишув битими лойиҳасини тасдиқлаш. 3. Сўровномаларни кўриб чиқишда юридик шахсларни давлат рўйхатидан ўтказишга масъул бўлган давлат органлари ва солиқ органларидан «Рақамли ҳукумат» платформаси орқали ариза берувчининг таъсис ҳужжатлари ва молиявий ҳисоботларини сўраб олиш имкониятини яратиш. 2023 йил ноябрь-декабрь Рақамли технологиялар вазирлиги, Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги 4. Электрон тижорат ва унинг «Очиқ рақамли экотизими» ахборот тизимлари мажмуасида «Тартибга солиш қумдони» махсус ҳуқуқий режимини жорий этиш бўйича тадбиркорлик субъектлари иштирокида давра суҳбатлари, семинар-тренинг ҳамда конференциялар ташкил этиш. Доимий 3. Электрон тижорат ва унинг «Очиқ рақамли экотизими» ахборот тизимлари мажмуасида «Тартибга солиш қумдони» махсус ҳуқуқий режимини жорий этиш. 1. «Тартибга солиш қумдони» махсус ҳуқуқий режими доирасида фаолиятни амалга ошириш тўғрисидаги сўровномаларни кўриб чиқиш бўйича масъул таркибий тузилмани белгилаш ёки ишчи гуруҳ тузиш ёхуд масъулларни тайинлаш. 2. Электрон тижорат ва унинг «Очиқ рақамли экотизими» ахборот тизимлари мажмуасида «Тартибга солиш қумдони» махсус ҳуқуқий режимини жорий этишда янги маҳсулот, хизмат ва ишларни реализация қилиш учун зарур бўладиган минимал талабларни расмий веб-сайтда жойлаштириш. 2023 йил ноябрь-декабрь Рақамли технологиялар вазирлиги, Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги 3. Расмий веб-сайтда ва ЯИДХПда «Тартибга солиш қумдони» махсус ҳуқуқий режими доирасида фаолиятини амалга оширадиган тадбиркорлик субъектлари реестрини юритиш. Доимий II. Транспорт ва логистика соҳаси 4. Транспорт ва логистика соҳасини таҳлил қилиш. 1. «Тартибга солиш қумдони» махсус ҳуқуқий режимини жорий этишда транспорт ва логистика соҳасидаги муносабатларни тартибга солувчи қонунчилик ҳужжатларини хатловдан ўтказиш ва таҳлил қилиш. 2. Транспорт ва логистика соҳасида фаолиятни амалга ошириш учун зарур талаблар ва шартлар (лицензия, рухсат этиш хусусиятига эга ҳужжатлар, хабарнома, сертификат, аккредитация) рўйхатини шакллантириш. 3. Транспорт ва логистика соҳасида фаолиятни амалга оширишда тартибга солинмаган ёки юқори таваккалчилик талаб этиладиган йўналишлар (маҳсулот, хизмат ва ишлар)ни аниқлаш. Бунда юқори даражада автоматлаштирилган транспорт воситаларини ва учувчисиз учадиган аппаратларни лойиҳалаштириш, ишлаб чиқариш ва улардан фойдаланиш, операторни сертификатлаш, транспорт-логистика ва транспорт хизматларини кўрсатиш соҳаларига эътибор қаратиш. 2023 йил ноябрь Транспорт вазирлиги 5. Транспорт ва логистика соҳасида «Тартибга солиш қумдони» махсус ҳуқуқий режимини жорий этиш бўйича сўровномаларни кўриб чиқиш. 1. «Тартибга солиш қумдони» махсус ҳуқуқий режими доирасида фаолиятни амалга ошириш тўғрисидаги сўровномаларни қабул қилиш, кўриб чиқиш ва натижаси бўйича маълумотларни ариза берувчиларга юбориш учун ЯИДХПда зарур имкониятларни яратиш. 2. «Тартибга солиш қумдони» махсус ҳуқуқий режими доирасида фаолиятни амалга ошириш тўғрисидаги сўровномаларни кўриб чиқиш натижалари бўйича қабул қилинадиган ҳужжат намуналари ҳамда икки томонлама келишув битими лойиҳасини тасдиқлаш. 3. Сўровномаларни кўриб чиқишда юридик шахсларни давлат рўйхатидан ўтказишга масъул бўлган органлардан ва солиқ органларидан «Рақамли ҳукумат» тизими идоралараро интеграциялашув платформаси орқали ариза берувчининг таъсис ҳужжатлари ва молиявий ҳисоботларини сўраб олиш имкониятини яратиш; 2023 йил ноябрь-декабрь Транспорт вазирлиги, Рақамли технологиялар вазирлиги 4. Транспорт ва логистика соҳасида «Тартибга солиш қумдони» махсус ҳуқуқий режимини жорий этиш учун тадбиркорлик субъектлари иштирокида давра суҳбатлари, семинар-тренинг ҳамда конференциялар ташкил этиш. Доимий Транспорт вазирлиги 6. Транспорт ва логистика соҳасида «Тартибга солиш қумдони» махсус ҳуқуқий режимини жорий этиш. 1. «Тартибга солиш қумдони» махсус ҳуқуқий режими доирасида фаолиятни амалга ошириш тўғрисидаги сўровномаларни кўриб чиқиш бўйича масъул таркибий тузилмани белгилаш ёки ишчи гуруҳ тузиш ёхуд масъулларни тайинлаш. 2. Транспорт ва логистика соҳасида «Тартибга солиш қумдони» махсус ҳуқуқий режимини жорий этишда янги маҳсулот, хизмат ва ишларни реализация қилиш учун зарур бўладиган минимал талабларни расмий веб-сайтда жойлаштириш. 2023 йил ноябрь-декабрь Транспорт вазирлиги 3. Расмий веб-сайтда ва ЯИДХПда «Тартибга солиш қумдони» махсус ҳуқуқий режими доирасида фаолиятини амалга оширадиган тадбиркорлик субъектлари реестрини юритиш. Доимий III. Инвестициялар, саноат ишлаб чиқариш, савдо ва техник жиҳатдан тартибга солиш соҳаси 7. Инвестициялар, саноат ишлаб чиқариш, савдо, техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасини таҳлил қилиш. 1. «Тартибга солиш қумдони» махсус ҳуқуқий режимини жорий этишда инвестициялар, саноат ишлаб чиқариш, савдо ва техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасидаги муносабатларни тартибга солувчи қонунчилик ҳужжатларини хатловдан ўтказиш ва таҳлил қилиш. 2. Инвестициялар, саноат ишлаб чиқариш, савдо ва техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасида фаолиятни амалга ошириш учун зарур талаблар ва шартлар (лицензия, рухсат этиш хусусиятига эга ҳужжатлар, хабарнома, сертификат, аккредитация) рўйхатини шакллантириш. 3. Инвестициялар, саноат ишлаб чиқариш, савдо ва техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасида фаолиятни амалга оширишда тартибга солинмаган ёки юқори таваккалчилик талаб этиладиган йўналишлар (маҳсулот, хизмат ва ишлар)ни аниқлаш. 2023 йил ноябрь Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги, Тоғ-кон саноати ва геология вазирлиги, Иқтисодиёт ва молия вазирлиги 8. Инвестициялар, саноат ишлаб чиқариш, савдо ва техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасида «Тартибга солиш қумдони» махсус ҳуқуқий режимини жорий этиш бўйича сўровномаларни кўриб чиқиш. 1. «Тартибга солиш қумдони» махсус ҳуқуқий режими доирасида фаолиятни амалга ошириш тўғрисидаги сўровномаларни қабул қилиш, кўриб чиқиш ва натижаси бўйича маълумотларни ариза берувчиларга юбориш учун ЯИДХПда зарур имкониятларни яратиш. 2. «Тартибга солиш қумдони» махсус ҳуқуқий режими доирасида фаолиятни амалга ошириш тўғрисидаги сўровномаларни кўриб чиқиш натижалари бўйича қабул қилинадиган ҳужжат намуналари ҳамда икки томонлама келишув битими лойиҳасини тасдиқлаш. 3. Сўровномаларни кўриб чиқишда юридик шахсларни давлат рўйхатидан ўтказишга масъул бўлган органлардан ва солиқ органларидан «Рақамли ҳукумат» тизими идоралараро интеграциялашув платформаси орқали ариза берувчининг таъсис ҳужжатлари ва молиявий ҳисоботларини сўраб олиш имкониятини яратиш. 2023 йил ноябрь-декабрь Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги, Рақамли технологиялар вазирлиги 4. Инвестициялар, саноат ишлаб чиқариш, савдо ва техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасида «Тартибга солиш қумдони» махсус ҳуқуқий режимини жорий этиш учун тадбиркорлик субъектлари иштирокида давра суҳбатлари, семинар-тренинг ҳамда конференциялар ташкил этиш. Доимий Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги 9. Инвестициялар, саноат ишлаб чиқариш, савдо ва техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасида «Тартибга солиш қумдони» махсус ҳуқуқий режимини жорий этишни ташкил қилиш. 1. «Тартибга солиш қумдони» махсус ҳуқуқий режими доирасида фаолиятни амалга ошириш тўғрисидаги сўровномаларни кўриб чиқиш бўйича масъул таркибий тузилмани белгилаш ёки ишчи гуруҳ тузиш ёхуд масъулларни тайинлаш. 2. Инвестициялар, саноат ишлаб чиқариш, савдо ва техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасида «Тартибга солиш қумдони» махсус ҳуқуқий режимини жорий этишда янги маҳсулот, хизмат ва ишларни реализация қилиш учун зарур бўладиган минимал талабларни расмий веб-сайтда жойлаштириш. 2023 йил ноябрь-декабрь Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги 3. Расмий веб-сайтда ва ЯИДХПда «Тартибга солиш қумдони» махсус ҳуқуқий режими доирасида фаолиятини амалга оширадиган тадбиркорлик субъектлари реестрини юритиш. Доимий IV. Қишлоқ хўжалиги соҳаси 10. Қишлоқ хўжалиги соҳасини таҳлил қилиш. 1. «Тартибга солиш қумдони» махсус ҳуқуқий режимини жорий этишда қишлоқ хўжалиги соҳасидаги муносабатларни тартибга солувчи қонунчилик ҳужжатларини хатловдан ўтказиш ва таҳлил қилиш. 2. Қишлоқ хўжалиги соҳасида фаолиятни амалга ошириш учун зарур талаблар ва шартлар (лицензия, рухсат этиш хусусиятига эга ҳужжатлар, хабарнома, сертификат, аккредитация) рўйхатини шакллантириш. 3. Қишлоқ хўжалиги соҳасида фаолиятни амалга оширишда тартибга солинмаган ёки юқори таваккалчилик талаб этиладиган йўналишлар (маҳсулот, хизмат ва ишлар)ни аниқлаш. Бунда қишлоқ хўжалиги экинларининг янги навларини синаш соҳасига эътибор қаратиш. 2023 йил ноябрь Қишлоқ хўжалиги вазирлиги 11. Қишлоқ хўжалиги соҳасида «Тартибга солиш қумдони» махсус ҳуқуқий режимини жорий этиш бўйича сўровномаларни кўриб чиқиш. 1. «Тартибга солиш қумдони» махсус ҳуқуқий режими доирасида фаолиятни амалга ошириш тўғрисидаги сўровномаларни қабул қилиш, кўриб чиқиш ва натижаси бўйича маълумотларни ариза берувчиларга юбориш учун ЯИДХПда зарур имкониятларни яратиш. 2. «Тартибга солиш қумдони» махсус ҳуқуқий режими доирасида фаолиятни амалга ошириш тўғрисидаги сўровномаларни кўриб чиқиш натижалари бўйича қабул қилинадиган ҳужжат намуналари ҳамда икки томонлама келишув битими лойиҳасини тасдиқлаш. 3. Сўровномаларни кўриб чиқишда юридик шахсларни давлат рўйхатидан ўтказишга масъул бўлган органлардан ва солиқ органларидан «Рақамли ҳукумат» тизими идоралараро интеграциялашув платформаси орқали ариза берувчининг таъсис ҳужжатлари ва молиявий ҳисоботларини сўраб олиш имкониятини яратиш. 2023 йил ноябрь-декабрь Қишлоқ хўжалиги вазирлиги, Рақамли технологиялар вазирлиги 4. Қишлоқ хўжалиги соҳасида «Тартибга солиш қумдони» махсус ҳуқуқий режимини жорий этиш учун тадбиркорлик субъектлари иштирокида давра суҳбатлари, семинар-тренинг ҳамда конференциялар ташкил этиш. Доимий Қишлоқ хўжалиги вазирлиги 12. Қишлоқ хўжалиги соҳасида «Тартибга солиш қумдони» махсус ҳуқуқий режимини жорий этишни ташкил этиш. 1. «Тартибга солиш қумдони» махсус ҳуқуқий режими доирасида фаолиятни амалга ошириш тўғрисидаги сўровномаларни кўриб чиқиш бўйича масъул таркибий тузилмани белгилаш ёки ишчи гуруҳ тузиш ёхуд масъулларни тайинлаш. 2. Қишлоқ хўжалиги соҳасида «Тартибга солиш қумдони» махсус ҳуқуқий режимини жорий этишда янги маҳсулот, хизмат ва ишларни реализация қилиш учун зарур бўладиган минимал талабларни расмий веб-сайтда жойлаштириш. 2023 йил ноябрь-декабрь Қишлоқ хўжалиги вазирлиги 3. Расмий веб-сайтда ва ЯИДХПда «Тартибга солиш қумдони» махсус ҳуқуқий режими доирасида фаолиятини амалга оширадиган тадбиркорлик субъектлари реестрини юритиш. Доимий V. Қурилиш соҳаси 13. Қурилиш соҳасини таҳлил қилиш. 1. «Тартибга солиш қумдони» махсус ҳуқуқий режимини жорий этишда қурилиш соҳасидаги муносабатларни тартибга солувчи қонунчилик ҳужжатларини хатловдан ўтказиш ва таҳлил қилиш. 2. Қурилиш соҳасида фаолиятни амалга ошириш учун зарур талаблар ва шартлар (лицензия, рухсат этиш хусусиятига эга ҳужжатлар, хабарнома, сертификат, аккредитация) рўйхатини шакллантириш. 3. Қурилиш соҳасида фаолиятни амалга оширишда тартибга солинмаган ёки юқори таваккалчилик талаб этиладиган йўналишлар (маҳсулот, хизмат ва ишлар)ни аниқлаш. Бунда архитектура-қурилиш ишларини лойиҳалаштириш, бино-иншоотларни қуриш, капитал таъмирлаш, реконструкция қилиш, қурилиш объектларини бузиш, бинолар ва иншоотлардан фойдаланиш соҳаларига эътибор қаратиш. 2023 йил ноябрь Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазирлиги 14. Қурилиш соҳасида «Тартибга солиш қумдони» махсус ҳуқуқий режимини жорий этиш бўйича сўровномаларни кўриб чиқиш. 1. «Тартибга солиш қумдони» махсус ҳуқуқий режими доирасида фаолиятни амалга ошириш тўғрисидаги сўровномаларни қабул қилиш, кўриб чиқиш ва натижаси бўйича маълумотларни ариза берувчиларга юбориш учун ЯИДХПда зарур имкониятларни яратиш. 2. «Тартибга солиш қумдони» махсус ҳуқуқий режими доирасида фаолиятни амалга ошириш тўғрисидаги сўровномаларни кўриб чиқиш натижалари бўйича қабул қилинадиган ҳужжат намуналарини, икки томонлама келишув битими лойиҳасини тасдиқлаш. 3. Сўровномаларни кўриб чиқишда юридик шахсларни давлат рўйхатидан ўтказишга масъул бўлган органлардан ва солиқ органларидан «Рақамли ҳукумат» тизими идоралараро интеграциялашув платформаси орқали ариза берувчининг таъсис ҳужжатлари ва молиявий ҳисоботларини сўраб олиш имкониятини яратиш. 2023 йил ноябрь-декабрь Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазирлиги, Рақамли технологиялар вазирлиги 4. Қурилиш соҳасида «Тартибга солиш қумдони» махсус ҳуқуқий режимини жорий этиш учун тадбиркорлик субъектлари иштирокида давра суҳбатлари, семинар-тренинг ҳамда конференциялар ташкил этиш. Доимий Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазирлиги 15. Қурилиш соҳасида «Тартибга солиш қумдони» махсус ҳуқуқий режимини жорий этишни ташкил этиш. 1. «Тартибга солиш қумдони» махсус ҳуқуқий режими доирасида фаолиятни амалга ошириш тўғрисидаги сўровномаларни кўриб чиқиш бўйича масъул таркибий тузилмани белгилаш ёки ишчи гуруҳ тузиш ёхуд масъулларни тайинлаш. 2. Қурилиш соҳасида «Тартибга солиш қумдони» махсус ҳуқуқий режимини жорий этишда янги маҳсулот, хизмат ва ишларни реализация қилиш учун зарур бўладиган минимал талабларни расмий веб-сайтда жойлаштириш. 2023 йил ноябрь-декабрь Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазирлиги 3. Расмий веб-сайтда ва ЯИДХПда «Тартибга солиш қумдони» махсус ҳуқуқий режими доирасида фаолиятини амалга оширадиган тадбиркорлик субъектлари реестрини юритиш. Доимий
Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А. АРИПОВ
Тошкент ш.,
2023 йил 23 ноябрь,
617-сон
Oʻzbekiston Respublikasi Vazirlar Mahkamasining
qarori
VAQTINCHALIK NIZOM
SXEMASI
SOʻROVNOMA
MAʼLUMOT
YOʻL XARITASI
“Tartibga solish qumdoni” maxsus huquqiy rejimini joriy etish chora-tadbirlari toʻgʻrisida
Tadbirkorlik subyektlari tomonidan yangi mahsulot va xizmatlar turlarini joriy etish uchun qulay shart-sharoitlar yaratish orqali ular uchun tartibga solish yukini kamaytirish, shuningdek, Oʻzbekiston Respublikasi Prezidentining “Elektron tijorat maʼmurchiligini takomillashtirish va uni yanada rivojlantirish uchun qulay sharoitlar yaratish toʻgʻrisida” 2021-yil 17-noyabrdagi PQ-14-son qarori hamda “Tadbirkorlik faoliyatini davlat tomonidan tartibga solishni soddalashtirish chora-tadbirlari toʻgʻrisida” 2022-yil 9-noyabrdagi PF-244-son Farmoni ijrosini taʼminlash maqsadida Vazirlar Mahkamasi qaror qiladi:
1. Oʻzbekiston Respublikasi Prezidentining 2022-yil 9-noyabrdagi PF-244-son Farmoniga muvofiq:
tadbirkorlik subyektlariga zamonaviy texnologiyalarga asoslangan yangi mahsulot va xizmatlarni yoki boshqa intellektual faoliyat natijalarini nazorat qilinadigan cheklangan muhitda sinovdan oʻtkazishni nazarda tutuvchi “Tartibga solish qumdoni” maxsus huquqiy rejimini (keyingi oʻrinlarda — maxsus huquqiy rejim) joriy etishga rozilik berilganligi;
maxsus huquqiy rejim joriy etiladigan sohalar boʻyicha Raqamli texnologiyalar vazirligi, Transport vazirligi, Investitsiyalar, sanoat va savdo vazirligi, Qishloq xoʻjaligi vazirligi hamda Qurilish va uy-joy kommunal xoʻjaligi vazirligi vakolatli organlar (keyingi oʻrinlarda — vakolatli organlar) etib belgilanganligi maʼlumot uchun qabul qilinsin.
2. Quyidagilarni nazarda tutuvchi “Tartibga solish qumdoni” maxsus huquqiy rejimini joriy etish tartibi toʻgʻrisidagi vaqtinchalik nizom 1-ilovaga muvofiq tasdiqlansin:
maxsus huquqiy rejimni joriy etish tartibi;
maxsus huquqiy rejimning maqsadlari hamda talablari;
vakolatli organlar hamda maxsus huquqiy rejim ishtirokchilarining huquqlari va majburiyatlari;
maxsus huquqiy rejimni bekor qilish va tugatish asoslari.
3. Belgilansinki:
tadbirkorlik subyektlarining maxsus huquqiy rejim doirasida yangi mahsulot, xizmat yoki ishlarni nazorat qilinadigan cheklangan muhitda sinovdan oʻtkazish boʻyicha soʻrovnomalari Oʻzbekiston Respublikasi Yagona interaktiv davlat xizmatlari portali (keyingi oʻrinlarda — YIDXP) orqali qabul qilinadi;
mazkur qarorning 1-ilovasiga muvofiq tasdiqlangan Vaqtinchalik nizom Oʻzbekiston Respublikasining “Maxsus huquqiy rejim toʻgʻrisida”gi Qonuni qabul qilingunga qadar amal qiladi.
4. Vakolatli organlar Adliya vazirligi bilan birgalikda arizalar YIDXP orqali qabul qilinishi va koʻrib chiqilishining har bir bosqichini kuzatib borish tartibini joriy etsin.
5. “Tartibga solish qumdoni” maxsus huquqiy rejimini iqtisodiyotning aniq yoʻnalishlari kesimida joriy etish boʻyicha “yoʻl xaritasi” 2-ilovaga muvofiq tasdiqlansin.
6. Adliya vazirligi maxsus huquqiy rejimni joriy etishda vakolatli organlarga huquqiy-uslubiy jihatdan koʻmaklashsin.
7. Mazkur qarorning bajarilishini nazorat qilish Oʻzbekiston Respublikasi Bosh vazirining oʻrinbosari J.A. Xodjayev zimmasiga yuklansin.
Vazirlar Mahkamasining 2023-yil 23-noyabrdagi 617-son qaroriga 1-ILOVA
“Tartibga solish qumdoni” maxsus huquqiy rejimini joriy etish tartibi toʻgʻrisida
1-bob. Umumiy qoidalar
1. Mazkur Nizom maxsus huquqiy rejimni joriy etish tartibini, bekor qilish va tugatish asoslarini, shuningdek, vakolatli organlar hamda maxsus huquqiy rejim ishtirokchilarining huquqlari va majburiyatlarini belgilaydi.
2. Ushbu Nizomda quyidagi tushunchalar qoʻllaniladi:
maxsus huquqiy rejim — Oʻzbekiston Respublikasi Prezidentining “Tadbirkorlik faoliyatini davlat tomonidan tartibga solishni soddalashtirish chora-tadbirlari toʻgʻrisida” 2022-yil 9-noyabrdagi PF-244-son Farmonining 1-ilovasiga muvofiq sohalar boʻyicha yuridik shaxs boʻlgan tadbirkorlik subyektlarining zamonaviy texnologiyalarga asoslangan yangi mahsulot, xizmat yoki ishlarni nazorat qilinadigan cheklangan muhitda sinovdan oʻtkazish boʻyicha faoliyatini maxsus tartibga solish;
ariza beruvchi — maxsus huquqiy rejim doirasida yangi mahsulot, xizmat va ishlarni realizatsiya qilish uchun murojaat qilgan yuridik shaxs boʻlgan tadbirkorlik subyekti;
maxsus huquqiy rejim ishtirokchisi — maxsus huquqiy rejim doirasida yangi mahsulot, xizmat va ishlarni realizatsiya qilishga ruxsat berilgan yuridik shaxs;
maxsus huquqiy rejimni joriy etish toʻgʻrisidagi kelishuv — ariza beruvchi va vakolatli organ oʻrtasida tuziladigan maxsus huquqiy rejim doirasida yangi mahsulot, xizmat va ishlarni realizatsiya qilish shartlari hamda tartibi belgilangan hujjat.
3. Maxsus huquqiy rejim qonunchilik hujjatlariga muvofiq davlat siri va foydalanish cheklangan maʼlumotlarni oʻz ichiga olgan yoʻnalishlardagi faoliyatni tashkil etishga tatbiq etilmaydi.
Oʻzbekiston Respublikasining xalqaro shartnomalardagi majburiyatlariga zid boʻlgan, shu jumladan, jinoiy faoliyatdan olingan daromadlarni legallashtirish, terrorizmni va ommaviy qirgʻin qurolini tarqatishni moliyalashtirishga qarshi kurashish toʻgʻrisidagi qonunchilik hujjatlariga muvofiq kelmaydigan yangi mahsulot, xizmat va ishlarni maxsus huquqiy rejim doirasida realizatsiya qilishga yoʻl qoʻyilmaydi.
4. Maxsus huquqiy rejim quyidagi maqsadlarda joriy etiladi:
iqtisodiy faoliyatning yangi turlari, shakllari va usullarini shakllantirish;
raqobat muhitini rivojlantirish;
yangi mahsulot, xizmat va ishlar tarkibini kengaytirish, ularning sifati hamda foydalanish koʻlamini yaxshilash;
muayyan sohani tartibga solishning samarali usullarini aniqlash, joriy qilish va bu boradagi qonunchilik hujjatlarini takomillashtirish;
maxsus huquqiy rejimni amalga oshirish natijalari boʻyicha umumiy tartibga solishni takomillashtirish;
yangi mahsulot, xizmat va ishlarni realizatsiya qilish uchun qulay sharoitlar yaratish hamda ushbu yoʻnalishlar boʻyicha investitsiyalarni keng jalb qilish;
qonunchilik hujjatlaridan farq qiluvchi va ularning ayrim qoidalari qoʻllanilmaydigan maxsus tartibga solish rejimini joriy etish.
5. Vakolatli organ tomonidan yangi mahsulot, xizmat va ishlarni maxsus huquqiy rejim doirasida realizatsiya qilish boʻyicha qaror qabul qilinganda, ular uchun litsenziya va ruxsat etish xususiyatiga ega hujjatlar maxsus huquqiy rejimni qoʻllash toʻgʻrisidagi kelishuvda koʻrsatilgan muddatda talab etilmaydi.
6. Maxsus huquqiy rejim quyidagi talablar asosida joriy etiladi:
loyihaning yangiligi, zamonaviy texnologiyalarga asoslanganligi hamda amaldagi mahsulot, xizmat va ishlarga nisbatan takomillashtirilganligi;
loyihani amalga oshirishni tartibga soluvchi normativ-huquqiy hujjatning mavjud emasligi yoki qonunchilik hujjatlarida loyihani amalga oshirish bilan bogʻliq taqiqlar mavjudligi;
maxsus huquqiy rejim doirasida yangi mahsulot, xizmat va ishlarni realizatsiya qilishda texnik imkoniyatlarning mavjudligi;
maxsus huquqiy rejimni joriy etish mazkur Nizomning 4-bandida belgilangan maqsadlarga erishishni taʼminlashi;
maxsus huquqiy rejimni joriy etish shaxsning hayoti, sogʻligʻi yoki mol-mulkiga, shuningdek, davlat mudofaasi va xavfsizligiga zarar yetkazish xavfi baholaganligi va bunday xavf-xatarlarni yuzaga keltirmasligi yoki ularni kamaytirish choralari koʻrilganligi.
2-bob. Vakolatli organ hamda maxsus huquqiy rejim ishtirokchisining huquqlari va majburiyatlari
7. Vakolatli organ maxsus huquqiy rejimni joriy etishda quyidagi huquqlarga ega:
yangi mahsulot, xizmat va ishlarni realizatsiya qilish boʻyicha maxsus huquqiy rejimni joriy etishning maqsadga muvofiq yoki muvofiq emasligi, uning amal qilish muddatini uzaytirish va uni muddatidan oldin bekor qilish toʻgʻrisida qaror qabul qilish;
maxsus huquqiy rejimni joriy etish toʻgʻrisidagi kelishuvni koʻrib chiqish;
maxsus huquqiy rejim doirasida loyihani amalga oshirishning talab va shartlari, shu jumladan, uning muddati, hududi va shaxslar doirasi, tashabbuslarga tatbiq etilmaydigan qonunchilik hujjatlari roʻyxati hamda loyiha natijalarini baholash mezonlari (indikatorlari)ni belgilash;
maxsus huquqiy rejim ishtirokchisining faoliyatini monitoring qilib borish;
yangi mahsulot, xizmat va ishlarni realizatsiya qilish natijalari toʻgʻrisidagi hisobotni koʻrib chiqish hamda uning natijalari muvaffaqiyatli yoki muvaffaqiyatsizligi toʻgʻrisida qaror qabul qilish.
8. Vakolatli organ quyidagilarga majbur:
maxsus huquqiy rejim doirasida yangi mahsulot, xizmat va ishlarni realizatsiya qilish boʻyicha arizalarni oʻz vaqtida koʻrib chiqish;
maxsus huquqiy rejim ishtirokchisining yangi mahsulot, xizmat va ishlarni realizatsiya qilish natijalarini xolisona baholash;
maxsus huquqiy rejim ishtirokchisining yangi mahsulot, xizmat va ishlarning yangiligi hamda zamonaviy texnologiyalarga asoslanganligiga doir intellektual mulk obyektlarining huquqiy muhofazasini taʼminlash;
tashabbuskorlarga tatbiq etilmaydigan qonunchilik normalari roʻyxatini belgilash;
maxsus huquqiy rejim doirasida ariza beruvchining faoliyatini davlat organlari tomonidan tekshirishlar kelishuv asosida oʻtkazilishini taʼminlash.
Vakolatli organ qonunchilik hujjatlariga muvofiq boshqa majburiyatlarga ham ega boʻlishi mumkin.
9. Maxsus huquqiy rejim ishtirokchisi quyidagi huquqlarga ega:
yangi mahsulot, xizmat va ishlarni maxsus huquqiy rejimni joriy etish toʻgʻrisidagi kelishuvda belgilangan tartibda realizatsiya qilish;
tashabbuskorlarga tatbiq etilmaydigan qonunchilik normalari roʻyxatini belgilash boʻyicha takliflar berish;
yangi mahsulot, xizmat va ishlarni sinovdan oʻtkazish hamda joriy qilish yoʻnalishlaridagi faoliyati cheklangan vaqt, hudud va shaxslar doirasida maxsus tartibga solish orqali ayrim qonunchilik hujjatlari talablariga amal qilmaslik;
maxsus huquqiy rejim muddatini uzaytirish yoki uni muddatidan oldin bekor qilish boʻyicha vakolatli organga murojaat qilish;
maxsus huquqiy rejimni joriy etish toʻgʻrisidagi kelishuv shartlarini oʻzgartirish boʻyicha asoslantirilgan sabablarni koʻrsatgan holda vakolatli organga murojaat qilish;
maxsus huquqiy rejim doirasida vakolatli organ tomonidan qabul qilingan qarorlar ustidan sudga shikoyat qilish.
10. Maxsus huquqiy rejim ishtirokchisi quyidagilarga majbur:
maxsus huquqiy rejimni joriy etish toʻgʻrisidagi kelishuv shartlariga rioya qilish;
vakolatli organga maxsus huquqiy rejim ishtirokchisining faoliyati bilan bogʻliq boʻlgan axborotlarni olishda toʻsqinlik qilmaslik;
isteʼmolchilarni yangi mahsulot, xizmat va ishlar maxsus huquqiy rejim doirasida taqdim etilayotganligi, ulardan foydalanishdagi ehtimoliy tavakkalchiliklar toʻgʻrisida xabardor qilish va shartnomalarni ushbu rejim muddatiga mos ravishda rasmiylashtirish, bunda isteʼmolchi yangi mahsulot, xizmat va ishlarning maxsus huquqiy rejim doirasida realizatsiya qilinayotganligi haqida ogohlantirilganligini shartnomada koʻrsatish;
maxsus huquqiy rejim muddatidan oldin yakunlangan taqdirda, uch kun muddatda mijozlarga xabar berish;
isteʼmolchilarga oʻzining aybi natijasida yetkazilgan zararni soʻzsiz qoplab berish;
oʻz faoliyatini amalga oshirishda ekologiya, atrof-muhit va inson salomatligiga zarar yetkazilishining oldini olish choralarini koʻrish.
Maxsus huquqiy rejim ishtirokchisi vakolatli organ bilan tuziladigan kelishuvga muvofiq boshqa majburiyatlarga ham ega boʻlishi mumkin.
3-bob. Maxsus huquqiy rejimni joriy etish tartibi
11. Maxsus huquqiy rejim mazkur Nizomning 1-ilovasidagi sxemaga muvofiq joriy etiladi.
12. Ariza beruvchi maxsus huquqiy rejim ishtirokchisi boʻlish uchun tegishli vakolatli organga YIDXP orqali mazkur Nizomning 2-ilovasiga muvofiq soʻrovnoma yuboradi.
Soʻrovnomaga quyidagi hujjatlar ilova qilinadi:
maxsus huquqiy rejim doirasida yangi ishlab chiqariladigan mahsulot, koʻrsatiladigan xizmat yoki amalga oshiriladigan ish toʻgʻrisida mazkur Nizomning 3-ilovasiga muvofiq maʼlumot;
maxsus huquqiy rejimni joriy etish toʻgʻrisidagi kelishuv.
Vakolatli organ ariza beruvchining taʼsis hujjatlari va moliyaviy hisobotlarini “Raqamli hukumat” tizimi idoralararo integratsiyalashuv platformasi orqali oladi.
Soʻrovnomani koʻrib chiqqanlik uchun yigʻim undirilmaydi.
13. Maxsus huquqiy rejimni joriy etish toʻgʻrisidagi kelishuvda quyidagilar koʻrsatilgan boʻlishi kerak:
maxsus huquqiy rejimning davomiyligi (boshlanish va tugash sanalari);
maxsus huquqiy rejim joriy etiladigan hudud;
maxsus huquqiy rejim doirasida amal qilinmaydigan umumiy tartibga solishning alohida qoidalari (talablar, koʻrsatmalar, taqiqlar va cheklovlar);
tashabbuskorlarga tatbiq etilmaydigan qonunchilik normalari roʻyxati;
yangi mahsulot, xizmat va ishlarni realizatsiya qilish uchun zarur boʻladigan joy, texnik vositalar va asbob-uskunalar haqida maʼlumot;
yangi mahsulot, xizmat va ishlarni realizatsiya qilish uchun sarflanadigan mablagʻlar va ularni moliyalashtirish manbalari;
maxsus huquqiy rejim ishtirokchilari roʻyxati va ular bajarishi lozim boʻlgan talablar (agar maxsus huquqiy rejim bir nechta ishtirokchiga tatbiq etilsa);
maxsus huquqiy rejimga boshqa subyektlarni qoʻshish tartibi;
maxsus huquqiy rejim ishtirokchisi maqomini toʻxtatib turish asoslari va muddatlari;
maxsus huquqiy rejim sharoitida yangi ishlab chiqariladigan mahsulot, koʻrsatiladigan xizmat yoki amalga oshiriladigan ishlardan foydalanish tartibi;
maxsus huquqiy rejimni joriy etish natijadorligini baholash tartib-taomillari, mezonlari hamda maqsadli indikatorlari (miqdor va sifat koʻrsatkichlari);
isteʼmolchilar huquqlari himoya qilinishini taʼminlovchi qoidalar.
14. Vakolatli organ ariza beruvchining maxsus huquqiy rejim doirasida yangi mahsulot, xizmat va ishlarni realizatsiya qilish boʻyicha YIDXP orqali qabul qilgan soʻrovnomasini kelib tushgan kundan boshlab oʻttiz kun ichida koʻrib chiqadi.
Ariza beruvchi maxsus huquqiy rejim doirasida yangi mahsulot, xizmat va ishlarni realizatsiya qilish uchun yetarli resurs va imkoniyatlarga ega boʻlishi zarur. Bunda maxsus huquqiy rejim ishtirokchisidagi mavjud shart-sharoitlar tegishli soha yoʻnalishidan kelib chiqib, vakolatli organ tomonidan joyiga chiqqan holda oʻrganiladi.
Agar maxsus huquqiy rejim doirasida yangi mahsulot, xizmat va ishlarni realizatsiya qilish boshqa sohalar bilan oʻzaro bogʻliq boʻlgan taqdirda, vakolatli organ qonunchilik hujjatlariga muvofiq ushbu sohalardagi vakolatli idoralar bilan kelishadi.
15. Vakolatli organ soʻrovnomani koʻrib chiqishda maʼlumotlarning toʻliqligini taʼminlash maqsadida oʻzining tegishli tarkibiy boʻlinmalari, shuningdek, kelishuvga koʻra boshqa davlat organlari va tashkilotlar mutaxassislari ishtirokida ishchi guruh tashkil etishi mumkin.
16. Vakolatli organ ariza beruvchining hujjatlarini koʻrib chiqish jarayonida ariza beruvchi ishtirokida maxsus huquqiy rejim joriy etilishi soʻralayotgan loyihaning taqdimotini oʻtkazadi.
Vakolatli organ taqdimot oʻtkaziladigan kun va joy haqida ariza beruvchini taqdimot oʻtkaziladigan kundan kamida oʻn kun oldin YIDXP orqali xabardor qiladi.
Taqdimot jarayoni ariza beruvchining roziligi bilan videotasvirga tushiriladi va taqdimot videokonferensaloqa orqali amalga oshiriladi.
17. Vakolatli organ ariza beruvchining maxsus huquqiy rejim doirasida yangi mahsulot, xizmat va ishlarni realizatsiya qilish toʻgʻrisidagi soʻrovnomasini koʻrib chiqish natijasi boʻyicha quyidagi qarorlardan birini qabul qiladi:
yangi mahsulot, xizmat va ishlarni realizatsiya qilish boʻyicha maxsus huquqiy rejimni joriy etishning maqsadga muvofiqligi toʻgʻrisida;
yangi mahsulot, xizmat va ishlarni realizatsiya qilish boʻyicha maxsus huquqiy rejimni joriy etishning maqsadga muvofiq emasligi toʻgʻrisida.
Maxsus huquqiy rejimni joriy etishning maqsadga muvofiq emasligi toʻgʻrisida qaror qabul qilinganda, ushbu xulosaga kelishning sabablari va asoslari qarorda aks ettirilishi lozim.
18. Quyidagi hollarda vakolatli organ tomonidan ariza beruvchining maxsus huquqiy rejim doirasida yangi mahsulot, xizmat va ishlarni realizatsiya qilish boʻyicha loyihasini amalga oshirish maqsadga muvofiq emas deb topiladi:
taklif etilayotgan yangi ishlab chiqariladigan mahsulot, koʻrsatiladigan xizmat yoki amalga oshiriladigan ish ushbu Nizomning 3 va 6-bandlarida koʻrsatilgan talab va mezonlarga zid boʻlsa;
taklif etilayotgan mahsulot, xizmat yoki ishlarni maxsus huquqiy rejimni joriy etmasdan realizatsiya qilish imkoniyati mavjud boʻlsa;
arizani koʻrib chiqish vaqtida ariza beruvchi qayta tashkil etish va tugatish jarayonida ekanligi yoki bankrot deb topilgan va unga nisbatan toʻlovga qobiliyatsizlik boʻyicha ish qoʻzgʻatilgan boʻlsa;
ariza beruvchi maxsus huquqiy rejim doirasida taklif etilayotgan faoliyat boʻyicha ilgari ekologiya, atrof-muhit yoki inson salomatligiga jiddiy zarar yetkazilganligi aniqlangan va maxsus huquqiy rejimni joriy etish toʻgʻrisidagi kelishuvda ushbu xavf-xatarni kamaytirish choralari koʻzda tutilmagan boʻlsa;
taqdim etilgan hujjatlarda notoʻgʻri va/yoki buzib koʻrsatilgan maʼlumotlar mavjud boʻlsa;
maxsus huquqiy rejimning joriy etilishi iqtisodiy va ijtimoiy barqarorlikka jiddiy xavf tugʻdiruvchi holatlarga olib kelishi aniqlansa.
19. Vakolatli organ tomonidan yangi mahsulot, xizmat va ishlarni realizatsiya qilish boʻyicha maxsus huquqiy rejimni joriy etishning maqsadga muvofiq emasligi qarorda koʻrsatib oʻtilgan taqdirda, ariza beruvchi rad qilish asoslarini bartaraf qilgan holda soʻrovnomani qayta yuborishi mumkin.
20. Qabul qilingan qaror toʻgʻrisidagi xabarnoma va qaror nusxasi qabul qilingan kundan eʼtiboran bir ish kuni ichida YIDXP orqali ariza beruvchiga yuboriladi.
Maxsus huquqiy rejimni joriy etish maqsadga muvofiqligi toʻgʻrisida qaror qabul qilinganda, xabarnomaga vakolatli organ tomonidan tasdiqlangan maxsus huquqiy rejimni joriy etish toʻgʻrisidagi kelishuv ilova qilinadi.
Maxsus huquqiy rejimni joriy etish toʻgʻrisidagi kelishuvda vakolatli organ maxsus huquqiy rejim joriy etilgan yoʻnalishning oʻziga xos xususiyatlari (xavf-xatarlari)dan kelib chiqib, maxsus huquqiy rejim joriy etilgan yoʻnalishlarda yangi mahsulot, xizmat va ishlarni realizatsiya qilishning baholash indikatorlarini belgilaydi.
21. Vakolatli organ tomonidan maxsus huquqiy rejim doirasida yangi mahsulot, xizmat va ishlarni realizatsiya qilish muddati uzogʻi bilan uch yil etib belgilanadi.
Maxsus huquqiy rejim ishtirokchisi belgilangan muddat davomida yangi mahsulot, xizmat va ishlarni nazorat qilinadigan cheklangan muhitda realizatsiya qiladi.
22. Maxsus huquqiy rejim ishtirokchisi YIDXP orqali maxsus huquqiy rejimni joriy etish toʻgʻrisidagi kelishuvga oʻzgartirish kiritish haqida vakolatli organga maxsus huquqiy rejimning amal qilish muddati tugashidan kamida bir oy oldin murojaat qilishi mumkin.
Mazkur arizada maxsus huquqiy rejimni joriy etish toʻgʻrisidagi kelishuvga oʻzgartirish kiritish sabablari koʻrsatilishi lozim.
23. Ariza vakolatli organga kelib tushgan kundan boshlab oʻn ish kuni ichida koʻrib chiqiladi va natijasi boʻyicha maxsus huquqiy rejimni joriy etish toʻgʻrisidagi kelishuvga oʻzgartirish kiritish yoki oʻzgartirish kiritishni rad etish haqida qaror qabul qilinadi.
4-bob. Maxsus huquqiy rejimni muddatidan oldin bekor qilish
24. Quyidagi hollarda vakolatli organ tomonidan maxsus huquqiy rejim ishtirokchisi bilan tuzilgan kelishuvni muddatidan oldin bekor qilish toʻgʻrisida qaror qabul qilinishi mumkin:
yangi mahsulot, xizmat va ishlarni maxsus huquqiy rejim doirasida realizatsiya qilishni bekor qilishga qaratilgan Oʻzbekiston Respublikasining Qonuni, Oʻzbekiston Respublikasi Prezidenti yoki Vazirlar Mahkamasining qarori qabul qilinganda;
yangi mahsulot, xizmat va ishlarni maxsus huquqiy rejim doirasida realizatsiya qilishda ekologiya, atrof-muhit va inson salomatligiga jiddiy zarar yetkazilayotgan yoki yetkazish xavfi mavjud boʻlsa, basharti ushbu zararning oldini olish yoki uni kamaytirishning imkoniyati mavjud boʻlmasa;
maxsus huquqiy rejim ishtirokchisi tomonidan yangi mahsulot, xizmat va ishlarni realizatsiya qilishni muddatidan oldin bekor qilishni soʻrab vakolatli organga murojaat qilganda;
maxsus huquqiy rejim ishtirokchisi tomonidan yangi mahsulot, xizmat va ishlarni realizatsiya qilishni boshlash maxsus huquqiy rejimni joriy etish toʻgʻrisidagi kelishuvda belgilangan sanadan olti oy muddatga kechikkanda;
maxsus huquqiy rejim ishtirokchisi tomonidan maxsus huquqiy rejimni joriy etish toʻgʻrisidagi kelishuv shartlari yangi mahsulot, xizmat va ishlarni realizatsiya qilish davomida ikki va undan koʻp marotaba buzilganda;
maxsus huquqiy rejim ishtirokchisi tomonidan mazkur Nizomning 12-bandiga asosan taqdim etilgan hujjatlarda notoʻgʻri yoki haqiqiy boʻlmagan maʼlumotlar mavjudligi aniqlanganda;
maxsus huquqiy rejim ishtirokchisi qayta tashkil etilayotganda yoki tugatilayotganda;
maxsus huquqiy rejim ishtirokchisining toʻlovga qobiliyatsizlik holatida ekanligi aniqlanganda.
25. Vakolatli organ maxsus huquqiy rejim muddatidan oldin bekor qilinganligi toʻgʻrisida qaror qabul qilingan kundan eʼtiboran uch ish kuni ichida maxsus huquqiy rejim ishtirokchisiga xabarnoma va qaror nusxasini yuboradi.
Maxsus huquqiy rejim ishtirokchisi qarorda koʻrsatilgan vaqtdan boshlab maxsus huquqiy rejim doirasida yangi mahsulot, xizmat va ishlarni realizatsiya qilish boʻyicha shartnomalar tuzishni toʻxtatishi shart.
26. Maxsus huquqiy rejim ishtirokchisi maxsus huquqiy rejim muddatidan oldin bekor qilinganligi toʻgʻrisidagi qarorni olgan kundan boshlab besh ish kuni ichida mijozlar (isteʼmolchilar)ni maxsus huquqiy rejim doirasidagi faoliyati bekor qilinganligi toʻgʻrisida xabardor qilishi lozim.
Maxsus huquqiy rejimning bekor qilinishi uni amalga oshirish jarayonida tuzilgan shartnomalar boʻyicha taraflarning oʻz majburiyatlarini bajarishdan ozod etmaydi. Bunda shartnomaviy majburiyatlarning bajarilishi yuzasidan kelib chiqadigan nizolar qonunchilik hujjatlariga muvofiq sud tartibida hal etiladi.
5-bob. Maxsus huquqiy rejimni tugatish
27. Maxsus huquqiy rejim uning amal qilish muddati yakunlanishi bilan tugatilgan hisoblanadi. Bunda maxsus huquqiy rejimning amal qilish muddati yakunlangandan soʻng besh ish kuni ichida uning ishtirokchisi yangi mahsulot, xizmat va ishlarni realizatsiya qilish natijalari toʻgʻrisidagi hisobotni vakolatli organga taqdim etadi.
28. Vakolatli organ maxsus huquqiy rejim ishtirokchisi tomonidan taqdim etilgan hisobotni va monitoring davomida toʻplagan maʼlumotlarni oʻttiz ish kuni ichida koʻrib chiqib, maxsus huquqiy rejim doirasida yangi mahsulot, xizmat va ishlarni realizatsiya qilish holatini baholaydi va quyidagi qarorlardan birini qabul qiladi:
maxsus huquqiy rejim doirasida yangi mahsulot, xizmat va ishlarni realizatsiya qilish natijasini muvaffaqiyatli deb topish toʻgʻrisida;
maxsus huquqiy rejim doirasida yangi mahsulot, xizmat va ishlarni realizatsiya qilish natijasini muvaffaqiyatsiz deb topish toʻgʻrisida.
29. Vakolatli organ uch ish kuni ichida qabul qilingan qarorni maxsus huquqiy rejim ishtirokchisiga yuboradi.
30. Vakolatli organ bir oy muddatda maxsus huquqiy rejim doirasida yangi mahsulot, xizmat va ishlarni realizatsiya qilish natijasi boʻyicha qabul qilingan qarordan kelib chiqib, Vazirlar Mahkamasiga takliflar kiritadi.
6-bob. Yakunlovchi qoidalar
31. Vakolatli organ Internet jahon axborot tarmogʻidagi rasmiy veb-saytida va YIDXPda maxsus huquqiy rejim boʻyicha ochiq maʼlumotlar reyestrini yuritadi va uning doimiy ravishda yangilanib borishini taʼminlaydi.
Ochiq maʼlumotlar reyestrida maxsus huquqiy rejim joriy etilgan soha, maxsus huquqiy rejim davri va ishtirokchilari, yangi mahsulot, xizmat va ishlarni realizatsiya qilish natijalari hamda ularni baholash indikatorlari toʻgʻrisidagi maʼlumotlar koʻrsatiladi.
32. Maxsus huquqiy rejim ishtirokchisining huquqlari va qonuniy manfaatlari ushbu Nizomda nazarda tutilmagan boshqa asoslarga koʻra cheklanishiga va faoliyati tugatilishi yoʻl qoʻyilmaydi, qonunchilik hujjatlarida nazarda tutilgan hollar bundan mustasno.
Muayyan sohani tartibga soluvchi normativ-huquqiy hujjat qabul qilinganda, maxsus huquqiy rejim yangi mahsulot, xizmat va ishlarni realizatsiya qilish muddati tugagunga qadar amalda boʻladi.
33. Maxsus huquqiy rejim doirasida yangi mahsulot, xizmat va ishlarni realizatsiya qilishda soliq, bojxona va mehnat munosabatlari amaldagi qonunchilik hujjatlari bilan tartibga solinadi hamda ushbu sohadagi qonunchilik hujjatlari normalariga amal qilmaslik boʻyicha imtiyozlar berilmaydi.
34. Maxsus huquqiy rejim ishtirokchilari vakolatli organlarning xatti-harakatlari va qarorlari yuzasidan belgilangan tartibda sudga shikoyat qilishlari mumkin.
35. Mazkur Nizom talablari buzilishida aybdor boʻlgan shaxslar qonunchilik hujjatlarida belgilangan tartibda javobgar boʻladi.
“Tartibga solish qumdoni” maxsus huquqiy rejimini joriy etish tartibi toʻgʻrisidagi vaqtinchalik nizomga 1-ILOVA
Maxsus huquqiy rejimni joriy etish
Bosqichlar Subyektlar Amalga oshiriladigan tadbirlar Bajarish muddatlari 1-bosqich Ariza beruvchi Maxsus huquqiy rejim ishtirokchisi boʻlish uchun tegishli vakolatli organga YIDXP orqali soʻrovnoma yuboradi. Xohishiga koʻra 2-bosqich Vakolatli organ 1. Ariza beruvchi tomonidan yuborilgan soʻrovnoma va unga ilova qilingan hujjatlarni koʻrib chiqadi va natijasi boʻyicha quyidagicha qaror qabul qiladi: yangi mahsulot, xizmat va ishlarni realizatsiya qilish boʻyicha maxsus huquqiy rejimni joriy etishning maqsadga muvofiqligi toʻgʻrisida; yangi mahsulot, xizmat va ishlarni realizatsiya qilish boʻyicha maxsus huquqiy rejimni joriy etishning maqsadga muvofiq emasligi toʻgʻrisida. Oʻttiz kun ichida 2. Qabul qilingan qarorni ariza beruvchiga yuboradi. Bir ish kuni ichida 3-bosqich Maxsus huquqiy rejim ishtirokchisi 1. Yangi mahsulot, xizmat va ishlarni nazorat qilinadigan cheklangan muhitda realizatsiya qiladi. Belgilangan muddatda 2. Yangi mahsulot, xizmat va ishlarni realizatsiya qilish natijalari toʻgʻrisidagi hisobotni vakolatli organga taqdim etadi. Belgilangan muddat yakunlangandan soʻng besh ish kuni ichida 4-bosqich Vakolatli organ 1. Maxsus huquqiy rejim ishtirokchisi tomonidan taqdim etilgan hisobotni va monitoring qilish natijasida toʻplagan maʼlumotlarni koʻrib chiqib, maxsus huquqiy rejim doirasida yangi mahsulot, xizmat va ishlarni realizatsiya qilish natijasini muvaffaqiyatli yoki muvaffaqiyatsiz deb topish toʻgʻrisida qaror qabul qiladi. Oʻttiz ish kuni ichida 2. Qabul qilingan qarorni maxsus huquqiy rejim ishtirokchisiga yuboradi. Uch ish kuni ichida 3. Maxsus huquqiy rejim doirasida yangi mahsulot, xizmat va ishlarni realizatsiya qilish natijasi boʻyicha qabul qilingan qarordan kelib chiqib, Vazirlar Mahkamasiga takliflar kiritadi. Qaror qabul qilingan kundan boshlab bir oy muddatda
“Tartibga solish qumdoni” maxsus huquqiy rejimini joriy etish tartibi toʻgʻrisidagi vaqtinchalik nizomga 2-ILOVA
Maxsus huquqiy rejim ishtirokchisi boʻlish uchun
I. Ariza beruvchi toʻgʻrisida maʼlumot: 1. Yuridik shaxsning STIRi 2. Yuridik shaxsning joylashgan joyi (pochta manzili) 3. Asosiy faoliyat turi 4. Telefon raqami 5. Elektron pochta manzili, rasmiy veb-sayti (agar mavjud boʻlsa) 6. Maxsus huquqiy rejim doirasida amalga oshirilishi rejalashtirilayotgan faoliyat (mahsulot, xizmat va ish) II. Ilova qilinadigan hujjatlar * : 1 . Maxsus huquqiy rejim doirasida yangi ishlab chiqariladigan mahsulot, koʻrsatiladigan xizmat yoki amalga oshiriladigan ish toʻgʻrisida maʼlumot. 2. Maxsus huquqiy rejimni joriy etish toʻgʻrisidagi kelishuv.
“Tartibga solish qumdoni” maxsus huquqiy rejimini joriy etish tartibi toʻgʻrisidagi vaqtinchalik nizomga 3-ILOVA
Maxsus huquqiy rejim doirasida yangi ishlab chiqariladigan mahsulot, koʻrsatiladigan xizmat yoki amalga oshiriladigan ish toʻgʻrisida
1. Maxsus huquqiy rejim boʻyicha masʼul tarkibiy boʻlinma nomi 2. Maxsus huquqiy rejim boʻyicha masʼul boʻlinma rahbari (F.I.O.) 3. Maxsus huquqiy rejim boʻyicha masʼul boʻlinma rahbarining telefon raqami 4. Maxsus huquqiy rejim sharoitida yangi mahsulot, xizmat va ishlar realizatsiya qilinadigan joy 5. Maxsus huquqiy rejim doirasida realizatsiya qilinadigan yangi mahsulot, xizmat va ishlar haqida maʼlumot 6. Yangi mahsulot, xizmat va ishlarni maxsus huquqiy rejim sharoitida realizatsiya qilish uchun asos 7. Yangi mahsulot, xizmat va ishlarni maxsus huquqiy rejim sharoitida realizatsiya qilishda foydalaniladigan texnologiyalar 8. Yangi mahsulot, xizmat va ishlarni maxsus huquqiy rejim sharoitida realizatsiya qilishni moliyalashtirish manbalari 9. Maxsus huquqiy rejim sharoitida yangi mahsulot, xizmat va ishlarni maxsus huquqiy rejim sharoitida realizatsiya qilishda ekologiya, atrof-muhit va inson salomatligiga zarar yetkazilishining oldini olish boʻyicha koʻrilgan choralar tavsifi 10. Yangi mahsulot, xizmat va ishlarni maxsus huquqiy rejim sharoitida realizatsiya qilishning biznes jarayoni tavsifi 11. Yangi mahsulot, xizmat va ishlarni maxsus huquqiy rejim sharoitida realizatsiya qilishda xavf-xatarlarni aniqlash, shuningdek, axborot xavfsizligini taʼminlashga qaratilgan choralar tavsifi 12. Yangi mahsulot, xizmat va ishlarni maxsus huquqiy rejim sharoitida realizatsiya qilish muvaffaqiyatsizlikka uchraganda, isteʼmolchilar va boshqalarga yetkazilgan zararlarni qoplash yoki majburiyatlarni bajarish mexanizmlari
Vazirlar Mahkamasining 2023-yil 23-noyabrdagi 617-son qaroriga 2-ILOVA
“Tartibga solish qumdoni” maxsus huquqiy rejimini iqtisodiyotning aniq yoʻnalishlari kesimida joriy etish boʻyicha
T/r Chora-tadbir nomi Amalga oshirish mexanizmi Ijro muddati Masʼul ijrochilar I. Elektron tijorat va uning “Ochiq raqamli ekotizimi” axborot tizimlari majmuasi 1. Elektron tijorat va uning “Ochiq raqamli ekotizimi” axborot tizimlari majmuasi faoliyatini tahlil qilish. 1. Elektron tijorat va uning “Ochiq raqamli ekotizimi” axborot tizimlari majmuasida “Tartibga solish qumdoni” maxsus huquqiy rejimini joriy etishda elektron tijorat va ochiq raqamli ekotizim sohasini tartibga soluvchi qonunchilik hujjatlarini xatlovdan oʻtkazish va tahlil qilish. 2. Elektron tijorat va uning “Ochiq raqamli ekotizimi” axborot tizimlari majmuasida faoliyatni amalga oshirish uchun zarur talablar va shartlar (litsenziya, ruxsat etish xususiyatiga ega hujjatlar, xabarnoma, sertifikat, akkreditatsiya) roʻyxatini shakllantirish. 3. Elektron tijorat va uning “Ochiq raqamli ekotizimi” axborot tizimlari majmuasida faoliyatni amalga oshirishda tartibga solinmagan yoki yuqori tavakkalchilik talab etiladigan yoʻnalishlar (mahsulot, xizmat va ishlar)ni aniqlash. 2023-yil noyabr Raqamli texnologiyalar vazirligi, Investitsiyalar, sanoat va savdo vazirligi 2. Elektron tijorat va uning “Ochiq raqamli ekotizimi” axborot tizimlari majmuasida “Tartibga solish qumdoni” maxsus huquqiy rejimini joriy etish boʻyicha soʻrovnomalarni koʻrib chiqish. 1. “Tartibga solish qumdoni” maxsus huquqiy rejimi doirasida faoliyatni amalga oshirish toʻgʻrisidagi soʻrovnomalarni qabul qilish, koʻrib chiqish va natijasi boʻyicha maʼlumotlarni ariza beruvchilarga yuborish uchun YIDXPda zarur imkoniyatlarni yaratish. 2. “Tartibga solish qumdoni” maxsus huquqiy rejimi doirasida faoliyatni amalga oshirish boʻyicha soʻrovnomalarni koʻrib chiqish natijalari boʻyicha qabul qilinadigan hujjatlar namunalari hamda ikki tomonlama kelishuv bitimi loyihasini tasdiqlash. 3. Soʻrovnomalarni koʻrib chiqishda yuridik shaxslarni davlat roʻyxatidan oʻtkazishga masʼul boʻlgan davlat organlari va soliq organlaridan “Raqamli hukumat” platformasi orqali ariza beruvchining taʼsis hujjatlari va moliyaviy hisobotlarini soʻrab olish imkoniyatini yaratish. 2023-yil noyabr-dekabr Raqamli texnologiyalar vazirligi, Investitsiyalar, sanoat va savdo vazirligi 4. Elektron tijorat va uning “Ochiq raqamli ekotizimi” axborot tizimlari majmuasida “Tartibga solish qumdoni” maxsus huquqiy rejimini joriy etish boʻyicha tadbirkorlik subyektlari ishtirokida davra suhbatlari, seminar-trening hamda konferensiyalar tashkil etish. Doimiy 3. Elektron tijorat va uning “Ochiq raqamli ekotizimi” axborot tizimlari majmuasida “Tartibga solish qumdoni” maxsus huquqiy rejimini joriy etish. 1. “Tartibga solish qumdoni” maxsus huquqiy rejimi doirasida faoliyatni amalga oshirish toʻgʻrisidagi soʻrovnomalarni koʻrib chiqish boʻyicha masʼul tarkibiy tuzilmani belgilash yoki ishchi guruh tuzish yoxud masʼullarni tayinlash. 2. Elektron tijorat va uning “Ochiq raqamli ekotizimi” axborot tizimlari majmuasida “Tartibga solish qumdoni” maxsus huquqiy rejimini joriy etishda yangi mahsulot, xizmat va ishlarni realizatsiya qilish uchun zarur boʻladigan minimal talablarni rasmiy veb-saytda joylashtirish. 2023-yil noyabr-dekabr Raqamli texnologiyalar vazirligi, Investitsiyalar, sanoat va savdo vazirligi 3. Rasmiy veb-saytda va YIDXPda “Tartibga solish qumdoni” maxsus huquqiy rejimi doirasida faoliyatini amalga oshiradigan tadbirkorlik subyektlari reyestrini yuritish. Doimiy II. Transport va logistika sohasi 4. Transport va logistika sohasini tahlil qilish. 1. “Tartibga solish qumdoni” maxsus huquqiy rejimini joriy etishda transport va logistika sohasidagi munosabatlarni tartibga soluvchi qonunchilik hujjatlarini xatlovdan oʻtkazish va tahlil qilish. 2. Transport va logistika sohasida faoliyatni amalga oshirish uchun zarur talablar va shartlar (litsenziya, ruxsat etish xususiyatiga ega hujjatlar, xabarnoma, sertifikat, akkreditatsiya) roʻyxatini shakllantirish. 3. Transport va logistika sohasida faoliyatni amalga oshirishda tartibga solinmagan yoki yuqori tavakkalchilik talab etiladigan yoʻnalishlar (mahsulot, xizmat va ishlar)ni aniqlash. Bunda yuqori darajada avtomatlashtirilgan transport vositalarini va uchuvchisiz uchadigan apparatlarni loyihalashtirish, ishlab chiqarish va ulardan foydalanish, operatorni sertifikatlash, transport-logistika va transport xizmatlarini koʻrsatish sohalariga eʼtibor qaratish. 2023-yil noyabr Transport vazirligi 5. Transport va logistika sohasida “Tartibga solish qumdoni” maxsus huquqiy rejimini joriy etish boʻyicha soʻrovnomalarni koʻrib chiqish. 1. “Tartibga solish qumdoni” maxsus huquqiy rejimi doirasida faoliyatni amalga oshirish toʻgʻrisidagi soʻrovnomalarni qabul qilish, koʻrib chiqish va natijasi boʻyicha maʼlumotlarni ariza beruvchilarga yuborish uchun YIDXPda zarur imkoniyatlarni yaratish. 2. “Tartibga solish qumdoni” maxsus huquqiy rejimi doirasida faoliyatni amalga oshirish toʻgʻrisidagi soʻrovnomalarni koʻrib chiqish natijalari boʻyicha qabul qilinadigan hujjat namunalari hamda ikki tomonlama kelishuv bitimi loyihasini tasdiqlash. 3. Soʻrovnomalarni koʻrib chiqishda yuridik shaxslarni davlat roʻyxatidan oʻtkazishga masʼul boʻlgan organlardan va soliq organlaridan “Raqamli hukumat” tizimi idoralararo integratsiyalashuv platformasi orqali ariza beruvchining taʼsis hujjatlari va moliyaviy hisobotlarini soʻrab olish imkoniyatini yaratish; 2023-yil noyabr-dekabr Transport vazirligi, Raqamli texnologiyalar vazirligi 4. Transport va logistika sohasida “Tartibga solish qumdoni” maxsus huquqiy rejimini joriy etish uchun tadbirkorlik subyektlari ishtirokida davra suhbatlari, seminar-trening hamda konferensiyalar tashkil etish. Doimiy Transport vazirligi 6. Transport va logistika sohasida “Tartibga solish qumdoni” maxsus huquqiy rejimini joriy etish. 1. “Tartibga solish qumdoni” maxsus huquqiy rejimi doirasida faoliyatni amalga oshirish toʻgʻrisidagi soʻrovnomalarni koʻrib chiqish boʻyicha masʼul tarkibiy tuzilmani belgilash yoki ishchi guruh tuzish yoxud masʼullarni tayinlash. 2. Transport va logistika sohasida “Tartibga solish qumdoni” maxsus huquqiy rejimini joriy etishda yangi mahsulot, xizmat va ishlarni realizatsiya qilish uchun zarur boʻladigan minimal talablarni rasmiy veb-saytda joylashtirish. 2023-yil noyabr-dekabr Transport vazirligi 3. Rasmiy veb-saytda va YIDXPda “Tartibga solish qumdoni” maxsus huquqiy rejimi doirasida faoliyatini amalga oshiradigan tadbirkorlik subyektlari reyestrini yuritish. Doimiy III. Investitsiyalar, sanoat ishlab chiqarish, savdo va texnik jihatdan tartibga solish sohasi 7. Investitsiyalar, sanoat ishlab chiqarish, savdo, texnik jihatdan tartibga solish sohasini tahlil qilish. 1. “Tartibga solish qumdoni” maxsus huquqiy rejimini joriy etishda investitsiyalar, sanoat ishlab chiqarish, savdo va texnik jihatdan tartibga solish sohasidagi munosabatlarni tartibga soluvchi qonunchilik hujjatlarini xatlovdan oʻtkazish va tahlil qilish. 2. Investitsiyalar, sanoat ishlab chiqarish, savdo va texnik jihatdan tartibga solish sohasida faoliyatni amalga oshirish uchun zarur talablar va shartlar (litsenziya, ruxsat etish xususiyatiga ega hujjatlar, xabarnoma, sertifikat, akkreditatsiya) roʻyxatini shakllantirish. 3. Investitsiyalar, sanoat ishlab chiqarish, savdo va texnik jihatdan tartibga solish sohasida faoliyatni amalga oshirishda tartibga solinmagan yoki yuqori tavakkalchilik talab etiladigan yoʻnalishlar (mahsulot, xizmat va ishlar)ni aniqlash. 2023-yil noyabr Investitsiyalar, sanoat va savdo vazirligi, Togʻ-kon sanoati va geologiya vazirligi, Iqtisodiyot va moliya vazirligi 8. Investitsiyalar, sanoat ishlab chiqarish, savdo va texnik jihatdan tartibga solish sohasida “Tartibga solish qumdoni” maxsus huquqiy rejimini joriy etish boʻyicha soʻrovnomalarni koʻrib chiqish. 1. “Tartibga solish qumdoni” maxsus huquqiy rejimi doirasida faoliyatni amalga oshirish toʻgʻrisidagi soʻrovnomalarni qabul qilish, koʻrib chiqish va natijasi boʻyicha maʼlumotlarni ariza beruvchilarga yuborish uchun YIDXPda zarur imkoniyatlarni yaratish. 2. “Tartibga solish qumdoni” maxsus huquqiy rejimi doirasida faoliyatni amalga oshirish toʻgʻrisidagi soʻrovnomalarni koʻrib chiqish natijalari boʻyicha qabul qilinadigan hujjat namunalari hamda ikki tomonlama kelishuv bitimi loyihasini tasdiqlash. 3. Soʻrovnomalarni koʻrib chiqishda yuridik shaxslarni davlat roʻyxatidan oʻtkazishga masʼul boʻlgan organlardan va soliq organlaridan “Raqamli hukumat” tizimi idoralararo integratsiyalashuv platformasi orqali ariza beruvchining taʼsis hujjatlari va moliyaviy hisobotlarini soʻrab olish imkoniyatini yaratish. 2023-yil noyabr-dekabr Investitsiyalar, sanoat va savdo vazirligi, Raqamli texnologiyalar vazirligi 4. Investitsiyalar, sanoat ishlab chiqarish, savdo va texnik jihatdan tartibga solish sohasida “Tartibga solish qumdoni” maxsus huquqiy rejimini joriy etish uchun tadbirkorlik subyektlari ishtirokida davra suhbatlari, seminar-trening hamda konferensiyalar tashkil etish. Doimiy Investitsiyalar, sanoat va savdo vazirligi 9. Investitsiyalar, sanoat ishlab chiqarish, savdo va texnik jihatdan tartibga solish sohasida “Tartibga solish qumdoni” maxsus huquqiy rejimini joriy etishni tashkil qilish. 1. “Tartibga solish qumdoni” maxsus huquqiy rejimi doirasida faoliyatni amalga oshirish toʻgʻrisidagi soʻrovnomalarni koʻrib chiqish boʻyicha masʼul tarkibiy tuzilmani belgilash yoki ishchi guruh tuzish yoxud masʼullarni tayinlash. 2. Investitsiyalar, sanoat ishlab chiqarish, savdo va texnik jihatdan tartibga solish sohasida “Tartibga solish qumdoni” maxsus huquqiy rejimini joriy etishda yangi mahsulot, xizmat va ishlarni realizatsiya qilish uchun zarur boʻladigan minimal talablarni rasmiy veb-saytda joylashtirish. 2023-yil noyabr-dekabr Investitsiyalar, sanoat va savdo vazirligi 3. Rasmiy veb-saytda va YIDXPda “Tartibga solish qumdoni” maxsus huquqiy rejimi doirasida faoliyatini amalga oshiradigan tadbirkorlik subyektlari reyestrini yuritish. Doimiy IV. Qishloq xoʻjaligi sohasi 10. Qishloq xoʻjaligi sohasini tahlil qilish. 1. “Tartibga solish qumdoni” maxsus huquqiy rejimini joriy etishda qishloq xoʻjaligi sohasidagi munosabatlarni tartibga soluvchi qonunchilik hujjatlarini xatlovdan oʻtkazish va tahlil qilish. 2. Qishloq xoʻjaligi sohasida faoliyatni amalga oshirish uchun zarur talablar va shartlar (litsenziya, ruxsat etish xususiyatiga ega hujjatlar, xabarnoma, sertifikat, akkreditatsiya) roʻyxatini shakllantirish. 3. Qishloq xoʻjaligi sohasida faoliyatni amalga oshirishda tartibga solinmagan yoki yuqori tavakkalchilik talab etiladigan yoʻnalishlar (mahsulot, xizmat va ishlar)ni aniqlash. Bunda qishloq xoʻjaligi ekinlarining yangi navlarini sinash sohasiga eʼtibor qaratish. 2023-yil noyabr Qishloq xoʻjaligi vazirligi 11. Qishloq xoʻjaligi sohasida “Tartibga solish qumdoni” maxsus huquqiy rejimini joriy etish boʻyicha soʻrovnomalarni koʻrib chiqish. 1. “Tartibga solish qumdoni” maxsus huquqiy rejimi doirasida faoliyatni amalga oshirish toʻgʻrisidagi soʻrovnomalarni qabul qilish, koʻrib chiqish va natijasi boʻyicha maʼlumotlarni ariza beruvchilarga yuborish uchun YIDXPda zarur imkoniyatlarni yaratish. 2. “Tartibga solish qumdoni” maxsus huquqiy rejimi doirasida faoliyatni amalga oshirish toʻgʻrisidagi soʻrovnomalarni koʻrib chiqish natijalari boʻyicha qabul qilinadigan hujjat namunalari hamda ikki tomonlama kelishuv bitimi loyihasini tasdiqlash. 3. Soʻrovnomalarni koʻrib chiqishda yuridik shaxslarni davlat roʻyxatidan oʻtkazishga masʼul boʻlgan organlardan va soliq organlaridan “Raqamli hukumat” tizimi idoralararo integratsiyalashuv platformasi orqali ariza beruvchining taʼsis hujjatlari va moliyaviy hisobotlarini soʻrab olish imkoniyatini yaratish. 2023-yil noyabr-dekabr Qishloq xoʻjaligi vazirligi, Raqamli texnologiyalar vazirligi 4. Qishloq xoʻjaligi sohasida “Tartibga solish qumdoni” maxsus huquqiy rejimini joriy etish uchun tadbirkorlik subyektlari ishtirokida davra suhbatlari, seminar-trening hamda konferensiyalar tashkil etish. Doimiy Qishloq xoʻjaligi vazirligi 12. Qishloq xoʻjaligi sohasida “Tartibga solish qumdoni” maxsus huquqiy rejimini joriy etishni tashkil etish. 1. “Tartibga solish qumdoni” maxsus huquqiy rejimi doirasida faoliyatni amalga oshirish toʻgʻrisidagi soʻrovnomalarni koʻrib chiqish boʻyicha masʼul tarkibiy tuzilmani belgilash yoki ishchi guruh tuzish yoxud masʼullarni tayinlash. 2. Qishloq xoʻjaligi sohasida “Tartibga solish qumdoni” maxsus huquqiy rejimini joriy etishda yangi mahsulot, xizmat va ishlarni realizatsiya qilish uchun zarur boʻladigan minimal talablarni rasmiy veb-saytda joylashtirish. 2023-yil noyabr-dekabr Qishloq xoʻjaligi vazirligi 3. Rasmiy veb-saytda va YIDXPda “Tartibga solish qumdoni” maxsus huquqiy rejimi doirasida faoliyatini amalga oshiradigan tadbirkorlik subyektlari reyestrini yuritish. Doimiy V. Qurilish sohasi 13. Qurilish sohasini tahlil qilish. 1. “Tartibga solish qumdoni” maxsus huquqiy rejimini joriy etishda qurilish sohasidagi munosabatlarni tartibga soluvchi qonunchilik hujjatlarini xatlovdan oʻtkazish va tahlil qilish. 2. Qurilish sohasida faoliyatni amalga oshirish uchun zarur talablar va shartlar (litsenziya, ruxsat etish xususiyatiga ega hujjatlar, xabarnoma, sertifikat, akkreditatsiya) roʻyxatini shakllantirish. 3. Qurilish sohasida faoliyatni amalga oshirishda tartibga solinmagan yoki yuqori tavakkalchilik talab etiladigan yoʻnalishlar (mahsulot, xizmat va ishlar)ni aniqlash. Bunda arxitektura-qurilish ishlarini loyihalashtirish, bino-inshootlarni qurish, kapital taʼmirlash, rekonstruksiya qilish, qurilish obyektlarini buzish, binolar va inshootlardan foydalanish sohalariga eʼtibor qaratish. 2023-yil noyabr Qurilish va uy-joy kommunal xoʻjaligi vazirligi 14. Qurilish sohasida “Tartibga solish qumdoni” maxsus huquqiy rejimini joriy etish boʻyicha soʻrovnomalarni koʻrib chiqish. 1. “Tartibga solish qumdoni” maxsus huquqiy rejimi doirasida faoliyatni amalga oshirish toʻgʻrisidagi soʻrovnomalarni qabul qilish, koʻrib chiqish va natijasi boʻyicha maʼlumotlarni ariza beruvchilarga yuborish uchun YIDXPda zarur imkoniyatlarni yaratish. 2. “Tartibga solish qumdoni” maxsus huquqiy rejimi doirasida faoliyatni amalga oshirish toʻgʻrisidagi soʻrovnomalarni koʻrib chiqish natijalari boʻyicha qabul qilinadigan hujjat namunalarini, ikki tomonlama kelishuv bitimi loyihasini tasdiqlash. 3. Soʻrovnomalarni koʻrib chiqishda yuridik shaxslarni davlat roʻyxatidan oʻtkazishga masʼul boʻlgan organlardan va soliq organlaridan “Raqamli hukumat” tizimi idoralararo integratsiyalashuv platformasi orqali ariza beruvchining taʼsis hujjatlari va moliyaviy hisobotlarini soʻrab olish imkoniyatini yaratish. 2023-yil noyabr-dekabr Qurilish va uy-joy kommunal xoʻjaligi vazirligi, Raqamli texnologiyalar vazirligi 4. Qurilish sohasida “Tartibga solish qumdoni” maxsus huquqiy rejimini joriy etish uchun tadbirkorlik subyektlari ishtirokida davra suhbatlari, seminar-trening hamda konferensiyalar tashkil etish. Doimiy Qurilish va uy-joy kommunal xoʻjaligi vazirligi 15. Qurilish sohasida “Tartibga solish qumdoni” maxsus huquqiy rejimini joriy etishni tashkil etish. 1. “Tartibga solish qumdoni” maxsus huquqiy rejimi doirasida faoliyatni amalga oshirish toʻgʻrisidagi soʻrovnomalarni koʻrib chiqish boʻyicha masʼul tarkibiy tuzilmani belgilash yoki ishchi guruh tuzish yoxud masʼullarni tayinlash. 2. Qurilish sohasida “Tartibga solish qumdoni” maxsus huquqiy rejimini joriy etishda yangi mahsulot, xizmat va ishlarni realizatsiya qilish uchun zarur boʻladigan minimal talablarni rasmiy veb-saytda joylashtirish. 2023-yil noyabr-dekabr Qurilish va uy-joy kommunal xoʻjaligi vazirligi 3. Rasmiy veb-saytda va YIDXPda “Tartibga solish qumdoni” maxsus huquqiy rejimi doirasida faoliyatini amalga oshiradigan tadbirkorlik subyektlari reyestrini yuritish. Doimiy
Oʻzbekiston Respublikasining Bosh vaziri A. ARIPOV
Toshkent sh.,
2023-yil 23-noyabr,
617-son