📅 2023-yil 7-dekabr · Vazirlar Mahkamasi qarorlari
Rasmiy matn. Rasmiy hujjat. Tahririy izohlar kiritilmagan.
📅 2023-yil 7-dekabr · Vazirlar Mahkamasi qarorlari
Rasmiy matn. Rasmiy hujjat. Tahririy izohlar kiritilmagan.
📅 2023 йил 7 декабрь · Вазирлар Маҳкамаси қарорлари
Расмий матн. Расмий ҳужжат. Таҳририй изоҳлар киритилмаган.
📅 7 декабря 2023 г. · Постановления Кабинета Министров
Официальный текст. Официальный документ. Редакционные примечания не включены.
📅 7 December 2023 · Cabinet of Ministers resolutions
Official text. Official document. Editorial notes are not included.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг
қарори
Профессионал таълим муассасаларига йил давомида ўқувчиларни дуал таълим шаклида ўқишга қабул қилиш тизими жорий этилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг айрим қарорларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида
Мамлакатимизда иш берувчиларнинг эҳтиёжлари асосида ўрта бўғин кадрларни тайёрлаш жараёнлари бўйича самарали ишлар амалга оширилмоқда.
Хусусан, иқтисодиётнинг барча соҳаларида малакали ва замонавий касбий кўникмаларга эга ўрта бўғин кадрларини тайёрлаш, ёшларнинг касб ва мутахассисликларни эгаллашга бўлган қизиқишларини инобатга олиб, ўз касбий кўникмаларини ривожлантириш учун профессионал таълим муассасаларида дуал таълим шаклида ўқитиш тизими йўлга қўйилди.
Шу билан бирга, ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш дастурлари асосида ташкил этилаётган иш ўринларида ўрта бўғин кадрларига бўлган эҳтиёжнинг янада ошиши натижасида профессионал таълим муассасаларида ташкилотларнинг буюртмалари асосида йил давомида дуал таълим шаклида ўқитишни йўлга қўйиш зарурияти юзага келмоқда.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Маъмурий ислоҳотлар доирасида олий таълим, фан ва инновациялар соҳасида давлат бошқарувини самарали ташкил қилиш чора-тадбирлари тўғрисида» 2023 йил 3 июлдаги ПҚ-200-сон қарори ижросини таъминлаш, меҳнат бозори учун рақобатбардош ўрта бўғин кадрларини тайёрлаш тизимини янада такомиллаштириш ҳамда ўқувчиларни дуал таълим шаклида қабул қилишнинг янги механизмларини жорий этиш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:
1. Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг иловага мувофиқ айрим қарорларига қуйидагиларни назарда тутувчи ўзгартириш ва қўшимчалар киритилсин:
профессионал таълим муассасаларида ўқувчиларни йил давомида ташкилотларнинг буюртмалари асосида дуал таълим шаклида ўқитиш;
иш берувчиларнинг ўрта бўғин кадрларига бўлган мавжуд эҳтиёжи асосида дуал таълим шакли бўйича ўқишга қабул қилишни соддалаштириш;
ўқувчиларни дуал таълим шакли бўйича ўқишга қабул қилиш тизимини рақамлаштириш.
2. Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари ҳудуддаги ташкилотларнинг мавжуд имкониятлари ва таклифлари асосида профессионал таълим муассасаларида дуал таълим шаклида ўқитишни йўлга қўйиш борасида доимий кўмаклашиб борсин.
3. Ўзбекистон Республикаси Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлиги:
2024/2025 ўқув йилидан бошлаб ташкилотлар ва тадбиркорлик субъектларидаги мавжуд иш ўринлари ҳамда уларда яратилган шарт-шароитлар бўйича маълумотлар базасини шакллантирсин;
ҳар йили 1 августга қадар профессионал таълим муассасаларида ўқувчиларни дуал таълим шаклида ўқитишни ташкил этиш бўйича Ягона миллий меҳнат тизимидан рўйхатдан ўтган ташкилотлар ва тадбиркорлик субъектлари билан ўзаро ҳамкорликни йўлга қўйсин.
4. Ўзбекистон Республикаси Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги:
ташкилотлардан бириктирилган устозларнинг педагогик маҳоратини ихтиёрий равишда ошириш учун ҳар йили дуал таълим шакли бўйича бепул қисқа муддатли малака ошириш курсларини ташкил этсин;
дуал таълим шакли жорий этилган касб ва мутахассисликлар бўйича тегишли таълим дастурларини такомиллаштирсин ҳамда Германия тажрибаси асосида методик материалларни ишлаб чиқсин;
2024/2025 ўқув йилига қадар Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлиги, Рақамли технологиялар вазирлиги билан биргаликда меҳнат бозорининг ўрта бўғин кадрларига бўлган жорий ва истиқболли эҳтиёжни аниқлашга мўлжалланган электрон платформани ушбу мақсадлар учун ажратилган маблағлар ҳисобидан ишга туширсин ҳамда ўрта бўғин кадрларини тайёрлаш истагида бўлган ташкилотлар ва профессионал таълим муассасалари билан тузиладиган шартномаларни электрон шаклда имзолаш тизимини жорий этсин.
5. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси олий таълим, фан ва инновациялар вазирининг биринчи ўринбосари К.Х. Каримов зиммасига юклансин.
Вазирлар Маҳкамасининг 2023 йил 7 декабрдаги 647-сон қарорига ИЛОВА
Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг айрим қарорларига киритилаётган ўзгартириш ва қўшимчалар
2. Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 29 мартдаги 163-сон қарори билан тасдиқланган Профессионал таълим тизимида дуал таълимни ташкил этиш тартиби тўғрисидаги низомда :
а) 3-банддаги «Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги» сўзлари «Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги» сўзлари билан алмаштирилсин;
б) 4-банд қуйидаги таҳрирда баён этилсин:
«4. Ўқувчилар ўқишга Ўзбекистон Республикаси Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги томонидан тасдиқланган қабул параметрлари доирасида вазирлик томонидан ишлаб чиқилган алоҳида электрон платформа ёки Ўзбекистон Республикаси Ягона интерактив давлат хизматлари портали орқали дуал таълим шакли бўйича қабул қилинади»;
в) 8-банддаги «Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги» сўзлари «Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлиги» сўзлари билан алмаштирилсин;
г) 12-банд қуйидаги таҳрирда баён этилсин:
«12. Ташкилотнинг тегишли буйруғи асосида ўқувчи(лар)га дуал таълим бўйича ташкилотнинг тажрибали ходимларидан устоз бириктирилади.
Устозга ташкилот томонидан белгиланган тартибда меҳнатга ҳақ тўлаш тартиби жорий этилади.
Дуал таълим шаклида касбларнинг (мутахассислик) мураккаблик даражасидан келиб чиққан ҳолда, таълим олаётган ҳар 12 — 15 нафар ўқувчига қоидага кўра ташкилот томонидан камида бир нафар устоз бириктирилади. Ҳунармандчиликка оид касблар бўйича ҳар 15 нафар ўқувчига бир нафар устоз бириктирилишига рухсат этилади.
Устознинг фаолияти ташкилот мутасаддилари томонидан назорат қилинади»;
д) 19-банднинг бешинчи хатбошиси қуйидаги таҳрирда баён этилсин:
«Қорақалпоғистон Республикаси Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги, вилоятлар ва Тошкент шаҳар олий таълим, фан ва инновациялар бошқармаларининг профессионал таълим муассасаларида дуал таълимни ташкил этиш бўйича ҳисоботларини кўриб чиқади»;
е) 28-банддан сўнг қуйидаги мазмундаги 3 1 -боб билан тўлдирилсин:
«3 1 -боб. Ўқувчиларни йил давомида ўқишга дуал таълим шаклида қабул қилиш тартиби
28 1 . Коллеж ва техникумларга ўқувчилар дуал таълим шакли бўйича ўқишга Қорақалпоғистон Республикаси Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги, вилоятлар ва Тошкент шаҳар олий таълим, фан ва инновациялар бошқармаларининг таклифлари асосида ўқув йили давомида қабул қилинади.
Қорақалпоғистон Республикаси Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги, вилоятлар ва Тошкент шаҳар олий таълим, фан ва инновациялар бошқармалари томонидан дуал таълим шакли бўйича йил давомида бўладиган қабул жараёнлари мувофиқлаштирилади.
28 2 . Йил давомида дуал таълим шакли бўйича ўқишга қабул қилиш тартиби касб-ҳунар мактабларига татбиқ этилмайди.
28 3 . Коллеж ва техникумларга ўқишга қабул қилиш муддатлари Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги томонидан белгиланади.
28 4 . Ҳар ўқув йилида бир маротаба янги ўқув йили учун шакллантириладиган қабул параметрларида дуал таълим шакли учун давлат гранти ўринлари ажратилади. Қолган давр мобайнида белгиланадиган қабул параметрларида ўқувчилар тўлов-контракт асосида ўқишга қабул қилинади.
28 5 . Дуал таълим шакли бўйича иш берувчиларнинг ўрта бўғин кадрларига бўлган мавжуд эҳтиёжи асосида тақдим қилинган талабгорлар тўғридан-тўғри ўқишга қабул қилинади.
Бунда коллеж ва техникумлар томонидан дуал таълим шаклида ўқишга қабул қилинадиган ўқувчилар тўғрисидаги маълумотлар электрон платформага уч иш кунида киритилади.
Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги томонидан электрон платформага киритилган ташкилотлар билан тузилган шартномалар кўриб чиқилади ҳамда беш иш кунида коллеж ва техникумларга дуал таълим шакли бўйича ўқиш жараёнларини ташкил этиш бўйича тегишли хулоса берилади.
28 6 . Дуал таълим шаклида ўқитиш бўйича таклифлар Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги томонидан электрон платформага киритилган маълумотлар экспертизадан ўтказилиб, беш иш кунида коллеж ва техникумда ўқув жараёнларини ташкил этиш бўйича рухсат берилади.
28 7 . Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги хулосасига кўра коллеж ва техникум директори уч иш кунида ўқувчиларни ўқишга қабул қилиш бўйича тегишли буйруқни қабул қилади ва ташкилот билан келишган ҳолда ўқув жараёни графигини тасдиқлайди»;
ж) 31-банддаги «Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар Касбий таълимни ривожлантириш ва мувофиқлаштириш ҳудудий бошқармаларига» сўзлари «Қорақалпоғистон Республикаси Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги, вилоятлар ва Тошкент шаҳар олий таълим, фан ва инновациялар бошқармаларига» сўзлари билан алмаштирилсин;
з) Профессионал таълим тизимида дуал таълимни ташкил этиш тартиби тўғрисидаги низомга иловада :
«Субъектлар» устунидаги «Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги» сўзлари «Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги» сўзлари билан алмаштирилсин;
«Муддатлар» устунидаги «Ҳар йили 1 мартга қадар» ва «Ҳар йили 1 июлга қадар» сўзлари тегишлича «Ўқув йили мобайнида» сўзлари билан алмаштирилсин.
Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А. АРИПОВ
Тошкент ш.,
2023 йил 7 декабрь,
647-сон
Oʻzbekiston Respublikasi Vazirlar Mahkamasining
qarori
Professional taʼlim muassasalariga yil davomida oʻquvchilarni dual taʼlim shaklida oʻqishga qabul qilish tizimi joriy etilishi munosabati bilan Oʻzbekiston Respublikasi Hukumatining ayrim qarorlariga oʻzgartirish va qoʻshimchalar kiritish toʻgʻrisida
Mamlakatimizda ish beruvchilarning ehtiyojlari asosida oʻrta boʻgʻin kadrlarni tayyorlash jarayonlari boʻyicha samarali ishlar amalga oshirilmoqda.
Xususan, iqtisodiyotning barcha sohalarida malakali va zamonaviy kasbiy koʻnikmalarga ega oʻrta boʻgʻin kadrlarini tayyorlash, yoshlarning kasb va mutaxassisliklarni egallashga boʻlgan qiziqishlarini inobatga olib, oʻz kasbiy koʻnikmalarini rivojlantirish uchun professional taʼlim muassasalarida dual taʼlim shaklida oʻqitish tizimi yoʻlga qoʻyildi.
Shu bilan birga, hududlarni ijtimoiy-iqtisodiy rivojlantirish dasturlari asosida tashkil etilayotgan ish oʻrinlarida oʻrta boʻgʻin kadrlariga boʻlgan ehtiyojning yanada oshishi natijasida professional taʼlim muassasalarida tashkilotlarning buyurtmalari asosida yil davomida dual taʼlim shaklida oʻqitishni yoʻlga qoʻyish zaruriyati yuzaga kelmoqda.
Oʻzbekiston Respublikasi Prezidentining “Maʼmuriy islohotlar doirasida oliy taʼlim, fan va innovatsiyalar sohasida davlat boshqaruvini samarali tashkil qilish chora-tadbirlari toʻgʻrisida” 2023-yil 3-iyuldagi PQ-200-son qarori ijrosini taʼminlash, mehnat bozori uchun raqobatbardosh oʻrta boʻgʻin kadrlarini tayyorlash tizimini yanada takomillashtirish hamda oʻquvchilarni dual taʼlim shaklida qabul qilishning yangi mexanizmlarini joriy etish maqsadida Vazirlar Mahkamasi qaror qiladi:
1. Oʻzbekiston Respublikasi Hukumatining ilovaga muvofiq ayrim qarorlariga quyidagilarni nazarda tutuvchi oʻzgartirish va qoʻshimchalar kiritilsin:
professional taʼlim muassasalarida oʻquvchilarni yil davomida tashkilotlarning buyurtmalari asosida dual taʼlim shaklida oʻqitish;
ish beruvchilarning oʻrta boʻgʻin kadrlariga boʻlgan mavjud ehtiyoji asosida dual taʼlim shakli boʻyicha oʻqishga qabul qilishni soddalashtirish;
oʻquvchilarni dual taʼlim shakli boʻyicha oʻqishga qabul qilish tizimini raqamlashtirish.
2. Qoraqalpogʻiston Respublikasi Vazirlar Kengashi, viloyatlar va Toshkent shahar hokimliklari hududdagi tashkilotlarning mavjud imkoniyatlari va takliflari asosida professional taʼlim muassasalarida dual taʼlim shaklida oʻqitishni yoʻlga qoʻyish borasida doimiy koʻmaklashib borsin.
3. Oʻzbekiston Respublikasi Kambagʻallikni qisqartirish va bandlik vazirligi:
2024/2025 oʻquv yilidan boshlab tashkilotlar va tadbirkorlik subyektlaridagi mavjud ish oʻrinlari hamda ularda yaratilgan shart-sharoitlar boʻyicha maʼlumotlar bazasini shakllantirsin;
har yili 1-avgustga qadar professional taʼlim muassasalarida oʻquvchilarni dual taʼlim shaklida oʻqitishni tashkil etish boʻyicha Yagona milliy mehnat tizimidan roʻyxatdan oʻtgan tashkilotlar va tadbirkorlik subyektlari bilan oʻzaro hamkorlikni yoʻlga qoʻysin.
4. Oʻzbekiston Respublikasi Oliy taʼlim, fan va innovatsiyalar vazirligi:
tashkilotlardan biriktirilgan ustozlarning pedagogik mahoratini ixtiyoriy ravishda oshirish uchun har yili dual taʼlim shakli boʻyicha bepul qisqa muddatli malaka oshirish kurslarini tashkil etsin;
dual taʼlim shakli joriy etilgan kasb va mutaxassisliklar boʻyicha tegishli taʼlim dasturlarini takomillashtirsin hamda Germaniya tajribasi asosida metodik materiallarni ishlab chiqsin;
2024/2025 oʻquv yiliga qadar Kambagʻallikni qisqartirish va bandlik vazirligi, Raqamli texnologiyalar vazirligi bilan birgalikda mehnat bozorining oʻrta boʻgʻin kadrlariga boʻlgan joriy va istiqbolli ehtiyojni aniqlashga moʻljallangan elektron platformani ushbu maqsadlar uchun ajratilgan mablagʻlar hisobidan ishga tushirsin hamda oʻrta boʻgʻin kadrlarini tayyorlash istagida boʻlgan tashkilotlar va professional taʼlim muassasalari bilan tuziladigan shartnomalarni elektron shaklda imzolash tizimini joriy etsin.
5. Mazkur qarorning bajarilishini nazorat qilish Oʻzbekiston Respublikasi oliy taʼlim, fan va innovatsiyalar vazirining birinchi oʻrinbosari K.X. Karimov zimmasiga yuklansin.
Vazirlar Mahkamasining 2023-yil 7-dekabrdagi 647-son qaroriga ILOVA
Oʻzbekiston Respublikasi Hukumatining ayrim qarorlariga kiritilayotgan oʻzgartirish va qoʻshimchalar
2. Vazirlar Mahkamasining 2021-yil 29-martdagi 163-son qarori bilan tasdiqlangan Professional taʼlim tizimida dual taʼlimni tashkil etish tartibi toʻgʻrisidagi nizomda :
a) 3-banddagi “Oliy va oʻrta maxsus taʼlim vazirligi” soʻzlari “Oliy taʼlim, fan va innovatsiyalar vazirligi” soʻzlari bilan almashtirilsin;
b) 4-band quyidagi tahrirda bayon etilsin:
“4. Oʻquvchilar oʻqishga Oʻzbekiston Respublikasi Oliy taʼlim, fan va innovatsiyalar vazirligi tomonidan tasdiqlangan qabul parametrlari doirasida vazirlik tomonidan ishlab chiqilgan alohida elektron platforma yoki Oʻzbekiston Respublikasi Yagona interaktiv davlat xizmatlari portali orqali dual taʼlim shakli boʻyicha qabul qilinadi”;
v) 8-banddagi “Bandlik va mehnat munosabatlari vazirligi” soʻzlari “Kambagʻallikni qisqartirish va bandlik vazirligi” soʻzlari bilan almashtirilsin;
g) 12-band quyidagi tahrirda bayon etilsin:
“12. Tashkilotning tegishli buyrugʻi asosida oʻquvchi(lar)ga dual taʼlim boʻyicha tashkilotning tajribali xodimlaridan ustoz biriktiriladi.
Ustozga tashkilot tomonidan belgilangan tartibda mehnatga haq toʻlash tartibi joriy etiladi.
Dual taʼlim shaklida kasblarning (mutaxassislik) murakkablik darajasidan kelib chiqqan holda, taʼlim olayotgan har 12 — 15 nafar oʻquvchiga qoidaga koʻra tashkilot tomonidan kamida bir nafar ustoz biriktiriladi. Hunarmandchilikka oid kasblar boʻyicha har 15 nafar oʻquvchiga bir nafar ustoz biriktirilishiga ruxsat etiladi.
Ustozning faoliyati tashkilot mutasaddilari tomonidan nazorat qilinadi”;
d) 19-bandning beshinchi xatboshisi quyidagi tahrirda bayon etilsin:
“Qoraqalpogʻiston Respublikasi Oliy taʼlim, fan va innovatsiyalar vazirligi, viloyatlar va Toshkent shahar oliy taʼlim, fan va innovatsiyalar boshqarmalarining professional taʼlim muassasalarida dual taʼlimni tashkil etish boʻyicha hisobotlarini koʻrib chiqadi”;
e) 28-banddan soʻng quyidagi mazmundagi 3 1 -bob bilan toʻldirilsin:
“3 1 -bob. Oʻquvchilarni yil davomida oʻqishga dual taʼlim shaklida qabul qilish tartibi
28 1 . Kollej va texnikumlarga oʻquvchilar dual taʼlim shakli boʻyicha oʻqishga Qoraqalpogʻiston Respublikasi Oliy taʼlim, fan va innovatsiyalar vazirligi, viloyatlar va Toshkent shahar oliy taʼlim, fan va innovatsiyalar boshqarmalarining takliflari asosida oʻquv yili davomida qabul qilinadi.
Qoraqalpogʻiston Respublikasi Oliy taʼlim, fan va innovatsiyalar vazirligi, viloyatlar va Toshkent shahar oliy taʼlim, fan va innovatsiyalar boshqarmalari tomonidan dual taʼlim shakli boʻyicha yil davomida boʻladigan qabul jarayonlari muvofiqlashtiriladi.
28 2 . Yil davomida dual taʼlim shakli boʻyicha oʻqishga qabul qilish tartibi kasb-hunar maktablariga tatbiq etilmaydi.
28 3 . Kollej va texnikumlarga oʻqishga qabul qilish muddatlari Oliy taʼlim, fan va innovatsiyalar vazirligi tomonidan belgilanadi.
28 4 . Har oʻquv yilida bir marotaba yangi oʻquv yili uchun shakllantiriladigan qabul parametrlarida dual taʼlim shakli uchun davlat granti oʻrinlari ajratiladi. Qolgan davr mobaynida belgilanadigan qabul parametrlarida oʻquvchilar toʻlov-kontrakt asosida oʻqishga qabul qilinadi.
28 5 . Dual taʼlim shakli boʻyicha ish beruvchilarning oʻrta boʻgʻin kadrlariga boʻlgan mavjud ehtiyoji asosida taqdim qilingan talabgorlar toʻgʻridan-toʻgʻri oʻqishga qabul qilinadi.
Bunda kollej va texnikumlar tomonidan dual taʼlim shaklida oʻqishga qabul qilinadigan oʻquvchilar toʻgʻrisidagi maʼlumotlar elektron platformaga uch ish kunida kiritiladi.
Oliy taʼlim, fan va innovatsiyalar vazirligi tomonidan elektron platformaga kiritilgan tashkilotlar bilan tuzilgan shartnomalar koʻrib chiqiladi hamda besh ish kunida kollej va texnikumlarga dual taʼlim shakli boʻyicha oʻqish jarayonlarini tashkil etish boʻyicha tegishli xulosa beriladi.
28 6 . Dual taʼlim shaklida oʻqitish boʻyicha takliflar Oliy taʼlim, fan va innovatsiyalar vazirligi tomonidan elektron platformaga kiritilgan maʼlumotlar ekspertizadan oʻtkazilib, besh ish kunida kollej va texnikumda oʻquv jarayonlarini tashkil etish boʻyicha ruxsat beriladi.
28 7 . Oliy taʼlim, fan va innovatsiyalar vazirligi xulosasiga koʻra kollej va texnikum direktori uch ish kunida oʻquvchilarni oʻqishga qabul qilish boʻyicha tegishli buyruqni qabul qiladi va tashkilot bilan kelishgan holda oʻquv jarayoni grafigini tasdiqlaydi”;
j) 31-banddagi “Qoraqalpogʻiston Respublikasi, viloyatlar va Toshkent shahar Kasbiy taʼlimni rivojlantirish va muvofiqlashtirish hududiy boshqarmalariga” soʻzlari “Qoraqalpogʻiston Respublikasi Oliy taʼlim, fan va innovatsiyalar vazirligi, viloyatlar va Toshkent shahar oliy taʼlim, fan va innovatsiyalar boshqarmalariga” soʻzlari bilan almashtirilsin;
z) Professional taʼlim tizimida dual taʼlimni tashkil etish tartibi toʻgʻrisidagi nizomga ilovada :
“Subyektlar” ustunidagi “Oliy va oʻrta maxsus taʼlim vazirligi” soʻzlari “Oliy taʼlim, fan va innovatsiyalar vazirligi” soʻzlari bilan almashtirilsin;
“Muddatlar” ustunidagi “Har yili 1-martga qadar” va “Har yili 1-iyulga qadar” soʻzlari tegishlicha “Oʻquv yili mobaynida” soʻzlari bilan almashtirilsin.
Oʻzbekiston Respublikasining Bosh vaziri A. ARIPOV
Toshkent sh.,
2023-yil 7-dekabr,
647-son