UzbekAI

← Qonunlar

📅 2023-yil 7-dekabr · Vazirlar Mahkamasi qarorlari

Rasmiy matn. Rasmiy hujjat. Tahririy izohlar kiritilmagan.

Yordam | Arxiv | Atamalar | Statistika | API | Havola yuborish | Sayt haqida | Shartlar

← Қонунлар

📅 2023 йил 7 декабрь · Вазирлар Маҳкамаси қарорлари

Расмий матн. Расмий ҳужжат. Таҳририй изоҳлар киритилмаган.

Ёрдам | Архив | Атамалар | Статистика | API | Ҳавола юбориш | Сайт ҳақида | Шартлар

← Законы

📅 7 декабря 2023 г. · Постановления Кабинета Министров

Официальный текст. Официальный документ. Редакционные примечания не включены.

Помощь | Архив | Термины | Статистика | API | Предложить ссылку | О сайте | Условия

← Laws

📅 7 December 2023 · Cabinet of Ministers resolutions

Official text. Official document. Editorial notes are not included.

Help | Archive | Glossary | Stats | API | Submit | About | Terms

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг

қарори

НИЗОМ

Профессионал таълимда кредит-модуль тизимини жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида

Ўзбекистон Республикаси Президентининг « Маъмурий ислоҳотлар доирасида олий таълим, фан ва инновациялар соҳасида давлат бошқарувини самарали ташкил қилиш чора-тадбирлари тўғрисида » 2023 йил 3 июлдаги ПҚ-200-сон, «Ўзбекистон — 2030» стратегиясини 2023 йилда сифатли ва ўз вақтида амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида » 2023 йил 11 сентябрдаги ПҚ-300-сон қарорлари ижросини таъминлаш ҳамда профессионал таълимда кредит-модуль тизимини босқичма-босқич жорий этиш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:

1. Қуйидагилар:

а) Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2023 йил 3 июлдаги ПҚ-200-сон қарори билан тасдиқланган Олий таълим, фан ва инновациялар соҳасини трансформация қилиш жараёнларини жадаллаштириш бўйича «йўл харитаси» нинг 31-бандида:

профессионал таълим муассасалари педагог ходимларининг ўқув-меъёрий ҳужжатлари ҳамда педагогик юкламаларини қайта кўриб чиқиш;

б) Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2023 йил 11 сентябрдаги ПҚ-300-сон қарори билан тасдиқланган «Ўзбекистон — 2030» стратегиясининг ҳар бир инсонга ўз салоҳиятини рўёбга чиқариш учун муносиб шароитлар яратиш йўналиши бўйича 2023 йилда ишлаб чиқиладиган норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари рўйхатининг 7-бандида техникумларда кредит-модуль тизимини жорий этиш назарда тутилганлиги маълумот учун қабул қилинсин.

2. Қуйидагиларни назарда тутувчи Техникумларда кредит-модуль тизимида ўқув жараёнини ташкил этиш тартиби тўғрисидаги низом 1-иловага мувофиқ тасдиқлансин:

ўрта бўғин кадрлар тайёрлашда кредит-модуль тизими бўйича ўқув жараёнини ташкил этиш ва таълим сифатини таъминлаш;

ўқувчилар томонидан ўқув йили ва семестр давомида тўпланадиган кредитлар миқдори ва ўзлаштириш лозим бўлган фанларни белгилаш;

ўрта бўғин кадрларни тайёрлашда кредит-модуль тизимини босқичма-босқич жорий этиш ҳамда ўқувчилар ўзлаштиришини баҳолаш;

ўқувчилар академик мобиллиги ҳамда кредитларни тан олишни амалга ошириш, кредит-модуль тизимида рўйхатга олиш хизматини ташкил этиш.

3. Ўзбекистон Республикаси Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги:

а) тизимида техникумлар бўлган вазирликлар ва идоралар билан ҳамкорликда 2024/2025 ўқув йилидан бошлаб техникумларда кредит-модуль тизимида ўқув жараёнини ташкил этиш бўйича:

таълимнинг кредит-модуль тизимига техникумларни босқичма-босқич ўтказиб бориш чораларини кўрсин;

ўқув жараёнига кредит-модуль тизими жорий этиладиган профессионал таълим йўналишлари, касб ва мутахассисликларининг давлат таълим стандартлари, малака талаблари, ўқув режалари ва ўқув дастурларини қайта ишлаб чиқсин;

4. Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг айрим қарорларига 2-иловага мувофиқ ўзгартириш ва қўшимчалар киритилсин.

5. Ўзбекистон Республикаси Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги манфаатдор вазирликлар ва идоралар билан биргаликда ўзлари қабул қилган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни икки ой муддатда ушбу қарорга мувофиқлаштирсин.

6. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси олий таълим, фан ва инновациялар вазирининг биринчи ўринбосари К.Х. Каримов зиммасига юклансин.

Вазирлар Маҳкамасининг 2023 йил 7 декабрдаги 648-сон қарорига 1-ИЛОВА

Техникумларда кредит-модуль тизимида ўқув жараёнини ташкил этиш тартиби тўғрисидаги

1-боб. Умумий қоидалар

1. Мазкур Низом Ўзбекистон Республикасидаги техникумларда кредит-модуль тизимида ўқув жараёнини ташкил этиш тартибини белгилайди.

2. Техникумларда кредит-модуль тизимида ўқув жараёни Кредит тўплаш ва кўчиришнинг Европа моделига (European Credit Transfer and Accumulation System — ECTS) мувофиқ ташкил қилинади.

3. Ушбу Низом Ўзбекистон Республикаси Президентининг ҳужжатлари билан алоҳида ваколатлар берилган профессионал таълим ташкилотлари, нодавлат профессионал таълим ташкилотлари, Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги тизимидаги юридик техникумлар ва Ўзбекистон Республикаси ҳудудида ўз фаолиятини юритаётган халқаро ва нодавлат хорижий профессионал таълим ташкилотларига нисбатан татбиқ этилмайди.

4. Техникумлар томонидан бошқа профессионал (олий) таълим ташкилотлари билан қўшма дастурлар доирасидаги шартномаларда мазкур Низомда назарда тутилганидан бошқача қоидалар белгиланган бўлса, ушбу шартнома қоидалари қўлланилади.

5. Кредит-модуль тизими жорий этиладиган таълим дастурлари Ўзбекистон Республикаси Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги томонидан белгиланади.

6. Ушбу Низомда қуйидаги асосий тушунчалар қўлланилади:

академик мобиллик — техникум ўқувчиларининг муайян вақт мобайнида республика ҳудудидаги ёки чет элдаги бошқа бир профессионал таълим ташкилотида таълим олиши;

кредит — таълим олиш натижаларига кўра ўқувчи томонидан муайян фан бўйича ўзлаштирилган ўқув юкламасининг ўлчов бирлиги. Кредитлар қоидага мувофиқ бутун сонларда ифодаланади;

кредитларни кўчириш — ўқувчиларнинг академик мобиллигини таъминлаш мақсадида бир техникумдаги таълим дастурида олинган кредитларни бошқа техникумга кўчириш ва тан олиш;

кредит тўплаш — ўқув юкламасини ўзлаштириш натижасида тақдим этиладиган кредит бирликларини йиғиш;

мобиллик дастури — икки ёки ундан ортиқ техникум ўртасида ўзаро келишув асосида ташкил этиладиган дастур;

таълим дастури — профессионал таълим ташкилоти битирувчисига муайян эгаллаган касб ёки мутахассислик бўйича касбий фаолиятни малакали бажариш имконини беришга қаратилган профессионал таълим тайёргарлигининг асосий мазмунини аниқловчи давлат таълим стандарти, малака талаби, ўқув режаси ва ўқув дастурларидан иборат ҳужжатлар тўплами;

таълим дастури каталоги — профессионал таълим ташкилоти тавсифи, кредит-модуль тизими, мавжуд касб ва мутахассисликлар, ўқув режалар, ўқув дастурлари, хизматлар ва ресурслар тавсифи тўғрисида ахборот;

таълим жараёнини бошқариш ахборот тизими — ўқувчиларни рўйхатга олиш, ўқув материалларини тарқатиш, ўқувчилар ва педагог ходимлар ўртасида ўзаро ҳамкорликни таъминлаш, топшириқларни бериш, назоратлар ўтказиш, баҳолаш ва унинг натижаларини қайд этиш каби имкониятларга эга бўлган электрон тизим (махсус дастурий восита);

таълим модули (модуль) — ўқувчида билим, кўникма ва малакаларни шакллантиришга қаратилган таълим дастурининг таркибий қисми сифатида назорат қилишнинг тегишли тури билан якунланадиган алоҳида ўқув фани (унинг қисми ёки ўзаро бир соҳага доир фанлар мажмуи);

таълим элементлари — таълим дастурининг бир қисми бўлиб, таълим олиш натижаларига эришиш ва таълим дастурида кўрсатилган билимларни ўзлаштиришга ҳамда кўникмаларни эгаллашга кўмаклашувчи ўқитиш тури;

транскрипт — таълим олишнинг тегишли даврида ўзлаштирилган кредитлар ҳамда олинган баҳоларнинг ҳарф ва рақамлардаги ифодаси кўрсатиб ўтилган фанлар рўйхатини ўз ичига олган белгиланган шаклдаги ҳужжат;

ўқувчининг шахсий таълим траекторияси — ўқувчи томонидан танланган ҳамда унга кетма-кетликда билимлар тўплаш ва хоҳлаган компетенциялар йиғиндисига эга бўлиш имкониятини берадиган йўналиш (маршрут, режа). Таълим траекторияси институционал ҳужжатлар ва йўриқномалар ёрдамида тузилиши ҳамда турли таълим траекториялари натижасида бир хил малака олишга олиб келиши мумкин;

ўқув юкламаси — ўқувчи томонидан ўқув фаолиятининг барча турларини (маъруза, амалий машғулот, семинар, лаборатория иши, курс лойиҳаси (иши), амалиёт ва мустақил иш) амалга ошириш асосида кутилган ўқув натижаларига эришиш учун зарур бўлган соатлар ҳажми;

GPA (Grade Point Average) — таълим олувчи томонидан ўзлаштирилган кредитлари бўйича олган баҳоси (баллари)нинг ўртача қиймати бўлиб, у қуйидаги формула ёрдамида ҳисобланади:

K n — ҳар бир фан/модулга ажратилган кредитлар миқдори;

K Тn — ҳар бир фан/модуль бўйича ўқувчи тўплаган кредитлар миқдори;

U n — ҳар бир фан/модуль бўйича ўқувчи олган баҳо (балл);

n — муайян фан/модулнинг сони.

Бунда ўқувчи фақат фан/модулни муваффақиятли якунлаган тақдирда, ушбу фан/модуль бўйича кредит берилади.

7. Ўқув жараёнига кредит-модуль тизимини жорий этишнинг ташкилий масалаларига оид маълумотлар, шу жумладан, таълим дастури каталоги, академик мобиллик, таълим тўғрисидаги маълумотнома, кредитларни тан олиш ва кўчириб ўтказишга тааллуқли ҳужжатлар (транскрипт ва бошқалар), шунингдек, академик мобиллик даврида ўқувчининг билим даражасини аниқлаш бўйича кўрсаткичлар ва бошқа зарур ҳужжатлар намуналари Ўзбекистон Республикаси Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги томонидан ишлаб чиқилади ва тасдиқланади.

8. Ўқув режасида ўзлаштириладиган мажбурий фанлар ва танлов фанлари, уларга ажратилган соатлар (кредитлар), ўқув йили, назарий ва амалий машғулотлар, ўқув ва ишлаб чиқариш амалиёти, якуний давлат аттестацияси ҳамда бошқа зарур параметрлар акс эттирилади. Ўқув режаси ва ўқув дастури белгиланган тартибда ишлаб чиқилади ҳамда тасдиқланади.

Таълим дастурида кредитларнинг миқдори умумий ўқув юкламаси асосида кўрсатилади.

9. Таълим дастури каталоги ва ўқитиш шароитлари тўғрисидаги батафсил маълумотлар техникумларнинг расмий веб-сайтига қулай юкланадиган шаклда ўқув йили бошланишидан камида бир ой олдин жойлаштирилади.

2-боб. Ўқув жараёнини ташкил этиш ва таълим сифатини таъминлаш

10. Ўқув жараёни ўқув ва назорат тадбирлари мажмуини ўз ичига олади. Ўқув тадбирларида барча турдаги аудитория машғулотлари, амалиёт ва мустақил ишларнинг ташкил этилиши назарда тутилади.

Назорат тадбирлари таълим олувчиларнинг ўқув режасидаги тегишли фанлар бўйича билимларни ўзлаштиришини ва уларнинг натижаларини баҳолашни назарда тутади.

11. Ўқув жараёни ўқувчилар, педагог ходимлар ва маъмурият ўртасида очиқ мулоқот шаклида ўқувчига йўналтирилган ёндашув асосида таълим дастурларини инобатга олган ҳолда режалаштирилади. Ушбу жараёнда ўқувчиларнинг талаб ва истаклари муҳокама қилинади. Барча манфаатдор томонлар таълим дастурининг яратилиши ва ўзлаштирилишининг асосланган ҳамда ечимга йўналтирилган муҳокамасига жалб этилиши мумкин. Муҳокамада ўқувчилар вакиллари овоз бериш ҳуқуқи орқали иштирок этади.

12. Ўқув жараёнини режалаштириш қуйидаги босқичлардан иборат бўлади:

ўқув режаси ва ўқув дастурини ишлаб чиқиш;

ишчи ўқув режаси ҳамда фанларнинг ишчи ўқув дастурини ишлаб чиқиш;

танлов фанлари рўйхатига мос равишда ўқув-методик бўлим (ёки бўлим бошлиғи) назорати остида ўқувчиларнинг шахсий таълим траекториясини шакллантириш;

академик гуруҳлар бўйича ўқув машғулотлари жадвалини тузиш.

Ўқув режасига ўқувчилар томонидан ихтиёрий равишда ўзлаштириладиган қўшимча кредитлар ажратиладиган таълим элементлари киритилади. Ўқувчининг жамоат ишларидаги фаоллиги, касбий тадбирлар, касбига оид фаолиятдаги иштироки ҳамда соҳа мутахассислари томонидан ўтказиладиган қисқа муддатли курслардаги иштироки рағбатлантирилиб, кредитлар ажратилади.

Ўқувчига ўқув юкламасидан ташқари ўз ихтиёрига кўра рўйхати тақдим этиладиган қўшимча фанларни ёки бошқа касб (мутахассислик) ўқув режасининг танлов фанларида мавжуд фанлар рўйхатидан қўшимча фанни танлаб тўлов-контракт асосида ўқишига рухсат этилади. Бунда қўшимча ўзлаштирилган фанлар ўқувчи ўқув юкламасига (кредитлар ҳажмига) қўшилади ҳамда диплом иловасида қайд этилади.

13. Ўқув йили давомийлиги таълим дастури асосида белгиланади.

Академик давр давомида ўқувчи томонидан тўпланиши лозим бўлган кредитлар миқдори ўқув режасида кўрсатилган мажбурий ва танлов фанларни ўз ичига олади.

Мажбурий ва танлов фанлар таркиби ҳамда уларни ўрганишга ажратиладиган кредитлар миқдори фанлар каталогига мувофиқ техникум томонидан мустақил белгиланади.

Ўқувчилар шахсий таълим траекториясида белгиланган танлов фанлари доирасида фанларни мустақил танлаши мумкин. Ўқувчиларнинг шахсий таълим траекториясини шакллантириш тартиби техникумлар томонидан белгиланади.

14. Ўқувчи бир ўқув йилида камида 60 кредит тўплаши зарур. Ўқув йили давомида ўқувчи томонидан ўзлаштирилиши лозим бўлган кредитлар ҳажми ўқув режасида кўрсатилган мажбурий ва танлов фанларни ўз ичига олади.

Ўқувчи ўзининг шахсий таълим траекториясини шакллантиришда ҳар бир ўқув йили учун камида 60 кредит ҳажмидаги фанларнинг ўзлаштирилишини назарда тутиши, унинг таркибида ўқув режасидаги мажбурий фанлар бўлишини инобатга олиши шарт.

15. Ўрта махсус профессионал таълим дастури асосида битирувчи олий таълим муассасаларида иккинчи босқичдан ўқишини давом эттирганда, тўпланган жами кредитлар олий таълим муассасасининг биринчи босқичида тўпланиши лозим бўлган кредитга тенглаштирилган ҳолда ҳисобланади.

Бунда ўрта махсус профессионал таълим дастури ва бакалавриат таълим йўналиши дастури таққосланган ҳолда ўқувчи таълим дастуридаги фанлар фарқларини ўқув йили якунига қадар ўзлаштириши лозим.

16. Техникумларда ўқув юкламасининг ҳажми ўқув режаси асосида белгиланади.

Кредит-модуль тизимида 1 кредит ўртача 25 — 30 академик соат ҳисобидаги ўқув юкламасига тенг қилиб олинади. Бунда ўқувчи муайян фандан тегишли кредитларни тўплаши учун белгилаб олинган миқдордаги ўқув юкламасини ўзлаштириши зарур.

Ўқув юкламаси аудитория соати ва мустақил таълим соатига бўлинади.

Таълим дастури ўқув йили учун ўқувчи томонидан, қоида тариқасида, бир семестрда 30 кредит, бир ўқув йилида 60 кредит тўплаши инобатга олиниб ишлаб чиқилади.

Кечки, сиртқи ва дуал таълим шакллари ҳамда таълим соҳаси хусусиятидан келиб чиққан ҳолда, семестр ва бир ўқув йилидаги кредитлар миқдори техникум педагогик кенгашининг қарори билан ўзгариши мумкин.

Шахсий таълим траекторияси асосида таҳсил олаётган ўқувчилар ҳам ҳар бир семестр учун 30 кредит ҳажмидаги фанларни ўзлаштириши ва ушбу фанлар таркибида ўқув режасидаги мажбурий фанлар бўлиши шарт.

17. Таълим сифатини таъминлаш ва педагог ходимлар ўртасида рақобатни шакллантириш мақсадида техникумнинг педагогик кенгаши қарорига асосан таълим жараёнини бошқариш ахборот тизими портали орқали ўқувчиларга фан доирасида ўқувчиларнинг шахсий таълим траекториясини шакллантириш жараёнида педагог кадрларни танлаш имконияти берилади.

18. Академик қарздор ўқувчиларнинг ташаббуси билан мавжуд академик қарзларни топшириш техникумда, қоида тариқасида, таътил вақтида пулли асосда ташкил этилади.

Таътил даврида академик қарзларни топшириш қуйидаги тартибда ташкил қилинади:

ўқувчи таътил бошлангунига қадар техникум директорининг ўқув жараёнини ташкил этишга масъул бўлган ўринбосарига (кейинги ўринларда — директор ўринбосари) ўзининг таътил даврида ўқиш истагини билдиради;

директор ўринбосари ушбу ўқувчига таътил даври учун дарс жадвалини тузади ва ўқувчи тўлов пулини тўлаганидан сўнг дарсларга киритилади;

таътил давридаги ўқиш амалдаги баҳолаш тизими асосида ўқувчилар билимини шаффоф баҳолаш тамойилига кўра ташкил қилинади.

Таътил давридаги ўқишга ўқитувчилар ўз ихтиёрлари асосида жалб қилинади ҳамда уларга соатбай асосида иш ҳақи тўланади.

Таътил давридаги ўқишни ўқув режасида белгиланган ишлаб чиқариш амалиётлари ва бошқа ўқув машғулотлари ҳисобидан ўтказишга йўл қўйилмайди.

3-боб. Ўқувчиларнинг ўзлаштиришини баҳолаш тизими

19. Таълим дастури доирасида техникум ўқувчиларининг билимини баҳолаш қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда амалга оширилади.

20. Фаннинг ишчи ўқув дастурида белгиланган баҳолаш тартибига мувофиқ ҳамда ижобий баҳолар доирасида баҳоланган ўқувчиларга кредитлар берилади.

Ўқувчи белгиланган таълим олиш натижаларига эриша олмаган тақдирда, кредитлар берилмайди.

21. Баҳолаш усуллари ўқувчининг фан доирасидаги ютуқларини акс эттирувчи ва тасдиқловчи ёзма, оғзаки, амалий иш, лойиҳа иши каби назорат турларини ўз ичига қамраб олади.

Баҳолаш мезони ўқитиш натижаларига эришилганлигини акс эттириши шарт.

22. Бир техникумдаги баҳолаш тизими бошқа бир техникумдаги ёки (хорижий) профессионал таълим ташкилотидаги баҳолаш тизими билан қиёсий таққослаш орқали баҳолаш тизимига конвертация қилиниб, кредитларни кўчириш амалга оширилади.

4-боб. Ўқувчиларнинг академик мобиллиги ва кредитларни тан олиш

23. Академик мобилликни таъминлаш ва ўқувчининг кредитлари бошқа техникумлар томонидан тан олинишида қуйидаги ҳужжатлардан фойдаланилади:

таълим дастури каталоги;

таълим тўғрисидаги келишув, маълумотнома ва транскрипт.

Мазкур ҳужжатлар таълим олиш натижаларини акс эттиради ва техникумларга кредитларни тан олиш ва ўқишни кўчириб ўтказишни кўриб чиқиш учун асос ҳисобланади.

24. Академик мобиллик доирасида ўқувчининг барча кредитлари техникум томонидан таълим дастурини ўзлаштиришда тўлиқ ҳисобга олинади.

25. Ўқувчи жўнатувчи техникум тавсиясига асосан қабул қилувчи техникумга академик мобилликни амалга ошириш учун зарур ҳужжатларни топширади.

Жўнатувчи техникум томонидан ўқувчига белгиланган шаклдаги транскрипт тақдим этилади.

26. Ўқувчининг академик мобиллик даврида ўзлаштириши белгиланган фанларни жўнатувчи техникумнинг розилигисиз ва у билан келишмасдан ўзгартириш мумкин эмас.

Хориждаги ҳамкор профессионал таълим ташкилотининг фан дастурида белгиланган таълим олиш натижалари техникумнинг фан дастури бўйича таълим олиш натижаларига мос келиши ёки уларни тўлдириши лозим.

27. Қабул қилувчи техникумда ўқувчи томонидан ўзлаштириладиган фанлар жўнатувчи техникумнинг фанларига интеграция қилинганлиги, шунингдек, академик мобиллик даврида ўқувчининг билим даражасини аниқловчи кўрсаткичларнинг жўнатувчи ва қабул қилувчи техникумнинг баҳолаш тизимларига конвертация қилинганлиги академик мобиллик тўғрисидаги шартномада аниқ кўрсатилган бўлиши лозим.

Қабул қилувчи техникумда ўзлаштириладиган кредитлар миқдори техникумда ёки хорижда ўқиш даврига (3 — 6 ой ёки 1 йилга) мутаносиб бўлиши керак. Жўнатувчи техникум томонидан ўқувчи академик мобиллик даврида ўзлаштирган (тўлиқ ёки қисман) кредитлари тан олинади. Ўқувчи жўнатувчи техникумга қайтиб келганда, академик мобиллик даврида тўпланган кредитлар миқдоридан келиб чиқиб, амалдаги тартибга кўра уни кейинги босқичга ўтказиш ёки босқичда қолдириш белгиланади.

Техникумнинг ҳамкор ташкилотлар билан биргаликда ишлаб чиқилган таълим дастурлари доирасида академик мобиллик учун таълим тўғрисидаги келишувлар тузиши талаб этилмайди.

28. Техникум ўқувчиларининг ўқишини кўчириш, ўқишдан четлаштириш, қайта тиклаш ва курсдан курсга ўтказиш Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 7 августдаги 466-сон қарори билан тасдиқланган Ўзбекистон Республикасида узлуксиз бошланғич, ўрта ва ўрта махсус профессионал таълим тўғрисидаги низомга мувофиқ амалга оширилади.

Ўқишини бошқа техникумларга кўчиришга рухсат берилган ўқувчиларнинг тегишли мутахассислиги ўқув режаси таққосланган ҳолда фанлар ва кредитлар миқдоридаги фарқлар аниқланади.

Бунда тўпланиши лозим бўлган кредитлар миқдорининг 10 фоизигача ўзгариш бўлганда фарқ қилган фанларни жорий ўқув йили якунига қадар ўзлаштириш лозим бўлади.

Тўпланиши лозим бўлган кредитлар миқдоридаги фарқ 10 фоиз ва ундан юқори бўлган ҳолларда ўқувчи мазкур босқични қайтадан ўқиши лозим.

5-боб. Кредит-модуль тизимида рўйхатга олиш хизматини ташкил этиш

29. Рўйхатга олиш хизматлари таълим ва ўқувчилар билимини баҳолаш жараёнларини алоҳида юритиш, ўқувчилар ҳақидаги академик маълумотларни электрон тарзда автоматик бошқариш ҳамда якуний назоратларни ўтказиш мақсадида ташкил этилади.

30. Рўйхатга олиш хизмати ўқувчига танлаган мутахассислиги бўйича юқори даражадаги билим, кўникма ва малакаларга эришишда ёрдам беришга қаратилган бўлиб, қуйидаги функцияларни қамраб олади:

ўқув жараёни жадвалини тузиш ва бажарилишини назорат қилиш;

ўқувчиларнинг фанларга рўйхатдан ўтишини назорат қилиш;

академик гуруҳларни шакллантириш;

оралиқ, якуний баҳолашлар ва якуний давлат аттестацияси ўтказилишини назорат қилиш;

маълумотлар базасини шакллантириш ва мунтазам янгилаб бориш;

таълим олаётган ўқувчилар ҳақидаги маълумотларнинг сақланишини ташкил этиш;

транскрипт шаклларини шакллантириш ва ўқувчиларнинг маълумотларини киритиш;

ўқувчилар контингенти бўйича статистикани юритиш.

31. Рўйхатга олиш хизматлари ўқув-методик бўлим томонидан амалга оширилади. Техникумларнинг молиявий имкониятларидан келиб чиққан ҳолда бюджетдан ташқари маблағлар ҳисобидан Таълимнинг кредит тизимини бошқариш сектори ташкил этилиши мумкин.

32. Рўйхатга олиш хизмати белгиланган жадвалга мувофиқ ўқувчиларни фанларга рўйхатдан ўтказади ва ўқувчининг шахсий таълим траекториясини шакллантиради.

Ўқувчининг шахсий таълим траекторияси улар томонидан мустақил равишда гуруҳ мураббийи ёрдамида ўқув режаси ва танлов фанлари асосида умумий ўқиш даври учун тузилади.

Ўқувчи шахсий таълим траекториясига ҳар ўқув йилидан олдин ўзгартириш ёки қўшимчалар киритиши мумкин.

33. Ўқувчининг шахсий таълим траекторияси асосида рўйхатга олиш хизмати академик гуруҳларни шакллантиради ва муайян бир фанга ёзилиш етарли бўлмаган тақдирда, шахсий таълим траекториясини ўзгартириш зарурлиги тўғрисида ўқувчиларга хабар беради.

Ўқувчининг шахсий таълим траекторияси шакллантириб бўлингандан сўнг рўйхатга олиш хизмати дарс жадвалини тузиш учун техникум ўқув-методик бўлимига академик гуруҳлар тўғрисида маълумот беради.

34. Рўйхатга олиш хизмати ҳар бир ўқувчини рўйхатдан ўтказиш санаси ва вақтини белгилайди (ўқувчи томонидан етарли GPA кўрсаткичларининг тўплаганлиги ва тўлов-контракт амалга оширилганлигига қараб).

Биринчи босқич ўқувчиларини рўйхатдан ўтказиш улар билан академик ва касбга йўналтириш тадбирлари амалга оширилганидан сўнг бошланади.

35. Ўқувчилар танлаган фанларини ҳар семестрнинг биринчи ҳафтаси ичида ўзгартириши мумкин.

6-боб. Якунловчи қоидалар

36. Техникумда таълим олишнинг тўлов-контракт миқдори қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ белгиланади.

37. Фанлар бўйича қайта таълим олиш учун тўлов қиймати техникум томонидан бутун ўқув йилининг тўлов-контракт суммасидан келиб чиққан ҳолда белгиланади.

Қайта таълим олиш учун тўлов-контракт механизми техникум томонидан бир кредит қийматини ҳисоблаш асосида аниқланади.

Бир кредит қиймати ўқув йили давомидаги таълим олиш учун тўланадиган базавий тўлов-контракт миқдорини режалаштирилган кредитлар миқдорига бўлиш йўли билан белгиланади.

38. Таълим дастурида белгиланган натижаларга эришиш ҳамда кредит-модуль тизими тўғри ва ҳаққоний қўлланилаётганлигини аниқлаш ва баҳолаш мақсадида ўқув жараёнининг мониторинги ўтказилади.

Мониторинг техникум ва олий таълим ташкилоти томонидан сўровнома, интервью олиш ёки эришилган натижаларни таҳлил қилиш ва бошқа усулларда амалга оширилиши мумкин.

39. Ўқувчи ўқув режасида назарда тутилган кредитларни тўпласа, шу жумладан, якуний давлат аттестациясидан муваффақиятли ўтса, профессионал таълимнинг тегишли даражасига эга бўлади ва унга белгиланган тартибда давлат намунасидаги диплом берилади.

40. Ўқувчиларнинг шахсий таълим траекторияларига тегишли маълумотномалар, кредитларни тан олиш ва ўқишини кўчириб ўтказишга тааллуқли ҳужжатлар, транскриптлар, имтиҳон қайдномалари 75 йил давомида техникумлар архивида сақланади.

Вазирлар Маҳкамасининг 2023 йил 7 декабрдаги 648-сон қарорига 2-ИЛОВА

Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг айрим қарорларига киритилаётган ўзгартириш ва қўшимчалар

Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А. АРИПОВ

Тошкент ш.,

2023 йил 7 декабрь,

648-сон

(Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 11.12.2023 й., 09/23/648/0929-сон; 21.08.2026 й., 09/26/451/0866-сон; 02.10.2026 й., 09/26/526/0994-сон)

lex.uz

Oʻzbekiston Respublikasi Vazirlar Mahkamasining

qarori

NIZOM

Professional taʼlimda kredit-modul tizimini joriy etish chora-tadbirlari toʻgʻrisida

Oʻzbekiston Respublikasi Prezidentining “ Maʼmuriy islohotlar doirasida oliy taʼlim, fan va innovatsiyalar sohasida davlat boshqaruvini samarali tashkil qilish chora-tadbirlari toʻgʻrisida ” 2023-yil 3-iyuldagi PQ-200-son, “Oʻzbekiston — 2030” strategiyasini 2023-yilda sifatli va oʻz vaqtida amalga oshirish chora-tadbirlari toʻgʻrisida ” 2023-yil 11-sentabrdagi PQ-300-son qarorlari ijrosini taʼminlash hamda professional taʼlimda kredit-modul tizimini bosqichma-bosqich joriy etish maqsadida Vazirlar Mahkamasi qaror qiladi:

1. Quyidagilar:

a) Oʻzbekiston Respublikasi Prezidentining 2023-yil 3-iyuldagi PQ-200-son qarori bilan tasdiqlangan Oliy taʼlim, fan va innovatsiyalar sohasini transformatsiya qilish jarayonlarini jadallashtirish boʻyicha “yoʻl xaritasi” ning 31-bandida:

professional taʼlim muassasalari pedagog xodimlarining oʻquv-meʼyoriy hujjatlari hamda pedagogik yuklamalarini qayta koʻrib chiqish;

b) Oʻzbekiston Respublikasi Prezidentining 2023-yil 11-sentabrdagi PQ-300-son qarori bilan tasdiqlangan “Oʻzbekiston — 2030” strategiyasining har bir insonga oʻz salohiyatini roʻyobga chiqarish uchun munosib sharoitlar yaratish yoʻnalishi boʻyicha 2023-yilda ishlab chiqiladigan normativ-huquqiy hujjatlar loyihalari roʻyxatining 7-bandida texnikumlarda kredit-modul tizimini joriy etish nazarda tutilganligi maʼlumot uchun qabul qilinsin.

2. Quyidagilarni nazarda tutuvchi Texnikumlarda kredit-modul tizimida oʻquv jarayonini tashkil etish tartibi toʻgʻrisidagi nizom 1-ilovaga muvofiq tasdiqlansin:

oʻrta boʻgʻin kadrlar tayyorlashda kredit-modul tizimi boʻyicha oʻquv jarayonini tashkil etish va taʼlim sifatini taʼminlash;

oʻquvchilar tomonidan oʻquv yili va semestr davomida toʻplanadigan kreditlar miqdori va oʻzlashtirish lozim boʻlgan fanlarni belgilash;

oʻrta boʻgʻin kadrlarni tayyorlashda kredit-modul tizimini bosqichma-bosqich joriy etish hamda oʻquvchilar oʻzlashtirishini baholash;

oʻquvchilar akademik mobilligi hamda kreditlarni tan olishni amalga oshirish, kredit-modul tizimida roʻyxatga olish xizmatini tashkil etish.

3. Oʻzbekiston Respublikasi Oliy taʼlim, fan va innovatsiyalar vazirligi:

a) tizimida texnikumlar boʻlgan vazirliklar va idoralar bilan hamkorlikda 2024/2025 oʻquv yilidan boshlab texnikumlarda kredit-modul tizimida oʻquv jarayonini tashkil etish boʻyicha:

taʼlimning kredit-modul tizimiga texnikumlarni bosqichma-bosqich oʻtkazib borish choralarini koʻrsin;

oʻquv jarayoniga kredit-modul tizimi joriy etiladigan professional taʼlim yoʻnalishlari, kasb va mutaxassisliklarining davlat taʼlim standartlari, malaka talablari, oʻquv rejalari va oʻquv dasturlarini qayta ishlab chiqsin;

4. Oʻzbekiston Respublikasi Hukumatining ayrim qarorlariga 2-ilovaga muvofiq oʻzgartirish va qoʻshimchalar kiritilsin.

5. Oʻzbekiston Respublikasi Oliy taʼlim, fan va innovatsiyalar vazirligi manfaatdor vazirliklar va idoralar bilan birgalikda oʻzlari qabul qilgan normativ-huquqiy hujjatlarni ikki oy muddatda ushbu qarorga muvofiqlashtirsin.

6. Mazkur qarorning bajarilishini nazorat qilish Oʻzbekiston Respublikasi oliy taʼlim, fan va innovatsiyalar vazirining birinchi oʻrinbosari K.X. Karimov zimmasiga yuklansin.

Vazirlar Mahkamasining 2023-yil 7-dekabrdagi 648-son qaroriga 1-ILOVA

Texnikumlarda kredit-modul tizimida oʻquv jarayonini tashkil etish tartibi toʻgʻrisidagi

1-bob. Umumiy qoidalar

1. Mazkur Nizom Oʻzbekiston Respublikasidagi texnikumlarda kredit-modul tizimida oʻquv jarayonini tashkil etish tartibini belgilaydi.

2. Texnikumlarda kredit-modul tizimida oʻquv jarayoni Kredit toʻplash va koʻchirishning Yevropa modeliga (European Credit Transfer and Accumulation System — ECTS) muvofiq tashkil qilinadi.

3. Ushbu Nizom Oʻzbekiston Respublikasi Prezidentining hujjatlari bilan alohida vakolatlar berilgan professional taʼlim tashkilotlari, nodavlat professional taʼlim tashkilotlari, Oʻzbekiston Respublikasi Adliya vazirligi tizimidagi yuridik texnikumlar va Oʻzbekiston Respublikasi hududida oʻz faoliyatini yuritayotgan xalqaro va nodavlat xorijiy professional taʼlim tashkilotlariga nisbatan tatbiq etilmaydi.

4. Texnikumlar tomonidan boshqa professional (oliy) taʼlim tashkilotlari bilan qoʻshma dasturlar doirasidagi shartnomalarda mazkur Nizomda nazarda tutilganidan boshqacha qoidalar belgilangan boʻlsa, ushbu shartnoma qoidalari qoʻllaniladi.

5. Kredit-modul tizimi joriy etiladigan taʼlim dasturlari Oʻzbekiston Respublikasi Oliy taʼlim, fan va innovatsiyalar vazirligi tomonidan belgilanadi.

6. Ushbu Nizomda quyidagi asosiy tushunchalar qoʻllaniladi:

akademik mobillik — texnikum oʻquvchilarining muayyan vaqt mobaynida respublika hududidagi yoki chet eldagi boshqa bir professional taʼlim tashkilotida taʼlim olishi;

kredit — taʼlim olish natijalariga koʻra oʻquvchi tomonidan muayyan fan boʻyicha oʻzlashtirilgan oʻquv yuklamasining oʻlchov birligi. Kreditlar qoidaga muvofiq butun sonlarda ifodalanadi;

kreditlarni koʻchirish — oʻquvchilarning akademik mobilligini taʼminlash maqsadida bir texnikumdagi taʼlim dasturida olingan kreditlarni boshqa texnikumga koʻchirish va tan olish;

kredit toʻplash — oʻquv yuklamasini oʻzlashtirish natijasida taqdim etiladigan kredit birliklarini yigʻish;

mobillik dasturi — ikki yoki undan ortiq texnikum oʻrtasida oʻzaro kelishuv asosida tashkil etiladigan dastur;

taʼlim dasturi — professional taʼlim tashkiloti bitiruvchisiga muayyan egallagan kasb yoki mutaxassislik boʻyicha kasbiy faoliyatni malakali bajarish imkonini berishga qaratilgan professional taʼlim tayyorgarligining asosiy mazmunini aniqlovchi davlat taʼlim standarti, malaka talabi, oʻquv rejasi va oʻquv dasturlaridan iborat hujjatlar toʻplami;

taʼlim dasturi katalogi — professional taʼlim tashkiloti tavsifi, kredit-modul tizimi, mavjud kasb va mutaxassisliklar, oʻquv rejalar, oʻquv dasturlari, xizmatlar va resurslar tavsifi toʻgʻrisida axborot;

taʼlim jarayonini boshqarish axborot tizimi — oʻquvchilarni roʻyxatga olish, oʻquv materiallarini tarqatish, oʻquvchilar va pedagog xodimlar oʻrtasida oʻzaro hamkorlikni taʼminlash, topshiriqlarni berish, nazoratlar oʻtkazish, baholash va uning natijalarini qayd etish kabi imkoniyatlarga ega boʻlgan elektron tizim (maxsus dasturiy vosita);

taʼlim moduli (modul) — oʻquvchida bilim, koʻnikma va malakalarni shakllantirishga qaratilgan taʼlim dasturining tarkibiy qismi sifatida nazorat qilishning tegishli turi bilan yakunlanadigan alohida oʻquv fani (uning qismi yoki oʻzaro bir sohaga doir fanlar majmui);

taʼlim elementlari — taʼlim dasturining bir qismi boʻlib, taʼlim olish natijalariga erishish va taʼlim dasturida koʻrsatilgan bilimlarni oʻzlashtirishga hamda koʻnikmalarni egallashga koʻmaklashuvchi oʻqitish turi;

transkript — taʼlim olishning tegishli davrida oʻzlashtirilgan kreditlar hamda olingan baholarning harf va raqamlardagi ifodasi koʻrsatib oʻtilgan fanlar roʻyxatini oʻz ichiga olgan belgilangan shakldagi hujjat;

oʻquvchining shaxsiy taʼlim trayektoriyasi — oʻquvchi tomonidan tanlangan hamda unga ketma-ketlikda bilimlar toʻplash va xohlagan kompetensiyalar yigʻindisiga ega boʻlish imkoniyatini beradigan yoʻnalish (marshrut, reja). Taʼlim trayektoriyasi institutsional hujjatlar va yoʻriqnomalar yordamida tuzilishi hamda turli taʼlim trayektoriyalari natijasida bir xil malaka olishga olib kelishi mumkin;

oʻquv yuklamasi — oʻquvchi tomonidan oʻquv faoliyatining barcha turlarini (maʼruza, amaliy mashgʻulot, seminar, laboratoriya ishi, kurs loyihasi (ishi), amaliyot va mustaqil ish) amalga oshirish asosida kutilgan oʻquv natijalariga erishish uchun zarur boʻlgan soatlar hajmi;

GPA (Grade Point Average) — taʼlim oluvchi tomonidan oʻzlashtirilgan kreditlari boʻyicha olgan bahosi (ballari)ning oʻrtacha qiymati boʻlib, u quyidagi formula yordamida hisoblanadi:

K n — har bir fan/modulga ajratilgan kreditlar miqdori;

K Tn — har bir fan/modul boʻyicha oʻquvchi toʻplagan kreditlar miqdori;

U n — har bir fan/modul boʻyicha oʻquvchi olgan baho (ball);

n — muayyan fan/modulning soni.

Bunda oʻquvchi faqat fan/modulni muvaffaqiyatli yakunlagan taqdirda, ushbu fan/modul boʻyicha kredit beriladi.

7. Oʻquv jarayoniga kredit-modul tizimini joriy etishning tashkiliy masalalariga oid maʼlumotlar, shu jumladan, taʼlim dasturi katalogi, akademik mobillik, taʼlim toʻgʻrisidagi maʼlumotnoma, kreditlarni tan olish va koʻchirib oʻtkazishga taalluqli hujjatlar (transkript va boshqalar), shuningdek, akademik mobillik davrida oʻquvchining bilim darajasini aniqlash boʻyicha koʻrsatkichlar va boshqa zarur hujjatlar namunalari Oʻzbekiston Respublikasi Oliy taʼlim, fan va innovatsiyalar vazirligi tomonidan ishlab chiqiladi va tasdiqlanadi.

8. Oʻquv rejasida oʻzlashtiriladigan majburiy fanlar va tanlov fanlari, ularga ajratilgan soatlar (kreditlar), oʻquv yili, nazariy va amaliy mashgʻulotlar, oʻquv va ishlab chiqarish amaliyoti, yakuniy davlat attestatsiyasi hamda boshqa zarur parametrlar aks ettiriladi. Oʻquv rejasi va oʻquv dasturi belgilangan tartibda ishlab chiqiladi hamda tasdiqlanadi.

Taʼlim dasturida kreditlarning miqdori umumiy oʻquv yuklamasi asosida koʻrsatiladi.

9. Taʼlim dasturi katalogi va oʻqitish sharoitlari toʻgʻrisidagi batafsil maʼlumotlar texnikumlarning rasmiy veb-saytiga qulay yuklanadigan shaklda oʻquv yili boshlanishidan kamida bir oy oldin joylashtiriladi.

2-bob. Oʻquv jarayonini tashkil etish va taʼlim sifatini taʼminlash

10. Oʻquv jarayoni oʻquv va nazorat tadbirlari majmuini oʻz ichiga oladi. Oʻquv tadbirlarida barcha turdagi auditoriya mashgʻulotlari, amaliyot va mustaqil ishlarning tashkil etilishi nazarda tutiladi.

Nazorat tadbirlari taʼlim oluvchilarning oʻquv rejasidagi tegishli fanlar boʻyicha bilimlarni oʻzlashtirishini va ularning natijalarini baholashni nazarda tutadi.

11. Oʻquv jarayoni oʻquvchilar, pedagog xodimlar va maʼmuriyat oʻrtasida ochiq muloqot shaklida oʻquvchiga yoʻnaltirilgan yondashuv asosida taʼlim dasturlarini inobatga olgan holda rejalashtiriladi. Ushbu jarayonda oʻquvchilarning talab va istaklari muhokama qilinadi. Barcha manfaatdor tomonlar taʼlim dasturining yaratilishi va oʻzlashtirilishining asoslangan hamda yechimga yoʻnaltirilgan muhokamasiga jalb etilishi mumkin. Muhokamada oʻquvchilar vakillari ovoz berish huquqi orqali ishtirok etadi.

12. Oʻquv jarayonini rejalashtirish quyidagi bosqichlardan iborat boʻladi:

oʻquv rejasi va oʻquv dasturini ishlab chiqish;

ishchi oʻquv rejasi hamda fanlarning ishchi oʻquv dasturini ishlab chiqish;

tanlov fanlari roʻyxatiga mos ravishda oʻquv-metodik boʻlim (yoki boʻlim boshligʻi) nazorati ostida oʻquvchilarning shaxsiy taʼlim trayektoriyasini shakllantirish;

akademik guruhlar boʻyicha oʻquv mashgʻulotlari jadvalini tuzish.

Oʻquv rejasiga oʻquvchilar tomonidan ixtiyoriy ravishda oʻzlashtiriladigan qoʻshimcha kreditlar ajratiladigan taʼlim elementlari kiritiladi. Oʻquvchining jamoat ishlaridagi faolligi, kasbiy tadbirlar, kasbiga oid faoliyatdagi ishtiroki hamda soha mutaxassislari tomonidan oʻtkaziladigan qisqa muddatli kurslardagi ishtiroki ragʻbatlantirilib, kreditlar ajratiladi.

Oʻquvchiga oʻquv yuklamasidan tashqari oʻz ixtiyoriga koʻra roʻyxati taqdim etiladigan qoʻshimcha fanlarni yoki boshqa kasb (mutaxassislik) oʻquv rejasining tanlov fanlarida mavjud fanlar roʻyxatidan qoʻshimcha fanni tanlab toʻlov-kontrakt asosida oʻqishiga ruxsat etiladi. Bunda qoʻshimcha oʻzlashtirilgan fanlar oʻquvchi oʻquv yuklamasiga (kreditlar hajmiga) qoʻshiladi hamda diplom ilovasida qayd etiladi.

13. Oʻquv yili davomiyligi taʼlim dasturi asosida belgilanadi.

Akademik davr davomida oʻquvchi tomonidan toʻplanishi lozim boʻlgan kreditlar miqdori oʻquv rejasida koʻrsatilgan majburiy va tanlov fanlarni oʻz ichiga oladi.

Majburiy va tanlov fanlar tarkibi hamda ularni oʻrganishga ajratiladigan kreditlar miqdori fanlar katalogiga muvofiq texnikum tomonidan mustaqil belgilanadi.

Oʻquvchilar shaxsiy taʼlim trayektoriyasida belgilangan tanlov fanlari doirasida fanlarni mustaqil tanlashi mumkin. Oʻquvchilarning shaxsiy taʼlim trayektoriyasini shakllantirish tartibi texnikumlar tomonidan belgilanadi.

14. Oʻquvchi bir oʻquv yilida kamida 60 kredit toʻplashi zarur. Oʻquv yili davomida oʻquvchi tomonidan oʻzlashtirilishi lozim boʻlgan kreditlar hajmi oʻquv rejasida koʻrsatilgan majburiy va tanlov fanlarni oʻz ichiga oladi.

Oʻquvchi oʻzining shaxsiy taʼlim trayektoriyasini shakllantirishda har bir oʻquv yili uchun kamida 60 kredit hajmidagi fanlarning oʻzlashtirilishini nazarda tutishi, uning tarkibida oʻquv rejasidagi majburiy fanlar boʻlishini inobatga olishi shart.

15. Oʻrta maxsus professional taʼlim dasturi asosida bitiruvchi oliy taʼlim muassasalarida ikkinchi bosqichdan oʻqishini davom ettirganda, toʻplangan jami kreditlar oliy taʼlim muassasasining birinchi bosqichida toʻplanishi lozim boʻlgan kreditga tenglashtirilgan holda hisoblanadi.

Bunda oʻrta maxsus professional taʼlim dasturi va bakalavriat taʼlim yoʻnalishi dasturi taqqoslangan holda oʻquvchi taʼlim dasturidagi fanlar farqlarini oʻquv yili yakuniga qadar oʻzlashtirishi lozim.

16. Texnikumlarda oʻquv yuklamasining hajmi oʻquv rejasi asosida belgilanadi.

Kredit-modul tizimida 1 kredit oʻrtacha 25 — 30 akademik soat hisobidagi oʻquv yuklamasiga teng qilib olinadi. Bunda oʻquvchi muayyan fandan tegishli kreditlarni toʻplashi uchun belgilab olingan miqdordagi oʻquv yuklamasini oʻzlashtirishi zarur.

Oʻquv yuklamasi auditoriya soati va mustaqil taʼlim soatiga boʻlinadi.

Taʼlim dasturi oʻquv yili uchun oʻquvchi tomonidan, qoida tariqasida, bir semestrda 30 kredit, bir oʻquv yilida 60 kredit toʻplashi inobatga olinib ishlab chiqiladi.

Kechki, sirtqi va dual taʼlim shakllari hamda taʼlim sohasi xususiyatidan kelib chiqqan holda, semestr va bir oʻquv yilidagi kreditlar miqdori texnikum pedagogik kengashining qarori bilan oʻzgarishi mumkin.

Shaxsiy taʼlim trayektoriyasi asosida tahsil olayotgan oʻquvchilar ham har bir semestr uchun 30 kredit hajmidagi fanlarni oʻzlashtirishi va ushbu fanlar tarkibida oʻquv rejasidagi majburiy fanlar boʻlishi shart.

17. Taʼlim sifatini taʼminlash va pedagog xodimlar oʻrtasida raqobatni shakllantirish maqsadida texnikumning pedagogik kengashi qaroriga asosan taʼlim jarayonini boshqarish axborot tizimi portali orqali oʻquvchilarga fan doirasida oʻquvchilarning shaxsiy taʼlim trayektoriyasini shakllantirish jarayonida pedagog kadrlarni tanlash imkoniyati beriladi.

18. Akademik qarzdor oʻquvchilarning tashabbusi bilan mavjud akademik qarzlarni topshirish texnikumda, qoida tariqasida, taʼtil vaqtida pulli asosda tashkil etiladi.

Taʼtil davrida akademik qarzlarni topshirish quyidagi tartibda tashkil qilinadi:

oʻquvchi taʼtil boshlanguniga qadar texnikum direktorining oʻquv jarayonini tashkil etishga masʼul boʻlgan oʻrinbosariga (keyingi oʻrinlarda — direktor oʻrinbosari) oʻzining taʼtil davrida oʻqish istagini bildiradi;

direktor oʻrinbosari ushbu oʻquvchiga taʼtil davri uchun dars jadvalini tuzadi va oʻquvchi toʻlov pulini toʻlaganidan soʻng darslarga kiritiladi;

taʼtil davridagi oʻqish amaldagi baholash tizimi asosida oʻquvchilar bilimini shaffof baholash tamoyiliga koʻra tashkil qilinadi.

Taʼtil davridagi oʻqishga oʻqituvchilar oʻz ixtiyorlari asosida jalb qilinadi hamda ularga soatbay asosida ish haqi toʻlanadi.

Taʼtil davridagi oʻqishni oʻquv rejasida belgilangan ishlab chiqarish amaliyotlari va boshqa oʻquv mashgʻulotlari hisobidan oʻtkazishga yoʻl qoʻyilmaydi.

3-bob. Oʻquvchilarning oʻzlashtirishini baholash tizimi

19. Taʼlim dasturi doirasida texnikum oʻquvchilarining bilimini baholash qonunchilik hujjatlarida belgilangan tartibda amalga oshiriladi.

20. Fanning ishchi oʻquv dasturida belgilangan baholash tartibiga muvofiq hamda ijobiy baholar doirasida baholangan oʻquvchilarga kreditlar beriladi.

Oʻquvchi belgilangan taʼlim olish natijalariga erisha olmagan taqdirda, kreditlar berilmaydi.

21. Baholash usullari oʻquvchining fan doirasidagi yutuqlarini aks ettiruvchi va tasdiqlovchi yozma, ogʻzaki, amaliy ish, loyiha ishi kabi nazorat turlarini oʻz ichiga qamrab oladi.

Baholash mezoni oʻqitish natijalariga erishilganligini aks ettirishi shart.

22. Bir texnikumdagi baholash tizimi boshqa bir texnikumdagi yoki (xorijiy) professional taʼlim tashkilotidagi baholash tizimi bilan qiyosiy taqqoslash orqali baholash tizimiga konvertatsiya qilinib, kreditlarni koʻchirish amalga oshiriladi.

4-bob. Oʻquvchilarning akademik mobilligi va kreditlarni tan olish

23. Akademik mobillikni taʼminlash va oʻquvchining kreditlari boshqa texnikumlar tomonidan tan olinishida quyidagi hujjatlardan foydalaniladi:

taʼlim dasturi katalogi;

taʼlim toʻgʻrisidagi kelishuv, maʼlumotnoma va transkript.

Mazkur hujjatlar taʼlim olish natijalarini aks ettiradi va texnikumlarga kreditlarni tan olish va oʻqishni koʻchirib oʻtkazishni koʻrib chiqish uchun asos hisoblanadi.

24. Akademik mobillik doirasida oʻquvchining barcha kreditlari texnikum tomonidan taʼlim dasturini oʻzlashtirishda toʻliq hisobga olinadi.

25. Oʻquvchi joʻnatuvchi texnikum tavsiyasiga asosan qabul qiluvchi texnikumga akademik mobillikni amalga oshirish uchun zarur hujjatlarni topshiradi.

Joʻnatuvchi texnikum tomonidan oʻquvchiga belgilangan shakldagi transkript taqdim etiladi.

26. Oʻquvchining akademik mobillik davrida oʻzlashtirishi belgilangan fanlarni joʻnatuvchi texnikumning roziligisiz va u bilan kelishmasdan oʻzgartirish mumkin emas.

Xorijdagi hamkor professional taʼlim tashkilotining fan dasturida belgilangan taʼlim olish natijalari texnikumning fan dasturi boʻyicha taʼlim olish natijalariga mos kelishi yoki ularni toʻldirishi lozim.

27. Qabul qiluvchi texnikumda oʻquvchi tomonidan oʻzlashtiriladigan fanlar joʻnatuvchi texnikumning fanlariga integratsiya qilinganligi, shuningdek, akademik mobillik davrida oʻquvchining bilim darajasini aniqlovchi koʻrsatkichlarning joʻnatuvchi va qabul qiluvchi texnikumning baholash tizimlariga konvertatsiya qilinganligi akademik mobillik toʻgʻrisidagi shartnomada aniq koʻrsatilgan boʻlishi lozim.

Qabul qiluvchi texnikumda oʻzlashtiriladigan kreditlar miqdori texnikumda yoki xorijda oʻqish davriga (3 — 6 oy yoki 1 yilga) mutanosib boʻlishi kerak. Joʻnatuvchi texnikum tomonidan oʻquvchi akademik mobillik davrida oʻzlashtirgan (toʻliq yoki qisman) kreditlari tan olinadi. Oʻquvchi joʻnatuvchi texnikumga qaytib kelganda, akademik mobillik davrida toʻplangan kreditlar miqdoridan kelib chiqib, amaldagi tartibga koʻra uni keyingi bosqichga oʻtkazish yoki bosqichda qoldirish belgilanadi.

Texnikumning hamkor tashkilotlar bilan birgalikda ishlab chiqilgan taʼlim dasturlari doirasida akademik mobillik uchun taʼlim toʻgʻrisidagi kelishuvlar tuzishi talab etilmaydi.

28. Texnikum oʻquvchilarining oʻqishini koʻchirish, oʻqishdan chetlashtirish, qayta tiklash va kursdan kursga oʻtkazish Vazirlar Mahkamasining 2020-yil 7-avgustdagi 466-son qarori bilan tasdiqlangan Oʻzbekiston Respublikasida uzluksiz boshlangʻich, oʻrta va oʻrta maxsus professional taʼlim toʻgʻrisidagi nizomga muvofiq amalga oshiriladi.

Oʻqishini boshqa texnikumlarga koʻchirishga ruxsat berilgan oʻquvchilarning tegishli mutaxassisligi oʻquv rejasi taqqoslangan holda fanlar va kreditlar miqdoridagi farqlar aniqlanadi.

Bunda toʻplanishi lozim boʻlgan kreditlar miqdorining 10 foizigacha oʻzgarish boʻlganda farq qilgan fanlarni joriy oʻquv yili yakuniga qadar oʻzlashtirish lozim boʻladi.

Toʻplanishi lozim boʻlgan kreditlar miqdoridagi farq 10 foiz va undan yuqori boʻlgan hollarda oʻquvchi mazkur bosqichni qaytadan oʻqishi lozim.

5-bob. Kredit-modul tizimida roʻyxatga olish xizmatini tashkil etish

29. Roʻyxatga olish xizmatlari taʼlim va oʻquvchilar bilimini baholash jarayonlarini alohida yuritish, oʻquvchilar haqidagi akademik maʼlumotlarni elektron tarzda avtomatik boshqarish hamda yakuniy nazoratlarni oʻtkazish maqsadida tashkil etiladi.

30. Roʻyxatga olish xizmati oʻquvchiga tanlagan mutaxassisligi boʻyicha yuqori darajadagi bilim, koʻnikma va malakalarga erishishda yordam berishga qaratilgan boʻlib, quyidagi funksiyalarni qamrab oladi:

oʻquv jarayoni jadvalini tuzish va bajarilishini nazorat qilish;

oʻquvchilarning fanlarga roʻyxatdan oʻtishini nazorat qilish;

akademik guruhlarni shakllantirish;

oraliq, yakuniy baholashlar va yakuniy davlat attestatsiyasi oʻtkazilishini nazorat qilish;

maʼlumotlar bazasini shakllantirish va muntazam yangilab borish;

taʼlim olayotgan oʻquvchilar haqidagi maʼlumotlarning saqlanishini tashkil etish;

transkript shakllarini shakllantirish va oʻquvchilarning maʼlumotlarini kiritish;

oʻquvchilar kontingenti boʻyicha statistikani yuritish.

31. Roʻyxatga olish xizmatlari oʻquv-metodik boʻlim tomonidan amalga oshiriladi. Texnikumlarning moliyaviy imkoniyatlaridan kelib chiqqan holda budjetdan tashqari mablagʻlar hisobidan Taʼlimning kredit tizimini boshqarish sektori tashkil etilishi mumkin.

32. Roʻyxatga olish xizmati belgilangan jadvalga muvofiq oʻquvchilarni fanlarga roʻyxatdan oʻtkazadi va oʻquvchining shaxsiy taʼlim trayektoriyasini shakllantiradi.

Oʻquvchining shaxsiy taʼlim trayektoriyasi ular tomonidan mustaqil ravishda guruh murabbiyi yordamida oʻquv rejasi va tanlov fanlari asosida umumiy oʻqish davri uchun tuziladi.

Oʻquvchi shaxsiy taʼlim trayektoriyasiga har oʻquv yilidan oldin oʻzgartirish yoki qoʻshimchalar kiritishi mumkin.

33. Oʻquvchining shaxsiy taʼlim trayektoriyasi asosida roʻyxatga olish xizmati akademik guruhlarni shakllantiradi va muayyan bir fanga yozilish yetarli boʻlmagan taqdirda, shaxsiy taʼlim trayektoriyasini oʻzgartirish zarurligi toʻgʻrisida oʻquvchilarga xabar beradi.

Oʻquvchining shaxsiy taʼlim trayektoriyasi shakllantirib boʻlingandan soʻng roʻyxatga olish xizmati dars jadvalini tuzish uchun texnikum oʻquv-metodik boʻlimiga akademik guruhlar toʻgʻrisida maʼlumot beradi.

34. Roʻyxatga olish xizmati har bir oʻquvchini roʻyxatdan oʻtkazish sanasi va vaqtini belgilaydi (oʻquvchi tomonidan yetarli GPA koʻrsatkichlarining toʻplaganligi va toʻlov-kontrakt amalga oshirilganligiga qarab).

Birinchi bosqich oʻquvchilarini roʻyxatdan oʻtkazish ular bilan akademik va kasbga yoʻnaltirish tadbirlari amalga oshirilganidan soʻng boshlanadi.

35. Oʻquvchilar tanlagan fanlarini har semestrning birinchi haftasi ichida oʻzgartirishi mumkin.

6-bob. Yakunlovchi qoidalar

36. Texnikumda taʼlim olishning toʻlov-kontrakt miqdori qonunchilik hujjatlariga muvofiq belgilanadi.

37. Fanlar boʻyicha qayta taʼlim olish uchun toʻlov qiymati texnikum tomonidan butun oʻquv yilining toʻlov-kontrakt summasidan kelib chiqqan holda belgilanadi.

Qayta taʼlim olish uchun toʻlov-kontrakt mexanizmi texnikum tomonidan bir kredit qiymatini hisoblash asosida aniqlanadi.

Bir kredit qiymati oʻquv yili davomidagi taʼlim olish uchun toʻlanadigan bazaviy toʻlov-kontrakt miqdorini rejalashtirilgan kreditlar miqdoriga boʻlish yoʻli bilan belgilanadi.

38. Taʼlim dasturida belgilangan natijalarga erishish hamda kredit-modul tizimi toʻgʻri va haqqoniy qoʻllanilayotganligini aniqlash va baholash maqsadida oʻquv jarayonining monitoringi oʻtkaziladi.

Monitoring texnikum va oliy taʼlim tashkiloti tomonidan soʻrovnoma, intervyu olish yoki erishilgan natijalarni tahlil qilish va boshqa usullarda amalga oshirilishi mumkin.

39. Oʻquvchi oʻquv rejasida nazarda tutilgan kreditlarni toʻplasa, shu jumladan, yakuniy davlat attestatsiyasidan muvaffaqiyatli oʻtsa, professional taʼlimning tegishli darajasiga ega boʻladi va unga belgilangan tartibda davlat namunasidagi diplom beriladi.

40. Oʻquvchilarning shaxsiy taʼlim trayektoriyalariga tegishli maʼlumotnomalar, kreditlarni tan olish va oʻqishini koʻchirib oʻtkazishga taalluqli hujjatlar, transkriptlar, imtihon qaydnomalari 75 yil davomida texnikumlar arxivida saqlanadi.

Vazirlar Mahkamasining 2023-yil 7-dekabrdagi 648-son qaroriga 2-ILOVA

Oʻzbekiston Respublikasi Hukumatining ayrim qarorlariga kiritilayotgan oʻzgartirish va qoʻshimchalar

Oʻzbekiston Respublikasining Bosh vaziri A. ARIPOV

Toshkent sh.,

2023-yil 7-dekabr,

648-son

(Qonunchilik maʼlumotlari milliy bazasi, 11.12.2023-y., 09/23/648/0929-son; 21.08.2026-y., 09/26/451/0866-son; 02.10.2026-y., 09/26/526/0994-son)

lex.uz