UzbekAI

← Qonunlar

📅 2023-yil 14-dekabr · Vazirlar Mahkamasi qarorlari

Rasmiy matn. Rasmiy hujjat. Tahririy izohlar kiritilmagan.

Yordam | Arxiv | Atamalar | Statistika | API | Havola yuborish | Sayt haqida | Shartlar

← Қонунлар

📅 2023 йил 14 декабрь · Вазирлар Маҳкамаси қарорлари

Расмий матн. Расмий ҳужжат. Таҳририй изоҳлар киритилмаган.

Ёрдам | Архив | Атамалар | Статистика | API | Ҳавола юбориш | Сайт ҳақида | Шартлар

← Законы

📅 14 декабря 2023 г. · Постановления Кабинета Министров

Официальный текст. Официальный документ. Редакционные примечания не включены.

Помощь | Архив | Термины | Статистика | API | Предложить ссылку | О сайте | Условия

← Laws

📅 14 December 2023 · Cabinet of Ministers resolutions

Official text. Official document. Editorial notes are not included.

Help | Archive | Glossary | Stats | API | Submit | About | Terms

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг

қарори

НИЗОМ

МАЪЛУМОТ

РЎЙХАТИ

Ижтимоий солиқни тақсимлаш, пенсия ва бошқа тўловларни тўлаш учун ажратилган харажатларни қоплаш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида

Мамлакатимизда кекса ва меҳнатга лаёқатсиз фуқароларга давлат хизматларини кўрсатиш тизими босқичма-босқич ислоҳ қилиниб, пенсия тайинлаш тартибини соддалаштириш, рақамлаштириш, ортиқча бюрократик тўсиқларни бартараф этиш, пенсия таъминоти тизимида давлат хизматларини кўрсатиш сифатини тубдан яхшилаш ҳамда аҳолини ижтимоий ҳимоя қилишни янада кучайтириш, ижтимоий адолат тамойилларидан келиб чиқиб, уларни моддий жиҳатдан қўллаб-қувватлаш борасида тизимли чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.

Фуқароларнинг давлат пенсия таъминоти соҳасидаги қонунчилик ҳужжатларини такомиллаштириш, шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Президентининг «2022 — 2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистоннинг Тараққиёт стратегияси тўғрисида» 2022 йил 28 январдаги ПФ-60-сон Фармонига мувофиқ Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:

1. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2022 йил 28 январдаги ПФ-60-сон Фармони билан тасдиқланган 2022 — 2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистоннинг Тараққиёт стратегиясининг:

а) 53-мақсадида мажбурий ижтимоий кафолатлар бўйича қонунчиликни тизимлаштириш ва такомиллаштириш, белгиланган ижтимоий ҳимоянинг қатъий таъминланишини назорат қилиш;

б) 54-мақсадида пенсия таъминоти тизимини такомиллаштириш белгиланганлиги маълумот учун қабул қилинсин.

2. Қуйидагиларни назарда тутувчи Ижтимоий солиқни тақсимлаш, пенсия ва бошқа тўловларни тўлаш учун ажратилган харажатларни қоплаш тартиби тўғрисидаги низом 1-иловага мувофиқ тасдиқлансин:

ижтимоий солиқни тўлаш, ундириш ва тақсимлаш тартиби;

имтиёзли асосларда ва муддатидан олдин тайинланган ёшга доир пенсияларни тўлашга йўналтирилган маблағларни юридик шахслар томонидан қоплаш тартиби;

ходимларнинг меҳнат вазифаларини бажариш билан боғлиқ ҳолда меҳнатда майиб бўлиш ва касб касаллиги оқибатида қонунчилик ҳужжатларига асосан тайинланган боқувчисини йўқотганлик ва ногиронлик пенсияларини қоплаш тартиби;

юридик шахслар томонидан ногиронлиги бўлган 16 ёшгача болаларнинг қонуний вакилига қўшимча дам олиш кунлари учун қўшимча тўлов харажатларини молиялаштириш тартиби.

3. Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг 2-иловага мувофиқ айрим қарорлари ўз кучини йўқотган деб ҳисоблансин.

4. Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт ва молия вазирлиги манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда ўзлари қабул қилган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни икки ой муддатда ушбу қарорга мувофиқлаштирсин.

5. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари — иқтисодиёт ва молия вазири Ж.А. Қўчқоров зиммасига юклансин.

Вазирлар Маҳкамасининг 2023 йил 14 декабрдаги 661-сон қарорига 1-ИЛОВА

Ижтимоий солиқни тақсимлаш, пенсия ва бошқа тўловларни тўлаш учун ажратилган харажатларни қоплаш тартиби тўғрисида

1-боб. Умумий қоидалар

1. Мазкур Низом ижтимоий солиқни тақсимлаш, пенсия ва бошқа тўловларни тўлаш учун ажратилган харажатларни қоплаш тартибини белгилайди.

2. Ижтимоий солиқ тўловчилар, солиқ солиш объекти, солиқ солинадиган база, имтиёзлар, уларни ҳисоблаб чиқариш, тўлаш ва тақсимлаш тартиби Ўзбекистон Республикасининг Солиқ кодекси ва бошқа қонунчилик ҳужжатлари билан белгиланади.

3. Ижтимоий солиқни Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ҳузуридаги бюджетдан ташқари Пенсия жамғармаси (кейинги ўринларда — Пенсия жамғармаси), Ўзбекистон Республикаси Бандликка кўмаклашиш давлат жамғармаси ва Аҳолини тадбиркорликка жалб қилиш жамғармаси ҳамда Ўзбекистон Касаба уюшмалари Федерацияси ўртасида тақсимлаш миқдорлари Ўзбекистон Республикаси Президентининг ҳужжатлари билан белгиланади.

4. Юридик шахслар ходим Ўзбекистон Республикасининг «Фуқароларнинг давлат пенсия таъминоти тўғрисида»ги Қонуни (кейинги ўринларда — Қонун) 7-моддасида назарда тутилган пенсия ёшига етгунига қадар Қонуннинг 12-моддаси «б» бандига мувофиқ тайинланган пенсиялар бўйича харажатларни қоплайдиган тўловни 100 фоиз миқдорида, лекин ушбу Низомда назарда тутилган минимал миқдордан кам бўлмаган миқдорда Пенсия жамғармасига ўтказадилар.

2-боб. Ижтимоий солиқни тўлаш, ундириш ва тақсимлаш

5. Ижтимоий солиқ солиқ тўловчилар томонидан ҳисобот ойи учун ҳисобланган иш ҳақи фонди ва солиқ ставкаларидан келиб чиққан ҳолда, мустақил равишда ҳисоблаб чиқарилади.

Ижтимоий солиқ юридик шахслар томонидан қўшимча тўлов, болалар соғломлаштириш оромгоҳлари ва санаторий-профилакторийларнинг таъминоти учун бирор-бир чегирмаларсиз ҳисоблаб ёзилган сумманинг тўлиқ ҳажмида ўтказилади.

6. Ижтимоий солиқни тўлаш учун маблағлар юридик шахслар томонидан қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ҳузуридаги Ғазначилик хизмати қўмитасида (кейинги ўринларда — Ғазначилик қўмитаси) очилган Ягона ғазна ҳисобварағига ўтказилади.

7. Ғазначилик қўмитаси Ягона ғазна ҳисобварағига келиб тушган ва даромадлар бўйича тегишли шахсий ғазна ҳисобварақларида акс эттирилган ижтимоий солиқ суммаларини қонунчилик ҳужжатларида белгиланган миқдорларда автоматик тарзда ахборот тизими орқали қуйидагиларга тақсимлайди:

Пенсия жамғармасига;

Ўзбекистон Республикаси Бандликка кўмаклашиш давлат жамғармаси ва Аҳолини тадбиркорликка жалб қилиш жамғармасига;

Ўзбекистон Касаба уюшмалари Федерацияси ва унинг ҳудудий кенгашларига.

8. Ўзбекистон Республикаси Бандликка кўмаклашиш давлат жамғармаси ва Аҳолини тадбиркорликка жалб қилиш жамғармасига ижтимоий солиқ бўйича ажратмаларнинг бир қисми кўринишида келиб тушган маблағлар қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ белгиланган тартибда тақсимланади.

9. Ўзбекистон Касаба уюшмалари Федерацияси ва унинг ҳудудий кенгашларига ижтимоий солиқ бўйича ажратмаларнинг бир қисми кўринишида келиб тушган маблағлар қуйидаги тартибда тақсимланади ҳамда сарфланади:

келиб тушган маблағлар умумий миқдорининг 70 фоизи Ўзбекистон Касаба уюшмалари Федерациясининг ҳудудий кенгашларида қолади ва улар томонидан тасдиқланган бюджетларга мувофиқ сарфланади;

келиб тушган маблағлар умумий миқдорининг 30 фоизи Ўзбекистон Касаба уюшмалари Федерациясига маблағларнинг кейинчалик белгиланган тартибда сарфланиши учун ўтказилади.

10. Юридик шахсларнинг ходимларидан даволаниш ва дам олишга йўлланмалар учун қисман ундириладиган маблағлар хизмат кўрсатувчи тижорат банклари томонидан Ўзбекистон Касаба уюшмалари Федерациясининг ҳудудий кенгашларининг иккиламчи депозит ҳисобварақларига кирим қилинади, келиб тушган маблағлар кейинчалик ушбу Низомнинг 9-бандида белгиланган тартибда тақсимланади.

11. Ғазначилик қўмитаси томонидан ҳар куни реал вақт режимида келиб тушган ижтимоий солиққа оид маълумотлар электрон шаклда ахборот-коммуникация технологияларидан фойдаланган ҳолда, Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт ва молия вазирлигига, Пенсия жамғармасига, Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Солиқ қўмитасига, Ўзбекистон Республикаси Бандликка кўмаклашиш давлат жамғармаси ва Аҳолини тадбиркорликка жалб қилиш жамғармасига ҳамда Ўзбекистон Касаба уюшмалари Федерациясига тақдим этилади.

3-боб. Ижтимоий солиқнинг тўланиши, маблағларнинг сарфланиш ҳисоби, ҳисоботи ва назорати

12. Юридик шахслар ижтимоий солиқ тўланиши бўйича ҳисоб-китобларни ўзлари солиқ тўловчи сифатида рўйхатга олинган солиқ хизмати органлари билан биргаликда юритади.

13. Юридик шахслар иш ҳақи шаклидаги даромадлардан ижтимоий солиқ суммасини белгиланган тартибда ҳисоблаб ёзадилар ва уни қуйидаги бухгалтерия ўтказмаси билан акс эттирадилар:

а) иш ҳақи шаклидаги даромадлардан ижтимоий солиқ суммалари харажатларни ҳисобга олиш ҳисобварақларида (2000, 2300, 2500, 2600, 2700, 9400) 6520 «Мақсадли давлат жамғармаларига тўловлар» ҳисобварағи кредити бўйича акс эттирилади;

б) тегишли қўшимча тўловларнинг талаб қилинган суммалари;

6710 «Ходимлар билан меҳнатга ҳақ тўлаш бўйича ҳисоб-китоблар» ҳисобварағида 4890 «Бошқа дебиторларнинг қарзлари» ҳисобварағи дебети бўйича акс эттирилади;

в) тегишли маблағ суммаларининг Пенсия жамғармасидан келиб тушиши 4890 «Бошқа дебиторларнинг қарзлари» ҳисобварағида маблағларни ҳисобга олувчи ҳисобварақларнинг дебети бўйича акс эттирилади;

г) ходимларга тегишли қўшимча тўлов бўйича маблағлар суммаси тўлови маблағларни ҳисобга олиш ҳисобварақларида 6710 «Ходимлар билан меҳнатга ҳақ тўлаш бўйича ҳисоб-китоблар» ҳисобварағининг дебети бўйича акс эттирилади.

14. Юридик шахсларнинг бухгалтерия ҳисобида иш ҳақи шаклидаги даромадлардан ижтимоий солиқнинг ҳисоблаб ёзилиши ва ўтказилиши, шунингдек, қўшимча тўлов тўлаш билан боғлиқ харажатларнинг акс эттирилиши ҳар ойда ҳисобот давридан кейинги ойнинг ўн бешинчи кунидан кечиктирмай, йил якунлари бўйича эса — кейинги йилнинг 15 февралидан кечиктирмай амалга оширилади.

15. Солиқ ҳар ойда солиқ ҳисоботини тақдим этиш муддатларидан кечиктирмай тўланади.

16. Ўзбекистон Республикаси Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлиги, Пенсия жамғармаси ижро этувчи аппарати ва Ўзбекистон Касаба уюшмалари Федерацияси ҳар чоракда Иқтисодиёт ва молия вазирлигига ижтимоий солиқ бўйича келиб тушган маблағлар ва уларнинг сарфланиши тўғрисида йиғма ҳисобот тақдим этади.

17. Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ижтимоий солиқ бўйича келиб тушган маблағлар ва уларнинг сарфланишига тааллуқли қўшимча маълумотларни Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлиги ҳамда Ўзбекистон Касаба уюшмалари Федерациясидан талаб қилиш ҳуқуқига эга.

4-боб. Қонунга мувофиқ пенсияларни тўлашга сарфланган харажатларни қоплаш тартиби

18. Пенсия жамғармасига Қонуннинг 12-моддаси «б» банди ва 14-моддасига мувофиқ, шунингдек, ходимларнинг меҳнат вазифаларини бажариш билан боғлиқ ҳолда меҳнатда майиб бўлиш ва касб касаллиги оқибатида тайинланган боқувчисини йўқотганлик ва ногиронлик пенсияларини тўлашга сарфланган харажатлар Қонуннинг 66-моддаси иккинчи ва учинчи қисмлари асосида қопланади.

Солиқ органлари солиқ тўловчининг шахсий карточкасида Пенсия жамғармасининг туман (шаҳар) бўлимлари томонидан Қонуннинг 12-моддаси «б» банди ва 14-моддасига мувофиқ тайинланган пенсиялар, ходимларнинг меҳнат вазифаларини бажариш билан боғлиқ ҳолда меҳнатда майиб бўлиш ва касб касаллиги оқибатида тайинланган боқувчисини йўқотганлик ва ногиронлик пенсияларини тўлашга сарфланган харажатлар тўғрисидаги маълумотлар асосида тўланган ва ҳисобланган суммаларни акс эттириш орқали бюджет тизимига тушумлар, шу жумладан, пеня ва жарималар ҳисобини юритади.

19. Юридик шахслар ҳар йили 1 февралга қадар ходим Қонуннинг 7-моддасида назарда тутилган пенсия ёшига етгунига қадар Қонуннинг 12-моддаси «б» бандига мувофиқ тайинланган пенсияларни олдинги йил учун тўлашга сарфланган Пенсия жамғармасининг ҳақиқий харажатларини тўлиқ қоплайди.

Кўрсатиб ўтилган харажатларни юридик шахс ўзи солиқ тўловчи сифатида рўйхатга олинган солиқ хизмати органларининг хизмат кўрсатувчи тижорат банкларида очилган Пенсия жамғармасининг тегишли даромадлар транзит ҳисобрақамларига ўтказади.

Агар кўрсатиб ўтилган пенсияларни тўлашга сарфланган олдинги йил учун Пенсия жамғармасининг ҳақиқий харажатлари аниқланадиган қоплаш учун зарур суммаларнинг минимал миқдоридан кам бўлса, қоплаш учун зарур суммаларнинг минимал миқдори тўланади.

Юридик шахслар ҳисобот йилининг 1 февралидан кечикмаган ҳолда, ўзлари солиқ тўловчи сифатида рўйхатга олинган солиқ хизмати органларига ушбу Низомга 1-иловага мувофиқ шаклдаги ҳисоб-китобни тақдим этади.

20. Қонуннинг 12-моддаси «б» бандига мувофиқ тайинланган пенсияларни тўлашга сарфланган харажатларни қоплаш учун зарур суммаларнинг минимал миқдори қуйидаги тартибда аниқланади:

Қонуннинг 12-моддаси «б» бандида назарда тутилган иш жойларига эга бўлган юридик шахслар ана шундай иш ўринларининг рўйхатини, касблар, лавозимлар номини, ушбу иш жойларида ишловчи ишчиларнинг йиллик ўртача сонини, иш ўринларини меҳнат шароитлари ва асбоб-ускуналарнинг жароҳатлаш хавфлилиги юзасидан аттестациядан ўтказиш натижаларини ҳисобга олган ҳолда аниқлайдилар;

ушбу иш жойларидан йил давомида имтиёзли шартларда пенсияга чиқадиган ходимларнинг сони уларнинг йиллик ўртача сонининг 3 фоизи миқдорида қабул қилинади. Қонуннинг 31-моддасига мувофиқ уларга тегишли пенсия миқдорини аниқлаш учун кўрсатиб ўтилган касбларда ишлаган ходимларнинг ўртача ойлик иш ҳақи олдинги йил маълумотлари бўйича ҳисоблаб чиқарилади. Пенсия миқдори кўрсатиб ўтилган ўртача ойлик иш ҳақининг 60 фоизига тенг бўлади.

21. Пенсия жамғармасининг юридик шахс солиқ ҳисобига қўйилган жойдаги ҳудудий бошқармаси ва туман (шаҳар) бўлими кўрсатиб ўтилган пенсияларни тўлашга сарфланган олдинги йил учун Пенсия жамғармасининг амалдаги харажатлари тўғрисидаги маълумотларнинг умумий тўпламини, жумладан, Пенсия жамғармасининг пенсионерларни ҳисобга олиш жойидаги ҳудудий бошқармаларидан ва туман (шаҳар) бўлимларидан олинган маълумотларни ҳисобга олган ҳолда чиқаради ва пенсия тўланган йилдан кейинги йилнинг 10 январига қадар уни тегишли юридик шахсга етказади.

Юридик шахс тегишли маълумотлар олинган кундан бошлаб ўн кун муддатда кўрсатиб ўтилган пенсияларни тўлашга сарфланган олдинги йил учун Пенсия жамғармасининг амалдаги харажатларини солиштириб чиқиши шарт.

Пенсия жамғармасининг туман (шаҳар) бўлимлари ҳар йили Қонуннинг 12-моддаси «б» бандига мувофиқ пенсия тўланган йилдан кейинги йилнинг йигирманчи январига қадар юридик шахс ўзи солиқ тўловчи сифатида рўйхатга олинган солиқ хизмати органларига ахборот-коммуникация технологияларидан фойдаланган ҳолда, ўтган йилда пенсияларни тўлашга сарфланган харажатлар ҳақида маълумотни тақдим этади.

Пенсия жамғармасининг туман (шаҳар) бўлимлари томонидан, жумладан, ахборот-коммуникация технологияларидан фойдаланган ҳолда тақдим этилган пенсияларни тўлашга сарфланган харажатлар ҳақидаги маълумот юридик ёки жисмоний шахсларнинг шахсий ҳисобварағида ушбу Низомнинг 19-бандида кўзда тутилган муддатда тўланиши лозим бўлган сумма сифатида акс эттирилади. Бунда ҳисоб-китоб бўйича тўланиши лозим бўлган сумма тўланган пенсия суммасидан кам бўлиши мумкин эмас.

22. Пенсия жамғармасининг юридик шахс солиқ тўловчи сифатида рўйхатга олинган жойдаги ҳудудий бошқармалари қонунчиликка мувофиқ ушбу Низомнинг 21-бандида кўрсатилган маблағлар юридик шахслар томонидан ўз вақтида тўланмаган тақдирда, регресс даъволар бўйича юридик шахслардан ундириб олиш ҳуқуқига эга.

23. Юридик шахс солиқ тўловчи сифатида рўйхатга олинган жойдаги Пенсия жамғармасининг туман (шаҳар) бўлимлари ҳар чоракда Ўзбекистон Республикаси Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлиги томонидан тақдим этилган меҳнат шароитлари бўйича иш ўринларини аттестациядан ўтказиш сифати юзасидан Давлат экспертизасидан ўтган юридик шахслар ҳисоби тўғрисидаги маълумотлар асосида солиқ хизмати органларини ушбу Низомга 1-иловага мувофиқ шаклдаги ҳисоб-китобни топшириши лозим бўлган юридик шахслар ҳақида хабардор қилади.

24. Юридик шахс тугатилаётганда тугатиш комиссияси (тугатувчи) мажбурий тартибда Қонуннинг 12-моддаси «б» бандида назарда тутилган иш ўринлари бўйича энг камида минимал талаб қилинган махсус иш стажига эга бўлган шахсларга улар Қонуннинг 7-моддасида назарда тутилган пенсия ёшига етгунига қадар бўлган муддатга пенсия тўлаш учун сарфланадиган маблағларни амалга ошириш кунида белгиланган пенсия миқдорида капиталлаштирилишни ҳисобга олган ҳолда ажратадилар.

Пенсия миқдори Қонуннинг 31-моддасига мувофиқ аниқланган ўртача ойлик иш ҳақининг 60 фоизига тенг бўлади.

25. Қонуннинг 12-моддаси «б» бандига мувофиқ тайинланган пенсия ҳар хил иш берувчиларда ишлаган фуқаро учун ҳисобланган тақдирда, Пенсия жамғармасининг харажатлари ҳар бир иш берувчининг маблағлари ҳисобидан солидар тартибда қопланади.

26. Пенсия жамғармасининг туман (шаҳар) бўлимлари ҳар ойда Қонуннинг 14-моддасига мувофиқ пенсия тўланган ойдан кейинги ойнинг 15-санасига қадар Ўзбекистон Республикаси Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлигининг туман (шаҳар) камбағалликни қисқартириш ва бандликка кўмаклашиш бўлимларига (кейинги ўринларда — маҳаллий меҳнат органи) ишсиз мақомига эга бўлган шахсларга муддатидан олдин пенсиялар тўлашга сарфланган харажатларни қоплаш учун зарур бўлган суммалар тўғрисидаги маълумотни тақдим этади. Шунингдек, бир вақтнинг ўзида маълумотни ахборот-коммуникация технологияларидан фойдаланган ҳолда солиқ хизмати органларига ҳам тақдим этади.

27. Маҳаллий меҳнат органи ушбу Низомнинг 28-бандида кўрсатилган харажатларни қоплаш учун маблағларни шахс Қонуннинг 7-моддасида белгиланган пенсия ёшига етгунига қадар Пенсия жамғармасининг туман (шаҳар) бўлимлари ҳисобрақамларига Ғазначилик қўмитасининг бўлимлари орқали ўтказади.

28. Маҳаллий меҳнат органи ҳар ойда Қонуннинг 14-моддасига мувофиқ тайинланган пенсиялар тўланган ойдан кейинги ойнинг 25-санасидан кечиктирмасдан ушбу харажатларни қоплайди.

29. Пенсионер ҳисобда турган жой бўйича Пенсия жамғармасининг ҳудудий бошқармалари ушбу Низомнинг 28-бандида кўрсатилган пенсияларни тўлашга сарфланган маблағларни маҳаллий меҳнат органи томонидан ўз вақтида тўланмаган тақдирда, қонунчиликка мувофиқ регресс даъво аризалари бўйича ундиради.

30. Пенсионернинг яшаш жойи бўйича Пенсия жамғармасининг ҳудудий бошқармаси ҳар ойда кейинги ойнинг 1-санасига қадар юридик шахсга меҳнат вазифаларини бажариш билан боғлиқ ҳолда меҳнатда майиб бўлиш ва касб касаллиги оқибатида тайинланган боқувчисини йўқотганлик ҳамда ногиронлик пенсияларини тўлашга сарфланган харажатларни қоплаш тўғрисида регресс талабномани юборади.

31. Пенсионер ҳисобда турган жой бўйича Пенсия жамғармасининг туман (шаҳар) бўлимлари ходимларнинг меҳнат вазифаларини бажариш билан боғлиқ ҳолда меҳнатда майиб бўлиш ва касб касаллиги оқибатида тайинланган боқувчисини йўқотганлик ҳамда ногиронлик пенсиялари тўланган ойдан кейинги ойнинг 15-санасига қадар ахборот-коммуникация технологияларидан фойдаланган ҳолда, солиқ хизмати органларига амалга оширилган харажатларини ундириш (қоплаш) тўғрисидаги маълумотларни етказадилар.

32. Ходимларнинг меҳнат вазифаларини бажариш билан боғлиқ ҳолда меҳнатда майиб бўлиш ва касб касаллиги оқибатида тайинланган боқувчисини йўқотганлик ва ногиронлик пенсиялари суммалари юридик шахслар томонидан мазкур пенсиялар тўланган бутун давр учун қопланади. Бунда харажатлар тўлови ҳар ойда пенсия тўланган ойдан кейинги ойнинг 25-санасидан кечиктирмасдан амалга оширилади.

Пенсионернинг ҳисобга турган жойи бўйича Пенсия жамғармасининг ҳудудий бошқармалари ушбу Низомда кўрсатилган пенсияларни тўлашга сарфланган маблағлар юридик шахслар томонидан ўз вақтида тўланмаган тақдирда, қонунчиликка мувофиқ регресс даъво аризалари бўйича юридик шахслардан ундирилишини (қопланишини) таъминлайдилар.

33. Ходим меҳнатда майиб бўлиш ва касб касаллиги оқибатида меҳнат қобилиятини ҳар хил иш берувчиларда йўқотган тақдирда, ҳар бир иш берувчи маблағларни солидар тартибда қоплайди.

Агар меҳнатда майиб бўлиш ва касб касаллиги оқибатида меҳнат қобилиятини йўқотиш даражасини бирламчи аниқлашда (биринчи иш берувчида) ногиронлик гуруҳи белгиланмаган бўлиб, кейинчалик эса янги олинган меҳнатда майиб бўлиш ёки касб касаллиги оқибатида меҳнат қобилиятини йўқотиш даражаси ногиронлик гуруҳини белгилаш билан бирга амалга оширилган бўлса, пенсияларни тўлашга сарфланган Пенсия жамғармаси харажатлари ногиронлик гуруҳи қайси иш берувчи даврида белгиланган бўлса, шу иш берувчи томонидан қопланади.

34. Меҳнатда майиб бўлиш ёки касб касаллиги учун жавобгар юридик шахс тугатилган тақдирда, тугатиш комиссияси (тугатувчи) юридик шахснинг тугатиш кунига тайинланган пенсия миқдорида капиталлаштирилишни ҳисобга олган ҳолда, ажратмаларни мажбурий равишда қуйидаги тартибда амалга оширади:

а) меҳнатда майиб бўлиш ва касб касаллиги оқибатидаги ногиронлик бўйича пенсияларни тўлаш учун:

агар ногиронлик муайян даврга белгиланган бўлса, ногиронликнинг амал қилиш муддатига, бироқ камида беш йил учун;

агар ногиронлик муддатсиз белгиланган бўлса, ажратмаларни ҳисоблаб чиқиш санасида ходимлар Ўзбекистон Республикасида кутилаётган ўртача умр кўриш давомийлигигача бўлган муддатга;

б) боқувчисини йўқотганлик пенсиялари бўйича меҳнатга қобилиятсиз оила аъзоларига нисбатан:

ўн саккиз ёшга етмаган оила аъзоларига — улар ушбу ёшга етгунларига қадар, ўқувчи ёки талаба ҳисобланса 23 ёшга етгунларига қадар;

вафот этган боқувчининг фарзандлари, ака-укалари, опа-сингиллари ёки набираларини боққан оила аъзоларига — боқувчининг фарзандлари, ака-укалари, опа-сингиллари ёки набиралари, ишловчиларга болага қараш учун иш ҳақи сақланмаган таътилда бўлиш ҳуқуқини берадиган ёшга тўлгунга қадар;

ота, она, ўгай ота, ўгай она, хотин, эрга — агар улар Қонуннинг 7-моддасида назарда тутилган пенсия ёшига тўлган ёки ногиронлиги бўлган шахс бўлсалар, шунингдек, бува ва бувига — агар Қонунга мувофиқ уларни боқиши шарт бўлган кишилар бўлмаса, ажратмаларни ҳисоблаб чиқиш санасида улар Ўзбекистон Республикасида кутилаётган ўртача умр кўриш давомийлигига қадар бўлган муддатга.

35. Агар Ўзбекистон Республикасида кутилаётган ўртача умр кўриш давомийлиги ва меҳнат вазифаларини бажаришда меҳнатда майиб бўлиш ёки касб касаллиги оқибатида боқувчисини йўқотганлик ва ногиронлик пенсиясини олишга ҳуқуқи бўлган фуқаронинг ёши ўртасидаги фарқ 5 йилдан кам бўлса, шунингдек, агар фуқаронинг ёши Ўзбекистон Республикасида кутилаётган ўртача умр кўриш давомийлигидан кўп бўлса, у ҳолда маблағлар камида 5 йил учун тўланиши лозим.

36. Пенсияларни тўлашга сарфланган Пенсия жамғармасининг харажатлари юридик шахслар томонидан қопланиши 200110 маблағлар манбаи ва даромадлар кодлари билан даромадларнинг қуйидаги шахсий ғазна ҳисобварақларига қоплаб берилади:

3214101 — Қонуннинг 12-моддаси «б» бандига асосан имтиёзли пенсия тўлашни қоплаш учун ажратмалар;

3214115 — йирик солиқ тўловчилар томонидан Қонуннинг 12-моддаси «б» бандига асосан имтиёзли пенсия тўлашни қоплаш учун ажратмалар;

3214116 — Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар солиқ бошқармаларида ҳисоби юритиладиган солиқ тўловчилар томонидан Қонуннинг 12-моддаси «б» бандига асосан имтиёзли пенсия тўлашни қоплаш учун ажратмалар;

3214102 — маҳаллий меҳнат органи томонидан белгиланган тартибда берилган тақдимнома асосида Қонуннинг 14-моддасига мувофиқ тайинланган ёшга доир пенсияларни тўлаш харажатларини қоплаш маблағлари;

3999059 — Қонуннинг 15-моддасига асосан меҳнатда майиб бўлганлик ёки касб касаллиги оқибатида ногиронлиги бўлган шахсларнинг ва боқувчисини йўқотганлик пенсияларини қоплаш маблағлари;

3999060 — Қонуннинг 15-моддасига асосан меҳнатда майиб бўлганлик ёки касб касаллиги оқибатида ногиронлиги бўлган шахсларнинг ва боқувчисини йўқотганлик пенсияларини йирик солиқ тўловчилар томонидан қоплаш маблағлари;

3999061 — Қонуннинг 15-моддасига асосан меҳнатда майиб бўлганлик ёки касб касаллиги оқибатида ногиронлиги бўлган шахсларнинг ва боқувчисини йўқотганлик пенсияларини Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар солиқ бошқармаларида ҳисоби юритиладиган солиқ тўловчилар томонидан қоплаш маблағлари.

37. Иш куни давомида Ғазначилик қўмитаси Ягона ғазна ҳисобварағига келиб тушган ҳамда 200110 маблағлар манбаи ва 3999059, 3999060, 3999061 даромад кодлари билан даромадларнинг тегишли шахсий ғазна ҳисобварақларида акс эттирилган қопланадиган суммалар шу иш куни давомида қуйидаги фоизларда ажратилади:

маблағларнинг 85 фоизи Пенсия жамғармасининг даромадига;

маблағларнинг 15 фоизи Пенсия жамғармасининг ижро этувчи аппарати ва ҳудудий бошқармалари учун очилган 200110 маблағлар манбаси ва 3214104 даромад коди билан даромадларнинг тегишли шахсий ғазна ҳисобварақларига Пенсия жамғармаси ходимларини ижтимоий қўллаб-қувватлаш ва моддий рағбатлантириш мақсадида ажратилади. Бунда ажратилган маблағларнинг 7,5 фоизи Пенсия жамғармасининг ижро этувчи аппарати, қолган 7,5 фоизи Пенсия жамғармасининг ҳудудий бошқармалари ўртасида тақсимланади.

38. Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт ва молия вазирлиги томонидан ҳар куни Пенсия жамғармаси маблағларининг қопланиши бўйича келиб тушган маблағларга оид маълумотлар электрон шаклда ахборот-коммуникация технологиялардан фойдаланган ҳолда Солиқ қўмитасига тақдим этилади.

39. Ходимларнинг меҳнат вазифаларини бажариш билан боғлиқ ҳолда меҳнатда майиб бўлиш ва касб касаллиги оқибатида тайинланган боқувчисини йўқотганлик ва ногиронлик пенсияларини тўлашга сарфланган харажатлар бўйича қарздорлиги мавжуд ёки Қонуннинг 12-моддаси «б» бандига асосан тайинланган пенсияларни тўлашга сарфланган харажатларни қоплаш учун ҳисоб-китоб тақдим этувчи юридик шахс тугатилаётганда тугатувчи Пенсия жамғармаси туман (шаҳар) бўлимларидан олинган маълумотларга мувофиқ тугатилаётган юридик шахс ўзлари солиқ тўловчи сифатида рўйхатга олинган солиқ хизмати органларига кўрсатиб ўтилган пенсияларни тўлашга сарфланадиган кейинги харажатларни ажратмалар амалга оширилаётган санадаги пенсия миқдорини ҳисобга олган ҳолда капиталлаштириш учун тегишли ҳисоб-китобларни тақдим этади.

40. Тугатилаётган юридик шахснинг мол-мулки етишмаганлиги туфайли ундирилмаган қарздорлик суммаси умидсиз солиқ қарздорлигини ҳисобдан чиқариш учун белгиланган тартибда ҳисобдан чиқарилиши керак.

Бунда ушбу юридик шахс бўйича харажатларни қоплаш суммасини бундан кейин ҳисоблаш умидсиз қарздорлик ҳисобдан чиқарилган санадан бошлаб тўхтатилади.

41. Пенсия жамғармаси харажатларини қоплаш бўйича қарзи бўлган юридик шахс унинг банк ҳисобварағида пул маблағларининг мавжудлигидан қатъий назар, ушбу Низомда белгиланган тўлов муддатидан кечиктирмай, қарзни тўлаш учун тўлов топшириқномасини унга хизмат кўрсатувчи тижорат банкига тақдим этиши шарт.

42. Ушбу Низомда кўрсатилган Пенсия жамғармасининг пенсияларни тўлашга ажратилган харажатлари юридик шахслар томонидан ўз вақтида қопланмаган тақдирда, қопланиши лозим бўлган сумманинг ҳар бир кечиктирилган куни учун қарздорлик суммасининг 100 фоизидан кўп бўлмаган миқдорда пеня ҳисобланади ва ундирилади.

Пенянинг фоиз ставкаси Ўзбекистон Республикаси Марказий банкининг қарздорликни қоплаш даврида амалда бўлган қайта молиялаш ставкасининг уч юздан бирига тенг этиб қабул қилинади.

Пенялар солиқ органлари томонидан солиқ тўловчининг банк хисобварақаларидаги маблағларидан, шунингдек, солиқ тўловчининг бошқа мол-мулки ҳисобидан мажбурий равишда ундирилиши мумкин.

43. Юридик шахс қайта ташкил этилган (қўшиб юбориш, қўшиб олиш, бўлиш, ажратиш, ўзгартириш) тақдирда, ушбу Низомнинг 21 , 28 ва 32-бандларида кўрсатилган пенсияларни тўлашга сарфланган харажатларни қоплаш мажбурияти учун унинг ҳуқуқий вориси жавоб беради. Харажатларни тўлаш тўғрисидаги барча талаблар (даъволар) ҳам ворисга берилади.

44. Ўзбекистон Республикаси Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлиги меҳнат шароитлари бўйича иш ўринларини аттестациядан ўтказиш сифати юзасидан Давлат экспертизаси асосида тегишли ташкилотларнинг ҳисоби юритилишини таъминлайди, шу жумладан, ахборот-коммуникация технологияларидан фойдаланилган ҳолда ахборот алмашиш бўйича Пенсия жамғармаси билан ўзаро ҳамкорлик қилади.

5-боб. Юридик шахслар томонидан қўшимча тўлов бўйича харажатларнинг амалга оширилиши

45. Пенсия жамғармасининг ҳудудий бошқармалари юридик шахснинг талабномасига мувофиқ қўшимча тўлов учун маблағларни молиялаштиради.

Юридик шахс томонидан ногиронлиги бўлган 16 ёшгача боланинг ота-онасидан бирига, васий ва ҳомийга қўшимча дам олиш кунлари учун қўшимча тўлов харажатларини тўлашга Пенсия жамғармасидан маблағларни олиш талабномалари (кейинги ўринларда — талабнома) ушбу Низомга 2-иловага мувофиқ қоғозда ёки электрон шаклда электрон ҳужжатга доир талабларга риоя этилган ҳолда, ушбу Низомга 3 ва 4-иловаларга мувофиқ тақдим этилади.

Талабномада кўрсатилган маълумотларнинг тўғрилиги учун жавобгарлик юридик шахс зиммасига юкланади.

46. Юридик шахслар кейинги ойнинг 10-санасидан кечиктирмасдан юридик шахс солиқ тўловчи сифатида рўйхатга олинган Пенсия жамғармасининг туман (шаҳар) бўлимларига талабномаларни тақдим этадилар.

Талабнома ўрнатилган тартибда раҳбарлик вазифаларини амалга оширувчи шахс, бухгалтерия ҳисоби ва молиявий бошқариш вазифаларини амалга оширувчи шахс томонидан имзоланган бўлиши лозим. Электрон ҳужжат тарзида тақдим этилган юридик шахслар талабномалари юридик шахслар раҳбарининг электрон рақамли имзоси билан тасдиқланади.

Агар талабномани қабул қилиш муддатининг сўнгги куни дам олиш ёки байрам (ишланмайдиган) кунларига тўғри келиб қолган ҳолларда, кейинги иш куни талабномани қабул қилиш муддатининг сўнгги куни ҳисобланади.

47. Талабнома ушбу Низомнинг 48-бандида белгиланган ҳолатлардан ташқари Пенсия жамғармасининг туман (шаҳар) бўлими томонидан қабул қилинади. Қабул қилинган талабнома Пенсия жамғармасининг ахборот тизимида қайд этилади.

48. Юридик шахс томонидан тақдим этилган талабнома қуйидаги ҳолларда қайтарилади:

қоғоз кўринишида тақдим этилган талабнома белгиланган шаклда расмийлаштирилмаганда, шунингдек, унда масъул шахсларнинг имзолари бўлмаганда ёки расмийлаштирилгандан сўнг унга ўзгартириш ва тузатишлар киритилган бўлса;

қоғоз кўринишидаги талабномага реестр илова қилинмаганда;

талабнома ва илова қилинган реестр суммалари ўртасида фарқлар мавжуд бўлганда;

888 шартли ҳисобварақлар рақамида иккиламчи ҳисобварағи мавжуд бўлмаган тақдирда (бюджет ташкилотлари бундан мустасно);

электрон талабнома юридик шахс раҳбарининг электрон рақамли имзоси билан тасдиқланмаганда;

талабнома ушбу Низомнинг 46-банд биринчи хатбошисида белгиланган муддатдан сўнг тақдим этилганида.

49. Қабул қилинган талабномалар бўйича шу куннинг ўзида юридик шахсларнинг жамланма талабномаси тузилиб, у бўлим бошлиғи томонидан Пенсия жамғармасининг ахборот тизимида тасдиқланади ва Пенсия жамғармаси ҳудудий бошқармасига ахборот тизими орқали юборилади.

50. Пенсия жамғармасининг ҳудудий бошқармаси талабномаларни Пенсия жамғармасининг туман (шаҳар) бўлимлари кесимида жамлайди ва ҳар ойнинг 13-санасига қадар Пенсия жамғармасининг ҳудудий бошқармаси бошлиғи ҳамда пенсия, нафақа ва бошқа тўловларни молиялаштириш шуъбаси мудири томонидан Пенсия жамғармасининг ахборот тизимида тасдиқланади. Тасдиқланган талабномалар автоматик тарзда ахборот тизими орқали Пенсия жамғармаси ижро этувчи аппаратига молиялаштириш учун юборилади.

51. Пенсия жамғармасининг ҳудудий бошқармаси томонидан ахборот тизимида тасдиқланган талабномалар Пенсия жамғармасининг ижро этувчи аппарати, ҳудудий бошқармаси томонидан молиялаштириш учун асос ҳисобланади.

52. Талабномаларни молиялаштириш учун тўлов ҳужжатлари юридик шахслар томонидан қоғоз кўринишида ёки электрон ҳужжат шаклида тақдим этилган маълумотлар асосида шакллантирилади.

53. Пенсия жамғармасининг туман (шаҳар) бўлимлари юридик шахслар томонидан (бюджетдан молиялаштириладиган юридик шахслардан ташқари) қўшимча тўлов бўйича харажатларнинг тўланиши учун келиб тушган маблағларни кирим қилиш учун юридик шахслар асосий депозит ҳисобварақларига хизмат кўрсатувчи банкларда 888 шартли ҳисобварақлар рақами билан иккиламчи ҳисобварақларни очадилар.

54. Ғазна ижроси билан қамраб олинмаган бюджетдан молиялаштириладиган юридик шахсларга Пенсия жамғармасининг ҳудудий бошқармаси қўшимча тўлов бўйича харажатларни тўлаш учун маблағларни уларнинг бюджет маблағлари бўйича тегишли депозит ҳисобварақларига ўтказади.

Ғазна ижроси билан қамраб олинган бюджетдан молиялаштириладиган юридик шахслар бўйича Пенсия жамғармасининг ҳудудий бошқармаси қўшимча тўлов бўйича харажатларни тўлаш учун маблағларни тегишли шахсий ғазна ҳисобварағига ўтказади.

Бунда бюджетдан молиялаштириладиган юридик шахслар тегишли бюджет таснифи моддалари бўйича алоҳида талабнома тузади ва харажатлар амалга ошириладиган ушбу моддаларнинг (депозит ва шахсий) ҳисобварақларини белгилаб кўрсатади.

55. Пенсия жамғармасининг ижро этувчи аппарати Пенсия жамғармаси ҳудудий бошқармалари томонидан тақдим этилган умумлаштирилган талабномаларга асосан жорий тўлов ойининг 15-санасигача молиялаштиради.

56. Пенсия жамғармаси ҳудудий бошқармалари томонидан Пенсия жамғармаси ижро этувчи аппаратидан келиб тушган маблағлар асосида тақдим этилган талабномаларга кўра икки иш куни давомида тегишли юридик шахсларга молиялаштиради.

57. Қўшимча тўлов учун олинган маблағлар қатъий назоратда бўлиши ва фақатгина талабномада назарда тутилган мақсадлар учун фойдаланилиши шарт. Ҳисоб-китобларда керакли суммаларни қасддан бузиб кўрсатишга ва улардан мақсадга номувофиқ фойдаланишга йўл қўйган мансабдор шахслар қонунчилик ҳужжатларида назарда тутилган тартибда тўлов интизомига риоя этилиши юзасидан шахсан жавоб берадилар.

58. Юридик шахслар (бюджетдан молиялаштириладиган юридик шахслардан ташқари) ўз маблағлари мавжуд бўлган ҳолларда, кейинчалик тўланган суммаларни Пенсия жамғармаси маблағлари ҳисобидан қоплаш эвазига қўшимча тўловни иш ҳақини тўлаш кунида (ўз маблағлари ҳисобидан) тўлаш ҳуқуқига эгалар. Юридик шахслар томонидан тўланган суммалар Пенсия жамғармасидан олинган маблағлар 888 шартли ҳисобварақлар рақамига эга иккиламчи ҳисобварақдан харажатлар тўлаб берилган асосий ҳисобвараққа пул ўтказиш йўли билан қопланади.

6-боб. Якунловчи қоидалар

59. Пенсия жамғармасига ижтимоий солиқ ҳисоб-китобларининг тўғрилиги, тўлиқ ва ўз вақтида тўланганлиги устидан назорат солиқ хизмати органлари томонидан қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда амалга оширилади.

Солиқ хизмати органлари қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ юридик шахсларга нисбатан ижтимоий солиқни ҳисоблаш тартиби ва тўлов муддатларини бузганлиги учун жавобгарлик чораларини қўллайдилар.

Ходимларнинг меҳнат вазифаларини бажариш билан боғлиқ ҳолда меҳнатда майиб бўлиш ва касб касаллиги оқибатида тайинланган боқувчисини йўқотганлик ва ногиронлик пенсияларини тўлашга сарфланган харажатлар бўйича қарздорлиги мавжуд ёки Қонуннинг 12-моддаси «б» банди ва 14-моддасига асосан тайинланган пенсияларни тўлашга сарфланган Пенсия жамғармаси харажатларини ташкилотлар томонидан тўлиқ ва ўз вақтида қопланиши юзасидан назорат солиқ хизмати органлари томонидан қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда амалга оширилади.

60. Қонуннинг 12-моддаси «б» банди ва 14-моддасига асосан имтиёзли асосларда муддатидан олдин тайинланган ёшга доир пенсияларни ва ходимларнинг меҳнат вазифаларини бажариш билан боғлиқ ҳолда меҳнатда майиб бўлиш ҳамда касб касаллиги оқибатида тайинланган боқувчисини йўқотганлик ва ногиронлик пенсиялари учун Пенсия жамғармасининг харажатлари юридик шахс томонидан белгиланган муддатларда қопланмаган ёки тўлиқ қопланмаган тақдирда, солиқ хизмати органлари ушбу қарздорликни юридик шахсларнинг банк хисобварақаларидаги, шу жумладан, корпоратив-карточкалардаги маблағларидан мажбурий тарзда ундиради.

61. Ушбу Низом талабларининг бузилишида айбдор бўлган шахслар қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда жавоб берадилар.

Ижтимоий солиқни тақсимлаш, пенсия ва бошқа тўловларни тўлаш учун ажратилган харажатларни қоплаш тартиби тўғрисидаги низомга 1-ИЛОВА

Ўзбекистон Республикасининг «Фуқароларнинг давлат пенсия таъминоти тўғрисида»ги Қонуни 12-моддаси «б» бандига мувофиқ тайинланган пенсияларни тўлаш харажатларини қоплаш бўйича маблағ тўлаган тўловчи тўғрисида

СТИР Ҳужжат тури / Ҳисобот даври: ой Чорак Ҳисобот йили Ҳужжат тури: 1-ҳисоб-китоб, 2-қайта ҳисоб-китоб (каср орқали қайта ҳисоб-китобнинг рақами) Юридик шахснинг тўлиқ номи ____________________________________________________ Ишловчилар сони ____________ нафар киши кичик тадбиркорлик субъектлари ўрта тадбиркорлик субъектлари йирик тадбиркорлик субъектлари бюджет ташкилотлари (кераклисига «ν» белгиси қўйилади) Давлат рўйхатидан ўтказилганлиги тўғрисида гувоҳнома Жойлашган жойи Почта манзили Юқори турувчи ташкилот Хизмат кўрсатувчи банк Банк ҳисобварағи Телефон рақами код Ўлчов бирлиги сўм Ҳисоб-китобни тақдим этиш муддати (кун/ой/йил) ______________________________________________га тақдим этилади (солиқ ҳисобга олинган жойдаги давлат солиқ хизмати органи)

Мазкур ҳисоб-китобда кўрсатилган маълумотларнинг ишончлилиги ва тўлиқлигини тасдиқлайман: Солиқ хизмати органининг ходими томонидан тўлдирилади Раҳбар __________________ Мазкур ҳисоб-китоб (кераклисига «v» белгиси қўйилсин) қоғоз шаклида электрон шаклида Ф.И.О. шахсан почта электрон почта орқали орқали Имзо ________________ варақда тақдим этилди Бош бухгалтер Тақдим этилган сана Ф.И.О. (кун/ой/йил) Имзо Ф.И.О. Сана Имзо (кун/ой/йил)

Ўзбекистон Республикасининг «Фуқароларнинг давлат пенсия таъминоти тўғрисида»ги Қонуни 12-моддаси «б» бандига мувофиқ тайинланган пенсияларни тўлаш харажатларини қоплаш бўйича ҲИСОБ-КИТОБ* Кўрсаткичлар Сатр коди Ўлчов бирлиги Йиллик сумма Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ҳузуридаги бюджетдан ташқари Пенсия жамғармаси бўлими маълумотлари асосида Ўзбекистон Республикасининг «Фуқароларнинг давлат пенсия таъминоти тўғрисида»ги Қонуни 12-моддаси «б» бандига мувофиқ тайинланган пенсияларни олдинги йил учун тўлаш бўйича ҳисобланган харажатларни қоплаш суммаси 010 сўм Ўтказилиши лозим бўлган минимал сумма (ҳисоб-китобнинг 023-сатри х 0,03 х 0,6) 020 сўм Ўзбекистон Республикасининг «Фуқароларнинг давлат пенсия таъминоти тўғрисида»ги Қонуни 12-моддаси «б» бандида назарда тутилган иш ўринлари сони 021 бирлик Олдинги йилдаги маълумотлар бўйича кўрсатилган ишларда банд бўлган ходимларнинг ўртача йиллик сони 022 бирлик Ўзбекистон Республикасининг «Фуқароларнинг давлат пенсия таъминоти тўғрисида»ги Қонуни 12-моддаси «б» бандида назарда тутилган иш ўринларида банд бўлган барча ходимларга тўланган йиллик иш ҳақи суммаси 023 сўм Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ҳузуридаги бюджетдан ташқари Пенсия жамғармасига тўланиши лозим бўлган сумма (агар 010 > 020 бўлса, 010 қатор бўйича сумма қўйилади, агар 010 < 020 бўлса, 020 қатор бўйича сумма қўйилади) 030 сўм * Ҳисобот йилида бир маротаба 1 февралга қадар тақдим этилади. _____________ Раҳбар ___________________ ________________________ (имзо) (Ф.И.О) ______ Бош бухгалтер ___________________ ________________________ (имзо) (Ф.И.О)

Ижтимоий солиқни тақсимлаш, пенсия ва бошқа тўловларни тўлаш учун ажратилган харажатларни қоплаш тартиби тўғрисидаги низомга 2-ИЛОВА

Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ҳузуридаги бюджетдан ташқари Пенсия жамғармаси ____________________ туман (шаҳар) бўлимига Юридик шахснинг _____________________________________________________________ __________________________________________ (тўлиқ номи) Юридик шахснинг банк реквизитлари _____________________________________________ __________________________________________ (банк номи, МФО, ҳисобварақ рақами) Юридик шахснинг СТИР ______________________________________ Ходимларнинг рўйхатдаги ўртача сони ____________________________________________ 20 ___ йил _________________ учун харажатларни тўлашга Пенсия жамғармасидан маблағларни олиш ТАЛАБНОМАСИ Т/р Кўрсаткичлар Қўшимча тўлов олувчилар сони Ҳақиқий харажатлар, сўмда Шу жумладан, ўтган давр учун, сўмда 1. Ногиронлиги бўлган 16 ёшгача болалар қонуний вакилига қўшимча дам олиш кунлари ҳақининг тўлови ЖАМИ: * Ҳар ойда ҳисобот ойидан кейинги ойнинг ўнинчи санасига қадар реестр мажбурий илова қилинган ҳолда тақдим этилади Юридик шахс раҳбари __________________________________ (имзо) Бош бухгалтер __________________________________ (имзо)

Ижтимоий солиқни тақсимлаш, пенсия ва бошқа тўловларни тўлаш учун ажратилган харажатларни қоплаш тартиби тўғрисидаги низомга 3-ИЛОВА

20 ___ йил _________________ учун харажатларни тўлашга Пенсия жам ғ армасидан мабла ғ ларни олиш учун ЭЛЕКТРОН ТАЛАБНОМА Юридик шахснинг номи: ________________________________ Юридик шахснинг СТИР: Юридик шахснинг ҳисоб-китоб (ғазна) ҳисобварағи: ___________________ Т/р Ф.И.О. Жисмоний шахснинг шахсий идентификация рақами Ногиронлиги бўлган 16 ёшгача болалар қонуний вакилига дам олиш кунлари ҳақи 1. 2. 3.

Ижтимоий солиқни тақсимлаш, пенсия ва бошқа тўловларни тўлаш учун ажратилган харажатларни қоплаш тартиби тўғрисидаги низомга 4-ИЛОВА

Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ҳузуридаги бюджетдан ташқари Пенсия жамғармаси ____________________ туман (шаҳар) бўлимига _______________________________________ (юридик шахснинг тўлиқ номи) СТИР ____________________________ 20___ йил ____________ да Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ҳузуридаги бюджетдан ташқари Пенсия жамғармасидан юридик шахс томонидан ногиронлиги бўлган 16 ёшгача боланинг ота-онасидан бирига, васий ва ҳомийга қўшимча дам олиш кунлари ҳақининг тўлови учун маблағ олишга юридик шахс ходимлари РЕЕСТРИ Т/р Ф.И.О. Жисмоний шахснинг шахсий идентификация рақами Тўлов миқдори (сўмда) 1. 2. ҲАММАСИ : Изоҳ: Жисмоний шахснинг шахсий идентификация рақами кўрсатилиши шарт. Юридик шахс раҳбари _________________________ (имзо) Бош бухгалтер _________________________ (имзо)

Вазирлар Маҳкамасининг 2023 йил 14 декабрдаги 661-сон қарорига 2-ИЛОВА

Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг ўз кучини йўқотган деб эътироф этилаётган айрим қарорлари

1. Вазирлар Маҳкамасининг «Фуқароларнинг давлат пенсия таъминоти тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикасининг Қонунига мувофиқ пенсияларни тўлашга харажатларни қоплаш тартиби тўғрисида низомни тасдиқлаш ҳақида» 2014 йил 23 декабрдаги 357-сон қарори .

2. Вазирлар Маҳкамасининг «Фуқароларнинг давлат пенсия таъминоти тизими янада такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг айрим қарорларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида» 2016 йил 27 июндаги 189-сон қарорига илованинг 4-банди .

3. Вазирлар Маҳкамасининг «Фуқароларнинг давлат пенсия таъминоти тизими янада такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг айрим қарорларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида» 2018 йил 25 сентябрдаги 766-сон қарорига илованинг 6-банди .

4. Вазирлар Маҳкамасининг «Фуқароларнинг давлат пенсия таъминоти тизими янада такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг айрим қарорларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида» 2019 йил 21 октябрдаги 889-сон қарорига илованинг 5-банди .

5. Вазирлар Маҳкамасининг «Тиббий-ижтимоий экспертиза хизмати ташкилий тузилмасини ва фаолиятини ташкил этишга оид норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни тасдиқлаш тўғрисида» 2022 йил 8 февралдаги 62-сон қарорига 12-илованинг 51-банди .

6. Вазирлар Маҳкамасининг «Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг айрим қарорларига ўзгартиришлар киритиш тўғрисида 2022 йил 4 апрелдаги 153-сон қарорига илованинг 354-банди .

7. Вазирлар Маҳкамасининг «Савдо ва хизмат кўрсатиш соҳасида жамоатчилик назорати самарадорлигини оширишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида» 2022 йил 12 майдаги 255-сон қарорига 3-илованинг 8-банди .

8. Вазирлар Маҳкамасининг «Ижтимоий ҳимояга муҳтож айрим тоифадаги шахсларга нафақа ва қўшимча тўловларни тайинлаш ҳамда тўлаш тартиби тўғрисидаги низомларни тасдиқлаш ва ушбу соҳага замонавий ахборот технологияларини кенг жорий этиш орқали давлат хизмати сифатини оширишга доир қўшимча чора-тадбирлар ҳақида» 2023 йил 23 мартдаги 119-сон қарорига 3-илованинг 6-банди .

Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А. АРИПОВ

Тошкент ш.,

2023 йил 14 декабрь,

661-сон

(Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 15.12.2023 й., 09/23/661/0937-сон)

lex.uz

Oʻzbekiston Respublikasi Vazirlar Mahkamasining

qarori

NIZOM

MAʼLUMOT

ROʻYXATI

Ijtimoiy soliqni taqsimlash, pensiya va boshqa toʻlovlarni toʻlash uchun ajratilgan xarajatlarni qoplash tartibi toʻgʻrisidagi nizomni tasdiqlash haqida

Mamlakatimizda keksa va mehnatga layoqatsiz fuqarolarga davlat xizmatlarini koʻrsatish tizimi bosqichma-bosqich isloh qilinib, pensiya tayinlash tartibini soddalashtirish, raqamlashtirish, ortiqcha byurokratik toʻsiqlarni bartaraf etish, pensiya taʼminoti tizimida davlat xizmatlarini koʻrsatish sifatini tubdan yaxshilash hamda aholini ijtimoiy himoya qilishni yanada kuchaytirish, ijtimoiy adolat tamoyillaridan kelib chiqib, ularni moddiy jihatdan qoʻllab-quvvatlash borasida tizimli chora-tadbirlar amalga oshirilmoqda.

Fuqarolarning davlat pensiya taʼminoti sohasidagi qonunchilik hujjatlarini takomillashtirish, shuningdek, Oʻzbekiston Respublikasi Prezidentining “2022 — 2026-yillarga moʻljallangan Yangi Oʻzbekistonning Taraqqiyot strategiyasi toʻgʻrisida” 2022-yil 28-yanvardagi PF-60-son Farmoniga muvofiq Vazirlar Mahkamasi qaror qiladi:

1. Oʻzbekiston Respublikasi Prezidentining 2022-yil 28-yanvardagi PF-60-son Farmoni bilan tasdiqlangan 2022 — 2026-yillarga moʻljallangan Yangi Oʻzbekistonning Taraqqiyot strategiyasining:

a) 53-maqsadida majburiy ijtimoiy kafolatlar boʻyicha qonunchilikni tizimlashtirish va takomillashtirish, belgilangan ijtimoiy himoyaning qatʼiy taʼminlanishini nazorat qilish;

b) 54-maqsadida pensiya taʼminoti tizimini takomillashtirish belgilanganligi maʼlumot uchun qabul qilinsin.

2. Quyidagilarni nazarda tutuvchi Ijtimoiy soliqni taqsimlash, pensiya va boshqa toʻlovlarni toʻlash uchun ajratilgan xarajatlarni qoplash tartibi toʻgʻrisidagi nizom 1-ilovaga muvofiq tasdiqlansin:

ijtimoiy soliqni toʻlash, undirish va taqsimlash tartibi;

imtiyozli asoslarda va muddatidan oldin tayinlangan yoshga doir pensiyalarni toʻlashga yoʻnaltirilgan mablagʻlarni yuridik shaxslar tomonidan qoplash tartibi;

xodimlarning mehnat vazifalarini bajarish bilan bogʻliq holda mehnatda mayib boʻlish va kasb kasalligi oqibatida qonunchilik hujjatlariga asosan tayinlangan boquvchisini yoʻqotganlik va nogironlik pensiyalarini qoplash tartibi;

yuridik shaxslar tomonidan nogironligi boʻlgan 16 yoshgacha bolalarning qonuniy vakiliga qoʻshimcha dam olish kunlari uchun qoʻshimcha toʻlov xarajatlarini moliyalashtirish tartibi.

3. Oʻzbekiston Respublikasi Hukumatining 2-ilovaga muvofiq ayrim qarorlari oʻz kuchini yoʻqotgan deb hisoblansin.

4. Oʻzbekiston Respublikasi Iqtisodiyot va moliya vazirligi manfaatdor vazirlik va idoralar bilan birgalikda oʻzlari qabul qilgan normativ-huquqiy hujjatlarni ikki oy muddatda ushbu qarorga muvofiqlashtirsin.

5. Mazkur qarorning bajarilishini nazorat qilish Oʻzbekiston Respublikasi Bosh vazirining oʻrinbosari — iqtisodiyot va moliya vaziri J.A. Qoʻchqorov zimmasiga yuklansin.

Vazirlar Mahkamasining 2023-yil 14-dekabrdagi 661-son qaroriga 1-ILOVA

Ijtimoiy soliqni taqsimlash, pensiya va boshqa toʻlovlarni toʻlash uchun ajratilgan xarajatlarni qoplash tartibi toʻgʻrisida

1-bob. Umumiy qoidalar

1. Mazkur Nizom ijtimoiy soliqni taqsimlash, pensiya va boshqa toʻlovlarni toʻlash uchun ajratilgan xarajatlarni qoplash tartibini belgilaydi.

2. Ijtimoiy soliq toʻlovchilar, soliq solish obyekti, soliq solinadigan baza, imtiyozlar, ularni hisoblab chiqarish, toʻlash va taqsimlash tartibi Oʻzbekiston Respublikasining Soliq kodeksi va boshqa qonunchilik hujjatlari bilan belgilanadi.

3. Ijtimoiy soliqni Oʻzbekiston Respublikasi Iqtisodiyot va moliya vazirligi huzuridagi budjetdan tashqari Pensiya jamgʻarmasi (keyingi oʻrinlarda — Pensiya jamgʻarmasi), Oʻzbekiston Respublikasi Bandlikka koʻmaklashish davlat jamgʻarmasi va Aholini tadbirkorlikka jalb qilish jamgʻarmasi hamda Oʻzbekiston Kasaba uyushmalari Federatsiyasi oʻrtasida taqsimlash miqdorlari Oʻzbekiston Respublikasi Prezidentining hujjatlari bilan belgilanadi.

4. Yuridik shaxslar xodim Oʻzbekiston Respublikasining “Fuqarolarning davlat pensiya taʼminoti toʻgʻrisida”gi Qonuni (keyingi oʻrinlarda — Qonun) 7-moddasida nazarda tutilgan pensiya yoshiga yetguniga qadar Qonunning 12-moddasi “b” bandiga muvofiq tayinlangan pensiyalar boʻyicha xarajatlarni qoplaydigan toʻlovni 100 foiz miqdorida, lekin ushbu Nizomda nazarda tutilgan minimal miqdordan kam boʻlmagan miqdorda Pensiya jamgʻarmasiga oʻtkazadilar.

2-bob. Ijtimoiy soliqni toʻlash, undirish va taqsimlash

5. Ijtimoiy soliq soliq toʻlovchilar tomonidan hisobot oyi uchun hisoblangan ish haqi fondi va soliq stavkalaridan kelib chiqqan holda, mustaqil ravishda hisoblab chiqariladi.

Ijtimoiy soliq yuridik shaxslar tomonidan qoʻshimcha toʻlov, bolalar sogʻlomlashtirish oromgohlari va sanatoriy-profilaktoriylarning taʼminoti uchun biror-bir chegirmalarsiz hisoblab yozilgan summaning toʻliq hajmida oʻtkaziladi.

6. Ijtimoiy soliqni toʻlash uchun mablagʻlar yuridik shaxslar tomonidan qonunchilik hujjatlarida belgilangan tartibda Oʻzbekiston Respublikasi Iqtisodiyot va moliya vazirligi huzuridagi Gʻaznachilik xizmati qoʻmitasida (keyingi oʻrinlarda — Gʻaznachilik qoʻmitasi) ochilgan Yagona gʻazna hisobvaragʻiga oʻtkaziladi.

7. Gʻaznachilik qoʻmitasi Yagona gʻazna hisobvaragʻiga kelib tushgan va daromadlar boʻyicha tegishli shaxsiy gʻazna hisobvaraqlarida aks ettirilgan ijtimoiy soliq summalarini qonunchilik hujjatlarida belgilangan miqdorlarda avtomatik tarzda axborot tizimi orqali quyidagilarga taqsimlaydi:

Pensiya jamgʻarmasiga;

Oʻzbekiston Respublikasi Bandlikka koʻmaklashish davlat jamgʻarmasi va Aholini tadbirkorlikka jalb qilish jamgʻarmasiga;

Oʻzbekiston Kasaba uyushmalari Federatsiyasi va uning hududiy kengashlariga.

8. Oʻzbekiston Respublikasi Bandlikka koʻmaklashish davlat jamgʻarmasi va Aholini tadbirkorlikka jalb qilish jamgʻarmasiga ijtimoiy soliq boʻyicha ajratmalarning bir qismi koʻrinishida kelib tushgan mablagʻlar qonunchilik hujjatlariga muvofiq belgilangan tartibda taqsimlanadi.

9. Oʻzbekiston Kasaba uyushmalari Federatsiyasi va uning hududiy kengashlariga ijtimoiy soliq boʻyicha ajratmalarning bir qismi koʻrinishida kelib tushgan mablagʻlar quyidagi tartibda taqsimlanadi hamda sarflanadi:

kelib tushgan mablagʻlar umumiy miqdorining 70 foizi Oʻzbekiston Kasaba uyushmalari Federatsiyasining hududiy kengashlarida qoladi va ular tomonidan tasdiqlangan budjetlarga muvofiq sarflanadi;

kelib tushgan mablagʻlar umumiy miqdorining 30 foizi Oʻzbekiston Kasaba uyushmalari Federatsiyasiga mablagʻlarning keyinchalik belgilangan tartibda sarflanishi uchun oʻtkaziladi.

10. Yuridik shaxslarning xodimlaridan davolanish va dam olishga yoʻllanmalar uchun qisman undiriladigan mablagʻlar xizmat koʻrsatuvchi tijorat banklari tomonidan Oʻzbekiston Kasaba uyushmalari Federatsiyasining hududiy kengashlarining ikkilamchi depozit hisobvaraqlariga kirim qilinadi, kelib tushgan mablagʻlar keyinchalik ushbu Nizomning 9-bandida belgilangan tartibda taqsimlanadi.

11. Gʻaznachilik qoʻmitasi tomonidan har kuni real vaqt rejimida kelib tushgan ijtimoiy soliqqa oid maʼlumotlar elektron shaklda axborot-kommunikatsiya texnologiyalaridan foydalangan holda, Oʻzbekiston Respublikasi Iqtisodiyot va moliya vazirligiga, Pensiya jamgʻarmasiga, Vazirlar Mahkamasi huzuridagi Soliq qoʻmitasiga, Oʻzbekiston Respublikasi Bandlikka koʻmaklashish davlat jamgʻarmasi va Aholini tadbirkorlikka jalb qilish jamgʻarmasiga hamda Oʻzbekiston Kasaba uyushmalari Federatsiyasiga taqdim etiladi.

3-bob. Ijtimoiy soliqning toʻlanishi, mablagʻlarning sarflanish hisobi, hisoboti va nazorati

12. Yuridik shaxslar ijtimoiy soliq toʻlanishi boʻyicha hisob-kitoblarni oʻzlari soliq toʻlovchi sifatida roʻyxatga olingan soliq xizmati organlari bilan birgalikda yuritadi.

13. Yuridik shaxslar ish haqi shaklidagi daromadlardan ijtimoiy soliq summasini belgilangan tartibda hisoblab yozadilar va uni quyidagi buxgalteriya oʻtkazmasi bilan aks ettiradilar:

a) ish haqi shaklidagi daromadlardan ijtimoiy soliq summalari xarajatlarni hisobga olish hisobvaraqlarida (2000, 2300, 2500, 2600, 2700, 9400) 6520 “Maqsadli davlat jamgʻarmalariga toʻlovlar” hisobvaragʻi krediti boʻyicha aks ettiriladi;

b) tegishli qoʻshimcha toʻlovlarning talab qilingan summalari;

6710 “Xodimlar bilan mehnatga haq toʻlash boʻyicha hisob-kitoblar” hisobvaragʻida 4890 “Boshqa debitorlarning qarzlari” hisobvaragʻi debeti boʻyicha aks ettiriladi;

v) tegishli mablagʻ summalarining Pensiya jamgʻarmasidan kelib tushishi 4890 “Boshqa debitorlarning qarzlari” hisobvaragʻida mablagʻlarni hisobga oluvchi hisobvaraqlarning debeti boʻyicha aks ettiriladi;

g) xodimlarga tegishli qoʻshimcha toʻlov boʻyicha mablagʻlar summasi toʻlovi mablagʻlarni hisobga olish hisobvaraqlarida 6710 “Xodimlar bilan mehnatga haq toʻlash boʻyicha hisob-kitoblar” hisobvaragʻining debeti boʻyicha aks ettiriladi.

14. Yuridik shaxslarning buxgalteriya hisobida ish haqi shaklidagi daromadlardan ijtimoiy soliqning hisoblab yozilishi va oʻtkazilishi, shuningdek, qoʻshimcha toʻlov toʻlash bilan bogʻliq xarajatlarning aks ettirilishi har oyda hisobot davridan keyingi oyning oʻn beshinchi kunidan kechiktirmay, yil yakunlari boʻyicha esa — keyingi yilning 15-fevralidan kechiktirmay amalga oshiriladi.

15. Soliq har oyda soliq hisobotini taqdim etish muddatlaridan kechiktirmay toʻlanadi.

16. Oʻzbekiston Respublikasi Kambagʻallikni qisqartirish va bandlik vazirligi, Pensiya jamgʻarmasi ijro etuvchi apparati va Oʻzbekiston Kasaba uyushmalari Federatsiyasi har chorakda Iqtisodiyot va moliya vazirligiga ijtimoiy soliq boʻyicha kelib tushgan mablagʻlar va ularning sarflanishi toʻgʻrisida yigʻma hisobot taqdim etadi.

17. Oʻzbekiston Respublikasi Iqtisodiyot va moliya vazirligi ijtimoiy soliq boʻyicha kelib tushgan mablagʻlar va ularning sarflanishiga taalluqli qoʻshimcha maʼlumotlarni Kambagʻallikni qisqartirish va bandlik vazirligi hamda Oʻzbekiston Kasaba uyushmalari Federatsiyasidan talab qilish huquqiga ega.

4-bob. Qonunga muvofiq pensiyalarni toʻlashga sarflangan xarajatlarni qoplash tartibi

18. Pensiya jamgʻarmasiga Qonunning 12-moddasi “b” bandi va 14-moddasiga muvofiq, shuningdek, xodimlarning mehnat vazifalarini bajarish bilan bogʻliq holda mehnatda mayib boʻlish va kasb kasalligi oqibatida tayinlangan boquvchisini yoʻqotganlik va nogironlik pensiyalarini toʻlashga sarflangan xarajatlar Qonunning 66-moddasi ikkinchi va uchinchi qismlari asosida qoplanadi.

Soliq organlari soliq toʻlovchining shaxsiy kartochkasida Pensiya jamgʻarmasining tuman (shahar) boʻlimlari tomonidan Qonunning 12-moddasi “b” bandi va 14-moddasiga muvofiq tayinlangan pensiyalar, xodimlarning mehnat vazifalarini bajarish bilan bogʻliq holda mehnatda mayib boʻlish va kasb kasalligi oqibatida tayinlangan boquvchisini yoʻqotganlik va nogironlik pensiyalarini toʻlashga sarflangan xarajatlar toʻgʻrisidagi maʼlumotlar asosida toʻlangan va hisoblangan summalarni aks ettirish orqali budjet tizimiga tushumlar, shu jumladan, penya va jarimalar hisobini yuritadi.

19. Yuridik shaxslar har yili 1-fevralga qadar xodim Qonunning 7-moddasida nazarda tutilgan pensiya yoshiga yetguniga qadar Qonunning 12-moddasi “b” bandiga muvofiq tayinlangan pensiyalarni oldingi yil uchun toʻlashga sarflangan Pensiya jamgʻarmasining haqiqiy xarajatlarini toʻliq qoplaydi.

Koʻrsatib oʻtilgan xarajatlarni yuridik shaxs oʻzi soliq toʻlovchi sifatida roʻyxatga olingan soliq xizmati organlarining xizmat koʻrsatuvchi tijorat banklarida ochilgan Pensiya jamgʻarmasining tegishli daromadlar tranzit hisobraqamlariga oʻtkazadi.

Agar koʻrsatib oʻtilgan pensiyalarni toʻlashga sarflangan oldingi yil uchun Pensiya jamgʻarmasining haqiqiy xarajatlari aniqlanadigan qoplash uchun zarur summalarning minimal miqdoridan kam boʻlsa, qoplash uchun zarur summalarning minimal miqdori toʻlanadi.

Yuridik shaxslar hisobot yilining 1-fevralidan kechikmagan holda, oʻzlari soliq toʻlovchi sifatida roʻyxatga olingan soliq xizmati organlariga ushbu Nizomga 1-ilovaga muvofiq shakldagi hisob-kitobni taqdim etadi.

20. Qonunning 12-moddasi “b” bandiga muvofiq tayinlangan pensiyalarni toʻlashga sarflangan xarajatlarni qoplash uchun zarur summalarning minimal miqdori quyidagi tartibda aniqlanadi:

Qonunning 12-moddasi “b” bandida nazarda tutilgan ish joylariga ega boʻlgan yuridik shaxslar ana shunday ish oʻrinlarining roʻyxatini, kasblar, lavozimlar nomini, ushbu ish joylarida ishlovchi ishchilarning yillik oʻrtacha sonini, ish oʻrinlarini mehnat sharoitlari va asbob-uskunalarning jarohatlash xavfliligi yuzasidan attestatsiyadan oʻtkazish natijalarini hisobga olgan holda aniqlaydilar;

ushbu ish joylaridan yil davomida imtiyozli shartlarda pensiyaga chiqadigan xodimlarning soni ularning yillik oʻrtacha sonining 3 foizi miqdorida qabul qilinadi. Qonunning 31-moddasiga muvofiq ularga tegishli pensiya miqdorini aniqlash uchun koʻrsatib oʻtilgan kasblarda ishlagan xodimlarning oʻrtacha oylik ish haqi oldingi yil maʼlumotlari boʻyicha hisoblab chiqariladi. Pensiya miqdori koʻrsatib oʻtilgan oʻrtacha oylik ish haqining 60 foiziga teng boʻladi.

21. Pensiya jamgʻarmasining yuridik shaxs soliq hisobiga qoʻyilgan joydagi hududiy boshqarmasi va tuman (shahar) boʻlimi koʻrsatib oʻtilgan pensiyalarni toʻlashga sarflangan oldingi yil uchun Pensiya jamgʻarmasining amaldagi xarajatlari toʻgʻrisidagi maʼlumotlarning umumiy toʻplamini, jumladan, Pensiya jamgʻarmasining pensionerlarni hisobga olish joyidagi hududiy boshqarmalaridan va tuman (shahar) boʻlimlaridan olingan maʼlumotlarni hisobga olgan holda chiqaradi va pensiya toʻlangan yildan keyingi yilning 10-yanvariga qadar uni tegishli yuridik shaxsga yetkazadi.

Yuridik shaxs tegishli maʼlumotlar olingan kundan boshlab oʻn kun muddatda koʻrsatib oʻtilgan pensiyalarni toʻlashga sarflangan oldingi yil uchun Pensiya jamgʻarmasining amaldagi xarajatlarini solishtirib chiqishi shart.

Pensiya jamgʻarmasining tuman (shahar) boʻlimlari har yili Qonunning 12-moddasi “b” bandiga muvofiq pensiya toʻlangan yildan keyingi yilning yigirmanchi yanvariga qadar yuridik shaxs oʻzi soliq toʻlovchi sifatida roʻyxatga olingan soliq xizmati organlariga axborot-kommunikatsiya texnologiyalaridan foydalangan holda, oʻtgan yilda pensiyalarni toʻlashga sarflangan xarajatlar haqida maʼlumotni taqdim etadi.

Pensiya jamgʻarmasining tuman (shahar) boʻlimlari tomonidan, jumladan, axborot-kommunikatsiya texnologiyalaridan foydalangan holda taqdim etilgan pensiyalarni toʻlashga sarflangan xarajatlar haqidagi maʼlumot yuridik yoki jismoniy shaxslarning shaxsiy hisobvaragʻida ushbu Nizomning 19-bandida koʻzda tutilgan muddatda toʻlanishi lozim boʻlgan summa sifatida aks ettiriladi. Bunda hisob-kitob boʻyicha toʻlanishi lozim boʻlgan summa toʻlangan pensiya summasidan kam boʻlishi mumkin emas.

22. Pensiya jamgʻarmasining yuridik shaxs soliq toʻlovchi sifatida roʻyxatga olingan joydagi hududiy boshqarmalari qonunchilikka muvofiq ushbu Nizomning 21-bandida koʻrsatilgan mablagʻlar yuridik shaxslar tomonidan oʻz vaqtida toʻlanmagan taqdirda, regress daʼvolar boʻyicha yuridik shaxslardan undirib olish huquqiga ega.

23. Yuridik shaxs soliq toʻlovchi sifatida roʻyxatga olingan joydagi Pensiya jamgʻarmasining tuman (shahar) boʻlimlari har chorakda Oʻzbekiston Respublikasi Kambagʻallikni qisqartirish va bandlik vazirligi tomonidan taqdim etilgan mehnat sharoitlari boʻyicha ish oʻrinlarini attestatsiyadan oʻtkazish sifati yuzasidan Davlat ekspertizasidan oʻtgan yuridik shaxslar hisobi toʻgʻrisidagi maʼlumotlar asosida soliq xizmati organlarini ushbu Nizomga 1-ilovaga muvofiq shakldagi hisob-kitobni topshirishi lozim boʻlgan yuridik shaxslar haqida xabardor qiladi.

24. Yuridik shaxs tugatilayotganda tugatish komissiyasi (tugatuvchi) majburiy tartibda Qonunning 12-moddasi “b” bandida nazarda tutilgan ish oʻrinlari boʻyicha eng kamida minimal talab qilingan maxsus ish stajiga ega boʻlgan shaxslarga ular Qonunning 7-moddasida nazarda tutilgan pensiya yoshiga yetguniga qadar boʻlgan muddatga pensiya toʻlash uchun sarflanadigan mablagʻlarni amalga oshirish kunida belgilangan pensiya miqdorida kapitallashtirilishni hisobga olgan holda ajratadilar.

Pensiya miqdori Qonunning 31-moddasiga muvofiq aniqlangan oʻrtacha oylik ish haqining 60 foiziga teng boʻladi.

25. Qonunning 12-moddasi “b” bandiga muvofiq tayinlangan pensiya har xil ish beruvchilarda ishlagan fuqaro uchun hisoblangan taqdirda, Pensiya jamgʻarmasining xarajatlari har bir ish beruvchining mablagʻlari hisobidan solidar tartibda qoplanadi.

26. Pensiya jamgʻarmasining tuman (shahar) boʻlimlari har oyda Qonunning 14-moddasiga muvofiq pensiya toʻlangan oydan keyingi oyning 15-sanasiga qadar Oʻzbekiston Respublikasi Kambagʻallikni qisqartirish va bandlik vazirligining tuman (shahar) kambagʻallikni qisqartirish va bandlikka koʻmaklashish boʻlimlariga (keyingi oʻrinlarda — mahalliy mehnat organi) ishsiz maqomiga ega boʻlgan shaxslarga muddatidan oldin pensiyalar toʻlashga sarflangan xarajatlarni qoplash uchun zarur boʻlgan summalar toʻgʻrisidagi maʼlumotni taqdim etadi. Shuningdek, bir vaqtning oʻzida maʼlumotni axborot-kommunikatsiya texnologiyalaridan foydalangan holda soliq xizmati organlariga ham taqdim etadi.

27. Mahalliy mehnat organi ushbu Nizomning 28-bandida koʻrsatilgan xarajatlarni qoplash uchun mablagʻlarni shaxs Qonunning 7-moddasida belgilangan pensiya yoshiga yetguniga qadar Pensiya jamgʻarmasining tuman (shahar) boʻlimlari hisobraqamlariga Gʻaznachilik qoʻmitasining boʻlimlari orqali oʻtkazadi.

28. Mahalliy mehnat organi har oyda Qonunning 14-moddasiga muvofiq tayinlangan pensiyalar toʻlangan oydan keyingi oyning 25-sanasidan kechiktirmasdan ushbu xarajatlarni qoplaydi.

29. Pensioner hisobda turgan joy boʻyicha Pensiya jamgʻarmasining hududiy boshqarmalari ushbu Nizomning 28-bandida koʻrsatilgan pensiyalarni toʻlashga sarflangan mablagʻlarni mahalliy mehnat organi tomonidan oʻz vaqtida toʻlanmagan taqdirda, qonunchilikka muvofiq regress daʼvo arizalari boʻyicha undiradi.

30. Pensionerning yashash joyi boʻyicha Pensiya jamgʻarmasining hududiy boshqarmasi har oyda keyingi oyning 1-sanasiga qadar yuridik shaxsga mehnat vazifalarini bajarish bilan bogʻliq holda mehnatda mayib boʻlish va kasb kasalligi oqibatida tayinlangan boquvchisini yoʻqotganlik hamda nogironlik pensiyalarini toʻlashga sarflangan xarajatlarni qoplash toʻgʻrisida regress talabnomani yuboradi.

31. Pensioner hisobda turgan joy boʻyicha Pensiya jamgʻarmasining tuman (shahar) boʻlimlari xodimlarning mehnat vazifalarini bajarish bilan bogʻliq holda mehnatda mayib boʻlish va kasb kasalligi oqibatida tayinlangan boquvchisini yoʻqotganlik hamda nogironlik pensiyalari toʻlangan oydan keyingi oyning 15-sanasiga qadar axborot-kommunikatsiya texnologiyalaridan foydalangan holda, soliq xizmati organlariga amalga oshirilgan xarajatlarini undirish (qoplash) toʻgʻrisidagi maʼlumotlarni yetkazadilar.

32. Xodimlarning mehnat vazifalarini bajarish bilan bogʻliq holda mehnatda mayib boʻlish va kasb kasalligi oqibatida tayinlangan boquvchisini yoʻqotganlik va nogironlik pensiyalari summalari yuridik shaxslar tomonidan mazkur pensiyalar toʻlangan butun davr uchun qoplanadi. Bunda xarajatlar toʻlovi har oyda pensiya toʻlangan oydan keyingi oyning 25-sanasidan kechiktirmasdan amalga oshiriladi.

Pensionerning hisobga turgan joyi boʻyicha Pensiya jamgʻarmasining hududiy boshqarmalari ushbu Nizomda koʻrsatilgan pensiyalarni toʻlashga sarflangan mablagʻlar yuridik shaxslar tomonidan oʻz vaqtida toʻlanmagan taqdirda, qonunchilikka muvofiq regress daʼvo arizalari boʻyicha yuridik shaxslardan undirilishini (qoplanishini) taʼminlaydilar.

33. Xodim mehnatda mayib boʻlish va kasb kasalligi oqibatida mehnat qobiliyatini har xil ish beruvchilarda yoʻqotgan taqdirda, har bir ish beruvchi mablagʻlarni solidar tartibda qoplaydi.

Agar mehnatda mayib boʻlish va kasb kasalligi oqibatida mehnat qobiliyatini yoʻqotish darajasini birlamchi aniqlashda (birinchi ish beruvchida) nogironlik guruhi belgilanmagan boʻlib, keyinchalik esa yangi olingan mehnatda mayib boʻlish yoki kasb kasalligi oqibatida mehnat qobiliyatini yoʻqotish darajasi nogironlik guruhini belgilash bilan birga amalga oshirilgan boʻlsa, pensiyalarni toʻlashga sarflangan Pensiya jamgʻarmasi xarajatlari nogironlik guruhi qaysi ish beruvchi davrida belgilangan boʻlsa, shu ish beruvchi tomonidan qoplanadi.

34. Mehnatda mayib boʻlish yoki kasb kasalligi uchun javobgar yuridik shaxs tugatilgan taqdirda, tugatish komissiyasi (tugatuvchi) yuridik shaxsning tugatish kuniga tayinlangan pensiya miqdorida kapitallashtirilishni hisobga olgan holda, ajratmalarni majburiy ravishda quyidagi tartibda amalga oshiradi:

a) mehnatda mayib boʻlish va kasb kasalligi oqibatidagi nogironlik boʻyicha pensiyalarni toʻlash uchun:

agar nogironlik muayyan davrga belgilangan boʻlsa, nogironlikning amal qilish muddatiga, biroq kamida besh yil uchun;

agar nogironlik muddatsiz belgilangan boʻlsa, ajratmalarni hisoblab chiqish sanasida xodimlar Oʻzbekiston Respublikasida kutilayotgan oʻrtacha umr koʻrish davomiyligigacha boʻlgan muddatga;

b) boquvchisini yoʻqotganlik pensiyalari boʻyicha mehnatga qobiliyatsiz oila aʼzolariga nisbatan:

oʻn sakkiz yoshga yetmagan oila aʼzolariga — ular ushbu yoshga yetgunlariga qadar, oʻquvchi yoki talaba hisoblansa 23 yoshga yetgunlariga qadar;

vafot etgan boquvchining farzandlari, aka-ukalari, opa-singillari yoki nabiralarini boqqan oila aʼzolariga — boquvchining farzandlari, aka-ukalari, opa-singillari yoki nabiralari, ishlovchilarga bolaga qarash uchun ish haqi saqlanmagan taʼtilda boʻlish huquqini beradigan yoshga toʻlgunga qadar;

ota, ona, oʻgay ota, oʻgay ona, xotin, erga — agar ular Qonunning 7-moddasida nazarda tutilgan pensiya yoshiga toʻlgan yoki nogironligi boʻlgan shaxs boʻlsalar, shuningdek, buva va buviga — agar Qonunga muvofiq ularni boqishi shart boʻlgan kishilar boʻlmasa, ajratmalarni hisoblab chiqish sanasida ular Oʻzbekiston Respublikasida kutilayotgan oʻrtacha umr koʻrish davomiyligiga qadar boʻlgan muddatga.

35. Agar Oʻzbekiston Respublikasida kutilayotgan oʻrtacha umr koʻrish davomiyligi va mehnat vazifalarini bajarishda mehnatda mayib boʻlish yoki kasb kasalligi oqibatida boquvchisini yoʻqotganlik va nogironlik pensiyasini olishga huquqi boʻlgan fuqaroning yoshi oʻrtasidagi farq 5 yildan kam boʻlsa, shuningdek, agar fuqaroning yoshi Oʻzbekiston Respublikasida kutilayotgan oʻrtacha umr koʻrish davomiyligidan koʻp boʻlsa, u holda mablagʻlar kamida 5 yil uchun toʻlanishi lozim.

36. Pensiyalarni toʻlashga sarflangan Pensiya jamgʻarmasining xarajatlari yuridik shaxslar tomonidan qoplanishi 200110 mablagʻlar manbai va daromadlar kodlari bilan daromadlarning quyidagi shaxsiy gʻazna hisobvaraqlariga qoplab beriladi:

3214101 — Qonunning 12-moddasi “b” bandiga asosan imtiyozli pensiya toʻlashni qoplash uchun ajratmalar;

3214115 — yirik soliq toʻlovchilar tomonidan Qonunning 12-moddasi “b” bandiga asosan imtiyozli pensiya toʻlashni qoplash uchun ajratmalar;

3214116 — Qoraqalpogʻiston Respublikasi, viloyatlar va Toshkent shahar soliq boshqarmalarida hisobi yuritiladigan soliq toʻlovchilar tomonidan Qonunning 12-moddasi “b” bandiga asosan imtiyozli pensiya toʻlashni qoplash uchun ajratmalar;

3214102 — mahalliy mehnat organi tomonidan belgilangan tartibda berilgan taqdimnoma asosida Qonunning 14-moddasiga muvofiq tayinlangan yoshga doir pensiyalarni toʻlash xarajatlarini qoplash mablagʻlari;

3999059 — Qonunning 15-moddasiga asosan mehnatda mayib boʻlganlik yoki kasb kasalligi oqibatida nogironligi boʻlgan shaxslarning va boquvchisini yoʻqotganlik pensiyalarini qoplash mablagʻlari;

3999060 — Qonunning 15-moddasiga asosan mehnatda mayib boʻlganlik yoki kasb kasalligi oqibatida nogironligi boʻlgan shaxslarning va boquvchisini yoʻqotganlik pensiyalarini yirik soliq toʻlovchilar tomonidan qoplash mablagʻlari;

3999061 — Qonunning 15-moddasiga asosan mehnatda mayib boʻlganlik yoki kasb kasalligi oqibatida nogironligi boʻlgan shaxslarning va boquvchisini yoʻqotganlik pensiyalarini Qoraqalpogʻiston Respublikasi, viloyatlar va Toshkent shahar soliq boshqarmalarida hisobi yuritiladigan soliq toʻlovchilar tomonidan qoplash mablagʻlari.

37. Ish kuni davomida Gʻaznachilik qoʻmitasi Yagona gʻazna hisobvaragʻiga kelib tushgan hamda 200110 mablagʻlar manbai va 3999059, 3999060, 3999061 daromad kodlari bilan daromadlarning tegishli shaxsiy gʻazna hisobvaraqlarida aks ettirilgan qoplanadigan summalar shu ish kuni davomida quyidagi foizlarda ajratiladi:

mablagʻlarning 85 foizi Pensiya jamgʻarmasining daromadiga;

mablagʻlarning 15 foizi Pensiya jamgʻarmasining ijro etuvchi apparati va hududiy boshqarmalari uchun ochilgan 200110 mablagʻlar manbasi va 3214104 daromad kodi bilan daromadlarning tegishli shaxsiy gʻazna hisobvaraqlariga Pensiya jamgʻarmasi xodimlarini ijtimoiy qoʻllab-quvvatlash va moddiy ragʻbatlantirish maqsadida ajratiladi. Bunda ajratilgan mablagʻlarning 7,5 foizi Pensiya jamgʻarmasining ijro etuvchi apparati, qolgan 7,5 foizi Pensiya jamgʻarmasining hududiy boshqarmalari oʻrtasida taqsimlanadi.

38. Oʻzbekiston Respublikasi Iqtisodiyot va moliya vazirligi tomonidan har kuni Pensiya jamgʻarmasi mablagʻlarining qoplanishi boʻyicha kelib tushgan mablagʻlarga oid maʼlumotlar elektron shaklda axborot-kommunikatsiya texnologiyalardan foydalangan holda Soliq qoʻmitasiga taqdim etiladi.

39. Xodimlarning mehnat vazifalarini bajarish bilan bogʻliq holda mehnatda mayib boʻlish va kasb kasalligi oqibatida tayinlangan boquvchisini yoʻqotganlik va nogironlik pensiyalarini toʻlashga sarflangan xarajatlar boʻyicha qarzdorligi mavjud yoki Qonunning 12-moddasi “b” bandiga asosan tayinlangan pensiyalarni toʻlashga sarflangan xarajatlarni qoplash uchun hisob-kitob taqdim etuvchi yuridik shaxs tugatilayotganda tugatuvchi Pensiya jamgʻarmasi tuman (shahar) boʻlimlaridan olingan maʼlumotlarga muvofiq tugatilayotgan yuridik shaxs oʻzlari soliq toʻlovchi sifatida roʻyxatga olingan soliq xizmati organlariga koʻrsatib oʻtilgan pensiyalarni toʻlashga sarflanadigan keyingi xarajatlarni ajratmalar amalga oshirilayotgan sanadagi pensiya miqdorini hisobga olgan holda kapitallashtirish uchun tegishli hisob-kitoblarni taqdim etadi.

40. Tugatilayotgan yuridik shaxsning mol-mulki yetishmaganligi tufayli undirilmagan qarzdorlik summasi umidsiz soliq qarzdorligini hisobdan chiqarish uchun belgilangan tartibda hisobdan chiqarilishi kerak.

Bunda ushbu yuridik shaxs boʻyicha xarajatlarni qoplash summasini bundan keyin hisoblash umidsiz qarzdorlik hisobdan chiqarilgan sanadan boshlab toʻxtatiladi.

41. Pensiya jamgʻarmasi xarajatlarini qoplash boʻyicha qarzi boʻlgan yuridik shaxs uning bank hisobvaragʻida pul mablagʻlarining mavjudligidan qatʼiy nazar, ushbu Nizomda belgilangan toʻlov muddatidan kechiktirmay, qarzni toʻlash uchun toʻlov topshiriqnomasini unga xizmat koʻrsatuvchi tijorat bankiga taqdim etishi shart.

42. Ushbu Nizomda koʻrsatilgan Pensiya jamgʻarmasining pensiyalarni toʻlashga ajratilgan xarajatlari yuridik shaxslar tomonidan oʻz vaqtida qoplanmagan taqdirda, qoplanishi lozim boʻlgan summaning har bir kechiktirilgan kuni uchun qarzdorlik summasining 100 foizidan koʻp boʻlmagan miqdorda penya hisoblanadi va undiriladi.

Penyaning foiz stavkasi Oʻzbekiston Respublikasi Markaziy bankining qarzdorlikni qoplash davrida amalda boʻlgan qayta moliyalash stavkasining uch yuzdan biriga teng etib qabul qilinadi.

Penyalar soliq organlari tomonidan soliq toʻlovchining bank xisobvaraqalaridagi mablagʻlaridan, shuningdek, soliq toʻlovchining boshqa mol-mulki hisobidan majburiy ravishda undirilishi mumkin.

43. Yuridik shaxs qayta tashkil etilgan (qoʻshib yuborish, qoʻshib olish, boʻlish, ajratish, oʻzgartirish) taqdirda, ushbu Nizomning 21 , 28 va 32-bandlarida koʻrsatilgan pensiyalarni toʻlashga sarflangan xarajatlarni qoplash majburiyati uchun uning huquqiy vorisi javob beradi. Xarajatlarni toʻlash toʻgʻrisidagi barcha talablar (daʼvolar) ham vorisga beriladi.

44. Oʻzbekiston Respublikasi Kambagʻallikni qisqartirish va bandlik vazirligi mehnat sharoitlari boʻyicha ish oʻrinlarini attestatsiyadan oʻtkazish sifati yuzasidan Davlat ekspertizasi asosida tegishli tashkilotlarning hisobi yuritilishini taʼminlaydi, shu jumladan, axborot-kommunikatsiya texnologiyalaridan foydalanilgan holda axborot almashish boʻyicha Pensiya jamgʻarmasi bilan oʻzaro hamkorlik qiladi.

5-bob. Yuridik shaxslar tomonidan qoʻshimcha toʻlov boʻyicha xarajatlarning amalga oshirilishi

45. Pensiya jamgʻarmasining hududiy boshqarmalari yuridik shaxsning talabnomasiga muvofiq qoʻshimcha toʻlov uchun mablagʻlarni moliyalashtiradi.

Yuridik shaxs tomonidan nogironligi boʻlgan 16 yoshgacha bolaning ota-onasidan biriga, vasiy va homiyga qoʻshimcha dam olish kunlari uchun qoʻshimcha toʻlov xarajatlarini toʻlashga Pensiya jamgʻarmasidan mablagʻlarni olish talabnomalari (keyingi oʻrinlarda — talabnoma) ushbu Nizomga 2-ilovaga muvofiq qogʻozda yoki elektron shaklda elektron hujjatga doir talablarga rioya etilgan holda, ushbu Nizomga 3 va 4-ilovalarga muvofiq taqdim etiladi.

Talabnomada koʻrsatilgan maʼlumotlarning toʻgʻriligi uchun javobgarlik yuridik shaxs zimmasiga yuklanadi.

46. Yuridik shaxslar keyingi oyning 10-sanasidan kechiktirmasdan yuridik shaxs soliq toʻlovchi sifatida roʻyxatga olingan Pensiya jamgʻarmasining tuman (shahar) boʻlimlariga talabnomalarni taqdim etadilar.

Talabnoma oʻrnatilgan tartibda rahbarlik vazifalarini amalga oshiruvchi shaxs, buxgalteriya hisobi va moliyaviy boshqarish vazifalarini amalga oshiruvchi shaxs tomonidan imzolangan boʻlishi lozim. Elektron hujjat tarzida taqdim etilgan yuridik shaxslar talabnomalari yuridik shaxslar rahbarining elektron raqamli imzosi bilan tasdiqlanadi.

Agar talabnomani qabul qilish muddatining soʻnggi kuni dam olish yoki bayram (ishlanmaydigan) kunlariga toʻgʻri kelib qolgan hollarda, keyingi ish kuni talabnomani qabul qilish muddatining soʻnggi kuni hisoblanadi.

47. Talabnoma ushbu Nizomning 48-bandida belgilangan holatlardan tashqari Pensiya jamgʻarmasining tuman (shahar) boʻlimi tomonidan qabul qilinadi. Qabul qilingan talabnoma Pensiya jamgʻarmasining axborot tizimida qayd etiladi.

48. Yuridik shaxs tomonidan taqdim etilgan talabnoma quyidagi hollarda qaytariladi:

qogʻoz koʻrinishida taqdim etilgan talabnoma belgilangan shaklda rasmiylashtirilmaganda, shuningdek, unda masʼul shaxslarning imzolari boʻlmaganda yoki rasmiylashtirilgandan soʻng unga oʻzgartirish va tuzatishlar kiritilgan boʻlsa;

qogʻoz koʻrinishidagi talabnomaga reyestr ilova qilinmaganda;

talabnoma va ilova qilingan reyestr summalari oʻrtasida farqlar mavjud boʻlganda;

888 shartli hisobvaraqlar raqamida ikkilamchi hisobvaragʻi mavjud boʻlmagan taqdirda (budjet tashkilotlari bundan mustasno);

elektron talabnoma yuridik shaxs rahbarining elektron raqamli imzosi bilan tasdiqlanmaganda;

talabnoma ushbu Nizomning 46-band birinchi xatboshisida belgilangan muddatdan soʻng taqdim etilganida.

49. Qabul qilingan talabnomalar boʻyicha shu kunning oʻzida yuridik shaxslarning jamlanma talabnomasi tuzilib, u boʻlim boshligʻi tomonidan Pensiya jamgʻarmasining axborot tizimida tasdiqlanadi va Pensiya jamgʻarmasi hududiy boshqarmasiga axborot tizimi orqali yuboriladi.

50. Pensiya jamgʻarmasining hududiy boshqarmasi talabnomalarni Pensiya jamgʻarmasining tuman (shahar) boʻlimlari kesimida jamlaydi va har oyning 13-sanasiga qadar Pensiya jamgʻarmasining hududiy boshqarmasi boshligʻi hamda pensiya, nafaqa va boshqa toʻlovlarni moliyalashtirish shuʼbasi mudiri tomonidan Pensiya jamgʻarmasining axborot tizimida tasdiqlanadi. Tasdiqlangan talabnomalar avtomatik tarzda axborot tizimi orqali Pensiya jamgʻarmasi ijro etuvchi apparatiga moliyalashtirish uchun yuboriladi.

51. Pensiya jamgʻarmasining hududiy boshqarmasi tomonidan axborot tizimida tasdiqlangan talabnomalar Pensiya jamgʻarmasining ijro etuvchi apparati, hududiy boshqarmasi tomonidan moliyalashtirish uchun asos hisoblanadi.

52. Talabnomalarni moliyalashtirish uchun toʻlov hujjatlari yuridik shaxslar tomonidan qogʻoz koʻrinishida yoki elektron hujjat shaklida taqdim etilgan maʼlumotlar asosida shakllantiriladi.

53. Pensiya jamgʻarmasining tuman (shahar) boʻlimlari yuridik shaxslar tomonidan (budjetdan moliyalashtiriladigan yuridik shaxslardan tashqari) qoʻshimcha toʻlov boʻyicha xarajatlarning toʻlanishi uchun kelib tushgan mablagʻlarni kirim qilish uchun yuridik shaxslar asosiy depozit hisobvaraqlariga xizmat koʻrsatuvchi banklarda 888 shartli hisobvaraqlar raqami bilan ikkilamchi hisobvaraqlarni ochadilar.

54. Gʻazna ijrosi bilan qamrab olinmagan budjetdan moliyalashtiriladigan yuridik shaxslarga Pensiya jamgʻarmasining hududiy boshqarmasi qoʻshimcha toʻlov boʻyicha xarajatlarni toʻlash uchun mablagʻlarni ularning budjet mablagʻlari boʻyicha tegishli depozit hisobvaraqlariga oʻtkazadi.

Gʻazna ijrosi bilan qamrab olingan budjetdan moliyalashtiriladigan yuridik shaxslar boʻyicha Pensiya jamgʻarmasining hududiy boshqarmasi qoʻshimcha toʻlov boʻyicha xarajatlarni toʻlash uchun mablagʻlarni tegishli shaxsiy gʻazna hisobvaragʻiga oʻtkazadi.

Bunda budjetdan moliyalashtiriladigan yuridik shaxslar tegishli budjet tasnifi moddalari boʻyicha alohida talabnoma tuzadi va xarajatlar amalga oshiriladigan ushbu moddalarning (depozit va shaxsiy) hisobvaraqlarini belgilab koʻrsatadi.

55. Pensiya jamgʻarmasining ijro etuvchi apparati Pensiya jamgʻarmasi hududiy boshqarmalari tomonidan taqdim etilgan umumlashtirilgan talabnomalarga asosan joriy toʻlov oyining 15-sanasigacha moliyalashtiradi.

56. Pensiya jamgʻarmasi hududiy boshqarmalari tomonidan Pensiya jamgʻarmasi ijro etuvchi apparatidan kelib tushgan mablagʻlar asosida taqdim etilgan talabnomalarga koʻra ikki ish kuni davomida tegishli yuridik shaxslarga moliyalashtiradi.

57. Qoʻshimcha toʻlov uchun olingan mablagʻlar qatʼiy nazoratda boʻlishi va faqatgina talabnomada nazarda tutilgan maqsadlar uchun foydalanilishi shart. Hisob-kitoblarda kerakli summalarni qasddan buzib koʻrsatishga va ulardan maqsadga nomuvofiq foydalanishga yoʻl qoʻygan mansabdor shaxslar qonunchilik hujjatlarida nazarda tutilgan tartibda toʻlov intizomiga rioya etilishi yuzasidan shaxsan javob beradilar.

58. Yuridik shaxslar (budjetdan moliyalashtiriladigan yuridik shaxslardan tashqari) oʻz mablagʻlari mavjud boʻlgan hollarda, keyinchalik toʻlangan summalarni Pensiya jamgʻarmasi mablagʻlari hisobidan qoplash evaziga qoʻshimcha toʻlovni ish haqini toʻlash kunida (oʻz mablagʻlari hisobidan) toʻlash huquqiga egalar. Yuridik shaxslar tomonidan toʻlangan summalar Pensiya jamgʻarmasidan olingan mablagʻlar 888 shartli hisobvaraqlar raqamiga ega ikkilamchi hisobvaraqdan xarajatlar toʻlab berilgan asosiy hisobvaraqqa pul oʻtkazish yoʻli bilan qoplanadi.

6-bob. Yakunlovchi qoidalar

59. Pensiya jamgʻarmasiga ijtimoiy soliq hisob-kitoblarining toʻgʻriligi, toʻliq va oʻz vaqtida toʻlanganligi ustidan nazorat soliq xizmati organlari tomonidan qonunchilik hujjatlarida belgilangan tartibda amalga oshiriladi.

Soliq xizmati organlari qonunchilik hujjatlariga muvofiq yuridik shaxslarga nisbatan ijtimoiy soliqni hisoblash tartibi va toʻlov muddatlarini buzganligi uchun javobgarlik choralarini qoʻllaydilar.

Xodimlarning mehnat vazifalarini bajarish bilan bogʻliq holda mehnatda mayib boʻlish va kasb kasalligi oqibatida tayinlangan boquvchisini yoʻqotganlik va nogironlik pensiyalarini toʻlashga sarflangan xarajatlar boʻyicha qarzdorligi mavjud yoki Qonunning 12-moddasi “b” bandi va 14-moddasiga asosan tayinlangan pensiyalarni toʻlashga sarflangan Pensiya jamgʻarmasi xarajatlarini tashkilotlar tomonidan toʻliq va oʻz vaqtida qoplanishi yuzasidan nazorat soliq xizmati organlari tomonidan qonunchilik hujjatlarida belgilangan tartibda amalga oshiriladi.

60. Qonunning 12-moddasi “b” bandi va 14-moddasiga asosan imtiyozli asoslarda muddatidan oldin tayinlangan yoshga doir pensiyalarni va xodimlarning mehnat vazifalarini bajarish bilan bogʻliq holda mehnatda mayib boʻlish hamda kasb kasalligi oqibatida tayinlangan boquvchisini yoʻqotganlik va nogironlik pensiyalari uchun Pensiya jamgʻarmasining xarajatlari yuridik shaxs tomonidan belgilangan muddatlarda qoplanmagan yoki toʻliq qoplanmagan taqdirda, soliq xizmati organlari ushbu qarzdorlikni yuridik shaxslarning bank xisobvaraqalaridagi, shu jumladan, korporativ-kartochkalardagi mablagʻlaridan majburiy tarzda undiradi.

61. Ushbu Nizom talablarining buzilishida aybdor boʻlgan shaxslar qonunchilik hujjatlarida belgilangan tartibda javob beradilar.

Ijtimoiy soliqni taqsimlash, pensiya va boshqa toʻlovlarni toʻlash uchun ajratilgan xarajatlarni qoplash tartibi toʻgʻrisidagi nizomga 1-ILOVA

Oʻzbekiston Respublikasining “Fuqarolarning davlat pensiya taʼminoti toʻgʻrisida”gi Qonuni 12-moddasi “b” bandiga muvofiq tayinlangan pensiyalarni toʻlash xarajatlarini qoplash boʻyicha mablagʻ toʻlagan toʻlovchi toʻgʻrisida

STIR Hujjat turi / Hisobot davri: oy Chorak Hisobot yili Hujjat turi: 1-hisob-kitob, 2-qayta hisob-kitob (kasr orqali qayta hisob-kitobning raqami) Yuridik shaxsning toʻliq nomi ____________________________________________________ Ishlovchilar soni ____________ nafar kishi kichik tadbirkorlik subyektlari oʻrta tadbirkorlik subyektlari yirik tadbirkorlik subyektlari budjet tashkilotlari (keraklisiga “ν” belgisi qoʻyiladi) Davlat roʻyxatidan oʻtkazilganligi toʻgʻrisida guvohnoma Joylashgan joyi Pochta manzili Yuqori turuvchi tashkilot Xizmat koʻrsatuvchi bank Bank hisobvaragʻi Telefon raqami kod Oʻlchov birligi soʻm Hisob-kitobni taqdim etish muddati (kun/oy/yil) ______________________________________________ga taqdim etiladi (soliq hisobga olingan joydagi davlat soliq xizmati organi)

Mazkur hisob-kitobda koʻrsatilgan maʼlumotlarning ishonchliligi va toʻliqligini tasdiqlayman: Soliq xizmati organining xodimi tomonidan toʻldiriladi Rahbar __________________ Mazkur hisob-kitob (keraklisiga “v” belgisi qoʻyilsin) qogʻoz shaklida elektron shaklida F.I.O. shaxsan pochta elektron pochta orqali orqali Imzo ________________ varaqda taqdim etildi Bosh buxgalter Taqdim etilgan sana F.I.O. (kun/oy/yil) Imzo F.I.O. Sana Imzo (kun/oy/yil)

Oʻzbekiston Respublikasining “Fuqarolarning davlat pensiya taʼminoti toʻgʻrisida”gi Qonuni 12-moddasi “b” bandiga muvofiq tayinlangan pensiyalarni toʻlash xarajatlarini qoplash boʻyicha HISOB-KITOB* Koʻrsatkichlar Satr kodi Oʻlchov birligi Yillik summa Oʻzbekiston Respublikasi Iqtisodiyot va moliya vazirligi huzuridagi budjetdan tashqari Pensiya jamgʻarmasi boʻlimi maʼlumotlari asosida Oʻzbekiston Respublikasining “Fuqarolarning davlat pensiya taʼminoti toʻgʻrisida”gi Qonuni 12-moddasi “b” bandiga muvofiq tayinlangan pensiyalarni oldingi yil uchun toʻlash boʻyicha hisoblangan xarajatlarni qoplash summasi 010 soʻm Oʻtkazilishi lozim boʻlgan minimal summa (hisob-kitobning 023-satri x 0,03 x 0,6) 020 soʻm Oʻzbekiston Respublikasining “Fuqarolarning davlat pensiya taʼminoti toʻgʻrisida”gi Qonuni 12-moddasi “b” bandida nazarda tutilgan ish oʻrinlari soni 021 birlik Oldingi yildagi maʼlumotlar boʻyicha koʻrsatilgan ishlarda band boʻlgan xodimlarning oʻrtacha yillik soni 022 birlik Oʻzbekiston Respublikasining “Fuqarolarning davlat pensiya taʼminoti toʻgʻrisida”gi Qonuni 12-moddasi “b” bandida nazarda tutilgan ish oʻrinlarida band boʻlgan barcha xodimlarga toʻlangan yillik ish haqi summasi 023 soʻm Oʻzbekiston Respublikasi Iqtisodiyot va moliya vazirligi huzuridagi budjetdan tashqari Pensiya jamgʻarmasiga toʻlanishi lozim boʻlgan summa (agar 010 > 020 boʻlsa, 010 qator boʻyicha summa qoʻyiladi, agar 010 < 020 boʻlsa, 020 qator boʻyicha summa qoʻyiladi) 030 soʻm * Hisobot yilida bir marotaba 1-fevralga qadar taqdim etiladi. _____________ Rahbar ___________________ ________________________ (imzo) (F.I.O) ______ Bosh buxgalter ___________________ ________________________ (imzo) (F.I.O)

Ijtimoiy soliqni taqsimlash, pensiya va boshqa toʻlovlarni toʻlash uchun ajratilgan xarajatlarni qoplash tartibi toʻgʻrisidagi nizomga 2-ILOVA

Oʻzbekiston Respublikasi Iqtisodiyot va moliya vazirligi huzuridagi budjetdan tashqari Pensiya jamgʻarmasi ____________________ tuman (shahar) boʻlimiga Yuridik shaxsning _____________________________________________________________ __________________________________________ (toʻliq nomi) Yuridik shaxsning bank rekvizitlari _____________________________________________ __________________________________________ (bank nomi, MFO, hisobvaraq raqami) Yuridik shaxsning STIR ______________________________________ Xodimlarning roʻyxatdagi oʻrtacha soni ____________________________________________ 20 ___ yil _________________ uchun xarajatlarni toʻlashga Pensiya jamgʻarmasidan mablagʻlarni olish TALABNOMASI T/r Koʻrsatkichlar Qoʻshimcha toʻlov oluvchilar soni Haqiqiy xarajatlar, soʻmda Shu jumladan, oʻtgan davr uchun, soʻmda 1. Nogironligi boʻlgan 16 yoshgacha bolalar qonuniy vakiliga qoʻshimcha dam olish kunlari haqining toʻlovi JAMI: * Har oyda hisobot oyidan keyingi oyning oʻninchi sanasiga qadar reyestr majburiy ilova qilingan holda taqdim etiladi Yuridik shaxs rahbari __________________________________ (imzo) Bosh buxgalter __________________________________ (imzo)

Ijtimoiy soliqni taqsimlash, pensiya va boshqa toʻlovlarni toʻlash uchun ajratilgan xarajatlarni qoplash tartibi toʻgʻrisidagi nizomga 3-ILOVA

20 ___ yil _________________ uchun xarajatlarni toʻlashga Pensiya jam gʻ armasidan mabla gʻ larni olish uchun ELEKTRON TALABNOMA Yuridik shaxsning nomi: ________________________________ Yuridik shaxsning STIR: Yuridik shaxsning hisob-kitob (gʻazna) hisobvaragʻi: ___________________ T/r F.I.O. Jismoniy shaxsning shaxsiy identifikatsiya raqami Nogironligi boʻlgan 16 yoshgacha bolalar qonuniy vakiliga dam olish kunlari haqi 1. 2. 3.

Ijtimoiy soliqni taqsimlash, pensiya va boshqa toʻlovlarni toʻlash uchun ajratilgan xarajatlarni qoplash tartibi toʻgʻrisidagi nizomga 4-ILOVA

Oʻzbekiston Respublikasi Iqtisodiyot va moliya vazirligi huzuridagi budjetdan tashqari Pensiya jamgʻarmasi ____________________ tuman (shahar) boʻlimiga _______________________________________ (yuridik shaxsning toʻliq nomi) STIR ____________________________ 20___ yil ____________ da Oʻzbekiston Respublikasi Iqtisodiyot va moliya vazirligi huzuridagi budjetdan tashqari Pensiya jamgʻarmasidan yuridik shaxs tomonidan nogironligi boʻlgan 16 yoshgacha bolaning ota-onasidan biriga, vasiy va homiyga qoʻshimcha dam olish kunlari haqining toʻlovi uchun mablagʻ olishga yuridik shaxs xodimlari REYESTRI T/r F.I.O. Jismoniy shaxsning shaxsiy identifikatsiya raqami Toʻlov miqdori (soʻmda) 1. 2. HAMMASI : Izoh: Jismoniy shaxsning shaxsiy identifikatsiya raqami koʻrsatilishi shart. Yuridik shaxs rahbari _________________________ (imzo) Bosh buxgalter _________________________ (imzo)

Vazirlar Mahkamasining 2023-yil 14-dekabrdagi 661-son qaroriga 2-ILOVA

Oʻzbekiston Respublikasi Hukumatining oʻz kuchini yoʻqotgan deb eʼtirof etilayotgan ayrim qarorlari

1. Vazirlar Mahkamasining “Fuqarolarning davlat pensiya taʼminoti toʻgʻrisida”gi Oʻzbekiston Respublikasining Qonuniga muvofiq pensiyalarni toʻlashga xarajatlarni qoplash tartibi toʻgʻrisida nizomni tasdiqlash haqida” 2014-yil 23-dekabrdagi 357-son qarori .

2. Vazirlar Mahkamasining “Fuqarolarning davlat pensiya taʼminoti tizimi yanada takomillashtirilishi munosabati bilan Oʻzbekiston Respublikasi Hukumatining ayrim qarorlariga oʻzgartirish va qoʻshimchalar kiritish toʻgʻrisida” 2016-yil 27-iyundagi 189-son qaroriga ilovaning 4-bandi .

3. Vazirlar Mahkamasining “Fuqarolarning davlat pensiya taʼminoti tizimi yanada takomillashtirilishi munosabati bilan Oʻzbekiston Respublikasi Hukumatining ayrim qarorlariga oʻzgartirish va qoʻshimchalar kiritish toʻgʻrisida” 2018-yil 25-sentabrdagi 766-son qaroriga ilovaning 6-bandi .

4. Vazirlar Mahkamasining “Fuqarolarning davlat pensiya taʼminoti tizimi yanada takomillashtirilishi munosabati bilan Oʻzbekiston Respublikasi Hukumatining ayrim qarorlariga oʻzgartirish va qoʻshimchalar kiritish toʻgʻrisida” 2019-yil 21-oktabrdagi 889-son qaroriga ilovaning 5-bandi .

5. Vazirlar Mahkamasining “Tibbiy-ijtimoiy ekspertiza xizmati tashkiliy tuzilmasini va faoliyatini tashkil etishga oid normativ-huquqiy hujjatlarni tasdiqlash toʻgʻrisida” 2022-yil 8-fevraldagi 62-son qaroriga 12-ilovaning 51-bandi .

6. Vazirlar Mahkamasining “Oʻzbekiston Respublikasi Hukumatining ayrim qarorlariga oʻzgartirishlar kiritish toʻgʻrisida 2022-yil 4-apreldagi 153-son qaroriga ilovaning 354-bandi .

7. Vazirlar Mahkamasining “Savdo va xizmat koʻrsatish sohasida jamoatchilik nazorati samaradorligini oshirishga doir qoʻshimcha chora-tadbirlar toʻgʻrisida” 2022-yil 12-maydagi 255-son qaroriga 3-ilovaning 8-bandi .

8. Vazirlar Mahkamasining “Ijtimoiy himoyaga muhtoj ayrim toifadagi shaxslarga nafaqa va qoʻshimcha toʻlovlarni tayinlash hamda toʻlash tartibi toʻgʻrisidagi nizomlarni tasdiqlash va ushbu sohaga zamonaviy axborot texnologiyalarini keng joriy etish orqali davlat xizmati sifatini oshirishga doir qoʻshimcha chora-tadbirlar haqida” 2023-yil 23-martdagi 119-son qaroriga 3-ilovaning 6-bandi .

Oʻzbekiston Respublikasining Bosh vaziri A. ARIPOV

Toshkent sh.,

2023-yil 14-dekabr,

661-son

(Qonunchilik maʼlumotlari milliy bazasi, 15.12.2023-y., 09/23/661/0937-son)

lex.uz