📅 2023-yil 14-dekabr · Vazirlar Mahkamasi qarorlari
Rasmiy matn. Rasmiy hujjat. Tahririy izohlar kiritilmagan.
📅 2023-yil 14-dekabr · Vazirlar Mahkamasi qarorlari
Rasmiy matn. Rasmiy hujjat. Tahririy izohlar kiritilmagan.
📅 2023 йил 14 декабрь · Вазирлар Маҳкамаси қарорлари
Расмий матн. Расмий ҳужжат. Таҳририй изоҳлар киритилмаган.
📅 14 декабря 2023 г. · Постановления Кабинета Министров
Официальный текст. Официальный документ. Редакционные примечания не включены.
📅 14 December 2023 · Cabinet of Ministers resolutions
Official text. Official document. Editorial notes are not included.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг
қарори
НИЗОМ
РЎЙХАТИ
Давлат мулкини ижарага бериш тартибини янада такомиллаштириш тўғрисида
Давлат мулкини ижарага бериш тизимини янада такомиллаштириш ҳамда соҳага замонавий ахборот-коммуникация технологияларини кенг жорий этиш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:
1. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 5 октябрдаги ПФ-6079-сон Фармони билан тасдиқланган «Рақамли Ўзбекистон — 2030» стратегияси доирасида Ўзбекистон Республикаси Давлат активларини бошқариш агентлиги (кейинги ўринларда — Давактив агентлиги) томонидан давлат мулкини ижарага бериш, ижара шартномаларининг мониторинги ва тушумларни назорат қилиш бўйича «online-ijara.uz» ахборот тизими ишлаб чиқилганлиги маълумот учун қабул қилинсин.
2. Қуйидагиларни назарда тутувчи Давлат мулкини ижарага бериш тартиби тўғрисидаги низом 1-иловага мувофиқ тасдиқлансин:
давлат мулкини ижарага бериш қоидалари;
давлат мулкига ижара тўлови миқдорини белгилаш тартиби;
ижара шартномасини тузиш ва ижара тўловлари ҳисоб-китоби тартиби;
балансда сақловчининг ижара муносабатларидаги иштироки ҳамда унинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари;
ижарага берилаётган давлат мулклари ҳисобини юритиш.
3. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Солиқ қўмитаси Давактив агентлиги билан биргаликда бир ой муддатда:
«E-ijara» электрон тизимини «online-ijara.uz» ахборот тизими билан интеграция қилсин;
давлат мулкини ижарага бериш шартномалари бўйича тўловларни ундириш ва уларнинг тақсимотини «E-ijara» электрон тизими орқали амалга ошириш тартиби лойиҳасини ишлаб чиқсин ва белгиланган тартибда рўйхатдан ўтказсин;
2024 йил 1 мартдан бошлаб давлат мулкини ижарага бериш шартномалари бўйича ижара тўловларини ундириш ва уларнинг тақсимоти «E-ijara» электрон тизими орқали амалга оширилишини йўлга қўйсин.
4. Бюджетдан молиялаштириладиган давлат муассасалари ва уларнинг ҳудудий ва туман (шаҳар) бўлинмалари, шунингдек, халқаро ташкилотлар ваколатхоналари, қўшма лойиҳаларни амалга ошириш гуруҳлари давлат мулки бўлган бинолар ва иншоотларга текин фойдаланиш ҳуқуқи асосида жойлаштирилади, қонунчилик ҳужжатларида назарда тутилган ҳолатлар бундан мустасно.
5. Белгилансинки, бир йилдан кам бўлмаган муддатга тузилган давлат кўчмас мулкини ижарага бериш шартномаси асосида юзага келган ижара ҳуқуқи Давактив агентлиги ҳамда Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ҳузуридаги Кадастр агентлиги ўртасида ўзаро электрон ахборот алмашинуви орқали давлат рўйхатидан ўтказилади.
Бунда ижара ҳуқуқини давлат рўйхатидан ўтказганлик учун тўловлар ижарага олувчи томонидан қопланади.
6. Давактив агентлиги икки ой муддатда Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига давлат мулкини ижарага бериш тартибини бузганлик учун балансда сақловчиларнинг мансабдор шахсларига нисбатан жавобгарлик белгиланишини назарда тутувчи тегишли ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида Вазирлар Маҳкамасига таклифлар киритсин.
7. Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг 2-иловага мувофиқ айрим қарорларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритилсин.
8. Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг 3-иловага мувофиқ баъзи қарорлари ўз кучини йўқотган деб ҳисоблансин.
9. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Давлат активларини бошқариш агентлиги директори А.Ж. Ортиқов зиммасига юклансин.
Вазирлар Маҳкамасининг 2023 йил 14 декабрдаги 660-сон қарорига 1-ИЛОВА
Давлат мулкини ижарага бериш тартиби тўғрисида
1-боб. Умумий қоидалар
1. Ушбу Низом давлат мулкини ижарага бериш тартибини белгилайди.
Ушбу Низомнинг амал қилиши:
чет элдаги давлат мулкини ижарага беришга;
ободонлаштириш ва зарур ҳолатда сақлаш бўйича инвестиция мажбуриятларини олган ҳолда моддий маданий мерос объектлари ва уларга туташ ҳудудларни ижарага беришга;
касб-ҳунарга ўқитиш марказларининг таълим жараёнидан бўш бўлган ўқув хоналари, ишлаб чиқариш устахоналари (асбоб-ускуналари билан бирга) ҳамда бошқа бино ва иншоотларини ижарага беришга;
ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларнинг алоҳида тартиб ўрнатилган ёпиқ ҳудудларида жойлашган бино ва иншоотларини ижарага беришга;
театр-томоша корхоналарининг томоша кўрсатиш заллари ва майдонларини ижарага беришга;
сув фонди ер участкаларини ижарага беришга;
давлат ташкилотларининг хизмат турар жойларини ижарага беришга;
қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ерлар, умумий фойдаланишдаги ерлар (шаҳарлар, посёлкалар ва қишлоқ аҳоли пунктлари ерлари) давлат ташкилоти, корхонаси ва муассасаси балансида бўлмаган ерлар ва захира ерларни ижарага беришга;
ерости бойликларини ижарага беришга;
интеллектуал мулк объектларини ижарага беришга;
Ўзбекистон Республикаси Президентининг ҳужжатлари ёки Вазирлар Маҳкамасининг қарорларида ижарага беришнинг ўзгача тартиби белгиланган давлат мулкларига нисбатан татбиқ этилмайди.
2. Ушбу Низомда қуйидаги асосий тушунчалардан фойдаланилади:
балансда сақловчи — давлат мулкини ўз балансида ҳисобга олган давлат ташкилоти, шу жумладан, давлат муассасаси;
давлат мулки — республика мулки ва маъмурий-ҳудудий тузилмаларнинг мулки (муниципал мулк)дан иборат бўлган оммавий мулк шунингдек, давлат ташкилотлари, корхоналари ва муассасалари ҳамда хўжалик жамиятларига тасарруф этиш ҳуқуқисиз берилган давлат мулки;
ижарага берувчи — Ўзбекистон Республикаси Давлат активларини бошқариш агентлиги ҳузуридаги Давлат мулки объектларидан самарали фойдаланиш марказининг (кейинги ўринларда — Марказ) Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳудудий бошқармалари;
ижарага олувчи — ушбу Низомда белгиланган тартиб ва шартларда давлат мулкини ижара шартномаси асосида фойдаланишга олувчи жисмоний ёки юридик шахс;
ижтимоий соҳа объектлари — давлат мактабгача таълим, умумий ўрта ва ўрта махсус таълим, профессионал ва олий таълим муассасалари, кинотеатрлар, клублар, концерт-томоша кўрсатиш муассасалари, соғлиқни сақлаш, спорт, маданият ва кинолаштириш объектлари (давлат муассасаларининг маъмурий бинолари бундан мустасно);
«E-auksion» электрон савдо платформаси (кейинги ўринларда — савдо платформаси) — электрон онлайн-аукцион ва танловларни ташкил этиш ҳамда ўтказиш учун зарур ахборотни киритиш, сақлаш ва қайта ишлаш, шунингдек, истаги бўлган жисмоний ва юридик шахсларнинг бундай аукцион ва танловлар жараёнига кириш ҳамда уларда қатнашиш имконини таъминлайдиган ахборот тизими.
2-боб. Давлат мулкини ижарага бериш юзасидан ташаббус кўрсатиш
3. Давлат мулкини ижарага бериш жараёни ҳар қандай жисмоний ва юридик шахс (кейинги ўринларда — ташаббус кўрсатувчи) ташаббуси асосида бошланиши мумкин.
Бунда ташаббус кўрсатувчи бевосита Марказга ёки давлат мулки жойлашган ҳудуддаги ижарага берувчига:
давлат мулкининг тавсифи ва жойлашган жойини;
балансда сақловчини (бундай маълумотларга эга бўлган тақдирда) кўрсатган ҳолда таклифини ёзма ёки электрон шаклда тақдим этади.
4. Марказга келиб тушган таклифлар шу куннинг ўзида кўриб чиқиш учун ижарага берувчига юборилади.
5. Ижарага берувчи таклиф асосида икки кун муддатда балансда сақловчига давлат мулкини ижарага бериш бўйича муносабат билдириш юзасидан сўров юборади.
6. Қуйидаги ҳолларда балансда сақловчи томонидан давлат мулкини ижарага бериш рад этилади:
давлат мулкини ижарага бериш балансда сақловчининг ишлаб чиқариш ва/ёки молиявий кўрсаткичлари ёмонлашишига олиб келадиган бўлса, бунда тахмин қилинаётган салбий оқибатлар хавфи балансда сақловчи томонидан юқори турувчи ташкилоти ёки муассиси маъқуллаган ҳужжат билан асослантирилиши лозим;
давлат мулкидан ўзининг ёки аҳолининг ижтимоий эҳтиёжларини қондириш мақсадида фойдаланиш зарурати туғилган бўлса.
7. Ижарага беришни рад этишга ушбу Низомнинг 6-бандида келтирилган асослар мавжуд бўлмаган тақдирда, балансда сақловчи сўров келиб тушган кундан бошлаб уч кун ичида ижарага берувчига давлат мулкини ижарага бериш учун қуйидаги маълумотларни кўрсатган ҳолда электрон ёки ёзма шаклда ариза тақдим этади:
давлат мулкининг номи, тавсифи, жойлашган манзили;
давлат кўчмас мулки объектининг умумий ва ижарага бериладиган майдони, қурилган йили (мавжуд бўлса);
давлат кўчмас мулки объектининг коммуникациялар (сув, газ, электр энергияси, канализация тармоғи) билан таъминланганлиги тўғрисида маълумот;
давлат кўчмас мулки объектининг ижарага бериладиган майдонини кўрсатган ҳолда кадастр ҳужжати нусхаси;
давлат мулкининг 4 та фотосурати;
давлат мулкидан фойдаланиш мақсади (амалга ошириладиган фаолият тури);
давлат мулкини ижарага беришнинг бошқа шартлари (мавжуд бўлса).
8. Ижарага берувчи балансда сақловчининг давлат мулкини ижарага бериш ҳақидаги аризаси келиб тушгандан кейин икки кун муддатда давлат мулкини ижарага бериш учун савдо платформаси орқали онлайн-аукцион савдосига чиқаради.
9. Балансда сақловчининг аризасида ушбу Низомнинг 7-бандидаги маълумотлар тўлиқ кўрсатилмаган бўлса, ижарага берувчи аризани икки кун муддатда маълумотларни тўлиқ кўрсатган ҳолда тақдим этиш учун балансда сақловчига қайтаради.
10. Ташаббус кўрсатувчига таклифини кўриб чиқиш натижаси бўйича қабул қилинган қарор ҳақида бир ҳафта муддатда хабар юборилади.
11. Балансда сақловчи томонидан давлат мулкини ижарага бериш юзасидан ташаббус Марказга ёки ижарага берувчига ушбу Низомнинг 7-бандида белгиланган маълумотларни тақдим этган ҳолда ариза бериш орқали кўрсатилади.
12. Балансда сақловчи тасарруфидаги давлат мулкини хатловдан ўтказишга ва фойдаланилмасдан бўш турган ва/ёки мақсадсиз, самарасиз фойдаланилаётган давлат мулки ҳақида ҳар чорак якуни билан ҳисобот ойидан кейинги ойнинг 10-санасигача бўлган муддатда ижарага берувчига бу мулкнинг жойлашган жойи, миқдори, таркиби ва бошқа умумий тавсифлари кўрсатилган маълумотларни тақдим этиши шарт.
13. Балансда сақловчининг юқори турувчи ташкилотлари ушбу маълумотлар Марказнинг тегишли ҳудудий бошқармасига белгиланган тартиб ва муддатларда тақдим этилиши устидан идоравий назоратни таъминлайди.
14. Бўш турган, самарасиз ва мақсадсиз фойдаланилаётган давлат мулки ҳақида белгиланган муддатда маълумотлар тақдим этилмаслиги ёки ҳақиқий ҳолатни ифода этмайдиган маълумотлар тақдим этилганлиги айбдор шахсларга нисбатан қонунчилик ҳужжатларида белгиланган жавобгарлик чоралари қўлланилишига сабаб бўлади.
15. Вазирлик ва идоралар, маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органларига тегишли бўлган, уч ойдан ортиқ муддат давомида фойдаланилмасдан бўш турган давлат кўчмас мулк объектлари, Давлат активларини бошқариш агентлиги томонидан тасдиқланган тартибга мувофиқ уларнинг розилигисиз ижарага бериш учун савдо платформаси орқали онлайн-аукцион савдоларига чиқарилади, ижтимоий соҳа объектлар бундан мустасно.
16. Жисмоний шахслар томонидан майдони 2 000 метр квадратгача бўлган давлат кўчмас мулк объектларини ижарага бериш учун тўғридан-тўғри онлайн аукцион савдоларига чиқариш бўйича Ўзбекистон Республикаси Давлат активларини бошқариш агентлиги томонидан белгиланган тартибда ижарага берувчига онлайн-буюртманома берилиши мумкин.
3-боб. Давлат мулкини ижарага бериш қоидалари
17. Ижарага берувчи томонидан давлат мулки қуйидаги тартибларда ижарага берилади:
савдо платформасида ўтказилган электрон онлайн-аукцион савдолар орқали;
Ўзбекистон Республикаси Президентининг ҳужжатлари ва Вазирлар Маҳкамасининг қарорларида давлат мулки жисмоний ва юридик шахсга ижарага берилиши белгиланганда (ижарага берувчи, балансда сақловчи ва ижарага олувчи ўртасида тузилган шартнома асосида);
қонунчиликда белгиланган бошқа тартиблар асосида.
18. Давлат мулкини ижарага бериш бўйича савдо платформасида электрон онлайн-аукцион савдолари Вазирлар Маҳкамасининг 2022 йил 12 январдаги 18-сон қарори билан тасдиқланган «E-auksion» электрон савдо платформасида электрон онлайн-аукцион ва танловларни ташкил этиш ҳамда ўтказиш тартиби тўғрисидаги низомга мувофиқ ўтказилади.
Ижарага олувчи кетма-кет уч ва ундан ортиқ маротаба ижара шартнома шартларини, шу жумладан, ижара тўловларини бажармаганда — у бир йил муддатга давлат мулкини ижарага бериш бўйича ўтказиладиган аукцион савдоларида иштирок этишдан четлатилади.
Бунда:
савдолардан четлатилган ижарачилар реестри «online-ijara.uz» ахборот тизимида юритилади ва «E-auksion» электрон савдо платформасига интеграция орқали тақдим этилади, оператор ушбу ижарачиларни давлат мулкини ижарага бериш бўйича ўтказиладиган аукцион савдоларида иштирокини чеклайди;
ижарага олувчи реестрга кирган санадан бошлаб 12 ой ўтгандан сўнг ижарага олувчи автоматик равишда реестрдан чиқарилади.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2023 йил 12 июндаги ПФ-93-сон Фармонига асосан «20 минг тадбиркор — 500 минг малакали мутахассис» дастурига киритилган тадбиркорлик субъектлари билан ҳамкорлик шартномалари доирасидаги мажбуриятлардан келиб чиққан ҳолда, ҳокимликлар, Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлиги ёки тадбиркорлик субъектларидан мурожаат келиб тушган тақдирда, ҳудудларда бўш турган ва бир йилдан буён аукцион савдоларида сотилмасдан турган давлат мулки бўлган бино ва иншоотлари, шунингдек, касб-ҳунар коллежларининг фойдаланилмасдан бўш турган биноларини ижарага бериш учун ижарага берувчи танловни ташкил қилади. Бунда талабгор ягона бўлганда тўғридан-тўғри шартнома асосида ижара шартномасини тузишга йўл қўйилади. Бундай шартномалар доирасида ижара ҳақи ижара ставкасининг минимал миқдори бўйича белгиланади.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2024 йил 2 февралдаги ПҚ-53-сон қарорига асосан умумий ўрта таълим муассасаларининг бўш биноларини «20 минг тадбиркор — 500 минг малакали мутахассис» дастури иштирокчиларига амалий мономарказни ташкил қилиш ва кейинчалик ўқувчиларни касб-ҳунарга ўқитиш учун тўғридан-тўғри шартнома асосида текин фойдаланишга беришга рухсат этилади.
Тадбиркорнинг «20 минг тадбиркор — 500 минг малакали мутахассис» дастурига киритилганлиги Марказ томонидан Савдо-саноат палатасининг маълумотлари базасидан электрон ахборот алмашинуви орқали аниқланади.
18 1 . Тошкент ва Нукус шаҳарлари, вилоятлар марказларида жамоат транспорти бекатларига яқин бўлган лицей, техникум ва олий таълим ташкилотларининг бўш турган майдонлари тадбиркорлик субъектларига ижтимоий ҳимояга муҳтож оилалар фарзандларида савдо кўникмаларини шакллантириш ва қисқа муддатли касбга ўқитишга (кассир, омборчи, менежер, хорижий тил мутахассиси ва бошқаларни тайёрлаш) ихтисослашган ўқув марказларини ташкил этиш учун электрон онлайн-аукцион савдолари орқали танлов асосида ижарага берилади.
Бунда талабгорларга таълим олаётган жами ўқувчилар сонининг камида 30 фоизини ижтимоий ҳимояга муҳтож оилалар реестрига киритилган оилаларнинг фарзандлари ташкил этиши ҳамда уларни бепул касбга ўқитиш (кассир, омборчи, менежер, хорижий тил мутахассиси ва бошқаларни тайёрлаш) бўйича минимал талаблар қўйилади.
18 2 . Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ҳамда туман (шаҳар) ҳокимликлари томонидан ҳудуди ўн минг квадрат метрдан, баҳоланган қиймати базавий ҳисоблаш миқдорининг беш минг баравари миқдоридан ошмаган ҳамда олти ой давомида сотилмаган маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органларига тегишли бўлган муниципал кўчмас мулк объектлари (Нукус шаҳри, вилоятлар ва туман (шаҳар) марказлари ҳамда Тошкент шаҳри туманлари бундан мустасно) икки йил ичида ишлаб чиқариш, хизмат кўрсатиш ва сервис соҳаларида янги лойиҳаларни ишга тушириш ва янги иш ўринларини яратиш шарти билан ижара тўловининг энг кам ставкалари асосида:
тадбиркорлик субъектларига тўғридан-тўғри ўн йил муддатга;
халқаро тан олинган хорижий тил ва малака сертификатларини олишга ўқитадиган маҳаллий ҳамда хорижий мутахассислар ёки ташкилотларга дастлабки йил ижара тўлови ундирмасдан, беш йил муддатга кейинчалик унинг муддатни узайтириш шарти билан ижарага берилади.
Бунда ишлаб чиқариш, хизмат кўрсатиш ва сервис соҳаларида янги лойиҳаларни ишга тушириш ва янги иш ўринларини яратиш шартлари Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ҳамда туман (шаҳар) ҳокимликлари томонидан белгиланади ҳамда ушбу шартлар ижара шартномасида назарда тутилади.
18 3 . Ҳунармандларга меҳмонхоналар, бозорлар, маҳалла гузарлари ва шу каби аҳоли гавжум бўладиган бошқа жойларда давлат кўчмас мулк объектларидан жойлар 50 фоизга пасайтирилган ставкада электрон онлайн-аукцион орқали ҳунармандчилик фаолияти учун реализация қилинади, қонунчилик ҳужжатларида ҳамда мазкур Низомнинг 18 2 -бандида назарда тутилган ҳоллар бундан мустасно.
19. Ижарага берувчи томонидан давлат мулкини савдо платформасида ижарага бериш Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 16 июндаги 454-сон қарори билан тасдиқланган Давлат мулки объектларини сотиш ва давлат мулкини ижарага бериш бўйича электрон савдолар ўтказиш учун материаллар тайёрлаш тартиби тўғрисидаги низомда белгиланган тартибда ташкил этилади.
20. Ижарага олувчи томонидан ижтимоий соҳа объекти таркибидаги ер участкасида қуйидагиларни амалга ошириш тақиқланади:
бинолар ва иншоотлар, жумладан, ер ости иншоотларини қуриш (енгил конструкцияли иншоотлар бундан мустасно);
кўнгилочар объектлар фаолиятини ташкил этиш (маданият объектларининг ер участкалари бундан мустасно);
қонунчилик ҳужжатларида тақиқланган фаолиятни юритиш.
21. Ижарага берувчи давлат мулкини ижарага беришда:
давлат мулкини ижарага бериш жараёнининг очиқлиги ва шаффофлигини таъминлайди;
ижара шартномаси шартлари бажарилиши мониторингини амалга оширади;
юридик шахслар, жумладан, тадбиркорлик субъектлари ва жисмоний шахсларга ижарага бериладиган давлат мулклари ҳақида зарур маълумотлар (ижарага бериладиган давлат мулкларининг параметрлари, коммуникациялар билан таъминланганлиги, фотосурати, давлат мулкидан фойдаланиш мақсади, ижара муддати ва ижарага бериш шартлари) беради ва зарур амалий-ҳуқуқий ёрдам кўрсатади;
ижарага бериладиган давлат мулклари тарғиботини амалга оширади.
22. Давлат мулки ижарасининг энг кўп муддати бир ижара шартномаси доирасида ўн йил этиб белгиланади, қонунчилик ҳужжатларида ҳамда мазкур Низомнинг 18 2 -бандида назарда тутилган ҳоллар бундан мустасно.
Давлат мулки объектлари ижарага бериш учун аукционга чиқарилганда, ижарага бериш муддати беш йил этиб белгиланади. Бунда балансда сақловчи томонидан давлат мулки объектидан келгусида ўз эҳтиёжи учун фойдаланиш зарурати мавжудлигини тасдиқловчи ҳужжатлар (ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш дастури, объектдан самарали фойдаланиш бўйича тармоқ жадвали) тақдим этилган тақдирда, тақдим этилган ҳужжатларни ўрганиш асосида ижарага берувчи ижарага бериш муддатини беш йилдан кам этиб белгилаши мумкин.
Ижарага олувчи томонидан ижара шартномаси шартлари ўз вақтида ва тўлиқ бажарилганда, ижара муддати яна беш йил муддатга узайтирилади, қонунчилик ҳужжатларида ҳамда мазкур Низомнинг 18 2 -бандида назарда тутилган ҳоллар бундан мустасно.
Ушбу бандда назарда тутилган энг кўп муддатлар тугагач, давлат мулки умумий асосларда ижарага берилади.
23. Ижарага берувчи томонидан ижара шартномасининг муддати тугашидан бир ой олдин ижарага олувчига ижара шартномаси шартлари ўз вақтида ва тўлиқ бажарилмаган тақдирда, ижара шартномасининг муддати келгуси давр учун узайтирилмаслиги тўғрисида огоҳлантириш хати юборилади.
24. Агар ижара шартномасининг муддати тугаганидан кейин ҳам ижарага олувчи мулкдан фойдаланишни давом эттирса ва ижарага берувчи бунга эътироз билдирмаган бўлса, шартнома аввалги шартлар асосида қайтадан тузилган ҳисобланади.
Ижарага олувчи томонидан ижара шартномаси шартлари ўз вақтида ва тўлиқ бажарилганда, агар ижарага олувчи шартнома муддатини узайтирмаслик тўғрисида мурожаат қилмаган бўлса, ижара муддати навбатдаги муддатга узайтирилган ҳисобланади.
25. Ижарага олувчи ижара мулкини ижаранинг бутун муддати давомида ундан мақсадли фойдаланилиши, унинг яхлитлиги ва бут сақланишини ўз зиммасига олади.
26. Ижарага олувчи ижарага берилган давлат мулки (унинг бир қисми)ни ўзга шахсларга субижара (фойдаланиш)га бериши, гаровга қўйиши ёки бошқача тарзда (вақтинча) учинчи шахсга ўтказиши тақиқланади, бу каби ҳолатлар аниқланганда, ижара шартномаси ижарага берувчи томонидан белгиланган тартибда бекор қилинади.
27. Ижарага берилган давлат мулки Ўзбекистон Республикаси Президенти ёки Ҳукуматининг ҳужжатлари, Давлат активларини хусусийлаштириш ва хусусийлаштириш жараёнларини мувофиқлаштириш давлат комиссиясининг, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Раиси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимларининг қарорлари асосида хусусийлаштирилган тақдирда, ижара шартномаси давлат мулки хусусийлаштирилган кундан бекор қилинади.
28. Ижарага олувчи ижара шартномаси шартларини лозим даражада бажармаган тақдирда, ижара шартномаси ижарага берувчи томонидан белгиланган тартибда бекор қилинади.
29. Ижара шартномасини бекор қилиш, ўзгартириш ва муддатини узайтириш томонларнинг келишувига асосан ёки қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда амалга оширилади.
30. Ижара шартномаси бекор қилинган тақдирда, ушбу ижара шартномаси бўйича ижарага берилган давлат мулки ўн кун ичида балансда сақловчининг розилиги талаб қилинмасдан ижарага берувчи томонидан ижарага бериш учун электрон онлайн-аукцион савдоларига чиқарилади.
3 1 -боб. Давлат мулкини юқори технологияли маҳсулот яратадиган тадбиркорлик субъектларига текин фойдаланишга бериш тартиби
30 1 . Майдони 10 минг метр квадратгача бўлган давлат мулки объектларини юқори технологияли маҳсулот яратадиган тадбиркорлик субъектларига 5 йил муддатга тўғридан-тўғри текин фойдаланишга бериш ҳамда шартнома шартлари бажарилган тақдирда, ушбу тадбиркорлик субъектларига баҳоланган қийматда тўғридан-тўғри сотишга рухсат этилади.
30 2 . Инновацион ривожланиш агентлиги ҳар чорак якуни билан кейинги ойнинг 5-санасига қадар илмий-тадқиқот ва тажриба-конструкторлик ишларининг юқори интенсивлигини талаб қиладиган технологик маҳсулотлар, шу жумладан, электроника ва алоқа ускуналари, шунингдек, баъзи фармацевтика препаратлари, кимёвий маҳсулотлар ва машиналарни ишлаб чиқариш билан шуғулланадиган тадбиркорлик субъектларини (кейинги ўринларда — юқори технологияли маҳсулот яратадиган тадбиркорлик субъектлар) аниқлаб, реестрини шакллантиради ва Марказга тақдим этиб боради.
30 3 . Марказ 10 минг метр квадратгача бўлган бўш турган давлат мулки объектлари рўйхатини шакллантиради ва доимий равишда янгилаб боради.
30 4 . Марказ Инновацион ривожланиш агентлиги томонидан юқори технологияли маҳсулот яратадиган тадбиркорлик субъектлари реестри тақдим этилгандан сўнг ҳар ой якуни билан кейинги ойнинг 10 санасига қадар:
юқори технологияли маҳсулот яратадиган тадбиркорлик субъектлари рўйхатини Саноатни жадал ривожлантириш бўйича лойиҳа офисларига;
давлат мулкида илмий-тадқиқот ва тажриба-конструкторлик ишларининг юқори интенсивлигини талаб қиладиган технологик маҳсулотлар, шу жумладан, электроника ва алоқа ускуналари, шунингдек, баъзи фармацевтика препаратлари, кимёвий маҳсулотлар ва машиналарни ишлаб чиқариш фаолиятини ташкил этиш шарти билан 5 йил муддатга текин фойдаланиш ҳуқуқи асосида ажратиб бериш тўғрисидаги таклифини юқори технологияли маҳсулот яратадиган тадбиркорлик субъектларига юборади.
30 5 . Юқори технологияли маҳсулот яратадиган тадбиркорлик субъектлари мурожаати ҳамда Саноатни жадал ривожлантириш бўйича лойиҳа офисларининг тавсиясига асосан Марказ уч иш куни ичида юқори технологияли маҳсулот яратадиган тадбиркорлик субъектларига давлат мулкини 5 йил муддатга текин фойдаланиш ҳуқуқи асосида бериш ҳақидаги текин фойдаланиш шартномасини «online-ijara.uz» ахборот тизими орқали расмийлаштириб беради.
Бунда юқори технологияли маҳсулот яратадиган бир нечта тадбиркорлик субъектлари битта бинони (бино қисмини) танлаган тақдирда, биринчи мурожаат қилган тадбиркорлик субъектига устунлик берилади.
Юқори технологияли маҳсулот яратадиган тадбиркорлик субъектлари томонидан шартнома шартлари тўлиқ бажарилганлиги тўғрисидаги Марказнинг хулосасига асосан уларга ушбу давлат мулкини устувор равишда баҳоланган қийматда тўғридан-тўғри сотиб олиш бўйича таклиф берилади.
4-боб. Давлат мулкига ижара тўлови миқдорини белгилаш тартиби
31. Давлат кўчмас мулкидан фойдаланганлик учун ижара тўловининг энг кам миқдори қуйидагича ҳисоблаб чиқилади:
Тс=Эс*Кз*(Кқ+Кҳ+Ко)
Бунда:
Тс — давлат кўчмас мулкидан фойдаланганлик учун бир йилга бир кв.метр учун ижара тўловининг энг кам миқдори;
Эс — давлат кўчмас мулкидан фойдаланганлик учун бир йилга бир кв.метр учун ижара тўловининг энг кам ставкаси;
Кз — ҳудудий зоналар коэффициенти;
Кҳ — туташиб кетган ҳудуддан фойдаланиш коэффициенти;
Ко — тижорат мақсадларида фойдаланишда қулайлик коэффициенти (асосий автотранспорт йўллари бўйлаб жойлашиш, иккинчи даражали автотранспорт йўлларига чиқишда жойлашиш ва бошқалар).
Қурилиш тури бўйича коэффициент (Кқ), туташиб кетган ҳудуддан фойдаланиш коэффициенти (Кҳ) ва тижорат мақсадларида фойдаланишда қулайлик коэффициенти (Ко)нинг йиғиндиси 1 бирликдан кам бўлган тақдирда, яхлитланган ҳолда 1 бирликка тенг ҳисобланади.
32. Давлат кўчмас мулкидан фойдаланганлик учун ижара тўловининг миқдори Марказнинг Ўзбекистон Республикаси Давлат активларини бошқариш агентлиги орқали Иқтисодиёт ва молия вазирлиги билан келишилиб тақдим этган, тегишлилигича Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, халқ депутатлари вилоятлар ва Тошкент шаҳар Кенгашлари қарорлари билан тасдиқланган энг кам ставкалар асосида ушбу Низомнинг 33-бандида белгиланган тартибда аниқланган ижара тўловининг энг кам миқдоридан кам бўлиши мумкин эмас.
33. Давлат кўчмас мулкидан фойдаланганлик учун ижара тўлови энг кам ставкаларининг ҳисоб-китоблари Марказ томонидан кейинги йил учун ҳар йили 1 ноябргача тайёрланади ҳамда келишиш учун Ўзбекистон Республикаси Давлат активларини бошқариш агентлиги орқали Иқтисодиёт ва молия вазирлигига тақдим этилади. Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ўн иш куни мобайнида келишади ёки қайта ишлаш ва кейинчалик Иқтисодиёт ва молия вазирлигининг мулоҳазалари ва таклифлари олинган санадан бошлаб ўн иш кунидан ортиқ бўлмаган муддатда келишишга киритиш учун Давлат активларини бошқариш агентлигига қайтаради.
Ҳар йили 15 декабргача давлат кўчмас мулкидан фойдаланганлик учун ижара тўловининг энг кам ставкаларининг келишилган ҳисоб-китоблари Ўзбекистон Республикаси Давлат активларини бошқариш агентлиги томонидан тасдиқлаш учун тегишлилигича Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, халқ депутатлари вилоятлар ва Тошкент шаҳар Кенгашларига юборилади.
34. Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, халқ депутатлари вилоятлар ва Тошкент шаҳар Кенгашлари томонидан ҳудудда шаклланган ижара тўловининг минимал бозор нархидан келиб чиқиб давлат кўчмас мулкидан фойдаланганлик учун ижара тўловининг энг кам ставкалари қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда тегишли коэффициентлар белгиланган ҳолда ҳар йили 31 декабргача тасдиқланади.
35. Давлат мулкининг бошқа турлари учун ижара тўловининг энг кам миқдори:
агар ижарага топширилаётган мулкдан амалда фойдаланилган муддат ундан самарали фойдаланиш муддатидан ортиқ бўлмаса ёки ушбу муддатга тенг бўлса ёхуд амалда фойдаланилган муддатни аниқлаш мумкин бўлмаса — мол-мулк тикланиш қийматининг 30 фоизидан;
агар ижарага топширилаётган мулкдан амалда фойдаланилган муддат ундан самарали фойдаланиш муддатидан ортиқ бўлса — мол-мулк тикланиш қийматининг 20 фоизидан кам бўлиши мумкин эмас.
Самарали фойдаланиш муддати Ўзбекистон Республикаси Солиқ кодексининг 306-моддасида кўрсатилган таснифлашдан келиб чиқиб белгиланади.
Балансда сақловчи ташкилотнинг раҳбари ва бош ҳисобчиси ижарага берилаётган давлат мулки тўғрисида тақдим этилган маълумотнинг ишончлилиги учун жавобгар ҳисобланади.
36. Давлат мулки ижара шартномасида иситиш, совитиш, электр энергияси, (совуқ ва иссиқ) сув таъминоти воситалари, ёнғин хавфсизлиги ва қўриқлаш (ҳисоблагич, дизель генератори, совитиш машинаси, жумладан, чиллер, фанкойл каби ускуналар, тортиш вентиляторлари, насослар, трансформатор ва тақсимлаш кичик станциялари, ёнғин хавфсизлиги ва қўриқлаш тизимлари, кўтариш механизмлари (шу жумладан, лифтлар ва бошқалар) зинапоя панжаралари, зинапоялар, лифт шахталари ва бошқа шахталар, шунингдек, балансда сақловчи ва ижарага олувчиларнинг ходимлари фойдаланадиган ва/ёки ўқувчилар ошхоналар ва буфетларда овқатланиши учун фойдаланадиган майдонлар ҳамда улардаги муҳандислик тармоқлари ва коммуникациялар, механик, электр, санитария-техник асбоб-ускуналар ва бошқа асбоб-ускуналар, қурилмалардан фойдаланиш учун ижара тўлови ҳисобланмайди, ижарага олинган объектда фаолият юритмайдиган (таълим олмайдиган) шахсларга хизмат кўрсатиш ҳоллари бундан мустасно.
37. Турли спорт, маданий, ўқув, тиббий ва бошқа ижтимоий тадбирлар (тўгараклар) ташкил этиш мақсадида айрим ижара объектлари (спорт заллари ва иншоотлари) балансда сақловчининг таклифига асосан кунлик иш вақти ҳисобидан келиб чиқиб, ижара тўловининг соатбай ставкаси ҳисобланган ҳолда ижарага берилиши мумкин.
38. Амал қилиш муддати навбатдаги йилга ўтадиган давлат кўчмас мулкини ижарага бериш шартномаси бўйича бўлажак йил даври учун ижара тўловининг миқдори қўшимча шартнома (келишув) билан келгуси йилга тасдиқланган ижара тўловининг энг кам миқдорларига мутаносиб тарзда ўзгартирилиб, қуйидаги тартибда ҳисобланади:
Тс2 = (Эс2/Эс1)*(Ай/Им);
Бунда:
Тс 2 — келгуси йилга бир кв.метр учун ижара тўловининг миқдори;
Эс 1 — аввалги йилга бир кв.метр учун ижара тўловининг энг кам миқдори;
Эс 2 — келгуси йилга бир кв.метр учун ижара тўловининг энг кам миқдори;
Ай — аввалги йилдаги тузилган шартномасидаги белгиланган йиллик ижара миқдори;
Им — шартнома бўйича ижарага олинган майдон.
39. Давлат мулкининг бошқа турлари (асосий воситалар, кўчар мулклар, автотранспорт воситалари ва бошқалар) бўйича келгуси йил учун ижара тўлови миқдори мазкур Низомнинг 35-бандида келтирилган тартибда ҳисоблаб чиқилади.
Бунда ҳисобланган ижара тўлови миқдори электрон онлайн-аукцион савдоси натижаси бўйича белгиланган ижара тўлови миқдоридан кам бўлган тақдирда, келгуси йил учун ижара тўлови миқдори электрон онлайн-аукцион савдоси натижаси бўйича белгиланган ижара тўлови миқдорида белгиланади.
5-боб. Ижара шартномасини тузиш
40. Ижарага берувчи билан ижарага олувчи ўртасида қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда ўтказилган онлайн-аукцион натижаси бўйича расмийлаштирилган баённома асосида тузилган ижара шартномаси электрон шаклда (шу жумладан, электрон рақамли имзо билан) икки томонлама расмийлаштирилади. Бунда:
ижара шартномасида ижарага олувчининг аукцион савдоларида иштирок этиш учун киритган маълумотлари (юридик ёки жисмоний шахс номи, манзили, юридик манзили, СТИР рақами, ҳисобварақлари ва телефон рақамлари) автоматик тарзда кўрсатилади;
аукцион савдоларида қатнашиш учун киритилган маълумотларнинг аниқ ва ҳаққонийлиги учун жавобгарлик ижарага олувчи зиммасига юкланади.
41. Ижара шартномаси онлайн-аукцион савдо натижаси бўйича баённома расмийлаштирилгандан кейин ўн иш кунидан кечиктирмай ижарага берувчи ва ижарага олувчи томонидан имзоланиши ҳамда белгиланган тартибда рўйхатдан ўтказилиши шарт.
42. Давлат мулкини ижарага бериш бўйича ўтказилган танлов натижаси бўйича расмийлаштирилган баённомага асосан ижарага берувчи ва танлов ғолиби ёки ягона иштирокчи ўртасида объектни ижара ставкасининг минимал миқдорида ижарага бериш бўйича электрон шаклда (шу жумладан, электрон рақамли имзо билан) икки томонлама расмийлаштирилади.
43. Ижара шартномасида қуйидагилар кўрсатилади:
ижарага берилаётган давлат мулкининг жойлашган жойи, тури, таркиби;
ижара муддати;
ижара тўловининг миқдори, уни тўлаш тартиби ва муддатлари;
ижара тўлови миқдорини қайта кўриб чиқиш асоси ва тартиби;
ижарага берилаётган давлат мулкининг ҳолати ва уни ижарага олувчига топшириш муддати;
шартнома муддати тугаган ёки муддатидан аввал бекор қилинганда, ижарага олувчи ижарага олинган давлат мулкини балансда сақловчига соз, бут ва фойдаланишга яроқли ҳолатда тезкор қайтариш шартлари;
ижарага берилаётган давлат мулкини тиклаш ва таъмирлаш тартиби ва шартлари;
ижарага берувчига унинг сўрови асосида ижарага олувчи ва балансда сақловчи тақдим этадиган ахборотлар, уларнинг ҳаққонийлиги, тақдим этиш тартиби ва муддати;
ижара шартномаси шартлари, жумладан, ижара тўловларини тўлаш муддатларининг бузилиш оқибатлари;
томонларнинг ҳуқуқлари, мажбуриятлари ва бошқа жавобгарликлари;
давлат мулкининг ҳар қандай яхшиланиши балансда сақловчининг ёзма розилиги билан амалга оширилиши;
қонунчилик ҳужжатларида белгиланган бошқа шартлар.
Коммунал хизматлар, электр энергияси, сув, газ истеъмоли ва иссиқлик таъминоти учун ижарага олувчи билан балансда сақловчи ёки хизмат кўрсатувчи ўртасида алоҳида шартнома тузилади.
44. Ижара шартномаси ижарага берувчи томонидан рўйхатдан ўтказилган кундан бошлаб тузилган ҳисобланади.
45. Балансда сақловчининг ижара шартномасининг амал қилиш муддати даврида ижарага олувчига ижара объектидан фойдаланишига ва унда фаолият кўрсатишига тўсқинлик қилиши тақиқланади (форс-мажор ва қонунчилик ҳужжатларида назарда тутилган ҳолатлар бундан мустасно).
46. Кўчмас мулк бир йилдан кам бўлмаган муддатга ижарага берилганда, ижара шартномаси давлат рўйхатидан ўтказилиши шарт.
46 1 . Давлат кўчмас мулкини ижарага бериш бўйича расмийлаштирилган шартнома Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ҳузуридаги Кадастр агентлигининг Давлат кадастрлари палатаси Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар бошқармаларига (кейинги ўринларда — Кадастр агентлигининг ҳудудий бошқармаси) Оператор томонидан «E-auksion» электрон савдо платформаси орқали юборилади.
Ижара шартномаси Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 2 сентябрдаги 535-сон қарори билан тасдиқланган Кўчмас мулкка бўлган ҳуқуқларни давлат рўйхатидан ўтказиш бўйича давлат хизматлари кўрсатишнинг маъмурий регламентида белгиланган тартибда Кадастр агентлигининг ҳудудий бошқармаси томонидан рўйхатдан ўтказилади.
Ижарага олувчи Вазирлар Маҳкамасининг «Давлат кадастри соҳасида давлат хизматлари нархларини белгилашда табақалаштирилган ёндашув тартибини такомиллаштириш тўғрисида» 2014 йил 10 июлдаги 186-сон қарорида белгиланган тўловни амалга оширади.
Тўлов амалга оширилгандан сўнг ижара шартномаси давлат рўйхатидан ўтказилганлиги тўғрисидаги кўчирма операторга «E-auksion» электрон савдо платформаси орқали аукцион ғолибига белгиланган тартибда тақдим этиш учун юборилади.
Ижара шартномаси давлат рўйхатидан ўтказилганлиги тўғрисидаги кўчирмани ижарага олувчи ўзининг «E-auksion» электрон савдо платформасидаги шахсий кабинети орқали олади.
47. Автомототранспорт воситалари савдо платформаси воситасида онлайн-аукцион орқали ижарага берилганда, ижара шартномаларини нотариал тартибда тасдиқлаш талаб этилмайди.
6-боб. Балансда сақловчининг ижара муносабатларидаги иштироки ҳамда унинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари
48. Давлат мулки савдо платформаси орқали ижарага берилганда, ижарага берувчи ижара шартномасида (ижара шартномаси тарафи бўлмасада) балансда сақловчининг қонуний манфаатларига зарар етмаслиги учун ўзи орқали амалга оширадиган ҳуқуқлари ва мажбуриятларини белгилайди. Бунда ижарага берувчи ўзининг шартномавий ҳуқуқларидан балансда сақловчи фойдасига воз кечмайди ва мажбуриятларини бажаришни зиммасидан соқит қилмайди.
49. Балансда сақловчи ижарага берилган мулкка нисбатан ижарага берувчининг хабардорлигида ўзига берилган шартномавий ҳуқуқларини амалга оширади ҳамда мажбуриятларни бажаради.
50. Томонлар шартномада белгиланган мажбуриятларни бажарилмагани оқибатида шартноманинг бошқа томонларига етказган зарарларни ихтиёрийлик асосида қоплайди. Ўзаро келишувга эришилмаганда, зарар қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда суд орқали қопланади.
51. Балансда сақловчи ижарага берилган давлат мулкини ижарага олувчига ижарага берувчи иштирокида шартнома имзолангандан сўнг кўпи билан беш иш куни ичида расмийлаштириб топширилишини ва ҳеч қандай тарзда тўсқинликсиз ундан фойдаланишини таъминлайди.
52. Давлат мулки ижарага олувчига муддатида топширилмаганлиги оқибатида ижарага олувчига етказилган зарар балансда сақловчи ҳисобидан қопланади.
53. Давлат мулкини ижара шартномаси тузмасдан ёки шартномада кўрсатмасдан ижарага бериш ҳолати аниқланганда, ижарага берувчи ўн иш куни ичида ушбу давлат мулки қонунчиликда белгиланган тартибда ижарага берилишини ташкил этади.
7-боб. Ижара тўловларининг ҳисоб-китоб тартиби
54. Ижара тўлови бўйича ҳисоб-китоблар қуйидагиларни ўз ичига олади:
ижара тўлови;
ижара тўлови муддати бузилганлиги учун ҳисобланган пеня ва жарима.
55. Ижара тўлови ижарага олувчи томонидан ижара тўловининг охирги белгиланган миқдори ва ижаранинг қолган муддатидан келиб чиққан ҳолда, ҳисобланган даврлар (ҳар чорак ёки ойда) бўйича тенг миқдордаги тўловлар билан ҳисобланади.
Ижара тўлови ижара шартномасида кўрсатилган муддатларда навбатдаги давр (чорак ёки ой) учун 100 фоиз олдиндан тўлаш шаклида амалга оширилади.
56. Ижарага олувчининг ижарага берилган давлат мулкини балансда сақловчи (юқори турувчи ташкилоти хабардорлигида берган) ёзма розилиги асосида амалга оширган тиклаш ёки мукаммал таъмирлаш сарф-харажатлари қурилиш лойиҳаларини экспертизадан ўтказиш учун аккредитация қилинган тадбиркорлик субъектлари томонидан хулоса тақдим этган тақдирда, ижара тўлови маблағларидан балансда сақловчига тақсимланган маблағлар ҳисобидан камайтириш орқали қопланади, давлат мулки ҳисобланган моддий маданий мероснинг кўчмас мулк объектлари бундан мустасно.
57. Ижарага олувчининг ижарага берилган давлат мулкини тиклаш ёки мукаммал таъмирлаш учун амалга оширилган сарф-харажатлари ижара муддати давомида тўлиқ қопланмаган тақдирда (ижара шартномасининг муддатидан олдин бекор қилинган ҳоллар бундан мустасно), сарф-харажатларнинг қопланмаган қисми балансда сақловчи томонидан бошқа маблағлари ҳисобидан қопланади.
58. Давлат мулкини (унинг қисмини) белгиланган тартибда ижара шартномаси тузмасдан ёки ижара шартномасига киритмасдан ижарага бериш, шартномада ижарага берилган мулкнинг параметрлари ва сонини камайтириб кўрсатиш аниқланганда, ижарага берувчи қонун бузилиши ҳолати аниқланган санадан бошлаб, уч иш куни мобайнида белгиланган тартибда давлат мулкидан фойдаланганлик даври учун ижара тўловининг икки баравари миқдорида ҳисобланган суммани тўлаш талаби билан тасдиқловчи ҳужжатларни балансда сақловчига тақдим этади. Ҳисобланган сумманинг ўн иш куни ичида ихтиёрий тўланмаганлиги суд тартибида ундирилишига асос бўлади.
Бунда давлат мулкидан фойдаланганлик даври қуйидагича белгиланади:
давлат мулки белгиланган тартибда ижара шартномаси тузмасдан фойдаланишга берилганда, жорий йил 1 январь санасидан ҳолат аниқланган санага қадар;
ижарага берувчи иштирокида аввал тузилган ижара шартномаси муддати тугаганидан сўнг давлат мулки белгиланган тартибда ижара шартномаси тузмасдан фойдаланишга берилганда, аввалги ижара шартномаси муддати тугаган санадан ҳолат аниқланган санага қадар;
давлат мулки ижара шартномасига киритилмасдан ижарага берилганда, шунингдек, ижара шартномасида ижарага берилган мулкнинг параметрлари ва сони камайтириб кўрсатилганда, ижара шартномаси тузилган санадан ҳолат аниқланган санага қадар.
Бунда ҳисобланган давр учун тўлов ўша йилга белгиланган ижара тўловининг энг кам миқдорига мутаносиб ҳисобланади.
59. Ижара тўлови Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2023 йил 24 мартдаги ПҚ-101-сон қарорига мувофиқ Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Солиқ қўмитаси томонидан (кейинги ўринларда — Солиқ қўмитаси) «E-ijara» электрон дастури орқали ундирилади.
60. Давлат мулкини ижарага беришдан тушган маблағлар Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 14 январдаги ПФ-5630-сон Фармонига мувофиқ тақсимланади.
61. Шартномавий мажбуриятлар бузилгани учун ундирилган пеня ва жарималар ҳамда ижара шартномаси тузмасдан ва/ёки объектни ижара шартномасига киритмасдан ижарага бериш ҳолати бўйича ҳисобланган ва ундирилган маблағ ижарага берувчи ихтиёрида қолдирилади.
Ижарага берувчи ихтиёрида қолдирилган маблағлар қонунчиликда белгиланган тартибларда Марказ ва ҳудудий бошқармалар фаолиятини (жумладан, ходимларнинг иш ҳақи, мукофотлар, устамалар ва бошқа тўловларни) молиялаштиришга сарфланади.
62. Солиқ қўмитаси Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2023 йил 24 мартдаги ПҚ-101-сон қарорига мувофиқ ижарага берилган давлат мулки бўйича ҳар ойда ундирилган ижара тўловлари ва уларнинг тақсимланиши тўғрисидаги ҳисоботни ҳисобот ойидан кейинги ойнинг 5-санасига қадар Марказга тақдим этади.
8-боб. Давлат мулкини ижарага бериш ва қайтариб олиш
63. Ижара шартномасига мувофиқ балансда сақловчи ижарага берувчи орқали давлат мулкини (барча буюмлар ва тааллуқли бўлган техник ҳужжатлари билан бирга) шартнома шартларига мувофиқ ижарага олувчига белгиланган муддат ва тартибда топшириши, ижарага олувчи эса ижара муддати тугаган ёки ижара шартномаси муддатидан олдин бекор қилинган ёхуд суд қарори билан ҳақиқий эмас деб топилганда, балансда сақловчига беш кун ичида шартнома тузилган санадаги ҳолатда қайтариб топшириши шарт.
64. Ижарага берувчи давлат мулкини белгиланган муддатда қайтариб топширмагани оқибатида кўрилган моддий зарарни ижарага олувчидан суд тартибида ундиришга ҳақли.
65. Давлат мулкини топшириш-қабул қилиш ва қайтариш-қабул қилиш ижарага берувчи, ижарага олувчи ва балансда сақловчиларнинг ваколатли вакиллари иштирокида уч томонлама тузилган далолатнома асосида амалга оширилади.
Далолатномада қуйидагилар кўрсатилади:
далолатнома тузилган жой ва сана;
ижара шартномасининг реквизитлари (тузилган санаси, тартиб рақами);
ижара мулкининг техник ҳолати.
Топшириш-қабул қилиш ва қайтариш-қабул қилиш далолатномалари томонларнинг ваколатли вакиллари томонидан имзоланади ва муҳрлари (мавжуд бўлса) билан тасдиқланади.
66. Ижарага олинган давлат мулкида камчиликлар аниқланган тақдирда (қонунда назарда тутилган ҳоллардан ташқари), мулкни қабул қилиб олувчи томонлар бошқа томон давлат мулкини шартномада белгиланган муддатларда ижара шартномаси шартларига мувофиқ ҳолатга келтиргунгача ёки етказилган зарарни қоплагунгача уни қабул қилиб олишни ва давлат мулкини топшириш — қабул қилиш далолатномасини имзолашни рад этишга ҳақлидир.
9-боб. Ижарага берилаётган мулкларни ҳисобга олиш, ҳисоботини юритиш ва уни назорат қилиш
67. Ижарага берилаётган мулкларни ҳисобга олиш ва маълумотлар базасини юритиш ижарага берувчи томонидан «online-ijara.uz» ахборот тизими орқали амалга оширилади.
Бунда, давлат мулкини ижарага бериш бўйича шартнома, шунингдек шартномага киритиладиган ҳар қандай ўзгартиришлар, қўшимчалар ва шартномани бекор қилиш фақатгина «online-ijara.uz» ахборот тизими орқали амалга оширилади ва қоғоз шаклида расмийлаштириш тақиқланади (Ўзбекистон Республикаси Президенти ва Ҳукумати ҳужжатларида назарда тутилган ҳоллар бундан мустасно).
68. Ижарага берувчи ижара шартномаси амал қиладиган муддат мобайнида ижарага олувчи томонидан зиммасига олинган мажбуриятларнинг лозим даражада бажарилишини назорат қилиб боради.
Ушбу мақсадларда ижарага берувчи қуйидагиларга ҳақли:
ижарага олувчидан ижара шартномасида назарда тутилган ахборотларни сўраш ва олиш;
зарурат бўлганда, мулкнинг физик ҳолатини ижарага олувчининг хўжалик фаолиятига аралашмаган ҳолда кўздан кечириш;
ижарага олинган мулкдан фойдаланиш шартларини, ижарага олувчи томонидан учинчи шахслар ҳуқуқларига риоя қилинишини ўрганиш (сервитут, гаров ва шу кабилар);
ижарага олувчининг ижарага олинган давлат мулкини яхшилаш тўғрисидаги мурожаатини кўриб чиқиш;
қонунчилик ҳужжатларида ва шартномада назарда тутилган бошқа ҳаракатларни амалга ошириш;
қонунчилик ҳужжатларида белгиланган бошқа ҳуқуқларидан ҳам фойдаланиш.
69. Ижарага берувчи ижарага берилган ва бериладиган давлат мулки тўғрисида ҳар ойда ҳисобот ойидан кейинги ойнинг 10-санасига қадар Марказга маълумот тақдим этади.
70. Марказ ижарага берувчи ва Солиқ қўмитаси томонидан тақдим этилган ижарага берилган ва бериладиган давлат мулки, ундирилган ижара тўловлари ва уларнинг тақсимланиши тўғрисидаги маълумотларни умумлаштиради ва Ўзбекистон Республикаси Давлат активларини бошқариш агентлигига ҳар ойлик маълумотларни ҳисобот ойидан кейинги ойнинг 15-санасига қадар тақдим этади.
10-боб. Якунловчи қоидалар
71. Давлат мулкини ижарага беришнинг ушбу Низомда кўрсатилмаган шартлари қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ белгиланади.
72. Ижарага берувчи ижара шартномаси қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ бўлишини таъминлашга масъул ҳисобланади.
73. Мазкур Низом талаблари бузилишида айбдор бўлган шахслар қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда жавобгар бўлади.
74. Давлат мулкини ижарага беришда вужудга келадиган низолар қонунчилик ҳужжатларида ва ижара шартномасида белгиланган тартибда кўриб чиқилади.
75. Ижарага берилган давлат мулки бўйича ижара тўлови тўлиқ, ўз вақтида ва тўғри ҳисобланиши ҳамда тўланишини назорат қилиш ижарага берувчи томонидан, балансда сақловчи фаолиятида белгиланган тартибда текшириш ўтказишда — Давлат молиявий назорати инспекцияси томонидан амалга оширилади.
Вазирлар Маҳкамасининг 2023 йил 14 декабрдаги 660-сон қарорига 2-ИЛОВА
Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг айрим қарорларига киритилаётган ўзгартиришлар ва қўшимчалар
1. Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 18 октабрдаги 881-сон қарори билан тасдиқланган Моддий маданий мерос объектларидан фойдаланиш тартиби тўғрисидаги низомда :
а) 2-банднинг тўртинчи хатбошиси қуйидаги таҳрирда баён этилсин:
«ижарага берувчи — Ўзбекистон Республикаси Давлат активларини бошқариш агентлиги ҳузуридаги Давлат мулки объектларидан самарали фойдаланиш марказининг Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳудудий бошқармалари.»;
б) 25-банднинг иккинчи хатбошиси қуйидаги таҳрирда баён этилсин:
«давлат мулки ҳисобланган объектни ижарага бериш — Ҳукумат қарори билан тасдиқланадиган давлат мулкини ижарага бериш тартибини белгиловчи низомга мувофиқ;».
2. Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 27 апрелдаги 243-сон қарори билан тасдиқланган Халқ таълими тизимидаги муассаса ва ташкилотларнинг бюджетдан ташқари жамғармалари маблағларини шакллантириш ва улардан фойдаланиш тартиби тўғрисидаги низомнинг 3-банди иккинчи хатбошиси қуйидаги таҳрирда баён этилсин:
«халқ таълими муассаса ва ташкилотларининг кўчмас мол-мулкини ижарага беришдан балансда сақловчига тушадиган маблағлар;».
Вазирлар Маҳкамасининг 2023 йил 14 декабрдаги 660-сон қарорига 3-ИЛОВА
Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг ўз кучини йўқотган деб эътироф этилаётган баъзи қарорлари
1. Вазирлар Маҳкамасининг «Давлат мулкини ижарага бериш тартибини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида» 2009 йил 8 апрелдаги 102-сон қарори .
2. Вазирлар Маҳкамасининг «Давлат мулкини ижарага бериш тартибини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида» 2009 йил 8 апрелдаги 102-сон қарорига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш ҳақида» 2011 йил 30 ноябрдаги 315-сон қарори .
3. Вазирлар Маҳкамасининг «Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг айрим қарорларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш, шунингдек баъзиларини ўз кучини йўқотган деб ҳисоблаш тўғрисида» 2013 йил 9 сентябрдаги 244-сон қарорига 1-илованинг 66-банди .
4. Вазирлар Маҳкамасининг «Моддий маданий мерос объектларини ва уларга туташ ҳудудларни уларни ободонлаштириш ва зарур ҳолатда сақлаш бўйича инвестиция мажбуриятлари олган ҳолда ижарага бериш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида» 2014 йил 6 мартдаги 53-сон қарорининг 4-банди .
5. Вазирлар Маҳкамасининг «Давлат мулкини ижарага бериш тартиби тўғрисидаги низомга ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш ҳақида» 2014 йил 20 майдаги 126-сон қарори .
7. Вазирлар Маҳкамасининг «Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг айрим қарорларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш, шунингдек баъзиларини ўз кучини йўқотган деб ҳисоблаш тўғрисида» 2017 йил 11 майдаги 270-сон қарорига 1-илованинг 35-банди .
8. Вазирлар Маҳкамасининг «Давлат мулкини ижарага бериш тартиби тўғрисидаги низомга ўзгартириш киритиш ҳақида» 2017 йил 16 июндаги 382-сон қарори .
9. Вазирлар Маҳкамасининг «Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг айрим қарорларига ўзгартиришлар ва қўшимчалар киритиш, шунингдек, баъзи қарорларини ўз кучини йўқотган деб ҳисоблаш тўғрисида (Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Ҳунармандчиликни янада ривожлантириш ва ҳунармандларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш чора-тадбирлари тўғрисида» 2017 йил 17 ноябрдаги ПФ-5242-сон Фармони, «Ўзбекистон Республикаси Савдо-саноат палатаси фаолиятини ташкил этишни такомиллаштириш тўғрисида» 2017 йил 19 июндаги ПҚ-3068-сон ва «Ҳунарманд» уюшмаси фаолиятини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида» 2017 йил 17 ноябрдаги ПҚ-3393-сон қарорлари)» 2018 йил 7 мартдаги 186-сон қарорига 1-илованинг 1-банди .
10. Вазирлар Маҳкамасининг «Давлат активларини сотишда ва ижарага беришда электрон савдоларни жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида» 2018 йил 22 мартдаги 209-сон қарорининг 7-банди ва қарорга 2-илова .
12. Вазирлар Маҳкамасининг «Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги ҳузуридаги Маданий мерос департаменти фаолиятини ташкил этиш ҳамда моддий маданий мерос объектларини муҳофаза қилиш ва улардан фойдаланишга оид айрим норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни тасдиқлаш тўғрисида« 2019 йил 30 мартдаги 265-сон қарорига 13-илованинг 2-банди .
13. Вазирлар Маҳкамасининг «Қурилиш соҳасида давлат бошқаруви тизимининг тубдан такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг айрим қарорларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш, баъзиларини ўз кучини йўқотган деб ҳисоблаш тўғрисида» 2019 йил 14 июндаги 498-сон қарорига 1-илованинг 14-банди .
14. Вазирлар Маҳкамасининг «Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг айрим қарорларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида (Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Халқ таълимини бошқариш тизимини такомиллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида» 2018 йил 5 сентябрдаги ПФ-5538-сон Фармони, Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Халқ таълими тизимига бошқарувнинг янги тамойилларини жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида» 2018 йил 5 сентябрдаги ПҚ-3931-сон ва Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Президент мактабларини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида» 2019 йил 20 февралдаги ПҚ-4199-сон қарорлари)» 2019 йил 30 сентябрдаги 822-сон қарорига илованинг 10-банди .
15. Вазирлар Маҳкамасининг «Моддий маданий мерос объектларидан фойдаланиш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида» 2019 йил 18 октябрдаги 881-сон қарорга 2-илованинг 1-банди .
16. Вазирлар Маҳкамасининг «Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг айрим қарорларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида (Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Ёввойи ҳолда ўсувчи доривор ўсимликларни муҳофаза қилиш, маданий ҳолда етиштириш, қайта ишлаш ва мавжуд ресурслардан оқилона фойдаланиш чора-тадбирлари тўғрисида» 2020 йил 10 апрелдаги ПҚ-4670-сон қарори)» 2020 йил 24 августдаги 508-сон қарорига илованинг 1-банди .
17. Вазирлар Маҳкамасининг «Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги юридик техникумлари фаолиятини такомиллаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида» 2020 йил 30 октябрдаги 677-сон қарорига 3-илованинг 3-банди .
18. Вазирлар Маҳкамасининг «Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг айрим қарорларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида (Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Ёшларнинг тадбиркорлик фаолиятини қўллаб-қувватлаш ва бандлигига кўмаклашиш, уларни ижтимоий ҳимоя қилиш ҳамда бўш вақтини мазмунли ташкил этишга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида» 2021 йил 20 апрелдаги ПФ-6208-сон Фармони)» 2021 йил 23 июлдаги 450-сон қарорига илованинг 2-банди .
19. Вазирлар Маҳкамасининг «Республика олий таълим муассасаларида талабаларни турар жой билан қамраб олиш даражасини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида» 2021 йил 9 сентябрдаги 563-сон қарорининг 5-банди ва қарорга 2-илованинг 1-банди .
20. Вазирлар Маҳкамасининг «Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг айрим қарорларига ўзгартиришлар киритиш тўғрисида (Ўзбекистон Республикасининг «Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар тўғрисида» 2021 йил 20 апрелдаги ЎРҚ-682-сон Қонуни)» 2022 йил 4 апрелдаги 153-сон қарорига илованинг 214-банди .
21. Вазирлар Маҳкамасининг «Ўзбекистон Республикаси Туризм ва маданий мерос вазирлиги ҳузуридаги Маданий мерос агентлиги фаолияти ташкил этилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг айрим қарорларига ўзгартиришлар киритиш тўғрисида» 2022 йил 22 апрелдаги 209-сон қарорига илованинг 5-банди .
22. Вазирлар Маҳкамасининг «Давлат мулкини хусусийлаштириш ва ижарага бериш тартиби такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг айрим қарорларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш, шунингдек, баъзиларини ўз кучини йўқотган деб ҳисоблаш тўғрисида» 2023 йил 10 мартдаги 100-сон қарорига 1-илованинг 1-банди .
Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А. АРИПОВ
Тошкент ш.,
2023 йил 14 декабрь,
660-сон
Oʻzbekiston Respublikasi Vazirlar Mahkamasining
qarori
NIZOM
ROʻYXATI
Davlat mulkini ijaraga berish tartibini yanada takomillashtirish toʻgʻrisida
Davlat mulkini ijaraga berish tizimini yanada takomillashtirish hamda sohaga zamonaviy axborot-kommunikatsiya texnologiyalarini keng joriy etish maqsadida Vazirlar Mahkamasi qaror qiladi:
1. Oʻzbekiston Respublikasi Prezidentining 2020-yil 5-oktabrdagi PF-6079-son Farmoni bilan tasdiqlangan “Raqamli Oʻzbekiston — 2030” strategiyasi doirasida Oʻzbekiston Respublikasi Davlat aktivlarini boshqarish agentligi (keyingi oʻrinlarda — Davaktiv agentligi) tomonidan davlat mulkini ijaraga berish, ijara shartnomalarining monitoringi va tushumlarni nazorat qilish boʻyicha “online-ijara.uz” axborot tizimi ishlab chiqilganligi maʼlumot uchun qabul qilinsin.
2. Quyidagilarni nazarda tutuvchi Davlat mulkini ijaraga berish tartibi toʻgʻrisidagi nizom 1-ilovaga muvofiq tasdiqlansin:
davlat mulkini ijaraga berish qoidalari;
davlat mulkiga ijara toʻlovi miqdorini belgilash tartibi;
ijara shartnomasini tuzish va ijara toʻlovlari hisob-kitobi tartibi;
balansda saqlovchining ijara munosabatlaridagi ishtiroki hamda uning huquq va majburiyatlari;
ijaraga berilayotgan davlat mulklari hisobini yuritish.
3. Oʻzbekiston Respublikasi Vazirlar Mahkamasi huzuridagi Soliq qoʻmitasi Davaktiv agentligi bilan birgalikda bir oy muddatda:
“E-ijara” elektron tizimini “online-ijara.uz” axborot tizimi bilan integratsiya qilsin;
davlat mulkini ijaraga berish shartnomalari boʻyicha toʻlovlarni undirish va ularning taqsimotini “E-ijara” elektron tizimi orqali amalga oshirish tartibi loyihasini ishlab chiqsin va belgilangan tartibda roʻyxatdan oʻtkazsin;
2024-yil 1-martdan boshlab davlat mulkini ijaraga berish shartnomalari boʻyicha ijara toʻlovlarini undirish va ularning taqsimoti “E-ijara” elektron tizimi orqali amalga oshirilishini yoʻlga qoʻysin.
4. Budjetdan moliyalashtiriladigan davlat muassasalari va ularning hududiy va tuman (shahar) boʻlinmalari, shuningdek, xalqaro tashkilotlar vakolatxonalari, qoʻshma loyihalarni amalga oshirish guruhlari davlat mulki boʻlgan binolar va inshootlarga tekin foydalanish huquqi asosida joylashtiriladi, qonunchilik hujjatlarida nazarda tutilgan holatlar bundan mustasno.
5. Belgilansinki, bir yildan kam boʻlmagan muddatga tuzilgan davlat koʻchmas mulkini ijaraga berish shartnomasi asosida yuzaga kelgan ijara huquqi Davaktiv agentligi hamda Iqtisodiyot va moliya vazirligi huzuridagi Kadastr agentligi oʻrtasida oʻzaro elektron axborot almashinuvi orqali davlat roʻyxatidan oʻtkaziladi.
Bunda ijara huquqini davlat roʻyxatidan oʻtkazganlik uchun toʻlovlar ijaraga oluvchi tomonidan qoplanadi.
6. Davaktiv agentligi ikki oy muddatda Oʻzbekiston Respublikasining Maʼmuriy javobgarlik toʻgʻrisidagi kodeksiga davlat mulkini ijaraga berish tartibini buzganlik uchun balansda saqlovchilarning mansabdor shaxslariga nisbatan javobgarlik belgilanishini nazarda tutuvchi tegishli oʻzgartirish va qoʻshimchalar kiritish toʻgʻrisida Vazirlar Mahkamasiga takliflar kiritsin.
7. Oʻzbekiston Respublikasi Hukumatining 2-ilovaga muvofiq ayrim qarorlariga oʻzgartirish va qoʻshimchalar kiritilsin.
8. Oʻzbekiston Respublikasi Hukumatining 3-ilovaga muvofiq baʼzi qarorlari oʻz kuchini yoʻqotgan deb hisoblansin.
9. Mazkur qarorning bajarilishini nazorat qilish Oʻzbekiston Respublikasi Davlat aktivlarini boshqarish agentligi direktori A.J. Ortiqov zimmasiga yuklansin.
Vazirlar Mahkamasining 2023-yil 14-dekabrdagi 660-son qaroriga 1-ILOVA
Davlat mulkini ijaraga berish tartibi toʻgʻrisida
1-bob. Umumiy qoidalar
1. Ushbu Nizom davlat mulkini ijaraga berish tartibini belgilaydi.
Ushbu Nizomning amal qilishi:
chet eldagi davlat mulkini ijaraga berishga;
obodonlashtirish va zarur holatda saqlash boʻyicha investitsiya majburiyatlarini olgan holda moddiy madaniy meros obyektlari va ularga tutash hududlarni ijaraga berishga;
kasb-hunarga oʻqitish markazlarining taʼlim jarayonidan boʻsh boʻlgan oʻquv xonalari, ishlab chiqarish ustaxonalari (asbob-uskunalari bilan birga) hamda boshqa bino va inshootlarini ijaraga berishga;
huquqni muhofaza qiluvchi organlarning alohida tartib oʻrnatilgan yopiq hududlarida joylashgan bino va inshootlarini ijaraga berishga;
teatr-tomosha korxonalarining tomosha koʻrsatish zallari va maydonlarini ijaraga berishga;
suv fondi yer uchastkalarini ijaraga berishga;
davlat tashkilotlarining xizmat turar joylarini ijaraga berishga;
qishloq xoʻjaligiga moʻljallangan yerlar, umumiy foydalanishdagi yerlar (shaharlar, posyolkalar va qishloq aholi punktlari yerlari) davlat tashkiloti, korxonasi va muassasasi balansida boʻlmagan yerlar va zaxira yerlarni ijaraga berishga;
yerosti boyliklarini ijaraga berishga;
intellektual mulk obyektlarini ijaraga berishga;
Oʻzbekiston Respublikasi Prezidentining hujjatlari yoki Vazirlar Mahkamasining qarorlarida ijaraga berishning oʻzgacha tartibi belgilangan davlat mulklariga nisbatan tatbiq etilmaydi.
2. Ushbu Nizomda quyidagi asosiy tushunchalardan foydalaniladi:
balansda saqlovchi — davlat mulkini oʻz balansida hisobga olgan davlat tashkiloti, shu jumladan, davlat muassasasi;
davlat mulki — respublika mulki va maʼmuriy-hududiy tuzilmalarning mulki (munitsipal mulk)dan iborat boʻlgan ommaviy mulk shuningdek, davlat tashkilotlari, korxonalari va muassasalari hamda xoʻjalik jamiyatlariga tasarruf etish huquqisiz berilgan davlat mulki;
ijaraga beruvchi — Oʻzbekiston Respublikasi Davlat aktivlarini boshqarish agentligi huzuridagi Davlat mulki obyektlaridan samarali foydalanish markazining (keyingi oʻrinlarda — Markaz) Qoraqalpogʻiston Respublikasi, viloyatlar va Toshkent shahar hududiy boshqarmalari;
ijaraga oluvchi — ushbu Nizomda belgilangan tartib va shartlarda davlat mulkini ijara shartnomasi asosida foydalanishga oluvchi jismoniy yoki yuridik shaxs;
ijtimoiy soha obyektlari — davlat maktabgacha taʼlim, umumiy oʻrta va oʻrta maxsus taʼlim, professional va oliy taʼlim muassasalari, kinoteatrlar, klublar, konsert-tomosha koʻrsatish muassasalari, sogʻliqni saqlash, sport, madaniyat va kinolashtirish obyektlari (davlat muassasalarining maʼmuriy binolari bundan mustasno);
“E-auksion” elektron savdo platformasi (keyingi oʻrinlarda — savdo platformasi) — elektron onlayn-auksion va tanlovlarni tashkil etish hamda oʻtkazish uchun zarur axborotni kiritish, saqlash va qayta ishlash, shuningdek, istagi boʻlgan jismoniy va yuridik shaxslarning bunday auksion va tanlovlar jarayoniga kirish hamda ularda qatnashish imkonini taʼminlaydigan axborot tizimi.
2-bob. Davlat mulkini ijaraga berish yuzasidan tashabbus koʻrsatish
3. Davlat mulkini ijaraga berish jarayoni har qanday jismoniy va yuridik shaxs (keyingi oʻrinlarda — tashabbus koʻrsatuvchi) tashabbusi asosida boshlanishi mumkin.
Bunda tashabbus koʻrsatuvchi bevosita Markazga yoki davlat mulki joylashgan hududdagi ijaraga beruvchiga:
davlat mulkining tavsifi va joylashgan joyini;
balansda saqlovchini (bunday maʼlumotlarga ega boʻlgan taqdirda) koʻrsatgan holda taklifini yozma yoki elektron shaklda taqdim etadi.
4. Markazga kelib tushgan takliflar shu kunning oʻzida koʻrib chiqish uchun ijaraga beruvchiga yuboriladi.
5. Ijaraga beruvchi taklif asosida ikki kun muddatda balansda saqlovchiga davlat mulkini ijaraga berish boʻyicha munosabat bildirish yuzasidan soʻrov yuboradi.
6. Quyidagi hollarda balansda saqlovchi tomonidan davlat mulkini ijaraga berish rad etiladi:
davlat mulkini ijaraga berish balansda saqlovchining ishlab chiqarish va/yoki moliyaviy koʻrsatkichlari yomonlashishiga olib keladigan boʻlsa, bunda taxmin qilinayotgan salbiy oqibatlar xavfi balansda saqlovchi tomonidan yuqori turuvchi tashkiloti yoki muassisi maʼqullagan hujjat bilan asoslantirilishi lozim;
davlat mulkidan oʻzining yoki aholining ijtimoiy ehtiyojlarini qondirish maqsadida foydalanish zarurati tugʻilgan boʻlsa.
7. Ijaraga berishni rad etishga ushbu Nizomning 6-bandida keltirilgan asoslar mavjud boʻlmagan taqdirda, balansda saqlovchi soʻrov kelib tushgan kundan boshlab uch kun ichida ijaraga beruvchiga davlat mulkini ijaraga berish uchun quyidagi maʼlumotlarni koʻrsatgan holda elektron yoki yozma shaklda ariza taqdim etadi:
davlat mulkining nomi, tavsifi, joylashgan manzili;
davlat koʻchmas mulki obyektining umumiy va ijaraga beriladigan maydoni, qurilgan yili (mavjud boʻlsa);
davlat koʻchmas mulki obyektining kommunikatsiyalar (suv, gaz, elektr energiyasi, kanalizatsiya tarmogʻi) bilan taʼminlanganligi toʻgʻrisida maʼlumot;
davlat koʻchmas mulki obyektining ijaraga beriladigan maydonini koʻrsatgan holda kadastr hujjati nusxasi;
davlat mulkining 4 ta fotosurati;
davlat mulkidan foydalanish maqsadi (amalga oshiriladigan faoliyat turi);
davlat mulkini ijaraga berishning boshqa shartlari (mavjud boʻlsa).
8. Ijaraga beruvchi balansda saqlovchining davlat mulkini ijaraga berish haqidagi arizasi kelib tushgandan keyin ikki kun muddatda davlat mulkini ijaraga berish uchun savdo platformasi orqali onlayn-auksion savdosiga chiqaradi.
9. Balansda saqlovchining arizasida ushbu Nizomning 7-bandidagi maʼlumotlar toʻliq koʻrsatilmagan boʻlsa, ijaraga beruvchi arizani ikki kun muddatda maʼlumotlarni toʻliq koʻrsatgan holda taqdim etish uchun balansda saqlovchiga qaytaradi.
10. Tashabbus koʻrsatuvchiga taklifini koʻrib chiqish natijasi boʻyicha qabul qilingan qaror haqida bir hafta muddatda xabar yuboriladi.
11. Balansda saqlovchi tomonidan davlat mulkini ijaraga berish yuzasidan tashabbus Markazga yoki ijaraga beruvchiga ushbu Nizomning 7-bandida belgilangan maʼlumotlarni taqdim etgan holda ariza berish orqali koʻrsatiladi.
12. Balansda saqlovchi tasarrufidagi davlat mulkini xatlovdan oʻtkazishga va foydalanilmasdan boʻsh turgan va/yoki maqsadsiz, samarasiz foydalanilayotgan davlat mulki haqida har chorak yakuni bilan hisobot oyidan keyingi oyning 10-sanasigacha boʻlgan muddatda ijaraga beruvchiga bu mulkning joylashgan joyi, miqdori, tarkibi va boshqa umumiy tavsiflari koʻrsatilgan maʼlumotlarni taqdim etishi shart.
13. Balansda saqlovchining yuqori turuvchi tashkilotlari ushbu maʼlumotlar Markazning tegishli hududiy boshqarmasiga belgilangan tartib va muddatlarda taqdim etilishi ustidan idoraviy nazoratni taʼminlaydi.
14. Boʻsh turgan, samarasiz va maqsadsiz foydalanilayotgan davlat mulki haqida belgilangan muddatda maʼlumotlar taqdim etilmasligi yoki haqiqiy holatni ifoda etmaydigan maʼlumotlar taqdim etilganligi aybdor shaxslarga nisbatan qonunchilik hujjatlarida belgilangan javobgarlik choralari qoʻllanilishiga sabab boʻladi.
15. Vazirlik va idoralar, mahalliy ijro etuvchi hokimiyat organlariga tegishli boʻlgan, uch oydan ortiq muddat davomida foydalanilmasdan boʻsh turgan davlat koʻchmas mulk obyektlari, Davlat aktivlarini boshqarish agentligi tomonidan tasdiqlangan tartibga muvofiq ularning roziligisiz ijaraga berish uchun savdo platformasi orqali onlayn-auksion savdolariga chiqariladi, ijtimoiy soha obyektlar bundan mustasno.
16. Jismoniy shaxslar tomonidan maydoni 2 000 metr kvadratgacha boʻlgan davlat koʻchmas mulk obyektlarini ijaraga berish uchun toʻgʻridan-toʻgʻri onlayn auksion savdolariga chiqarish boʻyicha Oʻzbekiston Respublikasi Davlat aktivlarini boshqarish agentligi tomonidan belgilangan tartibda ijaraga beruvchiga onlayn-buyurtmanoma berilishi mumkin.
3-bob. Davlat mulkini ijaraga berish qoidalari
17. Ijaraga beruvchi tomonidan davlat mulki quyidagi tartiblarda ijaraga beriladi:
savdo platformasida oʻtkazilgan elektron onlayn-auksion savdolar orqali;
Oʻzbekiston Respublikasi Prezidentining hujjatlari va Vazirlar Mahkamasining qarorlarida davlat mulki jismoniy va yuridik shaxsga ijaraga berilishi belgilanganda (ijaraga beruvchi, balansda saqlovchi va ijaraga oluvchi oʻrtasida tuzilgan shartnoma asosida);
qonunchilikda belgilangan boshqa tartiblar asosida.
18. Davlat mulkini ijaraga berish boʻyicha savdo platformasida elektron onlayn-auksion savdolari Vazirlar Mahkamasining 2022-yil 12-yanvardagi 18-son qarori bilan tasdiqlangan “E-auksion” elektron savdo platformasida elektron onlayn-auksion va tanlovlarni tashkil etish hamda oʻtkazish tartibi toʻgʻrisidagi nizomga muvofiq oʻtkaziladi.
Ijaraga oluvchi ketma-ket uch va undan ortiq marotaba ijara shartnoma shartlarini, shu jumladan, ijara toʻlovlarini bajarmaganda — u bir yil muddatga davlat mulkini ijaraga berish boʻyicha oʻtkaziladigan auksion savdolarida ishtirok etishdan chetlatiladi.
Bunda:
savdolardan chetlatilgan ijarachilar reyestri “online-ijara.uz” axborot tizimida yuritiladi va “E-auksion” elektron savdo platformasiga integratsiya orqali taqdim etiladi, operator ushbu ijarachilarni davlat mulkini ijaraga berish boʻyicha oʻtkaziladigan auksion savdolarida ishtirokini cheklaydi;
ijaraga oluvchi reyestrga kirgan sanadan boshlab 12 oy oʻtgandan soʻng ijaraga oluvchi avtomatik ravishda reyestrdan chiqariladi.
Oʻzbekiston Respublikasi Prezidentining 2023-yil 12-iyundagi PF-93-son Farmoniga asosan “20 ming tadbirkor — 500 ming malakali mutaxassis” dasturiga kiritilgan tadbirkorlik subyektlari bilan hamkorlik shartnomalari doirasidagi majburiyatlardan kelib chiqqan holda, hokimliklar, Kambagʻallikni qisqartirish va bandlik vazirligi yoki tadbirkorlik subyektlaridan murojaat kelib tushgan taqdirda, hududlarda boʻsh turgan va bir yildan buyon auksion savdolarida sotilmasdan turgan davlat mulki boʻlgan bino va inshootlari, shuningdek, kasb-hunar kollejlarining foydalanilmasdan boʻsh turgan binolarini ijaraga berish uchun ijaraga beruvchi tanlovni tashkil qiladi. Bunda talabgor yagona boʻlganda toʻgʻridan-toʻgʻri shartnoma asosida ijara shartnomasini tuzishga yoʻl qoʻyiladi. Bunday shartnomalar doirasida ijara haqi ijara stavkasining minimal miqdori boʻyicha belgilanadi.
Oʻzbekiston Respublikasi Prezidentining 2024-yil 2-fevraldagi PQ-53-son qaroriga asosan umumiy oʻrta taʼlim muassasalarining boʻsh binolarini “20 ming tadbirkor — 500 ming malakali mutaxassis” dasturi ishtirokchilariga amaliy monomarkazni tashkil qilish va keyinchalik oʻquvchilarni kasb-hunarga oʻqitish uchun toʻgʻridan-toʻgʻri shartnoma asosida tekin foydalanishga berishga ruxsat etiladi.
Tadbirkorning “20 ming tadbirkor — 500 ming malakali mutaxassis” dasturiga kiritilganligi Markaz tomonidan Savdo-sanoat palatasining maʼlumotlari bazasidan elektron axborot almashinuvi orqali aniqlanadi.
18 1 . Toshkent va Nukus shaharlari, viloyatlar markazlarida jamoat transporti bekatlariga yaqin boʻlgan litsey, texnikum va oliy taʼlim tashkilotlarining boʻsh turgan maydonlari tadbirkorlik subyektlariga ijtimoiy himoyaga muhtoj oilalar farzandlarida savdo koʻnikmalarini shakllantirish va qisqa muddatli kasbga oʻqitishga (kassir, omborchi, menejer, xorijiy til mutaxassisi va boshqalarni tayyorlash) ixtisoslashgan oʻquv markazlarini tashkil etish uchun elektron onlayn-auksion savdolari orqali tanlov asosida ijaraga beriladi.
Bunda talabgorlarga taʼlim olayotgan jami oʻquvchilar sonining kamida 30 foizini ijtimoiy himoyaga muhtoj oilalar reyestriga kiritilgan oilalarning farzandlari tashkil etishi hamda ularni bepul kasbga oʻqitish (kassir, omborchi, menejer, xorijiy til mutaxassisi va boshqalarni tayyorlash) boʻyicha minimal talablar qoʻyiladi.
18 2 . Qoraqalpogʻiston Respublikasi Vazirlar Kengashi, viloyatlar hamda tuman (shahar) hokimliklari tomonidan hududi oʻn ming kvadrat metrdan, baholangan qiymati bazaviy hisoblash miqdorining besh ming baravari miqdoridan oshmagan hamda olti oy davomida sotilmagan mahalliy ijro etuvchi hokimiyat organlariga tegishli boʻlgan munitsipal koʻchmas mulk obyektlari (Nukus shahri, viloyatlar va tuman (shahar) markazlari hamda Toshkent shahri tumanlari bundan mustasno) ikki yil ichida ishlab chiqarish, xizmat koʻrsatish va servis sohalarida yangi loyihalarni ishga tushirish va yangi ish oʻrinlarini yaratish sharti bilan ijara toʻlovining eng kam stavkalari asosida:
tadbirkorlik subyektlariga toʻgʻridan-toʻgʻri oʻn yil muddatga;
xalqaro tan olingan xorijiy til va malaka sertifikatlarini olishga oʻqitadigan mahalliy hamda xorijiy mutaxassislar yoki tashkilotlarga dastlabki yil ijara toʻlovi undirmasdan, besh yil muddatga keyinchalik uning muddatni uzaytirish sharti bilan ijaraga beriladi.
Bunda ishlab chiqarish, xizmat koʻrsatish va servis sohalarida yangi loyihalarni ishga tushirish va yangi ish oʻrinlarini yaratish shartlari Qoraqalpogʻiston Respublikasi Vazirlar Kengashi, viloyatlar hamda tuman (shahar) hokimliklari tomonidan belgilanadi hamda ushbu shartlar ijara shartnomasida nazarda tutiladi.
18 3 . Hunarmandlarga mehmonxonalar, bozorlar, mahalla guzarlari va shu kabi aholi gavjum boʻladigan boshqa joylarda davlat koʻchmas mulk obyektlaridan joylar 50 foizga pasaytirilgan stavkada elektron onlayn-auksion orqali hunarmandchilik faoliyati uchun realizatsiya qilinadi, qonunchilik hujjatlarida hamda mazkur Nizomning 18 2 -bandida nazarda tutilgan hollar bundan mustasno.
19. Ijaraga beruvchi tomonidan davlat mulkini savdo platformasida ijaraga berish Vazirlar Mahkamasining 2018-yil 16-iyundagi 454-son qarori bilan tasdiqlangan Davlat mulki obyektlarini sotish va davlat mulkini ijaraga berish boʻyicha elektron savdolar oʻtkazish uchun materiallar tayyorlash tartibi toʻgʻrisidagi nizomda belgilangan tartibda tashkil etiladi.
20. Ijaraga oluvchi tomonidan ijtimoiy soha obyekti tarkibidagi yer uchastkasida quyidagilarni amalga oshirish taqiqlanadi:
binolar va inshootlar, jumladan, yer osti inshootlarini qurish (yengil konstruksiyali inshootlar bundan mustasno);
koʻngilochar obyektlar faoliyatini tashkil etish (madaniyat obyektlarining yer uchastkalari bundan mustasno);
qonunchilik hujjatlarida taqiqlangan faoliyatni yuritish.
21. Ijaraga beruvchi davlat mulkini ijaraga berishda:
davlat mulkini ijaraga berish jarayonining ochiqligi va shaffofligini taʼminlaydi;
ijara shartnomasi shartlari bajarilishi monitoringini amalga oshiradi;
yuridik shaxslar, jumladan, tadbirkorlik subyektlari va jismoniy shaxslarga ijaraga beriladigan davlat mulklari haqida zarur maʼlumotlar (ijaraga beriladigan davlat mulklarining parametrlari, kommunikatsiyalar bilan taʼminlanganligi, fotosurati, davlat mulkidan foydalanish maqsadi, ijara muddati va ijaraga berish shartlari) beradi va zarur amaliy-huquqiy yordam koʻrsatadi;
ijaraga beriladigan davlat mulklari targʻibotini amalga oshiradi.
22. Davlat mulki ijarasining eng koʻp muddati bir ijara shartnomasi doirasida oʻn yil etib belgilanadi, qonunchilik hujjatlarida hamda mazkur Nizomning 18 2 -bandida nazarda tutilgan hollar bundan mustasno.
Davlat mulki obyektlari ijaraga berish uchun auksionga chiqarilganda, ijaraga berish muddati besh yil etib belgilanadi. Bunda balansda saqlovchi tomonidan davlat mulki obyektidan kelgusida oʻz ehtiyoji uchun foydalanish zarurati mavjudligini tasdiqlovchi hujjatlar (ijtimoiy-iqtisodiy rivojlantirish dasturi, obyektdan samarali foydalanish boʻyicha tarmoq jadvali) taqdim etilgan taqdirda, taqdim etilgan hujjatlarni oʻrganish asosida ijaraga beruvchi ijaraga berish muddatini besh yildan kam etib belgilashi mumkin.
Ijaraga oluvchi tomonidan ijara shartnomasi shartlari oʻz vaqtida va toʻliq bajarilganda, ijara muddati yana besh yil muddatga uzaytiriladi, qonunchilik hujjatlarida hamda mazkur Nizomning 18 2 -bandida nazarda tutilgan hollar bundan mustasno.
Ushbu bandda nazarda tutilgan eng koʻp muddatlar tugagach, davlat mulki umumiy asoslarda ijaraga beriladi.
23. Ijaraga beruvchi tomonidan ijara shartnomasining muddati tugashidan bir oy oldin ijaraga oluvchiga ijara shartnomasi shartlari oʻz vaqtida va toʻliq bajarilmagan taqdirda, ijara shartnomasining muddati kelgusi davr uchun uzaytirilmasligi toʻgʻrisida ogohlantirish xati yuboriladi.
24. Agar ijara shartnomasining muddati tugaganidan keyin ham ijaraga oluvchi mulkdan foydalanishni davom ettirsa va ijaraga beruvchi bunga eʼtiroz bildirmagan boʻlsa, shartnoma avvalgi shartlar asosida qaytadan tuzilgan hisoblanadi.
Ijaraga oluvchi tomonidan ijara shartnomasi shartlari oʻz vaqtida va toʻliq bajarilganda, agar ijaraga oluvchi shartnoma muddatini uzaytirmaslik toʻgʻrisida murojaat qilmagan boʻlsa, ijara muddati navbatdagi muddatga uzaytirilgan hisoblanadi.
25. Ijaraga oluvchi ijara mulkini ijaraning butun muddati davomida undan maqsadli foydalanilishi, uning yaxlitligi va but saqlanishini oʻz zimmasiga oladi.
26. Ijaraga oluvchi ijaraga berilgan davlat mulki (uning bir qismi)ni oʻzga shaxslarga subijara (foydalanish)ga berishi, garovga qoʻyishi yoki boshqacha tarzda (vaqtincha) uchinchi shaxsga oʻtkazishi taqiqlanadi, bu kabi holatlar aniqlanganda, ijara shartnomasi ijaraga beruvchi tomonidan belgilangan tartibda bekor qilinadi.
27. Ijaraga berilgan davlat mulki Oʻzbekiston Respublikasi Prezidenti yoki Hukumatining hujjatlari, Davlat aktivlarini xususiylashtirish va xususiylashtirish jarayonlarini muvofiqlashtirish davlat komissiyasining, Qoraqalpogʻiston Respublikasi Vazirlar Kengashi Raisi, viloyatlar va Toshkent shahar hokimlarining qarorlari asosida xususiylashtirilgan taqdirda, ijara shartnomasi davlat mulki xususiylashtirilgan kundan bekor qilinadi.
28. Ijaraga oluvchi ijara shartnomasi shartlarini lozim darajada bajarmagan taqdirda, ijara shartnomasi ijaraga beruvchi tomonidan belgilangan tartibda bekor qilinadi.
29. Ijara shartnomasini bekor qilish, oʻzgartirish va muddatini uzaytirish tomonlarning kelishuviga asosan yoki qonunchilik hujjatlarida belgilangan tartibda amalga oshiriladi.
30. Ijara shartnomasi bekor qilingan taqdirda, ushbu ijara shartnomasi boʻyicha ijaraga berilgan davlat mulki oʻn kun ichida balansda saqlovchining roziligi talab qilinmasdan ijaraga beruvchi tomonidan ijaraga berish uchun elektron onlayn-auksion savdolariga chiqariladi.
3 1 -bob. Davlat mulkini yuqori texnologiyali mahsulot yaratadigan tadbirkorlik subyektlariga tekin foydalanishga berish tartibi
30 1 . Maydoni 10 ming metr kvadratgacha boʻlgan davlat mulki obyektlarini yuqori texnologiyali mahsulot yaratadigan tadbirkorlik subyektlariga 5 yil muddatga toʻgʻridan-toʻgʻri tekin foydalanishga berish hamda shartnoma shartlari bajarilgan taqdirda, ushbu tadbirkorlik subyektlariga baholangan qiymatda toʻgʻridan-toʻgʻri sotishga ruxsat etiladi.
30 2 . Innovatsion rivojlanish agentligi har chorak yakuni bilan keyingi oyning 5-sanasiga qadar ilmiy-tadqiqot va tajriba-konstruktorlik ishlarining yuqori intensivligini talab qiladigan texnologik mahsulotlar, shu jumladan, elektronika va aloqa uskunalari, shuningdek, baʼzi farmatsevtika preparatlari, kimyoviy mahsulotlar va mashinalarni ishlab chiqarish bilan shugʻullanadigan tadbirkorlik subyektlarini (keyingi oʻrinlarda — yuqori texnologiyali mahsulot yaratadigan tadbirkorlik subyektlar) aniqlab, reyestrini shakllantiradi va Markazga taqdim etib boradi.
30 3 . Markaz 10 ming metr kvadratgacha boʻlgan boʻsh turgan davlat mulki obyektlari roʻyxatini shakllantiradi va doimiy ravishda yangilab boradi.
30 4 . Markaz Innovatsion rivojlanish agentligi tomonidan yuqori texnologiyali mahsulot yaratadigan tadbirkorlik subyektlari reyestri taqdim etilgandan soʻng har oy yakuni bilan keyingi oyning 10 sanasiga qadar:
yuqori texnologiyali mahsulot yaratadigan tadbirkorlik subyektlari roʻyxatini Sanoatni jadal rivojlantirish boʻyicha loyiha ofislariga;
davlat mulkida ilmiy-tadqiqot va tajriba-konstruktorlik ishlarining yuqori intensivligini talab qiladigan texnologik mahsulotlar, shu jumladan, elektronika va aloqa uskunalari, shuningdek, baʼzi farmatsevtika preparatlari, kimyoviy mahsulotlar va mashinalarni ishlab chiqarish faoliyatini tashkil etish sharti bilan 5 yil muddatga tekin foydalanish huquqi asosida ajratib berish toʻgʻrisidagi taklifini yuqori texnologiyali mahsulot yaratadigan tadbirkorlik subyektlariga yuboradi.
30 5 . Yuqori texnologiyali mahsulot yaratadigan tadbirkorlik subyektlari murojaati hamda Sanoatni jadal rivojlantirish boʻyicha loyiha ofislarining tavsiyasiga asosan Markaz uch ish kuni ichida yuqori texnologiyali mahsulot yaratadigan tadbirkorlik subyektlariga davlat mulkini 5 yil muddatga tekin foydalanish huquqi asosida berish haqidagi tekin foydalanish shartnomasini “online-ijara.uz” axborot tizimi orqali rasmiylashtirib beradi.
Bunda yuqori texnologiyali mahsulot yaratadigan bir nechta tadbirkorlik subyektlari bitta binoni (bino qismini) tanlagan taqdirda, birinchi murojaat qilgan tadbirkorlik subyektiga ustunlik beriladi.
Yuqori texnologiyali mahsulot yaratadigan tadbirkorlik subyektlari tomonidan shartnoma shartlari toʻliq bajarilganligi toʻgʻrisidagi Markazning xulosasiga asosan ularga ushbu davlat mulkini ustuvor ravishda baholangan qiymatda toʻgʻridan-toʻgʻri sotib olish boʻyicha taklif beriladi.
4-bob. Davlat mulkiga ijara toʻlovi miqdorini belgilash tartibi
31. Davlat koʻchmas mulkidan foydalanganlik uchun ijara toʻlovining eng kam miqdori quyidagicha hisoblab chiqiladi:
Ts=Es*Kz*(Kq+Kh+Ko)
Bunda:
Ts — davlat koʻchmas mulkidan foydalanganlik uchun bir yilga bir kv.metr uchun ijara toʻlovining eng kam miqdori;
Es — davlat koʻchmas mulkidan foydalanganlik uchun bir yilga bir kv.metr uchun ijara toʻlovining eng kam stavkasi;
Kz — hududiy zonalar koeffitsiyenti;
Kh — tutashib ketgan hududdan foydalanish koeffitsiyenti;
Ko — tijorat maqsadlarida foydalanishda qulaylik koeffitsiyenti (asosiy avtotransport yoʻllari boʻylab joylashish, ikkinchi darajali avtotransport yoʻllariga chiqishda joylashish va boshqalar).
Qurilish turi boʻyicha koeffitsiyent (Kq), tutashib ketgan hududdan foydalanish koeffitsiyenti (Kh) va tijorat maqsadlarida foydalanishda qulaylik koeffitsiyenti (Ko)ning yigʻindisi 1 birlikdan kam boʻlgan taqdirda, yaxlitlangan holda 1 birlikka teng hisoblanadi.
32. Davlat koʻchmas mulkidan foydalanganlik uchun ijara toʻlovining miqdori Markazning Oʻzbekiston Respublikasi Davlat aktivlarini boshqarish agentligi orqali Iqtisodiyot va moliya vazirligi bilan kelishilib taqdim etgan, tegishliligicha Qoraqalpogʻiston Respublikasi Joʻqorgʻi Kengesi, xalq deputatlari viloyatlar va Toshkent shahar Kengashlari qarorlari bilan tasdiqlangan eng kam stavkalar asosida ushbu Nizomning 33-bandida belgilangan tartibda aniqlangan ijara toʻlovining eng kam miqdoridan kam boʻlishi mumkin emas.
33. Davlat koʻchmas mulkidan foydalanganlik uchun ijara toʻlovi eng kam stavkalarining hisob-kitoblari Markaz tomonidan keyingi yil uchun har yili 1-noyabrgacha tayyorlanadi hamda kelishish uchun Oʻzbekiston Respublikasi Davlat aktivlarini boshqarish agentligi orqali Iqtisodiyot va moliya vazirligiga taqdim etiladi. Iqtisodiyot va moliya vazirligi oʻn ish kuni mobaynida kelishadi yoki qayta ishlash va keyinchalik Iqtisodiyot va moliya vazirligining mulohazalari va takliflari olingan sanadan boshlab oʻn ish kunidan ortiq boʻlmagan muddatda kelishishga kiritish uchun Davlat aktivlarini boshqarish agentligiga qaytaradi.
Har yili 15-dekabrgacha davlat koʻchmas mulkidan foydalanganlik uchun ijara toʻlovining eng kam stavkalarining kelishilgan hisob-kitoblari Oʻzbekiston Respublikasi Davlat aktivlarini boshqarish agentligi tomonidan tasdiqlash uchun tegishliligicha Qoraqalpogʻiston Respublikasi Joʻqorgʻi Kengesi, xalq deputatlari viloyatlar va Toshkent shahar Kengashlariga yuboriladi.
34. Qoraqalpogʻiston Respublikasi Joʻqorgʻi Kengesi, xalq deputatlari viloyatlar va Toshkent shahar Kengashlari tomonidan hududda shakllangan ijara toʻlovining minimal bozor narxidan kelib chiqib davlat koʻchmas mulkidan foydalanganlik uchun ijara toʻlovining eng kam stavkalari qonunchilik hujjatlarida belgilangan tartibda tegishli koeffitsiyentlar belgilangan holda har yili 31-dekabrgacha tasdiqlanadi.
35. Davlat mulkining boshqa turlari uchun ijara toʻlovining eng kam miqdori:
agar ijaraga topshirilayotgan mulkdan amalda foydalanilgan muddat undan samarali foydalanish muddatidan ortiq boʻlmasa yoki ushbu muddatga teng boʻlsa yoxud amalda foydalanilgan muddatni aniqlash mumkin boʻlmasa — mol-mulk tiklanish qiymatining 30 foizidan;
agar ijaraga topshirilayotgan mulkdan amalda foydalanilgan muddat undan samarali foydalanish muddatidan ortiq boʻlsa — mol-mulk tiklanish qiymatining 20 foizidan kam boʻlishi mumkin emas.
Samarali foydalanish muddati Oʻzbekiston Respublikasi Soliq kodeksining 306-moddasida koʻrsatilgan tasniflashdan kelib chiqib belgilanadi.
Balansda saqlovchi tashkilotning rahbari va bosh hisobchisi ijaraga berilayotgan davlat mulki toʻgʻrisida taqdim etilgan maʼlumotning ishonchliligi uchun javobgar hisoblanadi.
36. Davlat mulki ijara shartnomasida isitish, sovitish, elektr energiyasi, (sovuq va issiq) suv taʼminoti vositalari, yongʻin xavfsizligi va qoʻriqlash (hisoblagich, dizel generatori, sovitish mashinasi, jumladan, chiller, fankoyl kabi uskunalar, tortish ventilyatorlari, nasoslar, transformator va taqsimlash kichik stansiyalari, yongʻin xavfsizligi va qoʻriqlash tizimlari, koʻtarish mexanizmlari (shu jumladan, liftlar va boshqalar) zinapoya panjaralari, zinapoyalar, lift shaxtalari va boshqa shaxtalar, shuningdek, balansda saqlovchi va ijaraga oluvchilarning xodimlari foydalanadigan va/yoki oʻquvchilar oshxonalar va bufetlarda ovqatlanishi uchun foydalanadigan maydonlar hamda ulardagi muhandislik tarmoqlari va kommunikatsiyalar, mexanik, elektr, sanitariya-texnik asbob-uskunalar va boshqa asbob-uskunalar, qurilmalardan foydalanish uchun ijara toʻlovi hisoblanmaydi, ijaraga olingan obyektda faoliyat yuritmaydigan (taʼlim olmaydigan) shaxslarga xizmat koʻrsatish hollari bundan mustasno.
37. Turli sport, madaniy, oʻquv, tibbiy va boshqa ijtimoiy tadbirlar (toʻgaraklar) tashkil etish maqsadida ayrim ijara obyektlari (sport zallari va inshootlari) balansda saqlovchining taklifiga asosan kunlik ish vaqti hisobidan kelib chiqib, ijara toʻlovining soatbay stavkasi hisoblangan holda ijaraga berilishi mumkin.
38. Amal qilish muddati navbatdagi yilga oʻtadigan davlat koʻchmas mulkini ijaraga berish shartnomasi boʻyicha boʻlajak yil davri uchun ijara toʻlovining miqdori qoʻshimcha shartnoma (kelishuv) bilan kelgusi yilga tasdiqlangan ijara toʻlovining eng kam miqdorlariga mutanosib tarzda oʻzgartirilib, quyidagi tartibda hisoblanadi:
Ts2 = (Es2/Es1)*(Ay/Im);
Bunda:
Ts 2 — kelgusi yilga bir kv.metr uchun ijara toʻlovining miqdori;
Es 1 — avvalgi yilga bir kv.metr uchun ijara toʻlovining eng kam miqdori;
Es 2 — kelgusi yilga bir kv.metr uchun ijara toʻlovining eng kam miqdori;
Ay — avvalgi yildagi tuzilgan shartnomasidagi belgilangan yillik ijara miqdori;
Im — shartnoma boʻyicha ijaraga olingan maydon.
39. Davlat mulkining boshqa turlari (asosiy vositalar, koʻchar mulklar, avtotransport vositalari va boshqalar) boʻyicha kelgusi yil uchun ijara toʻlovi miqdori mazkur Nizomning 35-bandida keltirilgan tartibda hisoblab chiqiladi.
Bunda hisoblangan ijara toʻlovi miqdori elektron onlayn-auksion savdosi natijasi boʻyicha belgilangan ijara toʻlovi miqdoridan kam boʻlgan taqdirda, kelgusi yil uchun ijara toʻlovi miqdori elektron onlayn-auksion savdosi natijasi boʻyicha belgilangan ijara toʻlovi miqdorida belgilanadi.
5-bob. Ijara shartnomasini tuzish
40. Ijaraga beruvchi bilan ijaraga oluvchi oʻrtasida qonunchilik hujjatlarida belgilangan tartibda oʻtkazilgan onlayn-auksion natijasi boʻyicha rasmiylashtirilgan bayonnoma asosida tuzilgan ijara shartnomasi elektron shaklda (shu jumladan, elektron raqamli imzo bilan) ikki tomonlama rasmiylashtiriladi. Bunda:
ijara shartnomasida ijaraga oluvchining auksion savdolarida ishtirok etish uchun kiritgan maʼlumotlari (yuridik yoki jismoniy shaxs nomi, manzili, yuridik manzili, STIR raqami, hisobvaraqlari va telefon raqamlari) avtomatik tarzda koʻrsatiladi;
auksion savdolarida qatnashish uchun kiritilgan maʼlumotlarning aniq va haqqoniyligi uchun javobgarlik ijaraga oluvchi zimmasiga yuklanadi.
41. Ijara shartnomasi onlayn-auksion savdo natijasi boʻyicha bayonnoma rasmiylashtirilgandan keyin oʻn ish kunidan kechiktirmay ijaraga beruvchi va ijaraga oluvchi tomonidan imzolanishi hamda belgilangan tartibda roʻyxatdan oʻtkazilishi shart.
42. Davlat mulkini ijaraga berish boʻyicha oʻtkazilgan tanlov natijasi boʻyicha rasmiylashtirilgan bayonnomaga asosan ijaraga beruvchi va tanlov gʻolibi yoki yagona ishtirokchi oʻrtasida obyektni ijara stavkasining minimal miqdorida ijaraga berish boʻyicha elektron shaklda (shu jumladan, elektron raqamli imzo bilan) ikki tomonlama rasmiylashtiriladi.
43. Ijara shartnomasida quyidagilar koʻrsatiladi:
ijaraga berilayotgan davlat mulkining joylashgan joyi, turi, tarkibi;
ijara muddati;
ijara toʻlovining miqdori, uni toʻlash tartibi va muddatlari;
ijara toʻlovi miqdorini qayta koʻrib chiqish asosi va tartibi;
ijaraga berilayotgan davlat mulkining holati va uni ijaraga oluvchiga topshirish muddati;
shartnoma muddati tugagan yoki muddatidan avval bekor qilinganda, ijaraga oluvchi ijaraga olingan davlat mulkini balansda saqlovchiga soz, but va foydalanishga yaroqli holatda tezkor qaytarish shartlari;
ijaraga berilayotgan davlat mulkini tiklash va taʼmirlash tartibi va shartlari;
ijaraga beruvchiga uning soʻrovi asosida ijaraga oluvchi va balansda saqlovchi taqdim etadigan axborotlar, ularning haqqoniyligi, taqdim etish tartibi va muddati;
ijara shartnomasi shartlari, jumladan, ijara toʻlovlarini toʻlash muddatlarining buzilish oqibatlari;
tomonlarning huquqlari, majburiyatlari va boshqa javobgarliklari;
davlat mulkining har qanday yaxshilanishi balansda saqlovchining yozma roziligi bilan amalga oshirilishi;
qonunchilik hujjatlarida belgilangan boshqa shartlar.
Kommunal xizmatlar, elektr energiyasi, suv, gaz isteʼmoli va issiqlik taʼminoti uchun ijaraga oluvchi bilan balansda saqlovchi yoki xizmat koʻrsatuvchi oʻrtasida alohida shartnoma tuziladi.
44. Ijara shartnomasi ijaraga beruvchi tomonidan roʻyxatdan oʻtkazilgan kundan boshlab tuzilgan hisoblanadi.
45. Balansda saqlovchining ijara shartnomasining amal qilish muddati davrida ijaraga oluvchiga ijara obyektidan foydalanishiga va unda faoliyat koʻrsatishiga toʻsqinlik qilishi taqiqlanadi (fors-major va qonunchilik hujjatlarida nazarda tutilgan holatlar bundan mustasno).
46. Koʻchmas mulk bir yildan kam boʻlmagan muddatga ijaraga berilganda, ijara shartnomasi davlat roʻyxatidan oʻtkazilishi shart.
46 1 . Davlat koʻchmas mulkini ijaraga berish boʻyicha rasmiylashtirilgan shartnoma Iqtisodiyot va moliya vazirligi huzuridagi Kadastr agentligining Davlat kadastrlari palatasi Qoraqalpogʻiston Respublikasi, viloyatlar va Toshkent shahar boshqarmalariga (keyingi oʻrinlarda — Kadastr agentligining hududiy boshqarmasi) Operator tomonidan “E-auksion” elektron savdo platformasi orqali yuboriladi.
Ijara shartnomasi Vazirlar Mahkamasining 2020-yil 2-sentabrdagi 535-son qarori bilan tasdiqlangan Koʻchmas mulkka boʻlgan huquqlarni davlat roʻyxatidan oʻtkazish boʻyicha davlat xizmatlari koʻrsatishning maʼmuriy reglamentida belgilangan tartibda Kadastr agentligining hududiy boshqarmasi tomonidan roʻyxatdan oʻtkaziladi.
Ijaraga oluvchi Vazirlar Mahkamasining “Davlat kadastri sohasida davlat xizmatlari narxlarini belgilashda tabaqalashtirilgan yondashuv tartibini takomillashtirish toʻgʻrisida” 2014-yil 10-iyuldagi 186-son qarorida belgilangan toʻlovni amalga oshiradi.
Toʻlov amalga oshirilgandan soʻng ijara shartnomasi davlat roʻyxatidan oʻtkazilganligi toʻgʻrisidagi koʻchirma operatorga “E-auksion” elektron savdo platformasi orqali auksion gʻolibiga belgilangan tartibda taqdim etish uchun yuboriladi.
Ijara shartnomasi davlat roʻyxatidan oʻtkazilganligi toʻgʻrisidagi koʻchirmani ijaraga oluvchi oʻzining “E-auksion” elektron savdo platformasidagi shaxsiy kabineti orqali oladi.
47. Avtomototransport vositalari savdo platformasi vositasida onlayn-auksion orqali ijaraga berilganda, ijara shartnomalarini notarial tartibda tasdiqlash talab etilmaydi.
6-bob. Balansda saqlovchining ijara munosabatlaridagi ishtiroki hamda uning huquq va majburiyatlari
48. Davlat mulki savdo platformasi orqali ijaraga berilganda, ijaraga beruvchi ijara shartnomasida (ijara shartnomasi tarafi boʻlmasada) balansda saqlovchining qonuniy manfaatlariga zarar yetmasligi uchun oʻzi orqali amalga oshiradigan huquqlari va majburiyatlarini belgilaydi. Bunda ijaraga beruvchi oʻzining shartnomaviy huquqlaridan balansda saqlovchi foydasiga voz kechmaydi va majburiyatlarini bajarishni zimmasidan soqit qilmaydi.
49. Balansda saqlovchi ijaraga berilgan mulkka nisbatan ijaraga beruvchining xabardorligida oʻziga berilgan shartnomaviy huquqlarini amalga oshiradi hamda majburiyatlarni bajaradi.
50. Tomonlar shartnomada belgilangan majburiyatlarni bajarilmagani oqibatida shartnomaning boshqa tomonlariga yetkazgan zararlarni ixtiyoriylik asosida qoplaydi. Oʻzaro kelishuvga erishilmaganda, zarar qonunchilik hujjatlarida belgilangan tartibda sud orqali qoplanadi.
51. Balansda saqlovchi ijaraga berilgan davlat mulkini ijaraga oluvchiga ijaraga beruvchi ishtirokida shartnoma imzolangandan soʻng koʻpi bilan besh ish kuni ichida rasmiylashtirib topshirilishini va hech qanday tarzda toʻsqinliksiz undan foydalanishini taʼminlaydi.
52. Davlat mulki ijaraga oluvchiga muddatida topshirilmaganligi oqibatida ijaraga oluvchiga yetkazilgan zarar balansda saqlovchi hisobidan qoplanadi.
53. Davlat mulkini ijara shartnomasi tuzmasdan yoki shartnomada koʻrsatmasdan ijaraga berish holati aniqlanganda, ijaraga beruvchi oʻn ish kuni ichida ushbu davlat mulki qonunchilikda belgilangan tartibda ijaraga berilishini tashkil etadi.
7-bob. Ijara toʻlovlarining hisob-kitob tartibi
54. Ijara toʻlovi boʻyicha hisob-kitoblar quyidagilarni oʻz ichiga oladi:
ijara toʻlovi;
ijara toʻlovi muddati buzilganligi uchun hisoblangan penya va jarima.
55. Ijara toʻlovi ijaraga oluvchi tomonidan ijara toʻlovining oxirgi belgilangan miqdori va ijaraning qolgan muddatidan kelib chiqqan holda, hisoblangan davrlar (har chorak yoki oyda) boʻyicha teng miqdordagi toʻlovlar bilan hisoblanadi.
Ijara toʻlovi ijara shartnomasida koʻrsatilgan muddatlarda navbatdagi davr (chorak yoki oy) uchun 100 foiz oldindan toʻlash shaklida amalga oshiriladi.
56. Ijaraga oluvchining ijaraga berilgan davlat mulkini balansda saqlovchi (yuqori turuvchi tashkiloti xabardorligida bergan) yozma roziligi asosida amalga oshirgan tiklash yoki mukammal taʼmirlash sarf-xarajatlari qurilish loyihalarini ekspertizadan oʻtkazish uchun akkreditatsiya qilingan tadbirkorlik subyektlari tomonidan xulosa taqdim etgan taqdirda, ijara toʻlovi mablagʻlaridan balansda saqlovchiga taqsimlangan mablagʻlar hisobidan kamaytirish orqali qoplanadi, davlat mulki hisoblangan moddiy madaniy merosning koʻchmas mulk obyektlari bundan mustasno.
57. Ijaraga oluvchining ijaraga berilgan davlat mulkini tiklash yoki mukammal taʼmirlash uchun amalga oshirilgan sarf-xarajatlari ijara muddati davomida toʻliq qoplanmagan taqdirda (ijara shartnomasining muddatidan oldin bekor qilingan hollar bundan mustasno), sarf-xarajatlarning qoplanmagan qismi balansda saqlovchi tomonidan boshqa mablagʻlari hisobidan qoplanadi.
58. Davlat mulkini (uning qismini) belgilangan tartibda ijara shartnomasi tuzmasdan yoki ijara shartnomasiga kiritmasdan ijaraga berish, shartnomada ijaraga berilgan mulkning parametrlari va sonini kamaytirib koʻrsatish aniqlanganda, ijaraga beruvchi qonun buzilishi holati aniqlangan sanadan boshlab, uch ish kuni mobaynida belgilangan tartibda davlat mulkidan foydalanganlik davri uchun ijara toʻlovining ikki baravari miqdorida hisoblangan summani toʻlash talabi bilan tasdiqlovchi hujjatlarni balansda saqlovchiga taqdim etadi. Hisoblangan summaning oʻn ish kuni ichida ixtiyoriy toʻlanmaganligi sud tartibida undirilishiga asos boʻladi.
Bunda davlat mulkidan foydalanganlik davri quyidagicha belgilanadi:
davlat mulki belgilangan tartibda ijara shartnomasi tuzmasdan foydalanishga berilganda, joriy yil 1-yanvar sanasidan holat aniqlangan sanaga qadar;
ijaraga beruvchi ishtirokida avval tuzilgan ijara shartnomasi muddati tugaganidan soʻng davlat mulki belgilangan tartibda ijara shartnomasi tuzmasdan foydalanishga berilganda, avvalgi ijara shartnomasi muddati tugagan sanadan holat aniqlangan sanaga qadar;
davlat mulki ijara shartnomasiga kiritilmasdan ijaraga berilganda, shuningdek, ijara shartnomasida ijaraga berilgan mulkning parametrlari va soni kamaytirib koʻrsatilganda, ijara shartnomasi tuzilgan sanadan holat aniqlangan sanaga qadar.
Bunda hisoblangan davr uchun toʻlov oʻsha yilga belgilangan ijara toʻlovining eng kam miqdoriga mutanosib hisoblanadi.
59. Ijara toʻlovi Oʻzbekiston Respublikasi Prezidentining 2023-yil 24-martdagi PQ-101-son qaroriga muvofiq Vazirlar Mahkamasi huzuridagi Soliq qoʻmitasi tomonidan (keyingi oʻrinlarda — Soliq qoʻmitasi) “E-ijara” elektron dasturi orqali undiriladi.
60. Davlat mulkini ijaraga berishdan tushgan mablagʻlar Oʻzbekiston Respublikasi Prezidentining 2019-yil 14-yanvardagi PF-5630-son Farmoniga muvofiq taqsimlanadi.
61. Shartnomaviy majburiyatlar buzilgani uchun undirilgan penya va jarimalar hamda ijara shartnomasi tuzmasdan va/yoki obyektni ijara shartnomasiga kiritmasdan ijaraga berish holati boʻyicha hisoblangan va undirilgan mablagʻ ijaraga beruvchi ixtiyorida qoldiriladi.
Ijaraga beruvchi ixtiyorida qoldirilgan mablagʻlar qonunchilikda belgilangan tartiblarda Markaz va hududiy boshqarmalar faoliyatini (jumladan, xodimlarning ish haqi, mukofotlar, ustamalar va boshqa toʻlovlarni) moliyalashtirishga sarflanadi.
62. Soliq qoʻmitasi Oʻzbekiston Respublikasi Prezidentining 2023-yil 24-martdagi PQ-101-son qaroriga muvofiq ijaraga berilgan davlat mulki boʻyicha har oyda undirilgan ijara toʻlovlari va ularning taqsimlanishi toʻgʻrisidagi hisobotni hisobot oyidan keyingi oyning 5-sanasiga qadar Markazga taqdim etadi.
8-bob. Davlat mulkini ijaraga berish va qaytarib olish
63. Ijara shartnomasiga muvofiq balansda saqlovchi ijaraga beruvchi orqali davlat mulkini (barcha buyumlar va taalluqli boʻlgan texnik hujjatlari bilan birga) shartnoma shartlariga muvofiq ijaraga oluvchiga belgilangan muddat va tartibda topshirishi, ijaraga oluvchi esa ijara muddati tugagan yoki ijara shartnomasi muddatidan oldin bekor qilingan yoxud sud qarori bilan haqiqiy emas deb topilganda, balansda saqlovchiga besh kun ichida shartnoma tuzilgan sanadagi holatda qaytarib topshirishi shart.
64. Ijaraga beruvchi davlat mulkini belgilangan muddatda qaytarib topshirmagani oqibatida koʻrilgan moddiy zararni ijaraga oluvchidan sud tartibida undirishga haqli.
65. Davlat mulkini topshirish-qabul qilish va qaytarish-qabul qilish ijaraga beruvchi, ijaraga oluvchi va balansda saqlovchilarning vakolatli vakillari ishtirokida uch tomonlama tuzilgan dalolatnoma asosida amalga oshiriladi.
Dalolatnomada quyidagilar koʻrsatiladi:
dalolatnoma tuzilgan joy va sana;
ijara shartnomasining rekvizitlari (tuzilgan sanasi, tartib raqami);
ijara mulkining texnik holati.
Topshirish-qabul qilish va qaytarish-qabul qilish dalolatnomalari tomonlarning vakolatli vakillari tomonidan imzolanadi va muhrlari (mavjud boʻlsa) bilan tasdiqlanadi.
66. Ijaraga olingan davlat mulkida kamchiliklar aniqlangan taqdirda (qonunda nazarda tutilgan hollardan tashqari), mulkni qabul qilib oluvchi tomonlar boshqa tomon davlat mulkini shartnomada belgilangan muddatlarda ijara shartnomasi shartlariga muvofiq holatga keltirgungacha yoki yetkazilgan zararni qoplagungacha uni qabul qilib olishni va davlat mulkini topshirish — qabul qilish dalolatnomasini imzolashni rad etishga haqlidir.
9-bob. Ijaraga berilayotgan mulklarni hisobga olish, hisobotini yuritish va uni nazorat qilish
67. Ijaraga berilayotgan mulklarni hisobga olish va maʼlumotlar bazasini yuritish ijaraga beruvchi tomonidan “online-ijara.uz” axborot tizimi orqali amalga oshiriladi.
Bunda, davlat mulkini ijaraga berish boʻyicha shartnoma, shuningdek shartnomaga kiritiladigan har qanday oʻzgartirishlar, qoʻshimchalar va shartnomani bekor qilish faqatgina “online-ijara.uz” axborot tizimi orqali amalga oshiriladi va qogʻoz shaklida rasmiylashtirish taqiqlanadi (Oʻzbekiston Respublikasi Prezidenti va Hukumati hujjatlarida nazarda tutilgan hollar bundan mustasno).
68. Ijaraga beruvchi ijara shartnomasi amal qiladigan muddat mobaynida ijaraga oluvchi tomonidan zimmasiga olingan majburiyatlarning lozim darajada bajarilishini nazorat qilib boradi.
Ushbu maqsadlarda ijaraga beruvchi quyidagilarga haqli:
ijaraga oluvchidan ijara shartnomasida nazarda tutilgan axborotlarni soʻrash va olish;
zarurat boʻlganda, mulkning fizik holatini ijaraga oluvchining xoʻjalik faoliyatiga aralashmagan holda koʻzdan kechirish;
ijaraga olingan mulkdan foydalanish shartlarini, ijaraga oluvchi tomonidan uchinchi shaxslar huquqlariga rioya qilinishini oʻrganish (servitut, garov va shu kabilar);
ijaraga oluvchining ijaraga olingan davlat mulkini yaxshilash toʻgʻrisidagi murojaatini koʻrib chiqish;
qonunchilik hujjatlarida va shartnomada nazarda tutilgan boshqa harakatlarni amalga oshirish;
qonunchilik hujjatlarida belgilangan boshqa huquqlaridan ham foydalanish.
69. Ijaraga beruvchi ijaraga berilgan va beriladigan davlat mulki toʻgʻrisida har oyda hisobot oyidan keyingi oyning 10-sanasiga qadar Markazga maʼlumot taqdim etadi.
70. Markaz ijaraga beruvchi va Soliq qoʻmitasi tomonidan taqdim etilgan ijaraga berilgan va beriladigan davlat mulki, undirilgan ijara toʻlovlari va ularning taqsimlanishi toʻgʻrisidagi maʼlumotlarni umumlashtiradi va Oʻzbekiston Respublikasi Davlat aktivlarini boshqarish agentligiga har oylik maʼlumotlarni hisobot oyidan keyingi oyning 15-sanasiga qadar taqdim etadi.
10-bob. Yakunlovchi qoidalar
71. Davlat mulkini ijaraga berishning ushbu Nizomda koʻrsatilmagan shartlari qonunchilik hujjatlariga muvofiq belgilanadi.
72. Ijaraga beruvchi ijara shartnomasi qonunchilik hujjatlariga muvofiq boʻlishini taʼminlashga masʼul hisoblanadi.
73. Mazkur Nizom talablari buzilishida aybdor boʻlgan shaxslar qonunchilik hujjatlarida belgilangan tartibda javobgar boʻladi.
74. Davlat mulkini ijaraga berishda vujudga keladigan nizolar qonunchilik hujjatlarida va ijara shartnomasida belgilangan tartibda koʻrib chiqiladi.
75. Ijaraga berilgan davlat mulki boʻyicha ijara toʻlovi toʻliq, oʻz vaqtida va toʻgʻri hisoblanishi hamda toʻlanishini nazorat qilish ijaraga beruvchi tomonidan, balansda saqlovchi faoliyatida belgilangan tartibda tekshirish oʻtkazishda — Davlat moliyaviy nazorati inspeksiyasi tomonidan amalga oshiriladi.
Vazirlar Mahkamasining 2023-yil 14-dekabrdagi 660-son qaroriga 2-ILOVA
Oʻzbekiston Respublikasi Hukumatining ayrim qarorlariga kiritilayotgan oʻzgartirishlar va qoʻshimchalar
1. Vazirlar Mahkamasining 2019-yil 18 oktabrdagi 881-son qarori bilan tasdiqlangan Moddiy madaniy meros obyektlaridan foydalanish tartibi toʻgʻrisidagi nizomda :
a) 2-bandning toʻrtinchi xatboshisi quyidagi tahrirda bayon etilsin:
“ijaraga beruvchi — Oʻzbekiston Respublikasi Davlat aktivlarini boshqarish agentligi huzuridagi Davlat mulki obyektlaridan samarali foydalanish markazining Qoraqalpogʻiston Respublikasi, viloyatlar va Toshkent shahar hududiy boshqarmalari.”;
b) 25-bandning ikkinchi xatboshisi quyidagi tahrirda bayon etilsin:
“davlat mulki hisoblangan obyektni ijaraga berish — Hukumat qarori bilan tasdiqlanadigan davlat mulkini ijaraga berish tartibini belgilovchi nizomga muvofiq;”.
2. Vazirlar Mahkamasining 2021-yil 27-apreldagi 243-son qarori bilan tasdiqlangan Xalq taʼlimi tizimidagi muassasa va tashkilotlarning budjetdan tashqari jamgʻarmalari mablagʻlarini shakllantirish va ulardan foydalanish tartibi toʻgʻrisidagi nizomning 3-bandi ikkinchi xatboshisi quyidagi tahrirda bayon etilsin:
“xalq taʼlimi muassasa va tashkilotlarining koʻchmas mol-mulkini ijaraga berishdan balansda saqlovchiga tushadigan mablagʻlar;”.
Vazirlar Mahkamasining 2023-yil 14-dekabrdagi 660-son qaroriga 3-ILOVA
Oʻzbekiston Respublikasi Hukumatining oʻz kuchini yoʻqotgan deb eʼtirof etilayotgan baʼzi qarorlari
1. Vazirlar Mahkamasining “Davlat mulkini ijaraga berish tartibini takomillashtirish chora-tadbirlari toʻgʻrisida” 2009-yil 8-apreldagi 102-son qarori .
2. Vazirlar Mahkamasining “Davlat mulkini ijaraga berish tartibini takomillashtirish chora-tadbirlari toʻgʻrisida” 2009-yil 8-apreldagi 102-son qaroriga oʻzgartirish va qoʻshimchalar kiritish haqida” 2011-yil 30-noyabrdagi 315-son qarori .
3. Vazirlar Mahkamasining “Oʻzbekiston Respublikasi Hukumatining ayrim qarorlariga oʻzgartirish va qoʻshimchalar kiritish, shuningdek baʼzilarini oʻz kuchini yoʻqotgan deb hisoblash toʻgʻrisida” 2013-yil 9-sentabrdagi 244-son qaroriga 1-ilovaning 66-bandi .
4. Vazirlar Mahkamasining “Moddiy madaniy meros obyektlarini va ularga tutash hududlarni ularni obodonlashtirish va zarur holatda saqlash boʻyicha investitsiya majburiyatlari olgan holda ijaraga berish tartibi toʻgʻrisidagi nizomni tasdiqlash haqida” 2014-yil 6-martdagi 53-son qarorining 4-bandi .
5. Vazirlar Mahkamasining “Davlat mulkini ijaraga berish tartibi toʻgʻrisidagi nizomga oʻzgartirish va qoʻshimchalar kiritish haqida” 2014-yil 20-maydagi 126-son qarori .
7. Vazirlar Mahkamasining “Oʻzbekiston Respublikasi Hukumatining ayrim qarorlariga oʻzgartirish va qoʻshimchalar kiritish, shuningdek baʼzilarini oʻz kuchini yoʻqotgan deb hisoblash toʻgʻrisida” 2017-yil 11-maydagi 270-son qaroriga 1-ilovaning 35-bandi .
8. Vazirlar Mahkamasining “Davlat mulkini ijaraga berish tartibi toʻgʻrisidagi nizomga oʻzgartirish kiritish haqida” 2017-yil 16-iyundagi 382-son qarori .
9. Vazirlar Mahkamasining “Oʻzbekiston Respublikasi Hukumatining ayrim qarorlariga oʻzgartirishlar va qoʻshimchalar kiritish, shuningdek, baʼzi qarorlarini oʻz kuchini yoʻqotgan deb hisoblash toʻgʻrisida (Oʻzbekiston Respublikasi Prezidentining “Hunarmandchilikni yanada rivojlantirish va hunarmandlarni har tomonlama qoʻllab-quvvatlash chora-tadbirlari toʻgʻrisida” 2017-yil 17-noyabrdagi PF-5242-son Farmoni, “Oʻzbekiston Respublikasi Savdo-sanoat palatasi faoliyatini tashkil etishni takomillashtirish toʻgʻrisida” 2017-yil 19-iyundagi PQ-3068-son va “Hunarmand” uyushmasi faoliyatini yanada takomillashtirish chora-tadbirlari toʻgʻrisida” 2017-yil 17-noyabrdagi PQ-3393-son qarorlari)” 2018-yil 7-martdagi 186-son qaroriga 1-ilovaning 1-bandi .
10. Vazirlar Mahkamasining “Davlat aktivlarini sotishda va ijaraga berishda elektron savdolarni joriy etish chora-tadbirlari toʻgʻrisida” 2018-yil 22-martdagi 209-son qarorining 7-bandi va qarorga 2-ilova .
12. Vazirlar Mahkamasining “Oʻzbekiston Respublikasi Madaniyat vazirligi huzuridagi Madaniy meros departamenti faoliyatini tashkil etish hamda moddiy madaniy meros obyektlarini muhofaza qilish va ulardan foydalanishga oid ayrim normativ-huquqiy hujjatlarni tasdiqlash toʻgʻrisida“ 2019-yil 30-martdagi 265-son qaroriga 13-ilovaning 2-bandi .
13. Vazirlar Mahkamasining “Qurilish sohasida davlat boshqaruvi tizimining tubdan takomillashtirilishi munosabati bilan Oʻzbekiston Respublikasi Hukumatining ayrim qarorlariga oʻzgartirish va qoʻshimchalar kiritish, baʼzilarini oʻz kuchini yoʻqotgan deb hisoblash toʻgʻrisida” 2019-yil 14-iyundagi 498-son qaroriga 1-ilovaning 14-bandi .
14. Vazirlar Mahkamasining “Oʻzbekiston Respublikasi Hukumatining ayrim qarorlariga oʻzgartirish va qoʻshimchalar kiritish toʻgʻrisida (Oʻzbekiston Respublikasi Prezidentining “Xalq taʼlimini boshqarish tizimini takomillashtirish boʻyicha qoʻshimcha chora-tadbirlar toʻgʻrisida” 2018-yil 5-sentabrdagi PF-5538-son Farmoni, Oʻzbekiston Respublikasi Prezidentining “Xalq taʼlimi tizimiga boshqaruvning yangi tamoyillarini joriy etish chora-tadbirlari toʻgʻrisida” 2018-yil 5-sentabrdagi PQ-3931-son va Oʻzbekiston Respublikasi Prezidentining “Prezident maktablarini tashkil etish chora-tadbirlari toʻgʻrisida” 2019-yil 20-fevraldagi PQ-4199-son qarorlari)” 2019-yil 30-sentabrdagi 822-son qaroriga ilovaning 10-bandi .
15. Vazirlar Mahkamasining “Moddiy madaniy meros obyektlaridan foydalanish tartibi toʻgʻrisidagi nizomni tasdiqlash haqida” 2019-yil 18-oktabrdagi 881-son qarorga 2-ilovaning 1-bandi .
16. Vazirlar Mahkamasining “Oʻzbekiston Respublikasi Hukumatining ayrim qarorlariga oʻzgartirish va qoʻshimchalar kiritish toʻgʻrisida (Oʻzbekiston Respublikasi Prezidentining “Yovvoyi holda oʻsuvchi dorivor oʻsimliklarni muhofaza qilish, madaniy holda yetishtirish, qayta ishlash va mavjud resurslardan oqilona foydalanish chora-tadbirlari toʻgʻrisida” 2020-yil 10-apreldagi PQ-4670-son qarori)” 2020-yil 24-avgustdagi 508-son qaroriga ilovaning 1-bandi .
17. Vazirlar Mahkamasining “Oʻzbekiston Respublikasi Adliya vazirligi yuridik texnikumlari faoliyatini takomillashtirishga doir qoʻshimcha chora-tadbirlar toʻgʻrisida” 2020-yil 30-oktabrdagi 677-son qaroriga 3-ilovaning 3-bandi .
18. Vazirlar Mahkamasining “Oʻzbekiston Respublikasi Hukumatining ayrim qarorlariga oʻzgartirish va qoʻshimchalar kiritish toʻgʻrisida (Oʻzbekiston Respublikasi Prezidentining “Yoshlarning tadbirkorlik faoliyatini qoʻllab-quvvatlash va bandligiga koʻmaklashish, ularni ijtimoiy himoya qilish hamda boʻsh vaqtini mazmunli tashkil etishga oid qoʻshimcha chora-tadbirlar toʻgʻrisida” 2021-yil 20-apreldagi PF-6208-son Farmoni)” 2021-yil 23-iyuldagi 450-son qaroriga ilovaning 2-bandi .
19. Vazirlar Mahkamasining “Respublika oliy taʼlim muassasalarida talabalarni turar joy bilan qamrab olish darajasini oshirish chora-tadbirlari toʻgʻrisida” 2021-yil 9-sentabrdagi 563-son qarorining 5-bandi va qarorga 2-ilovaning 1-bandi .
20. Vazirlar Mahkamasining “Oʻzbekiston Respublikasi Hukumatining ayrim qarorlariga oʻzgartirishlar kiritish toʻgʻrisida (Oʻzbekiston Respublikasining “Normativ-huquqiy hujjatlar toʻgʻrisida” 2021-yil 20-apreldagi OʻRQ-682-son Qonuni)” 2022-yil 4-apreldagi 153-son qaroriga ilovaning 214-bandi .
21. Vazirlar Mahkamasining “Oʻzbekiston Respublikasi Turizm va madaniy meros vazirligi huzuridagi Madaniy meros agentligi faoliyati tashkil etilishi munosabati bilan Oʻzbekiston Respublikasi Hukumatining ayrim qarorlariga oʻzgartirishlar kiritish toʻgʻrisida” 2022-yil 22-apreldagi 209-son qaroriga ilovaning 5-bandi .
22. Vazirlar Mahkamasining “Davlat mulkini xususiylashtirish va ijaraga berish tartibi takomillashtirilishi munosabati bilan Oʻzbekiston Respublikasi Hukumatining ayrim qarorlariga oʻzgartirish va qoʻshimchalar kiritish, shuningdek, baʼzilarini oʻz kuchini yoʻqotgan deb hisoblash toʻgʻrisida” 2023-yil 10-martdagi 100-son qaroriga 1-ilovaning 1-bandi .
Oʻzbekiston Respublikasining Bosh vaziri A. ARIPOV
Toshkent sh.,
2023-yil 14-dekabr,
660-son