📅 2023-yil 21-dekabr · Vazirlar Mahkamasi qarorlari
Rasmiy matn. Rasmiy hujjat. Tahririy izohlar kiritilmagan.
📅 2023-yil 21-dekabr · Vazirlar Mahkamasi qarorlari
Rasmiy matn. Rasmiy hujjat. Tahririy izohlar kiritilmagan.
📅 2023 йил 21 декабрь · Вазирлар Маҳкамаси қарорлари
Расмий матн. Расмий ҳужжат. Таҳририй изоҳлар киритилмаган.
📅 21 декабря 2023 г. · Постановления Кабинета Министров
Официальный текст. Официальный документ. Редакционные примечания не включены.
📅 21 December 2023 · Cabinet of Ministers resolutions
Official text. Official document. Editorial notes are not included.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг
қарори
МАЪМУРИЙ РЕГЛАМЕНТИ
СХЕМАСИ
ЭЛЕКТРОН БУЮРТМА
АРИЗА
Давлат ўрмон фонди ер майдонларидан фойдаланишда ижара муносабатларини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида
Республикада «Яшил макон» умуммиллий лойиҳаси доирасида яшил майдонларни кенгайтириш борасида тизимли чоралар кўрилмоқда. Ўрмон хўжалиги соҳасини ривожлантириш бўйича амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар натижасида сўнгги 6 йил давомида ўрмон фонди ерлари 1 млн гектарга кенгайди.
Ўрмон хўжалигини ривожлантиришда хусусий секторнинг ролини ошириш, ўрмон фонди ер участкаларини ижарага беришда аҳоли ва тадбиркорлик субъектларига рақамли хизматлардан фойдаланиш учун қулай шароитлар яратиш, «Табиатга саёҳат» тамойили асосида экологик туризмни ривожлантириш, ишбилармонлик муҳитини яхшилаш, очиқлик ва ошкораликни таъминлаш, соҳани рақамли трансформация қилишни кенг жорий этиш, ўрмон фонди ер участкаларини ижарага бериш тизимини тубдан такомиллаштириш тақозо этилмоқда.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги фаолиятини самарали ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида» 2023 йил 31 майдаги ПҚ-171-сон қарори ижросини таъминлаш, ўрмон фонди ер участкаларини ижарага беришнинг замонавий ва шаффоф механизмларини жорий этиш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:
1. Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш соҳасини трансформация қилиш ва ваколатли давлат органи фаолиятини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида» 2023 йил 31 майдаги ПФ-81-сон Фармонига асосан 2024 йил 1 январдан бошлаб:
ўрмон хўжаликларида кўчат етиштирувчи питомникларни ташкил этиш мақсадида, хўжаликлар ҳудудларининг узоқ муддатли ижарага бериладиган участкалари Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги томонидан белгиланиши;
давлат ўрмон фонди ер участкалари фақат «E-auksion» платформаси орқали ижарага берилиши белгиланганлиги маълумот учун қабул қилинсин.
2. Ўрмон фонди ер участкаларини «E-auksion» платформаси орқали электрон онлайн-аукционга қўйиш бўйича материалларни тайёрлаш, электрон онлайн-аукционларни ташкил этиш ва ўтказиш, ҳисоб-китобларни амалга ошириш, ижара шартномаларини расмийлаштириш, уларга ўзгартириш киритиш ва уларни бекор қилиш тартибини назарда тутувчи Ўрмон фонди ер участкаларини электрон онлайн-аукцион орқали ижарага беришнинг маъмурий регламенти 1-иловага мувофиқ тасдиқлансин.
3. Белгилансинки:
2024 йил 1 январдан бошлаб ўрмон фондининг фойдаланилмаётган ер участкаларини жисмоний ва юридик шахсларга ижарага бериш бўйича материалларни тўплаш, кўриб чиқиш, ваколатли органлар ва ташкилотлар билан келишиш «E-ijara» ахборот тизими орқали амалга оширилади;
ўрмон фондининг фойдаланилмаётган ер участкалари бўйича ижара ҳуқуқи нархни ошириб бориш тамойили асосида «E-auksion» платформаси орқали амалга оширилади;
ўрмон фондининг фойдаланилмаётган ер участкаларини электрон онлайн-аукционга қўйиш бўйича таклифларни тайёрлаш ҳамда ўрмон фонди ер участкаларини ижарага бериш бўйича шартномаларни давлат рўйхатидан ўтказиш учун ўрмон фонди ерларидан доимий фойдаланувчи ўрмон хўжалиги ташкилотлари масъул ҳисобланади;
ижарага берилган ўрмон фонди ер участкаларида ноқонуний дарахт ва буталарни кесиш ҳамда чорва молларини боқишга йўл қўйилмайди;
экологик туризм, рекрация, соғломлаштириш ҳамда дам олиш масканлари ва овчилик хўжаликлари фаолиятини ташкил этиш мақсадида ўрмон фондининг фойдаланилмаётган ер участкаларини электрон онлайн-аукционга қўйиш бўйича таклифларни тайёрлашга «Экотуризм ва овчиликни ривожлантириш департаменти» давлат муассасаси масъул ҳисобланади;
2024 йил 1 июлга қадар ўрмон фонди ер участкаларини ижарага бериш бўйича амалдаги барча шартномалар Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ҳузуридаги Кадастр агентлиги органларида рўйхатдан ўтказилади, бунда жисмоний шахслардан ижара ҳуқуқини давлат рўйхатидан ўтказганлик учун йиғим ундирилмайди;
ижара шартномалари белгиланган муддатда рўйхатдан ўтказилмаган ҳолларда ҳақиқий ҳисобланмайди ва белгиланган тартибда бекор қилинади ҳамда ушбу ўрмон фонди ер участкаси қайта электрон онлайн-аукционга қўйилади.
4. Қуйидагилар ўрмон фонди ер участкаларини ижарага беришда Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги ҳузуридаги Ўрмон хўжалиги агентлигининг асосий вазифалари ҳисобланади:
давлат ўрмон фонди ер участкаларини ижарага беришни ташкил этишда қонунийлик, тенглик, очиқлик ва шаффофликни таъминлаш;
ижарага берилаётган давлат ўрмон фонди ер участкалари мониторингини юритиш;
ўрмон фонди ер участкаларини электрон онлайн-аукцион орқали ижарага бериш талабларига қатъий риоя этиш;
ижарага бериладиган давлат ўрмон фонди ер участкалари бўйича маълумотлар базасини шакллантириш ва юритиш.
5. Шундай тартиб ўрнатилсинки, унга мувофиқ 2024 йил 1 январдан бошлаб ўрмон фондининг фойдаланилмаётган ер участкаларини «E-auksion» платформаси орқали ижарага беришда қуйидаги ҳолларда ижара тўловининг «ноль» ставкаси қўлланилади, бунда:
ўрмон фондининг сув билан таъминланмаган ва ўрмон билан қопланмаган ер участкалари ўзлаштирилиб, қишлоқ хўжалиги экинлари ва доривор ўсимликлар плантацияларини барпо этиш учун — уч йил давомида;
ўрмон фондининг сув билан таъминланмаган ва ўрмон билан қопланмаган ер участкалари ўзлаштирилиб, ёнғоқ мевали боғлар (писта, бодом, ёнғоқ) ва тез ўсувчи дарахтлар (павловния, терак ва бошқа) плантацияларини барпо этиш учун — беш йил давомида;
ўрмон фондининг чўл ҳудудларида жойлашган, сув билан таъминланмаган ва ўрмон билан қопланмаган ер участкалари ўзлаштирилиб, чўл ва яйлов ўсимликлари (саксовул, черкез, қандим, қорабуроқ ва бошқа) плантацияларини барпо этиш учун — ўн йил давомида.
6. Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги ҳузуридаги Ўрмон хўжалиги агентлиги:
2024 йил 1 январга қадар «Ижарага берилган ўрмон фонди ерлари ҳисобини юритиш» ахборот-биллинг тизими ишга туширилишини таъминласин;
Кадастр агентлиги билан биргаликда 2025 йил якунига қадар ўрмон фонди ер участкаларини ижарага бериш бўйича барча амалдаги шартномаларни хатловдан ўтказсин ва мазкур қарорга мувофиқлаштирган ҳолда Кадастр агентлигининг ҳудудий бўлинмаларида давлат рўйхатидан ўтказилишини таъминласин;
Ижарага берилган ўрмон фонди ерлари ҳисобини юритиш» ахборот-биллинг тизимини 2025 йил 1 январга қадар Солиқ қўмитасининг маълумотлар базасига интеграция қилинишини таъминласин.
7. Туризм қўмитаси, «Муҳофаза этиладиган табиий ҳудудлар департаменти» ва «Экотуризм ва овчиликни ривожлантириш департаменти» давлат муассасалари, ўрмон фонди ер участкалари ҳисобидан муҳофаза этиладиган табиий ҳудудларни кенгайтириш ва экотуризмни ривожлантиришга масъул ҳисобланади.
8. Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда ўзлари қабул қилган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни икки ой муддатда ушбу қарорга мувофиқлаштирсин.
9. Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг 2-иловага мувофиқ айрим қарорлари ўз кучини йўқотган деб ҳисоблансин.
10. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазири А. Абдухакимов зиммасига юклансин.
Вазирлар Маҳкамасининг 2023 йил 21 декабрдаги 674-сон қарорига 1-ИЛОВА
Ўрмон фонди ер участкаларини электрон онлайн-аукцион орқали ижарага беришнинг
1-боб. Умумий қоидалар
1. Ушбу Регламент ўрмон фонди ер участкаларини электрон онлайн-аукцион орқали ижарага бериш тартибини белгилайди.
2. Мазкур Регламент талаблари давлат ўрмон фондига кирмайдиган ерларни ижарага беришга ҳамда ўрмон фонди ерларидан мавсумий фойдаланишга (пичан ўриш ва чорва молларини боқиш, ўрмон ҳудудидаги мавжуд боғлар, табиий ва маданий ёнғоқ мевали боғлар (писта, бодом, ёнғоқ) мевалари (ҳосили)ни йиғиш, чўл ва яйлов ўсимликлари (саксовул, черкиз, қондим, қорбуроқ ва бошқа)нинг уруғларини йиғиш, озиқ-овқат мақсадларида қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштиришга) татбиқ этилмайди.
3. Қуйидаги ўрмон фонди ерлари ижарага берилмайди:
ўрмонларнинг дарёлар, кўллар, сув омборлари ва бошқа сув объектлари соҳиллари бўйлаб ўтган тақиқланган минтақалари;
ўрмонларнинг овланадиган қимматли балиқлар увулдириқ сочадиган жойларни муҳофаза қилувчи тақиқланган минтақалари;
эрозиядан сақлайдиган ўрмонлар;
ўрмонларнинг темир йўллар ва автомобиль йўллари ёқалаб ўтган иҳота минтақалари;
алоҳида қимматга эга бўлган ўрмонлар;
давлат биосфера резерватларининг ўрмонлари;
давлатлараро муҳофаза этиладиган табиий ҳудудларнинг ўрмонлари;
илмий ёки тарихий аҳамиятга эга бўлган ўрмонлар;
илмий-тажриба станциялари ерлари;
қўриқхоналар, миллий табиат боғларининг қўриқхона зоналари;
ўрмон хўжалиги ташкилоти эҳтиёжлари учун фойдаланиладиган ерлар (суғориладиган ерлар, кўчатхона ва питомниклар, ўрмон билан қопланган ерлар (бундан экологик туризм, рекреация, соғломлаштириш ва дам олиш масканлари ҳамда овчилик хўжалигини ташкил этиш учун, шунингдек, ёввойи ҳайвонларни такрор кўпайтириш ва урчитиш питомнигини ташкил этиш учун ўрмон фонди ерларини ижарага бериш мустасно), доривор ўсимликлар плантациялари жойлашган ерлар);
ноёб ва йўқолиб кетиш хавфи остида турган дарахт ва бошқа ўсимлик турлари билан банд бўлган участкалар.
4. Чет эл инвестициялари иштирокидаги корхоналарга, халқаро бирлашмалар ва ташкилотларга, чет эл жисмоний ва юридик шахсларига ер участкалари Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан ижарага берилади ва ижара шартлари белгиланади.
5. Ушбу Регламентда қуйидаги асосий тушунчалардан фойдаланилади:
буюртмачи — Ўзбекистон Республикаси Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги (кейинги ўринларда — Экология вазирлиги) ҳузуридаги Ўрмон хўжалиги агентлиги. Бунда давлат ўрмон — овчилик хўжаликлари ҳамда миллий табиат боғлари ҳудудларини ижарага беришда Экология вазирлиги буюртмачи ҳисобланади;
ваколатли ташкилотлар — Сув хўжалиги вазирлиги (балиқчилик фаолияти бўйича), Экология вазирлигининг ҳудудий бўлинмалари (экологик туризм, рекрация, соғломлаштириш, дам олиш масканлари ҳамда овчилик фаолияти бўйича), Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ҳузуридаги Кадастр агентлигининг Давлат кадастрлари палатаси ҳудудий бўлинмалари;
ижарага берилаётган ўрмон фонди ер участкаси — ўрмон фондининг фойдаланилмаётган бир қисми бўлиб, давлат ўрмон кадастрида кўрсатилган муайян чегарага, майдонга, жойлашган манзилга ва бошқа хусусиятларга эга бўлган ер участкаси;
ижарага берувчи — ўрмон фонди ер участкалари ўзларига доимий фойдаланишга берилган ўрмон хўжалиги ташкилотлари;
ижарага олувчи — ижарага берувчидан ижара шартномасига мувофиқ ўрмон фонди ер участкаларини ёки унинг бир қисмини белгиланган тартибда оладиган юридик ёки жисмоний шахс;
ижрочи — Экология вазирлиги тизимидаги «Яшил лойиҳа» лойиҳалаш институти;
оператор — савдо платформасида электрон онлайн-аукционни ташкил этиш ҳамда ўтказиш ваколати берилган «Электрон онлайн-аукционларни ташкил этиш маркази» АЖ;
ер тузиш лойиҳаси — ягона мавзе бўйича контурлар яхлитлиги сақлаб қолинган ҳолда, ўрмон фонди участкаси чегаралари, ҳудуднинг ихтисослиги, ишлаб чиқариш йўналиши, суғориш тармоқлари, коллекторлар, йўллар ва бошқа топографик элементлари ҳисобга олинган муайян ер участкасини ижарага бериш учун ишлаб чиқилган ҳужжатлар тўплами;
«E-ijara» ахборот тизими (кейинги ўринларда — «Е-ИЖАРА» АТ) — ер участкаларини бериш бўйича материалларни тўплаш, кўриб чиқиш ҳамда ваколатли органлар ва ташкилотлар билан келишишга мўлжалланган автоматлаштирилган ахборот тизими.
6. Ўрмон фондининг фойдаланилмаётган ер участкалари жисмоний ва юридик шахсларга ижара ҳуқуқи асосида фойдаланиш учун қуйидаги мақсадлар ҳамда ўлчамларда уч йилдан кам бўлмаган ва қирқ тўққиз йилдан ошмайдиган муддатга ижарага берилади:
ўрмон барпо қилиш учун — 1,0 гектардан 20,0 гектаргача;
мевали ва ёнғоқ мевали дарахтзорлар барпо этиш учун — 1,0 гектардан 20,0 гектаргача;
мевали ва манзарали кўчат етиштириш учун — 0,1 гектардан 2,0 гектаргача;
тез ўсувчи дарахт плантацияларини барпо этиш учун — 1,0 гектардан 10,0 гектаргача;
қишлоқ хўжалиги экинларини экиш учун — 0,1 гектардан 10,0 гектаргача;
доривор ўсимликлар маданий плантацияларини барпо этиш учун — 1,0 гектардан 20 гектаргача;
асаларичилик фаолияти учун — 0,01 гектардан 2,0 гектаргача;
балиқчилик фаолияти учун — 0,1 гектардан 5,0 гектаргача;
овчилик хўжалигини ташкил этиш учун — 10 гектаргача ер участкаси овчилик базалари ва 100 гектаргача ер участкаси питомниклар барпо этиш учун битта лот сифатида;
лимонарий ва иссиқхоналар ташкил этиш учун — 0,1 гектардан 2,0 гектаргача;
экологик туризм, рекрация, соғломлаштириш ҳамда дам олиш масканлари фаолияти учун (ўсимлик ва ҳайвонот дунёсига зарар келтирмаслик шарти билан) — 0,01 гектардан 2,0 гектаргача;
ёввойи ҳайвонларни такрор кўпайтириш ва урчитиш питомнигини ташкил этиш учун — 1,0 гектардан 10,0 гектаргача;
Бунда экологик туризм, рекреация, соғломлаштириш ҳамда дам олиш масканлари, овчилик хўжалигини ташкил этиш учун, шунингдек, ёввойи ҳайвонларни такрор кўпайтириш ва урчитиш питомнигини ташкил этиш учун ижарага берилган ўрмон фонди ер участкаларида енгил конструкцияли қурилмаларни ўрнатган ҳолда зарур инфратузилма ва туристик объектларни барпо этишга рухсат берилади.
7. Ижарага берилган ўрмон фонди ер участкалари учун ижара тўлови миқдори ушбу Регламентга 1-иловага мувофиқ белгиланади.
Бунда аукцион ғолиби томонидан биринчи йил учун ижара тўлови миқдори электрон онлайн-аукцион орқали нархни ошириб бориш тамойили асосида таклиф этилган нархда (сотилган нархда) тўланади, кейинги йиллар учун ижара тўлови миқдори ушбу Регламентга 1-иловага мувофиқ ҳисобланади.
8. Ўрмон фонди ер участкалари электрон онлайн-аукцион орқали ушбу Регламентга 2-иловага мувофиқ схема бўйича ижарага берилади.
2-боб. Ўрмон фонди ер участкаларини электрон онлайн-аукционга қўйиш материалларини тайёрлаш тартиби
9. Ижарага берувчи жисмоний ва юридик шахсларга ижарага берилмаган ўрмон фонди ер участкалари тўғрисидаги қуйидаги маълумотларни «Е-ИЖАРА» АТ орқали ижрочига юборади:
давлат ўрмон фонди ер участкаси контур рақами, ер тури ва географик жойлашуви, майдони (гектарда);
давлат ўрмон фонди ер участкасининг кадастр харитаси (координатали нуқталари, геолокация, чегарадош ер участкаларидан фойдаланиш турлари кўрсатилган вазият билан боғлиқ схема).
9 1 . Ўрмон фондининг фойдаланилмаётган ер участкаларини экологик туризм, рекреация, соғломлаштириш ҳамда дам олиш масканлари, овчилик хўжалигини, шунингдек, ёввойи ҳайвонларни такрор кўпайтириш ва урчитиш питомнигини ташкил этиш учун электрон онлайн-аукционга қўйиш бўйича таклифлар Экология вазирлиги ҳузуридаги «Экотуризм ва овчиликни ривожлантириш департаменти» давлат муассасаси томонидан тайёрланади ва «Е-ИЖАРА» АТ орқали ушбу Регламентнинг 9-бандида келтирилган маълумотлар билан ижрочига юборилади.
Бунда овчилик хўжалигини ташкил этиш учун ўрмон фонди ер участкаларини электрон онлайн-аукционга қўйиш бўйича таклифларда Экология вазирлиги томонидан белгиланган тартибда минимал инвестиция мажбуриятлари, бириктириладиган ов қилиш жойлари майдонини ва улардан фойдаланганлик учун ундириладиган йиллик ҳақ миқдорини белгилашга оид шартлар кўрсатилади.
10. Ижрочи ўн иш куни ичида: «Е-ИЖАРА» АТ орқали юклаб олинган давлат ўрмон фонди ер участкаларини жойига чиққан ҳолда ўрганади ва ер участкасининг ҳақиқий ҳолати (лойиҳалаштирилаётган ўрмон фонди ер участкасининг ҳолати, ҳудуднинг ихтисослиги, сув билан таъминланганлик даражаси ва ирригация тизимининг ҳолати тўғрисидаги маълумотлар)дан келиб чиқиб, ўрмон фонди ер участкасининг ер тузиш лойиҳасини ишлаб чиқади.
Ижрочи заруратга кўра, ўрмон фондининг ижарага берилиши режалаштирилган ер участкаси ҳақида бошқа ташкилотлардан маълумотлар олиши мумкин.
11. Ижрочи ўрмон фондининг электрон онлайн-аукционга қўйилаётган ер участкалари бўйича ушбу Регламентнинг 6-бандида белгиланган ўрмон фонди ер участкаларини ижарага бериш мақсадлари ва ўлчамларидан келиб чиқиб, бир нечта ер тузиш лойиҳасини ишлаб чиқиши мумкин.
Ҳар бир ер тузиш лойиҳасига савдо платформасида автоматик тарзда ўзига хос рақам берилади.
Бунда бир нечта контурлар учун умумлашган ягона ер тузиш лойиҳаси ишлаб чиқилиши мумкин.
12. Ижрочи бир иш куни ичида ҳар бир ер тузиш лойиҳасини келишиш учун ваколатли ташкилотларга савдо платформаси орқали қуйидаги маълумотларни юборади:
а) ўрмон фонди ер участкасининг майдони (гектарда) ва ер турлари контурлар кесимида жадвал шаклидаги маълумот;
б) инфратузилма объектлари мавжудлиги тўғрисида маълумот;
в) ўрмон фонди ер участкасининг электрон харитасидан кўчирма, ер тузиш лойиҳасининг чегаралари ва манзили.
13. Ваколатли ташкилот томонидан савдо платформасига ўрмон фонди ер участкаларининг ер тузиш лойиҳалари жойлаштирилган кундан бошлаб беш иш куни ичида ушбу лойиҳалар келишилади ёки келишиш рад этилади, бунда:
савдо платформасида қабул қилинган қарор ҳақида электрон рақамли имзо билан тасдиқланадиган тегишли белги қўйилади;
келишиш рад этилганда, соҳага оид қонунчилик ҳужжатлари нормаларига ҳаволалар қилинган ҳолда, тақдим этилган ер тузиш лойиҳасини амалга ошириш имкони йўқлигининг асосланган сабаблари ҳамда мазкур лойиҳа айнан қайси жиҳатдан ушбу нормаларга мувофиқ эмаслиги кўрсатилади;
рад этилган таклифлар ижрочи томонидан уч иш куни ичида қайта ишлаб чиқиш учун ижарага берувчига қайтарилади.
белгиланган муддатда жавоб берилмаган ҳолларда, ер тузиш лойиҳалари келишилган ҳисобланади.
14. Ваколатли ташкилотлар билан келишилган ўрмон фонди ер участкаларининг ер тузиш лойиҳалари ижрочи томонидан «Е-ИЖАРА» АТ орқали бир иш куни ичида буюртмачига юборилади.
Буюртмачи тақдим этилган ер тузиш лойиҳасини кўриб чиқиб, электрон онлайн-аукционга қўйилаётган ўрмон фонди ер участкасининг ихтисослашуви ва йўналишига ўзгартириш киритиш учун ижрочига қайтариши мумкин.
Бошқа сабаблар билан ер тузиш лойиҳасини қайтаришга йўл қўйилмайди.
15. Ижрочи уч иш куни ичида камчиликларни бартараф этиб, лойиҳани электрон онлайн-аукционга қўйиш учун буюртмачига қайта киритади.
16. Буюртмачи уч иш куни ичида тақдим этилган ер тузиш лойиҳаси асосида ўрмон фонди ер участкасини электрон онлайн-аукционга қўйиш учун ушбу Регламентга 3-иловага мувофиқ шаклдаги электрон буюртмани савдо платформаси орқали операторга юборади.
Буюртмага қуйидагилар илова қилинади:
ўрмон фонди ер участкасининг ер тузиш лойиҳаси;
бир томонлама имзоланган (буюртмачи томонидан) ижара шартномаси (ўрмон фонди ер участкасини ижарага бериш муддати ҳамда ушбу Регламентга 1-иловага мувофиқ ҳисобланган, ҳар йили тўланадиган ижара тўлови муддатлари ва миқдорлари ва/ёки ижара тўлови «ноль» ставкасининг қўлланилиш муддатлари).
Бунда ўрмон хўжаликларида кўчат етиштирувчи питомникларни ташкил этиш мақсадида хўжаликлар ҳудудларининг узоқ муддатли (беш йилдан қирқ тўққиз йилгача) ижарага бериладиган участкалари Экология вазирлиги томонидан белгиланади.
17. Буюртмага тегишли маълумотлар илова қилинмаган ёки нотўғри маълумотлар тақдим этилган тақдирда, буюртма келиб тушган кундан бошлаб бир иш кунидан кечикмасдан, кўрсатилган камчиликларни бартараф этиш учун буюртма оператор томонидан буюртмачига қайтарилади.
18. Буюртмачи буюртмани қайтаришга асос бўлган камчиликларни уч иш куни ичида тўлиқ бартараф этиб, электрон буюртмани операторга такроран юборади.
3-боб. Электрон онлайн-аукционларни ўтказиш тартиби
19. Оператор буюртмани олган кундан кейинги иш кунидан кечиктирмай, электрон онлайн-аукцион ўтказилиши тўғрисидаги хабарномани савдо платформасида эълон қилади.
20. Вазирлар Маҳкамасининг «Электрон онлайн-аукцион ва танловларни ташкил этиш ҳамда ўтказиш тартибини такомиллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида» 2022 йил 12 январдаги 18-сон қарори билан тасдиқланган «Е-аукцион» платформасида электрон онлайн-аукцион ва танловларни ташкил этиш ҳамда ўтказиш тартиби тўғрисидаги низом талаблари асосида электрон онлайн-аукционлар ташкил этилади.
4-боб. Электрон онлайн-аукционда иштирок этиш тартиби
21. Жисмоний ва юридик шахслар электрон онлайн-аукционда иштирок этиш учун:
савдо платформаси орқали ушбу Регламентга 4-иловада келтирилган шаклдаги аризани электрон рақамли имзо (кейинги ўринларда — ЭРИ) билан тасдиқлаб юборади;
ўрмон фонди ер участкасининг майдони 5,0 гектаргача бўлганда — базавий ҳисоблаш миқдорининг беш баравари, 5,0 гектардан 10.0 гектаргача бўлганда — базавий ҳисоблаш миқдорининг ўн баравари, 10.0 гектардан 20,0 гектаргача бўлганда — базавий ҳисоблаш миқдорининг ўн беш баравари, 20 гектар ва ундан кўп бўлганда — базавий ҳисоблаш миқдорининг йигирма баравари миқдоридаги закалат пулини операторнинг махсус депозит ҳисобварағига ўтказади.
22. Ариза ушбу Регламент талабларига мувофиқ тақдим этилган тақдирда, оператор шу куннинг ўзида жисмоний ёки юридик шахсга электрон онлайн-аукционда иштирок этиш учун рухсат беради. Шунингдек, уяли алоқа телефонига ва электрон почта орқали электрон онлайн-аукцион иштирокчиси мақомини олганлиги ҳақида қўшимча равишда хабар беради.
Жисмоний ёки юридик шахслар хабар билан ўз вақтида танишмаганлиги учун оператор жавобгар ҳисобланмайди.
23. Ушбу Регламентнинг 21-бандида назарда тутилган закалат пули жисмоний ёки юридик шахслар томонидан операторнинг махсус депозит ҳисобварағига ўтказилмаган тақдирда, электрон онлайн-аукционда иштирок этишига рухсат берилмайди.
Жисмоний ёки юридик шахслар электрон онлайн-аукционда иштирок этиш учун белгиланган тартибда рўйхатдан ўтмагани ёхуд савдоларга оид маълумотлар билан танишиб чиқмаганлиги учун оператор жавобгар ҳисобланмайди.
5-боб. Ўрмон фонди ер участкасини ижарага бериш шартномаларини расмийлаштириш тартиби
24. Оператор электрон онлайн-аукцион якунланган кундан кейинги кундан кечиктирмасдан, QR-код (матрик штрихли код) қўллаш орқали электрон онлайн-аукцион натижалари тўғрисидаги махсус рақам қўйилган электрон баённомани расмийлаштиради ва ушбу баённома билан бирга ўрмон фонди ер участкасини ижарага олиш шартномасини ЭРИ билан тасдиқлаш учун аукцион ғолибининг шахсий кабинетига юборади.
Бунда юридик ва жисмоний шахслар билан овчилик хўжалигини юритиш учун ов қилиш жойларини бериш тўғрисида шартнома Экология вазирлиги билан тузилади.
25. Электрон онлайн-аукцион якунланган кундан кейин аукцион объектининг қийматини тўлаш ва ўрмон фонди ер участкасини ижарага олиш шартномасини имзолаш учун аукцион ғолибига ўн кун муддат берилади.
26. Электрон онлайн-аукцион объектининг қийматини аукцион ғолиби (аукционнинг захирадаги ғолиби) операторнинг махсус ҳисобварағига тўлиқ тўлагандан кейин оператор томонидан савдо платформасида расмийлаштирилган махсус рақамли электрон баённома ҳамда электрон онлайн-аукцион ғолиби имзолаган ўрмон фонди ер участкасини ижарага олиш шартномаси савдо платформаси орқали бир иш куни ичида Кадастр агентлигининг Давлат кадастрлари палатасининг туман (шаҳар) филиалига юборилади.
27. Ижарага берувчи ва аукцион ғолиби томонидан имзоланган ўрмон фонди ер участкасининг ижара шартномаси давлат рўйхатидан ўтказиш учун асос бўлади.
28. Кадастр агентлигининг Давлат кадастрлари палатасининг туман (шаҳар) филиали ўрмон фонди ер участкасининг ер тузиш ҳужжатлари ва ижара шартномаси асосида ўн иш куни ичида кадастр паспортини тайёрлайди, кадастр ҳужжатларини расмийлаштиради ва давлат рўйхатидан ўтказиш учун савдо платформаси орқали Кадастр агентлиги Давлат кадастрлари палатасининг тегишли ҳудудий бошқармасига юборади.
29. Кадастр агентлиги Давлат кадастрлари палатасининг тегишли ҳудудий бошқармаси ўрмон фонди ер участкасининг ижара шартномаси асосида икки иш куни ичида аукцион ғолибининг ижара ҳуқуқини давлат рўйхатидан ўтказади ва тегишли реестрдан кўчирмани электрон онлайн-аукцион ғолибига савдо платформаси орқали юборади.
30. Ўрмон фонди ер участкаси ижарага берувчи ва ижарачи ўртасида ўн иш куни ичида тузиладиган топшириш-қабул қилиш далолатномаси асосида ижарачига берилади.
31. Топшириш-қабул қилиш далолатномасида:
далолатнома тузилган жой ва сана;
ижара шартномасининг реквизитлари (тузилган санаси, тартиб рақами);
ижарага берилаётган ўрмон фонди ер участкасидаги мавжуд бино ва иншоотлар, суғориш ва зах қочириш тармоқлари, йўл ва бошқа муҳандислик тармоқлари, дарахт ва буталар сони, ёши ва турлари;
ўрмон фонди ер участкасининг ҳолати кўрсатилади.
Ижарага олувчи топшириш-қабул қилиш далолатномасини имзолашдан бош тортган тақдирда, бу ҳақда далолатнома расмийлаштирилади.
32. Ижарага олувчи топшириш-қабул қилиш далолатномасини имзолашдан бош тортган тақдирда, ер участкаси ижарага берилмаган ҳисобланиб, шартнома бекор қилинади ва қайта электрон онлайн-аукционга қўйилади.
33. Ижарачи ижара муддати тугагач ёки ижара шартномаси муддатидан олдин бекор қилинганда ёхуд ҳақиқий эмас деб ҳисобланганда, ижарага берувчига бузилган ерларни рекультивация қилиб қайтаради.
6-боб. Ҳисоб-китобларни амалга ошириш тартиби
34. Электрон онлайн — аукцион савдолари орқали ижара ҳуқуқини сотишдан тушадиган маблағлар ижара ҳуқуқи давлат рўйхатидан ўтказилганидан кейин операторнинг икки фоиз хизмат ҳақи чегирилган ҳолда қуйидаги тартибда тақсимланади:
Вазирлар Маҳкамасининг «Давлат кадастри соҳасида давлат хизматлари нархларини белгилашда табақалаштирилган ёндашув тартибини такомиллаштириш тўғрисида» 2014 йил 10 июлдаги 186-сон қарорига мувофиқ кадастр паспортини тайёрлаш, кадастр ҳужжатларини расмийлаштириш, мулк ҳуқуқини давлат рўйхатидан ўтказиш бўйича давлат хизматларини кўрсатганлик учун 5 фоиз — Давлат кадастрлари палатасининг тегишли ҳудудий бошқармасига;
10 фоизи — Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлигининг «Агросаноатни рақамлаштириш маркази» масъулияти чекланган жамиятига;
10 фоизи — ижрочининг ҳисобварағига;
5 фоизи — «Ўрмон хўжалигини рақамлаштириш маркази» ДМга;
қолган маблағлар — ўрмон фонди ерларидан доимий фойдаланувчи ўрмон хўжалиги ташкилотлари ҳамда Экология жамғармасига тенг улушларда.
35. Ўрмон фонди ер участкаларидан фойдаланганлик учун йиллик ижара тўловлари ҳар йили 1 ноябрга қадар тўланади.
36. Ўрмон фонди ер участкасининг ижара тўлови миқдори тўлов амалга ошириладиган вақтдаги базавий ҳисоблаш миқдорининг ҳажмидан келиб чиқиб (шартномага ўзгартириш киритилмасдан) ҳисобланади.
37. Ўрмон фонди ер участкаларини ижарага беришдан тушадиган маблағларнинг алоҳида ҳисоби юритилади ва ушбу маблағларнинг 50 фоизи ўрмон фонди ерларидан доимий фойдаланувчи ўрмон хўжалиги ташкилотлари ҳисобварағига ҳамда 50 фоизи Экология жамғармасига йўналтирилади.
7-боб. Шартномалар бажарилиши мониторингини юритиш тартиби
38. Ижарага берувчи ўрмон хўжалиги ташкилотлари томонидан ўрмон фонди ер участкаларини ижарага бериш бўйича тузилган шартномаларнинг бажарилиши юзасидан ҳар чоракда мониторинг юритади, жумладан:
ўрмон фонди ер участкасини ижарага олиш шартномасида белгиланган мажбуриятларга риоя қилиш;
мавжуд дарахтларни тўлиқ ҳолда сақлаш ва кўпайтириш чораларини кўриш, ердан унинг белгиланган мақсадига қатъий мувофиқ оқилона фойдаланиш, ишлаб чиқаришнинг табиатни муҳофаза қилувчи технологияларини қўллаш, ўз фаолияти натижасида ҳудуддаги экологик вазиятнинг ёмонлашувига йўл қўймаслик;
мавжуд ирригация-мелиорация тармоқларини ва муҳандислик коммуникацияларини соз ҳолатда сақлаш;
экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бўйича қонунчилик ҳужжатларида назарда тутилган комплекс тадбирларни амалга ошириш;
ижарага олинган ер майдонида ноқонуний дарахт кесмаслик ва чорва молларини боқмаслик;
ижарага олинган ер участкасида ўзбошимчалик билан иншоотлар қурмаслик, ер участкаси ихтисослашувини ўзгартирмаслик, ижара ҳақи ва бошқа тўловларни ўз вақтида тўлаш ва ўрмон қонунчилигига риоя этиш устидан доимий мониторинг юритиш.
39. Мониторинг натижасида шартнома мажбуриятлари бажарилмаган ёки лозим даражада бажарилмаганлиги аниқланган ҳолларда, томонлар амалдаги қонунчилик талабларига мувофиқ ушбу камчиликларни бартараф этиш чораларини кўрадилар.
40. Ўрмон фонди ер участкасини ижарага олиш шартномалари уч босқичда расмийлаштиради:
биринчи босқичда — уч йил муддатга;
шартнома мажбуриятларига риоя қилиш, ижара тўловлари ва бошқа тўловларни ўз муддатида тўлаш, инвестициялар киритиш бўйича мажбуриятларни бажариш натижаларига қараб:
иккинчи босқичда — йигирма йил муддатга;
учинчи босқичда — қирқ тўққиз йилдан ошмайдиган муддатга.
Бунда:
давлат қўриқхоналари буфер зоналари, миллий табиат боғлари, питомниклар (қўриқхонага айлантирилган зоналар бундан мустасно), ўрмон ва ўрмон-ов хўжаликлари, тоғли ва чўл ҳудудлари ер участкалари уларнинг тоифаси ўзгартирилмаган ҳолда туристик кластерлар ташкил этиш учун тадбиркорлик субъектларига «E-auksion» электрон савдо платформаси орқали фаолият кўрсатиш муддатини кейинчалик узайтириш имконияти билан 10 йил муддатга ижарага берилади;
ўрмон фонди ерларидан 10 гектаргача ер участкаси овчилик базалари ва 100 гектаргача ер участкаси питомниклар барпо этиш учун битта лот сифатида инвестиция ва шартномавий мажбуриятларни белгилаган ҳолда юридик ва жисмоний шахсларга электрон онлайн-аукцион орқали 49 йил муддатга қуйидаги босқичларда ижара ҳуқуқи асосида ажратилади:
биринчи босқичда — 10 йил муддатга;
инвестиция ва шартномавий мажбуриятларни бажариш натижаларига кўра:
иккинчи босқичда — 10 йил муддатга;
учинчи босқичда — 29 йил муддатга.
Бунда, икки йил муддат ичида ёввойи ҳайвонларни етиштириш ва такрор кўпайтириш бўйича питомниклар инфратузилмаси ёки такрор кўпайтириш участкаси ташкил қилинмаса, ижара шартномаси бекор қилинади.
40 1 . Ижара шартномаси имзоланганидан сўнг йигирма кун муддатда ижарага олувчи ва Экология вазирлиги ўртасида ижарага берилган ер участкаларига туташ ҳудуддаги ов қилиш жойларини овчилик хўжалигини юритиш учун бириктириб бериш тўғрисида шартнома тузилади.
Бунда:
бириктирилган ов қилиш жойларидан фойдаланганлик учун ундириладиган йиллик ҳақ миқдори Иқтисодиёт ва молия вазирлиги билан келишган ҳолда Экология вазирлиги томонидан белгиланади;
бошқа шахсларга бириктирилган ов қилиш жойларининг такроран бириктириб берилишига йўл қўйилмайди.
40 2 . Қуйидаги ҳолларда овчилик хўжалиги ташкил этиш учун ер участкаларини ижарага бериш шартномаси белгиланган тартибда бекор қилинади ва ер участкалари қайта электрон-онлайн аукционга чиқарилади:
ижарага олувчи овчилик хўжалигини юритиш учун ижарага берилган ер участкаларига туташ ҳудуддаги ов қилиш жойларини бериш тўғрисидаги шартномани тузишдан бош тортган тақдирда;
Ижара шартномаси бекор қилинган тақдирда Экология вазирлиги билан тузилган ов қилиш жойларини бериш тўғрисидаги шартнома ҳам бекор қилинади.
8-боб. Ўрмон фонди ер участкасини ижарага олиш шартномасига ўзгартириш киритиш ва уни бекор қилиш тартиби
41. Агар қонунчиликда ёки шартномада бошқача тартиб назарда тутилган бўлмаса, ижара шартномаси тарафларнинг келишувига мувофиқ ўзгартирилиши мумкин.
42. Ўрмон фонди ер участкаларини ижарага олиш шартномаси тарафларнинг келишувига мувофиқ, бундай келишувга эришилмаган тақдирда эса, суднинг ҳал қилув қарори билан муддатидан олдин бекор қилиниши мумкин.
9-боб. Якунловчи қоидалар
43. Ушбу Регламентни қўллашда юзага келадиган низолар қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда ҳал этилади.
44. Мазкур Регламент талабларини бузганликда айбдор шахслар қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда жавобгар бўлади.
Ўрмон фонди ер участкаларини электрон онлайн-аукцион орқали ижарага беришнинг маъмурий регламентига 1-ИЛОВА
Ижарага берилган ўрмон фонди ер участкалари учун ижара тўлови миқдори
Т/р Фойдаланиш мақсадлари Жойлашиш зонаси бўйича 1 гектар ер участкаси ижара тўлови (базавий ҳисоблаш миқдорининг баравари ҳисобида) Чўл Тоғ Водий Тўқай 1. Ўрмон барпо қилиш учун 0,1 0,3 1 0,5 2. Ёнғоқ мевали дарахтзорлар барпо этиш учун 0,5 1 1 0,5 3. Мевали боғлар (дарахтзорлар) барпо этиш учун 1 5 10 5 4. Мевали ва манзарали кўчат етиштириш учун 2 5 10 5 5. Тез ўсувчи дарахт плантацияларини барпо этиш учун 1 3 10 5 6. Қишлоқ хўжалиги экинларини экиш учун 5 10 15 10 7. Доривор ўсимликлар маданий плантацияларини барпо этиш учун 1 2 3 2 8. Асаларичилик фаолияти учун 1 5 5 2 9. Балиқчилик фаолияти учун 5 5 15 10 10. Овчилик хўжалигини ташкил этиш учун 3 10 10 5 11. Экологик туризм, рекрация, соғломлаштириш ҳамда дам олиш масканлари фаолияти учун (ўсимлик ва ҳайвонот дунёсига зарар келтирмаслик шарти билан) 3 10 10 10 Бунда Бурчмулла, Оҳангарон, Китоб, Зомин, Бойсун, Узун, Жомбой, Бахмал давлат ўрмон хўжаликлари, Шаҳрисабз, Поп, Ургут ихтисослаштирилган давлат ўрмон хўжаликларида 10 30 30 20 12. Лимонарий ва иссиқхоналар ташкил этиш учун 5 10 15 10 13. Ёввойи ҳайвонларни такрор кўпайтириш ва урчитиш питомнигини ташкил этиш учун 3 10 10 5
Ўрмон фонди ер участкаларини электрон онлайн-аукцион орқали ижарага беришнинг маъмурий регламентига 2-ИЛОВА
Ўрмон фонди ер участкаларини электрон онлайн-аукцион орқали ижарага бериш
Босқичлар Субъектлар Тадбирлар Муддатлар 1-босқич Талабгор Жисмоний ва юридик шахслар электрон онлайн-аукционда иштирок этиш учун савдо платформаси орқали ушбу Регламентга 4-иловада келтирилган шаклдаги аризани электрон рақамли имзо билан тасдиқлаб юборади. Талабгорнинг хоҳишига кўра, реал вақт режимида (шу куни ҳам) 2-босқич «Электрон онлайн-аукционлар ташкил этиш маркази» АЖ (оператор) Ариза ушбу Регламент талабларига мувофиқ тақдим этилган тақдирда, оператор шу куннинг ўзида жисмоний ёки юридик шахсга электрон онлайн-аукционда иштирок этиш учун рухсат беради. Шунингдек, уяли алоқа телефонига ва электрон почта орқали электрон онлайн-аукцион иштирокчиси мақомини олганлиги ҳақида қўшимча равишда хабар беради. 1 иш кунида 3-босқич оператор Камида икки нафар иштирокчи мавжуд бўлганда электрон онлайн-аукцион ўтказади. Аукцион ўтказиладиган кун тўғрисида хабарнома ва лотга оид ахборот савдо платформасида эълон қилингандан камида ўттиз кун ўтгандан кейинги иш кунига белгиланади 4-босқич оператор Электрон онлайн-аукцион якунланган кундан кейинги кундан кечиктирмасдан, QR-кодни (матрик штрихли код) қўллаш орқали электрон онлайн-аукцион натижалари тўғрисидаги махсус рақам қўйилган электрон баённомани расмийлаштиради ва ушбу баённома билан бирга ўрмон фонди ер участкасини ижарага олиш шартномасини ЭРИ билан тасдиқлаш учун аукцион ғолибининг шахсий кабинетига юборади. Электрон онлайн-аукцион якунланган кундан кейинги кун 5-босқич оператор Электрон онлайн-аукцион якунланган кундан кейин аукцион объектининг қийматини тўлаш ва ўрмон фонди ер участкасини ижарага олиш шартномасини имзолаш учун аукцион ғолибига ўн кун муддат берилади. Электрон онлайн-аукцион якунланган кундан кейин 10 кунда 6-босқич оператор Электрон онлайн-аукцион объектининг қийматини аукцион ғолиби (аукционнинг захирадаги ғолиби) операторнинг махсус ҳисобварағига тўлиқ тўлагандан кейин, оператор томонидан савдо платформасида расмийлаштирилган махсус рақамли электрон баённома ҳамда электрон онлайн-аукцион ғолиби имзолаган ўрмон фонди ер участкасини ижарага олиш шартномаси савдо платформаси орқали бир иш куни ичида Кадастр агентлигининг Давлат кадастрлари палатасининг туман (шаҳар) филиалига юборади. Электрон онлайн-аукцион объектини қиймати аукцион ғолиби (аукционнинг захирадаги ғолиби) томонидан операторни махсус ҳисобварағига тўлиқ тўлангандан кейин 1 иш кунида 7-босқич Кадастр агентлиги Давлат кадастрлари палатасининг туман (шаҳар) филиали Кадастр агентлигининг Давлат кадастрлари палатасининг туман (шаҳар) филиали ўрмон фонди ер участкасининг ер тузиш ҳужжатлари ва ижара шартномаси асосида ўн иш куни ичида кадастр паспортини тайёрлайди, кадастр ҳужжатларини расмийлаштиради ва давлат рўйхатидан ўтказиш учун савдо платформаси орқали Кадастр агентлиги Давлат кадастрлари палатасининг тегишли ҳудудий бошқармасига юборади. Савдо платформаси орқали келиб тушгандан кейин 10 иш куни ичида 8-босқич Кадастр агентлигининг Давлат кадастрлари палатаси тегишли ҳудудий бошқармаси Кадастр агентлигининг Давлат кадастрлари палатасининг тегишли ҳудудий бошқармаси ўрмон фонди участкасининг ижара шартномаси асосида икки иш куни ичида электрон онлайн-аукцион ғолибининг ижара ҳуқуқини давлат рўйхатидан ўтказади ва тегишли реестрдан кўчирмани электрон онлайн-аукцион ғолибига савдо платформаси орқали юборади. Савдо платформаси орқали келиб тушгандан кейин 2 иш куни ичида 9-босқич ижарага берувчи ва ижарачи Ўрмон фонди ер участкаси ижарага берувчи ва ижарачи ўртасида ўн иш куни ичида тузиладиган топшириш-қабул қилиш далолатномаси асосида ижарачига берилади. Савдо платформаси орқали келиб тушгандан кейин 10 иш куни ичида
Ўрмон фонди ер участкаларини электрон онлайн-аукцион орқали ижарага беришнинг маъмурий регламентига 3-ИЛОВА
Ўрмон фонди ер участкасини электрон онлайн-аукционга қўйиш учун
20____ йил «____» ___________ да __________________ _____________________________ томонидан тасдиқланган лойиҳа бўйича қуйидаги ер участкасини электрон онлайн-аукцион орқали ижарага бериш учун ушбу буюртмани тақдим этади: 1. Ер участкасининг ўзига хос рақами ________________; 2. Ер участкасининг майдони ______________________га; 3. Ер участкаси жойлашган жой _____________________________________________________________ ________________________________________________________________________________________; 4. Белгиланган мақсади ___________________________________________________________________; 5. Ернинг тоифаси _______________________________________________________________________; 5.1. Ер тури _____________________________________________________________________________; 6. Аукцион ғолибининг мажбуриятлари ______________________________________________________ ________________________________________________________________________________________; 6.1 .Ижара муддати _______________________________________________________________________; 6.2. Аукцион ғолибига қўйиладиган талаблар: _________________________________________________ ________________________________________________________________________________________; 6.3. Ер участкасидан фойдаланиш шартлари ва тартибига тааллуқли бошқа талаблар ________________ ________________________________________________________________________________________; 7. Ўрмон хўжалиги агентлиги манзили ва боғланиш учун маълумотлар (телефон рақами, электрон почта манзили ва бошқалар) ________________________________________ ________________________________________________________________________________________ Буюртма 20____ йил _______ ______________________ да тақдим этилди. Ўрмон хўжалиги агентлиги директори (Ф.И.О.)
Ўрмон фонди ер участкаларини электрон онлайн-аукцион орқали ижарага беришнинг маъмурий регламентига 4-ИЛОВА
Электрон онлайн-аукционда иштирок этиш учун
(юридик шахс учун — тўлиқ номи, жойлашган жойи (почта манзили), банк реквизитлари, телефон рақами, электрон почта манзили) (жисмоний шахс учун — Ф.И.О., яшаш жойи, СТИР, телефон рақами, электрон почта манзили) Электрон онлайн-аукцион ўтказилиши ҳақидаги хабарнома билан танишдим: Лойиҳа рақами: ________________________-сон Лойиҳа йўналиши, майдони: __________________________________________________ Электрон онлайн-аукцион ўтказиш қоидалари билан танишиб, 20____ йил «____» ___________ куни соат __________ дақиқада ўтказиладиган электрон онлайн-аукционда иштирок этиш учун ушбу аризани қабул қилишингизни сўрайман. Электрон онлайн-аукционда иштирок этиш учун ушбу аризани тақдим этиб, электрон онлайн-аукционни ўтказиш бўйича қоидаларга ва келтирилган шартларга розилик бераман. Мен томондан тақдим этилган маълумотлар нотўғри бўлган тақдирда, электрон онлайн-аукцион натижалари ҳақиқий эмас деб топилиши ҳақида огоҳлантирилдим. Шунингдек, электрон онлайн-аукцион ғолиби деб топилган тақдиримда, менга юклатилган мажбуриятларни бажаришни ўз зиммамга оламан. Тўлдирилган сана __________________________
Вазирлар Маҳкамасининг 2023 йил 21 декабрдаги 674-сон қарорига 2-ИЛОВА
Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг ўз кучини йўқотган деб ҳисобланаётган айрим қарорлари
1. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг «Давлат ўрмон фонди участкаларини ижарага бериш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида» 2019 йил 13 декабрдаги 993-сон қарори .
2. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг «Давлат ўрмон фонди участкаларини ижарага бериш тартиби тўғрисидаги низомга ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш ҳақида» 2021 йил 3 февралдаги 50-сон қарори .
3. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг «Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг айрим қарорларига ўзгартиришлар киритиш тўғрисида (Ўзбекистон Республикасининг «Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар тўғрисида» 2021 йил 20 апрелдаги ЎРҚ-682-сон қонуни)» 2022 йил 4 апрелдаги 153-сон қарори иловаси 747-банди .
Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А. АРИПОВ
Тошкент ш.,
2023 йил 21 декабрь,
674-сон
Oʻzbekiston Respublikasi Vazirlar Mahkamasining
qarori
MAʼMURIY REGLAMENTI
SXEMASI
ELEKTRON BUYURTMA
ARIZA
Davlat oʻrmon fondi yer maydonlaridan foydalanishda ijara munosabatlarini takomillashtirish chora-tadbirlari toʻgʻrisida
Respublikada “Yashil makon” umummilliy loyihasi doirasida yashil maydonlarni kengaytirish borasida tizimli choralar koʻrilmoqda. Oʻrmon xoʻjaligi sohasini rivojlantirish boʻyicha amalga oshirilayotgan keng koʻlamli islohotlar natijasida soʻnggi 6 yil davomida oʻrmon fondi yerlari 1 mln gektarga kengaydi.
Oʻrmon xoʻjaligini rivojlantirishda xususiy sektorning rolini oshirish, oʻrmon fondi yer uchastkalarini ijaraga berishda aholi va tadbirkorlik subyektlariga raqamli xizmatlardan foydalanish uchun qulay sharoitlar yaratish, “Tabiatga sayohat” tamoyili asosida ekologik turizmni rivojlantirish, ishbilarmonlik muhitini yaxshilash, ochiqlik va oshkoralikni taʼminlash, sohani raqamli transformatsiya qilishni keng joriy etish, oʻrmon fondi yer uchastkalarini ijaraga berish tizimini tubdan takomillashtirish taqozo etilmoqda.
Oʻzbekiston Respublikasi Prezidentining “Ekologiya, atrof-muhitni muhofaza qilish va iqlim oʻzgarishi vazirligi faoliyatini samarali tashkil etish chora-tadbirlari toʻgʻrisida” 2023-yil 31-maydagi PQ-171-son qarori ijrosini taʼminlash, oʻrmon fondi yer uchastkalarini ijaraga berishning zamonaviy va shaffof mexanizmlarini joriy etish maqsadida Vazirlar Mahkamasi qaror qiladi:
1. Oʻzbekiston Respublikasi Prezidentining “Ekologiya va atrof-muhitni muhofaza qilish sohasini transformatsiya qilish va vakolatli davlat organi faoliyatini tashkil etish chora-tadbirlari toʻgʻrisida” 2023-yil 31-maydagi PF-81-son Farmoniga asosan 2024-yil 1-yanvardan boshlab:
oʻrmon xoʻjaliklarida koʻchat yetishtiruvchi pitomniklarni tashkil etish maqsadida, xoʻjaliklar hududlarining uzoq muddatli ijaraga beriladigan uchastkalari Ekologiya, atrof-muhitni muhofaza qilish va iqlim oʻzgarishi vazirligi tomonidan belgilanishi;
davlat oʻrmon fondi yer uchastkalari faqat “E-auksion” platformasi orqali ijaraga berilishi belgilanganligi maʼlumot uchun qabul qilinsin.
2. Oʻrmon fondi yer uchastkalarini “E-auksion” platformasi orqali elektron onlayn-auksionga qoʻyish boʻyicha materiallarni tayyorlash, elektron onlayn-auksionlarni tashkil etish va oʻtkazish, hisob-kitoblarni amalga oshirish, ijara shartnomalarini rasmiylashtirish, ularga oʻzgartirish kiritish va ularni bekor qilish tartibini nazarda tutuvchi Oʻrmon fondi yer uchastkalarini elektron onlayn-auksion orqali ijaraga berishning maʼmuriy reglamenti 1-ilovaga muvofiq tasdiqlansin.
3. Belgilansinki:
2024-yil 1-yanvardan boshlab oʻrmon fondining foydalanilmayotgan yer uchastkalarini jismoniy va yuridik shaxslarga ijaraga berish boʻyicha materiallarni toʻplash, koʻrib chiqish, vakolatli organlar va tashkilotlar bilan kelishish “E-ijara” axborot tizimi orqali amalga oshiriladi;
oʻrmon fondining foydalanilmayotgan yer uchastkalari boʻyicha ijara huquqi narxni oshirib borish tamoyili asosida “E-auksion” platformasi orqali amalga oshiriladi;
oʻrmon fondining foydalanilmayotgan yer uchastkalarini elektron onlayn-auksionga qoʻyish boʻyicha takliflarni tayyorlash hamda oʻrmon fondi yer uchastkalarini ijaraga berish boʻyicha shartnomalarni davlat roʻyxatidan oʻtkazish uchun oʻrmon fondi yerlaridan doimiy foydalanuvchi oʻrmon xoʻjaligi tashkilotlari masʼul hisoblanadi;
ijaraga berilgan oʻrmon fondi yer uchastkalarida noqonuniy daraxt va butalarni kesish hamda chorva mollarini boqishga yoʻl qoʻyilmaydi;
ekologik turizm, rekratsiya, sogʻlomlashtirish hamda dam olish maskanlari va ovchilik xoʻjaliklari faoliyatini tashkil etish maqsadida oʻrmon fondining foydalanilmayotgan yer uchastkalarini elektron onlayn-auksionga qoʻyish boʻyicha takliflarni tayyorlashga “Ekoturizm va ovchilikni rivojlantirish departamenti” davlat muassasasi masʼul hisoblanadi;
2024-yil 1-iyulga qadar oʻrmon fondi yer uchastkalarini ijaraga berish boʻyicha amaldagi barcha shartnomalar Iqtisodiyot va moliya vazirligi huzuridagi Kadastr agentligi organlarida roʻyxatdan oʻtkaziladi, bunda jismoniy shaxslardan ijara huquqini davlat roʻyxatidan oʻtkazganlik uchun yigʻim undirilmaydi;
ijara shartnomalari belgilangan muddatda roʻyxatdan oʻtkazilmagan hollarda haqiqiy hisoblanmaydi va belgilangan tartibda bekor qilinadi hamda ushbu oʻrmon fondi yer uchastkasi qayta elektron onlayn-auksionga qoʻyiladi.
4. Quyidagilar oʻrmon fondi yer uchastkalarini ijaraga berishda Ekologiya, atrof-muhitni muhofaza qilish va iqlim oʻzgarishi vazirligi huzuridagi Oʻrmon xoʻjaligi agentligining asosiy vazifalari hisoblanadi:
davlat oʻrmon fondi yer uchastkalarini ijaraga berishni tashkil etishda qonuniylik, tenglik, ochiqlik va shaffoflikni taʼminlash;
ijaraga berilayotgan davlat oʻrmon fondi yer uchastkalari monitoringini yuritish;
oʻrmon fondi yer uchastkalarini elektron onlayn-auksion orqali ijaraga berish talablariga qatʼiy rioya etish;
ijaraga beriladigan davlat oʻrmon fondi yer uchastkalari boʻyicha maʼlumotlar bazasini shakllantirish va yuritish.
5. Shunday tartib oʻrnatilsinki, unga muvofiq 2024-yil 1-yanvardan boshlab oʻrmon fondining foydalanilmayotgan yer uchastkalarini “E-auksion” platformasi orqali ijaraga berishda quyidagi hollarda ijara toʻlovining “nol” stavkasi qoʻllaniladi, bunda:
oʻrmon fondining suv bilan taʼminlanmagan va oʻrmon bilan qoplanmagan yer uchastkalari oʻzlashtirilib, qishloq xoʻjaligi ekinlari va dorivor oʻsimliklar plantatsiyalarini barpo etish uchun — uch yil davomida;
oʻrmon fondining suv bilan taʼminlanmagan va oʻrmon bilan qoplanmagan yer uchastkalari oʻzlashtirilib, yongʻoq mevali bogʻlar (pista, bodom, yongʻoq) va tez oʻsuvchi daraxtlar (pavlovniya, terak va boshqa) plantatsiyalarini barpo etish uchun — besh yil davomida;
oʻrmon fondining choʻl hududlarida joylashgan, suv bilan taʼminlanmagan va oʻrmon bilan qoplanmagan yer uchastkalari oʻzlashtirilib, choʻl va yaylov oʻsimliklari (saksovul, cherkez, qandim, qoraburoq va boshqa) plantatsiyalarini barpo etish uchun — oʻn yil davomida.
6. Ekologiya, atrof-muhitni muhofaza qilish va iqlim oʻzgarishi vazirligi huzuridagi Oʻrmon xoʻjaligi agentligi:
2024-yil 1-yanvarga qadar “Ijaraga berilgan oʻrmon fondi yerlari hisobini yuritish” axborot-billing tizimi ishga tushirilishini taʼminlasin;
Kadastr agentligi bilan birgalikda 2025-yil yakuniga qadar oʻrmon fondi yer uchastkalarini ijaraga berish boʻyicha barcha amaldagi shartnomalarni xatlovdan oʻtkazsin va mazkur qarorga muvofiqlashtirgan holda Kadastr agentligining hududiy boʻlinmalarida davlat roʻyxatidan oʻtkazilishini taʼminlasin;
Ijaraga berilgan oʻrmon fondi yerlari hisobini yuritish” axborot-billing tizimini 2025-yil 1-yanvarga qadar Soliq qoʻmitasining maʼlumotlar bazasiga integratsiya qilinishini taʼminlasin.
7. Turizm qoʻmitasi, “Muhofaza etiladigan tabiiy hududlar departamenti” va “Ekoturizm va ovchilikni rivojlantirish departamenti” davlat muassasalari, oʻrmon fondi yer uchastkalari hisobidan muhofaza etiladigan tabiiy hududlarni kengaytirish va ekoturizmni rivojlantirishga masʼul hisoblanadi.
8. Ekologiya, atrof-muhitni muhofaza qilish va iqlim oʻzgarishi vazirligi manfaatdor vazirlik va idoralar bilan birgalikda oʻzlari qabul qilgan normativ-huquqiy hujjatlarni ikki oy muddatda ushbu qarorga muvofiqlashtirsin.
9. Oʻzbekiston Respublikasi Hukumatining 2-ilovaga muvofiq ayrim qarorlari oʻz kuchini yoʻqotgan deb hisoblansin.
10. Mazkur qarorning bajarilishini nazorat qilish Oʻzbekiston Respublikasi ekologiya, atrof-muhitni muhofaza qilish va iqlim oʻzgarishi vaziri A. Abduxakimov zimmasiga yuklansin.
Vazirlar Mahkamasining 2023-yil 21-dekabrdagi 674-son qaroriga 1-ILOVA
Oʻrmon fondi yer uchastkalarini elektron onlayn-auksion orqali ijaraga berishning
1-bob. Umumiy qoidalar
1. Ushbu Reglament oʻrmon fondi yer uchastkalarini elektron onlayn-auksion orqali ijaraga berish tartibini belgilaydi.
2. Mazkur Reglament talablari davlat oʻrmon fondiga kirmaydigan yerlarni ijaraga berishga hamda oʻrmon fondi yerlaridan mavsumiy foydalanishga (pichan oʻrish va chorva mollarini boqish, oʻrmon hududidagi mavjud bogʻlar, tabiiy va madaniy yongʻoq mevali bogʻlar (pista, bodom, yongʻoq) mevalari (hosili)ni yigʻish, choʻl va yaylov oʻsimliklari (saksovul, cherkiz, qondim, qorburoq va boshqa)ning urugʻlarini yigʻish, oziq-ovqat maqsadlarida qishloq xoʻjaligi mahsulotlari yetishtirishga) tatbiq etilmaydi.
3. Quyidagi oʻrmon fondi yerlari ijaraga berilmaydi:
oʻrmonlarning daryolar, koʻllar, suv omborlari va boshqa suv obyektlari sohillari boʻylab oʻtgan taqiqlangan mintaqalari;
oʻrmonlarning ovlanadigan qimmatli baliqlar uvuldiriq sochadigan joylarni muhofaza qiluvchi taqiqlangan mintaqalari;
eroziyadan saqlaydigan oʻrmonlar;
oʻrmonlarning temir yoʻllar va avtomobil yoʻllari yoqalab oʻtgan ihota mintaqalari;
alohida qimmatga ega boʻlgan oʻrmonlar;
davlat biosfera rezervatlarining oʻrmonlari;
davlatlararo muhofaza etiladigan tabiiy hududlarning oʻrmonlari;
ilmiy yoki tarixiy ahamiyatga ega boʻlgan oʻrmonlar;
ilmiy-tajriba stansiyalari yerlari;
qoʻriqxonalar, milliy tabiat bogʻlarining qoʻriqxona zonalari;
oʻrmon xoʻjaligi tashkiloti ehtiyojlari uchun foydalaniladigan yerlar (sugʻoriladigan yerlar, koʻchatxona va pitomniklar, oʻrmon bilan qoplangan yerlar (bundan ekologik turizm, rekreatsiya, sogʻlomlashtirish va dam olish maskanlari hamda ovchilik xoʻjaligini tashkil etish uchun, shuningdek, yovvoyi hayvonlarni takror koʻpaytirish va urchitish pitomnigini tashkil etish uchun oʻrmon fondi yerlarini ijaraga berish mustasno), dorivor oʻsimliklar plantatsiyalari joylashgan yerlar);
noyob va yoʻqolib ketish xavfi ostida turgan daraxt va boshqa oʻsimlik turlari bilan band boʻlgan uchastkalar.
4. Chet el investitsiyalari ishtirokidagi korxonalarga, xalqaro birlashmalar va tashkilotlarga, chet el jismoniy va yuridik shaxslariga yer uchastkalari Oʻzbekiston Respublikasi Vazirlar Mahkamasi tomonidan ijaraga beriladi va ijara shartlari belgilanadi.
5. Ushbu Reglamentda quyidagi asosiy tushunchalardan foydalaniladi:
buyurtmachi — Oʻzbekiston Respublikasi Ekologiya, atrof-muhitni muhofaza qilish va iqlim oʻzgarishi vazirligi (keyingi oʻrinlarda — Ekologiya vazirligi) huzuridagi Oʻrmon xoʻjaligi agentligi. Bunda davlat oʻrmon — ovchilik xoʻjaliklari hamda milliy tabiat bogʻlari hududlarini ijaraga berishda Ekologiya vazirligi buyurtmachi hisoblanadi;
vakolatli tashkilotlar — Suv xoʻjaligi vazirligi (baliqchilik faoliyati boʻyicha), Ekologiya vazirligining hududiy boʻlinmalari (ekologik turizm, rekratsiya, sogʻlomlashtirish, dam olish maskanlari hamda ovchilik faoliyati boʻyicha), Iqtisodiyot va moliya vazirligi huzuridagi Kadastr agentligining Davlat kadastrlari palatasi hududiy boʻlinmalari;
ijaraga berilayotgan oʻrmon fondi yer uchastkasi — oʻrmon fondining foydalanilmayotgan bir qismi boʻlib, davlat oʻrmon kadastrida koʻrsatilgan muayyan chegaraga, maydonga, joylashgan manzilga va boshqa xususiyatlarga ega boʻlgan yer uchastkasi;
ijaraga beruvchi — oʻrmon fondi yer uchastkalari oʻzlariga doimiy foydalanishga berilgan oʻrmon xoʻjaligi tashkilotlari;
ijaraga oluvchi — ijaraga beruvchidan ijara shartnomasiga muvofiq oʻrmon fondi yer uchastkalarini yoki uning bir qismini belgilangan tartibda oladigan yuridik yoki jismoniy shaxs;
ijrochi — Ekologiya vazirligi tizimidagi “Yashil loyiha” loyihalash instituti;
operator — savdo platformasida elektron onlayn-auksionni tashkil etish hamda oʻtkazish vakolati berilgan “Elektron onlayn-auksionlarni tashkil etish markazi” AJ;
yer tuzish loyihasi — yagona mavze boʻyicha konturlar yaxlitligi saqlab qolingan holda, oʻrmon fondi uchastkasi chegaralari, hududning ixtisosligi, ishlab chiqarish yoʻnalishi, sugʻorish tarmoqlari, kollektorlar, yoʻllar va boshqa topografik elementlari hisobga olingan muayyan yer uchastkasini ijaraga berish uchun ishlab chiqilgan hujjatlar toʻplami;
“E-ijara” axborot tizimi (keyingi oʻrinlarda — “E-IJARA” AT) — yer uchastkalarini berish boʻyicha materiallarni toʻplash, koʻrib chiqish hamda vakolatli organlar va tashkilotlar bilan kelishishga moʻljallangan avtomatlashtirilgan axborot tizimi.
6. Oʻrmon fondining foydalanilmayotgan yer uchastkalari jismoniy va yuridik shaxslarga ijara huquqi asosida foydalanish uchun quyidagi maqsadlar hamda oʻlchamlarda uch yildan kam boʻlmagan va qirq toʻqqiz yildan oshmaydigan muddatga ijaraga beriladi:
oʻrmon barpo qilish uchun — 1,0 gektardan 20,0 gektargacha;
mevali va yongʻoq mevali daraxtzorlar barpo etish uchun — 1,0 gektardan 20,0 gektargacha;
mevali va manzarali koʻchat yetishtirish uchun — 0,1 gektardan 2,0 gektargacha;
tez oʻsuvchi daraxt plantatsiyalarini barpo etish uchun — 1,0 gektardan 10,0 gektargacha;
qishloq xoʻjaligi ekinlarini ekish uchun — 0,1 gektardan 10,0 gektargacha;
dorivor oʻsimliklar madaniy plantatsiyalarini barpo etish uchun — 1,0 gektardan 20 gektargacha;
asalarichilik faoliyati uchun — 0,01 gektardan 2,0 gektargacha;
baliqchilik faoliyati uchun — 0,1 gektardan 5,0 gektargacha;
ovchilik xoʻjaligini tashkil etish uchun — 10 gektargacha yer uchastkasi ovchilik bazalari va 100 gektargacha yer uchastkasi pitomniklar barpo etish uchun bitta lot sifatida;
limonariy va issiqxonalar tashkil etish uchun — 0,1 gektardan 2,0 gektargacha;
ekologik turizm, rekratsiya, sogʻlomlashtirish hamda dam olish maskanlari faoliyati uchun (oʻsimlik va hayvonot dunyosiga zarar keltirmaslik sharti bilan) — 0,01 gektardan 2,0 gektargacha;
yovvoyi hayvonlarni takror koʻpaytirish va urchitish pitomnigini tashkil etish uchun — 1,0 gektardan 10,0 gektargacha;
Bunda ekologik turizm, rekreatsiya, sogʻlomlashtirish hamda dam olish maskanlari, ovchilik xoʻjaligini tashkil etish uchun, shuningdek, yovvoyi hayvonlarni takror koʻpaytirish va urchitish pitomnigini tashkil etish uchun ijaraga berilgan oʻrmon fondi yer uchastkalarida yengil konstruksiyali qurilmalarni oʻrnatgan holda zarur infratuzilma va turistik obyektlarni barpo etishga ruxsat beriladi.
7. Ijaraga berilgan oʻrmon fondi yer uchastkalari uchun ijara toʻlovi miqdori ushbu Reglamentga 1-ilovaga muvofiq belgilanadi.
Bunda auksion gʻolibi tomonidan birinchi yil uchun ijara toʻlovi miqdori elektron onlayn-auksion orqali narxni oshirib borish tamoyili asosida taklif etilgan narxda (sotilgan narxda) toʻlanadi, keyingi yillar uchun ijara toʻlovi miqdori ushbu Reglamentga 1-ilovaga muvofiq hisoblanadi.
8. Oʻrmon fondi yer uchastkalari elektron onlayn-auksion orqali ushbu Reglamentga 2-ilovaga muvofiq sxema boʻyicha ijaraga beriladi.
2-bob. Oʻrmon fondi yer uchastkalarini elektron onlayn-auksionga qoʻyish materiallarini tayyorlash tartibi
9. Ijaraga beruvchi jismoniy va yuridik shaxslarga ijaraga berilmagan oʻrmon fondi yer uchastkalari toʻgʻrisidagi quyidagi maʼlumotlarni “E-IJARA” AT orqali ijrochiga yuboradi:
davlat oʻrmon fondi yer uchastkasi kontur raqami, yer turi va geografik joylashuvi, maydoni (gektarda);
davlat oʻrmon fondi yer uchastkasining kadastr xaritasi (koordinatali nuqtalari, geolokatsiya, chegaradosh yer uchastkalaridan foydalanish turlari koʻrsatilgan vaziyat bilan bogʻliq sxema).
9 1 . Oʻrmon fondining foydalanilmayotgan yer uchastkalarini ekologik turizm, rekreatsiya, sogʻlomlashtirish hamda dam olish maskanlari, ovchilik xoʻjaligini, shuningdek, yovvoyi hayvonlarni takror koʻpaytirish va urchitish pitomnigini tashkil etish uchun elektron onlayn-auksionga qoʻyish boʻyicha takliflar Ekologiya vazirligi huzuridagi “Ekoturizm va ovchilikni rivojlantirish departamenti” davlat muassasasi tomonidan tayyorlanadi va “E-IJARA” AT orqali ushbu Reglamentning 9-bandida keltirilgan maʼlumotlar bilan ijrochiga yuboriladi.
Bunda ovchilik xoʻjaligini tashkil etish uchun oʻrmon fondi yer uchastkalarini elektron onlayn-auksionga qoʻyish boʻyicha takliflarda Ekologiya vazirligi tomonidan belgilangan tartibda minimal investitsiya majburiyatlari, biriktiriladigan ov qilish joylari maydonini va ulardan foydalanganlik uchun undiriladigan yillik haq miqdorini belgilashga oid shartlar koʻrsatiladi.
10. Ijrochi oʻn ish kuni ichida: “E-IJARA” AT orqali yuklab olingan davlat oʻrmon fondi yer uchastkalarini joyiga chiqqan holda oʻrganadi va yer uchastkasining haqiqiy holati (loyihalashtirilayotgan oʻrmon fondi yer uchastkasining holati, hududning ixtisosligi, suv bilan taʼminlanganlik darajasi va irrigatsiya tizimining holati toʻgʻrisidagi maʼlumotlar)dan kelib chiqib, oʻrmon fondi yer uchastkasining yer tuzish loyihasini ishlab chiqadi.
Ijrochi zaruratga koʻra, oʻrmon fondining ijaraga berilishi rejalashtirilgan yer uchastkasi haqida boshqa tashkilotlardan maʼlumotlar olishi mumkin.
11. Ijrochi oʻrmon fondining elektron onlayn-auksionga qoʻyilayotgan yer uchastkalari boʻyicha ushbu Reglamentning 6-bandida belgilangan oʻrmon fondi yer uchastkalarini ijaraga berish maqsadlari va oʻlchamlaridan kelib chiqib, bir nechta yer tuzish loyihasini ishlab chiqishi mumkin.
Har bir yer tuzish loyihasiga savdo platformasida avtomatik tarzda oʻziga xos raqam beriladi.
Bunda bir nechta konturlar uchun umumlashgan yagona yer tuzish loyihasi ishlab chiqilishi mumkin.
12. Ijrochi bir ish kuni ichida har bir yer tuzish loyihasini kelishish uchun vakolatli tashkilotlarga savdo platformasi orqali quyidagi maʼlumotlarni yuboradi:
a) oʻrmon fondi yer uchastkasining maydoni (gektarda) va yer turlari konturlar kesimida jadval shaklidagi maʼlumot;
b) infratuzilma obyektlari mavjudligi toʻgʻrisida maʼlumot;
v) oʻrmon fondi yer uchastkasining elektron xaritasidan koʻchirma, yer tuzish loyihasining chegaralari va manzili.
13. Vakolatli tashkilot tomonidan savdo platformasiga oʻrmon fondi yer uchastkalarining yer tuzish loyihalari joylashtirilgan kundan boshlab besh ish kuni ichida ushbu loyihalar kelishiladi yoki kelishish rad etiladi, bunda:
savdo platformasida qabul qilingan qaror haqida elektron raqamli imzo bilan tasdiqlanadigan tegishli belgi qoʻyiladi;
kelishish rad etilganda, sohaga oid qonunchilik hujjatlari normalariga havolalar qilingan holda, taqdim etilgan yer tuzish loyihasini amalga oshirish imkoni yoʻqligining asoslangan sabablari hamda mazkur loyiha aynan qaysi jihatdan ushbu normalarga muvofiq emasligi koʻrsatiladi;
rad etilgan takliflar ijrochi tomonidan uch ish kuni ichida qayta ishlab chiqish uchun ijaraga beruvchiga qaytariladi.
belgilangan muddatda javob berilmagan hollarda, yer tuzish loyihalari kelishilgan hisoblanadi.
14. Vakolatli tashkilotlar bilan kelishilgan oʻrmon fondi yer uchastkalarining yer tuzish loyihalari ijrochi tomonidan “E-IJARA” AT orqali bir ish kuni ichida buyurtmachiga yuboriladi.
Buyurtmachi taqdim etilgan yer tuzish loyihasini koʻrib chiqib, elektron onlayn-auksionga qoʻyilayotgan oʻrmon fondi yer uchastkasining ixtisoslashuvi va yoʻnalishiga oʻzgartirish kiritish uchun ijrochiga qaytarishi mumkin.
Boshqa sabablar bilan yer tuzish loyihasini qaytarishga yoʻl qoʻyilmaydi.
15. Ijrochi uch ish kuni ichida kamchiliklarni bartaraf etib, loyihani elektron onlayn-auksionga qoʻyish uchun buyurtmachiga qayta kiritadi.
16. Buyurtmachi uch ish kuni ichida taqdim etilgan yer tuzish loyihasi asosida oʻrmon fondi yer uchastkasini elektron onlayn-auksionga qoʻyish uchun ushbu Reglamentga 3-ilovaga muvofiq shakldagi elektron buyurtmani savdo platformasi orqali operatorga yuboradi.
Buyurtmaga quyidagilar ilova qilinadi:
oʻrmon fondi yer uchastkasining yer tuzish loyihasi;
bir tomonlama imzolangan (buyurtmachi tomonidan) ijara shartnomasi (oʻrmon fondi yer uchastkasini ijaraga berish muddati hamda ushbu Reglamentga 1-ilovaga muvofiq hisoblangan, har yili toʻlanadigan ijara toʻlovi muddatlari va miqdorlari va/yoki ijara toʻlovi “nol” stavkasining qoʻllanilish muddatlari).
Bunda oʻrmon xoʻjaliklarida koʻchat yetishtiruvchi pitomniklarni tashkil etish maqsadida xoʻjaliklar hududlarining uzoq muddatli (besh yildan qirq toʻqqiz yilgacha) ijaraga beriladigan uchastkalari Ekologiya vazirligi tomonidan belgilanadi.
17. Buyurtmaga tegishli maʼlumotlar ilova qilinmagan yoki notoʻgʻri maʼlumotlar taqdim etilgan taqdirda, buyurtma kelib tushgan kundan boshlab bir ish kunidan kechikmasdan, koʻrsatilgan kamchiliklarni bartaraf etish uchun buyurtma operator tomonidan buyurtmachiga qaytariladi.
18. Buyurtmachi buyurtmani qaytarishga asos boʻlgan kamchiliklarni uch ish kuni ichida toʻliq bartaraf etib, elektron buyurtmani operatorga takroran yuboradi.
3-bob. Elektron onlayn-auksionlarni oʻtkazish tartibi
19. Operator buyurtmani olgan kundan keyingi ish kunidan kechiktirmay, elektron onlayn-auksion oʻtkazilishi toʻgʻrisidagi xabarnomani savdo platformasida eʼlon qiladi.
20. Vazirlar Mahkamasining “Elektron onlayn-auksion va tanlovlarni tashkil etish hamda oʻtkazish tartibini takomillashtirish boʻyicha qoʻshimcha chora-tadbirlar toʻgʻrisida” 2022-yil 12-yanvardagi 18-son qarori bilan tasdiqlangan “E-auksion” platformasida elektron onlayn-auksion va tanlovlarni tashkil etish hamda oʻtkazish tartibi toʻgʻrisidagi nizom talablari asosida elektron onlayn-auksionlar tashkil etiladi.
4-bob. Elektron onlayn-auksionda ishtirok etish tartibi
21. Jismoniy va yuridik shaxslar elektron onlayn-auksionda ishtirok etish uchun:
savdo platformasi orqali ushbu Reglamentga 4-ilovada keltirilgan shakldagi arizani elektron raqamli imzo (keyingi oʻrinlarda — ERI) bilan tasdiqlab yuboradi;
oʻrmon fondi yer uchastkasining maydoni 5,0 gektargacha boʻlganda — bazaviy hisoblash miqdorining besh baravari, 5,0 gektardan 10.0 gektargacha boʻlganda — bazaviy hisoblash miqdorining oʻn baravari, 10.0 gektardan 20,0 gektargacha boʻlganda — bazaviy hisoblash miqdorining oʻn besh baravari, 20 gektar va undan koʻp boʻlganda — bazaviy hisoblash miqdorining yigirma baravari miqdoridagi zakalat pulini operatorning maxsus depozit hisobvaragʻiga oʻtkazadi.
22. Ariza ushbu Reglament talablariga muvofiq taqdim etilgan taqdirda, operator shu kunning oʻzida jismoniy yoki yuridik shaxsga elektron onlayn-auksionda ishtirok etish uchun ruxsat beradi. Shuningdek, uyali aloqa telefoniga va elektron pochta orqali elektron onlayn-auksion ishtirokchisi maqomini olganligi haqida qoʻshimcha ravishda xabar beradi.
Jismoniy yoki yuridik shaxslar xabar bilan oʻz vaqtida tanishmaganligi uchun operator javobgar hisoblanmaydi.
23. Ushbu Reglamentning 21-bandida nazarda tutilgan zakalat puli jismoniy yoki yuridik shaxslar tomonidan operatorning maxsus depozit hisobvaragʻiga oʻtkazilmagan taqdirda, elektron onlayn-auksionda ishtirok etishiga ruxsat berilmaydi.
Jismoniy yoki yuridik shaxslar elektron onlayn-auksionda ishtirok etish uchun belgilangan tartibda roʻyxatdan oʻtmagani yoxud savdolarga oid maʼlumotlar bilan tanishib chiqmaganligi uchun operator javobgar hisoblanmaydi.
5-bob. Oʻrmon fondi yer uchastkasini ijaraga berish shartnomalarini rasmiylashtirish tartibi
24. Operator elektron onlayn-auksion yakunlangan kundan keyingi kundan kechiktirmasdan, QR-kod (matrik shtrixli kod) qoʻllash orqali elektron onlayn-auksion natijalari toʻgʻrisidagi maxsus raqam qoʻyilgan elektron bayonnomani rasmiylashtiradi va ushbu bayonnoma bilan birga oʻrmon fondi yer uchastkasini ijaraga olish shartnomasini ERI bilan tasdiqlash uchun auksion gʻolibining shaxsiy kabinetiga yuboradi.
Bunda yuridik va jismoniy shaxslar bilan ovchilik xoʻjaligini yuritish uchun ov qilish joylarini berish toʻgʻrisida shartnoma Ekologiya vazirligi bilan tuziladi.
25. Elektron onlayn-auksion yakunlangan kundan keyin auksion obyektining qiymatini toʻlash va oʻrmon fondi yer uchastkasini ijaraga olish shartnomasini imzolash uchun auksion gʻolibiga oʻn kun muddat beriladi.
26. Elektron onlayn-auksion obyektining qiymatini auksion gʻolibi (auksionning zaxiradagi gʻolibi) operatorning maxsus hisobvaragʻiga toʻliq toʻlagandan keyin operator tomonidan savdo platformasida rasmiylashtirilgan maxsus raqamli elektron bayonnoma hamda elektron onlayn-auksion gʻolibi imzolagan oʻrmon fondi yer uchastkasini ijaraga olish shartnomasi savdo platformasi orqali bir ish kuni ichida Kadastr agentligining Davlat kadastrlari palatasining tuman (shahar) filialiga yuboriladi.
27. Ijaraga beruvchi va auksion gʻolibi tomonidan imzolangan oʻrmon fondi yer uchastkasining ijara shartnomasi davlat roʻyxatidan oʻtkazish uchun asos boʻladi.
28. Kadastr agentligining Davlat kadastrlari palatasining tuman (shahar) filiali oʻrmon fondi yer uchastkasining yer tuzish hujjatlari va ijara shartnomasi asosida oʻn ish kuni ichida kadastr pasportini tayyorlaydi, kadastr hujjatlarini rasmiylashtiradi va davlat roʻyxatidan oʻtkazish uchun savdo platformasi orqali Kadastr agentligi Davlat kadastrlari palatasining tegishli hududiy boshqarmasiga yuboradi.
29. Kadastr agentligi Davlat kadastrlari palatasining tegishli hududiy boshqarmasi oʻrmon fondi yer uchastkasining ijara shartnomasi asosida ikki ish kuni ichida auksion gʻolibining ijara huquqini davlat roʻyxatidan oʻtkazadi va tegishli reyestrdan koʻchirmani elektron onlayn-auksion gʻolibiga savdo platformasi orqali yuboradi.
30. Oʻrmon fondi yer uchastkasi ijaraga beruvchi va ijarachi oʻrtasida oʻn ish kuni ichida tuziladigan topshirish-qabul qilish dalolatnomasi asosida ijarachiga beriladi.
31. Topshirish-qabul qilish dalolatnomasida:
dalolatnoma tuzilgan joy va sana;
ijara shartnomasining rekvizitlari (tuzilgan sanasi, tartib raqami);
ijaraga berilayotgan oʻrmon fondi yer uchastkasidagi mavjud bino va inshootlar, sugʻorish va zax qochirish tarmoqlari, yoʻl va boshqa muhandislik tarmoqlari, daraxt va butalar soni, yoshi va turlari;
oʻrmon fondi yer uchastkasining holati koʻrsatiladi.
Ijaraga oluvchi topshirish-qabul qilish dalolatnomasini imzolashdan bosh tortgan taqdirda, bu haqda dalolatnoma rasmiylashtiriladi.
32. Ijaraga oluvchi topshirish-qabul qilish dalolatnomasini imzolashdan bosh tortgan taqdirda, yer uchastkasi ijaraga berilmagan hisoblanib, shartnoma bekor qilinadi va qayta elektron onlayn-auksionga qoʻyiladi.
33. Ijarachi ijara muddati tugagach yoki ijara shartnomasi muddatidan oldin bekor qilinganda yoxud haqiqiy emas deb hisoblanganda, ijaraga beruvchiga buzilgan yerlarni rekultivatsiya qilib qaytaradi.
6-bob. Hisob-kitoblarni amalga oshirish tartibi
34. Elektron onlayn — auksion savdolari orqali ijara huquqini sotishdan tushadigan mablagʻlar ijara huquqi davlat roʻyxatidan oʻtkazilganidan keyin operatorning ikki foiz xizmat haqi chegirilgan holda quyidagi tartibda taqsimlanadi:
Vazirlar Mahkamasining “Davlat kadastri sohasida davlat xizmatlari narxlarini belgilashda tabaqalashtirilgan yondashuv tartibini takomillashtirish toʻgʻrisida” 2014-yil 10-iyuldagi 186-son qaroriga muvofiq kadastr pasportini tayyorlash, kadastr hujjatlarini rasmiylashtirish, mulk huquqini davlat roʻyxatidan oʻtkazish boʻyicha davlat xizmatlarini koʻrsatganlik uchun 5 foiz — Davlat kadastrlari palatasining tegishli hududiy boshqarmasiga;
10 foizi — Oʻzbekiston Respublikasi Qishloq xoʻjaligi vazirligining “Agrosanoatni raqamlashtirish markazi” masʼuliyati cheklangan jamiyatiga;
10 foizi — ijrochining hisobvaragʻiga;
5 foizi — “Oʻrmon xoʻjaligini raqamlashtirish markazi” DMga;
qolgan mablagʻlar — oʻrmon fondi yerlaridan doimiy foydalanuvchi oʻrmon xoʻjaligi tashkilotlari hamda Ekologiya jamgʻarmasiga teng ulushlarda.
35. Oʻrmon fondi yer uchastkalaridan foydalanganlik uchun yillik ijara toʻlovlari har yili 1-noyabrga qadar toʻlanadi.
36. Oʻrmon fondi yer uchastkasining ijara toʻlovi miqdori toʻlov amalga oshiriladigan vaqtdagi bazaviy hisoblash miqdorining hajmidan kelib chiqib (shartnomaga oʻzgartirish kiritilmasdan) hisoblanadi.
37. Oʻrmon fondi yer uchastkalarini ijaraga berishdan tushadigan mablagʻlarning alohida hisobi yuritiladi va ushbu mablagʻlarning 50 foizi oʻrmon fondi yerlaridan doimiy foydalanuvchi oʻrmon xoʻjaligi tashkilotlari hisobvaragʻiga hamda 50 foizi Ekologiya jamgʻarmasiga yoʻnaltiriladi.
7-bob. Shartnomalar bajarilishi monitoringini yuritish tartibi
38. Ijaraga beruvchi oʻrmon xoʻjaligi tashkilotlari tomonidan oʻrmon fondi yer uchastkalarini ijaraga berish boʻyicha tuzilgan shartnomalarning bajarilishi yuzasidan har chorakda monitoring yuritadi, jumladan:
oʻrmon fondi yer uchastkasini ijaraga olish shartnomasida belgilangan majburiyatlarga rioya qilish;
mavjud daraxtlarni toʻliq holda saqlash va koʻpaytirish choralarini koʻrish, yerdan uning belgilangan maqsadiga qatʼiy muvofiq oqilona foydalanish, ishlab chiqarishning tabiatni muhofaza qiluvchi texnologiyalarini qoʻllash, oʻz faoliyati natijasida hududdagi ekologik vaziyatning yomonlashuviga yoʻl qoʻymaslik;
mavjud irrigatsiya-melioratsiya tarmoqlarini va muhandislik kommunikatsiyalarini soz holatda saqlash;
ekologiya va atrof-muhitni muhofaza qilish boʻyicha qonunchilik hujjatlarida nazarda tutilgan kompleks tadbirlarni amalga oshirish;
ijaraga olingan yer maydonida noqonuniy daraxt kesmaslik va chorva mollarini boqmaslik;
ijaraga olingan yer uchastkasida oʻzboshimchalik bilan inshootlar qurmaslik, yer uchastkasi ixtisoslashuvini oʻzgartirmaslik, ijara haqi va boshqa toʻlovlarni oʻz vaqtida toʻlash va oʻrmon qonunchiligiga rioya etish ustidan doimiy monitoring yuritish.
39. Monitoring natijasida shartnoma majburiyatlari bajarilmagan yoki lozim darajada bajarilmaganligi aniqlangan hollarda, tomonlar amaldagi qonunchilik talablariga muvofiq ushbu kamchiliklarni bartaraf etish choralarini koʻradilar.
40. Oʻrmon fondi yer uchastkasini ijaraga olish shartnomalari uch bosqichda rasmiylashtiradi:
birinchi bosqichda — uch yil muddatga;
shartnoma majburiyatlariga rioya qilish, ijara toʻlovlari va boshqa toʻlovlarni oʻz muddatida toʻlash, investitsiyalar kiritish boʻyicha majburiyatlarni bajarish natijalariga qarab:
ikkinchi bosqichda — yigirma yil muddatga;
uchinchi bosqichda — qirq toʻqqiz yildan oshmaydigan muddatga.
Bunda:
davlat qoʻriqxonalari bufer zonalari, milliy tabiat bogʻlari, pitomniklar (qoʻriqxonaga aylantirilgan zonalar bundan mustasno), oʻrmon va oʻrmon-ov xoʻjaliklari, togʻli va choʻl hududlari yer uchastkalari ularning toifasi oʻzgartirilmagan holda turistik klasterlar tashkil etish uchun tadbirkorlik subyektlariga “E-auksion” elektron savdo platformasi orqali faoliyat koʻrsatish muddatini keyinchalik uzaytirish imkoniyati bilan 10 yil muddatga ijaraga beriladi;
oʻrmon fondi yerlaridan 10 gektargacha yer uchastkasi ovchilik bazalari va 100 gektargacha yer uchastkasi pitomniklar barpo etish uchun bitta lot sifatida investitsiya va shartnomaviy majburiyatlarni belgilagan holda yuridik va jismoniy shaxslarga elektron onlayn-auksion orqali 49 yil muddatga quyidagi bosqichlarda ijara huquqi asosida ajratiladi:
birinchi bosqichda — 10 yil muddatga;
investitsiya va shartnomaviy majburiyatlarni bajarish natijalariga koʻra:
ikkinchi bosqichda — 10 yil muddatga;
uchinchi bosqichda — 29 yil muddatga.
Bunda, ikki yil muddat ichida yovvoyi hayvonlarni yetishtirish va takror koʻpaytirish boʻyicha pitomniklar infratuzilmasi yoki takror koʻpaytirish uchastkasi tashkil qilinmasa, ijara shartnomasi bekor qilinadi.
40 1 . Ijara shartnomasi imzolanganidan soʻng yigirma kun muddatda ijaraga oluvchi va Ekologiya vazirligi oʻrtasida ijaraga berilgan yer uchastkalariga tutash hududdagi ov qilish joylarini ovchilik xoʻjaligini yuritish uchun biriktirib berish toʻgʻrisida shartnoma tuziladi.
Bunda:
biriktirilgan ov qilish joylaridan foydalanganlik uchun undiriladigan yillik haq miqdori Iqtisodiyot va moliya vazirligi bilan kelishgan holda Ekologiya vazirligi tomonidan belgilanadi;
boshqa shaxslarga biriktirilgan ov qilish joylarining takroran biriktirib berilishiga yoʻl qoʻyilmaydi.
40 2 . Quyidagi hollarda ovchilik xoʻjaligi tashkil etish uchun yer uchastkalarini ijaraga berish shartnomasi belgilangan tartibda bekor qilinadi va yer uchastkalari qayta elektron-onlayn auksionga chiqariladi:
ijaraga oluvchi ovchilik xoʻjaligini yuritish uchun ijaraga berilgan yer uchastkalariga tutash hududdagi ov qilish joylarini berish toʻgʻrisidagi shartnomani tuzishdan bosh tortgan taqdirda;
Ijara shartnomasi bekor qilingan taqdirda Ekologiya vazirligi bilan tuzilgan ov qilish joylarini berish toʻgʻrisidagi shartnoma ham bekor qilinadi.
8-bob. Oʻrmon fondi yer uchastkasini ijaraga olish shartnomasiga oʻzgartirish kiritish va uni bekor qilish tartibi
41. Agar qonunchilikda yoki shartnomada boshqacha tartib nazarda tutilgan boʻlmasa, ijara shartnomasi taraflarning kelishuviga muvofiq oʻzgartirilishi mumkin.
42. Oʻrmon fondi yer uchastkalarini ijaraga olish shartnomasi taraflarning kelishuviga muvofiq, bunday kelishuvga erishilmagan taqdirda esa, sudning hal qiluv qarori bilan muddatidan oldin bekor qilinishi mumkin.
9-bob. Yakunlovchi qoidalar
43. Ushbu Reglamentni qoʻllashda yuzaga keladigan nizolar qonunchilik hujjatlarida belgilangan tartibda hal etiladi.
44. Mazkur Reglament talablarini buzganlikda aybdor shaxslar qonunchilik hujjatlarida belgilangan tartibda javobgar boʻladi.
Oʻrmon fondi yer uchastkalarini elektron onlayn-auksion orqali ijaraga berishning maʼmuriy reglamentiga 1-ILOVA
Ijaraga berilgan oʻrmon fondi yer uchastkalari uchun ijara toʻlovi miqdori
T/r Foydalanish maqsadlari Joylashish zonasi boʻyicha 1 gektar yer uchastkasi ijara toʻlovi (bazaviy hisoblash miqdorining baravari hisobida) Choʻl Togʻ Vodiy Toʻqay 1. Oʻrmon barpo qilish uchun 0,1 0,3 1 0,5 2. Yongʻoq mevali daraxtzorlar barpo etish uchun 0,5 1 1 0,5 3. Mevali bogʻlar (daraxtzorlar) barpo etish uchun 1 5 10 5 4. Mevali va manzarali koʻchat yetishtirish uchun 2 5 10 5 5. Tez oʻsuvchi daraxt plantatsiyalarini barpo etish uchun 1 3 10 5 6. Qishloq xoʻjaligi ekinlarini ekish uchun 5 10 15 10 7. Dorivor oʻsimliklar madaniy plantatsiyalarini barpo etish uchun 1 2 3 2 8. Asalarichilik faoliyati uchun 1 5 5 2 9. Baliqchilik faoliyati uchun 5 5 15 10 10. Ovchilik xoʻjaligini tashkil etish uchun 3 10 10 5 11. Ekologik turizm, rekratsiya, sogʻlomlashtirish hamda dam olish maskanlari faoliyati uchun (oʻsimlik va hayvonot dunyosiga zarar keltirmaslik sharti bilan) 3 10 10 10 Bunda Burchmulla, Ohangaron, Kitob, Zomin, Boysun, Uzun, Jomboy, Baxmal davlat oʻrmon xoʻjaliklari, Shahrisabz, Pop, Urgut ixtisoslashtirilgan davlat oʻrmon xoʻjaliklarida 10 30 30 20 12. Limonariy va issiqxonalar tashkil etish uchun 5 10 15 10 13. Yovvoyi hayvonlarni takror koʻpaytirish va urchitish pitomnigini tashkil etish uchun 3 10 10 5
Oʻrmon fondi yer uchastkalarini elektron onlayn-auksion orqali ijaraga berishning maʼmuriy reglamentiga 2-ILOVA
Oʻrmon fondi yer uchastkalarini elektron onlayn-auksion orqali ijaraga berish
Bosqichlar Subyektlar Tadbirlar Muddatlar 1-bosqich Talabgor Jismoniy va yuridik shaxslar elektron onlayn-auksionda ishtirok etish uchun savdo platformasi orqali ushbu Reglamentga 4-ilovada keltirilgan shakldagi arizani elektron raqamli imzo bilan tasdiqlab yuboradi. Talabgorning xohishiga koʻra, real vaqt rejimida (shu kuni ham) 2-bosqich “Elektron onlayn-auksionlar tashkil etish markazi” AJ (operator) Ariza ushbu Reglament talablariga muvofiq taqdim etilgan taqdirda, operator shu kunning oʻzida jismoniy yoki yuridik shaxsga elektron onlayn-auksionda ishtirok etish uchun ruxsat beradi. Shuningdek, uyali aloqa telefoniga va elektron pochta orqali elektron onlayn-auksion ishtirokchisi maqomini olganligi haqida qoʻshimcha ravishda xabar beradi. 1 ish kunida 3-bosqich operator Kamida ikki nafar ishtirokchi mavjud boʻlganda elektron onlayn-auksion oʻtkazadi. Auksion oʻtkaziladigan kun toʻgʻrisida xabarnoma va lotga oid axborot savdo platformasida eʼlon qilingandan kamida oʻttiz kun oʻtgandan keyingi ish kuniga belgilanadi 4-bosqich operator Elektron onlayn-auksion yakunlangan kundan keyingi kundan kechiktirmasdan, QR-kodni (matrik shtrixli kod) qoʻllash orqali elektron onlayn-auksion natijalari toʻgʻrisidagi maxsus raqam qoʻyilgan elektron bayonnomani rasmiylashtiradi va ushbu bayonnoma bilan birga oʻrmon fondi yer uchastkasini ijaraga olish shartnomasini ERI bilan tasdiqlash uchun auksion gʻolibining shaxsiy kabinetiga yuboradi. Elektron onlayn-auksion yakunlangan kundan keyingi kun 5-bosqich operator Elektron onlayn-auksion yakunlangan kundan keyin auksion obyektining qiymatini toʻlash va oʻrmon fondi yer uchastkasini ijaraga olish shartnomasini imzolash uchun auksion gʻolibiga oʻn kun muddat beriladi. Elektron onlayn-auksion yakunlangan kundan keyin 10 kunda 6-bosqich operator Elektron onlayn-auksion obyektining qiymatini auksion gʻolibi (auksionning zaxiradagi gʻolibi) operatorning maxsus hisobvaragʻiga toʻliq toʻlagandan keyin, operator tomonidan savdo platformasida rasmiylashtirilgan maxsus raqamli elektron bayonnoma hamda elektron onlayn-auksion gʻolibi imzolagan oʻrmon fondi yer uchastkasini ijaraga olish shartnomasi savdo platformasi orqali bir ish kuni ichida Kadastr agentligining Davlat kadastrlari palatasining tuman (shahar) filialiga yuboradi. Elektron onlayn-auksion obyektini qiymati auksion gʻolibi (auksionning zaxiradagi gʻolibi) tomonidan operatorni maxsus hisobvaragʻiga toʻliq toʻlangandan keyin 1 ish kunida 7-bosqich Kadastr agentligi Davlat kadastrlari palatasining tuman (shahar) filiali Kadastr agentligining Davlat kadastrlari palatasining tuman (shahar) filiali oʻrmon fondi yer uchastkasining yer tuzish hujjatlari va ijara shartnomasi asosida oʻn ish kuni ichida kadastr pasportini tayyorlaydi, kadastr hujjatlarini rasmiylashtiradi va davlat roʻyxatidan oʻtkazish uchun savdo platformasi orqali Kadastr agentligi Davlat kadastrlari palatasining tegishli hududiy boshqarmasiga yuboradi. Savdo platformasi orqali kelib tushgandan keyin 10 ish kuni ichida 8-bosqich Kadastr agentligining Davlat kadastrlari palatasi tegishli hududiy boshqarmasi Kadastr agentligining Davlat kadastrlari palatasining tegishli hududiy boshqarmasi oʻrmon fondi uchastkasining ijara shartnomasi asosida ikki ish kuni ichida elektron onlayn-auksion gʻolibining ijara huquqini davlat roʻyxatidan oʻtkazadi va tegishli reyestrdan koʻchirmani elektron onlayn-auksion gʻolibiga savdo platformasi orqali yuboradi. Savdo platformasi orqali kelib tushgandan keyin 2 ish kuni ichida 9-bosqich ijaraga beruvchi va ijarachi Oʻrmon fondi yer uchastkasi ijaraga beruvchi va ijarachi oʻrtasida oʻn ish kuni ichida tuziladigan topshirish-qabul qilish dalolatnomasi asosida ijarachiga beriladi. Savdo platformasi orqali kelib tushgandan keyin 10 ish kuni ichida
Oʻrmon fondi yer uchastkalarini elektron onlayn-auksion orqali ijaraga berishning maʼmuriy reglamentiga 3-ILOVA
Oʻrmon fondi yer uchastkasini elektron onlayn-auksionga qoʻyish uchun
20____ yil “____” ___________ da __________________ _____________________________ tomonidan tasdiqlangan loyiha boʻyicha quyidagi yer uchastkasini elektron onlayn-auksion orqali ijaraga berish uchun ushbu buyurtmani taqdim etadi: 1. Yer uchastkasining oʻziga xos raqami ________________; 2. Yer uchastkasining maydoni ______________________ga; 3. Yer uchastkasi joylashgan joy _____________________________________________________________ ________________________________________________________________________________________; 4. Belgilangan maqsadi ___________________________________________________________________; 5. Yerning toifasi _______________________________________________________________________; 5.1. Yer turi _____________________________________________________________________________; 6. Auksion gʻolibining majburiyatlari ______________________________________________________ ________________________________________________________________________________________; 6.1 .Ijara muddati _______________________________________________________________________; 6.2. Auksion gʻolibiga qoʻyiladigan talablar: _________________________________________________ ________________________________________________________________________________________; 6.3. Yer uchastkasidan foydalanish shartlari va tartibiga taalluqli boshqa talablar ________________ ________________________________________________________________________________________; 7. Oʻrmon xoʻjaligi agentligi manzili va bogʻlanish uchun maʼlumotlar (telefon raqami, elektron pochta manzili va boshqalar) ________________________________________ ________________________________________________________________________________________ Buyurtma 20____ yil _______ ______________________ da taqdim etildi. Oʻrmon xoʻjaligi agentligi direktori (F.I.O.)
Oʻrmon fondi yer uchastkalarini elektron onlayn-auksion orqali ijaraga berishning maʼmuriy reglamentiga 4-ILOVA
Elektron onlayn-auksionda ishtirok etish uchun
(yuridik shaxs uchun — toʻliq nomi, joylashgan joyi (pochta manzili), bank rekvizitlari, telefon raqami, elektron pochta manzili) (jismoniy shaxs uchun — F.I.O., yashash joyi, STIR, telefon raqami, elektron pochta manzili) Elektron onlayn-auksion oʻtkazilishi haqidagi xabarnoma bilan tanishdim: Loyiha raqami: ________________________-son Loyiha yoʻnalishi, maydoni: __________________________________________________ Elektron onlayn-auksion oʻtkazish qoidalari bilan tanishib, 20____ yil “____” ___________ kuni soat __________ daqiqada oʻtkaziladigan elektron onlayn-auksionda ishtirok etish uchun ushbu arizani qabul qilishingizni soʻrayman. Elektron onlayn-auksionda ishtirok etish uchun ushbu arizani taqdim etib, elektron onlayn-auksionni oʻtkazish boʻyicha qoidalarga va keltirilgan shartlarga rozilik beraman. Men tomondan taqdim etilgan maʼlumotlar notoʻgʻri boʻlgan taqdirda, elektron onlayn-auksion natijalari haqiqiy emas deb topilishi haqida ogohlantirildim. Shuningdek, elektron onlayn-auksion gʻolibi deb topilgan taqdirimda, menga yuklatilgan majburiyatlarni bajarishni oʻz zimmamga olaman. Toʻldirilgan sana __________________________
Vazirlar Mahkamasining 2023-yil 21-dekabrdagi 674-son qaroriga 2-ILOVA
Oʻzbekiston Respublikasi Hukumatining oʻz kuchini yoʻqotgan deb hisoblanayotgan ayrim qarorlari
1. Oʻzbekiston Respublikasi Vazirlar Mahkamasining “Davlat oʻrmon fondi uchastkalarini ijaraga berish tartibi toʻgʻrisidagi nizomni tasdiqlash haqida” 2019-yil 13-dekabrdagi 993-son qarori .
2. Oʻzbekiston Respublikasi Vazirlar Mahkamasining “Davlat oʻrmon fondi uchastkalarini ijaraga berish tartibi toʻgʻrisidagi nizomga oʻzgartirish va qoʻshimchalar kiritish haqida” 2021-yil 3-fevraldagi 50-son qarori .
3. Oʻzbekiston Respublikasi Vazirlar Mahkamasining “Oʻzbekiston Respublikasi Hukumatining ayrim qarorlariga oʻzgartirishlar kiritish toʻgʻrisida (Oʻzbekiston Respublikasining “Normativ-huquqiy hujjatlar toʻgʻrisida” 2021-yil 20-apreldagi OʻRQ-682-son qonuni)” 2022-yil 4-apreldagi 153-son qarori ilovasi 747-bandi .
Oʻzbekiston Respublikasining Bosh vaziri A. ARIPOV
Toshkent sh.,
2023-yil 21-dekabr,
674-son