📅 2023-yil 25-dekabr · Vazirlar Mahkamasi qarorlari
Rasmiy matn. Rasmiy hujjat. Tahririy izohlar kiritilmagan.
📅 2023-yil 25-dekabr · Vazirlar Mahkamasi qarorlari
Rasmiy matn. Rasmiy hujjat. Tahririy izohlar kiritilmagan.
📅 2023 йил 25 декабрь · Вазирлар Маҳкамаси қарорлари
Расмий матн. Расмий ҳужжат. Таҳририй изоҳлар киритилмаган.
📅 25 декабря 2023 г. · Постановления Кабинета Министров
Официальный текст. Официальный документ. Редакционные примечания не включены.
📅 25 December 2023 · Cabinet of Ministers resolutions
Official text. Official document. Editorial notes are not included.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг
қарори
НИЗОМ
НИЗОМ
СХЕМАСИ
СЎРОВНОМА
Жисмоний ва юридик шахсларга тегишли бино ҳамда иншоотларнинг ёнғин хавфсизлиги талабларига мувофиқлиги юзасидан ёнғин аудитини ўтказишга оид чора-тадбирлар тўғрисида
Сўнгги йилларда аҳоли ҳаёти ва соғлиғи, жисмоний ва юридик шахслар мулкининг ишончли ҳимоясини таъминлайдиган яхлит ёнғин хавфсизлиги тизими шакллантирилди.
Шу билан бирга, ёнғинларнинг олдини олиш соҳасида тизимли чора-тадбирлар амалга оширилаётганлигига қарамасдан, ёнғин хавфсизлиги талабларига риоя этилиши устидан назорат етарли даражада таъминланмаётганлиги сабабли аҳолининг маиший ҳаётида ва тадбиркорлик субъектлари фаолиятида ёнғинлар билан боғлиқ нохуш ҳодисалар рўй бермоқда.
Ёнғин хавфсизлиги талабларига риоя этилиши устидан назоратнинг муқобил усулларини республикада жорий этиш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:
1. Вазирлар Маҳкамасининг «Ёнғинлар профилактикаси самарадорлигини ошириш ва ёнғин хавфсизлиги соҳасида давлат назоратини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида» 2023 йил 4 августдаги 332-сон қарорига мувофиқ:
ёнғин хавфсизлиги соҳасидаги давлат назоратининг асосий йўналишлари белгиланганлиги;
жисмоний ва юридик шахсларга тегишли бўлган бино ва иншоотларнинг 2024 йил 1 январдан бошлаб ёнғин хавфсизлиги талабларига мувофиқлигини мустақил баҳолаш тартиби (ёнғин аудити) жорий этилиши маълумот учун қабул қилинсин.
2. Қуйидагиларни назарда тутувчи Жисмоний ва юридик шахсларга тегишли бўлган бино ва иншоотларнинг ёнғин хавфсизлиги талабларига мувофиқлигини мустақил баҳолаш (ёнғин аудити) тартиби тўғрисидаги низом 1-иловага , Ёнғин аудиторлик ташкилотининг мутахассисларини сертификатлаш тартиби тўғрисидаги низом 2-иловага мувофиқ тасдиқлансин:
жисмоний ва юридик шахсларга тегишли бўлган бино ва иншоотларнинг ёнғин хавфсизлиги талабларига мувофиқлигини мустақил баҳоловчи ёнғин аудиторлик ташкилоти ва унинг таркибидаги ёнғин аудиторларига нисбатан талаблар;
ёнғин аудиторлик ташкилоти ҳамда ҳимояланадиган объект мулкдорининг ҳуқуқлари, мажбуриятлари ҳамда жавобгарлиги;
жисмоний ва юридик шахсларга тегишли бўлган бино ва иншоотларнинг ёнғин хавфсизлигига мувофиқлигини баҳолаш, ҳужжатларни расмийлаштириш ва юбориш тартиби;
ёнғин аудиторлик ташкилотининг мутахассисларини ўқитиш, тест синовидан ўтказиш, сертификат берилган мутахассислар реестрини юритиш ҳамда сертификатнинг амал қилишини тўхтатиш тартиби.
3. Фавқулодда вазиятлар вазирлиги Рақамли технологиялар вазирлиги, Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги, бошқа мутасадди вазирлик ва идоралар билан биргаликда бир ой муддатда:
«Ёнғин аудити» миллий ахборот тизимида автоматик тарзда сертификатланган мутахассислар реестри шакллантирилишини назарда тутувчи идоралараро маълумотлар базаларининг ўзаро интеграция қилинишини таъминловчи дастурий таъминот ишлаб чиқилишини ҳамда жорий этилишини;
Ягона интерактив давлат хизматлари портали орқали «Ёнғин аудити» миллий ахборот тизимида таълим муассасасида ўқиб, тест синовларидан ўтган мутахассисларнинг QR-код қўйиладиган электрон шаклда сертификат олиш механизми яратилишини таъминласин.
4. Фавқулодда вазиятлар вазирлиги:
2024 йил 1 февралга қадар Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги билан биргаликда дастур асосида таълим олган мутахассисларнинг соҳавий билимларини тест синовидан ўтказиб бориш тизимини жорий этсин;
икки ой муддатда ёнғин аудиторлик ташкилотларини аккредитациядан ўтказиш тартибини ишлаб чиқиб, белгиланган тартибда Вазирлар Маҳкамасига киритсин.
5. Фавқулодда вазиятлар вазирлиги манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда ўзлари қабул қилган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни икки ой муддатда ушбу қарорга мувофиқлаштирсин.
6. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари А. Раматов ва Ўзбекистон Республикаси фавқулодда вазиятлар вазири А. Кулдашев зиммасига юклансин.
Вазирлар Маҳкамасининг 2023 йил 25 декабрдаги 679-сон қарорига 1-ИЛОВА
Жисмоний ва юридик шахсларга тегишли бўлган бино ва иншоотларнинг ёнғин хавфсизлиги талабларига мувофиқлигини мустақил баҳолаш (ёнғин аудити) тартиби тўғрисида
1-боб. Умумий қоидалар
1. Ушбу Низом ёнғин аудиторлик ташкилотлари томонидан жисмоний ва юридик шахсларга тегишли бўлган бино ва иншоотларнинг (кейинги ўринларда — ҳимояланадиган объектлар) ёнғин хавфсизлиги талабларига мувофиқлигини мустақил баҳолаш тартибини белгилайди.
2. Ушбу Низомда қуйидаги асосий тушунчалардан фойдаланилади:
ёнғин аудиторлик ташкилоти — ҳимояланадиган объектларнинг ёнғин хавфсизлиги талабларига мувофиқлигини мустақил баҳоловчи, раҳбаридан ташқари ёнғин хавфсизлиги соҳасида амалий иш тажрибасига эга (камида беш йил) бўлган камида икки нафар ёнғин аудитори сертификатига эга бўлган олий маълумотли мутахассислар мавжуд бўлган, Фавқулодда вазиятлар вазирлигида аккредитациядан ўтган юридик шахс;
ёнғин аудитори — ёнғин хавфсизлиги соҳасида амалий иш тажрибасига (камида беш йил) ва олий маълумотга эга бўлган ҳамда Фавқулодда вазиятлар вазирлиги Академиясида ўқув дастурини тамомлаган ва белгиланган тартибда тест синовларидан муваффақиятли ўтган ва ёнғин аудитори сертификатига эга бўлган жисмоний шахс;
ёнғин аудитори сертификати — мутахассиснинг мувофиқликни баҳолаш соҳасида малакасини тасдиқловчи расмий ҳужжат;
хулоса — ёнғин аудитори томонидан берилган ва объектнинг ёнғин хавфсизлиги даражаси тўғрисидаги маълумотларни ўз ичига олган расмий ҳужжат.
3. Ёнғин аудиторлик ташкилоти томонидан ўта муҳим, хавф-хатарлиги IV тоифага кирувчи ҳамда Ўзбекистон Республикасининг давлат сирлари билан боғлиқ объектларда ёнғин аудиторлик текширувлари ўтказилмайди.
2-боб. Ёнғин аудиторлик ташкилоти
4. Ёнғин аудиторлик ташкилотига қуйидаги талаб ва шартлар қўлланилади:
ҳимояланадиган объектнинг мулкдори ва ёнғин аудиторлик ташкилоти ўртасидаги манфаатлар тўқнашувининг олдини олиш мақсадида ёнғин аудиторлик ташкилоти ёнғин хавфсизлиги соҳасидаги ишлар ва хизматларни амалга оширишда фақатгина ҳимояланадиган объектнинг мувофиқлигини баҳолаш фаолияти билан шуғулланиш;
мулкий ҳуқуқ ёки бошқа ашёвий ҳуқуқ асосида ёнғин аудиторлик ташкилоти фаолиятини амалга ошириш учун зарур бўлган тегишли бинолар ва иншоотлар, техник-технологик ва аппарат-дастурий воситаларига эга бўлиш;
ёнғин аудитори фақат битта аудиторлик ташкилотининг муассиси (иштирокчиси) бўлиши;
ёнғин аудиторлик ташкилотининг ёнғин аудитори томонидан қонунчиликда белгиланган тартибда ёнғин аудитори сертификатини олмасдан туриб ёки ҳар уч йилда малакасини оширмасдан ёнғин аудитини ўтказишига йўл қўймаслик;
ёнғин аудиторлик ташкилоти белгиланган тартибда давлат рўйхатидан ва Фавқулодда вазиятлар вазирлигида аккредитациядан ўтиши.
5. Ёнғин аудиторлик ташкилоти ўз фаолиятини амалга ошириш чоғида мустақилдир.
Давлат органлари ва бошқа ташкилотлар, шунингдек, уларнинг мансабдор шахслари ёнғин аудиторлик ташкилотининг қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ амалга ошириладиган фаолиятига аралашишга ҳақли эмас.
3-боб. Ёнғин аудиторлик ташкилотининг ҳуқуқлари, мажбуриятлари ҳамда жавобгарлиги
6. Ёнғин аудиторлик ташкилоти қуйидаги ҳуқуқларга эга:
ҳимояланадиган объектнинг мувофиқлигини баҳолашга нисбатан ёнғин аудитини ўтказиш учун унинг кадастр ва таъсис ҳужжатлари, объектда ишлайдиган қурилма ва жиҳозлар ҳамда унда мавжуд бўлган моддий-товар бойликлар ҳақидаги ҳужжатлар билан олдиндан танишиш;
зарур ўлчовлар ўтказиш, намуналар олиш ва тадқиқот ўтказиш мақсадида аккредитацияланган лабораторияларда синовларни ўтказиш;
ёнғин аудитини ўтказиш давомида юзага келган масалалар бўйича ҳимояланадиган объектнинг ёнғин хавфсизлиги учун масъул бўлган шахслардан тушунтиришлар ва ёнғин аудити ўтказиш учун зарур бўлган қўшимча маълумотлар олиш;
ёнғин аудити билан боғлиқ масалалар юзасидан маслаҳатлар бериш.
7. Ёнғин аудиторлик ташкилоти:
ёнғин аудиторлик фаолиятини амалга ошириш чоғида Ўзбекистон Республикаси Конституцияси ва қонунларига, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг қарорларига, Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармонлари, қарорлари ва фармойишларига, Вазирлар Маҳкамасининг қарорлари ва фармойишларига, шунингдек, ушбу Низом талабларига риоя этиши;
ёнғин аудити хулосасида норматив-ҳуқуқий ҳамда техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасидаги ҳужжатлар талабларининг бузилиш ҳолатини бартараф этиш бўйича тавсияларни акс эттириши;
ёнғин аудиторлик фаолиятини амалга оширишга доир тегишли ҳужжатларни ҳимояланадиган объект мулкдори талабига кўра тақдим этиши;
ёнғин аудиторлик хизматларини кўрсатиш чоғида олинган ахборотнинг махфийлигини таъминлаши шарт.
8. Ёнғин аудиторлик ташкилоти била туриб сохта тузилган ёнғин аудити хулосасини тузиши оқибатида етказилган зарар учун ҳимояланадиган объект мулкдори олдида жавобгар ҳисобланади.
Ёнғин аудиторлик ташкилотининг ёнғин аудитини ўтказмасдан туриб тузилган хулосаси ёки ёнғин аудити натижалари бўйича белгиланган тартибда сохта деб ҳисобланганда ёнғин аудиторлик ташкилоти жавобгар бўлади.
4-боб. Ҳимояланадиган объект мулкдорининг ҳуқуқлари, мажбуриятлари ва жавобгарлиги
9. Ҳимояланадиган объект мулкдори қуйидаги ҳуқуқларга эга:
ёнғин аудитини ўтказиш учун ёнғин аудиторлик ташкилотини мустақил равишда танлаш;
ихтиёрий ёнғин аудитини ўтказиш вақтида ёнғин аудитининг йўналиши ва иш ҳажмини белгилаш;
ёнғин аудиторлик ташкилотидан ёнғин аудити хулосаси қайси қонунчилик ҳужжатлари нормаларига асосланганлиги тўғрисидаги зарур ахборотни олиш;
ёнғин аудити хулосасини олиш.
10. Ҳимояланадиган объект мулкдори:
ёнғин аудиторларига ёнғин аудитини ўтказиш учун тегишли шарт-шароитлар яратиши;
ёнғин аудитини ўтказиш учун зарур бўлган маълумотлар ва материалларни тақдим этиши;
ёнғин аудити режасини тасдиқлаши;
ёнғин аудиторлик хизматларини кўрсатиш тўғрисидаги шартномага мувофиқ ёнғин аудитини ўтказиш хизматлари учун ҳақ тўлаши шарт.
11. Ҳимояланадиган объект мулкдори ёнғин аудиторлик ташкилотига берган ҳар қандай нотўғри маълумоти туфайли етказилган зарар учун жавобгар ҳисобланади.
5-боб. Ҳимояланадиган объектнинг мувофиқлигини баҳолаш ишларини амалга ошириш
12. Мувофиқликни баҳолаш ишлари ёнғин аудиторлик ташкилоти ва ҳимояланадиган объект мулкдори ўртасида тузиладиган шартнома асосида амалга оширилади.
13. Мувофиқликни баҳолаш учун тўлов миқдори ёнғин аудиторлик ташкилоти томонидан мустақил белгиланади.
14. Мувофиқликни баҳолаш қуйидагиларни ўз ичига олади:
а) ҳимояланадиган объектнинг ёнғин хавфини тавсифловчи ҳужжатларни таҳлил қилиш;
б) ҳимояланадиган объектнинг ёнғин хавфсизлиги ҳолати, эвакуация чиқиш йўллари, ишчи-хизматчиларнинг билими, ёнғиннинг пайдо бўлиши, ривожланиши ва тарқалишини, инсонларга ва моддий бойликларга хавфли таъсири тўғрисидаги объектив маълумотлар олишни, шунингдек, ёнғин хавфсизлигига риоя қилиш учун шарт-шароитлар мавжудлигини, шу жумладан, объектда мавжуд бўлган ёнғиндан ҳимоя қилиш тизимларининг яроқлилиги ва ишчи ҳолатини аниқлаш;
в) ёнғин хавфсизлиги бўйича норматив ҳужжатларда белгиланган тартибда зарур тадқиқотлар, синовлар, ҳисоб-китоблар ва экспертизаларни ўтказиш тўғрисидаги маълумотларни таҳлил қилиш;
г) ҳимояланадиган объектда ўтказилган мувофиқликни баҳолаш натижалари бўйича хулоса тайёрлаш;
д) ёнғин хавфсизлиги талабларини бажариш ва ёнғинга қарши режимга риоя қилиш ишлари бажарилмаган тақдирда, ҳимояланадиган объектга ёнғин хавфсизлиги талабларига жавоб бериш учун чора-тадбирлар (талаблар рўйхатини) ишлаб чиқиш ва бажариш муддатларини белгилаш;
е) ҳимояланадиган объект томонидан мувофиқликни баҳолаш натижалари бўйича ишлаб чиқилган чора-тадбирлар белгиланган муддатларда бажарилганда якуний хулоса тайёрлаш.
6-боб. Мувофиқликни баҳолаш ҳужжатларини расмийлаштириш ва юбориш
15. Мувофиқликни баҳолаш натижалари хулоса (кейинги ўринларда — хулоса) шаклида расмийлаштирилади ва мулкдорга қоғоз ёки электрон шаклда юборилади (тақдим этилади).
16. Мувофиқликни баҳолаш натижалари бўйича расмийлаштирилган хулосанинг амал қилиш муддати бир йилни ташкил этади.
Хулоса ёнғин аудиторлик ташкилотида 3 йил сақланади.
17. Хулосада қуйидагилар қайд этилади:
а) ёнғин аудиторлик ташкилотининг номи ва ташкилий-ҳуқуқий шакли, унинг жойлашган жойи (почта манзили);
б) мувофиқликни баҳолаш бўйича тузилган шартноманинг санаси ва рақами;
в) мувофиқлигини баҳолаш ўтказилган объектининг тавсифи (ёнғин хавфсизлиги талаблари бўйича барча тафсилотлари);
г) мувофиқликни баҳолаш ишларини ўтказган ёнғин аудитори (ёнғин аудиторларни) фамилияси, исми ва отасининг исми, ёнғин аудитори сертификати маълумотлари;
д) ўтказилган мувофиқликни баҳолашнинг натижалари, шу жумладан, ушбу Низомнинг 14-банди «а» ва «в» кичик бандларида назарда тутилган ишлар бўйича натижалар;
е) ёнғин хавфсизлиги талабларининг бажарилиши ва ёнғин хавфсизлиги режимига риоя этилиши тўғрисида хулоса, улар бажарилмаган ва (ёки) риоя этилмаган тақдирда, ушбу Низомнинг 14-банди «д» кичик бандида назарда тутилган чораларни кўриш бўйича тавсиялар.
18. Хулоса мувофиқликни баҳолашни ўтказган ёнғин аудитори томонидан имзоланади ва раҳбар томонидан ёнғин аудиторлик ташкилоти муҳри қўйилиб тасдиқланади.
Электрон ҳужжат шаклида тузилган хулоса QR-код қўйилган ёнғин аудитори ва ташкилот раҳбарининг электрон имзолари билан тасдиқланади.
19. Хулоса тасдиқланганидан кейин ёнғин аудиторлик ташкилоти кузатув хати билан 3 иш куни мобайнида хулосанинг нусхасини объект ҳудудий жиҳатдан бириктирилган давлат ёнғин назорати органига юборади.
20. Ҳимояланадиган объект мулкдори ёнғин аудиторлик ташкилотининг хулосасидан норози бўлган тақдирда, белгиланган тартибда судга шикоят қилишга ҳақли.
21. Ҳимояланадиган объектга нисбатан мувофиқликни баҳолаш натижалари бўйича ижобий хулоса қилинган тақдирда, ушбу объектда бир йил давомида давлат ёнғин назорати органлари томонидан текширувлар ўтказилмайди.
22. Ёнғин аудиторлик ташкилоти томонидан ҳимояланадиган объектга нисбатан ижобий хулоса қилинмаган тақдирда, давлат ёнғин назорати органлари ушбу объектни белгиланган тартибда текширувлар режасига киритади.
7-боб. Якунловчи қоида
23. Ушбу Низом талаблари бузилишида айбдор бўлган шахслар қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ жавоб беради.
Вазирлар Маҳкамасининг 2023 йил 25 декабрдаги 679-сон қарорига 2-ИЛОВА
Ёнғин аудиторлик ташкилотининг мутахассисларини сертификатлаш тартиби тўғрисида
1-боб. Умумий қоидалар
1. Ушбу Низом ёнғин аудиторлик ташкилотларининг мутахассисларини сертификатлаш тартибини белгилайди.
2. Ушбу Низомда қуйидаги асосий тушунчалардан фойдаланилади:
сертификат — Фавқулодда вазиятлар вазирлиги Академиясида ўқув дастурини тамомлаган ва тест синовини муваффақиятли топширган мутахассисга бериладиган, мувофиқликни баҳолаш соҳасида объектларда ёнғин аудиторлик ишларини амалга ошириш ҳуқуқини тасдиқловчи давлат намунасидаги ҳужжат;
сертификатланган мутахассис — мувофиқликни баҳолаш соҳаси бўйича зарур билим, кўникма, амалий иш тажрибаси ва олий маълумотга эга бўлган ҳамда Фавқулодда вазиятлар вазирлиги Академиясида ўқув дастурини тамомлаган ва белгиланган тартибдаги тест синовларидан муваффақиятли ўтган жисмоний шахс;
талабгор — сертификат олиш учун мурожаат қилувчи, ёнғин хавфсизлиги соҳасида амалий иш тажрибасига эга (камида беш йил) бўлган олий маълумотли жисмоний шахс;
тест синови — талабгорнинг сертификат олиш учун қўйилган талабларга мос келишини аниқлашга йўналтирилган, Билим ва малакаларни баҳолаш агентлиги томонидан ўтказиладиган имтиҳон;
мувофиқликни баҳолаш — жисмоний ва юридик шахсларга тегишли бўлган бино ва иншоотларнинг ёнғин хавфсизлиги талабларига мувофиқлигини мустақил баҳолашни (ёнғин аудити) ўтказиш.
3. Сертификатланадиган мутахассислар Фавқулодда вазиятлар вазирлиги билан биргаликда ишлаб чиқиладиган, ёнғин хавфсизлиги соҳаси юқори даражада ривожланган давлатларда қўлланиладиган таълим стандартларига мувофиқ келадиган ўқув дастури (кейинги ўринларда — дастур) асосида ўқитилади.
Дастурда мутахассисларни таҳсил олаётган йўналиши бўйича соҳа идоралари ва корхоналарида амалий машғулотларни ташкил этиш назарда тутилади.
4. Сертификат Фавқулодда вазиятлар вазирлиги Академиясида (кейинги ўринларда — Академия) дастурлар бўйича ўқув курсини тугатиб, Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги ҳузуридаги Билим ва малакаларни баҳолаш агентлигида (кейинги ўринларда — Агентлик) белгиланган тартибда ўтказиладиган тест синовларини муваффақиятли якунлаган мутахассисларга берилади.
5. Талабгор сертификат талаб этиладиган лавозимга тайинланган санадан бошлаб бир йил муддат давомида дастур асосида ўқиши ва сертификатга эга бўлиши талаб этилади. Агарда, талабгор бир йил муддат давомида белгиланган тартибда тегишли сертификатга эга бўлмаса, у билан меҳнат шартномаси белгиланган тартибда бекор қилинади.
6. Сертификат 3 йил муддатга берилади.
2-боб. Мутахассисларга сертификат бериш тартиби
7. Мувофиқликни баҳолаш соҳаси мутахассисларига сертификат ушбу Низомга 1-иловада келтирилган схемага мувофиқ берилади.
8. Талабгор дастурга мувофиқ ўқиш ҳамда сертификатга эга бўлиш учун ушбу Низомга 2-иловада келтирилган сўровномани ахборот тизими орқали Академияга юборади.
Сўровномада талабгор тўғрисидаги маълумотлар тўғри ва тўлиқ кўрсатилиши шарт.
Сўровнома тегишли маълумотлар билан тўлиқ тўлдирилмаган тақдирда, ахборот тизими қабул қилмайди.
9. Сўровнома ахборот тизими орқали автоматик тарзда Академияга йўналтирилади.
10. Академия бир иш куни мобайнида талабгорнинг сўровномасини кўриб чиқади ва таълим бериш тўғрисидаги маълумот ва таълим учун шартномани ахборот тизими орқали юборади.
Академия талабгорларни белгиланган дастурлар бўйича ўқув курсида малака оширишлари учун тўлов миқдорини мустақил белгилайди.
11. Талабгор уч иш куни мобайнида Академиядан келиб тушган маълумотларни ўрганиб чиқиб, ўқиш учун тўловни ўз ҳисоби ёки ёнғин аудиторлик ташкилоти ҳисобидан амалга оширади.
12. Тест синовидан ўтиш ҳамда сертификат олиш учун базавий ҳисоблаш миқдорининг икки баравари миқдорида йиғим ундирилади.
Йиғим суммаси қуйидаги тартибда тақсимланади:
30 фоизи — Агентликнинг ҳисобварағига;
30 фоизи — Ўзбекистон Республикаси Фавқулодда вазиятлар вазирлигининг махсус бюджетдан ташқари жамғармасига;
40 фоизи — Академиянинг ҳисобварағига ўтказилади.
13. Академия ўқув машғулотлари ва дастури якунланганидан сўнг ўтказиладиган тест синови учун талабгорга тўлов шартномасини юборади.
Талабгор шартномада белгиланган тўловни ўз ҳисобидан ёки аудиторлик ташкилоти ҳисобидан амалга оширади ва тўлов тўғрисидаги ҳужжатни ахборот тизими орқали Академияга юборади.
14. Академия ўқув машғулоти бошланиши ҳақида талабгорга камида бир ҳафта олдин электрон хабарнома юборади (электрон почта манзили ёки мобил илова орқали).
Талабгорга ўз иш жойидан ажралмаган ҳолда ўқув машғулотларида иштирок этишга (ўқишига) рухсат этилади.
15. Академия дастур асосидаги ўқиш якунланган куннинг ўзида талабгорларнинг ўзлаштирган билимини тест синовидан ўтказиш учун Агентликка сўровнома юборади.
Агентлик сўровнома келиб тушган кундан бошлаб 3 иш куни ичида тест синови ўтказиладиган сана ва жойи ҳақида Академияга хабар беради.
Тест натижалари тест синови ўтказилган куннинг эртасига ахборот тизими орқали эълон қилинишини таъминлайди.
16. Тест синовидан муваффақиятли ўтган ҳар бир талабгор мазкур Низомга 3-иловасида белгиланган шаклга мувофиқ тегишли QR-кодли (матрик штрихли код) сертификатни ахборот тизимидан юклаб олади.
17. Талабгор QR-код (матрик штрихли код) қўйилган сертификат олган кундан бошлаб сертификатда қайд этилган ҳуқуққа эга ҳисобланади.
3-боб. Тест синови жараёнини ўтказиш тартиби
18. Тест саволлари Фавқулодда вазиятлар вазирлиги, Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги ҳамда Агентлик томонидан белгиланган тартибда махфийлиги таъминланган ҳолда ишлаб чиқилади ҳамда тизимли равишда янгилаб борилади.
Тест саволларини ишлаб чиқишда дастур ҳамда амалдаги ёнғин хавфсизлиги соҳасидаги қонунчилик ҳужжатларидан фойдаланилади.
19. Талабгор тест синови ўтказиладиган ҳудуд (бино)га шахсини тасдиқловчи ҳужжатларининг (биометрик паспорти, хорижга чиқиш паспорти, идентификация ID-картаси, янги намунадаги ҳайдовчилик гувоҳномаси каби ҳужжатлардан бирини) аслини кўрсатган ҳолда текшириб киритилади.
Тест синовига келмаган ёки кечиккан талабгор навбатдаги тест синовига кириш учун Академияга ариза билан мурожаат қилади, Академия навбатдаги тест топшириш учун талабгорлар рўйхатига киритади ва бу ҳақида почта хизмати орқали хабар юборади.
20. Тест синови белгиланган тартибда:
электрон шаклдаги саволномалардан фойдаланилган ҳолда, Агентлик томонидан тасдиқланган комиссияси аъзолари ва кузатувчилар иштирокида ўтказилади;
шаффофлик ва холисликни таъминлаш мақсадида тест жараёни узлуксиз равишда овозли видеоёзувга туширилади.
21. Тест синови ўтказиладиган хонага уяли телефон, шунингдек, телекоммуникация воситалари ва шпаргалкалар олиб кириш, бошқа талабгорлар билан мулоқот қилиш тақиқланади.
Ушбу талабларни бузган талабгорлар тест синовидан четлаштирилади ва тест синовидан ўтмаган деб ҳисобланади. Тест синовидан четлаштирилган талабгорлар бўйича далолатнома тузилади.
Тест синови видеоёзувлари Фавқулодда вазиятлар вазирлигига тақдим этилади ва вазирликда уч йил давомида сақланади.
22. Тест синовидаги саволлар малака ошириш курсида ўтилган мавзуларга мувофиқ бўлиши шарт.
Тест синови 50 та саволдан иборат бўлади.
Талабгорга тест синовини топшириш учун икки соат вақт берилади.
Тест саволларининг 35 тасига тўғри жавоб берган талабгор тест синовидан ўтган ҳисобланади.
23. Тест синовидан ўта олмаган талабгорга бир ой муддатда иккинчи маротаба тест синовини бепул топшириш учун имконият берилади.
Талабгор тест синовидан такрорий тест натижасида ҳам ўта олмаган тақдирда, унга сертификат берилмайди.
Такрорий тест топширганда ҳам тест синовидан ижобий натижа билан ўта олмаган талабгор умумий тартибда Академияда қайта ўқиганидан сўнг тест синовига кириши мумкин.
4-боб. Сертификат берилган мутахассислар реестри ва уни юритиш тартиби
24. Фавқулодда вазиятлар вазирлиги томонидан мувофиқликни баҳолаш соҳасида сертификатланган мутахассисларнинг электрон реестри юритилади.
Реестрда қуйидаги маълумотлар қайд этилади:
а) сертификатланган мутахассиснинг фамилияси, исми, отасининг исми, почта манзили, электрон почта манзили (мавжуд бўлса), телефон рақами;
б) жисмоний шахс учун шахсий идентификация рақами (ЖШШИР);
в) сертификат рақами, берилган санаси ва унинг амал қилиш муддати;
г) сертификатланган мутахассислар:
ҳудудлар (вилоят ва туманлар) кесимида;
соҳа (мувофиқликни баҳолаш);
Реестрга сертификатнинг амал қилиш муддати тугаб, реестрдан чиқарилганлиги тўғрисидаги маълумотлар ҳам киритиб борилади.
25. Реестрни юритиш тартиби Фавқулодда вазиятлар вазирлиги томонидан белгиланади.
5-боб. Сертификатнинг амал қилишини тўхтатиш тартиби
26. Қуйидагилар сертификатнинг амал қилишини тўхтатиб қўйиш учун асос ҳисобланади:
мутахассис томонидан сертификатга эга бўлиш учун мазкур Низомга 2-иловага мувофиқ саволнома маълумотлари қасддан нотўғри тўлдирилганлиги аниқланганда;
сертификат эгасини белгиланган тартибда муомалага лаёқатсиз ёки муомалага лаёқати чекланган деб эътироф этиш тўғрисидаги суд қарори ёхуд озодликдан маҳрум қилиш тўғрисидаги суд ҳукми қонуний кучга кирганда;
сертификат эгасига нисбатан мансаб ваколатини суиистеъмол қилиш билан боғлиқ жиноят иши қўзғатилиб, мазкур иш бўйича суднинг қарори қонуний кучга кирганда;
сертификат эгасининг вафот этганлиги муносабати билан.
27. Сертификатнинг амал қилишини тўхтатиш тўғрисидаги буйруқ қабул қилинган санадан бошлаб тугатилади ва сертификатланган мутахассиснинг мувофиқликни баҳолаш фаолияти билан шуғулланиш ҳуқуқи тўхтатилади.
28. Мутахассис томонидан Фавқулодда вазиятлар вазирлигининг сертификат амал қилишини тўхтатиш тўғрисидаги буйруғи устидан қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда судга шикоят қилиши мумкин.
6-боб. Якунловчи қоидалар
29. Фавқулодда вазиятлар вазирлиги ўз ваколатлари ва функциялари доирасида сертификатланган мутахассислар томонидан ёнғин хавфсизлиги соҳасидаги қонунчилик ҳужжатлари, шу жумладан, маъмурий регламентлар ва ушбу Низом талабларига риоя этилиши устидан белгиланган тартибда назорат қилади ҳамда ахборот тизими орқали мониторинг олиб боради.
30. Фавқулодда вазиятлар вазирлиги ўз фаолиятини амалга ошириши натижасида мутахассислар тўғрисида олинган маълумотларнинг сир сақланишини таъминлайди.
31. Мазкур Низом талаблари бузилишида айбдор бўлган шахслар қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда жавобгар бўлади.
Ёнғин аудиторлик ташкилотининг мутахассисларини сертификатлаш тартиби тўғрисидаги низомга 1-ИЛОВА
Мувофиқликни баҳолаш соҳаси мутахассисларига сертификат бериш
Босқичлар Масъуллар Амалга ошириладиган тадбирлар Муддатлар 1-босқич Талабгор «Ёнғин аудити» МАТ орқали мутахассисларни сертификатлаш ўқув дастурига мувофиқ ўқиш ҳамда сертификатга эга бўлиш учун Фавқулодда вазиятлар вазирлиги Академиясига мурожаатни юборади. Белгиланган тартибда ўз хоҳишига кўра 2-босқич «Ёнғин аудити» МАТ оператори Мурожаатни автоматик тарзда Фавқулодда вазиятлар вазирлиги Академиясига юборади. Автоматик тарзда 3-босқич Фавқулодда вазиятлар вазирлиги Академияси Мурожаат асосида талабгорга таълим бериш тўғрисидаги маълумот ва таълим учун шартномани «Ёнғин аудити» МАТ орқали юборади. Бир иш куни мобайнида 4-босқич Талабгор Фавқулодда вазиятлар вазирлиги Академиясидан келиб тушган таклифларни ўрганиб чиқиб, ўқиш учун тўловни ўз ҳисоби ёки ёнғин аудиторлик ташкилоти ҳисобидан амалга оширади. Уч иш куни мобайнида 5-босқич Фавқулодда вазиятлар вазирлиги Академияси Ўқув машғулотлари ва дастури якунлангандан сўнг ўтказиладиган тест синови учун талабгорга тўлов шартномасини юборади. Бир иш куни мобайнида 6-босқич Талабгор Шартномада белгиланган тўловни ўз ҳисобидан ёки аудиторлик ташкилоти ҳисобидан амалга оширади ва тўлов тўғрисидаги ҳужжатни тизим орқали Фавқулодда вазиятлар вазирлиги Академиясига юборади. Уч иш куни мобайнида 7-босқич Фавқулодда вазиятлар вазирлиги Академияси Ўқув машғулоти бошланиши ҳақида талабгорга электрон хабарнома юборади (электрон почта манзили ёки мобил илова орқали). Бир ҳафта олдин 8-босқич Фавқулодда вазиятлар вазирлиги Академияси Ўқув дастури асосида мутахассисларни ўқитади. Белгиланган муддатда 9-босқич Фавқулодда вазиятлар вазирлиги Академияси Ўқув дастури якунлангач, мутахассисларнинг ўзлаштирган билимини тест синовидан ўтказиш учун Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги ҳузуридаги Билим ва малакаларни баҳолаш агентлигига тест синовини ўтказиш тўғрисида сўров юборади. Ўқув машғулоти тугаган куннинг ўзида 10-босқич Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги ҳузуридаги Билим ва малакаларни баҳолаш агентлиги 1. Тест синови белгиланган тартибда ўтказилишини таъминлайди. Уч иш куни мобайнида 2. Тест синовига келмаган ёки кечиккан мутахассисни навбатдаги тест синовига киритади. Бу ҳақда электрон почта манзили ёки мобил илова орқали талабгорни хабардор қилади. Икки иш куни мобайнида 11-босқич Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги ҳузуридаги Билим ва малакаларни баҳолаш агентлиги 1. Тест синови натижаларини ўз веб-сайтига жойлаштиради. 2. Бир вақтнинг ўзида «Ёнғин аудити» МАТда QR-кодли (матрик штрихли код) сертификат автоматик тарзда шаклланади. Тест синови якунланган куннинг ўзида 12-босқич Талабгор 1. Тест синовидан муваффақиятли ўтгандан сўнг «Ёнғин аудити» МАТда QR-код (матрик штрихли код) қўйилган тегишли сертификатни юклаб олади. 2. Тест синовидан ўтмаган тақдирда, мазкур қарор билан тасдиқланган Низом талаблари асосида қайтадан тест синовидан ўтказади. Белгиланган тартибда 13-босқич Фавқулодда вазиятлар вазирлиги «Ёнғин аудити» МАТда сертификатланган мутахассисларнинг соҳа бўйича реестрини шакллантиради. Белгиланган тартибда
Ёнғин аудиторлик ташкилотининг мутахассисларини сертификатлаш тартиби тўғрисидаги низомга 2-ИЛОВА
Талабгор томонидан дастурга мувофиқ ўқиш ҳамда сертификатга эга бўлиш учун таълим муассасасига юбориладиган
____________________ ____________________ (санаси) (рақами) Талабгор ҳақида маълумот: 1. Фамилияси 2. Исми 3. Отасининг исми 4. Жинси 5. Паспорт (ID карта) маълумотлари (серияси ва рақами, жисмоний шахснинг шахсий идентификация рақами (ЖШШИР)) 6. Мутахассислик йўналиши тури (мувофиқликни баҳолаш) 7. Яшаш жойи 8. Телефон рақами 9. Электрон почта манзили (e-mail) — (мавжуд бўлса)
Ёнғин аудиторлик ташкилотининг мутахассисларини сертификатлаш тартиби тўғрисидаги низомга 3-ИЛОВА
Ўзбекистон Республикаси Фавқулодда вазиятлар вазирлиги МУТАХАССИС СЕРТИФИКАТИ 00000-сон Жисмоний ва юридик шахсларга тегишли бўлган бино ва иншоотларнинг ёнғин хавфсизлиги талабларига мувофиқлигини мустақил баҳолашни (ёнғин аудити) ўтказиш ҳуқуқи _________________________________________________________________________ га берилди (сертификат олган шахснинг Ф.И.О.) Ҳужжатни имзолаган шахс _________________________________________ (Ф.И.О.) Сертификат 20____ йил «_____»____________ берилди Амал қилиш муддати 3 йил. Ҳужжатнинг ҳақиқийлигини тасдиқловчи QR-код
Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А. АРИПОВ
Тошкент ш.,
2023 йил 25 декабрь,
679-сон
Oʻzbekiston Respublikasi Vazirlar Mahkamasining
qarori
NIZOM
NIZOM
SXEMASI
SOʻROVNOMA
Jismoniy va yuridik shaxslarga tegishli bino hamda inshootlarning yongʻin xavfsizligi talablariga muvofiqligi yuzasidan yongʻin auditini oʻtkazishga oid chora-tadbirlar toʻgʻrisida
Soʻnggi yillarda aholi hayoti va sogʻligʻi, jismoniy va yuridik shaxslar mulkining ishonchli himoyasini taʼminlaydigan yaxlit yongʻin xavfsizligi tizimi shakllantirildi.
Shu bilan birga, yongʻinlarning oldini olish sohasida tizimli chora-tadbirlar amalga oshirilayotganligiga qaramasdan, yongʻin xavfsizligi talablariga rioya etilishi ustidan nazorat yetarli darajada taʼminlanmayotganligi sababli aholining maishiy hayotida va tadbirkorlik subyektlari faoliyatida yongʻinlar bilan bogʻliq noxush hodisalar roʻy bermoqda.
Yongʻin xavfsizligi talablariga rioya etilishi ustidan nazoratning muqobil usullarini respublikada joriy etish maqsadida Vazirlar Mahkamasi qaror qiladi:
1. Vazirlar Mahkamasining “Yongʻinlar profilaktikasi samaradorligini oshirish va yongʻin xavfsizligi sohasida davlat nazoratini takomillashtirish chora-tadbirlari toʻgʻrisida” 2023-yil 4-avgustdagi 332-son qaroriga muvofiq:
yongʻin xavfsizligi sohasidagi davlat nazoratining asosiy yoʻnalishlari belgilanganligi;
jismoniy va yuridik shaxslarga tegishli boʻlgan bino va inshootlarning 2024-yil 1-yanvardan boshlab yongʻin xavfsizligi talablariga muvofiqligini mustaqil baholash tartibi (yongʻin auditi) joriy etilishi maʼlumot uchun qabul qilinsin.
2. Quyidagilarni nazarda tutuvchi Jismoniy va yuridik shaxslarga tegishli boʻlgan bino va inshootlarning yongʻin xavfsizligi talablariga muvofiqligini mustaqil baholash (yongʻin auditi) tartibi toʻgʻrisidagi nizom 1-ilovaga , Yongʻin auditorlik tashkilotining mutaxassislarini sertifikatlash tartibi toʻgʻrisidagi nizom 2-ilovaga muvofiq tasdiqlansin:
jismoniy va yuridik shaxslarga tegishli boʻlgan bino va inshootlarning yongʻin xavfsizligi talablariga muvofiqligini mustaqil baholovchi yongʻin auditorlik tashkiloti va uning tarkibidagi yongʻin auditorlariga nisbatan talablar;
yongʻin auditorlik tashkiloti hamda himoyalanadigan obyekt mulkdorining huquqlari, majburiyatlari hamda javobgarligi;
jismoniy va yuridik shaxslarga tegishli boʻlgan bino va inshootlarning yongʻin xavfsizligiga muvofiqligini baholash, hujjatlarni rasmiylashtirish va yuborish tartibi;
yongʻin auditorlik tashkilotining mutaxassislarini oʻqitish, test sinovidan oʻtkazish, sertifikat berilgan mutaxassislar reyestrini yuritish hamda sertifikatning amal qilishini toʻxtatish tartibi.
3. Favqulodda vaziyatlar vazirligi Raqamli texnologiyalar vazirligi, Oliy taʼlim, fan va innovatsiyalar vazirligi, boshqa mutasaddi vazirlik va idoralar bilan birgalikda bir oy muddatda:
“Yongʻin auditi” milliy axborot tizimida avtomatik tarzda sertifikatlangan mutaxassislar reyestri shakllantirilishini nazarda tutuvchi idoralararo maʼlumotlar bazalarining oʻzaro integratsiya qilinishini taʼminlovchi dasturiy taʼminot ishlab chiqilishini hamda joriy etilishini;
Yagona interaktiv davlat xizmatlari portali orqali “Yongʻin auditi” milliy axborot tizimida taʼlim muassasasida oʻqib, test sinovlaridan oʻtgan mutaxassislarning QR-kod qoʻyiladigan elektron shaklda sertifikat olish mexanizmi yaratilishini taʼminlasin.
4. Favqulodda vaziyatlar vazirligi:
2024-yil 1-fevralga qadar Oliy taʼlim, fan va innovatsiyalar vazirligi bilan birgalikda dastur asosida taʼlim olgan mutaxassislarning sohaviy bilimlarini test sinovidan oʻtkazib borish tizimini joriy etsin;
ikki oy muddatda yongʻin auditorlik tashkilotlarini akkreditatsiyadan oʻtkazish tartibini ishlab chiqib, belgilangan tartibda Vazirlar Mahkamasiga kiritsin.
5. Favqulodda vaziyatlar vazirligi manfaatdor vazirlik va idoralar bilan birgalikda oʻzlari qabul qilgan normativ-huquqiy hujjatlarni ikki oy muddatda ushbu qarorga muvofiqlashtirsin.
6. Mazkur qarorning bajarilishini nazorat qilish Oʻzbekiston Respublikasi Bosh vazirining oʻrinbosari A. Ramatov va Oʻzbekiston Respublikasi favqulodda vaziyatlar vaziri A. Kuldashev zimmasiga yuklansin.
Vazirlar Mahkamasining 2023-yil 25-dekabrdagi 679-son qaroriga 1-ILOVA
Jismoniy va yuridik shaxslarga tegishli boʻlgan bino va inshootlarning yongʻin xavfsizligi talablariga muvofiqligini mustaqil baholash (yongʻin auditi) tartibi toʻgʻrisida
1-bob. Umumiy qoidalar
1. Ushbu Nizom yongʻin auditorlik tashkilotlari tomonidan jismoniy va yuridik shaxslarga tegishli boʻlgan bino va inshootlarning (keyingi oʻrinlarda — himoyalanadigan obyektlar) yongʻin xavfsizligi talablariga muvofiqligini mustaqil baholash tartibini belgilaydi.
2. Ushbu Nizomda quyidagi asosiy tushunchalardan foydalaniladi:
yongʻin auditorlik tashkiloti — himoyalanadigan obyektlarning yongʻin xavfsizligi talablariga muvofiqligini mustaqil baholovchi, rahbaridan tashqari yongʻin xavfsizligi sohasida amaliy ish tajribasiga ega (kamida besh yil) boʻlgan kamida ikki nafar yongʻin auditori sertifikatiga ega boʻlgan oliy maʼlumotli mutaxassislar mavjud boʻlgan, Favqulodda vaziyatlar vazirligida akkreditatsiyadan oʻtgan yuridik shaxs;
yongʻin auditori — yongʻin xavfsizligi sohasida amaliy ish tajribasiga (kamida besh yil) va oliy maʼlumotga ega boʻlgan hamda Favqulodda vaziyatlar vazirligi Akademiyasida oʻquv dasturini tamomlagan va belgilangan tartibda test sinovlaridan muvaffaqiyatli oʻtgan va yongʻin auditori sertifikatiga ega boʻlgan jismoniy shaxs;
yongʻin auditori sertifikati — mutaxassisning muvofiqlikni baholash sohasida malakasini tasdiqlovchi rasmiy hujjat;
xulosa — yongʻin auditori tomonidan berilgan va obyektning yongʻin xavfsizligi darajasi toʻgʻrisidagi maʼlumotlarni oʻz ichiga olgan rasmiy hujjat.
3. Yongʻin auditorlik tashkiloti tomonidan oʻta muhim, xavf-xatarligi IV toifaga kiruvchi hamda Oʻzbekiston Respublikasining davlat sirlari bilan bogʻliq obyektlarda yongʻin auditorlik tekshiruvlari oʻtkazilmaydi.
2-bob. Yongʻin auditorlik tashkiloti
4. Yongʻin auditorlik tashkilotiga quyidagi talab va shartlar qoʻllaniladi:
himoyalanadigan obyektning mulkdori va yongʻin auditorlik tashkiloti oʻrtasidagi manfaatlar toʻqnashuvining oldini olish maqsadida yongʻin auditorlik tashkiloti yongʻin xavfsizligi sohasidagi ishlar va xizmatlarni amalga oshirishda faqatgina himoyalanadigan obyektning muvofiqligini baholash faoliyati bilan shugʻullanish;
mulkiy huquq yoki boshqa ashyoviy huquq asosida yongʻin auditorlik tashkiloti faoliyatini amalga oshirish uchun zarur boʻlgan tegishli binolar va inshootlar, texnik-texnologik va apparat-dasturiy vositalariga ega boʻlish;
yongʻin auditori faqat bitta auditorlik tashkilotining muassisi (ishtirokchisi) boʻlishi;
yongʻin auditorlik tashkilotining yongʻin auditori tomonidan qonunchilikda belgilangan tartibda yongʻin auditori sertifikatini olmasdan turib yoki har uch yilda malakasini oshirmasdan yongʻin auditini oʻtkazishiga yoʻl qoʻymaslik;
yongʻin auditorlik tashkiloti belgilangan tartibda davlat roʻyxatidan va Favqulodda vaziyatlar vazirligida akkreditatsiyadan oʻtishi.
5. Yongʻin auditorlik tashkiloti oʻz faoliyatini amalga oshirish chogʻida mustaqildir.
Davlat organlari va boshqa tashkilotlar, shuningdek, ularning mansabdor shaxslari yongʻin auditorlik tashkilotining qonunchilik hujjatlariga muvofiq amalga oshiriladigan faoliyatiga aralashishga haqli emas.
3-bob. Yongʻin auditorlik tashkilotining huquqlari, majburiyatlari hamda javobgarligi
6. Yongʻin auditorlik tashkiloti quyidagi huquqlarga ega:
himoyalanadigan obyektning muvofiqligini baholashga nisbatan yongʻin auditini oʻtkazish uchun uning kadastr va taʼsis hujjatlari, obyektda ishlaydigan qurilma va jihozlar hamda unda mavjud boʻlgan moddiy-tovar boyliklar haqidagi hujjatlar bilan oldindan tanishish;
zarur oʻlchovlar oʻtkazish, namunalar olish va tadqiqot oʻtkazish maqsadida akkreditatsiyalangan laboratoriyalarda sinovlarni oʻtkazish;
yongʻin auditini oʻtkazish davomida yuzaga kelgan masalalar boʻyicha himoyalanadigan obyektning yongʻin xavfsizligi uchun masʼul boʻlgan shaxslardan tushuntirishlar va yongʻin auditi oʻtkazish uchun zarur boʻlgan qoʻshimcha maʼlumotlar olish;
yongʻin auditi bilan bogʻliq masalalar yuzasidan maslahatlar berish.
7. Yongʻin auditorlik tashkiloti:
yongʻin auditorlik faoliyatini amalga oshirish chogʻida Oʻzbekiston Respublikasi Konstitutsiyasi va qonunlariga, Oʻzbekiston Respublikasi Oliy Majlisi palatalarining qarorlariga, Oʻzbekiston Respublikasi Prezidentining farmonlari, qarorlari va farmoyishlariga, Vazirlar Mahkamasining qarorlari va farmoyishlariga, shuningdek, ushbu Nizom talablariga rioya etishi;
yongʻin auditi xulosasida normativ-huquqiy hamda texnik jihatdan tartibga solish sohasidagi hujjatlar talablarining buzilish holatini bartaraf etish boʻyicha tavsiyalarni aks ettirishi;
yongʻin auditorlik faoliyatini amalga oshirishga doir tegishli hujjatlarni himoyalanadigan obyekt mulkdori talabiga koʻra taqdim etishi;
yongʻin auditorlik xizmatlarini koʻrsatish chogʻida olingan axborotning maxfiyligini taʼminlashi shart.
8. Yongʻin auditorlik tashkiloti bila turib soxta tuzilgan yongʻin auditi xulosasini tuzishi oqibatida yetkazilgan zarar uchun himoyalanadigan obyekt mulkdori oldida javobgar hisoblanadi.
Yongʻin auditorlik tashkilotining yongʻin auditini oʻtkazmasdan turib tuzilgan xulosasi yoki yongʻin auditi natijalari boʻyicha belgilangan tartibda soxta deb hisoblanganda yongʻin auditorlik tashkiloti javobgar boʻladi.
4-bob. Himoyalanadigan obyekt mulkdorining huquqlari, majburiyatlari va javobgarligi
9. Himoyalanadigan obyekt mulkdori quyidagi huquqlarga ega:
yongʻin auditini oʻtkazish uchun yongʻin auditorlik tashkilotini mustaqil ravishda tanlash;
ixtiyoriy yongʻin auditini oʻtkazish vaqtida yongʻin auditining yoʻnalishi va ish hajmini belgilash;
yongʻin auditorlik tashkilotidan yongʻin auditi xulosasi qaysi qonunchilik hujjatlari normalariga asoslanganligi toʻgʻrisidagi zarur axborotni olish;
yongʻin auditi xulosasini olish.
10. Himoyalanadigan obyekt mulkdori:
yongʻin auditorlariga yongʻin auditini oʻtkazish uchun tegishli shart-sharoitlar yaratishi;
yongʻin auditini oʻtkazish uchun zarur boʻlgan maʼlumotlar va materiallarni taqdim etishi;
yongʻin auditi rejasini tasdiqlashi;
yongʻin auditorlik xizmatlarini koʻrsatish toʻgʻrisidagi shartnomaga muvofiq yongʻin auditini oʻtkazish xizmatlari uchun haq toʻlashi shart.
11. Himoyalanadigan obyekt mulkdori yongʻin auditorlik tashkilotiga bergan har qanday notoʻgʻri maʼlumoti tufayli yetkazilgan zarar uchun javobgar hisoblanadi.
5-bob. Himoyalanadigan obyektning muvofiqligini baholash ishlarini amalga oshirish
12. Muvofiqlikni baholash ishlari yongʻin auditorlik tashkiloti va himoyalanadigan obyekt mulkdori oʻrtasida tuziladigan shartnoma asosida amalga oshiriladi.
13. Muvofiqlikni baholash uchun toʻlov miqdori yongʻin auditorlik tashkiloti tomonidan mustaqil belgilanadi.
14. Muvofiqlikni baholash quyidagilarni oʻz ichiga oladi:
a) himoyalanadigan obyektning yongʻin xavfini tavsiflovchi hujjatlarni tahlil qilish;
b) himoyalanadigan obyektning yongʻin xavfsizligi holati, evakuatsiya chiqish yoʻllari, ishchi-xizmatchilarning bilimi, yongʻinning paydo boʻlishi, rivojlanishi va tarqalishini, insonlarga va moddiy boyliklarga xavfli taʼsiri toʻgʻrisidagi obyektiv maʼlumotlar olishni, shuningdek, yongʻin xavfsizligiga rioya qilish uchun shart-sharoitlar mavjudligini, shu jumladan, obyektda mavjud boʻlgan yongʻindan himoya qilish tizimlarining yaroqliligi va ishchi holatini aniqlash;
v) yongʻin xavfsizligi boʻyicha normativ hujjatlarda belgilangan tartibda zarur tadqiqotlar, sinovlar, hisob-kitoblar va ekspertizalarni oʻtkazish toʻgʻrisidagi maʼlumotlarni tahlil qilish;
g) himoyalanadigan obyektda oʻtkazilgan muvofiqlikni baholash natijalari boʻyicha xulosa tayyorlash;
d) yongʻin xavfsizligi talablarini bajarish va yongʻinga qarshi rejimga rioya qilish ishlari bajarilmagan taqdirda, himoyalanadigan obyektga yongʻin xavfsizligi talablariga javob berish uchun chora-tadbirlar (talablar roʻyxatini) ishlab chiqish va bajarish muddatlarini belgilash;
e) himoyalanadigan obyekt tomonidan muvofiqlikni baholash natijalari boʻyicha ishlab chiqilgan chora-tadbirlar belgilangan muddatlarda bajarilganda yakuniy xulosa tayyorlash.
6-bob. Muvofiqlikni baholash hujjatlarini rasmiylashtirish va yuborish
15. Muvofiqlikni baholash natijalari xulosa (keyingi oʻrinlarda — xulosa) shaklida rasmiylashtiriladi va mulkdorga qogʻoz yoki elektron shaklda yuboriladi (taqdim etiladi).
16. Muvofiqlikni baholash natijalari boʻyicha rasmiylashtirilgan xulosaning amal qilish muddati bir yilni tashkil etadi.
Xulosa yongʻin auditorlik tashkilotida 3 yil saqlanadi.
17. Xulosada quyidagilar qayd etiladi:
a) yongʻin auditorlik tashkilotining nomi va tashkiliy-huquqiy shakli, uning joylashgan joyi (pochta manzili);
b) muvofiqlikni baholash boʻyicha tuzilgan shartnomaning sanasi va raqami;
v) muvofiqligini baholash oʻtkazilgan obyektining tavsifi (yongʻin xavfsizligi talablari boʻyicha barcha tafsilotlari);
g) muvofiqlikni baholash ishlarini oʻtkazgan yongʻin auditori (yongʻin auditorlarni) familiyasi, ismi va otasining ismi, yongʻin auditori sertifikati maʼlumotlari;
d) oʻtkazilgan muvofiqlikni baholashning natijalari, shu jumladan, ushbu Nizomning 14-bandi “a” va “v” kichik bandlarida nazarda tutilgan ishlar boʻyicha natijalar;
e) yongʻin xavfsizligi talablarining bajarilishi va yongʻin xavfsizligi rejimiga rioya etilishi toʻgʻrisida xulosa, ular bajarilmagan va (yoki) rioya etilmagan taqdirda, ushbu Nizomning 14-bandi “d” kichik bandida nazarda tutilgan choralarni koʻrish boʻyicha tavsiyalar.
18. Xulosa muvofiqlikni baholashni oʻtkazgan yongʻin auditori tomonidan imzolanadi va rahbar tomonidan yongʻin auditorlik tashkiloti muhri qoʻyilib tasdiqlanadi.
Elektron hujjat shaklida tuzilgan xulosa QR-kod qoʻyilgan yongʻin auditori va tashkilot rahbarining elektron imzolari bilan tasdiqlanadi.
19. Xulosa tasdiqlanganidan keyin yongʻin auditorlik tashkiloti kuzatuv xati bilan 3 ish kuni mobaynida xulosaning nusxasini obyekt hududiy jihatdan biriktirilgan davlat yongʻin nazorati organiga yuboradi.
20. Himoyalanadigan obyekt mulkdori yongʻin auditorlik tashkilotining xulosasidan norozi boʻlgan taqdirda, belgilangan tartibda sudga shikoyat qilishga haqli.
21. Himoyalanadigan obyektga nisbatan muvofiqlikni baholash natijalari boʻyicha ijobiy xulosa qilingan taqdirda, ushbu obyektda bir yil davomida davlat yongʻin nazorati organlari tomonidan tekshiruvlar oʻtkazilmaydi.
22. Yongʻin auditorlik tashkiloti tomonidan himoyalanadigan obyektga nisbatan ijobiy xulosa qilinmagan taqdirda, davlat yongʻin nazorati organlari ushbu obyektni belgilangan tartibda tekshiruvlar rejasiga kiritadi.
7-bob. Yakunlovchi qoida
23. Ushbu Nizom talablari buzilishida aybdor boʻlgan shaxslar qonunchilik hujjatlariga muvofiq javob beradi.
Vazirlar Mahkamasining 2023-yil 25-dekabrdagi 679-son qaroriga 2-ILOVA
Yongʻin auditorlik tashkilotining mutaxassislarini sertifikatlash tartibi toʻgʻrisida
1-bob. Umumiy qoidalar
1. Ushbu Nizom yongʻin auditorlik tashkilotlarining mutaxassislarini sertifikatlash tartibini belgilaydi.
2. Ushbu Nizomda quyidagi asosiy tushunchalardan foydalaniladi:
sertifikat — Favqulodda vaziyatlar vazirligi Akademiyasida oʻquv dasturini tamomlagan va test sinovini muvaffaqiyatli topshirgan mutaxassisga beriladigan, muvofiqlikni baholash sohasida obyektlarda yongʻin auditorlik ishlarini amalga oshirish huquqini tasdiqlovchi davlat namunasidagi hujjat;
sertifikatlangan mutaxassis — muvofiqlikni baholash sohasi boʻyicha zarur bilim, koʻnikma, amaliy ish tajribasi va oliy maʼlumotga ega boʻlgan hamda Favqulodda vaziyatlar vazirligi Akademiyasida oʻquv dasturini tamomlagan va belgilangan tartibdagi test sinovlaridan muvaffaqiyatli oʻtgan jismoniy shaxs;
talabgor — sertifikat olish uchun murojaat qiluvchi, yongʻin xavfsizligi sohasida amaliy ish tajribasiga ega (kamida besh yil) boʻlgan oliy maʼlumotli jismoniy shaxs;
test sinovi — talabgorning sertifikat olish uchun qoʻyilgan talablarga mos kelishini aniqlashga yoʻnaltirilgan, Bilim va malakalarni baholash agentligi tomonidan oʻtkaziladigan imtihon;
muvofiqlikni baholash — jismoniy va yuridik shaxslarga tegishli boʻlgan bino va inshootlarning yongʻin xavfsizligi talablariga muvofiqligini mustaqil baholashni (yongʻin auditi) oʻtkazish.
3. Sertifikatlanadigan mutaxassislar Favqulodda vaziyatlar vazirligi bilan birgalikda ishlab chiqiladigan, yongʻin xavfsizligi sohasi yuqori darajada rivojlangan davlatlarda qoʻllaniladigan taʼlim standartlariga muvofiq keladigan oʻquv dasturi (keyingi oʻrinlarda — dastur) asosida oʻqitiladi.
Dasturda mutaxassislarni tahsil olayotgan yoʻnalishi boʻyicha soha idoralari va korxonalarida amaliy mashgʻulotlarni tashkil etish nazarda tutiladi.
4. Sertifikat Favqulodda vaziyatlar vazirligi Akademiyasida (keyingi oʻrinlarda — Akademiya) dasturlar boʻyicha oʻquv kursini tugatib, Oliy taʼlim, fan va innovatsiyalar vazirligi huzuridagi Bilim va malakalarni baholash agentligida (keyingi oʻrinlarda — Agentlik) belgilangan tartibda oʻtkaziladigan test sinovlarini muvaffaqiyatli yakunlagan mutaxassislarga beriladi.
5. Talabgor sertifikat talab etiladigan lavozimga tayinlangan sanadan boshlab bir yil muddat davomida dastur asosida oʻqishi va sertifikatga ega boʻlishi talab etiladi. Agarda, talabgor bir yil muddat davomida belgilangan tartibda tegishli sertifikatga ega boʻlmasa, u bilan mehnat shartnomasi belgilangan tartibda bekor qilinadi.
6. Sertifikat 3 yil muddatga beriladi.
2-bob. Mutaxassislarga sertifikat berish tartibi
7. Muvofiqlikni baholash sohasi mutaxassislariga sertifikat ushbu Nizomga 1-ilovada keltirilgan sxemaga muvofiq beriladi.
8. Talabgor dasturga muvofiq oʻqish hamda sertifikatga ega boʻlish uchun ushbu Nizomga 2-ilovada keltirilgan soʻrovnomani axborot tizimi orqali Akademiyaga yuboradi.
Soʻrovnomada talabgor toʻgʻrisidagi maʼlumotlar toʻgʻri va toʻliq koʻrsatilishi shart.
Soʻrovnoma tegishli maʼlumotlar bilan toʻliq toʻldirilmagan taqdirda, axborot tizimi qabul qilmaydi.
9. Soʻrovnoma axborot tizimi orqali avtomatik tarzda Akademiyaga yoʻnaltiriladi.
10. Akademiya bir ish kuni mobaynida talabgorning soʻrovnomasini koʻrib chiqadi va taʼlim berish toʻgʻrisidagi maʼlumot va taʼlim uchun shartnomani axborot tizimi orqali yuboradi.
Akademiya talabgorlarni belgilangan dasturlar boʻyicha oʻquv kursida malaka oshirishlari uchun toʻlov miqdorini mustaqil belgilaydi.
11. Talabgor uch ish kuni mobaynida Akademiyadan kelib tushgan maʼlumotlarni oʻrganib chiqib, oʻqish uchun toʻlovni oʻz hisobi yoki yongʻin auditorlik tashkiloti hisobidan amalga oshiradi.
12. Test sinovidan oʻtish hamda sertifikat olish uchun bazaviy hisoblash miqdorining ikki baravari miqdorida yigʻim undiriladi.
Yigʻim summasi quyidagi tartibda taqsimlanadi:
30 foizi — Agentlikning hisobvaragʻiga;
30 foizi — Oʻzbekiston Respublikasi Favqulodda vaziyatlar vazirligining maxsus budjetdan tashqari jamgʻarmasiga;
40 foizi — Akademiyaning hisobvaragʻiga oʻtkaziladi.
13. Akademiya oʻquv mashgʻulotlari va dasturi yakunlanganidan soʻng oʻtkaziladigan test sinovi uchun talabgorga toʻlov shartnomasini yuboradi.
Talabgor shartnomada belgilangan toʻlovni oʻz hisobidan yoki auditorlik tashkiloti hisobidan amalga oshiradi va toʻlov toʻgʻrisidagi hujjatni axborot tizimi orqali Akademiyaga yuboradi.
14. Akademiya oʻquv mashgʻuloti boshlanishi haqida talabgorga kamida bir hafta oldin elektron xabarnoma yuboradi (elektron pochta manzili yoki mobil ilova orqali).
Talabgorga oʻz ish joyidan ajralmagan holda oʻquv mashgʻulotlarida ishtirok etishga (oʻqishiga) ruxsat etiladi.
15. Akademiya dastur asosidagi oʻqish yakunlangan kunning oʻzida talabgorlarning oʻzlashtirgan bilimini test sinovidan oʻtkazish uchun Agentlikka soʻrovnoma yuboradi.
Agentlik soʻrovnoma kelib tushgan kundan boshlab 3 ish kuni ichida test sinovi oʻtkaziladigan sana va joyi haqida Akademiyaga xabar beradi.
Test natijalari test sinovi oʻtkazilgan kunning ertasiga axborot tizimi orqali eʼlon qilinishini taʼminlaydi.
16. Test sinovidan muvaffaqiyatli oʻtgan har bir talabgor mazkur Nizomga 3-ilovasida belgilangan shaklga muvofiq tegishli QR-kodli (matrik shtrixli kod) sertifikatni axborot tizimidan yuklab oladi.
17. Talabgor QR-kod (matrik shtrixli kod) qoʻyilgan sertifikat olgan kundan boshlab sertifikatda qayd etilgan huquqqa ega hisoblanadi.
3-bob. Test sinovi jarayonini oʻtkazish tartibi
18. Test savollari Favqulodda vaziyatlar vazirligi, Oliy taʼlim, fan va innovatsiyalar vazirligi hamda Agentlik tomonidan belgilangan tartibda maxfiyligi taʼminlangan holda ishlab chiqiladi hamda tizimli ravishda yangilab boriladi.
Test savollarini ishlab chiqishda dastur hamda amaldagi yongʻin xavfsizligi sohasidagi qonunchilik hujjatlaridan foydalaniladi.
19. Talabgor test sinovi oʻtkaziladigan hudud (bino)ga shaxsini tasdiqlovchi hujjatlarining (biometrik pasporti, xorijga chiqish pasporti, identifikatsiya ID-kartasi, yangi namunadagi haydovchilik guvohnomasi kabi hujjatlardan birini) aslini koʻrsatgan holda tekshirib kiritiladi.
Test sinoviga kelmagan yoki kechikkan talabgor navbatdagi test sinoviga kirish uchun Akademiyaga ariza bilan murojaat qiladi, Akademiya navbatdagi test topshirish uchun talabgorlar roʻyxatiga kiritadi va bu haqida pochta xizmati orqali xabar yuboradi.
20. Test sinovi belgilangan tartibda:
elektron shakldagi savolnomalardan foydalanilgan holda, Agentlik tomonidan tasdiqlangan komissiyasi aʼzolari va kuzatuvchilar ishtirokida oʻtkaziladi;
shaffoflik va xolislikni taʼminlash maqsadida test jarayoni uzluksiz ravishda ovozli videoyozuvga tushiriladi.
21. Test sinovi oʻtkaziladigan xonaga uyali telefon, shuningdek, telekommunikatsiya vositalari va shpargalkalar olib kirish, boshqa talabgorlar bilan muloqot qilish taqiqlanadi.
Ushbu talablarni buzgan talabgorlar test sinovidan chetlashtiriladi va test sinovidan oʻtmagan deb hisoblanadi. Test sinovidan chetlashtirilgan talabgorlar boʻyicha dalolatnoma tuziladi.
Test sinovi videoyozuvlari Favqulodda vaziyatlar vazirligiga taqdim etiladi va vazirlikda uch yil davomida saqlanadi.
22. Test sinovidagi savollar malaka oshirish kursida oʻtilgan mavzularga muvofiq boʻlishi shart.
Test sinovi 50 ta savoldan iborat boʻladi.
Talabgorga test sinovini topshirish uchun ikki soat vaqt beriladi.
Test savollarining 35 tasiga toʻgʻri javob bergan talabgor test sinovidan oʻtgan hisoblanadi.
23. Test sinovidan oʻta olmagan talabgorga bir oy muddatda ikkinchi marotaba test sinovini bepul topshirish uchun imkoniyat beriladi.
Talabgor test sinovidan takroriy test natijasida ham oʻta olmagan taqdirda, unga sertifikat berilmaydi.
Takroriy test topshirganda ham test sinovidan ijobiy natija bilan oʻta olmagan talabgor umumiy tartibda Akademiyada qayta oʻqiganidan soʻng test sinoviga kirishi mumkin.
4-bob. Sertifikat berilgan mutaxassislar reyestri va uni yuritish tartibi
24. Favqulodda vaziyatlar vazirligi tomonidan muvofiqlikni baholash sohasida sertifikatlangan mutaxassislarning elektron reyestri yuritiladi.
Reyestrda quyidagi maʼlumotlar qayd etiladi:
a) sertifikatlangan mutaxassisning familiyasi, ismi, otasining ismi, pochta manzili, elektron pochta manzili (mavjud boʻlsa), telefon raqami;
b) jismoniy shaxs uchun shaxsiy identifikatsiya raqami (JSHSHIR);
v) sertifikat raqami, berilgan sanasi va uning amal qilish muddati;
g) sertifikatlangan mutaxassislar:
hududlar (viloyat va tumanlar) kesimida;
soha (muvofiqlikni baholash);
Reyestrga sertifikatning amal qilish muddati tugab, reyestrdan chiqarilganligi toʻgʻrisidagi maʼlumotlar ham kiritib boriladi.
25. Reyestrni yuritish tartibi Favqulodda vaziyatlar vazirligi tomonidan belgilanadi.
5-bob. Sertifikatning amal qilishini toʻxtatish tartibi
26. Quyidagilar sertifikatning amal qilishini toʻxtatib qoʻyish uchun asos hisoblanadi:
mutaxassis tomonidan sertifikatga ega boʻlish uchun mazkur Nizomga 2-ilovaga muvofiq savolnoma maʼlumotlari qasddan notoʻgʻri toʻldirilganligi aniqlanganda;
sertifikat egasini belgilangan tartibda muomalaga layoqatsiz yoki muomalaga layoqati cheklangan deb eʼtirof etish toʻgʻrisidagi sud qarori yoxud ozodlikdan mahrum qilish toʻgʻrisidagi sud hukmi qonuniy kuchga kirganda;
sertifikat egasiga nisbatan mansab vakolatini suiisteʼmol qilish bilan bogʻliq jinoyat ishi qoʻzgʻatilib, mazkur ish boʻyicha sudning qarori qonuniy kuchga kirganda;
sertifikat egasining vafot etganligi munosabati bilan.
27. Sertifikatning amal qilishini toʻxtatish toʻgʻrisidagi buyruq qabul qilingan sanadan boshlab tugatiladi va sertifikatlangan mutaxassisning muvofiqlikni baholash faoliyati bilan shugʻullanish huquqi toʻxtatiladi.
28. Mutaxassis tomonidan Favqulodda vaziyatlar vazirligining sertifikat amal qilishini toʻxtatish toʻgʻrisidagi buyrugʻi ustidan qonunchilik hujjatlarida belgilangan tartibda sudga shikoyat qilishi mumkin.
6-bob. Yakunlovchi qoidalar
29. Favqulodda vaziyatlar vazirligi oʻz vakolatlari va funksiyalari doirasida sertifikatlangan mutaxassislar tomonidan yongʻin xavfsizligi sohasidagi qonunchilik hujjatlari, shu jumladan, maʼmuriy reglamentlar va ushbu Nizom talablariga rioya etilishi ustidan belgilangan tartibda nazorat qiladi hamda axborot tizimi orqali monitoring olib boradi.
30. Favqulodda vaziyatlar vazirligi oʻz faoliyatini amalga oshirishi natijasida mutaxassislar toʻgʻrisida olingan maʼlumotlarning sir saqlanishini taʼminlaydi.
31. Mazkur Nizom talablari buzilishida aybdor boʻlgan shaxslar qonunchilik hujjatlarida belgilangan tartibda javobgar boʻladi.
Yongʻin auditorlik tashkilotining mutaxassislarini sertifikatlash tartibi toʻgʻrisidagi nizomga 1-ILOVA
Muvofiqlikni baholash sohasi mutaxassislariga sertifikat berish
Bosqichlar Masʼullar Amalga oshiriladigan tadbirlar Muddatlar 1-bosqich Talabgor “Yongʻin auditi” MAT orqali mutaxassislarni sertifikatlash oʻquv dasturiga muvofiq oʻqish hamda sertifikatga ega boʻlish uchun Favqulodda vaziyatlar vazirligi Akademiyasiga murojaatni yuboradi. Belgilangan tartibda oʻz xohishiga koʻra 2-bosqich “Yongʻin auditi” MAT operatori Murojaatni avtomatik tarzda Favqulodda vaziyatlar vazirligi Akademiyasiga yuboradi. Avtomatik tarzda 3-bosqich Favqulodda vaziyatlar vazirligi Akademiyasi Murojaat asosida talabgorga taʼlim berish toʻgʻrisidagi maʼlumot va taʼlim uchun shartnomani “Yongʻin auditi” MAT orqali yuboradi. Bir ish kuni mobaynida 4-bosqich Talabgor Favqulodda vaziyatlar vazirligi Akademiyasidan kelib tushgan takliflarni oʻrganib chiqib, oʻqish uchun toʻlovni oʻz hisobi yoki yongʻin auditorlik tashkiloti hisobidan amalga oshiradi. Uch ish kuni mobaynida 5-bosqich Favqulodda vaziyatlar vazirligi Akademiyasi Oʻquv mashgʻulotlari va dasturi yakunlangandan soʻng oʻtkaziladigan test sinovi uchun talabgorga toʻlov shartnomasini yuboradi. Bir ish kuni mobaynida 6-bosqich Talabgor Shartnomada belgilangan toʻlovni oʻz hisobidan yoki auditorlik tashkiloti hisobidan amalga oshiradi va toʻlov toʻgʻrisidagi hujjatni tizim orqali Favqulodda vaziyatlar vazirligi Akademiyasiga yuboradi. Uch ish kuni mobaynida 7-bosqich Favqulodda vaziyatlar vazirligi Akademiyasi Oʻquv mashgʻuloti boshlanishi haqida talabgorga elektron xabarnoma yuboradi (elektron pochta manzili yoki mobil ilova orqali). Bir hafta oldin 8-bosqich Favqulodda vaziyatlar vazirligi Akademiyasi Oʻquv dasturi asosida mutaxassislarni oʻqitadi. Belgilangan muddatda 9-bosqich Favqulodda vaziyatlar vazirligi Akademiyasi Oʻquv dasturi yakunlangach, mutaxassislarning oʻzlashtirgan bilimini test sinovidan oʻtkazish uchun Oliy taʼlim, fan va innovatsiyalar vazirligi huzuridagi Bilim va malakalarni baholash agentligiga test sinovini oʻtkazish toʻgʻrisida soʻrov yuboradi. Oʻquv mashgʻuloti tugagan kunning oʻzida 10-bosqich Oliy taʼlim, fan va innovatsiyalar vazirligi huzuridagi Bilim va malakalarni baholash agentligi 1. Test sinovi belgilangan tartibda oʻtkazilishini taʼminlaydi. Uch ish kuni mobaynida 2. Test sinoviga kelmagan yoki kechikkan mutaxassisni navbatdagi test sinoviga kiritadi. Bu haqda elektron pochta manzili yoki mobil ilova orqali talabgorni xabardor qiladi. Ikki ish kuni mobaynida 11-bosqich Oliy taʼlim, fan va innovatsiyalar vazirligi huzuridagi Bilim va malakalarni baholash agentligi 1. Test sinovi natijalarini oʻz veb-saytiga joylashtiradi. 2. Bir vaqtning oʻzida “Yongʻin auditi” MATda QR-kodli (matrik shtrixli kod) sertifikat avtomatik tarzda shakllanadi. Test sinovi yakunlangan kunning oʻzida 12-bosqich Talabgor 1. Test sinovidan muvaffaqiyatli oʻtgandan soʻng “Yongʻin auditi” MATda QR-kod (matrik shtrixli kod) qoʻyilgan tegishli sertifikatni yuklab oladi. 2. Test sinovidan oʻtmagan taqdirda, mazkur qaror bilan tasdiqlangan Nizom talablari asosida qaytadan test sinovidan oʻtkazadi. Belgilangan tartibda 13-bosqich Favqulodda vaziyatlar vazirligi “Yongʻin auditi” MATda sertifikatlangan mutaxassislarning soha boʻyicha reyestrini shakllantiradi. Belgilangan tartibda
Yongʻin auditorlik tashkilotining mutaxassislarini sertifikatlash tartibi toʻgʻrisidagi nizomga 2-ILOVA
Talabgor tomonidan dasturga muvofiq oʻqish hamda sertifikatga ega boʻlish uchun taʼlim muassasasiga yuboriladigan
____________________ ____________________ (sanasi) (raqami) Talabgor haqida maʼlumot: 1. Familiyasi 2. Ismi 3. Otasining ismi 4. Jinsi 5. Pasport (ID karta) maʼlumotlari (seriyasi va raqami, jismoniy shaxsning shaxsiy identifikatsiya raqami (JSHSHIR)) 6. Mutaxassislik yoʻnalishi turi (muvofiqlikni baholash) 7. Yashash joyi 8. Telefon raqami 9. Elektron pochta manzili (e-mail) — (mavjud boʻlsa)
Yongʻin auditorlik tashkilotining mutaxassislarini sertifikatlash tartibi toʻgʻrisidagi nizomga 3-ILOVA
Oʻzbekiston Respublikasi Favqulodda vaziyatlar vazirligi MUTAXASSIS SERTIFIKATI 00000-son Jismoniy va yuridik shaxslarga tegishli boʻlgan bino va inshootlarning yongʻin xavfsizligi talablariga muvofiqligini mustaqil baholashni (yongʻin auditi) oʻtkazish huquqi _________________________________________________________________________ ga berildi (sertifikat olgan shaxsning F.I.O.) Hujjatni imzolagan shaxs _________________________________________ (F.I.O.) Sertifikat 20____ yil “_____”____________ berildi Amal qilish muddati 3 yil. Hujjatning haqiqiyligini tasdiqlovchi QR-kod
Oʻzbekiston Respublikasining Bosh vaziri A. ARIPOV
Toshkent sh.,
2023-yil 25-dekabr,
679-son