UzbekAI

← Qonunlar

📅 2023-yil 21-dekabr · Vazirlar Mahkamasi qarorlari

Rasmiy matn. Rasmiy hujjat. Tahririy izohlar kiritilmagan.

Yordam | Arxiv | Atamalar | Statistika | API | Havola yuborish | Sayt haqida | Shartlar

← Қонунлар

📅 2023 йил 21 декабрь · Вазирлар Маҳкамаси қарорлари

Расмий матн. Расмий ҳужжат. Таҳририй изоҳлар киритилмаган.

Ёрдам | Архив | Атамалар | Статистика | API | Ҳавола юбориш | Сайт ҳақида | Шартлар

← Законы

📅 21 декабря 2023 г. · Постановления Кабинета Министров

Официальный текст. Официальный документ. Редакционные примечания не включены.

Помощь | Архив | Термины | Статистика | API | Предложить ссылку | О сайте | Условия

← Laws

📅 21 December 2023 · Cabinet of Ministers resolutions

Official text. Official document. Editorial notes are not included.

Help | Archive | Glossary | Stats | API | Submit | About | Terms

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг

қарори

НИЗОМ

СХЕМАСИ

Солиқ маъмуриятчилигида замонавий ахборот-коммуникация технологияларини қўллашнинг қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида

Мамлакатимизда солиқ маъмуриятчилигини тубдан такомиллаштириш, тадбиркорлик субъектларига қулайликлар яратиш тизими тубдан ислоҳ қилиниб, давлат хизматларини кўрсатиш сифатини яхшилаш борасида тизимли чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.

Солиқ маъмуриятчилигида ахборот-коммуникация технологияларини қўллашни кенгайтириш, шу жумладан, тадбиркорлик субъектларининг иш самарадорлигини ошириш, вақтини тежаш ҳамда Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Ўзбекистон Республикасининг «2022 йил учун Ўзбекистон Республикасининг Давлат бюджети тўғрисида»ги Қонуни ижросини таъминлаш чора-тадбирлари тўғрисида» 2021 йил 30 декабрдаги ПҚ-73-сон қарори ижросини таъминлаш, товар-моддий бойликларни ташиш учун товар-транспорт юк хатларини электрон шаклда расмийлаштириш тизимини жорий этиш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:

1. Вазирлар Маҳкамасининг «Солиқ маъмуриятчилигида замонавий ахборот-коммуникация технологияларини қўллашни кенгайтириш чора-тадбирлари тўғрисида» 2018 йил 6 октябрдаги 807-сон қарорига асосан хўжалик юритувчи субъектлар томонидан товар-транспорт юк хатларини электрон шаклда расмийлаштириш тизимини жорий этиш бўйича Тошкент вилоятининг Чирчиқ шаҳри, Навоий ва Сирдарё вилоятлари ҳудудида тажриба ўтказилганлиги маълумот учун қабул қилинсин.

2. Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Солиқ қўмитасининг республика ҳудудида 2024 йил 1 апрелдан бошлаб йирик солиқ тўловчилар учун, 2024 йил 1 июлдан бошлаб барча хўжалик юритувчи субъектлар учун товар-транспорт юк хатларини электрон шаклда расмийлаштириш, сақлаш ва уларнинг ҳисобини юритиш тизимини мажбурий тартибда жорий этиш тўғрисидаги таклифига розилик берилсин.

Солиқ қўмитаси ҳузуридаги «Янги технологиялар» илмий ахборот маркази» давлат унитар корхонаси электрон юк хатларини марказлаштирилган ҳолда сақлаш, операторлараро узатиш ва уларнинг ҳисобини юритиш бўйича ваколатли роуминг оператори этиб белгилансин.

3. 2024 йил 1 январга қадар:

Ички ишлар вазирлиги Транспорт вазирлиги ҳамда Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Солиқ қўмитаси билан биргаликда электрон шаклда расмийлаштирилган товар-транспорт юк хатларини йўлларда назорат қилиш тартибини;

Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Солиқ қўмитаси, Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ҳузуридаги Божхона қўмитаси, Транспорт вазирлиги ва Энергетика вазирлиги билан биргаликда экспорт ва импорт операциялари бўйича халқаро юк ташиш, шунингдек, қувур транспортида ташиш ҳужжатларини рақамлаштириш ва ўзаро ахборот алмашиш тизимини жорий этиш юзасидан таклифларни Вазирлар Маҳкамасига киритсин.

4. Вазирлар Маҳкамасининг «Маҳсулотлар (товар ва хизматлар) ягона электрон миллий каталогини жорий этиш, тадбиркорлик субъектлари ўртасида тузилган шартномаларни электрон рўйхатдан ўтказиш ва товар-моддий бойликларни олиш учун ишончномаларни электрон расмийлаштириш чора-тадбирлари тўғрисида» 2021 йил 28 апрелдаги 249-сон қарорига иловага мувофиқ ўзгартириш ва қўшимчалар киритилсин.

5. Вазирлар Маҳкамасининг «Солиқ маъмуриятчилигида замонавий ахборот-коммуникация технологияларини қўллашни кенгайтириш чора-тадбирлари тўғрисида» 2018 йил 6 октябрдаги 807-сон қарори ўз кучини йўқотган деб ҳисоблансин.

6. Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Солиқ қўмитаси Транспорт вазирлиги ҳамда манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда ўзлари қабул қилган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни икки ой муддатда ушбу қарорга мувофиқлаштирсин.

7. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари — иқтисодиёт ва молия вазири Ж.А. Қўчқоров, транспорт вазири И.Р. Махкамов ҳамда Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Солиқ қўмитаси раиси Ш.Д. Кудбиев зиммасига юклансин.

Вазирлар Маҳкамасининг 2023 йил 21 декабрдаги 673-сон қарорига ИЛОВА

Вазирлар Маҳкамасининг «Маҳсулотлар (товар ва хизматлар) ягона электрон миллий каталогини жорий этиш, тадбиркорлик субъектлари ўртасида тузилган шартномаларни электрон рўйхатдан ўтказиш ва товар-моддий бойликларни олиш учун ишончномаларни электрон расмийлаштириш чора-тадбирлари тўғрисида» 2021 йил 28 апрелдаги 249-сон қарорига киритилаётган ўзгартириш ва қўшимчалар

1. 2-бандда :

тўртинчи хатбошидаги «тасдиқлансин» сўзи чиқариб ташлансин;

қуйидаги мазмундаги бешинчи хатбоши билан тўлдирилсин:

«Товар-транспорт юк хатларини электрон шаклда расмийлаштириш тартиби тўғрисидаги низом 3 1 -иловага мувофиқ тасдиқлансин».

2. Қуйидаги мазмундаги 3 1 -илова билан тўлдирилсин:

«Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 28 апрелдаги 249-сон қарорига 3 1 -ИЛОВА

Товар-транспорт юк хатларини электрон шаклда расмийлаштириш тартиби тўғрисида

1-боб. Умумий қоидалар

1. Ушбу Низом товар-транспорт юк хатларини электрон ҳужжат айланиш тизими операторларининг ахборот тизимлари орқали электрон шаклда расмийлаштириш тартибини белгилайди.

2. Мазкур Низомда қуйидаги асосий тушунчалар қўлланилади:

товар-транспорт юк хати — товар-моддий қимматликларни ҳисобдан чиқариш, уларни олиб ўтиш йўлида ҳисобини юритиш, кирим қилиш, омборхона операцияларини ва бухгалтерия ҳисобини юритиш, шунингдек, юкни ташиш учун ҳисоб-китоблар қилиш ҳамда бажарилган ишларни ҳисобга олиш учун мўлжалланган ҳужжат;

электрон товар-транспорт юк хати — белгиланган тартибда электрон шаклда расмийлаштириладиган товар-транспорт юк хати;

буюртмачи — транспорт хизматларини кўрсатиш ҳақидаги талабнома билан мурожаат қилган юкни жўнатувчи, юкни олувчи, экспедитор;

мижоз — экспедиторга ўз ҳисобидан белгиланган юк ташиш билан боғлиқ хизматларни кўрсатиш ёки кўрсатишни ташкил этиш бўйича тузилган транспорт экспедиция шартномаси томони — юк жўнатувчи ёки юк олувчи;

электрон товар-транспорт юк хати тизими оператори (кейинги ўринларда — Оператор) — қонунчилик ҳужжатларида ва ушбу Низомда белгиланган талабларни бажарган ЭТТЮХиларнинг айланиши ва уларни сақлаш фаолияти билан шуғулланишга рухсат этилган юридик шахс мақомига эга ахборот воситачиси;

роуминг оператори — марказлаштирилган ҳолда сақланиши, операторлараро узатилиши ва ҳисоби юритилишини таъминлайдиган юридик шахс;

тасдиқланган ЭТТЮХ — юк жўнатувчи, юк олувчи ва юкни етказиб берувчи масъул шахс томонидан электрон рақамли имзо орқали тасдиқланган электрон ҳужжат;

ҳайдовчи — меҳнат шартномаси ёки фуқаровий-ҳуқуқий шартнома асосида фаолиятини амалга ошираётган, транспорт воситасини бошқариб бораётган шахс, шунингдек, юкни етказиб берувчи шахс;

экспедитор — транспорт экспедицияси шартномаси томони — товарларни ташишни ташкил этиш билан шуғулланувчи юридик шахс;

ЭТТЮХни расмийлаштириш жараёни иштирокчилари (кейинги ўринларда — иштирокчилар) — юк жўнатувчи, юк олувчи ва юкни етказиб берувчи (ташувчи) масъул шахслар;

юк жўнатувчи — юк ташиш жараёнида юк эгаси ёки шартнома (воситачилик, топшириқ) асосида унинг номидан иш юритувчи ишончли вакил;

юк олувчи — юкни ва юкка илова қилинган ҳужжатларда кўрсатилганларни олишга вакил қилинган юридик ёки жисмоний шахс;

юк ташувчи — мулк ҳуқуқи асосида ёки бошқа қонуний асосларда транспорт воситасига эга бўлган, юк жўнатувчи, юк олувчи ёки юк ташиш шартномаси асосида юкни белгиланган манзилга етказиб берувчи юридик ёки жисмоний шахс, шунингдек, экспедитор;

юкни етказиб берувчи — юк жўнатувчи, юк олувчи ёки экспедитор;

юкни етказиб берувчи масъул шахс — меҳнат шартномаси ёки фуқаровий-ҳуқуқий шартнома асосида фаолиятини амалга ошираётган, юкларни қабул қилиш, кузатиб бориш ва топшириш бўйича транспорт-экспедиторлик операцияларини амалга оширувчи шахс;

QR-код — электрон товар-транспорт юк хатларига бириктириладиган, дастурий маҳсулотлар орқали ўқиш (сканерлаш) вақтида электрон товар-транспорт юк хатлари ҳақида барча маълумотларга ҳавола бўладиган махсус матрицали штрих код.

3. Юк ташиш қуйидаги тартибларда амалга оширилади:

юк жўнатувчи томонидан ўз транспорт воситаси (ёки ижарага олинган транспорт воситаси) орқали ташиш;

юк олувчи томонидан ўз транспорт воситаси (ёки ижарага олинган транспорт воситаси) орқали ташиш;

экспедитор томонидан ўз транспорт воситаси (ёки ижарага олинган транспорт воситаси) орқали ташиш;

юк ташиш шартномаси асосида юк ташиш хизматини кўрсатувчи юридик ёки жисмоний шахс томонидан ўз транспорт воситаси (ёки ижарага олинган транспорт воситаси) орқали ташиш.

4. Ушбу Низомда бошқача қоида назарда тутилмаган бўлса, товар-транспорт юк хати юк жўнатувчи томонидан электрон шаклда шакллантирилиши шарт.

5. Электрон товар-транспорт юк хати электрон рақамли имзодан фойдаланган ҳолда, электрон ҳужжат айланиш тизими операторларининг ахборот тизими орқали шакллантирилади.

6. Электрон товар-транспорт юк хатини шакллантириш, юбориш, тасдиқлаш ва сақлаш бўйича хизматлар хўжалик юритувчи субъект ва оператор ўртасида тузилган шартнома (оммавий оферта) асосида кўрсатилади.

7. Товар-транспорт юк хатлари шаклда электрон ушбу Низомга 1-иловада келтирилган схемага мувофиқ расмийлаштирилади.

8. Мазкур Низомга 2-иловадаги шаклда электрон расмийлаштирилган товар-транспорт юк хати товар-моддий бойликларни ҳисобдан чиқаришга, товар-моддий бойликларнинг кирим қилинишига, шартномалар (юк ташиш ва транспорт-экспедиторлик) асосида кўрсатилган хизматлар учун ҳисоб-китоб қилишга, транспорт ишини ҳисобга олиш, ҳайдовчига (юкни етказиб берувчи масъул шахсга) иш ҳақи ёзиш учун асос бўлиб ҳисобланади.

9. Ахборот тизимида электрон товар-транспорт юк хатини расмийлаштиришда техник носозликлар юзага келганда, товар-транспорт юк хати қоғоз шаклида расмийлаштирилади. Бунда, техник носозликлар электрон товар-транспорт юк хати тизими оператори томонидан расман тасдиқланган бўлиши лозим ва ахборот тизимидаги носозликлар бартараф этилгандан сўнг беш календарь куни ичида қоғоз шаклида кўрсатилган сана билан товар-транспорт юк хати электрон шаклда ахборот тизимига киритилиши шарт.

10. Солиқ тўловчилар томонидан давлат сирига тааллуқли бўлган юк ташишлар амалга оширилганда, товар-транспорт юк хати белгиланган тартибда қоғоз шаклида расмийлаштирилади.

11. Ҳақиқатга тўғри келмайдиган маълумотларни киритган ҳолда расмийлаштирилган электрон товар-транспорт юк хати билан юкларни ташиш — сохта ҳужжатлар бўйича ташиш ҳисобланади ҳамда қонунчилик ҳужжатларига асосан жавобгарликка тортишга сабаб бўлади.

2-боб. Электрон товар-транспорт юк хатини шакллантириш тартиби

12. Юкни автомобиль, темир йўл, ҳаво, сув транспортида ёки ушбу транспорт турлари уйғунлигида ташишга электрон товар-транспорт юк хати юк жўнатувчи томонидан белгиланган тартибда ҳар бир транспортнинг қатновига алоҳида ҳар бир юкни олувчининг номига тузилади.

13. Товар-транспорт юк хати ушбу Низомга 2-иловада келтирилган шаклга мувофиқ қуйидаги тартибда тўлдирилади:

Товар-транспорт юк хати тартиб рақами ва санаси киритилади;

ташиш тури («Омбордан омборга» ёки «Сотувчидан сотиб олувчига») танланади;

ташиш тури «Сотувчидан сотиб олувчига» режими танланганда, олди-сотди шартномаси рақами ва санаси киритилади;

транспорт тури (автомобиль, темир йўл, ҳаво, сув) танланади;

«Юк жўнатувчи» катакчасига юк жўнатувчи номи ҳамда солиқ тўловчининг идентификация рақами киритилади;

«Юк олувчи» катакчасига юк олувчи номи ҳамда солиқ тўловчининг идентификация рақами киритилади;

ташиш тури «Омбордан омборга» режими танланганда, юк жўнатувчи юк олувчи сифатида ҳам иштирок этади;

«Юкни етказиб берувчи» катакчасига юкни етказиб берувчининг номи ҳамда солиқ тўловчининг идентификация рақами киритилади;

«Мижоз»нинг СТИРи киритилади ҳамда тузилган «Шартнома рақами ва санаси» тўлдирилади (юкни етказиб бериш экспедитор томонидан амалга оширилган тақдирда);

«Юк ташувчи» катакчасига юк ташувчи номи ҳамда солиқ тўловчининг идентификация рақами киритилади;

«Буюртмачи»нинг СТИРи киритилади ҳамда юк ташувчи ва буюртмачи ўртасида тузилган «Шартнома рақами ва санаси» тўлдирилади (юк ташиш хизмати юк ташиш шартномаси асосида бошқа (юк жўнатувчи, юк олувчи ва экспедитордан ташқари) юридик ёки жисмоний шахс томонидан кўрсатилган тақдирда);

транспорт туридан келиб чиқиб, транспорт воситалари тўғрисидаги маълумотлар (автомобиль, тиркама, ярим тиркама давлат рақами ва русуми, вагон рақами ва тури (ёпиқ, ярим очиқ, платформа, цистерна ва бошқалар), ҳаво кемаси рақами ва русуми, кема рақами ва русуми) киритилади;

ҳайдовчи ва юкни етказиб берувчи масъул шахс маълумотлари (Ф.И.О ва ЖШШИР) киритилади;

юк ташилаётган транспорт туридан келиб чиқиб, «Юклаш манзили» ва «Юкни етказиш манзили» тўлдирилади;

юклаш ва етказиш манзилининг оралиқ масофаси (км) тўлдирилади;

товар-транспорт юк хати шаклининг жадвал қисмига ташилаётган юкнинг реквизитлари («Товарлар тартиб рақами», «Товарлар номи», «Товарларнинг Ягона электрон миллий каталоги бўйича идентификация коди ва номи», «Ўлчов бирлиги», «Миқдори», «Нархи», «Етказиб бериш қиймати (ҚҚСсиз)», «Юк ташиш нархи», «Оғирлиги (брутто, нетто, тоннада)» тўлдирилади.

Юклар юклаш манзили ва юкни етказиш манзили бўйича тўлдирилади, агар қўшимча юклаш ёки етказиш манзиллари мавжуд бўлса, қўшиш (+) тугмаси орқали амалга оширилади.

14. Воситачи томонидан комитентнинг манфаатида воситачилик хизматларини кўрсатиш билан боғлиқ шартнома (воситачилик ёки топшириқ) асосида юк жўнатилганда, воситачи (ишончли вакил) юк олувчига ушбу Низомга 2-иловадаги товар-транспорт юк хати шаклининг жадвал қисми 1-устунидан аввал 1а-«Комитентнинг (юк эгасининг) номи», 1б-«Комитентнинг (юк эгасининг) СТИРи», 1в-«ҚҚС рақами» қўшимча устунларни киритган ҳолда товар-транспорт юк хати шакллантирилиши шарт.

15. Йирик габаритли юк бир нечта транспортда ташилганда, ҳар бир транспорт қатновига алоҳида электрон товар-транспорт юк хати шакллантирилади.

3-боб. Электрон товар-транспорт юк хатини расмийлаштириш, юбориш ва қабул қилиш тартиби

16. Юк жўнатувчи томонидан шакллантирилган электрон товар-транспорт юк хати электрон рақамли имзо билан имзолагандан сўнг электрон ҳужжат айланиш тизими томонидан автоматик тарзда QR-коди бириктирилган ҳолда иштирокчиларга юборилади ва расмийлаштирилган электрон товар-транспорт юк хати иштирокчиларнинг шахсий кабинетида акс этади.

17. Мазкур Низомда бошқача қоида назарда тутилмаган бўлса, юк автомобиль, темир йўл, ҳаво, сув транспортларида ёки ушбу транспорт турлари уйғунлигида ташилганда, электрон товар-транспорт юк хати расмийлаштирилмаган юклар юк жўнатувчи томонидан тақдим этилиши, юкни етказиб берувчи (юк ташувчи) эса уни ташиш учун қабул қилиб олиши тақиқланади.

18. Юкни етказиб берувчи масъул шахс юкни олганда ва етказиб берганда, юк олувчи эса юк ташиш жараёни якунланганда ўз электрон рақамли имзолари билан тасдиқлайди ёки юкни олиш жараёнида аниқ сабаби кўрсатилган ҳолда электрон товар-транспорт юк хатини рад этиши мумкин.

19. Аввал расмийлаштирилган электрон товар-транспорт юк хатига қўшимча ва тузатиш киритиш мазкур Низом талаблари асосида юк олувчи томонидан тасдиқлангунга қадар амалга оширилиши мумкин.

20. Ўзбекистон Республикасининг «Электрон ҳужжат айланиши тўғрисида»ги Қонунига асосан электрон ҳужжат белгиланган тартибда электрон шаклда расмийлаштирилиб тасдиқланса, қоғоз шаклида талаб этилмайди ва у асл нусха ҳисобланади.

21. Электрон шаклда расмийлаштирилган юк хатларида келтирилган маълумотлар ҳимоя қилинади ҳамда Солиқ қўмитасининг маълумотлар базасида камида 5 йил давомида сақланиши таъминланади.

Бунда юк хатларининг амал қилиш муддати 5 йилдан кўп бўлганда, шартноманинг амал қилиш муддатидан кам бўлмаган даврда сақланади.

22. Электрон шаклда расмийлаштирилган юк хатига бириктирилган QR-коднинг ҳаққонийлиги мобил илова ёки расмий веб-сайт орқали текшириши мумкин.

23. Солиқ органлари қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда ваколатли органларнинг ёзма сўровига асосан электрон товар-транспорт юк хатида келтирилган маълумотларни тақдим этадилар.

24. Мазкур бобда қайд этилган жараёнлар автоматлаштирилган тарзда ва реал вақт режимида амалга оширилади.

25. Электрон товар-транспорт юк хатини расмийлаштиришда ушбу Низомнинг 13-бандида қайд этилган маълумотлар кўрсатилиши шарт.

4-боб. Электрон товар-транспорт юк хати ни расмийлаштирувчиларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари

26. Иштирокчилар қуйидаги ҳуқуқларга эга:

электрон ҳужжат айланиш тизими операторлари ахборот тизимидан фойдаланган ҳолда расмийлаштирилган электрон товар-транспорт юк хатини қабул қилиш ёки рад қилиш;

электрон товар-транспорт юк хатини расмийлаштириш бўйича тегишли йўриқномалар билан танишиш ва солиқ органларидан амалий ёрдам олиш;

электрон товар-транспорт юк хатини расмийлаштириш жараёнида электрон ҳужжат айланиш тизимидаги носозликлар бўйича солиқ органларига мурожаат қилиш.

электрон товар-транспорт юк хати мазкур Низом талаблари асосида юк олувчи томонидан тасдиқлангунга қадар унга қўшимча ва тузатиш киритилиши мумкин.

27. Иштирокчиларнинг мажбуриятлари қуйидагилардан иборат:

юк жўнатувчи томонидан электрон товар-транспорт юк хатини расмийлаштириш билан бир вақтда электрон ҳисобварақ-фактураларни шакллантириш;

электрон шаклда расмийлаштириладиган юк хатларини имзолашда иштирокчилар албатта электрон рақамли имзога эга бўлиши.

5-боб. Якунловчи қоидалар

28. Солиқ органлари ушбу Низом талабларига риоя этилиши юзасидан қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ назоратни амалга оширадилар.

29. Ушбу Низом талабларини бузган шахслар қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда жавоб берадилар.

Товар-транспорт юк хатларини электрон шаклда расмийлаштириш тартиби тўғрисидаги низомга 1-ИЛОВА

Товар-транспорт юк хатларини электрон шаклда расмийлаштириш

Босқичлар Субъектлар Тадбирлар Ижро муддати 1-босқич Юк жўнатувчи Электрон товар-транспорт юк хати иштирокчилари, товарлар ва транспорт воситалари тўғрисидаги маълумотларни шакллантириб, электрон рақамли имзо билан тасдиқлагандан сўнг оператор орқали роуминг операторига юборади. Реал вақт режимида 2-босқич Роуминг оператори 1. Электрон товар-транспорт юк хати реестрга киритилгандан кейин унга ID ва QR кодларини бириктириш ҳамда келиб тушган электрон товар-транспорт юк хатининг ушбу Низом талабларига мувофиқлигини текшириб, иштирокчиларга унинг оператори орқали етказади. 2. Тўлдирилишида хатолар ёки камчиликлар мавжудлиги аниқланган электрон товар-транспорт юк хатини қабул қилмасдан, тегишли оператор орқали уни шакллантирган субъектга қайтаради. Реал вақт режимида 3-босқич Юкни етказиб берувчи масъул шахс 1. Ўзига тегишли маълумотларни текширади ва юклар қабул қилганлигини тасдиқлайди. 2. Тўлдирилишида хатолар ёки камчиликлар мавжудлиги аниқланган электрон товар-транспорт юк хатини қабул қилишни рад этади. Реал вақт режимида 4-босқич Юкни етказиб берувчи масъул шахс Юклар юк олувчига етказиб берилганлигини электрон рақамли имзо билан тасдиқлайди. Реал вақт режимида 5-босқич Юк олувчи Ўзига тегишли маълумотларни текшириб, келиб тушган электрон товар-транспорт юк хатини юк қабул қилиш жараёнида электрон рақамли имзо билан тасдиқлайди ёки сабаби кўрсатилган ҳолда тасдиқлашни рад этади. Реал вақт режимида

Товар-транспорт юк хатларини электрон шаклда расмийлаштириш тартиби тўғрисидаги низомга 2-ИЛОВА

ID: 20__ йил «___» ____________ даги ____-сон шартномага 20__ йил «___» ____________ даги ____-сон ТОВАР-ТРАНСПОРТ ЮК ХАТИ Ташиш тури: ___-омбордан омборгача; ___-сотувчидан харидорга Юк жўнатувчи: __________________________ Юк олувчи: ________________________________ СТИР (ЖШШИР): ________________________ СТИР (ЖШШИР): __________________________ Юкни етказиб берувчи: _____________________ Юк олувчи: ________________________________ СТИР (ЖШШИР): _________________________ СТИР (ЖШШИР): __________________________ Мижоз: ___________________________________ Буюртмачи: _______________________________ СТИР (ЖШШИР): __________________________ СТИР (ЖШШИР): __________________________ Шартнома рақами ва санаси: __________________ Шартнома рақами ва санаси: __________________ Транспорт тури: ________________________ Автомобиль давлат рақами: ______________ Русуми: __________________________________ Ярим тиркама давлат рақами: ______________ Русуми: __________________________________ Тиркама давлат рақами: ______________ Русуми: __________________________________ вагон рақами: ________ Тури: ____________________________________ Ҳаво кемаси рақами: _________ Русуми: __________________________________ Кема рақами: _______________ Русуми: __________________________________ Ҳайдовчи Ф.И.О: ___________________________ Юкни етказиб берувчи масъул шахс ЖШШИР: ________________________ Ф.И.О: __________________ ЖШШИР: ________________________ Юклаш манзили: ___________________________ Юкни етказиш манзили: __________________________ Оралиқ масофа (км): ____________

Т/р Товарлар номи Товарларнинг Ягона электрон миллий каталоги бўйича идентификация коди ва номи Ўлчов бирлиги Миқдори (сони) Нархи Етказиб бериш қиймати (ҚҚСсиз) Юк ташиш нархи Оғирлиги (тн) брутто нетто 1 2 3 4 5 6 7 8 9 10

Юк жўнатувчи Юкни етказиб берувчи масъул шахс Юкни етказиб берувчи масъул шахс Юк олувчи (Юк омборидан чиқишда тасдиқланади) (Юк қабул қилиб олинганда тасдиқланади) (Юкни етказиб берганда тасдиқланади) (Юкни қабул қилганда тасдиқланади) ».

Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А. АРИПОВ

Тошкент ш.,

2023 йил 21 декабрь,

673-сон

(Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 26.12.2023 й., 09/23/673/0974-сон)

lex.uz

Oʻzbekiston Respublikasi Vazirlar Mahkamasining

qarori

NIZOM

SXEMASI

Soliq maʼmuriyatchiligida zamonaviy axborot-kommunikatsiya texnologiyalarini qoʻllashning qoʻshimcha chora-tadbirlari toʻgʻrisida

Mamlakatimizda soliq maʼmuriyatchiligini tubdan takomillashtirish, tadbirkorlik subyektlariga qulayliklar yaratish tizimi tubdan isloh qilinib, davlat xizmatlarini koʻrsatish sifatini yaxshilash borasida tizimli chora-tadbirlar amalga oshirilmoqda.

Soliq maʼmuriyatchiligida axborot-kommunikatsiya texnologiyalarini qoʻllashni kengaytirish, shu jumladan, tadbirkorlik subyektlarining ish samaradorligini oshirish, vaqtini tejash hamda Oʻzbekiston Respublikasi Prezidentining “Oʻzbekiston Respublikasining “2022-yil uchun Oʻzbekiston Respublikasining Davlat budjeti toʻgʻrisida”gi Qonuni ijrosini taʼminlash chora-tadbirlari toʻgʻrisida” 2021-yil 30-dekabrdagi PQ-73-son qarori ijrosini taʼminlash, tovar-moddiy boyliklarni tashish uchun tovar-transport yuk xatlarini elektron shaklda rasmiylashtirish tizimini joriy etish maqsadida Vazirlar Mahkamasi qaror qiladi:

1. Vazirlar Mahkamasining “Soliq maʼmuriyatchiligida zamonaviy axborot-kommunikatsiya texnologiyalarini qoʻllashni kengaytirish chora-tadbirlari toʻgʻrisida” 2018-yil 6-oktabrdagi 807-son qaroriga asosan xoʻjalik yurituvchi subyektlar tomonidan tovar-transport yuk xatlarini elektron shaklda rasmiylashtirish tizimini joriy etish boʻyicha Toshkent viloyatining Chirchiq shahri, Navoiy va Sirdaryo viloyatlari hududida tajriba oʻtkazilganligi maʼlumot uchun qabul qilinsin.

2. Vazirlar Mahkamasi huzuridagi Soliq qoʻmitasining respublika hududida 2024-yil 1-apreldan boshlab yirik soliq toʻlovchilar uchun, 2024-yil 1-iyuldan boshlab barcha xoʻjalik yurituvchi subyektlar uchun tovar-transport yuk xatlarini elektron shaklda rasmiylashtirish, saqlash va ularning hisobini yuritish tizimini majburiy tartibda joriy etish toʻgʻrisidagi taklifiga rozilik berilsin.

Soliq qoʻmitasi huzuridagi “Yangi texnologiyalar” ilmiy axborot markazi” davlat unitar korxonasi elektron yuk xatlarini markazlashtirilgan holda saqlash, operatorlararo uzatish va ularning hisobini yuritish boʻyicha vakolatli rouming operatori etib belgilansin.

3. 2024-yil 1-yanvarga qadar:

Ichki ishlar vazirligi Transport vazirligi hamda Vazirlar Mahkamasi huzuridagi Soliq qoʻmitasi bilan birgalikda elektron shaklda rasmiylashtirilgan tovar-transport yuk xatlarini yoʻllarda nazorat qilish tartibini;

Vazirlar Mahkamasi huzuridagi Soliq qoʻmitasi, Iqtisodiyot va moliya vazirligi huzuridagi Bojxona qoʻmitasi, Transport vazirligi va Energetika vazirligi bilan birgalikda eksport va import operatsiyalari boʻyicha xalqaro yuk tashish, shuningdek, quvur transportida tashish hujjatlarini raqamlashtirish va oʻzaro axborot almashish tizimini joriy etish yuzasidan takliflarni Vazirlar Mahkamasiga kiritsin.

4. Vazirlar Mahkamasining “Mahsulotlar (tovar va xizmatlar) yagona elektron milliy katalogini joriy etish, tadbirkorlik subyektlari oʻrtasida tuzilgan shartnomalarni elektron roʻyxatdan oʻtkazish va tovar-moddiy boyliklarni olish uchun ishonchnomalarni elektron rasmiylashtirish chora-tadbirlari toʻgʻrisida” 2021-yil 28-apreldagi 249-son qaroriga ilovaga muvofiq oʻzgartirish va qoʻshimchalar kiritilsin.

5. Vazirlar Mahkamasining “Soliq maʼmuriyatchiligida zamonaviy axborot-kommunikatsiya texnologiyalarini qoʻllashni kengaytirish chora-tadbirlari toʻgʻrisida” 2018-yil 6-oktabrdagi 807-son qarori oʻz kuchini yoʻqotgan deb hisoblansin.

6. Vazirlar Mahkamasi huzuridagi Soliq qoʻmitasi Transport vazirligi hamda manfaatdor vazirlik va idoralar bilan birgalikda oʻzlari qabul qilgan normativ-huquqiy hujjatlarni ikki oy muddatda ushbu qarorga muvofiqlashtirsin.

7. Mazkur qarorning bajarilishini nazorat qilish Oʻzbekiston Respublikasi Bosh vazirining oʻrinbosari — iqtisodiyot va moliya vaziri J.A. Qoʻchqorov, transport vaziri I.R. Maxkamov hamda Vazirlar Mahkamasi huzuridagi Soliq qoʻmitasi raisi Sh.D. Kudbiyev zimmasiga yuklansin.

Vazirlar Mahkamasining 2023-yil 21-dekabrdagi 673-son qaroriga ILOVA

Vazirlar Mahkamasining “Mahsulotlar (tovar va xizmatlar) yagona elektron milliy katalogini joriy etish, tadbirkorlik subyektlari oʻrtasida tuzilgan shartnomalarni elektron roʻyxatdan oʻtkazish va tovar-moddiy boyliklarni olish uchun ishonchnomalarni elektron rasmiylashtirish chora-tadbirlari toʻgʻrisida” 2021-yil 28-apreldagi 249-son qaroriga kiritilayotgan oʻzgartirish va qoʻshimchalar

1. 2-bandda :

toʻrtinchi xatboshidagi “tasdiqlansin” soʻzi chiqarib tashlansin;

quyidagi mazmundagi beshinchi xatboshi bilan toʻldirilsin:

“Tovar-transport yuk xatlarini elektron shaklda rasmiylashtirish tartibi toʻgʻrisidagi nizom 3 1 -ilovaga muvofiq tasdiqlansin”.

2. Quyidagi mazmundagi 3 1 -ilova bilan toʻldirilsin:

“Vazirlar Mahkamasining 2021-yil 28-apreldagi 249-son qaroriga 3 1 -ILOVA

Tovar-transport yuk xatlarini elektron shaklda rasmiylashtirish tartibi toʻgʻrisida

1-bob. Umumiy qoidalar

1. Ushbu Nizom tovar-transport yuk xatlarini elektron hujjat aylanish tizimi operatorlarining axborot tizimlari orqali elektron shaklda rasmiylashtirish tartibini belgilaydi.

2. Mazkur Nizomda quyidagi asosiy tushunchalar qoʻllaniladi:

tovar-transport yuk xati — tovar-moddiy qimmatliklarni hisobdan chiqarish, ularni olib oʻtish yoʻlida hisobini yuritish, kirim qilish, omborxona operatsiyalarini va buxgalteriya hisobini yuritish, shuningdek, yukni tashish uchun hisob-kitoblar qilish hamda bajarilgan ishlarni hisobga olish uchun moʻljallangan hujjat;

elektron tovar-transport yuk xati — belgilangan tartibda elektron shaklda rasmiylashtiriladigan tovar-transport yuk xati;

buyurtmachi — transport xizmatlarini koʻrsatish haqidagi talabnoma bilan murojaat qilgan yukni joʻnatuvchi, yukni oluvchi, ekspeditor;

mijoz — ekspeditorga oʻz hisobidan belgilangan yuk tashish bilan bogʻliq xizmatlarni koʻrsatish yoki koʻrsatishni tashkil etish boʻyicha tuzilgan transport ekspeditsiya shartnomasi tomoni — yuk joʻnatuvchi yoki yuk oluvchi;

elektron tovar-transport yuk xati tizimi operatori (keyingi oʻrinlarda — Operator) — qonunchilik hujjatlarida va ushbu Nizomda belgilangan talablarni bajargan ETTYuXilarning aylanishi va ularni saqlash faoliyati bilan shugʻullanishga ruxsat etilgan yuridik shaxs maqomiga ega axborot vositachisi;

rouming operatori — markazlashtirilgan holda saqlanishi, operatorlararo uzatilishi va hisobi yuritilishini taʼminlaydigan yuridik shaxs;

tasdiqlangan ETTYuX — yuk joʻnatuvchi, yuk oluvchi va yukni yetkazib beruvchi masʼul shaxs tomonidan elektron raqamli imzo orqali tasdiqlangan elektron hujjat;

haydovchi — mehnat shartnomasi yoki fuqaroviy-huquqiy shartnoma asosida faoliyatini amalga oshirayotgan, transport vositasini boshqarib borayotgan shaxs, shuningdek, yukni yetkazib beruvchi shaxs;

ekspeditor — transport ekspeditsiyasi shartnomasi tomoni — tovarlarni tashishni tashkil etish bilan shugʻullanuvchi yuridik shaxs;

ETTYuXni rasmiylashtirish jarayoni ishtirokchilari (keyingi oʻrinlarda — ishtirokchilar) — yuk joʻnatuvchi, yuk oluvchi va yukni yetkazib beruvchi (tashuvchi) masʼul shaxslar;

yuk joʻnatuvchi — yuk tashish jarayonida yuk egasi yoki shartnoma (vositachilik, topshiriq) asosida uning nomidan ish yurituvchi ishonchli vakil;

yuk oluvchi — yukni va yukka ilova qilingan hujjatlarda koʻrsatilganlarni olishga vakil qilingan yuridik yoki jismoniy shaxs;

yuk tashuvchi — mulk huquqi asosida yoki boshqa qonuniy asoslarda transport vositasiga ega boʻlgan, yuk joʻnatuvchi, yuk oluvchi yoki yuk tashish shartnomasi asosida yukni belgilangan manzilga yetkazib beruvchi yuridik yoki jismoniy shaxs, shuningdek, ekspeditor;

yukni yetkazib beruvchi — yuk joʻnatuvchi, yuk oluvchi yoki ekspeditor;

yukni yetkazib beruvchi masʼul shaxs — mehnat shartnomasi yoki fuqaroviy-huquqiy shartnoma asosida faoliyatini amalga oshirayotgan, yuklarni qabul qilish, kuzatib borish va topshirish boʻyicha transport-ekspeditorlik operatsiyalarini amalga oshiruvchi shaxs;

QR-kod — elektron tovar-transport yuk xatlariga biriktiriladigan, dasturiy mahsulotlar orqali oʻqish (skanerlash) vaqtida elektron tovar-transport yuk xatlari haqida barcha maʼlumotlarga havola boʻladigan maxsus matritsali shtrix kod.

3. Yuk tashish quyidagi tartiblarda amalga oshiriladi:

yuk joʻnatuvchi tomonidan oʻz transport vositasi (yoki ijaraga olingan transport vositasi) orqali tashish;

yuk oluvchi tomonidan oʻz transport vositasi (yoki ijaraga olingan transport vositasi) orqali tashish;

ekspeditor tomonidan oʻz transport vositasi (yoki ijaraga olingan transport vositasi) orqali tashish;

yuk tashish shartnomasi asosida yuk tashish xizmatini koʻrsatuvchi yuridik yoki jismoniy shaxs tomonidan oʻz transport vositasi (yoki ijaraga olingan transport vositasi) orqali tashish.

4. Ushbu Nizomda boshqacha qoida nazarda tutilmagan boʻlsa, tovar-transport yuk xati yuk joʻnatuvchi tomonidan elektron shaklda shakllantirilishi shart.

5. Elektron tovar-transport yuk xati elektron raqamli imzodan foydalangan holda, elektron hujjat aylanish tizimi operatorlarining axborot tizimi orqali shakllantiriladi.

6. Elektron tovar-transport yuk xatini shakllantirish, yuborish, tasdiqlash va saqlash boʻyicha xizmatlar xoʻjalik yurituvchi subyekt va operator oʻrtasida tuzilgan shartnoma (ommaviy oferta) asosida koʻrsatiladi.

7. Tovar-transport yuk xatlari shaklda elektron ushbu Nizomga 1-ilovada keltirilgan sxemaga muvofiq rasmiylashtiriladi.

8. Mazkur Nizomga 2-ilovadagi shaklda elektron rasmiylashtirilgan tovar-transport yuk xati tovar-moddiy boyliklarni hisobdan chiqarishga, tovar-moddiy boyliklarning kirim qilinishiga, shartnomalar (yuk tashish va transport-ekspeditorlik) asosida koʻrsatilgan xizmatlar uchun hisob-kitob qilishga, transport ishini hisobga olish, haydovchiga (yukni yetkazib beruvchi masʼul shaxsga) ish haqi yozish uchun asos boʻlib hisoblanadi.

9. Axborot tizimida elektron tovar-transport yuk xatini rasmiylashtirishda texnik nosozliklar yuzaga kelganda, tovar-transport yuk xati qogʻoz shaklida rasmiylashtiriladi. Bunda, texnik nosozliklar elektron tovar-transport yuk xati tizimi operatori tomonidan rasman tasdiqlangan boʻlishi lozim va axborot tizimidagi nosozliklar bartaraf etilgandan soʻng besh kalendar kuni ichida qogʻoz shaklida koʻrsatilgan sana bilan tovar-transport yuk xati elektron shaklda axborot tizimiga kiritilishi shart.

10. Soliq toʻlovchilar tomonidan davlat siriga taalluqli boʻlgan yuk tashishlar amalga oshirilganda, tovar-transport yuk xati belgilangan tartibda qogʻoz shaklida rasmiylashtiriladi.

11. Haqiqatga toʻgʻri kelmaydigan maʼlumotlarni kiritgan holda rasmiylashtirilgan elektron tovar-transport yuk xati bilan yuklarni tashish — soxta hujjatlar boʻyicha tashish hisoblanadi hamda qonunchilik hujjatlariga asosan javobgarlikka tortishga sabab boʻladi.

2-bob. Elektron tovar-transport yuk xatini shakllantirish tartibi

12. Yukni avtomobil, temir yoʻl, havo, suv transportida yoki ushbu transport turlari uygʻunligida tashishga elektron tovar-transport yuk xati yuk joʻnatuvchi tomonidan belgilangan tartibda har bir transportning qatnoviga alohida har bir yukni oluvchining nomiga tuziladi.

13. Tovar-transport yuk xati ushbu Nizomga 2-ilovada keltirilgan shaklga muvofiq quyidagi tartibda toʻldiriladi:

Tovar-transport yuk xati tartib raqami va sanasi kiritiladi;

tashish turi (“Ombordan omborga” yoki “Sotuvchidan sotib oluvchiga”) tanlanadi;

tashish turi “Sotuvchidan sotib oluvchiga” rejimi tanlanganda, oldi-sotdi shartnomasi raqami va sanasi kiritiladi;

transport turi (avtomobil, temir yoʻl, havo, suv) tanlanadi;

“Yuk joʻnatuvchi” katakchasiga yuk joʻnatuvchi nomi hamda soliq toʻlovchining identifikatsiya raqami kiritiladi;

“Yuk oluvchi” katakchasiga yuk oluvchi nomi hamda soliq toʻlovchining identifikatsiya raqami kiritiladi;

tashish turi “Ombordan omborga” rejimi tanlanganda, yuk joʻnatuvchi yuk oluvchi sifatida ham ishtirok etadi;

“Yukni yetkazib beruvchi” katakchasiga yukni yetkazib beruvchining nomi hamda soliq toʻlovchining identifikatsiya raqami kiritiladi;

“Mijoz”ning STIRi kiritiladi hamda tuzilgan “Shartnoma raqami va sanasi” toʻldiriladi (yukni yetkazib berish ekspeditor tomonidan amalga oshirilgan taqdirda);

“Yuk tashuvchi” katakchasiga yuk tashuvchi nomi hamda soliq toʻlovchining identifikatsiya raqami kiritiladi;

“Buyurtmachi”ning STIRi kiritiladi hamda yuk tashuvchi va buyurtmachi oʻrtasida tuzilgan “Shartnoma raqami va sanasi” toʻldiriladi (yuk tashish xizmati yuk tashish shartnomasi asosida boshqa (yuk joʻnatuvchi, yuk oluvchi va ekspeditordan tashqari) yuridik yoki jismoniy shaxs tomonidan koʻrsatilgan taqdirda);

transport turidan kelib chiqib, transport vositalari toʻgʻrisidagi maʼlumotlar (avtomobil, tirkama, yarim tirkama davlat raqami va rusumi, vagon raqami va turi (yopiq, yarim ochiq, platforma, tsisterna va boshqalar), havo kemasi raqami va rusumi, kema raqami va rusumi) kiritiladi;

haydovchi va yukni yetkazib beruvchi masʼul shaxs maʼlumotlari (F.I.O va JShShIR) kiritiladi;

yuk tashilayotgan transport turidan kelib chiqib, “Yuklash manzili” va “Yukni yetkazish manzili” toʻldiriladi;

yuklash va yetkazish manzilining oraliq masofasi (km) toʻldiriladi;

tovar-transport yuk xati shaklining jadval qismiga tashilayotgan yukning rekvizitlari (“Tovarlar tartib raqami”, “Tovarlar nomi”, “Tovarlarning Yagona elektron milliy katalogi boʻyicha identifikatsiya kodi va nomi”, “Oʻlchov birligi”, “Miqdori”, “Narxi”, “Etkazib berish qiymati (QQSsiz)”, “Yuk tashish narxi”, “Ogʻirligi (brutto, netto, tonnada)” toʻldiriladi.

Yuklar yuklash manzili va yukni yetkazish manzili boʻyicha toʻldiriladi, agar qoʻshimcha yuklash yoki yetkazish manzillari mavjud boʻlsa, qoʻshish (+) tugmasi orqali amalga oshiriladi.

14. Vositachi tomonidan komitentning manfaatida vositachilik xizmatlarini koʻrsatish bilan bogʻliq shartnoma (vositachilik yoki topshiriq) asosida yuk joʻnatilganda, vositachi (ishonchli vakil) yuk oluvchiga ushbu Nizomga 2-ilovadagi tovar-transport yuk xati shaklining jadval qismi 1-ustunidan avval 1a-“Komitentning (yuk egasining) nomi”, 1b-“Komitentning (yuk egasining) STIRi”, 1v-“QQS raqami” qoʻshimcha ustunlarni kiritgan holda tovar-transport yuk xati shakllantirilishi shart.

15. Yirik gabaritli yuk bir nechta transportda tashilganda, har bir transport qatnoviga alohida elektron tovar-transport yuk xati shakllantiriladi.

3-bob. Elektron tovar-transport yuk xatini rasmiylashtirish, yuborish va qabul qilish tartibi

16. Yuk joʻnatuvchi tomonidan shakllantirilgan elektron tovar-transport yuk xati elektron raqamli imzo bilan imzolagandan soʻng elektron hujjat aylanish tizimi tomonidan avtomatik tarzda QR-kodi biriktirilgan holda ishtirokchilarga yuboriladi va rasmiylashtirilgan elektron tovar-transport yuk xati ishtirokchilarning shaxsiy kabinetida aks etadi.

17. Mazkur Nizomda boshqacha qoida nazarda tutilmagan boʻlsa, yuk avtomobil, temir yoʻl, havo, suv transportlarida yoki ushbu transport turlari uygʻunligida tashilganda, elektron tovar-transport yuk xati rasmiylashtirilmagan yuklar yuk joʻnatuvchi tomonidan taqdim etilishi, yukni yetkazib beruvchi (yuk tashuvchi) esa uni tashish uchun qabul qilib olishi taqiqlanadi.

18. Yukni yetkazib beruvchi masʼul shaxs yukni olganda va yetkazib berganda, yuk oluvchi esa yuk tashish jarayoni yakunlanganda oʻz elektron raqamli imzolari bilan tasdiqlaydi yoki yukni olish jarayonida aniq sababi koʻrsatilgan holda elektron tovar-transport yuk xatini rad etishi mumkin.

19. Avval rasmiylashtirilgan elektron tovar-transport yuk xatiga qoʻshimcha va tuzatish kiritish mazkur Nizom talablari asosida yuk oluvchi tomonidan tasdiqlangunga qadar amalga oshirilishi mumkin.

20. Oʻzbekiston Respublikasining “Elektron hujjat aylanishi toʻgʻrisida”gi Qonuniga asosan elektron hujjat belgilangan tartibda elektron shaklda rasmiylashtirilib tasdiqlansa, qogʻoz shaklida talab etilmaydi va u asl nusxa hisoblanadi.

21. Elektron shaklda rasmiylashtirilgan yuk xatlarida keltirilgan maʼlumotlar himoya qilinadi hamda Soliq qoʻmitasining maʼlumotlar bazasida kamida 5 yil davomida saqlanishi taʼminlanadi.

Bunda yuk xatlarining amal qilish muddati 5 yildan koʻp boʻlganda, shartnomaning amal qilish muddatidan kam boʻlmagan davrda saqlanadi.

22. Elektron shaklda rasmiylashtirilgan yuk xatiga biriktirilgan QR-kodning haqqoniyligi mobil ilova yoki rasmiy veb-sayt orqali tekshirishi mumkin.

23. Soliq organlari qonunchilik hujjatlarida belgilangan tartibda vakolatli organlarning yozma soʻroviga asosan elektron tovar-transport yuk xatida keltirilgan maʼlumotlarni taqdim etadilar.

24. Mazkur bobda qayd etilgan jarayonlar avtomatlashtirilgan tarzda va real vaqt rejimida amalga oshiriladi.

25. Elektron tovar-transport yuk xatini rasmiylashtirishda ushbu Nizomning 13-bandida qayd etilgan maʼlumotlar koʻrsatilishi shart.

4-bob. Elektron tovar-transport yuk xati ni rasmiylashtiruvchilarning huquq va majburiyatlari

26. Ishtirokchilar quyidagi huquqlarga ega:

elektron hujjat aylanish tizimi operatorlari axborot tizimidan foydalangan holda rasmiylashtirilgan elektron tovar-transport yuk xatini qabul qilish yoki rad qilish;

elektron tovar-transport yuk xatini rasmiylashtirish boʻyicha tegishli yoʻriqnomalar bilan tanishish va soliq organlaridan amaliy yordam olish;

elektron tovar-transport yuk xatini rasmiylashtirish jarayonida elektron hujjat aylanish tizimidagi nosozliklar boʻyicha soliq organlariga murojaat qilish.

elektron tovar-transport yuk xati mazkur Nizom talablari asosida yuk oluvchi tomonidan tasdiqlangunga qadar unga qoʻshimcha va tuzatish kiritilishi mumkin.

27. Ishtirokchilarning majburiyatlari quyidagilardan iborat:

yuk joʻnatuvchi tomonidan elektron tovar-transport yuk xatini rasmiylashtirish bilan bir vaqtda elektron hisobvaraq-fakturalarni shakllantirish;

elektron shaklda rasmiylashtiriladigan yuk xatlarini imzolashda ishtirokchilar albatta elektron raqamli imzoga ega boʻlishi.

5-bob. Yakunlovchi qoidalar

28. Soliq organlari ushbu Nizom talablariga rioya etilishi yuzasidan qonunchilik hujjatlariga muvofiq nazoratni amalga oshiradilar.

29. Ushbu Nizom talablarini buzgan shaxslar qonunchilik hujjatlarida belgilangan tartibda javob beradilar.

Tovar-transport yuk xatlarini elektron shaklda rasmiylashtirish tartibi toʻgʻrisidagi nizomga 1-ILOVA

Tovar-transport yuk xatlarini elektron shaklda rasmiylashtirish

Bosqichlar Subyektlar Tadbirlar Ijro muddati 1-bosqich Yuk joʻnatuvchi Elektron tovar-transport yuk xati ishtirokchilari, tovarlar va transport vositalari toʻgʻrisidagi maʼlumotlarni shakllantirib, elektron raqamli imzo bilan tasdiqlagandan soʻng operator orqali rouming operatoriga yuboradi. Real vaqt rejimida 2-bosqich Rouming operatori 1. Elektron tovar-transport yuk xati reyestrga kiritilgandan keyin unga ID va QR kodlarini biriktirish hamda kelib tushgan elektron tovar-transport yuk xatining ushbu Nizom talablariga muvofiqligini tekshirib, ishtirokchilarga uning operatori orqali yetkazadi. 2. Toʻldirilishida xatolar yoki kamchiliklar mavjudligi aniqlangan elektron tovar-transport yuk xatini qabul qilmasdan, tegishli operator orqali uni shakllantirgan subyektga qaytaradi. Real vaqt rejimida 3-bosqich Yukni yetkazib beruvchi masʼul shaxs 1. Oʻziga tegishli maʼlumotlarni tekshiradi va yuklar qabul qilganligini tasdiqlaydi. 2. Toʻldirilishida xatolar yoki kamchiliklar mavjudligi aniqlangan elektron tovar-transport yuk xatini qabul qilishni rad etadi. Real vaqt rejimida 4-bosqich Yukni yetkazib beruvchi masʼul shaxs Yuklar yuk oluvchiga yetkazib berilganligini elektron raqamli imzo bilan tasdiqlaydi. Real vaqt rejimida 5-bosqich Yuk oluvchi Oʻziga tegishli maʼlumotlarni tekshirib, kelib tushgan elektron tovar-transport yuk xatini yuk qabul qilish jarayonida elektron raqamli imzo bilan tasdiqlaydi yoki sababi koʻrsatilgan holda tasdiqlashni rad etadi. Real vaqt rejimida

Tovar-transport yuk xatlarini elektron shaklda rasmiylashtirish tartibi toʻgʻrisidagi nizomga 2-ILOVA

ID: 20__ yil “___” ____________ dagi ____-son shartnomaga 20__ yil “___” ____________ dagi ____-son TOVAR-TRANSPORT YuK XATI Tashish turi: ___-ombordan omborgacha; ___-sotuvchidan xaridorga Yuk joʻnatuvchi: __________________________ Yuk oluvchi: ________________________________ STIR (JShShIR): ________________________ STIR (JShShIR): __________________________ Yukni yetkazib beruvchi: _____________________ Yuk oluvchi: ________________________________ STIR (JShShIR): _________________________ STIR (JShShIR): __________________________ Mijoz: ___________________________________ Buyurtmachi: _______________________________ STIR (JShShIR): __________________________ STIR (JShShIR): __________________________ Shartnoma raqami va sanasi: __________________ Shartnoma raqami va sanasi: __________________ Transport turi: ________________________ Avtomobil davlat raqami: ______________ Rusumi: __________________________________ Yarim tirkama davlat raqami: ______________ Rusumi: __________________________________ Tirkama davlat raqami: ______________ Rusumi: __________________________________ vagon raqami: ________ Turi: ____________________________________ Havo kemasi raqami: _________ Rusumi: __________________________________ Kema raqami: _______________ Rusumi: __________________________________ Haydovchi F.I.O: ___________________________ Yukni yetkazib beruvchi masʼul shaxs JShShIR: ________________________ F.I.O: __________________ JShShIR: ________________________ Yuklash manzili: ___________________________ Yukni yetkazish manzili: __________________________ Oraliq masofa (km): ____________

T/r Tovarlar nomi Tovarlarning Yagona elektron milliy katalogi boʻyicha identifikatsiya kodi va nomi Oʻlchov birligi Miqdori (soni) Narxi Etkazib berish qiymati (QQSsiz) Yuk tashish narxi Ogʻirligi (tn) brutto netto 1 2 3 4 5 6 7 8 9 10

Yuk joʻnatuvchi Yukni yetkazib beruvchi masʼul shaxs Yukni yetkazib beruvchi masʼul shaxs Yuk oluvchi (Yuk omboridan chiqishda tasdiqlanadi) (Yuk qabul qilib olinganda tasdiqlanadi) (Yukni yetkazib berganda tasdiqlanadi) (Yukni qabul qilganda tasdiqlanadi) ”.

Oʻzbekiston Respublikasining Bosh vaziri A. ARIPOV

Toshkent sh.,

2023-yil 21-dekabr,

673-son

(Qonunchilik maʼlumotlari milliy bazasi, 26.12.2023-y., 09/23/673/0974-son)

lex.uz