📅 2023-yil 26-dekabr · Vazirlar Mahkamasi qarorlari
Rasmiy matn. Rasmiy hujjat. Tahririy izohlar kiritilmagan.
📅 2023-yil 26-dekabr · Vazirlar Mahkamasi qarorlari
Rasmiy matn. Rasmiy hujjat. Tahririy izohlar kiritilmagan.
📅 2023 йил 26 декабрь · Вазирлар Маҳкамаси қарорлари
Расмий матн. Расмий ҳужжат. Таҳририй изоҳлар киритилмаган.
📅 26 декабря 2023 г. · Постановления Кабинета Министров
Официальный текст. Официальный документ. Редакционные примечания не включены.
📅 26 December 2023 · Cabinet of Ministers resolutions
Official text. Official document. Editorial notes are not included.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг
қарори
ТАҚСИМОТИ
СХЕМАСИ
«140 та илғор саноат корхонаси» дастурини амалга ошириш ва «саноат ипотекаси» тизимини жорий қилишга доир чора-тадбирлар тўғрисида
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2023 йил 18 август куни тадбиркорлар билан ўтказилган очиқ мулоқоти доирасида белгиланган устувор вазифалар ижросини таъминлаш, хусусан, ҳудудларда импорт ўрнини босувчи, экспортбоп ва юқори қўшилган қийматли маҳсулотлар ишлаб чиқаришга йўналтирилган йирик саноат лойиҳаларини амалга оширишни янада рағбатлантириш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:
1. Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Ўзбекистон Республикаси Президентининг тадбиркорлар билан 2023 йилдаги очиқ мулоқотида белгиланган вазифаларни амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида» 2023 йил 4 сентябрдаги ПҚ-292-сон қарорига мувофиқ:
Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги ҳамда Савдо-саноат палатасининг саноат соҳаларида «140 та илғор саноат корхонаси» дастурини амалга ошириш тўғрисидаги таклифлари маъқулланганлиги;
«140 та илғор саноат корхонаси» дастурига киритилган тадбиркорлик субъектларининг лойиҳаларини молиялаштириш учун хорижий валютада йиллик 4 фоиз, миллий валютада йиллик 10 фоиз ставкада 10 йил муддатгача кредит маблағлари ажратилиши белгиланганлиги;
Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги томонидан йирик саноат лойиҳаларини тадбиркорлик субъектларига очиқ танлов асосида таклиф қилишга мўлжалланган Электрон платформа (кейинги ўринларда — платформа) яратилганлиги ва ишга туширилганлиги маълумот учун қабул қилинсин.
2. Қуйидагилар:
«140 та илғор саноат корхонаси» дастури доирасида тадбиркорлик субъектларига очиқ танлов асосида таклиф қилинадиган йирик саноат лойиҳаларининг тақсимоти 1-иловага мувофиқ;
«140 та илғор саноат корхонаси» дастури (кейинги ўринларда — Дастур) доирасида йирик саноат лойиҳаларини амалга оширувчи ташаббускор тадбиркорларни очиқ танлов асосида танлаб олиш ва молиялаштириш схемаси 2-иловага мувофиқ тасдиқлансин.
3. Қуйидагилар йирик саноат лойиҳаларини очиқ танлов асосида танлашнинг асосий мезонлари этиб белгилансин:
лойиҳа доирасида камида 100 та янги иш ўринлари яратилиши;
ишлаб чиқариладиган маҳсулотнинг ички бозордаги импорт улуши 50 фоиздан юқори бўлиши;
ишлаб чиқариш технологик асбоб-ускуналарининг янги (янги авлодга мансуб) бўлиши;
лойиҳа амалга ошириладиган туманнинг тоифасидан келиб чиқиб, лойиҳага афзаллик берилиши (тоифаси паст туманларга юқори афзаллик берилиши);
халқаро брендлар билан ҳамкорлик шартномасига асосан ишлаб чиқариш лойиҳаларига афзаллик берилиши.
4. Шундай тартиб ўрнатилсинки, унга мувофиқ Дастур доирасида:
танлов ғолиблари платформага келиб тушган таклифлардан энг яхшиларини очиқ танлов асосида танлаш орқали Инвестицияларни жалб қилиш, саноатни ривожлантириш ва савдони тартибга солиш масалалари бўйича Ҳукумат комиссияси томонидан аниқланади;
очиқ танлов иштирокчилари ва ғолибларини танлашга асос бўлган асосий мезонлар тўғрисидаги маълумотлар ҳар чорак якунида платформада эълон қилиб борилади;
танлов ғолиби бўлган ташаббускор тадбиркорларга Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги ҳамда унинг тизимидаги ташкилотлар томонидан лойиҳаларнинг бизнес режаси ва техник-иқтисодий асосларини тайёрлашда услубий жиҳатдан ёрдам берилади;
танлов ғолибларига Саноатни ривожлантириш жамғармаси ҳисобидан тижорат банкларига хорижий валютада йиллик 4 фоиз ва миллий валютада йиллик 10 фоиз ставкада 10 йил муддатгача, шундан 3 йилгача имтиёзли давр билан бир лойиҳа қийматининг 25 фоизи миқдорида, бироқ 10 миллион АҚШ долларидан кўп бўлмаган миқдорда кредитлар ажратилади.
Бунда ушбу кредитлар бўйича тижорат банкларининг маржаси хорижий валютада 2 фоиз ва миллий валютада 4 фоиз миқдорида белгиланади.
5. Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги бир ой муддатда тегишли тармоқ ташкилотлари билан биргаликда ҳар бир йўналишда йирик саноат лойиҳалари тўғрисидаги таклифлар платформага жойлаштирилишини таъминласин.
6. Саноат маҳсулотларини ишлаб чиқариш бўйича лойиҳаларни тезкорлик билан ишга туширишни қўллаб-қувватлаш мақсадида 2024 йил 1 январдан бошлаб қуйидагиларни ўз ичига олувчи «саноат ипотекаси» тизими жорий этилсин:
тадбиркорлик субъектларига ер участкалари (ишлаб чиқариш майдонлари) қурилиш учун тегишли рухсатномалар ва лойиҳа ҳужжатлари расмийлаштирилган ҳолда, «тайёр бизнес» шаклида аукцион савдоларига чиқарилади;
ишлаб чиқаришни ташкил этиш мақсадида бино ва иншоотлар харид қилиш учун Саноатни ривожлантириш жамғармаси ҳисобидан тижорат банкларига 7 йил муддатга, 2 йилгача имтиёзли давр билан миллий валютада йиллик 10 фоиз ставкада кредитлар ажратилади. Бунда тижорат банкининг маржаси 4 фоиз миқдорида белгиланади.
7. «Саноат ипотекаси» доирасида амалга ошириладиган лойиҳаларга қуйидаги шартлар мажбурий этиб белгиланади:
лойиҳа Ўзбекистон Республикаси Иқтисодий фаолият турларининг умумдавлат таснифлагичининг «С» бўлимида қайта ишлаш саноати бўйича назарда тутилган фаолият йўналишларига (тамаки ва алкоголли маҳсулотлар ишлаб чиқариш фаолиятидан ташқари) тааллуқли бўлиши;
«саноат ипотекаси» тизимида харид қилинган бино ва иншоотларнинг камида 50 фоиз майдонидан бевосита ишлаб чиқариш фаолияти учун фойдаланиш;
тадбиркорларга ўзининг аффилланган шахсларидан бино ва иншоотлар сотиб олмаслик.
8. Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги Иқтисодиёт ва молия вазирлиги билан биргаликда бир ой муддатда «саноат ипотекаси» тизимини амалга ошириш тартибини тасдиқлаш учун Вазирлар Маҳкамасига киритсин.
9. Дастур доирасида платформага жойлаштирилган лойиҳалар бўйича ишлаб чиқариш қувватларининг атроф-муҳитга салбий таъсирини камайтириш мақсадида танлаб олинган ташаббускорлар зиммасига қуйидаги мажбуриятлар юкланиши белгилаб қўйилсин:
атроф-муҳитга таъсири бўйича I тоифага мансуб хўжалик юритувчи субъектларни атмосфера ҳавосига асосий турғун манбалардан ташланмаларни ва сув объектларини ифлослантириш манбаларидан ташланмаларни таҳлил қилувчи автоматик тизимлар билан жиҳозлаш;
сув таъминотининг айланма босқичи кенг жорий этилишини таъминлаш;
атмосфера ҳавосини ифлослантирувчи стационар манбаларда самарадорлиги 99,5 фоиздан паст бўлмаган чанг ва газларни тутиб қолувчи қурилмалар қўлланилишини таъминлаш;
атроф-муҳитга таъсири бўйича I ва II тоифага мансуб хўжалик юритувчи субъектлар томонидан ўзининг ва туташ ҳудудларда Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги билан келишилган ҳолда «яшил белбоғ»лар барпо этиш.
10. Ўзбекистон Республикаси Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги Дастур доирасида амалга оширилиши режалаштирилган лойиҳалар бўйича белгиланган тартибда давлат экологик экспертизаси хулосалари берилишини таъминласин ҳамда табиатни муҳофаза қилиш қонунчилигига қатъий риоя этилиши юзасидан давлат назоратини ўрнатсин.
11. Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги:
бир ой муддатда Дастур ғолиблари билан икки томонлама мажбуриятларни аниқ белгилаш бўйича намунавий инвестиция шартномаси лойиҳасини ишлаб чиқсин;
Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги билан биргаликда мазкур қарор билан жорий этилаётган Дастур ва «саноат ипотекаси» тизими тўғрисида оммавий ахборот воситалари орқали тадбиркорлик субъектларини кенг хабардор қилиш чораларини кўрсин.
12. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари Ж.А. Ходжаев зиммасига юклансин.
Вазирлар Маҳкамасининг 2023 йил 26 декабрдаги 684-сон қарорига 1-ИЛОВА
«140 та илғор саноат корхонаси» дастури доирасида тадбиркорлик субъектларига очиқ танлов асосида таклиф қилинадиган йирик саноат лойиҳаларининг
Т/р Саноат йўналишлари Лойиҳалар сони 1. Электротехника 20 2. Тўқимачилик 20 3. Чарм-пойабзал 10 4. Машинасозлик 10 5. Заргарлик 10 6. Қурилиш материаллари 20 7. Мебелсозлик 10 8. Полимер, кимё 20 9. Озиқ-овқат 20 Жами 140
Вазирлар Маҳкамасининг 2023 йил 26 декабрдаги 684-сон қарорига 2-ИЛОВА
«140 та илғор саноат корхонаси» дастури доирасида йирик саноат лойиҳаларини амалга оширувчи ташаббускор тадбиркорларни очиқ танлов асосида танлаб олиш ва молиялаштириш
Босқичлар Субъектлар Тадбирлар Ижро муддати 1-босқич Ташаббускор Дастур доирасида танлов эълон қилинган лойиҳаларга www.loyiha.miit.uz электрон платформаси орқали таклифларни юбориш. Заруратга кўра 2-босқич Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги Платформа орқали келиб тушган таклифларни кўриб чиқиш ҳамда таққослаш ва таҳлилий материалларни Инвестицияларни жалб қилиш, саноатни ривожлантириш ва савдони тартибга солиш масалалари бўйича Ҳукумат комиссиясига (кейинги ўринларда — Ҳукумат комиссияси) киритиш. Ҳар ойнинг ўнинчи санасига 3-босқич Ҳукумат комиссияси Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги томонидан киритилган таклифларни кўриб чиқиш ва танлов ғолибларини аниқлаш бўйича Ҳукумат комиссиясининг қарорини қабул қилиш. Беш иш кунида 4-босқич Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги Танлов ғолибларини www.loyiha.miit.uz электрон платформасида эълон қилиш ва лойиҳа ғолиби билан инвестиция шартномасини имзолаш. Беш иш кунида 5-босқич Ташаббускор Лойиҳанинг техник-иқтисодий асосларини ишлаб чиқиш ва экспертизадан ўтказиш учун «Лойиҳаларни ва импорт контрактларини комплекс экспертиза қилиш маркази» ДУКга киритиш. Икки ой муддатда 6-босқич «Лойиҳаларни ва импорт контрактларини комплекс экспертиза қилиш маркази» ДУК Лойиҳанинг техник-иқтисодий асосларини экспертизадан ўтказиш ҳамда ижобий хулоса ёки эътирозлар бериш. Ўн беш иш кунида 7-босқич Ташаббускор Ижобий хулоса олинган лойиҳа бўйича техник-иқтисодий асослари билан бирга тижорат банкига Саноатни ривожлантириш жамғармаси ҳисобидан кредит олиш учун мурожаат қилиш. Беш иш кунида 8-босқич Тижорат банки Лойиҳа ҳужжатларини ўрганиб чиқиш ҳамда Саноатни ривожлантириш жамғармасига ресурс ажратиш ҳақида талабнома киритиш. Ўн беш иш кунида 9-босқич Саноатни ривожлантириш жамғармаси Тижорат банкининг талабномасига асосан ресурс ажратиш. Икки иш кунида 10-босқич Тижорат банки Лойиҳани молиялаштириш учун кредит ажратиш. Икки иш кунида 11-босқич Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги Лойиҳаларнинг амалга оширилиши бўйича мониторинг юритиш. Лойиҳани амалга ошириш давомида
Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А. АРИПОВ
Тошкент ш.,
2023 йил 26 декабрь,
684-сон
Oʻzbekiston Respublikasi Vazirlar Mahkamasining
qarori
TAQSIMOTI
SXEMASI
“140 ta ilgʻor sanoat korxonasi” dasturini amalga oshirish va “sanoat ipotekasi” tizimini joriy qilishga doir chora-tadbirlar toʻgʻrisida
Oʻzbekiston Respublikasi Prezidentining 2023-yil 18-avgust kuni tadbirkorlar bilan oʻtkazilgan ochiq muloqoti doirasida belgilangan ustuvor vazifalar ijrosini taʼminlash, xususan, hududlarda import oʻrnini bosuvchi, eksportbop va yuqori qoʻshilgan qiymatli mahsulotlar ishlab chiqarishga yoʻnaltirilgan yirik sanoat loyihalarini amalga oshirishni yanada ragʻbatlantirish maqsadida Vazirlar Mahkamasi qaror qiladi:
1. Oʻzbekiston Respublikasi Prezidentining “Oʻzbekiston Respublikasi Prezidentining tadbirkorlar bilan 2023-yildagi ochiq muloqotida belgilangan vazifalarni amalga oshirish chora-tadbirlari toʻgʻrisida” 2023-yil 4-sentabrdagi PQ-292-son qaroriga muvofiq:
Oʻzbekiston Respublikasi Investitsiyalar, sanoat va savdo vazirligi hamda Savdo-sanoat palatasining sanoat sohalarida “140 ta ilgʻor sanoat korxonasi” dasturini amalga oshirish toʻgʻrisidagi takliflari maʼqullanganligi;
“140 ta ilgʻor sanoat korxonasi” dasturiga kiritilgan tadbirkorlik subyektlarining loyihalarini moliyalashtirish uchun xorijiy valyutada yillik 4 foiz, milliy valyutada yillik 10 foiz stavkada 10 yil muddatgacha kredit mablagʻlari ajratilishi belgilanganligi;
Oʻzbekiston Respublikasi Investitsiyalar, sanoat va savdo vazirligi tomonidan yirik sanoat loyihalarini tadbirkorlik subyektlariga ochiq tanlov asosida taklif qilishga moʻljallangan Elektron platforma (keyingi oʻrinlarda — platforma) yaratilganligi va ishga tushirilganligi maʼlumot uchun qabul qilinsin.
2. Quyidagilar:
“140 ta ilgʻor sanoat korxonasi” dasturi doirasida tadbirkorlik subyektlariga ochiq tanlov asosida taklif qilinadigan yirik sanoat loyihalarining taqsimoti 1-ilovaga muvofiq;
“140 ta ilgʻor sanoat korxonasi” dasturi (keyingi oʻrinlarda — Dastur) doirasida yirik sanoat loyihalarini amalga oshiruvchi tashabbuskor tadbirkorlarni ochiq tanlov asosida tanlab olish va moliyalashtirish sxemasi 2-ilovaga muvofiq tasdiqlansin.
3. Quyidagilar yirik sanoat loyihalarini ochiq tanlov asosida tanlashning asosiy mezonlari etib belgilansin:
loyiha doirasida kamida 100 ta yangi ish oʻrinlari yaratilishi;
ishlab chiqariladigan mahsulotning ichki bozordagi import ulushi 50 foizdan yuqori boʻlishi;
ishlab chiqarish texnologik asbob-uskunalarining yangi (yangi avlodga mansub) boʻlishi;
loyiha amalga oshiriladigan tumanning toifasidan kelib chiqib, loyihaga afzallik berilishi (toifasi past tumanlarga yuqori afzallik berilishi);
xalqaro brendlar bilan hamkorlik shartnomasiga asosan ishlab chiqarish loyihalariga afzallik berilishi.
4. Shunday tartib oʻrnatilsinki, unga muvofiq Dastur doirasida:
tanlov gʻoliblari platformaga kelib tushgan takliflardan eng yaxshilarini ochiq tanlov asosida tanlash orqali Investitsiyalarni jalb qilish, sanoatni rivojlantirish va savdoni tartibga solish masalalari boʻyicha Hukumat komissiyasi tomonidan aniqlanadi;
ochiq tanlov ishtirokchilari va gʻoliblarini tanlashga asos boʻlgan asosiy mezonlar toʻgʻrisidagi maʼlumotlar har chorak yakunida platformada eʼlon qilib boriladi;
tanlov gʻolibi boʻlgan tashabbuskor tadbirkorlarga Investitsiyalar, sanoat va savdo vazirligi hamda uning tizimidagi tashkilotlar tomonidan loyihalarning biznes rejasi va texnik-iqtisodiy asoslarini tayyorlashda uslubiy jihatdan yordam beriladi;
tanlov gʻoliblariga Sanoatni rivojlantirish jamgʻarmasi hisobidan tijorat banklariga xorijiy valyutada yillik 4 foiz va milliy valyutada yillik 10 foiz stavkada 10 yil muddatgacha, shundan 3 yilgacha imtiyozli davr bilan bir loyiha qiymatining 25 foizi miqdorida, biroq 10 million AQSH dollaridan koʻp boʻlmagan miqdorda kreditlar ajratiladi.
Bunda ushbu kreditlar boʻyicha tijorat banklarining marjasi xorijiy valyutada 2 foiz va milliy valyutada 4 foiz miqdorida belgilanadi.
5. Oʻzbekiston Respublikasi Investitsiyalar, sanoat va savdo vazirligi bir oy muddatda tegishli tarmoq tashkilotlari bilan birgalikda har bir yoʻnalishda yirik sanoat loyihalari toʻgʻrisidagi takliflar platformaga joylashtirilishini taʼminlasin.
6. Sanoat mahsulotlarini ishlab chiqarish boʻyicha loyihalarni tezkorlik bilan ishga tushirishni qoʻllab-quvvatlash maqsadida 2024-yil 1-yanvardan boshlab quyidagilarni oʻz ichiga oluvchi “sanoat ipotekasi” tizimi joriy etilsin:
tadbirkorlik subyektlariga yer uchastkalari (ishlab chiqarish maydonlari) qurilish uchun tegishli ruxsatnomalar va loyiha hujjatlari rasmiylashtirilgan holda, “tayyor biznes” shaklida auksion savdolariga chiqariladi;
ishlab chiqarishni tashkil etish maqsadida bino va inshootlar xarid qilish uchun Sanoatni rivojlantirish jamgʻarmasi hisobidan tijorat banklariga 7 yil muddatga, 2 yilgacha imtiyozli davr bilan milliy valyutada yillik 10 foiz stavkada kreditlar ajratiladi. Bunda tijorat bankining marjasi 4 foiz miqdorida belgilanadi.
7. “Sanoat ipotekasi” doirasida amalga oshiriladigan loyihalarga quyidagi shartlar majburiy etib belgilanadi:
loyiha Oʻzbekiston Respublikasi Iqtisodiy faoliyat turlarining umumdavlat tasniflagichining “S” boʻlimida qayta ishlash sanoati boʻyicha nazarda tutilgan faoliyat yoʻnalishlariga (tamaki va alkogolli mahsulotlar ishlab chiqarish faoliyatidan tashqari) taalluqli boʻlishi;
“sanoat ipotekasi” tizimida xarid qilingan bino va inshootlarning kamida 50 foiz maydonidan bevosita ishlab chiqarish faoliyati uchun foydalanish;
tadbirkorlarga oʻzining affillangan shaxslaridan bino va inshootlar sotib olmaslik.
8. Oʻzbekiston Respublikasi Investitsiyalar, sanoat va savdo vazirligi Iqtisodiyot va moliya vazirligi bilan birgalikda bir oy muddatda “sanoat ipotekasi” tizimini amalga oshirish tartibini tasdiqlash uchun Vazirlar Mahkamasiga kiritsin.
9. Dastur doirasida platformaga joylashtirilgan loyihalar boʻyicha ishlab chiqarish quvvatlarining atrof-muhitga salbiy taʼsirini kamaytirish maqsadida tanlab olingan tashabbuskorlar zimmasiga quyidagi majburiyatlar yuklanishi belgilab qoʻyilsin:
atrof-muhitga taʼsiri boʻyicha I toifaga mansub xoʻjalik yurituvchi subyektlarni atmosfera havosiga asosiy turgʻun manbalardan tashlanmalarni va suv obyektlarini ifloslantirish manbalaridan tashlanmalarni tahlil qiluvchi avtomatik tizimlar bilan jihozlash;
suv taʼminotining aylanma bosqichi keng joriy etilishini taʼminlash;
atmosfera havosini ifloslantiruvchi statsionar manbalarda samaradorligi 99,5 foizdan past boʻlmagan chang va gazlarni tutib qoluvchi qurilmalar qoʻllanilishini taʼminlash;
atrof-muhitga taʼsiri boʻyicha I va II toifaga mansub xoʻjalik yurituvchi subyektlar tomonidan oʻzining va tutash hududlarda Ekologiya, atrof-muhitni muhofaza qilish va iqlim oʻzgarishi vazirligi bilan kelishilgan holda “yashil belbogʻ”lar barpo etish.
10. Oʻzbekiston Respublikasi Ekologiya, atrof-muhitni muhofaza qilish va iqlim oʻzgarishi vazirligi Dastur doirasida amalga oshirilishi rejalashtirilgan loyihalar boʻyicha belgilangan tartibda davlat ekologik ekspertizasi xulosalari berilishini taʼminlasin hamda tabiatni muhofaza qilish qonunchiligiga qatʼiy rioya etilishi yuzasidan davlat nazoratini oʻrnatsin.
11. Oʻzbekiston Respublikasi Investitsiyalar, sanoat va savdo vazirligi:
bir oy muddatda Dastur gʻoliblari bilan ikki tomonlama majburiyatlarni aniq belgilash boʻyicha namunaviy investitsiya shartnomasi loyihasini ishlab chiqsin;
Oʻzbekiston Respublikasi Prezidenti Administratsiyasi huzuridagi Axborot va ommaviy kommunikatsiyalar agentligi bilan birgalikda mazkur qaror bilan joriy etilayotgan Dastur va “sanoat ipotekasi” tizimi toʻgʻrisida ommaviy axborot vositalari orqali tadbirkorlik subyektlarini keng xabardor qilish choralarini koʻrsin.
12. Mazkur qarorning bajarilishini nazorat qilish Oʻzbekiston Respublikasi Bosh vazirining oʻrinbosari J.A. Xodjayev zimmasiga yuklansin.
Vazirlar Mahkamasining 2023-yil 26-dekabrdagi 684-son qaroriga 1-ILOVA
“140 ta ilgʻor sanoat korxonasi” dasturi doirasida tadbirkorlik subyektlariga ochiq tanlov asosida taklif qilinadigan yirik sanoat loyihalarining
T/r Sanoat yoʻnalishlari Loyihalar soni 1. Elektrotexnika 20 2. Toʻqimachilik 20 3. Charm-poyabzal 10 4. Mashinasozlik 10 5. Zargarlik 10 6. Qurilish materiallari 20 7. Mebelsozlik 10 8. Polimer, kimyo 20 9. Oziq-ovqat 20 Jami 140
Vazirlar Mahkamasining 2023-yil 26-dekabrdagi 684-son qaroriga 2-ILOVA
“140 ta ilgʻor sanoat korxonasi” dasturi doirasida yirik sanoat loyihalarini amalga oshiruvchi tashabbuskor tadbirkorlarni ochiq tanlov asosida tanlab olish va moliyalashtirish
Bosqichlar Subyektlar Tadbirlar Ijro muddati 1-bosqich Tashabbuskor Dastur doirasida tanlov eʼlon qilingan loyihalarga www.loyiha.miit.uz elektron platformasi orqali takliflarni yuborish. Zaruratga koʻra 2-bosqich Investitsiyalar, sanoat va savdo vazirligi Platforma orqali kelib tushgan takliflarni koʻrib chiqish hamda taqqoslash va tahliliy materiallarni Investitsiyalarni jalb qilish, sanoatni rivojlantirish va savdoni tartibga solish masalalari boʻyicha Hukumat komissiyasiga (keyingi oʻrinlarda — Hukumat komissiyasi) kiritish. Har oyning oʻninchi sanasiga 3-bosqich Hukumat komissiyasi Investitsiyalar, sanoat va savdo vazirligi tomonidan kiritilgan takliflarni koʻrib chiqish va tanlov gʻoliblarini aniqlash boʻyicha Hukumat komissiyasining qarorini qabul qilish. Besh ish kunida 4-bosqich Investitsiyalar, sanoat va savdo vazirligi Tanlov gʻoliblarini www.loyiha.miit.uz elektron platformasida eʼlon qilish va loyiha gʻolibi bilan investitsiya shartnomasini imzolash. Besh ish kunida 5-bosqich Tashabbuskor Loyihaning texnik-iqtisodiy asoslarini ishlab chiqish va ekspertizadan oʻtkazish uchun “Loyihalarni va import kontraktlarini kompleks ekspertiza qilish markazi” DUKga kiritish. Ikki oy muddatda 6-bosqich “Loyihalarni va import kontraktlarini kompleks ekspertiza qilish markazi” DUK Loyihaning texnik-iqtisodiy asoslarini ekspertizadan oʻtkazish hamda ijobiy xulosa yoki eʼtirozlar berish. Oʻn besh ish kunida 7-bosqich Tashabbuskor Ijobiy xulosa olingan loyiha boʻyicha texnik-iqtisodiy asoslari bilan birga tijorat bankiga Sanoatni rivojlantirish jamgʻarmasi hisobidan kredit olish uchun murojaat qilish. Besh ish kunida 8-bosqich Tijorat banki Loyiha hujjatlarini oʻrganib chiqish hamda Sanoatni rivojlantirish jamgʻarmasiga resurs ajratish haqida talabnoma kiritish. Oʻn besh ish kunida 9-bosqich Sanoatni rivojlantirish jamgʻarmasi Tijorat bankining talabnomasiga asosan resurs ajratish. Ikki ish kunida 10-bosqich Tijorat banki Loyihani moliyalashtirish uchun kredit ajratish. Ikki ish kunida 11-bosqich Investitsiyalar, sanoat va savdo vazirligi Loyihalarning amalga oshirilishi boʻyicha monitoring yuritish. Loyihani amalga oshirish davomida
Oʻzbekiston Respublikasining Bosh vaziri A. ARIPOV
Toshkent sh.,
2023-yil 26-dekabr,
684-son