UzbekAI

← Qonunlar

📅 2023-yil 28-dekabr · Vazirlar Mahkamasi qarorlari

Rasmiy matn. Rasmiy hujjat. Tahririy izohlar kiritilmagan.

Yordam | Arxiv | Atamalar | Statistika | API | Havola yuborish | Sayt haqida | Shartlar

← Қонунлар

📅 2023 йил 28 декабрь · Вазирлар Маҳкамаси қарорлари

Расмий матн. Расмий ҳужжат. Таҳририй изоҳлар киритилмаган.

Ёрдам | Архив | Атамалар | Статистика | API | Ҳавола юбориш | Сайт ҳақида | Шартлар

← Законы

📅 28 декабря 2023 г. · Постановления Кабинета Министров

Официальный текст. Официальный документ. Редакционные примечания не включены.

Помощь | Архив | Термины | Статистика | API | Предложить ссылку | О сайте | Условия

← Laws

📅 28 December 2023 · Cabinet of Ministers resolutions

Official text. Official document. Editorial notes are not included.

Help | Archive | Glossary | Stats | API | Submit | About | Terms

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг

қарори

НИЗОМ

ТУЗИЛМАСИ

ТАРТИБИ

Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Ижтимоий ҳимоя миллий агентлигининг Ижтимоий ҳимоя давлат жамғармаси фаолиятини ташкил этиш тўғрисида

Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Аҳолига сифатли ижтимоий хизмат ва ёрдам кўрсатиш ҳамда унинг самарали назорат тизимини йўлга қўйиш бўйича комплекс чора-тадбирлар тўғрисида» 2023 йил 1 июндаги ПФ-82-сон Фармони ижросини таъминлаш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:

1. Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Аҳолига сифатли ижтимоий хизмат ва ёрдам кўрсатиш ҳамда унинг самарали назорат тизимини йўлга қўйиш бўйича комплекс чора-тадбирлар тўғрисида» 2023 йил 1 июндаги ПФ-82-сон Фармонига мувофиқ Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Ижтимоий ҳимоя миллий агентлигининг Ижтимоий ҳимоя давлат жамғармаси ташкил этилганлиги ва жамғарма маблағлари харажатларининг йўналишлари тасдиқланганлиги маълумот учун қабул қилинсин.

2. Қуйидагилар:

Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Ижтимоий ҳимоя миллий агентлигининг Ижтимоий ҳимоя давлат жамғармаси тўғрисидаги низом 1-иловага мувофиқ;

Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Ижтимоий ҳимоя миллий агентлигининг Ижтимоий ҳимоя давлат жамғармаси ижро этувчи дирекциясининг тузилмаси 2-иловага мувофиқ тасдиқлансин.

3. Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги (кейинги ўринларда — Агентлик) ҳузурида «Ахборот технологиялар маркази» давлат муассасаси (кейинги ўринларда — Марказ) ташкил этилсин.

Белгилансинки:

а) Марказ:

хўжалик юритувчи субъект ҳисобланади;

Ижтимоий ҳимоя давлат жамғармаси, Агентликнинг бюджетдан ташқари маблағлари, халқаро молия институтлари ва ташкилотлари грантлари ҳамда қонунчиликда тақиқланмаган бошқа манбалар ҳисобидан молиялаштирилади;

ахборот тизимларини ишлаб чиқиш ва техник қўллаб-қувватлаш, сервер, компьютер қурилмалари ва телекоммуникация тармоқларига техник хизмат кўрсатиш, Агентлик тизимида замонавий ахборот-коммуникация технологияларини жорий этиш, сунъий интеллект билан боғлиқ лойиҳаларни амалга ошириш, «Call-марказ» ҳамда медиа-марказ фаолиятини ташкил этиш, автоматик тарзда амалга оширилаётган электрон тўловларни кузатиб бориш ва бошқа соҳаларда Агентлик директори томонидан тасдиқланадиган лойиҳаларга мувофиқ тўғридан-тўғри шартнома асосида молиялаштирилади;

фаолияти учун Марказ маблағлари ҳисобидан 1 та хизмат енгил автотранспорт воситасини сақлашга рухсат этилади;

б) Марказ томонидан Ижтимоий ҳимоя давлат жамғармаси ҳамда Агентликнинг бюджетдан ташқари маблағлари ҳисобидан амалга ошириладиган лойиҳалар қиймати мазкур қарорга 3-иловага мувофиқ тартиб асосида аниқланади ҳамда аниқланган қиймат доирасида шартнома(лар) тузилади.

4. Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда ўзлари қабул қилган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни икки ой муддатда ушбу қарорга мувофиқлаштирсин.

5. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари — иқтисодиёт ва молия вазири Ж.А. Қўчқоров зиммасига юклансин.

Вазирлар Маҳкамасининг 2023 йил 28 декабрдаги 687-сон қарорига 1-ИЛОВА

Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Ижтимоий ҳимоя миллий агентлигининг Ижтимоий ҳимоя давлат жамғармаси тўғрисида

1-боб. Умумий қоидалар

1. Мазкур Низом Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Ижтимоий ҳимоя миллий агентлигининг Ижтимоий ҳимоя давлат жамғармаси (кейинги ўринларда — Жамғарма) маблағларини шакллантириш ва улардан фойдаланиш тартибини белгилайди.

2. Жамғарма ўз фаолиятида Ўзбекистон Республикаси Конституцияси ва қонунлари, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг қарорлари, Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармонлари, қарорлари, фармойишлари, Вазирлар Маҳкамасининг қарорлари, фармойишлари, бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар, Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги (кейинги ўринларда — Агентлик) директорининг буйруқлари ҳамда ушбу Низомга амал қилади.

3. Жамғарма давлат муассасаси шаклидаги юридик шахс ҳисобланади, ўзининг мустақил балансига, шахсий ғазна ҳисобварақларига, Ўзбекистон Республикаси Давлат герби тасвири туширилган бланка ва ўз номи ёзилган муҳрга эга бўлади.

4. Жамғарманинг расмий номи:

а) давлат тилида:

тўлиқ номи — Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Ижтимоий ҳимоя миллий агентлигининг Ижтимоий ҳимоя давлат жамғармаси;

қисқартирилган номи — Ижтимоий ҳимоя давлат жамғармаси;

б) рус тилида:

тўлиқ номи — Государственный фонд социальной защиты Национального агентства социальной защиты при Президенте Республики Узбекистан;

қисқартирилган номи — Государственный фонд социальной защиты;

в) инглиз тилида:

тўлиқ номи — State Fund for Social Protection of the National Agency for Social Protection under the President of the Republic of Uzbekistan

қисқартирилган номи — State fund for social protection.

5. Жамғарма Давлат мақсадли жамғармаси ҳисобланади.

6. Жамғарманинг жойлашган жойи (почта манзили) — Тошкент шаҳри, Амир Темур кўчаси, 3-уй, почта индекси 100060.

7. Жамғарма:

ушбу Низомнинг 18-бандига мувофиқ амалга ошириладиган харажатлар бўйича Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Ижтимоий ҳимоя миллий агентлигининг Ижтимоий ҳимоя давлат жамғармаси Кузатув кенгашига (кейинги ўринларда — Кузатув кенгаши);

умумий фаолияти бўйича эса Агентликка ҳисобдордир.

2-боб. Жамғарма маблағларини шакллантириш

8. Жамғарма маблағлари Ўзбекистон Республикасининг консолидациялашган бюджети таркибига киради ва унинг ҳисоби белгиланган тартибда Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджетининг ғазна ижроси орқали юритилади.

9. Жамғарма маблағлари қуйидаги манбалар ҳисобидан шакллантирилади:

Давлат бюджетига тушадиган тушумлардан (жарималар, йиғим ва бошқа даромадлар) қонунчилик ҳужжатларида белгиланган миқдордаги ажратмалар. Бунда ажратмалар қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тақсимотга мувофиқ Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ҳузуридаги Ғазначилик хизмати қўмитаси томонидан белгиланган миқдорларда бир вақтнинг ўзида Жамғармага ҳамда Давлат бюджетига йўналтирилади;

Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджетидан ҳар йили ажратиладиган трансфертлар. Бунда трансфертлар ҳар бир мақсадли харажат йўналиши бўйича алоҳида ғазна шахсий ҳисобварақларида ҳисоби юритилади;

Жамғарманинг вақтинча бўш турган маблағларини тижорат банкларига жойлаштиришдан фоиз шаклида олинадиган даромадлар;

халқаро молия институтлари грантлари, хорижий ҳукумат молия ташкилотлари, халқаро ташкилотлар ва жамғармалар, жисмоний ва юридик шахслар ва бошқа донорларнинг ҳомийлик хайриялари;

қонунчилик ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа манбалар.

Жамғарма маблағлари солиқ солинадиган объект ҳисобланмайди.

3-боб. Жамғарма маблағларини бошқариш

10. Агентлик Жамғарма маблағларини тасарруф этувчи ҳисобланади.

10 1 . Кузатув кенгаши:

ҳар йили Жамғарма маблағларидан фойдаланишнинг асосий йўналишларини, Жамғарма даромадлари ва харажатлари баланси прогноз кўрсаткичларини кўриб чиқади ва тасдиқлайди;

Жамғарма фаолияти ҳақидаги ҳисоботларини ҳар йили, ҳисобот йилидан кейинги йилнинг биринчи чорагида эшитиб боради ва тасдиқлайди;

умумий тасдиқланган параметрлар доирасида, зарурат бўлганда, Жамғарма даромадлари ва харажатларининг прогноз параметрларига ўзгартиришлар киритади;

Жамғармага юкланган вазифаларнинг бажарилишини мувофиқлаштиради;

Жамғарма олдига қўйилган вазифаларни ҳал этиш учун манфаатдор вазирликлар, идоралар, бошқа ташкилотларни жалб қилади, шунингдек, юридик ва жисмоний шахсларнинг, шу жумладан, Ўзбекистон Республикаси норезидентларининг ҳомийлик хайрияларини жалб этишда Жамғармага кўмаклашади;

Жамғармага юкланган вазифаларнинг ижросини ташкил қилиш, тегишли лойиҳаларни ишлаб чиқиш, амалиётга татбиқ этиш ва зарур тавсиялар тайёрланишини таъминлаш мақсадида эксперт-таҳлил гуруҳ (лар)ини ташкил қилади;

қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ бошқа ваколатларни амалга оширади.

10 2 . Кузатув кенгаши мажлислари заруратга кўра, лекин бир йилда камида бир маротаба ўтказилади.

10 3 . Кузатув кенгаши мажлисини кенгаш раиси, у бўлмаган тақдирда эса кенгаш раисининг ўринбосари бошқаради.

10 4 . Кузатув кенгаши мажлиси унда кенгаш аъзоларининг учдан икки қисми иштирок этганда, ваколатли (кворумга эга) ҳисобланади.

Кузатув кенгашининг қарори кенгаш аъзоларининг оддий кўпчилик овози билан қабул қилинади.

Овозлар тенг бўлганда, Кузатув кенгаши раисининг овози ҳал қилувчи овоз ҳисобланади.

10 5 . Кузатув кенгаши қарорлари Кузатув кенгаши мажлисининг баённомалари билан расмийлаштирилади. Кенгаш мажлисининг баённомаси Кузатув кенгаши раиси томонидан тасдиқланади.

11. Агентлик:

Жамғарма томонидан аҳолига ижтимоий хизмат ва ёрдам кўрсатиш, ногиронлиги бўлган шахсларни қўллаб-қувватлаш ҳамда молиялаштириш тартиби ва қоидаларини белгилайди;

Жамғарма фаолияти, шу жумладан, маблағларнинг белгиланган йўналишлар бўйича мақсадли йўналтирилиши, ижтимоий соҳага доир қарорларнинг ўз вақтида қабул қилиниши юзасидан назоратни амалга оширади;

Агентликнинг умумий бошқарув ходимлари сони доирасида Жамғарманинг ижро этувчи дирекцияси (кейинги ўринларда — Дирекция) штатлар сони ва тузилмасига ўзгартириш киритади;

Жамғарма Ижрочи директори ва унинг ўринбосарини лавозимга тайинлайди ҳамда лавозимдан озод этади.

12. Жамғарма Жамғарманинг Ижрочи директори, унинг ўринбосари, шунингдек, тегишли таркибий тузилмаларининг раҳбар ва ходимларидан иборат таркибдаги Жамғарманинг ижро этувчи органи ҳисобланувчи Дирекция томонидан бошқарилади.

13. Дирекция:

Ўзбекистон Республикасининг навбатдаги йил учун Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети асосий параметрлари билан боғлиқ ҳолда, Жамғарма маблағларидан фойдаланишнинг асосий йўналишлари бўйича Жамғарма даромадлари ва харажатларининг ҳар йилги прогноз кўрсаткичларини шакллантиради ҳамда кўриб чиқиш ва тасдиқлаш учун Кузатув кенгашига киритади;

Жамғарма маблағларини шакллантириш манбаларини кенгайтириш ва харажатлар самарадорлигини оширишга доир таклифларни ишлаб чиқади ва кўриб чиқиш учун Кузатув кенгашига киритади;

Жамғарма олдига қўйилган вазифаларнинг ўз вақтида ва самарали бажарилиши учун зарур қўшимча маблағларни жалб этиш бўйича амалий чоралар кўради;

Жамғарма даромадлари ва харажатлари сметасининг ижроси юзасидан ҳисоботни Кузатув кенгаши ва Агентликка тақдим этади;

Жамғарма маблағларидан фойдаланилиши юзасидан белгиланган тартибда мониторинг юритилишини таъминлайди ҳамда мониторинг натижасида аниқланган ҳолатларни таҳлил қилади ва тегишли қарор қабул қилиш учун Кузатув кенгашига таклиф киритади;

штатлар жадвали ва харажатлар сметасини зарур ҳолларда тасдиқланган сметаларга киритиладиган тегишли ўзгартиришларни тасдиқлайди;

қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ бошқа ваколатларни амалга оширади.

14. Агентлик буйруғи билан белгиланган тартибда лавозимга тайинланадиган ва лавозимдан озод этиладиган Ижрочи директор Жамғарма дирекциясининг раҳбари ҳисобланади.

Ижрочи директор:

Жамғарма жорий фаолиятини оператив бошқаради;

Жамғармага юкланган вазифалар ва функцияларга мувофиқ Жамғарма фаолиятини ташкил этади;

Жамғарма номидан вақтинча бўш турган маблағларни тижорат банклари депозитларига жойлаштириш, молиявий, хўжалик ҳамда бошқа шартномаларни имзолайди;

бажарилган ишлар ҳамда келгуси чорак учун иш режалари тўғрисида ҳар чоракда Агентликка ҳисоб беради;

Жамғарма ходимларини ишга қабул қилиш, рағбатлантириш, уларга нисбатан интизомий жазо чораларини қўллаш ҳамда уларни ишдан бўшатиш ҳақида буйруқлар чиқаради;

Жамғарма фаолияти билан боғлиқ бўлган бошқа буйруқ ва қарор қабул қилади;

Жамғарма номидан суд идораларига ариза ва шикоятлар билан мурожаат қилади;

ички меҳнат тартиби қоидалари, таркибий бўлинма низомлари, лавозим йўриқномаларини ва бошқа ички ҳужжатларни тасдиқлайди;

қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ бошқа ваколатларни амалга оширади.

Жамғарма ходимлари белгиланган тартибда Агентлик билан келишилган ҳолда ишга қабул қилинади ва улар билан меҳнат шартномалари тузилади.

15. Жисмоний ва юридик шахслар ҳамда бошқа донорларнинг ҳомийлик хайрияларидан тушадиган маблағлар ҳисобидан амалга ошириладиган ижтимоий дастурларни молиялаштириш Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Ижтимоий ҳимоя миллий агентлигининг Жамоатчилик кенгаши томонидан тасдиқланади ҳамда мониторинг қилинади.

16. Хорижий валютадаги маблағлар Жамғарманинг чет эл валютасида шахсий ғазна ҳисобварақларига тушади. Жамғарманинг чет эл валютасида шахсий ғазна ҳисобварақларига тушган хорижий валютадаги маблағлар заруратга кўра қонунчиликда белгиланган тартибда сотилиб (мазкур Низомда кўзда тутилган ҳолатлар ва алоҳида харажатлардан ташқари), Жамғарманинг асосий ҳисобварағига ўтказилади ва ушбу Низомга мувофиқ фойдаланилади.

Жамғарманинг чет эл валютасидаги шахсий ғазна ҳисобварақларидаги маблағлар импорт шартномалари, хорижий маслаҳатчиларни жалб этиш ва чет элда ўтказиладиган тадбирларни ташкил қилиш билан боғлиқ харажатлар учун ушбу Низомда белгиланган тартибда ишлатилиши мумкин.

17. Жамғарманинг бошқарув ходимлари штат бирликлари Агентликнинг марказий аппарати ва унинг тизимидаги ташкилотларнинг бошқарув штат бирликлари доирасида ажратилади, шунингдек, Дирекция ходимларига Агентлик марказий аппаратининг ходимлари учун белгиланган меҳнатга ҳақ тўлаш шартлари татбиқ этилади.

Бунда меҳнатга ҳақ тўлаш ва тиббий хизмат кўрсатиш шарт-шароитлари бўйича Дирекциянинг ижрочи директори бошқарма бошлиғига, Дирекция директорининг ўринбосари Агентликнинг бошқарма бошлиғи ўринбосарига, Дирекциянинг бўлим бошлиғи Агентликнинг бўлим бошлиғига, Дирекциянинг бош мутахассиси Агентликнинг бош мутахассисига, Дирекциянинг етакчи мутахассиси Агентликнинг етакчи мутахассисига ҳамда Дирекциянинг техник ва хизмат кўрсатувчи ходимлари Агентликнинг техник ва хизмат кўрсатувчи ходимларига тенглаштирилади.

Хизмат вазифаларини бажаришда фойдаланиш учун Жамғармага 1 та навбатчи автотранспорт воситасини сақлаш учун лимит ажратилади. Жамғарма ходимларини қўшимча рағбатлантириш ва мукофотлаш, моддий-техника базасини мустаҳкамлаш учун Жамғарма маблағлари Агентлик билан келишилган ҳолда сарфланади.

Дирекцияни сақлаш билан боғлиқ харажатлар Ўзбекистон Республикаси республика бюджетидан молиялаштирилади.

4-боб. Жамғарма маблағларидан фойдаланиш

18. Жамғарма маблағларидан қуйидаги мақсадлар учун фойдаланилади:

«Ғамхўрлик» марказлари, Ижтимоий қўллаб-қувватлаш марказлари, кексалар, ногиронлиги бўлган шахслар, уруш ва меҳнат фахрийлари учун санаторийларнинг моддий-техника базасини ривожлантириш тадбирлари (қуриш, реконструкция қилиш, капитал таъмирлаш, тегишли ускуна ва жиҳозлар сотиб олиш ва бошқа) ва ижтимоий хизматларни ташкил этиш харажатларини молиялаштириш;

Ногиронлиги бўлган шахсларни реабилитация қилиш ва протезлаш миллий маркази ҳамда унинг ҳудудий марказлари моддий-техника базасини ривожлантириш (қуриш, реконструкция қилиш, капитал таъмирлаш, тегишли ускуна ва жиҳозлар сотиб олиш ва бошқа) ва фаолиятини такомиллаштириш харажатларини молиялаштириш;

Агентлик тизим ташкилотларида пулли хизматларни ҳамда ижтимоий-меҳнат реабилитацияси ва касбга ўргатишни ташкил этиш мақсадида амалга ошириладиган асосий восита, жиҳозлар ва хомашё харид харажатларини молиялаштириш;

аҳолини протез-ортопедия буюмлари ва реабилитация қилишнинг техник воситалари билан таъминлаш;

протез-ортопедия мосламалари ва реабилитация қилишнинг техник воситалари ишлаб чиқаришни модернизация қилиш ва технологик янгилаш дастурлари ва лойиҳаларини молиялаштириш;

ногиронлиги бўлган шахсларнинг ёки Ижтимоий реестрга киритилган оилалар аъзоларининг имтиёзли ҳамда бепул стационар, шу жумладан, чет давлатлардаги тиббиёт муассасаларида даволанишини таъминлаш харажатларини қоплаш;

ногиронлиги бўлган шахсларни ўқув, дидактик ва бошқа муқобил материаллар билан таъминлаш;

ногиронлиги бўлган шахсларнинг маданий ва маънавий ривожланиши учун шароитлар яратиш ҳамда уларни маданий тадбирлар ва спортга жалб этиш харажатларини молиялаштириш;

ногиронлиги бўлган шахсларнинг бандлигини таъминлаган иш берувчиларга қонунчиликда белгиланган тартибда субсидия ажратиш;

ногиронлиги бўлган шахслар учун тенг имкониятлар ва қулай муҳит яратишга қаратилган дастур ва чора-тадбирларни молиялаштириш;

ногиронлиги бўлган шахсларнинг функционал имкониятларини баҳолаш хизматини ташкил этиш, шу жумладан, уларнинг моддий-техника базасини яхшилаш ҳамда автотранспорт ва бошқа зарур жиҳоз ва ускуналар харид қилиш бўйича лойиҳа ва дастурларни молиялаштириш;

ёлғиз яшовчи ва ёлғиз кексаларга хизмат кўрсатиш ва уларни қўллаб-қувватлаш бўйича тадбирларни молиялаштириш;

меҳрибонлик уйлари ва болалар уйлари моддий-техника базасини ривожлантириш тадбирлари (қуриш, реконструкция қилиш, капитал таъмирлаш, тегишли ускуна ва жиҳозлар сотиб олиш ва бошқа) ва ижтимоий хизматларни ташкил этиш харажатларини молиялаштириш;

вояга етмаган болаларга ижтимоий-ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш хизматларини молиялаштириш;

етим болалар ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болаларга, шунингдек, истисно тариқасида, камбағал оилаларнинг васийлик ва ҳомийлик тайинланган болаларига ёрдам кўрсатиш;

ижтимоий ҳимояга муҳтож оилаларнинг иқтидорли болаларини қўллаб-қувватлаш билан боғлиқ тадбирлар харажатларини қоплаш;

етим болалар ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болаларнинг соғлигини сақлаш, саломатлигини тиклаш, уларни мустақил ҳаётга тайёрлаш, таълим бериш, касб-ҳунарга йўналтириш ва ишга жойлаштириш тадбирларини ташкил этиш;

жиноят содир этган ва жиноий жавобгарликнинг энг кичик ёшига етмаган болаларга психологик ёрдам кўрсатиш, уларни касбга ўқитиш ва тарбиялаш тадбирларини ташкил этиш;

қаровсиз ва бошпанасиз қолган, зўравонлик қурбони бўлган, жиноят қурбонлари ва гувоҳлари бўлган, жиноят содир этган ва жиноий жавобгарлик ёшига етган ҳамда фуқаролик процессида иштирок этаётган болаларнинг ижтимоий ва ҳуқуқий ҳимоясини ташкил этиш;

вояга етмаганларга ижтимоий-ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш марказлари ва республика таълим муассасаларининг лойиҳа ҳамда дастурларини молиялаштириш;

ижтимоий ҳимояга муҳтож оилаларнинг 3 ёшгача бўлган фарзандларига давлат ва нодавлат мактабгача таълим ташкилотлари хизматлари учун ҳақ тўлаш харажатларини қоплаш;

эҳтиёжманд аҳоли қатламига тиббий, психологик ва бошқа хизматлар кўрсатиш;

етим болалар ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болаларни уй-жой билан таъминлаш ҳамда ижара тўловларини қоплаш;

оилавий шароити оғир бўлган уйсиз фуқароларни вақтинча бошпана (ижтимоий уйлар) билан таъминлаш;

етим болалар ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болаларнинг ўқиш, касбга тайёрлаш, малакасини ошириш билан боғлиқ харажатларини қисман ёки тўлиқ қоплаш;

зўравонликдан жабр кўрган шахсларни ҳимоя ва реабилитация қилиш билан боғлиқ лойиҳа ва тадбирларни молиялаштириш;

ижтимоий ҳимояга муҳтож оилаларга бир марталик моддий ёрдам ва субсидиялар бериш, уларнинг куз-қиш мавсумида коммунал тўловлари ва иситиш ёқилғисини харид қилиш харажатларини қисман, кўп квартирали уй мулкдорларининг мажбурий бадал маблағлари харажатларини қоплаш;

алоҳида таълим эҳтиёжлари бўлган шахсларнинг ҳаёт тарзини яхшилаш ва уларга хизмат кўрсатиш мақсадида кўп тармоқли ихтисослаштирилган мактабгача таълим ташкилотлари, «Имкон» реабилитация марказига эга кўп тармоқли ихтисослаштирилган мактабгача таълим ташкилотлари, алоҳида таълим эҳтиёжлари бўлган болалар учун ихтисослаштирилган мактаблар ва мактаб-интернатлар, имкониятлари чекланган шахслар учун ихтисослаштирилган махсус техникумлар ҳамда Агентлик тизимидаги бошқа ташкилотларнинг моддий-техника базасини ривожлантириш тадбирлари (қуриш, реконструкция қилиш, капитал таъмирлаш, тегишли ускуна ва жиҳозлар сотиб олиш, ўқув қўлланмалар ва дидактик материаллар билан таъминлаш ва бошқа) харажатларини молиялаштириш;

алоҳида таълим эҳтиёжлари бўлган шахсларнинг ҳаёт тарзини яхшилаш ва уларга хизмат кўрсатиш мақсадида кўп тармоқли ихтисослаштирилган мактабгача таълим ташкилотлари, «Имкон» реабилитация марказига эга кўп тармоқли ихтисослаштирилган мактабгача таълим ташкилотлари, алоҳида таълим эҳтиёжлари бўлган болалар учун ихтисослаштирилган мактаблар ва мактаб-интернатлар, имкониятлари чекланган шахслар учун ихтисослаштирилган махсус техникумлар лойиҳалари ва қўллаб-қувватлаш дастурларини молиялаштириш;

Агентлик тизимидаги таълим муассасаларининг (кўп тармоқли ихтисослаштирилган мактабгача таълим ташкилотлари, алоҳида таълим эҳтиёжлари бўлган болалар учун ихтисослаштирилган давлат таълим муассасалари, имконияти чекланган шахслар учун махсус техникум, «International inclusive hub» халқаро таянч инклюзив профессионал таълим маркази ва бошқалар) тарбияланувчилари, ўқувчилари ўртасида ўтказиладиган (ташкил этиладиган) миллий ва халқаро кўрик-танлов, олимпиада, мусобақа, беллашув ва бошқа тадбирларни ўтказиш билан боғлиқ харажатларни (иштирокчиларнинг келиб кетиш, яшаш, транспорт, меҳмонхона, овқатланиш, эсдалик совғаларини бериш, тадбирларни ташкил этиш ва ўтказиш билан боғлиқ бошқа харажатлар) молиялаштириш;

туну кун фаолият кўрсатадиган Call-марказ хизматини ташкил этиш ва такомиллаштириш;

«ижтимоий карта»ларни жорий этиш бўйича тадбирларни молиялаштириш;

ногиронлиги бўлган шахслар ва ҳаракатланиш имконияти чекланган шахслар, шунингдек, аҳолининг бошқа ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламлари учун «ижтимоий такси» хизматини ташкил этиш ва такомиллаштириш;

Агентлик тизимидаги муассасаларнинг ижтимоий ходимлари, «Инсон» ижтимоий хизматлар марказлари ходимлари ва маҳаллалардаги ижтимоий ходимларга фаолиятининг самарадорлик кўрсаткичини (KPI) баҳолаш асосида рағбатлантириш тўловларини жорий этиш;

жойларда ижтимоий хизматларни ташкил этиш ва уларни кўрсатиш харажатларини молиялаштириш;

ижтимоий ҳимоя соҳасини автоматлаштириш ва рақамлаштириш тадбирларини, шу жумладан, дастурий таъминотни ишлаб чиқиш, техник ускуна ва воситаларни сотиб олиш ҳамда тизимда ахборот коммуникация ва технологияларини ривожлантириш билан боғлиқ бошқа тадбирларни молиялаштириш;

СМС-хабар юбориш хизматлари бўйича барча харажатларни молиялаштириш;

халқаро маслаҳатчилар, консалтинг ва тадқиқот компанияларини ёллашни молиялаштириш, илғор хорижий тажрибани ўрганиш ва жорий этиш чора-тадбирлари;

ахборот-маълумот ва реклама, мақолалар, брошюралар, қўлланмалар ҳамда бошқа ахборот материалларини тайёрлаш ва нашр этиш, шу жумладан, видео ва аудио роликлар ҳамда фильмлар яратиш, илмий-амалий тадқиқотлар ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш ҳамда ижтимоий хизматлар кўрсатиш билан боғлиқ бошқа тадбирларни ташкил этиш учун ҳақ тўлаш;

аҳолига ижтимоий ёрдам ва хизматларни кўрсатиш соҳасида тажриба-лойиҳаларни молиялаштириш;

Агентлик, унинг ҳудудий бўлинмалари ва тизим ташкилотлари ходимларини қўллаб-қувватлаш (рағбатлантириш, шу жумладан ходимлар фаолиятининг самарадорлик кўрсаткичини (KPI) баҳолаш асосида рағбатлантириш, мукофотлаш, устамалар тўлаш, қайта тайёрлаш ва малака ошириш даври учун пуллик компенсация) ва ижтимоий ҳимоя қилиш, шунингдек мазкур мақсадлар учун Жамғармадан ажратилган пул маблағларидан ходимларга ҳисобланган ўртача ойлик иш ҳақидан келиб чиқадиган меҳнат таътили ва бошқа тўловларни ҳам тўлаш.

Агентлик, унинг ҳудудий бўлинмалари ва тизим ташкилотлари ходимларини тайёрлаш, қайта тайёрлаш, малакасини ошириш ва стажировкадан ўтказиш харажатларни қоплаш;

конференциялар, семинарлар, олимпиадалар, танловлар, кўргазмалар, чет элда ўтказиладиган тадбирлар ва бошқа тадбирларни ташкил этиш;

Агентлик, унинг ҳудудий бўлинмалари ва тизим ташкилотлари ходимлари ҳамда тизим ташкилотлари ўқувчи ва тарбияланувчиларининг республикада ва чет элда ташкил этиладиган тадбирларда қатнашиши билан боғлиқ барча харажатларни молиялаштириш;

шартнома асосида жалб қилинадиган юқори малакали, шу жумладан, хорижий мутахассисларнинг харажатларини (меҳнатга ҳақ тўлаш, яшаш, транспорт харажатлари ва бошқалар) молиялаштириш;

нодавлат нотижорат ташкилотлар ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтлари томонидан амалга ошириладиган ижтимоий мавзудаги лойиҳалар ҳамда давлат ижтимоий буюртмаларини молиялаштириш;

«Инсон фахри» миллий мукофотининг расмий веб-саҳифасини ишлаб чиқиш, статуэткаси ва дипломини тайёрлаш, шунингдек, унинг ғолибларини аниқлаш ва тақдирлаш тадбирларини ташкил этиш, ёритиб бориш ҳамда бошқа харажатларни молиялаштириш;

фуқаролар, давлат органлари ва ташкилотлари ходимлари, нодавлат нотижорат ташкилотлар вакиллари ҳамда тадбиркорлик субъектларини «Ижтимоий ҳимоя фидойиси» идоравий кўкрак нишони билан тақдирлаш, мукофотлаш ва бошқа харажатларни молиялаштириш;

Агентлик, унинг ҳудудий бўлинмалари ва тизимдаги ташкилотлар томонидан амалга ошириладиган ижтимоий лойиҳаларни молиялаштириш;

ижтимоий ҳимоя соҳасига ҳомийлик қилиш истаги бўлган юридик ва жисмоний шахслар билан амалга ошириладиган лойиҳаларни биргаликда молиялаштириш;

Агентлик, унинг ҳудудий бўлинмалари ва тизимдаги ташкилотлар ходимларини ҳамда жалб қилинган волонтёрлар учун махсус кийим-бош, сумка ва бошқа совғалар бериш ҳамда бошқа харажатларини қоплаш;

Ўзбекистон Республикаси Президентининг тегишли Фармон ва қарорлари билан белгиланган миқдорда Агентлик ҳузуридаги бюджетдан ташқари Ижтимоий ҳимоя миллий агентлигини қўллаб-қувватлаш жамғармасига йўналтириш;

Агентлик, унинг ҳудудий бўлинмалари ва тизим ташкилотларининг моддий-техника базасини такомиллаштириш, шу жумладан, асбоб-ускуналар, инвентарь, автотранспорт воситалари, диагностика воситалари, ихтисослаштирилган тиббий-реабилитация ускуналари ҳамда ўқув материаллари ва бошқаларни харид қилиш, шунингдек, ўқув қўлланмалар ва дидактик материаллар билан таъминлаш;

Агентликнинг ахборот-коммуникация тизимларини ривожлантириш ва бошқа соҳалар бўйича лойиҳаларни амалга ошириш учун «Ахборот технологиялар маркази» давлат муассасаси фаолиятини молиялаштириш ва сақлаш харажатлари учун субсидия ажратиш;

Ҳамжамиятларни мустаҳкамлаш ва ижтимоий фаровонликни ривожлантириш марказини ташкил этиш, сақлаш, ходимларини рағбатлантириш, моддий-техника базасини мустаҳкамлаш тадбирлари (қуриш, реконструкция қилиш, капитал таъмирлаш, тегишли ускуна ва жиҳозлар сотиб олиш ва бошқа) харажатларини молиялаштириш;

етим болалар ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болаларни муқобил жойлаштириш шаклларини, шу жумладан, кичик ҳажмли болалар уйларини, шунингдек, кичик ҳажмли ижтимоий кўмак марказларини ташкил этиш тадбирларини (уй-жой харид қилиш, қуриш, жорий таъмирлаш, ижарага олиш тегишли ускуна ва жиҳозлар сотиб олиш, ногиронлиги бўлган шахсларга мослаштириш, сақлаш ва бошқа харажатлар) молиялаштириш;

ҳудудий ижтимоий хизматлар марказларини ташкил этиш билан боғлиқ барча харажатларни молиялаштириш;

ижтимоий ҳимоя соҳасидаги лойиҳаларни халқаро молия ташкилотлари билан биргаликда молиялаштириш;

ҳомийлардан мақсадли жалб қилинган маблағларни келишувга кўра ҳомийлар томонидан белгиланган ижтимоий лойиҳаларга йўналтириш.

Жамғарма Кузатув кенгашининг топшириғига асосан қўшимча тадбирларга ва қонунчилик ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа харажатларга маблағ ажратилиши мумкин.

19. Қуйидаги бюджет маблағлари ҳисобидан харажатлар Агентлик ҳамда унинг ҳудудий бўлинмалари орқали алоҳида шахсий ғазна ҳисобварақлари орқали молиялаштирилиб, Жамғарма харажатлари билан қўшилган ҳолда ижтимоий соҳага йўналтирилаётган маблағлар ҳисоботларида акс эттирилади:

кам таъминланган оилаларга болалар нафақалари ва моддий ёрдамлар тўлаш;

бир марталик ёрдам пулларини тўлаш;

ёшга доир, ногиронлик ва боқувчисини йўқотганлик нафақаларини тўлаш;

ногиронлиги бўлган болаларни парваришлаётган оналар учун нафақаларни тўлаш;

бола туғилиши учун бериладиган нафақалар (суюнчи пули)ни тўлаш;

дафн маросими харажатларини қоплаш;

етим болалар ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болаларни уй-жой билан таъминлаш;

оилаларда (ҳомийликка олинган) тарбияланаётган ҳар бир етим бола ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болаларнинг ижтимоий ҳимоясини ташкил этиш.

20. Жамғарма маблағлари ҳисобидан амалга ошириладиган қурилиш, реконструкция ва капитал таъмирлаш ишлари бўйича буюртмачи этиб Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳри ҳокимликлари ҳузуридаги «Ягона буюртмачи хизмати» инжиниринг компаниялари белгиланади.

21. Қонунчиликда ишлатиш тартиби белгиланмаган Жамғарма харажатлари Агентлик директори томонидан тасдиқланадиган тартибга асосан амалга оширилади.

22. Мазкур Низомда кўзда тутилган харажатларни молиялаштиришда тадбир ташаббускори бўлган Агентликнинг тегишли таркибий бўлинмалари, шунингдек, Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар бошқармалари ҳамда тизим ташкилотлари томонидан талабномалар шакллантирилади ва Агентлик директорига киритилади.

Бунда Дирекция томонидан талабномаларда кўзда тутилган тадбирларни манбаи бўйича Агентлик директорига хулоса киритилади.

Агентлик директорининг буйруғига асосан Жамғармадан тегишли харажатлар амалга оширилади.

22 1 . Кузатув кенгашининг қарорига мувофиқ Жамғармадан харажатлар мазкур Низомнинг 22-банди учинчи хатбошисида белгиланган тартибда амалга оширилади.

23. Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар бошқармалари ҳамда тизимдаги ташкилотлар орқали айрим харажатларни амалга ошириш учун уларнинг алоҳида махсус ғазна ҳисобварақлари ёки бюджетдан ташқари жамғармаларига Жамғармадан тегишли маблағлар ўтказиб берилиши мумкин.

24. Жамғарма томонидан амалга оширилган ишлар тўғрисидаги маълумотларнинг шаффофлигини таъминлаш мақсадида Жамғарма харажатлари ҳамда маблағлари ҳисобидан бажарилган ишлар ҳақидаги ҳисоботлар ҳар чоракда Агентликнинг расмий веб-сайтида жойлаштириб борилади.

25. Жамғарманинг йил якуни бўйича маблағлари қолдиғи олиб қўйилмайди ва кейинги молия йили учун даромадлар ва харажатлар сметасини тузишда инобатга олинади.

25 1 . Жамғарма билан тузилган шартномалар бўйича мажбуриятларини бажармаганлик ёки лозим даражада бажармаганлик учун ундирилган жарима ва пеня суммалари Жамғарманинг ривожлантириш жамғармасида жамланади ҳамда Жамғарма Ижро этувчи дирекцияси томонидан мустақил равишда сарфланади.

5-боб. Жамғарманинг тушуми ва маблағларидан фойдаланишни назорат қилиш ҳамда жавобгарлик

26. Агентлик, Дирекция, Агентликнинг Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар бошқармалари, туман (шаҳар) «Инсон» ижтимоий хизматлар марказлари ва тизимдаги ташкилотлар Жамғарма маблағларидан мақсадли ва самарали фойдаланиш учун масъул ҳисобланади.

27. Жамғарма маблағларидан тўғри ва мақсадли фойдаланилиши Агентлик ҳамда Ҳисоб-палатаси томонидан назорат қилинади.

6-боб. Якунловчи қоидалар

28. Ушбу Низомни қўллашда юзага келадиган низолар қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда ҳал этилади.

29. Мазкур Низом талаблари бузилишида айбдор бўлган шахслар қонунчиликда белгиланган тартибда жавоб берадилар.

30. Жамғарма қонунчиликда белгиланган тартибда қайта ташкил этилади ва тугатилади.

Вазирлар Маҳкамасининг 2023 йил 28 декабрдаги 687-сон қарорига 2-ИЛОВА

Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Ижтимоий ҳимоя миллий агентлигининг Ижтимоий ҳимоя давлат жамғармаси ижро этувчи дирекциясининг

Директор Директор ўринбосари Бухгалтерия ҳисоби бўлими 2 Режалаштириш ва молиялаштириш бўлими Бош юрисконсульт Харидлар ва таъминот бўлими 4

Вазирлар Маҳкамасининг 2023 йил 28 декабрдаги 687-сон қарорига 3-ИЛОВА

«Ахборот технологиялар маркази» давлат муассасаси томонидан Ижтимоий ҳимоя давлат жамғармаси ҳамда Ижтимоий ҳимоя миллий агентлигининг бюджетдан ташқари маблағлари ҳисобидан амалга ошириладиган лойиҳалар қийматини аниқлаш

1-боб. Умумий қоидалар

1. Мазкур тартиб Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги (кейинги ўринларда — Агентлик) буюртмасига асосан Ижтимоий ҳимоя давлат жамғармаси (кейинги ўринларда — Жамғарма) ва Агентликнинг бюджетдан ташқари маблағлари ҳисобидан «Ахборот технологиялар маркази» давлат муассасаси (кейинги ўринларда — Марказ) томонидан амалга ошириладиган лойиҳаларнинг қийматини аниқлаш тартибини белгилайди.

2. Мазкур Тартибда қуйидаги асосий тушунчалардан фойдаланилади:

лойиҳа — Агентлик буюртмасига асосан ахборот тизимларини ишлаб чиқиш ва техник қўллаб-қувватлаш, сервер, компьютер қурилмалари ва телекоммуникация тармоқларига техник хизмат кўрсатиш, Агентлик тизимида замонавий ахборот-коммуникация технологияларини жорий этиш, сунъий интеллект билан боғлиқ лойиҳаларни амалга ошириш, «Call-марказ» ҳамда медиа-марказ фаолиятини ташкил этиш, автоматик тарзда амалга оширилаётган электрон тўловларни кузатиб бориш ва бошқа соҳалардаги хизматларни амалга ошириш;

лойиҳаларга жалб қилинадиган мутахассислар — лойиҳа доирасида жалб қилинадиган дастурчилар, лойиҳачилар, «Call-марказ» хизмати ходимлари, Медиа-марказ ходимлари, Марказнинг ҳудудий мутахассислари ва бошқа ишларда иштирок этувчи ходимлар.

2-боб. Агентлик буюртмасига асосан Жамғарма ва Агентликнинг бюджетдан ташқари маблағлари ҳисобидан Марказ томонидан амалга ошириладиган лойиҳалар бўйича шартнома қийматини аниқлаш тартиби

3. Лойиҳалар бўйича шартноманинг умумий қиймати қуйидаги харажатлардан шаклланади:

лойиҳаларни амалга ошириш билан боғлиқ тўғридан-тўғри харажатлар;

солиқ ва бошқа мажбурий тўловлар харажатлари;

марказ, бошқарув ва ёрдамчи ходимларни сақлаш харажатлари;

Марказнинг фойдаси.

4. Ахборот тизимларни техник қўллаб-қувватлаш ва такомиллаштириш бўйича лойиҳаларни амалга ошириш билан боғлиқ тўғридан-тўғри харажатлар лойиҳаларга жалб қилинадиган мутахассисларга тўланадиган меҳнатга ҳақ тўлаш фонди ҳамда лойиҳани амалга ошириш билан боғлиқ бошқа харажатлардан келиб чиқиб ҳисобланади.

Бунда:

а) лойиҳа қийматини аниқлашда инобатга олинадиган мутахассисларнинг шартли штат бирликлари сони ҳар бир ахборот модули учун ўртача 1,85 штат бирлиги ҳисобидан келиб чиқиб аниқланади;

б) меҳнатга ҳақ тўлаш фонди қуйидаги формула асосида ҳисоби-китоб қилинади:

МҲТФ = 1,85 * МС * 16 * МҲТЭКМ * ЛАООС;

МҲТФ — меҳнатга ҳақ тўлаш фонди;

МС — модуллар сони;

МҲТЭКМ — Ўзбекистон Республикасида ўрнатилган меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдори (агар марказ ижтимоий солиқ тўловчи бўлса, унда ушбу миқдор ижтимоий солиқ миқдорига оширилиб ҳисобга олинади);

ЛАООС — лойиҳалар амалга ошириладиган ойлар сони.

Лойиҳани амалга ошириш билан боғлиқ бошқа харажатлар меҳнатга ҳақ тўлаш фондининг 5 фоиз миқдорида белгиланади.

5. «Call-марказ» хизмати бўйича лойиҳани амалга ошириш билан боғлиқ тўғридан-тўғри харажатлар жалб қилинадиган мутахассисларга тўланадиган меҳнатга ҳақ тўлаш фонди ҳамда лойиҳани амалга ошириш билан боғлиқ бошқа харажатлардан келиб чиқиб ҳисобланади.

Бунда:

а) «Call-марказ» хизмати лойиҳаси қийматини аниқлашда инобатга олинадиган мутахассисларнинг (колл-марказ раҳбарлари, супервайзер ва бошқа ходимларни ҳисобга олган ҳолда) шартли штат бирликлари сони Агентликнинг қисқа рақамлари орқали аудио, визуал ва матнли ҳар ойлик 2 300 та мурожаат, шу жумладан, қабул қилинмаган қўнғироқлар учун бир штат бирлиги ҳисобидан аниқланади;

аудио, визуал ва матнли ҳар ойлик мурожаатлар сони лойиҳа қийматини ҳисоблашдан олдинги 3 ойлик ўртача кўрсаткичлари олинади. Бунда лойиҳани амалга ошириш даврида аудио, визуал ва матнли мурожаатлар, шу жумладан, қабул қилинмаган қўнғироқлар ошган тақдирда охирги 3 ойлик кўрсаткичлардан келиб чиқиб, лойиҳа қиймати қайта кўриб чиқилиши ва амалдаги шартномага тегишли ўзгартиришлар киритилиши мумкин;

б) меҳнатга ҳақ тўлаш фонди қуйидаги формула асосида ҳисоб-китоб қилинади:

МҲТФ = ЎОҚС /2300 * 10,5 * МҲТЭКМ * ЛАООС;

МҲТФ — меҳнатга ҳақ тўлаш фонди;

ЎОҚС — охирги уч ойдаги ўртача аудио, визуал ва матнли мурожаатлар, шу жумладан қабул қилинмаган қўнғироқлар сони;

МҲТЭКМ — Ўзбекистон Республикасида ўрнатилган меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдори (агар марказ ижтимоий солиқ тўловчи бўлса, унда ушбу миқдор ижтимоий солиқ миқдорига оширилиб ҳисобга олинади);

ЛАООС — лойиҳалар амалга ошириладиган ойлар сони.

Лойиҳани амалга ошириш билан боғлиқ бошқа харажатлар меҳнатга ҳақ тўлаш фондининг 5 фоиз миқдорида белгиланади.

6. Агентликнинг ҳудудий бўлинмаларидаги мавжуд компьютер ва оргтехника воситаларига техник хизмат кўрсатиш бўйича лойиҳаларни амалга ошириш билан боғлиқ тўғридан-тўғри харажатлар жалб қилинадиган мутахассисларга тўланадиган меҳнатга ҳақ тўлаш фонди ҳамда лойиҳани амалга ошириш билан боғлиқ бошқа харажатлардан келиб чиқиб ҳисобланади.

Бунда:

а) Агентликнинг ҳудудий бўлинмалари, шу жумладан, ижтимоий ходимлар томонидан фойдаланилаётган оргтехникаларга техник хизмат кўрсатиш лойиҳаси ходимлари сони ҳар бир ҳудудда компьютер, ноутбук, принтер, сканер, электрон доскаларнинг сони 450 тагача бўлган ҳудудда бир шартли штат бирлиги, 450 дан 600 тагача бўлган ҳудудларда 1,5 шартли штат бирлиги, 600 дан юқори бўлган ҳудуд учун 2 шартли штат бирлиги ҳисобидан аниқланади;

б) меҳнатга ҳақ тўлаш фонди қуйидаги формула асосида ҳисоб-китоб қилинади:

МҲТФ = ШШБС * 11,5 * МҲТЭКМ * ЛАООС;

МҲТФ — меҳнатга ҳақ тўлаш фонди;

ШШБС — шартли штат бирликлари сони ҳар бир ҳудуддаги компьютер, ноутбук, принтер, сканер, электрон доскаларнинг сонидан келиб чиқиб, мазкур банднинг «а» кичик бандида кўзда тутилган шартлар асосида ҳисобланган йиғиндисига тенг;

МҲТЭКМ — Ўзбекистон Республикасида ўрнатилган меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдори (агар марказ ижтимоий солиқ тўловчи бўлса, унда ушбу миқдор ижтимоий солиқ миқдорига оширилиб ҳисобга олинади);

ЛАООС — лойиҳалар амалга ошириладиган ойлар сони;

Лойиҳани амалга ошириш билан боғлиқ бошқа харажатлар меҳнатга ҳақ тўлаш фондининг 5 фоиз миқдорида белгиланади.

7. Солиқ ва бошқа мажбурий тўловлар бўйича харажатлар қонунчиликда белгиланган тартибда ҳисобланади.

8. Марказ, бошқарув ва ёрдамчи ходимларни сақлаш харажатлари мазкур тартибнинг 4 — 6-бандларида кўзда тутилган лойиҳалар қиймати билан бирга кўзда тутилади ҳамда чекланган маблағлар миқдори ушбу бандларга мувофиқ аниқланган лойиҳа қийматининг 40 фоизгача миқдорида белгиланади.

Бошқарув ва ёрдамчи ходимларнинг чекланган сони ва уларга меҳнатга ҳақ тўлаш шартлари Агентлик директорининг буйруғи асосида белгиланади.

Бунда:

бошқарув ходимларига Марказ директори, унинг ўринбосарлари, инсон ресурслари, ҳисобхона, таҳлилий режалаштириш, юридик хизмат, умумий (ижро ва девонхона) бўлинма ходимлари, шунингдек, автоматик тарзда амалга оширилаётган электрон тўловларни кузатиб бориш бўлими ходимлари киради;

ёрдамчи ходимлар сони Вазирлар Маҳкамасининг «Меҳнат нормаларини ишлаб чиқиш ва жорий қилиш тартиби тўғрисидаги намунавий низомни тасдиқлаш ҳақида» 2025 йил 24 июлдаги 465-сон қарорига мувофиқ айрим ёрдамчи ходимлар тоифасига мансуб касб ва лавозимлар учун ходимлар сонининг намунавий нормалари доирасида белгиланади.

9. Марказ фойдаси лойиҳалар бўйича харажатларнинг 2 фоизи миқдорида белгиланади. Йил якуни билан Марказ умумий фойдаси Агентлик директори томонидан тақсимланади.

10. Агентлик буюртмасига асосан Марказ томонидан ишлаб чиқиладиган янги лойиҳаларнинг қиймати лойиҳанинг техник талаби, амалга ошириш муддати, жалб қилинадиган мутахассислар тоифаси ва сонидан келиб чиқиб, Агентлик директорининг тегишли буйруғи асосида белгиланади.

11. Марказ томонидан лойиҳаларга жалб қилинадиган мутахассислар белгиланган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларга мувофиқ, Агентлик томонидан тасдиқланадиган лойиҳалар муддатлари доирасида муддатли меҳнат шартномаси асосида жалб қилинади.

3-боб. Якунловчи қоидалар

12. Мазкур тартибнинг 4 — 6-бандларида шартли равишда инобатга олинадиган штат бирликлари ва иш ҳақи миқдорлари ҳамда бошқа харажатлар фоизлари фақатгина лойиҳа қийматини аниқлашда фойдаланилади.

Амалиётда:

зарур бўлган мутахассислар сони ва улар меҳнатига ҳақ тўлаш шартлари лойиҳаларга ажратилган маблағлар доирасида марказ томонидан мустақил белгиланади;

хўжалик ва бошқа харажатлар ҳақиқий талабдан келиб чиқиб, умумий сумма доирасида фойдаланилади;

зарур ҳолларда, меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдори ёки Марказ лойиҳалари бўйича иш ҳажми ўзгарганда, лойиҳа қиймати чорак якуни билан қайта кўриб чиқилиши мумкин.

13. Марказни хўжалик юритувчи субъект сифатида назорат қилиш қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда Агентлик ва бошқа ваколатли органлар томонидан амалга оширилади.

Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А. АРИПОВ

Тошкент ш.,

2023 йил 28 декабрь,

687-сон

(Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 29.12.2023 й., 09/23/687/0990-сон; 01.03.2025 й., 09/25/125/0203-сон; 19.06.2025 й., 09/25/378/0518-сон; 25.12.2025 й., 09/25/817/1208-сон; 07.02.2026 й., 07/26/48/0119-сон; 12.02.2026 й., 09/26/48/0134-сон; 22.05.2026 й., 09/26/271/0529-сон; 18.09.2026 й., 09/26/493/0955-сон; 10.10.2026 й., 09/26/540/1018-сон)

lex.uz

Oʻzbekiston Respublikasi Vazirlar Mahkamasining

qarori

NIZOM

TUZILMASI

TARTIBI

Oʻzbekiston Respublikasi Prezidenti huzuridagi Ijtimoiy himoya milliy agentligining Ijtimoiy himoya davlat jamgʻarmasi faoliyatini tashkil etish toʻgʻrisida

Oʻzbekiston Respublikasi Prezidentining “Aholiga sifatli ijtimoiy xizmat va yordam koʻrsatish hamda uning samarali nazorat tizimini yoʻlga qoʻyish boʻyicha kompleks chora-tadbirlar toʻgʻrisida” 2023-yil 1-iyundagi PF-82-son Farmoni ijrosini taʼminlash maqsadida Vazirlar Mahkamasi qaror qiladi:

1. Oʻzbekiston Respublikasi Prezidentining “Aholiga sifatli ijtimoiy xizmat va yordam koʻrsatish hamda uning samarali nazorat tizimini yoʻlga qoʻyish boʻyicha kompleks chora-tadbirlar toʻgʻrisida” 2023-yil 1-iyundagi PF-82-son Farmoniga muvofiq Oʻzbekiston Respublikasi Prezidenti huzuridagi Ijtimoiy himoya milliy agentligining Ijtimoiy himoya davlat jamgʻarmasi tashkil etilganligi va jamgʻarma mablagʻlari xarajatlarining yoʻnalishlari tasdiqlanganligi maʼlumot uchun qabul qilinsin.

2. Quyidagilar:

Oʻzbekiston Respublikasi Prezidenti huzuridagi Ijtimoiy himoya milliy agentligining Ijtimoiy himoya davlat jamgʻarmasi toʻgʻrisidagi nizom 1-ilovaga muvofiq;

Oʻzbekiston Respublikasi Prezidenti huzuridagi Ijtimoiy himoya milliy agentligining Ijtimoiy himoya davlat jamgʻarmasi ijro etuvchi direksiyasining tuzilmasi 2-ilovaga muvofiq tasdiqlansin.

3. Oʻzbekiston Respublikasi Prezidenti huzuridagi Ijtimoiy himoya milliy agentligi (keyingi oʻrinlarda — Agentlik) huzurida “Axborot texnologiyalar markazi” davlat muassasasi (keyingi oʻrinlarda — Markaz) tashkil etilsin.

Belgilansinki:

a) Markaz:

xoʻjalik yurituvchi subyekt hisoblanadi;

Ijtimoiy himoya davlat jamgʻarmasi, Agentlikning budjetdan tashqari mablagʻlari, xalqaro moliya institutlari va tashkilotlari grantlari hamda qonunchilikda taqiqlanmagan boshqa manbalar hisobidan moliyalashtiriladi;

axborot tizimlarini ishlab chiqish va texnik qoʻllab-quvvatlash, server, kompyuter qurilmalari va telekommunikatsiya tarmoqlariga texnik xizmat koʻrsatish, Agentlik tizimida zamonaviy axborot-kommunikatsiya texnologiyalarini joriy etish, sunʼiy intellekt bilan bogʻliq loyihalarni amalga oshirish, “Call-markaz” hamda media-markaz faoliyatini tashkil etish, avtomatik tarzda amalga oshirilayotgan elektron toʻlovlarni kuzatib borish va boshqa sohalarda Agentlik direktori tomonidan tasdiqlanadigan loyihalarga muvofiq toʻgʻridan-toʻgʻri shartnoma asosida moliyalashtiriladi;

faoliyati uchun Markaz mablagʻlari hisobidan 1 ta xizmat yengil avtotransport vositasini saqlashga ruxsat etiladi;

b) Markaz tomonidan Ijtimoiy himoya davlat jamgʻarmasi hamda Agentlikning budjetdan tashqari mablagʻlari hisobidan amalga oshiriladigan loyihalar qiymati mazkur qarorga 3-ilovaga muvofiq tartib asosida aniqlanadi hamda aniqlangan qiymat doirasida shartnoma(lar) tuziladi.

4. Oʻzbekiston Respublikasi Prezidenti huzuridagi Ijtimoiy himoya milliy agentligi manfaatdor vazirlik va idoralar bilan birgalikda oʻzlari qabul qilgan normativ-huquqiy hujjatlarni ikki oy muddatda ushbu qarorga muvofiqlashtirsin.

5. Mazkur qarorning bajarilishini nazorat qilish Oʻzbekiston Respublikasi Bosh vazirining oʻrinbosari — iqtisodiyot va moliya vaziri J.A. Qoʻchqorov zimmasiga yuklansin.

Vazirlar Mahkamasining 2023-yil 28-dekabrdagi 687-son qaroriga 1-ILOVA

Oʻzbekiston Respublikasi Prezidenti huzuridagi Ijtimoiy himoya milliy agentligining Ijtimoiy himoya davlat jamgʻarmasi toʻgʻrisida

1-bob. Umumiy qoidalar

1. Mazkur Nizom Oʻzbekiston Respublikasi Prezidenti huzuridagi Ijtimoiy himoya milliy agentligining Ijtimoiy himoya davlat jamgʻarmasi (keyingi oʻrinlarda — Jamgʻarma) mablagʻlarini shakllantirish va ulardan foydalanish tartibini belgilaydi.

2. Jamgʻarma oʻz faoliyatida Oʻzbekiston Respublikasi Konstitutsiyasi va qonunlari, Oʻzbekiston Respublikasi Oliy Majlisi palatalarining qarorlari, Oʻzbekiston Respublikasi Prezidentining farmonlari, qarorlari, farmoyishlari, Vazirlar Mahkamasining qarorlari, farmoyishlari, boshqa normativ-huquqiy hujjatlar, Oʻzbekiston Respublikasi Prezidenti huzuridagi Ijtimoiy himoya milliy agentligi (keyingi oʻrinlarda — Agentlik) direktorining buyruqlari hamda ushbu Nizomga amal qiladi.

3. Jamgʻarma davlat muassasasi shaklidagi yuridik shaxs hisoblanadi, oʻzining mustaqil balansiga, shaxsiy gʻazna hisobvaraqlariga, Oʻzbekiston Respublikasi Davlat gerbi tasviri tushirilgan blanka va oʻz nomi yozilgan muhrga ega boʻladi.

4. Jamgʻarmaning rasmiy nomi:

a) davlat tilida:

toʻliq nomi — Oʻzbekiston Respublikasi Prezidenti huzuridagi Ijtimoiy himoya milliy agentligining Ijtimoiy himoya davlat jamgʻarmasi;

qisqartirilgan nomi — Ijtimoiy himoya davlat jamgʻarmasi;

b) rus tilida:

toʻliq nomi — Gosudarstvenniy fond sotsialnoy zashiti Natsionalnogo agentstva sotsialnoy zashiti pri Prezidente Respubliki Uzbekistan;

qisqartirilgan nomi — Gosudarstvenniy fond sotsialnoy zashiti;

v) ingliz tilida:

toʻliq nomi — State Fund for Social Protection of the National Agency for Social Protection under the President of the Republic of Uzbekistan

qisqartirilgan nomi — State fund for social protection.

5. Jamgʻarma Davlat maqsadli jamgʻarmasi hisoblanadi.

6. Jamgʻarmaning joylashgan joyi (pochta manzili) — Toshkent shahri, Amir Temur koʻchasi, 3-uy, pochta indeksi 100060.

7. Jamgʻarma:

ushbu Nizomning 18-bandiga muvofiq amalga oshiriladigan xarajatlar boʻyicha Oʻzbekiston Respublikasi Prezidenti huzuridagi Ijtimoiy himoya milliy agentligining Ijtimoiy himoya davlat jamgʻarmasi Kuzatuv kengashiga (keyingi oʻrinlarda — Kuzatuv kengashi);

umumiy faoliyati boʻyicha esa Agentlikka hisobdordir.

2-bob. Jamgʻarma mablagʻlarini shakllantirish

8. Jamgʻarma mablagʻlari Oʻzbekiston Respublikasining konsolidatsiyalashgan budjeti tarkibiga kiradi va uning hisobi belgilangan tartibda Oʻzbekiston Respublikasi Davlat budjetining gʻazna ijrosi orqali yuritiladi.

9. Jamgʻarma mablagʻlari quyidagi manbalar hisobidan shakllantiriladi:

Davlat budjetiga tushadigan tushumlardan (jarimalar, yigʻim va boshqa daromadlar) qonunchilik hujjatlarida belgilangan miqdordagi ajratmalar. Bunda ajratmalar qonunchilik hujjatlarida belgilangan taqsimotga muvofiq Iqtisodiyot va moliya vazirligi huzuridagi Gʻaznachilik xizmati qoʻmitasi tomonidan belgilangan miqdorlarda bir vaqtning oʻzida Jamgʻarmaga hamda Davlat budjetiga yoʻnaltiriladi;

Oʻzbekiston Respublikasi Davlat budjetidan har yili ajratiladigan transfertlar. Bunda transfertlar har bir maqsadli xarajat yoʻnalishi boʻyicha alohida gʻazna shaxsiy hisobvaraqlarida hisobi yuritiladi;

Jamgʻarmaning vaqtincha boʻsh turgan mablagʻlarini tijorat banklariga joylashtirishdan foiz shaklida olinadigan daromadlar;

xalqaro moliya institutlari grantlari, xorijiy hukumat moliya tashkilotlari, xalqaro tashkilotlar va jamgʻarmalar, jismoniy va yuridik shaxslar va boshqa donorlarning homiylik xayriyalari;

qonunchilik hujjatlarida taqiqlanmagan boshqa manbalar.

Jamgʻarma mablagʻlari soliq solinadigan obyekt hisoblanmaydi.

3-bob. Jamgʻarma mablagʻlarini boshqarish

10. Agentlik Jamgʻarma mablagʻlarini tasarruf etuvchi hisoblanadi.

10 1 . Kuzatuv kengashi:

har yili Jamgʻarma mablagʻlaridan foydalanishning asosiy yoʻnalishlarini, Jamgʻarma daromadlari va xarajatlari balansi prognoz koʻrsatkichlarini koʻrib chiqadi va tasdiqlaydi;

Jamgʻarma faoliyati haqidagi hisobotlarini har yili, hisobot yilidan keyingi yilning birinchi choragida eshitib boradi va tasdiqlaydi;

umumiy tasdiqlangan parametrlar doirasida, zarurat boʻlganda, Jamgʻarma daromadlari va xarajatlarining prognoz parametrlariga oʻzgartirishlar kiritadi;

Jamgʻarmaga yuklangan vazifalarning bajarilishini muvofiqlashtiradi;

Jamgʻarma oldiga qoʻyilgan vazifalarni hal etish uchun manfaatdor vazirliklar, idoralar, boshqa tashkilotlarni jalb qiladi, shuningdek, yuridik va jismoniy shaxslarning, shu jumladan, Oʻzbekiston Respublikasi norezidentlarining homiylik xayriyalarini jalb etishda Jamgʻarmaga koʻmaklashadi;

Jamgʻarmaga yuklangan vazifalarning ijrosini tashkil qilish, tegishli loyihalarni ishlab chiqish, amaliyotga tatbiq etish va zarur tavsiyalar tayyorlanishini taʼminlash maqsadida ekspert-tahlil guruh (lar)ini tashkil qiladi;

qonunchilik hujjatlariga muvofiq boshqa vakolatlarni amalga oshiradi.

10 2 . Kuzatuv kengashi majlislari zaruratga koʻra, lekin bir yilda kamida bir marotaba oʻtkaziladi.

10 3 . Kuzatuv kengashi majlisini kengash raisi, u boʻlmagan taqdirda esa kengash raisining oʻrinbosari boshqaradi.

10 4 . Kuzatuv kengashi majlisi unda kengash aʼzolarining uchdan ikki qismi ishtirok etganda, vakolatli (kvorumga ega) hisoblanadi.

Kuzatuv kengashining qarori kengash aʼzolarining oddiy koʻpchilik ovozi bilan qabul qilinadi.

Ovozlar teng boʻlganda, Kuzatuv kengashi raisining ovozi hal qiluvchi ovoz hisoblanadi.

10 5 . Kuzatuv kengashi qarorlari Kuzatuv kengashi majlisining bayonnomalari bilan rasmiylashtiriladi. Kengash majlisining bayonnomasi Kuzatuv kengashi raisi tomonidan tasdiqlanadi.

11. Agentlik:

Jamgʻarma tomonidan aholiga ijtimoiy xizmat va yordam koʻrsatish, nogironligi boʻlgan shaxslarni qoʻllab-quvvatlash hamda moliyalashtirish tartibi va qoidalarini belgilaydi;

Jamgʻarma faoliyati, shu jumladan, mablagʻlarning belgilangan yoʻnalishlar boʻyicha maqsadli yoʻnaltirilishi, ijtimoiy sohaga doir qarorlarning oʻz vaqtida qabul qilinishi yuzasidan nazoratni amalga oshiradi;

Agentlikning umumiy boshqaruv xodimlari soni doirasida Jamgʻarmaning ijro etuvchi direksiyasi (keyingi oʻrinlarda — Direksiya) shtatlar soni va tuzilmasiga oʻzgartirish kiritadi;

Jamgʻarma Ijrochi direktori va uning oʻrinbosarini lavozimga tayinlaydi hamda lavozimdan ozod etadi.

12. Jamgʻarma Jamgʻarmaning Ijrochi direktori, uning oʻrinbosari, shuningdek, tegishli tarkibiy tuzilmalarining rahbar va xodimlaridan iborat tarkibdagi Jamgʻarmaning ijro etuvchi organi hisoblanuvchi Direksiya tomonidan boshqariladi.

13. Direksiya:

Oʻzbekiston Respublikasining navbatdagi yil uchun Oʻzbekiston Respublikasi Davlat budjeti asosiy parametrlari bilan bogʻliq holda, Jamgʻarma mablagʻlaridan foydalanishning asosiy yoʻnalishlari boʻyicha Jamgʻarma daromadlari va xarajatlarining har yilgi prognoz koʻrsatkichlarini shakllantiradi hamda koʻrib chiqish va tasdiqlash uchun Kuzatuv kengashiga kiritadi;

Jamgʻarma mablagʻlarini shakllantirish manbalarini kengaytirish va xarajatlar samaradorligini oshirishga doir takliflarni ishlab chiqadi va koʻrib chiqish uchun Kuzatuv kengashiga kiritadi;

Jamgʻarma oldiga qoʻyilgan vazifalarning oʻz vaqtida va samarali bajarilishi uchun zarur qoʻshimcha mablagʻlarni jalb etish boʻyicha amaliy choralar koʻradi;

Jamgʻarma daromadlari va xarajatlari smetasining ijrosi yuzasidan hisobotni Kuzatuv kengashi va Agentlikka taqdim etadi;

Jamgʻarma mablagʻlaridan foydalanilishi yuzasidan belgilangan tartibda monitoring yuritilishini taʼminlaydi hamda monitoring natijasida aniqlangan holatlarni tahlil qiladi va tegishli qaror qabul qilish uchun Kuzatuv kengashiga taklif kiritadi;

shtatlar jadvali va xarajatlar smetasini zarur hollarda tasdiqlangan smetalarga kiritiladigan tegishli oʻzgartirishlarni tasdiqlaydi;

qonunchilik hujjatlariga muvofiq boshqa vakolatlarni amalga oshiradi.

14. Agentlik buyrugʻi bilan belgilangan tartibda lavozimga tayinlanadigan va lavozimdan ozod etiladigan Ijrochi direktor Jamgʻarma direksiyasining rahbari hisoblanadi.

Ijrochi direktor:

Jamgʻarma joriy faoliyatini operativ boshqaradi;

Jamgʻarmaga yuklangan vazifalar va funksiyalarga muvofiq Jamgʻarma faoliyatini tashkil etadi;

Jamgʻarma nomidan vaqtincha boʻsh turgan mablagʻlarni tijorat banklari depozitlariga joylashtirish, moliyaviy, xoʻjalik hamda boshqa shartnomalarni imzolaydi;

bajarilgan ishlar hamda kelgusi chorak uchun ish rejalari toʻgʻrisida har chorakda Agentlikka hisob beradi;

Jamgʻarma xodimlarini ishga qabul qilish, ragʻbatlantirish, ularga nisbatan intizomiy jazo choralarini qoʻllash hamda ularni ishdan boʻshatish haqida buyruqlar chiqaradi;

Jamgʻarma faoliyati bilan bogʻliq boʻlgan boshqa buyruq va qaror qabul qiladi;

Jamgʻarma nomidan sud idoralariga ariza va shikoyatlar bilan murojaat qiladi;

ichki mehnat tartibi qoidalari, tarkibiy boʻlinma nizomlari, lavozim yoʻriqnomalarini va boshqa ichki hujjatlarni tasdiqlaydi;

qonunchilik hujjatlariga muvofiq boshqa vakolatlarni amalga oshiradi.

Jamgʻarma xodimlari belgilangan tartibda Agentlik bilan kelishilgan holda ishga qabul qilinadi va ular bilan mehnat shartnomalari tuziladi.

15. Jismoniy va yuridik shaxslar hamda boshqa donorlarning homiylik xayriyalaridan tushadigan mablagʻlar hisobidan amalga oshiriladigan ijtimoiy dasturlarni moliyalashtirish Oʻzbekiston Respublikasi Prezidenti huzuridagi Ijtimoiy himoya milliy agentligining Jamoatchilik kengashi tomonidan tasdiqlanadi hamda monitoring qilinadi.

16. Xorijiy valyutadagi mablagʻlar Jamgʻarmaning chet el valyutasida shaxsiy gʻazna hisobvaraqlariga tushadi. Jamgʻarmaning chet el valyutasida shaxsiy gʻazna hisobvaraqlariga tushgan xorijiy valyutadagi mablagʻlar zaruratga koʻra qonunchilikda belgilangan tartibda sotilib (mazkur Nizomda koʻzda tutilgan holatlar va alohida xarajatlardan tashqari), Jamgʻarmaning asosiy hisobvaragʻiga oʻtkaziladi va ushbu Nizomga muvofiq foydalaniladi.

Jamgʻarmaning chet el valyutasidagi shaxsiy gʻazna hisobvaraqlaridagi mablagʻlar import shartnomalari, xorijiy maslahatchilarni jalb etish va chet elda oʻtkaziladigan tadbirlarni tashkil qilish bilan bogʻliq xarajatlar uchun ushbu Nizomda belgilangan tartibda ishlatilishi mumkin.

17. Jamgʻarmaning boshqaruv xodimlari shtat birliklari Agentlikning markaziy apparati va uning tizimidagi tashkilotlarning boshqaruv shtat birliklari doirasida ajratiladi, shuningdek, Direksiya xodimlariga Agentlik markaziy apparatining xodimlari uchun belgilangan mehnatga haq toʻlash shartlari tatbiq etiladi.

Bunda mehnatga haq toʻlash va tibbiy xizmat koʻrsatish shart-sharoitlari boʻyicha Direksiyaning ijrochi direktori boshqarma boshligʻiga, Direksiya direktorining oʻrinbosari Agentlikning boshqarma boshligʻi oʻrinbosariga, Direksiyaning boʻlim boshligʻi Agentlikning boʻlim boshligʻiga, Direksiyaning bosh mutaxassisi Agentlikning bosh mutaxassisiga, Direksiyaning yetakchi mutaxassisi Agentlikning yetakchi mutaxassisiga hamda Direksiyaning texnik va xizmat koʻrsatuvchi xodimlari Agentlikning texnik va xizmat koʻrsatuvchi xodimlariga tenglashtiriladi.

Xizmat vazifalarini bajarishda foydalanish uchun Jamgʻarmaga 1 ta navbatchi avtotransport vositasini saqlash uchun limit ajratiladi. Jamgʻarma xodimlarini qoʻshimcha ragʻbatlantirish va mukofotlash, moddiy-texnika bazasini mustahkamlash uchun Jamgʻarma mablagʻlari Agentlik bilan kelishilgan holda sarflanadi.

Direksiyani saqlash bilan bogʻliq xarajatlar Oʻzbekiston Respublikasi respublika budjetidan moliyalashtiriladi.

4-bob. Jamgʻarma mablagʻlaridan foydalanish

18. Jamgʻarma mablagʻlaridan quyidagi maqsadlar uchun foydalaniladi:

“Gʻamxoʻrlik” markazlari, Ijtimoiy qoʻllab-quvvatlash markazlari, keksalar, nogironligi boʻlgan shaxslar, urush va mehnat faxriylari uchun sanatoriylarning moddiy-texnika bazasini rivojlantirish tadbirlari (qurish, rekonstruksiya qilish, kapital taʼmirlash, tegishli uskuna va jihozlar sotib olish va boshqa) va ijtimoiy xizmatlarni tashkil etish xarajatlarini moliyalashtirish;

Nogironligi boʻlgan shaxslarni reabilitatsiya qilish va protezlash milliy markazi hamda uning hududiy markazlari moddiy-texnika bazasini rivojlantirish (qurish, rekonstruksiya qilish, kapital taʼmirlash, tegishli uskuna va jihozlar sotib olish va boshqa) va faoliyatini takomillashtirish xarajatlarini moliyalashtirish;

Agentlik tizim tashkilotlarida pulli xizmatlarni hamda ijtimoiy-mehnat reabilitatsiyasi va kasbga oʻrgatishni tashkil etish maqsadida amalga oshiriladigan asosiy vosita, jihozlar va xomashyo xarid xarajatlarini moliyalashtirish;

aholini protez-ortopediya buyumlari va reabilitatsiya qilishning texnik vositalari bilan taʼminlash;

protez-ortopediya moslamalari va reabilitatsiya qilishning texnik vositalari ishlab chiqarishni modernizatsiya qilish va texnologik yangilash dasturlari va loyihalarini moliyalashtirish;

nogironligi boʻlgan shaxslarning yoki Ijtimoiy reyestrga kiritilgan oilalar aʼzolarining imtiyozli hamda bepul statsionar, shu jumladan, chet davlatlardagi tibbiyot muassasalarida davolanishini taʼminlash xarajatlarini qoplash;

nogironligi boʻlgan shaxslarni oʻquv, didaktik va boshqa muqobil materiallar bilan taʼminlash;

nogironligi boʻlgan shaxslarning madaniy va maʼnaviy rivojlanishi uchun sharoitlar yaratish hamda ularni madaniy tadbirlar va sportga jalb etish xarajatlarini moliyalashtirish;

nogironligi boʻlgan shaxslarning bandligini taʼminlagan ish beruvchilarga qonunchilikda belgilangan tartibda subsidiya ajratish;

nogironligi boʻlgan shaxslar uchun teng imkoniyatlar va qulay muhit yaratishga qaratilgan dastur va chora-tadbirlarni moliyalashtirish;

nogironligi boʻlgan shaxslarning funksional imkoniyatlarini baholash xizmatini tashkil etish, shu jumladan, ularning moddiy-texnika bazasini yaxshilash hamda avtotransport va boshqa zarur jihoz va uskunalar xarid qilish boʻyicha loyiha va dasturlarni moliyalashtirish;

yolgʻiz yashovchi va yolgʻiz keksalarga xizmat koʻrsatish va ularni qoʻllab-quvvatlash boʻyicha tadbirlarni moliyalashtirish;

mehribonlik uylari va bolalar uylari moddiy-texnika bazasini rivojlantirish tadbirlari (qurish, rekonstruksiya qilish, kapital taʼmirlash, tegishli uskuna va jihozlar sotib olish va boshqa) va ijtimoiy xizmatlarni tashkil etish xarajatlarini moliyalashtirish;

voyaga yetmagan bolalarga ijtimoiy-huquqiy yordam koʻrsatish xizmatlarini moliyalashtirish;

yetim bolalar va ota-ona qaramogʻidan mahrum boʻlgan bolalarga, shuningdek, istisno tariqasida, kambagʻal oilalarning vasiylik va homiylik tayinlangan bolalariga yordam koʻrsatish;

ijtimoiy himoyaga muhtoj oilalarning iqtidorli bolalarini qoʻllab-quvvatlash bilan bogʻliq tadbirlar xarajatlarini qoplash;

yetim bolalar va ota-ona qaramogʻidan mahrum boʻlgan bolalarning sogʻligini saqlash, salomatligini tiklash, ularni mustaqil hayotga tayyorlash, taʼlim berish, kasb-hunarga yoʻnaltirish va ishga joylashtirish tadbirlarini tashkil etish;

jinoyat sodir etgan va jinoiy javobgarlikning eng kichik yoshiga yetmagan bolalarga psixologik yordam koʻrsatish, ularni kasbga oʻqitish va tarbiyalash tadbirlarini tashkil etish;

qarovsiz va boshpanasiz qolgan, zoʻravonlik qurboni boʻlgan, jinoyat qurbonlari va guvohlari boʻlgan, jinoyat sodir etgan va jinoiy javobgarlik yoshiga yetgan hamda fuqarolik protsessida ishtirok etayotgan bolalarning ijtimoiy va huquqiy himoyasini tashkil etish;

voyaga yetmaganlarga ijtimoiy-huquqiy yordam koʻrsatish markazlari va respublika taʼlim muassasalarining loyiha hamda dasturlarini moliyalashtirish;

ijtimoiy himoyaga muhtoj oilalarning 3 yoshgacha boʻlgan farzandlariga davlat va nodavlat maktabgacha taʼlim tashkilotlari xizmatlari uchun haq toʻlash xarajatlarini qoplash;

ehtiyojmand aholi qatlamiga tibbiy, psixologik va boshqa xizmatlar koʻrsatish;

yetim bolalar va ota-ona qaramogʻidan mahrum boʻlgan bolalarni uy-joy bilan taʼminlash hamda ijara toʻlovlarini qoplash;

oilaviy sharoiti ogʻir boʻlgan uysiz fuqarolarni vaqtincha boshpana (ijtimoiy uylar) bilan taʼminlash;

yetim bolalar va ota-ona qaramogʻidan mahrum boʻlgan bolalarning oʻqish, kasbga tayyorlash, malakasini oshirish bilan bogʻliq xarajatlarini qisman yoki toʻliq qoplash;

zoʻravonlikdan jabr koʻrgan shaxslarni himoya va reabilitatsiya qilish bilan bogʻliq loyiha va tadbirlarni moliyalashtirish;

ijtimoiy himoyaga muhtoj oilalarga bir martalik moddiy yordam va subsidiyalar berish, ularning kuz-qish mavsumida kommunal toʻlovlari va isitish yoqilgʻisini xarid qilish xarajatlarini qisman, koʻp kvartirali uy mulkdorlarining majburiy badal mablagʻlari xarajatlarini qoplash;

alohida taʼlim ehtiyojlari boʻlgan shaxslarning hayot tarzini yaxshilash va ularga xizmat koʻrsatish maqsadida koʻp tarmoqli ixtisoslashtirilgan maktabgacha taʼlim tashkilotlari, “Imkon” reabilitatsiya markaziga ega koʻp tarmoqli ixtisoslashtirilgan maktabgacha taʼlim tashkilotlari, alohida taʼlim ehtiyojlari boʻlgan bolalar uchun ixtisoslashtirilgan maktablar va maktab-internatlar, imkoniyatlari cheklangan shaxslar uchun ixtisoslashtirilgan maxsus texnikumlar hamda Agentlik tizimidagi boshqa tashkilotlarning moddiy-texnika bazasini rivojlantirish tadbirlari (qurish, rekonstruksiya qilish, kapital taʼmirlash, tegishli uskuna va jihozlar sotib olish, oʻquv qoʻllanmalar va didaktik materiallar bilan taʼminlash va boshqa) xarajatlarini moliyalashtirish;

alohida taʼlim ehtiyojlari boʻlgan shaxslarning hayot tarzini yaxshilash va ularga xizmat koʻrsatish maqsadida koʻp tarmoqli ixtisoslashtirilgan maktabgacha taʼlim tashkilotlari, “Imkon” reabilitatsiya markaziga ega koʻp tarmoqli ixtisoslashtirilgan maktabgacha taʼlim tashkilotlari, alohida taʼlim ehtiyojlari boʻlgan bolalar uchun ixtisoslashtirilgan maktablar va maktab-internatlar, imkoniyatlari cheklangan shaxslar uchun ixtisoslashtirilgan maxsus texnikumlar loyihalari va qoʻllab-quvvatlash dasturlarini moliyalashtirish;

Agentlik tizimidagi taʼlim muassasalarining (koʻp tarmoqli ixtisoslashtirilgan maktabgacha taʼlim tashkilotlari, alohida taʼlim ehtiyojlari boʻlgan bolalar uchun ixtisoslashtirilgan davlat taʼlim muassasalari, imkoniyati cheklangan shaxslar uchun maxsus texnikum, “International inclusive hub” xalqaro tayanch inklyuziv professional taʼlim markazi va boshqalar) tarbiyalanuvchilari, oʻquvchilari oʻrtasida oʻtkaziladigan (tashkil etiladigan) milliy va xalqaro koʻrik-tanlov, olimpiada, musobaqa, bellashuv va boshqa tadbirlarni oʻtkazish bilan bogʻliq xarajatlarni (ishtirokchilarning kelib ketish, yashash, transport, mehmonxona, ovqatlanish, esdalik sovgʻalarini berish, tadbirlarni tashkil etish va oʻtkazish bilan bogʻliq boshqa xarajatlar) moliyalashtirish;

tunu kun faoliyat koʻrsatadigan Call-markaz xizmatini tashkil etish va takomillashtirish;

“ijtimoiy karta”larni joriy etish boʻyicha tadbirlarni moliyalashtirish;

nogironligi boʻlgan shaxslar va harakatlanish imkoniyati cheklangan shaxslar, shuningdek, aholining boshqa ijtimoiy himoyaga muhtoj qatlamlari uchun “ijtimoiy taksi” xizmatini tashkil etish va takomillashtirish;

Agentlik tizimidagi muassasalarning ijtimoiy xodimlari, “Inson” ijtimoiy xizmatlar markazlari xodimlari va mahallalardagi ijtimoiy xodimlarga faoliyatining samaradorlik koʻrsatkichini (KPI) baholash asosida ragʻbatlantirish toʻlovlarini joriy etish;

joylarda ijtimoiy xizmatlarni tashkil etish va ularni koʻrsatish xarajatlarini moliyalashtirish;

ijtimoiy himoya sohasini avtomatlashtirish va raqamlashtirish tadbirlarini, shu jumladan, dasturiy taʼminotni ishlab chiqish, texnik uskuna va vositalarni sotib olish hamda tizimda axborot kommunikatsiya va texnologiyalarini rivojlantirish bilan bogʻliq boshqa tadbirlarni moliyalashtirish;

SMS-xabar yuborish xizmatlari boʻyicha barcha xarajatlarni moliyalashtirish;

xalqaro maslahatchilar, konsalting va tadqiqot kompaniyalarini yollashni moliyalashtirish, ilgʻor xorijiy tajribani oʻrganish va joriy etish chora-tadbirlari;

axborot-maʼlumot va reklama, maqolalar, broshyuralar, qoʻllanmalar hamda boshqa axborot materiallarini tayyorlash va nashr etish, shu jumladan, video va audio roliklar hamda filmlar yaratish, ilmiy-amaliy tadqiqotlar va aholini ijtimoiy muhofaza qilish hamda ijtimoiy xizmatlar koʻrsatish bilan bogʻliq boshqa tadbirlarni tashkil etish uchun haq toʻlash;

aholiga ijtimoiy yordam va xizmatlarni koʻrsatish sohasida tajriba-loyihalarni moliyalashtirish;

Agentlik, uning hududiy boʻlinmalari va tizim tashkilotlari xodimlarini qoʻllab-quvvatlash (ragʻbatlantirish, shu jumladan xodimlar faoliyatining samaradorlik koʻrsatkichini (KPI) baholash asosida ragʻbatlantirish, mukofotlash, ustamalar toʻlash, qayta tayyorlash va malaka oshirish davri uchun pullik kompensatsiya) va ijtimoiy himoya qilish, shuningdek mazkur maqsadlar uchun Jamgʻarmadan ajratilgan pul mablagʻlaridan xodimlarga hisoblangan oʻrtacha oylik ish haqidan kelib chiqadigan mehnat taʼtili va boshqa toʻlovlarni ham toʻlash.

Agentlik, uning hududiy boʻlinmalari va tizim tashkilotlari xodimlarini tayyorlash, qayta tayyorlash, malakasini oshirish va stajirovkadan oʻtkazish xarajatlarni qoplash;

konferensiyalar, seminarlar, olimpiadalar, tanlovlar, koʻrgazmalar, chet elda oʻtkaziladigan tadbirlar va boshqa tadbirlarni tashkil etish;

Agentlik, uning hududiy boʻlinmalari va tizim tashkilotlari xodimlari hamda tizim tashkilotlari oʻquvchi va tarbiyalanuvchilarining respublikada va chet elda tashkil etiladigan tadbirlarda qatnashishi bilan bogʻliq barcha xarajatlarni moliyalashtirish;

shartnoma asosida jalb qilinadigan yuqori malakali, shu jumladan, xorijiy mutaxassislarning xarajatlarini (mehnatga haq toʻlash, yashash, transport xarajatlari va boshqalar) moliyalashtirish;

nodavlat notijorat tashkilotlar va fuqarolik jamiyatining boshqa institutlari tomonidan amalga oshiriladigan ijtimoiy mavzudagi loyihalar hamda davlat ijtimoiy buyurtmalarini moliyalashtirish;

“Inson faxri” milliy mukofotining rasmiy veb-sahifasini ishlab chiqish, statuetkasi va diplomini tayyorlash, shuningdek, uning gʻoliblarini aniqlash va taqdirlash tadbirlarini tashkil etish, yoritib borish hamda boshqa xarajatlarni moliyalashtirish;

fuqarolar, davlat organlari va tashkilotlari xodimlari, nodavlat notijorat tashkilotlar vakillari hamda tadbirkorlik subyektlarini “Ijtimoiy himoya fidoyisi” idoraviy koʻkrak nishoni bilan taqdirlash, mukofotlash va boshqa xarajatlarni moliyalashtirish;

Agentlik, uning hududiy boʻlinmalari va tizimdagi tashkilotlar tomonidan amalga oshiriladigan ijtimoiy loyihalarni moliyalashtirish;

ijtimoiy himoya sohasiga homiylik qilish istagi boʻlgan yuridik va jismoniy shaxslar bilan amalga oshiriladigan loyihalarni birgalikda moliyalashtirish;

Agentlik, uning hududiy boʻlinmalari va tizimdagi tashkilotlar xodimlarini hamda jalb qilingan volontyorlar uchun maxsus kiyim-bosh, sumka va boshqa sovgʻalar berish hamda boshqa xarajatlarini qoplash;

Oʻzbekiston Respublikasi Prezidentining tegishli Farmon va qarorlari bilan belgilangan miqdorda Agentlik huzuridagi budjetdan tashqari Ijtimoiy himoya milliy agentligini qoʻllab-quvvatlash jamgʻarmasiga yoʻnaltirish;

Agentlik, uning hududiy boʻlinmalari va tizim tashkilotlarining moddiy-texnika bazasini takomillashtirish, shu jumladan, asbob-uskunalar, inventar, avtotransport vositalari, diagnostika vositalari, ixtisoslashtirilgan tibbiy-reabilitatsiya uskunalari hamda oʻquv materiallari va boshqalarni xarid qilish, shuningdek, oʻquv qoʻllanmalar va didaktik materiallar bilan taʼminlash;

Agentlikning axborot-kommunikatsiya tizimlarini rivojlantirish va boshqa sohalar boʻyicha loyihalarni amalga oshirish uchun “Axborot texnologiyalar markazi” davlat muassasasi faoliyatini moliyalashtirish va saqlash xarajatlari uchun subsidiya ajratish;

Hamjamiyatlarni mustahkamlash va ijtimoiy farovonlikni rivojlantirish markazini tashkil etish, saqlash, xodimlarini ragʻbatlantirish, moddiy-texnika bazasini mustahkamlash tadbirlari (qurish, rekonstruksiya qilish, kapital taʼmirlash, tegishli uskuna va jihozlar sotib olish va boshqa) xarajatlarini moliyalashtirish;

yetim bolalar va ota-ona qaramogʻidan mahrum boʻlgan bolalarni muqobil joylashtirish shakllarini, shu jumladan, kichik hajmli bolalar uylarini, shuningdek, kichik hajmli ijtimoiy koʻmak markazlarini tashkil etish tadbirlarini (uy-joy xarid qilish, qurish, joriy taʼmirlash, ijaraga olish tegishli uskuna va jihozlar sotib olish, nogironligi boʻlgan shaxslarga moslashtirish, saqlash va boshqa xarajatlar) moliyalashtirish;

hududiy ijtimoiy xizmatlar markazlarini tashkil etish bilan bogʻliq barcha xarajatlarni moliyalashtirish;

ijtimoiy himoya sohasidagi loyihalarni xalqaro moliya tashkilotlari bilan birgalikda moliyalashtirish;

homiylardan maqsadli jalb qilingan mablagʻlarni kelishuvga koʻra homiylar tomonidan belgilangan ijtimoiy loyihalarga yoʻnaltirish.

Jamgʻarma Kuzatuv kengashining topshirigʻiga asosan qoʻshimcha tadbirlarga va qonunchilik hujjatlarida taqiqlanmagan boshqa xarajatlarga mablagʻ ajratilishi mumkin.

19. Quyidagi budjet mablagʻlari hisobidan xarajatlar Agentlik hamda uning hududiy boʻlinmalari orqali alohida shaxsiy gʻazna hisobvaraqlari orqali moliyalashtirilib, Jamgʻarma xarajatlari bilan qoʻshilgan holda ijtimoiy sohaga yoʻnaltirilayotgan mablagʻlar hisobotlarida aks ettiriladi:

kam taʼminlangan oilalarga bolalar nafaqalari va moddiy yordamlar toʻlash;

bir martalik yordam pullarini toʻlash;

yoshga doir, nogironlik va boquvchisini yoʻqotganlik nafaqalarini toʻlash;

nogironligi boʻlgan bolalarni parvarishlayotgan onalar uchun nafaqalarni toʻlash;

bola tugʻilishi uchun beriladigan nafaqalar (suyunchi puli)ni toʻlash;

dafn marosimi xarajatlarini qoplash;

yetim bolalar va ota-ona qaramogʻidan mahrum boʻlgan bolalarni uy-joy bilan taʼminlash;

oilalarda (homiylikka olingan) tarbiyalanayotgan har bir yetim bola va ota-ona qaramogʻidan mahrum boʻlgan bolalarning ijtimoiy himoyasini tashkil etish.

20. Jamgʻarma mablagʻlari hisobidan amalga oshiriladigan qurilish, rekonstruksiya va kapital taʼmirlash ishlari boʻyicha buyurtmachi etib Qoraqalpogʻiston Respublikasi Vazirlar Kengashi, viloyatlar va Toshkent shahri hokimliklari huzuridagi “Yagona buyurtmachi xizmati” injiniring kompaniyalari belgilanadi.

21. Qonunchilikda ishlatish tartibi belgilanmagan Jamgʻarma xarajatlari Agentlik direktori tomonidan tasdiqlanadigan tartibga asosan amalga oshiriladi.

22. Mazkur Nizomda koʻzda tutilgan xarajatlarni moliyalashtirishda tadbir tashabbuskori boʻlgan Agentlikning tegishli tarkibiy boʻlinmalari, shuningdek, Qoraqalpogʻiston Respublikasi, viloyatlar va Toshkent shahar boshqarmalari hamda tizim tashkilotlari tomonidan talabnomalar shakllantiriladi va Agentlik direktoriga kiritiladi.

Bunda Direksiya tomonidan talabnomalarda koʻzda tutilgan tadbirlarni manbai boʻyicha Agentlik direktoriga xulosa kiritiladi.

Agentlik direktorining buyrugʻiga asosan Jamgʻarmadan tegishli xarajatlar amalga oshiriladi.

22 1 . Kuzatuv kengashining qaroriga muvofiq Jamgʻarmadan xarajatlar mazkur Nizomning 22-bandi uchinchi xatboshisida belgilangan tartibda amalga oshiriladi.

23. Qoraqalpogʻiston Respublikasi, viloyatlar va Toshkent shahar boshqarmalari hamda tizimdagi tashkilotlar orqali ayrim xarajatlarni amalga oshirish uchun ularning alohida maxsus gʻazna hisobvaraqlari yoki budjetdan tashqari jamgʻarmalariga Jamgʻarmadan tegishli mablagʻlar oʻtkazib berilishi mumkin.

24. Jamgʻarma tomonidan amalga oshirilgan ishlar toʻgʻrisidagi maʼlumotlarning shaffofligini taʼminlash maqsadida Jamgʻarma xarajatlari hamda mablagʻlari hisobidan bajarilgan ishlar haqidagi hisobotlar har chorakda Agentlikning rasmiy veb-saytida joylashtirib boriladi.

25. Jamgʻarmaning yil yakuni boʻyicha mablagʻlari qoldigʻi olib qoʻyilmaydi va keyingi moliya yili uchun daromadlar va xarajatlar smetasini tuzishda inobatga olinadi.

25 1 . Jamgʻarma bilan tuzilgan shartnomalar boʻyicha majburiyatlarini bajarmaganlik yoki lozim darajada bajarmaganlik uchun undirilgan jarima va penya summalari Jamgʻarmaning rivojlantirish jamgʻarmasida jamlanadi hamda Jamgʻarma Ijro etuvchi direksiyasi tomonidan mustaqil ravishda sarflanadi.

5-bob. Jamgʻarmaning tushumi va mablagʻlaridan foydalanishni nazorat qilish hamda javobgarlik

26. Agentlik, Direksiya, Agentlikning Qoraqalpogʻiston Respublikasi, viloyatlar va Toshkent shahar boshqarmalari, tuman (shahar) “Inson” ijtimoiy xizmatlar markazlari va tizimdagi tashkilotlar Jamgʻarma mablagʻlaridan maqsadli va samarali foydalanish uchun masʼul hisoblanadi.

27. Jamgʻarma mablagʻlaridan toʻgʻri va maqsadli foydalanilishi Agentlik hamda Hisob-palatasi tomonidan nazorat qilinadi.

6-bob. Yakunlovchi qoidalar

28. Ushbu Nizomni qoʻllashda yuzaga keladigan nizolar qonunchilik hujjatlarida belgilangan tartibda hal etiladi.

29. Mazkur Nizom talablari buzilishida aybdor boʻlgan shaxslar qonunchilikda belgilangan tartibda javob beradilar.

30. Jamgʻarma qonunchilikda belgilangan tartibda qayta tashkil etiladi va tugatiladi.

Vazirlar Mahkamasining 2023-yil 28-dekabrdagi 687-son qaroriga 2-ILOVA

Oʻzbekiston Respublikasi Prezidenti huzuridagi Ijtimoiy himoya milliy agentligining Ijtimoiy himoya davlat jamgʻarmasi ijro etuvchi direksiyasining

Direktor Direktor oʻrinbosari Buxgalteriya hisobi boʻlimi 2 Rejalashtirish va moliyalashtirish boʻlimi Bosh yuriskonsult Xaridlar va taʼminot boʻlimi 4

Vazirlar Mahkamasining 2023-yil 28-dekabrdagi 687-son qaroriga 3-ILOVA

“Axborot texnologiyalar markazi” davlat muassasasi tomonidan Ijtimoiy himoya davlat jamgʻarmasi hamda Ijtimoiy himoya milliy agentligining budjetdan tashqari mablagʻlari hisobidan amalga oshiriladigan loyihalar qiymatini aniqlash

1-bob. Umumiy qoidalar

1. Mazkur tartib Oʻzbekiston Respublikasi Prezidenti huzuridagi Ijtimoiy himoya milliy agentligi (keyingi oʻrinlarda — Agentlik) buyurtmasiga asosan Ijtimoiy himoya davlat jamgʻarmasi (keyingi oʻrinlarda — Jamgʻarma) va Agentlikning budjetdan tashqari mablagʻlari hisobidan “Axborot texnologiyalar markazi” davlat muassasasi (keyingi oʻrinlarda — Markaz) tomonidan amalga oshiriladigan loyihalarning qiymatini aniqlash tartibini belgilaydi.

2. Mazkur Tartibda quyidagi asosiy tushunchalardan foydalaniladi:

loyiha — Agentlik buyurtmasiga asosan axborot tizimlarini ishlab chiqish va texnik qoʻllab-quvvatlash, server, kompyuter qurilmalari va telekommunikatsiya tarmoqlariga texnik xizmat koʻrsatish, Agentlik tizimida zamonaviy axborot-kommunikatsiya texnologiyalarini joriy etish, sunʼiy intellekt bilan bogʻliq loyihalarni amalga oshirish, “Call-markaz” hamda media-markaz faoliyatini tashkil etish, avtomatik tarzda amalga oshirilayotgan elektron toʻlovlarni kuzatib borish va boshqa sohalardagi xizmatlarni amalga oshirish;

loyihalarga jalb qilinadigan mutaxassislar — loyiha doirasida jalb qilinadigan dasturchilar, loyihachilar, “Call-markaz” xizmati xodimlari, Media-markaz xodimlari, Markazning hududiy mutaxassislari va boshqa ishlarda ishtirok etuvchi xodimlar.

2-bob. Agentlik buyurtmasiga asosan Jamgʻarma va Agentlikning budjetdan tashqari mablagʻlari hisobidan Markaz tomonidan amalga oshiriladigan loyihalar boʻyicha shartnoma qiymatini aniqlash tartibi

3. Loyihalar boʻyicha shartnomaning umumiy qiymati quyidagi xarajatlardan shakllanadi:

loyihalarni amalga oshirish bilan bogʻliq toʻgʻridan-toʻgʻri xarajatlar;

soliq va boshqa majburiy toʻlovlar xarajatlari;

markaz, boshqaruv va yordamchi xodimlarni saqlash xarajatlari;

Markazning foydasi.

4. Axborot tizimlarni texnik qoʻllab-quvvatlash va takomillashtirish boʻyicha loyihalarni amalga oshirish bilan bogʻliq toʻgʻridan-toʻgʻri xarajatlar loyihalarga jalb qilinadigan mutaxassislarga toʻlanadigan mehnatga haq toʻlash fondi hamda loyihani amalga oshirish bilan bogʻliq boshqa xarajatlardan kelib chiqib hisoblanadi.

Bunda:

a) loyiha qiymatini aniqlashda inobatga olinadigan mutaxassislarning shartli shtat birliklari soni har bir axborot moduli uchun oʻrtacha 1,85 shtat birligi hisobidan kelib chiqib aniqlanadi;

b) mehnatga haq toʻlash fondi quyidagi formula asosida hisobi-kitob qilinadi:

MHTF = 1,85 * MS * 16 * MHTEKM * LAOOS;

MHTF — mehnatga haq toʻlash fondi;

MS — modullar soni;

MHTEKM — Oʻzbekiston Respublikasida oʻrnatilgan mehnatga haq toʻlashning eng kam miqdori (agar markaz ijtimoiy soliq toʻlovchi boʻlsa, unda ushbu miqdor ijtimoiy soliq miqdoriga oshirilib hisobga olinadi);

LAOOS — loyihalar amalga oshiriladigan oylar soni.

Loyihani amalga oshirish bilan bogʻliq boshqa xarajatlar mehnatga haq toʻlash fondining 5 foiz miqdorida belgilanadi.

5. “Call-markaz” xizmati boʻyicha loyihani amalga oshirish bilan bogʻliq toʻgʻridan-toʻgʻri xarajatlar jalb qilinadigan mutaxassislarga toʻlanadigan mehnatga haq toʻlash fondi hamda loyihani amalga oshirish bilan bogʻliq boshqa xarajatlardan kelib chiqib hisoblanadi.

Bunda:

a) “Call-markaz” xizmati loyihasi qiymatini aniqlashda inobatga olinadigan mutaxassislarning (koll-markaz rahbarlari, supervayzer va boshqa xodimlarni hisobga olgan holda) shartli shtat birliklari soni Agentlikning qisqa raqamlari orqali audio, vizual va matnli har oylik 2 300 ta murojaat, shu jumladan, qabul qilinmagan qoʻngʻiroqlar uchun bir shtat birligi hisobidan aniqlanadi;

audio, vizual va matnli har oylik murojaatlar soni loyiha qiymatini hisoblashdan oldingi 3 oylik oʻrtacha koʻrsatkichlari olinadi. Bunda loyihani amalga oshirish davrida audio, vizual va matnli murojaatlar, shu jumladan, qabul qilinmagan qoʻngʻiroqlar oshgan taqdirda oxirgi 3 oylik koʻrsatkichlardan kelib chiqib, loyiha qiymati qayta koʻrib chiqilishi va amaldagi shartnomaga tegishli oʻzgartirishlar kiritilishi mumkin;

b) mehnatga haq toʻlash fondi quyidagi formula asosida hisob-kitob qilinadi:

MHTF = OʻOQS /2300 * 10,5 * MHTEKM * LAOOS;

MHTF — mehnatga haq toʻlash fondi;

OʻOQS — oxirgi uch oydagi oʻrtacha audio, vizual va matnli murojaatlar, shu jumladan qabul qilinmagan qoʻngʻiroqlar soni;

MHTEKM — Oʻzbekiston Respublikasida oʻrnatilgan mehnatga haq toʻlashning eng kam miqdori (agar markaz ijtimoiy soliq toʻlovchi boʻlsa, unda ushbu miqdor ijtimoiy soliq miqdoriga oshirilib hisobga olinadi);

LAOOS — loyihalar amalga oshiriladigan oylar soni.

Loyihani amalga oshirish bilan bogʻliq boshqa xarajatlar mehnatga haq toʻlash fondining 5 foiz miqdorida belgilanadi.

6. Agentlikning hududiy boʻlinmalaridagi mavjud kompyuter va orgtexnika vositalariga texnik xizmat koʻrsatish boʻyicha loyihalarni amalga oshirish bilan bogʻliq toʻgʻridan-toʻgʻri xarajatlar jalb qilinadigan mutaxassislarga toʻlanadigan mehnatga haq toʻlash fondi hamda loyihani amalga oshirish bilan bogʻliq boshqa xarajatlardan kelib chiqib hisoblanadi.

Bunda:

a) Agentlikning hududiy boʻlinmalari, shu jumladan, ijtimoiy xodimlar tomonidan foydalanilayotgan orgtexnikalarga texnik xizmat koʻrsatish loyihasi xodimlari soni har bir hududda kompyuter, noutbuk, printer, skaner, elektron doskalarning soni 450 tagacha boʻlgan hududda bir shartli shtat birligi, 450 dan 600 tagacha boʻlgan hududlarda 1,5 shartli shtat birligi, 600 dan yuqori boʻlgan hudud uchun 2 shartli shtat birligi hisobidan aniqlanadi;

b) mehnatga haq toʻlash fondi quyidagi formula asosida hisob-kitob qilinadi:

MHTF = SHSHBS * 11,5 * MHTEKM * LAOOS;

MHTF — mehnatga haq toʻlash fondi;

SHSHBS — shartli shtat birliklari soni har bir hududdagi kompyuter, noutbuk, printer, skaner, elektron doskalarning sonidan kelib chiqib, mazkur bandning “a” kichik bandida koʻzda tutilgan shartlar asosida hisoblangan yigʻindisiga teng;

MHTEKM — Oʻzbekiston Respublikasida oʻrnatilgan mehnatga haq toʻlashning eng kam miqdori (agar markaz ijtimoiy soliq toʻlovchi boʻlsa, unda ushbu miqdor ijtimoiy soliq miqdoriga oshirilib hisobga olinadi);

LAOOS — loyihalar amalga oshiriladigan oylar soni;

Loyihani amalga oshirish bilan bogʻliq boshqa xarajatlar mehnatga haq toʻlash fondining 5 foiz miqdorida belgilanadi.

7. Soliq va boshqa majburiy toʻlovlar boʻyicha xarajatlar qonunchilikda belgilangan tartibda hisoblanadi.

8. Markaz, boshqaruv va yordamchi xodimlarni saqlash xarajatlari mazkur tartibning 4 — 6-bandlarida koʻzda tutilgan loyihalar qiymati bilan birga koʻzda tutiladi hamda cheklangan mablagʻlar miqdori ushbu bandlarga muvofiq aniqlangan loyiha qiymatining 40 foizgacha miqdorida belgilanadi.

Boshqaruv va yordamchi xodimlarning cheklangan soni va ularga mehnatga haq toʻlash shartlari Agentlik direktorining buyrugʻi asosida belgilanadi.

Bunda:

boshqaruv xodimlariga Markaz direktori, uning oʻrinbosarlari, inson resurslari, hisobxona, tahliliy rejalashtirish, yuridik xizmat, umumiy (ijro va devonxona) boʻlinma xodimlari, shuningdek, avtomatik tarzda amalga oshirilayotgan elektron toʻlovlarni kuzatib borish boʻlimi xodimlari kiradi;

yordamchi xodimlar soni Vazirlar Mahkamasining “Mehnat normalarini ishlab chiqish va joriy qilish tartibi toʻgʻrisidagi namunaviy nizomni tasdiqlash haqida” 2025-yil 24-iyuldagi 465-son qaroriga muvofiq ayrim yordamchi xodimlar toifasiga mansub kasb va lavozimlar uchun xodimlar sonining namunaviy normalari doirasida belgilanadi.

9. Markaz foydasi loyihalar boʻyicha xarajatlarning 2 foizi miqdorida belgilanadi. Yil yakuni bilan Markaz umumiy foydasi Agentlik direktori tomonidan taqsimlanadi.

10. Agentlik buyurtmasiga asosan Markaz tomonidan ishlab chiqiladigan yangi loyihalarning qiymati loyihaning texnik talabi, amalga oshirish muddati, jalb qilinadigan mutaxassislar toifasi va sonidan kelib chiqib, Agentlik direktorining tegishli buyrugʻi asosida belgilanadi.

11. Markaz tomonidan loyihalarga jalb qilinadigan mutaxassislar belgilangan normativ-huquqiy hujjatlarga muvofiq, Agentlik tomonidan tasdiqlanadigan loyihalar muddatlari doirasida muddatli mehnat shartnomasi asosida jalb qilinadi.

3-bob. Yakunlovchi qoidalar

12. Mazkur tartibning 4 — 6-bandlarida shartli ravishda inobatga olinadigan shtat birliklari va ish haqi miqdorlari hamda boshqa xarajatlar foizlari faqatgina loyiha qiymatini aniqlashda foydalaniladi.

Amaliyotda:

zarur boʻlgan mutaxassislar soni va ular mehnatiga haq toʻlash shartlari loyihalarga ajratilgan mablagʻlar doirasida markaz tomonidan mustaqil belgilanadi;

xoʻjalik va boshqa xarajatlar haqiqiy talabdan kelib chiqib, umumiy summa doirasida foydalaniladi;

zarur hollarda, mehnatga haq toʻlashning eng kam miqdori yoki Markaz loyihalari boʻyicha ish hajmi oʻzgarganda, loyiha qiymati chorak yakuni bilan qayta koʻrib chiqilishi mumkin.

13. Markazni xoʻjalik yurituvchi subyekt sifatida nazorat qilish qonunchilik hujjatlarida belgilangan tartibda Agentlik va boshqa vakolatli organlar tomonidan amalga oshiriladi.

Oʻzbekiston Respublikasining Bosh vaziri A. ARIPOV

Toshkent sh.,

2023-yil 28-dekabr,

687-son

(Qonunchilik maʼlumotlari milliy bazasi, 29.12.2023-y., 09/23/687/0990-son; 01.03.2025-y., 09/25/125/0203-son; 19.06.2025-y., 09/25/378/0518-son; 25.12.2025-y., 09/25/817/1208-son; 07.02.2026-y., 07/26/48/0119-son; 12.02.2026-y., 09/26/48/0134-son; 22.05.2026-y., 09/26/271/0529-son; 18.09.2026-y., 09/26/493/0955-son; 10.10.2026-y., 09/26/540/1018-son)

lex.uz