📅 2024-yil 8-yanvar · Vazirlar Mahkamasi qarorlari
Rasmiy matn. Rasmiy hujjat. Tahririy izohlar kiritilmagan.
📅 2024-yil 8-yanvar · Vazirlar Mahkamasi qarorlari
Rasmiy matn. Rasmiy hujjat. Tahririy izohlar kiritilmagan.
📅 2024 йил 8 январь · Вазирлар Маҳкамаси қарорлари
Расмий матн. Расмий ҳужжат. Таҳририй изоҳлар киритилмаган.
📅 8 января 2024 г. · Постановления Кабинета Министров
Официальный текст. Официальный документ. Редакционные примечания не включены.
📅 8 January 2024 · Cabinet of Ministers resolutions
Official text. Official document. Editorial notes are not included.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг
қарори
НИЗОМ
СХЕМАСИ
ИШ РЕЖАСИ
Олий таълим ташкилотлари талабаларининг ҳақ тўланадиган малака амалиётини ташкил этиш тартиби тўғрисида
Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Маъмурий ислоҳотлар доирасида олий таълим, фан ва инновациялар соҳасида давлат бошқарувини самарали ташкил қилиш чора-тадбирлари тўғрисида» 2023 йил 3 июлдаги ПҚ-200-сон қарори ижросини таъминлаш ҳамда талабаларнинг назарий билимларини амалиётда мустаҳкамлаш, уларни касбий фаолиятга тайёрлаш даражаси ва сифатини ошириш, шунингдек, амалиёт ўташ даврида қўллаб-қувватлаш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:
1. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2023 йил 3 июлдаги ПҚ-200-сон қарори билан тасдиқланган Олий таълим, фан ва инновациялар соҳасини трансформация қилиш жараёнларини жадаллаштириш бўйича «йўл харитаси»нинг 8-бандида олий таълим ташкилотлари талабаларининг иқтисодиёт тармоқлари корхоналарида ташкил этиладиган қисқа муддатли мақсадли ишлаб чиқариш амалиётларини «ҳақ тўланадиган амалиёт» механизми асосида ташкил этиш белгиланганлиги маълумот учун қабул қилинсин.
2. Қуйидагиларни назарда тутувчи Олий таълим ташкилотлари талабаларининг иқтисодиёт тармоқлари корхоналарида ҳақ тўланадиган ишлаб чиқариш амалиётини ташкил этиш тартиби тўғрисидаги низом иловага мувофиқ тасдиқлансин:
ҳақ тўланадиган амалиётни танлов асосида ташкил этиш;
талабаларнинг ҳақ тўланадиган ишлаб чиқариш амалиёти бўйича танловда иштирок этиш тартиби ва шартларини белгилаш;
ҳақ тўланадиган ишлаб чиқариш амалиётини ташкил этиш ва амалиётга раҳбарлик қилиш;
амалиёт бўйича меҳнат муносабатларини белгилаш ва молиялаштириш ҳамда мониторингини юритиш.
3. Кадрлар буюртмачилари бўлган вазирликлар, идоралар ва хўжалик бирлашмалари 2024/2025 ўқув йилидан бошлаб, ўз ички эҳтиёжларидан келиб чиқиб, йиллик режага асосан:
олий таълим ташкилотларининг таълим шаклидан қатъи назар, талабаларнинг тегишли таълим йўналишлари (мутахассисликлари) бўйича ҳақ тўланадиган ишлаб чиқариш амалиётлари тармоқ (соҳа)нинг муайян ташкилотлари ва корхоналарида шартнома асосида тизимли равишда ўтказилишини ҳамда ишлаб чиқариш амалиётининг режа жадвали ва дастурлари тўлиқ ҳажмда бажарилишини таъминлаш юзасидан зарур чора-тадбирларни белгиласин;
ишлаб чиқариш амалиётини ўташ даврида талабаларга амалиётчи мақомини берсин ва ички имкониятларидан келиб чиқиб, уларни мавжуд бўш иш ўринлари (давлат органи бошқарув лавозимлари бундан мустасно) ҳисобига вақтинча иш билан таъминлаш чораларини кўрсин;
ишлаб чиқариш амалиётини ўташ даврида амалиётчи талабаларга ички имкониятларидан келиб чиқиб, етарли шарт-шароитлар (шахсий ҳимоя воситалари, махсус овқат ва бошқалар) ҳамда шартнома асосида бюджетдан ташқари маблағлар ҳисобидан зарур ҳолларда талабалар яшаши учун вақтинча турар жойлар билан таъминлаш ва қабул қилувчи ташкилотдан тайинланган амалиёт раҳбарларини меҳнат қонунчилигига мувофиқ моддий рағбатлантириш чораларини кўрсин;
ишлаб чиқариш амалиётини намунали ўтаган талабаларни ўқишни тамомлаганларидан сўнг ушбу ташкилотларнинг ўзида ёки уларнинг ҳудудий бўлинмаларида ички имкониятлардан келиб чиқиб, иш билан таъминлашга тавсия этсин;
талабалар меҳнатига қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда ҳақ тўлашни назарда тутсин.
4. Белгилансинки, мазкур қарорга мувофиқ ишлаб чиқариш амалиёти билан боғлиқ харажатлар Илм-фанни молиялаштириш ва инновацияларни қўллаб-қувватлаш жамғармасига ажратилган маблағлар доирасида амалга оширилади.
5. Ўзбекистон Республикаси Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги манфаатдор вазирликлар ва идоралар билан биргаликда ўзлари қабул қилган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни икки ой муддатда ушбу қарорга мувофиқлаштирсин.
6. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси олий таълим, фан ва инновациялар вазирининг биринчи ўринбосари К.Х. Каримов зиммасига юклансин.
Вазирлар Маҳкамасининг 2024 йил 8 январдаги 11-сон қарорига ИЛОВА
Олий таълим ташкилотлари талабаларининг иқтисодиёт тармоқлари корхоналарида ҳақ тўланадиган ишлаб чиқариш амалиётини ташкил этиш тартиби тўғрисида
1-боб. Умумий қоидалар
1. Мазкур Низом олий таълим ташкилотлари талабаларининг (кейинги ўринларда — талабалар) иқтисодиёт тармоқлари корхоналарида ҳақ тўланадиган ишлаб чиқариш амалиётини ташкил этиш тартибини белгилайди.
Ушбу Низом ҳарбий ва ҳарбийлаштирилган олий таълим ташкилотларига нисбатан татбиқ этилмайди.
2. Мазкур Низомда қуйидаги асосий тушунчалар қўлланилади:
ҳақ тўланадиган ишлаб чиқариш амалиёти (кейинги ўринларда — амалиёт) — касбий малакага ва иш тажрибасига эга бўлиш мақсадида амалга ошириладиган ҳамда талабани бакалавриат таълим йўналиши (магистратура мутахассислиги) ўқув режасига мувофиқ иш берувчида мавжуд бўлган бўш (вакант) ўринга ишга қабул қилишни назарда тутувчи касб тайёргарлигига оид ўқув жараёнининг амалий қисми;
амалиётни ташкил қилиш тўғрисидаги шартнома — амалиёт ўташ муддатига ва амалиётга раҳбарлик қилувчи шахс бириктирилган ҳолда, амалиёт ўтовчи ва иш берувчи ўртасида тузиладиган муддатли меҳнат шартномаси;
амалиётни ўташ дастури — олий таълим ташкилоти томонидан тегишли бакалавриат таълим йўналишлари (магистратура мутахассисликлари) ўқув режаларида белгиланган талабалар малакавий амалиёт муддатларига мос равишда ишлаб чиқилган ҳамда тармоқ корхонаси билан келишилган ҳолда тасдиқланадиган дастур;
Махсус комиссия — амалиётни ўташ учун талабалар ўртасида танлов ўтказиш ҳамда ушбу жараённи мувофиқлаштириш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги (кейинги ўринларда — Вазирлик) томонидан унинг ҳудудий бошқармаларида ташкил этиладиган тузилма;
тармоқ корхонаси — ушбу Низомга мувофиқ талабаларнинг амалиёт ўташлари ташкил этиладиган давлат органи ва ташкилоти, шунингдек, давлат иштирокидаги бошқа ташкилот;
транскрипт — таълим олишнинг тегишли даврида ўзлаштирилган кредитлар ва баҳоларнинг ҳарф ва рақамлардаги ифодаси кўрсатиб ўтилган фанлар рўйхатини ўз ичига олган белгиланган шаклдаги ҳужжат;
олий таълим ташкилотидан амалиёт раҳбари — талабалар амалиётига масъул этиб белгиланган олий таълим ташкилотининг тегишли кафедраси профессор-ўқитувчиси;
қабул қилувчи ташкилотдан амалиёт раҳбари — зиммасига талаба томонидан амалиётни ўташ дастурида белгиланган топшириқлар бажарилишини назорат қилиш, уларни амалий кўникмаларга ўргатиш, олинган билимларни олий таълим ташкилотининг амалиёт раҳбари билан биргаликда баҳолаш учун масъул бўлган тармоқ корхонаси ходими.
3. Амалиёт бир ойдан уч ойгача бўлган давр мобайнида ўқув режасида белгиланган муддатларда амалга оширилади.
4. Амалиёт мазкур Низомга 1-иловадаги схемага мувофиқ ташкил этилади.
2-боб. Махсус комиссия фаолиятини ташкил этиш тартиби
5. Махсус комиссия танлов ўтказилишидан камида бир ой олдин Вазирлик томонидан тузилади.
Махсус комиссия ўз йўналишида камида 2 йиллик меҳнат стажига эга бўлган юқори малакали (турли вазирлик, идоралар, илмий ва илмий-тадқиқот муассасаларидан ҳам келишув асосида жалб этилиши мумкин) камида 7 нафар (тоқ сонли) аъзодан иборат таркибда тузилади.
Махсус комиссия таркибининг 2 нафар аъзоси тегишли тармоқ корхоналари мутахассислари орасидан жалб қилинади. Махсус комиссияга раислик қилиш ҳудудий бошқарма раҳбарига юкланади.
Бунда Махсус комиссия раиси зарур ҳолларда, тор ихтисослашувдаги қўшимча мутахассисларни (шу жумладан, ишлаб чиқариш ташкилотлари мутахассисларини) амалиёт дастури ва тақдим этилган ҳужжатларни кўриб чиқиш жараёнига жалб қилиши мумкин.
6. Махсус комиссия йиғилиши унда унинг аъзоларининг камида учдан икки қисми (кворум) иштирок этган тақдирда, ваколатли ҳисобланади.
Йиғилишни ўтказиш учун кворум шаклланмаган тақдирда, Махсус комиссиянинг йиғилиши ўтказиладиган сана эълон қилинади.
Махсус комиссиянинг аъзолари ўз йиғилишларида кўриб чиқиладиган масалаларни муҳокама ва ҳал қилишда ўз ваколатини бошқаларга ўтказиш ҳуқуқига эга эмас.
7. Махсус комиссия йиғилишида қабул қилинган қарор йиғилиш баённомаси билан расмийлаштирилади. Баённома Махсус комиссия аъзолари орасидан танлаб олинган котиб томонидан имзоланади ҳамда йиғилишга раислик қилувчи томонидан тасдиқланади.
3-боб. Танловни ташкил этиш ва ўтказиш тартиби
8. Амалиётни ташкил этиш мақсадида Вазирлик томонидан талабалар ўртасида ҳар йили камида бир маротаба танлов ўтказилади.
9. Вазирлик томонидан ҳар йили танловни ташкил этиш бўйича ҳудудлар, соҳалар ва олий таълим ташкилотлари кесимида амалиёт ўташ учун 500 та ўрин ажратилади.
Бунда Тошкент шаҳри учун — 45 та, Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятлар учун — 35 тадан ўрин назарда тутилади.
Ажратилган ўринлардан ташқари талабалар учун ташкил этиладиган амалиёт тармоқ корхоналари томонидан молиялаштирилиши мумкин.
10. Вазирлик танлов бошланишидан камида бир ой олдин ўз расмий веб-сайтида танлов тўғрисида эълон беради.
Эълонда аризаларни шакллантириш, рўйхатдан ўтказиш ва топшириш тартиби, муддати ҳамда шартлари кўрсатилади.
Танловга аризалар бир ой давомида қабул қилинади.
11. Танловда иштирок этиш учун талаба аризани шахсан ўзи, почта алоқа воситалари орқали ёки электрон шаклда ўзи таълим олаётган олий таълим ташкилотига топширади.
12. Танловда қатнашишнинг талаблари ва шартлари қуйидагилардан иборат:
талаба битирувчи босқичда таҳсил олаётган бўлиши;
талабанинг таълим йўналиши (ёки мутахассислиги) тармоқ корхонасидаги фаолият йўналишига мос бўлиши;
талаба Ўзбекистон Республикасининг резиденти бўлиши.
13. Олий таълим ташкилоти танловда иштирок этиш учун ариза берган талабалар тўғрисидаги маълумотларни (талабанинг маълумотнома-объективкаси ва транскрипти, талаба амалиётини ташкил этиш иш режаси, амалиётни ўташ дастури ва тармоқ корхонасининг таклиф хати) йўлланма хати билан Махсус комиссияга 5 иш кунида тақдим этади.
Амалиётни ўташ дастури улар таълим олаётган олий таълим ташкилотининг кенгаши томонидан тасдиқланган ва тармоқ корхонаси билан келишилган бўлиши лозим.
14. Махсус комиссия олий таълим ташкилоти томонидан йўлланма хати билан тақдим этилган аризаларни келиб тушган кундан бошлаб 5 иш куни давомида кўриб чиқади.
Махсус комиссия талабани танловда иштирок этиши ёки танловда иштирок этишини рад этиш тўғрисида қарор қабул қилади.
15. Йўлланма хати билан тақдим этилган аризани рад қилиш учун қуйидагилар асос бўлади:
ушбу Низомнинг 13-бандида кўзда тутилган ҳужжатларни тақдим қилмаслик (тўлиқ бўлмаган ҳажмда тақдим қилиш);
ҳужжатларни тақдим этиш муддатларининг бузилиши.
Махсус комиссия тегишли қарор қабул қилгандан сўнг 2 иш кунида талаба таълим олаётган олий таълим ташкилотига қабул қилинган қарорни юборади.
Рад қилинган аризалар талабалар томонидан камчиликлар бартараф этилгандан сўнг 5 кун муддат давомида қайта тақдим этилиши мумкин.
4-боб. Танлов ҳужжатларини Махсус комиссия томонидан кўриб чиқиш ва танлаб олиш тартиби
16. Танлов ҳужжатлари уларни қабул қилиш якунлангандан сўнг 10 иш куни давомида Махсус комиссия томонидан кўриб чиқилади.
17. Махсус комиссия томонидан мазкур Низомга 2-иловага мувофиқ шаклдаги талаба амалиётини ташкил этиш иш режаси ҳимояси (тақдимот кўринишида) ўтказилиб, 20 кун ичида якуний қарор қабул қилинади.
18. Тақдимот қуйидаги 100 баллик мезон асосида баҳоланади:
амалий кўникмани шакллантиришга йўналтирилганлиги — 40 баллгача;
амалиётнинг мамлакат фан ва технологияларини ривожлантиришнинг устувор йўналишларига мослиги — 30 баллгача;
амалиётдан кутилаётган натижаларнинг самарадорлиги — 30 баллгача.
19. Ажратилган ўринларга мувофиқ талабалар тўпланган баллар кетма-кетлиги асосида танлаб олинади.
Тенг балл тўплаган талабалар ичидан устуворлик ўртача ўзлаштириш кўрсаткичи (транскрипт бўйича) юқори бўлган талабага берилади.
Танлов натижалари Махсус комиссия баёни билан расмийлаштирилади.
20. Танлов натижалари юзасидан якуний қарор қабул қилинган кундан бошлаб 10 иш куни давомида танлов натижалари бўйича маълумот Интернет жаҳон ахборот тармоғи ва Вазирликнинг расмий веб-сайтига жойлаштирилади ҳамда Ўзбекистон Республикаси олий таълим, фан ва инновациялар вазири буйруғи қабул қилингандан сўнг танловдан ўтган талабалар амалиётга юборилади.
21. Танлов натижаларидан норози бўлган талаба натижалар эълон қилинган кундан бошлаб ўн беш календарь кун ичида Махсус комиссияга апелляция бериш ҳуқуқига эга. Апелляция шикояти ёзма равишда тақдим этилади. Вазирликда тегишли мутахассислардан тузилган Апелляция комиссияси бир ҳафта муддатда киритилган апелляция шикоятини кўриб чиқади ва икки кун муддатда талабгорга қабул қилинган қарор ҳақида ёзма равишда хабар беради.
5-боб. Амалиётни ташкил этиш
22. Амалиётни ташкил этиш учун олий таълим ташкилоти ректорининг (филиал директорининг) буйруғи билан амалиёт ўташ муддати ва жойи, масъул шахслар, амалиёт ўтайдиган талабалар ва амалиёт бўйича раҳбарлар рўйхати тасдиқланади.
23. Мажбурий тиббий кўрикдан ўтиш талаб қилинадиган ишларни ўз ичига олган амалиётни ташкил этишда талабалар қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда тегишли тиббий кўрикдан ўтказилади.
24. 1 ва II гуруҳ ногиронлиги бўлган шахслар учун амалиёт ўташ уларнинг индивидуал имкониятлари ва соғлиғининг ҳолатини ҳисобга олган ҳолда ташкил этилади.
25. Амалиёт давомида талабаларга етарли кўникма ва малакалар шакллантириш мақсадида иш жойини (штат лавозимини) ўзгартиришга рухсат этилади.
26. Амалиёт ўтайдиган талабанинг иш вақти давомийлиги ходимларнинг мазкур тоифаси учун белгиланган иш вақти нормасидан ортиқча белгиланишига йўл қўйилмайди.
27. Амалиёт давомида талаба олий таълим ташкилоти томонидан берилган амалиёт кундалигини юритади.
Амалиёт кундалигида кунлик ёки ҳафталик бажарилган ишлар тўғрисидаги маълумотлар акс эттирилади.
Кундалик тармоқ корхонасидаги масъул раҳбарнинг имзоси билан тасдиқланади.
28. Амалиёт ўташ учун юборилган талаба турар жой билан талабани юборган олий таълим ташкилоти ёки тармоқ корхонаси томонидан таъминланиши мумкин.
29. Олий таълим ташкилоти ректори (филиал директори) амалиёт ўташ жараёнида тармоқ корхонаси билан биргаликда талабанинг хавфсизлиги бўйича зарур чоралар кўрилишини таъминлайди.
30. Амалиёт ўташ даврида талабага тармоқ корхонасидаги тегишли меҳнатни муҳофаза қилиш қоидалари ва ички меҳнат тартиби қоидалари, шунингдек, амалда бўлган бошқа ҳужжатлар татбиқ қилинади.
31. Амалиёт бўйича ишлар олий таълим ташкилотининг тегишли кафедра мудири ва факультет декани ёки олий таълим ташкилотининг амалиёт масалалари билан шуғулланиш мажбурияти юкланган таркибий бўлинмаси билан ҳамкорликда мувофиқлаштирилади.
6-боб. Амалиётга раҳбарлик қилиш
32. Олий таълим ташкилотидан бириктирилган амалиёт раҳбари амалиёт давомида талаба томонидан амалиёт дастурининг ўз вақтида бажарилишини назорат қилади ва зарур ҳолларда унга амалий ёрдам кўрсатади.
33. Олий таълим ташкилотидан бириктирилган амалиёт раҳбари:
талабани амалиёт ўташ жойига тақсимлашда иштирок этади;
талабани амалиёт кундалиги билан таъминлайди;
талаба амалиётига умумий раҳбарлик қилади;
талабага зарур кўрсатмалар беради;
талабанинг амалиёт ўташ жойига етиб бориши ва қайтишини назорат қилади;
қабул қилувчи ташкилотдан амалиёт раҳбари билан биргаликда амалиёт ўташ ҳолати бўйича мунтазам ахборот алмашган ҳолда фаолият юритади;
талабага амалиёт ўташ дастурини бажариш бўйича услубий ёрдам беради;
зарур ҳолларда, амалиёт ўташ жойларига бориш орқали амалиёт ўташ тартибига талаба томонидан риоя қилиниши ва амалиёт ўташ дастури бажарилишини назорат қилади;
амалиёт ўташни такомиллаштириш юзасидан ўз таклиф ва мулоҳазаларини олий таълим ташкилоти кенгашида кўриб чиқиш учун тақдим этади.
34. Тармоқ корхонаси раҳбари:
амалиётни ташкил этиш бўйича буйруқ (қарор) қабул қилади ҳамда малакали ва тажрибали мутахассислар орасидан амалиёт раҳбарини тайинлайди;
амалиёт ўташ учун зарур шароитлар яратилишини таъминлайди.
35. Қабул қилувчи ташкилотдан амалиёт раҳбари:
талабанинг меҳнат ва ишлаб чиқариш фаолияти бўйича маслаҳат беради ҳамда унинг иш натижаларини мунтазам равишда баҳолаб боради;
талабани тармоқ корхонаси фаолият йўналишлари ва бошқа ўзига хос хусусиятлари билан таништиради;
талабага амалиётни ўташ дастурига тааллуқли зарур материаллардан фойдаланишга шароит яратади;
талабага амалиёт ўташ дастурида назарда тутилган масалалар бўйича зарур маслаҳат ва кўрсатмалар беради;
талаба томонидан амалга оширилаётган ишлар ва амалиёт кундалигининг юритилишини доимий назорат қилиб боради;
олий таълим ташкилотидан бириктирилган амалиёт раҳбари билан амалиёт ўташ ҳолати бўйича мунтазам ахборот алмашади;
олий таълим ташкилотидан бириктирилган амалиёт раҳбари ёки олий таълим ташкилоти ректорини (филиал директори) талабанинг амалиёт ўташ учун келмаётганлиги ёки у томонидан амалиёт ўташ дастури бажарилмаётганлиги ёхуд меҳнат интизоми бузилаётганлиги ҳақида хабардор қилади.
36. Қабул қилувчи ташкилотдан бириктирилган амалиёт раҳбари талабадан тегишли иш ўрни бўйича ходим бажариши лозим бўлган функция ва вазифаларни талаб этишга ҳақли.
7-боб. Амалиёт бўйича меҳнат муносабатларини ташкил этиш
37. Талаба билан муддатли меҳнат шартномасини тузишда талабанинг тегишли касбий фаолият йўналиши бўйича назарий тайёргарлик даражаси, олий таълим ташкилотидан бириктирилган амалиёт раҳбарининг тавсияси ҳисобга олинади.
38. Амалиётнинг биринчи кунида тармоқ корхонасининг ваколатли ходими ҳар бир талабага меҳнат муҳофазаси ва техника хавфсизлиги масалалари бўйича алоҳида кўрсатмалар бериши шарт.
39. Муддатли меҳнат шартномаси асосида тармоқ корхонаси талаба амалиётини ўташи учун буйруқ қабул қилади.
40. Талаба билан муддатли меҳнат шартномаси меҳнат қонунчилигида белгиланган асослар ва тартибга кўра бекор қилинади.
41. Талабанинг амалиёт ўташи учун синов муддати белгиланмайди.
42. Талабаларни иш вақтидан ташқари ишларга жалб этишга, шунингдек, ишланмайдиган байрам ва дам олиш кунларида ишлатишга йўл қўйилмайди.
43. Талабаларнинг иш жойи амалиётнинг барча босқичларида тармоқ корхонаси ходимларининг иш жойларига қўйиладиган талабларга мос келиши керак.
8-боб. Амалиётни молиялаштириш ва унинг мониторинги
44. Ғолиб талабаларнинг амалиёти бўйича харажатлар Илм-фанни молиялаштириш ва инновацияларни қўллаб-қувватлаш жамғармаси маблағлари ҳисобидан олий таълим ташкилоти, тармоқ корхонаси, Илм-фанни молиялаштириш ва инновацияларни қўллаб-қувватлаш жамғармаси ва амалиёт ўтайдиган талаба ўртасида амалиётни ташкил этиш ва ўтказиш бўйича тузилган шартнома асосида Махсус комиссия томонидан якуний қарор қабул қилингандан сўнг 15 иш куни давомида қопланади.
Бунда талабага базавий ҳисоблаш миқдорининг 2 баравари миқдорида иш ҳақи ва унга ҳисобланган ижтимоий солиқ Илм-фанни молиялаштириш ва инновацияларни қўллаб-қувватлаш жамғармаси томонидан шартномага мувофиқ тармоқ корхонасининг талабномасига кўра унинг тегишли ҳисобрақамига ўтказилади.
Тармоқ корхонаси ўз маблағлари ҳисобидан амалиёт ўтаётган талабани қўшимча равишда моддий рағбатлантириши мумкин.
45. Талабаларнинг амалиёт натижалари ҳисоботи олий таълим ташкилоти ректори (филиал директори) томонидан тасдиқланган ҳолда кенгашда муҳокама бўйича йиғилиш баённомасидан кўчирма ва ажратилган маблағларнинг сарфланганлиги бўйича ҳисобот билан биргаликда Вазирликка тақдим этилади.
9-боб. Якунловчи қоида
46. Мазкур Низом талабларини бузилишида айбдор бўлган шахслар қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда жавоб берадилар.
Олий таълим ташкилотлари талабаларининг иқтисодиёт тармоқлари корхоналарида ҳақ тўланадиган ишлаб чиқариш амалиётини ташкил этиш тартиби тўғрисидаги низомга 1-ИЛОВА
Амалиётни ташкил этиш
Босқичлар Субъектлар Амалга ошириладиган тадбирлар Бажариш муддатлари 1-босқич Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги (Вазирлик) Ҳудудий бошқармаларда Махсус комиссия тузади. Танлов бошланишидан камида бир ой олдин 2-босқич Вазирлик Ҳудудлар, соҳалар, олий таълим ташкилотлари кесимида амалиёт ўташ учун ўринларни ажратади ҳамда танлов тўғрисида веб-сайтда эълон беради. Танлов бошланишидан бир ой олдин 3-босқич Талаба Танловда иштирок этиш учун аризани ўзи таълим олаётган олий таълим ташкилотига тегишли ҳужжатлари билан почта алоқа воситалари орқали ёки электрон шаклда тақдим этади. Танлов бошланганидан сўнг бир ой муддатда 4-босқич Олий таълим ташкилоти Танловда иштирок этиш учун ариза берган талабалар тўғрисидаги маълумотларни йўлланма хати билан Махсус комиссияга тақдим этади. Ариза тақдим этилгандан сўнг 5 иш кун давомида 5-босқич Махсус комиссия Йўлланма хати билан тақдим этилган аризаларни кўриб чиқади ҳамда тегишли қарорни қабул қилади. Ариза келиб тушган кундан бошлаб 5 иш куни давомида 6-босқич Махсус комиссия Қабул қилинган ҳужжатларни кўриб чиқади. Ҳужжатлар қабули якунлангандан сўнг 10 иш куни давомида 7-босқич Махсус комиссия Талабаларнинг иш режаси ҳимоясини ўтказади ҳамда танлов бўйича якуний қарор қабул қилади. 20 иш куни давомида 8-босқич Вазирлик Танлов ғолиблари ҳақида Интернет жаҳон ахборот тармоғида ва ўз веб-сайтида эълон қилади. Танловдан ўтган талабаларни амалиётга юборади. Якуний қарор қабул қилинган кундан бошлаб 10 иш куни давомида 9-босқич Илм-фанни молиялаштириш ва инновацияларни қўллаб-қувватлаш жамғармаси Талабаларнинг амалиёти бўйича харажатларни қоплаб беради. Якуний қарор қабул қилингандан сўнг 15 иш куни давомида
Олий таълим ташкилотлари талабаларининг иқтисодиёт тармоқлари корхоналарида ҳақ тўланадиган ишлаб чиқариш амалиётини ташкил этиш тартиби тўғрисидаги низомга 2-ИЛОВА
Олий таълим ташкилотлари талабаларининг ҳақ тўланадиган ишлаб чиқариш амалиётини ташкил этиш
Т/р Фамилияси, исми, отасининг исми Олий таълим ташкилотининг номи Амалиётнинг мақсад ва вазифалари Амалиёт ўтказиладиган ташкилотлар Амалиёт давомийлиги Фан йўналиши Кутилаётган натижалар 1. 2. 3. ...
Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А. АРИПОВ
Тошкент ш.,
2024 йил 8 январь,
11-сон
Oʻzbekiston Respublikasi Vazirlar Mahkamasining
qarori
NIZOM
SXEMASI
ISH REJASI
Oliy taʼlim tashkilotlari talabalarining haq toʻlanadigan malaka amaliyotini tashkil etish tartibi toʻgʻrisida
Oʻzbekiston Respublikasi Prezidentining “Maʼmuriy islohotlar doirasida oliy taʼlim, fan va innovatsiyalar sohasida davlat boshqaruvini samarali tashkil qilish chora-tadbirlari toʻgʻrisida” 2023-yil 3-iyuldagi PQ-200-son qarori ijrosini taʼminlash hamda talabalarning nazariy bilimlarini amaliyotda mustahkamlash, ularni kasbiy faoliyatga tayyorlash darajasi va sifatini oshirish, shuningdek, amaliyot oʻtash davrida qoʻllab-quvvatlash maqsadida Vazirlar Mahkamasi qaror qiladi:
1. Oʻzbekiston Respublikasi Prezidentining 2023-yil 3-iyuldagi PQ-200-son qarori bilan tasdiqlangan Oliy taʼlim, fan va innovatsiyalar sohasini transformatsiya qilish jarayonlarini jadallashtirish boʻyicha “yoʻl xaritasi”ning 8-bandida oliy taʼlim tashkilotlari talabalarining iqtisodiyot tarmoqlari korxonalarida tashkil etiladigan qisqa muddatli maqsadli ishlab chiqarish amaliyotlarini “haq toʻlanadigan amaliyot” mexanizmi asosida tashkil etish belgilanganligi maʼlumot uchun qabul qilinsin.
2. Quyidagilarni nazarda tutuvchi Oliy taʼlim tashkilotlari talabalarining iqtisodiyot tarmoqlari korxonalarida haq toʻlanadigan ishlab chiqarish amaliyotini tashkil etish tartibi toʻgʻrisidagi nizom ilovaga muvofiq tasdiqlansin:
haq toʻlanadigan amaliyotni tanlov asosida tashkil etish;
talabalarning haq toʻlanadigan ishlab chiqarish amaliyoti boʻyicha tanlovda ishtirok etish tartibi va shartlarini belgilash;
haq toʻlanadigan ishlab chiqarish amaliyotini tashkil etish va amaliyotga rahbarlik qilish;
amaliyot boʻyicha mehnat munosabatlarini belgilash va moliyalashtirish hamda monitoringini yuritish.
3. Kadrlar buyurtmachilari boʻlgan vazirliklar, idoralar va xoʻjalik birlashmalari 2024/2025 oʻquv yilidan boshlab, oʻz ichki ehtiyojlaridan kelib chiqib, yillik rejaga asosan:
oliy taʼlim tashkilotlarining taʼlim shaklidan qatʼi nazar, talabalarning tegishli taʼlim yoʻnalishlari (mutaxassisliklari) boʻyicha haq toʻlanadigan ishlab chiqarish amaliyotlari tarmoq (soha)ning muayyan tashkilotlari va korxonalarida shartnoma asosida tizimli ravishda oʻtkazilishini hamda ishlab chiqarish amaliyotining reja jadvali va dasturlari toʻliq hajmda bajarilishini taʼminlash yuzasidan zarur chora-tadbirlarni belgilasin;
ishlab chiqarish amaliyotini oʻtash davrida talabalarga amaliyotchi maqomini bersin va ichki imkoniyatlaridan kelib chiqib, ularni mavjud boʻsh ish oʻrinlari (davlat organi boshqaruv lavozimlari bundan mustasno) hisobiga vaqtincha ish bilan taʼminlash choralarini koʻrsin;
ishlab chiqarish amaliyotini oʻtash davrida amaliyotchi talabalarga ichki imkoniyatlaridan kelib chiqib, yetarli shart-sharoitlar (shaxsiy himoya vositalari, maxsus ovqat va boshqalar) hamda shartnoma asosida budjetdan tashqari mablagʻlar hisobidan zarur hollarda talabalar yashashi uchun vaqtincha turar joylar bilan taʼminlash va qabul qiluvchi tashkilotdan tayinlangan amaliyot rahbarlarini mehnat qonunchiligiga muvofiq moddiy ragʻbatlantirish choralarini koʻrsin;
ishlab chiqarish amaliyotini namunali oʻtagan talabalarni oʻqishni tamomlaganlaridan soʻng ushbu tashkilotlarning oʻzida yoki ularning hududiy boʻlinmalarida ichki imkoniyatlardan kelib chiqib, ish bilan taʼminlashga tavsiya etsin;
talabalar mehnatiga qonunchilik hujjatlarida belgilangan tartibda haq toʻlashni nazarda tutsin.
4. Belgilansinki, mazkur qarorga muvofiq ishlab chiqarish amaliyoti bilan bogʻliq xarajatlar Ilm-fanni moliyalashtirish va innovatsiyalarni qoʻllab-quvvatlash jamgʻarmasiga ajratilgan mablagʻlar doirasida amalga oshiriladi.
5. Oʻzbekiston Respublikasi Oliy taʼlim, fan va innovatsiyalar vazirligi manfaatdor vazirliklar va idoralar bilan birgalikda oʻzlari qabul qilgan normativ-huquqiy hujjatlarni ikki oy muddatda ushbu qarorga muvofiqlashtirsin.
6. Mazkur qarorning bajarilishini nazorat qilish Oʻzbekiston Respublikasi oliy taʼlim, fan va innovatsiyalar vazirining birinchi oʻrinbosari K.X. Karimov zimmasiga yuklansin.
Vazirlar Mahkamasining 2024-yil 8-yanvardagi 11-son qaroriga ILOVA
Oliy taʼlim tashkilotlari talabalarining iqtisodiyot tarmoqlari korxonalarida haq toʻlanadigan ishlab chiqarish amaliyotini tashkil etish tartibi toʻgʻrisida
1-bob. Umumiy qoidalar
1. Mazkur Nizom oliy taʼlim tashkilotlari talabalarining (keyingi oʻrinlarda — talabalar) iqtisodiyot tarmoqlari korxonalarida haq toʻlanadigan ishlab chiqarish amaliyotini tashkil etish tartibini belgilaydi.
Ushbu Nizom harbiy va harbiylashtirilgan oliy taʼlim tashkilotlariga nisbatan tatbiq etilmaydi.
2. Mazkur Nizomda quyidagi asosiy tushunchalar qoʻllaniladi:
haq toʻlanadigan ishlab chiqarish amaliyoti (keyingi oʻrinlarda — amaliyot) — kasbiy malakaga va ish tajribasiga ega boʻlish maqsadida amalga oshiriladigan hamda talabani bakalavriat taʼlim yoʻnalishi (magistratura mutaxassisligi) oʻquv rejasiga muvofiq ish beruvchida mavjud boʻlgan boʻsh (vakant) oʻringa ishga qabul qilishni nazarda tutuvchi kasb tayyorgarligiga oid oʻquv jarayonining amaliy qismi;
amaliyotni tashkil qilish toʻgʻrisidagi shartnoma — amaliyot oʻtash muddatiga va amaliyotga rahbarlik qiluvchi shaxs biriktirilgan holda, amaliyot oʻtovchi va ish beruvchi oʻrtasida tuziladigan muddatli mehnat shartnomasi;
amaliyotni oʻtash dasturi — oliy taʼlim tashkiloti tomonidan tegishli bakalavriat taʼlim yoʻnalishlari (magistratura mutaxassisliklari) oʻquv rejalarida belgilangan talabalar malakaviy amaliyot muddatlariga mos ravishda ishlab chiqilgan hamda tarmoq korxonasi bilan kelishilgan holda tasdiqlanadigan dastur;
Maxsus komissiya — amaliyotni oʻtash uchun talabalar oʻrtasida tanlov oʻtkazish hamda ushbu jarayonni muvofiqlashtirish maqsadida Oʻzbekiston Respublikasi Oliy taʼlim, fan va innovatsiyalar vazirligi (keyingi oʻrinlarda — Vazirlik) tomonidan uning hududiy boshqarmalarida tashkil etiladigan tuzilma;
tarmoq korxonasi — ushbu Nizomga muvofiq talabalarning amaliyot oʻtashlari tashkil etiladigan davlat organi va tashkiloti, shuningdek, davlat ishtirokidagi boshqa tashkilot;
transkript — taʼlim olishning tegishli davrida oʻzlashtirilgan kreditlar va baholarning harf va raqamlardagi ifodasi koʻrsatib oʻtilgan fanlar roʻyxatini oʻz ichiga olgan belgilangan shakldagi hujjat;
oliy taʼlim tashkilotidan amaliyot rahbari — talabalar amaliyotiga masʼul etib belgilangan oliy taʼlim tashkilotining tegishli kafedrasi professor-oʻqituvchisi;
qabul qiluvchi tashkilotdan amaliyot rahbari — zimmasiga talaba tomonidan amaliyotni oʻtash dasturida belgilangan topshiriqlar bajarilishini nazorat qilish, ularni amaliy koʻnikmalarga oʻrgatish, olingan bilimlarni oliy taʼlim tashkilotining amaliyot rahbari bilan birgalikda baholash uchun masʼul boʻlgan tarmoq korxonasi xodimi.
3. Amaliyot bir oydan uch oygacha boʻlgan davr mobaynida oʻquv rejasida belgilangan muddatlarda amalga oshiriladi.
4. Amaliyot mazkur Nizomga 1-ilovadagi sxemaga muvofiq tashkil etiladi.
2-bob. Maxsus komissiya faoliyatini tashkil etish tartibi
5. Maxsus komissiya tanlov oʻtkazilishidan kamida bir oy oldin Vazirlik tomonidan tuziladi.
Maxsus komissiya oʻz yoʻnalishida kamida 2 yillik mehnat stajiga ega boʻlgan yuqori malakali (turli vazirlik, idoralar, ilmiy va ilmiy-tadqiqot muassasalaridan ham kelishuv asosida jalb etilishi mumkin) kamida 7 nafar (toq sonli) aʼzodan iborat tarkibda tuziladi.
Maxsus komissiya tarkibining 2 nafar aʼzosi tegishli tarmoq korxonalari mutaxassislari orasidan jalb qilinadi. Maxsus komissiyaga raislik qilish hududiy boshqarma rahbariga yuklanadi.
Bunda Maxsus komissiya raisi zarur hollarda, tor ixtisoslashuvdagi qoʻshimcha mutaxassislarni (shu jumladan, ishlab chiqarish tashkilotlari mutaxassislarini) amaliyot dasturi va taqdim etilgan hujjatlarni koʻrib chiqish jarayoniga jalb qilishi mumkin.
6. Maxsus komissiya yigʻilishi unda uning aʼzolarining kamida uchdan ikki qismi (kvorum) ishtirok etgan taqdirda, vakolatli hisoblanadi.
Yigʻilishni oʻtkazish uchun kvorum shakllanmagan taqdirda, Maxsus komissiyaning yigʻilishi oʻtkaziladigan sana eʼlon qilinadi.
Maxsus komissiyaning aʼzolari oʻz yigʻilishlarida koʻrib chiqiladigan masalalarni muhokama va hal qilishda oʻz vakolatini boshqalarga oʻtkazish huquqiga ega emas.
7. Maxsus komissiya yigʻilishida qabul qilingan qaror yigʻilish bayonnomasi bilan rasmiylashtiriladi. Bayonnoma Maxsus komissiya aʼzolari orasidan tanlab olingan kotib tomonidan imzolanadi hamda yigʻilishga raislik qiluvchi tomonidan tasdiqlanadi.
3-bob. Tanlovni tashkil etish va oʻtkazish tartibi
8. Amaliyotni tashkil etish maqsadida Vazirlik tomonidan talabalar oʻrtasida har yili kamida bir marotaba tanlov oʻtkaziladi.
9. Vazirlik tomonidan har yili tanlovni tashkil etish boʻyicha hududlar, sohalar va oliy taʼlim tashkilotlari kesimida amaliyot oʻtash uchun 500 ta oʻrin ajratiladi.
Bunda Toshkent shahri uchun — 45 ta, Qoraqalpogʻiston Respublikasi va viloyatlar uchun — 35 tadan oʻrin nazarda tutiladi.
Ajratilgan oʻrinlardan tashqari talabalar uchun tashkil etiladigan amaliyot tarmoq korxonalari tomonidan moliyalashtirilishi mumkin.
10. Vazirlik tanlov boshlanishidan kamida bir oy oldin oʻz rasmiy veb-saytida tanlov toʻgʻrisida eʼlon beradi.
Eʼlonda arizalarni shakllantirish, roʻyxatdan oʻtkazish va topshirish tartibi, muddati hamda shartlari koʻrsatiladi.
Tanlovga arizalar bir oy davomida qabul qilinadi.
11. Tanlovda ishtirok etish uchun talaba arizani shaxsan oʻzi, pochta aloqa vositalari orqali yoki elektron shaklda oʻzi taʼlim olayotgan oliy taʼlim tashkilotiga topshiradi.
12. Tanlovda qatnashishning talablari va shartlari quyidagilardan iborat:
talaba bitiruvchi bosqichda tahsil olayotgan boʻlishi;
talabaning taʼlim yoʻnalishi (yoki mutaxassisligi) tarmoq korxonasidagi faoliyat yoʻnalishiga mos boʻlishi;
talaba Oʻzbekiston Respublikasining rezidenti boʻlishi.
13. Oliy taʼlim tashkiloti tanlovda ishtirok etish uchun ariza bergan talabalar toʻgʻrisidagi maʼlumotlarni (talabaning maʼlumotnoma-obyektivkasi va transkripti, talaba amaliyotini tashkil etish ish rejasi, amaliyotni oʻtash dasturi va tarmoq korxonasining taklif xati) yoʻllanma xati bilan Maxsus komissiyaga 5 ish kunida taqdim etadi.
Amaliyotni oʻtash dasturi ular taʼlim olayotgan oliy taʼlim tashkilotining kengashi tomonidan tasdiqlangan va tarmoq korxonasi bilan kelishilgan boʻlishi lozim.
14. Maxsus komissiya oliy taʼlim tashkiloti tomonidan yoʻllanma xati bilan taqdim etilgan arizalarni kelib tushgan kundan boshlab 5 ish kuni davomida koʻrib chiqadi.
Maxsus komissiya talabani tanlovda ishtirok etishi yoki tanlovda ishtirok etishini rad etish toʻgʻrisida qaror qabul qiladi.
15. Yoʻllanma xati bilan taqdim etilgan arizani rad qilish uchun quyidagilar asos boʻladi:
ushbu Nizomning 13-bandida koʻzda tutilgan hujjatlarni taqdim qilmaslik (toʻliq boʻlmagan hajmda taqdim qilish);
hujjatlarni taqdim etish muddatlarining buzilishi.
Maxsus komissiya tegishli qaror qabul qilgandan soʻng 2 ish kunida talaba taʼlim olayotgan oliy taʼlim tashkilotiga qabul qilingan qarorni yuboradi.
Rad qilingan arizalar talabalar tomonidan kamchiliklar bartaraf etilgandan soʻng 5 kun muddat davomida qayta taqdim etilishi mumkin.
4-bob. Tanlov hujjatlarini Maxsus komissiya tomonidan koʻrib chiqish va tanlab olish tartibi
16. Tanlov hujjatlari ularni qabul qilish yakunlangandan soʻng 10 ish kuni davomida Maxsus komissiya tomonidan koʻrib chiqiladi.
17. Maxsus komissiya tomonidan mazkur Nizomga 2-ilovaga muvofiq shakldagi talaba amaliyotini tashkil etish ish rejasi himoyasi (taqdimot koʻrinishida) oʻtkazilib, 20 kun ichida yakuniy qaror qabul qilinadi.
18. Taqdimot quyidagi 100 ballik mezon asosida baholanadi:
amaliy koʻnikmani shakllantirishga yoʻnaltirilganligi — 40 ballgacha;
amaliyotning mamlakat fan va texnologiyalarini rivojlantirishning ustuvor yoʻnalishlariga mosligi — 30 ballgacha;
amaliyotdan kutilayotgan natijalarning samaradorligi — 30 ballgacha.
19. Ajratilgan oʻrinlarga muvofiq talabalar toʻplangan ballar ketma-ketligi asosida tanlab olinadi.
Teng ball toʻplagan talabalar ichidan ustuvorlik oʻrtacha oʻzlashtirish koʻrsatkichi (transkript boʻyicha) yuqori boʻlgan talabaga beriladi.
Tanlov natijalari Maxsus komissiya bayoni bilan rasmiylashtiriladi.
20. Tanlov natijalari yuzasidan yakuniy qaror qabul qilingan kundan boshlab 10 ish kuni davomida tanlov natijalari boʻyicha maʼlumot Internet jahon axborot tarmogʻi va Vazirlikning rasmiy veb-saytiga joylashtiriladi hamda Oʻzbekiston Respublikasi oliy taʼlim, fan va innovatsiyalar vaziri buyrugʻi qabul qilingandan soʻng tanlovdan oʻtgan talabalar amaliyotga yuboriladi.
21. Tanlov natijalaridan norozi boʻlgan talaba natijalar eʼlon qilingan kundan boshlab oʻn besh kalendar kun ichida Maxsus komissiyaga apellyatsiya berish huquqiga ega. Apellyatsiya shikoyati yozma ravishda taqdim etiladi. Vazirlikda tegishli mutaxassislardan tuzilgan Apellyatsiya komissiyasi bir hafta muddatda kiritilgan apellyatsiya shikoyatini koʻrib chiqadi va ikki kun muddatda talabgorga qabul qilingan qaror haqida yozma ravishda xabar beradi.
5-bob. Amaliyotni tashkil etish
22. Amaliyotni tashkil etish uchun oliy taʼlim tashkiloti rektorining (filial direktorining) buyrugʻi bilan amaliyot oʻtash muddati va joyi, masʼul shaxslar, amaliyot oʻtaydigan talabalar va amaliyot boʻyicha rahbarlar roʻyxati tasdiqlanadi.
23. Majburiy tibbiy koʻrikdan oʻtish talab qilinadigan ishlarni oʻz ichiga olgan amaliyotni tashkil etishda talabalar qonunchilik hujjatlarida belgilangan tartibda tegishli tibbiy koʻrikdan oʻtkaziladi.
24. 1 va II guruh nogironligi boʻlgan shaxslar uchun amaliyot oʻtash ularning individual imkoniyatlari va sogʻligʻining holatini hisobga olgan holda tashkil etiladi.
25. Amaliyot davomida talabalarga yetarli koʻnikma va malakalar shakllantirish maqsadida ish joyini (shtat lavozimini) oʻzgartirishga ruxsat etiladi.
26. Amaliyot oʻtaydigan talabaning ish vaqti davomiyligi xodimlarning mazkur toifasi uchun belgilangan ish vaqti normasidan ortiqcha belgilanishiga yoʻl qoʻyilmaydi.
27. Amaliyot davomida talaba oliy taʼlim tashkiloti tomonidan berilgan amaliyot kundaligini yuritadi.
Amaliyot kundaligida kunlik yoki haftalik bajarilgan ishlar toʻgʻrisidagi maʼlumotlar aks ettiriladi.
Kundalik tarmoq korxonasidagi masʼul rahbarning imzosi bilan tasdiqlanadi.
28. Amaliyot oʻtash uchun yuborilgan talaba turar joy bilan talabani yuborgan oliy taʼlim tashkiloti yoki tarmoq korxonasi tomonidan taʼminlanishi mumkin.
29. Oliy taʼlim tashkiloti rektori (filial direktori) amaliyot oʻtash jarayonida tarmoq korxonasi bilan birgalikda talabaning xavfsizligi boʻyicha zarur choralar koʻrilishini taʼminlaydi.
30. Amaliyot oʻtash davrida talabaga tarmoq korxonasidagi tegishli mehnatni muhofaza qilish qoidalari va ichki mehnat tartibi qoidalari, shuningdek, amalda boʻlgan boshqa hujjatlar tatbiq qilinadi.
31. Amaliyot boʻyicha ishlar oliy taʼlim tashkilotining tegishli kafedra mudiri va fakultet dekani yoki oliy taʼlim tashkilotining amaliyot masalalari bilan shugʻullanish majburiyati yuklangan tarkibiy boʻlinmasi bilan hamkorlikda muvofiqlashtiriladi.
6-bob. Amaliyotga rahbarlik qilish
32. Oliy taʼlim tashkilotidan biriktirilgan amaliyot rahbari amaliyot davomida talaba tomonidan amaliyot dasturining oʻz vaqtida bajarilishini nazorat qiladi va zarur hollarda unga amaliy yordam koʻrsatadi.
33. Oliy taʼlim tashkilotidan biriktirilgan amaliyot rahbari:
talabani amaliyot oʻtash joyiga taqsimlashda ishtirok etadi;
talabani amaliyot kundaligi bilan taʼminlaydi;
talaba amaliyotiga umumiy rahbarlik qiladi;
talabaga zarur koʻrsatmalar beradi;
talabaning amaliyot oʻtash joyiga yetib borishi va qaytishini nazorat qiladi;
qabul qiluvchi tashkilotdan amaliyot rahbari bilan birgalikda amaliyot oʻtash holati boʻyicha muntazam axborot almashgan holda faoliyat yuritadi;
talabaga amaliyot oʻtash dasturini bajarish boʻyicha uslubiy yordam beradi;
zarur hollarda, amaliyot oʻtash joylariga borish orqali amaliyot oʻtash tartibiga talaba tomonidan rioya qilinishi va amaliyot oʻtash dasturi bajarilishini nazorat qiladi;
amaliyot oʻtashni takomillashtirish yuzasidan oʻz taklif va mulohazalarini oliy taʼlim tashkiloti kengashida koʻrib chiqish uchun taqdim etadi.
34. Tarmoq korxonasi rahbari:
amaliyotni tashkil etish boʻyicha buyruq (qaror) qabul qiladi hamda malakali va tajribali mutaxassislar orasidan amaliyot rahbarini tayinlaydi;
amaliyot oʻtash uchun zarur sharoitlar yaratilishini taʼminlaydi.
35. Qabul qiluvchi tashkilotdan amaliyot rahbari:
talabaning mehnat va ishlab chiqarish faoliyati boʻyicha maslahat beradi hamda uning ish natijalarini muntazam ravishda baholab boradi;
talabani tarmoq korxonasi faoliyat yoʻnalishlari va boshqa oʻziga xos xususiyatlari bilan tanishtiradi;
talabaga amaliyotni oʻtash dasturiga taalluqli zarur materiallardan foydalanishga sharoit yaratadi;
talabaga amaliyot oʻtash dasturida nazarda tutilgan masalalar boʻyicha zarur maslahat va koʻrsatmalar beradi;
talaba tomonidan amalga oshirilayotgan ishlar va amaliyot kundaligining yuritilishini doimiy nazorat qilib boradi;
oliy taʼlim tashkilotidan biriktirilgan amaliyot rahbari bilan amaliyot oʻtash holati boʻyicha muntazam axborot almashadi;
oliy taʼlim tashkilotidan biriktirilgan amaliyot rahbari yoki oliy taʼlim tashkiloti rektorini (filial direktori) talabaning amaliyot oʻtash uchun kelmayotganligi yoki u tomonidan amaliyot oʻtash dasturi bajarilmayotganligi yoxud mehnat intizomi buzilayotganligi haqida xabardor qiladi.
36. Qabul qiluvchi tashkilotdan biriktirilgan amaliyot rahbari talabadan tegishli ish oʻrni boʻyicha xodim bajarishi lozim boʻlgan funksiya va vazifalarni talab etishga haqli.
7-bob. Amaliyot boʻyicha mehnat munosabatlarini tashkil etish
37. Talaba bilan muddatli mehnat shartnomasini tuzishda talabaning tegishli kasbiy faoliyat yoʻnalishi boʻyicha nazariy tayyorgarlik darajasi, oliy taʼlim tashkilotidan biriktirilgan amaliyot rahbarining tavsiyasi hisobga olinadi.
38. Amaliyotning birinchi kunida tarmoq korxonasining vakolatli xodimi har bir talabaga mehnat muhofazasi va texnika xavfsizligi masalalari boʻyicha alohida koʻrsatmalar berishi shart.
39. Muddatli mehnat shartnomasi asosida tarmoq korxonasi talaba amaliyotini oʻtashi uchun buyruq qabul qiladi.
40. Talaba bilan muddatli mehnat shartnomasi mehnat qonunchiligida belgilangan asoslar va tartibga koʻra bekor qilinadi.
41. Talabaning amaliyot oʻtashi uchun sinov muddati belgilanmaydi.
42. Talabalarni ish vaqtidan tashqari ishlarga jalb etishga, shuningdek, ishlanmaydigan bayram va dam olish kunlarida ishlatishga yoʻl qoʻyilmaydi.
43. Talabalarning ish joyi amaliyotning barcha bosqichlarida tarmoq korxonasi xodimlarining ish joylariga qoʻyiladigan talablarga mos kelishi kerak.
8-bob. Amaliyotni moliyalashtirish va uning monitoringi
44. Gʻolib talabalarning amaliyoti boʻyicha xarajatlar Ilm-fanni moliyalashtirish va innovatsiyalarni qoʻllab-quvvatlash jamgʻarmasi mablagʻlari hisobidan oliy taʼlim tashkiloti, tarmoq korxonasi, Ilm-fanni moliyalashtirish va innovatsiyalarni qoʻllab-quvvatlash jamgʻarmasi va amaliyot oʻtaydigan talaba oʻrtasida amaliyotni tashkil etish va oʻtkazish boʻyicha tuzilgan shartnoma asosida Maxsus komissiya tomonidan yakuniy qaror qabul qilingandan soʻng 15 ish kuni davomida qoplanadi.
Bunda talabaga bazaviy hisoblash miqdorining 2 baravari miqdorida ish haqi va unga hisoblangan ijtimoiy soliq Ilm-fanni moliyalashtirish va innovatsiyalarni qoʻllab-quvvatlash jamgʻarmasi tomonidan shartnomaga muvofiq tarmoq korxonasining talabnomasiga koʻra uning tegishli hisobraqamiga oʻtkaziladi.
Tarmoq korxonasi oʻz mablagʻlari hisobidan amaliyot oʻtayotgan talabani qoʻshimcha ravishda moddiy ragʻbatlantirishi mumkin.
45. Talabalarning amaliyot natijalari hisoboti oliy taʼlim tashkiloti rektori (filial direktori) tomonidan tasdiqlangan holda kengashda muhokama boʻyicha yigʻilish bayonnomasidan koʻchirma va ajratilgan mablagʻlarning sarflanganligi boʻyicha hisobot bilan birgalikda Vazirlikka taqdim etiladi.
9-bob. Yakunlovchi qoida
46. Mazkur Nizom talablarini buzilishida aybdor boʻlgan shaxslar qonunchilik hujjatlarida belgilangan tartibda javob beradilar.
Oliy taʼlim tashkilotlari talabalarining iqtisodiyot tarmoqlari korxonalarida haq toʻlanadigan ishlab chiqarish amaliyotini tashkil etish tartibi toʻgʻrisidagi nizomga 1-ILOVA
Amaliyotni tashkil etish
Bosqichlar Subyektlar Amalga oshiriladigan tadbirlar Bajarish muddatlari 1-bosqich Oliy taʼlim, fan va innovatsiyalar vazirligi (Vazirlik) Hududiy boshqarmalarda Maxsus komissiya tuzadi. Tanlov boshlanishidan kamida bir oy oldin 2-bosqich Vazirlik Hududlar, sohalar, oliy taʼlim tashkilotlari kesimida amaliyot oʻtash uchun oʻrinlarni ajratadi hamda tanlov toʻgʻrisida veb-saytda eʼlon beradi. Tanlov boshlanishidan bir oy oldin 3-bosqich Talaba Tanlovda ishtirok etish uchun arizani oʻzi taʼlim olayotgan oliy taʼlim tashkilotiga tegishli hujjatlari bilan pochta aloqa vositalari orqali yoki elektron shaklda taqdim etadi. Tanlov boshlanganidan soʻng bir oy muddatda 4-bosqich Oliy taʼlim tashkiloti Tanlovda ishtirok etish uchun ariza bergan talabalar toʻgʻrisidagi maʼlumotlarni yoʻllanma xati bilan Maxsus komissiyaga taqdim etadi. Ariza taqdim etilgandan soʻng 5 ish kun davomida 5-bosqich Maxsus komissiya Yoʻllanma xati bilan taqdim etilgan arizalarni koʻrib chiqadi hamda tegishli qarorni qabul qiladi. Ariza kelib tushgan kundan boshlab 5 ish kuni davomida 6-bosqich Maxsus komissiya Qabul qilingan hujjatlarni koʻrib chiqadi. Hujjatlar qabuli yakunlangandan soʻng 10 ish kuni davomida 7-bosqich Maxsus komissiya Talabalarning ish rejasi himoyasini oʻtkazadi hamda tanlov boʻyicha yakuniy qaror qabul qiladi. 20 ish kuni davomida 8-bosqich Vazirlik Tanlov gʻoliblari haqida Internet jahon axborot tarmogʻida va oʻz veb-saytida eʼlon qiladi. Tanlovdan oʻtgan talabalarni amaliyotga yuboradi. Yakuniy qaror qabul qilingan kundan boshlab 10 ish kuni davomida 9-bosqich Ilm-fanni moliyalashtirish va innovatsiyalarni qoʻllab-quvvatlash jamgʻarmasi Talabalarning amaliyoti boʻyicha xarajatlarni qoplab beradi. Yakuniy qaror qabul qilingandan soʻng 15 ish kuni davomida
Oliy taʼlim tashkilotlari talabalarining iqtisodiyot tarmoqlari korxonalarida haq toʻlanadigan ishlab chiqarish amaliyotini tashkil etish tartibi toʻgʻrisidagi nizomga 2-ILOVA
Oliy taʼlim tashkilotlari talabalarining haq toʻlanadigan ishlab chiqarish amaliyotini tashkil etish
T/r Familiyasi, ismi, otasining ismi Oliy taʼlim tashkilotining nomi Amaliyotning maqsad va vazifalari Amaliyot oʻtkaziladigan tashkilotlar Amaliyot davomiyligi Fan yoʻnalishi Kutilayotgan natijalar 1. 2. 3. ...
Oʻzbekiston Respublikasining Bosh vaziri A. ARIPOV
Toshkent sh.,
2024-yil 8-yanvar,
11-son