UzbekAI

← Qonunlar

📅 2024-yil 20-yanvar · Vazirlar Mahkamasi qarorlari

Rasmiy matn. Rasmiy hujjat. Tahririy izohlar kiritilmagan.

Yordam | Arxiv | Atamalar | Statistika | API | Havola yuborish | Sayt haqida | Shartlar

← Қонунлар

📅 2024 йил 20 январь · Вазирлар Маҳкамаси қарорлари

Расмий матн. Расмий ҳужжат. Таҳририй изоҳлар киритилмаган.

Ёрдам | Архив | Атамалар | Статистика | API | Ҳавола юбориш | Сайт ҳақида | Шартлар

← Законы

📅 20 января 2024 г. · Постановления Кабинета Министров

Официальный текст. Официальный документ. Редакционные примечания не включены.

Помощь | Архив | Термины | Статистика | API | Предложить ссылку | О сайте | Условия

← Laws

📅 20 January 2024 · Cabinet of Ministers resolutions

Official text. Official document. Editorial notes are not included.

Help | Archive | Glossary | Stats | API | Submit | About | Terms

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг

қарори

НИЗОМ

СХЕМАСИ

Ижро ҳужжатлари бўйича хатланган мол-мулкни шартнома-воситачилик шартлари асосида реализация қилиш тизимини тартибга солиш чора-тадбирлари тўғрисида

Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Суд ҳужжатлари ва бошқа органлар ҳужжатларини ижро этиш тизимини ислоҳ этиш ва соҳани рақамлаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида» 2024 йил 3 январдаги ПФ-1-сон Фармони ижросини таъминлаш, шунингдек, ижро ҳужжатлари бўйича хатланган мол-мулкни шартнома-воситачилик шартлари асосида реализация қилиш тизимини самарали тартибга солиш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:

1. Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Суд ҳужжатлари ва бошқа органлар ҳужжатларини ижро этиш тизимини ислоҳ этиш ва соҳани рақамлаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида» 2024 йил 3 январдаги ПФ-1-сон Фармони 3-бандига мувофиқ 2024 йил 1 апрелдан бошлаб:

суд ҳужжатлари ва бошқа органлар ҳужжатлари мажбурий ижроси доирасида мол-мулкни шартнома-воситачилик асосларида сотиш фақатгина мол-мулкни қабул қилишдан уни сотишгача бўлган жараёнларни масофавий мониторинг қилиш электрон тизимини жорий қилган савдо ташкилотлари томонидан амалга оширилиши;

суд ҳужжатлари ва бошқа органлар ҳужжатлари мажбурий ижроси доирасида мол-мулкни шартнома-воситачилик асосларида сотиш бўйича савдо дўконларини танлаб олишда мол-мулкни Интернет-дўконлар орқали сотишни амалга оширувчи савдо ташкилотларига устунлик берилиши белгиланганлиги маълумот учун қабул қилинсин.

2. Белгилансинки, 2024 йил 1 апрелдан бошлаб ижро ҳужжатлари бўйича хатланган мол-мулк Ижро ҳужжатлари бўйича хатланган мол-мулк сотилишини таъминлайдиган савдо ташкилотлари реестрига (кейинги ўринларда — Реестр) киритилган савдо ташкилотлари томонидан реализация қилинади.

3. Ижро ҳужжатлари бўйича хатланган мол-мулкни шартнома-воситачилик шартлари асосида реализация қилиш тартиби тўғрисидаги низом иловага мувофиқ тасдиқлансин.

4. Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ҳузуридаги Мажбурий ижро бюроси:

а) 2024 йил 1 мартга қадар:

ижро ҳужжатлари бўйича хатланган ва сотувга чиқарилган мол-мулкнинг ҳаракатланишини мониторинг қилишнинг электрон тизимини ишлаб чиқсин ҳамда савдо ташкилотлари билан интеграция қилиш имкониятларини яратсин, шунингдек, ижро ҳужжатларига асосан мол-мулкни сотиш бўйича талабларни савдо ташкилотлари эътиборига етказсин;

Реестрни шакллантириш ва ишга тушириш чораларини кўрсин;

б) 2024 йил 1 апрелга қадар Реестр қуйидаги давлат органларининг ахборот тизимларига интеграция қилинишини таъминласин:

Адлия вазирлиги — Тадбиркорлик субъектларини давлат рўйхатидан ўтказиш ва ҳисобга қўйишнинг автоматлаштирилган тизими;

Рақамли технологиялар вазирлиги — Электрон тижорат иштирокчиларининг миллий реестри;

Солиқ қўмитаси — савдо ташкилотларининг солиқ қарзи мавжуд эмаслигини текшириш, шунингдек, савдо ташкилотларини савдо қоидаларига риоя этганлигини текширишга қаратилган зарур маълумотлар базаси;

Кадастр агентлиги — Кадастр ва рўйхатдан ўтказиш интеграциялашган ахборот тизими;

Ички ишлар вазирлиги Жамоат хавфсизлиги департаменти Йўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати — савдо ташкилотларининг тизимда мавжуд автотранспорт воситалари тўғрисидаги маълумотлар базаси.

5. Белгилаб қўйилсинки:

Реестр электрон шаклда реал вақт режимида юритилади;

Реестрга мол-мулкни қабул қилишдан сотишгача бўлган жараёнларни масофавий мониторинг қилиш электрон тизимини жорий этган юридик шахслар ихтиёрий ва бепул асосда киритилади;

Электрон тижорат иштирокчиларининг миллий реестрига киритилган юридик шахслар Реестрга қўшимча шартларсиз тўғридан-тўғри киритилади.

6. Вазирлар Маҳкамасининг 2016 йил 2 июндаги 185-сон қарори билан тасдиқланган Электрон тижоратни амалга ошириш қоидалари рус тили матнига 2-илованинг 5-позицияси ўз кучини йўқотган деб ҳисоблансин.

7. Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда ўзлари қабул қилган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни икки ой муддатда ушбу қарорга мувофиқлаштирсин.

8. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари — иқтисодиёт ва молия вазири Ж.А. Қўчқоров зиммасига юклансин.

Вазирлар Маҳкамасининг 2024 йил 20 январдаги 39-сон қарорига ИЛОВА

Ижро ҳужжатлари бўйича хатланган мол-мулкни шартнома-воситачилик шартлари асосида реализация қилиш тартиби тўғрисида

1-боб. Умумий қоидалар

1. Ушбу Низом ижро ҳужжатлари бўйича хатланган мол-мулкни шартнома-воситачилик асосида реализация қилиш, шунингдек, мол-мулкни қабул қилишдан сотишгача бўлган жараёнларни масофавий мониторинг қилиш тартибини белгилайди.

2. Мазкур Низом ижро ҳужжатлари асосида хатланиб, электрон онлайн-аукцион савдолари орқали ёки қонунчиликда белгиланган бошқа усулда сотилиши белгиланган мол-мулкка нисбатан татбиқ этилмайди.

3. Ушбу Низомда қуйидаги асосий тушунчалар қўлланилади:

ахборот воситачиси — электрон тижоратда электрон ҳужжатлар ва электрон хабарлар айланиши билан боғлиқ хизматлар кўрсатувчи юридик шахс;

Бюро органлари — Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ҳузуридаги Мажбурий ижро бюроси марказий аппарати, Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар бошқармалари, туман (шаҳар) бўлимлари;

интернет-дўкон — Интернет жаҳон ахборот тармоғида ташкил этилган, мол-мулкни (иш, хизмат) сотиш учун ахборот тизими орқали сотувчи ва харидорнинг ўзаро алоқаларини таъминловчи электрон савдо майдони;

мол-мулклар ҳаракати мониторингининг электрон тизими — мол-мулкни савдо ташкилоти томонидан қабул қилишдан уни сотишгача бўлган жараёнларни масофавий мониторинг қилиш электрон тизими;

савдо ташкилоти — шартнома-воситачилик асосида мол-мулкни реализация қилиш билан шуғулланувчи юридик шахс;

электрон тижорат — ахборот тизимларидан фойдаланган ҳолда тузилган шартномага мувофиқ амалга ошириладиган товарлар (ишлар, хизматлар) олди-сотдиси;

Электрон тижорат иштирокчиларининг миллий реестри — электрон савдо майдончалари орқали хизмат кўрсатиш, товарларни етказиб бериш, электрон ҳужжат ва хабарларни электрон тижоратда сақлаш билан шуғулланувчи юридик шахслар реестри.

4. Ижро ҳужжатларига асосан хатланган мол-мулкни реализация қиладиган савдо ташкилотлари тўғрисидаги маълумотлар Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ҳузуридаги Мажбурий ижро бюроси (кейинги ўринларда — Бюро) томонидан юритиладиган Ижро ҳужжатлари бўйича хатланган мол-мулк сотилишини таъминлайдиган савдо ташкилотлари реестрида (кейинги ўринларда — Реестр) акс эттирилади.

5. Реестр электрон шаклда реал вақт режимида юритилади.

6. Реестрга ихтиёрий ва бепул асосда мол-мулклар ҳаракати мониторингининг электрон тизимини жорий этиш мажбуриятини олган юридик шахслар киритилади.

7. Давлат ижрочиси қуйидаги мол-мулкларни шартнома-воситачилик асосида реализация қилиш учун бошқа ташкилотларга бериши мумкин:

қимматли қоғозлар;

қимматбаҳо металлар ва қимматбаҳо (ярим қимматбаҳо) тошлардан ясалган заргарлик буюмлари, шунингдек, қўшимча реставрация қилиш талаб қилинадиган қимматбаҳо металлар ва тошлар;

дори воситалари ва тиббий жиҳозлар;

нефть маҳсулотлари (автобензин, авиабензин, экстрабензин, дизель ёқилғиси, авиакеросин, мазут, печка қорамойи, нефть битуми, шунингдек техник мойлар ва мойлаш материаллари), бундан заводда идишларга қадоқланганлари мустасно;

маҳсулдор моллар ва иш моллари, асалари оиласи, ем-хашак, минерал ўгитлар ва пестицидлар;

наслдор ҳайвонлар (қорамоллар, қўйлар, эчкилар, отлар, туялар, чўчқалар, шунингдек, паррандалар, балиқлар, асаларилар, ипак қурти, қуёнлар, ёввойи ҳайвонлар) ва уларнинг наслли маҳсулотлари (материаллари);

жун, бўрдоқи моллар, паррандалар, қуёнлар, дон, каноп ва зиғир толаси ҳамда бошқа қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари;

тери, момиқ-мўйна ва қоракўл хомашёси;

фойдаланиб бўлмайдиган, ишдан чиққан қора ва рангли металлар, шунингдек, ушбу металларнинг парчалари ва чиқиндилари;

фуқаровий қуроллар;

почта маркалари, шу жумладан, коллекция қилинадиган маркалар;

фойдаланилиши ёки сотилиши мумкин бўлмаган буюмлар, макулатура ва иккиламчи хомашёнинг бошқа турлари;

сотиш учун алоҳида рухсатнома ёхуд лицензия талаб қилинадиган бошқа маҳсулотлар;

кўп йиллик дов-дарахтлар (боғ, полиз ўсимликлари).

Қонунчиликда белгиланган ҳолларда мазкур бандда кўрсатилмаган бошқа мол-мулклар ҳам шартнома-воситачилик асосида реализация қилиш учун бошқа ташкилотларга берилиши мумкин.

8. Ижро ҳужжатлари бўйича хатланган мол-мулк шартнома-воситачилик шартлари асосида ушбу Низомга 1-иловага мувофиқ схемага асосан реализация қилинади.

2-боб. Ижро ҳужжатлари бўйича хатланган мол-мулкни шартнома-воситачилик шартлари асосида реализация қилишга талабгор савдо ташкилотига қўйилган талаблар

9. Ижро ҳужжатлари бўйича хатланган мол-мулк шартнома-воситачилик шартлари асосида Реестрга киритилган савдо ташкилотлари томонидан реализация қилинади.

10. Қуйидаги савдо ташкилотлари ижро ҳужжатлари бўйича хатланган мол-мулкни шартнома-воситачилик шартлари асосида реализация қилишда талабгор сифатида иштирок этиши мумкин эмас:

қайта ташкил этиш, тугатиш ёки банкротлик арафасида бўлган;

фаолият юритмаётган бўлса ёки фаолият юритаётганига олти ой бўлмаган;

солиқдан қарздорлиги мавжуд бўлган;

зиммасига мол-мулклар ҳаракати мониторинги электрон тизимини жорий қилиш мажбуриятини олмаган;

охирги икки йил ичида ижро ҳужжатлари асосида хатланган мол-мулкни сотиш юзасидан тузилган шартнома бўйича мажбуриятларни бажармаган ёки лозим даражада бажармаганлиги сабабли шартнома бекор қилинган;

Бюро органлари иш юритувидаги ижро ҳужжатлари бўйича қарздорлигини қопламаган ёки мажбуриятини бажармаган;

раҳбари ёки муассислари (жисмоний шахс) муқаддам иқтисодиёт соҳасидаги жиноятлардан бирини содир қилганлиги учун жиноий жавобгарликка тортилган ёки уларга нисбатан айблилик тўғрисидаги масала ҳал қилинмай жиноят иши тугатилган бўлса.

11. Ижро ҳужжатлари бўйича хатланган мол-мулкни шартнома-воситачилик шартлари асосида сотиш истагида бўлган савдо ташкилоти (кейинги ўринларда — талабгор) ариза билан Давлат хизматлари марказига ўзи келиб ёки Ягона интерактив давлат хизматлари порталидаги шахсий кабинети ёки солиқ тўловчининг шахсий кабинети орқали Бюрога мурожаат қилади.

Аризада:

юридик шахснинг солиқ тўловчи идентификация рақами;

юридик шахснинг савдо объектига нисбатан эгалик ҳуқуқи белгиланган тартибда давлат рўйхатидан ўтказилганлиги тўғрисидаги гувоҳнома рақами;

мол-мулклар ҳаракатини мониторинг қилишнинг электрон тизимини жорий қилиш ва Бюро ахборот тизимига уланиш бўйича тегишли талабларни бажариш учун кафолат мажбуриятлари;

юкларни ташиш ва юклаш учун фойдаланиладиган хизмат кўрсатувчи, техник соз транспорт воситалари ёки бошқа махсус техника воситаларининг техник паспортлари рақами;

юридик шахснинг фуқаролик жавобгарлиги суғурта қилинганлиги тўғрисида суғурта полиси рақами ҳамда суғурта ташкилотининг солиқ тўловчи идентификация рақами кўрсатилиши лозим.

Талабгордан мазкур бандда кўрсатилмаган ҳужжатлар ва маълумотларни талаб қилиш тақиқланади.

12. Талабгор мазкур Низомнинг 10-бандида назарда тутилган талабларга жавоб бермаганда ёки унинг аризаси ушбу Низом 11-бандига мувофиқ бўлмаганда, ариза рад этилади ҳамда бу ҳақда Давлат хизматлари марказига (ўзи келиб мурожаат этганда) ёки талабгорнинг шахсий кабинетига хабарнома юборилади.

Ариза рад этилган тақдирда, талабгор камчиликларни бартараф этган ҳолда қайта мурожаат қилиш ҳуқуқига эга.

Аризани кўриб чиқиш натижалари Бюро томонидан узоғи билан кейинги иш кунидан кечиктирмасдан, Реестрда жойлаштирилади.

Агар талабгор Электрон тижорат иштирокчиларининг миллий реестрига киритилган бўлса, бунда аризада унинг Миллий реестрда рўйхатга олинган санаси, рақами ва солиқ тўловчи идентификация рақами кўрсатилади.

13. Бюронинг ҳудудий бошқармалари ва савдо ташкилоти беш иш куни ичида муддатини узайтириш ҳуқуқи билан бир йил муддатга мол-мулкни шартнома-воситачилик асосида сотиш учун хизмат кўрсатиш тўғрисида шартнома (кейинги ўринларда — шартнома) тузади.

Бюронинг марказий аппарати ўз иш юритувидаги ижро ҳужжатлари бўйича Реестрдаги ҳар қандай савдо ташкилоти билан шартнома тузишга ҳақли.

3-боб. Мол-мулкни сотиш учун топшириш

14. Давлат ижрочиси шартнома имзоланган кундан бошлаб беш иш кунида ушбу Низомга 2-иловада келтирилган хатланган мол-мулкни сотишга топшириш ҳақидаги далолатнома (кейинги ўринларда — мол-мулкни топшириш ҳақидаги далолатнома) асосида мол-мулкни сотиш учун тегишли савдо ташкилотига топширади.

Бунда мол-мулкни топшириш ҳақидаги далолатномага қуйидагилар илова қилинади:

мол-мулк хатланганлиги тўғрисида далолатнома ёки банд солинганлиги тўғрисидаги қарор нусхаси;

мол-мулкни баҳолаш ҳақидаги ҳисобот ёки давлат ижрочисининг қарори ёхуд мол-мулкнинг баҳоланган қиймати кўрсатилган суд қарори нусхаси;

мажбурий сертификатланиши лозим бўлган мол-мулклар бўйича мувофиқлик сертификати.

15. Ижро ҳужжатлари бўйича олиб қўйилган мол-мулкни ҳисобга олиш ва сақлаш қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ амалга оширилади.

Ижро ҳужжатлари бўйича олиб қўйилган мол-мулкни қабул қилган савдо ташкилоти мол-мулклар ҳаракати мониторингининг электрон тизими ёрдамида махсус идентификация рақамини (QR-code ёки bar-Code) (кейинги ўринларда — махсус идентификация рақами) чиқариб, ҳар бир мол-мулкка алоҳида бириктиради.

Савдо ташкилоти томонидан мол-мулклар ҳаракати мониторингининг электрон тизимида мол-мулк тавсифи ҳамда унга оид барча маълумотлар (хатлаган орган номи, санаси, баҳоси ва бошқалар) киритилади.

Мол-мулкнинг белгиланган тартибда савдо ташкилоти томонидан қабул қилинганлиги, шунингдек, у билан боғлиқ бўлган ҳаракат (арзонлаштириш, сотиш, эгасига қайтариб бериш ва бошқалар) мол-мулклар ҳаракати мониторингининг электрон тизимида акс эттирилади.

16. Ижро ҳужжатлари ижросини ўз вақтида таъминлаш мақсадида мол-мулк сотиш учун бир вақтнинг ўзида унинг сони, ҳажми ва тез сотилиш имкониятларидан келиб чиқиб, Реестрдаги бир нечта савдо ташкилотларига топширилиши мумкин.

17. Ижро ҳужжатлари бўйича сотиш учун топшириладиган барча мол-мулклар номи, нархи, шунингдек, савдога оид қонунчилик ҳужжатларида назарда тутилган бошқа маълумотларни ифодаловчи товар ёрлиқлари билан таъминланади.

Шунингдек, товар ёрлиқларига қўшимча равишда махсус идентификация рақами ёпиштирилиб, у ижро ҳужжати рақами ва санаси, мол-мулк номланиши, нархи, рўйхатга олиш ёки қабул қилиш-топшириш далолатномасида назарда тутилган бошқа маълумотларни ўз ичига олади.

Сотиладиган мол-мулк ёрлиқларини тайёрлаш, шунингдек, сотувдан олдин тайёргарлик талаб қиладиган (майда таъмирлаш, тозалаш, дазмоллаш, ўраш, қадоқлаш ва бошқалар) мол-мулкни сотувга тайёрлаш уни қабул қилган савдо ташкилоти ҳисобидан амалга оширилади.

18. Мол-мулк уни баҳолаш ҳақидаги ҳисобот ёки давлат ижрочисининг қарори ёхуд суд қарорида кўрсатилган нархда сотувга қўйилади.

Ушбу Низомнинг 21-банди иккинчи хатбошисида кўрсатилган ҳоллардан ташқари, мол-мулк қимматлаштирилган ёки арзонлаштирилган нархда сотилишига йўл қўйилмайди.

Савдо ташкилоти томонидан харидорга мол-мулкни унинг умумий қиймати тўлиқ қопланмагунга қадар, шунингдек, тўловни кечиктириш ёки бўлиб-бўлиб тўлаш шартлари асосида топшириш ман этилади.

19. Савдо ташкилотлари мол-мулкни Вазирлар Маҳкамасининг 2003 йил 13 февралдаги 75-сон қарори билан тасдиқланган Ўзбекистон Республикасида чакана савдо қоидаларига мувофиқ реализация қилади.

Интернет-дўкон орқали мол-мулкни реализация қилиш Вазирлар Маҳкамасининг 2016 йил 2 июндаги 185-сон қарори билан тасдиқланган Электрон тижоратни амалга ошириш қоидаларига мувофиқ амалга оширилади.

Товарларни (хизматларни) реализация қилишда юридик шахслар ва якка тартибдаги тадбиркорлар ушбу товарларни (хизматларни) сотиб олувчиларга ҳисобварақ-фактурани ёки чек тақдим этиши шарт.

Ҳисобварақ-фактура, қоида тариқасида, электрон ҳисобварақ-фактураларнинг ахборот тизимида электрон шаклда расмийлаштирилади.

20. Сотиш учун топширилган мол-мулк, шунингдек, уни интернет-дўкон орқали сотуви Бюронинг ахборотлар тизимига уланган мол-мулклар ҳаракати мониторингининг электрон тизимида намоён бўлади.

21. Агар савдо ташкилотидаги мол-мулк топширилган кундан бошлаб ўттиз кун давомида сотилмаган бўлса, савдо ташкилоти мол-мулкни арзонлаштириш ёки сотувдан чиқариш ва қайтариш масаласини ҳал қилиш юзасидан давлат ижрочисини хабардор қилади.

Мол-мулк қонунда белгиланган тартибда арзонлаштирилганда, давлат ижрочиси савдо ташкилотига мол-мулкни арзонлаштирилган нархда сотиш учун қайта топширади.

22. Мол-мулкни шартнома-воситачилик асосида сотиш бўйича кўрсатилган хизматлар учун савдо ташкилоти воситачилик ҳақи олади.

Воситачилик ҳақи миқдори савдо ташкилоти ва Бюронинг ҳудудий бошқармалари ўртасида тузиладиган шартномада белгиланади.

Воситачилик ҳақи ижро иши юритувига оид қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ ижро ҳаракатларини амалга ошириш харажатларига киритилади.

4-боб. Айрим турдаги мол-мулклар реализациясининг хусусиятлари

23. Мазкур Низомнинг 7-бандида назарда тутилган мол-мулклар ушбу боб қоидаларига мувофиқ бир марта тузиладиган шартнома асосида сотиш учун ихтисослаштирилган савдо ташкилотларига топширилади.

24. Қимматли қоғозлар қимматли қоғозларнинг ташкил этилган биржадан ташқари бозорлари орқали сотилади.

25. Қимматбаҳо металлар ва қимматбаҳо тошлардан ясалган заргарлик буюмлари уларни реализация қилиш ҳуқуқига эга бўлган ихтисослаштирилган савдо корхоналари орқали Бюро ҳудудий бошқармаси ўртасида тузиладиган шартнома асосида сотилади.

26. Қўшимча реставрация қилиш талаб қилинадиган қимматбаҳо металлар ва қимматбаҳо тошлар қимматбаҳо металлар ва қимматбаҳо тошлардан заргарлик буюмлари тайёрлайдиган ихтисослаштирилган давлат корхоналари томонидан сотилади.

27. Дори воситалари ва тиббий жиҳозлар тегишли фармацевтика фаолияти билан шуғулланиш учун лицензияси мавжуд ташкилотлар томонидан сотилади.

28. Нефть маҳсулотлари (автобензин, авиабензин, экстрабензин, дизель ёқилғиси, авиакеросин, мазут, печка қорамойи, нефть битуми, шунингдек, техник мойлар ва мойлаш материаллари) ушбу мол-мулкларни реализация қилиш учун лицензияси мавжуд ташкилотлар томонидан сотилади, заводда идишларга қадоқланганлари бундан мустасно.

29. Маҳсулдор ва иш моллари, бўрдоқи моллар, парранда, қуёнлар ва бошқа ҳайвонлар бозорлар орқали сотилади.

30. Асалари оиласи, ем-хашак, ғалла, каноп ва зиғир толаси ҳамда бошқа қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари, шунингдек, минерал ўғитлар ва пестицидлар ихтисослаштирилган ташкилотлар орқали сотилади.

31. Тери, момиқ-мўйна ва қоракўл хомашёси уларни қайта ишлашга ихтисослаштирилган ташкилотларга тўлов эвазига берилади.

32. Давлат даромадига ўтказилган, таркибида қора металлар мавжуд бўлган асбоб-ускуналар, фойдаланиб бўлмайдиган физик ишдан чиққан ва маънавий эскирган қора металлардан ясалган буюмлар, шунингдек ушбу металлар парчалари ва чиқиндилари белгиланган тартибда «Ўзметкомбинат» АЖга тўғридан-тўғри шартномалар асосида шартномавий нархларда сотилади.

33. Почта маркалари, шу жумладан, коллекция қилинадиган маркалар ҳақи олиниб, почта алоқаси ташкилотларига берилади.

34. Фойдаланилиши ёки сотилиши мумкин бўлмаган буюмлар, шунингдек, макулатура ва иккиламчи хомашёнинг бошқа турлари иккиламчи хомашёни йиғиш ва қайта ишлаш билан шуғулланувчи тегишли ташкилотлар томонидан сотилади.

35. Реализация қилиш учун алоҳида рухсатнома ёхуд лицензия талаб қилинадиган бошқа маҳсулотлар тегишли мулкни реализация қилиш учун лицензия ёки рухсатномаси мавжуд ташкилотларга топширилади.

36. Мол-мулк биржа савдосида сотиладиган тақдирда, Бюро органи ва брокер (инвестиция воситачиси) ўртасида шартнома тузилади.

37. Суд қарорига кўра мол-мулкни реализация қилиш муайян савдо ташкилотига юкланган бўлса, ушбу мол-мулк айнан шу савдо ташкилотига сотиш учун топширилади.

5-боб. Савдо ташкилоти томонидан шартнома шартлари бажарилиши, мол-мулкни реализация қилиш қоидаларига риоя қилинишини назорат қилиш тартиби

38. Савдо ташкилоти томонидан шартнома шартлари бажарилиши, шунингдек, мол-мулкни реализация қилиш тартибига риоя этилиши мол-мулкни шартнома-воситачилик асосида сотиш учун хизмат кўрсатиш тўғрисида шартномани тузган Бюро органлари, уларнинг юқори турувчи бўлинмалари томонидан назорат қилинади.

39. Шартнома шартлари ва ушбу Низом талаблари савдо ташкилоти томонидан бузилганда, савдо ташкилоти Бюро органи томонидан ўттиз кундан кечикмай огоҳлантирилиб, шартнома қуйидаги ҳолларда қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда бир томонлама бекор қилиниши мумкин:

савдо ташкилоти танловда иштирок этиш учун ёлғон ёки ишончсиз маълумотлар, сохта ҳужжатлар тақдим этса;

савдо ташкилоти мол-мулклар ҳаракати мониторингининг электрон тизими Бюронинг ахборот тизимига уланишини таъминламаса, шунингдек, ушбу тизим ва тегишли дастурий таъминот Бюро томонидан белгиланган талабларга жавоб бермаса;

савдо ташкилоти мунтазам равишда (икки марта ва ундан ортиқ) савдо соҳасидаги қонунчилик ҳужжатлари, шунингдек, Вазирлар Маҳкамасининг 2003 йил 13 февралдаги 75-сон қарори билан тасдиқланган Ўзбекистон Республикасида чакана савдо қоидалари , 2016 йил 2 июндаги 185-сон қарори билан тасдиқланган Электрон тижоратни амалга ошириш қоидаларини бузса;

савдо ташкилоти унга сотиш учун топширилган мол-мулкни интернет-дўкон орқали савдога чиқармаса (икки марта ва ундан ортиқ) ёки ўз вақтида чиқармаса;

савдо ташкилоти мол-мулкни сотишдан тушган маблағларни Бюро органлари ҳисобварақларига ўз вақтида мунтазам (йил давомида икки марта ёки ундан ортиқ) ўтказмаса;

савдо ташкилоти сотиш учун топширилган мол-мулкни ёки сотувдан тушган маблағларни ўзлаштирса, йўқ қилса ёки шикаст етказса, шунингдек, мулк муҳофазасига виждонсиз муносабатда бўлса ёки мулкни сақлаш бўйича шартнома шартларини бузса;

савдо ташкилоти танлов ҳужжатларида кўрсатилган ўз мажбуриятларини, шу жумладан, мол-мулкларни сақлаш, ташиш, юклаш ва тушириш хизматларини мунтазам (йил давомида икки марта ёки ундан ортиқ) бажармаса;

қонунда ва шартномада назарда тутилган бошқа ҳолларда.

Ушбу бандда кўрсатилган ҳолатлар шартнома муддатини узайтирмаслик учун ҳам асос ҳисобланади.

40. Шартнома бекор қилинган тақдирда, Бюро органи мол-мулкни ушбу Низом талабларига мувофиқ танлов асосида танланган бошқа савдо ташкилотига топшириш чораларини кўради. Бунда савдо ташкилоти мол-мулкни бошқа савдо ташкилотига топширгунга қадар уни сақлаш чораларини кўриши шарт.

Бюро органлари бир савдо ташкилотидан бошқа савдо ташкилотига мол-мулкларни топшираётганда, мол-мулклар бўйича зарур маълумотларнинг мол-мулклар ҳаракати мониторингининг электрон тизимида кўринишини таъминлайди.

41. Бюро органлари томонидан сотиш учун топширилган мол-мулклар ҳолати, шунингдек, савдо ташкилоти томонидан ўтказилган маблағлар даврий ўрганиб борилади.

Мол-мулкни сотишдан тушган маблағлар, мол-мулклар ҳолати ва сотилмаган мол-мулклар қолдиғи, уларнинг сотилмаганлиги сабаблари ҳақидаги маълумотлар ҳар чорак якуни бўйича кейинги ойнинг 10-санасига қадар Бюро директорига киритилади.

42. Маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари савдо ташкилотларига мол-мулк сотилиши учун ярмаркалар, бозорлар ва савдо комплексларида жойлар ташкил этилишида кўмаклашадилар.

Суд ҳужжатлари ва бошқа органлар ҳужжатларини ижро этиш самарадорлигини ошириш бўйича ҳудудий кенгашлар ижро ҳужжатлари бўйича хатланган мол-мулкларни сотиш учун туман ва шаҳарлардаги аҳоли гавжум бозорлар ҳамда савдо марказларида ярмаркалар ташкил этиш чораларини кўради.

6-боб. Мол-мулкни сотишдан тушадиган маблағларни ҳисобга олиш

43. Мол-мулкни сотишдан тушган маблағларни ўтказиш учун Бюро органлари томонидан банкларда депозит ҳисобварағи очилади.

Мол-мулкни сотишдан тушган маблағлар воситачилик ҳақини (сотилган нархдан 10 фоиздан кўп бўлмаган) ушлаб қолган ҳолда, савдо ташкилоти томонидан Бюро органи депозит ҳисобварағига уч кундан кечикмай, ижро ҳужжатининг тартиб рақами ва санаси кўрсатилган ҳолда ўтказилади.

Мол-мулкни сотишдан тушган маблағни ўтказиш муддати кечиккан тақдирда, савдо ташкилотидан кечиккан ҳар бир кун учун тўланадиган сумманинг 0,5 фоизи миқдорида пеня ундирилади.

44. Бюро органи депозит ҳисобварағига мол-мулкни сотишдан тушган маблағлар қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда тақсимланади.

7-боб. Якунловчи қоидалар

45. Мол-мулкни реализация қилиш фаолияти билан шуғулланувчи савдо ташкилоти томонидан белгиланган савдо қоидаларини бузиш ҳолати аниқланганда, унга нисбатан назоратни амалга оширувчи органлар қонунда белгиланган чораларни қўллайди ва бу ҳақда Бюронинг тегишли органини хабардор қилади.

46. Мазкур Низомнинг бузилишида айбдор бўлган шахслар қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда жавоб беради.

Ижро ҳужжатлари бўйича хатланган мол-мулкни шартнома-воситачилик шартлари асосида реализация қилиш тартиби тўғрисидаги низомга 1-ИЛОВА

Ижро ҳужжатлари бўйича хатланган мол-мулкни шартнома-воситачилик шартлари асосида реализация қилиш

Босқичлар Субъектлар Амалга ошириладиган тадбирлар Муддатлар 1-босқич Савдо ташкилоти Ижро ҳужжатлари бўйича хатланган мол-мулкни шартнома-воситачилик шартлари асосида реализация қилишда иштирок этиш юзасидан ариза билан зарур маълумотларни кўрсатган ҳолда Давлат хизматлари марказига ўзи келиб ёки Ягона интерактив давлат хизматлари портали ёки солиқ тўловчининг шахсий кабинети орқали Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ҳузуридаги Мажбурий ижро бюросига (кейинги ўринларда — Бюро) мурожаат қилади. Заруратга кўра 2-босқич Бюро 1. Аризани кўриб чиқади. 2. Талабгор Низомнинг 10-банди талабларга жавоб бермаганда ёки унинг аризаси Низом 11-бандига мувофиқ бўлмаганда аризани рад этади ҳамда бу ҳақда Давлат хизматлари марказига (ўзи келиб мурожаат этганда) ёки талабгорнинг шахсий кабинетига хабарнома юборади. 1 иш куни ичида 3. Аризани кўриб чиқиш натижаларини Ижро ҳужжатлари бўйича хатланган мол-мулк сотилишини таъминлайдиган савдо ташкилотлари реестрига (кейинги ўринларда — Реестр) жойлаштирилади. Кейинги иш кунидан кечиктирмай 3-босқич Бюро (унинг ҳудудий бошқармалари), Савдо ташкилоти Давлат ижрочиси 1. Мол-мулкни шартнома-воситачилик асосида реализация қилиш учун хизмат кўрсатиш бўйича муддатини узайтириш ҳуқуқи билан бир йил муддатга шартнома тузади. 5 иш куни ичида 2. Белгиланган шаклдаги хатланган мол-мулкни сотишга топшириш ҳақидаги далолатнома асосида мол-мулкни реализация қилиш учун савдо ташкилотига топширади. 5 иш куни ичида 4-босқич Бюро Савдо ташкилоти томонидан шартнома шартлари бажарилиши, мол-мулкни реализация қилиш қоидаларига риоя этилишини назорат қилади. Доимий

Ижро ҳужжатлари бўйича хатланган мол-мулкни шартнома-воситачилик шартлари асосида реализация қилиш тартиби тўғрисидаги низомга 2-ИЛОВА

‎ ‎ ‎ ‎ ‎ ‎ ‎ ‎ ‎ ‎ ‎ ‎ ‎ ‎ ‎ ‎ ‎ ‎ ‎ ‎ Хатланган мол-мулкни сотишга топшириш ҳақидаги ‎ДАЛОЛАТНОМА ‎ ‎ ‎ ‎ ‎ ‎ ‎ ‎ ‎ ‎ ‎ ‎ ‎ ‎ ‎ ‎ ‎ ‎ ‎ ‎ 20___ й. «___» ____________ ‎ ‎ ‎ ‎ ‎ ‎ ‎‎____________ туман (шаҳар) ‎ ‎ ‎ ‎ ‎ ‎ ‎ ‎ ‎ ‎ ‎ ‎ ‎ ‎ ‎ ‎ ‎ ‎ ‎ ‎ Мен, Бюронинг ___________ туман, (шаҳар) бўлими давлат ижрочиси _______________ савдо ташкилоти вакили _____________________________________________________ ‎ ‎ ‎ ‎ ‎ ‎ (савдо ташкилоти вакилининг Ф.И.О., яшаш жойи ҳақидаги маълумотлар) ‎ иштирокида _____________________________________________________га мувофиқ, ‎ ‎ ‎ (ижро ҳужжатининг номи) ‎ ‎ ‎ қарздор ______________________________________________________дан ундирувчи ‎ ‎ (қарздорнинг Ф.И.О.) ‎ ‎ ‎ ____________________________________ фойдасига ___________________________ (ундирувчи Ф.И.О.) ‎ ‎ ‎ ‎ ‎ ‎ ‎ ‎ ‎ ‎ _________________________________________________________________________ (ижро ҳужжатининг мазмуни) ундириш ҳақидаги 20___ йил «___» _________да қўзғатилган ____-сон ижро иш юритуви бўйича «___» ___________ 20___ йилдаги далолатномага мувофиқ, Т/р‎ Мол-мулкнинг номи ва тавсифи Миқдори Нархи Махсус идентификация рақами ‎(QR code ёки bar Code) 1.‎ 2.‎ хатланган мол-мулкларни мазкур далолатномага асосан ___________________________ ‎________________________________________ савдо дўконига сотиш учун топширдим. (савдо ташкилотининг номи) ‎ ‎ ‎ ‎ ‎ ‎ ‎ ‎ ‎ Юқоридаги мол-мулкларни сотиш учун қабул қилиб олдим _________________________ ‎_________________________________________________________________________ (қабул қилиб олган шахснинг Ф.И.О., лавозими, унинг ваколатлигини тасдиқловчи ҳужжатлар ҳақида маълумот) Сотиш учун топширилган мулкнинг жами нархи _________________________________ ‎ ‎ ‎ ‎ ‎ ‎ ‎ ‎ ‎ ‎ ‎ (сўз билан) савдо чегирмаси ____ фоизни. яъни __________________________ сўмни ташкил этади. ‎ ‎ ‎ ‎ ‎ ‎ ‎ ‎ (сўз билан) ‎ ‎ ‎ ‎ ‎ Мол-мулкни сотишдан тушган _______________ сўм ________________* ҳисобварағига ‎ ‎ ‎ ‎ ‎ ‎ ‎ (сўз билан) депозит ҳисобварағи ёки махсус ҳисобварақ кўрсатилади ўтказилиши лозим. Юқоридаги мол-мулклар ________________________________________га топширилиб, ‎ ‎ ‎ ‎ ‎ ‎ (қабул қилиб олаётган шахснинг Ф.И.О., лавозими) ‎ ‎ ‎ ‎ у мол-мулкнинг сақланиши учун тегишли шарт-шароитларга риоя қилиши ва уларни таъминлаши шартлиги, мол-мулкни қонунга хилоф равишда ўзлаштириш, растрата қилиш, яшириш, нобуд қилиш ёки унга шикаст етказганлиги учун жавобгар бўлиши, шу жумладан, Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 233-моддасига асосан жиноий жавобгарликка тортилиши тўғрисида огоҳлантирилди. Имзолар: ‎Давлат ижрочиси: _______________________ ‎Савдо ташкилоти: _______________________ ‎ * Бюро органининг депозит ҳисобварағи кўрсатилади, давлат даромадига ўтказилган мол-мулкни сотишда эса махсус ҳисобварақ кўрсатилади. ‎ ‎ ‎ ‎ ‎ ‎ ‎ ‎ ‎ ‎ ‎ ‎ ‎ ‎ ‎ ‎ ‎ ‎ ‎ ‎

Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А. АРИПОВ

Тошкент ш.,

2024 йил 20 январь,

39-сон

(Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 22.01.2024 й., 09/24/39/0058-сон; 23.12.2024 й., 09/24/859/1047-сон; 25.12.2025 й., 09/25/821/1211-сон; 03.07.2026 й., 09/26/353/0680-сон)

lex.uz

Oʻzbekiston Respublikasi Vazirlar Mahkamasining

qarori

NIZOM

SXEMASI

Ijro hujjatlari boʻyicha xatlangan mol-mulkni shartnoma-vositachilik shartlari asosida realizatsiya qilish tizimini tartibga solish chora-tadbirlari toʻgʻrisida

Oʻzbekiston Respublikasi Prezidentining “Sud hujjatlari va boshqa organlar hujjatlarini ijro etish tizimini isloh etish va sohani raqamlashtirish boʻyicha qoʻshimcha chora-tadbirlar toʻgʻrisida” 2024-yil 3-yanvardagi PF-1-son Farmoni ijrosini taʼminlash, shuningdek, ijro hujjatlari boʻyicha xatlangan mol-mulkni shartnoma-vositachilik shartlari asosida realizatsiya qilish tizimini samarali tartibga solish maqsadida Vazirlar Mahkamasi qaror qiladi:

1. Oʻzbekiston Respublikasi Prezidentining “Sud hujjatlari va boshqa organlar hujjatlarini ijro etish tizimini isloh etish va sohani raqamlashtirish boʻyicha qoʻshimcha chora-tadbirlar toʻgʻrisida” 2024-yil 3-yanvardagi PF-1-son Farmoni 3-bandiga muvofiq 2024-yil 1-apreldan boshlab:

sud hujjatlari va boshqa organlar hujjatlari majburiy ijrosi doirasida mol-mulkni shartnoma-vositachilik asoslarida sotish faqatgina mol-mulkni qabul qilishdan uni sotishgacha boʻlgan jarayonlarni masofaviy monitoring qilish elektron tizimini joriy qilgan savdo tashkilotlari tomonidan amalga oshirilishi;

sud hujjatlari va boshqa organlar hujjatlari majburiy ijrosi doirasida mol-mulkni shartnoma-vositachilik asoslarida sotish boʻyicha savdo doʻkonlarini tanlab olishda mol-mulkni Internet-doʻkonlar orqali sotishni amalga oshiruvchi savdo tashkilotlariga ustunlik berilishi belgilanganligi maʼlumot uchun qabul qilinsin.

2. Belgilansinki, 2024-yil 1-apreldan boshlab ijro hujjatlari boʻyicha xatlangan mol-mulk Ijro hujjatlari boʻyicha xatlangan mol-mulk sotilishini taʼminlaydigan savdo tashkilotlari reyestriga (keyingi oʻrinlarda — Reyestr) kiritilgan savdo tashkilotlari tomonidan realizatsiya qilinadi.

3. Ijro hujjatlari boʻyicha xatlangan mol-mulkni shartnoma-vositachilik shartlari asosida realizatsiya qilish tartibi toʻgʻrisidagi nizom ilovaga muvofiq tasdiqlansin.

4. Oʻzbekiston Respublikasi Bosh prokuraturasi huzuridagi Majburiy ijro byurosi:

a) 2024-yil 1-martga qadar:

ijro hujjatlari boʻyicha xatlangan va sotuvga chiqarilgan mol-mulkning harakatlanishini monitoring qilishning elektron tizimini ishlab chiqsin hamda savdo tashkilotlari bilan integratsiya qilish imkoniyatlarini yaratsin, shuningdek, ijro hujjatlariga asosan mol-mulkni sotish boʻyicha talablarni savdo tashkilotlari eʼtiboriga yetkazsin;

Reyestrni shakllantirish va ishga tushirish choralarini koʻrsin;

b) 2024-yil 1-aprelga qadar Reyestr quyidagi davlat organlarining axborot tizimlariga integratsiya qilinishini taʼminlasin:

Adliya vazirligi — Tadbirkorlik subyektlarini davlat roʻyxatidan oʻtkazish va hisobga qoʻyishning avtomatlashtirilgan tizimi;

Raqamli texnologiyalar vazirligi — Elektron tijorat ishtirokchilarining milliy reyestri;

Soliq qoʻmitasi — savdo tashkilotlarining soliq qarzi mavjud emasligini tekshirish, shuningdek, savdo tashkilotlarini savdo qoidalariga rioya etganligini tekshirishga qaratilgan zarur maʼlumotlar bazasi;

Kadastr agentligi — Kadastr va roʻyxatdan oʻtkazish integratsiyalashgan axborot tizimi;

Ichki ishlar vazirligi Jamoat xavfsizligi departamenti Yoʻl harakati xavfsizligi xizmati — savdo tashkilotlarining tizimda mavjud avtotransport vositalari toʻgʻrisidagi maʼlumotlar bazasi.

5. Belgilab qoʻyilsinki:

Reyestr elektron shaklda real vaqt rejimida yuritiladi;

Reyestrga mol-mulkni qabul qilishdan sotishgacha boʻlgan jarayonlarni masofaviy monitoring qilish elektron tizimini joriy etgan yuridik shaxslar ixtiyoriy va bepul asosda kiritiladi;

Elektron tijorat ishtirokchilarining milliy reyestriga kiritilgan yuridik shaxslar Reyestrga qoʻshimcha shartlarsiz toʻgʻridan-toʻgʻri kiritiladi.

6. Vazirlar Mahkamasining 2016-yil 2-iyundagi 185-son qarori bilan tasdiqlangan Elektron tijoratni amalga oshirish qoidalari rus tili matniga 2-ilovaning 5-pozitsiyasi oʻz kuchini yoʻqotgan deb hisoblansin.

7. Oʻzbekiston Respublikasi Bosh prokuraturasi manfaatdor vazirlik va idoralar bilan birgalikda oʻzlari qabul qilgan normativ-huquqiy hujjatlarni ikki oy muddatda ushbu qarorga muvofiqlashtirsin.

8. Mazkur qarorning bajarilishini nazorat qilish Oʻzbekiston Respublikasi Bosh vazirining oʻrinbosari — iqtisodiyot va moliya vaziri J.A. Qoʻchqorov zimmasiga yuklansin.

Vazirlar Mahkamasining 2024-yil 20-yanvardagi 39-son qaroriga ILOVA

Ijro hujjatlari boʻyicha xatlangan mol-mulkni shartnoma-vositachilik shartlari asosida realizatsiya qilish tartibi toʻgʻrisida

1-bob. Umumiy qoidalar

1. Ushbu Nizom ijro hujjatlari boʻyicha xatlangan mol-mulkni shartnoma-vositachilik asosida realizatsiya qilish, shuningdek, mol-mulkni qabul qilishdan sotishgacha boʻlgan jarayonlarni masofaviy monitoring qilish tartibini belgilaydi.

2. Mazkur Nizom ijro hujjatlari asosida xatlanib, elektron onlayn-auksion savdolari orqali yoki qonunchilikda belgilangan boshqa usulda sotilishi belgilangan mol-mulkka nisbatan tatbiq etilmaydi.

3. Ushbu Nizomda quyidagi asosiy tushunchalar qoʻllaniladi:

axborot vositachisi — elektron tijoratda elektron hujjatlar va elektron xabarlar aylanishi bilan bogʻliq xizmatlar koʻrsatuvchi yuridik shaxs;

Byuro organlari — Oʻzbekiston Respublikasi Bosh prokuraturasi huzuridagi Majburiy ijro byurosi markaziy apparati, Qoraqalpogʻiston Respublikasi, viloyatlar va Toshkent shahar boshqarmalari, tuman (shahar) boʻlimlari;

internet-doʻkon — Internet jahon axborot tarmogʻida tashkil etilgan, mol-mulkni (ish, xizmat) sotish uchun axborot tizimi orqali sotuvchi va xaridorning oʻzaro aloqalarini taʼminlovchi elektron savdo maydoni;

mol-mulklar harakati monitoringining elektron tizimi — mol-mulkni savdo tashkiloti tomonidan qabul qilishdan uni sotishgacha boʻlgan jarayonlarni masofaviy monitoring qilish elektron tizimi;

savdo tashkiloti — shartnoma-vositachilik asosida mol-mulkni realizatsiya qilish bilan shugʻullanuvchi yuridik shaxs;

elektron tijorat — axborot tizimlaridan foydalangan holda tuzilgan shartnomaga muvofiq amalga oshiriladigan tovarlar (ishlar, xizmatlar) oldi-sotdisi;

Elektron tijorat ishtirokchilarining milliy reyestri — elektron savdo maydonchalari orqali xizmat koʻrsatish, tovarlarni yetkazib berish, elektron hujjat va xabarlarni elektron tijoratda saqlash bilan shugʻullanuvchi yuridik shaxslar reyestri.

4. Ijro hujjatlariga asosan xatlangan mol-mulkni realizatsiya qiladigan savdo tashkilotlari toʻgʻrisidagi maʼlumotlar Oʻzbekiston Respublikasi Bosh prokuraturasi huzuridagi Majburiy ijro byurosi (keyingi oʻrinlarda — Byuro) tomonidan yuritiladigan Ijro hujjatlari boʻyicha xatlangan mol-mulk sotilishini taʼminlaydigan savdo tashkilotlari reyestrida (keyingi oʻrinlarda — Reyestr) aks ettiriladi.

5. Reyestr elektron shaklda real vaqt rejimida yuritiladi.

6. Reyestrga ixtiyoriy va bepul asosda mol-mulklar harakati monitoringining elektron tizimini joriy etish majburiyatini olgan yuridik shaxslar kiritiladi.

7. Davlat ijrochisi quyidagi mol-mulklarni shartnoma-vositachilik asosida realizatsiya qilish uchun boshqa tashkilotlarga berishi mumkin:

qimmatli qogʻozlar;

qimmatbaho metallar va qimmatbaho (yarim qimmatbaho) toshlardan yasalgan zargarlik buyumlari, shuningdek, qoʻshimcha restavratsiya qilish talab qilinadigan qimmatbaho metallar va toshlar;

dori vositalari va tibbiy jihozlar;

neft mahsulotlari (avtobenzin, aviabenzin, ekstrabenzin, dizel yoqilgʻisi, aviakerosin, mazut, pechka qoramoyi, neft bitumi, shuningdek texnik moylar va moylash materiallari), bundan zavodda idishlarga qadoqlanganlari mustasno;

mahsuldor mollar va ish mollari, asalari oilasi, yem-xashak, mineral oʻgitlar va pestitsidlar;

nasldor hayvonlar (qoramollar, qoʻylar, echkilar, otlar, tuyalar, choʻchqalar, shuningdek, parrandalar, baliqlar, asalarilar, ipak qurti, quyonlar, yovvoyi hayvonlar) va ularning naslli mahsulotlari (materiallari);

jun, boʻrdoqi mollar, parrandalar, quyonlar, don, kanop va zigʻir tolasi hamda boshqa qishloq xoʻjaligi mahsulotlari;

teri, momiq-moʻyna va qorakoʻl xomashyosi;

foydalanib boʻlmaydigan, ishdan chiqqan qora va rangli metallar, shuningdek, ushbu metallarning parchalari va chiqindilari;

fuqaroviy qurollar;

pochta markalari, shu jumladan, kolleksiya qilinadigan markalar;

foydalanilishi yoki sotilishi mumkin boʻlmagan buyumlar, makulatura va ikkilamchi xomashyoning boshqa turlari;

sotish uchun alohida ruxsatnoma yoxud litsenziya talab qilinadigan boshqa mahsulotlar;

koʻp yillik dov-daraxtlar (bogʻ, poliz oʻsimliklari).

Qonunchilikda belgilangan hollarda mazkur bandda koʻrsatilmagan boshqa mol-mulklar ham shartnoma-vositachilik asosida realizatsiya qilish uchun boshqa tashkilotlarga berilishi mumkin.

8. Ijro hujjatlari boʻyicha xatlangan mol-mulk shartnoma-vositachilik shartlari asosida ushbu Nizomga 1-ilovaga muvofiq sxemaga asosan realizatsiya qilinadi.

2-bob. Ijro hujjatlari boʻyicha xatlangan mol-mulkni shartnoma-vositachilik shartlari asosida realizatsiya qilishga talabgor savdo tashkilotiga qoʻyilgan talablar

9. Ijro hujjatlari boʻyicha xatlangan mol-mulk shartnoma-vositachilik shartlari asosida Reyestrga kiritilgan savdo tashkilotlari tomonidan realizatsiya qilinadi.

10. Quyidagi savdo tashkilotlari ijro hujjatlari boʻyicha xatlangan mol-mulkni shartnoma-vositachilik shartlari asosida realizatsiya qilishda talabgor sifatida ishtirok etishi mumkin emas:

qayta tashkil etish, tugatish yoki bankrotlik arafasida boʻlgan;

faoliyat yuritmayotgan boʻlsa yoki faoliyat yuritayotganiga olti oy boʻlmagan;

soliqdan qarzdorligi mavjud boʻlgan;

zimmasiga mol-mulklar harakati monitoringi elektron tizimini joriy qilish majburiyatini olmagan;

oxirgi ikki yil ichida ijro hujjatlari asosida xatlangan mol-mulkni sotish yuzasidan tuzilgan shartnoma boʻyicha majburiyatlarni bajarmagan yoki lozim darajada bajarmaganligi sababli shartnoma bekor qilingan;

Byuro organlari ish yurituvidagi ijro hujjatlari boʻyicha qarzdorligini qoplamagan yoki majburiyatini bajarmagan;

rahbari yoki muassislari (jismoniy shaxs) muqaddam iqtisodiyot sohasidagi jinoyatlardan birini sodir qilganligi uchun jinoiy javobgarlikka tortilgan yoki ularga nisbatan ayblilik toʻgʻrisidagi masala hal qilinmay jinoyat ishi tugatilgan boʻlsa.

11. Ijro hujjatlari boʻyicha xatlangan mol-mulkni shartnoma-vositachilik shartlari asosida sotish istagida boʻlgan savdo tashkiloti (keyingi oʻrinlarda — talabgor) ariza bilan Davlat xizmatlari markaziga oʻzi kelib yoki Yagona interaktiv davlat xizmatlari portalidagi shaxsiy kabineti yoki soliq toʻlovchining shaxsiy kabineti orqali Byuroga murojaat qiladi.

Arizada:

yuridik shaxsning soliq toʻlovchi identifikatsiya raqami;

yuridik shaxsning savdo obyektiga nisbatan egalik huquqi belgilangan tartibda davlat roʻyxatidan oʻtkazilganligi toʻgʻrisidagi guvohnoma raqami;

mol-mulklar harakatini monitoring qilishning elektron tizimini joriy qilish va Byuro axborot tizimiga ulanish boʻyicha tegishli talablarni bajarish uchun kafolat majburiyatlari;

yuklarni tashish va yuklash uchun foydalaniladigan xizmat koʻrsatuvchi, texnik soz transport vositalari yoki boshqa maxsus texnika vositalarining texnik pasportlari raqami;

yuridik shaxsning fuqarolik javobgarligi sugʻurta qilinganligi toʻgʻrisida sugʻurta polisi raqami hamda sugʻurta tashkilotining soliq toʻlovchi identifikatsiya raqami koʻrsatilishi lozim.

Talabgordan mazkur bandda koʻrsatilmagan hujjatlar va maʼlumotlarni talab qilish taqiqlanadi.

12. Talabgor mazkur Nizomning 10-bandida nazarda tutilgan talablarga javob bermaganda yoki uning arizasi ushbu Nizom 11-bandiga muvofiq boʻlmaganda, ariza rad etiladi hamda bu haqda Davlat xizmatlari markaziga (oʻzi kelib murojaat etganda) yoki talabgorning shaxsiy kabinetiga xabarnoma yuboriladi.

Ariza rad etilgan taqdirda, talabgor kamchiliklarni bartaraf etgan holda qayta murojaat qilish huquqiga ega.

Arizani koʻrib chiqish natijalari Byuro tomonidan uzogʻi bilan keyingi ish kunidan kechiktirmasdan, Reyestrda joylashtiriladi.

Agar talabgor Elektron tijorat ishtirokchilarining milliy reyestriga kiritilgan boʻlsa, bunda arizada uning Milliy reyestrda roʻyxatga olingan sanasi, raqami va soliq toʻlovchi identifikatsiya raqami koʻrsatiladi.

13. Byuroning hududiy boshqarmalari va savdo tashkiloti besh ish kuni ichida muddatini uzaytirish huquqi bilan bir yil muddatga mol-mulkni shartnoma-vositachilik asosida sotish uchun xizmat koʻrsatish toʻgʻrisida shartnoma (keyingi oʻrinlarda — shartnoma) tuzadi.

Byuroning markaziy apparati oʻz ish yurituvidagi ijro hujjatlari boʻyicha Reyestrdagi har qanday savdo tashkiloti bilan shartnoma tuzishga haqli.

3-bob. Mol-mulkni sotish uchun topshirish

14. Davlat ijrochisi shartnoma imzolangan kundan boshlab besh ish kunida ushbu Nizomga 2-ilovada keltirilgan xatlangan mol-mulkni sotishga topshirish haqidagi dalolatnoma (keyingi oʻrinlarda — mol-mulkni topshirish haqidagi dalolatnoma) asosida mol-mulkni sotish uchun tegishli savdo tashkilotiga topshiradi.

Bunda mol-mulkni topshirish haqidagi dalolatnomaga quyidagilar ilova qilinadi:

mol-mulk xatlanganligi toʻgʻrisida dalolatnoma yoki band solinganligi toʻgʻrisidagi qaror nusxasi;

mol-mulkni baholash haqidagi hisobot yoki davlat ijrochisining qarori yoxud mol-mulkning baholangan qiymati koʻrsatilgan sud qarori nusxasi;

majburiy sertifikatlanishi lozim boʻlgan mol-mulklar boʻyicha muvofiqlik sertifikati.

15. Ijro hujjatlari boʻyicha olib qoʻyilgan mol-mulkni hisobga olish va saqlash qonunchilik hujjatlariga muvofiq amalga oshiriladi.

Ijro hujjatlari boʻyicha olib qoʻyilgan mol-mulkni qabul qilgan savdo tashkiloti mol-mulklar harakati monitoringining elektron tizimi yordamida maxsus identifikatsiya raqamini (QR-code yoki bar-Code) (keyingi oʻrinlarda — maxsus identifikatsiya raqami) chiqarib, har bir mol-mulkka alohida biriktiradi.

Savdo tashkiloti tomonidan mol-mulklar harakati monitoringining elektron tizimida mol-mulk tavsifi hamda unga oid barcha maʼlumotlar (xatlagan organ nomi, sanasi, bahosi va boshqalar) kiritiladi.

Mol-mulkning belgilangan tartibda savdo tashkiloti tomonidan qabul qilinganligi, shuningdek, u bilan bogʻliq boʻlgan harakat (arzonlashtirish, sotish, egasiga qaytarib berish va boshqalar) mol-mulklar harakati monitoringining elektron tizimida aks ettiriladi.

16. Ijro hujjatlari ijrosini oʻz vaqtida taʼminlash maqsadida mol-mulk sotish uchun bir vaqtning oʻzida uning soni, hajmi va tez sotilish imkoniyatlaridan kelib chiqib, Reyestrdagi bir nechta savdo tashkilotlariga topshirilishi mumkin.

17. Ijro hujjatlari boʻyicha sotish uchun topshiriladigan barcha mol-mulklar nomi, narxi, shuningdek, savdoga oid qonunchilik hujjatlarida nazarda tutilgan boshqa maʼlumotlarni ifodalovchi tovar yorliqlari bilan taʼminlanadi.

Shuningdek, tovar yorliqlariga qoʻshimcha ravishda maxsus identifikatsiya raqami yopishtirilib, u ijro hujjati raqami va sanasi, mol-mulk nomlanishi, narxi, roʻyxatga olish yoki qabul qilish-topshirish dalolatnomasida nazarda tutilgan boshqa maʼlumotlarni oʻz ichiga oladi.

Sotiladigan mol-mulk yorliqlarini tayyorlash, shuningdek, sotuvdan oldin tayyorgarlik talab qiladigan (mayda taʼmirlash, tozalash, dazmollash, oʻrash, qadoqlash va boshqalar) mol-mulkni sotuvga tayyorlash uni qabul qilgan savdo tashkiloti hisobidan amalga oshiriladi.

18. Mol-mulk uni baholash haqidagi hisobot yoki davlat ijrochisining qarori yoxud sud qarorida koʻrsatilgan narxda sotuvga qoʻyiladi.

Ushbu Nizomning 21-bandi ikkinchi xatboshisida koʻrsatilgan hollardan tashqari, mol-mulk qimmatlashtirilgan yoki arzonlashtirilgan narxda sotilishiga yoʻl qoʻyilmaydi.

Savdo tashkiloti tomonidan xaridorga mol-mulkni uning umumiy qiymati toʻliq qoplanmagunga qadar, shuningdek, toʻlovni kechiktirish yoki boʻlib-boʻlib toʻlash shartlari asosida topshirish man etiladi.

19. Savdo tashkilotlari mol-mulkni Vazirlar Mahkamasining 2003-yil 13-fevraldagi 75-son qarori bilan tasdiqlangan Oʻzbekiston Respublikasida chakana savdo qoidalariga muvofiq realizatsiya qiladi.

Internet-doʻkon orqali mol-mulkni realizatsiya qilish Vazirlar Mahkamasining 2016-yil 2-iyundagi 185-son qarori bilan tasdiqlangan Elektron tijoratni amalga oshirish qoidalariga muvofiq amalga oshiriladi.

Tovarlarni (xizmatlarni) realizatsiya qilishda yuridik shaxslar va yakka tartibdagi tadbirkorlar ushbu tovarlarni (xizmatlarni) sotib oluvchilarga hisobvaraq-fakturani yoki chek taqdim etishi shart.

Hisobvaraq-faktura, qoida tariqasida, elektron hisobvaraq-fakturalarning axborot tizimida elektron shaklda rasmiylashtiriladi.

20. Sotish uchun topshirilgan mol-mulk, shuningdek, uni internet-doʻkon orqali sotuvi Byuroning axborotlar tizimiga ulangan mol-mulklar harakati monitoringining elektron tizimida namoyon boʻladi.

21. Agar savdo tashkilotidagi mol-mulk topshirilgan kundan boshlab oʻttiz kun davomida sotilmagan boʻlsa, savdo tashkiloti mol-mulkni arzonlashtirish yoki sotuvdan chiqarish va qaytarish masalasini hal qilish yuzasidan davlat ijrochisini xabardor qiladi.

Mol-mulk qonunda belgilangan tartibda arzonlashtirilganda, davlat ijrochisi savdo tashkilotiga mol-mulkni arzonlashtirilgan narxda sotish uchun qayta topshiradi.

22. Mol-mulkni shartnoma-vositachilik asosida sotish boʻyicha koʻrsatilgan xizmatlar uchun savdo tashkiloti vositachilik haqi oladi.

Vositachilik haqi miqdori savdo tashkiloti va Byuroning hududiy boshqarmalari oʻrtasida tuziladigan shartnomada belgilanadi.

Vositachilik haqi ijro ishi yurituviga oid qonunchilik hujjatlariga muvofiq ijro harakatlarini amalga oshirish xarajatlariga kiritiladi.

4-bob. Ayrim turdagi mol-mulklar realizatsiyasining xususiyatlari

23. Mazkur Nizomning 7-bandida nazarda tutilgan mol-mulklar ushbu bob qoidalariga muvofiq bir marta tuziladigan shartnoma asosida sotish uchun ixtisoslashtirilgan savdo tashkilotlariga topshiriladi.

24. Qimmatli qogʻozlar qimmatli qogʻozlarning tashkil etilgan birjadan tashqari bozorlari orqali sotiladi.

25. Qimmatbaho metallar va qimmatbaho toshlardan yasalgan zargarlik buyumlari ularni realizatsiya qilish huquqiga ega boʻlgan ixtisoslashtirilgan savdo korxonalari orqali Byuro hududiy boshqarmasi oʻrtasida tuziladigan shartnoma asosida sotiladi.

26. Qoʻshimcha restavratsiya qilish talab qilinadigan qimmatbaho metallar va qimmatbaho toshlar qimmatbaho metallar va qimmatbaho toshlardan zargarlik buyumlari tayyorlaydigan ixtisoslashtirilgan davlat korxonalari tomonidan sotiladi.

27. Dori vositalari va tibbiy jihozlar tegishli farmatsevtika faoliyati bilan shugʻullanish uchun litsenziyasi mavjud tashkilotlar tomonidan sotiladi.

28. Neft mahsulotlari (avtobenzin, aviabenzin, ekstrabenzin, dizel yoqilgʻisi, aviakerosin, mazut, pechka qoramoyi, neft bitumi, shuningdek, texnik moylar va moylash materiallari) ushbu mol-mulklarni realizatsiya qilish uchun litsenziyasi mavjud tashkilotlar tomonidan sotiladi, zavodda idishlarga qadoqlanganlari bundan mustasno.

29. Mahsuldor va ish mollari, boʻrdoqi mollar, parranda, quyonlar va boshqa hayvonlar bozorlar orqali sotiladi.

30. Asalari oilasi, yem-xashak, gʻalla, kanop va zigʻir tolasi hamda boshqa qishloq xoʻjaligi mahsulotlari, shuningdek, mineral oʻgʻitlar va pestitsidlar ixtisoslashtirilgan tashkilotlar orqali sotiladi.

31. Teri, momiq-moʻyna va qorakoʻl xomashyosi ularni qayta ishlashga ixtisoslashtirilgan tashkilotlarga toʻlov evaziga beriladi.

32. Davlat daromadiga oʻtkazilgan, tarkibida qora metallar mavjud boʻlgan asbob-uskunalar, foydalanib boʻlmaydigan fizik ishdan chiqqan va maʼnaviy eskirgan qora metallardan yasalgan buyumlar, shuningdek ushbu metallar parchalari va chiqindilari belgilangan tartibda “Oʻzmetkombinat” AJga toʻgʻridan-toʻgʻri shartnomalar asosida shartnomaviy narxlarda sotiladi.

33. Pochta markalari, shu jumladan, kolleksiya qilinadigan markalar haqi olinib, pochta aloqasi tashkilotlariga beriladi.

34. Foydalanilishi yoki sotilishi mumkin boʻlmagan buyumlar, shuningdek, makulatura va ikkilamchi xomashyoning boshqa turlari ikkilamchi xomashyoni yigʻish va qayta ishlash bilan shugʻullanuvchi tegishli tashkilotlar tomonidan sotiladi.

35. Realizatsiya qilish uchun alohida ruxsatnoma yoxud litsenziya talab qilinadigan boshqa mahsulotlar tegishli mulkni realizatsiya qilish uchun litsenziya yoki ruxsatnomasi mavjud tashkilotlarga topshiriladi.

36. Mol-mulk birja savdosida sotiladigan taqdirda, Byuro organi va broker (investitsiya vositachisi) oʻrtasida shartnoma tuziladi.

37. Sud qaroriga koʻra mol-mulkni realizatsiya qilish muayyan savdo tashkilotiga yuklangan boʻlsa, ushbu mol-mulk aynan shu savdo tashkilotiga sotish uchun topshiriladi.

5-bob. Savdo tashkiloti tomonidan shartnoma shartlari bajarilishi, mol-mulkni realizatsiya qilish qoidalariga rioya qilinishini nazorat qilish tartibi

38. Savdo tashkiloti tomonidan shartnoma shartlari bajarilishi, shuningdek, mol-mulkni realizatsiya qilish tartibiga rioya etilishi mol-mulkni shartnoma-vositachilik asosida sotish uchun xizmat koʻrsatish toʻgʻrisida shartnomani tuzgan Byuro organlari, ularning yuqori turuvchi boʻlinmalari tomonidan nazorat qilinadi.

39. Shartnoma shartlari va ushbu Nizom talablari savdo tashkiloti tomonidan buzilganda, savdo tashkiloti Byuro organi tomonidan oʻttiz kundan kechikmay ogohlantirilib, shartnoma quyidagi hollarda qonunchilik hujjatlarida belgilangan tartibda bir tomonlama bekor qilinishi mumkin:

savdo tashkiloti tanlovda ishtirok etish uchun yolgʻon yoki ishonchsiz maʼlumotlar, soxta hujjatlar taqdim etsa;

savdo tashkiloti mol-mulklar harakati monitoringining elektron tizimi Byuroning axborot tizimiga ulanishini taʼminlamasa, shuningdek, ushbu tizim va tegishli dasturiy taʼminot Byuro tomonidan belgilangan talablarga javob bermasa;

savdo tashkiloti muntazam ravishda (ikki marta va undan ortiq) savdo sohasidagi qonunchilik hujjatlari, shuningdek, Vazirlar Mahkamasining 2003-yil 13-fevraldagi 75-son qarori bilan tasdiqlangan Oʻzbekiston Respublikasida chakana savdo qoidalari , 2016-yil 2-iyundagi 185-son qarori bilan tasdiqlangan Elektron tijoratni amalga oshirish qoidalarini buzsa;

savdo tashkiloti unga sotish uchun topshirilgan mol-mulkni internet-doʻkon orqali savdoga chiqarmasa (ikki marta va undan ortiq) yoki oʻz vaqtida chiqarmasa;

savdo tashkiloti mol-mulkni sotishdan tushgan mablagʻlarni Byuro organlari hisobvaraqlariga oʻz vaqtida muntazam (yil davomida ikki marta yoki undan ortiq) oʻtkazmasa;

savdo tashkiloti sotish uchun topshirilgan mol-mulkni yoki sotuvdan tushgan mablagʻlarni oʻzlashtirsa, yoʻq qilsa yoki shikast yetkazsa, shuningdek, mulk muhofazasiga vijdonsiz munosabatda boʻlsa yoki mulkni saqlash boʻyicha shartnoma shartlarini buzsa;

savdo tashkiloti tanlov hujjatlarida koʻrsatilgan oʻz majburiyatlarini, shu jumladan, mol-mulklarni saqlash, tashish, yuklash va tushirish xizmatlarini muntazam (yil davomida ikki marta yoki undan ortiq) bajarmasa;

qonunda va shartnomada nazarda tutilgan boshqa hollarda.

Ushbu bandda koʻrsatilgan holatlar shartnoma muddatini uzaytirmaslik uchun ham asos hisoblanadi.

40. Shartnoma bekor qilingan taqdirda, Byuro organi mol-mulkni ushbu Nizom talablariga muvofiq tanlov asosida tanlangan boshqa savdo tashkilotiga topshirish choralarini koʻradi. Bunda savdo tashkiloti mol-mulkni boshqa savdo tashkilotiga topshirgunga qadar uni saqlash choralarini koʻrishi shart.

Byuro organlari bir savdo tashkilotidan boshqa savdo tashkilotiga mol-mulklarni topshirayotganda, mol-mulklar boʻyicha zarur maʼlumotlarning mol-mulklar harakati monitoringining elektron tizimida koʻrinishini taʼminlaydi.

41. Byuro organlari tomonidan sotish uchun topshirilgan mol-mulklar holati, shuningdek, savdo tashkiloti tomonidan oʻtkazilgan mablagʻlar davriy oʻrganib boriladi.

Mol-mulkni sotishdan tushgan mablagʻlar, mol-mulklar holati va sotilmagan mol-mulklar qoldigʻi, ularning sotilmaganligi sabablari haqidagi maʼlumotlar har chorak yakuni boʻyicha keyingi oyning 10-sanasiga qadar Byuro direktoriga kiritiladi.

42. Mahalliy ijro etuvchi hokimiyat organlari savdo tashkilotlariga mol-mulk sotilishi uchun yarmarkalar, bozorlar va savdo komplekslarida joylar tashkil etilishida koʻmaklashadilar.

Sud hujjatlari va boshqa organlar hujjatlarini ijro etish samaradorligini oshirish boʻyicha hududiy kengashlar ijro hujjatlari boʻyicha xatlangan mol-mulklarni sotish uchun tuman va shaharlardagi aholi gavjum bozorlar hamda savdo markazlarida yarmarkalar tashkil etish choralarini koʻradi.

6-bob. Mol-mulkni sotishdan tushadigan mablagʻlarni hisobga olish

43. Mol-mulkni sotishdan tushgan mablagʻlarni oʻtkazish uchun Byuro organlari tomonidan banklarda depozit hisobvaragʻi ochiladi.

Mol-mulkni sotishdan tushgan mablagʻlar vositachilik haqini (sotilgan narxdan 10 foizdan koʻp boʻlmagan) ushlab qolgan holda, savdo tashkiloti tomonidan Byuro organi depozit hisobvaragʻiga uch kundan kechikmay, ijro hujjatining tartib raqami va sanasi koʻrsatilgan holda oʻtkaziladi.

Mol-mulkni sotishdan tushgan mablagʻni oʻtkazish muddati kechikkan taqdirda, savdo tashkilotidan kechikkan har bir kun uchun toʻlanadigan summaning 0,5 foizi miqdorida penya undiriladi.

44. Byuro organi depozit hisobvaragʻiga mol-mulkni sotishdan tushgan mablagʻlar qonunchilik hujjatlarida belgilangan tartibda taqsimlanadi.

7-bob. Yakunlovchi qoidalar

45. Mol-mulkni realizatsiya qilish faoliyati bilan shugʻullanuvchi savdo tashkiloti tomonidan belgilangan savdo qoidalarini buzish holati aniqlanganda, unga nisbatan nazoratni amalga oshiruvchi organlar qonunda belgilangan choralarni qoʻllaydi va bu haqda Byuroning tegishli organini xabardor qiladi.

46. Mazkur Nizomning buzilishida aybdor boʻlgan shaxslar qonunchilik hujjatlarida belgilangan tartibda javob beradi.

Ijro hujjatlari boʻyicha xatlangan mol-mulkni shartnoma-vositachilik shartlari asosida realizatsiya qilish tartibi toʻgʻrisidagi nizomga 1-ILOVA

Ijro hujjatlari boʻyicha xatlangan mol-mulkni shartnoma-vositachilik shartlari asosida realizatsiya qilish

Bosqichlar Subyektlar Amalga oshiriladigan tadbirlar Muddatlar 1-bosqich Savdo tashkiloti Ijro hujjatlari boʻyicha xatlangan mol-mulkni shartnoma-vositachilik shartlari asosida realizatsiya qilishda ishtirok etish yuzasidan ariza bilan zarur maʼlumotlarni koʻrsatgan holda Davlat xizmatlari markaziga oʻzi kelib yoki Yagona interaktiv davlat xizmatlari portali yoki soliq toʻlovchining shaxsiy kabineti orqali Oʻzbekiston Respublikasi Bosh prokuraturasi huzuridagi Majburiy ijro byurosiga (keyingi oʻrinlarda — Byuro) murojaat qiladi. Zaruratga koʻra 2-bosqich Byuro 1. Arizani koʻrib chiqadi. 2. Talabgor Nizomning 10-bandi talablarga javob bermaganda yoki uning arizasi Nizom 11-bandiga muvofiq boʻlmaganda arizani rad etadi hamda bu haqda Davlat xizmatlari markaziga (oʻzi kelib murojaat etganda) yoki talabgorning shaxsiy kabinetiga xabarnoma yuboradi. 1 ish kuni ichida 3. Arizani koʻrib chiqish natijalarini Ijro hujjatlari boʻyicha xatlangan mol-mulk sotilishini taʼminlaydigan savdo tashkilotlari reyestriga (keyingi oʻrinlarda — Reyestr) joylashtiriladi. Keyingi ish kunidan kechiktirmay 3-bosqich Byuro (uning hududiy boshqarmalari), Savdo tashkiloti Davlat ijrochisi 1. Mol-mulkni shartnoma-vositachilik asosida realizatsiya qilish uchun xizmat koʻrsatish boʻyicha muddatini uzaytirish huquqi bilan bir yil muddatga shartnoma tuzadi. 5 ish kuni ichida 2. Belgilangan shakldagi xatlangan mol-mulkni sotishga topshirish haqidagi dalolatnoma asosida mol-mulkni realizatsiya qilish uchun savdo tashkilotiga topshiradi. 5 ish kuni ichida 4-bosqich Byuro Savdo tashkiloti tomonidan shartnoma shartlari bajarilishi, mol-mulkni realizatsiya qilish qoidalariga rioya etilishini nazorat qiladi. Doimiy

Ijro hujjatlari boʻyicha xatlangan mol-mulkni shartnoma-vositachilik shartlari asosida realizatsiya qilish tartibi toʻgʻrisidagi nizomga 2-ILOVA

‎ ‎ ‎ ‎ ‎ ‎ ‎ ‎ ‎ ‎ ‎ ‎ ‎ ‎ ‎ ‎ ‎ ‎ ‎ ‎ Xatlangan mol-mulkni sotishga topshirish haqidagi ‎DALOLATNOMA ‎ ‎ ‎ ‎ ‎ ‎ ‎ ‎ ‎ ‎ ‎ ‎ ‎ ‎ ‎ ‎ ‎ ‎ ‎ ‎ 20___ y. “___” ____________ ‎ ‎ ‎ ‎ ‎ ‎ ‎‎____________ tuman (shahar) ‎ ‎ ‎ ‎ ‎ ‎ ‎ ‎ ‎ ‎ ‎ ‎ ‎ ‎ ‎ ‎ ‎ ‎ ‎ ‎ Men, Byuroning ___________ tuman, (shahar) boʻlimi davlat ijrochisi _______________ savdo tashkiloti vakili _____________________________________________________ ‎ ‎ ‎ ‎ ‎ ‎ (savdo tashkiloti vakilining F.I.O., yashash joyi haqidagi maʼlumotlar) ‎ ishtirokida _____________________________________________________ga muvofiq, ‎ ‎ ‎ (ijro hujjatining nomi) ‎ ‎ ‎ qarzdor ______________________________________________________dan undiruvchi ‎ ‎ (qarzdorning F.I.O.) ‎ ‎ ‎ ____________________________________ foydasiga ___________________________ (undiruvchi F.I.O.) ‎ ‎ ‎ ‎ ‎ ‎ ‎ ‎ ‎ ‎ _________________________________________________________________________ (ijro hujjatining mazmuni) undirish haqidagi 20___ yil “___” _________da qoʻzgʻatilgan ____-son ijro ish yurituvi boʻyicha “___” ___________ 20___ yildagi dalolatnomaga muvofiq, T/r‎ Mol-mulkning nomi va tavsifi Miqdori Narxi Maxsus identifikatsiya raqami ‎(QR code yoki bar Code) 1.‎ 2.‎ xatlangan mol-mulklarni mazkur dalolatnomaga asosan ___________________________ ‎________________________________________ savdo doʻkoniga sotish uchun topshirdim. (savdo tashkilotining nomi) ‎ ‎ ‎ ‎ ‎ ‎ ‎ ‎ ‎ Yuqoridagi mol-mulklarni sotish uchun qabul qilib oldim _________________________ ‎_________________________________________________________________________ (qabul qilib olgan shaxsning F.I.O., lavozimi, uning vakolatligini tasdiqlovchi hujjatlar haqida maʼlumot) Sotish uchun topshirilgan mulkning jami narxi _________________________________ ‎ ‎ ‎ ‎ ‎ ‎ ‎ ‎ ‎ ‎ ‎ (soʻz bilan) savdo chegirmasi ____ foizni. yaʼni __________________________ soʻmni tashkil etadi. ‎ ‎ ‎ ‎ ‎ ‎ ‎ ‎ (soʻz bilan) ‎ ‎ ‎ ‎ ‎ Mol-mulkni sotishdan tushgan _______________ soʻm ________________* hisobvaragʻiga ‎ ‎ ‎ ‎ ‎ ‎ ‎ (soʻz bilan) depozit hisobvaragʻi yoki maxsus hisobvaraq koʻrsatiladi oʻtkazilishi lozim. Yuqoridagi mol-mulklar ________________________________________ga topshirilib, ‎ ‎ ‎ ‎ ‎ ‎ (qabul qilib olayotgan shaxsning F.I.O., lavozimi) ‎ ‎ ‎ ‎ u mol-mulkning saqlanishi uchun tegishli shart-sharoitlarga rioya qilishi va ularni taʼminlashi shartligi, mol-mulkni qonunga xilof ravishda oʻzlashtirish, rastrata qilish, yashirish, nobud qilish yoki unga shikast yetkazganligi uchun javobgar boʻlishi, shu jumladan, Oʻzbekiston Respublikasi Jinoyat kodeksining 233-moddasiga asosan jinoiy javobgarlikka tortilishi toʻgʻrisida ogohlantirildi. Imzolar: ‎Davlat ijrochisi: _______________________ ‎Savdo tashkiloti: _______________________ ‎ * Byuro organining depozit hisobvaragʻi koʻrsatiladi, davlat daromadiga oʻtkazilgan mol-mulkni sotishda esa maxsus hisobvaraq koʻrsatiladi. ‎ ‎ ‎ ‎ ‎ ‎ ‎ ‎ ‎ ‎ ‎ ‎ ‎ ‎ ‎ ‎ ‎ ‎ ‎ ‎

Oʻzbekiston Respublikasining Bosh vaziri A. ARIPOV

Toshkent sh.,

2024-yil 20-yanvar,

39-son

(Qonunchilik maʼlumotlari milliy bazasi, 22.01.2024-y., 09/24/39/0058-son; 23.12.2024-y., 09/24/859/1047-son; 25.12.2025-y., 09/25/821/1211-son; 03.07.2026-y., 09/26/353/0680-son)

lex.uz