UzbekAI

← Qonunlar

📅 2024-yil 22-yanvar · Vazirlar Mahkamasi qarorlari

Rasmiy matn. Rasmiy hujjat. Tahririy izohlar kiritilmagan.

Yordam | Arxiv | Atamalar | Statistika | API | Havola yuborish | Sayt haqida | Shartlar

← Қонунлар

📅 2024 йил 22 январь · Вазирлар Маҳкамаси қарорлари

Расмий матн. Расмий ҳужжат. Таҳририй изоҳлар киритилмаган.

Ёрдам | Архив | Атамалар | Статистика | API | Ҳавола юбориш | Сайт ҳақида | Шартлар

← Законы

📅 22 января 2024 г. · Постановления Кабинета Министров

Официальный текст. Официальный документ. Редакционные примечания не включены.

Помощь | Архив | Термины | Статистика | API | Предложить ссылку | О сайте | Условия

← Laws

📅 22 January 2024 · Cabinet of Ministers resolutions

Official text. Official document. Editorial notes are not included.

Help | Archive | Glossary | Stats | API | Submit | About | Terms

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг

қарори

ВАҚТИНЧАЛИК НИЗОМ

СХЕМАСИ

Автомобиль транспортида йўловчи ташиш фаолияти билан шуғулланувчи ташувчилар рейтингини ҳисоблаш ва юритиш тартибини жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида

Автомобиль транспортида йўловчилар ташиш соҳасида кўрсатилаётган хизматларнинг сифат даражасини ошириш, соғлом рақобат муҳитини шакллантириш ва инсофли ташувчиларни рағбатлантириш ҳамда Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Маъмурий ислоҳотлар доирасида транспорт соҳасида давлат бошқарувини самарали ташкил қилиш чора-тадбирлари тўғрисида» 2023 йил 14 июндаги ПФ-94-сон Фармони ижросини таъминлаш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:

1. Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Маъмурий ислоҳотлар доирасида транспорт соҳасида давлат бошқарувини самарали ташкил қилиш чора-тадбирлари тўғрисида» 2023 йил 14 июндаги ПФ-94-сон Фармонига мувофиқ вазирлик ва идоралар томонидан ахборот хавфсизлиги талабларига риоя этган ҳолда, давлат хизматларини кўрсатиш учун зарур бўлган транспорт соҳасига оид электрон маълумотлар алмашинувини ташкил этиш мақсадида идоравий ахборот тизимлари ва маълумотлар базаси Ўзбекистон Республикаси Транспорт вазирлигининг ахборот тизимлари билан интеграция қилиниши белгиланганлиги маълумот учун қабул қилинсин.

2. Ўзбекистон Республикаси Транспорт вазирлигининг 2024 йил 1 февралдан 2024 йил 31 декабрга қадар Автомобиль транспортида йўловчи ташиш фаолияти билан шуғулланувчи ташувчилар рейтингини юритиш тизимини жорий этиш бўйича тажриба-синов лойиҳасини амалга ошириш тўғрисидаги таклифига розилик берилсин.

3. Ўзбекистон Республикаси Транспорт вазирлиги 2024 йил 1 декабрга қадар мазкур қарорга асосан амалга оширилган тажриба-синов лойиҳаси натижаларидан келиб чиқиб, ижобий ва салбий ҳолатларни аниқлаш ҳамда инсофли ташувчиларни рағбатлантиришни инобатга олган ҳолда, Автомобиль транспортида йўловчи ташиш фаолияти билан шуғулланувчи ташувчилар рейтингини юритиш тизимини такомиллаштириш юзасидан Вазирлар Маҳкамасига таклиф киритсин.

4. Қуйидагиларни назарда тутувчи Автомобиль транспортида йўловчи ташиш фаолияти билан шуғулланувчи ташувчилар рейтингини ҳисоблаш ва юритиш тартиби тўғрисидаги вақтинчалик низом иловага мувофиқ тасдиқлансин:

рейтингни ҳисоблашга оид маълумотлар базаларини шакллантириш ва юритиш тартиби;

рейтинг натижаларини ҳисоблаш ва эълон қилиш тартиби;

ташувчиларни рейтингга киритиш ва ундан чиқариш асослари.

5. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари А.Ж. Раматов ва транспорт вазири И.Р. Махкамов зиммасига юклансин.

Вазирлар Маҳкамасининг 2024 йил 22 январдаги 45-сон қарорига ИЛОВА

Автомобиль транспортида йўловчи ташиш фаолияти билан шуғулланувчи ташувчилар рейтингини ҳисоблаш ва юритиш тартиби тўғрисида

1-боб. Умумий қоидалар

1. Ушбу Низом автомобиль транспортида йўловчиларни мунтазам йўналишларда ташиш фаолияти билан шуғулланувчи ташувчилар рейтингини ҳисоблашга оид маълумотлар базасини шакллантириш ва юритиш, шунингдек, рейтинг натижаларини ҳисоблаш ҳамда эълон қилиш тартибини белгилайди.

2. Ушбу Низомнинг амал қилиши Ўзбекистон Республикаси ҳудудида рўйхатдан ўтган ва асосий фаолият тури жамоат транспортида йўловчиларни мунтазам йўналишларда ташиш хизматларини кўрсатишдан иборат бўлган тегишли лицензияга эга юридик шахсларга (кейинги ўринларда — ташувчилар) нисбатан татбиқ этилади.

3. Ташувчилар рейтинги (кейинги ўринларда — рейтинг) Ўзбекистон Республикаси Транспорт вазирлиги томонидан тегишли вазирлик ва идораларнинг ахборот тизимларидан олинган маълумотлар асосида «Uztrans» ягона интерактив ахборот тизимида шакллантирилади.

4. Қуйидагилар ташувчилар рейтингини юритиш борасидаги асосий вазифалар ҳисобланади:

йўловчи ташиш соҳасида ишончли, хавфсиз ва сифатли хизмат кўрсатаётган ташувчилар тўғрисидаги маълумотларнинг очиқлигини таъминлаш;

соҳада яширин иқтисодиёт улушини камайтириш ва кўрсатилаётган хизматлар шаффофлигини ошириш;

ташувчилар ўртасида соғлом рақобат муҳитини шакллантириш ва хизматлар сифатини ошириш.

2-боб. Ташувчилар рейтингини шакллантириш ва юритиш тартиби

5. Ташувчилар рейтинги мазкур Низомга 1-иловадаги схемага мувофиқ шакллантирилади ва юритилади.

6. Қуйидаги вазирлик ва идоралар ҳар чорак якуни билан кейинги ойнинг 5-санасига қадар маълумотларни Ўзбекистон Республикаси Транспорт вазирлигининг «Uztrans» ягона интерактив ахборот тизимига тақдим этиб боради:

Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги — Жамоат хавфсизлиги департаменти Йўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати томонидан рўйхатга олинган автотранспорт воситалари, техник кўрикдан ўтган автотранспорт воситалари, «E-маъмурий иш» платформасидаги автомобилда йўловчилар ташишда аниқланган ҳуқуқбузарликлар ва уларга кўрилган чоралар, автотранспорт воситаларини бошқариш ҳуқуқига эга бўлган шахслар ҳамда содир бўлган йўл-транспорт ҳодисалари ва қоидабузарликлар тўғрисидаги маълумотлар;

Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги — тиббий кўрикдан ўтган ҳайдовчилар тўғрисидаги маълумотлар;

Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ҳузуридаги Кадастр агентлиги — транспорт инфратузилмалари ва объектларини ўз ичига олувчи Ягона геоахборот маълумотлари.

7. Маълумотларнинг ҳаққонийлиги, ўз вақтида тақдим этилиши ва белгиланган муддатда ижроси таъминланиши учун тегишли вазирлик ва идораларнинг биринчи раҳбарлари масъул ҳисобланади.

8. Мазкур Низомнинг 6-бандида белгиланган барча жараёнлар Ўзбекистон Республикаси Транспорт вазирлиги томонидан мувофиқлаштириб борилади.

9. Ўзбекистон Республикаси Транспорт вазирлиги вазирлик ва идоралар томонидан тақдим этилган ташувчилар тўғрисидаги маълумотларнинг сир сақланишини белгиланган тартибда таъминлайди.

10. Ўзбекистон Республикаси Транспорт вазирлиги томонидан «Uztrans» ягона интерактив ахборот тизимида рейтингнинг автоматик ҳисобланиши таъминланади.

3-боб. Рейтинг натижаларини ҳисоблаш ва эълон қилиш тартиби

11. Ташувчилар рейтинги мазкур Низомга 2-иловага мувофиқ ҳисобланади.

12. Рейтинг баллари қуйидагилардан шакллантирилади:

тегишли рейтинг кўрсаткичлари бўйича энг юқори кўрсаткичга эга бўлган ташувчилар аниқланади;

ҳар бир мезон бўйича кўрсаткич баллар йиғиндисидан иборат бўлади;

ҳар бир мезон бўйича ҳисобланган баллар йиғиндиси ташувчилар рейтингини ифодалайди.

13. Фаолияти хавфсизлик ва очиқликка асосланган ташувчилар рейтинги натижалари қуйидаги тоифаларга бўлинади:

Хавфсизлик ва очиқлик тоифаси Ишончлилик даражаси Умумий баллар A Юқори даража 70 — 100 B Ўрта даража 60 — 69 C Қуйи даража 60 дан паст

14. Ташувчилар рейтинги натижалари ҳар чорак якуни билан кейинги ойнинг 10-санасига қадар Ўзбекистон Республикаси Транспорт вазирлигининг расмий веб-сайтида эълон қилинади.

15. Ташувчи ҳамда Ўзбекистон Республикаси Транспорт вазирлиги, Қорақалпоғистон Республикаси Транспорт вазирлиги, вилоятлар ва Тошкент шаҳар транспорт бошқармалари ўртасида белгиланган тартибда муайян муддатга тузилган йўналишда йўловчи ташиш хизматларини кўрсатиш ҳуқуқини берувчи шартнома (контракт)нинг амал қилиш муддати тугагунга қадар бўлган сўнгги 1 йил давомида автомобиль транспортида йўловчи ташиш фаолияти «А» хавфсизлик ва очиқлик тоифасига мансуб бўлган тақдирда, ташувчининг талабига биноан шартнома муддати тугаган кундан бошлаб яна 1 йил муддатга узайтиришга рухсат этилади.

Бунда ташувчи рейтинг натижаларига кўра «А» хавфсизлик ва очиқлик тоифасига мансуб бўлган тақдирда, Транспорт вазирлигига тендер шартномаси амал қилиш муддати тугашидан уч ойдан кечикмай, шартнома муддатини узайтириш бўйича талабнома бериши керак.

4-боб. Ташувчиларни рейтингга киритиш ва ундан чиқариш асослари

16. Ташувчиларни рейтингга киритиш учун Ўзбекистон Республикаси ҳудудида рўйхатдан ўтганлиги ҳамда асосий фаолият тури автомобиль транспортида йўловчи ташиш эканлиги асосий мезон ҳисобланади.

17. Қуйидаги ҳолларда ташувчилар рейтингдан чиқарилади:

асосий фаолият тури бошқа фаолият турига ўзгарганда;

амалдаги қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ ташувчи лицензияси бекор қилинганда;

ташувчи корхона фаолияти тугатилганда.

Ташувчилар рейтингига киритилмаган ва/ёки ундан чиқарилган ташувчилар 15-бандда кўрсатилган имтиёздан фойдалана олмайди.

5-боб. Якунловчи қоидалар

18. Ушбу Низомни қўллашда юзага келадиган низолар қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда ҳал этилади.

19. Ушбу Низом талаблари бузилишида айбдор бўлган шахслар қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда жавоб берадилар.

Автомобиль транспортида йўловчи ташиш фаолияти билан шуғулланувчи ташувчилар рейтингини ҳисоблаш ва юритиш тартиби тўғрисидаги вақтинчалик низомга 1-ИЛОВА

Ташувчилар рейтингини шакллантириш ва юритиш

Босқичлар Масъуллар Амалга ошириладиган ишлар Муддатлар 1-босқич Транспорт вазирлиги «Uztrans» ягона интерактив ахборот тизимида автомобиль транспортида йўловчи ташиш фаолияти билан шуғулланувчи ташувчилар рўйхатини шакллантиради ва янгилаб боради. Ҳар чорак якунига қадар 2-босқич Тегишли вазирлик ва идоралар «Uztrans» ягона интерактив ахборот тизимида шакллантирилган рўйхат асосида автомобиль транспортида йўловчи ташиш фаолияти билан шуғулланувчи ташувчилар рейтингини ҳисоблаш учун талаб этиладиган тегишли маълумотларни автоматик равишда тақдим этиб боради. Ҳар чорак якунидан кейинги ойнинг 5-санасига қадар 3-босқич Транспорт вазирлиги 1. Тақдим этилган маълумотлар асосида «Uztrans» ягона интерактив ахборот тизимида ташувчилар рейтинги автоматик тарзда ҳисобланишини таъминлайди. 2. Ташувчилар рейтинги тўғрисидаги маълумотларни Транспорт вазирлигининг расмий веб-сайтига жойлаштириб боради. Ҳар чорак якунидан кейинги ойнинг 10-санасига қадар

Автомобиль транспортида йўловчи ташиш фаолияти билан шуғулланувчи ташувчилар рейтингини ҳисоблаш ва юритиш тартиби тўғрисидаги вақтинчалик низомга 2-ИЛОВА

Автомобиль транспортида мунтазам йўналишларда фаолият кўрсатувчи ташувчилар рейтингини ҳисоблаш МЕЗОНЛАРИ

Т/р Гуруҳ мезони Мезонлар Кўрсаткичлар Бериладиган балл 1. Хавфсизлик ва қонунийлик Қонунчилик ҳужжатлари нормаларининг бузилиши 1 Чорак давомида қонунчилик ҳужжатлари нормалари бузилишининг жами автотранспорт воситалари сонига нисбати (фоизда) 20 фоизгача «-5» жарима балли 21-50 фоиз «-10» жарима балли 50 фоиздан кўп «-20» жарима балли 2. Ташувчининг балансида ихтисослашган техник базанинг мавжудлиги 2 Корхона балансида ҳаракатдаги таркибни сақлаш, рейсга чиқиш олдидан техник назоратдан ва ҳайдовчиларни тиббий кўрикдан ўтказиш учун шароитга эга техник базанинг мавжудлиги «25» балл 3. Ташувчининг автомобиль транспортида йўловчиларни мунтазам ташиш соҳасидаги фаолияти Соҳадаги фаолияти 5 йилдан юқори «10» балл Соҳадаги фаолияти 2 йилдан 5 йилгача (5 йил ҳам киради) «5» балл Соҳадаги фаолияти 2 йилгача (2 йил ҳам киради) «3» балл 4. Тиббий кўрик Ҳайдовчилар тиббий кўрикдан тўлиқ ўтганлиги (083/ҳ шакл) «5» балл 5. Рақобатбардошлик ва ҳаракат таркиби ҳолати Йўловчи ташиш фаолияти билан шуғулланувчилар (лицензияга эга) автотранспорт воситалари 3 100 фоизи корхона балансида бўлганда «20» балл 70-99 фоизи корхона балансида бўлганда «15» балл 50-69 фоизи корхона балансида бўлганда «10» балл 30-49 фоизи корхона балансида бўлганда «5» балл 6. Йўловчи ташиш фаолияти билан шуғулланувчилар (лицензияга эга) барча автотранспорт воситаларининг ўртача ишлаб чиқарилган йили 4 5 йилдан ошмаса (5 йил ҳам киради) «25» балл 5-10 йилни ташкил этса (10 йил ҳам киради) «15» балл 10-15 йилни ташкил этса (15 йилдан ошса киритилмайди) «10» балл 7. Йўловчи ташиш фаолияти билан шуғулланувчилар (лицензияга эга) барча автотранспорт воситаларининг экологик тозалик даражаси Фақат электр двигатель орқали ҳаракатга келтириладиган автотранспорт воситалари улуши камида 5 фоизни ташкил этса «5» балл 8. Рақамлаштириш Фаолиятдаги рақамли технологиялар Автоматлаштирилган диспетчерлик хизмати тизимига барча автотранспорт воситалари уланганлиги «5» балл Автоматлаштирилган тўлов тизимига барча автотранспорт воситалари уланганлиги «5» балл

Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А. АРИПОВ

Тошкент ш.,

2024 йил 22 январь,

45-сон

(Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 24.01.2024 й., 09/24/45/0065-сон)

lex.uz

Oʻzbekiston Respublikasi Vazirlar Mahkamasining

qarori

VAQTINCHALIK NIZOM

SXEMASI

Avtomobil transportida yoʻlovchi tashish faoliyati bilan shugʻullanuvchi tashuvchilar reytingini hisoblash va yuritish tartibini joriy etish chora-tadbirlari toʻgʻrisida

Avtomobil transportida yoʻlovchilar tashish sohasida koʻrsatilayotgan xizmatlarning sifat darajasini oshirish, sogʻlom raqobat muhitini shakllantirish va insofli tashuvchilarni ragʻbatlantirish hamda Oʻzbekiston Respublikasi Prezidentining “Maʼmuriy islohotlar doirasida transport sohasida davlat boshqaruvini samarali tashkil qilish chora-tadbirlari toʻgʻrisida” 2023-yil 14-iyundagi PF-94-son Farmoni ijrosini taʼminlash maqsadida Vazirlar Mahkamasi qaror qiladi:

1. Oʻzbekiston Respublikasi Prezidentining “Maʼmuriy islohotlar doirasida transport sohasida davlat boshqaruvini samarali tashkil qilish chora-tadbirlari toʻgʻrisida” 2023-yil 14-iyundagi PF-94-son Farmoniga muvofiq vazirlik va idoralar tomonidan axborot xavfsizligi talablariga rioya etgan holda, davlat xizmatlarini koʻrsatish uchun zarur boʻlgan transport sohasiga oid elektron maʼlumotlar almashinuvini tashkil etish maqsadida idoraviy axborot tizimlari va maʼlumotlar bazasi Oʻzbekiston Respublikasi Transport vazirligining axborot tizimlari bilan integratsiya qilinishi belgilanganligi maʼlumot uchun qabul qilinsin.

2. Oʻzbekiston Respublikasi Transport vazirligining 2024-yil 1-fevraldan 2024-yil 31-dekabrga qadar Avtomobil transportida yoʻlovchi tashish faoliyati bilan shugʻullanuvchi tashuvchilar reytingini yuritish tizimini joriy etish boʻyicha tajriba-sinov loyihasini amalga oshirish toʻgʻrisidagi taklifiga rozilik berilsin.

3. Oʻzbekiston Respublikasi Transport vazirligi 2024-yil 1-dekabrga qadar mazkur qarorga asosan amalga oshirilgan tajriba-sinov loyihasi natijalaridan kelib chiqib, ijobiy va salbiy holatlarni aniqlash hamda insofli tashuvchilarni ragʻbatlantirishni inobatga olgan holda, Avtomobil transportida yoʻlovchi tashish faoliyati bilan shugʻullanuvchi tashuvchilar reytingini yuritish tizimini takomillashtirish yuzasidan Vazirlar Mahkamasiga taklif kiritsin.

4. Quyidagilarni nazarda tutuvchi Avtomobil transportida yoʻlovchi tashish faoliyati bilan shugʻullanuvchi tashuvchilar reytingini hisoblash va yuritish tartibi toʻgʻrisidagi vaqtinchalik nizom ilovaga muvofiq tasdiqlansin:

reytingni hisoblashga oid maʼlumotlar bazalarini shakllantirish va yuritish tartibi;

reyting natijalarini hisoblash va eʼlon qilish tartibi;

tashuvchilarni reytingga kiritish va undan chiqarish asoslari.

5. Mazkur qarorning bajarilishini nazorat qilish Oʻzbekiston Respublikasi Bosh vazirining oʻrinbosari A.J. Ramatov va transport vaziri I.R. Maxkamov zimmasiga yuklansin.

Vazirlar Mahkamasining 2024-yil 22-yanvardagi 45-son qaroriga ILOVA

Avtomobil transportida yoʻlovchi tashish faoliyati bilan shugʻullanuvchi tashuvchilar reytingini hisoblash va yuritish tartibi toʻgʻrisida

1-bob. Umumiy qoidalar

1. Ushbu Nizom avtomobil transportida yoʻlovchilarni muntazam yoʻnalishlarda tashish faoliyati bilan shugʻullanuvchi tashuvchilar reytingini hisoblashga oid maʼlumotlar bazasini shakllantirish va yuritish, shuningdek, reyting natijalarini hisoblash hamda eʼlon qilish tartibini belgilaydi.

2. Ushbu Nizomning amal qilishi Oʻzbekiston Respublikasi hududida roʻyxatdan oʻtgan va asosiy faoliyat turi jamoat transportida yoʻlovchilarni muntazam yoʻnalishlarda tashish xizmatlarini koʻrsatishdan iborat boʻlgan tegishli litsenziyaga ega yuridik shaxslarga (keyingi oʻrinlarda — tashuvchilar) nisbatan tatbiq etiladi.

3. Tashuvchilar reytingi (keyingi oʻrinlarda — reyting) Oʻzbekiston Respublikasi Transport vazirligi tomonidan tegishli vazirlik va idoralarning axborot tizimlaridan olingan maʼlumotlar asosida “Uztrans” yagona interaktiv axborot tizimida shakllantiriladi.

4. Quyidagilar tashuvchilar reytingini yuritish borasidagi asosiy vazifalar hisoblanadi:

yoʻlovchi tashish sohasida ishonchli, xavfsiz va sifatli xizmat koʻrsatayotgan tashuvchilar toʻgʻrisidagi maʼlumotlarning ochiqligini taʼminlash;

sohada yashirin iqtisodiyot ulushini kamaytirish va koʻrsatilayotgan xizmatlar shaffofligini oshirish;

tashuvchilar oʻrtasida sogʻlom raqobat muhitini shakllantirish va xizmatlar sifatini oshirish.

2-bob. Tashuvchilar reytingini shakllantirish va yuritish tartibi

5. Tashuvchilar reytingi mazkur Nizomga 1-ilovadagi sxemaga muvofiq shakllantiriladi va yuritiladi.

6. Quyidagi vazirlik va idoralar har chorak yakuni bilan keyingi oyning 5-sanasiga qadar maʼlumotlarni Oʻzbekiston Respublikasi Transport vazirligining “Uztrans” yagona interaktiv axborot tizimiga taqdim etib boradi:

Oʻzbekiston Respublikasi Ichki ishlar vazirligi — Jamoat xavfsizligi departamenti Yoʻl harakati xavfsizligi xizmati tomonidan roʻyxatga olingan avtotransport vositalari, texnik koʻrikdan oʻtgan avtotransport vositalari, “E-maʼmuriy ish” platformasidagi avtomobilda yoʻlovchilar tashishda aniqlangan huquqbuzarliklar va ularga koʻrilgan choralar, avtotransport vositalarini boshqarish huquqiga ega boʻlgan shaxslar hamda sodir boʻlgan yoʻl-transport hodisalari va qoidabuzarliklar toʻgʻrisidagi maʼlumotlar;

Oʻzbekiston Respublikasi Sogʻliqni saqlash vazirligi — tibbiy koʻrikdan oʻtgan haydovchilar toʻgʻrisidagi maʼlumotlar;

Oʻzbekiston Respublikasi Iqtisodiyot va moliya vazirligi huzuridagi Kadastr agentligi — transport infratuzilmalari va obyektlarini oʻz ichiga oluvchi Yagona geoaxborot maʼlumotlari.

7. Maʼlumotlarning haqqoniyligi, oʻz vaqtida taqdim etilishi va belgilangan muddatda ijrosi taʼminlanishi uchun tegishli vazirlik va idoralarning birinchi rahbarlari masʼul hisoblanadi.

8. Mazkur Nizomning 6-bandida belgilangan barcha jarayonlar Oʻzbekiston Respublikasi Transport vazirligi tomonidan muvofiqlashtirib boriladi.

9. Oʻzbekiston Respublikasi Transport vazirligi vazirlik va idoralar tomonidan taqdim etilgan tashuvchilar toʻgʻrisidagi maʼlumotlarning sir saqlanishini belgilangan tartibda taʼminlaydi.

10. Oʻzbekiston Respublikasi Transport vazirligi tomonidan “Uztrans” yagona interaktiv axborot tizimida reytingning avtomatik hisoblanishi taʼminlanadi.

3-bob. Reyting natijalarini hisoblash va eʼlon qilish tartibi

11. Tashuvchilar reytingi mazkur Nizomga 2-ilovaga muvofiq hisoblanadi.

12. Reyting ballari quyidagilardan shakllantiriladi:

tegishli reyting koʻrsatkichlari boʻyicha eng yuqori koʻrsatkichga ega boʻlgan tashuvchilar aniqlanadi;

har bir mezon boʻyicha koʻrsatkich ballar yigʻindisidan iborat boʻladi;

har bir mezon boʻyicha hisoblangan ballar yigʻindisi tashuvchilar reytingini ifodalaydi.

13. Faoliyati xavfsizlik va ochiqlikka asoslangan tashuvchilar reytingi natijalari quyidagi toifalarga boʻlinadi:

Xavfsizlik va ochiqlik toifasi Ishonchlilik darajasi Umumiy ballar A Yuqori daraja 70 — 100 B Oʻrta daraja 60 — 69 C Quyi daraja 60 dan past

14. Tashuvchilar reytingi natijalari har chorak yakuni bilan keyingi oyning 10-sanasiga qadar Oʻzbekiston Respublikasi Transport vazirligining rasmiy veb-saytida eʼlon qilinadi.

15. Tashuvchi hamda Oʻzbekiston Respublikasi Transport vazirligi, Qoraqalpogʻiston Respublikasi Transport vazirligi, viloyatlar va Toshkent shahar transport boshqarmalari oʻrtasida belgilangan tartibda muayyan muddatga tuzilgan yoʻnalishda yoʻlovchi tashish xizmatlarini koʻrsatish huquqini beruvchi shartnoma (kontrakt)ning amal qilish muddati tugagunga qadar boʻlgan soʻnggi 1 yil davomida avtomobil transportida yoʻlovchi tashish faoliyati “A” xavfsizlik va ochiqlik toifasiga mansub boʻlgan taqdirda, tashuvchining talabiga binoan shartnoma muddati tugagan kundan boshlab yana 1 yil muddatga uzaytirishga ruxsat etiladi.

Bunda tashuvchi reyting natijalariga koʻra “A” xavfsizlik va ochiqlik toifasiga mansub boʻlgan taqdirda, Transport vazirligiga tender shartnomasi amal qilish muddati tugashidan uch oydan kechikmay, shartnoma muddatini uzaytirish boʻyicha talabnoma berishi kerak.

4-bob. Tashuvchilarni reytingga kiritish va undan chiqarish asoslari

16. Tashuvchilarni reytingga kiritish uchun Oʻzbekiston Respublikasi hududida roʻyxatdan oʻtganligi hamda asosiy faoliyat turi avtomobil transportida yoʻlovchi tashish ekanligi asosiy mezon hisoblanadi.

17. Quyidagi hollarda tashuvchilar reytingdan chiqariladi:

asosiy faoliyat turi boshqa faoliyat turiga oʻzgarganda;

amaldagi qonunchilik hujjatlariga muvofiq tashuvchi litsenziyasi bekor qilinganda;

tashuvchi korxona faoliyati tugatilganda.

Tashuvchilar reytingiga kiritilmagan va/yoki undan chiqarilgan tashuvchilar 15-bandda koʻrsatilgan imtiyozdan foydalana olmaydi.

5-bob. Yakunlovchi qoidalar

18. Ushbu Nizomni qoʻllashda yuzaga keladigan nizolar qonunchilik hujjatlarida belgilangan tartibda hal etiladi.

19. Ushbu Nizom talablari buzilishida aybdor boʻlgan shaxslar qonunchilik hujjatlarida belgilangan tartibda javob beradilar.

Avtomobil transportida yoʻlovchi tashish faoliyati bilan shugʻullanuvchi tashuvchilar reytingini hisoblash va yuritish tartibi toʻgʻrisidagi vaqtinchalik nizomga 1-ILOVA

Tashuvchilar reytingini shakllantirish va yuritish

Bosqichlar Masʼullar Amalga oshiriladigan ishlar Muddatlar 1-bosqich Transport vazirligi “Uztrans” yagona interaktiv axborot tizimida avtomobil transportida yoʻlovchi tashish faoliyati bilan shugʻullanuvchi tashuvchilar roʻyxatini shakllantiradi va yangilab boradi. Har chorak yakuniga qadar 2-bosqich Tegishli vazirlik va idoralar “Uztrans” yagona interaktiv axborot tizimida shakllantirilgan roʻyxat asosida avtomobil transportida yoʻlovchi tashish faoliyati bilan shugʻullanuvchi tashuvchilar reytingini hisoblash uchun talab etiladigan tegishli maʼlumotlarni avtomatik ravishda taqdim etib boradi. Har chorak yakunidan keyingi oyning 5-sanasiga qadar 3-bosqich Transport vazirligi 1. Taqdim etilgan maʼlumotlar asosida “Uztrans” yagona interaktiv axborot tizimida tashuvchilar reytingi avtomatik tarzda hisoblanishini taʼminlaydi. 2. Tashuvchilar reytingi toʻgʻrisidagi maʼlumotlarni Transport vazirligining rasmiy veb-saytiga joylashtirib boradi. Har chorak yakunidan keyingi oyning 10-sanasiga qadar

Avtomobil transportida yoʻlovchi tashish faoliyati bilan shugʻullanuvchi tashuvchilar reytingini hisoblash va yuritish tartibi toʻgʻrisidagi vaqtinchalik nizomga 2-ILOVA

Avtomobil transportida muntazam yoʻnalishlarda faoliyat koʻrsatuvchi tashuvchilar reytingini hisoblash MEZONLARI

T/r Guruh mezoni Mezonlar Koʻrsatkichlar Beriladigan ball 1. Xavfsizlik va qonuniylik Qonunchilik hujjatlari normalarining buzilishi 1 Chorak davomida qonunchilik hujjatlari normalari buzilishining jami avtotransport vositalari soniga nisbati (foizda) 20 foizgacha “-5” jarima balli 21-50 foiz “-10” jarima balli 50 foizdan koʻp “-20” jarima balli 2. Tashuvchining balansida ixtisoslashgan texnik bazaning mavjudligi 2 Korxona balansida harakatdagi tarkibni saqlash, reysga chiqish oldidan texnik nazoratdan va haydovchilarni tibbiy koʻrikdan oʻtkazish uchun sharoitga ega texnik bazaning mavjudligi “25” ball 3. Tashuvchining avtomobil transportida yoʻlovchilarni muntazam tashish sohasidagi faoliyati Sohadagi faoliyati 5 yildan yuqori “10” ball Sohadagi faoliyati 2 yildan 5 yilgacha (5 yil ham kiradi) “5” ball Sohadagi faoliyati 2 yilgacha (2 yil ham kiradi) “3” ball 4. Tibbiy koʻrik Haydovchilar tibbiy koʻrikdan toʻliq oʻtganligi (083/h shakl) “5” ball 5. Raqobatbardoshlik va harakat tarkibi holati Yoʻlovchi tashish faoliyati bilan shugʻullanuvchilar (litsenziyaga ega) avtotransport vositalari 3 100 foizi korxona balansida boʻlganda “20” ball 70-99 foizi korxona balansida boʻlganda “15” ball 50-69 foizi korxona balansida boʻlganda “10” ball 30-49 foizi korxona balansida boʻlganda “5” ball 6. Yoʻlovchi tashish faoliyati bilan shugʻullanuvchilar (litsenziyaga ega) barcha avtotransport vositalarining oʻrtacha ishlab chiqarilgan yili 4 5 yildan oshmasa (5 yil ham kiradi) “25” ball 5-10 yilni tashkil etsa (10 yil ham kiradi) “15” ball 10-15 yilni tashkil etsa (15 yildan oshsa kiritilmaydi) “10” ball 7. Yoʻlovchi tashish faoliyati bilan shugʻullanuvchilar (litsenziyaga ega) barcha avtotransport vositalarining ekologik tozalik darajasi Faqat elektr dvigatel orqali harakatga keltiriladigan avtotransport vositalari ulushi kamida 5 foizni tashkil etsa “5” ball 8. Raqamlashtirish Faoliyatdagi raqamli texnologiyalar Avtomatlashtirilgan dispetcherlik xizmati tizimiga barcha avtotransport vositalari ulanganligi “5” ball Avtomatlashtirilgan toʻlov tizimiga barcha avtotransport vositalari ulanganligi “5” ball

Oʻzbekiston Respublikasining Bosh vaziri A. ARIPOV

Toshkent sh.,

2024-yil 22-yanvar,

45-son

(Qonunchilik maʼlumotlari milliy bazasi, 24.01.2024-y., 09/24/45/0065-son)

lex.uz