UzbekAI

← Qonunlar

📅 2024-yil 25-yanvar · Vazirlar Mahkamasi qarorlari

Rasmiy matn. Rasmiy hujjat. Tahririy izohlar kiritilmagan.

Yordam | Arxiv | Atamalar | Statistika | API | Havola yuborish | Sayt haqida | Shartlar

← Қонунлар

📅 2024 йил 25 январь · Вазирлар Маҳкамаси қарорлари

Расмий матн. Расмий ҳужжат. Таҳририй изоҳлар киритилмаган.

Ёрдам | Архив | Атамалар | Статистика | API | Ҳавола юбориш | Сайт ҳақида | Шартлар

← Законы

📅 25 января 2024 г. · Постановления Кабинета Министров

Официальный текст. Официальный документ. Редакционные примечания не включены.

Помощь | Архив | Термины | Статистика | API | Предложить ссылку | О сайте | Условия

← Laws

📅 25 January 2024 · Cabinet of Ministers resolutions

Official text. Official document. Editorial notes are not included.

Help | Archive | Glossary | Stats | API | Submit | About | Terms

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг

қарори

НИЗОМ

Бюджетнинг бирламчи харажатларини қоплаш учун ягона ғазна ҳисобварағида сақланиши лозим бўлган маблағларнинг энг кам миқдорини аниқлаш чора-тадбирлари тўғрисида

Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Ўзбекистон Республикасининг «2023 йил учун Ўзбекистон Республикасининг Давлат бюджети тўғрисида»ги Қонуни ижросини таъминлаш чора-тадбирлари тўғрисида» 2022 йил 30 декабрдаги ПҚ-471-сон қарорига мувофиқ, шунингдек, республика ва маҳаллий бюджетларнинг ликвидлигини таъминлаш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:

1. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2022 йил 30 декабрдаги ПҚ-471-сон қарори билан тасдиқланган Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджетининг барқарорлигини таъминлаш ва харажатларнинг самарадорлигини ошириш бўйича «йўл харитаси»нинг 13-бандида бюджетнинг бирламчи харажатларини қоплаш учун ягона ғазна ҳисобварағида сақланиши лозим бўлган маблағларнинг энг кам миқдорини аниқлаш ва улардан фойдаланиш тартибини ишлаб чиқиш белгиланганлиги маълумот учун қабул қилинсин.

2. Қуйидагиларни назарда тутувчи Бюджетнинг бирламчи харажатларини қоплаш учун ягона ғазна ҳисобварағида сақланиши лозим бўлган маблағларнинг энг кам миқдорини аниқлаш ва улардан фойдаланиш тартиби тўғрисидаги низом иловага мувофиқ тасдиқлансин:

бирламчи харажатларни қоплаш учун ягона ғазна ҳисобварағида сақланиши лозим бўлган маблағларнинг энг кам миқдорини аниқлаш;

ягона ғазна ҳисобварағи, Ўзбекистон Республикаси республика бюджети, Қорақалпоғистон Республикаси республика бюджети ва маҳаллий бюджетлар ликвидлигини таъминлаш;

бирламчи харажатларни қоплаш учун сақланган маблағларнинг энг кам миқдоридан фойдаланиш тартиби;

бюджет тушумлари ва харажатларининг қисқа ва узоқ муддатли прогнозларини тузиш.

3. Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ягона ғазна ҳисобварағи ва Давлат бюджети ликвидлигини таъминлаш, шу жумладан, бюджетнинг бирламчи харажатларини қоплаш учун ягона ғазна ҳисобварағида сақланиши лозим бўлган маблағларнинг энг кам миқдорини аниқлаш ва улардан самарали фойдаланиш чораларини кўриб борсин.

4. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари — иқтисодиёт ва молия вазири Ж.А.Қўчқоров зиммасига юклансин.

Вазирлар Маҳкамасининг 2024 йил 25 январдаги 47-сон қарорига ИЛОВА

Бюджетнинг бирламчи харажатларини қоплаш учун ягона ғазна ҳисобварағида сақланиши лозим бўлган маблағларнинг энг кам миқдорини аниқлаш ва улардан фойдаланиш тартиби тўғрисида

1-боб. Умумий қоидалар

1. Мазкур Низом бюджетнинг бирламчи харажатларини қоплаш учун ягона ғазна ҳисобварағида сақланиши лозим бўлган маблағларнинг энг кам миқдорини аниқлаш ва улардан фойдаланиш тартибини белгилайди.

2. Ушбу Низомда қуйидаги асосий тушунчалардан фойдаланилади:

бирламчи харажатлар — иш ҳақи ва унга тенглаштирилган тўловлар (иш ҳақи бўйича бўнак тўловларидан ташқари), ижтимоий солиқ, озиқ-овқат, дори-дармон, коммунал тўловлар ва ёқилғи-мойлаш маҳсулотлари бўйича харажатлар;

маҳаллий бюджетлар — Қорақалпоғистон Республикаси республика бюджети, вилоятларнинг вилоят бюджетлари, Тошкент шаҳрининг шаҳар бюджети ҳамда туманлар ва шаҳарлар бюджетлари;

ҳудудий иқтисодиёт ва молия органлари — Қорақалпоғистон Республикаси Иқтисодиёт ва молия вазирлиги, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликларининг иқтисодиёт ва молия бошқармалари, туманлар ва шаҳарлар ҳокимликларининг иқтисодиёт ва молия бўлимлари;

республика бюджети — Ўзбекистон Республикасининг республика бюджети;

республика бюджети ва маҳаллий бюджетларнинг ликвидлиги — Ўзбекистон Республикаси республика бюджети ва маҳаллий бюджетларда бирламчи харажатларни қоплаш учун сақланиши лозим бўлган маблағларнинг энг кам миқдори;

ундирувчи органлар — божхона божи, солиқлар, йиғимлар, маъмурий жарималар ва молиявий санкцияларни ундирадиган органлар;

«ЎРИМВ» АТ — бюджет тизими бюджетларининг бюджет жараёнини тўлиқ автоматлаштириш, шу жумладан, бюджет тизими бюджетлари ижроси билан боғлиқ операцияларни акс эттириш учун мўлжалланган Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт ва молия вазирлигининг (кейинги ўринларда — Иқтисодиёт ва молия вазирлиги) ахборот тизими;

ягона ғазна ҳисобварағи — Иқтисодиёт ва молия вазирлигининг Ўзбекистон Республикаси Марказий банкида очиладиган миллий ёки чет эл валютасидаги махсус банк ҳисобварағи;

ягона ғазна ҳисобварағи ликвидлиги — ягона ғазна ҳисобварағидаги даромадлар ва харажатларнинг чегараси ҳамда харажатларни қоплаш учун сақланиши лозим бўлган маблағларнинг энг кам миқдори.

2-боб. Ягона ғазна ҳисобварағи, республика бюджети ва маҳаллий бюджетлар ликвидлигини таъминлаш мақсадида бирламчи харажатларнинг энг кам миқдорини аниқлаш

3. Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ҳузуридаги Ғазначилик хизмати қўмитаси (кейинги ўринларда — Ғазначилик қўмитаси):

а) ягона ғазна ҳисобварағи ликвидлигини таъминлаш мақсадида:

ҳар ойлик таҳлил натижаларига кўра (ҳар бир шахсий ғазна ҳисобварағидан бир ой олдин амалга оширилган харажатлар таҳлили) бюджет тизими бюджетларининг тегишли шахсий ғазна ҳисобварақларида амалга оширилаётган харажатларнинг бўлиши мумкин бўлган энг кўп миқдорини аниқлайди;

ҳар ойлик таҳлил натижаларига кўра (ҳар бир шахсий ғазна ҳисобварағига бир ой олдин келиб тушган тушумлар таҳлили) бюджет тизими бюджетларига келгуси ой учун келиб тушиши кутилаётган тушумларнинг энг кам миқдорини аниқлайди;

бюджет тизими бюджетлари томонидан амалга оширилиши мумкин бўлган энг кўп харажатлар миқдори ва энг кам даромадлар тушумини таҳлил қилади ва тегишли чоралар кўради;

б) республика бюджети ва маҳаллий бюджетлар ликвидлигини таъминлаш мақсадида:

келгуси ойдаги бирламчи харажатларни молиялаштириш учун «ЎРИМВ» АТга киритилган харажатлар сметаларининг ойлик ёйилмаларида назарда тутилган кўрсаткичларни ўрганиб чиқади;

бирламчи харажатларни молиялаштириш учун «ЎРИМВ» АТга келиб тушиши кутилаётган буюртманомалар ва тўлов ҳужжатларини кўриб чиқади;

харажатлар сметаларининг ойлик ёйилмаларида назарда тутилган кўрсаткичларни ўрганиб чиққандан сўнг келиб тушиши кутилаётган буюртманомалар ва тўлов ҳужжатлари билан таққослайди;

бирламчи харажатлардан бошқа барча харажатларни (фавқулодда ҳолатларда ваколатли идоралар томонидан тасдиқланадиган табиат ҳодисалари, эпидемиялар ва касалликлар тарқалишининг олдини олиш ёки унинг оқибатларини бартараф этиш учун амалга ошириладиган харажатлар бундан мустасно) молиялаштиришни тўхтатади;

бирламчи харажатларни молиялаштириш учун «ЎРИМВ» АТга келиб тушиши кутилаётган буюртманомалар ва тўлов ҳужжатларидаги маблағ миқдори харажатлар сметаларининг ойлик ёйилмаларида режалаштирилган маблағдан кўп бўлмаган тақдирда, ушбу маблағларни сақлаб қолиш чораларини кўради.

4. «ЎРИМВ» АТ дастурига келиб тушиши кутилаётган буюртманомалар ва тўлов ҳужжатлари суммаси харажатлар сметаларининг ойлик ёйилмаларида назарда тутилган кўрсаткичлардан кўп бўлган тақдирда, тегишли харажатлар сметаларининг ойлик ёйилмаларига ўзгартириш киритиш бўйича талабномалар «ЎРИМВ» АТ орқали Иқтисодиёт ва молия вазирлигига ҳамда ҳудудий иқтисодиёт ва молия органларига электрон шаклда юборилади.

5. Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ҳамда ҳудудий иқтисодиёт ва молия органлари келиб тушган талабномаларни бир иш куни ичида белгиланган тартибда кўриб чиқиб:

камчиликлар бўлмаган тақдирда, харажатлар сметаларининг ойлик ёйилмаларига ўзгартириш киритади;

камчиликлар аниқланган тақдирда, уларнинг аниқ сабабларини кўрсатган ҳолда, харажатлар сметаларининг ойлик ёйилмаларига ўзгартириш киритишни рад этади.

3-боб. Республика бюджети ва маҳаллий бюджетларнинг ликвидлигини таъминлаш мақсадида бюджет тушумлари ва харажатларининг қисқа ва узоқ муддатли прогнозларини тузиш

6. Республика бюджети ва маҳаллий бюджетларнинг ликвидлигини таъминлаш мақсадида бюджет тушумлари ва харажатларнинг қисқа ва узоқ муддатли прогнозлари электрон шаклда:

республика бюджети бўйича — Ғазначилик қўмитаси томонидан;

маҳаллий бюджетлар бўйича — Қорақалпоғистон Республикаси Ғазначилик хизмати қўмитаси, вилоятлар, Тошкент шаҳар Ғазначилик хизмати бошқармалари томонидан тузилади.

7. Республика бюджети ва маҳаллий бюджетларнинг жорий молия йили учун даромадлар тушуми ва харажатлар прогнози интеграциялашган электрон маълумот алмашиш ёки «ЎРИМВ» АТга киритиш орқали электрон шакллантирилади ва қуйидаги маълумотлар асосида ўн кунлик ҳамда ойлик тузилади:

даромадлар ва харажатларнинг йиллик ёйилмаларида назарда тутилган кўрсаткичлар;

ундирувчи органлар томонидан қайд этиладиган даромадлар тушумини жорий молия йили учун ойма-ой тақсимлаш;

Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ҳамда ҳудудий иқтисодиёт ва молия органлари томонидан қайд этиладиган даромадлар тушумини жорий молия йили учун ойма-ой тақсимлаш;

жорий молия йили учун республика бюджети ва маҳаллий бюджетларнинг харажатлари бўйича тўловлар прогнози;

жорий молия йилидаги тушумлар прогнози;

жорий молия йилида халқаро молия институтларидан жалб қилиниши режалаштирилган маблағлар (ойма-ой) прогнози;

жорий молия йилида муомалага чиқарилиши режалаштирилган давлат қимматли қоғозлари тушумлари ёки уларнинг сўндирилиши бўйича харажатлар (ойма-ой) прогнози;

республика бюджетидан ажратилган бюджет ссудалари, депозитлар ва кредит линияларининг жорий йилда қайтарилиши режалаштирилган асосий қарзи ва фоизлар бўйича тушумлар (ойма-ой) прогнози;

жорий молия йилида ажратилиши режалаштирилган бюджет ссудалари, субсидиялар, депозитлар ва кредит линияларининг прогнози;

жорий молия йилида республика бюджетидан ажратиладиган бюджетлараро трансфертлар бўйича (ойма-ой) прогноз;

молия йили мобайнида бюджетлар параметрлари ўзгарганда, юқори ва қуйи турувчи бюджетлар ўртасида юзага келадиган бюджетлараро ўзаро ҳисоб-китоблар;

Давлат бюджети даромадлари режаси ошириб бажарилиши прогнози;

давлат активларини хусусийлаштиришдан тушадиган даромадлар прогнози.

Бунда ушбу маълумотларни тўлиқ электронлаштириш бўйича техник жараёнлар якунига қадар қоғоз шаклда юритилишига рухсат этилади.

4-боб. Ягона ғазна ҳисобварағи ҳамда республика бюджети ва маҳаллий бюджетлар ликвидлигини таъминлаш мақсадида бирламчи харажатларнинг энг кам миқдоридан фойдаланиш

8. Ушбу Низомнинг 3-банди «а» кичик бандига асосан ягона ғазна ҳисобварағи ликвидлигини таъминлаш учун энг кам маблағ миқдори аниқлангандан сўнг Ғазначилик қўмитаси ушбу маблағлардан қуйидаги тартибда фойдаланади:

а) ягона ғазна ҳисобварағи ликвидлигини таъминлаш ва уни сақлаб қолиш чораларини кўради.

Бунда ягона ғазна ҳисобварағи ликвидлиги таъминланмай, аниқланган маблағларни камайиш эҳтимоли юзага келганда, ягона ғазна ҳисобварағининг вақтинча бўш маблағлари ҳисобидан тижорат банклари депозитларига жойлаштирилган маблағларни, шунингдек, республика бюджетининг ликвидлигини таъминлаш мақсадида ажратилган ссудаларни муддатидан аввал қайтариш чоралари кўрилади;

б) ягона ғазна ҳисобварағи ликвидлигини таъминлаш учун маблағлар етарли бўлган тақдирда, ягона ғазна ҳисобварағи ликвидлигини таъминлаган ҳолда:

вақтинча бўш маблағларни тижорат банклари депозитларига жойлаштиради;

республика ва маҳаллий бюджетларнинг ликвидлигини таъминлаш мақсадида республика бюджетига вақтинча қисқа муддатли маблағлар ажратади;

юқори ликвидли қимматли қоғозларга инвестиция киритиши мумкин.

9. Чет эл валютасидаги вақтинча бўш маблағларни тижорат банклари депозитларига жойлаштириш ҳамда юқори ликвидли қимматли қоғозларга инвестиция киритишдан олинган даромадлар Ғазначилик қўмитаси ҳузуридаги Давлат қарзига хизмат кўрсатиш бўйича кафолат жамғармаси ҳамда Иқтисодиёт ва молия вазирлигининг бюджетдан ташқари жамғармасига тенг улушларда тақсимланади.

10. Ушбу Низомнинг 3-банди «б» кичик бандига асосан республика ва маҳаллий бюджетларнинг ликвидлигини таъминлаш учун энг кам маблағ миқдори аниқлангандан сўнг Ғазначилик қўмитаси ушбу маблағлардан қуйидаги тартибда фойдаланади:

бирламчи харажатлар бўйича «ЎРИМВ» АТга бюджет ташкилотлари томонидан юборилган буюртманомалар ва тўлов ҳужжатларини молиялаштиради;

Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ҳамда ҳудудий иқтисодиёт ва молия органлари томонидан «ЎРИМВ» АТга киритилган тўлов ҳужжатлари ижросини таъминлайди.

11. Республика ва маҳаллий бюджетларнинг ликвидлигини таъминлаш учун аниқланган маблағлар тўлиқ молиялаштирилгандан сўнг ёки уларни молиялаштириш учун маблағлар етарли бўлган тақдирда, бошқа харажатларни молиялаштиришга рухсат этилади.

12. Ғазначилик қўмитаси, Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар Ғазначилик хизмати бошқармалари бирламчи харажатларни қоплаш учун ягона ғазна ҳисобварағи, республика бюджети ва маҳаллий бюджетларда сақланиши лозим бўлган маблағларнинг энг кам миқдорини аниқлаш ва улардан фойдаланиш ҳуқуқига эга.

13. Ундирувчи органлар республика бюджети ва маҳаллий бюджетларнинг тегишли бюджетларида назарда тутилган солиқлар ва йиғимлар тўлиқ ундирилишини таъминлаши лозим.

14. Ғазначилик қўмитаси мазкур Низомда назарда тутилган ягона ғазна ҳисобварағи, республика бюджети ва маҳаллий бюджетларнинг даромадлари ҳамда харажатлари прогнозини тузиш ва бошқариш бўйича талабларнинг тўғри бажарилиши учун масъул ҳисобланади.

15. Ундирувчи органлар республика бюджети ва маҳаллий бюджетлар ликвидлигини таъминлаш мақсадида даромадлар тушуми ҳамда харажатларнинг қисқа ва узоқ муддатли прогнозларини тузишда Ғазначилик қўмитасига маълумотлар ўз вақтида тақдим этилишини таъминлаши шарт.

5-боб. Якунловчи қоида

16. Ушбу Низом талаблари бузилишида айбдор бўлган шахслар қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда жавоб берадилар.

Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А. АРИПОВ

Тошкент ш.,

2024 йил 25 январь,

47-сон

(Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 26.01.2024 й., 09/24/47/0071-сон)

lex.uz

Oʻzbekiston Respublikasi Vazirlar Mahkamasining

qarori

NIZOM

Budjetning birlamchi xarajatlarini qoplash uchun yagona gʻazna hisobvaragʻida saqlanishi lozim boʻlgan mablagʻlarning eng kam miqdorini aniqlash chora-tadbirlari toʻgʻrisida

Oʻzbekiston Respublikasi Prezidentining “Oʻzbekiston Respublikasining “2023-yil uchun Oʻzbekiston Respublikasining Davlat budjeti toʻgʻrisida”gi Qonuni ijrosini taʼminlash chora-tadbirlari toʻgʻrisida” 2022-yil 30-dekabrdagi PQ-471-son qaroriga muvofiq, shuningdek, respublika va mahalliy budjetlarning likvidligini taʼminlash maqsadida Vazirlar Mahkamasi qaror qiladi:

1. Oʻzbekiston Respublikasi Prezidentining 2022-yil 30-dekabrdagi PQ-471-son qarori bilan tasdiqlangan Oʻzbekiston Respublikasi Davlat budjetining barqarorligini taʼminlash va xarajatlarning samaradorligini oshirish boʻyicha “yoʻl xaritasi”ning 13-bandida budjetning birlamchi xarajatlarini qoplash uchun yagona gʻazna hisobvaragʻida saqlanishi lozim boʻlgan mablagʻlarning eng kam miqdorini aniqlash va ulardan foydalanish tartibini ishlab chiqish belgilanganligi maʼlumot uchun qabul qilinsin.

2. Quyidagilarni nazarda tutuvchi Budjetning birlamchi xarajatlarini qoplash uchun yagona gʻazna hisobvaragʻida saqlanishi lozim boʻlgan mablagʻlarning eng kam miqdorini aniqlash va ulardan foydalanish tartibi toʻgʻrisidagi nizom ilovaga muvofiq tasdiqlansin:

birlamchi xarajatlarni qoplash uchun yagona gʻazna hisobvaragʻida saqlanishi lozim boʻlgan mablagʻlarning eng kam miqdorini aniqlash;

yagona gʻazna hisobvaragʻi, Oʻzbekiston Respublikasi respublika budjeti, Qoraqalpogʻiston Respublikasi respublika budjeti va mahalliy budjetlar likvidligini taʼminlash;

birlamchi xarajatlarni qoplash uchun saqlangan mablagʻlarning eng kam miqdoridan foydalanish tartibi;

budjet tushumlari va xarajatlarining qisqa va uzoq muddatli prognozlarini tuzish.

3. Oʻzbekiston Respublikasi Iqtisodiyot va moliya vazirligi yagona gʻazna hisobvaragʻi va Davlat budjeti likvidligini taʼminlash, shu jumladan, budjetning birlamchi xarajatlarini qoplash uchun yagona gʻazna hisobvaragʻida saqlanishi lozim boʻlgan mablagʻlarning eng kam miqdorini aniqlash va ulardan samarali foydalanish choralarini koʻrib borsin.

4. Mazkur qarorning bajarilishini nazorat qilish Oʻzbekiston Respublikasi Bosh vazirining oʻrinbosari — iqtisodiyot va moliya vaziri J.A.Qoʻchqorov zimmasiga yuklansin.

Vazirlar Mahkamasining 2024-yil 25-yanvardagi 47-son qaroriga ILOVA

Budjetning birlamchi xarajatlarini qoplash uchun yagona gʻazna hisobvaragʻida saqlanishi lozim boʻlgan mablagʻlarning eng kam miqdorini aniqlash va ulardan foydalanish tartibi toʻgʻrisida

1-bob. Umumiy qoidalar

1. Mazkur Nizom budjetning birlamchi xarajatlarini qoplash uchun yagona gʻazna hisobvaragʻida saqlanishi lozim boʻlgan mablagʻlarning eng kam miqdorini aniqlash va ulardan foydalanish tartibini belgilaydi.

2. Ushbu Nizomda quyidagi asosiy tushunchalardan foydalaniladi:

birlamchi xarajatlar — ish haqi va unga tenglashtirilgan toʻlovlar (ish haqi boʻyicha boʻnak toʻlovlaridan tashqari), ijtimoiy soliq, oziq-ovqat, dori-darmon, kommunal toʻlovlar va yoqilgʻi-moylash mahsulotlari boʻyicha xarajatlar;

mahalliy budjetlar — Qoraqalpogʻiston Respublikasi respublika budjeti, viloyatlarning viloyat budjetlari, Toshkent shahrining shahar budjeti hamda tumanlar va shaharlar budjetlari;

hududiy iqtisodiyot va moliya organlari — Qoraqalpogʻiston Respublikasi Iqtisodiyot va moliya vazirligi, viloyatlar va Toshkent shahar hokimliklarining iqtisodiyot va moliya boshqarmalari, tumanlar va shaharlar hokimliklarining iqtisodiyot va moliya boʻlimlari;

respublika budjeti — Oʻzbekiston Respublikasining respublika budjeti;

respublika budjeti va mahalliy budjetlarning likvidligi — Oʻzbekiston Respublikasi respublika budjeti va mahalliy budjetlarda birlamchi xarajatlarni qoplash uchun saqlanishi lozim boʻlgan mablagʻlarning eng kam miqdori;

undiruvchi organlar — bojxona boji, soliqlar, yigʻimlar, maʼmuriy jarimalar va moliyaviy sanksiyalarni undiradigan organlar;

“OʻRIMV” AT — budjet tizimi budjetlarining budjet jarayonini toʻliq avtomatlashtirish, shu jumladan, budjet tizimi budjetlari ijrosi bilan bogʻliq operatsiyalarni aks ettirish uchun moʻljallangan Oʻzbekiston Respublikasi Iqtisodiyot va moliya vazirligining (keyingi oʻrinlarda — Iqtisodiyot va moliya vazirligi) axborot tizimi;

yagona gʻazna hisobvaragʻi — Iqtisodiyot va moliya vazirligining Oʻzbekiston Respublikasi Markaziy bankida ochiladigan milliy yoki chet el valyutasidagi maxsus bank hisobvaragʻi;

yagona gʻazna hisobvaragʻi likvidligi — yagona gʻazna hisobvaragʻidagi daromadlar va xarajatlarning chegarasi hamda xarajatlarni qoplash uchun saqlanishi lozim boʻlgan mablagʻlarning eng kam miqdori.

2-bob. Yagona gʻazna hisobvaragʻi, respublika budjeti va mahalliy budjetlar likvidligini taʼminlash maqsadida birlamchi xarajatlarning eng kam miqdorini aniqlash

3. Iqtisodiyot va moliya vazirligi huzuridagi Gʻaznachilik xizmati qoʻmitasi (keyingi oʻrinlarda — Gʻaznachilik qoʻmitasi):

a) yagona gʻazna hisobvaragʻi likvidligini taʼminlash maqsadida:

har oylik tahlil natijalariga koʻra (har bir shaxsiy gʻazna hisobvaragʻidan bir oy oldin amalga oshirilgan xarajatlar tahlili) budjet tizimi budjetlarining tegishli shaxsiy gʻazna hisobvaraqlarida amalga oshirilayotgan xarajatlarning boʻlishi mumkin boʻlgan eng koʻp miqdorini aniqlaydi;

har oylik tahlil natijalariga koʻra (har bir shaxsiy gʻazna hisobvaragʻiga bir oy oldin kelib tushgan tushumlar tahlili) budjet tizimi budjetlariga kelgusi oy uchun kelib tushishi kutilayotgan tushumlarning eng kam miqdorini aniqlaydi;

budjet tizimi budjetlari tomonidan amalga oshirilishi mumkin boʻlgan eng koʻp xarajatlar miqdori va eng kam daromadlar tushumini tahlil qiladi va tegishli choralar koʻradi;

b) respublika budjeti va mahalliy budjetlar likvidligini taʼminlash maqsadida:

kelgusi oydagi birlamchi xarajatlarni moliyalashtirish uchun “OʻRIMV” ATga kiritilgan xarajatlar smetalarining oylik yoyilmalarida nazarda tutilgan koʻrsatkichlarni oʻrganib chiqadi;

birlamchi xarajatlarni moliyalashtirish uchun “OʻRIMV” ATga kelib tushishi kutilayotgan buyurtmanomalar va toʻlov hujjatlarini koʻrib chiqadi;

xarajatlar smetalarining oylik yoyilmalarida nazarda tutilgan koʻrsatkichlarni oʻrganib chiqqandan soʻng kelib tushishi kutilayotgan buyurtmanomalar va toʻlov hujjatlari bilan taqqoslaydi;

birlamchi xarajatlardan boshqa barcha xarajatlarni (favqulodda holatlarda vakolatli idoralar tomonidan tasdiqlanadigan tabiat hodisalari, epidemiyalar va kasalliklar tarqalishining oldini olish yoki uning oqibatlarini bartaraf etish uchun amalga oshiriladigan xarajatlar bundan mustasno) moliyalashtirishni toʻxtatadi;

birlamchi xarajatlarni moliyalashtirish uchun “OʻRIMV” ATga kelib tushishi kutilayotgan buyurtmanomalar va toʻlov hujjatlaridagi mablagʻ miqdori xarajatlar smetalarining oylik yoyilmalarida rejalashtirilgan mablagʻdan koʻp boʻlmagan taqdirda, ushbu mablagʻlarni saqlab qolish choralarini koʻradi.

4. “OʻRIMV” AT dasturiga kelib tushishi kutilayotgan buyurtmanomalar va toʻlov hujjatlari summasi xarajatlar smetalarining oylik yoyilmalarida nazarda tutilgan koʻrsatkichlardan koʻp boʻlgan taqdirda, tegishli xarajatlar smetalarining oylik yoyilmalariga oʻzgartirish kiritish boʻyicha talabnomalar “OʻRIMV” AT orqali Iqtisodiyot va moliya vazirligiga hamda hududiy iqtisodiyot va moliya organlariga elektron shaklda yuboriladi.

5. Iqtisodiyot va moliya vazirligi hamda hududiy iqtisodiyot va moliya organlari kelib tushgan talabnomalarni bir ish kuni ichida belgilangan tartibda koʻrib chiqib:

kamchiliklar boʻlmagan taqdirda, xarajatlar smetalarining oylik yoyilmalariga oʻzgartirish kiritadi;

kamchiliklar aniqlangan taqdirda, ularning aniq sabablarini koʻrsatgan holda, xarajatlar smetalarining oylik yoyilmalariga oʻzgartirish kiritishni rad etadi.

3-bob. Respublika budjeti va mahalliy budjetlarning likvidligini taʼminlash maqsadida budjet tushumlari va xarajatlarining qisqa va uzoq muddatli prognozlarini tuzish

6. Respublika budjeti va mahalliy budjetlarning likvidligini taʼminlash maqsadida budjet tushumlari va xarajatlarning qisqa va uzoq muddatli prognozlari elektron shaklda:

respublika budjeti boʻyicha — Gʻaznachilik qoʻmitasi tomonidan;

mahalliy budjetlar boʻyicha — Qoraqalpogʻiston Respublikasi Gʻaznachilik xizmati qoʻmitasi, viloyatlar, Toshkent shahar Gʻaznachilik xizmati boshqarmalari tomonidan tuziladi.

7. Respublika budjeti va mahalliy budjetlarning joriy moliya yili uchun daromadlar tushumi va xarajatlar prognozi integratsiyalashgan elektron maʼlumot almashish yoki “OʻRIMV” ATga kiritish orqali elektron shakllantiriladi va quyidagi maʼlumotlar asosida oʻn kunlik hamda oylik tuziladi:

daromadlar va xarajatlarning yillik yoyilmalarida nazarda tutilgan koʻrsatkichlar;

undiruvchi organlar tomonidan qayd etiladigan daromadlar tushumini joriy moliya yili uchun oyma-oy taqsimlash;

Iqtisodiyot va moliya vazirligi hamda hududiy iqtisodiyot va moliya organlari tomonidan qayd etiladigan daromadlar tushumini joriy moliya yili uchun oyma-oy taqsimlash;

joriy moliya yili uchun respublika budjeti va mahalliy budjetlarning xarajatlari boʻyicha toʻlovlar prognozi;

joriy moliya yilidagi tushumlar prognozi;

joriy moliya yilida xalqaro moliya institutlaridan jalb qilinishi rejalashtirilgan mablagʻlar (oyma-oy) prognozi;

joriy moliya yilida muomalaga chiqarilishi rejalashtirilgan davlat qimmatli qogʻozlari tushumlari yoki ularning soʻndirilishi boʻyicha xarajatlar (oyma-oy) prognozi;

respublika budjetidan ajratilgan budjet ssudalari, depozitlar va kredit liniyalarining joriy yilda qaytarilishi rejalashtirilgan asosiy qarzi va foizlar boʻyicha tushumlar (oyma-oy) prognozi;

joriy moliya yilida ajratilishi rejalashtirilgan budjet ssudalari, subsidiyalar, depozitlar va kredit liniyalarining prognozi;

joriy moliya yilida respublika budjetidan ajratiladigan budjetlararo transfertlar boʻyicha (oyma-oy) prognoz;

moliya yili mobaynida budjetlar parametrlari oʻzgarganda, yuqori va quyi turuvchi budjetlar oʻrtasida yuzaga keladigan budjetlararo oʻzaro hisob-kitoblar;

Davlat budjeti daromadlari rejasi oshirib bajarilishi prognozi;

davlat aktivlarini xususiylashtirishdan tushadigan daromadlar prognozi.

Bunda ushbu maʼlumotlarni toʻliq elektronlashtirish boʻyicha texnik jarayonlar yakuniga qadar qogʻoz shaklda yuritilishiga ruxsat etiladi.

4-bob. Yagona gʻazna hisobvaragʻi hamda respublika budjeti va mahalliy budjetlar likvidligini taʼminlash maqsadida birlamchi xarajatlarning eng kam miqdoridan foydalanish

8. Ushbu Nizomning 3-bandi “a” kichik bandiga asosan yagona gʻazna hisobvaragʻi likvidligini taʼminlash uchun eng kam mablagʻ miqdori aniqlangandan soʻng Gʻaznachilik qoʻmitasi ushbu mablagʻlardan quyidagi tartibda foydalanadi:

a) yagona gʻazna hisobvaragʻi likvidligini taʼminlash va uni saqlab qolish choralarini koʻradi.

Bunda yagona gʻazna hisobvaragʻi likvidligi taʼminlanmay, aniqlangan mablagʻlarni kamayish ehtimoli yuzaga kelganda, yagona gʻazna hisobvaragʻining vaqtincha boʻsh mablagʻlari hisobidan tijorat banklari depozitlariga joylashtirilgan mablagʻlarni, shuningdek, respublika budjetining likvidligini taʼminlash maqsadida ajratilgan ssudalarni muddatidan avval qaytarish choralari koʻriladi;

b) yagona gʻazna hisobvaragʻi likvidligini taʼminlash uchun mablagʻlar yetarli boʻlgan taqdirda, yagona gʻazna hisobvaragʻi likvidligini taʼminlagan holda:

vaqtincha boʻsh mablagʻlarni tijorat banklari depozitlariga joylashtiradi;

respublika va mahalliy budjetlarning likvidligini taʼminlash maqsadida respublika budjetiga vaqtincha qisqa muddatli mablagʻlar ajratadi;

yuqori likvidli qimmatli qogʻozlarga investitsiya kiritishi mumkin.

9. Chet el valyutasidagi vaqtincha boʻsh mablagʻlarni tijorat banklari depozitlariga joylashtirish hamda yuqori likvidli qimmatli qogʻozlarga investitsiya kiritishdan olingan daromadlar Gʻaznachilik qoʻmitasi huzuridagi Davlat qarziga xizmat koʻrsatish boʻyicha kafolat jamgʻarmasi hamda Iqtisodiyot va moliya vazirligining budjetdan tashqari jamgʻarmasiga teng ulushlarda taqsimlanadi.

10. Ushbu Nizomning 3-bandi “b” kichik bandiga asosan respublika va mahalliy budjetlarning likvidligini taʼminlash uchun eng kam mablagʻ miqdori aniqlangandan soʻng Gʻaznachilik qoʻmitasi ushbu mablagʻlardan quyidagi tartibda foydalanadi:

birlamchi xarajatlar boʻyicha “OʻRIMV” ATga budjet tashkilotlari tomonidan yuborilgan buyurtmanomalar va toʻlov hujjatlarini moliyalashtiradi;

Iqtisodiyot va moliya vazirligi hamda hududiy iqtisodiyot va moliya organlari tomonidan “OʻRIMV” ATga kiritilgan toʻlov hujjatlari ijrosini taʼminlaydi.

11. Respublika va mahalliy budjetlarning likvidligini taʼminlash uchun aniqlangan mablagʻlar toʻliq moliyalashtirilgandan soʻng yoki ularni moliyalashtirish uchun mablagʻlar yetarli boʻlgan taqdirda, boshqa xarajatlarni moliyalashtirishga ruxsat etiladi.

12. Gʻaznachilik qoʻmitasi, Qoraqalpogʻiston Respublikasi, viloyatlar va Toshkent shahar Gʻaznachilik xizmati boshqarmalari birlamchi xarajatlarni qoplash uchun yagona gʻazna hisobvaragʻi, respublika budjeti va mahalliy budjetlarda saqlanishi lozim boʻlgan mablagʻlarning eng kam miqdorini aniqlash va ulardan foydalanish huquqiga ega.

13. Undiruvchi organlar respublika budjeti va mahalliy budjetlarning tegishli budjetlarida nazarda tutilgan soliqlar va yigʻimlar toʻliq undirilishini taʼminlashi lozim.

14. Gʻaznachilik qoʻmitasi mazkur Nizomda nazarda tutilgan yagona gʻazna hisobvaragʻi, respublika budjeti va mahalliy budjetlarning daromadlari hamda xarajatlari prognozini tuzish va boshqarish boʻyicha talablarning toʻgʻri bajarilishi uchun masʼul hisoblanadi.

15. Undiruvchi organlar respublika budjeti va mahalliy budjetlar likvidligini taʼminlash maqsadida daromadlar tushumi hamda xarajatlarning qisqa va uzoq muddatli prognozlarini tuzishda Gʻaznachilik qoʻmitasiga maʼlumotlar oʻz vaqtida taqdim etilishini taʼminlashi shart.

5-bob. Yakunlovchi qoida

16. Ushbu Nizom talablari buzilishida aybdor boʻlgan shaxslar qonunchilik hujjatlarida belgilangan tartibda javob beradilar.

Oʻzbekiston Respublikasining Bosh vaziri A. ARIPOV

Toshkent sh.,

2024-yil 25-yanvar,

47-son

(Qonunchilik maʼlumotlari milliy bazasi, 26.01.2024-y., 09/24/47/0071-son)

lex.uz