UzbekAI

← Qonunlar

📅 2024-yil 30-yanvar · Vazirlar Mahkamasi qarorlari

Rasmiy matn. Rasmiy hujjat. Tahririy izohlar kiritilmagan.

Yordam | Arxiv | Atamalar | Statistika | API | Havola yuborish | Sayt haqida | Shartlar

← Қонунлар

📅 2024 йил 30 январь · Вазирлар Маҳкамаси қарорлари

Расмий матн. Расмий ҳужжат. Таҳририй изоҳлар киритилмаган.

Ёрдам | Архив | Атамалар | Статистика | API | Ҳавола юбориш | Сайт ҳақида | Шартлар

← Законы

📅 30 января 2024 г. · Постановления Кабинета Министров

Официальный текст. Официальный документ. Редакционные примечания не включены.

Помощь | Архив | Термины | Статистика | API | Предложить ссылку | О сайте | Условия

← Laws

📅 30 January 2024 · Cabinet of Ministers resolutions

Official text. Official document. Editorial notes are not included.

Help | Archive | Glossary | Stats | API | Submit | About | Terms

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг

қарори

НИЗОМ

ШКАЛАСИ

КЎРСАТКИЧЛАРИ

Тадбиркорлик субъектларининг барқарорлик рейтингини аниқлаш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида

Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Тадбиркорлик субъектларининг барқарорлик рейтингини жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида» 2024 йил 23 январдаги ПҚ-39-сон қарори ижросини таъминлаш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:

1. Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Тадбиркорлик субъектларининг барқарорлик рейтингини жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида» 2024 йил 23 январдаги ПҚ-39-сон қарорига мувофиқ:

қонунчилик талабларига риоя этган ҳолда фаолият юритаётган тадбиркорлик субъектларини аниқлаш ва рағбатлантиришни назарда тутувчи тадбиркорлик субъектларининг барқарорлик рейтинги (кейинги ўринларда — рейтинг) жорий этилганлиги;

рейтинг Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Солиқ қўмитасининг «Тадбиркорларнинг барқарорлик рейтинги» электрон платформасида идоралараро ахборот алмашинуви воситасида автоматик тарзда (онлайн) шакллантирилиши ва Савдо-саноат палатасининг расмий веб-сайтида эълон қилиб борилиши белгиланганлиги;

Вазирлар Маҳкамасига рейтингни юритиш тартибини тасдиқлаш топширилганлиги маълумот учун қабул қилинсин.

2. Рейтингни шакллантириш, тадбиркорлик субъектларининг фаолиятини баҳолаш мезонлари, даврийлиги ва методикаси ҳамда рейтингни эълон қилиш тартибини назарда тутувчи Тадбиркорлик субъектларининг барқарорлик рейтингини аниқлаш тартиби тўғрисидаги низом иловага мувофиқ тасдиқлансин.

3. Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги, Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазирлиги, Рақамли технологиялар вазирлиги, Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлиги, Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги, Касбий таълим агентлиги, олий таълим ташкилотлари, Оила ва хотин-қизлар қўмитаси, Ёшлар ишлари агентлиги, Энергетика вазирлиги ҳамда бошқа вазирлик ва идоралар Солиқ қўмитаси билан биргаликда «Шаффоф қурилиш», «Аёллар дафтари», «Ёшлар дафтари», шунингдек, бошқа зарурий ахборот тизимларининг «Тадбиркорларнинг барқарорлик рейтинги» электрон платформаси билан интеграция қилинишини таъминласин.

3 1 . Ўзбекистон Республикаси Савдо-саноат палатаси ва Солиқ қўмитаси Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш бўйича жамоатчилик кенгаши билан келишган ҳолда 2025 йил 15 декабрга қадар давлат харидлари, рақобат, лицензиялаш, рухсат бериш ва хабардор қилиш тартиб-таомиллари талабларини бузганлик учун барқарорлик рейтингига тегишли мезонлар киритиш масаласида Вазирлар Маҳкамасига таклифлар киритсин.

4. Ўзбекистон Республикаси Савдо-саноат палатаси, Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ҳамда Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Солиқ қўмитаси:

Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги ва Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси билан биргаликда бир ой муддатда жорий этилаётган рейтингнинг мазмун-моҳиятини тадбиркорлик субъектлари ўртасида тарғиб қилиш ҳамда жамоатчиликда ижобий фикрни шакллантириш мақсадида оммавий ахборот воситалари ва ижтимоий тармоқларда кенг тарғибот-ташвиқот ишларини амалга оширсин;

манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда ўзлари қабул қилган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни икки ой муддатда ушбу қарорга мувофиқлаштирсин.

5. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари — иқтисодиёт ва молия вазири Ж.А. Қўчқоров зиммасига юклансин.

Вазирлар Маҳкамасининг 2024 йил 30 январдаги 55-сон қарорига ИЛОВА

Тадбиркорлик субъектларининг барқарорлик рейтингини аниқлаш тартиби тўғрисида

1-боб. Умумий қоидалар

1. Ушбу Низом тадбиркорлик субъектларининг барқарорлик рейтингини аниқлаш ва юритиш тартибини белгилайди.

2. Ушбу Низом фақат юридик шахсларга нисбатан татбиқ этилади.

3. Тадбиркорлик субъектларининг барқарорлик рейтинги (кейинги ўринларда — рейтинг) Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Солиқ қўмитасининг (кейинги ўринларда — Солиқ қўмитаси) «Тадбиркорларнинг барқарорлик рейтинги» электрон платформасида идоралараро ахборот алмашинуви воситасида автоматик тарзда (онлайн) шакллантирилади ва Савдо-саноат палатасининг расмий веб-сайтида эълон қилиб борилади.

Рейтинг техник жиҳатдан Солиқ қўмитаси томонидан таъминланади.

4. Тадбиркорлик субъектларининг барқарорлик рейтинги баҳолаш кўрсаткичлари бўйича умумий балл охирги 30 календарь кунда амалда бўлган кўрсаткичлар сони ва уларга берилган баллар йиғиндисининг ўртачасидан келиб чиқиб белгиланади.

5. Рейтинг шкаласи ушбу Низомга 1-иловага мувофиқ белгиланади.

6. Рейтингга оид тадбиркорлик субъекти фаолиятини баҳолаш кўрсаткичлари ва унга берилган баллар тўғрисидаги маълумотлар солиқ тўловчининг шахсий кабинетида реал вақт режимида акс эттирилади.

Тадбиркорлик субъектининг рейтинг кўрсаткичлари ўзгарганда, солиқ тўловчининг шахсий кабинетидаги маълумотлар янгиланади.

7. Рейтинг маълумотлари бўйича тадбиркорлик субъектининг эътирозлари мавжуд бўлганда, ўз шахсий кабинети орқали Солиқ қўмитасига мурожаат қилади.

8. Тадбиркорлик субъекти томонидан рейтинг кўрсаткичи юзасидан билдирилган эътирозлар Солиқ қўмитаси томонидан беш иш куни давомида кўриб чиқилади. Бунда:

эътирозлар асосли деб топилганда, маълумотлар базасига тегишли тузатишлар киритилган ҳолда қайта шакллантирилган рейтинг янгиланади;

эътирозлар асоссиз деб топилганда, рейтинг кўрсаткичлари ўзгаришсиз қолдирилиб, бу ҳақда тегишли тушунтириш солиқ тўловчининг шахсий кабинетига юборилади.

9. Ўзбекистон Республикаси Савдо-саноат (кейинги ўринларда — Савдо-саноат палатаси) палатаси рейтинг маълумотларини ҳамда келиб тушаётган мурожаатларга тезкор жавоб берилишини мониторинг қилиб боради ва маълумотларнинг очиқлигини таъминлайди.

2-боб. Тадбиркорлик субъекти фаолиятини баҳолаш мезонлари

10. Тадбиркорлик субъектининг фаолияти қуйидаги кўрсаткичлар асосида ушбу Низомга 2-иловага мувофиқ даврийликда баҳоланади:

а) умумий кўрсаткичлар:

тадбиркорлик фаолиятини амалга ошириш давомийлиги;

меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдоридан ортиқ иш ҳақи тўланаётган ходимлар сонининг кўпайиши;

ер участкалари ва (ёки) кўчмас мулк объектлари мавжудлиги;

бир нафар ходимга тўғри келадиган иш ҳақи жамғармаси;

солиқ ҳисоботларининг белгиланган муддатларда тақдим этилиши;

ҳисобланган солиқларнинг белгиланган муддатларда тўланиши;

қўшилган қиймат солиғи (кейинги ўринларда — ҚҚС) (айланмадан олинадиган солиқ (кейинги ўринларда — АОС) бўйича ҳисобланган солиқ суммасининг тегишли соҳага оид ўртача кўрсаткичга нисбати;

электрон ҳисобварақ-фактураларни қонунчиликда белгиланган муддатларда расмийлаштириш ҳолати;

электрон ҳисобварақ-фактуралар орқали харид қилинган товарлар реализацияси;

солиқ органлари текширувидан олдинги таҳлил натижасида аниқлаган камчиликларнинг бартараф этилиш ҳолати;

б) балларни камайтирувчи кўрсаткичлар:

жойлашган жой (почта манзили) ўзгариши;

тадбиркорлик субъекти раҳбарининг қўнимсизлиги;

тадбиркорлик субъекти таъсисчиси ёки раҳбарининг ишончсизлиги;

тақдим этилган солиқ ҳисоботларига тузатишлар солиқ тўловчининг ўзи томонидан мустақил киритилиши;

ҚҚС тўловчисининг махсус гувоҳномаси ҳолати;

солиқ қарзини мол-мулк ҳисобидан ундириш;

солиққа оид ҳуқуқбузарликлар учун маъмурий ёки жиноий жавобгарлик чораларининг қўллангани;

интеллектуал мулкка оид ҳуқуқбузарликлар учун суд томонидан жарима, маъмурий ёхуд жиноий жавобгарлик чораларининг қўлланилганлиги;

маҳсулотларнинг (товарларнинг, хизматларнинг) идентификация кодларидан нотўғри фойдаланилгани;

тадбиркорлик субъектларининг кредиторлик қарздорлиги мавжудлиги;

в) қўшимча балл берувчи кўрсаткичлар:

ижтимоий ҳимояга муҳтож шахслар бандлигини таъминлаш;

EBITDA бўйича рентабеллик даражаси;

фойда солиғи бўйича ҳисобланган солиқ суммасининг тегишли соҳага оид ўртача кўрсаткичга нисбати;

рақамли маркировкалаш қоидаларига риоя этилиши;

дала четидан самарали фойдаланиш;

экологик маркировкалаш сертификатининг мавжудлиги.

«яшил» энергиядан фойдаланиш самарадорлиги;

илмий тадқиқот натижасида яратилган янги ишланмаларни ишлаб чиқариш жараёнларига татбиқ этган тадбиркорлик субъектлари;

олий таълим ташкилотлари битирувчиларининг, шунингдек, техникумларда дуал таълим шаклида таълим олаётган ўқувчиларнинг ва битирувчиларнинг бандлигини таъминлаш;

товар белгилари, хизмат кўрсатиш белгиларига эга бўлиш.

11. Айланмадан олинадиган солиқни тўловчиларни баҳолашда «АА» рейтинг шкаласидан юқори бўлмаслиги лозим.

3-боб. Рейтингни баҳолаш методикаси

1-§. Умумий кўрсаткичлар

12. Тадбиркорлик фаолиятини амалга ошириш давомийлиги тадбиркорлик субъектини давлат рўйхатидан ўтказилган санадан бошлаб фаолият юритиш давридан келиб чиқиб, қуйидагича баҳоланади (бунда тадбиркорлик субъектининг ҳаракатсиз ҳолатга ўтказилган ҳамда товарларни (хизматларни) реализацияси ва харид қилмаган давр ҳисобга олинмайди):

фаолият кўрсатган ҳар бир йил учун — 2 баллдан, бироқ 10 баллгача;

5 йил ва ундан ортиқ фаолият кўрсатганда — 10 балл берилади.

Бунда календарь йилда камида 3 ой товарлар (хизматлар) реализация ва харид қилганда фаолият кўрсатган давр бир календарь йилига тенг бўлади.

13. Меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдоридан ортиқ иш ҳақи тўланаётган ходимлар сонининг ортиши кўрсаткичини баҳолашда:

а) охирги ўн икки ойда ундан олдинги ўн икки ой давомидаги ҳисобот даврига нисбатан меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдоридан ортиқ иш ҳақи олган ходимлар сонининг йиллик ўртача сони:

50 фоиз ва ундан юқори бўлса — 10 балл;

40 — 50 фоизгача бўлса — 8 балл;

30 — 40 фоизгача бўлса — 6 балл;

20 — 30 фоизгача бўлса — 4 балл;

10 — 20 фоизгача бўлса — 2 балл;

1 — 10 фоизгача бўлса — 1 балл;

100 нафар ва ундан юқори бўлса — 10 балл;

70 — 100 нафаргача бўлса — 7 балл;

50 — 70 нафаргача бўлса — 5 балл;

30 — 50 нафаргача бўлса — 3 балл;

10 — 30 нафаргача бўлса — 2 балл;

1 — 10 нафаргача бўлса — 1 балл;

б) ходимлар сони ўн икки ой олдинги ҳисобот даврига нисбатан 10 фоиздан ортиқ камаймаган ҳолда, меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдоридан ортиқ иш ҳақи тўланаётган:

ҳар 100 нафар ходим сони учун — 1 баллдан;

1 000 нафар ва ундан ортиқ ходим сони учун — 10 балл ҳисобланади.

Бунда мазкур банднинг «а» ва «б» кичик бандлари бўйича ҳисобланган энг юқори балл берилади.

Янги ташкил этилган тадбиркорлик субъектлари учун ушбу кўрсаткич фаолият даврининг иккинчи ойидан бошлаб ўтган ойга нисбатан солиштирилади.

14. Ер участкалари ва (ёки) кўчмас мулк объектлари мавжудлиги тадбиркорлик субъекти фойдаланаётган ер участкалари (шу жумладан, қишлоқ хўжалиги учун узоқ муддатли ижарага ажратилган) ва (ёки) мулк ҳуқуқи ёки ижара ҳуқуқи асосида (ҚҚС тўловчилар учун 18 кв. метрдан кам бўлмаган) нотурар жой кўчмас мулк объектлари мавжудлиги (ижара шартномалари ҳисобга қўйилганлиги) қуйидагича баҳоланади:

мулк ҳуқуқи асосида, шунингдек, қишлоқ хўжалиги учун узоқ муддатли ижарага ажратилган ва (ёки) устав капиталидаги таъсис улуши 50 фоиз ва ундан юқори бўлган юридик шахснинг 1 000 кв. метрдан кам бўлмаган ер участкалари ва (ёки) кўчмас мулк ижарага олинган бўлса — 10 балл (бунда оилавий корхона иштирокчиларининг улушли ёки биргаликдаги мулкида бўлган умумий мол-мулки ҳамда адвокатлик бюроларини таъсис этган адвокатга мулк ёки ижара ҳуқуқи асосида тегишли бўлган турар жойлар ҳам ҳисобга олинади);

ижара шартномаси бўйича фойдаланилаётганда — 7 балл берилади.

Агар ер участкалари ва (ёки) кўчмас мулк объектлари мавжуд бўлмаганда, шунингдек, тадбиркорлик субъектининг у кўрсатган манзилда фаолият олиб бормаётгани аниқланса — 5 балл чегирилади.

Ушбу банднинг биринчи хатбошисида кўчмас мулк объектларининг майдони 18 кв. метрдан кам бўлмаслиги бўйича кўрсатилган талаблар Дастурий маҳсулотлар ва ахборот технологиялари технологик парки дирекцияси билан виртуал офис шартномасини тузган ушбу парк резидентларига ҳамда айланмадан солиқ тўловчиларга нисбатан татбиқ қилинмайди.

15. Бир нафар ходимга тўғри келадиган иш ҳақи жамғармасини баҳолашда тадбиркорлик субъекти томонидан бир нафар ходимга ҳисобланган иш ҳақи суммаси миқдори меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдоридан келиб чиқиб:

Тошкент шаҳар учун — 3 баробардан 4 баробаргача — 5 балл;

4 баробардан юқори бўлса — 10 балл.

Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятлар учун — 2 баробардан 3 баробаргача — 5 балл;

3 баробардан юқори бўлса — 10 балл берилади.

Мазкур банд бўйича ўртача бир нафар ходимга ҳисобланган иш ҳақи суммаси меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдоридан кам бўлса — 5 балл чегирилади ҳамда ўтган ойга нисбатан ишчи ходимлар сони 10 фоиздан ортиқ камайган ҳолларда балл берилмайди.

Бунда меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдоридан келиб чиқиб, қўлланувчи коэффицентлар Савдо-саноат палатаси ва Солиқ қўмитаси томонидан ишлаб чиқилган таклифлар Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш бўйича Жамоатчилик кенгаши билан келишилган тартибда иқтисодиёт соҳалари бўйича камайтирилиши ёки оширилиши мумкин.

16. Солиқ ҳисоботларининг белгиланган муддатларда тақдим этилиши солиқ турлари бўйича солиқ ҳисоботлари белгиланган муддатларда тақдим этилганлигидан келиб чиқиб, қуйидагича баҳоланади:

солиқ турлари бўйича ҳисоботлар белгиланган муддатларда тақдим этилганда — 10 балл берилади;

ҳисобот кечиктириб тақдим этилганда — балл берилмайди.

ҳисобот тақдим этилмаганда — 5 балл чегирилади.

Мазкур кўрсаткични баҳолашда календарь ойда ҳисобот топшириш муддати келган барча солиқ турлари ҳисобга олинади.

17. Ҳисобланган солиқларнинг белгиланган муддатларда тўланиш кўрсаткичи ҳисобланган солиқ суммаларининг белгиланган муддатда тўланганидан келиб чиқиб, қуйидагича баҳоланади:

белгиланган муддатда тўланганда — 10 балл берилади;

кечиктириб тўланганда — балл берилмайди;

базавий ҳисоблаш миқдорининг 0,1 бараваридан ортиқ солиқ қарзи солиқ органининг инкассо топшириқномаси орқали ундирилган ёки тўланмаган бўлса — 5 балл чегирилади.

Бунда ҳар ойда тўлов муддати келган ҳисобланган солиқ суммаси инобатга олинади.

18. ҚҚС (АОС) бўйича ҳисобланган солиқ суммасининг тегишли соҳага оид ўртача кўрсаткичга нисбатини баҳолашда тадбиркорлик субъекти томонидан бир ой давомида ҳисобланган ҚҚС (АОС) суммаси ҳар бир туман (шаҳар) миқёсида у фаолият юритаётган соҳа бўйича ўртача ҳисобланган ва тўланган ҚҚС (АОС) суммасидан 1,1 баравар юқори бўлса ёки экспорт қилишдан олинган даромадлар жами даромаднинг камида 50 фоизини ташкил этса — 10 балл берилади.

Бунда:

ҚҚС тўловчилари учун бир ойлик тўлов суммаси базавий ҳисоблаш миқдорининг 10 бараваридан кам бўлмаслиги;

АОС тўловчилари учун бир ойлик тўлов суммаси базавий ҳисоблаш миқдоридан кам бўлмаслиги;

экспорт қилишдан даромад олган тадбиркорлик субъекти охирги бир йил давомида валюта тушумларини ўз вақтида таъминлаб келаётган бўлиши ва экспорт шартномалари бўйича муддати ўтган дебитор қарздорлиги бўлмаслиги лозим.

Қишлоқ хўжалиги корхоналари ва фермер хўжаликлари томонидан ер участкаларининг жами норматив қийматидан ортиқ маҳсулот реализация қилинганда — 10 балл берилади.

19. Электрон ҳисобварақ-фактураларни қонунчиликда белгиланган муддатларда расмийлаштириш ҳолатини баҳолашда ҳисобот даврида товарлар жўнатилган (топширилган) ёки хизматлар кўрсатилган, ишлар бажарилган календарь санада расмийлаштирилган электрон ҳисобварақ-фактуралар, жумладан, экспортни тасдиқловчи ҳужжатлар, онлайн назорат касса техникалари чеклари, электрон тижорат тўлов чеклари суммасининг жами электрон ҳисобварақ-фактуралар, экспортни тасдиқловчи ҳужжатлар, онлайн назорат касса техникалари чеклари, электрон тижорат чеклари бўйича товар айланмасидаги улуши (фоизи):

100 фоиз бўлса — 10 балл;

75 — 99 фоизгача бўлса — 7 балл;

50 — 75 фоизгача бўлса — 5 балл;

25 — 50 фоизгача бўлса — 2 балл;

25 фоизгача бўлса — 1 балл берилади;

расмийлаштирилмаган ҳолларда балл берилмайди.

«Солиқ ҳамкор» тизими орқали солиққа оид ҳуқуқбузарлик факти бўйича мурожаат келиб тушган тақдирда балл берилмайди.

Нақд ва терминал орқали амалга оширилган савдо тушуми билан онлайн назорат касса машинасига кирим қилинган савдо тушумида тафовут аниқланганда шу ой учун — 5 балл чегирилади.

20. Электрон ҳисобварақ-фактуралар орқали харид қилинган товарлар (хизматлар) реализациясини баҳолашда электрон ҳисобварақ-фактуралар орқали календарь йил давомида харид қилинган (шу жумладан, импорт қилинган) товарлар (хизматлар) ёки хомашёга мутаносиб равишда амалга оширилган товарлар (хизматлар) реализацияси (жумладан, экспорт қилинган товарлар суммаси):

70 фоиздан кўп бўлганда — 10 балл.

50 фоиздан 70 фоизгача бўлганда — 5 балл берилади.

Бунда йил давомида 70 фоиздан ортиқ харид қилинган товарлар (хизматлар) ёки хомашё қолдиқда қолганда — 5 балл чегирилади.

Мазкур кўрсаткични ҳисоблашда 1 январь (янги ташкил этилган тадбиркорлик субъектлари учун — рўйхатдан ўтган давр) ва 31 декабрь санасидаги товар ёки хомашё қолдиғининг ойларга тенг улушлардаги суммаси инобатга олинади.

21. Солиқ органлари текширувидан олдинги таҳлил ҳамда камерал солиқ текшируви натижасида аниқлаган камчиликларнинг бартараф этилиш ҳолати солиқ органлари ахборот тизимларидан фойдаланган ҳолда ўтказилган текширувдан олдинги таҳлил ҳамда камерал солиқ текшируви натижасида камчилик аниқланмагани ёки уларнинг бартараф этилганидан келиб чиқиб қуйидагича баҳоланади:

камчилик аниқланмаган ёки келтирилган камчиликларнинг мавжуд эмаслиги асослантирилган ёхуд камчиликлар ихтиёрий равишда бартараф этилган бўлса — 10 балл берилади;

аниқланган камчиликлар бартараф этилмаган ёки келтирилган камчиликлар мавжуд эмаслиги асослантирилмаган бўлса — балл берилмайди;

Бунда базавий ҳисоблаш миқдорининг 0,5 бараваридан ортиқ солиқ суммаси бўйича камчиликлар ўн кун муддатда бартараф этилмаган ёки келтирилган камчиликларнинг мавжуд эмаслиги асослантирилмаган бўлса — 5 балл чегирилади.

2-§. Балларни камайтирувчи кўрсаткичлар

22. Жойлашган жой (почта манзили) ўзгариши кўрсаткичини баҳолашда тадбиркорлик субъекти жойлашган жойи (почта манзили) охирги 12 ой давомида 3 ва ундан кўп маротаба ўзгартирилган бўлса, баллар йиғиндисидан 5 балл чегирилади.

23. Тадбиркорлик субъекти раҳбарининг қўнимсизлиги кўрсаткичини баҳолашда охирги 12 ой давомида тадбиркорлик субъекти раҳбари 3 ва ундан кўп маротаба ўзгартирилган бўлса, баллар йиғиндисидан 5 балл чегирилади.

24. Тадбиркорлик субъекти таъсисчиси ёки раҳбарининг ишончсизлиги кўрсаткичини баҳолашда охирги 36 ой давомида тадбиркорлик субъектининг таъсисчиси ёки раҳбари жиноий жавобгарликка тортилган бўлса ёки банкротлик асосида тугатилган тадбиркорлик субъектига раҳбарлик қилган бўлса, баллар йиғиндисидан 5 балл чегирилади.

25. Тақдим этилган солиқ ҳисоботларига солиқ тўловчининг ўзи томонидан мустақил тузатишлар киритилиши кўрсаткичини баҳолашда солиқ (ҳисобот) даврида аввал тақдим этилган ҳисоботларга:

бир маротаба ўзгартириш киритилган бўлса, балл чегирилмайди;

икки ва ундан ортиқ киритилган ҳар бир ўзгартириш учун — 1 баллдан;

ўн ва ундан ортиқ ўзгартириш киритилган бўлса — 10 балл чегирилади.

Ушбу кўрсаткич бўйича баҳолашда календарь йилда ҳисобот топшириш муддати келган барча солиқ турлари ҳисобга олинади. Бунда бир солиқ даври учун ўсиб борувчи якуни билан топширилган аниқлаштирилган солиқ ҳисоботлари бир маротаба тақдим этилган деб ҳисобланади.

26. Қўшилган қиймат солиғи тўловчисининг махсус гувоҳномаси ҳолатини баҳолашда қўшилган қиймат солиғи тўловчисининг махсус гувоҳномаси бекор қилинган ёки тўхтатилган тақдирда, баллар йиғиндисидан 10 балл чегирилади.

27. Солиқ қарзини мол-мулк ҳисобидан ундириш кўрсаткичини баҳолашда тадбиркорлик субъектининг солиқ қарзини ундириш бўйича мол-мулкига қаратилганлик ҳолатлари аниқланса, баллар йиғиндисидан 5 балл чегирилади.

Бунда солиқ қарзи тўлиқ тўлангандан кейин камайтирилган баллар олиб ташланади.

28. Солиққа оид ҳуқуқбузарликлар учун маъмурий ва жиноий жавобгарлик чоралари қўлланилганлиги кўрсаткичини баҳолашда тадбиркорлик субъекти мансабдор шахсларига нисбатан охирги 12 ойда солиққа оид ҳуқуқбузарликлар учун:

маъмурий жавобгарлик қўлланилган бўлса — 2 балл;

жиноий жавобгарлик қўлланилган бўлса — 5 балл чегирилади.

Бунда маъмурий жавобгарликка тортиш тўғрисидаги қарор белгиланган тартибда бекор қилинган ёки жиноят иши Жиноят-процессуал кодексига асосан тугатилган ёки оқлов ҳукми чиқарилган ҳолларда чегирилган баллар олиб ташланади.

Мазкур кўрсаткич ҳуқуқбузарлик (жиноят) содир этилган тадбиркорлик субъекти рейтингини ҳисоблашда инобатга олинади.

28 1 . Интеллектуал мулкка оид ҳуқуқбузарликлар учун суд томонидан жарима, маъмурий ёки жиноий жавобгарлик чораларининг қўлланилганлиги кўрсаткичини баҳолашда тадбиркорлик субъектига ёки унинг мансабдор шахсларига нисбатан охирги 12 ойда интеллектуал мулкка оид ҳуқуқбузарликлар учун:

тадбиркорлик субъектининг мансабдор шахсларига маъмурий жавобгарлик қўлланилган бўлса — 2 балл;

тадбиркорлик субъектига жарима қўлланилган бўлса — 3 балл;

тадбиркорлик субъектининг мансабдор шахсларига жиноий жавобгарлик қўлланилган бўлса — 5 балл чегирилади.

Бунда жарима қўллаш, маъмурий жавобгарликка тортиш тўғрисидаги қарор белгиланган тартибда бекор қилинган ёки жиноят иши Жиноят-процессуал кодексига асосан тугатилган ёки оқлов ҳукми чиқарилган ҳолларда чегирилган баллар олиб ташланади.

Мазкур кўрсаткич ҳуқуқбузарлик содир этилган тадбиркорлик субъекти рейтингини ҳисоблашда инобатга олинади.

29. Маҳсулотлар (товар ва хизматлар) идентификация кодларидан нотўғри фойдаланиш ҳолатини баҳолашда бир ойда камида икки маротаба ҳисобварақ-фактураларда ёки назорат-касса техникаси чекларида олинган товарлар (хизматлар) номенклатурасига ёхуд фаолиятнинг ўзига хос хусусиятларига ва амалга ошириладиган турларига мувофиқ бўлмаган идентификация кодларини акс эттириш ҳолатлари аниқланганда, баллар йиғиндисидан 5 балл чегирилади.

30. Тадбиркорлик субъектларининг кредиторлик қарздорлиги мавжудлиги кўрсаткичини баҳолашда кредиторлар томонидан охирги ўн икки ойда қарздорликни ундириш бўйича судга даъво аризалари икки ва ундан ортиқ маротаба киритилиб, қаноатлантирилган бўлса, баллар йиғиндисидан 10 балл чегирилади.

3-§. Қўшимча балл берувчи кўрсаткичлар

31. Ижтимоий ҳимояга муҳтож шахслар бандлигини таъминлаш кўрсаткичини баҳолашда тадбиркорлик субъекти томонидан кетма-кет келадиган уч календарь ой давомида меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдоридан кам бўлмаган миқдорда иш ҳақи ҳисобланган, Ягона миллий меҳнат тизимига киритилган Ижтимоий реестрга киритилган оилаларнинг аъзолари, «Темир дафтар», «Аёллар дафтари», «Ёшлар дафтари»га киритилган ва ногиронлиги бўлган шахслар ҳамда болаликдан ногиронлиги бўлган фарзандларнинг ота-оналари улуши.

20 фоиздан юқори бўлганда — 10 балл;

10 фоиздан 20 фоизгача бўлганда — 5 балл берилади.

32. EBITDA бўйича рентабеллик даражаси тадбиркорлик субъектининг соф фойдасига фоиз тўловлари, асосий воситалар ва номоддий активлар амортизацияси, ҳисобланган фойда солиғи суммаси қўшилиб, товарларни (хизматларни) сотишдан соф тушумга бўлиш ва 100 га кўпайтириш орқали аниқланади (EBITDA margin = EBITDA / даромад х 100%).

EBITDA бўйича рентабеллик даражаси тадбиркорлик субъекти фаолият кўрсатаётган соҳанинг ўртача кўрсаткичидан:

20 фоиз ва ундан юқори бўлса — 5 балл;

15 — 20 фоизгача юқори бўлса — 4 балл;

10 — 15 фоизгача юқори бўлса — 3 балл;

5 — 10 фоизгача юқори бўлса — 2 балл;

ўртачага тенг ёки 5 фоизгача юқори бўлса — 1 балл берилади.

Бунда тегишли ҳудуддаги иқтисодий фаолият тури бўйича тадбиркорлик субъекти ягона бўлган ҳолларда, мазкур мезонни ҳисоблашда (иқтисодий фаолият тури инобатга олинмаган ҳолда) ҳудуднинг ўртача кўрсаткичи билан солиштирилади.

Мазкур кўрсаткични баҳолашда молиявий натижалар тўғрисидаги ҳисоботлар ва молиявий ҳисоботнинг халқаро стандартларига ўтган юридик шахслар бўйича кўрсаткичлар фойда солиғи ҳисоботи шаклларининг охирги солиқ даври маълумотларидан фойдаланилади.

33. Фойда солиғи бўйича ҳисобланган солиқ суммасининг тегишли соҳага оид ўртача кўрсаткичга нисбатини баҳолашда тадбиркорлик субъекти томонидан чорак давомида ҳисобланган ва тўланган фойда солиғи суммаси ҳар бир туман (шаҳар) миқёсида у фаолият юритаётган соҳа ва тадбиркорлик тоифаси бўйича ўртача ҳисобланган фойда солиғи суммасидан 1,1 баравар юқори бўлса ёки экспорт қилишдан олинган даромадлар жами даромаднинг камида 50 фоизини ташкил этса — 10 балл берилади.

Бунда чораклик тўлов суммаси базавий ҳисоблаш миқдорининг 10 бараваридан кам бўлмаслиги лозим.

34. Рақамли маркировкалаш қоидаларига риоя этилиши кўрсаткичини баҳолашда:

барча савдо шохобчалари онлайн назорат-касса техникасига уланган штрих-кодлар ҳамда рақамли маркировка кодларини тўғри ўқишни ва аниқлашни таъминловчи махсус қурилмалар (2D-сканерлар, маълумотларни йиғувчи терминаллар ёки бошқа турдаги махсус қурилмалар) билан жиҳозланган бўлса — 5 балл берилади.

Бунда мажбурий рақамли маркировкаланиши лозим бўлган маҳсулотларни ишлаб чиқариш, импорт ва (ёки) реализация қилиш билан шуғулланаётган тадбиркорлик субъектлари «ASL BELGISI» миллий ахборот тизимида рўйхатдан ўтмаган бўлса, балл берилмайди.

34 1 . Дала четидан самарали фойдаланиш кўрсаткичини баҳолашда дала чети мавжуд бўлган қишлоқ хўжалиги корхоналари ва фермер хўжаликлари томонидан экинлар экилганлиги тўғрисидаги маълумотлар «e-Fito.uz» тизимига киритилган ва самарали деб баҳоланган бўлса — 10 балл берилади.

34 2 . Экологик маркировкалаш сертификатининг мавжудлигини баҳолашда тадбиркорлик субъекти мазкур сертификатга эга бўлса — 2 балл берилади.

34 3 . Яшил энергиядан фойдаланиш самарадорлиги кўрсаткичини баҳолашда қайта тикланувчи энергия манбалари қурилмаларининг номинал қуввати 0,1 МВт ва ундан ортиғини ўрнатганда — 5 балл берилади.

Бундан ташқари қайта тикланувчи энергия манбалари қурилмаларидан фойдаланган ҳолда ишлаб чиқарилган энергия сарфи тадбиркорлик фаолиятини амалга ошириш учун жами энергия сарфига нисбатан:

50 фоиз ва ундан юқори бўлса — 5 балл;

30 — 50 фоизгача бўлса — 3 балл;

10 — 30 фоизгача бўлса — 1 балл берилади.

34 4 . Тадбиркорлик субъектлари илмий тадқиқот натижасида яратилган янги ишланмаларни ишлаб чиқариш жараёнларига татбиқ этиши орқали илмий ҳамкорлик реестрига киритилган бўлса — 5 балл берилади.

Бунда лойиҳа Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги ҳузуридаги Инновацион ривожланиш агентлигининг Махсус платформасида илмий тадқиқот натижасида яратилган янги ишланмаларни ишлаб чиқариш жараёнларига татбиқ этиб, илмий ҳамкорлик реестрига киритилган кундан эътиборан 12 ой давомида қўшимча балл берилади.

34 5 . Олий таълим ташкилотлари битирувчиларининг, шунингдек, техникумларда дуал таълим шаклида таълим олаётган ўқувчиларнинг ҳамда битирувчиларнинг бандлигини таъминлаш кўрсаткичини баҳолашда тадбиркорлик субъектлари ходимларининг умумий сонида олий ва дуал таълимни тугатганига 3 йил тўлмаган ёхуд таълим олаётган шахслар улуши:

20 фоиз ва ундан юқори бўлганда — 5 балл;

15 фоиздан 20 фоизгача бўлганда — 4 балл;

10 фоиздан 15 фоизгача бўлганда — 3 балл;

5 фоиздан 10 фоизгача бўлганда — 2 балл берилади.

Бунда битирувчиларнинг бандлигини таъминлаган тадбиркорлик субъектларига қўшимча балл берилишида улардаги мавжуд бўш иш ўринлари тўғрисидаги маълумотларни «Ягона миллий меҳнат тизими» идоралараро дастурий-аппарат комплекси орқали «Бўш (вакант) иш ўринлари миллий базаси»га жойлаштиргани инобатга олинади.

34 6 . Тадбиркорлик субъекти товар белгилари, хизмат кўрсатиш белгилари рўйхатдан ўтказилган бўлса — 5 балл.

4-боб. Якунловчи қоидалар

35. Мазкур Низом билан белгиланган кўрсаткичлар ва уларни баҳолаш методикасига Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш бўйича жамоатчилик кенгашининг таклифлари асосида Иқтисодиёт ва молия вазирлиги томонидан Солиқ қўмитаси билан келишилган ҳолда ўзгартиришлар киритилиши мумкин.

36. Мазкур Низомда белгиланган масалалар бўйича низолар қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ ҳал қилинади.

37. Соҳалар бўйича ўртача кўрсаткичлар рўйхатдан ўтиш жойига қараб қўшилган қиймат солиғи ва фойда солиғи тўловчилар бўйича Қорақалпоғистон Республикаси, Тошкент шаҳар ва вилоятлар бўйича алоҳида, айланмадан олинадиган солиқ тўловчилар бўйича туманлар (шаҳарлар) кесимида алоҳида ҳисобланади.

38. Мазкур Низом талаблари бузилишида айбдор бўлган шахслар қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда жавоб берадилар.

Тадбиркорлик субъектларининг барқарорлик рейтингини аниқлаш тартиби тўғрисидаги низомга 1-ИЛОВА

Тадбиркорлик субъектларининг барқарорлик рейтинги

Барқарорлик даражаси Рейтинг кўрсаткичи Баҳо Юқори AAA 96-100 балллар AA 91-95 баллар A 86-90 баллар Ўрта BBB 76-85 баллар BB 66-75 баллар B 56-65 баллар Қониқарли CCC 51-55 баллар CC 36-50 баллар C 26-35 баллар Қуйи D 25 баллгача

Тадбиркорлик субъектларининг барқарорлик рейтингини аниқлаш тартиби тўғрисидаги низомга 2-ИЛОВА

Тадбиркорлик субъектларининг барқарорлик рейтинги

Т/р Кўрсаткич номи Ҳисоблаш даврийлиги Масъул ташкилот а) Умумий кўрсаткичлар 1. Тадбиркорлик фаолиятини амалга ошириш давомийлиги йиллик Адлия вазирлиги 2. Меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдоридан ортиқ иш ҳақи тўланаётган ходимлар сонининг кўпайиши ойлик Солиқ қўмитаси 3. Ер участкалари ва (ёки) кўчмас мулк объектлари мавжудлиги ойлик Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ҳузуридаги Кадастр агентлиги 4. Бир нафар ходимга тўғри келадиган иш ҳақи жамғармаси ойлик Солиқ қўмитаси 5. Солиқ ҳисоботларининг белгиланган муддатларда тақдим этилиши ойлик 6. Ҳисобланган солиқларнинг белгиланган муддатларда тўланиши ойлик 7. Қўшилган қиймат солиғи бўйича ҳисобланган солиқ суммасининг тегишли соҳа бўйича ўртача кўрсаткичга нисбати ойлик 8. Электрон ҳисобварақ-фактураларни қонунчиликда белгиланган муддатларда расмийлаштириш ҳолати ойлик 9. Электрон ҳисобварақ-фактуралар орқали харид қилинган товарлар ва хизматлар реализацияси йиллик 10. Солиқ органлари текширувидан олдинги таҳлил натижасида аниқлаган камчиликларнинг бартараф этилиш ҳолати кунлик б) Балларни камайтирувчи кўрсаткичлар 11. Жойлашган жой (почта манзили) ўзгариши йиллик Адлия вазирлиги 12. Тадбиркорлик субъекти раҳбарининг қўнимсизлиги йиллик Адлия вазирлиги 13. Тадбиркорлик субъекти таъсисчиси ёки раҳбарининг ишончсизлиги йиллик Олий суд, Солиқ қўмитаси 14. Тақдим этилган солиқ ҳисоботларига тузатишлар солиқ тўловчининг ўзи томонидан мустақил киритилиши ойлик Солиқ қўмитаси 15. Қўшилган қиймат солиғи тўловчисининг махсус гувоҳномаси ҳолати кунлик 16. Солиқ қарзини мол-мулк ҳисобидан ундириш йиллик 17. Солиққа оид ҳуқуқбузарликлар учун маъмурий ёки жиноий жавобгарлик чораларининг қўллангани йиллик Олий суд, Солиқ қўмитаси 17 1 . Интеллектуал мулкка оид ҳуқуқбузарликлар учун жарима, маъмурий, жиноий жавобгарлик чораларининг қўлланилганлиги Йиллик Олий суд, Адлия вазирлиги 18. Маҳсулотларнинг (товарларнинг, хизматларнинг) идентификация кодларидан нотўғри фойдаланилгани ойлик Солиқ қўмитаси 19. Тадбиркорлик субъектларининг кредиторлик қарздорлиги мавжудлиги йиллик Олий суд в) Қўшимча балл берувчи кўрсаткичлар 20. Ижтимоий ҳимояга муҳтож шахслар бандлигини таъминлаш ойлик Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлиги 21. EBITDA бўйича рентабеллик даражаси йиллик Солиқ қўмитаси 22. Фойда солиғи бўйича ҳисобланган солиқ суммасининг тегишли соҳага оид ўртача кўрсаткичга нисбати чораклик 23. Рақамли маркировкалаш қоидаларига риоя этилиши ойлик 24. Тадбиркорлик субъектлари томонидан дала четларига ҳар йили 1 апрелга қадар экин экилгани ва мавсум давомида маҳсулот етиштирилгани мавсумий Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2024 йил 30 декабрдаги ПҚ-465-сон қарори билан тасдиқланган Республика ва ҳудудий ишчи гуруҳлари, Солиқ қўмитаси 25. Экологик маркировкалаш сертификати мавжудлиги кунлик Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги 26. «Яшил» энергиядан фойдаланиш самарадорлиги ойлик Энергетика вазирлиги 27. Тадбиркорлик субъектлари илмий тадқиқот натижасида яратилган янги ишланмаларни ишлаб чиқариш жараёнларига татбиқ этиши орқали илмий ҳамкорлик реестрига киритилгани Кунлик Солиқ қўмитаси 28. Олий таълим ташкилотлари битирувчиларининг, шунингдек, техникумларда дуал таълим шаклида таълим олаётган ўқувчиларнинг ва битирувчиларнинг бандлигини таъминлаш Кунлик Солиқ қўмитаси 29. Товар белгилари, хизмат кўрсатиш белгиларига эга бўлиши Йиллик Адлия вазирлиги

Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А. АРИПОВ

Тошкент ш.,

2024 йил 30 январь,

55-сон

(Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 01.02.2024 й., 09/24/55/0076-сон; 02.08.2024 й., 09/24/467/0568-сон; 13.06.2025 й., 09/25/362/0507-сон; 18.06.2025 й., 09/25/371/0512; 22.10.2025 й., 09/25/662/0964-сон; 02.02.2026 й., 09/26/35/0101-сон; 24.02.2026 й., 09/26/75/0172-сон; 10.03.2026 й., 09/26/94/0218-сон; 13.07.2026 й., 09/26/375/0726-сон)

lex.uz

Oʻzbekiston Respublikasi Vazirlar Mahkamasining

qarori

NIZOM

SHKALASI

KOʻRSATKICHLARI

Tadbirkorlik subyektlarining barqarorlik reytingini aniqlash tartibi toʻgʻrisidagi nizomni tasdiqlash haqida

Oʻzbekiston Respublikasi Prezidentining “Tadbirkorlik subyektlarining barqarorlik reytingini joriy etish chora-tadbirlari toʻgʻrisida” 2024-yil 23-yanvardagi PQ-39-son qarori ijrosini taʼminlash maqsadida Vazirlar Mahkamasi qaror qiladi:

1. Oʻzbekiston Respublikasi Prezidentining “Tadbirkorlik subyektlarining barqarorlik reytingini joriy etish chora-tadbirlari toʻgʻrisida” 2024-yil 23-yanvardagi PQ-39-son qaroriga muvofiq:

qonunchilik talablariga rioya etgan holda faoliyat yuritayotgan tadbirkorlik subyektlarini aniqlash va ragʻbatlantirishni nazarda tutuvchi tadbirkorlik subyektlarining barqarorlik reytingi (keyingi oʻrinlarda — reyting) joriy etilganligi;

reyting Vazirlar Mahkamasi huzuridagi Soliq qoʻmitasining “Tadbirkorlarning barqarorlik reytingi” elektron platformasida idoralararo axborot almashinuvi vositasida avtomatik tarzda (onlayn) shakllantirilishi va Savdo-sanoat palatasining rasmiy veb-saytida eʼlon qilib borilishi belgilanganligi;

Vazirlar Mahkamasiga reytingni yuritish tartibini tasdiqlash topshirilganligi maʼlumot uchun qabul qilinsin.

2. Reytingni shakllantirish, tadbirkorlik subyektlarining faoliyatini baholash mezonlari, davriyligi va metodikasi hamda reytingni eʼlon qilish tartibini nazarda tutuvchi Tadbirkorlik subyektlarining barqarorlik reytingini aniqlash tartibi toʻgʻrisidagi nizom ilovaga muvofiq tasdiqlansin.

3. Oʻzbekiston Respublikasi Prezidenti huzuridagi Ijtimoiy himoya milliy agentligi, Qurilish va uy-joy kommunal xoʻjaligi vazirligi, Raqamli texnologiyalar vazirligi, Kambagʻallikni qisqartirish va bandlik vazirligi, Oliy taʼlim, fan va innovatsiyalar vazirligi, Kasbiy taʼlim agentligi, oliy taʼlim tashkilotlari, Oila va xotin-qizlar qoʻmitasi, Yoshlar ishlari agentligi, Energetika vazirligi hamda boshqa vazirlik va idoralar Soliq qoʻmitasi bilan birgalikda “Shaffof qurilish”, “Ayollar daftari”, “Yoshlar daftari”, shuningdek, boshqa zaruriy axborot tizimlarining “Tadbirkorlarning barqarorlik reytingi” elektron platformasi bilan integratsiya qilinishini taʼminlasin.

3 1 . Oʻzbekiston Respublikasi Savdo-sanoat palatasi va Soliq qoʻmitasi Oʻzbekiston Respublikasi Prezidenti huzuridagi Tadbirkorlikni qoʻllab-quvvatlash boʻyicha jamoatchilik kengashi bilan kelishgan holda 2025-yil 15-dekabrga qadar davlat xaridlari, raqobat, litsenziyalash, ruxsat berish va xabardor qilish tartib-taomillari talablarini buzganlik uchun barqarorlik reytingiga tegishli mezonlar kiritish masalasida Vazirlar Mahkamasiga takliflar kiritsin.

4. Oʻzbekiston Respublikasi Savdo-sanoat palatasi, Iqtisodiyot va moliya vazirligi hamda Vazirlar Mahkamasi huzuridagi Soliq qoʻmitasi:

Oʻzbekiston Milliy axborot agentligi va Oʻzbekiston Milliy teleradiokompaniyasi bilan birgalikda bir oy muddatda joriy etilayotgan reytingning mazmun-mohiyatini tadbirkorlik subyektlari oʻrtasida targʻib qilish hamda jamoatchilikda ijobiy fikrni shakllantirish maqsadida ommaviy axborot vositalari va ijtimoiy tarmoqlarda keng targʻibot-tashviqot ishlarini amalga oshirsin;

manfaatdor vazirlik va idoralar bilan birgalikda oʻzlari qabul qilgan normativ-huquqiy hujjatlarni ikki oy muddatda ushbu qarorga muvofiqlashtirsin.

5. Mazkur qarorning bajarilishini nazorat qilish Oʻzbekiston Respublikasi Bosh vazirining oʻrinbosari — iqtisodiyot va moliya vaziri J.A. Qoʻchqorov zimmasiga yuklansin.

Vazirlar Mahkamasining 2024-yil 30-yanvardagi 55-son qaroriga ILOVA

Tadbirkorlik subyektlarining barqarorlik reytingini aniqlash tartibi toʻgʻrisida

1-bob. Umumiy qoidalar

1. Ushbu Nizom tadbirkorlik subyektlarining barqarorlik reytingini aniqlash va yuritish tartibini belgilaydi.

2. Ushbu Nizom faqat yuridik shaxslarga nisbatan tatbiq etiladi.

3. Tadbirkorlik subyektlarining barqarorlik reytingi (keyingi oʻrinlarda — reyting) Vazirlar Mahkamasi huzuridagi Soliq qoʻmitasining (keyingi oʻrinlarda — Soliq qoʻmitasi) “Tadbirkorlarning barqarorlik reytingi” elektron platformasida idoralararo axborot almashinuvi vositasida avtomatik tarzda (onlayn) shakllantiriladi va Savdo-sanoat palatasining rasmiy veb-saytida eʼlon qilib boriladi.

Reyting texnik jihatdan Soliq qoʻmitasi tomonidan taʼminlanadi.

4. Tadbirkorlik subyektlarining barqarorlik reytingi baholash koʻrsatkichlari boʻyicha umumiy ball oxirgi 30 kalendar kunda amalda boʻlgan koʻrsatkichlar soni va ularga berilgan ballar yigʻindisining oʻrtachasidan kelib chiqib belgilanadi.

5. Reyting shkalasi ushbu Nizomga 1-ilovaga muvofiq belgilanadi.

6. Reytingga oid tadbirkorlik subyekti faoliyatini baholash koʻrsatkichlari va unga berilgan ballar toʻgʻrisidagi maʼlumotlar soliq toʻlovchining shaxsiy kabinetida real vaqt rejimida aks ettiriladi.

Tadbirkorlik subyektining reyting koʻrsatkichlari oʻzgarganda, soliq toʻlovchining shaxsiy kabinetidagi maʼlumotlar yangilanadi.

7. Reyting maʼlumotlari boʻyicha tadbirkorlik subyektining eʼtirozlari mavjud boʻlganda, oʻz shaxsiy kabineti orqali Soliq qoʻmitasiga murojaat qiladi.

8. Tadbirkorlik subyekti tomonidan reyting koʻrsatkichi yuzasidan bildirilgan eʼtirozlar Soliq qoʻmitasi tomonidan besh ish kuni davomida koʻrib chiqiladi. Bunda:

eʼtirozlar asosli deb topilganda, maʼlumotlar bazasiga tegishli tuzatishlar kiritilgan holda qayta shakllantirilgan reyting yangilanadi;

eʼtirozlar asossiz deb topilganda, reyting koʻrsatkichlari oʻzgarishsiz qoldirilib, bu haqda tegishli tushuntirish soliq toʻlovchining shaxsiy kabinetiga yuboriladi.

9. Oʻzbekiston Respublikasi Savdo-sanoat (keyingi oʻrinlarda — Savdo-sanoat palatasi) palatasi reyting maʼlumotlarini hamda kelib tushayotgan murojaatlarga tezkor javob berilishini monitoring qilib boradi va maʼlumotlarning ochiqligini taʼminlaydi.

2-bob. Tadbirkorlik subyekti faoliyatini baholash mezonlari

10. Tadbirkorlik subyektining faoliyati quyidagi koʻrsatkichlar asosida ushbu Nizomga 2-ilovaga muvofiq davriylikda baholanadi:

a) umumiy koʻrsatkichlar:

tadbirkorlik faoliyatini amalga oshirish davomiyligi;

mehnatga haq toʻlashning eng kam miqdoridan ortiq ish haqi toʻlanayotgan xodimlar sonining koʻpayishi;

yer uchastkalari va (yoki) koʻchmas mulk obyektlari mavjudligi;

bir nafar xodimga toʻgʻri keladigan ish haqi jamgʻarmasi;

soliq hisobotlarining belgilangan muddatlarda taqdim etilishi;

hisoblangan soliqlarning belgilangan muddatlarda toʻlanishi;

qoʻshilgan qiymat soligʻi (keyingi oʻrinlarda — QQS) (aylanmadan olinadigan soliq (keyingi oʻrinlarda — AOS) boʻyicha hisoblangan soliq summasining tegishli sohaga oid oʻrtacha koʻrsatkichga nisbati;

elektron hisobvaraq-fakturalarni qonunchilikda belgilangan muddatlarda rasmiylashtirish holati;

elektron hisobvaraq-fakturalar orqali xarid qilingan tovarlar realizatsiyasi;

soliq organlari tekshiruvidan oldingi tahlil natijasida aniqlagan kamchiliklarning bartaraf etilish holati;

b) ballarni kamaytiruvchi koʻrsatkichlar:

joylashgan joy (pochta manzili) oʻzgarishi;

tadbirkorlik subyekti rahbarining qoʻnimsizligi;

tadbirkorlik subyekti taʼsischisi yoki rahbarining ishonchsizligi;

taqdim etilgan soliq hisobotlariga tuzatishlar soliq toʻlovchining oʻzi tomonidan mustaqil kiritilishi;

QQS toʻlovchisining maxsus guvohnomasi holati;

soliq qarzini mol-mulk hisobidan undirish;

soliqqa oid huquqbuzarliklar uchun maʼmuriy yoki jinoiy javobgarlik choralarining qoʻllangani;

intellektual mulkka oid huquqbuzarliklar uchun sud tomonidan jarima, maʼmuriy yoxud jinoiy javobgarlik choralarining qoʻllanilganligi;

mahsulotlarning (tovarlarning, xizmatlarning) identifikatsiya kodlaridan notoʻgʻri foydalanilgani;

tadbirkorlik subyektlarining kreditorlik qarzdorligi mavjudligi;

v) qoʻshimcha ball beruvchi koʻrsatkichlar:

ijtimoiy himoyaga muhtoj shaxslar bandligini taʼminlash;

EBITDA boʻyicha rentabellik darajasi;

foyda soligʻi boʻyicha hisoblangan soliq summasining tegishli sohaga oid oʻrtacha koʻrsatkichga nisbati;

raqamli markirovkalash qoidalariga rioya etilishi;

dala chetidan samarali foydalanish;

ekologik markirovkalash sertifikatining mavjudligi.

“yashil” energiyadan foydalanish samaradorligi;

ilmiy tadqiqot natijasida yaratilgan yangi ishlanmalarni ishlab chiqarish jarayonlariga tatbiq etgan tadbirkorlik subyektlari;

oliy taʼlim tashkilotlari bitiruvchilarining, shuningdek, texnikumlarda dual taʼlim shaklida taʼlim olayotgan oʻquvchilarning va bitiruvchilarning bandligini taʼminlash;

tovar belgilari, xizmat koʻrsatish belgilariga ega boʻlish.

11. Aylanmadan olinadigan soliqni toʻlovchilarni baholashda “AA” reyting shkalasidan yuqori boʻlmasligi lozim.

3-bob. Reytingni baholash metodikasi

1-§. Umumiy koʻrsatkichlar

12. Tadbirkorlik faoliyatini amalga oshirish davomiyligi tadbirkorlik subyektini davlat roʻyxatidan oʻtkazilgan sanadan boshlab faoliyat yuritish davridan kelib chiqib, quyidagicha baholanadi (bunda tadbirkorlik subyektining harakatsiz holatga oʻtkazilgan hamda tovarlarni (xizmatlarni) realizatsiyasi va xarid qilmagan davr hisobga olinmaydi):

faoliyat koʻrsatgan har bir yil uchun — 2 balldan, biroq 10 ballgacha;

5 yil va undan ortiq faoliyat koʻrsatganda — 10 ball beriladi.

Bunda kalendar yilda kamida 3 oy tovarlar (xizmatlar) realizatsiya va xarid qilganda faoliyat koʻrsatgan davr bir kalendar yiliga teng boʻladi.

13. Mehnatga haq toʻlashning eng kam miqdoridan ortiq ish haqi toʻlanayotgan xodimlar sonining ortishi koʻrsatkichini baholashda:

a) oxirgi oʻn ikki oyda undan oldingi oʻn ikki oy davomidagi hisobot davriga nisbatan mehnatga haq toʻlashning eng kam miqdoridan ortiq ish haqi olgan xodimlar sonining yillik oʻrtacha soni:

50 foiz va undan yuqori boʻlsa — 10 ball;

40 — 50 foizgacha boʻlsa — 8 ball;

30 — 40 foizgacha boʻlsa — 6 ball;

20 — 30 foizgacha boʻlsa — 4 ball;

10 — 20 foizgacha boʻlsa — 2 ball;

1 — 10 foizgacha boʻlsa — 1 ball;

100 nafar va undan yuqori boʻlsa — 10 ball;

70 — 100 nafargacha boʻlsa — 7 ball;

50 — 70 nafargacha boʻlsa — 5 ball;

30 — 50 nafargacha boʻlsa — 3 ball;

10 — 30 nafargacha boʻlsa — 2 ball;

1 — 10 nafargacha boʻlsa — 1 ball;

b) xodimlar soni oʻn ikki oy oldingi hisobot davriga nisbatan 10 foizdan ortiq kamaymagan holda, mehnatga haq toʻlashning eng kam miqdoridan ortiq ish haqi toʻlanayotgan:

har 100 nafar xodim soni uchun — 1 balldan;

1 000 nafar va undan ortiq xodim soni uchun — 10 ball hisoblanadi.

Bunda mazkur bandning “a” va “b” kichik bandlari boʻyicha hisoblangan eng yuqori ball beriladi.

Yangi tashkil etilgan tadbirkorlik subyektlari uchun ushbu koʻrsatkich faoliyat davrining ikkinchi oyidan boshlab oʻtgan oyga nisbatan solishtiriladi.

14. Yer uchastkalari va (yoki) koʻchmas mulk obyektlari mavjudligi tadbirkorlik subyekti foydalanayotgan yer uchastkalari (shu jumladan, qishloq xoʻjaligi uchun uzoq muddatli ijaraga ajratilgan) va (yoki) mulk huquqi yoki ijara huquqi asosida (QQS toʻlovchilar uchun 18 kv. metrdan kam boʻlmagan) noturar joy koʻchmas mulk obyektlari mavjudligi (ijara shartnomalari hisobga qoʻyilganligi) quyidagicha baholanadi:

mulk huquqi asosida, shuningdek, qishloq xoʻjaligi uchun uzoq muddatli ijaraga ajratilgan va (yoki) ustav kapitalidagi taʼsis ulushi 50 foiz va undan yuqori boʻlgan yuridik shaxsning 1 000 kv. metrdan kam boʻlmagan yer uchastkalari va (yoki) koʻchmas mulk ijaraga olingan boʻlsa — 10 ball (bunda oilaviy korxona ishtirokchilarining ulushli yoki birgalikdagi mulkida boʻlgan umumiy mol-mulki hamda advokatlik byurolarini taʼsis etgan advokatga mulk yoki ijara huquqi asosida tegishli boʻlgan turar joylar ham hisobga olinadi);

ijara shartnomasi boʻyicha foydalanilayotganda — 7 ball beriladi.

Agar yer uchastkalari va (yoki) koʻchmas mulk obyektlari mavjud boʻlmaganda, shuningdek, tadbirkorlik subyektining u koʻrsatgan manzilda faoliyat olib bormayotgani aniqlansa — 5 ball chegiriladi.

Ushbu bandning birinchi xatboshisida koʻchmas mulk obyektlarining maydoni 18 kv. metrdan kam boʻlmasligi boʻyicha koʻrsatilgan talablar Dasturiy mahsulotlar va axborot texnologiyalari texnologik parki direksiyasi bilan virtual ofis shartnomasini tuzgan ushbu park rezidentlariga hamda aylanmadan soliq toʻlovchilarga nisbatan tatbiq qilinmaydi.

15. Bir nafar xodimga toʻgʻri keladigan ish haqi jamgʻarmasini baholashda tadbirkorlik subyekti tomonidan bir nafar xodimga hisoblangan ish haqi summasi miqdori mehnatga haq toʻlashning eng kam miqdoridan kelib chiqib:

Toshkent shahar uchun — 3 barobardan 4 barobargacha — 5 ball;

4 barobardan yuqori boʻlsa — 10 ball.

Qoraqalpogʻiston Respublikasi va viloyatlar uchun — 2 barobardan 3 barobargacha — 5 ball;

3 barobardan yuqori boʻlsa — 10 ball beriladi.

Mazkur band boʻyicha oʻrtacha bir nafar xodimga hisoblangan ish haqi summasi mehnatga haq toʻlashning eng kam miqdoridan kam boʻlsa — 5 ball chegiriladi hamda oʻtgan oyga nisbatan ishchi xodimlar soni 10 foizdan ortiq kamaygan hollarda ball berilmaydi.

Bunda mehnatga haq toʻlashning eng kam miqdoridan kelib chiqib, qoʻllanuvchi koeffitsentlar Savdo-sanoat palatasi va Soliq qoʻmitasi tomonidan ishlab chiqilgan takliflar Oʻzbekiston Respublikasi Prezidenti huzuridagi Tadbirkorlikni qoʻllab-quvvatlash boʻyicha Jamoatchilik kengashi bilan kelishilgan tartibda iqtisodiyot sohalari boʻyicha kamaytirilishi yoki oshirilishi mumkin.

16. Soliq hisobotlarining belgilangan muddatlarda taqdim etilishi soliq turlari boʻyicha soliq hisobotlari belgilangan muddatlarda taqdim etilganligidan kelib chiqib, quyidagicha baholanadi:

soliq turlari boʻyicha hisobotlar belgilangan muddatlarda taqdim etilganda — 10 ball beriladi;

hisobot kechiktirib taqdim etilganda — ball berilmaydi.

hisobot taqdim etilmaganda — 5 ball chegiriladi.

Mazkur koʻrsatkichni baholashda kalendar oyda hisobot topshirish muddati kelgan barcha soliq turlari hisobga olinadi.

17. Hisoblangan soliqlarning belgilangan muddatlarda toʻlanish koʻrsatkichi hisoblangan soliq summalarining belgilangan muddatda toʻlanganidan kelib chiqib, quyidagicha baholanadi:

belgilangan muddatda toʻlanganda — 10 ball beriladi;

kechiktirib toʻlanganda — ball berilmaydi;

bazaviy hisoblash miqdorining 0,1 baravaridan ortiq soliq qarzi soliq organining inkasso topshiriqnomasi orqali undirilgan yoki toʻlanmagan boʻlsa — 5 ball chegiriladi.

Bunda har oyda toʻlov muddati kelgan hisoblangan soliq summasi inobatga olinadi.

18. QQS (AOS) boʻyicha hisoblangan soliq summasining tegishli sohaga oid oʻrtacha koʻrsatkichga nisbatini baholashda tadbirkorlik subyekti tomonidan bir oy davomida hisoblangan QQS (AOS) summasi har bir tuman (shahar) miqyosida u faoliyat yuritayotgan soha boʻyicha oʻrtacha hisoblangan va toʻlangan QQS (AOS) summasidan 1,1 baravar yuqori boʻlsa yoki eksport qilishdan olingan daromadlar jami daromadning kamida 50 foizini tashkil etsa — 10 ball beriladi.

Bunda:

QQS toʻlovchilari uchun bir oylik toʻlov summasi bazaviy hisoblash miqdorining 10 baravaridan kam boʻlmasligi;

AOS toʻlovchilari uchun bir oylik toʻlov summasi bazaviy hisoblash miqdoridan kam boʻlmasligi;

eksport qilishdan daromad olgan tadbirkorlik subyekti oxirgi bir yil davomida valyuta tushumlarini oʻz vaqtida taʼminlab kelayotgan boʻlishi va eksport shartnomalari boʻyicha muddati oʻtgan debitor qarzdorligi boʻlmasligi lozim.

Qishloq xoʻjaligi korxonalari va fermer xoʻjaliklari tomonidan yer uchastkalarining jami normativ qiymatidan ortiq mahsulot realizatsiya qilinganda — 10 ball beriladi.

19. Elektron hisobvaraq-fakturalarni qonunchilikda belgilangan muddatlarda rasmiylashtirish holatini baholashda hisobot davrida tovarlar joʻnatilgan (topshirilgan) yoki xizmatlar koʻrsatilgan, ishlar bajarilgan kalendar sanada rasmiylashtirilgan elektron hisobvaraq-fakturalar, jumladan, eksportni tasdiqlovchi hujjatlar, onlayn nazorat kassa texnikalari cheklari, elektron tijorat toʻlov cheklari summasining jami elektron hisobvaraq-fakturalar, eksportni tasdiqlovchi hujjatlar, onlayn nazorat kassa texnikalari cheklari, elektron tijorat cheklari boʻyicha tovar aylanmasidagi ulushi (foizi):

100 foiz boʻlsa — 10 ball;

75 — 99 foizgacha boʻlsa — 7 ball;

50 — 75 foizgacha boʻlsa — 5 ball;

25 — 50 foizgacha boʻlsa — 2 ball;

25 foizgacha boʻlsa — 1 ball beriladi;

rasmiylashtirilmagan hollarda ball berilmaydi.

“Soliq hamkor” tizimi orqali soliqqa oid huquqbuzarlik fakti boʻyicha murojaat kelib tushgan taqdirda ball berilmaydi.

Naqd va terminal orqali amalga oshirilgan savdo tushumi bilan onlayn nazorat kassa mashinasiga kirim qilingan savdo tushumida tafovut aniqlanganda shu oy uchun — 5 ball chegiriladi.

20. Elektron hisobvaraq-fakturalar orqali xarid qilingan tovarlar (xizmatlar) realizatsiyasini baholashda elektron hisobvaraq-fakturalar orqali kalendar yil davomida xarid qilingan (shu jumladan, import qilingan) tovarlar (xizmatlar) yoki xomashyoga mutanosib ravishda amalga oshirilgan tovarlar (xizmatlar) realizatsiyasi (jumladan, eksport qilingan tovarlar summasi):

70 foizdan koʻp boʻlganda — 10 ball.

50 foizdan 70 foizgacha boʻlganda — 5 ball beriladi.

Bunda yil davomida 70 foizdan ortiq xarid qilingan tovarlar (xizmatlar) yoki xomashyo qoldiqda qolganda — 5 ball chegiriladi.

Mazkur koʻrsatkichni hisoblashda 1-yanvar (yangi tashkil etilgan tadbirkorlik subyektlari uchun — roʻyxatdan oʻtgan davr) va 31-dekabr sanasidagi tovar yoki xomashyo qoldigʻining oylarga teng ulushlardagi summasi inobatga olinadi.

21. Soliq organlari tekshiruvidan oldingi tahlil hamda kameral soliq tekshiruvi natijasida aniqlagan kamchiliklarning bartaraf etilish holati soliq organlari axborot tizimlaridan foydalangan holda oʻtkazilgan tekshiruvdan oldingi tahlil hamda kameral soliq tekshiruvi natijasida kamchilik aniqlanmagani yoki ularning bartaraf etilganidan kelib chiqib quyidagicha baholanadi:

kamchilik aniqlanmagan yoki keltirilgan kamchiliklarning mavjud emasligi asoslantirilgan yoxud kamchiliklar ixtiyoriy ravishda bartaraf etilgan boʻlsa — 10 ball beriladi;

aniqlangan kamchiliklar bartaraf etilmagan yoki keltirilgan kamchiliklar mavjud emasligi asoslantirilmagan boʻlsa — ball berilmaydi;

Bunda bazaviy hisoblash miqdorining 0,5 baravaridan ortiq soliq summasi boʻyicha kamchiliklar oʻn kun muddatda bartaraf etilmagan yoki keltirilgan kamchiliklarning mavjud emasligi asoslantirilmagan boʻlsa — 5 ball chegiriladi.

2-§. Ballarni kamaytiruvchi koʻrsatkichlar

22. Joylashgan joy (pochta manzili) oʻzgarishi koʻrsatkichini baholashda tadbirkorlik subyekti joylashgan joyi (pochta manzili) oxirgi 12 oy davomida 3 va undan koʻp marotaba oʻzgartirilgan boʻlsa, ballar yigʻindisidan 5 ball chegiriladi.

23. Tadbirkorlik subyekti rahbarining qoʻnimsizligi koʻrsatkichini baholashda oxirgi 12 oy davomida tadbirkorlik subyekti rahbari 3 va undan koʻp marotaba oʻzgartirilgan boʻlsa, ballar yigʻindisidan 5 ball chegiriladi.

24. Tadbirkorlik subyekti taʼsischisi yoki rahbarining ishonchsizligi koʻrsatkichini baholashda oxirgi 36 oy davomida tadbirkorlik subyektining taʼsischisi yoki rahbari jinoiy javobgarlikka tortilgan boʻlsa yoki bankrotlik asosida tugatilgan tadbirkorlik subyektiga rahbarlik qilgan boʻlsa, ballar yigʻindisidan 5 ball chegiriladi.

25. Taqdim etilgan soliq hisobotlariga soliq toʻlovchining oʻzi tomonidan mustaqil tuzatishlar kiritilishi koʻrsatkichini baholashda soliq (hisobot) davrida avval taqdim etilgan hisobotlarga:

bir marotaba oʻzgartirish kiritilgan boʻlsa, ball chegirilmaydi;

ikki va undan ortiq kiritilgan har bir oʻzgartirish uchun — 1 balldan;

oʻn va undan ortiq oʻzgartirish kiritilgan boʻlsa — 10 ball chegiriladi.

Ushbu koʻrsatkich boʻyicha baholashda kalendar yilda hisobot topshirish muddati kelgan barcha soliq turlari hisobga olinadi. Bunda bir soliq davri uchun oʻsib boruvchi yakuni bilan topshirilgan aniqlashtirilgan soliq hisobotlari bir marotaba taqdim etilgan deb hisoblanadi.

26. Qoʻshilgan qiymat soligʻi toʻlovchisining maxsus guvohnomasi holatini baholashda qoʻshilgan qiymat soligʻi toʻlovchisining maxsus guvohnomasi bekor qilingan yoki toʻxtatilgan taqdirda, ballar yigʻindisidan 10 ball chegiriladi.

27. Soliq qarzini mol-mulk hisobidan undirish koʻrsatkichini baholashda tadbirkorlik subyektining soliq qarzini undirish boʻyicha mol-mulkiga qaratilganlik holatlari aniqlansa, ballar yigʻindisidan 5 ball chegiriladi.

Bunda soliq qarzi toʻliq toʻlangandan keyin kamaytirilgan ballar olib tashlanadi.

28. Soliqqa oid huquqbuzarliklar uchun maʼmuriy va jinoiy javobgarlik choralari qoʻllanilganligi koʻrsatkichini baholashda tadbirkorlik subyekti mansabdor shaxslariga nisbatan oxirgi 12 oyda soliqqa oid huquqbuzarliklar uchun:

maʼmuriy javobgarlik qoʻllanilgan boʻlsa — 2 ball;

jinoiy javobgarlik qoʻllanilgan boʻlsa — 5 ball chegiriladi.

Bunda maʼmuriy javobgarlikka tortish toʻgʻrisidagi qaror belgilangan tartibda bekor qilingan yoki jinoyat ishi Jinoyat-protsessual kodeksiga asosan tugatilgan yoki oqlov hukmi chiqarilgan hollarda chegirilgan ballar olib tashlanadi.

Mazkur koʻrsatkich huquqbuzarlik (jinoyat) sodir etilgan tadbirkorlik subyekti reytingini hisoblashda inobatga olinadi.

28 1 . Intellektual mulkka oid huquqbuzarliklar uchun sud tomonidan jarima, maʼmuriy yoki jinoiy javobgarlik choralarining qoʻllanilganligi koʻrsatkichini baholashda tadbirkorlik subyektiga yoki uning mansabdor shaxslariga nisbatan oxirgi 12 oyda intellektual mulkka oid huquqbuzarliklar uchun:

tadbirkorlik subyektining mansabdor shaxslariga maʼmuriy javobgarlik qoʻllanilgan boʻlsa — 2 ball;

tadbirkorlik subyektiga jarima qoʻllanilgan boʻlsa — 3 ball;

tadbirkorlik subyektining mansabdor shaxslariga jinoiy javobgarlik qoʻllanilgan boʻlsa — 5 ball chegiriladi.

Bunda jarima qoʻllash, maʼmuriy javobgarlikka tortish toʻgʻrisidagi qaror belgilangan tartibda bekor qilingan yoki jinoyat ishi Jinoyat-protsessual kodeksiga asosan tugatilgan yoki oqlov hukmi chiqarilgan hollarda chegirilgan ballar olib tashlanadi.

Mazkur koʻrsatkich huquqbuzarlik sodir etilgan tadbirkorlik subyekti reytingini hisoblashda inobatga olinadi.

29. Mahsulotlar (tovar va xizmatlar) identifikatsiya kodlaridan notoʻgʻri foydalanish holatini baholashda bir oyda kamida ikki marotaba hisobvaraq-fakturalarda yoki nazorat-kassa texnikasi cheklarida olingan tovarlar (xizmatlar) nomenklaturasiga yoxud faoliyatning oʻziga xos xususiyatlariga va amalga oshiriladigan turlariga muvofiq boʻlmagan identifikatsiya kodlarini aks ettirish holatlari aniqlanganda, ballar yigʻindisidan 5 ball chegiriladi.

30. Tadbirkorlik subyektlarining kreditorlik qarzdorligi mavjudligi koʻrsatkichini baholashda kreditorlar tomonidan oxirgi oʻn ikki oyda qarzdorlikni undirish boʻyicha sudga daʼvo arizalari ikki va undan ortiq marotaba kiritilib, qanoatlantirilgan boʻlsa, ballar yigʻindisidan 10 ball chegiriladi.

3-§. Qoʻshimcha ball beruvchi koʻrsatkichlar

31. Ijtimoiy himoyaga muhtoj shaxslar bandligini taʼminlash koʻrsatkichini baholashda tadbirkorlik subyekti tomonidan ketma-ket keladigan uch kalendar oy davomida mehnatga haq toʻlashning eng kam miqdoridan kam boʻlmagan miqdorda ish haqi hisoblangan, Yagona milliy mehnat tizimiga kiritilgan Ijtimoiy reyestrga kiritilgan oilalarning aʼzolari, “Temir daftar”, “Ayollar daftari”, “Yoshlar daftari”ga kiritilgan va nogironligi boʻlgan shaxslar hamda bolalikdan nogironligi boʻlgan farzandlarning ota-onalari ulushi.

20 foizdan yuqori boʻlganda — 10 ball;

10 foizdan 20 foizgacha boʻlganda — 5 ball beriladi.

32. EBITDA boʻyicha rentabellik darajasi tadbirkorlik subyektining sof foydasiga foiz toʻlovlari, asosiy vositalar va nomoddiy aktivlar amortizatsiyasi, hisoblangan foyda soligʻi summasi qoʻshilib, tovarlarni (xizmatlarni) sotishdan sof tushumga boʻlish va 100 ga koʻpaytirish orqali aniqlanadi (EBITDA margin = EBITDA / daromad x 100%).

EBITDA boʻyicha rentabellik darajasi tadbirkorlik subyekti faoliyat koʻrsatayotgan sohaning oʻrtacha koʻrsatkichidan:

20 foiz va undan yuqori boʻlsa — 5 ball;

15 — 20 foizgacha yuqori boʻlsa — 4 ball;

10 — 15 foizgacha yuqori boʻlsa — 3 ball;

5 — 10 foizgacha yuqori boʻlsa — 2 ball;

oʻrtachaga teng yoki 5 foizgacha yuqori boʻlsa — 1 ball beriladi.

Bunda tegishli hududdagi iqtisodiy faoliyat turi boʻyicha tadbirkorlik subyekti yagona boʻlgan hollarda, mazkur mezonni hisoblashda (iqtisodiy faoliyat turi inobatga olinmagan holda) hududning oʻrtacha koʻrsatkichi bilan solishtiriladi.

Mazkur koʻrsatkichni baholashda moliyaviy natijalar toʻgʻrisidagi hisobotlar va moliyaviy hisobotning xalqaro standartlariga oʻtgan yuridik shaxslar boʻyicha koʻrsatkichlar foyda soligʻi hisoboti shakllarining oxirgi soliq davri maʼlumotlaridan foydalaniladi.

33. Foyda soligʻi boʻyicha hisoblangan soliq summasining tegishli sohaga oid oʻrtacha koʻrsatkichga nisbatini baholashda tadbirkorlik subyekti tomonidan chorak davomida hisoblangan va toʻlangan foyda soligʻi summasi har bir tuman (shahar) miqyosida u faoliyat yuritayotgan soha va tadbirkorlik toifasi boʻyicha oʻrtacha hisoblangan foyda soligʻi summasidan 1,1 baravar yuqori boʻlsa yoki eksport qilishdan olingan daromadlar jami daromadning kamida 50 foizini tashkil etsa — 10 ball beriladi.

Bunda choraklik toʻlov summasi bazaviy hisoblash miqdorining 10 baravaridan kam boʻlmasligi lozim.

34. Raqamli markirovkalash qoidalariga rioya etilishi koʻrsatkichini baholashda:

barcha savdo shoxobchalari onlayn nazorat-kassa texnikasiga ulangan shtrix-kodlar hamda raqamli markirovka kodlarini toʻgʻri oʻqishni va aniqlashni taʼminlovchi maxsus qurilmalar (2D-skanerlar, maʼlumotlarni yigʻuvchi terminallar yoki boshqa turdagi maxsus qurilmalar) bilan jihozlangan boʻlsa — 5 ball beriladi.

Bunda majburiy raqamli markirovkalanishi lozim boʻlgan mahsulotlarni ishlab chiqarish, import va (yoki) realizatsiya qilish bilan shugʻullanayotgan tadbirkorlik subyektlari “ASL BELGISI” milliy axborot tizimida roʻyxatdan oʻtmagan boʻlsa, ball berilmaydi.

34 1 . Dala chetidan samarali foydalanish koʻrsatkichini baholashda dala cheti mavjud boʻlgan qishloq xoʻjaligi korxonalari va fermer xoʻjaliklari tomonidan ekinlar ekilganligi toʻgʻrisidagi maʼlumotlar “e-Fito.uz” tizimiga kiritilgan va samarali deb baholangan boʻlsa — 10 ball beriladi.

34 2 . Ekologik markirovkalash sertifikatining mavjudligini baholashda tadbirkorlik subyekti mazkur sertifikatga ega boʻlsa — 2 ball beriladi.

34 3 . Yashil energiyadan foydalanish samaradorligi koʻrsatkichini baholashda qayta tiklanuvchi energiya manbalari qurilmalarining nominal quvvati 0,1 MVt va undan ortigʻini oʻrnatganda — 5 ball beriladi.

Bundan tashqari qayta tiklanuvchi energiya manbalari qurilmalaridan foydalangan holda ishlab chiqarilgan energiya sarfi tadbirkorlik faoliyatini amalga oshirish uchun jami energiya sarfiga nisbatan:

50 foiz va undan yuqori boʻlsa — 5 ball;

30 — 50 foizgacha boʻlsa — 3 ball;

10 — 30 foizgacha boʻlsa — 1 ball beriladi.

34 4 . Tadbirkorlik subyektlari ilmiy tadqiqot natijasida yaratilgan yangi ishlanmalarni ishlab chiqarish jarayonlariga tatbiq etishi orqali ilmiy hamkorlik reyestriga kiritilgan boʻlsa — 5 ball beriladi.

Bunda loyiha Oliy taʼlim, fan va innovatsiyalar vazirligi huzuridagi Innovatsion rivojlanish agentligining Maxsus platformasida ilmiy tadqiqot natijasida yaratilgan yangi ishlanmalarni ishlab chiqarish jarayonlariga tatbiq etib, ilmiy hamkorlik reyestriga kiritilgan kundan eʼtiboran 12 oy davomida qoʻshimcha ball beriladi.

34 5 . Oliy taʼlim tashkilotlari bitiruvchilarining, shuningdek, texnikumlarda dual taʼlim shaklida taʼlim olayotgan oʻquvchilarning hamda bitiruvchilarning bandligini taʼminlash koʻrsatkichini baholashda tadbirkorlik subyektlari xodimlarining umumiy sonida oliy va dual taʼlimni tugatganiga 3 yil toʻlmagan yoxud taʼlim olayotgan shaxslar ulushi:

20 foiz va undan yuqori boʻlganda — 5 ball;

15 foizdan 20 foizgacha boʻlganda — 4 ball;

10 foizdan 15 foizgacha boʻlganda — 3 ball;

5 foizdan 10 foizgacha boʻlganda — 2 ball beriladi.

Bunda bitiruvchilarning bandligini taʼminlagan tadbirkorlik subyektlariga qoʻshimcha ball berilishida ulardagi mavjud boʻsh ish oʻrinlari toʻgʻrisidagi maʼlumotlarni “Yagona milliy mehnat tizimi” idoralararo dasturiy-apparat kompleksi orqali “Boʻsh (vakant) ish oʻrinlari milliy bazasi”ga joylashtirgani inobatga olinadi.

34 6 . Tadbirkorlik subyekti tovar belgilari, xizmat koʻrsatish belgilari roʻyxatdan oʻtkazilgan boʻlsa — 5 ball.

4-bob. Yakunlovchi qoidalar

35. Mazkur Nizom bilan belgilangan koʻrsatkichlar va ularni baholash metodikasiga Oʻzbekiston Respublikasi Prezidenti huzuridagi Tadbirkorlikni qoʻllab-quvvatlash boʻyicha jamoatchilik kengashining takliflari asosida Iqtisodiyot va moliya vazirligi tomonidan Soliq qoʻmitasi bilan kelishilgan holda oʻzgartirishlar kiritilishi mumkin.

36. Mazkur Nizomda belgilangan masalalar boʻyicha nizolar qonunchilik hujjatlariga muvofiq hal qilinadi.

37. Sohalar boʻyicha oʻrtacha koʻrsatkichlar roʻyxatdan oʻtish joyiga qarab qoʻshilgan qiymat soligʻi va foyda soligʻi toʻlovchilar boʻyicha Qoraqalpogʻiston Respublikasi, Toshkent shahar va viloyatlar boʻyicha alohida, aylanmadan olinadigan soliq toʻlovchilar boʻyicha tumanlar (shaharlar) kesimida alohida hisoblanadi.

38. Mazkur Nizom talablari buzilishida aybdor boʻlgan shaxslar qonunchilik hujjatlarida belgilangan tartibda javob beradilar.

Tadbirkorlik subyektlarining barqarorlik reytingini aniqlash tartibi toʻgʻrisidagi nizomga 1-ILOVA

Tadbirkorlik subyektlarining barqarorlik reytingi

Barqarorlik darajasi Reyting koʻrsatkichi Baho Yuqori AAA 96-100 balllar AA 91-95 ballar A 86-90 ballar Oʻrta BBB 76-85 ballar BB 66-75 ballar B 56-65 ballar Qoniqarli CCC 51-55 ballar CC 36-50 ballar C 26-35 ballar Quyi D 25 ballgacha

Tadbirkorlik subyektlarining barqarorlik reytingini aniqlash tartibi toʻgʻrisidagi nizomga 2-ILOVA

Tadbirkorlik subyektlarining barqarorlik reytingi

T/r Koʻrsatkich nomi Hisoblash davriyligi Masʼul tashkilot a) Umumiy koʻrsatkichlar 1. Tadbirkorlik faoliyatini amalga oshirish davomiyligi yillik Adliya vazirligi 2. Mehnatga haq toʻlashning eng kam miqdoridan ortiq ish haqi toʻlanayotgan xodimlar sonining koʻpayishi oylik Soliq qoʻmitasi 3. Yer uchastkalari va (yoki) koʻchmas mulk obyektlari mavjudligi oylik Iqtisodiyot va moliya vazirligi huzuridagi Kadastr agentligi 4. Bir nafar xodimga toʻgʻri keladigan ish haqi jamgʻarmasi oylik Soliq qoʻmitasi 5. Soliq hisobotlarining belgilangan muddatlarda taqdim etilishi oylik 6. Hisoblangan soliqlarning belgilangan muddatlarda toʻlanishi oylik 7. Qoʻshilgan qiymat soligʻi boʻyicha hisoblangan soliq summasining tegishli soha boʻyicha oʻrtacha koʻrsatkichga nisbati oylik 8. Elektron hisobvaraq-fakturalarni qonunchilikda belgilangan muddatlarda rasmiylashtirish holati oylik 9. Elektron hisobvaraq-fakturalar orqali xarid qilingan tovarlar va xizmatlar realizatsiyasi yillik 10. Soliq organlari tekshiruvidan oldingi tahlil natijasida aniqlagan kamchiliklarning bartaraf etilish holati kunlik b) Ballarni kamaytiruvchi koʻrsatkichlar 11. Joylashgan joy (pochta manzili) oʻzgarishi yillik Adliya vazirligi 12. Tadbirkorlik subyekti rahbarining qoʻnimsizligi yillik Adliya vazirligi 13. Tadbirkorlik subyekti taʼsischisi yoki rahbarining ishonchsizligi yillik Oliy sud, Soliq qoʻmitasi 14. Taqdim etilgan soliq hisobotlariga tuzatishlar soliq toʻlovchining oʻzi tomonidan mustaqil kiritilishi oylik Soliq qoʻmitasi 15. Qoʻshilgan qiymat soligʻi toʻlovchisining maxsus guvohnomasi holati kunlik 16. Soliq qarzini mol-mulk hisobidan undirish yillik 17. Soliqqa oid huquqbuzarliklar uchun maʼmuriy yoki jinoiy javobgarlik choralarining qoʻllangani yillik Oliy sud, Soliq qoʻmitasi 17 1 . Intellektual mulkka oid huquqbuzarliklar uchun jarima, maʼmuriy, jinoiy javobgarlik choralarining qoʻllanilganligi Yillik Oliy sud, Adliya vazirligi 18. Mahsulotlarning (tovarlarning, xizmatlarning) identifikatsiya kodlaridan notoʻgʻri foydalanilgani oylik Soliq qoʻmitasi 19. Tadbirkorlik subyektlarining kreditorlik qarzdorligi mavjudligi yillik Oliy sud v) Qoʻshimcha ball beruvchi koʻrsatkichlar 20. Ijtimoiy himoyaga muhtoj shaxslar bandligini taʼminlash oylik Kambagʻallikni qisqartirish va bandlik vazirligi 21. EBITDA boʻyicha rentabellik darajasi yillik Soliq qoʻmitasi 22. Foyda soligʻi boʻyicha hisoblangan soliq summasining tegishli sohaga oid oʻrtacha koʻrsatkichga nisbati choraklik 23. Raqamli markirovkalash qoidalariga rioya etilishi oylik 24. Tadbirkorlik subyektlari tomonidan dala chetlariga har yili 1-aprelga qadar ekin ekilgani va mavsum davomida mahsulot yetishtirilgani mavsumiy Oʻzbekiston Respublikasi Prezidentining 2024-yil 30-dekabrdagi PQ-465-son qarori bilan tasdiqlangan Respublika va hududiy ishchi guruhlari, Soliq qoʻmitasi 25. Ekologik markirovkalash sertifikati mavjudligi kunlik Ekologiya, atrof-muhitni muhofaza qilish va iqlim oʻzgarishi vazirligi 26. “Yashil” energiyadan foydalanish samaradorligi oylik Energetika vazirligi 27. Tadbirkorlik subyektlari ilmiy tadqiqot natijasida yaratilgan yangi ishlanmalarni ishlab chiqarish jarayonlariga tatbiq etishi orqali ilmiy hamkorlik reyestriga kiritilgani Kunlik Soliq qoʻmitasi 28. Oliy taʼlim tashkilotlari bitiruvchilarining, shuningdek, texnikumlarda dual taʼlim shaklida taʼlim olayotgan oʻquvchilarning va bitiruvchilarning bandligini taʼminlash Kunlik Soliq qoʻmitasi 29. Tovar belgilari, xizmat koʻrsatish belgilariga ega boʻlishi Yillik Adliya vazirligi

Oʻzbekiston Respublikasining Bosh vaziri A. ARIPOV

Toshkent sh.,

2024-yil 30-yanvar,

55-son

(Qonunchilik maʼlumotlari milliy bazasi, 01.02.2024-y., 09/24/55/0076-son; 02.08.2024-y., 09/24/467/0568-son; 13.06.2025-y., 09/25/362/0507-son; 18.06.2025-y., 09/25/371/0512; 22.10.2025-y., 09/25/662/0964-son; 02.02.2026-y., 09/26/35/0101-son; 24.02.2026-y., 09/26/75/0172-son; 10.03.2026-y., 09/26/94/0218-son; 13.07.2026-y., 09/26/375/0726-son)

lex.uz